Xол ҳақида қўшиқ (ҳикоя) [Yasunari Kavabata]

Xол ҳақида қўшиқ (ҳикоя) [Yasunari Kavabata]
Xол ҳақида қўшиқ (ҳикоя) [Yasunari Kavabata]
Ўтган куни кечаси хол ҳақида ғалати туш кўрибман. Сиз қайси холни назарда тутаётганимни сезган бўлсангиз керак. Ҳа, худди ўша, сиздан доимо таъна-ю дашномлар эшитадиган холим бору, ўшани айтаяпман. У менинг ўнг елкамда, аниқроғи, гарданимда эди.
- Катталигини қара, майиздак келади-я! Ҳадеб ўйнайверсанг, болалаб кетади, - дея жиғимга тегардингиз. Ҳақиқатдан, у катталигидан ташқари беўхшовроқ ва қандайдир шишинқираганмиди-ей! Ўрнимга ётдим дегунча холимни юлқилаб ўйнашга болалигимдан ўрганиб қолгандим. Биринчи марта бу одатимни пайқаб қолганингизда шундай уялиб кетгандимки, асти қўяверинг. Ҳатто ҳўнг-ҳўнг йиғлаб сизнинг ўтакангизни ёргандим!
- Саёко, яна ўз билганингдан қолмаяпсанми? Менга қара, қизим, ўйнаган сари катталашади, тегаверма ҳадеб, деб койирдилар онам. Лекин бу ўн тўрт, ўн беш йил илгари — қизлигимдаги гаплар. Бора-бора мен холимни фақат ёлғиз қолганда, ўшанда ҳам, беихтиёр эски одатим бўйича ўйнайдиган бўлдим. Ҳолбуки, одатим бўйича деб ҳам бўлмасди, чунки бутунлай унутиб юборгандим уни.
Сиз пайқаб қолиб, менга танбеҳ берганингизда ҳали ҳам болалигим қолмаган эканми - уятдан ер ёрилиб, ерга кириб кетгандим... Эркаклар буни тушунишмайди, мен шунчаки уятдан эмас, балки гуноҳ қилиб қўйдим, деган хаёлда ҳатто эрга тегмай мен ўлай деб пушаймон ҳам бўлгандим.
Гўё сизнинг олдингизда шармандаю шармисор бўлгандим. Ўшанда энди бир умр юзимга соласиз, дея қўрққанимдан ўзимни қўярга жой тополмай қолгандим.
Кечалари, Сиз уйқуга кетгач, бошингиз ёстиққа тегди дегунча ухлаб қолардингиз - мен ўзимни жуда-жуда ғамгин ва ёлғиз сезар, шу билан бирга бир оз бўлса ҳам, енгил тертардим. Шунда қўлим ўзимга итоат этмай холимга қараб кетаверарди.
Бир кўнглим онамга: «Хотиржам бўлинг, холимни ўйнамаяпман» - деб ёзиб юбормоқчи бўлардиму, лекин очиғи, номус қилардим. Иттифоқо бир куни:
- Бу холни бошинга урасанми? - дедингиз очиқдан-очиқ қўрслик билан. Ўшанда мен бу фикрингизга қўшилган ва ҳатто қувонч билан маъқуллаган эдим. Ҳозир қанийди, шу дардисар одатим сизга жиндаккина ёқа қолганда, олам гулистон эди деб ўйлаб қоламан. Чунки холнинг ортиқча оғир- енгиллиги йўқ эди - кўйлагим ёқаси оша ким ҳам қарарди. Тўғри, яшириқча айби бор қиз - қулфлоғлик хона - ҳамманинг билгиси келади, деган мақолам бор - аммо наҳотки холим айб саналгудек эди?!
Ҳар ҳолда қачондан бошлаб ўйнайдиган одат чиқардим.
Ва нима учун одатим ғашингизга тегарди?
- Ана холос, ана холос! - деб қачон қараса аччиғингиз чиққани етмай яна: - Дарвоқе, уни нега доим чап қўлинг билан ўйнайсан? - деб сўраганингизга ўлайми?
- Чап қўлим билан?.. Мен бу ҳақда илгари ҳеч ўйлаб кўрмаганим учун довдираб қолдим ва:
- Шуни айтинг-а! - деб беихтиёр чап қўлимга қарадим.
- Xолинг ўнг елкангда бўлса, уни ўнг қўлинг билан қашиган осонроқ-ку?!
- Чиндан ҳам, - деб юбордим мен ва ўнг қўлимни узатиб кўрдим. - Йўқ, қандайдир ноқулай...
- Нимаси ноқулай?
- Чап қўл билан табиийроқ.
- Ахир ўнг қўлинг яқинроқ эмасми?ъ
- Яқинликка яқин, аммо… бу қўлим бошқачароқ-да!
- Бошқачароқ деганинг нимаси?
- Бошқачароқ деганим... Қўлни олдиндан узатиш бошқа, орқадан узатган бошқа.
Ўша пайтларда мен энди-енди сизга гап қайтарадиган бўлиб қолгандим. Бироқ сизга тушунтира туриб чап қўлимни ўнг қўлимга узатаётганимда, мен ўз-ўзини қучоқлаётгандай ва шу билан бирга сиздан нарироқ турмоқчи эканимни сезиб қолдим. Яхши эмас, дея ўйладим ва хижолат чеқдим:
- Лекин нега чап қўл билан тегиш мумкин эмас? - деб сўрадим иложи борича мулойимлик билан.
- Ўнг қўл биланми, чап қўл биланми, барибир, бу жуда бемаъни одат.
- Ахир...
- Ахир-пахири йўқ, дўхтирга борсанг куйдириб ташлайди, деб сенга неча марта айтдим.
- Йўғ-ей, уят бўлар.
- Айтишларича, шу учун атай дўхтирга борадиган одамлар ҳам борми?
- Тўлиб ётибди!
Балки уларнинг холи юзларидадир. Меникига ўхшаб елкасида бўлмаса керак.
- Ўзингиз ўйланг, дўхтирга бориб нима дейман? Борсам, у гап нимадалигини фаҳмлаб, эрингиз мажбур қиляптими демайдими?
- Деса деяверсин! Xол ўйнаш одатидан қутулолмаяпман дейсан, қўясан.
- Сал кўнглингизни кенгроқ қилинг, - дедим аламимга чидай олмай, - арзимаган холни деб уришаверасизми ? Сизга оғирлиги тушаяптими?
- Менга оғирлиги тушаётгани йўқ. Фақат ҳадеб ўйнайверма.
- Мен жўрттага ўйнаётганим йўқ!
- Ўлгудай ўжарсан-да! Xўп деб шу ярамас одатингни ташласанг нима бўлади?!
- Ҳаракат қиляпман. Ҳатто тор ёқали кўйлак кияяпман.
- Кийиб юргандинг, лекин ҳозир киймай қўйдинг, тўғрими?
- Майли, сизнингча ўйнаяпман дейлик ҳам, шунга нима бўпти? Бунинг нимаси ёмон?
- Нима қипти эмиш, ўйнаётганингни кўрсам, таъбим тирриқ бўлиб кетади. Шунинг учун илтимос қиламан, ўйнамай қўя қолсангчи?
- Нега таъбингиз тирриқ бўлади?
- Негалигини тушунтириб беришим керакми? Уни ўйнама, бўлдими? Бу ёмон одат, яхшиси, ундан шартта қутулиш керак - вассалом!
- Мен эътироз билдираётганим йўқ.
- Xолингни ўйнаётганда ўзинг сезмайсан, ҳамма нарсани унутиб қўясан. Аҳволингни кўриб, одамнинг раҳми келади. Бир шўрпешона меровга ўхшаб қоласан!
- Меров?.. - Кўнглимда балки шундайдир деган фикр кечди-ю, маъқул дегандай бош ирғадим. - Борди-ю бундан буён холимни ўйнай бошласам, аямай қўлимга уринг, хўпми?
- Бўпти. Лекин икки-уч йилдан бери арзимаган одатнинг баҳридан ўтолмаётганингдан ўзинг ҳам уялишинг керак.
Мен нима сабабдан «меровга ўхшаб қолишим» ҳақида ўйга чўмиб индамадим. Тўғри, қўлини ноқулай тарзда кўтариб холини қашиётган аёлни кўрган одамнинг ғаши келади. Уни ғариб дейиш ярамайди, у эҳтимол чиндан ҳам, меров ва айни чоғда дунёда ўзидан бошқа ҳаммани унутгандек таассурот қолдирар? Мен ўша лаҳзаларда кўзингизга ўзини жон-жахди билан оқлашга уринаётган расво хотиндай кўринган бўлсам ажаб эмас. Тўғри, айтдингиз, балки юзимда чиндан ҳам, аллақандай меровсираганга ўхшаш ифода акс этар. Ўшанда ўртамизда бамисли тубсиз чоҳ пайдо бўлди-ю сизга кўнглимдагини тўкиб сололмадим.
Бу одат болалигимдан қолган эди. Шунинг учунмикин, беихтиёр холимни ушладим, дегунча бамисли ўзимни идора қилолмайдиган куйга тушардим. Ҳолбуки, ўша пайтда мени кўрган борки, дилимдагини дарҳол фаҳмлай оларди.
Сиз очиғи, мени ёқтирмасдингиз, акс ҳолда бундай беозор одатим учун ҳадеб камситавермаган бўлардингиз. Мени яхши кўрганингизда эди унга ортиқча аҳамият бериб ўтирмай, шунчаки кўнгил учун ҳазиллашиб қўяқолардингиз.
Баъзан юрагим сиқилиб, дунё кўзимға қоронғу кўриниб кетганда, менинг одатимни ёқтирадиган эркак зоти бордир, деган гап кўнглимга келар ва бундай ножўя хаёлдан ўша заҳоти даҳшатга тушардим.
Ўша одатимни биринчи марта сезиб қолганда, Сиз, чамаси, мени аяганингиз туфайлигина бу ҳакда гапирган эдингиз. Мен ҳозир ҳам бунга шубҳа қилмайман. Бироқ, эр-хотин сан-манга бориб қолса, ҳатто шунақанги арзимас икир-чикирдар ҳам уларнинг турмушини заҳарлаб, орага совуқчилик соларкан. Чунки, бир-бирига кўнгил қўйган эр-хотинлар бир-бирининг одатига кўникади. Тўғри, баъзан улар ҳам бошида анчагача чиқишолмай юради. Лекин, тўғри тушунинг, мен зинҳор-базинҳор бир-бирининг одатларига ғаши келмаган эру хотинлар аҳил яшайди, аксинча, эртаю кеч ит-мушук бўлганлар бир-бирини ёмон кўради, демоқчи эмасман, асло, бироқ энди бўлса, ҳар ҳолда хотинингизнинг кўнгли учунгина яхши гап билан тасалли берсангиз ажойиб иш бўларди-да, дея армон қиламан.
Оқибат Сиз мени ҳеч аямай тўғридан-тўғри дўппослайдиган бўлдингиз. Сиз бунчаликка бормаслигингиз керак эди, чунки менинг айбим бор-йўғи холимни ўйнашим эди, холос, шунга одамни қийнаш яхшими? Мен кўпинча бекордан-бекорга калтакланганимга чидаёлмай йиғлардим, бироқ Сиздан астойдил ранжимасдим ва «ҳеч бўлмаса ўзинг айт, сени бу одатдан халос этиш учун нима қилай?» деб куйиб-пишган пайтингиз бекорга хуноб бўлмаётганингизни тушунардим.
Мени қон қақшатганингизни битта-яримтага айцам борми, аминманки, «ерингиз бунча золим!» деб қаҳри келарди. Лекин, барибир баҳоналар қанча арзимас бўлгани билан токи ўзга илож йўқ экан, хўрликдан кўра калтакка чидаш осонроқ эди. Бир куни: «Мен бу одатимни ташлолмайман, шекилли, яхшиси қўлимни боғлаб қўйинг», - дедим-да худди ибодат қилаётгандек қафтларимни қовуштириб, қўлларимни узатдим. Шу билан бутун инон-ихтиёримни Сизга топширган эдим.
Сиз мулзам бўлдингиз, бўзариб-гезариб бармоғимни ечдингизда, қўлимни боғлаб қўйдингиз.
Ҳўрпайган сочларимни боғланган қўлларим билан тузатишга уринаётганимни қузатиб турганингизда, кўзларингизга қанчалар илинж билан термулганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ўшанда наҳот энди одатимдан қутулсам дея ўйлаган ва шу заҳоти оҳ, қанийди, битта-яримта холимни силаб қўйса, деган истакдан капалагим учганди.
Одам қилолмаслигингизга кўзингиз етди шекилли, мендан кўнглингиз совуб кетди. Сиз билганини қилаверсин, дегандек, ўз ҳолимга ташлаб, бошқа койимай қўйдингиз. Xолимни ўйнаётганимда эса кўриб-кўрмасликка олдингиз.
Ажабо, шунча койишлар-у, калтаклашлар таъсир-фойда бермаган одат бирдан қолиб кеца! Мажбур қилишгани учун эмас, балки қандайдир осонгина, ўз-ўзидан...
Кунлардан бир кун, гўё бирдан эслаб қолгандек, сизга:
- Кейинги пайтларда холимга тегинмай қўйдим, - дедим.
- Ҳа-я, - дедингиз бепарвогина.
Мен ўшанда ҳамонки бу нарса Сизга шунчалик аҳамияциз бўлган экан, нега илгари бунчалар койир эдингиз деб таъна қилмоқчи бўлгандим. Ва агар шундай деганимда, аминманки, Сиз, бу одатдан қутулиш шунчалар осон экан, нега илгарироқ ташламадинг, деб жавоб қайтарар эдингиз. Минг афсус, бу гаплар айтилмай ичимизда қолиб кетди.
Сизнинг юзингизда холингни эртаю-кеч ўйнамайсанми, менга нима, деган ифода аниқ-ошкор акс этадиган бўлиб қолгач, у тўсатдан мени қизиқтирмай қўйди. Рост, шундан сўнг сизнинг олдингизда жўртага ўйнашга уриниб кўргандим, бироқ ажабо ҳеч ҳам қўлим бормаган эди:
Кўнглим бирам ғаш бўлди, бирам алам қилди...
Шунда холимни сизга билдирмасдан ўйнамоқчи бўлдим, ажабо: қўлим ҳамон ўзимга бўйсунмасди.
Мен бошимни қуйи солиб, аламимдан лабларимни тишладим. «Хўш, қани, айт-чи, холингни нима қилмоқчи бўляпсан?» дейишингизга шунчалар илҳақ эдимки, ўшанда асти қўяверинг. Бироқ, ўша-ўша икковимиз бирон марта ҳам уни эслаб, тилга олмадик.
Шунга қўшилиб кўпдан-кўп хотираларимиз унутилиб кетган бўлса керак.
Эссизгина, шу одатимни Сиз дашном берган пайтларимда ташлаб юборақолсам бўлмасмиди. Мен чиндан ҳам, расво хотин эканман.
Энди ота-онамнинг уйида ўтирибман. Иттифоқо, бирга чўмилаётган пайтимизда онам тўсатдан:
-Ўзингга қарамай қўйибсан, Саёко! - деб қолдилар. - Ёш ўтган сари шу эканда!
Мен ажабланиб онамга қарадим. Онам аввалгидек дуркун ва бадани оппоқ эди.
- Xолингдан совуб кетган бўлсанг керак?
Онамга шу дардисар хол туфайли бошимга не кунлар тушмади, деб ҳасрат қилгим келди-ю, бироқ унинг ўрнига:
- Врач оғритмасдан холни кесиб ташлармикин-а? - дедим.
- Наҳотки, демак, врачнинг қўлидан келаркан-да... Лекин чандиқ қолмас эканми?, - дея кўнгил учун азмойиш қилди онам. - Биз эса, эсимда, кўпинча Саёко эрга тегишга тегдию, лекин ҳалиям холини ўйнаётган бўлса керак, деб ўтирардик.
- Ўйнардим.
- Биз ҳам шундай деб ўйлардик!
- Бу ярамас одат эди. Айтингчи, одамга қачон хол чиқади?
- Дарвоқе, қачондан бошлаб чиқади? Чақалоқларнинг холига кўзим тушмаган.
- Ана холос. Лекин нима бўлганда ҳам йил сайин кўпайиб боради. Сенинг холинг эса жуда антиқа хол. Катталигини қўявер, у жимиттак болалигингдан чиққан эди. - Онам менинг бўйнимга қараб туриб кулиб юборди.
Мен эса, ўша дақиқаларда ўзимча: Болалигимда холим нуқтадек, онам-опам, укаларим вақтларини чоғ қилиш учун уни доим ўйнашган бўлсалар керак, дея ўйлаган эдим. Шундан бошлаб хол ўйнашга ўрганиб қолганмикинман?..
Ота-онамнинг уйида яшаётганимда ҳар куни ўринга ётишим биланоқ яна холимни ўйнай бошладим. Ким билади болалигим, қизлик давримни қўмсаганимдандир, бу.
Унга неча йил қўл теккизмадим-а!
Ёнимда Сиз йўқсиз. Мен тортинмасдан уни чимчилаб, ўйнашим мумкин. Аммо, сира кўнглимга сиғмаяпти. Xолимга тегишим билан дурдай кўзларимга муздек ёш қўйилади.
Қизлик хотираларим ҳақида хаёл сурарман, дегандим. Ёдимга Сиз тушдингиз.
Вақти келиб Сиз барибир талоғини берадиган ношуд хотин, бадфеъл аёл кўрпага бурканиб, холини ўйнаганча ёлғиз Сиз ҳақингизда хаёл сурса, жуда ғалати туйиларкан, шундай эмасми? Бундай бўлади деб ўзим ҳам ўйламагандим.
Кў зёшларидан ҳўл бўлган ёстиқни ўгириб ухлаб қолар ва ҳатто хол ҳақида туш кўрардим. Гўё Сиз, мен ва яна бир нотаниш аёл аллақандай - хонада уйғонгач қаерда эканини эслолмадим - ўтирган эмишмиз! Мен саке ичиб, сархуш бўлиб қолибман, шекилли, Сиздан бир нима ҳақида ёлвориб сўрармишман.
Дафъатан, дардисар одатим хуруж қилиб, тирсагим билан юз-кўзим аралаш кўкрагимни тўсганча чап қўлимни ўнг елкам сари узатибман. Xолимни ушлаганимни биламан, кутилмаганда у оғриқсиз, бошқасиз узилиб чиқибди. Бармоқларим билан эзғилайтуриб, холни синчиклаб кўздан кечирдим. У қайнатилган қора ловиянинг пўстлоғига ўхшарди. Мен ҳол-жонингизга қўймай уни бурнингиз ёнидаги ҳол устига ёпиштиришингизни талаб қилармишман.
Кейин ўзим ёпиштираман деб, Сизнинг енгингиздан ушлаб тортибман ва қон-қон йиғлаб кўксингизга бош қўйибман...
Кўзимни очганимда ёстиқ ўнгимда ҳам дув-дув оқаётган кўз ёшларимдан жиққа хўл бўлган эди.
Менинг бутун вужудим қақшарди, бироқ елкамдан тоғ қулаган каби ўзимни хотиржам сезардим.
Балки, чиндан ҳам энди холдан қутилгандирман, деб ўйладим оғзим-қулоғимга етиб. Шунга қарамасдан юрак ютиб, ушлаб кўришга ботинолмадим.
Сизга айтиб бермоқчи бўлганларим мана шулар. Ҳозир ҳам ўша қора ловиянинг пўстлоғига ўхшаш холга сира ғашим келмасди. Доимо кўриб турган бўлсам ҳам, бирор марта у ҳақда оғиз очмаган эди.
Агар майиздек холимни мошдек холингиз устига қўйсангиз ва у ўса бошласа, хўп ажойиб бўлармиди.
Агар мен кўрган тушни кўриш Сизга ҳам насиб этганда борми, бошим кўкка етарди.
Тушим ҳақида ҳикоя қиламан, деб баъзи нарсаларни унутибман.
Ўрнимга ётгач, холимни ўйнай бошласам Сиз:
- Сен шунчалик меров, шўрпешонага ўхшайсанки... - деб гап бошлардингиз.
Азбаройи мени яхши қўрганидан шундай деяпти, деб ўйлаганимдан ич-етимга сиғмасдим. Чин сўзим, шундай деб ўйлардим. Уят бўлса ҳам очиғини айтишим шарт, ҳаловатимни йўқотганим, худди айнан холни ўйнаш одатида намоён бўларди, шекилли. Ўзимни оқлаш учун болалигимда овутаман деб онам ва опаларимнинг бунга ўргатиб қўйишгани баҳона бўла олади, холос.
- Илгари холимни ўйнасам, тоза уришардингиз, - дея гина қилдим бир куни онамга.
- Шунақайди... яқингинада эди.
- Мени нега уришардингиз?
- Нега дейсанми? Чунки у ярамас одат эди.
- Нимаси ёқмасди Сизга?
- Ким билади... - онам хаёлсурганча бошини қуйи солди. - Балки, одобсизлик бўлиб туйилгандир.
- Балки шундай ҳамдир... Аммо нимаси уят, мен меровга ўхшаб кўринармидим, ёки... ўжар, ўзига бино қўйган аёлгами?
- Мен бундай деб ўйламасдим. Уни бунчалик берилиб ўйнамасанг яхшироқ бўларди, холос.
- Шу ёмон таассурот қолдирармиди?
- Ҳа, сен худди катталардек астойдил ўйнаётганга ўхшардинг.
- Ойи, сиз болалигимда опаларим билан мени овутиш учун холимга тегмасмидингиз?
- Тегардик, шекилли. Мен холимни хомушгина ўйнаган эканман, онам билан опаларим балки болалигимда суюб эркалаганликларини эслашга уринганимдандир?! Қадрдонларимни ўйлаётганимни холимга тегингандай фараз қилиш мумкин эмас.
Сизга яна мана шуларни айтмоқчи эдим. Эҳ, менинг одатимни бунчалар ёқтирмас эдингиз-а?
Сиз билан ёнма-ён туриб, холимни ўйнаётган чокда ким ҳақида ўйлаган бўлишим мумкин. Сиз нима дейсиз?
Менинг ғалати хулқ-атворим, у шундай жаҳлингизни чиқарардики! - Сизга айтишга ботинолмаган севгим ифодасидир балки, - дея ўйлаганим ўйлаган.
Холни ўйнаш одати арзимаган нарса. Унинг учун одам ўзини ўлиб-қутилиб оқлаши шарт эмас. Аммо, «ярамас хотинингиз»нинг бошқа кўпгина қилмишлари ҳам Сизни яхши кўришидан келиб чиққан эди. Шунга қарамай Сиз ҳар гал менга ўринсиз таъна қилардингиз. Охир-оқибат мана шулар учун ўзимни жўрттага ярамас хотинлардек тута бошлаган бўлсам керак.

Ўлгудек қайсар, тутган еридан кесадиган хотин эканимни ўзим ҳам биламан. Нима қилай, ноҳақ тортган аламларни ўйласам, ўзимни тутолмай қоламан. Аммо, шунга қарамасдан Сиз мени тушунишингизни жуда-жуда хоҳлардим.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика