Қор майдалаб ёғарди (ҳикоя) [Salim Ashur]

Қор майдалаб ёғарди (ҳикоя) [Salim Ashur]
Қор майдалаб ёғарди (ҳикоя) [Salim Ashur]
Баҳром компютерни ўчиришга шайланаркан, нохос телефон устма-уст жиринглаб қолди.
У кун давомида қўнғироқлардан безиб қолар, ҳар гал телефоннинг «варажаси» тутганда ток ургандек сесканиб кетарди. Ҳозир юраги дукурлаб гўшакни кўтараркан, биринчи ўринбосар дағал овозда дўриллади:
– Ходимларнинг бир кунлик ҳисоботини, эртанги иш планини тайёрлаб киритинг. Муддати, ижрочи, масъулларни аниқ кўрсатинг. Эртанги семинарга борадиганларнинг объективкасини тахлаб қўйинг. Яқин қариндошларини ҳам кўрсатинг, биласиз-а, қайнана-қайната ҳам яқин қариндош ҳисобланади...
Эътироз бирдирмоқчи, «бунинг кимга, нима кераги бор», демоқчи эди, бошлиқ сезиб қолгандек қатъий:
– Марказий кенгашдан сўрашяпти, – деди.
Тамом.
Баҳромнинг устидан қайноқ сув қуйилгандек бўлди – куйиб кетди, «Ҳар куни бир нағма ўйлаб топишади, – деб хаёлидан ўтказаркан, қизиган тошдек чирсиллади. – Кунлик ҳисобот, кунлик режа... бизнинг ишимизда буни нима кераги бор? Ҳамма ўз ишини билиб қилаверса... Аҳмоқлар, икки соатлик йиғинга иштирокчиларнинг объективкасини нима қиласан, гўрингга ғишт қилиб қалайсанми?.. Тағин яқин қариндошлари эмиш... Шунча дардинг бор экан, икки соат олдин айтмайсанми, ярим кун олдин айтмайсанми?..» деган ўйда асабийлашарди. Яна компютерни ёқди, айтилган қоғозларни ҳозирлашга киришди.
Энди мобил телефони жиринглаб қолди. Шошиб деворга осиғлиқ соатга қаради: роппа-роса саккиз. Иш вақти тугаганига икки соат бўлган, «икки соат ортиқча ишладик, буни пулини энажонинг тўлайдими?..»
У мобил телефонининг яшил тугмачасини босиб, қулоғига қўйди, бошини ёнга энгаштириб, кифтига қисди, қўллари компютерда клавишларни терарди.
– Келақолмайсизми энди, – деди телефонда хотини зарда билан, – букчайиб ётиб қолди каттангиз. Келмасангиз айтинг, «скорий»ни ўзим чақирай?..
Икки-уч кундан буён катта ўғли «оғрияпти» деб қорнининг гоҳ у, гоҳ бу ерини кўрсатади, инграйди. Ўнг биқинини баъзан чангаллаб қолади.
Энг қизиғи, бу дард тунда қўзийди, эрталаб йўқолади. Оғриқ уйғонганда «тез ёрдам»ни чақирмоқчи бўлишади, аммо «иситмаси бўлмаса, «тез ёрдам» келмайди», деб хотини кўрикни эрталабга қолдиради. Бола эса наҳорда ўзини соппа-соғ ҳис этиб, «дўхтирга бормайман, мактабга бораман» деб оёқ тираб туриб олади.
– Иссиғи чиқдими? – деб сўради Баҳром.
– Йўқ, чиққани йўқ, лекин бола кўкариб кетаяпти.
– Ундай бўлса, «скорий»ни эмас, Суннатни чақир, мошинасида келсин. Олмазордаги «Шошилинч тез тиббий ёрдам»га олиб боринглар. «Скорий» чақирсанг, ким билади, қанақа дўхтир келади, қаёққа олиб боради?.. Мен ишдан чиқиб тўғри ўша ёққа бораман. Ҳозир қўлимга иш беришди. Кутиб туришибди, топширмасдан кетолмайман, – шундай дер экан, Баҳром ўйларди: «Шу қоғозбозликнинг кимга кераги бор, нима учун?..»
Ташқарига чиқса, ёмғир аралаш қор ёғяпти – кўз очирмайди. Ҳаво совуқ. Машинани қиздиришга кетган вақт ҳам Баҳромга жуда узоқ туюлди.
Касалхона қабул бўлимида – кираверишда ўнг томондаги ўриндиқда хотини, қайниси Суннат ўтирарди. Баҳромни кўриб, баравар туришди. Энгил-бошидан қор қолдиқларини қоқаркан:
– Саид қани? – деб сўради Баҳром.
– Ичкарида, анализга қон олишаяпти, – деди хотини, тепасига катта-катта ҳарфларда «Таҳлилхона» деб ёзилган эшик томонга кўзи билан имо қиларкан. Эшик олдида беш-олти чоғли одам тўпланган эди.
– Врачлар аппендитсит дейишаяпти, – деб гапга қўшилди Суннат поччасига кўришиш учун қўл чўзаркан. – Анови турган ёш дўхтир қорнини босиб текшириб кўрди. Энди қонни анализ қилиш керак экан.
Баҳром қизиб кетди. Иссиқ курткасини ечаркан, хотини қўлидан олди:
– Анову оқ халатли билан ўзингиз гаплашиб кўринг-чи, нима деркин.
Катта залнинг бир бурчаги «акфа» билан ўралган, тепасига «Рўйхатхона» деб ёзилган, одам бўйи келадиган тўсиқнинг кўкракдан тепа қисми ойнаванд эди, ичкарида оқ халатли қизлардан бири телефонда сўзлашар, бири катта дафтарга нималарнидир қайд этар, яна бири, касаллик варақалари бўлса керак, бир уюм қоғозни титкиларди. Оқ халатли ўрта бўй йигит ташқарида туриб ичкаридаги телефон гўшагига энгашганича гаплашар, бутун гавдасини бир оёғига ташлаб, тебраниб турарди.
«Нима десам экан, нимадан гап бошласам экан?.. – деб ўйлади Баҳром. – Аввал пулдан гап очсаммикан, дўхтирлар пулни яхши кўради, дейишади-ку. Ёки бу бола менинг ўғлим бўлади, яхшироқ қараб беринглар, десам, кейин ўзи бир нима дер, муддаосини айтар...»
Йигит гўшакни қўйди. Қизлар билан гап сотишиб тураверди.
Ён-атрофда қалин кийимларга ўраниб олган беморлар оёқларини оғир судраб у ёқдан-бу ёққа ўтиб-қайтар, баъзилари букилиб зўрға-зўрға қадам босар, аравачаларда боши бир ёққа оққан, касалхонанинг жигарранг халати-ю, кулранг шалвори кийгизилган, тиззасига қалин адёл ташланган беморларни суриб келишар-суриб кетишар, бинтларга ўраб-чирмалган касалларни ғилдиракли каравотда суриб ўтишар, ингроқлар, баъзан «оҳ-воҳ»лар эшитилиб қолар, ҳамма ёқда кутаётганлар юрак ҳовучлаб бетоқат турар, ҳаво дим – ҳар хил дориларнинг ҳиди қоришган, нафас олиш ҳам малол келарди.
Оқ халатли аёллар, эркаклар бу манзарага сира «ёпишмайдигандек» эди Баҳромнинг назарида. Беморлар, хасталар ўзлари билан ўзлари овораи-андармон; улар эса бошқа бир олам: парвойи-палак, гўё бу оламда бирорта хастаю-бемор йўқдек, гўё ҳеч ким азоб тортмаётгандек, гўё кимлар учундир тириклик изтиробга айланмагандек, гўё томоғидан қултум сув ўтмай қолган одамлар бу дунёда йўқдек, гўё ҳамма бахтиёрдек; гўё шифохонада эмас, гўзал боғу чаманда сайр этиб юришгандек – бир-бирларига йироқдан қўл силкиб қўйишар, ҳазил-ҳузул қилишар, гап отишар, тегажоғлик қилишар, туртиб ўтишар, томошага чиққандек тутишарди ўзларини.
Хотини кўрсатган ўрта бўйли бояги йигитнинг олдига бориб, сўз очди... Биринчи таассуроти шу бўлдики, кутганидек димоғдор эмас экан.
– Учинчи қаватдан бош врачни чақириб қўйдим, ҳозир тушсин, аппендитситми, йўқми, ўша киши айтади, у кишига гап йўқ, бизнинг устозимиз бўлади, – деди.
Бу пайтда хотини ёнига етиб келган, у ҳам ёш шифокорнинг оғзига умид билан термулиб турарди. Билдирмай биқинидан турта бошлади, Баҳром аёлнинг муддаосини тушунди.
– От билан туя бўлармиди, – деди ёш шифокор, – кўнглингиздан чиққани-да.
Бу гап ғоятда мубҳам ва мавҳум эди.
Бу гап ҳеч кимни қаноатлантирмади.
Баҳром ўртага такрор шу саволни қўйди. У ҳозир ўзининг ҳам, хотинининг ҳам ёнида мўмай пул йўқлигини билар, агар шифокорлар каттароқ сўрайдиган бўлишса, бунинг чорасини кўриб қўйиши лозим эди.
– Ўзлари айтади, – деди ёш шифокор устозини назарда тутиб.
Бош шифокор пастга тушмади.
Таҳлил учун қон топширган Саид хонадан чиқди. Отасини кўриб, ўпкаси тўлиб кетди. «Эрка-да, кафтимизда кўтариб, пийпалаб катта қилаяпмиз-да, жони оғриб кўрмаган; қийинчиликларда ҳам сал пишитишимиз керак», деб хаёлидан кечирди Баҳром. Бир пас ўғлини бағрига босиб турди.
Улар учинчи қаватга кўтарилишди. Саид икки букилиб «ихраб», зўрға-зўрға қадам босарди.
Баҳром Суннатни уйга жўнатди. Хотини унга пул қаерда туришини тушунтирди. Унга «тез олиб кел», деб тайинлади.
Бу ёғи тезлашиб кетди.
Устоз шифокор – Собир ака вазмин, камгап экан. Бу одати калта ва семизлигига «ярашиб» турарди. Саидни палатага олиб кирди. Каравотга ётқизиб, қорнини ҳар хил қилиб босиб кўрди. Кўнгли айниб, ранги оқариб ётган касалдан зарур нарсаларни сўради.
Баҳром ҳар ҳолда кўричак эмасдир, оператсия қилишмас, деган ўйдан хаёлини узолмасди.
– Аниқ аппендитсит, – деди шифокор ишонч билан. – Маҳаллий наркоз юбориб, кўричакни олиб ташлаймиз, – деди у, бир пиёла чойни ичиб оламиз, дегандек заррача ҳаяжонланмасдан.
Баҳромнинг юраги шув этди, устки кийимини кўтариб, қорнини очиб ётган Саиднинг рангидан қон қочди. Онанинг саси чиқмади-ю, кўзларидан дувиллаб ёш оқди.
Шифокор вазиятни англади.
– Ҳечқиси йўқ, кўричак ўзи одам танасида кераксиз аъзо, ортиқча нарсалар олиб ташланса, организм енгил бўлади, янада зўр ишлайди, кераксиз нарсадан бутунлай қутулган яхши, – деди у одам эмас, гўёки қандайдир машина тўғрисида гапираётгандек ва бу билан атрофдагиларга далда бергандек бўлди. – Бундан кейин сени кўричаклар ҳеч қачон безовта қилмайди. Кўричак ўзи йўқдек нарса, бор-йўқлигиям билинмайди. Аммо заҳарга тўлганда таг-туги билан кесиб, танани ундан халос этилмаса, бутун организмни заҳарлаб, ҳар қандай полвонни ҳам адойи тамом қилиши мумкин. У ҳар қанча кичик бўлмасин, арзимасдек туюлмасин, бир марта таг-туги билан кесиб ташлаб, ундан бутунлай халос бўлиш лозим...
Ҳамширалар Саидни ечинтириб, ғилдиракли каравотга ўтқазишди-да, чойшаб билан ўрашди. Суриб кетишаркан, у ётган жойидан бошини кўтариб кўзларида ёш ғилтиллаб турган онасига қараб қолди.
Оператсия бўлмасига Баҳромларни киритишмади.
Бош врач катта бир имтиҳон олдида ночор қолгандек титраётган Баҳромнинг ёнидан ўтаркан, негадир унинг юзига эмас, чорасиз осилиб тушган қўлларига, шалвираган кафт ва бармоқларига кўз қирини ташлаб ўтди.
«Умидвор бўлди», деб ўйлади Баҳром.
Қайнисининг шу чоққача етиб келмаганидан тоқатсизланди. Асабийлашиб у ёқдан-бу ёққа юрди.
Эшик олдига назоратчи қўйилган экан. У келиб коридорда тургани ҳам, юргани ҳам қўймади. «Мумкин эмас», деб туриб олди. «Оператсия хонасидан ўз одамларининг олиб чиқилишини кутиб, шунча аёл-эркак турган, ўтирган, юрган бўлса-ю, нега уларга эмас, айнан бизга тихирлик қилади», – шу фикр Баҳромнинг онгига михланиб қолди.
Хотини:
– Чўнтагига минг сўм солиб қўйсангиз, бизни ҳам ҳайдамайди, – деди тилсимнинг сирини очгандек.
Худди хотини айтгандек бўлди.
– Сиззи одамиззи қанақа оператсия қилишвотти? – деб сўради назоратчи йигит гўё қандайдир ҳамдардлик, меҳрибонлик изҳор этмоқчидек. У, чамаси, йигирма беш ёшларда, ингичка гавдали, ҳуснбузар тошган озғин юзида ёноқ суяклари бўртган, қийиқ кўзларида қувлик ўйнаган жўн йигит эди. Ҳозирда ҳамма жойда қўриқчи-назоратчилар кийиши урф бўлган уст-боши ёшини ошириб кўрсатарди. Энди муомаласи ўзгарган, ўзини яқин тутишга уринарди.
– Кўричак, – деб қўйди Баҳром хушламай.
– Кўричак онсон нарса, бир пасда опташийди. Аслида кўричак лишний, кесиб ташлаб, биратўласи қутулган лучше, – дерди назоратчи билағонлик билан.
«Да, лучше кесиб ташлаш», деб ўйлади Баҳром ҳам.
Суннат келди. Қўлида ғиштнинг ярмидек нарса, рангсиз елим қоғозга ўралган эди. Уни опасининг қўлига тутқазди...
Икки соатдан кейин Саид палатада қалтироқ тутиб ётарди. Ота-онаси ёнида, кароватнинг икки четида тик туришар, гўё фарзандлари билан бирга қалтирашар, бирга нафас олишар эди.
Бу ҳолат ўтди. Тинчлантирувчи уколлар таъсир қилдими, Саид ухлаб қолди.
Бу пайтда тун яримлаган, учинчи қаватда шифокор ва беморларнинг ғимир-ғимири тинган, навбатчи шифокор ва ҳамширалар ҳар хил юмуш билан у ёқ-бу ёққа ўтишар, уйқуси қочган ёки тинчини топмаган хасталар ё қўл телефонида сўзлашиш учун холироқ бурчакка ўтишар ёки кулранг кафел тўшалган узун коридор четидан шиппакларини судрашиб боришар, уларнинг орасида қўлини орқага олиб, бошини хиёл энгаштирган ўрта ёшли киши гўё денгиз соҳилида сайр этиб юргандек бир маромда одимлар, дераза олдидан ўтаркан, тўхтади, ташқарида қуюқ зулматнинг қоп-қора рангини бузиб сочилаётган катта-катта, оқ-оппоқ қор парчаларини хаёлчан кузатарди.
Саиднинг синглиси, ўн икки ёшли Шаҳноза ва укаси, олти ёшли Аброр уйда катталарсиз қолишган эди. Оператсия ташвиши билан бўлиб, уларни эсдан чиқарганини сезган Баҳром хотинига:
– Сен уйга боравер, Шаҳноза ўзи Аброрни эплай олмайди, Аброр сенсиз ухламайди, хархашаси ҳам тўхтамайди. Шаҳнозаям тунда ёлғиз қўрқиши мумкин, мен Саиднинг ёнида эрталабгача ўтираман. Кўрдинг-ку, сув сўраб турибди. Ёнида катта одам бўлмаса, кўп сув ичиб қўйиши мумкин, – дер экан, овозида оғир ҳорғинлик зуҳур этарди.
Хотини, қайниси кетди. Баҳром ухлаётган ўғлининг тепасида, устига ул-бул қўйилган тумбочкага илиниб омонат ўтирар, бир оёғининг учини полга теккизиб, мувозанатини сақлар, икки кўзи фарзандининг юзига михланган эди. Ўғли тез-тез нафас олар, ҳар замон-ҳар замонда бошини у ёқ-буёққа ташлаб, инграб қўярди.
Тўрдаги каравотда ётган касалнинг икки ёнига иккита баклашка осилган, оёғи боши билан баравар даражада кўтарилиб, устига униққан қалин адёл ёпилган эди. У катта ёшли киши бўлса-да, ёшларга хос машғулот билан банд, яъни, кўзлари хиралашганми, қўл телефонини юзига яқин тутиб, икки қўллаб тугмачаларни босар, дам-бадам енгил завқ билан «аҳ-ҳа», «аҳ-ҳа» деб қўярди.
Унинг оёқ учи томонда, стулда нозикмижоз йигит мудраб ўтирар, у, афтидан, беморнинг ё кичик ўғли ёки набираси эди. Йигит гунг эди. Улар боягача бармоқлар ёрдамида «сўзлашган» – кулишган, аразлашган, бир-бирининг қўлларини авайлаб тутиб, эҳтимол, ўзаро миннатдорлик изҳор этишган эди.
Баҳром ўғлининг оёқ учи томонга жойлашиб ўтирмоқчи бўлди, аммо каравот сал нарсага ғижирлар, боз устига баланд, ўтиришга ноқулай, шунга қарамай ўтирадиган бўлса, ўғлини безовта қилиб қўйиши мумкин эди. Навбатчи ҳамширадан стул сўрамоқчи, эрталабгача бир амаллаб стулда ўтирмоқчи эди. Ҳамшира ўтавермагач, ўзи коридорга чиқди. Коридорда лифт томонга шошиб кетаётган киши Баҳромнинг шовурини эшитиб, ортга ўгирилди. У назоратчи кийимидаги бошқа бир йигит эди.
– Э, ока, унақамас-де, бегоналарни чиқарларинг, деган каманда бўлди. Касалларни безовта қилиш мумкинмас... – дея Баҳромни чиқиб кетишга ундади.
– Ўғлимни икки соат олдин оператсия қилишди...
– Қанақа оператсия?
– Аппендитсит.
– А, кўричакми, кўричак лишний нарса ўзи, уни кесиб ташлаб қутулиш керак... – Бу ҳам олдинги назоратчи йигитнинг гапларини такрорларди. – Кўричак ҳеч нарсамас, енгил оператсия. Сиззи эрталабгача бўтта қолдиролмийман. – Илкис муҳим нарса эсига тушгандек сўради: – Обший наркоз билан қилишдими, местний?
– Маҳаллий наркоз билан...
– Тем более, сизни палатада қолишингиз, умуман, отделениега халатсиз киришингиз мумкин эмас, ока.
Баҳром, «ана тўққизинчи палатада енгилроқ касалнинг олдида ўғлими, набирасими ўтирибди-ку, ҳар кеча навбат-навбат улардан бир киши қоларкан-ку», демоқчи бўлди.
Аммо...
У назоратчининг муддаосини тушунди. Чўнтакларини титкилашга тушди: «Боя қайниси олиб келган пулдан қолганини қаерга қўйган эди-я». Тўзиган хаёлларини бир амаллаб йиғиштираркан: «пулни доим чап киссага соламан-ку», деган ўй фикридан кечди. Шимининг сўл чўнтагидан бир сиқим пул олиб, битта минг сўмликни ажратиб олди-да, йигитнинг чўнтагига тиқиб қўйди. Ҳаракатлари пойинтар-сойинтар бўлса-да, назоратчининг кўзлари уни диққат билан кузатди.
– Ока, биза икки кишимиз.
Баҳром дастлаб гап маъносини англамади, тушунгач, яна битта минг сўмликни бояги чўнтакка тиқиб қўйди. Назоратчи:
– Кўрмагандак бўлиб кетсин, – деб яхши ният билдирди-да, гўё Баҳромни кўрмагандек, Баҳром унинг олдидан чиқиб қолмагандек, шарт ўгирилиб, йўлида давом этди.
Олти кишилик палатанинг чироғи ўчириб қўйилган. Баҳромнинг қовоқларини оғирлик босар, бели толиб борар, эски ёғоч стул ғижирлайверар, хотини уйдан дам-бадам телефон қилиб, ўғлининг аҳволини сўрар, қўл телефонини «беззвук»ка қўйганлиги учун баъзи чақириқларни эшитмай қолар, уйқу ҳам иссиқ жойга келади, деганларидек, чарчоқ ва уйқу тобора кучлироқ таъсир кўрсатар эди.
Навбатчи шифокор – Саидни оператсия қилган Собир ака хабар олиш учун келиб қолганда аллақачон тун яримдан оққанди.
– Безовта бўлмаяптими? – деб сўради у, Саиднинг пешонасига кафтини қўйиб кўрди-да: – Яхши, сиз уйингизга бораверинг. Ҳамшираларга айтиб қўяман, зарурат бўлса, қарашади, – деди.
Баҳром ўғлининг мобил телефонига ўзининг телефон рақамларини киритиб, тумбочканинг устига, қўл етадиган жойга қўйди. Энди рўйхатдан номини излаш шарт эмас, шундоқ яшил тугма босилса – бўлди, биринчи қўнғироқ ўзига келади.
Палатадан чиққанда ўғли бир маромда ухлаётган эди.
Машинада келиб, уйга кириши билан ўғлининг телефонидан қўнғироқ бўлди. Шоша-пиша телефонни олди.
– Дада, – деди ўғли хаста овоз билан, – қаердасиз, қорним оғрияпти, чанқаяпман...
– Ҳозир етиб бораман, сен қимирламай ёт.
Баҳром энди такси тўхтатди. Шифохонанинг катта йўл бўйидаги темир дарвозаси олдида тушиб қолди. Йўлак бўйлаб юрмади, кенг-мўл ҳовлини тўғри кесиб, эшиккача югуриб борди. Ҳар жой-ҳар жойда одамлар турар, шубҳасиз, улар касалларнинг изидан келганлар эди. Қабулхона бўлими олдида одамлар ҳам, машиналар ҳам кўп эди.
Эшик олдида Баҳромни назоратчи тўхтатди. У бир зум ҳеч нарсани англамай, карахт туриб қолди. Ҳаво совуқлиги учун оғзи-бурнидан ҳовур ёйилар, ҳансираб нафас оларди.
– Ўғлимни олдига келаяпман. Тунда оператсия қилишганди. Қорни оғриб қопти.
– Котталар бўлимидами, кичиклар?
– Катталарни.
– Неча ёшда?
– Ўн иккида.
– Ўн иккида бўлса, кичиклар бўлимида бўлади-ку?
– Э, э, ўн иккимас, ўн тўртда.
– И-э, ўз ўғлингизни ёшини билмайсизми, ҳақиқий отасимисиз ўзи?
– Ҳақиқий, – деди Баҳром жаҳл билан. Шошганидан ўғлининг ёшини нотўғри айтганини сезди. Баҳром қанча шошса, назоратчи шунча шошмас, эшикка кўндаланг туриб, йўлни бўшатмас эди.
– Қорни оғриган бўлса, қанақа оператсия қилишган ўзи?
– Кўричак, – деди Баҳром хуноби ошиб. Ўғлининг олдига етолмаётганидан, вақт ўтаётганидан ичи куйиб борарди.
– Ҳа, кўричак бўлса, ҳеч нарсамас, ундан қутулгани яхши, кўричак – лишний...
Баҳром портлаб кетди:
– Гапни айлантирмасанг-чи, – деб бақириб юборди, – қоч йўлдан.
– Шундоқ қуруқ кириб-чиқаверасизми, ока?..
Баҳромнинг мияси ярқ этиб очилгандек бўлди: назоратчининг муддаосини тушунди. Шартта чўнтагидан битта минг сўмликни чиқариб, йигитнинг махсус кийими чўнтагига тиқиб қўйди.
У йўлни бўшатди.
Беш қаватли бинонинг биринчи қаватидаги умумий эшикдан киргач, бўлимларга олиб чиқадиган йўлакка ўтасиз, ундан тегишли бўлимга ўтиш учун энди бошқа эшикни очишингиз керак. Шу ерда бошқа назоратчи Баҳромни тўхтатди:
– Ока қатга кетвоссиз, одам ўтириптиям демайсиз-а?
Баҳром қаерга бораётганини тушунтирди.
– Қорни оғриб қолибди, – деб қўшиб қўйди тоқатсизланиб.
– Мумкин эмас, – деди назоратчи. – Касалларни тинчини бузасиз. Кўричакдан қўрқманг, у лишний нарса, олиб ташлашган бўлса, ўғлингиз қутулибди...
«Кўричак... лишний...» деган гаплар Баҳромни ҳушёр торттирди ва у шу пайтгача қилган ишини унутганини тушуниб етди. Чўнтагидан битта минг сўмлик чиқарди...
Зинада учинчи қаватга – жарроҳлик бўлимига кўтарилгунча ҳансираб қолди.
Тортса, қаттиқ-қаттиқ итарса ҳам очилмади-ю, эшик ойнаси зириллаб кетди. Ичкаридан ёпилган: калит қулфдалиги осилиб турган бир қарич қора ипдан кўриниб турарди. «Эҳ-ҳе, ўғлим телефон қилганига қанча бўлди...» деган безовта ўй ичини итдек кемирарди. Эшикни бетоқат тақиллатди.
Ичкарида, кенг фоенинг тўрида телевизор қўйилган, эски диванда оёғини чалкаштириб, ёнлама ўтирган кишининг боши бир ёнга қийшайиб, гўё қотиб қолган эди. У назоратчи кийимида эди.
Тақиллаган овозни эшитиб, бошини зўрға кўтарди. Эшик олдига келиб, туйнук қопқасини очди, Баҳром энгашиб гапирди:
– Тўққизинчи палатада ўғлим ётибди, оператсиядан кейин ухлаб турди, қорни оғриб қолибди, мени телефон қилиб чақирди.
– Қанақа оператсия?
– Аппендитсит.
– А, кўричакми, у қўрқинчли эмас. Кўричак ўзи лишн... – Сочлари тўзғиган назоратчи бошини орқага ташлаб, оғзини катта очиб эснади.
– Биламан, биламан, кўричак лишний нарса, олиб ташлаб, бир йўла қутулган маъқул...
Назоратчи гапини давом эттирмади, кўзлари катта очилиб, Баҳромнинг юзига ҳайрон боқди.
– Билсайиз...
– Мана, мана, – Баҳром чўнтагидан битта минг сўмликни олиб, назоратчига узатди.
Эшик очилди.
Палата иссиқ, дим, аллақандай ҳид бор эди. Қадам товушларини эшитиб, катта ёшли икки бемор кўзини очди. Гунг йигит стулда ўтирганича, бошини деворга суяб, мизғирди. Баҳром энкайиб, ўғлининг пешонасидан ўпди. Оғриқданми, унинг пешонасига тер сизган эди.
– Дада, қаерда эдингиз? – деб сўради ўғли паст овозда.
Баҳромнинг кўнгли алланечук бўлиб кетди, ўғли «нега тезроқ келақолмадингиз» деб таъна қилгандек туюлди.
– Бу ерда тартиб-интизом қаттиқ экан. Ташқарига чиққан эдим, эшикларни ёпиб қўйишибди.
– Қорним оғрияпти, дада, – деди ўғли чеҳрасида изтироб балқиб.
– Ҳозир, – деди-ю, Баҳром навбатчи ҳамшира хонаси томон кетди.
Навбатчи шифокор – Собир ака Саидни келиб кўрди, оғриқни қолдирувчи, тинчлантирувчи укол буюрди.
– Ҳаммаси жойида, оператсиядан кейин шунақа ҳолат бўлади, – деди.
Уколдан кейин, кўп ўтмай, Саид ором топиб, яна уйқуга кетди.
Тонг тўла оқариб, ҳамширалар беморларга ҳарорат ўлчагичларни тарқатиб чиқишгач, палатада ҳам, бутун қаватда ҳам касалхонага хос ҳаёт жонланди. Кимлардир дори ичар, кимлардир укол олар, кимлардир боғлов хонасига кириб-чиқарди. Ҳамшираларнинг қўли-қўлига тегмас, улар чаққон-чаққон елиб-югуришарди.
Саид бир маромда ухлар, кечқурунги стулни фаррош олиб чиққани учун ота каравотнинг бир четида илиниб ўтирар, ўрни келганда палатадаги беморларнинг гапига қўшилар, саволларига қисқа-қисқа жавоб берарди.
Эрталаб Баҳромнинг хотини товуқ шўрва тайёрлаб келди. Уст-бошига қўнган қор парчалари палатага киргунига қадар эриб бўлган, рўмолидан тошиб чиққан сочлари ҳўл эди.
Онанинг овозини эшитиб, ўғил кўзини очди. Она она-да, фавқулодда қувониб кетди. Ўғлининг бошини кафтлари орасига олиб, пешонасига лабини босди.
Саидга онаси товуқ шўрва ичиргунча, Баҳром болалигида кўричак бўлгани, оператсиядан кейин унга ҳам онаси товуқ шўрва ичирганини гапириб берди. Гапираркан, болалигини, раҳматли онасини эслаб, кўнгли ёришди.
Боя дори тарқатган ҳамшира палатага бош суқди:
– Касаллардан бошқалар чиқиб кетсин, ҳозир врачлар келади, профессор «обход» бошлайди.
Бу пайтда она ўғлига шўрвани ичириб бўлганди. Овқати бор банка устини сочиқ билан ёпиб қўйди.
– Яна ичгинг келса, узалиб оларсан, банканинг ўзида ичавер, қошиқ мана, косанинг ичида, сочиқнинг тагида, – шундай деб она тумбочкани каравотга яқин сурди.
Хайрлашиб, кетишга чоғланишаркан, ўғли:
– Сув ичириб қўйинг, – деди.
Қайнаб совиган сувдан баклашка қопқоғида тутишди.
– Ўғлим, ичгинг келса ҳам кўп сув ичма, дўхтирлар айтди, сув оператсиянинг тез битишига халал бераркан, – деди Баҳром.
Саид «хўп» маъносида бош ирғади. Дабдурустдан:
– Дада, кеча оператсия вақтида бақирганим эшитилдими? – дея сўради ва олажак жавоби кўп нарсани ҳал қиладигандек, Баҳромнинг оғзига тикилди.
Баҳром бундай саволни кутмаган эди. Довдираб қолди.
– Дўхтиринг чидамли бола экан, «ғийқ» этган овоз чиқармади, деди-ку, а, онаси? – дейиш билан хотинини гўё «ёрдам»га чақирди.
Аслида, ҳеч ким бундай демаган эди. Буни хотиниям билади. Лекин:
– Ҳа, ҳа, – деди аёлларга хос ҳушёр сезги ила вазиятни пайқаб.
– Дада, ойи, – деди Саид ички ўкинч билан, – дўхтир сизларни алдабди, мен бақирдим, бақирганимни кейин билиб қолдим.
Очиқ осмонга хира булут кўтарилгандек, орага тушунуксиз сукунат чўкди... Хира булут кўп ҳолларда «хиралик» қилмайди, тез тарқайди.
Эр-хотин зарур гапларни тайинлаб, коридорга чиқишди. Чиқиб боришаркан, хотини тўсатдан:
– Э, бир нарсани унутибман, айтиб чиқай, – деб орқага ўгирилган эди, узоқда – эшик олдида турган бояги назоратчи йигит ловуллаб кетди:
– Ҳов, яна қаёққа?!
Хотини орқага қарамай, ўғли ётган палата томон илдам юрди. Шахд билан келган назоратчини Баҳром тўхтатди:
– Бир гапни айтиб чиқсин.
– Шундоғам кўп қоп кетдинглар, ока.
Баҳром чўнтагини ковлаб, битта минг сўмлик чиқарди-да, йигитнинг махсус кийими чўнтагига солиб қўйди.
Назоратчи ҳеч нарса демай, ортга қайрилди.
Баҳром эшикдан чиқмай, хотини югургилаб етиб олди.
– Нима дединг? – деб сўради Баҳром.
– Коридорда юрсанг, девордан бир қўлинг билан тутиб юр, бошинг айланса, дарров ўтириб ол, бўлмаса, кўз олдинг қоронғилашиб, йиқилиб тушишинг мумкин, деб айтдим.
Зинадан тушиб боришаркан, хотини қизиқди:
– Боя нима дедингиз анави «ешик оғаси»га?
– Минг сўм бергандим, ҳеч нарса кўрмагандай, қайтиб кетди.
– Вой, қирилгур, – деворди хотини, – кираётганимда мендан минг сўм олганиди-ку. Биринчи эшиккаям, иккинчи эшиккаям минг сўмдан бердим, бермагунимча «кўричак – лишний...» деб қўйишмади, – деди жиғибийрон бўлиб.
Баҳром, оёқлари ерга ботиб қолгандек, беихтиёр тўхтади.
– Нима деди?! – дея хотинига қараб анграйиб қолди.
– Кўричак – лишний...
Қор майдалаб ёғарди.

Феврал, 2011 йил
«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 5-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика