Аёллар исёни (ҳикоя) [Turgʻun Poʻlat] |
Сарлавҳани кўриб, оббо, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб юборган бирон тарихий воқеа хусусида илмий рисола ёзмоқчи бўлибди-да, деб чўчигандирсиз. Йўқ, унақа эмас. Бундай жиддий нарсаларни қаламга олишга тоқат қаёқда дейсиз! Тоқат топилганда ҳам, илм бобида, ҳалигидек, бир оз нўноқроқмиз... Шунинг учун... Келинг, ўзимизнинг идорада бўлиб ўтган бир ҳодисани билганимча ҳикоя қилиб бера қолай. Ўтган йили идорамиздаги ҳамма эркаклар пул йиғишиб, Ғалаба байрамини баҳамжиҳат ўтказадиган бўлдик. Суриштириб кўрсак, ўзимиз ҳам йигирматача бор эканмиз. Киши бошига уч сўмдан солиқ солдик. Бутун керакли масаллиқни, ичимлик, қозон-товоқни, гилам-кўрпачаларни бошлиқнинг машинасига ортиб, далага чиқиб кетдик. Шаҳарда юравериб, анча занг босиб қолган эканмиз денг, қирларда очилган лолалардек гулгун яшнаб қайтдик. Аммо-лекин бошда бир ишни хом қилиб қўйган эканмиз-да. Ғалаба байрамини нишонлаймиз, деганда нуқул эркакларни ўйлаб, фамилияси «в» ҳарфи билан тугайдиган одамларни суриштирмай-нетмай рўйхатга тиркайверибмизу, идорамиздаги хотин-қизлар паққос эсимиздан кўтарилиб қолибди. Шу ерга келганда, оғзингизнинг таноби қочиб, «...бой-феодалларча муносабат», деб юборишингизга сал қолаётганини сезиб турибман. Бунақа гаплар бизга сирачлаб қўйсангиз ҳам ёпишмайди. Ҳеч бир ерда хотин-қизлар бизнинг идорадагидай иззат-икромда эмас. Бошлиғимизнинг «ўнг қўли» ким? Нафисахон. Биз бошлиқ билан ҳафта ўтиб ё кўришамиз, кўришмаймизу Нафисахон бўлса, унинг олдига кунига юз марта, борингки, минг марта кириб-чиқади. Бошлиқ у йил билан бу йилнинг ўртасида бизнинг қўлимиздан бир пиёла чой ичиб қўйса, худди қизи ТошМИга кирган одамдай бошимиз осмонга етиб юради. Ваҳоланки, у Нафисахоннинг қўлидан ҳар куни ўн бор чой ичса ҳам, қизи тушмагурнинг парвойи фалак. Хўш, идорамизнинг даромад-буромади кимнинг ихтиёрида?— Хотин-қизларнинг. Нега десангиз, бош ҳисобчи Аҳмад акани қўшмаганда, ҳисобчиларимизнинг ҳаммаси хотин-қизлардан. Аҳмад ака уларга шунақаям ишонади, уларни шунақаям ҳурматлайдики, ҳужжатларга имзо чекишдан бошқа ҳамма ишни шуларнинг ўзига топшириб қўйган. Месткомнинг ишини йўлга солаётган ким?— муҳтарам Қумри опамиз. Олимжон номигагина месткомга раис, холос. Аслида бутун иш Қумри опада. Аъзолик бадалини йиғадиган ҳам, касаба союз билетларига марка ёпиштирадиган ҳам, стантсиядаги омбордан кўмир, колхоздан картошка, обком союздан йўлланма ундириб келадиган ҳам Қумри опанинг ўзи! Қолаверса, кутубхонадай билим хазинасининг калитини ҳам Нури опанинг қўлларига бериб қўйганмиз. Айтганча, Нури опани сизга таништирмадим-а? У киши идорамизнинг устунларидан. Идора ташкил бўлиши биланоқ ишга киришганлар. Ўзлари гап орасида: «Шу билан йигирма саккизта бошлиқ кўрдим», дейдиларки, бунга ишонмасдан бўлмайди. Нури опанинг таҳсинга лойиқ фазилатлари инчунин зиёда. Ўз тасарруфларидаги китобларнинг барини ўқиб, ичидаги гапларни кичкинагина каллаларига жо қилиб олганлар десак, лоф эмас. Бирон ходим бирон масалада қийналиб, бирон китобни топмоқчи бўлса, токчаларни титиб овора бўлмайди. Нури опага айтса, у кишининг ўзлари ё юқори, ёки паст токчадан керакли китобни бир зумда топиб берадилар. Нури опанинг яна бир фазилатлари — сайлаш ва сайланишни яхши кўрадилар. У кишига ош берманг, нон берманг, месткомгами, ДОСААФгами, спорт жамиятигами — ишқилиб, идорага дахли бўлган ёки бўлмаган ҳар қандай ташкилотга сайлаб қўйсангиз, бас. Идорадаги ҳеч бир катта-кичик маросим, мажлис, маърака опамизнинг иштирокисиз ўтмайди. «Идорадаги эркаклар пул йиғишиб, Ғалаба кунини қирда байрам қилишипти», деган хабар қаёқдандир Нури опанинг қулоқларига етиб қолибди-да! Ана шунда бўлди томоша, бўлди томоша! Мажлис устига мажлис. Текшириш устига текшириш! Ёзувхонага кирсангиз, машинисткалар лабини тескари буради. Ҳисобчи қизларга салом беришга зорсиз, бари қошини чимириб ўтади. Ҳамма ғалвани Нури опа бошладилар: «Хўш, нега энди Ғалаба байрами фақат эркакларники бўлар экан? Биз аёллар ғалабага ҳисса қўшмабмизми? Фидокорона меҳнатимиз билан фронт орқасини мустаҳкамламабмизми? Йўқ, бунинг тагида бошқа қалтис гап бор. Бу масалани шундоқ қўйиш ярамайди» деб, бизнинг бошимизга роса маломат ёғдирдилар. Хотин-қизларимизнинг ҳар бирига якка-якка учраб ҳам, коллектив мажлисида ҳам тавба-тазарру қилиб кўрдик, бўлмади. Нури опа «айбдорларга жазо берилсин!» деб туриб олдилар. Охири местком мажлисида шу маросим ташкилотчиси бўлмиш каминага бир дона қуртдек ҳайфсан берилди-ю, аёлларимизнинг кўнгли сал таскин топгандай бўлди. Лекин Нури опа таскин топганлари йўқ. «Шу сарқит йигитни ҳайдаш керак эди!» деб овоз беришда бетараф қолдилар... Баҳорда куртак ёзган япроклар куз келиб хазон бўлди, қор ёғиб, излар босилди, мана март ойи ҳам етиб келди. Бир куни кечга яқин идорамиздаги аёллар ҳаммалари кутубхонани ичидан бекитиб олишди. «Ўзи нима гап? Бошимизда чақилмаган данакдан яна қолган эканми?»— деб ҳаммамизнинг юрагимиз така-пука... Кутубхонадаги «махфий кенгаш»нинг тафсилотини эртасига шофёримиз Валихондан эшитдик. Валихон Замира исмли лаборант қизга кўнгил қўйган. Шу баҳоргача тўйлари бўладиган. Ўша куни икковлари кинога тушишган экан. Ошиқ-маъшуқлар ўртасида сир ётмайди, дегандек, Замира Нури опанинг зинҳорлаб тайинлаган сўзларини унутиб, кенгашда бўлган бутун гапни Валихонга мақтаниб айтиб қўйибди. Маслаҳат мана бундай бўлган экан: аёллар бир ёқадан бош чиқариб 8 Март байрамини қизил бурчакда ўтказишади. Музика, рақс, ўйин-кулги, вино, шампанский хаминқадар бўлади-ю, лекин эркак зоти бу тантанага аралаштирилмайди. Ош устида меҳр кетиши қанақа бўлишини улар ҳам бир билиб қўйсин!.. Шундай қилиб денг, биз танг аҳволда қолдик. 8 Мартни шунақаям дўндириб байрам қилайликки, бултурги лола сайлининг аламини хотин-қизларимизнинг юрагидан тамом чиқариб юборайлик, деб азм-қарор қилиб қўйган эдик. Энди бу ёғи нима бўлади? — Иложи топилади,— деди Аҳмад ака қувлик билан кўз қисиб. «Шу одамдан бир гап чиқса керак», деб ишдан кейин баримиз унинг хонасига тўпландик... ...Қизил бурчак хонасида камалакнинг ҳамма ранглари жо бўлгандай эди. Ўртада устига дастурхон ёзилган узун стол. Ундаги ноз-неъматларни кўриб, иштаҳангиз хуружга келади. Лекин бу қанақаси? Зиёфатга тўпланганларнинг қовоғи солиқроқми? Бир-бирларига нега хўмрайиб қарашади? Фақат Нури опанинг чеҳралари намозшомгулдай очилиб кетган. Режалари бенуқсон амалга ошаётганидан таналарига сиғмайдилар. Стол атрофида гиргиттон бўлиб, кўзларига бежо кўринган ликопларни ҳали у ёққа, ҳали бу ёқа суриб қўйяптилар. Ниҳоят, соат ўн икки ҳам бўлди. — Қани, қизлар! Дастурхон атрофига марҳамат! Нури опа стол тўридаги якка стулни эгаллаб, мажлисга тартиб киритиш учун вилкани тарелкага урган эдилар. ҳамки, эшик очилиб, каттагина бир қути кўтарган Аҳмад ака пайдо бўлди. — Байрам қутлуғ бўлсин!— деб хонанинг ўртасига келди-да, қутини бўш ўриндиққа қўйиб, белидаги канопни еча бошлади. Ҳамма ҳанг-манг бўлиб, аввал бир-бирига, кейин Нури опага қаради. У кишининг рангларидан қон қочган, вилка ушлаган қўллари дағ-дағ титраб, гулкўзага уриларкан, «жаранг-журунг» садо чиқарди. Мажлис аҳли то ўзига келгунча, Аҳмад ака қутининг қопқоғини олиб, ичидаги совғани дастурхонга қўйди. Бу — устига «Байрам муборак! 8 Март» деб ёзилган ажойиб торт эди. — Яшанг, яшанг, Аҳмад ака! — деб қарсак чалиб юборишди ҳисобчи қизлар. Бош ҳисобчини шогирдлари дарров ёнларига олишди. Нури опа нима бўлганига ақллари етмай, анграйиб қолдилар. Ҳаяжонларини зўрға босиб, вилкани яна стаканга урган эдилар, биз — Валихон, мен, режалаштириш бўлимининг бошлиғи Тўрахонов, хўжалик мудири Мунавваров ва яна бир неча киши гулдасталар билан кириб келдик-да, хонимлар қўлига битта-биттадан тутқаздик. «Берган худога ёқибди», дейдилар! Қани, энди бизни Нури опа тугул, милитсионер ҳам бу ердан ҳайдаб чиқарсин-чи! Аёлларимизнинг ўзлари бунга йўл қўймаслар. Тағин ҳар бир гулдастанинг ичида эгасининг номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган откритка бўлса! Нури опанинг бир кўзлари эшикда, бир кўзлари одамларда бўлиб, вилкани стаканга урган эдилар, бу гал катта дошқозоннинг икки қулоғини икки ёқдан кўтарган ҳолда, қоровулимиз Ҳасан ака билан монтёр Шодибой кириб келишди. Гуриллаб кулги кўтарилган эди, худди зилзила пайтидагидек шифт ҳам қасирлаб кетди. Нури опа ҳам ўзларини тутиб тура олмадилар. — Ўртоқлар!— деб гап бошладилар Нури опа қозондаги палов лаганларга сузилиб, дастурхонга қўйилгач,— ўртоқлар! Биз бугун хотин-қизлар байрамини якка ўзимиз байрам қилмоқчи эдик. Лекин орамиздан сотқин чиқиб, бутун ўйлаганларимиз барбод бўлди... Шу гапдан кейин ғала-ғовур кўтарилди. Аёллар қўлларини бигиз қилиб, бараварига гапира бошладилар. «Оббо, тантана тағин ўша сотқинни топиб, муҳокама қилишга айланиб кетадиган бўлди-ку», деб юрагимизни ҳовучлаб қолдик. — Жим! Гап бундоқ,— деб давом этдилар Нури опа,— майли, шундай бўлгани ҳам яхши! — Ура, ура! Яшасин, Нури опа!— деган ҳайқириқлар янгради атрофдан. — Хотинлар билан эркаклар бир мағизнинг икки палласи. Мана шуни идорамиздаги баъзи бир калтабин йигитлар (шу гапда мен тарафга қараб қўйдилар) тушуниб олишган бўлса, тузук. Энди хотин-қизлар билан эркакларнинг саломатлиги учун қадаҳ кўтарайлик! Қани, олинглар!.. * * * Идорамиздаги «аёллар исёни» ана шундай тугади. Энди ҳеч ким бизга «бой-феодалларча муносабат» деган айбни сирачлаб ҳам ёпиштира олмайди. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Ayollar isyoni (hikoya) [Turgʻun Poʻlat] 601 |
2 | Uylar muborak (hikoya) [Turgʻun Poʻlat] 482 |
3 | Уйлар муборак (ҳикоя) [Turgʻun Poʻlat] 384 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |