«Ҳелладос» (ҳикоя) [Nodar Dumbadze]

«Ҳелладос» (ҳикоя) [Nodar Dumbadze]
«Ҳелладос» (ҳикоя) [Nodar Dumbadze]
Янгули — сухумилик грек Христа Александридининг ўғли. Чўпдай озғин, елкалари туртиб чиққан, қиррабурун, кўзлари чаросдек қоп-қора, қўллари узунлигидан тиззасига тушиб турадиган ўн тўрт ёшли бу бола ён-атрофдаги тенгқурлари учун нақд азроилнинг ўзи эди.
Янгули отаси билан Венетсиан кўчасида, Чалбаш дарёсининг бўйида яшарди. Онасини эслолмайди — чақалоқлигидаёқ етим қолган. Ота-боланинг бор-йўқ давлати бир парча томорқа, биттагина сигир ва эшакдан иборат. Ошкўк, сут-қатиқ сотиб кун кўришади.
Янгули ҳеч қаерда ўқимасди. Отасининг юмушларига қарашар, аҳён-аҳён эшакда қўшниларга сут-қатиқ тарқатар эди...
Ўн тўрт ёшли бу золим Венетсиан кўчасида истиқомат қилувчи барча устидан, жумладан, холаваччам Кока устидан ҳам танҳо ҳукмронлик қиларди.
... Бизнинг танишувимиз ўттиз саккизинчи йилнинг кузларида бошланган...
... Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, одатдагидек, Янгуҳнинг тўдаси уймаланарди. Беихтиёр бошим ўша томон оғди — ҳозир уйга боришдан нима фойда! Болаларга яқин қолганда қадамимни секинлатдим-да, атайин энгашиб, ботинкамнинг ипларини титкилай бошладим.
— Ҳе-эй, скрипка!
Янгулининг овозини дарров танидим.
— Нима дейсан?
— Бу ёққа кел!
— Ишинг бўлса — ўзинг кел!
Янгули ўзидан ҳам баттар таажжубланган ўртоқларига бир қараб қўйди-да, аста мен томонга юра бошлади.
— Кимлигимни билмайсанми ҳали? — деб сўради у кишининг ғашига тегадиган бир оҳангда.
— Биламан, — дедим кўзларига тик қараб.
— Бўлмаса, нега чақирганда келмайсан?
— Ким бўпсан мени чақирадиган? — дедим яна беписандлик билан, аммо ҳар эҳтимолга қарши, скрипка солинган ғилофни ерга қўйдим.
Янгули ўйинни ҳам унутиб, бизни қуршаб олган болаларга бир-бир қараб чиқди.
— Янгули, кимлигингни бир кўрсатиб қўй! — деди болалардан бири.
— Сол, Янгули! — дея қўшимча қилди иккинчиси.
— Бир шапалоққина! — деб маслаҳат берди учинчи бола.
— Олдин зўрлигини бир кўрайлик-чи! — Янгули шундай деб, юзимни бир сийпалаб қўйди.
— Қўлингни торт! — бақирдим унга.
— Ол-ла! — дея ҳайрон бўлди Янгули.
— Уни қаранглар-а!
— Папиросни чиқаз! — деди Янгули бирдан қўлини чўзиб.
— Чекмайман!
— Пулни ол!
— Пулим йўқ.
— Чўнтакларингни ағдар!
— Ўзинг ағдар!
Болалар пичирлаша бошлашди. Янгули довдираб қолди, аммо дарров ўзини босиб, скрипкага қўл чўзди.
— Торт паншахангни!— деб бақирдим скрипка устига энгашиб. Лекин Янгули ўзғирлик қилди — ғилофни очиб, асбобни менга узатди.
— Қани, бирорта куй чалиб болаларни хурсанд қилгин-чи!
— Чалмайман!
— Нега бўлмаса бу даҳмазани кўтариб юрибсан? Эси йўқ эшакмисан?
— Бер скрипкани!
Янгули асбобни орқасига яшириб, бир қадам тисарилди.
— Петя, Фема, Курлик, Панчо, Тена! Умрларингизда скрипка овозини эшитганмисизлар? — деди у болаларга мурожаат қилиб. Улар бараварига чулдирашди.
— Радиодан эшитганман! — деди Петя.
— Бўлақол, Янгули, бир кўрсатиб қўй!
Скрипкамнинг овозини ҳаммадан олдин ўзим эшитдим: Янгули қулочкашлаб туриб скрипка билан бошимга туширди.
«Зи-и-нг... қарс...» этган товушдан сўнг асбоб иккига бўлинди. Унинг қорни, худди шартта чопиб ташланган қўлдай, нозик симларга осилганча лапанглаб турарди.
Болалар хахолаб ерга думалашди.
Юрагим гўё тўхтаб қолгандай бўлди, миямга қон урилди, қулоқларим битиб қолди. Мен ҳеч нарсани эшитмас, сезмас эдим, фақат қорнини чангаллаб кулаётган болаларни, пачоқ бўлган скрипкани ва Янгулининг туртиб чиққан озғин иягини илғардим, холос. Бирдан бот кучим билан ана шу ияк остига мушт солдим.
Эс-ҳушимни йиғиб олганимда Янгули кўприк устида ўтирар, менга ҳайратомуз тикилганча ўнг қўли билан иягини ишқалар эди. Болалар чурқ этишмасди.
Шартта бурилиб, уйга жўнадим.
Ўша куни кечқуруноқ қўшнимиз ва Янгулининг ўнг қўли ҳисобланмиш Петя мажақланган скрипка билан ғилофни уйимизга олиб келиб, остонага ташлади-да, қуённи сурворди.
Фиғони фалакка чиққан холам аввал Петяни, сўнг Янгули Александридини, охирида ўзимни бисотида бор ёмон сўзлар билан қарғашга тушди:
— Ҳа-а, ер ютсин сени, Петя касофат!.. Илойим, бўйгинанг гўрда чирисин!.. Сен ҳам бир, кўкатфуруш отанг ҳам бир! Сенлар скрипкани қадрига етасанларми? Паганиними, Страдиварими, арракашми — сенларга барибир!.. Энг аввал сенинг гўштингни қиймалаш керак эди, Янгули Александриди! Ҳайф сенга мусиқа! Эшакнинг ҳанграшини эшитиб катта бўлган бола мусиқани тушунармиди! Ҳаммасига уйимдаги янги безори айбдор! Мана шуни оёғидан осиш керак! О, опажоним Анико! Ўзимнинг ташвишим етмаётувмидики, яна манови ғурбатни бошимга бало қилиб ташлаб кетдинг-а! Нима гуноҳ қилдим, эй Парвардигор!
Ўша куни мусиқа оламидаги саргузаштларимга нуқта қўйилди. Ҳаётимда янги давр — яшаш учун кураш даври бошланди...
Эртаси куни Янгули билан Петя бизни мактаб дарвозаси олдида қарши олишди...
Янгули қора сатин кўйлагини ечди. Кенг, таранг кўкрагини кўриб, сесканиб кетдим. Бу ҳам майли, чап тўшининг устига кўкиш рангда нақшланган лотин ҳарфларидаги ёзув мени негадир буткул довдиратиб қўйди: «Ҳелладос».
Янгули Петяга грекчалаб бир нималар деди. Петя миқ этмади.
Янгули яна такрорлади. Петя истамайгина иккала чўнтагидан иккита каттакон тошни чиқариб, бир четга улоқтирди. Янгули Кокага қаради. Кока шоша-пиша қоқ-қуруқ чўнтакларини ағдариб кўрсатди.
— Бошладик! — деди Янгули.
— Бошладик! — дедим мен ҳам. Олишув икки-уч минутгина давом этди.
Мен муштларимни тугиб, Янгули эса беш панжаси билан урарди. Мен урганда овоз чиқмас, аммо Янгули ҳар туширганда атрофдан қарсиллаган акс садо келарди. Петя Янгулига грекчалаб далда берар, Кока эса менга грузинчалаб бидирлар эди:
— Калла қил, Жамол, калла қил!
Муштлашганда калла қилиш нималигини ўзим ҳам биламан, бироқ Янгулига яқинлашиб бўлмаётган эди: унинг чайир, терлаган гавдаси ҳар гал сирғалиб қўлимдан чиқиб кетаверарди.
Яна бир қарсиллаган товуш эшитилди-ю бурнимдан тизиллаб қон отилди. Қонни артгунимча Янгули тағин бир марта туширди; натижаси шу бўлдики, кеча худди Янгули ағдарилгандай гуп этиб ерга қуладим, фақат битта фарқи бор: ҳозир мен турадиган ҳолдаман, аммо Янгули кеча ўрнидан туролмаган эди.
Нима бўлганда ҳам бугунги олишувнинг якуни маълум: мен ютқаздим. Янгули бироз кутиб турди, муштлашишни давом эттириш ниятим йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шошмасдан кўйлагини кия бошлади. Нигоҳим яна кўксидаги ғалати сўзга тушди: «Ҳелладос»...
Эртасига мактабга бормадим — юзимдаги шиш ва мўматалоқларни даволадим. Учинчи куни темир йўл кесиб ўтиладиган жойда Янгулидан бошқа деярли бутун маҳалланинг болалари тўпланиб турганини кўрдик. Улар бизни ҳуштак ва таҳқирлар билан кутиб олишди.
Янгули амирона ишора билан ҳамманинг овозини ўчирди, сўнг бамисоли қабила оқсоқолидай ўз қавмига юзланиб, тарихий нутқ ирод этди:
— Болалар! Мен, Янгули Александриди, сизлар сайлаган сардор, сизларга, Венетсиан кўчасининг ҳур фарзандларига мурожаат қиламан! Рўпарангизда тбилисилик рангпар лақма билан унинг жияни — ватан ва қабила хоини, мишиқи Кока турибди. Мана бу рангпар келгинди бизнинг меҳмондўстлигимиз ва мурувватимиздан баҳраманд бўлиш ўрнига — Худо сийлаган еримизни, денгизимизни, жамики дарёларимиз, олтин ва кумушларимиз, ўтлоқларимизни ўзиники қилиб олмоқчи...
— Бас қил майнавозчиликни! — дедим унинг гапини бўлиб. — Муштлашамиз!
... Бугунги олишувимизга фақат эшак шоҳид бўлди. Муштлашиш узоқ давом этди. Ҳар қанча уринмайин, Янгули ўзғирлик қилди — биринчи зарбани у берди. Мен йиқилмадим, фақат чайқалдим, холос. Иккинчи марта ҳамла қилганида чаққонлик билан гавдамни орқага ташладим, қўли бурним ёнидан шувиллаб ўтиб кетди. Аммо у шу қадар шиддат билан қулоч отган эдики, мувозанатини йўқотиб, мункайганча бир қадам олдинга ташлади. Шунда... Ҳў ўша биринчи бор муштлашганимизда бўлганидай, озғин ияги ўнгимга келиб қолди. Мен ҳам ўша ияк остига қаттиқ мушт солдим. Янгули йиқилди, бир муддат қимир этмади.
Биз бир-биримизга узоқ тикилиб қолдик. Пишиллаб нафас олаётганимизни ҳар иккаламиз ҳам эшитиб турардик. Мен Янгулининг яна ҳамла қилишини кутардим, аммо, таажуубки, муштлашишга менда на хоҳиш, на кайфият қолган эди. Бироқ энди ҳеч қачон Янгули менга зўравонлик қилолмаслигини ҳам билиб турардим.
— Бас! — деди Янгули кутилмаганда.
— Бўпти! — Мен ҳам рози бўлдим. — Лекин эртага болаларнинг олдида муштлашамиз! — дея қўшиб қўйдим ҳар эҳтимолга қарши.
— Кераги йўқ. Зўр бола эканингни болаларга ўзим айтаман. Лекин, билиб қўй, биринчиликни сенга бермайман!
— Кераги ҳам йўқ!
— Хоҳласанг, иккинчи бўла қол.
— Менга ҳеч нарса керак эмас! Сенинг йўлинг бошқа, менинг йўлим бошқа! — Мен кетишга чоғландим.
— Тўхта! Бунақаси кетмайди. Ҳар куни муштлашавермаймиз-ку, ахир. Ке, келишволайлик: эртадан бошлаб фақат сўкишамиз. Ким қойиллатса — ўша ғолиб!
— Майли, розиман.
Мана, яна болалар қуршовидамиз. Бу гал ўртамизда даҳанаки жанг авжга чиққан.
— Жамол — эшакмия!
— Янгули — кўкатфуруш грек!
— Тбилисилик мишиқи!
— Эшакбоқар!
— Тўнғиз!
— Чириган бодринг!
— Тошбақа!
— Итбалиқ!
— Медуза!
— Овсар!
— Паганини!
Бисотимдаги ҳақоратбоп сўзлар тугади. Янгули кутиб турарди — навбат меники эди.
— Бўла қол, ютқазасан! — деб турткилади Кока.
— Менда бошқа йўқ!
— Онасига ўт!
— Йўқ, онани аралаштириб бўлмайди!
— Шени деда ватире, дегин! Уят жойи йўқ буни!
— Ўрисчасига нима дегани?
— Сен грузинчасига айтавер! У барибир тушунмайди! — Кока ҳол-жонимга қўймасди.
Янгули, шени деда ватире! — грузинчалаб шундай дедим-у жавобини жон ҳовучлаб кутиб турардим.
— Имана су ине простикаса инека, Жамол!
Сездимки, Янгули ҳам онамга тил теккизди, аммо бу сўзлар шу қадар хушоҳанг, шу қадар ёқимли эшитилдики, гўё у гўзал бир қўшиқни бошлагандай бўлди назаримда.
Мен яна такрорладим:
— Шени деда ватире, Янгули!
— Имана су ине простикаса инека, Жамол!
Бу ҳол ярим йилча давом этди. Сўнг эҳтиросларимиз аста-секин сўнди. Иккаламизнинг ҳам ҳақорат репертуаримизда битта-ю битта жумла қолди, ҳар учрашганимизда мен: «Шени деда ватире, Янгули!» дердим, у бўлса: «Имана су ине простикаса инека, Жамол!» дерди.

* * *
... Ўша куни Янгули сут опкелди. Ҳовлида унга кўзим тушди-ю... таниёлмай қолдим. Башараси мўматалоқ бўлиб кетган эди.
— Нима бўлди? — деб сўрадим ажабланиб.
Ақл бовар қилмасди — бу атрофда Янгулига ким қўл кўтариши мумкин?! Ёки бирорта каттароқ ёшдаги одамнинг ишимикан бу?
— Ҳеч нарса! — деди у четга қараб.
— Афтингни бир қарагин...
— Ҳечқиси йўқ! — дея жилмайди у.
— Ким экан у муштумзўр?!
— Отам!
— Отанг?
— Отам.
— Нима гуноҳ қилувдинг? — дея унинг шишиб кетган чаккасига авайлаб қўлимни текказдим.
— Сабаби бор-да...
— Нима иш қилиб қўйдинг?
— Уч кундан кейин Сухумига Гретсиядан пароход келади. Бу ерлик греклар Элладага қайтишяпти. Отам ҳам...
— Хўш, нима қипти?
— Кетмоқчи эмасман... Отамнинг гапига қараганда, бизнинг ватанимиз, она тупроғимиз ўша ерда... Бизни аждодлар руҳи чақираётганмиш, бу нидога қулоқ солиш шарт эмиш...
— Нега бирга кетмоқчимассан? — деб сўрадим астойдил таажжубланиб. Янгулидан анча вақтгача садо чиқмади.
— Қандоқ тушунтирсамикин... — дея гап бошлади у ниҳоят. — Онам йўқ, ҳатто эслолмайман ҳам. Отам уззукун томорқада ёки тирикчилик ташвишида... Мен кўчада, Венетсиан кўчасида катта бўлдим... Менинг ватаним, менинг Элладам бу — Сухуми, кўча, Чалбаш; бу — Кока, Петя, Курлика, Фема, Қора денгиз, кўприк... — У бир ютиниб олиб, давом этди: — Бу — Мида... қолаверса, сен...
Миданинг исмини менинг олдимда Янгули биринчи марта тилга олаётган эди. Аммо мен Мида — бир абхаз кишига турмушга чиққан грек аёлининг қизи эканини, Сухумида ундан гўзал қиз йўқлигини, Янгули уни яхши кўришини билардим.
— Тушундингми энди?
Аъзойи баданим жимирлашиб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётган эдим.
— Бу нима бўлмаса? — Мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: — Ҳелладос.
— Бу — нақш, Жамол. Ватан — ичкарироқда, нақд юракнинг ўзи-да! — Янгули қўлини кўксига қўйди.
Ўпкам тўлиб, томоғимга аччиқ бир нарса қадалди, унга яна бир нималар демоқчи эдим-у, аммо Янгули эшагини нўхтасидан етаклаб, ҳовлидан чиқиб кетди...
Сухумиликлар ўзлари билан эт-тирноқ бўлиб кетган қадрдонлари — греклар билан хайрлашишарди. Греклар аллақачон нуқрадай оппоқ «Посейдон» кемасига чиқиб олишган, ўша ердан туриб қўл силкишар, грекча, русча, грузинча, арманча лафзда бир нималар деб қичқиришар эди.
Мен болаларга қўшилиб, соҳилдаги панжара деворга қапишганча, нигоҳим билан Янгулини излай бошладим. Ва уни топдим. Эгнида ўша ўзи ёқтирадиган олди очиқ қора сатин кўйлак.
— Янгули, Янгули! — дея қичқиришга тушдим қўл силкитиб. Янгули кузатувчиларга узоқ, жуда узоқ разм солди ва бирдан мени кўриб қолди. Иккала қўлини баланд кўтариб, нидо берди:
— Жамол, эго агапо имана су! Жамол, ойингни яхши кўраман! У грекча нимадир деб бақирди-ю, аммо менга қўшиқ айтгандай туюлди. Тағин шу нарсани сездимки, назаримда, кемадан қочиб кетмасин дебми отаси уни билагидан маҳкам ушлаб турарди. Яна унинг қўшиғини эшитишга, яна унга мўлтираб туришга бардошим етмади. Кемага терс ўгирилдим-да, йиғлаганча уйга жўнадим.
Орадан бир кун ўтиб, Келасури дарёсининг қуйилиш жойида денгиз тўлқинлари бир боланинг жасадини соҳилга чиқариб ташлабди. Тўғрироғи, уни кекса балиқчилар сувдан тортиб олиб, қумга ётқизишибди. Сўнг мурданинг кимлигини аниқлаш учун шу атрофда ўйнаб юрган болаларни чақиришибди.
Марҳумнинг башараси шу қадар дабдала бўлиб кетган эканки, уни ҳеч ким танимабди.
Уни мен танидим. Чап тўшининг устидаги «Ҳелладос» деган сеҳрли ёзувни кўргандан кейин танидим.
Нафасимни ичимга ютганча соҳилдан, сўнг темирйўл бўйлаб, кейин Венетсиан кўчасидан тўхтовсиз югуриб, телбаларча уйга отилиб кирдим.
— Ҳа, нима бўлди?!! — Холамнинг капалаги учиб кетди.
— Нина хола... Янгули қайтиб келди...

Сўнг холамнинг олдида чўккалаб, оёқларини қучоқлаганча ҳўнграб йиғлаб юбордим...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика