Уйлар муборак (ҳикоя) [Turgʻun Poʻlat] |
Мамазоҳир яқин уч-тўрт ойдан буён кўчадами, чойхонадами, радио ё телевизордами «Тўйлар муборак» деган ашулани эшитиб қолгудай бўлса, бехосдан «қуллуқ, қул-луқ» деб юборадиган қилиқ чиқарди. Тағин унинг ёши элликдан ошиб, етти боланинг отаси бўлганда, хотинини янгилабди-да, деб ўйламанг. Йўқ, асло ундай эмас. Агарда бу шаҳардан юз чақирим нари-берида Мамазоҳирчалик покиза, оилага садоқатли одам топсангиз, менинг лотереяга ютиб олган «Волга»мни индамасдан миниб кетаверинг: миқ этсам, одам эмасман! Мамазоҳир «Тўйлар муборак»ни эшитганда, «қуллуқ, қуллуқ» дейишининг боиси шуки, бу сўзлар унинг қулоғига «Уйлар муборак» бўлиб киради, бутун олам унинг қувончига ҳамдам бўлиб, уни янги уй билан табриклагандек туюлади. Ҳа, ҳа, энди пайқагандирсиз, бизнинг Мамазоҳир шаҳарнинг қоқ ўртасидан беш хонали янги уй олган! Табрикламаган бўлсангиз, ҳали ҳам кеч эмас, бир бориб, табриклаб келинг: анча кўнгли кўтарилади. Ана шунда янги уйнинг калити қўлига теккунча бошидан қанақа ҳангомалар кечганини, эҳтимол, сизга ҳам айтиб берар. Ўзиям жуда қизиқ бўлган-да! * * * ...Мамазоҳир чорвачилик билан боғланган бир ташкилотда иқтисодчи зоотехник бўлиб ишлайди. Қиладиган иши — колхозларда етиштириладиган ем-хашакнинг ҳисобини олиб боришу давлат фондидан бериладиган ҳар хил емларни колхозларга тақсимлаш. Сиртдан қараганда, бундан жўн иш йўқ. Аммо мендақа одамни қўйиб қўйса, бир кун ҳам чидаш бера олмайман. «Нега бизга шелуха кам тегди», «Фалон колхоз ҳадеб кунжара олаверадими» ва ҳоказо, ва ҳоказо, кони ғалванинг уяси. Оғир карвонлигиданми ё териси қаттиқми, ҳар қалай Мамазоҳир бу вазифани ўттиз йилдан бери эплаштириб келяпти. Техникумни битириб, тўғри шу ташкилотга тушганича, ҳали ҳеч қаёққа қимирлаган эмас. Мамазоҳир ишга янги келган йили «ёш мутахассисга ғамхўрлик» маъносида унга бир қаватли ғиштин уйдан иккита хона беришган. Ўша вақтда бу бино шаҳарнинг энг кўркам, энг шинам иморатларидан саналарди. Йиллар ўтиб шаҳар ҳам энига, ҳам бўйига ўсди. Бир вақтлар ҳамманинг ҳавасини қўзғатган иморат энди кўп қаватли уйлар қаршисида шумшайиб, кўзга хунук кўринадиган бўлиб қолди. Ичидаги водопроводини айтмасангиз, мақтагудек оҳанжамаси йўқ ҳисобда. Буниси ҳам майли-я, Мамазоҳир аёлманд бўлиб қолган. Роҳилахон уни икки лобар қиз билан бешта алпдай ўғилнинг отаси қилиб қўйган. Нуктадон шоиримизнинг: «Яшаш орзусини синаш-чун атай...» деган шеърий банди худди Мамазоҳир тилидан Роҳилахон шаънига айтилган мадҳиядай. Болалар битта-иккита бўлганда ҳам баҳарнав эди. Лекин уларнинг саноғи уч кам ўнга етиб, олди институтга, кети мактабга қатнай бошлагач, Мамазоҳир ўзини сув устида қалқиб юрувчи пўкакдай бесаранжом сезадиган бўлиб қолди. Кундузи идорада кунжара билан шелуханинг машмашаси, кечқурун уйда «менинг дарсим зарурроқ, сен кейин тайёрлайсан», деб биттаю битта столни талашадиган болаларнинг хархашаси... Мамазоҳир билан бирга шу уйдан жой олган қўшнилари янгисига кўчиб олишди. Уларнинг ўрнига келганлари ҳам кўп қаватли шинам иморатлардан жой топиб чиқиб кетишди. Аммо, Мамазоҳирлар хонадони худди михлаб қўйгандай ўрнидан силжимайди. Негаки Мамазоҳир, боя айтганимиздай, чорвачилик билан боғланган ташкилотда ишлайди. Бу ташкилотнинг ўзи шаҳарда-ю, лекин иши қишлоқ билан битади. Шу важдан ташкилот бошлиқларининг шаҳар раҳбарлари билан ҳеч қандай борди-келдиси йўқ. Мамазоҳирнинг фикрича эса, унга уй олиб бериш учун бошлиқлар ўртага тушмаса, ўзи бу ишни икки дунёда эплаёлмайди. Ёмон кўргани — идорама-идора юриш. Кунора Роҳилахон учқун теккан бензиндай ловиллаб қолади: — Пешанам шўр бўлмаса, келиб-келиб зоотехникка тегаманми-а! Қассобга тегмайманми, сомсапазга тегмайманми, данғиллама участкада оёқ-қўлимни узатиб ётган бўлардим! Ё бўлмаса: — Дунёга келиб, Маърифатхончалик бўлмаганимга куйиб кетаман! Юзининг чўтирига седана сепсанг биттаси ерга тушмайди-ю, турмуши бамисоли хонзодаларнинг ўзгинаси! Учта жонига тўртта хона, яна мўрчаси ҳам ичида! Шундай пайтларда Мамазоҳирга сичқоннинг уяси минг танга бўлиб кетади. Хабарингиз бордир, бурноғи йили шаҳримизга сел келувди. Ўшанда Сой кўча тарафда қуламаган иморат қолмади чоғи. «Чоғи» деяётганимнинг боис шуки, фақат Мамазоҳир ўтирган иморатга дард тегмаса бўладими! Барака топкур усталар унинг пойдеворини шунақаям баланд олишган эканки, телба тошқин чунон чирангани билан деворнинг сувоғини бир энликча ҳам ҳўллай олмади. Бошқа одам бўлса-ку, усталарни алқайвериб эси кетарди-я, аммо бизнинг Мамазоҳир уларнинг гўрига ҳар соатда мингтадан ғишт қалаб юборди. Ўртаб, ёнганичаям бор-да! Ўнгу сўлда иморати вайрон бўлган хонадонлар ё Майгир тарафдан участка ажратиб, ё бўлмаса шаҳар марказидан уй олиб чиқиб кетишди. Мамазоҳир бўлса, бояги-бояги, бой хўжамнинг таёғидай бўлиб, ўтирган жойида қимирламай қолаверди. Вайроналар текисланиб, ўрнида янги, кўп қаватли иморатлар қад кўтаряпти ҳамки, Мамазоҳирларнинг уйи бузилмасдан, ўша данғиллама иморатлар қаршиси шоҳи кўйлакка чипта ямоқ бўлиб турибди! Бир куни эрталаб Мамазоҳир ишга келиб, энди у ёқ-бу ёғини тўғрилаётган пайтда бирдан уни идора бошлиғи Тоҳир Саидович йўқлатиб қолди. — Бир яхши гап айтсам нима суюнчи берардингиз?— деди бошлиқ хурсандчилигидан оғзининг таноби қочиб. — Нима хоҳласангиз шу-да, биз суюнчидан қочармидик,— деб ийманиброқ жавоб берди Мамазоҳир нима гаплигини илғаёлмай. — Бўлмаса, эшитинг: Сизга марказдаги янги уйлардан битта тўрт хонали квартирани сағирнинг молидай беғубор қилиб ундириб қўйдим. Мана бу хатни олиб бориб шаҳар ижрокомининг раис муовини Сотқин Ботировичнинг қўлига шахсан топширасиз. Ордер ёзиб беради. Чопинг! Мамазоҳир шу топда бошлиқнинг юзидан «чўлп-чўлп» ўпиб олгиси, уни ўриндиқдан даст кўтариб шифтга ирғитгиси келди-ю, аммо севинчини зўрға ичига ютиб: — Раҳмат, раҳмат! — деб қўя қолди. Тоҳир Саидович: — Боқиб ётган сўқимингиз бўлса, қассоб чақираверинг!— деганда, Мамазоҳир аллақачон кўчага чиқиб олган эди. Енгил вазндаги полвонларга ўхшаш паст бўй, гирдиғум Мамазоҳирнинг асфалт йўлкадан пилдироқдай думалаб бораётганини кўрган одамлар: «Хотини туғибдию қайнанасидан суюнчи олгани шошилиб кетаётганга ўхшайди», деб ўйлашарди. Мана, Мамазоҳир иккинчи космик тезлик билан шаҳар ижрокомига ҳам етиб келди. Пойгакдаги қоровулдан сўраб, учинчи қаватга кўтарилди. «Шаҳар ижрокомининг раис муовини С. Б. Ботиров» деб лавҳа осилган эшикни ҳам топди. «Ё пирим!» деб уни очиб, ичкари кирган эди, «С. Б. Ботиров» ўрнига иккала бети ошқовоқдай кўпчиб чиққан, ҳар кифтида биттадан азамат бемалол ўйнайдиган бақалоқ аёлни кўриб, сал бўлмаса лабига учуқ тошаёзди. Аёл бир тирсагини стол устидаги қалин ойнакка тираб, аллаким билан телефонда гаплашаётган экан. Мамазоҳирни кўриб «чиқ, чиқ!» дегандай, зарда билан қўлини икки-уч силкиди. Мамазоҳир эса бу ишорани тушунса ҳам, ўзини тушунмасликка солиб қаққайиб тураверди. Ниҳоят, аёл трубкани жойига қўйди. Мамазоҳирга бошдан-оёқ синчков назар солгач, эркакнамо йўғон овоз билан: — Бугун қабул куни эмас!..— деди. Бунгача Мамазоҳир хонани обдан кўздан кечириб кирган жойи қабулхоналигини, «С. Б. Ботиров»нинг кабинети эса ўнг томондаги эшик эканини билиб олган эди. — Мана шу хатни ўзларига топширишим керак эди-да,— деди Мамазоҳир. — Нима масалада — квартира тўғрисидами? Мамазоҳирдан бўлак, иш кўрган одам бўлса-ку, шу топда бир жуфт ёлғон гапириб: «Йўқ, хизматга тааллуқли хат», деб айтган ва котибани алдаб, Сотқин Ботировичнинг ҳузурига лип этиб кириб кетган бўларди-я. Аммо, Мамазоҳир сўтаклигига бориб, ростини айта қолди: — Ҳа, квартира хусусида. — Ундай бўлса қабул куни келасиз. Пайшанбада. — Ҳозир шундоқ кириб, ташлаб чиқсам бўлмайдими? Ё ўзингиз киргизиб берсангиз? — Ҳей, одам! Марсдан тушганмисиз? Қонун-қоидани биласизми? Пастда кираверишдаги эълонларни нимага ёпиштириб қўйибмиз? Саводингиз бордир, ўқисангиз бўлмайдими? Мамазоҳир дами чиқиб кетган пуфакдай сўлжайиб пастга тушди. Босмахонада босиб чиқарилган супрадай тахта қоғозга шаҳар ижрокоми раисидан тортиб, то статистика бошқармасининг инспектори билан овчилар союзининг раисигача номма-ном саналиб, ҳар бирининг қаршисига қайси куни соат нечадан нечагача ҳожатмандларни қабул қилиши кўрсатиб қўйилибди. Яна бир эълонда «шаҳар ижрокомининг раис муовини Сотқин Ботирович ҳафтанинг пайшанба кунлари соат 14 дан 18 гача қабул қилади. Ҳожатмандлар душанба куни эрталаб 10 дан 13 га қадар қабулхона секретарига учраб, навбатга ёзилмоқлари керак», дейилибди. «Ҳафтада бир кун, муайян соатларда ҳожатмандларни қабул қилишса, роса жонининг ҳузурини кўзлаган одамлар эканми! Биз экан-да, одамзоднинг соддаси. Эрталабми, пешинми, кечқурунми, ким келса қабул қилаверамиз», деб хаёлидан ўтказди Мамазоҳир. «Тоҳир Саидовичга ҳайронман,— деб ўйлар эди у яна, боя ўзи келган йўлкадан шалпайганича битта-битта одим ташлаб бораркан,— нега мени йўқ нарсага югуртиради? Ё мени калака қилдимикан?» * * * Аммо Мамазоҳирни калака қилиш Тоҳир Саидовичнинг етти ухлаб тушига ҳам кирган эмас эди... Тоҳир Саидович футболга муккасидан кетган ишқибоз. Баҳор келиши билан нуқул «Пахтакор» ўйнайдиган куни Тошкентда «иши» чиқиб қолади. Уни ҳам қўяверинг, бирор сайҳонликда тўртта тирмизак тўп талашиб турганини кўриб қолса, тўхтаб, шунинг натижасини билмагунча кўнгли тўлмайди. Бозортепадаги «Ҳосилот» колхози стадион қуриб, футбол командаси тузгач, Тоҳир Саидовичга ўхшаш одамларга яна ҳам жон кирди. Ҳеч бўлмаса, «Пахтакор» сафарда юрган кунлари қош-қовоғингда футбол бор-ку! Шаҳардан ўттиз чақирим нарида бўлса нима?! Ҳозирги асфалт йўлларда машинага Кўҳи Қоф ҳам бир қадам! Ўша куни «Ҳосилот» заб «ўйин кўрсатди-да!» Айниқса марказий ҳужумчи Ҳовлиқмаевнинг жонбозлигини айтмайсизми. Бурчакдан узатилган тўпни, Ахбор Имомхўжаев айтгандай, «боши билан тепиб», дарвозага киргизди-я, азамат! Ҳисоб «Ҳосилот» фойдасига 4:0 бўлди. Тоҳир Саидович стадиондан хурсанд бўлиб чиқиб, шофёрини топиш учун атрофга аланглаган эди, такси машиналар орасида гирдикапалак бўлиб юрган одамга кўзи тушиб қолди. Боёқишни ҳеч қайси шофёр олгиси келмас эди. Бу одам Тоҳир Саидовичга танишдек кўринди. «Отинг қурғур ким эди-я? Ҳа, ҳа, Сотқин Ботирович, шаҳар ижрокоми раисининг муовини». Тоҳир Саидович секин бориб, унинг тирсагидан ушлади: — Сотқин ака, машина керакми? Мен бирга олиб кета қолай... — Ҳе, ассалому алайкум. Раҳмат. Келинойингиз бир жойга борадиган бўлиб, машинамни шаҳарга қайтарворгандим, бир амалларман, деб. Раҳмат, мурувватингиз учун! Икковлари Тоҳир Саидовичнинг «газик»ида шаҳарга жўнашди. Иккита, касб-кори бир-бирига ҳеч мос келмайдиган одамнинг топишиб қолганидан ёмони йўқ. Гапи гапига қовушмай тураверади. Ўртага зилдек сукунат чўкиб, икковини икки ёққа ажратиб қўяди. Ҳозиргина ўтган футбол ўйинининг тафсилотларини бегона киши, яъни шофёр олдида муҳокама қилиш эса, иккита туппа-тузук идоранинг бошлиғига муносиб эмас. Тасодифан бировнинг машинасига юк бўлиб қолгани учун боядан бери хижолат чекиб келаётган ҳамроҳини ноқулайликдан қутултириш мақсадида Тоҳир Саидович сўз қотди: — Тошқин оқибатларини тугатай, деб қолдингларми? Сотқин Ботирович набирасининг кўмагисиз нинага ип ўтказиб олган кампирдай кўнгли ёришди. Чунки гапга мавзу топилган эди-да! — Ҳе, нимасини айтасиз,— деди у жонланиб.— Аввал бошпанасиз қолган одамларни жойлай олмай гаранг эдик. Энди ҳашарчилар ҳаммаёққа уй қуриб ташлагандан кейин кимни олиб кириб қўйишимизни билмай ҳайронмиз. Серфарзанд оилалар учун сатта тўрт хонали уйлар қуришибди. Ҳозирча шу уйларга эга тополмай сарсонмиз. Тоҳир Саидович бу сўзни эшитганда, биров пешанасидан чертмак олгандай сапчиб тушди. «Ие, бу ёқда бўш уйлар турган экану бизнинг Мамазоҳир акамиз ҳалиям товуқ катагидай тор уйда тиқилиб ётибди. Биттасини шу одамга сўраб олиб бермайманми?» — Менга қаранг, Сотқин ака, сизни шу сарсонликдан сал қутултириб қўйсам, нима дейсиз? — Жон кошкийди! — Ундай бўлса, бизнинг Мамазоҳир ака деган бир кекса хизматчимиз бор. Боёқиш боши айланса, кети айланмайдиган тор уйда туради. Шу одамга бир яхшилик қилиб юбормайсизми? Машинанинг ичида чироғи бўлганида, шу пайт Тоҳир Саидович Сотқин аканинг қорамтир юзидан қон қочиб, офтобда ўнгган сатин тусига кирганини кўрарди. Аммо чироқ йўқ-да! Сотқин Ботирович эса, ўзи пиширган «ош»ни сир бой бермай, ўзи ичишда давом этди: — Жоним билан! Эртага бир энлик қоғоз билан олдимга юборинг. Тайёр уйлардан бирига ордер ёзиб бераман-қўяман. Худди шу аснода «газик» Сотқин Ботирович яшайдиган ҳовлининг дарвозаси олдига келиб тўхтаган эди. Мамазоҳир тушмагур эса, Тоҳир Саидовични «калака қилди», деб юрибди! * * * — Одам ҳам шунақа лапашанг бўладими, эй тавба!— деб Мамазоҳирнинг ўзини койиб берди Тоҳир Саидович у шаҳар ижрокомидан қайтиб келгандан кейин.— Тайёр ошни сузиб еёлмасангиз-а! Ўзига бориб учранг, дедим-ку. Мамазоҳир ҳафсаласи пир бўлганини билдириш маъносида қўл силтаб чиқиб кетаётган эди, Тоҳир Саидович уни тўхтатди: — Шошманг, қаёққа? Ҳозир ўзига телефон қиламан.— Бошлиқ ойна тагидаги рўйхатнинг «Б» бобидан керакли рақамни топиб, телефон дискасини айлантира бошлади.— Сотқин Ботирович керак эдилар. Йўқлар? Қаердалар? Президиумда? Хўп, майли, кейин телефон қиларман... Тоҳир Саидович столни ноғора қилиб чертганича андак ўйланиб қолди. Рост гап, шу топда Мамазоҳирдан ўзи ҳам хижолатда эди. Лекин бошлиқларнинг хижолати нима-ю, шувоққа тушган ўт нима: бирпасда пов этиб сўнади. Тоҳир Саидович ҳам дарров ўзини ўнглаб олди: — Пайшанбада кел, деган бўлса, ўша куни боринг. Аммо, хотиржам бўлингки, уй накд! Бугун сизга жавоб, бориб янгамдан суюнчини олаверинг!.. Мамазоҳир уйига келиб, бу севинчли хабарни хотинига айтганида, Роҳилахон аввалига ишонмади, кейин ўртада Тоҳир Саидовичнинг ўзи далолатчи бўлиб турганини эшитгач, «ҳе, у киши таги йўқ гапни айтмайдилар, шунча замондан бери қилган нолаларим табиатнинг энг нозик жойларига етиб бориб, Тоҳир Саидовичнинг юракларига шафқат солибди» деб, ҳаво деган текин нарсадан турли-туман режалар тузишга тушди. — Ҳой, дадаси, уйни тўрт хонали дедингизми? Озлик қилмасмикин? Ёнига яна иккита хона қўштириб олмабсиз-да? Ҳа, майли, ҳозирча шуниси ҳам бўлади. Бир хонасига қизларингизни, бирига ўғилларни жойлаймиз. Ўзимиз бир хонасини эгаллаймиз. Битта хонани келинчакларнинг уйидай қилиб меҳмонларга ясатиб қўямиз... Роҳилахон осмону фалакда парвоз қилиб юраркан, пешонаси тақ этиб бирон тоғ чўққисига урилиб кетди шекилли, дабдурустдан сергак тортиб, атрофига олазарак қарай бошлади. — Ҳой, боқибеғам, эрта-индин янги уйга кўчадиган бўлсангиз, бисотингизда учта гиламу иккита сандиқдан бўлак ҳеч вақо йўқ-ку?! Тўртта ҳайҳотдай хонани нима билан тўлдирасиз? Кўч-кўронингизни машинага ортганда одамлар кулишмайдими: «Мамазоҳирбой ўттиз йилдан бери зоотехникман деб юраверган экан-да, тамоми топган-тутгани бир машинаям чиқмади-ку», дейишиб. Йўқ, туринг, рўмолимнинг учида тугиб юрган беш-олти юз пулим бор. Икковлашиб бир магазин айланайлик. Полский гарнитурлар келган дейишади. Зора биронтасига илиниб қолсак... Мамазоҳир хотинининг гапини қайтаришга одатланмаган. Йўқ эса, «Ўпкангни бос, хотин, аввал ҳеч бўлмаса ордер қўлга тегсин, гарнитур олиш қочмас», дерди-я... Хуллас, эр-хотиннинг «магазин айланиши» кечқурун уйга бир машина гарнитур келиши билан тугалланди. Янги мебелнинг устига қопланган тахталарнинг биронта ҳам михини кўчирмай, шундоқлигича болалар хонасига олиб киришган эди, у ерда қадам босгудек бўш жой қолмади. Шу оқшом ҳаммалари битта хонага тиқилиб олишди. Болаларнинг хархашаси ҳар кунгидан анча авжлироқ бўлган эса-да, янги уйнинг нашидаси билан унчалик билинмади... * * * Орзиқиб кутилган пайшанба ҳам келди. Мамазоҳир нонуштадан кейин катта қизи яхшилаб дазмоллаб қўйган қўчалик костюмини кийиб, шаҳар ижрокоми қайдасан, деб йўлга равона бўлди. Тоҳир Саидович бир кун аввал: «Мен ўзи билан телефонда гаплашиб қўйдим, эртага кечқурун паловни сизникида еймиз», деган эди. Ўша таниш қабулхона. Аммо бугун деворнинг икки тарафига териб қўйилган ўнлаб ўриндиқларнинг ҳаммаси банд. Ўриндиқ тегмаганлар эшик ёнидаги жавонга суяниб туришибди. Мамазоҳир ҳам атрофга разм солгач, ўшаларнинг ёнидан ийманиброқ жой олди. Бақалоқ хотин дам-бадам «С. Б. Ботиров» деган эшикдан ичкарига кириб-чиқяпти. Ниҳоят, қабул бошланди. Ботировнинг ҳузуридан биров суюниб чиқса, биров қовоғи осилиб чиқяпти. Уч-тўрт одамни ўтказиб туриб, Мамазоҳир оҳиста бақалоқ хотиннинг столи олдига борди-да, мулойим овоз билан: — Мен қачон кираман?— дея сўради. — Сизми? Сиз рўйхатда йўқсиз. Шунинг учун ҳаммадан кейин кирасиз,— деб жавоб берди секретар Мамазоҳирга ўқрайиб. Бу гап Мамазоҳирнинг қулоғига «Сиз режасиз қурилган уйсиз, сизни булдозер олиб келиб бузиб ташлаймиз», дегандақа совуқ эшитилди. Қиёмат қойимнинг ҳам чегараси бор, деганларидек, охири Мамазоҳирга ҳам навбат келди. Ичкарига таваззу билан кириб бораркан, тўрда ўтирган қорамағиз, от юз, қошлари чимирилган йигитни кўриб ичига ўт ёқилгандай бўлди; у Мамазоҳирга танишдек эди. Айниқса унинг узун қилиб ўстирган, қоқ пешонасининг устидан фарқ очилиб, дам сайин иккала чаккасига, қошининг учига қадар осилиб тушаётган қоп-қора сочи кўзига иссиқ кўринди. Ботиров Мамазоҳирнинг кириб келганини пайқадими-пайқамадими, ҳар қалай, қоғоз кўриш билан овора бўлиб ўтираверди. Унгача Мамазоҳир уни қаердан танишини эслашга яна бир уриниб кўрди. Охир топди. Уни қарангки, бу одам қуйиб қўйгандай шоир Маяковскийга ўхшар экан. Э, тавба, худди ўзи-я. Агар кино-пинода Маяковскийнинг ролини бажарса борми, лауреат бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. — Хўш?— Ботировнинг жарангдор овози Мамазоҳирнинг сачраб кетган хаёлини бир жойга тўплаб қўйди. У такаллуф билан қўлидаги қоғозни узатди. Ботиров уни очиб ўқир экан, энсаси қотганнамо афт-башараси буришди, қошлари баттар чимирилиб, пешонасида иккита йўғон чизиқ пайдо бўлди. — Хўш?— деди Ботиров қоғозни яна Мамазоҳирга қайтариб бераркан. Мамазоҳир нима қилишини билмай, типирчилаб қолди. — Ҳалиги... Тоҳир Саидович билан гаплашган экансиз... Янги уйга ордер бор экан... Сотқин Ботирович Мамазоҳирга бақрайиб қараганича андак хаёлга ботди. Сўнг қўлидаги қаламни зарда билан ойнакка бир уриб, шарт ўрнидан турди: — Э, қанақа қизиқ одамсизлар! Отамнинг уй қурадиган заводи бормики, «ма санга, ма санга» деб улашаверсам. Уй йўқ! Бекор овора бўлиб келибсиз!.. Мамазоҳир ўзини дадил тутишга ҳаракат қилди: — Келмас эдиму Тоҳир Саидович... Ботиров дераза олдига бориб, ташқарига разм соларкан, худди кўчага гапираётгандай давом этди: — Мен ҳеч қанақа Тоҳир Саидовични танимайман. Унга ҳеч қачон уй ҳам ваъда қилган эмасман.— Сўнг бир нарсани эслагандай, чўнтагини ковлаб, битта уч сўмликни олди-да, яна столга қайтиб келди:— Ҳа, айтганча, Тоҳир Саидовичингизни бир марта кўргандек эдим... Аммо ўзинглар ҳам жуда назари паст одам экансизлар-да! Бир марта машинангларга тушиб, балога қолдимми? Манг, ушланг, мановини ўша Тоҳир Саидовичингиз билан бўлишиб олинг-да, қайтиб менга турқингизни кўрсатманг! — Ботиров шундай деб, уч сўмликни Мамазоҳирга узатди. Мамазоҳир пулни беихтиёр олди, оёқларидан тобора дармон кетганича орқасига ўгирилиб, эшик томонга юрди. Қабулхонага чиққунча рўпарасидан Роҳилахон, етти боласи, гарнитур, пешонасида қолган биттаю битта хона лип-лип этиб ўтди-да, қўзлари тинди... Мамазоҳир кўзини очса шифохонада ётибди. Тепасида оқ халат кийган докторлар гиргиттон. — Асти қимирлай кўрманг!— деб огоҳлантиришди уни.— Ҳатто ёнингизга ҳам ўгирилманг. Фақат кўкка қараб ётинг. Шунда тез тузаласиз. Оламда кечаётган воқеалардан уни ҳар куни Роҳилахон хабардор қилиб туради. Мамазоҳир шифохонага тушгандан кейин уйга шаҳар советидан депутатлар келибди, «бай-бай, одам ҳам шунақа пандавақи бўладими, илгарироқ ариза-париза қилиб, уй сўрамайсизларми, аллақачон битиб кетадиган иш экан», деб буларнинг ўзларидан хафа бўлишибди. Шаҳар ижрокоми депутатлар хулосасини мажлисда кўриб чиқиб, Мамазоҳир оиласига зудлик билан беш хонали уй беришга қарор қилибди. Сотқин Ботировичга ҳайфсан берилибди. Бир куни Роҳилахон ўзида йўқ ҳолда суюниб келди. Мамазоҳирга индамай, бир парча пуштиранг қоғоз узатди. Бу — беш хонали уйнинг ордери эди!.. Мамазоҳир «Тўйлар муборак»ни эшитганда «қуллуқ, қуллуқ!» дейишининг боисини энди билдингизми? Ҳа, гап шундай! |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Ayollar isyoni (hikoya) [Turgʻun Poʻlat] 601 |
2 | Аёллар исёни (ҳикоя) [Turgʻun Poʻlat] 364 |
3 | Uylar muborak (hikoya) [Turgʻun Poʻlat] 482 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |