Янги давр масъулияти [Abdugʻafur Rasulov] |
Тошкентнинг Бешоғочиданман. Бу даҳа Бўрижари, анҳорлари, маҳобатли кўприклари, Тупроқ қўрғони, машҳур кўли, ҳовузлари, гавжум бозори, трамвай изи ўрнатилган тош кўчалари, ҳар бир ҳовлидан ўтадиган ариқлари билан ёдимда қолган. Унинг маҳалла, гузар, чойхона, бекат, нон, сабзавот, гўшт дўконларини унутиб бўладими? А.Солженициннинг «Саратон хасталиклари бўлими» қиссасининг бош қаҳрамони Павел Русанов ТошМИ касалхонасидан чиқиб, трамвайда Чорсуга йўл олади. Қайсидир бекатда қўрада пиширилаётган кабобни кўриб қолади. Ҳамма ёқни кабоб иси тутиб кетган. У трамвайдан тушиб қолади. Бир сих кабоб, яримта ёпган нон олиб чойхонага киради. Қачон шу қиссани ўқисам, қисса қаҳрамони бизнинг «Чақар»даги чойхонага кирган деган фикр ўтаверади хаёлимдан. Менинг маҳаллам "Чақар", дедим-у, сал хато кетганимни сезиб қолдим. Болалигим «Чақар»да, Абулқосимхон мадрасаси ёнгинасидаги, она томондан бувамнинг «Янги маҳалла»даги ҳовлисида кечган. Тошкент шаҳри билан Тошкент вилоятини улаб турган узун, Бўрижар сатҳидан анча баланд қилиб қурилган Симон кўприкдан ҳар куни ўтардим, Кичик Чилонзордан Катта Чилонзорга борардим. Боғ ҳовлимиз ҳозирги Чилонзор савдо маркази ортидаги 162-мактаб ўрнида эди. Мен боғ ҳовлида 1937 йилнинг чиллаки чумак ураётган палласида туғилган эканман. Етти-саккиз ёшимдан томорқага қараб, жўхори чопиқ қилар, экинларга сув қуярдим. 9-10 ёшимдан жамоа хўжалигида ишлаганман. Онамга кўмак берганман. Кўп жойга кўчганимиз, анча эрта меҳнатга кўникканим, – отасиз ўсганимдан деб биламан. Онам колхозда ишлаб, мени ва опамни оқ ювиб, оқ тараб ўстирганлар. Катта Чилонзордаги 162-, «Чақар» билан Чорсу оралиғидаги 82-бошланғич, Бешоғоч марказидаги 90-тўлиқсиз ўрта мактабда ўқиганман. Мактабни тугатгунимча: «Нега бизда қизлар ўқимайди?" деб ўйлаб кўрмаган эканман. Бешоғоч туманидаги 90-, 34-, 45-, 82-мактабларда фақат ўғил болалар, 84-, 59-мактабларда фақат қизлар ўқирди. Ўқитувчиларимизнинг аксарияти ҳам қизлар, ҳам болалар мактабида дарс берар, гоҳо сержаҳл ўқитувчилар: – Сенларнинг битта синфингда дарс бергандан қизларнинг ўнта синфида дарс бериш осон, – дея нолиб қоларди. 90-мактабда давомат ёмон эди: янги филм қўйилса, ўқувчилар «гур-р» этиб ёнгинамиздаги Навоий кинотеатрига уриб кетарди. Кўклам келдими, комсомол кўли ўзига чорлай бошларди. Ёшлар кўлида болалар темир йўли бўларди. Унинг бошлиғи, назоратчиси, ҳайдовчиси, бекат беги – ҳаммаси мактаб ўқувчилари эди. Сув спорти тўгараги мунтазам ишларди. Олмазор кўчасида ёш техниклар станцияси фаолият кўрсатар, кўпчилик ўқувчилар Марказий кашшофлар саройидаги тўгаракларга қатнарди. Драма тўгарагига Мирсоат Усмонов (ёзувчи Эркин Усмоновнинг отаси – А.Р.) етакчи эди. Репертуарда Володя Дубинин, Павлик Морозов, хуллас, шўро мафкурасига хизмат қилган болалар ҳақидаги асарлар кўп эди. Яна бир гап. Болаларнинг бозорда савдо-сотиқ қилиши қатъиян ман қилинганди. Кўпчиликнинг тирикчилиги Бешоғоч бозоридан ўтарди. Аксарият ўқувчилар дарсдан кейин бозорга чопар, она, опасига дастёрлик қиларди. Бозорчи болаларни ўқитувчилар тергайверар, улар эса бозордан қолмасди. Бешоғочда ўзга миллат вакиллари кўп эди. 90-мактабда ҳам ўзбек, ҳам руслар ўқирди. 34-мактаб русча ўқишга йўналтирилганди. Уруш йилларида кўчиб келган оилалар кўпайиб кетди. Абулқосим мадрасасига асосан мордаванлар жойлашдилар. Негадир мадрасани «Коллектив» дейиш удум бўлганди. Ўша пайтда ўзбеклар уйини ижарага беришни ўргандилар. Эркак квартирантлар эрта билан Чилонзор, Оқтепа, Захариқ томонларга чиқиб кетар, «Ойна тузатаман», «Примус созлайман», – дея бот-бот овоз берардилар. Руслар билан мактабда, маҳаллаларда бирга яшаган болалар рус тилига уста бўлиб кетдилар. Мактабда ўзбек тили ва адабиётига нисбатан рус тили ва адабиёти чуқур, қизиқарли ўқитиларди. Асл миллати ўзбек бўлган Асқар Рамазонов дарсни қойилмақом қилиб ўтарди. «Ғилоф бандаси», «Амалдорнинг ўлими», «Ревизор» сингариларни дарс сифатидамас, якка артист театридагидай ижро этарди. Елена Павловна Кац ҳамма ўқувчини исми билан чақирар, эркалар, танбеҳ берарди. Унинг дарсида кутилмаган, ғалати-ғалати чекинишлар бўларди. Мана, ўқитувчи Пушкин биографиясини сўзлай туриб, «ўтлаб» кетди. Бир куни Пушкиннинг отаси тарвуз олиб келибди. Уни артиб, суртиб, столнинг устига қўйибди. Табиийки, болаларнинг нафси ҳакалак отиб кетяпти. Ота бепарво. Болалар тарвузни кесишни илтимос қилишаверибди. – Тарвузни кесаман. Ким шеър тўқиса, ўшанга биринчи каржни бераман, – депти ота. Ҳамма жим. Кичкинагина Саша дик этиб стулга туриб олибди-да: Моя пуза Хочет арбуза, – депти. Ваъдага биноан қип-қизил тарвузнинг илк каржи бўлажак шоирга тегибди. Иккинчи воқеа. Пушкинларникига подшо ташриф буюрибди. Зодагонлар, граф-у дворянлар зал бўйлаб юрган ҳолда ўзаро суҳбат қуришибди. Бир маҳал меҳмонхонага жингалак сочли болакай ўқдай отилиб кирибди. Меҳмонларни кўриб мулзам бўлибди. Подшо болакай ёнига келиб, жингалак сочларини силабди, қорача юз-кўзига боқиб: – Ох, какой арабчонок, – депти. Тийрак Саша ялт этиб подшога қарабди. Унинг юзларидаги чечак изларини кўриб, дарҳол «қасд» олибди: Арабчонок, но не рябчонок. Бола меҳмонхонага қандай отилиб кирган бўлса, шундай тезлик билан чиқиб кетибди. ХХ асрнинг 50-йилларида мактабни тугатган, Олий ўқув юртларининг ижтимоий факултетига кирганлар, ўзбек тили ва адабиёти қатори, рус тили ва адабиётидан иншо ёзар, оғзаки имтиҳон топширардилар. Яна бир гап. Ўтган асрнинг 60-йилларигача тошкентликлар тилида «Губир боғи» («Губернатор боғи» – А.Р.) анча фаол эди. Трамвай, троллейбус паттачилари бекатни «Киров парки» десалар ҳам, шаҳарликлар «Губир боғи»гача боришларини айтаверардилар. Комсомол кўлидан ўтиб, Симон кўприкнинг қишлоқ томонига ўтишингиз билан девор билан ўралган, дарахтзор, баҳайбат темир дарвоза ўрнатилган катта-катта дала ҳовлилар бошланарди. Ҳозирги Республика Тез ёрдам илмий-текшириш Маркази ортида 100-150 йиллик, баланд-баланд чинор монанд ўрис дарахтлар бор. Губернаторга махсус боғ қурилгач, амалдор рус зобитларига Чилонзордан катта, баҳаво, Бўрижар «нафаси уриб» турган боғ-ҳовлилар ажратилган. XIX асрнинг 90-йилларида бошланган бу тартибот Шўро замонида, 70-йилларгача давом эттирилди. Чор Россияси ҳам, Шўро ҳукумати ҳам рус зобит-амалдорларини ҳамма ерда асраб-авайларди... Мен ўқиган 90-мактабнинг III-ИВ қаватларидан Муқимий театри ҳовлиси, грим қилиб олган артистлар, ролини такрорлаётган актёрлар кўриниб турарди. Синфдошларим пиёда юрса, Ёшлар кўлига кирса, Тоҳир, Алпомиш қўшиғини айтарди. 1952 йилда бўлса керак, бутун синф «Отелло»ни кўриш учун Ҳамза (ҳозирги Миллий) театрининг ёзги биносига борганмиз. Спектакл тунги иккиларда тугаган. Ҳаммамиз уйимизга пою пиёда жўнаганмиз. Мактабимиз футбол майдони билан Ғафур Ғуломнинг Арпапоядаги ҳовлисини битта девор ажратиб турарди. Негадир кўпчилигимиз Ғафур Ғуломни «ўзимизники» деб билардик. Аксарият ўқувчилар Ғафур Ғулом билан қўл бериб кўришган, озроққина суҳбатлашишган ҳам. Донгдор шоир мактабимизга бот-бот ташриф буюрарди. Ўқитувчиларимиз орасида шоирнинг қадрдонлари анчагина эди. Қолаверса, Ғафур Ғуломнинг ўғли Мирзоулуғ мактабимизда ўқирди. Унинг синфдошларидан аксарияти, Улуғ ака сингари машҳур олимлар бўлиб етишган. Ғафур Ғуломнинг «Олтин медал» шеърини ўқисам, «у бизнинг мактаб ўқувчиларига бағишланган», – деган фикр келади. Мен трамвай йўл ўтадиган Бешоғоч кўча, 164-уйда яшаганман. Кўчамизнинг ўзига хос тарихи бор. XX аср бошларида Бешоғочдан кўнка (от қўшилган узун вагон), 1913 йилдан трамвай қатнай бошлаган. Ҳар йили баҳорда тош терувчилар (кўпинча арманилар) ўз маҳоратларини кўрсатар, гўзал, пишиқ қилиб тош ётқизардилар. Бу кўчадан трамвай ҳам, машина ҳам, бричка, қўқон арава ҳам юраверарди. Гоҳо устига саксовул, сомон ортган кичик-кичик туя карвонлари ўтарди. Чорсу бозорига йўл олганлар шу кўчадан бориб қайтардилар. Бешоғоч кўчасида тарих ўқитувчимиз, 30-йилларда адабий-танқидий мақолалар ёзган, Ҳамид Олимжоннинг дўсти Абдусалом Ниёзий, рус тили ўқитувчимиз Қаландаров, Ғафур Ғуломнинг синглиси Баҳри Ғуломова, жарроҳ Дарвин Ғуломов, Ҳамид Олимжоннинг синглиси Муҳаббат Олимжонова сингари таниқли кишилар яшарди. Ўсмирлигимда Гулистон бекатининг Гулистон кўчасида яшайдиган Мушаррафхон аяникига кўп борардим. Олтмишларни қоралаб қолган, баланд бўйли, адл қоматли, оқ юз, оқ сочли ая ниҳоятда файзли эдилар. Санъат, адабиётни севардилар. – Мана бу, ёнимдаги ҳовлида дўстим Ойбек яшаган. Ана у ҳовлида бир неча йил Фитрат домла истиқомат қилганлар – дея ҳикоя қилиб қолардилар ая. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» қиссасини ўқигач, Амма – мен таниган, суҳбатлашган Мушарраф ая эканлигини билиб олдим. Ая Абулқосимхон тўранинг набираси, Ҳошимхон тўранинг қизлари экан. Аянинг ҳовлилари Абулқосимхон Эшон авлодлари уй-жойлари қаторида эди. Ў.Ҳошимовнинг отаси Атауллохон – Мушарраф аянинг бир ота-онадан туғилган инилари эди. Мактабимиз жойлашган Олмазор кўчаси, Форобий мактаби ёнверида Олим Шарафиддинов, Воҳид Зоҳидов, Ҳамид Ғулом, Азиз Абдураззоқ яшарди. Улар қайсидир томондан мактабимиз билан алоқада бўлганлар. Масалан, Олим Шарафиддиновнинг жияни Пўлат биздан бир синф қуйида ўқирди. Уни ҳамма «Том» деб атарди. «Том тоғанинг кулбаси» қиссаси таржима қилинган йили туғилган жиянини Олим Шарафиддинов домла «Том» деб атай бошлаган экан. Кейинчалик Том – Пўлат етук олим бўлди, Техника университетида кафедрани бошқарди. (Уни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин). Хуллас, камина САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факултетига бир-икки асарни ўқибгинамас, адабий муҳит руҳини англаб кириб борганман. Университетга келгунимча Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон сингари ўзбек ёзувчилари асарларини, Л.Толстойнинг «Кавказ асири», М.Шолоховнинг «Дон ҳикоялари»ни, С.Айний, М.Авезов, Меҳди Ҳусайн, А.Фадеев, К.Симонов асарларини яхши билардим. «Тинч Дон»ни мактабдалигимда ўқиганман. Университетга киришим билан Ҳозирги ўзбек адабиёти йўналишини танладим. 1955 йилда Ойбекни 50 йиллик юбилейида университетда кўрдим. Одил Ёқубов, Ўлмас Умарбеков, Алексей Пянов сингарилар ўша пайтда талаба бўлсалар-да, адиб сифатида танилиб қолгандилар. Турсун Собиров, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов сингари ёшлар замонавий адабиётдан дарс берганлар. Ўқишга кирганимизда, дарс берганлардан Озод Шарафиддинов 26, Лазиз Қаюмов 24, Натан Маллаев 32, Шавкат Раҳматуллаев 30, Музаффар Xайруллаев 25, Сиддиқ Фузаилов 29, Ёқуб Ғуломов 30 ёшда бўлган экан. Биз уларни улуғ, катта ёшли устозлар деб билардик. Кейинчалик ўзбек мумтоз адабиёти йўналишидан кетмаганимга афсусландим. Лекин ички бир сезги Навоий, Турди, Гулханий, Нодира, Муқимий, Фурқат ижоди ўта мафкуралаштирилган ҳолда ўтилаётганини билдириб турарди. 70-йилларгача Навоий девон, достонлари «анъанавий кириш»сиз, XII, XIII боблардан бошлаб босиларди. Навоийнинг Аллоҳ, пайғамбар, салафлар, сўзининг ўрни ҳақидаги фикрлари тушириб қолдириб «бошсиз» Навоий талабалар ҳукмига ҳавола қилинарди. Биз университетга кирганимизда, масалан, Фурқат нафаси шундоққина сезилиб турарди. У билан суҳбатлашган, зиёфатлашган кишилар кўп эди. Лекин шунга қарамай, Фурқатнинг «Туф» радифли шеъри тилга тушган, ҳатто дарсликларга киритилганди. Фурқатий, бойларни ҳажвин қанча ёзсанг шунча оз, Рост эрур бу сўзларим, биллоҳки, ёлғонларга туф!. «Жоним менинг» ҳам Фурқат томонидан айтилади. Аслида «Туф!» ҳам, «Оҳ ким, раҳм айламас...» ҳам Абдуваҳоб Сайфий қаламига тааллуқли бўлиб, Фурқатни социаллаштириш, халқчиллаштириш мақсадида унинг тилидан айттирилган эди. Бу жиддий хатоликни бартараф қилишда матншунос Ваҳоб Раҳмоннинг ҳиссаси катта бўлди. Яна бир нарсага афсусланаман. Матёқуб Қўшжонов, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Салоҳиддин Мамажонов, Наим Каримов, Собир Мирвалиев, Бахтиёр Назаров, Умарали Норматов, табиийки, ўзим ҳам Навоий ижоди ҳақида ёлчитиброқ мақола ёзмаганмиз. Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққулов, Султонмурод Олимов сингарилар мустақил интилиб, берилиб Навоий дунёсига шўнғиб кетдилар. Аслида, адабиёцҳуносни узил-кесил соҳаларга ажратиб ташлаш нотўғридир. Ҳозир арузни, туркий фолклорни, жаҳон адабиётини билмайдиган чин талаба қолмаяпти, ҳисоби. Университетда домлалар, устозу шогирдлар аро алоқалар ўзига хос эди. Факултетимиз ўқитувчилари ёзги дам олишни ҳам биргаликда ўтказардилар. Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Умарали Норматов ва камина «осмондаги шаҳар» – Xорогда, Владивостокда, Кишинёвда, Ғилон қишлоғида, Ҳазрати Баширда, Xонжиззада, Шалқонда бирга бўлганмиз. Устозларим О.Шарафиддинов, Ғ.Каримов, С.Долимов, Л.Қаюмов сингариларнинг кўп инсоний фазилатлари ҳақида гапириб беришим мумкин. Ҳозиргача ўн учта китобим чоп этилди. Мен филолог ва журналист талаба – бакалавр, магистрларга дарс берувчи ўқитувчи, адабий-танқидий мақолалар ёзадиган одамман. Қисқаси, бадиий адабиётни ҳам ёзма, ҳам оғзаки тарғиб қиламан. Қанча кўп зурафо-адабиётни ҳис қиладиган, маънавияти юқори шогирд етиштирган бўлсам, шунча мақсадга эришган бўламан. «Илми ғарибани қўмсаб...», «Танқид, талқин, баҳолаш», «Истеъдод ва эътиқод», «Бетакрор ўзлик» китобларим ўқиляпти. Муҳим ҳақиқатни айтайми? Биз, мутахассислар машҳур асарларни бир мартагина ўқиган эканмиз! Ҳар бир замон – машҳур асар учун янги ракурс, кузатув нуқтаси экан. Қайси асар ҳақида ёзсам, уни қайтадан ўқияпман, замон билан боғлиқлигини кўряпман. «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Қутлуғ қон», «Юлдузли тунлар», «Диёнат» ўша ўзим билган асар-да», – дейдиганлар хато қилади. Истиқлол кўзимизга янги ойнак тақди. Шууримиз, дунёқарашимиз ўзгарди. Аввал ёзилган асарларни янгича нигоҳ билан ўқиш, ҳозирги илмий-назарий қарашлар асосида таҳлил қилиш зарур. «Ёшлар адабиётни ўқимай қўйди», «Улар енгил-елпи йўллардан кетиб қолмоқдалар» деяверишдан кўра ўқувчиларни китоб ўқишга ўргатиш керак. Менга қолса, «филология, санъат, журналистика соҳасини танлаганлар камида 3-4 минг сатр шеър, насрий парчаларни, монологу диалогларни қироат билан ўқиб берсинлар», – деган шартни қўйган бўлардим. Раҳматли Воҳид Абдуллаев тирикликларида, Самарқанд Давлат университетини бошқарганларида деярли барча устозлар, талабалар минглаб мисраларни ёддан ўқирдилар. Бадиий асар қанча берилиб, қунт билан ўқилса, унинг ўзига хос жозибаси, мазаси чиқа бошлайди. Мен университетда I курс талабаларига «Ҳозирги адабий жараён» курсидан дарс бераман. Тилга тушган барча асарларни ўқиб чиқишларини талаб қиламан. Талабалар ўқиган асарларини гапириб (оғзаки талқин қилиб) берадилар. Талабалар жаҳон адабиётининг машҳур асарларини ўзбек ёзувчиларининг янги яратмалари билан қиёсан ўрганишларини орзу қиламан. Ёзувчи дунё адабиёти миқёсида фикрласа, ижод қилса, ёшлар – талабалар унга интиладилар, ўзларининг орзу-маёқига айлантирадилар. Истиқболда ўзбек адабиёти ўзлигини сақлаган, жаҳон адабиётида муқим ўринга эга бўлган беқиёс адабиётга айланади. Ўтган асрнинг 80-йилларида профессор Ғулом Каримов илмий лойиҳасига кўра ЎзМУ филология факултетида XIX аср охири, XX асрнинг биринчи чорагидаги ўзбек жадид адабиётини ўрганиш кенг йўлга қўйилди. Профессор Бегали Қосимов раҳбарлигида Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти кафедраси иш бошлади. Республика Олий ўқув юртлари орасидаги бу илк кафедра кенг миқёсда илмий, ташкилий ишларни йўлга қўйди. Туркий адабиётлар билан алоқа кенгайтирилди. Тошкент, Қозон, Анқара, Симферопол, Истамбул, Боку, Олма-Ота, Самарқандда илмий конференциялар ўтказилди. Туркий адабиёт намояндалари энциклопедияси, машҳур асарлар чоп этилди. Талабалар М.Беҳбудий, М.Абдурашидхонов, Чўлпон, А.Қодирий, М.Жумабой, Фитрат, А.Авлоний, Элбек, Сидқий Xондайлиқий, Юсуф Сарёмий, Каримбек Камий, Xислат, Тавалло, Шермуҳаммедовлар ижодини мукаммал ўргандилар. Исмоил Гаспирали ижоди кенг ўрганила бошланди. Ҳозирги пайтда XX асрнинг 30-йилларидан то ҳозирги кунгача бўлган ўзбек адабиётини қунт билан ўрганиш фурсати етди. Менимча Олий ўқув юртларида «Ўзбек истиқлол адабиёти»ни ўқита бошлаш лозим. Беш фарзандим, тўрт набирам олий маълумотли. Келиним – филолог, фан номзоди. Бир набирам тил ва адабиёт ўқитувчиси. Xудога шукур, болаларим, набираларим адабиётга қизиқади, кўп китоб ўқийди. Эллик уч йил муқаддам аудиторияга илк бор ўқитувчи сифатида қадам қўйганман. Ҳануз аудиториядан қадамимни, талабалардан кўнглимни узганим йўқ. Тахминан, ярим асрдан бери қўлимдан қалам тушгани йўқ. Тарки одат – амри маҳол, деган гап бор. Бундан кейин ҳам Xудо умр берса, дарс бераман, мақолалар ёзаман, деган ниятдаман. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62729 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 60146 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40607 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37081 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24169 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23775 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23442 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19944 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18952 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14715 |