Ғойиб бўлган дурдона (ҳикоя) [Onore de Balzak] |
Жиллетта 1612 йил адоғидаги аёзли декабр тонгида энгил-боши юпунгина йигитча Парижнинг Катта Августинчилар кўчасида жойлашган бир уй олдида тараддудланиб нари-бери бориб келарди. Илк бор севиб қолган-у, аммо маъшуқасига дил изҳори қилмоққа ботинолмаган бўзболадек роса кўча тепкилагач, у ниҳоят, остона ҳатлаб, метр Франсуа Порбус1 уйда бор-йўқлигини сўрамоққа жазм этди. Даҳлиз супураётган кампирдан «Ҳа, уйдалар», деган жавобни олгач, қирол ҳазратлари қандай қабул қиларканлар, дея юраги така-пука бўлган янги сарой аъёни мисол, айланма зинапоянинг ҳар бир поғонасида тўхтай-тўхтай, имиллаб юқорига чиқди. Чиқди-ю, устахона эшигига зеб бериб турган ғаройиб болғачага қўл теккизолмай майдончада тағин туриб қолди. Эҳтимол, бу чоқ Рубенс даҳоси порлаб, Мария Медичи назаридан қолган Генрих Еттинчининг хос мусаввири ичкарида ижод қилиб ўтиргандир. Айни дамда йигит ҳам бўлажак буюк рассомлар ёшлик шавқи ва санъат ишқи билан ёниб яшаётган кезлар бирор даҳо ижодкор ёхуд дурдона асарга ёвуқ келган пайт бошдан кечирадиган жўшқин туйғулар исканжасида эди. Инсондаги ҳис-туйғуларнинг ҳам олижаноб интилишларга дохил баҳор чечакларидек гул очиш фасли бўладики, бахт хотирага, шуҳрат эса рўёга айланиши билан улар секин-аста кузги боғлар каби заъфарон тортади. Қалбнинг ўткинчи ҳаяжонлари орасида ҳеч бири шуҳрат ва кулфат йўлида эндигина ижоднинг илк ажиб қийноқларини тотаётган ёш рассомнинг журъату журъатсизликка, умиду умидсизликка лиммо-лим эҳтиросичалик муҳаббатга уйқаш эмас. Чўнтагида бир мириям йўғ-у, аммо кўнгли ойни тусаган кезлари улкан санъаткорга дуч келиб, юраги дукиллаб уриб кетмаган рассомнинг қалби албатта жиндек кемтик бўлади, мўйқаламида бирор бир бўёқ, ижодида бирор бир туйғу, яратиғида бирор бир жило етишмайди доим. Мен бўлғуси даҳоман деб подадан олдин чанг кўтарган мақтанчоқлар эса аҳмоқлар кўзигагина оқил бўлиб кўринади, холос. Гўзал хонимлар ноз-карашмани машқ қила-қила тортинчоқлик ҳиссини йўқотиб қўйгани каби, истеъдод эгалари ҳам санъат атрофида айлана-айлана осон бой бериб қўядиган уятчанлик ҳисси жиҳатидан қаралса, худо йигитчани бу неъматдан асти қисмаган эди. Ишингиз бароридан кела бошлагач, журъатсизлик ҳам йўқолади, тортинчоқлик, уятчанлик эса, эҳтимол, журъатсизликнинг бир туридир. Агар тасодиф рўй бермаганида, муҳтожликдан боши гангиган ва айни дамдаги дадиллигидан ўзи ҳам ҳайратда турган бечора йигитча Генрих Тўртинчининг ажойиб портретини чизган рассом ҳузурига киришга жазм этолмас эди. Хайриятки, ортидан бир чол чиқиб келди. Аломат кийим-боши, ҳашамдор тўр ёқаси, сипо ва ўктам қадам олишидан бу одам устанинг ҳомийси ёхуд дўсти эканини пайқаб, йигит йўл бермоқ учун ўзини бир қадам орқага олди-да, бу зотда санъат аҳлига хос ҳамият ёхуд санъат шайдосига хос илтифот аломатини кўриш умидида уни қизиқиб кузата бошлади, аммо чолнинг юзида иблисона бир ифода, боз устига мусаввирни жалб этадиган мубҳам ва ғалати бир жозибами-эй бор эди. Рабле ёхуд Суқротникидек ихчам, япасқи, учи қанқайган бурунга туташ сийқа бошли кенг дўнг пешонани; атрофини ажин қоплаган истеҳзоли лабни; кибр-ла олдинга туртган кичкина иякни; оппоқ чўққи соқолни; қариликдан хира тортган, аммо ғазаб ёки қувонч дамлари ҳали ҳам одамни сеҳрлаб қўювчи нигоҳ ташламоққа қодир денгиз сувидек ям-яшил кўзларни тасаввур қилинг-а! Дарвоқе, бу турқ қариликдан кўра кўпроқ руҳ ва танани кемирувчи ўй-хаёллардан сўлғинлашгандек эди. Киприклар буткул тўкилиб битган, қош ўрнида яккам-дуккам мўйлар кўзга чалинади. Шу каллани заиф ва дардманд гавдага қўндирилган ҳолда тасаввур этинг-да, уни оппоқ нафис тўр билан ўраб, чолнинг қора нимчасига йўғон тилла занжир осиб қўйинг, қарабсизки, бу кимсанинг нотугалроқ сурати тап-тайёр – фақат шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, айни дамда зинапоядаги хира ёруғда у хаёлий тусга кирган. Гўёки Рембрандт мўйқаламидан чиққан бу портрет қасноғини тарк этиб, улуғ рассом хуш кўрган нимқоронғиликда сассиз кезиб юрибдими, деб қоласиз. Чол йигитга синчков назар ташлаб, эшикни уч маротаба тақиллатди ва уни очган қирқ ёшлардаги рангпар кишига: – Хайрли кун, метр, – деди. Порбус назокат ила чолга таъзим қилди ва йигитчани ҳам у билан келган деб фаҳмлаб ичкарига олди. Кейин эса улар йигитга деярли эътибор ҳам қилишмади. Ҳолбуки, йигитча рассомлик сир-асрорини ўрганиш мумкин бўлган устахонага илк дафъа кириб қолган барча туғма мусаввирлар каби ҳайратдан қотган эди. Уста Порбус ижодхонасини равоқдаги очиқ дераза ёритиб турарди. Ёруғлик тўппа-тўғри молбертга ва ундаги оқ бўёқ чапланган полотнога келиб тушар – зулматга чўмган бу катта хонанинг бурчак-бурчагигача етиб боролмас эди; аммо унинг ўжар шуълалари нимқоронғилик аро гоҳ деворга осилган суворий совутининг бўртиқларида кумушдек жилва қилар, гоҳ ноёб идиш-оёқлар териб қўйилган кўҳна жавоннинг ўймакор нақшли ялтироқ карнизини тарам-тарам бўлиб ёритар, гоҳ ҳафсала билан қат-қат тах бериб тикилган ва чамаси битта-яримта картина учун натура ўрнида хизмат қилган эски зарбофт парда ғуддаларини ялтиллатиб юборар эди. Токча ва тагликларда яланғоч мушакларнинг ганчга тушириб олинган нусхаларию антик давр илоҳаларининг гавдалари уюлиб ётарди. Қалам ёки перо билан чизилган ҳисобсиз хомаки расмлару этюдлар деворни шифтга қадар тўлдириб ташлаган. Бўёқ солинган қутилар, мой ва эритмалар қуйилган шишалар, тўнкариб қўйилган узун харраклар орасидан баланд дераза сари фақат тор бир йўлакча қолдирилган, шу деразадан Порбуснинг рангпар юзию анови ғалати одамнинг сарғимтир дўнг пешонасига тик ёруғлик тушиб турар эди. Йигит ўша таҳликали, олағовур йилларда жуда машҳур бўлган бир картинага бутун вужуди билан сингиб кетган – бу картинани томоша қилгани яккаш қайсар, чўрткесар одамлар келардики, бугун ўша қабоҳат даврида ҳам илоҳий оташ сақланиб қолгани учун айнан шулар олдида қарздормиз. Картинада дарё¬дан ўтказиб қўйгани учун қайиқчига кира ҳақи беришга чоғланган Миср қизи Марям тасвирланган эди. – Авлиё аёлинг менга ёқади, – деди чол Порбусга. – Қиролича сенга тўлайдиган ҳақ устига яна ўн тилла экю қўшиб берган бўлардим-у, аммо зоти олияларига тенглашаман деб боқ-чи... ҳолинг не кечаркан! – Бу ишим сизга ёқадими? – Ҳе-ҳе, – дея тўнғиллади чол, – ёқадими эмиш! Ёқадиям, ёқмайдиям. Аёлинг хўб хушбичим-у, аммо жонсиз. Сиз, мусаввирлар, одам аъзоларини анатомия қонунларига мувофиқ жой-жойига қўйиб чизсак бас, деб ҳисоблайсиз. Сўнг бу шакл-шамойилни палитрада тап-тайёр турган тана рангидаги бўёқ билан бўяшга тутинаркансиз, бир тарафини бошқасига қараганда тўқроқ қилиш пайида бўласиз ва қаршингизда турган яланғоч аёлга фақат шу мақсаддагина аҳён-аҳён назар ташлаб қўйиб, камина табиатни қайта бунёд этяпти, мен – худодан санъаткорлик сирини ўғирлаб олган зотман, дея хаёл қиласиз ўзингизни... Бе, қўйсангиз-чи! Буюк шоир бўлмоқ учун гапни чаппа тузишу зўр қофия топишнинг ўзи кифоя эмас-да! Авлиё аёлингга қара, Порбус! Бир қарашда, у офатижон бўлиб кўринади, аммо сер солиб тикилсанг, полотнога чиппа ёпишиб қолганини англайсан: унинг гирдида айланиб бўлмайди. У – фақат олд томонигина бор, ёрти бир тасвир, холос. На у ёқ-бу ёққа ўгирилиши, на-да им қоқиши маҳол бўлган аёлсимон бир кўланка. Мен мана бу қўллар билан орқа манзара оралиғида ҳаво сезмаяпман; картинада бўшлиқ йўқ; ҳолбуки, олислашиш қонуни тўлиқ-тугал сақланган, орқа манзара қоидасига ҳам худди шундай риоя этилган; аммо мақтовга лойиқ бундай тиришқоқлигингга қарамай, бу гўзал вужудга ҳаётнинг қайноқ нафаси-ла жон уфурилганига асло ишонолмайман; дейлик, унинг олмадек шу кўкрагига қўл теккизсам, мармардек совуқлигидан сесканиб кетаман! Ҳа, дўстгинам, бу буғдойранг баданда қон гупираётгани йўқ, чакка ва кўкрагининг тиниқ териси остида тўр бўлиб таралган томирларда ҳаёт алвон чашма каби жўш урмаётир. Қара, мана бу жойи нафас олаётгандек – худди тирик одамникидек, мана бу жойи эса қилт этмайди, картинанинг ҳар бир бўлагида ҳаёт билан ўлим олишиб ётипти; мана бу ерда аёллик латофати намоён, бу ерда эса у қўғирчоқнинг ўзи. Хуллас, асаринг номукаммал. Сен севимли асарингга қалбингнинг бир бўлагинигина бағишлагансан, холос. Қўлингда Прометей машъаласи неча бор ўчиб қолган, самовий оташ картинанинг кўп жойига тегмаган ҳам. – Сабаби нима, қадрли устоз? – деб сўради Порбус тавозе билан, йигит эса чолга мушт тушириб қолишдан ўзини аранг тийиб турарди. – Боиси шуки, – деди чол, – сен икки услуб ўртасида, расм билан бўёқ танловида, эски немис усталарига хос бўлган икир-чикирларгача ўта аниқ тасвирлашдек совуққонлик билан италян мусаввирларининг ҳайратомуз эҳтироси ва олижаноб ҳотамтойлиги орасида каловланиб қолгансан. Сен бир вақтнинг ўзида Ҳанс Ҳолбейн ва Титсианга, Албрехт Дюрер ва Паоло Веронезега эргашмоқчи бўлгансан. Албатта, бу жуда зўр даъво! Бироқ натижа қандай бўлди, хўш? На совуққонликнинг тунд мафтункорлигига, на нур билан соянинг алдоқчи ўйинига эриша олдинг. Худди қайноқ мис мўрт қолипни ёриб ташлаганидек, мана бу ерда Титсианнинг серҳашам ва сержило бўёқлари Албрехт Дюрернинг сипо контурини бузиб, тошиб чиққан. Расмнинг бошқа жойлари-ку дуруст, Венетсия палитрасининг бой бисотига ҳам дош берган. Юз тасвирида эса на расм, на колоритни беками кўст деб бўлади, бу ерда машъум журъатсизлигинг излари аён кўриниб турибди. Модомики, бир-бирига терс бўлган бу икки ижод услубини истеъдодинг алангасида эритиб, қориштириб юборишга кўзинг етмадими, жонли натуранинг ҳечқурса бирор бир хусусиятини тугал ифода этадиган яхлитликка эришмоқ учун икковидан бирини танлашинг зарур эди. Сен фақат оралиқ қисмларнигина ҳаққоний тасвирлагансан; контурлар бўлса ҳаётий чиқмаган, улар охирига етказилмаган ва, демакки, бундан бирор маъно кутиш ҳам нораво. Мана бу ери табиий чиқибди, – деди чол авлиё аёлнинг кўкрагини кўрсатиб. – Мана бу ери ҳам, – деб давом этди у елканинг тугаш жойига ишора қилиб. – Аммо бу ери, – деди кўкрак оралиғига қайтиб, – сираям ўхшамаган... Кел, сарак-пучак деб ажратишга нуқта қўя қолайлик, акс ҳолда ижоддан ҳафсаланг совиши ҳеч гапмас... Чол курсичага ўтириб, қўлини чаккасига тираганча сукутга чўмди. – Устоз, – деди Порбус унга, – мен, ҳарқалай, бу кўкракни яланғоч танада обдон ўрганганман, лекин бахтга қарши, табиат шундай таассуротлар туғдирадики, улар полотнода ноҳаққонийдек бўлиб чиқади... – Санъатнинг вазифаси табиатдан нусха кўчириш эмас, балки уни ифодалай билишдир. Сен аянч бир нусхакаш эмас, чинакам санъаткорсан! – дея завққа тўлиб хитоб қилди чол Порбуснинг гапини шарт бўлиб. – Акс ҳолда, ҳайкалтарош ҳам ганчдан аёл шаклини оларди-да, шу билан иш тугади, деб қўлидаги юқни кетказишга уннарди. Қани, ганчдан севгилингнинг қўл шак¬лини ол-да, қара-чи, заррача ўхшашлик топармикансан, йўқ, бу – айни мурданинг қўли бўлади, оқибатда сен ҳайкалтарош олдига юкиниб боришга мажбур бўласан, у эса қўлдан аниқ нусха кўчирмаса-да, унга ҳаракат ва ҳаёт бахш этади. Биз жонлию жонсиз мавжудотларнинг руҳи ва моҳиятини, ўзигагина хос бўлган қиёфасини илғаб олмоғимиз лозим. Таассурот, таассурот дейсан! Уқиб ол, таассурот бу – ҳаётнинг ўзи эмас, ундаги бир тасодиф, холос! Модомики, қўлни мисол қилдимми, шуни ҳам айтай, қўл нафақат инсон танасидаги бир аъзо, айни чоқда илғаб олиниши ва акс эттирилиши керак бўлган фикр ифодаси ҳам. На мусаввир, на шоир, на ҳайкалтарош таассуротни сабабиятдан ажратмаслиги лозим, чунки бу иккиси – ялакат, бири бошқасисиз мавжуд эмас. Курашдан асл мақсад ҳам ана шу. Аксарият мусаввирлар санъатнинг шу қоидасидан бехабар бўлатуриб, ўзи ҳам билмаган ҳолда ғалаба қозонади. Сиз аёлнинг расмини чизасиз-у, бироқ унинг қалбини кўролмайсиз. Бу аҳволда табиатдан сир ўғирлаб бўлар эканми? Сиз ўзингиз сезмаган ҳолда устозингиздан кўчириб олган битта қолипни ҳадеб тасвирлайверасиз. Сиз шаклни қалбдан туя билмайсиз, ундаги ҳар бир четлашиш ва чекинишни зўр ихлос ва сабот билан кузата олмайсиз. Гўзаллик бу – сипо ва қайсар хилқат – оппа-осон таслим бўлмайди, уни бўйсундириш учун қулай фурсатни кутиш, изма-из таъқиб этиш ва ғафлатда қолдириш даркор. Шакл бу – Протей1, бироқ афсонадаги Протейдан юз карра абжир ва ҳийлакор! Қаттиқ олишувдан сўнггина уни асл қиёфасида кўринишга мажбур этиш мумкин. Сизлар эса, унинг ўзи қай қиёфада кўринишни хоҳласа, шу биргина қиёфаси, нари борса, иккинчи, учинчи қиёфасини кўриш билан қаноатланасиз; ғалабага муносиб курашчи эса бунга кўнмайди. Бу толмас мусаввирлар турли ҳийла-найрангларга алданиб қолмайди, табиатни ялонғоч ҳолда асл моҳияти-ла намоён бўлмоққа мажбур қилмагунча аҳдидан қайтмайди. Рафаел айнан шундай қилган, – деди чол санъат қиролига бўлган ҳурматини ифодалаш учун бошидан қора бахмал қалпоғини ечиб. – Рафаелнинг бошқалардан беқиёс устунлиги – шаклни қалбан туйиш ва табиатни мажбурлай билиш қобилиятидир. Унинг ижодидаги шакл – бор-йўғи ғоя, туйғу ва нафосатни етказиш воситасидирки, бизнинг «чизги»ларимизда ҳам айнан шундай бўлиши зарур. Ҳар бир тасвир – бутун бошли олам, мана шу дунёмиздан манба олувчи тасвир воситаларига парвардигорнинг ўзи ишорат бериб турган онлар қалб кўзи-ла илғанадиган ва бизга дафъатан юз кўрсатадиган муаззам нурли рўёдан андоза олиб чизиладиган портретдир. Сиз вужуднинг чиройли либосини кийдириб, латофатли қўнғироқ сочлар чодраси билан зийнатлайсиз аёлингизни, бироқ унинг томирлари бўйлаб қалбларга ҳаловат ёхуд эҳтирос солароқ жўшиб оқувчи ва зўр таассуротлар ҳадя этувчи ўша қон қани? Сенинг авлиё аёлинг – қорасоч, аммо мана бу бўёқлар, нотавон Порбус, малласоч аёлдан олинган! Шу сабаб ҳам сизлар матога тушириб олдимизга тизиб ташлаган бу қиёфалар бўёқ чапланган кўланкадан бошқа нарса эмас, шуларни рангтасвир ва санъат асари деб атайсизми?.. Чизганингиз ажинани эмас, аёлни эслатгани учунгина қойиллатдим деб ҳаволанасиз, қадимги мусаввирлар каби расмларингиз тагига cуррсус венустус2 ёхуд пулчер ҳомо3 деб ёзиб қўйишга эҳтиёж йўқлигидан ғурурланасиз-да, ўзингизни зўр мусаввир хаёл қиласиз!.. Ҳо-ҳо... Йўқ, сиз ҳали бу даражага етганингиз йўқ, қадрли биродарларим, асл рассом бўлиш учун ҳали қанча мўйқаламнинг бошига етишингиз, қанча матога қирон келтиришингиз керак! Жуда тўғри, аёл киши бошини шундай тутади, этагини шундай кўтаради, чарчоқ босган кўзлари ҳам шундай малоҳат-ла йилтиллайди, узун қайрилма киприк¬ларининг титроқ сояси ёноқларида худди шундай липиллайди. Ҳаммаси айнан шундай ва... шундай эмас ҳам! Хўш, топинг-чи, нима камлик қиляпти? Арзимас бир чизги! Аммо шу арзимас чизгида гап кўп. Сиз ҳаётни фақат зоҳирдан кўра оласиз, холос, ботиндаги тошқинни бўзга туширолмайсиз, ҳолбуки, бу тошқин кўкни қоплаган булут янглиғ жисмга ҳарорат бағишлаб турган жон-ку! Бошқача айтганда, сиз Титсиан ва Рафаелдан фарқ этароқ, барқ уриб турган ҳаёт нафосатини тасвирлаб беролмайсиз. Сиз турган шу мавқедан яна олға ҳаракат қилинса, балки гўзал рангтасвир асари яратса бўлар, аммо сиз тез орада ҳолдан тойиб қоласиз. Оддий одамлар асарингизга қойил қолиб тасанно ҳам айтар, лекин чинакам билимдон мийиғида кулибгина қўяди. О, Мабузе!1 О, устозим! – дея хитоб этди қўққис бу аломат одам. – Сен – ўғрисан, ҳаётни ўзинг билан ола кетдинг!.. Шунга қарамай, бу асар бетамиз Рубенснинг қизил бўёқ чапланган фламандча юзлар, малла сочлару тумтароқ ранглар тошқинидан иборат полотносидан афзал. Асарингда ҳарқалай колорит, ҳис-туйғу ва расмчилик – санъатнинг уч муҳим узви тугал. – Бироқ авлиё аёл ғоят жозибали, жаноб! – деди хаёлот оламида кезиб юрган йигит бирдан ўзига келиб баралла. – Ҳар иккала чеҳрада – авлиё аёлнинг ҳам, қайиқчи эркакнинг ҳам юзида италян усталарига номаълум бўлган бир нозик¬лик барқ уриб турибди. Қайиқчининг юзидаги тараддуд ифодасини улардан бирортаси ҳам акс эттириб беролмасди, буниси – аниқ. – Бу йигитча сизнинг ҳамроҳингизми? – деб сўради Порбус чолдан. – Оҳ, устоз, одобсизлигим учун авф этинг, – деди йигит қизариб-бўзариб. – Каминангиз расм чизишга озроқ ҳавасманд. Илму санъат ўчоғи бўлган бу шаҳарга яқиндагина келганман. – Қани, бир кўрайлик-чи! – деди Порбус унга қизил қалам билан қоғоз тутқазиб. Йигит чаққонлик билан Марям тасвиридан нусха кўчириб берди. – Ў-ҳў! – дея хитоб қилди чол. – Исминг нима? Йигит расм тагига «Никола Пуссен»2 деб имзо чекди. – Ёш рассомчамиз чаккимас, – деди гап-сўзи телбанамо бу аломат чол. – Рангтасвирдан унча-мунча хабаринг борга ўхшайди. Майли, Порбуснинг авлиё аёлидан бу қадар ҳайратга тушганинг учун сени койимайман. Ҳа, барчага бу асар – буюк ижод маҳсули, санъатнинг энг чуқур сирларидан воқиф кишиларгина ундаги қусурни кўра олади, холос. Аммо сен биздан сабоқ олишга лойиқ экансан, қолаверса, фаҳм-фаросатинг ҳам бинойидек, шу боис сенга ҳозир бу картинани тугалламоқ учун нималар қилиш кераклигини кўрсатаман. Кўзингни каттароқ оч, диққатингни жамла, эҳтимол, сабоқ олишга бундай қулай фурсат қайта насиб этмас сенга. Порбус, қани, менга палитрангни узат-чи. Порбус палитра билан мўйқаламларни унга тутқазди. Чол бир даста катта-кичик мўйқаламни унинг қўлидан қарийб юлқиб олди, чаққон енг шимариб, зилдек олачипор палитра тешигига бошмалдоғини суқди. Чолнинг чўққи соқоли жўшқин хаёл долғаларини ифодалаган каби туйқус қаҳрли силкиниб кетди. У мўйқаламни бўёққа ботираркан, тишлари орасидан жаврар эди: – Мана бу бўёқларга қўшиб, уни қориштирган одамни ҳам деразадан улоқтириб юбориш керак, ранглар беҳузур қилар даражада ёрқин ва қалбаки – шулар билан бир иш қилиб бўладими, ахир? Чол жазавакор шиддат билан мўйқаламни ҳар хил бўёқларга шундай чаққон ботира кетдики, унинг қўли гамма устида О филии3 пасха мадҳиясини ижро этиш пайтида клавишлар узра сузган черков орғанунчиси бармоқларидан ҳам абжирроқ югурар эди. Порбус билан Пуссен полотнонинг икки томонида унга маҳлиё бўлганча турарди. – Кўряпсанми, йигитча, – деди чол бошини ишдан кўтармай, – кўряпсанми, иккита ё учта чизгию битта тиниқ ложувард бўёқ билан шундай бўғиқ ҳавода нафаси қайтиб, сал бўлмаса ўлаёзган авлиё аёлнинг боши атрофида енгил шабада эса бошлади. Қара, либос бурмалари энди қандай тебраниб-ҳилпирамоқда, гўё шабада улар билан ўйнаётгандек! Ваҳоланки, у илгари худди нина тўғнаб қўйилган оҳорли бўзга ўхшаб турган эди. Пайқаяпсанми, ҳозиргина кўкрагига мана бу ёрқин шуълани югуртирдим ва у аёл баданининг майин таранглигига нақадар ҳаққонийлик бахш этиб юборди? Ёки қон жўш уриш ўрнига тўнғиб қотиб қолган мана бу кулранг ва совуқ бўшлиққа қизғиш жигарранг билан қизғиш сариқ ранг аралашмаси нечоғли ҳарорат уфурди? Йигитча, уқиб ол, шу тобда сенга кўрсатаётганларимни бошқа бирорта устоз ўргата олмайди! Танага ҳаёт бахш этиш йўлини ёлғиз Мабузегина биларди. Мабузе фақат битта шогирд чиқарган – у ҳам бўлса менман. Менинг эса қартайиб қолганимга қарамай битта ҳам шогирдим йўқ. Нимага шама қилаётганимни тушунган бўлсанг керак... Бу ғалати қариянинг чакаги билан бирга қўли ҳам тинмас, картинанинг ҳар хил қисмларига тузатишлар киритар эди; мана, у бу ерга икки марта, бошқа ерга бир марта бўёқ урди. Ҳар гал бўёқ суртганида гўё янги бир рангтасвир асари пайдо бўлиб борарди. Чол шундай эҳтирос, шундай шиддат билан ишлар эдики, тақир бошига тер тепчиди; у мўйқаламни кескин, эпчил ва бесабр юргизаркан, навқирон Пуссенга худди бу аломат одамнинг ичига иблис кириб олгану унинг қўлларини ўз майлича ҳаракатлантираётгандек туюлиб кетди. Кўзларининг мажҳул бир кучни даф этаётган сингари ғайритабиий чақнаши, қўлларининг асабий силтаниши йигитча кўнглида ғимирлаган бу гапнинг бир қадар ростлигини тасдиқлаётгандек эди. Чолнинг қўли ишда-ю, чакаги ҳам ёпилмасди: – Воҳ! Воҳ! Воҳ! Бўёқни мана бундай чаплайдилар, йигитча! Қани, бўёқларим, шу совуқ чизгиларни жонлантириб юборинг-чи. Қани, қани! Шундай, шундай! – дея бир-икки бўёқ суртиш билан Марямнинг қадди-бастидаги баъзи ғалатликларни бартараф этар, ҳаёт асари сезилмаяпти, дея бармоқ ниқтаб кўрсатган жойларини жонлантириб юборар, қизнинг эҳтиросли табиатига мос рангларни йўқдан бино этар экан, хитоб қиларди қария: – Кўряпсанми, азизим, ҳамма гап сўнгги бўёқни қандай беришда! Порбус юз марталаб бўёқ суртган бўлса, мен бир мартагина мўйқалам юргиздим. Сўнгги бўёқ тагида қолиб кетган рангларни эса ҳеч ким ҳатто эсламайди ҳам. Буни ёдингда тут! Ниҳоят, қария ишини тугатиб, ҳайратдан донг қотган Порбус билан Пуссенга юзланди-да: – Бу асарнинг «Гўзал Нуазеза»мга етишига ҳали анча бор, аммо тагига имзо чексам арзийди. Ҳа, шу асар тагига имзо қўйсам ярашади, – деди у кўзгу олиш учун жойидан қўзғалиб. Сўнгра картинани кўзгуга солиб томоша қила бошлади. – Энди, юринг, нонушта қиламиз, – деб қолди қария дабдурустдан. – Иккалангиз уйимга марҳамат қиласиз. Дудланган сон гўштию хуштаъм шароб билан меҳмон қиламан сизларни. Ҳе-ҳе, шундай таҳликали замонларда ҳам биз рангтасвир ҳақида баҳслашсаг-а! Ҳа, чакана одамлар эмасмиз! Мана бу йигитчанинг ҳам қобилияти чаккимас, – деб қўшиб қўйди у Пуссеннинг кифтига қоқиб. Шунда чолнинг назари йигитчанинг униқиб кетган камзулига тушди-ю, камарига осиғлиқ чарм ҳамённи пайпаслаб топди-да, ичини кавлаб икки тилла танга олди ва Пуссенга узатиб: – Боя чизган расмингни сотиб оламан, – деди. – Олавер, – деди Порбус Пуссенга унинг титраб ва қизариб кетганини кўриб: ёш мусаввир қалбида камбағаллик ори туғён урар эди. – Олаверсанг-чи, бунинг ҳамёни қиролникидан ҳам каттароқ! Учовлон устахонадан чиқишди-да, санъат ҳақида суҳбат қила-қила, Сен-Мишел кўприги яқинидаги кўркам ёғоч уйга етиб келишди. Уйнинг жимжима безакларию эшигидаги болғачаси, деразасининг панжарасию нақш-нигорлари Пуссенни маҳлиё этди-қўйди. У эсини йиғиб олган чоғда анвойи ноз-неъматга тўла дастурхонга ёндош чарс-чурс ёниб турган камин олдида, не ажиб бахтки, бир-биридан суҳбати ширин икки буюк мусаввир даврасида ўтирарди. – Йигитча, – деди Порбус унинг бир картинадан кўз узолмай қолганини кўриб, – бу полотнога кўпам тикилиб қараманг, акс ҳолда кайфиятингиз бузилади. Бу – Мабузенинг «Одам ато» картинаси бўлиб, рассом ўзига қарз берган кимсалар уни узоқ вақт қамоққа тиқиб қўйганида ҳибсдан озод бўлиш учун чизган эди. Одам атонинг қадди-басти шу қадар табиий, шу қадар ҳаққоний кўринардики, Пуссен чолнинг дудмал сўзларидаги туб маънони шу дақиқадаёқ англаб етди. Чол эса картинага қониқиш билан, аммо завқ-шавқсиз боқиб турар, гўё кўнглидан «Мен бундан яхши чизаман», деган ўйни ўтказар эди. – Унда ҳаёт уфуриб турибди, – деди чол, – бу асарни чизганда боёқиш устозим ўзидан илгарилаб кетган, бироқ туб моҳиятда ҳаққониятга етиша олмаган. Одам ато гўё тирик, у ҳозир ўрнидан туриб, сиз томон юриб келадигандек. Аммо биз нафас олаётган ҳаво, биз боқиб турган само, биз ҳис этаётган шабада йўқ бу асарда! Қолаверса, ундаги одам ҳам – шунчаки бир одам. Ваҳоланки, парвардигор эндигина йўқдан бор этган бу илк одамда бирор илоҳий белги ниш бериб турмоғи зарур эди, унда бўлса айнан шу нарса йўқ. Мабузенинг ўзи ҳам шароб тотмаган ҳушёр чоғлари ҳасрат билан иқрор бўларди бунга. Пуссен тийиқсиз бир қизиқиш билан гоҳ чолга, гоҳ Порбусга термилар эди. У ҳатто бир гал уй соҳибининг исмини сўраш учун Порбуснинг ёнига ҳам борди, аммо Порбус юзига сирли тус бериб бармоғини лабига босди, қизиқиши баттар алангаланган йигитча бу исмни эртами ё кеч тасодифан оғиздан чиқиб кетадиган бирор луқмадан билиб олишга умид боғлаб, мум тишлаб қолди. Порбус сидқидилдан бажо келтираётган ҳурмат-эҳтиром ҳам, хонани тўлдирган ажойиб асарлар ҳам уй соҳибининг, ҳеч шубҳасиз, катта бойлик ва зўр истеъдод эгаси эканидан гувоҳлик берарди. Қорамтир эман ёғочидан ясалган панелда аёлнинг серҳашам портретини кўриб, Пуссен ҳаяжон ичида: – Қандай гўзал! Жоржоне! – дея ҳайқириб юборди. – Йўқ! – дея эътироз билдирди чол. – Қаршингизда – каминанинг илк асарларидан бири, холос. – Ё парвардигор, демак, мен кимсан – рангтасвир худосининг уйида меҳмон эканман-да! – деди Пуссен соддадиллик билан. Бундай илтифотларга аллақачон кўникиб кетган чол фақат жилмайибгина қўйди. – Френхофер, азиз устозим, – деди Порбус, – менга асл Рейн шаробидан озроқ беролмайсизми? – Икки бочка берганим бўлсин, – деди чол ҳотамтойлиги қўзиб, – бирини мисрлик Марямингдан олган завқим ҳаққи, иккинчисини эса дўстлигимиз ҳаққи тортиқ этаман. – Оҳ, агарда уззукун хасталик қийнамаганида, – деди Порбус, – қолаверса, «Гўзал Нуазеза»нгизни бир кўришимга ижозат этганингизда, мен катта-катта жозибадор асарлар яратган, одамларни бўйи баравар қилиб чизган бўлардим. – Асарингизни кўрсайдим, дейсанми? –деди ҳаяжондан титраб чол. – Йўқ, асло! Мен ҳали уни якунлаганим йўқ. Кеча оқшом, – дея давом этди у, – Нуазезамга нуқта қўйдим деб ўйлаган эдим. Унинг мижжаларида ёш қалқигандек, вужудига эса жон киргандек кўринган эди. Кокиллари тўлқин урарди. Нафас оларди у! Гарчанд силлиқ матода натуранинг дўнг ва думалоқ жойларини қандай тасвирлаш йўлини топган бўлсам-да, бугун эрталаб, ёруғда хатомни пайқадим. Эҳ, Нуазезани тирикдек чизмоқ учун қанча-қанча буюк колорит усталари ижодини қунт билан ўрганмадим, ёруғлик туширишнинг пири бўлган Титсиан картиналарини қатламма-қатлам кўриб чиқмадим, таҳлил қилмадим! Мен шу буюк мусаввир сингари, юзга илк бўёқ беришда ёрқин ва қуюқ рангларни қўлладим, чунки соя – фақат бир тасодиф, холос, буни ёдингда тут, қароғим. Сўнг ишимни етган жойидан давом эттириб, нимсоя ва ёрқин ранг¬ларни оз-оздан қуюқлаштириш эвазига қора ва тимқора сояларни туширдим; ахир, ҳамма мусаввирлар чизган асарларда натуранинг соя тушган жойлари нур тушган жойларидан бошқачароқ ашёдан: дейлик, ёғочми, биринжми ёки бошқа бирор нарсадан яралгандек туюлади, аммо соя тушиб турган танага ўхшамайди, асло! Бу асарларда мабодо тана ҳолати ўзгарса ҳам, аввал соя тушган жойлари ўша-ўша – ёришмай қолавериши билиниб туради. Кўпгина машҳур мусаввирлар ҳам йўл қўйган бу хатони мен четлаб ўтдим – картиналаримда энг қуюқ соя ортида ҳам жуда ёрқин ранг кўпириб туради. Мен, ҳар бир чизгини ҳафсала билан чизгани учунгина ўз ишимнинг устасиман деб мақтанувчи кўпгина нодон мусаввирларга ўхшаб, гавдани аниқ чизиқлар билан тасвирламаганман, анатомик майда-чуйдаларгача ижикилаб ўтирмаганман; негаки, инсон танаси чизиқларгагина қараб қолган эмас. Бу борада ҳайкалтарошлар, биз, мусаввирлардан кўра, ҳақиқатга ёвуқроқ боради. Натура биридан бошқасига ўтиб турувчи дўнгликлардан таркиб топган. Наф-силамри, расм деган нарса йўқ ўзи дунё¬да! Кулманг, йигитча. Бу сўзлар сизга ҳар қанча ғалати туюлмасин, бир кун келиб албатта мағзини чақасиз. Чизиқ дегани шундай бир воситаки, инсон унинг кўмагида жисм сиртида ёруғлик жилвасини пайқаб олади. Аммо бошдан-оёқ бўртиқ табиатда асли чизиқ деган нарса йўқ: расм фақат намуна олиш, яъни бирор жисмни ўз муҳитидан ажратиб кўрсатиш билан яратилади. Фақат ёруғликнинг тарқалишигина жисмларга намоён бўлиш имконини беради! Шунинг учун мен яққол чизгидан қочиб, контурни очиқ ва илиқ нимтатир ранглар тумани билан яширганман, бинобарин, ҳеч ким картинамда контур билан фон туташиб кетган жойни бармоқ нуқаб кўрсатиб беролмайди. Яқин бориб қарасангиз, бу асар гўё пахмоқ бир нарсадек кўринади, бироқ икки қадам орқага чекинсангиз, ҳаммаси аниқ ва яққол бўлади-қолади – вужуд ҳаракатга келади, шакллар бўртиб чиқади, ҳаво эпкин таратади. Бироқ, шунга қарамай, ҳали асардан кўнглим тўлгани йўқ, гумон эзмоқда мени. Балки бирорта ҳам чизиқ тортмаслигим керакмиди, аввал нурга чулғалган бўртиқ жойларга уннаб, кейин, аксинча, соя тушиб турган жойларга ўтсам – ишни Нуазеза қадди-бастининг қоқ ўртасидан бошласам дурустмиди? Ахир, дунёнинг назаркарда мусаввири – қуёш айнан шундай йўл тутмайдими? О табиат, табиат! Сенинг лип этиб кўриниб, сўнг ғойиб бўлувчи этагингдан тутиш бирор марта бирор кишига насиб этганмикан? Ўзинг ҳам тан ол – ортиқча билим, худди нодонлик каби, кишини гумон ва инкор йўлига етаклайди. О, асарим мукаммал эканига шубҳам бор! Чол бир лаҳза тин олиб, сўнг яна сўзида давом этди: – Шу асарни бошлаганимга ўн йил бўлди, йигитча. Бироқ гап тирик табиатни забт этиш ҳақида борар экан, ўн йил нима бўлибди! Пигмалиондек қудрат соҳиби биргина ҳайкал яратиб, уни тирилтириш учун қанча вақт сарф этгани бизга қоронғи, ахир! Чол қаттиқ ўйга чўмди, у кўзини бир нуқтага қадаганча қўлида беихтиёр пакки ўйнатарди. – У ўз руҳи билан суҳбат қуряпти, – деди Порбус пичирлаб. Шу он Никола Пуссен борлиғини сўз билан таърифлаб бўлмас қизиқиш эгаллаб олди. Маъносиз кўзларини бир нуқтага қадаганча донг қотган чол, Пуссен наздида, инсондан-да олийроқ бир хилқат, бошқа бир оламга дохил ғаройиб даҳо эди. У кўнгилда минглаб мавҳум фикрлар уйғотарди. Ватан ҳақидаги қўшиқ бадарға этилган одамда қандай таассурот қўзғатишини сўз билан ифодалаш қанчалик қийин бўлса, шу қабилдаги жодуловчи таъсирда ўзини намоён этадиган руҳий ҳаёт ҳодисотларини аниқ таърифлаш ҳам шунчалик мушкул. Чолнинг санъатдаги энг зўр кашфиётларга ошкора нафрати, ҳеч кимникига ўхшамаган феъл-атвори, Порбуснинг унга бўлган эҳтиромию узоқ вақт пинҳон тутилган, катта сабр ва қунт эвазига яратилиб, ёш Пуссенни қаттиқ ҳаяжонга солган ва ҳатто Мабузенинг «Одам ато»сидан ҳам зўр чиққан Биби Марямнинг боши эскизини кўргач айтилса, шубҳасизки, буларнинг бари санъат мулки султонларидан бирининг илоҳий мўйқаламидан шаҳодат берар, бу чолдаги жамики хислат инсон табиатининг чек-чегарасини бузиб чиққан эди. Никола Пуссеннинг жўшқин хаёлида шу ажаб зотнинг биргина жиҳати аниқ, ёрқин акс этди: бу – туғма мусаввирнинг баркамол тимсоли эди, одатда бундай зотлар ихтиёрига буюк куч-қудрат берилган бўлади ва улар баъзан шу куч-қудратни суиистеъмол қилишгача бориб етадики, оқибатда наинки оддий одамлар, ҳатто санъат шайдолари ҳам уларга бутун ақл-идрокини топшириб қўйиб, ҳеч вақо топиб бўлмас минглаб тошкўчаларга эргашиб кетади, ваҳоланки, илоҳсифат, девонаваш бу қалбнинг кўзига ўша тошкўчаларда оламшумул воқеалар, маҳобатли саройлар, санъат мўъжизалари кўринади. У табиатан ҳазилкаш ва кўнгилчан, бой ва фақир бир хилқат! Шундай қилиб, серзавқ Пуссен наздида, бу чол дафъатан санъатнинг нақ ўзига – сиру асрорлар, туғёну тўлғонишлар, орзую хаёллар билан тўлиб-тошган санъатга айланди-қолди. – Ҳа, азизим Порбус, – дея яна гапга тушиб кетди Френхофер, – шу вақтгача чеҳрасию танаси бениҳоя чиройли, бенуқсон бўлган соҳибжамолни учратиш насиб этмади менга. Айниқса, унинг териси шундай бўлсаки... Лекин қадимги одамлар хаёлоти яратган илоҳий Венеранинг тиригини қайдан топай? Биз бу гўзалликни қанчалик иштиёқ билан излайлик, фақат бўлакларнигина топамиз, холос! Оҳ, ўша илоҳий санамни, гўзаллик фариштасини, хуллас калом, идеални фақат бир марта ва бир лаҳза кўрмоқ учун бутун мол-дунёмни нисор этган бўлардим. О, самовий гўзаллик, сени ахтариб нариги дунёга боришга ҳам розиман! Сени олиб келиш учун, Орфей сингари, санъат жаҳаннамига тушишга ҳам тайёрман! – Энди кетсак ҳам бўлар, – деди Порбус Пуссенга, – бу ёғига у бизни эшитмайди ҳам, кўрмайди ҳам. – Устахонасига кирсак-чи? – деди ҳануз ҳаяжонини босолмаган йигитча. – О, қари туллак олдиндан бунинг эҳтиёт чорасини кўриб қўйган. Унинг хазинаси қаттиқ муҳофаза қилинади, кириб бўпмиз у ерга! Бу фикр, бу истак фақат сиздагина пайдо бўлган эмас, мен ҳам аввал бу асрорхонага киришга уриниб кўрганман... – Демак, сир яширилган экан-да у ерга? – Ҳа, – деди Порбус. – Мабузе шогирдликка олган яккаю ягона одам шу – кекса Френхофер бўлади. Френхофер Мабузега ҳам дўст, ҳам ҳомий, ҳам падар эди, унинг бетийиқ эҳтироси йўлида озмунча бойлигини сарфламаган бу чол. Мабузе эвазига унга релеф сирини очган, бизга фақат орзу бўлиб қолаётган – танага фавқулодда ҳаётийлик ва табиийлик бағишлаш маҳоратини ўргатган. Дарвоқе, Мабузе бу маҳоратни шу қадар пухта эгаллаганки, Карл Бешинчининг саройидаги маросимга тиктириб кийиб бориши керак бўлган гулдор шоҳи матони сотиб, ичиб қўйиб, у ерга қоғоздан либос кийиб борганини биров пайқамаган ҳам. Чунки Мабузе қоғозни нақ гулдор шоҳи матога айлантириб юборган ва ғаройиб либос ҳатто император назарига тушиб, у қари пиёнистанинг ҳомийсига бундан ғоят завқланганини шипшиб ўтган. Бироқ баъзи «хира» киборлар либосни ушлаб кўрмоқчи бўлган-у, оқибатда ёлғон фош бўлиб қолган... Френхофер – тасвирий санъатга зўр эҳтирос билан ёндашувчи одам, унинг қарашлари бошқа ҳамкасбларига қараганда кенг ва чуқур. У бўёқлар ва чизиқларнинг ҳаққоний чиқиши устида кўп бош қотирган, натижада, ўз фикр-ўйларига ҳам шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган. У ноумид бўлган чоғларида расм – аслида йўқ нарса, чизиқлар билан фақат ҳандасавий шаклларнигина ифодалаш мумкин, деб жаврайди. Бу шуниси билан ҳам янглиш фикрки, яккаш чизиқ ва қора доғлар ёрдамида ҳам тасвир яратса бўлади. Ахир, тасвирий санъат ҳам табиатнинг ўзидек кўпгина унсурлардан ташкил топган: расм бу – моя, колорит эса – ҳаёт, лекин моясиз ҳаёт ҳаётсиз мояга қараганда нотугалдир. Ва ниҳоят, мусаввирга энг зарури – бетиним кузатиш ва машқ қилишдир – агар ақл ва туйғу мўйқаламга эш бўлолмаса, зўр мусаввир, шу билан бирга телба ҳам бўлган чолимиз мисол, шубҳалар гирдобига тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Бу ғаройиб мусаввир, таассуфки, бой бўлиб туғилган, шу сабаб ҳам унинг ортиқча ўйлашга имкони бор. Сиз унга тақлид қилманг! Ишланг, тер тўкинг! Мусаввир қўлда мўйқалам билангина ўй-хаёлга берилиши керак. – Биз ўша хонага албатта кирамиз! – дея бирдан хитоб қилди Пуссен. Шу дамда Порбуснинг гапи унинг қулоғига кирмас, ўзининг қалтис нияти йўлида ҳар нега-да шай эди. Порбус йигитчанинг завқ-шавқига шунчаки жилмайиб қўйди ва келиб туринг, дея у билан хайрлашди. Никола Пуссен секин қадам ташлаб де-ля-Арп кўчасига қайтди ва хаёл сурганича ўзи яшаб турган одми меҳмонхонага қандай етиб келганини сезмай қолди. У омонат зинадан шоша-пиша энг юқори қаватга чиқди ва барча эски Париж уйлари каби ёғоч тўсинлари очилиб турган, беҳафсала ёпилган том остидаги ғарибгина ҳужрага кирди. Шу заҳотиёқ ягона хира дераза олдида турган қизга кўзи тушди; эшик ғичирлаши биланоқ бу севгидан энтиккан қиз, сапчиб оёққа турган, мусаввирни эшик бандини тутишиданоқ таниган эди. – Сенга нима бўлди? – деди у Пуссенни кўрар-кўрмас. – Мен, мен, – дея қичқириб юборди йигит азбаройи қувониб кетганидан нафаси қайтиб, – ўзимни мусаввир деб ҳис этдим! Шу вақтгача шубҳаланиб юрардим, аммо бугун эрталаб ўзимга ишонч пайдо бўлди. Мендан буюк мусаввир чиқса эҳтимол! Ҳа, Жиллетта, биз бойлик ва бахтга эга бўламиз! Бу мўйқаламлар ҳали бизни олтинга кўмиб ташлайди! Шундай дея йигит бирдан жим бўлиб қолди. У ўзининг буюк орзуларини аянч¬ли аҳволи билан таққослар экан, жиддият ва шижоат уфуриб турган чеҳрасидан шодлик ифодаси ариди. Хона деворларига ёпиштирилган силлиқ гулқоғозга қалам билан эскизлар чизиб ташланган эди. Йигитнинг ҳатто тўрт дона оҳорли полотноси ҳам йўқ эди. Бўёқ ўша даврларда ўта қиммат бўлиб, боёқишнинг палит¬раси ҳам деярли бўм-бўш турарди. Гарчи шундай муҳтожликда кун кечирса-да, у ўзини катта маънавий хазина эгаси, ҳар ишга қурби етадиган зўр истеъдод соҳиби деб биларди. Бир зодагон таниши, тўғрироғи, ўз таланти орқасидан Парижга келиб қолган Пуссен аксар аёллар бу ерда ҳашам кетидан қувиб, ҳиссизлигини кўз-кўзлаб юрган бир вақтда, ёш жонини улуғ бир инсонга бахшида этиб, барча жабру жафоларни сўзсиз бўйнига олган, муҳтожлик азобини бирга-бирга тортадиган, бу зотларнинг инжиқликларини миқ этмай кўтарадиган, қашшоқлик ва муҳаббат синовларига дош берадиган аёллар тоифасидан бўлган олижаноб ва танти бир қиз билан тасодифан танишиб, уни севиб қолди. Жиллеттанинг лабларида ўйнаган табассум қуёш шуълалари билан баҳс бойлаб, чордоқдаги бу ҳужрани тилла мисол товлантириб юборди. Қуёш-ку ҳар доим ҳам чарақлайвермайди, аммо бутун борлиғини ёлғиз муҳаббатга бахш этган, ўзининг бахту кулфатига бирдек кўникиб кетган бу қиз доим шу ерда – санъат сирларини эгаллашдан ҳам бурун севги дунёсига ғарқ бўлган истеъдод эгасига таскин бериб чарчамайди. – Кел бағримга, Жиллетта, сўзимни эшит, – деди йигит. Қиз қувончдан ял-ял ёниб йигит сари отилди-да, унинг тиззасига ўтириб олди. У мафтункор ҳам жозибадор эди; баҳор мисол гўзал бу парига покиза қалб нури билан йўғрилган аёл латофати бус-бутун бахш этилган эди... – Ё худойим, – дея оҳ урди йигит, – қандай қилиб айтаман... – Қандай гап у? – деб сўради қиз. – Қани, айтсанг-чи! – Пуссен хаёлга чўмиб турарди. – Нега жимсан? – деди қиз бетоқатланиб. – Жиллетта, гўзалим! – Оҳ, нима қилай сенга, айт? – Мен... – Агарда сен аввалги сафаргидек менга қараб расм солмоқчи бўлсанг, – деди қиз лабини чўччайтириб, – бунга сира кўнмайман, чунки бундай дамларда кўзинг лоқайд бўлиб қолади, менга боқиб турасан-у, хаёлинг менда эмас... – Демак, менга бошқа аёл натурачи бўлса, шу ёқар экан-да сенга? – Эҳтимол. Жуда хунук бўлсагина. – Айт, келажакда шон-шуҳратга бурканишим, буюк мусаввир бўлиб танилишим учун, – деди Пуссен бирдан жиддийлашиб, – бошқа мусаввир олдида яланғоч туришга рози бўлармидинг? – Нима, мени синаб кўрмоқчимисан? – деб сўради қиз. – Ҳечам рози бўлмайман-да, буни ўзинг ҳам биласан-ку. Пуссен жуда катта шодлик ёки қайғуга дуч келган одамдек бошини эгиб олди. – Қулоқ сол, – деди Жиллетта Пуссеннинг эски камзули енгидан тортиб, – Ник, сен учун ўзимни ҳатто қурбон қилишга тайёрман, аммо ҳали тирик эканман, муҳаббатимдан воз кеча олмайман... – Муҳаббатдан воз кечиш?! – деб бақириб юборди Пуссен. – Бошқанинг олдида яланғоч бўлсам, мени севмай қўясан-да! Кейин ўзим ҳам ўзимни сенга муносиб кўрмай қоламан. Сенинг хусурингга итоат этиш, бу – табиий ва жўнгина ҳол, шундай эмасми? Ҳар қандай вазиятда ҳам сенинг хоҳишингни мамнунлик билан ва ҳатто фахрланиб адо этаман. Аммо бошқа одам учун... Қандай разолат! – Кечир мени, азизам Жиллетта! – дея ўтина кетди мусаввир тиз чўкиб. – Шуҳрат қозонгандан кўра, муҳаббатингни асраб қолганим афзал. Сен мен учун мол-дунёю шон-шуҳратдан баланд турасан! Қани, мўйқаламларимни улоқтир, эскизларимни ёқиб юбор. О, қаттиқ янглишдим! Мен асли сени севиш учун яралганман. Мен – мусаввир эмас, муҳаббат гадосиман. Санъати ҳам, унинг сирлари ҳам ордона қолмайдими! Қиз қувонч ва ҳайратга кўмилганча ошиғига маҳлиё бўлиб қолди. Қиз ғолиб келган эди, уни деб санъатдан воз кечилди, санъат унинг оёқлари остига нисор этилди, буни ич-ичидан ҳис қилиб турарди у. – Ҳар қалай, ўша мусаввир – мункиллаб қолган чол, – деди Пуссен яна аввалги хаёлларига қайтиб, – сенинг вужудингда баркамол шаклнигина кўради. Сендаги гўзаллик шу қадар мукаммалки... – Муҳаббатни деб нималарга рози бўлмайсан! – дея хитоб қилди қиз, уни деб бор-будидан кечгани учун севгилисини тақдирламоқ учун бояги гапларини қайтиб олишга ҳам тайёр бўлиб. – Аммо унда мен адои тамом бўламан. – Оҳ, сени деб адои тамом бўлиш! Ахир, бундан ортиқ бахт бор эканми! Бироқ сен мени унутиб юборасан... О, жуда чакки ўйлабсан буни! – Сени севатуриб ҳам шундай хаёлга бордим-а, – деди йигит пушаймонлик билан. – Палид одамман! – Кел, Ардуен амакига маслаҳат солиб кўрамиз, – деди қиз гўё чорасини топгандек. – Э, йўқ! Бу гап иккимизнинг ўртамизда қолиши керак! – Унда... майли, борганим бўлсин, аммо сен мен билан устахонага кирмайсан, – деди қиз қатъий оҳангда. – Эшик ортида ханжар билан ҳушёр бўлиб тур. Мабодо қичқирсам, чопиб кирасан-да мусаввирни ўлдирасан. Сирни очиш иштиёқи билан ёнган Пуссен Жиллеттани суйиб бағрига тортди. «Энди мендан кўнгли қолади», деб ўйлади Жиллетта йигит кетгандан кейин. Қиз рози бўлганига афсус чекди. Аммо тезда уни бу пушаймондан ҳам кучлироқ ваҳима босди. У хаёлида бош кўтарган даҳшатли фикрни асабий тарзда ҳайдамоқчи бўларди. Никола унчалик ҳам ҳурматга лойиқ эмас экан, деган фикр Жиллеттанинг хаёлига келган онданоқ гўё уни аввалгидай қаттиқ севмаётгандек туюлмоқда эди. Катрин Леско Пуссен билан учрашувидан уч ой ўтгач, Порбус устоз Френхоферни кўргани борди. Чол яна иттифоқо қаттиқ умидсизликка тушиб қолган, бунинг сабаби, табиблар таъбирича, ҳазми таомнинг бузилиши ёки об-ҳаво таъсирида, спиритуалистлар таъбирича эса, маънавий табиатимизнинг номукаммаллигида эди. Чол барчадан сир тутаётган картинасини тугатаман деб толиқиб қолган эди. У эмандан ясалган қора чарм қопламали кенг оромкурсида маъюсгина ўтирар, Порбусга ҳам ғуссанишин киши назари билан боқар эди. – Нима гап, устоз? – деди Порбус унга. – Брюггадан келтирган оч кўк бўёғингиз яхши чиқмадими? Ёхуд ўзингизнинг оқ бўёғингизни майда қилиб туёлмадингизми? Ёки мой айниган эканми? Ё мўйқалам дағал чиқдими? – Эвоҳ! – дея хитоб қилди чол. – Асаримни якунладим деб ўйлаган эдим, бироқ хулосага шошибман чоғи, лекин барибир нима камлик қиляпти, шуни аниқламагунча тинчимайман. Мен энг гўзал аёллар орасидан моделлар топиш ва уларни картинамга таққослаш учун Туркия, Юнонистон ҳамда Осиёга саёҳат қилмоқчиман. Эҳтимол, юқоридаги санам, – деди у лабига табассум югуриб ва кўрсаткич бармоғи билан устахонасига ишора қилиб, – гўзалликнинг жонли тимсолидир. Мен гоҳида дайди шабада эсиб аёлни уйғотиб юборсаю у ғойиб бўлиб қолмаса эди деб ваҳимага тушаман... Чол гўё ҳозир йўлга отланадигандек сапчиб ўрнидан турди. – Ўҳў, – дея хитоб қилди Порбус, – сизни йўл чиқими ва заҳматидан халос этиш учун заб вақтида келибман-да. – Қандай қилиб? – деб сўради Френхофер ажабланиб. – Эшитишимча, навқирон Пуссенни ҳусну малоҳатда беқиёс бир аёл севар экан. Бироқ, қадрли устоз, Пуссен уни сизнинг ҳузурингизга юборишга рози бўлса, сиз ҳам у ҳолда полотнонгизни бизга кўрсатишингизга тўғри келади. Чол бу гапдан гўё карахт бўлиб қолди. – Нима?! – деди у ниҳоят аянчли овозда. – Ўз санъатим, ўз рафиқамни сизларга кўрсатайми? Бахтимни бокира асраган пардани чок-чок қилиб йиртиб ташлайми? Ахир, бу жирканч фаҳш эмасми! Мана, ўн йилдирки, мен шу аёл билан тирикман, у меники, фақат меники, у мени севади. Ҳар гал жило берганимда у менга табассум ҳадя этади. Унинг қалби бор, мен ато этганман бу қалбни. Агар мендан бошқа киши унга назар ташласа борми, уятдан лов-лов ёнади у. Уни бизга кўрсатинг дейсан-а? Айт-чи, қайси эркак шундай тубанликка боради, маҳбубаси ё жуфти ҳалолини шармандаи шармисор қилади? Сен саройга атаб расмлар ишлаганингда, уларга қалбинг қўрини бермайсан, аъёнларга бўёқ чапланган қурчоқларни сотасан, холос. Менинг рангтасвирим – рангтасвир эмас, туйғунинг, эҳтироснинг ўзгинаси! Менинг ижодхонамда дунё¬га келган Нуазеза ҳаё-иффатини сақлаб ўша ерда қолади, ташқарига эса фақат либосга бурканиб чиқиши мумкин. Гўзаллик ва аёл фақат севгилиси олдида яланғоч ҳолда намоён бўла олади. Наҳотки, биз Рафаелнинг моделини ёхуд Ариосто яратган Анжелика, Данте яратган Беатриче сиймосини билолсак! Йўқ! Бизга фақат бу аёлларнинг тасвири етиб келган, холос. Маҳкам тамбаланган анови хонада асраётган асарим эса мусаввирлик тарихида якка-ягонадир. Бу – картина эмас, бу – аёл, мен у билан йиғлайман, куламан, суҳбат қураман, хаёл сураман. Сен ўн йиллик бахтимдан, ҳеч гап бўлмагандек, оппа-осон воз кечишимни истаяпсанми? Мен бир зумда ҳам оталик, ҳам жазманлик, ҳам худоликдан айрилайми? Бу аёл – оддий тасвир эмас, у – санъат. Майли, келсин ўша йигитчанг, мен унга бор хазинамни, кимсан Коррежо, Микеланжело, Титсиан картиналарини берай, хоки пойини ўпай; аммо уни ўзимга шерик қилмайман! Хо-хо, мен мусаввирдан кўра кўпроқ ошиқман. Ҳа, сўнгги нафасимни олаётганда гўзал Нуазезамни ёндириб ташлашга қурбим етади, лекин унга ёт эркак – йигит ё мусаввир нигоҳи тушишига йўл қўймайман – йўқ, асло! Кимки уни нигоҳи билан таҳқирласа, эртасигаёқ ажалини кутсин! Агар унинг қаршисида тиз чўкмасанг борми, сени – дўстимни ҳам ўша лаҳзадаёқ бўғиб ўлдираман. Наҳотки, сен тентаклар малагимга совуқ нигоҳ ташлаши ва нодонларча танқид қилишига йўл беришимни хоҳлаётган бўлсанг! Эвоҳ! Муҳаббат бу – сир, у қалбнинг туб-тубида яшай олади, холос, эркак ҳатто дўстига ҳам мана, мен севган аёл – шу, дея сирни очса, шу оннинг ўзидаёқ муҳаббат ўлади-йўқ бўлади. Чол гўёки яшариб кетди: кўзлари чақнаб, жонланди, сўлғин ёноқларига қизил югурди. Унинг қўллари асабий титрар эди. Зўр ҳаяжон ила айтилган гап¬лардан ақли шошган Порбус чолнинг бундай ғаройиб, теран ҳисларига нима дейишни билолмай турарди. Френхофернинг эс-ҳуши жойидами ё ақлдан озганми у? Нима, уни ижодкор тахайюли домига тортганми ёхуд бу зўр бир асарга «ҳомиладор» бўлгандаги кучли фанатизм асоратими? Бундай бемаъни эҳтиросга ғарқ бўлган савдойи билан бир битимга келишдан умид қилса бўладими ёки йўқми? Шундай фикрлар исканжасида қолган Порбус чолга: – Сиз бизга бир аёлни кўрсатсангиз, биз ҳам сизга бир аёлни кўрсатяпмиз-ку! – деди. – Ахир Пуссен маъшуқасини сизнинг нигоҳингизга шунчаки ҳавола қилаётгани йўқ! – Маъшуқасимиш! – дея эътироз билдирди Френхофер. – Бу қиз эртами-кечми йигитчага албатта хиёнат қилади. Нуазезам эса менга бир умр вафодор бўлиб қолади. – Келинг, – деди Порбус, – бу ҳақда бошқа сўзлашмайлик. Аммо гўзалликда бенуқсон аёлни Осиёда тополмасдан аввал ҳам асарингизни якунлаёлмай бу дунё билан хайрлашишингиз мумкин. – О, картинам якунланган, – деди Френхофер. – Агар унга нигоҳ ташлаш бирор кимсага насиб этса, у парда ортидан бахмал тўшакда ётган аёлни кўради. Унинг ёнида эса муаттар бўй таратувчи сепоя тилла мужмар. Шунда чийратма ип шокиласидан тортиб пардани очиб юборгиси келади кишининг, «Соҳибжамол Нуазеза» лақабли гўзал ишрат париси Катрин Леско худди нафас олаётгандек – сийнаси кўтарилиб-тушаётгандек туюлади унга. Аммо мен шунга ишонч ҳосил қилмоқчиманки... – Майли, майли, Осиёдан қолманг, – дея Френхофернинг сўзини бўлди Порбус унинг кўзларида саросима кўриб. Сўнг у эшик томон йўналди. Айни пайтда Жиллетта билан Никола Пуссен Френхофернинг уйи қаршисида турарди. Ичкарига киришга чоғланганларида қиз мусаввирнинг қўлини қўйиб юборди-да, кўнгли бир нохушликни сезгандек қўққис ортига тисарилди. – Нега келдим ўзи бу ерга? – деди у ҳадик билан кўзларини йигитга тикиб. – Жиллетта, ихтиёринг ўзингда дедим-ку, қандай қарорга келма – мен розиман. Сен – менинг ор-номусим, шон-шуҳратимсан. Уйингга қайтиб кет, балки шунда бахтиёрроқ бўларман, сен агар... – О, сен шундай деб турган бир пайтда менда ихтиёр қоларканми? Ёш болага айланаман-қоламан. Майли, кирайлик, – деди у, чамаси, ўзини ўзи мажбурлаб. – Ҳатто муҳаббатимиз завол топиб, қаттиқ пушаймон чексам ҳам – хоҳишингни бажарганим сенга машҳурлик олиб келади-ку, тўғрими? Кирамиз! Агар расмларингда мендан бирор асар қолса ҳам, демак, мен яшашда давом этаман! Эшикни очган ошиқ-маъшуқлар Порбусга тўқнаш келишди. Порбус кўзлари жиққа ёш Жиллеттанинг гўзаллигига лол қолган кўйи бу вужуди тит¬раб турган қизни чолнинг ёнига етаклаб кирди. – Мана у! Наҳотки, бу қиз дунёнинг бутун дурдоналарига арзимаса! – деди у Жиллеттани кўрсатиб. Френхофер сапчиб тушди. Қароқчилар ўғирлаб, қулфурушга келтирган гуржи қиздек ҳуркак ва маъсума Жиллетта унинг қаршисида қимтиниб турарди. Қизнинг юзи ҳаёдан алвонланди, кўзларини ерга қадади, қўллари бемажол осилиб қолди. Ибосига қилинган тажовузга унсиз таънаси – шашқатор ёшлари унинг юзларини юварди. Айни дамда Пуссен бу бебаҳо хазинани кулбасидан олиб чиққани учун ўзини ўзи лаънатларди. Чол, мусаввирлар одатича, қизни нигоҳи билан ечинтириб, баданидаги ҳар бир аъзони ҳатто сир тутиладиган жойигача чамалаганда, кўзлари яшнаб-яшариб кетдики, буни кўрган Пуссеннинг юрагига азобли шубҳалар ханжар бўлиб санчилди, ботинидаги курашда ошиқ мусаввирни енгди. Шу тобда у чин муҳаббатнинг ўртагувчи рашкини туйди. – Жиллетта, кетдик бу ердан! – деди жонҳолатда. Бу хитобдан қувониб кетган қиз бошини кўтарди, Пуссеннинг чеҳрасига кўзи тушдию ўзини унинг бағрига отди. – Мени севаркансан-да! – деди у кўзёшларини оқизиб. Изтиробини яшириш лозим бўлганда шу қадар матонат кўрсатган қиз қувончини пинҳон тутишга қолганда куч тополмаган эди. – Оҳ, уни бир лаҳза менинг ихтиёримга берсангиз, – деди қари мусаввир илтижо-ла, – уни Катрин Леском билан қиёслаб кўришни истардим. Майли, шартингизга розиман! Френхофернинг бу хитобида ўзи яратган аёлга муҳаббати ҳамон аён сезилиб турарди. Чол, менинг Нуазезам гўзалроқ деб астойдил ишоняпти ва ижоди тирик қиз устидан ғалаба қозонишига ҳеч шубҳа қилмаяпти, деб ўйлаш мумкин эди. – Имконни қўлдан берманг! – деди Порбус Пуссеннинг кифтига қоқиб. – Муҳаббат гуллари фоний, санъат мевалари эса абадийдир. – Наҳотки, у менга шунчаки бир аёл деб қараса! – деди Жиллетта Пуссен билан Порбусга синчков кўз ташлаб. Сўнгра у бошини мағрур кўтариб Френхоферга чақмоқдек назар ташлади, аммо шу пайт ногоҳ ошиғи бу ерга илк бор келганида Жоржоненинг асари деб ўйлаган картинага маҳлиё боқиб турганини пайқаб қолди-ю, қатъий деди: – Юринг, тепага чиқамиз. У менга ҳеч қачон шунчалик мафтун бўлиб тикилмаган. – Ҳой қария, – деди Жиллеттанинг ғазабидан хаёли тумтарақай бўлиб Пуссен, – мана бу ханжарни кўряпсанми? Агар қизнинг зорланган овозини эшитсам, бу юрагингга санчилади, уйингни ўтда ёқаман, бирор тирик жонни омон қўймайман! Тушундинг-а? Шу онда Пуссеннинг кўнглига чироқ ёқса ёришмасди. Унинг хитоби ва¬ҳимали эди. Навқирон мусаввирнинг сўзлари ва, айниқса, сўзларига монанд қўл силташлари Жиллеттани хотиржам қилди, қиз севгилиси уни санъат йўлида, шавкатли келажаги йўлида қурбон қилганини ҳатто кечирди ҳам. Порбус билан Пуссен устахона эшиги олдида мум тишлаганча бир-бирига тикилиб турарди. Миср Марямининг муаллифи аввалига, «Оҳ, қиз ечиняпти... У қизга ёруққа ўгирил деди! У қизни Катрин Лескоси билан солиштиряпти...» дея шивирлашга журъат этди, аммо кейин Пуссеннинг юзидаги аянчли ғам-ғуссани кўриб, қайтиб оғиз очмади. Гарчанд мусаввирлар қарилик чоғи санъат билан қиёслаганда бир пулга ҳам арзимайдиган бундай хурофотларга бефарқ бўлиб қолса-да, Порбус ҳарқалай Пуссенга завқланиб тикилди: ёқимтой ва содда эди у. Йигит ханжар дастасини маҳкам сиққанча эшикка қулоқ тутиб турарди. Икковлон шу тобда мустабидни ўлдириш учун панада пайт пойлаб турган фитначиларга ўхшарди. – Киринг, киринглар! – деди эшикни қия очган чол бахтдан оғзи қулоғига етиб. – Асарим – тенгсиз, энди уни ғурур билан кўрсатсам бўлади. Ҳеч қайси мусаввир ҳеч қачон гўзал ишрат париси – менинг Катрин Лескомга тенг рақиб яратолмайди! Сабрсиз иштиёқ алангасида қоврилаётган Порбус билан Пуссен устахонага отилиб кирди – ҳар тўртала деворига ҳам картиналар осилган, чанг-чунг босган кенг бир ивирсиқ хона. Улар олдин яримяланғоч аёлнинг бўй баравар тасвири қаршисида маҳлиё бўлганча туриб қолишди. – О, бунга аҳамият бермасангиз ҳам бўлади, – деди Френхофер. – Мен тик турган аёл қоматини ўрганиш учунгина чизганман буни, ўзи сариқ чақага ҳам арзимайди. Мана булар эса каминанинг хатолари, – дея сўзида давом этди чол деворларни қоплаган ажойиб асарларни кўрсатиб. Френхофернинг шундай картиналарга нафрат билан беписанд қараётгани¬дан ажаб¬ланган Порбус билан Пуссен энди чол бебаҳо деб таъриф этган асарни ахтармоққа тушишди. Аммо уни топа олишмади. – Мана, қаранг! – деди сочи ҳурпайган, юзи бўғриққан, кўзлари чақнаган чол ишқ шаробидан маст йигитдек энтика-энтика нафас олар экан. – Ҳа, – дея хитоб қилди у, – бундай баркамолликни кутмаган эдингизми? Қаршингизда турган аёлга боқмай ҳадеб бир нимани ахтарасиз! О, бу полотнода шу қадар теранлик борки! Ҳаво-чи, ҳаво? У сиз нафас олаётган ҳаводан сира фарқ қилмайди. Санъат қаерда, дейсизми? Санъат йўқ – ғойиб бўлган. Мана – қизнинг бадани. Мана – ҳаво! У қиз баданини сийпалаб, чирмаб олмоқда, буни сезяпсизми? Осмондаги юлдузлар ҳам ахир мана шундай – сувдаги балиқлар каби тасаввур уйғотмайдими? Аёл ва бошқа буюмлар бир-биридан ажралиб турганига нима дейсиз? Бу қадди-қоматни қучиб олиш мумкиндек туюлмаяптими сизга? Қуёш нури бирор жисмга тушганида у қандай кўриниш олишини бекорга етти йил ўрганмадим, ахир. Ёки мана бу сочларга боқинг, нақадар нурга йўғрилган у! Қаранг, аёл хўрсиниб қўйгандек бўлди!.. Кўкрагини... қаранг! Оҳ, унинг қаршисида тиз чўкмайдиган одам бормикан дунёда? Бадани титраб кетди! Мана кўрасиз, у ҳозир ўрнидан туради!.. – Бирор нимани кўряпсизми? – деб сўради Пуссен Порбусдан. – Йўқ. Сиз-чи? – Ҳеч нарсани... Чол ўзига такрор-такрор ҳамду сано ўқиши учун имкон бериб, икки мусаввир полотнога тик тушаётган нур таассуротни бузмаётганмикан, дея текшира бошлашди. Улар дам ўнгга, дам сўлга ўтиб, гоҳ эгилиб, гоҳ ростланиб картинага обдон тикилишди. – Ҳа, ҳа, бу – картинанинг ўзи, ўзгинаси, – деди Френхофер уларнинг бундай синчковлигини янглиш тушуниб. – Қаранг, мана бу – қасноқ, мана бу –молберт, мана булар эса менинг бўёқларим ва мўйқаламларим... У ҳатто мўйқаламлардан бирини олиб, соддадилларча мусаввирларга кўрсатиб ҳам қўйди. – Қари туллак устимиздан куляпти, – деди Пуссен яна полотно қаршисига келиб. – Бу ерда фақат гирди кўплаб ғалати чизиқлар билан ўралган, палапартиш суркалган бўёқ чапланмаларини кўряпман, холос. – Йўқ, биз хато қилибмиз, қаранг! – дея эътироз билдирди Порбус. Улар яқинроқ бориб картинанинг бир чеккасида бўёқларнинг мажҳул тумани аро яланғоч оёқ учини кўриб ҳайратдан анграйиб қолишди. Ақл бовар қилмасди: жиндай-жиндайдан қадам-бақадам яксон этилган асарнинг бу парчаси қандай омон қолди экан?! Ёниб кул бўлган шаҳар вайроналари орасидан топилган Венера ҳайкалининг қолдиғи кишида қандай таассурот уйғотса, картинадаги оёқ ҳам худди шундай таассурот уйғотарди. – Бунинг тагига аёл яширилган! – деди Порбус картинани якунлаш ниятида қари рассом устма-уст чаплаган бўёқлар қатламини Пуссенга кўрсатиб. Френхофер тушиб қолган жазавани сал-пал англай бошлаган икки мусаввир иттифоқо чолга ўгирилиб қаради. – У оғзидан чиқаётган гапларга чиппа-чин ишонади, – деди Порбус. – Ҳа, дўстгинам, – деди чол бирдан ўзига келиб, – ишониш зарур. Шундай санъат асари яратиш учун зўр ишонч-ла ишга киришишинг, ёлғиз унинг оламида яшашинг лозим. Мана бу сояни тасвирлаш озмунча вақтимни олганми, ахир! Қаранг, мана бу ер – ёноғига, кўз остига тушган нимсояга; ваҳоланки, табиатдаги бу хил ҳолатни кўчириш деярли амримаҳол. Сизнингча, мен бундай кўланкани чизишга осонликча эришдимми? Йўқ, асло! Қадрдон дўстим Порбус, ана энди асаримга диққат билан боқсанг, дўнглик ва думалоқлик ҳақида айтган сўзларим сенга аён бўлади-қолади. Аёл кўкрагига қандай табиий ёруғлик туширганимга разм сол, мен ёрқин шуъла ва қуюқ бўёқ орқали бу ерда мана шундай ёруғликни жамлай олдим, уни баданнинг кунгай жойларидаги жилвакор оқлик билан қўшиб юбориш ва, аксинча, сояки жойларидаги бўёқ бўртиқлиги ва дағаллигини силлиқлаш эвазига қиз вужудидаги ҳар қандай расм изи ва нотабиийликни бартараф этдим ва қарабсанки, тана чизиқлари ҳам жонли шаклни олди. Энди яқинроқ келинг-да, услубга диққат қилинг. Буни узоқдан туриб кўриб бўлмайди. Мана бу ер, менимча, шоён диққатга лойиқ! – У мусаввирларга мўйқалам учи билан ёрқин бўёқларнинг қуюқ қатламини кўрсатди. Порбус чолнинг кифтини қоқиб қўйди-да, Пуссенга ўгирилиб: – Бизнинг наздимизда, у – буюк мусаввир, биласизми шуни? – деди. – У мусаввир эмас, кўпроқ шоир шекилли, – деди Пуссен жиддий тортиб. – Мана бу ерда, – деди Порбус картинага бармоқ теккизиб, – курраи арздаги санъатимиз ниҳоя топади. – Кейин эса арши аълога ғарқ бўлади, – дея қўшимча қилди Пуссен. – Қария бу полотно устида не-не ҳузурбахш онларни бошдан кечирмаган! Бироқ ўз фикр-хаёлига ғарқ бўлган чол бу икки мусаввир суҳбатига қулоқ солмас, у тасаввурида гавдалантирган аёлга жилмайган кўйи термилиб турар эди. – Эртами-кечми полотнода ҳеч вақо йўқлигини сезади у! – деди Пуссен. – Полотномда ҳеч вақо йўқ дейсизми? – деб қичқириб юборди қўққис ўзига келган Френхофер бир мусаввирга, бир картинасига қараб. – Нима қилиб қўйдингиз? – деди Порбус Пуссенга зарда билан. Чол йигитнинг қўлидан маҳкам ушлаб олди. – Сен нимани ҳам кўрардинг, қишлоқи, тирмизак, нодон, хумкалла! Бу ерга нега келдинг ўзи? Оҳ, кўнгилчан Порбусим, – деди у кейин мусаввирга ўгирилиб, – сиз-чи, сиз ҳам менинг устимдан куляпсизми? Жавоб берсангиз-чи! Мен дўстингизман, ахир. Ростини айтинг, картинамни бузиб қўйибманми? Порбус аввалига каловланиб ғўлдиради, бироқ чолнинг бўздек оқарган юзида даҳшатли бир ҳадик зуҳур этгач, у полотнога имо қилиб, бундай де¬йишга мажбур бўлди: – Ўзингиз ҳам қараб боқинг! Френхофер бир муддат картинани кўздан кечирдию қўққис гандираклаб кетди. – Ҳеч нима йўқ! Ҳеч нима! Оҳ, ўн йиллик меҳнатим... – У ўтириб, ҳўнграб юборди. – Демак, мен бир аҳмоқман, телбаман! На истеъдод, на қобилият бор менда, беҳуда яшаб юрган пулдор бир кимсаман, холос. Эвоҳ, мен аслида ҳеч нима яратмабман-а! У жиққа ёш кўзлари билан картинасига қаради. Сўнг бирдан қаддини ғоз тутиб, икки мусаввирга еб қўйгудек тикилди. – Исонинг қони ва жони ҳаққи қасам ичаманки, сизлар ҳасадгўйсиз! – деб қичқирди у. – Сизлар картинамни ўзингизники қилиб олмоқчисиз, шу ниятда бузиб қўйгансиз деб менга фириб беряпсиз. Аммо мен, мен уни кўриб турибман – у ҳайратомуз даражада гўзал аёл! Шу пайт Пуссен бир бурчакда йиғлаб ўтирган Жиллеттанинг овозини эшитиб қолдию унинг қошига шошилди. – Нима бўлди сенга, фариштам? – деди мусаввир яна ошиқ йигитга айланиб. – Ўлдир мени! – деди қиз қаҳрли овозда. – Чунки энди сендан нафратланаман, сени аввалгидек севиш бу – шармандалик! Сенга суйиб қараяпман-у, айни чоқда жирканяпман ҳам. Мен сени севаман, аммо севгимни нафрат енгиб бораётгандек! Пуссен Жиллетта билан овора экан, ўғри шарпасини сезган заргар тилла зеб-зийнатлар қутисини қандай яширса, Френхофер ҳам ўз Катрини устига хотиржамлик билан, авайлаб яшил мато тортди. Чол иккала мусаввирга хўмрайиб қаради, унинг нигоҳи нафрат ва шубҳага тўла эди. Сўнг уларни устахона эшигигача миқ этмай, асабий шошқалоқлик билан кузатиб қўйди-да, уй бўсағасида: – Алвидо, азизларим! – деди. Бундай хайрлашувдан иккала мусаввирнинг ҳам кўнгли ғаш тортди. Эртасига Порбус Френхофердан хавотирланиб, хабар олгани унинг уйига борди. Чол ҳамма картиналарини ёқиб юборган ва ўша оқшом қазо қилган экан. Париж, 1832 йил, феврал Таржимондан Давр ўзгариши билан маънавият ва маърифат масалаларига муносабат ҳам ўзгариб боради. Одамзод бундан чорак аср илгари ҳатто истироҳат боғларидаги кутубхоналарда ҳам мукка тушиб китоб ўқир, газета ва журналларнинг янги сонларини варақлар, таниш дўкончиларга ялиниб-ёлвориб, нафақат Москва, балки Тошкентда ҳам нашр этилган мумтоз китобларни сотиб олиш чорасини қидирар эди. Ўша яқин-олис замонларда ёшлар ҳам, катталар ҳам саргузашт китоблардан кўра, Шарқ ва Ғарб адабиёти классикларининг асарларини ўқишга кўпроқ иштиёқманд эди. Афсуски, бугунги ёшлар ва бугунги катталар на Толстой, на Балзак, на Фузулий асарларини ўқишга эҳтиёж сезади. Камина «Тафаккур» журнали тавсияси билан Оноре де Балзакнинг «Ғойиб бўлган дурдона» ҳикоясини мутолаа қилар эканман, турли ўткинчи юмушлар билан банд бўлиб, жаҳон мумтоз адабиётидан узоқлашиб қолганимни ўкинч-ла ҳис этдим. Буюк истеъдоднинг биргина шу ҳикоядаги порлоқ шуълалари бағримни шу қадар жимирлатиб юбордики, нўноқ таржимонлардан бўлишимга қарамай, уни ўзбек тилига ўгирмоққа жазм қилдим. Устозларнинг хотирлашича, Ойбек домла жаҳон адиблари орасида Балзакни кўпроқ мутолаа қилган экан. Кимдир менга мазкур франтсуз адибининг бирор машҳур асари билан «Қутлуғ қон»ни қиёсий ўргансангиз, Ойбек маҳорати сирларини кашф этган бўлардингиз, дегани ёдимда. Афсуски, мен бу маслаҳатга ўша вақтда эътибор бермаган эканман. Балзак бошқа буюк франтсуз адиби Стендал билан бир даврда яшаган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Франтсиянинг ўша даврдаги ҳаётини кузатиб, мушоҳадалари асосида ёстиқдек-ёстиқдек ки¬тоблар битган. Аммо Стендал, Андре Моруа ёзганидек, персонажлари ёрдамида фақат ўзининг руҳий дунёсини очган бўлса, Балзак «бутун бир оламни бунёд этганки, бу олам бир вақтнинг ўзида ҳам унинг даврига, ҳам бошқа барча даврларга тааллуқлидир». Балзак рус шоири Пушкин билан бир йилда (1799) туғилиб, ундан 13 йил кейин, 1850 йили ҳаётдан кўз юмган. Ана шу 13 йил унинг учун айниқса самарали бўлган. Аввало, у ёшлик ва йигитлик фаслларида ёзган битикларидан воз кечган ва ўз олдига ғоят улкан вазифани қўйган. У буюк италян шоири Дантенинг «Илоҳий комедия»си ўрта асрларда Европа халқлари ҳаётига қандай зўр таъсир кўрсатган бўлса, ХИХ аср ҳаётига ана шундай таъсир кўрсата оладиган асарлар туркумини яратишга аҳд қилган ва бу туркумни «Инсоний комедия» деб атаган. У, Дантедан фарқли ўлароқ, ўз туркумида нариги дунё воқеаларини ва кишиларнинг у дунёдаги ҳаётини эмас, балки ўзи гувоҳ бўлган давр ҳодисаларини, замондошларининг серқатлам ва мураккаб ҳаётини акс эттиришга бел боғлаган. Балзак «Ахлоқий этюдлар», «Фалсафий этюдлар», «Таҳлилий этюдлар» деб аталган уч туркумга жо бўлган романларида, адабиёт тарихчилари ёзганидек, ХИХ асрдаги франтсуз жамияти анатомиясини очиб ташлайди. Шуниси ғаройибки, Балзак болалик йилларида касалманд бўлгани сабабли ота-онаси уни ҳатто ўқишдан ҳам олиб қолишган экан. Аммо вилоятда (Турда) туғилган йигит оиласи билан Парижга кўчиб келганидан сўнг, таълим олгани адлия соҳасини танламай, Сорбоннада машҳур франтсуз олимларининг адабиёт бўйича маърузаларини тинглаб, ёзувчи бўлишга қарор қилади. Табиат нимжон бир йигитга шундай куч ва ирода ато этган эканки, у тинимсиз меҳнат ва машқ орқасида ҳам жисмоний, ҳам ижодий жиҳатдан забардаст шахс даражасига эришади. Ўз олдига зодагонлик рутбасини олиш, депутатлар палатасига ва Франтсия академиясига аъзо бўлишдек юксак мақсадларни қўяди. Аммо минг хил ҳаётий ва ҳавойи орзулар қанотида яшаган адибнинг бош мақсади буюк италян шоири билан рақобатлашиш эди. «Инсоний комедия» олтмишдан зиёд романдан иборат. Бу романлар марказида ноёб истеъдодини тўлиқ намоён этиш имконига эга бўлмаган ночор инсон тақдири туради. Биз «Ғойиб бўлган дурдона» ҳикоясида ҳам шундай қаҳрамон тақдири билан танишамиз. Томчида қуёш акс этади, деганларидек, шу ҳикояда ҳам Балзакнинг нафақат беназир адиблик маҳорати, балки ўзи тасвирламоқчи бўлган кишилар, воқеалар, соҳаларни бениҳоя пухта билиши яққол кўринади ва бизни ҳайратга солади. Сиз, азиз журналхонни билмадим-ку, аммо Балзакнинг бу кичик дурдонаси менинг классик адиб ва классик адабиётга нисбатан хиралашиб қолган кўзларимни дафъатан очиб юборгандек бўлди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58013 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22044 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |