Дарвоза ёнидаги ит (ҳикоя) [Murod Muhammad Doʻst]

Дарвоза ёнидаги ит (ҳикоя) [Murod Muhammad Doʻst]
Дарвоза ёнидаги ит (ҳикоя) [Murod Muhammad Doʻst]
Олапар тун бўйи ухламади. Бошини салгина кўтарса бас, миясида мислсиз оғриқ уйғонар, «лўқ-лўқ» уриб, чаноғини ёриб чиқадигандай бўлар эди. У тумшуғини ерга қўйиб ётаркан, оғриққа чидолмай, ора-сира увлаб қўярди.
Саҳар пайти эди. Олапарни чап яғринидаги итчивин қаттиқ чақди. У кейинги оёғини узатиб, итчивин чаққан жойини қашлади. Ўрнидан қўзғалишга уринди, лекин биқини куйдиргудек бўлиб ачишди. У ёнбошига ағдарилиб, бир-икки силкинди-да, жимиб қолди. Шу вақт қаердандир ҳали думи кесилмаган итвачча югуриб келиб, Олапарнинг тумшуғини ялай бошлади. Унинг тили иссиққина эди... Олапар ҳузур қилиб ғингшиди... Кўп ўтмай, итвачча зерикди шекилли, ингичка думини биланглатганча, ўйноқлаб-ўйноқлаб нари кетди. Кейин у ортига қайрилди. Олапарнинг пойида ётган суякни кўриб, яна қайтиб келди. Итвачча бурун парракларини кериб, ҳавони бот-бот хидлади. Олапарга суқатойлик билан тикилди. Олапарнинг қорни оч эди, лекин у шўх кучукчани койишга эринди, суяк устида ётган оёқларини йиғиб олди. Итвачча беҳад севинди, миннатдорлик юзасидан Олапарнинг думини тортқилаб ўйнади, сўнг суякка ташланди. Унинг тишлари нозик эди, қоқ суякни ғажишга кучи етмади. Итваччанинг ҳафсаласи пир бўлди, лекин суякни қолдиришга ҳам кўзи қиймади, уни кичкина жағлари орасига қистирди. Тезда жуфтакни ростлашдан ор қилди шекилли, гўёки Олапарни менсимагандай... хунук ириллаб қўйди-да, атайин чайқалиб-чайқалиб уйчасига равона бўлди. Шу аснода барглари сийраклашган гужум шохидаги хўрозлар устма-уст қуқулаб юборишди, сўнг ўзларидан мамнун бўлгандек, қанотларини осилтириб, «қу-ғуқ, қу-ғуқ», — дейишди. Итвачча аввалига қўрқди, жағидаги суяк «тап» этиб ерга тушди. У дарахт тагига келиб, кутилмаганда қичқирган беадаб махлуқларни кузата бошлади, уларнинг кўпам даҳшатли эмаслигини англаб, ярашиқсиз овозда акиллаб берди. Итвачча ниҳоят, тинчланди-да, уйчасига кириб кетди.
Атрофга сукунат чўкди. Олапар қимирламай ётганича ҳаёл сурарди. У онасини — узун елини осилган ювош итни эслади. Она ит қишлоқ четидаги харобазорда болалаган эди. У одамларга яқинлашмас, нуқул даштга чиқиб, совуқда ҳаром қотган жсниворларнинг калла-почасини ташиб келарди. Олапарнинг иккита акаси ва синглиси бор эди. Улар чирик хашак устида қунишиб ётишар, аёз кучайган пайтларда она итнинг пинжига тиқилишар, у бўлмаганида, яхлит қорамтир тепачага айланиб, бир-бирларини иситар эдилар. Ўша қиш жуда совуқ келди. Кейин яна баҳор қайтди, илиқ кунлар бошланди. Баҳорнинг охирроғида она ит болаларига семиз илон опкелди, сўнг ўзи ўт-ўланлар устига ётди-ю, бошқа ўрнидан турмади. Итваччалар қийналиб қолишди. Раҳмдил бир ўткинчи Олапарни уйига олиб кетди. Унга сут, ивитилган нон беришди...
Олапар ҳазин ғингшиди. Яна онасини, унинг мулойим нигоҳини хотирлади. Бундан таъсирланди чоғи, қаншари ачишиб, бадани саноқсиз итчивинлар чаққандек қалтираб кетди.
Рўпарадаги сўрида нимадир шитирлади. Ит кўзларини очди. Устига намат ёпилган саватнинг бир томони кўтарилиб, оралиқдан каттакон қора мушук сирғалиб чиқди. У сўрининг четига келиб оҳиста керишди, сўнг сакраб ерга тушди. Унинг тумшуғи қаймоққа беланган эди. Мушук Олапарни писанд қилмай, хунук миёвлаб қўйди-да, тумшуғига илашган қаймоқни ялай бошлади. У илгарилари Олапардан қўрқар эди. Итни кўрганида ҳар туки игнадай тиккайиб, ўтакаси ёрилгудай бўлиб пихиллар, жонҳолатда гужум тепасига чиқиб кетарди. Энди бўлса... Олапарнинг хўрлиги келди, мушукнинг сур бетини кўрмаслик учун кўзларини қайтадан юмиб олди.
Тонготарда итни уйқу элитди. У тушида онасини кўрди. Кейин уни хўжайин чакмонининг бағрига солиб, уйига опкелди. Унга сири кўчган сопол товоқчада сут беришди. Хўжайиннинг болалари суйиб эркалашди, унинг жажжи оқ-қора холдор панжаларини ўпиб, юзларига суркашди... Бирдан бу лаҳзалар ортга чекинди. Ит ўзининг кексалигини, гужум тагида уззу-кун қимирламай ётганини кўрди. Хўжайиннинг кенжа ўғли бир парча гўшт келтириб, унинг ялоғига ташлади. Олапар сургалиб, идишга яқинлашди. У энди гўштни ҳидлаб турганида, уйдан хўжайиннинг хотини чиқди ва ўғлига бобиллаб берди:
— Нима, туянг қалъадан қатнаб ётибдими? Ҳу, гўшт сани кўр қилгур! Яшшамагур!
Олапар чўчиб уйғонди. Кун чошгоҳга яқинлашган, қуёш пастак девор устига минганди. Итнинг кўзлари қамашди. У қулоқларини диккайтириб, атрофга қулоқ солди. Хўжайиннинг хотини мўрча тарафдан жавраб келарди. Олапар сергакланди: аёлнинг жаҳли чиқса, аламини итдан оларди. Ҳозир у сербарг хашаки олмалар тагидан юриб келар, қўллари кир солинган тоғора билан банд эди. Ҳовлида болалар кўринмасди. Улар аллақачон мактабга жўнаган эдилар. Олапар гужум ёнидаги уйчага кўз ташлаб, кеча пешинда пайдо бўлган итваччани кўрди. Итвачча тунги ўлжаси — қоқ суякни зўр бериб кемирар, аҳён-аҳёнда Олапарга шубҳали қараб қўярди. Олапар ундан суякни тортиб олмоқчи бўлди. Энди жойидан қўзғалганида, итвачча суякни унутиб, уйга томон отилди. Эшик оғзида кўзлари уйқудан шишинқираган хўжайин турарди. Итвачча югуриб келишда хўжайиннинг тиззасига ёпишди, унинг оппоқ иштонига сўлагини оқизиб, ўзича муҳаббат изҳор қилган бўлди. Унинг қилиғи Олапарга ёқмади, у хўжайинни дунёдаги ҳамма итлардан, ҳатто хотинлардан ҳам қизғанарди. Олапар тийиқсиз итваччани бўйнидан тишлаб, баланд супа устига ирғитиб юборишга хезланди. Кекса танига ғазабли куч қуйилди... Лекин шу топда кутилмаган ҳол рўй берди: итвачча хўжайиннинг тиззасини қўйиб юбориб, аламидан қалтираётган Олапарнинг бўйнига осилди, думини жилпанглатиб, унинг терисини тишлаб тортқилай бошлади. У ўзича: «Қўй, сен кўпам жаҳлланма... ахир мен шунчаки...» — демоқчи бўларди. Олапар бир зумда ҳовридан тушди. Итваччани озроқ эркалатди, сўнг аста қулоғидан тишлаб йўлидан четлатди-да, хўжайинининг ёнига борди.
— Ҳа, Олапар! Оббо сан-эй... — хўжайин итнинг бошини силади. — Фиғонинг чиқди-ёв... Ит деган мунақа жаҳлдор бўлмайди-да. Қўй, куюнма, ошна, у санга жўра бўлади.
Олапар унинг гапларини тушунган каби секин ғингшиди.
— Хотин! Ҳой хотин!— чақирди хўжайин. — Бу Олапаринг оч қоптими дейман, қорни жа пучайиб кетибди. Кеча ялоққа қарамабмидинг?
— Худо урсин ўша гўрсўхтани! — аёл қўлидаги тоғорани тарс эткизиб сўрига қўйди.— Кўтара савлат, ит сиёғи йўқ! Кечасиминам бир марта вов демайди, гўрсўхта... Тунда сутни ичиб кетибди.
— Олапарми?! — хўжайин ёқасини ушлади. — Ёлғонни айтасан-ов, хотин! Вой, санинг ёлғон ўргатган пирингни!.. Кўрсам, нақ пўстагини қоқаман-а... Қачондан бери Олапар ўғри бўпти?
— Нима, ман Олапар дедимми? Анави Ҳамид ғалчанинг мушуги-да... Оқ мушуги бор-у, ўша сутни ичади-да... Мелнхол буви бекорга дод-вой қиладими? Бир балоси бордирки, додлайди.
— Ўзингнинг қора мушугингни айт. Уям фаришта эмасдир-ов... — эътироз билдирди хўжайин.
— Ўзимники уйда ётувди. Қулоғингиз кар бўлган, кўрпангиздаги мушукнинг хуррагини эшитмайсиз.
— Ҳаҳ! Санам роса оласан-да, хотин! Намунча мушугингни авайлаб қолдинг? Асли хотинминам мушукнинг мижози бир. Мани айтди дема, муни Маҳаммат пайғамбаримиз айтган.
— Ҳе, ўлсин, шу мушугингиз!.. Хотинингизам ўлсин. Ҳаммасига манави Олапар, гўрсўхта айбли. Тун бўйи чўзилиб ётади. Шуям итми? Маъраканинг зийнати, ошу ноннинг офати. Турқиям ҳалиги очофат Расулга ўхшайди. Ҳе, ўлсин!..
— Ҳов, итга тил тегизма, хотин! Ўнта Расулинг Олапарнинг тирноғига. арзимас Бунинг ёшлигида бўри олгани ёдингдан чиқдими? Билиб қўй, ит — вафо, хотин — жафо.
— Вой мани туққан шўрлик энагинам!— хотин кутилмаганда ҳўнграб юборди. — Вой, ман ўлай! Ҳали сизга битта ҳаром итча бўлмадимми? Ман ўла-ай!..
Аёлнинг қаҳри келди. Қўлидаги кир совунни Олапарга отди. Ит ўзини четга олишга улгурди. Совун учиб келишда хўжайиннинг қоқ тиззасига тегди. Олапар сўри ортига ўтиб, асабий хотинга ачингандай... хийла маънодор қараш қилди. Агар хўжайин ҳам анчайин босиқ бўлганида, эҳтимол, кейинги фалокатлар бўлмасди...
Эр-хотин мушук ичган сут жазасидан уришиб қолдилар. Улар ўзаро сўкишиб, уйга киришди. Ич-каридан сандиқ қопқоғининг тарақлаши, тахмондан олиниб, уй ўртасида отилган кўрпаларнинг гупиллагани эшитилди. Афтидан, улар рўзғорни ажрим қилишарди...
Орадан бир қумғон қайнагулик вақт ўтди. Жанжал ҳам тугади. Ора-сирада аёлнинг бурнини тортиб, ўксингани эшитиларди. Хўжайин уйдан хомуш бўлиб чиқди. У бошига эски кўк қийиқ боғлаган, эгнида қалин чакмон бор эди. Хўжайин қўлидаги қўшоғиз тасмасини елкасига соларкан, итни «маҳ-маҳ», — деб чақирди. Олапар юрак бетламай унга яқинлашди. Хўжайиннинг ёғ босган кирза этигини, милтиқнинг совуқ қувурларини ҳидлаб кўрди-да, севинчдан вовиллаб қўйди. Милтиқдори ҳиди унга жудаям таниш эди... Ит тулкилар изғийдиган қирларни кўз олдига келтирди, димоғига бурганларнинг хуш бўйи урилгандай бўлди..
Хўжайин дарвозани очиб, итни чақирди, унинг бўйнига чилвир боғлаб, аста-секин етаклаб кетаверди. Олапарнинг кўнгли ғашланди. Илгари овга чиқишганда хўжайин итнинг бўйнига чилвир солмас, уни ўз ҳолига қўйиб юбориб, йўл-йўлакай «Қаро кўзим...»ни хиргойи қиларди. Энди у жим... мум тишлагандай жим кетяпти.
Ит ва хўжайин икки чеккасида жийда, тиканли буталар ўсиб ётган сертупроқ йўлдан боришарди. Пахса деворли ҳовлиларда жимлик ҳукм сурарди. Одамлар қишлоқ этагидаги полизга кетишган. Ҳосили йиғилган томорқаларда подадан қочган сигирлар макка илдизларини тортқилаб юришибди.
Улар йўлда почтачига дуч келишди. У мўйнаси тўкилган яғир телпагини қийшиқ кийган, қандайдир бир навони минғиллаб айтар, керакли ҳовлига тенглашганда эшагини бир зумгина тўхтатиб, хуржундаги газета, хат ва журналларни олар, уларни девор оша томорқа уватларига ирғитарди. Почтачи хўжайинга салом берди, лекин хўжайин чиндан эшитмадими ёки жўрттага ўзини меровликка солдими, ишқилиб, саломга жавоб қайтармади. Почтачининг жаҳли чиқди. Палағда товушда қуртдаккина сўкиниб, ирғай халачўп билан эшагининг сағрисига туширди. Бечора эшак зарбдан чапга майишди, «тап-тап» юрган кўйи йўл четидаги лойхандаққа яқинлашди. Почтачи узангидан оёқларини чиқариб сакрашга шайланди, лекин эшак охирги сонияда ғаройиб бир чапдастлик билан яна ўнгланиб олди ва жон аччиғида тупроқни тўзғитиб йўрғалай кетди.
Олапар ва хўжайин қишлоқ ўртасидаги сойликдан ўтиб, заранг йўлга тушдилар. Бу йўлнинг учи кафтдек сайҳонликка туртиб чиққан қирларга бориб тақалар, ўша жойда сўқмоқларга бўлиниб, қир ёнбағирлари, сойликлар бўйлаб, узоқда кўкариб турган ясси тоғликлар томон югуриб кетар эдилар. Хўжайии сойликка элтадигаи сўқмоқни танлади, шу сўқмоқдан ярим чақирим юрилгач, ўнгдаги янтоқзорни оралаб, жар лабига келдилар. Итнинг бўйнидаги чилвир анча узун эди. У жар деворига қияланиб кирган ним даҳанасимон чуқурга тушиб, у ердаги инларни бирма-бир ҳидлаб чиқди. Сўнг пастга қаради. Жар тубида сел оқизиб келган тошлардан бошқа нарса кўринмасди. Олапар атрофни итлик идроки етгунича, хийла синчиклаб текширди, кейин «мени нега опкелдинг» дегандек, хўжасига боқди. Хўжайин ҳамон тунд эди. У итни ёнига чақириб, бошини силади. Олапар хўжасининг совуқ бармоқлари титраганини пайқади. Хўжайин чилвирни жар лабидаги бурган тупига боғлади. Сўнг йигирма қадамча нарига бориб, ортига қайрилди. Олапар хўжасининг ғалати қилиғини тушунолмади, олдинга талпинди. Лекин бурган пояси мустаҳкам эди, чилвир таранглашиб, итнинг томоғини бўғиб қўйди.
— Тек тур, Олапар!..
Олапар хўжасининг амрига бўйсунди. Чилвир салқи тортди, итнинг тани ҳам бўшашди. Хўжайин елкасидаги қўшоғизни олиб, унга тўғрилади. Олапар буни ҳам тушунмади, бир жарнинг нариги қирғоғига, бир хўжасига қизиқсиниб тикилди. Хўжайин тепкига бормоқ тегизди, лекин босишга журъат қилмади, чуқур уҳ тортиб, милтиқ қўндоғини ерга қўйди, дағал чакмонининг барини кўтариб, пешонасини артди. Сўнг яна итни мўлжалга олди. Энди бу ўйин Олапарни буткул маҳлиё этди; у хўжасининг тез-тез кўтарилиб тушаётган кекирдагидан кўзларини узолмай қолди.
Милтиқ отилди... Ит жар тубига учиб тушди. Олддаги чап оёғи қиррадор тошга тегиб, қирсиллаб синди. Узилган чилвирнинг бир қулочи бўйнига илондай ўралди. У оғриққа чидолмай, овози борича вангиллади, боши чирпирак бўлиб айланиб кетди...
...Олапар тумшуғига тушган илиқ томчилардан ҳушига келди. Тепасида хўжайин чўккалаб ўтирарди. У итнинг мажруҳ оёғини авайлаб қўлларига олди. Олапар ғингшимади, жағларини маҳкам қисиб, хўжасига қаради. Хўжайин юм-юм йиғларди.
— Тегмабди...
У афсусланиб бош чайқади. Ўқ итга лат еткизмаган, табиий муҳофаза туйғуси ҳали милтиқ қувури олов пуркамай туриб, Олапарни жарга улоқтирган эди.
— Мани кечир, ошна... — хўжайин энгашди, юзини итнинг бошига тегизди. — Сани сиғдирмаса нима қилай?.. Биласан, ўша тунда бегона одамни тишлаганингдан бери ёмон кўради. Шунгаям беш йил бўпти. Иложим қанча, ошнам... Ўртада болалар бор, ажралиб кетолмасам... Мангаям алам қилади... Осон деб ўйлайсанми? Эҳ, одам бўлганингда ҳаммасини билардинг... Лекин бўлмаганинг маъқулроқ. Сан бир итсан, ўлишинг ҳам осонроқ... Энди кексайиб қолдинг... Ма, гўштни егин,— у белбоғини ечиб, бир парча гўшт олиб ташлади.— Санга деб ўғирлаб чиқдим... Энди шу ерда ўлақол, Олапар... Эртага ўзим кўмиб қўяман. Ахир уйга бориб нимаям қиласан?.. Сани хўрлашади...
Ит яна ҳушини йўқотди. Хўжайин уни ўлган фаҳмлаб, тепасида бир неча дақиқа мунғайиб турди, сўнг жарнинг қияроқ жойидан тирмашиб юқорига чиқди. Уст-бошини қоқиб, букчайган кўйи, тез-тез юриб, жар лабидан узоқлашди.
Олапар вақт пешиндан оққунча гоҳ ҳушёр, гоҳ беҳуш бўлиб ётди. Ташналикдан жағлари қуриб, карахтланди. У кўзларини очиб, жар лабига қўнган иккита зоғни кўрди. Тепада кўринган осмон парчасида тасқаралар тўдаси оҳиста сузиб юрарди. Ит куни битаётганини сезди, гўёки шу туйғуни қувламоқчи бўлгандек, чўзиб-чўзиб улиди. Зоғларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, кунботарга учиб кетишди. Олапар бир амаллаб жойидан қўзғалди-да, жар деворига тирмашди. Мажруҳ оёғи зирқираб кетди, кўзларида ўт чақилди. У оғриқни писанд қилмай, тирноқларини созтупроққа ботирди. Лекин жар деворининг ярмига етмасдан дармони қуриди, пайлари бўшашди, пастга гурс этиб қулади-ю, бошдан-оёқ сарғиш чангга беланди. Ит аламидан аччиқ ғингшиди, сўнг тақдирга тан бергандек, бошини қуйи солиб, жар тубидан ҳаккалаб кета бошлади. Жарликдаги тошлар, тиканли буталар жунларини юлиб, баданини қонатиб юборди. Ниҳоят, оёқ остида нам кўринди. Олапар юришини тезлатди. Жарнинг қуйи тарафи кенгайиб, олдинда кичик ботқоқлик пайдо бўлди. Ит ботқоқни қоплаган бесўнақай ялпиз поялари орасидап ўта туриб, бехосдаи булоқ ҳавзасига тушиб кетди. Булоқда сув мўл эди. Лекин ит чанқоғини босолмади, сувдан қон ва жуннинг қўнғирсиқ ҳиди келарди. Олапар ҳавзадан чиққан жилғани кечиб, тегирмон харобасигача борди. Бу пайтда қуёш уфқ ғуборига чўмган, қип-қизил шафақ хароба тегирмоннинг қолган-қутган деворларида, боғдаги дарахтлар либосида ял-ял ёнарди. Ит чошгоҳда келган йўлига тушиб олди.
Пода қайтмоқда эди. Сигирлар ҳаккалаб келаётган Олапарни кўриб, таҳдид билан пишқирдилар. Кичик бир новвос пода ортида қолиб, итнинг йўлини тўсди. Кўзларини олайтириб, сузишга шайланди. Ит унга парво қилмади, сал чапроқдан юриб, ўз йўлига кетаверди. У уйга етгунча узоқ юрди. Илиққан итлар галасини, кўчага супуринди чиқариб ташлаётган кампирни учратди. Итлар унга дахл қилишмади, кампир бўлса, ҳокандознинг узун дастига суяниб турганича ғалати бош чайқади.
Олапар хўжайиннинг уйига келганида атроф қоронғи эди. Итнинг димоғига қовурдоқ ҳиди урилди. Ўчоқда ёнаётган олов шуъласи тамбаланган дарвоза ёриқларидан ерга тарам-тарам бўлиб тушарди. Олапар дарвозадан берироққа ғужанак бўлиб ётди. Бир оздан сўнг ичкаридан болаларнинг чуғур-чуғури эшитилди. Ит қулоқларини динг қилди.
— Ойи, ойижон! Борайлиик... — ялинчоқлик қилишарди болалар.
— Бор, боравер!.. Ўша итминам қўшмазор бўлинглар! — ўшқирди аёл. — Эртага отанг келсин, нақ гўштларингни ўйдираман!
Олапар сесканиб тушди. Яна ўша жарликка, яланг тошларга қайтиб боргиси келди. У энди ўрнидан турганида, дарвоза тамбаси шарақлаб, ҳовлидан хўжайиннинг ўғилчаси чиқди.
— Келавер, Банно, келавер... — у синглисини чақирди.
Болалар дарвозани ёпиб, қоронғилик бағрига қўрқа-писа тиқилишди.
— Вуй, ака! Қая, Олапай! — қизча севинчидан қичқириб юборди.
Улар Олапарга яқин келишди. Бола итнинг бўйнидан қучоқлаб олди. Қизалоқ бўлса, унинг тумшуғини силар, ҳадеб «Олапай, Олапай...» — деб чулдирарди. Ит мажруҳ оёғини осилтириб тураверди.
Болалар унинг ярадор эканини пайқашмади ҳам.
— Банно, ман совқотдим, — деди бола озроқ ўтгач - Қара, Олапаринг ҳўл экан... Ман кетаман.
— Кетма, ака. Озёқ туяйлик...
— Ман кетаман, ўзинг қолавер.
— Бий ўзим қўйқаман.
Болалар салқиндан дийдирашиб, ҳовлига томон юришди. Қизалоқ дарвоза ёнида туриб, чақирди:
— Кий, Олапай, қияқол...
Олапар дарвозага яқинлашди, лекин болалар ҳарчанд тавалло қилишмасин, ичкарига оёқ босмади.

Атроф жимжит бўлиб қолди. Олапар зах ерга чўзилди. Жароҳатдан анчагача азоб чекди, сўнг карахтланиб уйқуга кетди. Тушида хўжаси билан ов қилиб юрганмиш... Улар тоғ этакларига боришди. Янтоқ тупи ортидан товушқон чиқди ва ўнги сўлига қарамай қоча бошлади. Хўжайин: «Чоп, Олапар! Чоп, ошнам, у сеники бўлади!» —деб қичқирди. Олапар товушқонни қувлай бошлади. Кутилмаганда товушқон бели ингичка қора мушукка айланди. Итнинг чандон ғазаби ошди, кучига куч қўшилди. Энди мушукка етай деганда, рўпарада чуқур жарлик пайдо бўлди. Мушук камалакдай эгилиб, нариги тарафга сапчиди. Олапар ҳам сакради, лекин у жардан ўтолмади, пастга тошдек қулади. Ит жар тубига урилиб, чилпарчин бўлишини кутаркан, вужуди борган сайин кичраяверди. Бирдан Олапар пар син-гари енгил бўлиб қолди, сўнг тушдай шаффоф, беозор фазо қўйнида қайларгадир оҳиста сузиб кетди...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика