Ёлғизлик қурбони (ҳикоя) [Zulfiya Qurolboy qizi]

Ёлғизлик қурбони (ҳикоя) [Zulfiya Qurolboy qizi]
Ёлғизлик қурбони (ҳикоя) [Zulfiya Qurolboy qizi]
Улфат аканинг ўлимидан кейин Тамара хола ёлғизланиб қолди...
Гарчи бефарзанд бўлсалар-да, қирқ йиллик турмушлари давомида эри билан ёмон яшашмаганди. Фарзанд бўлмаганидан кейин эр-хотин бир-бирига суяниб қоларкан-да. Бундай эр-хотинларнинг қай бири аввалроқ оламдан ўтса, бева қолганининг машъум айрилиққа кўникиши осон кечмас экан.
Тамара хола ҳам эрининг ўлимидан кейин авваллари тўтиқуш сақланадиган каталакдай тор қафас бўлиб туюладиган, айни замонда ҳайҳотдай ҳувиллаб қолган икки хоналик уйда ёлғиз ўзи сўппайиб қолди. Қариндош-уруғлар ҳам ўз йўлига экан, ҳаммаси тирикчилик ташвишлари билан андармон бўлиб Тамара хола ҳақида ўйлашмасди, фақат бегим кунлардагина эрталаб ишга ёки у ёқ-буёққа кетишлари олдидан бирровгина кириб ўтишади. Бу ҳол Улфат аканинг қирқи ўтгунча давом этди холос. Кейин уларнинг қадамлари тийилди. Бутунлай ёлғиз қолган аёл ҳақида эса ҳеч бири ташвишланмасди. «Унинг ўзини ўйлашдан бошқа ташвиши йўқ, дейишса керак-да», деб қўярди Тамара хола қариндошларининг беъетиборлиги эсига тушиб, ич-ичидан улардан домангир бўла бошлаганида.
Бундан тўрт-беш йил муқаддам эрининг кўп болали синглиси балоғатга етиб қолган ўғилларидан бирини фарзандликка бермоқчи бўлганида Тамара хола буни рад этганди. Чунки болажон сингил шарт қўйганди: «Ўғлимни ўзингиз ўқитиб, ўзингиз уйли-жойли қиласиз!» Бу гап Тамара холага ёқмади. Ахир эри заводда оддий ишчи бўлса, топгани у ойдан бу ойга базўр етиб турган бўлса, қандай қилиб бола боқади, ўқитади, уйлантиради? Акасининг ғамини еган сингил хайр қилса бутун қилмайдими, яъни ўғлини ўқитиб, олий маълумотли қилиб, уйлантириб, кейин фарзандликка бермайдими?
– Йўқ! – кескин жавоб берди ўшанда Тамара хола эрига. – Дилора битта бўлсаям ташвишни бошидан соқит қилиш учун ўғлини бизга бермоқчи бўлаётганини жуда яхши тушуниб турибман. Шунинг учун ҳам ўғлини фарзандликка олмаймиз!
Раҳматли эри очиқчасига бир сўз демаса-да, анчайин ғамгин бўлиб қолди. Шўрлик ўзича аллақандай ёқимли хомхаёлларга бориб юрган эканми, бирдан тарвузи қўлтиғидан тушиб, маҳзун тортди. Тамара хола буни сезди, лекин ён бергиси келмади.
– Майли, Дилоранинг ўғлини фарзандликка олдик ҳам дейлик, – дея ўзининг ҳақлигини исботлашга тушди Тамара хола ўшанда. – Лекин биз уни қандай боқамиз? Сўлоқмондай йигит-а? Бир марта уйларига борганда кўрганман, ўша бола иккита патир нонни пок-покиза тушириб олиб, ҳеч нарса кўрмагандай онасидан: «Яна нима бор ейишга?» деб сўраганини. Иккита патирга тўймаган болани биз қандай тўйдирамиз? Тўймасни тўйдириб бўладими?
– Балки бу ҳам Худонинг иноятидир, – деди Улфат ака оҳиста. – Ахир ким ҳам ўз фарзандини бировга берарди, агар Худо кўнглига солмаса? Гап қийинчиликда эмасдир балки? Ўйлаб кўришимиз керакдир... Балки Худо...
– Мен ўйлаб бўлдим! Агар Худо бор бўлса, аввало ўзимизга берарди-да! Қолганини ўзингиз ўзингизга сўрайверинг, – деди Тамара хола шартта эрининг гапини кесиб.
Улфат ака жим бўлди. Бошқа гапирмади. Аммо ҳар доимгидай чала қолган гапининг давомини ичида охирига етказди: «Балки Худо ўз марҳаматини бошқалар орқали бизга юбораётгандир?..»
Тамара холанинг назарида, раҳматли эри ўшанда ич-ичидан хафа бўлгандир, аммо миқ этиб бошқа эътироз билдирмади, ҳатто гапни давом эттиришга, нимадир дейишга уринмади ҳам. Тамара хола эрининг феълини яхши биларди, бундай ваҳимали гапдан кейин Улфат ака ҳар қандай ҳузур-ҳаловатли орзусидан воз кечиб қўя қолади. Чунки ўзига ишонмайди. Ва яна арзимаган маошидан бошқа ортиқча даромади бўлмаса! Бошқа иш қўлидан келмаса! Неча йиллардан буён фақат икки киши учун ишлаб, икки кишилик харажат учун бош қотириб ўрганиб қолганлари ҳам уларга панд берди ўшанда. Улар фақат ўзларини ўйлаб яшашга кўниккан эдилар. Учинчи бир одамнинг ғамини ейиш, ташвишини қилиш улар учун улкан, ҳал этилиши қийин бўлган муаммодай туюларди. Баъзиларга ўхшаб ҳолига қарамасдан таваккал қилишга юраклари бетламасди.
Айниқса, қайинсинглиси Дилоранинг орқа-олдини ўйламасдан йилма-йил туғиб ташлайверганини Тамара хола ҳеч ҳам ҳазм қила олмасди. Ахир тўққизта болани боқиб, катта қилишнинг ўзи бўладими? Катта қилгандан кейин ҳам болаларнинг ташвиши тугамайди. Энди уларнинг келажагини ўйлаш масаласи кўндаланг туради. Бундай шароитда одам ўзи учун бир дақиқа ҳам яшай олмайди-ку!
Дилора ўшанда таклифини рад этганлари учун акаси билан янгасидан хафа бўлгандир, лекин буни сиртига чиқармади, аксинча, сал тепадан келгандай бўлди:
– Сизларга ачинганимдан ўғлимни берақолай дегандим. Майли, ўзингиз биласиз. Менинг кўчада қолган болам йўқ!
Ҳа, у худди шундай деди. Эътибор берилса, мана шу гапларининг ўзиданоқ Дилоранинг хафа бўлгани англашилиб турибди-ку! Тамара холанинг роса тили қичиди, «Эплаб боқолмай қолганингдан кейин ўзинг болангни бермоқчи бўляпсан-ку!» деб қайинсинглисини узиб олмоқчи бўлди-ю, охирги дақиқада ўзини тийиб қолди. «Майли, эримнинг ҳаққи-ҳурмати уни аядим», – дея ўзини тинчлантирди у.
Шундан кейин Дилора фарзанд ҳақида умуман оғиз очмайдиган, уйларига ҳам онда-сонда келадиган бўлди.
Улфат ака икки-уч кун ўйчан бўлиб юрди-да, ахийри Тамара холага юрагини ёрди:
– Дилоранинг ўғлини фарзандликка олмай тўғри қилибмиз. Болани яхши едиролмасак, яхши кийинтиролмасак уволига қолардик! Ахир бола – бегуноҳ фаришта, унинг орзуларини, талабларини рўёбга чиқара олмаслик – гуноҳ!
Эр-хотиннинг бир-бирларига ўхшаб кетадиган томонлари мана шунда эди. Томоқ берган Худо насибасини ҳам берар-да, дея аллақандай саробдан умидвор бўла олишмасди. Аммо қандайдир бир мўъжиза юз беришини орзу қилиш ва кутишдан чарчашмасди. Орзулари ушалай деганда эса… қўрқув журъатларини сўндирарди.
Раҳматли Улфат ака камгап, ичимдагини топ дейдиган одамлар тоифасидан бўлгани учун қирқ йил бирга яшаган бўлсалар-да, Тамара хола эрининг кўнглидан нелар кечаётганини англай олмаган. Фақат баъзи масалалар бўйича фикрлари бир ердан чиққани туфайли: «Эримнинг қандай одам эканлигини яхши биламан», деган хулосага келган, ҳатто қазоси етган тақдирда Улфат ака ўлими олдидан нима дейишига қадар биларди: «Биз яхши ва мазмунли яшадик, Тамара. Бунинг учун сендан миннатдорман!..» Бироқ кутилмаганда бунинг мутлақо тес¬кариси содир бўлди...
Улфат ака нафақага чиқиш ҳаракатида керакли ҳужжатларни тўғрилаб юрган кунларнинг бирида тўсатдан тоби қочиб ётиб қолди. Тумов деса тумовга ўхшамасди, шамоллаш деса шамоллашга; оз-моз иситмаси чиқардию тушарди.
Касалхонага боришга Улфат ака кўнмади. Тамара хола бу ҳақда гапирганида эшитишни истамагандек тес¬кари қаради. Фақат жон берадиган куни эрталаб Тамара хола қайноққина сут олиб келганида Улфат аканинг пешонасига муштлаганча, унсиз йиғлаётганини кўрди...
Тамара хола ғалати бўлиб кетди, лекин барибир шифокор чақиртирди. Дўхтир келиб беморни эмлаб кетди, аммо тайинли бир нима демади; холанинг саволига жавобан ғўлдираб қўйди холос.
Шу куни Улфат ака тинчланганидан кейин ярим коса сут ичди-да, ухлаш учун кўзларини юмдию, қайтиб очмади.
Мурдани дафн этиш учун справка берган дўхтирнинг айтишича, Улфат ака юрак хуружидан вафот этганмиш. Бу гапни эшитган Тамара холанинг жон-пони чиқиб кетди. Унинг фикрича, дўхтир ташхис қўйишда янглишган. Ҳозирги дўхтирлар ҳам дўхтирми? Миненгит билан мигреннинг фарқига боришмайди!
Улфат аканинг юрак хуружига учраши, яъни инфаркт бўлиши мумкин эмас. Ахир, раҳматли бирор марта ҳам юрагидан шикоят қилмаган. Қолаверса, нега энди Улфат ака инфаркт бўлиши керак? Ўзи ва хотинининг ташвишини қилишдан, бош қотиришдан ўзга муаммоси бўлмаган одамнинг бундай оғир дардга йўлиқиши мумкин эмас! Ана, Дилоранинг эрини айтса бўлади “ҳадемай инфаркт бўлиб ўлиб кетади!” деб. Тўққизта бола-я! Дилора шўрлик шунинг учун ҳам битта кўйлакни беш йиллаб кияди-да! Уй-жойига қараб бўлмайди. Бунақа уйда тўй қилиш тугул иккита меҳмон чақиришга ҳам уялади одам. Дилора билан эри эртаю кеч бош кўтармай ишлашади, қўлларига илинган нарсани чумолидай уйларига ташмалайди, лекин барибир ҳеч ҳам бирлари икки бўлмайди. Шу ҳам яшаш бўлдими? Шўрлик Дилора тўққизта боласининг юзидан бошқа нимани ҳам кўрди? Пешоб ҳидидан бошқа ҳидни билмаса ҳам керак. “Мен ҳам яшаяпман!” деб ўйласа ажабмас юраги ғурурга тўлиб.
Тамара хола эса бундай ҳаётни, турмуш тарзини ҳеч қачон ўзига раво кўрмайди. Тўғри, фарзанддан юз ўгирмасди, лекин, очиғи, ҳеч қачон бола сонини тўққизтага етказмасди. Бир ўғил ва бир қиз. Етади. Бундан ортиғи керакмас. Бу дунёда ҳар бандадан битта ёки иккита нишона қолса бўлди-да. Сони кўп, сифати йўқ “маҳсулот”нинг кимга кераги бор?!
Раҳматли эрининг Ортиқали деган бир оғайниси бўларди. Шу кишининг тўртта ўғли бор эди. Аммо тўртталаси ҳам ногирон эди. Аравачада бири букчайиб, бири энгашиб ўтирган қинғир-қийшиқ (астағфурулло!) болаларни кўрганида Тамара холанинг юраги орқага тортиб кетарди. Тангри таоло кўзингни куйдириб, юрагингни ўртайдиган бундай фарзандларни берганидан кўра... йиғиб-териб олиб қўйгани яхши эмасми?.. Тамара хола даҳрий ҳам, художўй ҳам эмасди, лекин бундай нохуш манзарага дуч келганида Худога шак келтираётганини сезмай қоларди. Пировардида, сезиб қолган тақдирида ҳам бундан пушаймон қилмасди. Берилган инъом кўзинг ва қалбингни қувонтирмай, йиғлатса... бундай инъомнинг нима кераги бор? Кутилмаганда қурсоғида бола пайдо бўлса ва дўхтирларнинг ақл-заковати билан бу боланинг ногирон бўлиб туғилиши аниқланса, Тамара хола ўша заҳотиёқ, ҳеч иккиланмасдан боладан воз кечарди. Тўғри-да, ногирон боланинг юзига термулиб кунда минг марта ўлиб-тирилганидан кўра бир марта куйгани яхши!
Ана, шўрлик Ортиқали ака уч-тўрт йил аввал шаҳар марказидаги данғиллама ҳолвисини сотиб, қишлоғига кўчиб кетишга мажбур бўлди. Хотини юрак касалига мубтало бўлган экан, шаҳар ҳавоси соғлиғига тўғри келмай қолибди. Мана ногирон фарзандларни дунёга келтиришнинг оқибати! Оғайнисининг қишлоққа кўчиб кетаётганини эшитган Улфат ака ҳам шунга яқин гап айтганди. Кейин елкасини учириб:
– Бу одамларни сира тушуна олмадим-олмадим-да, – деб қўйганди.
Айни замонда Тамара холанинг ҳам тил учида шу сўзлар турганди. Ана энди янада яққолроқ англагандирсиз эр-хотиннинг феъл-атворидаги ўхшаш жиҳатларни? Сизнинг тасаввурингизда ҳам “Булар бир-бири учун яратилган”, деган фикр пайдо бўлдими? Эҳтимол, Тамара холанинг мана бу сўзлари фикрингизга янада ойдинлик киритар: “Биз таркиби бир хил бўлган маҳсулотга ўхшаймиз. Фақат иккита идишга солиб қўйилганмиз-да!..” Энди анг¬лагандирсиз? Ҳа, майли, балки бу сўзлар сизнинг назарингизда аллақандай мавҳум тушунчадек туюлаётгандир, бироқ Тамара хола учун мутлоқ ҳақиқат эди. То эрининг ўлимига қадар...
Дарвоқе, оддий мигрен билан миненгитнинг фарқига бормайдиган ҳозирги табибларнинг вакили бўлган ўша ташхисчи дўхтир яна бир гап айтгандики, буни эшитган Тамара холанинг эсхонаси чиқаёзди: “Улфат аканинг тилдан қолганига икки кун бўлган...” Бунисига нима дейсиз? Йўқ, бу гапга ишониб бўлмайди. Дўхтир одамларнинг юрагига ваҳима солишни хуш кўрадиганлар тоифасидан чоғи, кутилмаган зарбадан эсанкираб қолган шўрлик бандани янада довдиратиш учун айтди бу гапни! Эри икки кун бурун тилдан қолади-ю, буни Тамара хола сезмайдими? Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Агар Улфат ака ҳақиқатан ҳам тилдан қолган бўлганида имо-ишора қилиб бўлса-да Тамара хола билан гаплашарди, фикрини уқтирарди. Лекин у бундай қилмади. Энг ёмони, ҳар икки ҳолатда ҳам Улфат ака хотинини ғафлатда қолдирди. Ўзидан кейин қадди дол бўлувчи хотинига тиргакликка ярайдиган сўнгги сўзларни ўзи билан олиб кетди. “Биз яхши ва мазмунли яшадик, Тамара. Бунинг учун сендан миннатдорман!..” дейиш шунчалик қийинмиди?! Имо-ишора қилса ҳам Тамара хола дарҳол илғаб оларди-ку. Наҳотки Улфат ака энг сўнгги лаҳзаларда Тамара хола билан ўтказган қирқ йиллик ҳаётидан пушаймон бўлиб, надомат чеккан бўлса? Айтишади-ку, кўнгил афсус-надоматга тўлсагина кўздан ёш оқади деб. Акс ҳолда нима учун пешонасига муштлади, нима учун унсиз кўз ёши тўкди?..
Тамара холани ларзага солиб, туну кун беҳаловат қилиб қўйган нарса мана шу савол эди. “Нега? Нима учун у бундай қилди? Нимадан афсусланди?” дея ўйлайвериб Тамара хола адойи тамом бўлаёзди. “Мана, мен соғлом аёл бўлатуриб бепушт эркак билан ёш умримни хазон қилганимга ҳеч қачон пушаймон бўлмадим-ку! – деганча ярим кечасими, тонг олдидами ўрнидан туриб кетади у. – Дўхтирлардан: “Эрингиз ҳеч қачон фарзандлик бўлолмайди, умид қилманг”, деган гапни эшитганимда йигирма етти ёшда эдим. Шартта ажрашиб кетсам бўларди. Аммо бундай қилмадим. Лаънати қўрқув панд берди. Иккинчи эрим Улфат акамдек меҳрибон, садоқатли бўладими-йўқми, деган хавотирдан қўрққаним туфайли ҳам у кишидан ажралгим келмади. Рост-да, қамчисидан қон томадиган эркакка йўлиқиб қолсам нима бўларди? Улфат акам учун менинг сўзим қонун эди. Мен шунга, шундай муомалага ўрганиб қолгандим. Улфат акам шунчалар меҳрибон ва ширинсўз эдики, мен бундай одам дунёда ягона деб ўйлардим, бунга қаттиқ ишонардим. Кимдир хотинини урибди деб эшитиб қолсам юрагим шувиллаб кетарди. Назаримда Улфат акамдан бошқа ҳамма эркак ўта бераҳм, баджаҳл, хотин зотини одам ўрнида кўрмайдиган тошюрак бўлиб туюларди. Тўғри, бизнинг уйда ҳам ора-чора жанжал бўлиб қоларди, лекин бундай дақиқаларда менинг овозим баланд чиқарди,Улфат акам бечора мени тинчлантириш учун қаҳва тайёрлаш билан андармон бўларди. Ўзиям аччиқ қаҳвадан ҳўпласам бас, дарров жаҳлдан тушардим-да... Маошини бир сўм ҳам олиб қолмасдан қўлимга тутарди. “Менам ишлайин”, десам баъзи эркакларга ўхшаб дарров жаҳлига эрк бермасди. “Топиб келганимга қаноат қилиб уйда ўтир!” деб бўкирмасди, лекин хафа бўлиб қоларди. Астойдил хафа бўларди. “Сизга текканимдан буён уйда ўтираман. Бирор ерга ишга кирсам баҳонада ҳунарлиям бўлиб қолардим. Сиз ташлаб кетсангиз, қандай кунимни кўраман?” дея кулиб, кўнглига оғир ботмайдиган қилиб гапирардим. Шунда бечора эрим: “Сени ҳеч қачон ташлаб кетмайман. Кетишга тўғри келиб қолса, бирга кетамиз!” деб жавоб берарди. Мен унинг шу сўзларига ишонибман. У киши алдаган экан-у... Мана, ёлғиз ўзимни ташлаб кетди-ку! Тағин тушуниксиз, сирли бир тарзда... Тавба қилдим, ўйлаб ҳеч ўйимнинг тагига етолмаяпман, эрим ўлими олдидан нимадан бунча афсусланди? Ёшлик чоғимизда, қаршимизда имкониятлар эшиги ланг очиқ турганида ажралиб кетмаганимизгами?.. Ёки болалар уйидан чақалоқ олишни маслаҳат бериб, бу ишда ёрдам беришни ўз бўйнига олган танишимизнинг таклифини рад этгани учунми?.. Виждонан айтганда, икки кишидан иборат кичик мамлакатнинг эрка маликаси бўлсам-да, ўша вақтда бу таклифга қарши чиқмаганман. Аммо эрим журъат қилолмади. “Бировнинг боласи бизга чин фарзанд бўладими-йўқми?” деган шубҳали ўй унинг бир фикрга келишига тўсқинлик қилди. Бу гап менинг ҳам кўнглимни безовта қилиб турганди. Ахир ўзингиз ўйланг, не-не заҳматлар чекиб, оромингиздан, ҳаловатингиздан кечиб бир парча гўштни одам қилсангиз-да, бор куч-қувватингизни йўқотиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолганингизда фарзандингиз сизни ота-она сифатида тан олмаса ёки қонига тортиб, ўғри ё пиёниста бўлиб кетса! “Ген” деган нарса бор-ку. Қолаверса, яхши одам ҳеч қачон яхши фарзандини етимхонага бермайди, қабилидаги ҳар хил ўйлар тинчлик бермаётганди. Бунинг устига айни ўша кунлари асранди бир бола улғайгач, вос-вос касалига йўлиқиб, ўзини боқиб катта қилган ота-онасини болта билан чопиб ташлаганлиги ҳақидаги видеофилм телевизорда намойиш қилинаётганди. Сур-сурлардан кейин маълум бўладики, ўша боланинг ҳақиқий онаси руҳий касал бўлган. Унга ўз туққан боласи аллақандай махлуқ қиёфасида кўринаверганидан қўлига олди дегунча чақалоқни ўлдиришга ҳаракат қилиб қолгани учун суд томонидан оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлади. Ишқилиб, жуда даҳшатли филм эди. Уни кўрганидан кейин ҳар қандай одам асранди боласига гумонсираб қарай бошласа керак. Эрим ишда бўлгани учун бу кинони кўра олмаганди. Мен унга қисқача мазмунини айтиб бердим холос. Аммо шунга қарамасдан, етимхонадан бола олишга жон-жон деб рози эдим. Афсуски, эрим кўнмади. Тўғри, бошида сал-пал унагандай бўлувди, лекин нима учундир бирдан айниб қолди. Менимча, ўша даҳшатли кино панд берди. Кино ҳақида эримга гапирмасам бўларкан ўшанда... Эримнинг ланжлиги менинг ҳам шаштимни қайтарди. Битта болани вояга етказиш, тарбиялаш биз учун жуда ҳам улкан, йиқиб бўлмас тоғдек муаммо бўлиб туюларди. Эплай олмаганимиздан, уқувимиз келмаганидан бировнинг боласини касал қилиб қўйишимиз, Худо кўрсатмасин, умрига зомин бўлиб қолишимиз мумкинлиги ҳақидаги хавотир қуши иккаламизнинг ҳам миямизда ин қуриб олгани учун ҳам биз бир тўхтамга кела олмасдик. Хуллас, етимхонадан бола олиш борасида эримнинг мендан домангир бўлишга ҳаққи йўқ! Озми-кўпми ҳаётимиз давомида эримга ҳурматсизлик қилмадим, хиёнат қилмадим, ҳаммасини ўйлаб, тарозуга солиб, назардан қочирмай яшадим! Биргина Дилоранинг ўғлини фарзандликка олиш масаласида эримга қарши чиққаним рост. Эрим шунинг учун афсус-надомат чекиб, кўз ёши тўкдимикин? Вой бошим! Бунақада жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас...”
Бироқ ўйлмасликнинг ҳам иложи йўқ. Туну кун ёлғиз ўзи бўлганидан кейин... Дардлашиш учун ҳатто ит ҳам йўқ. Қўни-қўшнилардан умид қилмаса ҳам бўлади. Улар яшаётган беш қаватли уй кичик оилалар учун мўлжаллангани учун ҳам бор-йўғи бир ва икки хоналик квартиралардан иборат эди. Бундай квартираларда кўпинча кичик оилалар ўзларини ростлаб олгунча, вақтинча яшашади. Кейин каттароқ уй ёки ҳовлига кўчиб кетишади. Бу «дом»да фақат Улфат ака билан Тамара холагина муқим яшаб қолишди. Бошқалар келишади, кетишади, келишади, кетишади. Шунинг учунми Тамара хола баъзи қўшнилари билан кўча-кўйда шунчаки салом-алик қилгани билан бошқаларини ҳатто танимайди ҳам. Улфат аканинг оламдан ўтганини қўшнилари билмай ҳам қолишди чамаси. Фотиҳага ҳам чиқишмади-да. Ким билсин, балки янги келганлар бўлса, танишмасдан туриб, фотиҳага киришга тортинишгандир? Балки Тамара хола улар билан кирди-чиқди қилмагани учун, улар ҳам ўзларини тортишгандир? Тўғри, Тамара холанинг қўшнилари билан кирди-чиқди қилмаслиги рост. Ёлғизликдан юраги торс ёрилгудай бўлса ҳам хола бирорта қўшнисининг эшигидан бош суқмайди. Чунки у бир марта қадам ранжида қилиб, йўл очиб берса, тамом, баъзи қўшниларини кейин уйидан чиқариб бўпти! Йўқ, улар Тамара холадан ҳол сўрагани киришмайди. Агар аҳамият берган бўлсангиз, доим бировлардан қарз сўраб яшайдиган одамлар тоифаси бўлади. “Тўртта картошка бериб туринг!” “Бир қути гугурт бериб туринг!” Тавба, бир қути гугурт ҳам гапми? Тамара хола ҳам эрининг маоши эвазига яшайди. Ортиқча даромадлари йўқ. Лекин шу ёшга кириб ҳали ҳеч кимдан бир сўм сўрамаган! Қўшниларини яхши билгани учун ҳам Тамара хола уларни кўп ҳам хушлайвермайди. Бундай одамлар билан ҳамсуҳбат бўлганидан кўра ёлғиз ўтиришни афзал билади. Аммо барибир одам тафтини қўмсайди. Зина пиллапояларидан гоҳ тепага кўтарилаётган, гоҳ пастга тушаётган қадам товушларига қулоқ тутади... Булар ярим кечаси ишдан, ўқишдан ёки... бошқа бир ерлардан уйига қайтаётган кишиларнинг қадам товушлари. Улар бошқаларни безовта қилмаслик учун мана шундай, эҳтиёткорлик билан зиналардан чиқиб кетишади. Улар жуда баодоб кишилар. Холага айнан мана шундай кишилар билан қўшничилик қилиш ва ҳамсуҳбат бўлиш ёқади. Лекин улар Тамара холанинг борлигини билишмаса ҳам керак. Кейин нима ҳам қиларди? Ноилож газета-китоб ўқийди. Кўп ўқийди. Аммо эрининг ўлимидан кейин мутолаани ҳам бас қилди. Қўли ишга бормайди, фақат ўй ўйлайди. Сукунатга қулоқ тутади. Аммо ҳеч нарсани илғай олмайди. Фақат жимлик, гунг сукунат...
Аммо тунда ертўлада чийиллаётган каламушларнинггина овози эшитилиб қолади. Ва яна... эшик ортида писиб турган ажал тафтини ҳис қилади. Эҳ, қанийди, ўша ялмоғиз тезроқ кириб кела қолсайди...
Тамара холанинг безовта кўнглини секин-аста муд¬ҳиш ўйлар чулғай бошлади. Унинг яшагиси ҳам келмай қолганди. “Ажалнинг кириб келишини кутиб ўтираманми? Уни ўзим чақириб қўя қолсам-чи? Бу дунёда қиладиган ишим қолмади ҳисоб. Очиқ мозордек ҳувиллаб ётган уйга тириклай кўмилгандай яшашнинг кимга кераги бор? Эртароқ ёнига борсам балки эрим хурсанд бўлармиди...”
Сўнгги ўй нима учундир Тамара холанинг дийдасини юмшатди. Мижжалари намланди. Раҳматли эрига қанчалар боғланиб қолганини мана энди, уни йўқотганидан кейин аввалгидан-да чуқурроқ англади. Худди чўққига чиқиб, атрофига назар солган одамдай бирдан юрагини қўрқув чулғади. Чунки атрофида ҳеч ким йўқ эди-да! Бу аҳволда яшаш оғир эди. Азоб эди. Азобки, чеки-чегараси йўқ... Ёлғизлик, қайғу-алам, армон – ҳаммаси жамланиб, бир бутун тошга айланиб юрагини шундай эзадики... “Дод” солиб ҳайқирганча аллақаёқларга бош олиб кетгиси келади. Бироқ қаёққаям борарди?
Бир куни Тамара хола ўзи сезмаган ҳолда тез таъсир қиладиган заҳар ҳақида ўйлаётганини пайқаб қолдию... гўё қўрқинчли туш кўриб, чўчиб уйғонгандек қаттиқ қўрқиб кетди. Яхшиямки уйда бундай оғунинг йўқлиги...
Бошқа бир оқшом эса ким биландир гурунглашиш истагига дош бера олмай ертўлада чийиллашаётган каламушларга бақириб юборди:
– Ҳой ноинсофлар, подвалда турволиб чийиллайвермасдан бу ёққа чиқсаларинг-чи! Сал чалғирмидим... Кўпчиликмисизлар ўзи? Сасиб ётган подвалда яшаб нима барака топардиларинг?..
Гўё унинг овозини эшитишгандек, каламушлар бирдан жимиб қолишди.
– Ҳа-а, нега овозларинг ўчиб қолди? – дея гапида давом этди Тамара хола. – Ҳувиллаб ётган каталакда одам зотининг уруғи қуриди, деб ўйлаганмидиларинг? Мен борман ҳали, яшаяпман! Фақат жуда зерикаяпман... юрагим сиқилаяпти... Илгарилари зериккан вақтларимда китоб ўқирдим, кўчаларни айланардим. Энди бўлса буларнинг ҳеч бирига ҳушим йўқ. Эҳ, ҳозир...
Бирдан Тамара хола ўз овозидан чўчиб кетди, ҳушини жамлашга уринди. Аммо энди янада ваҳимали ўй юрагига тиғдек қадалди: “Нима бало, ақлдан озаяпманми?..”
Тамара хола телба бўлиб қолишдан қўрқарди. Шунинг учун ҳам ўйлай-ўйлай қайинсинглиси Дилоранинг уйига боришга аҳд қилди. “Агар рўйхўшлик беришса бутунлай кўчиб ўта қоламан, – деган илинжи ҳам йўқ эмасди. – Фақат уй ҳақида оғиз очишмаса бас!”
Ўн бир кишидан иборат оила аъзолари кутилмаган меҳмонни ҳар қалай очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Айниқса Дилоранинг иккита тўнғичидан ташқари еттита бири-биридан шўх, қувноқ болаларининг бошлари осмонга етганди. Хурсандликларидан болаларнинг бири Тамара холани ташқарига судраса, яна бири тиззасига ўтирволиб: “Эртак айтиб беринг, амма!” дея тиқилинч қиларди.
Тамара хола бир пиёла чойини ҳам тинчгина ича олмаётганидан асабийлашаётган бўлса-да, зўр-базўр ўзини босди ва болаларни оқлашга уринди: “Анчадан буён кўрмаганлари учун бечоралар қувониб кетишяпти. Икки-уч кундан кейин “пуф, сассиқ” бўлиб қоламан. Ана ундан кейин тайёр ош-нонни еб-ичиб, маза қилиб ётаман, бировининг мен билан иши бўлмайди!” дея ўзига таскин берди.
Дилоранинг бўлса парвойи фалак эди. Тамара хола билан ҳол-аҳвол сўрашиб, олдига дастурхон ёзди-ю, кейин меҳмонни бутунлай унутган каби шумшайиб ўтирган эри билан аллақандай ер можаросини ҳал қилишга киришиб кетди.
– Мен кўп болалиман, ерни энг аввал бизга беришингиз керак, демадингизми раисга? – дея сиқувга оларди эрини Дилора. – Биз турганда Мусабекка ўхшаганларга йўл бўлсин! Биздиям болалар бор-йўғи тўртта бўлганида ўйнаб-ўйнаб боқардик, ер-пери билан ишимиз бўлмасди!..
– Айтдим, ҳаммасини худди сен айтгандай қилиб айтдим, – дерди икки юзи қип-қизариб кетган тепакал эр. – Қулоқ солмади-да, нима қилай?
– Эртага идорага ўзим бораман!
– Майли, борақол, – деди эр енгил тортгандек бўлиб. – Аввал-бошданоқ бу иш билан ўзинг шуғуллансанг бўларкан. Мен гапга нўноқман, биласан-ку.
– А-ҳа, қўлингиздан бир иш келмаслигини охири тан оларкансиз-ку, – Дилоранинг овози тантанали жаранглади. – Шуни аввалроқ бўйнингизга олганингизда бунчалик сарсон бўлиб юрмасдингиз!
Юзи офтоб тиғида қорайган, бужмайган, пешонасини қат-қат ажин қоплаган, кўкрак қафаси ёш боланикидай бир тутам бўлган жиккаккина эрининг бутунлай акси ўлароқ Дилоранинг юзи тирсиллайди, чертсанг қон отиладигандай; елкалари кенг; ҳар бир кўкраги ҳандалакдай, билаклари келисопдай. Бир мушт туширса анча-мунча эркакни ер тишлатадигандек куч ва ғайратга эга бўлган бу аёл тинмай меҳнат қилишу пул топишдан бошқа нарсани билмайдиганлар тоифасидан эди. Нима учундир бу ерга келганига афсуслана бошлаган хола: “Яхшиям бутунлай келдим, энди сизлар билан яшайман деб айтиб қўймаган эканман”, деган ўйни хаёлидан ўтказди.
– Мана, сиз яхши кўрадиган куёвингизнинг аҳволи, кўриб қўйинг! – деб қолди бир маҳал Дилора Тамара холага қараб. – Қўлидан кетмон чопишу ўт юлишдан бошқа иш келмайди. Биров билан муроса қилишни билмайди. Бошқа эркаклардай ўзини ўтга-чўққа уриб бўлсаям ҳақини ажратиб ололмайди. Қачон қарасангиз балонинг ўқига мени рўпара қилади.
Тамара хола дабдурустдан нима дейишни билмай қолди. Дилора турмушга чиққанидан буён бирор марта ҳам эридан ёки болаларидан шикоят қилмаганди-да.
– Нима гап ўзи, тушунмаяпман, – деб сўради Тамара хола шунчаки жим турмаслик учун. – Қанақа ер ҳақида гапираяпсизлар?
– Нега тушунмайсиз? – деди Дилора ҳайрон қолгандек бўлиб. – Боядан бери можаро қилиб ётибмиз-ку!
Қайинсинглисининг гап оҳанги Тамара холага оғир ботди. “Унга нима бўлди? Боя йўқ ердаги гапни ёқамга ёпиштирганди: “...сиз яхши кўрган куёвингиз!” деб. Мен ҳеч қачон бундай демаганман. Акаси ёнимда бўлганида бундай муомала қилолмасди...”
Тамара хола киприклари пирпираганча ерга боқди.
Дилора ниманидир фаҳмлади чоғи, бирдан гап оҳангини ўзгартирди:
– Бизда кўп болали оилаларга ер берилаётган экан, – дея ҳижжалаб тушунтира бошлади у. – Агар ҳақиқат деган нарса бўлса, ер энг аввал бизга берилиши керак, тўғрими? Лекин куёвингизнинг бўшанглигидан оғзимиздаги ошни олдириб ўтирибмиз-да! Ҳар доимгидай асли ўзим аралашсам бўларкан. Аёл бошим билан ҳадеб эркаклар билан жиқиллашавераманми, деб ўйлабман-да...
– Идорага югурган бир сен эмас, – орага гап қўшди эр. – Ана, Мусабек билан Эгамбердининг хотинлариниям ҳар куни идоранинг олдида кўраман. Ҳозир хотинларнинг гапи ўтадиган замон бўлиб қолган. Бурунги замон бўлганида сен паранжингга ўрани-иб уйда ўтирардинг. Кўча-кўйда мана биз кўкрагимизни кериб юрардик...
“Суюкли куёв” ёқимсиз ишшайди. Тамара хола беихтиёр бурнини жийирди. “Эркак бўлмай ўл, шу маҳал топган гапингни қара!” дея ичида ижирғаниб қўйди.
– Сизникига ўхшаш кўкрак билан...
Дилора эрини боплаб чақиб олиш қасдида ошкора мазах билан гап бошлаган ҳам эдики, дастурхоннинг қоқ ўртасига бир пой калиш “шалоп” этиб тушди.
Тамара хола сесканиб кетиб, жон ҳолатда ўзини орқага тортди. Зеро, бу кийилавериб абжағи чиқиб кетган, бунинг устига чанг-тупроққа, ҳаттоки лойга беланган эски калиш эди.
Суюкли куёв пинак бузмай ўтираверди.
– Ҳе, уруғингга қирғин келсин сенларнинг!
Дилора шундай дея қарғанганча калишни дастурхондан олди ва елкаси оша ортига улоқтирди.
Даҳлизда шовқин-сурон кўтариб ўйнаётган болалардан бири ҳиринг-ҳиринг кулган кўйи келиб калишни олиб кетди.
Дилора ҳеч нарса бўлмагандек Тамара холага юзланди.
– Агар сизларникига ўхшаш... – дея аёл яна гапини давом эттиришга киришган ҳам эдики, даҳлиздан бирдан гурсиллаган овоз, унинг кетидан ёш боланинг хунукдан-хунук, қўпол, ариллаган йиғи овози эшитилди.
Тамара хола бу сафар қаттиқ чўчиб тушди, беихтиёр ёқасига туфлаб қўйди. «Суюкли куёв» эса оёқларини Тамара хола томон бемалол узатиб, ёнбошлаб ётган жойида чойнакни сириқтириб пиёласига чой қуярди.
Дилоранинг авзойида ҳам ҳеч қандай ўзгариш сезилмади. У эри узатган бўш чойнакни қўлига олди ва эшик томонга қараб:
– Абсамат, – деб қўйди.
Остонада сочлари тўзғиган, худди зўр бир иш қилиб қўйганидан мамнундай кўзлари ўйнаб турган ўн беш ёшлар чамасидаги ўсмир пайдо бўлди.
– Ма, ичидаги шамасини тўкиб ташла, кейин яхшилаб чайиб ташлаб, янги чой дамлаб кел.
Бурнини бир тортиб олган ўсмир зипиллаб келиб чойнакни олди ва шундай шошқин тарзда ташқарига чиқиб кетди.
Тамара хола ҳамон анг-танг, нафасини ичига ютиб ўтирарди.
Дилора гапини бошидан бошлади:
– Агар сизларникига ўхшаш шаҳар чеккасида бўл¬саям биттагина “дом”им бўлганида бунчалик куйиб-ёнмас¬дим...
Бўғриққанидан Тамара холанинг юзидан иссиғи чиқиб кетди. “Ҳеч бўлмаса мен ўлганимча шу ҳақда гапирмай турсанг-чи, – дея хаёлан қайинсинглисига мурожаат қилди у. – Кейин уй барибир ўзингга қолади-ку!”
– Мана, – деган дўриллаган овоз эшитилди. Дилоранинг ўғли чойнакни дастурхон четига қўймоқда эди. – Газ пасайиб қолган экан, зўрға қайнатдим.
– Ҳа, бўпти, бўпти, бир чойнак чойингниям миннат қилма, – жеркиб берди Дилора ўғлини. – Энди тўртта картишка билан иккита пиёз артиб қўй.
– Э, ҳадеб менга иш буюраверасизми? – тўнғиллади йигитча норози бўлиб. – Қизларингизга айтинг.
– Ўлиб қолмайсан, бор, дедим сенга!
Афти буришиб кетган йигитча бир нималарни тўнғиллаганча хонадан чиқди. Тамара холанинг назарида у: “Ошхона-пошхонани ёқиб юборсам қутуламанми?..” дегандай бўлди. Янглишмаса, Дилора ҳам, унинг эри ҳам бу гапни эшитишди. Лекин улар пинак ҳам бузишмади.
Тамара холанинг юраги орқага тортиб кетди. Йигитча чиндан ҳам жаҳл устида ошхонани ёқиб юборадигандек безовталаниб қолди. “Болалари бунчалик тартибсиз, бебош эканликларини билмаган эканман, – ўйлади Тамара хола. – Дилоранинг беғамлиги-чи! Анов бола чинданам ошхонага ўт қўйиб юборса нима бўлади? Ё ўғлининг бундай қилмаслигини билармикан? Лекин авзойидан бола ҳеч нарсадан тап тортмайдиганга ўхшайди. Бунақалар ёқса ёқиб ҳам юборади. Кейин ўтиришади... оловига исини-иб...”
Бу манзарани тасаввур қилган меҳмоннинг эти жунжикиб кетди.
– Пиёлангизни узатинг чалқайиб ётавермасдан! – зарда билан эрига қаради Дилора.
– Ма, – пиёлани узатди эр. – Лекин чойни қайтарма. Иккинчи чойнакни қайтармасдан қуйиш керак.
Дилоранинг кўзлари ғазабдан қисилиб кетса-да, эрини мазахлаб гапиришга ўзида куч топа олди:
– Хўп, эшон бова, хўп!

Juvon piyola tagidagi shama qoldig‘ini oʻzininig piyolasiga quydi. Soʻng choynakdan choy quyishga kirishgan mahal...

“Ғирқ” этганга ўхшаш овоз эшитилдию, чойнак жўмрагидан бир парча лой отилиб пиёлага тушди.
– Вой, ўлсин! Абсаматингизнинг ишини қаранг, – Дилора ёйилиб кулганча Тамара холага юзланди. – Чойнакни лой билан ювиб тозаламоқчи бўлган шекилли. Эркак боланинг қилган иши шу-да.
Тамара холанинг энди росмана жаҳли чиқди. Бу ахир меҳмонга нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Нима, бу ерга у оч қолганидан келиптими? Ҳеч қурса она-бола даҳа¬наки жангларини меҳмонга эшиттирмасдан, ошхонада қилсаям бўларди-ку. Аммо қаршисида ўтирган манави “жигаргўшалари” уни меҳмон сифатида кўришмаяпти чоғи...
Дилора ўтирган ерида яна эшик томонга қараб бақирди:
– Абтикарим, ҳов Абтикарим, ма, чойнакни опкет! Ичини яхшилаб чайиб ташлаб, янги чой дамлаб кел, болам!
Тамара холанинг миясига қон тепди. Шартта ўрнидан туриб, қайинсинглисининг қўлидан чойнакни юлқиб олгиси келди. Бироқ... Гарчанд жигарлари Тамара холани қўноқ сифатида кўришмаётган бўлсалар-да, бирдан холанинг ўзи меҳмон эканлигини эслаб қолди. “Меҳмон эса иззатини билиши керак!”. Хола тишини тишига босди.
Ярим соатлардан сўнг ўша чинни чойнакни лой билан ювишни яхши кўрадиган Абсамат буғи чиқиб турган каттагина сопол лаганни кўтариб кириб келди. Таом оддийгина – қовурилган картошка. Бунинг устига озгина қайнаган сув ҳам қўшилганидан, картошкалари эзилгандек.
Ҳамон ғазаби тарқамаган Тамара хола “Бунгаям лой қўшилмаганикан?” деган хавотирда овқатдан бир татиб қўйиш билан кифояланмоқчи эди, аммо оғзига бир луқма солганини билади...
Ҳа, тан олиш керак, Тамара хола умри бино бўлиб бунчалик хушхўр овқат емаганди! Еган сайин егинг келади. Бўлмаса на гўшт бор унда, на думба. Ҳаттоки оддийгина зира ҳам йўқ. Аммо... жуда мазали...
– Янга, мен идорага кетаяпман, – деб қолди Дилора эрталаб. – Ҳозир бормасам, кейин раисни тутиб бўлмайди – далага кетиб қолади. Сиз болаларга бош бўлиб, кўнглингиз тортган нарсаларни еб-ичиб ўтираверинг.
– Тез қайтасизми? – деб сўради Тамара хола шоша-пиша.
– Ярим соатда келаман.
Тамара хола мижғов куёв ҳам Дилора билан бирга кетса керак, деб ўйлаганди. Лекин унинг ҳовлида тенгсалиб юрганини кўриб, энсаси қотди. Ўзича қайин¬синглисидан хафа бўлди: “Ўзи билан олиб кетса бў¬ларди. Энди униси келгунча бунисининг бетига термулиб ўтираманми?”
Тамара холанинг асаби баттар бузилди. Ҳали нонушта ҳам қилмаган бўлса-да, аразлаган бола каби каталакдай хонадан чиқмай ўтираверди.
Бир маҳал эшик ғийқиллаб қия очилдию, хонага бўйлаган мижғов куёвнинг тиришган юзи кўринди.
– Эмаса мен бир далага бориб келайин, – деди у шу туришида, ичкарига киришни, ҳеч бўлмаса “Яхши ётиб турдингизми?” деб қўйишни хаёлига ҳам келтирмай. – Бир-икки соат айланиб келаман. Иш бўлмаса, тушликка қайтаман.
– Майли, бемалол, бемалол, – деди Тамара хола шоша-пиша.
Эшик журъатсизлик билан ёпилди.
Тамара хола чуқур хўрсинди. Қизиқ, бу ерга келганига атиги бир кун бўлдию, шунга қарамасдан, ўзининг балки зерикарлироқ, лекин хотиржам ҳаётини соғинаётганини ҳис қилди. Ўзи учун азиз бўлиб қолган гуллари, қимматбаҳо вазалари кўзига кўриниб кетди. Уйидаги ҳар бир буюм азиз ва қадрдон... Ҳар бирининг ўзгача тафти бор... Ҳар қанча эсласа арзийди... Тунлари чийиллаб, ўзларининг борликларини билдириб турадиган каламушларни ҳам эслади ҳатто...
“Бу ерда қийналиб қоладиганга ўхшайман”, деган фикр Тамара холанинг миясига урилди. Кетгиси келди. Ўзини бу тарзда кутиб олишлари мумкинлиги хаёлига ҳам келмаганди-да. Инсон сифатида обрўси бўлмаса ҳеч қурса... ўзидан кейин... шуларга қоладиган уйнинг ҳурмати йўқмиди... Бир мушфиқ бандани иззат этмоқ учун арзигулик мулк эмасми бутун бошли уй деганлари?..
Қолаверса, қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир қайинсинглисининг оддий турмуш ташвишлари қоришмасидангина иборат ҳаётини сира тушуна олмаётганди, ҳазм қилолмаётганди. Дейлик, Дилоранинг ўрнида бўлганида ўзи болалар тарбиясига кўпроқ эътибор қаратарди. Дарвоқе, тарбияни энг аввало... тепса тебранмас эридан бошларди. “Эркакмисан, ўзингни ҳақиқий эркакдай тут! Рўзғорнинг оғир томонини ўз гарданингга ол!” деган бўларди эрига. Болаларини эса кечагига ўхшаш қилиқлари учун боплаб адабини бериб қўярди...
Кимдир елкасидан туртгандек бўлди. Тамара хола илкис бош кўтарди. Рўпарасида Дилоранинг беш ёшлардаги кенжатойи Асадбек турарди.
– Нимадир дедингми, ўғлим? – меҳрибонлик билан сўради Тамара хола.
– Қорним очди, амма, – ғингшиди болакай.
– Ҳали нонушта қилмадингларми?
– Аям билан дадам далага кетишди.
Тамара хола ҳайрон бўлди:
– Далага кетишса кетишар, аммо аввал сизларнинг қорнингизни тўйдирмадими?
– Аям тез келаман девди.
Тамара хола соатига қаради.

– Tez kelishi shu boʻlsa... Qani, yur-chi. – Tamara xola Asadbekning qoʻlidan tutib tashqariga yoʻl olarkan, jiyanchasini savolga tutdi: – Akalaring, opalaring maktabga ketishdimi?

– Ҳа.
– Ёлғиз ўзинг қолдингми? Сен боғчага бормайсанми?

– Yolg‘iz oʻzim qolganim yoʻq.

Тамара хола айвонда кўринган заҳоти ҳовлида ўйнаб юрган тўртта бола югуриб келиб унинг атрофини ўраб олишди:
– Сут пишириб беринг, амма!.. Сут... Каша...
– Сут? Сутни қаердан оламан? – деди ошхонага кириб, бу ердаги тартибсизликлардан таъби хира бўлган Тамара хола.
– Сутни сигирдан соғиб оласиз-да! Шуниям билмайсизми? – деди болалардан бири.
Юрагига ўқдек қадалган бу таъна Тамара холанинг бутун вужудини титратиб юборди. Асадбекдан каттароқ, чамаси саккиз-тўққиз ёшлардаги бола кўзига балодек кўринди. Ҳозирданоқ тили шунчалик заҳар бўлган бу бола улғайганида Дилорани бир пулга олмай қўймайдими? Кўзларини чақчайтиришини-чи! Йўқ, Дилора буларга ум-муман тарбия бермаган. Болаларни дунёга келтирган, едирган-ичирган, кийинтирган, вассалом. Ибтидоий жамоа даврида одамлар шундай яшашган бўлсалар керак. Тарбия кўрмаган болалардан меҳр-оқибат кутиб бўладими? Тавба, минг бор тавба!..
– Ҳеч бўлмаса шакарчой берарсиз!
Тамара хола ялт этиб яна ўша тили ёшига ярашмаган тарзда заҳарга тўла болакайга қаради. Қовоғини солди. Хола бундай очиқ-ошкор ҳурматсизликни кўтаролмасди. Бир қулоғидан чўзиб, болакайнинг адабини бериб қўйгиси ҳам келди. Лекин ўзини босди. Ахир у бу хонадонда меҳмон. Ҳа, майли, бир кунга ҳўкиз ўлмас...
– Қани, ҳаммаларинг сўрига чиқинглар, – дея буйруқ берди Тамара хола болаларга. – Сутни аянгиз келганидан кейин ичасиз. Нега деганда мен сигир соғишни билмайман. Лекин шакарчой қилиб бера оламан.
Болалар гуриллаганча сўри томон югуришди.
Ярим соатда қайтаман, деб кетган Дилорадан чошгоҳда ҳам хабар бўлмади. Вақт тушликка яқинлашди, аммо ҳамон ундан дарак йўқ. Пешинга бориб Тамара хола боши оғриб ётиб қолди. Эрталабдан буён болаларнинг қорнини тўйдириш ташвишлари, идиш-товоқларни йиғиб, ювиб-тозалаш холани анча толиқтириб қўйганди.
Барибир Дилорадан дарак бўлавермагач, Тамара хола уйга кирдию, ўзини тўшакка ташлади. У бошининг лўқиллаб оғриётганига чидай олмаётганди.
Бир маҳал кимдир пешонасини оҳиста силаётгандай бўлдию, Тамара хола сесканиб кўзлари очди.
– Сен...
– Бошингизнинг қайси томони оғрияпти? – деб сўради Асадбек меҳрибонлик билан.
Тамара хола чурқ этмасдан унга тикилиб қолди.
– Агар бошингизнинг мана бу ери оғриётган бўлса, дори ичсангиз ҳам таъсир қилмайди. Яхшиси ухлаганингиз маъқул, мен уқалаб ўтираман. – Болакай жажжи қўлчалари билан аммасининг бошини силай бошлади. – Агар мана бу ерингиз оғриётган бўлса, унда дори ичишингиз керак. Аям шундай қиладилар...
Тамара холанинг тили лол эди.
– Сиз бемалол ухлайверинг, мен бошингизни уқалаб ўтираман, – дея таклиф қилди болакай.
Тамара хола “майли” дегандай кўзларини юмиб-очди.
Бироздан кейин хола:
– Бошим энди оғримай қолди, – деди болакайга. – Энди сен борақол.
Дарҳақиқат, Тамара хола анча енгил тортганди.
Бироқ болакай бош чайқади:
– Ўйнагим келмаяпти. Яхшиси, сизни пашшалардан қўриб ўтираман.
Тамара холанинг кўзлари ғилтиллади.
“Нима бўлса бўлди, шу ерда қоламан! – деган қарорга келди хола. – Уйимни Дилоранинг номига ўтказаман. Жон-жон деб турибди, оғзимдан чиқмасидан кўнади...” Ниҳоят у ўз журатсизлиги, қўрқув ва инжиқликларини енгди.
Бироқ...
Афсуски, мазкур фикр айни дақиқада қанчалик қатъий ва иштибоҳсиз туюлмасин, унинг умри узоқ бўлмади.
Зеро, кечқурун шу хонадонда юз берган бир воқеа Тамара холанинг эсхонасини чиқариб юбораёзди.
Дилоранинг ўртанчаси Абдукарим ўзи билан хат ёзишиб юрган қизга севги изҳор қилгани учун Нурмат деган синфдошини уриб, оғзи-бурнини қонга ботирибди. Бу ҳам камлик қилгандай, севги изҳор қилгани учун Нурматни ўша қизнинг олдида тиз чўкдириб, уриб-сўкиб бўлса ҳамки кечирим сўрашга мажбур этибди.
Бўлди тўполон...
Нурмат деганларининг онаси шаллақироқ, қўли югурик хотинлардан экан, бечора Дилорани юмдалаб ташлади. Қўшнилар ўртага тушибгина шўрликни меҳрибон онанинг темир чангалларидан зўр-базўр ажратиб олишди.
Бу ёқалашувни ўз кўзи билан кўриб турган Тамара холанинг ҳуши бошидан учди. Зеро хола бундай талотўпларни, жанжал-тўполонларни азалдан кўтара олмасди. Бундай можароларни томоша қилишга ҳам тайёр эмас эди. Агар Дилоранинг ўрнида бўлганида, бошига шундай кўргуликларни солгани учун Абдукаримини ҳеч қачон кечирмаган бўларди. Тўғри-да она шўрлик бу бола деган жониворни тўққиз ой қорнида кўтариб юради, нақ ажалга рўпара келиб, чақалоғи билан бир амаллаб бу дунёга қайтади. Кейин бир парча этни минг қийинчилигу азоблар ила вояга еткизсин-да... Оқибати эса мундоқ бўлиб турса! Бундай ҳаётнинг, бундай яшашнинг нима қизиғи бор? Фарзандни умрнинг давомчиси, дейишади. Йўқ, холанинг назарида, бу хато фикр, аслида фарзанд – ота-она ўла-йита не-не азобларда бунёд қилган меросга, мол-мулкка эгалик қилиб олувчи текинтомоқ!..
Дилора-ку, оддий, ўқимаган бир аёл, кўпчиликнинг биттаси. Лекин дунёга донғи кетган не-не улуғ зотларнинг баъзилари ҳам умрларининг сўнггида фарзандларидан оқибат кўрмай ўтганлари рост-ку! Мирзо Улуғбекдай ҳам олим, ҳам подшоҳнинг умр шамчироғини ким бевақт сўндирди? Ўз пуштикамаридан бўлган фарзанди эмасми?
“Шундай экан, ғам-аламга на ҳожат, Тамара?! – дея ўзини ўзи овута бошлади хола. – Вақт-соатинг битгунча тинчгина яшаб юравер-чи. Азроил йўлда жонингни оладими, уйингга бостириб кириб келадими – нима фарқи бор? У ёғининг ташвишини чекмай қўя қол. Ҳаммаси оппа-осон... Кўз очиб-юмгунча содир бўлади-қўяди... Балки каравотингда, иссиққина тўшагингда хотиржам ётиб, охирги нафасингни чиқарасан, тамом-вассалом. Ожизгина “пуф” этган овозни ўзинг ҳам эшитарсан, эҳтимол? Шу билан ҳаммасидан қутуласан-қўясан!..”
Фикрлари ўзига жўяли туюлди. Бу ерда қайин¬синглисининг бошидаги ғурбатга шерик бўлиб, юраги қонга тўлиб ўтирганидан кўра ўзининг иссиққина уйида тинчгина яшагани беҳроқ эмасми? “Жигаргўшаларим қуршовида роҳат-фароғатда яшайман, деб ўйлаб чучварани хом санаган эканман. Яхшиям Дилорага уйимни хатлаб бериб қўймаганим. Акс ҳолда ҳозир ҳам тайёр бошпанадан, ҳам осойишта ҳаётимдан бирдай айрилиб қоларканман...” Тамара хола уй масаласида эҳтиёткорлик қилгани учун ўзига ўзи ичида таҳсин ўқиб қўйди, ўзидан мамнун бўлди. Ҳар доимгидай...
Эртаси куни эрталабдан кечаги тўполон, жанжал-суронларни мутлақо эсидан чиқаргандай ўғли билан апоқ-чапоқ бўлиб ўтирган Дилорани кўрган Тамара хола ҳеч нарсага тушуна олмай таажжубланиб қолди.
Дилора буни сезди чоғи, ичи сарғайиб кетган пиёлада чой узатаркан:
– Ҳайрон бўлаяпсизми, янга? – дея гап қотди.
Тамара хола жавоб бермади, чуқур хўрсиниб қўйди, холос.
– Биззи кўрган кунимиз шу. Эътибор берманг, кўникиб кетасиз.
Ерга қараб олган Тамара холага бу гап ёқмади. “Мени бутунлай келди деб ўйлаяпти шекилли... ғамхўрлигинг учун раҳмат, қайинсингилжон, лекин уйинг ўзингга буюрсин!” – дегандек қошларини чимириб қўйди. Сўнг қайинсинглисига юзланди:
– Мен энди уйимга кетақолай. Шунча меҳмон бўлдим. Ҳаммаларингни кўрдим, меҳрларингга тўйдим, анча кўнглим ёзилди...
Туз ҳаққи, хола самимий гапиришга уринди, бироқ овозидаги оҳанг кайфиятидаги ўзгаришни фош қилиб қўйди.
Дилора ҳам гапни чўзиб ўтирмади.
– Қолмайсизми яна бир-икки кунга? – деб сўраган бўлди, холос. Буям тил учида.
Тамара хола бош чайқади.
Тамара холанинг бирдан-бир умиди Дилоранинг уйидангина иборат эмасди. Яна бир борар манзили бор эди. Бу уй холанинг ўз синглисиники эди. Тўғри, синглиси ҳозир бу ёруғ оламда йўқ, умри қисқа экан, ўн саккиз йил муқаддам вафот этган, ундан биргина ёдгор бўлиб Ясмина исмли қизалоқ қолганди. Шу қиз турмуш қуриб, янглишмаса икки-учта фарзандли бўлиб, ота-онасининг чироғини ёқиб ўтирибди. Лекин Тамара хола яккаю ёлғиз жиянининг олдига бош эгиб боролмайди. Раҳматли синг¬лиси тириклик пайтларидаёқ ораларидан ола мушук ўтган. Асли шу Ясмина сабаб опа-сингил қаттиқ уришиб қолишганди.
Ўша вақтларда Ясмина саккиз-тўққиз ёшларда эди. Қизалоқ таътил кунларини Тамара холаникида ўтказарди. Ёлғиз қиз бўлишига қарамасдан жуда одобли, камтарин эди.
Бир куни шу Ясмина Тамара холанинг вазасини бехос қўлидан тушириб юбориб, синдириб қўйди. Тамара холанинг жон-пони чиқиб кетди, ахир ваза жуда ҳам қимматбаҳо эди. Эр-хотин нақ икки йил пул йиғиб сотиб олишганди-да; шундай бебаҳо нарса чил-чил бўлиб, ерда сочилиб ётса, ҳар қандай одамгаям алам қилади, ахир; энди уни бутлаб бўлмаса!..
Хуллас, Тамара хола аввалига қизни роса уришди, кейин бу камлик қилгандай қўлидаги пашша ўлдирадиган билан Ясминанинг елкасига туширди. Бир эмас, бир неча марта урди. Пашша ўлдирадиган оддий қуруқ шохга шапалоқдай резина ўрнатилган оддийгина матоҳ эди. Аммо қизчанинг териси юпқа эканми, калтак теккан жойлари бирпасда қорайиб-кўкариб кетибди.
Воқеадан хабар топиб, қизининг елкасини ўз кўзлари билан кўрган сингил шоша-пиша Ясминани ўз уйига олиб кетаркан, бир гап айтдики, Тамара холанинг ҳеч эсидан чиқмайдиган гап бўлди:
– Ваза шунчалик азизмиди, опа?! Ўзингиз туғиб қўймагандан кейин боланинг қадрини битта чиннидан ҳам паст қўясиз-да!..
Миясига қон тепган Тамара хола жон аччиғида бақириб юборди:
– Қизинг сен учун қанчалик азиз бўлса, вазам ҳам мен учун шунчалик азиз!
Синглиси бирдан жойида таққа тўхтади, бир неча дақиқа опасига тикилиб турди-да, ногоҳ:
– Майли, вазангиз билан... – афтидан, сингил “қўшмозор бўлинг” демоқчи эди, аммо сўнгги сонияда ўзини тийиб қолди ва бошқачароқ сўзларни ишлатди: – вазангиз билан омон бўлинг.
Шу билан қизчасини етаклаган сингил чиқди-кетди.
Шундан кейин опа-сингил ўртасидаги ришталар узилди ҳисоб. Тамара хола синглисининг: “Ўзингиз туғиб қўймагандан кейин...” деган писандасини кечиролмади, натижада опа-сингил юзкўрмас бўлиб кетишди.
“Битта вазани боламдан ортиқ кўрди”, дея синглиси астойдил хафа бўлганини Тамара хола сезди, лекин жигарига ён бергиси келмади: “Мен хафа бўлиш ўрнига нега у аразлайди? Ахир, синглим фарзандига қанчалик боғланиб қолган бўлса мен ҳам ўша зорманда вазага, умуман бу уйга, уйдаги нарсаларга шунчалик боғланиб қолганимни, кўнгил қўйганимни, ўзимни шулар билан овутишимни наҳотки тушунмаса?.. Бировлар боласи ўлганида йиғлайди. Мен эса вазаларим синганида ёки гулларим қуриганида йиғлайман...” қабилидаги ўйлар эса Тамара холанинг синглиси олдида айбдор эканлигини тан олишига монелик қиларди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ўша ваза ва уйини тўлдириб турган ўша вазага ўхшаган буюмлар Тамара хола учун қанчалар азиз ва қадрдон эди. Боласи борлар, фарзандини бағрига босганларида, Тамара хола ўша қадрли буюмларини бағрига босарди, яшнаб турган гулларига қараб кўзи қувнарди. Яхши ҳамки бу дунё фақат одамлардан иборат эмас. Одамлар билан бирга гуллар ва ҳар хил буюмлар ҳам яралган эканки, булар бежиз эмас. Чуқурроқ ўйлаб, ўзинг кўриб турган оламга ҳушёр назар солсанг, ҳамма мавжудот бир-бири билан чатишиб кетган сабаблар силсиласи эканлигини илғайсан. Ахир гуллар ва вазалар бўлмаганида Тамара холага ўхшаганлар ўзларини қандай овутишарди? Аммо барибир нимадир жумбоқлигича қоляпти... тушуниш қийин... Авваллари Тамара хола ўз қисматини ўйлаб, кўнглида кўп бор норозилик туярди. Менга ўхшаган кимсалар нима учун дунёга келган, деб ўйлаб. Умрининг охиригача дунёдан куйиб-ёниб ўтиш учунми, деган ўй тинчлик бермасди. Энди ёши бир ерга етганида мундоқ ўйлаб кўрса, бу ҳам бежиз эмасга ўхшайди. Бунда ҳам бир ҳикмат мавжуд шекилли. Фақат Тамара хола буни англай олмаяпти ва ҳали ҳам тушунмаяпти...
Ўшанда синглиси ҳам уни кечира олмади. Ҳатто ўлими олдидан ҳам бир бор йўқламади. Ота-оналарининг арвоҳлари ҳаққи, Тамара хола синглисини шунча ёш ўлиб кетади, деб сира ўйламаганди. “Вақти келиб мени тушунади, ноўрин хафа бўлгани учун бир куни келиб ўзи кечирим сўрайди ҳали”, деган хомхаёллар оғушида ўша кун келишини кутиб яшаб юраверган экан. Бевақт ажал “лоп” этиб ўртадан чиқдию, боёқиш синглисини “борса келмас” томонларга олди-кетди.
Ўлим хабарини кеч олган Тамара хола синглисининг “етти”сига учиб етиб борди. Кўнгил тубида бир дунё режалар билан!.. Қанақа режалар дейсизми? Қанақа бўларди, етим қолган жиянининг бошини бир меҳрибон қўл силаши керак-ку. Ёлғиз қолган шўрлик етимчага кимдир паноҳ бўлиши керак-ку! Ясминани ўзига қиз қилиб олса борми! Барча расмиятчиликларию расм-русумлари билан. Хўш, қизни қандай қилиб ўзига оғдириб олса бўларкан?
Ўшанда азахонага кўзда ёш билан “Вой жигарим”лаб бўзлаб кириб келаётган Тамара хола қарама-қарши ўйлар гирдобида қолганидан бир нарсага ҳайрон бўлган, аниқроғи ўзини ўзи тушуна олмаётган эди: “Бу ерга нима учун келяпман? Бевақт оламдан ўтган жигаримни йўқлаб, ёдга олиш учунми ёки худбинлик билан тузган режаларимни амалга ошириш учунми?”
Бироқ Тамара холанинг ўйлагани бўлмади. “...қаровсиз қолди”, “...етимча бўлиб қолди” деб ўйлагани Ясмина аллақачон турмушга чиққан, бир боланинг онаси бўлган, иккинчисини қорнида кўтариб юрган жувонга айланган экан. Тез-тез Ясминанинг олдига кириб, ундан ҳол-аҳвол сўраб турган истараси иссиқ йигитни кўрган Тамара хола ҳаммасини тушунди. “Вақтнинг шувиллаб ўтишини!” дея пичирлади беихтиёр. Айни чоғда ўзининг бу ерда ортиқча эканлигини ҳис этди. Шундай бўлса-да, синглисининг руҳи поки ҳурмати уч-тўрт кун қолиб, ис-чироқларини ўтказиб туришларига бош-қош бўлишни кўнглига тугди. Ахир синглиси билан рози-ризолик сўраша олмади, сўнгги дақиқаларда тепасида туриб, жигарининг оғзига бир томчи сув томизишга ҳам ярамади; шўрлик синглиси ҳеч кими йўқдай ўлди-кетди; жиллақурса маъракалари ўтгунча одамларнинг кўзига кўриниб тургани дуруст. Лекин...
Тамара хола бир сўз демасдан, ҳаттоки кўз ёши ҳам тўкмасдан, бутун вужуди кўзга айлангандай ўзига тикилиб турган Ясминанинг нигоҳидаги нафрат пичоқларига дуч келганида югуриб кетаётган чоғида бирдан тош деворга урилиб, ерпарчин бўлгандай ҳис этди ўзини. Ҳа, Ясминанинг нигоҳида бир олам гина, таъна, қайғу ва алам бор эди!
Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, Тамара хола синглиси ҳам, яккаю ёлғиз жияни ҳам ўша ваза воқеасини унутмаганликларини ҳис этди...
Хайрлашув чоғида Ясмина бир оғиз гап айтди:
– Ўшанда ойим ўзининг тузалмас дардга чалинганини биларди. Шунинг учун ҳам мени сизга қиз қилиб бериш учун олиб борганди...
– Эҳ! Ўз уйим, ўлан тўшагим!
Тамара хола қўш қулфли темир эшикни очиб, ичкарига кираркан, беихтиёр шу сўзларни овоз чиқариб айтиб юборди.
Хола ўз уйини соғинган эди. Намхуш ва озгина рутубат аралашган дим ҳаводан тўйиб нафас олди. Ҳар бир қаричи, ҳар бир чизиғига қадар қадрдон бўлиб қолган деворларни силади. Ясмина синдириб қўйган ваза ўрнига олинган биллур вазани меҳр билан кўксига босди. Дераза олдини қоплаб, қуёш нурларини ўтказмай қўйган гулларининг япроқларига юзини текизиб пичирлади:
– Менсиз зерикиб қолмадингларми?.. Мен эсам сизларни шундай қўмсадимки!.. Сизлар бўлмаганингизда мен нима қилардим? Мен ўйладим, жуда кўп ўйладим, охири бир қарорга келдим: менга жигарларимдан кўра сизлар яқинроқ экансизлар!
Тамара хола кўз ёшлари юваётган юзини гул япроқларига босиб, анчадан буён йиғлай олмай юрган одамдек ўксиб-ўксиб, узоқ йиғлади.
Шу кундан бошлаб Тамара хола яна ёлғиз яшай бошлади. У фақат зарурат юзасидангина кўчага чиқар, бошқа пайтлари тириклайин кўмилгандек уйига қамалиб оларди. Эрталаблари ҳам уйқудан уйғонган заҳоти ўрнидан турмасди, то қорни очиб, ошқозони безовта қилмагунча тўшагида ётиб телевизор кўради, кейин юз-қўлини чайиб, нонушта қилади-да, уйни йиғиштиришга тушади. Ҳаракат қилгани яхши-да. Тушликка эса ўзи учун албатта бирорта хушхўр, мазали таом тайёрлайди. Тамара хола азалдан кучли овқатни тушликда тановул қилади. Кечликка эса енгилроқ ҳазми таом билан қаноатланиб қўя қолади. “Ўзимни ўзим парвариш қилишим керак, шунда кўп яшайман бу дунёда!” деган бир ўй миясига ўрнашиб қолганди.
Нафсиламбрини айтганда, Тамара хола иложи борича беғам, беташвиш, хотиржам ҳаёт кечиришга уринарди. Нафақасидан эса барча харажатларини қоплаганидан ташқари ёнига уч-тўрт сўм қоларди ҳам. Узоқ умр кўриш учун нима керак? Тинч, сокин, беташвиш ҳаёт – узоқ умр гарови! Ҳали кўрамиз, ўша болажон Дилора ҳам, қаҳри қаттиқ Ясмина ҳам бола-чақа ташвиши билан адойи тамом бўлишади. Элликка кирмасдан ўтин бўлиб қариб-чиришади ё бўлмаса бирор оғир дардга чалиниб, бевақт бу дунёдан ўтиб кетишади. Ахир Дилоранинг аҳволини, қандай яшаётганини ўз кўзи билан кўрди-ку. Бундай ҳаёт эса ҳар қандай одамнинг асабини емиради, юрагини ишдан чиқаради, оқибатда... Бошлари деворга текканидан кейин ҳақиқий ҳаёт фақат бола-чақа орттиришу уларнинг ташвиши билан яшашдангина иборат эмаслигини тушунишади. Эҳтимол шунда кўзлари “ярқ” этиб очилиб, Тамара холага ҳавас қилиб қолишар!
Тамара хола ўзининг ҳеч кимникига ўхшамайдиган турмуш тарзига шу қадар ўрганиб қолгандики, тафтиш қилгани сайин унинг ҳузурбахш қирраларини топаётгандек ҳузур қиларди. Ўзининг ҳаммадан кўп ва узоқ яшашига эса юз фоиз ишонарди. “Сиз қандай яшаш лозимлигини билмадингиз, чол, – дея хаёлан мурожаат қиларди ҳар кеч Улфат аканинг деворда осиғлиқ суратига қараб. – Ўз умрингизга ўзингиз зомин бўлдингиз. Ҳамма нарсани юракка яқин олмаслигингиз керак эди. Мана кўрасиз, мен яна камида эллик-олтмиш йил яшайман. Янги асрнинг ўрталарига бориб ҳам бу дунёда юрган бўламан! Бу вақтда Дилорага ўхшаганлар кўкариб чиққан бўлишади! Ҳа-ҳа-ҳа...”
Тамара хола кулгуси келмаса ҳам кулишга, кайфиятини кўтаришга уринарди. Фақат яхши нарсалар ҳақида ўйлаб, асабларини асрарди. Бир куни телевизорда “Олт¬миш ёшдан ошганлар учун...” деган янги кўрсатувни кўриб қолди-да, шу томошанинг ашаддий мухлисига, жиннисига айланди. Бир қарашдаёқ кайвонисифат бўлиб қолгани сезилиб турса-да, ўттиз ёшлилар билан беллашаман дегандек сочлари калта кесилган, қош-кўзлари бўялган, ёқаси очиқ кофта кийган бошловчи хонимнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзни қулоғига қуйиб олар, ҳатто унинг “мимика”ларини ҳам эслаб қолишга уринар, берилган топшириқ ва мас¬лаҳатларни эса кун давомида эринмасдан, биттасини ҳам қолдирмасдан қунт билан бажарарди. Кўрсатувнинг олтмиш ёшдан ошганларга эмас, аслида ёлғиз яшаётганларга мўлжалланганини бошловчининг топшириқ ва талабларидан илғаб олиш қийин эмасди. Балки бошловчи хоним ва унинг атрофидагилар инсоф, шафқат юзасидан кўрсатувни атай бошқача номлаганлар чоғи.
Шу кўрсатув боис Тамара хола қорни очгунча ўрнидан ётиб телевизор кўрмайдиган бўлди, уйқудан вақтли уйғониб, тонг ҳавосидан нафас олиш учун ё кўчага, ё жимитдай балконга чиқар, сўнг хонасига қайтиб кирасола йигирма томчи лимон шарбати томизилган қайнаган сувдан ичарди. Ярим соатдан кейин эса битта олма ёки нок – нок фойдалироқ экан – тановул қилар, орадан роппа-роса олтмиш дақиқани ўтказибгина нонуштага ўтирарди. Дарвоқе, кўрсатувда иштирок этаётган олиму фузалоларнинг сўзларига қараганда, эрталаб вақтлироқ уйғонган маъқул экан. Тўшакда қанча кўп ва узоқ ётилса, одам организмидаги ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқ сўниб боравераркан. Фаолиятсизлик ҳатто эрлик сувини ҳам айнитар экан. Ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат!
Авваллари уйга қамалиб олиб, ташқарига камдан-кам чиқадиган Тамара хола бора-бора деярли ҳар куни саҳарда уйқудан уйғонган заҳоти кўчага бир чиқиб келадиган бўлди. Хола ёришиб келаётган тонгни одатда мактаб ҳовлисида қарши олади. Тоза, беғубор ҳаводан кўксини тўлдириб, чуқур-чуқур нафас олади. Ҳаво ўпкага мўл-кўл ва яхшироқ етиб бориши учун чуқурроқ нафас олиш керак экан-да...
Хуллас, вақтни зерикишсиз ва сиқилишларсиз ўтказиш учун Тамара холага яхшигина эрмак топилганди.
Бироқ...
Қуёш уфқ ортига ўтиши билан дераза ортида пусиб турган жодугардай ичкарига отилиб кириб оладиган, атроф қоронғулашгани сайин юрагини баттарроқ сиқиб, торс ёриб юборадигандай эзадиган, залворли қайғу-ҳасратга қоришиқ сукунатдан қочиб қутулишнинг ёки уни алаҳситишнинг сира-сира иложи йўқ эди.
Бундай кезларда ҳаттоки “ойнаи жаҳон” ҳам ёрдам беролмасди. Яшнаб турган гуллару антиқа ваза ҳам жонга оро кира олмасди. Тамара хола ким бўлишидан қатъий назар биронта тирик жон билан ярим соатгина гурунглашишни, дардлашишни истаб қолади. Шундай кезларда агар эшик қоққан кимса қўли қонга беланган қотил бўлсаям хола ҳеч иккиланмасдан унга пешвоз чиққан бўларди.
Кечки соат саккиздан кейин “дом”да “тиқ” этган товуш эшитилмай қолади кўпинча. Фақат ҳалиги, ишдан-ўқишдан бемаҳалда қайтувчиларгина одатдагидай зина пиллапояларидан оёқ учида, товуш чиқармасликка ҳаракат қилиб ўтиб кетаётганликлари онда-сонда эшитилиб қоларди. Биринчи қаватда яшамайдими, хола барисини билиб ўтиради...
Ҳа, бу кишилар ҳақиқатан ҳам жуда баодоб кишилар. Аммо кейинги пайтлари бу нарса Тамара холанинг ғашини келтирадиган бўлиб қолди.
– Бунчалик боодоб бўлишмаса?! – деб қўярди хола ўзига ўзи овоз чиқариб гапирганча. – Бунчаликка бориш шартмиди... Эшитиб ўтирай десанг, биттаям товуш йўқ...
Шундай дақиқаларда Тамара хола аллақандай ўкинч ва армон билан хўрсиниб қўярди...
Бора-бора Тамара хола кечалари ўзини атрофи бетон тўсиқлар билан ўралган қабрда яшаётгандек ҳис этадиган бўлиб қолди. Кундуз кунларинки-ку, анча енгил ўтказарди. Аммо... Зим-зиё қоронғулик ва сукунат. Сукунат ва зим-зиё қоронғулик. Қабрдан нима фарқи бор? Фақат тун ярмидан оққандан кейингина бу ернинг ўликлар маскани эмаслигини исботламоқчи бўлгандай каламушлар чийиллаб овоз чиқариб қўйишади. Улар аллақаердан тирқиш топишган шекилли, кейинги вақтлари ярим тундан кейин Тамара холаникига меҳмонга келадиган бўлиб қолишди. Тўкилган ош-овқат, қотган нон, нон увоқларини еб битиргач, дарҳол кўздан ғойиб бўлишади.
Бир гал... битта каламуш Тамара холанинг каравотига чиқиб, оёқ панжаларини ҳидлаб кўрди, лекин тишларини ботира олмади, чунки бека жойида сал қимирлаб қўйди. Шу-шу, инсофли жониворлар ярим кечадан кейин уйни ўзлариники қилиб олишса-да, Тамара холанинг ўзини безовта қилишмасди.
Ажаб... аста-секинлик билан бека каламушларга ўргана бошлади. Ҳатто “меҳмонлар” келишларидан сал аввалроқ тунчироқни ҳам ёқиб қўядиган бўлди. Бунинг иккита сабаби бордай эди. Биринчидан, каламушлар хонага кириб келганларидан кейин чироқ ёқилса бу беозор жониворлар нимагадир тумтарақай қочиб қолишади; иккинчидан, ҳар қандай ўткир кўзли одам ҳам қоронғиликда тимирскиланиб юрган митти жониворларни санай олмайди. Чироқ ёрдамида хола чақирилмаган меҳмонларни эринмай санаб чиқарди. Ҳолбуки, улар бор-йўғи тўрттагина эди. “Булар бир оила бўлса керак, – деб ўйларди ёстиғига иягини тираб ётган хола жониворларни кузатаркан. – Анави катта, қораси ота; манави кичикроғи, озғинроғи она каламуш бўлса керак. Урғочиси кул ранг бўлармикан буларнинг?.. Анави жажжилари болалари бўлса керак. Вой уларнинг ширинтойлигини...” Бирининг ранги қоп-қора, демак ўғил бола; иккинчисининг юнги кул ранг, буниси онасига тортган, демак қиз бола... Ҳамма жонзотнинг ҳам боласи ёқимтой туюларкан-да...”
Тамара хола уйни ўзлариники қилиб олган каламушларни кузатиб ётган кўйи ухлаб қолганини сезмасди. Эрталаб уйғонганида эса уй яна кимсасиз ва жим-жит бўлса-да, қуёш нурларига ғарқ бўлади.
Тамара хола энди атайлабдан нон увоқларини полга тўкиб қўядиган бўлди. “Бечоралар егулик қидириб овора бўлиб юришмасин...”
Бир оқшом каламушларни кута-кута энди кўзи илинган Тамара хола чўчиб уйғониб кетди. Беканинг назарида, кимдир хона бурчагидан унга қаттиқ тикилиб тургандай эди. Хола шу томонга қаради. Дарҳақиқат, икки қадам нарида кулранг каламуш турарди. Она каламуш митти кўзларини йилтиратганча уй бекасига тик қараб турарди. Ундан нарироқда бола каламушлар тимирскиланиб юришарди. Негадир катта қора каламуш кўринмасди.
– Ҳа, жонивор, болаларингнинг қорнини тўйдириш учун келдингми? – деди Тамара хола овоз чиқариб. – Эринг кўринмайди. Қаёққа кетди? Бу ердан дурустроқ, ёғлироқ жой қидириб кетмадими, ишқилиб? Агар шундай бўлса, хафа бўламан. Эрингга айт, ҳар доимгидай шу ерга келаверсин. Бу ерда сенларни ҳеч ким ҳайдаб солмайди. Ҳеч ким қопқон қўйиб пойламайди. Емишнинг таги мўл, хавотир олма. Гапларимни тушундингми? Энди борақол.
Кулранг каламуш қоп-қора кўзларини йилтиратганча яна бир фурсат Тамара холага тикилиб турди-да, сўнг болалари ёнига югуриб кетди.
Беканинг юзига табассум югурди. Каламушнинг ортидан қараб қоларкан, мамнун тарзда:
– Гапларимни тушундинг-а, жонивор, – деб қўйди.
Эртаси оқшом Тамара хола нон увоқларию қолган-қутган егуликлардан мўлроқ сочиб қўйди.
Тунда кулранг каламуш яна болаларини эргаштириб келди. Қора каламуш бу сафар ҳам кўринмади.
– Эринг яна келмадими? – сўради хола хонада ғивирлаб юрган жонивордан. – Касал-пасал бўлиб қолмадими, ишқилиб? Ё... ўлиб қолдими, нима бало?! Йўғ-э, омондир. Ҳирсдай бақувват эди... Ҳа-а, энди билдим, уришиб қолган бўлсаларинг керак. Шунақами?
Кулранг каламуш Тамара холанинг овози эшитилган заҳоти ғивирлашни бас қилиб, тек қотганча туриш-турмуши бўзлаётган бойқушни эслатувчи бедор кампирга тикилиб қолганди.
– Сизлар ҳам уришиб турасизларми? – савол беришини қўймасди хола. – Мушукларнинг, итларнинг олишувларини кўп кўрганман. Лекин каламушларга эътибор бермаган эканман. Сизларники даҳанаки бўлса керак-да. Биров билиб, биров билмай қоладиган...
Кулранг қаламуш югургилаб келди-да, каравотга бир қадам қолганда таққа тўхтади.
– Сенинг дардинг ҳам кўпга ўхшайди, – оғир сўлиш олди Тамара хола. – Эрдан куйганмисан ё болаларингдан рўшнолик кўрмадингми? Лекин болаларинг ҳали кичкина экан, ҳозир уларнинг зиёни тегмайди, энг ширин бўлган пайтлари ҳозир. Менимча, эрдан куйгансан-ов. У бетавфиқ дангасароққа ўхшаганди. Бир кўриндию, қочиб қолди-да ярамас!.. Ҳа, майли, кўп куйинма, жонивор, бахтингга болаларинг бор экан. Сен мендан кўра бахтлироқ экансан! Сенга ҳавасим келади, жонивор...
Тамара холанинг мижжалари намланди...
Кунлар шу зайлда ўтиб борарди. Каламушлар аввалига ҳадиксираб, қўрқа-писа ҳаракат қилишган бўлса, кейинроқ ўзларини жуда бемалол тутадиган, боболаридан мерос омборхонада юргандай уй ичида бемалол изғиб юрадиган бўлишди. Тамара хола сахийлик билан уларни меҳмон қилишда давом этаверди.
Айтганча, Тамара хола қора каламуш билан тил топишиб олди. Уч-тўрт кун кўринмай қолган қора каламуш яна оиласига бош бўлиб, тунлари қадам ранжида қиладиган бўлди. Буни кўрган холанинг кўнгли анча хотиржам тортди.
– Бирдан йўқолиб қолганингдан хавотир олаётгандим. Ҳар қалай омон экансан, шунисига хурсандман. Нега кўринмай қолдинг ўзи? Қопқонга тушиб қолмадингми, ишқилиб? – дея савол кетидан савол ёғдирарди бека. – Туришингга қараганда қопқонга тушганга ўхшамайсан. Менимча, сен бу ердан тузукроқ жой қидиргансан, шундайми? Тополмаганингдан кейин яна пусибгина кириб келдинг. Шунақа бўлади ўзи. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ-да. Аслида сени кечирмаслигим керак эди. Лекин майли, гуноҳингдан ўтдим, болаларинг бор экан, ризқингни териб юравер. Лекин шуни билиб қўйки, марҳамат ва саховат бор жойда жазо ҳам бўлади. Ҳамма нарса ўз жойини топмагунча тинмайди. Мана, мен ҳар қалай ёмон яшамадим. Дилорага қараганда, роҳат-фароғатда яшадим. Аммо...
Тамара хола кулранг каламуш билан қандай суҳбат қурган бўлса, қора каламуш билан ҳам шу тахлит сўзлашарди. Бироқ “оила соҳиби” анчайин сур ва очкўз шекилли, фақат қорнини тўйдириш, емишнинг каттароқ бўлагини ташмалаб кетиш билан андармон бўлганидан ён-верига қараб қўйишни ҳам унутарди, беканинг сўзларига эса мутлақо парво қилмасди.
Тамара хола эса гапиришда давом этаверади:
– Аммо охирида қанчалар қийналаётганим фақат ўзимга аён. Сутканинг деярли йигирма тўрт соатида фақат ўзинг билан бўлиш... Телефон жиринглаб қолишидан умидвор бўлиш... Эшикка тикилиш... Одамлар бу уйда одам эмас, тирик ҳайкал яшайди, деб ўйлашса керак. Майли, бўлганича бўлди. Энди афсус-надоматга ҳожат йўқ. Мен раҳматли эрим каби охирда кўз ёш тўкмайман. Барибир дунёнинг охири йўқлик. Ҳаётдан розимисан ёки норози, барибир азал-оқибат кўнгил қўйганинг бу дунёдан бир кунмас бир кун йўқлик сари йўл оласан. Ҳамма жонлию жонсиз фурсат етган дамда тупроққа қоришади. Мен ўлганимдан кейин анави гулларим ҳам қурийди. Вазалар ҳам бир сабаб билан чил-чил бўлади. Оқибат бу хонада ҳеч нарса қолмайди. Ҳаммаси кунпаякун бўлади. Ҳатто сизлар ҳам қолмайсизлар. Бир балога гирифтор бўласизлар. Лекин ундан аввалроқ менинг мурдамни хомталаш қиласанлар. Мана, кўрдингми, мен ҳаммасини биламан, Ҳеч нарсани унутганим ва назардан қочирганим йўқ. Ҳа, рост, мен янглиш яшамадим...
Кўп ўтмасдан кулранг каламуш тўсатдан кўринмай қолди. Кейинги кунлари унинг қорни қаппайганидан, юриши оғирлашиб, лапанглаб қолганидан Тамара хола аллақандай тусмолларга борганча, кун санаб юрганди. Шу амалга ошган чоғи...
Иттифоқо ажойиб оқшомларнинг бирида уй шу қадар гавжум бўлиб кетдики, Тамара хола аввалига ҳайратланди, кейин қувонганидан ёш боладай чапак чалиб юборди: бир дунё қора-қура каламушчалар оёқлари остида уёқдан-буёққа югургилаб юришарди. Юнги тўзғиб, жимитдай қоп-қора кўзлари киртайиб қолган кулранг каламуш рўпарасида пайдо бўлганида эса эски танишини кўргандай Тамара холанинг юраги ҳаприқиб кетди.
– Ҳа, жонивор, эсон-омон қутулиб олдингми? – дарров каламушдан ҳол-аҳвол сўрашга ўтди хола. – Қийналмадингми? Ҳар қалай, биринчи марта туғишинг эмас-ку. Бип-бинойидай эплагандирсан. Ранг-рўйинг ҳам дурустгина, фақатгина сал озиб қопсан-да. Лекин... болаларинг бунча кўп? Уларни қандай қилиб боқасан? Ахир шунча болани катта қилишнинг ўзи бўладими? Мени ваҳима босиб кетаяпти-ю, сенинг беғам юришингни қара!..
Ҳақиқатан ҳам кулранг каламуш аввалгига қараганда анчайин толғин, ҳаракатлари суст кўринса-да, қарашлари хотиржам ва сокин эди.
– Ўзинг кичкина бўлсанг ҳам юрагинг катта экан, – дея гапини давом эттирди Тамара хола. – Менга ёқиб қолдинг, шунинг учун сенга ёрдам бермоқчиман. Тонг отса бозорга чиқиб, сенлар учун атай дон-дун сотиб оламан. Овқат қолдиқлари, нон увоқлари энди сенларга урвоқ ҳам бўлмайдиганга ўхшайди...
Чиндан ҳам Тамара хола шу куни атай бозорга бориб, олиб келган дон-дуннинг бир қисмини уйининг уер-буерларига сочиб қўйди. Хола бу ишни аллақандай завқ ва иштиёқ билан бажарди. Оқшом маҳал эса каламуш ва каламушчаларнинг талашиб-тортишиб, бир-бирларига гал бермасдан чийиллашганча донга ёпирилишларини кўрганида азбаройи ҳаяжонлаганидан ўрнидан туриб, ўтириб оларди.
– Ҳой! Ҳой! Очофат ўлгур! – дея бақириб қоларди бека қора каламушга. – Ҳаммасини ўзинг кемиравермасдан болаларингга ҳам илинсанг-чи! Тошбағир экансан лекин...
Чиндан ҳам қора каламуш урғочисига қараганда оч¬кўзроқ ва айни пайтда жиззакироқ эди. Фақат ўзини ўйларди чамаси. Дон кўпроқ тўкилган жойни эгаллаб оларди-да, ҳеч кимни ёнига йўлатмасди. Кулранг каламуш бўлса болалари ва эркагидан қолган қолдиқларга қаноатланиб қўя қоларди. Қора каламушга нисбатан ўзини анча босиқ, вазмин тутарди урғочиси. Ҳамма ёқни тозалаб бўлганларидан кейин қора каламуш ва болалари кўз очиб-юмгунча аллақаёқларга ғойиб бўлиб қолишса-да, кулранг каламуш кетишга шошилмасди. Худди уй бекаси билан хайрлашаётгандай холанинг рўпарасига келиб бир-икки дақиқа тек қотиб тургандан кейингина “лип” этиб кўздан йўқоларди.
Кутилмаганда каламушлар тўсатдан шу қадар кўпайиб кетишдики, Тамара хола ҳайратдан ёқа ушлади. Йўқ, булар қора ва кулранг каламушлар оиласидан эмасди. Мутлақо бегона эдилар. Бегоналикларини шундан ҳам билса бўлардики, улар кулранг каламушнинг оиласига шафқатсизларча муносабатда эдилар. Чақирилмаган янги босқинчи меҳмонлар очофат эканликларидан ташқари, ниҳоятда иркит ҳам эдилар. Тамара хола ўзича уларни “Безбет дайдилар” деб атади.
Аллақандай нохуш хаёлларга бориб, ваҳимага тушиб қолган бўлса-да, Тамара хола дон сотиб олишни канда қилмади. Энди хола аввалгидан кўпроқ дон харид қиларди. Аслида, кулранг каламушнинг оиласини ўйлаб шундай қиларди. Дон оз бўлса анави йиртқичлардан ортмайди-да. Безбет дайдилардан қутулишнинг йўли бордай эди. Дейлик, дориланган дон сепиб қўйилса, тамом! Аммо унда кулранг каламушнинг ҳоли не кечади? “Бу дориланган, сен емай тур!” деб айта олмайди-ку! Эҳ!..
Шундай кунларнинг бирида хола шамоллаб, қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Қаҳратон қиш, ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан дон учун бозорга борганди. Бекатда автобус кутиб туриб қолганида ўзини шамоллатиб қўйди-ёв. Ҳечқиси йўқ, икки-уч кун дориларини ичиб, иссиққина уйда қимирламай ётса соғайиб кетади.
Тамара хола қайнаган сув тўлдирилган термосни, керакли дори-дармонларни каровати ёнидаги тумбочка устига келтириб қўйди. Тоза ҳаво кириши учун деразани қия очиқ қолдирди. Хола аллақачон бетоб вақтларида ўзини ортиқча уринтирмасликнинг ҳадисини олволганди. Озгина тоза ҳаво, дорилари ва қайнаган сув ёнида турса аҳволи оғирлашиб қолган тақдирда ҳам унчалик қийналмайди. Э-э, каламушлар-чи? Тамара хола ўрнидан тура олмай қолса уларнинг ҳоли не кечади? Шўрликлар қаровсиз қолишади-ку. “Нега бунча ваҳима қиляпман ўзи? Менга нима бўлди? – хаёлидан ўтказди Тамара хола бостириб келаётган қора ўйларни қувлашга, яқинига йўлатмасликка уринаркан. – Касал бўлмай юрган одамманми? Худо хоҳласа уч-тўрт кунда ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетаман. Анови диктор хотиннинг гапига кириб, уч кун қаттиқ парҳез қилганим ҳам таъсир қилди-ёв. “Ўзингизни беҳол сезсангиз хавотирланманг, бу парҳез таъсир қила бошлаганининг аломати”, деганди. Шамоллаш билан парҳез дармонсизлиги бир келиб қолгани учун сал шошиб қолдим-да. Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади!”
Орадан уч кун ўтди.
Тамара хола негадир ҳали ҳам ўзини нохуш сезарди.
Ҳафта охирига бориб эса хола бутунлай оғирлашиб, ҳаттоки ўрнидан туролмайдиган бўлиб қолди. Иситма зўридан хола дамба-дам ҳушини йўқотарди.
Бир оқшом, ким билсин, эҳтимол куппа-кундузи эрини, тўғриси, аниғини билмайди, буниям фарқига бора олмади, аллақандай шарпа ёнгинасида тургандай туюлди. Қараса... оппоқ матога ўралган Улфат акаси!
– Юр, мен билан кета қол энди!..
Тамара хола бу чорловни аниқ эшитди. Эшитдию, шу заҳоти даҳшат ичида чинқириб юборди:
– Йўқ! Йўқ! Кетинг! Ёнимга яқинлашманг! Мен ҳали яшашим керак! Кўп, жуда кўп яшашим керак! Яшашим керак!..
Тамара хола талваса ичида жон-жаҳди билан эрини нари ҳайдарди. Аммо раҳматли қилт этмади, хотинига ачингандек қараб тураверди...
– Бу туш... эрим тушимга кирди... – алаҳсираш аралаш ўзини ўзи ишонтиришга урина бошлади аллқачон овоз чиқариб гапиришга ўрганиб қолган хола.
Бир ҳафтанинг нари-берисида бирдан эт ташлаб, қоқсуяк бўлиб қолган Тамара хола иситма ва оғриқ зўридан бутун вужуди қуриб-қовжираб, кундан-кун сўлиб бораётган бўлса-да, тезда тузалиб кетишига буткул ишонарди.
– Соғайганимдан кейин каламушларимга дон олиб келаман. Шўрликлар менсиз қийналиб қолишгандир...

Madori boʻlmasa-da, boshini koʻtarishga urina-urina axiyri holdan toygancha oʻzini yostiqqa tashlagan xola shu zahoti hushidan ketardi.

Дарвоқе, Тамара холанинг нафақат “ўз” каламушлари, балки кейинчалик бостириб келган безбет дайдилар тўдаси ҳам чиндан қийналиб қолишганди. Уйдаги жамики чайнаса бўладиган нарсаларни еб битирган “безбет дайдилар” галаси энди у бурчакдан-бу бурчакка зир югурганча егулик қидиришар, ҳеч илож қолмаганда эса кучлилари кучсизларини ўртага олиб хомталаш қилишарди.
Бора-бора “безбет дайдилар” галаси жуда ҳаддиларидан ошиб кетишди. Улар кулранг каламушнинг очликдан сулайиб қолган бир неча боласини еб битиришганларидан кейин... уй бекасига ҳужум қилишди... Иркит дайдилар орасида қора каламуш ва унинг омон қолган болалари ҳам бор эди. Фақат негадир бу издиҳомда кулранг каламуш кўринмасди...
Оёқлари тиззаларига довур совуб улгурган, юз-кўзларида ҳаёт нишоналари сўнаётган Тамара хола ўзининг вужудини суюкли каламушлари хомталаш қилишни бошлашаётганини аввалига сезмади ҳам. У фақат танасининг ҳали ҳаёт асари буткул тарк этмаган ўринларига ваҳший жониворларнинг ўткир тиш¬лари ботгандагина жон аччиғида инграб юборар, қич¬қиришга эса мадори етмасди... Қичқириш у ёқда турсин, қимирлашга ҳоли йўқ эди. Фақат тобора сўниб бораётган шуурининг аллақаери аҳён-аҳёнда, бир неча оний лаҳзага “ярқ” этиб кетгандагина Тамара хола: “Наҳотки мен ўлаётган бўлсам... Наҳот каламушларга емиш бўлиш учун шунча йил яшаган бўлсам? ” деган ўйга борди ва вужудининиг ярмида қолган оқава кучларининг борини тўплаб, аста бошини кўтарди. “Мана, ниҳоят мен ўз ёлғизлигимни кўрдим... – дея шивирлади у ўзини хомталаш қилаётган каламушларга қараб. – Бутун ҳаётим давомида мени қуршаган ёлғизлик ниҳоят ўзини кўрсатди...” Аёл юмилишга қараб кетаётган кўз¬ларини каттароқ очишга уринди, аммо аллақандай қудратли, маҳобатли ва шафқатсиз куч измига қарши бора олмасдан, ожизона ингради:
– Умр шомида тақдир менга қалтис ҳазил қилди. Мен ёлғизликка ем бўлдим...
Зулмат босган тунларнинг бирида холанинг жони узилди.
Шу кеча уйга ўғри кирди. У анчадан буён ёлғиз яшаётган кампирнинг ортидан кузатиб юрарди.
Ўғри тунда қия очиқ турган деразадан уйга кирди ва қўлга илингулик нарсаларнинг барини, қошиқдан тортиб, хола ётган каравотгача машинага ортиб кетди. Қўшнилар ҳатто пайқамай қолишди.
Аммо ўғри кетиш олдидан бир иш қилди. Урчиб кетган каламушлар кароватсиз қолган мурдани хомталаш қилаётганларини кўриб, хонага маргимуш ташлаб кетди.
Кўп ўтмай каламушлар бирин-кетин қирила бошладилар. Кейин гуллар қуриди.
Тамара хола айтганидай, ҳеч нарса қолмади. Ҳаммаси йитди, йўқлик сари кетди. Фақат очиқ деразадан сизиб кириб, аллақандай тумтайган, мунғайган илоҳанинг руҳидай хонада кезиб юрган шамол қолди холос...

“Ёшлик” журналининг 2010-йил 9-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика