Интернет масъулияцизлик ма... [Toshpoʻlat Rahmatullayev] |
Ёхуд тармоқни ҳуқуқий жиҳатдан бошқариш зарурати хусусида Интернет тармоғида ахборот тарқатишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи бутун дунёда энг долзарб муаммолардан бирига айланган. Бу йўналишда фақат тармоқнинг ўзида билдирилаётган мулоҳазалар юзлаб сайтлардан жой олган бўлиб, уларнинг ҳажми қоғозда чоп этилган тақдирда ўн минглаб саҳифани ташкил этади. Интернетни тартибга солишга бўлган эҳтиёж, талаб қандай пайдо бўлди, у нега бунчалик долзарблик касб этмоқда? Интернет вужудга келиб, ахборот тизими сифатида тарқала бошланган дастлабки пайтларда тармоқ глобал характерга эга эканлиги, уни бошқарадиган ягона марказ йўқлиги ва бўла олмаслиги мутахассисларда ва фойдаланувчиларда уни бошқаришнинг ҳожати ҳам, имкони ҳам йўқ деган тасаввурни уйғотган эди. Тартибга солиш учун қилинган ҳар қандай интилиш янги тизимни бўғиш, чеклаб қўйиш, ахборот олиш эркинлигига дахл этиш сифатида талқин этилган эди. Лекин кўп ўтмай Интернетда ёлғон, туҳмат, маълум бир фуқаро шахсини обрўсизлантирувчи ахборотнинг кўпайиши, муаллифлик ҳуқуқини менсимаслик каби ҳолатлар тармоқни тартибга солиш зарурлигини кўрсатди. Агар аниқ чоралар кўрилмаса, юзага келаётган ҳолат Интернетнинг ўзига ҳам салбий таъсир қилиши намоён бўлиб қолди. Масалан, тармоқдаги ахборотнинг ҳаққонийлигига ишонмайдиганлар кўпайди. Ўтган йилнинг охирида жаҳоннинг тараққий этган 25та мамлакатида ўтказилган тадқиқот натижасига кўра Интернет ахборот манбаи сифатида ТВ ва радиога нисбатан олдинга ўтиб кетган. Лекин, шу билан бирга, ундаги ахборотнинг ҳаққонийлигига ишонувчилар сони нисбатан кам. Бундайлар Японияда сўровда қатнашганларнинг 13, Германияда 25, Щвецияда 33, Xитойда 58, Жанубий Кореяда 70 фоизни ташкил этаркан. Ана шундай бўлгандан кейин Интернетни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш нафақат фойдаланувчилар учун, балки тармоқнинг тозалиги ва янада тараққий этишига манфаатдор бўлган сайт эгалари ва провайдерлар учун ҳам муҳимлиги исбот талаб этмайди. Интернетнинг катта бир тармоқ ва ахборот манбаи сифатидаги ўзига хос хусусияти реал ҳаётда ўхшаши бўлмаган махсус хусусий муаммоларни юзага келтирмоқда. Улардан бири тармоқда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласидир. Иккинчиси, электрон тижоратни тартибга солиш муаммоси. Бунга Интернет орқали шартнома тузиш, рекламанинг ҳаққонийлигини таъминлаш, Интернетдаги тадбиркорликни солиққа тортиш масалаларини киритиш мумкин. Учинчи муаммо товар белгиларини тармоқда фойдаланиш билан боғлиқ. Тўртинчи ҳуқуқий муаммо провайдерлар ва сайт эгаларининг улар серверида мавжуд ахборот мазмунига жавобгарлигини аниқлаш масаласидир. Бу ерда шуни инобатга олиш керакки, қатор мамлакатларда бу йўналишда қабул қилинган қонуну қарорлар фақат миллий хусусиятлардан келиб чиққан бўлиб, Интернетнинг умумжаҳон характерга эга эканлиги инобатга олинмаган. Бешинчиси, информацион хавфсизлик, жумладан, компютер жиноятчилиги масаласидир. Олтинчиси, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳамда юридик шахсларнинг туҳмату бўҳтонлардан ҳимоя этиш масаласи. Еттинчиси эса, шахсга доир хусусий ахборотнинг дахлсизлигини таъминлаш, яъни шахсий ҳаёт ва хусусий характердаги маълумотларнинг сир сақланиши масаласидир. Интернет жадал ривожланиб бораётган мамлакатларда ҳуқуқ соҳасида янги ихтисос — Интернет ҳуқуқи вужудга келаётганлиги уқтирилмоқда. Украинада юридик хизматлар бозорини ўрганиш мақсадида ўтказилган тадқиқот натижасига кўра ушбу мамлакатда Интернет ҳуқуқи мутахассисларига талаб умумий талабдан ўртача ёки юқори даражада бўлган. Бу ҳақда маълумот берган тадқиқотчи «шу билан бирга, ҳалигача Интернет ҳуқуқи нима эканлиги, унинг ҳуқуқий табиати нимада намоён бўлиши номаълумлигича қолаётганлигини» қайд этади. Ушбу йўналишда хорижда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва кераклисини ўзимизда ҳам жорий этиш муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Австралияда тармоқ орқали ноқонуний ахборот тарқатилганлиги учун Интернетда ахборот мазмунини тартибга солишга қаратилган қонунлар қабул қилинган эди. Германияда «Провайдерлар жавобгарлиги тўғрисида»ги қонун мавжуд. Қатор мамлакатларда соҳани тартибга солишга қаратилган «Интернетни ҳимоя этиш тўғрисида», «Интернетдаги шахсий ахборотни ҳимоя этиш тўғрисида» ва бошқа қонунлар қабул қилинган. Айниқса, Россияда Интернет тармоғини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш биз учун муҳимдир. Бу ерда муаммонинг турли қирралари тадқиқ этилган китоблар, кўплаб мақолалар чоп этилган, илмий изланишлар олиб борилмоқда, бир нечта диссертация ҳам ҳимоя қилинган. Махсус ташкил этилган «Ҳуқуқ ва Интернет» сайтидан турли мазмун ва йўналишдаги тадқиқотлар ўрин олган ва унда мунтазам равишда мавзуга бағишланган интернет-анжуманлар ўтказилиб турилади. Москва давлат юридик академияси таъсис этган «Интернетда Россия ҳуқуқи» электрон журнали мавжуд. Мамлакатимизда замонавий технологияларни жорий этиш ва янада ривожлантириш ҳамда шу муносабат билан юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий масалаларни тартибга солиш учун амалий ишлар қилинмоқда. Бундан тўрт йил олдин Олий Мажлиснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва алоқа қўмитаси қатор халқаро ташкилотлар билан «Ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва қонунчилик» мавзусида давра суҳбати ўтказган эди. Унда АКТ бўйича мавжуд қонунчилик базаси таҳлил этилган, қонунларга ўзгартиришлар киритиш, янгиларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, энг асосийси, Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш концепцияси таҳлил этилган эди. Шунингдек, юртимиз вакиллари Москвада бўлиб ўтган «Ҳуқуқ ва Интернет» VI Xалқаро анжуманида ҳамда информацион жамият масалалари бўйича Женевада (2003) ва Тунисда (2005) ўтказилган халқаро саммитларда иштирок этишди. Айниқса, кейинги йилларда АКТни янада такомиллаштириш ва унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунга энг аввало Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майдаги «Компютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида»ги фармони ва шундан кейин қабул қилинган «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Электрон рақамли имзо тўғрисида», «Электрон тижорат тўғрисида», «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонунлар мисол бўла олади.Ўтган йилнинг ўзида ушбу қонунларни ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган қатор қарорлар эълон қилинди. Мамлакатимизда компютерлаштиришни ва ахборот-коммуникация технологояларини ривожланитириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолият юргизмоқда. Шунингдек, 2002 йилдан «ИнфоCом.уз» ахборот-таҳлилий журнали чиқиб турибди. АКТ соҳасида кадрлар тайёрлашга эътибор кучайтирилди. Тошкент ахборот технологиялари университетида бир қанча йўналишлар, жумладан, «Ахборот хавфсизлиги», «Электрон тижорат» йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Ўтган йили эса Самарқанд, Фарғона, Урганч, Нукус ва Қарши шаҳарларида университетнинг филиаллари ташкил этилди. Албатта, амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда АКТни тараққий этишига асос бўлади, унинг хавфсизлигини таъминлайди. Шу билан бирга, Интернетнинг юқорида санаб ўтилган ўзига хос муаммоларини ҳал этиш йўлида қилиниши лозим бўлган вазифаларни аниқ белгилаб олиш ва уларни амалга ошириш зарур. Агар биз учун электрон тижорат, реклама ҳаққонийлиги, товар белгиларидан фойдаланиш муаммолари эрта-индин воқеликка айланадиган бўлса, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя этиш, хусусий ахборотни дахлсиз бўлиши кабилар аллақачон долзарблик касб этган. Ҳозирда Ўзбекистоннинг ўзида, яъни «.УЗ» миллий домени ҳудудида рўйхатга олинган интернет-ресурслар сони 6000га етган. Бундан ташқари чет элларда ташкил этилиб, юртимиз ҳақида ахборот тарқатаётган кўплаб сайтлар мавжуд. Улар ҳам юқорида тилга олинган иллатлардан холи эмас. Уларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш йўллари қандай? Умуман, «Интернетни тартибга солиш ёки бошқариш» деганда нималар тушунилади ва у қандай амалга оширилади? Бу масалалар чуқур ўрганилиши ва уларга аниқлик киритилиши талаб этилади. Ушбу муаммо БМТ диққат марказида бўлганлиги ҳам унинг глобал характерга эга эканлигидан далолат беради. Информацион жамият бўйича халқаро саммитнинг 2003 йилда Женевада бўлиб ўтган йиғилишида Интернетни бошқариш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилган эди. Унинг асосий вазифаси этиб «Интернет-Ҳукумат» масаласи бўйича очиқ мунозаралар ташкил этиш, «Интернетни бошқариш» тушунчаси таърифини ишлаб чиқиш, Интернетни бошқаришда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, тадбиркорлар ва жамоатчиликнинг ролига аниқлик киритиш белгиланган эди. Ишчи гуруҳи томонидан ташкил этилган мунозаралар давомида Интернет фаолияти ўз ечимини кутаётган кўплаб техник, ҳуқуқий ва ахлоқий муаммолар билан боғлиқлиги тан олинганди. Аммо уларни ҳал этиш учун ягона бир механизм тузмасдан, мавжуд бошқарув тизимидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ деган хулоса билдирилди. Вазифасини бажарган ишчи гуруҳи яқинда ўз ўрнини янги халқаро тузилма — Интернетдан фойдаланувчиларни бошқариш масалалари бўйича форумга бўшатиб беради. Янги ташкилотни таъсис этишга бағишланган йиғилиш 16-17 февралда БМТнинг Женевадаги қароргоҳида бўлиб ўтади. Ўзбекистонда Интернет шахдам одимлар билан кириб келаётганлигини инобатга олиб, тармоқ билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоларни тартибга солиш шу куннинг талабига айланганлигини уқтирмоқ жоиз. Акс ҳолда, ноқонуний фаолият назорат қилиб бўлмайдиган даражада авж олиши ва туҳмату бўҳтонлар оқими тўхтатиши мумкин бўлмаган сел каби кучайиб кетиши мумкин. Бу эса одамларда Интернет тармоғида қонунга риоя қилмаса бўлавераркан, деган тушунчанинг шаклланишига олиб келади. Тўғри-да, реал ҳаётда жазоланиши муқаррар бўлган фаолиятни виртуал оламда бемалол амалга ошириш мумкинлиги одамни бузади. Бунга мисол тариқасида тармоқда беҳисоб порнографик сайтларнинг мавжудлиги, шахсни камситувчи, очиқдан-очиқ ҳақоратдан иборат сўзларнинг ишлатилиши, рекламада маҳсулотларнинг камчилигини яшириш, жамият учун зарарли ахборотнинг жойлаштирилиши (шу ўринда наркотик моддаларни тайёрлаш, сотиш, харид қилиш ҳақида маълумот берувчи сайтлар мавжудлигини уқтириш ўринли) кабиларни кўрсатиш мумкин. Интернетдан фойдаланувчилар, провайдерлар ва сайт эгаларининг жавобгарлиги қонунчиликда белгилаб қўйилиши лозим. Фойдаланувчиларни ахборот билан таъминлашда провайдерлар воситачи эканлигини инобатга олиб, хориж қонунчилигида улар зиммасига қатор вазифалар юклатилган. Айрим мамлакатларда провайдерларга Интернетда қонунларга риоя қилиниши назорат этиш топширилган. Лекин бу уларга хоҳлаган сайтини «ёпиб қўйиш» ёки ундаги ахборотни «йўқотиш» ҳуқуқини бермайди. Бизда ҳам провайдерларнинг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритиб, уларнинг ҳуқуқи, масъулияти ва жавобгарлиги даражасини аниқ белгилаб қўйиш вақти келди. Ана шу мақсадда «Интернет хизмати кўрсатишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида» қонун қабул қилиш мавриди келганга ўхшайди. Тармоқ замон талабига мос равишда ривожланиши учун уни бошқаришда давлат иложи борича камроқ иштирок этиши кераклиги аксарият мамлакатларда тан олинган. Интернетни бошқариш жараёнида унинг ҳуқуқий, ахлоқий, техникавий ва ижтимоий жиҳатларини инобатга олишга тўғри келади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос ёндошувни талаб этади. Шу боис Интернетни бир жойдан туриб бошқариш ёки бу ишни бир ташкилот зиммасига юклатиш кўзланган натижа бермайди. Умумжаҳон миқёсида бу муаммони ҳал этишга таклиф тайёрлаган БМТнинг Ишчи гуруҳи қуйидаги хулосага келган эди: ҳуқуқий ва ахлоқий муаммоларни ечишни Ишчи гуруҳи ўз зиммасига олади, техникавий масалаларнинг ечимини мавжуд халқаро ташкилотлар (ИCАНН ва ИТУ) бажаради, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш БМТнинг тегишли тузилмалари ва халқаро гуманитар ташкилотларга юклатилади. Биз ҳам шу асосда иш тутишимиз мумкин. Чунки Интернет умумжаҳон характерга эга эканлиги сабабли уни ҳуқуқий бошқариш барча мамлакатларда деярли бир хилда амалга оширилишини тақозо этади. Фақат ахлоқий масалаларда фарқ бўлиши муқарар. Чунки «ахлоқ» тушунчаси турли миллатларда турлича талқин этилади. Муаммоларнинг ечимига келганда, уларнинг хусусиятига қараб, қайси вазифани қандай ташкилот бажаришини пухта ўйлаш зарур. Шундай йўл тутмоқ лозимки, ҳуқуқий чекловлар соҳанинг эркин ривожланишига тўсиқ бўлмасин, ундаги субъектлар манфаатига зиён етказмасин. Дастлаб қандай қилиб Интернетни бошқаришда мавжуд қонунлардан фойдаланиш, нималарни ўзгартириш муҳимлигига эътибор қаратмоқ зарур. Масалан, оммавий ахборот воситалари ва алоқа тизимини тартибга солувчи мавжуд конунларни Интернетга нисбатан қўллаганда, юзага келган талабларга мос равишда уларни қандай такомиллаштириш кераклигини аниқлашга тўғри келади. ОАВ қонунчилигига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш жараёнида қуйидагиларни ҳисобга олиш зарур, деб ўйлайман: — қонунларда, жумладан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунда барча тушунчаларга таъриф бериб ўтиш; «оммавий ахборот воситаси» тушунчасига таъриф берганда Интернет оммавий ахборот воситаси эканлигини қайд этиш; «веб-сайт» тушунчасига таъриф бериш; «оммавий ахборот воситаси маҳсулоти» тушунчасига таъриф бериб, жумладан, веб-сайтни ҳам тилга олиб ўтиш; — Интернетда оммавий ахборотни тарқатаётган сайтларни оммавий ахборот воситалари сифатида рўйхатга олишни йўлга қўйиш ва махсус Низом ишлаб чиқиш; рўйхатдан ўтган Интерент тармоғига тегишли гувоҳнома бериш; — ОАВ сифатида рўйхатдан ўтиш ихтиёрий бўлганлиги боис, рўйхатдан ўтган сайтларни рағбатлантириш мақсадида уларга оммавий ахборот воситалари учун белгиланган имтиёзлар дахлдорлигини назарда тутиш; — рўйхатдан ўтган интернет-ОАВ журналистларига қонунларда белгиланган тартибда имтиёздан ташқари мажбурият ва масъулият юклатилиши боис «ОАВ тўғрисида»ги қонунда «журналист» тушунчасига таъриф берганда, унга штатда турувчи таҳририят ходими деб эмас, балки оммавий ахборот воситаси билан тузилган меҳнат шартномаси асосида ёки унинг топшириғи билан материаллар тўплаш, уларни таҳлил ҳамда таҳрир қилиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи шахс тушунилишини қайд этиш. Булардан ташқари, юристлар ва ҳуқуқий мавзуда қалам тебратаётган тажрибали журналистларни Интернет ҳуқуқи бўйича ихтисослашувига кенг йўл очиш муҳим вазифа саналади. Интернетни хуқуқий жиҳатдан бошқариш мавзуси ОАВ диққат марказида бўлиши, унга бағишлаб мунтазам назарий ва илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари ташкил этиб туриш зарур. Интернетда жамиятимизда мавжуд баъзи бир муаммоларни билиб-билмасдан кўтариб чиқилиши, айрим соҳалардаги камчиликларни танқид қилиш баҳонасида шахснинг шаъни ва қадр-қимматига даҳл қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида матбуотимиз, радио ва телевидениемизда реал воқеликни баён қилишдан қўрқмаслик, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган муаммоларни рўй-рост кўрсатиш ҳам муҳим. Мақоламиз якунида шуни уқтирмоқчи эдикки, мутахассислар Интернет ривожланган мамлакатларда ўзига хос ижтимоий қатлам — тармоқ ҳамжамияти шаклланганлигини таъкидлашмоқда. Дунёда Интернетдан фойдаланувчилар сони 600 миллион атрофида бўлса, уларнинг аксарияти ўзини ўзига хос ижтимоий ахборот муҳитининг ажралмас қисми сифатида ҳис этади. Бизнинг ҳам бу воқеликдан четда қолмаслигимиз турган гап. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57627 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36540 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23161 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21584 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |