Йигирма йилдан сўнг (ҳикоя) [O.Genri]

Йигирма йилдан сўнг (ҳикоя) [O.Genri]
Йигирма йилдан сўнг (ҳикоя) [O.Genri]
Полициячи посбон кўчадан важоҳат билан ўтиб борарди. У яккам-дуккам учрайдиган йўловчиларни ҳайратга солиш учун атайлаб важоҳатли кўринаётгандир, балки бу унга одат бўлиб қолгандир. Ҳаво нам, ҳали соат кечки ўн бўлиб улгурмаган эса-да, қаттиқ эсаётган шамолдан ёмғир ҳиди келарди, кўчалар деярли бўм-бўш эди.
Йўл-йўлакай эшикларни текширган, чаққон ва ғалати ҳаракатлар билан таёқчасини силкитганча ора-сира ўз мулкининг барча бурчакларига зийрак нигоҳ ташлаган кўйи бўйдор, бақувват гавдали, оёқларини хиёл кериб юрувчи полициячи жамоатчилик осойишталигини таъминловчи посбоннинг ажойиб қиёфасини ўзида мужассам этганди. Унга тегишли даҳа аҳли аллақачон осуда уйқуда. Фақат аллақаерларда, тамаки дўконими ёки тунги бардами, ҳамон чироқлар милтиллайди. Бу атрофдаги биноларнинг кўпчилигини идоралар банд қилган, улар эса аллақачон беркилиб бўлганди.
Маҳаллалардан бирининг ярмига етар-етмас полициячи бирдан одимини секинлатди. Қоронғиликда, темир буюмлар сотиладиган дўкон эшиги ёнида оғзида ёндирилмаган сигарета тишлаган бир одам турарди. Полициячи унга қараб юрган заҳоти у тез-тез гапира кетди.
– Ҳаммаси жойида, сержант, – деди номаълум киши хотиржам оҳангда. – Ошнамни кутиб турибман, бор-йўғи шу. Мана шу учрашувни у билан йигирма йил муқаддам келишиб олгандик. Бу сизга сал ғалати туюлса керак, шундайми? Начора, истасангиз, буни бир бошдан тушунтириб берай, кўнглингиз тортармиди? Ҳозир мана бу дўкон турган жойда илгари «Ота Жо Бреди» ресторани бўлгувчи эди.
– Беш йил олдин, – деди полициячи, – ўша уйни бузиб ташлашди.
Нотаниш киши гугуртни «чирт» ёқиб, сигара тутатди. Гугурт алангасида унинг юзи, чорбурчак жағи, ўткир кўзлари ва ўнг қоши ёнидаги кичкина оқ чандиқ кўринди. Юпқа бўйинбоғидаги йирик олмос кўзли тўғноғич чарақлаб кетди.
– Бугун, – сўзида давом этди ҳалиги киши, – «Ота Бреди»да менинг энг яхши ўртоғим ва дунёдаги энг ажойиб йигит Жим Уелс билан бирга овқатланганимга роппа-роса йигирма йил бўлди. Иккаламиз ҳам шу Ню-Ёркда туғишган ака-укалардек бирга катта бўлганмиз. Тонг отиши билан бахтимни қидириб, мен ўарбга йўл олардим. Мен ўн саккизга қадам қўйган, Жим эса йигирма баҳорни кўрган бўз йигитлар эдик. Жиммини Ню-Ёркдан суғуриб олиб чиқиш ўлимдан қийин эди, у бу шаҳарни ер юзидаги ягона маъқул ва манзур жой деб биларди. Xуллас, ўша оқшом биз роса йигирма йилдан кейин учрашишга келишдик, ҳаётимиз қандай кечмасин ва тақдир бизларни ҳар қанча узоққа улоқтирмасин, ўша кун, ўша соатда учрашишимизни шарт қилиб қўйдик. Биз шунча вақт ичида бемалол аҳволимизни ўнглаб, бахтимизни қарор топтириб оламиз, деб ўйлагандик.
– Жуда қизиқ иш бўлган экан-ку, – гап қотди полициячи. – Гарчи, назаримда, учрашувлар оралиғидаги муддат ҳазилакам бўлмаса-да. Xўш, нима бўлди, ажрашганларингиздан буён ошнангиздан дом-дарак тополдингизми, ишқилиб?
– Йўқ, дастлабки вақтларда бир-биримизга хат ёзиб турдик. Бироқ, бир ё икки йил ўтиб, бир-биримизни изсиз йўқотдик. ўарбни ўзингиз биласиз, ўзига етганча кенг юрт, менинг эса унда бормаган жойим қолмади. Аммо бир нарсага имоним комил эди: агар ўлиб кетмаган бўлса, Жимми шартлашилган жойга, албатта, келади. Бундай вафодор ва субутли дўстни кундуз чироқ ёқиб тополмайсан. Уни эсдан чиқариши мумкин эмас. Бу ерга вақтида етиб келиш учун неча минг миллик йўлни босиб ўтдим, агар Жим ҳам сўзида турса, бундан сира пушаймон бўлмайман, албатта.
У башанг соатини чиқарди – соатнинг қопқоғига майда олмос доначалари қадалган эди.
– Уч дақиқаси кам ўн, – деди у. – Биз ресторан эшиги олдида ажрашганимизда соат роппа-роса ўн эди.
– Назаримда, ўарбда ишларинг ёмон кетмаган, шекилли? – ўсмоқчилаб сўради полициячи.
– Ў-ҳў, бўлмаса-чи! Агар менинг ярим омадим Жимга кулиб боққанида, дўппимни осмонга отардим. Ўзи бироз ланжроқ бўлса-да, баҳоси йўқ йигит. Унга гап уқтиргунимча нақ она сутим оғзимга келганди. Ню-Ёркда эса одам тўнкалигича қолиб кетади. Фақат ўарб одамни чархлайди.
Полициячи таёғини айлантириб, бир қадам олға юрди.
– Бўпти, мен борай. Ишқилиб, дўстингиз айтилган вақтда келсин-да. Жуда сонияма-сония аниқ келишини талаб қилмассиз ундан?
– Ҳа, албатта. Кўпи билан яна ярим соат кутаман-да. Агар жони омон бўлса, шу пайтгача, албатта, етиб келиши керак эди. Яхши боринг, сержант.
– Тунингиз хайрли бўлсин, сер, – полициячи эшикларни йўл-йўлакай кўздан кечирганча келган йўлида давом этди.
Энди ёмғир майдалаб, шиғалаб ёға бошлаганди, ўқтин-ўқтин эсиб турган шамол ҳам бир маромга ўтиб, изғиринга айланганди. Ёқаларини кўтариб ва қўлларини чўнтакларига суқиб олган сийрак йўловчилар маъюс ва ҳолда овоз чиқармай, шошиб ўтиб кетишарди. Неча минг миллаб йўл босиб келган киши эса дўстига бўлган қарийб бемаъни ваъдасида турмоқ учун сигарасини тортганча кутиб қолаверди.
Йигирма дақиқача ўтгач, палтосини қулоқларигача кўтариб олган баланд бўйли одам кўчани шошиб кесиб ўтди-да, дўкон эшиги олдида кутиб турган киши томон қараб юрди.
– Бу сенмисан, Боб? – сўради янги келган одам ишонқирамай.
– Сен Жимми Уелс эмасмисан? – ўша заҳоти жавоб қайтарди униси.
– Ё Парвардигор! – деди новча одам сигарали кишининг ҳар иккала қўлини қўллари билан тутиб. – Қара-я, Боб эканинг кундай кўриниб турибди. Агар ҳали ҳам ёруғ оламда бор бўлсанг, сени бу ерда топишимга зарра шубҳа қилмагандим. Буни қара-я! Йигирма йил – ҳазилакам гап эмас. Кўрдингми, Боб, ресторанимизни бузиб ташлашибди. Афсус, ўшанда сен билан икковимиз кечки овқатни қанақанги туширгандик унда. Xўш, гапир, дўстим, ўарбда кунларинг не кечди?
– Зўр. У ерда насибамга нима ёзилган бўлса, ҳаммасига эришдим. Сен эса бутунлай ўзгариб кетибсан, Жим. Эсимда, сен мендан икки-уч дюм пастроқ эдинг.
– Ҳа, йигирмага тўлганимдан кейин бироз бўйга тортдим.
– Сенинг ишларинг қалай, Жимми?
– Чидаса бўлади. Шаҳар муассасаларидан бирида хизмат қиламан. Бўпти, Боб, кетдик. Мен бир кунжакни биламан, икковимиз у ерда хумордан чиққунча гаплашамиз, эски пайтларни эслаймиз.
Улар бир-бирларининг қўлтиғидан олиб, йўлга тушишди. Боб ўарбдан омади юришиб, кўзини ёғ босиб келгани, ишдаги муваффақиятлари ҳақида лаби лабига тегмай ҳикоя қила кетди. Бошини ёқаси ичига биратўла тиқиб олган шериги эса уни қизиқиш билан тинглар эди.
Маҳалла бурчагида дорихона дўконининг чироғи милтилларди. Ёруққа яқин келиб, ҳар иккала йўловчи бир вақтда бир-бирига қараб бурилди-да, бир-бирининг юзига кўз ташлади. ўарбдан келгани бирдан тўхтади ва қўлини олди.
– Сиз Жим Уелс эмассиз, – деди у шартта. – Йигирма йил – узоқ муддат, аммо кишининг римча бурни тугмачадек бўлиб қоладиган даражада узоқ эмас.
– Бу муддат ичида ажабтовур одам ҳам муттаҳамга айланади гоҳо, – жавоб берди новчаси. – Гап бундай, Боб, ўн дақиқа бўлдики, сиз ҳибсдасиз, Чикагода худди шуни тахмин қилишганди, сиз, албатта, бизнинг ерларга келиб-кетишни канда қилмайсиз, сиз билан суҳбат қуришимиз мумкинлигини ҳам хабар қилишганди. Xўш, ортиқча шовқин-сурон кўтариш ниятингиз йўқми, мабодо? Ундай бўлса, оқилона йўл тутганингиздан минннатдорман. Энди эса сизни полицияга топширишдан олдин мен яна бир топшириқни бажаришим керак. Мана бу хатни олинг. Уни шу ерда, дераза олдида ўқиб кўришингиз мумкин. Буни менга Уелс полиция посбони берди.
ўарбдан келган одам узатилган бир парча қоғозни очди. Xатни ўқиб бўлгач, унинг қаттиқ қўллари хиёл титради. Xат қисқагина эди:
«Боб! Мен тайинланган жойга вақтида етиб келдим. Сен гугурт чаққанингда, мен Чикаго қидираётган одамнинг башарасини таниб қолдим. Мен бу ишни ўзим қила олмасдим ва сени ҳибсга олиш учун ўзимизнинг маҳаллий агентлардан бирини юбора қолдим.

Жимми».
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика