Сазойи (ҳикоя) [Oʻrinboy Usmon] |
Бир текис чопиб бораётган от кескин тўхтади. Кўзларини юмганча хаёлга берилган кўйи келаётган Арслон олдинга хавотирланиб қаради. Қуйида Сирдарё тинчгина оқарди, оқшом ғира-ширасида суви гоҳ оқариб, гоҳ қорайиб кўринарди. Арслон отдан тушиб нам-хуш ўтлар устига чўзилди. Майсалардан таралаётган димоқни қитиқловчи бўй, дарёдан эсаётган ёқимли шабада ҳорғин вужудинини аллалади. Бир маҳал кўзини очса, дарёда оқиб боряпти. У тўппа-тўғри уюрма томон оқарди. Ҳозир сув у томон суриб боради-ю, уюрма аждаҳодек оғзини очиб ютворади. Уюрмадан четроққа сузиб кетиш учун қўл-оёқларини ҳаракатлантиришга уринар, уввало уринмасин, қимирлатолмасди. Қараса, қўл-оёқлари бешикка маҳкам чандиб ташланган. Бешик қалқиб-қалқиб ўпқондек оғзини очиб турган уюрмага яқинлашарди. Тўсатдан қирғоқда оёқяланг, бошяланг аёл кўринди. «Мусулмонлар, ёрдам беринглар, болагинам оқиб кетяпти, нега қараб турибсизлар, инсоф борми сизларда!..» Аёл ўзини сувга отди. Анчагача дарёда кўринмай, бешик ёнидан чиқди. Энди қўлини узатганди, бешикни уюрма ямлади… Арслон сесканиб дарёга тикилди. У ҳамон гоҳ оқариб, гоҳ қорайиб оқарди. Кўзлари бежо бўлиб, дарёдан бешикка қўл узатганча қолган аёлни – онасини излаётганини англаб қолиб, ўрнидан туриб кетди. Нима бўлди ўзи? Уч кун аввалги тушини тағин кўрдими ё эс-ладими? Ҳали уйга боргач, онасига кўнгли ғашлигини, ёмон туш кўрганлигини айтади. Тушни ёмон дема-э, болам, дейди соғинч тўла кўзларини ундан олмай онаси, босинқирагансан, бошингдан дон-дун ўгириб сочдингми?.. Илгариям онасини кўп соғинарди, узоқ борса, ойига бир марта кўриб келмаса, ҳеч кимга тузукроқ гапирмасдан, тунд юраверарди. Биронтаси унга юрак бетлаб сўз қотмас, оғзидан чиққанини дарҳол бажаришга тиришарди. Фақат қутиулуғлик ўспирин Турдибойгина «қишлоқни соғингансиз, ака, бориб келмаймизми,» дейишга ботинарди. Қишлоққа унинг биров билан боришини хушламаслигини ўспирин яхши биларди, лекин ҳар гал «бориб келасизми», демасдан, «бориб келмаймизми», деяверарди. Ҳали негадир отнинг жиловидан ушлаб олди, «шу бугун борманг», деди қайта-қайта ялиниб. У ёқдан-бу ёққа тўхтамай юраётган Арслон дарёнинг нариёғига тикилди. Қоронғуда ҳеч нарсани кўз илғамасди. Бу атрофда ўзи бирон макон йўқ. Фақат дарёнинг юқорироғидан, бундан бир чақирим наридан кечилса, тўғри Қутиулуғдан чиқилади. Турдибой ана шу ўн беш-йигирма уйли чоққина қишлоқдан. Отаси ўлгач, Турдибой дарёдан ўтиб, Арслонга қўшилиб қолган. Ўтган ой беш киши бўлиб Турдибойларнинг уйини тортиб олган бойнинг уйини босишди. Ширин туш кўриб ётган эканми, бой тепасидаги қоп-қора одамларни кўриб, ўтакаси ёрилаёзди. Иккитаси бойни дарахтга боғлади, учтаси қўлга илинган бойликларни қопга тиқди. Оқ яктак, оқ иштончан бой у ёқдан-бу ёққа ғизиллаётган шарпалар ҳар ўтганда чунонам қалтирар, дарахт ёшроқ ёки таги бўшроқ бўлганида илдиз-пилдизи билан қўпориб юборгудек эди. «Етимнинг ҳақига кўз олайтирганнинг жазоси шу, ҳали бу хамир учидан патир, агар яна бошқаларнинг уй-жойига ола қарайдиган бўлсанг!..» Бой томоғига тегай деб турган келидастадек қўллардан қўрқиб, дағ-дағ қалтирарди… Кечувни тўғри танлаганига яна бир карра ишонч ҳосил қилиш учун Арслон туятошни қидирди. Уни топиб, хотиржамлашди. «Лочин!» Эгаси пичирлаган бўлса-да, ўтлаб юрган от елдек елиб келди. Ҳаял ўтмай, икков дарёда сузиб боришарди… Дарёдан чиқишгач, от олдинга юришни истамай, депсинаверди. Бирон йиртқичнинг исини олдими, дея хавотирланган Арслон атрофга қулоқ тутди. Жимжитлик. Фақат юқоридан – Лочинхона адирларидан калтакесакларнинг, тунда емиш қидириб изғиб юрган ҳашаротларнинг чириллагани эшитиларди. Тихирлик қилаётган от эгасининг аччиқ қамчиси зарби ҳадигида юриб кетди. Тезда адир устидаги ўзи кўп юрган йўлни топиб олди. Адир кимсасиз, от туёқлари олдидан ғизиллаганча калтакесаклар ўтар, тинчларини бузиб бораётган баҳайбат махлуқни чўчитишга уринишарди. От уларнинг уринишларини сезиш нари турсин, ҳатто ўзларига ҳам парво қилмасди. Юз қадамча нарида эски қўрғон харобалари қорайиб кўринди. Отнинг саркашлик қилаётганидан хавотир Арслон қўрғонда пича нафас ростламоқни ўйлади. Бироқ юлдузлар чарақлаётган осмон бу ўйидан қайтарди. Қишлоққа қадам қўйишлари заҳоти нафас олиш енгиллашди. Арслоннинг отдан тушиб, яёв юргиси келар, лекин вақт алламаҳал бўлганидан ташвишланиб, кўпчиб ётган тупроғидан, дов-дарахтлардан руҳига завқли бир енгиллик ато этаётган бўйдан узоқ-узоқ тотишдан ўзини тиярди. Лочиннинг ихтиёрини ўзига қўйиб берган, у катта кўчаларни четлаб, дала йўлларидан йўртарди. Кўкка бўй чўзган тераклар кўрингач, отнинг қулоғига пичирлаб, қўйворди. Лочин эгаси билан пича ёнма-ён боргач, унинг жойида тўхтаб қолганини кўриб, дала томон йўрғалади. Теракзорда Арслон ўзини танаси бир қулочча келадиган дарахт панасига олиб, атрофга қулоқ тутди. Хавф йўқлигига ишонгач, боғ майдонлари томон юрди. Пастқам девордан ошди, шарпа чиқармай бориб, онаси ётадиган уйча деворига қапишди. Оёғига бир нарса келиб суйкалди. Чўчиб ўзини нари олганди, у яна суйкалди. Қараса, ит. Хўрлиги келди. Итнинг ғингшиб, ҳовлидагиларни уйғотиб юборишидан хавотирланиб, очиқ деразадан аста сакради. Қоронғига кўзи кўникмай турганди, қўлидан биров етаклади. Онасининг ҳеч нарса билан тенгланмайдиган бўйидан ўзини йўқотай деди. Уй тўрига ўтказгач, она ўғлининг юз-кўзларидан ўпди. Оғзи шўрланиб, алам билан йиғлади. -Ухламай ўтирувдингизми, онажон? — Келишингни билувдим. Энди сира кетмасанг, дейман, ўғлим. Ҳеч қаёққа қимирламасдан, олдигинамда ўтирсанг. — Сизни кўп соғиняпман. Ёнингиздан нари кетмайин дейман. Лекин… иложим йўқ-да… — Сени саргардон қилганларни саҳарларда қарғайман. Худонинг кўзи бўлса, ҳаммасини кўраётгандир… Болам, ишқилиб бева-бечораларни хафа қилаётганинг йўкми? — Онажон, наҳотки сиз ҳам менга ишонмасангиз? — Душман кўнгил-да… Онагинангни кечир, ўғлим… Элнинг оғзида хилма-хил гап. — Биламан, онажон, сизларни қийнаб қўйдим, ёмон аҳволга солдим. Ўғри деган сўзнинг ўзи хунук… Она-бола гапга берилиб, дераза ёнида турган шарпани сезишмади. У эшикдан кирганда она ўғлига осилиб йиғларди. Ўғил туш кўрган кеча она ҳам даҳшатли туш кўрган, ўшандан бери тунлар кўзидан уйқу қочганди. Ҳозир иккови ҳам тушини ўйлар, бир-бирига айтишдан чўчиб, нуқул ўтган-кетганларни эслашарди. Ўғилнинг гўдак бўлиб қолгиси, онасининг иссиқ пинжига тиқилиб олиб, роҳат қилиб ухлагиси келарди. Туйқусдан дағал қўллар уни она пинжидан юлиб олди. Мункайиб кетган Арслон ўзини ўнгларкан, кўзлари қўл эгасини излаб, қоронғини пайпасларди. Ортига ўгирилиб, жойига чўккалаб қолди. Минг қоронғи бўлмасин, уч-тўрт йил берисига отасини бунчалик яқиндан кўрмаганди. Унинг нафаси болалик хотираларини титкилаб юборди. Ота даладан ҳориб-чарчаб келганда, лойқўрғон қураётган ўғлини кўтариб олиб, лой ёпишган бетидан ўпар, юзини юзларига суркарди. Лойқўрғонни тезроқ битказиш ўйидан бошқа ўйи йўқ бола пастга тушаман, деб типирчилар, ниҳоят, чарчоғи ёзилгач, отаси уни оҳиста ерга қўярди… — Сен болада тариқча орият борми? Қайси юз билан остонамдан ҳатладинг? – Арслоннинг отасига раҳми келарди, унинг овозидаги ғалати титроқдан кўнгли ғашланарди. – Эл-юртда бошимни эгганинг етмайдими? — Отаси, раҳматли қайнатам, юртнинг ўғриси бўлса-да, ўғлинг бўлсин, дердилар,- бирон кор-ҳол бўлишидан қўрқиб дағ-дағ титраётган она эрини юмшатиш йўлини изларди. — Мияси суюлганда бир айтган-қўйган-да. Отамнинг бошқа бир ҳикояти бор эди. Эшит-гандирсан, ўғрини осаётганларида онасининг тилини тишлаб-тишлаб узволганини… Эрининг нимага шама қилаётганини тушунган аёл кучини кўз ёшига берди. Ҳамон чўккалаганча ўтирган ўғлини қучоқлади. Дағал қўллар уни ўғлидан ажратиб, бир бурчакка итқитди. — Гап шу, сенга! Мен аллақачон сендай ўғилдан кечганман. Агар, яна шу хонадонга қадамингни қўядиган бўлсанг, ёқангдан оламан-да, мана шу икки қўлим билан дор тагига ўзим судраб бораман. Ёки сазойи қилиб, фалончининг ўғли эди деган исноддан қутулиш учун жаназангни битта ўзим ўқий қоламан… Она ўрмалаб ўғли томон яқинлашаркан «болам, отангнинг гапларини кўнглингга олма, унинг ичига шайтон кирволган, шайтон» дерди бирдайин. Арслон эса бир ўйда – отаси-нинг юзини юзига босишини истарди. Ота бирдан юмшаб, эмаклаб келаётган кампири томон кўтарган оёғини жойига қўйди. Бир оғиз сўзламай чўккалаганча ўтирган ўғлини босиш истаги юрагига ҳамла қилди. У томон бир қадам қўйди-ю, худди оёғи остидан илон чиққандай илкис орқага ташлади. — Барибир сени сазойи қилишади. Майда ўғри бўлганингда қўлингни чопишарди. Сени сазойи қилишади, - ота чўзиқ «уҳ» тортди, бўғзидан отилган ўтли нафас Арслоннинг лойқўрғон лойи изи ачиштираётган юзини куйдирди. – Сазойи қилишади. Сен бутун авлод-аждодимизга иснод келтирдинг! Йўқол!.. Сазойи… Дарё-парёга чўкиб ўлганинг, дашт-паштда бўрига ем бўлганинг яхши бундан. Йўқол, деяпман! Арслон онасини авайлаб ўрнидан турғазиб, елкасига бошини қўйди. Ҳўл елкаси титра-ётган онасидан базўр кўнгил узиб, тисланди, деразадан сакради. Орқасига қарамасдан чопиб бораркан, деразадан қўлларини узатганча қолган онасини кўрмади. Девор ошаёт-ганда, ортига қайтмоқчи бўлган Арслонни қаттиқ бир куч кўкрагидан итарди. Теракзорга етар-этмас Лочин қоронғулик қўйнидан чиқиб келди. Эгарга ўтириши заҳоти от елдек учди. Адирга етишгач, Арслон жиловни тортди, пастга тушиб, эски қўр-ғон тарафга юрди. От у билан ёнма-ён юрар, на орқада қоларди, на ўтиб кетарди. «Лочиним, бу тун дарёдан ўтмаймиз, эски қўрғонда қоламиз, сувнинг нариёғига қишлоқ ҳавоси етиб бориши қийин. Нега жим кетяпсан, кишнасанг, сезиб қолиб, ортимиздан қувишларидан хавфсираяпсанми? Ё бўлмаса, менинг хафалигимни сезяпсанми? Хафа бўламан-да, лочиним! Она қишлоғимга, ота юртимга сиғмай қоляпман-у… Айтгин, мен уларга нима ёмонлик қилдим? Ахир, ҳаммасига яхшилик қилмоқчийдим-ку!.. Йил-ўн икки ой ишлаб топган бор-йўқларини бой қарзларингга дея омборига босганида , хун-хун йиғ-лаган одамларга ачиндим-да. Бу замонда, ёруғ дунёда адолат борми, дея нола қилишган-да., чидаёлмадим, биласанми буни! Бойнинг омборидаги дон-дунни эгалариникига обориб ташладим. Эртасига қишлоқ остин-устин бўп кетди. Бой анойи эмас, йўқолган ғаллани топтирди. Сен ўғриларнинг умрингни зиндонда чириттираман, деганида ҳалиги бешови бараварига бойга эгилиб, биз эмас, ўлимдан хабаримиз бор, аммо-лекин бу гаплардан хабаримиз йўқ, дейишипти. Бой нима деган, де: «Мана шу қоплардаги ғалла меникими, сенларникими?» Бешови тўтиқушдай «сизники, бой ота, сизники», дейишган. «Менинг нарсаларим сенларнинг ҳовлингдан топилган, бу ўғирликми, ё?..» «Ўғирлик, бой ота, ўғирлик». «Демак, сенлар ўғрисанлар! Ҳаммангни қўлингни қирқтираман. Ана кейин чўлоқ қўлларингга қараб эрта-ю-кеч тавба-тазарру қиласанлар! Бой бешовиниям ертўласига қамаб қўйди ўшанда. Эртасига уларни қўйвориб, мени опкетишди. Қайси бири мен-дан гумони борлигини айтибди. Уҳ, лочиним, лочиним, хайрият, одам бўлиб туғилмаган-сан-а… Ўша адолат истаганлар билан бой мени юзлаштирди. Бешовидан бирма-бир «бу ким» деб сўрашди. Ҳаммаси «ўғри» деди. Ҳаммаси-я… Ертўладаги туйнукдан ташқари қараб тургандим, сени кўриб қолдим. Ўшанда ҳали той эдинг. Эсингдами? Туйнук олдига келдинг-да, кетмай туравердинг. Бир кечаю бир кундуз зах ертўлада ётган бўлсам-да, ўшанда биринчи марта хўрлигим келди. Тойчоғим мени соғиниб, қидириб кепти-да, дедим. Кўзларингда соғинч кўрдим-да. Кечқурун отам келиб, роса койиди. Узундан узоқ насиҳат қилди: бой отадан узр сўра, товба қил, болалик қилибман, дегин… Отам бойга бош уриб келгач, у битта тойинг бор, ўшани берсанг, ёпти-ёпти қиламиз, эртага ўғлингни қўйворамиз, депти. Ўша той сен эдинг, лочиним! Тушингни сувга айтасан, бой, дедим. Ярим кечада пайт пойлаб туриб, ертўла эшигини буздим. Отхонадан сени топиб чиқиб, уйга жўнадим. Мени кўриб отамни қалтироқ тутди. «Бой тонг отгач, қўйвормоқчи эди-ку! Ё қочиб келдингми?» Индамай туравердим. «Ҳозироқ тойни обориб бер. Эртага ўзим бориб обкелмаганимча, остонадан ўтма!» Отам чўрткесар эди. Гапини икки қилиб бўлмасди. Сени етаклаб ҳовлимиздан чиқарканман, ўйланиб қолдим. Нега энди фақат бойнинг айтгани бўлади? Мен ўғирлик қилдиммикин, отамнинг тили қисиқ, тойимни бойга бериб қўяди? Назаримда бой устингга ўтираётгандай, семиз гавдасини кўтаролмай белинг майишиб кетаётгандайин бўлди. Хаёл суриб-суриб, бир маҳал қарасам, Лочинхонада, эски қўрғон олдида турибман. «Энди сен Лочин бўласан, мен ҳам лочин бўламан, шу ерда яшайверамиз!» Сен гапимни тасдиқлагандайин кишнадинг. Икки-уч кун у ёқ-бу ёқда тентираб юрдик. Кундузи бир илож қилиб ўтарди, кечалари кўз юмишим билан ҳовлимиз, онажоним кўринаверарди. Бир кеча уйқум келмай, ётолмадим. Қишлоққа жўнадим. Онам аввалига роса суюниб, кейин хавотирга тушдилар. «Нега бу ишни қилдинг-а, болам? Зарур бўлса, алам ўтса, ҳақларини ўзлари топволишсин эди, сенга нимайди-я, болам?» «Онажон, ўзингиз яхшилик ерда қолмайди, дейсиз-ку». «Тўғрику-я… Улар яхшиликни билмайдиган чиқишди. Бой ҳаммасини бир қоп-бир қоп донга сотволибди. Фақат биттаси олмабди, холос, имони боракан.» «Биттасида имони бораканми, ишқилиб. Демак…» «Болам кўнглим алланечук хавотир, бойнинг одамлари неча марта изғиб келишди. Тағин…» «Мен кетайми, бўлмаса?» «Майли, борақол, бошинг тошдан бўлсин!» Девордан ўтишимни биламан, қўлларимни қайиришди. Ўша зах ертўлада яна бир кеча тунадим. Эртасига гузар олдидан олиб ўтишди. Кўча тўла тумонат одам. Ҳамқишлоқларим мени соғиниб қолишипти-да, дедим. Бир маҳал қайси гўрдан бой пайдо бўлди. «Халойиқ, бу ким?» Сўзи оғзидан чиқар-чиқмас ўн-ўн бештаси «ўғри» деб бақирди. Овозларини бой оталари эшитмай қолмасин, деб чўчишармиди, томоқ йиритгудек бақиришар-ди. Ҳеч ким билан ишим йўғиди, ўша бешовлонни қидирардим. Ниҳоят, тўрттасини топ-дим. Бой улар томон қараши биланоқ «ўғри, ўғри» дебон чийиллашарди. Лекин биттаси кўринмасди. Излаб-излаб униям топдим. У одамлар ортида бошини эгганча турарди. «Бошингизни кўтаринг, имони бор одам, ановилар бош эгсин!» Ҳалиги бир қоп донга сотилганларнинг башарасини кўролмай қолганим роса алам қилди. Аравага қўшилган отга қамчи босишди. Аччиқ қамчи зарбидан бир ирғишлаб чопиб кетган отга қўшилган арава қаттиқ чайқалди. Сал бўлса, қулаёзгандим. Ўша куни отамни кўрмадим… Зерикдингми, лочиним? Нима қилай, юрагим тарс ёрилай деяпти. Ўшанда барибир шаҳарга етмасдан қочиб кетдим-ку. Ўт-бетларда улоқиб юра-юра, қош қорайганда Лочинхонага келдим. Сен эски қўрғон атрофида юрган экансан… Ўшанда ўн еттидамидим? Аллақачон ўн йилдан ошибди-да… Лочин, эсингдами, ўша гаплардан кейин бир йил ўтгач, қишлоққа борганимиз? Анови тўрттанинг уйига қопларда майда-чуйда олиб борувдик-ку! Тиланчи бўлиб қишлоққа борган йигитимиз нима гап топиб келувди? Осмондан тушган бойлик ҳаммасиниям эс-ҳушини оғдираёзибди. Тўрттовиям гарангга ўхшармиш. Ҳар гапининг бошида «Оллоҳга шукр» дейишармишу, лекин тиланчига бир бурда нон ҳам беришмапти. Эшигига борган тиланчига… Эҳ, сен одамзот феълини билмайсан-да. Мен кейинчалик у ёқ-бу ёқдан суриштирганман. Тўрттовиям «осмондан тушган бойлик» ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаган… Лочин, энди бор, сен бир яйраб кел, мен бироз дам олайин, тонгга яқин дарё кечамиз». Арслон қўрғон деворига сакраб чиқди. Олдинлари юртга оралайдиган ёвнинг йўли аввало шу қўрғонда тўсиларди. Бора-бора ташландиққа айланган қўрғон хоналарининг бутун қолган томларидан бирида Арслон пича мизғимоқчи бўлди. Лекин қаттиқ толиқ-қанига қарамай ҳеч уйқуси келмасди. Кўзи илинди, дегунча, қишлоқ одамлари сўйил, кет-мон, бел кўтариб бошига келишар, «ўғри, борингдан йўғинг яхши, ҳаммамизни иснодга қолдирдинг», дея бақириб-чақиришарди. Теварак-атрофга Лочин ўғри дея номи кетган йигитнинг кўкрагини ачиштириб бир нима ғимирлади. Уйқуси буткул ўчди. Юрагини бўшатай деса, бирон суҳбатдош йўқ. Ҳозир қутиулуғлик йигитча ёнида бўлганда эди… Дунё қизиқ-да, шунча одамни кўрди-ю, биронтаси уни шу йигитчалик тушунмаган. Ҳозир қутиулуғлик йигитча ёнида бўлганда эди… Дунё қизиқ-да, шунча одамни кўрди-ю, Биронтаси уни шу йигитчалик тушунмаган. Нақ ўйидагини топади-я… Айтиш керак, у тўдадан кетсин, бошқа касб этагини тутсин. Шу топда шарт отига минса-ю, боши оққан томонга кетса. Бирон одам кимсан, қаердан келяпсан, қаерга кетяпсан, деб сўрамаса. Кетаверса, кетаверса… Бирдан пастда шарпа эшитилди. Кимлардир эҳтиёткорлик билан қадам босишарди. «Кўзингга қарасанг-чи, эшак!» Хунук тўнғиллаган овоз тун сукунатини тўлғатди. Қаерда-дир эшитганди бу овозни. Таниш… — Ёш кетиб, юрак шириллайдиган бўпқопти-да, оға. Бу бойўғлихонага ярим тунда кела-диган одамнинг юраги отдек бўлиши керак. — Э, ҳали сен эрталаб тухум ёрган жўжасан. Менга ўхшаб шатта ейверсанг, уккилар маконидаям бир чўқиб, ўн қарайдиган бўпқоласан. Бор, саркардани бошлаб келавер. Таниди, энди таниди, қорақуроқлик кал ўғри-ку. Чулчутнинг тўдасидан. Саркарда эмиш. Ҳадеганда гапга тушунавермаганидан чулчул лақабини олган ўғрибошиям қора-қуроқлик эди. Узоғи йили у Арслоннинг тўдасига қўшилганди. Бир косибнинг уйини тунагач, Арслон уриб-сўкиб ҳайдаворганди. Қорақуроқлик ўғриларнинг режасини эшитиб, Арслоннинг аъзои баданини ари чаққан-дай бўлди. «Ўн йилдан бери Исписорга ўғри ораламаса-я. Қачонгача ўша ўғри мушукча-дан қўрқиб юрамиз? Қани, бўлинглар, ёз кечаси бир тутам, битта-иккитаси уйғонмасдан бурун ишши битирайлик!» Том зириллаб кетгандайин бўлди. Майли, уни мушук дейдими, бошқами, у барибир арслонлигича қолаверади. Лекин дарёнинг нариёғидан, қорақуроқдан келиб, унинг қиш-лоғида ўғирлик қилишларини ўйлаб, суяк-суягича зирқиради. Томдан сакраб тушиб учовиниям дабдаласини чиқаришга чоғланди. Йўқ, пастга тушишиям шарт эмас, томдан туриб бир бақирса бўлди, овозидан таниб, орқаларига қарамай қочишади. Лекин урсаям, қочишсаям, бир тун келиб, Исписорга ўғирликка тушишни ўйлашмайдими... Арслон ошиб-тошиб келаётган ғазабини ичига ютди. Қорақуроқликларнинг қўрғондан чиқиб кетишларини тишини тишига қўйиб пойлади. Қўрғон бўшагач, орадан хиёл вақт ўтказиб, Лочинни чақирди. Қорама-қора йўлга тушди. … Эрта тонгда бутун қишлоқ ваҳимадан тонг қотди. Бойнинг, яна бир ўзига тўқроқ кишининг эшиги бузилган, анчагина нарса кўчага ташиб чиқарилганди. Қишлоққа ўғри тушибди хабарини эшитган ҳар бир одам ўз уйидан хавотирланди. Бошқа уйлар тинч эди. Икки соат орасидаёқ ҳаммаёқни ваҳима хабарлар босиб кетди. «Ўғрилар молга келишол-май жанжаллашишипти., биттасининг ўлигини топишибди.» « Арслон ўғриниям тутишиб-ди, униям пичоқлашган экан…» Арслонни ҳовлилари яқинидаги теракзордан топишди. У тунда қорақуроқликлар-нинг ортидан қорама-қора келгач, аввалига уларнинг уй тунашларини кузатиб турди, кейин Чулчутни ушлаб олиб, ўғирлаган нарсаларининг ҳаммасини жой-жойига киритиб қўйишни буюрди. Қорақуроқликлар нарсаларни ташишаркан, Арслоннинг истеҳзо аралаш гердайиб жонлари ҳалқумга келди. Биттаси кўзшамғалат қилганча орқага ўтиб, Арслонга пичоқ санчди. Қўрққанидан қўли қалтираб пичоқни мўлжалидан – юракдан анча йироққа урди. Арслон оғир оғриққа дош бериб, пичоқни орқасидан суғуриб олиб, қочиб бораётган қорақуроқликка отди. У додлаб юборди. Одамлар уйғонишларидан қўрққан Чулчут билан Кал қочиб қолишди… … Арслоннинг курагидан пастроғи қаттиқ оғрирди. Теракзор томон гандираклаб бораёт-ган Арслон кўйлигини йиртиб, ярасини боғлади. Пичоқ ўрни жонини ачиштириб оғрир, лекин миясида ёлғиз бир ўй – уйига етволиш, онасини кўриш! Ана, бешик уюрмага яқин-лашяпти, онагинаси қўлини узатяпти. Нимадир келиб қўлини ялайди, қараса, оти. Лочин зорлангандай бўлади. Лекин эгаси буни сезмайди, кўз ўнгида қўл узатиб турган онаси… Уни теракзордан топишганда беҳуш эди. Ўша ондаёқ бутун вилоятга хабар кетди: «Лочин ўғри қўлга тушибди. Осимбойнинг мулкига кўз олайтирган экан, Оллоҳ таолонинг тиғи парронига учрабди. Вилоятнинг диёнатли бойларидан бўлмиш кўп шафқат кўрсатиб, уни буёғи қўқонлик, уёғи тошкентлик энг зўр табибларга даволатмоқда…» Қорақуроқлик ўғрининг ўлигини ҳеч ким сўраб келмади. Арслон уни танимайман деди. У Чулчутни, Кални танирди-ю, лекин бу ёш йигитни танимасди. Танигандаям, унинг ким-лигини айтмасди. У йигитнинг йигирма ёшлар атрофида эшитар экан, юраги жизиллади… Арслон пича соғайгач, уни бойнинг ертўласига қамашди. «Учинчиси… учинчиси…» Ортиқ қутулиш ҳақида ўйламай қўйди. Нуқул кўзига уюрма кўринар, чўкиб бораёт-ган бешикка онасининг қўллари чўзилганча қолган, қорақуроқлик ўғри йигитнинг қўли уюр-ма ичидан Арслоннинг билагини маҳкам ушлаганча тортарди. «Жазо ҳақ… ҳақ . Нега энди пичоқ санчишганда ўлмадим? Худобехабар бойлар шунча пистирма қўйишди, қотиллар ёллашди, биронтасининг ўқига учсам бўлмасмиди…» У жазодан қўрқмасди, асло. Агар, борди-ю, сазойи қиладиган бўлишса, отасининг, укаларининг не аҳволга тушишларидан ташвишланарди. Ертўлада уч кеча-ю уч кундуз ётган бўлса, бугун тонг сари кўзи илинибди. Туйнук олди-га Лочини келиб уйғотибди. Отнинг маъюс кўзлари бир нималарга имлармиш. Туйнукдан чиқиши заҳоти отини қаёққадир судраб кетишибди. От чопиб келиб, ертўла эшигини бузибди… — Тур, намунча уйқунг қаттиқ, - Арслон Лочинини ҳайдаворган одамларнинг ёқасидан олмоққа тутинди. Бироқ икки қадам ташламасдан, оёғидаги занжир таранг тортилди. — Букрини гўр тўғрилайди, дейишади-я. Яна бунга бой ота шафқат кўрсатиб ўтириб-дилар. Ҳой, кўзингни оч, бой ота бирон-бир тилаги бўлса, айтсин, деяптилар. Арслон худди арвоҳларни кўраётгандек бақрайиб тураверди. Қаршисида турганлар «е, бор-э» дея ғазаб билан қайрилишганда, ўзига келди. — Тилак?! Бой айтган сўзида турадими? Бўпти, ишондим. Агар сазойи қилишса, отамни, укаларимни ташқари чиққани қўйишмасин… Ертўла девори қаҳқаҳадан чўчиб тупроқ тўкди. Икки киши бир-бирига қараб қорин уш-лаганча қотиб-қотиб кулишарди. — Бўпти. Бой ота ҳеч қачон сўзларини қайтиб олмаганлар, - деди ниҳоят улардан бири қўли биқинига югуриб. Сазойини у бирда кўрганди. Эшакка тескари миндирилган, қора суркалган юз-кўзи қон-га бўялган кишига одамлар аямай тош отишарди. «Ота, уларга айтинг, тош отишмасин, отишмасин!» Ўшанда у отасига ёпишиб йиғлаганди… Энди ўзи қора эшакка тескари ўтқазилган, юзига қоракуя суркалган. Намунча бу қишлоқнинг кўчаси кўп бўлмаса? Ҳали у кўчадан, ҳали бу гузардан олиб ўтишади. Томошани соғиниб қолишиптими, ё Лочин ўғри деганларини бир кўрволай, унга тош отиб савоб орттирай, дейишиптими, яқин-атрофда одам қолмай келипти ўзиям. Кўчанинг икки тарафидан тош ёғилар, юзига, қўлига, кўкрагига келиб урилар, лекин Арслон қаддини эгмасди. Ие, қурамалик қўйчи бой ҳам келиптими? Ёнидаги хизматкори унга тош узатиб турибди. Уч юзта қўйини ҳайдаб кетиб, камбағал тоғликлар улашиб беришувди, энди уч юзта тош отар экан-да. Қутиулуғлик бой ҳам кептилар-да. Улар келмасалар, ким келарди. Ўнлаб чақирим жойдан томоша ўчлар келишса-ю, бу кишим икки қадам наридан келмасалар уят-да. Митти кўзларининг ҳузурдан қисилганини… Майли, бир яйраб қолсинлар. Ана-ана, у кишининг ёнларида қамағанлик бой тош ғижимлаб турибдилар. Отинг, отақолинг, бир халта тилланинг алами чиқиши осонми? Сазойи бир умрга чўзилмайди-ку, вақт борида отиб қолинг… — Ўғрига ўлим! — Ўғирлик қилган кишининг жазоси шу! Ўзинг қайтар бу гапни, ўзинг қайтар! — Бошингни эг, шарманда, ё тош билан эгиб қўяйликми? Бутун қишлоқни номусга ўлдирдинг… Зилдек сўзлар қулоқларининг ёнидан тошлардан қаттиқроқ визиллаб ўтарди. Лекин юз-кўзини қонга бўяган тошлар ҳам, юрагини кемирган сўзлар ҳам бўйнини эгдиролмади. Оломон аёвсиз тош отарди. Ногоҳ Арслоннинг кўзи «осмондан уйига бойлик тушган» ҳамқишлоқларига тушди. Уларнинг юқори кўтарилган қўллари ўз-ўзидан бўшашиб, тошлари оёқларига тегди. «Нега тошни ташладинглар? Отсаларинг-чи, бой берган донини тортиб олмасин тағин!» Тўрт жуфт кўз баб-баравар ерга тикилди, бошлар эгилди. Буларнинг бешинчиси, имони бор одам келмадимикин? Ие, ана-ку! Ёнингиздагиларга пичирлашнинг вақтими ҳозир? Тезроқ ерга энгашинг, тош деганга қирон келгани йўқ, отинг, отиб қолинг имкон борида. Имони бор ҳамқишлоқнинг ёнидаги одамларнинг юзлари қизариб, қўлларидаги тошни билдирмасдан четга ташлашди. Йўллар намунча узун бўлмаса? Қўрғонгача ҳали қанча бор? Йиқилиб қолмаса бўлгани. Йўқ, зувиллаётган тошлар баданини оғритмайди, ўлимдан қўрқмайди у. Лекин ҳушидан кетмаса бўлгани. Ҳушидан кетса, боши эгилиб қолиши мумкин. Ҳушидан кетмаса бўлгани… Арслон ўзига ғамгин тикилиб турган қадрдон чеҳрани кўриб ҳушёр тортди. Бир сил-кинувди, кўз олдини олган қон нари кетди. Турдибой-ку! Укагинам, йиғлама, бошингни баланд кўтар. Мен нима учун ўлаётганимни сен ҳаммадан олдин тушунасан. Бошингни баланд кўтар! Э, воҳ, яна қаёққа опкетишяпти? Теракзорга келишди-ку? Наҳотки кўчаларидан олиб ўтишса? Бой сўзида турмасмикин? Отажон, укажонлар, ўтинаман, мени кечиринглар… Буткул ҳолдан тойган Арслон эгилиб қолишдан янада кўпроқ қўрқа бошлади. Дарвозалари олдига етганда, додлаворай деди. Титраб-қақшаб турган аёллар орасида онасини кўр-ди. Онаси кўзларини енгига артиб, унга тикилди. «Онажон, ёмон туш кўрибман». «Тушни ёмон демайдилар, болам». Ҳозир биринчи марта иложсизлигидан қаттиқ ўкинди. Қани энди қўл-оёғини ечишса-ю, бойдан бир аламини олса… Аламини оооллса… Кейин нима бўлсаям… Тўсатдан боши эгилаётганини сезиб қолди. Аламидан ҳайқиргиси келди. Намунча бу эшак секин юрмаса? Лочиним қаердасан? Ўлимга ўзинг олиб борсанг, бўл-масмиди?! Қўрғонга етганида эшакни тўхтатишди. Арслоннинг қўл-оёғини ечмоқчи бўлиб борган хизматкор унинг кўзидаги тиғ санчаётган таънани кўриб изига қайтди. Осимбой қамчи айлантириб туширувди, қўрққанидан юраги така-пука бўлиб эшакка яқинлашди. Бошини мағрур кўтарган Арслон қимирламай турарди. Унга қўл тегизди-ю, хизматкор бойнинг қамчисидан ҳам қўрқмай орқасига қарамай қочди… Ўликни қишлоқ қабристонига кўмишга қўйишмади. Лочинхонада ёлғиз қабр дўмпайди. Оқшомлари қабр олдига бир ўспирин ва бир от келарди. Улар икки тунгача бир-бирлари-ни кўришмади. Учинчи оқшом узоқроқ қолиб кетган от эгаси ўлгандан кейин биринчи бор одамдан қочмади. Икков қабр олдида тонггача қолиб кетди. Тонгда эса, дарё кечишди… Қишлоқда бир ойгача сазойи ҳақида гапиришди. Бир ойдан сўнг эса бошқа гап топилди – бойнинг уйига ўғри тушиб, шип-шийдам қилиб кетибди. 1982 Исписор |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58019 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36684 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22050 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |