Самарқанднинг ёшидан шубҳа... [Toshpoʻlat Rahmatullayev]

Самарқанднинг ёшидан шубҳа... [Toshpoʻlat Rahmatullayev]
Самарқанднинг ёшидан шубҳа... [Toshpoʻlat Rahmatullayev]
Тарихий кашфиётлар ҳар қандай ўзгартиришлар киритиши мумкин
Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг қарори эълон қилингандан сўнг уч кун ўтиб, интернет-нашрлардан бири истеҳзоли хабар эълон қилган эди. Xабарда бундан 36 йил олдин Самарқанднинг 2500 йиллиги қайд этилганлиги, ўшанда «келиб чиқиши ўзбек бўлган совет олимлари шаҳарнинг ана шу мўътабар ёшини исботлашганлиги» уқтирилади. Ўз истеҳзосини давом эттириб муаллиф: «Балки ўн йил ўтгач, ватанпарварлик кайфиятидаги тарихчиларнинг бошқа авлоди ЮНЭСКОга Самарқанднинг 3000 йиллигини тасдиқловчи янги далиллар таклиф этишар», дер экан, шундай хулоса билдиради: «Албатта, ушбу тантанали санани ҳам нишонлашади, албатта, уни ЮНЭСКО қўллаб-қувватлайди».
Тўғри, 1970 йилда Самарқанднинг 25 асрлик тўйи нишонланган эди. Келгуси йили шаҳарнинг 2750 йиллиги тантана қилиниши ҳам айни ҳақиқат. Xўш, ўтган давр ичида Самарқанднинг «бирданига» икки юз эллик йилга «қариши» замирида қандай ҳикмат ётибди? Бу ёшни тасдиқловчи аниқ далиллар борми ёки ЮНЭСКОдек нуфузли халқаро ташкилот «ватанпарварлик ҳисси билан тўлиб тошган» ўзбек олимларининг раъйига қараб, юбилей санаси ҳақидаги қарорини чиқардими?
Шаҳарнинг 2500 йиллигини «келиб чиқиши ўзбек бўлган совет олимлари» исботлаганлигини таъкидлаётганлар аслида илмий кашфиёт бўлган бу фактни камситишга уринишмоқчи. Бу холислик даъвосида бўлганларга ярашмайди.
Келинг, ҳиссиётга берилмасдан, аниқ далил ва рақамларга таянган ҳолда Самарқанд тарихининг илк босқичига оид масалаларга ойдинлик киритувчи жиҳатларини холисона кўриб чиқайлик.
Самарқанднинг мўътабар ёшини тасдиқловчи далил-ашёларни дастлаб археолог Александр Иванович Тереножкин топган эди. У 1946-1948 йилларда Афросиёб шаҳар харобасида олиб борган қазишмалари давомида милоддан аввалги VI-ИВ асрларга тегишли бўлган топилмаларни қўлга киритган эди. Ана шу ашёлар ичида Аҳамонийларга тегишли бўлган муҳр ҳам бор эди.
Шундан сўнг олимлар бирданига бонг уриб, 25 асрлик сана хусусида гап-сўз бошлашган эмас. Далиллар пухта ўрганилиб, ҳар томонлама таҳлил қилинди. Ўтган асрнинг 60-йилларида археологлар Галина Шишкина, академик Яҳё Ғуломов ва бошқалар ўз илмий мақолаларида Самарқанд камида 2500 йил олдин вужудга келганлигини исботловчи далиллар мавжудлигини баён қилишганди. Олимларимизнинг бу мулоҳазалари жаҳон илмий марказларида, турли илмий анжуманларда кенг муҳокама қилинди. Юқоридаги хулоса халқаро илмий жамоатчилик томонидан тасдиқлангач, керакли ҳужжатлар белгиланган тартибда ЮНЭСКОга тақдим этилди. У ёғи сизга маълум, азиз ўқувчи: шаҳар юбилейи катта тантана билан қайд этилди.
Самарқанднинг 2500 йиллик ёши тарих ва археология фанларининг ўша даврдаги имкониятлари ва савияси кўрсаткичи эди. Аммо илм-фан доимо ривожланишда, янги техника ва технологиялар барча жабҳаларда ихтироларга олиб келмоқда. Қадимий шаҳримизнинг ёшига 250 йил «қўшилганлиги» ана шу изланишлар оқибати бўлиб, кейинги йилларнинг илмий даражасини белгилайди. Шаҳар 2750 ёшида эканлиги ҳақидаги далилларни жаҳон илмий жамоатчилиги кўзини шамғалат қилган маҳаллий олимлар ЮНЕСКОга юборишган, деб ўйлаш ўта бемаъниликдир.
Бундан 18 йил олдин Ўзбекистон-Франция қўшма археология экспедицияси ташкил этилиб, ўшандан бери у Афросиёбда қазишмалар олиб бормоқда. Айнан ана шу тадқиқотлар давомида Самарқанд Аҳамонийлар даврида эмас, ундан анча аввал пайдо бўлганлигини тасдиқловчи янги ашёвий далиллар қўлга киритилди. Улар нималардан иборат?
Ушбу савол билан қўшма археология экспедициясининг Ўзбекистон томонидан раҳбари тарих фанлари доктори Муҳаммаджон Исомиддиновга мурожаат қилдим. Олим саволга батафсил жавоб қайтариб, каминани шу кунларда илмий изланишларни давом эттириш учун юртимизга келган экспедициянинг Франция томонидан раҳбари профессор Франц Грене билан таништирди. Уларнинг фикрини тўлалигича бу ерда такрорлашга имкон ҳам, ҳожат ҳам йўқ. Шуни айтиш кифояки, Афросиёбда олиб борилган тадқиқотларнинг айрим жиҳатларини таҳлил қилган Муҳаммаджон ака Самарқандда шаҳар маданияти шаклланишига бағишланган катта монография нашр эттирган. «Ватанпарварлик кайфиятидаги тарихчиларнинг бошқа авлоди» ишига шубҳа билан қараётганларга ушбу китобни ўқиб чиқишни тавсия этган бўлардим. Монография улар тушунадиган тилда, яъни рус тилида 2002 йили «Истоки городской културы Самаркандского Согда» номи билан чоп этилган.
Самарқанднинг мўътабар ёшини тасдиқловчи ашёвий далиллар қаторига кирувчи сопол идиш парчалари, гувалаксимон ғиштлар ва яхлит, яъни монолит усулида қурилган деворни мисол келтирш мумкин.
Агар Аҳамонийлар даврида шаҳар девори узунлиги 50-55, эни 28-32, қалинлиги 8-10 сантиметрли ғиштлардан қурилган бўлса, ундан олдинги даврда гувалаксимон ғиштлар ишлатилган. Деворнинг ўзи ҳам даврига қараб ўзгариб борган. Милоддан аввалги VI-ИВ асрлардаги деворни олимларимиз «йўлак-галерея тизими» деб аташади. Бундай деворнинг кенглиги 2-2,5 метр бўлган. Археологлар Афросиёбда шаҳар мудофаа девори дастлаб гувалаксимон ғиштлардан яхлит (монолит) шаклда қалинлиги 7-8 метр қилиб қурилганлигига гувоҳ бўлишди. «Девор остида топилган сопол парчалари милоддан аввалги XII-VIII асрларда тарқалган маданиятга хос», — дейди Муҳаммаджон ака.
Афросиёб мудофаа девори ва унда ишлатилган ғиштнинг қайси даврга тегишли эканлигини, умуман, Самарқанд ёшини аниқлашда Кўктепа топилмалари муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда Франц Грене шундай дейди: «Кўктепада маданий қатлам Афросиёбга нисбатан яхши сақланган. Чунки Кўктепада ҳаёт нисбатан қисқа вақт давом этган. Одамлар уни ташлаб кетгандан сўнг илк қатламлари бузилмай қолган. Шу сабабли бу ердаги топилмалар қиёсий таҳлил этилганда, Самарқанднинг илк тарихига доир кўпгина саволларга жавоб топиш имконини беради».

Шу сабабли бу йилги мавсумдаги қазишмалар қўшма экспедиция томонидан ҳам Афросиёбда, ҳам Самарқанд яқинида жойлашган Кўктепада олиб борилди. Унинг натижалари кутилганидан ҳам зиёда бўлди. М. Исомиддиновнинг айтишича, бу ердан бундан 3500 йил олдинги даврга тегишли топилмалар қўлга киритилди. Агар келгусида худди шундай ашёлар Афросиёбда ҳам топилса, ажаб эмаски, Самарқанднинг ёши яна узайса. Буни илм-фаннинг ривожланиши натижаси деб баҳолаш керак бўлади. Кашфиётни қайси миллатга мансуб олим амалга оширганлигидан қатъи назар, у умумжаҳон мулкига айланади. Шу сабабли қалбида кири бўлмаган, холисликни илм-фаннинг ягона мезони деб ҳисоблайдиганлар Самарқандга бутун инсониятга тегишли бўлган жаҳон тамаддуни маркази сифатида баҳо беришади-да!
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика