Парвоз (ҳикоя) [Roziya Tujjor]

Парвоз (ҳикоя) [Roziya Tujjor]
Парвоз (ҳикоя) [Roziya Tujjor]
Кунботар токларнинг елкасига қўнган. Ковушларимни ечиб, оёқларимни муздек сувга топширдим. Кунботар ёйдек елкамда иккита қанот ўстириб чиқарган бўлиб, бир соатлардан кейин оҳиста буғланганича ложувард сувда йўқ бўлиб кеца керак.
Дарахтлар ортига яширинган дарахтлар тепасидан қишлоқни кўрса бўладиган бир оралиқ топдим. Сув шивирлаб қўшиқ айтар, мен эса гоҳ кўнгил бериб, гоҳ ундан безиб у билан бирлашаман-да, бирга-бирга кетаман. Тошларнинг устидан ва остидан, ҳай-ҳайлаганча ва ҳарсиллаганча бирга кетамиз, бирга югурамиз ва бирга келамиз. Қаердан... қаергача?
Бу ердан ерости дарёсининг у томонигача. Юқори маҳаллагача. Узоқдаги харобаларгача. Қишлоқ қабристонигача. Чароғон узумзорларгача. Сўнгра айланамиз: қишлоқ, тегирмон, лойқа сувли дарёлар ва буғдой омбори атрофларини. Қайтганимдан сўнг сенинг оёқларинг изи тушган ва бугун кечаси яна бир бор сени кўргани келмоқчи бўлган ўша тупроқни етти марта тавоф қилганимга, етти марта қайтиб келганимга, етти марта кўрганимга ва етти марта ўпганимга амин бўламан.
Узоқдан тутун устунлари кўринади. Кунботарнинг симобий ранги унда шовқин уйғотган етти баланд устун. Етти устун сувда чайилган гуручлар ва сенинг келишинг шарофатига сўйилган қўйларнинг гўшти солинадиган бир неча пудлик қозонларнинг борлигидан дарак беради. Сен бир соатдан кейин келасан. Шамол ҳам палов сузилган лаганларнинг ҳамда ёмон кўзларни оловда куйдирадиган исириқларнинг ҳидини олиб келади. Xудди ҳозир ҳам чолғучилар чалган куйнинг, шунингдек, оёқяланг ва кўзлари чақнаган ҳолда уларнинг ортидан югурганларича уларга жўр бўлиб қўшиқ айтаётган болаларнинг овозини олиб келаётгандай.
Шодлик бир йўловчидир. У уйдан бу уйга, у маҳалладан бу маҳаллага ўтиб юради. Унинг учун ҳеч қандай девор, ҳеч қандай эшик зулфини ва ҳеч қандай занжир йўқ. Бунда ҳамма бир-бирини топа олади ва отини айтиб чақира олади. Xудди сен яхши кўрганингдек.
Бир болакай қишлоқдаги энг баланд ёнғоқ дарахтининг тепасига чиқиб олганича, ҳар доимги одатга кўра, қишлоққа кириб келаётган биринчи йўловчини кўриши билан жар солиб, қишлоқ аҳлини бундан хабардор этади. Ундан салгина нарида баланд бир шохда худди фазода чизилган қоп-қора сўроқ белгисига ўхшаган бир қарға қўниб турибди. Уни кўриб, кўнглим айнийди. Оғир, оғир.
Айтгандай, нега бу ерда турибман? Балки, узоқ муддатли ваҳима ва қарама-қаршилик мени бу ерларга етаклаб келгандир? Балки...
Кунботар токларнинг елкасидан учиб кетади. Менинг қанотларим ўз тусини йўқотади. Қишлоқ алангалар, ранг-баранг фонуслар ва тўрсимон чироқлар ёруғида чарақлайди. Сувга тушган тош тўлқинлар устига тўлқинлар, айланалар устига айланалар солади. Мен эса ор-қамдаги ўрмоннинг қоронғи бурчагида, қаршимдаги дарахтларнинг шовқин-суронида ва оқаётган сувнинг шивирлаб қўшиқ айтишида ўша кунни эсга оламан.
Мен борман ва отам бор. Машина, энг катта тезлик. Ҳаракат ва қочиш. Шаҳар ва шовқин-сурондан қочиш. Илонизи йўл ва дарахтларнинг бир-бирига ёпишиши. Яшил рангдаги узун бир чизиқ ва дарё узра нурнинг акси. Ўрмон, ҳамма ёқ яшил. Қоялар юзасига ўйиб туширилган. Вақт чизиғи синган. Ғам чегарасининг у томонига отиб юбориш. Барчаси шодлик ва руҳнинг чўзилиши.
Ногаҳон ёруғлик чакмонига ўралган баланд бўйли одамнинг қоматига ўхшаб кетадиган узун бир нур устуни тушади. Кескин берилган тормоз. Айланиш ва яна айланиш. Баланд бир овоз. Тошга урилиш. Тўсатдан тўхташи. Нафаснинг ҳам. Қўрқувданми ёки тинчланганликдан? Менинг оғзим очилиб қолган. Қичқириқсиз. Отам қўлини юзига босди.
Қарайман. Бир дарахтни кўраман. Тик ўсган. Унда кўзгунинг катта-кичик бўлаклари, сеҳрли бодомлар, минг кўзли гуллар... Ишонмайман. Аммо бу ҳақиқат. Дарахтда кўзгу бор, кўзгуда эса ариқ, майсазор, ўрмон, булут ва шу томонга келаётган одам кўринади.
– Ҳеч нарса қилмадими?
Отам бошларини ҳайрат аломати билан сарак-сарак қилади:
– Ишонгинг келмайди!
Бояги одам орқасига бурилади ва дарахтга қарайди. Ғурур ва шукуҳ билан:
– Кўрганингиздек, бор.
Дарахт осмондир ва дарахт дарё, дарахт қушдир ва яна дарахт...
Ўша одам сенсан.

* * *
Қишлоқ уйғоқ. Тун елкаларига қўнган бўлса-да, уйғоқлиги ярақлашларини ўша чироқлар, алангалар ва юлдузлар ёруғида кўрди. Қарғанинг сўроқ белгисига ўхшаб кетадиган шарпаси ҳам йўқолган. Болакайнинг қомати ҳам. Аммо аниқ келасан. Биламанки, келасан.

* * *
Баҳор бўлганда келамиз. Яна ўшандагидай мен борман ва отам ҳамда гуллар ва майсаларнинг ерга ва тоққа ёғаётган ёмғири бор. Қишлоқ беҳушдир, майда-майда ёғаётган кулранг ёмғирлар оғушида. Ҳануз дарахт сеҳрли бодомлари билан мағрур ва тик турганича қараб турибди, унинг нигоҳида эса булут, йўл ва ёғаётган ёмғир. Энди ойналар унинг танасидан ўтиб, шохларга етган.
Дарахтнинг кафтларида аланга. Сен эса ҳалиям уни томоша қилиш билан бандсан. Отанг сенга қарайди ва салом овози эшитилади:
– Салом, эски дўстим. Яна бизни ва қишлоғимизни эслаб қолибсиз-да? Xуш келибсиз!
– Нур сотадиган кишига салом!
– Мен қишлоқнинг муаллимиман.
Отам жилмаяди:
– Айтдим-ку, нур сотасиз деб.
– Бизнинг қишлоғимизга хуш келибсиз!
– Қишлоқларинг осойишта экан. Шаҳарга қараганда анчагина тинч ва жоннинг ҳузури. Бир неча кун қишлоғингизнинг меҳмони бўлсак бўладими?
Бу қишлоқда ҳар бир йўловчи учун жой топилади.
Сенга қўшилиб борамиз. Сенинг табассуминг эса юзларингга қўшилиб кетган. Ўтиб кетаётиб барча уйларнинг руҳиятига сингиб кетасан. Қишлоқнинг барча аҳолисининг қувончлари ва қайғулари сенга таниш:
– Карбалойи, салом! Эшитдим: мушкулинг осон бўлибди. Муборак бўлсин!
– Авс Ражаб, худо сенга қувват берсин! Ишингнинг ярми битиб қолибди-ку!
– Бувижон, Рустамингдан қандай хабар бор? Яқин орада хат ёздими?
– Ғуломали, сумканг билан китобинг қани? Мактабинг йўқми сенинг?
Келамиз ва қоламиз. Руҳиятингнинг чек-чегараси йўқ. Денгиздан сачраган бир томчи сувни кўраман.
Ҳеч қанча вақт ўтмай отам билан бир нарса тўғрисида гаплашасан. Кўнглингдан кечган бир нарса тўғрисида. Ва отам...
– Сизнинг бирлаштиришингизни маъқуллайман. Маъқуллайман.
Ҳаммаси тезда юз беради. Ҳатто менинг дейишим ҳам:
– Мен ҳам.

* * *
Тун нигоҳи остида ноғора ва қўшноғораларнинг овози баландроқ ва янада баландроқ эшитилади. Ўзи билан бирга болаларнинг шовқини ва аёлларнинг шовур-шувирини олиб келади. Улар қўлларида фонус тутганларича тепаликдан юқорига ўрлайдилар.
– Ҳой, қаердасан, келин? Қаердасан?
Бир бош узум сувнинг ўртасига тушади ва оҳ чекади. Қўлларимни оғзимга кўзача қилиб бақираман:
– Мен бу ердаман... Бу ерда.
Фонуслар яқинроқ келадилар. Улардан таралаётган ёғду юзимни силайди. Энаганинг шубҳа-гумонга тўла овози эшитилади:
– Қаерда туриб олдинг? Яна ҳамма уни кутиб олишга бораётган бир пайтда-я?!
Қишлоқ этагига бош қўйган йўл чизиғига қарайман:
– Бораман, ҳозироқ. Фонусларингни нари олинглар. Xудо ҳаққи.
– Ҳар доим ҳаммадан ажралиб юрасан, қизгина!
Улар кетадилар. Мен эса юзимни юваман: узумзорлардан ўтиб келадиган ва ҳушидан айрилган ўша сув билан; дарёга қуйиладиган ўша сув билан; ўша дарахтнинг ёнидан ўтадиган ўша дарёга... ўша дарахтнинг...

* * *
Ишқ дарахтининг ёнида турибман: оқ кўйлакда. Тўлқинларга бўлиб ташлайман ва кўнгил боғлайман. Минг бўлакка бўлиниб кетаман ва яна бирлашаман. Одамлар елкама-елка бўлиб, қизил, сариқ ва мовий дастрўмолларини ҳавода елпийдилар. Ноғора, қўшноғора ва яқинларнинг табрик овозлари, тутаётган исириқ ва ёнаётган ўтинларнинг ҳидлари, қизил учқунлар ҳамда руҳимизни бир-бирига пайванд этадиган меҳрибон хутба овози.
– Кўряпсанми? Бу ерда нафас олса бўлади: яшаш учун ва ҳатто ўлиш учун ҳам. Ҳеч қаер бу ер эмас. Қишлоқ... Қишлоқ. Ерда минг илдизи, осмонда минг шохи бор.
Куламан.
– Бу ер сенинг туғилган жойинг. Меники-чи?
– Туғилган жой шундай бир жойки, уни севиш мумкин. Севги эса кўлмак сувнинг устидан ўтиб кетадиган ёрқин бир жимирлашдир.
– Ёки шамол кўлидаги қоқи ўт.
– Баракалла! Ёки қоқи ўт...
Одамлар аста-секин тарқалишади: қизил табассум ва тер томчилари билан. Дарахт ёнида эсдалик учун суратга тушамиз ва у ердан узоқлашамиз. Одамлар йўлдан қишлоққа қайтишади. Биз эса ўртадан кесиб ўтган тўғри йўл билан ўрмонга борамиз. Дарахтлар елимларининг ҳиди, ҳаво намлиги ва номсиз гулларнинг ҳайратли нигоҳлари. Бир дарахтнинг орқасидан кичкина бир шайтонча пойлайди. Унга қарата тош отасан.
– Ҳей! Дуо ва тортишув учун ҳам вақт ажратиш керак эканлигини бизга эслатгани келдингми?.. Чучварани хом санабсан! Бу орзуйингнинг оғир юки то абад елкангда қолиб кетади! То абад.
Шайтонча бир чийиллаб қўяди-да, дарахтлар ортида йўқолади. Ер замбуруғлар билан тўла; ва лою балчиқ билан ҳам. Бир неча қадам олдинга юрасан ва мен сенинг ортингдан. Ҳамширалик халатимнинг оқ этаги ҳилпирайди ва мен унинг ифлос бўлишидан хавотирдаман. Калламдан ўтаётган фикрни ўқийсан:
– Қўявер! Ҳамширалик халатингнинг оқ этагини қўявер. Қўрқма, унга бир парча ҳам доғ қўнмайди. Бирор парча ҳам. Сенга ёқса, халоссан.
Этагимдаги тўрлар ва юлдузларнинг яқинигача келаётган тиғларнинг панжаларига қарайман. Улар гуллайдилар ва гулларини оёқларим остига тўкадилар.
Йўлнинг қолганини юрмаймиз. Парвоз қиламиз. Шайтонча ўрмон тубида зор-зор йиғлайди ва йўқолади.

* * *
Қишлоқнинг қалби кутиш азобидан шишиб кетган. Келиш вақтинг яқин қолган. Ариқ куйлайди ва дарёга қуйилади. Дарё бир қишда юраги яллиғланган ва бутун бошли уч кун эс-ҳушидан айрилган ўша дарёдир. Бутун бошли уч кун.
Дарё наъра тортади, йиғлайди, кулади, қўлини белига қўйганича қай нарсани кўрса йиқитади ва ўзи билан бирга олиб кетади.
Қишлоқ саросимада, одамлар ҳам. Сен эса ҳар доимгидек олдинда. борасан. Оёқларингда этик, эгнингда қора чарм палто. Кўприк бузилган, бирор-бир йўл йўқ. Мактаб у томонда. Болалар бу томонда.
Қишлоқ аёлларидан сўрадингки, ўтлардан узун тўр, дарёнинг узунлигига тенг келадиган бир тўр тўқишсин. Энди эса эркаклар уни елкаларига ташлаб олишганча тортиб кетишмоқда.
Кўприк аёлларнинг узун кокили каби тирикдир. Ҳансираб нафас олганича кичик балиққа минади. Сувни ёради. Бошқа одамлар ҳам сенга қўшилиб кўприкни дарёнинг қирғоғига улайдилар.
Сув ўкиради, Сен ва бошқа одамлар ҳам. Ғалаба сизлар томонда: болалар қўлларида китоб тутганларича секин-аста кўприк томон келаётганларида, мактаб томонга ўтишнинг имкони бўлганда. Кўзларда ёшнинг гуллаши томоша қилса бўладиганлик манзара.

* * *
Ноғора ва қўшноғораларнинг овози тинган. Бир болакай ёнғоқ дарахти тепасида жар солади. Йўл бурилишида иккита заъфаронранг ёнма-ён чизиқ ғимирлайди. Ковушларимни кияман ва шошилганча тепаликдан пастга тушаман. Ялтироқ қурт оёқларим остида ялтираб нур сочади. Қишлоққа яқинлашаман. Баланд тутун устунлари энди нурли олов ҳалқаларига айланган бўлиб, қозонлардан чиқаётган буғлар паловни дамлаш учун ёпиб қўйилган латталар остида шишиб кетган.
Уйга бораман. Жим-жит. Xудди чорчўп ичидаги расмдек. Кечаси ҳеч ким бу ерда қолмаган. Ҳамма йўл бўйидаги қишлоқ майдонига кетган. Ҳатто сени бир неча дақиқа олдинроқ кўриш улар учун муҳим. Самовар атрофини мовийранг бир буғ ўраб олган: бир неча дақиқадан сўнг томчиларга айланиб яна самовар жомига қайтиб тушадиган буғ. Xудди қишлоқ аҳолиси учун ёмғир бўлиб, қишлоқ заминида мактаб, масжид ва шифохона гулларни, экинзорларда эса кичик ва олтинранг буғдой донларини ўстирганинг каби.
Уйдан чиқиб келаман. Осмонга қарайман. Ойнинг мисранг гардиши аста-секин юқорилаб келади. Кунботардан эсаётган шамол ўзи билан бирга узумнинг ҳидини олиб келади, оч чиябўриларнинг увиллашини ҳам. Ойнинг мисранг гардиши кўнгилга ғулғула солганча қишлоқ ўртасида туради.
Сен олдинда борасан, қишлоқ одамлари сенга эргашган. Бир чиябўри увиллайди, бошқа чиябўрилар ҳам. Кўзгудор дарахт уларни тоғнинг ўнқир-чўнқир жойларида қандай қилиб нобуд қилганларингни кўрган.
Уйдан йўл бошигача боришга йўл йўқ. Келишингга ҳам. Чақнаган чақмоқ эсимга солади: энди кетиш керак. Бу ерда бажаришим керак бўлган ишлар тамом бўлди. Бундан буёнига бу ерда қолиш тамом бўлиш маъносидадир.
– Илтимос, қолгин.
Икки бармоғингни бир-биридан айирасан-да, уларнинг орасидан менга жаннатни кўрсатасан.
– Қара, мана бундай шаклдаги жой. Аммо... бундан анча катта. Ечилиши керак бўлган боғичлари билан бирга.
– Кўнгиллари кенг одамлар боришлари керак. Шундай эмасми? Аммо нега?
Агар шунга лойиқ бўлсалар, жавоб беришлари керак.
Билардим: сени чақираётган ўша овоз шунчалик баланд бўлиб, бизнинг овозимизни эшитишингга йўл қўймайди:
– Илтимос, қолгин. Қол!
Менга бир дастрўмол берасан: унутилган гулларга тўла.
– Бировга дастрўмол совға қилишмайди, деб айтишади. Айрилиққа сабаб бўларкан.
– Аммо баъзида керак ҳам: қисқа муддатларга, кўнгил боғланишларини унутиш учун.
Бир бош узум билан кетар экансан, узумзорларни айланаман ва сабрли бўлганлигимга йиғлайман.

* * *
Яна бир марта болакайнинг жар солган овозини эшитаман, аёлларнинг ва болаларнинг шовқинини ҳам. Аммо мен узоқ муддатлардан кейин биринчи учрашувимиз қишлоқнинг ҳайратли нигоҳлари остида амалга ошишини истамайман.
Ўрмондан ишқ дарахти томон борадиган тўғридан кесиб ўтувчи йўлни танлайман.
Шайтонча йўлнинг ўртасида, бир дарахтнинг ортидан пойлайди:
– Қайтгин! У ерда ҳеч нарсанинг сенга кўзи учиб тургани йўқ, ранж-аламдан бошқа. Қайт!
Эшитишни истамайман...
Ўрмондан чиқиб келаман. Ишқ дарахти қаршимда бўй чўзади. Ой нури унинг кўзгуларида акс этади.
Қараб қоламан. Бир соат ўтади. Қишлоқ осмонида ранг-баранг фонуслар ғужғон ўйнашади, ой ва юлдузлар ҳам.
Тақиллаган овоз эшитилади. Қулоқларимни динг қиламан. Борган сари яқинлашади. Бир шарпа пайдо бўлади. Олдинроқ ва яна олдинроқ келади. Энди уни яхшироқ кўришим мумкин бўлади: қўлтиғида таёқ қистириб олган, эгнида тупроқ рангидаги кўйлаги бўлган қалин соқолли одамни.
Эй худойим! Бу сенсан! Аммо бор-йўғи биттагина оёғинг бор, иккинчи оёғинг... У оёғинг бир парча таёқ бўлиб, кўзгунинг синган бўлаклари унга ёпишган.

Тиззамга қулайман: ой ва юлдуз сенинг аршингга етказаман деб устун қўйган пайтда.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика