Xудбин Паҳлавон (ривоят) [Oskar Uayld]

Xудбин Паҳлавон (ривоят) [Oskar Uayld]
Xудбин Паҳлавон (ривоят) [Oskar Uayld]
Ҳар куни пешиндан сўнг мактабдан қайтган болалар Пахлавоннинг боғига келиб ўйнашни одат қилиб олишган эди.
Бу боғ жуда кенг, ям-яшил майса билан қопланган, майсалар орасида эса, чарақлаб турган юлдузлардек, гуллар очилиб туришарди, тағин боғда ўн икки туп шафтоли дарахти бўлиб, улар кўклам чоғи марваридсимон гулларга берканишар, кузда эса ғарқ пишган мевалари оғирлигидан пастга эгилишарди. Дарахтларга қўнган қушчалар шундай ёқимли сайрашардики, болалар кўпинча беихтиёр ўйинларидан тўхтаб қушчалар овозига махлиёларча қулоқ солишарди. «Қандай мазза-а бу ерда!», чуғурлашишарди улар бир-бирларини қувлашиб.
Кунлардан бир кун Пахлавон уйига қайтиб келди. У ўртоғи, одамхўр Корниуелникида етти йил меҳмон бўлиб, етти йил суҳбатлаша-суҳбатлаша, охири, гапи тамом бўлгач, ўз қўрғонига қайтган эди. Келиши биланоқ унинг кўзи, боғда ўйнаётган болаларга тушди.
«Нима қилаяпсизлар бу ерда?», дея ўшқирди у ҳирқироқ овозда. Болалар эса дуч келган томонга тўзғиб, қочиб кетишди.
«Бу менинг ва фақат менинг боғим, - деди Паҳлавон. - Ҳамма билсинки, ўзимдан бошқа ҳеч кимга бу ерда ўйнашга рухсат йўқ».
Шундан кеиин у боғ атрофини баланд девор билан ўраб олиб, огоҳлантирувчи тахтача осиб қўйди:
РУХСАТСИЗ КИРГАНЛАР ҚОНУНАН ЖАЗОЛАНИШАДИ
Бечора болалар энди қаерда ўйнашни билишмасди. Улар бир-икки катта йўл бўйларида ўйнаб кўришди, лекин йўллар жуда чанг ва майда тошлар билан қоплангани учун уларнинг кўнглига ёқмас эди. Кўпинча улар дарслардан кейин баланд девор тагида юришиб, ичкаридаги ажойиб боғни қўмсашарди. «Қандай мазза қилардик-а у ерда», дея эслашарди.
Баҳор келиб ўлканинг ҳамма жойларида дарахтлар гул билан қопланди, қушлар учиб келишди. Фақат Xудбин Паҳлавон боғида ҳали ҳам Қиш эди. Қушчалар сайроғидан дарак ҳам йўқ, чунки болалардан дарак йўқ эди-да; дарахтлар эса гўё гуллашни эсидан чиқаргандек. Ўша ҳалиги гўзал гуллар майсалар орасидан мўралашиб огоҳлантириш тахтачасини кўриб қолишди ва шунчалар хафа бўлиб кетишдики, бошларини яна ўтлар орасига олиб, уйқуга кетишди. Боғда фақатгина Қор билан Аёзни эъзозлайдиган ўсимлигу жонзотлар қолишди. «Баҳор бу боғни эсидан ҳам чиқариб юборди, - деб тантана қилишарди улар, - биз энди бутун йил давомида шу ерда яшайверамиз». Қор ўзининг оппоқ чопони билан майсазорларни ёпарди, Аёз эса дарахтларни кумуш рангга бўярди. Кейин улар Шимол Шамолини ўзларига шерикликка чақиришди. У ўзининг момиқ чопонига ўралиб келиб, кун бўйи боғ устида айланар, камин мўриларининг ичигача кириб чийилларди. «Бу ажойиб даргоҳ, - деди у, - биз бу ерга дўлни ҳам чақиришимиз керак». Шундай қилиб Дўл ҳам бу ерда ҳозир бўлди. У, кунига уч соатлаб, қўрғон томи сополини синдиргунча гумбирлатар, кейин кўрғон ва боғ устида чир айлана бошларди.
«Во ажаб, нега Баҳор келмаяпти, - дерди Xудбин Паҳлавон дераза ёнида ўтириб оппоқ ва совуқ боғига тикиларкан. - Лекин об-ҳаво ўзгариб қолишидан умидим бор».
Аммо боғга на Баҳор ва на Ёз келди. Бошқа боғларга Куз кўпдан-кўп ширин-шакар меваларни тўкиб солди, лекин Паҳлавоига ҳеч нима бермади. «У ўта худбин-ку», дерди Куз. Шундай, унинг боғидан Қиш аримади ва Шимол Шамоли, Дўл, Аёз ва Қор дарахтлар атрофини айланиб рақсга тушаверишди.
Бир куни эрталаб Паҳлавон, эндигина уйқудан уйгониб тўшагида ётганида, нафис бир мусиқани эшитиб қолди. У шундай ёқимли эдики, бундай куйларни фақатгина шу атрофдан ўтиб кетаётган Қирол созандаларигина чалиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса, бу, ташқаридаги митти уруғхўр қушчанинг сайроғи эди. Лекин Xудбин ўз боғида қуш овозини шунчалик кўпдан бери эшитмаган эдики, бу унга дунёдаги энг дилрабо куйдек эшитиларди. Шу топда унинг тепасида рақсга тушаётган Дўл тўхтади, Шимол Шамоли эса ўкиришни бас қилди ва очиқ деразадан хушбўй ҳид таратиб кириб келди. «Шубҳасиз, ниҳоят Баҳор келди», деди Паҳлавон ва ўрнидан ирғиб ташқарига қаради.
Ҳайҳот?!
Унинг кўзи ташқаридаги ғаройиб бир манзарага тушди. Боғ деворидаги кичкина бир тирқишдан биқиниб болалар кириб келишар ва боғдаги дарахт шохларига тирмашиб чиқиб олишарди. Унинг кўз ўнгидаги ҳар бир дарахт шоҳида биттадан болакай ўтирарди. Дарахтлар эса, болалар қайтишганидан шунчалик хурсанд бўлишгандики, уларнииг шохлари болаларнинг бошлари устида меҳрибон қўллар мисоли майин тебранишарди. Қушчалар атрофда айланиб қувноқ сайрашар, гуллар эса ўтлар орасидан юқорига қараб хурсанд бўлишарди. Бу ўта оромбахш манзара эди, лекин боғнинг узоқдаги бир чеккасида ҳали ҳам қиш ҳукм сурарди. У ердаги дарахт остида бир болакай юрарди. У шундай кичкина эдики, дарахтнинг шохларига бўйи етмасдан унинг атрофида айланиб, аччиқ-аччиқ йиғларди. Бечора дарахт эса ҳалигача Аёз ва Қорнинг забтида бўлиб, Шимол Шамоли унинг устида айланиб эсарди. «Устимга чиқиб олақол, болакай», дерди дарахт ва шохларини имкони борича эгиб унга узатарди, лекин бола жуда митти эди.
Бу ҳолни кўрди-ю Пахлавоннинг юраги эзилиб кетди. «Қанчалар аблаҳ эканман-а! Бу ерга нега Баҳор келмаганини энди тушундим. Ҳозир анави болакайни кўтариб анави дарахтнинг баланд шохига ўтказаману, кейин ланати деворни бузиб-бузиб ташлайман, бундан буён боғим болалар учун ўйин майдончаси бўлади».
У қилмишидан астойдил пушаймон тортди.
Алқисса Паҳлавон зинадан тушиб, ташқи эшикни оҳиста очиб боғга чикди. Лекин уни кўрган болалар қўрқиб ҳар томонга тўзғиб кетишди ва шу заҳоти боғга яна Қиш кириб келди. Фақат митти болакайгина кўзлари ёшга тўла бўлгани учун Пахлавонни кўрмади ва қочиб кетмади. Паҳлавон унинг орқасидан оҳиста яқинлашиб, уни авайлаб қўлига олди ва дарахтга ўтказиб қўйди. Ва шу заҳотиёқ дарахт гул билан қопланди, болакай қўлларини чўзиб Паҳлавоннинг бўйнидан қучоқлаб олиб ўпиб қўйди. Бошқа болалар Паҳлавоннинг дарғазабмаслигини кўриб чопқиллашиб қайтиб келишди ва улар билан Баҳор ҳам қайтиб келди. «Бу энди сизларнинг боғингиз, болакайлар», деди Пахлавон ва ўзининг улкан болтасини олиб деворни парчалаб йиқитди. Ва шу куннинг чошгоҳида, бозорга кетаётганлар, одам ақлини лол қолдирадиган бу кўркам боғда, болалар билан ўйнаётган Паҳлавонни кўришар эди.
Улар кун бўйи, тўйгунча ўйнаб, кечқурун хайрлашиш учун Пахлавоннинг ёнига келишди.
«Ия, анави кичкина ўртоғингиз қани? - сўради у. - Мен уни дарахтга ўтқазиб кўйгандим». Паҳлавон ўзини ўпиб қўйгайи учун уни жуда яхши кўриб қолган эди.
«Биз билмаймиз, - жавоб беришди болалар. - У бу ердаи кетиб қолди».
«Сиз уни топиб айтиб қўйинг, у эртага албатта келсин», - деди Паҳлавон. Лекин болалар, унинг қаерда яшашини билмасликларини ва уни илгари ҳеч қачон кўрмаганликларини айтиб қасамга таянишди.
Ҳар куни болалар мактабдан келиб Паҳлавон билан ўйнашарди. Лекин у, меҳри тушиб қолган ўша кичкина болакайни бошқа кўрмади. Паҳлавон болаларни кўрганидан хурсанд бўларди, лекин шунга қарамасдан ўзининг биринчи ўртоғи миттивойни кутар ва уни жуда кўп эсларди. «Уни кўришни истардим», - дерди у энтикиб.
Йиллар ўтди. Паҳлавон қариб, дармонсизланди. У бошқа деярли ўйнай олмас, ўзининг чайқалувчи курсисида ўтирганча, болалар ўйинини томоша қилиб, боғининг кўринишидан лаззатланарди. «Менинг гулларим бениҳоя чиройли, дерди у, - лекин болалар уларнинг ҳаммасидан ҳам гўзалроқ».
Қиш тонгларидан бирида, ў ўз деразасидан, бу фаслнинг либосини кузатар эди. У энди Қишни кўргани кўзи йўқ, унинг учун бу, ухлаётган Баҳор бўлиб, гуллар эса дам олишаётгандек эди.
Бирдан у ҳайронликдан кўзларини ишқаб-суртиб ташқарига тикилиб қолди. Бу чиндан ҳам ғаройиб бир кўриниш эди. Боғнинг узоқ бир чеккасидан оппоқ нафис гул билан қопланган дарахт кўринарди. Унинг шохлари олтиндан бўлиб, улардан кумуш мевалар тўкилиб турар, пастда эса ўша, Паҳлавоннинг меҳри тушиб қолган митти болакай юрарди.
Қувончини ичига сиғдиролмаган Паҳлавон югуриб зинадан боғга тушди. У шундай шошардики, майсазорларни босиб-янчиб болага яқинлашди. Унинг тепасига келганида эса, шу ондаёқ ғазабдан қизариб кетган юзини унга яқинлаштириб сўради: «Қайси манфур сени жароҳатлашга журъат қилди?» Болакайнинг кафтчаларида иккита михдан қолган жароҳат излари бўлиб, яна бошқа Иккита михдан қолган излар унинг оёқчаларида кўринарди.
«Қайси манфур сени жароҳатлашга журъат қилди? - деб ҳайқирди Паҳлавон. - Айт менга, токи мен уни катта қиличим билан чопиб ташлай!»
«Керакмас, - жавоб берди бола, - булар, ахир, Меҳр жароҳатлари-ку».
«Аслида кимсан ўзинг?» - деди Пахлавон ва ғалати бир илтифот билан болакай қаршисида тиз чўкди.
Шунда бола Паҳлавонга жилмайиб жавоб берди: «Бир куни, сен менга ўз боғингда ўйнашга рухсат бермагандинг, бугун эса сен мен билан менинг Жаннатдаги боғимга кетасан».

Тушликдан кейин боғга келган болалар Паҳлавоннинг оппоқ гуллаб турган дарахт тагида ўлиб ётганини кўришди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика