Чолиқуши (I- қисм) [Rashod Nuri Guntekin]

Чолиқуши (I- қисм) [Rashod Nuri Guntekin]
Чолиқуши (I- қисм) [Rashod Nuri Guntekin]
Биринчи қисм
Б..., 19... йил, сентябр.
Тўртинчи синфда эдим. Ёшим ўн иккиларда бўлиши керак. Француз тили муаллимамиз Алекси опа бир кун бизга иншодан вазифа топширди. «Ҳаётдаги илк хотираларингизни ёзишга ҳаракат қилинг. Кўрайлик-чи, нималарни эслар экансизлар. Сизлар учун бу ажойиб хаёл машқи бўлади», — деган эди у.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: шўхлигимдан, сергаплигимдан безор бўлган мураббияларим мени ўртоқларимдан айириб, синф бурчагидаги бир кишилик кичкина партага ўтқазиб қўйишган эди.
Мудира айтгандек, мен «дарс пайтида қўшниларимни гапга тутмасликни, ўқитувчимизнинг сўзларини одоб билан тинглашни ўргангунимга қадар» у ерда сургун ҳаёт кечиришга маҳкум эдим.
Бир ёнимда каттакон ёғоч устун бор: нимаики қилинса пинагини бузмайдиган ва ора-сира паккимнинг учи билан у ер-бу ерига озор берганимда мардона чидаб турадиган вазмин, узун, гунг қўшни
Нариги ёнимда эса монастир тарбиясига мос салқин ва ғамгин олақоронғиликни сақлаш учун ясаб қўйилганга ўхшаган, дарпардалари ҳеч маҳал очилмайдиган узун дераза. Мен соз нарса кашф қилдим: кўксимни партага суяб, иягимни бир оз кўтарсам, дераза дарпардалари тирқишидан осмоннинг бир бўлаги-ю, акация шохлари орасидан битта уй деразаси билан балкон панжараси кўринар эди.
Тўғрисини айтганда, манзара унчалик чиройли эмасди. Дераза ҳамиша ёпиқ турар, балкон панжарасида эса ҳар доим чақалоқнинг йўргаклари ёйиб қўйилган бўлар эди.
Лекин мен шу нарсаларни кўра олганим учун ҳам хурсанд эдим.
Дарс пайтларида қўлларимни иякка тираб, ўқитувчиларимга ниҳоятда художўй кўриниш учун лозим бўлган бир алфозда кўзларимни кўкка — дераза эшиги тирқишидан кўринган ҳақиқий осмонга тиксам, улар мени инсофга кира бошлабди, деб суюнишарди. Мен мураббияларимни шу зайлда алдар, улар биздан яширмоқчи бўлган ҳаётни томоша қилаётган кишидай қувонар, алдаганим ва интиқом олаётганим учун ҳузур қилардим.
Алекси опа вазифани тушунтириб бўлгандан сўнг бизни ёзишга қўйиб берди.
Олдинги парталарга ҳусн бериб турган оғир табиатли пешқадам ўқувчи қизлар аллақачон ишни бошлаб юборишди. Уларнинг ёнида ўтирмасам ҳам, нималар ёзаётганларини кифтлари устидан кўриб тургандай бўлар эдим: «Илк хотирамда қолган бирдан-бир нарса меҳрибон онажонимнинг кичкина каравотчам устига эгилган олтин сочли азиз боши, менга меҳру муҳаббат билан кулимсираган ҳаворанг кўзларидир...» тарзида шоирона ёлғон... Аслида эса оналар олтин ва ҳаворанглардан бошқа рангларда ҳам бўладилар. Фақат сўрлар[1]нинг ўқувчилари қаламидан шундай рангларга бўялиб чиқиш у бечоралар учун бир мажбурият, биз учун эса одат эди.
Менга келсак, мен бутунлай бошқача қиз эдим. Жуда ёшлигимда айрилган онамдан эсимда ниҳоятда оз нарса қолган. Лекин онамнинг олтин сочли, ҳаворанг кўзли бўлмаганини аниқ биламан. Шундай бўлгандан кейин, асл қиёфасини ўзгартириб тушунтиришга ва бундан мамнун бўлишга ҳеч қандай куч мени мажбур қилолмайди...

* * *
«Нима ёзсам экан?» деган ўй мени қийнарди. Деворда Биби Марямнинг бўёқли сурати тагига осиб қўйилган каккули соат тинмай юриб турибди, мен эса ҳали ҳам анқайиб турибман. Бошимдаги лентани ечдим, сочларимни секин-аста кўзимга тушира бошладим. Бир қўлим билан қаламни оғзимга тиқиб, уни тилим билан айлантириб ўтирдим.
Файласуфларнинг, шоирларнинг бир нарса ёзиб турганда бурун қашиш, бағбақаларини чўзиш каби ғалати одатлари бор-да ахир... Қалам тишлаб сочимни кўзимга тушириб ўтиришим ҳам менинг чуқур хаёл сураётганлигимни билдириши керак.
Хайриятки, менда хаёлотга берилиш пайтлари жуда кам бўларди. Акс ҳолда, ҳаётим эртаклардаги Чоршанба аёл ўчоқ онасининг ҳаёти сингари чигал-бутал бўлиб ўтар эди.
Орадан йиллар ўтди. Мана энди бегона бир шаҳарда нотаниш бир меҳмонхона номерида ўтириб хотираларимни ёзяпман... Сира тонги ёришмайдигандек туюлган тун азобидан қутулиш учун хотираларимни ёзиб турган шу соатимда бир қўлим ёш болалик чоғларимдаги сингари яна сочларимни тўзғитиб, кўзларим устига тушириш билан машғул.
Бунинг сабаби атрофдаги ҳаёт оқимига ўзини қўйиб юборадиган енгилтак, бепарволик эканлигимдан бўлса керак, деб ўйлайман. Оғир кунларда ўз-ўзим, ўз фикрларим билан танҳо қолиш учун кўзларим билан дунё орасига шу сочларимни парда қилиб қўйишга тиришардим.
Қаламни кабоб сихидай тишларим орасида айлантиришимга келсак, тўғрисини айцам, бунинг ҳикматини ўзим ҳам билмайман. Бутун билганим шуки, лабларимдан бинафша сиёҳ доғлари аримас эди. Ҳатто бир кун, энди кўзга кўриниб келаётган қизлик чоғларимда, мактабимга мени кўргани келган бир одамнинг олдига мўйлов қўйган кишидай чиқдим-у, уялганимдан ерга кириб кетаёздим.
Нима тўғрида гапираётган эдим? Ҳа... Алекси опанинг илк хотираларни ёздирмоқчи бўлган иншоси тўғрисида...
Ўша куни ҳар қанча ўйласам ҳам, фақат шу нарсаларнигина ёзганим эсимда:
«Мен балиқлар сингари кўл ичида туғилганга ўхшайман. Онамни эс-ес биламан... Отам, энагам, хизматкоримиз Ҳусайн ҳам эсимда... Бир кун мени кўчада қувган қора лайчани... Бир кун тўла саватдан яшириқча узум олаётганида бармоғимни чақиб олган арини... Кўзим оғриганда томизилган қизил дорини... Меҳрибон Ҳусайн билан Истамбулга келганимизни... Ҳа, шуларга ўхшаш кўп нарсаларни эслайман... Лекин булардан ҳеч бири илк хотира эмас... ўзим яхши кўрган кўлда, қуюқ япроқлар орасида қип-яланғоч бўлиб чўмилиб юрган вақтларимдагидай эски хотиралар эмас... Денгиздай поёнсиз бир кўл... «Ичида катта-катта япроқлар, атрофида дарахтлар бўлса, бу кўл қандай қилиб денгиздай катта бўлиши мумкин?» деярсизлар... Xудо ҳаққи, ёлғон сўзлаётганим йўқ, ўзим ҳам сизларга ўхшаб ҳайронман... Аммо, аслида шундай бўлгандан кейин иложим қанча?..»
Иншом синфда ўқилганда, дугоналарим мен томонга ўгирилишиб, қаҳқаҳа уриб кулиб юборишди. Бечора Алекси опа уларни тинчитиш учун анчагина заҳмат чекди.

* * *
Қизиғи шуки, Алекси опа қора кийими ичида косов сингари бўйи, оҳорли оппоқ ёқаси, сарой хонимининг пешонага тортилган чоршафига ўхшаб бош кийими тагидан кўриниб турган сепкилли қонсиз юзи ва аноргул сингари қип-қизил лаблари билан ҳозир рўпарамда пайдо бўлиб, яна ўша саволни берса, ҳозир ҳам ўшандан бошқа жавоб тополмасам керак, яна балиқдай кўлда туғилганимни айта бошлайман.
Кейинчалик у ёқ-бу ёқдан суриштириб билсам, бу кўл Мусул атрофида, оти доим эсимдан чиқиб қоладиган бир кичкина қишлоқ ёнбошида экан; менинг поёнсиз денгизим чакалак орасидаги қуруқ ирмоқдан қолган бир ҳовуч сувдан иборат экан.

* * *
Отам у маҳаллар Мусулда хизмат қилар экан. Мен икки ярим ёшлар чамасида эканман. Ёз шу қадар иссиқ келибдики, шаҳарда туришнинг иложи қолмагандан ке- йин, отам мени онам билан қишлоққа келтириб қўйишга мажбур бўлибди. Ўзи эса ҳар куни эрталаб отда Мусулга тушар, кечқурунлари, кун ботгандан кейин яна қайтиб келар экан.
Онам менга қарай олмайдиган аҳволда қаттиқ касал экан. Шунинг учун анча вақтларгача қаровсиз қолибман... Ойлаб хизматкорлар уйида сарсон бўлибман. Ке- йин қишлоқларнинг биридан Фотима деган кимсасиз бир араб хотинни топишган. Фотима мени янгигина ўлган чақалоғи ўрнида кўриб, ундан қолган сийнаси билан оналик меҳрини менга берибди.
Дастлабки йилларда саҳро боласидай ўсибман... Фотима мени орқасига қопчиқдай осиб олиб, жазирама офтобларда кўтариб юрар, хурмо дарахтларига ҳам кўтариб чиқар экан.
Шундай қилиб, ўша пайтлар мен ҳали айтган қишлоққа келибмиз. Фотима мени ҳар куни эрталаб озиқ-овқатимиз билан шу чакалакка келтирар; мени қип-яланғоч қилиб сувга солар экан... Кечқурунгача юмаланишиб ўйнашар, ашулалар айтишар, бирга овқат қилишар эканмиз... Кейин, уйқумиз келганда, қум йиғиб ёстиқ қилар, гавдаларимиз сувда, бошларимиз қумда қучоқлашиб, бетларимизни бетларимизга қўйишиб уйқуга кетар эканмиз...
Сув ҳаёти тану жонимга шунчалик сингиб кетган эканки, Мусулга қайтганимизда денгиздан чиққан балиқдай қийналиб қолибман. Феълим бузилиб, ҳар замон типирчилар, пайти келди дегунча уст-бошимни ечиб ташлаб, кўчага қип-яланғоч югуриб чиқиб кетар эканман...
Фотиманинг бурнидан, бетларидан, қўлларидан ғурралар аримас эди. Мен бу хил ғурраларга шунчалик одатланиб қолган эдимки, ғуррасиз юзлар менга ҳамиша хунук кўринарди.
Менинг учун энг катта мотам Фотимадан ажралишим бўлди.
Шаҳарма-шаҳар юра-юра ахийри Карбалога келдик. У вақт тўрт ёшларда эдим. Бундай ёшда кўп нарсаларни унча-мунча эсда олиб қолиш мумкин. Фотимага яхшигина ердан куёв чиқди. Энамнинг келин бўлгани, гўшангага киргани бугунгидай кўз ўнгимда.
Юзлари Фотиманики сингари ғурра бўлгани учун менга ниҳоятда гўзал кўринган хотинлар билан тўла уйда мени қучоқдан қучоққа олишар, кейин Фотиманинг ёнига ўтқазишарди.
Сўнгра ўртага қўйилган баркашлардан ҳовучлаб овқатлар еганимизни эслайман. Ниҳоят, кун ҳорғинлигидан ва ҳардам хурмача сингари юмалайверишдан чарчаб энагамнинг тиззасида яна барвақт ухлаб қолибман.
Фотима онамиз ўғли Ҳусайн Карбалода шаҳид бўлганда ҳаётмиди-йўқмиди — билмайман. Бечора аёл ўша қора кунгача яшаб, жигаргўшаси доғида ҳар қанча фарёд кўтарган бўлмасин, лекин унинг фарёди тўй кечасининг эртасига бегона бир хотин қучоғида ётганимни кўриб, мен кўтарган доду фарёд олдида ҳеч нарса бўлмагандир..
Хуллас, Карбало Карбало бўлиб бундай шовқинли мотамни кўрмагандир, деб ўйлайман. Фарёд уриб йиғлашдан, оҳу воҳдан овозим бўғилгач, катта одамлар сингари очлик эълон қилиб, неча кунгача овқат емадим.
Энагамдан айрилиб, ҳасрат ичида қолдим, лекин бу ҳасратни бир неча ойлардан сўнг Ҳусайн номли бир сувори аскаргина унуттира олди. Ҳусайн таълим пайтида отдан йиқилиб, майиб бўлган аскар эди. Отам уни уйга хизматкор қилиб олди. Ҳусайн девонароқ одам эди. Мени жонидан ортиқ яхши кўрарди. Мен эсам унинг севгисини оёқ ости қилиб, тузатиб бўлмайдиган бир вафосизлик билан хорлардим. Мен Фотима билан бирга ётиб ўрганиб қолган бўлсам ҳам, бу билан бирга ётмас эдим. Лекин саҳарда хўрозлар қичқирди дегунча кўзларимни очиб унинг хонасига югуриб кирар, от мингандай устига миниб олиб, бармоқларим билан қовоқларини йириб очардим.
Илгари Фотима мени боғларга, далаларга ўргатган бўлса, Ҳусайн казармага, аскарлар муҳитига олиб кирди. Бу узун мўйловли йўғон одамнинг ҳар хил ўйинларга усталигини ҳеч кимда кўрган эмасман. Ўйинларининг асл гўзаллиги хавфли, ҳаяжонли килиқларида эди. Масалан, мени резинка тўпдай осмонга ирғитиб ушлаб олар ёки қалпоғига ўтқазиб оёқларимдан ушларди-да, турган ерида сакрар, гир айланар эди. Сочларим тўзғир, кўзларим тинар, маза қилганимдан шундай қийқириб-қичқирардимки, бундай лаззатни кейин ҳеч қаерда топмадим.
Баъзан ёмон оқибатлар ҳам бўларди. Лекин мен, орамиздаги аҳдга биноан, ўйинда жоним ачиса йиғламаслигим, ундан ҳеч кимга шикоят қилмаслигим керак. Мен катта одамлардай сир сақлашга ўргандим. Мени бунга инсофдан кўра кўпроқ, у мен билан ўйнамай қўяди, деб қўрққанлигим мажбур қиларди.
Кичиклигимда мени қилиғи совуқ дейишарди. Балки бу тўғридир ҳам. Нимагаки, ким билан ўйнасам жонини оғритар, додлатар эдим. Бу феъл ҳарҳолда Ҳусайн билан бўлган ўйинларимнинг оқибати бўлса керак.
Жоним ҳар қанча оғриганда ҳам фалокатни оҳ-вой қилмай, очиқ чеҳра билан қаршилашим ундан менга бир ёдгордир.
Ҳусайн баъзан казармада анатолиялик аскарларга чолғу чалдирар, мени яна хурмачадай бошига ўтқазиб олиб, қизиқ ўйинлар қиларди.
Бир пайт у билан отда ҳам сайр қиладиган бўлдик. Отам уйда йўқлигида Ҳусайн оғилдан отни олиб чиқар, мени қучоғига олиб далаларда соатларча ўйнатиб юрарди. Бироқ бу эрмагимиз узоққа бормади. Ишқилиб, гуноҳига қолмайин-у, ошпаз хотин бўлса керак, у бир кун бизни отамга чақди, бечора Ҳусайн отамдан икки тарсаки еди-ю, шу-шу отга яқинлашмай қўйди.
Асл муҳаббат ғавғосиз, шовқинсиз бўлмайди, дейишади. Биз ҳам Ҳусайн билан кунда энг ози тўрт-беш марта уришиб олардик.
Бир қизиқ одатим бор эди. Xонанинг бир бурчагида чўккалаб, юзимни деворга ўгириб олардим. Ҳусайн уч-тўрт минутча мени ўз ҳолимга ташлаб қўяр, кейин раҳми келиб, бирдан кўтариб оларди-да, чинқиртириб юқорига ирғитар эди.
Қучоғида бир оз тихирлик қилиб ўтирганимдан сўнг ахийри бетидан ўпишга рози бўлардим. Шу тахлит ярашиб олардик.
Ҳусайн билан қадрдонлигимиз икки йил давом этди. Лекин у йиллар ҳозиргига ҳеч ўхшамайди. Шу қадар узун, шу қадар узун эдики улар!..

* * *
Ёшлик хотираларимни сўзлаб туриб, нуқул Фотима билан Ҳусайндан баҳс этишим бир оз айб бўлмасмикан?
Менинг отам Низомиддин номли бир сувори маёри эди. Онамга уйланган йили уни Диёрбакирга жўнатишган. Шу кетганича Истамбулга бошқа қайтиб келмаган. Диёрбакирдан Мусулга, Мусулдан Xоникинга, у ердан Бағдодга, Карбалога[2] ўтган... Бир ерда ақалли бир йил ҳам турмаган.
Онамни менга ўхшатишади. Онам отамга тушган йили олдирган бир расми бор, худди менинг ўзгинам. Фақат бечора онам соғлиқ жиҳатидан менга ҳеч ўхшамас эди. Жуда заиф экан. Битмас-туганмас йўлларга, тоғларнинг қаттиқ ҳавосига, далаларнинг жазирамасига чидаш берадиган соғлиғи йўқ экан. Кейин, афтидан, тағин бир касали ҳам бўлган. Бечоранинг эр билан бўлган бутун ҳаёти шу касалликни яшириш билан ўтган... Нима қилсин, отамни жуда яхши кўрар экан. Мени зўрлаб эримдан ажратишади, деб қўрқар экан...
Отам Истамбулдан ҳамон узоқлашиб борар, ҳар бир сафари олдидан онамга:
— Сени ҳеч бўлмаса бир мавсумгина, майли, икки ойгина онангни ёнига юбориб турай. Онанг бечора ҳам қариб қолди... Ким билсин сени кўргиси келиб, юраги эзилиб ўтиргандир, — деса, онам:
— Шу ёғини ҳам писанда қилибмидик? Истамбулга бирга қайтамиз, демабмидик? — деяркан.
Гап касалига бориб тақалса:
— Менинг ҳеч қанақа дардим йўқ... Пича чарчадим, холос... Тунов куни ҳаво бир оз ўзгарди-да, шундан бўлдим, ўтиб кетади... — деяр экан.
Аммо Истамбулни кўргиси келганини отамдан ҳамиша яшириб келар экан. Тавба, яшириб бўлармиди.
Уйқуга кетганидан икки минут ўтар-ўтмас отамни уйғотар, Қаландардаги чорбоғимизни, нарёқдаги чакалакни ёхуд Босфор сувларини кўрганлигини айтар экан... Жиндаккина уйқу ичида ўтган бир неча минутга шу қадар узун тушни сиғдириш — у ерларни одам жуда ҳам кўргиси келган бўлишидан эмасмикан?
Бувим ҳарбий министрликка, сарой мулозимларининг олдига бориб, отамни Истамбулга қайтаришларини ҳар қанча илтимос қилса ҳам, ҳар қанча йиғлаб-сиқтаса ҳам, бу ёлворишлар ҳеч қандай наф бермаган.
Ниҳоят, онамнинг касали оғирлашгандан сўнг отам ҳеч бўлмаса уни Истамбулга олиб бориб қўйиш учун бир ойга рухсат сўраган-у, жавобни ҳам кутиб ўтирмасдан йўлга чиққан.
Туяларга ортилган кажаваларда ўтириб чўлдан ўтганимиз худди бугунгидай эсимда.
Байрутга етиб, денгизни кўришимиз биланоқ онам бир оз жонлангандай бўлди. Қўнган уйимизда онам мени кўрпасига ўтқазиб, сочларимни таради, қўлларимнинг кирлигини, тугмаларимнинг тушганлигини кўриб хафа бўлди, бошини бағримга босиб йиғлади.
Бир-икки кундан кейин ўрнидан турди. Сандиғидан янги кийимларини олиб ясанди. Кечқурун отамни кутиб олгани пастга тушдик. Отам менда қўрс табиат аскар таассуротини қолдирган эди. Лекин ўшанда онамнинг туриб юрганини кўриб, суюнганидан югуриб келди-да, онамни эндигина юра бошлаган гўдак боладай қўлларидан ушлаб йиғлади — мен буни ҳеч эсимдан чиқармайман....
Бу бизнинг бирга кечирган сўнгги кунимиз бўлди. Онамни эртаси куни очиқ сандиқ ёнида, боши кийимлар бўхчаси устига қўйилган, лабларида қон қотиб қолган ҳолда топишди — онам ўлиб қолган эди.
Олти яшар боланинг анча-мунча нарсага ақли етиши керак. Лекин мен ҳеч нимани уқмагандай парвосиз юравердим.
Биз тушган уйда одам кўп эди. Ҳали ҳам эсимда, бир неча кунгача каттакон боғда болалар билан бўғишиб юрдим, Ҳусайн билан кўчаларда, денгиз бўйларида айландим, жоме ҳовлисига кириб қуббаларни томоша қилдим.
Онамни бегона ерга қўйганимиздан сўнг, Истамбулга қайтиш отамнинг юрагига сиғмади.... Иннайкейин, бувим, холаларим билан кўришишдан қочди шекилли ҳам... Шунга қарамай, мени уларнинг олдига юборишни ўз бурчи деб билди. Назаримда, кун сайин ўсиб бораётган қиз болани казармада, аскарлар қўлида тарбиялаш яхши бўлмайди, деб ўйлаган бўлса ҳам керак.

* * *
Мени Истамбулга хизматкор аскаримиз Ҳусайн элтиб қўйди.
Люкс пароходни ва уст-боши хароб бир араб аскари қўлидаги жажжи чақалоқни кўз олдингизга келтиринг... Ким билади, бу манзара пароходдаги одамларга қизиқ, балки аянч кўрингандир. Лекин йўлга Ҳусайндан бошқа одам билан чиқсам бунчалик бахтиёр бўлолмасдим.
Чорбоғимизнинг орқасидаги бутазорда бир тош ҳовуз, бу ҳовуз лабида қўллари яғринидан синиб тушган яланғоч бола ҳайкали бор эди.
Дастлабки келган кунларимда бу синиқ ҳайкал офтобдан, ёғингарчиликдан қорайган ранги билан менга майиб, саҳройи боладай хароб кўринган эди. Ҳовуздаги зилол сувлар устига тўкилган қизғиш япроқларга қараганда кеч куз пайти эди. Шу баргларни томоша қилиб туриб, унинг тагида сузишиб юрган бир қанча қизил балиқни кўрдим-у, бувим не азобда дазмоллаб кийдирган узун шойи кўйлагим ва янги ботинкаларим билан тўғри ҳовузга сакрадим.
Атрофдан қий-чув кўтарилди. Нима бўлганини билгунимча бўлмай, холаларим мени юқорига қучоқлаб олиб чиқишди-да, ҳам ўпиб, ҳам койиб, кийимларимни ўзгартиришди.
Бу оҳ-воҳлар, бу койишлардан тилим куйгани учун ҳовузга тушишга ортиқ юрагим бетламай қолди. Энди унинг четидаги қумлар устида чўзилиб, бошимни сувга тиқиб ётадиган бўлдим.
Бир кун ҳовуз бўйида балиқларни томоша қилиб ётган эдим. Бу воқеа худди шу бугунгидай эсимда. Бувим бир оз орқада, эгнидан ҳеч тушмайдиган қора чоршафига[3] ўралиб, боғчадаги скамейкада ўтирган эди. Ҳусайн эса намоз ўқиётгандай, бувим ёнида чўккалаб олган эди.
Секин-секин гаплашаётганларини эшитдим. Ҳар ҳолда туркча сўзлашаётган бўлишса керак, нима дейишаётганларини тушунмадим. Фақат овозларидан, дам-бадам менга қараб-қараб қўйишларидан шубҳаландим. Қулоқларимни қуёндай динг қилиб олдим. Мен чайнаб ҳовузга ташлаётган тешиккулчаларга тўпланаётган қизил балиқлар ғойиб бўлиб, бувим билан Ҳусайннинг сувдаги акслари кўзимга кўрина бошлади. Ҳусайн менга қараб-қараб, каттакон дастрўмолчаси билан кўзларини артарди. Болаларнинг баъзан ёшларига мос келмаган ғалати сезгилари бўлади.
Бу гаплардан бир суиқасд ҳидини сездим: Ҳусайнни мендан айиришмоқчи!
Нега энди? Лекин майда сабабларга ақлим етадиган ёшда эмас эдим... Фақат бу айрилиқ вақти-соати келганда, куннинг ботишини... ёмғирнинг ёғишини тўсиб бўлмагани каби, бу ҳам ҳеч бир йўсин билан олдини олиб бўлмайдиган бир фалокат эканини жуда яхши тушунардим.
Ўша кечаси бувимнинг ётоғига жуфтлаштириб қўйилган кичкина каравотчамда бирдан кўзларим очилиб кетди. Бошимиздаги қизил қалпоқли чироқ ўчиқ бўлса ҳам, деразалардан тушиб турган ой нурида хона ёп-ёруғ эди. Уйқум қочди. Юрагимда чидаб бўлмайдиган бир алам пайдо бўлди. Билакларимга тираниб, секин бувимга қарадим, унинг ухлаётганига ишонганимдан кейин каравотимдан аста тушдим, оёқ учида юриб хонадан чиқдим. Бошқа болалар сингари қоронғиликдан, ёлғизликдан қўрқмас эдим. Зина поғоналари ғижирлади дегунча, катта одам эҳтиёткорлиги билан турган еримда тўхтаб, секин-аста даҳлизга тушдим.
Эшикларни қулфлаб қўйишибди. Лекин боғча эшиги ёнидаги дераза очиқ экан, жонимга шу ора кирди. Деразадан бир сакраб ташқарига тушдим. Ҳусайн боғчанинг нариги четидаги боғбон ҳужрасида ётарди. Кечаси киядиган оқ кўйлагимнинг узун этакларини оёқларимга ўралаштира-ўралаштира ўша ёққа чопиб кетдим. Ҳужрага кира солиб, Ҳусайннинг каравотига чиқиб олдим.
У жуда қаттиқ ухларди. Арабистонда эканимизда ҳам эрталаб уни уйғотиш учун озмунча меҳнат сарф қилмасдим. Кўзларини очишга унамагандан кейин, отга минаётгандай қорнига миниб олиб қисташ, узун мўйловларини тизгин қилиб тортиш, «чух»лаш керак бўларди. Лекин бу кеча уни уйғотишдан қўрқдим. Уйғонса, мени илгаригидай ёнига ўтказишга кўнмайди, ялиниб ёлворишимга қарамай, бувимга элтиб беради, деб ўйладим.`
Асли бирдан-бир тилагим охирги кечани унинг ёнида ўтказиш эди.
Ўша кечаси қилган ножўя ҳаракатим яқин вақтларгача оиламиз оғзидан тушмай келди.
Бувим саҳарга яқин уйғонганда ёнида йўқлигимни кўриб, шайтонлаб қолаёзибди... Бир неча минут ичида бутун чорбоғ оёққа турибди... Чироқ, шамлар кўтаришиб боғчани, денгиз бўйларини ахтаришибди. Бўғот орасидан кўчагача, қайиқхонадан ҳовузнинг икки қарич сувигача ҳаммаёқни остин-устин қилишибди. Қўшни полиз қудуғига чироқ тушириб қарашибди...
Бир маҳал бувимнинг эсига Ҳусайн тушибди-ю, у ётган ҳужрага қараб чопибди. Келиб қараса, мен аскарнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб ухлаб ётган эмишман.
Айрилиқ кунининг фожиасини ҳали-ҳали эслаб куламан. Мен умримда ўша кунгидай хокисорлик қилганимни билмайман. Ҳусайн эшик ёнида тиз чўкиб олиб, шопдай мўйловлари борлигидан ҳам уялмай йиғлади, мен эса Бағдодда, Сурияда араб тиланчиларидан ўрганиб олган дуоларим билан бувимнинг, холаларимнинг этакларини ўпиб, ундан ажратмасликларини сўраб ялиндим.

* * *
Романларда қайғуга учраган одамлар елкаси чўккан, кўзлари сўнган, ҳаракациз, унсиз, яна ҳам очиқроғи, ғариб қилиб тасвирланади.
Менда доимо бунинг акси бўлади. Қачон оғир қайғуга чўксам, кўзларим порлайди, чеҳрам очилади, теримга сиғмай кетаман. Дунёни писанд қилмагандай, қаҳқаҳа уриб куламан, турли шўхликлар, телбаликлар қиламан. Шу билан бирга оҳу зорини яқин одамига, бошқаларга айтолмайдиган кишилар учун буни жуда яхши одат деб ҳисоблайман.
Ҳусайндан айрилганимдан кейин ҳам шундай қилганим эсимда. Ярамасликлардан қутурар, мени юпансин деб олиб келишган қариндош болаларни уриб-суриб жонларини олардим.
Ёту бегоналар кўзида айб бўладиган бир вафосизлик билан Ҳусайнни кўнглимдан чиқариб ташладим. Аммо яхши билмайман, балки ундан чинакам хафа бўлганим учун шундай қилгандирман. Олдимда номи тилга олинган ҳамоно юзимни тескари ўгириб олар, мен энди-енди ўргана бошлаган туркча сўзлар билан: «Ҳусайн пис, Ҳусайн чиркин, эдепсиз... оо» [4], — деб ерга тупурардим.
Шундай бўлса ҳам, бечора «ёмон, ярамас» Ҳусайннинг Байрутга етар-етмас менга юборган бир қути хурмоси жаҳлимни пасайтиргандай бўлди. Xурмоларнинг тугашидан фалокатдан қўрққандай қўрққаним ҳолда бир ўтиришда ҳаммасини пок-покиза туширдим. Xайрият, данаклари қолди. Улар менга бир неча ҳафталик эрмак бўлди. Бир қисмини хачирларга тақиладиган мунчоқлар билан аралаштириб ипга тиздим, ёввойи одамларникига ўхшаган шода мунчоқ ясаб, бўйнимга илиб олдим. Қолганларини боғчанинг ҳар ер-ҳар ерига экдим. Неча ойгача ҳар куни эрталаб кичкина идишда уларга сув қуяр, боғчада хурмозор бўлишини кутар эдим.
Бечора бувим эсини йўқотиб қўйди. Мени йўлга солиш чиндан ҳам имконсиз эди. Саҳар ғира-ширасида уйғонар, кечқурун чарчаб, ҳориб-толгунимга қадар бебошликлар қилар эдим. Овозим ўчгудай бўлса, чорбоғда хавотирга тушишарди. Чунки бу менинг бирор еримни кесиб олиб, овозимни чиқармай қонимни тиндириш, ё бир ерга йиқилиб кетиб, оғриқдан тўлғаниш, ёхуд стул оёқларини арралаш, тўшак жилдларини бўяш каби зарарли ишлар билан машғул эканлигимни билдирар эди.
Бир куни қушларга латта, пайраҳалардан уя ясаш учун дарахтларнинг қир учига чиқар, бошқа бир кун ўчоқ мўрисидан тош отиб, ошпаз хотинни қўрқитиш учун томга тирмашар эдим.
Чорбоққа ора-сира бир доктор келиб турарди. Бир кун шу докторни эшик олдида кутиб турган бўш извошга чиқдим-у, жониворларни қамчиладим. Бошқа бир кун эса каттакон кир тоғорани судраб бориб денгизга туширдим-да, унга ўтириб олиб ўзимни оқинга топширдим. Билмайман, бошқаларда ҳам шундайми, лекин бизнинг оиламизда етим болани уриш гуноҳ ҳисобланарди. Жуда ҳаддимдан ошиб кетган кезларимда қўлимдан етаклаб бориб бирор уйга қамаб қўйишарди. Берадиган жазолари шу эди, холос.
Ҳамма болалар «соқолли амаки» деб чақирадиган ғалати табиатли бир қариндошимиз бор эди. Ана шу соқолли амаки менинг қўлларимни «Авлиё панжа» дерди. Чунки бармоқларим бирор кун ҳам яра-чақадан холи бўлмас, хина қўйган хотинларникига ўхшаб, ундан латта, бинтлар аримас эди.
Тенгқурларим билан бир хил муомалада бўлмас эдим. Ёши анча катта бўлган қариндош болалар ҳам мендан безилларди. Менда, қалбимда севги олови учқунлагудай бўлса, бу ҳам бир фалокат бўларди. Одамларга ўхшаб севишни, севганимни меҳру шафқат билан эъзозлашни ўрганмаган эдим. Яхши кўрган одамим устига ҳайвон боласидай отилар, қулоқларини чўзар, юзини тирнар, итариб-туртиб жонидан безор қилардим.
Қариндош болалар орасида фақат биттасидан тортинар, ўшандангина ҳайиқар эдим.
У Басима холамнинг ўғли Комрон эди. Аммо уни бола дейиш унча тўғри келмайди. Аввало ёши мендан анча ортиқ, қолаверса, жуда одобли, вазмин. Болаларга қўшилишни ёқтирмайди. Қўлларини чўнтакларига суқиб олиб, ё денгиз бўйида ўзи ёлғиз айланиб юради, ё бўлмаса дарахтлар соясида китоб ўқиб ўтиради.
Комроннинг сочлари жингалак, сарғиш юзи эса нозик, оппоқ, ярқироқ. Шунчалар ярқироқки, юрагим чопса-ю қулоқларига ёпишиб олиб, яқиндан бетларига қарасам худди ойнадаги каби ўзимни кўришимга ишонаман.
Ундан тортинсам ҳам, барибир жанжаллашдим. Денгиз бўйидан саватда харсангтош ташиётган эдим, шулардан биттасини оёғига ташлаб юбордим. Билмайман, тош оғирмиди ё у анчагина нозикмиди, бирданига чинқириб вой-войлаб юборди. Эсим чиқиб кетди. Боғчадаги каттакон чинорга маймундек чаққон тирмашиб чиқиб кетдим. Мени у ердан на озор, на дўқ ва на ёлворишлар тушира олди. Охири боғбонни орқамдан чиқардилар. У кўтарилган сари мен ҳам дарахт учига чиқиб кетавердим. Аммо у, оғиримни кўтара олмайдиган ингичка шохларга чиқишдан тоймайдиган бир алфозда эканлигимни, агар орқамдан чиқаверса фалокат рўй бериши мумкинлигини кўриб, пастга тушиб кетди.

* * *
Хуллас, ўша кеча қоронғи тушгунча дарахт шохида қушдай ўтирдим.
Менинг дастимдан бечора бувимнинг уйқусида ҳаловат қолмади. Боёқиш хотин менинг телбалигимга кун сайин кўпроқ ишона борди. Гоҳо саҳарда, кечаги шўру ғавғомдан боши тинчишга улгурмай, бувим менинг шовқин-суроним билан уйғонар, кўрпасида тўлғанар, менинг қўлларимдан ушлаб олиб: «Ўзи ўлиб, қариган чоғимда бу махлуқни бошимга бало қилиб ташлаб кетди-я?» дейдиган бўлса, бувим албатта мени деган, уни келган ерига қайтариб юборган бўларди.
Албатта, касалманд бир кампирнинг кечаси ҳорғинлиги босилмасдан уйғониши жабр. Лекин шуниси ҳам борки, кечаси билан тиниб-тинчиган тақдирда ҳам ёлғизлик руҳи билан уйғониш, жудоликлар аламида азоб чекиш янада оғирроқ бўлади.
Хуллас, шунча заҳмат етказганимга қарамай, бувимнинг мен билан овунганига, мен билан бахтиёр бўлганига ишонаман.

* * *
Бувимдан жудо бўлганимизда тўққиз ёшларда эдим. Отам ҳам иттифоқо Истамбулда эди.
Отам бечорани бу сафар Триполидан Албанияга ишга ўтказишибди. Шунинг учун Истамбулда атиги бир ҳафта қолиши мумкин эди.
Бувимнинг ўлими уни мушкул аҳволга солиб қўйди. Бева офицер тўққиз яшар қизини етаклаб тоғу тошлар орасида саргардон бўлиб юролмас эди. Мени сиқилиб қолди деб қўрқибми, холаларимга ташлаб кетишга негадир кўнгли чопмади. Нимани ўйлаган бўлса ўйлагандир, ҳар ҳолда бир кун мени етаклаб бориб кемага ўтқазди. Истамбулга ўтдик. Кўприкда яна аравага тушиб, учи-кети кўринмаган ўрлардан ошдик, бозорлардан ўтдик, ке-йин битта каттакон ғиштин бино олдига келиб тўхтадик.
Бу ер умримнинг ўн йилини қамоқда ўтказишим керак бўлган сўрлар (соеур) мактаби эди. Бизни эшик ёнидаги пардалари, деразалари ёпиқ, олақоронғи бир хонага олиб киришди.
Ҳамма нарса аввалдан гаплашиб қўйилган бўлса керак, бир оздан кейин қора кийимли бир хотин кирди-ю, тўғри менинг устимга келиб энгашди. Бошидаги оқ рўмолининг учларини ғалати бир қушнинг қанотлари сингари сочларимга тегизиб туриб, яқиндан юзимга тикилди, бетларимни силади.
Мактабга қўйган биринчи қадамим янги бир бемаънилик, яна бир ярамаслик билан бошланганини эслайман.
Отам мудира опа билан гаплашиб турганида, мен хонани айланиб уни-буни ковлаштира бошладим. Бир вазанинг рангли расмларига бармоғимни тегизиб кўрмоқчи бўлувдим, у тушиб чил-чил бўлди.
Отам қиличини шарақлатиб ўрнидан сапчиб турди, жаҳл билан қўлимдан тортди.
Синган вазанинг эгаси мудира опа эса, аксинча, куларди. Қўлларини силкитиб, отамни тинчлантиришга ҳаракат қилди.

* * *
Мактабда бу вазага ўхшаш яна қанча нарсаларни синдиришим турган гап. Уйдаги бебошлигим у ерда ҳам давом этди. Мурабияларимиз чиндан ҳам малак каби сабрли хотинлар эди ёки менинг яхши томонларим бор эди. Йўқса, менинг дастимдан бу қадар озор чекишлари мумкинми, қалай?
Синфда сира тинмай тўполон қилар, у ёқдан-бу ёққа ўтиб юрардим.
Ҳамма сингари зинадан тушиш менинг одатим эмас эди. Албатта бирор бурчакка биқиниб олиб, синфдошларимнинг тушишларини пойлар, кейин панжара ёғочига отга мингандай сакраб чиқиб олиб, ўзимни пастга қўйиб юборардим. Ёки оёқларимни жуфтлаштириб зиналардан сакрардим.
Боғда қуриган дарахт бўларди. Пайти келди дегунча ўшанга тирмашиб чиқиб олганимни, пўписаларга қулоқ солмай танаффус охиригача шохдан-шохга ирғиганим- ни кўрган муаллимам: «Бу одам боласи эмас, чолиқуши»[5] , — деб койиган эди.
Ана шундай қилиб, ўша кундан бошлаб асл номим унутилди-ю, ҳамма мени «Чолиқуши» деб атайдиган бўлди.
Билайман, бу исм кейинчалик қандай қилиб оиламизга ҳам ўтди-ю, Фарида отим байрам кийими сингари жуда кам қўлланадиган расмий от бўлиб қолди.
«Чолиқуши» менинг ўзимга ҳам ёқарди, нимагаки бу ном кўп маҳал жонимга ора кирарди. Бирон ножўя ҳаракатимдан шикоят қилишса, баҳузур елкаларимни учириб: «На чора... Чолиқушининг қўлидан бошқа нима келарди», — деярдим.
Баъзан мактабимизга эчкиникига ўхшаган кичкина соқол қўйиб олган кўзойнакли поп келиб-кетиб юрарди. Бир кун сочимнинг учидан қайчи билан жиндак кесиб, елим билан иягимга ёпиштириб олдим. Ўқитувчимиз мен томонга қараганда жағимни ҳовучимнинг ичига яширар, нари ёққа қараши билан қўлларимни олардим-у, соқолимни селкиллатиб, попга тақлид қилар, болаларни кулдирар эдим. Ўқитувчимиз бу қаҳқаҳаларнинг сабабини билолмай, томоғи ёрилгудай бўлиб бақирар эди.
Нимаям бўлади-ю, бир маҳал юзимни синфимизнинг йўлакка очиладиган деразаси томонга ўгириб қолмайманми? Қарасам, ойна орқасидан мудира опа менга қараб турибди-да!
Шошиб қолганимдан нима қилсам бўлади? Бўйнимни эгдим, бармоғимни лабимга келтириб «жим!» ишорасини қилдим, кейин эса бармоқларим билан унга бир бўса юбордим.
Мактабнинг каттаси ана шу мудира опа эди. Энг кекса муаллимларгача ҳамма уни худодай ҳурмат қиларди. Шундай бўлгани ҳолда, ундан муаллимга нисбатан сир сақлашни сўрашим хотин боёқишга наша қилди. Синфга кирса салобатини сақлаб қололмаслигидан қўрқаётгандай кулди, кейин қўли билан менга пўписа қилиб, йўлак қоронғилигида кўздан ғойиб бўлди.
Мудира опа бир куни мени овқатхонада қўлга туширди. Синфдан ўғирлаб чиққан қоғоз саватимга овқат сарқитларини солиб турган эдим. Мудира дағал товуш билан:
— Бу ёққа кел, Фарида, нима қиляпсан? — деди.
Қилаётган нарсамнинг ёмонлигини билмас эдим. Юзига тик қараб:
— Итларга овқат бериш ҳам ёмон нарсами, масўр?— дедим.
— Қанақа итларга? Қанақа овқат?
— Вайронадаги итларга... Оҳ, ma soeur[6], мен борганимда қанчалик суюнишганини бир кўрсангиз эди... Кеча кечқурун бўлса, бурчакда кутиб олишди, оёқларимга ёпишишди... «Сабр қилинглар... вайронага элтиб бераман... унгача ўлиб қолмассизлар...», десам ҳам золимлар қулоқ солишмади. Осилишиб мени ерга йиқитишяпти... Менинг ҳам ўжарлигим тутиб кетди. Саватга этагимни маҳкам ёпиб олдим... Сал бўлмаса мени тилка-пора қилиб ташлашарди... Xайриятки, бир тешиккулчачи ўтиб кетаётган экан, қутқазиб олди.
Мудира кўзларимга тикилиб туриб эшитди.
— Жуда соз, хўш, мактабдан қандай қилиб чиқдинг? — деб сўради у.
Мен ҳеч тап тортмай:
— Кирхонанинг орқасидаги девордан ошиб тушдим,— дедим.
Мудира катта бир фалокат хабарини эшитгандай бошини қичиб:
— Қандай ботингдинг? — деди.
Мен яна тўғрисини айтдим:
— Ажаблангманг, ма соеур... Девор жуда паст... Иннайкейин, қандай қилиб эшикдан чиқишим мумкин?.. Қоровул мени чиқариб қўярмиди? Биринчи чиққанимда: «Сени ма соеур Терез чақиряпти», — деб алдаб қочган эдим... Илтимос қиламан, сиз ҳам менга халақит берманг... Чунки итларнинг оч қолиш хавфи бор...
Мураббияларимиз хўп ғалати хотинлар эди-да. Бошқа бирон мактабда шу нарсаларни қилсам ё мени қамаб қўйишар, ё бўлмаса бирорта жазо беришар эди, деб ўйлайман.
У мен билан пачакилашиб ўтирмаслик учун ўзини босди.
— Итларни, ҳайвонларни парвариш қилиш яхши нарса, лекин итоацизлик қилиш ярамайди... Саватни менга ташлаб кет... Сарқитларни итларга қоровул элтиб беради, айтаман, — деди.
Умримда ҳеч ким мени шу хотинчалик яхши кўрмаган бўлса керак.
Мураббияларимизнинг шунга ўхшаш ҳаракатлари у вақт елнинг тоққа таъсирига ўхшаш бир нарса бўлиб, менинг шўхлигимни, интизомсизлигимни даф этишдан ожиз кўринарди. Фақат булар аста-секин танамга сингиб, ўчмас излар, шифосиз заифликлар, назокат замзамаси қолдирмаганмикан, деб қўрқаман...

* * *
Шундай, мен ҳақиқатдан ҳам тушуниб бўлмайдиган ғалати қиз эдим. Ўқитувчиларимнинг заиф томонларини билиб олардим. Ҳар бир ўқитувчининг жиғига нима кўпроқ тегишини осонгина топиб олар, шунга қараб мужда тайёрлардим.
Масалан, Матилд опа номли қари, ниҳоятда мутаассиб бир мусиқа ўқитувчимиз бор эди. У девордаги Биби Марям сурати олидида кўзларидан ёш тўкиб ибодат қилиб турганда, мен сурат теварагида учиб юрган пашшаларни кўрсатардим-да, «ма соеур, малойикалар азиз онамизни зиёрат қилгани келишибди», деган сўзлар билан жон томирини узиб олардим.
Бошқа бир ўқитувчимизнинг ҳаддан ташқари тоза, покизалигига эътибор қилдим. У ёнимдан ўтиб кетаётганда ручкамнинг ёмон ёзишидан шикоят қилмоқчи бўлар, бечоранинг оппоқ ёқасига сиёҳ сачратиб юборар эдим.
Яна бир ўқитувчимиз бор эди, буниси газандалардан жуда қўрқарди. Китобларнинг бирида рангли чаён расмини топдим-у, авайлаб атрофини кесдим, кейин овқатхонадан битта каттакон сўна тутиб келиб, ҳалиги қоғоз парчасини елим билан сўна устига ёпиштирдим-да, кечқурун дарс тайёрлаётган пайтимизда бир баҳона билан ўқитувчимизнинг ёнига бориб сўнани стол устига қўйиб юбордим.
Мен уни саволга тутиб турган эдим. Сўна бирдан ўрмалай бошлади. Бечора хотин керосин лампанинг ёруғида қўрқинчли бир чаён бўғинларини, нишларини титратиб столда ўрмалаб келаётганини кўрди-ю, бирдан додлаб юборди. Дарҳол ёнида турган линейкани олиб, бир уришда сўнани столга қапиштирди. Кейин орқасини деворга суяб, қўллари билан юзини тўсиб, анчагача ҳушига келолмай турди.
Ўша кеча ўзим ётоқда бир соатча у ёқдан-бу ёққа ағанаб, юрагим эзилди.
Мен у вақтда ўн икки ёшга чиққан, кўнглимда ор, ҳаё туйғулари анчагина уйғониб қолган эди. Ўқитувчимга қилган муомаламдан уялдим. Бу айбим осонгина кечириб юбориладиган айб эмаслигини англар, эртага, албатта қийноқ-қистовга олинишимга ақлим етар эди. Ким билади, оқибати нима бўлади?
Мудира опани тушимда бир неча бор кўрдим, ёнимга ғазабланиб келар, кўзларини олайтириб бақирарди.
Эртаси кун биринчи дарс воқеасиз ўтди. Лекин иккинчи дарснинг охирроғида синф эшиги очилиб, мураббиялардан бири кирди-ю, ўқитувчимга бир нималар дегандан сўнг мени ташқарига имо қилди. Нақадар қўрқинчли!
Мен елкаларимни қисиб, тилимни чўччайтириб секин ташқарига чиқиб бораётганимда болалар кулишар, ўқитувчим эса линейка билан столни секин-секин тақиллатиб уларни жим бўлишга, шовқин солмасликка чақирар эди.
Бир нафасда мудира кабинетига етиб келдим, келдиму, таажжубда қолдим. Мудиранинг чеҳраси тушимда кўрган чеҳрага сира ўхшамас эди. Шундайки, чаён сурати ёпиштирилган сўна ўйинини ўйлаб чиқарган, ўқитувчини ҳушидан кетказган ярамас қиз мен эмас-у, у эканига ишонар даражада ҳайратда қолдим.
Чеҳрасида ғам, лабларида титроқ бор эди. Мени қўлимдан ушлаб бағрига босмоқчи бўлгандай бир ҳаракат қилди, лекин қўйиб юборди.
— Фарида болам... Сенга бир хабар айтмоқчиман... Оғир хабар... Отанг пича бетоб эмиш... Пича деяпман, лекин анчагина бўлса ҳам эҳтимол....
Мудира опа қўлидаги бир парча қоғозни буклар, сўзини улаштиришга қийналар эди.
Мени синфдан чақириб келган мураббиянинг бирдан юзига рўмолча тўсиб ташқарига чиқиб кетганини кўрдим.
Тушундим. Бир нима демоқчи бўлдим, лекин мудира опа сингари менинг ҳам тилим тутилиб қолди. Бошимни ўгириб, очиқ деразадан дарахтларга қарадим. Уларнинг офтоб нури тушган тепаларида қалдирғочлар учишиб юрарди.
Бирдан мен ҳам ўшалар сингари жонланиб кетдим.
— Тушундим, ма соеур, куюнманг... Начора? Ҳаммамиз ҳам ўламиз... — дедим.
Бу сафар мудира опа бошимни кўксига босди, анча вақтгача қўйиб юбормади.
Мактабимизда бегоналар киритилмайдиган кун бўлишига қарамай, бир оздан сўнг холаларим мени кўргани келишди. Рухсат сўраб уйга олиб кетмоқчи бўлишган эди, мен кўнмадим. Имтиҳонлар жуда ҳам яқинлашиб қолгани ўша куни ҳар маҳалдагидан ҳам зиёдроқ шўхлик қилишимга халақит бермади. Шу даражада шўхлик қилдимки, кечки дарс тайёрлаш пайтида баданим ўт бўлиб ёнди, танбалларга ўхшаб қўлларимни партага қўйиб ухладим ва ўша кеча овқат ҳам емадим.

* * *
Ёзги таътилимни Басима холанинг Қўзётоғидаги чорбоғида ўтказдим.
Бу ердаги болалар билан кўнглим овунмас эди. Басима холамнинг қизи Нажмия онасининг этагидан ажралмайдиган камгап, хастаҳол қизалоқ эди. Комрон акасининг худди ўзигинаси деса бўлади.
Хайриятки, атрофда Болқондан кўчирма қилинганларнинг болалари бор экан. Уларни боғчага тўплаб олиб, қий-чув солар, кечга қадар тўполон қилардим.
Бир оз вақтдан кейин бечора ўртоқларим қувғинга учрашди, чорбоғ боғбони уларни кўчага қувди.
Ўртоқларим кўнгилчан болалар эди; кўрган ҳақоратларини писанд қилмай, мени чорбоғдан олиб қочгани келишарди. Неча соатлаб далаларда бебошлик қилар, полизларнинг четанларидан ошиб ўтиб егулик ўғирлардик.
Кечқурун юзим офтобда пўрсиллаб, этакларимнинг йиртиқларини тилинган қўлларим билан яширишга тиришиб уйга кириб келганимда, холам сочларини юлар, бир тутам ялтироқ тук остидаги пушти оғзини очиб ора-сира эснаб ўтирган, шу ҳолида эси паст ялқов мушукка ўхшаган Нажмияни менга ибрат қилиб кўрсатарди. Сулувлиги, билимдонлиги, нозиклиги, тарбияси, билмайман яна нима балоси билан нуқул бошимга тақиллаб уриладиганлардан яна бири Комрон эди.
Нажмия бўлса... Гапнинг қисқаси, онасининг этаклари остида ўсган, юмшоқ, мўмин уй мушуги эди. Лекин қизларнинг шунақа бўлиши кераклигини ичимда маъқуллар ҳам эдим.
Лекин йигирмага яқинлашиб қолган, тароватли юпқа лаблари устида майин мийиқлар сабза ура бошлаган кап-катта Комронга нима бўлди? Қизларникига ўхшаган заифона оёқларида оппоқ чарм туфлиси, ипак пайпоқлари, юрганда ёш новдадай тебранувчи сарв қомати, шоҳи кўйлагининг очиқ ёқасидан чиқиб турган узун, оқ бўйни билан эркакдан кўра кўпроқ қизга ўхшаган бу йигитга жуда ёмон жаҳлим чиқарди.
Эркак қариндошлар, қўни-қўшнилар уни яхши йигит деб мақташгудай бўлишса, қоним қайнаб кетарди.
Неча бор югуриб келиб, оёғим лат егандай ўзимни устига ташлаганимни, китобларини йиртганимни, бекорчи баҳоналар билан жанжал чиқармоқчи бўлганимни эслайман. «Ҳой, оллоҳнинг қули, қиз болага ўхшаб ўтирмай бир оз жонлансанг-чи, бирон нарса десанг-чи, ана шунда мисоли мушукдай бўйнингга осилиб, сени тупроққа булаб ташлай, сочларингни юлай, илон кўзларига ўхшаган яшил кўзларингга чанг солай!» деб ўйлайман.
Оёқларига тош юмалатиб юбориб, ғужанак қилган кунимни ич-ичимдан завқ билан титраб туриб эслайман. Лекин у ўзини етилган эркак кишидай ҳисоблаб, менга юқоридан қарайди, кўзларини жилмайтириб: «Болалигинг қачон қолади, а, Фарида?» — дейди.
«Жуда соз, лекин сенда ҳам қачонгача давом этади бу писмиқлик, бу совчи олдига чиққан қари қизнинг нозу карашмаси?..»
Бу сўзларни ҳар нима бўлганда ҳам айтолмайман, албатта. Xудога шукур, ёшим ўн уч-ўн тўртларда... Шу ёшдаги бир қизнинг қўрслигини шу қадар бир назокат билан қаршилаган хушмуомала кишидан ортиқча хафа бўлиш ярашмайди. Беихтиёр ножўя сўз чиқиб кетишидан қўрқаётгандек, оғзимни қўлим билан ёпиб оламан, уни бемалол сўкиб олиш учун боғчанинг хилват бурчакларига қочиб кетаман.
Ёмғир қуйиб турган кунларнинг бирида қариндош хотинлар кийим-кечак ҳақида гаплашиб ўтиришган эди. Xотинлар тиктирмоқчи бўлишган қишки кийимларининг ранги тўғрисида Комроннинг фикрини сўраб қолишди.
Мен бир бурчакда тилимни чиқариб, кўзларимни олайтириб, кўйлагимнинг енгини ямаш билан машғул эдим. Ўзимни тутолмадим, қаҳқаҳа уриб кулиб юбордим.
Холаваччам:
— Нимага куляпсан? — деб сўради.
— Ўзим... — дедим. — Эсимга бир нарса тушиб кетди...
— Нима тушди?
— Айтмайман...
— Кўп ноз қилаверма. Дарвоқе, сенинг ичингда гап турармиди... барибир айтасан бир кун....
— Ундай бўлса хафа бўлма... Сен хонимлар билан кийим тўғрисида гаплашиб турганингда, мен сени худо янглиш яратган деб ўйладим... Қиз бўлганингдами... лекин ҳозирги ёшингда эмас... Масалан, ўн уч-ўн тўрт ёшларингда....
— Жуда соз, кейин....
— Боятдан бери атиги бир қарич йиртиқни ямагунча бармоқларимни илма-тешик қилиб олганим учун ҳам мен йигирма-йигирма икки ёшлардаги бир эркак....
— Э, кейин....
— Кейин нима бўларди, оллоҳнинг амри, пайғамбарнинг қавли билан сени ўзимга олардим, вассалом.
Уйдагиларнинг ҳаммаси шарақлаб кулиб юборди. Бошимни кўтардим-у, ҳамманинг кўзи менга тикилиб турганини кўрдим.
Меҳмонлардан бири беадабгарчилик қилди:
— Жуда соз, буни ҳозир ҳам қилиш мумкин, Фарида, — деди.
Эсим оғди. Кўзларимни олайтириб:
— Қандай қилиб? — деб сўрадим.
— Қандай қилиб? Комронга тегасан қўясан-да... У сенинг безакларинг ғамини ейди, йиртиқларингни тикади. Сен ҳам кўча ишларига қарайсан.
Аччиғим чиқиб туриб кетдим. Лекин бу гал кўпроқ ўзимдан аччиғланган эдим. Нима қилай, гап-сўзни ўзим бошлаб берган эдим. Мен бемаъни гаплар айтишда бу қадар ҳаддимдан ошиб кетган эмасдим, чамамда шу хоин йиртиқ кўйлак эс-ҳушимни олиб қўйган бўлса керак.
Шундай бўлса ҳам, қўрқоқ олдин мушт кўтаради, дегандек яна ҳужумга ўтдим.
— Бўлади, лекин Комронбей учун зарарли бўлар деб ўйлайман, — дедим, — чунки худо кўрсатмасин, уйда жанжал чиққудай бўлса холаваччамнинг ҳоли нима бўлар экан. Бир маҳаллар нозик оёқларига тушган тошни эсларидан чиқармаган бўлсалар керак, деб ўйлайман... — Кулгилар орасида ғалати бир жиддият билан хонамга чиқиб кетаётган эдим, аммо эшикка етганимда яна қайрилдим. — Беадаблик қилдим, — дедим, — ўн тўртга кириб қолган бир қиз учун жуда уят иш бўлди, айбга буюрманглар.
Товонларимни зина тахталарига уриб, эшикларни ланг очиб хонамга кириб кетдим. Ўзимни каравотга тўпдай ташладим. Пастда қаҳқаҳалар давом этарди. Қайдам, балки мени эрмак қилишаётгандир. Барака топишсин.
Комронга тегсам ҳақиқатан ҳам яхши бўлса керак. Чунки ёшларимиз кун сайин ортиб, у билан жанжаллашиш баҳоналари камайиб борар эди. Бир марта бўлса ҳам соч юлишиб, бош уришиб аламимни чиқариб олиш учун унга тегишдан бошқа чора йўқдай кўринарди.

* * *
Ёзги таътил охирида мактабимиз бирмунча вақт қайнаб тошар, бу тошқинлик фақат биринчи чорак имтиҳонларигача давом этарди.
Сабаби шуки, ўн уч-ўн тўрт ёшга кирган католик дугоналарим баҳорги Пахса байрамида дастлабки маросимларни қилишар, этаклари ерга тегадиган оқ шоҳи кўйлаклар кийишиб, келинчак юз пардасига ўхшаган рўмоллар ўраб олиб, Исо пайғамбарни эслашарди.
Черковда мум шамлар ёқилади, орган чалиниб, дуолар ўқилади; ҳаммаёқни тўлдирган баҳор гулларининг муаттар бўйлари билан аралашиб кетган исириқ, алой тутунлари ичида қилинадиган бу маросим жуда чиройли бўлади. Шуниси ёмонки, каникул кунларида қилинадиган бу маросимда хоин дугоналарим унашиб қўйилган йигитларига вафосизлик қиладилар, асал муми рангли, мовий кўзли Исони рўпара келган бир, ҳатто бир неча эркак билан бўлиб алдайдилар.
Мактаб очилганда дугоналарим чамадонларининг бир бурчагига яшириб мактублар, расмлар, эсдалик қилиб берилган гуллар, невлай, яна қандай нарсалар келтирадилар.
Боғчада иккитадан ё учтадан бўлиб қўл ушлашиб юрганларида гаплашган гапларини билардим. Қизларнинг энг маъсумасига, энг диндорларига ҳадя қилинган рангли, зарли пайғамбар ё малак суратларининг тагида сақланадиган расмлар йигитларники эканини осонгина билиб олардим. Боғчанинг бир бурчагида бирор қизнинг теварагида учган чивинлар ҳам уқолмайдиган бир шипшиш билан дугонаси қулоғига айтган гапидан ҳам бехабар қолмасдим.
Бу мавсумда қизлар иккитадан-учтадан бўлиб олишиб, бир-бирларига елимдай ёпишиб кетишарди.
Мен бечора эса боғчада ҳам, синфда ҳам яккаланиб қолардим. Дугоналарим мендан сир сақлашарди. Улар мураббиялардан ҳам кўпроқ мендан қўрқишарди. Нега дейсизми? Чунки сергап эдим, соқолли амаки айтгандай, ичимда гап турмас эди. Мабодо қизлардан биронтаси қўшни йигит билан боғча панжараси орқали гул олиб-беришганини кўрдимми — бўлди, боғчада дарров айюҳаннос кўтараман. Начора, бундай нарсаларга жуда ҳам ўч эдим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: қиш кунларининг бирида кечқурун дарс тайёрлаш билан машғул эдик. Мишел исмли тиришқоқ бир қиз нўноқ дугонасига Рим тарихини ўргатиш учун мураббиядан ижозат сўраб, энг орқадаги қаторга ўтиб ўтирган экан. Дарсхона жим-жит эди, шу жимжитлик ичида бирдан пиқиллаган овоз эшитилди. Мураббия бошини кўтариб:
— Нима бўлди, Мишел, йиғлаяпсанми? Нимага? — деб сўради.
Мишел кўз ёшларидан ивиб кетган юзини қўли билан тўсиб олди.
Унинг ўрнига мен жавоб бердим:
— Мишел карфагенликларнинг енгилганига хафа бўлди, шунга йиғлаяпти, — дедим.
Синфда бирам қаҳқаҳа кўтарилдики...
Хуллас, дугоналарим мени ўзларига қўшмасликда ҳақли эдилар. Фақат ҳаммадан ажралиб қолиш, кап-каттакон қиз ҳолимда эси паст бола муомаласини кўриш унча яхши нарса эмас эди.
Ёшим ўн бешга қараб борарди. Ҳамма оналаримиз келин бўлган, бувиларимиз эса: «Вой, шўрим, уйда қолиб кетяпсизлар!» деб ҳаяжонга тушадиган ва ҳазрати Айюб қудуғига[7] чопадиган ёш...
Бўйим чўзилмай қолган эди. Аммо шўх-ўжарлигимга қарамай, қоматим келишиб, чеҳрамда ажойиб ранглар, нурлар ёниб ўча бошлаган эди.
Соқолли амаки баъзан қўлларимдан ушлаб, мени дераза ёнига олиб борарди-да, юзимни худди кўзларига суртадигандек, юзини яқин келтириб: «Қизим, бу нима?.. Бу қанақа ранг, ҳей?.. Гулдек тоза-я. На сўлади, на эскийди!» — деярди.
Ойнага қараб: «Ҳа, жоним, қиз деган ҳам шунақа бўладими? Феъли бўри боласига ўхшаса-ю, юзи рассом чизгандай чиройли бўлса!» — деб ўйлар, универсал магазин кўргазмасида бувакни томоша қилаётгандай тилимни чиқариб, кўзларимни олайтириб, ўзимни эрмак қилар эдим..

* * *
Таътиллар ичида энг яхши кўрганим Пасха байрами эди. Бу икки ҳафталик таътилни ўтказиш учун Қўзётоғига борганимда гилослар пишган, катта боғнинг кўчага қараган томонини бошдан-охир тўсиб олган дарахтлардаги гилослар чайқалиб турган бўларди.
Гилосни жуда яхши кўрардим. Ана шу ўн беш кунни чумчуқлар сингари фақат гилос ейиш билан тугатар, шохларининг энг учларида қолган гилосларни ҳам тугатмай туриб мактабга қайтмас эдим.
Бир куни кечки пайт дарахт устига чиқиб олиб, гилос ея, данакларини узоқ-узоқларга ота бошладим.
Шу данаклардан бири кўчада ўтиб кетаётган бир кекса қўшнимизнинг нақ бурнига бориб тегса бўладими?
Боёқиш нима бўлганини билмай донг қотиб қолди, атрофига телба кўзлар билан жовдираб қаради, лекин бошини кўтариб дарахтга қараш ҳеч эсига келмади.
Овозимни чиқармасам, ўтирган еримдан қимирламасам, балки мени ҳеч кўрмай, биронта қуш учиб кетаётиб данак тушириб юборди, деб қўя қоларди.
Мен эсам, ниҳоятда қўрққанимга, уялганимга қарамай, ўзимни тутолмасдан кулиб юбордим.
Каттакон шохда отга миниб олгандай ўтирган, сира уялмасдан, ҳаё қилмасдан кулаётган қизни кўрди-ю, боёқиш ўзини тутиб туролмади, жаҳли чиққанидан қош-кўзларини ўйнатиб:
— Баракалло, оппоқ қизим, — деди. — Бу ишингиз бизга ёқмади, худо билади, сиздай бўйи етиб қолган кап-каттакон бир қизнинг...
Ўша замон ер ёрилса, ерга кириб кетгудай бўлдим. Бечора гулдек юзим, ким билади, қандай рангларга кирди экан! Дарахтдан йиқилиб кетиш хавфига ҳам қарамай, қўлларимни мактабда киядиган кўйлагимнинг кўкраги устида қовуштириб бўйнимни хиёл букдим-да:
— Кечиринг, беяфандим, — дедим, — худо ҳаққи, бехосдан бўлди... Яна ҳам тўғриси, билмай қолдим... — Бу гуноҳкорларча ёлвориш усули мактабда мураббиялар, диндор ўқувчилар Биби Марям билан Исо олдида дуо ўқиётган маҳалларида қўлланадиган усул эди. Ҳарҳолда, бунинг таъсири узоқ вақтлардан бери синаб келинарди. У неча асрлардан бери илоҳий она билан болани шу қабилда юпатиб келгани учун, бу кексани ҳам охирда инсофга келтириши мумкин эди.
Тахминимда янглишмадим. Қўшним бу риёкор сўзларимга, овозимдаги қалтироққа алданди, юмшалди. Нимагадир, менга бирон яхши нарса айтиш зарурлигини сезгандай:
— Бу хил парвосизликнинг бўйи етиб қолган қизга зарари етиши мумкинлигини тушунмайсизми? — деди. Нима демоқчи эканлигини жуда яхши тушуниб турсам ҳам, кўзларимни пирпиратиб:
— Нега энди, афандим? — деб сўрадим.
У киши қуёшнинг ёндош тушиб турган нурларига қўлини парда қилиб, менга диққат билан разм солди, кейин хахолаб кулди.
— Масалан, сизни ўғлимга олиб бермоқчи бўлсам...
Мен ҳам кулиб юбордим.
— У томонга хотиржам бўлсинлар, афандим. Одобли қиз бўлганимда ҳам олмас эдингиз!
— Нега энди, билолмадим?
— Чунки менинг дарахтга чиқиш, гилос данакларини отишдан ҳам каттароқ айбларим бор... Биринчидан, бой қиз эмасман... Қулоғимга чалинган гапларга қараганда, камбағал қизни ҳеч ким назарига илмас эмиш... Иннайкейин, чиройим ҳам йўқ... Мендан сўрасангиз, бу — камбағалликдан ҳам каттароқ бир камчилик...
Бу сўзлар кекса бейни жуда қизиқтириб қўйди.
— Сиз хунукмисиз, қизим? — деди.
Мен лабларимни чўччайтирдим.
— Нималар деяпсиз? Нима, мен ўзимни билмайманми? — дедим. — Қиз деган ҳам шунақа бўлармишми? Қизга узун бўй, сариқ соч, мовий ёки яшил кўзлар лозим...
Кекса бей бир маҳаллар чатоқ юрганга ўхшайди... Ғалати боқиш, ширин товуш билан:
— Оҳ, бечора қизим, — деди. — Сен гўзалликнинг нималигини биладиган, ўзингнинг қандайлигингни фарқ этадиган ёшдамисан-а? Ҳар нима бўлганда ҳам... Қани, отингиз нима, билиб қўяйлик?
— Чолиқуши.
— Ие, бу қандай от бўлди?
— Pardon[8], мени мактабда шундай дейишади-да... Асл исмим Фарида. Ўзим сингари қўпол-тўпол исм.
— Фарида хоним... Сизнинг отингиз ҳам ўзингиз сингари гўзал, бунга амин бўлинг. Кошкийди ўғлимга сиздақасини топсам...
Билмайман, нима учундир бу кибор қиёфали, ширин сўзли киши билан шўхлик қилгим келиб кетди.
— Шу ҳолда ўзларига ҳам гилос оцак бўлади денг?
— Албатта... Албатта... Ҳеч шубҳа йўқ...
— Ҳозирча рухсат эцангиз, сизга бир оз гилос териб берсам. Мени кечирганингиз исботи учун гилосларни, албатта, олишингиз керак... Икки минут...
Олмахон чаққонлиги билан шохларга тирмашиб чиқиб кетдим. Кекса қўшним қўлларини кўзларига тутиб:
— Ана, шохлар қирсиллаяти... Мен сабаб бўламан-да... Йиқиласиз, Фарида хоним! — деб бақирарди.
Мен бу ваҳимага эътибор бермай, гапдан толмас эдим.
— Ҳайрон бўлманг... Йиқилишга ўрганиб қолганман... Масалан, яқин бўлсак, чаккамдаги яра изини кўрардингиз. Шундай изки, бутун гўзалликларни ҳечга чиқаради....
— Ҳай-ҳай, қизим... Йиқиласиз...
— Бўлди, афандим, бўлди... лекин буларни сизга қандай қилиб бераман?! Топдим, афандим, бунинг ҳам йўлини топдим..
Фартугимнинг чўнтагидан рўмолча олдим-да, унга гилосларни солиб учларини тугунчага ўхшатиб тугдим.
— Рўмолчага парво қилманг... Ҳали бурнимни артганим йўқ... Топ-тоза... Илтимос, фақат ерга туширмасдан ушлаб оласиз... Бир... Икки... Уч!
Кекса қўшним кутилмаган бир чаққонлик билан рўмолчани тутиб олди.
— Кўп раҳмат, қизим, — деди. — Ана холос, энди рўмолчангизни қандай қайтариб бераман?
— Ҳечқиси йўқ... Сизга мендан ҳадя бўла қолсин..
— Нега энди?
— Нега бўлмасин? Бунинг бошқа томони ҳам бор... Мен бир неча кундан сўнг ётоқхонага қайтиб кетаман. Мактабимизда бир одат бор... Таътил кунларида қизлар йигитлар билан танишишади, кейин, мактаб очилганда, буларни бир-бирларига мақтанишади. Мен бундай нарсаларни қилмаганим учун улар олдида жуда қисиламан... Аммо улар бетимга очиқ-сочиқ бир нарса дейишга ботинишмайди, мени мутлақо аҳмоқ деб билишса керак-да. Бу сафар бир ғалати иш қиламан... Мактабга қайтганимдан кейин, бир сирим бордай бошимни солинтириб ўй суриб юраман, ғамгин-ғамгин кулимсийман. Улар: «Чолиқуши, сенда бир гап бор-а?» деб, албатта, сўрашади. Мен ҳам нохушгина: «Йўқ, менда гап нима қилсин?» дейман... Ишонишмай, мени қистай бошлашади. Ана шундан кейин: «Хайр, айцам айтай... лекин бировга оғизларингиздан чиқармайсизлар, қарғанасизлар», — дейман-у, битта ёлғонни дўндириб юбораман.
— Қандай ёлғон?
— Сиз билан танишганим ёлғонни осонлаштиради. «Сарғил, узун бўй бир эркак билан девор устида дилдорлик қилишдик», дейман... Албатта, оқ сочли дея олмайман. Сочингизнинг ўзи ҳам ёшликда оқара бошлаган бўлса керак... Дугоналаримнинг феълини биламан-да. Дарров: «Нима ҳақда гаплашдинглар?» — деб сўрашади. Мени чиройли экансиз, деди деб онт ичаман. Мен ҳам унга бир рўмолча гилос бердим, деб, албатта, айтмайман. Гул бердим, дейман... йўқ, буниси ҳам тўғри келмайди... Гулни рўмолчада бермайдилар-ку... Рўмолчани ҳадя қилдим, дейман, вассалом...
Бир озгина аввал бир-биримиз билан ёқалашгудай бўлганимиз ҳолда, энди кекса қўшним билан чақчақлашиб кулишар, қўл силкишиб хайрлашар эдик...
Ўша йил ёзида шу дарахтга чиқиш иллатим бошимга бало бўлди.
Августнинг ойдин кечаларидан бири. Чорбоққа бир тўда меҳмон келган эди. Булар орасида Наримон номли йигирма беш ёшлардаги бир тул хотин ҳам бор эди. Унинг онда-сонда чорбоққа келган кунлари катта воқеа ҳисобланарди.
Дунёда ўзларидан бошқа ҳеч кимни ёқтирмайдиган холаларимдан тортиб хизматчи қизларга қадар — ҳамма бу хотинга маҳлиё бўлиб қолган эди.
Наримоннинг эри бундан бир йил аввал ўлган. Наримон эрини жуда ҳам яхши кўрарди, дейишади. Шунинг учун у ҳамиша қора кийиб юрар экан. Лекин менга шундай туюлдики, бу хотиннинг сарғимтир чеҳрасига жуда ҳам ярашиб тушган қора кийими аза тамом бўлгандан сўнг ечилгудай бўлса, унинг қуруқлиги ошкор бўлиб қолади.
Наримоннинг менга қилган муомалалари ит мушукни эркалаганига ўхшарди. Лекин мен унга ҳеч эликмас эдим. Орамиз анча совуқ эди. Менга қилган илтифотларини жуда совуқ қаршилардим.
Ўртамиздаги совуқликнинг ҳали ҳам давом этганига қарамай, тан беришим керак: Наримон ўлгудай чиройли эди. Менга ёқмайдиган бир нарсаси бўлса, у ҳам нозу карашмаларга ўчлиги эди. Xотинлар ичида-ку ўзини унча-мунча яхши тутарди-я, лекин, мабодо орага битта-яримта эркак аралашиб қолгудай бўлсами, ана унда юзи ўзгарар, овози, қаҳқаҳалари, қилиқлари бутунлай бошқа тус оларди. Қисқаси, мактабимдаги енг ичида иш кўрадиган дугоналаримнинг яна ҳам саводи чиққанроғи...
Эри ҳақида гап очилгудай бўлса, бу хотиннинг: «О, менинг ҳаётим битди!» деб ёлғон таассурот қолдиришга ҳаракат қилиши жон-жонимдан ўтиб кетарди. У шундай қилганда ич-ичимда ғазабга келар, «кўзга яқинроқ биронтаси учрасин, кўрамиз», деб ўйлардим.
Чорбоғимизда Наримонга тенг келадиган ҳеч ким йўқ эди. Латта Нажмияни эса, табиий, одам сонига қўшиб бўлмайди. Xолаларим сочлари, бошлари оқарган қари хотинлар. Гоҳ унинг, гоҳ бунинг оёқларини тушашдан бошқа гаплари йўқ. У ҳолда, у ҳолда...
Мен Наримоннинг чорбоққа мазахўрак бўлиб қолганининг сабабини сеза бошлагандай эдим. У эси паст бўламни кўз остига олиб қўйган эди. Ё тегмоқчимикан? Ундай деб ўйламайман. Ўттизга яқинлашиб қолган тул хотиннинг йигирма ёшлардаги йигитчага тегиш ҳаракатига тушиши пасткашликнинг бориб тургани... Агар у бундай пасткашликдан қайтмаса, бемаъни холаларимда тажрибасиз болаларини калхатга олдириб қўймайдиган кўз топилармикан?
У ҳолда, у ҳолда?
У ҳолдаси борми? Бахтиёр тул, ўз ҳашамати, фантазияси олдида тиз чўкадиган биронта шўринг қурғурни топгунча менинг бўлам билан кўнглини чоғ қиляпти.
Комронни эси паст дедим-а, йўқ, қизишганимдан айтдим... Йўқса, у нима қилаётганини яхши биладиган сариқ чаён. Наримон билан гаплашганда ўзини пинҳон тутишга тиришади, лекин мендан қочиб қутула олармикан?
Болалар билан ёқалашиб ё ипдан сакраб ўйнаб турган, ёхуд ерга ётиб олиб, қарта фоли очаётган кезларимда ҳам кўзларим фақат уларда бўлади...
Бўлам қаерда бўлса ҳам, ўша хотиннинг пинжига кириб олади. Гоҳо ҳеч нарсадан бехабардек ёнларидан ўтиб кетаман. Ана шундай кезларда овозларини пасайтиришади ё гапни бошқа ёққа буриб юборишади... «Нима қилишса қилишавермайдими, сенга нима?» деярсизлар. Менга нимами? Комрон душманим бўлганда ҳам, ҳар ҳолда, бўлам... Қандайлиги номаълум бўлган бир хотин уни бузар экан-у, мен қараб ўтираманми?..
Нима тўғрисида гапираётган эдим?.. Ҳа, августнинг ойдин кечаларидан бири... Меҳмонлар чорбоғ олдидаги айвонда ўринсиз ёқилган катта лампанинг ёруғида ҳангомалашиб ўтиришган эди.
Наримоннинг мусиқа ноталари сингари ўлчовли, оҳангдор қаҳқаҳалари асабимга теккани учун боққа чиқиб бир бурчакда, қоронғи дарахтлар тагида хаёл суриб ўтирган эдим.
Азамат шохларидан бир қисми қўшни боққа осилиб тушган битта қари чинор бор. Бечоранинг ейишга ярагули меваси бўлмаганига қарамай, салобати учун яхши кўрардим. Устида, худди супада юргандай, ҳеч қўрқмасдан юриладиган йўғон, соябон шохларига чиқиб айланар, ёхуд ўтирардим.
Ўша кеча ҳам шундай қилдим, анчагина баланд шохига чиқиб ўтирдим.
Бир оздан сўнг қулоғимга енгил оёқ товуши, орқасидан эса бўғиқ қаҳқаҳа эшитилди.
Дарҳол кўзларимни очиб, қулоқларимни динг қилиб турдим... Нима десам бўлади. Бўлам бахтиёр тул билан мен томон келарди...
Қармоғига балиқ яқинлашганини кўрган балиқчи сингари, бошдан-оёқ диққатга айландим. Ўтирган еримда шовқин солиб юбормасайдим, деб ўтакам ёриларди. Беҳуда қўрқув!
Улар ўзларидан шу қадар кетишган эдики, ўтирган еримда бонг урсам ҳам эшитишмас эди. Наримон олдинда, бўлам эса араб малайдай тўрт-беш қадам орқада келарди. Девор орасидан ўтиб, нари кетишга мадорлари етмагани учун мен чиқиб олган дарахт тагига келиб тўхташди: «Келинг, жужуқларим! Келинг, қўзиларим!.. Сизларни менга оллоҳ насиб қилди. Бир оздан сўнг кўришамиз... Бу гўзал ойдин кечада сизлардан унутилмас бир хотира қолдириш учун қўлимиздан келганича ғайрат қиламиз!»
Худди шу чоқ бир чигиртка чириллай бошламайдими? Дод дейман! Бўламнинг бахтиёр тулга айтаётган гапларини эшитолмай қолдим... Қўлимдан келса: «Ҳой, нотавон, нимадан қўрқасан? Бу ерларда ким бўларди?.. Овозингни чиқарсанг-чи!» деб бақирардим.
Комроннинг: «Наримон, азизим, малагим», — деган сўзларигина қулоғимга чалинди. Дағ-дағ титрай бошладим. Йиқилиб тушмаганимда ҳам, шарпа қиламан, япроқларни шитирлатиб юбораман, деб қўрқар эдим. Бу орада Наримон хонимнинг ҳам бир-иккита сўзини эшитдим... «Илтимос қиламан, Комронбей, илтимос қиламан», — деяр эди у.
Ниҳоят, овозлар тинди. Наримон секин-секин девор томон юрди, қўшни боғда бошқа биров бор-у, уни кўрмоқчи бўлгандай, оёқларининг учига туриб қаради.
Комрон эса унинг орқасида нима қилишини билмаётгандай турарди...
Бўламнинг бирдан у томонга юрганини, қўлларини кўтарганини кўрдим... Юрагим қинидан чиқиб кетаёзди, «ахийри ақли бошига келди, бу ёмон хотинга шапати отади», деб ўйлайман. Комрон шундай қилса қолса, мен ҳам ҳўнграб ўзимни дарахтдан ташлайман, у билан умрбод ярашаман. Лекин у махлуқ бундай қилмади. Қизларникига ўхшаш оппоқ қўллари билан Наримоннинг елкаларидан, кейин эса билакларидан маҳкам ушлаб ўзига тортди. Қучоқ қучоққа, нафас нафасга туташди. Чинор барглари орасидан тушган ой ёруғида икковининг сочлари бир-бириникига аралашиб кетганини кўрдим.
Ё раббий, бу қадай разолат, қандай разолат-а! Бутун вужудим дағ-дағ титрарди. Бир оз аввал уларга ғалати бир ўйин кўрсатиб қўйишга қарор қилган бўлсам, энди мени сезишмасин деб ўтакам ёриларди. Ҳақиқий қушга айланиб, бу шохлардан кўкка парвоз қилишни, осмондаги ой манзилида ғойиб бўлиб, бу дунёдаги одамларнинг юзларини кўрмасликни нечоғлик истар эдим!..
Лабларимни бармоқларим билан сиқиб турганимга қарамай, оғзимдан бир овоз чиқди. Бу фарёд бўлса керак. Лекин пастдагилар тушунгунча фарёдим қаҳқаҳага айланди. Уяцизларнинг ўша дамдаги талвасасини, қўрқувини бир кўрсангиз эди!
Бир озгина олдин оёқларини ой ёғдуси каби ерга тегизмай юраётгандай туюлган бахтиёр тул энди дарахтларга урилиб, қоқиниб-суқиниб қоча бошлади. Xолаваччам ҳам шундай қилмоқчи бўлди. Лекин Наримон изидан бир неча одим борди-ю, кейин нима ўйласа ўйлагандир, тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтиб келди.
Мен қиладиган бошқа иш тополмаганим учун ҳамон кулар эдим. У машҳур «Қарға билан Тулки» эртагидаги тулки сингари, дарахт тагида у ёқ-бу ёққа юра бошлади.
Ниҳоят, уятни бир ёққа йиғиштириб қўйиб:
— Фарида, жонгинам, бир оз пастроққа туша оласизми? — деди.
Мен кулгини тўхтатиб, жиддий оҳангда:
— Нима ишингиз бор? — дедим.
— Ҳеч... сенга гапим бор эди-да...
— Менинг эса сиз билан гаплашадиган гапим йўқ... Роҳатимни бузманг.
— Фарида, ҳазилингни қўй...
— Ҳазилимни? Нега қўяр эканман?
— Лекин ҳаддингдан ошяпсан... Сен пастга тушишни хоҳламасанг, мен тепага чиқишим мумкин.
Ана холос, бунисига нима дейсан! Йўлда кетаётганида кичкинагина кўлоб сувни кўриб эсанкираб қоладиган, ҳатлашга қарор беришдан аввал туфлиларига, сувга уч-тўрт марта қараб оладиган, курсига ўтириш олдидан шимининг тиззаларини бармоқларининг учи билан ушлаб юқори тортиб қўядиган нозик, нозанин бўламнинг дарахтга чиқмоқчи бўлгани-чи, қўй, кулма!
Шу кеча Комрон чиндан ҳам ваҳшийлашган эди. Пастдаги шохлардан бирига осилиб чиқди, кейин яна ҳам юқори чиқиш ҳаракатига тушди.
Шу кеча у билан дарахт устида юзма-юз келиш фикри нимагадир мени ҳайиқтирарди. Учрашсак фалокат юз берарди. Унинг яшил илон кўзларини яқиндан кўрсам, дарахт шохлари орасида потирлашиб бир-бири билан олишган икки йиртқич қушга айланамиз. Кўзларни ўйиб, пастга отамиз. Ё уни, ё ўзимни.
Лекин, нима учундир, бу ёмонликни раво кўрмадим.
Жойимда тўғриланиб, кескин товуш билан буюрдим:
— Тўхтанг ўша ерда!
У парво қилмади, жавоб ҳам бермади. Чиқиб олган шохи устида тўғриланиб, яна ҳам юқорига қарай бошлади.
— Тўхтанг, оқибати ёмон бўлади! — дедим. — Биласизки, мен Чолиқушиман. Дарахтлар менинг коинотим. Бу жойларга мендан бошқа одамнинг оёқ босишига кўзим етмайди.
— Бу яна қандай гап бўлди, Фарида?
Ҳақиқатан ҳам бу қанақа гап эди?
Ночор ҳазилга олдим. Яқинлашса, яна ҳам юқори чиқиш тараддудига тушиб:
— Биласизки, сизни ҳурмат қиламан, — дедим. — Сизни дарахтдан йиқилишга мажбур эцам жуда ёмон хафа бўламан. Ҳозиргина шеър ўқиган овозингиз бирданига «Войдод!», «Войдод!» деб бақира бошласа, фожиа бўлади.
Унинг овозини тақлид эта туриб, қаҳқаҳа уриб кулиб юбордим.
— Бўлмаса кўришамиз! — деди Комрон.
Қўрқув унга далда, чаққонлик бағишлади. Таҳдиддан ҳайиқмай, остимдаги шохларга тирмаша бошлади.
Дарахтда қувлашмачоқ ўйинини бошладик. У яқинлашди дегунча мен юқори чиқаман. Шохлар ҳамон ингичкалашиб боради. Бир қур девор устига сакраб тушиб қочмоқчи ҳам бўлдим. Бироқ сакрашга қурбим еца ҳам, сакрамайман, нимагаки, бир еримни майиб қилиб олгундай бўлсам, бўлам ўрнига менинг додлаш эҳтимолим бор.
Ҳарҳолда нима бўлса ҳам, шу кеча бир-биримизга яқин келмаслигимиз керак. Сиёсатни ўзгартириб сўрадим:
— Мен билан нега бунчалик гаплашмоқчи бўлганингизнинг сабабини билсак бўладими?
Саволимни эшитиб, у ҳам ўзгарди, жиддий тус олиб:
— Сен билан ҳазиллашяпмиз-у, лекин масала жуда муҳим, Фарида... Сендан қўрқяпман... — деди.
— Шунақами? Нимадан қўрқасиз?
— Шўхлик қилишингдан...
— О, ҳар кунги ишим-ку бу!
— Бугунгиси бошқа кунлардагига ўхшамаганидан...
— Бугун бирон фавқулодда нарса юз бердими?
Комрон жуда чарчаган, узуккан эди. Шими ҳам эсига келмай, шохлардан бирига ўтирди. Ҳамон ҳазиллашаётгандай кўринса ҳам, аслида йиғлаб юборадиган аҳволда эди.
Унга ачинганим учун эмас, у билан гаплашишга тоқатим қолмагани, ундан тезроқ қутулгим келгани учун:
— Ғам ема, — дедим, — қўрқадиган ҳеч нарса бўлгани йўқ, кўнглингни тўқ тутавер... Бор, меҳмонларинг олдига, айб бўлади.
— Фарида, шунчаки сўзми ё онтми?
— Сўз ҳам, онт ҳам... Xоҳлаганинг...
— Ишонсам бўладими?
— Менингча, ишониш керак... Ахир бурунгидай ёш бола эмасман-ку...
— Фарида...
— Иннайкейин, ҳайронман: менинг нима дейишимдан қўрқасан? Мен-ку дарахтда ўз йўлимча ўтирибман...
— Қайдам, ичимда ҳеч ишонгим келмайди...
— Катта бўлиб қолганимни, эси кирган қиз бўлганлигимни сенга айтишдан, албатта, бир мақсад бор... Бор, суюкли бўлам... Ортиқ узукма... Баъзи нарсалар борки, буларни ёш бола ҳам сезади... Лекин улғайиб бораётган ёш қиз ҳеч фарқига бормайди. Бор, кўнглингни хуш қил....
Комроннинг ваҳми секин-секин ҳайратга айланиб бораётгандай кўринарди. Мени албатта кўргиси келгандек, бошини кўтариб:
— Гапларинг бутунлай бошқача-я, Фарида, — деди.
Гап чўзилса, кети кўринмаслиги мумкин. Шунинг учун ясама ғазаб билан бақириб бердим.
— Бас энди!.. Гапни чўзаверсанг сўзимни қайтариб оламан... Тушунсанг-чи!
Пўписам уни қўрқитди. Шошиб-пишиб дарахтдан тушди-да, Наримон кетган томонга қараб юришдан уялгандай, боғнинг этагига қараб кетди.
Бахтиёр тул ўша кечадан сўнг чорбоғда кўринмади. Комронга келсак, узоқ вақтларгача мендан ҳадиксираб юрди, мен буни сездим.
Комрон Истамбулга тушганда, ҳар сафар менга ҳадялар олиб қайтарди. Битта расмли япон сояпари, шойи рўмолчалар, ипак пайпоқлар, юраксурат пардоз ойнаси, чиройли қўл сумкаси тортиқ қилди...
Болалик шўхликларини ташламаган қиздан кўра кўпроқ етилган қизга ёқадиган бу нарсаларнинг менга ҳадя қилинишида қандай маъно бор эди? Чолиқушининг кўзларини бўяшдан, жанжалларининг олдини олиб, шўхлигига тўсқин бўлишдан бошқа нима ҳам бўларди?
Биров сени эсдан чиқармаса, завқланиш мумкинлигини тушунадиган ёшга етиб қолган эдим. Яна бу чиройли нарсалар ўзимга ҳам ёқарди.
Лекин бу ҳадялар менга манзур бўлганини на Комронга, на бошқаларга билдиргим келмас эди.
Бунинг устига нозик қамишлар терилган, қийиқ кўзли япон қизларининг суратлари билан безалган сояпаримни ерга, тупроққа туширган пайтларимда олмасам, холаларим:
— Фарида, сенга берилган ҳадяларни шундай қадрлайсанми? — деб таъна қилишарди.
Сумканинг ялтироқ, юмшоқ терисига бармоқларим текканда, ҳамиша ҳурмат ҳисси туярдим; бир кун ана шу сумкага қўлимдаги ҳўл меваларни солмоқчи бўлгандай бир ҳаракат қилиб, холаларимни роса жағиллатдим.
Яна ҳам ҳушёрроқ бўлганимда, Комроннинг бу ҳадигидан яна ҳам кўпроқ фойдаланар, турли дўқ-пўписа билан уни яна нималар... нималар олиб беришга мажбур этардим.
Лекин ўзим шу қадар яхши кўрган бу нарсаларимни йиртгим, синдиргим, кейин оёқларим остига олиб йиғлаб туриб депсагим келарди.
Бўламга бўлган кеким, нафратим ҳеч тарқалмас эди.
Бошқа йиллар мактабнинг очилиши кунлари яқинлашган сари бошим оғрир, кўзларим тинарди. Аммо ўша йил бу уйдан, бу одамлардан узоқлашадиган кунимни интизорлик билан кутдим.

* * *
Мактаб очилган ҳафтанинг якшанбасида мураббиялар бизни Қяғитхона[9] томонга олиб чиқишди. Мураббиялар кўчада юришни жуда ёмон кўришади, лекин ўша куни нима бўлдию қоронғигача қолиб кетдик.
Мен энг орқада кетаётган эдим. Қандай бўлганлигини билмайман. Бир маҳал қарасам, дугоналарим билан менинг ўртамдаги масофа жуда узайиб кетибди. Мени одатдагича олдинда кетаётибди деб ўйлашган бўлишса керак, ҳеч ёқдан мени йўқловчи овоз чиқмади. Бир пайт ёнимга бир кўланка кела бошлади. Қарасам Мишел:
— Сенмисан, Чолиқуши? Нега якка ўзинг судралиб кетяпсан? — деди.
Ўнг оёғимнинг болдирига чандилган рўмолчани кўрсатдим.
— Ҳали ўйнаб туриб йиқилганимда, оёғимни яралаб олганимдан бехабарга ўхшайсан-а? — дедим.
Мишел ёмон қиз эмас эди. Ҳолимга ачинди.
— Xоҳлайсанми, сенга ёрдам қилай?
— Ҳарҳолда, мени опичиб олиш фикринг-ку йўқдир?..
— Табиий, йўқ... Иложи йўқ-да... Фақат қўлтиқлаб олишим мумкин, хўпми? Бундай эмас... Қўлингни елкамга қўй... Маҳкамроқ ушла... Мен ҳам белингдан ушлаб оламан... Оғриғинг пича камаяди... Қалай, юрганингда жонинг унча оғримаяптими?
Айтганини қилдим. Ҳақиқатан, аҳволим анча енгил тортди.
— Mersi[10], Мишел, сен жуда ажойиб қизсан, — дедим.
Бир оз юрганимиздан сўнг Мишел:
— Биласанми, Фарида, бу аҳволда юрганимизни дугоналаримиз кўришса, нима деб ўйлашади? — деб сўради.
— Нима деб ўйлашади?
— Фарида ҳам ошиқ бўлибди... Мишелга дардини айтяпти, деб ўйлашади.
Бирдан тўхтадим.
— Гапинг ростми? — деб сўрадим.
— Албатта...
— Ундай бўлса, қўлтиғимдан чиқ.
Шу буйруқни бера туриб, аскар командиридай жиддий тус олдим.
Мишел мени ҳамон қўйиб юбормай:
— Эски сафсата, — деди, — наҳотки шунга ҳам ишонсанг?
— Сафсатами, нега?
— Қизлар сенинг қанақалигингни билишмайдими?
— Нима демоқчисан?
— Ҳеч сенда бундай можаро бўлиши мумкин эмаслигини... Биров билан юриш эҳтимолинг йўқлигини...
— Нега энди?.. Мени хунук деб ўйлайсанми?
— Йўқ... Xунук демайман... Аксинча, чиройлисан ҳам... Фақат ўлгудай лақмасан, оғзинг бўш....
— Мени шундай деб ўйлайсанми?
— Менгина эмас, ҳамма ҳам шундай деб ўйлайди... Севги бобида Чолиқуши чинакам гурд дейишади.
Туркчасини аммо унча яхши билмайман-у, лекин французчасига гурд дегани осмақовоқ, сувқовоқ, болқовоқ маъноларини беради. Қайси бири бўлса ҳам ёмон нарса... Зотан, пастак бўйим, бўлиқ гавдам билан бу қовоқлардан бирига анчагина ўхшаб ҳам кетишим мумкин... Шу ҳолда Чолиқушидан кейин менга яна гурд деган лақаб қўйилса кўп ёмон бўлади! Нима қилиб бўлса ҳам одамни шарманда қилувчи бу хавфнинг олдини олиш керак.
Мишелнинг ўзидан ўрганган бир қилиқни қилдим — бошимни елкасига қўйдим, тагдор қилиб юзига қарадим, кейин ғамгин кулимсираб:
— Майли, сизлар шундай деб ўйлай туринглар, — дедим.
— Нима деяпсан, Фарида?
Мишел тақа-тақ тўхтади, менга ажабланиб қаради. Мен бўйнимни қисиб тасдиқладим.
— Афсуски, шундай, — дедим. Кейин ёлғонимнинг осонроқ ҳазм қилиниши учун бир оҳ ҳам уриб қўйдим.
Мишел бу сафар ҳайратидан айюҳаннос тортиб юборди:
— Ажойиб!.. Жуда ажойиб, Фарида!.. Афсуски, ҳеч ишонгим келмайди.
Бечора Мишел севги савдосига шунчалар ишқибоз эдики, буни бошқаларда сезди дегунча, юраги суюнчларга тўлиб кетарди. Фақат ўзи айтганидек, ишонишга, очиқ-ошкор севинишга ботинолмасди.
Беадабгарчилик қилиб қўйдим. Номусим учун буни охирига етказишим керак.
— Шундай, Мишел, мен ҳам бировни яхши кўраман, — дедим.
— Фақат яхши кўрасан холосми, Чолиқуши?
— Шубҳасиз, унинг ҳам майли бор, гранд[11] гурд.
Боя унинг менга айтган гурд сўзини мен ҳам олдига «катта» сифатини қўшиб ўзига ҳадя этдим-у, «бу сенсан, сенинг отинг бу» дейиш эсимга келмас эди.
Демак, ёлғон бошланар-бошланмас ўзимни танитишга муваффақ бўлибман, нақадар бахт!
Мишел энди мени зўр меҳр билан суяб борарди.
— Айтиб бер, Фарида... Айтиб бер, қандай бўлди? Демак, сен ҳам, а? Қандай ажойиб нарса, а, шундай эмасми?
— Албатта ажойиб!..
— Ким у?.. Яхши кўрган йигитинг жуда ҳам чиройлими?
— Жуда чиройли!
— Қаерда кўрдинг? Қандай танишдинг?
— ...
— Бас, кўп ялинтираверма.
Ўзим ҳам ялинтирмайин деб ўйлаб турибман. Лекин нимани тўқиб гапираман? Ана шунисини билмайман. Севгили кишинг бўлганда шошиб қоласан, чунки унинг висолини эслашнинг ўзи нақадар қийин, нақадар қийин...
— Бўла қол, Фарида... Яширма... Бўлмаса мен билан ҳазиллашибсан-да.
Бирдан шошиб қолдим. Ҳазилми? Xудо сақласин... Мен осмақовоқ ё сувқовоқманми?.. Бўлмаса шундай бир ишқ савдосини тўқийки, ўзинг ҳайрон қолгин!..
Мишелга севган кишим билан мақтаниш учун кимнинг отини айцам сизга манзур бўлади? Комрон!..
— Бўлам билан ишқибозлик қилишамиз...
— Ўтган йил мактаб даҳлизида мен кўрган сарғимтир йигит бўлангми?
— Xудди ўша...
— О, қандай чиройли, а!
Мен сизга айтдим-ку, Мишел севиш учун яратилган қиз эди... Комрон шу маҳалгача мактабга икки ё уч марта келгандир... Мишел, жигар ҳиди димоғига урган мушук сингари, ёш йигитнинг ҳидини билиб дарров даҳлизга югуриб чиққани, бизни пойлагани қизиқ эмасми ахир?
Юлдузлар чиқди. Куз кириб қолганига қарамай, ҳаво одам димоғига экин бўйларини уриб турган ёз ҳавосига ўхшарди.
Вужудим бутун оғирлиги билан Мишел елкасига тушди, сочларимиз, бетларимиз бир-биримизникига ёпишди. Мен ўзим тўқиган афсонани ҳикоя қила бошладим.
— Бундан ҳам чиройлироқ кеча эди, — дедим. — Эшик олдидаги одамлардан узоқроққа кетдик... Мен олдинда, бўлам икки-уч одим орқада... У менга ажойиб нарсалар сўзларди. Аммо нималар сўзлаганини такрорламайман. Чунки хоҳламайман... Чигирткалар бирам чириллашдики... Юрдик, юрдик... Ой ёғдусида ҳовузга айланган майдонлардан дарахтлар орасидаги қоронғи жойларга кириб кетамиз. Кейин яна ойдин майдонларга чиқамиз... Бир оздан сўнг тағин қоронғиликка шўнғиймиз.
— Боғинглар мунча узун экан, Фарида?
Хато қилиб қўйишдан жуда қўрқаман.
— Йўқ, унча узун эмасу, ўзимиз секин-секин юрдик-да... — дедим, кейин ҳикоямнинг у ёғини айтдим. — Ахири йўлимиз охирига ҳам келди... Боғнинг этагида қўшнимизнинг деворига осилиб тушган каттакон чинор бор. Ўшанинг тагига келиб тўхтадик. Мен оёқларимнинг учида туриб, ўзимни қўшнимизнинг боғига қараётганга солдим... У қўлларини ишқайди... Бир нима қилмоқчи... Лекин юраги бетламайди...
— Орқангни қилиб турган бўлсанг... Бу нарсаларни қандай кўрдинг.
— Бўламнинг сояси деворга тушиб турувди-да... Шундан....
Ролимни жуда яхши ўйнаётган бўлсам керакки, гапириб туриб титрар, овозим бўғзимга тиқилиб қолар, кўзларимга ёш келар эди...
— Кейин нима бўлди, Фарида, кейин?
— Кейин холаваччам бирдан билакларимни ушлади...
— Вой, қандай ажойиб-а!.. Кейин-чи?
— Кейин... у ёғини билмайман...
— Э, жуда қизиқ жойда тўхтатиб қўйдинг-да...
— Кейин дарахтдан бир қуш шарпаси келди... Жуда ёмон қуш экан... Қўрқиб қочиб кетдик...
Ортиқ кўз ёшларимни тутолмас, бошимни Мишелнинг кўксига қўйиб олиб, пиқ-пиқ йиғлар эдим... Бу йиғи қанча чўзилар экан, билмайман... Xайрият, йўқ бўлиб кетганимизни ахийри сезишди... Бақириб-чақириб бизни излай бошладилар. Мишел уларга овоз қилди.
— Кетяпмиз, лекин тез юролмаяпмиз, — деди. — Чолиқушининг оёғи лат ебди...
Яша, Мишел!.. Мен ҳам худди шунинг учун йиғлаяпман... Энди тезроқ юриб кетишимиз мумкин.
Ўша кеча ҳамма ухлагандан кейин ҳам ўрнимда йиғлаб ётдим. Лекин шунисига аминманки, бу сафар ёшлар рол туфайли эмас, ўз-ўзимга ачинганим туфайли тўкилмоқда эди. Модомики, дугоналаримга ўзимнинг гурд эмаслигимни исбот этиш учун битта ёлғон тўқишга қарор берган эканман, дунёда бошқа одам топилмагандек, нега энди бўламни, дунёнинг ҳеч жиним суймайдиган инсони бўлган Комронни тилга олдим? Эрталаб уйғонар-уйғонмас Мишелни қўлидан ушлаб бир четга тортаман-у, кечқурунги гапларимнинг ҳаммаси ёлғонлигини айтаман, деб кўнглимга тугиб қўйдим.
Лекин, нетайки, эрталаб уйғонганимда жаҳлим тарқалган, хижолатпазлигим ҳам мени тарк этган эди.
Менга ҳар маҳалгидан бошқача кўз билан қараб, касал болага қилинадиган муомалани қила бошлаган Мишелга ҳақиқатни айтишга ботина олмадим.
Менинг гапим секин-секин дугоналарим орасига тарқалди. Мишел уларга қаттиқ тайинлаган бўлса керак, ҳеч ким менга бу гапнинг учини чиқармасди. Фақат қарашларидан, кулишларидан нима демоқчи эканликларини билиб турардим. Бу нарса менда ғалати ғурур туғдирарди. Шўхлигимни, ярамаслигимни бир неча вақтгача ташлашга мажбур бўлдим. Энди ҳар ким менга бўласини яхши кўриб қолган қиз, деб қарар эди... Шундай бўлгандан кейин кап-катта қизнинг гўдак бола сингари ҳатлаб, сакраб ўйнаши, ярамасликлар қилиши жуда ҳам ярашмаган нарса-да!
Афсуски, сут билан кирган жон билан чиқади, дейдилар. Кечқурунлари охирги танаффусда Мишелнинг қўлига осилиб, унга яна тўқиган уйдирмаларимни айтар, шу билан бирга ўзим ҳам шайтон васвасасига учиб борар эдим.

* * *
Яна бир саёҳатдан энди қайтиб келган эдик.
Ўша куни Мишел нима учундир биз билан сайрга чиқмади. У мени эшикда кутиб олди, қўлимдан ушлаб, мени боғнинг бир бурчига югуртириб олиб келди.
— Сенга битта гап топиб қўйдим, — деди. — Ҳам суюнасан, ҳам хафа бўласан...
— !?
— Бугун сенинг малла бўланг мактабга келди!..
— ...
— Албатта, сени йўқлаб келган-да... Кошкийди сен ҳам мен билан қолган бўлсанг.
Ишонгим келмас эди. Муҳимроқ сабаб бўлмаса, Комрон мени нечун ахтариб келсин? Мишел ҳарҳолда янглиш кўрган бўлса керак.
Лекин шубҳамни ўзига айтмадим. Ёлғондакамдан ишонган бўлиб:
— Йигит кўнгил берган қизини кўргани келишидан ҳам табиийроқ нарса бўлиши мумкинми? — дедим.
— Албатта.
Мишел бетимни силади.
— Xафа бўлма, яна келади, — деди, — модомики яхши кўрар экан...
— Шубҳасиз...
Ўша куни кечқурун овқатдан сўнг Матилд опа мени чақирди-да, зар тасма билан бир-бирига боғланган расмли иккита қанд қутичани узатиб:
— Буларни сенга бўланг олиб келди, — деди.
Матилд опа ҳеч жиним севмайдиган хотин. Аммо қутичаларни узатаётганида бўйнига осилиб бетларини ўпишдан ўзимни зўрға ушлаб қолдим.
Демак, Мишел хато кўрмаган. Мени бўлам йўқлаб келган экан. Дугоналарим орасида менинг чўпчагимга шубҳа билан қаровчилар бўлса, бу иккита қутичани кўргандан кейин улар ҳам фикрларини ўзгартиришга мажбур бўладилар. Нақадар яхши!
Қутичаларимнинг бири ликёрли ранг-баранг конфетлар, иккинчиси эса зар қоғозларга ўралган шоколадлар билан тўла эди. Уч-беш ой илгари бўлганда, бу нарсаларни энг яқин дугоналаримдан ҳам зўр эҳтиёт билан яширган бўлардим. Аммо ўша кеча дарс тайёрлаш соатида қутичаларим синфда қўлдан-қўлга кўчиб юрди. Қизлар эса ҳар қайсиси ўз инсофига қараб қутичадан битта, иккита, ё учтадан конфет олишди.
Баъзилари узоқдан тагдор ишоралар қиларди. Мен ўзимни уялаётганга солиб, юзимни четга ўгирар, кулар эдим. Қандай яхши-я!
Мишел, афсуски, тагидаги зар қоғозлари кўрина бошлаган қутичаларимни ўзимга қайтариб бераётиб:
— Бу қутичалар, одатда, келин қизларга бериладиган ширинлик қутичаси бўлади, Фарида, — деб пичирлади.
Ўзим тўқиган эртак менга жуда қимматга тушди, лекин начора?
Орадан уч кун ўтди. Имтиҳон учун бир география харитасини бўяётган эдим. Менга бўёқчилик ҳеч тўғри келмади. Унча эпим бўлмагани учун ҳар гал рангларни бир-бирига аралаштириб юборар, қўлларимга, лабларимга ранг тегизиб олардим.
Ўша куни ҳам шу аҳволда турганимда дарвозабоннинг қизи синфга кириб, бўлам мени кўргани келганини, ҳозир қабулхонада кутиб турганини айтди. Нима қилишимни билмай, курсида ўтирган ўқитувчимизга аланглаб қарай бошладим. Бу ҳали-ҳали эсимда.
— Бор, Фарида, харитангни қўй, ўша ерда тураверсин... Меҳмоннинг олдига чиқ, — деди.
Хариталарни-ку, жойида қолдираман, жуда соз... Аммо меҳмонни қайси қиёфада кўргани чиқаман?
Ёнимдаги дугонам фартугининг чўнтагидан кичкина ойнакча чиқарди-ю, мени эрмак қилаётгандай, рўпарамга қўйиб қўйди.
Юзим билан оғзимнинг аҳволига маймунлар йиғлайди. Xат ёзганда ручкани оғзимга солиш одатим бўлгани учун мўйқаламни ҳам оғзимга солибман. Лабларимда сариқ, қизил, кўк ранглар йўл-йўл бўлиб ётарди. Буларни на рўпмолча билан артиб, на сув ва на совун билан ювиб чиқаришнинг иложи йўқлигини, бундай қилгудай бўлсам, бутунлай суркаб юборишим мумкинлигини билардим.
Комроннинг-ку аҳамияти йўғ-а, унинг олдига қайси алфозда чиқишни хоҳласам, ўша алфозда чиқавераман-у, лекин келувчининг кимлигини билиб, пиқ-пиқ кулишаётган дугоналарим кўзида мен кўнгил берган, ҳатто унашилиш олдида турган қизман. Xудо ўз жазосини берсин!
Йўлакдан чиқаётганда кўзим тушган ойна юрагимнинг қабзиятини бешбаттар ошириб юборди. Шу қадарки, даҳлиз бўш бўлганда, мутлақо ичкарига кирмаган бўлардим. Нима қилайки, у ерда ҳам ҳаракатимга маъно берадиган бегона одамлар бор.
Начора, бўлар иш бўлди. Эшикни жадал очдим-у, ичкарига ўқдай отилиб кирдим. Комрон дераза ёнида тикка турган экан. Тўғри олдига боргудай бўлсам, ким билади, балки қўл олишиб кўришишга тўғри келар; бўламнинг хотинларникига ўхшаш тоза, чиройли қўлини кир қўлимнинг ранглари билан расво қилиб қўйишим мумкин.
Кўзим стол устида яна зар тасмалар билан бир-бирига боғланган пакетларга тушди. Булар менга эканлигини тушундим. Энди шовқин кўтармасдан қўлларимдаги, лабларимдаги бўёқларни ёш бола тентаклиги пардаси остига яширишдан бошқа чора қолмаган эди. Қора фартугимнинг этакларини ушлаб, пакетлар олдида чиройли, узун бир реверанс қилдим. Шунда бармоқларимни бир оз бўлса ҳам этакларим билан яшириш имконини эсдан чиқармадим; кейин пакетларга бир қатор ҳароратли ўпишлар юбориб, шу баҳонада лабларимнинг бўёқларини ҳам бирмунча беркитдим.
Комрон кулиб ёнимга келди. Унга ҳам бир оз илтифот қилиш керак эди.
— Жуда катта илтифотда бўлибсиз, Комронбей афандим, — дедим. — Гарчи шоколодлар, конфетлар қилиғим ҳаққи бўлса ҳамки, одам бир оз хижолат тортар экан... Илгариги кунги қутичада бир хил конфет бор эди. Xудо хоҳласа, ўшаларнинг опа-сингиллари шу қутичалардан чиқиб қолса ажаб эмас... Лекин ҳақиқий таърифига имкон йўқ. Одам уларни оғзида эритганда, юраги ҳам бирга эрир экан.
Комрон:
— Бу сафар яна ҳам қимматлироқ нарса топарсан, деб ўйлайман, Фарида, — деди.
Ясама бир шошқинлик, сабрсизлик билан у кўрсатган қутичани очдим. Ичидан иккита зар қоғозли китоб чиқди. Булар мавлуд байрамларида кичик болаларга ҳадя қилинадиган расмли эртаклар қабилидаги нарсалар эди. Бўлам мен ҳеч англай олмаган бир сабаб билан калака қилмоқчи бўлган бўлса керак. Шу ниятда бу ерга овора бўлиб келиши чиндан ҳам уят... Нима қилай, ё таъзирини бериб қўйсаммикан? Ҳайронман, аммо ўзимни тутолмадим. Бўёқли лабларимга сира ярашмаган бир жиддият билан:
— Ҳадяларнинг ҳаммаси учун ташаккур билдириш керак, — дедим. — Ижозат берсангиз, сизга кичик бир огоҳлантириш қилсам... бир неча йил аввал сиз ҳам ёш бола эдингиз... лекин ўша вақтда ҳам жиддиятингиз, оғирлигингиз билан катта одамларга ўхшардингиз-у, ҳарҳолда бола эдингиз, шундай эмасми? Xудога шукур, сиз йилдан-йилга ўсяпсиз, расмли роман қаҳрамонларига ўхшаш йигит бўлиб боряпсиз-у, мен нима учун доимо турган еримда қотиб турибман.
Комрон ҳайрат билан кўзларини олайтирди.
— Пардон, Фарида, англамадим, — деди.
— Англамайдиган ҳеч нарса йўқ. Сиз катта бўляпсиз-у, нега мен «Олтин кутубхона» эртакларини ўқийдиган гўдак ҳолда қоляпман? Нега мен ўн беш ёшга кириб қолган қизга қилинадиган муомалага лойиқ бўлмаяпман?
Комрон ҳамон юзимга таажжубланиб қарарди.
— Яна англамадим, Фарида?
Унинг англамаганига ажабланиб елкаларимни қисдим, лабларимни бурдим. Лекин, тўғриси, нима демоқчи бўлганимни ўзим ҳам тушунмасдим. Қилмишимга пушаймон еяр, қочиб кетиш пайини излар эдим.
Энди асабий ҳаракат билан иккинчи қутичанинг ипини уздим. Бундан яна ўша хил конфетлар чиқди.
Комрон ҳамон бир расмият билан сал эгилди.
— Сизга бўйига етиб қолган қиздай муомала қилиш кераклигини оғзингиздан эшитишим мени ниҳоятда бахтиёр қилди, Фарида, — деди. — Китобчалар учун сиздан узр сўраш керак, деб ўйламайман, чунки бу китобчалар ҳазилдан бошқа нарса эмаслигини конфетлар кўрсатди. Мақсад сизга китоб келтиришгина бўлганда, боя сиз айтган романлардан танлаб келтирган бўлардим.
Комроннинг бу ифодаси, бу сўзлари, албатта, ҳазил эди. Шундай бўлса ҳам, унинг олдимда туриб айтган бу сўзлари, бу овозлари менга ёқиб тушди.
Жавоб беришга мажбур бўлмаслик учун қўлларимни дуо ўқиётган кишидай бир-бирига қовуштириб, чуқур ҳайратга тушган одам ролини ўйнай бошладим. У гапириб бўлгандан кейин юзига қарадим; кўзларимга тушган сочларимни бош ҳаракати билан силкиб:
— Нима деганингизни эшитмадим. Конфет бирам яхши эканки... Xулласи, буларни кўриб ярашдик. Вассалом. Кўп раҳмат, Комронбей, — дедим.
Гапини эшитмай қолганим учун таъби тирриқ бўлганга ўхшади, лекин буни сездирмасликка тиришди, бир тин олди-ю, ясама совуққонлик билан:
— Нима ҳам дердик, агар болалар ҳадяси ҳушингизга ёқмаса, бундан кейин катта одамларга тўғри келадиган нарсалар билан кўргани келамиз, — деди.
Мен энди фақат конфетларим билан оворадай кўринар, жавоҳир сандиқчани томоша қилаётгандай қутичаларга суқланиб қарар, ичидаги ширинликларни олиб, расмли газета бетига терар, туриб, ўзимча бўлар-бўлмас нарсаларни гапирар эдим:
— Буларни ейиш ҳам бир санъат, Комрон. Тағин бу санъатни камина ожизалари кашф этди. Қара, масалан, мана шу сариғини қизилидан олдин есанг, ҳеч қандай зарар кўрмайсан, шундай эмасми? Лекин, минг афсус! Чунки қизили ҳам жуда ширин, иннайкейин, бир оз нордон ҳам. Буни аввал есанг, сариғининг нозик лаззатига, шоирона бўйига жабр бўлади. Оҳ, жоним конфетлар!
Конфетнинг бир донасини олиб лабларимга келтирдим. Қуш боласини эркалаганига ўхшаш, конфетни силаб туриб у билан гаплашар эдим.
Бўлам қўлини узатди.
— Уни менга бер-а, Фарида, — деди.
Унга ғалати қилиб қарадим.
— Нега энди?
— Ейман...
— Қутичани олдингда очиб катта хато қилибмиз-у. Олиб келган нарсаларингни ўзинг ейдиган бўлсанг, ишимиз тоза...
— Фақат шуни бер...
Чиндан ҳам бу нима деган гап? Биров оғзига солган нарсадан жирканмагач... Нималар миямга келмади.
Ҳарҳолда бир дақиқа шошиб ўйланиб қолган бўлсам керак, бўлам бирдан қўлини узатиб, конфетни бармоқларимдан юлиб олмоқчи бўлди. Лекин мен чаққонроқ ҳаракат қилдим. Конфетни оғзимда беркитиб, унга тилимни чиқардим.
— Сизнинг бунақа қўл югуртириш одатингиз йўқ эди шекилли, қандай бўлди? — деб ҳазиллашдим. — Шошманг, мен сизга бундай ажойиб конфетнинг қандай ейилишини кўрсатай, кейин билганингизни қилинг.
Бошимни бир оз орқага ташлаб, яна тилимни чиқардим, конфетни тилим устига қўйдим. У секин-секин эриган сари калламни икки томонга тебратар, тилим бўш бўлмагани учун, конфет лаззатининг ажойиблигини қўл ҳаракатлари билан билдирар эдим.
Бўлам шу қадар ғалати бир ҳайрат билан оғзимга тикилиб қолдики, ўзимни тутолмай кула бошладим.
— Энди керакли нарсани ўрганиб олганингиз учун битта конфет ҳадя қиламан, — дедим.
Комрон ҳазил аралаш қилиб қутини ирғитди.
— Xоҳламайман, ҳаммаси ўзингга қолсин, — деди.
— Бунинг учун ҳам кўп раҳмат.
Ўртамизда гапириладиган гап деярли қолмаган эди. Одоб юзасидан уйдагиларнинг соғ-саломатликларини сўраб, уларга салом айтганимдан сўнг қутичаларни қўлтиғимга қисдим-у, чиқишга тайёрландим.
Бирдан даҳлиз ёнидаги хонада пастак шарпа эшитилди. Мушук сингари қулоқларимни диккайтириб турдим.
Мактаб лавҳалари ва хариталар осиб қўйиладиган бу хонанинг эшиги бир оз аввал очилган эди. Кейин лавҳалардан бирининг йиқилганига ўхшаш бир товуш эшитилди. Ҳозир ҳам ўртадаги ойнали эшик орқасида сичқон тиқиридан фарқ қилмайдиган бир товуш, ҳаракат борлиги сезилиб турарди.
Бўламга билдирмасдан эшикка разм солдим, о, нималарни кўрдим! Xира ойна орқасида каттакон бош сояси... Дарҳол сирга тушундим — Мишел эди у. Бирон харитага эҳтиёж туғилганини лақма мураббияга айтган-у, даҳлиз ёнидаги бу хонадан бизни пойлагани келган.
Соя йўқолди. Лекин ойна тагидаги калит тешигидан у қиз бизга қараб тургани шубҳасиз эди. Нима қилишим керак? Комрон иккаламиз бир-биримизга кўнгил қўйган кишилар бўлганимиз учун у биздан бошқача нарсаларни кутар эди. Бўламга: «Бор энди, худо йўлингни очиқ қилсин, уйдагиларга салом айт», — деб апил-тапил эшикдан чиқиб кецам, сирни тушуниб қолади, йўлакда бошимни қўллари орасига олиб сиқади-да, сочларимни тўзғитиб: «Хўп менга ҳангома айтган экансан-да?!» — деб кулади.
Бу қўрқув ўша онда менга қувлик йўлини очиб берди. Яхши нарса эмас ҳарҳолда, лекин начора? Модомики, ролни ўйнай бошлаган эканмиз, энди уни охиригача ўйнашимиз керак.
Мишел ҳам мактабдаги дугоналаримнинг кўпчилиги сингари туркча билмас эди. Шунинг учун ҳар қандай сафсатадан ҳадиксирашга ўрин йўқ эди. Ишқилиб, овоз, ҳаракатлар ошиқ-маъшуқлар ҳаракатига ўхшамаса бас...
— Эсимдан чиқишига сал қолибди, — дедим Комронга, — энагангнинг невараси чорбоғдамиди?
Энаганинг невараси неча йиллардан бери чорбоғда юриб ўсган етим бола эди.
Комрон саволимга ҳайрон бўлди...
— Албатта, чорбоғда... Қаёққа кетарди? — деди.
— Алббатта... Биламан... Фақат... Қайдам... ўзим... Шу болани бирам яхши кўраманки...
— Бу яна нимаси? — деди. — Юзига қайрилиб қараганинг ҳам йўқ эди-ку бечоранинг...
Ғалати бир ҳаракат билан:
— Юзига қарамаганим нимани исбот қилади, яхши кўрмаганимними? — дедим.
— Бу қандай тентаклик?
— Ҳа, мен у болани шу қадар яхши кўраманки...
Мен «яхши кўраман» сўзини «Гул тутган аёл» ролини ўйнаган артист ҳаракати билан бўйнимни букиб, қўлларимни кўксимда қовуштирган ҳолда айтдим, кўз қирим билан эса эшикка разм солдим.
Мишел олти оғиз туркча сўз билса, буларнинг учтаси мутлақо «яхши кўрмоқ, севги, савдо» каби сўзлар бўлиши керак. Мабодо шу тахминимда янглишган тақдиримда ҳам, у бу сўзларни луғатдан топиб олар ёки «яхши кўраманки» сўзининг нақадар «даҳшатли» маъноси борлигини туркча биладиган ҳар қандай одамдан сўраб ола билар эди. Бу масалада фақат Мишелнигина эмас, Комронни ҳам назарда тутиш зарур эди. Бу иккинчи сиёсатни ҳарҳолда удда қилолмаган бўлсам керак.
Комрон сўзларимга ҳам, қилиқларимга ҳам кулиб:
— Бу шамол қаердан эсди бирданига, Фарида? — деди.
Қаердан эсса эсаверсин. Ҳозир қараб турадиган пайтми? Ҳамон бояги ҳарорат билан:
— Начора, шундай... Яхши кўраман, вассалом, — дедим. — Менга сўз бер... Уйга борганингда ана шу боёқиш болага менинг номимдан souvenir[12] ўрнида... Сувенир ўрнида... Билдингми, souvenir d`amore[13] ўрнида...
Энаганинг неварасига элтиб бер деб, Мишелнинг кўзида Комронга бир нарсалар бергим келарди. Фақат чўнтакларимдан, аксига олиб, турмакланган қоғозлардан бошқа нарса чиқмади; мен бу қоғозларни кечқурунги дарс тайёрлаш пайтларида мудраб ўтирадиган мураббияга отиш учун турмаклаб қўйган эдим. Лекин чорасизлик бундан ҳам яхшироқ бир нарсани кўнглимга солди. Комронни бирданига қўлларидан ушладим, қучоғига ташланадиган бир вазиятни олдим-да:
— Ўша болани менинг учун қучоғингга оласан, — дедим. — Бетларидан, кўзларидан қайта-қайта ўпасан, уқдингми?.. Ваъда берасанми-а?..
Комрон билан қучоқлашгандай турардик. Нафасларимиз бир-биримизники билан аралашиб борарди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ бўлам бу ҳароратга тушунолмас, ҳайратидан қутула олмас эди.
Рол муваффақият билан ўйнаб бўлинди. Энди парда тушса бўларди. Комроннинг қўлларини қўйиб юбориб, эзгин бир қиёфада ўзимни ташқарига отдим. Мишел йўлакда орқамдан етиб келиб бўйнимга осилади, деб ўйлардим. Атрофнинг жимжитлигини билиб тўхтадим, орқамга қайтиб, лавҳалар хонасининг эшиги олдига келдим. Ичкаридан шарпа ҳам, овоз ҳам эшитилмагани учун эшикни очишдан ўзимни тутиб қололмадим. Нималарни кўрмай! Онда-сонда бизга мусиқа дарси бергани келадиган қари Касаве эмасми бу? Қалтироқ оёқлари билан бир табуреткага чиқиб олиб, шкаф устидан нота дафтари қидиряпти...
Тфу, худо жазоингни берсин! Мишел деб ваҳимага тушибман, Комрон олдида ўзимни бекорга шарманда қилибман-а!
Безак тутган одамдай юзимнинг ўт бўлиб ёнганини ҳис этдим. Синфга қайтиш ўрнига боққа чиқиб кетдим. У ерда чашма жўмрагини очиб, остига бошимни тутдим.
Вужудимда олов ҳарорати билан бирга титроқ ҳам бор эди. Чашма сувлари сочларимдан, юзимдан оқиб, кўйлагим ичига кириб борар, мен эсам:
«Севги деган нарсанинг роли одамни шу қадар ёндириб титраца, ким билади, унинг ўзи қандай экан?» — деб ўйлардим...

* * *
Ўша йил Комрон мактабга бир неча бор қатнади. Шунчалик кўп келдики, эшик ҳар сафар очилганда мени даҳлизга чақиргани келишаётгандай туюлиб, юрагим ўйнай бошлар эди. У менга келтирган шоколадлар, пирожноелар, пасталар билан бутун синф таъминланиб турди, десам бўлади.
Очкўзликда ҳам тиришқоқлиги қадар машҳур бўлган синфдошларимдан Мари Пирлантажиян қанд-қурсларимни оппоқ йирик тишлари орасида ғажирлатиб ейди-да, яширишнинг эпини қилолмаган ҳасад билан:
— Жигарсўхтангки шундай ажойиб нарсалар келтиргандан кейин, ўзинг ҳам роса жигаридан урибсанда, — дейди.
Афсус, бу можаро жонимга тега бошлади. Баъзида ўзимча ўйланиб кетаман: гап ташувчи боланинг оғзини ёпиш учун келтирилаётган бу нарсаларни дугоналаримга бошқача қилиб кўрсатишим ҳаёсизлик эмасми? Иннайкейин, Комрон нега энди мактбга шунча тез келиб турибди? Ҳар сафар «Шу томонларда турадиган бир касал ўртоғимни кўргани келиб эдим-да. Тақсин боғида бир оз машқ этишиб кетай деб эдим-да...» каби сабаблар кўрсатади.
Бошқа бир кун ҳеч нарса сўрамасам ҳам:
— Отамнинг Нишонтошида бир қадрдон дўстини кўриб келяпман... Отам у кишини кўп яхши кўрарди, — деди.
Ўзимни тутолмасдан бирданига ҳамла қилиб:
— Оти нима? Нима иш қилади? Манзили қандай? — дедим.
Бўлам шошиб қолди. Шу даражада шошдики, биронта ёлғон исм, ёлғон манзил ҳам тилига келмади. Рангдан рангга кириб, кулиб туриб:
— Нима қиласан сўраб? Сени нимаси қизиқтиради?— каби сўзлар билан мени алдашга тутинди.
Бунда муҳим бир масала бордай:
— Келаси ҳафта бошларида бориб холамдан сўрайман, — дедим.
Комрон бу гапимни эшитиб, бешбаттар қизариб кетди.
— Зинҳор сўрай кўрма! Онамга оғзингдан чиқарма!.. У киши билан кўришишимни ҳеч хоҳламайди, — деб ёлвора бошлади.
Заҳарли чаён, мени ҳеч алдай олмайсан... Сенинг юрагингда нималар борлигини биламан.
Ғазаб билан ўрнимдан турдим, у зўрлик билан ушламоқчи бўлган қўлларимни чўнтакларимга яширдим.
— На отангизнинг дўстлари ва на ўзингизнинг дўстларингиз мени қизиқтиради, деб ўйласангиз, хато қиласиз... Ўринсиз лақмалик қилдим, холос, — дедим-у, ташқарига чиқиб кетдим.

* * *
Ўша кундан кейин Комрон ҳар сафар мактабга келганда турли хил баҳоналар қилиб, олдига чиқишдан бош тортдим. Ҳар сафар олиб келган қутичаларини синфда ё боғда йиртиб очадиган, ичидагиларининг бир донасига ҳам қўл урмай, болалар устига сочиб юборадиган бўлдим.
Ҳақиқат ойдай равшан эди. Бахтиёр тул мутлақо шу атрофларда туриши керак. Ўша кечадан кейин, албатта, писандалари шундай бўлган. Бўлам тез-тез уникига боради, шу орада мени ҳам йўқлаб туради.
Хоҳлаган ахлоқсизликларини қилишаверсин... Менга нима, фақат икки ўртада мени ўйинчоқ қилишлари жон томиримни суғурарди. Шу нарса эсимга тушди дегунча баданимни ўт олар, аламимдан йиғлаб юбормаслик учун лабларимни тишлаб қонатар эдим.
Наримоннинг қаерда туришини уйдагилардан сўраб билиб олиш ҳеч гап эмас, лекин бу хотиннинг отини тилга олиш мен учун чидаб бўлмайдиган нарсадай туюларди.
Дам олиш кунларининг бирида уйга борган эдим, меҳмонлардан бири Нажмияга:
— Илгари куни Наримондан хат олдим, жуда бахтли эмиш, — деб қолди.
Кичкина лайчани ҳовузда чўмилтиргани олиб чиқиб кетаётган эдим. Шу сўзларни эшитдим-у, эшик олдида тўхтадим, ерга чўккалаб кучукчани қучоғимдан секин қўйиб юбордим.
Бахтиёр тул ҳақида бир нарса сўраш фикрим йўқ эди, лекин қулоғимга биров пахта тиқиб қўйибдими?
Меҳмон ҳамон сўзларди.
— Эридан жуда хурсандга ўхшайди, бечора бу гал зора бахтли бўлса...
Нажмия одам овозини такрорлайдиган ҳаммом гумбазига ўхшаб:
— Ҳа, ҳа, бу гал зора бахтли бўлса бечора, — деб меҳмоннинг сўзларини такрорлади-ю, аҳмоқона бир тарзда гапга хотима берди.
Чорасиз бир зарурат бошимга тушди. Ҳазил-мутойиба қилиб:
— Xоним афанди яна эрта тегдиларми? — деб сўрадим.
— Қайси хоним афанди?
— Сизга хат ёзган хоним. Наримон хоним.
Меҳмон ўрнига Нажмия жавоб берди:
— Вой, хабаринг йўқми? Қачонларию... Наримон битта инженерга теккан... Беш-олти ойдан бери эри билан Измирда туради...
«Бу гал зора бахтли бўлса, бечора...» деган тилакни мен ҳам учинчи марта такрорлаб, кучукчани қучоғимга олдим-у, ташқарига пириллаб чиқиб кетдим. Лекин ҳовузга бормадим: четанлар, боғ тўсиқлари устидан сакраб ўтиб, боғ атрофида гир айлана бошладим.

* * *
Ўша ёз саёҳатга чиқдим. Узоққа эмас, Тақирдоғига... Маълумки, худо менга холалардан мўлроқ нарса бермаган. Шулардан бири ҳам Тақирдоғида. Эри Азиз поччам холамга уйлангандан бери ўша ерда деҳқончилик қилади. Мужгон деган мендан уч ёш катта қизлари ҳам бор. Қариндошларимнинг болалари ичида ҳаммасидан кўпроқ ўшани яхши кўраман.
Мужгон хунук қиз. Лекин мен бунга парво қилмайман. Орамизда уч ёш фарқ бўлишига қарамай, мен уни ёшлигимдан бери катта опам ўрнидан кўриб, ўрганиб қолганман. Ҳозир фарқимиз жуда камайиб қолган бўлса ҳам, ҳамон унга аввалгидай қараб «опа» деб гапираман.
Мужгон опам менинг тамом аксим. Мен қанчалик шўх, қанчалик олов бўлсам, у шунчалик оғир, вазмин. Бунинг устига сал зуғми ҳам бор. Xоҳлаганини қилдирадиган битта шунинг ўзи десам бўлади. Баъзан насиҳатларига парво қилмай, хоҳишларига қарши чиқсам ҳамки, яна бўйсунишга тўғри келади. Нега? Ўзим ҳам ҳайронман. Одам боласи бировни яхши кўриш ҳалокатига учрадими, тамом, ўшанга қул бўлиб қолади.
Мужгон Ойша холам билан бирга неча йилда бир марта Истамбулга келар, бир неча ҳафта чорбоғда қолар, ё бошқа холаларимникида меҳмон бўлар эди.
Ўша ёз Тақирдоғидан мени чақириб хат келди. Ойша холам Басима холамга ёзган хатида: «Сиздан-ку умидим йўғ-а, лекин Фаридани ёзги каникулида, албатта, юборсангиз, ҳеч бўлмаса икки ойгина туриб кеца, кутамиз. Биласиз-ку, биз ҳам холамиз. Келмаса, поччаси ҳам, мен ҳам, Мужгон ҳам жуда қаттиқ хафа бўла- миз», — дебди.
Басима холам, Нажмия Тақирдоғини дунёнинг бир бурчагида деб ҳисоблашар, олис юлдузларга қарагандай кўзларини сузишиб: «Бўлмаган гап! Шунча жойга қандай бориб бўлади?» — деб ваҳима қилишарди. Мен ясама бир ҳурмат билан ҳузурларида эгилиб:
— Ижозат берсаларингиз, у ернинг бориб бўлмайдиган жой эмаслигини исбот қилиш заҳматини бўйнимга олсам, — дедим.
Дугоналарим орасида ёзги каникул кунларида оилалари билан бирга саёҳатга чиқадиганлар ва қайтгандан кейин бизга оғиз кўпиртириб мақтанадиганлар бўларди. Демак, мактаб очилганда бизга ҳам мундоқ қадни кўтариб гапириш имкони туғилади.
Бултурги севги савдосига бу йил саёҳат ҳикояси қўшилса борми, ажойиб дабдаба бўлар эди. Қани энди мен ҳам портфелимни қўлимга олсам-у, романларда ёзилган америкалик қизлар сингари якка ўзим кемага тушиб жўнаб қолсам. Лекин холаларим бу орзумни ваҳимали чинқириқ билан қаршилаб, ёнимга битта одам олмасдан йўлга чиқишимга рози бўлмадилар. Шунда ҳам: «Қоронғида панжарадан денгизга қарама... Кема зинапояларидан югуриб тушма» каби оғир насиҳатлари билан таъбимни роса тирриқ қилишди, гўё Тақирдоққа қатнайдиган тоғорадай пароходнинг Трансатлантика кемалари сингари саксон метрли зинапоялари бордай...
Мужгонни кўрмаганимга икки йил бўлган эди. Шу орада ўсибди, етилибди, гаплашишга одамнинг юраги бетламайдиган даражада керик салобатли бўлиб қолибди. Шунга қарамай, бир зумда апоқ-чапоқ бўлиб кетдик.
Ойша холам билан Мужгоннинг дўстлари жуда кўп. Мен ҳам ўшаларга қўшилиб олдим.
Ҳар кун меҳмондорчиликка чорбоққа ё боққа чақириб кетишарди. Энди катта қиз бўлиб қолганимни, ярашмаган қилиқ қилсам, айб бўлишини айтганлари учун ҳаракатларимга жуда эҳтиёт бўла бошладим. Бегона хотинларга қочириқлар айтганимда, уларнинг саволларига жиддий, мулойим жавоблар қилганимда ўзимни меҳмон ўйини ўйнаётган қўғирчоққа ўхшатардим. Шундай бўлса ҳам, одамлар орасига қўшилиш менда ғурур уйғотмай қолмас эди.
Меҳмондорчиликлар баҳримни ҳар қанча очса ҳам, лекин улар Мужгон билан ёлғиз қолган бахтли дамларим қадар эмас эди.
Поччамнинг уйи денгиз бўйидаги баланд қирликда. Мужгон опам баъзи жойлари тик деворга ўхшаган бу қирдан денгиз бўйига тушишимни хавфли ҳисоблаб, авваллари бунга йўл қўймай келди. Кейин эса мен учун ҳеч қандай хавф йўқлигига ўзи ҳам ишонди. Соатлар бўйи қумда ётар, сув бетида тош юмалатар, денгиз бўйида узоқ-узоқларга кетиб қолар эдик.
Денгиз бу мавсумда ниҳоятда чиройли, сокин бўлса ҳам, лекин нашъасиз эди. Баъзан соатлар ўтарди, лекин сатҳида на бир елкан ва на нафис туман парчаси кўринарди. Кечки пайтларда денгиз одамнинг юрагини чиқариб юборадиган даражада кенгайиб, шўппайиб қоларди. Xайриятки, мен бу таҳликани олдиндан сезиб олар, денгиз бўйидаги қояларни қаҳқаҳаларим билан гуриллатар эдим.
Бир куни Мужгон иккимиз денгиз бўйига тушдигу, узоқдаги бурунга қараб кетдик. Мақсадимиз ана шу бурунни ҳосил қилган қоялар орқасидаги пана қўлтиққа бориш эди, фақат аксига олиб, йўл берк чиқиб қолди. Оёқ кийимларимизни ечиб сувга тушишдан бошқа чора йўқ эди. Мени-ку бу нарса севинтирди-я, лекин бўйига етиб, хонимча бўлиб қолган Мужгонни нима қиламиз?
Ҳар қанча айтганимда ҳам туфлилари билан пайпоқларини ечмаслигини билганим учун:
— Кел, Мужгон опа, сени опичиб олай... Кўтариб ўтказиб қўяман, — дедим.
Мужгон унамади.
— Жинни қиз, кап-катта одамни қандай олиб ўтасан! — деди.
Бечора Мужгон, ёшига ўхшаш бўйи ҳам меникидан катта бўлгани учун мени кўтариб ўтишга кучи етмайди, деб ўйлаган-да.
Жадал яқинлашиб:
— Кўрамиз, бу ҳам бир тажриба-да, кўтара олсам марра бизники, — дедим-у, болдирларидан ушлаб даст кўтардим.
Мужгон аввал буни бир-икки одимлик синов деб ўйлади, кейин қўлимдан чиқишга ҳаракат қилди.
— Жиннилик қилма, қўйвор. Мени қандай кўтарасан? — деб кулди. Кейин яланг оёқларим билан сув кечиб кетганимни кўриб, дод солгудай бўлди.
— Қушдай енгилсан, опа, — дедим. — Типирчилайдиган бўлсанг шалоплаб йиқиламиз, икковимизнинг ҳам шўримиз қурийди. Тек турсанг, эсон-омон ўтиб оламиз.
Бечора қизнинг ранги ўчиб кетди. Чурқ этгудай бўлса посонгисини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, оғзини, кўзларини юмиб, қўллари билан сочларимга ёпишиб олди.
Бечора Мужгон бир қаричлик сувда, худди жар ёқасидан ўтаётгандай кўзларини юмиб, қучоғимда қимирлашга юраги бетламай борарди.
Бурунга етганда нималарни кўрдик денг? Сувдан тортиб қўйилган бир қайиқча ёнида овқат еб ўтирган учта балиқчи бизни кўриб қолса бўладими.
Мужгоннинг эсхонаси чиқиб кетди, қўлларимни худди синдирадигандай қисиб:
— Муродингга етдингми, Фарида? Энди нима қилдик? — деди пичирлаб.
Мен кулдим.
— Балиқчилар одам ейишмайди-ку, — дедим.
Лекин аҳволимиз чиндан ҳам хунук эди. Масалан, тиззамнинг кўзларигача очиқ болдирларим, қўлда пайпоқларим билан одамларга кўринадиган аҳволда эмас эдим.
Мужгон супургидан қочган ўргимчакдек, ингичка болдирлари билан қочиш ҳаракатига тушиб қолди. Менга бу ваҳм айбдай туюлди, шунинг учун балиқчиларни гапга солиш фикрига тушдим.
Сув ўша куни нега йўлларни босиб кетгани, денгизнинг қайси томонларида қачон балиқ тутишганини сўрадим. Ишқилиб, гапга солиш ниятида айтилган сафсаталар бу...
Балиқчиларнинг иккитаси йигирма ё бундан ортиқроқ ёшлардаги икки йигиту, битта соқолли чол эди.
Йигитлар уятчан кўринди. Жавобни чол қилди. Лекин у ҳам мен сингари гапдонликни яхши кўраркан шекилли, менинг кимлигимни сўради.
Бир зумда шошиб турганимдан сўнг: «Марика деган қизман. Савдогар амакимникига Истамбулдан меҳмон бўлиб келдим», — деб юриб кетдим.
Мужгон мени қўлимдан ушлаб судрамоқчи бўлгандай олдинга тортар: «Худо жазоингни берсин, нега бундай қилдинг?» деб койир эди.
— Қайдам, — дедим мен ҳам, — Истамбулдаги холаларим: «Тилингни тий. Беҳуда вақиллама. У ернинг одамлари ғийбатчи бўлади», деб тайинлашувди-да. Балиқчилар: «Бу қандай мусулмон қиз, бошинигина эмас, сонини ҳам очиб юрибди», дейишмасин дедим-да......
Хулласи, қўрқоқ Мужгон бу аҳамияциз нарсадан катта воқеа ясади...

* * *
Кечқурун Мужгон иккимиз қўлтиқлашиб сайр қилиб юрганимизда, бир ёш сувори офицери орқамизга тушганини кўриб қолдик. Бу офицер отига таълим бераётган кўринарди. Лекин худонинг даласига бориладиган бошқа жой қуриб кетгандай, нуқул биз юрган йўлда бориб-келар, ёнимиздан ўтаётганда бизга тикилиб қоларди. Яна шундайин ғалати авзодаки, ҳали-замон тўхтаб гаплашади, деб ўйлайсан...
Бир кун у яна отини ўйната-ўйната бизни девор четидаги дарахтлар орқасига қочириб, ёнимиздан ўтиб кетгандан сўнг секингина кулдим-у, томоғимни қириб:
— Тушундик, Мужгон опа, — дедим. Мужгон юзимга қаради.
— Нима демоқчисан, Фарида? — деб сўради.
— Шуни демоқчиманки, биз аввалгидай ёш қизча эмасмиз, опа... Офицер билан яхшигина жигарсўхталигингиз бор экан...
Мужгон кула бошлади.
— Менингми? Жинни қиз!
— Бизни ҳам бир оз менсиб муомала қилиш даражасига тушсангиз қандай бўлар экан, хоним афандим?
— Офицер менга илҳақ бўлиб юрибди, деб ўйлайсанми?
— Бундай ўйламаслик учун бир оз тўмтоқ бўлиш керак.
Мужгон яна кулди. Лекин бу сафарги кулгисида бир оз изтироб бор эди. Кейин чуқур тин олди.
— Жонгинам, мен орқасидан биров югурадиган қиз эмасман-ку... У сени деб атрофимизда парвона бўлиб юрибди.
— Наҳотки, опа!..
Кўзларим мошдай очилди.
— Ҳа, сени деб юрибди... Сен келмасдан аввал ҳам кўрардим, лекин йўл бўйидаги мана шу дарахтлар орасидан мени қувмай, индамай ўтиб кетарди-да, қайтиб келмас эди...
Ўша куни кечқурун овқатдан сўнг Мужгон иккимиз уй олдига чиқдик. Гаплашиб юриб денгиз томонга кетдик.
— Сенинг бир дардинг бор, Фарида, ҳеч гапирмайсан, — деди Мужгон.
Бир оз иккиланиб турганимдан сўнг:
— Кундузи айтган беҳуда гапингни ҳеч миямдан чиқара олмаяпман, кўнглим хижил, — деб жавоб бердим.
Мужгон шошиб сўради:
— Нима девдим?
— «Мен орқасидан биров югурадиган қиз эмасман-ку», дединг.
Мужгон юмшоққина кулди.
— Ана холос, сенга нима куйгулик?
Мен Мужгоннинг қўлларини ушладим, кўзларимни жовдиратиб, мунгли товуш билан:
— Нима, сен хунукмисан, опа? — деб сўрадим.
У яна кулди, мени эркалаб бетимга аста шапати урди.
— Xунук ҳам эмасман, чиройли ҳам... Ўртачаман деяйин-у, шу билан гапни тамом қилайлик... Сенга келсак, биласанми, ёшинг ўсган сари одамнинг ҳушини оладиган даражада очилиб боряпсан!
Қўлларимни Мужгоннинг елкасига қўйдим, уни ўпмоқчидай бурнимни бурнига тақаб:
— Мени ҳам ўртача деяйлиг-у, шу билан бу масалани битирайлик, — дедим.
Қияликнинг четига келган эдик. Ердан тош тўплаб денгизга ота бошладим. Мужгон ҳам менга қўшилди, лекин бояқиш тош отишни билмасди, қўлида қуввати йўқ эди.
Мен отган тошлар осмонда бир зумгина кўринмай кетарди-да, кейин фосфордай ялтираб бориб, сувга ўқдай отилиб кириб кетарди. Уники эса кулгили бир алфозда юмалаб бориб, қирғоқ тошларига урилар ёки этакдаги қумларга тушарди. Биз ичагимиз узулгудай бўлиб кулар эдик.
Нима ҳам дейсиз, ой ёғдусига чўмилган денгизнинг икки ёш қизга бағишланган илҳоми шугина бўлмаслиги керак эди, лекин начора. Бир оздан кейин Мужгон чарчаб каттакон тошга ўтирди. Мен ҳам турган еримга чўккаладим.
Мужгон мактабдошларим тўғрисида ҳар хил саволлар бера бошлади. Мен ҳам Мишел тўғрисидаги бир неча воқеани айтиб бердим. Кейин тилимни тиёлмай, ўз уйдирмаларимни айтишга киришдим.
Бунинг нима ҳожати бор эди? Ажабо, Мужгонга шу нарсаларни айтиб беришга мени мажбур қилган нарса шунчаки бир шўхлик эҳтиёжигина эдими? Қайдам. Ноўрин иш қилаётганимни сезиб, тилимни шунча тийишга уринсам ҳам, ҳеч эпини қилолмай сўзлар эдим.
Мужгонга айтиб берган нарсаларим дугоналаримни бўри эртагидаги сингари қандай алдаганим ҳикоясидан иборат эди. У маҳал рол талаби билан ўзимни қайғули ҳолга солардим, лекин бу сафар бунга мажбурият бўлмаса ҳам, нима учундир, яна ўзимни, қайғу оғушига ташладим. Овозим аста-секин мунг олиб, боқишларим телбаланиб борди. Мужгоннинг юзига қарашдан қўрқиб кўзларимни олиб қочар эдим. Унинг гоҳ этаклари, ё тугмаларини ўйнар, гоҳ бошимни тиззасига қўйиб, нуқул денгизга, узоқларга тикилардим.
Ҳикоямнинг қаҳрамонини аввал Мужгондан яширишга тиришдим-у, кейинча буни ҳам оғзимдан чиқариб юбордим.
Мужгон сочларимни силаб, сўзларимга жимгина қулоқ солиб ўтирарди.
Сўзимни битириб, дугоналарим ҳақида ёлғон-яшиқ нарсалар айтганим айблигини бўйнимга олганимда, у нималар деди денг?
— Бечора Фаридагинам! Комрон чиндан ҳам жигарингдан уриб қолибди!
Жиним қўзғади-ю, бирдан ўзимни Мужгоннинг устига ташладим, уни қуриб қолган ўтлар ичида юмалатиб тортқилай бошладим.
— Нима дединг, опа, нима дединг? Мен унақа сариқ чаённи...
Мужгон ўлиб-тирилиб ўзини қутқазишга тиришар, типирчиларди.
— Қўйвор, қўйвор дейман сенга! Уст-бошимни йиртасан! Одамлар кўрса шарманда бўламиз, худо хайрингни берсин, бундай қилма, — деб ёлворарди.
— Сўзингни қайтариб ол...
— Xўп, қайтариб олдим. Нима десанг қиламан, лекин мени қўйиб юбор.
— Аммо юз-хотир учун эмас, мени алдаш учун эмас... Чиндан...
— Жуда соз, юз-хотир учун эмас, сени алдаш учун эмас... Чиндан...
Мужгон ўрнидан туриб, уст-бошини қоқа бошлади.
— Фарида, чиндан ҳам жинни бўлибсан, — деди кулиб.
Мен ўрнимдан турмаган эдим, титраб туриб:
— Xудодан қўрқмай менга қандай туҳмат қилдинг-а, опа! Мен ҳали ёшман, — дедим.
Ана шундан кейин ўзимни тўхтатолмай йиғлаб юбордим.

* * *
Ўша куни кечаси жуда ёмон безовта бўлиб чиқдим. Негадир уйқум келмас, алаҳлар, тўрга илинган каттакон балиқ сингари у ёқдан-бу ёққа ўзимни отар, тўлғанар эдим.
Хайриятки, кечалар қисқа эди. Тонг ёришгунча Мужгон ёнимдан жилмади.
Ичимда бир нарса ўзгаргандай ўзимдан-ўзим даҳшатли бир қўрқув, нафрат ҳис этардим. Дам-бадам ёш боладай Мужгоннинг бўйнига ташланар: «Нега бундай дединг, опажон?» деб ҳўнграр эдим.
У яна ҳам баттарроқ ҳужумга учрашдан қўрққани учун на «ҳа», на «йўқ» деяр, индамай сочларимни силар, бошимни бағрига босиб, мени юпатишга тиришар эди. Тонг ёришар пайт унинг ҳам асаб тори узилди, жаҳли чиқиб мени койиб берди:
— Жинни, яхши кўриш айбми? Қиёмат қўпгани йўқ-ку!.. Жуда бўлмаса уйланарсизлар, шу билан олам гулистон... Ухла, безор қилиб юбординг-ку! Мен бунақа одобсизликка тоқат қилолмайман.
Мужгон опамнинг жаҳли бу сафар ҳам бўйнимни эгиб қўйди. Бундан ташқари у билан гап талашиб ўтиришга ўзимда ҳам мажол қолмаган эди. Мусё Сегеннинг бутун кеча бўри билан олишиб, саҳарга яқин ўзидан кетиб қолган эчкиси[14] сингари ҳолдан кетган эдим.
Кўзим илинган пайтда Мужгоннинг яна ширин тил билан:
— У ҳам сенга бепарво қарамас, — деганини эшитган бўлсам ҳам, бунга қарши исён кўтаришга қурбим етмай ухлаб қолдим.

* * *
Эртасига шу ерлик бойлардан бирининг чорбоғига таклиф қилинган эдик. Умримда шу бугунгидай баҳрим очилган кун бўлмагандир, дейман.
Ойша холам билан Мужгон чорбоғ ҳовузи бўйида катталар билан гаплашиб ўтирганларида, болаларни ёнимга олдим-у, теваракда ўтни ўтга, сувни сувга отиб, тўполон қила бошладим. Ҳатто бир қур битта яйдоқ отга минмоқчи бўлиб, жонимни хатарга ҳам қўйдим. Xолам билан Мужгон мени кўриб қолишиб, қўл-бош ишоралари билан имо қилишарди.
Уларнинг нима демоқчи эканликларини жуда яхши билсам ҳам, анқовсираб ўзимни кўрмаганга солар, дарахтлар ичига кириб, кўздан ғойиб бўлар эдим.
Ҳа, ёши ўн бешга етиб, уларнинг нозик ибораси билан айтганда, «бўйи чўзилиб қолган» қизнинг хизматкорлар орасида боши очиқ, пойчалари яланг, уст-боши очилиб шўхлик қилиб юриши айб, буни ўзим ҳам тушунаман, лекин начора, ўзимни гўлликка соламан.
Бир маҳал Мужгонни ёлғиз топиб, қўлидан ушладим-у:
— Арман келинига ўхшаган бу хонимларнинг нимаси ёқиб қолди сенга? Ундан кўра мен билан юр, — дедим.
— Кеча саҳарга довур ҳоли-жонимни қўйдингми? — деди. Кейин илова қилди: — Сен, рости, ғалати маҳлуқсан, жониворга ўхшайсан, Фарида. Кеча кечқурун қандай аҳволда эдинг? Эрталаб икки соат ухлар-ухламас дарров туриб кетдинг. Аҳволингдан ҳеч чарчаган кишига ўхшамайсан. Рангинг ноппа-нозандай, кўзларинг пориллайди. Қара, мени не аҳволга солдинг!
Чиндан ҳам бечора Мужгон ачинарли аҳволда эди. Кечаси ухламагани учун юзи, кўзларининг оқи ҳам бол муми сингари сарғайиб кетган эди.
— Ўтган ишга салавот, — дедим-у, яна югуриб кетиб қолдим.

* * *
Оқшом пайти. Аравамиз кечикиб қолгани учун яёв келаётибмиз. Албатта, буниси яна яхши. У ёғини суриштирилса, чорбоғ унча узоқ ҳам эмас... Xолам ўз тенги иккита қўшниси билан орқада келарди. Мен бўлсам бир оз чеҳраси очила бошлаган Мужгон билан қўл ушлашиб, анча илгарида келар эдим. Йўлнинг бир томонида йиқиқ деворлар, шохлар билан тўсилган боғлар, нариги томонидан эса поёнсиз умидсизликка ўхшаган елкансиз, тумансиз денгиз...
Боғларда барвақт куз бошланган, деворлар, шохлар ёнида ғовлаб ётган кўкатлар қуриган, ҳаммасини чанг-тўзон босган, бир-биридан унча узоқ экилмаган ниҳолларнинг титраб турган ола-қуроқ соялари чанг йўлга хазон аралаш тушиб турарди.
Фақат узоқларда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган боғларнинг ичкарисида бир қанча қизил доналар сочилиб ётибди. Булар пишган маймунжонлар, буларни парвардигор чолиқушлар — читтаклар есин, деб яратган...
Шу сабабдан умидсизлик денгизини бир ёққа қўйиб, Мужгоннинг қўлидан ушладим-да, маймунжонлар томон судрай бошладим.
Орқадагилар тошбақа қадами билан биздан ўтиб, қуйи чорбоғнинг этагига етгуларича биз ишимизни саксон марта битириб оламиз.
Фақат Мужгон опа одамнинг тоқатини тоқ қилиб юборадиган даражада имиллайди. Дала ўртасида юриб бораётганда туфлисининг пошналари букилади, ўриб олинган экинларнинг хас-чўплари оёқларига киришидан қўрқади, икки қаричлик чуқурдан ҳатлашга тўғри келганда тараддуд қилиб қолади.
Бир қур битта итнинг ҳужумига учрадик. Ит бўлганда ҳам Мужгоннинг қўл сумкасига сиғиб кетадиган кичкина кучук. Мужгон шу кучукчани кўрди-ю, войдодлаб қоча бошлади. Кейин маймунжонни ейишдан ҳам қўрқа бошлади: «Меъданг бузилади... оғрийсан...», деб меваларни қўлимдан олиб ташламоқчи бўлди. Маймунжонлар эзилади, юзимизга чапланади. Кенг ёқасига икки қатор тасма билан лангар шакли тикилган оқ шойи кофтам доғ бўлиб кетди.
Орқадагилар бизга етиб олгунларича биз ишимизни битириб оламиз деган эдим, лекин Мужгон икковимиз бу жанжални бир ёқлик қилгунимизча, улар пастдаги йўлнинг бошига етиб қолишибди. Бизни йўқотиб қўйишган бўлишса керак, чорбоққа кетавермай, орқага қараб туришарди. Ёнларида битта эркак киши ҳам бор.
Мужгон:
— Вой, ким экан-а? — девди, мен:
— Ким бўларди, бирон йўлчи, ё қишлоқидир-да, — дедим.
— Ундай бўлмаса керак.
Тўғрисини айцам, мен ҳам шундай деб ўйламайман. Оқшом ола-қоронғилигида, йўл бўйидаги катта дарахтлар сояси орасида унча яхши кўринмаса ҳам, ҳарҳолда бошқа одам эканлиги сезилиб турарди.
Бир оздан сўнг у киши бизга қўл силтади, кейин улардан ажраб биз томон келаверди.
— Жуда қизиқ! Ҳарҳолда битта-яримта таниш бўлса керак, — деди-ю, бир оздан сўнг ҳаяжон билан қичқириб юборди: — Фарида, Комронга ўхшайди... Қоч!
— Бўлмаган гап. Қўй-е, бу ерда у нима қилади? — дедим.
— Вой худо, худди ўзи!
Мужгон югуриб кетди. Мен бўлсам, аксинча, қадамимни секинлаштирдим. Нафасим тиқилиб, тиззаларимда титроқ турганини сезаётган эдим.
Йўл бўйида тўхтадим. Оёғимни катта тошга қўйиб эгилдим-да, туфлигимнинг ипини ечиб, яна секин-секин боғлай бошладим.
Юзма-юз келганимизда мен босиқ, бир оз кесатиқ билан:
— Тавба, — дедим, — сиз бу ерларда?.. Шунча узоқ йўл заҳматини қандай қилиб уҳдангизга олдингиз?
У ҳеч нима демас, ёту бегона олдида тургандек тортинчоқ бир жилмайиш билан юзимга қарарди. Кейин қўлини узатди.
Мен қўлимни тортиб орқага олдим:
— Мужгон опам икковимиз ўзимизни маймунжон билан зиёфат қилдик. Қўлларим шира, кейин устига чанг ёпишди. Xолаларим қалай? Нажмия қалай?
— Кўзларингдан ўпиб қолишди, Фарида.
— Мерси.
— Нақадар куйибсан, Фарида... Териларинг кўчиб тушибди...
— Қуёшдан.
Шу ерда Мужгон гап қотди:
— Сен ҳам шундай, Комрон.
Мен ўзимни тутиб туролмадим.
— Ким билсин... офтобда шамсиясиз[15] юрганми, а?— дедим.
Кулишдик. Кейин юриб кетдик.
Бир оздан сўнг Мужгон билан Ойша холам бўламни ўрталарига олишди. Xоламнинг қўшнилари қирқдан ошиб кетган бўлишса ҳам, ўзларини хотин, Комронни эса эркак киши ҳисоблаб орқада боришарди.
Мен болалар билан олдинда кетаётган бўлсам ҳам қулоқларим орқада эди. Бўлам ўзини қандай шамол учириб келтирганини холам билан Мужгонга уқтираётганлиги қулоқларимга кириб борар эди.
— Бу ёз Истамбулда жуда зерикиб қолдим, — деярди у. — Лекин, билмайсизлар, шу қадар кўп...
Пошнамни жаҳл билан ерга урдим, ичимда: «Албатта, бахтиёр тулни ёт элларга қочириб юборганингдан кейин бундан ортиқ нима бўлсин?» — деб ўйладим.
Комрон сўзини давом эттирди:
— Тунов кеча ойнинг ўн беши эди. Бир ўртоғимнинг улфатлари билан Оламдоғига чиқдик. Ниҳоятда чиройли бир кеча эди. Лекин менинг ўткинчи, кеткинчиларга ҳеч тоқатим йўқ. Тонг ёришар пайтда ҳеч кимга айтмасдан ёлғиз ўзим тўғри шаҳарга тушиб кетдим. Қисқаси, юрагим жуда ёмон сиқилаверди. Бир неча кунга Истамбулдан бошимни олиб кетмасам бўлмайдиган кўринди. Лекин қаерга ҳам борардим? Ялованинг мавсуми эмас. Бурса эса шу ойларда дўзахдай ёниб кетади. Бирдан эсимга сизлар тушиб қолдиларингиз. Ўзим ҳам сизларни ўлгудай соғинган эдим.

* * *
Ўша куни кечқурун поччам билан холам Комронни алламаҳалгача боғда тутиб қолишди. Мужгон ҳам бурнидан торца йиқилар ҳолатда бўлишига қарамай, улар ёнидан жилмай ўтирди.
Мен бўлсам, аксинча, ўзимни нари тутар, ҳар дам ичкарига кириб ётар ё боғнинг тўрида кўздан ғойиб бўлар эдим.
Бир маҳал нима учундир уларнинг ёнларига келишга тўғри келди. Комрон мендан хафа бўлганга ўхшаш бир оҳангда:
— Меҳмондан ҳурмат ҳам аялар экан-да, — деди.
Мен кулиб елкаларимни қисдим.
— «Меҳмон меҳмонга эл бўлмайди» дейдилар, — дедим.
Мужгон мени яна қочиб кетмасин деб қўлимдан, этагимдан ушлаб ўтирарди. Бир силкиб қўлидан чиқдим-у, уйқум келяпти деб ётоғимга кириб кетдим.
Мужгон ярим кечада ётоққа кирганда, мен ўрнимда ухлаёлмай ётган эдим. У каравотимнинг четига ўтириб, юзимга қаради. Кулиб юбормай деб у ёнимга ағдарилиб хуррак ота бошладим.
Мужгон зўрлик билан бошимни кўтарди.
— Ўзингни ухлаётганга солма, кўзингни оч, — деди.
Мен ҳам:
— Xудо ҳаққи, ухлаётувдим, — дедим-у, кўзларимни катта очдим.
Ана шундан кейин икковимиз ҳам ўзимизни тутолмай кулиб юбордик.
Мужгон бетимни силаб:
— Тахминим тўғри чиқди, — деди.
Кескин бир ҳаракат билан каравот симларини ғижирлатиб ўрнимдан турдим-да:
— Нима демоқчисан? — дедим.
Унинг эсхонаси чиқиб кетди.
— Ҳеч... ҳеч... — деди, кейин кулиб туриб ёлвора бошлади: — Xудо хайрингни берсин, мен билан ёқалашма, чарчаб ўлай деб турибман.
Мужгон шундан кейин чироқни ўчириб жойига ётди.
Бир неча минутдан сўнг мен унинг каравотига бордим-да, бошини ёстиқдан кўтариб қўлларимга олдим. Лекин боёқиш ухлаб қолган экан. Кўзларини очмай:
— Қўй, Фарида, бундай қилма, — деб ялинди.
— Xўп, лекин тилимнинг учида бир нарса турибди, ҳозир шуни айтмасам, бугун ҳам ухлаёлмайман, — дедим.
Ётоқнинг қоронғилигига, Мужгоннинг кўзлари юмуқлигига қарамай, бетимни унинг сочларига тегизиб туриб қулоғига шивирладим:
— Миянгга телбаларча ўй келибди... билдим... унга бир нима дегудай бўлсанг, сени мажбуран қучоқлаб оламан-у, икковимизни баб-баравар денгизга ташлайман...
Мужгон:
— Xўп... хўп... Истаганинг бўлсин, — деди-да, ҳамон бошини аста-секин силкитиб турганимга қарамай, яна уйқуга толди.

* * *
Комроннинг келиши чиндан ҳам таъбимни хира қилди. Унга нисбатан кўнглимда уйғонган жаҳлга, қўрқувга, жирканишга ўхшаш қарама-қарши ҳис кун сайин ортиб борарди. Рўпара келган чоқларимизда ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ қўполлик қилар, қочиб кетар эдим.
Барака топкур Азиз поччам меҳмонга яхшилаб нўхта уриб қўйди. Уни зериктирмаслик учун уйига тез-тез меҳмонлар чақирар, ҳар кун аравага солиб айлантирар ёки ҳамқишлоқларидан бирининг боғи ё полизига олиб кетар эди.
Бир куни эрталаб ана шундай чақириқларнинг бирига тайёрланаётган бўлам билан зина бошида тўқнаш келиб қолдим. Йўлимни тўсди-ю, биров эшитиб қолмасмикан, деб ваҳм билан атрофига қараб олгандан сўнг:
— Меҳмондорчиликнинг кўплигидан ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, Фарида, — деди.
Мен зина панжараси билан Комроннинг орасидаги жойдан унга бир еримни тегизмай ўтиб кета олармиканман, деган чўт билан банд эдим.
— Ёмонми? Сизни ҳар кун саёҳат қилдиришяпти-ку,— дедим.
Комрон кинояомуз кулимсиради, кўзларини шифтга тикиб:
— Меҳмон меҳмонга эл бўлмайди, аммо меҳмоннинг мезбонни меҳмонга гиз-гизлаши эски усуллардан, — деди. — Ҳай майли, мен ҳам шундай қилай...
Бўлам кеча мен: «Меҳмон меҳмонга эл бўлмайди» деган сўзимни негадир бетимга солар, бунинг учун менга таъна тоши отар эди.
— Яхши, лекин зорланадиган жойи йўқ. Ҳар куни янги-янги жойларни кўряпсиз, янги одамларни танияпсиз, — дедим.
У тағин лабини бурди.
— Таниётган одамларим ҳеч баҳримни очадиган одамлар эмас...
Мен тилимни тиёлмадим.
— Сизнинг баҳрингизни очадиган одамни у бечоралар қаердан топишсин? — дедим.
Баҳрини очадиган одам ҳақидаги гапим билан кимга ишора қилганимни Комрон тушунган эди. Ҳаяжон билан қўлларини чўзиб:
— Фарида! — деди.
Фақат узатган қўллари ҳавода қолди. Мен у билан зина орасидаги тор ердан лип этиб ўтиб кетдим. Поғоналарни иккита-иккитадан босиб, ашула айта-айта боққа чиқдим.

* * *
Ахир бир куни Мужгон қиладиганини қилди.
Бир куни эрталаб Мужгон иккаламиз денгиз бўйида сайр қилиб юрган эдик. Кеча ёмғир ёққани учун ҳавода куз салқинлиги бор эди. Туманга, исга ўхшаган бир булут қуёш юзини қоплаган. Денгизнинг сокин юзида қаердан келганлиги номаълум бир ёғду титрайди. Узоқда елканлари тушган бир қанча балиқчи қайиғи кўланка сингари ҳаракациз турарди.
Ўша куни қандай қилиб бўлса ҳам ўз бошига қолган Комроннинг катта кўчадан ўтиб кетаётганини кўриб қолдим.
Каттакон дарахт томирида ўтирган Мужгон юзи денгиз томонга ўгирилган бўлгани учун Комронни сезмади. Мен ҳам ҳеч нимани кўрмаган кишидек гавдамни ярим-ёрти тескари ўгириб олдим. Шу алфозда ҳеч нарса кўрмасам, ҳеч нима эшитмасам ҳам Комроннинг биз томонга келаётганини сезар, вужудимда енгил титроқ турганлигини ҳис этар эдим.
Мужгон:
— Ҳа, бирдан даминг ичингга тушиб кетди? — деди-ю, бошини ўгириб ўн-ўн беш одим нарида келаётган Комронни кўрди.
Оёқ учида туриб, бир неча минут суҳбат қилиш мажбуриятидан қочишнинг имкони қолмади.
Комрон Мужгонга қараб гап бошлади:
— Бугун ҳам шамсиянгизни эсдан чиқармабсиз-да?— деди.
Мужгон кулиб жавоб қилди:
— Ҳа, бугун ҳам ёмғир ёғиш хавфи бор...
Бўлам ўзининг сокин, беқарор табиатига ўхшаган бугунги ҳаводан жуда мамнун эканлигини гапирган эди, Мужгон бунга эътироз этди. Қўлидаги шамсияни очиб-ёпиб ўтиргач:
— Яхши-ю, лекин одамни диққинафас қилиб юборади, — деди. — Бу мавсумдан кейин кунлар кўпинча шу бугунгига ўхшаб тураверади. Сўнгра қиш. Билмайсиз, бу ернинг қиши одамнинг юрагини сиқиб юборади... Отам аксига олиб шундай кўникиб кетдики, бошқа ерга жўнатишмасин деб қўрқади.
Комрон ҳазиллашди:
— Бу ернинг қишига кўп қарши чиқаверманг. Ким билади, балки бу ерлик бирон бадавлат одамдан куёв қиларсиз.
Мужгон буни жиддий тушуниб, калласини силкиди.
— Xудо сақласин.
Шу дам ёнимиздан бир яланг оёқ балиқчи ўтиб қолди. Мен бир кун бу қари балиқчига ўзимни Марика деб танитган эдим. Бошига янги қизил рўмол ўраб олибди. Мени кўриб, ҳол сўради:
— Камнамо бўлиб кетдинг, Марика?
— Бирон кун сиз билан балиқ овга чиқсамми деб юрибман, — дедим.
Бир-биримиз билан гаплашиб, денгиз лабига қараб кетдик. Бир оздан сўнг яна уларнинг ёнига қайтиб келсам, Мужгон бўламга Марика воқеасини ҳикоя қилиб турган экан. Сўзини битириб, билагимдан ушлади.
— Мени эмас, Фаридани Тақирдоғида қолдириб кецак керак, — деди. — Куёв чиқди. Исо капитан деган балиқчининг ўғлига сўрашяпти. Балиқчи деб ҳафсалангиз пир бўлмасин, ниҳоятда бадавлат киши.
Комрон кулди.
— Миллионер бўлганда ҳам биз унинг давлатига учмаймиз, а, Фарида? — деди. — Мен Фариданинг бўласи бўлганим учун бунга ҳеч рози бўлолмайман.
Эсли-ҳушли Мужгонни бугун қайси шайтон васвасасига олди экан? Комроннинг шу сўзига у нима дейди денг?
— Бунисини қўяверинг. Фаридага яна бошқа аломат жойлардан ҳам чиқяпти. Масалан, қуёшдай порлаб турган бир сувори офицери. Ҳар оқшом отига миниб уйимизнинг олдига келади. Фаридага манзур бўлиш учун ҳар хил хавфли ҳунарлар кўрсатади.
Комрон бу сафар қаҳқаҳа уриб кулиб юборди. Лекин бу қаҳқаҳа ичида кулгига ўхшамаган ғалати бир нарса— кўнгил синиқлиги бор эди.
— Бунисига бир нима деёлмайман. Ихтиёр ўзида,— деди.
Мужгонга яшириқча: «ҳали қўлимга тушасан-у» ишорасини қилдим-да:
— Сен ҳаддингдан ошяпсан, биласан-ку, мен бунақа бемаъни гапларни ёқтирмайман, — дедим.
У, эҳтиёти шартдан Комроннинг орқасига ўтиб олиб, кўзларини қисди.
— Иккаламиз ҳеч бунақа гапларни гапирмаймиз, а, Фарида? — деди.
— Ёлғончи, туҳматчи...
Комронга жон кирди:
— Менга ҳам айцанг бўлаверади, Мужгон, — деди. — Мен ахир ёт эмасман-ку...
Жаҳл билан ер тепиндим.
— Тушундим. Сиз билан жанжалсиз гаплашиб бўлмас экан. Xудога топширдик, — дедим-у, жаҳл билан денгиз томонга тез-тез юриб кетдим.

* * *
Тез-тез юриб кетган бўлсам ҳам, бу кетишим бошланган бўлмағур гап-сўзга хотима бермаганлигини сезиб турдим. Денгиз лабига етганимдан сўнг сувга жаҳл билан тош ота бошладим. Ора-сира ерга эгилган бўлиб орқага қарардим. Кўрган нарсаларим мени тинчитадиган эмасди.
Мужгон мени маҳв этишга яқинлашган, бунинг олдини оладиган чора менда йўқ эди.
Олдин кулиб гаплашиб туришди. Кейин иккови ҳам жиддийлашди. Мужгон айтадиган гапини тополмаётгандек шамсиясининг учи билан ер чизар, бўлам бўлса ҳайкал сингари қимир этмай турарди. Ниҳоят, икковининг ҳам мен томонга ўгирилиб қараганини ва энг ёмони шу ёққа қараб келаётганларини кўрдим.
Масала ойдин. Ўзимни қирғоқнинг энг тик еридан жонимнинг борича қумлоққа ташладим. Ўша кун, ўша ташлашимда қандай қилиб юмалаб кетмаганимга, бир еримни эмас, бир қанча еримни чақа қилиб олмаганимга ҳали-ҳали ҳайрон бўламан.
Нетайин, бу хатарли телбалик ҳам мени улардан қутқазиб қололмади. Бошимни ўгириб қарадим, улар ҳам қирғоқнинг бошқа бир еридан пастга секин-секин тушиб келишяпти!
Қоча бошлагудай бўлсам, бу нозик инсонлар отга миниб қувлаганларида ҳам мени тутолмасликлари турган гап. Фақат шуниси борки, менинг қочишим маъносиз кетмайди: ҳамма сирга тушунганимни ёки ҳеч бўлмаганда, бирон нарсадан шубҳаланганимни билдиради.
Шунинг учун ҳеч қандай дардим, ғамим йўқдай ора-сира денгизга тош ота-ота тез-тез юриб кетдим. Олдиндаги бурундан ўтиб олсам улардан саломат қутулиб кетардим. Лекин омадим келишмай бугун эрталаб денгиз орқага чекилибди, қоя четида қуп-қуруқ ер очилиб қолибди.
Режам тайёр эди. Қумлоқда яна бир оз юрганимдан сўнг у ердаги тор сўқмоқдан тирмашиб қирғоққа чиқиб оламан. Бу сўқмоқ эчкилар зўрға чиқадиган қалтис йўл бўлганидан, улар мени қувишдан қўрқишади, натижада, изимни йўқотишади.
Аммо буруннинг у тарафида мен рўпара келган комедия, тўғрироғи, фожиа бир неча минутгача ҳамма нарсани эсимдан чиқариб юборди. Ҳали ёнимиздан ўтиб кетган қари балиқчи, қўлида курак билан бир дайди қора итни қувиб келиб қолди. Жонивор акиллаб ўзини у ён-бу ёнга урар, чол етиб келиб кураги билан бечоранинг тўғри келган жойига туширарди.
Олдин ит қутурган бўлса керак, деб ўйлаб ўзимни пича йўқотиб қўйдим. Кейин билсам, балиқчининг ўзи баттарроқ қутурибди: эсини йўқотиб типирчилайди, ирғишлайди, бақиради.
Бирдан ёнига боришга бетламай қичқирдим:
— Нима қилди, нимага урасиз бу бечорани?
Чол ҳадеб ҳансирар эди. Бир зумгина таёққа дам бериб куракка таянди. Йиғлагудай товуш билан:
— Нима қилди эмиш, ўттиз қурушлик қорамойни тўкиб юборди, мараз, — деди. — Лекин уни сенга ташлаб кетмайман.
Жаҳлининг сабаби маълум бўлди. Балиқчининг қумлоқдаги ўчоғида қайнаётган бир челак қорамойни ит ағдариб юборибди. Катта гуноҳ! Лекин бечора итни қайиқ эшкаги билан уриб ўлдиришга арзийдиган гуноҳ эмас!
Ит бир қоя ёриғига, ўзига бехатар кўринган жойга кириб олди. Бир оздан кейин эшкакли душманнинг янги ҳужумига дуч келганда нима қилишини, ўз оёғи билан кирган бу қопқондан қандай қутулишини ўйламай, яланг улир эди. Ҳолбуки, қумлоқ билан тўппа-тўғри қочиб кеца ёки мен тушган йўлдан юқорига тирмашиб чиқса, батамом қутулиб кетарди.
Вақтим бўлса, бечора итни қутқазиш учун бирон нарса қилардим. Лекин начора, ўзимнинг дардим бошимдан ошиб ётибди. Мен ҳам унинг сингари қувғинга учраган эдим.
Мужгон билан бўламнинг бурунга қайтиш эҳтимоли ақлимни учирди. Орқамга қарамасдан ҳамон тез қадамлар билан бориб қирғоққа тирмаша бошладим.
Лекин аввалги ўйимга қарши, бутунлай қочиб кетишга кўнглим чопмади. Ора-сира тўхтаб, киши билмас орқамга, тўғрироғи, пастга қараб-қараб қўяр эдим.
Ит воқеаси Мужгон билан Комронни ҳам жалб қилган кўринади. Улар ағдарилган қорамой идиши ёнида ҳаяжон билан гаплашардилар.
Ахийри бўламнинг чўнтакдан ҳамённи олиб балиқчига пул берганини кўрдим. Шуниси қизиқ бўлдики, балиқчи суюнганидан эшкагини ерга қўйди-да, мен томонга ўгирилиб, қўли билан ишора қила бошлади.
Минг қатла шукур, ит қутулди. Уларнинг орқадан чақираётганларига парво қилмай, тўғри уйга кетавердим.
Мужгоннинг қилмишини эсласам, ақлим миямдан учади. Бутун вужудимни титроқ босади. Ҳар дам муштларимни қисиб: «Расво бўлдим, сени қараб тур, Мужгон!» деярдим.
Ўйлайманки, ўша жаҳл билан Истамбулга ҳам етиб олардим. Лекин эшик олдида Азиз поччам рўпарамдан чиқиб қолди.
— Қизим, нима бўлди? Лавлагига ўхшаб қизариб кетибсан? Биров қувдими? — деб сўради.
Асабий бир оҳангда кулдим.
— Нега қувар экан, почча? — дедим-у, болалар товуши келиб турган ҳовлига югуриб кириб кетдим.
Саҳндаги каттакон дарахтга арғимчоқ солинган эди. Гоҳи кунлар қўшни болаларни йиғиб, бу ерни шовқинли болалар боғчасига айлантириб юборардим. Бугун кичик ўртоқларим менинг чақириб чиқишимни ҳам кутмасдан каттасидан-кичигигача йиғилишибди, арғимчоқ атрофида тўполон кўтариб ўйнашяпти.
Омадимдан айланай! Йўлда келаётганимда ўз хонамга кириб, эшикни қулфлаб оламан, деб ўйлаган эдим. Лекин улар, албатта, орқамдан келишар, эшикни зўрлик билан очдиришга ҳаракат қилишиб, ишнинг расвосини чиқаришарди. Мана энди болалар орасига кириб ишни жинниликка айлантираман-да, уларни ёнимга йўлатмайман. Ўртоқларим арғимчоқ талашиб туришган экан. Мен дарров ораларига суқилдим-у, болаларни қўл ишораси билан иккига бўлиб:
— Қани, ҳамманг четга чиқ. Сенларни битта-биттадан ўзим учираман, — дедим.
Арғимчоққа ўтирдим, кичкинтойлардан биттасини қучоғимга олиб, секин-секин уча бошладим.
Кўп ўтмай Комронлар ҳам етиб келишиб, болалар орасида туришди.
Мужгон сира тинмай ҳансирар, ора-сира кўксини қўли билан босиб-босиб қўяр эди. Бўлам уни жуда тез югуртириб келган бўлса керак. Ичимда «Баттар бўл!» дедим-да, арғимчоқни яна ҳам тезроқ уча бошладим.
Четда навбат кутиб турган болалар: «Кўп учирдингиз, бизни ҳам учиринг, бизни ҳам», деб қичқира бошлашди. Мен эсам қулоқ солмас, тепамдаги дарахт япроқларини шитирлатиб тобора баландроқ, тезроқ учар эдим.
Бу ҳол болаларни бутунлай асабийлаштирди. Сабр-тоқатлари тугаб, арғимчоққа яқин кела бошладилар. Мужгон билан Комрон уларни қўлларидан ушлаб четга тортар, болалар эса қайтмай ўжарлик қилишарди. Ҳаммасидан ҳам ёмони шу бўлдики, мен билан учаётган кичкинтойнинг ҳаммаёғи тилинди. Тиззаларим орасидан тўлғаниб чирқираётган бу бечоранинг арқонни қўйиб юборишидан, ерга йиқилиб ўлишидан қўрқа бошладим.
Ночор, арғимчоқни тўхтатиб, болани туширишга киришдим. «Шунчалик нарсадан қўрқадиган кичкина болага арғимчоқ учишни ким қўйибди? Бундақалар уйларида, кичик укаларининг бешикларида тебранишса яхшироқ бўлади», деб болага тўнғиллаб бердим. Яна шунга ўхшаш бир қанча сўзлар айтдим. Булар Комронни чўчитиш учун, мен билан гаплашишга йўл қўймаслик учун айтилган шунчаки сўзлар эди. Xайриятки, бошқа болалар ҳам худди шундай овоз, шундай оҳангда қичқиришиб, боғни бошларига илишди.
— Мени ҳам учиринг, Фарида опа. Мени ҳам. Мени ҳам. Мени...
— Йўқ, ҳеч қайсингизни олмайман, қўрқоқ экансизлар...
— Қўрқмаймиз, Фарида опа, қўрқмаймиз, қўрқмаймиз, қўрқмаймиз...
Шу чоқ уй деразасидан холамнинг овози эшитилди:
— Фарида, уларнинг ҳам бир оз кўнгилларига қара, жоним..
Дарҳол ўша ёққа ўгирилиб, узундан-узоқ гап талаша бошладим:
— Xола, шундай дейсиз-у, йиқилиб тушиб бир ерларини майиб қилиб олишса, кейин мени койийсиз.
— Айланай қизим, болаларни йиқитиш шартми! Секинроқ учиргин-да.
— Xола, билмаган кишига ўхшаб гапирманг, илтимос қиламан. Тавба, Чолиқушини билмайсизми? Менга ишониб бўладими? Бошимда минг хил фикр. Арғимчоқ учаётганимда шайтон ўлгур туртиб: «Ҳайда, ҳайда, пича тезроқ, тезроқ» деб турткилайди. «Ундай дема, ёнимда ёш бола бор!» деб жавоб берсам ҳам, қўймайди. «Ҳайда, ҳайда. Яна пича тезлат, тезлат, нима бўлиб қоласан!» деяверади. Арқон, дарахт шохлари, япроқлари ҳам жўр бўлишиб: «Ҳайда, Фарида, ҳайда, Фарида!» деяверишади. Шунча ҳа-ҳага бир бечора Чолиқуши қандай чидаб тура олади? Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир!
Ҳовурим туша бошлади, орқам ўгирик бўлганига қарамай, бўламнинг ёнимда турганини ҳис этаман. Сўзим тинар-тинмас, унинг гап бошлашига шубҳа қилмайман. Нима қилай? Унга рўпара келишдан қандай қутулсам бўлади?
Болалардан биттаси этагимга осилган эди, қўлтиғидан ушлаб даст кўтариб олдим. Бу ёш ўртоқларимнинг энг кичкинтойи, етти-саккиз ёшли бола эди. Юзини юзимга яқин келтириб туриб:
— Кўнглинг қолмасин, сени ҳам бир учириб қўяй. Лекин бу дўмбоқ бетингни қонатиб олсак, чатоқ бўлмайдими? — дедим.
Боланинг орқасида соя пайдо бўлди. У Комронники эди. Бола бошини бошимдан айирар-айирмас, у билан юзма-юз, кўзма-кўз келишимга шубҳам қолмади. Энди ундан қандай қутуламан? Ундан қочиш, қўрқиш — дунёда энг ёмон кўрган нарсам.
Шунинг учун болани қўлимдан тушириб, тиккасига Комроннинг кўзларига тикилдим.
— Бор, бола. Комрон акангнинг ёнига бор. У қизлар сингари карашмали, нозик йигит. Сени сутдан қолган ёш онадай аллалайди, чайқатмасдан, чарчатмасдан авайлаб учиртиради. Лекин зинҳор типирчилама. Чунки у кишининг нозик қўллари сени ушлаб қололмайди. Икковинг ҳам йиқиласан.
Ниятим — кўзларимни кўзларига қадаб, уни бош эгдиргунча шу ўткир заҳарли кинояни давом эттириш эди. Аммо у кўзларини олиб қочмас, «бекор уринасан, ҳамма сирни билиб олдим» дегувчи назар билан тикилиб турарди.
Ана шунда ўйинни бой берганимни сеза бошладим. Бошимни эгиб, чанг қўлимни рўмолчам билан артишга киришдим.
Комрон:
— Майна қиляпсан-а, ярамас, — деди. — Мана, ҳозир бирга учишамиз, кўрамиз...
Комрон чаққон бир ҳаракат билан пиджагини ечиб, Мужгоннинг қўлига ирғитди.
Холам деразадан:
— Ҳой, Комрон, болалик қилма. У шайтон қизга бас келолмайсан, ўт-бетингни майиб қилади! — деб қичқирди.
Болалар томоша қизиқ бўлишини сезиб, четга чиқишди. Биз арғимчоқ ёнида ёлғиз қолдик.
Бўлам кулиб:
— Нимага қараб турибсан, Фарида, қўрқяпсанми?— деди.
Бу сафар юзига қарашга юрагим бетламай:
— Нега қўрқар эканман, — дедим-у, арғимчоққа осилдим.
Арқон ғижирлади, арғимчоқ секин-секин ҳаракатга келди.
Мен эҳтиёт билан ҳаракат қилар, учишнинг ниҳоятда оғир бўлишини сезганим учун кучимни тежар, тиззаларимни аста-секин букиш билан кифояланар эдим.
Суръатимиз орта бориб, дарахт ларзанглай, япроқлари шитирлай борди.
Иккаламиз ҳам тишларимизни қисиб, бир оғиз гапиргудай бўлсак кучдан қоладигандек, жим учар эдик.
Ҳаракат сархушлигидан секин-секин бошим айланиб, ўзимдан кетиб бордим.
Комроннинг боши бирданига баргларга бориб тегди, узун сочлари пешонасига тўзғиб тушди.
Кинояли товуш билан:
— Пушаймон бўла бошладингиз шекилли? — деб сўрадим.
У ҳам кулиб:
— Ким пушаймон бўлишини кўрамиз ҳали, — деди.
Тўзғиган сочлари орасида пориллаб турган яшил кўзлари менда ғалати бир кин, ситам уйғотди. Кучимнинг борича тиззаларимни букиб, арғимчоққа суръат бердим. Энди ҳар бориб-келишимизда бошларимиз барглар ичига кириб-чиқар, сочларимиз бир-биримизникига аралашиб кетарди. Бир маҳал худди тушдагидай холамнинг: «Бас, бас!» деган қичқириғини эшитдим.
Буни Комрон ҳам такрорлади:
— Бас-а, Фарида!
— Буни сиздан сўраш керак, — деб жавоб бердим.
— Мендан сўралса: йўқ, — деди. — Мужгондан эшитган ажойиб нарсаларимдан сўнг менинг чарчашим мумкин эмас...
Тиззаларим бирданига бўшашди, арқон қўлимдан чиқиб кетишидан қўрқдим.
Комрон сўзини давом қилди:
— Буни сендан кутмаган эдим. Бу ерга сени деб келган эдим, Фарида, — деди.
Ҳаракатдан қолганимга қарамай, арғимчоқ ҳамон бояги тезликда учарди. Қўлларимни арқон орқасидан ўтказиб, панжаларимни бир-бирига кириштирдим.
— Тушайлик энди, йиқиламиз, — деб ялиндим.
У ҳолимни сезмади.
— Йўқ, Фарида, йиқилиб ўлсак ўламизки, менга тегишга рози бўлганлигингни ўз оғзингдан эшитмай туриб сени бўшатмайман, — деди.
Лаблари сочларим орасидан пешонамга, кўзларимга тегиб кетар эди. Тиззаларим букилди, бир-бирига киришган панжаларим очилиб, қўлларим арқон атрофида саланглай бошлади. Комрон мени шу аснода ушлаб қолмаса, йиқилишим турган гап эди. Лекин мени сақлаб қолишга кучи етмади. Салмоғи бузилган арғимчоқ арқони бирдан айланди-ю, биз ерга гурсиллаб йиқилдик.
Пича ҳушимдан кетиб ётганимдан сўнг кўзларимни очсам, холамнинг қучоғида ётибман. Xолам ҳўл рўмолча билан чаккаларимни силар:
— Бир еринг оғрияптими, қизим? — деб сўради.
Бошимни кўтариб:
— Йўқ, хола, — дедим.
— Бўлмаса, нега йиғлайсан?
— Йиғладимми, хола?
— Кўзларингдаги ёшлар-чи?
Бошимни холамнинг кўксига босдим.
— Йиқилмасдан аввал йиғлаган бўлсам керак, хола,— дедим.

* * *
Уч кундан сўнг Ойша холам билан Мужгон ҳам дастурхон тузаб, биз билан Истамбулга жўнади. Басима холам келишимизни ўғлининг хатидан билиб, Нажмия иккови бизни Ғалата станциясида кутиб олди.
Унашилганимнинг дастлабки ҳафталарини ҳаммадан қочиб ўтказдим. Кўпроқ Комрондан ўзимни тортар эдим. У мен билан ёлғиз қолишни, бирга айланишни, гаплашишни хоҳларди. Биламан, ҳар бир унашилган йигит каби унинг бунга ҳаққи бор эди. Фақат нима қилайки, мен дунёдаги унашилган қизларнинг энг ғалатиси, энг ёввойисиман. Комроннинг рўпара келаётганини кўрдим дегунча ҳурккан от сингари потирлаб қочар, шу кўйи кўриниш бермай кетар эдим.
Мужгон орқали бир ултиматум бердим. Рўпара келганимизда мен билан унашилган кишидай гаплашмасин, дедим. Сўзимга кирмаса, ҳамма ишни бузаман, деб қасам ичдим.
Мужгон, Тақирдоғидаги сингари, бу ерда ҳам ётоғимга тез-тез кириб насиҳат қиларди.
— Нега бундай жиннилик қиласан, Фарида? — деярди. — Уни ўлгудай яхши кўришингни-ку биламан. Ҳозир сизларнинг энг яхши вақтларингиз. Ким билади, унинг сенга айтадиган қандай чиройли гаплари бор экан...
Мужгон баъзан шу билан кифояланиб қолмай, нозик қўллари билан сочларимни силар, унинг тилидан гапирарди.
Кўрпамда шумшайиб олиб:
— Xоҳламайман... Қўрқаман, уяламан, ғалати-да... Тушунтира олмайман... — деб безиллар, ёнимга келса йиғлар эдим.
Мужгон мени ташлаб ухлагани кетганидан кейин Комроннинг сўзларини ўз-ўзимга айтар, бу сўзлар оҳанги ичида ухлаб қолардим.

* * *
Холам менга атаб бир узук буюртирибди. Комрон билан унашилганимиз нишонаси қилиб тақиладиган бу узук менинг яра-чақа бармоғимга яқинлаштириб бўлмайдиган даражада ажойиб, кўз олғувчи эди.
Холам Истамбулга бориб келган кунларининг бирида мени дераза ёнига чақириб келиб, шу узукни бир мужда каби кўрсатди. Кейин рўпарадаги дарахтлар орасида ботиб бораётган қуёшга тутиб товлатганда, кўзларимни юмиб тисарилдим, қўлларимни орқамга ўтказдим, қизарганимни кўрсатмаслик учун юзимни парда орқасига олдим.
Холам менинг муддаомга тушунмади, суюниб бўйнига осилмаганимга ҳайрон қолаётгандай:
— Ёқтирмадингми ё, Фарида? — деди.
Мен совуққина қилиб:
— Жуда чиройли, хола, мерси, — дедим.
Бу қилиғимдан дили озор топгани сезилиб турарди. Лекин озори узоққа бормади. Яна кулишга бошлаб:
— Қўлингни узат, бир тақиб кўрайлик, — деди. — Эски узугингга ўлчатиб қилдирдим. Xудо хоҳласа, лойиқ келар.
Холам зўрлик билан тортиб оладигандай, қўлимни орқамга бекитиб:
— Ҳозир эмас, хола, — дедим. — Кейин...
— Болалик қилма, Фарида.
Ўжарлик билан бошимни солинтириб, оёқларимнинг учини томоша қила бошладим.
— Бир неча кундан сўнг қариндошларимизни чақириб, кичкина зиёфат берамиз. Унашганимиз нишонасини тақамиз.
Юрагим типирлай бошлади.
— Xоҳламайман, — дедим. — Мабодо шуни мутлақо ўтказиш керак деб ҳисобласангиз, майли, мактабга кетганимдан кейин ўтказинг.
Жуда катта талаб қўйиб юборган эдим. Лекин холам авзойини сира ўзгартирмади. Кулимсираб туриб лабларини қисди-ю, ошкора бир мазах билан:
— Шунақа дегин? Фотиҳа ошида сенинг ўрнингга бошқа бировни вакил қилиб қўяр эканмиз-да! Тўғри, никоҳда шундай, лекин фотиҳада ҳали бундай одат чиққани йўқ, қизим.
Муносиб жавоб бўлмагани учун ерга қараб туравердим.
Холам оладиган сабоғимнинг заҳрини юмшатиш ниятида бир қўли билан белимдан ушлади, иккинчиси билан бетимни, сочларимни, пешонамни силаб туриб:
— Фарида, айланай, энди болаликни ташлаш пайти келди, — деди. — Энди сенинг холанггина эмас, онанг ҳамман... Бундан жуда хурсанд эканлигимни айтиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак? Сен Комрон учун хулқ-атвори бизга маълум бўлмаган ҳар қандай ёт қиздан минг чандон аълосан. Фақат... Фақат бир оз ҳавойисан. Болалик чоғларда бунинг унчалик зарари йўқдир. Лекин кун сайин ўсяпсан. Ўсган саринг, албатта, ақлинг ҳам ошади, ўзинг ҳам оғир-босиқ бўласан. Мактабингни битириб уйлангунларингча, эҳ-ҳа, ҳали тўрт йил бор. Озмунча вақтми! Шундай бўлса ҳам, сен унашилган қизсан. Нима демоқчилигимни, қайдам, англата олдимми? Оғир-вазмин, жиддий бўлишинг керак. Болаликка, шўхликка, ўжарликка хотима бер. Комроннинг қанчалик мулойимлигини, табиати, ҳисси қанчалик нозиклигини биласан.
Ҳар бир сўзи қулоғимда қолган бу ўгитда ҳақиқатан ҳам ёқиб-куйдирадиган бирор нарса бормиди? Буни шу бугун англаб турганим йўқ. Лекин нима қилай, холам мени ўғли учун бир оз камситаётганлигини сезиб турган эдим.
Ўгитларининг қандай таъсир қилганлигини билмоқчи бўлгандай:
— Энди писанда қилиб олишдик, шундайми, Фарида? — деди. — Қариндош-уруғни, бир-иккита ёр-дўстларни чақириб, фотиҳа тўйи қиламиз.
Ўзимни гуллар, безаклар билан ясатилган стол олдида, ҳозиргача мен ҳеч тақиб кўрмаган безакда, бутунлай бошқа сочлар, бошқа чеҳрада унинг ёнида ўтиргандек кўрдим. Ҳамманинг кўзи бизда...
Бирдан титраб, типирчилаб қичқирдим:
— Йўқ, бўлмайди, хола!
Шу фарёд билан югуриб чиқиб кетдим.
Мужгон шу кунларда мен учун опадан ортиқ бир нарса, она даражасида эди. Кечалари ётоғимизда ёлғиз қолган кезларим чироқни ўчираман-да, унинг кечинмалардан озган вужудини қучоқлайман, жавоб бермасин деб оғзини қўлим билан тўсиб ёлвораман.
— Дунёда энг раҳмим келган, энг мазах қилган одамларим унашилган қизлар эди. Мен ўшаларнинг бири бўлиб қолдим. Уларга ялин. Ҳеч ким мени унашилган қиз демасин. Уяламан, қўрқаман, мен ҳали ёш боламан. Олдимизда ҳали тўрт узун йил бор. Унгача катта бўламан, кўникаман. Менга ҳеч ким унашилган қизга қилинадиган муомалани қилмасин.
Ниҳоят, Мужгон оғзини қўлимдан бўшатди. У:
— Xўп, — деди. — Лекин бир шарт билан. Аввало, мен билан бўғишмайсан, қолаверса, уни яхши кўрганингни фақат ўзимга, фақат ўзимгагина яна бир марта айтасан.
Шу дам юзимни Мужгоннинг бағрига босиб, бошим билан устма-уст бир неча марта «ҳа» ишорасини қилдим.

* * *
Мужгон ваъдасида турди. Уйдагилар ҳам, ташқаридагилар ҳам унашилганимни бетимга солмас эди. Тишимга тегадиган чиқиб қолса, яхшилаб таъзирини олар, дарҳол нафаси ичига тушиб кетарди. Ҳатто шулардан бири бир куни оғзига енгилгина шапати ҳам еди. Xайриятки, бегона эмас, бўламнинг ўзгинаси! Мен уни шапатилашга тамом ҳақли эдим. Лекин худо сақлади. Басима холам билиб қолгудай бўлса, ким билади, бошимга нима ўйинлар соларди экан!
Шундай бўлса ҳамки, ўзимни чорбоғ ичра роҳатда сезмасдим. Масалан, мавқеим ортгани учун кунлардан бир куни мени иззатли хоналарнинг бирига кўчиришди. Пардаларимни, каравотимни, жавонимни ўзгартиришди. Мен ҳам, табиий, буларнинг сабабини сўрашга ботинолмадим.
Бир куни аравага тушиб, Мердивон қишлоғидаги тўйга кетаётган эдик. Аравада одам кўп экан. Жой тополмай:
— Аравакашнинг ёнига чиқиб ола қолай, — дедим.
Одамлар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборишди. Мен қизариб, секин аравага чиқиб олдим.
Эски одатимни қилиб ошхонадан қоқи, мева-чева ўғирлагани кирганимда муттаҳам ошпаз:
— Кўнглингиз хоҳлаганини айтаверинг, кичик хоним. Сизнинг зоти олиянгизга ўғирлик ярашмайди, — деб мен билан ҳазиллашарди.
Менга ҳеч ким бир нима демаган бўлса ҳам, кўчадан бирон болани чақириб киришга юрагим бетламас эди. Фақат тишни тишга қўйиш, ҳаммасига чидаш керак эди. Лекин булар орасида энг чидаб бўлмайдигани Комрон эди. Чорбоғдаги сўнгги кунларим у билан бекинмачоқ ўйнаш билан ўтди десам бўлади.
У мени холи топиш пайтини излаб юрарди. Мен эсам бутун шайтонлигимни ишлатиб, бирор ерда танҳо учрамасликка ҳаракат қилардим.
Гоҳи маҳаллар бирга сайр этайлик, деб таклиф қилган аравасига яқинлашмас, ҳеч ҳоли-жонимга қўймай туриб олса, ёнимизга Мужгондан бошқа бирон кишини олардим-да, йўл бўйи ўша билан тинмай гаплашиб кетар эдим. Мужгондан бошқасини дедим. Ҳа, Мужгоннинг мени у билан қолдириб қочмаслигига ёки ўринсиз бемазагарчиликлар қилмаслигига ишончим йўқ эди.
Бир куни Комрон:
— Биласанми, Фарида, менинг бахтимни қаро қиляпсан, — деди.
Мен ўзимни тутолмай:
— Ҳалитдан-а? — дедим.
Бу саволни шу қадар қизиқ сўрабманки, икковимиз ҳам кулиб юбордик.
— Мужгонга айтган сўзингни ўз оғзингдан ҳам бир эшитишни истар эдим. Бунга ҳаққим бўлса керак, деб ўйлайман, — деди.
Мужгонга нима деганим эсимда йўқдай, ёлғондан кўзларимни осмонга кўтардим, ўйландим, кейин:
— Ҳа, — дедим, — аммо Мужгон қиз бола, Жориянгиз ҳам, ўйлайманки, шундай. Ўртамизда ўтган ҳар қандай нарса ҳар кимга айтилмайди.
— Мен ҳар кимманми?
— Янглиш тушунмангиз. Рухсорингиз бир оз хотин кишиникига ўхшаса ҳамки, эркаксиз. Демак, қиз ўртоққа айтиладиган ҳар қандай нарса эркак кишига айтилмайди.
— Мен унашилган кишинг эмасманми?
— Энди айтмасак бўлмайдиганга ўхшайди. Биласизки, мен бу сўзни ёқтирмайман.
— Ана кўрдингми, ўзимни бахциз деб тўғри айтган эканман. Балки яна оғзимга урарсан, деб бу сўзни айтишга жасорат этолмайман. Лекин сенга нисбатан кўнглимда шундай бир туйғу борки...
Неча вақтлардан бери тутқич бермаётган қопқонимга илиниш устида эканимни англадим. Гапирсам ё товушим титраши, ё бошқа бирон ножўя иш қилиб қўйишим мумкин. Комроннинг сўзини оғзида қолдириб, кўчага югурганимча чиқиб кетдим.
У ҳам орқамдан югуриб келяпти, деб ўйлаган эди. Лекин шарпаси эшитилмагандан кейин секинлашдим, бир оздан кейин эса йўлини қилиб орқамга қарадим. У дарахтлардан бирининг тагидаги қамиш курсида ўтирган эди.
Ўз-ўзимга:
— Яхши иш қилмадим-да, — дедим.
Комрон шу чоғ менга қараса, пушаймон бўлганимни кўрарди-ю, ёнимга келарди, деб ўйлайман. Келганда рости, мен ҳам қочмас эдим.
Бўламнинг ўтиришида чиндан ҳам бахти қаро бўлган кишининг авзойи бор эди. Ўзимга далда бериш учун сўзлай бошладим:
— Йигит ўлгур, сариқ чаён. Шу боғда бахтиёр тулнинг этаги орқасидан қанчалик югурганингни эсимдан чиқарганим йўқ. Ажаб қилдим.

* * *
Таътилнинг сўнгги кунларида бошимга тушган савдони ҳам айтмасдан ўтолмайман.
Бир куни ўнг қўлимнинг бармоғини каттакон латта билан боғлаб олганимни чорбоғдагилар кўриб қолишди. Сабабини сўраганларга:
— Ҳечқиси йўқ, жиндек ерини тилиб олдим, тузалиб кетади, — дедим.
Холам ярани ўжарлик билан яширганимни сезиб:
— Яна бир бало қилгансан-да. Ёмондирки, яширасан. Докторга кўрсатайлик, кейин бошимга бало бўлмасин, — деди.
Воқеа бундай бўлган эди: бир куни холам мени ётоқхона жавонидан битта рўмолча олиб чиққани юборди. Жавон тортмаларидан бирида мовий бахмал қопланган битта қутича кўриб қолдим. Ундан унашилганим белгиси қилиб олинган узук чиқди. Ўшани бармоғимга тақиб кўргим келди, тақдим ҳам, лекин бу ҳавас менга жуда қимматга тушди. Xолам қўрққандек, узук бир оз тор қилиб қўйилган экан; бармоғимдан чиқмай туриб олди. Бефойда ҳаяжон билан уни чиқаришга уриндим, бўлмагандан кейин тишимни ишга солдим. Бундан ҳам ҳеч нима чиқмади. Тирмашган сарим бармоғим шишиб, узук қисилиб борди.
Холамга айцам-ку, албатта, бир чорасини топишар эди. Лекин шу узук билан қўлга тушиш ваҳми, негадир нафсониятимга тегар эди. Шунинг учун бармоғимни дарров латта билан боғлаб олдим. Роса икки кунгача ўз ҳужрамга кириб, бекиниб юрдим. Латтани ечиб ташлаб соатларча уриндим. Учинчи куни ҳақиқатни холамга айтаман деб турганимда, узук ўз-ўзидан чиқиб кеца бўладими! Нима сабаб бўлди? Ҳарҳолда, шу ўтган икки кун ичида эзилиб-сиқилганимдан озиб қолган бўлсам керак.
Таътилнинг охирги кунида йўл тараддудига тушдим. Комрон бунга норози бўлди.
— Бунчалик шошилишнинг нима ҳожати бор, Фарида? Яна бир неча кун турсанг бўлади-ку, — деди.
Лекин мен ибратли ўқувчидай, кўнмадим.
— Мураббиялар, мактаб очилган куни, албатта, келасан, деб тайинлашган. Бу йил дарслар оғир бўлади, — деб болаларча баҳоналар қилдим.
Комрон бу терслигимни кўриб, яна баттар қайғуга тушди.
Эртаси куни мени мактабга олиб кетаётиб ҳам ҳеч гапирмади. Фақат айрилиш чоғимизда:
— Мендан бунчалик тез қочиб кетишингни кутмаган эдим, Фарида, — деб ўпкалади.

* * *
Аслида эса ақли-ҳуши бошида, тиришқоқ ўқувчи эмасдим. Иннайкейин, бошимга тушган савдолар мени тамом шошириб қўйган эди.
Дастлабки уч ой баҳоларим жуда ёмон бўлди. Ғайрат қилиб ўзимни қўлга олмасам, синфда қолишим турган гап эди.
Етуклик табеллари тарқатилган куни кечқурун Алекси опа мени бурчакка тортиб:
— Баҳоларингиз ёқдими, Фарида? — деб сўради. Бадбин бир алфозда бошимни силкитиб:
— Анча ёмон, ма соеур, — дедим.
— Анча эмас, бутунлай. Сизнинг шунчалик ёмон ўқиганингизни ҳеч кўрмаган эдим. Аксинча, бу йил яхшироқ ўқирсиз деб кутган эдим.
— Тўғри айтасиз. Бу йил ўтган йилгидан бир ёш улғайдим.
— Фақат шугинами?
Ғалати! Алекси опа бетимни силар, тагдор қилиб куларди. Нима қилишимни билмай, кўзларимни олиб қочдим.
Вой бу мураббиялар-е! Дунё ишларига ҳеч қизиқмайдиган кўринишса ҳам, майда-чуйда ғийбатларгача хабардор бўлиб турадилар. Кимдан билишади? Қандай билишади? Ораларида ўн йил яшаганимга, савдойи қиз бўлмаганимга қарамай, бунга ҳеч тушуна олмас эдим.
Бир баҳона билан ўзимни қутқазиш пайига тушганимда Алекси опа яна шама қилди:
— Табелдаги баҳоларингизни бировларга кўрсатишдан уяларсиз деб ўйлайман, — деди. Кейин орқасидан тағин бир таъна тоши отди: — Бу йил синфдан ўтмасангиз, бу ерда яна бир йил, узун бир йил қолиш хавфи ҳам бор.
Кўрдимки, ҳужумга ўтмасам, Алекси опадан осонликча қочиб қутулолмайман. Чор-ночор юзсизлик қилиб, ясама софлик билан:
— Xавфи бор дейсизми? Нимага хавфи бўлади? — деб сўрадим.
Алекси опа аёллар ғиди-бидисининг учига чиққани эди. Бундан зиёдаси мен билан юзма-юз келиш, очиқчасига гаплашиш деган сўз бўларди. Енгилганини сездирмаслик учун нозли бир карашма билан бетимга секин уриб қўйди. Кейин:
— Уни ўз ақлинг билан топиб оларсан, — деб кетаверди.

* * *
Мишел бу йил мактабда йўқ эди. Бўлса, мени албатта гапга солар, миямдаги паришонликни мутлақо орттирар эди.
Бир йил аввал ўзим тўқиган ҳикояни айтиб турганимда қанчалик эркин, жўшқин бўлсам, бу йил унашилган қиз вазиятига тушганимдан кейин шунчалик қўрқоқ бўлиб қолдим. Дугоналаримдан мени табриклаганларни қисқа, қуруқ ташаккур билан жўнатар, яқинлашиш майлини кўрсатганлардан юз ўгириб кетар эдим.
Фақат биттаси, биз ёқлардаги армани докторнинг қизи, ўжарлигимни енгишга муваффақ бўлди. Дам олиш кунларини мактабда ўтказдим. Уч ой ичида уйга икки, ё уч мартагина бордим.
Сабабини ўзим ҳам унча билмаган бу ўжарлигим Басима холам билан Нажмияни тажанг қилар, Комрон эса нима деб ўйлашини, қандай чора кўришини билмай қийналар эди. У дастлабки ойларда мактабга ҳар ҳафта кўргани келиб турди. Мураббияларим оғизда бир нима дейишмаса ҳам, унашилган йигитнинг ўқувчи қиз билан келиб кўришишига жаҳллари чиқар, бўламнинг мени даҳлизда кутиб турганини айтиб, юзларини буриштирар эди.
Мен одатда даҳлиз эшигининг бир тавақасини жўрттага очиб қўяр, унга суяниб, қўлларимни фартугимнинг қайиш камарига суққаним ҳолда жилла бўлса беш минут тик туриб гаплашардим. Бўлам ора-сира хат ёзиб туриш истаги борлигини айтган эди. Лекин мен, мураббияларимиз ташқаридан келадиган хатларни туркча биладиганлардан биттасига ўқиттириб, кейин йиртиб ташлашади, деган баҳона билан бу фикридан қайтардим.
Шу кўринишларнинг бирида орамиздан қора мушук ўтгани ҳали-ҳали эсимда. Комрон узоқ турмаганимга жаҳли чиқиб, эшикни зўрлик билан ёпиб қўймоқчи бўлди. Лекин мен йўл қўймасдим: яқинлашганда ташқарига отилиб чиқишга хезланиб, секингина:
— Илтимос қиламан, Комрон, хонада кўриниб-кўринмай турган тешик қанча бўлса, шунча икки кўз ҳам бор, буни билиб қўйишингиз керак, — дедим.
У бирдан тўхтади.
— Бу қандай гап, Фарида? Биз ахир унашилган кишилармиз-ку! — деди.
Секин елкамни қисдим:
— Аслида ишни шу нарса бузаётибдику-я, — дедим. — Бир кун эмас, бир кун «Кўришишларингиз жуда бошқача бўляпти. Кечирасиз, бу ернинг мактаб эканлигини эсдан чиқарманг», қабилида сўз эшитишни хоҳламасангиз...
Комрон оппоқ оқариб кетди ва шу кундан бошлаб мактабга оёқ босмай қўйди.
Бу ишим ҳақиқатан ҳам яхши эмасди. Лекин бошқа чорам бўлмаса нима қилай? Комрон олдидан қайтиб келиб синфга киришим, ҳамма менга ўгирилиб қараши юрагимни эзмай қолмасди.
Нима деяётган эдим? Ҳа, докторнинг қизи дам олиш кунларининг бирида қайтиб келиб:
— Комронбей Европага кетармиш, шундайми? — деб сўради.
Мен нима дейишимни билмай шошиб қолдим.
— Қаердан эшитдинг? — дедим.
— Отамдан, Мадриддаги амакиси чақиртирибди.
«Қайдам» дейишни ғурурим кўтармади.
— Ҳа, шундай бир нияти бор, пича саёҳат қилиб келмоқчи эди, — дедим.
— Саёҳат нимаси, элчихонага секретар бўлармиш-ку.
— Вақтинча.
Суҳбатни шу ерда бўлиб тарқалдик. Дугонамнинг отаси чорбоғимиздан оёғи узилмаган бир киши эди. Шунинг учун бу гапнинг тўғрилигига шубҳа қилмадим. Лекин бу нарсани менга билдиришмаганига ҳайрон бўлдим. Кунларни ҳисобладим. Чорбоғдан хабар олмаганимга йигирма кун бўлибди.
Ўша кечаси фақат шу нарсани ўйлаб чиқдим. Комронга қилган бемаъни ситамларим учун ачинар, шунчалик муҳим бир нарсани менга айтмаганини ўйлаб, юрагимдан эзилар эдим. Ҳарҳолда биз бир-биримиз билан боғланган кишилар эдик.
Эртасига пайшанба эди. Ҳаво очиқ бўлгани учун тушдан кейин айлангани чиқишимиз керак. Лекин ичим пишиб қийнала бошладим. Шундай эзгувчи ўйлар билан яна бир кунни ўтказиш фикри мени қўқувга солди.
Мудиранинг олдига бордим-да, холамнинг бетоблигини айтиб, рухсат сўрадим.
Худодан айланай, шу куни мураббиялардан бири Қартолга кетаётган экан. Эренкўй станциясигача бирга кетиш шарти билан мудира илтимосимни қондирди.
Қўлимда битта кичкина чамадонча билан чорбоққа кириб борганимда қоронғи тушай деб қолган эди.
Эшикда мени чорбоғ ити кутиб олди. Бу қари ит ниҳоятда очкўз, ёпишқоқ эди. Чўнтагимда ҳамиша, яхшими-ёмонми бир нарса борлигини билгани учун йўлимни тўсар, олдинги оёқларига туриб олиб тисарилиб борар, менга ёпишишга уринарди. Комроннинг ҳам дарахтлар оралаб мен томон келаётганини кўрдиму, дарров чўккаландим. Ит эгнимни кир қилмасин, деб ифлос оёқларидан ушлаб турдим.
У сўлоқмон оғзини улиётгадай очиб, тилини осилтирар, мен эсам бурнидан қисардим. Xуллас, ўртамизда ўйинга, талашмага ўхшаш бир нарса борар эди.
Комронни фақат ёнимга келгандагина кўрган кишидай:
— Бунинг кулишига қаранг, — дедим. — Оғзи мунча катта-я, тимсоҳникига ўхшамайдими?
У лабларида заҳарханда табассум билан менга қараб турарди.
Итни қўйиб юбориб этакларимни қоқдим. Қўлларимни рўмолчам билан артганимдан сўнг бирини бўламга узатдим.
— Bonjur[16], Комрон, холам қалай? Аҳволи оғир эмасдир, иншооллоҳ...
У хиёл таажжубга тушиб:
— Ойимми? — деб сўради. — Ойим соппа-соғ. Касал деб эшитдингми?
— Ҳа, касал деб эшитдим, хавотир олдим: якшанбани кутмай сўраб келдим.
— Сенга ким айтди?
Яна битта ёлғон гап топишга фурсат қолмагани учун:
— Докторнинг қизи, — дедим.
— Ўша шундай дедими?
— Ҳа, гаплашиб турган эдик, сўз орасида: «Отамни сизларникига чақиртиришибди, холангиз бетоб шекилли», — деди.
Комрон ҳайрон бўлиб қолди.
— Янглишган. Доктор кейинги кунларда ойимни ҳам, бошқани ҳам кўргани келгани йўқ.
Бу қалтис гапни узоқ чўзиб ўтирмадим.
— Xайрият, жуда ёмон ташвиш қилаётган эдим, — дедим. — Улар ичкарида бўлсалар керак, албатта?..
Чамадонимни ердан олиб юрмоқчи бўлган эдим, Комрон қўлимдан ушлади.
— Нега шошасан, Фарида? Ҳамиша мендан қочасан, — деди.
— Нега энди? — дедим. — Туфлигим сиқяпти-да... Иннайкейин, ичкарига бирга кирмаймизми ахир?
— Бирга кирамиз, лекин у ерда, ҳойнаҳой, ҳамма билан гаплашишга мажбур бўламиз. Ҳолбуки, сен билан ёлғиз гаплашмоқчи эдим.
Ҳаяжонимни яшириш учун ҳазил-мутойиба қилиб:
— Ихтиёрингиз, — дедим.
— Мерси. Ундай бўлса, агар хоҳласанг, ҳеч кимга кўриниш бермай ҳовлида бир оз айланайлик.
Қочиб кетишимдан қўрқаётгандай, қўлимни қўйиб юбормас эди. Чамадончамни қўлига олди. Ёнма-ён юриб кетдик. Бир-биримизга унашилганимиздан бери биринчи марта ёнма-ён...
Янги тутилган қуш юраги қандай потирласа, меники ҳам шундай потирлади. Шундайки, қўлимни қўйиб юборганида ҳам қочишга қурбим етмасмиди деб ўйлайман.
Бир-биримизга бир оғиз ҳам сўз айтмай ҳовлининг тўрига бордик. Комрон ўйлаганимдан ортиқ хафа, эзгин кўринарди. Бу уч ой ичида нималар бўлганини, орамизда қандай ўзгариш юз берганини билмайман. Фақат ҳозир унинг олдида ўзимни айбдор деб ҳисоблар, шу дамгача қилган ёввойилигим учун пушаймон бўлар эдим.
Қиш ўртаси бўлса ҳам гўзал, жимжит оқшом эди. Атрофимиздаги қуруқ тоғ тепалари олтин маржон каби товланарди. Менда Комронга нисбатан уйғонган майлда бу манзаранинг ҳам ҳиссаси бормиди, билмайман.
Шу дам унинг кўнглини оладиган бирон сўз топиш истаги қалбимнинг ёндирувчи эҳтиёжига айланди. Лекин миямга ҳеч нарса келмас эди.
Энди орқага қайтишдан бошқа чорамиз қолмагандан кейин Комрон:
— Шу ерда бир оз ўтирсак қалай бўлар экан, Фарида? — деди.
— Ихтиёр сенда, — дедим.
Унашилганимиздан кейин уни биринчи марта сенсирашим эди.
Комрон шимига ҳам парво қилмай ўша ердаги бир тош устига ўтирди. Мен дарров қўлидан ушлаб турғиздим.
— Сен нозиксан, қуруқ ерга ўтирма, — дедим-у, устимдаги кўк палтони ечиб тагига солдим.
Комрон кўзларига ишонмас эди.
— Нима қиляпсан, Фарида? — деди.
— Тағин оғриб-нетиб қолмагин, — дедим. — Мундоғ ўйлаб кўрсам, сени асраш бундай кейин менинг бурчим экан.
Бўлам бу сафар ҳам қулоқларига ишонмади шекилли:
— Нималар деяпсан, Фарида? — деди. — Шу сўзларни сен айтяпсанми? Унашилганимиздан кейин сендан эшитган энг ширин сўзим.
Бошимни энгаштириб, жим турдим.
Комрон палтомни қўлига олди. Силаётгандай бир ҳаракат билан енгларига, ёқасига, тугмаларига тегар эди.
— Сенга бир оз ситам қилиш ниятида эдим, Фарида. Энди фикримдан қайтдим, — деди.
Кўзимни ердан олмасдан:
— Сенга ҳеч ёмонлик қилганим йўқ эди-ку, — дедим.
У мени яна ёввойи қилиб қўйишдан қўрқаётгандай, ёнимга яқинлашишдан безиллаб:
— Фикримча, қилдинг, Фарида, — деди, — ҳатто зиёда қилдинг. Унашилган кишисини шунақа оёқости қиладиларми? Кўнглимга ёмон гаплар келди. Қайдам, Мужгон янглишган эмасмикан?
Ночор кулдим. Комрон ажабланиб сабабини сўради.
Дастлаб жавоб бергим келмади. У қўймагандан кейин эса кўзларимни олиб қочиб:
— Мужгон янглишган бўлса, бунчалик бўлмас эдик,— дедим.
— Бунчалик нимаси? Яъни унашилганимизми?
Кўзларимни юмиб туриб икки марта бошимни силкидим.
— Фаридам!
Кичик бир фарёдга ўхшаган бу овоз ҳали-ҳали қулоқларимда. Кўзларимни очдим-да, унинг каттайгандай кўринган кўзларида йирик ёш томчисини кўрдим.
— Мени шу дам шунчалар бахтиёр этдингки, ўлаётганимда ҳам эсимга тушса йиғлайман. Юзимга бундай боқма. Сен ҳали жуда кичиксан. Илож йўқ, сен ундай нарсаларни англамайсан. Ҳамма гиналарни унутдим энди.
Комрон билакларимдан ушлаб турарди. Мен ҳам тортиб олмадим, фақат ҳўнграб йиғлай бошладим. Бу шундай йиғи эдики, Комрон қўрқиб кетди.
Бояги йўл билан орқага қайтаётганимизда ҳам мен тез-тез хўрсинар, ҳиқиллаб йиғлар эдим. У ортиқ қўлини менга тегизишга ботинмасди. Лекин мен кўнгли жо- йига тушганини сезиб, хурсанд бўлдим.
Чорбоққа яқинлашганимизда:
— Сен олдин кир. Мен ҳовузда юзимни яхшилаб ювиб олай. Мени шу аҳволда кўришса нима дейишади?— дедим.

* * *
Бирдан эсимга тушгандай қилиб Комрондан сўрадим:
— Европага саёҳат қилармишсан, ростми?
— Шундай бир фикр бор. Тўғриси, меники ҳам эмас, Мадриддаги амакимнинг хаёли, — деб жавоб берди. — Қаердан эшитдинг?
Бир оз иккиланиб турганимдан сўнг:
— Докторнинг қизидан, — дедим.
— Докторнинг қизи сенга мунча кўп хабарлар етказиб турар экан, Фарида?
— ...
Комрон диққат билан юзимга қараб турарди. Қизариб, бошимни ўгириб олдим.
— Менга қара, ойимнинг касаллиги ҳам баҳона бўлмасин тағин?
— ...
— Тўғрисини айт, Фарида. Шунинг учун келганмидинг?
Ёнимга яқинлашган эди. Қўллари билан бошимни силагиси келар, лекин ҳуркишимдан, яна орамизни бузадиган акслик қилишимдан қўрқар эди. Ҳолбуки, мен аксинча, унга кўника бошлаган эдим. Саволини яна бир марта қайтариб айтди:
— Тахминим тўғрими, Фарида?
Комроннинг ниҳоятда хурсанд бўлганини сезиб, «ҳа» маъносида бошимни силкитдим.
— Қандай яхши... Кечадан бери толеим шунчалик ўзгардики!
Қўлларини мен ўтирган курси суянчиқларига қўйиб устимга эгилди. Бу вазиятда тўрт томонидан қуршалган эдим. Менга қўл тегизмаслик учун ҳийла билан топилган усул ўтирган еримда мени кирпитикон сингари ҳурпайтирар, елкаларимни кўтариб орқага чекинар эдим. Жуда яқин келиб қолган юзига боқмаслик учун рўмолчамни ўйнаб туриб:
— Амакинг нима таклиф қиляпти? — деб сўрадим.
— Бўладиганга ўхшамайди. Мени элчихона секретари қилиб олмоқчи. Аниқ бир маслаги ёки амали бўлмаган эркакни эркак эмас, деб ҳисоблайди. Мен, табиий, унинг фикрини айтяпман. «Келажакда бир элчихона амалдори билан Европага кетиш балки Фаридани ҳам хурсанд қилар», дейди. Қайдам, шунга ўхшаш бирталай сўзлар...
Суҳбат жиддий тус олгани учун Комрон мени қуршовидан чиқариб қаддини ростлади. Мен ҳам дарҳол ўрнимдан турдим.
Суҳбатимиз узилмади.
— Бу таклифни нега «бўладиган гап эмас» дединг? Европага борсанг хурсанд бўлмайсанми?
— Бу томонини айтаётганим йўқ. Бундан кейин мен кўнглига нима ёқса қилаверадиган киши эмасман. Ҳаётимга алоқаси бўлган ҳар бир нарсани сен билан маслаҳатлашишга мажбурман. Шундай эмасми?
— Ундай бўлса кета берасан.
— Демак, Истамбулдан кетишимга розисан, а, Фарида?
— Демак, эркак киши учун бирон маслак зарур бўлса...
— Менинг ўрнимда бўлсанг сен кетармидинг?
— Кетардим деб ўйлайман. Бунинг устига сен ҳам шундай қилишинг керак, деб ўйлайман.
Эътироф қилишим керакки, бу сўзларни ёлғиз тилим айтар эди. Дилимда эса ўша дам бутунлай бошқа нарсани айтмоқда эдим. Ҳақиқатда, мени ҳам тушуниш керак. «Сени ташлаб кетаверайми?» дегувчига бошқача жавоб бериб бўладими?

* * *
Бир ойдан сўнг Комронни Ғалата лиманида кемага ўтқаздик. Уни Европа саёҳатига ташвиқ этганим учун қариндошларимнинг ҳаммаси мени табрик қилди. Фақат Мужгонгина хурсанд бўлмади. Тақирдоғидан менга ёзган хатида: «Яхши иш қилмабсан, Фарида. Рози бўлмаслигинг керак эди. Энг яхши вақтларингизни айрилиқда ўтказишдан нима маъно бор? Тўрт йил дарров ўтиб кетадиган вақтми?» дебди.
Лекин бу тўрт йил Мужгон қўрққанидан анча тез ўтди.
Комрон пенсияга чиққан амакиси билан Истамбулга бутунлай қайтиб келганда, мактабни битириб чиққанимга бир ой бўлган эди.
Мактабдан чиқиш! Мен у ерда яшаб турган пайтларимда бу олақоронғи бинога каптархона, деб от қўйган эдим. Қўлимда яхшими-ёмонми бир диплом билан ўзимни ташқарига отадиган кунимнинг мен учун қутулиш байрами бўлишини айтиб юрардим. Лекин кунларнинг бирида каптархона эшиги очилганда, ўзимни, бўйимни бирмунча узайтирган қора чоршаф, баланд пошна туфлилар билан кўчага чиққанимда бутунлай гангиб қолдим. Бунинг устига холам ҳам чорбоғда тўй тараддудини бошлаб юборди. Бу нарса мени тамоман шошириб қўйди.
Чорбоғ бўёқчилар, дурадгорлар, бичиқчилар ва узоқ ерлардан ётадиган бўлиб келган қариндошлар билан гоҳ тўлиб, гоҳ бўшарди. Ҳар ким ўзига яраша бирон иш билан банд эди. Улар ҳозирдан таклифнома ёзиш, каму кўстларни сотиб олиш учун бозорга қатнаш, кийим тикиш билан машғул. Мен шошиб қолганимдан ишбузармонлик қилардим. Бирон ишга қўл уриш у ёқда турсин, бошқаларнинг ишига халал берадиган ҳар хил бемазагарчиликлар қилардим. Менда сўнгги телбалик хуружи бошланган эди. Бурунгидай меҳмонларнинг болаларини теварагимга тўплаб, чорбоғни бошимга кўтарардим.
Ҳамма ердаги сингари ошхонада ҳам ремонт, бўёқ ишлари борарди. Шунинг учун янги ошпаз қозон-товоқларини ҳовлининг тўрига қурилган чайлага кўчириб, овқатни очиқда пишира бошлаган эди.
Бир куни кечга яқин ошпазнинг чайла олдида варақи пишираётганини кўрдим. Шу он миямга битта шайтонлик келди.
— Болалар, — дедим, — сизлар шу бостирмаларнинг орқасига ўтиб, бекиниб туринглар. Товушларингни чиқарманглар. Мен сизларга варақи ўғирлаб келтираман.
Беш минут ҳам ўтар-ўтмас қўлимда бир товоқ варақи билан кичкина ўртоқларим ёнига қайтиб келдим.
Болаларга тегишларини бериб, ҳаммасини ҳовлининг бурчак-бурчагига тарқатиб юборганим ва товоқни бостирмага беркитиб қўйганим, хайриятамки, яхши бўлган экан. Лекин бу нарсанинг оқибатини, ошпаз варақиларни йўқолганини билгандан сўнг ғазаби қайнаб, зир югуришини хаёлимга келтирмаган эдим.
Бир оздан сўнг ошхона чайласи олдида қиёмат қўпти. Ошпаз: «Ким ўғирлаган бўлса ҳам жонини бўғизидан суғуриб оламан!» — деб қичқира бошлади. Болаларнинг юраги чиқиб кетди. Улар менинг сўзимга ҳам қулоқ солишмай қочиб беришди. Қочиб, шубҳасиз, яхши қилишди. Чунки бирпасдан кейин ошпаз бизни билиб қолди-ю, қўлидаги човлисини таёқдай силкитиб устимизга бостириб келаверди.
Расво одам болалар орасида каттаси мен эканимни кўрди дегунча уларни қўйиб, мени қувиб кетди. Югуриб келаётиб йўлда гурсиллаб йиқилгандан сўнг баттар жаҳли чиқиб кетди.
Ошпаз янги, мени танимайди, шунинг учун аҳволим мушкул эди. Қўлга тушгудай бўлсам, ўзимнинг кимлигимни тушунтиргунча, ҳеч бўлмаса икки марта човли зарбини ейишим, шарманда бўлишим турган гап.
Чорбоғ томонга чап беришнинг иложи бўлмагандан кейин чор-ночор кўчага қараб уриб кетдим, йўл бўйи чирқираб, дод солиб бордим.
Худо ўзи ёрлақади-ю, эрталабдан бери иш билан банд бўлган тикувчи хоним шогирди Дилбар халфа[17] билан ҳовлига дам олгани чиқиб келаётган экан. Йўл четида уларга тўқнаш келдим-у «келяпти!» деб бўйинларига осилдим, орқаларига яшириндим.
Дилбар халфа ошпаз човлисига қўлларини кўтариб:
— Бу нимаси, ошпаз, жинни-минни бўлдингми? Ахир бу келин хоним-ку! — деб ўшқирди.
Бошқа пайт бўлса, бу сўз учун Дилбар халфани албатта юлиб олардим. Лекин шу қадар қўрқиб кетган эдимки, ўзим ҳам билмай унга қўшилиб:
— Xудо ҳаққи, мен келин жонимман, ошпаз! — дея чинқирдим.
Мен бу ошпаз сингари жинни, ғайри одамни кўрган эмасман. Ошпаз Дилбар халфа билан тикувчи хонимнинг сўзларига бир оз ишонмай турди. «Йўқ, бунақа безори келин бўлмайди. Ундай бўлса, менга янги шим олиб берасан. Буни қара, шимнинг тиззасини йиртдинг!» деди.
Бечора йиқилганда бурнини ҳам яра қилиб олибди. Лекин, барака топкур, бурнимни ҳам тўлайсан, деб туриб олмади.
Яшириб кетишга қилган ҳаракатларимга қарамай, бу комедия ҳамманинг қулоғига етди ва ҳар гал овқат устида менга қараб-қараб қўйиш одат тусига кирди.

* * *
Тўйга уч кун қолган эди. Яна ҳар куни кечки пайт ўша машъум ҳовли эшигида, болалар билан арқондан сакрашиб ўйнаб юрганимда янги бир ҳужумга учрадим. Лекин бу сафарги ҳужум мени ошпаз қўлидан қутқазишга ҳаракат этган тикувчи хонимдан бўлди.
Ўттиз йилчадан бери чорбоғда кийим тикиб келган бу француз хоним олтмиш ёшли, кўзойнакли қари қиз эди. У дунёнинг энг нозик, энг ширин муомалали аёлларидан бўлишига қарамай, шу оқшом у ҳам менга олов пуркади:
— Кечирасиз, мадмазел, бир неча кундан кейин сизни мадам, деб атай бошлаймиз. Шу ишингиз тўғрими? Кийимингизни охирги марта ўлчаб кўриш учун сизни ярим соатдан бери ахтараман-а, — деди.
Энг ёмони — Басима холамнинг у билан бирга келгани бўлди. Xўмрайиб туришидан, жанжал чиққудай бўлса тикувчининг ёнини олиши аниқ эди.
— Пардон, мадмазел, шу ерда эдим, кўп афсус, ахтарганингизни билмабман, — дедим.
Холам индамай туролмади. Мени йўлга солмоқчи бўлганда, ҳар вақт иягимдан ушлаб силар эди, ҳозир ҳам шундай қила туриб:
— Айланай болам, ҳозир сенинг овозингни, қаҳқаҳаларингни биров эшитмаслиги керак-ку, — деди. — Уч кундан кейин ҳам чақирган меҳмонларимиз орасида яна шундай қилмасайдинг, деб қўрқаман.
Ҳарвақт бебош, қўрс кўринганимга қарамай, ўша кунлар қоришиқ ҳаяжонлар чангалида талпинган ва эркаланиш, мулойим бўлиш эҳтиёжи билан юрак-бағрим эзилиб юрган кунларим эди.
Иягимни холамнинг қўлидан чиқармай, этагимни бармоқларим билан икки ёнидан ушладим-да, енгилгина реверанс қилиб, тиззаларимни букдим.
— Xафа бўлманг, хола, — дедим, — кўп эмас, фақат уч кунгина яна тишингизин тишингизга қўйиб туринг. Ана ундан кейин сиз менга хола эмас, бошқа исмли, бошқа сифатли киши бўласиз. Чолиқуши холасига қилган шўхлигини Фарида у хоним афандига қилолмайди. Ҳа, бунга журъат этолмайди, кўнглингиз тўқ бўлсин.
Холамнинг кўзларига ёш чиқди, бетларимдан чўлп-чўлп ўпиб:
— Ҳамиша онанг ўрнида эдим, яна шундай бўлиб қоламан, Фаридам, — деди.
Юрак тўлқиним шу даражага етган эдики, мен ҳам уни биқинларидан ушлаб азот кўтардим, яна шу ҳаяжон билан бетларидан ўпдим.

* * *
Мадемуазел майда икир-чикирларидан бошқа камчилиги қолмаган оқ кўйлагимни қўлига олганда, қип-қизариб кетганлигимни ҳис этдим. Уйдагиларни бирма-бир силаб ўпмоққа, ёлвормоққа бошладим:
— Нима бўлади-я, ташқарига чиқиб турсаларингиз. Сизларнинг олдингизда киёлмайман. Чолиқушини орқасидан узун этакли кўйлакда товусга ўхшаганини кўз олдиларингизга бир келтиринг. Вой, қандай кулгили-я! Ўзим ҳам роса куламан-да. — Шу нарса оддий кийимда бўла қолсин, деб ҳар қанча ялинсам ҳам барибир дардимни ҳеч кимга англата олмадим.
Мадемуазел қўлида кўйлак билан олдимга келганда, бамисоли биров мени тутмоқчи бўлаётгандек, ўзимни олиб қочар, дир-дир титрар эдим.
Ташқаридагилар тўполон кўтаришар, кирамиз деб ичкарига суқилишарди.
— Биз оз кутинглар, илтимос қиламан, бир минутгина, кейин ҳаммангизни чақираман, — деб ёлвордим. Лекин улар гапимга ишонмасдилар.
— Алдайди, ечиб ташлагандан кейин чақиради, — деб эшик олдида бақиришарди.
Ана шундан кейин икки томон ўртасида ҳаяжонли тортишув кетди.
Ташқарида болалар ҳам, катталар ҳам аралаш қичқиришади, эшикни итаришади, мен эсам бор кучим билан эшикни ичкаридан тортиб турдим.
Супада темир нағалли ботинкалари билан ер тепиниб: «ҳужум... ҳужум... жанг...» деб қичқиришган болаларнинг овозига бутун чорбоғ югуриб келди.
Мадемуазел теварагимда парвона бўлиб:
— Вой, қўйинглар, худо ҳаққи, қўйинглар, кўйлак йиртилади, — деб чинқирар, лекин овозини ҳеч ким эшитмасди.
Нимаям бўлди-ю, бир зумда тўполон тийилди. Эшикка оёқ дупури яқинлашиб келаверди. Комроннинг:
— Оч, Фарида, менман. Менинг киришимга тақиқ йўқ, табиий. Аммо, сенга ёрдам қилгани келдим, — деганини эшитдим-у жаҳлим чиқиб гангиб қолдим.
Бу сафар:
— Ҳамма кирсин, майли, лекин сен эмас. Xудо ҳаққи, сен кет. Бўлмаса, худо урсин, йиғлаб юбораман,— деб ёлвора бошладим.
Лекин Комрон ёлворишларимга қулоқ солмади, эшикни қаттиқ итариб, икки қанотини ланг очиб юборди.
Мен апил-тапил уйнинг бир бурчига қочдим-да, қўлимга кирган бир палтога чирманиб олдим.
Мадемуазел ёрилар даражада эди.
— Жонимни қоқай, кўйлак хароб бўлди, — деб сочларини юла бошлади.
Комрон палтони бир учидан ушлади-да, кулиб туриб:
— Енгилганингга тан беравер энди, Фарида. Оч, кўйлагингни кўрайин, — деди.
Менда на овоз бор эди ва на ҳаракат.
Бир оз кутгандан кейин яна ўтина бошлади:
— Фарида, ҳозир кўчадан келдим. Жуда чарчаганман. Мени кўп қийнама. Кўйлагингни шунчалар кўргим келадики, ўжарлик қилаверсанг, зўрлик қилиш мажбуриятида қоламан. Менга қара, бешгача санайман: бир, икки, уч, тўрт, беш.
Комрон иложи борича кечиктириб айтган ана шу «беш»дан сўнг палтони тортди-да, юзимни кўз ёшлари билан ювиб ўтирганимни кўриб, ёмон аҳволга тушди, кейин болаларни итариб чиқариб, эшикни ёпиб қўйди.
Мадемуазел ҳайронликдан лол бўлиб қолди. Комрон ҳам қарийб шу аҳволда эди. Бир оздан сўнг уятли, аламли бир товуш билан:
— Кечир мени, Фарида, — деди. — Сен билан шунчаки ҳазиллашмоқчи эдим. Ҳаққим бўлса керак, деб ўйловдим. Лекин ҳали ҳам ёш бола экансан... Мени кечирасан-да, а?
Бошимни ҳамон палто ичида яшириб туриб жавоб қилдим:
— Xўп, лекин бу ердан шу замон чиқиб кетасан.
— Бир шарт билан. Сени боғ тўридаги қоя олдида кутаман. Эсингдами, тўрт йил аввал иккаламиз ўша ерда ярашган эдик. Бугун ҳам шундай қиламиз. Xўпми?
Бир оз иккиланиб турганимдан кейин:
— Xўп, бораман, — дедим. — Лекин сен ҳозироқ чиқиб кет.
Боёқиш мадемуазелда ҳам бу ғалати табиат келинчак билан сўзлашишга ортиқ жасорат қолмаган эди. У оғиз очмай кўйлагимни ечириб олгандан сўнг, яна калта кўйлагимни кийдим-у, устидан қора ранг мактаб фартугимни илиб, Мужгоннинг ҳам юзига қарамай, ўз ҳужрамга чопиб кириб кетдим. У ерда кўзларимдаги қизиллик йўқолгунча совуқ сув билан юзимни тоза ювдим. Боққа тушганимда қош қорая бошлаган эди. Энди ҳамма гап — ўзимни ҳеч кимга кўрсатмасдан, унинг ёнига бориб олишда қолган эди.
Ўзимни айланиб юрган кишига солиб, ошхона орқасида пича юрдим, ошпаз билан бир-икки оғиз сўзлашдим. Кейин секин-секин ташқари эшикка қараб юрдим. Мақсадим: изимни бутунлай йўқотганимдан кейин девор тагидан ўтиб, унинг ёнига тушиш эди. Лекин...
Ҳамиша очиқ турадиган кўча эшигининг олдида қора чоршафли, узун бўйли бир хотин кишини кўриб қолдим. Юзи ёпиқ эди. Чорбоғдан бир нарса сўраш нияти бўлса ҳам сўрашга юраги бетламай тургандек кўринди.
Комрон мени алламаҳалдан бери кутиб турибди. Чоршаф ичидан таниш юз кўринишидан ва мени гапга тутиб қолишидан қўрқиб, йўлимни ўзгартирдим-да, дарахтлар орасига ўзимни урмоқчи бўлдим. Лекин у мени чақириб қолди.
— Ойимқиз афандим, бир оз сабр қилишингиз мумкинми?
Ночор қайтдим, эшикка қараб юриб бордим.
— Марҳамат, хоним афанди, бирон хизмат бормиди?
— Марҳум Сайфуддин подшонинг чорбоғи шуми?
— Шу, афандим.
— Шу чорбоғда турасизми, афандим?
— Ҳа.
— Ундай бўлса, сизга бир илтимосим бор.
— Буюринг, афандим.
— Мен Фарида хоним афанди билан кўришмоқчи эдим.
Пича ғалати бўлиб кетдим. Кулиб юбормаслик учун дарров бошимни эгдим. Мен «хоним афанди» дейилганимни биринчи марта эшитганим учун бу сўз менга шундай ғалати туюлдики...
«Фарида хоним афанди» мен эканлигимни айтиб бўлмас, бунга юрагим бетламас эди. Лабларимни тишлаб туриб:
— Жуда соз, хоним афанди, — дедим, — марҳамат қилиб ичкарига кирсангиз, чорбоғдагилардан сўрарсиз, сизга Фарида хонимни чақириб беришади.
Қора чоршафли хотин эшикдан кириб, ёнимга келиб олган эди.
— Сизни учратганим кўп яхши бўлди, қўзим, — деди. — Сиздан битта ёрдам сўрайман. Мен Фарида хоним афанди билан хилват қилиб гаплашмоқчиман, шуни айтасиз. Иложи бўлса, буни ҳеч ким билмаслиги керак
Ажабланиб юзига қарадим, аммо атроф қоронғи бўлгани, чоршафини ҳалигача очмагани учун чеҳрасини фарқ этолмадим.
Бир оз иккиланиб турганимдан сўнг:
— Xоним афанди, — дедим, — ғалати аҳволда бўлганим учун дабдурустдан тўғрисини айтолмадим. Фарида мен бўламан...
Хотин бир оз ҳаяжонланди:
— Комронбейга тушаётган Фарида хоним сизми?
— Чорбоғда биттагина Фарида бор, хоним афанди,— деб кулимсирадим.
Қора чоршафли хотин бирдан тўхтаб қолди. Бир озгина аввал ўзини Фарида билан кўриштириб қўйишимни сабрсизлик билан истаган ҳолда энди рўпарамда ҳайкалдай қотиб қолганига қандай маъно берса бўларди? Ажабо, Фарида мен эканлигимга ҳали ҳам ишонмаётганмикан? Ё бошқа бирон сири бормиди? Қизиқсинаётганлигимни яширишга тиришиб, яна гапиришга мажбур бўлдим:
— Амрингизга интизорман, хоним афанди.
Қизиқ, чоршафли хотин ҳамон оғиз очмай турарди.
Салгина олдинда, дарахтлар орасида турган боғ скамейкасига кўзим тушди-ю:
— Xоҳласангиз, ўша ерга борайлик, хоним афанди,— дедим. — Ҳеч ким бизга халақит бермайди, баҳузур гаплашамиз.
Хотиннинг сукути биз скамейкага бориб ўтирганимиздан кейин ҳам давом этди. Ахийри, қарорга келган бўлса керак, қўлини қаттиқ силтаб, чоршафини кўтарди— ўттиз ёшлар чамасида ақлли, асабий бир хотин чеҳраси очилди. Қоронғи тушиб қолганига қарамай, юзи қўрқинчли бир алфозда сарғайиб кетганлиги кўриниб турарди.
— Фарида хоним, — деди у, — мен бир эски дугонамнинг зўри билан элчи бўлиб келдим. Лекин устимга олган вазифамнинг бу қадар оғир бўлишини билмаган эканман. Ҳалигина сизни кўришга учиб турганим ҳолда, мана энди қочиб кецам деб ўтирибман.
Вужудимга бир титроқ ёпишди, юрагим қаттиқ дукурлай бошлади. Агар ўзимни қўлга олмасам, у айтганини қилиб қочиб кетишлигини сезиб қолдим. Ўзимни иложи борича хотиржам кўрсатишга тиришиб:
— Вазифа бажарилиши керак, хоним афанди, — дедим, — бунинг учун дадил бўлиш лозим. Дугонангиз мени танийдими?
— Йўқ. Тўғрироғи, ўзингизни кўрмаган. Фақат Комронбейга унашилганингизни билади, холос.
— Комронбейни танийдими?
— ...
Энди менда ҳам ортиқ сўроғ-у саволларга мадор қолмади. Шу дам сўроқ ақлимни олар даражада мени забун қилганига қарамай, у чиндан кетмоқчи бўлиб қўзғалса, йўлидан қайтармас эдим, деб ўйлайман.
— Менга қаранг, Фарида хоним. Нега бирдан иккиланиб қолганимга тушунмаяпсиз. Мен бу ерда бўйи етган бир қизга дуч келарман, деб ўйлаган эдим. Мана энди кўрсам рўпарамда мактаб ёшидаги қиз турибди. Сизни ёмон хафа қилиб қўярмиканман, деб қўрқдим. Иккиланганимнинг сабаби шу.
Бегона хотин менга ачинаётгандай кўринди. Бу ҳол нафсониятимга тегиб, мадор берди.
Ўрнимдан турдим, скамейка рўпарасидаги дарахтга орқамни суядим, қўлларимни қовуштириб сокин, ҳатто мағрур бир товуш билан:
— Бундай аҳволда иккиланиб ўтириш тўғри келмайди, — дедим. — Кўриб турибман, гаплашадиган гапимиз муҳим. Шунинг учун ачинишни бир ёққа йиғиштириб қўйиб, очиқчасига гапиришсак яна ҳам яхшироқ бўлади.
Хотин менинг дадиллигимни кўриб ўзини анча ўнглаб олди, кейин шундай бир савол берди:
— Комронбейни жуда яхши кўрасизми?
— Бунинг сизга нима алоқаси борлигини кўрмаяпман, хоним афанди.
— Балки бордир, Фарида хоним.
— Очиқ гаплашмасак, ҳозир айтганимдек, бир ерда депсиниб тураверамиз-у, мурод ҳосил бўлмайди, хоним афанди.
— Жуда соз, шундай қилайлик. Сизга Комронбейни бошқа биров ҳам яхши кўришини айтишга мажбурман.
— Яхши кўриши мумкин, хоним афанди. Комрон ёш йигит, бунинг устига жуда кўп фазилатлари бор. Бошқа биров уни кўз остига олган бўлса, бунга ҳайрон бўладиган жойи йўқ.
Бирор япроқ шитир этмаган бу сокин, гўзал ёз оқшомида кутилмаган бўрон турганлигини англар, лекин ўзимда пайдо бўлган қандайдир бир куч билан унга қарши ҳамла тайёрлар эдим.
Хотинга айтган сўнгги сўзларимда бир оз истеҳзо ҳам бор эди. Ўрнидан турмасданоқ ўзини тўғрилашидан, асабий ҳаракат билан чоршафининг этакларини тузатиб, скамейка тахталарини ушлашидан — унинг ҳам гапга тезроқ хотима бериш қарорида эканлигини англадим. Машина каби тез, ифодасиз бир товуш билан сўзлади:
— Дастлаб менга кичкина қиздай кўринган бўлсангиз ҳам, мана энди камолот топган, ҳар жиҳатдан етилган қиз олдида ўтирганимни тушуниб турибман. Комронбей масаласига келсак, сизнинг қадрингизга етмаган кўринади. Ёхуд, қайдам, етган бўлса ҳам ўткинчи заифликка учраган, гапнинг қисқаси, Комронбей икки йил бундан аввал дугонам билан Европада танишади. Энди у ёғини айцамми-йўқми, бунисини билмайман.
Бошимни силкитдим.
— Сўзларингизнинг тўғрилигини исбот қилиш учун ҳам айтинг.
— Дугонамнинг исми Мунаввар. Эски сарой арбобларидан бирининг қизи. Аввал бировга кўнгил бериб теккан-у, лекин бахти очилмаган. Кейин касал бўлиб қолди. Докторлар Европага юборинглар, деб маслаҳат беришди. Батамом тузалиб, энди юртига қайтаман деб турганда бошига шу савдо тушади. Комронбей бир маҳал Швейцарияга етиб келади. Уни излаб келганми, ё вазифа биланми, бунисини яхши билмайман. Ўша ерда учрашишади. Комронбей Швейцарияга бир ҳафта туриб қайтгани келган бўлса ҳам у ерда яқин икки ойлаб қолиб кетади. Ҳатто бунинг учун жазо ҳам олган бўлса керак.
— Ижозатингиз билан битта савол, — дедим, — буларни менга айттиришдан дугонангизнинг мақсади нима экан?
Бегона хотин бу сафар ўрнидан туришга мажбур бўлди, қўлқопли қўлларини қовуштириб:
— Мана шуни айтиш қийин-да, — деди. — Мунаввар бугун сизнинг душманингиз ҳисобланади.
— Астағфирулло!
— Шундай, Фарида хоним. Лекин ўзи ёмон одаммас. Жуда ҳам раҳмдил. Комронбей унинг учун шунчаки бир тасодиф эмас. У дугонамга уйланмоқчи эди. Агар бунда бир ёмонлик бўлса, ҳаммаси Комронбейдан. Чунки бошқа биров билан боши боғли бўла туриб шу ишни қилган. Мени касал ётган кўнгилчан бир хотиннинг ўлиб-нетиб қолиш хавфи қўрқитади, уҳдамга мана шундай ярамас вазифани олишга мажбур қилган сабаб ҳам ана шу қўрқув бўлди.
— Яъни, Комронбей унга уйланмаса демоқчимисиз?
— Ёлғон гапириб нима қиламан, ҳа. Мунаввар бу хабардан кейин ҳечам яшамайди.
— Бечоранинг пешонаси шўр экан.
— Тўғриси, иккалангизнинг ҳам пешонангиз шўр.
Ортиқча маҳоват қилиб юборганини билдириш учун қўлим билан ишора қилиб кулдим.
— Мени аралаштирманг, сиз ҳозирча фақат дугонангизни ўйлашингиз мумкин.
— Нега энди, Фарида хоним? Тўғри, Мунаввар менинг шунча йиллик дугонам. Лекин сиз ҳам жуда яхшисиз, иннайкейин, бу ишда сизнинг айбингиз, гуноҳингиз йўқ, ёш қизсиз. Шунинг учун сизга ҳам ачинаман.
Бу сафар яна ҳам дағалроқ муомала қилдим. Мағрур қиёфада:
— Ачинишингизга йўл қўймайман! — дедим. — Фикримча, энди гаплашадиган гапимиз қолмади.
Бегона хотин бир нарса ахтараётгандай қўл сумкасини очиб-ёпаётганини кўрдим. Гапга хотима бериш ниятида эканлигимни кўриб, битта тахлоғлиқ қоғоз чиқарди.
— Фарида хоним, сўзларимга балки ишонмассиз, деб Комронбейнинг битта хатини олиб келган эдим. Қайдам, кўрсангиз хафа бўлмасмикансиз?
Хатни аввал қўлим билан итариб ташламоқчи бўлдим. Лекин хато иш қилиб қўйишдан қўрқиб, уни олдим.
— Xоҳласангиз сизга ташлаб кетай, кейин ўқирсиз. Энди дугонамга кераги қолмади.
Елкаларимни қисиб:
— Менга ҳам фойдаси йўқ, — дедим. — Дугонангизга хотира бўлиб қолиши мумкин. Ўзида қолгани маъқулроқ. Фақат бир зумгина ижозат берсангиз, кўз югуртириб чиқсам.
Қоронғи қуюқлашиб қолган эди. Дарахтлар орасидан йўлга чиқиб, хатни кўзларимга яқинлаштирдим, бу ёзувга ўрганиб қолганим учун қийналмай ўқий бошладим.
Хат «Менинг сариқ гулим», деб бошланган. Кейин бир қатор тасвирлар.
Қуёш чиқишдан аввал дунёга билинар-билинмас бир ёруғлик сочилгани сингари, сариқ гулни кўришдан аввал унинг қалбига ҳам шундай ёруғлик ёйилганмиш. «Ичимда англашилмас бир қувонч бор. Мен мутлақо ажойиб нарсага йўлиқаман» деяр эди. Ниҳоят, у ажойиб нарсага йўлиқибди, бир кун кечқурун мусофирхона боғида чироқлар ёнади-ю, қаршисида сариқ гулни кўради.
Мактубнинг у ёғини жуда шошиб ўқидим, тобора қуюқлашиб бораётган қоронғида кўзларим сатрларни шу қадар ёмон фарқ қилардики, ҳеч нарсани эсимда олиб қололмадим, десам бўлади. Негадир, мактубнинг бир неча бор такрор ўқиганим шу сўнгги сатрларини ҳали ҳам кўзларим ўнгида кўриб тураман:
«Қалбим бўш эди. Севиш эҳтиёжи билан ёнардим. Сизнинг расо, нозик қоматингизни, бинафша кўзларингизни кўрдим-у, ҳамма нарсанинг ранги ўзгарди».
Бегона хотин оғир-оғир одимлар билан ёнимга келиб, титроқ товуш билан:
— Фарида хоним, сизни хафа қилдим. Лекин ишонинг... — деб сўз бошлаган эди, мен бирдан сўзини чўрт кесдим. Мактубни узатиб:
— Нега энди, — дедим, — хафа қиладиган ҳеч нима йўқ-ку? Бу бўладиган нарса. Аксинча, сизга ташаккур ҳам айтмоқчиман. Менинг кўзимни очдингиз. Энди сиздан ижозат сўрайман.
Бошимни хиёл силкитиб юриб кетдим. Лекин у орқамдан яна чақирди:
— Фарида хоним, яна бир минутга рухсат берсангиз. Дугонамга нима дейин?
— Вазифангизни бажарганингизни айтинг. У ёғини энди ўзи билади, деярсиз. Вассалом.
Бегона хотин менга яна бир нима деди, лекин мен қулоқ солмадим, шошиб дарахтлар ичига кириб кетдим.
Комрон иккаламизнинг яна бир бор ярашишимизни кўрмайдиган қоя ёнида у вафосиз мени қанчалар кутган экан — билмайман. Лекин кутишдан толиб уйига келганда, чизиқли мактаб дафтарининг варағига ёзилиб, столга қўйилган шу сатрларни кўрганда, ҳарҳолда шошиб қолар:
«Комронбей афанди. «Сариқ гул» романини бошидан охиригача туширдик. То ўлгунимизча бир-биримизни кўриш йўқ. Сендан нафратланаман.
ФА-РИ-ДА».


AvvalgiI- qism Keyingi





↑ Soeur (Сўр) — опа (французча). Бу ерда француз католик тарбияхона мураббияси.

↑ Диёрбакир — Туркия шаҳарларидан бири. Мусул, Бағдод ва Карбало — Ироқ шаҳарлари; биринчи жаҳон урушигача Ироқ Усмонли империясида эди.

↑ Чоршаф — араб, турк, эрон хотинлари ёпинадиган чодира, паранжининг бир хили.

↑ Ҳусайн ёмон, Ҳусайн ярамас, адабсиз... оо.

↑ Чолиқуши — бутазор қуши, читтак.

↑ Ma soeur(ма сўр) (французча) — менинг опам, опа.

↑ Ҳазрати Айюб қудуғи — Истамбулда Муҳаммад пайғамбар саҳобаларидан Абу Айюб Ансорий дафн этилган машҳур қабристон.

↑ Pardon (пардон) — кечирасиз (французча).

↑ Қяғитхона — Истамбул атрофидаги бир туман ва сой номи.

↑ Mersi (мерси) — раҳмат (французча).

↑ Grande (гранд) — катта (французча).

↑ Souvenir (сувенир) — эсдалик, ҳадя (французча).

↑ L'amoure (ламур) — севги. Souvenir d'amore (сувенир дамур)— севги эсдалиги.

↑ Француз болалар эртаги назарда тутилади.

↑ Шамсия — зонтик.

↑ Bonjur (бонжур) — салом (французча).

↑ Халфа — бу ерда шогирд маъносида. Бундан ташқари, пешқадам оқсоч, хизматкор маъноларида ҳам келади. Эркак ва аёллар исмига қўшиб айтилади.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика