Қайтиш (ҳикоя) [Nurali Qobul] |
Одамнинг ўз жонини ҳам тикишга тайёр турган бирор нарсаси бўлиши керак...Лев Толстой Мартнинг бошлари эди. Даштларга этагини ёза бошлаган баҳор адирлар ва тоғ ёнбағирларига ўтларди. Кордан сўнг ер бетида қоладиган юпқа пардани ёриб чиққан илк бойчечаклар ҳали очилиб улгурмаган, қуёш қиздириши билан ердан кўтариладиган ҳовурдан нам ва кўкат иси келади. Саидқул аканинг бола-чақаси ва кўч-кўлони ортилган бир юк машинаси олдинма-кетин қишлоққа кириб келганда кун пешиндан оққанди... Саидқул ака икки ўт ўртасида ёнарди. Шунинг учун хам кейинги пайтда юраги тез-тез уриб, ўқтин-ўқтин санчадиган бўлиб қолди. Тез-тез хаёли қочади. У йигирма йиллик меҳнати сингган дашт билан мангуга хайрлашиб туғилиб ўсган, болалиги кечган она қишлоққа абадул-абад қайтмоқда. Юзидан паришонҳол кўринсада, унсиз йиғларди. У она тупроққа соч-соқолига оқ оралаган, уч-тўртта жағ тиши тушган, дови юрмаган бир аҳволда қайтяпти. «Жигулисининг орқа ўриндиғида ўтирган хотини иягининг остида гапираётган бўлса ҳам қулоғига кирмайди. Нима деса маъқуллаб, бош ирғаб келяпти. Эрининг одамови бўлиб қолганидан хотини ташвишда. Елиб-югуриб унинг кўнглини олишга уринади. Кеч турмуш қуришгани учун болалари ёш, ҳали ҳеч нарсанинг фарқига боришмайди. Ўйчан ва камгаплигидан катта қизи ниманидир сезгандек... Аввал ўзи келиб ўрмон хўжалиги директори билан гаплашиб, сўнгра кўчиб келса бўларди. Бироқ сабри чидамади. Бегона юртларга бормаяпман-ку, ўйлади ўзича. Отасидан қолган боғ ва пешайвонсиз уй ҳам бир аҳволда. Унда кўчманчи чўпонлар яшаганидан боғ оёқости бўлиб кетди. Боғнинг ярмини қоплаб ётган токзордан илдизларгина қолган. Уч-тўрт туп жийда билан сўппайган қари дўланадан бўлак соялайдиган дарахт йўқ. Юк машинасининг шофёри кира ҳақини олиб, туппа-тузук уй-жойини ташлаб ярим вайронага кўчиб келган бу кишининг хатти-ҳаракатидан ҳайрон бўлганча хайрлашиб, изига қайтди. Болалар қувончдан қийқиришиб, сойга тушиб кетишди. Хотин эмизикли боласини бағрига олганча, бўғча четига оғир чўкди. Ҳозир болалари ёш. Улар ҳали ҳеч нарсани билишмайди. Дунёда улардан бахтли одам йўқ. Лекин ҳадемай улғайишади. Эшитишади. Шунда отаси ҳақида нималарни ўйлашади. Улар эс-ҳушини танигунча улгуриш керак. Бўлмаса унга бу дунё ҳаром... У сой томон чопқиллаб кетаётган ўғилчасини кузатганча шуларни ўйларди. Хотини эрининг маюс ва ҳорғин кайфиятига монанд қиёфада унга тикилиб ўтирар-ди. У ҳаммасини билади. Эри оғиз очиб дардинн ёрди дегунча кўнглини кўтариб, далда берган бўлади. Далда берганда нима ҳам дерди. Аёлнинг киши йиғисини келтирадиган айланиб-ўргилиши. — Ишқилиб, болаларнинг бахтига бошингиз омон бўлсин. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруг, — дейди дами ичига тушиб. Саидқул ўша ёруғ кунларга етиш, одамларга, ўзи туғилиб ўсган она тупроққа яхшилик қилиш учун бу ерга қайтди. Энг муҳими, ёнида садоқатли кўмакчиси — хотини бор. Унга суянса бўлади. Доимо борини ошириб, йўғини яширади. Ҳеч қачон йигитнинг ўз остонасидан боши эгик чиқмасин... Ота мерос уйнинг эшик-деразаларини тузатиб, устини сувоқ қилишга бирор ҳафтача машғул бўлди. Қаровсиз қолиб, кегин боғида моллар ўтлайдиган жой бўлиб қолган уй ва ҳовлига одам оёғи тегиши билан бошқача бўлиб кетди. Қишлоқда бундай хароба ва ярим хароба уйлар анчагина эди. Одамларнинг бир қисми Мирзачўлни ўзлаштириш бошланганда кўчиб кетишин. Қишлоқдан ўтадиган сувни қувур орқали раён марказига олиб кетишгандан сўнг қолган-қутган одамларнинг ҳам қишлоқдан умиди узилди. Боғлар қуришни бошлади. ... Одамлар тоғларни унутмоқдалар!Ўз туғилган қишлоғини шу аҳволга солиб кетган кишилардан нимани ҳам кутиш мумкин?Ахир, шу тоғлар бўлмаса, даштга сув қаердан боради?Булоқлар қайнаб туриши учун тоғда дов-дарахт бўлиши керак!Биз чўлларга ёпишиб, ернинг ёқасидан бўғиб олдик. Билмадим, ер бизнинг ёқамиздан тутганда нима бўлади!Яхши еб, яхши кийгингимиз келади! Чўлда эса, бунинг учун имконият қулайроқ!Унинг бағри кенг ва сахий! Истаганча деҳқончилик қилишинг мумкин! Тоғда эса тадбиркорлик керак, адирлар осонликча ҳақ бермайди! Лекин дунёдаги бор ҳикмат тоғда. Уни билган билади. Бир туп дарахт экилмаган тоғ этаклари ва адирларга хаёт бахш этиш керак. Саратон кирмай яйловларнинг файзи қочади. Ҳатто қўзининг олдига илинадиган гиёҳ ҳам қолмайди. Катта-кичик молларни тоғнинг муҳофаза қилинадиган ичкари қисмига, қўриқхоналарга қараб ҳайдашади. Тоғ этаклари ва қирлар боғ бўлса, сув келади. Боглардан оқиб чиққан сув яйловларни суғоради... Саидқул шулар ҳақида ўйларкан, яна ҳовлидан кафтдек кўриниб турадиган Барлостепага тикилиб қолди. Хаёлига келган фикрдан дили ёришиб кетди. «Енғоқ экиш керак, — деди ўзига ўзи овоз чиқариб. — Барлостепанинг устига ёнғоқ экиш керак. Тепалик нишаброқ бўлгани учун сурувлар кўп ётган бўлиши керак. Ермисан, ер. Ёнгоқ орасига шафтоли, олма экилса зўр бўлади. Ёнғоқ ҳосилга киргунча шафтоли қарийди. Шун-дай боғни ярата олсанг, ўлсанг армонинг йўқ... Лекин унинг армони бор. Шундай боғии яратгандан сўнг ҳам у оёқ-қўлини узатиб, жон беролмайди. Бу армоннинг адоғи йўқ... » Хаёл суравериб, боши огирлашган Саидқул ака битта нон билан бир ҳовуч парвардани белига туг-ди-да, қирга қараб жўнади. — Мени Тилабов суриштирса, Барлостепага кетди дегин, — тайинлади хотинига. — Кечга яқин қайтарман. Унинг қалби безовта эди. Кўп кўргиликларни кўрган юрагн ҳаётида кейинги пайтда юз берган барча ташвиш ва кўнгилсизликлардан этак силтаб, қадрдон тоғи бағрига келганидан, юрагида қат-қат бўлиб ётган армонлари ушалиши мумкин бўлган машаққатли манзил бошида эканлигидан шод ва безовта эди. Барлостепа ҳовлидан яқин кўриигани билан, узоқ эди. Болалигида бу ерга от-уловсиз чиқиш машаққатдай туюларди. Энди эса у болалардек суғониб, энтикиб ўралаб борарди. Сойлик ва сояликларда туриб қолган қорлар эриб, ерга сингарди. Куёшнинг тафти қанчалик илиқ бўлмасин, ҳали қорли чўққилар қиш уйқусида. Гўё баҳорнинг унга мутлақо алоқаси йўқдек. Юракни энтиктирадиган, ҳаприқтирадиган, орзиқтирадиган илиққина баҳор ҳавоси эди. Этак томондан совуққина шарқ шамоли эсар, сўл томондан сойдан тўнғизларнинг сув кечиб югуришаётгани эшитиларди. «Тўнғизлар кун бермайди, нима эксаиг, ер билан битта қилиб кетади»... Беихтиёр отаси билан Ўртақирга нўхат экканлари ёдига тушди ... Ўша йили қиш қаттиқ келганди. Ер тобига келмай йигирма кунлар чамаси кечикиб уруғ ташлашди. Камбағал рўза тутса кун узайгандек, бунинг устига ёз ҳам салқин келди. Кузнинг охирига борибгина нўхатнинг танаси қуриди. Отаси иккаласи бир ҳафта мобайнида авайлаб нўхат юлишди. Экинни тўнғиздан сақлаш учун қурилган чайла атрофига нўхат боғларини янчишга мўлжаллаб ёйишди. — Мен қишлоққа тушиб келай. Сен чой-пой қилиб ичгин-да, дам олиб ёт. Ўчоққа ўт ёқиб қўйсанг, тўнғизлар йўламайди, — тайинлади отаси кетатуриб, — лекин эҳтиёт бўл. Мен тонг ёришмасдан қайтаман. Кун бўйи ишлаб чарчагани учун наридан-бери булоқ суви билан нон еган бўлди. Хирмоннинг чайлага туташ томонида нўхат богларидан сўри ясаб, стига кўрпа тўшаб чўзилди. У чалқанча ётганча кўзи илинганини эслайди. Тонги салқиндан жунжикиб уйғонганда отаси чайла атрофида айланиб юрарди. Хаёлига нега отам мени уйғотмади, деган фикр келди. Кўзларини катта-катта очганча, тушимми ё ўнгимми, дея ўйлай бошлади. Кеча кун бўйи пайкалдан ташиб чиқилган нўхат боғлари йўқ, отаси миниб келган от шетда ўтлаб юрарди. У қўрқувдан анчагача ўрнидан туролмади. Унга сўри вазифасини ўтаган беш-олти боғдан бошқа нўхат боғларини тўнгизлар еганича еб, қолганини ер билан битта қилиб кетганди. Тупроққа қоришиб ётган нўхатларни кўриб кў-зидан тирқираб ёш чиқиб кетди. У ҳайкалдек қотиб, қанча ўтирганини билмайди. Отасининг оҳангидан алам акс этган гапидан ўзига келди. — Сенга ишониб кетсам! Хайфи одам кет!Шунақа беғам бўлсанг умр бўйи биринг икки бўлмай, итнинг кейинги оёғи бўлиб ўтасан!... ... Бу сўзлар ҳамон унинг қулоғи остида жаранглайди. Ёши отасининг шу гапни айтган ёшидан ошди ҳамки, бу сўз кундан-кун кўпроқ эсига тушади. Бу болалигидаги биринчи ва кўпга татийдиган доғда қолиши эди. У шундан сўнг узоқ вақт, дастурхонлар нонга тўлиб, тў-кинчилик бўлгунга қадар ота-онаси ва укалари олдида ўзини гуноҳкор сезиб, уларнинг кўзига қаролмай юрди. Отаси ҳамма нарсани тушунадиган одам бўлгани учун ҳам ҳар қандай гуноҳни кечирар, қийинчиликларга чидамли одам эди. Ота бўлиб унга қаттиқ гапиргани ҳам шу. Ҳар қалай, ўтган кун ортда қолиб кетар экан. Бироқ эсингни таниганингдан сўнгги омадсизлик ва доғу ҳасратдан оғири йўқ экан. Шундай воқеалар бўлар эканки, шундан сўнг сенинг тақдиринг ва умрингнинг поёни қариганингда ёниб тугаб бораётган шамдек аниқ-тиниқ кўриниб қоларкан. Бу шам қанчада ёниб тугайди, тутай дими, тутамайдими — бу сенинг саъй-ҳаракатингга боғлиқ бўлмай қолар экан. Атрофингдаги одамлар тақди рингни ўзинг тасаввур этмаган йўлга солиб юборар экан. Умр чексиз бўлса эканки, йўл қўйган хатоларинг ва омадсизлик ўрнини қоплаб бўлса. Йўлнинг ярмида қолиб, болангни ўзинг етолмаган ўша манзилга етишини кутиб яшай бошлайсан. Тириклигингга шукр қилиб, бир вақт ўзинг чекиб юрган қайғу ва қувонч ташвишлари қалбига кўчган болангниям юрак уришига қулоқ тутиб яшайверасан. Болангнинг қаршисида ҳам тоғлар ва дарёлар бор. Дарёдан ўтиш учун сузишни билиш керак. Сузишни эса биров билади, биров билмайди. Сузишнн билганлар дарёдан ҳам наридаги тоғларга, беғубор қорли чўққиларга етади. Сузишни билмаганга дарёда мириқиб чў-милиш ҳам насиб этмайди. Биз истасак истамасак, ҳаёт шунақа. Саидқул ака Барлостепага чиққан эди. Ўйлаганидек қўйлар ётоқлаб юрган жой экан. Ҳатто бир неча йиллик қўйлар қатқат бўлиб ётибди. У болаларча қувончдан энтикарди. Беғубор ва салқин ҳаво димоғини қитиқлар. жамики жонзотга жон ва қон ато этгувчи баҳор сиқилган қалбинн юмшатарди. Ойқорга мангу яшиллик бахш этиб турган минг йиллик арчалар, ҳали ғунчаси очилмаган бойчечаклар, кўклаётган яйлов, кўм-кўк осмон ва этакдаги сойнииг шарқироқ овози унинг дардларини бўлишарди. Юрагида пайдо бўлган илиқ бир туйғудан кўзи ёшланди. Ичидан юқорилаб келаётган бир нарса бўғзига тиқилиб қолгандек бўлди. Кирнинг қанча гек тарлигини билиш учун қадамлаб санай бошлади. Илгарилаган сари совуқ баҳор шамолидан кўзи ёшланарди... Сой этагида бир отлиқ кўзга чалинди. Зум ўтмай қир четида отини етаклаган, ўрмон хўжалиги директори Тилабов пайдо бўлди. Унинг кўнглидан, «айтганимга кўнмаса-я», деган фикр ўтди. Кўнсаям, кўнмасаям, бари бир. Чекиниш йўқ. Бу ер менинг она ерим. Унга дарахт экишга ҳаққим бор. — Ҳорманг, Саидқул ака! Ғайратингизга қойилман-э! Эринмай пиёда келдингизми-а? От билан икки соатлик иўл-ку, бу! — тез-тез гапирарди Тилабов. — Қўй боққан вақтларни қўмсаб кетдим, ука! Қувват бор экан, юришга нима етсин. Юрган яшайди, — паст овозда жавоб қилди Саидқул ака. — Қандаи шамол ҳайдади сизни бу тепаликка? Ичингизда бирор нарсани пишитаётибсиз шекилли! Тилабов отини тушовлаб, қўйиб юборди. Эгардаги ҳуржун билан чопонини олиб, Саидқул ака томон юрди. Чопонни ерга тўшади. Тўннинг устига белбоғини ёзди. Хуржундан нон ва қанд-қурс олди. Саидқул ака ҳам белидаги нон ва парвардани ўртага ташлади. Тилабов термоснинг оғзини очди. — Эрталабдан буён туз тотганим йўқ. Бир мазза қилиб чой ичадиган бўлдик-да. Барлостепа жуда баҳаво жой. Йил — ўн икки ой шимол томондан салқин шабада эсиб туради. — Тилабов термос қопқоғига чой қуйиб узатди-да, нонни ушата бошлади. — Барлостепанинг усти қанча гектар бор? — сўради Саидқул ака иссиқ чойни хўпларкан. — Минг гектарга яқин. Икки йил бурун ўлчовдик. Бог қилмоқчи эдик. Қандайдир илмий текшириш институтидан рухсат беришмади. — Нега? — Совуқ эмиш. Дарахтларни совуқ уриб кетармиш. — Ёлгон! — Ким билади дейсиз. — Бу тоғни мендан ўн баробар яхши биласиз. Мана шу юқоридаги арчалар орасида неча хил мевали дарахт бор. Ёввойи олма дейсизми, тоғолча ёки дўлана дейсизми. Нега уларни совуқ урмас экан. Дарахтлар ҳам инсонга ўхшайди. Бора-бора ҳамма нарсага кўникиб, мослашиб кетади. — Бу олим дегани, елим деганн экан. Бир нарсага ёпишиб олса, ёмон бўларкан. Ҳар тарафга хат ёзавериб, битиб турган ишингни ҳам чипакка чиқараркан. Ўлсин агар қоғоздаги қоидаларига ўзидан бўлак ҳеч ким тушунса. Илгариги секретаримиз совуқ сувни ҳам пуфлаб ичадиган одам эди. Одамларни тинглаб эмас, кўпроқ қоғозга қараб ишларди. Аслида, бунақалар илмий ходим бўлиши керак. Олдига кириб, ёзилиб бирон ишни ҳал қилиб чиқолмаганман. Ўшанда экканимизда, ҳалигача дарахтлар уч йиллик бўларди. — Эндиги секретар қалай? — Кўп елиб-югуради-ю, ишининг салмоғи йўқ... — Гаплашса бўладиган одамми? — Билмадим. — Шу йил Барлостепага ёнғоқ экамиз! — Қандай қилиб? Плансиз, сменасиз, минг гектар... — Энди ишни планга, қолипга солиб ўтириш шарт эмас. Бу ёғига менга қўйиб беринг! Дарахт эксак, ҳеч ким келиб суғуриб ташламаса керак. Сиз қаршилик кўрсатмасангиз бўлди. Биз бир иш қилишимиз керакки, шу пайтгача ҳеч ким қилмаган бўлсин. Бу билан раҳбар сифатида сизнинг эл олдида юзингиз ёруг бўлади. Мен... мен ҳам ўз гуноҳимни юваман... Тилабов бошини эгди. Эшитган экан, ўйлади Саидқул ака. Тўнини тескари кийиб олмаса бўлгани... — Кулоғингизга чалингандир. Шундай бўлса-да, бари бир, сиз ҳаммасини билишингиз керак. Сиз мени болалигимдан биласиз. Шунинг учун ҳам олдингизга қора тортиб, бош эгиб келдим. Мени ярим йил бурун партиядан ўчиришди. Мен хато қилгандим. Кечиришмади. Бошқаларга сабоқ бўлиши учун кечиришмади. Бир ҳисобда, тўғри қилишди. Ҳамманинг гуноҳи кечирилаверса, биз курашаётган эътиқодга путур етади. Ҳаёт биз ўйлагандек силлиқ ва фақат шодликлардан иборат эмаслигини мендан яхши тушунасиз. Виждон азобида кечалари уйқум келмайди. Ҳозир болаларим ёш. Каттаси ўн иккида. Ҳадемай, улар ҳам одам бўлиб, қаторга қўшилади. Бир кун бўлмаса бир кун менинг партиядан ўчганлигимни эшитишади. Бири бўлмаса бири мендан бунинг сабабини сўрайди. Шунда нима деб жавоб берамиз? Уларнинг олдида нима деган одам бўламан? Шуларни ўйлаб ўтириб, бошим оғирлашиб кетади. Мана шу Барлостепани менга беринг, ука. Ўтов тикиб, кўчиб келаман. Ёнгоқ кўчатларини бир жойдан гаплашиб қўйганман. Расмийлаштришга кўмаклашиб, қўллаб-қувватласангиз, бас. Қолганини ўзимга қўйиб бераверинг. Тақдир етказса, шу ёнгоқзор ҳосилга кирганда аъзоликка кандидатликка ариза бераман... Саидқулнинг кўзи ёшланиб, гапи бўғзига тиқилиб қолди. Ранги ўчиб кетган костюмининг енги билан ёшини артди. Лекин оралаган пешонаси терлади. Юзи катъий тус олди. — Кечиринг, ука!Обидийда қиляпти, деб ўиламангБу ожизлик аломати эмас. Кўнглим бўшрок одамман. Менинг бахтим ҳам, бахтсизлигим ҳам шунда. Бироқ бу одат раҳбар бўлганда ҳечам асқатмас экан. Энди айтганимни қилмасам қўймайман. Мен ўзимни оқлаб ўлишим керак. Гапнинг бўладигани шу. Қўлингиздан келади, менга ёрдам беринг. Одамнинг бошига иш тушганда тўғри йўлда ҳам адашиб кетар экан, сен билан бир товоқдан ош еб юрганлар ҳам ўзини олиб қочаркан. Дов-дарахтга яқин одам бошқаларга қараганда тўғри ва самимийроқ бўлади. Мени тушунарсиз. Менга ҳеч нарса керак эмас. Агрономман. Совхозда бош агроном бўлиб ишладим. Касбим энди асқатадиган бўлди. Ёнғоқларнинг орасига тез пишар мевали дарахтлар экамиз. Пуштага нўхат, лалми тарвуз, беда экамиз. Бир ишлайликки... ... Яна Саидқул аканинг кўзи ёшланди. Юзи нурланиб кетди. Сўнгра бу нур вужудига тарқалди. — Сизга ҳавасим келяпти, — деди узоқ сукутдан сўнг ҳамсуҳбати хўрсиниб. Саидқул ака унинг гапини эшитмади. У Барлостепага қай томондан сув олиб чиқишни ўйларди. Эртаси куни тракторнинг тепаликка чиқиши учун йўл қилишди. Индинига кечқурун Барлостепада ҳайдов тракторлари чизган нлк қора чизиқ кўзга ташланди. У Барлостепа этагидан бошланиб, Ойқорнинг оппоқ қорли ва нурли чўққиларига туташганга ўхшарди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |