Ҳаж дафтари - Ҳикмат садолари [Abdulla Oripov] |
Маккаи мукаррамага борганимнинг дастлабки кунида Каъбатуллоҳда—Оллоҳ уйи ёнида тунни бедор ўтказиб, тиловат билан бир қаторда байтлар ёза бошладим. Мен бу ҳолатга аввалдан бир мунча тайёр бўлганим сабаблими сатрларим ўз-ўзидан қуйилиб келавердилар. Шеърий ҳадисларимнинг барчаси пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суханлари билан бевосита боғлиқ эди. Мадина шаҳрига бориб, пайғамбаримиз мақбарасини зиёрат қилганимда ҳам менда худди юқоридагидек ҳолат яна юз берди. «Пайғамбар» шеърини ёза бошладим. Ҳажнинг бир неча фарз ва суннатлари бор. Ҳаж одатдаги зиёрат, яъни умрадан фарқ қилади. Уларнинг тафсилотларини ҳозир санаб ўтирмайман. Айтиш керакки, ушбу шартларни тўлиғича адо этиш ниҳоятда машаққатли жараёндир. Айниқса, бир неча миллион зиёратчилар жазирама офтоб остида жам бўлган шароитда ҳатто жон сақлаш ҳам амримаҳол бўлиб қолади. Менинг бу гапларим зинҳор-базинҳор ҳасрат ёхуд нолиш эмас, Ҳажга ҳар ким ўз ихтиёри билан боргусидир. Нолиган одам ўзидан кўрсин. Бундан ташқари, Ҳақ йўли, Унинг висолига етишмоқ осонгина кечадиган саёҳат эмас. Мумтоз шоирларимиз «Риёзат чекмагунча ёр васлига етиб бўлмас» деганларида худди ана шу машаққатларни кўзда тутганлар. Муаллиф Каъбатуллоҳ Ҳануз бири икки бўлмаган элдан Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Бағри хун, толеи кулмаган элдан Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Бир замон унинг ҳам бўлган қудрати, Дунёни ёритган зеҳни, фикрати. Ҳатто қирғоқларни бузган шиддати, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Тегирмон тошидек айланди тақдир, Карвонлар тўзғиди, сарбонлар басир. Банди бўлган эди улуғ юрт, ахир, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Авж олди иғвою фириб, разолат, Йиғлади бир четда етим адолат, Борми саодатга, ахир, кафолат, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Дуч келган санамга сиғиндик гоҳи, Бизга кенг очилди Шайтон даргоҳи. Ахир, нима эди элнинг гуноҳи, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Хор бўлди Ватанда кимки илми бор, Бировлар зар билан топди эътибор. Ҳийлагар кўпайди, кўпайди маккор. Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Магар бўри экаи одамга одам, Бир-бирин бошини егай дамодам, Инсоф, диёнатни унутдик биз ҳам, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Ҳаргиз айнимасин томирдаги қон, Мудом таъзим қилгай асли қул Инсон. Ҳақиқат йўқ жойда яшнагай ёлғон, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Қай замон одамлар бад феълин сездим, Вафоли дўст излаб дунёни кездим. Топмадим, топмадим, баридан бездим, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Қошингда тиз чўкиб турибман шу дам, Дилимда илтижо, қўлимда қалам. Шафқатинг аяма мендан ҳам, Эгам, Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Шукрона айтурман ўзингга, ё раб, Юз бурдик ҳидоят йўлига қараб. Ҳақ деган юртимнинг бахтини сўраб Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ. Пайғамбар Сиз башар фарзанди, Абдуллоҳ ўғли, Араб саҳросидек оташин, чўғли, Пайғамбар бўлдингиз, музаффар туғли, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Ё, Аллоҳ Расули, тенги йўқ Инсон, Сизнинг йўлингизни ёритгай Қуръон, Сиз — Олам сарвари, Сиз — нури жаҳон, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Қиёмат айёми, Маҳшар айёми, Сизга насиб этсин Маҳмуд мақоми. Мудом тилингизда умматлар номи, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Сиз билан олишди мушриклар аввал, Бир нафас тинмади жанг ила жадал, Раббано қўллади Сизни ҳар маҳал, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Сизнинг муродингиз ҳидоят эрур, Шўрлик бандаларга иноят эрур, Сизга уммат бўлмоқ саодат эрур, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Сизнинг зиёратга келмишдир жаҳон, Сиз боис Мадина тун-кун чароғон, Қуёш кетмас бундан, ой боқар шодон, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Қабрингиз қошида турфа умматлар, Сувратлар бошқа-ю ўзга Сийратлар, Ахир, хос Инсонга алвон сифатлар, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Бир ёнда иймони бутунлар турар, Бир ёнда такаббур, манманлар юрар, Бари ҳам Аллоҳдан кушойиш сўрар, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Раҳмдил Инсонсиз, бағри кенг Расул; Барчага яхшилик тилайсиз нуқул, Лекин куфр билан кимлардир машғул, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Кимдир пок бўлгали ичади қасам, Лекин ичи қора, Шайтонга ҳамдам, Улар Сизга фақат орттиради ғам, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Ҳазрат, сўранг бизнинг гуноҳимизни, Бошланг тўғри йўлга гумроҳимизни. Эгамга етказинг оҳ-воҳимизни Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Дунёда яхшилар кўп ҳали, шукур, Улар бор, ёғилар замин узра нур. Умматсиз йўқ сизга ҳаловат, ҳузур Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Келдим зиёратга, озурда жонман, Ранжу балолардан тўйган Инсонман. Сизнинг пойингизда гардман, тўзонман, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Ҳақ деб нина билан тоғларни қаздим. Бандаман, рост йўлдан гоҳида оздим. Тавбамнинг изҳори, шу шеърни ёздим, Ассалому алайка, ё Муҳаммад, Ассалому алайка, ё Аҳмад. Тиланчи Бола Каъбанинг муқаддас намозгоҳида Минг-минглаб мўъминлар юкинмоққа шай. Сафлар орасида гоҳи-гоҳида Кўриниб қоларди битта болакай. Кимдир узатарди садақа-риёл, Бироқ эҳсонга у қилмасди ружу. Қоп-қора кўзида чексиз мунг, хаёл, Лабларида эса ҳазин, ним кулгу. Жим боқар, ишлари гўё саришта, Фақат нигоҳида ўтинч порларди. Менинг назаримда у бир фаришта, Меҳру саховатга унсиз чорларди. Аллоҳ Даргоҳи Неча минг мусулмон туну кун уйғоқ, Каъба атрофини тинмай айланар, Муроди табаррук масканни ўпмоқ Саждага ҳар бири ҳар зум шайланар. Олам уммон бўлса, гирдоби шу жой, Олам осмон бўлса, меҳвари бунда Миллиард мартабали жаҳон ҳойнаҳой Кемадек қалқади битта тўлқинда. Ер бўйлаб тариқдай сочилган инсон, Бир қушнинг олдига келиб тизилмиш. Абасдир бу жойда миллат, ирқ, лисон Замин йўриқлари бунда бузилмиш. Бу жойнинг бор эрур на Қорабоғи, На Ўзган, на Ўшу Фарғонаси бор Аллоҳнинг ўзидир ёлғиз чароғи, Чароғнинг ҳисобсиз парвонаси бор. Ҳатто нафрат мушти бунда тугилгай, Ахир ягонадир бу ерда мақсад. Сиғинсанг гуноҳинг дув-дув тўкилгай, Иймонсиз бандага йўқ лекин шафқат. Шунчалик мукаммал Аллоҳ даргоҳи, Мағфират қил, дея дилни тиғладим. Ҳар ёнда таралар мўминлар оҳи, То тонгга қадарли юм-юм йиғладим. Ҳасрат Қочган ҳам, қувган ҳам Аллоҳим дейди Қочган ҳам, қувган ҳам эмасман дўстим. Менинг изтиробим шул эди, Инсондан ўзгани демасман дўстим. Инсонки то ҳануз ваҳший ва ғаддор. Бир-бирин тинимсиз қулатар чоҳга Бундайин қисматга кўникмоқ душвор Нетай ҳасратимни айтгум Аллоҳга. Она Каъба қопқасида турган, эй посбон, Аввал оналарнинг очгин йўлларин. Оналар пойига тиз чўк ўшал он, Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин. Ҳожар онамизнинг нидоси сабаб Каъбада кўз очган оби зам-зам ҳам. Бир умр талпинмиш онага қараб, Не-не пайғамбарлар, кўзларида нам. Қавмимни ранжитиб қўймайин, аммо Тобут ясаб келган эр зоти доим. Оналар бағрига фақат бешик жо, Ҳаётбахш аллалар айтган, мулойим. Шўрлик одамзоднинг толеи учун Энг аввал оналар қилсин ибодат. Зора, гуноҳлардан пок бўлгай очун, Оналар ўтинчи топиб ижобат. Каъба қопқасида турган эй, посбон, Аввал оналарнинг очгин йўлларин, Оналар пойига тиз чўк ўшал он, Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин. Арофат Арофат тоғининг этакларида Кўрдим қиёматнинг аломатларин. Ҳамма бир хил либос — эҳром сарида, Қайтадан варақлар умр дафтарин. Йўқдир биров билан бировнинг иши, Айқаш-уйқаш бўлмиш ер билан осмон. Ҳар кимнинг ичида дарди, ташвиши, Шукрона айтмасанг осийсан шу он. Мажруҳ боладан то мункиллаган чол, Лаббай, Аллоҳим деб қилар илтижо. Кимдир ташналиқдан инграйди беҳол, Кимнингдир ҳаёти шул ерда адо. Намоз вақти келар, тумонат муслим, Саждага эгилар, кўзда жиққа ёш, Мен ҳам сафим билан тиз чўкаман жим, Балки мен ҳам қайта кўтармасман бош... Қиёмат нима деб сўрама энди, Унинг бир саҳнасин кўрсатди Аллоҳ. Зўр денгиз тонггача қайнади, тинди, Синовдан ўтганим рост бўлсин, Валлоҳ! Ҳожилар Ҳалоллик Исломда энг олий матлаб, Тўғрилик Муслимнинг асл гултожи. Бир куни ўртада Шайтон оралаб. Ҳожининг ҳамёнин урди-ку ҳожи. Қайсибир ўлкадан келган кекса чол, Бор-йўқ бисотидан бўлди мосуво. Не қилсин? Чорасиз тураберди лол, Дилида шукрона, тилида дуо. Ўғри ҳожи эса мамнун ишидан, Тинмайин саждага эгилар боши. Нобакор банданинг бу қилмишидан Бадтарроқ қорайди Каъбанинг тоши! * * * Эҳром кийиб олган икки мусулмон Бир-бирин сўкишиб чой талашарди. Асли билмасдилар, шу зум икковлон Дўзахнинг тубидан жой талашарди. * * * Кезиб бу шаҳарни балки ҳоргайсан Ва лекин Аллоҳга дилинг ёргайсан. Адаша-адаша Маккани топдинг, Энди адашсанг гар қайга боргайсан. Аслият Бу ерга ўғри ҳам, тўғри ҳам келар, Покланиш ҳар кимнинг муддаосидир. Гуноҳу савобин ҳар банда билар, Элнинг у шоҳидир ё гадосидир. Ҳаётнинг оқимин тўхтатиш қийин, Ҳеч ким айри тушмас қорган лойидан. Бир карра покланиб олгандан кейин Ишларин бошлайди келган жойидан... Шайтон Лаънатлаб бўлса ҳам, қарғаб бўлса ҳам Ҳар кун тиловатда айтилар номи. Унинг бош суқмаган жойи камдан-кам, Ичилган ҳар қадаҳ унинг ҳам жоми... Дейдилар, нораста гўдакни ҳатто Уйқуда қитиқлаб кулдирар эмиш. Салгина ғафлатда қолсанг мабодо Қилмаган ишингни қилдирар эмиш. Шайтоннинг ҳунари чиндан ранг-баранг, Саллани пайтава қилиб ўратгай. Агар сидқидилдан кўрсатса найранг Нодонни шоҳ қилиб, юртни сўратгай. Минода Шайтонни қилдик тошбўрон, Лаънатга кўмилди бадбахт у лаин. Дедик, шунча юкнинг остидан Шайтон Минг йиллар чиқолмай ётмоғи тайин. Шодумон йўл олдик Ватанга қараб, Шайтон қолди, дея чуқурда—чоҳда. Манзилга қайтгандик, Шайтон, во ажаб, Бизни кутиб олди тайёрагоҳда. Макка—Мадина—Тошкент 25 май—16 июнь Ҳикмат Садолари (Эллик Ҳадис) Ибодат Дунёдан розиман дема ҳеч қачон, Десанг ҳам, сўйлагил саҳрога, тоққа. Чунки сени тинглаб, кимдир ўша он. Нега розисан, деб тутгай сўроққа. Дунёдан норизо бўлсанг ҳам агар. Сўз дема, бардош қил азоб, фироққа. Чунки сени тинглаб, кимлардир баттар, Нега, деб албатта, тутгай сўроққа. Дунё ишларига боқма ҳеч ҳайрон, Жимгина назар сол кўҳна бу корга. Олис кечалари ёлғиз қолган он, Дилингни оч фақат парвардигорга. Жаброил Ул куни Муҳаммад — ҳокисор банда, Аллоҳ назарига бўлганди ноил. Сокин ҳужрасида ўйчан турганда, Тушди ҳузурига Ҳазрат Жаброил. Аввал Муҳаммаднинг кўксини ёриб, Шайтоний ҳисларни юлиб ташлади. Сўнг иймон нурига ҳикматни қориб, Муҳаммад кўксига жойлай бошлади. Деди: «Қалқ ўрнингдан энди, Муҳаммад, Расулсан, йўл кўрсат жамъи инсонга Ноқис ақлларни ҳикматга қарат, Бошла осийларни динга, иймонга. «Қум Фа Анзир!» Қум фа анзир!—Тур ва огоҳ эт, Ёта берма мисоли танбал. Қум фа анзйр!— Тур ва огоҳ эт, Зиммангга ол курашни дангал. Қум фа анзир!—Тур ва огоҳ эт, Олдиндадир ҳали машаққат. Қум фа анзир!—Тур ва огоҳ эт, Ўтда ёнгай мушриклар албат. Қум фа анзир!—Тур ва огоҳ эт, Айт, мўминлар бўлсинлар қойим, Қум фа анзир!— Тур ва огоҳ эт, Улуғлагин раббингни доим. Ваҳий Манман кимсалардан ранжиди Расул, Кўнгли қолгандайин ҳатто дўст-ёрдан. Ғорларга бекинай деганда буткул, Ваҳий туша келди Парвардигордан: — Айтгил, эй Муҳаммад, манман кимсалар Ваҳмкор бўлса ҳам нечоғ сиёғи. Қанча депсинмасин чираниб магар, Тешиб ўтдимикан ерни оёғи? — Айтгил, эй Муҳаммад, манман кимсалар Ваҳмкор бўлса ҳам нечоғ сиёғи. Қанча керилмасин чираниб магар, Тоғларга етдими экан димоғи? Меърож Аршнинг сулув оти — нурқанот Буроқ, Элтди Муҳаммадни олий даргоҳга. Тасвири жоизмас бу ҳолни, бироқ Висол насиб этди Расулуллоҳга. Не-не пайғамбарлар жам бўлиб бирён Расулни ўзларин қавми деб билди. Миннатдор Муҳаммад шод бўлиб чунон Аллоҳдан шафқатни илтимос қилди. Аршдан жавоб келди: — Аё, Муҳаммад, Аввал бир гапимни фаҳм этиб кўргил. Дўстликда илтимос бўлмагай минбаъд, Мен ҳам буюргайман, сен ҳам буюргил. Ҳазрати Одам Жойлари осмонда бўлса ҳам магар Ҳазрати Одамга қийиндир ғоят. Ўнг ёққа боққанда руҳлари яйрар, Чап ёнга боққанда ўртанар фақат. Бир томон—жаннатнинг фусункор боғи, У роҳат гўшаси, ям-яшил макон. Бир томон дўзахдир, йўқдир адоғи, У ерда абадий азоб ва фиғон. Қувнар, ўнгга боқиб Ҳазрати Одам, Чап ёнга боққанда ошар ноласи. Бир насли жаннатга мойил бўлса ҳам, Дўзахда ёнмоқда битта боласи. Инсон Олдига келганни қайтармай емоқ Аслида, ақли йўқ ҳайвоннинг иши. Оғзига келганни қайтармай демоқ Ноқису бефаҳм, нодоннинг иши. Таважжуҳ айлади тангри таоло, Муқаддас саналди инсон деган ном. Инсонни эътироф этмаган асно Иблис ҳам қувилди Аршдан батамом. Кўзингнинг ўнгида ўсгандек экин Раббим ҳам огоҳдир ҳар зум ҳар ишдан. Рўза-ю парҳизда муддат бор, лекин Ҳамиша ҳазар қил ҳаром-ҳаришдан. Она Кимдир савол берди: — Айтгил, Муҳаммад, Ёлғиз сен Расулсан буткул оламга. Кимга кўп яхшилик айлай, ўзинг айт, Ота-онамгами? Ёхуд боламга? Расул жавоб қилди: — Тингла биродар, Гапимни уч бора қулоққа илгил. Имкон топа олсанг дунёда агар Энг аввал онангга яхшилик қилгил. » Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ Ростдан она эрур қиблаи олам. Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам. Ота Ота-ю онанинг қазоси мерос, Олдин келган одам олдинроқ кетсин. Фарзанд фарзанд бўлсин фарзандларга хос, Аввало тириклар қадрига етсин. Бир кун сўрадилар Расулуллоҳдан, — Тақдир ҳукми экан бўлгани бўлди. Зарра фойда йўқдир гарчи оҳ-воҳдан Айтинг, мен нетайин, падарим ўлди. Расулуллоҳ деди: — Ўлим муқаррар, Энди иродангни бардош томон бур. Отангнинг тинчини ўйласанг агар. Унинг дўстларидан хабар олиб тур. Фарзанд Бир куни ранжитди отани фарзанд, Ота ўз уйидан бош олиб кетди. Лекин Аллоҳ меҳри бўлиб сарбаланд, Ота Маккатуллоҳ васлига етди. Ота фиғон чекди Каъба қошида, Гўё унут бўлгай аламлар бари. Нажот чарх урса ҳам гарчанд бошида, Сира кетолмади бир гапдан нари. Каъбага сиғинар экан кекса чол Армонин ошкора айтди оламга. Деди: — Ибодатим бўлса ҳам увол, Фақат саодат бер ўша боламга. Дўзахийлар Ёвлашди бир куни икки мусулмон, Орадан адолат тамоман кўчди. Улар олишдилар узоқ, беомон, Оқибат бирининг калласи учди. Кимдир Пайғамбардан сўради келиб: — Аё, Расулуллоҳ, айлагил жавоб. Ҳойнаҳой, рақибин қонга ғарқ қилиб, Ул кас жаҳаннамда тортгайдир азоб? Расулуллоҳ деди: — У ҳам ва бу ҳам Маҳкум бўлғусидир дўзах тўрига. Икков ҳам майдонга тушганлари дам Ўлим тилаганлар бири бирига. Жинлар Базми Жинлар базм қиларди овлоқда, тунда, Гулхан атрофида хуррам, шодумон. Бир ботир суворий ўтаркан, шунда Базмга назари тушди ногаҳон, Ботирни қоплади лаҳзалик титроқ, Сўнг гулхан устига от солди бирдан, Жинлар тўзғиб кетди, биттаси бироқ Сўз қотди, ҳайиқмай сира ботирдан: — Бундоқ зуғум қилма бизга, эй ботир, Кимсага билмасдан бермагил озор. Жинлар ичида ҳам кофири бордир, Жинлар ичида ҳам мусулмони бор. Шайтон Шайтоннинг сувратин чизмоқлик душвор, Унинг асл юзин кўрмоқлик мушкул. У гоҳи хожадир, гоҳида дастёр, У гоҳо паридир — сочлари сумбул. Гоҳи у дўстман деб сўз бошлар секин, Лутфи ғоят ширин тотли забони. Заҳмат етказолмас Шайтон ва лекин Кимнинг бутун бўлса агар иймони. Тушингда Расулни кўрдингми — қувон, Демак, ибодатинг ерда қолмайди. Расулуллоҳ демиш: — Шайтон ҳеч қачон Менинг қиёфамга кира олмайди. Баҳс Бир кун баҳсга тушди Дўзах ва Жаннат, Тортиша бошлади ҳар икки томон. Бири азобини укдирса фақат, Бири роҳатини мақтарди чунон. Дўзах гердаярди:—Жамъики юзсиз, Фосиқ бандаларни йиғиб олгайман. Жаннат кериларди:—Мен эса, сўзсиз. Яхшиларни тўплаб довруғ солгайман. Аршдан нидо келди лекин ўшал дам: — Баҳсни тўхтатингиз, тинглангиз сўзим. Шуни унутмангки, иккингизга ҳам Лойиқ бандаларни жўнатгум ўзим. Кибр Ғалати зотлар бор ёруғ оламда, Дейлик, саломингга алик олмайди. Саломин аликсиз қолдирган дамда Бу ҳолни маломат қилмай қолмайди. Улар бу дунёнинг гўёки нақши, Жим боқар, савлати қўрқувга солар. Уларнинг гапирмай юргани яхши, Чунки нодонлиги билиниб қолар. Улар ташлаб юрар елкага тўнни, Кибр белгисидир бу ҳам бегумон. Демишлар: — Ҳой банда, кийиб ол уни, Йўқса туйнугидан киргайдир Шайтон. Тавба Сен гуноҳ қилдингми, бечора банда, Сен шайтон макрига учдингми ногоҳ. Тинчинг қолмадими руҳ ила танда, Энди надоматлар бўлдими ҳамроҳ. Энди чора излаб, ахтариб нажот, Кезурсан, дастингда на имкон, на эрк. Гуноҳкор кимсанинг қошида наҳот, Қопқалар ёпилгай, остоналар берк. Йўқ, ҳали оламда мавжуддир шафқат, Йўқ, ҳали тебранур меҳр бешиги. Тавба қил, тавба қил, тавба қил фақат, Сенга очиқ фақат тавба эшиги. Дуо Расул бир умматин алқаб доимо, Шаънига дуолар айтгувчи эрди. Қўлинг баланд бўлсин десалар илло, Қўлинг паст тушмасин сира ҳам, дерди. Расулга у хитоб қилди бир сафар: — Гарчи мен тангрининг отган тошиман. Сиз менга доимо тилайсиз зафар, Гўё мен қандайдир лашкарбошиман. Расулуллоҳ деди: — Тингла эй уммат, Ёнган чироғингга дуо пиликдир. Қўлинг баланд бўлса, билки, бу — неъмат, Қўлнинг паст тушмоғи тиланчиликдир. Ибрат Ружу қилмадилар Ҳазрат Пайғамбар На юксак саройга, на олтин тахтга. Қайгадир толиқиб этганда сафар Суяниб дам олди бир туп дарахтга. Ким айтар, дунёда кибр устивор, Ким айтар, умрнинг маъноси шуҳрат. Расул камтарликни қилиб ихтиёр, То маҳшар бизларга қолдирди ибрат. Расул амр қилди: — Кесинг дарахтни, Ўйламанг, борлиққа йўқдир ҳимматим. Пайғамбар дарахти бергай деб бахтни Сиғиниб юрмасин унга умматим. Бандага Сиғинма Ҳеч қачон бандага сиғинма, банда, Зулм қилса агар, золимга лаънат. Битта руҳ яшайди ҳар битта танда, Инсоннинг авлиё бўлмоғи ғалат. Гарчи бу дунёда бордир нодонлик, Тафаккур, Ақлнинг кошонаси бор. Қисматдан ҳеч кимса топмас омонлик, Олдинда ажалнинг остонаси бор. Сеҳрга нечоғлик каломинг бурма, Лазизроқ сўз йўқдир сўзидан ортиқ. Дунёда дўст излаб қанча югурма, Азизроқ дўст йўқдир Ўзидан ортиқ. Хазина Улуғ бир аллома ўтди оламдан, Элу юрт кузатди бағрини тиғлаб. Шогирдлар букчайиб сўнгсиз аламдан Олимни тупроққа қўйдилар йиғлаб. Дедилар: — У эди нодири даврон, Тафаккур қасрига бўлолган зина. Дедилар: — Бир келди бундайин Инсон Кетди унинг билан тенгсиз хазина. Кимдир охир деди: — Дунёда, ёҳу, Беҳикмат ҳодиса йўқ экан рости. Нақадар шафқатсиз ҳақиқатдир бу, Хазинанинг жойи чиндан ер ости. Марҳумлар Шаъни Марҳумлар шаънига ёмон сўз демоқ Макруҳлик саналмиш азалдан-азал. Эй, Инсон танангга бир зум ўйлаб боқ, Кимларни забтига олмабди ажал. Тошқин сел ваҳмини сой кўтаргайдир, Ҳаётнинг зарбасин кўтаргай ҳаёт. Мисли той тепкисин той кўтаргайдир, Отнинг тепкисини кўтаргандай от. Расулуллоҳ демиш: — Ким Ҳаққа йўлдош Тириклик қадрини у азиз билди. Марҳумнинг ортидан ота кўрманг тош, Марҳум келадиган жойига келди. Эзгулик Бандани хилламоқ нокаснинг иши, Атойи Ҳақ эрур тус билан забон. Инсонни танитгай фақат қилмиши, Насорон бўлсин у ва ё мусулмон. Бир бурда нон сўраб йиғласа гўдак, Дийдангга келмаса агар қатра ёш. Масжиду черковинг энди не керак, Яхшиси, йўқликка олиб кетгил бош. Ахир Расулуллоҳ демиш-ку ул дам: — Ҳамиша саховат йўлидан юргил. Майиздай қоп-қора бошли ҳабаш ҳам Яхши иш қилганда ёнида тургил! , Ҳасад Дунёга келганда Инсон мукаррам, Қавмлар шодликда чуввос солдилар. Бахтиёр гўдақка айлашиб карам, Албатта момиққа ўраб олдилар. Ойлар, йиллар ўтди, ўтди кўп сана, Гўдак ҳам мўйсафид ёшига етди. Куни битганида ул банда яна Бир парча момиққа ўралиб кетди. Ҳасадгўй кимсалар — Иблисга ҳамкор, Момиққа чўздилар фақат қўлларин. Эгасин кафанга айладилар зор, Дўзахга бурмоқчи бўлди йўлларин. Мавҳум Зот Юртга подшоҳ бўлди бир кун мусулмон, Бир осий ўша кун мусулмон бўлди. Юртга подшоҳ бўлди бир кун насорон, Ул банда ўша кун насорон бўлди. Тожу тахт дунёда айланар пайваст, Шоҳлар гоҳ дарвешу ҳудпараст бўлди. Подшоҳ бўлганида юртга будпараст Ул банда ўша чоғ будпараст бўлди. Шундоқ яшади у фоний ҳаётни, У найранг кўргазди ҳатто Холиққа. Охират кунида мавҳум бул зотни Ўтқазиб қўйдилар учта қозиққа. Шоҳ Ва Гадо Ногоҳ пайдо бўлди даврада гадо, Давра аҳли эса шоҳлар эдилар. Улар таажжубда қолиб шу асно, Гадога боқишиб: — Кимсан? — дедилар. Бир кун пайдо бўлди даврада подшоҳ, Давра аҳли эса гадолар эди. Улар ҳам таажжуб ичра баногоҳ: — Подшоҳга боқишиб: — Сен кимсан? — деди. Ғайбдан садо келди: — Тингла эй банда, Барчангга яратгум ягона макон. Бир-биринг камситиб қилма шарманда, Ахир иккингиз ҳам эрурсиз меҳмон. Риоя Агар сен қиблага бурмасанг юзни Беш маҳал саждаю намозинг бекор. Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни Агар бир мўминга етказсанг озор. Ҳижратинг шунчаки саёҳат эрур Унутар бўлсанг гар зарра иймонни. Маккага етти қат борганча бўлур, Бошини силасанг ўксик инсонни. Аллоҳнинг номига қасаминг абас, Дилингда бор эса ҳасад ҳам риё. Нуқсингни беҳуда яширмагил, бас. Биридан воқифдир Тангри таоло. Савоб Дасти кисқаларни камситма зинҳор. Савобнинг каттаю кичиги бўлмас. Кимнингдир давлати беҳуда бисёр Ва лекин бахилдир, толеи кулмас. Оч қолган гўдакка саховатли зот, Яримта хурмони дилдан илинди, Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот, Бус-бутун савоб деб қабул қилинди. Демишлар савоб иш офатни тўсиб, Эзгулик йўлига шайлангусидир. Энг кичик ҳиммат ҳам тойчокдек ўсиб, Тулпордек савобга айлангусидир. Ҳаж Неча чўллар ошиб, дарёлар ошиб, Бир кун кириб келди Маккага карвон. Денгизга етишган жилғадек шошиб, Умматлар йўл олди Каъбага томон. Уларнинг барчаси мўйсафид эди, Асога таянган, нуроний бошлар. Кимдир ҳайрат билан уларга деди: — Наҳот ҳаж қилмайди сизларнинг ёшлар? Умматлар дейишди:—Ҳақ йўли оғир, Афсус чекмоқликдан мутлоқ наримиз. Қутлуғ бу сафарга чиққанда, ахир, Ёш-ёш йигит эдик бизлар баримиз... Қиёмат Бир кун Муҳаммадга бердилар савол: — Аё, Расулуллоҳ, айтиб бер буни Қачон фоний дунё топгайдир завол, Қачон содир бўлгай Қиёмат куни? Гарчанд Биру Борга сомедир Инсон, Иблис қутқуси ҳам ҳар қайда бордир. Кимнингдир дилида собитдир иймон, Кимгадир шайтоний васваса ёрдир. Расулуллоҳ деди: — Умид қил, банда, Кўчмасин дунёдан инсоф, диёнат. Нопок одамларга кунинг қолганда, Билгилки, ўша кун келгай Қиёмат! Ғийбат Дўзах йўлларидан ўтаркан Расул, Атрофга кўз ташлар эди дамодам. Кимдир фарёд солиб йиғларди нуқул, Оташда ёнарди ўзга бир одам. Йўлнинг канорида-шундоқ сарҳадда Ўлимтик ер эди аллақандай зот. Ногоҳ Расулуллоҳ боқиб ҳайратда, Жаброилга деди: — Бул кимдир, ҳайҳот! Жаброил айтдиким: — Бунда ҳар кимса, Жазосин олгайдир қилмишига хос. Ўлимтик егувчи бул банда эса, Умрин ғийбат билан ўтказган холос. Хожа Ва Шоир Қабила Хожаси шоирга бир кун Оқ туя мингизди, кўргизиб ҳурмат. Хожа ўз ишидан бўлди кўп мамнун, Бамисли Расулга йўлиққан уммат. Хожадан сўрашди: — Айтингиз, жаноб, Улуғ бу эҳсондан недур муддао? Шоир-ку бир дарвиш — фақир ва хароб, Шеърига шу қадар мафтунмисиз ё? Хожа жавоб қилди: — Бўлмангиз ҳайрон, Ким ҳам айри тушар ахир элидан. Шоирнинг шеъри-ку ёқар бегумон, Мен кўпроқ қўрқаман унинг тилидан. Ҳайит Ҳайит кунларида жанглар ҳам тўхтаб, Қиличлар қинига қайтиб киргувси. Мўминлар эгизак жонларга ўхшаб, Ўзгага боққан чоқ ўзни кўргувси. Умидвор ҳар кимса топиб кушойиш, Қоронғу дилларга ёғиб тургай нур. Уйқуда фароғат, юртда осойиш, Дуолар ижобат, ниятлар манзур. Адоват, ҳасадни касб этган инсон, Майли шоҳ ё гадо, ё сайид бўлсин. Илоё, барига бахш этсин иймон, Ўтар ҳар лаҳзаси бир ҳайит бўлсин. Камолот Ғоят ғариб эди Расул ҳужраси, Қамиш уй эди у, оддий ва фақир. Умматлар сўрашди: — Гапнинг сираси, Сизга ярашмайди бу кулба ахир. Улар тағин деди: — Сиз-ку Пайғамбар, Томингиз не учун бу қадар пастдир? Расул жавоб қилди: — Тинглангиз, магар Баландни истаган баландпарастдир. Сиз салом бердингиз — олгайман алик, Аллоҳнинг ўзидир юксак бегумон. Бандага жоиздир фақат камтарлик, Йўл пастдан бошланар камолот томон. Лайли Ва Мажнун Ҳар кимга ҳамрохдир ҳамиша қисмат Кимдир бошин эгар, ким кўксин кергай. Расулуллоҳ демиш: — Аллоҳдан фақат Ким нима сўраса, ўшани бергай. Оёқ қўлин боғлаб Лайлини бир кун Олиб келишдилар Каъбага томон. Лайли хитоб қилди: — Тавба не учун, Мажнуним бўлмаса тийрадир жаҳон. Ибодат Мажнуннинг навбати эди, У ҳам ошкор этди кўнгил майлини. Каъбага бош уриб тураркан деди: Мен сендан сўрайман фақат Лайлини. Ойиша Ойиша, Ойиша, Ойиша она, Нечун кўзларингдан оқар маржон ёш. Сенга Расулуллоҳ ўзи парвона, Бир муҳринг Ой бўлса, бириси Қуёш. Тонгларни оттирдинг жуфтингга қараб, Шони шон келтирди, ҳасрати — адо... Пайғамбар завжаси бўлмоқ-ку шараф, Инсонга йўлдошлик оғирдир, аммо. Ойиша, Ойиша, мангу сабот топ, Сенга термуламиз бизнинг баримиз. Шамоллаб қолмасин, устларини ёп, Ором олаётир Пайғамбаримиз. Паҳлавон Бир суҳбат чоғида Ҳазрат Пайғамбар Ўртага ташлади савол ногаҳон. Айтдилар: — Зарурат туғилса магар Кимни атардингиз асл паҳлавон? Саҳобалар деди: — Ҳар ким доимо Чекига тушганни келгандир олиб. Кураш майдонига чиққанда аммо, Паҳлавон саналгай ким бўлса ғолиб. Расулуллоҳ деди: — Кўҳнадир жаҳон, Турфа хил куч-қудрат бордир одамда. Лекин ўз жаҳлини енголган инсон Ҳақиқий паҳлавон эрур оламда. Шафқат Қабристон ёнидан ўтаркан Расул, Кетганлар ёдига фотиҳа тортди. Енгиллик сезгайдир бундай чоғ кўнгил, Бироқ Пайғамбарнинг ғуссаси ортди. Гарчи боқий эмас дунёда инсон, Гарчи у айлангай бир кун тупроққа. Расул англаса ҳам бу ҳолни обдан Оддий банда янглиғ тушди титроққа. Саҳобалар деди: — Қандайин зуғум, Қандай ғам бағрингиз тиғламоқдадир? Расул жавоб қилди: — Бир осий шу зум, Қабрида қон қақшаб йиғламоқдадир. Ҳордиқ Араб саҳросида йўл юриб карвон, Топди бир манзилда қўним ва қарор. Ҳорғин Расулуллоҳ — озурда ул жон, Ҳордиқ чиқармоқни қилди ихтиёр. Тўшаксиз, тақирда ётди ёнбошлаб, Бамисли очундан кўнгли қолган қул, Келди саҳобалар кўзларин ёшлаб: — Ҳеч қурса, бўйрада ётингиз, Расул. Расулуллоҳ деди:—Ўйламанг, асло Фанодан мен роҳат кутаётирман. Бу дунё дарахтнинг сояси гўё, Мен ундан от миниб ўтаётирман. Шамол Шамоллар, шамоллар дейди шамоллар, Қайдан эсганингиз билолмай доғман. Сиз билан чулғанур не-не хаёллар, Сизнинг тафтингизда хаста ё соғман. Араб саҳросида эсган эй самум, Совурдинг кимларнинг туйғуларини. Шаҳидалар учун гоҳ бўлдинг таяммум, Қумларга дафн этдинг орзуларини. Шамол эсганида Ҳазрат Пайғамбар Мудом тўлғонарди дилгир бетоқат. Дер эди:—Ҳар қандай шамол муқаррар Ё ҳаёт келтиргай ёки фалокат. Рўза Рамазон ойида, ҳайит чоғида, Сумалак пиширди аҳли мусулмон. Унни қовурдилар зайтун ёғида, Ҳалим тайёрлади кимда бор имкон. Баҳор келди мана, қишдан чиқолдик, Берган ризқ-рўзига, неъматга шараф. Тоғдайин заҳматни охир йиқолдик, Табиатга шараф, ҳимматга шараф. Рўзадан чиққанлар, Сизга ҳам раҳмат Фарзингиз синовли саодат эрур, Расулуллоҳ демиш: — Сабр қил уммат, Мўъминлик белгиси қаноат эрур. Билол Ҳабаш Пайғамбар уммати — қора тан Билол Расулга ҳамиша камарбастадир. Сидқ ила вафотга бўлди у тимсол, Қайтмади рост йўлдан, соғ ё хастадир. Билол айтар эди азонни яккаш, Сазовор бўлмишди ишончга андоқ, Расулдан сўрашди: Бу қора ҳабаш, Жаннат чеҳрасига ярашгай қандоқ? Жавоб шундай бўлди:— Сўйлангиз билиб, Унинг оқ дилида иймон оҳанги. Жаннат ҳурларига қора хол қилиб, Бўлиб берилгандир Билолнинг ранги. Ҳидоят Йўли У сенга кўрсатди ҳидоят йўлин, Юргил ё юрмассан, ўзинг бил, инсон. Балки сен тутгайсан Иблиснинг қўлин, Яратган Холиққа барчаси аён. Пишқирган дарёнинг соҳилида гар Ташнаю зор қолсанг, айбдорсан ўзинг. Бошингга ногаҳон балолар ёғар Лабингдан учган чоғ жаҳолат сўзинг. Ғойибдан бахт кутиб ўтирмоқ нечун, Дастингга кор берди қалбингдаги ёр. Заминда кўргазган қилмишинг учун, Осмонни маломат қилмоғинг бекор. Тенглик Бошини ҳар қанча тебратган билан. Оқил бўлиб қолмас учраган жонзот. Йўқса, ҳинд морбози ўйнатган илон Жаъми доноларни айлар эди мот. Аллоҳим бир сизнинг мулкингиз эмас, Эмукдош эмасдир Сизга пайғамбар. Самоват номидан сўзламангиз, бас, Сизу бир қушдан тўзғиб тушган пар. Ёнма-ён битикмиз тақдир тошида, Биримиз ёқа-ю, биримиз енгмиз. Расулуллоҳ демиш:— Ҳақнинг қошида Тароқ тишларидек барчамиз тенгмиз. Жон Аччиғи Булоқдан сув ичди ҳазрати Исо, Ғоят тотли эди бу оби ҳаёт. Сувни бир кўзага қўйганда аммо Заққумга айланди у ўша заҳот. Ҳайратга тушгандир пайғамбарлар ҳам, Бу қандай сир эрур? Аён қил, аё раб! Масиҳо нафаси етишгани дам Кўзадан бир овоз чиқди-ку титраб: — Аё, ширин сувинг бўлдими тахир, Дема, бу — туз таъми қон аччиғидир. Мен ҳам Инсон эдим, Кўзаман ҳозир, Сувни аччиқ қилган жон аччиғидир! Сен Каби Онангни отангга хатлаб берганда Гувоҳ бўлмаганман ишонгил ахир. Боқурсан, юзингда қув заҳарханда, Дунёни гўёки мен этдим тахир. Босган қадамимдан чақнамас олов, Даъво қилмасман Ҳеч абадиятга. На қўрғон қурдиму на тутдим ялов, Доим йўлдош бўлдим оддий ниятга. Бошни кўп қотирма сен кимсан дебон, Кимнинг хеш, кимнингдир андасидирман, Ўткинчи дунёда мен ҳам бир меҳмон, Худонинг сен каби бандасидирман. Чора Ғаним бўлиб қолди кимдир кимгадир, Улар иккиси ҳам оқсоқол эди. Ўртага тушганди гина негадир, Иккиси ҳам гўё безавол эди. Узоқ вақт олишди иккита йигит, Ўзим ҳақ дер эди иккаласи ҳам. Сира кор қилмади насиҳат—ўгит Чорасин тополмай ҳакамлар мулзам. Охир сўрадилар Расулуллохдан Аё ўзинг айтгин энг одил сўзни. Расулуллоҳ деди: — Қўрқинг гуноҳдан Сиз улар ўрнида ҳис қилинг ўзни... Азроил Бадавий шаклида келиб Азроил Муҳаммадга деди:—Жонингни олгум. Ва лекин ҳурматга экансан ноил, Тила тилагингни, дўст бўлиб қолгум. Муҳаммад тўлғонди ўнггаю сўлга, Деди: — Ола қолгин, керак бўлса жон. Магарки илтифот қилдинг Расулга, Сўнгги тилагимни айлайин баён. Ёлғиз ўтинчим бу, қайтарма минбаъд, Майли сўнг тепамда кўксингни кергил. Умматим жонини осон ол фақат, Унинг азобин ҳам ўзимга бергил. Қул Ва Қуёш Демасман, Зулматда мудом фарёд қил, Ҳиммат нури билан дилни обод қил, Расулуллоҳ демиш: — Ошма ҳаддингдан, Қуёш тутилганда қулни озод қил! Ҳадис Бу улуғ даргоҳда меҳмонман мен ҳам, Менинг ҳам дилимда ошиқлар оҳи. Ҳадисчи боболар дегандек у дам, Тавбамни қабул эт, ўзинг, Илоҳи. Улғайдик ва лекин олдда кўп гап бор, Давр шамоллари эсиб ўтгайдир. Инонгум, эътиқод ўзи бўлиб ёр Бизнинг ҳам қўлимиз бир кун тутгайдир. Ибодат бор эди, у этгай давом, Қирқ билан ёпмасмиз бу уйнинг томин. Бизни тинглаганга ҳамиша салом, Яна кўришгунча соғ бўлинг! Омин! |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23775 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23357 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |