Бурун (қисса) [Nikolay Gogol] |
I Март ойининг йигирма бешинчи куни фавқулодда ғаройиб ҳодиса рўй берди. Вознесенск кўчасида яшовчи сартарош Иван Яковлевич (унинг фамилиясини бирор кимса билмасди, ҳатто сартарошхона эшигидаги юзига совун кўпиги суртилган жаноб тасвири туширилган ҳамда «ҳаром қондан халос этади» деган ёзув битилган тахта лавҳада ҳам ҳеч вақо кўрсатилмаган эди) одатдагидан барвақтроқ уйғондию димоғига иссиқ нон ҳиди урилди. Каравотидан сал қад ростлаб, рафиқаси – ўзига етгунча кайвони, яна денг роса кофийхўр хоним қип-қизил сўлқиллама нонларни печдан узаётганини кўрди. – Прасковя Осиповна, мен бугун кофий ичмайман, – деди Иван Яковлевич, – унинг ўрнига иссиқ нонга пиёз қўшиб егим келяпти. (Иван Яковлевич унисига ҳам, бунисига ҳам йўқ демасди-я, аммо бирваракай ҳар иккаласини сўрамоқ одобдан эмаслигини, зеро, Прасковя Осиповнанинг бунақа хурмача қилиқларга асло тоқати йўқлигини яхши биларди.) «Майли, бу аҳмоқ нон еб қўяқолсин, – деб ўйлади хотини, – ўзимга яхши – бир финжон кофий ёнга қолади». У столга битта нон ташлаб кетди. Иван Яковлевич, азбаройи сипогарчилик, кўйлак устидан фрак кийди, сўнг стол қошига келиб ўтирди-да, икки бош пиёзни арчиб туз сепди ва ҳафсала билан нон кесишга киришди. Уни иккига бўларкан, ўртасида бир нима оқариб турганини кўриб ҳайрон бўлди. Пичоқ билан секин кавлади, бармоқ учини теккизди. «Қаттиққина! – деди ўзича. – Нима бўлса экан-а бу?» Кейин бармоғини тиқиб тортиб олди – бурун экан!.. Иван Яковлевич кўзларини ишқалаб, сер солиб қаради: бурун, буруннинг ўзгинаси! Боз устига, қайсидир танишининг бурни. Иван Яковлевичнинг юзини даҳшат аломати қоплади. Аммо бу даҳшат хотини кўтарган ваҳима олдида ҳеч гап бўлмай қолди. – Бурунни қай гўрдан кесиб олдинг, ваҳший?! – деб қичқирди у жаҳлдан кўкариб. – Ярамас! Пиёниста! Сени ўзим политсияга топшираман. Қирчанғи ҳўкиз! Эшитдим, бир эмас, уч киши айтди менга, соқолини олаётганингда бурнидан чангаллаб тортқилашингга мижозларинг аранг чидар экан. Бироқ Иван Яковлевич серрайиб қолган эди. У билди, бу – ҳар чоршанба ва якшанба кунлари соқол олдирадиган коллеж асессори Ковалёвнинг бурни. – Сабр қил, Прасковя Осиповна! Буни латтага ўраб бир чеккага қўйиб қўяй, шу ерда туратурсин, кейин олиб кетаман. – Бўлмағур гапни йиғиштир! Бир камим уйда кесилган бурунни сақлаш эди ўзи! Қилтириқ, қашқатароқ! Қаранг-а, бу кишим устарани қайишга ишқашни билади, холос, яқин орада шуни ҳам эплаёлмай қолади ярамас, гўрсўхта! Сени деб политсияма-политсия чопайми энди? Вой исқирт, ислиқи-эй! Йўқот буни! Даф қил! Қаёққа бўлса ҳам олиб кет! Кўзимдан йўқот! Иван Яковлевич бир аҳволда қаққайиб турди-турди, ўйлай-ўйлай боши шишди. – Жин урсин, бу қанақаси? – деди ниҳоят қулоғи орқасини қашиб. – Кечаси маст бўлиб келганмидим ёки ақлу ҳушим жойидамиди, ўзим ҳам билмайман. Ҳечам ақлга сиғмайди: ахир нон деганлари печда пишса, бурун унинг ичида... Бошим қотиб қолди!.. Иван Яковлевичнинг бирдан дами ичига тушиб кетди. Политсия бурунни қидириб топиб, уни айбдор қилишини ўйлаб ақлдан озаёзди. Ҳалитдан кўзига заррин ҳошиядор қизил ёқа, шпага... кўриниб, бутун вужудини титроқ босди... Ниҳоят, алмисоқдан қолган кўйлаги ва этигини сандиқдан олди, шу увадаларни эгнига илиб, Прасковя Осиповнанинг аёвсиз қарғишлари остида бурунни латтага ўраб, кўчага чиқди. Бу дардисарни у бирон ерга даф қилишни ўйларди: ё дарвоза ортидаги темир устунча орасига тиқиб юборади, ёхуд, билмаган киши бўлиб, у ер-бу ерга тушириб қўяди-да, ўзи дуч келган кўчага кириб кетади. Бахтга қарши, рўпарасидан таниш-билишлари чиқиб қолар ва «Йўл бўлсин!» ёки «Тонг саҳарлаб кимнинг соқолини қиртишлагани шайланиб қолдинг?» дея саволга тутар эди – шу асно Иван Яковлевич қулай фурсат топа олмади. Бир вақт бурунни тушириб қўйган киши бўлиб кетаётган эди, будкада ўтирган қоровул узоқдан ойболтасини ўқталганча, «Бир нимангни тушириб қўйдинг! Қани, ол-чи!» деб бақириб қолди. Иван Яковлевич бурунни олиб чўнтагига тиқишга мажбур бўлди. Бирдан умидсизликка тушди, боз устига, дўкону расталар очилаётган маҳал эмасми, кўча борган сари гавжумлашмоқда эди. У Исакиевск кўпригига боришга қарор қилди: балки бу савил қолгурни Невага улоқтириб юборар?.. Аммо мен сал-пал ҳурматга сазовор жиҳатлари ҳам бўлган Иван Яковлевич ҳақида ҳанузгача бирон бир тайинли гап айтмаганим учун олдингизда андак айбдорман, муҳтарам китобхон. Ҳар қандай рус ҳунармандига ўхшаб Иван Яковлевич ҳам ғирт пиёниста эди. Худонинг берган куни мижозлари соқолини қиртишласа-да, ўзининг соқоли умри бино бўлиб устара кўрмасди. Сира эгнидан тушмайдиган фраки (у ҳеч қачон сюртук киймасди) эса олачипор тусдами-эй: яъни, аслида қора бўлиб, ҳаммаёғини жигарранг-сариқ ва кулранг доғ-дуғ босган, ёқасининг ҳам яғири чиқиб ялтираб кетган, учта тугма ўрнида фақат ипи осилиб турар эди. У ўтакетган сурбет бўлиб, коллеж асессори[1] Ковалёв ҳар соқол олдираётганида «Иван Яковлевич, қачон қарама, қўлларинг сасийди-я!» деса, сартарош унинг ўзига «Нимадан сасиркан-а?» дея савол қотарди. «Билмадим, отагинам, шу – сасигани сасиган-да», дерди коллеж асессори. Иван Яковлевич эса тамакисини бир ҳидлаб оларди-да, бу гапи учун унинг иякларию бурни ости, қулоқлари ортию томоқларига – бир сўз билан айтганда, қаерига суртгиси келса, аямай совун кўпигини чаплаб ташларди. Ана шу муҳтарам фуқаро Исакиевск кўпригига етиб келди. Теварак-атрофга аланг-жаланг боқиб, кейин кўприк остига қарамоқчи бўлган киши мисол тўсиқ устига энгашди, гўё балиқлар ғужғон ўйнаб юрганмикан дея кузатаётгандек турди-турди-да, латтага ўралган бурунни астагина сувга отиб юборди. Бирдан елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди-қолди. Ўзича жилмайиб ҳам қўйди. Чиновникларнинг соч-соқолини олгани бориш ўрнига, қаншарига «Егулик ва чой» деб ёзиб қўйилган емакхонага кириб бир стакан пунш[2] ичаман, дея чоғланган ҳам эдики, бирдан кўприк адоғида ўзи томон тикилиб турган серсалобат, эндор чаккасоқолли, учбурчак шляпа кийган, шпага таққан квартал нозирига кўзи тушди. Сартарош жойидан қимирлаёлмай қолди, нозир эса бармоғи билан имлаб уни чақирмоқда эди: – Қани, бу ёққа кел-чи, азизим! Иван Яковлевич мулозамат йўриғини билгани учун узоқданоқ бош кийимини ечиб қуллуқ қилди-да, зипиллаб унинг олдига борди. – Олийҳиммат жаноблари, саломат бўлгайлар! – деди ялтоқланиб. – Э-э, биродар, олийҳимматинг нимаси?! Хўш, кўприк устида нима қилиб турган эдинг? – Худо ҳаққи, жаноб, соқол олгани кетаётиб ўзим шунчаки, дарё тез оқяптимикан деб бир қарадим-да. – Қўй ёлғонингни! Шу билан қутулиб кетаман деб ўйлама! Тўғрисини айт! – Мен, олийҳиммат жаноблари, ҳафтада икки марта ёки ҳатто уч марта бепул соқол оламан, – деди Иван Яковлевич. – Бе-э, шуям гап бўптими, оғайни?! Билсанг, менинг соқолимни учта сартарош олади, улар тағин буни ўзи учун шараф деб билади! Қани, энди гапир-чи, кўприк устида нима қилиб турган эдинг? Иван Яковлевичнинг ранги оқариб кетди... Аммо шу ўринда мазкур воқеани буткул туман чулғайди ва ундан сўнг нима бўлгани хусусида мутлақо ҳеч нарса маълум эмас. II Коллеж асессори Ковалёв анча барвақт уйғонди ва лаблари орасидан «брр...» деган овоз чиқарди – уйғонганида у доим шундай қилади-ю, бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Ковалёв бир керишиб олди-да, хизматкорига стол устида турган чоғроқ тошойнани олиб келишни буюрди. У кеча бурнида пайдо бўлган ғўддага бир кўз ташлаб қўймоқчи эди; бироқ – афсус-надоматлар бўлсинким, бурни ўрни теп-текис, ҳеч вақо йўқ! Юрак-пураги чиқиб кетган Ковалёв «Сув бер!» деб бақирди. Кўзларини сочиқ билан арта-арта яна ойнага қаради: ҳа, бурни йўқ! Туш кўраётгандирман деб у ёқ-бу ёғини чимчилаб кўрди, ухлаётгани йўқ шекилли. У каравотидан сапчиб туриб, бир силкиниб қўйди: йўқ, бурни йўқ!.. Дарҳол кўчалик либосларини сўради ва кийинибоқ тўппа-тўғри обер-политсмейстер ҳузурига равона бўлди. Дарвоқе, шу ўринда китобхон Ковалёв коллеж асессорларининг қандайин турига мансуб эканини тасаввур қилмоғи учун у ҳақда бир-икки оғиз гапириб беришга тўғри келади. Бундай унвонга илмий аттестат ёрдамида эришган коллеж асессорларини Кавказда шу унвонга сазовор бўлган коллеж асессорлари билан сираям тенглаштириб бўлмайди. Чунки булар мутлақо алоҳида-алоҳида тур ҳисобланади. Ўқимишли коллеж асессорлари... Бироқ Россия шундайин ғаройиб ўлкаки, агар биронта коллеж асессори ҳақида бир оғиз сўз айтсангиз, бас, Ригадан Камчаткагача бўлган ҳамма ҳудудларнинг коллеж асессорлари буни албатта ўзи ҳақда деб ўйлайди. Кошки барча унвону мансабларни назарда тутиб бўлса! Ковалёв кавказлик коллеж асессори эди. Бу унвонга эришганига бор-йўғи икки йил бўлган, шу боис буни бир лаҳзаям хаёлидан чиқармайди; ўзини олижаноб ва салобатли кўрсатмоқ учун эса коллеж асессори эмас, ҳаммага маёр деб таништирарди. «Қулоқ сол, азизам, – дея гап бошларди у одатда кўча-кўйда манишка[3] сотиб юрган хотинни учратиб қолса, – сен, яхшиси, уйимга кел, квартирам Садовая кўчасида, маёр Ковалёв қаерда туради деб сўрасанг, дуч келган одам кўрсатиб қўяди». Бордию аёл ёқимтойроқ бўлса, унга махфий топшириқ ҳам берарди-да, «Жонгинам, сен маёр Ковалёвнинг квартирасини сўра», дер эди. Биз ҳам бундан кейин бу коллеж асессорини маёр деб атаймиз. Маёр Ковалёвнинг ҳар куни Нева проспектида сайр қилиш одати бор эди. Унинг манишкаси ёқаси доимо топ-тоза ва оҳорланган бўларди. Бакенбарди эса, ҳозир ҳам губерния ва уезд танобчилари, меъморлар ва полк докторлари, шунингдек, политсия хизматчилари, қўйингки, гўштдор ёноқлари қип-қизил, бостон[4] ўйинини қотириб ўйнайдиган ҳамма эркаклар қўйиб юрадиган кўринишда эди. Бундай чаккасоқол ёноқларнинг қоқ ўртасидан чўзилиб бориб тўппа-тўғри бурунга тақалади. Маёр Ковалёв қимматбаҳо тошдан ясалган турли-туман тамғали муҳрларни ёнида олиб юрар, улар орасида ҳатто «душанба», «чоршанба», «жума» ва бошқа сўзлар ўйиб ёзилганлари ҳам бор эди. У Петербургга фаолият юзасидан, аниқроқ қилиб айтганда, унвонига яраша дурустроқ мансаб эгаллаш илинжида келган: иложи топилса, витсе-губернаторликка ўтсам, йўқса, бирор каттароқ департаментга экзекутор[5] бўлиб жойлашиб олсам, деб мўлжалларди. Маёримизнинг уйланиш нияти ҳам йўқ эмас, агар бисоти икки юз минг ақчалик қайлиқ учраб қолгудек бўлса, кўзини чирт юмиб уйланиб юбориши турган гап. Ана энди, туппа-тузук, ўртамиёна бурни ўрнида маёр ўта бемаъни, сип-силлиғу теп-текис жойни кўриб қай аҳволга тушганини китобхоннинг ўзи фараз қилаверсин. Бахтга қарши, кўчада биронта извош кўринмасди. Маёр плашига ўраниб, гўё бурнидан қон кетаётгандек тус бермоқ учун юзини дастрўмоли билан бекитиб яёв кетишга мажбур бўлди. «Ҳойнаҳой менга шундай туюлгандир, ҳе йўқ-бе йўқ, бурним ғойиб бўлиб қолиши мумкин эмас-ку?!», деб ўйлади у ва яна ойнага қараш илинжида қандолат дўконига кирди. Яхшиямки, дўкон бўм-бўш экан; фақат югурдак болалар хоналарни супуриб-сидириб, курсиларни жой-жойига қўймоқда, баъзилари уйқусираганча патнисда қайноқ гўмма олиб чиқаётир; стол-стуллар устида кофий тўкилган кечаги газеталар қалашиб ётибди. «Хайрият, ҳеч зоғ йўқ, – деди у ўзига ўзи, – бемалол ойнага қараб олсам бўлади». Юраги бетламайгина ойнага яқинлашди ва тикилиб қаради. «Жин урсин, бу нима кўргилик! – деди тупуриб. – Бурун ўрнида бир нима қаққайиб турса ҳам гўрга эди, ҳеч вақо йўғ-а!..» У аламдан лабини тишлаб дўкондан чиқди ва доимий одатига хилоф равишда ҳеч кимга қарамай, ҳеч кимга жилмайиб боқмай тез-тез кета бошлади. Аммо тўсатдан бир уй олдида қоққан қозиқдек тўхтади-қолди – кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа рўй берган эди: йўлак остонасига карета келиб тўхтадию ундан мундирли бир жаноб сакраб тушди-да, энгашганча зинадан чаққон-чаққон чиқиб кетди. Бу ўзининг бурни эканини кўрган Ковалёв қандай даҳшату ҳайратга тушганини таърифлашга тил ожиз! Унинг кўз ўнгида ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди, у аранг оёқда турарди, бироқ талвасада титраганча қандай бўлмасин ўша жанобни кутмоққа қарор қилди. Чиндан ҳам икки дақиқа ўтар-ўтмас бурун қайтиб чиқди. Каттакон тик ёқали, заррин ҳошиядор мундир ва такаки чарм панталон кийиб олган, шпагаси ҳам бор. Укпарли шляпасига қараб, камида статский советник бўлса керак, дея хулоса қилиш мумкин. Туришидан кимникигадир ташриф буюриш ниятида. У ён-верига назар ташлаб олди-да, аравакашга «Қани, кетдик!» дея бақирди ва каретага ўтирдию жўнаворди. Бечора Ковалёв ақлдан озишига бир баҳя қолди. У ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган воқеадан ҳангу манг: ё тавба-а, қандай қилиб кечагина унинг юзида турган бурун бугун оёқ чиқариб, мундир кийиб бемалол кўчада юради?! Маёр каретанинг кетидан чопди, хайриятки, у узоққа бормай Қозон черкови олдида тўхтади. Ковалёв ҳам шоша-пиша ўша томон югурди, кўз ўрнида иккита тешикча очиб қўйилгану бети-бошини чирмаб олган тиланчи кампирлар орасидан ўтиб черковга кирди. Ибодатчилар сийракроқ – улар фақат эшик олдида уймалашиб турарди. Ковалёв айни тобда ибодат қиладиган аҳволда эмас, аланглаб ҳар бурчакдан бояги мундирли жанобни изларди. Ниҳоят, уни топди. Бурун бир чеккада, афтини каттакон тик ёқаси билан бекитганча ўтакетган тақводорлардек берилиб ибодат қилмоқда эди. «Унинг олдига қандай бораман-а? – деб ўйлади Ковалёв. – Савлат-салобати, мундирию шляпасидан статский советник[6] экани кўриниб турибди. Жин урсин, қандоқ қилдим энди!» Яқинроғига бориб устма-уст йўталди; лекин бурун сира ибодатдан чалғимай, қайта-қайта таъзимга эгилар эди. – Олийҳиммат жанобим... – деди Ковалёв ўзини дадил тутишга уриниб, – олийҳиммат жанобим... – Нима дейсиз? – деди бурун унга ўгирилиб. – Мен таажжубдаман, олийҳиммат жанобим... Менимча... сиз ўз ўрнингизни билмоғингиз керак. Ахийри сизни топдим-а, яна қаердан денг? Черковдан! Шуни тан олгайсизким... – Маъзур тутасиз, фаҳмим етмайроқ турибди, нима демоқчисиз ўзи... дурустроқ тушунтирсангиз-чи. «Қандай тушунтирсам бўларкан бунга?» деб ўйлади Ковалёв ва ўзини қўлга олиб, гап бошлади: – Мен, албатта... Ҳа, айтгандек, мен маёрман. Ўзингиздан қолар гап йўқ, мендек одамнинг бурунсиз юришим уятдир ахир. Воскресенск кўпригида арчилган апелсин сотиб ўтирадиган жулдурвоқи хотиннинг бурни бўлмаса ҳеч бокиси йўқдир, бироқ мен... нуфузли лавозимга муяссар бўлишим назарда тутилса... бунинг устига, кўпгина эътиборли хонимлар, дейлик, статский советник Чехтарёва ва бошқалар билан танишман... Танангизга бир ўйлаб кўрсангиз... Нима дейишгаям ҳайронман, олийҳиммат жаноблари... (Шу ерга келганда у елкасини қисиб қўйди.) Маъзур тутгайсиз... агар бунга бурч ва номус талаби деб қараладиган бўлса... ўзингиз тушунсангиз керак... – Мутлақо ҳеч нимани тушунмаяпман, – деди бурун. – Очиқроқ гапиринг. – Олийҳиммат жанобим, – деди Ковалёв ич-этини егудек бўлиб. – Таажжубдаман, тушунмайдиган гапнинг ўзи йўқ-ку... Ёки сиз... Ахир – сиз менинг бурнимсиз! Бурун маёрга тик қаради, унинг қошлари чимирилиб кетди. – Янглишасиз, муҳтарам жаноб. Мен, бу – менман. Боз устига, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай яқинлик бўлмоғи мумкин эмас. Витсмундирингиз[7] тугмаларига қараганда, сиз бошқа бир маҳкамада хизмат қиласиз чоғи. Бурун шундай дедию ўгирилиб ибодатини давом эттираверди. Ковалёв нима қилишни, нима дейишни билолмай эсанкираб қолди. Шу пайт заифона либосларнинг ёқимли шитир-шитири эшитилди, бошдан-оёқ тўрсимон матога бурканган кекса бир хоним билан оқ кўйлаги хушбичим қоматига чиппа ёпишган, бошига сарғиш шляпа қўндирган нозикниҳол, укпардек енгил, болдек ширин қиз пайдо бўлди. Уларнинг ортидан чаккасоқоли эндор, қат-қат ёқали новча малайи ҳам кириб, тамакидонини очди. Ковалёв уларга яқинроқ бориб, манишкасининг батис ёқаларини чиқариб қўйди, тилла занжирга осиғлиқ муҳрларини тузатиб-тўғрилаган бўлди, сўнг ёнверидагиларга жилмайиб қаради-да, нозик бармоқчаларини пешонасига теккизганча салгина эгилиб турган кўклам чечагидек нозикниҳол хонимга тикилиб қолди. Қизнинг шляпа остидан хиёл кўзга чалинаётган оппоқ ияги ва кўклам атиргули мисол нимпушти ёноқларини кўрган Ковалёвнинг башараси табассумдан баттар ёйилди. Аммо бирдан устига қайноқ сув қуйилгандек бўлди. Бурни йўқлиги эсига тушиб, кўзидан ёш чиқиб кетди. Шунда у мундирли жанобга: ўзингизни статский советник қилиб кўрсатишга уринаётирсиз, аслида эса лўттибоз бир аблаҳсиз, менинг бурнимсиз, холос, бошқа ҳеч бало эмассиз, деб дангал айтмоққа чоғланган эди, аммо бурун аллақачон жуфтакни ростлаб қолибди. Ҳойнаҳой яна кимникигадир ташриф буюришни кўзлаб жўнаворган бўлса керак. Ковалёв баттар руҳи тушиб, келган йўлидан изига қайтаркан, бурун у ер-бу ерда кўриниб қолмасмикан, деган илинжда теварак-атрофга синчков аланглаганча колоннадалар[8] остида бир фурсат тўхтаб қолди. Шляпаси укпарли, мундири эса заррин ҳошиядор эди – буниси-ку шундоққина кўз ўнгида, аммо шинелини, каретасининг тусию унга қўшилган отларни, ҳаттоки карета ортида малайи борми, бўлса у қандай ливреяда[9] эди, афсуски эслаб қолмаган экан-да. Боз устига, у ёқдан-бу ёққа ғиз-ғиз қатнаётган карета шу қадар кўп эдики, қидираётган кишингизни илғаб олиш осон эмасди; илғаб қолганингизда ҳам уни тўхтатолмасдингиз. Ажойиб, қуёш чарақлаб турган кун эди. Нева проспекти ниҳоятда гавжум, хонимлар анвойи гуллар шаршараси мисол Политсейскдан то Аничкин кўпригигача бутун йўлкаларни тўлдириб юборган. Ана, унинг таниши – ўзгалар олдида у атайин подполковник деб атайдиган надворний советник[10] келаётир. Ҳув анависи эса – сенатда бўлим бошлиғи, бостон ўйинида саккизликка ўйнаганда доим ошиғи олчи турадиган яқин дўсти Яригин. Ана, Кавказда асессор унвонига сазовор бўлган бошқа бир маёр қўл тўлғаб уни чорламоқда... – Ҳе, жин урсин ҳаммангни! – деди Ковалёв. – Ҳой извошчи, мени ҳозироқ оберполитсмейстер ҳузурига олиб бор! Ковалёв усти очиқ енгил аравага ўтирдию бора-боргунча извошчига «Қани, аравангни елдек учир, учиравер!» дея бақириб кетди. – Обер-политсмейстер шу ердами? – деб қичқирди у даҳлизга кирар-кирмас. – Йўқ эди-я, – деди дарбон, – ҳозиргина жўнаб кетувди. – Ана холос! – Ҳа-я, – деди дарбон, – кетганига ҳеч қанча бўлгани йўқ, бирон дақиқа олдинроқ келганингизда уни учратган бўлардингиз. Ковалёв дастрўмоли билан юзини бекитган кўйи аравага ўтирди-да, умидсиз бир оҳангда қичқирди: – Ҳайда! – Қаёққа? – Тўғрига ҳайда! – Тўғрига? Ахир у ёғи муюлиш-ку, ўнгга бурайми, чапгами? Бу савол Ковалёвни ногоҳ сергаклантирди ва яна ўйлаб кўришга ундади. Унинг аҳволига тушган одам аввало Ахлоқ бошқармасига[11] мурожаат қилиши лозим – бошқарма тўғридан-тўғри политсияга алоқадор бўлгани учун эмас, бошқалардан кўра буйруқлари тезроқ бажарилиши учун. Бурун хизмат қиламан деб айтган маҳкама бошлиқларидан нажот кутиш-ку ақлсизлик бўлур эди, чунки буруннинг гап-сўзию ўзини тутишиданоқ маълум – унга муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Мана, Ковалёв билан ҳеч қачон учрашмаганман деб имонини ютиб турибдики, яна шунга ўхшаш ёлғон тўқиб сувдан қуруқ чиқмайди деб ким айта олади?! Алқисса, Ковалёв извошчига, Ахлоқ бошқармасига ҳайда, деб буюрмоқчи бўлиб турганида бирдан хаёлига илк учрашувнинг ўзидаёқ юзсизлик қилган бу найрангбоз ва қаллоб қулай фурсатдан фойдаланиб, устомонлик билан шаҳардан қочиб қолса-я, деган ўй келди – ана унда қанча қидирманг бефойда, ёйинки қидириш ишлари, худо кўрсатмасин, бирор ойга чўзилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Ниҳоят, Эгамнинг ўзи унга йўл кўрсатди чоғи, у буруннинг барча белги-сифатларини батафсил таърифлаб эълон бериш учун газета экспедитсиясига мурожаат қилиш керак деган қарорга келди. Ана шунда кўрган-билган одам уни ўша заҳотиёқ тутиб беради ёхуд, жуда бўлмаганда, яшаш жойини маълум қилади. Хуллас, шу тўхтамга келиб, извошчига газета экспедитсиясига ҳайда, деди ва йўл бўйи «Бўл, аблаҳ! Тезроқ ҳайда, муттаҳам!» деб унинг биқинига муштлаб борди. «Эҳ, тўрам!» дея извошчи ҳам бош чайқаганча болонка итларникидек узун ёлли отининг жиловига маҳкам ёпишиб, унга устма-уст қамчи босаверди. Арава манзилга етиб тўхтади, Ковалёв ҳаллослаганча чоғроқ қабулхонага бостириб кирди, стол қошида эски фрак кийган, кўзойнакли кекса чиновник қаламини лабига қистириб, чақа-чуқа санаб ўтирган экан. – Эълонни ким қабул қилади? – деб шанғиллади Ковалёв. – Э, салом! – Салом, – дея чиновник унга бир назар ташладию яна олдида уюлиб ётган пулини санайверди. – Мен эълон бермоқчийдим... – Мумкин бўлса, бир оз сабр қилиб турсангиз, – деди чиновник ва ўнг қўли билан қоғозга аллақандай рақамни ёзиб, чап қўли билан чўтга икки соққа ташлади. Уқали кўйлак кийган қайсидир оқсуяк хонадон малайи қўлида хат билан стол олдида турар ва ўзининг киришимли эканини намойиш этмоққа хўб уринар эди: – Биласизми, жаноб, кучукча аслида тўрт тангага арзимайди, мен уни сариқ чақага ҳам олмаган бўлардим, графиня эса уни нақ қўйнидаги боласидек кўради – буни қарангки, топиб берган одамга 100 рубл ваъда қилинган! Сирасини айтганда, мана шунақа – одамларнинг диди ҳечам бир-бирига сиғишмас экан; айтайлик, зўр овчимисан – исковуч итинг ёки пуделинг бўлсин, ана унда беш юзни, мингниям аяма, чунки итинг шунга арзийди-да! Чиновник малайнинг сафсатасини гўё диққат билан тинглаётир ва айни чоқда ўзининг ҳисоб-китоби билан ҳам машғул: қўлидаги хатда қанча ҳарф борлигини санамоқда. Эълон кўтариб келган кампирлар, савдогару фаррошлар атрофини ўраб олган. Эълонларнинг мазмуни ҳам турфа хил: ичкиликка ружу қўймаган аравакаш хизматга ёлланмоқчи; обдон кир ювиш машқини олган, ҳар қандай юмушни бажариб кетаверадиган ўн тўққиз яшар чўри қиз хизматга кирмоқчи; 1814 йили Париждан келтирилган, унча кўп ишлатилмаган болалар аравачаси, битта рессори йўқ усти очиқ енгил извош, ўн етти яшар бўзранг, гижинглаган чавкар тулпор, турп ва редисканинг Лондондан олиб келинган янги нав уруғи, икки бўлмали отхона ҳамда ажойиб қайину қарағайзор боғ қилса арзигулик ер-сувли дала ҳовлининг сотилиши; эски тагчарм олмоқчи бўлганларни ҳар куни соат саккиздан эрталабки учга қадар чайқов бозорига таклиф қилувчи чақириқ дейсизми – ҳамма-ҳаммасидан бор. Ана шундай олақуроқ тўда тўпланган хона чоққина бўлиб, ҳавоси ниҳоятда оғир – бадбўй эди; бироқ коллеж асессори Ковалёв ҳид сезмасди, негаки, дастрўмоли билан юзини бекитиб олган, бурни шу тобда қаерларда изғиб юргани эса ёлғиз худога аён. – Ижозатингиз билан сиздан бир нарсани сўрасам, муҳтарам жаноб. Мен жудаям... – деб сўз бошлади у бир маҳал бесабрлик билан. – Ҳозир, ҳозир! Икки сўму қирқ уч тийин. Бир дақиқа! Бир сўму олтмиш тўрт тийин, – дерди чиновник кампирлару фаррошлар қўлидаги хатларга паришонҳол кўз ташлаб. – Хўш, қулоғим сизда? – деди у ниҳоят Ковалёвга юзланиб. – Илтимосим шуки... – деди Ковалёв, – биласизми, мен ҳалиям тагига етолмаяпман, фирибгарликми-эй, найрангбозликми-эй содир бўлди-да. Сиздан илтимос, ўша аблаҳни тутиб берган киши мўмайгина мукофот олиши ҳақида газетангизда эълон босиб чиқарсангиз. – Хўш, фамилиянгизни билсак бўладими? – Фамилиямни нима қиласиз? Йўқ, айтолмайман. Таниш-билишларим жуда кўп: статский советник Чехтарёва, штаб-офитсер Пелагея Григоревна... Худо асрасин, таниб қолишса-я! Сиз шунчаки, коллеж асессори ёки яхшиси, маёр мансабига эга бир жаноб деб ёзиб қўяқолинг. – Қочиб юрган одам – қаролингизми? – Қарол дейсизми? Қаролим қочса майли эди-я, фирибгарликка кирмасди бу! Қочиб кетган – бурним... – Ҳм! Ғалати фамилия экан-а! Хўш, ўша Бурунов катта маблағингизни ўмариб кетдими? – Бурун деганда... сиз бошқача тушундингиз! Бурним, менинг бурним қаёққадир ғойиб бўлди. Худо ураман деса шу-да! – Қандай қилиб ғойиб бўлади? Ҳеч нимани тушунолмаяпман. – Қандай ғойиб бўлиб қолганини ўзим ҳам билмайман, аммо у ҳозир шаҳар кезиб юрибди, ўзини статский советник деб таништиради ҳаммага. Шунинг учун уни қўлга туширган киши зудлик билан менга топшириши лозимлиги тўғрисида эълон беришингизни сўрайман. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, юзимда бурун бўлмаса, мен нима деган одам бўламан? Оёғимнинг жимжилоғи эмас¬ки, этикка тиқсаму ҳеч ким кўрмайдиям-билмайдиям десам! Ахир мен ҳар пайшанба статский советник Чехтарёва ҳузурида бўламан; штаб-офитсер Подточина Пелагея Григоревнанинг ҳам ёқимтойгина қизи бор, улар ҳам яқин танишим; хўш, айтинг-чи, мен энди нима қилай?! Шу тасқара аҳволда уларга қандай кўриниш бераман?! Чиновник лабини қаттиқ қимтиб қолди, бу унинг чуқур ўйга толганини англатарди. – Йўқ, бунақа эълонни газетада чиқаролмайман, – деди у узоқ сукутдан сўнг. – Нега? Нега чиқаролмайсиз? – Шундай. Газетанинг обрўйига футур етади. Бунақа, дуч келган одам бурним қочиб кетди, деб ёзаверса, унда... Ўзи шусиз ҳам газетада бўлмағур ва ёлғон мишмишлар чоп этиляпти, деган гаплар юрибди. – Ахир, бунинг нимаси бўлмағур гап экан? Кечирасиз-у, миш-миш эмаслиги шундоққина кўриниб турибди, чамамда! – Э, сиз шундай дейсиз-да. Ана, ўтган ҳафта ҳам худди шунақа иш бўлган эди. Сизга ўхшаб бир чиновник арз билан келди, эълони ҳисоб-китоб бўйича бир сўму етмиш уч тийинга баҳоланди; у қора юнгли пуделнинг қочиб кетгани ҳақида эди. Бундай олиб қаралса, оддий бир эълон, тўғрими? Кейин маълум бўлдики, бари қип-қизил ҳақорат, яъни ўша пудел, ҳозир эсимда йўқ, қайсидир бир идоранинг ғазначиси экан. – Ахир, мен аллақандай пудел ҳақида эмас, шахсан ўз бурним ҳақида эълон бермоқчиман, демакки, ўзим ҳақимда деса ҳам бўлади. – Йўқ, бунақа эълонни беролмайман, ҳеч иложи йўқ. – Ҳа унда, бурнимдан айрилиб қолаверар эканман-да?! – Бу вазиятда дўхтирга борганингиз маъқул. Айтишларича, ўзингиз хоҳлаган бурунни ёпиштириб қўйиш ҳам қўлидан келадиган дўхтирлар бор эмиш. Аммо-лекин-чи, сиз жуда хушчақчақ, ҳазилни қийиб қўядиган одам экансиз. – Худони ўртага қўйиб онт ичаман! Ҳамонки, менга ишонмаётган экансиз – очиб кўрсатишим мумкин. – Овора бўлишга не ҳожат! – деди чиновник тамакисини ҳидлаб. – Бироқ малол келмаса, – дея қизиқувчанлик билан қўшиб қўйди кейин: – бир кўриб қўйсак зиён қилмасди... Коллеж асессори юзидан дастрўмолини олди. – Ё, тавба! – деб юборди чиновник. – Чиндан ҳам бурун ўрни теп-текис-а, гўёки ҳозиргина пиширилган қуймоққа ўхшайди. Сип-силлиқ! – Хўш, энди нима дейсиз? Ўзингиз кўриб турибсиз, эълонни чоп этмасангиз бўлмайди. Мен сиздан бағоят миннатдор бўлардим, шу баҳона сиз билан танишганимдан ҳам беҳад хурсандман... Қарангки, маёр бир оз лаганбардорлик қилиб ҳам кўрди. – Чоп этиш-ку қийин иш эмас, – деди чиновник, – аммо бундан сизга бирон наф чиқишига кўзим етмаяпти-да. Агар жуда кўнглингиз тўлавермаса, буни бирор ўткирроқ қаламкашга сўзлаб беринг – табиатнинг ноёб ҳодисаси сифатида тасвирлаб мақола ёзсин, кейин уни ўсмирлар (у бурнини артиб қўйди) ёхуд анчайин синчков, қизиқувчан омма эътиборига ҳавола этиш учун «Северная пчела»да[12] (у яна бир марта тамаки ҳидлаб олди) чоп эттиринг. Ҳафсаласи пир бўлиб, коллеж асессори бошини қуйи солиб олди. Шунда у газетанинг спектакллар ҳақида ахборот босиладиган пастки қисмида ўзига таниш дилбаргина актрисанинг номини ўқиб қолдию юзига табассум югурай деди ва ёнимда кўк қоғоз пулдан бормикан, деган ўйда дарҳол қўлини чўнтагига тиқди; Ковалёвнинг фикрича, театрга кирганда штаб-офитсерлар креслода ўтириши шарт – лекин бурни эсига тушиб, ширин хаёллари бир зумда тумтарақай бўлиб кетди! Чиновник ҳам Ковалёвнинг аҳволига куйинаётганга ўхшарди. Мулозамат юзасидан унга икки оғиз юпанч сўз айтгиси келди: – Сирасини айтганда, бошингизга шундай ғалати савдо тушгани кўп ачинарли иш бўпти. Тамаки ҳидлайсизми? У бош оғриғини, қайғуни кўтариб ташлайди, ҳатто бавосилга ҳам даво дейишади буни. Чиновник шундай дея тамакидонининг шляпали бир хоним суврати чизилган қопқоғини ғоят абжирлик билан очиб, Ковалёвга тутди. Ноўрин бу мулозаматдан Ковалёвнинг нақд қони қайнаб кетди. – Ҳазил қилмоққа қандай ҳаддингиз сиғди, ҳайронман, – деди у жаҳл билан, – айнан ҳид билиш аъзом йўқлигини билатуриб-а? Жин урсин тамакингизни! Кўрарга кўзим йўқ! Бадбўй, хашаки тамакингиз тугул бундан юз чандон аломатига ҳам тупурган бўлардим! Қаттиқ ранжиган Ковалёв аччиқ-аччиқ гапириб газета экспедитсиясидан чиқди ва тўппа-тўғри қанд йиғишга муккасидан кетган участка нозири ҳузурига йўл олди. Нозир уйининг даҳлизига – емакхонаси ҳам шу ер – савдогар дўстлари тортиқ қилган катта-катта каллақандлар[13] териб қўйилган эди. Айни тобда ошпаз аёл нозирнинг ботфортини[14] ечиш билан овора; шпага ва бошқа ҳарбий аслаҳалари аллақачон жой-жойига илинган, уч яшар ўғли ваҳимали учбурчак шляпасини ушлаб-ушлаб қўярди; нозир жанжалу талаш-тортишувларга қозилик билан ўтган серташвиш кун якунида дунё лаззатларидан бир тотиниш ниятида эди. У маза қилиб керишиб, томоқ қириб, «Эҳ, икки соатгина мириқиб ухлаб оламан!» деб турган пайтда Ковалёв кириб келди. Ўз-ўзидан аёнки, Ковалёвнинг ташрифи мутлақо бемаврид эди; билмадим, шу келишида у, жуда бўлмаганда, бир неча фунт чой ёки мовут кўтариб келган тақдирда ҳам илтифот билан кутиб олиниши даргумон эди. Нозир санъатнинг барча турлари ва саноатнинг барча маҳсулотларига зўр рағбат билан қарарди, лекин ҳар нарсадан қоғоз пулни афзал кўрарди. «Дунёда бундан яхши яна нима бор экан?! – дерди у одатда. – Ош-нон сўрамаса, кўп жой эгалламаса, чўнтакка сиғиб кетаверади, қўлдан тушириб юборсанг – шикаст емайди». Нозир Ковалёвни совуқ қарши олди ва тушликдан сўнг тергов ишлари юритилмаслиги, инсоннинг мижози таом тановвулидан сўнг жиндак ором олишни тақозо этиши (бундан коллеж асессори участка нозирининг қадим донишмандлар бисотидан бохабар эканини билди), андишали, ҳалол одамнинг бурнини ҳеч ким юлиб олмаслигию дунёда ички-йимининг яғири чиқиб кетган, ҳар хил бўлмағур жойларда санқиб юрадиган қаланғи-қасанғи ма¬ёрлар урчигандан-урчиб ётгани ҳақида сўзлади. Юзингда кўзинг борми ҳам демади-я! Ковалёв циркаси сув кўтармайдиган, таъби нозик мардум эканини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз жоиз. У ўзи ҳақида айтилган ҳар қандай нохуш гапни унутиши мумкин-у, ўша гап мансаб ва унвонига тегишли бўлса асло кечирмасди. У ҳатто театр песаларида обер-офитсерни ҳар қанча масхаралаш мумкиндир, аммо штаб-офитсерларга тил теккизиб бўлмайди деб ҳисобларди. Нозирнинг қабулидан у шунақанги изза бўлдики, бош тебратди-да, шаънини ерга урмаган ҳолда, қўлларини керганча, «Очиқ гап, сизнинг бунақа ҳақоратомуз сўзларингиздан кейин мен бир нарса деёлмайман...», деди ва эшикка йўналди. У юрди-ю, ер босмади – шу кўйи уйига етиб келди. Оқшом кириб қолган эди. Шунча елиб-югуришлари беҳуда кетганидан квартираси ҳам кўзига қоронғи бир зулматдек кўринди. Даҳлизга кирибоқ яғири чиқиб кетган чарм диванда ястаниб ётган хизматкори Иванга кўзи тушди: у шифтга қараб туфлар ва ҳар сафар мўлжалга бехато теккизмоқда эди. Бу бетамизликни кўриб маёрнинг баттар фиғони чиқди; Иваннинг пешонасига шляпаси билан бир тушириб, «Сен, тўнғизнинг бошқа қилар ишинг йўқми?!» деб қичқирди. Иван ўрнидан сапчиб туриб, унинг плашини ечмоққа тутинди. Толиққан, дарди дунёси зим-зиё бўлган маёр бўлмасига кириб ўзини креслога ташладию чуқур-чуқур нафас олиб беихтиёр нола қила кетди: – Эй, Худойим! Эй, Худойим! Нега менга бунча азоб берасан? Бундан кўра қўлсиз ёки оёқсиз қолсам бўлмасмиди?! Қулоғимдан айрилсам ҳам ёмон-у, унга чидаса бўларди, аммо бурунсиз одамни, қуриб кетсин, нима дейиш мумкин? Қуш бўлиб қуш эмас, фуқаро бўлиб фуқаро – шунчаки кераксиз матоҳдек деразадан улоқтиру юбор! Уруш ёхуд дуелдами, ёки ўзим сабаб бирон кор-ҳол оқибатида бурундан ажраган бўлсам ҳам майли эди, ҳе йўқ-бе йўқ, ўз-ўзидан йўқолди-қолди, бекор-беҳуда, сариқ чақачалик қадри йўқдек!.. Йўқ, бу қандайин гап, – деди у ўзига ўзи, бир дам ўй суриб, – одамнинг бурни ҳам дабдурустдан йўқ бўлиб қоларканми?! Ҳойнаҳой туш кўряпман ёки хаёл сураётирман, балки соқол олдиргач юзга суртадиган арақни билмай ичиб юборгандирман. Аҳмоқ Иван, дарҳол йиғиштириб қўймаган-да, сув деб симирганман-юборганман. Маст эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун у ўзини чунонам чимчиладики, оғриққа чидаёлмай додлаб юборди. Ковалёв туш кўрмаётгани, бу машмашалар ўнгида содир бўлаётганини англади. Секингина кўзгуга яқинлашди, зора бурним ўз ўрнида бўлса деган ўйда кўзларини қисинқираб қаради-ю, шу заҳоти ортига тисарилди: – Бунча тасқара бўлмасам! Ҳеч ҳам ақл бовар қилмайди. Агар тугмачами, кумуш қошиқми, соат ёки шунга ўхшаш бирор нарса йўқолса бошқа гап эди, лекин бурун ғойиб бўлиб турибди! Қаёққа гум бўлди? Қандай қилиб?.. Устига-устак, ўз уйимда йўқолса-я!.. Маёр Ковалёв ҳар томонини ўйлаб кўриб, бу мени куёв қилмоқчи бўлиб юрган штаб-офитсер Подточинанинг қилмиши бўлса керак, деган тахминга борди. Айнан шу тахмини ҳақиқатга яқинроққа ўхшаяпти. Тўғри, ўзи ҳам қизнинг кўнглини овлашга иштиёқманд эди-ю, аммо уйланишдан қочиб юрарди. Штаб-офитсер уни куёв қилиш ниятида эканини дангал айтганида, ҳали ёшман, яна беш йилларча ишлашим керак, ана ўшанда роппа-роса қирқ иккига кираман дея, секингина қизга хушомадларини йиғиштириб қўяқолди. Шу сабабдан ҳам штаб-офитсер ўч олиш мақсадида афсунгару жодугар хотинларни ёллаб, унинг «башарасини бузиш»га қарор қилган, негаки бурун кесиб олинганга ўхшамайди, бунинг иложи ҳам йўқ: хонасига ҳеч ким кирмаган бўлса, сартарош Иван Яковлевичга эса чоршанба куни соқол олдирган, ўша кун ва ҳатто пайшанба куни ҳам бурни жойида эди – шуниси аниқ эсида. Боз устига, у оғриқни сезган бўларди ва шубҳасизки, жароҳат бу қадар тез битиб, ўрни теп-текис, қуймоқдек силлиқ нарсага айланиб қолмасди. У хаёлан режалар туза бошлади: штаб-офитсерни расман судга чақиртирсинми ёки олдига бориб жиноятини фош этсинми?! Эшик тирқишидан сизиб кирган шуъла унинг хаёлини бўлиб юборди – даҳлизда хизматкори шам ёққан эди. Бир оздан сўнг хона буткул ёришиб кетди: қўлида шамдон билан остонада Иваннинг ўзи ҳам пайдо бўлди. Ковалёв бу валакисаланг аҳволимни кўриб ростакамига эси оғиб қолмасин дея дарҳол дастрўмолини олиб юзини бекитди. Иван ўз ҳужрасига кириб кетар-кетмас, даҳлизда нотаниш овоз эшитилди: – Коллеж асессори Ковалёв шу ерда яшайдими? – Кираверинг, маёр Ковалёв шу ерда, – дея коллеж асессори ирғиб ўрнидан турди-да, эшикни очди. Хонага қадди-басти расо, чакка¬соқоллари унча малла ҳам, қоп-қора ҳам эмас, юзи гўштдор, ҳув ўша, қиссамиз аввалида Исакиевск кўприги адоғида учратганимиз политсия чиновниги кириб келди. – Бурни йўқолган сизмисиз? – Худди шундай. – Бурун топилди. – Ростданми?! – деб қичқириб юборди Ковалёв. Севинганидан бир он тили калимага келмай, қаршисидаги қалин лаблари ва гўштдор юзида шамнинг нури липиллаб турган квартал нозирига тикилиб қолди. Сўнг: – Қандай қилиб? – деб сўради. – У ғалати бир вазиятда, сафарга отланиш чоғида қўлга олинди. Дилижансга[15] ўтириб, Ригага жўнавормоқчи экан. Бошпурти ҳам бир чиновникнинг номида. Аввалига мен уни расмона жаноб деб ўйлабман. Яхшиям, кўзойнагим ёнимда экан, ўша заҳоти унинг бурун эканини билдим. Ўзи яқинни равшан кўролмайман-да мен; мана, сиз қаршимда турибсиз, фақат юзингизни кўряпман, бироқ бурнингиз, соқолингиз, кўзингизни, қўйинг-чи, афтингиздаги бошқа аъзоларнинг бирортасини фарқлай олмайман. Қайнонам, яъни рафиқамнинг онаси ҳам ҳеч балони кўрмайди. Ковалёв ўзида йўқ, ҳовлиқиб: – Қани у? Қаерда, айтинг, ҳозироқ учиб бораман, – деди. – Ҳеч ташвишланманг, уни олиб келдим. Биласизми, бу ишда Вознесенск кўчасидаги қаллоб сартарошнинг қўли бор экан, мана энди ўзи политсия маҳкамасида ўтирибди. Мен уни азалдан бери пиёниста, ўғри деб шубҳа қилиб юрардим, бундан уч кун аввал расталарнинг биридан бир қути тугмани ўмариб кетибди. Мана бурнингиз, соғ-саломат ҳолда келтирдик сизга! Квартал нозири чўнтагига қўл солиб қоғозга ўралган бурунни олди. – Худди шу! – дея қичқириб юборди Ковалёв. – Ҳа, менинг бурним шу! Келинг, бугун сизни меҳмон қилай. – Таклифингиздан бошим кўкка етди, бироқ бунинг сира иложи йўқ. Мен ҳозир бу ердан чиқибоқ жиннихонага боришим керак... Биласиз, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи осмонда... Ўзимиз жўжабирдек жонмиз, қайнонам, яъни рафиқамнинг онаси ҳам биз билан яшайди. Тўнғич ўғлимиздан айниқса умидимиз катта-ю... жуда каллали бола-да, аммо шу, таълим-тарбиясига қўлимиз калталик қилиб турибди... Ковалёв шамани дарров фаҳмлади ва стол тортмасидан битта қизил ўнталик олиб нозирнинг қўлига қистирди; у астойдил таъзим қилганча чиқиб кетди. Шу заҳотиёқ унинг араваси билан хиёбонни пайҳон қилган бир бефаросат мужикни бўралаб сўкаётгани эшитилди. Квартал нозири кетгандан сўнг коллеж асессори нима қиларини билмай каловланиб қолди, бир фурсат ўтгачгина аранг ўзига келди – кўриш ва ҳис этиш қобилияти тикланди. Кутилмаган қувонч уни ана шундай карахт аҳволга солиб қўйган эди. У излай-излай топилган арзандаси – бурнини эҳтиётлик билан икки кафтига олди, синчковлик билан кўздан кечира бошлади. – Ҳа, шу! Ўзгинамнинг бурним! – дерди нуқул маёр Ковалёв. – Ана, кеча чап томонидан чиққан ғўддасигача турибди. Маёр хурсандлигидан бор овозда хохолаб юборишига сал қолди. Бироқ бу норасо дунёда абадий нима бор?! Мана шу қувонч ҳам сал ўтиб хира тортади-да, кейин-кейин йўқола бориб, ниҳоят, ўзингиз сезмаган ҳолда одатий кайфиятингизга айланади-қолади – худди сувга тош отганда ҳосил бўлган ҳалқачалар секин-аста силлиқ сатҳга қуйишиб кетгандек. Ковалёв мулоҳаза қила-қила бирдан сергак тортди: бу ҳали иш битди дегани эмас, бурун топилишга топилди-я, бироқ уни ўрнига ёпиштириб қўйиш ҳам керак-ку, ахир! – Ёпишмаса-чи, унда нима бўлади? – деди ўзига ўзи. Миясида ярқ этган бу саволдан маёрнинг юраги шув этиб кетди. Жонҳолатда стол сари отилди, бурнини қийшиқ ўрнатиб қўймаслик учун тошойнани ўзига яқинроқ суриб олди. Диққатини бир ерга жамлаб, эҳтиёткорлик билан уни жойига қўндирмоқчи бўлди. Ув, шўрим қурсин! Жойига тушмаяпти-ку!.. Кейин бурунни оғзига тутиб дами билан бир оз илитди-да, яна эски жойи – икки ёноғининг ўртасига ёпиштиришга уринди, аммо бурун ёпишмади. – Қани! Қани, бўлақол! Ёпишсанг-чи энди, касофат! – дерди у бўғилиб. Аммо бурун худди ёғочдан ясалганга ўхшарди, бехос қўлидан тушириб юборган эди, у пўкак тиқин мисол столга «тақ» этиб тушди. Маёрнинг афти бужмайиб кетди. – Энди нима бўлади? Наҳотки!.. – деди у баттар саросимада қолиб. Бурунни ўрнаштиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, уринишларидан бир иш чиқмади. У Иванни чақириб, бинонинг юқори қаватидаги энг ҳашамдор квартирада яшовчи докторни айтиб келишни буюрди. Доктор бағоят савлатли, ўктам киши эди, қатрондек тимқора чаккасоқоллари ўзига роса ярашиб турар, мудом арчилган тухумдек озода юрар, юзлари тиниқ, соғлом, эрталаб янги узилган олма ейишни канда этмас, айниқса, тиш тозалигига қатъий риоя қилар, ҳар тонг чорак соатлаб оғзини чаяр, тишларини беш хил чўтка билан тозалар эди. Доктор шу заҳотиёқ келди. Бу кўргилик қачон юз берганини сўрагач, у бурун ўрнини шунақаям чертдики, маёр жонҳалпида бошини орқага ташлаган бўлса керак, энсаси билан деворга урилди. Доктор буниси ҳали ҳолва, деди ва девордан берироқ туришни сўради; аввал бошини ўнгга буриб, бурун ўрнини пайпаслаб кўрди-да, «Ҳм!» деб қўйди. Кейин бошини чап томонга буришни буюрди ва тағин «Ҳм!» деб, охирида яна бир чертган эди, тишларини кўрмоқчи бўлганингизда от қандай силтаниб-сапчиса, маёр ана шундай калласини силтаб-сапчиди. Доктор шу тажрибани ўтказгач, бош чайқаб қўйди: – Йўқ, иложи йўқ. Яхшиси, сиз шундай юраверинг, чунки бундан баттар бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Албатта, бурунни жойига ўрнатса бўлади, мен уни ҳозироқ ўрнатиб қўярдим-у, лекин ишонтириб айтаманки, ўзингизга ёмон бўлади. – Қаранг-а! Нима, бурунсиз юр демоқчимисиз? – деди Ковалёв тутоқиб. – Ҳозирги аҳволимдан баттари бўлмаса керак. Жин урсин, бу не кулфат-а?! Шу ажуваи тараққос башарам билан одамларнинг кўзига қандай кўринаман? Обрўли-обрўли танишларим бор ахир! Мана, бугун ҳам иккита хонадонга зиёфатга боришим керак. Мени кўпчилик билади: статский советник Чехтарёва, штаб-офитсер Подточина... ҳа, айтгандек, унинг бу қилмишидан сўнг ўртамиздаги муносабатга чек қўяман. Энди у билан фақат политсия орқали гаплашаман. Менга раҳмингиз келсин, доктор, – дея илтижо қила кетди Ковалёв, – бирон чораси бордир ахир? Бир бало қилиб ўрнатиб қўйинг, жуда рисоладагидек бўлмаса ҳам, шунчаки осилиб турсин, майли, қалтис вазиятларда уни ўзим қўлим билан ушлаб тураман. Бирон бир эҳтиётсиз ҳаракат қилиб зиён етказиб қўймасман – мен рақс тушмайман-ку, ахир. Кўнглингиз тўқ бўлаверсин, ташрифингиз учун миннатдорлик ҳам ҳамён кўтарганча бўлади. – Ишонсангиз, – деди доктор баланд ҳам, паст ҳам эмас, лекин ёқимли, таъсирли овозда, – мен беморимни ҳеч қачон тама илинжида даволамайман. Тамагирлик менинг инсоний ақидаларим ва врачлик шаънимга мутлақо зид. Тўғри, хизматга ҳақ оламан, бунинг бирдан-бир сабаби – рад этиб мижозларимни ранжитиб қўймаслик. Бурнингизни-ку жойига келтириб қўярдим, аммо гапимга ишонмасангиз виждонимни кафил қилай, қиёфангиз бундан-да тасқарароқ бўлиб қолади. Начора, энди пешонада борини кўраверасиз-да. Тез-тез совуқ сувда ювиб туринг, ишончингиз комил бўлсинким, бурнингиз борлигида қандай бўлсангиз, бурунсиз ҳам худди шундай соппа-соғ юраверасиз. Бурунни эса спиртли банкада сақлаганингиз маъқул ёки, яхшиси, спирт ўрнига икки ошқошиқ ўткир арақ ва иситилган цирка қуйинг – ана шунда бурун эвазига мўмайгина маблағли бўлишингиз ҳам мумкин. Агар қиммат сўрамасангиз уни ўзимоқ сотиб оламан. – Йўқ, йўқ! Сотиш ниятим йўқ! – дея қичқириб юборди Ковалёв аламидан. – Ундан кўра йўқ бўлиб кетсин! – Маъзур тутасиз! – деди доктор тавозе билан. – Мушкулингизни осон қилиш ниятида эдим, холос... Начора! Ҳарқалай, қанча уринганимни ўзингиз кўрдингиз. Шу гапларни айтиб доктор қаддини ғоз тутганча хонани тарк этди. Ковалёв унинг юзига ҳам боқмади, карахт аҳволда эмасми, фақат қора фракининг енгидан чиқиб турган оппоқ кўйлаги манжети кўз олдидан лип этиб ўтди, холос. Эртаси куниёқ у маҳкамага шикоятнома битишдан аввал штаб-офитсер Подточинага, каминага тегишли тана аъзосини уриш-жанжалсиз ўз ҳолига қайтариб берсангиз, деган мазмунда хат ёзишга қарор қилди. «Муҳтарама Александра Григоревна хоним! Сиз томонингиздан қилинган ғалати ишларга ҳеч тушунолмаяпман. Хотиржам бўлингким, бу йўл билан бирор нимага эришолмайсиз, яъни мени қизингизга уйланишга мажбур этолмайсиз. Шунга амин бўлингким, бурним билан боғлиқ воқеа менга кундек аён, бунга бошқа биров эмас, айнан сиз сабабчи эканингизни ҳам аниқ биламан. Бурнимнинг тўсатдан ғойиб бўлиб қолиши, қочиб кетишию ҳар хил тусларга кириши, дейлик, аввалига чиновник қиёфасида савлат тўкиб юриши ва ниҳоят яна ўз ҳолига қайтиши – сизнинг сеҳру жодуларингиз оқибати ёхуд сизга ўхшаб мана шунақа «олижаноб машғулотлар» билан шуғулланувчи кимсаларнинг кирдикоридир. Мен ўз номимдан сизни огоҳлантириб қўйишни бурчим деб биламан. Башарти, юқорида айтиб ўтганимдек, бурним бугуноқ ўз ўрнига қайтмас экан, у ҳолда мен тегишли қонун ҳимояси ва ҳомийлигига таянишга мажбур бўламан. Шоён ҳурмат ила таъзимда Камина қулингиз Платон Ковалёв». «Муҳтарам жаноб Платон Кузмич! Мактубингиз мени ғоят ҳайратга солди. Эътироф этмоғим лозим, сиздан бунақа ноҳақ гина-кудуратларни асло кутмаган эдим. Олдиндан шуни маълум қиламанким, сиз тилга олган чиновникни ясама қиёфада ҳам, ўз қиёфасида ҳам уйимда қабул қилмаганман. Тўғри, хонадонимга Филипп Иванович Потанчиков келиб туради. Гарчи у қизимнинг қўлини сўраш илинжида юрган бўлса-да, бу боадаб, ўта маданиятли инсонни ҳеч қачон умидвор қилган эмасман. Сиз яна аллақандай бурун ҳақида сўз юритибсиз. Агар бу гапларингиз билан мен икки қўлимни бурнимга тиқиб қоламан, деган хаёлга борган, яъни расман рад жавобини оламан, дея ташвишланаётган бўлсангиз, буни сизнинг ўзингиздан эшитиш мени жуда таажжубга қўйди. Негаки, мен мутлақо бошқача фикрдаман. Бордию эндиликда сиз қизим билан қонуний унашиш ниятида бўлсангиз, бу истагингизни мен ҳозирнинг ўзидаёқ маъқуллашга тайёрман. Зеро, бу менинг энг катта тилагим. Ана шундай умид билан – мудом хизматингизга тайёр Александра Подточина». «Йўқ, – деди Ковалёв хатни ўқиб чиққач. – Унинг бу ишга дахли йўқ. Кўриниб турибди! Жиноятда айбланаётган одам бундай хат ёзмайди. – Коллеж асессори Кавказ вилоятида бир неча бор терговга жалб этилгани боис бундай ишлардан дурустгина хабардор эди. – Қандай қилиб, қай йўсин бу савдо бошимга тушди?! Буниси энди ёлғиз худога аён!» деди у ниҳоят тақдирга тан бергандек. Бу ёғини сўрасангиз, мазкур ғаройиб ҳодисага доир мишмишлар, табиийки, ошириб-тоширилиб бутун пойтахтга тарқаб кетди. Ўша кезлар барча ҳовлиқма кишилар айнан ғайриоддий воқеаларга ўч бўлиб қолган эди. Бундан сал аввал фақат магнетизмга оид тажрибалар жамоатнинг оғзида эди. Боз устига, Конюшен кўчасидан чиққан рақс тушувчи стуллар ҳангомаси ҳам ҳали эскирмаган эди, шунинг учун ҳамма тез орада коллеж асессори Ковалёвнинг бурни Нева проспектида роппа-роса уч соат сайр қилганмиш, дея гап бошлагани ҳеч ажабланарли эмас. Текин томошабинлар оқими кун сайин ортиб борарди. Кимдир ўша бурун Юнкер дўконида[16] экан, дея гап тарқатибди. Юнкер олдига тумонат одам йиғилиб, шунақаям ур-йиқит бўптики, бу жанжал-суронни политсия аралашиб базўр тинчитибди. Театрга кираверишда қандолат-пандолат сотиб ўтирадиган, кўринишидан туппа-тузук, чаккасоқолли бир чайқовчи ёғочдан бежирим, пишиққина курсилар ясаб, ишқибозларни таклиф этибди – киши бошига саксон тийиндан олиб курси оша томоша уюштирибди. Бир фахрий полковник атайлаб уйидан барвақт чиқиб, бир амаллаб оломонни ёриб ўтибди, бироқ дўкон ойнасидан бурунни эмас, оддий жун фуфайкаю пайпоғини тузатаётган қиз ва дарахт ортидан унга мўралаб қараётган қайтарма нимчали, бир тутамгина соқолчаси бор олифта йигит тасвирланган литографик сувратни кўрибди, холос; суврат бу ерда осиғлиқ турганига ўн йилдан ошган эди. Полковник туртина-суртина бир четга чиқиб олгач, «Шунақа ёлғон ва тўмтоқ мишмишлар билан одамларни майна қилишнинг нима кераги бор-а?» деб роса дарғазаб бўлибди. Кейин – маёр Ковалёвнинг бурни Нева проспектида эмас, қачондан бери Таврия боғида сайр қилиб юрганмиш, у Хисрав Мирза[17] яшаган вақтлардан буён ўша ерда эмиш, шаҳзода ҳам табиатнинг бу ғаройиб ўйинидан ғоят ҳайратланибди, деган гаплар тарқалди. Жарроҳлик академиясининг баъзи талабалари ўша ёққа йўл олибди. Таниқли ва нуфузли бир хоним эса боғ назоратчиси номига мактуб битиб, табиатнинг бу ноёб ҳодисасини болаларга кўрсатишни, агар иложи бўлса, ибратли ва насиҳатомуз изоҳлар билан ўсмирлар ўртасида тушунтиришлар олиб борилишини сўрабди. Бўлиб ўтмиш ушбу воқеалар барча киборларга, айниқса, хонимлар димоғини чоғ қилишни хуш кўрадиган, тантанали қабул маросимларини канда этмайдиган олифталарга жуда қўл келди – захирадаги қизиқарли латифаларининг таги кўриниб қолган эди-да. Бир неча нуфузли, холис ниятли кишилар эса бу ҳолдан ўта норози эди. Бир жаноб ҳозирги маърифатли асримизда қандай қилиб мана шунақа куракда турмайдиган уйдирмалар тарқалиши мумкин, ҳеч тушунолмайман, нега бунга ҳукумат бепарво қараётир, дея жиғибийрон бўлиб гапирди. Бу жаноб, афтидан, ҳукуматни ҳамма нарсага, ҳатто эр-хотин ўртасидаги кундалик можарога ҳам аралаштиришга уринадиганлар хилидан бўлса керак. Шундан кейин... шу ерга етганда яна воқеани буткул туман чулғайди ва у ёғига нима бўлгани мутлақо маълум эмас. III Дунёда ўта бемаъни ишлар ҳам кўп-да. Баъзида ҳақиқатга яқин ҳам йўламайдиган воқеаларга гувоҳ бўламиз. Статский советник мансабида ҳар ерда сайр қилиб юрган ва шаҳарда шунча шов-шув чиқарган ўша бурун гўё ҳеч нима кўрмагандек, кутилмаганда ўз жойи, яъни маёр Ковалёвнинг икки ёноғи ўртасида пайдо бўлди-қолди. Бу воқеа апрел ойининг еттинчи куни рўй берди. Ковалёв уйғониб, бехосдан кўзгуга қараса – бурни жойида! Шоша-пиша ушлаб кўрди – ўзининг бурни! «Ие, ие!» дея қийқириб юборди у ва қувончи ичига сиғмай хонани оёқяланг гир айланиб югурмоқчи эди, қўққисдан кириб келган Иван халақит берди. Маёр унга ювингани сув келтир, деб буюрди ва юз-қўлини чаяркан, яна бир марта ойнага қаради: бурни ўз ўрнида! Сочиққа артинаркан, тағин қаради: бурун ўша-ўша! – Иван, қара-чи, бурнимга ғўдда чиққанга ўхшайди, – деди у ва «Агар Иван: э, жаноб, ғўдда қаёқда, буруннинг ўзи йўқ-ку, деса худо урди деявер!» деган гап ўтди хаёлидан. Бироқ Иван: – Йўғ-э, ҳеч қандай ғўдда-пўдда чиқмаган бурнингизга! – деди. «Ана-а, зўр-ку!» деди ўзича маёр ич-ичидан севиниб ва бармоқларини қирсиллатиб қўйди. Шу пайт қўлга тушаёзган ўғри мушукдек қўрқа-писа сартарош Иван Яковлевич эшикдан мўралади. – Аввал менга шуни айт-чи, қўлингни ювганмисан? – деб қичқирди Ковалёв унга кўзи тушибоқ. – Ҳа, қўлим тоза. – Алдама! – Худо ҳаққи, жаноб, топ-тоза. – Бўпти, бўпти, кўрамиз ҳали... Ковалёв курсига жойлашди. Иван Яковлевич унинг елкасига сочиқ ёпиб, чўткаси билан бир лаҳзада соқолию ёноқларига ноёб, хушбўй совун кўпигини чаплаб ташлади. «Буни кўринг-а! – деди ўзига ўзи Иван Яковлевич унинг бурнига қараб, кейин бошини эгиб, ён томондан боқди. – Бор, йўқол-э!», деб қўйди-да, яна бурунга тикилиб қолди. Кейин иложи борича аяб-авайлаб, унинг учидан ушламоқ бўлиб бармоқ чоғлади – Иван Яковлевичнинг соқол олиш усули шунақа эди. – Эй, эй, кўзингга қара! – деб қичқирди Ковалёв. Сартарош тараддуд аралаш довдираб қолди, уни шундай ҳаяжон босдики, бунақаси сира бўлмаган эди. Ниҳоят, эҳтиёткорлик билан устарасини гирд айлантириб, мижозининг иякларини аста қиртишлай бошлади. Гарчи ҳид билиш аъзосини ушламасдан соқол олиш хийла ноқулай бўлса-да, дағал бармоқларини бет ва пастки жаққа тираб, бир амаллаб ишини тугатди. Соқол олдириб бўлган заҳоти Ковалёв кийиниб, извошга ўтирдию тўппа-тўғри қандолатхонага жўнади. Дўкон эшигидан ҳатлабоқ, «Болакай, бир финжон шоколад келтир!» деб буюрди, ўзи эса тошойнага югурди; бурни ўз жойида! Сўнгра оғзининг таноби қочиб орқасига ўгирилди ва бировининг бурни нимча тугмасидек келадиган икки ҳарбийга кўзини қисиброқ масхараомуз қараб қўйди. Дўкондан чиққач, витсе-губернатор лавозимига, бордию омад чопмаса, экзекутор мансабига эришаман деб обдон остонасини чангитгани департамент девонхонасига йўл олди. Қабулхонадан ўтиб бораркан, ойнага кўз ташлаб олди: бурун жойида турибди! Бу ерда у бошқа бир коллеж асессори, яъни ўзига ўхшаган маёрни зиёрат қилмоқчи эди; ҳамкасабаси ўта ҳазилкаш, бировнинг устидан кулишга суяги йўқ бўлиб, унинг илмоқли гапларига Ковалёв «Эй, қўйсанг-чи, сени биламан-ку, заҳарсан!» деб қутуларди. Йўлакда у ўзича, «Агар шу маёрки мени кўриб кулгидан тарс ёрилмаса, демак, ҳеч бир хавотирга ўрин қолмайди», деб ўйлади. Коллеж асессори эса кулмоқни хаёлига ҳам келтирмади. «Жин урсин, ишлар беш!» деди Ковалёв ўзига ўзи. Қайтаётиб у кўчада штаб-офитсер Подточина билан қизини учратиб қолди. Улар Ковалёв билан илиққина, ўзаро таъзим адо этиб салом-алик қилишди. Бундан чиқди, кўриниши биппа-бинойи, юзида ҳеч бир кемтиклик йўқ! Ковалёв улар билан узоқ сўзлашди, атайин тамакидонини очиб, бурнининг ҳар иккала тешигига босиб-босиб ҳидлади. «Ҳе, товуқмиялар-эй, қараб турларинг ҳали! Қизингга уйланиб бўпман! Шунчаки пар амоур[18] уйланадиган аҳмоғинг йўқ – хомхаёл бўлма!» дерди ичида. Ўшандан бери маёр Ковалёв, гўё ҳеч нима кўрмагандек, Нева проспектида, театру бошқа жойларда бемалол сайр қилиб юради. Бурни ҳам тўсатдан ғойиб бўлиб қолганидан бехабар, ҳеч гап бўлмагандек, мана, жойгинасида қаққайиб турибди! Кейинчалик ҳам маёр Ковалёвнинг мудом ҳазил-мутойиба қилиб хушвақт юрганини, хушсуврат хонимларнинг деярли барчасини зимдан кузатишини ва ҳатто бир гал Гости¬ный дворга[19] кириб, қандайдир раста олдида тўхтагани, нима учун экани номаълум-у, орден тақиладиган тасма сотиб олганини кўрганлар бор, ваҳоланки, у ҳеч қандай орден соҳиби эмас эди. Бепоён мамлакатимизнинг шимолий пойтахтида ана шундай воқеа содир бўлди! Бироқ энди, ҳаммасини мулоҳаза қилиб кўргачгина бу ҳангоманинг ҳақиқатдан йироқ жиҳатлари кўп эканини англаб турибмиз. Ковалёв йўқолган бурун ҳақида газетада эълон бермоқ кулгили иш эканини тушунмаганидек, буруннинг башарадан узилиб чиқишию, кам эмас, кўп эмас, статский советник қиёфасида ҳар жойда пайдо бўлиши ҳам ақл бовар қилмас ҳодиса эканини гапириб ўтирмоққа ҳожат бўлмаса керак. Камина эълон чоп эттириш жуда қимматга тушажагини назарда тутаётганим йўқ, албатта, бу ғирт майдакашлик бўлардики, мен асло манфаатпарастлар сирасига кирадиган кимса эмасман. Лекин барибир нимасидир ноқулай, нодуруст-да, шундоқ эмасми? Яна ўша гап – мардумнинг юзидаги бурун қай тариқа эндигина печдан чиққан қайноқ нон ичида пайдо бўлиб қолгану Иван Яковлевичнинг ўзи қай тариқа?.. Йўқ, мен буни ҳазм қилолмайман, мутлақо! Аммо қизиқ, ёзувчилар шунақа сюжетларни қандай қаламга олар экан-а? Тан оламан, бунисига энди сира ақлим етмайди, ҳа, шундай... вассалом. Биринчидан, бунинг халққа ҳеч кераги йўқ; иккинчидан... иккинчидан ҳам бефойда. Билмайман, билмайман... Лекин барибир ундоқ ҳам, бундоқ ҳам, бошқача ҳам бўлиши мумкин... Бундай олиб қараганда, шунга ўхшаш бемаъни, қуюшқонга сиғмайдиган воқеалар йўқ деб ким кафолат бера олади?.. Нафсиламри, яхшироқ ўйлаб кўрилса, бу хил ҳангомаларнинг замирида озми-кўпми ҳақиқат борга ўхшайди. Ким нима деса десин, дунёда шу каби ҳодисалар ҳам бўлиб туради – онда-сонда бўлса ҳам. ↑ Коллеж асессори – Пётр Биринчининг ташаббуси билан таъсис этилган «Унвонлар жадвали»га кўра, саккизинчи класс чиновниги ҳарбий маёрга тенглаштирилган. Кавказда маъмурлар мансабини бемалол суиистеъмол қилганидан бу унвонга эришиш осон бўлган. ↑ Пунш – ром виносига сув, шакар, мева шарбати ҳамда хушбўй зираворлар қўшиб-қайнатиб тайёрланадиган спиртли ичимлик ↑ Манишка – кўйлакнинг қадама кўкрак қисми ↑ Бостон – қарта ўйинининг бир тури ↑ Экзекутор – Чор Русиясида идора ва муассасаларнинг хўжалик ишларини бошқарувчи амалдор ↑ Статский советник – Чор Русиясида 5-даражали мартаба ↑ Витсмундир – чиновникларнинг махсус кийими ↑ Колоннада – қатор устунлар ↑ Ливрея – малайлар киядиган заррин уқали либос ↑ Надворний советник – Чор Русиясида 7-даражали мартаба ↑ Ахлоқ бошқармаси (Управа благочиния) – айрим суд ишларини ҳам тасарруфига олган политсия бошқармаси ↑ «Северная пчела» – 1838 йилдан 1866 йилгача Русияда нашр этилган сиёсий-адабий газета ↑ Биз билган каллақанддан ҳажман анча катта. ↑ Ботфорт – қўнжи тиззадан баланд этик ↑ Дилижанс – пассажир ва почта ташийдиган арава ↑ Юнкер дўкони – Нева проспекти ва Болшой Морской кўчалари муюлишидаги модалар дўкони ↑ Хисрав Мирза – форс шаҳзодаси; 1829 йилда Петербургдаги Эрон элчихонасини бошқарган. ↑ Пар амоур – севги туфайли (фр.) ↑ Гостиний двор – Петербургдаги йирик савдо маркази |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Burun (qissa) [Nikolay Gogol] 667 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |