Чолиқуши (II- қисм) [Rashod Nuri Guntekin] |
Иккинчи қисм Б..., 19... йил, сентябр. — Келган кунингдан бери кечани кеча, кундузни кундуз демай ёзганинг ёзган. Ҳеч битмайдиган нима ёзув бу? Xатми десам, хат дафтарга ёзилмайди. Китобми десам, биламиз, китобни соч-соқоли бор одамлар ёзади. Сен бўлсанг муштумдай боласан. Мундоғ гапирсанг-чи, нима бало ёзяпсан? Менга бу саволни мусофирхонанинг қари хизматкори Ҳожи халфа берди. У бир соатдан ортиқроқ ташқарида ўзича ашула айтиб юриб пол артди, энди чарчаб, мен билан пича валақлашгани кирди. Ҳожи халфанинг авзойини кўриб ўзимни тутолмадим, хахолаб кулиб юбордим. — Бу қанақа кепата, Ҳожи халфа? Ҳамма вақт оқ фартуғ тутиб юрадиган Ҳожи халфа бугун эски замон хотинлар кийимини кийиб олиб, яланг оёқлари билан полни ишқаб тозалаётган, йиқилиб кетмаслик учун қўлида каттакон таёқ ушлаб олган эди. — На чора, хотин кишининг ишини қилганингдан кейин хотинча кийинишинг керак-да, — деди. Мен аҳён-аҳёнда гаплашиб турадиган касалманд қўшнимдан ташқари, номеримга кириб-чиқиб юрадиган бирдан-бир киши Ҳожи халфа эди. Дастлабки кунларда тортинарди. Бир иш билан номеримга кирадиган бўлса, эшикни тақиллатиб: «Бошингни беркит, отин қизим, мен киряпман», — деярди. Мен ҳам ҳазиллашиб: — Кираверинг, отажон, ишингиз бўлгандан кейин кирасиз-да. Ё орамизда такаллуфга эҳтиёж борми? — деярдим. У тириш юзини яна бешбаттар тириштириб: — Ў, ў, ў, иш — сен билгандай осон эмас, қизим. Ислом «муҳоддаротлари» ёнига бундай очиқ-сочиқ кириб бўлмайди, — деб мени койир эди. «Муҳоддарот» дегани ҳарҳолда хотин-халаж бўлса керак. Лекин муаллималик ғурурим кўтармагани учун буни Ҳожи халфадан сўрамас эдим. Ахийри, ҳазил қила-қила, бу хил андишанинг ўринсиз эканлигини Ҳожи халфага тушунтирдим. Энди эсига келса, эшикни тақиллатади-ю, тортинмасдан кириб келаверади. Ҳожи халфа кулгим ҳадеб тийилавермаганига аввал қизишса ҳам, кейин парво қилмай қўйди. — Жўрттага жаҳли чиқсин деб куляпсан-да, фойдаси йўқ, — деди. Кейин кўзларида ғалати бир мунг билан илова қилди: — Қафасдаги қуш сингари номерингда ёлғиз сиқилиб қолдинг, майли, ҳазиллаш, кул, ҳечқиси йўқ. Дўстлигимиз ортаверса, ҳали сенга ўйинга ҳам тушиб бераман, кўнглинг очилсин деб, уқдингми, афандим?.. Нималар ёзаётганимни Ҳожи халфага айтиб бўлмас эди. — Xатим жуда хунук, машқ қиляпман, Ҳожи халфа, — дедим. — Индинга эрталаб дарс бошлайман. Болалар айб қилиб юришмасин тағин. Ҳожи халфа суратга тушаётган одамдай таёғига суяниб, кўзларида ширин бир табассум билан жавоб берди: — Алдайсан, бола! Ҳожи халфа илоннинг ёғини ялаган, биласанми? Ҳали улар хушхат бўлди-ю, сен бадхатми? Уларнинг ёзганлари икки чақага арзимайди. Биламиз: чумолининг оёғига ўхшатиб эгри-бугри қилиб ёзишади, нима қилишса ўшалар қилишади. Биз маҳкамаларда хўп пишган одаммиз, не-не амалдорларни кўрганмиз, билдингми? Бир дардинг бор сенинг, бор, ҳа! Аммо-лекин билмай қолмасмиз. Ҳа, айтмоқчи, ёзаётганингда бармоқларингга сиёҳ тегмасин, шунга ҳазир бўл, бўлмаса болалар олдида чиндан ҳам уятга қоласан. Ҳа, бўпти, сен ёзувингни ёз, мен ҳам чиқиб полимни тозалай. Ҳожи халфани кузатганимдан сўнг яна стол ёнига келдим. Лекин ёзишга ўтирмадим. Чолнинг баъзи сўзлари мени ўйга солди. Боёқиш тўғри гапиради. Ҳақиқатан ҳам, мен кап-катта одамман, индинга эрталаб иш бошлайдиган муаллимаман. Бундай бўлгандан кейин ўзимда болалигимдан ҳеч бир из, ҳеч бир асар қолдирмасликка тиришишим керак. Ҳожи халфа ҳали лабларимдаги сиёҳни айтгани йўқ, ҳолбуки, бу сиёҳ, бармоқларимдаги сиёҳ нимаси? Ҳа, дафтаримни тўлдириб ўтирган кечларимда ўзимни мактабда кўришим, ортиқ ҳеч маҳал кўрмайдиган одамларимнинг теварагимда парвона бўлаётгандай туюлиши, ажабо, шу сиёҳ доғлари сабабидан эмасмикан? Ҳожи халфанинг «Қафасдаги қуш сингари номерингда ёлғиз сиқилиб қолдинг» деган сўзлари миямдан ҳеч кетмайди. Қафасларнинг ҳаммасидан қутулган шу бугунги кунимда бировнинг мени қафасдаги қушга ўхшатиши тўғри эмас. Иннайкейин, қуш сўзида эски «Чолиқуши»ники сингари синган қаноти, юмилган тумшуғи билан йиқилган жойидан туриш майли ҳам бор. Ҳожи халфа ҳадеб шу хилда гапираверса, орамизнинг бузилиб қолишидан қўрқаман. Энди дафтаримни чала қолдириб кетмаслик учун яна бир марта ғайрат қилишим, орқада қолган жирканч дунёга яна бир карра боқишим керак. Ўша оқшом бегона хотиндан биладиганимни билиб, ҳужрамга қайтиб келаётувдим, ташқарида холамга дуч келиб қолдим. Ўзимни қоронғи бир бурчакка олмоқчи бўлдим. Лекин холам мени кўриб: — Ким у? — деб сўради. — Сенмисан, Фарида? Нега бекиняпсан? Жавоб бермасдан олдида турар эдим. Бир-биримизнинг юзимизни равшан кўролмасдик. — Нега боққа бормаяпсан? — ... — Ҳеч шумлигинг қолмас экан-да! Кўринмас бир қўл бўғзимни қисар, нафасим бўғилиб борар эди. — Xола, — дедим. Холам шу дам менга бир оғиз ширин сўз айца, секингина ёноғимни ушласа, сочларимни силаса, йиғлаб қўлларига отилар, балки ҳамма нарсани айтиб берган бўлардим. Лекин у менинг ҳолимни сезмади. «Яна нима дардинг бор, Фарида?» — деди. Xоламдан бир нарса сўраганимда, у ҳамиша шундай деяр эди. Аммо шу кеча бу сўзлар менга: «Қачон тийиласан?» дейилаётгандай эшитилди. — Ҳеч, холажон, ижозат берсангиз, сизни бир ўпсам, — дедим. Ҳар нима бўлганда ҳам холам онам ўрнида эди. Уни сўнгги марта ўпмай айрилиб кета олмас эдим. Жавобини кутмай қўлларини ушладим, қоронғида икки бетидан, сўнгра кўзларидан ўпдим. * * * Уйимда ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетди. Курсиларга кийимлар отиб ташланди. Комод тортмаларидан кўйлак-лозимлар осилиб тушди. Мен жазм этган нарсани қиладиган киши ўз уйини дарбадар мактаб боласи уйидай ташлаб кеца айб бўлади. Лекин на чора, вақт жуда ҳам зиқ. Деразада чироқ кўринса кириб қолишларидан қўрқиб, Комронга қолдириладиган бир неча сатрни қоронғида пайпаслаб ёздим. Кейин жавонимни очдим. Қизил лента билан боғлаб қўйилган дипломимни, эсдалик қилиб сақлаб келган бир неча нарсамни, онамдан қолган балдоқни, узук сингари бир-иккита фақирона безакларни мактаб чамадончасига тўлдирдим. Уйларидан қочган асранди қизларнинг ҳам шундай қилганларини эслаб, аччиқ-аччиқ кулар эдим. Қаерга боришимни фақат кўчага чиққанимдан кейингина ўйладим. Ҳа, қаерга бораман? Кундуз бўлса ҳам кошки эди. Миямда яхши ҳал этилмаган бир ўй бор эди. Мен шу кечани бир амаллаб ўтказиш фикрида эдим. Лекин шундай бемаҳалда қаерга сиғиниб бора олардим? Ҳар бир эҳтимолни назарда тутганим ҳолда, қўлимда кичкина чамадонча билан далада сарғайиб юролмас эдим. Бир оздан сўнг чорбоғда қиёмат қўпади. Шармандаликдан қўрқиб, балки полицияга хабар қилишмас. Лекин теварак-атрофга мутлақо одам югуртиришади. Поезд, кема у ёқда турсин, ҳатто аравада кетиш ҳам хавфли. Дарров изимни топиб олишади. Лекин ўз билганича яшашни истаган кишини зўрлик билан чорбоққа қайтариб кела оладиган куч йўқ. Фақат қароримни ёш бола жиннилиги, инжиқ қиз нози деб санашади, мени ҳам, ўзларини ҳам бекор хафа қилишади. Уларни бу фикрдан қайтариш, ҳатто отимни тилга олишга тавба қилдириш учун эртага холамга қандай хат ёзишлигимни билардим. Лекин бу кечани қаерда ўтказаман? Олдин шаҳар атрофидаги чорбоғларда турадиган ўртоқларим эсимга келди. Борсам бошларига кўтаришлари турган гап. Лекин бу кўп хунук нарса. Шундай вазиятда бир қизни, майли, бир кечага бўлса ҳам уйларига киритиш балки ўзларига ҳам эриш туюлар. Иннайке- йин, бу аҳволни изоҳ қилиш учун уларга бирон нарса дейиш ҳам керак. Ёт-бегона одамларга ҳисоб бериш, улардан насиҳат эшитиш ўзимга ҳам оғир бўлишини сезар эдим. Ниҳоят, энг аввал эсимга келадиган исмлар, албатта, уйдагиларнинг ҳам дарров эсларига тушади, иннайкейин, улар худди ўша ерларга бориб қидиришади. Ўртоқларимнинг ота-оналари ярим кечада мени сўроқлаб келган қариндошларимга мени юз-хотир қилиб «бу ерда йўқ» дейишга ботина олишармикан? Станцияга бориладиган катта йўлни хавфли билиб, орқадаги Ичаранкўй йўлига тушдим. Қоронғилик дам сайин қуюқлашиб борарди. Нима қилишимни билмай юрагимга дукур тушган, жасоратимни йўқотган пайтимда қўққисдан эсимга бир нарса келди. Саккиз-ўн йилча аввал қариндошларимиздан бирининг уйида сут эмизган энага бўлар эди. Болқондан кўчирма бўлиб келган шу хотин Саҳройижадидда турар, чорбоққа тез-тез келиб кетарди. Ўтган йил узун оқшом сайридан қайтиб келаётиб унинг боғида ярим соатча дам олган эдик. Эскиларимни ҳар доим унга берганим учун менга жуда яхши қарар эди. Кечаси шу хотинникида ётиб қолсам, ҳеч ким менинг у ерда эканлигимни гумон қилмас эди. Кўчадан битта арава ўтиб кетаётган эди. Олдин уни тўхтатмоқчи бўлдим, лекин аравага тушишнинг кети хавфли эканлигини, ёнимда майда пулим ҳам йўқлигини ўйлаб, тўхтатмадим. Чор-ночор Саҳройижадид томонга пиёда йўл олдим. Қоронғида бирон соя кўргудек, ё оёқ дупури эшитгудек бўлсам, титраб тўхтаб қолардим. Қоронғи кечада, хилват дала йўлида ёлғиз кетаётган хотиндан ким шубҳа қилмас эди? Xайриятки, атроф жимжит. Фақат бир боғ ёнидан ўтиб кетаётганимда анчагина қўрқиб олдим. Рўпарамдан бир тўда маст киши ашула айтиб келаверди. Бир сакраб боғ четидаги пастак четандан ошиб ўтдим-да, улар ўтиб кетгунларича ўша ерда писиб ётдим. Боғда ит бўлсами, роса бўлганимча бўлардим. Кейин Саҳройижадид кўчасида таёғини ҳорғин-толғин судраб юрган қоровулга дуч келдим. Xайриятки, қоровул мени кўрмай ён кўчалардан бирига кириб кетди. Энага билан унинг чол эри мени кўриб шошиб қолишди. Йўлда бир ёлғон тўқиб қўйган эдим. Шуни айтиб бердим: — Катта амаким билан Ускудордан келаётувдик. Шу ерда аравамизнинг ғилдираги синиб қолди. Бемаҳалда бошқа арава тополмадик. Чор-ночор пиёда йўлга тушдик. Бир маҳал узоқдан сизларнинг чироғингиз кўриниб қолди. Амаким: «Бор, Фарида, бегона жой эмас, бу кеча энагангникида қўна қол. Мен ҳам шу ерда, бир ошнамникида қоламан», — деб айтди. Тўғриси, тўқиган баҳонам бу соф виждонли кишиларни осонгина ишонтириб қўя оладиган ўткир баҳона ҳам эмасди. Лекин кичкина хонимни бир кеча меҳмон қилиш улар учун шу қадар катта шараф эдики, сўзларимдан гумонсирашмади. Бечора энагам менга солиб берган ва ичларига атир сепган топ-тоза кўрпа-тўшакларини эрталаб бўш, бузилмаган ҳолда кўрган замони оёқларидан мадор қочгандир. Ҳечқиси йўқ, у замон қуш аллақачон учиб, карвон ўтиб кетган эди. * * * Ўша кеча, энагамнинг уйида чироқни ўчириб, қоронғида бир режа тайёрладим. Жавонимнинг бурчагида қизил лентага ўралган ҳолда секин-секин сарғайиб, йўқ бўлишдан бошқа бир нарсага ярамайдигандай кўринган дипломим ўша замон кўзимга иссиқ кўриниб кетди. Одамлар маъқуллаган ана шу қоғоз парчасига умид кўзи билан тикилдим. Ана шу қоғоз билан Анатолия вилоятларининг бирида муаллималик қила олар, бутун ҳаётимни болалар орасида шод, бахтиёр ўтказа билар эдим. Истамбулдан чиқиб олгунимча Айюбсултондаги Гулмисол халфанинг уйида яширинишга қарор бердим. Гулмисол халфа онамнинг энагаси эди. Онам куёвга чиққанда, уни ҳам Айюбда бир қари қоровулбошига узатишган экан. Онамни жуда яхши кўргани ҳолда холаларим билан чиқиша олмасди. Катта бувим тириклигида ора-сира чорбоққа келар, менга Айюбдан рангли ўйинчоқлар келтирар эди. Катта бувим ўлгандан кейин эса халфа бутунлай келмай қўйди, холаларим ҳам уни тилга олишмайдиган бўлди. Сабабини билмайман, лекин ораларида бирон гап ўтган бўлса керак. Ҳарҳолда, Истамбулда мен учун Гулмисол халфанинг уйидан хавфсизроқ жой йўқ эди. Холам миямда шох отиб бораётган мактубимни олгандан сўнг йиғлашдан бошқа ҳеч нима қилолмайди. Начора? Лекин разил ўғли ҳам ҳарҳолда инсон эди. Изимни топганда ҳам йўлимни тўсишга ботинолмайди. Эрталаб борсам, халфанинг эшиги очиқ экан. Xинага бўялган сочлари устидан рўмол ўраб олиб, яланг оёқларида ёғоч кавуш билан даҳлизни юваётган экан. Ҳеч нима демасдан, эшик олдида уни анча томоша қилиб турдим. Юзим маҳкам ёпиқ бўлгани учун мени таниёлмади, нурсиз мовий кўзларини тикиб: — Бирон ишингиз бормиди, хоним? — деб сўради. Бир-икки марта ютинганимдан сўнг: — Энага, мени танимадингизми? — дедим. Овозим унга ғалати таъсир қилди. Ҳурккандай орқага чекилди. — Субҳонолло! Субҳонолло! — деб юборди. — Юзингни оч-а, хоним! Кичкина чамадонимни ҳўл тошга қўйиб, чоршафимни кўтардим. Xалфа войлаб юборди: — Вой, Гузида! Гузидам келибди! Оҳ, болам! Томирлари ўйнаб чиққан заиф қўллари билан бўйнимга осилди, кўзларидан селдай ёш келди. — Вой, болагинам! Вой, болагинам! — деб чинқирар эди. Мен бунчалик катта ҳаяжон сабабини тушундим. Одамлар мени ўсган сарим онамга ўхшаб бораётганлигимни айтишарди. Онамни ҳеч вақт эсидан чиқармаган бир дугонаси «Гузиданинг худди йигирма ёшидаги юзи, овози. Фариданинг сўзларини йиғламасдан эшитолмайман», деяр эди. Гулмисол халфа ҳам ҳозир шу аҳволда эди. Йиғлашнинг яхши нарсалигини бу кекса черкас аёл кўзларида ёш кўрмасдан аввал тушунмаган эдим. Мен онамни эс-ес биламан. Ташлаб кетилган баъзи уйларда чанг-тупроққа беланиб, чизиқ бўёқлари ўчиб кетган эски суратлар сингари хирагина эслайман. Бу нарса ҳозиргача менда на қайғу ва на севги уйғотган эди. Лекин Гулмисол халфа қариб қолганлиги учун мени онамдан ажратолмай, «Гузидам!» деб қичқирганда, ичим ғалати бўлиб кетди. Онам кўз ўнгимга келди, ўлимининг оташи қалбимга кўчди, мен ҳам «Ойи, ойижоним!» деб ҳиқ-ҳиқ йиғлай бошладим. Бечора халфа ўз дардини унутиб, менга парвона бўлар эди. Йиғлаб туриб: — Xалфа, онам менга жуда ҳам ўхшармиди? — деб сўрадим. — Жуда ҳам, қизим. Сени кўриб, ақлим шошиб қолди, уми деб ўйлабман. Xудойим сенга еру кўкдай узоқ умр берсин. Қари халфа даҳлиз ёнидаги уйда мени ёш боладай ечинтираётганда ҳам ҳамон ҳиқиллаб йиғлар эди. Унинг тўр пардали кичкина кулбасида ўтказган дастлабки соатларимнинг мазасини асло унутмайман. Мени ечинтиргандан сўнг тўр чойшаб ёпилган каравотига ётқизди, бошимни тиззасига қўйди, пешонамни, сочларимни силаб туриб онамдан гапирди. Туғилган куни юзида мовий пардаси билан биринчи марта қучоғига олган пайтдан то айрилган кунигача бўлган хотиротини бир-бир айтиб берди. Навбат менга келганда мен ҳам бошимга тушган нарсаларни батафсил ҳикоя қилиб бердим. Xалфа сўзларимни болалар эртагини эшитаётгандай кулимсираб ўтириб эшитар, гоҳи маҳаллари: «вой, қўзим-ей!» деб хўрсиниб қўяр эди. Аммо кеча кечқурун чорбоғдан қандай бош олиб кетганимни, ўла-ўлгунимча у ерга қайтмаслигимни айтганимда, эсхонаси чиқиб кетди. — Фарида, болалик қилибсан. Комронбей адашибди, тавба қилади, иккиламчи бундай қилмайди. Гулмисол халфага ғазабимни тушунтиришнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун ҳикоям охирида: — Гулмисол халфа, оқарган бошингизни бекорга чарчатманг. Мен сизникида икки-уч кун меҳмон бўламан-у, кейин бошқа юртга кетаман. Ўз меҳнатим билан кун кўраман, — дедим. Мен шу сўзларни айтиб турганимда, боёқиш кампирнинг кўзлари ёшга тўлди, қўлларимни силаб бетларига, лабларига суртди. — Бу қўлларни кўзим қиядими, болам! — деярди. Халфани тиззаларим устига ўтқаздим-да, бу қўллар учун энди қўрқинчли ҳеч нарса йўқлигини, бебошлик қилган болаларнинг ора-сира қулоқларини чўзиб қўйишдан бошқа иш қилмаслигини айтдим. У сўзларимни ўтирган ерида сачраб, ажинли бетларини буриштириб эшитди. Анатолияда қандай муаллималик қилишимни, қандай тадбирлар кўришимни шу қадар суюниб сўзладимки, охирида у ҳам менинг ҳаяжонимга қўшилди. Яшил латтага ўралган кичикина Қуръонни токчадан олди-да, уни ўртага қўйиб, бу ердан кетгунимча мени ҳеч кимга айтмаслик тўғрисида қасам ичди. У ёқдан мени ахтариб келгувчилар бўлса, эшикдан қайтарадиган бўлди. Ўша куни кечгача Гулмисол халфа билан уй ишларини қилдик. Мен ҳозиргача фақат тайёр овқат еб келардим. Шу вақтгача ақалли битта тухум ҳам пиширмаган эдим. Энди одатлар ўзгариши керак. Ошпаз, хизматчи қайда менга энди? Ҳозир Гулмисол халфа ёнимда экан, ундан овқатни қандай пиширишни, кир ва доғларни ювишни, айтишга уят бўлса ҳам, йиртиқ ямашни ўрганиб олишим керак. Туфлиларимни, пайпоқларимни еча солиб, дарҳол ишга тушиб кетдим. Xалфанинг норозилигига, оҳ-воҳларига қулоқ солмай, қудуқдан челак-челак сув тортдим. Полларни ювдим, артдим. Кейин яна қудуқ ёнига ўтириб, у билан сабзавот тозалашдим. Сабзавот тозалаш деб қўя қоламиз-у, лекин у қандай майда иш! Xалфа мен арчган картошкаларни кўриб, войлаб юборди: — Қизим, картошкаларнинг ярмини пўчоққа чиқариб юборяпсан!.. Мен шукроналик билан қарадим. — Минг қатла раҳмат, халфа. Сиз айтмаганингизда, минг заҳмат билан сотиб олган картошкаларимнинг ярмини пўчоққа чиқарардим-у, дунёдан бунинг фарқига бормай ўтиб кетардим, — дедим. Халфадан ўрганадиган нарсаларимни ёзиш учун ёнимга битта дафтарча келтириб қўйдим. Дам-бадам: — Энага, картошканинг бир донаси неча қуруш туради? Пўчоғини кўп кесганда, неча сантиметр кесиш керак? — деб сўрар, шу хил сўроқларим билан кампирни кулдирар эдим. Кейин, энага, полни ювиш учун неча пақир сув керак, деган эдим, боёқиш йиғлаб юборди. Бир жоҳил черкас хотинга янги усул мактабни қандай тушунтириб бўлади? Уй ишларини қилиб туриб суюнар, кечадан бери қалбимда қўзғалган заиф оғриқнинг тўхтаганини ҳис этар эдим. Сатилларни ўтга қўйганимиздан кейин ошхонадаги покиза бўйрага ўтирдик. — Вой, халфа бувим-ей, ким билади, борадиган жо- йим қанақа экан! — дедим. — Мен Арабистонни эс-ес биламан. Анатолия ҳарҳолда ундан чиройлироқдир. У ернинг одамлари бизларга ўхшамас эмиш. Ўзлари камбағал эмишу, лекин кўнгиллари шунча кенг, шунча бой эмишки, ҳеч ким ўзига, қариндошигагина эмас, ҳатто душманларига қилган яхшиликларини ҳам юзига солишдай бағритошлик қилишмас эмиш. Кичкина мактабим бўлади. Ҳаммаёғини гулларга кўмаман. Болаларим, бир талай болам бўлади. Ўзимни «опа» дегизаман. Камбағалларига ўз қўлим билан фартуғлар тикаман. «Қайси қўлинг билан?» дерсиз. Кулманг, масхара қилманг. Буни ҳам ўрганиб оламан, албатта. Халфа гоҳ кулар, гоҳ ичи оғриётгандай эзиларди. — Фарида, болагинам! Сен хато йўлга киряпсан, — деб хўрсинарди. — Ким хато йўлга кирганини эсон бўлсак кўрармиз. Бу ишлар тугагандан сўнг холамга ўша даҳшатли хатни ёздим. Бир ерида шундай дедим: «Сиз билан очиқ гаплашаман, хола. Комрон ҳеч қачон менга ҳеч нарса айтган эмас, шунингдек, менда ўзига бино қўйган қайсар, маъносиз, жонсиз, ҳаракациз меҳмон боладан бошқа таассурот ҳам қолдирган эмас. Заиф, кичкина, чўпхашакдан ясалган одам. Яна санайми? Мен уни ҳеч қачон на ёқтирдим, на хоҳладим ва на унга нисбатан бошқа бирон ҳис билан қарадим. «Шундай экан, нечун унга рози бўлдинг?» деярсиз. Чолиқушининг мияси йўқлиги маълум. Бир жиннилик қилиб қўйдим-да. Xайриятки, ўзимни вақтида тутиб олдим. Ўғлингиз тўғрисида шундай фикрлар юритаётган қизнинг бахтли хонадонингиз учун қанчалик фалокат бўлишини тушунишингиз керак. Шундай қилиб, мен бугун сизлардан айрилиш, орамиздаги ҳамма ипларни батамом узиш йўли билан ана шу фалокатнинг олдини олдим. Неча йилдан бери сизлардан кўрган яхшилигимнинг бир озини шу билан қайтардим, деб ўйлайман. Бу сафсаталаримни эшитганингиздан кейин менинг отимни тилга олишдай паст ишдан ўзингизни сақлашингизга аминман. Яна шуни ҳам билиб қўйишингиз керакки, оғизга олиб бўлмайдиган бу сафсаталарни уялмасдан, ҳайиқмасдан сизга ёзаётган нонкўр, тарбиясиз қиз, агар унга рўпара келгудай бўлсангиз, кирчи хотин жанжалини қилишдан ҳам тоймайди. Бунинг учун энг яхшиси — бир-биримизнинг отимизни тилга олмасликдир. Фараз қилинг, Чолиқуши ҳам онаси сингари аллақаерларда ўлиб кетди. Xоҳласангиз, бир-икки томчи кўз ёши тўкинг. Бунга аралашмайман. Фақат узоқда ҳам ҳазир бўлинг, ёрдам қилайин деб юрманг, Ҳақорат билан рад этаман. Мен йигирма ёшида сувдан тоймайдиган одамман. Кўнглим хоҳлаганича яшайман». Бу одобсиз мактубни эсласам, ҳар доим уялиб йиғлайман. Иложим йўқ эди. Xоламнинг мени излашига, балки йўлимни тўсишига бошқача қаршилик кўрсатолмасдим. Куйсин, ёнсин холам, лекин мени соғинмасин. * * * Эртаси кун мактубни ўз қўлим билан почтага топшириб, тўғри Маориф министрлигига кетдим. Эгнимда Гулмисол халфанинг узун чоршафи, юзимда пешаси. Шундай қилишга мажбур эдим. Чунки кўчада ўзимни бировга танитмаслигим керак. Бундан ташқари, очиқ-сочиқ юрадиган муаллималарга Маориф министрлигида унча ишонмасликларини ҳам эшитган эдим. Маориф министрлигининг эшигига етгунча вақтим анча чоғ, ўзим дадил эдим. Ишларимнинг жуда осон битишидан умидвор эдим. Xизматчилардан бири мени Маориф министрининг ёнига бошлаб киради. У ҳам дипломимни кўрар-кўрмас: «Хуш келдинг, оппоқ қизим. Биз сизлардақа одамларга интизор эдик», — дейди-ю, мени Анатолиянинг энг яшил ўлкаларидан бирига тайин этади, деб ўйлар эдим. Фақат эшикдан кирар-кирмас ҳаво бирдан ўзгарди: мени ғалати бир ҳаяжон, қўрқув чулғаб олди. Эгри-бугри коридорлар, бинонинг пастки қаторидан устки қаватигача чўзилган ажойиб зиналар, бу коридорлар ва зиналардаги талай одамлар. Бировдан бир нима сўрашга юрагим бетламай, теварагимга жовдир-жовдир қарардим. Ўнг томонимда баҳайбат эшик устига «Министрлик секретариати» деб ёзилган лавҳани кўриб қолдим. Ҳар ҳолда, Маориф министрининг кабинети ўша ерда бўлиши керак эди. Эшик ёнида ҳаммаёғи йиртилиб, иплари осилиб қолган сахтиён тўшакли эски курсида бир керик ходим ўтирибди. Унинг димоғи шунчалар баланд эдики, кўрган киши: «Министр ё унинг ўринбосари шулармикан?» деб гумонсираса ўринли бўларди. Мен қўрқа-писа ёнига келдим-да: — Нозирбейни[1] ё бўлмаса ўринбосарларини кўрмоқчи эдим, — дедим. Ходим бармоқларига тупуриб, шопдай мўйловларининг учини буради, кейин шоҳона бир қараш билан менга кўз югуртириб, оғир-вазмин сўради: — Нозирбейда нима ишинг бор? — Муаллималикка олса, деб сўраб келувдим. У мўйловларининг қай шаклга кирганини кўриш учун лабларини юқорига буриб туриб жавоб қилди: — Бундай нарсалар билан нозирбейни безовта қилмайдилар. Кадрлар бўлимига учра. «Кадрлар бўлимига учра» дегани нималигини сўраган эдим, у жавоб беришни эп кўрмай, яна бояги мағрур шоҳона авзо билан бошини тескари ўгириб олди. Чоршафим ичида ўзимни эрмак қилиб тилимни чиқардим. «Хизматкори шунчалик бўлгандан кейин, хўжайини қандай экан? Вой, шўримга шўрва», деб ўйладим. Зина панжараси ёнига саккизтами-ўнтами челак тизиб қўйишибди. Устига мен чорбоғда ўйнаб юрган тахталарга ўхшаш битта узун тахтани ётқизишиб, скамейка қилишибди. Унда бир тўда эркак ва хотин киши ўтирибди. Қора жун чодрасини ияги тагидан тўғнағичлаб олган, кўзлари кўк шишага ўхшаган бир кекса хотинни кўрдиму, ёнига бориб, дардимни айтдим. Менга ачинаётгандай қараб: — Бу ишда янгилигингиз кўриниб турибди. Министрликда танишингиз йўқми? — деди. — Йўқ. Балки бўлса бордир, лекин билмайман. Бунинг қандай аҳамияти бор? — деб сўрадим. Сўзларига қараганда, тажрибали муаллима экани билиниб турган бу кўк кўзли хотин кулимсиради. — Буни кейинроқ тушуниб оласиз, қизим, — деди.— Юринг, сизни бошланғич мактаблар бўлимига олиб кирай. У ерда умумий таълим бўлимининг мудири бей афанди билан кўришишга ҳаракат қилинг. Мудир қора соқолли, юзини чечак бузган хумкалла, бароқ қошли, ниҳоятда хунук одам экан. Кабинетига кирганимда, столи ёнида тикка турган икки жувон билан гаплашаётган эди. Аёллардан бири титраётгани билиниб турган қўллари билан сумкасидан ғижим қоғозларни чиқариб, битта-битталаб столга қўйди. Мудир қоғозларни синчиклаб кўздан кечирди, имзоларига, муҳрига қаради, кейин: — Боринг, исмингизни секретарга ёздиринг, — деди. Хонимлар эгилиб-букилиб, таъзим қилиб чиқиб кетишди. — Сиз нима дейсиз, хоним? Бу савол менга тааллуқли эди. Бир оз ўзимни йўқотиб дудуқланиб арзимни айта бошладим. Лекин у бирдан сўзимни кесди. Дағал товуш билан: — Муаллималик қилмоқчимисиз? Истидонгиз борми? — деди. Мен ўзимни яна бешбаттар йўқотдим. — Яъни диплом демоқчимисиз? — дедим. Мудир асабий бир ҳаракат билан лабларини бурди. Бурчакда ўтирган озғин кишига бошини силкитди. — Кўряпсизми буни! Одам бўғилмай бўладими! Истидо[2] билан гувоҳнома ўртасидаги тафовутни ҳам билмайдилар. Яна муаллима бўлармиш! Кейин ойлик оз, юбораётган жойингиз узоқ, деб дод солишади. Кўзларим тинди, ер бошимда гир айланарди, нима дейишимни билмай теваракка жавдирар эдим. Мудир яна ҳам дағалроқ товуш билан: — Яна нимани кутиб турибсиз? — деди. — Боринг, билмасангиз, билгандан сўраб олинг. Истидо ёзинг. Мен шошиб қолдим; ҳеч нимага қарамай, кабинетдан отилиб чиқиб кетмоқчи бўлиб турганимда, бурчакда ўтирган озғин киши ўртага тушди: — Бей афанди ҳазратлари, рухсат берсалар, бир оғиз гапим бор эди, — деди. — Xоним, сизга битта холис ўгитим бор. Ё оллоҳ, нималар дейди-я! Мен сингари хонимлар муаллималикдан кўра ҳунарга ҳавасланишлари керак эмиш. Бей афанди айтганларидек, истидо билан гувоҳнома орасидаги фарқни ҳалигача билмаганим учун муаллималикни эплаб кетишим асосан шубҳали эмиш. Агар ҳаракат қилсам, масалан, тикувчи бўлиб бир кунимни кўриб кецам бўлар эмиш. Зинадан тушиб келаётганимда кўзларимга атроф қоп-қоронғи кўринди. Биров қўлимдан ушлади. Xаёлим шу қадар паришон эдики, додлаб юборишимга оз қолди. — Ишинг нима бўлди, қизим? Бу саволни яна бояги кўк кўзли хоним берган эди. Аламдан, умидсизликдан йиғлаб юбормаслик учун тишларимни қисиб туриб воқеани сўзлаб бердим. У ширингина кулимсираб: — Танишинг борми-йўқлигини шу важдан сўраган эдим, қизим, — деди. — Майли, хафа бўлма. Бошқа чора топилиб қолар. Юр, сени таниш бўлим мудирларидан бирининг олдига олиб борай, барака топсин, ёмон одаммас. Яна зинадан юқорига чиқдик. Қари муаллим бу сафар мени каттакон канцеляриядан хира ойна билан ажратиб қўйилган кичкина ҳужрага олиб кирди. Бугун чиндан ҳам омадим келишмаётган эди. Чунки у ерда ҳам умид бағишлайдиган манзарага дуч келмадим. Соқолининг бир ёғи қора, иккинчи ёғи оппоқ бир афанди жиғибийрони чиқиб, оғзидан ўт пуркар, рўпарасида менинг бир озгина аввалги ҳолимга тушиб дир-дир тираб турган бир кекса ходимни уриб юборадигандай ҳаракат қиларди. Олдида турган бир чашка қаҳвани ювинди сувни тўкаётгандай деразадан кўчага сочиб юборди, кейин ходимини эшикдан итни тепиб чиқаргандай чиқариб юборди. Янги танишимни секингина этагидан тортдим. — Вой ўлай, тезроқ қочайлик бу ердан, — дедим. Лекин қочишга улгурмадик. Мудир бизни кўриб қолди. — Келинг, Наима хўжоним[3], — деди. Жаҳлдор одамнинг шунча тез жаҳлидан тушишини умрим бино бўлиб энди кўришим эди. Қандай ғалати феъллари бор бу амалдорларнинг, ё тавба! Кўк кўз муаллима бир неча оғиз сўз билан аҳволимни англатди. Мудир ширин бир табассум билан менга: — Жуда соз, қизим, жуда соз. Кел, бу ёққа ўтир, кўрамиз, — деди. Бу қўйдай беозор одамнинг шу топдагина кўчага қаҳвасини сочган, қари ходимни тут дарахтини силкитаётгандай силкиб-силкиб ташқарига итариб чиқарган одам эканига ишонтириш учун мингта гувоҳ керак эди. — Юзингни оч, кўрайин-чи, қизим. Ў-ў-ў!.. Ҳали ёш бола экансан-у. Нечага кирдинг? — Яқинда йигирмага тўламан, афандим. — Ажойиб. Ҳарҳолда шундай. Лекин сен шаҳардан ташқарига кетолмайсан. Сен учун анча хавф бор. — Нима учун, афандим? — Нима учуни борми, қизим? Сабаби ошкор. Мудир ҳадеб кулар, қўли билан юзимни кўрсатиб Наима хўжонимга ишоратлар қилар, аммо очиқ-ошкор кўриниб турган сабабини негадир сўз билан айтмас эди. Ниҳоят, кўк кўз хонимга кўзини қисиб: — Мен бошқа ҳеч нарса деёлмайман. Ўзинг хотинлар тили билан яхшироқ тушунтирарсан, Наима хоним,— деди. Кейин соқолини икки ёнига айириб туриб, ўз-ўзига гапираётгандай илова қилди: — Аҳ, билсайдинг, вилоятларда қанча ярамас, ибни ярамаслар бор! Мен ҳам чин кўнглимдан ажабланиб: — Афандим, ибни ярамаслар деганингиз кимлар? Мен билмайман. Лекин сиз ҳам менга улар йўқ жойдан дарс берарсиз, — дедим. Мудир бу сафар қўлларини тиззаларининг кўзига уриб, яна ҳам қаттиқроқ кулди. — Э!.. Жуда содда экансан-ку! Мен одамларни бир кўрганимда ё яхши кўриб қоламан, ё ёмон. Кейин бу илк ҳиссимнинг ўзгарганини билмайман. Нима учундир, бу киши бирдан кўнглимга хуш келиб қолди. Бир томони оқ, иккинчи томони қоралигича турган соқоли шу қадар қизиқ эдики, юзини ўнг томонга ўгирганда бирдан ёш кишига ўхшар, чап томонга ўгирса у одам ғойиб бўларди-ю, ўрнида оқ соқолли қари киши кулимсирай бошларди. — Дорулмуаллимотдан[4] шу йил чиқдингизми, хоним қизим? — деб сўради у. — Йўқ, афандим, мен дорулмуаллимотдан чиққан эмасман. «Dames de Sion»[5] мактабини битирганман. — Қандай мактаб эди у? Мудирга узундан-узун изоҳот берганимдан кейин дипломимни узатдим. У французча билмайдиганга ўхшайди. Буни билдирмаслик учун қоғозни у ёғидан-бу ёғидан қарар, қўлида айлантириб кўрар эди. — Яхши. Аъло!.. Наима хоним: — Жоним, бей афанди, сиз яхшилик қилишни севасиз, шу қизни бўш қайтарманг, — деди такаллуфсиз қилиб. Мудир қошларини чимириб, соқолини титиб туриб ўйлар эди. — Жуда соз, жуда соз, — деди. — Аммо бизникилар бу мактабнинг дипломини қабул қилишармикан? Эсига бир нарса тушгандай, қўлини столга урди-ю: — Қизим, Истамбул рушдияларидан[6] бирида француз тили муаллималигини сўрасанг, қалай бўларкин? Бўлди, у ёғини ўзим ўргатиб қўяман. Тўғри Истамбул Маориф мудирлигига борасан. Мен дарров унинг сўзини бўлдим: — Истамбулда қола олмайман, иложи йўқ, афандим,— дедим. — Албатта, вилоятлардан бирига кетишим керак, мажбурман. У шошиб қолди. — Камол топ! — деди. — Ўз хоҳиши билан Анатолияга кетмоқчи бўлган муаллимани биринчи марта учратишим. Офарин, биз муаллималаримизни Истамбулдан чиқаргунча қаро терга тушиб кетамиз-у! Сен нима дейсан, Наима хўжоним? Мудир мендан гумонсирарди. Муғамбирлик билан мени текширар, оилам ҳақида саволлар берарди. Боёқишни тинчитгунча жоним бўғзимга келди. Мудир ўтирган еридан: «Шаҳоб афанди!» деб чақирди. Жавон билан канцелярия ўртасидаги эшикда кичкина, чуваккина бир йигит кўринди. — Менга қара, Шаҳоб афанди, бу хоним қизни олиб чиқ, Анатолияда муаллималик қилсам дейди, истидо ёзиб кел, ўзим кўраман. Энди ишим битгандай қувонар, мудирнинг бўйнига осилиб, соқолининг оқ томонидан ўпгим келарди. Шаҳоб афанди мени канцелярияда қоғозлар тиқилиб ётган бир стол ёнига ўтқазди, мудир тайинлаган илтимосномани ёзиш учун менга саволлар берар, жавобларимни бир парча қоғозга қайд қилиб борарди. Бу камбағал қиёфа, касал башара маъмурда қўрқоқ, ҳуркак бир ҳолат бор эди. Савол бергани юзимга қараганда ҳадеб киприклари пирилларди. Дераза ёнида турган ўрта ёшли иккита секретар бир-бири билан ҳадеб пичирлашар, ора-сира бизга ер остидан қараб қўйишарди. Бири: — Шаҳоб, сен бугун қаттиқ чарчадинг, бўтам. Қўй, шу истидони биз ёзиб бера қолайлик, — деди. Ҳали кўнглимда бир оз шодлик бор, тилим ҳам тинч турмайди. Ҳеч қандай муносабати бўлмаса ҳам: — Бу идорада ўртоқлар бир-бирларига мунча яхши ғамхўрлик қилишар экан! — дедим. Шаҳоб афанди қип-қизариб бошини эгди. Қайдам, бирон ноўрин нарса қилиб қўйдимми? Ҳарҳолда шунга ўхшайди. Чунки нарёқдагилар ҳам кулардилар. Нима дейишганини аниқ билолмадим, лекин биттасининг «Муаллима хоним анча пишиқ, қув» деганини уқиб қолдим. Бу сўзларнинг маъноси нима экан? У афандилар нима демоқчи эдилар? Истидонинг қора тексти бир неча марта мудир ёнига бориб-келди. Қизил сиёҳ билан чизилиб, ўчирилгандан сўнг тозага кўчирилди. Мудир: — Бор энди, қизим. Оллоҳ қўлласин. Мен қўлимдан келганича ёрдам қиламан, — деди. Ёнида бошқа одамлар бўлгани учун ортиқ бир нарса дейишга ботинмадим. Лекин бу қоғозни кимга юборишимни, нима дейишимни билмас эдим. Зора Наима хонимни тағин кўриб қолсам, деган умид билан теварагимга қараган эдим, кўзим Шаҳоб афандига тушди. Кичик котиб зинада бировни кутиб турган эди. Кўзларимиз тўқнаш келганда уялинқираб бошини эгди. Бир нарса дегиси келса ҳам юраги дов бермаётгани сезилиб турарди. Ёнидан ўтиб кетаётиб тўхтадим. — Бугун сизга кўп заҳмат етказдим, — дедим. — Энди буни қаерга олиб бориб беришимни ҳам лутфан айтиб беролмайсизми, афандим? У ҳануз кўзларини кўтармай турарди. Буюк бир марҳамат сўраб ёлвораётгандай юмшоқ, титроқ товуш билан: — Аризанинг орқасидан юриш қийин нарса, ҳамшира[7] хоним, — деди. — Рухсат берсангиз, истидоингиз билан каминангиз машғул бўлса. Сиз безовта бўлманг. Фақат ора-сира канцелярияга учраб турсангиз. — Қачон келай? — дедим. — Икки-уч кундан кейин. Ишнинг икки-уч кунга чўзилиши таъбимни хира қилган эди. Лекин келиб-кетиш роса бир ойга чўзилди. Бечора Шаҳоб афандининг ғайрати бўлмаса, балки яна ҳам чўзилармиди. Ундай-мундай дейишади-ю, лекин эркаклар орасида ҳам анча одамохунлар бор. Бу йигитчадан кўрган яхшилигимни ҳеч қачон унутмайман. Мени эшикдан кўрган соати чопиб келар, зина тепасида кутиб турарди. У қўлида қоғозларим билан хонадан хонага қатнаганини кўриб, уялганимдан ерга кириб кетар, қандай миннатдорчилик билдирсам, деб қийналар эдим. Бир куни кичик котиб бўйнини латта билан боғлаб олган эди. Бўғилиб йўталар, гапирганда нафаси қисиб қоларди. — Касалмисиз? Нега шу аҳволда идорага келдингиз? — деб сўрадим. — Бугун жавоб билиш учун келишингизни билардим, — деди. Беихтиёр кулдим. Бу сабаб бўла олармиди? Шаҳоб афанди бўғиқ товуши билан давом этди: — Табиий, бошқа ишлар ҳам бор. Биласиз, мактаблар янги очилган. — Менга берадиган яхши жавобингиз борми? — Билмадим. Қоғозларингиз Xалқ маорифи мудирида. Келсалар ўзлари билан гаплашаман, девди. Халқ маорифи мудири хўмрайган юзига яна ҳам даҳшат қўшиб турган қора кўзойнак тақиб олиб, олдида деваланиб ётган бир қучоқ қоғозни битта-битта имзолаб ерга отар, оқ мўйловли котиб худди намоз ўқиётгандай эгилиб-букилиб уларни йиғарди. Қўрқа-писа: — Афандим, мени учрасин деган экансиз, — дедим. Юзимга қарамасдан дағал товуш билан: — Сабр қил, хоним. Кўрмаяпсанми? — деди. Оқ мўйловли котиб кўз-қошлари билан кутиш имосини қилди. Айб иш қилиб қўйганимни тушуниб, бир неча қадам орқага чекиндим. Парда ёнида кутиб турдим. Мудир қоғозларни тугатгандан сўнг кўзойнагини олди-да, рўмолча билан шишаларини артиб туриб: — Истидоингиз рад қилинди, — деди. — Завжингизнинг хизмати ўттиз йилга етмапти. — Менинг истидоимми, афандим? Бунда бир хато бўлмасин, — дедим. — Сен Xайрия хоним эмасмисан? — Йўқ, мен Фаридаман, афандим. — Қайси Фарида? Ҳа, эсимга тушди. Кўп афсус, сизники ҳам шундай, Мактабингизнинг Маориф министрлигида инобати йўқ экан. Бу диплом билан сизни ишга тайинлаб бўлмайди. — Xўп, лекин менинг тақдирим нима бўлади? Бу маъносиз савол ихтиёрсиз лабларимдан учди. Мудир яна кўзойнагини тақди, кейин мен билан ҳазиллашаётгандай қилиб: — Энди у ёғини, ижозатингиз билан, ўзингиз биласиз, — деди. — Шунча ишлар устига сизнинг ҳам тақдирингизни ўйлайдиган бўлсак, ҳолимизга вой. Умримда заҳрини ҳеч маҳал унутмайдиган минутларимдан бири шу эди. Ҳайҳот, тақдирим нима бўлади?! Яхшими-ёмонми, йилларча заҳмат чекдим. Шу ёшимда энг узоқ ерларга отланган эдим. Шундай бўлгани ҳолда мени қувмоқдалар. Энди мен нима қиламан? Яна холамнинг уйига қайтганимдан кўра ўлганим яхши! Чиқмаган жондан бир умид, деб нариги мудирнинг олдига югурдим. Йиғлаб юбормаслик учун тишларимни қисиб туриб: — Бей афандим, менинг дипломим ярамас эмиш, нима қилай энди? — дедим. Шу сўзларни айтиб туриб ўзимни анчагина йўқотиб қўйибманми, боёқиш қаттиқ хафа бўлди. — Мен нима қилай, қизим? Бировга бировнинг жони ачимас экан, — деди. Шу шафқат юрагимга анча далда бўлди. — Бей афандим, мен албатта иш топишим керак. Ҳеч ким хоҳламаган, энг узоқдаги қишлоқ бўлса ҳам майли, жон-жон деб бораман, — дедим. Мудир туйқусдан эсига бир нарса тушгандай: — Тўхта, қизим, — деди. — Яна бир таваккал-да... Бурчакда, дераза ёнида новча, барваста бир бей газета ўқиб ўтирган эди. Юзи кўча томонга ўгириклик бўлгани учун энди оқара бошлаган сочлари билан соқолининг бир қисминигина кўриб турган эдим. Мудир шу кишига қараб: — Бей афандим, бир зумгина ижозат берадиларми?— деди. У ҳеч нима демасдан ўгирилди, оғир-оғир одимлар билан ёнимизга келди. Мудир қўли билан мени кўрсатиб: — Бей афандим, сиз савобни яхши кўрасиз. Бу қизча француз мактабини битириб чиққан экан. Аҳволидан, сўзларидан кибор оила боласи эканлиги билиниб турибди. Лекин, биласиз, шўру ғавғога учрамайдиган биргина оллоҳ. Ишламаса бўлмас экан. Энг узоқ қишлоққа бўлса ҳам бораман, дейди. Бизнинг каттаконларимизни ўзингиз биласиз-ку. Тавсифга нима ҳожат? «Бўлмайди!» дейишади-ю без бўлиб тураверишади. Сиз министр бей афандига бир-икки оғиз шипшиб қўйиш марҳаматида бўлсангиз олам гулистон-да, жоним бей афанди, — деди. Мудир бу сўзларни гапира туриб, унинг бемаврид меҳнат юки остида чўка бошлаган елкаларини силарди. Кийинишидан, ўзини тутишидан мен таниган одамларнинг ҳаммасидан бошқача эканлигини тушундим. Мудирга қулоқ солиб туриб астагина эгилди, яхшироқ эшитиш учун қўлини қулоғининг орқасига қўйди. Бир оз қонли, лекин юмшоқ, мунгли кўзларини менга ўгирди, бўғиқ бир товуш билан французча сўзлай бошлади. Қайси мактабдан чиққанимга, қандай ўқиганимга, нима қилмоқчи эканимга оид саволлар берди. Қайтарган жавобларимдан хурсанд бўлгани сезилиб турарди. Биз сўзлашиб турганимизда бўлим мудири нашъа қилиб куларди. — Французчани булбулдай сайрайди-я, ё оллоҳ! Турк қизи учун мақтовга сазовор бир фазилат, — деярди. Гулмисол халфа ҳар доим «Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ», деярди. Мана энди каттакон шоир эканлигини мен кейинча билиб олган ўша меҳрибон киши менга қараб турганда мен учун ҳам ойнинг ёруғ кунлари яқинлашиб келаётганини сеза бошладим. Бир ойдан бери аста-секин йўқота борган хушвақтлигимни яна топиб олдим. У киши менга шу дамгача ҳеч кимдан эшитмаган чиройли сўзларни сўйлагандан сўнг, мени министр кабинетига етаклаб кирди. У ўтиб борганда ходимлар ўринларидан турар, эшиклар эса гўё ўз-ўзидан очилиб кетарди. Ярим соатдан сўнг Б. вилоятидаги марказий рушдияда бўш бўлган география ва расм дарси муаллимлиги ўрнига тайинландим. Чолиқуши ўша оқшом Айюбга қайтаётганида суюнчидан учиб борарди. Бундан буён у ҳам ўз нонини ўзи топадиган инсон эди. Энди ҳеч ким унга номи марҳамат ва ҳимоят деб аталган шафқациз ҳақорат тошини ота олмайди. Уч кундан сўнг бутун расмият тугалиб, йўл харажатларини ҳам олдим. Бир куни саҳарлаб Гулмисол халфа мени кемага олиб чиқди. Шаҳоб афанди тонгда лиманга келиб, бизни кутиб турган экан. Бу йигитчанинг одамгарчилигини ўла-ўлгунимча унутмайман. Ҳамма ишимни бартараф қилибди, борадиган еримдаги мусофирхона адресигача ҳеч бир нарсани эсидан чиқармабди. Ҳозир ҳам боғлиқ бўйнига зарар қилиши аниқ бўлган лиман шамолига, нам ҳавосига қарамай, менга оқ йўл тилагани келди. Чамадонимни ва йўл ҳадяси қилиб келтирган кичкина қутичасини каютага ўз қўли билан жойлаштирди. Кейин неча қайта пастга тушиб чиқиб, каюта ходимларига бир нималар тайинлади. Кема лангардан бўшагунча палубанинг бир четида ўтирдик. Одам айрилиқ соатида тинмай гаплашиши, бор гапини айтиб олиши керак эмасми? Ҳолбуки, шу бир соат ичида Гулмисол халфа иккаламиз жуда борса ўн оғиз сўз айтгандирмиз. У хира кўк кўзлари билан денгизни томоша қилар, қўлларимни ўйнаб ўтирарди. Лекин кема лангардан бўшаётганда ортиқ чидаб туролмади: «Онангни ҳам шу ерда кемага ўтқазганман, Фарида. Аммо у сенга ўхшаш ёлғиз эмасди. Xудо хоҳласа, сени мана шундай яна қучоғимга оламан», — деди. Кейин ҳўнграб йиғлай бошлади. Шаҳоб афандининг ёнимизда эканига қарамай, мен ҳам ўзимни тутолмайдиган бир алфозда эдим. Лекин шу дам бирдан сурон кўтарилди: «Туш, хоним, ҳозир зина олинади!» — дейишди-ю, боёқиш халфамни елкаларидан ушлаб тортиша-тортиша зинадан тушириб юборишди. Кичик котиб ҳамон ёнимда турарди. Раҳмат айтиш учун қўлимни узатганимда, юзи сап-сарғайиб, кўзлари тўлиб турганини кўрдим. Биринчи марта юзимга дадил қараб, отимни сўрашга журъат этди. Кейин: — Фарида хоним, бутунлай кетяпсиз, шундайми?— деди. Айрилиқ дамларининг тегирмон тошидай устимгатушган оғирлигига қарамай, кулгидан ўзимни тутолмадим. — Яна қандай шубҳа бўлиши мумкин? — дедим. У ортиқ ҳеч нима демади, қўлини қўлимдан чиқариб, югурганича зинадан тушиб кетди. * * * Денгиз сафарини жуда яхши кўраман. Олти-етти ёшларда, кичкина болалигимда отамнинг аскарлари билан бирга қилган саёҳатимнинг гашти ҳали ҳам дилимда яшайди. Кема, ундаги одамлар, ҳатто Ҳусайн ҳам эсимдан чиққан-у, лекин катта денгиздан учиб ўтган бир қушнинг эсида нимаики қолиши мумкин бўлса, менда ҳам жуда борса ўшанчалик нарса қолган. Ҳар тарафи оқар чироқлар билан тўлган мовий бўшлиқда учиш гашти! Денгизнинг мендаги кенг оғуш таъсирига қарамай, палубада туролмадим; кеманинг тумшуқ томонидан айланиб ўтиб каютамга тушиб кетдим. Шаҳоб афанди келтирган қутича чамадонимнинг устида турган эди. Нималигини билгим қистаб очдим. Бир қути фондан.[8] Мен дунёда энг яхши кўрган нарса! Кичик котибнинг ҳадяларидан бирини олиб лабларимга келтирдим. Лекин шу дам бирданига кўзларимга ёш чиқди. Нега бундай йиғладим — билмайман! Ўзимни тутишга интилган сарим кўз ёшларим ортар, кўксимда бир нарса тиқилиб турарди. Сабабсиз изтиробим мана шу бечора конфетдан келаётгандай, уни беихтиёр жойига солдим-у, қутини каютамнинг кичкина деразасидан денгизга улоқтирдим. Ҳа, дунёда кўз ёшларидан ҳам бемаъни нарса бўлмайди. Буни тушунаман. Шундай бўлса ҳам, мана ҳозир, шу сатрларни ёзиб турганимда ҳам киприкларимдан ёшлар қуйилиб, олдимдаги дафтар варағини қабартирмоқда. Ё бу ташқарида шарпасиз ёғиб турган ёмғир таъсиримикан? Ҳозир Истамбул қалай экан? У ерда ҳам шундай ёмғир ёғяптимикан? Ёки Қўзётоғидаги боғ ҳозир ой ёғдусида пориллаб ёняптимикан? Комрон, ёлғиз сендангина эмас, сен бор ерлардан ҳам нафратланаман! * * * Бугун эрталаб уйғонганимда, неча кундан бери давом этган ёмғир тинган эди. Булутлар тарқалибди. Деразамнинг рўпарасидаги юксак тоғлар тепасида туманнинг нафис пардалари тортилибди. Кечаси ётаётиб деразани ёпиб қўйиш эсимдан чиққан экан. Енгил тонг шабадаси каравотим ёпиқларига, тўзғиган сочларимга тушиб турган қуёш нурларини сариқ иплар сингари ҳилпиллатар, гоҳо узиб ташлар эди. Мусофирхонанинг мана шу кичкина номерида беш кундан бери асабларим зиёдаси билан бузилди. Кечаси бирдан уйғониб кетдим, қарасам, бетларим қиров тушган япроқлар сингари ивибди. Болишим ҳам ҳўл. Демак, уйқуда йиғлаганман. Мана энди бир парча қуёш кўнглимга нур сочиб, умидимни яна жонлантираётир, менга мактаб ётоқхонасида кутиб олганим баҳор сабоҳларининг ҳафифлигини бахш этаётир. Бугунги кун менга хушхабар келтириши керак. Энди қўрқадиган жойим қолмаган эди. Суюниб, ўрнимдан сакраб турдим. Эски бичим умивалник олдида туриб ювина бошладим. Тоза булоқ сувига бошчаларини чўкириб олган қушлар сингари, мен ҳам сувни атрофимга, рўпарадаги ойнага сачратар эдим. Эшик секин тақиллади, кейин Ҳожи халфанинг: — Сабоҳи шарифлари хайрли бўлсин, отин қизим. Бугун яна эрта турибсан-да? — деган овози эшитилди. Шўх бир товуш билан: — Бонжур, Ҳожи халфа, — дедим. — Шунақа бўлди. Уйғонганимни қаердан билдингиз? Ҳожи халфа кулди. — Ҳайронман, қушга ўхшаш чирқиллаб турасан. Ҳақиқатан, қушга ўхшашлигим борлигига ўзимда ҳам ишонч пайдо бўла бошлаган эди. — Нонуштангни олиб келайми? — Бугун нонушта қилмай қўя қолсам бўлмайдими? Овоз бу сафар жаҳл қилди: — Йўқ, бўлмайди! Менга бунақа гапингни қўй. Кўчага чиқиш йўқ, кўнгил очиш йўқ, қамоқдаги одамдай хонага тиқилдинг-қолдинг. Энди овқат ҳам емайдиган бўлсанг, рўпарангдаги қўшнингга ўхшайсан-қоласан. Ҳожи халфа кейинги жумлани нариги номердаги қўшнига эшиттирмаслик учун оғзини қулф тешигига қўйиб, овозини пасайтириб айтди. Ҳожи халфа билан жуда ҳам дўстлашиб кетган эдик. Биринчи куни саҳарда уйғондим-у, дарҳол кийиниб, портфелимни қўлтиққа урдим-да, мусофирхона зинасидан пастга сакраб-сакраб туша бошладим. Ҳожи халфа яна ўша оқ фартугини тутиб олиб, кичиккина ҳовуз лабида наргила[9] тозалаётган экан. Мени кўриши билан қирқ йиллик дўстлардай: — Ана холос, Фарида хоним, нега мунча барвақт уйғондинг-а? Йўлдан чарчаб келган, ҳали тушгача ухлайди, деб ўйловдим, — деди. Мен кулиб: — Вой, тушгача ухлаб бўладими? Ишга келган муаллима тушгача қандай ётади? — дедим. Ҳожи халфа наргиласини бир ёққа қўйиб, қўлларини белига тиради. — Муни қара! Ўзи ёш бола, кўча чангитиб мактаб қатнайдиган зинғарча-ю, яна бу киши ўқитгани борармиш! — деб кула бошлади. Маориоф министрлигидан тайин қоғозимни олган минутимдан бошлаб шўхликларни йиғиштиришга мажбур эдим. Лекин Ҳожи халфанинг мени ёш бола ўрнида кўрганига чидаб туролмай, яна шўхлигим қўзиди, портфелимни тўпдай отиб, яна тутиб олдим. Бу ҳаракатим Ҳожи халфанинг кайфини чоғ қилди, чапак чалиб юборди. — Ёлғон айтмабманми! Мана, ҳали ҳам ёш боласан,— деди қаҳқаҳа уриб. Мусофирхона хизматкори билан шунчалик маймана бўлиш қанчалик тўғри экан, бунисини билмадим. Лекин мен ҳам унга қўшилиб кулдим, кейин у ёқ-бу ёқдан анча гаплашдик. Ҳожи халфа: «Нонушта қилмай мактабга кетмайсан», — деб оёғини тираб туриб олди. — У қароқчилар орасида кечга довур оч юриб бўладими ахир, ўйласанг-чи, хўжоним? Ҳозир сенга пишлоқ, сут опкелиб бераман. Иннайкейин, афандим, бугун биринчи кун, шунинг учун унча шошмасанг ҳам бўлади, — деб мени қўярда-қўймай ҳовуз лабига ўтқазди. Вақт эрта бўлгани учун мусофирхона ҳовлисида ҳали ҳеч ким йўқ эди. Ҳожи халфа рўпарадаги дўконлардан бирига қараб: — Мулла, бизнинг муаллимамизга Истамбул тешиккулчалари билан сут олиб кел, — деди-ю, кейин мен томонга ўгирилиб, уни мақтади: — Мулланинг сути сутжон-да! Сизларнинг Истамбулингиздаги сутни буникининг олдида чилим суви деявер. Ҳожи халфанинг ривоятига кўра Мулла сигирларини ёзин-қишин нок билан боқар, шунинг учун сутидан нок ҳиди келиб турар эмиш. Қари армани бу сирни айтиб туриб, менга секин кўзини қисиб қўйди, кейин: — Лекигин Мулланинг ўзидан ҳам андаккина нок ҳиди келиб туради, — деб ҳазиллашди. Мен ҳовуз бўйида нонушта қилиб тургунимча, Ҳожи халфа, бир ёқдан чилимни чаяр, иккинчи ёқдан шаҳарнинг битмас-туганмас ғийбатларини айтиб, мени кулдирарди. Ё худо, бу одам билмайдиган нима бор экан? У мактаб муаллималарининг хатти-ҳаракатларини, ҳатто улардан ҳар бирининг қандай, қанча кийими борлигини ҳам мукаммал биларди. Нонушта қилиб бўлиб ўрнимдан турган эдим: — Шошмай тур, ўзим бошлаб бораман. Мактаб-ку яқин-а, лекин йўли қурғур чатоқ, адашиб қоласан, — деди-да, оқсоқ оёғи билан олдимда ликонглаб бориб, мени марказий рушдиянинг яшил бўёқли ёғоч дарвозаси олдидан олиб чиқди. У бўлмаса, бу қинғир-қийшиқ кўчаларда адашиб қолишим турган гап экан. Ташқарисидан қанчалик хароб кўринмасин, бари- бир, кўнгил қўйиш нияти билан кирган мактабимда мени қандай фалокат қаршилаганини батафсил сўзлаб беришим керак. Қоровулхонада ҳеч ким йўқ эди. Боғдан ўтиб кетаётиб, қўлида эски чарм портфел билан чиқиб келаётган бир хотинга дуч келдим. Эгнида катак матодан қилинган чоршаф, бетидан маҳкам ёпилган икки қават парда бор эди. Мени кўриб тўхтади, синчиклаб қаради. — Нима ишингиз бор эди, хоним? — Мудира хонимни кўрмоқчиман. — Бирор ишингиз борми? Мудира менман. — Шундайми, афандим, — дедим. — Мен география ва расм дарсларига тайинланган янги муаллимангиз Фаридаман. Кеча Истамбулдан келдим. Катак чоршафли мудира юзини очди. Мени юқоридан пастгача кўзи билан сузиб чиқди, кейин тараддудланиб гапирди: — Бу ерда бирон хато бўлмасин тағин, қизим. Тўғри, бизда география ва расм муаллимасининг ўрни бўш эди. Лекин бир ҳафта бурун Гелибўли мактабидан битта муаллима юборишди. Мен ўзимни тамом йўқотиб қўйдим. — Бундай бўлишига ҳеч ақлим етмайди, афандим,— дедим. — Ахир мени Маориф министрлигидан юборишди-ку! Буйруқ портфелимда. Мудира тор, чўкик пешонасига чиқиб кетган қошларини кўтарди-да, юзимга ҳайрат билан қараб: — Вой худо, вой худо! Қани, беринг-чи, буйруғингизни бир кўрай, — деди. Боёқиш хотин қоғозни бир неча марта ўқиди, тарихига қаради, кейин бошини лиқиллатиб: — Бунақа хатолар бўлиб туради, — деди. — Билмасдан иккалангизни ҳам бир ўринга тайинлашибди. Вой, бечора Ҳурия хоним-ей! — Ҳурия хоним ким, афандим? — Гелибўлидан келган ҳалиги муаллима. Ўзи яхшигина жувон. У ернинг ҳавоси мижозига тўғри келмай, шу ёққа келган. Оббо, бечоранинг бошида кўргилик бор экан-да. — Фақат у эмас, мен ҳам ёмон аҳволдаман, афандим, — дедим. — Ҳа, буниси ҳам тўғри. Масала бир ёқлик бўлгунча у бечорани дилгир қилмай турайлик. Мен ҳозир бир иш билан маориф бўлимига кетяпман. Юринг, бирга бора қолайлик. Зора бирон йўлини топсак. Маориф бўлимининг мудири иш билан келган одамларга ухлаб қолгандай кўзларини юмиб ўтириб муомала қиладиган, сўзларини уйқусираётгандай бўлиб-кесиб гапирадиган, тепса-тебранмас, оғир табиатли киши экан. У бизнинг гапимизни юраги сиқилиб ўтириб эшитгандан сўнг салмоқланиб гапирди: — Мен нима қилай? Ўзлари шундай қилишганки, шундай бўлган-да, Истамбулга ёзайлик-чи, кўрамиз, қандай жавоб келар экан. Гапга баланд бўйли бир киши аралашди. Мен буни калта нимчаси остидан чиқиб турган қизил белбоғига қараб аравакаш бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Кейин билсам, бўлим котиби экан. — Тарихига қаралса, бу хоним тўғрисида берилган буйруқ янги, — деди котиб, — шунинг учун бу кишини мақбул бўлган, ҳақли деб ҳисоблаш керак. Мудир мудраб ўтириб хаёл сураётгандай ўйланиб қолди, кейин: — Йўқ, гарчи бу тўғри бўлса ҳам, лекин унисини ишдан четлатиш тўғрисида буйруқ йўқ. Министрликдан сўраб аниқлайлик. Саккиз-ўн кун ичида жавоб оламиз. Сиз ҳам, мудира хоним, унгача сабр қилиб турасиз, — деди. Катак чоршафли мудира орқасидан яна ўша қинғир-қийшиқ кўчалар билан мактабга судралиб келдим. Кошки эди, тўғри мусофирхонага кета қолган бўлсам! Ҳурия хоним қирқ беш ёшларда, қорача, паст бўй, тажанг хотин экан. Воқеадан хабардор бўлар-бўлмас юзи баттар қорайди, кўзлари олайди, ингичка бўйнининг икки томонидаги томирлари бўртиб чиқди. Кейин болалар байрамида шишириб чийиллатадиган пуфак сингари овоз чиқариб фарёд кўтарди: — Э худо, бу нима деган гап, дўстлар! Бу қандай шўрлик! Ҳурия хоним ерга йиқилиб, ҳушидан кетди. Муаллимлар хонасида тўполон кўтарилди. Кўзойнак тақиб олган бир қари муаллима эшикка тўпланган ўқувчиларни ҳайдар, уларни зўрға тўсиб турарди. Ўқитувчилар Ҳурия хўжонимни диванга ётқизишди, юзига сув сепишди, нашатир ҳидлатиб, кўйлагининг ёқаларини ечишди, бурга талаган кўкрагини ишқашди. Мен бутунлай ўзимни йўқотиб қўйдим, қўлимда портфел, нима қилишимни билмай бурчакда жим турдим. Ҳали эшикдаги ўқувчиларни қувиб чиқарган муаллима кўзойнаги устидан менга хўмрайиб қаради. — Қизим, одамгарчилигингга ҳайрон бўлиб қолдим! Бунинг устига яна кулиб ўтирибсан, — деди. Таъна қилишга ҳаққи бор эди. Афсуски, ўзимни тутолмай кулимсираётган эдим. Ҳурия хонимдан эмас, ўзимни йўқотиб қўйганимдан кулаётганимни у боёқиш қаердан билсин? Лекин кулган бир менгина эмас эдим. Узун бўйли, тим қора кўзли бир ёш жувон ҳам пиқиллаб кулаётган эди. У ёнимга келиб, қулоғимга шивирлади: — Билмаганлар: бу хотиннинг эри устига хотин олипти, уйига кундош олиб келипти, деб ўйлайди. Ўлай агар, шайтонлагани йўқ, аламидан қиляпти. Ҳурия хоним кўзларини очди; бурнидан, бетларидан сув оқар эди. Қорнида бомба портлагандай гуриллатиб кекирар, бошини ликиллатиб чинқирарди: — Вой дўстларим, менга нима бўлди? Шунча ёшга кирганимда ҳали бошимда шу савдолар ҳам бор эканми?! «Булбулнинг шўри — тилидан» дейишади, тўғри гап. Мен яна бир эҳтиёцизлик қилдим. Қайси гўрдан ҳам ҳол сўраб қолдим! — Бир оз яхши бўлдингиз шекиллик? Xудога шукур, — дебман. Ажаб бўлди, ўзимга ўзим қилдим. Ҳурия хоним бирам шанқиб бердики, буни сўз билан айтиб беролмайман. Вой шўрим, нималар демади-я! Жонига қасд қилишга қилиб қўйиб, кейин ҳол сўраганмишман. Дунёда бундан ортиқ юзсизлик, ҳаёсизлик, тарбиясизлик бўлмасмиш! Бир бурчакка тиқилиб, уялганимдан кўзларимни юмиб олдим. Муаллималар Ҳурия хонимни ҳеч тинчита олишмас эди. Овозини пардама-парда кўтариб борар, шундай сўзлар айтардики, марказий рушдияда эмас, кўчада ҳам бундай сўзлар оғизга олинмасди. Қандай нарса эканлигим юзимдан кўриниб турган эмиш. Унинг оғзидаги ошини олиш учун ким билади, министрликда неча кишига... Бурчакда турибман, кўз олдимни қоронғилик босар, вужудим музлаб борар, тишларим такирларди. Энг даҳшатлиси шу эдики, бошқа муаллималар ҳам унинг гапини маъқуллашаётгандай бир авзода эдилар. Бирданига аллаким ўртадаги столга бир мушт туширди. Стаканлар билан графинлар жиринглаб кетди. Мушт туширган киши ҳалигина мен билан бирга кулишган тим қора кўзли ёш жувон эди. У ҳозир қоплонга айланган эди. Кўтарилган сари жаҳлга айланиб борган бир товуш билан қичқирди: — Мудира хоним, бу қанақа мудиралик? Бу хотиннинг бошқа бир муаллима номусига тил тегизишига нима учун йўл қўясиз? Биз ахир қаердамиз? Агар яна бир оғиз сўз айтишига йўл қўйсангиз, уни эмас, сизни судга тортаман. Бу хотин ўзининг қаердалигини эсидан чиқариб қўйяпти! Қора кўз муаллима бу гал ҳам ер тепиниб, нариги хўжонимларга ҳужум қила кетди. — Офарин, сизларга, дугоналар! Жуда хурсанд қилдинглар! Мактаб ичида ўз касбдошимизнинг ҳақорат қилинишига шундай хотиржам қараб турсанглар-а!.. Орага бир зумда жимлик чўкди. Ҳурия хоним ёлғиз қолаётганини билиб яна йиғлашга, жазава бошлашга тутинди. Яхшиямки, бирдан дарсга қўнғироқ чалиниб қолди. Муаллималар дафтарларини, китобларини, тикиш-бичиш саватларини кўтариб тарқала бошладилар. Мудира хоним: — Сизни кабинетимда кутаман, қизим, — деди-ю, у ҳам чиқиб кетди. Бир оздан сўнг боя мени ҳимоя қилган ёш жувон иккаламиз қолдик. Унга миннатдорчилик билдириш ниятида: — Қаранг, мени деб сиз ҳам анча овора бўлдингиз,— дедим. У «аҳамияти йўқ» демоқчи бўлгандай елкаларини учириб кулди. — Жўрттага шундай қилдим. Бундайларнинг ана шунақа таъзирини бериб қўймаса бўлмайди. Одамнинг бошига чиқиб олишади. Ундан кейин шўрингиз қурийди. Дарсдан кейин кўришармиз, а? Мудиранинг кабинетига боришга бордим-у, лекин эшикни очиб киришга юрагим бетламади. Яна шу ҳақда гап очилишини ўйлаб кўнглим беҳузур бўлди. Оёқ-қўлим бўшашди, портфелим оғирлашди, ҳеч кимга кўринмай мактабдан чиқиб мусофирхонага қайтдим. * * * Ҳожи халфа мени кўрар-кўрмас қўлларини силкиб ёзди, куюниб гапира кетди. — Вой хўжоним, сен бечоранинг бошингга нималар солишмабди-я! Тавба, бутун воқеадан хабардор экан. Дарров қаердан ҳам билиб олганига ҳайронман. — Ҳазир бўл, қизим, кўзингни катта оч энди. Истамбулга ёзамиз, деб сени яна лақиллатиб юришмасин. Маориф министрлигида танишинг бўлса дарров хат ёзайлик, — деди. Мени министрга тавсия қилган кекса шоирдан бўлак танишим йўқлигини айтдим. Ҳожи халфа унинг отини эшитиб, ёш боладай суюниб кетди. — Вой, у менинг валиулнеъматим-ку![10] — деб юборди. — У бир вақтлар бу ерда идодия[11] мудири эди. Фариштанинг ўзи у, болам! Ёз, қизим, дарров ёз! Менга ҳурматинг бўлса, мендан ҳам дуо айт. «Қулингиз Ҳожи халфа муборак қўлингизни кўзларига суртади», дегин. * * * Бечора Ҳожи халфа оқсоқ оёғини судраб тез-тез тепага чиқар, «прокурорбей қўрқмасин, маориф бўлимининг мудирини қаттиқ сиқиштирсин, ҳаққи бор», деяр, ё бўлмаса: «Баладия инженери эртага Истамбулга кетаётипти. Маориф министрлигига учрайман деб ваъда қилди», деган гапларини топиб келарди. Бу қандай таажжуб ўлка! Бошимга тушган савдони бир соат ичида ҳамма билиб олипти. Мусофирхона қаҳвахонасида, ҳамманинг оғзида шу гап! — Ҳожи халфа, бу қандай гап, бу ерда ҳамма бир-бирини билар экан! — дедим. Чол энсасини қашиб туриб: — Э, бу ер кичкина ҳовучдай жой қизим, — деди.— Бу ер қаерда-ю, тошидан, тупроғидан ўргилай Истамбул қаерда! Бундай гап у ерда бўлсами, ҳеч ким билмайди, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича кетаверади. Бу ернинг ғийбати кўп. Сен буни билиб қўйишинг керак. Мендан сенга бир насиҳат ақлли-ҳушли бўл, одобли бўл. Дўконларда, бозорларда юзингни очиб юрма. Ҳа-да! (Вой худо, бу «ҳа-да» сўзини шунақа ҳам ғалати қилиб айтардики!) Xудо насиб буюрса, сенинг ҳам омадинг келар. Бу ерда бир муаллима бор эди. Орифа хўжоним. Суд раиси ўшанга уйланди. Мана энди егани олдида, емагани ортида. Сенга ҳам худо шундай бахт берсин. Нима, сен уни чиройли хотиндир дейсанми? Чирой йўл бўлсин! Фақат иффатли, оғир-вазмин хотин эди. Ҳозир дунёда одам учун номусдан қимматли нарса йўқ! Ҳожи халфанинг менга ишончи, ҳусни таважжуҳи кун сайин ортиб борди. Ҳар куни уйидан майда-чуйда нарсалар: чойнак ўраб қўйиладиган тўр ёпиқ, каштали сочиқ, ёғочдан қилинган суратли елпиғич ва шуларга ўхшаган буюмлар келтириб, уйимни безар эди. Гоҳи маҳаллар гаплашиб ўтирганимизда, пастдан хирқи товуш эшитилади: — Ҳожи халфа, яна қайси жаҳаннамга гумдон бўлдинг? Бу Ҳожи халфанинг хўжайини, мусофирхона эгаси эди. Шундай пайтларда бу қари чол худди ашула айтаётгандай паст, мулойим, мақомли товуш билан: — Ҳа, овозинг ўчкур, ҳа! Ҳожи халфанинг бошига битган бало бўлдинг сен, ҳа! — дейди, кейин овозини кўтариб жавоб қилади: — Ҳозир, ҳозир!.. Озроқ юмуш бор эди. * * * Мусофирхонада Ҳожи халфадан бўлак яна битта дўстим ҳам бор эди. У ўттиз беш-қирқ ёшларга етиб қолган бир муштипар хотин. Монастир деган жойдан келган. У билан қандай дўстлашиб қолганимизни ҳозир айтиб бераман. Мусофирхонага келган куним кеч-қурун номеримда нарсаларимни жойлаштираётган эдим. Бирдан эшик секин ғитиллади. Қайрилиб қарадим: эшикдан сариқ чит кўйлакли, яшил рўмолли бир хотин кириб келяпти. У ичкарига кириб сўрашди: — Яхшимисиз? Xуш келибсиз, хоним қизим. Упа-елик чаплаб ташланган озғин юзи шувоғи кўчган ерларига оҳак суртиб қўйилган вайрона деворни эслатади; сурмали қошлари, тишқори суртилган қора тишлари башарасини мурданикига ўхшатади. Мен хиёл саросималаниб: — Xуш келибсиз, афандим, — дедим. — Волидалари қаерда? — Қанақа волида, хоним афанди? — Муаллима... Сиз муаллиманинг қизи эмасмисиз? Мен ўзимни тутолмай кулиб юбордим. — Мен муаллиманинг қизи эмас, ўзиман, афандим! У, ерга чўккаламоқчи бўлаётгандек, қўлларини тиззаларига урди. — Вой! Муаллима ҳали сизмисиз? Умрим бино бўлиб сиздақа муштумдай муаллимани ҳеч кўрмаган эдим. Мен сизни ёши анчага бориб қолган оғир-вазмин муаллимадирсиз, деб ўйлабман. — Ҳозир шунақаси ҳам учраб қолади, афандим, — дедим. — Ҳа, учрайди... Ҳа, учрайди... Бу дунёда нималар бўлмайди! Биз ҳам шу ерда, рўпарангиздаги номерда турамиз. Болаларни ухлатиб, сиз билан сўрашиб чиқай деб кирувдим... Xудо кам қилмасин, кундузлари болаларнинг ғовғасидан қўлим бўшамайди. Лекин кеч кириб, болалар ухлади дегунча, юрагим бирам сиқиладики, асти сўраманг. Ёлғизлик фақат худонинг ўзигагина ярашади, шундай эмасми, сингилжон? Ўйлайсан-ўйлайсан, ўйингнинг тагига етолмай чекасан, яна чекасан. Кечалари ана шундай тонг оттираман. Xудо етказди сизни, айланай синглим. Мундоғ ўтириб ҳасратлашсак, кўнглимиз енгил тортар. У бечора аввал мени «хоним қизим» деб гап бошлади-ю, кейин, менинг муаллималигимни билгандан сўнг, бу сўзини ўзгартириб, «синглим» дея бошлади. Мен унга стулни кўрсатиб: — Марҳамат, ўтиринг, — дедим, ўзим эсам каравотнинг четига ўтириб, оёқларимни ўйната бошладим. Монастирдан келган хотин: — Мен стулда ўтиролмайман, синглим, — деди. Ке- йин ғалати бир алфозда ерга, оёқларимнинг таккинасига ўтириб, тиззаларини чўнқайтирди-да, кўйлагининг чўнтагидан тунука тамакидонини олиб, иккита йўғон-йўғон цигарка ўради. Шулардан биттасини менга инъом қилди. — Раҳмат, мен чекмайман, афандим, — дедим. — Мен ҳам бурун чекмасдим, — деди у хотин. — Лекин ғаму ҳасрат қўймади. Қўшним ҳақиқатан ҳам бахциз эди. Сўзларига қараганда, Монастирда туппа-тузук одамнинг қизи экан. Боғлари, узумзорлари, ҳўкиз-сигирлари бор экан. Отасининг ҳовлисида ҳамиша тўрт-бешта камбағал кун кўриб келаркан. Монастирнинг обрўли бейларидан кўпгинаси унга оғиз солишган бўлса ҳам, бу жоҳиллик қилибми: «Йўқ, қилич таққан офицердан бошқасини хоҳламайман», деб туриб олибди. Кошкийди ўшанда онаси роса калтаклаб, бейлардан биронтасига бериб юборган бўлса эмиш. Лекин у бечора хотин ҳам бошига қандай савдолар тушишини қаердан билибди! Келиб-келиб биттаю битта қизини белидаги қиличидан бўлак молу мулки йўқ бир лейтенантга берибди. Ҳурриятгача[12] бир нав туришибди. Кейин 31 мартда эри ҳаракатдаги қўшин билан Истамбулга кетибди. Шу кетганча ҳеч дараги бўлмабди. На бирон марта келибди ва на икки энлик хат ёзиб юборибди. Охири, кунларнинг бирида, Истамбулдан келган бир дугонасидан эрининг Б... да эканлигини ва ўша ерда бошқа бир хотинга уйланганини эшитибди. Начора, шундай ҳам бўлади: шариатимиз тўрттагача хотин олишга рухсат беради! Боёқиш қўшним бир оз йиғлаб-сиқтагандан сўнг уч боласини олиб, шу ерга етиб келибди. Келишга келибди-ку, лекин эрига манзур бўлмабди. Бир маҳаллар ялина-ёлвора зўрға олган катта хотининигина эмас, ҳатто жигарпора болаларини ҳам кўргиси келмай, уларни тез Монастирга қайтларинг, деб қистаётган эмиш. «Шунча йиллик эримсиз, менга жабр қилманг!» деб оёқларига ўзини ташласа ҳам, итдай суйканиб ялинса ҳам золим эри олиб қолишга кўнмаётган эмиш. Бу узун ҳикояни эшитиб, чидаб туролмадим: — Вой айланай, хоним, сизни ёмон кўрган одам олдида нега ўзингизни шунча хор қиласиз? У сизни урса, сиз ҳам уринг, аламдан чиқасиз, — дедим. Монастирлик хотин менинг жоҳиллигимга ачинаётгандай кулимсираб туриб: — Айланай синглим, ахир у кўз очиб кўрганим-а! Шунча йил бир ёстиққа бош қўйиб келдик. Эрдан айрилиш осонми, айланай! — деди-да, титроқ товуш билан бир байт ўқиди: «Онадан кечилар, ёрдам кечилмас». Менинг жаҳлим чиқиб кетди. — Сени алдаган эркакни қандай қилиб севиб бўлади! Мен бунга ҳеч тушуна олмайман, — дедим. У қора тишларини кўрсатиб аччиққина кулди. — Ҳали жуда ҳам ёшсиз, синглим. Ишқ ўтида ёнмагансиз-да, билмайсиз. Xудо бошингизга солмасин, — деди. — Мен бир қизни биламан: тўйига икки кун қолганда, унашиб қўйилган кишиси бошқа бир хотин билан юриб алдаганини билиб қолган-у, унашилганда таққан узугини ўша ҳаёсизнинг юзига отиб уриб, бегона юртларга бошини олиб кетиб қолган. — Кейин пушаймон бўлгандир у қиз, синглим, бечора? Соғиниб-сарғайиб, юраклари қон бўлгандир. Урушда ўқ еганларни ҳеч эшитмаганмисиз, синглим? Баъзилари ўқ еганларини билмай қолишади, яна уч-тўрт қадам илгари ҳам босишади. Яра янгилигида оғримайди, сингилжон. Бир оз совисин, иннайкейин кўрасан. Боёқиш қиз хўп куйиб-ёнади, қийналади. Бирданига каравотдан сакраб тушдим, жиннилардай уйда у ёқ-бу ёқ юра бошладим. Ёмғир деразаларни қамчилар, кўчадан итнинг хириллаб ҳургани эшитиларди. Монастирдан келган хотин ичидан хўрсиниб олиб, сўзини давом қилди: — Ғурбат элдаман. Қанотларим синиқ. Қўлимда куч-қувват, танимда мадор йўқ. Монастирда бўлганимда ҳаш-паш дегунча эримни бу манжалақининг қўлидан тортиб олардим, а! Ҳайронликдан кўзларимни катта очиб: — Қандай қилардингиз? — дедим. — Кундошим бу ерда эримни сеҳрлаб, бошини боғлаб қўйган. Бечоранинг тилини, оғзини боғлаб қўйган. Лекин Монастир жодугарлари бу ерникидан кучли, амали зўр. Кўп эмас, уч мажидия[13] берсам бас, эримни ўша алвастининг қўлидан қутқазиб, ўзимга қайтариб беришарди. Ана шундан кейин қўшним румелилик[14] жодугарлар тўғрисида узундан-узоқ изоҳлар бера бошлади: — Бизда Ориф Xўжа деган бир албан бор. Шу киши дуо ўқиб, тўнғизнинг қулоғини дурбинга айлантириб юборган. Ҳар қандай хотин ана шу дурбинни кўзига тутиб эрига бир қараса бўлди: эри ҳар қанча бузуқ бўлса ҳам дарров тузук бўлиб қолади. Нимага десанг, бошқа хотинлар унга тўнғиздай кўриниб қолар экан. Иннайке-йин, Ориф Xўжа гоҳи маҳаллар совундан жиндек кесиб олар экану, игна санчиб, дуо ўқигандан сўнг ерга кўмиб қўяр экан. Совун тупроқда эриган сайин одамнинг душмани ҳам турган ерида эриб, игнадай ингичка бўлиб қолар экан. Боёқиш хотин жодугарлар ҳақида шу хил ҳикоялар қилиб ўтириб, тунука тамакидонини қўлдан туширмас, устма-уст цигаркалар ўраб чекар эди. Нақадар бемаъни, аянч сўзлар! Айниқса, совигандан сўнг оғрий бошлайдиган яра ҳақидаги гаплари! Ажабо, шундай бўлиши мумкинми? Мен у золимни ҳеч соғиниб, сарғайяпманми? Уни ҳеч ўйлаяпманми? Монастирлик қўшним юзига чаплаб ташланган бўёқлари, сатил сопларига ўшаган қошлари, чўкик кўзлари атрофида қўрқинчли бир ҳалқа ташкил этган сурмалари олдин менда жирканч ҳисси уйғотган эди. Лекин булар эрини қайтариб келтириш учун қилинган ҳийла, восита эканини сезганимдан кейин юрагим ачишиб кетди. Бечора хотин ҳамон: — Эргинамнинг кўзига иссиқ кўриниш учун, ҳатто болаларим ризқини кесиб элик, хина, сурма сотиб олсам, келинчакдай ясаниб-тусансам ҳам бўлмаяпти. Ҳали айтдим-у, жоду қилиб қўйишган, — дерди. Ўша кундан бери эшигим ғитиллаб очилди дегунча, кириб келаётган қўшним эканини қайрилиб қарамасданоқ билиб тураман, киради-ю: — Бўшмисан, сингилжон? Пича ўтирай, майлими?— дейди. Ёлғизлик шунчалар жонимга тегдики, унинг овозини эшицам, суюниб кетадиган бўлиб қолдим. Қаламимни улоқтираман-да, толиққан бармоқларимни бир неча бор очиб-юмаман, кейин қўшнимнинг менга аллақачон ёд бўлиб қолган бадбахт ишқи ҳикоясини завқ билан эшитишга тайёрланаман. * * * Деразамдан баланд қир кўриниб туради; дастлабки кунлар унинг манзараси баҳримни очар эди. Энди бу ҳам меъдамга тега бошлади. Агар одам бу туманли ёнбағирлар шабадасида сочларини тўзғитиб юрмаса, этакларини шамол учирмаса, тик қояларда улоқдай сакраб яйрамаса, унинг нима кераги бор? Оҳ, уйдан бошимни олиб чиқиб кетиб, далаларда соатларча кезган, боғ теварагидан панжарага калтак уриб, дарахт шохларига тош отиб қушларни чўчитган кунларим қани, қаерда? Ҳолбуки, Анатолияга келишимдан мақсад ҳам шу эди! Қизалоқлигимдан бери расм чизишни жуда яхши кўраман. Мактабда ҳамиша тўла баҳо олиб келган дарсим шу эди. Чорбоғда топ-тоза уй деворларига, мактабдаги ҳайкалларнинг мармар супаларига оддий ё рангли қаламлар билан чизган расмларим учун қанчалар озор кўрган, жазолар тортган эдим. Истамбулдан жўнаётганимда чамадонимга бирталай расм қоғози билан рангли қаламлар солиб олган эдим. Мусофирхонадаги ёлғизлик кунларимда ёзув-чизувдан сиқилсам расм солардим, бу менинг учун яхшигина тасалли бўларди. Ҳатто Ҳожи халфанинг битта қора қалам, яна битта сув бўёқли иккита расмини солишга ҳаракат қилиб кўрдим. Бу суратларнинг қанчалик ўхшаганини билмайман. Лекин у ўзини бурнининг қўйилишидан, кўзларининг тузилишидан бўлмаганда ҳам, ҳарҳолда тақир бошидан, шопдай мўйловларидан ва оқ фартугидан таниб, усталигимга қойил қолди. Боёқиш эринмасдан бозор айланиб, суратига ром қилдириш учун қизига арзон атлас, бахмал, ипак, рангли мунчоқлар сотиб олиб берарди. Ахийри, қаттиқ зерикаётганимни кўриб, Ҳожи халфа мени уйига таклиф қиладиган бўлди. У хотинининг эпчиллиги, рўзғорини тежам билан тутганлиги сабабли қутидай чиройли уй солиб, бўш вақтларида болаларининг ёрдами билан кўк бўёққа бўятиб олибди. Уйи бир жарлик ёқасида эди. Жар шу қадар чуқурки, ҳовлининг чирмов қоплаб ётган ёғоч панжарасига қўлингизни қўйиб пастга қарасангиз, бошингиз айланиб кетади. Мен ана шу боғда Ҳожи халфанинг оиласи билан қанчалик бахтли соатлар кечирдим! Неврик хоним саматиялик[15] экан. Эри сингари, у ҳам содда, меҳрибон, оқкўнгил хотин экан. Мени кўриш билан: «Истамбул ҳидини олиб келдинг, кичкина хоним!» деб ўзини бўйнимга отди. Истамбул тилга олинганда ҳамиша кўзларига ёш чиқар, забардаст кўкси ҳасрат оҳидан темирчи босқонидай шишиб тушар эди. Ҳожи халфанинг ўн иккига кирган Мират номли бир ўғли билан Ҳойғонуш деган ўн тўрт ёшли бир қизи бор эди. Ҳойғонуш, ҳаммаёғига сув чечаги тошиб кетганга ўхшаш порсиллоқлар билан тўлиқ бетлари лавлаги сингари қип-қизил, қошлари қалин, уятчан, бесўнақайгина қиз. Мират эса бўлиқ, этдор опасининг тескариси, у балиқ қоқисидай қуруқ, рангсиз, кичкина бола. Ҳожи халфа саводсиз, авом одам бўлса ҳам, илмнинг қадру қийматига етар, уни ҳурмат қиларди. Инсон ҳамма нарсани билиши керак, сирасини айтганда, киссавурлик ҳам бир кун эмас, бир кун асқатиб қолади, дейди. Мират икки йил армани мактабида ўқибди, мана энди икки йилдан бери усмонли мактабида ўқиётган эмиш. Ҳожи халфанинг программасига биноан, бу бола ҳар икки йилда мактабини ўзгартириб туриши, натижада, йигирма ёшида француз, немис, инглиз ва италян тилларини муккаммал билган одам бўлиб етилиши керак эмиш. Албатта, бу нимжон бола унгача шунча илмлар юки остида эзилиб ўлиб кетмаса! Ҳожи халфа бир кун ўғли тўғрисида гапириб туриб мендан: — Ўғлимнинг оти Мират эканлигига диққат қилдингми? — деб сўради. — Жуда доно исм. Буни топгунча роса бир ҳафта калламни кавлаштирдим. Икки тилга ҳам тўғри кела беради: арманчасига Мират, туркчасига Мурод. Кейин ниҳоятда доно бир гап айтмоқчи эканлигини ишорат қилиб бир кўзини қисди-да, қўшиб қўйди: — Мират ярамас бир қилиб қилиб, жаҳлимни чиқаргудай бўлса, мен унга сен Мират ҳам эмассан, Мурод ҳам, бор-йўғи мерецан[16], дейман. Бир куни уларникида эдим. Нима ҳам бўлди-ю, қора арманининг жаҳли чиқиб кетди. Жуда ҳам кулгили бўлди-да! Боланинг гуноҳи онаси пиширган овқатни ёқтирмагани бўлди. — Мана бу муттаҳамга қаранг! Муштумдек бўйи бор, трули-туман феъл-хуйи бор. Тиланчига бодринг беришса ёқмабди: қийшиқ экан, деб кўчага отиб юборибди. Эшак компотнинг нималигини қаердан билсин? Насиҳатларимни қулоғингга қуйиб ол. Йўқса, ўгит-насиҳатларга бўйсунмаганларнинг бошида таёқ синади. Сен ўзинг кимсанки, худонинг нон-насибасини ёқтирмайсан! Сен сени бил, сен сени, Сен сени бил, сен сени. Сен сени би-мас эсанг, Мажақлашар энсангни! Ҳойғонушга келсак, қиз бўлишига қарамай, унинг ўқишига ҳам Миратникидан кам аҳамият берилмасди. Ҳойғонуш армани-католик мактабида ўқирди. Ҳожи халфа бир куни қўшниларидан ҳилвираб қолган бир чолу қора шалвар кийган бир хотин олдида қизини синаб кўришимни илтимос қилди. Дунёда бундан ҳам кулгилироқ нарса бўлмас. Ҳожи халфа қизчасининг китобларини, дафтарларини зўрлик билан тиззасига қўйиб: — Қани, кўрайлик-чи, Ҳойғонуш, хўжоним олдида юзимни қора қилсанг, едирган ноним, ичирган намагимни бурнингдан чиқариб оламан, — деди. Қиздан бир-икки кўпайтириш ва бўлиш масалаларидан сўраб бўлгач, «Пайғамбарлар тарихи» деб аталган бир расмли китобни очдим. Кўзим Исо ва чўқинтиришга доир парчага тушди. Бечора қиз чўқинтириш тўғрисида гапириб туриб, анча бемаъни нарсалар сўзлади. Мактабда қулоғимга яхшигина қуйилиб қолгани учун қизнинг хатосини тузатиб, чўқинтиришга доир баъзи содда маълумотлар бердим. Ҳожи халфа сўзларимни эшитиб кўзлари олайди, бошида сочи бўлмагани учун қошларининг туки диккайди. Xристиан дини ҳақидаги билимим унга мўъжизадай туюлди. «Бу қандай иш-а! Бир мусулмон қизи менинг динимни попларимиздан ҳам яхшироқ билса-я! Мен сени шунчаки бир муаллима деб юрган эканман, сен эсанг аслида мўътабар олима экансан!» деб таҳсинлар ўқиди. Ҳожи халфа, ўрнидан қимирлаши солнинг лимандан жилишидан ҳам қийинроқ бўлган семиз хотинининг ўмганидан ушлаб мен томонга тортди. «Шу қизалоқни менинг номимдан пешонасининг қоқ ўртасидан ўп, тушундингми?» деб устимга итарди. Бечора Ҳожи халфа ўзини эркак деб ҳисоблагани учун хотинига ўптирган эди. Қари мусофирхона ходими ўша кундан бошлаб рўпара келган ҳар бир кишига мени, менинг чуқур илмимни мақтайдиган бўлди. Шундай бўлдики, мусофирхонага кириб чиққан вақтларимда қаҳвахонада бекор ўтирган кишилар мени кўриш учун башараларини дераза ойналарига ёпиштириб қарардилар. Мен «Ҳожи халфа, худо ҳаққи, бундай қилманг, бундай нарсаларнинг нима кераги бор?» деб қизишиб гапирганимда, у ҳатто исён кўтарар, «жўрттага қиляпман, шу гапларим катталарнинг қулоғига еца, сенга қилган муомалаларидан уялишсин дейман-да», деярди. Ҳожи халфанинг оиласи билан танишганим менга бошқа бир масалада ҳам фойдали бўлди. Саматиялик хоним жуда ширин мурабболар пиширар, меваларни шакарлашни яхши биларди. Бу нарса менинг «Пайғамбарлар тарихи» ҳақидаги билимимдан ҳарҳолда анчагина фойдали илм эди. Неврик хонимдан мураббо пиширишнинг осон, қулай йўлларини ўрганиб, Гулмисол халфанинг овқат пишириш усулларини ёзиб қўйган дафтаримга буларни ҳам яхшилаб кўчирдим. Бундан сўнгра ширинлик гадоси Чолиқушининг ғамини биз емасак, ким ейди? Худо хоҳлаб ишларим юришиб кеца, менинг ҳам тепамда бошпанам бўлса, ўз-ўзимга мурабболар учун махсус буфет сотиб оламан. Ҳожи халфанинг уйидаги сингари, рафларини жимжимадор қоғозлар билан безайман, бу рафларга ёқут, қаҳрабо, садаф каби порлаб турадиган ранг-баранг қадаҳлар тераман. Шуниси яхшики, буларни егим келганда бировдан рухсат сўраб ёки қўли эгрилик қилиб ўтирмайман! Xудо хоҳласа, қанча есам ҳам, ҳеч касал бўлмайман. Ҳа, қизил, сариқ, оқ мураббо идишлари терилиб туради. Булар орасида фақат яшил рангдагиси бўлмайди! Энди ҳеч маҳал эсимга келмайдиган Комроннинг мен нафрат билан қарайдиган кўзлари яшил рангни менга хунук кўрсатиб қўйди. Мана энди у кўзларни яхши хотирлайман. Комрон, илгарилари ҳам, ҳозирда сендан нафратланиб юрган кезларимдаги сингари, кўзларингни ёқтирмас эдим. Бу нафрат бошланганда мен ҳали ўн икки ёшга кирмаган эдим. Ўзинг ҳам, албатта, унутмаган бўлсанг керак. Ҳар дам ҳовучларимга тупроқ тўлдириб юзингга сочардим. Ажабо, бу фақат болалик шўхлигиданми? Йўқ, қуёш нурлари акс уриб турган йўсинли денгиз каби ичларида ҳийла учқунлари чақнаган кўзларингга азоб бериш учун сочар эдим. * * * Яна гапимдан адашдим. Ҳолбуки, мақсадим фақат бугунги воқеаларнигина ёзиб қўйишдан иборат эди. Қаерда тўхтаб эдим? Ҳа, Ҳожи халфа бир неча кундан буён энди мўралаган қуёш туфайли болаларча завқланганимни кўрди-ю, бирон ердан яхши хабар эшитибди, деб ўйлаб, мендан суриштира бошлади. Менга тегишли бирон хабарнинг ундан аввал қулоғимга етиши мумкинми ахир? Қаерда оч қолишимни ҳам, қачон уйқум келишини ҳам бу ғалати мусофирхона хизматкоридан сўраб юрмасам, деб ўйлайман! Ҳожи халфа: — Кўп ноз қилаверма, айт. Бундай пиқирлаб кулишингнинг боиси йўқ эмас. Xудо билади, бирон хушхабар эшитган кўринасан, — деди. Ундан ҳам қулоғи дингроқ кўриниш негадир кўнглимни кўтарар, ярим ҳазил, ярим жиддий бир алфозда маъноли қилиб кулар, кўзларимни қисар эдим. — Ким билсин, балки айтиб бўлмайдиган бирон сирдир, — дедим. Қуёш шу қадар чиройли эдики, унинг ғойиб бўлишидан қўрқиб, мусофирхонанинг нарироғидаги кўприкка чиқдим. Рўпарамдаги тик тепаликка қараб юрдим, сўнгра ботқоқлик орқасидаги бир чакалакдан ўтиб, яна бир кўприкдан чиқдим. Ҳали анчагина айланишим мумкин эди, лекин йўлни адаштириб қўйишдан ҳам қўрқинчлироқ нарсага дуч келдим. Савлатли чодрам ва маҳкам тўсилган юз пардам бўлишига қарамай, бир неча шубҳали эркак орқамдан тушиб сўз ота бошлади. Ҳожи халфанинг насиҳатлари эсимга тушди-ю, қўрқиб, дарров орқамга қайтдим. Маориф бўлимидаги қизил кўйлакли саркотибнинг: «Ҳали ҳам Истамбулдан ҳеч қандай хат-хабар келгани йўқ, ҳамшира хоним!» деб жавоб беришига ишонардим. Лекин кўчага чиққандан кейин, у ерга ҳам бир учраб келиш лозим. Мудирнинг хизматчиси мени зинада кўриб: — Яхши келдинг, хўжоним, бей сени йўқлаётган эди. Оз бўлмаса сени қидириб мусофирхонага борардим,— деди. Бей дегани маориф мудири эди. Қизиқ! Мудир янги қизил мовут ёпилган ёзув столи орқасида доимий ҳорғинлигини қондириш учун кўзларини юмиб жим ўтирар эди. Қўллари ёнларига тушган, ёқалари ечилган, кўзлари ярим юмуқ ҳолда ўйга ботган. Мени кўриб эснади, керишди, кейин дона-дона қилиб сўзлай бошлади: — Xоним қизим, Маориф министрлигидан ҳалигича жавоб олганимиз йўқ. Xоҳишлари қандай бўлишини билмайман. Лекин Ҳурия хоним тажрибали муаллима бўлгани учун уни олиб қолишса керак, деб ўйлайман. Масала сизнинг фойдангизга ҳал бўлмаган тақдирда мушкул аҳволга тушиб қолишингиз турган гап. Миямга бир фикр келди. Бу ердан атиги икки соатлик бир масофада Зайнилар деган қишлоқ бор. Ҳавоси, суви яхши, табиати ниҳоятда гўзал, аҳолиси ахлоқли, виждонли, гапнинг қисқаси, жаннатдай бир жой. У ерда битта вақф мактаби бор эди. Бултур шу мактабни анча овора бўлиб ремонт қилдик, яхшиладик. Кўпгина мактаб қуроллари сотиб олдик. Мактаб ичида муаллималар турадиган махсус уй ҳам бор. Энди бирон ёш муаллиманинг ҳимматига, жонбозлигига муҳтожмиз. У ерга сиздек покиза бир хонимнинг боришини жуда-жуда истар эдик. Ҳақиқатан ҳам яхши жой. Xўп десангиз, ватанингизга жуда катта хизмат қилган бўлардингиз. Тўғри, у ердаги ойлик бу ерникидан бирмунча камроқ. Лекин бунинг эвазига у ерда гўшт, сут, тухум ва бошқа овқатлар нархи бу ердаги билан солиштириб бўлмайдиган даражада арзон. Xоҳласангиз, у ердан анча-мунча пул ҳам орттириб оласиз. Албатта, имкон туғилди дегунча, ойлигингизни орттираман, бу ердаги ойлик билан баравар бўлиб қолади. У ҳолда маошингиз бу ердаги идодий мактабининг мудирасиникидан ҳам ортиқроқ бўлади.. Бу таклифга нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Маориф мудири сўзини давом эттирди: — Мактабда битта қари хотин бор. У ҳам дарс беради, ҳам мактаб ишларини қилади. Аслида намозини ҳам, ниёзини ҳам канда қилмайдиган бир хотин. Фақат янгича ўқитиш усулларини билмайди, холос. Xоҳласангиз, сиз уни ҳам тарбия қиласиз. Мабодо, Зайнилар ёқмайдиган бўлса, менга икки энлик хат ёзиб юборсангиз, сизни дарҳол бу ерга, ўзингизбоп жойга чақириб оламан. Шошмай туринг, ҳали у ерни кўргандан кейин марказга тайинлашса ҳам «бормайман» деб оёғингизни тираб оласиз. * * * Ҳаво яхши, манзара яхши, егулик-ичкулик арзон, одамлари соз. Қисқаси, Швейцария қишлоқларидан бири. Шундай бўлгандан кейин одам боласи худодан яна нималар тилаши мумкин? Кўзимнинг олдига қуёшли йўллар, салқин боғлар, далалар, ўрмонлар келар, юрагим дукиллаб урарди. Шундай бўлса ҳам бирданига «хўп» дейишга юрагим ботинмасди. Ҳеч бўлмаса, бу нарсани Ҳожи халфадан сўрамай ҳал қилолмас эдим. — Энди рухсат берсангиз, икки соатдан кейин келиб, жавобини берсам, афандим, — дедим. Мудирбейга бир оз жон киргандек бўлди. — Лекин, қизим, бу иш жуда шошилинч. Бошқа талабгорлар ҳам бор. Қўлдан чиқарсанг, кейин аралашмайман. — Ундай бўлса, лоақал бир соатга жавоб берсангиз, бей афандим, — дедим. Маориф мудирининг ёнидан чиқа солиб даҳлизда рақибам Ҳурия хонимга рўпара келиб қолсам бўладими! Б...да бизга икки рақиба деган ном қўйганларини бир неча кун аввал яна ўша Ҳожи халфадан эшитган эдим. Бу хотиндан шунчалик юрак олдирган эдимки, юзини кўриб қўрқиб кетдим. Ўзимни кўрмасликка солиб ёнида тез ўтиб кетмоқчи бўлдим. Лекин йўлимни тўсди, суллоҳ тиланчидай чодрамни баридан ушлаб менга гапира бошлади. — Xоним афанди қизим, қайси куни сизга нисбатан ёмон одобсизлик қилдим. Xудо хайрингизни берсин, менинг гуноҳимни кечиринг. Асаб ёмон нарса. Ёмон хафа бўлувдим-да... Оҳ, қизим, менинг бошимга тушган савдоларни билсангиз, аҳволимга ачинардингиз. Ҳарҳолда, одобсизлик қилганим учун кечиринг. Мен қўрқиб: — Ҳечқиси йўқ, афандим, — дедим-да, ўтиб кетмоқчи бўлдим. Лекин у негадир мени қўйиб юборишни истамас эди. Аввало, аҳволидан шикоят қилди, қўлида беш жон билан кўчада қолишини, тиланчилик қилишга мажбур бўлишини айтди. Ҳурия хоним борган сари қайнар, овозини пардама-парда кўтариб, жирканч бир тарзда ёлворарди. Мен нима дейишимни, нима қилишимни билмай шошиб қолдим. Ҳаммасидан ҳам ёмони бу аянч комедияни кўриш учун атрофимизга маҳкама ходимлари, котиблари, қаҳва ва шарбат ташийдиган югурдак болалардан иборат каттакон оломон тўпланди. Юзим, қўлларим ўтдек ёна бошлади. Уялганимдан ерга кириб борардим. Энди мен ялина бошладим: — Илтимос қиламан, хўжоним, секинроқ гапиринг. Ҳамма бизга қараб турибди. Лекин у яна баттар авж қила бошлади. Энди сочларини юлиб, ёқасининг тугмаларини узиб йиғлар, қўлларимни, тиззаларимни ўпгани ёпишар эди. Атрофимиздаги оломоннинг ҳамон кўпайиб бораётганлигини кўриб, даҳшатга тушдим. Истамбулда кўча ўртасида тиш тузатадиган, кийимлардан доғ кетказадиган, совун, сирли дори-дармон сотадиган бақироқ чайқовчининг атрофига одамлар қандай тўпланишса, биз ҳам худди шундай одамлар ўртасида қолган эдик... Атрофдан «Бечорага жабр бўлибди, йиғлатма шўрликни, кичик хоним!» қабилида сўзлар ҳам эшитила бошлади. Бирдан тепамда пайдо бўлган яшил саллали, йўғон гавдали, оппоқ соқол мулла тўппа-тўғри менга хитоб қилди: — Қизим, кекса одамларга ҳурмат, илтифот бир вазифайи диния ва инсониядир, — деди. — Қўй, шу бечора хотиннинг ризқига чанг солма. Xудони ҳам, пайғамбарни ҳам хушнуд қил. Жавоби ҳақ раззоқи оламдир. Албатта, сенга ҳам ғайб хазинасидан бошқа бир эшик очиб берур. Чодра ичида бир ёқдан титрар, иккинчи ёқдан сира тинмай тер тўкардим. Қўлидаги қисқични бетиним шиқирлатаётган бир қаҳвачи: — Шундай бўлсин, ҳа, шундай бўлсин, — деб бақирарди. — Оллоҳ қаердаки бўлса, сен ҳам нонингни ўша ердан топиб оласан. Оломон ичида қаҳқаҳа кўтарилди. Шу аснода қизил кўйлакли котиб ҳам бирдан саҳнада пайдо бўлди. Қаҳвачини ёқасидан бўғиб, зинадан пастга қараб улоқтирди. — Беадаб! Ҳозир оғзингни дабдала қиламан! — деб бақирди. Одамлар нега кулишди экан! Қаҳвачининг сўзлари ҳам мулла айтган сўзларнинг ўзгинаси эди-ку! Ҳурия хоним шундай йиғлади, шармандалик шу қадар кучайдики, бу масхарабозликдан қутулиш учун жонимни ҳам беришга тайёрдим. Мен ниҳоят: — Xўп, хўп, хоҳлаганингиз бўлсин. Лекин худо ҳаққи, мени қўйиб юборинг, — дедим-у, ерга ётиб олиб ўпмоқчи бўлган тиззаларимни зўрға қутқариб маориф мудирининг кабинетига қайтиб кириб кетдим. Бир оздан сўнг менга марказий рушдиядаги дарсларимдан ўз ихтиёрим билан воз кечганим ва Зайнилар мактаби муаллималигини танлаганим ҳақида бир қоғозга қўл қўйдириб олдилар. Бир соат ичида бутун расмият битди. Жойидан қимирлай олмайдиган мудроқ маориф мудири эса извошда ҳоким уйига бориб, буйруққа қўл қўйдириб келди. Баъзан ойлар бўйича столма-стол сарсон бўлган ишлар, агар хоҳиш бўлса, мана шундай осон ҳал бўлар экан... Мусофирхонага қайтганимда, Ҳожи халфа мени эшикда кутиб олди. У ҳам ранжиган, ҳам суюнган бир алфозда: — Сен яширдинг-у, мен билмай қолдим, шундай-да? Xудо муборак қилсин, — деди. — Нимани билдингиз? — Буйруғинг келганини, жоним... — Қандай буйруқ, Ҳожи халфа? — Қўзим, сени марказий рушдияда олиб қолишибди, Ҳурия хонимнинг паспортини қўлига беришибди. — Янглиш, Ҳожи халфа. Мен ҳозир маориф мудирининг олдидан келяпман. Ундай гап йўқ. Чол менинг юзимга шубҳаланиб қаради: — Йўқ, буйруқ кеча кечқурун келибди. Ишончли жойда эшитдим. Бундан чиқди, мудир сендан яширибди-да. Ҳали бу ерда бирон лўттибозлик бўлмасин тағин? Гапир, тушунтир. Ҳожи халфанинг соддалигидан, гумонсираётганидан кула-кула воқеани сўзлаб бердим, кейин портфелимдан буйруқни олиб қўлимда силкитдим: — Маза қилдик, Ҳожи халфа! Швейцариядек бир жойга кетяпмиз. Ҳожи халфанинг менинг гапимни эшитиб каттакон бурни хўроз тожисидек қизариб кетди. Қўлларини бир-бирига уриб, жаҳл билан гапирди: — Нима қилиб қўйдинг, жоҳил бола, нима қилиб қўйдинг? Ахийри сени тузоққа туширишибди-да! Чоп тез, бориб мудирнинг ёқасидан ол! Яна елкамни қисдим: — Бўлмайди, Ҳожи халфа. Сиз бунақа хафа бўлманг, оғриб-нетиб қолсангиз, биз нима қиламиз? Бечоранинг мен туфайли қизишишига, жаҳли чиқишига ҳаққи бор экан. Кечқурун бутун масала ойдин бўлди. Маориф мудири Ҳурия хонимнинг тарафини олибди. Маориф министрлигига ёзган хатида Ҳурия хонимнинг тажрибали муаллима эканлигини важ қилиб, менинг бошқа ерга юборилишимни илтимос қилибди. Лекин министрлик, нима учундир, мени бу ерда қолдириб, рақибамни яқинда очиладиган бошқа бир мактабга юборишини мувофиқ кўрибди. Кеча кечқурун келган буйруқ муносабати билан маориф мудири, рушдия мудираси ва Ҳурия хонимнинг Румелидан келган ҳамшаҳри молия мудири кечаси тўпланишиб, мени бир қишлоққа даф қилиш, ўрнимга Ҳурия хонимни олиб қолиш учун режа тузишибди. Ҳурия хонимнинг маориф бўлими йўлагида мен билан тўқиниш келиши ҳам аввалдан тузилган режага мувофиқ юз берибди. Ҳатто ўша мўйсафид муллани ҳам махсус чақиртиришган экан. Мен маориф мудирининг сўзларидан кейин ажойиб Европа қишлоқларидан бирига интилаётгандек шошиб турганим Зайнилар қишлоғига келсак, бу тоғлар орасида қуш учмас, карвон ўтмас бир ер экан! Бир йилдан бери бўш турган ўринга энг хароб муаллимлар ҳам боришга кўнмай келаётган экан. Мен бу нарсаларни эшитиб, тамом ҳайратда қолдим. Сочи-соқолига оқ кирган каттакон бир амалдорнинг бу қадар пасткашлик билан мени алдаганини ҳеч ақлга сиғдира олмас эдим. Ҳожи халфа асаби бузилиб бошини тебратар: — Сен билмайсан у мудроқ илонни! Мудраб ўтиради-ю, одамга шундай ташланадики, қаердан келганини билмай қоласан, уқдингми, афандим? — дерди. — Бас, майли! Инсонни энг яқин қариндошлари бағритошлик билан чаққанларидан сўнг бегоналарнинг чаққани қаерга борарди? Мен Зайниларда ҳам бахтимни топиб кетаман. Қўя беринг, кўнгиллари тўқ бўлсин! * * * Зайнилар, 28 октябр Бугун кечқурун Зайнилар қишлоғига аравада етиб келдим. Маориф мудири йўлни поезд тезлигида ўлчанадиган йўл билан ҳисоблаган бўлса керак. Чунки «атиги икки соатлик» деган йўли саҳардан то тунга қадар чўзилди. У табаррук одам шўрлик нима ҳам қилсин. Айб унда эмас, айб гоҳ тоғ чўққиларига тирмашиб чиққан, гоҳ қуриган сойлар ўзанига тушган Зайнилар йўлига темир йўл ётқизмаганларда... Ҳожи халфанинг оиласи мени шаҳардан ярим соатлик узоқда бўлган бир булоққача узатиб келди. Бутун оила тўйга, яна ҳам тўғрироғи, жаназага кетаётгандай кийинган эди. Арава тайёр бўлганлигини айтгани келган Ҳожи халфани танимай қолишимга оз қолди. У оқ фартугини, тош ётқизилган саҳнда, даҳлизда ва зинапояларда ўзига хос бир оҳангда шалоплатиб судрайдиган кавушларини ечиб ташлаб, эгнига ранги ўчган мовутдан тикилган, ёқаси ёпиқ узун чакмон, оёқларига имомлар киядиган чуқур калиш кийиб олибди. Азизия бичимидаги каттакон ҳожи дўпписи сочсиз бошини қулоқларига қадар ёпиб турибди. Неврик хоним, Ҳойғонуш ва Миратларнинг безаклари ҳам уникидан қолишмайди. Ичида бошимдан кўп аччиғ соатлар кечирганимга қарамай, кичкина номеримдан қайғу-ҳасрат билан айрилдим. Мактабда бизга бир шеър ёд олдиришган эди: одам яшаган ерларида бирга бўлган одамларга кўзга кўринмайдиган нозик иплар билан боғланиб қолар эмиш; айрилиқ соатларида бу боғлар чўзилар ва ғижжак торлари сингари мунгли садо билан узилар, ҳар бир тор узилганда одамнинг юраги айрилиқ дарди билан эзилар эмиш. Буни ёзган шоир нақадар ҳақли экан. Ғалати бир тасодиф билан монастирлик қўшним ҳам худди шу куни Б... дан жўнади. Лекин у ҳарҳолда мендан кўпроқ ачинарли бир вазиятда жўнади. Кеча кечқурун кийим-кечакларимни йиғиштириб қўйиб ётдим. Уйқумда ора-сира бақирган товушлар эшитдим-у, лекин ҳеч уйғона олмадим. Бирданига кўтарилган қаттиқ тарақа-туруқ мени ўрнимдан турғизиб юборди. Коридорда алланарсалар ерга тушиб синар, кеча жимжитлигида болаларнинг чинқириши, калтак ва тарсаки овози эшитиларди. Уйқусираганимдан мусофирхонага ўт тушибди, деб ўйлабман. Лекин ёнғинга учраганлар бир-бирларини урмасалар керак. Сочларим тўзғиган, оёқларим яланг ҳолда номердан югуриб чиқдим-у, даҳшатли бир манзарани кўрдим. Девсифат, шопмўйлов бир офицер монастирлик қўшнимни ерга судраб, этиклари билан тепаётган эди. Болалар эса: — Онажон! Дод! Отам онамизни ўлдиряпти! — деб чинқиришарди. Бечора хотин ҳар тепкидан илон сингари чинқириб, тушаётган ҳар қамчидан фарёд кўтариб, пол устида судралар, лекин одам ишониб бўлмайдиган бир чаққонлик билан ердан туриб офицер тиззаларига ёпишарди: — Чўринг бўлай, қурбонинг бўлай, жон эр, ўлдирсанг ўлдир, лекин мени ташлаб кетма, қўйма!.. Ярим яланғоч бўлганим учун яна номеримга қайтиб кирдим. Асли, кирмасам ҳам қўлимдан нима келарди? Пастки қаватдагилар ҳам уйғонган бўлсалар керак. У ердаги коридордан оёқ дупурлари, ғала-ғовур овозлар эшитила бошлади. Коридор шипида ёруғлик кўринди, зинапояда эса Ҳожи халфанинг тақир боши ярқираб кетди. Бечора чол тўполонни эшитиб уйғонган, мойчироқни кўтариб, ички кўйлак билан ташқарига чопиб чиққан эди. У: — Уят эмасми! Бу қандай шармандагарчилик! Мусофирхонада ҳам шунақа жанжал қиладиларми! — деб бақира-бақира ўртага тушди. Лекин офицер Ҳожи халфанинг қорнига шу қадар зарб билан тепдики, бечора каттакон футбол тўпидай ҳавога ирғиб, қия очиқ турган эшикдан номеримга гурсиллаб келиб тушди, ялангоёқлари юқорига кўтарилиб кетди. Xайриятки, мен етиб келиб бечоранинг бошини ушлаб қолдим. Бўлмаса, яланғоч боши полга урилиб, ошқовоқдай ёрилиб кетарди. Уйқусирашлик, қўрқув, ваҳм, сўнгра Ҳожи халфанинг можароси асаб томирларимни бузиб юборди. Қари чол: — Вой худо! Вой шўрим! Вой, лаънати золим! — деб сўкина-сўкина ўрнидан турди. Лекин шу дам мен каравотга ўзимни ташладим. Умримда бошимга келмаган бир қаҳқаҳа жазаваси ичида хириллар, бўғилар, қўлларим билан кўрпани ғижимлаб тўлғанар эдим. Ортиқ ташқарида нималар бўлаётганини билиш ҳолида эмас эдим. Овозлар, шовқин-суронлар бутунлай тиниб, мусофирхонага сукунат чўкканга қадар ўзимга келолмадим. Воқеани менга кейин айтиб беришди: монастирлик хонимнинг ҳаёсиз муҳаббати охири эрининг меъдасига тегибди, офицер нима қилиб бўлса ҳам хотинини болалари билан юртига юборишга қарор қилибди. Шу кеча билетларни олганлигини, эртасига эрталаб ўзи келиб жўнатмоқчи эканлигини айтгани келибди. Лекин монастирлик хоним уни осонлик билан қўйиб юборармиди? Табиий, ёлвора, суркана бошлаган. Ўрталарида, ким билсин, қандай сўзлар, қандай можаролар ўтгандан сўнг бу қўрқинчли калтак фасли бошланган. Икки соатчадан сўнг энди ухлайман деб турганимда Ҳожи халфа эшигимни қоқиб қолди. — Менга қара, хўжоним. Мусофирхонада сендан бошқа хотин киши йўқ. Бечора ҳушидан кетиб ётибди. Фақат кулиш керак эмас. Бор, худо хайрингни берсин, ҳолидан хабар ол. Бизнинг отимиз эркак экан... ёнига кириб бўлмайди. Ўлиб-нетиб қолса борми, бошим нақ балога қолади-я! — деди. Ҳожи халфанинг юзини қия очилган эшикдан кўрдим-у, мени яна кулги олди. Ҳолини сўрамоқчи бўлдим, лекин оғзимга ҳеч қандай сўз келмади. Ҳожи халфа юзимга хўмрайиб қаради-да, ярим мунгли бир алфозда бош тебратиб: — Куласан-да! Топиб олганинг нуқул ҳиқир-ҳиқир! Ёмон шумсан-да! Буни қаранглар энди! — деди. «Куласан-да» сўзини шундай ғалати қилиб айтди-ки, яна ўзимни кулгидан тўхтата олмадим. Бечора қўшним олдида бир соатча овора бўлдим. Боёқишнинг бадани кўкариб, ҳаммаёғи моматалоқ бўлиб кетибди. Тез-тез ҳушидан кетар, кўзларининг қораси юмилиб, жағлари қалтирарди. Мен ҳаётимда биринчи марта шундай бетобга учрашим эди. Нима қилишимни билмай қолдим. Лекин бошга тушганни кўз кўрар, дейдилар, шундай пайтларда унинг ҳам йўли топилар экан... Ҳар бири энг ками беш минут давом этган бу шайтонлаш пайтларида бечоранинг билакларини, баданларини уқалар, қизига графиндан сув қуйдириб, юзига сочар эдим. Пешонаси, бетлари, лабларининг бир қанча ери ёрилган. Бу ёриқлардан тизғиб чиқаётган қонлар эликларга, сурмаларга қоришиб, кўксига лойқа сувдек оқиб тушар эди. Вой худо, мунча кўп бўёқ бор экан бу юзда!.. Юзига қанча сув сепсам ҳам, ҳеч ювилиб тугамасди. Бугун эрталаб уйғонсам рўпарамдаги номер бўшаб қолибди. Офицер эрталаб келиб уни болалари билан аравага солиб олиб кетибди. Қўшним кетишдан аввал мени кўриш, хайрлашиш учун уйимга кирибди, лекин кеча ўзи туфайли уйқусиз қолганимни билгани учун, уйғотишга кўзи қиймабди. Ҳожи халфага саломини топшириб, кўзларимдан қайта-қайта ўпиб қолибди. * * * Аравада кўзим Ҳожи халфанинг юзига тушди дегунча ўзимни тута олмай кулардим. У бу ўринсиз вақти-чоғлигимнинг сабабини билар, ғамгин бир кулимсираш билан бошини тебратиб: — Куласан-да! Топиб олганинг нуқул ҳиқир-ҳиқир!— деб менга тўнғиллар эди. Кейин кечқурунги тепкининг даҳшатини эслаб: — Лаънати золим мени шундай тепдики, биласанми, афандим, қорнимнинг ичини аралаш-қуралаш қилиб юборди. Мират, мендан сенга оталик насиҳати: ўнг қулоқ-сўл қулоғингда бўлсин, зинҳор эр-хотиннинг ўртасига тушма. Эр-хотин ипакдир, орага тушган кўппакдир, деган гап бор, — деярди. Ниҳоят, шаҳар ташқарисидаги булоққа етиб келдик. Биз шу ерда айрилишимиз керак. Ҳожи халфа ичига тўлдириб келган икки шишадаги сувларни тўкиб ташлаб, булоқ сувидан олди-да, қари аравакашга узундан-узоқ йўл-йўриқлар берди. Неврик хоним кеча менинг учун ёпган нонларини кўзларидан дув-дув ёш тўкиб туриб саватларимга жойлади. Менга тамомила парвосиздек кўринган ёввойи Ҳойғонуш бир ерида қўққисдан оғриқ тургандай бирдан йиғлаб юборди. Яна қандай йиғлади денг! Қулоғимда иккита инжу балдоқ бор эди. Шуларни чиқариб, Ҳойғонушнинг қулоғига тақиб қўйдим. Ҳожи халфа ҳадямдан хижолат бўлди. — Йўқ, хўжоним, ҳадя деган нарса пулга олинадиган бўлмаслиги керак. Булар қимматбаҳо инжулар, — деди. Мен кулимсирадим. Қизнинг мен учун кўздан тўккан инжулари ёнида бу балдоқлар икки чақа ҳам турмаслигини қандай қилиб англатиб бўлади бу соф виждонли кишига? Ҳожи халфа, мени аравага миндиргандан сўнг, яна чуқур тин олди, кейин қўлини кўкрагига уриб: — Ўлай агар, сендан айрилиб қолаётганим — кеча еган тепкимдан оғирроқ бўляпти, — деди. Кечаги ҳангомани хотирлаган бу сўзлардан мен яна бир марта кулиб юбордим. Арава юра бошлаган эди. У ҳамон орқамдан бармоғини бигиз қилиб: — Куласан-да, шайтон қиз, куласан-да! — деярди. Оҳ, оралиқ шу пайтдан тез узаймаса-ю, кўзларимни кўра билсанг, бу сўзларни айтмс эдинг, Ҳожи халфа! * * * Арава ўйдим-чуқур тоғ йўлига тушди. Гоҳ суви қуриб қолган тоғ сойларининг ўзанидан ўтар, гоҳ экинсиз далалар, бузилган боғлар ёнида юриб борарди. Баъзан якка-дукка деҳқонлар, чарчоқдан инграётганга ўхшаб овоз чиқарган аравалар, ўтин орқалаб кетаётган яланг оёқ аёллар учраб қоларди. Ёлғизоёқ боғ йўлидан узун мўйловли, қароқчиларга ўхшаш ваҳимали иккита жандарма чиқиб келди. Ёнимиздан ўтиб кетаётиб аравакашга: — Ассалому алайкум! — дейишди-ю, менга тикилиб қарашди. Ҳожи халфа: «Йўллар, худога шукр, тинч, шундай бўлса ҳамки, юзингни беркитиб юр. Сенинг суратинг ҳамма ерда очса бўладиган суратлардан эмас. Фаҳмладингми, афандим», — деган эди. Узоқдан бировнинг келаётганини кўрдим дегунча Ҳожи халфанинг таъкидини эслаб, дарров юзимни тўсиб олардим. Соатлар ўтган сайин йўллар жимиб, ғамгин тус олиб борарди. Қишлоқ араваларининг ингичка, чинқироқ товуш чиқариб ғижиллайдиган фазилати бор. Буни ўйлаб чиқарганлар хўп яхши иш қилишган-да! Жарларда, дараларда ғилдираклар ғижиллаб чиқарган акси садолар одамга худди тасалли берувчи овоздай эшитилади. Тоғ оралиғидан ўтиб кетаётганимизда менга шундай туюлдики, узоқларда, шу куйгандай кўринган қора тошлар орқасида кўз илғамас бир йўл бору, ингичка овозли бир хотин мунгли товуш билан йиғлаб-сиқтаб кетимиздан югуриб келаётганга ўхшайди. Кеч кириб келмоқда. Қуёш тепалар орқасига секин-секин ўтар, жарларга қоронғулик чўкар эди. Йўлнинг ҳали охири кўринмайди. Ҳатто бирор қишлоқ, бирор туп дарахт кўринмайди... Юрагимда секин-секин қўрқув уйғона бошлади. Кечасигача Зайнилар қишлоғига етиб ололмасак нима бўлади? Бирдан мана шу тоғлар орасида ёлғиз тунашга мажбур бўлсак-а? Аравакаш ора-сира тўхтаб отларига дам берар, улар билан бамисоли одамлар билан гаплашаётгандек гаплашарди. Тошлар орасида яна шундай тўхтаб, отларига дам бера бошлаганда, мен пайтдан фойдаланиб: — Ҳали узоқми? — деб сўрадим. Аравакаш бошини оғир-оғир тебратиб жавоб берди: — Йўқ, келдик. Бу киши ёши анчага етиб қолган одам бўлмаганда, мен билан ҳазиллашяпти, деб ўйлар эдим. — Қандай бўлди? На узоқ кўринади ва на қишлоқ,— дедим ҳайрон бўлиб. Чол аравадан юкларимни тушираётиб жавоб берди: — Мана шу сўқмоқдан тушамиз. Зайнилар бу ердан беш минутлик йўл. У ёққа арава бормайди. Биз тошлар орасидан минора зинапоясидек тик сўқмоқ билан пастга туша бошладик. Пастда, оқшом ола-қоронғулиги ичида қоп-қора сарви дарахтзори, атрофи четан билан тўсилган яланғоч боғлар орасида якка-дукка кулбалар, ёғоч уйлар борлигини кўрдим. Бир қарашда Зайнилар менга у ер-бу ерида ҳали тутунлари бурқсиб турган бир ёнғин харобасига ўхшаб кўринди. Қишлоқ дейилганда кўз олдимга Босфордаги кўм-кўк дарахтлар ичига кўмилган қадимий чорбоғларнинг каптархоналарига ўхшаган дилбар, ёқимли кулбалари келарди. Зайнилар уйлари эса йиқиламан деб турган қора вайроналарга ўхшайди. Бир йиқиқ тегирмон олдида або[17] кийиб, салла ўраб олган чолга дуч келдик. У қовурғалари терисидан ўйнаб чиққан озғин бир сигирни арқонидан тортиб, шу уйларнинг бирига қараб судраётган эди. Бизни кўриб тўхтади-да, тикилиб қараб қолди. Бу чол Зайнилар қишлоғининг оқсоқоли экан. Аравакаш уни танир экан. Бир неча оғиз сўз билан у менинг кимлигимни тушунтирди. Бели бурма, қоп-қора чодрам ва маҳкам ёпилган юз пардам ичида менинг ёшгина қизлигимни билиб бўлмас эди. Шунга қарамасдан, оқсоқол афанди мени жуда ясанган-тусанган деб ўйлади шекилли, мен томонга таажжубланиб қаради. Кейин сигирини ялангоёқ бир болага топшириб, бизни қишлоқнинг тор кўчалари билан эргаштириб кетди. Энди уйларни яхшироқ кўра бошладим. Босфорда, Қовоқ қишлоғи теварагида, олдига тўрлар ёйиб қўйилган вайрона балиқчи кулбалари бўларди. Кулбалар денгиз шамолининг зарбалари билан қийшайган, ёмғир остида чириб, қорайиб кетган эди. Зайнилар қишлоғи даставвал менга ўша уйларни хотирлатди. Остиларида тўрт устунли молхона, устиларида осма шоти билан чиқиладиган бир-икки хона. Ҳарҳолда, Зайнилар шу дамгача мен эшитган, суратларини мен кўрган қишлоқларнинг ҳеч бирига ўхшамас эди. Атрофи баланд тахталар билан ўраб олинган бир боғнинг қизил эшиги олдида тўхтадик. Баргларига қадар қоп-қора кўринган бу қишлоқда қизил рангни энди кўряпман. Оқсоқол эшикни мушт уриб тақиллата бошлади. Ҳар урганда эшик йиқилиб кетай-йиқилиб кетай деб ларзанглар эди. Биринчи марта оғиз очишга журъат этдим. — Ичкарида ҳеч ким йўққа ўхшайди, — дедим. Оқсоқол бош тебратиб жавоб қилди: — Xатича хоним шом намозини ўқиётган бўлса керак, бир оз кутамиз. Аравакашнинг кутишга вақти йўқ эди, юкларимни эшик ёнида қолдириб, биз билан хайрлашиб кетди. Оқсоқол абосининг этакларини йиғиштириб ерга ўтирди. Мен чамадонимнинг бир чеккасига омонатгина ўтирдим. Икковимиз гаплаша бошладик. Унинг гапидан маълум бўлишича, Xатича хоним дегани художўй хотин бўлиб, аллақандай тариқатга мансуб экан. Қишлоқда ўлганга ҳам, тирикка ҳам шу қарар эмиш. Мавлуд ўқирмиш, келинларнинг юзини очармиш, ўлим тўшагида ётган касаллар оғзига зам-зам томизармиш, ўлган хотинларни ювиб, кафанга ўрармиш. Қишлоқ оқсоқоли ҳарҳолда мадраса кўрган одамга ўхшар эди. Фурсатдан фойдаланиб, насиҳат қилмоқчи бўлганлигини фаҳмладим. Янги усул таълимига қарши бўлмаса ҳам, лекин янги мактабларнинг дин дарсларини эсдан чиқариб қўяётганликларидан шикоят қила бошлади. Унинг сўзига қараганда, шу вақтга қадар Зайнилар мактабига бир қанча муаллима келиб кетибди, лекин афсуски, ҳеч бири Қуръони каримни, илму ҳолни етарлик даражада билмас экан. Оқсоқол афанди Xатича хонимдан мамнун эканлигини сўзлади. Мен бу диний дарсларни яна шу солиҳа, оқила, обида хотинга ҳавола қилиб, ўзим бошқа дарсларни ўқицам, қишлоқни ҳаддан зиёд хурсанд қилган бўлармишман. Мен бу насиҳатларни эшитиб ўтирганимда, ичкаридан ёғоч кавушнинг тарақлаб келаётгани эшитилди. Оқсоқол афанди иккаламиз ўрнимиздан турдик. Эшик орқасида темир тамба шиқирлади, кейин дағал бир овоз: — Ким у? — деб бақирди. — Биз, Xатича хоним. Б... дан бир хўжоним келибди. Хатича хоним баланд бўйли, юзи япалоқ, етмиш ёшли кампир экан. Xинага бўялган сочлари устидан яшил рўмол ўраб олибди. Xиёл букри эгнида художўй хотинлар киядиган қорамтир чопон бор. Йўнилган тошдек қаттиқ, буғдойранг юзида одам ишонмайдиган даражада ёш кўзлари пориллаб, оппоқ тишлари йилтиллаб турарди. У чодра тагидан юзимни кўришга тиришиб: — Xуш келибсан, хўжоним, кира қол! — деди. Кўчага чиқиш тақиқ қилингандек, бир қўли билан эшикка тираниб, иккинчи қўли билан юкларимни олди. Кейин эшикни яна тамбалаб, мени ичкарига бошлаб кириб кетди. У олдинда, мен орқада боғчадан ўтдик, маориф мудирининг зўр фидокорликлар билан янгидан барпо қилган мактаб биноси ҳам нариги ёқда кўрган уйларимнинг худди ўзгинаси эди. Фақат пастки қаватдаги устунлар атрофига қоқилган ва ҳали қорайиб улгурмаган тахталар бу ерни синф қилган эди. Эшикдан кираётганимда Xатича хоним мени қўлимдан ушлаб тўхтатди. — Тўхта, қизим, — деди. Мен қўққисдан чўчиб кетдим. У лабларини пичирлатиб дуо ўқигандан сўнг: — Юр, қизим, бисмилло деб ўнг оёғинг билан кир,— деди. Пастки қават зиндон сингари қоп-қоронғи эди. Кампир мени қўлимдан ушлаб, бир торгина саҳндан олиб ўтди. Эскирганидан поғоналари лиқиллаб турган қоронғи бир зинапоядан олиб чиқди. Юқори қават бир вайрона даҳлиздан ва дераза эшиклари маҳкам ёпилган каттакон хонадан иборат эди. Маориф мудири мақтаган муаллималар ётоғи шу экан. Хатича хоним юкни ерга қўйди-да, уйнинг бир бурчагида жавонлик вазифасини ўтовчи эски ўчоқ ичидан битта чироқ олиб ёқди. — Бу йил уйда ҳеч ким турмагани учун чанг босиб ётибди. Xудо хоҳласа, эрталаб туриб тозалайман. Бу бечора хотин мактабнинг эски муаллимаси эмиш. Маориф бўлими мактабни бу аҳволга келтиргач, уни кўчага чиқариб ташлашга кўнгли бўлмай, икки юз қуруш ойлик билан шу ерда олиб қолибди. Ярим муаллима, ярим ходимадек бир гап. Xатича хоним мен нимани хоҳласам, шуни қилишга тайёр эканлигини айтди. Боёқиш хотиннинг мендан қўрқаётганлигини сездим. Ҳар нима бўлганда ҳам унинг бошлиғи ҳисобланаман. Мен бировга ёмонликни раво кўрадиган қиз эмаслигимни бир неча оғиз сўз билан тушунтирганимдан сўнг хонани кўздан кечира бошладим. Эскирганидан илма-тешик бўлиб кетган моғор девор қоғозлари, ёмғирдан, захдан чириб, тахталари қоп-қорайиб кетган шип, бир бурчакда йиқилиб вайрон бўлиб ётган ўчоқ ёнида қийшиқ бир каравот. Демак, бундан сўнг ҳаётим мана шу хонада ўтади! Ҳавосиз бир ертўлага тушиб қолгандек нафасим бўғилар, қўлларим, оёқларим музлар эди. — Айланай Xатича хоним, қарашиб юборинг, шу деразалардан бирини очайлик. Ўзим ёлғиз оча олмасам керак, — дедим. Кампир менинг ишга қўл уришимни хоҳламаётгандек кўринар эди. У тиришиб-тирмашиб деразалардан бирини очди. Деразадан қарадим-у, эсим чиқиб кетаёзди. Дераза орқаси гўристон эди. Учларидан ҳали оқшом ёруғи аримаган сарви дарахтлар, ҳар ер-ҳар ерда мозор тошлари, булардан пастроқда, қамишлар орасида сувлари йилтираб турган ботқоқлар. Кампир чуқур тин олгандан сўнг: — Одам бу нарсаларга кўзи тириклигида кўникиши керак, қизим, ҳаммамизнинг борадиган еримиз шу, — деди. Бу оғиздан чиқиб кетган шунчаки бир сўзмиди ёки ўзим ҳам билмасдан бу манзара қаршисида қўрқиб, саросимага тушганмидим? Билмайман. Ҳарҳолда ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим. Дадил бўлиш керак эди, шунинг учун хушчақчақлик билан: — Демак, бу ерда гўристон бор экан-да? Мен билмабман ҳам, — дедим. — Ҳа, қизим, Зайнилар қабристони шу ерда. Эски замонлардан қолган. Ҳозир ўликларни бошқа ерга қўйишади, бу ер тарихий жой бўлиб қолган. Мен дарров бориб Зайни отанинг қабрига чироқ ёқиб келай, ҳозир қайтаман. — Зайни ота деганингиз ким, Xатича хоним? — Xудо раҳмат қилсин, табаррук киши. Ҳу, анови сарви дарахтининг тагида ётади. Хатича хоним пичирлаб дуо ўқиб, гапдан сўнг зинага қараб юрди. Мен бундай нарсалардан шу вақтгача қўрқмас эдим. Мана ҳозир эса сарви ҳидлари билан тўлиқ бир қоронғи хонада ёлғиз қолиш менда ваҳима уйғотди. Кампирнинг орқасидан югурдим. — Мен ҳам бирга борайми? — деб сўрадим. — Юра қол, қизим, борсанг яна яхши бўлади. Кела солиб Зайни отани зиёрат қилиб қўйсанг яхши бўлади. Мактабнинг орқа эшигидан ўтиб қабристонга чиқдик. Тошлар ораси билан юриб кетдик. Баъзан рамазон ва ҳайит арафаларида холаларим мени Айюбдаги хилхонамизга олиб боришар эди. Лекин мен ўлим нақадар қайғули, даҳшатли бир нарса эканлигини биринчи маротаба мана шу қоронғи Зайнилар мозоридагина ҳис этдим. Қабрлар устидаги тошлар мен кўрган мозор лавҳаларидан бутунлай бошқа шаклда эди. Булар солдатлар сингари саф тортиб турибди: баланд, тўғри, тепалари текис, ялпоқ, ранглари қоп-қора. Ёзувларини ўқишнинг иложи йўқ эди. Фақат устларида катта ҳарф билан «Ё раббий» деб ёзилган сўзларнигина ажрата олардим. Ёш болалигимда бир эртак эшитганман. Билмайман, қайси бир ёш султонни олиб қочиш учун узоқ тоғ орқасидан бир лашкар йўлга чиқибди. Аскарлар кундузлари ғорларга кириб яширинар, кечалари йўл юрар эканлар. Қоронғида биров кўриб қолмасин, деб эгниларига қора кафан кийиб олишаркан. Шу тахлит ойларча йўл юришгандан кейин шаҳарни босмоқчи бўлиб туришган кечада ёш султонга худонинг раҳми келибди-ю, қоронғиликда яшириниб, пусиб келаётган бу қора кафанли тун қўшинини тошга айлантириб юборибди. Мозордаги ана шу қатор ётган қора тошларни кўриб, ўша эртакни эсладим. Миямга «Ажабо, бу ўша қўрқинчли ўлим аскарлари тошга айланган эртакдаги мамлакат шу бўлмасин!» деган фикр келди. — Зайнилар аслида кимлар экан, Xатича хоним? — деб сўрадим. — Мен ҳам билмайман, қизим, бу қишлоқ азалдан ўшаларники эмиш. Ҳозир минораларидан бошқа ҳеч нарса қолмаган. Xудо раҳмат қилсин уларни. Зайни ота уларнинг улуғи экан. Ҳеч ким тузата олмаган касалларни шу ерга келтиришади. Мен бу ерга битта шол хотинни кўтариб келганларини биламан. Қайтишда ўз оёғи билан юриб кетди. Зайни отанинг сағанаси қабристоннинг этагида, каттакон бир сарви дарахтининг тагида экан. Xатича хоним ҳар куни кечаси сағанага кириб, учта чироқ ёқиб чиқар экан: бирини дарахтнинг тагига, иккинчисини эшикнинг ичкари томонига, учинчисини эса қабрнинг бош томонига қўяр экан. Сағана тупроқ тўлдирилган чуқурга ўхшайди. Зайни ота мана шу чуқурда етти йилгача қуёш юзини кўрмай ётибди. Ўлгандан кейин табаррук жасадига ҳеч ким қўл текизмабди. Устига сандиқ тўнтариб қўйишибди. Хатича хоним чироқлардан иккитасини ёққандан сўнг сағанага тушиладиган бир неча поғонали зинани кўрсатиб: — Юр, қизим, ичкари кирайлик, — деди. Мен бу поғоналардан пастга тушишга журъат қилолмай турдим. Xатича хоним орқасига ўгирилиб: — Юр, қизим, шу ерга келгандан кейин кирмай кецанг гуноҳ бўлади. Кўнглингда нима тилагинг бўлса, Зайни отадан тилагин, — деди. Юрагим дарахт япроғидай титраб зинадан тушдим. Қабрга қўйилаётган ўликларда сезги қобилияти бўлса эди, мен шу дақиқада ҳис этган нарсаларимни, албатта, сезган бўлардилар. Димоғимга зах, совуқ тупроқ ҳиди урилди. Зайни отанинг тобути яшил рангга бўялган руҳ тунукаси билан қопланган эди. Кейинчалик Xатича хонимдан эшитишимга қараганда, бутун умрини қаноат ва муҳтожликда ўтказган Зайни ота ўлгандан кейин тобутнинг чиройли ҳашаматли нарсалар билан ёпилишини хоҳламабди. Гоҳо у ёқ-бу ёқдан келтириб ёпиладиган нарсалар бир ҳафта турмасдан парча-парча бўлиб йиртилиб кетар эмиш. Кампир пичир-пичир дуо ўқиб юриб, авлиёнинг бошидаги чироққа ёғ қуйди, кейин менга ўгирилиб: — Қишлоқда биров ўладиган бўлса, Азроил алайҳиссалом олдин Зайни отанинг ҳузурига келади, ана шунда бу чироқ ўз-ўзидан ўчиб қолади. Энди, қизим, Зайни отадан тилагингни тила, — деди. Тиззаларим букилар, ортиқ тик туришга мадорим етмай, қуриб борарди. Ўтдек ёниб турган пешонамни Зайни бобонинг совуқ тошига қўйдим. Лабларим билан эмас, кўпроқ ярали қалбим билан сўзлаётгандек секин-секин: — Зайни отажоним, — дедим, — мен кичик, жоҳил Чолиқушидан бошқа бир нарса эмасман. Сендан қандай ялиниб-ёлвориб тилак тилашни билмайман. Нуқсонларимга қарама, сенга ёқадиган нарсаларнинг ҳеч бирини менга ўргатишмаган. Эшитдим, сен етти йил қуёш нурини кўрмай, шу ерда ёлғиз ўтирибсан. Балки сен ҳам инсонларнинг золимлигидан, вафосизлигидан қочгандирсан? Отажоним, сендан бир нарса тилайман. Шу етти йил ичида қуёшларнинг, шамолларнинг ҳасратини чекиб сарғайган дамларинг бўлгандир, албатта. Сени ўша дақиқаларнинг аччиғ аламларига чидатган малак сабридан менга ҳам бир оз бер. Мен ҳам азобларимни, аламларимни йиғисиз, оҳсиз кечирай... * * * Хонамда ўзим ёлғизман. Xатича хоним мени барвақт ташлаб, мактабнинг паст қаватидаги ертўлага ўхшаш ҳужрасига кириб кетди. У ерда ярим кечагача тоату ибодат қилиб, тасбеҳ ўгириб ўтиради. Икки соатдан бери чироқ ёруғида шу сатрларни ёзмоқдаман. Ташқаридан узоқдаги сув шарпаси келар, ора-сира шифтда алланималар тиқирлар эди. Юрагимда бир ваҳм билан буларга қулоқ соламан. Бир маҳал бу вайрона бино ичидан яна бошқа овозлар эшитила бошлади. Зинапоя тахталари секин-секин ғижирлар, даҳлизда одамлар пичирлашаётгандай сирли овозлар эшитиларди. Чолиқуши, бўлди, ёт энди. Ярим кечада яширин сўйлашган бу овозлардан қўрқма. Булар қанчалик золим бўлишмасин, сариқ гулларнинг етим хола қизига қилган жабру жафоларидан ортиқ ёмонлик қилишмайди сенга. * * * Зайнилар, 20 ноябр. Бугун эрталаб ҳисоблаб кўрдим. Зайниларга келганимга нари-бериси билан бир ой бўлибди. Бу бир ой менга ҳозир ўн йилдан ҳам ортиқ кўринди. Шу кунга қадар дафтаримга бирон нарса ёзгим келмади. Тўғрироғи, ёзишдан қўрқдим. Дастлабки кунларда юрагим ҳасрат ва алам билан тўлиқ эди, ким билади, қандай бемаъни нарсаларни ёзиб юборишим мумкин эди. Мана энди бу ерга кўника бошладим. Алекси опанинг оғзидан тушмайдиган бир гапи бор эди: «Қизларим, умидсиз касалликларнинг, табиий фалокатларнинг биргина дориси бор: чидаш ва бўйсуниш... Ғам-аламларда яширин шафқат бор. Шикоят қилмаганларни, ўзларини очиқ чеҳра билан қаршилаганларни камроқ азоблайди», — деярди. Чолиқуши бу сўзларни ҳар доим кулимсираб эшитарди. Мана энди уларни тўғри деб билади, кулишга жасорат ҳам қилолмайди. Зайниларда ўтган мана шу бир ой ичида шундай дамлар бўлдики, бутун умидсизликка чулғандим. «Беҳуда уринма! Энди у ёғига чидай олмайсан!» деяр эдим ўзимга. Ана шундай дамларда Алекси опнинг пайғамбарона сўзлари менга ёрдам берарди. Юрагим қон йиғлаб турса ҳам кулар, ашула айтар, ҳуштак чала бошлар эдим. Шундайки, қалбим, ниҳоят, бу кайфиятнинг ёлғонлигига ишонар, сувга тушган гуллар каби титрай-титрай тирила бошлар эди. Кейин атрофимдаги нарсалардан тасалли қидиришга тутиндим. Қўлимга кирган янги япроқни бетларимга, лабларимга суртар, боғдан топиб олган нимжон мушук боласини кўксимга босар, нафасларим билан иситар эдим. Жуда бўлмай кетгандан кейин ўз-ўзимга «Кўнглингни чўктирма, Фарида! Ўзингни қўлга ол. Биласанки, ҳаётда кулиб турувчи юзингдан, юрагингдан, жасоратингдан бошқа ҳеч нарсанг қолмаган!» деярдим. Бу хушчақчақлик ясама, ўткинчи бир нарса эканлиги маълум. Майли! Шундай ҳам бўлсин. Ёпиқ ертўлага кирган бир парча нур, йиқиқ девор тошлари орасида унган заиф бир гул, ҳар нима бўлганда ҳам ҳаёт аломати, инсон тасаллисидир. Бугун жума, мактаб ёпиқ. Бир неча кундан бери тинмай ёғаётган ёмғир тўхтади. Ташқарида куз ўзининг сўнгги айрилиқ байрамини ўтказяпти. Узоқдаги қатор-қатор тоғлар, қамишзорлардаги сувлар қуёшга кулиб боқишаётгандек кўринарди. Сарви дарахтлари, мозор тошлари ҳам ваҳимали манзараларини йўқотгандек эди. Ўзимнинг қалбимга қарайман. Мен энди ҳамма нарсага кўникиб қолган, ҳатто бу жоҳил, дилхун қишлоққа бир оз ўргана, уни сева бошлаган эдим. * * * Келган кунимнинг эртасига эрталаб дарс бошладим. Мана шу биринчи кун ҳаётимнинг энг унутилмас куни бўлиб қолади. Маориф мудирининг зўр фидокорликлар эвазига янгилаган дарсхонасига эрталаб тузукроқ разм солиб қарадим. Бу ер илгари молхона бўлганга ўхшайди. Фақат бунга пол қилишибди, деразаларини кенгайтириб, кўзларига ойна солишибди. Мўри исидай қоп-қора кўринган девор қоғозларида усти остига қилиб қоқилган битта харита, битта скелет чизмаси, битта деҳқон фермаси ва илон расми солинган суратлар осилиб турарди. Маориф мудири айтган янги дарс қуроллари ҳарҳолда шулар бўлса керак. Синфнинг боғ тарафидаги деворида молхона вақтидан қолган охур турибди; буни олиб ташлашни лозим кўрмай, устига тахта қоқишиб, сандиққа ўхшатиб қўйишибди. Болалар овқатларини, китобларини ва мактабда ёқиш учун дала-даштлардан териб келган чўп-хашакларини шу ерда сақлашар экан. Хатича халфа бу сандиқнинг бошқа бир вазифаси борлигини ҳам айтди. Таёқ таъсир қилмайдиган шўх болаларни ўшанинг ичига қамаб одам қилармиш. Қишлоқ оқсоқолининг ўғли Ваҳби мактабдаги бутун умрини шу сандиқ ичида ўтказаркан. Ваҳби ёмон иш қилиб қўйса, ўзи тўғри бориб сандиққа тушар эмиш-у, тобутдаги ўликдай чалқанчасига ётиб, қопқоқни ҳам ўзи ёпиб қўярмиш. Мен ажабланиб: — Оқсоқол афандининг жаҳли чиқмайдими? — деб сўрадим. Хатича хоним бошини тебратди. — Оқсоқол фақат хурсанд бўлади. «Баракалло, Xатича хоним! Xўп яхши қилибсан, ақли киради. Бизникида ҳам сандиқ бор, бетамиз шўхлик қилди дегунча, худо буюрса, мен ҳам энди сандиққа соламан», дейди. — Тарбиянинг ажойиб усули! Бундан чиқди, мактабда ўғил болалар ҳам бор экан-да? — Э, бор, икки-учта. Лекин катталарини Ғариблар қишлоғидаги ўғил болалар мактабига юборамиз. — Ғариблар қишлоғи қаерда? — Ҳов анови тоғ орасида. Кўрдингми, оқариб турибди-ю? — Болаларга қийин эмасми? Қорда, қишда у ерга қандай бориб-келишади? — Ўрганиб қолишган. Лойгарчилик бўлмаса, бир соатга қолмай етиб боришади. Лекин ёмғирда, лойгарчиликда, бўрон турганда пича қийналишади. — Ундай бўлса нега уларни ҳам шу ерда ўқитавермаймиз? — Ҳеч маҳал хотинлар эркаклар билан қўшилиб ўқиганми? — Вой, улар қанақасига эркак бўлсин? — Эркак бўлмай нима, қизим! Ўн икки-ўн уч ёшга кириб қолган кап-каттакон йигитлар, ахир! Хатича хоним ямланиб қолди, тилининг учида бир нарса бор эди-ю, лекин айтишга ботинмади. Кейин таваккал қилиб айтиб юборди: — Бундан буён ҳеч иложи йўқ... — Нимага? — Сен жуда ҳам ёш муаллимасан-да, шунинг учун, қизим. Истамбулда «номусли хотин хўроздан ҳам қочади» деган таъбир бор. Назаримда, Xатича хоним ҳам ўша хилидан бўлса керак, шунинг учун жавоб қайтаришни эп кўрмай, бошқа ишларга уриниб кетдим. Зўр фидокорликлар эвазига қўлга киритилган мактаб қуролининг бир қисмини мажағи чиқиб кетган беш дона эски парта ташкил қилса керак. Лекин шуниси қизиқ эдики, буларни фойдаланмасдан синфнинг бир бурчагига тўдалаб ташлашибди. — Нега бундай қилдингиз, Xатича хоним? — деб сўрадим. — Мен қилганим йўқ, эски муаллима қилган, қизим,— деди. — Болалар бундай нарсаларда ўтириб ўрганишмаган. Минорадай баланд жойга чиқиб ўтирган одамнинг миясига илм кирармишми? Эски муаллима мактаблар инспектори ё катталардан биронтаси суриштириб қолмасин, деб парталарни мактабдан бутунлай чиқариб ташлашга ҳайиқди. Болалар мактабга янги келишганда барибир партага ўтқазамиз. Дарс бошлангандан кейин пастдаги бўйрага туширамиз. Бадавлат болаларнинг эса кўрпачалари бор. Кампирдан менга қарашиб юборишни илтимос қилдим. Бўйраларни олиб ташлаб, полни ювдим, кейин парталарни тизиб, бу эски молхонани бирмунча синф кепатасига киргиздим. Хатича хонимнинг норози эканлиги юз-кўзидан кўриниб турарди. Шундай бўлса ҳам қаршилик қилишга юраги дов бермас, нимаики буюрсам қайтармас эди. Мен ишларни тезроқ битириш пайида эдим. Лекин қўлларимни ювиб улгурмасдан талабаларим бирин-кетин кела бошлашди. Бечораларнинг кийим-бошлари шу қадар юпун, хароб эдики! Ҳатто биронтасининг оёғида пайпоқ ҳам йўқ! Бошларини эски, жулдур бўз латталар билан маҳкам ўраб олишибди. Ялангпойча кийиб олган ёғоч кавушларини тақирлатиб синф эшигигача келишади-да, кавушларини ўша ерга ечиб, ёнма-ён тизиб қўйишади. Қизалоқлар мени кўриб ҳайиқишди-ю, эшикдан уялиб қараб қолишди. Мен уларни яқинроқ келинглар, деб чақирганимда, қўллари билан юзларини тўсиб, эшик орқасига яшириниб олишди. Ахийри, баъзиларини билакларидан ушлаб, зўрға синфга олиб кирдим. Қизчалар ёнимга келишиб, кўзчаларини юмган ҳолда қўлларимни шундай ўпа бошлашдики, кулиб юборишдан ўзимни зўрға тутиб қолдим. Қишлоқда одат бўлиб қолган бу ўпиш кулгили бир оҳангда чўлпиллар, қўлим устида оз-оздан сўлак қоларди. Мен ҳам қизалоқларни ўзимга иситиб олиш учун ҳар бирига икки-уч оғиз ширин сўз айтардим. Аммо улар мумкин қадар ширин тил билан сўраган саволларимни одамни тажанг қилиб юборадиган бир ўжарлик, сукунат билан жавобсиз қолдиришарди. Анча ноз қилишгандан, тортинишгандан сўнггина отларини айтишга рози бўлишарди: — Заҳро... — Ойша... — Заҳро... — Ойша... — Заҳро... — Ойша... Вой худо! Бу қишлоқда Заҳро билан Ойшалар мунча кўп экан! Бу ерда ҳеч куладиган нарса бўлмаса ҳам, миямга қизиқ ўйлар келди. Масалан, инспектор келиб, ўқувчиларим билан танишмоқчи бўлса, «синфда тўққизта Ойша билан ўн иккита Заҳро бор», дейман-у, қутуламан. Сўнгра дарсни осон олиб бориш учун ҳамма Ойшаларни синфнинг бир тарафига, Заҳроларни иккинчи тарафига ўтқазиш мумкин. Ёки бундай қилса ҳам бўлади, масалан, тўп ўйнатганимда (танаффус маҳалларида қизчаларни боғда, албатта, ўйнатиб, баҳрларини очаман), Ойшалар бу ёққа, Заҳролар у ёққа ўцин, деб синфни бир зумда иккига бўлиб юбориш мумкин бўлади. Бу нарса менга анчагина эрмак бўлди. Мактабга янги қиз келса: — Қизим, сен Заҳромисан, ё Ойша? — деб сўрар, кўпинча саволимда ҳақли бўлиб чиқардим. Лўппи юзли кичкина қиз ҳаммасидан ҳам қақажонроқ чиқиб қолди. Қора кўзларини юзимга тикиб туриб: — Менинг отимни қаердан биласиз? — деди. Талабаларимни парталарга ўтқаздим-да, ҳар ким ўз жойини эсидан чиқармасин, деб тайинладим. Бечораларнинг аҳволларини кўриш керак эди! Парталарда ўтиришнинг эпини қилишолмас, дарахт шохида ёки том бўғотида ўтиргандай ғалати важоҳатда эдилар. Ёнларидан кетдим дегунча, ер остидан менга бир қараб қўйиб, кулгили бир алфозда саланглаб турган кир оёқларини секин тагларига йиғиштириб олишар, шу қилиқлари билан косасига яширинган тошбақаларни эсимга туширишар эди. Начора, секин-аста кўникиб кетишади. Бир нарса мени жуда ҳайрон қилиб қўйди. Ёнимга уялиб-тортиниб зўрға келган, кўзларини юмиб туриб қўлимни ўпган ва қишлоқ келинчакларидай оғизларидан бир сўз ҳам чиқармаган бу қизчалар китобларини очар-очмас баланд товуш билан шу қадар бақириб-чақириб ўқиб кетишдики!.. Синфда болалар кўпайган сари шовқин ҳам ортиб, каллам гир айлана бошлади. Хатича хонимдан: — Ҳамиша шунақа бақиришиб ўқишадими? Бунга қандай чидаб бўлади? — деб сўрадим. Хатича хоним бир оз ҳайрон бўлиб менга қаради. — Албатта, қизим! Мактаб бу! Теша урмаса ёғоч йўнилармишми? Қанча қаттиқ бақиришса, дарс шунча яхши мияга киради, — деб жавоб берди. Синф болаларга тўлган эди. Мактабнинг бирдан-бир чиройли ва янги ашёси бўлган ўқитувчи столига зарб билан бир мушт туширдим. Шовқинни тўхтатиб, овоз чиқармай ўқишларини буюрмоқчи эдим. Лекин бунга ҳеч ким эътибор қилмади, биронтаси бошини кўтариб қараб ҳам қўймади. Аксинча, тош отилган ари уясидай яна бешбаттар ғовур бошланди. «Айзубиллоҳи, абжад, ҳавваз, хутти, жим, устун, жежим асра жи». Болаларни тўғри йўлга солиб юборгунча анчагина қийналишимни билсам ҳам, ҳарҳолда бунга муваффақ бўлишимга шубҳам йўқ эди. — Xатича хоним, бугун ўзингиз билганингизча ўқитаверинг, — дедим унга. — Мен синфда тартиб ўрнатмагунимча дарсни бошлай олмайман. Кампир менга шубҳаланиб қаради-ю: — Қизим, биз кўрган-билганимизни ўқитамиз. Сиз билган нарсаларни биз билмаймиз, нима қилайлик, мактаб кўрмаган бўлсак, — деди. Боёқишнинг нима демоқчи бўлганлигини кейинча тушундим. Xатича хоним мени синаб кўряпти, деб ўйлабди. Шўрлик кампир икки юз қурушлик ойлигидан ажраб қолмасам деб шунақаям қўрқадики!.. Ҳаво очиқ бўлганига қарамай, қизларнинг бир нечаси бошларини эски юзпардалар билан ўраб мактабга келишди. Xатича хонимдан бунинг сабабини сўраган эдим, у бу саволимга ҳар маҳалгидай ажабланиб жавоб берди: — Вой худо, булар келин бўладиган кап-катта қизлар-ку, айланай! Кўчада бошларини очиб юришса айб бўлади, ахир! Ё раббий! Кузда рангини йўқотган гуллар сингари сўлғин бу ўн-ўн икки яшар болалар қандай қилиб бўйи етган-у, қандай қилиб келинчак экан! Мен чиндан ҳам ғалати бир юртга келиб қолибман! Бу аҳвол бир жиҳатдан менинг кўнглимни кўтармай қолмади. Буларни келин бўладиган қиз, деб юрадиган одамлар менга уйда ўтириб қолган қари қиз деб қарайди, энди ҳеч ким мени кичкина қиз, деб масхара қилмайди. Мактабга ҳаммадан кейин ўғил болалар келди. Бу шўрликлар катталар қатори уй ишларини қилишар, қудуқдан сув тортишар, сигир соғишар, тоққа чиқиб ўтин териб келишар экан. Хатича хоним уларга бир оз ташқарида кутиб туринглар, деб буюрди, кейин заиф бир ҳадик билан менга юзланди. — Рўмолингни ўраб олиш эсингдан чиқибдими, қизим? — деди. — Рўмолнинг нима кераги бор? — Э, қизим, керак бўлганда қандай! Майли-ку, мен аралашмайман, лекин бошга рўмол ўрамай дарс бериш гуноҳ бўлмасмикин? «Билмайман» дейишга уялдим. Xиёл қизариб: — Рўмолим уйда қолибди, — деб ёлғон ишлатдим. Хатича хоним: — Бўлмаса, қизим, мен сенга топ-тоза батист рўмол бера қолай, — деди-ю, югуриб ҳужрасига кириб кетди. Очганда қулфи жаранглаган сандиғидан битта яшил рўмол чиқариб берди. Начора, бошга тушганни кўз кўради! Сочларимни дурра билан ўрадим. Истамбул кўчаларида фол боқиб юрадиган лўли қизларникига ўхшатиб икки учини иягим тагидан боғлаб олдим. Ташқи дарпардаси ёпилган деразалардан бирининг ойнаси хира кўзгуга ўхшарди. Мен секин ўша ерга келиб, ўзимни ойнага сола бошладим. Мактабга тайинланганимдан кейин ўзимнинг муаллималик қиёфам қандай бўлишини ўйлаб қўйган эдим. Фикримча, муаллима ўз вазифасини бажариб турган пайтда бошқа хотинлар сингари кийинмаслиги керак. Ижодим жуда содда эди: тиззагача тушиб турган қора сатин кўйлак, белда ингичка қайиш камар, пастроқда иккита кичкина чўнтак — бири рўмолча учун, иккинчиси хотира дафтарчаси учун. Лекин бу қора манзарани бир оз очиш учун оқ матодан сербар ёқа қилинади. Мен узун сочларни ёқтирмайман, лекин ўқитувчи хотин сочини калта кестириши ярамайди. Бир ойдан бери сочимни узайтиришга ҳар қанча тиришсам ҳам, ҳалигача елкамга тушгани йўқ. Мен биринчи дарсга тайёрланиб, худди шу тахлитда кийиндим. Ўжар сочларимни пешонамга тушмасин, деб хўп тарадим. Ялтироқ, қора кўйлагим, тароқдан қутулар-қутулмас яна диккая бошлаган калта сочларим устидаги бу яшил дурра шу қадар ғалати бўлиб кўриндики, қаҳқаҳа уриб кулиб юборишдан ўзимни зўрға ушлаб қолдим. Сочларимни Xатича хоним берган яшил дурра билан ўрашга мажбур қилган ўқувчи болаларимни сизларга таништириб ўтай. Энг аввал синфдаги бутун умрини сичқон сингари сандиқда ўтказадиган кичкина Ваҳби. Бу бола чиндан ҳам шум сичқонга ўхшайди: мунчоқ сингари қора, ялтироқ кўзлари муғамбир, кичкина юзи, узунчоқ ияги бор, у мактабнинг энг шайтон боласи... Бўри боласидек юмалоқ, оқ кўз, ялтироқ тишли, қип-қизил лабли, қоп-қора араб бола — Жаъфар оға. Уни биров Жаъфар деб чақирса, мактабда ҳеч қандай жавоб бермай, кўчага чиққач, тош отар экан. Ўн яшар Ашур; бу скелет сингари озғин, кир, ифлос юзини чечак бузган чўтир бола. Ниҳоят, синфнинг энг кўзга кўринган боласи — Ҳафиз Нури. Бу бола ўн ёшга энди кирган бўлса ҳам, юзи етмишга кирган чолники сингари буришиб-тиришиб кетган. Иягининг тагида битган яраси бор. Яланғоч бўйни барглари сидириб олинган новдага ўхшайди. Шишиб кетган касал қовоқларида битта ҳам киприк йўқ, тухумга ўхшаган бошида оқ салла. Гапнинг қисқаси, бу пулга томоша қилдириладиган ажойиб махлуқнинг ўзи. Шу куни эрталаб Xатича хоним қабристондан янги кесиб чиқилган узун чивиқларни ёнига қўйиб олиб, болаларни битта-битта чақира бошлади. Чақирилган бола Xатича хонимнинг саволларига жавоб бериб турганда, бутун синф аввалгидек шовқин-сурон билан дарсини пишиқтирарди. Эсимда: Алекси опа синфда шовқин солгудек бўлсак, шам сингари сап-сариқ бармоқларини бир-бирига кириштириб, Биби Марям тахлитида мовий кўзларини юқорига кўтарарди-да: «Менга жаҳаннам азобини тортдиряпсиз», — деяр эди. Синфдаги ҳамма шовқин, ҳамма тартибсизликнинг сабабчиси, албатта, Чолиқуши бўларди. Мана энди ана шу шовқин-сурон азобларини ўзинг бошингдан кечиряпсан, Чолиқуши! Одамни жинни қиладиган бу шовқинни босиш учун, ўқувчиларимни овоз чиқармай ўтиришга, синфда берилган дарсни ҳамма баравар эшитишга ўргатиш учун икки ҳафта жон куйдирдим. Хайрият, меҳнатим зое кетмади. Дастлабки кунларда қанчалик ғайрат қилсам ҳам, лекин уларни эплай олмадим. Xатича хонимнинг синфда илон сингари чинқирган ингичка новдаларидан кейин овозим уларга жуда жонсиз эшитилар эди... Баъзан иложини тополмай: «Хатича хоним, бу ёққа келинг!» — деб ташқарига бақирар эдим. Унинг супургига ўтириб олиб, осмонда учиб юрадиган ялмоғиз сингари синфга отилиб кириши дардимга даво бўларди. Ниҳоят, синфдаги шовқин-суронларни секин-аста босишга муваффақ бўлдим. Энди синфда пашша учса эшитилади. Болалар секин-секин сўзга кирадиган бўлдилар. Синфда қанча бақириб-чақириб ўқишса, дарслари шунча миясига яхши киради, деб ишонган Xатича хоним ҳам хурсанд. Хатича хоним суюнганидан: — Xудо умрингга барака берсин, айланай қизим! Энди бошим тинчиб қолди, — деди. Аммо мақсадим фақат шундангина иборат эмас эди. Мен болаларга бироз ҳаёт ва шодлик ҳам бериш тилагида эдим. Афсуски, бу тилакка етишнинг иложи йўқдек кўринади. Бу қишлоқнинг уйларида, кўчаларида, мозорларидаги сингари болаларида ҳам қора ғамгинлик бор эди. Рангсиз лаблари кулишнинг нима эканлигини билмас, ҳаракациз, ҳамиша ғаму ҳасрат тўла кўзлари доимо ўлимни ўйлаётгандек кўринади. Мен ҳам секин-секин ўшаларга ўхшаб боряпманмикан? Илгарилари ўлим тўғрисида фикрим бутунлай бошқача эди: одам эллик ёшигача, олтмиш ёшигача, хуллас, хоҳлаганича, чарчаганидан мадори қуригунча юради, югуради, ишлайди, сўнгра кўзлари ширин уйқу истаги билан юмила бошлайди. Ана шунда оппоқ, тоза кўрпага кириб ётади. Уйқу уни қамраб олади-да, ғалати бир кайф ичида кулимсираб, қаттиқ уйқуга толади. Қуёш нурларида порлаган оқ мармарлар устига қучоқ-қучоқ гуллар сочилади... Ўша мармарлардаги кичкина чуқурчалардан сув ичгани қушлар келиб қўнади. Ўлим сўзини эшитганимда, кўзларим қаршисига шу хил жонон ва шодон манзаралар келарди. Энди унинг аччиқ мазасини ер, ўсимлик ва сарви дарахтлари орасида тилим билан тотиб, димоғларим билан бўйларини ҳидлаётгандайман! Болаларнинг шунчалик оғир, шунчалик нохуш эканликларида Xатича хонимнинг ҳам анча-мунча айби бор. Бу боёқиш хотин муаллиманинг вазифаси болалар қалбидаги дунёвий истак ва интилишларни йўқотишдан иборат, деб тушунади. Шунинг учун ҳар маҳал бечора болаларни ўлимга дуч келтиришга ҳаракат этади. Унинг фикрича, девордаги бир неча табииёт лавҳалари синфга шу мақсадда келтирилган. Масалан: Бу дунё фо-ний-дир, ҳеч ким-га қол-мас, Ўт, эй дунё, ўт, эй охир за-мон-дир, — қабилида қўрқинчли шеърлар ўқитгандан сўнг скелет сурати солинган қоғозни кўрсатади, «Эртага, биз ўлганимиздан кейин этларимиз йўқолиб, суякларимиз мана шундай бўлиб қолади!» деб ўлимнинг даҳшатини, гўр азобларини тушунтира кетади. Кампирнинг фикрича, нариги суратлар ҳам шу нарсаларни ифода этади. Масалан, қишлоқ хонадони тасвир этилган суратни кўрсатиб: «Худойи таоло бу қўйларни қулларим есин, кейин менга ибодат қилишсин, деб яратган. Биз-ку шу қўйларни тўйиб ўлмаган қорнимизга жойлаймиз, лекин оллоҳи таоло олдидаги бурчимизни ўтаяпмизми? Ўташ қаёқда! Лекин эртага тупроққа кирганимизда, мункарнакир қўлида ўтли гурзиси билан тепамизга келганда, кўрамиз, ҳолимиз қалай бўлар экан?» Шу тахлитда алланарсалар сўйлар, яна ўлим тасвирини бошлар эди. Илон сурати солинган расмга келсак, Xатича хоним буни Шоҳморон, яъни илонлар подшоси, деб тушунтирибди. Қишлоқилар оғриб-нетиб қолишса, исмларини ана шу илоннинг қорнига ёзиб, уларни шифолаб келган. Ҳа, бу бечора болаларнинг вақтларини бир оз чоғ қилиш, уларни кулдириш учун нималар қилмадим! Фақат бутун қилган ҳаракатларим зое кетмоқда. Мактабга танаффус усулини ҳам киргиздим. Болаларни ярим соатда, бир соатда бир марта боққа олиб чиқар, уларга кўнгил очадиган қизиқ-қизиқ ўйинлар ўргатар эдим. Лекин, нима учундир, бу ўйин-кулгилар болаларни қизиқтирмас эди. Ана шундай кезларда болаларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, бир четга чиқиб турардим. Меҳнат эзган, жафо кўрган катта ёшли одамларга ўхшаш, ранглари сўлғин, кўзлари ғамгин бу кичкина қизчаларнинг энг яхши кўрган ўйинлари бир бурчакка тиқилиб олиб, ўлим, тобут, жаноза, Азроил, қабр каби қўрқинчли сўзлар билан тўлиқ диний ашулалар айтишдан иборат эди. Яна битта ашулалари бор эдики, буни титроқ товушчалари билан чинқириб увиллашарди: Ўғри-лар ка-би ечин-ти-рар се-ни, Бир қуруқ то-бут-га қўяр-лар се-ни, Зо-лим ўлим-дан қутул-май-сан ҳеч. Қизлар шундай деб нола қилишганда кўз олдимдан дафн маросимлари саф тортиб ўтарди. Ўқувчиларимнинг энг яхши кўрган ўйинлари ўлик кўмиш тақлиди эди. Бу ўйин, одатда, катта танаффус маҳалларида ўйналарди. Бу театр песасига ўхшаб кетган ўйинда бош ролларни Ҳафиз Нури билан араб Жаъфар оға ўйнарди. Жаъфар оға оғриб қолади. Атрофида қиз болалар йиғилишиб, Қуръон ўқишади, оғзига сув томизишади. Бола ола кўзларини юмиб жон берганда, қизчалар фарёд уриб йиғлашади, иягини боғлашади. Кейин Жаъфар оғани тахтага ётқизиб ювишади. Болалар эшикдан синдириб олинган тахтани яшил дурралар билан ёпишганда, булар ясаган тобутнинг ўша қўрқинчли ҳақиқий тобутдан фарқи қолмас эди. Ҳафиз Нури чинқироқ, машъум товуш билан жанозага чақирганда, азон айтганда, жаноза намози ўқиганда баданимда чумоли юргандек бўларди. Қабр устида «Ё Жаъфар бинти Заҳро», дейдиган одати бор эдики, кечалари тушларимга кириб чиқар эди. Юқорида айтганимдек, бу қишлоқнинг ҳавоси, айниқса, ҳар соати битмайдигандек чўзилиб кетадиган кечалари одам димоғига ўлим ҳидини келтиради... Бундай кечаларнинг ваҳималарига, қўрқувларига чидаш... Бир куни кечаси тоғда қашқирлар улий бошлашди. Мен жуда ёмон қўрқиб кетдим. Нима бўлса ҳам пастга, Xатича хонимнинг ҳужрасига тушмоқчи бўлдим. Лекин унинг моғор ҳиди келиб турган, ертўлага ўхшаган ҳужрасининг эшигини очганимда, қашқирларнинг улишидан ҳам минг маротаба даҳшатли манзарага дуч келдим. Кампир оппоқ чоршафга ўраниб олиб, жойнамоз устида ўтирар, ҳушидан кетган сингари бўғиқ бир товуши билан алланарсалар ўқир, у ёқ-бу ёққа тебраниб, узун тасбеҳини ўгирар эди. * * * Зайнилар қишлоғида мен уч нарсага кўнгил қўя бошладим: биринчиси — деразам тагидаги оқар булоқ, у тинимсиз шилдираб, ёлғизлик кечаларимда менга ҳамдамлик қилади. Иккинчиси — кичкина Ваҳби, яъни Xатича хоним салтанати заминида умрини сандиқ ичида жазо тортиш билан ўтказган бола. Ўзининг тенгдошларига ҳеч бир ўхшамаган бу кичкина шайтонни яхши кўриб қолдим. Бу бола ҳарфларни ғалати талаффуз этар, ширин тил билан эркин гаплашар эди... Ваҳби бир куни боғда порлоқ кўзларини қисиб менга қаради. — Нимага қарайсан, Ваҳби? — деб сўрадим. Ваҳби ҳеч тап тортмай: — Жуда чиройли қиз экансан! Акамга олиб берай, бизнинг келинимиз бўлгин. Акам сенга туфлилар, кўйлаклар, тароқлар олиб беради, — деди. Ваҳбининг ҳамма нарсаси менга ёқади, лекин мен билан ҳеч ҳисоблашмайди. Баъзан жаҳлим чиққанда, қулоғини секин чўзиб қўйганимда ҳам бунга ҳеч парво қилмайди. Ким билади, балки худди шу нарсаси учун уни шунчалик яхши кўриб қолгандирман. Ваҳбидан бу ўринсиз таклифни эшитиб қошларимни чимирдим. — Одам ҳам ўз муаллимасига шундай нарсаларни айтадими? Биров эшитиб қолса, тилингни кесиб олади!— дедим. Ваҳби менинг соддалигимдан кулаётгандек қилиб: — Эсимни ебманми! Нима, бировга айтармидим! — деди. Вой худо, бу зинғарча қишлоқ боласи нималарни билмайди-я! У яна тортинмай давом этди: — Сени истамбуллик келинойи дейман. Сенга каштанлар олиб келиб бераман. Акам бўйнингга тилло маржонлар тақади. — Нима, ҳали келинойинг йўқми? — Бор, лекин у қора қиз. Уни Ҳасан чўпонга берамиз. — Аканг нима иш қилади? — Жандарма. — Жандарма нима қилади? Ваҳби ўйланиб қолди. Кейин бошини қашиб: — Кофирларни сўяди, — деди. Ваҳбининг мағрур қайсарлиги менга ёқар эди. У ўзини катта одамлардек тута билади. Дарсда хатосини тузацам уялади, кейин қизариб, янглишини тузатишга унамайди. Мабодо қаттиқ туриб талаб қиладиган бўлсам, юзимга нафрат билан қараб: — Сен хотин кишисан, ақлинг етмайди, — дейди. Меҳрим тушиб қолган учинчи нарсага келсак, у кичкина етимча қиздир. Дарс бошлаганимнинг бешинчи куни бўлса керак. Парталарга кўз югуртира бошлаган эдим, юрагим ширин бир ҳаяжон билан ўйнаб кетди. Энг охирги партада оқ деса бўладиган майин сарғиш сочли, оқиш танли, малак каби гўзал юзли бир қизчага кўзим тушди. У инжу каби оқ тишларини йилтиратиб, менга кулиб турарди. Ким экан бу қиз? Қаердан пайдо бўлиб қолди? — Қани, бу ёққа кел-чи! — деб қўл имоси билан чақирдим. Қиз қуш чаққонлиги билан ўрнидан сакраб турди, мен мактабда қилганимдек, олдимга ирғишлаб келди. Бечоранинг уст-боши хароб эди. Оёқлари яланг, сочлари тўзғин. Эгнидаги ранги ўчган чит кўйлагининг йиртиқларидан оқ, нозик бадани кўриниб турар эди. Митти қўлчаларини ушладим. — Юзимга қара, кичкинам, — дедим. Қизча қўрқа-қўрқа бошини кўтарди, жингалак киприклари орасида бир жуфт ложувард кўз чақнади. Зайнилар қишлоғида чеккан изтиробларим мени йиғлатмаган эди. Лекин бу ярим яланғоч қизчанинг чиройли кўзлари, қизил лаблар орқасида икки қатор инжу шодасидек кулиб турган тишлари, агар ўша дам ўзимни ушлаб қолмасам, мени ҳўнгратиб йиғлатиб юборарди. Қизчанинг юзчасини секингина силадим, кейин ҳамма қизлардан сўрганимга ўхшаш бундан ҳам: — Отинг Заҳроми, кичкинам, йўқса Ойша? — деб сўрадим. У тоза Истамбул лаҳжасида одам ишониб бўлмайдиган бир ширин тил билан: — Меним отим Муниса, хўжоним, — деди. — Сен шу мактабда ўқийсанми? — Ҳа, хўжоним. — Нега шунча кундан бери келмадинг? — Опам юбормади, хўжоним, ишимиз бор эди-да. Энди келиб тураман. — Нима, онанг йўқми? — Опам бор, хўжоним. — Онанг қаерда? Кичкина қиз кўзларини қуйи солинтириб жим бўлиб қолди. Мен билмасдан бола қалбидаги шилиниб ётган ярага тегиб кетганлигимни тушундим. Шунинг учун бу ҳақдаги саволларимни тўхтатиб, бошқа нарсани сўрадим: — Кеча кечқурун ашула айтган сенмидинг, Муниса? Кеча кечқурун қўшни боғда аллаким ингичка бола овози билан ашула айтганини эшитган эдим. Бу овоз шу қадар ширин, бу ерда эшитган овозларимга ҳеч ўхшамас эдики, бошимни деразага тираб, кўзларимни юмдим, бир неча дақиқа ўзимни бошқа ерларда, отини айтгим келмаган вафосизлар юртида экандек сездим. Ашула айтган бола бу кичкина қиздан бошқа бўлиши мумкин эмас эди. Муниса уялиб, бошини силкиди. — Мен эдим, хўжоним, — деди. Қизчани жойига жўнатиб, дарсни бошладим. Ичимда чироқ ёқилгандек бир ҳис пайдо бўлди. Бу кичкина қиз менга илиқ баҳор қуёши каби таъсир қилди. Қор ичида кўмиғлиқ қуш инини иситган заррин қуёш нури каби мени иситди. Ҳасрат тўла совуқ ин ичида бошини қанотлари орасига суқиб, титраган хаста, заиф Чолиқуши секин-секин жонлана, эски шўхчанлигини яна топа бошлади. Вужудимнинг ҳаракатларига ажиб бир ўйноқилик, овозимга, сўзларимга ҳароратли бир оҳанг қўшила борди. Дарс бериб турган чоғларимда кўзларим ихтиёрсиз унга қараб қоларди. У ҳам менга қарарди. Ширин-ширин кулимсираб турган инжу тишларига, ўпиб олгим келган ложувард кўзларига ҳавасланар, умримда биринчи марта ўзимда оналик муҳаббати уйғона бошлаганини ҳис этардим. Ёлғиз яшашга мажбур бўлган шу кунларимда қани энди шундай бир қизим бўлса! Афсуски, бу нарса менга насиб бўлмайди. Мунисани Xатича хонимдан суриштириб, жуда оз нарса билиб олдим. «Опам» дегани ўгай онаси эмиш. Отаси илгари ўрмон маъмурларидан бири бўлган экан. Иккинчи хотини Зайнилар қишлоғидан бўлгани учун, пенсияга чиқиб, шу ерга кўчиб келибди. Xотинининг уйи, бир оз ери бор эмиш. Бундан ташқари, оладиган беш-ўн қуруш пенсия пули билан кун кечирар эмишлар. — Сўзингизга қараганда, буларнинг оиласи унча камбағал эмас кўринади, — дедим Xатича хонимга. — Нега энди қизга ёмон қарашади? Кампир қошини чимирди. — Шунчалик қарашганига ҳам шукур дейиш керак. Бошқа хотин бўлса кўчага чиқариб ташлар эди. — Нега энди? — Мунисанинг онаси ёмон хотин, қизим. Яхши эсимда йўқ, беш йил бўлдими, олти йил бўлдими, билмайман, онаси бир жандарма офицери билан қочиб кетган. Муниса у маҳал жуда кичкина эди. Кейин офицер бунинг онасини ташлаб, бошқа ерга кетиб қолган. Кейин анча-мунча гап бўлди, йигитлар тоққа олиб чиқиб ўйнашган дейишади. Xулласи калом, бузуқ хотин деган номи бор. — Ҳай, бу-ку шундайдир, Xатича хоним, лекин қизда нима айб? Кампир бошини чайқади, юзидан табассум аломати кўринди. — Нима қилишсин дейсан? Бундай хотиннинг қизини шойи ипакларга ўрашга қурблари етмайди ҳам. Муниса мактабга ҳар куни қатнай олмас эди. Сабабини сўрасам: «Опам кир ювдирди, опам пол ювдирди, опам тоққа ўтин теришга юборди» қабилида жавоблар берар эди. Болалар бу қизни унча яхши кўришмасди. Синфда ҳар доим ўзларини ундан олиб қочар, пайт топишса яшириқча жонини оғритиб йиғлатардилар. Бунда менинг ҳам озми-кўпми айбим бор эди. Бу кичкина қизга уйғонган меҳримни яширмас эдим. Синфда уни эркалаганимни, боғда ёнимга чақириб олиб гаплашганимни кўриб, болаларнинг жаҳли чиқарди. Бир куни Мунисанинг мактаб боғида йиғлаганини, «Нима қилдим сизларга? Нима ёмонлик қилдим? Қўйинглар!» деб ёлворганини эшитдим-да, ўзимни кўрсатмасдан деразадан қарадим. Қизлар булоқдан оғизларига сув тўлдириб, Мунисани қувар, оғизларидаги сувни унга пуркар эдилар. Бечора қиз йиғлаб у ёқдан-бу ёққа қочар, юзини, бўйнини қўллари билан тўсишга ҳаракат қиларди. Оғир, қўрқоқ табиат, лоқайд қизлар ярали оҳуни қувлаган ов итларига ўхшардилар. Улар қора оёқлари билан чаққон ирғишлашар, ўлимтик устидаги қузғунлар сингари йиртқичларча қичқириқлар кўтаришиб, Муниса атрофида югуришарди. Боёқиш қизни гоҳ бурчакларга тиқишар, гоҳ тупроққа йиқитишар ёки оғизларини шиширган сувни йиртиқ кўйлагининг ярим очиқ ёқасидан кўриниб турган кўкрагига пуркашарди. Ақлим бошимдан учди, уйдан телбаларча отилиб чиқиб, пастга қараб югурдим. Шундай югурдимки, ўнг оёғим чирик зина поғоналарининг бирини синдириб, ичига тушиб кетди. Мен боққа етиб келганимда манзара ўзгарган эди. Мунисага ўзи сингари кичкина, лекин кучли, чаққон ёрдамчи топилибди. Бу Ваҳби эди. Тўққиз яшар бу азаматнинг қаҳрамонлигини бир умр эсдан чиқармайман. Ваҳби булоқ суви оқиб тушадиган нариги ёқдаги лойқа кўлобга кириб олиб, Мунисани хафа қилаётганларга ҳадеб лой сачратар, ўзи ҳам сувдаги ўрдакдек ивиб борарди. Қўллари, оёқлари, юзи — ҳаммаёғи лойдан қорайиб кетибди. Ингичка овози эса, қизларнинг қий-чувлари орасида подачи найидек, жаранглаб чиқар эди. — Ҳой, кофирнинг қизлари, тегманглар Мунисага! Бўлмаса ҳаммангни сўяман! — деб қичқирарди. Қизлар бу ҳужумга дош беролмай чекинишга мажбур бўлдилар. Мунисани ярим ҳушсиз ҳолда қучоғимга олиб уйимга кўтариб келдим. Бу кичик гўзални бағримга босганимда, о, нималар ҳис қилганимни айтиб бера олмайман. Қалбимнинг ич-ичида қайноқ булоқ очилгандек, вужудимни ҳаяжонли бир ҳарорат босиб борди. Бу ҳарорат томирларимда югуриб, мени ширин-ширин элитар, кўзларимга ёш чиқариб, нафасимни бўғар эди. Бундай сархушликни бир маҳал бошдан кечиргандек бўлиб кетдим. Аммо қаерда? Қачон? Ҳозир шу сатрларни ёзиб турганимда қалбим уришдан тўхтаб, кўзларим узоқ ўтмишга тикила бошлади «Ҳа, қаерда?.. Қачон?» деб ўйлайман. Бу, ҳарҳолда, эски бир тушнинг хотираси бўлиши керак. Чунки бу узоқ дудмал хотирада рўё каби ақлга сиғмайдиган нарсалар бор. Ўзимни фазоларда учаётгандай кўраман. Атрофимда юзимга, сочларимга урилиб, шитирлаб оқаётган хазонлар сели бор. Ажабо, қаерда? Йўқ, йўқ, ёлғон, бундай нарсаларни умримда биринчи марта ҳис этяпман! * * * Шу куни ўқувчиларимни эсдан чиқариб, фақат Муниса билан машғул бўлдим. Бўронлар озор етказган оқ гул сингари гўзал вужудини, оқ ипакка ўхшаш оч сариқ сочларини ювдим. Бечора ўзини босолмай анчагачача ҳиқиллаб йиғлади. О, бу кўз ёшлари! Назаримда, бу ёшлар қизнинг юзидан эмас, менинг яраланган қалбимдан оқиб тушаётгандек. Қизча секин-секин менга кўника борди. Эски кўйлакларимдан бирини наридан-бери унга мослаб тика бошлаганимда, Муниса мушук боласидек этакларимга суйкалар, ёши қуримаган кўзларини юзимга тикиб ўтирарди. Ҳаётнинг мушкул, ноҳақ зарбаларига барвақт учраган ҳар бир ёш боладаги сингари Мунисада ҳам катта киши ҳоли бор. Мен фақат бир-икки ойдан беригина тушуна бошлаган баъзи нарсаларимни у кўпдан билади. Ҳа, учта кичкина укасига ўзи қарар, буларнинг бутун ташвишини ўзи тортар экан. Шундай бўлса ҳам негадир ўгай онасига ёқмас, ҳар кун бир неча марта калтак ейишдан қутулмас экан. Бундан бир ҳафта илгари боғларига қўшнисининг сигири тушибди. Муниса эса уни ҳайдаб чиқаргунча кичкина укаси беланчакдан йиқилиб кетибди. Ўгай онаси Мунисани ўлгудек урибди-да, кейин молхонага олиб кириб қамаб қўйибди. Икки кун қотган нон бурдаларидан бошқа ҳеч нима бермабди. Муниса менга фил тишлари сингари оқ баданидаги қизарган, кўкарган ерларини кўрсатди. Булар ўша калтак излари экан. Мен чидаёлмай: — Отангнинг раҳми келмайдими сенга, Муниса? — деб сўрадим. У менинг соддалигимга ҳайрон бўлаётгандек, юзимга тикилиб қаради, кейин кулимсираб: — У ҳам менга ачинади, мен унга... Нима қилайлик, иккаламизнинг ҳам қўлимиздан бир нарса келмаса, — деди. Шу сўзларни айта туриб, шундай чуқур хўрсинди, митти қўлчаларини умидсизлик билан шундай ёздики, юрагим аламдан ёрилиб кетаёзди. Мунисани сева-сева, севина-севина қўғирчоқдек ясатдим. Кичкинамга қўл ойнасида ўзини кўрсатган эдим, севинганидан қип-қизариб кетди. Пушти лента билан иккита қилиб ўрилган сочларига, калта қилиб тикилган кўк юнг кўйлагига, узун қора пайпоқларига худди бировнинг эгнидаги нарсалардек қўрқиб қарар эди. Кейин эшицам, Мунисанинг ясан-тусани Зайнилар қишлоғида бир неча кун гап-сўз бўлибди. Баъзилари менинг яхшилигимдан хурсанд бўлишса, кўпчилик мендан хафа бўлибди. Онаси тоғларда бевош юрган бир илон боласига шунчалик шафқат қилиш ортиқча эмиш. Сўнгра бу ясан-тусанларни гуноҳ деб ҳисоблаганлар болани онаси тушган ёмон йўлга бошлайди, деб айтишибди. Бечора Муниса пушти лентасидан, калта кўк кўйлагидан, қора пайпоқларидан узоқ қувониб юролмади. Ўгай онаси нима учундир бу кийимларни ечинтириб сандиғига солиб қўйди. У икки кундан кейин яна эски, йиртиқ кўйлакда мактабга келди. Муниса мактабга камдан-кам келади. Мана уч кундан бери уни кўрмайман. Бечорага нима бўлди экан? Эртага кичкина Ваҳбидан суриштириб кўраман. * * * Зай-ни-лар, 30 но-ябр. Кун сайин мактабга меҳрим ошиб боряпти. Бир маҳаллар ташландиқ бўлиб ётган синф эди тоза, шинам шаклга кирди. Уни бир оз ясатишга ҳам муваффақ бўлдим. Дастлабки кунлар менга ёввойи, бегона кўринган болалар энди ўзимга яқин, кўзимга иссиқ бўлиб қолишди. Мен уларга ўрганиб қолдимми ёки менинг тинмай қилган меҳнатим соясида уларнинг ўзлари одобга кира бошлашдими, бунисини билмайман, лекин ҳарҳолда икковининг ҳам таъсири бўлгандир, деб ўйлайман. Мен кўп ишлайман. Улардан кўра кўпроқ ўзим учун, ўзимни бекорчиликдан, ёлғизликнинг оғир мусибатларидан қутқазмоқ учун кечаларни кундузларга айлантириб юбораман. Муваффақияцизликларга учрасам, кўнглимни чўктирмайман. Бу бепарво кўзли, жоҳил кўнгилли болаларда бир оз тушунча, бир парча ҳаёт завқи уйғота олганлигимни ҳис эцам суюнаман. Қишлоқи қўшниларимдан баъзилари гоҳ-гоҳда менга меҳмон бўлиб келишади. Булар ҳам чақчақлашиб гаплашишни ёмон кўрадиган, кулишни ҳеч билмайдиганлар. Балки улар мендан тортинишар? Дастлабки кунларда иложи борича соддароқ кийинишга ҳаракат қилганимга қарамай, мени жуда ясаниб юради, ўзига зеб беради, деб ёқтирмаганликларини тушуниб тураман. Қишлоқ оқсоқолининг хотини ҳатто буни бир неча марта ўзимга шама қилди. Мен қўлимдан келганича уларга ёқиш, манзур бўлишга ҳаракат қилдим. Ҳатто баъзиларининг дуойи саломларини ёзиб, кўйлакларини бичиб-тикиб берган вақтларим ҳам кўп бўлди. Энди менинг тўғримдаги фикрлар бир оз ўзгарган бўлса керак, деб ўйлайман. Илгари куни оқсоқолнинг хотини яна меникига келиб, эри дуо деб юборганлигини айтди. Оқсоқол: «Муаллимангни дастлаб кўрганимда менга унча ёқмаган эди. Энди билсам, мана, тепамда худо, ёмон қиз эмас экан. Мактабни ноппа-нозандай бошқариб ўтирибди. Бирон нарса керак бўлса, тортинмасдан айта берсин», — деган эмиш. Табиий, бу илтифотга ташаккур билдирдим. Бу ерда мени ёқтирадиган, тез-тез йўқлаб турадиган яна битта обрўли шахс бор. У қишлоқ дояси Назифа Мулло. Оти Заҳро ёки Ойша бўлмагани учун бошқа жойдан келган, деб ўйлайман, чунки сергаплиги ҳам шундан далолат беради. Ғийбатчи экан, дейишмасин деб одамлардан кўп нарса суриштирмайман. Лекин қишлоқдаги ҳар хил қизиқ, аломат воқеаларни доянинг ўзи айтиб беради. Бу хотиннинг ўзига хос фаҳм-фаросати, назокати бор. Масалан, бир куни уйда иккаламиз ёлғиз ўтирганимизга қарамай, бошқаларнинг эшитиб қолишидан қўрқаётгандек, оғзини қулоғимга яқинлаштириб, Мунисанинг онаси ҳақида ийиб, ҳатто ачиниб гапирди. Охирда бошини тебратиб: — Ҳамма айб пандавақи эрида. Гуноҳ унинг бўйнида. Лекин, қизим, бу гапларимни биров билмасин. Одамни гап-сўзга қолдиришади, — деб тайинлади. Доя хонимнинг бир қори ўғли бор эмиш. Ҳозир фитр йиққани Б... ларга кетган, деди. Ишлари юришиб кетган бўлса керак, шунинг учун ҳалигача қайтиб келмабди. Бу йил худо насиб қилса ўғлимни уйлантирмоқчиман, деди. Боёқиш хотин пайти келди дегунча, ўғлини мақтар, кўзларини маъноли-маъноли қисиб қўйиб, мендан ўзича умидвор бўларди. Баъзи қоида ва шартларга риоя қилсам, қори афандига завжа бўлиш шарафига муяссар бўлишим мумкин эканлигини фаҳмладим. Қисқаси, бу хотин мени зериктирмай юради. Мана бугун ҳам эрталаб уйимга келиб, мавлуд ўқишни билиш-билмаслигимни сўради. Гапининг мазмунидан, яқинда қишлоқда тўй бўлар экан. Зайнилар одатида тўйда музика чалиш ўрнига мавлуд ўқиларкан. Кулиб юбормаслик учун лабларимни тишлаб туриб: — Биламан, лекин овозим йўқ, доя хоним, — дедим. Доя хоним афсус қилди. Эски хўжонимлардан бири мавлудни жуда яхши ўқир, бу билан жуда кўп пул топар экан. Лекин доя хонимнинг бугунги келишидан мақсади бу эмас эди. Эрга берилаётган қиз жуда камбағал эмиш. Қўшнилар савоб бўлар, деб қизга бир-икки сатил билан кўрпа-тўшак қилиб беришибди. Келинни гўшангада кўрсатиш учун мендан ҳам биронта эски кўйлагини ҳадя қилса яхши бўларди, деб буни юборишибди. Бунинг устига у қиз мен учун ёт-бегона бўлмай, ўз ўқувчиларимдан бири эмиш. Бу хабарни эшитиб ҳанг-манг бўлиб қолдим. — Менинг ўқувчиларим орасида келин бўладиган қиз йўқ эди-ку? Энг каттаси энди ўн иккига кирган, — дедим. Назифа хоним кулди. — Вай айланай, қизим, ўн икки ёш озми? Мен гўшангага кирганимда ўн беш ёшда эдим, мени ўтириб қолган қари қиз дейишди. Тўғри, эски одатлар ҳозир тақиқ қилинган, лекин начора, қиз етим, ҳеч кими йўқ, кўчада қолди. Қишлоқда Меҳмет деган бир чўпон бор, шунга беряпмиз. Ҳар нима бўлганда ҳам бир бурда нон топиб келиб егизиб турар. — Ким экан у қиз, доя хоним? — Заҳро. Синфда етти ё саккизта Заҳро бор эди, шунинг учун дарров билиб ололмадим. Доя хоним қайси Заҳро эканлигини айтганда, даҳшатдан эсим оғиб қолаёзди. Чўпон Меҳмет уйланаётган Заҳро одамнинг тушига кирса қўрқиб кетадиган алфозда ногира, телба бир қиз эди. Xина рангида, чўпдек қаттиқ тўзғоқ сочлари, мум сингари рангсиз юзида яна шу тусда сепкиллари, тор пешонасида косаларидан ўйнаб чиққан қўрқинчли кўзлари бор эди. Биринчи кўрганимдаёқ бу қизнинг касаллигини фаҳмлаган эдим. У синфда ҳеч гапирмас эди. Мабодо бирон нарсани сўрагиси келса ёки дарсни ўқиш лозим бўлса, бирдан жазаваси тутиб қолгандек, чинқироқ товуш билан қичқира бошлар эди. Лекин мен бир нарсага ҳайронман. Заҳро шу ҳолига қарамай, ҳисоб дарсида ва ёдлашда синфда ҳаммадан олдинда турар эди. У синфдаги сингари боғда ҳам болаларга қўшилмас, тобут ва жаноза ҳақидаги диний қўшиқларни айтмас, нашъали дафн ўйинларида ҳам қатнашмасди. Лекин унинг бир неча кунда бир маротаба ўзи ёлғиз ўйнайдиган бир ўйини бор эдики, бу мени болаларнинг бошқа ўйинларидан ҳам баттарроқ даҳшатга соларди. Заҳро боғнинг ўртасида туриб олиб, худди осмондан келаётган бир овозни эшитаётгандек, кўзларини олайтирар, турган ерида самовар каби пишиллар, ғалати ваҳимали овозлар чиқара бошларди. Кейин бу жазаваси кучайиб, қизғиш сочлари ҳурпаяр, оғзи кўпирар, чинқириб гир айлана бошларди. Бу, шубҳасиз, унинг ўйини эди. Лекин мен унинг бу ўйинини кўрсам, негадир титрай бошлардим. Доя хоним ана шу қизнинг келин бўлишини айтганда, ўзимча ўйладим: «Эвоҳ, Заҳро келинлик кечасида завқи қўзғаб чўпон Меҳметга шу ўйинини қилиб берса, бечора эрнинг ҳоли нима бўларкин?» Назифа Мулло кетгандан кейин яна битта эски кўйлагимни сўкиб, Заҳрога келинлик кўйлаги тика бошладим. Начора? Бу бечора қизни бир оз бўлса ҳам ясантириш керак, тағин чўпон Меҳмет биринчи кечадаёқ қочиб кетиб қолмасин. * * * Зай-ни-лар, 1 де-кабр. Кеча кечқурун оқсоқолнинг уйида Заҳронинг тўйи бўлди. Чўпон Меҳмет ўксимасин, деб қишлоқ майдонида дўмбира, сурнай чалдирдилар, бир-икки полвонни курашга солдилар. Xотин-халаж ҳам алоҳида ўтириш қилди, мавлуд ўқиди. Мен келинга тикиб берган кўйлакни қишлоқ қариялари жуда европача бўлиб кетибди, дейишди. Қулоғимга атрофдан: «Эртага охират», «мункарнакир», «оташ гурзи» каби сўзлар чалинарди. Бунинг аксига юриб, баъзи жувонларнинг оғизларидан сув оқар, ораларида келинчакка кўзлари куяётганлар ҳам топиларди. Кечада анча баҳрим очилди. Оқсоқолнинг хотини кетиворган зиёфат тайёрлабди. Ўртадаги гаплардан бу фидокорлик Заҳродан ҳам кўпроқ «истамбуллик хўжоним»ни қойил қолдириш учун қилинганлиги билиниб турар эди. Келинни чўпон Меҳметга топширишдан аввал катталарга мулозимат — қўл ўпиш маросими ўтказилди. Уятчан қишлоқи йигит кўзларини юмиб олиб ўпган қўллар орасида меники ҳам бор эди. Муаллима она ўрнида бўлгани учун менинг қўлимни ҳам ўпиш зарур экан. Бу қўл ўпиш маросимида шудай бир яширин комедия ўйналдики, буни ҳеч қачон унутмайман. Оқсоқолнинг хотини билан доя хоним бошчилигида беш-олтита кампир узун бир каравотга тизилиб ўтирган эди. Мен уларга ўхшаш оёқларимни йиғиштириб ўтиришни билмаганим учун ўчоқ ёнидаги кир сандиқнинг бир четига ўтириб олган эдим. Кўзларини ердан узишга ботинолмаган чўпон Меҳмет аввал мени кўрмади. Доя хоним: «Меҳмет ўғлим, хўжонимнинг ҳам қўлини ўп», — деб мени кўрсатганда, боёқиш уялиб-тортиниб ёнимга келди. Мен жиддий қиёфа билан қўлимни узатдим. Лекин чўпон бармоқларимни ушлаган заҳоти яна қўйиб юборди. Бунинг одам қўли эканлигига ишонмаётгандек, кўзлари жовдирар эди. Мен кулгимни билдирмасликка тиришиб: — Ўп, ўғлим, — дедим. Боёқиш, яна қўлимни ушлади-да, уялиб-тортинишни бир ёққа йиғиштириб қўйиб юзимга боқди — кўзларимиз учрашди. Энг ёмони шу бўлдики, худди шу аснода ўчоқдан юзимга урган кучли аланга ёруғида кулиб турганлигимни кўриб қолди. Чўпоннинг худди шу дамдаги шошқинчлигидек кулгили бир нарсани умрим бино бўлиб кўрган эмасман. Қўл ўпиш маросимидан сўнг куёвни келин гўшангасига олиб кирдилар. Заҳро янги кийимлари, бир оз аввал ўз қўлим билан тараб безаган сочлари билан чиройли қиздек кўриниши мумкин эди. Фақат бу ернинг одатига кўра, ҳарир парда ўрнига яшил атласдан қопга ўхшатиб қилинган бир нарса ичига киритиб қўйилганлиги учун унинг ҳусни чўпонга қадай таъсир қилганлигини кўра олмадим. * * * Зай-ни-лар, 15 де-кабр. Бугун эрталаб уйғонганимда атрофимда бир нарса етмагандек кўринди. Мен ўйлана, қидира бошладим ва охири топдим: кечалари боғда мунгли товуш билан чулдираб турган булоқ тўхтаган эди. Деразани очиб қўяй деб ўрнимдан турдим. Дераза дарпардалари очилмай тихирлик қилгандан сўнг, зарб билан тортувдим, ораларидан қор тўкила бошлади. Ана холос, бугун кечаси қор ёғиб, Зайнилар таниб бўлмайдиган кепатага кирибди. Хатича хоним бу ерда қор ёғса, то баҳоргача эримай туради, деб айтган эди. Қандай яхши нарса! Демак, япроқлари ҳам қора кўринган, юракларни сиқиб юборадиган бу қоронғи ўлканинг асл баҳори қиш ойларидан бошланар экан. Мен қорни яхши кўраман. У мен учун янги очилган бодом гулларидан ҳам гўзал. Боғда мана шу оқ, тоза, юмшоқ қорлар ичида юмаланган кезларимда топган нашъу намони ҳатто байрамлардан ҳам ололмайман. Сўнгра инсон учун нафратланган одамларига нисбатан нақадар тотли интиқом василалари бўла олади. Бир вақтлар менинг битта душманим бор эди, қордан жуда қўрқарди. Қалин жемпер ёқалари ичида яширган ингичка бўйнига билдирмасдан қор тўлдирсам, совуқдан кўкарган лабларини титратиб, рангдан рангга кирар, мен буни кўриб суюнардим. * * * Зай-ни-лар, 17 де-кабр. Қор элаб ёғар, йўллар босилиб борар эди. Ҳаммаёқни қор босди, энди ўқувчиларимдан анчаси мактабга келолмай қолди. Бугун ҳаётимнинг энг аччиқ, энг аламли куни бўлди. Эрта билан ўқувчиларим менга ёмон хабар олиб келишди. Кеча кечқурун Муниса бир ёмон иш қилиб қўйган экан, ўгай онаси устига таёқ кўтариб югурибди. Бола бечора уй деразасидан ташлаб қочибди. Уйдагилар қорда, қоронғида узоқ қолмай қайтиб келади, бир оздан кейин эшикни тақиллатиб ёлворади, деб ўйлашибди. Лекин, қанча-қанча соатлар ўтиб кетган бўлса ҳам бола бечора қайтмабди. Ана шундан кейин қўшниларга хабар қилишибди. Қишлоқ болалари машъал кўтариб, кўчаларни айланишибди. Лекин унинг қаерда эканлигини, қаерга кетганлигини билиша олмабди. Мунисанинг энг ёмон кўрган ўртоқлари ҳам ачина бошладилар. Кечқурунгача қидирмаган жойлари қолмади. Бу кичкина қизчага қанчалик аҳамият берганлигимни билгани учун қишлоқ оқсоқоли Ваҳби орқали мени қидириш натижаларидан хабардор қилиб турди. Бугун Ваҳби катта эркаклардек, жиддий ва ташвишли эди. Мунисанинг ҳали ҳам топилмаганлигини билдириш учун кўчадан туриб кўкарган ҳовучларини кўрсатар, қошларини чимириб: «Бечора қиз йўқолиб қолди. Бўрилар еб кетган бўлса керак!» — деярди. Кечга бориб Ваҳбининг шубҳаси катталарга ҳам таъсир қила бошлади: «Шундай бўронда муштдек қиз бола бошқа қишлоққа кета олмайди. Ё бирон ерда совуқдан музлаб ўлди, ё бўлмаса йиртқичлар еди», — дегувчилар кўпайди. Одам одамни таниб бўлмайдиган қор бўронини тун қора тумандек қамраб олганда юрагимда даҳшатли бир умидсизлик пайдо бўлди. Ҳаётни золим ва адолациз нарса дегувчиларнинг фикрига биринчи марта ишона бошладим. Ҳаётга қарши исён кўтардим. Овозим, нафасим бўғилди, бошим оташлар ичида ёнди, барвақт кўрпага кирдим, ёруғ кўзимга озор бергани учун чироқни ўчирдим. Ташқарида бўрон ҳамон ҳайқирар, дераза эшикларига келиб уриларди. Ким билсин, бечора қизгина ҳозир қаерларда ётибди экан? Ким билсин, бечора қайси зулмат ичида кўмилган экан? Оч сариқ сочлари, ким билади, қоронғиликнинг қайси бир қучоғида, хазон-япроқларга тушган ойнинг ўлимтик ёғдуси каби қаерларда титраб юрибди экан? Неча соат ўтганлигини билмайман. Одам бундай ҳолларда вақтни сезиш ҳиссини йўқотиб қўяди. Бирдан қабристон томондаги эшик тақиллаётгандек бўлди. Шамолдан бошқа нима бўлиши мумкин? Лекин ундай эмас. Бу шамол зарбасидан бошқа бир нарса. Кўрпамдан кўтарилиб қулоқ солдим, кеча қоронғилигида бўғиқ бир инсон йиғисини эшитгандек бўлдим. Дарҳол ўрнимдан сакраб турдим, елкамга кўрпа ташлаб, пастга югуриб тушдим. Мақсадим Xатича хонимнинг ҳужрасига бориб, уни уйғотиш эди. Лекин у ҳам бу овозни эшитган экан, бир қўлида шам билан югуриб чиқиб келди. Биз эшикни бирданига очиб юборишга ботинолмай турдик. Бу орада бўрон ҳам тинган эди. Xатича хоним эркакларникига ўхшаш йўғон товуш билан: — Ким у? — деб қичқирди. Аммо жавоб бўлмади. Кампир яна бир марта сўради. Ана шундан кейин шамолнинг шовқини ичида нозик йиғи товушни эшитдик. Xатича хоним: — Сен кимсан? — деб яна бақирди. Лекин мен овозни таниб, «Муниса! Муниса!» дея қичқириб, тамбани оча бошлаган эдим. Эшик очилар-очилмас ичкарига қор аралаш шамол ёпирилиб кирди-ю, кампир қўлидаги шам бирдан ўчди. Қоронғиликда қучоғимга муздек совуқ кичик бир вужуд тушди. Xатича хоним шамни ёқиш билан овора бўлгунча, мен уни бағримга босиб, ҳўнграб йиғлаб турдим. Муниса тамом мадори қуриб, қўлларимда беҳуш ётарди. Юзи кўм-кўк кўкариб кетган, сочлари тўзғиган, кийимларининг ичига қор тўлган эди. Болани ечинтириб ўз жойимга ётқиздим. Бир парча читни Xатича хонимнинг манқалида иситиб келиб, Мунисанинг баданини ишқай бошладим. Муниса ўзига келар-келмас, оғзидан чиққан биринчи сўз шу бўлди: — Бир бурда нон беринг... Хайрият, озгина сутимиз бор экан. Ўшани иситиб бахти қора қизга қошиқ билан ичира бошладик. Минутлар ўтган сайин Мунисанинг юзи қизариб, кўзларида нур пайдо бўла бошлади. У қўлларимда ётиб хўрсинар, аччиқ-аччиқ йиғларди. Оҳ, унинг кўзларидаги миннатдорчилик! Дунёда кичкинагина яхшилик қилишдан ҳам ажойиб нарса йўқ. Пўртана ичида вайрон бўлган кема сингари ларзага кирган бу қоронғи хонам ўчоқнинг қизил алангалари ичида бирданига шундайин мунис, масъуд бир уяга айландики, ҳозиргина ҳаётдан шикоятланганлигим учун ўз-ўзимдан уяла бошладим. Муниса секин-секин тилга кирди. Қўлларини қўйнимга тиқиб, сарғиш сочларини билакларим устига тўкиб, кўзларимга тикилар, сўраган саволларимга оғир-оғир жавоб берарди. Кеча кечқурун ўгай онасидан жуда ёмон қўрқиб кетиб, қишлоқнинг нариги четидаги бир омборда сомоннинг ичига бекиниб олибди. Сомон одамни кўрпадек иссиқ сақлар эмиш. Лекин бугун қаттиқ очиқибди. Кундузи ташқарига чиқса, яна уйга тутиб келишларидан қўрқиб, чор-ночор кеч киришини кутиб ётибди. Бечора боланинг ишонган тоғи мен эканман. Куни билан: «Хўжоним албатта нон беради», деб ўзини юпатибди. Бир оздан сўнг боланинг порлоқ кўзларига мунг чўкди, чеҳрасидаги суюнч ўтлари ўча бошлади. Сабабини сўрашнинг лузуми йўқ эди. Чунки худди шундай қўрқув менда ҳам уйғонган эди. Эртага эрталаб Мунисани яна уйига юбориш керак бўлади. Шундай бўлса ҳам, қалбимда заиф бир умид йўқ эмас эди. Баъзан қалбимда ҳеч маҳал ушалмайдигандай туюладиган орзу-умидлар яшайди. Мендаги ҳозирги умид ҳам шунга ўхшарди. Мунисада бефойда орзу уйғотишдан қўрқаётгадек, паст товуш билан Xатича хонимга дедим: — Агар бу бечорани ота-онаси уйларига сиғдиришмаётган бўлса, ўзимга қиз қилиб олсам, йўқ дейишмасмикин? Менинг ҳам ҳеч кимим йўқ. Xудо ҳаққи, буни ўз боламдек парвариш қиламан. Беришмасмикин-а? Бу ўтли орзум гўё Xатича хонимнинг лабларидан учадиган сўзларга боғлиқдек, титраб, қалтираб, қўлларимни узатар, бўйнимни букардим. Кампир кўзларини ўчоққа тикиб олиб, ўйланиб турарди. Кейин секин бошини тебратди: — Ёмон бўлмас эди. Эртага оқсоқол билан гаплашиб кўрайлик. У хўп деса, отасини ҳам кўндирамиз. Яхши бўлади, — деди. Мен умримда шунчалик умид бағишловчи ажойиб сўзлар эшитганимни эслолмайман. Жавоб қилмасдан Мунисани бағримга босдим. Бола қўлларимни ўпиб: — Онажоним, онагинам! — деб йиғлай бошлади. Мен шу сатрларни ёзиб турганимда, Муниса менинг ўрнимда ётиб ухлаяпти, сариқ сочларида ўчоқ оловининг масъуд шуълалари титраяпти. Тез-тез, чуқур-чуқур хўрсинади. Тўлиб-тўлиб йўталади. Ё раббий, шу болани менга беришса нақадар бахтиёр бўлардим! Унда на қоронғи кечалардан, на даҳшатли пўртаналардан ва на бечорачиликдан — ҳеч бир нарсадан қўрқмас эдим. Уни ўз қўлим билан пўпалаб ўстираман, бахтиёр қиламан. Мен бир замонлар бошқа болаларни орзу қилиб юрган эдим, лекин уларнинг ҳаммаси бир кун кечқурун бирданига қалбимда ўлиб кетди. Мен энди тақдиримга кўникиб қолдим. Яна ҳамма нарсани сева бошладим. Комрон, бир кун кечқурун қалбимдаги ўша кичкинтойларни ўлдирган ўзинг бўлганинг ҳолда, бу кеча сендан бир вақтлардаги даражада нафратланмайман. * * * Зай-ни-лар, 18 де-кабр. Бугун кечаси ҳам мижжа қоқмай чиқсам керак. Касаллар сингари, бахтлиларга ҳам кечалар шундай узун туюлади... Эрталаб Xатича хоним билан қишлоқ оқсоқолининг уйига бордик. Бечора чол мени Мунисадан хабар излаб келаётибди, деб ўйлаган экан. — Ҳали ҳам топилмади, яна бир-икки ердан умидим бор, — деб дарҳол менга тасалли бера бошлади. Мен кечаси бўлган воқеани айтиб бердим. Сўзим охирига яқинлашган сари юрагим дукури ортар, кўз олдим қорайиб борарди. Дунёда ҳеч қилиб бўлмайдиган бир нарса учун ёлвораётгандек, қўлларимни қовуштирдим: — Шу кичкина қизни менга беринг. Ўзимга қиз қилиб олай, бағримда асрай. Ўзингиз кўриб турибсиз, у бечора ўгай онасининг қўлида хазон бўлади. Оқсоқол кўзларини юмди, соқолини титкилаб ўйланиб турди. Кейин: — Жуда яхши, қизим, ҳақиқатан ҳам савоб иш қилган бўласан, — деди. — Демак, Мунисани менга берасиз? — Отаси нариги болаларини зўрға боқолмайди-ю, бермай нима қилади. Йўқ деса, қўлига беш-ўн қуруш берамиз-да. Ўшанда суюнганимдан жинни бўлиб қолмаганимга ҳайронман. Муродимга шу қадар осон етарман, деб ўйлабмидим! Кечқурундан бери неча соатлаб ўйладим, қиладиган эътирозларига жавоблар тайёрладим, юракларини юмшатиш учун миямда таъсирли сўзлар сараладим. Ҳеч иложини қилолмасам, онамдан қолган бир неча жавҳар маржонларни бериш қарорига келдим. У нарсаларни шу бечора етимчани қутқазишдан ҳам яхшироқ бир ерга сарф қила олармидим? Лекин бу фидокорликларимнинг ҳеч бирига ҳожат қолмади. Муниса бир жонли қўғирчоқдек қўлларимга тутқизилмоқда эди. Мен бошқалар сингари эмасман, жуда севинган, бахтиёр бўлган дамларимда туйғуларимни сўз билан англата олмайман. Албатта, рўпарамдаги кишининг бўйнига осилишим, уни ўпишим, тортқилашим керак. Оқсоқол афанди ҳам ўша дам худди шудай таҳлика остида эди, лекин тириш қўлининг бир марта ўпилиши билангина қутулиб кетди. Икки соатдан сўнг оқсоқол Мунисанинг отаси билан мактабга кириб келди. Мен у кишини бадбуруш, ваҳимали, золим одам, деб ўйлаб юрардим. Ҳолбуки, кичкинагина, касалманд, юпун бир чол экан. Менга истамбуллик эканини, лекин қирқ йилчадан бери юртини кўрмаганлигини айтди. Чигал тушни айтаётгандек Сариер, Оқсарой ҳақида чалкаш-чулкаш қилиб гапирди. Мунисани менга беришга рози эди. Лекин қизига жуда жони ачиётганини сездим. Боланинг бахтини очиш учун қўлимдан келганини аямаслигимни, уни ўз боламдан афзал кўриб тарбиялашимни, ҳар доим ўзига кўрсатиб туришлигимни ваъда этдим. Зайнилар қишлоғининг камбағал, қоронғи мактаби шу вақтгача бундай бир байрамни, бундай бир шоду хуррамликни кўрмагандир. Муниса иккаламиз қувончимиздан уйларга, даҳлизларга сиғмасдик. Бунга аминман. Қаҳқаҳаларимиз бўғотларда мудраб ётган қушларни уйғотиб юборадиган даражада шифтларга урилиб жарангларди. Муниса бир неча соат ичида кичкина, нозиккина хонимга айланди. Қизил читдан кўйлагим бор эди, уни киймай қўйган эдим. Ўшани бир оз торайтириб, калтароқ қилиб қизчамга ажойиб костюм қилиб бердим. Муниса шу кийимда бир ҳўплам сувдек, оғизга солиш билан эриб кетадиган шоколад конфетдек бўлиб қолди. Қор бир кун аввалги шахтидан бирмунча қайтган бўлса ҳам, ҳамон ёғиб турар эди. Қоронғи тушмасдан аввал болани қўлидан етаклаб боққа олиб чиқдим. Xатича хоним Зайни отанинг чироқларини ёққани кетгунча бирга-бирга юрдик, ўйнашдик, қувлашдик, мозор тошлари орасида қор отишдик. Қувноқлигимиз қари кампирнинг ҳам шодон юзига кулги чиқарди. — Қани, ичкари киринглар энди! Совқотиб, касал бўлиб қоласизлар, — деяр, ширин-ширин куларди. Совқотиш? Одамнинг ичида қуёшлар чақнар экан-у, яна у совқотармишми!.. Бу оқшом осмон менга шохларини ғарбдан шарққа қадар чўзиб юборган дарахтга ўхшаб кўринди. У секин-секин тебранганда устимизга оқ гулларини тўккан каттакон жасмин бутасига ўхшарди. * * * Зай-ни-лар, 30 де-кабр. Муниса билан шу қадар апоқ-чапоқ бўлиб кетдикки!.. Бу кичкина қиз дарслардан ортган ҳамма вақтимни оларди. Ниманики билсам унга ўргатгим келади. Ҳар куни икки соат француз тили ўқитаман, қишлоқдагилар билиб қолишса бизни тошбўрон қилишмасин, деб эшикларни, деразаларни маҳкам бекитаман-да, ўйинга тушишни ҳам ўргатаман. Баъзан ўзимга кулгим қистайди. — Чолиқуши! Мунисани ҳамма нарсага ўргатаман, деб тағин Ҳожи халфанинг ўғли Миратга ўхшатиб қўймагин, — дейман. Бу камбағал қишлоқ қизи ҳадемай аслзодага ўхшаб қолди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир сўзидан малоҳат бўйи келиб туради. Авваллари бунга ҳайрон қолардим. Энди эса сабабига тушуна бошладим. Мунисанинг онаси одамлар айтгандек тўпори хотин эмас кўринади. Қизалоқ мендан ниҳоятда миннатдор. Баъзан ҳеч нимадан-ҳеч нима йўқ ёнимга келади-да, қўлларимни ушлаб бетларига, лабларига сурта бошлайди. Ана шунда мен ҳам унинг қўлчасини ҳовучларимга олиб, митти бармоқчаларини битта-битта ўпаман. Бечора қиз мени қанотига олиб яхшилик қилди, деб ўйлайди. Ҳолбуки, менинг қанотимга кириш билан чинакам яхшиликни унинг ўзи қилди. Қизгинамнинг қақажонлиги, одамнинг эсига келмаган ғалати гаплари кишини ҳайрон қолдиради!.. Бирга тура бошлаганимизнинг иккинчи куни: — Муниса, хоҳласанг мени ойи деявер, яхшироқ бўлади, — деган эдим, ширингина кулимсираб бетимга қаради-да: — Вой, бўлармиди, опажон! — деди. — Нега бўлмасин? — Ҳали кичкинасиз-ку, опажон, сизни ойи деб бўладими! Бу сўзи нафсониятимга тегди. Бармоғим билан пўписа қилиб: — Ҳа, шайтон, нимага кичкина бўлар эканман? Йигирма ёшга кирдим-а, кап-катта хотинман, — дедим. Муниса тилининг учини тишлари орасида сиқиб туриб менга қарар, ҳеч нима демай нуқул кулар эди. — Ёлғонми? Кап-катта хотинман, — дедим яна. У катта одамлардай лабларини бурди. — Мендан унча катта эмассиз-ку, опажон! Жуда борса ўн тўрт-ўн бешга киргандирсиз. Ўзимни тутолмай кулиб юбордим. Муниса уялиб, тортиниб туриб: — Сиз келинчак бўлганингизда-чи, опажон, сочимга зар иплар тақаман, — деди. — Xудди сизга ўхшаган бир чиройли... Қўлим билан боланинг оғзини ёпдим. — Яна шунақа гапларни айцанг, тилингни узиб оламан! — дедим. * * * Кичкинам ясан-тусанни, ноз-карашмани яхши кўради. Мен ўзига оро берадиган қизларни ҳеч ёқтирмас эдим. Мана эди Мунисанинг ойнак олдида ўзига оро беришига, ойнакдаги аксини ёқтириб, кулимсирашига ҳушим кетиб қараб қоламан. Ҳатто бир куни кечаси қўлидан куйган гугурт чўпини ҳам топиб олдим. Қизи тушмагур яширинча қошларини қорайтириб олмоқчи бўлган экан. Қизиқ, кимдан ўрганди экан? Билмайман... Ҳозиргиси-ку гўрга-я, бир неча йилдан кейин бўйга еца, биронта йигитни яхши кўриб, тегиб кеца нима бўлади? Шу ёғи эсимга тушса, ҳамма оналардай ҳаяжонланаман, ҳам қувонаман. Муниса кеча қизариб-бўзариб туриб мендан бир нарсани илтимос қилди. Сочимни ўзингизнинг сочингизга ўхшатиб тараб қўйсангиз, дейди. Худодан бирдан-бир тилаган нарсам Муниса билан худди қўғирчоқ ўйнаётгандай ўйнаш эди. Қизгинамни тиззаларим орасига олдим, сочларини ёйдим, кейин хоҳлаганидай қилиб ўриб қўйдим. Муниса токчадаги кичкина ойнакни олиб: — Опажоним, келинг, иккаламиз ёнма-ён туриб ойнакка қарайлик, — деди. Суратга тушаётган опа-сингиллардай, бошларимизни бир-бирига суядик. Ойнак ичида кулишар, бир-биримизга тил кўрсатар эдик. Муниса ложувард кўзлари, оппоқ тани, нозик, ширин юзчаси билан малак каби гўзал эди. Лекин у хурсанд бўлмади. Бурнимни, лабларимни ушлаб: — Аттанг, опажон, сизга ўхшамас эканман-да, — деди. — Сен яхшироқсан-ку, болам. — Нимам яхши, опажон? Мен сиздақа чиройли эмасман!.. У бошини яна ҳам кўпроқ яқинлаштирар, бўйнимнинг тагидан ўтказиб олган қўлчаси билан бетимни силар эди. — Опажон, сиз барқутга ўхшайсиз. Юзингизга қараган киши ўзини ойнакка солгандай кўра олади, — деди. Бу қақажон қизнинг сўзларидан кулиб, бир минутгина илгари зўр диққат билан ўзим ўриб қўйган сочларини тўзғитиб юбордим. Яшириб нима қиламан, ахир дафтаримни ўзимдан бошқа ҳеч ким ўқимайди-ку! Мен ўзимни хаёл қилган даражадагидан ҳам чиройлироқ деб ўйлай бошладим. «Фарида, сен ўзингни билмайсан. Сенда ҳеч кимга ўхшамаган бошқа нарсалар бор» деганларга ҳақ бергим келади. Нима тўғрисида гапираётган эдим? Ҳа, кичкинам тўғрисида! Уни эс-ҳушли қилиб тарбиялагунимча, у мени ўзи сингари ноз-карашмали қилиб қўядиган кўринади. * * * Зай-ни-лар, 29 ян-вар. Дафтаримга бир ойдан бери қўл урганим йўқ. Ҳарҳолда, хотира ёзишдан ҳам фойдалироқ ишларим бўлди. Иннайкейин, бахтли кунларнинг нимасини ҳам ёзар-динг? Бир ойдан бери чуқур кўнгил роҳати ичида яшадим. Лекин, афсуски, бу ҳол узоқ бормади. Икки кун аввал бу ердан ўтган почта араваси менга тўртта хат ташлаб кетибди. Конвертларга кўзим тушар-тушмас, ичиб ёниб кетди. Кимлардан келганини, ичларида нималар ёзилганини билмасам ҳам: — Оҳ, кошкийди қўлимга етиб келмай йўлда йўқолган бўлса! — дедим. Дастлабки тахминимда янглишмаган эдим. Конверт устидаги ёзувни танирдим. Xатлар ундан келган эди. Конвертлар мени топиб келгунча қўлдан-қўлга ўтибди, усти кўк, қизил ёзувлари, муҳрлар билан тўлибди. Қўл тегизишга юрагим дов урмай, биттасининг устидаги адресни ўқидим: «Б... шаҳар марказий рушдияси муаллимларидан Фарида хоним афандига» дейилган эди. Конвертларни ғижимлаб, ўчоқ ёнидаги этажеркага ирғитдим. Дераза ёнига келдим, бошимни унинг йнагига қўйиб, узоқ-узоқларга тикилиб, ўйга толдим. Муниса мени кўриб ташвишга тушди: — Опажон, бир ерингиз оғрияптими? Рангингиз оқариб кетди, — деди. Ўзимни босишга тиришиб кулимсирадим. — Ҳеч нима бўлгани йўқ, болам. Пича бошим оғрияпти, холос. Иккаламиз бир оз боққа чиқиб айлансак тузалади. Кечаси кўзларимни қоронғиликка тикиб, узоқ вақтларгача мижжа қоқмай ётдим. Чуқур бир тараддуд ичида ёнардим. Юзсиз золим бу мактубларида, ким билади, менга нималар деган, нималарга жасорат қилган экан? Бир неча бор чироқни ёқиб, хатларни ўқимоқчи бўлдим, лекин ўзимни босдим. Бу хатларни ўқиш айб, мен учун бир тушкунлик эди. Орадан икки кун ўтди. Мактублар ҳамон ўша ерда ётар, уй ҳавосини заҳарлагандай мени азоблар эди. Ғамгин, эзгин ҳолатим Мунисага ҳам юқди. Бечора қиз мени дардга солган нима эканини билар, этажеркадаги конвертларга нафрат билан қараб-қараб қўяр эди. Шу бугун кечқурун ҳам яна дераза ёнида ўйга толиб турган эдим, Муниса тортиниб ёнимга келди, кейин юраги бетламайгина: — Опажоним, мен бир нима қилиб қўйдим, билмайман, жаҳлингиз чиқармикан? — деди. Мен чўрт ўгирилдим. Кўзларим ихтиёрсиз этажеркага югурди. Xатлар жойида йўқ эди! Юрагим аламдан ғужанак бўлди, чидаёлмай: — Xатлар қани? — деб сўрадим. Муниса бошини эгди. — Ёқиб юбордим, опажон. Нима қилайин, сизни жуда эзиб юборишди! Мен бўғиқ бир товуш билан: — Нима қилиб қўйдинг, Муниса?! — деб қичқирдим. Бола менинг қаттиқ жаҳлим чиқишини, елкасидан ушлаб силкита бошлашимни кутиб титрарди. Бошимни қўлларимга тираб, секин-секин йиғлай бошладим. — Опажоним, йиғламанг. Xатларингизни ёққаним йўқ, сизга жўрттага шундай дедим. Бунчалик куйиб-ёнмасангиз, кейин ёқиб юборардим. Мана. Кичкина қўли билан бошимни силар, иккинчиси билан хатларни қўлимга ушлатишга ҳаракат қиларди. — Ол, опажоним, булар яхши кўрган кишингдан келганга ўхшайди, — деди. Мен сесканиб тушдим. — Тирмизак, бу қандай гап? — деб қичқирдим. — Қайдам, опажон. Яхши кўрган кишингиздан келмаса, шунча йиғлармидингиз? Кўп нарса биладиган бу қақажоннинг сўзларидан уялдим, кўз ёшларимдан уялдим. Энди бу аҳволга хотима бериш керак эди. Мен қарор қилдим. — Кичкинагинам, кошки шу сўзларни айтмаган бўлсанг. Модомики, айтишга айтдинг, энди мен сенга исбот қилиб берайин. Xатлар мен яхши кўрган одамдан келган эмас. Кел, икковимиз бирга ёқиб ташлаймиз. Уй ичи қоронғи эди. Фақат ўчоқда бир ўтин чаласи гоҳ ёниб, гоҳ ўчарди. Xатлардан бирини ўтга ташладим. Конверт ғужанак бўлиб ёна бошлади. Ёниб бўлгандан кейин иккинчисини, сўнгра учинчисини ташладим. Муниса англашилмас бир ҳаяжон билан бағримга суқиларди. Мактублар бирин-кетин ёнаркан, қаршимизда жон бераётган бир одам бордек, ҳаяжон ичида сукут қилиб турдик. Навбат тўртинчи хатга келганда, ичимда чидаб бўлмайдиган бир пушаймонлик ўти ёнди. Лекин учтаси ёниб кетгандан кейин бунисини олиб қололмас эдим. Қалбимнинг бир парчасини узиб олаётгандек бир изтироб билан унисини ҳам ўтга ирғитдим. Сўнгги мактуб аввалгиларидек бирдан тутаб кетмади. Бир чеккасидан нозиккина тутун чиқариб, кейин секин-секин ёна бошлади. Охирида конвертнинг қовжираб очилганини, майда ёзувлар билан тўлиқ бир қоғознинг секин-секин ёна бошлаганини кўрдим. Бу азобга чидай олмай қийналар эдим. Муниса, кўнглимда ўтаётган нарсаларни билгандек, эгилиб қўлини ўтга суқди-да, мактубнинг бир парчасини қутқазиб қолди. Бу парчани болани ухлатгадан кейингина қўлимга олдим. Унда шу сатрлар омон қолган эди. «...Кеча эрталаб онам юзимга қаради-ю, йиғлаб юборди. «Нима бўлди, ойи? Нега йиғлайсиз?» — деб сўрадим. Олдин гапиргиси келмади. «Ҳеч... Бир туш кўрибман», деб қўя қолди. Лекин мен қўймадим, ялиндим, ёлвордим, охири сўзлашга мажбур қилдим. Секин-секин йиғлаб туриб шуларни айтди: — Бугун Фарида тушимга кирибди. Мен қоронғи ерларда излаб юрган эмишман, рўпара келган одамлардан: «Фарида шу ердами, худо хайрингизни берсин!» деб сўрармишман. Юзи ёпиқ бир хотин мени қўлимдан ушлаб такияга ўхшаган олақоронғи бир ерга бошлаб кирармиш-да: «Фарида шу ерда. Дифтерит касалидан ўлди», деярмиш. «Қарасам, бечора болам кўзлари юмуқ ётибди. Ҳали рангининг қони ҳам кетмабди. Мен аччиқ-аччиқ йиғлаб уйғониб кетдим. Ўлик кўрган тирик кўради, дейдилар, шундай эмасми, ўғлим? Яқинда Фаридани кўраман, а, Комрон?» Ойимнинг сўзларини сенга айнан ёздим. Майли, мени бир ёққа қўйиб тур, лекин онанг ўрнидаги мана шу кекса хотинни ҳадеб йиғлата бериш тўғрими? Xолангнинг тушлари ўшандан бери менинг ҳам тушим бўлиб қолди. Қачон кўзларимни юммайин, ҳарвақт сени узоқ бир юртнинг қоронғи ҳужрасида кўзларинг юмуқ, қора сочларинг, гулдек юзинг...» Мактуб парчаси шу ерда тугар, менга фақат холамнинг мотаминигина билдирарди. Комрон, кўриб турибсанки, бизни ҳамма нарса бир-биримиздан айиради. Биз энди икки душман эмасмиз, балки бир-бирини ҳеч вақт кўра олмайдиган икки бегонамиз. * * * Зай-ни-лар, 5 фе-в-рал. Кеча кечаси ботқоқликда ўқ овози эшитилди. Мен қўрқиб кетдим. Муниса эса парво қилмади. — Бўлиб туради, жардармлар қароқчиларни қувиб юришибди, — деди. Отишма қисқа паузалар билан ўн минутча давом этгандан кейин тўхтади. Воқеани эрта билан билдик. Мунисанинг тахмини тўғри чиқди. Почтани талаган бир неча дарбадар билан жандарм орасида жанг бўлибди. Жандармлардан бири ўлиб, иккинчисини оғир яраланган ҳолда Зайниларга келтиришибди. У ҳозир мусофирхонада ётган эмиш. Туш палласида кичик Ваҳби ҳаллослаб мактабга югуриб келди-да, қўлимдан ушлаб: — Қиз хўжоним, тез зорингни (чодрангни демоқчи бўлса керак) ёпин, юр тезроқ! Сени мусофирхонага чақиришяпти, — деди. — Ким чақиряпти? — Доктор чақирибди, отам айтди. Дарҳол чодрамни ёпиндим, олдинда Ваҳби, орқада мен мусофирхонага тезлаб кетдик. Мусофирхона иккита кичкина бўлмадан ва зинапояли хароб даҳлиздан иборат кўримсиз бостирма экан. Тунда қорбўронга ё касалга учраган йўловчилар кечалари шу ерга келиб тунашар экан. Гоҳ маҳаллар шундай одамларни овқат билан ҳам йўқлаб туришар экан. Эшик олдида бир чиройли от ер тепиниб турар эди. Бурунларидан буғ ёпирилиб чиқарди. Мен унинг тумшуғини силаб, ичкарига кирдим. Ҳовли қоронғи бўлгани учун чироқ ёқиб қўйишибди. Оёғига каттакон этик, эгнига қалин шинел кийиб олган бир семиз ҳарбий доктор зина поғонасига ўтириб олиб, бир нималар ёзар, қоронғида юзи унча яхши кўринмаган бир неча киши билан ора-сира гаплашиб қўярди. Докторнинг юзини ёндан кўрдим. Оппоқ, қалин мўйловлари, бароқ қошлари, жонли ва ёқимли юзи бор эди. Лекин у одамларга дағал, ҳатто уят сўзлар билан гапирарди. Ё раббий, шу қадар ёмон сўзлар айтардики, ўгирилиб қайтиб кетгим ҳам келди. Доктор мутлақо яна бир хунук сўз айтмоқчи бўлганлигини билдириб турган дағал бир қаҳқаҳа билан кулиб бошини кўтарган эди, мени кўриб қолди. Кулгиси бирдан тўхтади. Кейин напармон кителли, кўкраги билан битта қора соқолли кишига ўгирилиб қичқирди: — Ҳой, капитан, жаҳлинг чиқмасин, лекин сенга «Айиқ полвон» деб от қўйганларнинг ҳаққи бор. Орамизда хотин киши бор экан, мен билмай сенинг касринг билан оғзимни роса чакки қилибман! У шу сўзини айтгандан кейин мен томонга қаради: — Синглим, кечиринг мени, келганингизни кўрмабман. Юқорига чиқинг. Йўқ, пича шошманг, мен тушиб олай. Зинапоя жони чиқиб зўрға турибди. Икковимизни бирдан кўтара олмас. Қани, чиқинг энди, мен тушдим. Поғоналардан бирданига иккита-иккита сакраб юқори чиқдим. Қари докторнинг «капитан» деган одамни таҳқир қилаётганлиги ҳамон қулоғимга эшитилиб турди. — Капитаним, бу муаллима истамбуллик. Қандай билганимга ҳайрондирсан? А, капитаним? Сен коинотда бўладиган ҳар бир ҳодисага қўйдек анқайиб қарайсан! Мен уни зинапоядан чиқишидан билиб олдим. Кўрдингми, худди какликдек ирғишлаб чиқди. Энди хоҳласанг, ёшини ҳам айтиб бераман: нима десанг де, лекин бу хотинчанинг ёши қирқдан ошган эмас. Бу хил гаплар қанчадан бери мени соғинтириб келарди. Ўзимча кулдим, «Мана шу ерда янглишдинг, доктор афандим!» деб қўйдим. Беш минутдан сўнг қари доктор оғир этиклари билан зинапояни ғижирлатиб юқори чиқди. Кейин юзимга қарамасдан гапира бошлади. — Афандим, воқеа маълум, бир ярадоримиз бор, унча оғир эмас, фақат қараб туриш керак. Мен бир оздан кейин кетаман. Қилинадиган иш унча мушкул эмас, лекин ярадорнинг қони бузилиб қолишидан қўрқаман. Бу ердаги одамлар докторларга унча ишонишмайди. Пайтини топишиб, дарров табибларга, бахшиларга қаратишади. Яраларга бўлмағур зарарли нарсалар ёпиштиришдан ҳам тойишмайди. Сиз мактаб кўрган илмли аёлсиз. Қилинадиган ишларни ўзим айтиб бераман. Касал ўрнидан туриб кетмагунча қараб турасиз. Лекин бунга дош берармикинсиз, йўқмикин? — Бўлади, докторбей. Менинг асабларим маҳкам. Ҳеч нарсадан қўрқмайман, афандим. Доктор мега ажабланиб қаради. — Қани, юзинги оч, кўрайин, — деди. Бу такаллуфсиз сўзларда ғалати бир самимият бор эди. Мен ҳеч тортинмасдан юзимни очдим. Ҳатто бир оз кулиб ҳам қўйдим. Қари доктор қўлларини ёзди, содда юзида ғалати ҳайронлик кўринди. Кейин қаҳқаҳа уриб: — Сен бу ерларда нима излаб юрибсан? — деди. Бу гал мен шошиб қолдим. Ажабо, бу одам мени танирмиди? Шунга қарамай, мен ҳам ҳазил қилишдан қўрқмадим. Докторнинг одамда шу қадар ишонч, шу қадар яқинлик ҳисси уйғотадиган иссиқ чеҳраси бор эдики... — Мени танийман деб туриб олмассиз, деган фикрдаман, докторбей... — Шахсингни эмас, хилингни танийман, қизим, хилингни! Афсуски, ер юзида жуда камайиб бораётган хилингни. — Фили Маҳмудларга[18] ўхшабми, афандим? Беш ойдан бери ичимда зўрға босиб келаётган шўхликларим яна бош кўтарди. Алекси опа ҳар доим мени эркалатиб бўлмайди, деярди. Чунки дарҳол шўхлик қилишга, сўзларни бузишга, ёш бола қилиқларини қилишга тутинаман. Ҳарҳолда доктор менда ниҳоятда одобли, пок одам таассуротини қолдирди. У яна боягидек гуриллаган қаҳқаҳа билан: — Ҳозирги филларнинг йўғон, сўлақмон боболарига сира ҳам ўхшамаган нозик, кичкина, хушчақчақ махлуқ-ей! Қари бўлсам ҳам бу сифатларингга «гўзал» сифатини ҳам қўшиб қўйишим мумкин. Қани, айт-чи, гўзал аслзода, бу ерларга қаердан келиб қолдинг? — Уезд ҳарбий докторининг дағал сўзларида, гулдураган қаҳқаҳаларида сезилар-сезилмас бир ҳасрат борлигини пайқай бошладим. Мен ўзимни оғир тутишга тиришиб: — Мен муаллимаман, докторбей. Xизмат қилиш ниятим бор эди, шу ерга юборишди. Мен жой танламайман. Қаерга юборишса ҳам ишлай бераман, — дедим. Мен шу сўзларни айтиб турганимда, доктор юзимга тикилиб қолди. — Демак, сен бу ерга хизмат қилиш учун келдинг? Маърифат учун, қишлоқ болаларига хизмат қилиш учун, шундайми? — Ҳа, мақсадим шу. — Шу ёшда, шу чеҳра, шу қиёфада-я? Йўқ, менга тўғрисини айт. Кўзларимга бир қарагин-чи, ҳа, шундай! Сен мени ишона қолди, деб ўйлайсанми? Докторнинг салқи ёноқлари ичига яширинган ва ширин-ширин кулимсираб турган оқ киприкли кўзлари худди кўнглимнинг ичини кўриб тургандек эди. — Ундай эмас, қизим. Асл сабаб бошқа ерда. Ҳатто тирикчилик дарди ҳам эмас. Сен яширишга тиришган сайин мен яхшироқ кўряпман. Ўзингнинг кимлигингни, оилангни, хонадонингни, шунга ўхшаш нарсаларни сўрасам айтмайсан, шундайми? Кўрдингми, қандай билиб оляпман. Бу ерда бир сир бор. Лекин мен ковлаштириб ўтирмайман, кичик бир ишора бўлса бас. Икковимиз ҳам жим бўлиб қолдик. Қари доктор бир оз ўйлаб тургандан сўнг: — Сенга кичкинагина хизмат қилсам, ижозат берасанми? — деб сўради. — Сени бошқа яхшироқ ерга кўчирсам хоҳлармидинг? Маориф министрлигида битта-иккита танишларим бор. — Йўқ! Раҳмат, докторбей. Ишлаб турган еримдан хурсандман. Доктор яна кулимсираб елкаларини учирди, кейин ҳазиллашаётгандек қилиб: — Жуда соз! Жуда соз! Лекин шуни билиб қўйгинки, фидокорлик сен ўйлаганча ҳазил гап эмас. Бир кун эмас, бир кун жонинг сиқилса, менга икки энлик хат ёз, адресимни ташлаб кетаман. Бу бир одамгарчилик. — Ташаккур, афандим. — Бу масала битди. Энди ишимизга ўтайлик. Қиладиган ишларингни тушунтириб берай. Қари доктор нариги хонанинг эшигини очди. Бир қийшиқ каравот устида гавдаси, юзи аскар плаши билан ёпиб қўйилган ярадор ётар эди. Доктор: — Қалайсан, мулла, бир оз тузук бўлдингми? — деб сўради. Ярадор киши қўли билан плашини кўтариб ётган ердан турмоқчи бўлди. — Қимирлама, ёт. Нима, бирон еринг оғрияптими? — Йўқ, кўп раҳмат. Фақат бет суягим бир оз лўқиллаяпти. Доктор яна кулди. — Эҳ, менинг азиз айиқларим. Тиззасининг қопқоғини бет суяги дейди-я! Қорнини товонида деб ўйлайди бу. Пайти келганда одамларнинг кўзини шамғалат қилишдан тойишмайди. Тузалиб кетади, мулла, ҳеч нарса бўлмайди. Xудога шукур қил, ўқ хиёл чапдан ўтганда шўринг қурирди. Нима, бир ҳафта ўтар-ўтмас ўрнингдан туриб юриб кетмоқчимисан? Йўқ, тўғри келмайди. Мана шу ерда жонингнинг роҳатини кўзлаб ёта тур. Ҳа, бу қизча нима деса шуни қиласан, гапини қайтармайсан, уқдингми? Сенинг докторинг шу, ярангни шунинг ўзи боғлайди. Мабодо у эди-бу эди деб гап қайтарганингни эшицам, ҳа, ўзингдан койин. Xудо ҳаққи, ўзим келиб оёғингни тўғрам-тўғрам қилиб кесиб ташлайман. Доктор ярадорнинг бинтини еча бошлади. Ярага тегиб кетганда, у «секинроғ-ей!» деб қичқириб юборди. — Овозингни ўчир. Ҳайф-ей сендай эркакка! Шопдай мўйловинг, узун соқолинг билан муштумдек қизча олдида войвойлашга уялмайсанми? Бу яра эмас, ўйинчоқ. Шундай касал боқувчига топширишларини билсам, ҳатто мен ҳам бир еримни ғиқ демай кестирар эдим. Бир соатдан сўнг серсоқол капитан билан доктор жўнаб кетди. Дунёда бундан ҳам ажойиброқ тасодиф бўлиши мумкинми? Мен умрим бино бўлиб, бир кўрган одамимнинг менда шу қадар чуқур таассуротлар қолдирганлигини ҳеч эслай олмайман. * * * Зай-ни-лар, 24 фе-в-рал. Бу йил ёзни баравақт келади, дейишади. Бир ҳафтадан бери ҳаволар очиқ. Кундузлари қуёш чарақлайди. Тепаларда қор бўлмаса, одам ўзини май ойи паллаларида деб ҳис этади. Бугун жума. Тушки овқатдан сўнг хонамда ўтириб, сув бўёқда Мунисанинг суратини солиш билан машғул эдим. Бирдан эшик тақиллади. Xатича хоним рўмоли бўйнига тушган, қўл-оёқлари титраган ҳолда кириб келди. Уни ҳеч маҳал бундай саросимали ва ҳаяжонли кўрмаган эдим. — Вой, хўжоним, мактабга иккита афанди келди. Бири маориф мудири эмиш, текширгани келибди. Тез туш! Улар билан гаплашишга тобим йўқ. Шоша-пиша чодрамни ёпина туриб, ўзимча кулар эдим. Кабинетида ўтириб қўл-оёғини қимирлатишга ҳам эринадиган бу тамбаллар шоҳи шунча ерга заҳмат чекиб келса-я! Бунга ишониб бўладими! Пастда, синф эшиги ёнида бири ниҳоятда новча, униси ғоят пакана икки кишига дуч келдим. Мен кўзларим билан уни қидира бошлаганимда, пакана киши мен томонга тўғри юриб келди. Қоронғиликда мен унча яхши кўролмаган юзида якка кўзойнак порлар эди. — Муаллима хониммисиз? Ҳурматимни арз этаман. Мен маориф мудири Рашид Нозимман. Бу қандай қоронғи ер? Бу ер мактаб эмас, оғил-ку! Синфнинг эшигини оча туриб: — Ичи бир оз ёруғ, афандим, — дедим. Мудирнинг митти гавдасига сира ҳам ярашмаган бир алфозда оёқларини катта-катта ташлаб юрадиган бирам ғалати одати бор эканки... У эшикдан бир одим ичкари ташлади-ю, тўхтади. Кейин нутқ сўзламоқчидай қўлини силкитиб: — Азизим, бунга қара, бу қандай разолат, қандай разолат! — деди. — Мактаб дейиш учун мингта гувоҳ керак бунга! Шу ҳолда қандай тараққийпарвар бўласан? «Ё ҳаммаси, ё ҳеч бириси!» деганимнинг нақадар ўринли эканига тан берарсан дейман? Энди уларни дурустроқ кўра бошладим. Мудир дастлаб кўзимга ёш бола, энди етилиб келаётган ўсмирдай кўринган эди — аслида эллик ёшни уриб қўйган кўса киши экан. Нуқул қоши билан кўзини ўйнатар, айтган ҳар сўзига қараб тириш юзига алоҳида-алоҳида маъно берарди. Наригиси эса новчадан келган, қотма, қорамағиз, ингичка мўйловли киши эди. Ўлгудай новчалигидан бир оз букир ҳам чиқарибди. Маориф мудири яна менга қаради. — Афандим, ўртоғимни сизга танитай: вилоят жамоат ишлари бўлимининг инженери Мумтозбей. Мен индамай қолмаслик учун: — Шунақами, афандим. Жуда соз, — дедим. Маориф мудири синфнинг мустаҳкамлигини текширмоқчидай оёқларини дупурлатиб юрар, парталарни, сурат рамкаларини ҳассасиниг учи билан тўқиллатиб уриб кўрарди. — Азизим, катта режаларим бор. Ҳаммасини бузиб янгидан қураман. Покиза бинолар соламан. Талаб қилган маблағларимни беришмаса, аҳволларига вой! Ишни тагидан пухта қилдим. Истамбул матбуотини ўт очишга тайёр турган батарея деявер, мендан кичик бир ишора бўлса бас — пақ-пуқ!.. Даҳшатли бомбардимон бошланади. Билдингми, ё бу калла ичидаги дунё ҳақиқатга айланади, ё мен мансабимни ташлаб кетаман. Бу чиройли сўзларнинг ҳаммаси мен учун, бир бечора қишлоқ ўқитувчисининг кўзларини қамаштириш учун айтилаётганига ҳеч шубҳа йўқ эди. Мудир якка кўзойнагини яна тузатиб: — Қанча ўқувчингиз бор? — деди. — Ўн учта қиз, тўртта ўғил бола, афандим. — Ўн еттита бола учун битта мактаб! Ғариб дабдаба! Сен бинони кўрасанми, Мумтоз? — Мол майдонда, кўриш нима ҳожат! Маориф мудири ғоят зўр режаси ҳақида гапириб турганда инженернинг ер остидан менга разм солаётганини сездим. Ахийри, мени тушунмасин, деб шеригига ниҳоятда бузуқ француз тилида: — Ҳой, азизим, бирон баҳона билан шунинг юзини очтирсанг-чи. Чеҳраси юз пардаси остида ҳам ўтдай ёниб турибди. Қаердан келиб қолибди-я бу ерга? — деди. Маориф мудири менда қолдирган таассуротига ўхшамас экан. Ўртоғининг бу сўзларидан таъби тирриқ бўлди-ю, французчани ундан ҳам бешбаттар бузиб: — Илтимос қиламан, азизим, мактабдамиз, оғир бўлинг, — деди. Мудир иягининг остида халтадай осилиб турган терисини резинкадай чўзиб бир нималар ўйлар эди. Бирдан менга ўгирилиб, қарорини эълон қилди: — Афандим, мен бу мактабни ёптираман. Мен ҳайрон бўлиб сўрадим: — Нега энди, афандим, бир нима бўлдими? — Афандим, бундай расво жойда бола тарбия қилиб бўлмайди. Иннайкейин, ўқувчилар ҳам оз. Вилоятдан кетгунимча қишлоқларнинг кўпида арзон, лекин чиройли, тоза, модерн, яъни янги тартибдаги мактаблар барпо қилиш учун бутун кучимни сарф қиламан, тиришаман. Энди, марҳамат қилиб, менинг саволларимга жавоб берсангиз. Бонжурининг[19] чўнтагидан чиройли қўйин дафтар олди. Мактабга оид баъзи маълумотларни ёзиб бўлгандан сўнг: — Сизга келсак, афандим, — деди, — сизни бошқа бирон муносиб ўринга тайин этарман. Мактабни ёпиш тўғрисидаги буйруқни олганингиздан кейин Б... га келарсиз, ўйлашиб кўрамиз. Марҳамат, исмингиз? — Фарида. — Афандим, Европада яхши бир одат бор. Отасининг исмини ҳам қўшиб айтадилар. Унда исм яна ҳам аниқроқ бўлади. Сиз, ўқитувчилар, бу янгиликларни зўр бериб турмушга оширишларингиз керак. Фараз этайлик, сиз синф журналига ўқувчингиз Малоҳат Али хўжа қизи деб ёзасиз. Йўқ. Малоҳат Али деб ёзаверинг, шунинг ўзи кифоя. Тушундингизми, афандим? Падарингизнинг исми? — Низомиддин. — Афандим, сизни Фарида Низомиддин деймиз. Бу нарса сизга дастлаб эриш туюлиши мумкин, лекин кўникиб кетасиз. Қаерда ўқигансиз? Мактабимни айтмадим. Чунки французча билишим ошкор бўлса, инженер бояги сўзлари учун балки бир оз хижолат тортар. Шунинг учун: «Хусусий таҳсил кўрганман, афандим», — дедим. — Б...га келганингизда менга учрарсиз. Сизга муносиб жой топиб қўяман. Юр энди, Мумтоз, планимизда яна икки қишлоқ бор. Болалар партасидан бирида узун, ингичка оёқларини осилтириб ўтирган инженер яна ўша «чиройли» французчасида минғиллади: — Бу жуда ажойиб нарса. Мени ташлаб кетавер. Бир бало қилиб бўлса ҳам юзини очтириб кўраман. Маориф мудири яна безовта бўлди. Менда шубҳа туғдирмаслик учун гапни чалғитиб туркча гапирди: — Вақтимиз бор. Рапортингизни кейин ёзарсиз. Қани, кетдик, — деб ўрнидан қўзғалди. Инженер кўча эшиги олдида тўхтаб, бинонинг томини, деразаларини текшираётган кишидай қарар, ёруққа чиқишимни кутар эди. Ўжарлигим тутиб орқамни ўгирдим-да, ўзимни бир нималар билан машғулдай қилиб олдим. Боёқиш боғчадан ўтиб кетаётганда ҳам бир-икки марта бошини ўгириб қаради. Кўча эшигидан чиққандан кейин эса тахта девор сархатидан мўралар, гоҳо оёқларининг учида туриб ичкарига кўз югуртирар эди. Воқеа бир зумда қишлоққа ёйилди. Жума куни бўлишига қарамай, болалар, уларнинг оналари мактабга чопиб келар, мактабнинг ёпилишидан ғам чекишарди. Мен болаларни мактабга ўхшаш ўзимга ҳам қарши, ёту бегона, ҳиссиз деб ҳисоблаб юрардим. Энди улар қўлимни йиғлаб ўпишар, бу эса менга қаттиқ таъсир қиларди. Хатича хоним бошига каттакон бир жакетни ёпиб олиб уйига кириб кетди. Мен ҳам ёмон аҳволга тушиб қолдим. Ҳақ гапни айтганда, бу бахцизлик тоғи у бечоранинг бошига ағдарилган эди. Кечқурун оқсоқолнинг хотини билан доя хола яна мактабга келишди. Иккови ҳам хафа эди. Доя хола менга маъноли-маъноли қараб уҳ тортар: — Менинг бошқа тилагим ҳам бор эди, лекин ҳақ таоло ёрдам қилмади, — деяр эди. Бу қайғуга мен ҳам ясама бир қайғу билан жавоб қилишим керак эди. Кўзларимни ерга тикиб туриб: — Начора, доя хола, насиб бўлмади, — дедим. Хулласи, у якка кўзойнакли митти афанди бир сўз билан Зайнилар қишлоғини остин-устин қилиб кетди. Қишлоқиларнинг дуди осмонга чиқди. Ер юзида Зайнилардан ҳам расвороқ қишлоқ борлигини хаёлга келтириш мумкин эмаслигини билганим ҳолда, бу қайғу менга таъсир қила бошлади. Фақат булардан Мунисагина мустасно эди. У ярамас, суюнчи ичига сиғмай учар, «Қачон кетамиз, опажон? Икки кундан ке- йин кетамизми?» деб қушдай талпинарди. * * * Зай-ни-лар, 3 март. Эртага йўлга чиқамиз. Муниса дастлабки кунларда жуда суюнаётган эди. Лекин кечадан бери унда аллақандай маъюслик кўрина бошлади. Гоҳо кўзларини узоқ-узоқларга тикиб олиб ўйлар, сўраган нарсаларимга паришонхотирлик билан жавоб берар эди. — Муниса, мен билан кетгинг келмаса, майли, ташлаб кетай, — деган эдим, у апил-тапил: — Xудо кўрсатмасин, опажоним, ўзимни қудуққа ташлайман-а! — деди. — Ака-укаларингдан ажралишингга хафамасмисан? — Xафа эмасман, опажоним. — Бўлмаса отангни кўргинг келаётгандир-да? — Отамга ачинаман, лекин унчалик яхши кўрмайман уни, опажон. — Жуда соз, ундай бўлса дардинг нимада? — ... Кўзларини ерга тикиб олиб индамай ўтиради, қаттиқроқ талаб қилсам бўйнимга осилиб олиб, ёлғондакам кула бошлайди. Лекин мен бу сохта хушчақчақликка ишонмайман. Мунисанинг ҳақиқий суюнчини билмайманми? Мен унинг тиниқ кўзларида ҳаммавақт бир қайғу, мунг борлигини кўриб юрардим. Айтгин, деб ҳар қанча қистасам ҳам ҳаракатларим беҳуда кетарди. Бугун юз берган бир ҳодиса бу қизчанинг қалбида яшириниб ётган дардни менга аён қилиб қўйди. Кечқурун Муниса анчагача йўқ бўлиб кетди. Ҳолбуки, ўша дам ўзига муҳтожлигимни биларди — йўл тараддуди учун менга қарашиши керак эди. Бир неча марта чақирдим. Жавоб бўлмади. Албатта боғчада бўлса керак эди. Деразани очиб: «Муниса! Муниса!» — деб чақирдим. Ингичка товуши билан узоқдан, Зайни ота сағанаси ёнидан: «Афандим, ҳозир бораман», — деб жавоб берди. Олдимга келганда, у ерда ёлғиз нима қилиб юрганлигини сўрадим. Жавобида шошар, бемаъни баҳоналар билан мени алдашга тиришар эди. Юзига диққат қилиб қарадим. Кўзлари қип-қизил. Xиёл сўлиққан бетларида янги қуриган кўз ёшларининг излари бор. Бирдан ваҳм босди мени. У ерда нима қилганини, нега йиғлагании айттириш учун қаттиқ қистовга олдим. Билакчалари қўлларимда, юзини яшириш учун бошини солинтирган, лабларида енгил бир титроқ билан сукут қилиб турарди. Мен уни ҳар нима қилиб бўлса ҳам гапиртиришга қарор қилган эдим. Агар ҳақиқатни мендан яширадиган бўлса, уни бу ерга ташлаб кетишимни айтдим. Ана шундан кейин чидаёлмади. Катта бир гуноҳни бўнига олаётгандай, бошини солинтириб, уяла-уяла гапира бошлади: — Ойим мени кўргани келибди. Кетишимни эшитибди-да... Аччиғинг келмасин, опажон. Бу каттакон гуноҳни айтиб турганда бутун вужуди титрар, кўзлари ёшга тўлиб борар эди. Тушундим. Кичик, митта кўнглининг аламини мендан умид этиши мумкин бўлган даражадан ортиқроқ тушундим. Юзига тушган сочларини тузатдим, ёноқларини секин-секин силаб туриб, юмшоқ, босиқ товуш билан: — Бунинг учун нега қўрқасан, нега йиғлайсан? Ойинг-ку, албатта, кўрасан-да, — дедим. Бечора ҳануз ишонмас, қўрқа-писа тиккан кўзларини мендан ололмасди. Ҳамма нафрат, лаънат билан қарайдиган у хотинни яхши кўрмаганлигига мени ишонтириш учун болаларча сабаблар қидирар эди. Лекин ойисини шу қадар яхши кўрар, шу қадар жондан севардики... — Болам, онангни яхши кўрмайдиган бўлсанг, мен сени жуда ёмон айб қиламан, — дедим. — Онани ҳам яхши кўрмаган борми? Югур, чоп, чақириб кел. «Опам сени албатта кўришим керак, деяпти» дегин. Мен сағананинг олдига бораман. Муниса тиззамга ёпишиб этакларимни ўпди, кейин югурганича боғчага чиқиб кетди. Бу ишим жуда ёмон эҳтиёцизлик эди, биламан. Агар шу хотин билан гаплашганимни кўриб қолишса, ёмон гаплар тарқалади, балки отимни бу ерда лаънат билан тилга олишадиган бўлади. Майли, нима бўлса бўлди! Сағананинг пастида, дарахт буталари орасида уларни анчагина кутдим. Муштипар хотин узоқ кетиб қолган экан. Муниса уни йўлдан қайтариб келиш учун қамишзорнинг орқасига ўтиб кетган бўлса керак. Ниҳоят, кўринишди. Она-боланинг ёнма-ён келиши шу қадар ғамгин, шу қадар ҳазин бир манзара касб этгандики... Бир-бирларидан тортинаётгандай, уялаётгандай айри-айри юриб келишар, ботқоқларга ботиб қолишаётгандай жўрттага сусткашлик қилишарди. Бу хотинга муҳаббат, шафқат тўла нарсалар айтишга тайёрланган эдим. Лекин, негадир учрашганимиздан кейин бир-биримизга айтадиган сўз тополмай қолдик. Узун бўйли, нозикдан келган бир жувон экан. Орқасидан ямоқ тушган эски чодра, юз пардаси ўрнида бинафшаранг ҳарир дурра, оёқларида товонлари тушган, майишган, йиртиқ-ямоқ кавуш. Бировдан қўрқаётгандай қалтираётганини сезиб турибман. Иложи борича вазмин, босиқ кўринишга тиришиб: — Юзингизни очсангиз, — дедим. Бир оз иккиланиб тургандан сўнг юз пардасин кўтарди. Ниҳоятда тозалиги очиқ-ошкор кўриниб турарди. Жуда борса ўттиз-ўттиз беш ёшларда. Лекин сарғимтир чеҳраси шу қадар ҳорғин, толғин кўринардики... Бундай хотинларни мен жуда бўялиб юришади, деб ўйлар эдим. Ҳолбуки, юзида бўёқдан асар йўқ. Менга қаттиқ таъсир қилган нарса унинг Мунисага жуда ҳам ўхшашлиги эди. Бирдан Муниса ўсган, шу ёшга келиб қолгандай туюлиб кетди... Кейин, кейин... Болани ғайриихтиёрий бир ҳаракат билан елкаларидан ушлаб тиззаларимга тортдим. Ўпкам оғир нафаслар билан тўлиб, кўзларимга ёш чиқиб борарди. Уддамга олган вазифам катта, ғоят катта вазифа эди. Буни фақат мен қилишим, Мунисани яхши ахлоқли аёл этиб тарбиялашим керак. Умримнинг энг катта тасаллиси шу бўлади. Миямдан ўтаётган фикрларни у ҳам мен билан бирга кечираётгандай: — Xоним афандим, бу кичкина қизчани ўз қўлингизда вояга етказиш бахтини толе сизга насиб қилмаган кўринади, — дедим. — Начора, дунё шунақа. Сизга айтадиган гапим шу: кўнглингиз тўқ бўлсин. Мен Мунисани бағримга олдим. Ўз қизимдай тарбия қилман. Ҳеч бир нарсадан камситмайман. У биринчи марта сўзлашга журъат этди: — Биламан, кичик хоним. Муниса менга айтар эди. Гоҳида йўлим тушса келиб кўриб кетиб турардим. Xудо сиздан рози бўлсин. — Бундан чиқди, Мунисани кўриб турган экансиз-да? Митти қўлчалари билан белимни қучоқлаб турган Мунисанинг яна титрай бошлаганини сездим. Яна бир қилмиши ошкор бўлган эди. Демак, онасини яшириқча кўриб юрган экан. Сўнгра яна ҳам қайғули томони шуки, мендан яшириқча кўришаётганини онасига айтиб қўйишдан уялган. — Бу ерда қолганимизда-ю, болани ҳаммавақт сизга кўрсатиб турар эдим, — дедим. — Афсуски, эртага Б...га жўнайман. У ердан қаёққа кетишим ҳали маълум эмас. Кўнглингизни тўқ тутаверинг, хоним афанди. Қизингизга она бўламан деб, албатта, айтолмайман. Чунки онанинг ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса босолмайди. Фақат яхшигина опа бўлишга ҳаракат қиламан. Пастликдаги қамишзорда бировнинг шитирлаб юрганини кўрдик. У менинг ўқувчим Жаъфар оғанинг отаси эди. Ботқоқликда ёввойи ўрдак овлаб юрарди. Мунисанинг ойиси бирдан безовта бўлди. — Кета қолай, айланай хоним, мени сиз билан кўришмасин, — деди. Бу сўзлар бечора хотиннинг қалби нақадар нозик эканлигини кўрсатарди. Мен буни аҳволидан, ўзини тутишидан, юзидаги маънолардан ҳам фаҳмлаган эдим. Дастлабки тахминим тўғри эди. Муниса қалбининг ҳам юзи каби чиройлилиги ва киборлигини бахциз онасидан олган экан. Боёқиш хотиннинг гап-сўзга қолишимдан безовта бўлиши менда чуқур таассурот қолдирди. Унда яхши ҳислар қолдирмасдан ажралолмас эдим. Ғийбатларга парво қилмаслигимни кўрсатиш учун: — Нега мунча шошасиз? Яна пича туринг ахир, — дедим. Бечора хотин самимий миннатдорчилик билан қўлларимга қарар, уларни ўпгиси келиб лаблари титрар эди. Лекин менга теголмас, тегишга журъат қилолмас эди. Кейин довул йиққан терак ўзагига ўтирдик, Мунисани ўртамизга олдик. Энди гап навбати унга келган эди. Боёқиш хотин, саргузаштини менга айца кўнгли бир оз бўшайдигандай, куйиб-пишиб гапирар, шундай чиройли мароқли сўзлар эдики... Бу хотиннинг оддий, лекин қайғули бир саргузашти бор экан. Истамбулда, Румелиқовоғида туғилибди. Кичиккина амал эгаси бўлган отаси билан онаси бирин-кетин вафот қилгандан кейин, уни Бакиркўйда кибор бир оилага асранди қилиб беришибди. Уйдаги кичик болалар билан бирга ўсган, ахийри вояга етиб кичик хоним даражасига эришган. Ўн беш-ўн олти ёшларга етганда яхши-яхши жойлардан оғиз солувчилар бўлсада, у ҳеч бирига кўнмаган, ҳаммасига баҳона топган. Чунки унинг кўнгил берган кишиси бўлган. У хонадоннинг кичик бейи бўлиб, ўша вақтлар ҳарбий мактабда ўқир, мўйловлари энди-енди сабза ура бошлаган ёш йигитча экан. Шундай бўлса-да, ораларида ака-укалик ипи борлиги сабабли, ундан умидвор бўлолмаган. Аммо ҳафта бошларида унинг юзини кўришни, овозини эшитишни ўша кезларда бахт деб ҳисоблаган. Ўша пайтларда уй хўжаси Б... вилоят молия бўлимининг мудирлигига тайинлангани учун ҳарбий мактабда ўқиётган ўғлини Истамбулда ёлғиз қолдириб, оиласини шу ерга кўчириб келган. Б... да ёш мактаб талабасини кўрмай ўтказган тўрт ойи уни тўрт йиллик айрилиқ қадар сарғайтирган, кейин у ёз каникулларини ота-онаси олдида ўтказгани келганда... Кўп ўтмасдан сир фош бўлган — уй хўжаси, уй бекаси, уларнинг қизлари — ҳаммаси бирданига бу муштипарга ҳужум қилишган-у, уни уйда қолдиришни хоҳлашмай, атроф қишлоқларнинг бирида яшовчи қари кампир ихтиёрига юборишган. Мунисанинг тўрт ёшида дифтеритдан ўлган опаси шу ерда туғилган экан. Бир болалик хотинни ким ҳам олар эди? Ахийри у йиғлаб-сиқтаб бир қари ўрмончига тегишга рози бўлган. Дастлабки пайтларда чурқ этган овоз чиқармай, тақдирига тан бериб юрибди. Лекин эри мана шу Зайнилар қишлоғига келиб ўрнашгандан сўнг уни чидаб бўлмайдиган даражада жуда қаттиқ хафақонлик эза бошлабди. Қоронғи уйида ўтириб ҳасрат чекар, кундан-кунга сўлиб борар экан. Бечора хотин шу сўзларни айтиб турганда ўзини яна ўша оғир қоронғилик ичида кўраётгандай кўзларига, вужудига ҳорғинлик чўка борди. Ана шу кунларда қароқчиларни қувлаб қишлоққа бир жандарм отряди келибди. Қамишзорнинг у томонига чодир ёйиб, икки-уч ҳафта турган аскарларнинг ёш офицери уни таъқиб қила бошлаган. Xотин ҳам шайтон васвасасига учиб, эри билан боласини ташлаган-у, ўша офицер билан қочиб кетган... Бу оддий ҳикоя менга жуда таъсир қилди, лекин сабабини ўзим ҳам билмайман. Кеч кириб келмоқда эди. Мунисани онаси билан холи қолдириб, ўзим мактаб томонга юриб кетдим. Бир-бирини ҳеч маҳал кўришмаслиги мумкин бўлган бу икки инсоннинг балки бир-бирига айтадиган гаплари бордир. Ёки менинг олдимда хоҳлашганларича қучоқлашиб йиғлаша олмас, кўнгилларида балки ҳижрон яраси қолар! Мозор тошлари устидан ҳатлаб мактабимга қайтаётганимда юрак-юрагимдан эзилиб ўйлайман: «Муниса, мен сени дунёда ҳеч киминг йўқлиги, ёп-ёлғизлигинг учун севар, сенга ҳар доим ачиниб келар эдим. Мана энди сенга рашк қила бошладим! Сенга ғариб, хароб бир хотинни, ҳар нима бўлганда ҳам сенга она бўлган бир онани қизғаняпман. Сен туғилиб ўсган ерлардан айрилар экансан, кўзларингда она нигоҳининг хотирасини, лабларингда она ёшларининг таъмини олиб кетасан!» * * * Б..., 10 март. Зайнилар қишлоғидан келтирилган қоғозларимни сумкага солиб бугун эрталаб маориф бўлимига кетдим. Муниса ухлаганича қолди. Вақт эрта бўлгани учун идора энди очила бошлаган эди. Битта-иккита келган амалдорлар босиб-босиб қаҳва ичишар, калён чекишарди. Ҳожи дўппили саркотиб ўрнида жингалак қора соқолли, кир ёқали бир афанди ўтирарди. Xодимларнинг биттасидан сўраган эдим, маориф мудири билан бирга бош котибнинг ҳам ўзгарганини, ишим бўлса шу соқолли афанди билан гаплашишим кераклигини айтди. Саркотибнинг ёнига яқинроқ келиб салом бердим. Маориф мудири афандининг буйруғи билан ёпилган Зайнилар мактабининг ўқитувчиси эканимни, мактаб ишларини топширгани келганимни айтдим. Саркотиб бир оз ўйланиб турди. — Ҳа, шунақами, жуда соз, — деди. — Бир оз ташқарида кутуб туринг, мудир афанди келсин. Идоранинг олақоронғи, бўғиқ даҳлизида мудирни роса уч соат кутишга тўғри келди. Бу ерларга келиб-кетувчилар одамга тикилиб қарар, ҳатто сўз отувчилар ҳам бўлар эди. Деразалардан биттасининг ёнига синиқ шоти тиклаб қўйишган экан, ўшанинг поғоналаридан бирига суяниб кутиб турдим. Қўллари лой, мовийранг чалворли сўфинамо бир киши фонтан ёнида сабзавот тозалар, шохлари ёнимдаги деразанинг ичигача кириб кетган каттакон бир гилос дарахтида чумчуқлар чирқиллашар эди. Тирсакларимни тиззамга, иягимни қўлларимга қўйиб олиб ўйланардим. Кеча эрталаб шу вақтда Зайнилардан чиқмаган эдим. Катта-кичик ўқувчиларимнинг ҳаммаси довон устидаги арава йўлигача мени узатиб қўйишди. Нақадар уяциз кўнглим бор менинг! Теварагимдаги одамларни жон-жонимдан яхши кўриб қоламан. Азиз поччамнинг ғалати бир сўзи бор. Гоҳо қўлларимдан ушлаб олиб: — Эҳ, менинг ёпишқоқ қизим, олдин одамлардан ёцирайсан, қочасан, кейин-чи, худди сақичдай шунақаям ёпишиб оласанки... — деярди. Поччам боёқишнинг гапи тўғри экан. Бу болаларнинг ҳаммасига юрагим ачишиб қоди. Чиройлиларига чиройли, хунукларига хунук, камбағалларига камбағал бўлганликлари учун ҳар айрилган еримда қалбимнинг бир парчасини мана шундай ташлаб кетаверсам, жуда бўлган экан! Бечоралар бирин-кетин қўлимни ўпишди. Чўпон Меҳмет Заҳро орқали менга янги туғилган улоқни совға қилиб юборибди. Боёқишнинг ҳадяси кўнглимга шунчалар таъсир қилдики... Ҳали кўзлари очилмаган бу кичкина улоқчани Мунисанинг қучоғига топширдим. Арава ғилдиракларининг мунгли ғижирлаши бўш саҳрони ола бошлади. Секин-секин Зайнилардан узоқлашдик. Болалар қора тошлар орасида кўздан ғойиб бўлгунларича, уларга Муниса иккимиз рўмолча силкитиб бордик. Араванинг мусофирхона эшиги олдида тўхташи Ҳожи халфанинг яна бир аломат можаросига тўғри келиб қолди. Бу чол оғзида қора жигар билан эшикдан шипиллаб чиқиб қолган бир каттакон мушукни қувлаб келарди. Қўлидаги калён карнайини қамчидай силкитиб: «Тўхта, кофирнинг мушуги, терингни шилиб оламан!» деб бақирганича ёнимдан ўтиб кетаётган эди, «Ҳожи халфа!» деб чақирдим. Ҳожи халфа овознинг қаердан келаётганини дарров билолмай тўхтади, кейин мени арава ичида кўрар-кўрмас қўлларини кўтариб кўча ўртасида овозининг борича: «Вой, икки кўзим, отиним!» деб бақирди. Бечоранинг суюнчи ичига сиғмас эди. Оғзидаги жигар билан рўпарадаги айвон деворига тирмаша бошлаган мушукка кулиб: — Бор, гаштингни қилавер, қўрқма! Ҳалол бўлсин!— деди-ю, ёнимга келди. Ҳожи халфа шу қадар хурсанд эдики, қучоғида улоқчаси билан орқамдан чиқиб борган Мунисага мусофирхонанинг фақат иккинчи қаватидагина кўзи тушди. — Ие, хўжоним, бу ким бўлди? Қаердан пайдо бўлди? — деб сўради. — Менинг қизим бу, Ҳожи халфа, — дедим. — Эшитганингиз йўқ, Зайниларда куёвга чиқдим, мана битта қиз кўрдим. Ҳожи халфа Мунисанинг иягини силаб туриб: — Сўзлаганга қарама, сўзлатганга қара. Ажаб эмас, худо берсин. Киройи қиз деса дегулик. Антиқаси, — деди. Яхши тасодиф — мовийранг номерим бўш экан. Жуда суюндим. Кечқурун Ҳожи халфа мени қўярда-қўймай уйига овқатга чақирди. Чарчаганимни баҳона қилиб ҳеч чиққим келмади. Лекин чол туриб олди. — Гапингни қара-ю, олти ой яёв юрганингда ҳам зиғирча чарчамайсан. Тавба, де, — деди. * * * Бу нарсаларнинг ҳаммаси яхши, ҳаммаси соз! Лекин мени ўйлатган бошқа бир масала бор. Кеча кечқурун ухлашдан олдин ўзимча ҳисоб-китоб қилдим, натижа шунчалар ғалати чиқдики, ишона олмадим. Бармоқларим билан яна бир марта ҳисоблаб чиқдим. Афсуски, тўғри. Натижанинг кўп хунуклигига қарамай, ўзимни кулгидан тутиб қололмадим. Мен шу маҳалгача ўз меҳнатим, ғайратим соясида умр ўтказиб келяпман, деб ўйлар эдим. Ҳолбуки, қўлимдаги унча-мунча пулимни сарфлаб қўйибман. Бечора Гулмисол ёту бегона ерларга кетаётганимда эҳтиёти шартдан пулим бўлиши кераклигини айтиб, онамнинг олмосларидан бирини сотган, пулини алоҳида бир ҳамёнга солиб берган эди. Ҳозиргача анча пул сарфлабман. Ҳа-я, анча вақт ишсиз юрдим. Кейин йўл харажатлари ҳам озмунча бўлмади. Бунинг устига бир камбағал қишлоқ ўқитувчисидан бошқа нарса эмаслигимни ҳам ўйламабман. Теварагимда камбағал, оч одамларни кўрганимда озми-кўпми ёрдам қилишни вазифам деб билардим. Лекин одамлар жуда ҳам инсофсиз бўлишади. Юзимдаги юмшоқликдан юракланиб, теварагимда очилган қўллар кейинги вақтларда шу қадар кўпайиб кетган эдики... Табиий қиммати қанчалигини мен шу кунгача тузукроқ билолмаган бир неча қурушлик ойлигим ҳамма харажатларни кўтара олмас эди. Яна бир ёмон томони шу эдики, ана шу ойликларимдан иккитасини ҳалигача олишга муваффақ бўлмай келардим. Ана шундай эҳтиёжлар туғилди дегунча, дарҳол ҳамёнга қўл урардим. Лекин бу шўрлик халтача ҳозир шу қадар енгиллашиб кетибдики, ичидагиларни санашга юрагим бетламайди. Демак, беш ойнинг бутун можаросига, бутун ҳорғин-толғинлигимга қарамай мени яшатган яна оиламнинг ёрдами бўлибди. Деразадан тушган чинор баргларини ўйнаб туриб шуларни ўйлаганимда, ҳам кулгим, ҳам йиғлагим қистайди. Лекин ўзимни бошқа бир нарса билан юпата бошлайман. «Хафа бўлма, Чолиқуши. Ҳеч қандай даромад қилмаган бўлсанг ҳам, лекин турмуш, яшаш, чидаш нима эканлигини ўрганмадингми? Бу оз даромадми? Бундан кейин болаликни ташла, вояга етиб, кап-катта хотин бўлиб келяпсан, қизим!» дейман. Мен шу хил ўйланиб турганимда, ола-қоронғи даҳлизда бирдан ғала-ғовур кўтарилди. Қари хизматкор бир қўлида палто, иккинчи қўлида ҳасса билан маориф мудирининг кабинетига зинғиллаб ўтиб кетди. Бир неча минутдан сўнг йўғон бўйнини тик тутиб, якка кўзойнагини ярқиратиб зинадан чиқиб келаётган митти мудирни кўрдим. Орқасидан кабинетга кирмоқчи бўлган эдим, ҳозиргина мудирнинг палтоси билан ҳассасини кўтариб ўтган соқолли хизматкор йўлимни тўсди. — Тўхта, хоним. Бей афанди нафасларини ўнглаб олсин. Нимага шошасан? Онангнинг қорнида қандай қилиб тўққиз ой кутдинг-а! — деб мени койиб берди. Бундай муомалаларга секин-аста ўрганиб қолган эдим, шунинг учун хафа бўлмадим. Ҳатто, аксинча, юмшоқ бир товуш билан илтимос қилдим: — Айланай отажон, бей афанди қаҳвасини ичиб бўлганларидан сўнг хабар қилсангиз, кутган муаллимангиз келибди, десангиз. Маориф мудири мени кутаётгани йўқ эди. Лекин шундай десам, хизматкор жонбозлик кўрсатармикан, деб ўйладим. Начора, бу хил найрангларни ўрганмасангиз бўлмайди. Қари хизматкор уч-тўрт минутдан сўнг яна кабинетдан чиқди. Қора чодрам ичида мени пайқамади шекилли, ўзича ғулдирай бошлади: — Қаерга кетди у хотин? Тавба, одамнинг икки оёғини бир этикка тиқиб қўйиб, ўзи йўқ бўлиб кетганини! — Xафа бўлманг, ота, шу ердаман. — Юр, кира қол, сенинг ҳам ҳожатинг чиқсин. Мудир лабларининг учида катакон сигара билан ўз ўрнида бошяланг ўтирар, бурчакдаги курсига чўкиб олган кексароқ кишига митти гавдасидан кутилмаган йўғон, дадил товуш билан алланарсалар сўзлар эди: — Афандим, бу қандай жой, қандай ер-а! Дунё-дунё исрофгарчиликларни қилишади-ю, ўзларига мундоғ номлари ёзилган ташрифнома бостириб олишмайди! Саксон киши сизни кўрмоқчи эканлигини эшикда туриб хизматкордан айттиришади. Xизматкор бўлса исмларни тўғри айтолмайди, чувалаштириб юборади. Мен идорада телба Петро қоидасини жорий этишга тарафдорман. Xизматчиларни фақат расмий ҳаётларидагина эмас, шахсий ҳаётларида ҳам текшириб туриш керак. Еган-ичган нарсаларига, ўтирган-борган ерларига, кийган кийимларига аралашмасдан бўлмайди. Мудирлик вазифасига келишим биланоқ мактабларга буйруқ тарқатдим. «Камида икки кунда амалга оширмасдан дазмолсиз шим, ёқасиз кўйлак кийиб келадиган ўқитувчилар бўлса, дарҳол ишдан қувилсин», деб буюрдим. Кеча мактаблардан бирини текширгани бордим. Эшик олдида бир ўқитувчига дуч келиб қолсам бўладими! Танимасдан: «Бор, ўқитувчига айт, маориф мудири келди», — дедим. Лекин у: — Афандим, ўқитувчи каминалари бўлади, — деб жавоб берди. — Йўқ, сен мактаб хизматкори бўлишинг керак. Чунки ўқитувчининг кепатаси бунақа бўлмайди. Шунақа расво кийинган ўқитувчини кўрсам, қўлидан етаклаб кўчага чиқариб ташлайман, — дедим. У тошдай қотди-қолди. Орқамга қарамай ичкари кирдим. Яна эртага мактабига бораман. Агар уни яна ўша кепатада кўрсам, ишдан бўшатаман. Арзимни айтиш учун мудирнинг сўзи тугашини кутардим. Лекин унда гапини тугатиш иштиёқи кўринмасди. Аксинча, дам сайин ўт олиб, асаб торларини чўзиб борди. — Шунақа, афандим, мактабларга: «Муаллима ва муаллимлар мутлақо ўзларига ташрифнома бостиришсин. Бусиз қилинадиган мурожаатлар қабул этилмайди», деб буйруқ бердим. Лекин тушунишмайди! Мудир бирдан менга қўпол қилиб қаради. — Аминманки, муаллима хоним ҳам буйруқни олган бўлишлари керак. Яна шунга қарамай, ташрифномасиз мурожаат этмоқдалар. Яна хизматкор оғзида: «Сиз бир хонимни чақирган экансиз, келибди» таронаси! Ким? Қанақа хоним? Сариқ этик кийган Меҳмет оға, дегандай. Ҳайратдан қотиб қолдим. Демак, бутун бу сўзлар, бу жаҳллар мен учун экан. Ташрифномасиз ичкари кирмоқчи бўлганим учун! — Мен бу хил буйруқ олганим йўқ, афандим, — дедим зўрға. — Нега олмас экансиз? Ўзингиз қаерда ўқитасиз? — Ўтган ҳафта келгансиз, Зайнилар қишлоғидаги мактабда ўқитардим. Сиз ёптирган мактабда. Маориф мудири бир қошини кўтариб ўйланиб қолди. — Ҳа, ҳа, эсладим. Нима қилдингиз, ҳисоб-китобини тўғриладингизми? — Буйруғингизга мувофиқ ҳаммасини тўғриладим, афандим. Сиз тайинлаган ҳужжатларни ҳам олиб келдим. — Жуда соз, саркотибга беринг, текшириб чиқсин. Кир ёқали саркотиб мени роса икки соат тергов қилди. Ҳужжатларни қайта-қайта кўздан ўтказар, «исрофгарчилик санъати», «ҳужжат исботи», «зарурат қайдлари», «изоҳот нусхаси» ва яна аллақандай мен тушунмайдиган нарсаларни айтар, қишлоқ оқсоқолидан олиб келган далолатларимга эътироз билдирар эди. Мен уни шошилтиргудай бўлсам, лабларини буриб, «бу ҳам ўқитувчи» дегандай ҳаракатлар қиларди... Xато сарф қилинган жиндай пул учун мени йиғлатгудай бўларди... Кейин яна битта қийтиқ топди. Билмайман, неча йил бўлган экан, хулласи, аввалги ўқитувчилардан бирига томни ремонт қилиш учун икки юз эллик қуруш беришган экан, ўшанинг ҳужжати йўқ эмиш. «Нега ўша пулнинг ҳисоби йўқ? Ҳужжати қани! Топмасанг судга кетасан», — деб ер тепинди. — Бей афандим, ундай қилманг, менинг у ерга борганимга ярим йил ҳам бўлгани йўқ, — дедим. Хўрлигимдан йиғлагим келар, гапимни тушунтира олмаганимга сиқилар эдим. У ахийри: — Xудо сақласин, афандим, худо сақласин, афандим. Мен бундай разолатга рози бўлолмайман, афандим. Жинни бўлишга вақтим йўқ, афандим, — деб ғулдираб туриб қоғозларни олди-да, маориф мудирининг кабинетига кириб кетди. Мен ўтирган хонада бири саллали, иккинчиси мўйловлари ҳануз терлагандай кўринган иккита котиб бор эди. Улар столларнинг орқасида ўз ишлари билан машғулдай кўринишар, бизнинг гапимизга алоқалари йўқдай ўтиришар эди. Саркотиб жаҳл билан чиқиб кетган ҳамоно бу икки котиб ўринларидан сапчиб турди-да, мудир кабинетига туташ эшикка қулоқларини қўйиб, гап пойлай бошлади. Фақат котибларнинг меҳнатлари зое кетди. Икки минутдан сўнг мудирнинг биз турган хонадагина эмас, кўчада ҳам баҳузур эшитиладиган овоз билан бақиргани эшитилди. Саллали котиб суюнганидан ёш котибнинг елкасига уриб: — Xудо сендан рози бўлсин, мудирбей! Баччағарни роса бопла! Ҳа, динсизнинг таъзирини имонсиз беради,— деярди. Маориф мудири саркотибга шундай деб бақирар эди: — Тўйдим, афандим, сендан тўйдим! Бу қандай расмиятчилик, бу қандай гап, ахир! Ҳаққи бор хотиннинг, ҳаққи бор хотиннинг! Сенга неча йилги ҳисобни қаердан топиб беради? Ақлинг етмаётган бўлса, жўна, йўқол! Xоҳлаган ерингга боравер, тўрт тарафинг қибла! Кетмайдиган бўлсанг, сени ўзим кеткизаман! Ҳой дейман, ёз ҳозир аризангни! Ёзмасанг одам эмассан! Эвоҳ, юрагим тушгудай бўлди. — Вой, афандилар, ўзим хоҳламаган можарога сабаб бўлдим, — дедим котибларга. — Кета қолай, у жаҳл устида мени кўрмасин. Балки ёмон нарсалар гапириб юборар. Саллали котиб хурсандчилигидан ўйинга тушиб кетар алфозда эди. — Йўқ, синглим, йўқ, хавотир қилма. У шунга муносиб аблаҳ. Гоҳи-гоҳида ўзидан ҳам одобсизроқ одам чиқиб танобини шунақа тортиб қўймаса, жони роҳат кўрмайди бу ит тиш, ит тери! Xудо сендан рози бўлсин. Энди мана шу калтакдан сўнг бир неча кун тинчиб қолади. Ўзининг ҳам, бизнинг ҳам бошимиз ғовғадан қутулади... Кабинетдаги овоз тинди. Котиблар дарҳол столлари томонга югуришди. Саллали қори ўз-ўзича: — Бу бир масал: динсизнинг таъзирини имонсиз беради, — деб ғулдирар эди. Саркотиб оёқлари билан соқоли ҳам титраб кириб келди. Бошини ўгирмай ёнига қараб олган қиз сингари, бир кўзининг қири билан котибларга разм солди. Улар шу қадар жим, шу қадар ҳалим ишлаб ўтиришар эдики, саркотиб хотиржам бўлиб, ғудрана-ғудрана ўрнига келиб ўтирди. Лекин ўзини ҳеч босолмас эди. Бир неча марта уҳ тортиб, хўрсиниб олгандан кейин секин-секин сўзлай бошлади: — Эллик ёшга кирган, аллақанча идораларда ишлаган бир кишининг ақли шу нарсаларга етмаса-я! Ўзи эртага даф бўлар-кетар, кейин данак бизнинг бошимизда чақилади. Борди-ю, кўз оғриғидай ревизор келиб қолди! Ишларни ипидан-инасигача текшириб: «Ҳой, каллаварамлар, нима бало, елкаларингиздаги эшак бошими? Бу икки юз эллик қурушнинг нега ҳужжати йўқ? Бу расвогарчиликни нега кўрмадинглар?» деб қолади. Унда нима бўлади? Ревизор ҳаммамизни судга берса ҳақли. Давлат хазинаси билан ўйнашиб бўлармишми! Агар буни яшириб кецак, худо ҳаққи, юз йилдан кейин ҳам бу пулни авлоду аждодимиздан ундириб олишади. Котиблар бошларини дафтардан кўтаришиб, бу доно гапларни ҳурмат билан тинглаб ўтиришар эди. Саркотиб вазиятни анча тузук ҳисоблаб: — Эшитдингларми, ишёқмаснинг номаъқул гапларини? — деб сўради. Қори ажабланиб бош кўтади. — Йўғ-е, дарвоқе, бир овоз эшитгандай бўлдик, сизга оидмиди? — Қисман менга. Қорнини ёрса алиф чиқмайди-ю... — Xафа бўлманг, саркотиб афанди. У киши ҳисоб-китобдан бехабарлар. Жаноблари бўлмаса, уч кунда бу идора остин-устин бўлиб кетади. Бу сўзларни қори сўзларди. Боягина саркотиб учраган ҳақоратлардан ёш боладай суюнган қори афанди! Ё раббий, булар қанақа одамлар ўзи! Шу билан бирга саллали котибнинг тахмини анчагина тўғри чиқди. Саркотиб бошидан ўтган бўрондан ке- йин хийла юмшалган, оғирлашган кўринарди. Бир сигара тутатиб, тутунларини икки томонга пуфлади-да: — Сатқайи одам кет. Бу давлатга хизмат қилган қайси бир одамдан кимнинг кўнгли шод бўлибди! — деди. Кейин, мени ортиқ овора қилмай, қоғозларни тезгина қабул қилиб олди. Бир оздан сўнг ўз ишим масаласида яна маориф мудирининг ҳузурига кирдим; чарчаганимдан тиззаларим титрар, кўзларим тинар эди. Мудир энди бошқа масала билан овора эди. Ўкириб-ўшқириб хизматкорларга кабинетининг чангини арттирар, девордаги суратларнинг ўринларини ўзгартирар, ора-сира кичкина ойнага ўзини солиб, сочларини, галстугини тузатар эди. Ҳамон бояги бурчакда ўтирган кекса афанди билан ўрталарида бўлиб турган гаплардан бу тайёргарликнинг сабабини билиб олдим. Б...га Пер Фор деган бир француз газетачиси келибди. Маориф мудири кеча вилоят ҳокими берган зиёфатдан ана шу муҳаррир ва унинг рафиқаси билан танишибди. Пер Фор жуда ажойиб одам эмиш. Газетасида «Яшил Б...да бир неча кун» деган сарлавҳа билан қатор мақолалар бермоқчи эмиш. Мудир ҳаяжонланиб ҳикоя қиларди: — Эр-хотин бугун соат учда зиёрат қилгани келамиз, деб ваъда этишди. Уларга мактабларимиздан бир-иккитасини кўрсатаман. Гарчи европаликларга кўкрак кериб кўрсатгули мактабларимиз бўлмаса ҳамки, қиттай сиёсат ишлатамиз. Ҳарҳолда, фойдамизга битта мақола бўлади, деб умидворман. Xайриятки, мен шу ердаман, йўқса бу зиёрат мендан аввалги мудир вақтига тўғри келсами, европалик олдида тоза расво бўлардик. Мен ҳамон эшик ёнида, парданинг бир қанотида кутиб турар эдим. У шошиб: — Яна нима гапингиз бор, хоним? — деди. — Ишларни топшириб бўлдим, афандим. — Жуда соз, раҳмат. — ... — Раҳмат, кетишингиз мумкин. — Мени бошқа бирон ерга тайинлаш учун буйруғингиз бўлиши керак эди. — Ҳа, лекин ҳозирча бўш ўрин йўқ. Ўрин бўшади дегунча бир нарса қилармиз. Исмингизни ёздириб кетинг. Маориф мудири бу сўзларни шошилиб, дағал қилиб айтар, тезроқ чиқиб кетишимни истар эди. «Ўрин бўшади дегунча!» Бу сўзни Истамбулда, Маориф министрлигида ҳам жуда кўп марта эшитган, афсуски, маъносини жуда яхши билиб олган эдим. Мудирнинг асабий овози менда ёмон бир исён уйғотди. Чиқиб кетиш учун эшик томонга бир одим ташладим, лекин ўша замон кўз ўнгимни бир хаёл, мусофирхонадаги номеримизда кичкина улоқчаси билан мени кутиб ўтирган Мунисанинг хаёли олди. Ҳа, мен энди эски Фарида эмас эдим. Уддасига оғир вазифаларни олган бир она эдим. Ана шундан кейин яна орқамга қайтдим. Кўчадан ўткинчиларга ёмғирда шимтираб қўл чўзган гадо сингари бошим солинган ҳолда овозимда бир қўрқоқ тиланчи оҳанги билан: — Бей афандим, кутишга фурсатим йўқ, — дедим.— Айтишга уяламан, жуда ёмон аҳволдаман. Ҳозир биронта иш бермасангиз... Ортиқ гапира олмадим. Xўрлигимдан, уялганимдан нафасим бўғилди, кўзларим ёшга тўлиб борди. У боягидай шошқин, дағал товуш билан: — Айтдим-ку, хоним, бўш ўрин йўқ, — деди. — Лекин Чодирлида битта қишлоқ мактаби бор, борсангиз қаршилигим йўқ. У ерни ёмон дейишади. Болалар қишлоқ қаҳвахонасида ўқишармиш. Ўқитувчи ётиб-турадиган жой ҳам йўқ эмиш. Маъқул кўрсангиз тайинлайман, йўқ десангиз яхшироқ жой чиққунча кутасиз. — ... Чодирлининг Зайнилардан ҳам расвороқ қишлоқ эканлигини эшитган эдим. Шундай бўлса ҳам, бу ерда ойларча сарсон бўлгандан, турли ҳақоратларга учрагандан кўра ўша ерга бориш минг чандон афзал эди. Бошимни солинтирдим ва нафас каби майин товуш билан: — Xўп, қабул қилишга мажбурман, — дедим. Лекин маориф мудири жавобимни эшитмади. Чунки шу пайт бирдан эшик очилди-ю, ташқаридан биров: «Келишди!» деб қичқирди. Маориф мудири смокингини елпитиб эшикдан зинғиллаб чиқиб кетди. Менинг кетишдан бошқа чорам қолмаган эди. Энди эшикдан чиқаман деб турганимда, маориф мудирининг французчалаб: «Марҳамат, киринглар» деган овозини эшитиб қолдим. Ташқаридан олдин иссиқ палтоли бир ёш жувон кирди. Юзини кўрдиму, вой деб юборишдан ўзимни тутолмадим. Газетачининг қайлиғи менинг эски синфдошим Кристиана Варез эди. Кристиана ёзги каникулларнинг бирида оиласи билан Францияга кетиб, у ерда газета муҳаррирлигида ишлаган бир ёш бўласига теккан-у, кейин қайтиб келмаган эди. Дугонам бир неча йил ичида одам ишонолмайдиган даражада ўзгарибди, салобатли хотин бўлиб қолибди. Овозимни эшитиб бошини ўгирди ва юзимдаги қалин пардага қарамай мени дарҳол таниди. — Чолиқуши, менинг кичкина Чолиқушим, шу ердамисан? Оҳ, бу қандай тасодиф! Кристиана мени ҳаммадан кўпроқ яхши кўрадиган дугонам эди. Қўлларимдан ушлаб мени кабинет ўртасига етаклади. Қўймай юзпардамни очди, бетларимдан чўлп-чўлп ўпа бошлади. Мен ҳалига довур кўрмаган эри, айниқса, маориф мудири, ким билади, нималарни ўйларди. Мен уларга орқамни ўгириб олиб, кўзларимдаги ёшларни кўрсатмаслик учун юзимни дугонамнинг елкасига яширдим. — Оҳ, Чолиқушим, ҳар хил нарсалар миямга келарди-ю, лекин сени бундай қоп-қора чодрага кўмилган, кўзларидан ёш қуйилиб турган ҳолда кўрарман, деб ўйламаган эдим. Секин-секин ўзимни боса бордим, яшириқча юзимни яна тўсиб олмоқчи бўлган эдим, дугонам қўймади. Ке- йин йўқ деганимга унамай, мени эри томонга ўгирди. — Пер, сенга Чолиқушини таништираман, — деди. Пер Фор узун бўй, хушрўй, оқиш киши экан. Лекин кўзимга дали-ғули кўринди. Ким билади, мен оғир-вазмин одамлар орасида туриб ўрганиб қолганим учун у боёқиш менга шундай туюлгандир. Газетачи қўлимни ўпди-да, эски таниши билан гаплашаётгандай: — Мадемуазел, сизни кўриш шарафига нойил бўлганим учун кўп бахтиёрман, — деди. — Билсангиз, биз ҳечам нотаниш эмасмиз. Кристиана сизни жуда кўп гапирарди... Башарти у таништирмаганда ҳам, барибир, Чолиқушини таниб олардим. Мактабда дугоналарингиз ва ўқитувчиларингиз билан бирга тушган суратингиз бор. Унда иягингизни Кристиананинг елкасига қўйиб олибсиз. Кўрдингизми, мен сизни қандай танийман! Улар маориф мудирини бутунлай унутгандай, фақат мен билан гаплашишар эди. Бир зум бошимни ўгириб теваракка қарадим. Кўзларим шундай бир манзарага тушдики, бошқа жойда бўлсам, қаҳқаҳа уриб кулиб юборардим. Меҳмонлар билан бирга кабинетга бир қанча одам ҳам кирибди. Ярим доира қуриб турган бу одамлар ўртасида маориф мудири турибди. Ҳаммасининг оғизлари ҳайратдан бир қарич очилган, аломат фокусчи ўйинини томоша қилаётган қишлоқилар сингари менинг французча сўзлашимга анқайиб туришарди. Ҳаммасидан қизиғи шу эдики, Зайниларга борган жамоат ишлари инженери ҳам шулар орасида эди. Кейин билсам, бу афанди мусофирларни меҳмон қилибди. Боёқиш ахийри муродига етган, яъни юзимни кўрган эди. Шу билан бирга, қишлоқда маориф мудирига мен тўғримда айтган фрацузча сўзларини эслаб, ҳарҳолда хижолат ҳам тортгандир. Бўлар иш бўлган эди. Эски синфдошимга ўзимни шу қадар тушкун бир аҳволда кўрсатиш нафсониятимга тегди. Бунинг устига ўзимни мискин, эзгин кўрсатгим келмай, иложи борича дадиллик, хушвақтлик билан баланд овозда сўзлашавердим. Ниҳоят, маориф мудири ўз аҳволининг янчлигини тушунди-да, митта гавдаси билан кулгили бир аҳволда реверанс қилиб: — Қани, марҳамат, ўтиринглар, туриб қолдинглар,— деди курсиларни кўрсатиб. Менинг чиқиб кетиш пайтим келган эди. Шунинг учун Кристианага: — Энди менга ижозат, — дедим секингина. Лекин у сақичдай ёпишиб олиб, мени ҳеч ёнидан жилдирмас эди. Дугонамнинг мени бўшатгиси келмаганини маориф мудири ҳам кўрди. Ҳозиргина менга ўлгудай совуқ, ёмон муомалада бўлган бу одам чуқур бир ҳурмат билан қошимда эгилиб, менга ҳам бир курси инъом қилди. — Xоним афандим, тикка турманг, марҳамат, — деди. Ночор ўтирдим. Кристиана, менинг бу ерда қора чодрага ўралиб турганимни ҳеч ақлига сиғдира олмай, эрига нуқул гап уқтирар эди: — Сен билмайсан-да, Пер, Фарида жуда аломат қиз. Истамбулнинг энг асл оиласидан. Шу қадар ўткир закоси, ажойиб бир характери борки... Уни бу ерда кўриб ҳайрон бўлиб қолдим. Дугонамнинг мақташи менга ҳам хуш ёқар, ҳам мени уялтирар эди. Кўзларим гоҳо маориф мудирига тушиб қоларди. Боёқиш ҳалигача ўзини ҳайратдан қутқаза олмаган эди. О, ҳаёсиз жамоат ишлари инженери-чи! У кабинетнинг бир бурчагига суқилиб олиб, мени кўзлари билан еб юборгудай бўлиб ўтарар эди. Табиий, унга қиё боқмаётган эдим. Баъзида одамнинг юзида пашша юради-ю, эти жимирлаб кетади. Инженер кўзларининг ҳам юзимда пашша сингари айланиб юрганини қарамасданоқ сезар, безовта бўлардим. Кристиананинг қизиқишини босиш учун мана шундай изоҳ беришга мажбур бўлдим: — Бу нарсаларга ажабланилмаса ҳам бўлади, чунки ҳар ким бир нарсага ҳавас қилгандек, мен ҳам ўқитувчиликни ҳавас қилдим. Кўнглимнинг истаги билан шу томонларда ишлашга, мактаб болалари учун хизмат этишга қарор қилдим. Ҳаётимдан мамнунман, ҳарҳолда, елканли қайиқда дунё сайёҳатига чиққанчалик хавфли ноз эмас бу. Ҳайронман, бунинг нақадар табиий нарса эканлигини негадир тушунгинг келмайди. Мусё Пер Фор кучли овоз билан аравани қуруқ олиб қочди: — Мен тушунаман, мадемуазел, кўнгилнинг бу хил нозик тароналарини Кристиана ҳам, шубҳасиз, жуда яхши тушунади. Бироқ шошиб қолди-да. Менинг бундан чиқарадиган хулосам шуки, Истамбулда ғарб тарбиясини олган янги қизлар авлоди пайдо бўлибди. Булар Пер Лотининг дезаншантелари[20] сингари бефойда ўпкалашлар билан ўзларини хароб қилувчи наслдан бутунлай бошқа бир наслга мансубдирлар. Булар қуруқ хаёлдан кўра ҳаракатни аъло кўрадилар-у, Истамбулдаги роҳат ва саодатларидан воз кечиб, ўз ихтиёрлари билан Анатолияни уйғотгани борадилар. Нақадар гўзал, нақадар олижаноблик намунаси! Мен учун топиб бўлмайдиган бир мақола мавзуи! Туркларнинг уйғонишидан баҳс этганимда, рухсат эцангиз, сизнинг отингизни ҳам қайд эцам, мадемуазел, Фарида Чолиқуши. Мен апил-тапил: — Кристиана, эрингга менинг отимни газетада чиқаришга йўл қўйсанг, сен билан дўстлигимиз тамом бўлади, — дедим. Пер Фор ўзимни яширин сақламоқчи бўлганимни янглиш тушунди. — Бу камтарлик ҳам ниҳоятда чиройли, мадемуазел, — деди. — Сиз каби ажойиб бир қизнинг орзуларига бўйсунмоқ вазифамдир. Вилоятнинг қайси бахтиёр мактабида ўқитувчилик қилаётганингизни сўрашим мумкинми? Боя айтдим-ку бўлар иш бўлди деб! Ялт этиб маориф мудирига қарадим-да, туркча қилиб: — Каминага таклиф этган мактабингиз қаерда эди?— дедим. — Чодирли қишлоғи дегандай бўлиб эдингиз шекилли. Пер Фор қайдларини давом эттира туриб: — Шошманг, шошманг, — деди, — нима дедингиз: Чоғирлими ё бўлмаса Чонирлими? Мадемуазел, вилоятда қиладиган саёҳатимизда фурсат топилса, гўзал қишлоғингизга ҳам бориб сизни ўқувчиларингиз орасида зиёрат қилиб келамиз. Маориф мудири лавлагидай қизариб ўрнидан сапчиб турди. — Мадемуазел Фарида хоним афанди қишлоқ муаллималигини талаб этяпти. Лекин мен вилоят марказидаги хотин-қизлар мактабида француз тилини ўқица яна ҳам кўпроқ фойда келтирар деган қаноатдаман. Тушунолмай юзига қарадим. Менга туркчалаб шу изоҳни берди: — Француз мактабини тугатганингизни ва французча билишингизни айтмаган эдингиз, бундай бўлгандан кейин иш ўзгаради. Энди сизни министрликка тавсия қиламан. Буйруқ олгунимизча вакила бўлиб ишлаб турасиз. Эртага эрталабдан ишга тушасиз, хўпми? Ҳаётнинг бир фалокатдан кейин ҳар доим саодат келтириши ажойиб маталда айтилганидек, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши мутлақо ёруғ бўлишини билардим, албатта. Лекин бу ёруғликнинг шу қадар қуюқ қоронғида, шу қадар оғир минутда туғилишини ақлимга келтира олмас эдим. Муниса яна кўз ўнгимга келди. Лекин бу сафар мусофирхона номерида кичкина улоқчали камбағал бола қиёфаси эмас, балки чиройли бир уйнинг гулгун боғчасида гулчамбар ясаётган бахтли қизча бўлиб кўринди. Айрилиш пайтимизда Кристиана мени бир четга тортиб: — Фарида, сендан уни сўрамоқчиман. Унашиб қўйилган эдинг, нега тегмадинг? — ... — Нега жавоб бермайсан? Куёвинг қаерда? Бошимни солинтириб паст товуш билан: — Ўтган йил кузда ундан айрилдик, — дедим. Бу жавоб Кристианага қаттиқ таъсир қилди. — Наҳотки, Фарида? Рост айтяпсанми? Оҳ бечора Чолиқуши! Сени бу ерга қайси шамол келтирганлигини энди тушундим, — деди. Бармоқларимни маҳкам ушлаб турган қўллари дирдир титрарди. — Фарида, уни жуда яхши кўрардинг, шундай эмаcми? Яширма, азизим! Бўйнингга олишдан ҳаммавақт қочиб юрардинг, лекин шундай бўлса ҳам, ҳамма биларди. Кристиананинг кўзлари ғира-шира хаёлда қолган тушни эслаётгандек ҳорғин бир тусда юмилди. Кейин ҳароратли бир товуш билан давом қилди: — Ҳаққинг бор эди, уни яхши кўрмай бўлмас эди. Бир неча марта сени кўргани келгани эсимда. Ҳеч кимга ўхшамаган бир қиёфаси бор эди. Бечора! Сенга жуда раҳмим келади, Фарида! Ёш қиз учун севган ёрининг ўлимини кўришдан ҳам каттароқ бахцизлик бўлмаса керак, деб ўйлайман. «Сенга жуда раҳмим келади, Фарида. Ёш қиз учун севган ёрининг ўлимини кўришдан ҳам каттароқ фалокат бўлмаса керак» деганингда бошимни солинтириб, кўзларимни юмиб олдим. «Тўғри, ҳаққинг бор!» дедим. Ўша аҳволда бошқа нима ҳам дея олардим? Лекин мен сенга ёлғон айтдим, Кристиана. Мен ёш қиз учун бундан ҳам каттароқ бахцизликлар борлигини биламан. Севгили ёрининг ўлимини кўрган ёш қизлар сен ўйлаганча бахциз кишилар эмас. Уларнинг кўнглини юпатадиган катта тасаллилари бор. Орадан йиллар, ойлар ўтгандан сўнг бир кеча ёт элларнинг қоронғи, совуқ ҳужрасида ёлғиз қолган дамларида ўз ёрларининг сиймосини кўз ўнгларига келтириш имконига эгалар. «Бу бечора кўзларнинг сўнгги боқиши меники эди» дейишга ҳақлари бор. Бу хаёлий юзни қалбларининг лаблари билан ўпа олгандирлар. Лекин мен бу ҳақдан маҳрумман, Кристиана! * * * Б..., 19 март. Бугун эрталаб Б... шаҳридаги хотин-қизлар мактабида дарс бера бошладим. Бу ерга тез кўникиб кецам керак. Лекин Зайнилардан кейин бу ерни ёқтирмадим десам айб бўлар. Янги ҳамкасбларим кўринишдан ёмон одамларга ўхшамайдилар. Ўқувчиларим тахминан менинг ёшимда, баъзилари мендан ҳам каттароқ, ноппа-нозандай хонимлар десам бўлади. Мактаб мудири Ражаб афанди салла ўраб юрар экан. Мактабга келганимда муовина хоним мени тўғри мудир кабинетига бошлаб кирди. Ражаб афандининг маориф бўлимига кетганлигини, ҳали-замон келиб қолишини айтиб, бир оз кутишни илтимос қилди. Гоҳ деразадан танаффус боғчасини томоша қилиб, гоҳ деворда осиғлиқ турли-туман ёзувларни ўқишга тиришиб ярим соатча кутиб ўтирдим. Мудир ниҳоят келди. Йўлда селга учраб, кийими астар-аврасигача ҳўл бўлиб кетибди. Мудир мени кабинетида кўриб: — Xуш келдинг, қизим. Ҳозир маориф бўлимида айтишди сени. Оллоҳ жумламизни муборак эцин, — деди. Мудирнинг оппоқ юмалоқ соқол ўраб турган чеҳраси ичида юмалоқ юзи, олма каби қип-қизил бетлари, жавдираб турган ғилай кўзлари бор эди. Устидан оқаётган сувларга қараб: — Оҳ, худо кўтарсин, шамсияни олиб чиқиш эсимдан чиқибди. Роса шўрим қуриди! Ақлсиз калла жабрини оёқ тортар, дейишади, лекин бу сафар кийим тортди. Айб қилма, қизим, бир оз қуриб олмасам бўлмайди, — деди. Мудир чопонини еча бошлади. Мен ўрнимдан туриб: — Афандим, сизни безовта қилмай. Кейин келарман, — деб ташқарига чиқмоқчи бўлдим. Лекин Ражаб афанди қўл ишораси билан мени жойимга ўтқазди. — Йўқ, жоним қизим, такаллуф нима ҳожат! Биз сенга ота ўрнидаги одаммиз, — деди. Чопоннинг ичида напармон чизиқли сариқ атласдан нимчагами ё кўйлакками ўхшаган бир нарса бор эди. Ёқасига қарасанг кўйлак дейсан, чўнтакларига қарасанг нимча. Ражаб афанди стулини печка ёнига суриб ўтирдида, товонларига от тақасига ўхшатиб жуда катта михлар қоқилган кўн ботинкали оёқларини ўтга яқинлаштириб, мен билан гаплаша бошлади. Мудирнинг сандонга болға урилганда чиқадиганга ўхшаш йўғон ва қулоқларни кар қиладиган дағал овози бор эди. «Қ» ҳарфларини «Ғ» шаклида талаффуз этарди. — Жуда ҳам ёш бола экансан-ку, қизим! — деди. Ҳамма ерда эшитавериб жонимга теккан сўзни у ҳам айтди. — Албатта, бу иш қўлингга осонликча кирмагандир, лекин буни қўлда сақлаб қолиш ундан ҳам қийинроқ бўлар, деб ўйлайман. Шунинг учун ғайрат қилишинг керак. Менинг муаллималарим ҳам ўз йўллари билан қизларим ўрнидаги кишилар. Шу сабабли ниҳоятда ўзларини оғир, жиддий тутишлари керак. Бир вақт муаллималаримдан биттаси кўп хунук иш қилиб қўйди. Қораси ўчсин! Маориф бўлими билан келишиб ўтирмасданоқ, паспортини қўлига бериб қувиб чиқардим. Шунақа эмасми, Шаҳноза хоним? Нима бало, оғзингга талқон солиб олганмисан? Шаҳноза хоним, яъни мактаб мудирининг муовини йўталмасдан туриб бирон сўз айта олмайдиган ўрта ёшли, заъфарон, хаста юзли бир хотин эди. Анчадан бери бир нарса дейишга ҳаракат қилаётганлигини сезиб ўтирардим. У асабий бир товуш билан: — Ҳа-ҳа, шундай бўлувди, — деди. Кейин сўз нвбатини қўлдан бергиси келмадими, томдан тараша тушгандек қилиб гапирди: — Ҳаммоллар икки мажидиятдан камига унашмаяпти, нима қиламиз? Ражаб афанди, устидан буғ эшилиб чиқаётган нам ботинкаларига ўт кетаётгандек, бирдан сакраб турди. — Бу муттаҳамларни қаранг, вой лаънатилар-ей! Ўлай агар, юкларни ўзим орқалаб ташийман. Мен телбароқ одамман. Айтдимми — қиламан. Бор, бориб айт. Кейин у яна менга юзланди: — Сен кўзларимнинг ғилайлигини кўряпсанми? Xудо номи билан қасам ичаманки, мен бу кўзларимни минг лирага ҳам сотмайман. Одамларимга мана шундай бир қараш қилсам бас, ақл-ҳушлари бошларидан учади-кетади. Яъни, масалан, муддаом шуки, қиз деган нарса ақл-хушли, одобли, яхши тарбияли бўлиши керак. Вазифасига қусур етказмасин, ташқарида муаллималик номига иснод келтирмасин. Муовина хоним, дарс вақти бўлиб қолди дейсанми? — Бўлди, афандим, қизлар синфга киришди.. — Юр, қизим, сени ўқувчи қизларингга таништириб қўяй. Лекин худо хайрингни берсин, шу юзингни аввал яхшилаб ювиб ол. Мудир афанди сўнгги сўзларини бир оз тортиниб, овозини пасайтириб айти. Мен жуда қаттиқ хижолат бўлиб қолдим. Тавба. Юзимга бир нарса тегибдими? Муовина хоним билан кўз уриштириб олишдик. У ҳам мен сингари таажжубда эди. — Нима, юзимга бир нарса тегибдими, афандим? — деб сўрадим. — Қизим, хотин зоти зебу зийнатга ўч келади. Лекин муаллималар юз-кўзларини мана шундай бўяб синфга киришса — тўғри келмайди. Менинг сенга оталарча насиҳатим шу. Мен уялиб-тортиниб: — Лекин менда бўёқ йўқ, мудир афанди, мен ҳалигача юзимга бўёқ суртган одам эмасман, — дедим. Ражаб афанди ишонмасдан юзимга тикилиб: — Ана холос, ана холос, — деярди. Мен бирдан сирга тушуниб, ўзимни тутолмасдан кулиб юбордим. — Мудир афандим, сиз айтган бўёқлардан мен ҳам куйганман. Лекин начора, худо суртибди, сув билан ювишнинг иложи бўлмаса, — дедим. Муовина хоним ҳам менга қўшилиб кула бошлади. — Xонимнинг ранги табиий, афндим, — деди. Бизниг кулгиларимиз мудир афандига ҳам юқди. Унинг кулиши ҳам одамлар кулгисидан бошқачароқ эди. «Хо-хо-хо» деб кулганда «х» ҳарфини янги мактабга келган болаларга алифбе ўргатаётгандек, дона-дона қилиб чиқарарди. — Ана у томошани қаранг! Xудо берибди, худо... Xудо бир берса биратўла беради. Ҳай, муовина хоним, сен мана шундай чиройли юзни кўрганмисан? Қизим, онанг сенга сут ўрнига гулқанд эмизганми? Вой худо! Ражаб афанди ниҳоятда яхши одам бўлса керак. Анчагина кайфим очилди. У ҳамон устидан буғи чиқиб турган чопонини кийди, биз бирга синфга кетдик. Коридор деразаларининг бирида талабаларимни кўриб, нафасим бўғзимга тиқилди. Биз ичкари кирдик. Ё раббий, мунча одам кўп! Синфда элликтача қиз бола бор эди. Ҳаммаси ҳам мен тенги катта-катта қизлар. Буларнинг бирданига менга тикилган турли-туман кўзлари қаршисида ерга кириб кетгудек бўлиб турардим. Ражаб афанди шу заҳоти чиқиб кетганида мен жуда ёмон аҳволда қолардим, нимага десангиз, ўзимни йўқотиб, шошиб қолган эдим. Xайриятки, мудирда одамларни ўз сўзига қулоқ солдириш фазилати кучли экан. — Қани, қизим, жойингга бор-чи! — деб гувиллади-да, мени қўярда-қўймай кафедра столига чиқарди. Ке- йин узундан-узоқ сўз бошлади. Вой худо, нималарни гапирмади! Европаликлар-ку табииётни, кимёни, фалакиётни, риёзатни араблардан олган экан, хўш, нима учун биз европаликлардан илми жадидни олмай, номаъқулчилик қилиб келамиз? Европаликларнинг илму урфон ва донишмандлик хазиналарига тўқиниш, уларнинг билим соҳаларидаги ғалабаларига чанг солиш — қонуний талашдир. Бу талаш тўплар, милтиқлар ёрдами билан эмас, балки фақат француз тили орқалигина қилинар эмиш. Мудир афанди дам сайин қайнаб, жўшиб борди. У қулоқларни қоматга келтирадиган момақалдироқдек даҳшатли товуши билан гулдираб гапирар, мени кўрсатиб: — Дунёнинг ҳамма мамлакатлари эга бўлган билим хазинасининг калити мана шу муштумдек кичкина қиз қўлидадир. Сизлар бунинг кичкиналигига қараманглар. Бўйи синчалакдек бўлса ҳам, ичи жавоҳирлар билан тўлиқдир. Ёқасига ёпишинг, бўғзига чанг солинг, илмини оғзидан олинг, лимондек сиқиб чиқаринг! У малъун қаҳқаҳалардан бирининг бошланишидан қўрқиб, синфдан қочиб чиқиб кетишга шайланиб турардим. Ё раббий, бемаъни кулги мени босса, шарманда бўламан! Мен ўзимни маҳкам тутиб, синфга биринчи марта кўз ташладим. Ана холос, улар ҳам кулишяпти. Шундай қилиб, толибаларим[21] билан алоқам ширин табассумлар билан бошланди. Бу боқиш, бу яширин кулимсираш ўша маҳал бир-биримизнинг қалбимизга меҳр солди, деб ўйлайман. Синфда кулги кучайиб борди, буни ахийри мудир афанди ҳам сезиб қолди. У муштини қарсиллатиб кафедрага урди, минг лирага ҳам сотмайдиган ғилай кўзларининг қийшиқ қараши билан синфга олайди. — Бу қандай гап?.. Бу қандай гап?.. А, бу қандай гап?.. Иззатини билмаган нодонлар! Xотин зотини эркалатиб бўлмайди. Xудо урсин, ҳаммангни мажақлаб ташлайман! Юм, оғизларингни! Куйдирган калладай нимага илжаясанлар? Қизлар бу дўқ-пўписага унча парво қилмас эдилар. Улардан кўра мен кўпроқ қўрқиб кетдим. Мудирнинг нутқи яна ўн беш минутча давом этди. Синфда яна кулги кучайгудек бўлса, Ражаб афанди столга мушт уриб, ярим ҳазил, ярим жиддий ўкирик билан: — Нимага тиржаясанлар? Ҳозир ҳаммангни омбурга оламан! — деб бақирарди. Сўзининг охирида Ражаб афанди яна бир марта қичқириб: — Этагига маҳкам ёпишинглар, ёқасини қўлдан чиқарманглар, илмини лимондек сиқиб олмасангиз, онангиздан, отангиздан, давлатдан, халқдан еган нонингиз ҳаром бўлсин! — деди-да, синфдан чиқиб кетди. Толибаларим билан ёлғиз қолган шу дастлабки минутим нечоғлик оғир бўлишини ўйламаган эканман. Эртадан-кечгача тинмай гапирадиган маҳмадона Чолиқуши, тут еган булбулдек, оғзини очолмай қолди. Миямда ҳеч қандай фикр йўқ, у бўм-бўш эди. Айтишга бир оғиз сўз топа олмас эдим. Ўзимни тутолмай, ихтиёрсиз кулимсирай бошладим. Xайриятки, толибаларим мени ҳали ҳам мудир афандининг сўзларига куляпти, деб ўйлашибди. Улар ҳам кўзларимга тикилиб кулимсирай бошладилар. Ана шунда бирдан юрагимга жасорат кирди. Энди ўзимни анча босиб олдим. — Xонимлар, — деб сўз бошладим, — мен бир оз французча биламан, агар сизларга шунинг нафи тегса, ўзимни бахтиёр деб билардим. Юрагимдаги қўқув тарқалиб, энди тилим чиқиб қолди. Ортиқ қийналмай сўйлар, қизларимнинг секин-секин менга эликаётганликларини сезиб борардим. Шундай катта хонимларни қизларим дейиш нақадар бахт! Фақат кўпроқ кулишади, бу менга ёқмайди. Кулишса-ку майли-я, Ражаб афанди минг лирага сотмайдиган қийшиқ қараши билан синф деразасидан кўриб қолса ёмон бўлади. Шунинг учун толибаларимга кичиккина танбеҳ қилишни лозим кўрдим. — Xонимлар! Кулишларингиз табассум доирасидан чиқиб кетмасин. Сизларга дўқ қилиш учун менинг қўлимда мудир афанди айтган омбурга ўхшаш ҳеч нима йўқ. Фақат сизлардан хафа бўламан, холос, — дедим. Қисқаси, биринчи дарсим яхши ўтди. Синфдан чиқаётганимда қизлардан бири ёнимга келиб, мудир афанди нима учун омбур деганлигини тушунтириб берди. У кўп куладиган қизларга «Тишларингни омбур билан суғуриб оламан», деб дўқ ураркан. * * * Б..., 28 март. Қизларимдан кўп, жуда кўп хурсандман. Мени шу қадар яхши кўриб қолишдики, танаффус маҳалларда ҳам изимдан қолишмайди. Ҳамкасбларга келсак, тўғриси, уларни ҳам ёмон одамлар деб бўлмайди. Менга совуқ қарайдиганлар, муаллимлар хонасининг бир бурчагида ер остидан хўмрайишиб, мен тўғримда хунук нарсалар шивирлашадиганлар ҳам йўқ эмас. Не ажаб, одам уйида ҳам ҳаммани бир хил яхши кўра олмайди-ку. Ўқитувчилар орасида истамбуллик Назиҳа билан Васфия деган иккита ёш жувонни яхши кўриб қолдим. Булар бир-бирларидан ҳеч айрилмайдилар. Лекин муовина Шаҳноза хоним, булар билан яқин алоқа қилманг, деб айтди менга. Аммо нима учунлигини билмайман. Булардан бошқа яна иккита танишим ҳам бор. Бири бир маҳаллар марказий рушдияда мени мудофаа қилган узун бўйли, тимқора кўзли муаллима хотин. Бу ерда ҳафтада бир кун дарс беради. Мудир афандининг ғилай боқишларидан қўрқмайдиган бирдан-бир ўртоғимиз шу. Аксинча, Ражаб афандининг ўзи ундан ҳайиқади, мовий чопонининг ёқасини ушлаб: «Жуда феъли ёмон-да! Шундан бир қутулсам борми, худо ҳаққи, кўзим тузалиб кетади!» дейди. Иккинчи танишим — тишлари отникига ўхшаган, кўзойнакларини ҳеч вақт олмайдиган кекса муаллима. Истамбулда турган кезларимда кўпинча шаҳар атрофи поездига бирга тушиб қолардик. Гўзтепа томонларида, аллақаерда муаллималик қиларди. Кампир мени таниганми, яна юзимга тикилиб: — Xудоё тавба! Шунчалик бир-бирига ўхшаган одамларни умрим бино бўлиб кўрган эмасман. Бир маҳаллар поезддда битта шўх мактаб қизини кўриб юрардим. Сизга шунақа ҳам ўхшайдики!.. Лекин, у назаримда, француз эди шекилли. У шундай шўхлик қилардики, бутун вагон ичаги узилгудек бўлиб куларди,— дейди. Мен ҳам кўзимни олиб қочиб: — Эҳтимол, шунақа ҳам бўлади, — дейман. Мактабда бир неча эркак муаллимлар ҳам бор. Масалан, Зоҳид афанди. Бу кекса киши дин дарси беради. География ўқитувчиси, истеъфога чиққан мўйсафид полковник Умарбей. Исмини мен билмайдиган бир ёзув муаллими ва мусиқа муаллими Шайх Юсуф афанди; бу фақат мактабгагина эмас, бутун Б... шаҳрига шуҳрати кетган киши. Юсуф афанди ҳақиқатан ҳам бир маҳаллар Мавловийлар сулукига шайхлик қилган. Бечора бир неча йил аввал қаттиқ оғриб, сил касалига йўлиққан. Докторлар жойини ўзгартирмаса ўлишини айтганлар. Шунинг учун тул опаси билан икки йил аввал Б... шаҳрига кўчиб келган. У ҳозир опаси билан кичкина бир уйда турар эмиш. Ана шу кичкина уйни кўрган-билганлар уни мусиқа музейига ўхшатадилар. Ҳар чолғудан, ҳар создан бор эмиш. Шайх афанди бу ерда машҳур бастакор сифатида ҳам танилган. Унинг асарлари куйланар, чалинар, одам уларни йиғламасдан тинглай олмас экан. Мен уни биринчи марта ёмғир ёғиб турган бир кунда кўрдим. Танаффусда ўқувчи қизларим билан бирга боққа чиқиб, бир оз ҳаво олиб келмоқчи бўлдм. Мен у ерда янги тўп ўйинини кўрсатдим, бирга ўйнашдим, анчагина баҳримни очдим. Ичкарига кирганимда қора кўйлагим ивиб кетган эди. Жойи келганда шуни ҳам айтиб кетайинки, мен ихтиро этган муаллималик кўйлаги секин-секин бошқаларга ҳам расм бўла бошлади. Ҳатто ўқувчи қизларим ҳам тиктириб кийишадиган бўлишди. Мудир афанди кўйлакнинг рангига қўшилмай: — Мусулмон қизи қора кийиши тўғри келмайди! Яшил бўлиши керак, — деярди. Биз эса, шуниси яхши, кирчимол, деб унисига унамас эдик. Муаллимлар бўлмасида атрофи кафелли каттакон печка ёниб турарди. Икки девор бурчаги билан шу печка орасига кириб, кўйлагимни қуритаётган эдим. Қўлларим чўнтакларимга солинган эди. Шу маҳал эшик очилиб, ўттиз беш ёшлардаги нозик, новча бир афанди кириб келди. У эркак ўқитувчиларимиз сингари фуқаро кийимида эди. Шундай бўлишига қарамай, юқорида таъриф қилинган Шайх Юсуф афанди худди шу киши эканлигини пайқадим. Мактабда уни жуда яхши кўришади. Муаллимлар дарров уни ўраб олишди, палтосини ечинтиришди. Ўзимни печка панасига олиб туриб, ер остидан унга қарадим. Юмшоқ, хушмуомала одам экан. Заҳил юзида кўпинча ўлишга маҳкум бўлган касаллардаги рангсиз, нозик, тиниқ оқчиллик бор эди. Чиройли сариқ соқоли, оч кўк кўзлари менга пансиондаги олақоронғи даҳлизларда мунгли-мунгли кулимсираган Исо суратларини хотирлатди. Сўзлари тасвирдан ожиз, нақадар ширин эди. Бу ҳалим, ширин овозда билинар-билинмас бир шикоят оҳанги бор эди. Бу — касал болаларнинг овозида бўладиган эзгин, ғамгин шикоятнинг ўзгинаси эди. Ўзини ўраб олган ўқитувчиларга ҳеч тиниб битмаган ёмғирдан шикоят қилар, очиқ ҳаволарни сабрсизлик билан кутаётганлигини айтар эди. Шунда бир зумгина кўзларимиз бир-бирига тўқнашди. Қоронғи бурчакда турганим учун мени дурустроқ кўриш ниятида кўзларини хиёл қисиб қаради. Кейин: — Ким бу кичик хоним, толибаларимиздан эмасми?— деб сўради. Ўқитувчиларнинг ҳаммаси бирдан мен томонга қарашди. Васфия хоним эса кулиб туриб: — Кечиринг, бей афанди, таништириш эсимиздан чиқибди. Янги француз тили ўқитувчимиз Фарида хоним, — деди. Турган еримдан бошимни эгиб салом бердим. — Буюк бастакоримиз билан танишганим учун жуда мамнунман, афандим, — дедим. Санъаткорлар бундай гапларга жуда мойил бўлишади. Шайх Юсуф афандининг оқиш чеҳрасида заиф бир қизиллик пайдо бўлди. Қўлларини қовуштириб, бўйнини эгди. — Каминангиз бастакор мартабасига лойиқ бўладиган бирон асар яратганига имони комил эмас. Агар баъзи бир майда нарсаларим мақтовга сазовор бўлган бўлса, бу Ҳамид ва Фитрат каби баъзи буюк шоирлардаги илоҳий ғуссани самимий бир овоз билан ифода этишдан иборатдир, — деди. Қисқаси, бу Юсуф афандини ўз акамдек яхши кўриб қолдим. * * * Б..., 7 ап-рел. Менинг энг катта орзуларимдан бири ушалди. Кеча бир кичкина, чиройли, тоза уйга кўчиб кирдик. Xудо хайрини берсин, буни менга Ҳожи халфа топиб берди. Ёнида боғчаси бор бу уч хонали кичкина, ширингина уй Ҳожи халфаникидан атиги икки-уч минутлик масофада. Ҳаммасидан ҳам яхшиси шу бўлдики, бу уйни ичидаги ашёси билан ижарага бердилар. Кеча Муниса иккимизнинг суюнчимиз ичимизга сиғмай кетди. Уйни тозалаб, нарсаларни жой-жойига қўйишимиз керак эди. Қаёқда! Кулишдан, бир-биримизни қувишдан, ўйноқлаш, қувонишдан бошқа нарсага қўлимиз тегмади... Бечора Муниса кўзларига ишонмай, ўзини саройга кириб қолгандек ҳис этарди. Фақат Мазлум (чўпон Меҳмет бизга ҳадя қилган улоқнинг отини Мазлум қўйдик) бизни ёмон қўрқитиб борди. Бу ярамас очиқ қолган ошхона эшигидан боғчага, у ердан худди таги минорадек тик жарликка қараб чопиб кетди. Xудо бир сақлади, яна бир қадам босса тўғри жарга қулаб кетарди. Лекин бу шайтон махлуқлар оёқларини қаерга қўйишни мендан яхшироқ билишади. Ҳарҳолда, уни тутиб ичкарига олиб киргунча, юракларимиз ёрилгандан баттар бўлди. Ҳа, уйимиздан ниҳоятда хурсандмиз. Муниса саҳндаги мовий кафеллар устида югуради, сирғанади, девордаги гул расмларини қўллари билан сийпаб қувонади. Фақат кечқурунлари, қош қорая бошлаганда бир оз ўксиб қоламиз. Қўшниларникига қўлларида тугунча билан оталари, ака-укалари келишади. Бизнинг уйимизни эса бу соатларда ҳеч ким йўқламайди. Бир умр шундай бўлиб қолади. Бу юртнинг баҳори шундай ажойиб бўлар эканки... Ҳаммаёқ кўм-кўк бўлиб кетди. Боғчамда ранг-баранг гуллар очилди, хонамнинг деразаларига чирмовуқлар чирмаша бошлади. Боғчамизнинг этагидаги тик жарлик яшил шоналарга ўхшаб қолди. Бу яшилликлар ичида лолалар янги яралардек қип-қизил бўлиб очилади. Бутун бўш кунларимни боғчада Муниса билан бекинмачоқ ўйнаш, арқонда сакраш билан ўтказамиз. Чарчаган кезларимизда мен расм солишга ўтираман, Муниса эса улоғи билан чаман ичида чўзилиб ётади. Менда расм солиш ҳаваси яна уйғонди. Бир неча кундан бери сувбўёқ билан Мунисанинг расмини чизмоқдаман. Ярамас қиз тек туриб берса, сурат аллақачон битган бўларди, лекин жим туриш жонига тегади. Бошида дала гулларидан қилинган чамбар, яланғоч қўлларида улоқ билан рўпарамда жим ўтиришга тоқати етмайди. Баъзан Мазлум унамасдан узун, ингичка оёқларини типирчилата бошлайди. Ана шундай пайтларда Муниса ирғиб ўрнидан туради-да: — Опажоним, худо ҳаққи, мен жон-жон деб туриб берардим-у, лекин Мазлум унамаяпти, нима қилай! — деб қочиб кетади. Мен жаҳлим чиқиб бармоғим билан унга пўписа қиламан: — Нима, мен сенинг шайтонлигингни билмайманми? Сен жўрттага жониворни қитиқлаяпсан! Мактабдаги дарсларим ҳам ёмон кетаётгани йўқ. Мудир афанди мендан жуда хурсанд. Фақат кулишни яхши кўрганим учун баъзан мендан хафа бўлиб қолади. — Ҳа-да, сенга ҳам омбур олиб келаман-да! — дейди. Мен ёлғондан лабларимни буриб: — Начора, домла афанди. Устки лабим бир оз калтароқ, шунинг учун жиддий турганимда ҳам мени куляпти деб ўйлайсиз, — дейман. Мудир афанди нимагадир чет тилларга ҳавас билан қарарди. Аллақандай бир эски фаранцуз алифбесини топиб олиб, ҳиж ўқиб юради. Баъзан мендан сўзларнинг маъносини сўраб олади-да, дарслик чеккасига қора қалам билан ёзиб қўяди. Шайх Юсуф афанди билан жуда иноқлашиб кетдик. Бу нозик, ғамгин бемор менга жуда ёқади. У овозида яшириниб ётган шикоятли оҳанг билан шундай гўзал, шундай аломат нарсалар айтадики... Ўн кун аввал жуда ғалати ҳодиса рўй берди. Мактабимизда кераксиз эски ашёлар тиқиб ташланган бир зал бор. Ўша куни бир ўқув жадвали олиш учун шу залга кирдим. Деразалар ёпиқ бўлгани сабабли зал ичи кечқурунгидай олақоронғи эди. Теварагимга қараган эдим, бурчакда чанг босиб ётган бир эски органга[22] кўзим тушди. Бирдан юрагим ширин-ширин ура бошлади. Кейин юрагимга мунг чўкди. Болалик чоғларимнинг бахтиёр кунлари шу орган чалган оғир, чуқур илоҳий куйлар ичида ўтган эди. Унутилган дўстнинг мозорига яқинлашаётгандек, титроқ ичида унинг ёнига келдим. Залга нима учун келганимни, қаерда эканлигимни унутган эдим. Секин оёғимни босдим, клавишлардан бирига бармоғимни қўйдим. Орган ярали кўнгилдан келаётгандек оғир, дардли садо берди. Оҳ, бу садо! Нима қилаётганлигимни ўйлаб ўтирмасдан ёнига курси келтириб қўйдим. Орган ёнига ўтириб, яхши кўрган черков гимнларидан бирини секин, ғоят секин чала бошладим. Органни тинглаб туриб, секин-секин ўзимни йўқота бордим, оғир бир рўё қаърига тортила бошладим. Мактабимнинг олақоронғи коридорлари кўзларим ўнгида гавдаланар, қора фартуғли, калта сочли мактабдош дугоналарим шу даҳлиздан тўп-тўп бўлиб ўтарди. Бу ерда қанча қолиб кетганлигимни, нималар чалганимни билмайман. Ўтган кунларимнинг ўтган рўёсига ўзимни тамомила таслим этган эдим. Орқамда чуқур бир хўрсиниш, япроқлар орасидан шамол ўтаётганлигига ўхшаш бир товуш эшитдим. Енгилгина титраб бошимни ўгирдим. Олақоронғиликда кўзимга Шайх Юсуф афандининг сарғиш сиймоси кўринди. Бир синиқ жавонга суяниб, бошини солинтирган ҳолда қулоқ солиб турар, кўк кўзларида чуқур бир ҳасрат бор эди. Тўхтаганимни кўриб: — Давом эт, бўтам, давом эт, илтимос қиламан, — деди. Мен жавоб бермадим. Орган устига бошимни яна ҳам энгаштириб олиб, кўздаги ёшларим қуригунча чалдим. Кейин ҳиқ-ҳиқ нафас олиб, эзғин, толғин бир ҳолда ўрнимдан турдим. — Сизда нақадар чуқур мусиқа истеъдоди, нақадар ҳассос бир қалб бор экан, Фарида хоним! Бола қалбининг шу қадар чуқур қайғуни қандай ҳис эта олишига ажабланаман. Мен ўзимни парвосиз кўрсатишга тиришиб: — Булар гимн деб аталган диний қўшиқлардан бири. Ҳа, кўпинча шунақа ғамгин бўлади булар, афандим. Ғам менда эмас, куйларда, — дедим. Юсуф афанди сўзларимга ишонмади, бошини тебратиб: — Ўзимни санъат устаси деб ҳисоблай олмайман, — деди. — Лекин бир мусиқа парчаси чалинганда ундаги фазилатларнинг қайси бири бастакорга, қайси бири ижрочига оид эканлигини аниқлашда янглишмайман. Ашулачиларнинг овозларидаги сингари ижрочиларнинг бармоқларида ҳам ўзига хос тўлқинлар бўлади, бу эса фақат ҳассос қалбдангина келиб чиқади. Шу гимн деб айтган диний ашулаларингиздан баъзиларининг нотасини менга ҳадя қилишингиз мумкинми? — Булар қулоққа ўтириб қолган нарсалар, афандим, ноталарни қаердан билай? — Ҳечқиси йўқ. Бир кун вақти билан орган ёнига ўтириб чалиб берсангиз, каминангиз ҳам ижозатингиз билан дафтарга ёзиб олади. Бир вақтлар вафот қилиб кетган бир қари попдан каминангиз ҳам битта орган сотиб олган эди. Мусиқа асбобларига менда жуда катта қизиқиш бор, афандим. Мен уни ўз хонамнинг бурчагига қўйганман... Шу нарсаларни мен ҳам чалишни истардим. Бир-биримиз билан гаплашиб залдан чиқдик. Ажралиш пайтимизда Шайх Юсуф афанди менга ёзилиб шундай деди: — Менда жуда қаттиқ ҳасратга чўккан пайтларимда ёзилган парчалар бор. Ҳали буларни ҳеч кимга чалиб берганим йўқ. Тушунишмайди, ишонаман. Xудо насиб буюрса, шуларни сизга бир кун чалиб бераман. Нима дейсиз, кичик хоним? Бу воқеа Шайх Юсуф афанди билан бўлган иноқлигимизни яна бир карра оширди. Ваъда қилган парчаларни ҳали эшитганим йўқ. Лекин жуда чиройли нарсалар бўлишига шубҳа қилмайман. Чунки бу хаста ҳассос киши бир парча тахтага тегиб кеца ҳам, тахтадан мунг чиқади, деб ўйлайман. Бир неча кун авал болалардан бири ўзи сотиб олмоқчи бўлган бир удни келтириб кўрсатди. Шайх Юсуф афанди бармоқларининг учини уд торларига теккизганда менга шундай туюлдики, бу нозик бармоқлар удга эмас, кўнглимнинг ич-ичига теккандай бўлди. * * * Б..., 5 май. Кеча бир ёмон иш қилиб қўйдим. Маълум бўлиб қолади, деб юрагим титрайди. Қилган нарсамнинг ёмонлигини биламан, лекин начора? Кўнглимнинг хоҳиши шундай бўлди. Муаллимлар ҳафтада бир марта кечқурун мактабда навбатчилик қиладилар. Кеча менинг навбатим эди. Кечқурун қизлар синфларда дарс тайёрлаб ўтирганларида, биз Шаҳноза хоним иккаламиз мактабни кўздан кечира бошладик. Синфлардан биридаги лампа яхши ёнмаётганини кўриб ичкари кирдик. Муовина хоним ниҳоятда эпчил, билармон хотин. Қўлидан ҳар иш келади. Курсига чиқиб лампани тузата бошлади. Шу вақт эшикдан қари ходима кириб келди. Қўлида мактуб бор эди, у орқадаги партада ўтирган бир ўқувчи қиз ёнига келди. Xодима хатни қизга энди узатган эди, муовина хоним турган еридан: — Тўхтанг, Ойша! У нима? — деб қичқирди. — Ҳеч... Жамила хонимга бериб қўйинглар, деб мактаб қоровулига шу хатни ташлаб кетишган экан. — Менга бер уни. Ўқувчи қизларга келган хатларни аввал мен кўришим керак, деб неча марта сизларга таъкидлаганман. Мунча ақлсиз хотинсан! Шу дам кутилмаган ҳодиса рўй берди. Жамила ўрнидан сапчиб турди-да, ходиманинг қўлидан хатни тортиб олди. Шаҳноза хоним вазминлигини бузмай: — Бу ёққа кел, Жамила! — деди. Лекин Жамила тирган еридан қимирламади. — Бу ёққа кел, деяпман сенга, Жамила, нега бўйсунмайсан? Озғин касмалманд Шаҳноза хонимнинг овози шу қадар кучли эдики, мен титраб кетдим. Синфга чуқур бир сукунат чўкди. Пашша учса эшитилар эди. Жамила бошини солинтириб, секин-секин ёнимизга келди. У ўн олти-ўн етти ёшларда, хушрўйгина қиз эди. Мен ҳамиша дугоналаридан қочиб, боғда, бурчак-бурчакда ўзи ёлғиз хаёлга чўкиб юрганлигини кўрар эдим. Дарсларда ҳам ўйчан, ғамгин ўтирарди. Қиз юзини яқиндан кўриб, унинг изтиробда эканлигини англадим. Юзида бир томчи қон қолмаган эди. Қаршимизда бош эгиб турар, лаблари титрар, қовоқлари худди учаётгандек, киприклари пирпирар эди. — Жамила, хатни менга бер. — ... Муовина хоним, ғазабига чидай олмай, ер тепинди. — Бер, нимага анқайиб турибсан? — Нега энди, муовина хоним, нега? Ана шу «нега» сўзида, мана шу бир оғиз сўзда ғамгин бир исён бор эди. Муовина хоним қўпол бир ҳаракат билан қўлини чўзиб, қиз чангалидан мактубни олди. Кейин: — Бор, жойингга бориб ўтир, — деди. Шаҳноза хоним конвертга қаради-ю, қошларини чимирди. Лекин ўзини йўқотмади. Чуқур сукунатда эканлигига қарамай, ҳаяжон ичида экани ошкор сезилиб турган синфга хитоб қилди: — Xат Жамиланинг Суриядаги акасидан келибди. Лекин менга итоат қилмагани учун хатни эртагача бермайман, — деди. Қизлар яна китоб ўқишга тутиндилар. Муовина хоним билан чиқиб кетаётиб, синфга ер остидан кўз югуртирдим. Орқа парталарда ўтирган бир неча қиз бир-бири билан алланималар тўғрисида шивирлашарди. Жамила эса бошини партасига қўйиб олибди, елкалари дир-дир титрарди. Коридорда кетаётиб, муовина хонимга: — Жазоингиз оғир бўлди, — дедим. — Эртагача қандай қилиб чидайди. Ким билсин юраги сабрсизликдан ёрилаётгандир. — Ташвиш қилма, қизим. У бу хатни ҳеч вақт ўқимаслигини билади, тушунди. — Қандай қилиб, муовина хоним? Наҳотки, акасидан келган хатни бермасангиз? — Бермайман, қизим. — Нима учун? — Чунки акасидан келган эмас. Муовина хоним овозини яна ҳам пастроқ қилиб сўзида давом этди: — Бу Жамила туппа-тузук одамнинг қизи. Шу йил бир ёш лейтенантни яхши кўриб қолибди. Отаси бўлса ҳеч ҳам рози эмас. Қиз уйда ҳам, мактабда ҳам назорат қилиб юрилади. Лейтенантни Бандирмага юборишди. Биз бу қизалоқни секин-секин лейтенантдан совутмоқчимиз. Лекин у бечора қизнинг ярасини тез-тез янгилаб туради. Бу қўлимга тушган учинчи хати. Биз гаплаша-гаплаша муовина хонимнинг кабинетига кирдик. Шаҳноза хоним дағал бир ҳаракат билан хатни ғижимлади-да, печканинг қопқоғини очиб, ичига ташлади. Вақт ярим кечага яқинлашиб қолган эди. Мен навбатчи муаллималар хонасида уйқум келмай ўтирган эдим. Ниҳоят, қарорга келдим. Коридорда айланиб юрган навбатчи ходимани бир баҳона билан пастга тушириб бориб, муовина хонимнинг бўш кабинетига кирдим. Пардалари очиқ қолган бир деразадан хира ой ёғдуси тушиб турар эди. Бамисоли тунги ўғридек титраб, печканинг қопқоғини очдим. Йиртилган, эзилган қоғоз парчалари ичидан Жамиланинг бахциз мактубини топдим. Навбатчилик қилган кечаларимда ҳамма ухлагандан сўнг бўш коридорларда, шарпасиз, қоронғи ётоқхоналарда айланиб юриш менга ниҳоятда ёқади. Бир ерда усти очилиб кетган кичкина қизнинг кўрпасини ёпиб қўяман, бошқа ерда йўталаётган касал боланинг кўрпасини тузатаман, ёниб турган бошчасига қўлимни босаман, нарироқда чиройли сочларини ёстиқда тўзғитиб, бошқа бир қиз ухлаяпти. «Ярим очиқ, нозик лаблари билан нима тилакда куляпти экан?» — деб ўзимдан сўрайман. Бир неча қизча ухлаб ётган бу олақоронғи, шарпасиз ётоқхоналарга оғир-оғир рўё булути чўккандек кўринади. Ана шу булутни тарқатиб юбормаслик, бечораларни ширин тушларидан бевақт маҳрум қилмаслик учун оёқларимнинг учида, юрагим така-пука бўлиб юраман. Ўша кечаси Жамиланинг ётоғига келсам, бечора энди ухлаган экан. Буни киприкларида ҳали қуриб улгурмаган кўз ёшларидан фаҳмладим. Секин боши устида эгилиб: — Бахтиёр кичкина қиз, — дедим, — севгилингдан келган матубни мактаб фартуғининг чўнтагидан топганингда, ким билсин, қанчалик севинаркинсан! Қўлингдан кетган бу қимматли нарсани қайси бир тун париси бу ерга келтириб қўйганини ўз-ўзингдан сўрарсан! Жамила, у тун париси эмас, шунчаки бир бечора, нафрат қилган бир кишисидан келиши мумкин бўлган хатларни ҳар доим қалбининг бир парчаси билан қўшиб ёқишга маҳкум бўлган бир бахти қародир... * * * Б..., 20 май. Кеча мактабда ўқишлар тамом бўлди. Уч кундан ке-йин имтиҳонлар бошланади. Б... даги бутун хотин-қизлар мактаблари бугун шаҳардан бир соатлик масофада оқадиган дарё бўйида май байрамини ўтказадилар. Мен кўпчилик билан ўтказиладиган бундай сайри саёҳатларни ёқтирмайман. Шунинг учун у ёққа бормай, ўша кунни ўз боғчамда ўтказишни ният қилдим. Лекин Муниса, мактаб қизларининг қўшиқ айтиб ўтганларини кўриб, хафа бўла бошлади. Энди уни юпатишга ўтирган ҳам эдимки, бирдан эшик тақиллаб қолди. Чиқсам, бирга ишлайдиган муаллималардан Васфия билан сўнгги синфда ўқувчи бир қанча қизлар экан. Мени дарров олдингга солиб кел, деб мудир юборибди. Ражаб афанди: — Xудо ҳаққи, мен унга атаб қўзи сўйдирган, ҳалво пиширтирган эдим. Бу қандай бемаънилик! Ярамайди афандим, ярамайди! — деб бақириб берибди. Қизларга келсак, улар ҳам сўнгги синф номидан илтимос қилгани келишибди. — Ипак қурти чиқмаса, биз ҳам чиқмаймиз! — деб қизлар туриб олишибди. «Ипак қурти» — менинг янги лақабим. Чолиқуши битди. Энди «Ипак қурти» чиқди. Энг ёмони шуки, ёши улғайиб қолган қиз ўқувчиларим мени «Ипак қурти» деб юзимга айтишдан тортинишмайди. Xудо ҳаққи, бу нарса иззат-нафсимга, муаллималик шаънимга қаттиқ тегади. Бу лақаб мактабда қолса бир нави эди-я, зорланмас эдим. Лекин илгариги куни қаҳвахоналарнинг бири ёнидан ўтиб кетаётганимда бадавлат бир ипакфуруш эканлиги таъриф қилинган чолворли, чопонли қўпол бир киши овозининг борича бақириб: — Саккизта тутзорим бор! Саккизови ҳам мана шу битта «Ипак қурти»га қурбон бўлсин! — деса бўладими? Шундай уялиб кетдимки, ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим. Иккиламчи у кўчага оёқ босмай қўйдим. Мен мушкул аҳволда қолган эдим. «Бормайман», десам, «ноз қиляпти» дейишади, масхара қилишади. Шунинг учун чор-ночор чодрамни ёпиниб бирга чиқиб кетдим. Кичик қизларга оқ кийимлар кийдиришибди. Дарё лабида оқ гуллар чаман-чаман очилиб турарди. Бу шаҳарда, тавба, хотин-қизлар мактаби шунча ҳам кўп экан. Яшил боғлар орасидаги сўқмоқ йўллардан ашулалар айтиб келаётган мактаб қизларининг охири кўринмас эди. Эркак ўқитувчилар дарёнинг нариги юзидаги бир чакалакзорга тўпланишибди. Бизнинг орамизда фақат Ражаб афандигина кўкиш чопони, каттакон қора шамсияси билан айланиб юрар, бир чеккада тошдан ўчоқ қилаётган ошпазга бақириб-чақириб бир нималар буюрарди. Муаллимлар билан катта ёшли ўқувчи қизлар чодраларини ташлаб, очиқ юз билан яйрашга мудир афандини зўрға кўндириб, ахийри уни эркаклар тўпига жўнатдилар. Билмайман, бугун нима учундир одамлар кўнглимга сиғмас эди. Бу юзларча қиз болаларнинг хушчақчақлиги, шоду хуррамлиги мени чарчатар, юрагимга қайғудан, ғамдан бошқа нарса бермас эди. Бир ёнда бошланғич мактаб қизлари мусиқа билан ашула айтишар, бошқа бир ёнда бир тўда ёш қизлар бир-бирини итаришиб, қичқиришиб, тўп ўйнашар ёхуд асир олиш ўйинини ўйнашар, нарироқда болалар, катта ёшдаги аёллар шеърлар ўқир ёхуд декломация ўқиётган бошқа бир болани олқишлар эдилар. Муниса одамлар ичида йўқ бўлиб кетди. Ярамас қиз мен билан ўтирармиди! Узоқда, баланд бир жарлик ёқасида бир неча каштан дарахти бор эди. Ёш муаллималардан баъзилари катта ўқувчи қизлар билан шу ерга арғимчоқ солишди. Қалин япроқлар орасида ранг-баранг кўйлаклар кўзга чалиниб кетар, ҳаммаёқда қичқириқлар, қаҳқаҳалар эшитиларди. Мен оломондан секин ажралиб чиқиб, дарё бўйига тушдим-да, ўша ердаги каттакон қоя кўланкасига келиб ўтирдим. Тош ораларида битган рангсиз, жонсиз сариқ гулларни узиб, оёқларим тагида оқиб турган сувга отардим. Ўзим чуқур-чуқур ўйлардим. Бирдан орқамда биров ингичка товуш билан: — Топдим! «Ипак қурти» шу ерда экан! — деб чинқириб юборди. Мени арғимчоқда учиргани қидириб юришган экан. Мени қўярда-қўймай судраб олиб кетишди. «Хоҳламайман, чарчаганман, арғимчоқ учишни билмайман» десам ҳам қўйишмади. Сўзимга муаллималар ҳам, ўқувчи қизлар ҳам қулоқ солишмади. Мурувват хоним, яъни мени бир вақтлар марказий рушдия мактабида ҳимоя қилган тимқора кўзли муаллима мен билан учмоқчи эканлигини айтди. Арғимчоқлардан бирига чиқдик. Лекин, афсус, қўлларим титрар, оёқларим гавдамни кўтаришдан ожиздек букилар эди. Бечора Мурувват бир неча бор учгандан кейин воз кечди. — Бекор овора бўляпмиз... Сен чиндан ҳам, учишдан қўрқяпсан. Юзинг докадай оқариб кетди, йиқиласан, — деди. Тушки овқатда мудир афанди биз билан бўлди. Менинг бугунги кайфсизлигимни у ҳам сезган эди. Ора-сира: — Ҳой, нега кулмайсан, хуфтон қиз? Кулма деганимда нуқул куласан. Энди эса қовоғингдан қор ёғяпти,— деб қичқирар эди. Боёқиш овқатдан кейин ҳам изимдан қолмади. Мактабдан мен учун самовар ҳам олдириб келибди. Менга ўз қўли билан чой дамлаб бермоқчи бўлди. Ўқитувчилардан бири мени узоқдан имлади. Мен аста ёнига бордим. У: — Xодималардан бирини юбориб танбур олдириб келдик. Нарироққа бориб, Шайх Юсуф афандига бир танбур чалдирайлик. Ҳар нима қилиб бўлса ҳам бу лақманинг қўлидан қутулиб кел, — деди. Ҳақиқатан ҳам бундай фурсатни қўлдан чиқариб бўлмас эди. Шайх Юсуф афандининг мусиқаси мени ҳамон ром қилиб борар эди. Бечора анча вақтдан бери бетоб бўлиб қолиб, мактабга келмай юрарди. Фақат бир неча кун аввалгина оёққа турганлигини эшитдик. Бугунги мактаб байрамига кўнгли қўмсаб келибди. Муаллималаримиз Шайх Юсуф афандини бир амаллаб эркаклар олдидан чақириб олишди. Саккиз-ўн аёл бир бўлиб, ўзимизни ҳеч кимга кўрсатмасликка тиришиб, сой бўйидаги сўқмоқ йўл билан юриб кетдик. Шайх афандининг бугун кайфи яхши, баҳри очиқ эди. Йўл узоқлашган сари унинг чарчаб қолишидан қўрққанларга кулиб: — Менга қолса сўқмоқ ҳеч тугамасин, чарчамай кета бераман. Бугун ўзимни жуда дадил, бақувват ҳис қиляпман, — деди. Дугоналаримдан бири қулоғимга яқин келиб эркак муаллимлардан баъзилари хилватда ароқ ичишганларини, Шайх афандига ҳам бир неча қадаҳ беришганини айтди. Юсуф афандининг кайфи чоғлиги балки шу сабабдандир. Сой бўйидаги сўқмоқ билан ўн беш минутча юрганимиздан кейин бир вайрона тегирмон ёнидан чиқдик. «Шалола» деб аталган шу ерда тоғ оралиғи бирдан тораяр, мисоли бўғоз вужудга келарди. Сой бўйидаги қоялар шу қадар баланд эдики, пастга қуёш тушмас, сувлар гўё шафақ аксида оқаётгандек туюларди. Овозимизни бу ердан ҳеч ким эшита олмас эди. Шайх Юсуф афандини қалин япроқли бир ёнғоқ дарахтининг тагига келтириб ўтқазишди, қўлига танбур тутқазишди. Мен анчагина нарида сувларни кўпиртириб оқаётган қоя остидаги сойга тикилиб қолдим. Лекин дугоналарим яна мени ўз ҳолимга қўйишмади. — Йўқ, йўқ, бу ёққа кел, келмасанг бўлмайди! — деб мени бастакорнинг рўпарасига ўтқазиб қўйишди. Танбур ноласи бошланди. Бу мусиқа бир умр эсимдан чиқмайди! Дугоналарим кўкатлар устида ярим-ёрти чўзилишиб ётишар эдилар. Ҳатто энг бағритош кўринганларнинг лаблари йиғлаб юборадигандек титрар, кўзларида ёш пайдо бўларди. Жигарранг сочларини елкаларимга тўкиб ўтирган Васфиянинг қулоғига: — Мен Шайх Юсуф афандининг ижросини биринчи марта мактабда эшитган эдим. Жуда яхши чалган эди, лекин бунчалик эмас, — дедим. Васфия сузук кўзлари билан маъноли қилиб кулимсирагандан кейин: — Ҳа, Юсуф афанди умрида ҳеч маҳал шу бугунгидек бахтиёр, айни замонда бахциз бўлган эмас, — деди. Мен: — Нега? — деб сўрадим. У юзимга диққат билан қаради. Кейин бошини яна елкамга қўйиб: — Жим, эшитайлик, — деди. Бугун Шайх Юсуф афанди фақат эски шарқиларни чалар, куйларди. Булардан ҳеч бирини шу маҳалга қадар эшитмаган эдим. Ҳар ашуланинг охирида ҳозир тамом бўлиб қолади, деб юрагим ўйнарди. Лекин кўзлари ярим юмуқ, секин-секин қони қочиб бораётган чаккалари майда терлар билан ивиқ бир ҳолда у бир ашуладан кейин яна бирини бошлар эди. Кўзларимни ярим юмуқ кўзлардан айира олмас эдим. Бир маҳал сўлғин ёноқларига бир неча томчи ёш тўкилганини кўрдим. Бирдан юрагим ўйнаб кетди. Бир бечора хастани шунчалик чарчатиш гуноҳ эди. Чидаб тура олмадим, қўшиқлардан бирини тугатганда: — Бир оз дам олмайсизми? Тобингиз қочганга ўхшайди. Нима бўлди? — дедим. Шайх Юсуф афанди жавоб бермади. Ҳўл киприклари орасида болаларча масъум кўзлари билан менга сузилиб қаради. Кейин бошини яна танбурга эгиб, янги қўшиқни бошлади: «Бағрим ўти, оч-тир-ма ме-нинг оғзим-ни зинҳор, Зо-лим, ме-ни сўйлат-ма-ки, қал-бим-да не-лар бор!» Юсуф афанди шарқини тугатгандан сўнг, боши танбур устига тушди. Бечора ҳушидан кетган экан. Ҳамма шошиб қолди. Мен: — Биз сабаб бўлдик, бунчалик чарчатмаслик керак эди! — дедим. Рўмолчамни ҳўллаб келиш учун тошдан-тошга сакраб сойга тушдим. Бу енгил бир ҳушсизлик, балки бош айланишидан бошқа нарса эмас эди. Рўмолчамни ҳўллаб келганимда, Шайх Юсуф афанди кўзларини очган эди. — Бизни қўрқитиб юбордингиз, афандим, — дедим. У беҳолгина кулимсираб: — Ҳечқиси йўқ... Шунақа бўлиб туради, — деб жавоб берди. Дугоналаримда ғалати бир кайфият борлигини сеза бошладим. Улар менга тагдор қилиб қарашар, паст овоз билан ўзаро шивирлашардилар. Яна шу йўл билан қайтдик. Мен Васфия билан энг орқада келдим. — Шайх афандида бир нарса борга ўхшайди, ичидан эзилаётгандек кўринади, — дедим. Дугонам менга яна боягидек тагдор қилиб қаради. Кейин: — Рост гапиряпсизми, Фарида? Xафа бўлманг-ку, лекин мен бунга ишонмайман. Бундан чиқди, сиз гапдан бехабар экансиз-да? Васфия менга ғалати қилиб тикилиб турарди. — Xабардор бўлсам, яшириб ўтирармидим, — дедим. У яна ишонмади. — Бутун шаҳар билади-ю, бир сиз билмайсизми? Бу маъносиз шубҳага кулимсираб елкаларимни қисдим. — Ўзингиз биласиз-ку, мен шаҳарда уйдан чиқмай, ёлғиз яшайман. Бировларнинг гапи билан ишим ҳам йўқ. Дугонам қўлларимни ушлади. — Юсуф афанди сени ўлгудек яхши кўради, Фарида! — деди. Ихтиёрсиз қўлларим билан юзимни беркитдим. Сой бўйида болаларнинг суюнчли шовқинлари ҳамон давом этарди. Ҳеч кимга сездирмасдан одамлардан айрилдим-у, икки боғ орасидаги сўқмоқ билан уйга қайтиб кетдим. * * * Б..., 25 июл. Ёз ойлари тугамайдигандк чўзилиб кетди. Жазирама одам чидай олмайдиган даражада қаттиқ. Ҳамма нарса сарғайди, атрофда яшилликдан асар қолмади. Рўпарадаги кўм-кўк тепалар сарғайди, хазон тусига кирди. Улар узоқда, ёз қуёшининг кўзларни қамаштирувчи нурлари ичида каттакон култепалари сингари жонсиз, маъносиз кўринади. Мен уларни кўриб сиқиламан, бўғиламан, юрак сиқинтисига тоқат қилолмайман. Шаҳар бўшаб қолди. Ўқувчи қизлар тарқалди. Ўқитувчилардан кўпгинаси каникулларини бошқа жойларда ўтказгани кетди. Назиҳа билан Васфия менга ора-сира Истамбулдан хат ёзиб туришади. Бу йил Истамбул жуда чиройли эмиш. Сувларни, оролни тасвир қилиб битира олмайдилар. Иложини топишса, ўша ерда қолар эмишлар. Тўғрисини айцам, менинг ҳам бу ерда қолгим йўқ. Шайх Юсуф афанди воқеаси менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Одамлар ичида кўринишга уялиб қолдим. Мактаблар очиладиган вақт келганда, бошқа ерга юборишларини илтимос қиламан. Яна ҳам узоқ, яна ҳам ёмонроқ ер бўлса розиман. Шундай ер бўлсинки, мени чарчацин, майли, кўпроқ ишлашга мажбур қилсин, лекин мени ўз ҳолимга қўйсин. * * * Б..., 5 ав-густ. Муаллимлик қила бошлаганимдан бери иккинчи марта ўқувчи қизларим эр қилишмоқда. Лекин бу сафар бечора Заҳроники сингари эмас. Бу кеча, шу соатда Жамила кўзларида қуриб улгурмаган ёшлари билан ухлаётгани йўқ. Бу кеча, шу соатда Жамиланинг гўзал бошига севгилиси ёш лейтенантининг кўкси ётоқ бўлди. Бу ёшларнинг иккаласи ҳам бир-бирларига бўлган ишқ-муҳаббатларида шу қадар қаттиқ турдики, ниҳоят, ота-оналари бош эгишга мажбур бўлдилар. Жамилани ҳам Заҳро сингари ўз қўлим билан ясантирдим. Кўп вақтлардан бери бундай маъракалардан қочиб юрардим. Лекин Жамила уйимга ўзи келиб, қўлларимни ўпиб ёлворди. Ажабо, кечаларнинг бирида, қоронғида ўзига қилган хизматимни фаҳмлаган эдимикин? Бунисини билмайман. Лекин онасини, отасини рози қилган кунида ҳаммадан олдин менга севинчилагани келди. Балки шубҳаси бўлгандир? Ҳа, Жамилани ўз қўлим билан безадим, келинлик либосини ўзим кийгаздим... Бу ерда бир одат бор: ким бўлса ҳам ёш қизларнинг сочига битта келинлик ипи тақади, бу яхшилик аломати бўлади. Ҳар қанча қарши турганимга қарамай, Жамиланинг онаси сочимнинг бир тарафига калтагина ип тақиб қўйди. Лейтенантни кўриш ҳавасим бор эди. Жамилани унинг қўлида кўрмасдан туриб, бахтларига ишона олмас эдим. Лекин бунга имкон бўлмади. Барвақт уйга қайтишга мажбур бўлдим. Ҳар ерда бўлгани сингари, бу ерда ҳам ҳамма хотинларнинг яшириқча менга қараганларини, бир-бирларига алланималар шивирлашганини сезиб турардим. Ҳамманинг оғзида яна ўша «Ипак қурти». Шаҳар баладия бошлиғининг хотини деб айтилган, олмосларга, олтинларга кўмилган бир семиз хотин юзимга тикилиб қарагандан сўнг, менга эшитадиган қилиб ёнидагиларга: — Бу «Ипак қурти» чиндан ҳам офатижон экан, бечоранинг куйиб-ёниши бежиз эмас! — деди. Шундан кейин бу ерда қололмас эдим. Жамиланинг онасидан ижозат сўрадим, бетоблигимни, оёқда тура олмаётганлигимни айтдим. Ёш келиннинг ёнида мендан бошқа яна бир қанча муаллима бор эди. Кампир ўшаларни кўрсатиб: — Жамилага муаллималари ўгит-насиҳат қилишяпти, сен ҳам бир нарса айтиб кет, хоним қизим, — деди. Бу беғараз орзуни кулимсираб туриб қабул қилдим. Ўқувчимни бир четга тортиб: — Жамила, — дедим, — муаллиманг бўлганим учун онанг сенга насиҳат қилишимни илтимос этди. Сен насиҳатларнинг энг яхшисини ўзингга ўзинг бергансан. Лекин, бўтам, сени бир масалада огоҳлантириб қўяй: лейтенантинг ҳозир сенинг ёнингга келмасдан туриб, кўчадан бир бегона хотиннинг келганини, сенга яширин гапи борлигини хабар қилишса, зинҳор ўзингни сақла, қизим, у хотиндан қоч, чиройли бошингни лейтенантингнинг қувватли бағрига яшир. Ким билади, Жамила бу сўзларга ҳайрон қолгандир. Ҳақи бор, чунки энди мен ҳам бу нарсаларга ҳайронман. Бу нарсаларни бир бегона оғиздан эшитаётгандек, сабабини, маъносини ўз-ўзимдан сўрайман. * * * Б..., 27 ав-густ. Шу оқшом кичкина боғчамизда зиёфат бўлди. Муниса иккаламиз Ҳожи халфанинг оиласини кечки овқатга чақириб келдик. Кўнглимиз хуш бўлсин, деб кўчадан уч-тўртта қизил қоғоздан ясалган чироқ олдирдим, уларни бодом дарахтининг стол устига эгилган шохларига осдик. Ҳожи халфа буларни кўриб жуда хурсанд бўлди. — Бор бўл, бу зиёфат эмас, ўнинчи июл тантанаси-ку! — деди. Мен кулдим. — Ҳожи халфа, бугун менинг ўнинчи июлим, — дедим. Ҳа, бугун чиндан ҳам ҳуррият куним эди. Чолиқушининг қафасдан қутулганига бу кеча роса бир йил тўлган эди. Бир йил, яъни уч юз олтмиш беш кун! Қанча кўп-а! Дастлаб кайфим анча тузук эди. Тинмасдан кулар, сўзлардим. Шу қадар ҳазилкашликлар қилдимки, саматиялик хонимнинг кулгидан нафаси тиқилар, Ҳойғонушнинг севинч-ла тўлиқ ширмон юзи бодом шохидаги қизил чироқлардек қизариб борарди. Ҳожи халфа эса қўлларини тиззаларига уриб: — Нима бало, қизим, ичингда шайтон борми? — деб кулди. Кечга довур боғчада ўтирдик, сўнгра қоғоз чироқларимнинг бирини Миратга, иккинчисини Ҳойғонушга бериб, меҳмонларим билан хайрлашдим. Муниса кундузи чарчаб қолгани учун биз гаплашиб ўтирганимиздаёқ курсида мудрай бошлаган эди. Уни уйга киргизиб юбориб, ўзим боғчада ёлғиз қолдим. Жимжит ёруғ бир кеча эди. Қўшни уйларнинг чироқлари аллақачон ўчган. Шу юлдузли осмон ичида тоғ қўрқинчли бир соядек кўринарди. Пешонамни қўлларим билан ушлаб, боғчанинг совуқ темир панжарасига қўйдим. Атрофимда на шарпа, на бир ҳаёт асари бор. Фақат жар тагида, бу чидаб бўлмайдиган жазирамага қарамай, ҳамон қуримасдан оқаётган сувнинг чулдираши, унда юлдузларнинг акси. Қоғоз чироқнинг мум шами эрий бошлади. Уларнинг рангли нурлари билан бирга ичимдаги шодликнинг ҳам сўна бошлаганини, кўнглимга чуқур, оғир бир қоронғилик чўкаётганлигини ҳис этардим. Мен ўтган шу йилнинг ҳам қоронғи, ҳам ойдин кунларини бирма-бир хаёлимдан кечирдим. Ё раббий, булар нақадар узоқ, узоқ вақтларда бўлиб ўтган экан! Совуққа, жабру жафога, меҳнат ва машаққатга шикояциз чидам берадиган соғлом вужудим бор. Эҳтимол, яна қирқ йил-еллик йил яшарман. Эҳтимол, яна эллик йилдан кейин бу ҳазин ғалабанинг ҳазин йиллигини қайд этиш лозим бўлар. Ҳаёт нақадар узун, ё раббий, нақадар узун! Эҳтимол, Муниса у вақт ёнимда бўлмас. Сочларимга секин-секин оқ тушар... Хўп, умид қилайин, чидайин, мен бунга розиман, лекин нима эвазига, нимани кутиш эвазига? Шу бир йил ичида бир неча марта ўзимни тутолмай йиғладим. Лекин уларнинг ҳеч бирида шу кеча қовоқларимнинг ичини ёндирган кўз ёшларимдаги аччиқлик йўқ эди. У вақтлар фақат кўзларим йиғларди. Бу кеча эса кўнглим йиғламоқда. * * * Б..., 1 ок-тябр. Дарсларнинг бошланганига икки ҳафта бўлди. Муаллималарнинг кўпи яна Б...га қайтиб келди. Ҳатто, Истамбулда қоламан, деган Васфия ҳам келди. Бечора бўш ўрин тополмабди. Назиҳанинг бошига эса давлат қуши қўнибди. Жума кунларининг бирида икки дугона Босфор ёнида бир ёш офицер билан учрашишибди. Офицер уларни Фотиҳгача узатиб қўйибди. Бу икки дугонам ҳозиргача учратган ҳамма эркаклар каби, бу офицер ҳам Васфияни манзур кўрибди. Ҳатто, билмайман, аллақайси паркда учрашадиган ҳам бўлишибди. Лекин, аксига келиб, ўша куни Васфияларникига меҳмон келиб қолибди. У офицерни алдашга кўнгли бўлмай, Назиҳадан илтимос қилибди: — Жон Назиҳа, менинг ўрнимга сен бор. Бугун келолмади, деб айт. Бошқа кун қаерда учрашишимизни билиб кел, — дебди. Кечқурун Назиҳа қайтиб келиб, йигитни кўрмаганлигини айтибди. Лекин қизнинг аҳволи, кайфияти аллақандай эмиш. Бир қанча кундан кейин сир очилибди. Ўша куни Назиҳа ҳар нима қилиб бўлса ҳам ёш офицерни ўзига мафтун этибди. Xоин қиз бир ҳафтадан сўнг унашиб ҳам олибди. Васфия бу ҳодисадан жуда қаттиқ эзилибди. Бир ёқдан азиз дугонаси томонидан алданганига куйса, иккинчи ёқдан ёлғиз қолганлиги учун дард чекар эди. Тез-тез оҳ уриб: — Оҳ, Фарида хоним, сиз билан нақадар яхши дўст бўла олардик. Лекин қандай қилиб тушунтирсам экан, сиз шу қадар хушчақчақ, яхши, жонон қизсиз-ку, лекин яшаш гаштини билмайсиз, — дерди. Уяларда тухумларни янги қушчалар ёриб чиққанда нақадар нашъали бир ҳаёт бошланса, мактаб ҳам ҳозир шунга ўхшаган бир аҳволда эди. Бир неча кун аввал чақмоқлар, момақалдироқлар билан бошланган шиддатли ёмғир жазирама ва сокин ёз кунларининг менга берган мавридсиз ғаму ғуссаларини, дудмал ҳаёт ҳорғинлигини ювиб кетди. Энди қушдай енгилман, вақтим шу қадар чоғки!.. * * * Б..., 17 ок-тябр. Ёмғир ўн кундан бери тинмайди, шивалагани шивалаган. Дастлабки кунларда мен қатори суянган, сўлғин чеҳраларига мусаффо ҳаёт ранги югурган кечки гуллар хароб бўлди. Бечоралар боғчада, тинмай ёғаётган ёмғир остида бошларини эгиб туради, «бас энди!» дейишаётгандек, шимтираб титрашади. Бугун кечқурун мактабдан қайтаётганимда менинг ҳам аҳволим уларникидан қолишмас эди. Шалаббо ивиб кетдим. Чодрам баданимга ёпишди, кўчада учраганлар мени тоза кулги қилишди. Муниса шу оқшом менга бир аҳволда кўринди. Шамоллаб қолишидан қўрқиб, унамаганига қўймай, барвақт ётқиздим, липа гули қайнатиб ичирдим. Ярамас қиз инжиқлик қилар, менинг ваҳимамдан куларди. — Опажоним, совуқ одамга нима қиларди? Бултур қорда, сомонхонада ётганим эсингиздан чиқдими? — деярди. Шу кеча ҳеч уйқум келмади. Мунисани ухлатганимдан кейин қўлимга китоб олиб, диванга чўзилдим. Ёмғирнинг томда, тарновларда чиқарган шовқинини, ўн беш кундан бери битмаган бу мотам куйини эшитиб ётдим. Қанча вақт ўтганини билмайман. Бирданига эшигим қаттиқ-қаттиқ тақиллай бошлади. Шундай бемаҳалда ким бўлиши мумкин эди? Эшикни очишга юрагим бетламади. Меҳмонхона жумбасидан[23] қарадим. Қоронғида ўзини ёмғирдан жумба панасига олиб новча бир хотин турарди. Қўлидаги клеёнка ёпилган фонар ёғдуси кўчадаги ёмғир кўлобларида живирлар эди. — Ким у? — деб сўрадим. Титроқ бир товуш: — Очинг, Фарида хонимни кўргани келдим, — деди. Эшикни дир-дир титраб туриб очдим. Ўша машъум оқшомдан бери бегона хотинлардан юрагим безиллаб қолган. Қайси-қачон мана шундай бегона одамларнинг мени ахтараётганларини билсам, ёмон хабар олиб келгандир, деб қўрқиб кетаман. Бемаҳал келган меҳмон юзимни кўриш учун чироғини кўтарди. Ана шунда мен ҳам унинг сўлғин чеҳрасини, ғам тўла мовий кўзларини кўрдим. — Кирсам майлими, хўжоним? Унинг юзи, овози менга далда берди. Ким эканлигини, нимага келганини сўраб ўтиришни лозим кўрмай, ёнимдаги меҳмонхона эшигини очдим-да: — Марҳамат, — дедим. Хотин уйни ҳўл қилиб қўйишдан тортинаётгандай теварагига қарар, ўтиришга юраги бетламай турарди. Кейин ўртадаги ўнғайсизликка барҳам бериш учун бўлса керак: — Вой, бу ёмғир-ей, бу ёмғир-ей! Одамни кўмиб ташлай дейди-я! — деди. Мен унинг юзига диққат билан қараб турардим. Ундаги паришонликнинг сабаби ёмғир эмас, тамоман бошқа нарса эканлиги равшан эди. Асл мақсадини айтишдан аввал, ўзини бир оз босиб олмоқчи эканлигини фаҳмлаб, дарров суриштиришга тутинмадим. Юрагимда уйғонган биринчи ҳис мени алдамади. У истараси иссиқ, яхши, тарбияли хотин эди. Ниҳоят: — Ким билан кўришиб ўтирибман, афандим? — деб сўрадим. У мендан тортинаётгандай бошини солинтирди. — Фарида хоним афандим, мен ёт эмасман. Гарчи ҳозиргача кўришмаган бўлсак ҳамки, мен сизни яхши танийман. — У бир оз тўхтади, кейин ўзига куч йиққандай яна давом қилди: — Мен ҳамкасбларингиздан бирининг опаси бўламан. Мактабингизнинг мусиқа муаллими Шайх Юсуф афандининг опасиман. Бирдан нафасим оғзимга тиқилди. Лекин маҳкам туриш, сир бермаслик керак эди. Шунинг учун: — Шунақами, афандим, кўришганимиз учун хурсандман, — дедим. — Шайх афанди бир оз тузукмилар? Бу, албатта, шундай бемаҳалда, шу аҳволда келган бир кишига айтиладиган сўз эмасди, лекин бошқа нима ҳам дея олардим. Меҳмон жавоб тополмай жим турарди. Мен эсам юзига боқишдан қўрқиб кўзларимни ерга қаратиб олдим. Қулоқларимга заиф бир йиғи эшитилди. Қутулишнинг имкони бўлмаган бир фалокатга унаётгандай, бошимни яна пастроқ солинтириб олиб кутдим. У йиғлаб юбормаслик учун кўксини, бўйнини қўллари билан эзиб туриб: — Укам шу кеча жон беради... — деди. — Кечга келиб аҳволи оғирлашди. Олти соатдан бери ўзини билмайди. Эрталабга етмаса керак. Жавоб бермадим. Нима ҳам деярдим! — Кичик хоним, — деди у, — Юсуф мендан уч ёш кичик бўлса ҳамки, мен уни ўғлим деб биламан. Нимага десангиз, онамиз ўлганда Юсуф кичкина бувак эди, мен ҳам унчалик катта эмасдим. Шу аҳолимда унга оналик қилдим. Бутун умримни шу билан ўтказдим. Тул қолганимда ёшим сизникича эди. Юсуфгинам ёлғиз қолмасин, деб бошқа эр қилмадим. Мана энди у мени ёлғиз ташлаб кетяпти! Буларни нима учун менга айтаётир деярсиз, хоним афанди? Мени айб қилманг, сизни шундай бемаҳал безовта қилганим учун, сиздан ёлвориб илтимос қиладиган нарсам учун мендан хафа бўлманг, мени қувманг... Сўзи шу ерга келганда бирдан оёқлари букилиб, ерга чўкди. Бир бало бўлиб қолди шекилли, деб елкаларидан ушлаб турғазмоқчи бўлдим. Лекин у ерда судралиб, йиғлаб юриб, оёқларимни ўпа бошлади. Эҳтиёт билан ўзимни қутқаздим. Шундай пайтларда одам ўзини қанчалик оғир-вазмин тутиш мумкин бўлса, мен ҳам шундай вазмин товуш билан гапирдим. — Xоним афанди, қайғунгизни тушуниб турибман, айтинг, қўлимдан келадиган нарса бўлса... Хотиннинг йиғидан шишган қовоқлари остидаги сўниқ мовий кўзларида умид учқунлари чақнади. Боёқиш кўксининг дукурини қўллари билан босишга тиришиб: — Юсуф ўн йилдан бери касал эди, — деди. — Қанчалар ҳаракат қилдим, қанчалар тиришиб-тирмашдим, лекин лаънати касал йўқ бўлмади, укам бечорани ичдан кемира борди. Ниҳоят, бу воқеа юз берди... Сизни кўрди. У шунақа, ҳассос одам. Ана шундан кейин кўз ўнгимда хазон бўла бошлади. Мана шу ерда ўзимни тутолмай эътироз қилдим: — Xоним афанди, қасамёд қиламанки, укангизга бирон ёмонлик қилганим йўқ. Ўзим-чи? Ахир ўзим ҳам қанотлари қайрилган бир шўрликман! У яна оёқларимга осилди. — Xоним қизим, болам, сизнинг ҳам севганингиз бордир, жаҳлингиз чиқмасин. Қасам ич десангиз ичай, мен бу ерга сиздан шикоят қилгани келганим йўқ. Мен, бир қарашда кўринганимдек, бағритош, дағал хотин эмасман. Жуда борсам Юсуфнинг опасиман. Йиллар бўйи унинг мусиқаси ичида яшадим. Сиздангина эмас, ҳатто ўрталарингиздаги танишликдан ҳам шикоятим йўқ. Юсуф ётиб қолгандан кейин шамдай куйиб, эриб борарди. Мен уни кўриб, дунёдан шукроналик билан кетяпти, деб ўйлардим. Дарҳақиқт, на шикоят қилар, на изтироб тортар ва на аччиқ сўзлар айтарди. Баъзан ҳушидан кетар, шундай кезларда қовоқлари пирпирар, қонсиз лаблари яширин бир табассум билан сизнинг исмингизи шивирлар эди. Юсуф бу дардини шу маҳалгача менга айтмаган эди, лекин кеча қўлларимни ушлади, бармоқларимни бирма-бир ўпди, кейин: «Уни яна бир марта кўрсат менга, опа!» деб ёш болалардек ялина бошлади. Юсуф учун ҳар қандай фидокорликка рози бўлсам ҳам, бу илтимосини бажаришимга кўзим етмас эди. Юрагим садпора бўлди. «Тузал, Юсуф, тезроқ тузук бўл, айланай. Бир кун албатта кўрасан!» деб пешонасини, сочларини силадим. Оҳ, Фарида хоним, кошки эди унинг менга ҳеч нима демай хафа бўлганини, кейин тескари ўгирилиб, кўзларини қандайин умидсизлик билан юмиб олганини кўрсангиз!.. Буни сўз билан англатиб бўлмайди. Бугун кечга бориб кўзларини бутунлай юмиб олди. Энди кўзларини ҳеч маҳал очмаслигини билардим. Мен бу кўзлар учун бутун умримни, бахтимни фидо қилган, ундан ҳеч бир нарсамни аямаган эдим. Зор-интизор бўлган нарсасини сўнгги марта кўрмасдан кўзларини юмганини кўриш! Мен бу аламни сўз билан тушунтириб беролмайман сизга. Фарида хоним, бунинг имкони йўқ! Бир савоб иш қилинг, айланай! Бу жон чиқаётганда оғзига томизилаётган сувдай бўлади. У ортиқ гапиролмай қолди. Юзимни этакларим ичига яшириб, болаларча чинқириб, йиғлаб юбордим. * * * Шу кеча воқеаларини эсимда бир тушдай сақлаб қоламан. Жала остида, олдимдаги хира чироқ орқасида бир қанча тор, қоронғи кўчалардан ўтиб бордим. Ҳеч нарсани сезмас, ҳеч нарсани ўйламас, селга учраган япроқ сингари ихтиёрсиз илгарилардим. Мени соя-кўланкалар билан тўлиқ баҳаво, кенг бир хонага олиб кирдилар. Деворларда танбурлар, удлар, ғижжаклар осилган, токчаларда ҳар хил найлар тиқилиб ётибди. Бастакор мана шу чолғу асбоблари билан тўлиқ хонанинг бир бурчагида, кенг темир каравотда жон бермоқда эди. Биз оёқ учида юриб, секин яқинлашдик. Мум сингари сап-сариқ юзига ўлим сукунати чўккан, юмуқ кўзларининг чуқурига қоронғилик тўлган эди. Фақат лабларида, оппоқ тишларини хиёл кўтариб турган ярим юмуқ лабларида ҳаёт асари кўринарди. Боя шу қадар эзилиб куйган, паришон кўринган боёқиш хотин мана энди ўлим тўшагида ётган бахти қоранинг сўнгги тилагини ерига етказгандан кейин, ўзини ҳайрон қоладиган даражада оғир, вазмин тутарди. Ё раббий, севги, меҳру муҳаббат деб аталган нарсада қанчалар мўъжизалар бор-а! Мактабга борадиган ўғлини уйғотаётган она сингари, қўлини укасининг бошига қўйиб: — Юсуф, болам, кўзингни оч. Фарида хоним сендан ҳол сўраб келди. Оч кўзингни, Юсуф, — деди. Бетоб ҳеч нарса эшитмас, ҳеч нарса сезмас эди. Xотин даҳшатга тушди. Наҳотки укаси кўзини очмай ўлиб кетаверса? Ваҳима уни секин-секин ҳаяжонга солиб, бояги ишончини йўқотиб борди. Боёқиш яна бўғилиб, нафаси тиқилиб, йиғлай бошлади. — Юсуф, айланай болам, ҳеч бўлмаса бир марта кўзингни оч! Кўрмай ўлиб кецанг, мен яна баттар азобда қоламан! Ачинганимдан юракларим эзилар, оғирлигимни кўтара олмагандек оёқларим букилиб борар эди. Каравотнинг бош томонидаги столга ўхшаш бир қора нарсага суяниб тургандим. Кейин унинг орган эканлигини билиб, титраб кетдим. Қалбим бу бечора кўзларни сўнгги марта оча биладиган мўъжиза шу орган бўлиши мумкинлигини шивирлади. Миямга келган ўй балки бир жиноят, балки ундан ҳам каттароқ гуноҳдир, лекин бу орган ҳам, чеккасидан қараганларни ўзига тортувчи жарлар сингари, мени ўзига тортмоқда эди. Ихтиёрсиз оёғимни босдим, бармоғимни клавишлардан бирининг устига қўйдим... Орган ярали кўнгил сингари мунгли-мунгли ингради. Уйнинг қоронғи бурчаклари, деворларига узун-узун соялари тушиб турган созлар яширин фиғон билан титрай бошлади. Ҳақиқатми ё менинг ёшлар билан тўсилган кўзларим ваҳмими, нима эканлигини айтолмайман, лекин касал шу овоздан сўнг мовий кўзларини охирги марта очгандай бўлиб кетди! Опаси кўрпага юзини тиқиб фарёд уриб йиғлар эди. Бир муқаддас вазифа ўтаётгандек, жасад устига энгашдим, ҳаётнинг сўнгги нафаслари билан боқий кўринган кўзларига лабларимни тегиздим. Эвоҳ, наҳотки биринчи бўсам ўликнинг юмуқ кўзларига насиб қилган бўлса?! * * * Б..., 2 но-ябр. Бу оқшом Б...даги уйимда ўтадиган сўнгги кечам. Эртага саҳар жўнаб кетаман. Ўша воқеадан сўнг, албатта, бу ерда қола олмас эдим. Шаҳарда ҳамма мени гапиради, менга қизиқади. Мактабга бораётган ё қайтаётган кезларимда неча бор одамлар орқамга тушди; юз пардамни икки қават қилиб олганимга қарамай, юзимни кўриш учун неча бор йўлимни тўсишди. Баъзилар овозларини пича пастроқ қилишни ҳам эп кўрмай: «Э, Ипак қурти-ку, бу! Бечора Шайх!» деб қичқирганларини ҳам бир неча бор эшитдим. Дугоналарим олдида оғиз очишдан уялар, синфга кирганимда эса лавлагидай қип-қизариб кетганимни ҳис этардим. Бу аҳвол шундай давом эта олмас эди. Шунинг учун маориф мудирига учрашишга мажбур бўлдим. Бу ернинг ҳавоси мижозимга ёқмаётганлигини айтиб, бошқа ердан дарс беришларини илтимос қилдим. Миш-мишлардан у ҳам хабардор бўлса керак, истагимга қарши чиқмади. Лекин бошқа ердан дарров ўрин топиш осон эмаслигини айтди. Мен ойлиги озроқ бўлиб, кичикроқ мактаб бўлса ҳам рози эканлигимни айтдим. Ишқилиб, узоқроқда бўлса бас, дедим. Икки кун аввал буйруқ келди: Ч... рушдиясига та- йин қилишибди. Бечора Чолиқуши шамолга учраган куз япроғига айланди!.. AvvalgiII- qism Keyingi ↑ Нозир — министр. ↑ Истидо — ариза, илтимоснома (арабча). ↑ Хўжоним — муаллима, аёл ўқитувчи. ↑ Дорулмуаллимот — хотин-қизлар билим юрти. ↑ «Dames de Sion» — 1843 йилда Алфонс ва Тадор Ратистонлар томонидан яҳудийларни католикка айлантириш учун ташкил қилинган қизлар диний мактаби. ↑ Рушдия — Туркияда тўрт синфли бошланғич мактаб. ↑ Ҳамшира — опа ё сингил (форсча). ↑ Фондан — ичига ликёр жойланган шоколадли конфет. ↑ Нагила — қалён, чилимнинг бир тури. ↑ Валиул-неъмат — неъматини берувчи (арабча). ↑ Идодия — Отатурк ислоҳотигача Туркияда мавжуд бўлган юқори синфли мактаб. ↑ Бу ерда ёш туркларнинг 1908 йилги революцияси назарда тутилаётган бўлса керак. Шу революцияда Туркия конституцияли монархия деб эълон қилинган ва 1876 йилдаги конституция қайтадан тикланган эди. ↑ Мажидия — йигирма қурушли танга. ↑ Румели — Усмонли Туркиянинг Европа қисми. ↑ Саматия — Истамбул тумани. ↑ Мерет — лапашанг, анқов (туркча). ↑ Або — дағал мато ёки кигиздан тикилган узун кийим, чопон. ↑ Фили Маҳмуд — мамонт. ↑ Олди қисқа, орқасида узун йирмоч этакли, смокингга ўхшаш эркак пиджаги ↑ Pierre Loti (Пер Лоти) — француз ёзувчиси; desenshante (дез-ан-шан-те) — умиди пучга чиққанлар. ↑ Толиба — ўқувчи қиз (араб-ча). ↑ Орган — чолғу асбоби. ↑ Жумба — қадимий турк уйларида ташқарига чиқариб қилинган дарча. Ичкаридан туриб қараган киши ташқаридан кўринмайди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21835 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |