Ориятли дайди (ҳикоя) [Safar Kattaboyev]

Ориятли дайди (ҳикоя) [Safar Kattaboyev]
Ориятли дайди (ҳикоя) [Safar Kattaboyev]
Гоҳ маст, гоҳ ҳушёр юрадиган Марянинг дафъатан кўринмай қолганига қўшнилари дастлаб унчалик эътибор беришмади.
Аммо унинг қия очиқ деразасидан бадбўй ҳид келавергач, кимнингдир эсига милитсияга хабар бериш тушиб қолди. Агар мабодо ўлиб қолган бўлса, уни милитсиядан бошқа ким ҳам кўмар эди.
«Участковой» деразани янаям каттароқ очиб, илма-тешик бўлиб кетган, парда вазифасини ўтовчи латтани бироз четга суруб панжара орасидан қаради-ю, воқеани тушунди. Уй эгаси кроватда жонсиз ётар эди.
Лекин у ҳам уйга киришга шошилмади. Ким билади, қандай вазиятда ўлган. Ўз ажали билан ўлган тақдирда ҳам қанча ёзув-чизув қилиш керак. Яхшиси, прокуратурага хабар қилади. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Ҳамма қоғозбозлик уларнинг зиммасига ўтади. Мурдани нима қилиш кераклигини ҳам ўзлари белгилашади. Ким билади, эҳтимол, биров ўлдириб кетгандир. Соппа-соғ юрган одамнинг бирдан ўлиб қолиши шубҳали-да.
Унинг хабарига кўра тезкор тергов гуруҳи етиб келганда, эшик ташқаридан осма қулф билан қулфланган эди. Эшиқда ва унинг атрофида бузиб очилганликни кўрсатувчи излар йўқ. Демак, ўз калити билан қулфланган.
Аммо бундай хулосага келишга ҳали эрта. Ким билади, шундай устомонлар борки, бундай оддий қулфларни оддийгина мих билан ҳам очиб, яна ёпиб кетишаверади.
Шунинг учун қулф зулфи билан қўпориб олинди, ўз калити билан очилганми ёки бошқа калит биланми ёки бўлмаса, бошқа бирон-бир мослаштирилган нарсами, эксперт-криминалист аниқлайди.
Ичкарига кирдик. Марянинг уйи бор-йўғи торгина даҳлизча ва битта хонадан иборат. Бундай уйни одамлар «барак» дейишади. Одатда бу типдаги уйлар темирйўл вокзаллари атрофида бир вақтлар вақтинча бошпана сифатида қурилган.
Даҳлиздаги бурчакда азбаройи исқиртликдан рангини ҳам билиб бўлмайдигап икки ўчоқлик газ плитаси турибди. Устида ишлатилган коса-товоқлар айқаш-уйқаш бўлиб ётибди. Чириган ва кўклаб кетган картошка-ю, пиёзлар ҳам шу ерда, бир бурчакда сочилиб ётибди.
Бир чети деворга маҳкамланган икки оёқли стол устида ярим шиша пахта ёғи-ю, озгина макарон қолдиғи селофан халтачада.
Даҳлизнинг бу четида эски тоғора-ю эски кийим-кечаклар уйилиб ётибди, дастаси синган белкурак, иккита пачоқ пақир ва ҳоказолар...
Бу ердан хонага ўтдик. Хона даҳлизга қараганда бироз каттароқ бўлиб, тўрдаги эски каттакон темир кроват устида эса шишиб кетган, кўзлари чақчайиб, башараси даҳшатли тус олган аёл кишининг жасади ётибди.
Уй ичи ҳавоси шунчалик бузилганки, туриб бўлмасди. Эшик ва деразалар очилиб шамоллатилди. Аммо қўланса ва бадбўй ҳиддан қутулиб бўлмайди.
Хона ичи ва мурдани диққат билан кўздан кечириш бошланди.
Мурдада жами олтита жароҳат борлиги аникланди. Улар асосан юзи, боши ва бўйин соҳасига етказилган. Бошига етказилган жароҳатлардан иккитаси ҳал қилувчи зарба бўлгани кўриниб турибди.
Жароҳатларнинг барчаси бир хил қурол билан етказилган. Уларнинг чуқур ботмагани, икки томонида ўткир кесувчи из қолдирганига қараб, жиноят қуролининг болта бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Қизиқ, ёши олтмишга қараб кетган, бирон кишига зиёни тегмайдиган, бир амаллаб кун кечираётган бу аёлни ўлдириш кимга керак экан?
Агарда ўғирлик ёки талончилик мақсадида қилинган десак, у ҳолда уйда қўлга илинадиган нарсанинг ўзи йўқ.
Хона бурчагидаги винодан бўшаган шишалар уй соҳибасининг қандай ҳаёт кечирганидан гувоҳлик бериб турибди.
Ўртадаги стол устидаги эски кулдонда бир хил «Прима« сигарета қолдиқлари. Ундан сал нарида »Бонакуа» минерал сувининг пластмасса идиши ҳам ярми кесилиб, кулдон қилинган. Унда ҳам шу сигарет қолдиқлари. Демак, хонада икки киши бўлган ва иккаласи ҳам бир хил сигарет чекишган. Лекин сигарет пачкаси кўринмайди.
Уй ичи ва атрофида жиноятчи қолдириши мумкин бўлган излар қидирилди.
Одатда бундай пайтларда қонун иккита холис киши қатнашиши шартлигини белгилаб қўйган. Ана шу холисларни аввало топиш, кейин эса уларни қатнаштириш ҳамиша муаммо бўлиб келган. Чунки холис бўлишни ҳеч ким хоҳламайди.
Тўғри-да, унчалик ёқимли иш эмас. Унинг вазифасига фақат қараб туриш, нимани кўрса, воқеа жойини кўздан кечириш баённомасига ўшанинг ёзилганини тасдиқлаб, имзо чекиш кирса-да, аммо вақтининг тигизлиги-ю, қайгадир шошиб тургани ва ҳоказо баҳоналар тезгина топила қолади. Аммо ўша айнан «шошаётган» кимса бу ердан ҳамма кетмагунча бир четда томошабин бўлиб тураверади.
Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Ҳатто бақувват эркаклар «ўликдан қўрқаман» деб ўзини бир четга олиб қочаётганда, дурустгина кийинган, зиёлинамо ёшгина жувон холис бўлиб қатнашиш истагини билдириб қолди. Исми-шарифи Анжелика Набиева бўлиб қайси бир трестда кадрлар бўлими бошлиғи экан.
Жуда яхши. Холис бўлса бўлди, аёл-эркаклигининг фарқи йўқ. Иккинчи «холисликка« ёши ўтиб қолган, шу ердаги »вулканизатсия»да машинасини тузатишга келган шофёр топила қолди. Хона ичини меъёр билан ўлчаш, фотосуратга тушириш, нима қаерда, қандай ётибди-ю, қандай турибди, баённомага бирма-бир ёзиш бошланди.
Аммо тезда холислардан бири, аниқроғи Анжелика хоним «сафдан чиқди«. У ташқарига чиқиб, аввал кўнгли айниб, ўхчий бошлади, кейин эса зўриққанидан ёшланган кўзларини тез-тез артиб »кетаман»га тушиб олди.
Энди уни тинчлантириш керак. Кетиши мумкин эмаслиги, чунки баённомага унинг исми-шарифи киритилгани, бирозгина чидаши лозимлиги тушунтирилди.
Анжелика хоним эса, ҳамон ўзига келолмас, наҳотки шу уйда ҳам одам яшаган бўлса, инсон зоти ҳам шу даражага бориб қолиши мумкинми деб, гоҳ русча, гоҳ ўзбекча гапириб, бошини сарак-сарак қилганча «ужас» дерди.
Кейин анчагина қимматбаҳо плашини ҳафсала билан қоқишга тушди. Хонадаги нарсаларга мана бу ерим ҳам тегиб кетди-ёв, деб атрофини айлантириб қарар ва бирданига тозалашга тушарди. Аммо плашига нима теккан бўлиши мумкинлигини ўзи ҳам билмасди.
Бироздан сўнг қўлини ҳафсала билан ювди. Ҳеч нарсани ушламаган бўлса-да, негадир қўлини рўмолчасига артишни хоҳламай, мендан тоза қоғоз сўради. Уларга бирин-кетин артиб ерга ташлар экан, негадир оёқларини ҳам ерга тапиллатиб уриб, гапиришда давом этарди:
— Анави суд-мед экспертни қаранг. Қуртлаб, сасиб кетган мурданинг ҳамма жойини бирма-бир ушлаб, пайпаслаб кўраяпти-я. Агар менга миллион сўм беришса ҳам, ишламас эдим. Ҳали бу одам уйига бориб қандай қилиб овқат ер экан-а. Шу ҳам иш бўлди-ю, мен ҳам ёшлигимда юридическийга кирмоқчи эдим, папам бу хотин-қизларнинг иши эмас, деб рухсат бермагандилар. Тўғри қилган эканлар. Хайрият ўкимаганим, бўлмаса, нақ юрагим ёрилиб ўлар эканман. Ҳали кечаси қандай ухлайман-а...
Боягина «мардлиги тутиб» ўз ихтиёри билан холис бўлиб қатнашиш истагини билдирган аёл бояқишнинг ҳозирги аҳволини тушуниш мумкин эди.
Ниҳоят, воқеа жойини кўздан кечириш ҳам тугади. Ҳамон ўзига келолмаётган Анжелика «уф-фу» деганча афтини бужмайтириб, ҳолсизларча баённоманинг ҳар варағига имзо чекар экан, тағин суд-пудга чақириб юрманглар, умуман, бу воқеани эсга олишни ҳам хоҳламайман, ўзи нега бугун бу ердан ўтдим-а, деганча ўзини койирди.
Ниҳоят, мурда «морг»га жўнатилди, уй эшиклари эса прокуратура муҳри туширилган қоюзлар билан елимланди. Эшикка мих урилди.
Ҳали бу ерга бир неча марта келишга тўғри келади. Агарда қотил топилса, у қандай қилиб ўлдирганини ана шу хона ичида батафсил кўрсатиб бериши керак.
Лекин бунгача ҳали вақт бор. Ҳа, айнан вақт. Қанча? Кўпми, озми? Буни ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, қотил бугуноқ топилар, балки бир ҳафтадан ёки бир ойдан сўнг, балки... топилмас. Йўқ, қотил топилди. Аниқроғи, ҳали у гумонланувчи. Мана, у, қаршимда ўтирибди. Уни одам ўлдиради, деб ҳеч ким ўйламайди ҳам. Ориққина, бехосдан бир туртиб юборсангиз ҳам йиқилиб тушадиган муштдаккина кампир.
Ёнида биронта ҳужжати йўқ. Илгари бўлган, албатта, лекин кейинги ўн йиллардан бери ҳужжат нималигини билмайди. Кераги ҳам йўқ. Ахир, бирон жойда уйи бўлсаки, паспортини ўша ердан қайддан ўтказиб, бемалол, одамларга ўхшаб яшаса.
Ҳужжат яна қаерда керак бўлиши мумкин. Ҳа, қариялик нафақасини олишда. Аммо нафақа умуман тайинланмаган бўлса-чи?
Хуллас, «қаҳрамонимиз» учун ҳужжат ортиқча юк, даҳмаза. Шунинг учун ҳам у ҳақда тўпланган ҳужжат бурчагига каттакон қилиб БОМЖ деб ёзиб қўйилган. (Бомж — без определенною места жителства, яшаш жойининг тайини йўқ, — таъкид муаллифники).
Бундай тоифадаги одамлар нафақат ўзи хоҳлаган исм-фамилияни, балки ўзи ҳақида хоҳлаган латифани тўқиб айтиши ҳам мумкин. Ишонасизми, йўқми, у Сизнинг ишингиз. Эринмасангиз, вақтингиз бўлса, ҳафсала қилсангиз, бемалол текшириб кўраверинг. Уддасидан чиқсангиз, албатта. Улар бугун Қаршида бўлса, эртага Тошкентда, индинга қўшни давлатда. Поезд устидами, танбурдами, кетаверади. Билет олиш, жой танлаш улар учун бегона.
Шунинг учун қотилликда гумонланиб келтирилган бу кампирнинг оғзаки гапларига ишонмасдан иложингиз йўқ.
Ҳа, ҳозирча фақат ундан гумонланишмоқда. Аммо жиноят қидирув ходимларининг айтишича, у қотилликни тўлиқ бўйнига олган ва қандай қилиб ўлдирганини кўрсатиб беишга ҳам тайёр. Фақат сўроқ қилишса кифоя.
— Исм-фамилиянгиз, қачон, қаерда тугилгансиз? Одатда барча сўроқлар ана шундай бошланади. Жавоб ўрнига «Чекишдан борми?» деган савол тушди. Чекмаслигимни айтганимда, бироз менга жим қараб туриб секин гапирди:
— Мен умуман кўрсатма бермаслигим ҳам мумкин. Илгариги терговчилар чекишмаса ҳам ёнида сигарет бўларди. Майли, кейинги сафар, албатта, сигарет бўлсин.
— Қанақасидан? — истеҳзо билан сўрайман ва ичимда жиноят қидирув ходимларини топиб келган «қотили» билан қўшиб сўкаман.
— Фарқи йўқ, тутаса бўлди. Биз чекиш танламаймиз. Энг оддийи, масалан, «Прима«ми, »Саратон»ми, бўлаверади.
— Келишдик. Энди ишга ўтайлик, исм-фамилиянгиз? Қўлимда ручка, кампирнинг оғзига бетоқат тикиламан. Йўқ, кампир тушмагур ҳеч шошилмаяпти. Жавоб ўрнига, яна бироз жим туриб ўзининг навбатдаги «шартини» қўйди.
— Яна бир илтимос. Автобаза қоровулхонасида кичкина халтачам қолди. Ичида палтом ва бир нечта иссиқ пайпоқларим бор. «Мент»ларга (милитсия ходимларша демоқчи) ҳар қанча айтмайин, мени прокуратурага судраб келишаверди. Ҳали-замон совуқ тушади. Бу ердан чиқадиганга ўхшамайман. Эҳтимол, абадий қоларман. Аҳволимни кўриб турибсиз. Уларни келтириб берсангиз.
— Бўлдими? Булар бажарса бўладиган ишлар.
— Қачон?
Энди бу савол қатъий қўйилди.
Оббо! Ўзини тутишидан бир эмас, бир неча бор қамалганга ўхшайди. Демак, унинг бу арзимас талабларини тезда бажариб, терговчилар тили билан айтганда «контактга кириш« керак. Акс ҳолда, индамай тураверади ёки атайлаб ўчакишиб, ёлғонни қалаштириб ташлайди. Шунинг учун у билан »мулойимроқ» муомала қилиш лозимга ўхшайди. Қўполлик кетмайди. Ҳозир нима бўлса ҳам гап олиш керак.
— Ҳозир айттанларингизни дарҳол бажарса бўлади. Аммо яна нечта илтимосингиз бор, билмайман-да.
— Бошқа йўқ, бўлмайди ҳам, — чўрт кесди кампир.
— Жуда яхши, ҳозироқ киришамиз.
Милитсия ходимларининг бирини аввал автобазага, қайтиб келишда эса сигарет ҳам олиб келишни тайинлаб жўнатдик. Яна дастлабки саволни такрорлайман.
— Исм-фамилияшиз, қачон, қаерда туғилгансиз?
— Борисова Надежда Петровна. Москва вилоятининг Бабушкин шаҳрида, 1927 йили туғилганман.
Сўроқ бошланди.
Нақ етмиш уч ёшда! Илгари уч марта, улардан икки мартасида ўғирлик, бир мартасида оғир тан жароҳати етказгани учун судланган. Пастки чап лабида кўндаланг жароҳат қолган из ҳам турмадан эсдалик. Жами саккиз ярим йил «ўтирган».
Қамоқ нималигини яхши биладиган, тўридан гўри яқин бўлиб қолган бу кампирга одам ўлдириш нега керак экан-а?
Агар шу ўлдирган бўлса? Ким билади, милитсия ходимлари мажбур қилган бўлса, бўйнига олгандир. Ахир, тергов амалиётида нималарни кўрмадик. Қанақа «ўйин»лар бўлмади.
Анкета маълумотларига оид саволларни тугатгач, кейинги саволларни узоқдан бошлайман.
— Нега Сизни бу ерга олиб келишди?
— Нега? Бу нима деганингиз, ановини ўлдирганим учун-да.
— Ким, у анави?
— Маряни-да.
— Қайси Маря? Қаерда яшайди? Фамилияси ким? Ёши нечада?
— Фамилиясини билмайман. Менимча Алексеева эди шекилли. Вокзалда яшайди. Кўчасини, уй номерини ҳам билмайман. У ерда номер ҳам йўқ.
— Уйи нечанчи қаватда? — Атайлаб чалкаштириб сўрайман.
— Қаватда? Қанақа қават. У вокзалдаги барак уйларда яшайди.
Демак, уйини билади. Яхши, агарда милитсия ходимлари бизга билдирмай уйни кўрсатиб келишган тақдирда ҳам, уй ичига киритишолмаган. Чунки эшик михланган ва муҳрланган.
— Уйига қандай кирилади. Неча хона, уларнинг жойлашиши, уй ичида нималар бор?
Гумондор бирма-бир эслашга ўтди.
Деярли тўғри. Хона тўрида каттакон кроват. Ўнг томонда эски диван. Унинг устида битта ёстиқ бор эди.
— Диван ва кроватдаги ёстиқлар, яъни бош қўядиган томон қандай жойлашган?
Агарда ўргатилган бўлса, ҳойнаҳой бунча майда деталларгача ҳам айтишмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Жавоб тўғри. Икковининг боши бир томонда эди.
— Қачондан бери танийсиз, у билан қачондан буён бирга яшайсиз?
— Икки ойлар аввал танишдим. Кўпроқ уникида ётиб қолар эдим. Бўлмаса аеропортдаги чўчқахонада, яъни иш жойимда ҳам ётардим.
— Хўш, нима воқеа бўлди? Нега Маря вафот этди?
— Вафот этди? Мен уни ўлдирдим.
— Хўш, нима учун, қандай қилиб? Бўғдингизми? — Яна уни атайлаб чалғитаман.
— Бўғдингизми? Нима Сиз «дело»ни ўқимагансизми? Ёки яқинда беришдими?
— Саволга жавоб беринг?
— Яхши. Биринчидан, менинг бўғишга ҳолим йўқ. Маря мендан анча ёш ва бақувват, бир урса учиб кетардим. Уни болта билан чопиб ўлдирдим.
— Нега? Сабаб?
— Сабаби жуда оддий. У мени ҳақорат қилди.
— Нима деб ва нима учун?
— Унинг кайфи бор эди. Ўша куни «севгилиси« ўша бобой келган эди. Адашмасам, бобойнинг исми Жўра эди. У иккита вино ва озгина жигар олиб келган экан. Жигарни қовурдим ва учаламиз вино ичдик. Кейин мен чиқиб турдим ва кўчада ярим кун айланиб кутиб ўтирдим. Бобой кетгандан сўнг уйга кирдим. Ётиш олдидан иккаламиз ҳам одатдагидек сигарет тутатдик. У сигаретасини кулдонга ташлади. Мен эса "Бонакуа" сув шишаси идишидан мослаштирилган кулдонга ташладим. Бир вақт Маря ўз-ўзидан »нега уй ичида чекасан, кимсан ўзи, кўчада итдай санғиб юрувдинг, энди ётиб сигарет чекасан» деб ҳар хил ҳақоратларни қалаштириб ташлади. Мен, тўғриси уларнинг ҳаммасини айтишга уяламан. Унинг ҳақоратлари суягимдан ўтиб кетди. Ахир, ҳар куни ҳам уй ичида чекардик. Ўзимни зўрға босдим. Ҳеч нарса демасдан ётдим. У мени роса ҳақорат қилиб, қолган винони ҳам ичди-ю, ухлаб қолди.
Мен жуда кўп ҳақорат эшитганман, хўрликларга чидаганман. Аммо бунақа, ўзи ҳеч нарсага арзимайдиган, қаердаги алкаш аёлдан ҳақорат эшитмаганман. Агар менга, уйдан кет, меникига бошқа келма, деса индамай чиқиб кетаверардим. У ишга кетганда кучим етганича уйини тозалаб қўяман, кўчадан тиланчилик қилиб топган бутун нонларни олиб келганман. Унинг бўйнида текинга ўтирганим йўқ.
Хуллас, ҳеч ухлай олмадим. Ярим кечаси аста ўрнимдан туриб, коридорда турган болтачани олиб зарб билан бошига туширдим. У жон ҳолатда турмоқчи бўлди, яна ва яна бошига уравердим. У хириллаб жон талвасага тушиб қолди.
Мен халтачамни олдим, унга болғачани солиб, уйни ташқаридан қулфлаб чиқиб кетдим. Вокзалга бордим. У ерда Алексей деган ўзимга ўхшаш дайди бор эди. У билан тонг отгунча ўтирдим, ёнимда бир тийин ҳам пулим йўқ. Одам ўлдирганимдан бошим ғувиллаётган эди. Қон бўлган болтани ювиб, вокзал қоровулига битта винонинг пулига сотдим. Сандироқлаб юрдим ва автобаза қоровулхонасида яшовчи Таня исмли аёл эсимга тушди. Уникида бир неча кун турдим, Россияга кетмоқчи эдим, лекин касал бўлиб қолганим учун кетолмадим. Милитсия ходимлари лабининг йиртиғи бор, ёши етмишлардаги аёлни излаб юришганини Таня айтди. Шофёрлардан кимдир айтганми, милитсия ходимлари мени топиб олишди. Уларга Маряни ўлдирганимни тан олиб айтиб бердим. Кейин Сизнинг олдингизга олиб келишди. Бўлган гап шу.
Унинг ишларини индамай эшитиб ёзиб оларканман, иш материаллари билан танишаман.
Хақиқатан ҳам, воқеа жойида стол устида иккита кулдон бор эди. Бири марҳума ётган томонга яқин, иккинчиси, «Бонакуа« шишасидаи ясалган кулдон эса диван томонда, яъии гумондор ётган томонда. Чекилган сигаретлар иккаласи ҳам »Прима».
Жароҳатларнинг кучсиз пала-партишлиги ҳам мана шу дайди кампирлар томонидан етказилишига хос.
Воқеа жойидаги пиёлалардан олинган бармоқ буники бўлиб чиқди ҳам дейлик, аммо у далил эмас, Борисова ўша хонада яшаган.
Бир неча кун давом этган тергов ва тезкор ҳаракатлар кўз ўнгимдан ўтар эди.
Марҳуманинг барча танишлари қидириб топилди ва ўша кунлари қаерда бўлгани чуқур текширилди. Улар ичида лабида озгина жароҳат изи бор Надежда йўқ эди. Ана у ҳам топилди ва қотилликни бўйнига олиб турибди. Аммо ҳали бу айнан шу қотил, деган гап эмас. Қуруқ кўрсатма эса далил бўлмайди. Бугун бўйнига олади, эртага рад қилади.
Унинг кўрсатмаси қачонки бошқа далиллар билан мустаҳкамланмас экан, бир пул.
— Болта кимники эди? Уни нега ўзингиз билан олдингиз, ўша ерга ташламадингиз?
— Болта Маряники эди. Жиноят қуролини қолдирмай, деб ўзим билан олдим. Уни бирон жойга ташлаб юбормоқчи эдим, лекин вино хумор қилавергач, сотишга бошқа нарсам бўлмагани учун ҳам сотдим.
— Болтанинг кўринишини таърифланг, узунлиги, қалинлиги, дастаси, ранги ва ҳоказолар. Уни кимга сотганингизни кўрсатиб бера оласизми?
— Менимча, кўрсатсам керак. У ёши 50 ларда, вокзал ҳожатхоналарини супуриб юрадиган эркак киши. Олди йўл-йўл қизил жемпери бор. Болта пожарний шитларда бўлади. Уни Маря иш жойидан ўғирлаб келганди, дастаси қизил.
Агарда болта топилсагина, бунинг гапига ишониш мумкин. Эҳтимол, ёғоч даста орасига қон сингиб кетгандир. Ювган билан бирон ёриғида озгина бўлса-да қон юқи бордир.
Бутунги сўроқни тугатса бўлади. Эндиги навбат болтани қидириб топиш ва у солинган халтачада қон юқи борлигини текшириш. Ахир, Борисова дастлаб болтачани ювмасдан халтага солган.
Болта топилди. Суд-биология экспертизаси унда ва Борисованинг халтасида марҳуманинг қон гуруҳига хос белгилар борлиги, жароҳатлар ҳам ана шу болтадан етказилиши мумкинлиги тўғрисида хулоса берди.
Маря ишлайдшан жойдаги қоровул ҳақиқатан ҳам «пожарний шит»дан болта йўқолганини тасдиқлаб, уни бошқа болталар орасидан таниб олди.
Демак, гумондор алдамаяпти.
Экспертиза хулосалари билан таништириш учун милитсия бўлимидаги вақтинча сақлаш хонасига кираётганимда навбатчи милитсия старшинаси чопиб келди.
— Келдингизми? Энди телефон қилмоқчи эдим. Момонгиз ўлиб қолади, тезроқ турмага жўнатайлик. Зўрға юрибди, балога қоламан.
Бирпасдан сўнг сўроқ қилиш кабинетига кириб келган Борисованинг аҳволи ҳақиқатан ҳам оғир эди. Ҳол-аҳвол сўрайман.
— Соғлиғим ўзига яраша. Тезроқ турмага жўнатинг, у ерда ҳар ҳолда кроват бор.
— Яхши. Бугуноқ жўнатишади. Менга Ички Ишлар Вазирлигининг ахборот марказидан бизнинг сўровимизга жавоб келди. Унда кўрсатилишича, Сиз қамалган экансиз.
— Тўрт марта?! Ҳа, ҳа, тўғри, эҳтимол филтратсион лагерда бўлганимни ҳам кўрсатишгандир. Умримнинг энг яхши даврлари турмада ўтди, озодликка чиқиш ҳам бир азоб, кўниколмай қийналасан киши.
— Нега ўғирликни бунча эрта бошладингиз? Ота-онангиз бормиди?
— Ҳа, улар ҳам турмада ўлиб кетишди. Лаънати Сталин. Миллионлаб одамларни қатағон қилди. Отам ҳарбий, онам партия ходими бўлишган. Иккаласи ҳам «Халқ душмани« деб суд ҳам қилинмасдан »учлик» томонидан отиб ташланган. Акам Володя ҳам йўқолиб кетди. Уни Лениннинг ҳурмати учун Владимир деб аташган. Менга эса Крупская ҳурмати учун Надежда деб ном қўйишган. Ахир, ота-онам коммунистик ғояларга, тузумга содиқ бўлишган-да. Лаънати қонхўр Ленин. Қатағонни аслида унинг ўзи бошлаган экан. Энди ёзишаяпти. Вақтингизни олмаяпманми?
— Йўқ, йўқ, бемалол.
— Ҳа, нима деяётган эдик. Ҳа, акам Владимир. Ота-онам қамалгандан сўнг мен ва Володя кўчада қолдик. Бизни болалар уйига жўнатишди. У ердаги хўрликларга чвдаб бўлмасди, шунинг учун қочдик. Ушлаб олишиб энди ёпиқ типдаги махсус дайди болалар мактабига тиқишди. Ана ўшанда, яъни болалигимданоқ, дайди деган номни менга ҳукуматнинг ўзи расмий равишда берди. Аниқроғи, ҳукуматнинг ўзи бизни дайди қилди. Ана шундан бери бу номдан ҳам, ана шундай турмуш тарзидан ҳам қутилолмайман.
Лекин бунга ким айбдор? Бизга ўхшаган заррача айби бўлмаган болаларни нафақат ота-она меҳридан, балки ёшликнинг энг тотли дамларидан шафқатсизларча маҳрум этишди. Айримлар «ота-онангни оқлашади, Москвага ариза ёз«, дейишди. Мен уларга, хўш, ана оқланди ҳам дейлик, бунинг нима фойдаси бор, дедим. Оддий бир парча қоғознинг нима кераги бор. Энди ҳеч нарсани орқага қайтариб бўлмайди. Нафақат қайтариб, ахир тўхтатиб ҳам бўлмайди. Мана ўша тавқи лаънат »дайди» деган ном билан ҳаётимни якунлаяпман. Мени ҳеч бўлмаганда инсонларга ўхшаб кўмишмайди ҳам. Турма қабристонига олиб бориб кўмиб ташлашади. Тамом, бир чивиндек йўқ бўлиб кетаман. Лаънати тузумнинг ноҳақларча, номардларча берган зарбаси бутун бошли гуноҳсиз оилани тарқатиб, ҳар томонга сочиб юборди, ўзимизни ҳозиргача ўнглай олмаймиз.
— Акангиз қаерда?
— У ҳам бир неча марта қамалди. Ахир, оч, яланғоч, ҳимоясиз бола нима ҳам қиларди. Албатта, ўғирлик. У ҳам аллақачон қаерлардадир ўлиб кетган бўлса керак.
— Турмуш қурмаганмисиз?
— Бир неча йиллик қамоқ аёл руҳиятига ёмон таъсир қилади. У билан унча-мунча эркак яшай олмайди. Бир марта турмуш қурдим. Узоққа чўзилмади. Ажралдик. Битта қизим бор. Москвада яшайди.
— Эҳтимол, унинг адресини берсангиз, чақирармиз.
— Кераги йўқ. Мен она бўлиб унга ҳеч қандай хизмат қилганим йўқ. Фақат туғдим холос. Унга ҳам ортиқча юк, ташвиш бўлишни хоҳламайман. Ана келди ҳам дейлик, хўш, қўлидан нима ҳам келарди. Мени излама, умрим охирлашаверса, ўзим қидириб топаман, деган эдим. Афсус, бўлмади. Ана шунақа гаплар.
— Мендан яна қандай илтимосингиз бор?
— Ҳеч қандай. Тергов қанча тез тугаб ишим судга кетса, шунча яхши. Турмадан ҳам лагер яхши, у ерда ҳар ҳолда кўпроқ очиқ ҳавода бўласан, бирон-бир юмуш топиб беришади.
— Яхши, тезроқ тугатишга ҳаракат қиламан. Лекин битта норасмий саволим бор. Хўш, ана Сизни Маръя ҳақорат ҳам қилибди дейлик. Уни ўлдириш шартмиди? Индамай чиқиб кетсангиз бўларди-ку?
— Сизни тушундим. Сен ўзинг кимсан, бир дайди бўлсанг, сени биров ҳақорат қилди нима-ю, қилмади нима, индамай елкангни қисиб кетаверсанг бўларди-ку, демоқчисиз. Тўғри, шундай қилсам ҳам бўларди. Аммо, инсон табиати шундайки, у ким бўлишидаи қатъий назар, ҳатто биздек энг паст табақадаги одамда ҳам ор, номус барибир сақланиб қолади. Дайди ўзини бошқа дайди билан солиштиради. Агар мени ўзимдан зиёдроқ одам ҳақорат қилса, индамай кетардим. Мен-ку қамалиб, одамдек яшай олмадим. У эса бирон марта ҳам дуруст турмуш қуролмаган. Ичаверганидан эркаклар безор бўлиб ташлаб кетишган, фарзанди ҳам йўқ. Менинг эса ҳар ҳолда орқамда зурриёдим қолаяпти.
Демоқчиманки, Марянинг мендан ортиқ жойи йўқ. Бориб турган алкаш. Шундай бўлса-да, уникида яшаш учун мен унинг кийимларини ювар, коса-товоқларини тозалар, кучим етганича хизматини қилар, аммо бир бурда нонимни кўчадан тиланчилик қилиб, ўзим топиб келар эдим. Буларни аввал ҳам Сизга айтдим. У яхшилик билан менга жавоб бериб юборса бўларди-ку. Йўқ, ўзини баланд тутиб, мени ҳеч бир сабабсиз ҳақоратлашга тушди. Жавобини эса олди. Ўша шу керак эди, шекилли. Тилидан, характеридан топди, қисқаси, бу — тақдир.

* * *
Тергов тугагач, жиноят иши материаллари билан турмада таништирар эканман, айбланувчи Борисова ўз-ўзидан секин гапириб қолди.
— Кеча туш кўрибман. Ота-онам мени ёнларига чақиришаяпти. Бўлди, шунча вақт дайдиб юриш, энди кел, уйимиз бор, акаш Володя билан уй қурдик дейишаяши. Атрофида сирен гуллари, Володянинг эса фақат боши кўринади. Нимагадир, ота-онам мендан ҳам ёш кўринишади. Нега шундай-я, менимча, уларни фақат ёшлик пайтида кўрганим учун хотирамда шундай ўрнашиб қолган бўлса керак. Уларга қарилик даври насиб этмади. Уларнинг ҳатто қабри қаердалигини ҳам билмайман. Меникини ҳам ҳеч ким билмаса керак. Қандай шафқатсиз дунё.
Навбатдаги қоғозга секин имиллаб имзо чекар экан, яна аста қўшиб қўйди.
— Дунё эмас, одамлар шафқатсиз, шундай эмасми, Сиз нима дейсиз гражданин терговчи?

Бу гал у ҳақ эди. Шунинг учун ҳам тасдиқлаганча бош ирғадим.
Mualifning boshqa asaralari
1 Oriyatli daydi (hikoya) [Safar Kattaboyev] 369
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика