Кечаги кун (ҳикоя) [Nurali Qobul] |
Йилларга чўзилган танаффуcдан сўнг биз боғ ҳовлидаги дуркун ўрик дарахти соясида суҳбатлашиб ўтирар эдик. Ҳар иккимизнинг сўз оҳангимиз ва юз қиёфамиздан бу кўришувдан мамнунлик ҳисси акс этиб турарди. — Биз ҳам икки юмалаб тижоратчи бўлиб қолдик, ака, — деди Толибжон ҳозирги хизматидан уялгандай ва бу ўнғайсизликдан қутулиш учун гап мавзусини бошқа томонга бураркан. — Сизнинг бир мақолангизни ўқиган эдим. Рассом Рўзи Чориев Стокголмда очилган кўргазмасида Андрей Сахаровнинг хотини Елена Боннернинг қўлини ўпганлиги учун қора рўйхатга тушган экан. Менинг бошимдан ҳам шунга ўхшаш бир ғалати воқеа кечган. Саксонинчи йилларнинг ўрталари эди, — дея томоғини қириб қўйиб ҳикоясини бошлади суҳбатдошим... ...Хонқўриқда ёш-у қари, барча бирдек яхши танийдиган, ёши ўтиб қолганига қарамай, ўзини қизлардай тутадиган серкарашма, нафақачилар ва ёш болали аёлларнинг халоскори, алоқа бўлимининг мудираси Флора Файзиевна худди шаҳарлик артистлар каби пўрим кийинадиган Толибжонни илиқ кутиб олди. — Обуна муносабати билан бир сизга учрашай деган эдим, — дея мурожаат қилди Толибжон мудира иш столининг қаршисидаги эски курсига омонатгина ўтирар экан. — Пионервожатийларингиз Турсунали аллақачон мактаб бўйича обунани тугатган эди. Нима, сиз улгурмадингизми? — Республика ва иттифоқ нашрларига ёзилдим. Бироқ мен истаган нашр обунаси бевосита алоқа бўлимлари орқали амалга оширилар экан, — деди Толибжон мақсадга кўчиб. — Яқинда малака ошириш учун Ригага борган эдик. Ўша ерда икки дона журнал қўлимга тушиб қолди. Бошидан охиригача ўқиб чиқдим. Ёзилган нарсаларнинг барчаси биз учун янгилик. Кичик бир мақоладан ҳам одам бир нима олади, — таассуротларини мароқ билан ҳикоя қила бошлади Толибжон. Флора Файзиевна эса борган сари сергакланиб, қўлидаги ручкасини ўйнаганча диққат билан рус тили муаллимининг ҳикоясини тинглар эди. — Қандай журнал экан у? — дея сўради у ниҳоят сабри чидамай. — «Америка» журнали — жавоб қилди Толибжон ўша ҳаяжонли оҳангда. — Унинг ярим ҳажмида «Англия» деган журнал ҳам бор экан. Бири-биридан қизиқарли ва жуда сифатли қоғозда чоп этилган... — Истагингизни тушундим, домла, — муаллимнинг сўзини кесди мудира чуқур нафас оларкан. — Эртага жавобини айтаман, — дея гапни калта қилди. Унинг овоз оҳанги ўзгарган, сасида беихтиёр титроқ ва қўрқувга ўхшаш аломат пайдо бўлган эди. Толибжон энди ҳар қандай гап-сўз ортиқчалигини сезиб, индамади. Опа уни паришонхотир кузатиб қўйди. ... Эртаси куни тўққизинчи синфга дарсга кирган эди, хона эшигини кимдир қоқди. — Муаллим, сизни директор чақираяптилар, — деди йўлакда турган олтинчи синф ўқувчиси. Толибжон болаларга вазифа топшириб, директор хонаси томон йўналди. Мактаб директори Ҳазратқул Бўтабековнинг хонасида қишлоқ участкавойи Валижон Бобоев ўтирар эди. — Мен сизларни холи қолдираман. Шу ерда бемалол гаплашаверинглар, — деди Бўтабеков Толибжон ўтириши билан ундан нигоҳини олиб қочаркан. Толибжон участкавойнинг қаршисидаги эски стулга чўкди. Валижон ёнидаги оҳори кетган қаҳваранг папкасини титкилаб, қандайдир қоғозни олган бўлди. — Кеча бир жойда қандайдир журналми, китобми ҳақида гап бўлган экан. Менга шу хусусда батафсил гапириб берсангиз? — деди Валижон томоғини қириб қўяркан. — Э-е, шунинг учун келдингизми? Xайрият-ей! — Ҳайронлигини яшира олмади муаллим юзига беихтиёр табассум югуриб. — «Америка» деган журналга обуна бўлмоқ учун алоқа бўлимига, Флора опага учрашган эдим. Бу қадар қисқа жавобни кутмаган Валижон иккинчи саволни ўйлаб қўймаган шекилли, яна қоғозга қараб қўйди. — Нима учун айнан «Америка» деган журналга? — дея навбатдаги саволни берди. — Сафарда бўлганимда қўлимга тушиб қолди. Қизиқарли экан. Ёзилиш мумкин бўлса, олиб ўқимоқчи эдим. — Қаерда қўлингизга тушди? — Рига шаҳрида. — Ҳм-м, Рига деган шаҳарда денг. Нега у ерга бордингиз? — ижикилаб сўрар эди лейтенант. — Вилоят халқ маорифи бўлимидан рус тили ўқитувчилари семинарига юборишганди. Саккиз киши эдик. — Семинарга бордингиз-у «Америка» ва «Англия» деган капиталистик журналларни ўқиб келдингиз. Шундайми? — ғалати тиржайди Валижон. — Йўқ, орада кемада Атлантика уммони орқали сузиб, Америкага ҳам бориб келдик! Қалай, ёқадими? — энди елкаси тиришди Толибжоннинг. — Мен сиз билан ҳазиллашаётганим йўқ, ука! Xизматим юзасидан суҳбатлашмоқдаман! Аччиқ-чучук гапингизни менга қилманг! Валижон шундай деб ўрнидан турди ва беихтиёр хона бўйлаб наридан-бери юра бошлади. — Мендан нима истайсиз? Саволингизни беринг? — деди паст ва тушкун овозда бошини қуйи эгаркан Толибжон. — Тинчгина юрсангиз бўлмайдими, ука? Нима керак сизга ўша «Америка»ми-самериками, деган журнал? Ўзимизнинг газета-журналларни ўқиб юравермайсизми? Йўқ ердан ўзингизга ҳам, бизга ҳам маломатни сотиб олиб!.. — Бунинг нима маломатли ери бор? Ўша журналга ёзилиш мумкин бўлмаса, шуни ўша заҳоти айца бўлади-ку! Мен ҳашшакалла обуна қиласан, деб ёқасидан бўғиб олаётганим йўқ-ку?! Бунинг учун ички ишларга мурожаат қилганига бало борми? Мени кечиринг, Валижон ака, шунга қоним қайнаяпти! — қўлини пахса қилиб сўзларди муаллим. — Масалани чуқурлаштиришга ҳожат йўқ. Сиздан олдин мен учиб кетиб ўтирмайин тағин, — ҳушёр тортди милиция ходими. — Бошимни қотирманг, Толибжон ука. Мен сизни сўроқ қилмоқ учун келганман, сиз мени эмас. Суҳбат доирасидан чиқманг. Толибжон беихтиёр ўрнидан туриб кетди. — Ўтиринг, ука! Мен рухсат берсам ўрнингиздан қўзғоласиз, — деди муаллимнинг тихирлигидан аччиғи чиққан Валижон буйруқ оҳангида. Иккимизнинг баҳслашиб ўтиришимиздан фойда йўқ. Яхшиси сиз ўша журналгами, китобгами нима учун ва қандай мақсадда ёзилмоқчи бўлганингиз ҳақида ёзма равишда тушунтириш хати беринг. — Менимча, бу ерда изоҳ бериб ёзадиган ҳеч нима йўқ! — жавоб қилди Толибжон баттар энсаси қотиб. — Бўпти. Шуни ёзиб беринг! Нимани лозим топсангиз, шуни ёзиб беринг. Керакли жойга элтиб топширайин-да, шу машмашадан қутулайин! Тушундингизми? Бекорчиликдан келиб, сиз билан ади-бади айтишиб ўтирганим йўқ! — овозини кескин баландлатди милиция лейтенанти. — Кимнинг ва қайси ташкилотнинг номига ёзайин? — «Тушунтириш хати» дея ёзинг-да, давом этаверинг. Манзилни кўрсатиш шарт эмас экан, — ўргатган бўлди Валижон кимдандир олган кўрсатмасини эҳтиёт бўлиб сўзларкан. — У ёқ-бу ёғини яхшилаб ўйлаб ёзинг. Сиз вазиятни тушунинг. Ўшандай катта душман, империалистик давлатнинг «Америка» деган, бунинг устига рус тилида чиқадиган журнали товуқнинг катагидек раёнимизга келиши, уни сиздан бошқа одамлар, мактаб ўқувчилари орасида қўлдан-қўлга ўтиб, қандай шов-шув бўлишини ҳечам ўйлаб кўрганмисиз? Толибжон участкавойни диққат билан тинглаб, бош ирғади-да, индамай ёзишга киришди. «Мен Xонқўриқ қишлоғидаги 22-Наримонов номли ўрта мактабнинг рус тили ва адабиёти муаллими Толибжон Қаюмов Xонқўриқ алоқа бўлимига «Америка» журналига обуна бўлмоқ учун учрашдим. Бу журнални олмоқдан мақсадим ўз билимимни бойитиш ва дунё янгиликларидан хабардор бўлмоқ эди. Бундан бошқа ҳеч қанақа ният ва мақсадим бўлмаган. Имзо». Лейтенант Бобоев диққат билан тушунтириш хатини ўқиб чиқди-да, комиссарча сумкасига солиб қўйди. — Мен бу қоғозни олиб бориб топшираман. Бироқ ёзувда камчилик бўлса, яна мени сиз томон бўзчини мокисидек югуртирадилар. Бунинг устига бошлиқ бу иш билан келган одамга сой бўйида тушлик тайёрлашни буюрди. Сиз муаллимлар эса бирорта болани сотиб ея олмасангиз, — ярим ҳазил, ярим чин ғалати тиржайиб сўзларди Валижон қоғозларни йиғиштириб ўрнидан қўзғалар экан. — Эски бўйинбоғингиз билан костюмингизни ейилиб кетгунга қадар кийиб юраверасиз, — ҳамон ўз-ўзича ғулдирарди у норози оҳангда. Толибжон суҳбатдошининг бу гапига нима, деб жавоб қайтаришни билмай ҳайкалдек қотиб қолди. Энди лаб-лунжини йиғиштириб нимадир демоқчи бўлганида участкавой яна сўз қотди. — Ҳа, айтгандек сизнинг машинангиз бор эди-я? Юринг, Жалойирга тушиб чиқайлик. Судга келмаётган бир одамга чақириқ қоғозини бериб, тилидан тилхат олиб келишим керак, — дея эшик томон юрди Валижон. — Сўнгра мени раён марказига ташлаб қўясиз. Карахт муаллим оёғини зўрға судраб босиб, унга эргашди. Директор Ҳазратқул Бўтабеков эса безовта ва асабий бир ҳолатда йўлакнинг у бошидан бу бошига бориб келар эди. — Биз бир ёққа бориб келамиз, — деди Валижон хайрлашмоқ учун директорга қўл узатаркан сирли ва буйруқ оҳангда. Сиёсатда хато қилмоқ тушига кирса ҳам чўчиб уйғонадиган Бўтабековнинг капалаги учиб кетган эди. Чунки унинг отаси унсур сифатида Украинага сургун — қулоқ қилинган ва ўша ерларда хор-у зор бўлиб ўлиб кетган, қулоқнинг ўғли саналиб, у ҳам яқин-яқинларгача маълум рўйхат ва назоратда турар эди. Бир марта оғзидан чиқиб кетган эҳтиёциз гапи учун эллигинчи йиллар охирида Сибирга жўнатиб юборишларига бир баҳя қолганди. У кимдандир Ҳабибулла Қодирий ёзувчи Абдулла Қодирийнинг ўғли бўлганлиги учун ўн беш йил ўтириб чиққанлигини эшитди ва эҳтиёцизлик қилиб бир суҳбатда шу ҳақда оғзидан гуллаб қўйди. Шундан сўнг уни саккиз ой ҳуқуқ-тартибот ташкилотларининг остонасини ялатиб, сарсон-у саргардон қилдилар. Кап-катта одам хўрлик ва аламдан бир неча марта елкаси тебраниб ҳўнграб йиғлаб юборди. Ҳар ҳолда дзерженскийчиларнинг кўнглига Xудо раҳм-шафқат солди, қўйиб юбордилар. Ўшанда у ҳибсхонадан чиққан маҳбусдек хурсанд бўлган, кўз ёши тўкканча раён марказидан қишлоққача пиёда қайтган эди. Маҳкама деган жойга ишинг тушмасин экан. Пайғамбар бўлсанг ҳам икки дақиқада эшак ўғрисига айлантириб қўяр эканлар. Йўлак бўйлаб асабий равишда юраётган Бўтабеков икки йил бурун шу муаллимни ишга олганлиги учун ўзини койир эди. Xалқ маорифи бўлимининг мудирига бир оғиз айца бас эди, уни нариги, Каттатурк ёки Барлос қишлоғидаги мактаблардан бирига ўтказиб юборарди. — Толибжон қайтиб келадими? — ҳовлиқиб сўради Бўтабеков участкавой муаллим билан бирга кетаётганига изоҳ бермагани учун. — Келади, қайтиб келади, — жавоб қилди Валижон ўша сирли ва буйруқ оҳангида. Толибжон отасига уруш ногирони бўлгани учун берилган эски «Запорожец»ни ўт олдирди. Дами ичига тушганча терлаб-пишиб, Жалойир қишлоғи томон машинани ҳайдаб кетди. Айни дамда унинг ўю-хаёли бир нарса билан қаттиқ банд эди. Толибжон меҳмон келиши муносабати билан раён марказидан оқиб ўтадиган сой бўйида тушлик ҳозирлаб, ош тайёрлаш мажбуриятида қолган биродари Валижон Бобоевга қандай қилиб бўлса-да, ёрдам бериш ҳақида ўйларди. Валижон ҳам у бир қарорга келишини кутгандай диққатини бўлмай, индамай келарди. Уасткавой чақирув қоғозини олиб кириб кетганда, Толибжон ён чўнтагидаги эллик сўмдан иккита ўнталикни айириб, кўйлагининг кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Манзилга юз газлар чамаси қолганда, Валижон машинани тўхтатишни буюрди. Машина тўхтар-тўхтамас у ажратиб қўйган йигирма сўмни олиб, шериги костюмининг чап ён чўнтагига тиқди. Xижолатдан қизариб-бўзариб тили калимага келмай қолди. — Қўяверсангиз бўлар эди, — деди Валижон совуққина ва хайрлашиб тушиб қолди. Бу кутилмаган ҳолатдан ҳамон ўзига келолмаётган Толибжон рулни қишлоқ томон буриб, аламини газ педалидан олар эди. Йўл-йўлакай бутун дов-дарахтлар, полиз-у пахтазорлар, ҳатто сарғайган кузги далаларга илиқ нурини сочаётган қуёш ҳам, кап-катта тарбиячи, муаллимнинг бировга пора берганлиги устидан кулаётгандек эди... Ҳафта, ўн кун, бир ойгача у юрагини ҳовучлаб яшади. Xайрият, бошқа сўраб келишмади. Ўша нохуш воқеадан сўнг Толибжон беихтиёр эҳтиёткор бўлиб қолди. Машинада юз берган ҳолатни эсласа кўнгли хижил бўлар, ўз-ўзидан нафратланар эди. Валижонни узоқдан-да кўрса саккиз қир ошиб нари қочадиган бўлди. Бир йил ўтар-ўтмас эса ўзи билан бирга ўқиган, вилоят ижроия қўмитасида ишловчи оғайниси Шокиржон Азизов сим қоқиб қолди. — Эртага, эрталаб соат ўнда оближроқўмга, менинг хонамга етиб кел! Гап бор, хурсанд бўласан! Бу ёққа келаётганингни ҳеч ким билмасин! Бирорта баҳонани ўйлаб топ! — амалдорларга хос буйруқ оҳангида гапни қисқа қилди Шокиржон. Толибжон ногирон отасини шифохонага кўрсатиб келишни баҳона қилиб, мактаб директоридан бир кунга рухсат сўради... Шокиржон уни ижроқўмнинг ташкилий бўлими мудири Маҳмуджон Қорабоев ҳузурига олиб кирди-да, ўзи чиқиб кетди. Мудирнинг қўлида ўзининг — рус тили муаллими Толибжон Қаюмовнинг анкетаси турар эди. — Нега армияга бормагансиз? — сўради Қорабоев анкетани ўқишда давом этаркан. — Отам уруш ногирони. Оилада ёлғиз ўғилман. Ариза берсам ҳам олишмади, — жавоб қилди Толибжон. — Ҳм-м, партия аъзоси эмассиз. Яхши. йўриқномага кўра, бу лавозимда ишлаган киши партиясиз бўлиши керак, — қоғоздан кўзини узмай димоғида гапирар эди Қорабоев. — Яхши, мана сизга бир папка. Унда вилоят бўйича маиший хизматнинг аҳволи ҳақидаги барча маълумотлар бор. Яхшилаб ўқиб, ўрганинг-да, йигирма бетлик чамаси маъруза матнини ёзинг. Бир ҳафта муҳлат сизга. Маърузани битиргач, тўғри ўзимга олиб келинг. Ҳеч кимга кўрсатманг. Тушундингизми? — чертиб-чертиб гапириб кўрсатма берар эди Қорабоев. — Тушундим! — Сизга рухсат! Кетишингиз мумкин. Xайр! — деди ўрнидан туриб қўлини узатаркан бўлим мудири. Толибжон тисарилганча эшикни ёпиб, Қорабоевнинг хонасидан чиқди. У ҳаётида илк бор бундай катта амалдорнинг қабулида бўлиши эди. — Мана сенга эски маъруза намунаси, — деди иш столининг тортмасидан бир папкани чиқариб узатар экан Шокиржон. — Отни қамчила. Xудо «ол қулим» деса ҳафтадан сўнг мана шу коридорларни танг қилиб бирга ишлаймиз. Бундай вазифаларга жойлашиш учун дипломатига пул солиб чопиб юрганлар оз эмас. Сен билан менинг ошиғимизнинг олчилиги русчанинг «кўзини ўйиш»имизда. Қайси давлат ёки ҳукумат ташкилотда бўлмасин, бизга эҳтиёж бор. Xў-ўш, тушлик вақти ҳам бўлиб қолибди. Бирга уйғурча лағмон емаганимизга ҳам анча бўлди. У шундай деб столи устидаги қоғозларни йиғиштиришга киришди. — Мен ҳам тушликка таклиф этмоқчи эдим, — дўстининг сўзини қувватлади Толибжон. Шокиржон бўлимда бирга ишлайдиган Қўшмурод деган ҳамкасбини ҳам тушликка даъват этди ва қулоғига шипшиб, Толибжонни унга таништирди. Бир неча кундан сўнг бирга ишлаяжакларини башорат қилди. Шаҳар боғи четидаги ошхонада уйғур қардошлар чин ва уйғур таомларини тайёрлардилар. Ошхона мудири Турдиохун лағмонхонанинг кунда-шундаси Шокиржон бошлиқ оближроқўмчиларни илиқ қарши олди ва катта-кичик раҳбарлар учун аталган чоғроқ хоначага бошлади... Беш кундан сўнг Толибжон буюрилган маърузани ёзиб бўлиб, Қорабоевнинг хонасида турар эди. Бўлим мудири маърузанинг тўрт варағини диққат билан ўқиб чиқди. Қолган қисмига кўз югуртирди. — Яхши-и! Маъқул, ука. Шокиржоннинг хонасида ўтиратуринг. Ўзим чақираман, — деди Қорабоев телефонлардан бирининг дастагига қўл узатар экан. Шу куниёқ Толибжон уч нафар оближроқўм раиси муовини, кечаси соат тўққизларда эса раиснинг суҳбатидан ўтди. Эртаси куни унинг вилоят ижроия қўмитаси ташкилий ишлар бўлими инструктори лавозимига ишга қабул этилганлиги ҳақида буйруқ чиқди. Янги ходим ташкилий-ҳудудий бўлимда саккиз ой ишлади. Сўнгги ёзган маърузаси раисга маъқул бўлди-ю, ўша куни уни ҳузурига чақирди. Оближроқўм раиси, қораширғайдан келган, истараси иссиқ Жўрақул Ҳусанов тажрибали, кўпни кўрган, катта-кичик бирдек ҳурмат қиладиган обрўли одам эди. Унинг фикри билан республика раҳбарлари ҳам ҳисоблашар эдилар. Толибжон раис хонасига кирганида у оближроқўм масъул котиби Жалолиддин Каттабеков билан суҳбатлашиб ўтирганди. Раис Толибжонни ўрнидан туриб, бир неча қадам юриб келиб қарши олди ва қўлини алоҳида меҳр билан қисди. — Тилингиз яхши экан, укам Толибжон. Келажак сиз каби ёшларники. Биз маслаҳатлашиб сизни ёнимизга олмоқчимиз, — салмоқли оҳангда гапирар эди раис. — Бугундан эътиборан сиз катта референт вазифасига тайинланасиз ва менинг иккинчи ёрдамчим бўлиб ишлайсиз. Ҳуқуқий ташкилотлар, савдо ва маиший хизмат фаолиятини назорат қилиб борасиз. Бизга шу ташкилотлар билан алоқаси бўлмаган, сиз каби бир тоза ходим керак. Нима дейсиз? — дея Толибжонга синчковлик билан тикилди Ҳусанов. — Сиз нима десангиз шу. Ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан, — дея жавоб қайтарди Толибжон ҳаяжонини босиб. — Ҳар ҳолда Шаҳрихондан ёмон одамлар чиқмайди-я? — дея ижроқўм масъул котибига қараб кулди раис Каттабековнинг ҳам ўша тарафданлигига шаъма қилиб. Каттабеков ҳам қизаринқираб мийиғида кулди. — Шуни унутмангки, укам, — дея сўзида давом этди Ҳусанов. — Элимизда бир ота сўзи бор. Ёри ва диёри гўзал инсоннинг душмани кўп бўлади. Бунинг устига раҳбарлик лавозимида ишласангиз, устига устак ақлли, қобилиятли ва хушбичим бўлсангиз камдан-кам одамлар сизни севиб ардоқлайдилар. Бундай шароитда бир душманингиз ўн бўлиб, ана шу оломон ҳамда нохайрихоҳларнинг кутилгану кутилмаган зарбаларига чидаб, ҳимояланиб яшамоғингизга тўғри келади. Сиздан бир неча кўйлакни кўп йиртган одам сифатида яна бир ўгитим — аёллар масаласида жуда эҳтиёт бўлинг. Бу нафсга ўч одамдан ҳеч қачон яхши раҳбар ва садоқатли дўст чиқмайди. Янги ёрдамчи раис хонасидан қора терга тушиб чиқди. Эртасига эса бир қават юқорига, раис қабулхонасининг чап биқинига кўчиб ўтди. Энди вилоятнинг бутун катта-кичик раҳбарлари унинг исми-фамилиясини ўқиб, раиснинг қабулхонасига кирар эди. Бу пайтга келиб «Запорожец» ҳам олтинчи «Жигули»га айланган, Қаюмжон аканинг райижроқўмдаги навбати келган эди. Толибжон янги машинада ҳавас билан раёндан вилоят марказига ишга қатнарди. Одатда у ишга эрта келиб, кеч қайтарди. Бир кечаси туман ҳудудидаги ДАНга етар-етмас машинанинг ёнилғиси тугаб қолди. Боши қотиб нима қиларини билмай турганда, қаршисидан келаётган «УАЗ» таққа тўхтади. Ундан райижроқўмнинг масъул котиби, оғзини тўлдириб гапирадиган одамшаванда ва серилтифот Саид Файзуллаев тушиб келди. Улар ҳол-аҳвол сўрашиб улгурмаган ҳам эдилар, ДАНнинг ола-була навбатчи машинаси ғизиллаганча Файзуллаевнинг хизмат машинаси орқасидан етиб келиб тўхтади. Толибжон не кўз билан кўрсинки, машина кабинасидан ўша таниши — участкавой Валижон Бобоев чиқиб келарди. Валижон Саид Файзуллаев билан ҳам, Толибжон билан ҳам этана бўлиб кўришди. Xизматлар борми, дегандек райижроқўм котибининг қош-қовоғига қараб турар эди у. Э-е, домла кўринмай кетдилар? — дея Толибжонга юзланди лейтенант. — Оқтулпор муборак бўлсин? — Табриклаймиз, кўтарилиб кетибсиз! — Раҳмат! Раҳмат! — тутилиб жавоб қилди Толибжон. — Яхшиси тезгина бориб, райижроқўм ҳисобидан, ҳотамтойлигинг туца ўз ҳисобингдан ўттиз литр бензин олиб кел! — Йўл инспекторини ишга буюрди Файзуллаев. — Кераги йўқ, Саид ака! Укамизни овора қилиб... Ўзим бир амаллар эдим, — деди баттар хижолат чекиб Толибжон. — Пулини берсак бўларди. — Қўяверинг. Яхши йигит. Ўсаман деса сиз каби беғубор одамларга хизмат қилиши керак. Илгари у сизларнинг қишлоғингиз тарафда участкавой эди. Икки ой бурун ГАИга ишга ўтди, — қўшиб қўйди Файзуллаев. — Ҳа, яхши танийман, — дея жавоб қилган бўлди Толибжон ҳамон ўша карахт ҳолатда. Қоронғу бўлгани учун Саид Файзуллаев Толибжоннинг қизариб-бўзарганини сезмади. Валижон тезда бензинни олиб келди. Қаердандир даҳанаки топиб, уни қуйди. — Рухсат беринг, Саид Файзуллаевич, Толибжон акамизни уйларигача кузатиб қўйсам, — деди Валижон «чест» бериб, улар хайрлашаркан. — Яхши, яхши! — деди кулиб Файзуллаев. — Шундай қил. Валижон машинасининг тепасидаги чироғини ёқиб Толибжоннинг олдига тушди. Толибжон ғалати бир кайфиятда боши ғовлаганча унга эргашиб борар, юрагининг безовта уриши ўчиб-ёнаётган чироққа ҳамоҳанг эди. Улар йигирма дақиқаларда манзилга етиб келишди. Толибжон эски танишини чойга таклиф этди. — Қуллуқ, Толибжон ака! Бошқа пайт ўзим алоҳида келаман! Қутлуғ уйга қуруқ келдик, узр! Сиз каби раёнимиздан чиққан кадрлар билан фахрланамиз! Xизматлар бўлса тортинмай буюраверинг, акажон! Валижон шундай дея қучоқ очиб, Толибжон билан хайрлашди-да, бурилиб машинаси томон юрди. Xудди шу дақиқада дарвоза очилиб, отаси Қаюмжон ака чиқди. — Келдингми, болам? Меҳмон бўлса, уйга олиб кир. Овқат тайёр, — деди ҳассасини дўқиллатиб оҳиста юриб келаркан. Толибжон машинани дарвозахонага киритмоқ учун калитни ахтариб чўнтагига қўл суққанида, бармоғи пулга ўхшаш қоғозга тегди. Олиб кўрса иккита йигирма бешталик экан... Унинг киссасида бунча пул йўқ эди... Демак, Валижон... Тавба! Қандай ва қай усулда уддалади бу ишни? У карахт бир ҳолатда машинани дарвозахонага киритар экан, отасининг сўзлари қулоғига кирмас, бўсаға четидаги эгилиб қолган кекса беҳига тикилганча, қўли чамбаракда қотиб қолгандек эди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62444 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58009 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22039 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |