Мунчоқ (ҳикоя) [Salim Ashur]

Мунчоқ (ҳикоя) [Salim Ashur]
Мунчоқ (ҳикоя) [Salim Ashur]
Воҳид ярим соат олдин ишини тугаллаб, кўчага чиқди.
Трамвайда бораркан, очиқ ойнадан баҳор ҳавоси юзига урилар, кун бўйи михланиб қоғоз титкилаганидан димиққан юраги қафасдан озод бўлган қушдек яйраб, потирлар эди. Кунлик иш мажбуриятидан қутулганига бир енгил тортган бўлса, атрофни кузатиб, кўклам кўркидан минг қувонарди. Йўлнинг икки ёғида, зилзиладан кейин қад ростлаган ака-укалардек уйқаш ҳовлиларнинг дарвозаси олдида чираниб ўсган ўрикларнинг гули асосан тўкилиб, япроқлари кафт ёзган, япроқлар орасида капалакдек нозик, андак-андак сарғая бошлаган яккам-дуккам гуллар титранар, шаҳар муҳитининг вазминлигиданми, қандайдир қийналиб, буришиб ўсган шафтолилар ғарқ гулга кирган, гуллари тоза ва тиниқ, қараган сари кўз ҳам ўхшаши йўқ покизаликдан озиқланар, олча-гилослар оппоқ ҳарир ёпинган келинчаклардек нафис чайқаларди.
Трамвай темир издан – бир хиллик ва қолипдан гўё чиқиб кетмоқчи-ю, шу боис чапга, ўнгга баравар силкинар, чизилган йўлдан чиқолмасликка маҳкумлигини тан олишни истамагандек, дам-бадам шахдига шахд қўшар, бамисоли яхмалакда учаётган каби бир маромда сирғалар, сирғалган сайин тарақлар эди.
Тиниқ осмоннинг ғарбий буржида бир парча адашган булут кўринди. Булут оқ бўлиб оқ, қора бўлиб қора эмас, балки кулранг эди.
Воҳид Бешқайрағочга етмай, Гули бекатида тушиб қолди. У Хондамир кўчасида, Зайнаб опанинг уйида, тўғрироғи, ҳовли кунжидаги ташландиқ «временка» – ҳужрада ижарада туради.
Биринчи муюлишдаги биринчи уй. Қалин девор икки томондан кўча ва йўлакдан ажратиб туради. Учинчи томондан, қўшни билан ўртага одам бўйидан баланд шифер тўсиқ сифатида тортилган. Тўртинчи томондан эса қўшнининг уйи баланд девори билан қараб, яъни «орқа ўгириб» турибди. Кўк темир дарвоза икки табақали, одам кириб чиқадиган алоҳида эшиги ғийқиллаб очилиб-ёпилади. Ҳовлида бир туп ёзги, бир туп қишки олма, бир туп нок, бир туп гилос, бир туп олча ўсади. Баҳорда навбатма-навбат – бир у, бир бу дарахт гулласа, ёз бўйи меваларнинг бири қўйиб бири шиғил пишади. Яйраб ўсган настарин, тартибсиз экилган бўлса-да, оқ, пушти, қизил атиргуллар сокин ҳовлига файз бағишлайди. Ток айни навқирон ёшда, гуркираб, ишкомдан тошиб, том устига ўрмалаб, кенг қулоч ёйган.
Ҳовлининг эгаси Зайнаб опа эмас, унинг руҳий касаллиги туфайли қирқ олти ёшда ҳам сўққабош ўғли Марат ёки ҳар замонда меҳмонга келадиган, икки фарзанд – бир ўғил, бир қиз-у, эрини бағрига олиб, шаҳарнинг Бешёғоч қисмида маъмур ва фаровон умргузаронлик қилаётган, ўқимишлигина қизи Лола ҳам, ижарада турган Воҳид ҳам эмас, балки шу ҳовлини гўёки жонли ҳаётга, тирикликнинг завқу шавқига тўлдирган Мунчоқ ва Бароқ иккаласи эди. Мунчоқ – оқ гуржи кучук, қулоқлари сал кам ерда судралади, думи нақ ер супуради. Бароқ эса малларанг мушук. Семизлигидан бутун вужуди диркиллайди, жунлари ялтирайди. Бу иккисининг ёлғиз меҳрибони, тавба дейиш керагу, Парвардигордан ҳам олдин шу кампир эди.
Кампир – Зайнаб опа икки кам саксонда. Тарих фанлари кандидати, дотсент. Нафақага чиққунига қадар университетда дарс берган – партия тарихидан. Ўқиган ва ўқитган нарсасига ўзи-да ишонган. Воҳид дастлаб келганида, яъни ҳужрани ўзига мослаштириб, зах ҳиди ўтирган кераксиз лаш-лушларни чиқариб ташлаётган маҳалда эски шкафнинг кичик бўлмасидан қалингина папка чиқиб қолди. Қизиқди, очиб кўрди. Машинкада ҳафсала билан кўчирилган, тартиб билан тахланган. Сарғайган қоғозларни титиб, эринмай ўқиди ва билдики, Зайнаб Бекқулованинг кандидатлик даражасини ҳимоя қилиш учун тайёрлаган илмий иши. Мавзу – «Қорақалпоғистонда маккажўхоричиликни ривожлантиришда партиянинг ташкилотчилик роли».
Бу каби илмий мавзу бугун эриш туюлиши мумкин, ҳимоя қилинган замонида эса бундай мавзуни танламаслик ғалати туюлар эди. Давр чиндан эврилди, бугун бу каби мавзулар ҳам, уларнинг қаҳрамонлари-ю, муаллифлари – тўқиб чиқарганлар ҳам эскирди.
Ҳа, эс-кирди. Инчунун, Зайнаб опа илмий ишини, бир вақтлар қизиқиб ёзиб қўйган қиссаси қўлёзмасини, вақт ўтиб ўзига ёқмай қолганидан сўнг, йиртиб ташлашга кўзи қиймай, бир четга – қўл етмас жойга итқитган талабчан ёзувчи сингари, кўздан панага улоқтирган эди. Бу Зайнаб опага ўхшаган виждонли эски одамлар учун ўз умрини, ҳаётини, маслак-аъмолини, пировардида ўзини четга улоқтириш билан баробар эди. Тузум ўз зуғумига ўзи дош беролмай, чок-чокидан дарз еганда унинг тешик, тирқишларида, ўпқонида бутун-бутун авлодлар, бенаво тақдирлар ва бечора қисматлар чўкиб, йўқ бўлиб кетар экан-да. Буни авом англамаслиги мумкин, лекин илм кишиси... ҳар ҳолда...
Бу каби зиддиятли мулоҳазалар, кундан-кунга янгиланаётган, ўзгараётган баҳо ва мезонлар, тарихчи аёлнинг умр уммонини тарк этиб, бошқа уммонлар сари ўтиб бораётган ҳаёт кемаси, яъни олиманинг истак-ихтиёрига бўйсунмаган тараққиёт қонунияти, аниқроқ қилиб ифодалаганда, ҳаёт ҳақиқати шафқатсиз тарзда ожизани асабий, тажанг, абгор қилиб қўйган эди. Сийпалаб айтганда, у давр зиёлиларининг пешқадам, виждонли, иймонли вакили, ўз аъмолига ҳеч қачон хиёнат қилмаган. Ҳақиқатчи деб ном чиқарган. Тарбияси, принтсипи, дунёқараши шу тарзда шаклланган банда эди.
Энди-чи, энди нима бўлди, у тиклаган аъмол иморати таг-туги билан куйиб кул бўлмадими?!.
Бу ожизона маҳкумлик миллионларнинг бири бўлган бу зиёли аёлни шубҳакор, сергумон ва беқарор қилиб қўйган эди.
Ҳозир яшаб турган ҳовлини ҳам зилзиладан кейинги йилларда, университетдан берилган участкада эрсиз, ёлғиз боши билан тиклаганди. Ўша пайтлар фарзандлари ёш, уларга алоҳида қаров талаб этиларди. Албатта, чангга, лойга ботиб усталар ишлаган, лекин бир уй тиклангунича усталарни ишлатиб, уларга кўз-қулоқ бўлиб туришининг ўзи бўладими? Уй ҳозир ҳам бировникидан ортиқ, бировникидан кам бўлиши мумкин, аммо не бўлганда ҳам, зарур қулайликларга эга.
Воҳид ҳали темир дарвозага яқинлашмай, муюлишдан қайрилиши ҳамоно кучук ҳурди – кампирга хабар берди. Шунақа ўзи: қадам товушлари эшитилиши билан Мунчоқ ким келаётганини фаҳмлайди. Ўткинчи бўлса, ҳуриб ўзини уринтирмайдиям, ҳафсала қилса, ғингшиб қўя қолади. Шу ҳовлида яшайдиганларни эса қадам олишидан ажратади. Таниш қадам товушларини эшитаркан, келаётган одамнинг кайфиятини илғаб, ўшанга мос вовиллайди, гўёки мажбуриятини бажаради – бекани хабардор этади. Шу Мунчоқ туфайли бу ҳовлида алоҳида эшик қўнғироғига ҳожат йўқ.
Кампир инқиллаб-синқиллаб эшикни очди. Унинг юзида кейинги пайтларда норози қиёфа қотиб қолган эди. Оёғини зўрға ердан узиб, пилдираб айланаётган Мунчоқни ҳайдаган бўлди. Мунчоқни ичида жони бор, кераксиз копток эмаски, бутунлай нарироққа кетса...
Воҳид кўчалик кийимларини ечиб, эгнига уй кийимларини илди. «Кулбаи вайрона»нинг ўзиям кимсасиз зериккан ва ғариб кўринар эди.
«Кулбаи вайрона» деганимиз стол-стул, шкаф, антикварга айланган эски тахта диван, шалоғи чиққан каравот ва газ плитани бағрига олган чоғроқ хона. Дарсхонаям, емакхона, дам олиш хонасиям шу. Томда баъзан шовир-шувир бўлиб қолади: сичқонлар ул-бул талашиб, чийиллаб бир-бирини қувиб қолса керак, ҳойноҳой. Пастдан кўтарилаётган зах шунчалик майинки, баъзан сезилмайдиям. Эшик, дераза зичлаб ёпилса-да, тешик, тирқиш қолади.
Воҳид елкасига сочиқ ташлаб, ташқарига чиқди. Тугмалари ўтказилмаган кўйлагини чаққон ечди-да, гилоснинг шохига илди. Ҳовли четидаги водопровод жўмрагини очиб, энгашганча бет-қўлини юваркан, елкаларида ёмғир томчиларини ҳис этди. Томчилар совуқ эди. Тепага қаради. Ғарбдан қора булут тўлғониб-оқиб келарди. ёмғир сония сайин тезлашарди. Кўйлагини шохдан олиб, кийишга ҳам тоқат қилмади, қўлтиқлаб ичкарига ўзини урди. Эгнидаги майкаси ҳўл бўлган эди. «Баҳор ҳавосига ишониб бўлмайди-да», деб хаёлидан ўтказди.
Юпқа тўшак тўшалган тахта каравотга чўзилди-да, бир табақаси очиқ деразадан дарахтларнинг қучоқ-қучоқ гул тутган новдаларига тикилиб, хаёл суриб ётди.
У нима ҳақда ўйламасин, фикрлари бир «қозиқ»да айланаверарди, бу – иш эди. Тезроқ ўзини кўрсатишни, у ҳақда ҳамма жойда оғиз кўпиртириб гапиришларини, ҳозиргидан чандон яхши кун кечиришни истар, бутун ҳаракатларини шу мақсад атрофида жамлаган, шаҳри азимда бекорга мусофир бўлиб юрмаганини, билдирилган ишончни тезроқ оқлашни дилдан хоҳлар эди. Шу боисми, шаҳарнинг ўзбекона муҳит ҳукмрон маҳалласида ижарашин эса-да, бу ердагилар, хусусан, қўни-қўшнилар билан эл бўлиб кетолмади. Кўча бошидаги кўк дарвозадан ҳар куни бир неча бор кириб-чиқишини кўпчилик билмасди.
Қанча ётганини у билмайди, кўзи илинган экан, аллақандай товушлардан уйғониб кетди. Шуҳрат келдимикан, деб ўйлади. Шуҳрат – жияни, талаба, бирга туришади. Лекин у кўпинча ётоқхонада курсдошлари билан ётиб юради. Жўрабозликни, посон кийиниб, пўрим юришни, катта еб-ичишни яхши кўради. Доим кинома-кино, паркма-парк, бозорма-бозор санғийди. Қизларга ҳам суяги йўқ. Дарсгаям борса-боради, бормасаям ҳеч ким ҳеч нарса демайди унга. Баъзан ярим кеча, баъзан тонготарда кўзларини уқалаб кириб келаверади. Бундай пайтларда Мунчоққа худо беради: вовиллаб, кичкина жони билан катта маҳаллага жар солади.
Лекин бу гал Воҳидни уйғотиб юборган шовқин хонадошининг қадам товушлари эмас, умуман бошқача ғала-ғовур эди. Шундоқ ёнида нимадир гувиллар, нимадир тарақлар, томда сичқонлар жуда безовта, у ёқдан-бу ёққа гала-гала бўлиб пилдиллаб ўтиб-қайтар, буни тепадан эшитилаётган шошқин шатир-шутир овозлардан сезиш мумкин, олам-жаҳонга бадбўй ҳид ёйилган эди.
Воҳид туриб ўтирди, дивандан оёғини ерга қўяр экан, тўпиғигача сувга ботди. Сер солиб қараса, хонани сув босган, юпқа шолчалар сувда кўтарилиб турибди.
У шошиб қолди. «Наҳотки, жўмрак очиқ қолиб, қувурга латта-путта тиқилган бўлса, наҳотки, сув тошиб, кулбагача оқиб кирган бўлса?!.» деган ўйда довдиради.
Каравот тагидаги буюмларни тез олиб, диван устига қўярди. Янги кийиму бошқа арзанда нарсалари жойланган жомадонни кўтарган эди, одатдагидан оғирроқ туюлди. Дарҳол сезди: ичига сув кирибди. Шуҳратнинг жомадонини ҳам диван устига қўйди. Ундан жўриллаб сув оқди.
У илгари бундай ҳолатда бир неча бор машқ қилиб кўргандек, ишонч билан ҳаракат қиларди.
Кўк темир дарвоза тақиллади. Бошқача тақиллади: қандайдир бўғиқ, лекин ваҳмкор... Шундай бўлади ўзи, ёмғир сасни бўғади. «Шундай ёмғирда қанақа аҳмоқ келиши мумкин?..» – деб ўйлади. Тақ-туқ тобора кучаярди. «Кимдир қишлоқдан келган-ов, қўни-қўшни бундай пайтда иссиқ ўрнини совутмайди-ку...»
Дарвозани очиш учун ташқарига чиқди. Ёмғир челаклаб қуймоқда. Чуқур ҳовли сония сайин сувга тўлади. Зайнаб опа ҳам тсемент зинадан тушиб, ҳовлининг нариги томонидан дарвозани очгани келмоқда. Воҳид жойида туриб қолди, кампир балки кимнидир кутаётгандир?
– Ҳозир, ҳози-ир! – деди Зайнаб опа жаҳл аралаш. – Ҳозиргилар бунча бетоқат бўлиб кетишган-а! – Дарвозанинг темир илгагини олишга уринар, лекин кучи етмасди. Тақиллатаётган дарвоза очилишини кутмас, билъакс баттар тақиллатар эди. Воҳиднинг кўнгли алағда бўлди. Шиппаги сувга ботиб келди-да:
– Тўхтанг, мен очаман, – деди тараддудланиб. Бу пайтгача кампир илгакни олишнинг уддасидан чиққан эди.
Илгак олинди-ю, дарвоза шиддат билан очилди. Кампир ҳам, Воҳид ҳам дарвозани тутиб қололмади. Дарвозани катта куч билан сурган сув эди. Очилган дарвозадан ҳовлига сув шиддат билан оқиб кирарди. Дам-бадам келаётган тўлқин дарвозани таг-туги билан суғуриб отмоқчидек замзама қиларди.
Кўча баланд, ҳовли паст, саркаш сув ҳовлига бостириб киради. Бир пасда ҳовли катта ҳовузга айланди-қўйди.
Кампир чайқалиб, мувозанатини йўқотди. Оёқларида туриб қололмади. Тизза бўйи сувга чалқанча йиқилди. Оғзи-бурнига сув тўлганиданми ёки сув совуқ эканми, бирдан уни ўчди. Туришга урингани сари оёғи тояр ва яна йиқиларди. Шайтон қурсин, нохуш кулги Воҳиднинг томоғига тиқилди, яхшиямки ўтмади.
Воҳид аҳволни тушунди. Кампирни қўлтиғидан олиб, суяб-судраб уйига олиб кирди. Кампир нуқул ўқчир, қандайдир оятни чала-чулпа қайтарар, сўзларини англаб бўлмас эди. Хаёли қочди, шекилли, бир «скорий»га телефон қилиш керак, бир «пожарний»ни чақир, тез, тез бўл», деб ғудранар, бундан ортиғига тилиям айланмасди.
Воҳид тушунди: Зайнаб опа – қариликни бўйнига олишни истамайдиган бу кампир энди ўзига келиши, кийимларини алмаштириши керак.
Ҳовлини тор билган сув ўртадаги шифер тўсиқни ағдариб, тизгинсиз лашкардек қўшни ҳовли сари интилди.
Воҳид тизза бўйи сувни кечиб, кўчага чиқди: «Нималар содир бўлаяпти ўзи?!» Кўчани бор энига қоплаб, бошдан қуйига пишқириб келаётган сувни кўриб, юраги орқага тортиб кетди. Гўёки юраги урмай қолди ёки ғоят тез уриб кетди. Йўл, йўл четидаги йўлаклар, йўл билан йўлак ўртасидаги бетон ариқчалар... ҳеч, ҳеч нарса йўқ, фақат сув бор эди. Асов сув деворларга урилар, «Девор, сен зўрмисан, мен зўрми?» – дегандек куч синашар, турган жойида донг қотиб қолган дарахтлар билан баҳслашарди гўё. Уйларнинг олдида турган енгил машиналар шинасининг ярмигача сув ичида қолганди.
Гоҳ у, гоҳ бу ҳовлидан йиғи-сиғи, дод-фарёд овозлари эшитилар, барча овозларни сув шовқини ютиб юборарди. Одамлар уйдан кўчага чиқишар, кўчада юриб бўлмас, аёллар йиғлар-сиқтар, чоллар, кампирлар баланд овозда тиловат қилишарди. Болалар-чи, болалар... Бутун оламга зид равишда қувнашарди! Негадир болалар жала олиб келган селдан қўрқишмас эди.
Дайди итлар, эгасиз мушуклар, кўкда гала-гала айланадиган қушлар... ҳамма-ҳаммаси ном-нишонсиз кетган эди.
Жала қандай тез бошланган бўлса, шундай тез ўтди. Фақат... фақат ҳовлида, кўчаларда қалин лой-балчиқ қолди. Ҳавода бадбўй ҳид ва рутубат айланди.
Эртасига Зайнаб опа касалхонада ётадиган бўлди. Темир йўлда вагон кузатувчиси бўлиб ишлайдиган қизи вагон машинисти – куёви билан келиб, уни машинага ўтқазиб, олиб кетишди. Қиз ва куёв доим шошиб келиб-шошиб кетишар, юриш-туришлари режали, иш важидан шекилли, вақтни ҳамиша ҳисоб-китоб қилишар, кетар чоғларида яна қачон келишларини кун, соатига қадар айтишар, она-қайнона доим: «Набираларимнинг дийдорига тўядиган кун ҳам борми?..» дея зориллар эди.
Машинага ўтирар экан, кампир инқиллаб-синқиллаб бир гапни қайта-қайта такрорлади:
– Воҳид, Шуҳрат, Мунчоққа яхши қаранглар, оч қолмасин. Овқатини вақтида беринглар, тунда хабар олиб туринглар-а ундан. Ҳураверса, китоб ўқишга халал бераяпти деб калтаклайсизлар уни, биламан, лекин мен йўғимда урманглар, у ўчакишиб, баттар ҳуради. Ўшандай пайтда оч қолган бўлади. Холодилникка колбаса, нон, суяк, эт қўйиб қўйдим. Ўзларинг еб қўйманглар, Мунчоққа беринглар. Мунчоқ оч қолмасин... – кампир негадир мушукни эсламади, унинг номини ҳам тилга олмади. Бу пайтда Мунчоқ оёқ тагида пилдирар, Зайнаб опанинг оёғини ялаб-юлқар, суйкалар, баландга сакраб, бармоқларига тумшуғини теккизарди, халатининг этагини тишлаб ортга тортар, қўйвормас, дарвозадан чиққани қўймас, куёв дам-бадам оёғи билан туртиб ҳайдаса-да кетмас, унга сайин баттар жаврар эди.
Ит бор-йўғи ит-да, шунча одам унга қулоқ осармиди, мабо-одо, жа-а ақлли бўлган тақдирда ҳам?!
Кампир кетди, дарвоза илинди. Мунчоқ мунчоқ-мунчоқ ёш тўкди. Келиб суйкалаётган, қувлашиб ўйнагандагидек гоҳ қулоқлари, гоҳ думидан тишлаб тортиб, ирғишлаб қочаётган, ўйнаб-қувнашга ундаётган Бароққа парво қилмас, ҳатто қайрилиб қарамасди.
Уч кун бўлди – Мунчоқ ҳеч нарса емайди, ичмайди. Тиқ этган товушга қулоғи динг бўлади. Кўчадан қадам товушлари эшитилса – бўлди, дарвоза тагига ётиб пойлайди. Ҳар сафар ҳафсаласи пир бўлади. Бароқнинг шўхликларини кўтармайди, ўйнамайди у билан. Гўёки Бароқ деган мушукни танимайди, ҳаётида кўрмаган уни. Ҳолбуки, иккаласи бирга – иккита ит ёки иккита мушук каби катта бўлишган. Орада «ит-мушук»чилик сезилмаган ҳеч. Битта беканинг қўлидан нарса еб, саховат ва марҳаматидан баравар баҳраманд бўлишган. Энди-чи, кампир кетди-ю, ораларидаги иноқлик кўтарилди. Мунчоқ ўзгарди, кун сайин бошқача бўлиб бормоқда. Доим кўзлари нам, аввалги ўти йўқ. Бароқ эса ўша-ўша, ишкомга тирмашиб томга чиқади, томда каптарлар билан қувлашади. Томдан нарига – қўшниларникига ҳам ўтиб келаверади, хоҳласа келмайди, ихтиёри ўзида. Кун қиздирганда гулбутанинг тагида хумордан чиққунча ағанайди.
Мунчоқ эса... кампирнинг эски шиппагини авайлаб тишлаб, у ёқдан-бу ёққа олиб юради. Титилиб кетган шу арзимас оёқ кийими устида «кулча» бўлиб ётади. Ҳолбуки, кампир уни ахлатга итқитишга кўзи қиймай, бурчакдаги картон яшикка ташлаган эди. Ит бир талай оёқ кийимлари орасидан нуқул шуни топиб олаверади.
Бир гал Воҳид шиппакни Мунчоқдан тортиб олмоқчи бўлди, балки шу шиппак деб нарса емаётгандир бу жонивор? Қайда, Мунчоқ шиппакни бермади, оламан деб узалган қўлга худди катта йиртқичлардек ташланди. Ҳай, ҳай демаса, тирноғи билан тилиб ё тишлаб олишдан ҳам қайтмайдигандек эди. Миттигина бўлиб, унга солиштирганда тоғдек одамдан тап тортмас, ҳайиқмас эди.
Воҳид ҳам, Шуҳрат ҳам ўз ташвишлари – ўқиш ва юмушлари билан овора эди. Ит ёки мушук ташвиши ёш йигитларнинг қайғуси бўла олармиди?!
Аввалига эътиборсиз бўлишди. Кейин – орадан бир ҳафта ўтгач, ҳушёр тортишди. Мунчоқ сўлиб қолганди. Кампир тайинлаб кетганидек, музлатгичдан колбаса, суяк, эт беришса-да, ҳатто ҳидлаб кўрмас, нафақат ҳидламас, балки қайрилиб қарамас, фақат баҳорнинг куйдиргувчи қуёшидан беркиниб сояга ўтар, кампирнинг шиппагига баъзан бошини қўйиб, баъзан бағрини бериб ётарди.
Қўйилган нарсалар сасиб, бижғиб кетди. Ит ялоғини моғор босди.
Бароқ ўзига керакли нарсаларни ажратиб олди.
Йигитлар ҳайрон бўлишди: нега шу нарсаларни кампир берганда Мунчоқ ютоқиб ер эди-ю, бизнинг қўлимиздан емайди бу ит?!.
Зайнаб опа касалхонага тушгандан буён руҳий бемор ўғли Марат синглиси Лоланинг уйида турар, нега деганда унинг ўзига алоҳида қаров зарур, дори-дармон ва муолажаларини тайин бир вақтда қабул қилиши керак, бу тартибга ўзи риоя қилолмас, бундан ташқари уни доим тергаб турмаса, ўз бошича номаълум ёқларга кетиб қолар, ўзига қарашни билмас, ён-атрофдагиларга масхара бўлар, уйга бир ташвиш келтирар эди.
Икки ҳафта деганда Лола, эри ва Марат келди. Зайнаб опа яна икки ҳафта ётадиган бўпти. Кампирга тоза уст-бош, бошқа зарур нарсаларни тугун қилиб олиб, яна дарҳол қайтиб кетишди.
Ётган жойида кампир: «Тоза кўйлагимни кийдиринглар...» дермиш, «Мунчоғимни соғиндим, менсиз ҳоли нима кечдийкин?..» деявериб, ҳамшираларни ҳам ҳол-жонига қўймасмиш.
Мунчоқ эгасининг фарзандларини таниди. Бир-икки ҳуриб, сас берди. Уларнинг изларини, оёқ кийимларини ҳидлади. Атрофларидан бир-икки айланди, лекин олдинги шўхлигу эркаликларини қилмади. Бароқ эса уларнинг олдида шишиниб кетди, «ҳунари»ни кўрсатиб қўймоқчи бўлган «манман» дорбоздек ишкомга тирмашди, ундан томга чиқиб, бир-бирининг пар-патига маҳлиё бўлиб «ку-ку»лашаётган бир тўп каптарни тўзғитиб юборди...
Лола онаси тайинлагандек қилди: ит ялоғини ювиб тозалади, музлатгичдан колбаса, эт, суяк олиб қўйди. Ўзи ҳам тселлофан халтачада суяк келтирган экан, ким билади қаердан олган буни, ўраб музлатгичга қўйди. Сув идиш – темир товоқни ювиб, сув тўлдирди.
Аммо Мунчоқ бу сулукатга қайрилиб қарамади.
Лола бир ёнда, Марат бир ёнда:
– Мунчоқ ойимни соғинибди, ойимни соғинибди, – деб куйинишарди, лекин куёв аҳволни сезди, шекилли:
– Ҳаҳ, бечора-я, ойижонга жуда ўрганган экансанда-а, – дея хўрсинди-да, Мунчоқнинг бошини юмшоқ силади. – Уйга олиб кетсакмикан-а?..
– Уйга қатга оборасиз, «дом»да ҳамма жойни расво қилади-ю, ким буни кетидан тозалаб юради, буни устига сиззиям, маниям қўлимиздан нарса емайди-ку, бу ўлгур исқирт ит, – дея бобиллади Лола; шунга ўхшаш ҳолатларда аёллар эрларини жеркиброқ ва асабий гапирадилар, Лола ҳам худди шундай қилди.
Уч ҳафта бўлди, кампир касалхонада.
Мунчоқ энди муштдеккина бўлиб қолган, кўзлари чуқур ботган, оёқлари толхивичдек, думи арқондек ингичка тортган эди. Оппоқ пахмоқ жунидан асар ҳам қолмади, сарғайиб кетди. Бошини кўтаролмай энди бир жойда ётар, қовурғалари қошиқ дастасидек билиниб турар, кун давомида жойини бир ўзгартирса ўзгартирар, бўлмаса умуман ўзгартирмас эди.
Егуликка қайрилиб қарамасди.
Воҳид бир парча этни олиб, Мунчоқ ёнига борди. Мунчоқ бошини қийналиб кўтарди, ён томонга мўлтираб қаради, кўзлари сўник эди, бошини тутиб туролмади – шиппак устига қўйди.
Ит этни ҳидламадиям.
Бароқ ўйноқлаб келди-да, этни илиб қочди.
Мунчоқ қийналиб ўрнидан турди, шиппакни тишлаб, ҳовли четига, қурилишдан қолган синиқ ғиштлар-у, шифер парчалари уюб қўйилган бурчакни мўлжаллаб юрди. Оёқлари гавдасини тутолмас, ҳамма ёғи қалтирар, титрар эди. Ярим йўлга бормасдан йиқилди, оғзидан шиппак тушиб кетди. Ит шиппакка бағрини берди.
Воҳид Мунчоқ ёнида куймаланишаётганидан дадилландими ёки бир томоша кўрсатиб, буларни хурсанд қилай дедимикан, ишқилиб, Бароқ ўқдек учиб келди-да, Мунчоқнинг тагидан шиппакни суғуриб қочди. Шу қочишда ишкомга, ишкомдан томга ўтди, томда шиппакни худди чалажон сичқонни ўйнагандек ўйнади, кейин кўринмай қолди.
Мунчоқ шиддат билан хезланиб, Бароқнинг ортидан ташланганди, аммо... Аммо ҳеч қанча босмай, боши тагида қолиб, ўмбалоқ ошиб тушди. Ўзини ўнглаб ололмади. Ётган жойида тез-тез хириллаб нафас олар, бутун вужуди сопқондек кўтарилиб тушар, кўзларидан сув томчиларди...
Тўрт ҳафта ўтди.
Мунчоқ бир жойда – ўша йиқилган жойида ётиб қолди. Бошини кўтаролмас, қўзғалолмас, қулоқларини, думини-да қимирлатолмас эди. Қовоқлариям қимирламас, кўзлари ҳаракатсиз эди. Фақат юпқалашиб қолган теридан ит юрагининг қийналиб, эриниб тепиши билиниб турарди.
Бароқ Мунчоқнинг ҳолидан хабар олмай қўйди. Кейинги икки-уч кунда умуман кўринмади.
Эрталаб ювингани чиққан Шуҳрат бироз ўтиб ташқаридан деразани тортиб очди, ичкарига бош суқди-да:
– Воҳид ака, Мунчоқ ўлиб қолибди, – деди ҳовлиқиб. – Энди нима қиламиз, Зайнаб опага нима деймиз?..
Йигитлар маслаҳат қилишди: Мунчоқ – жонивор, ахлатга ташлаб бўлмайди, ахлат машина келганда бериб юбориш, барибир, ахлатга ташлаш билан баробар...
Жони узилган жойдан чуқур ковлаб, жуда чуқур ковлаб кўмишди, ер билан текислашди. Оёқости бўлмасин, деган мулоҳазага бориб, гул экиб қўйишди,
Шундай қилиш жоизми, ножоизми – билмасдан, Воҳид ичида билганича оят ўқиди, чамаси Шуҳрат ҳам шундай қилди.
Шу-шу, Бароқ бу ҳовлида бошқа кўринмади.
Икки кун ўтиб, Зайнаб опа дов-даска билан уйга келди. Қизи, ўғли, куёви кампирни қўллаб-қўлтиқлаб машинадан тушириб, уйга олиб киришди. Кимсасиз уй ғала-ғовурга, нурга тўлди, ҳовлига қандайдир катта ҳаётнинг бир бўлаги кириб келгандек бўлди.
Лола деразадан бошини чиқариб, ҳовлининг тўрига қараб бақирди:
– Воҳид, ҳу Воҳид, сиззи ойим чақирвоттила...
Воҳид атай бормади. Ўзини уйқуга солиб ётди. Кампир Мунчоқни сўрашини билди. Сўраса нима дейди?..
Қизи билан куёви кўп ўтирмади, ишли одамлар-да, тез кетишди. Иккаласи ҳам яқин соатларда сменага чиқиши керак экан.
Ҳеч қанча ўтмай, ҳовлини айланиб кўздан кечирган, дарахт ва гулларга унча эътибор бермай, водопровод жўмрагини очиб-ёпиб кўриб, унинг ижарада турган йигитлар томонидан бузилмаганлигига ишонч ҳосил қилган кампирнинг ўзи «временка» эшигини тақиллатиб келди. Хонани обдон кўздан кечирар экан, лиқиллоқ стулга ўтирди.
Зайнаб опанинг рангига ранг югурган, даволангани, кучга киргани дадил-дадил гапиришларидан ҳам аён эди. Воҳиддан Мунчоқни сўради, «нега кўринмаяпти?» деди.
У, Мунчоқ энди бу ёруғ оламда йўқлигини айтганда, кампир шилқ этиб ёнига йиқилди.
Марат, Шуҳрат, Воҳид учаласи кампирни авайлаб ётоғига олиб ўтишди. Кампир пардек енгил эди.
«Тез ёрдам»да келган шифокор Зайнаб опа инсулт бўлганини, уни қўзғаш мумкин эмаслигини айтди.
Кампир шу ётишда тўрт ҳафта ётди. Тилдан, ҳаракатдан, овқатдан қолди. Мунчоқ сўнгги кунларини қандай яшаган бўлса, кампир ҳам худди шундай яшаётган эди, яъни кундан-кунга шамдек сўниб борарди.
Кўзлари чуқур чўкди, юзи суяк устига терини ташлагандек шалвираб осилди. Бармоқлари қаламдек ингичка тортди. Бутун вужуди кичрайиб, муштдеккина бўлиб қолди.
Лола – меҳрибон қизи, нима овқат тайёрлаб тутмасин, ютмади, томоғидан ичкарига ўтказмади. Фақат сувни тўхтатолмас, сув сирғалиб томоғидан ўтарди.
Тўрт ҳафта деганда кампирни ғарғара тутди, хириллаб, зўрға-зўрға нафас оларди. Кутилаётган воқеани истамагандек, чойшаб остида муштипар юрак гурсиллаб тепар, кўкрак темирчининг босқонидек кўтарилиб тушар эди.
Қизи, ўғли, куёви, набиралари рози-ризолик қилишди. Кимдир яширинча кўзёш қилди, кимдир баралла ўкинди. Энди бу воқеа нима билан тугашини ҳамма ич-ичдан англар эди.
Воҳид билан Шуҳрат гарчи ижарада туришса-да, яъни бу хонадонга нисбатан бегона бўлишса-да, гўё кампирдан ҳол сўрамоқчидек узун-қисқа бўлиб, бош эгиб киришди. Кичик набира – ҳали мактаб ўқувчиси, боқибеғам бола момосини шу кўйга солган Мунчоқнинг ўлими тафсилотини сўраб қолди.
Воҳид Мунчоқ кампирнинг шиппагини бермай олиб юргани, унга гоҳ бошини қўйиб, гоҳ бағрини бериб ётганини гапирар экан, тўрт ҳафтадан буён қимир этмаган кампир хиёл қўзғалиб қўйди-да, «уҳ» тортиб юборди.
У сўнгги нафасини олган эди.

Март, 2011 йил
«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 5-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика