Япон шеъриятидан (ҳайку ва танкалар) [Toʻplam] |
Сўз Сеҳри (Хайку Xақида) Хайку ёлғизликни куйлагувчи ихчам санъат асари бўлиб у ташвишлардан безган, нохақликлардан, озорлардан чарчаган, ғийбатлар пайконидан вужудлари ғалвир, хорғин руҳ эгаларининг чекинадиган узлатгохи, хилватидир. Япон шоирлари табиат билан уйғун умр кечириб хайкулар ёзиш учун рохиблар каби жанда кийиб, хасса таяниб ёввойи каптарлар ғувиллаётган кимсасиз далалар ортида,туманли тоғ қишлоқларидаги чакалакзор ўрмонларда, вайрона ибодатхоналарнинг унут харобаларида, ёввойи гуллар очилиб ётган ўнгирларда ёлғиз яшаганлар ва гўзал, ўлмас асарларни ёзиб қолдирганлар. Xайкуларда кўп қиррали нимкоса маъно, фалсафий мазмун йўқ. Япон шоирлари хайкулар орқали гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлайди, туйғуларини ибтидоийлаштириб табиатга яқинлаштиради, инсоннинг ҳиссиётларини сунъийлик ғуборларидан тозалайди.Хайкуларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз. Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз. Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ўз таржимам орқали хукмингизга хавола қиларканман,шундай ажойиб япон шоирларининг хайкуларини ва танкаларини она тилимизга ўгириш менга ҳам насиб этгани учун Жаноби Ҳаққа ҳамду санолар айтаман. Негаки, Пайғамбаримиз Сарвари коинот Ҳазрати Муҳаммад Саллоллоху Аълайхи Ва Саллам ўз хадиси муборакларида мархамат қилиб: -Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор - деганлар. Қолаверса, япон шоирлари тожу-тахт васвасаси, фисқу фасод, шахвоният ва молу дунё хирсидан йироқ ўз хайку ва танкаларида Оллох яратган дунёнинг гўзал манзараларини акс эттириб бандаларга ҳайрат бағишлайди, инсонлар қалбида Оллоҳ қудратининг тажаллоси бўлган табиатнинг мусаффо гўзаллигига меҳр-муҳаббат уйғотади. Япон шеъриятидан Xолдор Вулқон таржимаси. 1983 йил. Бундан 600 Йил Аввал Ёзилган Xайку Ва Танкалар Баланд қоядаги дарахтга яна Илиниб қолибди Менинг варрагим... Кобаяси Исса. * * * Ажойиб варрак кўтарилди Камбағалнинг томи устидан Кўм - кўк осмонга... Кобаяси Исса. * * * Ойнинг биринчи куни, менинг ушоқдек Варрагим бошқа варраклар билан Қўшилиб ликиллар Эдо[1] устида... Кобаяси Исса. * * * Сел тошқини. Оҳ, қанчалар тўлиб оқмоқда, Қалъа атрофидаги зовурлар! Масаока Сики. * * * Баҳор сели. Океанга қуйилмоқда Бўтана сувлар... Ёса Бусон. * * * Сув тошқини Мушук тушиб кетди оқимга Сакраб ўтолмади бечора. Хоро. * * * Баҳор шамоли. Ютоқиб - ютоқиб сув ичар сичқон Сумида дарёсидан... Кобаяси Исса. * * * Қайиқ устида варақлари Тош билан бостирилган китоб Баҳор шамоллари эсар... Кито. * * * Баҳор шамоли. Турналар оқариб хурпаяр, Қарағайлар орасида... Райдзон. * * * Худди одамлардай дайдиб юрибди, Каптарлар, чумчуқлар Балиқ ови мавсумида. Кобаяси Исса. * * * Балиқ ови мавсумида Қисқичбақа ишонқирамай Ўлчаб юрар қумда оёқ изларин... Рофу * * * Гуллаган сакуралар ичра Фудзияма юксалмиш кўкка - Японияда баҳор! Сёу. * * * Узоқдаги фудзи тоғларин Тўсиб қўйди яшил тўнила Ёшгина япроқ. Ёса Бусон. * * * Шоли экиш мавсуми. Ох қанча қайғу, қанча ташвишлар Қуйилган - а бу қўшиқларга! Кобаяси Исса. * * * Дехқон ухлар тоғ этагида. Кетмончага бошини қўйиб Тўрғай сайрамоқда ҳавода. Кобаяси Исса. * * * Шолипоя чопгани чиқдим. Қуш ҳам сайраб қўймас ақалли Тоғ ёнбағрида... Ёса Бусон. * * * Мен бу ерни ағдаргунимча Кетиб қопти дала осмонида Сузиб юрган бир парча булут... Ёса Бусон. * * * Оқшом тутунлари. Ноғоралар зириллар гулхан томонда Чалинади қулоққа қўшиқ... Рёта. * * * Кун узоқ чўзилар Кўприкка қўнганича турар тустовуқ Кетмайди учиб... Ёса Бусон. * * * Кун узундан узоқ, Олисдан элас - элас эшитилади, Обжувознинг ҳорғин ғижири... Яха. * * * Узоқда учмоқда бир гала ўрдак, Мен кетмончамни чайқайман. «Ғақ» этади нимадир сувда... Ёса Бусон. * * * Ўтлоқ узра тутун чўзилган Вайсашмоқда бир нарсалар деб Иккита бия... Кобаяси Исса. * * * Эҳ сен булбул! Лой оёғингни арттаяпсанми, Олхўри гулларига... Кобаяси Исса. * * * Булбул сайраяпти Ҳар замонда ташлаб қаҳрли назар Менинг кулбамга... Кобаяси Исса. * * * Булбул сайрамоқда Гох уёнга, гох буёнга ўгирилиб Гуллаган новдада... Ёса Бусон. * * * Булутларга шўнғиб Ва уларла учиб шамолга Қалдирғочлар келар баҳорда. Дакосу. * * * Дехқон ишлаётган Орол устида ҳам Тўрғай қўшиғи... Кобаяси Исса. * * * Яшил жавдаризор. Тўрғай кўтарилди дала устига Сўнг яна пастлади... Онисура. * * * Нарсаларни ёруққа қўйиб, Кузатаман соялар туғилишини Кузги чошгохда... Кёси. * * * Тонг ёришар Қўнғироқлар овози Туманларга беланар. Мансуо Басё. * * * Фудзи тоғи, Кузги осмонни тешиб Кўтарилар юксакка. Онисура. * * * Куз кечаси Ўралади нўноқ йўловчи Юпқа кўйлакка... Кобаяси Исса. * * * Таралмоқда «о - о - о - оу!» Мунгли чорлов акс - садоси Тун қўйнида дайдийди буғу... Мацуо Басё. * * * Кузги тоғда ибодатхона. Айвонда турганча тингладим маъюс Буғу чорловин... Кобаяси Исса. * * * Буғу овози Олисга жаранглаб сингади Маъюс ва маъюс Мацуо Басё. * * * Тунги совуқ. Менга жулдур тўнин қарзга беради Даладага қўриқчи... Мацуо Басё. * * * Изғирин, Узоқларда касал турнани Кўраяпман мен... Ёса Бусон. * * * Пўшт - пўшт, чирилдоқ Хозир ёнбошимга ағдариламан - Қани, жўнаб қол - чи бу ердан! Кобаяси Исса. * * * Ўчоқ бошидаги ковакка Чирилдоқ кириб олган Тунги совуқ... Ёса Бусон. * * * Куз келмоқда Бу хақда хабар олиб, Учиб келди қизил ниначи. Сирао. * * * Зоғча тутиб олдим Унинг кўзларига қараб билдимки, Куз келаётир. Дакосу. * * * Илгакланган эшик - Ҳовли саҳнасида Ўйнар хазонрез... Тейга. * * * Ит хурмоқда Ажратиб қуриган хазон шитирин Ховлида бўрон... Сисей - Дзё. * * * Оёқ остидан чиққач Чиройлироқ бўлиб қолди у - Бужмайган япроқ Кёси. * * * Нок арчаяпман, оқмоқда, Хушбўй,ширин томчилар Пичоқ бўйлаб югириб... Масаока Сики. * * * Оппоқ хризантема - Мана қаршисида тўхтаб қайчи ҳам Қотиб қолди бир дақиқага. Ёса Бусон. * * * Янги боғ яратдим Ниҳоят ундаги тошлар намланди Биринчи қиш ёмғири... Сядо. * * * Биринчи қиш ёмғири Маймун ҳам қаршилик қилмайди Кийдирсанг чопон. Мацуо Басё. * * * Қандай қайсар одам! Балиқ тутар қиш ёмғирида Қош қорайган чоғ... Ёса Бусон. * * * Мен шамолга қарши юраяпман Соябоним ортга тортади Қишки ёмғирлар вақти... Сисей - Дзё. * * * Дехқон кенг далада Менга йўл кўрсатди Юлинган шолғом билан... Кобаяси Исса. * * * Ташландиқ ҳовузда Бир пой қамиш шиппак Ҳўл қор ёғмоқда... Ёса Бусон. * * * Товуқлар катакда ухлашаётир Бу вақт қор яна қалинроқ Қоплаётир далалар устин Кобаяси Исса * * * Шамол қалпоғини учириб Савалайди селлар беаёв Қўриқчи далада... Хаги - Дзё. * * * Ойдин кеча - Нақадар аянчли, нақадар бахсиз Даладаги қўриқчи... Масаока Сики. * * * Даладаги қўриқчи Ҳатто Xизр бўлиб келганида ҳам Бошдан олмас евроқалпоғин. Дансуй. * * * Ҳой, ҳовлида яна не шовқин? Бу қўриқчи, кучли шамолда Ерга қулаб тушди гурсиллаб. Бонтё. * * * Ғоз, ёввойи ғоз, Айт неча йил учдинг саросар Ўрмонлар ортига, денгиз ортига?... Кобаяси Исса. * * * Ёввойи ғозларнинг галаси, Ғоғолаб пастлади яйдоқ далага. Кучаймоқда тунги совуқлар... Кёроку. * * * Қизилиштон тақиллатмоқда - Кун боца ҳам ҳамон тинмайди Ҳамон ўша эски жойида... Кобаяси Исса. * * * Ўчоқ бошидаги ковакда Куйлар тамом ўзин унутиб Таниш чирилдоқ... Мацуо Басё. * * * Тешик соябон - Қишлов учун қўл келди жуда Кўршапалакларга!... Ёса Бусон. * * * Совуқ тун Жиғимга тегишчун қўшнилар атай Қозон тақирлатаётирми? Ёса Бусон. * * * Сичқон чиқиб борар Кўрпам ёнидаги жинчироқ сари Ёғ ҳам музлабди... Ёса Бусон. Мацуо Басё ёзган хайкулар: Қорли тонг. Яна қуритилган балиқни Ейман шекилли ёлғиз бир ўзим. * * * Денгиз сувида сузиб юрар Майда ялтироқ балиқчалар Тутаман десанг йўқ бўлиб қолишар. * * * Совуқ шамолларда шолоплар эшкак Юрагим сиқилар Тун яна кўз ёш... * * * Шу қоядан туриб Кўм - кўк денгизга Қалпоғимни улоқтираман! * * * Қишки дала Узоқларда юрар дехқонлар Қолган - қутган чўпларни йиғиб * * * Сочим ўсибди Озиб кетдим, рангим олинган Буғу ойидаги ёмғир тўхтамас. * * * Банан япроқлари сўлғин Ойнинг порлаб чиқишини Сарғайиб кузатар дехқонлар * * * Йўллар тойғоқ музлама Аттанг, тойиб йиқилди Ширакайф дўстим. * * * Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота Сўнаётган гулхан чўғлари Ўчиб қолди унинг кўзёшларидан. * * * Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни Ивитиб йиртибди Баҳор ёмғири. * * * Музлаган олабуға балиқлари Иржайтириб ётар тишларин Совуқ дўкон пештахтасида. * * * Қайдасан сен, менинг таянчим? Хасса қилиб олган чўпагимни Синдирди кузги шамол. * * * Уфқларга ботмоқда қуёш Кузги дарё сувларида Ялтиллайди майда балиқлар. * * * Чопоним юпқа. Кун бўйи ўтириб ундаги битларни Териб ўлдирдим. * * * Жуда қалин қор ёғибди Энди Xакбинз тоғидан Қандай ошиб ўтар одамлар? * * * Ёсинодаги гуллаган гилосларни Кўрсатайми сенга, Менинг қалпоғим? * * * Охир қувиб етдим Ўтган баҳорни Олис «Вака» бандаргохида. * * * Вой баёв!.. Вой баёв!.. Яна нима дейиш мумкин сиз хақингизда Ёсинодаги гуллаган гилослар! * * * От устида ухлаб қолибман. Уйғонганда кўрдим олисда ойни Тонги тутунлар. * * * Қарайман, айланар қорга Қоронғу кечада Қишки ёмғирлар. * * * Устунларига ҳас - хашак илинган Кўприк хайрлашаётир Тўлин ой билан. * * * Қайдан келди бу ялқовлик? Бугун аранг уйғотишди мени Шовуллайди баҳор ёмғири. * * * Қизиқамиз ёнар қуртларга, Қайиқчидан умид йўқ, у маст, Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда. * * * Ойдин қиш кечаси Қор босган йўллар, Итга отай десам топилмайди тош. Кобаяси Иссанинг яна икки хайкуси: Кечиб ўтдим саёз ва тошли, Феърузаранг дарё сувларин Шиппагимни қўлимга олиб * * * Ойдин кеча Тиниқ шолипоя сувида Оқиб юрар гилос гуллари. Ковахигаси Xекигадонинг икки хайкуси Сузаётир қора кемадай, Секин аста булутлар аро Тоғнинг чўққиси. * * * Шиллиққуртнинг сира Чиғаноғидан чиққиси келмас Кузги шамоллар. Масаока Сикининг икки хайкуси Гуллаган Ямабука сояси, Сув солинган қовоқда Билтанглайди кумушранг балиқ. * * * Кимсасизлик. Дарахт соясидаги ўриндиқда Қарағайнинг игна барглари. Найто Мейсесу ёзган хайкулар (1847-1926): Оғилхона устида Порлар янги ой. Олхўри гуллабди. * * * Қайтариб келади ўз овозимни Яна ўзимга Кузги бўронлар. * * * Ой порлаётир. Оёқ қўйдим осма кўприкка, Лапанглади кўприк ғижирлаб. * * * Юрмаётган отининг Жиловидан тортар зўр бериб Аравакаш совуқ кечада. * * * Эшитилар ойна ортидан Дехқон кетмонининг чиқирлашлари. Шудгорда тош кўп. * * * Зилол сувли дарё, Лапанглаб оқмоқда Сувга қулатилган ходалар. * * * Тутунларда кўринмай кетар Саргашта рохиб. Олисларда янграр қўнғироқ. * * * Чуғурчуқлар галаси Учиб ўтди тепамдан. Эшитдим қанотлар шувиллашини. * * * Менга совға беришди, Уйга олиб кетяпман сувли косада Олтин балиқчани. * * * Қиш ёмғири. Хамма нарса жим. Қирғоқдаги қайиқ ҳам ҳатто. * * * Гўё итоаткор капалакни олдига солиб Хайдаб келаётганга ўхшар Сўқмоқдаги йўловчи. Танеда Сантока хайкулари (1882-1940): Шундай кетмоқдаман Сўзанакни қалпоғимга Қўндирганимча. * * * Ёлғиз ўтирибман Ромларга елимлаб Янги қоғозни. * * * Қандай ва қаёқдан қарамайин Ҳамон ёғаяпти тўхтамай Ёғаяпти қор. * * * Чирилдоқлар чириллар. Беркинишнинг иложи йўқ Бу товушлардан. * * * Ҳамон учаяпти Кузги дарахтларнинг Япроқлари совуқ шамолда. * * * Дам олиб ётган чоғим Қизил сўзанак Оёғимга қўнди ўтлоқда. * * * Яхшилаб чайнаш керак, Ҳафсала билан. Гуруч бу гуручда... * * * Саке ичиб Чирилдоқлар билан Ухлаб қолибман. * * * Ёзги сел шовқини Йиллар ўтиши билан мен каби Қарибди у ҳам. * * * Мана учрашдик ниҳоят, Баланд қояларда чой буталари. Улар гуллабди. * * * Аёзли қиш кечаси. Совуқ изғирин. Мен қаерда тунайман энди?.. * * * Қаёққадир шошар Совуқ булутлар Чексиз осмонда... * * * Далада изғирин. Тошларни тераман Кузги шамолда... * * * Қишки ёмғирлар. Назаримда, Ўлмаганга ўхшайман ҳали... * * * Қандай ивиб кетдима! Боягина ҳув анави, Булутлардан ёққан ёмғирда!.. * * * Узуликсиз ковшанаман. Менинг овқатим - Гуруч кепаги. * * * Ҳой,ноинсоф чигиртка! Халтадаги гуруч ўзи оз! Эртагача есин... * * * Кечки овқат йўқ. Кузатаман қуёшни Тоғлар ортига... * * * Оҳ, қандай ажойиб Сел бошланиши! «Тук - тук - тук - тук»... * * * Ёлғиз капалак пилдираб Учиб айланяпти. Ҳамма ёқда тош. * * * Оқшомда уйга қайтаяпман Қор устини қоплаб борар қор. Таралади сукунат хиди. * * * Май оқшоми. Бақалар қуриллаши аро Поезд шовқини. * * * Айвонда ўлтириб Тонги шаббодада Умебоси қиёмин ейман... * * * Ёлғиз ва сокин Жим - жит ўнгирларнинг Шаффоф тонглари... * * * Июл жаласи Тошиб кетдими дейманда, Само тўғони... * * * Хотиралар учиб келар Қайдандир бирдан Оппоқ ювош капалак билан... * * * Атроф тоғ ўрмони, Бошим остида тош. Ва булутлар кузги осмонда... * * * Тунги ибодатхонада Тонгача мушук Ўйнайди парвона капалак билан * * * Йўлда касал бўлиб қолдим, Мана энди тунги зулматда, Тинглаяпман сел шовқинини... * * * Қоронғи тушди Энди ойдин тоғлардан Ахтараман тунамоққа жой * * * Нахот шу кул қолган бўлса Ёқиб юборилган кундалигимдан?... * * * Тонг палласи йирик томчилар Ноғора қилиб чалар Кулбанинг томин. * * * Бурга чақиб ухлатмаяпти... Юлдуз тўла бепоён осмон... * * * Денгизларга тикилганимча Сохилдаги ўтлоқда Бўшанаман, хожат қиламан * * * Болакайлар ўйнаб юрибди Қабрлар аро... * * * Оқшом қўнғироғи жаранглар... Оёқларим юрмай қўйди... * * * Кузги шамолларда От суғораман... * * * Чўчқа менга тикилди, Қизиқишдан очилган оғзига Кирмоқда кузги шамол. * * * Кун бўйи ёмғир ёғди. Мен ўйладим хасратга чўмиб, Олисларда қолган Ватанимни. * * * Емиш сўраб миёвлар мушук Лекин ҳеч нарса йўқ унга бергани... * * * Бунча ҳам мазали Бўлмаса гуруч. Кавшанаман бир ўзим ўйчан. * * * Офтоб қиздирмоқда Устарада қирилган Тақир бошимни Исикава Токубоку (1886-1940) Ярим кечаси кўчада хайрлашаётиб Ўпишгандик иккимиз узоқ... Олис кунлар ёнғини... * * * Тургеневнинг романин Поездда ўқиб кетаётиб «Исикари» дан ўтиб кетибман Мидзухара Сюоси. Кўл узра порлаётган ойни, Томоша қилмас ҳеч ким Барча шоли ўримида... * * * Бинафшалар гуллади яна Топталди сўқмоқлар Баҳорги ўрмонларда * * * Олмалар гуллаган. Боягина ёққан баҳор селида, Оппоқ гул қоплади сохил сувларин. * * * Ой порлар. Қайинлар сояси сезилмас, Туманларга чўмган қайинзор * * * Баҳорни кузатаяпман Ёмғирларда шалоббо ивиб Булутлар билан юзма - юз, тоғда * * * Ёмғирли кун. Оқин бўйлаб оқар хризантемалар Кўринмайди биронта қайиқ * * * Чой гуллайди баланд қояда, Шом зулмати қоплаган тоғлар. Олислардан кўтарилар ой * * * Нахотки бинафша Ёлғиз гуллади Тутзорда яна... * * * Қалдирғочлар чийиллаб учар, Тоғлар орасидаги уйимнинг, Томи устидан. * * * Хаги гуллаётир Асама тоғига чиқаман Булутларни қайриб... * * * Жарлар аро, тўлқинлар узра, Чайкаларнинг ини ёнида Олхўри гуллар... * * * Беркинади ўт - ўлан ичра Тунаш учун ўтлоқ каккуси, Яқинлашар тун... Акутагава Рюноске. Хатто қуённинг ҳам, Қулоқлари шалпайиб қолди Қандай иссиқ хаво! * * * Мана тонг отди, Қўшиғини тўхтатиб бирдан, Чирилдоқ жимиб қолди * * * Тоғ этакларида Юмилиб қолибди совуқ аёздан, Чой ғунчалари * * * Қишки ёмғирлар, Канал қирғоғидаги чойхонада Ёлғиз бир мехмон... * * * Боғ йўлакчасидаги Кўлмакда акс этар Азалия гуллари... * * * Қиш кечаси совуқ, Йўлнинг икки чети Бамбук ўрмони. Нацуме Сосеки. Мен касал ётган хонанинг Бамбук пардасида Кузги капалак * * * Кузги дарё узра, Акс - садо янграр. Чайла қуришяпти узоқда * * * Кузги дарё сохили, Топиб олдим силлиқ, япалоқ. Оппоқ қайрақ тош... Накамуро Кусадо. Гилос мевалари Тўлди қирмиз шарбатга Биз ўғил кўрдик... * * * Қишки денгиз, Оқаётган гул паллаларидай, Сузар чайкалар * * * Осмонда юлдузлар, Қайиқ тўла олма, Уй тамон сузаман... * * * Кўзага сув қуйдим Қўнғироқлар товушин тинглаб, Янги йил кечасида Иида Дакоцу. Печкада ўтин ёнар, Ойна орти - совуқ денгиз узра Чийиллайди чайкалар... * * * Печка эшигин очдим, Охиста, истамайгина Ёнади кўмир... * * * Шамолда чайқалиб жаранглар Эшигимга осилган қўнғироқ Анор гуллабди... * * * Пашшахонага кириб ётибман, Сўнаётир кузги саҳарда Ўчоқдаги кечаги чўғлар... * * * Намиқиб бўкди теваракдаги, Қувраб қолган кузги майсалар. Ёмғир қуяр тоғларни ювиб * * * Эсар ғарбий шамоллар, Кириб келар ёмғир сувлари, Остонага қадар ўрмалаб. * * * Инсон қалбига ўхшар Фақат бир нарса - Кузги ёнар қурт... * * * Қор кўмиб ташлади Барча йўлларни Исинаман ўчоқда ёлғиз... Найто Мейсесу. Шаффоф сувда Қилт этмайди мудроқ балиқлар Кузги шамол... Такахама Кёси. Қор оғирлигидан қийшайган Оғилхона тамонда Марайди сигир... * * * Гувиллаган совуқ шамолни, Кўксим билан қарши олиб. Бир зумга унутдим қариганимни... * * * Мен бугун хар доимгидан ҳам, Қўпроқ ачиндим гулларга Қиш шамолида * * * Баланд қоя тошлар аро Кўринади мўъжаз бир қишлоқ, Қишки қалтис йўллар. * * * Иккига айрилиб Олисга чўзилар икки ип - Дала сўқмоқлари * * * Хадемай жимиб қолар Ўтинчилар болтаси тоғда, Кузги ёмғирлар... * * * Ухланг Токиоликлар! Биринчи қиш ёмғири ёғар, Тунги жимликда * * * Ариқчани лойқалатиб, Дехқонлар шолғом ювар Хафсала билан... * * * Қишки бўрон. Фонарнинг хира нури, Акс этади пақир сувида * * * Мўрини очаман. Қилт этмай осилиб турар, Кул устида мудроқ ўргимчак * * * Биринчи қиш ёмғири, Менинг юрагимда умрбод Қолар энди у... * * * Жануб ёққа учиб ўтди қуш, Тумшуғида нимадир чўқиб. Мева шекилли... * * * Мана, яна битта чинор новдаси, Яланғочланди... Чор - атроф жим - жит. * * * Ўтинчилар қарар, Тоғлардан туриб, Водийларда қолган қорларга... Ковахигаси Xекигадо. Оёғим остида ўралашиб, Ўсган майсалар аро Чийиллайди митти жўжалар * * * Мен тун бўйи хайку ёзаман, Хотиним эса Ниманидир ямаб - ясқайди... * * * Ўтлоққа чиқаман, Қизғалдоқлар тўзғир шамолда Суқсирлар учиб ўтар... * * * Картошка қайнатаман, Товушсиз коинот бўшлиқларида Йиғлар болакай... * * * Қорайган ўчоқ мўриси узра Айланади инга жой излаб Қалдирғочлар бахорда... * * * Қишлоқда байрам, Қирмизи фонарлар ёнар, Буғу маърар олис зулматда... * * * Сув чархпалагин айлантиришдан, Чарчади одамлар Шоли экиш мавсумида... * * * Буғда пиширилган шолғомни Сузмага қўшиб еб Ўлтирдим ғамгин... * * * Совуқ суягимдан ўтиб кетди Чошгох пайти сохилда Қарағайлар аро дайдийман. * * * Новдалари гулга бурканган Бехи дарахти остида Гуллайди бинафшалар. * * * Хув ана, узоқда «Ёса» нинг қишки далаларида Кўраяпман қор қарқараларин. Исикава Такубоку. Касалхона деразасига Яқин олиб келишди мени. Одамларни кўриб қувондим. * * * Охири улоқтирдим Куя еган телпагимни мен. Олти йил кийдим уни. Токи Дземмаро. Узоқларни кўрсатдим бармоғим билан, У ёқларда, у ўлкаларда Оқиб ётар Волга дарёси. * * * Узиликсиз, худди телбадек, Ўйлайвердим аччиқ тамаки чекиб Олис Сибир қорлари хақда. * * * Қайта - қайта ўқийман кўзларимда ёш, Юракка яқин Тургеневнинг бу китоби. Муқоваси сарғайиб кетган... * * * Ох, неча бор ўчди папирос чўғи, Ҳасратли ўйлар - Аччиқ Рус тамакиси, қиш... Насиваки Дзюндзабуро. Кузги дарё қирғоғи. Узун - узун ўт - ўлан ичра Балиқ тутаётган одам ўлтирар. Сайгё Шйеъриятидан Эх,агар бу дунёда Ой булутга ботмаса Олча гуллари тўкилмаса Мен яшайверардим Далалардан келмай умрбод * * * «Ёсино» тоғларидаги Олча бутоқларида Музлаб ётар қор Олчалар гуллашга Кечикмасайди... * * * Дувиллаб тўкилди Узун - узун ўт - ўланлардан. Биллур шудринглар. Кузги шамол гувиллар «Мягино» далаларида * * * Нихоят кузги осмонда Қош қорайган он Аранг - аранг ялтираб Қўринди узоқ кутдирган, Соғинтирган ой * * * Энди қандоқ қиламан мен, Кўйлагимнинг намчил енгида, Ялт этди шуъла Ботиб кетди булут ортига Кузги маюс ой * * * Куз оқшоми, ойдинда Ёприлди булутлар Ой юзин тўсмоқ учун Йўқ, кўзларимни алдабди Ғозлар галасининг кўланкалари * * * Осмонда ой йўқ. Чиқармикин у? Мен айвонда ўлтирганимча Узоқ кутдим Ой чиқишин тоғли қишлоқда * * * Кундузгидай ёп - ёруғ кеча Кўланкам ҳам кўринмас. Ой ярақлаб порлар Борар манзилимни англадим Қўнғироқлар товушидан * * * Шудрингларин тўкмай Узиб олдим мен Гуллаган Xаги бутоғини Чигирткалар қўшиғин тинглаб Ой ёруғида * * * Қора сиёх билан ёзилган Хатларга ўхшаб Ғозлар қанот қоқиб Ғоғолаб учар Тунги осмонда * * * Ўт - ўланларни қайриб Юрдим қайғуга ботиб Шудринглардан оғирлашди Кўйлагим енги Чигирткалар менга қўшилиб йиғлар * * * Бахор туманлари, Қаёққа, қайси тарафга Учиб кетди экан қирғовуллар? Улар тухум қўйган ўтлоққа Болалар ўт қўйибди * * * Туман қоплаган дала Ўраман ўт - ўланни. Туманлар қайғули Болалигим беркиниб олган Хув олисда, туманлардан ҳам нарида. * * * Туманли тепаликлар тамонга Беркинган қирғовуллар Узоқ - узоқлардан Қанотлар шарпаси Сезилар менга * * * Тинчим йўқолган Қаерда, қайси ўнгирда Қайси тоғ ёнбағирида Қайси олча Гуллар экан биринчи бўлиб Вакаяма Бокусий ёзган танкалар. Вулқон пойида ўсган Қарағай ўрмонида Ой кумуш шуълалар таратган кеча Тун бўйи тинмай Сайради какку * * * Эски кварталда Уфқдаги шом булутларига Қараб тўймайман. Кечки соат вақтин хабарлаб Қўнғироқлар жаранглар * * * Саждагохдан тушаман, Зинама - зина, охиста. Ва қуюқлашаётган зулматда Бутун вужудим билан Хис қиламан бу куз, бу тунни... * * * Оқшом хасрати! Қирмиз кўмирларга сочгин Озгина саке Хушбўй кўкатларнинг хидига Тўлиб кетар ўшанда хонанг. * * * Мудроқ тоғлар У ёқда тоғлар пойида эса Мудрайди денгиз Қирғоқ бўйлаб сайр қиламан Бахор қувончига тўлиб вужудим * * * Ярим кеча ойдинда Уйга қайтаман. Сўнг зинапояда тўхтайман Енгимдаги арча игнабаргларин Қоқиб туширмоқ учун. * * * Булутлар тарқади Мен Асама чўққисидаги Сўқмоқларда дайдийман Вулқон мўриси устида Булут парчасига ўхшаган тутун * * * Денгизга термулиман Эшитаман қирғоқ куйлашин. Тўлқинлар гумбирлар Гох кўкка сапчиб, гохида пастлаб Юрагимни тўлдирар ғамга * * * Деразани очаман Юзларимни силар қуёшнинг Мулойим нури. Узоқ кутган эдим, нихоят Келдингми, олтин куз! * * * Дуд бурқсиган ўчоқ Тутун хиди келар Куружкадаги қайноқ сувдан Тоғдаги қишки кулбада совир Ғарибгина кечки овқатим * * * Дарахт шохлари аро Порлайди қишки қуёш, Юзларимга тегар Унинг нурлари Ёритади, лекин иситмас! * * * Мен узоққа кетдим. Ва денгиз сохилида Тунамоқчи бўлдим Энди ётган эдим ярим кечаси. Қуйди дахшатли жала. Ёсии Исаму. Қумли қирғоқ. Балиқчи қайиғига ўтириб олиб Сени оламан қўйнимдан - Мухаббат хақидаги қисса, Цехрланиб қолдим сен билан * * * Тўлқин югириб Шолоплаб қайтди Қумдаги мен ёзган хатни ўчириб. Ким ўчира олар, айтинг ким, Мотамзада Xатни юракдан? * * * О, нақадар орзиқар юрак! Қумтепа кечаси тушар ёдимга. Денгиз ғалаёни олисда Чайкаларнинг ғамгин шовқини. Пичирлаб айтилган севги изхори... * * * Нахотки шунчалар майда, Арзимас хавотирларим менинг Хаяжон, ташвишлар Нахотки мен унуцам уларни. Бир икки қадах винодан кейин * * * Оёқлаётир Ёшлик яна муваққат ишрат. Энди улар бу хаётда Хеч қачон такрорланмас Кучаймоқда кузги шамоллар... * * * Хушбўй тамаки хиди Сузар хавода Дайдийман ғамгин Қинғир - қийшиқ жинкўчаларда. «Гион» хавосидан симириб ёлғиз... * * * Пойтахтда аёз, Музлаб қолмадимикан Учиб кетаётиб Қўнғироқ жаранги Аста валдирайман Совиб қолган соке устида... * * * Билганимда эди ўшал деразадан Туманли зулматлар аро порлаган Фонарнинг хира ёғдуси аро Сукунатли тунда ойнасини Тақиллатган бўлардим албат. * * * Хеч ким келмас Сўппайган ёлғиз қабримни Зиёрат қилмоққа кўзёши тўкиб. Ўлганингдан кейин унутилишингни Ўйламоқ қайғули... * * * Эшитдим, Бокусий тарк этибди Бу телба дунёни. О, куз бунчалар маюс, Хаттоки юрт ба юрт дайдиб юрсамда, Хайто еб - ичсамда, хузурлансамда!.. * * * Камдан - кам одамга насиб қилади Тотмоқлик намхуш қайғуни - Лаблар билан хис қилмоқ Тинимсиз ичилган саке таъмини Хаёт ва мамотнинг чегарасида... * * * Феврал ойи, Эшитаман олис қалдироқларни Бахорнинг биринчи акс - садосин. Қор ёғаяпти. Мен Краб чиғаноғида Саке қайнатяпман, ёлғиз бир ўзим * * * Қаерда, қандай ва қачон, Тарк этаркинман бу дунёни мен Мен хаётим хақида ўйлайман. Ўлимим хақида фикр қиламан «Ино» текислигида, ойдинда * * * Хасратли изтироб! Ўчоққа ўт қалайман. Ва тун бўйи ўлтириб Хасратли ўйга чўмаман Қизарган кўмирларни ковлаб, ағдариб... * * * Сенинг фикринга қўшилмаган Одамларни савалаш шартми. Яхшиси хивич олиб Ўз - ўзингни савалаб Маматалоқ қилган яхшироқ... * * * Хасратли қайғулар! Бугун яна ўчоқдаги кўмир чўғида Саке иситаман - Кундан кун тобора қишга Сингиб бораётир «Нирао» дараси... Ито Сатио. Мен ёмғирли тунда «Пион» гулларини соғиниб кетдим. Ва фонаримни олиб Ташқарига чиқдим ёмғирда дайдиб, «Пион» ларни кўриб келмоқлик учун. * * * Зулмат қуюқлашди Мен деразани ёпмай Жинчироқ ёқдим. Қарасам, чироқ ёғдусида дарча ортида Товланиб турарди «Пион» гуллари... * * * Кўраяпман - тош устин ёпиб, Ва дарахтнинг пойини қоплаб, Гўё биргалашиб, йиғилиб, Хамкорликда чирпирамоққа Хозирланар барги хазонлар... * * * Еру осмон Тонг отгунча уйқуга кетар Зулмат қуюқлашар Ва бепоён денгиз устидан Кўтарилар қип - қизарган ой... Симаки Акахико. Гуллаётган ўтлоқлар аро Ўт - ўланли сўқмоқдан юриб Келдим олис буғдойзорга Ва дедим ўзимга ўзим «Жим - житлик!» Ўрдак ғақиллади менга жавобан... * * * Ярим кеча Қуюқлашган туманлар аро Сизар ёғдулар - Ва сирғалган ой шуъласида Ғира - шира жилваланар сув... * * * Ўрмон сайхонлигидаги Сичқонли ўтлоқларда Ўлтирдим узоқ Тоғли ўлка билан хайирлашяпман. Қайғули ва оғир бу юрак учун * * * Хира ёришмоқда тонг, Илиқ кўл сувларин буғлатиб. Ва туманлар навбат ба навбат Сузиб келар Кўл устин қоплаб... * * * Чироқ шуъласига талпинганича Тунги парвоналар айланар учиб, Уйда, мен билан ёнма - ён, Болаларим ухлар Эски - тускиларга ўраниб, қотиб... * * * Ёмғир тинди. Шундан бўлса керак, Хаво муздек, Гуруч қоғозининг қирғоқларида, Ёниб тугаётир ботиш шуъласи... * * * Тунги кўчалар, Сўнган куллар қуруми босган Ўчоқ мўрисининг қирғоқларини Қиров билан безайди Изғирин аёз... * * * Узоқлардан, Тун қаъридан эшитилар Тўлқинларнинг бўғиқ шовқини. Дарахтлар сояси чўзилиб ётган Ойдинда рақс тушар дехқонлар * * * Ёзаяпман, ёзаяпман, Қоронғи тушсада Хатто чироқни ёқиш учун ҳам Ўрнимдан тургим келмас Ёлғиз қаршилайман оқшомни шундай... * * * Далаларда эриб кетди қор, Қўнғир тупроқ ялонғочланди. Ва осилиб турар ер узра Ботаётган қуёш лаппаги Кўриниши кичик ва совуқ... Нагацука Такаси. Дала ортидаги зовурда Бошларини чиқариб сувдан Бақалар куйлайди. Сийрак ўрмонда эса Калиналар гуллабди оппоқ. * * * Уй олдидаги боғда Салқин туманлар Тонги ғира - ширада «Бадян» шохларидан тўкилган Хазонларни супураман жим. * * * Ловия палаклари Йиғиштириб олинган. Кузги даладаги Тўрсайган кулранг тиканлар аро Чигирткалар чириллар ғамгин... * * * О,Камелия гули, Музлаб совқотдинг, Совуқ шамолда Сенга хеч ким ачиниб боқмас. Ўхшаш бизнинг тақдирларимиз... * * * Бугун тунда жарангдор Овоз билан куйлар чирилдоқ. Қаердадир, шу яқин атрофда - Балки, мисол учун, ошхонада, ёки Сабзовот солинган тўрвада куйлар... Коидзуми Тикаси Ботаётган куннинг шуъласи Қирмизи ёнғиндай шомги тоғларда. Бамбукларнинг қорайган Соялари эса акс этар Қоғоз деворда... * * * Ёмғир тинди. Ботаётган қуёш бўзарар Буғ кўтарилиб Суза бошлар, ховуз устида Гуллайди ноклар... * * * * * * Қўшнилар мени Буғли хаммомида чўмилишга Таклиф қилишди. Қайтаётиб осмонга боқдим. Учқунлади қор... * * * Қадрдон дўстимни Зиёрат қилгани бордим Ромашка гуллари Жуда эрта очилибди Четан деворли, боғларда. * * * Фонарни ўчириб Бораман тонг сахар чоғи. Ва кўраман олисда Оппоқ туманлар Юмаланиб сузар ер узра... Сяку Тёку Бўм - бўш йўл. Қуйилади атрофга жимлик Қичишади бурун катагим Ёқилган гулханнинг аччиқ дудидан. Чой қайнатяпман... * * * Қалбда хотиржамлик! Бахор бўронидан сўнг Хамма нарса тинчланди, мана, Эшитила бошлади кўчада яна Ёғоч ковушларнинг тўқиллашлари... * * * Булутлардан сизиб ўтаётган Ойнинг хира ёғдусида Тошаётган дарё кечувидаги Шолипоялар аро Бўқоқ тортган шолилар хиди... * * * Тоғдаги қишлоқ Қор босган дарахтлар. Жимлик, сокинлик. Одам ҳам, ит ҳам кўринмас Қарғалар юрибди уйлар олдида * * * Мана, яна қайтиб келдим мен, Ўша тоғлардаги пастак кулбамга Ошхонада янграр Ғаройиб қўшиқ. Бу янги ҳамхонам - қора чирилдоқ... ↑ Эдо - Токионинг эски номи. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Yapon sheriyatidan (hayku va tankalar) [Toʻplam] 1073 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57623 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36536 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23160 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21583 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |