Кўрнамак (ҳикоя) [Nodar Dumbadze]

Кўрнамак (ҳикоя) [Nodar Dumbadze]
Кўрнамак (ҳикоя) [Nodar Dumbadze]
Гудули Бережиани юз ёшга тўлганда унинг шаънига биров икки оғиз илиқ сўз айтмади. Шунга ҳам ота гўри қозихонами — ана, қишлоқ қабристонида салкам юз эллик йил яшаб ўтганлардан қанчаси ётибди! Шундоқ бўлгандан кейин қўни-қўшнилар Гудулини табриклашни унутган бўлса унутгандир-да. У ёғини сўрасангиз, туғилган куни ўзининг ҳам эсига келгани йўқ.
...Ўша куни Гудулини саҳари мардонда «Лонгиноз» лакабли хўрози уйғотди. Қариянинг кўзи энг аввал қўшнининг итига тушди:
— Ҳа-а, падари қусур, яна тухум ўғирлагани келдингми? Йўқол, ўралашма бу ерда, очофат!
Кейин қўноқдан тушган хўрозига ўдағайлади:
— Каллаи саҳарлаб мени уйғотгунча анови ҳарамингга қарасанг бўлмайдими, латтамахсум! Сенинг додингни Ардалион Брокишвилининг хўрози берсин-да!
Гудули хўрозга танбеҳ бериб бўлгач, айвондан тушиб, ошхонага кирди. Ўчоқ олдида чўккалаб, кул босган кўмирни бери тортди-да, устига шох-шабба ташлаб пуфлай бошлади. Қуруқ шохчаларга ўт илашганидан кейин қумғон қўйди. Сув илигач, сут соғиладиган хурмачага қуйиб, молхона томон юрди. Охур ёнида ётган :игир эгасини кўриб бир «мў»лаб қўйди.
— Ҳозир, ҳозир! — деди Гудули сигирнинг сағзисини силаб. Сигир кавшдан тўхтаб, ўрнидан турди. Гудули ўнг қўлини билагигача шимариб, уч эёқли пастак курсичани сигирнинг ёнбошига яқин турди-да, ўтириб, қуруқшаб қолган елинга қўл чўзди. Хурмачага ипдай нозик сут толаси тизиллаб туша бошлади. Сут кўп чиқмади.
— Тамом бўпсан, шўрлик жонивор! — деди Гудули.
— Нима қилай, отахон, мен ҳам қаридим-да, — дея ўзини оқлаган бўлди сигир.
Гудули молхона эшигини ланг очиб, сигирни жўхориси ўриб олинган далага ҳайдади.
— Бор, қорнингни тўйғиз! Сен сигир эмас, тўқол эчкидан баттар махлуқ экансан. Илоё, бўриларга ем бўлгин... Бор, борақол!
Сигир судралганча чиқиб кетди...
— Салом, Гудули!
Гудули сут соғилган хурмачани тиззасига кўйганча ёғоч кулбасининг пиллапоясида ўтирар, икки тоғ орасидан кўкка талпинаётган қуёш гардишига нигоҳини қадаган, ҳеч нарса ҳақида ўйламас эди.
— Салом, Гудули!
Гудули овоздан чўчиб кетди. Нок дарахти тагида бошини қашлаб Уча Мелимонадзе турарди.
— Гудули эмас, Гудули бобо! Неччи марта айтишим керак, мишиқи!
— Салом, Гудули бобо!
— Ҳа, баракалла.
— Ойим айтдилар, менга мураббо бераркансиз. Гудули жилмайди:
— Балки сут ичарсан?
— Йўқ, мураббо ейман.
— Бўпти, олдин сут ичасан, кейин мураббо бераман.
— Қани, кўрсатинг-чи... Гудули хурмачани узатди.
— Ойим, хом сут ичма, деганлар. Касал бўпқолармишман. Ичмайман.
— Э-э, ойинг нимани биларди! Хотинларнинг ақли тўғрисидаги мақолни эшитмаганмисан? Майли, эшитмай қўяқол. Иҳм, хом сут эмиш! Мана, мен туғилганимдан бери хом сут ичаман, тирик юрибман-ку?! Касал бўпқолармиш!
— Бўпти, ичсам ичақолай...
Уча нафасини ичига тортди, шу заҳоти...
Сут боланинг қорнини қулт-қултлаб тўлдира бошлади.
Гудули кулгидан ўзини аранг тийиб турарди. Ниҳоят, Уча хумчани оғзидан олди, лабларини енгига артиб, уни Гудулига узатаркан, аста минғирлади:
— Озгина ёрдамлашворинг...
Гудули индамай хумчани боланинг қўлидан олди.
— Менга қара, Уча, бугун мактабга бормайсанми?
— Бугун якшанба-ку!
— Шанба бугун! — деди Гудули бамайлихотир.
— Нега шанба бўларкан? Якшанба! — деб такрорлади бола.
— Наҳотки... Ё алҳазар! Қариб, миям ҳам суюлиб қопти шекилли... — дея Гудули тиззасига шапати урди.
— Сизга нима фарқи бор, Гудули бобо? Мактабга бормасангиз, ишга бормасангиз...
— Шошма! Число неччи?
— Число — 28, кун — якшанба, ой — ноябр, йил — 1970! — деди Уча сўзларни чертиб-чертиб.
— Ё тавбангдан кетай! — дея сапчиб ўрнидан турди Гудули. Анграйиб қолган болага эътибор ҳам бермай хонага кирди, каравоти тепасига илиб қўйилган йиртма тақвимга кўзини қадаганча узоқ туриб қолди, кейин устки варағини шартта узиб олиб, ҳалиги жойига қайтди.
— Нима бўлди сизга, Гудули бобо? — Уча қариянинг ёнига чўкиб, бошдан-оёқ унга ҳайратомуз нигоҳ ташлаб чиқди. Гудули боланинг саволига парво қилмай чўнтагидан кўзойнагини олди-да, тақвимдаги ёзувни ҳижжалаб ўқий бошлади:
28 ноябр Якшанба
Қуёш чиқиши - 8.06
Қуёш ботиши - 17.32
Куннинг узунлиги - 9.26
Янги ой чиқадиган кун — 24 ноябр
Ой чиқиши - 10.55
Ой ботиши - 20.31
Кейин варақ орқасидаги матнни ҳам синчиклаб ўқиб чиқди:
Биласизми?
Бир кунда одам қарийб 20 минг марта қадам босади, бир йилда — қарийб 7 миллион, 70 йилда — қарийб 500 миллион, бу — тахминан Ердан Ойгача бўлган масофани ташкил этади.
Гудули осмонга қараб, қуёшни кўрди, кейин нигоҳи ғарб томон силжиб сўнаётган ойга қадалди. Қизиқ, бир вақтнинг ўзида кўкда ҳам ой, ҳам қуёш бор эди. Гудулига ўша лаҳзада негадир ой жуда ҳам олисда тургандай туюлди.
Яна ўқишда давом этди:
Ер билан Ой орасидаги масофа 384 минг километр — экватор узунлигидан 9 марта ортиқ. Демак, инсон 70 йил мобайнида ер куррасини экватор бўйлаб 9 марта айланиб чиқиши мумкин экан.
Гудулининг боши айланиб кетди...
— 70 йилда — 9 марта... Юз йилда-чи? Ўн, ўн бир, ўн икки марта... У хиёл титраб турган қоқсуяк тиззаларига назар ташлади. Ва бирдан, худди экваторни ҳозиргина ўн икки марта айланиб чиққан одамдай, вужудида қонни аёвсиз симираётган даҳшатли бир ҳорғинлик сезди.
Кейин оёқларига қараб сўзини давом эттирди:
— Эшитяпсизларми? Агар биз шу юз йил мобайнида қишлоғимиздан чиқиб, Озургети орқали Батумига, Москвага, кейин Германияга, у ёқдан Америкага, сўнг Япония орқали яна Озургети ва уйимизга қайтиб келсак, она сайёрамизни ўн икки марта айланиб чиққан бўларканмиз... А? Зўр-а?
Гудули тиззаларини бир сийпалаб қўйди.
— Лекин бундай бўлмади... Ер шарини айланиб чиқолмадик... Аммо, Худо шоҳид, бирор дақиқа тиним билганимиз йўқ... — Қария синиқ жилмайди. — Буни қандоқ тушуниш керак? Бир жойда депсинаверган эканмиз-да? Йўқ, унақа эмас. Биз кўп йўл босдик! Нолимайман! Юз йил давомида мени ҳормай-толмай қишлоқ оралаб, уйма-уй, ҳовлима-ҳовли кўтариб юрганингиз учун сиздан мингдан-минг розиман! Раҳмат, кўпдан-кўп раҳмат! — Гудули яна тиззаларини силади.
1970 йил 28 ноябр куни эрталабки соат саккизда Гудули Бережианининг туғилганига юз йил тўлди. Қария шуни эслаши билан юраги тузоққа илинган беданадай типирчилашга тушди. Гудули қўрқиб кетди. Илгари, ёшлигида — отиш ёки пойга мусобақалари бошланадиган пайтда шунақа бўларди. Тағин, кураш бўйича мусобақа олдидан ҳам юраги дукурлагани рост. Унинг доимий рақиблари Керкадзе деган ака-ука эгизаклар эди, доимий томошабин эса уларнинг синглиси — Талико. Ўшанда бақувват юраги қинидан чиқиб кетаёзган. Лекин қўрқмаган. Энди бўлса... Гудули юрагини чангаллаганча тош қотди. Бир лаҳзада бутун ёшлиги кино тасмасидай шиғиллаб кўз ўнгидан ўтди. Салдан сўнг ҳаммаси жойига тушди. Юрак тинчиб, бир маромдаги одатий ва беминнат вазифасини бажаришга киришди. Гудули чуқур нафас олди, шунда ўпкаси мусаффо ҳавога лиммо-лим тўлганини ҳис этди. Енги билан пешонасига тизилган терни артиб, хушнуд жилмайди:
— Қуллуқ, юрагим, миннатдорман! — деди у ва чап кўксини беозор сийпалаб қўйди.
Гудули ҳовлига тушди, ёлғизоёқ йўлдан азамат нокнинг соясига бориб ўтирди. Уча ҳам унинг изидан қолмасди.
— Жони оғримайдими? — деб сўради бола дарахтга санчиб қўйилган болтани силтаб тортаркан.
«Бошланди, — деди ичида Гудули, — энди саволи урчийверади!..»
— Қизиқсан-а. Дарахтлар ҳам оғриқни сезадиган бўлса, одамзот у дунё-бу дунё гуноҳдан фориғ бўлолмайди-ку!
Гудули навбатдаги саволни кутди, аммо Учадан садо чиқмасди. У болтанинг дамига аста бармоғини тегизиб, тўнғиллаб қўйди:
— Оғрийди, қаттиқ оғрийди!
Гудули болани чақириб ёнига ўтқазди, унинг малларанг-қизғиш бошига кафтини қўйиб, секин гап қотди:
— Уча, бугун Гудули бобонг юз ёшга тўлди...
Уча қарияга ишонқирамай бир назар ташладию хаҳолаб кулиб юборди.
— Нега куласан, тентак?
— Ўтган йили, ундан олдинги йили ҳам юзга кирмаганмидингиз?
— Вой ғалча-эй! Қанаққиб ўтган йили юзга киришим мумкин?
— Неччига киргансиз?
— Тавба! Ўтган йили тўқсон тўққиз, ундан олдинги йил — тўқсон саккиз! Мана, бу йил — юз ёш-да!
— Йўғ-э! Доим бир хилсиз.
— Ғирт чулчут экансан!
— Ойим айтадиларки, сизнинг ёшингизга ёш ҳам қўшилмасмиш, камаймасмиш ҳам... Бу чоли тушмагур вақтни тўхтатиб қўйган, дейдилар.
Гудули жилмайиб турган Учанинг кўзига қараб, бу нигоҳда ўзининг «борса келмас»га кетган болалигини кўргандай бўлди. Юзини четга буриб, секин сўради:
— Азроил бундан қочиб юради, демадими ойинг?
— Айтдилар.
— Вақтни тўхтатиб қўйибманми? Шундоқ дедими?
— Ҳа.
— Эҳ, бўталоғим, вақтни тўхтатишга мингта ҳўкизнинг ҳам кучи етмайди.
— Кимнинг кучи етади?
— Ҳеч кимнинг фурсати келганда вақтнинг ўзи тўхтайди. Уча чалқанча тушиб ётиб олди.
— Қаранг, осмонда ҳам қуёш, ҳам ой бор-а! — дея хитоб қилди у бир маҳал.
— Кўрдим, ўғлим, кўрдим.
— Қизиқ, қуёш билан ой бир вақтда чиқадими?
«Тинкамни куритади бу такасалтанг!» дея кўнглидан кечирди Гудули.
— Нега индамайсиз? Шунақаси ҳам бўладими?
— Бўлади. Осмон — Худонинг кўзи. Унга кун ҳам, тун ҳам сиғаверади! — деб тушунтирди қария.
— Худонинг кўзи борми?
— Оббо! Мунча эзмаланасан! — Гудулининг жаҳли чиқиб кетди.
— Айтинг-да!
— Мана, сенинг кўзинг борми?
— Албатта.
— Қани, юм-чи! Бўлақол. Нимани кўряпсан?
— Ҳеч нарсани. Қоп-қоронғи.
— Энди оч! Нимани кўряпсан?
— Ҳаммаёқ ёп-ёруғ.
— Ҳа, баракалла. Худонинг кўзи ҳам шунақа. Бир вақтнинг ўзида бараварига кунни ҳам, тунни ҳам кўраверади.
— Худо Худо-да! — Уча туриб ўтирди. — Худо билан мен бараварми?
— Албатта, ўғлим, бараварсан-да! Бутун олам сеники! — дея Гудули болани бағрига маҳкам босди. Уча яна бир нимани сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, уни гапиртирмади: — Бўлди, бас қил! Бошим оғриб кетди.
Уча чолнинг бағридан чикди.
— Яна битта савол! Охиргиси!
— Қани, айт-чи!
— Эрталаб ойим, даданг аблаҳ, разил одам, сенлар учун у ўлган ҳисоби, дедилар... Шу ростми?
Гудули гарангсиб қолди.
— Рост, ўғлим... — деди ўйчанлик билан. Кейин хато қилганини пайқади. — Лекин сен унақа дейишинг тўғри эмас! Нима бўлганда ҳам — отанг!
— Нега бўлмаса рост дедингиз?
— Ахир, шундай ўғилдан юз ўгирган одамни яна нима дейиш мумкин?! Уча индамай ўрнидан туриб, дарвоза томон юра бошлади. "Чакки қилдим шу гапларни гапириб! — дея ўкинди ичида қария.
— Фарзандга ота фариштадай кўринади... Унинг разиллигини бу норасида қаёқдан билсин?!"
— Уча! — деб қичқирди Гудули. Бола орқасига қарамай кетаверди.
— Уча, қайт, ўғлим! Уча тўхтади.
— Менга қара, чироғим. Отанг ёмон одам эмас. Мана биз аблаҳмиз, бошқалар аблаҳ! Нима, ҳазилни ҳам тушунмайсанми?
Уча унга ишонқирамай ер остидан қараб қўйди.
— Бу ёққа кел, ўғлим! — дея қўл силкиб, болани ёнига чорлади Гудули.
Ва бирдан серрайганча қотиб қолди... Аввалига, менга шундай туюляпти, деб ўйлади. Аммо... икки сони орасида маккор, шармсиз бир ҳарорат пайдо бўлганини аниқ-равшан ҳис этганидан сўнг... интиҳонинг ибтидоси бошланганига ақли етди.
— Ё Тангрим, шарманда қилма! — дея ингради қария. Аммо Тангрининг қулоғи том битган эди. Олдини шилта қилиб бўлган қайноқ пешоби энди тиззаларидан пастга қараб ўрмалаётган эди.
— Уча, ёрдамлаш! — деди Гудули иҳраб. Бола у томон чопди-ю, етиб келолмади. Қария тиз чўкиб, ҳўнграб юборди.
Орадан бир соатча ўтгач, Гудули сал ўзига келди.
— Энди уйингга бор, ўғлим.
— Ойимни чақираман!
— Йўқ, кераги йўқ. Боравер.
— Ойимга айтаман!
— Йўқ, дедим-ку!
— Нега йиғладингиз бўлмаса?
— Шунчаки ҳазиллашдим, алдадим сени. Қани, бир синаб кўрай-чи, Уча Гудули бобосини яхши кўрармикин-йўқми, дедим-да.
— Бугун кун бўйи мени алдамоқчимисиз?
— Йў-ўқ. Эсим кирди-чиқди бўпқолган-да, қаричилик... Бор, ўғлим, энди мени холи қўй... Бир оз дам олай...
Уча кета бошлади. Дарвозага етганда орқасига ўгирилди.
— Бораверсанг-чи, қайсар! Уча чиқиб кетди.
Гудули дарахтга суянганча бўшлиққа лоқайд назар соларди. Миясида ҳеч қандай ўй йўқ — фақат ҳадсиз-ҳудудсиз бўшлиқ... Бутун борлиқ сукутда. Қишлоқ ҳам, ер ҳам, осмон ҳам сукунат уммонига ғарқ бўлган. У шундоққина оёқлари остига пишиб ўтиб кетган ноклар тўкилиб, ёрилаётганини кўриб турарди-ю, лекин пақиллаган товушларни эшитмасди. Узун тарновда чопқиллаётган булоқ суви нақд рўпарасида, аммо унинг жилдираши қулоғига кирмасди. Ана, шабада жўхорининг қовжираган баргларини олдига солиб қувиб юрибди, лекин уларнинг шитир-шитирларини қани эшитса! Кўриб турибди: даладан тўйиб қайтган сигири дарвоза олдида «мў«лаяпти, хўрози Лонгиноз четан деворга чиқволиб қанот қоқяпти, "қу-қу"лаяпти, аммо Гудули сигирнинг »мў»лашини ҳам, хўрознинг қичқириғини ҳам эшитмас эди. Ҳаммаёқ жимжит. Тиқ этган садо йўқ. Фақат интиқлик, сўнгсиз, юракни эзадиган мубҳам бир интиқлик. Нокка суяниб тошқотган Гудулининг ўзи ҳам шу тобда болта кўтарган одамни интизорлик билан кутаётган ва қурт-қумурсқалар дастидан танаси илма-тешик бўлиб кетган кўҳна дарахтга ўхшарди. Ҳолингга вой, Гудули Бережиани, шўринг қурсин!
...Тушкунлик исканжасида қолган Гудули шу алфозда яна анча вақт ўтирди. Кейин аста-секин ўзига кела бошлади. Қалбида умид учқунлари йилтиллади. Юраги яна ишга тушиб, томирларида қон югурди. Гудули олдин юрак уришини, кейин сигирнинг «мў»лаши, сувнинг жилдирашини, сўнг эса хўрози Лонгинознинг қа-қағлаганини эшитди. Гудули ҳаётга қайтди.
— Худога шукр!.. — деб пичирлади у ва битта-битта босиб уйига қараб юрди. — Ўзингни тут, Гудули! Ҳеч нарса бўлгани йўқ... Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ... Тасодиф бу... Ростдан ҳам ҳеч нарса бўлмагандир? Менга шундай туюлгандир, холос?..
Гудули қуёшга қаради — офтоб хийла ғарбга силжиган эди. Кейин аста зинапояга оёқ қўйди. Биринчи зина... Иккинчи... Учинчи...
Бешинчи... Шунда бирдан дунё яна ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Яна оламни сукунат босди. Гудули яна боягидай маккор ва шармсиз ҳароратни туйди. «Чоли тушмагур вақтни тўхтатиб қўйган...» Бу гапни ким айтганини эслашга улгуролмади — гуппа зинапояга ағдарилди.
— Салом, муҳтарам Гудули! Гудули кўзларини очди.
— А? Нима дейсан, Ксения? — деб сўради чол афтини буриштириб. Шу тобда бировга кўринишни сира ҳам хоҳламасди.
— Уча ҳовлиқиб келиб, Гудули бобомнинг мазаси қочиб қолди, деди. Шунга...
— Ҳечқиси йўқ, азизим! Юрак эркалик қилиб туради-да... Мана, ўтиб кетди...
— БалКи бирор ёрдам керакдир, муҳтарам Гудули? Ё дўхтир чақирайми?
— Йўқ, йўқ, Ксения! Шарт эмас!
«Бошланади энди — дўхтир, касалхона, минг хил порошогу таблетка, жиққа-жиққа укол... Э, Парвардигор!..»
— Валерянка берайми?
— Йўқ, йўқ.
«Кимга кераги бор бунақа ҳаётнинг? Валерянка эмиш!»
— Валидол-чи?
— Керак эмас валидол!
— Нима қилай бўлмаса, муҳтарам Гудули? — деди аёл тоқатсизланиб.
— Ҳеч нарса керак эмас менга, азизим! Бор, уйингга бор.
«Бу ҳали ҳолва... Ҳадемай узун-қисқа бўлиб бошқа қўшнилар кириб келади... Яна шу савол-жавоб... югур-югур... Э, Худо!»
— Ярамас Уча ўлим тўғрисида бир нималар деб валақлагандир-да... Ҳойнаҳой, ойим айтди, деган... Шошмай турсин, кўради кўрадиганини!
— Қўйсанг-чи, Ксения, қўйсанг-чи!
«Намунча чакаги очилди... Илгари оғзига талқон солиб юрар эди шекилли...»
— Кимдан чиқди ўзи бунақа гап? Илойим чипқон чиқсин унақа тилга!
«Нега ўзини қарғаяпти? Уча ёлғон гапирмайди-ку!»
— Э, бўлдида энди! Уйингга борсанг-чи!
— Бугун туғилган кунингиз экан, муҳтарам Гудули! Яна юзга киринг!
— Раҳмат, раҳмат, Ксения!
— Наҳотки, шаҳардаги жигарларингиз келмаса? Юз ёш-а! Ҳазил гапми?!
— Келишади, албатта келишади!
«Бир ой ўтар, икки, уч ой ўтар... Кейин ҳамманинг жонига тегаман... Касал боқиш кимга ёқади...»
— Бу дунёда фарзандлари билан мақтанишга ҳадди сиғадиган одам бор бўлса, ўша — сизсиз, муҳтарам Гудули! Бири Ботумида, бири Потида, яна бирови Кутаисида, тўнғичингиз Тбилисида. Тўртови ҳам олим, обрў-эътиборли... Дарвоқе, неваралар нечта, муҳтарам Гудули?
— Авлодимиз ҳаммаси бўлиб йигирма уч киши, лекин бундан нима наф? Ёнимда ҳеч ким йўқ.
— Унақа деманг, муҳтарам Гудули! Бахтли одамсиз.
— Ҳа, албатта...
«Қачон гапи тугайди бу вайсақининг?»
— Ҳозир бориб болани олдингизга чиқарвораман.
— Ташвишланма, Ксения. Бир оз чўзилсам, ўзимга кепқоламан.
— Зарур бўлиб қолсам — тортинманг, ўз қизингиздай чақираверинг.
— Раҳмат, азизим!
— Тузалиб кетинг, муҳтарам Гудули!
— Омон бўл, Ксения!
Аёл кетди. Гудули уни маъюс нигоҳ билан кузатиб қолди. Ана, кетяпти — ёш, дуркун... Гудули бўлса зинапояда ялпайиб, куз офтобининг заиф тафтида иштонини қуритиб ўтирибди. Э, Худо! Қодир Эгам! Нега мени бунчалик шарманда қилдинг?!
...Инсоннинг табиати ғалати! Ёш ва соғлом одамни кўрганида ўзининг қари ва хасталигидан ўкинади. Лекин бошқа биров ундан ҳам қарироқ ва дардмандроқ эканини ўйлаб, хотиржам бўлади, кўнглида умид ёлқинланади. Мана, бугун ҳам Учани бағрига босиб турганида «Э, Парвардигор, шу боланинг ёшлигини менга бергину эвазига хоҳлаган нарсангни олавер!« деган ўй Гудулининг кўнглидан неча бор ўтди экан? Ҳозир эса, узоқлашиб бораётган Ксенияга қараб туриб »Ё Раббим, менга шу аёлнинг ёшини бергину ўрнига нимани истасанг олавер!» деган гап ўтди кўнглидан.
Ва шу заҳоти ўзидан жирканиб кетди. Худо унга юз йил умр ато этганига шукр қилмаганидан қаттиқ хижолат бўлди.
Қуёш ботгунга қадар эрталабки уятли ҳолат яна уч марта такрорланди... Шундан кейин Гудули Бережиани, ер кўксини юз йил тепкилаган мўйсафид ғарб томонга қараб чўккалади ва бошини эгиб, офтобга таъзим қилди:
— Алвидо, қуёш, беадад миннатдорлигимни қабул эт!
— Эй инсон, не сабабдан менга миннатдорлик изҳор қиляпсан? — дея ажабланди офтоб.
— Меҳрибонлигинг учун, мана юз йилки, ҳар тун адоғида мени тонг қувончидан баҳраманд этганинг учун!
— Арзимайди, табаррук инсон! — деди қуёш ва кўздан ғойиб бўлди.
— Раҳмат сенга, олам чароғи!
Гудули дарвоза олдида «мў»лаб турган сигирни ҳовлига киритди. Сигир одатдагидай тўппа-тўғри молхонага бориб, соғилишини кутди. Гудули унинг сағрисини узоқ силади-ю, лекин соғмади...
— Бугун дамингни ол, жонвор, бемалол кавш қайтариб ётавер. Иккиламчи, ташаккуримни ҳам қабул эт!
— Нима учун ташаккур айтяпсиз? — дея ҳайрон бўлди сигир.
— Лоақал ҳар куни эрталаб оғзим сутга тегиб тургани учун!
— Ош бўлсин! — деди сигир ва охур ёнига чўкди.
— Раҳмат сенга, говмишим!
Гудули орқа ҳовлига ўтди, ухлаш учун қўноққа тизилган товуқла-рига назар солди, товуқхона эшигини ёпиб чиқиб кетишдан олдин Лонгинознинг қип-қизил тожини меҳр билан сийпалади.
— Эртага мени хоҳлаган пайтингда уйғотавер. Энди хайрлашамиз, мингдан-минг раҳмат сенга!
— Ие, нега раҳмат дейсиз? — дея таажжубланди хўроз.
— Ҳар куни эрталаб, канда қилмай мени уйғотиб турганинг учун!
— Арзимайди! — деди хўроз ва уйқуга кетди.
— Ташаккур, Лонгиноз!..
Гудули исчироқни хум ёнига қўйди, кейин хум оғзига босилган лойни авайлаб кўчирди-да, чўккалаб қопқоқни очди. Ўттиз пудли хумда узоқ вақт димиқиб ётган тоза мусаллас вишиллаб атрофга ўткир ҳид таратди. Гудули одамни элитувчи мана шу ҳид омухта бўлган ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Сўнг шошмасдан қовоқ чўмични ёнбошлатиб хумга ботирди. Қулқ, қулқ, қулқ — чўмич шаробга тўлиб бораркан, қария таниш ва қадрдон бу товушга энтикканча қулоқ солиб турди. Кейин чўмични олиб, унга аста лабини теккизди:
— Офарин сенга, эй бодаи ноб! Офарин сенга, бебаҳо токнинг сеҳрли шарбати! Миннатдорлигимни қабул эт!
— Нега унақа деяпсиз? — Хумдан чиққан овоз акс садодай эшитилди.
— Шунинг учунки, сен юз йил мобайнида яхши кунларимда ҳам, ёмон кунларимда ҳам менга содиқ ҳабибу ҳамнафас бўлдинг!
— Кайфингиз тарқамасин! — деди хум уҳ тортиб.
— Ташаккур сенга!..
Гудули пастаккина стол ёнида ўтирибди. Қўлида мусаллас тўла пиёла. Айвон устунига илиб қўйилган исчироқнинг хира шуъласи қариянинг бошига тушиб турибди. Икки юзидан оқаётган кўзёшлари соқолини ювиб, столдаги зоғора нон билан пишлоқ устига томчила-япти — Гудули Бережиани йиғларди...
Бир соат бурун Гудули ҳовлини айланиб чиқди. Омочни ушлаб кўрди — ейилиб кетибди. Болтани қўлига олди — ўтмаслашган. Ўроққа кўзи тушди — ўришга ярамайди. Белкуракка қаради — чириб, учи қайрилиб ётибди. Ҳатто олдида, столда турган пичоқ ҳам пиёзнинг пўстидай бўпқопти... Темирки вақт зуғумига чидамабди, инсон қанча чидаши мумкин?!
Мана шу илоҳий шаробни ўртага қўйиб қасам ичишга ҳам тайёр — Гудули умрига ачинмайди. Гудули билади — у касал эмас. Шунчаки чарчаган, ейилиб тамом бўлган — вассалом! Анови омоч, болта, белкурак ва пичоқ каби яроқсиз ҳолга келган.
Ҳамма нарса — ер ва осмон, уй ва ҳовли, сигиру товуқлар билан хайрлашиб бўлди. Аммо тенгдоши нок дарахти билан узоқ, жуда узоқ видолашди.
— Алвидо! — деди у нок танасини қучоқлаб. — Орамизда энг бардошли мавжудот сен экансан! Илдизларинг бақувват, елкаларинг осмонни тутиб турибди... Сулоламнинг уч авлодини соянгдан баҳра-манд этдинг, яна қанчасига хизмат қилишингни Худонинг ўзи била-ди! Мана, салкам бир асрдирки, ҳар йили бехато ҳосил берасан, ҳамон дуркун, тетик ва бардамсан. Сен ҳовлимнинг юпанчи ва кўркисан, қишлоғимнинг жамики қушларига бағри кенг ошёнсан. Раҳмат сенга, қадрдоним!
— Қуллуқ! — деб қўяқолди дарахт. У ўзининг иззатини биларди. "Шон-шараф сенга, табиат, — дея кўнглидан кечирди Гудули, —
донолигингга балли! Сендан кейин мана шу дарахт, ер, осмон ва қуёш барқарор бўлишини ҳис этиш — қандай бахт!.."
Сўнгги миннатдорлигини Гудули ўз юрагига, кўзи, қулоқлари ва ақл-идрокига изҳор этди,
— Нима учун? — деб сўради юрак таажжубланиб.
— Нима учун бўларди? — деди Гудули. — Юз йил давомида менга бирор марта ҳам.хиёнат қилмадинг. Кўзим, қулоқларим, қўл ва ақл-идроким ҳам шунча йил беминнат хизмат қилди. Бу камми?
— Арзимайди, Гудули, арзимайди! Энди дам олай... Жуда толиқ-қанман, Гудули!
— Раҳмат сенга, юрагим!..
«Хў-ўш, энди она-бола билан хайрлашиш қолди. Ҳа-а қургур-эй, исмлари нима эди-я?.. Бу ёғи яқин қолганда хотирамдан жудо қилма, Парвардигор! Онаси-ку майли, боланинг исми нима эди? Қодир Эгам, хижолатга қўйма, боланинг исмини эслат!»
Аммо Худодан садо чиқмади. Гудули на онанинг, на боланинг ис-мини хотирлай олди.
Шундан кейин айвон панжараси ёнига бориб, қичқирди:
— Ҳо-ой, қўшни!
— Қулоғим сизда, муҳтарам Гудули!
— Кимсан?
— Ксенияман, ким бўларди! Танимадингизми? «Ксения... Ксения... Хайрият-э... Ксения...»
— Бола уйдами?
— Учами?
«Уча! Ҳа, ҳа, Уча эди исми...»
— Ксения, ҳозир уйимда бир воқеа бўлади... Қисқаси, шундоқ қилгинки, бола ўксиб қолмасин...
— Нималар деяпсиз, муҳтарам Гудули?
— Илтимос, қўшнилар йиғилмагунча болани олдимга қўйма...
— У нима деганингиз, муҳтарам Гудули? Ҳазиллашяпсизми?
— Хайр энди, Ксения! Худо шоҳид, ҳаммангизни яхши кўрардим, миннатдорман сизлардан! Раҳмат!
— Гудули, отахон, нима бўлди сизга?! Гудули хонага кириб, эшикни беркитди.
— Гудули!!!
Бирдан қарсиллаб ўқ узилди. Шунақа қаттиқ пақилладики, атрофдаги уйларнинг деразалари зириллаб кетди...
Гудули Бережианини дафн этишга бутун қишлоқ аҳли келди. Издиҳом орасида қариндош-уруғлар ҳам анча-мунча эди-ю, аммо уларнинг қайғураётгани кўпам сезилмасди. Бунинг устига, тўнғич ўғил Димитрий тобут тепасида эмас, ҳовлидаги нок тагида хўмрайиб турар, шу ерда қаққайиб, келганларнинг таъзиясини қабул қиларди.
Димитрийнинг ёнига мен ҳам бордим.
— Бандалик. Худо сабр берсин.
— Э, қўйинг-э, Нодар Владимирович! — деди у зарда билан. — Бандалик, дейсиз-а! Чоли тушмагур юзимизни ерга қаратди! Одамларнинг кўзига қандай қараймиз энди?
— Начора, кўргилик. Кутилмаган иш бўлди-да...
— Секин айтасизми! Қип-қизил шармандалик! Ўртоқларимга нима дейман? Нима деб тушунтираман? Тбилисида биз билан бирга туринг, десам, кўнмади. Ойингнинг қабрини ташлаб кетмайман, деди. Қаёқдаги сигир, товуқларни рўкач қиладими-эй! Худо сақласин! Тиррақи бир сигир билан олапес хўрозни деб умрини ўтказдида шу ерда! Уй ҳам тўкилай деб турибди қаранг. Учасиз яшаёлмас эмишлар! Тавба! Ўз отанг шунақа деб турса-я!..
— Уча? Ким у?
— Қаёқдан биламан. Қўшнининг боласи эмиш. Отаси ташлаб кетган. Бу ёкда тайёр ҳомий бор-да! Ўша мишиқига ота ўрнида эканлар. Э, бунақа тирик етимлар Грузияда сон мингта!
Нима дейишга ҳам ҳайрон бўпқолдим. Кетмоқчи эдим-у, Димитрий ҳали гапини тугатмаган эди:
— Ҳеч нарсадан зориққани йўқ. Хотиним Париждан иссиқ кўйлак-иштон келтириб берди. Э, қай бирини гапирай! Дафн маросимини кўрдингизми? Қишлоқ қишлоқ бўлиб бунақа маросимни кўрганмикан? Кўрмайди икки дунёда ҳам! Отам қайсар эди, қайсарлигича кетди!..
— Сизга нима деб тасалли беришни ҳам билмайман...
— Тасаллининг кераги йўқ. Миннатдорман сиздан!
— Омон бўлинг...
— Қаёққа? Хафа бўламан-а. Илтимос, анови столга, соябон тагида ўтирганларнинг ёнига ўтинг. Ҳў Митуша, меҳмонга қара!
Таъзияхонага радиокарнайлар ўрнатилган, уларнинг товуши Мотсартнинг мотам куйидан ҳам баландроқ янграётгани сабабли Димитрий овозини кўтариб гапираётган эди.
Кайфи ошиб қолган Митушага бир амаллаб чап бердиму ҳовлини тарк этдим. Дарвозага етганимда ерда ўтирган етти ёшлар чамасида-ги малласоч болага кўзим тушди. У тиззасига бош қўйганча юм-юм йиғларди.
— Исминг нима, болакай? — деб сўрадим энгашиб.
— Уча Мелимонадзе! — деди у менга ер остидан қараб, кейин бирдан ҳўнграб юборди.
— Бошинг тошдан бўлсин, ўғлим! — дедиму томоғимга бир нарса қадалиб, ҳовлидан тез чиқиб кетдим.
Кейин беихтиёр орқага бир ўгирилдим. Бу пайтда кўрнамак ўғил иккала қўлини силкитиб нутқ сўзламоқда эди. Таъзияхонага ўрнатилган радиокарнайлар ғовури Мотсартнинг мотам куйидан ҳам баландроқ бўлгани боис унинг сўзларини эшитмадим.

«Тафаккур» журналининг 2007 йил, 2-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика