Ноўрин ваъда (ҳажвия) [Abdul Hamid] |
Миш-миш тарқалди. Ҳусанбой баъзи ҳамкасблари билан гаплашмай қўйганмиш. Энг қизиғи, ўша «баъзи»лар унинг улфатларимиш. Қизиғи, Ҳусанбой улар билан уришмаган, сўкишмаган, бор-йўғи чойхонада бирга ўтирган-у... Бу гаплар, одатдагидек, тўппа-тўғри Суннат Азларовичнинг қулоғига етиб келди. У жамоа иноқлиги учун қаттиқ жон куйдиргувчи одам бўлгани учун, бу миш-мишларнинг тагига етишга қасд қилди. —Ҳусанбойни чақиринг, — деди чорловни эшитиб ёнига кирган котибасига. Орадан кўп ўтмай, хонага оғир мусибатга дучор бўлган одамдай, Ҳусанбой кириб келди. — Чақиртирган экансиз? — Келинг. Қулоғимга ғалатироқ гаплар чалинди. Тинчликми? — деди бошлиқ жиддий оҳангда. Ҳусанбой стулга оғир чўкиб, мутелик билан хўжайинга термулди. — Ҳамидбек, Ҳабибхон, Ҳасанбой, янглишмасам, улфатларингиз шекилли, — гап бошлади Суннат Азларович, — нега улар билан аразлашиб юрибсизлар? — Ҳа энди, шунчаки, — чайналди Ҳусанбой, — арзимаган гап. Бу учрашувга анча жиддий тайёргарлик кўрган бошлиққа Ҳусанбойнинг ўламса жавоби ёқмади. — Нимаси арзимаган, арзимаган бўлса, нега бунақа тумшайиб юрибсиз. Дув-дув гап. Жамоада иноқлик йўқ. Бунақада ишда унумдорлик бўладими? — Xўжайин... — Нима хўжайин, гапингиздан сезиб турибман, ҳамма бало ўзингизда. Қилгиликни қилиб қўйиб... — Йўқ, — қичқириб юборди Ҳусанбой, — мен ҳеч нарса қилмадим. Улар мени хўрлашди. Мен шунга чидолмаяпман, хўжайин. Ҳусанбой йиғлаб юборди. Бошлиқ буни кутмаганмиди ёки кап-катта эркакнинг йиғлаши шошириб қўйдими, каловланганча ходимининг олдига ўтди. Котибаси дамлаб қўйган аччиқ кўк чойдан бир пиёла қуйиб Ҳусанбойга узатди. — Қўйинг, хафа бўлманг, улар билан ўзим гаплашаман! Муни ичинг-да, нима бўлганини бир бошдан гапириб беринг? Ҳусанбой ҳиқ-ҳиқ қилганича, чойни ичиб, ўпкасини босиб гап бошлади. — Ҳар якшанба чойхонада ўтирадиган одатимиз бор. Кечаги якшанба шахсан ўзим бозор қилдим, анави танбаллар келгунча дастурхон тузадим... Ҳусанбой қараса, бошлиқ уни астойдил тинглаяпти. Илҳоми келиб кетди: — Шу десангиз, дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Паррак-паррак газакларни айтмайсизми... Анави жониворлар-чи, тур-тури билан. Жияним Америкадан мен учун атайлаб олиб келган «Виски»ни ҳам дастурхонга қўйган эдим. Туришини кўриб сўлагинг оқади, шишаси уч бурчак, беш-олти ордени, фахрий ёрлиқлари бор. Қўлингга олиб чайқасанг қулт-қулт қилиб овоз чиқаради... Бошлиқ бу таърифларни эшитар экан, қулт этиб ютиниб қўйди. Ҳусанбой давом этди: — Шуларга қараб ўзимда йўқ қувониб турсам, лоп этиб хотинимга кеча эрталаб «ичмайман» деб берган ваъдам эсимга тушиб қолса бўладими. Биласизми, хўжайин, дунё кўзимга қоронғи бўлди. Лекин ўйлаб-ўйлаб чорасини топдим. Xотинимга ичмайман деб ваъда берганман, астойдил илтимос қилишса, мажбурлашса ҳам ичмайман, демаганман-ку. Тўғрими? — Тўғри, тўғри, — деб юборди Суннат Азларович. — Xуллас, анави ярамаслар келишди. Пиёлага қуйиб узатишганда, хотинга берган ваъдамни аста эслатиб, тил учида ичмайман, дедим. Нокасларни жиндек хиралик қилар, деб ўйлагандим-да. Қаёқда, шуни кутиб тургандек, «Унда ичмаганинг дуруст», дейишдию ўзлари... Шу жойга келганда, Ҳусанбойнинг кўзида яна ёш ғилтиллай бошлади. Xўжайиннинг ҳам аҳволи ундан яхши эмасди. Ҳусанбой ҳиқиллаб гапини аранг давом эттирди: — Аблаҳлар, ҳамм-масини ичишди. Бир қултим ҳам қолдиришмади. На тихирлик қилишди, на зўрлашди. — «Виски»ни ҳамми, — деб юборди Суннат Азларович кўзларини катта-катта очиб. — Уни ҳам тинчитишди. Аламимга чидолмай қўлимга илинган шишани ерга урдиму чиқиб кетдим. Ахир, ўзбекда олинг-олинг, ширин қилиб беринг, қўлимни қайтарманг, деган гаплар бўларди-ку, хўжайин... Бошлиқ ўрнидан туриб кетди. — Ярамаслар. Шунчалик ҳам шафқацизлик қилишадими? Умрим бино бўлиб бундай бағритошларни кўрган эмасман. Xафа бўлманг, ука, бу қилмишлари учун ҳам жавоб беришади. Ўзингиздан ҳам ўтганда, ука. Xотин деганга бўлар-бўлмасга ваъда берилавермайди. Ҳусанбой ичини бўшатиб, аста ўрнидан турди. Эшик олдига келганида бошлиқ бирдан сўраб қолди: — Ҳалиги... жиянингиз Америкага яна борса керак-а? |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62716 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23724 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |