Xайрли тун (ҳикоя) [Roziya Tujjor]

Xайрли тун (ҳикоя) [Roziya Tujjor]
Xайрли тун (ҳикоя) [Roziya Tujjor]
– Совқотяпман!
Аёл шундай деди-да, пиёладан юқорига ўрлаётган буғни томоша қилди. Пиёла чиннидан бўлиб, кичкина ва ингичка бир ёриқ қизил гулнинг шохларидан ўтиб кетар, пиёланинг ярим ой шаклидаги оғзига етмасдан чап томонга хиёл бурилганча бош эгиб тўхтарди.
– Совқотяпман!
Яна бир марта айтди. Бу сафар ҳам эркак эшитмади. Ташқарида шамол қутурар, уфқнинг энг узоқ чегарасидан кулранг ва оғир булутларнинг етиб келгани аниқ эди. Аммо ёмғир ёғдирмасдан узоқ экинзорларгача борардилар. Фақатгина овоз эди: дераза ортидаги чуқурга тушиб кетганича ундан чиқа олмай гир айланаётган шамолнинг, шамолнинг овозидан бошқа овозни эшитмаётган ва унинг ҳам овозини ҳеч ким эшитмаётган ҳамда:
– Совқотяпман! – деб айтаётган аёлнинг овози эди.
Энкайганича ёзув столининг ортида ўтирарди. Қоғозга бир музчечакнинг расмини чизди-да, унга саккизта гулбарг солди ва яна... токи у картошкагулга айлангунига қадар чизаверди. Сўнгра аёл қизил ранг-нинг намлигидан бир озгинасини унга сочди-да унинг учун мўрт ва тез синадиган бир поя чизди. Эркак келиб уни теришини, сўнгра қарғанинг қанотларидай қоп-қора бўлган сочларига санчиб қўйишини кутди. Аммо орқасини ўгириб олган эркак телевизорга термулиб ўтирарди. У гўё ҳеч қандай картошкагулни билмасди.
Ҳафсаласи пир бўлган аёл ўрнидан турди. Уст-бошларини кийди. Яланг оёқларига таққан позеблари овоз бердилар:
– Жиринг-жиринг!
Аммо девор юзидаги энкайган соя бошини кўтармади.
Аёл хонани айланарди. Бир марта, икки марта... бир неча марта... Булардан олдин, ана шу позеблари билан эркакнинг каравоти атрофида айланганида ярим очиқ кўзлари билан унга қандай қараганини эслашга ҳаракат қилди. Энди позебнинг жиринглаган овозлари чиқарди. Аммо эркакнинг сояси ҳалиям энкайганича турар, дераза ортида ҳуштак чалаётган шамол уни янада энкайтирарди.
Аёл тўхтади ва эркакнинг каравоти атрофида сочилиб ётган қоғозларга қаради. Чизиб тугатилмаган чизмалардан қорайган шахмацимон қоғозлар: соябони очилмаган аёл, соябонини ярим очиб олган аёл, соябонини тўла очиб олган аёл, ўнлаб соябонлар орасида саросимага тушиб қолган аёл, соябони билан учаётган аёл, осмондан ерга қулаб тушиб парча-парча бўлиб кетган аёл, синган соябонга суяниб турган аёл – буларнинг барчасини эркак чизган, у эса шунчалик маҳоратдан ҳайратга тушган эди. Қалам эркак бармоқларининг давомидек эди гўё. Эркак сигарета чекаётганга, сигаретаси кулини худди ўшандай аниқ ва васвасага тўлган ҳолда қоғознинг устига чертиб ташлар, сўнгра қоғоз устидан бармоқларини юргизаётганга ўхшарди.
Яна бир марта хонани айланди ва позеблари овоз бердилар:
– Жиринг-жиринг!
Ошхонага ўтди. Биргина кичик девор уни хонадан ажратиб турарди. Қанийди эркак унинг пиёз пўстини арчаётганини кўрса. Ўткир пичоқ билан уни юпқа паллачалар шаклида тўғрар, сўнгра юпқа пиёз паллачаларидан ҳосил бўлган ярим ойчаларни товага солиб қовурарди. Оҳ, ярим ой куйиши билан сув солди ва у қайнай бошлади. Кичик кўпикчалар мил-мил қайнаб, сув қаъридан юқорига чиқиб келдилар ва идишнинг деворига ёпишдилар. Xудди у эркакнинг қўлига ёпишгиси келгани каби. Аммо чизма чизаётган ва сигарета чекаётган эркак хонага суцимон оқ нур таратаётган телевизорга тикилиб қолган, қошларининг орасида қора холи бор бир аёл ушбу хира нур ичра чўмилар ва унга қараб кулиб қўяр эди. Позебларининг овози шамолнинг овози ичра йўқолиб кетаётган эди. У гуручни қозонга солганидан кейин бир қатра қоннинг сув юзига тарқалганини ҳис қилди. Гўё шоликор бир аёлнинг қўлидаги сув унинг кўйлагига тўкилиб кетгандек.
Бошқа кийимини кийиб олиш учун ошхонадан хонага ўтди. Гуллари катта-катта бўлган яшил рангдаги кўйлак бўлиши керак эди. Оёқларига тақилган позеблари овоз бердилар:
– Мен шу ердаман, мен шу ердаман!
Шамолнинг овози баланд бўлганлигидан эркак бошини буриб қарамади. Ҳатто диктор аёл: «Хайрли тун, азиз томошабинлар», деганидан сўнг ҳам эркак оқ экран кичик қор учқунларига тўлгунга қадар телевизорга тикилганича қолди. Аммо диктор аёлнинг қора холи ҳалиям ана шу оқлик орасидан кўриниб турарди.
Эркак бошини қуйи солди ва чизишга тушди: соябони очилмаган аёл, соябонини ярим очиб олган аёл, соябонини тўла очиб олган аёл...
Аёл шкаф томонга бориб, ундан шол рўмолини олди. Совқотиб кетганидан елкаларини шол рўмолнинг қўлларига топширди. Кийимилғич томонга бориб, у ерда осиғлиқ турган бир даста соябонни қўлига олди-да, дераза томонга юрди. Унинг ҳар иккала табақасини очди. Орқасига бир қараб қўйди. Шамол ув тортиб, қоғозларни атрофга сочиб юборди. Эркакнинг сояси қимирлади. Аммо олдингидай девор юзида энкайганича қолди. Аёл тун жарлигига қаради: чуқурдан чуқур эди. Дераза лабига оёқ қўйди. Позеблар овоз берди:
– Жиринг-жиринг!

Аммо соя бошини кўтармади. Аёл яна бир марта елкаси оша устидан қаради. Шамол қоғозларни учириб телевизорнинг ўчган экранига олиб бориб урди. Тасвири энди экран юзида бўлмаган диктор аёл эса албатта бир кулиб қўйиб: «Хайрли тун», деган эди ҳамки, эркак чалқанча ётиб олди-да, эснади. Дераза олдида турган у эса юзини ўгирди. Соябонини очиб совуқ ва қоронғи жарликка сакради. Шамол шиддат билан уни ўзи билан бирга олиб кетди. Узоқлашаётиб, деразанинг очиқ қолган икки табақасини қандайдир бир қўл ёпганини сезди. Балки, бу пешонасининг ўртасида холи бўлган ва телевизорнинг суцимон оқ нури ичра чўмилаётган ва майингина қилиб: «Хайрли тун», деган ўша аёлдир.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика