«Яхши инсонларни кўрсам қувонаман» [Abdulla Oripov] |
— Абдулла ака, адабий гурунгларда ўтган асрнинг 60-йиллари ижтимоий ҳаётда юз берган янги бир эпкин ҳақида тез-тез эслаб турилади. Адабиётимизда воқеага айланган бир қанча шеърларингиз айни шу йилларда яратилган эди. Бугун ўша даврдаги ижодингиз, адабий жараён, муҳит ҳақида хотирлаганингизда, кўнглингиздан қандай туйғулар кечади? — Авваламбор, киши ўзи ҳақида бирон нима дейиши одобдан ҳисобланмайди. Адабий жараён эса фақат бир шахснинг иштироки билан шаклланиб қоладиган воқелик эмас. Бундай пайтларда, одатда, муҳит ёхуд имкониятлар таҳлил қилиниши мумкин. Адабиётимизда ўтган асрнинг қарийб ярмидан кўпи урра-уррачилик, ғоябозлик даври бўлган эди, десак тўғри бўлади. Адабий жараёнга ялпи назар ташлаганда шундай таассурот туғилиши табиийдир. Бироқ ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида собиқ мамлакат маънавий ҳаётида қандайдир ўзгаришлар бошланган эди. Бу силжишлар ўша даврда майдонга чиққан шоирлар ижодида, айниқса, бўртиб кўрина бошлади. Рус адабиётида Евтушенко, Вознесенский, Аҳмадулина сингари шоирлар пайдо бўлди. Янги эпкиннинг хосияти шундан иборат бўлдики, бундай ижодкорлар қаттиқ танқидга учрасалар ҳам, лекин қамалмадилар. Муҳитдаги энг катта ютуқ мана шундан иборат эди. Бизникилар ҳам, шубҳасиз, Москва соатига қараб иш тутардилар. Биз ҳам дилимизни очиб, айрим шеърларимизни унда-бунда эълон қила бошлаган эдик. Эркин Воҳидов каби шоирларнинг нафасида янги баҳор шабадалари уфуриб турарди. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, баъзи мисолларни келтириш билан чекланаман. «Тилла балиқча», «Биринчи муҳаббатим» каби шеърларимиз ошдан чиққан тош янглиғ ўша давр мафкурасининг тишини қарсиллатгани сир эмас. Бу шеърларга қўйилган айбларни эшица, бугунги кунда ёш бола ҳам кулиб юбориши мумкин, жумладан, «Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим» сатрини катта мажлисларда тилга олишиб, «партияга суян, давлатга суян» қабилидаги кўрсатмалар билан «сийлашган». Албатта, ўша инсонлар ўз нуқтаи назарларини табиий равишда ҳимоя қилмоқда эдилар. Бу ҳолни бир қадар тушуниш мумкин. Бироқ энг ёмон жиҳат шундан иборат эдики, жамиятдаги жуда катта қатламнинг онги, дунёқараши, даража-савияси, борингки, бутун борлиғи ўша давр тарбияси асосида шаклланиб бўлган эди. Мен уларни ўзимча меҳрдан йироқ, юлдузлар ҳидини билмайдиган темир одамлар, деб атаган эдим. Ажабланарлиси шундаки, улар бошқача фикрлаш мутлақо мумкин эмас, деб чин дилдан ишонардилар. Бу — биринчиси. Иккинчи ва балки ҳеч қачон йўқолмайдиган бир иллат — ҳасад бўлиб, бу ёвуз туйғунинг тантана қилишига ўша давр ажойиб шарт-шароит яратиб қўйган эди. Яъни ҳасад ғоявийлик қалқони ва найзаси билан қуролланган бўлиб, у ўзига ёқмаган ҳар қандай филни ҳам қулатиши мумкин эди. 60-йиллар адабий муҳитининг ижтимоий-сиёсий башараси мана шундай эди. Лекин дунёда халқ деган, фақат ўзига-ўзи ҳисоб бера оладиган, дидига хиёнат қилмайдиган куч ҳам мавжудки, ҳақиқий адабиёт фақат унга таянади. Шу маънода ҳалиги шеърларни қурултойларда қанчалик қоралашмасин, жумладан, талабалар баралла ёддан айтиб юришар, ҳатто қўшиқ ҳам қилишганди. Бизга куч ва ишоч бағишлаган, албатта, ихлосмандларимиз эдилар. Бундан буёғи адабиётимиз босиб ўтиб келаётган йўллар ҳаммамизга маълум. Адабиётнинг ялпи тараққиёти, ҳеч шубҳасиз, давр ва халқ нафаси яратган иқлимга кўп жиҳатдан боғлиқ. Аммо адабиёт шундоқ бир соҳа эканки, уни айрим шахслар истеъдоди, меҳнати самаралари белгилаб бераркан. Ахир, ёзувчилик аслида индивидуал иш-ку! Бирор бир шахсга табиат маълум бир иқтидор бермаган бўлса, ҳеч бир тузум қонун ё фармон билан уни ато этолмайди. Дейлик, кимнингдир феълида ҳасад, ичиқоралик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, майдакашлик каби иллатлар устувор бўлса, уни бу каби қора тамғалардан «Ёзувчилар уюшмасига аъзо»лик гувоҳномаси фориғ эта олмайди-ку. Барибир, одам боласи ўз табиатига кўра жамоа бўлиб яшайдиган жонзотлар туркумига киради. Шундоқ экан, каттакон халқ манфаатлари қулоч ёзган шароитда майда-чуйда хатти-ҳаракатлар бора-бора кўмилиб кетиши шубҳасиз. Биз адабиётнинг катта йўналиши ҳақида фикр юритганимизда, асосан, катта ҳақиқатларни, тарихнинг муҳим бурилиш йўналишларини кўзда тутамиз. Ана шундай энг йирик, айтиш мумкинки, халқимиз учун ҳаёт-мамот жараёни мустақиллигимиз бўлди. Мен адабиётимизда турли ҳис-туйғулар, ранг-баранг мавзулар, услублар гуллаб-яшнашининг тарафдориман. Бироқ у саъй-ҳаракатлар халқимизнинг манфаатини, борингки, тақдирини белгиловчи туйғуларга ҳамоҳанг бўлиши шарт. Дейлик, ҳозирги баъзи қийинчиликлар туфайли бирор мактаб биноси таъмирланмай турган бўлса — бу, мустақиллик ўзини оқламади, деган хулоса чиқаришга асос бўлолмайди-ку. Бундай мисоллар, агар адабий асарга айланса борми, у ҳеч шубҳасиз, эс-ҳуши жойида бўлган ҳар қандай китобхоннинг ғашига тегади, тажрибасиз ёшларни эса чалғитади. Мен ушбу фикрларим билан «Келинг, ҳамма ишимиз беш», дея эртаю кеч «Яшасин Истиқлол!» деб жар солиб юрайлик, демоқчи эмасман. Орзуим шулки, аввалом бор, адибнинг нияти тўғри бўлсин. Адабиётнинг қадр-қиммати биргина ният тўғрилиги билан белгиланмаслиги ҳам бор гап. Адабиёт мақоми, даражасини унинг нечоғли маҳорат билан яратилган санъат асарлари белгилайди. Шу маънода неча ўн йиллар оша минглаб асарлар силсиласида юксак маҳорат билан яратилган камдан-кам ижод намуналаригина китобхонни ҳайратга солиб келмоқда. Улар — Қодирий романлари, Ойбек, Қаҳҳор, Ғафур Ғуломнинг баркамол ижод намуналари. Мен шу ўринда шеърият хусусида фикр юритиб бир гапни айтиб ўтмоқчиман. Модомики, шоир ўз ўчоғида ўзи ёққан оловда ўзининг ёғида ўзи қоврилиб таом пишираётибди экан, унинг қўшни ўчоқ билан нима иши бор? Яъни бирор шоирнинг услуби ёхуд оҳангги буткул шеъриятда етакчилик қилишга даъво қилмаслиги керак. Ижод маҳсулининг баҳосини китобхонлар беради, деган қадимий хулосага ҳам беписанд қарамаслик лозим. — Ҳаётингизнинг катта бир даври XX асрнинг суронли йилларида кечди. Ижодингизда муҳим воқеа бўлган энг етук асарларингиз ҳам ўтган асрда яратилди. Янги зарварақлар билан бошланган янги асрда ижодкор сифатида нималарни ҳис қилаяпсиз? Ўтган асрда ҳаммамиз ҳам баҳоли қудрат ижод қилдик. Чекланишлар бўлган бўлса, ҳаммага баравар бўлди. Ўша пайтлар ҳаммамиз бирданига бақир-чақир қилиб, тилимизга эркинлик қани, миллатимизга эркинлик қани, деб талаб қилардик. Бу талаблар оммавий равишда кечди. Кўп нарсаларга эришдик ҳам. Эркинлик нашидасидан баҳраманд бўлдик. Бироқ, назаримда, баъзи бир инсонлар бу буюк ўзгаришларни, эврилишларни етарлича баҳоламаётгандек, ҳис қилмаётгандек. Ахир, тилимизга эркинлик берилди, буюк алломаларимиз хотираси қадр топди, эъзозланди, анъаналаримиз тикланди. Энди, яшаш тарзидаги тафовутга келсак, иқтисодий тараққиётнинг ўз қонуниятлари бўлади. Ҳамма бир хилда бой ёки бир хилда камбағал бўлиб қолиши мумкин эмас. Юрт мустақил бўлди. Бироқ ижодкорлар орасида ҳам, бошқа соҳада ҳам якка-ярим нолиганларни эшитиб қолсам, ажабланаман. Бундайлар ҳеч қачон рози бўлмайдилар, оппозицияни ўзларига бахт деб биладилар. Бу тоифа инсонлар ўтган асрда ҳам ўша байроқни кўтариб юрган, ҳозир ҳам шу байроқни кўтариб юрибди, бундан кейин ҳам шундайлигича қолади. Инсоният азалдан комилликка интилган, бироқ тўлалигича комил бўлолмаган, бўлолмайди ҳам. Мақсадга кўчадиган бўлсак, бизни қувонтирадиган бир катта ҳақиқат бор, бу ҳам бўлса, катта бир қадимий халқ ўзининг асрий орзусига эришди. Ихтиёри ўзида бўлди, давлат ўзиники бўлди, тили ўзиники, оиласи ўзиники, бозори ўзиники, мозори ўзиники. — Энди мавзуни бир оз ўзгартирган ҳолда бевосита ўзингизнинг ижодингиз, руҳиятингизга боғлиқ бўлган саволлар билан суҳбатимизни давом эттирсак. Ижодингизда узоқ муддатли танаффус бўлса, қандай ҳолатга тушасиз? — Танаффус икки-уч сабаб боис бўлиши мумкин. Лекин ижодкорнинг юраги уриб, ақли ишлаб турган бўлса, унга ҳеч ким танаффус беролмайди. Агар башарти қўли ёзолмай қолган тақдирда ҳам қалб тирик бўлса, у ижод қилишдан тўхтамайди. Ижод бу газета учун ёзиш дегани эмас, албатта. Чунки ижодкор истаган пайтда ўз туйғуларини тўкиб солаверади. Она алласини гарчи қоғозга туширмаса-да, асрлар давомида алла айтиш тўхтаб қолмаган. Шу маънода айтадиган бўлсак, гарчи шоир баъзан ижод қилишдан тўхтагандек бўлиб кўринса-да, унинг қалбида сукунат ҳукм сурмайди. Аҳмад Яссавийдек буюк авлиё ернинг тагида ҳам ижод қилишдан, тафаккур юритишдан тўхтамади. У яратган юксак маънавий хазинадан инсоният асрлар давомида баҳраманд бўлиб келмоқда. Айтилганлардан хулоса қилиб гапирадиган бўлсак, ижодий танаффус икки ҳолатда бўлиши мумкин. Бири ижодкор дунёдан кўз юмса, иккинчиси фикрлашдан тўхтаса. Қалбни ҳеч ким буйруқ билан тўхтата олишга қодир эмас. — Ҳаётда нималардан илҳомланиб яшайсиз? — Ижоднинг асосида иккита нарса ётади. Завқ ва илҳом. Завқ ҳайвонотда ҳам бўлади. Масалан, қушлар бир-бирига илтифот қилади. Кўркам боғ ёки гулзорда завқ билан хониш қилади. Лекин инсон завқининг замирида, агар у ижодкор бўладиган бўлса, жуда катта маънавий манба ётади. Англаб қилинган завқ илҳомга туртки бўлади. Асли Илҳом инсон қалбидаги туйғулар мувозанатининг бузилишидир. Мувозанат бузилгандан кейин қалб жумбушга келиб тил сўзлайди, кўзда ёш қалқади. Илҳом фақат қувонч эмас. Шоир изтиробли сатрлар ҳам битади, қўшиқлар тўқийди. Ҳаётда нималардан илҳомланиб яшайсиз, деган саволингизга келсак, яхши одамларни кўрсам қувонаман. Дили тоза, пок инсонлар билан Ҳиротгача пиёда кетишга тайёрман. Ҳазрати Xизр ҳам ўшадир, дин ҳам ўша, эътиқод ҳам ўша. Бундай одамлар афсуски кўп эмас. Ҳаёт яхши одамларни ҳар доим ҳам бир-бирлари билан учраштиравермайди. — Ижод эркинлигини сиз қандай тушунасиз? — Ўзим ижодкорман ва ўз навбатида ижодкорлар уюшмасининг раҳбариман. Бу саволингизга мен икки томондан жавоб беришга ҳаққим бор. Биринчидан, ижодкор сифатида, иккинчидан, шу ижодкорларнинг талабига жавоб беришга мажбур бўлган идоранинг раҳбари сифатида. Собиқ шўролар даврида ким шеър, ҳикоя ёки роман ёзса, ўша тузум мафкураси талабига қараб баҳо бериларди. Ҳозир раҳбар сифатида мен бирорта ёзувчини чақириб мана бундоқ ёзгин, ундоқ ёзгин, деб буйруқ беролмайман. Ижод эркинлигидан нолийдиган инсонларни эса ношукур одамлар деб ҳисоблайман. Чунки улар камчиликни ўзларидан қидиришмайди, балки ўзларига жуда юқори баҳо берган ҳолда айюҳаннос солишади. Эркинлик оғизга келган гапни гапиравериш, кўнгилга келган ишни қилавериш дегани эмас, албатта. Маймуннинг чизган суратини санъат асари деб кўргазмага қўйиш эркинликка кирмайди. Эркинлик ҳақида ким гапиряпти, қанақа шахс гапиряпти, қайси муҳитда гапиряпти, қанақа даражадаги одам фикр билдиряпти — шунга қараб ҳукм чиқариш тўғри бўлади. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳар бир муайян одамлар гуруҳи орасида одоб-ахлоқ, сиёсий-ижтимоий, маънавий меъзонлар ва уларни қабул қилиш даражаси бир хил бўлмайди. Шу боис фикрларда, нуқтаи-назарларда тафовут бўлиши табиий. — Абдулла ака, ўзингизга маълум, бу йил Президентимиз томонидан «Меҳр ва мурувват йили» деб эълон қилинди. Сиз мазкур йил бундай номланишининг қандай ижтимоий- маънавий аҳамияти бор, деб ўйлайсиз? — Ҳар бир ишнинг ўз камолот даври, тараққиёт босқичи бўлади. Шу маънода гапирадиган бўлсак, Мустақиллигимизнинг ўн уч йили давомида ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маданий-маънавий ҳаётимизда улкан ютуқларга эришдик. Бу каби ютуқларга эришмасдан, маълум бир тараққиёт босқичини босиб ўтмасдан туриб мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ «Меҳр ва мурувват йили» деб эълон қилиб юборилса, менимча, нотабиий бўларди. Шунинг учун айнан мазкур йилимизнинг Юртбошимиз томонидан шундай номланишини тараққиёт белгиси, қолаверса, камолот белгиси дейиш мумкин. Меҳр-мурувват бизнинг олий даражадаги қадриятимиз. Уни юртимиз бўйлаб яна бир карра кенг ёямиз ва тараннум этамиз. Она юртимизга, она халқимизга, улуғ аждодларимиз хотирасига, Ҳазрати инсонга бўлган буюк муҳаббатимизни ифода этиб, қалбимиздаги мурувват ва саховат туйғусини янада олий мақомга кўтарамиз. Суҳбатдошлар: М.Абдуллаев, С.Шодиева |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23775 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23357 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |