Ўрганиб кетади (ҳажвия) [Muhabbat Hamidova]

Ўрганиб кетади (ҳажвия) [Muhabbat Hamidova]
Ўрганиб кетади (ҳажвия) [Muhabbat Hamidova]
Ангрендан, тўйдан қайтяпман. Бироқ, кайфиятим тўйча эмас. Негаки, кутилмаганда ҳаво айниб, челаклаб ёмғир қўйди. Машинамнинг сувсидиргичи яхши ишламайди. Буёғи ўзингизга маълум. Шунча кундан буён тузатиб оламан ёки алмаштираман, деб юраверибман. Олдинги ғилдираклар ҳам чананинг оёғидек сип-силлиқ. Йўл эса узоқ. Ноилож у ер — бу ерда тўхтаб машинанинг пешонасини силаб-сийпайман.
Осмон борган сари қовоқ уяди. Кўнгил ҳам шунга қараб. Андишани чиқаргандан ўргилдим-да. Нима зарил эди, ернинг киндигига тўйга бориб. На 50 грамм анавидан ололдим, на кечқурунги базмга қололдим! Ҳа майли, ишқилиб уйга, бола-чақам олдига эсон-омон етиб олсам бўлгани. Бу фикр машина ғилдирагига қўшилиб хаёлимда пилдирайди.
Минг хавотир, ҳадик ичида «Роҳат»дан ўтиб шаҳарга кирдим.
Тўсатдан янграган «қадрдон» хуштак овози хаёлимга ҳам тормоз берди. «Шуни кутаётгандим», — тўнғиллаганимча «егов»имни четга олдим. Ҳали эшикни очиб улгурмасимдан қаршимда «хуштак эгаси» кўндаланг бўлди.
— Кичик лейтенант Комилов шаҳримизга кириб келганингиз билан қутлайди. Xуш келибсиз биродар, — деди у минг йиллик қадрдонини кутиб олгандай қувонч билан. — Сувсидиргичингизни алмаштиришингиз керак экан. Сизни тоза қийнаган кўринади.
— Ҳа, нимасини айтасиз, хуноб бўлиб кетдим, — дедим хўрсиниб.
— Мабодо, отверткангиз йўқми, — деди у менга ҳамдард оҳангда. Шундоқ оёғим остидаги сумкачани очиб отверткани олдим.
— Менга беринг-чи, сиз машинадан тушиб овора бўлманг. Ёмғир қаттиқ ёғяпти, шамоллаб қоласиз. Мен ўзим бир зумда, — у қўлимдан отверткани олди. Кейин ёмғирпўшининг бесўнақай чўнтагидан иккита винт чиқарди. — Мана ҳозир, — у чаққонлик билан машина олдига ўтди. Бироз куймалангач, буюрди, — қани мурватини бурангчи...
Сувсидиргич ёқимли товуш чиқариб ликиллаганча ойнани артишга тушди.
— Ана бўлди, бемалол уйга етиб оласиз. Японларнинг винти бу, унча-бунчага бузилмайди. Энди оқ йўл. Ўзингиз биласиз, йўлларимиз серқатнов. Қаттиқ ёғингарчиликдан анча сирпанчиқ бўлиб қолган. Бунинг учун узр. Илтимос, шошилмасдан, тезликни оширмасдан эҳтиёт бўлиб кетинг. Келгуси сафар, қуёшли кунларда соғ-омон кўришайлик, — деди Комилов ҳужжат ушлаган қўлимни маҳкам сиқиб. Кейин қўшиб қўйди, — келин аям паловхонтўрани дамлаб кутиб ўтиргандирлар.
Мен эса кўзойнакли эчки кўргандай бақрайиб қолган, тилим калимага келмасди. Негаки, ўн йиллик ҳайдовчилик тажрибам ҳаққи қасам ичиб айтаманки, ДАН нозиридан бунчалик муомала кўриш қаҳратонда полизда қовун пишгандай гап! Айниқса, мана бундай «шалағ арава»да-я! Мўъжиза-ку, бу ахир. Ё мен туш кўраяпманми? Йўқ товушимни эшитиб турибман. Демак ўнгим! Агар ўнгим бўлса, буни шундай қолдириб бўлмайди. Буни тақдирлаш, оммалаштириш керак. Тавба, «ногирон» машина эгаси бўла туриб отангдан эшитмаган ширин гап, яна кимдан, йўл ҳаракати назоратчисидан биринчи марта бунақанги «асал» ДАНчини учратганимгами ёки ДАНчиларнинг барчасини бир хил қиёфа, бир хил ҳолда кўраверганимданми бу мўъжизадан кўнглим бузилиб кетди. Лобавойдан ёмғир томчилари қандай қуйилаётган бўлса, менинг кўзларимдан ҳам ёш томчилари шундай дувиллаб тўкиларди.
Бирорта ҳайдовчига айцам, ўлай агар ишонмайди. Эртагаёқ... нега энди яхши ишни эртага қолдиришим керак. Яхшиси, ҳозироқ шаҳар ДАН бошқармасига кириб ўтаман. Йўлимда-ку ахир. Ҳам раҳбариятга, ҳам Комилов укамизга раҳматнома ёзиб қолдираман. Бу қарордан юрагим мотордек уриб кетди...
Манзилга етиб келганимда ҳаво очилиб, қуёш чарақлаган, осмонда камалак жилва қиларди. Бармоғимда калитни айлантириб хиргойи қилганимча учинчи қаватга югуриб чиқдим. Пешонасига компютерда қоп-қора ҳарфлар билан «Ёш мутахассислар билан ишлаш бўлими», деб ёзилган эшикни шартта очиб ичкарига кирдим. Тўрда тўладан келган, қўнғироқ сочли бир маёр савлат тўкиб ўтирибди. У чап қулоғига қалам қистириб олган, яна битта қаламни қўлида тутганча «АИФ»дан бошқотирма ечяпти, шекилли, ниҳоятда жиддий.
—Ўртоқ маёр, мумкинми, — дедим ҳаяжондан овозим қалтираб.
— Нима бало, ичганмисиз, намунча қизариб кетибсиз, — деди у бошини кўтариб, безовта қилганим малол келганини сездирувчи оҳангда.
— Йўғ-е, ўртоқ маёр, ахир ичган бўлсам жонимдан тўйибманми, сизга рўпара келиб, — дедим.
— Дарвоқе, — кулиб юборди, маёр. —Унда...
— Икки оғиз гапиришга рухсат беринг ўртоқ маёр, — дедим дадилланиб.
— Рухсат бераман, фақат бир шарт билан, манави сканвордни ечишга кўмаклашиб юборсангиз.
— Гап бўлиши мумкин эмас, албатта, ечишаман. Сканворд ечиш менинг ҳам жону дилим. Лекин ўртоқ маёр, мен сизга, йўқ Комиловга, йўғ-э сизга ва Комиловга миннатдорчилик билдириш учун келдим. Илтимос, менга «Таклиф ва мулоҳазалар» дафтарини берсангиз. Билсангиз, мен журналистман. Эртагаёқ бу воқеани яъни ташаббусни оммалаштираман. Яхшилик қанот ёйиши керак.
— Э-ҳа, ҳали журналистман денг. Тушунарли, нечоғли бошқотирма ечишингизни билмадиму аммо бошни қотиришга усталигингиз бор гап. Бироқ, сиздақа ҳовлиқма журналистни биринчи марта кўришим. Тушунтириброқ гапиринг. Ўзи нима гап? Бу ер ресторан ёки гастроном эмаски «Таклиф-мулоҳаза» дафтари тутилса, қулоғидаги қаламни ҳам қўлига олди маёр.
— Нега энди бошингизни қотирарканман, қотирмайман. Ҳа, айтганча бу ерга нега келганлигим ҳақида. — Ўзимни босиб олиб йўлдаги ҳодисани ва мақсадимни баён қилдим. — Қанийди, узуккун рулга ёпишиб, серқатнов кўчаларда асаби бузилган ҳайдовчиларни кўнглини кўтарадиган Комиловга ўхшаганлар яъни Комиловчи инспекторлар сафи кенгайса. Ана унда ҳар қандай қоидабузар ҳайдовчи ҳам ҳушёр тортган, ўзига нисбатан бўлган ҳурмат ва эътибордан тўғри хулоса чиқарган бўларди. Йўл қоидаларига ҳамма риоя қиларди.
— Оббо журналистлар-ей жа гапга газ берасизлар-а! Бир муддат тормозни босай демайсиз-а. Сизни тушундим. Бироқ, гап ҳаммага ҳам тўғри келавермайди, яхши гап, яхши муомала ёш болаларга ярашади. Ҳайдовчига эмас. Уларни эркалацанг, ишонаманки, талтайиб, ўзини йўқотиб қўяди. Қанот чиқариб машина-пашинаси билан учиб кетишдан ҳам тоймайди. ДАН ходими эса давлатнинг одами. Давлат майнавозчиликни ёқтирмайди. Назоратчи қанча жиддий бўлса, шунча салобатли кўринади. Сизларга қолса балки назоратчи билан аския ҳам айтишарсизлар. Марҳамат, фақат иш пайтидамас. Бўш пайтларда, — жилмайди маёр. — Мана мен ҳозир сиз билан ҳазиллашишим, турли мавзуда суҳбатлашишим мумкин. Чунки иш пайти тугади.
— Айтмоқчи, инспекторнинг фамилиясини ким дедингиз Қодировми?
— Йўқ, Комилов ёшгина, келишган йигит, исми Қобилжон Мўминович...
— Так, так, Комилов, Комилов... эсладим. «Хуросон» кўчасида эмасми, — Xуросон, Xуросон, — у қўлидаги қаламлардан бирини столга ташлаб, иккинчиси билан қоғозга алланималар чизди.
— Xуросон, худди ўша, — севиниб кетдим.
— Тушунарли ўртоқ журналист-ҳайдовчи. Ҳаяжонингиз сабабини энди англадим. Комилов яқинда курсни тугатган. Ҳали «обходка»дан чиқмаган. Яқинда унга мураббий бириктирамиз. Ана унда Комилов ҳам ўз касбининг сирларини пухта ўзлаштириб олади. Демоқчиманки, чинакам ДАНчига айланади. Жуда қобилиятли бола, мана кўрасиз, — у жойига бориб ўтирди-да, сканворд ечишга тушди.

Мен эса мих кириб, ёрилган баллондек дамим чиқиб, эшикни ёпдим.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика