Машаққатлар гирдоби (роман, I... [Zulfiya Qurolboy qizi]

Машаққатлар гирдоби (роман, I... [Zulfiya Qurolboy qizi]
Машаққатлар гирдоби (роман, I... [Zulfiya Qurolboy qizi]
Эрталаб медпункт эшиги олдида яна Пўлат Дамирович билан тўқнаш келдим.
— Сиз ҳалиям бу ерда ўралашиб юрибсизми? — деди у майда ҳашаротга қараётгандек ижирғаниб тикиларкан.
Мен уни пайқамагандек индамадим, шунда у шу қадар қизариб-бўзариб, ғазабдан қалтираб кетдики, иложи бўлса, даст кўтариб улоқтириб юборса ёки ерга юмалатиб коптокдек обдон тепкиласа, топтаса, кейин товонлари билан хумордан чиққунча эзғилаб, абжағимни чиқариб йўқ қилиб ташласа!
— Ҳой пайтавақулоқ, кўппак, бурдалаб ташламасимдан бу ердан йўқол! — деди у ғазабини зўрға босиб.
— Ўзинг йўқол!
— Келгинди, саёқ...
— Ўзинг ўрис чўчқасисан!
Пўлат Дамировичнинг юзи қийшайиб кетди. Адл қоматини эгди-ю, этигининг қўнжига қўл юборди. Худди шу вақтда остонада Гулруҳ пайдо бўлди.
— Пўлат Дамирович, укол вақти бўлди, кирмайсизми? — деди у ҳеч нарсадан бехабардай хотиржам оҳангда.
— Ҳозир...
Пўлат Дамирович ёнимдан ўтаётиб яна туртиб ўтишга уринди, лекин бу сафар уддасидан чиқолмади. Мен ўзимни четга тортишга улгурдим.
— Гулруҳ Қосимовна, сизни кўрсам этим жунжикадиган бўлиб қолибди, — Пўлат Дамировичнинг қувноқ овози эшитилди ичкаридан.
— Қўрқинчли махлуққа ўхшайманми шунчалик?
— Сиз эзгулик ва ёруғлик фариштасисиз!
— Эзгуликни тушунса бўлади, лекин нима учун ёруғлик?..
— Ёруғлик, бу нур, ҳарорат дегани. Сизга қарасам зимистон кўнглим ёришиб кетади!
— Сизнинг кўнглингиз ҳам ғаш бўладими?
— Эҳ!.. Ўйлайсизки, бу одам...
— Мана, бўлди, энди бемалол ишга кетаверишингиз мумкин.
— Гулруҳ Қосимовна, мен кетмасдан шу ерда ўтирсам майлими? Сизни қоровуллаб!..
— Майли-ю, лекин нима учун, кимдан қоровуллайсиз?
— Ташқарида турган таъвиядан! Биласизми, у қанақа махлуқ?!
— Ишга кеч қолмайсизми?
— Менда иш вақти деган нарса йўқ. Анови махлуқ сизга бирдан ташланиб қоладими деган ташвишдан бошқа ташвишим ҳам йўқ.
— Унчаликка боришмайди...
— Мен уларни яхши биламан. Пул учун ўзини томдан ташлайди улар. Акс ҳолда, бу ерда хор-зор бўлиб юришармиди?! Мана биттаси ўзингизга маълум, қўлидан айрилиб қолишини била туриб бир кун ҳам ишдан қолмайди. Ишга чиқмаса мўмай пулдан қуруқ қолади-да! Ҳойнаҳой, у ёқда беш-олтита боласи, хотини бордир. Жароҳати гангренага айланиб кетса нима бўлади?! Дайди-келгиндилар босиб кетди ҳамма ёқни!
— Пўлат Дамирович, эсингиздан чиқарманг, мен ҳам ўшаларданман!
— Сизни қисмат бу ерга бошлаб келган. Мен билан учраштириш учун.
— Айтганча, уколингиз кам қолди. Олиб келиб берасизми?
— Эртага опкесам бўладими?
— Ҳа, бугунга етарли. Даврон!
Хонага кирдим. Эшикни очганимда йўлакдаги ғала-ғовур ичкарига ёпирилди.
— Одам кўпми? — сўради Гулруҳ.
— Одатдагидай, — тўнг жавоб бердим.
Гулруҳ юзимга ғалати қаради.
— Пўлат Дамирович, уколдан кейин бироз ётишингиз керак.
— Шунақами?
Пўлат Дамирович ўрнидан турди.
— Эҳ-ҳе, ириб кетибди-ку! — деди у жароҳатимга кўз ташларкан. — Ҳадемай қўлдан айрилиши турган гап!
Чурқ этмадим. Сезиб турибман, у атай шундай деяпти. Юзидаги кишининг жиғига тегадиган, қадр-қимматини ерга урадиган ифода ва кулгиси шу қадар таҳқиромуз эдики, базўр ўзимни босиб, гўё уни писанд қилмагандек то хонадан чиқиб кетгунча сурбетларча тикилиб туравердим.
— Ғалати киши, а? — деди Гулруҳ унинг ортидан.
— Қўлида тўппончаси бор тўнка!
— Бугун кайфиятингиз йўқроқми?
— Бинойидай.
— Қўлингиз кечаси қаттиқ оғримадими?
— Йўқ!
— Уч-тўрт кун ишга чиқмай турақолинг.
— Пулдан қуруқ қоламан!
— Ёш бола экансиз! Кечқурун сал вақтлироқ келинг, негадир одам кўпайиб кетяпти.
— Ўйлаб кўраман.
Авзойим бузилганди. Асабийлашардим.
Ташқарига чиқдим. Ўз-ўзидан жаҳлим чиқа бошлади. Қўлларида супурги ва челак кўтариб олганча боқилган ғоздай ҳовлида лапанглаб юрган Санобарга кўзим тушиб хотин зотига нафратим ошди. Аёллар янги ҳаётга тез кўникадилар ва ҳеч жирканмай, унга қарши руҳан исён кўтармай, бундан ҳеч қандай қўрқинчли нарса ҳам кутмасдан, ўзларининг янги тақдирига пешвоз чиқаверадилар, шекилли. Улар пулларини ёки бирор қимматбаҳо тақинчоғини ўғирлатиб ёки йўқотиб қўйишгандагина қаттиқ қўрқиб кетсалар керак.
Гулруҳ ҳам шуларнинг бири-да. Ким билсин, у соддаликни ўзига ниқоб қилиб олган маккорадир эҳтимол. Ахир, эркаклар томонидан улуғланиб, кўкларга кўтариладиган ёқимли соддалик кўп ҳолларда муҳтарама заифаларимизни хавф-хатардан сақлаб қолган...
— Алишернинг аҳволи яхшими? — деб сўради тушлик маҳали ёнимга келган Нурали.
— Дуруст, шекилли.
— Ўзини кўриб турибсизми?
— Бир марта.
— Каримбой аканинг негадир қовоғи очилмайди. Шунинг учун сўраяпман-да.
— Унчаликмас, менимча. Ҳар гал борганимда ухлаб ётган бўлади.
— Ҳусан кўринмайдими?
— Ҳусан? Шу атрофда юрувди.
— Ундан бироз спирт сўрасам дегандим. Негадир чап оёғимнинг бармоқлари қичишяпти. Шерикларим спирт билан артиш керак, дейишди.
— Яхшиси медпунктга учранг.
— Қандоқ бўларкин? Шусиз ҳам касаллар кўпайиб кетди.
— Спирт топиш қочмас. Аввал дўхтирга учрашинг.
Нурали кетди.
Қўлим ишга бормай, ходалардан бирининг устида анчагача хаёл суриб ўтирдим. Менга қадрдон манзиллардан ўтиб келаётган қуёш нақ тепамизда туриб олиб кумушранг нурларини мўл-кўл сочарди, аммо ўлай агар, заррача ҳам тафти йўқ эди. Ҳа, бу ернинг ўзи бир олам. Нафақат тартиб-қоидалари, балки бу ернинг қуёши ҳам, ойи ҳам ўзгача. Чарақлаб туради-ю, тафти йўқ. Бу ерда инсон қанчалар тубанлашуви, ўзлигини йўқотиши, ботиний дунёсидаги энг олий туйғуларини ҳам ҳеч иккиланмасдан ҳалок этиб юборишга қодир. Шу билан бир вақтда бутунлай бунинг акси юз бериши ҳам мумкин. Зотан, кулфат ҳам ўзига хос нарса. Кулфат туфайли ҳаётни чуқурроқ ҳис этадиган бўлиб қоласан...
«Чилпарчин бўлган ҳаётни тиклаб бўлармикин?»;
Аллақайдан ўқ овози эшитилгандай бўлди. Сергак тортиб ён-веримга қарадим.
Тошпўлат билан Файзи ҳам ҳайрон бўлиб туришганди.
— Ўқ овозими? — деб сўрадим улардан.
Шу вақт иккинчи ўқ овози янгради.
Бу гал аниқ эшитдим.
— Соқчилар «уруш-уруш»; ўйнашяпти чоғи, — деди Тошпўлат.
— Ҳусан ҳали қайтмадими? — ажабландим.
— Қаёққа кетганди ўзи? — таажжубланди Тошпўлат.
Кўз илғайдиган ерларни кузатиб Ҳусанни қидирдим. Афсуски, яқин-ўртада унинг қораси кўринмади.
Бир маҳал Қиличбек ҳовлиққанча келиб қолди.
— Ҳамма шу ердами? Ие, ҳов... Ҳусан қани?
— Эрталаб шу ердайди, — деди Файзи.
— Эрталаб шу ерда эканлигини билардим, лекин ҳозир қани у? — кўзлари ола-кула бўлиб бақирди Қиличбек.
— Мен қаёқдан билай! — Файзи нари кетди.
Қиличбек бесаранжом нигоҳларини менга тикди.
Мен кумушранг бўшлиқдан кўз узмадим.
Қиличбек қурилиш биноси томон югурди.
Узоқдан қараганда, оппоқ қор устида юмалаб кетаётган тарвузга ўхшарди у.
Кун аллақандай нохуш безовталик билан ўтди.
Қуёш ўрмон ортига бекинди. Унинг қарағай шохлари учига илиниб қолган сўнгги нурлари ҳам завол топди, қош қорайди. Шундан кейингина бизни ишни тарк этиб, баракка чорловчи қўнғироқ овози эшитилди.

* * *
Кўчада миршабларнинг юк машинаси турарди. Дарвоза олдида беш-олтитаси уймаланишган. Фуражкаларининг қайишлари туширилган. Милтиқларининг стволлари чироқ нурида совуқ йилтирайди.
Нимадир юз бергани маълум.
Миршаблар бизни бирма-бир кўздан ўтказишди.
Ичкарига кирганимиздан кейин соқчилар бизни ўз ихтиёримизга қўйиб юборишди. Аммо узоққа кетмай ҳовлининг у ер-бу ерида туриб олишди.
Ошхона деразаси олдида турган Наргиза мени имлади.
— Вой, Даврон, бормисиз? — деди ранги қув ўчган аёл.
— Нима гап?
— Хабарингиз йўқми? Бугун биттаси қочиб кетмоқчи бўлган экан, соқчилар шартта отиб ташлашибди!
— Ким экан?!
— Исмини билмадим... Ҳовлидан олиб ўтишаётганда кўриб қолдим. Ҳамма ёғи қон... Ёшгина йигит...
— Ҳозир қаердайкин, билмайсизми?
— Медпунктда шекилли. Ўша ёққа опкириб кетишди-ю...
Медпункт эшигига қарадим. У ерда милтиғини елкасига осган соқчи турарди.
Шошилаётган, ичимни алланима тимдалаётганига қарамасдан имиллаб ювиндим. Овқатландим. Ғала-ғовур, ўзаро шивир-шивирлар қулоғимга кирмасди. Аммо, назаримда, ҳамма пичирлаб гапираётгандай туйиларди.
Шерикларимга бир-бир назар солдим, башаралар турфа бўлишига қарамай, барида аллақандай хавотир, мавҳум умид, лоқайдлик ва сароб жимирлаётган бу нигоҳлар бўм-бўш эди!
Медпункт томон юрдим.
Соқчи аввалига рухсат бермади, қўлимдаги жароҳатимни кўрсатганимдан кейин ичкарига кириб кетди. Бир оздан кейин қайтиб чиқиб: «Кир!»; дегандай ишора қилди.
Гулруҳ хомуш қарши олди.
— Ярадор йигит шу ердами? — деб сўрадим ундан.
— Ҳа.
— Аҳволи қалай?
— Яхши эмас, — дея пичирлади Гулруҳ.
— Кўрсам бўладими?
— Юринг.
Гулруҳ парда ортига бошлади.
Девор ёнидаги каравотда Алишер ётарди. У ухламаётганди, лекин мени кўриши билан кўзларини юмиб олди. Гаплашгиси келмади чоғи. Унинг ёнидаги каравотда Ҳусан ётарди!
Кўзларимга ишонмай унга яқинлашдим.
— Ҳусан...
Ҳусан «қилт»; этмади. Унинг юзи бўзга ўхшаб қолганди. Кўзлари чала юмуқ. Қовоқлари шишган. Қорни киндигининг атрофи билан боғланган... Тирикликдан нишон йўқдай...
Ёнига тиз чўкдим. Нафас олишига қулоқ тутдим. Юзига бармоқларимни теккиздим: иссиқ. Хайрият.
— Кўп қон йўқотган, — деди Гулруҳ парда ортидан сирғалиб чиқарканмиз. — Ўша заҳоти опкелишганда бунчалик бўлмасди.
— Яқинда опкелишдими?
— Яқинда... Казармада икки соатдан кўп қон кетиб ётган... Яхшиям Ҳаким Назарич хабар топиб қолиб бу ёққа юборибди.
— Жароҳати оғир эмасми?
— Оғир эмас, аммо кўп қон йўқотгани панд бериб қўймаса, деб қўрқаман... Қўлингиз қалай?
— Бугун унчалик оғримади.
— Келинг, дори суриб қўяман.
Ҳар сафаргидай Гулруҳ столнинг нарёғида, мен бу томонида ўтирдик. Қўлимни столга қўйдим. Гулруҳ бинтни еча бошлади. Кўз қирим билан ҳаракатларини кузатдим. Шифтдан таралаётган нур унинг юзида акс этарди. Жиддий ва бир оз паришон чеҳрасида мен учун бегона, тушунишим қийин бўлган аллақандай сир-синоат мавжуд эди. У билан бемалол гурунглашиб ўтиргим келарди, аммо гапни нимадан бошлашни билмасдим. Ахир бу аёлни яхши билмайман, у ким, қайси оламдан келиб қолган паризод, тасаввур қилолмасдим ҳалигача. Тикилганим сайин у мендан узоқлашаётгандай...
Муолажа ниҳоясига етгач, ташаккур айтиб ўрнимдан турдим.
— Хайрли тун, — деди Гулруҳ. — Ўртоғингиздан хавотир олманг. Унга ўзим қарайман.
— Хайрли тун.
— Эртага эрталаб... яна келасизми?
Ялт этиб қарадим. Гулруҳ интиқлик билан қараб тургандай туйилди.
— Албатта, келаман.
Эшикка етгач, ортимга ўгирилдим.
Гулруҳ ҳамон қараб турарди.
Кулиб қўйдим.
Гулруҳ қўлини силкиди.
Ташқарига чиқдим.
Яна гупиллатиб қор ёғарди. Ҳаво илиқ эди. Йўлак бўйлаб юрдим. Юрагимни ҳам изтироб, ҳам аллақандай ёқимли бир тўлқин безовта қиларди. Нурсиз-жилосиз, оддий турмуш қоришмасидан иборат бўлган, сувдай рангсиз ҳаётимга нимҳарир ёғду таралаётгандек эди.
Эртасига эрталаб борганимда Ҳусанни соқчилар казармага олиб ўтишганини эшитдим.
— Ҳали ўзига келганича йўқ. Ўлиб қолиши мумкин, деб неча марта айтдим уларга. Қулоқ солишмади, — деди хафа бўлиб ўтирган Гулруҳ.
— Яхши бўлмабди.
Парда ортига ўтдим. Алишер шифтга тикилиб ётган экан, ҳол-аҳвол сўрадим.
— Келинг, бирпас ўтиринг, — деди у сиқилиб кетгандек афтини бужмайтириб.
Кеча Ҳусан ётган каравотга ўтирдим. Юрагим симиллаб кетди. Кечагина бу ерда Ҳусан ётганди. Яна кўришиш насиб қилармикин? Казармада аҳволи не кечаркин?
— Қачон ишга чиқасиз энди, Алишер?
— Билмадим... Ҳали-бери чиқадиганга ўхшамайман. Синган суяк битиб қолгандай, лекин оёғимни боса олмаяпман. Оғриқни-ку қўяверинг... Бармоғимни жоди кесиб кетганидаям бунчалик оғримаганди.
— Дарднинг келиши осон, кетиши қийин, — дедим бошқа гап тополмай.
— Яхши бўлиб кетармикинман?..
Титраб кетдим.
Ёноқлари чуқурлашган, чекка томирлари бўртиб кетган, киртайган кўзларида мунгли илтижо қотиб қолган йигитчанинг юзига тикилиб қарай олмадим.
— Ҳусан ака уч-тўрт кун даволаниши керак эди-да, — деди Алишер. — Аҳволи анча оғир экан. Ҳалиям... — Алишер овозини пасайтирди. — Ҳамширамиз зўр экан. Ҳусан аканинг қорнидан ўқни шартта олиб ташлади.
— Ўқ биттамиди?
— Битта, шекилли.
Гулруҳга тан бердим ичимда. Оддий ҳамширанинг шунчалар уддабуронлиги таҳсинга сазовор эмасми?

* * *
Кечки пайт.
Ишдан қайтдим-у ўзимни ошхонага урдим. Қорним ўлардай оч эди.
Столлар бўм-бўш. Емакхонага ҳали ҳеч ким кирмаганди. Наргиза билан Санобар улкан қозон ёнидаги стол атрофида ўтирганларича... қарта ўйнашарди!
— Муборак бўлсин!
— Ҳа, Даврон, сизмисиз? Овқат сузайми ё бизга қўшилиб бир қўл ўйнайсизми? — деди Наргиза қарталаридан кўз узмай.
— Мен билмайман.
— Вой, оддий «Дурак»;ни билмайсизми? Нимани биласиз ўзи? — Санобар таънали назар ташлади.
— Қиморни биламан, холос, — дедим жўнгина.
— Ярамас! Буларнинг соғи йўқ, — Наргиза қарталарини ташлаб ўрнидан турди, пешбандини олдига тутиб қозон ёнига борди.
— Э, ўлиб кетсин! Сиқилганимдан ёрилиб кетгудай бўляпман, — деди Санобар. — Қарта ўйнасак сал кўнглим ёзилармиди дегандим. Буям тўғри келмади.
— Даврон, келинг, овқат тайёр, — чақирди Наргиза.
Ҳовлидан ола-тасир, шовқин-сурон эшитилди. Югуриб чиқдим. Медпункт олдида беш-олти киши тўпланиб туришарди.
— Нима гап? — сўрадим шу ердагиларнинг биридан.
— Э, анови Аслиддин яна «чп»; қилган, шекилли.
— Тушунмадим.
— Аслиддин: «Касалман, иситмам чиқяпти»;, деб хонага кирибди-ю, ҳамширага ташланиб қолибди. Кайфи бор экан-да. «Ҳеч бўлмаса битта ўптиринг!»; деб ялинармиш...
Ҳангоматалаблар ҳиҳилашди.
Чидаб туролмадим.
Эшикни шартта очиб ичкарига бостириб кирдим. Назаримда, Гулруҳ ёлғиз ўзи йиғлаб ўтиргандай эди. Аммо ичкарида бутунлай бошқа манзаранинг гувоҳи бўлдим. Гулруҳ ҳеч нарса бўлмагандай қарши олди. Бундан ташқари, у ёлғиз эмасди. Хонада Пўлат Дамирович бор эди.
— Бу ёввойи одамлардан бундан баттар ёвузликни кутиш мумкин. Гулруҳ Қосимовна, ҳалиям фикрингиздан қайтмадингизми? — деди Пўлат Дамирович менга қўли билан чиқиб туринг, дегандек ишора қиларкан.
Қимир этмадим.
— Пўлат Дамирович, ташвишланманг, мен бировларга ўзимни оёқ ости қилдириб қўядиганлардан эмасман, — деб жавоб берди Гулруҳ, кейин менга юзланди: — Нега кеч қолдингиз?
— Бунақа ўжар эканлигингизни билмаган эканман, — Пўлат Дамирович эшик томон юрди. Кейин бирдан ортига ўгириларкан, истеҳзоли кулимсиради. — Шўрингизга шўрва тўкилганда мени эсларсиз, лекин унда кеч бўлади!
Гулруҳ ҳам ундан қолишмади:
— Яхши ниятларингиз учун ташаккур!
Пўлат Дамирович чиқиб кетди.
— Қани, қўлингизни беринг, — деди Гулруҳ.
Бор журъатимни тўплаб:
— Бировнинг шахсий ишига аралашиш ноқулай, лекин... У сизни қўрқитяптими?.. — деб сўрадим Гулруҳдан.
— Бояги машмашани эшитгандирсиз? Пўлат Дамирович шуни дастак қилволиб, «Штаб»; ёнидаги хонага кўчиб ўтишимни таклиф қиляпти.
— Сиз кўнмадингиз.
— Кўриб турганингиздай.
— Балки у ҳақдир. Кўчиб ўтганингиз дурустмиди? Ҳар қалай, у ер бехавф...
— Пўлат Дамирович ҳам шуни таъкидлаяпти. У ёққа бориш тугул, ёнидан ўтишга ҳеч кимнинг журъати етмайди, дейди.
— Тўғри. Шуниси қулай эмасми сиз учун?..
— Бошқалар учун қулайлиги бордир. Лекин мен учунмас!
— Ҳар хил одам бор. Бугунгига ўхшаш воқеа... Қўрқмайсизми?
— Қўрқмайман, — бепарво жавоб берди Гулруҳ.
Унга тикилиб қолдим.
Беш дақиқалардан кейин Гулруҳ ишини тугатди. Шунгача у гарчи нигоҳларимни ҳис этаётган бўлса-да, юзимга қарамади.
— Бўлди. Кетишингиз мумкин, — деди у.
Қимир этмадим.
— Яна икки кун келсангиз етади. Жароҳатингиз анча яхши.
Индамай ўтиравердим.
Шунда у на менга, на бирор нарсага қарамасдан, бўшлиққа тикилганча:
— Қўрқаман... — деди, овози титрарди. — Лекин қўрққанимни даҳмаза қилишим шартми? Умуман олганда, ҳаммамиз тутқунмиз бу ерда. Тутқунликни тан олиб, атрофимдагиларга жавдирайверсам, биласизми, улар не кўйга солишади? Ҳаётда кўп қийинчилик кўрганман. Бу ҳақда бошқа вақт бафуржа гапириб берарман. Агар эшитишни хоҳласангиз. Аммо ҳозир бир гапни дангал айтишим керак. Ўша қийинчиликлар туфайли мен ўз атрофимда бутунлай бошқача атмосфера яратиш ҳадисини олволганман. Сиз тушуна олмаётган, тўғрироғи, сизни ажаблантираётган сирим шу, — Гулруҳ кулиб қаради. — Энди тушундингизми?
Мен бош силкидим.
— Энди хонани бўшатарсиз, бошқалар кутиб қолишди.
Мен яна бош силкидим, аммо ўрнимдан қўзғалмадим.
— Яна нимадир демоқчисиз, шекилли?
Бош ирғадим.
— Сўранг, — Гулруҳ юзимга завқ билан тикилди.
— Сиз оддий ҳамшира эмассиз!
Гулруҳ дарров жавоб бермади. Сирли кулимсираганча:
— Ҳамшира, оддий ҳамшира, холос, — деди бироздан кейин.
Эшик бетоқатлик билан тақиллади.
Ўрнимдан турдим.
— Яна икки кунгина келаманми бу ерга? — деб сўрадим хафа бўлиб.
— Яхши эмасми?
— Бунақаси кетмайди. Қўлим ҳали-вери яхши бўлмаслиги керак. Бу борада бирор маслаҳат бера олмайсизми?
— Қалтисроғиданми?
— Ҳа.
Гулруҳ ўйланиб қолди.
Эшик яна тақиллади.
— Яхшиси, эртага келганингизда айтаман, — деди у. — Фақат сал вақтлироқ ёки сал кейинроқ келинг.
— Узундан-узоқ, бунинг устига, энг хатарли маслаҳатми, дейман?
— Шунақа.
— Есть! — қўлимни чаккамга қўйдим.
Эшик шахт билан очилди. Бир одам ичкарига отилиб кирди. Аланг-жаланг қилганча:
— Бу ерда нималар бўляпти ўзи?! — дея бақирди.
Беихтиёр кулиб юбордим.
Ташқарига чиқдим.
Ошхонада ҳам, баракда ҳам чироқ ёниқ эди.
Тун забтига олган ҳовлида анча вақт айланиб юрдим. Кейин «Контора»; томон ўтдим. Пул керак эди. Ичкарида чироқ кўринди. Демак, Ҳаким Назарич ҳали уйғоқ.
— Пул керак денг? — тамаки тутунига тўлган хонада алланималарни ёзиб-чизиб ўтирган Ҳаким Назарич қизарган, ҳорғин кўзларини менга тикди.
— Ҳа.
— Навбатингиз етиб келдими? — Ҳаким Назарич ғаладонини тортиб, у ердан аллақандай қалин дафтарни олиб варақлай бошлади.
Индамай турдим. У навбатим келганини биларди. Пулдан гап очилганда қайси бошлиқнинг юзи ўзгармайди, қошлари чимирилмайди дейсиз?
Нимадир жиринглади. Ҳаким Назарич чўнтагидан қўл телефонини олди.
— Ҳа, Пўлат Дамирович, эшитаман, бемалол, безовта қилганингиз йўқ... — Ҳаким Назарич илжайди. — Қилғиликни қилиб қўйиб, оғримадими, деб сўраб юрасиз ҳар доим. Ўтиришдамисиз? Тушунарли. Вақтим бемалол, гапираверинг, — Ҳаким Назарич жим бўлиб қолди. Бироздан кейин у: — Хабарим бор бундан, — деди овози ўзгариб. — Бу ҳақда эртага гаплашсак нима дейсиз? Кетиб қолмасдан кутиб тураман сизни. Ҳа, шу ерда. Хўп. Сизга ҳам. Зиёфатда ҳам ишхонани ўйлаб ўтиришингиз таҳсинга лойиқ.
Ҳаким Назарич телефонини чўнтагига солиб қўйди.
— Хўш... Сиз? Ҳа, пул масаласида келгандингиз-а? Ҳозир... — Ҳаким Назарич дафтар саҳифасига шунчаки кўз қирини ташлади, кейин менга қараб: — Навбатингиз кеп қопти, — деди. Бурилиб ёнидаги темир сейфни очди-да, бир даста пулнинг маълум бир қисмини олди-да, стол устига ташлади: — Олинг.
Миямга: «Санаб кўрмасдан беряпти, нима, мени синаб кўрмоқчими?»; деган ўй келди шу топда.
Ҳаким Назарич сейфни қулфлаб, сигарет тутатаркан, яна бир марта:
— Олинг, — деди мен томонга қарамасдан.
Пулни олиб санадим. Ё тавба, ҳисобга тўппа-тўғри эди! Шу вақтга довур мен йўлиққан бошлиқлар бераётган пулларини қайта-қайта ҳисоблаб, кейин худди ўз ҳамёнидан кетаётгандай, иддао билан узатишарди-да.
— Раҳмат.
— Нима учун миннатдорчилик билдиряпсиз? Бу сизнинг иш ҳақингиз-ку! — деди Ҳаким Назарич сигарет қолдиғини кулдонга ташларкан.
— Одат бўлиб қолган-да, — дедим бошқа гап тополмай.
— Шошилмаяпсизми?
— Йўқ.
— Сизга бир таклифим бор эди.
— Эшитайлик-чи.
— Мен бу ҳақда кўп ўйладим. Деярли олти соатдан буён, — деди Ҳаким Назарич стул суянчиғига суяниб.
— Шунчалик жиддий масала экан-да, — дедим кулиб.
— Сизга бир иш таклиф қилсам дегандим. Ҳамшира қизимизга тинчлик бермайдиганлар чиқиб қопти. Бугун биттаси жуда ҳаддидан ошиб кетганмиш. Бу яхши эмас, ахир! Ҳар томонлама ўйлаб кўриб, сизни медпунктга қоровуллик вазифасига олсакмикин, деб тургандим. Нима дейсиз?
— Медпунктними ёки аёлни қўриқлайманми?
— Иккаласиниям. Ойлик маошингиз одатдагидай кетаверади. Бу ёғидан хавотирланманг.
— Кечаю кундуз... постда тураманми?
— Ҳа, кечаю кундуз, деярли ҳар дақиқа.
— Унинг ўзи нима деркин?
— Ўзим тушунтираман. Йўлакка каравот қўйиб берилади. Кечаси тунаш учун. Хонага кирган ҳар бир одам сизнинг кузатувингизда бўлади.
— Куч ишлатишга тўғри келса-чи?
— Ишлатаверинг, фақат қурол ишлатмасангиз бас.
— Қурол ҳам берасизми?
— Ҳазил.
— Кетаверайми?
— Келишдикми?
— Ҳа.
— Яхши дам олинг.
— Хайрли тун.
«Ғамхўр князь, — деган ғалати фикр келди калламга ташқарига чиқиб, эшик олдида турарканман. — Бу ёғи қандоқ бўлди?»; Бир оздан кейин: «Бу ҳақиқатан ҳам беғараз ғамхўрликми ё бирор мақсадни кўзлаб қилинаяптими?»; деган шубҳа миямга урилди.
Баракка кирдим.
Аммо сира ухлай олмадим.
Эрталаб ошхонада нонушта қилиб ўтирганимда Ҳаким Назарич мени йўқлаётганини айтиб қолишди. Медпуктга борармишман.
— Гулруҳ Қосимовна билан гаплашдим, — деди Ҳаким Назарич хонага кириб борганимда. — Сиз билан ишлашга мутлақо қарши эмас эканлар.
Гулруҳ жилмайди.
— Ҳозироқ кўчиб келишим керак экан-да, — дедим.
— Эшик олдидаги курси сизники, — деди Ҳаким Назарич, кейин бурилиб Гулруҳнинг қўлтиғидан олиб ташқарига бошлади. — Гулруҳ Қосимовна, сизга ҳам икки оғиз гап...
Уларнинг суҳбатини эшитмадим.
Ўн дақиқалардан кейин Гулруҳ хонага қайтиб кирди.
— Бу фикр сиздан чиқмаганмиди ишқилиб? — деб сўради у.
— Мендан чиққан тақдирда ҳам улар инобатга олишмасди, — дедим ростига кўчиб. — Бу «меҳрибон князь»;нинг иши!
Гулруҳ ким ҳақида гапирганимни тушунди.
— Аввал жароҳатингизни боғлаб қўяй, кейин постингизни эгаллайсиз, — деди у бинт ва малҳамни стол устига қўяркан.
— Ҳусаннинг аҳволидан хабарингиз борми?
— Йўқ. Эсласам этим жимирлаб кетади. Эҳ!..
— Хабар олишнинг иложи бормикин?
— Пўлат Дамирович барибир рухсат бермайди. Соқчилардан биттаси ошқозони оғриб олдимга келганди. Ҳусанни казармада ётибди, дейди. Штабнинг орқа томонида казарманинг аллақандай дарчаси бор экан. Ўша дарча орқали уни кўрса бўлармиш. Лекин ёрдам беролмагандан кейин кўришдан нима наф?
— Штабнинг орқа томонида дедингизми?
— Ҳа. Мана, бўлди, энди постингизга борақолинг.
— Қанақадир маслаҳат бермоқчийдингиз.
— Энди ҳожати йўқ.
— Анави курси меникими?
— Ҳа.
— Сизнингча, бу курси ичкарида тургани яхшими ёки йўлакда?..
— Ҳам ичкарида, ҳам ташқарида, — деб жавоб берди Гулруҳ.
Тушундим.
Шундай қилиб, ишни «контора»;да давом эттира бошладим. Вазифам эртаю кеч медпункт эшигидан жилмасдан кирган-чиққанни кузатиш. Пўлат Дамирович дафъатан мени бу ерда кўриб тепа сочи тикка бўлиб кетди.
— Нега ҳаддингиздан ошяпсиз? Ким рухсат берди сизга? — дея заҳрини сочди у.
— Ҳаким Назарич... — дейишимни биламан, Пўлат Дамирович илон чаққандай сапчиб тушди.
— Ҳаким Назарич?! Мен...
У отилиб ташқарига чиқиб кетди.
Гулруҳ қўл силкиб қўйди.
Тушдан кейин Пўлат Дамирович яна медпунктда пайдо бўлди.
Бу сафар у менга заҳрини сочмади. Ҳаким Назарич боплаб попугини пасайтириб қўйган чоғи...
Қизиқ, олов билан сувдек бир-бирининг мутлақо акси бўлган бу икки одамни нима, қандай мақсад боғлаб турган экан?
Дарвоқе, Пўлат Дамирович...
У хонага кириб Гулруҳнинг рўпарасидаги стулга ўтирди-да:
— Муолажа вақтида хонада бегона одамнинг бўлишини хоҳламайман, — деди кескин оҳангда.
Гулруҳ менга қаради.
Индамай йўлакка чиқдим.
Эшик очиқ қолди.
— Гулруҳ Қосимовна, сиздан хафаман, — деди Пўлат Дамирович.
— Бу менинг ишим эмас.
— Ҳаким Назаричнинг ғамхўрлигини қабул қилмаслигингиз керак эди!
— Нима дейишга ҳам ҳайронман.
— Инсоф юзасидан айтинг, сизнинг хавфсизлигингиз ҳақида биринчи бўлиб ким оғиз очганди?
— Сиз.
— Нега унда... Нега... Ўртадан «лоп»; этиб чиққан аллақандай одамнинг гапига кириб!..
— Ҳаким Назарич аллақандай одам эмас.
— Барибир бу... бу адолатсизлик!
— Пўлат Дамирович, нима фарқи бор, «штаб»; ёнига ўтдим нима-ю, бу ерда турдим нима...
— Мен учун фарқи бор!
— Пўлат Дамирович, агар хафа бўлаверсангиз муолажани тўхтатаман!
Жимлик.
Бир оздан кейин:
— Бўпти, хафа бўлмасликка ваъда бераман, — дегани эшитилди Пўлат Дамировичнинг. — Фақат битта шартимга кўнсангиз...
— Шарт қўймасдан гапира оласизми? — кулди Гулруҳ.
— Сизнинг ваъдангизни олмагунимча шарт қўявераман.
— Оҳ, худойим!
— Тунов кунги гапга нима дейсиз?
— Йўқ ва яна йўқ!
— Ўйлаб кўринг.
— Ўйлаб кўрдим!
— Ўзингизни бунча тарозига солмасангиз? — бирдан овози ўзгарди Пўлат Дамировичнинг.
— Тарозига солиш эмас бу!
— Тарозига солишдан бошқа нарса эмас! Аслида бунчаликка бормасангиз бўларди!
— Бу билан нима демоқчисиз?
— Ўзингиз жуда яхши тушуниб турибсиз!
— Муолажа тугади. Кетинг!
— Йўқ, ҳали тугамади! Беморни ташлаб қўйишга ҳақингиз йўқ. Сиз қасам ичгансиз!
— Афсуски, шундай!..
Яна жимлик.
Гулруҳ қирт-қирт қилганча ниманидир қирқди.
— Мана, энди кетишингиз мумкин, ўртоқ бемор, — деди у бироздан кейин асабий оҳангда.
— Гулруҳ...
— ...
— А, Гулруҳ... Хафа бўлдингизми?
— Хафа бўлишга ҳаққим йўқ. Ахир, мен қасам ичганман!
— Сизнинг нафақат нинангиз, балки тилингиз ҳам ўткир. Санчилган еридан қон чиқармаса қўймайди.
— Яхши боринг.
— Таклифимни яна бир бор ўйлаб кўринг. Кечқурун кўришгунча!
Пўлат Дамирович йўлакка чиқди. Менга нафратомуз тикилганча илондай вишиллаб:
— Келгиндиларни кўришга тоқатим йўқ! — деди-ю, ёнимдан зувиллаб ўтиб кетди.
Ичкарига кирдим.
Дераза олдида турган Гулруҳнинг юзи қоғоз бўлиб қолганди.
— Агар у сизга яна бир марта шундай муомала қилса, Ҳаким Назаричга устидан шикоят қиламан, — дедим секин.
— Аралашманг сиз! — деб бақириб юборди Гулруҳ.
Нафасим ичимга тушиб кетди. Йўқ, қўрққанимдан эмас. Бундан чиқди, Гулруҳ Пўлат Дамировичга бефарқ эмас экан-да, деган ўйдан ҳафсалам пир бўлди. Қоровулликни бўйнимга олганимга пушаймон бўлдим.
Шу куни Гулруҳ билан бошқа гаплашмадим.
Тун.
Соат икки ярим-учлар атрофида ҳам уйғоқ эдим.
Гулруҳнинг хонасидаги чироқ яқинда ўчди. Шунгача у ҳам ухламаганди. Хонада у ёқдан-бу ёққа юриб турди.
Аёлнинг қадам товушларини санаб ётардим йўлакдаги каравотда. Бир маҳал қадам товушлари эшитилмай қолганида аста ўрнимдан туриб эшикдан мўраладим. Гулруҳ дераза олдида турганди. Жойимга қайтдим. Бир оздан кейин аёл яна у ёқдан-бу ёққа юришни бошлади. «Асабийлашяпти»;, — дедим ичимда. Одамнинг қадам товушига қулоқ тутиб унинг асаби жойида эмаслигини билиш мумкинлигига ақлим етди.
Мана, ниҳоят чироқ ўчди. Демак, Гулруҳ ухлаб қолди.
Секин ўрнимдан турдим. Эшик олдига чиқиб, бирпас турдим. Теваракни кузатдим. Ҳамма ёқ жим-жит. Ҳатто соқчилар ҳам пинакка кетганди. Қорни ғичирлатмасдан бир-бир босиб «штаб»; томон юрдим.
Бу оқшом Пўлат Дамирович навбатчи эди. Берироқда турганча у тунайдиган хонанинг деразасига кўз ташладим. Тунчироқнинг хира ёғдуси липиллаб турарди. Девор ёнига ўтиб яна бироз кутдим. Бир қадам нарида дераза. Мен шу дераза ёнидан билдирмай ўтишим керак эди. Бир маҳал ичкарида нимадир даранглаб кетди. Унинг кетидан аёл кишининг кулгиси эшитилди. Ҳушёр тортдим. Деворга қапишиб олдим. Дераза рўпарасида бир жуфт соя пайдо бўлди. Кейин яна жимлик.
Ўн дақиқалардан кейин аста ўрнимдан жилдим. Дераза остидан юракни ҳовучлаганча энгашиб ўтдим. Хайрият. Энди бу ёғига унчалик қўрқмасам ҳам бўлади. «Штаб»; казармаси ҳақида умуман тасаввурим йўқ эди. Хаёлимда Гулруҳ таъкидлаган аллақандай «...дарча»;дан бўлак ҳеч вақо йўқ. Шунинг учун дуч келган биринчи дарчадан таваккалига ичкарига мўраладим. Зим-зиё қоронғилик. Қоронғиликдан бошқа ҳеч нарса... шу чоғ аллакимнинг жон аччиғида инграгани қулоғимга чалинди. Бутун вужудим, эътиборим қулоққа айланиб ичкарига қулоқ тутдим. Яна ўша аянчли ингроқ... Аъзойи баданингни жунжиктириб юборувчи ингроқ...
Дарчани секин чертдим.
Жавоб бўлмади.
Жавоб ўрнига яна ўша азобли ингроқ...
Аллақаерда хўроз қичқирди.
«Бу ернинг хўрозлари намунча вақтли қичқирмаса?!»;
Изимга қайтдим.
Дераза ёнидан бирдан ўтиб кета олмадим. Нега деганда, деразанинг кичик бир табақаси очилган бўлиб, у ердан қандайдир гап-сўзлар эшитиларди. Беихтиёр қулоқларимни бекитдим. Умрим бино бўлиб бу қадар уятсиз, пардасиз сўзларни эшитмагандим. Демак, ичкарида фоҳиша бор.
«Пост»;га қайтдим. Бу ерда осойишталик ҳукмрон эди. Тўлин ой ёғдусига чулғанган хонада Гулруҳ ухларди. Ҳеч нарсадан бехабар...
Ўзимни каравотга ташладим-у, тошдек қотдим. Аммо эрталаб эшик «тиқ»; этган заҳоти уйғондим. Ташқарида телпагини кўзигача бостириб олган Ҳаким Назарич турарди.
Эшикни очдим.
— Салом.
— Яхши келдингизми?
— «Пост»;да тинчликми?
— Худди шундай.
— Ҳамшира қизимиз қалай? Безовта бўлмадими?
Ҳазил қилгим келиб:
— Ҳамширамиз онасининг қорнида ётгандай бехавотир ухлади ва ҳамон ухламоқдалар, — дедим.
Ҳаким Назарич кулиб қўйди-да, ўзининг хонаси томон ўтди.
Шу чоғ эшик ғийқиллаб очилди-да, Гулруҳ пайдо бўлди.
— Сизларга гап бўлса, роса опқочасизлар-а? — деди, кейин менга пўписа қилган бўлди: — Ҳали шошмай туринг, кечаси аллақаёққа кетиб қолганингизни Ҳаким Назаричга айтиб бераман!
— Мен шу ерда эдим.
— Ёлғон!
— Рост...
— Аллақаёққа кетиб қолганингизни тан олинг! Тан олмасангиз...
— Хўп, хўп, тан оламан.
— Қаёққа бориб келдингиз?
— Биттаси билан учрашувим бор эди. Шуниям билиб қўйдингизми? Сиз аёллардан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди-я!
Гулруҳ гапимни кўнглига оғир оладими, деб чўчиб тургандим. Йўқ, у мулойимлик билан жилмаярди.
— Учрашувингиз яхши ўтдими, ишқилиб?
— Яхши ҳам гапми!
— Хурсандман.
Гулруҳ хонасига кирди.
Аввалги журъатсизлигим қаёққа чекинди, билмайман. Мен энди Гулруҳ билан бемалол гаплашардим.
— Кечаси Ҳусандан хабар олиб келдим, — дедим Гулруҳ қўлимга малҳам сураётганда. — Штаб ортидаги дарча ҳақиқатан ҳам казарманики экан.
— Ўзингиз кўрдингизми?
— Бе, қаёқда! Лекин овозини эшитдим. Оҳ-воҳ қилиб ётибди бечора. Бугун Ҳаким Назарич билан гаплашсамми, нима дейсиз?
— Ҳусан ҳақидами?
— Ҳа. Ҳеч бўлмаса жароҳати тузалгунча унга кимдир қараб туриши керак. Шундай ётаверса ўлиб қолиши турган гап.
— Ҳаким Назаричга мен айтаман бу гапни. Дўхтир сифатида. Шунда ишонишлари мумкин. Мабодо кўндира олмасам, кейин сиз ҳужумга ўтасиз. Хўпми?
— Сизга йўқ деб бўлармиди?
Мен унга яна нимадир дейиш учун оғиз жуфтладим, лекин шу вақт йўлакда тўпланган беморларнинг шовқин-сурони эшитилди.
Ўрнимдан турдим.
— Алишер ҳақидаям гаплашмоқчийдим, — деди Гулруҳ паст овозда. — Яхшиси, ишчилар жўнаб кетганидан кейин «контора»;га ўта қолайлик.
— Хўп.
Чамаси икки соатлардан кейин биз Ҳаким Назаричнинг хонасига кириб бордик.
— Тинчликми, Гулруҳ Қосимовна?.. — «меҳрибон князь»; сиртдан қараганда ҳар доимгидай хотиржам кўринса-да, ботинида безовта бир тўлқин хуруж қилаётганини сездириб қўйди: унинг бўйинбоғининг тугуни дир-дир титрарди.
— Беморлар масаласида келгандим.
— Марҳамат, ўтиринг.
— Раҳмат.
— Хўш?
— Оёғи синган йигитнинг аҳволи ўнгланмаяпти, шундан ташвишдаман. Касалхонага ётқизмасак бўлмайди. Операция қилиш керак.
— Муолажа ёрдам бермаяптими?
— Умуман. Фақат операция туфайли оёғини сақлаб қолиш мумкин. Акс ҳолда...
— «Акс ҳолда...»; У ёғи маълум. Аммо... — Ҳаким Назарич бехосдан Гулруҳга тикилиб қолди. Кейин бирдан уялиб кетгандек нигоҳларини олиб қочди.
— Ҳаким Назарич, қўлимдан келганини қиляпман. Лекин мен оддий ҳамшираман, холос.
— Тушуниб турибман, бироқ касалхонанинг иложи топилишига ишонмаяпман. Вазият ўзингизга маълум-ку.
— Билмадим, бу ёғига ўзингиз бош қотиришингизга тўғри келади, — деди Гулруҳ ўжарлик билан, ҳатто депсиниб қўйди.
Ҳаким Назаричнинг жаҳли чиқса кераг-ов, деб тургандим, йўқ, аксинча унинг улуғвор, салобатли юзи аллақандай табассумдан ёришиб кетди. Гулруҳга эркаловчи бир нигоҳ ташлади-ю, шу заҳоти буни ўзи фаҳмлаб қолгандай бирдан жиддий тортди.
— Ҳаракат қилиб кўраман, — деди у стол устидан алланимани қидирган киши бўлиб.
— Яна бир илтимос, ҳам талабим бор эди, Ҳаким Назарич. Жаҳлингиз чиқмаса айтаман.
— Жаҳлим чиқса-чи? — Ҳаким Назарич кулгудан базўр ўзини босиб тургандай Гулруҳга қаради.
— Барибир айтаман.
— Унда айтинг.
— Биласизми... Яқинда ярадор бир йигитни олиб келишганди. Ҳозир у казармада ётибди. Лекин аҳволи жуда оғир. Жилла қурса, медпунктда даволанмаса бўлмайди.
— Қочоқ йигитни айтаяпсизми? У Пўлат Дамировичнинг ихтиёрида. Аниқ бир гап айтолмайман.
— Ҳаким Назарич... Йўқ, Ҳаким ака, — Гулруҳ бир қадам олдинга юрди. — Биз фақат сизни биламиз. Бошқаларни тан олмаймиз!
Шунда... Шунда Ҳаким Назаричнинг юзи қанчалар ўзгариб кетганини бир кўрсангиз эди! Йўқотган азиз нарсасини қайта топиб олгандай эсанкираб қолганди у.
— Мен... Гулруҳ... Қосимовна, ваъда беролмайман, лекин биласизми... мен ҳаракат қилиб кўраман, — деди у ҳаяжонини босишга уриниб.
— Мен сизга ишонаман, — Гулруҳ бу сўзларни шундай самимият билан айтдики, Ҳаким Назарич беихтиёр титраб кетди.
Мен ҳам лол бўлиб қолгандим.
Ҳаким Назаричнинг қўл телефони жиринглади.
— Ало, ҳа, менман. Тинчликми? Ҳа, бугун бораман. Кеча ишхонада ушланиб қолдим. Борганда гаплашамиз. Касалхонадамисан? Хўп. Хўп, — Ҳаким Назарич бўғриққанча телефонни чўнтагига солди.
— Вақтингизни олганим учун узр, Ҳаким ака, — деди Гулруҳ.
Кейин хонадан чиқдик. «Қизиқ, Ҳаким Назарич кеча ишхонада тунабди, шекилли, — деган ўй ўтди хаёлимдан. — Боя телефон қилган хотинга шундай деб ҳисобот берди-ку»;.
Тушлик бўлиб қолганди.
— Тушликни қаерда қиламиз? — деб сўрадим Гулруҳдан.
— Мен ҳар доимгидай хонамда тушлик қиламан.
— Бугун ошхонага борақолайлик. Анови иккаласининг аҳволидан ҳам бир хабар олардик-да.
— Бўпти.
Бизни кўриб Наргиза йиғлаб юборди.
— Сиқилиб кетдим, — дея ҳиқиллади у. — Кечаси билан кўз юммадим ҳисоб. Қандай кунларга қолдим, деб ўйлайвериб адойи-тамом бўлдим. Агар ҳозир сизлар келиб қолмаганингизда ўзимни анови биқирлаб турган қозонга ташлаб юборардим!
— Ҳой, ҳой, Наргиза, ўзингизни қўлга олинг, — деди Гулруҳ.
— Э, жонимдан тўйиб кетдим! Бунақа ҳаётдан...
— Ҳаёт шунчалик беқадрми? — деди Гулруҳ.
Наргиза унга анграйиб қаради.
— Ҳаётнинг қадрига етмайдиган одам ундан осонликча воз кечиб қўя қолади. Одам яшагиси келиб турганида эмас, яшагиси келмай қолганида яшашга ҳаракат қилиши керак, менимча. Тўғрими, Даврон ака?
— Яшаганда ҳам унақа-бунақа эмас, ҳаётнинг жон еридан маҳкам тутиб яшаш керак, — дедим.
Наргизанинг бироз чиройи очилди.
Топган-тутганини столга қўйди.
— Наргиз, шўттамисан? — эшикдан бош суқди Санобар.
— Ҳа, келаверинг.
Наргиза бўш стул олиб келиб менинг ёнимга қўйди. Ҳарсиллаганча Санобар кириб келди. У терлаб кетган, пешбанди ярмигача ҳўл эди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, қаторимизга қўшилди.
— Кирларни ювиб бўлдингизми? — сўради Наргиза.
— Бўлдим. Ордона қолсин! Адойи-тамом бўлдим... — деди у ҳорғинлик билан.
— Пулниям роса ишлаяпсиз-да! — деди Наргиза кулиб.
— Пулиям бошида қолсин, илойим! Уйимни, болаларимни соғиндим. Бўлди, бошқа гапирманглар. Яна «ғинг»; дейдиган бўлсаларинг ўзимни ўзим бир бало қилиб қўяман! Жонимдан тўйиб юрибман ўзи! — Санобар қўлини пешонасига тиради. Қисиқ кўзларидан ёш сизиб чиқди.
— Бугун иккаламизгаям ажина теккан, шекилли, — деди Наргиза. — Ҳозир кайфиятни кўтарадиган бир нарса опкеламан.
— Борми? — бирдан жонланди Санобар.
— Йўқ бўлса айтармидим?
— Тугади, дегандинг-ку кеча.
— Топдим-да.
Наргиза ўрнидан туриб нари кетди.
Санобар уҳ тортиб стул суянчиғига ўзини ташлади. У буткул ғам-андуҳдан яралган гумбаздай бўлиб ўтирарди. Бу ерда у янада тўлишганди.
— Мана! — Наргиза тантанали равишда столга ароқ шишасини қўйди.
— Ўҳ-ҳў! — Санобарнинг чиройи очилди. — Зўридан-ку! Қани, стаканларингни беринглар.
Гулруҳга қарадим. У ортиқча мулозамат кутмасдан стаканини узатди. Санобар шиша тиқинини шарт-шурт очди-ю, шоша-пиша стаканларга қуя бошлади.
— Биз шунақасига ўтганмиз, — деди Наргиза унга ҳеч нарса демаган бўлсам ҳам.
— Совиб қолмасин, қани олинглар, бўлақолинглар, — стаканни қўлига олган Санобар бетоқатлик билан бизни шоширарди.
— Соғлик учун! — дедим мен.
— Эсон-омон уйга етиб олишимиз учун! — деди Наргиза.
— Мен кейингисига ният билдираман, — деди Санобар, кейин ҳеч кимга қарамасдан стаканни бир кўтаришда сипқорди-қўйди.
Наргиза стакан тагида озгина қолдирди.
Мен бир томчи ҳам қолдирмадим.
Гулруҳ стаканни номига лабига теккизди-ю, столга қўйди.
— Мен ташлаганман ичишни, — деди кулиб кейин.
— Бошқа вақт бўлганида зўрлаб бўлсаям ичирган бўлардим, — деди Санобар оғзидаги луқмани гоҳ у жағига, гоҳ бу жағига олиб чайнаркан. — Лекин ҳозир бу жониворнинг бир томчиси олтита тенг бўлиб турибди. Ичмасангиз майли, ўзингиз биласиз. Наргиз, шишада қолганини асраб қўй. Манавини иккаламиз бўлашиб ичамиз.
— Даврон... — Наргиза чайналди.
— Менга бўлди, — дедим шартта. — Сизлар баҳузур олаверинглар.
— Раҳмат.
Иккала аёл Гулруҳнинг тегишини бўлашиб ичишди. Кейин ҳамма нарсани унутганча пишиллаб овқатланишга киришди. Тавба, уларга қараб туриб пилла қурти эсимга тушиб кетди.
— Овқат мазали экан, олинг, — деди Гулруҳ менга.
Овқатимиз оддий макарон эди. Қовурма макарон. Лекин жуда мазали эди. Пок-покиза туширдик ҳаммасини.
— Ликопчангизни беринг, яна опкеламан, — Гулруҳга илтифот қилди Наргиза.
— Раҳмат, тўйдим.
— Менга опкелақол, — деди Санобар ликопчасини узатаркан. Кейин Гулруҳга юзланиб деди: — Авваллари овқатни кўп ердим. Шунинг учун семириб кетгандим. Лекин бу ерда кўп ея олмаяпман. Иштаҳам йўқ негадир. Аммо барибир семириб кетяпман. Нега шундай экан-а?
— Кам ҳаракат қилаётгандирсиз.
— Тополмадингиз. Мени ғам семиртираяпти! Қанчалик кўп ғам чексам, куйиб-ёнсам, шунчалик семириб кетяпман. Бу ёмонми?
— Ортиқча...
Гулруҳ энди гап бошлаганди Санобар унинг оғзидан юлиб олди:
— Бу ёмон, албатта. Кўриниб турган нарса-ку.
Санобарнинг савол бериб, жавобни ҳам ўзи бериб қўяётгани кулгимни қистади. Наргиза бир йўла ўзининг ликопчасини ҳам тўлдириб келди, иккала аёл яна овқатланишга тушди.
Зимдан Гулруҳни кузатдим. Шикоят қилиш ва овқатланишдан бошқа нарсани билмайдиган манави йиғлоқи аёллар олдида у бутунлай бошқача, бетакрор гўзал, содда ва ёнига йўлаб бўлмайдиган даражада мағрур кўринарди.

* * *
Эрталаб ёмғир аралаш қор ёғди.
Ҳаво замҳарир, осмон қорайиб турарди.
Соат ўнлар атрофида медпунктга Пўлат Дамирович кириб келди. Унинг юзи гезарган, кўзлари ғазабнок эди.
— Гулруҳ Қосимовна, анови эркатойингиз қачон ишга чиқади? — деб сўради у Гулруҳдан одатдагига мутлақо ўхшамайдиган зардали оҳангда.
Гулруҳ эркин жавоб берди:
— Эркатойим ҳали-вери ишга чиқмайди.
— Нега?
— Жароҳати ҳали тузалгани йўқ.
— Қачон тузалади?
— Номаълум.
— Гулруҳ Қосимовна, беморингиз бир ҳафтадан кейин ишга чиқмаса, кўчага ҳайдашга мажбурман.
— Бир ҳафтадан кейин ишга чиқа олмайди.
— Менга текинтомоқ, боқиманданинг кераги йўқ! — депсинди Пўлат Дамирович.
— Пўлат Дамирович, нега асабийлашаяпсиз? Ахир, у ишга яроқсиз. Яроқсиз одамни қандай қилиб ишлашга мажбур қиласиз?
— Ишга яроқсиз одамнинг менга кераги йўқ. Битта такасалтанг учун контора ҳисобидан қанча харажат кетаётганидан хабарингиз борми?!
— Хабарим йўқ, ҳозирча. Аммо Ҳаким Назаричдан сўраб билволаман.
— Бу ишга бурнингизни тиқмаганингиз маъқул, Гулруҳ Қосимовна!
— Пўлат Дамирович, бунчалик дағдаға қилишингиз боисини тушунолмаяпман. Мен тиббий ходим сифатида беморларимнинг аҳволига жавобгарман, ахир!
— Бурчингизни аъло даражада ўтаяпсиз, Гулруҳ Қосимовна. Бу ёғига энди аралашманг!
— Бу буйруқми?
— Ҳа, буйруқ!
Пўлат Дамирович кескин бурилди.
— Пўлат Дамирович, — мурожаат қилди Гулруҳ унга. — Ҳамма нарсани пул билан ўлчасак, ҳисоб-китобга тақайверсак, одамийлик деган нарса қайда қолади?
— Бу менинг муаммойим эмас! — шу заҳоти жавоб берди Пўлат Дамирович.
— Бемор ишга яроқсиз бўлса, дарров кўчага улоқтиришимиз керак экан-да?!
— Улоқтиринг! Иложи бўлса, узоқроққа улоқтиринг. Дод-фарёди қулоққа эшитилмасин!
Гулруҳ яна бўш келмади:
— Ярадор йигитни аллақачон улоқтириб юбормадингизми ҳайтовур?
— Уни улоқтириш шарт эмас, — Пўлат Дамировичнинг овозида мамнунлик сезилди. — Жароҳатига аллақачон қурт тушибди! Яна бир ҳафтадан кейин у қуртларга бутунлай ем бўлади!
Пўлат Дамирович хо-холади.
Гулруҳнинг овози чиқмай қолди.
Этим жимирлаб, аъзойи-баданимга нина санчилгандай бўлди.
Йўлакда вазмин қадам товуши эшитилди.
Ирғиб ўрнимдан турдим.
— Салом, Ҳаким Назарич.
Ҳаким Назарич бош ирғади, кейин:
— Ишлар яхшими? — деди секин.
— Раҳмат.
— Ичкарида одам борми?
— Пўлат Дамирович...
Ҳаким Назарич остона ҳатлади.
— Нима гап? Иккалангизни ҳам қовоғингиздан қор ёғяпти, тинчликми? — Ҳаким Назарич стулга ўтираркан, аввал Гулруҳга, сўнг Пўлат Дамировичга савол назари билан тикилди.
— Шунчаки иш юзасидан... — ғўлдиради Пўлат Дамирович.
— Беморлар масаласида сал тортишиб қолдик, — деди Гулруҳ.
— Келиша олдиларингизми?
— Йўқ.
— Мен ҳам бу масалада Пўлат Дамировичга ҳеч гап уқтира олмаяпман. Айниқса, қочоқ йигит тўғрисида у кишининг умуман эшитгиси келмайди.
— Ҳаким Назарич, — деди Пўлат Дамирович қизарган-бўзарган ҳолда. — Мен сизнинг ишингизга аралашмаяпман-ку. Сиз ҳам аралашманг, илтимос! Акс ҳолда...
— Нима «Акс ҳолда?..»; — оҳиста сўради Ҳаким Назарич.
— Ҳаким Назарич, битта саволимга жавоб берсангиз, — деди Пўлат Дамирович истеҳзо билан боқиб. — Сиз ким билан ишлаяпсиз ўзи?!
Ҳаким Назарич дарров жавоб бермади. Бир неча сониялик жимликдан кейин у:
— Пўлат Дамирович, ҳар қандай шароитда ҳам одамийликни унутмасак яхши бўларди, — деди.
— Одамийлик учун пул тўланмайди-ку!
Қолаверса... — Пўлат Дамирович аламли кулимсираганча ён-верига қаради. — Қолаверса, мен бир нарсага тушунмаяпман...
Шу чоғ Ҳаким Назарич ирғиб ўрнидан турди ва кутилмаганда ҳайқиргудек бўлиб:
— Пўлат Дамирович! — деб юборди.
Гулруҳ чўчиб тушди.
Юзи аламдан бужмайган Пўлат Дамирович тахта бўлиб қолди.
Ҳаким Назарич бошқа бир сўз демасдан хонадан чиқиб кетди.
Бир дақиқалардан кейин ўзига келган Пўлат Дамирович ич-ичидан тошаётган ғазабини жиловлай олмай, қийшанглади:
— Ўзини оқибатли кўрсатмоқчи бўляпти, ярамас!
Кейин у ҳам кетди.
Гулруҳ хона ўртасида қаққайиб турарди. Юзида қон қолмаганди. Худо шоҳид, шу чоққача мен гул япроғидаги шудрингдай покиза, бокира, олий мақсади йўлида ҳар қандай тўсиқни писанд қилмайдиган бундай оқила аёлни учратмагандим. Беҳад ҳайрон эдим...
Тунда яна Ҳусандан хабар олиш учун отландим. Бироқ бу сафар омадим юришмади. Штабдан нарига ўта олмадим. Чунки тўлин ой нури мўл-кўл ёритаётган дераза олдида Пўлат Дамирович бир аёлни қучоқлаганча ташқарига қараб турарди. Уларнинг иккаласи ҳам ярим яланғоч эди.
Шифтга тикилиб ётганча кўзим илинган эди. Аммо кўп ухлай олмадим.
Гулруҳнинг:
— Даврон ака, бу ёққа келинг, тезроқ! — деган ташвишли овозидан уйғониб кетдим.
Тепамда Гулруҳ турарди.
— Нима гап?
— Алишер...
Гулруҳ шундай деди-ю, хонасига югурди.
Парда ортидан Алишернинг аянчли ноласи эшитиларди.
— Буни қаранг, — деди Гулруҳ парда ортига ўтганимда Алишернинг оёғини кўрсатиб. — Нима қилишга ҳайронман...
Инграб ётган Алишернинг сарғайган юзида бемисл оғриқ қотиб қолган, қовоқлари шишган, иситма зўридан нуқул алаҳларди.
— Тахтакачни олиб ташласам, дегандим. Ёрдамлашворинг, — деди Гулруҳ.
— Нима қилишим кераклигини айтсангиз бўлди.
— Хўп.
Алишерга ухлатадиган укол қилганидан кейин Гулруҳ ишга киришди.
Алишернинг оёғи шишиб кетганидан йўғон ғўлага ўхшаб қолганди.
— Мана, кўрдингизми? — деди Гулруҳ ярадор оёқнинг қонталашган қисмини кўрсатиб. — Мана шу ерда йиринг тўпланган. Болага шу нарса азоб беряпти. Инфекция қонга ўтса... тамом.
Ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган йигитчага раҳмим келди. Турмуш ташвишларини бунчалик эрта бўйнига олмаса?.. У ёқда Ҳусан... Дарвоқе, Сафаралининг ҳоли не кечдийкин?
Қайлардасан, дўстим?!.
Орадан икки кун ўтди.
Кечки пайт.
Гулруҳ билан овқатланмоқчи бўлиб тургандик, хонага Пўлат Дамирович кириб келди. У ширакайф эди.
— Пуштипаноҳингиз Ҳаким Назаричга устимдан шикоят қилсангиз ҳам майли, аммо ҳозир хонани бўшатиб қўйсангиз! — деди у менга хўмрайиб қараркан.
— Йўлакда бўламан, — дедим Гулруҳга.
— Бу ердан узоқроққа йўқолсангиз яхши бўларди! — қичқирди ортимдан Пўлат Дамирович.
Курсини йўлакка олиб чиқиб, шундоқ эшик орқасига қўйиб ўтирволдим.
— Гулруҳ Қосимовна, тансоқчингиз сал анақароқлиги ўзингизга ҳам сезиладими? — ичкаридан Пўлат Дамировичнинг кинояли сўзлари эшитилди.
— Сизга шундай туюлгандир. Бу кишини шахсан Ҳаким Назаричнинг ўзлари тавсия қилганлар.
— Дарвоқе, Ҳаким Назарични эсимга солганингиз яхши бўлди. Биласизми, кеча кечқурун менинг олдимга ким келди?
— Ким?
— Ҳаким Назаричнинг хотини!
— Нима бўпти шунга?
— Бу ёғини эшитинг аввал. Ксения Сергеевнанинг гапига қараганда, Ҳаким Назарич анчадан буён ишхонада ётиб қолаётганмиш! — Тушуниксиз хушчақчақлик билан сўзларди Пўлат Дамирович. — Шўрлик Ксения Сергеевна ҳайрон, ишларингиз шунчалик кўпайиб кетдими, дейди. Авваллари ҳечам бунақа қилмасди, ярим кечаси пиёда бўлсаям уйга етиб келарди, дейди яна. Муомаласиям ўзгариб қолганмиш. Менга авваллари халоскорга қарагандай қарарди, дейди куйиниб. Ҳа, айтганча, балки бирорта енгилтак хотинга илакашиб қолмадимикин, деган хавотири ҳам йўқ эмас.
— Пўлат Дамирович, бунақа ғийбатларга ҳушим йўқ.
— Бу ғийбат эмас. Бир мушфиқ аёлнинг ҳасрати...
— Шуни айтиш учун келганмидингиз бу ерга?
— Йўғ-е, нималар деяпсиз? Гапдан гап чиқиб... Мен... Гулруҳ Қосимовна, анув кунги таклифимга жавоб берасизми, йўқми?
— Йўқ.
— Сиз тағин нотўғри хаёлларга бораётган бўлманг, мен даволаганингиз учун, яхши сўзларингиз билан тушкун қалбимга малҳам бўлганингиз учун миннатдорчилик тариқасида...
— Миннатдорчилик билдиришга шошилманг. Муолажани яна давом эттиришингиз лозим. Бу дард билан ҳазиллашиб бўлмайди.
— Сиз нима десангиз айтганингизни қиламан. Фақат, илтимос, раъйимни қайтарманг.
— Пўлат Дамирович, келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик.
— Бажонидил.
— Мени ўйнашликка таклиф қилаётганингизни сезмаяпти, деб ўйлаяпсизми? Ахир, бола-чақали одамсиз. Эҳтимол, сизнинг хотинингиз ҳам Ксения Сергеевнага ўхшаб аллақаерларда йиғлаб юргандир?
Бирдан жим бўлиб қолишди.
Қозиқ ютгандай, қимир этмасдан ўтирардим.
Бир маҳал...
— У йиғламайди, — Пўлат Дамировичнинг маҳзун овози келди. — Мени йиғлатади!
— Сизни-я? — аламли кулди Гулруҳ.
— Ҳа, мени. Юрагим йиғлайди менинг
— Ҳамма эркаклар шунақа. Йўлига юргизиб олгунча мингта ёлғонни қалаштириб ташлашади.
— Менинг сўзларим ёлғон эмас! Ишонмасангиз, мана, ўзингиз кўринг, сиз шундай аёл билан яшаган бўлармидингиз агар менинг ўрнимда бўлганингизда?!
Пўлат Дамирович афтидан сурат кўратди-ёв, бир лаҳзалик жимликдан кейин Гулруҳ:
— Бу қизингизми? — деб сўради.
— Ҳа. Шу қизим ва лаънати шартнома туфайли мен ундан ажраша олмайман!
— Қанақа шартнома?
— Никоҳ шартномаси-да. Шартномага мувофиқ, агар биз ажрашадиган бўлсак, бутун мол-мулк, тўплаган давлатим хотиним ва қизимнинг номига ўтади.
— Эҳ-ҳе, бу ёғи жуда оғир савдо экан-ку.
— Ғўрлигимда ота-онам уйлантириб қўйишган. Тўйни ота-оналар қилишади, азобни фарзандлар тортишади! — аламли хўрсинди Пўлат Дамирович.
— Ношукр бўлманг, ажойиб қизчангиз бор экан.
— Агар хўп десангиз, сизга уй олиб берардим. Худди хотинимдай ҳамма нарса билан таъминлайман. Энг муҳими, озод бўласиз!
— «Худди хотинимдай...»; дедингизми? Пўлат Дамирович, менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Яхшиси, тинч қўйинг мени!
— Наҳотки озодлик ҳам сизни қизиқтирмаса?
— Бундай озодликнинг менга кераги йўқ!
— Биласизми, Гулруҳ Қосимовна, шу топда хаёлимга нима келди?
— Мени тинч қўйинг. Бошим оғрияпти.
— Табиблар ҳам касал бўлишадими?
— Уф!
— Бир оғиз гап. Агар энг яқин шерикларингиздан иккитасини озод қиламан, деб ваъда берсам, айтганимга кўнасизми?
— Агар ҳозироқ чиқиб кетмасангиз, соқчини чақираман!
— Тупурдим ўша соқчингизга! Имкон туғилган заҳоти ўша мурдашўй соқчининг пешонасидан дарча очаман!
Эшик тарақлаб очилди.
Пўлат Дамирович ўқдай отилиб хонадан чиқди.
Бироздан кейин эшикдан мўраладим. Гулруҳ дераза олдида турарди. Елкалари силкинарди унинг...
Бир ҳақиқатни кашф қилдим шу куни. Гулруҳ малъун Пўлат Дамировични севмас экан!
Бир неча кундан бери юрак-бағримни эзган тушунмовчилик ёзги тумандай тарқади-кетди. Гулруҳга нисбатан ҳурматим ортди (Биласизми, эркаклар камдан-кам аёлларни ҳурмат қилишади), ахир, ниҳоятда димоғдор, бузуқ ва разил кимса қаршисида унинг ўзини мардона тутиши таҳсинга сазовор эмасми?
Эътибор берган бўлсангиз, унинг гапларида қанчалар кескинлик, мулоҳазакорлик ва қиличдек ўткир ҳақиқат мужассам эди! Назаримда бу ерда тўпланганлар орасида ўзини руҳан тутқун ҳисобламаётган ҳамда тушкунликка берилмаётган биргина инсон Гулруҳ эди. Бу ҳам адолатсизликка қарши исённинг ўзига хос кўриниши эмасми?!
Ҳаётда ҳар хил фосиқ, виждонсиз одамларни учратганман. Аммо Пўлат Дамировичдек бузуқ ва юзсиз одамни кўрмагандим. Ҳатто баъзи хусусияти ва фазилатларига кўра қотил Ҳусан ҳам ундан олижаноброқ ҳамда одамийроқ эди.
Пўлат Дамирович ниҳоятда қониқтириб бўлмайдиган даражада лаззатга ўч кимса эди. Бу борада унинг на ботини, на зоҳири ҳеч қандай меъёр, ҳеч қандай қонуниятга бўйсунмасди. Ҳузур-ҳаловати ва нафсини қондириш учун ҳар қандай қабоҳатдан тап тортмасди. Бераҳмлик ва дилозорлик эса унинг табиатидаги туғма жиҳатлар эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам у полициячилик касбини танлагандир. Пўлат Дамирович кўришга тоб-тоқати бўлмаган хотини, қизи, қарғиш теккан молу давлати ва ғўрлигида яхши кўрмаган қизига уйланишга мажбур қилган ота-онаси ҳақида нафрат билан сўзлаганда мен унинг бениҳоя бахтсиз эканлигини ҳис қилдим.
Ўшанда Гулруҳни соддагина тутқун аёл хаёл қилиб, бир хуруждаёқ мақсадимга эришаман, деб хомтама бўлган Пўлат Дамирович чучварани хом санаганини англаб етганидан кейин шундай разилликларга қўл урдики, эшитсангиз ҳайрон қоласиз...
Бир куни Наргиза билан Санобар мени тушликка таклиф қилишди. «Ёлғиз ўзингиз келинг»;, дейишгани учун бу ҳақда Гулруҳни огоҳлантирмасдан ўзим бордим.
Дастурхонда тансиқ таомдан ташқари у-бу ширинликлар ҳам бор эди. «Махсус тушлик»; учун анча-мунча уринишгани кўриниб турарди.
— Бирортангизнинг туғилган кунингиз эмасми? — деб сўрадим аёллардан.
— Туғилган кунни, худо хоҳласа, уйда нишонлаймиз, — деди Санобар пишиллаб.
— Бирор хушхабар борми?
Санобар Наргизага қаради.
— Аввал овқатланиб олсинлар, кейин гаплашамиз, — деди Наргиза овқатни олдимга суриб қўйиб.
Бундай вақтда томоқдан овқат ўтадими?
— Очиқроқ гапирсаларинг-чи, — дедим қизишиб.
— Вой, намунча, жаҳлингиз бурнингиз учида турадими, дейман? Айтарли ҳеч гап йўқ, — деди Санобар ясама беғамлик билан. Аллақандай муҳим гапи бордай ичида атала пишаётгани юзидан сезилиб турибди-ю...
— Сиздан сўрайдиган гапларимиз бориди. Аввал овқатдан олинг. Ўзи унчалик муҳим эмас, — деди Наргиза.
Шу хотин мени ҳар доим оч юради, деб ўйласа керак.
Қўлларимни кўксимда чалиштирганча қатъий оҳангда:
— Нима гаплигини билмагунимча оғзимга ушоқ ҳам олмайман, — дедим.
— Майли, ихтиёрингиз, — Наргиза оғрингандек ликопчани нари сурди.
— Кеча бизни анови Дамирович дегани олдига чақириб бир гапни айтувди, — базўр эшитиладиган қилиб сўзлади Санобар. — Гапига қараганда, Гулруҳни яхши кўриб қолганмиш. Агар рози бўлса, унга уйланишгаям тайёрмиш. Фақат Гулруҳнинг ўзига бу ҳақда оғиз очолмаётганмиш. Қўрқаяпман, дейди. Шу жувон билан гаплашиб берсангиз, икковингизниям бу ердан чиқариб юборардим, деб ваъда берди. Ҳа, айтганча, яна бир гапни айтганди. «Гулруҳни бутун умрга ўзига боғлаб олмоқчи эмасман. Мендан кўнгли қолган куни ташлаб кетиши мумкин. Ҳеч бир уринтирмасдан шахсан ўзим уйига обориб қўяман»;, деди бечора.
— Сиз нима деб жавоб бердингиз? — деб сўрадим Санобардан.
— Нима дердим? Биринчидан, савоб учун, иккинчидан, уйга эсон-омон етиб олиш...
— У сизларни алдаган, — дедим Санобарнинг гапини кесиб.
— Ғалатисиз-а, Даврон? Кап-катта одам нега алдайди? — деди Наргиза таънали назар ташлаб.
— Агар ақлингиз бўлса, Гулруҳга бу ҳақда оғиз очманг, — дедим Санобарга.
— Феъли ёмонми? — сўради у.
— Ёмон ҳам гапми?!
— Балки сиз секин қўйнига қўл солиб кўрарсиз, ҳар қалай бирга ишлайсиз, — деса бўладими Наргиза.
Ирғиб ўрнимдан турдим.
— Иккалангиз ҳам эсингизни еб қўйибсиз! — дедим-у, ташқарига чиқиб кетдим.
Аёллар ортимдан ҳай-ҳайлаганча қолишди.
Шу куни кечгача Гулруҳнинг кўзига қаролмай юрдим.
Эски танишларим мендан хафа бўлишган чоғи, бир неча кун салом-аликни ҳам йиғиштириб, хўмрайиб юришди.
Ҳовлида улардан бирининг қорасига кўзим тушди дегунча юрагим шиғиллаб кетадиган бўлиб қолди. Назаримда бефаҳм бу хотинлар Гулруҳни хафа қилиб қўядигандек туюлаверарди. «Борди-ю, улар Гулруҳни йўқлаб келадиган бўлишса, ичкарига киритмайман!»;, дердим ўзимча. Бироқ эски танишларим ҳам анойилардан эмас экан ёки бу бир тасодифми, билмайман, Ҳаким Назаричнинг чақириғига биноан унинг хонасига кириб, беш дақиқалардан кейин қайтиб келганимда Санобар билан Наргиза Гулруҳнинг хонасида ўтиришарди.
Хотинларнинг гапига қулоқ тутиш ноқулай. Шунинг учун эшик олдига чиқиб турдим. Ишқилиб, Гулруҳнинг олдида менинг номимни ҳам қўшиб юбормасинлар-да, деган хавотир ичимни тирнарди.
Бир маҳал эшик тарақлаб очилди-ю, иккала аёл отилиб чиқишди. Юзларида қон йўқ.
Эшик яна бир бор тарақлади-ю, ёпилди.
Ит қувган гадойдек иккала аёл ҳам югургилаб ташқарига чиқишди.
— Вой-бўй! — мени кўриб бошини сарак-сарак қилди Санобар пишиллаганча. — Азроил-а, азроил!
— Оғзимиздан чиқар-чиқмас ёқамизга ёпиштирди-я! — деди Наргиза кўзлари ола-кула бўлиб.
— Мен сизларга нима дегандим, — дедим кулгим қистаб.
— Намунча хурсандсиз?! — зардали назар ташлади Наргиза.
— Бунақа эканлигини билмаган эканман, — деди Санобар. — Асов-а, асов! Худди бунақа гап эшитмагандай, бирдан сачраб кетди-я! Унинг ўрнида бошқа хотин бўлганида Дамировичдай одам ўйнашликка таклиф қилсаям йўқ демасди. Ҳа, тўғри-да, бу ерда биров билиб ётибдими? Биз кўрганларимизни уйга орқалаб кетармидик? Шу ердаги гап шу ерда қоларди! Эссиз... Ўзини ўйламаса бизни ўйласа бўларди? Унинг уйида йиғлаб қолган бола-чақаси бўлмаса? Қаерда яшашнинг фарқи йўқ-ку унга...
Санобарнинг юзига тарсаки тортиб юборишдан базўр ўзимни тийдим.
Кўп ўтмасдан яна бир кўнгилсизлик юз берди. Кўнгилсизлик! Ҳа, кўнгилсизлик бундан ортиқ бўлмайди.
Эрталаб соат ўнлар атрофида ҳовлида башанг кийинган бир аёл пайдо бўлди. Мен курсини эшик олдига қўйволиб сигарет чекиб ўтирардим. Аёл у ёқ-бу ёққа қарамасдан тўғри мен томонга юрди.
— Назарич шу ердами? — деб сўради у дабдурустдан.
— Ҳа, — дейишга зўрға улгурдим.
Аёл шитоб билан ёнимдан ўтиб ичкарига кирди. Қирқ бешларга борган бу аёл ёшига нисбатан қаримсиқ кўринар, бунинг устига ҳаддан ташқари тўла эди. Юзига шу қадар мўл-кўл упа сурганидан қимматбаҳо пўстиннинг ёқалари оқариб қолганди. Аммо оғир-вазмин гавдасига қараганда ҳаракатлари чаққон эканлиги сезилиб турарди.
Бироздан кейин Ҳаким Назаричнинг хонасидан унинг қаттиқ-қаттиқ гаплари эшитилди.
— Уйинг, боланг, хотининг борлиги эсингдами? Ё буниям эсингдан чиқариб юбордингми?!
— ...
— Баҳона ахтарма! Баҳоналарингга ишонмайман! Мен аҳмоқ сени ишлаяпти, деб юрибман!
— ...
— Қани ўша мегажин?! Кўрсам бўладими? У сени даволаяптими ё ўзига сеҳрлаб оляптими?!
— ...
— Кимдан эшитганимнинг нима аҳамияти бор?! Қани у? Кўрсат хонасини деяпман!
Эшик шахт билан очилди.
Аввал анови аёл, кейин Ҳаким Назарич ташқарига чиқди.
— Ксения! Ксения... Ким нима деса ишонаверасанми? — дерди Ҳаким Назарич истиҳолали оҳангда. — Хонага кир, ўша ерда гаплашамиз.
Ксения кеннойимиз эрининг илтимосига парво қилмади.
— А-ҳа, бу ёқда экан-ку! — медпункт эшиги қаршисида тўхтаган аёл шундай хитоб қилди-ю, жаҳл билан тутқични тортди.
— Хоним...
— Э бор-е!
Эшик нақ юзимга урилгандай ёпилди.
Нима қилишни билмасдан нарироқда ўсал бўлиб турган Ҳаким Назаричга қарадим. У киши индамай хонасига кириб кетди. Шундан бошқа чора топа олмади-ёв.
Бироздан кейин сабрим чидамасдан таваккалига эшикни очиб ичкарига бош суқдим.
— Гулруҳ Қосимовна, хизмат бўлса айтарсиз, — дедим маъноли қараб.
— Чой олиб кела қолинг, Ксения Сергеевна иккимизга, — деди Гулруҳ.
Кибр билан ўтирган Ксения Сергеевнанинг юзидан заҳар томар, лекин бояги важоҳатидан тушгандай кўринарди.
— Эримни даволаётган эмишсизми? — деб сўрарди Ксения Сергеевна Гулруҳдан беш дақиқалардан кейин хонага чой олиб кирганимда.
— Ҳаким Назарични-я?!
— Худди шундай! — зарда билан таъкидлади аёл.
— Ксения Сергеевна, мен оддий ҳамшираман...
— Мен ҳам.
— Ҳамкасб эканмиз. Ҳамшира врач тавсиясига кўра иш кўришини яхши биласиз-ку. Қанақасига мен Ҳаким Назарични даволарканман?
— Эрим ёмон дардга чалинган эмиш-у, сиз уни яширинча даволаётган экансиз!
— Ҳаким Назаричдай соғлом ва тартибли одам камдан кам учрайди! У киши фақат қаттиқ чарчаган. Юрагининг безовта қилиши шундан. Очиғини айтиб қўя қолай сизга, бу ердаги ҳар қанақанги муносабат фақат иш юзасидан!
Ксения Сергеевнанинг бўёқ чапланган юзи турликди. Гулруҳга ишонгиси келгандай аллақандай юввош назар ташлади. Лекин бу узоққа бормади. Ичидаги «ажина»;нинг қутқуси зўрлик қилди-ёв, Ксения Сергеевна ирғиб ўрнидан тураркан:
— Бу ерда сиздан бошқа аёллар ҳам борми? — деб сўради.
— Билмадим, — деб жавоб берди Гулруҳ.
— Нега билмайсиз? — ажабланди Ксения Сергеевна.
— Нима, мен сизнинг агентингизманми?!
— Ҳозиргина бип-бинойидай эдингиз-ку.
— Ўзимга тааллуқли саволлар бўлгани учун жавоб бердим, холос. Кечирасиз, мен ишлашим керак.
Қанчалик бемаъни бўлмасин, бу вақтда мен курсини эшик рўпарасига қўйволиб ичкаридан кўз узмай ўтирардим.
— Шунақа денг... — овози титради Ксения Сергеевнанинг.
— Шунақа!
Бирдан кутилмаган ҳол рўй берди. Тўғриси, нима бўлаётганини дарров идрок қилолмадим — назаримда вақт ёмғири челаклаб қуйди, ҳар бир дақиқа йилларга айланди, ҳозиргина қаршимда турган башанг аёл кўз ўнгимда сўлий бошлади. Бояги таранглик йўқолди, кибр сўнди, юзи бужмайди ва упа ниқоби остидан сон-саноқсиз ажинлар чувалчанг янглиғ сиртга ўрмалаб чиқди. Рўпарамда бутунлай бошқа — кўнгли вайрон, кўпни кўрган бир аёл турарди.
— Менга айтишдики... — унинг овози базўр чиқди. — Эрим...
Шу вақт хонага Ҳаким Назарич кириб қолди.
— Ксения, уйга бор, — деди у мулойимлик билан.
Аёл гарангсиб қаради, афтидан у эрининг сўзларини эшитмади.
— Ксения!.. — Ҳаким Назарич овозини сал кўтарди.
— Энди нима бўлади?.. — дея ғўлдиради аёл. — Яна ҳаммаси чаппасига кетадими? Энди...
— Юр, уйга кетамиз, — Ҳаким Назарич хотинининг қўлтиғидан олди.
Улар чиқиб кетишди.
Бироқ можаро бу билан тугамади.
Ксения Сергеевна энди ҳовли ўртасида турганча ғишава қиларди.
— Мени алдайман, деб овора бўлма, Назарич! — дерди у қўлини пахса қилганча. — Энди индамай йиғлаб қоладиган аҳмоқ йўқ! Қочиб кетишга ҳам асло урина кўрма!
— Бас қил, Ксения! Бу ер ишратхона эмас! Ишхона!
— Кўрдим қанақа ишхона эканлигини!
— Агар ҳозироқ бас қилмасанг, мени бу ерда кўрмайсан!
Ҳаким Назарич темир дарвоза томон тез-тез юриб кетди.
— Ана шунақа-да!.. Ана шунақа... Оғиз очсам бас, кетаманга тушасан! — деганча Ксения Сергеевна эрининг ортидан эргашди.
Бу ёқда Гулруҳ бир аҳволда эди. Йўқ, у кўз ёши тўкмади, ҳатто шикоят ҳам қилмади, аммо жуда ҳам ғалати бўлиб қолганди. Гоҳ оғир ўйларга толиб, паришонхотир бўлиб қолса, гоҳида кескин ҳаракатларидан ўт чақнагандек бўлар, асабийлик билан тутақиб кетарди.
Менга ҳасрат қилиб кўнглини бўшатар эҳтимол, деган ўйда бир неча марта кўриниш бердим. Бироқ у мени пайқамади.
Ҳаким Назарич шу кетганча кечга яқин қайтиб келди. Келди-ю, Гулруҳнинг хонасига кириб кетди.
— Гулруҳ Қосимовна, бизни кечиринг, илтимос, — дегани эшитилди бироздан кейин унинг. — Аслида ҳамма айб менда. Иш билан бўлиб, баъзи кунлари ишхонада қолиб кетяпман.
— Шунинг учун Алининг аламини Валидан олиш керак экан-да!
— Узр, минг бор узр, Гулруҳ Қосимовна...
— Узрни мендан эмас, хотинингиздан сўрашингиз керак, шекилли. Ишонч йўқолгандан кейин шу-да!
— Буниси энди бошқа масала, Гулруҳ Қосимовна.
— Яъни?
— Гап шундаки, хотинимнинг аввалги турмуши хиёнат туфайли бузилган. Шундан у қўрқиб қолган. Ўзи оқкўнгил аёл... Уйга борганидан кейин қилиғидан роса афсус чекди. Қандайдир ғаламис қўнғироқ қилиб бўлмағур гапларни гапирган экан-да. Бу бечора лаққа ишонибди-қўйибди. Ҳали кўрасиз, бирор кун келиб сиздан албатта кечирим сўрайди.
— Шарт эмас. Мана сиз кечирим сўрадингиз-ку, шунинг ўзи етади. Бу ҳақда бошқа гаплашмайлик, илтимос.
— Хўп. Унда нима ҳақда гаплашамиз?
Гулруҳ кулди.
— Гаплашиш шарт эмас. Кетишингиз мумкин.
— Бугун мен навбатчиман. Пўлат Дамирович ҳам уйига кетди. Зерикканимдан қайси эшикка бош суқишни билмай, гаранг бўляпман. Йўқ демасангиз бироз суҳбатлашиб ўтирсак, дегандим.
— Зерикяпсиз?! Сиз-а?!
— Ҳа.
— Зерикишни, дам олишни билмайдиган одам деб ўйлардим сизни.
Ҳаким Назарич вазмин кулимсиради.
— Сиртдан қараганда шундай кўринсам керак. Аслида ундаймас. Дардлашадиган бир суҳбатдош тополмай қийналган вақтларим кўп бўлади...
— Ҳаким ака, Ксения Сергеевна билан қанақиб танишиб қолгансиз? Агар сир бўлмаса...
— Шу ҳақда сўрасангиз керак деб тургандим.
— Агар истамасангиз...
— Бу жуда узоқ тарих. Яхшиси бошқа вақт айтиб берақолай. Хафа эмасмисиз?
— Йўқ. Нега хафа бўларканман?
— Менимча, шу бугуннинг ўзида сизни икки марта хафа қилиб қўйдим-а?
— Мен ҳеч қачон ҳеч кимдан хафа бўлмайман.
— Хафа бўласиз, лекин билдирмайсиз, ичингизга ютасиз. Тўғри топдимми?
— Ҳаким Назарич, шахмат ўйнаймизми?
— Зўр бўларди.
Улар энди шахмат ўйнай бошладилар.
Мени худди чақмоқ ургандай бўлди. Бунақа бўлишини кутмагандим-да. Хотинининг бемаврид ташрифи туфайли туғилган қулай вазиятдан фойдаланиб қолиш мақсадида Ҳаким Назарич — «меҳрибон отахонимиз»; юзидан ҳаё ниқобини сидириб ташлагандай туюлди. Ахир, бундай имконият яна туғиладими-йўқми?
Ўрнимдан туриб кетдим.
Ташқарига чиқдим.
Қонимда ғазаб ва алам ўти ловуллай бошлаганди.
О, бечора кўнглим! Нега сенга эрк бердим-а? Кимман ўзи? Тирикчилик ташвишида чумолидай ўрмалаб юрган анови кишиларнинг бириман-да. Мендақалар ҳар қадамда учрайди. Сокин сув юзида сузиб юрган нилуфар мисол бу аёлга мен муносиб эмасман. Унга Ҳаким Назаричга ўхшаган чўнтаги тўла киши муносиб!
Таъбим хира, ортимга қайтдим.
Курсига ўтираётиб беихтиёр ичкарига кўзим тушди. Гулруҳ ҳам шу томонга қараб турган экан. Мени кўриб жилмайиб қўйди. Унга жавобан зўр-базўр бош силкидим-у, тўсрайиб ўтирволдим.
Назаримда, ўйин қизғин кетаётганди. Гулруҳнинг шахматга уста эканлигини билмас эканман.
Дарвоқе, мен ҳали кўп нарсани билмайман, шекилли. Ҳаким Назаричнинг қувноқ хитоби тез-тез эшитилиб турарди. Ўзимни тута олмай яна ичкарига кўз ташладим.
Шу вақт:
— Даврон ака, — дегани эшитилди Гулруҳнинг. — Бу ёққа келинг.
Ичкарига кирдим.
— Хизмат, Гулруҳ Қосимовна, — дедим жиддий тарзда.
Гулруҳ ҳайрон бўлиб қараб қўйди-да, кейин:
— Ишқибоз бўлмайсизми менга? — деди.
Таваккал, дедим-у, шартта битта стул олиб келиб уларнинг ёнига ўтирволдим.
Бу Ҳаким Назаричга ёқмади чоғи, сигир қараш қилди. Мен шахмат тахтасидан кўз узмай ўтиравердим.
Ўйин давом этди.
Ҳаким Назарич ҳар доимгидай, ўзини баодоб ва вазмин тутар, фақат Гулруҳга қараганда унинг юзида поёнсиз назокат акс этарди. Яна ғашим келди. Чунки худди шу нарса менда йўқ эди. Ортиқча назокат аёлни дарров ром этиши мумкин. Дарвоқе, Ҳаким Назаричнинг кийими ҳам ўзгача, баракда аёл зоти пайдо бўлмасдан аввал у иш кийимида юрарди, ҳозир бўлса эгнида қора мовутдан қойилмақом қилиб тикилган қайтарма ёқали қимматбаҳо костюм, юзидан назокатли табассум аримасди...
Гулруҳ доналардан бирини суришдан олдин менга қаради, гўё шуни юраверайми, дегандай.
Индамадим. Бирдан ҳафсалам пир бўлиб лоқайд бўлиб қолдим. Энди менга барибир эди. Гулруҳнинг ҳам, Ҳаким Назаричнинг, умуман, атрофдагиларнинг ҳеч бирининг менга даҳли йўқдай, лоқайд эдим.
Ҳаким Назарич нимадир дегандай бўлди. Англамадим. Гўё бу ерда менинг соям ўтиргандай. Гулруҳга ўғринча кўз қирини ташладим. У стулда хиёл энгашиб ўтирар, бутун вужуди кўзга айланиб шахмат тахтасига тикилиб қолганди. Аллақандай, менга номаълум ўзга дунёдан келиб қолгандай, ҳамон сирли ва бегона туюларди у. Бу менга ҳаётим бўшлиқдан, ҳеч қачон тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқдан иборат эканлигини яна бир бор эслатди. Кўз олдим тиниб кетди. Шифтдаги чироқ, манави хона худди тўфон турган денгизда сузиб кетаётган кемадай оҳиста тебрана бошлади.
— Ҳаким ака, сиздан зўр шахматчи чиқаркан, — деди Гулруҳ бир маҳал.
Хаёлим тўзғиб кетди.
— Сиз ҳам қолишмайсиз.
Аста ўрнимдан турдим.
Бу ерда ортиқча эдим.
Ҳовлига чиқиб, таниш йўлка бўйлаб юриб кетдим. Қуюқ туман тушганди, икки қадам нарини кўриб бўлмасди. Ортга қайтмадим. Туман нафақат борлиққа, балки менинг ҳаётимга ёпирилгандай гўё, ҳар бир дақиқани азоб билан ўтказардим. Бу ҳаётимнинг шундай маҳзун лаҳзалари эдики, бардош бериш душвор. Ахир, мен ҳаётдан кўп, жуда ҳам катта нарса сўрамагандим. Кўнглимда озгина умид туғилганди, холос. Тўхтовсиз йўқлик сари чекинаётган борлиқ бунга жавобан... ҳис-туйғуларнинг омонат шарпасини рўпара қилди!
Ортимдан енгил қадам товуши эшитилди.
Ўгирилдим.
Гулруҳ шу томонга тез-тез юриб келарди.
— Сизни қидириб юрибман, — деди у яқин келиб.
— Тинчликми?
— Ёлғиз ўзим ухлашга қўрқдим.
— Ишончли қўриқчингиз бор эди-ку!
— Ёш бола экансиз. — Гулруҳ ёнимга ўтиб, бирга-бирга одимлади. — Кечаси сайр қилишни яхши кўрасизми?
— Бошқаларга халақит бермаслик учун... — дедим ерга қараб.
— Даврон ака!
Гулруҳ юришдан тўхтаб, қўлларимдан тутди.
Нигоҳларимни зўрға ердан узиб Гулруҳга қарадим. У жилмайиб турарди. Кўзларидан ўт чақнарди. Уни қаттиқ бағримга босдим. Нима деб ўйласа ўйлар! Сочи ёноқларимга тегди. Юзи шу қадар яқин эдики... Кейин кўзлари яқинлашди... ва... ва... шафтолининг ёқимли ҳидини туйдим...
Нима бўлганини англаб улгурмасимдан Гулруҳ ғойиб бўлганди.
Рўй берган фавқулодда ҳол Гулруҳнинг кўнглига озор бериб қўйишидан чўчиганимдан эрталаб унинг кўзларига тик қаролмадим. Афтидан Гулруҳнинг аҳволи ҳам меникидан ортиқ эмасди. У эрталаб эшикни очган маҳал бир оғиз саломлашди-ю, қайта кўзимга кўринмади. Яхши ҳамки иш бор, беморлар бор. Шулар баҳонасида хонага кириб-чиқиб туриш асносида ахийри Гулруҳнинг нигоҳини тутволдим. Одатда эрталаблари у ўзини хандон-хушон, бир гапириб ўн куладиган, ҳеч кимга тобе эмаслигини билдирмоқчи бўлгандай, ўзини дадил ва эркин тутарди ва бу унинг одамни гангитиб қўядиган жиддийлик кезинган чеҳрасига сира ҳам ярашмаётгани билиниб қоларди; айни замонда эса уни бутунлай бошқача, янги бир ҳис тўлқинлантириб юборгандай кўзлари чақнаб боқарди; тўсатдан нигоҳларимиз тўқнашганда нима учундир буни билдиргиси келмаётгандай, юзига жиддий тус берди-ю, мен томонга умуман қарамай қўйди.

* * *
Кутилмаган ҳол — Ксения Сергеевна эри Ҳаким Назарич орқали Гулруҳни меҳмонга чақирган эмиш!
— Агар келмасалар ўзим бориб мошинада олиб келаман, деди Ксения Сергеевна, — ахборот берди Ҳаким Назарич эрталаб.
Афтиданоқ унинг хурсандлиги сезилиб турарди.
Гулруҳ қўрқиб кетгандай, қаттиқ сесканиб тушди бу гапдан, аммо зум ўтиб ўзини ўнглаб олди-да:
— Нима кераги бор, Ҳаким Назарич? Ҳалиям кеч эмас, айтинг, овора бўлмасинлар, — деди ҳаяжон билан.
— Гулруҳ Қосимовна, бу фақат хотинимнинг эмас, менинг ҳам таклифим. Наҳотки рад этсангиз? — Ҳаким Назарич вазмин, аммо жуда ҳам маҳзун боқарди.
— Ҳаким ака... билмадим, буни қандай тушунтирсам экан...
— Тушунтиришнинг ҳожати йўқ.
— Ноқулай ахир! Нима деб бораман?!
— Меҳмонга борилганда бирор нима дейиладими? Кечқурун соат бешларга тайёр бўлиб турсангиз, мошинада олиб кетаман.
Ҳаким Назарич эшик томон юрди.
— Ҳаким Назарич, — деб юборди Гулруҳ баланд овозда. Ҳаким Назарич кескин ўгирилиб қаради. — Вой, кечирасиз, шошиб қолганимдан...
— Ҳечқиси йўқ.
— Агар... агар таклиф жиддий бўлса ва боришим шарт бўлса... биласизми, ёлғиз ўзим боргим келмаяпти. Анави ошпаз аёллардан бирини...
— Гулруҳ Қосимовна... сизга нисбатан кўнглимизда зиғирчаям хусуматимиз йўқ.
— Ундай демоқчи эмасдим. Яхши танимаган одамлар орасида ўтира олмайман. Бўлмаса, Даврон ака бирга борақолсин, илтимос.
— Шунда сиқилмайсизми?
— Ҳа.
— Ихтиёрингиз.
Ҳаким Назарич чиқиб кетаётиб менга ғалати қараб қўйди.
— Бу ёғи қандоқ бўлди, Даврон ака? — деди Гулруҳ Ҳаким Назарич хонасига кириб эшикни ёпганидан кейин ёнимга келиб. — Бунақа бўлади, деб ўйламагандим.
— Мен ҳам.
— Энди нима қиламиз?
— Борамиз. Айтишади-ку, чақирилмаган ерга борма, чақирилган ердан қолма, деб.
— Шундайку-я. Булар бирор шумликни ўйлашмаяптимикин?
— Қанақа шумлик?
— Менимча, сувни лойқалатиб юрган Пўлат Дамирович бўлса керак. Ксения Сергеевнага қўнғироқ қилган ҳам ўша ёки унинг одами, деб ўйлаяпман.
— Эҳтимол.
— Яхшиси бирор баҳонани рўкач қилиб бормай қўяқоламизми?
— Майли. Ўйлаб кўринг.
Гулруҳ шундоқ ёнгинамда турарди. Қаттиқроқ нафас олишга-да чўчирдим.
Ташқарида ёмғир томчиларди.
Тушликка яқин Ҳаким Назарич хонасидан чиқди. Қўлтиғига шахмат тахтасини қисиб олганди. «Оббо! Яхшигина баҳона топилди бунга...»; Ижирғаниб қарадим. Аммо Ҳаким Назарич буни пайқамади. У хаёл билан ёнимдан ўтиб ичкарига кирди.
— Гулруҳ Қосимовна, бўш бўлсангиз... — Ҳаким Назарич шахмат тахтасини кўрсатди.
Гулруҳ бу вақтда Алишернинг жароҳатини боғлаб бўлиб қўлини юваётган эди.
— Ҳаким Назарич, ваъдангизни қачон бажарасиз? — саволга савол билан жавоб берди у.
— Ваъда берилдими, албатта, бажарилади, — Ҳаким Назарич стулга ўтириб тахтани очди.
— Бола бечора қийналиб кетди. Укол билан жон сақлаяпти... Манавини қаранг, — Гулруҳ столга пул қўйди. — Кеча боланинг отаси ташлаб кетди. Яна опкеламан, дейди. Фақат ўғлимни асраб қолинг, деб йиғлайди бечора.
— Гулруҳ Қосимовна, кўз ёши тўккан одам бечора ҳисобланмайди.
— Ахир... Ўзингиз ўтиб бир кўринг аҳволини...
— Шарт эмас!
Ҳаким Назарич кутилмаганда ўрнидан турди ва шахмат тахтасини ёпди-да, эшикка қараб юрди. Унинг бўзарган чеҳрасида тушуниксиз изтироб акс этарди.
— Агар яна шахмат тахтасини қўлтиқлаб хонангизга келадиган бўлса, ҳеч иккиланмай деразадан улоқтираман уни, — дедим хонада ёлғиз қолганимизда.
Гулруҳ шахмат тахтасини қўлига олиб:
— Фақат шунинг учунми? — деди.
— Бошқа сабаблар ҳам етарли.
— Шунақами?
— Шунақа.
Гулруҳ шахмат тахтасини столга қўйиб мен томон юрди. Атиги ярим қадам қолганда тўхтаб кўзларимга тикилди. Мен бу сонияларни ҳанузгача унута олмайман. Бир кўришдаёқ мени асир этган нафис ва мулойим чеҳра... Меҳр ва нурга йўғрилгандай чақноқ нигоҳлар...
Ё тангрим, бемаъно ҳаётимга шукуҳ киритган ушбу дақиқаларни менга кўп кўрма! Таърифга сиғмайдиган мана шу гўзал чеҳрадан, юрагимда яна барқ урган умид ва ишончдан маҳрум қилма!
Ҳикоямнинг бошида сизга «... одам оёғи етмайдиган овлоқ бир жойга келиб қолгандайман»;, дегандим, эсингиздами? Янглишганимни Ҳаким Назаричнинг машинасида кетаётиб пайқадим. Биз ишлаётган, тўғрироғи, тутқунликда яшаётган макон шаҳардан эллик-олтмиш чақирим наридаги ўрмонда жойлашганди.
Қоп-қора «Жип»; машинасида чамаси икки соатдан мўлроқ юрганимиздан кейин шаҳар марказига етиб келдик чамаси.
Ниҳоят Ҳаким Назарич тормозни босди.
Кейин ёнида ўтирган Гулруҳга юзланиб:
— Етиб келдик, — деди.
Ҳаким Назаричнинг уйи шаҳарнинг диққатга сазовор қисмида жойлашганди.
Бундай маҳобатли уйни яқин-ўртада кўрмагандим.
Элликларга борган, кўримсиз бир аёл эшикни очди.
— Даша, — дея унга мурожаат қилди Ҳаким Назарич. — Меҳмонлар келишди деб бекангга айт.
Аёл пешайвонли уй томон югургилади.
Гулруҳ менга, мен унга қарадим.
— Қани, ичкарига марҳамат, — деди Ҳаким Назарич йўл бошларкан.
— Ҳаким Назарич, мен айвонда кутиб тура қоламан, — дедим ўзимни четга тортиб.
Ахир, меҳмонга мен таклиф қилинмаганман-ку.
— Қўйсангиз-чи шунақа гапни, — Ҳаким Назарич қўлтиғимдан олиб ичкарига бошлади. — Бу ерда меҳмонсиз, шуни унутманг, — деб қўйди кейин.
Даҳлиз эшиги олдида турган Ксения Сергеевна бизни илиқ табассум билан қарши олди. Менга бош ирғаб қўйди, Гулруҳ билан эски танишлардай қуюқ сўрашди.
— Ўзим чақирмасам келай демайсиз, — деб ўпкалади у йўл-йўлакай.
Гулруҳ нимадир дегандай бўлди. Сезиб турибман, у Ксения Сергеевнанинг муддаосини англолмай гаранг, тили зўрға айланяпти.
Меҳмонхонага кириб иккаламиз ҳам анг-танг бўлиб қолдик. Йўқ, бу ердаги ҳашаматдан эмас, нима, мол-дунё кўрмаган одаммизми? Хона ўртасидаги стол атрофида ўтирган меҳмонларни кўриб ҳайрон бўлиб қолдик. Бу ерда уй эгаларидан ташқари камида беш-олти киши бор эди. Худди ўз уйида ўтиргандай, оёқларини чалиштирганча ястаниб ўтирган Пўлат Дамировични бу ерда учратаман, деб мутлақо кутмагандим.
Ксения Сергеевна Гулруҳни меҳмонлар билан бир-бир таништира бошлади. У таништирар экан, ҳар бир меҳмоннинг исми-шарифи ёнига хизмат мавқеини ҳам қўшиб кетарди.
«Бу хотин ўзининг қандай даврадан эканлигини бизга билдириб қўймоқчи, шекилли»;, — деган ўй кечди хаёлимдан.
Мен ҳаммага умумий қилиб салом бердим-у, Ҳаким Назарич кўрсатган стулга ўтирволдим. Пўлат Дамирович Гулруҳдан кўз узмасди. Назаримда у Гулруҳга гап отишдан ўзини базўр тийиб турганга ўхшарди.
Ксения Сергеевна Гулруҳни унинг хотини билан таништираётганда Пўлат Дамирович барибир тилини тийиб туролмади:
— Гулруҳ Қосимовна, келинг, бу ёққа ўтирақолинг. Кеннойингиз билан яқинроқ танишиб оласиз.
Гулруҳ Пўлат Дамировичнинг хотини Александра Павловнага танишганидан бағоят хурсанд эканлигини билдириб, шошилмасдан мен ўтирган томонга ўтаркан:
— Раҳмат, Пўлат Дамирович, менинг жойим бу ерда, — деди.
Пўлат Дамирович ғалати бўлиб кетди. Кейин хиёл энгашб хотинининг қулоғига нимадир деб шивирлади. Александра Павловна беписандлик билан кулиб қўйди.
Дарвоқе, Александра Павловна ҳам тўлаликда Ксения Сергеевнадан қолишмасди, кўзлари худди уккиникига ўхшаш юм-юмалоқ, бурни япасқироқ, юзининг заҳиллигидан жанжални пулга сотиб оладиган аёллар тоифасидан эканлиги сезилиб турарди.
Бу ерда улардан ташқари иккита басавлат жаноб ва олтмишларга борган кекса аёл ҳам бор эди. Иккала жанобларнинг бири аллақандай корхона директори экан, иккинчиси давлат департаментида қандайдир секретарь вазифасини ўтаркан.
Аввалдан айтиб қўяй, иккала жаноб ҳам кўп ўтирмади, зиёфат бошидаёқ жуда муҳим, кечиктириб бўлмайдиган, албатта иштирок этишлари шарт мажлислари борлигини айтиб, узр сўрашди-ю, жўнаб қолишди.
Тушунмадим, бу жаноблар оддий ўтиришга нима учун таклиф қилинди? Ёки бу ёқларда шундай одат бормикин — «кўриб қўй, қанақа танишларимиз бор!»; дегандай.
Эгнидаги кийимлари ва соч турмаги ўттизинчи йиллардаги рус хонимлариникига ўхшаб кетадиган, аммо юзини ҳаддан ташқари бўяб-бежаганидан турқи-таровати бозори ўтмай қолган қари фоҳишани эслатадиган кекса аёлнинг бу оилага дахли бор-йўқлигини ҳам билолмадим.
Аммо кекса хоним роса гапдон экан. Рўпарамда ўтирволиб бир нарсалар деб тинимсиз чулдирарди. Бунинг устига атай қилгандек, Ҳаким Назарич Гулруҳнинг ёнига, Ксения Сергеевна менинг ёнимга ўтириб олишди.
Мен умрим бино бўлиб қилмаган ишларимни баракдаги ҳаётим давомида жуда осонлик билан ўзлаштирган, яъни бир вақтлар тамаки тутунига кўнгли айнийдиган одам ғирт кашандага, ароқни кўрса кўчанинг нариги томонига ўтиб кетадиган банда спиртни сув қўшмасдан ичадиган пиёнистага, бировга озор беришдан чўчиб юрадиган ўта камсуқум зот сал гапга пов этиб ёниб кетадиган муштумзўрга айланган бўлсам-да, ҳали-ҳанузгача бегона аёлга мулозамат қилишни, гап билан кўнглини овлаб ўтиришни ўргана олмаган нодон эдим. Шунинг учун Ксения Сергеевнанинг ёнимда ўтириб қолганидан ранжидим. Бечора аёл зерикиб ўлади энди, дея унга раҳмим келарди ичимда.
Ҳаким Назарич билан Гулруҳ аллақачон гурунгни бошлаб юборишган, ҳатто нима ҳақдадир қизғин баҳслашардилар. Пўлат Дамирович киприк қоқмасдан уларнинг суҳбатига қулоқ тутарди.
— Жаноблар, бу нимаси? — деди Ксения Сергеевна бир маҳал ўрнидан туриб. — Нега ҳеч ким дастурхонга қарамаяпти? Манави коньякдан тотиб кўришларингизни истардим.
— Ксюша, бу анови... Париждан олиб келган коньягингми? — дея луқма ташлади кекса хоним.
У гапирганида лаблари чўччайиб тураркан.
— Антонина хола, Париждан шампан виноси олиб келгандим. Эсингиздан чиқиб кетдими дарров? — жавоб берди мақтаниб қолиш имкониятидан мамнун бўлган ва бу ёришиб кетган юзидан сезилиб турган Ксения Сергеевна кулиб.
Суҳбатга Александра Павловна қўшилди:
— Ксения, Париж сенга ёқиб қолганми нима бало? Икки марта бориб келдинг-а?
— Биринчисида ёлғиз ўзим боргандим. Ҳаким Назарич бора олмаганди.
— Наҳотки Ҳаким Назарич ёлғиз ўзинг боришингга қаршилик қилмаган бўлса? Рашк қилмадими? Менинг эрим бўлганида «менам бораман!»; деб турволарди.
— Ҳаким Назарич у вақтларда чет элга чиқиш тугул, кўчага ҳам чиқолмасдилар-да, — деди Ксения Сергеевна.
Ҳаким Назарич хотини томонга қарамаса-да, безовталик билан ғимирлаб қўйди.
— Ксюша, анови хотинбоздан ажрашганингдан кейин яна эрга тегиб, манавиндай кошона бекаси бўлиб ўтиришинг тушимизга ҳам кирмаганди. Бахтинг бор экан, — аллақандай ғайирлик аралаш ҳасад билан гапирди Антонина хола деганлари.
— Омадинг бор экан, денг, — дарҳол орага гап қўшди Александра Павловна.
— Ҳам бахт, ҳам омад, — деди Антонина хола. — Назаричга ўхшаган одамлар кам учрайди.
— Нималар деяпсиз, Антонина хола? — деди Александра Павловна таънали оҳангда. — Ҳозир яхши эркаклар тиқилиб ётибди! Ҳар қадамда учрайди. Тегаман, десангиз бас, елимдай ёпишиб олишади.
— Наҳотки... — кўзларини катта-катта очди Антонина хола.
— Ксения, бугун меҳмонлар учун ўз қўлларим билан антиқа таом тайёрлаяпман, дегандинг, нима бўлди? — сўради Ҳаким Назарич.
Унинг юзи аллақандай ўзгариб кетганди.
— Азизим, яна ўн дақиқа сабр қил, — деди Ксения Сергеевна эрига жавобан, кейин яна дугоналарига юзланди. — Антонина хола, агар хўп десангиз, биронтаси билан таништириб қўяман.
— Ишонгим келмаяпти, наҳотки мен тенгилар ҳам топилса?! — эски касби эсига тушиб қолди-ёв, кўзларини сузиб сўради кекса хоним.
— Эримнинг ишхонасида жуда кўп эркаклар бор. Истасангиз таништириб қўяман.
— Йў-ў... мен унақалардан қўрқаман, — ярашиқсиз нозланди Антонина хола.
— Ксения! — деб юборди Ҳаким Назарич саросима ичида.
Ксения Сергеевна бу сафар эрига қараб ҳам қўймади.
— Ё худо! Уларнинг нимасидан қўрқасиз? — деди у Антонина холага ажабланиб боқаркан. — Улар жуда меҳнаткаш одамлар. Бизникиларга ўхшаб ароққа муккасидан кетмаган. Бечора эримга уларнинг дастидан тинчлик йўқ. Биронтасини касалхонага жойлаштиришгга ёрдам бер, деб менга ялиниб юради қачон қараманг!.. Ўшаларнинг ҳаловатини деб тиним билмайди...
— Пулини тўласангиз бас, ишдан бош кўтаришмайди! — дея луқма ташлади Александра Павловна.
«Мана энди ҳаммаси ойдинлашди, — дедим ичимда. — Бу оддий меҳмондорчилик эмас!»;
Ич-ичимдан гупириб келаётган совуқ эҳтирос столга мушт уриб ҳамма нарсани дабдала қилишга ундарди.
Иззат-нафси таҳқирланаётганидан унинг ҳам хуноби ошиб кетгандир, деган фикр билан Гулруҳга қарадим. Ажабо, у ҳеч нима бўлмагандай хиёл кулимсираганча ўтирар, аммо кўзларидан учқун сачрарди. Кетамизми, дегандай уни секин туртдим. Гулруҳ парво қилмади.
Пўлат Дамировичнинг юзидаги кишининг жиғига тегадиган, қадр-қимматини ерга урадиган ифода янада бўртган, у таҳқиромуз кулимсираганча Гулруҳни кузатарди.
Бу ерда фақат Ҳаким Назарич аллақандай безовта, бирмунча ташвишга ботган, юзи жуда ҳам тунд, ўйчан, дилгир бўлиб ўтирарди.
— Ёшлигимда бир афғон йигити яхши кўриб қолганди мени, — деди Антонина хола бир маҳал тамшаниб оларкан. — Ўшанда унга тегиб кетаверсам бўларкан.
Шу чоққача индамай ўтирган Гулруҳ бирдан тилга кирди:
— Антонина хола, ҳали ҳам кеч эмас. Эрга текканингиз яхши. Бир мақол бор-ку, эшитгандирсиз, эрсиз хотин — таёқсиз мўлтони, деган.
Ҳаммалари жим бўлиб қолишди.
Антонина холанинг ранги ўчган, тақинчоқлар ялтираган озғин бармоқлари титрарди. Пўлат Дамирович тўсатдан хохолаб кулиб юборди.
— Оббо, Гулруҳ-ей... Оббо, Гулруҳ-ей, — дерди у тинмай куларкан. — Топган мақолингизни...
Александра Павловна қаҳрланганидан титраб кетди ва эрига шундай важоҳат билан тикилиб қарадики, Пўлат Дамирович шу заҳоти миқ этмай қолди, юраги шувиллаб кетгандир эҳтимол.
Ксения Сергеевна бўлса бирдан қовоғини уйиб олди, жаҳлдор бўлиб қолди.
Александра Павловна кибр билан дугоналарига бир-бир назар ташларкан:
— Эримнинг айтишича, — дея аллақандай кин билан сўз бошлади. — Ҳамма ёқни қаланғи-қасанғи дайдилар босиб кетганмиш. Ҳар қадамда қўзиқориндай потраб чиқади унақалар, дейди. Аёлларни айтинг, аёлларни! Уларга нима бор экан бу ёқларда?! Пул бор экан деб келаверишар эканлар-да! Қоровулликдаги бузуқ эркакларнинг ҳам куни туғиб қолди, дейди эрим. Улар ўшанақа келгинди аёлларни тутиб олишиб, билганларини қилишаркан-да. Бу гапни эшитганимдан кейин ўз эримдан ҳам хавфсираб қолдим... — Александра Павловна юзи бўздай оқариб ўтирган эрига суйкалиб, гап оҳангини юмшатди: — Ўзи суюққина эрим бор. Аллақандай иркит хотинларни деб ундан айрилиб қолмай дейман-да.
— Эрингиз суюқлигини била туриб ҳазар қилмасдан уни қандай қабул қиласиз?!
Гулруҳ томонидан фавқулодда берилган бу савол Александра Павловнани гангитиб қўйди. У милтиғи тоб еган овчидай қизариб-бўзарди. Мадад кутиб Ксения Сергеевнага қаради.
Ҳа, биздек «келгиндилар»;га нисбатан олдиндан тил бириктириб олган аёллар Гулруҳнинг кесатиқларга муносиб жавоб қайтаришини, айниқса бунақанги тагдор гап билан «ўйиб олишини»; кутишмаганди. Балки шу сабаблидир, Гулруҳнинг гапи янада кескинроқ жаранглади.
— Даврон, — дея мурожаат қилди Ҳаким Назарич секин. — Ташқарига, тоза ҳавога чиқасизми? Хотинлар жангида иштирок этмай қўя қолайлик.
— Хўп.
Ҳаким Назарич боягига қараганда анча енгил тортганди. Афтидан Гулруҳнинг ҳозиржавоблигидан кўнглида қониқиш туйгандай эди.
Мен ҳам ўзимни анча босиб олгандим. Гулруҳ ўзини таҳқирлашларига йўл қўймаслигига кўзим етганди.

* * *
Чошгоҳ маҳали эди.
Зинапоя олдида турардим.
Гулруҳ хонасидан чопиб чиқди.
— Даврон ака, бу ёққа келинг, тез! — деди-ю, яна ортга қайтди.
Ичкарига кирганимда Алишер дод-фарёд қилиб ётарди. Унинг жон аччиғида чинқиришларига унча-мунча одамнинг асаби дош беролмасди.
— Қўлини ушлаб туринг, илтимос, — деди Гулруҳ шоша-пиша. — Укол қилдирмаяпти.
Беморнинг ёнига ўтиб билагидан тутдим. Лекин у бор кучи билан юлқинар, қўлини бермас, шалоқ сўзлар билан сўкиниб Гулруҳни ҳақоратларди:
— Дўхтирмисан, нимасан ўзи?! Дўхтир бўлсанг, ё оёққа турғаз, ё бир йўла жонимни ол! Бу азобдан тўйиб кетдим! Тўйиб кетдим! Онасини... Ҳаммангнинг онангни!..
Алишер кўзларини юмиб олган, ён-верига қарамас, юзи пахта бўлиб қолган, мурданикидан фарқи йўқ эди.
— Алишер, ука, ўзингни бос, — дедим ётиғи билан. — Қўлингни бер, илтимос.
Овозимни эшитиб Алишер кўзини очди.
— Даврон ака... қийналиб кетдим ахир... — деди-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Бир амаллаб уни овунтирдим.
Кейин укол олишга кўндирдим.
Гулруҳ уколни қўйди. Беш-ўн дақиқалардан кейин Алишер ухлаб қолиши керак эди. Аммо...
— Даврон ака, буни қаранг!
Гулруҳ беморга тикилганча даҳшат ичида қотиб қолди.
Алишер тинчланиш ўрнига тутқаноқ тутгандай қўл-оёғини типирчилатиб ётар, оғзидан кўпик сачрарди.
— Бу нимаси?.. — дедим зўрға.
— Ҳаким Назарични чақириб келинг. Тез!
Гулруҳ Алишерга ёрдамга шошилди.
Шошилганча Ҳаким Назаричнинг хонасига йўл олдим. Бахтга қарши у ким биландир телефонда гаплашаётганди. Нима қилишни билмасдан, қия очиқ эшик олдида туриб қолдим.
— Николай Фёодорович, шу сафар ҳам қўллаб юборинг, илтимос, — дерди Ҳаким Назарич телефонда. — Оз, жудаям оз иш қолди. Бу йил тугатамиз, худо хоҳласа. Раҳмат. Бунинг учун миннатдорман сиздан. Лекин юборган одамларингизнинг боши касалдан чиқмаяпти. Ҳа. Ҳа. Соғлом, бақувватларидан тўрт-бештасига буюртма тушди, деб ёзиб қўйинг. Пул тўлаш шакли истаганча!
Яшин ургандай бўлди мени. Бундан чиқди Ҳаким Назаричнинг «буюртмаси»;га кўра биз бу ерларда юрган эканмиз-да.
Ҳақиқат ойдинлашгандек бўлди. Аммо бу чала ҳақиқат эди. Мубҳам ҳақиқат эди.
— Бу ерда нима қилиб турибсиз?!
Қаршимда турган Ҳаким Назаричнинг овозидан ҳушимни йиғдим. Лекин дарров жавоб бера олмадим.
— Бу ерда нима қилиб турибсиз, деяпман! — Ҳаким Назаричнинг нафақат нигоҳларида, балки овозида ҳам синчковлик ғалаён қиларди.
— Алишернинг аҳволи оғирлашиб қолди. Гулруҳ Қосимовна сизни чақирганди, — дедим ўзимни ўнглаб.
— Ҳозир бораман.
Ҳаким Назарич ортга қайтди. Эшик очиқ қолди. Ёпишни унутдими ёки атай очиқ қолдирдими, билолмадим. Бироздан кейин унинг илтимос оҳангида:
— Ксения... Бир беморимизни... — дегани эшитилди.
Ортимга қайтарканман, Ҳаким Назарич оғзидан олов пуркайдиган етти бошли аждарҳодай туюларди.
Падарига лаънат! Пўлат Дамировичдан фарқи йўқ экан бунинг ҳам...
Тутқаноғи босилган, лекин ҳали ҳам безовталик билан ингранаётган Алишернинг юзига термилиб ўтирган Гулруҳга бу ҳақда оғиз очмадим.
— Ҳаким Назарич ҳозир келаркан, — дедим унга. — Қалай, дуруст бўлиб қолдими?
Гулруҳ бош чайқади.
У қаттиқ қўрқиб кетган. Гапиришга ҳам ҳоли йўқ эди.
Ўн беш дақиқалардан кейин Ҳаким Назарич келди.
— Гулруҳ Қосимовна, мен гаплашдим, кейинги ҳафта бир иложини қилиб беморингизни касалхонага жойлаштирамиз. Лекин унгача бир амаллаб турмасангиз...
— Йўқ! — Гулруҳ кескинлик билан Ҳаким Назаричнинг сўзини кесди. — Кейинги ҳафта тугул бир кун ҳам дош бера олмайди энди... — Гулруҳ бир муддат ўйланиб, икиланиб туриб қолди. Сўнг Ҳаким Назаричга мурожаат қилди: — Сиздан бир нарсани илтимос қилсам майлими?
— Марҳамат, — унга ажабланиб тикилди Ҳаким Назарич.
— Операция учун керакли асбобларни топиб бера оласизми менга?
— Ўзингиз операция қиласизми?!
— Ҳа.
— Гулруҳ Қосимовна!
— Ташвишланманг, эплайман.
— Ахир сиз оддий ҳамшираман дегандингиз-ку.
— Хирургман.
— Ана холос!
— Ҳаким Назарич, бу ёғи жуда узун тарих. Вақти келганда айтиб берарман. Керакли асбобларни олиб кела оласизми, менга шуни айтинг. Зудликда операция қилмасак, боладан айриламиз.
— Топиб бераман. Шу бугуннинг ўзида, йўқ, аниқроғи эртага топиб бераман, — деди Ҳаким Назарич шоша-пиша. — Фақат рўйхатини берсангиз бас. Шаҳарда танишларим бор.
Кейин нима учундир чуқур хўрсинди. Сўнг кулимсираганча Гулруҳга тикилди. Йўқ, унинг чеҳрасида кулгу эмас, ғайриихтиёрий, безовта, оғриқ тўла шодумонлик бор эди.
Гулруҳ ўнғайсизланиб ерга қаради.
— Гулруҳ, — деди Ҳаким Назарич. — Кечаги меҳмондорчиликдан буён сизнинг олдингизда ўзимни айбдор ҳис қиляпман. Биласизми, улар менга... меҳмондорчилик, яқинроқ танишув, деб айтишганди. Ҳаммасини кейин пайқадим. Бунақа бўлишини билганимда...
— Оғирликни ўзингизга олаверманг, Ҳаким ака. Мен ўзимни хафа қилдириб қўядиганлардан эмасман. Биласиз-ку... — деди Гулруҳ.
— Хайрият. Кўнглимдаги ғашликни тумандай тарқатиб юбордингиз. Кечқурун кўришгунча, Гулруҳ Қосимовна.
— Хайр.
Ҳаким Назарич кетди.
— Биздан ҳам кўра унга қийин экан, — деди Гулруҳ унинг ортидан. — Кеча оқшом хотинининг гапларини эшитдингизми?
— Мен бошқа гапни эшитдим, — дедим сирли оҳангда Гулруҳга тикилганча бир-бир босиб унга яқинлашарканман.
— Нимани? — ҳайрон бўлди у.
— Ўртоқ хирург, шунақами?
— Э, дарров эшитиб қўйдингизми?
— Ҳақиқатан ҳам хирургмисиз?
— Собиқ хирург.
Тушундим, нимадир бўлган.
Ичимни ит тимдаларди, нима бўлганини билгим келарди. Аммо... дарров савол беришнинг мавриди эмасди.
— Ҳозир ҳеч нарсани эслагим келмаяпти, — деди Гулруҳ хижолат тортгандай бўлиб.
У ўйчан бўлиб қолганди.
— Эслашингиз шарт эмас, — дедим унга. — Тўғри, сиз ҳақингизда кўп нарсаларни билгим келади. Аммо мен сизни бу ерга етаклаб келган ва шу ерда мен билан учраштирган тасодифий воқеалардан, танишувимизга қадар бўлган кўнгилли ёки кўнгилсиз воқеа-ҳодисалардан, минглаб ўйлар-у хотиралардан айро қўёлмайман. Ахир ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ўтмиши бор. Яхшиси операциянгиз ҳақида ўйланг.
Гулруҳ миннатдорона нигоҳ ташлади. Кулди, аммо лаблари титрарди, аллақандай кўнгилсиз ўтмиш шарпаси юзига соя ташлади, шунда яшаш унинг учун ҳам осон бўлмаётганини англадим.
Эртадан кечгача фақат Гулруҳ ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолгандим. Кўзларимни очсам, рўпарамда у, кўзларимни юмсам ҳам қаршимда у...
Кечаси алламаҳалда қулоғимга аллақандай хониш, йўқ, аниқроғи, нолага ўхшаш овоз чалинди. Ўрнимдан турдим. Овоз Гулруҳнинг хонасидан келаётганди. Эшикка яқин бордим.
— Қўлимга тиғ олмайман, деб қасам ичгандим. Операция столида яна бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлишни истамайман. Ахир, ўшанда ҳаммаси мен туфайли, менинг уқувсизлигим туфайли содир бўлган-ку! Ўшанда операциядан бош тортишга имконим бор эди. Бироқ ҳозир... бунинг сира иложи йўқ. Бола бечоранинг азобланишига ортиқ чидай олмайман. Тангрим, ўзинг мени қўлла!.. — оҳиста ташланган қадам товушлари гоҳ эшикка яқинлашар, гоҳ узоқлашарди.
Негадир Гулруҳга раҳмим келди. Тўғриси, негалигини ўзим аниқ билмайман...
Икки кундан кейин Гулруҳнинг ёлғиз ўзи Алишернинг оёғини операция қилди.
Операция учун зарур асбобларни Ҳаким Назарич келтириб берганди. Ҳаким Назарич бирорта ёрдамчи керак эмасми, деб сўраганди, Гулруҳ қатъиян бош тортди.
Билмадим, ёлғиз ўзи қандай эпларкин? Қилдай ишонч бир бурда нондай азиз бўлган шароитда бундай кучни қандай топди?
Гулруҳ шу куни эрталабдан хонага ўзидан бошқа ҳеч кимни киритмади. Соат ўнлар атрофида эшик «ширқ»; этиб ичкаридан қулфланди-ю, жимлик чўкди.
Юрак ҳовучлаганча ташқи йўлакда турардим. Худди ўз жигарим тиғ остида ётгандек ҳаяжонланардим.
«Дадил бўл, Алишер, — дердим ичимда нуқул. — Дадил бўл. Ҳар неки бўлмасин, чидашга ҳаракат қил. Тиғ остидан омон чиқ. Акс ҳолда Гулруҳ адойи-тамом бўлади...»;
Вақт имиллаб ўтарди.
Ҳаким Назарич бир неча марта медпункт эшиги олдига келиб-кетди. У менга бир нима демасди-ю, лекин юзи ташвишли кўринарди.
Бирдан хаёлимга ёмон ўйлар келди: «Операция муваффақиятсиз чиқса нима бўлади?..»;
Кайфиятим бузилди. Бир ерда тура олмай деразага яқин бордим. Аммо ичкарини кўриб бўлмади. Юпқа кулранг парда ортидан Гулруҳнинг сояси кўринарди, холос.
Бояги жойимга қайтдим. Бироздан кейин Ҳаким Назарич ёнимга келди.
— Чекасизми? — у сигарет қутисини тутди.
Бошқа вақт бўлганида тортинардим, аммо ҳозир...
Иккаламиз ҳам ўз хаёлларимизга ғарқ бўлганча устма-уст чекардик. «Агар Алишерга бир гап бўлса, Гулруҳ тамом бўлади, — деб ўйлардим. — Кейин унинг ўзига келиши қийин бўлади. Ҳатто ўзини ўзи бир бало қилиб қўйиши ҳам мумкин...»;
Охирги ўйдан эсхонам чиқай деди. Ахир... мен энди ҳаётимни Гулруҳсиз тасаввур қилмай қўйгандим...
Бирдан беҳад таранглашган асаб толаларим тарс ёрилиб, тубсиз жаҳаннам қаърига қулагандай ҳис этдим ўзимни. Қўрқув ва хавотир — мана шулар мени қулатди. Қизиқ, дунёда миллионлаб кўз кўриб ишонмайдиган мўъжизалар яратилган-у, нима учун ўлимнинг чораси топилмаган?
Ҳаким Назарич нимадир дегандай бўлди. Англамадим. Савол назари билан қарадим.
— Одамзод ўзини ўзи хароб қилиш васвасасига тушиб қолгандай туюлади менга, — деди Ҳаким Назарич овозини сал кўтариб. — Гўё кўп пул топса ҳаётни бутунлай ўзгариб кетадигандай. Аслида ҳаётни дўзахга айлантириб юборганини анча кеч англайди...
Ҳаким Назаричга тикилиб қолдим. Ёпирай, наҳотки биз бир хил фикр юришаётган бўлсак? Наҳотки уни ғуссага солган нарса — Гулруҳнинг ташвиши бўлса?
Аммо жавоб беришга улгура олмадим, эшик «ширқ»; этиб очилди. Иккаламиз ҳам бир вақтнинг ўзида Гулруҳнинг истиқболига шошилдик.
Минг ҳадик ва хавотир ичида:
— Нима бўлди? — деб юбордим беихтиёр.
Ҳаким Назарич оғиз очишга улгурмади.
— Яхши, — деди Гулруҳ. — Ҳозирча яхши...
У Ҳаким Назаричга эмас, менга қараб жавоб берди. Айни замонда Гулруҳнинг кўзларида шу қадар журъат, шайлик ва матонат мужассам эдики, беихтиёр ҳам ҳавасим келди, ҳам ҳайратим ортди.
— Эплашингизга ишонгандим, — деди Ҳаким Назарич самимийлик билан. — Оёғини кесиб ташламадингизми ишқилиб?
— Йўқ. Бу ёғини энди вақт кўрсатади.
— Йигитчани кириб кўрсам бўладими?
— Бўлади, лекин у ҳали ўзига келганича йўқ. Наркоз таъсирида ётибди.
— Охириб бахайр бўлсин, шунисига хурсандман, Гулруҳ Қосимовна. Боя хаёлимга бир гап келувди, сизга шу ерда битта касалхона очиб берсак бўларкан, нима дейсиз?
— Буни ўйлаб кўриш керак.
— Тўғри, бугунга шунча ҳаяжон-у ташвишлар етарли, а? Касалхона ҳақида бошқа вақт гаплашармиз...
Ҳаким Назарич яна нимадир демоқчи бўлди-ю, мендан истиҳола қилди, шекилли, индамади. Мен ҳам у хонасидан чиқиб кетмагунича без бўлиб туравердим-да.
— Операция шунчалик узоқ чўзилиб кетдими ёки менга шундай туюлдими? — сўрадим Гулруҳдан.
— Икки соат-у қирқ минут...
— Менимча, тўрт соат-у қирқ минут, — дедим мен.
— Операциядан кейин икки соатча Алишернинг юзига термилиб ўтирдим. Назаримда у... — Гулруҳ ерга қаради.
— Бир чашка чойга нима дейсиз?
— Йўқ, демасдим, агар ёнида печеньеси ҳам бўлса, — шу заҳоти жавоб берди Гулруҳ.
— Ҳозир, — дедим-у, ошхона томонга йўл олдим.
Икки соатлардан кейин Гулруҳ Алишерни кириб кўришга рухсат берди.
— Фақат кўп гапга солманг, узилиб қолади, — дея тайинлади у.
Алишер, йигирма яшар навниҳол йигит, худди бемаҳал бошига тушган турмуш тўқмоғи уни зарб билан уриб қулатгандай, қимир этмай шифтга тикилиб ётарди. Юзи ўзгариб кетган, кўзларининг ости кўм-кўк, лабларида қондан асар йўқ, кўзлари аввалгидан-да катта-катта, аммо ҳеч қандай маъно йўқ эди.
Секин каравотига яқинлашиб, қўлини қўлимга олдим. Муздай, оппоқ эди унинг қўли.
— Алишер, ука, — дедим нимагадир юрагим тўлиб.
Алишер аста бошини бурди.
— Даврон ака... — деди у қовжираган, заиф товушда.
— Операция яхши ўтди. Зўр ўтди. Ҳадемай тузалиб кетасан, ука.
Йигитчанинг лаблари титради.
— Уйни соғиндим... Онамни...
— Оёққа туришинг билан уйга қайтасан. Ҳаммамиз қайтамиз...
— Бу ерга келмасам бўларкан...
— Алишер, — дедим безовталаниб. — Сенга ҳали гапириш мумкин эмас. Менам кета қолай, ҳар қалай аҳволинг ёмон эмас, ўз кўзим билан кўрдим. Энди бориб бу хабарни отангга айтишим керак.
— Отам билмасмиди?..
— Дўхтир ҳеч ким билмасин, деб тайинлаганди. Тезроқ соғайгин, ука.
Алишер бош ирғади.
Ёв қувгандек эшик томон юрдим.
Остонада тўхтаб ортимга ўгирилдим.
Шунда Алишернинг йиғлаётганини кўрдим. Унсиз йиғларди у. Юзида бирор ифода йўқ, катта-катта кўзларидан тинимсиз ёш қуйиларди...
— Ёш дўстимиз анча ўзига келиб қолди, — деди Гулруҳ эртаси куни эрталаб хурсанд бўлиб.
— Ростданми?
— Оёғимни кесиб ташлади, деб ўйлаб эзилиб ётган экан бола бечора.
— Оёғинг ўзингга буюрсин, дедингизми?
Гулруҳ кулиб бош ирғади.
Қушдай енгил тортдим. Ваҳималар ортда қолди. Бутун олам тинчлангандек бўлди. Худога шукр!
Кечки овқатни унинг хонасида бирга қилдик. Ўзимизча Гулруҳнинг биринчи муваффақиятини нишонладик.
— Қиттай-қиттай қиламизми? — деб сўрадим Гулруҳдан анчадан буён кўз қорачиғидай асраб юрган шишани кўрсатиб.
— Майли, — деди у.
Илгари зиёфатларда кўпгина аёлларни кузатганман. Ичкилик таклиф қилсангиз ўзини минг кўйга солиб, ноз-фироқ қилишади-ю, қуйиб берсангиз, бир кўтаришда бўшатиб, идишни қўлингизга қайтариб беришади.
Гулруҳ ундай қилмади. Ҳеч қандай ноз-карашмасиз кичкинагина стаканни мен билан уриштирди-да, ичиб юборди, кейин иштаҳа билан овқатлана бошлади.
— Яна қуяйми? — деб сўрадим бироздан кейин.
— Йўқ. Етади.
Тавба қилдим, Гулруҳ шундай жавоб берардики, унинг жавобидан кейин ҳеч қандай изоҳ ёки эътирозга ўрин қолмасди.
Тамадди қилиб бўлганимизда соат тўққизга яқинлашиб қолганди.
— Алишердан хабар олай, — деди Гулруҳ ўрнидан туриб.
— Тез келасизми?
— Узоққа кетмаяпман-ку.
Гулруҳ парда ортига ўтди.
Пайтдан фойдаланиб шишадан яна бир стакан қуйиб, кўтарвордим. «Мана энди у билан бемалол гаплашиб ўтиришим мумкин»;, — дедим ичимда. Кейин тез-тез, очофатларча қорин тўйғаздим. Гулруҳнинг олдида чимхўрлик қилиб тузук-қуруқ овқатлана олмагандим-да...
Ярим соатдан кейин биз стулларимизни дераза олдига қўйволиб, қайноққина чойдан бир-бир ҳўплаганча гурунглашиб ўтирардик.
— Қанийди ҳозир аллақандай бегона ерда эмас, ўз уйингда, ҳафталаб кўчага чиқмасдан, дунё ташвишларини тамом унутиб, хаёл суриб ўтирган бўлсанг, — дедим Гулруҳга қараб.
— Уйда ўтиришни яхши кўрасизми? — сўради у.
— Дангасаман-да. Ош бўлса-ю, иш бўлмаса, дегичлардан.
— Шундай вақтлар бўлганки, ҳафталаб уйдан чиқмасдим... — овози синиқ ва шикаста чиққанидан сездимки, у аллақандай кўнгилсиз хотиралар гирдобига тушди.
— Бунга анча бўлганми? — эҳтиёткорлик билан сўрадим.
— Анча бўлган...
— Мажбурлашганми ёки... бошқа сабаб...
— Мажбурлашган. Мен шундай тушунаман буни. Лекин бошқалар бошқачароқ ифода этишади.
— Қаршилик қилмаганмисиз?
— Ўша вақтларда ёш эдим-да...
Гулруҳ жимиб қолди.
— Бу ёғи маълум... — дедим секин.
— Ўзимни бизнесга уриб тўғри қилдимми, нотўғрими, билмайман, бу ҳақда ўйлаб кўргим келмайди. Энг муҳими, эркин ва дахлсиз яшаб келаётгандим... — Гулруҳ юзини кафтлари орасига олиб, нигоҳларини ерга тикди. Мен унинг хиёл эгилган оппоқ бўйни, бежирим елкаси, нозик қўлларини кўриб турардим. Рўпарамда ўтирган хилқат бир қарашда ҳимояга муҳтож ёш болани, бир қарашда эса чайир ва енгилмас, айни замонда ҳуркак жониворни эслатарди.
Ҳайҳотдай хона сукунат ичра сузарди.
Беихтиёр унинг қўлини олдим.
Гулруҳнинг киприклари титраб кетди-ю, аста-секин кўтарилди.
— Эркин ва дахлсиз яшаш яхши-а? — деди у.
— Инсонни ҳаётга боғлаб турадиган икир-чикирлар мавжуд экан, эркин ва дахлсиз яшаб бўлмайди. Менимча, таваккалчи бўлиш керак. Шунда яшаш осон кечади.
Гулруҳ кафти билан юзимни силади. Довдираб қолдим. Бу нопок дунёда бундай манзарага дуч келаман, деб ўйламагандим.
— Демак, мен тўғри қилган эканман-да? — деди Гулруҳ менга қараб.
Унинг кўзлари ва лабларида илтижоли интиқлик кўрдим. Кўнглимдан нималар кечмади!.. Қанийди бу оқшом шу ерда, шу хонада қолсам... Уни бағримга олсам... Айни дақиқанинг ўзида бунга имкон бордай эди. Аммо нимадир мени тийиб турарди. Тортинчоқлик, қўрқув ёки эҳтиёткорлик эмас, йўқ, жуда ҳам улкан, йиқиб бўлмас тоғдек улкан, ҳар қандай хоҳишни даф этишга қодир эҳтиром мени тийиб турарди.
Биз яна бироз гаплашиб ўтирдик, сўнг бир-биримизга хайрли оқшом тилаб хайрлашдик.
Тун. Совуқ. Ёлғизлик ва соғинч. Икки қадам нарида ҳувиллаган, ғариб кулбамга бахтли тасодиф туфайли учиб кириб қолган капалак мисол бағоят соҳибжамол ҳилқат... Менинг мунғайган, кўримсиз ўтмишим, беҳуда елиб-югуришлар, бесамара меҳнат, бемақсад ўтаётган умр, ҳамма-ҳаммаси ташқарида, эшик ортида қолганди. Қалбимда яна умид ва ишонч, мусаффо ҳаёт нафасини ҳис этардим. Мен бу хазинани бой бермаслигим, уни қўлдан чиқармаслигим керак.

* * *
Одатдагидай, эшик олдида ўтирардим. Гулруҳ ичкарида, Алишерни юришга ўргатаяпти. Алишернинг хўрсингани, Гулруҳнинг ҳаяжонли овози тез-тез эшитилиб турибди: «Қани, бўлақолинг, қўрқманг!»;, «Оғримайди, босаверинг!»;, «Ҳеч нарса қилмайди, дедим-ку...»;
Ҳаким Назарич қаршимдан ўтди. Салом бердим. У индамади. Англамади ёки алик олгиси келмади. Ким билсин, эҳтимол унинг мени кўргани кўзи йўқдир? Гулруҳнинг хонасига кириб, эшикни қаттиқ ёпди. Одатда у бундай қилмасди.
Ўн-ўн беш дақиқадан кейин эшик очилди. Ҳаким Назаричнинг салобатли ва жиддий юзига кўзим тушди. Гулруҳ билан муҳим нарса устида келишиб олганлиги хотиржам ва чақнаб боқаётган кўзларидан англашиларди.
— Зерикмаяпсизми, Даврон? — деб қўйди у тўхтамасдан рўпарамдан ўтиб кетаркан.
Ажабланганча ортидан қараб қолдим. Боя салом берганимда алик олиш тугул, юзимга қараб қўймаганди. Энди бўлса... Сабабини Гулруҳдан сўраб билиб олмоқчи эдим. Лекин бу ҳақда оғиз очмасидан бурун Гулруҳнинг ўзи Ҳаким Назарич ҳақида гап очди.
— Ҳаким акага раҳмим келади. Яхши одам. Лекин жуда қийин вазиятга тушиб қолгандай назаримда.
— У аблаҳ одам! — дедим ўйлаб ўтирмасдан.
Гулруҳ оғрингандек назар ташлади.
— Бировни яхши билмасдан туриб...
— Ўзингиз уни яхши биласизми? — дедим Гулруҳнинг сўзини бўлиб.
— Билишга ҳаракат қиляпман.
— Қандай қилиб?!
— Кўрганларим, ҳис этганларим... Қолаверса, у бугун соат олтида хонасида бирга овқатланишга таклиф қилди. Қандайдир муҳим гапи бормиш...
— Сиз нима дедингиз? Рози бўлдингизми?!
— Ўйлаб кўраман, дедим.
Тепамдан биров муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Ҳамма нарсани тахмин қилишим мумкин эди, лекин буни эмас. Ҳаким Назарич овқатланиш баҳонасида уни учрашувга таклиф этяпти-ку! Лекин Гулруҳ буни иш юзасидан деб ўйлаяпти, ана хотиржам чеҳрасидан кўриниб турибди. Ҳе, кимни аҳмоқ қилмоқчи бу қариб қуйилмаган хотинбоз?! Иш юзасидан учрашув, суҳбат ёки шунга ўхшаш нарса кундузи бўлади-да.
Юзим ўзгариб кетган бўлса керак, Гулруҳ менга таажжуб билан тикилиб турарди.
— Бориш шартми? — дедим хафа бўлиб.
Гулруҳ кулди.
— Даврон ака, нега сал нарсага хафа бўлаверасиз? — деди кейин.
— Шунақа одамман. Ўзим кал, кўнглим нозик...
Гулруҳ энди баралла кулиб юборди.
— Кулинг-а, кулинг. Сизга фақат кулиш бўлса!..
— Жуда қизиқ эшитилди, яна бир қайтаринг ўша гапингизни, — деди Гулруҳ эркалангандек бўлиб.
— Кечки овқатга бормайман, десангиз, такрорлайман.
— Осон экан-у, майли, ҳеч қаёққа бормайман. Лекин бекорга хафа бўляпсиз, бу иш юзасидан бўладиган суҳбат. Менимча, Ҳаким Назарич менга иш таклиф қилмоқчи.
— Азизам Гулруҳ, бунчалик содда бўлманг. Эркаклар бир ўқ билан икки қуённи уришга ҳаракат қилишади.
— Хўп. Сиз айтганча бўлсин, — ахийри ён берди Гулруҳ.
— Яхшиси, кечаси иккаламиз ҳовлини айланишга чиқамиз. Икки-уч кундан буён кечаси ҳаво жуда ажойиб бўляпти, сезгандирсиз?
— Хўп.
Гулруҳни ҳоли-жонига қўймасдан учрашувга розилигини олганимдан кайфиятим кўтарилди, кўнглим хотиржам тортди, иш юзасидан ҳеч қанақанги учрашув бўлмайди энди!
Жангда ғолиб чиққан даканг хўроздай ғўдайиб эшик олдига чиқарканман, ҳовлида аллақандай шовқин, ғўнғир-ғўнғир овозларни эшитдим. Шу чоғ Ҳаким Назарич ёнимдан зувиллаганча ўтиб кетди.
Ташқарига чиқдим. Бу вақтда жигарранг темир дарвоза ланг очилган, усти ёпиқ машина, иккита соқчи ва тўрт-беш кишига кўзим тушди. Ҳаким Назаричнинг «буюртмаси»; эсимга тушди. «Яна кимларнингдир шўри қурибди...»; дедим ичимда.
Ҳаким Назарич дарвоза олдига чиқиб, келувчиларни кутиб олди. Соқчилар билан атиги икки дақиқа гаплашди. Кейин улар усти ёпиқ машинада қайтиб кетишди.
Ҳаким Назарич нималардир деганча келувчиларни ичкарига бошлади. Янги келганлар аллақандай пиёнисталар эмаслиги туришларидан маълум... Шу чоғ улардан бири кўзимга таниш учради. Тез-тез юриб зинадан пастга тушдим.
— Сафарали!
Эгнидаги пўстини биров тишлаб тортгандай йиртилган, у ер-бу ери осилиб қолган; иркит сочлари ҳурпайган улкан боши яланг, тинка-мадори қуриб бораётгандай, зўрға гавдасини тик тутиб турган киши ялт этиб ортига ўгирилди, кейин бутун гавдаси билан кескин бурилди.
Кўзларимга ишонмасдим.
Бу ҳақиқатан ҳам Сафарали эди!
— Бормисан, оғайни?!
Қучоқлашиб кўришдик. Воҳ, бечора дўстим, қоқсуяк бўлиб қолибди. Таранг юзи осилиб қолган, қисиқ кўзлари катталашган...
— Хайрият, Даврон, тирик экансан? — деди Сафарали энтикиб.
— Бормисан, оғайни?! — ҳаяжонланганимдан тилимда фақат шу сўзлар айланарди.
Ҳаким Назарич томоқ қирди. Ҳушёр тортдим.
— Баракда гаплашасизлар, — деди Ҳаким Назарич менга қараб.
— Ярим соатдан кейин олдингга ўтаман, — дедим Сафаралига.
У бош ирғади. Кейин шерикларига қўшилиб Ҳаким Назаричга эргашди. Юриши ҳамон ўша-ўша, айиқполвон! Аммо жуда озиб кетибди. Шу вақтгача қаерда бўлдийкин?
Ортимга қайтдим. Юрагим ҳаяжондан, кутилмаган учрашувдан гурс-гурс урарди. Бу хушхабарни (хушхабарми ёки...) Гулруҳ билан баҳам кўрмасам юрагим тарс ёрилиб кетиши турган гап.
Йўлакка киришим билан ичкаридан эшитилаётган гап-сўзлар қулоғимга чалинди.
— Гулруҳ, мени ортиқ қийнаманг, хўп денг. Илтимос! Бир оғиз сўзингиз... Ярим оғиз сўзингиз... Сиз агар истасангиз, йўқ, сиз агар рози бўлсангиз... ва ҳатто талаб қилсангиз (бунга ҳақингиз бор, юз фоиз ҳақингиз бор!), мен ҳаммасидан воз кечаман! Воз кечишга тайёрман! — Бу Пўлат Дамирович эди. У хона ўртасида турган Гулруҳнинг пойига тиз чўккан ҳолда илтижо қиларди.
Афтидан кўпроқ отиб олганга ўхшайди. Курсига ўтириб, унинг чиқиб кетишини кута бошладим.
— Пўлат Дамирович, сизни мен эмас, ўзингизни ўзингиз қийнаяпсиз. Нима кераги бор бу томошанинг?! Яхшиси, мени тинч қўйинг, кетинг, ҳозироқ чиқиб кетинг! — жиғибийрон бўлиб уни ҳайдарди Гулруҳ.
— Йўқ, ҳеч қаерга кетмайман. Уриб, ҳайдасангиз ҳам чиқмайман бу ердан. Токи дардимга малҳам бўладиган бирор сўз айтмагунингизча.
— Агар чиқиб кетмасангиз, Ҳаким Назарични чақиришга мажбур бўламан.
— Майли, чақиринг, ўша ярамасни! Сиз афтидан ўша юмшоқ супургидан умидвор бўляпсиз...
— Пўлат Дамирович, оғзингизга қараб гапиринг!
— Биласизми у қанақа одам?..
— Бас қилинг, деяпман!
— У ярамас ва ифлос одам!
— Ҳаммангиз қўшмозор бўлинг!
— Гулруҳ, азизам, бир оғиз сўзингиз... Ҳаммаси сизнинг бир оғиз сўзингизга боғлиқ!..
— Оҳ, худойим...
Гулруҳ йиғламсираётгандай туйилди. Энди ортиқ кутиб тура олмасдим. Ичкарига бостириб кирдим.
— Гулруҳ!
— Сиз аралашманг, Даврон ака! — деди Гулруҳ, аммо овозидан дадил тортгани сезилди.
Пўлат Дамирович вазиятни ўзгартирмади, чўк тушган ҳолда турганча совуқ тиржайди.
— Дарвоқе, тансоқчингиз... Мен уни итдай отиб ташлашим мумкин, лекин бундай қилмайман. Чунки у сизни садоқат билан қўриқлаяпти анави ёввойи келгиндилардан!..
— Ҳаддингиздан ошманг, Пўлат Дамирович! — дедим унга яқин бориб. — Қўлида қурол бўлса, қуён ҳам мард бўлиб кетади.
— Ўҳ-ҳў, фалсафани қаранг! Бу дейман, мен сизни қора ишчи деб юрсам...
Пўлат Дамирович гапини тугата олмади.
Гулруҳ ўртамизга туриб олди.
— Пўлат Дамирович, юрагингизда озгина одамийлик қолган бўлса, ҳозироқ бу ердан чиқиб кетинг!
— Хўп... — Пўлат Дамирович бирдан шаштидан тушиб полга ўтириб олди. — Фақат бир саволимга очиқ жавоб беринг, Гулруҳ Қосимовна. Майлими, жавоб берасизми, Гулруҳ Қосимовна?.. — ёш боладай ялина бошлади у.
— Қанақа савол экан?!
— Нега мендан нафратланасиз, Гулруҳ?!
Гулруҳ дарров жавоб бермади. Лабларини қимтиганча Пўлат Дамировичга тикилиб қолди.
Мен у бу саволга жавоб бермаса керак, деб ўйлардим. Чунки Гулруҳ мунофиқларча ёлғон сўзлай олмайди. Тўғри жавоб эса Пўлат Дамировични баттар қутуртириб юбориши мумкин. Билмадим, Гулруҳ бу вазиятдан қандай чиқиб кетаркин? Менга қолса, бир мушт билан масалани ҳал қилиб қўя қолардим.
— Сиз мен билан савдолашяпсиз, Пўлат Дамирович. Наҳотки буни ўзингиз сезмаётган бўлсангиз?! Мен рози бўлсам, сиз оилангиздан, умуман, оёғингизга тушов бўлаётган жамики нарсалардан ва айниқса, бойлигу мол-мулкингиздан воз кечмоқчисиз. Шундайми? — Гулруҳ қизғинлик билан Пўлат Дамировичга қаради. Пўлат Дамирович бошини солинтирди. — Рози бўлмасам, иссиқ тўшагингизни совутмоқчи эмассиз! Аммо, менимча, ҳар икки ҳолатда ҳам бахтли бўлолмайсиз. Нега деганда, ҳозир идеал туйилган аёл, унга эришганингиздан кейин оддий аёлга айланади, одатдаги турмуш ташвишлари бошланади, шундай вақтлар келадики, шу аёлни деб бор-будимдан айрилдим, деб ўйлаб мени бутунлай ёмон кўриб қоласиз, афсус-надомат чекишни-ку айтмай қўя қолай. Қолаверса, ҳозир мастсиз, мастлик билан ҳамма нарсадан осонгина воз кечиб қўйяпсиз. Эртага эрталаб мутлақо бошқача фикрлайсиз. Ҳатто рози бўлмаганим учун мендан хурсанд ҳам бўларсиз! Сиз эзгуликни яхши кўрадиган, фидойиликни қадрлайдиган одамсиз. Шуниси борки, эзгулик ҳам, фидойилик ҳам бошқалардан чиқса... Иложи борича, сиз кўп нарса йўқотмасликка интиласиз!
Гулруҳ гапи тамом бўлгандек жим бўлиб қолди. Пўлат Дамировичдан ҳам садо чиқмади. У ҳамон бошини солинтирганча, афтода қиёфада ўтирар, шу ҳолатида у аввалги Пўлат Дамировичга мутлақо ўхшамасди. Тўғри, у ичганди, брендининг ўткир ҳиди анқирди ундан, лекин аниқ айта оламан, у маст эмасди. Унга нимадир бўлганди. Ўша «нимадир»; туфайли унинг қалбида ўзгариш юз берган ва ҳаётда рўй берган бундай фавқулодда ўзгариш унинг хонумонига ўт қўйган ҳамда вужудини жунбушга келтириб, шуурида қандайдир кескин бурилиш ясаган эди. Акс ҳолда у бунчалик афтода ва ночор аҳволга тушмасди.
Пўлат Дамирович аста ўрнидан турди-да, бошини солинтирган кўйи индамай чиқиб кетди.
Гулруҳ кескин бурилиб, дераза олдига борди. Чуқур хўрсинди. Унинг ёлғиз қолишни истаётганини сезиб хонадан чиқдим.
Ташқарига чиққанимдан кейингина Гулруҳнинг ҳузурига нима учун борганимни эсладим. Аммо ортга қайтмадим. Барак томон кетдим.

* * *
— Э, оғайни, ўша оқшом ўзиям молдай бўкиб ичган эканман. Ҳеч нарсани эслай олмайман, — дея бошидан ўтганларни ҳикоя қилди Сафарали баракда ўтирганимизда. — Эртасига кўзимни очсам совуқ камерада ётибман. Мия карахт, аввалига ҳеч нарсани эслай олмадим. Бироздан кейин аста-секин миям ишлай бошлади ва бирдан сен эсимга тушиб қолдинг. Сакраб ўрнимдан турдим. Ён-веримга қарайман, сен йўқсан. У бошқа камерада бўлса керак, дейман ўзимча. Пул олиб келиш учун кетганинг мутлақо эсимда йўқ, ўлай агар. Мени деб Даврон ҳам бир фалокатга йўлиқди, дейман нуқул. Шундан бошқа дурустроқ ўй келмайди каллага. Кун-кунора бизга ўхшаган дайдилардан икки-учталаб тушиб тураркан. Эшик очилса, бас, кирган одамнинг башарасига тикиламан, сен эмасмикинсан, деб. Қаёқда! Сендан дарак йўқ! Хит бўлиб кетдим. Уч-тўрт кундан кейин қўйиб юборишади, ана шунда Давронни қидираман, топмасам уйга кетмайман, деб қасам ҳам ичиб қўйганман. Овқат олиб кирган соқчилардан бирови кўзимга гапга кўнадиган, ўзимизга ўхшаган содда-баёв кўринганди. Шуни қўйнига қўл солиб кўрай-чи, бирор ёруғлик чиқармикан, деб икки оғиз гапиргандим, нақ балога қолдим. «Мени ким деб ўйлаяпсан, баран?!»;, деб қулоқ-чаккамга тортиб юборса бўладими? Ўзи бўларим бўлиб юргандим, менам аяб ўтирмадим, қайтариб солдим башарасига. Шундан кейин мени ёмон қийнашди. Полициянинг катталари: «Ишингни судга оширамиз!»;, деб дўқ уришади, сўроқ қилишади. Анови содда-муғамбир ҳар куни иккита ўртоғи билан келиб аламдан чиққунча савалайди. Э... ит ҳам итни бунчалик таламаса керак. Одамнинг одамга қилча раҳми келмайди-я. Қандай замонда яшаяпмиз, Даврон? Соқчи йигитнинг, майли, менда алами бор дейлик. Шерикларига нима? Мен уларга нима ёмонлик қилдим?
Ҳалиям ота-онамиз ўз вақтида илигимизни тўқ қилиб ўстирган экан, қийноқларига дош бердим. Мундайроқ одам бўлганида калтакка чидай олмай, ўлиб қолиши турган гап.
Тергов тамом бўлиб, ишимни судга оширмоқчи бўлиб турганларида бирдан ҳаммаси бошқача бўлиб кетди. Гўё ҳеч қанақанги жанжал ва тергов бўлмагандек икки кун мени тинч қўйишди. Учинчи куни — мана бугун эрталаб усти ёпиқ машинага чиқаришди-ю, бу ёққа олиб келишди.
Ўлай агар, ҳеч нарсага тушунмадим. Сени бу ерда кўришни-ку, умуман хаёлимга келтирмагандим.
Нимаики бўлмасин, тирик экансан, шунисига шукр, дўстим. Минг қатла шукр. Кўнгил — душман... Хаёлимга не гаплар келмаганди... Аммо бир гапни очиқ айт, мендан хафа эмасмисан? Агар ўша кун бўкиб ичмаганимда...
Сўнгги жумлани айтаркан, Сафарали айбдорларча бошини эгди.
— Йўқ, сен очиғини айт, Даврон мени ташлаб, қочиб кетди, деган ўйга бормадингми ўшанда? — дедим ростига кўчиб.
Ахир, қачонлардан буён шу ўй менинг ҳам юрагимни тошдай эзиб ётибди-ку.
— Қўйсанг-чи, сени билмайманми?..
Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди.
Шундан кейин Сафарали билан пешингача гаплашиб ўтирдик.
Мен унга бу ерга қандай келиб қолганим, нима ишлар қилганим, қанча пул олганим-у, қандай қилиб ўғирлатиб қўйганим (ўғри борлигини дўстим ҳам билиб қўйсин-да, ҳарқалай, менга қараганда ҳушёр бўлади), Ҳаким Назарич, Пўлат Дамирович ва ҳоказо-ҳоказолар ҳақида қисқа, аммо батафсил сўзлаб бердим.
Фақат бир одам ҳақида оғиз очмадим. Бу менинг ҳаммадан, ҳатто дўстимдан ҳам яширган сирим бўлиб қолсин, дегандим.
Аммо...
— А-ҳа, бу ерда экансиз-ку, Даврон ака! Мен сизни қачондан бери қидириб юрибман, — дея Гулруҳ баракка кириб келди-ю, сирим фош бўлди.
Йўқ, Сафарали бирданига англамади ҳеч нарсани. Даъфатан Гулруҳга кўзи тушганида худди ҳов ўша машъум воқеалар ибтидоси вазифасини ўтаган ресторандаги каби сеҳрланиб қолди.
— Ё товба, Даврон! Мен туш кўрмаяпманми? — дея шивирлади у.
Сафаралига кўзи тушган Гулруҳ ҳайрон бўлгандек эшик олдида туриб қолганди.
— Иккита одам бир хил туш кўрмайди-ку. Бу Гулруҳ! Ҳозир таништириб қўяман, — дедим кулиб, кейин Гулруҳни ёнимизга чақирдим: — Бу ёққа келинг, Гулруҳ.
Сафарали ана шунда гапим оҳангидан ниманидир фаҳмлагандай бўлиб, «ялт»; этиб менга қаради.
Кўзим билан: «Жиддийроқ бўл!»; дегандек ишора қилдим. Сафарали тушунди дарров.
— Бу киши менинг дўстим, икки ой муқаддам тасодиф туфайли йўқотиб қўйган дўстим Сафарали бўлади, — дедим Гулруҳга, у ёнимга келганидан кейин.
— Гулруҳ, — дея у биринчи бўлиб Сафаралига қўлини узатди.
Сафарали шошиб қолди.
— Сафарали. Лекин сиз Сафар дейверинг, айтишга осон бўлади, — Сафарали менга хайрихоҳлик билан қараб қўйди.
Тушундим, Гулруҳ унга маъқул бўлди.
Нима ҳам дердим, Сафарали одам танлашни билади. Бу унинг қонида бор...
Биз энди учовлашиб суҳбатни давом эттирдик.
Гулруҳ бу ерга нима учун келганини ҳам эсидан чиқариб қўйди, шекилли, Сафарали билан ҳар куни кўришиб турадиган эски танишлардай бемалол гурунглашарди.
Ўзимни ҳар қачонгидан кучли ва бахтиёр ҳис этардим. Ахир, бир ёқда дўстинг, бир ёқда суюклинг ҳамдам бўлса, ғам-ташвишинг ҳам ўткинчи шамолдек туйилар экан.
Бир соатлардан кейин ўрнимиздан турдик.
Иш жойимизга қайтишимиз керак эди.
— Кечаси, ишдан кейин келинглар, — деди Сафарали эшик олдига чиққанимизда. — Ҳангома қилардик-да.
— Бугун биз билан ҳангома қилишга вақтинг бўлмайди, яхшиси эртага ошхонада ўтирамиз, — дедим ўзимнинг баракда ўтказган биринчи оқшомимни эслаб.
— Сизлар учун вақт топаман, албатта келинглар, — деди Сафарали.
Медпунктга қайтдик.
Гулруҳ ишга шўнғиб кетди. Чунки ишчилар қайтадиган вақт бўлиб қолганди.
Кечаси соат ўн бирларга бориб медпунктдан одам оёғи тийилди. Энди бемалол дам олсак бўларди.
Лекин менинг уйқум қочган, хаёлим баракда қолган Сафаралида эди. У ерга Гулруҳни етаклаб боришга эса кўнглим чопмасди. Гулруҳни ёлғиз қолдириб кетишга яна кўнглим бўлмасди.
— Дўстингиз кутиб ўтиргандир, бормайсизми? — деди Гулруҳ бир маҳал.
Ҳар қалай, у деразадан тез-тез ташқарига қараб қўяётганимдан кўнглимдагини фаҳмлади-ёв.
— Сиз-чи?
— Мен дам оламан.
— Мен кетиб қолсам, сиз қўрқмайсизми?
— Қўрқсам, деразани очиб қўяман, кўзингиз тушган заҳоти келаверасиз.
— Беҳазил-а? Хафа бўлмайсиз-а?
— Чин юракдан!..
— Бугунча бориб турай, ҳарқалай, биринчи кун, эртадан бошлаб ҳар қандай учрашув отбойгача тайин қилинади, хўпми?
Гулруҳ бош ирғади.
Эсингизда бўлса, баракка кириб келган биринчи куним бу ердагилар мени қандай кутиб олишгани, ярим кечагача гаплашиб чиққанимиз ҳақида сўзлаб бергандим.
Баракка кириб борганимда Сафаралининг ҳам бошида шу қисмат — эллик-эллик беш чоғли киши унинг атрофини ғуж ўраб олишган, суҳбат айни қизғин нуқтасига етганди. Секин бориб уларнинг қаторига қўшилиб, бўлаётган гап-сўзларга қулоқ тутиб, жимгина ўтириш ниятида эдим. Лекин менга кўзи тушиши билан Сафарали ўрнидан турди.
— Даврон, юр, ташқарига чиқиб бир чекиб келайлик, суҳбатни кейин давом эттирамиз, — деди у даврадан чиқиб.
Ён-атрофдан хитоблар эшитилди:
— Э, шу ердаям бемалол чакеверсангиз бўларди. Олифталикнинг нима кераги бор?
— Ўйинбузуқилик қилмасанг-чи, Даврон. Бип-бинойидай ўтирувдик, сен келдинг-у...
Мен энди гапга оғиз жуфтлагандим, Сафарали илиб кетди:
— Ҳали кўп гурунг қиламиз, оғайнилар. Даврон жондай жўрам, у билан ҳозир ҳол-аҳвол сўрашмасам, эртага ишга кетиб қоламиз!..
Сафарали нима учундир қаттиқ ҳаяжонланарди. Ташқарига чиққанимиздан кейин мен унга сигарет қутисини тутдим. У бир дона олди, лабига қистирди, лекин тутатишни унутди.
— Холироқ ерга борайлик, Даврон, — деди у. — Сенда зарил гапим бор.
Мен уни тахта тўсиқ бўйлаб кетган йўлканинг охирига бошлаб бордим.
— Гапир.
— Сен боя суҳбатлашганимизда Ҳаким Назарич ишлаб топган пулларимизнинг бир қисмини уйга юборади. Ҳали хонасига чақириб сизлар билан шартнома тузади, дегандинг-а?
— Ҳа, дегандим.
— Ростингни айт, шу гапга ишондингми?!
— Ишондим нима-ю, ишонмадим нима?
— Биласанми, бу ерда бир гап борга ўхшайди.
— Дангал гапирсанг-чи?
— Ҳалиям дангал гапиряпман-ку.
— Нимадан шубҳаланяпсан бўлмаса?
— Мен бу ерда бир танишимни учратдим!
— Нима бўпти? Дунё тор... Ўхшаш қисмат...
— Э, мен нима демоқчиман-у бу... Бидирлай¬вермасдан гапга қулоқ солсанг-чи!
— Хўп. Гапир.
— Гапимни бўлма!
— Хўп.
— Оббо, яна!.. Қисқаси, мен бу ерда учратиб қолган танишим Каримбой ака деган киши бўлади. У ўн саккиз яшар ўғли билан икки йил аввал уйидан чиқиб кетганди. Бу ёқларда арзимаган иш учун ҳам кўп пул тўланади, деб эшитганди-да...
— Хўп, нима бўпти шунга? — дедим ториқиб кетганимдан Сафаралининг гапини бўлиб.
— Шу пайтгача улардан дом-дарак бўлмади! Хотини Зубайда янга у кишиниям, ўғлиниям аллақачон ўлдига чиқариб, аза очмасаям, ундан берироқ бўлиб юрибди.
— Нега ўлдига чиқаради? Ахир, Каримбой ака билан ўғлининг иш ҳақи уйига юбориляпти-ку. Шунинг учун шартнома тузилган-ку!
— Уйдагилар бир сўм ҳам олишгани йўқ. Охирги марта кўрганимда Зубайда янга касал эди. Осон эмас, ҳам эридан, ҳам ўғлидан айрилиш... «Қишлоққа яқин-ўртада борганмидингиз? Биззи уйдагилар эсон-омон ўтиришибдими?»; деб сўради Каримбой ака боя. Нима дейишни билмай, дуруст, деб қўя қолдим. Айтгандай, Каримбой аканинг ўғли кўринмайдими?
— Алишер касал. Яқинда Гулруҳ унинг оёғини операция қилди. Ҳозир медпунктда ётибди, — дедим.
Кейин бирдан ҳушёр тортиб дўстимга Алишернинг томдан йиқилиб тушгани-ю, кўрган-кечирганларим, шубҳа-гумонларим ва Ҳаким Назаричнинг телефон орқали аллақандай Николай Фёдоровичга берган «буюртмаси»; ҳақида гапириб бердим.
— Вой ярамас! Ҳаким Назарич деганинг ғирт аблаҳ экан-ку! — деди Сафарали тутақиб.
— Секин.
— Энди нима қиламиз, Даврон? Қулдай ишлаб юраверамизми?
— Мана, сен келдинг, бир иложини топармиз энди.
— Қочамизми? Наҳотки, бу ердан чиқиб кетишнинг иложи бўлмаса?
— Ҳамма ёққа қуролли соқчилар қўйилган. Билмадим... Балки қочишни амалга оширса бўлар, лекин...
Очиғи, мен Гулруҳни ўйлаётгандим.
Қочиш осон эмас, йўл азоби — гўр азоби, бегона юртда сарсон-саргардон бўлмасдан йўл топиб бўлмайди, Гулруҳ бундай азобларга дош бера олармикин?
— Ҳозирча ҳеч кимга чурқ этмасдан иккаламиз бош қотириб кўрайлик, кейин бир битимга келармиз, — деди Сафарали.
— Майли, — дедим ҳорғинлик билан. — Ортга қайтамизми?
— Қайтдик.
Бошим ғувилларди. «Демак, ҳаммаси ёлғон экан-да! Оббо, Ҳаким Назарич-ей, одам деган шунчалик ҳам устомон бўладими?!»;
Юрагимни ғам-ғусса чулғаб олди. Қизиқ, ер юзида инсоният пайдо бўлибдики, сохталик ва худбинлик, очкўзлик ва шафқатсизликка қарши курашиб келмоқда. Аммо оқибати нима бўлди? Корчалонлик, сотқинлик, худди ўзига ўхшаш табиат гултожи бўлган инсонлар тақдирига эътиборсизлик ва ёлғон тантана қилмадими?!
Ҳар не бўлганда ҳам, хом сут эмган бандалармиз-да...
Сафарали билан хайрлашиб, медпунктга қайтдим. Гулруҳ негадир ухламай кутиб ўтирган экан.
— Келдингизми?.. — остонада кўринишим билан у ўрнидан туриб истиқболимга юрди.
Ҳаракатлари енгил ва майин эди. Яқин келди-ю... кўксимга бошини қўйди. Кейин хиёл узалиб юзимдан авайлаб ўпди.
Бу ҳол шу қадар тез юз бердики, нима бўлаётганини ҳадеганда идрок қилолмадим.
Мен ҳали ростакамига бу ерда эмасдим, миям ҳамон ғувиллар, қулоғимдан Сафаралининг сўзлари кетмасди...
Қилт этмасдим, очиқ деразадан совуқ ҳаво кириб турарди. Гулруҳга қараб туриб юрагим тубига чўккан ғусса аллақандай умид билан қоришиб, бутун вужудимни қайтадан забт этаётганини, қайғу, ишонч, совуқ, юзимга тегаётган майин сочлар, шафтоли ҳиди — бари айқаш-уйқаш бўлиб кетаётганини ҳис қилдим, эҳтимол ҳаёт, чинакам ҳаёт шудир!
Бу бир дақиқача давом этди. Кейин тўсатдан одамлар уйқудан уйғонгандек бирдан шовқин-сурон билан, бир-бирларига гал бермасдан гувиллашиб кетишди.
— Нима деяпсизлар? Ўлай агар, тушунган бўлсам, — деди Ҳаким Назарич осойишта тарзда.
У ҳаммани назаридан ўтказарди-ю, негадир мен томонга қарамасди.
Ёнимда турган Сафаралини қўлтиғидан олиб, бир қадам олдинга чиқдим.
Ҳамма жим бўлди.
— Ҳаким Назарич, — дея босиқ ва хотиржам овозда мурожаат этишга уриндим. — Бу йигит яқиндагина келди. Келди-ю, бу ерда ҳамқишлоғи Каримбой акани тирик учратиб ҳайратдан ёқа ушлади. Ваҳоланки, Каримбой аканинг оиласидагилар у кишини аллақачон ўлдига чиқариб қўйишган экан. Икки йил бедарак кетган одам ҳақида бошқача фикрда бўлолмайди ҳеч ким. Сизнинг гапингизга қараганда, Каримбой аканинг оиласи унинг маошини қуртдай санаб олиб, маза қилиб еб ётган бўлиши керак...
— Бўлмаган гап! — сўзимни бўлди Ҳаким Назарич қизишиб. — Бу қандайдир англашилмовчилик! Алоқа бўлимидагиларнинг...
— Буниси англашилмовчилик дейлик, майли, лекин... — кишилар орасидан ёнма-ён турган Нурали билан Равшанни имладим. — Мана бу йигитнинг айтишига қараганда, дарвоқе, у куни кеча келганидан ўзингизни хабарингиз бор-ку! — дея Равшанга ишора қилдим. — Нуралининг уйидагилар ҳам ундан бир чақа олмаганларини, аксинча, ота-онаси бедарак кетган ўғилларининг ғамида куйиб адо бўлганини айтяпти. Сиз нима дейсиз бунисига?
Ҳаким Назарич сурат бўлиб қолди.
— Балки буям англашилмовчиликдир?! — кинояли луқма ташлади Сафарали.
Тағин ғала-ғовур кўтарилди.
Одамлар орасидан аччиқ-тизиқ хитоблар эшитилди:
— Ёлғоннинг нима кераги бор эди?
— Шунча вақтдан буён текинга ишлаб юрган эканмиз-да!
— Бу жиноят-ку!
— Қонун олдида жавоб беришингиз керак?
— Энди ҳеч биримиз ишламаймиз.
— Яхшиси бизга жавоб беринг, уй-уйимизга кетайлик!
Ҳаким Назарич қўлини кўтариб шовқинни босди. Кейин бироз ўзгарган овозда:
— Яна такрор айтаман, бу англашилмовчилик! — деди.
Бу хитобга жавобан кўтарилаётган ғала-ғовурни Ҳаким Назарич бир қўлини кўтаришдаёқ босиб қўйди ва гапида давом этди ва:
— Ташвишланманглар, бу ерда текин ишламаяпсизлар. Мен эртага, йўқ, шу бугуннинг ўзида бу масала билан шуғулланиб, албатта, тагига етаман! Англашилмовчилик туфайли зарар кўрган оилаларга товон пули тўланади, — деди ишонч билан.
— Энди бизни ишонтиролмайсиз! — дедим Ҳаким Назаричга тик қараб. — Яхшиликча, жавоб беринг бирор кор-ҳол юз бермасдан! Акс ҳолда...
Биласизми, шунда Ҳаким Назарич бирдан ўзгарди: унинг чиройли ва улуғвор юзидаги ёқимли ниқоби ўпирилиб тушди гўё...
— Яхшиси бирор кор-ҳол юз бермасдан жимгина ишга чиққанларинг маъқул, акс ҳолда!.. — нақ бурним тагига келиб илондай вишиллади у.
Қаршимда ақлли ва меҳрибон иш бошқарувчи эмас, нафс алвастисига қул бўлган такаббур кимса турарди.
— Дағдаға қилманг, қўрқмаймиз, — дедим босиқлик билан.
— Шунақами?!
— Шундай.
Ҳаким Назарич шахт билан юриб бориб эшикни ланг очди.
Шу заҳоти баракка ўн-ўн беш чоғли қуролланган соқчилар бостириб киришди. Милтиқ стволларининг шарақ-шуруғи янгради.
— Энди ҳам ишга чиқмайсизларми?! — ғолибона назар ташлади Ҳаким Назарич.
— Йўқ!
— Керак бўлса ўзингиз ишланг!
— Бизни барибир қўрқитолмайсиз!
— Шунча алдаганингиз етар!
— Нима, биз сизга қулмидик?!.
Бор-йўғи беш киши жавоб қайтардик...
«Майдон»;да Сафарали, Нурали, Равшан ва мен қолгандик.
Бошқалар эса... Нигоҳларида ноумидлик, ишончсизлик ва ғусса акс этган кишилар бирин-сирин баракдан чиқа бошлади.
— Матчонов! — Ҳаким Назаричнинг қаҳрли овози янгради. — Одамларни олиб зудлик билан ишга жўна! Бош кўтармай ишлашсин! Тушликка ҳам чиқилмайди!
Энг охирида, оёқларини судрагудек босиб Каримбой ака чиқиб кетди.
— Хўш, сизлар-чи? — мамнунлик билан бизга яқинлашди Ҳаким Назарич.
— Отмоқчимисиз?! — кутилмаганда Нурали кескин ҳаракат билан Ҳаким Назаричга бақамти келди. — Отинг!
Шу заҳоти кетма-кет ўқ овози янгради.
Соқчилар шифтни мўлжалга олишганди.
Биз қилт этмасдан туравердик.
— Оғайнилар, — бирдан бутунлай бошқача овозда мурожаат қилди Ҳаким Назарич. — Ўзларингга жабр қилманглар...
Ҳаким Назарич гапини тугата олмади, хонага Пўлат Дамирович қузғундай бостириб кирди.
— Нега булар билан пачакилашиб ўтирибсиз, Ҳаким Назарич?! — дея бақира кетди у. — Ёввойи махлуқларни оғзидан отиш керак!
Пўлат Дамировичнинг кетидан миршаб кийимидаги кишилар қўлларида қурол билан кириб келишди ва бир зумда чиқиш йўлакларини бекитиб, атрофимизни қуршаб олишди.
Сафарали ўзини тутиб туролмади.
— Кимни махлуқ деяпсан, аблаҳ?! — деганча у Пўлат Дамировичга ташланди.
Аммо дўстим Пўлат Дамировичга бармоғини теккизишга ҳам улгуролмади, икки марта ўқ узилди-ю, Сафарали интиҳосиз бир ҳайрат билан иккала қўлини юқорига кўтарганча шартта кесилган дарахтдай гурсиллаб ерга қулади.
Мен унга талпиндим, тутиб қолмоқчи бўлгандек қўлларимни узатдим, лекин...
— Умрингни қамоқда чиритаман ҳаммангнинг! — дея бўкирди Пўлат Дамирович қутуриб. — Ярамас, келгиндилар! Орган ходимига қўл кўтаришнинг оқибатини ана шунда кўрасанлар!
Пўлат Дамирович яна нималардир дея бақирди, жазавага тушиб бўкирди; Ҳаким Назарич ҳам нимадир дегандай бўлди, лекин мен буларнинг бирортасига ҳам эътибор бермадим, чўк тушганча Сафаралининг кўйлагини ечиб, ўқ теккан ерига рўмолчамни босдим...
— Сафар, дўстим...
Сафарали ингради.
Хайрият, тирик экан!
Шундан кейин миршаблар бизни битта-битталаб, елкамизга милтиқ тираганча ташқарига олиб чиқишди.
— Казармага!!!
Лак-лак душманни енгиб, ғалаба қозонган баҳодирдай бутини кериб турган Пўлат Дамировичнинг гулдирак овози янгради.
Шу чоғ «контора»; томондан бошяланг, халатчан югуриб келаётган Гулруҳга кўзим тушди.
— Нималар бўляпти? Даврон ака... — саросима ичида жавдираб қарарди у.
— Яқинлашманг! Боринг, хонангиздан чиқа кўрманг, акс ҳолда, сизниям буларга қўшиб!.. — таҳдидли оҳангда дўқ урди Пўлат Дамирович Гулруҳнинг йўлини тўсиб олганча.
— Ҳаким ака... — кўзлари ёшга тўлган Гулруҳ Ҳаким Назаричга юзланди.
Тош қотган «отахонимиз»;дан садо чиқмади.
— Гулруҳ, Сафаралига яхшилаб қаранг, илтимос, — дейишга улгурдим зўрға.
«Орган ходимлари»; бизни уриб-турткилаб, қўлларимизни орқага қайириб «штаб»; томон ҳайдаб кетишди.

* * *
Зах, моғор ва яна аллақандай ачқимтил ҳид анқиб турган ертўла — казарма эди.
Шифти паст, бошимиз тегиб қолганидан энгашиб юрардик. Оёқ остидаги ердан совуқ, муздай ҳаво уфуради.
Кундузи бир нав, қуёш чиққанидан кейин кумуш кўзгудай ялтираётган туйнук ойнасидан ичкарига ёруғлик тушади; тунда зим-зиё, биров-бировни кўриб бўлмайди; фақат ой тепага кўтарилган пайтдагина қисқа фурсатга ертўла хиёл ёришади.
Казармага кириб келган дастлабки дақиқада бу ер худди очиқ мозордай ҳувиллаб ётарди. «Тиқ»; этган товуш эшитилмасди.
— Ҳусан шу ерда бўлса керак, — дедим Нуралига.
— Бу ерда тирик жон борга ўхшамайди-ку, — деди Нурали.
Казарма ичи хийла катта эди. Туйнук атрофи ёришиб турса-да, бурчак-бурчаклар зим-зиё, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.
— Энди нима бўлади? — деди Равшан шивирлаб.
У довдираб қолганди. Мардлик қилиб «майдон»;да қолишга қолган-у, оқибати бу даражага етишини ўйламаган чоғи, йиғламоқдан бери бўлиб турарди.
— Бошга тушганини кўз кўради, — дедим унга.
Кейин хонага кўз югуртирдим. Менимча, Ҳусан шу ерда бўлиши керак. Бошқа қаердаям бўларди, ахир!
— Даврон ака, — Нуралининг овози келди шу пайт чап томондаги бурчакдан, — бу ёққа келинг.
Бордим.
Қарасам чиндан ҳам Ҳусан... ерда сулайиб ётарди.
— Нафас олмаётганга ўхшайди, — деди Нурали секин.
— Наҳотки? — энгашиб Ҳусаннинг кўксига қулоғимни қўйдим.
Ишонасизми, шунда «гуп»; этиб димоғимга бадбўй ҳид урилди. Хайриятки, Ҳусаннинг юраги билинар-билинмас уриб турарди.
— У тирик, — дедим ҳаяжонланиб. — Қани, ёрдамлашвор, ёруғроқ ерга оборайлик.
Икковлашиб Ҳусанни кўтардик, қалтисроқ ҳаракат қилдикми, Ҳусан жони оғриб кетгандай, қаттиқ инграб юборди.
— Кечир, ука, азоблаб қўйдикми? — дея ғудрандим.
Уни эҳтиёткорлик билан кўтариб туйнук яқинига олиб бориб ётқиздик.
Шунда Ҳусаннинг юзини аниқ кўрдим. Ҳусаннинг соқол-мўйлови ўсиб кетган, ҳаддан ташқари озиб кетганидан баданида эт қолмаган, сарғайиб-кўкариб кетган териси осилиб, чекка, ёноқ, ияк суяклари туртиб чиққанди. Қовоқлари шу қадар ичга тортиб кетгандики, бу ерда кўз эмас, аллақандай чуқурча қорайиб тургандек туйиларди.
Энг даҳшатли манзара эса қоринда эди. Гулруҳ олиб ташлаган ўқларнинг ўрни ўрадек ўйилиб, ичидан ичак-чавоқлари кўриниб турар, ачиган қон аралаш йирингнинг бадбўй ҳиди анқирди.
Равшаннинг асаблари дош беролмади, бурнини бекитиб нари кетди. Янги-да, ҳали кўника олмаяпти.
— Ҳусан, — дедим секин унинг юзини силаб.
Ҳусан титраб кетди, юзига теккан қўлим буни яққол сезди.
— Мени эшитяпсанми, Ҳусан?
Ҳусан секин кўзларини очди. Нурсиз, сўниқ кўзларини бир неча дақиқа тикиб турди-да, яна юмиб олди.
— Танимади, — дея шивирлади Нурали.
Шу чоғ Ҳусан бемадор қўлини хиёл кўтариб қўлимга теккизди. Бу унинг «Сизни танидим, Даврон ака»;, дегани эди.
Ичим эзилиб кетди. Ҳеч қачон ўзимни бунчалар ночор ва иложсиз ҳис этмагандим.
— Вой, буни қаранг! — деб юборди бир маҳал Нурали ҳаяжон ичида.
Қарадим. Қарадим-у, шу заҳоти кўнглим ағдарилиб кетди.
Ҳусаннинг жароҳатидан йирик-йирик қуртлар бирин-сирин ўрмалаб чиқарди!
Бас, бу ҳақда бошқа гапирмайман, гапира олмайман. Эсласам, ҳали-ҳанузгача кўнглим озиб, аъзойи-баданим жимирлаб кетади...
Баракда кечган кунларим казармада ўтказган ҳаётим олдида ҳолва бўлиб қолганди.
Пўлат Дамирович бу ерда ҳам бизни азоблашни бас қилмади. Аксинча, у жуда ҳам ҳаддидан ошиб, қутуриб кетди.
Ҳусанни ташлаб қўймаётганимиз, қўлимиздан келганча унга ғамхўрлик қилаётганимиз учун ҳам, у казармага кириб келганида туйнук олдида турганимиз ёки эшик очилган заҳоти «дик»; этиб ўрнимиздан турмаганимиз учун ҳам, қўйинг-чи, арзимаган баҳонаю сабаблар билан Пўлат Дамировичнинг шахсан ўз қўлларидан калтак ердик.
Пўлат Дамирович табиатан ўта ёвуз кимса экан. Равшан унинг азобларига бардош бера олмади: Пўлат Дамировичнинг қораси кўринган заҳоти уни қалтироқ тутадиган, чап қовоғи тинимсиз равишда пир-пир учадиган бўлиб қолди.
Ваҳший Пўлат Дамирович эса ўсал ётган Ҳусанни ҳам ўз ҳолига қўймасди.
— Ҳа, ўзбошимча, қуртларга ем бўлиб ётибсанми? — дерди у бениҳоя ҳузур қилаётгандек завқ-шавқ билан. — Қўрқма, сени урмайман ҳам, отиб ҳам ташламайман. Сен шу ерда қуртларга ем бўлиб ўлиб кетасан!
Ҳусан аллақачон соб бўлган, сўнгги кунларини яшаётганди, бироқ Пўлат Дамировичга жавобан бениҳоя бахтиёр кимсадек кулиб қараб қўйишга куч топарди.
Мен ҳали-ҳамон бу йигитни тушуна олмасдим.
Бир куни эрталаб иттифоқо эшик ланг очилди-ю, ичкарига қуёш кириб келгандек казарма ёришиб кетди.
Гулруҳ келганди. Соқчи ҳамроҳлигида.
Мени кўрди-ю, у йиғлаб юборди.
Ўлай агар, Гулруҳдан буни кутмагандим.
— Нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? Биров хафа қилдими? — дедим жоним бўғзимга тиқилгудек бўлиб.
— Озиб кетибсиз... Кўринишингиз бир аҳволда... — деди Гулруҳ сўзларини бўлиб-бўлиб.
— Шунгами?.. Мен бўлсам... Хафа бўлманг, ҳаммаси ўтиб кетади. Дарвоқе, Сафаралининг аҳволи қандай?
— Жароҳати битиб қолди. Сизга салом айтди. Ҳадемай у кишиниям бу ёққа ўтказишса керак. Айтганча, манави хатни бериб қўйишимни сўраганди, — Гулруҳ кичкина қилиб тўрт букланган қоғозни қўлимга қистирди.
Хатга қўшиб унинг қўлидан тутдим. Гулруҳ ерга қаради.
— Ҳадемай озод бўлиб қоларсиз... — деди у аллақандай дудмал оҳангда. Кейин туйнук томонга қараркан: — Ҳусанми? Уни бир кўриб қўйсам майлими? — деди.
Мен унга йўл бердим.
— Ҳусан, мени эшитяпсизми, сизни кўришга келдим, — деди Гулруҳ энгашиб.
Ҳусаннинг кўзлари юмуқ эди. Гулруҳнинг овозини эшитди чоғи, кўзларини очди.
— Сизни ўзим даволайман, ҳадемай яхши бўлиб кетасиз, — деди Гулруҳ самимий оҳангда.
Ҳусан кулимсиради, кейин нимагадир бош чайқади.
— Гулруҳ Қосимовна, вақтингиз тугади, — деди эшик олдида турган соқчи.
Гулруҳ изига қайтди.
— Ҳусанни даволаса бўладими? — дея сўрадим аста.
Гулруҳ бош чайқади. Кейин:
— Ер зах, иложи бўлса, ётманг, ўпкангизни олдириб қўясиз, — деди у хайрлашгиси келмаётгандек эшик олдида туриб.
— Ўпка деган нарса қолмади-ёв бизда, — дедим кулиб.
— Сиз шунчалик соғломсизки, битта ўпкангиз тўртта ўпканинг ўрнини босиши мумкин, мен буни аниқ биламан...
Соқчи томоқ қирди.
Гулруҳ эшик томон бурилди.
— Гулруҳ, — дедим атай вақтни чўзиб, уни яна бир дақиқа ёнимда олиб қолиш учун.
Рости, ундан айрилгим келмаётганди-да.
— Иложини топиб, яна келаман, — деди Гулруҳ, — кейин хиёл узалиб юзимдан ўпди ва секин, жуда ҳам паст овозда шивирлади: — Сизни севаман.
Беихтиёр кўзларимдан дувиллаб ёш отилди: умрим бино бўлиб, биринчи марта бундай сўзни эшитишим эди!
Гулруҳ чиқиб кетди.
Эшик ёпилди.
Анча вақтгача турган еримдан жила олмадим. Назаримда, мана ҳозир қулф шарақ-шуруқ қилади-ю, эшик ланг очилиб Гулруҳ кириб келади: «Мен атай эшик ортида тургандим!!!»;.
Бир маҳал хат эсимга тушиб қолди.
Туйнукка яқин бориб, қоғозни ёруққа тутдим: «Гулруҳ мени олиб қолди, акс ҳолда ҳозир мен ҳам сизларнинг ёнингизда бўлардим. У жасур аёл экан. Нимадир қилишинг керак, йўқса ундан айрилиб қолишинг мумкин. П. Д. ҳар оқшомни унинг эшиги ортида ўтказяпти. Кеча тасодифан бир гапини эшитиб қолдим: »;Казармадан дўстларингизни озод қилсам, менга турмушга чиқасизми?!".
Севги шўрликни адойи-тамом қилган кўринади.
Кўришгунча.
Мендан хавотир олма. Анча яхши бўлиб қолдим. Сафарали".
Дўстимнинг қўли билан шошиб-пишиб, қинғир-қийшиқ ёзилган сўзлар юрагимга ўқдек қадалди. Ҳаловатимни йўқотдим.
«Гулруҳнинг казармага киришига рухсат бериши ҳам бежиз эмас. Пўлат Дамирович бизнинг аҳволимизни Гулруҳ ўз кўзи билан кўришини истаган, шунда эҳтимол, таклифига осонликча кўнишдан умидвор бўлган...»;
Кунни минг азоб билан кеч қилдим. Ўлмас овқат — ёвғон шўрва ҳам томоғимдан ўтмади.
Туйнук олдида тик турганча тунни ўтказдим. Айниқса, тонгга яқин шу қадар сиқилиб кетдимки, яшагим келмай қолди.
«Икки қулоч арқон... кифоя... Лекин қани ўша арқон? Бу ердан ҳатто занглаган сим ҳам тополмайсан?»;
Бир маҳал Ҳусаннинг:
— Сув-в... — дея инграгани қулоғимга чалинди.
— Сув? Ҳозир, жиндай сабр қил, тонг отиб қолди, соқчилар ҳадемай нонуштамизни олиб келишади, — дедим Ҳусаннинг ёнига чўк тушиб.
— Сув-в... — яна ингради у.
Қани энди вақт тезроқ ўтса!.. Ярамас соқчилар соат саккиз бўлмасдан нонушта беришмайди.
— Сув-в...
Иложсизликдан пешонамни деворга уриб ёрай дердим. Жон бериши арафасида ётган одамнинг сўнгги илтимосини бажара олмаслик...
Деворга суянганча ухлаётган Нурали ирғиб ўрнидан туриб эшикка мушти билан ура кетди:
— Сув беринглар! Сув! Бир қултум сув беринглар!
Унга жавобан ҳеч қандай сас-садо бўлмади.
Нурали эшикни уравериб чарчади.
— Ярим соат қолди, Ҳусан, озгина сабр қил, соқчилар келиши билан сувни қўлларидан оламан-у, сенга бераман, тўйгунингча, қонгунингча ичасан. Кейин Гулруҳ келади. У сени даволайди. Мана кўрасан, бир ҳафта ичида отдай бўлиб кетасан. Унинг қўли енгил. Жудаям енгил...
Мен тўхтовсиз, нафас ростламасдан гапирардим, Ҳусанни чалғитишга уринардим, иттифоқо, гап орасида Ҳусаннинг худди соғлом, ҳеч қаери лат емаган одамдай кўзларини катта-катта очиб, менга диққат билан тикилиб ётганига кўзим тушди-ю, беихтиёр жим бўлиб қолдим.
Зеро, бу нигоҳ ниҳоят узоқ, зориқиб кутган ва мақсадига эришган одамнинг қарашини эслатди менга.
Балки адашаётгандирман...
— Даврон ака, менга бир қултумгина сув берсангиз, бас, бошқа ҳеч нарса керакмас, — деди Ҳусан кутилмаганда дона-дона қилиб.
— Ҳусан...
— Менга раҳмингиз келмасин... Мен шундай қисматга лойиқман...
— Гулруҳ яхши хирург. У...
— Уф! Нега одамлар ўз ҳолимга қўймайди?!. — Билмадим, бундай куч қайдан пайдо бўлди, Ҳусан бирдан жазавага тушиб бақира кетди: — Мен қотилман, тушуняпсизми, қотилман! Севган қизимни ўлдирганман!.. Ўн беш йилга қамашганди... Отам пулнинг кучи билан икки йилда чиқариб олди... Бутун айбни ўртоғимга юклашди... Қилмишимга яраша жазо олишимга ҳам қўйишмади! Мен қўғирчоқ эмас, одамман, ахир! Қилмишимга яраша жазо олмадимми, азобланишим, азоб тортишим керак. Шунда эҳтимол, унинг руҳи олдида айбим енгиллашар...
Ҳусан гўё сўнгги куч-қувватни ҳам сарфлаб бўлгандек жим бўлиб қолди.
Унга қараб, нигоҳларида улкан армон, афсус-надомат ва садоқатни кўрдим.
Шу куни тушга яқин у оламдан ўтди...
Эртаси куни кечаси, соат чамаси ўн иккилар атрофида, ҳе йўқ-бе йўқ, соқчилардан бири келиб мени казармадан олиб чиқди.
Нурали билан Равшан ортимдан хавотир билан қараб қолишди.
Кўнглимдан нималар кечмади, дейсиз?!
Казармадан то конторагача бўлган қисқа масофани босиб ўтгунча йиллар ўтиб кетгандек бўлди, назаримда.
— Бемаҳалда безовта қилмадимми? — Ҳаким Назарич ҳеч нарса бўлмагандек, ўзига хос табассум билан қарши олганида мен деярли беҳуш эдим. — Даврон...
Ҳаким Назарич қўлини кўз олдимда силкитди.
— Эшитаман, — дедим ўзимни ўнглаб.
— Ўтиринг, — деди Ҳаким Назарич.
Ўтирдим.
Ҳаким Назарич рўпарамга келиб турди. Унинг қизил югурган юзига қарагим келмасдан нигоҳимни олиб қочдим.
Сейф устида яримланган ароқ шишаси билан стакан турарди. Тушунарли, юзининг қизиллиги бежиз эмас.
— Кўнглингиздан нималар ўтаётганини сал-пал англаб турибман, — дея гап бошлади Ҳаким Назарич. — Ҳаммаси ҳақида кейинроқ, бафуржа гаплашиб олармиз, агар насиб қилса. Ҳозир вазият анча нозик. Ёрдамингизга муҳтож бўлганим ва айниқса, анча-мунча гаплардан хабардор эканлигингиз учун вазиятни тўғри баҳолай олишингизга ишонганим сабабли сизни бу ерга чақирдим...
Ҳаким Назарич жим бўлиб қолди. Афтидан, менинг нимадир дейишимни кутарди.
Атай мум тишлагандек ўтиравердим.
— Ичасизми? — сўради у.
— Йўқ, — дедим тўнг оҳангда.
Ҳаким Назарич стаканни яримлатиб ароқ қуйди-да, бир кўтаришда бўшатди, сўнг муштини оғзига босди.
— Кеча кечаси Пўлат Дамирович бренди шишасини қучоқлаганча медпункт эшиги олдида ухлаб қолибди. Алламаҳалда хотини Александра Павловна келиб машинага босиб олиб кетди. Ўн кундан буён аҳвол шу. Пўлат Дамирович шу пайтгача кўп пул топиб, босар-тусарини билмай қолган одам эди. Энди бўлса нима қилаётганини англамаётган одамга айланибди. Ҳатто хотини билан ажралишга ҳам қарор қилибди.
Ҳаким Назарич менга синовчан тикилиб қўйди. Индамай ўтиравердим. Шундан сўнг ҳамсуҳбатим яна гапида давом этди:
— Бундан Александра Павловнанинг қаттиқ жаҳли чиқиб юрибди. Миш-мишларга қараганда, Александра Павловна: «Эримнинг суюқ ва енгилтаклигини кечиришим мумкин, очиғи, кечириб келяпман шу чоққача, аммо-лекин бошқа бир аёлни севиб қолишига йўл қўймайман!»; деганмиш. Кейин эрига бир ҳафта муҳлат берганмиш ва: «Эсинг борида этагингни ёпиб ол, Пўлат, етар шунча йил эркалигингни кўтарганим, дадамга бир оғиз айтсам, сен ҳам, ўша ҳурлиқо севгилинг ҳам ўзларингни ё қора ер бағрида, ё бўлмаса осмону фалакда кўрасанлар!»; деб огоҳлантирганмиш...
— Хотинларнинг одатдаги дўқ-пўписаси, — дедим Ҳаким Назаричнинг сўзини бўлиб.
— Александра Павловнанинг қўлидан ҳар бало келади. Тўғри, ўзи аёл сифатида баъзи бир салбий қусурлардан холи эмас. Лекин у кишининг муҳтарам падари бузруквори таниқли мультимиллионер, қўлини қаёққа узатса етадиган ишбилармон. Яккаю ёлғиз қизининг кўзидан ёшини оқизиб, томоша қилиб ўтирмайди. Иш жиддий олса, худо кўрсатмасин, ҳўлу қуруқ баравар ёнадиган даҳшатли ёнғин содир бўлиши турган гап. Биринчи навбатда Пўлат Дамирович ва у кишининг отаси — уддабурон ишбилармон Дамир Вагизовлар хароб бўлишади. Нега деганда, иккала ота, иккала ишбилармон қуда бўлганларидан кейин сармояларининг асосий қисмини бирлаштириб жуда катта, кенг кўламли ишни йўлга қўйишганди. Шунинг учун ҳам бечора Пўлат Дамирович хотини билан ажраша олмайди. Модомики ажрашишга қарор қилибдими, бу ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг...
— Сизни тушунгандек бўляпман, — дедим энди сал юмшаб.
— Агар Гулруҳ бу ердан кетмаса, — дея гапини давом эттирди Ҳаким Назарич андак енгил тортгандек бўлиб, — айбсиз айбдор бўлиб қолиши, бошига кўп савдолар тушиши мумкин. Мен уни биргина сизга ишонаман. Уни олиб кетинг бу ердан. Икки кун ичида иложини топиб сизларни поездга ёки самолётга чиқариб қўяман. Розимисиз?
— Розиман. Лекин бошқалар-чи?
— Бошқалар билан ишингиз бўлмасин, — деди Ҳаким Назарич овози ўзгариб.
— Лекин...
— ...
Юрагим сиқилиб кетди.
— Ҳаким Назарич, келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик, — дедим пайтдан фойдаланиб қолишга қарор қилиб. — Янги келганларнинг сўзлари рост бўлса, бу ёғини нима деб тушуниш мумкин? Ахир бу ноинсофлик, йўқ, ундан ҳам баттар! Ҳатто нима деб айтишга ҳам тил бормайдиган жиноят-ку!
— Мен ҳеч кимни бу ерга илтимос қилиб чақирганим йўқ. Ўзлари, ўз ихтиёрлари билан келишган, — деди Ҳаким Назарич чўнтагидан сигарет қутисини оларкан.
— Ҳаким Назарич, биз, ҳаммамиз сизнинг буюртмангизга мувофиқ бу ерда юрибмиз-ку, яшириб нима қиласиз?!
— Бироқ мен сизларни иссиққина уйингиздан етаклаб чиққаним йўқ-ку! Тўғрими? Фақат рост жавоб беринг! — деди Ҳаким Назарич қизишиб, у ҳаяжонланганидан ҳалидан буён зажигалкасини ёқа олмасди.
— Тўғри, — дея ғўлдирадим ноилож.
— Хўш, таклифимга розимисиз?
— Розиман. Лекин бошқаларни ташлаб қандай кетаман?..
— Менимча, Сафарали дўстингиз, шекилли?
— Ҳа.
— Унга ҳам жавоб. Бирга кетасизлар. Бўлди, ҳаддингизни билиб, бас қилинг. Яхшиси, йўлга тайёргарлик кўринг. Фақат бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрманг! Боринг энди...
Ҳаким Назарич орқа ўгирди.
Йўлакка чиқдим.
Бир дақиқадан сўнг ўгирилиб ичкарига бош суқдим.
Яна нимадир демоқчи эдим. Лекин Ҳаким Назарич мени пайқамади, унинг қўлида бўш стакан, ҳорғин қиёфада, ўз хаёллари ва сархушликка ғарқ бир алпозда ўтирарди.
Орадан икки кун ўтди.
Ахийри аэропортга етиб келдик.
Самолёт учишига бор-йўғи ярим соат қолган экан. Ҳаким Назарич чўнтагидан учта паспорт ва учта чипта чиқарди.
Шундан кейин у энг аввало Гулруҳ билан, сўнг Сафарали билан самимий хайрлашди-да, муҳим гапи бордай мени бир чеккага тортди.
— Нимадир демоқчисиз, шекилли? — дедим қимтиниб, аллақандай безовта назар ташлаётган Ҳаким Назаричга юзланиб.
— Ҳа, топдингиз... Гулруҳ сизга омонат, дўстим! Мен... биласизми, ўйлаб кўриб... бир қарорга келганимдан кейин албатта уни қидириб бораман. Албатта бораман! Унгача омонатимни эҳтиёт қилинг, сиздан биргина ўтинчим шу!
Ҳаким Назаричнинг сўзлари юрагимга тошдек ботди.

* * *
Шундай қилиб, юртимизга эсон-омон келиб олдик.
Саодатнинг мени кутишга тоқати етмабди, бир ой бўлган экан турмушга чиққанига...
Лекин мен билан расман ажрашмагани учун янги турмуш ўртоғи билан никоҳдан ўтолмаган экан. Келганимни бировлардан эшитибди-ю, талоқ хати талаб қилиб келди.
Нима ҳам дердим? Ундан:
— Мен юборган пулларни олдингми? — деб сўрадим.
Хотиним (энди собиқ) жуда ҳам ҳайрон қолиб:
— Қанақа пул?! Сиз менга пул жўнатганмидингиз?! — деб жавоб берди.
Икки ойнинг нари-берисида Саодат билан орамиз очиқ бўлди. У энди менга бутунлай бегона...
Гулруҳ билан тез-тез учрашиб турардик. Баъзи кунлари эртадан кечгача, гоҳида кечки беш-олтидан бошлаб то ярим кечагача шаҳарнинг энг кўркам, соя-салқин боғларида сайр қилардик, суҳбатлашардик. Бир неча марта тоққа дам олишга бориб келдик.
Мен бахтиёр эдим.
Гулруҳ ҳам хурсанд эди; менга нигоҳи тушганида кўзлари қувончдан порлаб кетарди.
Сиртдан қараганда ҳаммаси жойидага ўхшарди. Аммо... юрагимни тошдек эзиб ётган жуда ҳам улкан ғусса бор эдики, ундан сира ҳам қутула олмаётгандим... Мени Ҳаким Назаричнинг машъум сўзлари тинмай таъқиб этарди: «Гулруҳ сизга омонат, дўстим! Мен... биласизми, ўйлаб кўриб... бир қарорга келганимдан кейин албатта уни қидириб бораман. Албатта бораман! Унгача омонатимни эҳтиёт қилинг, сиздан биргина ўтинчим шу!..»;
Шундай кунларнинг бирида эрталаб эшик қўнғироғи жиринглади.
Ҳали соқол олишга ҳам улгурмагандим. Елкамга сочиқни ташлаганча бориб эшикни очдим.
Остонада... Ҳаким Назарич турарди!
Ҳайкалдай қотиб қолдим.
У ўзига хос назокатли табассуми билан кулимсиради:
— Безовта қилмадимми?
Мен уни бир амаллаб уйга таклиф қилдим. Тўғриси, бошида Ҳаким Назарич билан бирга совуқ ўлка нафаси кириб келгандек этим жунжикиб кетди. Бироқ бу ҳол тез ўтиб кетди.
— Қайноқ, аччиққина чойнинг ўрнини ҳеч қандай ичимлик боса олмайди-да, — деди Ҳаким Назарич дастурхон атрофида ўтирганимизда.
— Бутунлай келдингизми? — деб сўрадим ундан, чунки авзойидан шунга ишора бордай эди.
— Ҳали бутунлай келдим, дея олмайман. Пича вақт бор бунга, — деди Ҳаким Назарич. — Аммо ишларимни бир ёқлик қилдим.
— Айтгандай, Пўлат Дамирович қандай? — сўрадим.
— Пўлат Дамирович анча вақт ўзига келолмай юрди. Мен билан уришиб, ишдан бўшаб кетди. Аммо ҳозир тузук, ҳатто жуда яхши десам ҳам бўлади, Александра Павловна ваҳима қилган тўс-тўполонлар юз бермади, у ҳар қалай, тилини тия олди. Айтишади-ку, идишнинг тошиб чиқишига сўнгги томчи етмай турганида ҳам пулдорлар ақл билан иш юритадилар деб. Яқинда эр-хотин бизникига келишди. Биласиз-ку, Ксения Сергеевна билан Александра Павловнанинг ўзаро борди-келдилари бор. Пўлат Дамировични ўшандан буён энди кўришим эди. Ўзига келиши анча қийин бўлган чоғи, бечора пати юлинган бургутдай шумшайиб қолибди. Афтидан, унга энди барибир эди. Лекин кўп ўтира олмади. Ҳали ҳам мендан хафа эканлиги, арази тарқалмаганини, бу ерга хотинининг қистови билан келганини сездириб қўйди...
— Ҳаким ака, ўша қурилиш ҳақиқатан ҳам Аҳмадбейга тегишли эдими? — деб сўрадим ундан.
— Ҳа, шахсан Аҳмадбейга тегишли эди. У менга устоздай бўлиб қолганди. Бундан анча йиллар илгари отам айтган қизга уйланмасдан уйдан чиқиб кетиб, кўча-кўйда дайдиб юрган вақтларимда у мени қаноти остига олган. Обдон эзиб ишлатди ҳам, иш ўргатди ҳам. Тажрибам ортди. Мустақил иш юритишни ҳам эплардим. Шундан кейин у инон-ихтиёрини менга бериб қўйди. Бунинг исботига мисол сифатида ўша қурилишни айтишим мумкин. Аҳмадбей керакли маблағ билан таъминлаб турарди, лекин мен иқтисод қилиш, маблағнинг бир қисмини уриб қолиш мақсадида ишга ҳақиқий қурувчи-ишчиларни эмас, мўмай даромад илинжида изғиб юрган, ноқонуний келиб қолган мигрантларни, гастербайтерларни ишга ёллардим. Бунинг ҳаммаси очкўзлик оқибати эди. Буни мўмай даромад қаршисида довдираб қолиш деса ҳам бўлади. Афсуски, буни кечроқ тушундим... — Ҳаким Назарич ерга қараганча жим бўлиб қолди.
— Худо қарғаган шўрликларни ҳалиям эзиб ишлатяпсизми? — дедим авзойим бузилиб.
— Йўқ. Бугун роппа-роса бир ой бўлди уларга жавоб бериб юборганимга. Барисини имконим даражасида рози қилдим... Мана бу эса... — Ҳаким Назарич ички чўнтагидан чек дафтарчасини олди-да, орасидан бир варағини йиртиб, қўлимга тутди: — Мана бу сизнинг иш ҳақингиз...
Мен ундан кўзимни узмай, тикилиб туравердим.
— Тушунинг, ўша вақтда бошқа иложим йўқ эди! — деди у зорлангандай бўлиб.
Шунда ҳам қилт этмадим.
Кутилмаганда у ўрнидан турди. Мен ҳам қўзғалдим.
Эшик олдигача жим бордик.
— Даврон, — деди Ҳаким Назарич остонага етганида таққа тўхтаб. — Гулруҳни қандай топсам бўлади?
Кўзларимдан ўт чиқиб кетди. Аммо ўзимни босдим. Ахир у менга «омонат»; деб топширилган эди. Нима бўлса бўлар. Ҳаммаси тақдир ҳукмига ҳавола!
— Гулруҳ ҳозир ишда, — дедим. — Ярим соатлардан кейин чиқиб қолса керак.
— Ишхонаси атрофида кутиб тура қолайлик, — деди Ҳаким Назарич.
Йўлга тушдик.
Ҳаво беназир эди. Чарақлаётган қуёшнинг кумушранг ёғдуси дарахт япроқларида, йўл четидаги уйларнинг деразаларида жилва қиларди.
Фақат менинг кўнглим осмонини қуюқ булут қоплаганди. Ҳар бир ташлаган қадамим ғуссали истиқболим сари етаклаётгандек туйиларди.
— Шу ерда тура қолайлик, — дедим Гулруҳ ишлайдиган касалхона дарвозасидан пича берида тўхтаб.
— Хўп-п...
Э, худо, буни қаранг, Ҳаким Назаричнинг юзи шу қадар ўзгариб кетгандики!.. Бурун катаклари пир-пир учишини қаранг.
Кўп ўтмасдан Гулруҳ касалхона дарвозасидан чиқди. Мени кўрди, қўлини силкиб қўйди. Ҳаким Назаричга эътибор бермади ё эътибор берса ҳам танимади.
Гулруҳ тез-тез юриб келаверди, келаверди, келаверди, атиги икки қадам қолганда бирдан таққа тўхтади.
— Ҳаким ака?!
Э, худо, намунча бақирмаса? Шунчалик хурсанд бўлиб кетади, деб ўйламагандим...
— Омонмисиз, Гулруҳ?
Улар қўл бериб кўришишди.
— Мен шошиб тургандим. Борақолай, — дедим ўзимни ортиқча сезиб.
Гулруҳ менга ҳайрон бўлиб қаради.
Ҳаким Назарич Гулруҳни тирсагидан тутиб четга олиб чиқди. Унинг:
— Тошкентнинг энг зўр ресторанига таклиф қилсангиз йўқ демасдим, Гулруҳ, — деганини эшитдим.
«Устомон! Хотинбоз!»;
Кетишим керак, бу ерда туриш ноқулай, аммо кета олмасдим. Тош боғлангандек оёқларимни ердан узолмасдим. Қарамайин, дердим, аммо нигоҳларимни олиб қочолмасдим, лаҳза сайин узоқлашаётган Гулруҳнинг ортидан қараб турардим.
«Яна бироз юришса катта йўлга чиқишади. Кейин дуч келган машинага ўтиришади-ю, кўздан ғойиб бўлишади»;, — миямда фақат шу фикр гир-гир айланарди.
Бир маҳал... улар юришдан тўхташди.
Гулруҳ бош эгиб турар, Ҳаким Назарич нималарнидир куйиб-пишиб сўзларди. «Кет! Кетсанг-чи бу ердан, — дердим ўзимга ўзим. — Нега қаққайиб турибсан?! Нимадан умидвор бўляпсан? Саодатли кунларинг тугади, тамом бўлди. Наҳотки шуни сезмаётган бўлсанг?!»;
Бир маҳал... улар яна юришда давом этишди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, Гулруҳ икки марта ортига қараб қўйди. Мен бўлсам эс-ҳушидан айрилган овсардек... тутун ичида... туман ичида тургандек... икки шарпадан бошқа ҳеч нарсага, ҳеч кимга парво қилмасдан тураверибман, тураверибман...
Бир маҳал...
Ё раббим!
Кўзларимга ишонмасдим! Бу қачон рўй берганига ақлим бовар қилмасди! Гулруҳ, нозик-ниҳол малагим, сув юзида сузиб юрган нилуфарим мен томон шамолдек елиб келарди!..
Мен Гулруҳ томон отилдим...
Тамом.


AvvalgiII- qism Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика