Юракдаги исм (ҳикоя) [Abdulla Ahmad] |
Eлёрга сафарга жўнашини айтишди. Қаерга денг? Ойтўғонга! У Ойтўғонни эсладию кўз ўнгидан қадрдон қишлоқнинг ширин-шарбатли боғлари, қадди дол, уззукун елкасидан кетмон тушмайдиган Хонимқул ота, қалбига битмас армон ташлаб кетган Гулсун ўтди. Ойтўғон дашт бағридан узилган парча ер. Саҳро кўксидаги бу мўъжаз маскан атрофга хуш ҳидлар сочади. Ҳамма Ойтўғонга интилади. Барча унга талпинади. Ўшанда Элёр институтни тугаллаган йигирма уч ёшли йигит эди. Уни қурилишда илиқ кутиб олишди. Раҳбари тўғри сўз, дангалчи экан. Элёр билан кўришгач, жилмайиб деди: — Бу ер шамолнинг уяси, қиши ўта аёзли. Чидолмассиз. — Қани бироз ишлаб кўрайлик-чи, — деди Элёр одоб сақлаб. — Қолганини вақт кўрсатади. Eлёрга чоғроқ хужра беришди. Бу жой ҳам ишхона, ҳам бошпана. Дўкондан сим кароват, кўрпа-ёстиқ олди. Шу тахлит чўлдаги ҳаёти бошланди. Кечки пайт хонасига бир мўйсафид бош суқди. Eлёр ўрнидан туриб, қўшқўллаб кўришди. Қўярда-қўймай кароватга ўтқизди. Танишишди. Идоранинг боғбони мўйсафид Хонимқул ота эди. Eртасига Элёр ишни хийла кеч тугатди. Қишлоқни кезиб, Ойтўғондаги муҳташам биноларни кўрди. Қурилишларнинг бориши билан танишди. Муҳандис сифатида режалар тузди. Орада қоронғулик тушиб, атрофни зим-зиё тун қоплади. Йигит кароватга ёнбошлаганча, китоб ўқишга тутинди. Дераза ойнасини биров чертгандай бўлди. Элёр қулоқ тутди. «Ким бўлиши мумкин? Ҳамма кетган. Мени йўқлайдиган кишим йўқ». Бироздан сўнг дераза яна боягидек чертилди. Eлёр ирғиб туриб, эшикка қаради. Қаради-ю, ҳайрон, лол қолди. Эшик ортида нотаниш қиз ийманибгина турарди. — Ассалом! Eлёр саросима ичида қолди. «Қоронғу кечада бу қизгина нима қилиб юрибди? Жуда ёш, кўзга яқин...» — Қизиқ... Ҳа, ҳмм... хизмат, — деди йигит журъатсизгина. — Отам... Сизни чақиряпти. — Мени... мени-я? Отангиз ким? — Танирсиз, Хонимқул бобо. — Ҳа, бўлди. Танийман у кишини. Eлёр шошиб қолди. Шундоқ дилбар, нозанин қиз кеч маҳал уни йўқлаб, «юринг» деб турганидан бутун борлиғини аллақандай лаззатли ҳис қамраб олди. Отанинг уйи идоранинг ёнбошида экан. Атай дастурхон тузаб ўтирибди. Элёрни қўярда-қўймай тўрга ўтқизди. Овқатдан кейин тайинлади: — Болам, бизни уй кенгиш. Шу ерда истиқомат қиласиз. Мен — сизга ота, кампирим — она. — Ишим вақти-соатсиз, сизларни уринтириб қўяман, — деб узрини айтган бўлди йигит. — Борини баҳам кўрамиз, — эътирозга ўрин қолдирмай деди қария, — ҳеч ерга жилмайсиз". Хонимқул отанинг боғига таъриф йўқ. Элёр ҳали фусункор боғни кўрмаган. Ота саҳар туриб номоз ўқийди. Сўнг челакка боғда тўкилган меваларни битталаб теради. Энг сархилини танлаб, идорага йўл олади. Хонама хона кириб, ишловчиларга мева улашади. Гулсун жуда сариштали экан. Кечки пайт ҳаммаёқни гулдай қилиб, сўнг Элёрнинг ўрнини солади. Кийимларини ювиб, дазмоллайди. Тиқ этса, югуриб чиқиб, дарвоза очади. Ойтўғондаги энг сара гуллардан териб, Элёрнинг хонасига қўяди. Қиздаги бу ақл, жозиба ва ўктамлик бора-бора Элёрнинг кўнглини ром эта бошлади. Унинг иболи боқишлари, тақимини ўпган сочининг мавжли тўлғанишлари, овозидаги сирли майинлик, бари-бариси Элёрга ёқар, қизнинг шу ҳовлида борлигининг ўзи қалбига чексиз ҳаловат бағишларди. Аллақайси байрам арафаси эди. Элёр хонасида ўтирса, салом бериб, Гулсун кириб келди. Қўлида оҳорли кўйлак билан дўппи. Ўшанда Гулсун ўтган бир йил давомида илк бор қўл бериб кўришди. Элёрнинг қистови билан столнинг четига омонатгина қўнди. Ҳаял ўтмай қиз чиқиб кетди. Бир пайт Элёр кўчага отлана туриб Гулсунга дуч келди. Ажабо, қизнинг кўзлари жиққа ёш, чеҳраси маъюс. Йигит қанча сўрамасин, сабабини айтмади. «Шунчаки ўзим» деб қўяқолди. Эртасига Элёр шаҳарга уч ойлик ўқишга кетди. Ўзи шаҳарда-ю, фикри-ёди Ойтўғонда. Хаёлидан отасидай азиз Хонимқул бобо, Гулсун нари кетмади. Орада Элёр Ойтўғонга қўнғироқ қилди. Гўшакни Гулсун кўтарди. Қизнинг меҳрга йўғрилган, бироқ ҳазин-мунг тўла овози қалбини ўртаб юборди. Гулсуннинг дил тубида қандайдир аччиқ алам, дард пинҳонлигини англагач, айтмоқчи бўлган гапларини ичига ютди. Ўқиш битгач Элёр уйга қайтди. Келса эшик қулф. Ҳаммаёқ жим-жит. Йигит каловланиб қолди. «Улар қани? Қаерга кетишган?» Eлёр югурганича қўшни хонадонга чиқди. Сўраб билса, Гулсун касалхонага тушибди. Аҳволи оғир. Ота қўриққа сабзи эккан экан. Гулсун ўтоқ қилаётса, қўлини илон чақибди, Илон! Бу гапни эшитиб Элёрнинг эти жимирлаб кетди. Дарҳол касалхонага чопди. Гулсун тамоман ҳушсиз ётарди, рангида қон йўқ. Докадай оппоқ, Хонимқул ота билан Лутфи буви бошида йиғлаб ўтиришибди. Докторнинг айтишича, умид йўқ. Илон заҳри қонга ўтган. Нари борса, уч кунлик умри бор. Eлёр чидаб туролмади. Қўярда-қўймай касални шаҳарга олиб кетди. У ерда бир ой даволашди. Қиз ўн уч кун кўз очмади. Йигит мижжа қоқмай ёнида турди. Бу дунёда биров бировга нимаики яхшилик қилиши мумкин бўлса, барисини қилди. Бор меҳрини, жони-жаҳонини қизга бағишлади. Ниҳоят, Гулсун кўзини очди. Қовжираган лаблари билан бир нималар деб пичирлади. Меҳр тўла нигоҳини Элёрдан узмасди. Eлёрнинг кўнглида ҳам ҳислар мавж урарди: «Eй менинг жонимдан ортиқ маҳбубам! Худога шукур, кўзларингни очдинг. Бу билан менинг бахтимни, илк севгимни қайтариб бердинг. Раҳмат, азизам, раҳмат. Эҳ, кошкийди шу дамда гулдай нафис, сарвидай нозик қаддингни бағримга боссам. Ғунча лабларингдан тўйиб-тўйиб ўпсам. Сени даст кўтариб, дунёга жар солсам. Эй одамлар, кўриб қўйинглар. Мен бахтли инсонман. Ўз севгилисига эришган армони йўқ йигитман, дея ҳайқирсам. Йўқ! Иложи йўқ! Бундай қилишга ҳали ҳаққим йўқ!» Гулсун тузалиб кетгач, Элёрни бошлиғи Собир ака йўқлабди. Кўришиб ҳол-аҳвол сўрагач, мақсадга кўчди: — Ойтўғонга сингишиб қолдингиз. Ҳамма билан апоқ-чапоқсиз. Энди тўйни бошлайлик. Eлёр не деярини билмай ерга қаради. Собир ака давом этди: — Келин ҳам тайёр дейишяпти. Иш пишган шеккилли. — Майлику-я, — деди Элёр ички хўрсиниш билан, — ота-онам ўтиб кетишган. Амакимнинг қўлида ўсганман. Шунга... олдидан ўтишим зарур. Бир кунга жавоб берсангиз, зип этиб, бориб келардим. Бу гап бошлиққа ҳам маъқул тушди. Тўйни тезлатиш учун Собир ака эртагаёқ Хонимқул отанинг қулоғига шипшитиб қўядиган бўлди. Eртаси Элёр учиб-қўниб қайтиб келса, дарвоза ланг очиқ. Ҳовли кимсасиз. Минг бир хавотир билан юраги гурс-гурс урганича хонасига кирди. Кирдию ногаҳон кўзи стол устида ётган хатга тушди. "Eлёр ака! — деб бошланарди хат. Ўша оқшом сизни кўрганимдаёқ, агар менинг пешонамга турмуш қуриш ёзилганда, фақат шу йигитни танлардим, деб дилимдан ўтқизганман. Яшириб нетай! Сизга кўнглим бор. Бунинг устига менга қилган яхшиликларингиз, таърифга сиғмайдиган меҳрибонликларингиз. Буларни унутиб бўлармиди?! Элёр ака! Уйингизда чўри бўлиб бир умр хизматингизни қилсам ҳам, қарзимни узолмайман. Оҳ, нетай! Одамлардай турмуш қуриб яшолмасам. Саноқли умрим қолди. Айтишларича, атиги уч йил. Сиз учун энг кераклигим — юрагим хаста. Тағин туғма. Бизни қидирманг. Биз жуда олислардамиз. Сиз бахтли яшашга лойиқсиз. Бахтингизга зомин бўлишни истамайман. Сизни қалбида олиб кетгувчи, бахти қаро Гулсун". Eлёрнинг кўзи тиниб, осмон устига гумбурлаб қулагандай бўлди. Назарида еру замин чирпираб айланарди. Бўлаётган воқеалар ўнгими, тушими — англаб етолмасди. Ҳаётнинг бунчалик шафқатсиз, бунчалик вафосизлигига сира-сира чидолмас, содир бўлган ҳодисаларга ақли етмасди. Бир пайт ёнига қараса, Собир ака кенг кафтини йигитнинг елкасига қўйиб, афсус билан бош чайқаяпти. — Шундай бўпқолди, иним, — деди у бўғиқ бир товушда. — Улар бир кечада кўчиб кетишди. Ҳеч кимга лом-мим демаган. Сабабини билолмадик. Қани, иним, бир-икки кун тоқат билан кутиб турайлик-чи, дараклари чиқиб қолар. Бу йўқотишдан Элёр тўшакка михланди. Ишни ҳам қўйди. Кейинчалик оёққа тургач, Гулсунни излаб, бормаган эшиги, суриштирмаган одами қолмади. Шу алфозда Элёр Гулсун ва унинг оиласини уч йил кутди. Уч йил йўлларига илҳақ, зор-интизор кўз тутди. Эшик тиқ этса, энтикиб югурди. Йигит боши билан нолавор бўзлади. Дашту шаҳардан, тўю азадан ёрини излади. Осмон узоқ, ер қаттиқ деганлари шумикин?! Начора, ҳеч ердан ва ҳеч кимдан «Улар топилди!» деган жонбахш садо чиқмади. Охири шаҳарга кетди. Тақдирга тан бериб уйланди. Бугун Ойтўғонга келаркан, қалби ларзага тушиб, шуларни эслади. Хаёлида яккаш бир фикр чарх урарди. Жондан ортиқ севгилиси, моҳирўй малаги Гулсуннинг тақдири не кечди? У билан дийдор кўришиш насиб этармикан? Мана, Ойтўғонга ҳам унчалик ўзгармабди. Ана, идора, ана мактаб. Кўм-кўк боғ-роққа бурканган уй-жойлар чирой очиб турибди. Узоқ-узоқларга ястаниб кетган экин далалари енгил ҳовурдан жимир-жимир кўзга ташланади. Eлёрнинг кўзи ногоҳ қадрдон ҳовли, Гулсунларнинг ўша шинам уй-жойига тушди. Юраги орзиқиб, беихтиёр кўзларига ёш қалқди. Қадамлар ўз-ўзидан ўша ёққа ошиқарди. «Йўқ, аввал идорага кириб Собир ака билан сўрашиб, хизмат сафарим ҳақида хабар берай», — деб ўйлади Элёр, бир амаллаб ўзини қўлга оларкан. У идора томон юрди. Пишиқ ғиштдан «Т« ҳарфи шаклида қурилган ширкат хўжалиги идорасида одам сийрак. Дарвоза ёнида директорнинг »УАЗ»иги ва бир неча енгил улов қантарилиб турибди. «Хайрият, Собир ака шу ерда экан», хаёлидан ўтди йигитнинг. Eлёр анча-мунча эскириб қолган пол тахталарини ғижирлатиб қабулхона томон юрди. Эшик қия очиқ экан. Йигит у ёқ-бу ёқни саришталаб олиш учун бир зум оёқ илди. Шу пайт ичкаридаги гап-сўзлар беихтиёр эътиборини тортди. — Келганингиз хўп яхши бўлди, Гулсунхон, — деди Собир ака (товуши жуда таниш) — Сизни биз, Элёржон жуда кўп изладик, лекин ҳеч дарагингизни топмадик. — Узр, Собир ака, шундай бўп қолди-да, — деди майингина қиз товуши. Бу шубҳасиз Гулсун эди. — Бу ерда боя айтганимдан бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ. Зоминга, тоғаларимникига кўчиб кетдик. Бир профессорнинг айтишича, менинг касалимга тоғ қимизи даволик қилар экан. Шунинг учун кетдик. Ҳеч кимга хабар қилмаганимизнинг сабаби ўзингизга маълум. Бировни безовта қилишини истамадик. Мана, Худога шукр, Собир ака, юрагим тузалиб кетди, соппа-соғман энди. Собир ака оғир сўлиш олиб, уф тортди. — Кўриб турибман, Гулсунхон, гулдай очилиб кетибсиз. Лекин сиз ўз юрагингизни даволадингизу, бошқа бир инсоннинг юрагига тузалмас жароҳат етказдингиз. Eлёр йўлакда тахтадай қотиб турар, қайтарини ҳам, олға юрарини ҳам билмасди... |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Soʻz yurakka muhrlanadi [Abdulla Ahmad] 835 |
2 | Сўз юракка муҳрланади [Abdulla Ahmad] 716 |
3 | Yurakdagi ism (hikoya) [Abdulla Ahmad] 842 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62661 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59747 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23789 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23613 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23364 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19835 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14639 |