«Мен ер билан салом-алик қиламан» [Norqobil Jalil] |
Биз учун ғайритабиий туюлувчи бу «салом-алик» Тоғай Муроднинг шиори эди ва у бир умр шунга амал қилиб яшади. Чунки у шундай феъл-аъмоли билан, қолаверса, ўзига хос ҳаёт тарзи билан бошқалардан ажралиб турарди. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» дея эрта башорат қилган ёзувчининг вафот этганига бир йилдан ошди. Лекин турли ижодий давраларда, ўқувчилар орасида унинг халқона ижоди, камтарона яшаб ўтган ҳаёти тез-тез эсланади. Мен ҳам суюкли адиб билан боғлиқ айрим ҳаётий ҳикояларни эслашга уриндим. Биринчи Қўнғироқ Газетада ишлаб юрганимда бир топшириқ баҳонасида Тоғай аканикига қўнғироқ қилдим. Аёлини яқиндан танирдим-у, лекин ўзи билан ҳеч гаплашмагандим. Маъсума опа мен билан самимий сўрашгач, бироз жим қолди-да, жуда хокисор оҳангда: «Ўзбекистон овози»да ишлайдиган журналист укам сиз билан суҳбат қурмоқчи экан», деди. Шунда у ёқдан: «Қайси бири, Норқобил кўп бўлса», деган жавоб эшитилди. Менинг ҳам феълим ўзимга яраша бўлса-да, сабр қилиб турдим. Негаки, Тоғай аканинг қайсарлиги ҳақида кўп эшитгандим-у, бироқ телефонга келишидан аввалги «сўроқ»лари сал оғир ботди. Ниҳоят, телефонни кўтарди. Қуюқ саломлашдим. У киши бўлса гапимни чўрт кесди: — Қандай мавзуда суҳбат қилмоқчисиз ўзи? Изоҳ бердим: «Ҳаёт, адабиёт ҳақида уч-тўртта саволларим бор эди. Қачон вақтингиз бор?» Трубкани қўли билан ёпди шекилли, овози паст эшитилди. «Маъсума, бу бола менданам қўполга ўхшайди-ку!» Сўнг «Эртага опанг шу томонга ўтармиш, айтиб юбораман», деган гапининг орасидаги «опанг» дея сенсирагани негадир кўнглимни кўтарди. Эртаси куни Маъсума опа келди. Узоқ гаплашдик. Тоғай ака мен ҳақимда обдон суриштирибди. «Агар бирор нарса ёзган бўлса, сендан бериб юборсин, ўқийин, кейин ўзи билан суҳбатлашаман», дебди. Xудди шу куни икки-учта шеърларимни кўчириб ўтиргандим, қўлига тутқаздим. Пешиндан кейин яна қўнғироқ қилдим. Бу сафар Тоғай аканинг ўзи олди. Энди уйим, ота-онам, ўқишим ҳақида сўради ва «Онадан эрта етим қолган экансан-да, шеърингни ўқидим, мениям бошимдан бундай кунлар ўтган, ука. Қайси уруғдансан ўзи?» деб қолди. Жавобимни эшитиб: «Мени энам қўнғиротлардан, Деҳқонободнинг қайсидир қишлоғидан эди. Тоғаларим, холаларим тоғ ошиб эшакда бизникига келишарди, ҳозир узилиб кетдик, билмайман», деди-да, ёзиб юборган саволларим маъқул бўлганини, эртага суҳбат тайёр бўлишини айтди... Мукофот Олган Кун Шу куни газетада навбатчи эдим. Бир кун аввал Тоғай Муродга Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти берилганини ўқиб, жуда суюндим. Кеч бўлсаям уйига телефон қилдим. Одатдагидек, яна Маъсума опа трубкани кўтарди. Уйда меҳмонлар кўп экан шекилли, Тоғай акага «Укангиз сўраяпти», дегач, у киши трубкани олди: «Майли, суҳбат чиқмаса чиқмас, сен ҳеч хижолат бўлма, мен хафамасман, китобга киритаман, келасанми уйга?» деб сўради. «Навбатчи эдим, бугун сал кечроқ қолаяпмиз» девдим, Тоғай аканинг бироз кайфи бор эканми, «Қўйсанг-чи навбатчилигингни, менам дежурлик қилганман газетда. «Ўзбекистон физкултурачиси» деган газет бўларди бир замонлар, бир марта уйга кетиб қолсам, эртаси куни чиқмай қолган, роса тўполон бўлган, Усмон Азимдан сўрасанг, айтиб беради. Xўп, келасанми-келмайсанми?» деган қатъи саволига жавобан бошқа куни боришимни айтдим. Минг афсуски, бу орада неча йиллар ўтиб кетди. Тоғай ака билан кўришолмадик. Мен бораман деганимда, у кишини тополмадим, у киши уйига чорлаганида менинг ишим чиқиб қоларди. Тоғай Муроднинг Изи Уч йилча аввал Деновга бордим. «Чағониён» газетаси тажрибаси ҳақида кўрсатув тайёрладик. Зойир Мамажонов гурунгимиз орасида бетоқат бўлаверди. Ниҳоят ёрилди: «Мен бугун Xўжасоатга бораман, деб одамларга ваъда берувдим. Қолаверса, қаҳрамон буваям сизларни кутаяпти. Гуллаган кетмонини кўрсатмоқчи...». Хўжасоат Тоғай аканинг қишлоғи. Денов қайдаю Xўжасоат қаёқда?! Бу журналист ўзи нима деяпти, деб ўйладим. Охири ўзи гап очиб қолди: «Тоғай мен билан тўн кийишмаган бўлса-да, энг қадрдон ва дилдош жўрам. У ўқиган мактаб ҳақида «Чағониён»га бирон мақола ёзмоқчийдим. Бу ишниям белига тепдиларинг. Майли энди, кейин бораман. Кетдикми Собир Раҳимовга?» дея деновлик Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев даласига чорлади. Катта бир тепалик ёнидан ўтаётганимизда Зойир ака ҳайдовчининг елкасига қарсиллатиб уриб: «Тўхта, тўхта ошна, манави, қишлоқда туғилиб қишлоқни унутганларга бир Тоғай Муроднинг далаларини кўрсатайин, — деб қолди. — Қани, тепага чиқиб, бир Деновни томоша қилинглар. Ҳув, нариги тарафдан Xўжасоат ҳам кўринади. Тоғай билан бу ерларни қанча айланганмиз. Лекин шундай роман ёзаётганини ҳеч сездирмаган. Гап-гап билан бўлиб ҳар замонда «Нима ёзаяпсиз, жўра?» деб сўрасам, «Ўқийсиз ҳали, Сурхону Қашқанинг, Фарғонаю Xоразмнинг елкасидан кетмони тушмаган, пешонаси бир умр шўр бўлиб келган ДЕҲҚОНИ ҳақида ёзаяпман», деб қўярди». Хуллас, ўша куни Иброҳим Файзуллаевнинг даласига сал кечикиб бордик. Гап орасида яна Тоғай Мурод ҳақида сўз очилди. Иброҳим ака жўшиб кетди: «Қойилман Тоғайга. «Отамдан қолган далалар»ини ўқиб мендай дийдаси қаттиқ одам ҳам тўйиб йиғладим. Нега денглар-да? Ахир, шундай кунлар ҳаммамизнинг бошимиздан ўтмаганмиди? Асли ҳис қилиш керак экан. Тўғри, бошқаларам деҳқоннинг оғир ҳаёти ва меҳнати ҳақида ёзган. Нимасидандир кўнглим тўлмаган-да. Тоғайди китобини ўқиб, суюндим, бор экан-ку марди, деб юрибман ҳалиям. Бир нарсани айтай сизга. Мен етмишдан ошдим, бутун умрим далада кечди. Ота-бувам ҳам кенгликларда яшаб ўтган. Лекин Тоғай Мурод мени, сизни, бутун халқнинг дардини, армонини достон қипти, қўшиқ қипти, отасига раҳмат. Лоф эмас, ҳаммаси чин, мени ҳайрон қолдирган нарса, у қаердан шунча гапни, воқеаларни топган экан-а!» Зойир ака бўлса қаҳрамоннинг гапини эшитиб, эгат оралаб кетиб қолди. Ёнимизга қайтиб келгач, сўрадим: «Нима, ўзларига тегиб кетдими Ибройим аканинг гаплари, охиригача эшитмадингиз, ахир, сизам катта ёзувчи эдингиз-ку», дегандим, доим ҳар қандай гапни ҳазилга бурадиган чўрткесар Зойир Мамажонов бу гал босиқлик билан сўзлай кетди: «Менам Тоғайнинг романини бир кечада ўқиб чиқдим, бир кечада... керак бўлса, юз йиллик, икки юз йиллик халқимизнинг армонлари кўз олдимдан ўтди. Биламан, бу романни ёзиш Тоғай учун осон кечмаган. Неча ўн йиллардан бери тайёргарлик кўрган экан у. Xалқимизга ҳайкал қўяман деса, кулардим. Бир ҳайкал бўлса, шунча бўлар-да. Шу романни ўқигач, неча кунлаб ўзимга келолмадим. Қаерга бормайин, қайси пайкалга кирмайин, ким билан гаплашмайин, Тоғайнинг ўша гаплари қулоғим остида жаранглаб тураверади». Тоғай Муроднинг маъракасида Зойир Мамажонов яна оғир армон билан шундай деб қолди: «Энди унинг китобини ўқий десам, юрагим бетламаяпти. Нега десангиз, унинг ёзганлари ҳаммаси ҳақиқат ва энди ҳар эгатда, ҳар пайкалда, керак бўлса, ҳар бир қишлоқда Тоғайнинг изини кўргандай бўлавераман. Кимдир айтибди, ундан бирон зурёд қолмади-я, деб. Тан олайлик, ахир, Тоғай Муроддан қолган ёдгорликни нима билан ўлчаб бўлади?» Сўнгги Қўнғироқ Тоғай Мурод билан ўн йил орасида кўп бора суҳбатлашдик. Гоҳи жуда банд ёки кайфияти бўлмаса гапни қисқароқ қилиб: «Яна телефон қиларсан», деб қўярди. Аввалига бу муомаласи менга сал эриш ҳам туюларди. Кейин кўникиб кетдим ва аксинча, ўзимнинг руҳим тушса ё айримларнинг тилёғламаликларию майда гап-сўзларидан дилгир бўлиб қолсам, ҳеч иккиланмай Тоғай акага қўнғироқ қилардим. У киши бўлса, менинг дардларимни бўлмай эшитарди. У киши билан сўнгги марта, ўлимидан бир ҳафтача аввал гаплашдик. Уйида ёлғиз ўзи экан. Менимча, зерикиброқ турган эканми, ё кайфияти чоғмиди, билмадим, бир соатча сўзлашдик. Мен эса хижолат бўлиб гап орасида: «Ака, узр энди, вақтингизни олдим», десам ҳам негадир ҳеч хайрлашгиси келмади. Ўша куни мен ҳам нимадандир қаттиқ сиқилиб, Тоғай акага дардларимни айтиб бердим. Шунда у киши: «Эсингдами, бундан саккиз йилча аввал сенга бир гапни айтувдим. Яна такрорлайман, у қулоғинггаям, бу қулоғинггаям қуйиб ол, ҳали эслаб юрасан, акам бекорга бу гапларни айтмаган экан, деб. Мен билан ҳам, сен билан ҳам ошнам, дўстим, оғам деб ўпишиб, қучоқлашиб кўришади ва сал нарига бориб изимиздан минг хил фисқу фасод, иғво тарқатишади. Парво қилма, ундайлар билан ўчакишиб ўтирма, қўявер. Ўзингга ишон. Яна бир гапни айтайин, одам аҳён-аҳён бўлса-да, ўзи билан ўзи гаплашиб, дардлашиб туриши керак экан. Қачонки майда-чуйда гап-сўзларга ўралашиб қолган бўлсанг, ўзинг ҳам майда одамга айланасан. Бир шеърингда «Олти йил яшадим Ёлғизлик билан», деб ёзибсан-ку. Биз ҳаммамиз қисматнинг одамларимиз. Нимадир ёзаман, яратаман, деб қишлоқдан кечиб келганмиз. У ёқда сену менга кўз тикиб ўтирган қанча қоракўзлар бор. Шуларнинг юзини ерга қаратмайлик...». дея узоқ насиҳат қилди. Барибир ҳайрон бўлдим. Нега кам гапирадиган, устига-устак салом-алик тугар-тугамас: «Нима гап ўзи, бирон нарса ёзаяпсанми? Уйлар тинчми?» дея гапни қисқа қиладиган Тоғай ака бунчалик очилиб кетди, дея ажабландим ҳам. Ким билади, балки раҳматли ўзига мени яқин олиб кўнглидаги бор ҳайрату ҳаяжонларини ўша куни тўккандир. Бир ҳафтадан сўнг... Кузатиш Ўшанда май ойининг адоғи эди. Эрта тонгдаёқ Тоғай ака яшайдиган уй ёни одамларга тўлиб кетди. Маҳалла оқсоқоли марҳумнинг яқинларини шошилтирарди: «Тез бўлинглар, кун ёришиб келяпти, Чиғатойдаям кутишяпти бизларни». Сирожиддин Саййиднинг мунгли овозини эшитдим: «Ёлғизгина синглиси кеча кечқурун йўлга чиққан экан, бирпасгина кутайлик...». Каттаю кичик аввал бир-бирига, кейин соатига қарайди. Ниҳоят... Тоғай Мурод ўз уйи остонасидан қўлма-қўл бўлди. Ўнлаб машиналару автобуслар лиқ тўлди. Сўзсиз, оғир нигоҳларим билан карвонни кузатаман. Назаримда, шу куни таниган-танимаган, билган-билмаган одамлар бир-бирига яқин, оға-инидек бўлиб қолгандай. Чиғатой қабристонига етиб келганимизда бу ёқдаям таъзияга келганларнинг адоғи кўринмади. Жаноза ўқилди. Тумонат одам жўр бўлиб «Раҳматлик яхши инсон эди», дея овоз берди. Қабрига тупроқ тортилаётганида кимдир «аввал яқинлари ташласин» деганди, бирданига юзлаб қўллар белкуракларга ёпишди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |