Қирмизи бинафша (ҳикоя) [Tosio Udo] |
Жаноб У. менга тувакда бинафша совға қилди. Мен Сизларга шу инсон ҳақида гапириб бермоқчиман. Жаноб У.нинг касби – байтар, яъни мол дўхтири. Ҳозир кўплар уйида мол боқади. Шу боис жаноб У.нинг бош қашишга қўли тегмаса керак деб ўйлагандим, йўқ, мен ҳақиқий аҳволдан бутунлай бехабар эканман. Айни пайтда жониворлар шифохоналарига эмас, аксинча, кучук ва мушуклар билан бемалол кириш мумкин бўлган меҳмонхоналарга ва итлар сартарошхоналарига эҳтиёж кўпроқ экан. Бунинг устига жаноб йўл-йўлакай кирган мижознинг ити борми, мушуги борми шунчалик қунт билан даволар эканки, ҳисоб-китоб қилиб чиқиб кетган мол эгалари бу ерда қайта қораларини ҳам кўрсатмас эканлар. Жаноб У.нинг рўзғор тебратиш учун ягона чораси қолганди, у ҳам бўлса шу яқин орада яшайдиган бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларига хусусий дарс ўтиш. Менимча, жаноб У. урушдан кейин қанчадир вақт америкаликлар ҳузуридаги бош қароргоҳда ишлаб, инглиз тилини ўрганиб олганди. Ўн йил бурун эса у ўзини адабиётда синаб кўрмоқчи бўлганди. Бу йил жаноб У. олтмишга кирганини нишонлади, демак, у пайтларда унинг ёши элликда бўлганди, одамлар назарида гўё у тақдирига тан бергандек эди-ю, лекин жанобнинг тўсатдан руҳи кўтарила бошлади. Байтар сифатида ўз ишининг устаси эканига гап йўқ, бироқ қўй оғзидан чўп олмаган бу одам, ҳалиги «меҳмонхона»ва «сартарошхона»лар ҳужумига бас келолмасди. Мен у билан ўша пайтлари – бундан ўн йил бурун адабиёт сабоқларида танишиб қолгандим. Афсус, буни мен сизларга аввалроқ айтишим лозим эди: гап шундаки, камина ёзувчиман – бу ишда нечоғлик муваффақиятга эришганман, бунинг аҳамияти йўқ. Мен шу сабоқларда дарс берардим. Сабабини билмадим-у, лекин ўша пайтларда адабиётга ихлосмандлар кўп эди, тўгарак ҳам кундан-кунга ривожланиб, гуллаб-яшнаб борарди. Жаноб У.га кўзим тушган заҳоти билдимки, ундан ҳеч нима чиқмайди. Роман ёзиш учун одамда алоҳида бир истеъдод бўлиши зарур деган қатъий фикрдан йироқман, лекин ўзимнинг камтарона тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, агар инсон ҳалол яшаса, ҳар бир қўяётган қадамини ўйлаб босса, шунинг ўзи ҳеч бўлмаганда битта қиссани дунёга келтириш учун етарли деган бўлардим. Тўгаракдагиларни кузатганимда, уларнинг ёшига, жинсига аҳамият бермаганман ва биронтасига умидсиз назар билан қарамаганман. Афсуски, жаноб У. айнан ўшандай ношудлар сирасидан эди. Балки мен қаттиқ кетиб юборгандирман. Аммо-лекин, мен, кўпни кўрган инсон сифатида узоқ йиллар давомида пешланиб, мукаммаллашган ўз ички сезгиларим садосига ишонардим. Сочларига оқ оралаб, бир оз букчайиб юрса-да, у ўзини мағрур тутарди; одамларга ҳаддан ташқари илтифотли эди, улар ҳам уни бенуқсон ва ҳалол инсон деб билар эдилар. Афтидан, жаноб ёшининг юкини ҳис этиб турса керакки, ёшлар даврасига кирганида ўзини камситилгандек кўзларини ерга қадаганча букчайиб тураверарди. Бундай жойга адашиб тушиб қолганини ўйлаб, афсусланарди. Ҳафталар кўз очиб-юмгунча ўтди-кетди, уч ойлик сабоқдаги дарс-лар ҳам ниҳоялаб, бошқалар қатори жаноб У. ҳам имтиҳонга ўз қасидаларини тақдим этди. Унинг ёзганларини ўқиб чиққач, ички сезгиларим мени мутлақо алдамаганига амин бўлдим. Ёзилганларни мутлақо адабиёт деб бўлмасди, сюжет ёки композиция тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Унинг услуби бошқаларникидан ёмон эди демоқчимасман; ёки бўлмаса баъзи жойлари ғазабни қўзғар даражада ёмон ҳам деёлмайман, шунчаки, ёзилганларининг бари бир-бирига сира боғланмаганди. Сен адабиётни қўй, яхшиси, ўша ҳайвонларинг-ни даволайвер, демоқчи ҳам бўлдим. Лекин унинг юзи бирдан жиддий тортганини кўрдиму тилимни тишлаб қолдим. Кейин ўзим ҳам астойдил қилинган меҳнат зое кетмас деган қарорга келдим ва у ёғига ўзи аста-секин тушуниб, қўлидан келмайдиган ишдан воз кечар деб ўйладим. Жаноб У. биринчи босқични тугатиб, иккинчи босқичга ўтди. Соч-ларига оқ оралаб, букчайиб қолганига қарамай, бу одам учинчи босқичда ҳам ўшандай қатъият билан ўқишни давом эттирди, ёмғирли, изғиринли кунларда ҳам биронта дарс қолдирмай, машғулотларга муттасил қатнашиб турди. Мен унга маърузаларнинг маъно-мазмуни мураккаблашмагани, ўзи билган мавзулар такрорланишини, фақат ўқитувчилар ўзгарганини, қўрқмай босқичдан-босқичга ўтавериши мумкинлигини айтдим. Жаноб У. ни буларнинг биронтаси безитмади, ўша иштиёқ, ўша жиддийлик билан машғулотларга қатнашиб турди. Бу ҳам менинг ғашимга тегарди. Xўп, мана, келдинг, эшитдинг, асосларни ўзлаштирдинг, энди у ёғи ўзингга ҳавола. Сабоқдан бу даражада умидвор бўлиш, ёзувчи бўламан деганга ярашмайди. Баъзан У. билан учрашиб қолганимда, ёзганларини бир сидра ўқиб чиқардим ва уни бир қадам ҳам олға силжимагани аён бўларди-қоларди. Мен ҳар ҳолда ёзувчиман, яхши-ёмон асарнинг фарқига бораман. Жаноб У.да пичоққа илинарли бирон нима топилмасди.. У ҳақдаги илк таассуротим мутлақо тўғрилигига ишонч ҳосил қилдим. Охири, унинг ўзи ҳам буни пайқади, шекилли – дарсларда кўринмай қолди. Мен ҳам уни эсдан чиқариб юборгандим – бирдан у тўгаракларида нашр этилган журнални менга жўнатди. Унда жаноб У.нинг ҳикояси босилганди. Ўқиб, ҳайрон бўлдим. Бу насрга ўхшаб кетарди, яна унда қандайдир кучни сезиб турардингиз ва бу ёзилганлар ўқувчини ўзига торта оларди. У ерда гап аскар ҳаёти ҳақида борарди. Албатта, бу ёшда уни армияни ёки урушни кўрмаган деб бўлмасди, зеро унинг аввалги ҳикояларида ҳам худди шу мавзу кўтарилганди. Мен унинг айнан уруш таассуротлари ва кечинмалари ҳақида ёзмоқчи эканини англаб етдим. Мен бундан таъсирландим. Чалкаш, тушуниб бўлмас сюжетларни жон куйдириб қидириш шарт эмас, бошдан кечирганларингни рўйирост баён қилсанг, шунинг ўзи кифоя. Жаноб У.га ҳикояси менга маъқул тушганини ёздим. Муваффақиятга эришаётганидан хурсандлигимни, айни пайтда ҳайратда эканимни ҳам яширмадим. Ундан жавоб келмади, лекин жаноб У.дан олган ибратим руҳимни кўтарди. Мени яна бир тушуниб етганим шу бўлдики, қунт ва тиришқоқлик ҳатто адабиётда ҳам зое кетмас экан. Ўшандан бери жаноб У. йилда бир ё икки бор ёзганларини доимо менга жўнатиб туради. У ўз ижоди билан тўгарак журнали ва нашрларида қатнашади, атиги бир маротаба бўлса ҳам маҳаллий газетада бошқа новеллалар қаторида ёзганлари босилиб туради. Ҳикояларини бекаму кўст асарлар қаторига қўшиб бўлмаса-да, унда ўқувчини ўзига жалб эта оладиган ўзига яраша бир куч бор. Ўтган йилнинг охирларида жаноб У. уйимга ташриф буюриб, тувакда бинафша олиб келди. Бундан бир ҳафта бурун эса доимий анъанага кўра, навбатдаги асарини жўнатганди. Ёзганлари яна ўша газетада чоп этилиб, бу сафар энг яхши деб топилганди. Бу бир зобитнинг сўнгги кунлари ва ўлими ҳақида ҳикоя қилувчи, унча катта бўлмаган йигирма бетлик ҳикоя бўлиб, афтидан, жаноб У.нинг ҳарбий тажрибалари маҳсули эди. Ҳикояни ўқиб чиқдим-да, унга ўз таассуротларимни ёзиб юбордим ва ҳаял ўтмай жаноб У.дан жавоб хатини олдим. Унда у мен берган юксак баҳодан миннатдор эканини мамнуният билан изҳор этганди. Тезда ўзи ҳам қўнғироқ қилиб қолди. Оғир, вазмин бу одам уйимга ташриф буюришини сўраб, оёқ тираб туриб олди. Сира қўявермагач, рози бўлдим-да, келадиган кунни белгиладим. Мен, бу ташриф сабабини тушунолмай, ўзимча, кўрсатган эътиборим учун миннатдорчилик билдирса керак, деб ўйлагандим. Ҳатто уйим узоқлигини рўкач қилиб, уни йўлдан қайтармоқчи ҳам бўлдим, у эътирозимни қабул қилмади. Жаноб У. қоғоз халтага, яна бир неча қават газетага ўралган бинафшали тувакни кўтариб, ваъдалашган кун уйимга кириб келди. Босиққина бу одам эскича мулозамат билан саломлашди-да, бинафшани қандай парваришлаш ҳақида узундан-узоқ маъруза қила кетди. Мен гуллар ишқибози эмасдим, лекин озодликка чиқиб эркин нафас ола бошлаган ажабтовур бинафшани кўрдиму унинг шўхчан, тиниқ рангига маҳлиё бўлиб қолдим. Қалин барглари чиндан-да ҳайратомуз бу бинафша бўлиқ ва бақувват эди. Уни япроқли ўсимликлар қаторига қўшса бўлармикин дея ўйлаб қолдим. Бошда у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик, сўнг иккимизни бирдай қизиқтирадиган мавзу унча кўп бўлмагани боис унинг сўнгги ҳикоясини муҳокама қилишга кўча қолдик. Воқеа урушда мағлуб бўлган, қиши қаттиқ келган Манчжурияда бўлиб ўтганди. Совуқ уриб, ҳолдан тойган япон зобити ватанини қўмсаб, ҳарбий госпиталда жон беради; тирик қолган дўстлари музлаб ётган ерни аранг кавлаб, уни ўша ерга дафн этишади. Мен: – Нима, ўзингиз ҳарбий госпиталда ҳеч бўлмаганмисиз?—деб сўрадим. – Бўлганман. – Айнан қаерда? – Телин деган жойда. Манчжурияда ўсиб-улғайганим учун бу ном менга таниш эшитилди. – Ўшанда тобингиз қочганмиди? Ёки ярадор бўлганмидингиз?—дея унга қараб қўйдим. Унинг қисми Шимолий ва Марказий Xитойда жанг қилганини билардим. – Бу қандай содир бўлганди? У бошини экканча, жим турарди. – Биласизми... – дея зўрға гап бошлади, томоғига бир нима тиқилгандек, иккиланиб. Кейин лабини пирпиратиб минғирлади у. – Мана, қаранг... – деб ўнг қўли кафтини менга узатди. Қўлдайин қўл, беш бармоқнинг бари бут, бир қарашда ҳаммаси жойидадек, лекин синчиклаб разм солиб қарагандим, кафтидаги бир неча чандиққа кўзим тушди, ўртада, улар туташган жойда куйгандан қолган силлиқ доғ бор эди. Бирдан миямда фикр пайдо бўлди.. – Наҳотки ўзингизни отган бўлсангиз? – Ҳа. Жаноб ҳаяжонланмай, бепарвогина им қоқиб қўйди-да, бошқа ҳеч нима демади. Лекин мен воқеа қандай содир бўлганини кўз олдимга келтирмоқчи бўлдим. Ахир бир ойгина бўлса ҳам армияда хизмат қилган ва нималарнидир билишга улгурган эдим-да. Афтидан, у яқин-атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўнг қўлини милтиқ оғзига тўғрилаган ва чап қўли билан тепкини босган. Шу ҳам гап бўлдими. Жаноб У. олган жароҳатини қуролдан фойдаланишда эҳтиёцизликка йўл қўйдим дея тушунтирмоқчи бўлди ҳам дейлик, лекин бу шунчаки жўн иш эмаслиги маълум-ку. Биринчидан, қурол ўз ҳимоя воситасига эга, шу боис бундай ҳодисалар кўпам учрайвермайди. Милтиқ ўқланганда эса уни тозалаш, тузатиш асло мумкин эмас, устига-устак яқин-атрофдан солдатлар чиқиб қолишлари ҳам мумкин. Хуллас, келтирилган далиллар ўзини ўзи отиш мутлақо тасодифий ҳодиса эмаслигини тасдиқлаб турибди, демак, ўз қўлини мўлжалга олиб отишга на фақат журъат керак, бундай латифани тўқиб чиқарадиган одамда бой тасаввур ҳам бўлиши лозим. Мен хиралик қилиб жаноб У.нинг жонига тегмоқчи эмасдим-у, унга маъқул бўлар деб ўйлаб, ишлари қандай кетаётгганини суриштириб билмоқчи бўлдим. Суҳбатимиз уни қизиқтирадиган мавзу бўлгани боис саволларимга жон-жон деб жавоб берарди. Уларнинг отряди дарё соҳилига яширинганди, рўпарага эса Саккизинчи[1] армия жойлашгани боис, худди ёпишиб қолгандек жойларидан қимир этолмасдилар. Вақти-вақти билан нариги қирғоқдан уларга варақачалар отишарди ёки бўлмаса, карнайда япончалаб таслим бўлишни таклиф қилишарди. Аввалига жаноб У. қочиш учун пайт пойлади, сўнг бундан бирон наф чиқмаслигини тушуниб етгач, унда ўзини отиш фикри туғилди. Тахмин қилганимдек, жаноб У. бу бошлаган иши мушкул савдо эканини охири ўзи ҳам тан олди. У барини тарозига солиб, ҳақиқатга яқин афсонани тўқиб ҳам қўйганди, фақат қулай фурсат кутарди, холос. Ниҳоят, кутилган фурсат етиб келди. Қуроллар алмаштириладиган бўлди, У. ҳам эски милтиғини топшириб, яп-янги қурол – «тян»[2]ини олди. Ўлжа сифатида берилган милтиқларни зобитлар шундай деб атардилар, Саккизинчи армия шу милтиқ билан қуролланган эди. Унинг омади чопиб, «тян»нинг тасмаси узилиб кетиб, ҳимоя воситаси ишдан чиққан экан. У тўқиб чиқарган афсона барига мос келарди. Охири У.ни разведкага юборишди. У орзу қилган нарсалар бирин-кетин амалга ошаётган эди. У. тепаликкача етиб борди-да, ўзини аросатда қолгандай ҳис этди – бу у тўқиб чиқарган латифанинг бошланиши эди. Ҳақиқатга яқин келиш учун баландлик бўлиши керак эди ва у шу жойга етиб келди. Қўлида милтиқ билан қияликка кўтарилиш қийин эди. Ҳалиги «тян»нинг эса тасмаси узуқ эди. Нима қилиш керак? У милтиқни тепаликка отди-да, ўзи ҳам икки қўли билан тирмашиб тепага чиқа бошлади. Тепалик чўққисига чиқиб олди-да, қўлини чўзиб, милтиқни учидан тутди ва ўзи томонга торта бошлади, бир вақт тепки аллақандай илдизгами, шохгами тегди-да, милтиқ отилиб кетди. Жаноб У. яна бир маротаба афсонани текшириб кўрди ва ҳаммаси жойида эканига ишонч ҳосил қилгач, тепалик этагида ётди, милтиқ оғзига ўнг қўли кафтини қўйди, кўзини чирт юмди, сўнг чап қўли билан тепкини босди, олдинига оғриқни сезмади, қўли худди пардек енгил бўлиб қолди ва осмонга учиб кетди. У хавотир билан кўзини очди. Ўнг қўлининг кафтида тешикни кўрди, нозиккина, оппоқ суякчалари шундоқ кўриниб турарди. Зум ўтмай яраси қонга тўлди. Қон пастга томиб туша бошлади. Шунда у режасини ўзгартирди. Ўзини тепаликдан қулаб тушгандай қилиб кўрсатмоқчи бўлди-да, иккинчи ёнига ағанади ва бақириб одамларни ёрдамга чақира бошлади. Қичқириқни эшитиб, дарров бир неча одам ёрдамга етиб келди ва ярани боғлашди. – Сўроқ ҳам бўлгандир? – Бўлганда қандоқ, жуда қаттиқ сўроқ бўлди! Бир амаллаб қутулиб чиқдим. – Воқеа қачон юз берди? – Қирқ тўртинчи йилда. Икковимиз ҳам сукутга чўмдик, сўнг мен яна бир нимани аниқламоқчи бўлдим: – Фақатгина армияга бўлган нафратдан бундай иш қилиш мумкин эмас. Балки сиз марксизм ғояларига хайрихоҳдирсиз? – Ҳа, – оддийгина қилиб ҳаяжонсиз жавоб қайтарди у. Хайрлашиш олдидан жаноб У. ўша-ўша вазмин ҳолда деди: – Мен госпиталда ётганимда баъзан фронтдаги дўстларимни қаттиқ қўмсардим. Жаноб У. хайрлашди-да, кетатуриб, қўлини кўксига қўйиб деди: – Тўғрисини айцам, мен бу ҳақда ёзмоқчи эдим, шунинг учун ёзувчилик ҳунарини эгалламоқчи бўлгандим, лекин бу иш қўлимдан келмади. Кеча икки юз эллик бетлик нарсани ёзиб тугатдим ва ўзимни шундай енгил ҳис этдимки, асти қўяверасиз. Мен сиздан жуда-жуда миннатдорман. Шу йиллар ичи сиз менга кўп яхшиликлар қилдингиз. Томоғимга нимадир тиқилди. Мен унинг ўнг қўлига қарадим. Ўша қўли соябон тутишга ярамаса ҳам қалам ушлашга асқотиши мумкин эди. Демак, ўша қўли сабаб ва яна ўша қўл билан икки юз эллик бет нарсани ёзиб, ўн йиллик ҳаётини сарфлабди. Урушда қатнашмаслик учун икки қўл ва икки оёқни отиш эмас, балки айнан ўнг қўлни ишдан чиқариш керак эди. Жаноб У.нинг ўша ташрифидан сўнг бир ойча қирмизи бинафша гуллаб турди. Мана, анча вақт ўтди, лекин, дераза олдидаги менинг столимда ҳалиям қирмизи бинафша очилиб турибди. Қуёш тушганда у янаям қизилроқ тусга киради. Мен аслида ялқов одамман, аммо-лекин, бинафшани парваришлаш билан боғлиқ кўрсатмаларни бажонудил бажараман. ↑ Саккизинчи армия – Xитой Компартияси томонидан бошқариладиган Xитой армиясининг мунтазам қисми. ↑ Тян – милтиқ (хитой.). |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Qirmizi binafsha (hikoya) [Tosio Udo] 400 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |