Алам (ҳикоя) [Oʻrinboy Usmon]

Алам (ҳикоя) [Oʻrinboy Usmon]
Алам (ҳикоя) [Oʻrinboy Usmon]
Синфдошим Ўктам хотирасига
Онда-сонда томчилаётган ёмғир дўлга айланди. Панага ўтаётган ёнидаги кишилардан бири Кенжанинг қўлтиғидан олди. «Юр дарвозахонага, ивиб кетасан-ку буткул!» У жойидан силжимади. Қўлтиқдан тутган қўл бўшашди. «Кенжа, ука, нима қиласан энди, аслида у сени тепиб-тепиб кўмиши керак эди-ю… Оллонинг иродасига бир нарса деб бўлармиди. Ўзи боғ яратган, гулзор яратган. Ўзи боғбон, истаган гулини ўзи истаган пайтида қирқиб олади… Яратганнинг қўлида-да ҳаммаси. Юр буёққа-эй!..»
Уни судрагудай қўлтиқлаб бориб, ўтқазиб қўйишди. Кенжа бир кундаёқ қорайиб кетган, кўзлари ич-ичига ботганди. Ўзининг тусидаги ўзгаришдан хабари йўқ, дардини ичига ютишга шунчалик уринишга қарамасдан, одамларнинг унга ачинишларидан ҳайрон эди. «Нега менга ачинишади, ўзлари айтмоқчи тирик бир кунини қилади-ку. Гўёки ўғлим эмас, мен ўлгандайин…»
«Кенжа қўшникидан угра чиқаришибди, ярим косагина ичвол. Ичсанг-чи, кечадан бери оғзингга туз тотганинг йўқ-қ! Ё ичкарига кирасанми?.. Э, одам деган ўзидан каттанинг гапига киради-да. Бу дунёга ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз. Барибир биттамиз олдин, биттамиз кейин…
«Вой, болам, вой, бо-лам, - ичкаридан аёл кишининг бўғиқ овоздаги ноласи эшитилди. – Сенгина совуқ тупроққа кирмасдан, мен ўлсам бўлмасмиди, бо-лам! Кўзимнинг оқ-қорасидан ажралдим, одамлар…»
«Хотинлар келишди, чоғи. Уларга яхши-да, йиғлаб-сиқтаб юрак бўшатишади.» «Кен-жавой, укажон, бундоқ кўзингга ёш олсанг-чи, хотинлардан уялиб ўляпман, биттаю битта ўғлини кўмсаям, дийдасини бузмайди, дейишяпти». «Опажон, юрагимни юлиб олиб кўрса-тайми ўшаларга!»
«Ақалли манови сувни ичволгин», - Кенжанинг ғулдуллаётганидан савдойи бўпқол-дими, дея чўчиган ёнидаги киши унинг елкасидан тутиб силкитди.
Елкасидан узиб олгудайин тутган қўл тинмай силкитарди. У қўлдан тутди-ю, эгасига қараб қотганича қолди. Енги узун оппоқ кўйлак кийган кишининг боши йўқ эди. Кенжа қўл-ни қўйвориб, ортга тисланди. Орқаси деворга тегиб тўхтади.
— Дада, нега мендан қўрқяпсиз? Мени танимаяпсизми?
— Тур… Тур… Турсунбой! Ўғлим! Гавданг, овозинг ўхшаяпти. Лекин… бош… бошинг қани?
— Бошим?! Мана-ку, кўрмаяпсизми?
Ё, товба! Агар елкаларидаги энгашган бўйин бўлмаганда ўзини Турсунбой деб атаётган, овози қуйиб қуйгандек ўғлининг овозидай бу кимсанинг бошини у кўкракдан ўсиб чиқ-қан деб ўйларди. Бош кўкракка шундай ёпишгандики, фақат соч кўринарди, холос. Ерга ёт-волиб қараганингдан сўнггина қуйи тикилган кўзларни, қош, юз, бурун, оғизни кўришинг мумкин эди.
— Бошингни кўтариб гапир, ўғлим!
— Дада, сўзингизни қайтиб олинг, дарҳол қайтиб олинг, сизнинг кўзингизга қараб гапириш гуноҳи азим-ку! Қўтардим деганимча, бошим узилиб кетади. Сўзингизни қайтариб олинг, ўтинаман, дадажон! Бобом эшитиб турибдилар. Ана, супага қаранг ўзингиз!
Ҳовуз четидаги лойсупага шолча тўшалган. Уч қават кўрпачада қўшёстиққа ёнбош-лаган норғул чолнинг лабида истеҳзо. Супадан пастда тиззалаган, боши эгик турган киши титроқ қўлларини яширишга уринади.
-Биттаю битта ўғил деб бевош қилворяпсан, Кенжа. Отасига сапчий деб турибди-я. Бизлар отамиз ётган уйга киролмасдик, томига чиқолмасдик. Ота тугул, етти ёт бегона йўлда бораётган бўлса, ёшини иззат қилиб, ундан ўтиб кетолмасдик. Бу муштдек бошидан кўзларини чақчайтириб, сенга гап қайтаряпти. Охирзамоннинг боласи-да. Лекин ҳалиям кеч эмас. Ниҳоллигида эгиб ол. Тийсанг, тийдинг, йўғасам, нақ бошингга чиқволади. Бўйнингга арқон солиб, эшак қилиб минади. Боланинг ўзига қўйиб берсанг, нима номаъқулчиликлар қилмайди!..
Кенжанинг ҳасса тутган қўли қақшади.
— Қўлингиз оғридими, дада, ҳозир қулоғимни кесиб ташлайман. Ҳали сизнинг қўлин-гизга озор берадими…
«Агар яна бир марта чақчайганингни кўрсам, кўзларингни ўйволаман. Гапга гап қай-тарадиган бўлсанг, тилинг узволиб, итни тўйдираман. Бобонгнинг таҳорат сувини айтганида обормасанг…» Дағал қўл нозиккина қулоқни аямай бурарди. Боланинг миқ этмай турганига чидаёлмай юз-кўзи аралаш устма-уст шапалоқ тортади.
— Қўйинг, дада, нима қиласиз, ўтган гапларни эслаб. Ота деган ўғлини койийди, ура-ди-да. Ёмон бўл, деганингиз йўқ-ку…
Кенжа боши кўкрагига ёпишган ўғлининг қулоқларидан, қип-қизил гўштга айланган қулоқларидан сира кўз узолмасди. Қўлидаги оғриқ тобора кучайиб борарди…
Шом қоронғуси тушганди. Ишдан чарчаб келган Кенжа қоратол соясида чўзилиб ётганди, кўча томондан биров тўхтовсиз чақирди. Хушлар-хушламас қўзғалган Кенжа ҳовлига хомуш қайтди. У ён-бу ён аланглаб, ўғлини қидирди. Бир нима эсига тушиб, полиз томонга ўтди. Қоронғида оёғи сувга тушиб кетиб, ғижиниб сўкинди. Пича жойида туриб, атрофга қулоқ тутди. Сув шилдирашига қўшилиб кетаётган ғўнғиллаган овоз томон тусмоллаб юрди. «Ҳа, бойвачча, юлдуз санаб ётибдиларми?» Осмонга тикилиб, хиргойи қилиб ётган бола сак-раб турди. Хайрият, отасининг қоронғуликка кўзи ўрганмаётгани, йўқса, унинг қиёфасидаги ошкора норозиликни аниқ сезган бўларди.
— Ашила айтиб ётибсизми? Ҳамма гапни отангиз эшитсин, сиз бемалол юлдузларга кўз уриштириб ётаверинг… Ҳўв, сан боланинг дастингдан маҳалла-кўйда бош кўтариб юролмай-диган бўпқоламан, чоғи?
— Дада, мен нима қиляпман? - юрак ютиб жавоб қайтаради бола.
— Тилингни узволаман деганим чап қулоғингдан кириб, ўнгидан чиқиб кетдими? Нега ўзингдан катталарни писанд қилмийсан? Нега чап қўшни билан сув талашдинг?
— Дада, ўзингиз полиз сувсаб кетибди, дегандингиз. Анҳордан сув очиб келсам, у тай-ёрга айёрлик қилиб, бўғволипти. Икки оғиз гапирдим-да, сувни очволдим.
Қулочкашлаб тушган шапалоқ болани ерга қулатди. Ота энди тепишга оёқ кўтарганди, орага аёл кўндаланг бўлди.
— Дадажониси, ким нима деса, суриштирмай, ўғлимни ураверасизми? Уч кунгача ариқ қуриб ётувди. Шу ёмон ўғлингиз анҳорга тушиб, қувурга тиқилган тошни обташламаса, сув қаёқдайди. Бели оғримаган қўшни ҳам экинини суғорволиб, ҳам болагинамни калтаклатади-ми?
— Хотин киши бола тарбиясига аралашдими, Худо урди-кетди. Келин, бор, ямоқ-чамоғингни қил, - полизнинг ўртасидаги супа устида ёнбошлаган чол Кенжанинг қўлидан тутди. – Унинг кўзларини кўряпсанми, агар сен менга ақалли бир марта шундай қараганинг-да, нақ қорачиқларингни ўйволардим. Отасининг кўзига тик қараган ўғилнинг икки дунёси куйиб кетади. Ҳа, иккала дунёси! Ҳалиям, болага тарбия беришни ўрганмапсан. Фарзанд ҳаммагаям ширин.
— Дада, нима қилай, муштдайлигидан ўзидан каттани иззат-ҳурмат қилишни қулоғига қуйиб келяпман.
— Ёмон қуйгансан, ёмон. Қўлингдан келмаса, менга қўйиб бер…
Супа полиз ортига ўтиб кетди. Кенжанинг отаси томон ёзилган илтижоли қўллари ҳавони кесганча қолаверди. У аламидан қўлларига куч берди. Болани елкасидан чангаллаб ертўла томон судради…
— Дада, дадажон, юринг, бу ердан кетайлик, юринг!..
Ёнида ҳеч ким йўқ, лекин қўлидан биров ушлаб тортаётгандайин. Ўрнидан қўзғал-моққа уринди-ю, бўлмади.
«Вой, илойим, қўшнининг уйи куйсин, уйгинаси куйсин. Ҳув, ўша болагинамни ёмон-лаган тили лаҳатда чирисин. Биттаю битта ўғлим каламушларга ем бўлай депти-я…»
«Овозингни ўчир, шарманда», дея хезланиб бораётган Кенжа хотини қучоқлаб олган ўғлининг ҳолсиз осилиб турган гавдасини кўриб югургилади. Турсунбойнинг юзида қон қолмаган, аъзои бадани қалтирарди, лаблари титрармиди, пичирламоқчи бўлиб қимирлар-миди… Яна бир қадам ташлаганди, ертўлага тушиб кетди. Билакларидан, болдирларидан, кўкрагидан, елкасидан ҳар бири мушукдай-мушукдай каламушлар тишлаб тортишарди. Ана, қулоқларини еб қўйишди, биттаси бурнини ғажияпти, биттаси…
— Дада, сиз кетмасангиз, мен бутунлай кетаман, кейин сираям қайтиб келмийман!
Кенжа қаршисидаги боши кўкрагига ёпишган ўғлига илтижоли термулди. « Мен… мен сени нобуд қилдим, ўғлим. Ўша ўқитувчингнинг хатосини кўрсатганингдан кейин, у «қанақа бола ўстиряпсиз, одамнинг юз-кўзи бор, демайди»лаб арз қилиб келганидаям, янги иш бошлаганингда «нотўғри буйруқни бажармийман», деб бошлиғинг сўзини икки қилганингдаям, сени уришиб… э, ҳар куни умрингни эговлаб бордим, болам, кечир отангни…»
— Дада, мен кетяпман. Агар ҳозир юрмасангиз, кўп ажойиб томошадан қуруқ қоласиз.
Кенжа аста ўрнидан қўзғалиб, оппоқ кийими баданига ёпишган ўғлига эргашди. Ҳозир унинг ортидан юрмаса, ўғлидан бир умр ажралиб қолишига кўзи етиб, тезроқ юрмоқ-чи бўлар, лекин оёқлари, тош боғлагандайин оёқлари ўзига бўйсунмасди. Қаршисида бир қўлида қон чакиллаб турган кўйлакча, бир қўлида катта, нақ қиличдек игна тутган, қордек рўмоли кўйлакчага тегай-тегай деб ҳилпираётган аёл чиқиб, оёғидаги тош юз чандон оғир-лашди. «Қ-қаерда кўргандим сизни», Кенжа минг азобда ярим қадам қўйди. Аёл рўмолини ҳилпиратиб, игнани ўйнатиб, кўйлакча билан юзини тўсиб учиб кетди.
«Дада!- Турсунбой аламли қичқирди. – Катта момомни танимадингизми?» «Таниган-да нима, - ота-ўғил ўртасида супа ўсиб чиқди. Қўшёстиққа ястаниб олган бобо кўзларида қахр ёнарди. – қатта момомиш? У отангга буви бўлса, менга она бўлади. Ҳаммангдан ҳам менга яқинроқ. Лекин мен ундан узоқ юрдим. Кенжа, бу ақлини еганнинг гапига қулоқ сол-ма. Охирати куйди унинг!»
Кенжа аямасдан миясига ўт сочаётган қулоқларини беркитиб олди. Ўғлининг лаблари қимирламасди. Лекин ота унинг ҳикоясини баралла эшитарди.
… Катта моможоним. Нега ўшанда битта ҳимоясиз аёлга кучи етган номардларга игнангизни тиқволмадингиз? «Ҳокимиям, оқсоқолиям бир гўр экан. Бир кўппакнинг устидан иккинчисига шикоят қилиб борибман. Адолат қиламиз, деганига лаққа ишониб, арзга бориб-ман-чи…» «Моможоним, моможонгинам, бошингизга сўйил кўтарган қўлларни, биқинин-гизни тепкилаган оёқларни игнангиз билан узиб ташламайсизми? «Менинг устимдан чақим-чилик килганнинг уруғини қуритаман», деган тилни шартта узволмайсизми? Мен нега бун-дай деяпман? Ҳаққим йўқ, ҳақ-қим йўқ!.. Уҳ, номардлар-а, уч давангирнинг кучи биттагина аёлга етдими? Сиз-чи, бобо, ҳой супангиздан тушинг, сиз оқ сут берган онангизни ураётганларини, тепаётганларини, хўрлаб-хўрлаб ўлдираётганларини қандай қилиб томоша қип тур-дингиз? Кўзларингиз оқиб тушмадими? Кейинчалик отамга насиҳат қиладиган тилингизни ўшанда чайнаб-чайнаб тупуриб ташласангиз бўлмасмиди?.. Нега ўйламай-нетмай гапиряп-ман? Ҳаққим йўқ бунга, сира ҳақ-қим йўқ!..»
«Сўрашга ҳаққинг бор, жиян! Агар сен сўрашдан тортингсанг, мана мен сўрайман». Турсунбойнинг ёнида норғул киши пайдо бўлиши заҳоти супа турган ер чўка бошлади. Ўрта-даги жарликка кириб кетган супа кўринмай қолди.
«Жарлик тугул, жаҳаннамга беркинсанг ҳам, энди қутулмийсан! Ўшанда онамни, онангни ўлдиришаётганда қандай чидадинг? Биламан, жавобинг тайёр доим, ҳали бола эдим, уларга кучим етмасди, дейсан. Лекин оғзинггаям кучинг етмасдими? Додлаб, қўшниларни чақирсанг, бўлмасмиди?! Бор, майли, додлашга ҳам кучинг етмагандир. Хўш, кейин-чи, нимага онангнинг қотиллари билан олишиш ўрнига, уларнинг товонини ялаб юрдинг?!
«Битта олишган сенми, - жарлик тубидан бўғиқ овоз келди. – Йигит ёшингдаёқ совуқ юртларда нақ суягинг чириб кетувди. Менга кўп гердайиб қарама. У ёқдан қайтиб ҳокимни ўлдирган бўлсанг, унинг ўғли қолди, оқсоқолни чопиб ташладим, дейсанми, лекин сен ўшанда унинг ўғиллари қандай тиш қайраётганларини кўрмадинг. Бориб-бориб ботир-лигинг бошингга етгани ёлғонми?»
«Бўлди, бўлди…» Кенжанинг мияси зирқиради. У амакисини охирги марта қачон кўрганини эслашга уринди. Ўшанда амакисининг ўзи тенги ўғли билан ўйнагани борганди. Амаки кўчадан қовоғи солиқ, ўйчан қайтди. Чой ичиб ўтириб, устма-уст «уҳ» тортди. «Нега «уҳ» тортасиз, дейсан-а, хотин, бўғилиб кетяпман, бўғилиб… Бугун яна битта бегуноҳ одамни опкетишди. Бола-чақаси чирқираганча қолаверди. Боя ўша темирчини суриштиргани борувдим, биронтаси лом-мим демади. Бошлиғига кириб айтдим, темирчи халқ учун жонини жабборга берган одам, юртини деб ўлимга тик боради. Кимнингдир чақуви билан тўғри одамнинг шўри қурийверадими, дедим. Яхши одам кўринади. «Хўп-хўп, ҳисобга оламиз, суриштирамиз, айби бўлмаса, қўйворамиз, келганингиз яхши бўлди, деди. Зора чиқарвор-са…» Кўча эшик тўхтовсиз тақиллаб, амакимнинг сўзи оғзида қолди. Амакимнинг ўғли югуриб бориб эшик очди. Ҳовлига бирин-кетин учта одам кириб келди. Учовиям нотаниш, учовининг ҳам турқидан бир нарса англаш қийин, нигоҳлар совуқ, тунд. Улар уй эгасининг кимлигини сўрагандайин бўлишди-ю, иккитаси ҳаммаёқни титкилашга тушди. Биттаси сўроқ бошлади.
— Темирчига ким бўласиз?
— Қўшни.
— Бирга ўтириб-турармидиларинг?
— Ҳа, бир маҳаллада яшагандан кейин. Маъракаларда, чойхонада, кўча-кўйда.

- U qanaqa odam edi?

— Эди, дейсизми?.. Нега энди эди?..
— Саволни мен бераман, сиз аниқ, лўнда жавоб беринг! Тушундингизми? Хўш, темир-чи қанақа одам эди?
— Яхши одам. Тўғрисўз, ҳақиқатчи.
— Ҳм, ҳақиқатчи, денг, - совуқ нигоҳлар ялтиллади. – Сиз онангиз ҳақида ёшларга гапириб бераркансиз-а? Ҳар киши ўзининг қадрига етиши керак, халқ бошида ўтирганларнинг ҳаммасиям халқ дардини тушунавермайди, дебмидингиз?
— Десам, дегандирман. Онам ҳақида қанча гапирсам арзийди. Эркаклар бир ёқда қолиб, бойлар зулмига у киши қарши чиққанлар.
— Бўлди! Етарли! Мановинга қўл қўйинг! Энди ўрнингиздан туринг, кетдик!
— Қаёққа? Нега?
— Ҳаммасини борган жойингизда биласиз.
Кеннойим ҳовлини бошига кўтариб додлади. Ҳалиги сўроқ қилгани бир ўқраювди, кеннойимнинг овози пасайиб, ҳиқиллашга тушди. «Бу англашилмовчилик. Ҳақ жойида қарор топади. Пошшо замонлари ўтиб кетган.» Амаким мунғайиб қолган ҳовлидан уч киши қуршовида қадди ғоз, мағрур чиқиб кетди…
«Эсингдами, ўшанда сенга нима дейишди? - жардан овоз чиқди. – Халқ душманининг дўсти ҳеч қачон халққа дўст бўлмайди!»
«Ким дўст, ким душманлигини ҳаёт кўрсатди-ку», амакининг овози аламли титради.
«Эҳ-ҳе, ҳали унгача… Сен яхши одам кўринади, деб ўйлаганинг, «келганингиз яхши бўлди», деган бошлиқни ўшанда танимадинг-а? Устингдан ариза ёздирган, сени халқ душ-манига чиқарганнинг кимлигини ҳам билмасдинг. Уларнинг бири ҳокимнинг, иккинчиси оқ-соқолнинг ўғли эди… Сен йўқ бўлиб кетавердинг, улар айш сураверишди. Буёқда менинг бўйнимга «халқ душманининг акаси» тавқилаънати осилди. Мен бўйнимни қисиб, замон тинчигунча гадойтопмас кавакларда жон асрадим».
«Сен асли кавак учун яралгансан!»
«Пичингингни пишириб е. Нима бўлгандаям, мен ёшимни яшаб, ошимни ошадим. Сен-чи, сен, ўғлингниям бошига етдинг! У сендан норози бўлиб кетди!»
Амаки чўкиб қолди. Супа кўтарилиб чиқиб, жарлик кўринмай кетди. Супада соқоли-ни силаганча ўтирган ака тобора кичраяётган акасига виқор билан боқарди.
«Дада, бу одамнинг гапларига ишонманг. У оғзига келганини валақлайверади, - Кен-жа супанинг нариёғида амакиси томон бораётган амакиваччасини кўрди. У яқинлашаркан отасининг гавдаси тиклашаверди. - Ўшанда… Сизни опкетишгандан кейин бу менга оталик қилмоқчи бўлган. Отанг ўрнига отангман. Мен сени асло ёмон бўл, демийман, сўзимга қулоқ тутсанг, сира кам бўлмийсан, деган. Ўзингдан атиги бир ёш катта бўлсаям катта, жил-ла қурса, битта кўйлакни кўп кийгандир, уни албатта ҳурмат қилгин, нима деса, хўп дегин, кичкина раҳбар бўлсаям, барибир раҳбар, ҳали ишлаганингда биласан, раҳбарнинг сўзини сира икки қилмагин, дея насиҳат қиларди…»
«Нима, нотўғри насиҳат қилган эканманми? Ана, ўзбошимчалик қилиб, сен нима бўлдинг? Кенжаям сенга ўхшаган саркор эди. Катталарга хўп деб, шох-похи узилиб тушдими?
«Бор нарса узилиб тушади-да… Дада, сиз эшитмагансиз. Бир йили ёзда жала, дўл ёғиб, ғўзани нобуд қилди. Жавзо оёқлаган, катталар келиб, биз ҳеч нарсани билмиймиз, чигит экасан, давлатга пахта керак, деб турволишибди. Ҳой, инсонлар, сизларнинг ҳам ота-боболарингиз деҳқон ўтган, шимоллик одам нимани биларди, қилган меҳнатимиз, сарфлаган харажатимиз ҳайф бўлади, шунча ердан олсак, бир этак пахта оламиз, ўшаниям қиш изғи-ринида, одамларниям ўйлайлик, бошқа экин экайлик, десам, ҳеч кўнишмайди-да. Бири қўйиб, бири бақиради, сендан бошқа, сендан яхшироқ ўйлайдиганлар бор, давлатга пахта керак, дедикми, пахта керак, қайтадан чигит экасан, йўқса, саркорликни ҳавас қиладиганлар навбатда қаторлашиб турибди, дейишди. Қарасам бўлмайдиган, ерни ҳайдадик. Улар берган чигитни кўздан панароққа яшириб, бошқа уруғ экдик. Ана ундан кейинги ғалвани кўринг…»
Кенжа қочгани жой тополмай қолди. Орқага қайрилай деса, кимдир дарҳол буриб қўяди. Оёқ кўтарай деса, биров қаттиқ тортади… «Ўшанда қишлоқда илоннинг боласи илон бўларкан-да, деган гап тарқалди. Кўча-кўйда бош кўтариб юролмай қолдим. Гўёки ҳар бир ўтган-кетган мановининг амакиваччаси пахта душмани экан, қамалибди», дея кўрсатаётган-дай. Мен аҳмоқ оилангдан хабар олиш ўрнига, улар билан борди-келдимиз йўқ, дебман сўраган-сўрамаганга. Ўша йили қишлоқ халқи сабзавотга, моли хашакка тўйди. Кузга бориб, одамлар саркор ноҳақ кетди, аслида у тўғри қилганакан, мана Кенжанинг еридан бир араваям пахта чиқмади, деб бурчак-бурчакда пичирлашганда, ер ёрилишини тиладим. Лекин у ҳақ эди, дея ҳеч кимга, ҳеч қаерга бориб айтолмадим… Сен бўлсанг… у ёқдан соғлигингни йўқотиб, озиб-тўзиб, рангинг сарғайиб қайтдинг ва бир йил ўтар-ўтмас…»
Кенжа амакиваччасининг ғазабли қарашига чидаёлмай кўзларини олиб қочди. Шу заҳотиёқ унинг бошини тағин амакиваччаси томон буриб қўйишди. Қараса, бувиси, амаки-си, ўғли ёнма-ён кетиб боришарди. Турсунбой уларнинг ортидан эмакларди. «Қаёққа, қаёқ-қа кетяпсизлар?» Қариндошларига етиб олмоқчи бўлиб илдамлаган Кенжа супага урилиб йиқилди. У бошини кўтариб супага тирмашувди, отасининг ўқрайган кўзларидан қўрқиб кетди. Бироқ кўзларини олиб қочмади. Ҳорғин, ғамгин, ўйчан кўзлар супага қадалганча тураверди. Супа жойидан силжиб, қуйига отилди. Унинг ўрнида пайдо бўлган жарлик Кен-жани узоқлашиб бораётган оппоқ кўйлакли тўрт кишидан ажратиб қўйди. «Барибир етвола-ман, етволаман». Кенжа оёқ қўйиши биланоқ зим-зиё ертўлага қулади. У ён эмаклади, бу ён эмаклади, бирон-бир туйнук йўқ. Ташқаридан сувнинг шовуллагани эшитиларди. Шовуллаш тўхтовсиз кучаярди. Кенжа ғувиллаётган қулоқларидан кафтларини олганча деворга ёпишди. Девор ортида сой бор-ку! Ана ўғли қирғоқда ўйланиб турибди. Ўтма у ёққа, ўғлим, ўтма! Ким у ўғлининг орқасидан итараётган? «Ишонганимиз сен, Турсунбой ука, бу ёшларнинг қулоғига гап кирмайди, юрак деб, ўпкани қўлтиқлаб юришибди бари. Сувнинг пасайишини пойлаб ўтираверсак, моллар очдан ҳаром ўлади. Ие, нега қадаминг тортмайди? Илгари неча марталаб ўтгансан! Қани, ҳайда машинани!» Товба, раиснинг афти ўзига ўхшаб қоптими? Турсунбой ортига қараб бир хўрсинди-ю, кабинага ўтирди… Кенжа тирноқлари билан деворни кўчира бошлади. Тезроқ бу қафасдан қутулиши, ўғлини қутқариши керак. Бармоқлари ачишиб оғрир, девор эса қалин эди. О, машина лапанглаб сойга кирди-ку! Ана, сувнинг ўртасига етиб боряпти. Э, тиқилиб қолди. Ўғлим, Турсунбой, тушақол, болам, тезроқ қир-ғоққа ўт. Тезроқ!» Ҳозир бало-қазодай, томдан баланд сув бостириб келади. Турсунбой, тушақол! Нега овозимни эшитмаяпсан? Сувни кўрмаяпсанми? Ҳозир машинангни ағдаради, кейин ўзингни…
Тишлари шамширдек ҳайвонлар миясини ғажиб-ғажиб, юрагига ўтишди. Урай деса, қўли, тепай деса, оёғи йўқ. Шовқин солиб қўрқитай деса, тилини аллақачон кемириб бўлишган. Фақат юраги қолувди, энди униям…
Юмшоқ қўллар аввал юзини сийпалади. Аста-аста чопонидан тортиб, ертўладан суд-раб чиқа бошлади. Ўткир ёруғликдан кўзи қамашиб кетди…
— Чироқни ўчирайликми, бобожон, - Кенжа тикила-тикила рўпарасидаги узун тўн кийиб олган болани, Турсунбойнинг ўғлини базўр таниди. – Қоронғи тушгани қачонийди, шунча ичкари кир, дейишсаям, кирмадингиз. Кейин мени чақиришди. Қарасам, ухлаб қолган экансиз…
Бола ерга қараб гапирарди. Унинг боши кўкрагига эгилиб борарди. Яна пича эгилса, ёпишиб қолиши мумкин. Кенжа ўрнидан ирғиб турди.
— Бошингни кўтар! Кўзимга қараб гапир! Намунча минғиллайсан? Шартта-шартта гапир!
Бола индамай турганди, Кенжа унинг томоғидан ушлаб, бошини кўтарди. Бобосига кўзи тушган бола йиғлаворди ва яна бошини эгганча ичкарига югуриб кетди.

Кенжа аламидан титрар, қўлидаги ҳассани тинмай бошига урарди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика