Қурбони жаҳолат (ҳикоя) [Abdulhamid Choʻlpon] |
Эшмурод ўз уйида ўтуруб эдики, биров эшик қоқди. Эшмурод эшик олдига келуб: — Кимдир? — Мен. — Сен кимсан? — Мен Мўминжон. — Вой, Мўминжон экан-ку,— деб эшикни очуб, Мўминжонни меҳмонхонага олуб кирди. Хизматчини чақируб, чой-нон олуб келишга буюруб юборди. Мўминжон ёшлигидан ўғирлиқға одат қилуб келғанидан меҳмонхонанинг қозуғига осилган соатга тикилди. Ул соатни мундан бир-икки ҳафта муқаддам Эшмуроднинг отасига бир яқин дўсти ҳадя қилган эди. Эшмурод они яхши кўруб отасидан сўраб олган эди. — Хизматчи: — Ҳавлида нон йўқ экан, эмди нима қиламан? Эшмурод: — Бўлмаса мен оқча берай, кўчадан олиб кел!— деб ёнини ахтарди, оқча йўқ. Меҳмонхонанинг ёнидаги уйдан оқча олуб чиқмоқчи бўлуб ўрнидан турди. Шул ҳолда кўзи соатга тушуб, они беркитуб қўймак учун қозуқдан олуб, уйга олиб кира бошлади. Мўминжон: — Соатни қаерга олуб борасиз? Эшмурод: — Бу ерда турса болалар бузуб қўймасун, деб сондуқға солуб қўймоқчидирман. Мўминжон: — Хўб яхши, эҳтиёт қилмак керак. Эшмурод уйга кируб, соатни сондиқға солуб, оқча олай деб туруб эдики, Мўминжон «Сизни биров чақирди», деб овоз қилди. Эшмурод уйдан чиқуб: — Ким чақирди, қаерда чақирди? Мўминжон: — Билмадим, ичкари ҳавлидан волидангиз чақирганга ўхшайдир. Эшмурод кириб қарамак учун уйга кируб кетди. Мўминжон тезлик ила уйга кирди. Сондуқнинг оғзи очиқ қолғон эди, соатни олуб қўйниға урди. Яна чиқуб, билмас киши бўлуб ўз жойига ўлтурди. Эшмурод: — Ҳеч ким чақирмаган экан, хайр, кўчадаги товушлардир,— деб уйга кируб, оқчани олуб хизматчига берди. Сондуқни ёпуб чиқди ва соат ўғирланганидан ҳам хабари бўлмади. Шул ҳолда хизматчи ҳам чой-нон олуб келди. Сўнгра икки дўст ўрталарида суҳбат бошланди. Эшмурод: — Оғайни, мен шу ҳолда яшайверсам ҳайвондан фарқим бўлмас. Энди отамдан бир иш қилуб рухсат олуб, Русия мактабларининг бирига кируб ўқумоқчидирман. Сиз нима дейсиз? Мўминжон: — Эй, ўртоқ, ўрус мактабида ўқуб нима фойда қиласиз? Мана, отангиз хотун олуб берадилар. Ўзингиз роҳат қилуб мадрасада ўқуб ётасиз. Эшмурод: — Эй.. Ҳозирги мадрасаларимизнинг аҳволи ўзингизга маълум-ку, мен ўқуб нима фойда топардим? Мўминжон: — Мен ўқишини айтмайман, роҳатларини айтаман. Хоҳласангиз ўқийсиз, хоҳлаган вақтда роҳат қиласиз. Сизга нима?! Ўрус мактабида ўқуб закунчи бўлармидингиз ё духтур бўлармидингиз ё ер ўлчайдирган зем¬лемер бўлармидингиз? Эшмурод: — Менга ундоқ сўзларни сўйламасдан дуруст бир маслаҳат беринг. Ҳар ким истиқболни ўйламоғи керак. Мўминжон: — Мана, мана, ўрус мактабида ўқусангиз шундоқ истиқбол-мистиқбол деган ўрусча сўзларни ўрганасиз, яна товоқ-қошуқларни ўқийсиз. Бўлмаса нима бўлар эдингиз? Шул ҳолда эшик қоқилди. Эшмурод чиқуб эшикни очуб кўрса, бири ўзининг отаси, яна бири отасининг дўсти Назарали сўфи эдилар. Эшмуроднинг отаси Назарали сўфини меҳмонхонага олуб келди. Эшмурод янадан чой-нон олдируб келуб қўйди. Ҳаммалари бироз ундан-мундан сўйлашуб ўтурдилар. Ош сузилуб келди.. Эшмурод уйга кируб янги келган газитани ўқумак ила машғул эди. Ош егани ҳам келмади. Алар ошни еб бўлгандан кейин Мўминжон зарур иши бўлгани учун алардан ҳам Эшмуроддан рухсат олуб ҳавлисига кетди. Эш¬мурод ани жўнатиб яна уйга кируб газита ўқуб ўтурган эдики, отаси чақируб: — Уйда нима қиласан, буёқға чиқ! Ишим бор. — Газет ўқуб ўлтурубман. — Эй, ахмоқ! Газитчиларнинг иши ҳаммавақт ақча топмоқ. Газитнинг сўзини тўғриси бўлмайдир, ҳамма ёлғон нарсалар. Бор уйдан «Жангномаи Аҳмад Замжи»ни олуб чиқуб бизга ўқуб бер! Бечора Эшмурод отасининг сўзини қайтаролмасдан ноилож они олуб чиқуб икки-уч варақ ўқуб берди. Анинг савобини Аҳмад Замжининг арвоҳига бағишлаб китобни ёпдилар. Назарали сўфи Эшмуроднинг отасига қараб: — Кечаги соат қани? — Қайдам... Кеча Эшмуродга беруб эдим. Ҳой, Эш¬мурод, соатинг қани? — Эрталаб сиздан кейин уйга олуб кируб сондуқға солуб қўйган эдим. Назарали сўфи: — Баракалло! Баракалло! Отасидан ҳам боласи пишиқ, оҳ. Эшмурод уйга кируб сондуқни қаради. Соат йўқ. Ниҳоятда хафа бўлганидан юзида қони қолмади. Ташқари чиқуб секин товуш ила: — Эрталаб сондуқға қўйган эдим. Йўқ... Назарали сўфи: — Ким оларди?.. Тағин бояги бола олган бўлмасун!.. Эшмуроднинг отаси: — Эй, жинни бўлдингизми? Эшон домланинг ўғли бўлуб туруб бировнинг нарсасини олармиди?! Назарали сўфи фотиҳа ўқуб: — Хайр, энди ҳеч боки йўқ, топилуб қолар. Мен кетаман,— деб ўрнидан қўзғалуб чиқуб кетди. Эшмуроднинг отаси Эшмуродни қулоғидан бураб уйга олуб кируб сондуқни қарадилар. Эшмурод бечора- нинг сўйламакға ҳам тили тутулуб қолган эди. Отасининг ниҳоятда аччиғи чиқуб Эшмуродни уруб ташлади. Эшмурод аввалда бир калтак емаган эди. Бу ишга ниҳоятда хафалануб уйига кируб ётди. Шундан оғруб қолуб бир ой бутун бетоб бўлуб ётуб олди. Эшмурод бир ойдан сўнгра бироз сиҳатланди. Лекин кеча-кундуз ўйлар эдики, шул жаҳолат ва нодонликнинг уяси бўлган ҳавлисидан қочуб, бошқа бир шаҳарга боруб ўқусун. Нодон отасининг райига қараб илмдан бебаҳра ҳолда ҳайвон бўлуб қолмакнинг ёмонлигини билса ҳам, иложсизликдан сабр қилди ва кўнглидаги хафаликларин тарқатмак учун қўлига газитани ушлаб қўшниси мингбошининг боқчасига чиқди. Мингбошининг боқчаси ўз шаҳридаги боғчаларнинг энг биринчиси бў¬луб, ҳар кимга кирмакға изни ом берилган эди. Эш¬мурод шунда искамияга ўтуруб газитани ўқий бошлади. Газитанинг қай ерига қараса туркистонли бечораларнинг илмсиз ва ҳунарсиз ҳолда маишат қилганларига таассуф қилуб ёзадир. Яна диққат... Яна хафалик... Бу бизнинг Туркистонимиз ғафлатдан уйғонурми? Йўқми? Биз бундай ҳолда бўлсак битамиз... инқироз топамиз... Ўқуганларимизни кофирга ҳукм қиламиз. Аммо ўз болаларимизнинг одати ваҳшиёналарига деяр сўзимиз йўқдир. Биз бу ҳолда бўлсак киши қаторига санамайлар. Евруполилардан одати қабиҳаларин касб қилурмиз. Аммо маданият, фунун ва саноиъларига кўз юмуб турурмиз. Биз одам бўлмаймиз... битамиз... инқироз бўламиз... Оҳ, жаҳолат!!! Битдук, битдук... Ўлдук, ти рилмаймиз... Шул ҳолда бирдан қулоғига биров чақирган довуш келди. Атрофига қараса, ёнида мингбошининг ўзи турубдир. Эшмуродга қараб: — Нима иш қилуб турурсиз? — Тақсир... бугун келган газитни ўқуб ўтурубман. — Газитда сайлов тўғрисида ҳеч нима демаганми? — Тақсир... деган, деган. — Бўлмаса қани ўқуб беринг! Эшмурод меҳмонхонага боруб ўқуб беруб ўтурган эди. Қўшнисининг бир бесоқол боласи Эшмуродни чақиргани келди. Мингбоши бесоқолни кўриб газит ва сайловларни ёдидан чиқарди. Ўрун кўрсатуб ўтқузуб, чой олуб чиқмоқ учун уйга кируб кетди. Бояги бесоқол мингбошининг қозуқда осилинуб турган олтун соатини ўғирлаб қўйнига урди. Эшмурод газитага машғул бўлуб турганидан кўрмай қолди. Мингбоши уйдан чиқғон эди,, Эшмурод чойга ҳам қарамасдан рухсат олуб ўз уйига чиқуб кетди. Орадан бир-икки кун ўтди. Уйда ота-онаси ҳам йўқ эдики, Эшмуроднинг уйига қоровил-миршаблар босуб кируб, Эшмуродни соат ўғриси деб айблаб қамамоқчи бўлдилар. Эшмурод кўб хафаланди, ақлдан озуб, ўз-ўзини ўлдурмакка қарор берди. Бир топонча тобди. Деворга хат ёзуб қолдируб кўкрагига икки мартаба отди. Шул вақт жон таслим қилди. Пристўфлар келуб кўруб дўктур чақируб боқдилар. На фойдаки, бечора Эшмурод ўлди... Жаҳолатга қурбон бўлди... Бир-икки ойдан кейин соат ўғирлаган бесоқол боланинг уйига ўғрилар кируб ушландилар. Ўғирланган моллар ичида бесоқолнинг мингбошидан ўғурлаган соати ҳам бор эди. Эмди ҳақиқати билиндики, мингбошининг соатини ўғурлаган Эшмурод бўлмай, Эшмуроднинг қўшнисининг бесоқол боласи экан. Бечора Эшмурод эса жаҳолатга қурбон бўлган экан. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62661 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59748 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23789 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23613 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23364 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19835 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14639 |