Саййид Бараканинг иниси [Norqobil Jalil,Ahad Berdiyev] |
Тарихнинг шафқациз бир ҳақиқати бор: у ҳам бўлса, ўтмишни бугун яратиб бўлмайди, аксинча, ўтмиш бугунни яратади. Ва биз бугун дунёга кўз-кўз қилаётган қадриятларимиз илдизлари ҳам мозийнинг, тарихнинг ўлмас бўлакларидир. Ана шу ўтмиш саҳифаларида номлари мангуликка айланган зотлар кўп. Шундайлардан бири Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳазратларидир. Xўш, Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳазратлари ким ўзи? Дунё халқларининг маънавий-маданий хазинасига қўшган тарихий хизматлари нималардан иборат, деган ҳақли саволларга баҳоли қудрат жавоб топишга уринамиз. Қашқадарёнинг тоғли ҳудуди бўлмиш Китоб туманида Паландара (айрим манбаларда Баландара ҳам дейилади — муаллиф) деган манзил бор. Ана шу ҳудуд шимолида, яъни тоғлар этагида шу ерлик одамлар таъбири билан айтганда, Xўжа Неъмати деб аталувчи каттакон дара ястаниб ётибди. Айнан шу жойда бир вақтлар (1924 йилгача) Xўжа Неъмати номидаги қишлоқ ҳам бўлиб, кейинчалик бу ерлик аҳоли Обиканда ва Мўғул қишлоқларига кўчиб тушишган экан. Xуллас, бу дара ва гўшанинг Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳазратлари номларига боғлиқлиги тарихи жуда узун. Биз учун эса ҳазратнинг макон тутган манзилларидан кўра, ибратли ҳаёт йўли ва бой маданий мероси ҳақида хабардор бўлмоқ муҳимроқдир. Тўлиқ исм-шарифлари Шоҳ Саййид (уруғлари) Нуриддин (тахаллуси) Неъматуллоҳ (исмлари) ибни Мир Саййид Абдулло (оталари) ислом оламида маълуму машҳур алломалардан бири саналади. У киши милодий 1330-1431 (айрим манбаларда 1360 йил ҳам келтирилган) йилларда яшаб ўтган сўфийлик мартабаларига эришиб, ўз йўналишига эга бўлган авлиёуллоҳлардан бири, сўфий шоир, муттақий, соҳиби илм эдилар. Шунингдек, шариат суннатларига амал қилишда Пайғамбаримизнинг 19-авлодларидан бири ҳисобланади. Ҳалаб шаҳрида туғилиб, Ироқда таҳсил кўрганлар. 24 ёшларида муборак Ҳаж зиёратига бориб, у ерда машҳур мутасаввуф олим, тарихчи Шайх Орифиддин Абдуллоҳ ал Ёфеъий (1367 йилда вафот этган) билан танишади ва уни ўзига устоз деб билиб, силсилаи сулукидан жой эгаллайди. Ва етти йиллик беминнат хизматлари маъқуллангач, Ёфеъий ҳазратларига халифа бўлганлар (манба: Аббосқули ибн Боқихоннинг «Гулистони Эрам» асари, Боку, «Элм» нашриёти, 1991 йил, 130-бет). Шундан сўнг Ироққа қайтиб, кейинчалик Мисрга, у ердан Табриз ва Ардобел орқали Мовароуннаҳрга келадилар... Машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» китоби («Камалак» нашриёти — 1994)да ёзилишича, «Саййид Барака ҳеч қандай ваъда ва олдиндан келишувсиз кутилмаганда Улҳумоюн манзилидан пешвоз чиқади ва подшоҳлик белгиларини англатувчи ноғора ва байроқ келтириб, ҳазрат Соҳибқиронга совға қилади». Бу воқеа 1370 йили Термиз шаҳрида ҳазрат Соҳибқироннинг Амир Ҳусайн устига юриш қилиб, Балх шаҳри томон боришида содир бўлади. Бу маросимда Неъматуллоҳ Валий ҳам акалари Саййид Барака билан биргаликда иштирок этади (бу бизнинг мулоҳазамиз). Тарихчи олим Аҳмаджон Чориевнинг «Ҳазрати Султон тарихи ва Ҳазрати Башир маноқиби» («Шарқ» нашриёти — 1996) китобида бу учрашув хусусида шундай мазмундаги ҳикоят келтирилади: Ҳазрати Темур алайҳирраҳма Ироқда бўлган урушда ниҳоятда оғир аҳволга тушиб қолади. Шундай машаққатли синовларда ироқлик машҳур зотлар ака-ука Саййид Барака ва Саййид Неъматуллоҳ бутун мол-дунёлари ҳамда ўзларига тобе одамлари билан биргаликда Амир Темурга ёрдам берадилар. Ироқ ишғол этилгач, Соҳибқирон бобомиз ўз замонасининг улуғ пири комиллари бўлмиш ака-ука саййидларга чин дилдан ихлос қўяди. Соҳибқирон ҳам Мовароуннаҳрга мутлақ ҳукмдор бўлгач, иккалаларини ўзлари билан Самарқандга келишларини илтимос қилади ва бирга қайтиб келганларидан кейин доимо ёнларида олиб юрадилар. Ҳар қандай машварату маслаҳатлар Саййид Барака ва Неъматуллоҳ Валийсиз ўтмайди. Бироқ улар Самарқандга келгунларича жаҳонгирнинг ёнида яна икки эронлик ишончли кишилари ҳам бор эди. Кутилмаганда саройга ташриф буюрган ака-ука саййидларга Амир Темурнинг қўяётган қаттиқ эътиқоди ва кўрсатилаётган катта ҳурмат-еҳтироми уларга ёқмайди. Ва қандай қилиб бўлса-да, икки ўртага нифоқ, адоват солиш йўлларини излашади. Xуллас, кўрилган жиддий ҳийла ва фитналар иш бериб, орадаги ишонч-еътиқод сал пасайганини сезган ака-ука саййидлар Самарқанддан чиқиб кетмоқ учун йўлга тушадилар. Қоратепа тоғи билан Койни тоғининг ўртасидаги Xожа Улуғ деган жойга етганларида Амир Темур изларидан етиб боради. Саййид Баракани пойтахтга қайтишга кўндирган жаҳонгир ўз пирлари билан маслаҳатлашиб, укалари Саййид Неъматуллоҳ Валийни Кеш вилоятида макон тутишларига изн сўрайди... Шу-шу халқ орасида «Барака Самарқандда, Неъмат Кешда» (яъни, Қашқадарё воҳасида ноз-неъмат бисёрлигига, Самарқандда эса барака кўплигига ишорат бўлса керак) деган ибора тарқалиб кетган экан... Ривоят қилишларича, Неъматуллоҳ Валий довондан тушгач, Косатарош деган қишлоққа қадам ранжида қиладилар. Шу ерлик илми соҳиб Xожа Ҳасан деган кишиникида меҳмон бўлганларида ғаройиб каромат рўй беради. Яъни ўзаро гурунгда чол-кампирнинг фарзандлари йўқлигини англаган Неъматуллоҳ Валий Тангри таолодан бу муштипар инсонларга бир солиҳ фарзанд сўрайди. Ўзлари шу гўшада макон тутиб яшай бошлайдилар. Орадан кўп ўтмай тўқсон ёшли Xожа Ҳасан оиласида ўғил дунёга келади. Саксон ёшли Малакот она кексалиги боис чақалоқни эмизолмайди ва бола суциз катта бўлади. Яратганнинг тенгсиз марҳамати туфайли туғилган болакай суциз улғайгани учун уни одамлар Бешир (суциз) деб номлашади. Бу тақдир соҳиби эса бугун барчага маълуму машҳур бўлмиш зот — таважжуҳига кўра яссавия тариқатига мансуб бўлмиш Султон Саййид Аҳмад Валий, кунялари Ҳазрати Баширдир. Бугунги кунда Китоб туманидаги Башир қишлоғида ул зоти шарифнинг айни истиқлол йилларида обод этилган зиёратгоҳларидан юртдошларимиз қадами узилмайди. Саййид Неъматуллоҳ Валий тахминимизча, беш-олти йил ўз хизматига келганлар ҳисобига шаклланган Xўжа Неъмати қишлоғида яшаганлар. Сўнг Ҳиротга кўчиб бориб, Ҳирот ҳокими Имоиддин Ҳамза ал-Ҳусайн ал-Ҳарвонийнинг қизига уйланади. Кейин эса Язидда бироз яшаб, Кермон вилоятига ўтади. Ниҳоят сўнгги 25 йиллик умрини Кермон вилоятининг Махон қишлоғида ўтказадилар. Булар ҳақида манбаларда сўз боради. Неъматуллоҳ Валий ўз тарғиботларида буюк яратувчи — Тангри таолони дунёнинг ягона шоҳи, деб атайди. Бу ғоя ул зот асос солган биродарлик йўналишининг ажралмас қисми бўлган. У киши ўзининг руҳий тарғиботини Жунайд ал-Бағдодий ва Маъруф ал-Кархий орқали Али Абу ибн Толибга тақайдилар. Ўз дунёқарашларида арабистонлик Аҳмад ал-Шазали ҳамда Абу Мадён фикрларини сингдириб, ғояларида Нажмиддин Кубро ва Xожагон мактаби ҳолатларидан келиб чиқиб, Ибн ал-Арабий йўналишига хос ваҳдад ал-вужуд ғояларини тарғиб этадилар. Неъматуллоҳ Валий сўфийликдаги ал-Жунайднинг «Ҳушёрлик мактаби», Боязид ал-Бистомий ҳазратларининг «Маст бўлиш мактаби» ғояларини ўрганади. Ул зот Аллоҳга Фақир (камтаринлик), Меҳр (Аллоҳни севиш, Унинг ғазабидан қўрқиш, Унга талпиниш), Таслим (топширмоқ, бўйсунмоқ), Вараъ (манъ этилган ишлардан тийилмоқ, парҳезкорлик, тақво), Ридо (дарвешларнинг устки кийими), Фано (илоҳиётга сингиш) каби олтита поғонама-поғона давомий йўл орқали етиб борилишини кўрсатганлар. Маълум бўлишича, Неъматуллоҳ Валий ҳазратларининг араб ва форс тилларида 544 турли хил масалаларни ёритган меросий ёзишмалари бўлган ва улардан бизгача 110 таси етиб келган. Бундан ташқари, Ибн Арабий, Фахриддин ал-Ироқийнинг сўфийлик тариқатига оид таълимотлари битилган 1541 ғазалдан иборат катта девон тузган, деган маълумот ҳам бор. Ул зотнинг бой мерослари Ироқ ва Кермонда ҳозирги кунгача Амир Саййид Нуриддин Неъматуллоҳ Мир Саййид Абдулло Кермоний номи билан тўрт марта чоп этилган. Сезиб турибмиз, юртдошларимиз кўнглида яна бир савол очиқ қолаётир. У ҳам бўлса, икки дарё оралиғида умрининг ҳисобли йилларини ўтказган бу файласуф сўфий инсоннинг яшаб ўтган манзиллари, қадамжолари қай аҳволда ёхуд у кишининг авлод-аждодлари ҳам борми, дейишингиз табиий. Тарихдан маълумки, Соҳибқирон бобомиз вафотларидан кейин унинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо отаси васиятига кўра, Амир Саййид Бараканинг жасадини Андҳўй шаҳридан олиб келиб, Темурийлар хилхонасига — жаҳонгир Амир Темур ҳазратларининг бош томонига дафн эттиради. Неъматуллоҳ Валийнинг ҳокларини эса Кермон вилоятининг Махон шаҳридан олиб келтириб, Кешда яшаган жойлари — ҳозирги Китоб туманидаги Мўғул қишлоғи ҳудудига қўйдиради. Шу жойда мақбара қуришга буйруқ берилади. Бундай маълумотлар халқ орасида узоқ йиллардан буён яшаб келмоқда. 1447 йилда Шоҳруҳ Мирзонинг вафоти оқибатида бу хайрли иш тўхтаб қолади. Яъни қабр устига ёдгорлик тошигина ўрнатилади, холос. Қабр тошда у кишининг исм-шарифлари Саййид Неъматуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибни Абдураҳмон деб, вафот этган йиллари эса олти йилга фарқ қилиб қолган. Афтидан, тошга ёзувчи ҳаттотга маълумот берган одамлар ҳам ул зоти шариф хусусида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган. Яна бир маълумот: билишимизча, ҳозирги пайтда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида ул зотнинг 16-17-авлодлари умргузаронлик қилаётган экан. Шу ўринда яна бир мулоҳазамизни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас: биз тилга олган улуғ зоти бобарокот қадамжолари кўпчиликнинг эътиборига муҳтож. Тўғри, китоблик зиёлилару азиз зот яшаб ўтган қишлоқ аҳли ҳам қараб турганлари йўқ. Шу йил баҳорида Саййид Неъматуллоҳ Валий зиёратгоҳларини ободонлаштириш йўлида хайрия ҳашарлари ҳам уюштирилди. Аммо булар ҳали улкан дарёдан бир томчи холос. Ўйлаймизки, бу савобли ишлар вилоят миқёсида ҳали давом этади. Очиғи, бизнинг қўлимизда у кишининг ҳаёти, ижодий фаолиятига бевосита боғлиқ манбалар жуда кам. Шул боис бугун сўз юритганимиз Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳазратлари ҳақидаги мулоҳазаларимизни тугал хулоса деб айтиш фикридан йироқмиз. Бироқ бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: у ҳам бўлса томирларимизда оқаётган қоннинг зарра-зарралари буюк аждодларимизга туташлигини ва уларга муносиб авлодлар бўлмоқлигимизни ҳар он, ҳар лаҳза ёдда тутмоқлигимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |