Бир умрнинг заволи (ҳикоя) [Stefan Sveyg] |
Умри тижорат билан ўтган Соломон бобо кунлардан бир кун Гард кўли соҳилидаги меҳмонхонада ярим кечаси қорин оғриғидан уйғониб кетди. Бу ерга у оиласи билан бирга дам олгани келган эди. Қараса, аҳвол чатоқ: ичини биров бурғу билан пармалаётгандай, нафас оляптими, йўқми – ўзи ҳам билмайди. Қариянинг капалаги учиб кетди. Тўғри, кўпдан буён жигаридан нолиб юрарди, аммо бунақаси... У шифтга тикилганча дўппайган қорнини, сўнг кўкраги ва елкаларини аста сийпалаб чиқди. Оғриқ пасаяй демасди. Қаёқдан илашди бу касофат? Балки бирор овқат ёқмагандир? Италияга келган сайёҳлар орасида бунақа шикоятлар қулоққа кўп чалинади. Ҳаракат қилсам оғриқ тарқалар, деган хаёл билан инқиллаб-син-қиллаб ўрнидан турди. Ростдан ҳам уч-тўрт қадам босиши билан сал енгил тортгандай бўлди. Аммо хона тор эди, бунинг устига, ёнма-ён қўйилган каравотда ухлаб ётган хотинини уй-ғотиб юборишдан чўчиди. Бекорга ваҳима кўтаришнинг нима кераги бор? Ана шу андиша билан елкасига халатини ташлаб, шиппагини сарпойчан кийди-да, секин йўлакка чиқди. Узундан-узун, нимқоронғи йўлак ҳувиллаб ётарди. Қария қадамини авайлаб босиб, йўлакнинг бу бошидан у бошигача уч-тўрт қур бориб келди. Буни қарангки, нияти холис-да, дард чекиниб, руҳи анча тетиклашди, оғриқ ҳам аввалги шаштидан қайтди. Хонасига эндигина кирмоқчи бўлиб турган эди, бирдан аллақандай шитирлаган сас уни тақа-тақ тўхтатди. Шу яқин-ўртада нимадир ғийчиллади, сўнг сал наридаги эшик қия очилиб, пичир-пичир овозлар эшитилди, оралиқдан тушган нур йўлакни лип этиб бир ёритдию яна сўнди. Нима гап ўзи? Қария беихтиёр бурчакка қапишди – синчковлигидан эмас, йўқ – жиннига ўхшаб ярим кечаси йўлакда тентираб юрганини биров кўриб қолишидан ийманди. Аммо тасмадай нур йўлакни бир сония ёритган пайтда қия очилган эшикдан оқ халат кийган бир аёл чиқиб, зипиллаганча йўлак адоғига қараб кетганини илғади. Ё унга шундай туюлганмикан? Йўқ, йўқ, аниқ кўрди. Ана, йўлак охиридаги эшик тутқичи шиқ этди. Кейин ҳаммаёқни қайтадан сукунат босди. Қария, худди чақмоқ ургандай, гандираклаб кетди. Ё парвардигор! Ахир, йўлак охиридаги ҳозиргина тутқичи маккорона овоз чиқарган ўша эшикдан... ахир, ўша эшикдан ўзи оиласи билан ижарага олган учта хонага кирилади-ку! Хотини ухлаб ётибди. Демак, ҳалиги аёл, – йўқ, янглишиши мумкинмас, – хиёл олдин бегона эркакнинг хонасидан яшириқча чиққан ўша аёл – қизи, ўн тўққизга тўлиб-тўлмаган қизалоғи Эрна экан-да! Қариянинг аъзойи бадани титраб кетди. Эҳ, болагинам, жигарбандим... наҳотки? Йўқ, бўлиши мумкинмас, у хато қиляпти! Унда бегона эркакнинг хонасида нима қилиб юрибди?! Қария бу фикрни миясидан юлиб ташламоқчи бўларди-ю, аммо бир кўриниб ғойиб бўлган аёлнинг кўланкаси кўз ўнгидан нари кетмасди. Бу кўланкадан қутулиб бўлмайди, уни юлиб ташлашнинг иложи йўқ. У ҳақиқатнинг тагига етиши керак! Нафасини ичига ютиб, деворни пайпаслаганча қизи яшаётган хона эшигига яқинлашди. Қай кўз билан кўрсинки, эшик тирқишидан, фақатгина шу эшик тирқишидан ингичка, оппоқ нур сизиб чиқмоқда эди. Кечаси соат тўртда хонасида чироқ ёниб турибди! Тағин нима керак?! Мана, яна битта исботи: электр тугмачаси ширқ этди, нур чилвирини тун қоронғиси ютиб юборди – йўқ, йўқ, ўзини алдаб нима қилади – бегона эркакнинг хонасидан чиқиб, ўз хонасига бебилиска кириб олган аёл – ўз қизи, Эрна! Қария, безгак тутгандай, ҳамон қалтирар, танасидан совуқ тер қуйилар эди. Бир кўнгли, эшикни бузиб кириб, беҳаё қизини роса дўппосламоқчи бўлди. Аммо оёқлари итоат этмади. Хонасига судралиб кириб, яраланган жонивордай ўзини каравотга ташлади. Соломон бобо алламаҳалгача қимир этмай, қоронғиликка термилиб ётди. Мияси ғовлаб кетган эди. Ёнгинасида хотини пишиллаб ухлаб ётарди. Нима қилсин? Уни уйғотиб, заҳрини сочсинми? Қизининг кирдикорини ошкор этиб, гўрига ғишт қаласинми? Жиллақурса, кўнглини бўшатиб олади-ку, ахир. Ҳай-ҳай-ҳай! Бу шармисорликни қайси тил билан гапиради? Йўқ, айтолмайди, айтолмайди. Хўш, унда нима қилиш керак? Нима қилиш керак! У фикрини жамлашга уринар, аммо уддасидан чиқолмасди. Қандай даҳшат! Унинг қизалоғи, эркатойи, кўзлари мусаффо, нигоҳи мулойим арзандаси... Э, фалак! Алифбони олдига қўйиб, пуштиранг бармоқчасини нотаниш ҳарфларга биттама-битта теккизиб, савод чиқазгани куни кеча эмасмиди, ахир! Уни олиб кетишга мактабга борганида ҳаворанг кўйлагининг этакларини ҳилпиратиб чопиб чиққанлари, йўл-йўлакай унга ширинликлар олиб бергани, бунга жавобан қизчаси унинг бўйнидан қучоқлаб, шира лаблари билан юзидан чўлп-чўлп ўпганлари... Э воҳ... кечагина эмасмиди! Мана энди, икки қадам нарида, ўша қиз бегона эркакнинг қўйнига кириб чиқиб, ҳеч нарса кўрмагандай сулайиб ухлаб ётибди! «Ё алҳазар, ё алҳазар! – Қария инграб юборди. – Қандай шармандалик, қандай шармандалик! Менинг қизим, бокира қизалоғим аллақандай эркак билан... Ким ўша эркак? Келганларига атиги уч кун бўлди, анави олифталардан бирортасини ҳам Эрна илгари танимасди – на граф Убалдини, на италян зобитини, на мекленбурглик баронни. Улар билан келган кунларининг эртасига рақс пайтида танишишган, аллақачон ўшалардан биттаси... Хўш, қизи қайси бири билан... Балки у биринчи эркакмасдир, балки Эрна бунақа ишни анча илгари, уйдалигидаёқ бошлаворгандир... мен аҳмоқ ҳеч нарсани пайқамай юравергандирман?.. Вой лақма-эй, вой мияси айниган чол-эй... Дарвоқе, хотиним билан қизим ҳақида нималарни биламан? Уззукун ўшалар учун ишлайман, идорада ўн тўрт соатлаб ўтираман, илгари-ку умрим поездда ўтарди, қўлимда – хилма-хил матоларнинг лахтаклари солинган чамадон... пул учун... азбаройи қизим билан хотиним ҳеч нарсадан зориқмасин, хоҳлаганларини еб, хоҳлаганларини кийишсин деб шундай қилардим. Кечқурун ҳориб-чарчаб ишдан қайтганимда уйда ҳеч ким йўқ: улар ё театрга, ё рақс майдонига, ёки меҳмондорчиликка кетган бўлади. Кунни қандай ўтказишади – билмайман. Энди шуни билиб турибманки, қизим, худди кўчадаги фоҳишалардай, тунлари покиза танасини бегона эркакларга бахшида этаркан. Ё раббий, бу қандай разолат!» Қария яна ингради. Ҳар бир янги тахмин, янги шубҳа-гумон ярасини туз сепгандай ловуллатарди; назарида мия-си қоқ иккига бўлингану ана шу иккита косадаги бўтқа ичида сон-саноқсиз қурт-қумурсқа ғужғон ўйнаётгандай... «Нега шу пайтгача чидаб келдим?.. Нима учун мен бу ерда тўлғаниб ётибман-у, анови суюқоёқ бемалол хурракни отяпти? Изидан хонасига бостириб кириб, қовурғаларини майда-майда қилиб ташласам бўлмасмиди? Йўқ, бўлмайди... Чунки мен заифман, мен қўрқоқман... Ҳамма вақт уларга ён босиб келганман. Ўзим итдай ишласам ҳам, қизим билан хотинимни яйратиб қўйганимдан фахрланардим, бир тийинни етти жойидан тугиб, топганимни уйга таширдим. Мана, оқибати... Қоринлари тўйдию мендан ор қиладиган бўлиб қолишди... Ҳа-да... мен – қолоқман, мен – чаласаводман... Тавба, менда савод нима қилсин? Ўн икки ёшимда мактабдан чиқариб олганлар. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаганман, лахтак кўтариб қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар изғиганман. То бир ишнинг бошини тутиб, қаддимни ростлаб олгунимча тортмаган азобим, чекмаган уқубатим қолмаган. Ҳозир бировдан кам ерим йўқ, уй-жо-йим бадастир, мол-мулким, давлатим етарли. Аммо барибир тилим қисиқ. Баъзан ҳакалак отган нафсларини сал ти-йиб қўймоқчи бўлсам, осмонга сапчишади; раҳматли онам фақат оилам деб, рўзғорим деб яшарди десам, бурунларини жийиришади. Хўп, мен – қолоқман, ўқимаганман. Аммо қолоқсиз деб мендан ор қиладиган қизим негадир бегона эркакнинг қўйнига кириб ётишдан ор қилмайди. Биттаю битта қизим, кўзимнинг оқу қораси... Ё тангрим, қандай бедодлик бу!» Қария қаттиқ уҳ тортган эди, хотини уйғониб кетди. «Ҳа-а, нега пишқиряпсан?» деб сўради у уйқусираб. Соломон бобо миқ этмади. Шу ётганча эрталабгача мижжа қоқмади. Нонуштага ҳаммадан барвақт келди. Оғир хўрсиниб стол ёнига чўкди-ю, аммо дастурхондан юзини четга бурди. «Яна ёлғизман, – деб ўйлади у, – ҳар доим ёлғизман. Эрталаб ишга кетаётганимда булар ухлаб ётган бўлади. Театрми, бирор зиёфатми, аллақайси гўрдан тинкалари қуриб келишади-да. Кечқурун уйга қайтганимда яна ҳеч ким йўқ – ким билади қандай давранинг гули бўлиб ўтиришган экан? Эҳ, пул ўлсин-а, пул ўлсин! Уларни пул бузди... пул бизни бир-биримиздан айирди. Мен аҳмоқ пулнинг кетидан қувиб юриб- ман-а! Мана оқибати – пул мени шип-шийдон қилди, уларни эса ёмон йўлдан етаклаб кетди. Эллик йил ҳўкиздай ишлаб, ҳордиқ нималигини билмай орттирганим шу бўлдими! Мана, бир ўзим сўппайиб ўтирибман...» Хотини билан қизидан ҳамон дарак йўқ. «Нега Эрна келмаяпти? Очиқчасига гаплашмасам бўлмайди... Ҳаммасини юзига шартта-шартта айтаман... Кетамиз, дейман... шу бугуноқ жўнаймиз, дейман... Нега келмаяпти? Ҳа-а, уйқуга тўймаган-да, сабаби маълум... Онаси-чи?.. Э-э, тошойнанинг олдида ўтирган сочини тараб. Кейин тирноқларини бўяйди, сартарошхонага киради, упа-элик дегандай... Соат ўн бирсиз қўли бўшамайди. Онаси шу бўлгандан кейин – қизи нима бўларди? Ҳе-э, пулни ўйлаб топганни!..» Орқадан қадам товушлари эшитилди. «Яхши ётиб турдингизми, дадажон?» – шу саволдан кейин аёл кишининг мўъжазгина боши елкаси оша энгашиб, нафис лаблар хиёлгина чаккасига тегди. Қария беихтиёр бошини четга торт-ди: қандайдир атирнинг чучмал ҳиди унга ёқмаган эди. – Нима бўлди, дадажон? Нега авзойингиз бузуқ? Ухлолмадингизми ёки ёмон туш кўрдингизми? Соломон бобо ғазабини ичига ютди. Бошини қуйи эгиб, қизининг саволига «Йўқ, ҳаммаси жойида!» дея ғудраниб жавоб қайтарди. Кейин унга қарамаслик ниятида апил-тапил газетани очиб, юзини тўсди. Қўллари бетўхтов қалтирарди. «Ҳозир, онаси йўқлигида ҳамма гапни гапиришим керак. Ҳозир айни пайти!» дерди у ичида, бироқ тили калимага келмасди, ҳатто қизининг кўзларига қарашга ҳам журъат этолмаётган эди. Бирдан у шартта ўрнидан турди-да, боғ томонга қараб кетди. Юзидан оқаётган қайноқ кўзёшларини қизи кўриб қолишидан андиша қилди. Оёқлари калта, пак-пакана қария боғ ичида узоқ айланиб юрди, теварак-атрофни томоша қилди. Ёш пардаси қорачиқларини тўсиб турган бўлса-да, гўзал манзарадан баҳраманд бўлишига монелик қилолмади: кўл сатҳидаги кумушранг туман ортида кўм-кўк буталар билан қопланган ўркач-ўркач тепаликлар, уларнинг орқасида эса баланд тоғ, гўё у ҳам кўл жамолига маҳлиё бўлгандай чуқур сукутга ботган. Яшнаб турган табиат бепоён қучоғини очиб, ҳаммага бахт ва шодлик улашаётганга ўхшайди. «Во дариғ!.. – дея қария алам билан бош чайқади. – Умримнинг эллик йилини чўт қоқиш, ҳисоб-китоб, савдо-сотиқ билан ўтказиб, биринчи марта ўзимга мана шундай кунларни раво кўрган эдим-а!.. Буям ҳаромга чиқди. Олтмиш бешга кирибман. Бу ёғи қанча қолди – ёлғиз худога аён. Ҳар ҳолда тўримдан гўрим яқин. Азроил эшик қоқиб турганда на пул, на бойлик, на дўхтир орага туша олади. Гўрга кирмасимдан олдин мен ҳам одамга ўхшаб бир дам олай деган эдим-да. Э, аттанг, аттанг! Раҳматли отам айтарди-я: «Бизнинг пешонамизга ҳузур-ҳаловат битилмаган, сен меҳнатга туғилгансан, ўлгунингча меҳнат хуржунини елкангдан ташлама!» дерди-я! Мен гумроҳ отамнинг ўгитини унутибман. Лекин кечагина бахтиёр эдим-ку... Чиройли, хушчақчақ қизимга ҳавас билан тикилардим, қувончига ҳар дақиқа шерик бўлардим-ку. Мана, худо мени жазолади. Ҳамма нарсадан мосуво бўлдим. Энди ўз қизим билан гаплашолмайман, кўзларига тик қаролмайман. Энди қаерда бўлмайин – уйдами, ишхонадами, кечасими, кундузими – ҳозир қизим қаердайкин, қаерга бориб келдийкин, нима иш қилдийкин, деган саволлар таъқиб қилаверади мени. Энди уйга хотиржам қайтолмайман. Бир маҳаллар қизим чопиб келиб бўйнимдан қучганида яйраб кетардим. Энди эса ўпгудай бўлса, бу лаблар кеча қайси лабга босилган эди, деган ўй кечади кўнглимдан дарров. Йўқлигида ташвишга тушсанг, борлигида кўзига қарай олмасанг – шу ҳам ҳаёт бўлдими? Йўқ, бундай яшагандан ўлган яхши!» Соломон бобо боғдан чиқиб, алламаҳалгача шаҳар кўчаларида бемақсад тентираб юрди. Бир дўконнинг кўргазмаси олдида негадир тўхтаб қолди. Ойна ортида сайёҳларга керакли турли-туман буюмлар осиғлиқ турарди: соябони кенг енгил бош кийимлари, яктаксимон оппоқ кўйлаклар, спорт анжомлари, галстуклар, қармоқлар... Аммо қария ана шу нарсалар орасига пала-партиш ташлаб қўйилган, бир учига темир пойнак ўрнатилган ғадир-будир таёқдан кўзини узолмасди; агар шу таёқ билан қулочкашлаб битта-яримтанинг бошига солсанг борми!.. «Ўлдираман... Ўлдираман аблаҳни!» – Қўққисдан миясига келган бу фикр-дан типирчилаб қолган қария шошиб дўконга кирди-да, ҳалиги таёқни арзимаган пулга сотиб олди. ўаройиб қуролни қўлига ушлаши билан билагига куч кирганини ҳис этди. Ҳар қандай қурол нимжон одамни ҳам ботир қилиб юборади-да. У таёқни қаттиқроқ қисди, шу заҳоти қўлининг мушаклари таранглашганини сезди. Дўкондан чиқиб, кўл бўйидаги йўлкада тез-тез у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Ҳадемай жиққа терга ботиб кетди, аммо бу тер тез юрганидан эмас, вужудини забт этган қаҳр-ғазабнинг зўрлигидан қуйилмоқда эди. Тилида фақат бояги гап айланарди: «Ўлдираман... Ўлдираман аблаҳни!» Шу алфозда, номаълум душманни қидириб, сал наридаги улкан дарахт остига қурилган пастак шийпонга қараб юрди. У янглишмаган эди: шийпоннинг бир бурчагида тўқима креслоларга ястанганча, похол найчалардан ора-сира виски симириб, қизи билан хотини ва, албатта, ҳалиги уч нафар киндиги бир олифталар валақлашиб ўтиришарди. «Қайси бири экан? – деб ўйларди чол таёқни маҳкам қисганча. – Қайси бирининг бошини ёрай?!» Аммо шу пайт Эрна отасини кўриб қолиб, сапчиб ўрнидан турди-да, чопиб олдига келди. – Қаерда юрибсиз, дадажон? Қидирмаган еримиз қолмади. Биласизми, жаноб фон Медвис бизни мошинасида кўл атрофини айлантирмоқчи, кейин соҳил бўйлаб Дезентсаногача олиб бораман, деяпти. – Эрна отасини столча ёнига судраб келди. Эркаклар сўрашиш учун ўринларидан туришди. Қария титраб кетди. Ёнида қизи турганидан ноилож ҳалигиларга бирма-бир қўл узатди, кейин чўнтагидан сигара чиқазиб, жаҳл билан оғзига тиқди. Сал ўтмай, франтсуз тилида кечаётган баланд пардали суҳбат шаршара мисол яна ўз ўзанига қайтди. Соломон бобонинг иродаси букилган эди. Оғзидаги сигарани чайнаганча ич-этини еб ўтираверди. «Тўғри қилишади... Улар ҳақ... – деб ўйларди у. – Юзимга тупирса ҳам арзийди. Ўзим қўл бердим-ку. Аммо шулардан биттаси қизимни йўлдан ургани аниқ. Мен эшшак индамай ўтирибман-а! Ҳеч кимни ўлдирганим йўқ, ҳатто чертмадим ҳам... Аксинча, сўлжайиб қўлимни узатдим. Баттар бўл, қария! Устимдан ҳар қанча кулишса ҳам кам. Мен борманми, йўқманми – ким эътибор беряпти? Улар учун мен тирик мурдадай бир нарсаман. Ахир, қизим билан хотиним франтсуз тилини тушунмаслигимни билишади-ку. Билиб туриб, ҳар замонда мен томонга бир кўз ташлаб ҳам қўйишмайди. Яқинларим учун ҳам мен йўқман-да! Уларга фақат менинг пулим керак. О, пул, пул! Ҳаммани йўлдан оздирадиган ғаддор! Хотиним билан қизим менга ҳам бир-икки оғиз луқма ташлаб қўйишса нима қиларкан? Кўзлари фақат анови эркакларда! Мен бўлсам тоқат қилиб ўтирибман. Урмайманми, ўлдирмайманми! Эҳ, қўрқоқ, қўрқоқ...» – Мумкинми? – деди бузуқ немис тилида италян зобити ва зажигалкага қўл узатди. Хаёлга чўмган қария сесканиб кетди ва ҳеч нарсадан бехабар зобитга еб юборгудай кўзини қадади. Жони ҳал-қумига келиб, қўлидаги таёқни жазава билан қисди. Аммо шу заҳоти лаблари қийшайиб, маъносиз тиржайди. – О, мумкин, мумкин, – деди у овози титраб. – Сизга ҳамма нарса мумкин, ҳе-ҳе... кўнглингиз нимани тусаса қилаверасиз, ҳе-ҳе... менда нимаики бўлса, сизнинг хизматингизда... Мен нима дея олардим... Зобит қарияга таажжубланиб қаради. Тилни яхши билмагани учун кесатиқнинг тагига етолмади. Аммо чолнинг юзидаги ифода уни довдиратиб қўйди. Беихтиёр ўрнидан туриб кетди, иккала аёлнинг юзи докадай оқарди – орага зилдай сукунат чўкди. Қария яна аввалги ҳолатига қайтди, юзидаги истеҳзо бир зумда ғойиб бўлди, залворли таёқ қўлидан сирғалиб чиқиб, тиззалари орасига қисилиб қолди. У сувга бўккан мушукдай ғужанак бўлиб, ҳозиргина намойиш этган жасоратидан хижолат чеккандек секин йўталиб қўйди. Эрна нохуш вазиятни юмшатиш мақсадида бир нималар деб бидирлай кетди, зобитнинг чеҳраси тағин ёришди, ҳаял ўтмай узилиб қолган суҳбат яна қозондай қайнай бошлади. Соломон бобо шод-хуррам чақчақлашаётган одамлар орасида мум тишлаб ўтирар, боши ҳалигидан ҳам қуйироқ эгилган эди. Аммо энди унга ҳеч ким эътибор бермас, унинг мунгли сукути узра сўз пўртанаси авжга чиқар, ора-сира қийқириқ ва қаҳқаҳа кўпиги осмонга сапчир, шўрлик қария эса алам ва номуснинг бепоён зулумоти қаърига ғарқ бўлиб кетган эди. Эркаклар ўринларидан туришди, Эрна шошиб уларга эргашди, сал ўтказиб онаси ҳам қўзғалди. Улар тўдалашиб меҳмонхонага қараб кетишди, аммо мудраб ўтирган чолни таклиф этиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Қария атрофида қўққисдан ҳосил бўлган бўшлиқни сезиб, кўзларини очди, бўшаб қолган креслоларга лоқайд назар ташлади, шу пайт қулоғига меҳмонхонада чалинаётган роял овози, аёлу эркакларнинг шодон қийқириқлари эшитилди. Рақсга тушишяпти! Ҳа, сулайиб қолгунча рақсга тушиш қўлларидан келади. Қонлари кўпиради, бир-бирларининг бағирларига баттарроқ ёпишишади, кейин қарабсизки... У жаҳл билан таёқни яна қўлига олиб, ўша томонга юрди. Эшик олдида таққа тўхтаб қолди. Барон роял ёнида ярим ўгирилиб ўтирар, тусмоллаб американча бир куйни тинғиллатарди. Эрна зобит билан, онаси граф Убалди билан рақсга тушаётган эди. Аммо қария фақат Эрна ва зобитдан кўз узмасди. Вой ярамас-эй! Худди маҳрига тушгандай қизининг белидан маҳкам қучоқлаб олибди-я! Қизи-чи, қизи, намунча канадай ёпишмаса! Бир-бирига қапишиб кетибди-ку! Ҳа, шу, шу. Уларнинг ҳар бир ҳаракати дон олишганидан далолат бериб турибди. Ҳа, қизини йўлдан урган мана шу аблаҳ! Ярим юмуқ кўзларидан бундан-да кучлироқ лаззат хотираси учқун сачратяпти. Қиз ўғриси – шу зобит! Қария қизини унинг бағридан тортиб олиш учун бир қадам олдинга ташлади. Лекин Эрна отасига қайрилиб ҳам қарамади. У бутун борлиғи билан рақс оҳангига берилиб кетган, шу тобда қиз куй оқими узра парвоз қилар, на замонни, на маконни, на безгак тутгандай қалтираб турган аламзада отасини пайқар эди. Ҳозир Эрна фақат оҳанг гирдобида чирпираётган дуркун гавдасини, кўзлари ҳирсга тўла эркакнинг иссиқ нафасини, унинг бақувват қўлларини ҳис этар, ўзини буткул зобит ихтиёрига топшириб қўйишдан чўчир, аллақандай бир тизгинсиз хоҳиш васвасасига қарши курашар эди. Буларнинг барини қария адоқсиз бир азоб билан сезиб турарди. Ҳар гал Эрна отасининг олдидан чир-чир айланиб узоқлашганда қария қизидан бир умрга жудо бўлаётгандай инг-раб юборарди. Бирдан, бамисоли узилган тордай, мусиқа таққа тўхтади. Барон сапчиб туриб, «Бўлди, чалмайман. Мен ҳам рақсга тушаман», деди франтсузчалаб. Ҳаммалари қийқириб кулишди, рақс-га тушаётганлар ажралишиб, бир ҳовуч жамоа меҳмонхона бўйлаб таралиб кетди. Қария ҳушига келди: нимадир қилиш керак, нимадир дейиш керак! Бунақа, тўнкага ўхшаб туриш, бу қадар шалвираш ярамайди! Шу пайт рўпарасидан хотини ўтиб қолди: хиёл ҳансираган, ўзида йўқ хурсанд. Бирдан йўлини тўсди. – Юр, – деди у кескин оҳангда, – айтадиган гапим бор! Аёл эрига ажабланиб қаради. Қариянинг рангпар юзи тер билан қопланган, кўзлари ола-кула. Нима демоқчи бу? Шу пайтда орага суқилиш шартмиди? Гапни чалғитишга оғиз жуфтлади-ю, бироқ эрининг авзойидан ҳайиқди, яқингинада кўрсатган жазавасини эслаб, ноилож унга эргашди. – Кечирасизлар, жаноблар, ҳозир келаман, – деди у эркакларга юзланиб. «Булардан кечирим сўрайди, – деб ўйлади чол алам билан, – боя столдан туриб кетишганда мендан кечирим сўрашгани йўқ. Мен улар учун итман, оёқ артадиган латтаман. Тўғри қилишади, ўзим чидаганимдан кейин, баттар бўлай!» – Нима дейсан? – деб сўради хотини ниҳоят тоқати тоқ бўлиб. – Хоҳламайман... хоҳламайман... – дея ғудранди у титроқ овоз билан, – анув одамлар билан ош-қатиқ бўлишларингни хоҳламайман. – Қайси одамлар билан? – дея қайта сўради хотини ўзини гўлликка солиб. – Анувлар-да... – У боши билан меҳмонхона томонга ишора қилди. – Менга ёқмайди... йўқ. – Нима учун? «Доим ўсмоқчилагани ўсмоқчилаган, – деди чол ичида ғижиниб, – худди мен унинг қулиман». Кейин ҳаяжондан тутила-тутила давом этди: – Сабаби бор... Жиддий сабаблари бор... Менга ёқмаяпти. Эрна ўшалардан узоқроқ юрсин... Тушунтириб ўтиришим шарт эмас. – Ундай бўлса, минг афсус, – деди хотини калондимоғлик билан. – Учови ҳам бамаъни, маданиятли одамлар, уйимизга келиб-кетадиган пандавақилардан минг марта олижаноброқ йигитлар. – Олижаноб йигитлар эмиш!.. ғирт ишёқмас, такасалтанг уларинг! – Қариянинг жони ҳалқумига келди. – Тақиқлайман. Тушундингми? – Йўқ, тушунмадим, – деб жавоб берди аёл пинагини бузмай. – Ҳеч нарсага тушунмадим. Тавба, нима учун қизимни ҳузур-ҳаловатдан маҳрум қилишим керак? – Ҳузур-ҳаловат!.. – Қариянинг юзи бўғриқиб кетди, пешонасидан совуқ тер чиқди, қўли беихтиёр таёққа чўзилди – суянмоқчи бўлдими, хотинини урмоқчи бўлдими – ким билсин! Лекин таёқ йўқ эди. Шу ҳол уни ўзига келтирди, кўнгли андак юмшади, хотинининг тирсагидан ушламоқчи бўлгандай бир қадам олдинга талпинди. – Менга қара... – деди ялинчоқ товушда, – тушунсанг-чи, ўзимга ҳеч нарса сўрамаяпман-ку. Ўн йиллардан бери биринчи марта илтимос қиляпман: кетайлик бу ердан... Флорентсиягами, Римгами... майли, қаёққа бўлса ҳам кетайлик... мен розиман... Сизлар нима десанглар – шу. Кетсак – бўлди. Илтимос, кетайлик... шу бугуноқ... ортиқ чидаёлмайман! – Шу бугуноқ? – Аёл эрига анграйиб қараб, қошини чимирди. – Шу бугуноқ кетайликми? Эсинг жойидами? Фақат кимдир сенга ёқмагани учун-а? Ёқмаса – яқинлашма. Чол турган жойидан жилмади, яна ялинишга тушди: – Чидаёлмайман... Эшитяпсанми... чидаёлмайман. Сабабини сўрама... илтимос... умрингда бир марта гапимга кир, бир мартагина... Меҳмонхонадан яна роял овози эшитилди. Аёл эрига ачингандай қаради: нақадар ночор, нақадар абгор, нақадар ношуд! Эркак ҳам шунақа бўладими?! – Иложи йўқ! – деди у чўрт кесиб. – Улар билан сайрга чиқишга ваъда бериб қўйганмиз. Хоналарни уч ҳафтага ижарага олиб, эртага жўнаворсак устимиздан кулишмайдими! Кетишга ҳеч қандай сабаб йўқ... Мен шу ерда қоламан, Эрна ҳам қолади. – Ўзим кетаверайми, а? Бу ерда ҳаловатингизни бузаман-да, а! – Қария йиғлаворай деди. Кейин кескин қаддини ростлади, бармоқлари мушт бўлиб тугилди, бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб чиқди. Афтидан, нимадир демоқчи ёки нимадир қилмоқчи эди. Аммо бундай бўлмади: шартта бурилди-да, зинапоя томонга йўл олди, худди ортидан биров қувиб келаётгандай тез-тез юриб тепага кўтарила бошлади. Соломон бобо ҳансирар, тезроқ хонасига етиб олиб, ёлғиз қолишни ўйларди. Мана, юқори қаватга ҳам чиқди, чиқдию бирдан кимнингдир ўткир тирноқлари ичини аёвсиз тимдалаётгандай бўлди. Ранги оқариб, деворга суяниб қолди. Ё раббим! Додлаб юбормаслик учун тишини тишига босди, санчиқнинг зўридан ғужанак бўлиб олди. Билдики, яна жигар хуружи, кейинги пайтларда тез-тез такрорланиб турадиган хуружларнинг навбатдагиси. Аммо бу гал қаттиқ ушлади. Кўринмас тирноқлар жигарини тилка-пора қилмоқда эди. Хонасига судралиб кириб, ўзини диванга ташлади-да, юзини ёстиққа босди. Ётганидан кейин оғриқ сал пасайди. «Иссиқ нарса қўйиш керак, – деди у ичида, – кейин томизғи дори ичиш зарур». Аммо унинг жонига ора кирадиган ҳеч ким йўқ эди, ҳеч ким. Ўзининг эса қўшни хонага чиқишга ёки лоақал қўнғироқ тугмачасигача етиб боришга ҳам чоғи келмасди. «Ҳеч ким йўқ, – дея ўйларди у алам билан, – бир кунмас-бир кун ёлғизликда итдай ўлиб кетаман... Сезиб турибман-ку, жигарим оғриётгани йўқ, ўлим писиб келмоқда... Энди менга на профессор, на дори-дармон ёрдам бера олади. Олтмиш беш ёшда соғайиб кетиш қийин. Биламан, ичимни кемираётган оғриқ, бу – ўлим, қолган икки-уч йиллик умр – умр эмас, секин-секин жон таслим қилиш... Дарвоқе, қачон яшаганман, қачон ўзим учун яшаганман? Шу ҳам ҳаёт бўлдими? Нуқул пул дедим, пулнинг кетидан югурдим, ўзим учун эмас, бошқаларни деб югурдим, мана, энди ўша пуллар коримга ярайдими? Хотиним бор эди: бокиралигида уйланганман, севганман, у менга фарзанд ҳадя этди. Шунча йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келдик, бир ҳаводан нафас олдик. Пировардида уни нима жин урди? Еттиёт бегонага айланди-қолди. Мен билан иши йўқ, менинг туйғуларим, ўйларим, изтиробларим уни қизиқтирмайди. Олдинги меҳр-оқибат қаёққа кетди? Қизим-чи, қизим? Уни папалаб катта қилган эдим, ҳаётимиз энди яна ҳам сермазмун, яна ҳам хушнуд кечади, мабодо куним битса умрим қизим вужудида давом этади, деб ўйлагандим. У бўлса кечаси бағрингдан чиқиб кетиб, бегона эркакларнинг тўшагига киради. Ё алҳазар! Алҳазар!» Даҳшатли оғриқ ҳануз ўқтин-ўқтин жигарига чанг солар, бу оғриқ сал пасайиши билан ундан-да шафқатсизроқ бошқа бир оғриқ – зил-замбил, адоғи йўқ ўй-хаёллари бамисоли чўғдай қизиган серқирра чақмоқтошдай бош чаноғини тарс ёрвораман дерди. Қария камзулининг тугмаларини ечган эди, бесўнақай қорни кўйлагини қанордай шишириб тепага кўпчиб чиқди. У оғриётган жойига оҳиста бармоғини теккизди. «Фақат мана шу – менман, – дея яна ўй суриб кетди чол, – иссиқ тери остидаги оғриққина менинг ўзимман, менга ҳозирча фақат шугина тегишли. Энди тижоратчи Соломон ҳам, савдо-сотиқ ҳам, ишхона ҳам, пул ҳам, уй-жой ҳам, қизиму хотиним ҳам йўқ... Ҳозир менга фақат бармоқларим сезиб турган нарса – қорниму оғриқ қолган. Бошқа ҳаммаси – пуч бир сафсата, энди уларнинг аҳамияти йўқ. Қизим билан хотиним мени тушунмайди, мен ҳам уларни тушунмайман. Буткул танҳоман – буни ҳеч қачон ҳозиргидай яққол ҳис этмаган эдим. Энди, ўлим ичимга ин қураётган пайтда, бехато англаб турибман... жудаям кеч, олтмиш бешга кирганда. Ҳадемай ўламан... анови уятсизлар рақсга тушишади, кайф-сафо қилишади... Э, аттанг, аттанг... бутун умримни ўша кўрнамакларга бағишлабман-у, ўзим учун бирор кун ҳам яшамабман...» Қария кўл томондан келаётган соат зангини эшитмади, қош қораяётганини пайқамади. Тун яқинлашаётган, хонадаги буюмлар узра оқшом аста-секин қора парда тутмоқда эди; ана, деразадан хиёл оқариб кўриниб турган осмон шамчироғи ҳам сўнди. Соломон бобо ўзини қуршовга олаётган қоронғиликни сезмасди: у фақат танаси қаъридаги зулматга термилар, фақат танаси қаъридаги бўшлиққа қулоқ соларди. Бирдан ёнидаги хонага шўх-шодон кулги ёпирилиб кирди, эшик тирқишида чироқ шуъласи ялтиллади. Қария қўрқа-писа бошини кўтарди: қизи билан хотини! Ҳозир диванда ётганини кўришади, хўжакўрсинга сўроққа тутишади. Чол шоша-пиша камзулининг тугмаларини қадади: касали хуруж қилганини билиб нима қилишади, бунақа ташвишнинг уларга нима кераги бор? Аммо хотини ҳам, қизи ҳам уни қидирмади. Иккови ҳам типирчилаб турарди. Бонг зарби учинчи марта кечки овқатга чорламоқда эди. Кийимларини алмаштиришяпти шекилли, тиқ этган товуш эшитилиб турарди. Ана, жавон ғаладонларини тортишди; ана, ювинадиган хонада тилла узуклар жиринглади, улоқтирилган туфлилар тарақлади, шу орада ўзларининг чакаклари ҳам тинмади. Бари қариянинг қулоғига баралла эшитилмоқда эди. Аввалига йигитлари тўғрисида гаплашишди, сўнг сайр чоғидаги қизиқ-қизиқ воқеаларни эслаб, роса кулишди. Ювинаётган, соч тараётган, юзларига упа-элик сураётган пайтларида ҳам бир-бирларига луқма ташлаб туришди. Ниҳоят, гал ўзига келди. – Дадам қани? – дея бирдан эслаб қолди Эрна. – Қаёқдан биламан? – деб жавоб берди онаси энсаси қотиб. – Эҳтимол, пастда ўтиргандир, Франкфурт газетасидаги биржа хабарларини юзинчи марта ўқиётгандир – бошқа қиладиган иши йўқ-да. Лоақал бирор марта кўлга назар ташлаганмикан? Ўлай агар, қайрилиб ҳам қарамаган. Бугун нима дейди, дегин. Бу ер менга ёқмаяпти, кетамиз, шу бугуноқ кетамиз, дейди. – Шу бугуноқ? Нега энди? – Билмасам. Итфеъл-да! Атрофдаги одамлар, биз танишган улфатлар асабига тегаётганмиш. Балки уларнинг орасида ўзини олақарғадай сезяптими, ким билади... Қачон қарасанг, эгнида ғижим костюм, кўйлаги ёқавайрон. Айт-санг бўлмайдими – ҳеч бўлмаса кечқурунлари тузукроқ кийинса ўладими! – сенинг гапингга киради. Бугун эрталаб лейтенантга ташланиб қолганини кўрдингми? Ер ёрилмадию ерга кириб кетмадим! – Ҳа, ҳа... Нега унақа қилди? Сиздан сўрайман дейман-у, нуқул эсимдан чиқади. Нима қилиқ бу? Ҳеч қачон уни бунақа кайфиятда кўрмаган эдим. Оғзим очилиб қолди. – Парво қилма. Дадангнинг феъли ўзингга маълум. Балки биржадаги нарх тушиб кетгандир ёки франтсузча гапирганимиз ёқмагандир. Бошқаларнинг хурсандчилигини кўролмайди. Пайқадингми: рақсга тушаётганимизда эшик олдида қўриқчидай қаққайиб турволди. Кетармишмиз! Вой, кўнглинг-нинг кўчасидан ўргилдим! Сенга ёқмаса – бировларнинг ҳаловатини бузишинг керакми! Билганини қилсин – кетадими, қоладими – ихтиёр ўзида. Суҳбат узилиб қолди. Афтидан, кўчага югуришга тайёрланиб бўлишди. Худди шуни кутиб тургандай, йўлакдаги эшик тиқиллади, қадам товушлари эшитилди, электр тугмачаси ширқ этди, чироқ ўчди. Қария диванда миқ этмай ўтирарди. Энг қизиғи, энди у оғриқни сезмас, қалбида нафрат ҳам, ғазаб ҳам... ҳеч нарса, ҳеч қандай ҳиссиёт йўқ эди. У шошмасдан костюмини кийди, зинапояни битта-битта босиб ресторанга тушди-да, гўё еттиёт бегона одамлар қаторига қўшилгандай, хотини билан қизининг ёнига чўкди. Тамадди пайтида у бир оғиз ҳам гапирмади, аёллар эса қўрғошиндай зил-замбил сукунатга эътибор беришмади. Қария индамай, гап-сўзсиз ўз хонасига кўтарилди, каравотига чўзилиб, чироқни ўчирди. Алламаҳалда, кўнгилхушликка обдон мириққанидан сўнг хотини келди; қоронғида ечиниб, ўз ўрнига ётди. Кўп ўтмай унинг вазмин, бир текис нафас олаётгани эшитилди. Қария ўз ёғига ўзи қоврилганча, кўзларини катта-катта очиб, тун уммонига унсиз тикилиб ётарди. Ёнгинасида эса кимдир пишиллаб ухларди. Қария ўзи билан бир ҳаводан нафас олаётган бу аёлнинг қачонлардир покиза ва эҳтиросли навжувон бўлганини, унга ардоқли фарзанд ҳадя этганини, ўшанда булар аллақандай сирли-сеҳрли ришталар билан бир-бирига чамбарчас боғланиб кетганини эслашга уринди. Ўша дамлар бу жувоннинг таранг ва қайноқ баданини энтика-энтика силаб-сийпаганига зўр бериб ўзини ишонтирмоқчи бўлди. Аммо ўтмиш хотиралари унда ҳеч қандай ҳиссиёт қўзғамади. Шу тобда у хотинининг нафас олишини худди қирғоққа урилаётган кўл мавжининг шалоп-шулупини эшитгандай лоқайдлик билан эшитиб ётар эди. Бари ўтди, бари тугади, фақат тасодифий ва ёт қўшнилик қолди, холос. Уни яна бир марта сескантирган нарса шу бўлдики, қизининг эшиги оҳиста, гўё инграгандай, хиёл ғийчиллаб очилди. «Бугун ҳам шу аҳвол!» деб ўйлади чол ва шундоқ ҳам илвираб турган юрагига игна санчилгандай бўлди. Лекин бу ҳолат ҳам тезгина ўтди: «Билганини қилмайдими! Менга нима!» Қария яна ёстиққа суянди. Тун ели пешонасини силади, қайнаб турган қони сал совиди. У уйқуга кетди. Хотин эрталаб кўзини очганида эрини палто ва шляпада кўрди. – Қаёққа? – деб сўради у уйқу-сираб. Соломон бобо қайрилиб қарамади ҳам. Индамай тунги кўйлагини чамадонга ташлади. – Биласан-ку, уйга қайтяпман. Зарур нарсаларнигина опкетяпман, қолганларини жўнатиб юборарсизлар. Хотинининг капалаги учиб кетди. Нима бўляпти? Бунақа совуқ, дағал овозни биринчи эшитиши. Сапчиб ўрнидан турди. – Наҳотки кетсанг? Шошма... биз ҳам кетамиз, Эрнага айтганман. Қария бепарво бош чайқади. – Йўқ... йўқ... қолаверинглар... – шундай деб эшик томон юрди, тутқични босиш учун чамадонни ерга қўйиш керак эди. Мана шу бир лаҳзалик фурсат ичида кўнглидан нималар ўтмади дейсиз! Мато намуналари – лахтаклар солинган молтопар чамадонини бировларнинг эшиги олдига минг марталаб қўйгандир-ов! Хайрлашатуриб мижозларига ялтоқлангани, ҳамиша хизматингиздаман, дея қайта-қайта қуллуқ қилганлари-чи! Аммо бу ерда хизмати тугади, қуллуқ қилиш шарт эмас. Қария бирор оғиз сўз айтмай, ҳатто нигоҳи орқали бўлса-да хайрлашмай, шартта чамадонни кўтарди ва ўзи билан ўтмиши ўртасидаги эшикни қарсиллатиб ёпди. Нима ҳодиса рўй берганини на она англади, на фарзанд. Бундай ногоҳоний ва қатъий хатти-ҳаракат уларни карахт қилиб қўйган эди. Зудлик билан Германиянинг жанубидаги ўзлари яшайдиган шаҳарчага, падари бузруквор номига хат йўллашди. Хатда англашилмовчилик содир бўлгани ёзилган, «яхши етиб олдингизми, соғлигингиз дурустми, биз ҳам орқангиздан етиб борамиз» каби узр-маъзурлар изҳор этилган эди. Соломон бобо хатга жавоб қайтармади. Улар яна ёзишди, телеграммалар жўнатишди – фойдаси бўлмади. Фақат Соломон бобо раҳбарлик қиладиган фирмадан хатлардан бирида сўралган пулни олишди, холос. На салом бор, на алик. Воқеанинг бундай тус олиб кетиши уларни иссиқ жойидан қўзғатди. Гарчи қайтадиган кунларини олдиндан хабар қилган бўлсалар-да, вокзалда она-болани ҳеч ким кутиб олмади, уйда ҳам бирон-бир тараддуд кўрилгани сезилмасди: хизматкор аёл, хўжайин телеграммани стол устига ташладию индамай чиқиб кетди, ҳеч қандай юмуш буюргани йўқ, деди. Кечқурун, она-бола овқатланиб ўтирганда, ниҳоят, кўча эшиги тарақлади, икковлари сапчиб туриб, валинеъматнинг истиқболига югуришди; қария буларга таажжубланиб қаради-ю, юзида бирон бир ифода акс этмади, қизи қучоқлаганида кетмон сопидай қотиб тураверди, биргалашиб ошхонага кирди, уларнинг гап-сўзларини лоқайдлик билан эшитди. Ҳеч нарсани сўраб-суриштирмади, чурқ этмай сигарасини сўриб ўтираверди. Гўё кўзлари очиқ ҳолда ухлаётганга ўхшарди. Кейин вазминлик билан ўрнидан туриб, хонасига қараб кетди. Кейинги кунлар ҳам шундай ўтди. Хотини минг ялтоқланмасин, пинагини бузмади. У ўз қобиғига ўралиб олган, ташқи дунё билан буткул алоқани узган эди. Тўғри, ҳамон оила аъзолари билан бирга овқатланар, меҳмон келганда ноилож кутиб олар, аммо суҳбатга қўшилмас эди. Унинг кўзларига қараган одам сесканиб кетиши аниқ эди, чунки бўшлиққа тикилган бу жонсиз нигоҳдан ҳеч қандай маънони уқиб бўлмасди. Қариянинг юриш-туришидаги ғалатилик бошқаларнинг ҳам эътиборини торта бошлади. Таниш-билишлари уни кўчада учратиб қолса, яширинча бир-бирини туртиб қўярди: қара-я, шаҳарнинг энг бадавлат кишиларидан бўлмиш Соломон бобо шундоқ аҳволга тушиб қопти-я! Уст-боши тиланчиникидан фарқ қилмайди, шляпаси қийшайган, юриши ҳам соғ одамникига ўхшамайди, нуқул ўзи билан ўзи гаплашади. Биров салом берса, чўчиб тушади, ким гапга тутса, кўзини олиб қочади. Баъзилар, қария гаранг бўпқолган, деб ўйлаб, овозини кўтариб гапирарди. Лекин у гаранг эмасди. У пароканда хаёллар оғушида яшарди. Шу боисдан ҳеч кимни йўқламас, уйида эса на хотинининг унсиз ҳасратини, на қизининг ажабтовур паришонлигини пайқар эди. Бора-бора бутун умрини бағишлаган ишидан ҳам йироқлашди. Идорасига аҳён-аҳёнда бир кўриниш берар, шунда ҳам кабинетига кирволиб, столи устидаги ечимини кутаётган сон-саноқсиз ҳужжату мактубларга маъносиз тикилганча ўтира-ўтира, бирорта қоғозга қўлини ҳам теккизмай қайтиб кетар эди. Пировард-оқибат бу ерда ўзининг ортиқча эканини англаб, бутунлай келмай қўйди. Бир куни она шаҳри кўчаларида дарбадар одамдай тентираб, қоронғи тушганда уйига қайтаётган эди, шаррос ёмғир қуйиб берди. Ҳаял ўтмай эзилган шляпасининг тепаси жажжи ҳовузчага айланди, этак ва енгларидан ёмғир суви чакиллаб эмас, жилғадай оқа бошлади. Аммо қария бунга эътибор бермас, бўм-бўш кўчада бир ўзи шошмасдан қадам ташларди. Шалаббо ҳолда манзилига яқинлашганда ҳашаматли бир мошина ёнидан лой сачратиб ўтди-да, унинг данғиллама уйи олдида тўхтади. Мошинадан хотини билан пўрим кийинган бир жаноб тушди. Яна бир йигит ҳам бор эди. Шу орада қария ҳам етиб келди. Хотини уни бу аҳволда кўриб, юзини четга бурди. Қария хотинининг меҳмонлар олдида ундан ор қилганини дарров сезди. Тез-тез юриб орқа эшикдан ичкарига кириб кетди. Шу кундан бошлаб у ўз уйига мазкур эшикдан кириб-чиқадиган бўлди. Биладики, шундай қилса бирорта ёт эркакка дуч келмайди. Овқатга ҳам чиқмай қўйди – хизматкор аёл таомни хонасига келтириб берарди. Хотиними, қизими олдига кирмоқчи бўлса, эшикни очмас эди. Ахийри улар ҳам чолни ўз ҳолига қўйишди. Гоҳи-гоҳида қўшни хоналардан – энди унинг учун бегона хоналардан – мусиқа садолари ва жўшқин қаҳқаҳалар девор оралаб сизиб чиқар, кечасилари уйига келиб-кетаётган мошиналарнинг шовқини эшитиларди. Аммо Соломон бобо парво қилмас, ҳатто деразадан кўчага бир назар ташлаб ҳам қўймасди – неччи пуллик иши бор? Фақат вафодор итигина ҳамма унутиб юборган хўжайинининг каравоти олдидан куну тун жилмас эди. У абгор бўлган юрагида оғриқ сезмасди-ю, аммо қора мушук қонталаш жигарини тирноқлашда давом этар эди. Дард хуружи тез-тез такрорланавергани сабабли дўхтирнинг қистови билан қария тиббий кўрикдан ўтишга рози бўлди. Профессорнинг авзойи бузилди. У оператсия қилиш лозимлигини чолга ётиғи билан тушунтирди. Соломон бобо хафа бўлиш ўрнига суюниб кетди: хайрият-э, қутуладиган кун ҳам бор экан-ку! Ҳар куни ўлгандан кўра бирйўла ўлган яхши эмасми! Дўхтирдан оиласига билдирмасликни илтимос қилиб, оператсияга тайёрлана бошлади. Охирги марта ишхонасига борди (келишини ҳеч ким кутмаган экан, бегона одамдай қарши олишди), ўзи ўттиз йил ўтирган қора чарм креслога сўнгги бор ўтириб, чек дафтарчасини келтиришни буюрди, дафтарчадан бир варағини тўлдириб, иш бошқарувчисига узатди. Бошқарувчи анграйиб қолди. Чекда катта пул қайд этилган эди. Бу пул хайру эҳсонга ва ўзининг қабри парваришига аталган эди. Қария ишини битказиб, кабинетдан тез чиқиб кетди, шошганидан шляпаси ерга учиб тушди, лекин Соломон бобо энгашиб уни олиб ўтирмади. Шу алфозда – бошяланг, сочларини тўзғитиб қабристонга равона бўлди (ўткинчилар унинг изидан ёқа ушлаб қолишди). Қария ота-онасининг қабртошлари билан узоқ гаплашди. Нималар деди – ёлғиз ўзига аён. Балки, ҳадемай ёнларингга келаман, дегандир – ким билсин. Қабристон дарвозаси олдида уни бир тўда тиланчи қуршаб олди. Соломон бобо шоша-пиша чўнтагидаги тангаларни чиқариб, ҳаммага улашди. Энг охирида мункиллаб қолган бир кампир қўлини чўзди. Пули қолмаган эди. Фақат бармоғини оғир ва кераксиз бир нарса – тилла никоҳ узуги қисиб турарди, унга кўз қирини ташладию хаёлида олис ва мубҳам бир хотира йилт этгандай бўлди. Узукни шартта ечди-да, ҳангу манг бўлиб қолган кампирнинг кафтига қўйди. Хулласи калом, жамики ортиқча даҳмазалардан қутулган, қашшоқ ва танҳо қария ўзини жарроҳ ихтиёрига топширди. Соломон бобо ҳушига келгач, аҳволининг оғирлигини ҳисобга олиб, дўхтирлар хотини билан қизини чақиртиришди. Қизи қонсиз чеҳра узра мулойим энгашди. Шунда мўъжиза рўй берди: қариянинг сўнган нигоҳидан учқун сачради. Ана қизалоғи, суюкли эркатойи... тепасида турибди... Эрна, Эрна! Таранг қимтилган лаблар аста-секин ёзилиб, оғизнинг икки бурчида сезилар-сезилмас, кўпдан буён унутилган табассум ғимирлай бошлади. Қувончнинг ана шу заиф, ночор ифодасидан таъсирланган қиз отасининг юзидан ўпиш учун яна ҳам пастроқ эгилди. Аммо бирдан – ғалати атирнинг чучмал ҳиди эски, изтиробли хотираларини қўзғатиб юбордими – беморнинг ҳозиргина ёришиб турган чеҳраси бужмайди, кўкарган лаблари қаттиқ қимтилди, аъзойи баданига титроқ кирди, адёл остидаги қўллари гўё жирканч бир нарсани ўзидан нарига итармоқчи бўлгандай типирчилай бошлади. «Даф бўл!.. Даф бўл!» Унинг бу сўзлари оғзидан аранг чиққан бўлса-да, ҳаммага эшитилди. Дўхтирлар она-боладан беморни холи қўйишни сўрашди. Хотини билан қизи чиқиб кетганидан сўнг беморнинг юзига яна аввалги ором ва ҳорғинлик ифодаси қайтди. У ҳамон нафас оларди. Аммо бу ҳолат узоқ давом этмади. Кўп ўтмай қария энтикиб бир «пуф» дедию жим бўлиб қолди. Беморнинг кўкрагига қулоғини босган дўхтир юракнинг муддатсиз ҳордиққа кетганини англади. Таржимондан: Юракни тилка-пора қилмоқ учун тақдири азал дабдурустдан кўкракка найза санчмайди. Пайт пойлайди. Бунга у устаси фаранг. Биз тақдири азалнинг ҳукмини «баҳонаи сабаб» деб қўя қоламиз, сўнг... бу бетайин иборамизни ҳукмнинг бешафқат оқибатига таажжуб билан қиёслашга тушамиз; аслида дард ошкор бўлмасидан анча илгари бошланади. Инсон тақдири ҳам шунақа. У узоқ вақт вужудимиз қаърида, етмиш икки томиримизда яшириниб ётади, сиртга чиққанида эса негадир исён кўтарамиз, аммо фойдаси бўлмайди. Стефан Свейг ҳаётидан бир лавҳа Бахтсиз бир ёш йигит ўз жонига қасд қилишни ўйлаб қолди, аниқроғи, ўзини отишга қарор қилди. Бу ўсмир нафақат шу қадар бахтсиз, балки бунинг устига ўта уятчан ҳам эди. Шунинг учун, ҳеч кимни овора қилмаслик ва ўзгалар эътиборини тортмаслик мақсадида у худкушлик қилишга энг маъқул жой сифатида шаҳар қабристонини танлади. Ўзини ўлдирадиган сана ва вақтни ҳам белгилаб қўйди: тўлин ой кечаси, ярим тунда. Шу тариқа, йигитча ой нурига чўмган тинч қабристонга кираркан, ўтириб олиб, шум тақдир билан хотиржам ҳисоб-китоб қилиб олиш учун мос ўриндиқ излади. Бахтга қарши (балки аксинча - бахтигадир), ҳеч қаерда скамейка йўқ эди. Бир неча ўнлаб қабрлар орасидан ўтаркан, йигит кутилмаган бир ҳолатдан бақириб юборди: унинг рўпарасида, ой ёруғида, қоп-қора кийинган ва... қанотли бир қиз турарди! Фақат яхшилаб қарагандан кейингина бахтсиз йигит хотиржам нафас ростлади: бу оддий ҳайкал экан. Ғарбда кўпинча бевақт ҳаётдан кўз юмган болалар ва ёш қизларнинг қабрлари устига шунақа фаришта ҳайкалини ўрнатишади. Бироқ бу ҳолатда ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган йигитчанинг эътиборини бошқа нарса ўзига жалб этди. Ҳайкалчанинг пойига, марҳума қизнинг исми, туғилган ва вафот этган санасидан ташқари, лотин тилида қуйидаги матн ёзилганди: «Ҳеус ту, виатор лассе, қуи ме праетереис. Вени ҳоc эт қуеиесcе пусилу. Cум диу амбулареис, тамен ҳоc вениундум эст тиби. Бене виве, пропера...» Йигит лотинчани биларди, шу сабабли янада ҳайратга тушди. Матн мазмуни бундай эди: «Ҳой йўловчи, кўриниб турибдики, сен юришдан чарчагансан. Бу ерда бирпас нафас ростлаб ол. Сенинг йўлинг узоқ, гарчи барибир шу ерда тугаса ҳам. Йўлингда давом эт ва тириклик чоғингда бахтли бўл...» Бу сўзлар ўзини ўлдириш ниятида келган йигитчага шунчалик мўъжизавий таъсир кўрсатдики, у қора фаришта ҳайкалидан сал орқага тисарилиб, тўсиқлар ва буталар орасидан ўтиб, чўнтагидан тўппончани чиқарди-да, узоқларга ирғитиб юборди. Кейин ортига ўгирилиб, югурганча қочишга тушди. Шу тариқа, номаълум эпитафия Стефан Свейгнинг - бўлажак австриялик буюк ёзувчининг ҳаётини сақлаб қолди... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Bir umrning zavoli (hikoya) [Stefan Sveyg] 613 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57620 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36535 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23160 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21580 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |