Маттео Фалконе (ҳикоя) [Prosper Merime] |
Порто-Веккодан шимоли-ғарбга[1] — оролнинг ичкарисига қараб йўл олсангиз, анча тик қияликлардан кўтарилишга тўғри келади. Катта-катта харсангтошлар қалашиб ётган, баъзи жойлари ўпирилиб кетган илон изи сўқмоқдан уч соатлар чамаси юрсангиз, боши кети кўринмайдиган қалин макига рўпара бўласиз. Маки — корсикалик чўпонлар билан қонунга чап бериб юрганларнинг макони. Айтиш керакки, корсикалик деҳқон далани ўғитлаш заҳматидан қочиб, ўрмоннинг бир четига ўт қўяди. Олов керагидан ортиқроқ жойни ёндириб юборса ҳам парвойига келмайди. Нега деганда, ёндирилган дарахтларнинг кули тушган ердан яхши ҳосил олишига ишонади-да. Бошоқлар йиғиб олинганидан кейин (сомони қолаверади, уни йиғиб олиш — машаққат), ер остида омон қолган дарахт илдизларидан янаги баҳорда навқирон новдалар кўкаради. Бир неча йил ўтиб, уларнинг бўйи етти-саккиз футга етади. Мана шу қалин чакалакни маки дейишади. Маки — бир-бири билан айқаш-уйқаш бўлиб ўсган ҳар хил дарахтлардан иборат. Одам уларнинг орасидан қўлида болта билангина йўл очиб юриши мумкин. Баъзан эса шунақа қалин макилар бўладики, ҳатто олқорлар ҳам уларнинг орасидан ўтиша олмайди. 18... йилда Корсикага борганимда Маттео Фалконенинг уйи ана шу макидан ярим милча берида эди. У ўша ердаги ўзига тўқ одамлардан эди. У сон-саноқсиз подалардан келадиган даромад ҳисобига ҳалол ҳаёт кечирарди. Унинг подаларини кўчманчи чўпонлар тоғма-тоғ ўтиб юриб боқишарди. Мен уни учратганимда эллик ёшлар чамасида эди. Ҳозир мен сизга айтиб бермоқчи бўлиб турган воқеа эса ундан икки йил бурун содир бўлган экан. Уни ўрта бўйли, лекин бақувват, жингалак сочлари қорамойдай тим қора, қирра бурун, лаблари юпқа, кўзлари тийрак, юзи ошланмаган терининг рангидаги бир одам деб тасаввур қилаверинг. Бу ўлкада уста мерганлар кўп бўлади. Аммо Маттео милтиқдан бехато отишда уларнинг ҳаммасидан ўтарди. Масалан, Маттео олқор овлаганда ҳеч қачон сочма ўқ ишлатмасди, бироқ уни бир юзу йигирма қадам наридан истаса бошидан, истаса курагидан отиб, ер тишлатарди. Кундузи қанчалик чапдаст бўлса, зим-зиё кечаси ҳам шунчалик бехато отарди. Менга унинг чапдастлигини кўрсатувчи бир воқеани айтиб беришган. Корсикада бўлмаган одамга бу муболағадек туюлиши мумкин. Ундан саксон қадам нарига — тарелкадай келадиган ялтироқ қоғоз ортига шам ёқиб қўйишипти, у мўлжалга олипти. Кейин шамни ўчириб қўйишипти. Бир минут ўтгач, қоп-қоронғу тунда ўша қоғозга қаратиб ўқ отибди. Шунда тўртта ўқдан учтасини қоғозга тегизибди. Ана шунақа фавқулодда маҳорат Маттео Фалконени машҳур қилиб юборди. Уни одамлар ҳам яхши дўст, ҳам хавфли рақиб ҳисоблашарди. Бироқ у дўстларидан жонини ҳам аямас, фақирларга меҳру шафқат билан қарар, Порто-Векко вилоятида ҳамма билан иноқ, тинч-тотув яшарди. Айтишларига қараганда, у хотинини Кортодан олган экан, у ерда жангда шаддодлик, муҳаббат бобида эса эпчиллик билан ном чиқарган хавфли рақибига шафқациз зарба берган экан. Маттеонинг милтиғидан узилган ўқ уни дераза ёнида осиғлиқ турган кўзгуга қараб турганида қулатган эмиш. Бу воқеа босди-босди бўлгач, Маттео уйланди. Xотини Жузеппа унга аввал учта қиз туғиб берди (бундан Маттео роса дарғазаб бўлган эди), кейин ўғил туғди. Унга Фортунато деб ном қўйишди. Бу номда оиланинг умиди ва уруғнинг давомчиси деган маъно бор эди. Қизларини у яхши жойларга узатди: бирон хавф-хатар туғилса, ота куёвларининг ханжари ва милтиқларига таяниши мумкин эди. Ўғли эса энди ўнга кирган, лекин бўладиган бола экани ҳозирданоқ кўриниб қолган эди. Эрта куз кунларидан бирида Маттео саҳарлаб молларидан хабар олиб келиш учун хотини билан макига жўнади. Кичкина Фортунато улар билан бирга бормоқчи бўлди, бироқ яйлов анча олис эди. Ундан ташқари, уйни ёлғиз ташлаб кетиб бўлмасди. Шу сабабга кўра отаси уни қолдириб кетди. Ота бу ишдан қанчалар пушаймон бўлгани ҳикоямизнинг давомидан аён бўлади. Улар жўнаб кетишгандан кейин бир неча соат ўтди. Кичкина Фортунато офтобрўй жойда чўзилиб ётиб, мовий тоғларга тикилганича, янаги якшанба куни шаҳарга сарорали[2] амакисиникига меҳмонга боришини ўйларди. Тўсатдан янграган ўқ овози унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. У сапчиб туриб, ўқ овози эшитилган сайҳонлик томонга ўгирилди. Яна ўқтин-ўқтин ўқ овози эшитилди. Отишма борган сари яқинлашиб келарди. Ниҳоят, сайҳонликдан Маттеонинг уйига олиб келадиган сўқмоқда жулдур кийимли, соқоли ўсиб кетган, тоғликлар киядиган учли қалпоқ кийган одам пайдо бўлди. У ҳозиргина оёғидан ўқ еган кўринарди. У порох олиб келгани кечаси шаҳарга кетаётиб, корсикалик волтижерлар[3] пистирмасига дуч келиб қолган бандит[4] эди. У жон-жаҳди билан отишиб, қоя-тошларни паналаб, қувиб келаётганларни бир амаллаб чалғитишга муваффақ бўлди. Бироқ солдатлар яқин орада эди. У эса жароҳати туфайли макига етиб боролмади. У Фортунатонинг олдига келиб, сўради: — Маттео Фалконенинг ўғлимисан? — Ҳа. — Мен Жаннетто Санпероман. Орқамдан сариқ ёқалар[5] қувиб келяпти. Мени яшир. Юргани ҳолим қолмади. — Сўрамасдан сени яширсам, отам нима дейди? — Яхши қилибсан дейди. — Қайдам? — Мени тезроқ яшир. Улар бу ёққа келишяпти. — Отам қайтгунча кутиб тур. — Кутиб тур? Лаъанати-е! Улар беш минутдан кейин етиб келишади. Қани, бўл, мени тезроқ яшир. Бўлмаса, ўлдираман! Фортунато пинагини бузмай жавоб берди: — Милтиғинг ўқланмаган. Сарҳера[6]да ўқ тугабди. — Xанжарим бор. — Барибир менга етолмайсан. У бир сакраб хавфсиз жойга чиқиб олди. — Йўқ, сен Маттео Фалконенинг ўғли эмассан! Наҳотки, уйингнинг олдида мени ушлаб олишса-ю, сен индамай тураверсанг?! Бу, афтидан, болага таъсир қилди шекилли: — Сени яширсам, менга нима берасан? — деб сўради у яқинлашиб. Бандит белбоғига илиб олган чарм халтасини титкилаб, ундан беш франклик танга чиқарди. Бу пулни у порох сотиб олиш учун яшириб қўйган шекилли. Фортунато кумуш тангани кўриб жилмайди, уни қўлига олгач, Жаннеттога гапирди: — Ҳеч нарсадан қўрқма. Бир зумда у уйнинг ёнидаги пичан ғарамини ўйиб, ковак ясади. Жаннетто ғужанак бўлиб, унга кириб олди, бола ковакнинг оғзига ҳаво кириб турадиган қилиб пичан босди. Ғарамга қараган одам, унинг ичида биров яшириниб ётганини хаёлига ҳам келтирмас эди. Бундан ташқари, бола ёввойи одамларга хос маккорлик билан яна бир тадбир ишлатди. У яқинда болалаган мушукни болалари билан олиб келиб, ғарамга жойлаб қўйди — гўё ғарамга анчадан бери ҳеч ким қўл теккизмагандай бўлди. Кейин уй ёнидаги сўқмоқда қон изларини кўриб, ҳафсала билан уларнинг устига тупроқ сепди ва яна ҳеч нарса кўрмагандай офтобрўй жойга чўзилиб олди. Бир неча минут ўтгач, сариқ ёқали жигарранг форма кийган олтита ўқчи сержант бошчилигида Маттеонинг уйи олдида туришарди. Бу сержант Фалконега узоқ қариндош эди. (Маълумки, бошқа жойларга қараганда Корсикада қариндош-уруғчиликка қаттиқроқ риоя қилинади.) Унинг исми Теодор Гамба эди. У жуда фаол одам бўлиб, анча-мунча бандитларни қўлга туширган ва бандитлар ундан зир титрашарди. — Яхшимисан, жиян! — деди у Фортунатога яқинлашиб. — Анча катта бўлиб қолибсан-ку! Бу ердан яқинда ҳеч ким ўтмадими? — Вой, амаки, мен ҳали сиздай бўлганим йўқ-ку! — деб жавоб берди бола ўзини гўлликка солиб. — Менга ҳам етиб оласан. Қани, айта қол: ҳеч ким ўтмадими? — Бу ердан ҳеч ким ўтмадими, деяпсизми? — Ҳа, узунчоқ духоба қалпоқ кийган, курткасига қизил, сариқ гул тикилган одам. — Чўзинчоқ духоба қалпоқ кийган, курткасига қизил, сариқ гул тикилган? — Ҳа, тезроқ жавоб бер, саволларимни такрорламай. — Бугун эрталаб уйимизнинг олдидан Перо деган отини миниб кашиш ўтди. У, отангнинг аҳволи қалай, деб сўради. Мен айтдимки... — Ҳа, ярамас. Муғомбирлик қиляпсан-а! Қани, бўл, тез жавоб бер: Жаннетто қаерга ғойиб бўлди? Биз уни қидириб юрибмиз. Имоним комил, у шу сўқмоқдан юрган. — Мен қаёқдан билай? — Қаёқдан билай? Лекин мен биламан — сен уни кўргансан. — Ухлаб ётган бўлсам, ўтган-кетганни қандоқ кўраман? — Ухлаганинг йўқ, муғомбир! Ўқ товушлари уйғотиб юборган. — Амакижон, милтиғингиз шунақа қаттиқ варанглайди дейсизми? Отамнинг милтиғи қаттиқроқ гумбурлайди. — Жин урсин сен лаънатини! Мен аминманки, сен Жаннеттони кўргансан. Балки уни яшириб ҳам қўйгандирсан. Йигитлар, уйга киринг. Қочоқни тузукроқ қидириб кўринг. У зўрға оқсоқланиб юрипти. Бу аблаҳнинг майиб оёқ билан макига етиб боролмаслигига ақли етади. Қон излари ҳам шу ерга келиб тамом бўлган. — Отам нима деркин? — деб сўради Фортунато истеҳзо билан. — Йўғида уйимизга бостириб киришганини билса, отам нима деркин? — Муттаҳам! — деди Гамба унинг қулоғидан чўзиб. — Истасам, бир зумда бошқача сайраб қоласан. Сенинг тилга киришинг учун қиличнинг бети билан жиндай савалаш керакка ўхшайди. Фортунато эса истеҳзосини давом эттираверади: — Менинг отам — Маттео Фалконе! — деди у маънодор қилиб. — Биласанми, шумтака, истасам, сени Кортога ёки Бастияга олиб бориб, турмага тиқиб қўяман. Қўл-оёғингга кишан уриб похолга ётқизаман-да, каллангни оламан. Яхшиси, Жаннетто Санперонинг қайдалигини айт. Бола бундай кулгили пўписани эшитиб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. У ҳамон такрорларди: — Менинг отам — Маттео Фалконе. — Сержант! — деди пичирлаб волтижерлардан бири. — Келинг, қўйинг. Маттео билан ўчакишиб нима қиласиз? Гамба ночор аҳволда қолди. У солдатлар билан шивир-шивир қилиб алланимани гаплашди. Солдатлар бир зумда уйни титкилаб қараб чиқишди. Бунга кўп вақт кетгани йўқ. Чунки корсикаликнинг кулбаси битта чорбурчак хонадан иборат бўлади. Стол, курси, сандиқ, баъзи бир уй анжомию овчилик ускуналари — унинг бор-йўқ бисоти шу. Бу орада кичкина Фортунато мушукни силаб ўтирар ва волтижерлар билан амакисининг довдираб қолишганидан ичида кулаётгандай эди. Солдатлардан бири ғарамнинг олдига борди. Мушукни кўриб, лоқайдлик билан пичанга найза санчди, сўнг барибир, бу беҳуда гап, дегандек елкасини қисди. Ғарам ичида ҳеч нарса ғимир этмади, боланинг чеҳрасида ҳам заррача ташвиш аломати сезилмади. Сержант ва унинг отряди борган сари бетоқат бўла бошлади. Улар келган томонларига қайтиб кетишга чоғлангандек, сайҳонликка нигоҳ ташлай бошлашди. Лекин бу орада уларнинг бошлиғи Фалконенинг ўғлига дўқ-пўписалар заррача таъсир қилмаётганига қаноат ҳосил қилгач, яна бир бор уриниб кўришга, энди мулойимлик билан синаб кўришга аҳд қилди: — Жиян! — деди у. — Сен ўзинг дуруст бола кўринасан. Мартабанг улуғ бўлади. Лекин ҳозир бекорга ўжарлик қиляпсан. Агар биродарим Маттеони ранжитишдан қўрқмаганимда сени олиб кетардим. — Шунақа денг! — Ҳали Маттео келганда, ҳаммасини унга айтиб бераман. Ёлғон гапирганинг учун таъзирингни бериб қўяди. — Кўрамиз... — Ҳа, кўрасан... Менга қара: ақлли бола бўлсанг, мен сенга бир нарса берардим. — Мен бўлсам, амакижон, сизга маслаҳат бераман: агар сусткашлик қилсангиз, Жаннетто макига кириб кетади. Ундан кейин уни ушлаб олиш учун сиздақалардан яна анчаси керак бўлади. Сержант киссасидан кумуш соатини чиқарди. У камида ўн экю турарди. Соатни кўриб, кичкина Фортунатонинг кўзлари ёнганини сезган сержант пўлат занжирнинг учидан ушлаб соатни осилтирганича гап бошлади: — Ҳой, муғомбир! Кўкрагингга шунақа соат осиб, Порто-Векко кўчаларидан товусдай гердайиб юргинг келар-а? Ўтган-кетган сендан: «Соат неча?» деб сўрайди, сен эса: «Мана, ўзингиз кўра қолинг», деб соатни тутасан. — Катта бўлганимда капрал амаким менга соат совға қилади. — Шундоғу, лекин амакинг ўғлига ҳозирнинг ўзида соат олиб берган... Тўғри, у соат бунчалик чиройли эмас... Амакингнинг ўғли ҳали сендан кичкина... Бола чуқур тин олди. — Xўш, нима дейсан, соатни олгинг келяптими, жиян? Соатга кўз қирини ташлаб турган Фортунато эгаси жўжани кўрсатиб эрмак қилаётган мушукнинг аҳволига тушиб қолган эди. Мушук ғашига тегишаётганини сезиб, жўжага чангал уришга ботинолмайди, вас-васдан қочиш учун ўқтин-ўқтин ундан кўз узади, дақиқа сайин тамшанади ва бутун қиёфаси билан хўжайинга қараб, «ҳазил ҳам шунақа бешафқат бўладими?» деяётгандай бўлади. Аммо сержант Гамба чиндан ҳам соатни унга совға қилмоқчи кўринади. Фортунато соатга қараб қўл чўзмади-ю, лекин аччиқ алам аралаш гапирди: — Нега мени мазах қиляпсиз?[7] — Xудо ҳаққи, мазах қилаётганим йўқ. Жаннеттонинг қаердалигини айцанг, бас, соат — сеники. Фортунато ишонқирамай жилмайди, унинг қора кўзлари еб қўйгудек бўлиб сержантнинг кўзларига қадалди. Бола унинг кўзларидан гапига ишонса бўлиш-бўлмаслигини уқиб олмоқчидай эди. — Агар соат сеники бўлмаса, эполетимдан айрилай, — деб қичқирди сержант. — Мана, солдатлар гувоҳ бўлсин, мен сўзимдан қайтмайман. Шу сўзларни айтар экан, у соатни Фортунатога тобора яқин олиб келар, соат боланинг ранги ўчган юзига тегай-тегай деб турарди. Боланинг қалбида соатни олиш истаги билан меҳмондўстлик бурчи ўртасида жўш ураётган кураш унинг юзига ҳам тепган эди. У гўё ҳозир бўғилиб қоладигандек, ҳансираб нафас оларди. Соат эса қаршисида чайқалиб, занжирда айланиб, бурнининг учига тегай-тегай деб турибди. Ниҳоят, Фортунато соатга журъацизгина қўл чўзди, ўнг қўлининг бармоқлари соатга тегди, мана сержант занжирни қўйиб юборган бўлмаса-да, соат боланинг кафтига қўнди... Мовий циферблат. Ярақлаб турган қопқоқ... Қуёш нурига ёнаман дейди... Бундай ўлжадан воз кечиш амримаҳол эди. Фортунато чап қўлини кўтариб, бош бармоғи билан елкаси оша ўзи суяниб турган пичан ғарамига ишора қилди. Сержант дарров тушунди. У занжирнинг учини қўйиб юборди. Фортунато энди соат ўзиники бўлганига чиндан ишонди. У кийикдай чаққон сакраб турди-да, волтижерлар тита бошлаган ғарамдан ўн қадамча нарига югуриб борди. Пичан ғимирлади ва ғарам ичида қонга беланган одам қўлида ханжар билан ўрмалаб чиқиб келди. У ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин оёғидаги жароҳати бунга имкон бермади. У йиқилди. Сержант унга ташланиб, ханжарини тортиб олди. Роса қаршилик кўрсатишига қарамай, шу заҳоти унинг қўл-оёғини чандиб ташлашди. Қўл-оёғи боғлиқ, бир боғ ўтиндай ерда ётар экан, Жаннетто олдига келган Фортунатога юзини ўгирди-да: — ... Ўғил эмиш! — деди. Унинг оҳангида ғазабдан кўра нафрат кучлироқ эди. Бола ундан олган кумуш тангани қайтариб олдига ташлади — бу инъомни олишга ҳаққи йўқлигига ақли етди. Лекин жинояткор унинг бу ишига заррача ҳам эътибор бермади. У жуда босиқ оҳангда сержантга мурожаат қилди: — Муҳтарам Гамба! Мен юролмайман. Мени шаҳаргача кўтариб борасизлар. — Ҳозиргина эчкидай шаталоқ отиб югуриб юрувдинг-ку! — деди шафқациз ғолиб. — Майли, хотиржам бўл, қўлимга тушганингнинг хурсандчилигига ўзим сени бир миля жойга опичиб боришга тайёрману, лекин анча чарчаганман. Майли, ошна, сен учун шох-шабба билан плашингдан замбил ясаймиз. Кресполидаги хонадонлардан от оламиз. — Майли, — деди банди. — Лекин замбилга бир оз похол солинглар. Менга қулайроқ бўлсин. Волтижерлардан баъзилари каштан шохларидан замбил ясаётган, баъзилари Жаннеттонинг ярасини боғлаш билан банд бўлиб турган пайтда, макига олиб борадиган сўқмоқнинг бурилишида тўсатдан Маттео билан хотини пайдо бўлди. Xотини каштан ёнғоқлари солинган катта қанорнинг оғирлигидан эгилиб зўрға қадам босар, эри эса қўлида битта милтиқдан бошқа юки йўқ — енгил ва шахдам юриб келарди. Эркак кишига қуролдан бошқа юк номуносиб-да! Солдатларни кўриб, Маттео аввалига, улар мени қамагани келишган, деб ўйлади. Бундай фикр қаёқдан келди? Наҳотки, Маттеонинг ҳукуматга манзур бўлмайдиган бирон кирдикори бўлса? Йўқ, у яхши одам, деб ном чиқарган. У ўз аравасини тинчгина судраб юрадиган фуқаролардан. Аммо у, айни чоқда, корсикалик ҳам, тоғлик ҳам эди. Қайси бир корсикалик — тоғлик ўз хотирасини тузукроқ ковлаштириб кўрса, ўтмишда қилиб қўйган бирон гуноҳини тополмайди? Бировни отиб қўйишми, чавақлаб кетишми ёки шунга ўхшаш бирон майда гуноҳдан соқит одам борми? Маттеонинг виждони ҳамманикидан ҳам тоза эди, чунки, мана, ўн йил бўлди, одам боласига милтиқ ўқталгани йўқ, лекин шундоқ бўлса-да, у сергакланиб, зарур бўлса, ўзини матонат билан ҳимоя қилишга чоғланди. — Xотин! — деди у Жузеппага. — Юкингни қўйиб, тайёрланиб тур. Хотини дарҳол унинг айтганини қилди. Эри елкасида осиғлиқ милтиқни олиб унга узатди — у халақит бериши мумкин эди-да. Иккинчи милтиқни ўқталганча, йўл бўйидаги дарахтларни паналаб, оҳиста уйига яқинлаша бошлади. Солдатлар сал-пал қалтис ҳаракат қиладиган бўлсалар, у дарҳол йўғон дарахт панасига яшириниб, у ердан отишиши мумкин эди. Жузеппа иккинчи милтиқ билан ўқ халтани кўтариб, унинг изидан келарди. Яхши хотиннинг бурчи — жанг вақтида эрига милтиқ ўқлаб бериб туриш бўлади. Маттеонинг милтиқ ўқталиб, тепкини босишга тайёр ҳолда оҳиста яқинлашиб келаётганини кўрган сержантнинг юрагига ғулу тушди. «Борди-ю, — деб хаёлидан ўтказди у, — Маттео Жаннеттонинг қариндошими, дўстими бўлса-ю, уни ҳимоя қилиб қолса-чи? Унда бирдан икки киши унинг иккита ўқига учиши турган гап. Қариндошлигимизга қарамай, менга ўқ узса нима бўлади?» Ниҳоят, у дадиллик билан бир фикрга келди — Маттеога пешвоз чиқиб, ҳамма гапни қадрдон дўстига айтгандай, оқизмай-томизмай айтиб беришга аҳд қилди. Маттеодан ажратиб турган қисқагина масофа унга ҳаддан ташқари узундай кўринди. — Ҳа, ошна! — деб қичқирди у. — Аҳволинг қалай, дўстим? Мен Гамбаман, қариндошинг! Маттео бир оғиз сўз айтмай, жойида тўхтади. Сержант гапирар экан, у милтиғининг оғзини секин-аста юқорига кўтара бошлади. Сержант яқинлашиб келганда унинг милтиғи осмонга қараб турарди. — Яхшимисан, биродар![8] — деди сержант кўришишга қўл чўзиб. — Учрашмаганимизга ҳам анча бўлди. — Яхшимисан биродар! — Мен йўл-йўлакай сен билан ҳам, синглим Пеппа билан ҳам кўришиб кетай деб келган эдим. Бугун жуда кўп юрдик, лекин овимиз бароридан келди. Ношукурчилик бўлмасин, чарчасак ҳам гўрга, ҳозиргина Жаннетто Санперони қўлга туширдик. —Худога шукур! — деб нидо қилди Жузеппа. — Ўтган ҳафта соғин эчкиларни ўмариб кетган эди. Унинг гапи Гамбани хурсанд қилди. — Бечора! — деди Маттео. — У оч эди! — Бу аблаҳ шердай олишди, — деб давом этди сержант бир оз энсаси қотиб. — У менинг ўқчиларимдан бирини отиб ўлдирди, капрал Шардоннинг қўлини майиб қилди. Майли, бунисига чидаса бўлади. Шардон франсуз... Кейин десанг, у шунақа усталик билан яшириниб олибдики, уни алвасти ҳам тополмасди. Агар жияним Фортунато бўлмаса, мен уни икки дунёда ҳам тополмасдим. — Фортунато? — деб қичқирди Маттео. — Фортунато? — деб такрорлади Жузеппа. — Ҳа, Жаннетто анави ғарамнинг ичига яширинган экан. Жияним унинг ҳийласини айтиб берди. Мен буни капрал амакисига гапириб бераман. У жиянимни тақдирлаб, яхши совға юборади. Мен эсам прокурор номига ёзадиган ахборотимда сени ҳам, уни ҳам тилга оламан. — Минг лаънат! — деди Маттео эшитилар-ешитилмас. Улар отряднинг олдига келишди. Жаннетто замбилда ётарди. Солдатлар жўнаш тараддудида эдилар. Маттеони Гамбанинг ёнида кўриб Жаннетто ғалати бир истеҳзо билан кулди-да, кейин уй томонга юзини ўгириб, остонага тупурди. — Сотқиннинг уйи! — деди у ижирғаниб. Ўлимини бўйнига олган одамгина юрак ютиб, Фалконени сотқин деб аташга журъат қилиши мумкин эди. Xанжарнинг бир зарби билан бу ҳақоратга жавоб берса бўларди. Биргина зарби билан! Аммо Маттео ногаҳоний кулфатдан синган одамдай муштини пешанасига тираганча донг қотиб қолди. Фортунато отасини кўрибоқ уйга кириб кетган эди. Орадан кўп ўтмай, у бир коса сут кўтариб ичкаридан чиқди ва ерга тикилиб туриб, уни Жаннеттога узатди. — Йўқол кўзимдан! — даҳшатли овоз билан ҳайқирди маҳбус. Кейин волтижерлардан бирига юзланиб, илтимос қилди: — Ошна! Менга сув бер. Солдат унга сувлуғини узатди. Бандит ҳозиргина рақиби бўлган одамнинг қўлидан сувлуқни олиб, сувдан бир-икки қултум ҳўплади. Сўнгра қўлини орқасига қайириб боғламасдан, кўкраги устига боғлашларини сўради. — Қулайроқ ётишни маъқул кўраман, — деди у. Бир зумда унинг илтимосини бажо келтиришди, сўнг сержант қўзғалишга ишора бериб, Маттео билан хайрлашди, лекин ундан садо чиқмагач, сайҳонликка қараб тез-тез юриб кетишди. Орадан ўн минутча ўтди, Маттео эса ҳамон индамас эди. Бола хавотир ичида гоҳ онасига, гоҳ отасига термулиб қараб қўярди. Отаси милтиққа суянганча, босиб келаётган ғазабини тизгинлаёлмай, қаҳр билан ўғлига тикиларди. — Боплабсан! — деди ниҳоят Маттео хотиржам оҳангда. Аммо бу одамни билганлар хотиржамлик замиридаги қаҳр-ғазабдан воқиф эдилар. — Ота! — деб қичқириб юборди бола. Унинг кўзларидан ёш тирқиради. У тиз чўкмоқчи бўлгандай, олд томонга бир қадам қўйди. Лекин Маттео бирдан ҳайқирди: — Йўқол! Бола ҳўнграб йиғлаганча отасидан бир неча қадам нарида тошдек қотиб туриб қолди. Жузеппа уларга яқинлашди. У Фортунато кўйлагининг этагидан учи чиқиб турган соат занжирини кўриб қолди. — Соатни ким берди сенга? — деб сўради у қаҳр билан. — Сержант амаким. Фалконе соатни юлқиб олди-да, жон-жаҳди билан тошга урди. Соат майда-майда бўлиб кетди. — Xотин! — деди у. — Мендан бўлганми шу бола? Жузеппанинг буғдой ранг чеҳраси ғиштдан ҳам қизилроқ тусга кирди. — Эсингни йиғ, Маттео! Кимга гапиряпсан бу гапни? — Демак, бу бола бизнинг уруғимиздан чиққан биринчи сотқин экан. Фортунатонинг йиғиси авж олди, Фалконе эса силовсинникига ўхшаш ўткир кўзини ҳамон ундан узмай турарди. Ниҳоят, у милтиғининг қўндоғини ерга бир урди-да, кейин уни елкасига олиб, Фортунатога, «орқамдан юр», деб буйруқ берди ва макига йўл олди. Бола итоат қилди. Жузеппа Маттеога ташланиб, қўлларига осилди: — Ўз пуштикамарингдан бўлган зурриётинг-а! — деб қичқирди у титроқ овозда. У қора кўзларини эрининг кўзларига тикиб, улардан эрининг қалбида кечаётган гапни ўқиб олмоқчидек эди. — Бас қил! — деди Маттео. — Мен унинг отасиман! Жузеппа ўғлини ўпди ва йиғлаганича уйга кириб кетди. У ичкарига кириши билан Биби Марямнинг сурати қаршисига тиз чўкиб, сидқидилдан ибодат қила бошлади. Бу орада Фалконе сўқмоқ бўйлаб икки юз қадамча юрганидан кейин, чоғроққина чуқурга дуч келди. Қўндоқ билан ерни уриб кўриб, унинг юмшоқлигига, ковлаш осон бўлишига ишонч ҳосил қилди. Бу жой ниятини бажо келтириш учун қулай туюлди. — Фортунато! Анави катта тошнинг олдига бор. Унинг буйруғини бажарган Фортунато тиз чўкди. — Ибодат қил! — Ота! Отажон! Ўлдирма мени! — Ибодат қил! — ғазаб билан такрорлади Маттео. Бола дудуқлана-дудуқлана, кўзида ёш билан иккита дуо ўқиди. Ҳар қайси дуонинг охирида отаси қатъий оҳангда «омин» деб қўйди. — Бошқа дуони билмайсанми? — Ота! Яна бир дуони биламан. Биби Марям ҳақида. Xолам ўргатган эди. — Жуда узун дуо... Майли. Ўқи. Бу дуони ўқир экан, бола овоз чиқаришга ҳам мажоли қолмади. — Тугатдингми? — Ота! Раҳм қил! Мени кечир! Ҳеч қачон бунақа қилмайман! Жаннеттони афв қилишини капрал амакимдан ялиниб сўрайман. У яна нималардир деб ғудурлади. Маттео милтиқни кўтариб, мўлжалга олар экан, гапирди: — Сени худонинг ўзи кечирсин! Фортунато жон-жаҳди билан сапчиб турмоқчи, отасининг оёқларига ўзини ташламоқчи бўлди, лекин улгуролмади. Маттео ўқ узди, бола жонсиз йиқилди. Маттео жасадга қайрилиб ҳам қарамай, ўғлига гўр қазигани белкурак олиб келиш учун сўқмоқдан уй томонга йўл олди. Бир неча қадам қўйиб улгурмай, у ўқ овозидан хавотирланиб, югуриб келаётган Жузеппага дуч келди. — Нима қилиб қўйдинг? — деб қичқирди у. — Адолат қарор топди! — Қани у? — Чуқурда. Мен уни ҳозир кўмаман. Имони ўзида кетди. Мен унинг хотирасига жаноза ўқиттираман. Куёвимиз Теодор Бянкига айтиш керак, бизникига кўчиб келсин. ↑ Пилоне (автор изоҳи) ↑ Cапорали — Илгариги вақтларда феодал сенорларга қарши исён кўтарган Корсика коммуналари ўзлари сайлаб оладиган раҳнамоларини капрал деб аташарди. Ҳозирги вақтда ўзининг молу мулки, ошна-оғайнилари, мижозларининг кўплиги туфайли Пиеке, яъни кантонда катта обрўга эга бўлган, ҳатто кўп можароларга қозилик қиладиган одамни баъзан шундай деб аташади. Қадимий одатга кўра, корсикаликлар беш табақага бўлинади: дворянлар (уларнинг баъзилари магнифиши, бошқалари — сигнори), cапорали, гражданлар, плебейлар ва келгиндилар. (Автор изоҳи). ↑ Волтижерлар — ўқчилар отряди бўлиб, яқиндан бери ҳукумат жандармлар билан бирга полицияга ёрдам берсин учун бундай отрядларга одам ёлламоқда. (Автор изоҳи). ↑ Бандит — бу ўринда яшириниб юрган жиноятчи маъносида. ↑ Сариқ ёқалар — У пайтларда волтижерлар сариқ ёқали жигарранг мундир кийишарди. (Автор изоҳи). ↑ Cарҳера — ўқдон ва халта ўрнини босувчи чарм белбоғ. (Автор изоҳи). ↑ Перче ме c... (Автор изоҳи) — нега мени мазах қилаяпсиз. ↑ Яхшимисан, биродар! — Буон гиорно, фрателло — корсикаликларнинг одатдаги салом-алиги (автор изоҳи). |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Matteo Falkone (hikoya) [Prosper Merime] 1067 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62444 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58009 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36682 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22039 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |