Фарғона келини (I- қисм) [Joʻrjiy Zaydon]

Фарғона келини (I- қисм) [Joʻrjiy Zaydon]
Фарғона келини (I- қисм) [Joʻrjiy Zaydon]
221 йил[1]. Фарғоналиклар янги йилни кутишга ҳозирлик кўрмоқда. Ҳамма уй кўтариш, ясатиш, ҳовли тозалаш, супуриш-сидириш билан овора. Улар ўз томлари тепасига туғ осиб, дарвозалар устига гулдасталар тикишмоқда. Бу ишлардан қутулганлар эса ўзларига ва бола-чақаларига ки¬йим-кечак, олти кунлик байрамга етарли қанд-қурс, ҳолва, тансиқ емиш харид этиш учун гала-гала бўлиб бозорга йўл олишарди.
Қайси ҳовлига кирманг, ҳаммасида аёллар ўчоқ ва тандирларга ўт қалаб, хонаки таом ва анвойи ширинликлар тайёрлаш тараддудида. Улар ювиниш учун сув иситишади. Уй ходимлари эса хожаларининг кичкинтойларини ясантиришади, овқат пиширишга ёрдамлашади, байрамга атаб ёпиладиган нонларнинг хамирини қоришади.
Янги йилнинг буғдойи баракали бўлсин деган умидда янги буғдой унидан нон ёпиб, байрам куни бўлишиб ейиш таомил бўлиб қолган. Байрам кунлари улар янги ақчаларни ишлатишар, кумуш идишларда бир-бирларига янги дон, тухум ва янги мева туҳфа этишарди. Бозор расталари ўша кунларда эртадан-кечгача очиқ, эркаклар ва ёш-яланглар билан лиқ тўла бўлади. Кишилар бозордан харид қилган совға-саломларини саватга солган, тугунчак қилиб боғлаб олган, ёки от-ешаклар устига юклаганча ё уйларига — бола-чақалари олдига, ёки ибодатхоналардаги мажусий[2] бошлиқларга олиб боришмоқда. Ҳамма оёғи олти, қўли етти бўлиб, шошганча борарди.
Агар сиз шаҳар ўртасидаги катта қўрғонга чиқиб, ундан Фарғона атрофига қарасангиз, қоғозга чизилган харитага ёки рангли суратга ўхшаган бир манзарага кўзингиз тушади. Негаки, қўрғон атрофидаги икки бинони истисно қилганда, қолган иморатларнинг ҳаммаси кесак деворли, бир-бирига ўхшаш пастқам уйлар эди.
Ўша икки бинонинг бири оташхона — мажусийлар топинадиган катта бино. У ерда ҳали ҳам оташпарастлик давом этарди.
Савлати зўр бу бино шаҳардаги бошқа биноларга қиёс қилинса, гуллар ўртасидаги баланд хурмо дарахтига ўхшаб кўринарди. Унинг тепасидаги шамолда ҳилпираб турган яшил байроқлар тоза ипакдан бўлиб, ҳар бирининг узунлиги ўн газча келарди.
Иккинчи бино эса марзубоннинг[3] уйи. «Марзубон» дегани қадимий форс тилида «ҳоким» деган маънони билдиради. Уй атрофи турли мева дарахтлари экилган катта боғча. У ерда, шаҳар қўрғонининг орқа томонида, узунасига кетган дарахтлар, токзор ва гулзорлар кўзга ташланади. Улар ичида зилол ариқлар шилдирайди. Дарахтларда қушлар сайрайди...
Шаҳар халқи ҳаракатда экан, зўр тантана билан кўчани чангитиб келаётган арава уларнинг диққатини ўзига жалб қилди. Дафъатан қараган кишига у арава эмас, балки катта уйга ўхшаб кўринарди. Арава тепасида нақшинкор ёғочларга ўрнатилган кумушдан ясалган, зарҳалли бир қубба. Унинг ўртасида эса кўк ипакдан тикилган гулдор пардалар ҳилпирайди. Аравага қўшилган икки дулдул отнинг устига кимхоб ёпқич тўшалган. Қўлида қамчи ушлаган аравакаш улардан бирига миниб келмоқда. Арава ёнида эса бир неча ғулом келишарди. Арава устига ёпилган парда унинг ичидагиларни кўришга имкон бермасди. Аммо у арава кимники эканини Фарғонада яшовчи ҳар бир киши билади. У ҳокимнинг араваси бўлиб, шаҳарда ундан бўлак ҳеч кимда бундай арава йўқ эди.
Бу аравани ҳокимга кавказлик черкас хотинининг қариндоши туҳфа қилганди. Ҳокимнинг ўзи эса форслардан эди. Кавказда бекаларнинг саёҳатга ёки шаҳарга чиққан вақтда тушиб юриши учун шунақа махсус арава тайёрланарди. Унда бекалар учун сафарда керак бўладиган ҳамма анжом— ҳатто озиқ-овқатларгача ҳозирлаб қўйилган бўларди.
Олдиларидан ўтаётган бу ҳашаматли аравада ўтирган маликани кўришга фарғоналикларнинг ҳаммаси — ёши ҳам, қариси ҳам ошиқарди. Малика ҳар сафар кўчадан ўтаркан, пардани оҳиста кўтариб, кўзи тушган кишилар билан саломлашарди. Нозик табассуми, шўх боқиши, ҳусни ва донолиги билан ҳаммани ўзига мафтун қилган у малак ҳокимнинг қизи эканини ҳамма биларди.
Аммо бугун негадир ҳокимнинг қизи арава пардаларини кўтармас, аравакаш эса отларни тез йўрттириб борарди. Кўчадан ўтаётган кишилар аравакашнинг отларни бу қадар тез ҳайдашидан унинг шаҳар ташқарисига чиқмоқчи эканини англашди. Арава орқасига икки от боғланган бўлиб, улар эгарланган бўлса ҳам, устида одам йўқ эди. Улардан бирининг эгари устига ўқ ёй тўлдирилган бир идиш юкланган. Бу от, аравада келаётган ҳоким қизининг оти эканини одамлар дарров пайқаб олишди. Чунки маликанинг худди шу отни миниб эркаклар кийимида овга, пойгага чиқиш одати борлиги кишиларга аввалдан маълум эди. У икки отнинг кетида ов пайтида хизмат қиладиган ғуломлар, итлар ва қоплонбоқарлар келишмоқда. Фарғоналиклар учун бу унчалик қизиқ томоша эмас, чунки ҳокимнинг қизи овга ишқибоз эканини, моҳир овчи эканини улар билишарди. Лекин нима сабабдан у худди бугун — байрам куни овга отланганини билолмай ҳамма ҳайрон эди.
Кўчада турганлар орасида икки киши бор эдики, уларнинг бири фарғоналик, иккинчиси эса қўқонлик савдогар. Қўқонлик савдогар фарғоналикнинг қариндоши бўлиб, янги йилни кутиб олиш учун келганди. Бунақа нарсаларни у илгари кўрмаганди. Шу важдан у: — Бунчалик тантана билан кетаётган ким бўлди? — деб ёнидаги ўртоғидан сўради.
— Бу ҳоким Таҳмознинг қизи Жаҳонбеканинг ваҳимаси. Илгари эшитмаганмисиз?
— Бу шаҳарда жуда бадавлат бир ҳоким яшайди, унинг ёлғиз соҳибжамол қизи бор деб эшитгандим. Унинг шу биттагина қизидан бўлак фарзанди йўқми?
— Бор, суюқ оёқ, бадбашара, кўса бир ўғли ҳам бор, лекин у қизига бир мисқол ўхшамайди, — деди фарғоналик ўртоғи.
— Ҳоким, албатта, шу шаҳарлик бўлса керак?
— Йўқ, келгинди, бундан ўттиз-қирқ йил муқаддам, қирчиллама йигитлик чоғида, араб мусулмонларидан қочиб бу ерга келиб қолган. У форснинг аллақайси қитъасида ҳоким бўлиб, кўп қийинчиликларни бошидан кечирган экан. Ота-боболарининг динидан чиқишни истамай, мол-мулкини йиғиштириб, шу ерга келиб қолган.
— У ростдан бадавлатми? — сўради яна қўқонлик меҳмон.
— Ҳа, мол-мулки беҳисоб, Фарғона ташқарисида, Тошкент дарёси қирғоғидаги дарахтзорларнинг ҳаммаси уники. Уй-жой, олтин-кумуш ва жавоҳирларни айтмайсизми? Келинг, қўйинг уни, яхшиси, бозорга бориб бир қўй олайлик-да, бола-чақамизга сўйиб берайлик, — деди фарғоналик савдогар.
Аммо унинг қўқонлик ўртоғи ҳар нарсага қизиқадиган одам бўлгани учун дўстининг маслаҳатига унамай, саволини давом эттиради:
— Бу бека шундай кунда саёҳатга чиқишига боис не экан?
Ўртоғи кулиб:
— Бўлмаса, у ҳам бизнинг аёлларимизга ўхшаб уйда хамир қориб, нон ёпиб, овқат пишириб ўтирсинми? У отасининг уйида ўзи бек, ўзи хон, дегани деган, айтгани айтган, дўстим. Бир неча йил бўлди, онаси вафот этган. Отаси шу қизининг кўнглига қараб бошқага уйланмай келяпти. Қизини жуда яхши кўради у. Қизини шунақанги эркалатадики, худди ошиқ-маъшуқ дейсан.
— Йўқ, уни уйда ўтириб хамир қорсин, овқат пиширсин деётганим йўқ, — деди қўқонлик ўртоғи, — лоақал байрам куни совға-салом билан отасини кўргани келганларни кутиб олиш учун уйда ўтирса бўларди.
Дўсти унинг сўзини бўлди:
— Эй, оғримаган бошимга олтин исирға, яхшиси, бозорга борайлик-да, оладиган қўйимизни танлайлик.
Дабдабали арава икки кишининг ёнидан ўтиб, шаҳар чеккасига йўл олди, ундан ҳам ўтиб, боғчалар томон бурилди-да, ҳокимга қарашли катта ер олдига бориб тўхтади. Бу аравани кутиб олишга одатланган ҳокимнинг корандалари бу сафар ҳам югуриб, унга пешвоз чиқишди. Арава тўхташи билан аравакаш отдан ирғиб тушди-да, унинг жиловидан ушлади. Беканинг қўлидан ушлаб тушириш учун ғуломлардан бири арава ёнига чопди. Маржон исмли чаққон ва уддабурон бир ғуломни бека ўзига яқин тутарди. У арава олдига келди-ю, лекин пардани кўтаришга юраги бетламай туриб қолди. Беканинг ўзи эса на пардани кўтарар ва на арава ичидан бошини чиқариб қарарди. Бека хизматида арава ёнида келган ғуломлар ҳам, унинг истиқболига чиққан корандалар ҳам Жаҳоннинг аравадан тушишини сабрсизлик билан кутишарди. Бека ҳадеганда аравадан тушавермагач, улар бесаранжом бўла бошлади. Беканинг қашқа оти эса одамдан кўра ҳам тинчсизланиб, оёғи билан ер депсир, гўё ўз эгасини чақиргандай ёки, у тезроқ чиқа қолсин, дегандай зўр бериб кишнарди. Отбоқар ҳар қанча уринса ҳам, уни тинчита олмасди. Ниҳоят парда кўтарилди-да, ичидан эллик ёшлар чамасидаги жуда салобатли, узун-мўл кийимли, бошидан тортиб бўйнигача катта рўмол ўраб олган бир аёл аравадан тушди. Бу аёл Жаҳоннинг оқсочи, сирдоши ва маҳрами Ҳайзурон эди.
Ҳайзурон ерга оёғини қўйиб бекасини аравадан тушириш учун унга қўлини чўзди. Жаҳон аравадан тушаркан, ҳамма унинг дилларга ўт туташтирадиган ҳусн-жамолини кўришга ошиқарди. Ўша куни у ов кийимларини, яъни узун шим, орқа этаги очиқ узун камзул ва устидан яна ипак кимхобдан тўнга ўхшатиб тикилган ридо ташлаб олганди. Бошида эса қийиқчага ўхшаган, чаккасини қошларигача бекитган бир рўмол. Офтоб урмасин учун елкасига унинг пешини тушириб ҳам олганди. Шамолда кийими кўтарилиб, юзидан бошқа аъзолари кўриниб қолишидан эҳтиёт қилиб, у ридоси устидан белини ҳам боғлаб олганди.
Жаҳон узун бўйли, барваста бўлиб, чеҳрасида салобат, соғломлик ва ҳусн барқ уриб турарди. Унинг шаҳло кўзлари шунақанги боқардики, сеҳр-жоду бундан ортиқ бўлмас.
Жаҳонга бир қараган ёки у билан сўзлашган ҳар қандай одам ақлу ҳушидан бегона бўлар, ўзини йўқотиб қўяр, тили калимага келмай қоларди. Бутун инон-ихтиёрини Жаҳонга берарди-ю, бир ўйинчоқ каби қизга бўйсунишдан бошқа чораси қолмасди.
Жаҳоннинг овга ёки бирор саёҳатга отланаётганини эшитганлар бир кўриб қолиш учун йўлига пешвоз чиқар, унинг кутиб турганлар билан табассум аралаш саломлашиб ўтиши одамларни ўзида йўқ хушнуд этарди. Аммо бугунги ҳолат тамоман ўзгача эди. Қизнинг чеҳрасидаги ғам кўланкаси, табассуми билан яширмоқчи бўлаётган кўзларидаги ёш одамларни ҳайратда қолдирди.
Жаҳон юзидан пардасини кўтариб, бўйнини очганини, сочини ташлаб уйда юрганини кўрсанг, унинг қанчалик шижоатли ва довюрак эканлигини пайқайсан. Дастлаб қараганда унинг асли зоти форслардан бўлган отасига жилла ҳам ўхшамаслигидан таажжуб қиласан киши. Лекин унинг онаси черкас эканини билдингми, табиийки, бу таажжуб йўқолади-да, қиз онасига тортганлигига қаноат ҳосил қиласан. Онасидан унга ташқи қиёфагина эмас, балки черкасларга хос куч-қувват, шижоат, эрксеварлик, чавандозлик ва овчилик каби хислатлар ҳам ўтганди. Зийраклик, ўткир ақл каби фазилатлар унга отасидан ўтганди. Мана шундай фазилатлари туфайли у ҳуснда ҳам, сиполикда ҳам замонасининг баркамол қизи бўлиб етишган ҳамда фарғоналикларнинг муҳаббат ва ҳурматини қозониб, улар ўртасида «Фарғона малаги» деган ном олган.
Жаҳон аравадан тушди. Кўришиш иштиёқида ўзини кутиб турганларга кўзи тушиши биланоқ, қалбидаги изтиробларни сездириб қўймаслик учун дарров уларга салом берди. Кейин маҳрамига қараб, ёқимли овоз билан:
— Ойи, отим қани? — деди. Қиз ёшлигидан зўр меҳр билан тарбият қилгани учун уни севиб, эркаланиб «ойи» деб чақирарди. Жаҳон дилидаги гапларни ҳамиша шу аёлга айтар, ундан ҳеч қандай сирини яширмасди.
Жаҳон аравадан тезда тушавермаганининг боиси ҳам муҳим бир иш устида маҳрами билан келишиб олмоқчи бўлганида эди.
Ҳайзурон отбоқарни имлади, у рақс тушаётгандай ўйноқлаб турган отни Жаҳонга кўндаланг қилди. Жаҳон жилмайиб, астагина отнинг пешанасини силади. Отнинг пешанасида шерни эслатувчи бир неча оқ ёл бўлгани учун қиз уни «шер» деб атарди.
Пешанасини силаётган одамни таниган от думини силкиб, оёқлари билан ер тепа бошлади.
Ҳайзурон қўл қовуштириб тик турганларга қаради:
— Сайидамиз овга кетяптилар, сизлар арава билан бу ерда қолиб, таом тайёрлаб турасизлар. Орангиздан чопқир икки киши орқамиздан юрсин. Қилинган овни олиб келишади.
Шундан кейин Жаҳон лип этиб ўзининг қашқа отига миниб олди. Ҳайзуроннинг отбоқари Фируз бекасига отини кўндаланг қилди-да, уни миндириб қўйди.
— Энди сен орқангга қайтиб, ўша икки киши билан борасан, — деди Ҳайзурон Фирузга қараб.
Бориши керак бўлган икки кишининг бири Маржон эди.
Ҳайзурон отга қамчи босиб, сайидаси Жаҳоннинг отига етиб олди-да, иккаласи ёнма-ён кета бошлади. Жаҳон камонни елкасига тақиб олган, ўқдони эса эгар қошига осиғлиқ эди. Текис ернинг кўп қисмига экин экилган. Узоқ-узоқдан шаҳар теварагидаги тоғлар кўринарди.
Одатда Жаҳон овга чиққанда қоплон ва итбоқарларни бирга олиб юрар, кийик, ёввойи эшак ва тоғ эчкиларини тоғ оралиғидаги йўллар ва водийларда овларди. Бугун кишилардан холи бўлиш мақсадида ҳеч кимни ўзига ҳамроҳ қилмади. Унинг «Овга чиқаман» дегани бир баҳона эди, холос.
Жаҳон билан Ҳайзурон иккаласи кўз кўриб, қулоқ эшитмайдиган холи бир ерга етганларида, Ҳайзурон меҳрибонлик билан Жаҳонга қаради-да:
— Мана энди икковимиздан бўлак ҳеч ким йўқ, сенинг ҳам, онангнинг ҳам махфий сирларини ҳеч кимга изҳор қилмаганим ва қилмаслигим ўзингга аён. Нега бунчалик паришон эканинг сабабини энди менга айтгин, — деди.
Жаҳон қаттиқ хўрсинди-да:
— Ойи, қўйинг, шу гапни сўраманг. Озгина бўлса ҳам кўнгил очиш учун овга чиққанман, — деди.
— Мени ростдан ҳам ов қилиш учун чиқдим, деган гапингга ишонади деб ўйлайсанми? Ахир шу баҳона билан холи жойи топиб суҳбатлашишимиз кераклигини сенга айтган ўзим-ку, ёки дилингдаги гап менга маълум эмас деб ўйлайсанми? — деди Ҳайзурон кулиб.
Жаҳон Ҳайзуронни чалғитмоқчи бўлди:
— Дадам бир неча йилдан буён дардга чалиниб ётганини кўриб-билиб туриб ҳам юрагим сиқилишидан ажабланасизми? Табиб унинг шифо топиб кетиши амри маҳол деганини ўзингиз эшитгансиз-ку, ахир. Агар отамга бирор гап бўлса, мен ёлғиз қоламан. Бу ерда ҳеч кимим йўқ. На отамнинг форс мамлакатидаги қариндош-уруғларини, на онамнинг Кавказдаги уруғ-аймоқларини танимасам. Қандай... — деди-ю хўрлиги келиб нафаси ҳалқумига тиқилдида, сўзини давом эттира олмади.
— Сайидам, ҳоким энди бетоб бўлганлари йўқ-ку, у кишининг дардларидан аввал ҳам ташвишланиб юрардинг, лекин бугунгидай сиқилмасдинг. Яшириб келаётган гапингни мен яхши биламан, — деди Ҳайзурон.
Жаҳон ажаблангансимон унга назар ташлаб, кўнглини билиб олиш мақсадида қаттиқ тикилди. У дилидаги гапни яширишга қанча уринмасин, юзлари қизариб, икки кўзи чақнаб бораётганини Ҳайзурон сезиб турарди:
— Ҳа, сирингдан воқифман, лекин сен уялиб, уни яширмоқчи бўлиб юрибсан. Мана мен ҳозир дилингдаги ҳаёни юзингда кўриб турибман, — деди.
Жаҳоннинг юзига қон югуриб, қизил гулдек очилиб кетди ва кўзлари яшиндек чақнаб, юрагида қайнаб турган севги ҳарорати сиртга тепди.
Киши ўз кўнгил сирини қанча яширмасин ёки яширишга уринмасин, унинг кўзларидан кўнглидагини уқиб олиш мумкин. Кишининг ўзи бир гап айца-ю, тили бошқа гапни айца, тилиники эмас, кўзиники тўғри чиқади, албатта. Xусусан Жаҳонга ўхшаган сезгиси нозик ва меҳри зўр кишиларда кўзнинг гапи сўзсиз тўғри келади. Жаҳон катта юрак, қалб ва катта ақл эгаси эди. Лекин шу пайтда аёлларга хос кўнгли бўшлик устун келиб, бошини ерга эгганча жим турарди.
Ҳайзурон сўз бошлади:
— Бу сирдан воқиф бўлганимга ажабланмасанг ҳам бўлади. Менгина эмас, бутун сарой аҳли бу сирни билади. Фақат отанггина билмайдилар, холос.
Саройдагилар унча-мунча ҳайиқади, бўлмаса, уни отангга етказишган бўларди. Очиғини айцам, бундай қилишларига мен рухсат этмадим.
Жаҳон отининг ёлини тузатиб туриб, бирдан:
— Акам Сомон-чи, у ҳам бу сирдан воқифми? — деди.
Ҳайзурон Сомоннинг номи тилга олинишидан аччиғланди:
— Қуруқ қолармиди ўша. У ҳамма нарсадан хабардор. Оёқ олишини мен аллақачон сенга айтган эдим-ку.
Ҳайзурон Жаҳоннинг акасига кўнгил бўшлик қилаётгани учун койимоқчи бўлиб турувди, буни сезган Жаҳон унинг гапини бўлди:
— Акам Сомоннинг ножўя хатти-ҳаракатларини сезиб юраман, лекин нима қилай: якка-ю ягона акам. Унга айб қўйишга юрагим чопмайди. Акамнинг баъзи қилиқлари ёқмаса ҳам, менга анча меҳри борлигини сезиб юраман. Лекин шунда ҳам ҳар хил сирларга аралашиб юриши менга маъқул эмас. У менга сир сандиққа ўхшаб кўринади. Кўпинча у кун бўйи аллақаерларда дайдиб юради. Бутун Фарғонани изласанг ҳам уни топиб бўлмайди. Келганидан кейин «қаерда эдинг» деб сўрасак айтмайди, ёки мужмал бир жавоб қилиб кетаверади. Баъзи миш-мишларга қараганда, у шаҳардаги оташхона бошлиғи билан кўпинча хуфия суҳбат қилармиш. Унинг ичидан пишган ва ҳийлакорлиги сир эмас.
— Фикримча, бу оташхона бошлиғининг Бобак[4] Xуррамий бошлиқ махфий жамият кишилари билан тили бир бўлса керак. Бобак шу қадар кучга эгаки, мусулмонлар халифаси ундан қўрқиб қолди. Аканг Сомон шу жамият аъзоси бўлса ҳам ажаб эмас. Майли, ҳечқиси йўқ, хуррамийлар ҳокимиятни форсларга олиб бериш ва мусулмонларга қарши жанг қилиш тадбирларини кўришмоқда, — деди Ҳайзурон.
— Акам Сомонни бенуқсон демайман, лекин нима қилайки, акам-да. Келинг, қўйинг, ўша ҳақда гаплашмайлик.
Бу қиз ўз акасининг шунчалик бемаънилигини, нияти бузуқлигини сезгани ҳолда яна ундан яхшилик кутиб юришидан ажабланган Ҳайзурон кўзларини ерга тикканча бир оз хаёлга чўмди, кейин бу баҳсни тўхтатиб, аввалги ҳангомани давом эттира бошлади:
— Xўш, хаёлингни паришон қилган, кўнглингни банд этган гапни ҳали ҳам айтиб бермайсанми?
Мураббияси олдида ўзини ожиз сезгани Жаҳонга қаттиқ таъсир қилди. Унинг нафсонияти ғолиб келди:
— Ойижон, мени ожиза деган фикрингиздан қайтинг, шундай деб ўйласангиз, янглишасиз. Паришонлигим сабабини билсангиз, қани ўзингиз айтиб беринг-чи.
Ҳайзурон гапни қисқа қилиб қўя қолди:
— Паришонлигингга сабаб — Зирғом.
Зирғом номини эшитган замон Жаҳоннинг юраги қинидан чиқаёзди, юзларига қон югурди, кўзлари чақнади. Буни кўрган Ҳайзурон: «Қизгинам, энди бўйнингга ола қол, Зирғомни севишингни кўзларинг айтиб турибди», — деди.
Зирғомни севишимга Ҳайзурон қандай қараркин. Маъқуллармикан-йўқмикин, деб Жаҳон унинг раъйини билмоқчи бўлиб, индамай турарди.
Ҳайзурон ўз фикрини баён қилди:
— Зирғом ўктам йигит, шижоатли, ботир йигит. Фарғона ва Форс мамлакатларида беназир йигит.
— Xўп, унинг ботир ва ўктам йигитлигини билар экансиз, унинг тўғрисида яна нималар биласиз? — сўради Жаҳон.
Ҳайзурон дилидаги гапни айтмоқчи бўлди-ю, лекин Жаҳонни ўйлаб, бир лаҳза жим қолди. Олдинги гаплардан анча дадилланган Жаҳон секингина қайта сўради:
— Ойи, ҳеч нарсани андиша қилмай, фикрингизни очиқ айтаверинг.
— Зирғомнинг насл-насабини ҳисобга олинмаганда, ундан муносиб йигит йўқ. Унинг насл-насабини, отаси кимлигини Фарғонада ҳеч ким, ҳатто унинг ўзи ҳам билмайди.
Жаҳон камонини ўйнаганча Ҳайзуронга қаради:
— Зирғом тўғрисида одамлар нима дейишади?
— Зирғом шижоатда, саховат, ҳуснда, олиҳимматлик ва сиполикда сара йигит, деб мақташади-ю, лекин насабига келганда бирор гап айтолмай, бир-бирларига қарашади, — сўз бошлади Ҳайзурон, — онаси уни қўлда кўтариб Фарғонага келган вақти менинг ёдимда. Ўшанда у келишгангина жувон эди. Фарғоналиклардан бир нечтаси унга совчи бўлди, киши қўйди, лекин у «йўқ, эр қилмайман, боламни катта қиламан» деб унамади, камбағал бўлишига қарамай, боласини яхши парвариш қилди. Кейин жаноби ҳоким — сенинг отанг ундан хабар топиб, ўз ҳузурларига чақиртирдилар. Унинг бошидан нималар кечганини суриштирганларида, аввалига айтмади-ю, кейин айтган гаплари мана бундай бўлди: «Мен ёш қизча эканман, турклар саҳрода онамнинг бағридан тортиб олиб, Ироққа келтириб сотишган экан. Кейин бир ироқлик қулфуруш уйида тарбияланиб, катта бўлдим. Тақдир экан, охири бориб ўша ерлик бир кишининг қўлига тушдим. У мени қулликдан қутқарди-ю, ўзига хотин қилиб олди. Қорнимдаги бола туғилмасдан у киши вафот этди. Бола туғилгач, ҳамма нарсадан воз кечиб, бор-йўғимни шунинг тарбиясига бағишладим».
Отанг жаноби ҳоким унинг гапларидан қаноатланмадилар шекилли, синаб кўриш учун «Сарой аъёнларидан биттасига сени узацам, нима дейсан» деганларида, у эътироз билдирди. Шунда ҳам у кишининг шубҳалари тарқамади. Кейин уни ўз саройлари ёнига жойлаштириб, бутун рўзғор-тирикчилигини бут қилиб бердилар. У яхши чевар эди. Саройдаги бошқа хизматкорлар қатори ишлаб юриб, кўзи дардга чалинди. Шу касал баҳона бўлиб, кўздан айрилди, ишга ҳам ярамай қолди. Шундан кейин отангнинг уйида қолиб кетди. Бу ёғини ўзинг ҳам биласан.
Зирғом улғайгач, от минишни, камон отишни ўрганди. Унда зўр қобилият пайдо бўла бошлади. Шундан кейин отанг — жаноби ҳоким уни ўзларига содиқ маҳрам қилиб олдилар. Уни жуда яхши кўрар, истеъдодига қойил қолар эдилар.
Бир неча йил бурун халифа Муътасим бу томонлардан турклар, фарғоналиклар, ушрусанликлардан аскарликка одам сўраган вақтда Зирғом ҳам ихтиёрий равишда ёзилиб, Бағдодга кетди.
Сен яшириб юрган ораларингиздаги муҳаббатни ўша вақтдаёқ сезган эдим. Аммо унинг қандай қилиб сендан кўнгил узиб, Бағдодга кетганидан ҳайрон эдим. У бечора насл-насаб ва мартабада ораларингизда осмон билан ерча фарқ борлигини ўйлаб, «Мен қаерда-ю Жаҳонга эришиш қаерда», деб умид узган бўлса керак-да.
Ҳайзуроннинг сўзларига диққат билан қулоқ солиб ўтираркан, Жаҳон: «Одамнинг одамлиги шундай пайтларда маълум бўлишини билгани учун у Муътасимнинг хизматига боришга бел боғлаган. Сиз айтгандек, «Мен қаерда-ю, Жаҳонга эришиш қаерда» деб умидсизлангандир бечора. Аммо мен уни ўзимдан аллақанча афзал кўраман. Киши ер-суви, уй-жойи ва мол-мулки билан эмас, балки фазилатига қараб, эл-юрт ўртасидаги обрўсига қараб баҳоланади. Сиз ўзингиз ҳам, бошқалар ҳам унинг ажойиб хислатларини мақтаб гапириб юрасизлар-ку, ахир. Унинг аскарлик хизматида шараф топишига мен аминман. Турли жойлардан келтирилган қулларни халифа сотиб олиб тарбиялагани ва аскарликка олгани, кейинчалик улар ўз маҳоратларини кўрсатиб, қўмондонлик вазифаларигача кўтарилганини кўп эшитганмиз. Шундай экан, Зирғомнинг фазлу фазилатлари маълум-ку! Унинг қобилияти ўзингизга ҳам, менга ҳам аён-ку!»— деди.
Жаҳон бу гапларни қаттиқ ишонч билан, тилини бийрон қилиб сўзларкан, юрагида муҳаббат алангаси авж олаётгандай бўларди. Жаҳоннинг гапларини эшитган Ҳайзурон унинг Зирғомга чиндан ҳам кўнгил берганлигига яна ҳам қаттиқроқ ишонч ҳосил қилди. Жаҳонни бу раъйидан қайтаришга сўз тополмай, деди:
— Зирғомнинг Муътасим аскарлари орасида юқори мартабага эришувига ҳеч бир шубҳа йўқ, албатта. Лекин бош қўмондонликка эришгани билан ҳам киши Фарғона малагига муносиб бўла қолмайди. Сенга амирлар совчи қўйиб туришибди.
Ҳайзурон Жаҳоннинг кўнгли учун ёки уни мақташ учун эмас, балки бор гапни айтган эди. Жаҳонни жавоб қайтариш ниятидан чалғитиш учун Ҳайзурон гапни ата¬йин бошқа ёққа буриб: «Қизим, мен жуда чарчадим», — деди-да, ён томонга қаради, ҳар гал Жаҳон келиб, ов қилиб кетдиган водийлар яқинидаги бир тепаликка кўзи тушди. Ўша тепаликка ишора қилиб: «Шу ерга бориб озгина дам олсак, нима дейсан? Кейин отга миниш қочмас. Сен ёшсан, сафар машаққатлари менга оғирлик қилади», — деди. «Жуда яхши бўлади», — унинг таклифини маъқуллади Жаҳон. Ҳар икковлари отдан тушиб, тепа томон йўл олишди. Отбоқар орқадан етиб келиб, иккала отни бир чеккага етаклаб, устидаги намат ёпқични олди-да, тепаликдаги ясси бир тош устига тўшаб берди. Жаҳон билан Ҳайзурон унинг устига ўтириб олгач, отбоқар отларини ўтлатгани кетди. Икки хизматкорга қараб Жаҳон: «Водийга кириб, овдан даарак олиб чиқинглар», деб жўнатиб юборди.

Зирғомнинг Мактуби
Ҳайзурон Жаҳонга қаради:
— Сайидам, гапимга нима дединг?
— Мени шунчалик муболаға билан баланд кўтаришингиз ва севиб мақташингиз бежиз эмас, чунки мен қизингизман. Ҳар бир она ўз қизини мақташга тушиб кетганида, «уни талашиб подшоҳлар бир-бири билан жанг қилишяпти», дейишдан ҳам тоймайди.
— Мен, ҳақиқатни, рост гапни айтдим. Манаман деган Эрон шоҳлари розилигингни кутишаётгани ёлғон эмас-ку ахир?
Жаҳон елкасини қисди. Бу гапларга ишонгиси келмасди:
— Эрон шоҳлари-я? Тавба, ҳозир уларнинг подшоҳлари бор эканми?
Жаҳон ўзининг қанчалик юқори мартабали қиз эканини тушуниб олиш пайти яқинлашаётганидан Ҳайзурон ўзида йўқ севинди. Зотан, у бор гапни айтаётган эди.
— Сайидам, елкангни қисма, эронларда шундай улуғ шоҳлар борки, улар бугун-ерта Xусравийлар ҳокимиятини қайта тиклайдиган бўлиб туришибди. Табаристон ҳокими Мозиёрни, Ардабил ҳокими Бобак Xуррамийни билмайсанми? Минг-минглаб қаҳрамонлар бу шавкатли амирларнинг фармойишида. Лекин шунга қарамай, Фарғона малагига тиз чўкиб, унинг бир карами учун жон олиб-жон беришмоқда.
Жаҳон, ечилиб ўтлаб юрган қашқа отига назар ташларкан, Ҳайзуроннинг гапи ёқмагандек бош силкиди-да:
— Ойи, шоҳларингизни бошимга ураманми, менга Зирғомдан бўлак ҳеч ким керак эмас, Мозиёрни, Бобакни не қилай? Ардабил ва Табаристон билан бизнинг юрт орасида қанча кунлик масофа бор?
— Гапимга ишонмасанг, Бобак Xуррамий кимлигини, нияти нималигини аканг Сомондан сўра, — деди Ҳайзурон.
Жаҳон ўзини қўлга олди-да:
— Акам шунақа бир кишини ҳадеб мақтаётганини эшитгандим шекилли, лекин ўзингиз биласиз-ку, унинг ҳеч бир гапига ишонмайман. Бу гапга эътибор берганим ҳам йўқ, негаки, ҳеч ким Зирғомнинг ўрнини боса олмайди, амир ва подшоҳларни унинг тирноғига ҳам олмайман, — деди.
— У мамлакатларни узоқ десанг, мана қўшнимиз Ушрусананинг амири Афшин-чи? У ҳозир Бағдодда ҳамма мусулмон аскарларнинг бош қўмондони. У яқинда отангни кўргани келади. Отанг ўзлари янги йил байрамида келиб кетгин, деб унга хат ёзганлар, — деди Ҳайзурон.
Ҳайзурон билан шу чоққача бемалол гаплашиб ўтирган Жаҳоннинг Афшин номини эшитиши билан хаёли қочди, туси ўзгарди, юрагига ғашлик тушди. «Бўлди, унинг отини сира ҳам атаманг», — дегандай қўлини силтаб, Ҳайзуронни гапдан тўхтатди.
Ҳайзурон яна гап бошламоқчи эди, Жаҳон норози оҳанг¬да: — Қўйинг, уни гапирманг, номини эшитишга тоқатим йўқ. Сиз сезиб юрган хафалигимнинг боиси ҳам худди ўшанинг ўзи. Унинг яқинда Фарғонага келишини, янги йил байрамини бизда ўтказишини эшитиб, ўзимни қўйгани жой тополмаяпман. Байрамни бошқа бирор узоқроқ ерга бориб ўтказиш қўлимдан келса, албатта шундай қиламан, — деди.
Жаҳон Афшинни шу қадар ёмон кўришидан ажабланган Ҳайзурон:
— Афшин сенга бирор ёмонлик қилганмиди? — деб сўради.
— Йўқ, менга ёмонлик қилмаган, бир оғиз гапирган ҳам эмас. Лекин у отамнинг зиёратига келганидан буён ёмон кўриб қолганман, афтига қарагим келмайди. Ким ҳақида нима деб ўйласам, худди шу ўйлаганимдек бўлиб чиқаверади. Бунга ўзим ҳам ҳайронман.
— Таажжуб, — деди Ҳайзурон, — Афшин Зирғомнинг бошлиғи эканини, Зирғомнинг мақсади мусулмон аскарлари орасида шуҳрат қозониб, Афшин қўмондонларидан бири даражасига кўтарилиш, унинг байроғи остида бўлиш эканини билмайсанми?
— Йўқ, ойижон, Зирғом Афшинга тобе эмас, у халифа қоровулларининг бошлиғи, — деди Жаҳон. Ҳайзуроннинг чеҳрасида ҳайронлик аломати зоҳир бўлди.
— Шу сўзларинг ростлигига ўзинг тўла ишонасанми?
Жаҳон унга тикилиб, табассум қилди:
— Ҳа, албатта, менинг унга ишончим сизнинг подшоҳлар менинг висолимга етишолмай юрганига ишончингиздан ҳам зўрроқ, — деди-да, қўлини чўнтагига тиқиб:
— Анча бўлди, ундан хат олгандим. У яқинда Фарғонага келишини ёзган. Лекин нима учундир ҳануз дараги йўқ, — деди.
У хатни чиқариб: «Мана ўзингиз ўқиб кўринг», деб Ҳайзуронга узатди. Xат қадимий паҳлавий тилида ёзилган эди:
«Сомуррода яшаётган Зирғомдан, Фарғонадаги кўнглим фариштаси Жаҳонга!
Сайидам! Мен сени ҳамма вақт сайидам деб атайман, чунки сен бутун борлиқнинг сайидасисан, менинг севгилимсан. Сен қалбимнинг — бутун вужудимнинг хожасисан. Фарғонадан чиққанимдан буён анча йиллар ўтиб кетди. Шу вақтгача сенга мактуб ёзмадим, тўғриси, буни ўзимга эп кўрмадим. Ҳокимнинг қизи, сайида, малакхилъат Жаҳонга хат ёзишни мендек бир фақир етимга ким қўйибди, деб ўйладим. Сен билан видолашаётган куним улуғ мартабага эришиш учун қўлимдан келганича тиришаман, сенинг мартабангга яқинлаша олсам, остонангга келиб бошимни ураман-да, жуфти ҳалолликка розилигингни сўрайман. Борди-ю, ўшандай юқори мартабага эриша олмасам, бахтим қаро экан дейман-да, пешанамга уриб, ҳажрингда зор-зор йиғлаб дунёдан ўтаман, деган эдим.
Мен бу ерга келиб аскарликка ёзилдим. Оғир жанг майдонларига сенинг номингни қалбимга жо қилиб кирдим. Номингни ўзида сақлаётган кўксимни ўқларга тутдим. Муборак, азиз номинг мени ҳамма фалокатлардан омон сақлади.
Мен аскарлик хизматида турли лавозимларда бўлиб, охири халифа саройида қоровуллар бошлиғи вазифасига эришганимдан кейин сенга севинч хабарини йўллаяп¬ман.
Сен, эҳтимол: — Бу мартабага кўтарилишдан мақсадинг нима? — деб сўрарсан. Очиғини айцам, мақсадим шу мартаба туфайли сенинг висолингга етишдир. Сенсиз ҳаёт ҳаёт эмас менга.
Мен жаноб ҳокимни зиёрат қилишга, севгилим Жаҳонни кўришга мушарраф бўлиш учун Фарғонага боришни ният қилган эдим, халифаликка путур етказадиган баъзи ташвишли юмушлар чиқиб қолмаганда, аллақачон Фарғонада бўлардим.
Фарғона сафарига отланиш учун ҳозир қулай бир чора топилди. Ўзинг биласанки, халифа Муътасим Бағдод яқинида турк аскарларига атаб Сомурро деган махсус шаҳарча бино қилган. Мен ҳам шу ерда турк аскарлари билан биргаман.
Ислом мамлакати — Бағдодда пайдо бўлган турли исёнчи гуруҳларни халифа ўша турк аскарлари кучи билан бостирмоқчи.
Турк аскарлари шаҳар атрофидаги аҳоли билан аралашса, куч-қуввати, шижоати кетиб қолишидан қўрққан Муътасим Мовароуннаҳрдан чўри турк қизларини сотиб олиб, ўша аскарларни уйлантирмоқчи, Фарғонага бориб чўрилар сотиб олиш учун бир қанча кишиларни танлаб қўйди. Ўша кишилар билан бирга мен ҳам ватанимга бориб келмоқчи эканимни халифага айтиб, рухсат олдим. Шояд, яқин орада дийдор кўришсак. Xатни сенга етказишни ишончли кишиларимдан бирига топширдим. Ойим-дан сенга салом».
Ҳайзурон хатни ўқиб бўлгач, Жаҳонни қучоқлаб ўпди:
— Сенга ҳам, Зирғомга ҳам муҳаббат муборак бўлсин. Зирғом, албатта, сенга муносиб йигит. «Киши ҳаётда мол-мулки билан эмас, балки одамий фазилатлари билан қадрли» деган гапинг тўғри. У ботирлиги ва ғайрат-шижоати билан ҳозирданоқ соқчилар бошлиғи лавозимини эгаллаган бўлса, бир неча йиллардан кейин жуда улуғ мартабаларга эришса ажаб эмас. Ислом давлати ҳали жангу жадал қиляпти, Зирғомдек йигит яна ҳам юқорироқ мартабаларга кўтарилишига нима тўсқинлик қиларди?
Ҳайзурон дилидаги гапни айтгани учун, Жаҳон беҳад хурсанд бўлди-ю, аммо кетидан лекини чиқиб қолди:
— Бу хатни олганимга бир неча ой бўлди. Ҳалигача Зирғомдан дарак йўқ, билмадим, не ҳодиса юз берди экан?
Ҳайзурон: «Ташвишланма, у албатта келиб қолади, лекин...» деди-ю, кўнглига бир нарса келгандек ўйланиб, бошини қуйи солди.
— Xўш, ойижон, айтинг, нима лекини бор, — деди Жаҳон.
— Лекини шуки, сени Зирғомга беришга отанг розилик бермасмикинлар деб қўрқаман.
— Тўғри, мен бу гапни отамларга айтганим йўқ, лекин ишончим комилки, у киши Зирғомни яхши кўрадилар, жуда ҳурмат қиладилар. Ундан кейин, мен нимани истасам, отам унга қаршилик қилмайдилар.
— Сайидам, жаноби ҳоким Зирғомни яхши кўришларини, ҳурматлашларини яхши биламан, лекин бу ерда бошқа бир гап бор. Шуни ўйлаб кўрдингмикин? — деди Ҳайзурон.
— Қандай гап экан? — деди авзойи ўзгариб Жаҳон.
— Билишимча, Зирғом мусулмон, сен бўлсанг ислом динига кирган эмассан. У сени хотинликка олиши қандай бўларкин?
Жаҳон:
— Мен ҳам мусулмон бўлсам нима қилибди? Ахир ислом дини ҳозир давлат дини-ку, — деди.
— Отанг, қавм-қариндошларинг динидан қандай қилиб воз кеча оласан?
— Бу дин Зирғом билан менинг муҳаббатимизга ғов бўладиган бўлса, мен албатта, ундан воз кечаман. Чунки мен бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам севгилим қаерда бўлса, ўша ерда бўлишни истайман.
Жаҳон шундай деб жилмайди. Унинг кўзларидан маржондек ёш оқиб, юзига тушди.
Гап чўзилиб, аҳвол оғирлашганини сезган Ҳайзурон Жаҳонни алаҳситмоқчи бўлиб, жойидан қўзғалди ва гапни бошқа томонга бурди:
— Кун алла-палла бўлиб қолди, сен бўлсанг, ҳали ҳам овга киришганинг йўқ, отингни мин, мен кетингдан кузатиб юраман. Кийик овлашдаги маҳоратингни кўриб, бир томоша қилай, қизим.

* * *
Жаҳон «отимни, камон ва ўқ ёйларимни олиб кел» дегандай қилиб, отбоқарга имлади. Кейин у қаерда ов яхши бўларкин дея мўл тоғ томонга кўз югуртирди. Бирдан яқин ердаги тош устида бир тоғ такаси ўйноқлаб юрганини кўриб қолди. Илгари бу ерда тоғ такаларини ҳеч кўрмаган эди. У шошиб, «Фируз, камонни тез олиб кел», деб отбоқарга хитоб қилди.
Камон қўлига теккач, дарров уни ўқлади-да, тоғ такасини нишонга олди. Ўқни отиш олдида Жаҳон «агар шу ўқни унга теккиза олсам, Зирғомга етишаман, у билан тезда кўришаман. Борди-ю, ўқ тегмай қолса, Зирғом билан тезда учрашишим қийин бўлади», деб кўнглига тугиб қўйди.
Така эса ҳамон ўша тош устида булар томон қараб турарди. Жаҳон ўқ узди. Ўқ фазода визиллаб така томон учиб кетди.
Ҳайзурон эса ўқ бориб етмасдан така қочиб кеца, нима бўлди, деган хавотир билан ундан кўзини узмай турарди.
Така йиқилди, кейин қочиб бориб икки харсанг ўртасидаги бир чуқурликка бурилди. Таканинг йиқилганини кўрган Жаҳон севинганидан: «Ана йиқилди. Маржон, югур, уни олиб кел», деб бақирди. Маржон, ҳамроҳи ва отбоқар учаласи така томон чопиб кетишди. Жаҳон севинганидан юраги ёрилгудай бўлди. Ҳайзурон кулиб, унинг ёнига келди:
— Бу такани қулатганингдан жуда хурсанд бўлдим. Ўқинг унга теккани учунгина эмас, йўқ. Сен уни нишонга олаётганингда мен, «агар Жаҳон шунга теккиза олса, албатта Зирғомга ҳам етишади», деб хаёлимдан ўтказган эдим. Энди, қизим, албатта мақсадингга етишасан. Xурсандлигим мана шундан.
Жаҳон жилмайиб деди:
— Мен ҳам худди шуни кўнглимга келтирган эдим. Энди «Зирғом сенинг муносибинг», деб айта оласизми?
— Мен ғўр мулоҳазаларимни сенга айтган эдим. Ҳозир эса Зирғомга муҳаббатим жуда ҳам ошиб кетди.
Улар шу қабилда ҳазиллашиб кулишди. Ҳайзурон ўз фикрини очиқ айтиб, Жаҳоннинг кўнглига чироқ ёққандек бўлди.
Тоғ такасини судраб келаётганларнинг ҳайқириқ овозини эшитган Жаҳон улар томон югурди. Така ўлган эди. Унинг бир ўқ билан ўлганидан Жаҳон ажабланди. Унинг ўқи ҳамон таканинг биқинида санчиғлиқ турарди. У яна бошқа бир ўқ таканинг бўғзида санчилиб ётганини кўриб қолди-да, «Ҳой, бунда иккита ўқ бор, мен фақат битта отган эдим-ку, мана бу иккинчи ўқни қаранглар, бу қаердан келиб тегди? Маржон, бу ўқни дарров чиқариб ол!» деб, хизматкорга буюрди. Маржон жуда қийинчилик билан ўқни тортиб олди ва «така шу ўқ билан ўлган», деб уни Жаҳонга узатди. Жаҳон ўқни олди-да, бармоқлари билан у ёқ-бу ёғини ағдариб кўздан кечирди. Ўқнинг патида араб тилида ёзилган бир хатга кўзи тушди. Жаҳон арабча хатни ўқишни биларди. У хатнинг ҳарфларини ҳиж, туриб, бирдан «Зирғом» деб бақириб юборди-да: — Мана бу ўқда Зирғомнинг исми ёзилган экан, — деди. Маржон ҳам араб ҳарфи билан битилган ёзувларни билгани учун, уни ўқиб кўрди-да: «Ҳа, тўғри, бунда Зирғомнинг исми бор», — деди.
Бу тасодифдан ҳанг-манг бўлиб қолган Жаҳон Ҳайзуронга қаради. Эсанкираб қолганини икки эркакдан яширмоқ учун у ўзини базўр қўлга олди. Кейин уларга қараб: «Такани бирор ерга олиб бориб сўйинглар-да, нима қилсангиз, ихтиёр ўзларингизда», — деди. Улар узоқлашгач,
Ҳайзуронга қараб:
— Бу ҳодисага нима дейсиз? — деди.
— Менингча, — деди Ҳайзурон, — Зирғом шу ўртада бўлиши керак. Бу ўқ билан такани отган ҳам муқаррар ўшанинг ўзи. Лекин така жароҳатланганича узоқ ерларни босиб келганга ўхшайди, чунки тоғ такалари бу ердан узоқ бўлган Тошкент дарёсининг[5] қирғоқларида ёйилиб юради.
Жаҳон «бу тушимми ё ўнгимми» деб хаёлга чўмди ва бошини қуйи солиб:
— Бу жуда ғалати тасодиф, аммо ҳали ҳам мен янглишдиммикан деган хавотирдаман. Лекин кўнглим буни рост деб айтяпти. Xўп, майли, гумонимиз тўғри чиқса, уни сиз ҳозир қаерда деб ўйлайсиз? — деди.
— У Фарғонага киришдан аввал дам олиш учун бирор сой атрофига тушган бўлса керак. Лекин мен бу томонларда Тошкент дарёсидан бўлак сув борлигини билмайман, эҳтимол, у дарёнинг шарқий қирғоғига тушган бўлса,— деди Ҳайзурон.
Жаҳон сўради:
— Сиз айтаётган қирғоқ бу ердан узоқми?
— Бир-икки фарсаҳ[6] келади, ўша томонга боргинг келаётганга ўхшайди-а?
Хижолат аралаш табассум қилган Жаҳон, нега бундай савол бераётганини аниқ билиш учун Ҳайзуроннинг кўзига тикилди. Ўзининг фикрига қўшилаётганини сезиб, Ҳайзуронга: «Ҳа, биз уни излаб борсак, қандай бўларкин дейсизда», — деди.
Ҳайзуроннинг унга раҳми келди, кўнглига қўл солиб кўрмоқчи бўлди:
— Кишилар эшица, Жаҳон Зирғомни атайин излаб борди, деб гап қилишади. Аммо тасодифан унга йўлиқиб қолсак-чи, унда ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Яна шуни ҳам билиб қўйки, йўл анча олис, машаққатли, унга чидай оласанми?
Жаҳон: «Отга миниб олганимиздан кейин нима машаққат бўларди. Қани, қўзғалинг, кетдик», — деди-да, икки эркак томонга қаради. Улар узоқда, ҳали ҳам така сўйиш билан овора эди. Жаҳон уларни чақирмоқчи бўлаётганини сезган Ҳайзурон, олдинроқ: «Бўлмаса, мен хизматчинг Фирузни чақириб келай, у сенинг жиловингдан юрсин, иккинчисига эса қолган хизматчилар билан шаҳар дарвозаси ёнига бориб, бизни кутиб туришга фармон қилсанг», — деди.
Унинг бу маслаҳати Жаҳонга маъқул тушиб, «жуда соз бўлади» деди. Ҳайзурон хизматчилар олдига бориб, «буёққа кел» деб Фирузни имлади. Дарров югуриб келган Фирузга: «Ҳамроҳингга бориб айт, у бошқа хизматчиларни олиб тезроқ шаҳар дарвозасига борсин-да, бизни кутиб туришсин. Ўзинг эса иккала отимизни олиб кел, бизнинг ёнимизда борасан», — деди. Фируз топшириқни бажариб бўлгач, Жаҳон билан Ҳайзурон қаерга боришаётганини била олмай уларнинг орқасидан йўлга тушди.

Зирғом Ва Жаҳон
Шояд, севгилим келаётганини кўрсам, деб кўзлари тўрт бўлиб бораётган Жаҳон отнинг бошини анҳор томонга бурди. Унинг ёнида от минган Ҳайзурон борарди. Тикка келган қуёш тиғи остида чуқур хаёлга чўмиб бораётган Жаҳон бугун овқат еган-емаганини ҳам унутганди. Ҳали овқат экан-ку, муҳаббат дардига йўлиққан одам ўзининг жаҳонда бор-йўқлигини ҳам унутиб қўяди.
Жаҳон ва Ҳайзуроннинг отлари ҳаккам-дуккам экин экилган ерлардан ўтиб бораркан, Фарғона малагини танийдиган ўша ерлик корандаларнинг кўзи уларга тушди. Улар Жаҳоннинг ўзинигина эмас, қашқа отини ҳам, хизматчисини ҳам танишар эди. Корандалар Жаҳоннинг ҳурмати юзасидан ўринларидан туриб, унга таъзим қилишди. Лекин хаёли паришон қиз уларга эътибор бермади, одатий табассумини унутди. Xаёл дарёсига ғарқ бўлиб бораётган Жаҳоннинг фикрини иккала отнинг баравар кишнаши бўлиб юборди. У олисга назар ташлади. Йўл устида туркманларники каби қуббали чодирлар тикиб ўтирган ўтроқ одамларга кўзи тушди. Илгари туркманлар ана шундай тепаси қуббали тўгарак чодир тикиб ўтиришарди. Чодирлар орасида тўрт-беш от кўринди. Йигитлар икки бияни соғишаётган эди. Саҳройи араблар туя сутини ичганидек, Туркистон чўлларида яшайдиган кўчманчилар ҳам бия соғиб, сутини ичишарди. Жаҳон уларнинг олдига борса, гапга тутилиб алаҳсиб қолишдан чўчиди-да, йўлини бошқа томонга бурди. Лекин Ҳайзурон отнинг жиловини чодирлар томонга бурди. «Зирғом тўғрисида булардан бир суриштириб кўрсак, шу ерлардан ўтган бўлса, улар кўришган бўлса ажаб эмас, дарё томонга юрсак, йўлимиз анча қисқарармиди дейман», — деди.
Унинг бу фикри Жаҳонга маъқул тушди шекилли, у ҳам отининг жиловини чодирлар томонга бурди. Буларни кўрган болалардан бири Жаҳоннинг қиёфасидан «бу албатта бирор амирнинг қизи бўлса керак», деб ўйлади-да, меҳмонларни кутиб олиш кераклигини хабар қилиш учун чодирга, отаси томонга югурди.
Боланинг отаси — мўйсафид деҳқон ҳассасига таяниб келаркан, Жаҳонга кўзи тушиши биланоқ уни таниди. Болаларини чақириб: «Меҳмонни отидан туширинглар», — деди. Лекин Жаҳон отдан тушгиси келмай, деҳқонга миннатдорчилик билдирди. Кейин у «қани, қарияни гапга солиб кўринг-чи», дегандек Ҳайзуронга қаради. Ҳайзурон:
— Сайидам, отдан тушинг, бир оз дам олиб, кейин яна йўлга чиқармиз, — деди. Жаҳон Ҳайзуроннинг таклифини ноилож қабул қилди. Фируз бошқа отларни кўрса, кишнаб, буларнинг гапига халақит бермасин, деб иккала отнинг юганидан ушлаб нарироққа олиб кетди.
Жаҳон билан Ҳайзурон пиёда юра бошлашгач, чол соддалик ва мулойимлик билан уларга:
— Бизнинг кулбаи вайронамизга маликам муборак қадамларини бир тегизиб, табаррук қилиб кецалар яхши бўларди, — деб уларни ўз чодирига таклиф қилди. Жаҳон уяла-уяла чодирга кирди-да, ўзи ва ҳамроҳи учун тўшалган пўстакка ўтирди.
Ҳайзурон сўз бошламасданоқ чолнинг ўғли сопол косада суюқ овқат олиб келди. Овқат бия сутидан тайёрланганини сезган Жаҳон: «Ҳозир овқатга иштаҳам йўқ, кўнглим ҳеч нарса тусамаяпти», — деб узр айтди. Мўйсафид болага қараб:
«Бўлмаса бир коса қимиз олиб кел», — деди. Келган меҳмонларга шароб ўрнида талқон, гўжа ёки ҳозирги вақтда лимонад ва чой бериш одат бўлганидек, кўчманчилар бия сутини ачитиб қимиз қилиб қўяр ва меҳмонларга тутар эдилар. Чол қимизни кўрсатиб: «Буни ичиш учун киши оч бўлиши шарт эмас, сувдек бир ичимлик, иссиқнинг ҳоврини кўтаради, чарчоқни кетказади», — деди. Жаҳон буни ҳам рад қилишни ўзига эп кўрмай, косани қўлига олди. Шу фурсатдан фойдаланиб, Ҳайзурон чолга қаради:
— Бугун биздан бошқа меҳмонлар бу ердан ўтгани йўқми?
— Йўқ, сизларнинг пойқадамингиз етганидан беҳад хурсандман. Қайси шамол Жаҳонойни бу томонларга учирдики, хароб кулбамиз обод бўлди. Бошқа меҳмонлар келмаганда ҳам, Жаҳоннинг бир ўзи минг меҳмонга арзигулик.
Ҳайзурон: «Сафар қиладиган мусофирлар ҳамма вақт ҳам шу ердан ўтиб туришадими?» — деб сўради.
— Ҳа, албатта, — деди чол, — Ушрусана, Қўқон ёки Бухородан кунчиқар томонга юрадиган киши дарёдан ўтгач, албатта йўли шу ёққа тушади. Фарғонагами, бошқа шаҳарларгами шу ердан боради. Кўпинча, Ҳиндистон, Тибет ёки Xитойдан Рум мамлакатига кетаётган ёки у ерлардан қайтиб келаётган савдогарлар ҳам бу ердан ўтади.
Ҳайзурон Жаҳонга қараб форс тилида: «Зирғомнинг йўли ҳам шу ердан ўтадиган бўлса уни шу ерда кутиб турганимиз маъқул, у ёққа бориб овора бўлиб юргандан кўра, шу яхши эмасми? Биз бир йўлдан юрсак, у бошқа йўлдан келиб, ўтиб кетиб қолса, бир-биримизга дуч келмай қоламиз», — деди.
У ердаги деҳқонлар чиғатой тили, яъни қадимий турк тилида сўзлашганлари учун Ҳайзуроннинг гапига тушунишмади. Жаҳон бу гапга жавоб бермади. Лекин чеҳрасидан унинг таклифига рози бўлгандай эди. Ҳайзурон:
— Бўлмаса, майли, отахонимиз бирор таом тайёрлай қолсин, хўп дея қол, — деди.
— Аввал ўзимиз йўқ деб қўйиб, энди қай юз билан сўраймиз.
— Малол келмайдиган қилиб ўзим сўрайман, — дедида, Ҳайзурон чолга қараб чиғатой тилида: «Сўйиш учун сотадиган биронта отларинг йўқми?» — деди.
— Йўқ, сайидам, биз отларни фақат сути учун боқамиз. Уларни ночор бўлиб, сутдан қолгандагина сўямиз, — деди чол.
— Мабодо бирор тойча сўйиш лозим бўлиб қолса, нима қиласизлар?
— Шу ердан ўтадиган йилқилар подасини пойлаб турамиз-да, танлаганимизни сотиб оламиз, — деди чол, кейин кунчиқар томонни кўрсатиб: — Мен анчадан бери шу тарафга қараб турибман, олисдан қуюқ чанг кўтариляпти, эҳтимол бу ёққа келаётганларнинг подасидир. Улар келиши билан бир-иккита от сотиб олиб, дарров сўямиз. Маликамиз андак таҳаммул қилсалар, семиз бир от сўйиб зиёфат қилардик.
У кишининг хушмуомаласи, зийраклиги Жаҳонга маъқул тушиб, жилмайди. Қизнинг табассумидан ўз таклифига рози бўлганлигини англаган чол ўғилларидан бирига дарров бориб, ўша уюрнинг олдидан тўсиб чиқишни буюрди. Бола югурганича кетди. Ота эса дастурхон тайёрлашга киришди, битта қовун келтириб, Жаҳоннинг олдига қўйди:
— Мана бу тилни ёрадиган Бухоро қовунларидан. Истаган вақтларида сўйиб берамиз.
Катта амалдорлар уйида ҳам мақтовга арзийдиган бундай қовун чолнинг чодирига келиб қолганидан Жаҳон ажабланди. Буни сезган чол:
— Қизларимдан бирига хуштор бўлиб қолган бир йигит менга олиб келган туҳфалар орасида шу қовун ҳам бор экан,— деди.
Хуштор сўзини эшитган Жаҳон ўзининг муҳаббати дардини эслади-да, бир оҳ тортиб чолга қаради: — Бу қовунни аталган кишисига — қизингизга сақлаб қўйинг.
Чол жавоб қайтармоқчи бўлиб турувди, узоқдан кимнингдир чақираётганини эшитди. Қайтиб чопиб келаётган ўғли: «Улар подадан бирорта отни ҳам сотишмас экан», — деди.
Келаётган йилқи подасининг оёғидан чиқаётган чангга қараган Жаҳон унинг олдида эгарланган от миниб келаётган бир кишини, унинг орқасида эгар-жабдуқсиз ўнлаб отларни ўйнатиб келаётган чавандозларни кўрди.
Баъзи отларни Туркистон саҳроларида йилқи ва мол боқиб тирикчилик ўтказадиган Грузия даштидан келган чўпонлар миниб олганди. Жаҳон олдинда келаётган отлиқ йигит аскар кийимида эканини ва қўлидаги найзага байроқ осилганини кўрди, лекин у байроққа битилган исмга эътибор бермади. Агар ўша исмни ўқиса борми, бутун аъзойи баданини қалтироқ босиб кетган бўларди. Чол ўша отлиқ кишининг йўлини тўсиб: «Бу отлардан биттасини бизга сотинг», — деб илтимос қилди. Отлиқ киши такаббурлик ва қўполлик билан: «Йўқ, сотмаймиз», — деди.
— Болам, ҳозир битта от сўйиш зарур бўлиб қолди, айтган пулингни берамиз, — ёлворди чол. Аммо у киши бу илтимосни рад қилганча бош чайқади, лекин чол «нима учун сотмайсиз» деб яна савол берди. «Бу уюр пулга муҳтож кишиларники эмас», — деб жавоб берди отлиқ.
— Ким улар ўзи, ахир?
— Ўқишни билмайдиганга ўхшайсиз, акс ҳолда савол-жавобга ҳожат қолмаган бўларди, — деди-да, отлиқ йигит байроқни кўрсатди. Бу сўзни эшитган Жаҳон ялт этиб байроққа қаради. Араб ҳарфи билан ёзилган «Афшин Ҳайдар бин Корус» сўзларни ўқиди-ю, ранги ўчиб, Ҳайзуронга қаради. Деҳқоннинг ҳам, Ҳайзуроннинг ҳам чеҳрасида бир хилда ўзгариш пайдо бўлганди. Чол отлиқдан: «Тўғри айтдингиз, ўқишни билмайман, бу байроқ кимга тегишли?»— деб сўради.
— Xалифа Муътасимнинг лашкарбошиси ва Ушрусана мамлакати ҳукмдори амир Афшин Ҳайдар бин Корусники.
Туркистонда бу номни билмайдиган бирорта киши йўқ эди. Чунки Афшин Муътасимнинг хизматига кирмасидан олдин Ушрусана подшоси бўлган. Чол ҳайрон бўлиб қолди. У қўрқиб кетганидан: «Эшитишимизга кўра, Афшин Бағдодда турар эмиш», — деди.
— Тўғри, — жавоб берди йигит, — у Бағдодда яшайди, лекин бир неча кун бурун Ушрусанага келди ва бизни аскарлари учун мол, қўй сотиб олишга юборди.
— Ҳозир бу йилқиларни Ушрусанага ҳайдаб боряпсизларми?
— Афшин Ушрусанада эди, лекин у наврўз байрамини ўтказиш учун Фарғонага келиши керак. Унинг аскарлари Тошкент атрофларида қўнишган, мана бу йилқилар ўшаларга тегишли, тушундингизми? — деди йигит ва отига қамчи босиб йўлга тушди. Отбоқарлар ҳам унинг кетидан жўнашди.
Чол яна суриштиришга ботинмади. Жаҳонни зиёфат қила олмагани учун хижолат тортди. Унга узр айтиш учун сўз тополмасди.
Жаҳон эса ўрнидан туриб, «иккала отни олиб кел», деб хизматчига буюрди ва чолнинг ёнига югуриб бориб: «Отажон, бизга қилган ғамхўрликларингиз учун жуда миннатдорман, ҳозир зудлик билан қайтишим зарур бўлиб қолди, насиб бўлса, бошқа бир фурсатда келиб, сизни зиёрат қилиб кетаман», — деди.
Чол қизнинг бундай хушмуомала ва камтарлигидан мамнун бўлиб, маликанинг қўлини ўпди. Жаҳон қўлини тортиб оларкан, отага бирор нарса бериш керак, дегандек Ҳайзуронга қаради-да, ёнидан тўрт-беш олтин пул чиқариб, чолга узатди:
— Болалар учун ўйинчоқ — ўқ-камон олиб берасиз.— Чол ташаккур айтиб пулни олди. Жаҳон ва Ҳайзурон у билан хайрлашгач, отга миниб йўлга тушишди. Фируз ҳам уларнинг изидан юрди.
Бир оз йўл юргач, Жаҳон кўнглида ғашлик пайдо бўлгандек бир уҳ тортди-да, Ҳайзуронга қараб сўради: «Энди нима дейсиз? Афшин Фарғонада эмиш. Отамни кўриш учун у албатта, ҳовлимизга келади».
— У отангни келиб кўрса, сен нимага ташвишланасан?..
Жаҳон унинг гапини бўлди.
— Мен ташвиш қилаётганим йўқ, парвойимга ҳам келмайди. Аскарлари ҳам мен учун хавфли эмас, лекин унинг ўзини кўришга тоқатим йўқ ва... — деди-да, бошидаги рўмолини тузатиб қайтадан ўраб олиш баҳонаси билан гапни бошқа ёққа бурди.
Ҳайзурон Жаҳоннинг хавфсираётганини сезса ҳам, ўзини билмасликка солиб: — Ақлли, доно қизим, ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайди, дарё томонга юриш ниятингдан қайтганинг йўқдир-а? — деди.
Жаҳонга унинг саволи қизиқ туюлди. У ер тагидан қараб жилмайиб қўйди. Тили билан айтолмаса ҳам, бутун кўриниши «Бўлмасам-чи?» деяётгандай эди.
Йилқи тўдаси кўздан ғойиб бўлгунига қадар Жаҳон билан Ҳайзурон унга тикилиб боришди. Уларнинг отлари йўрғалаганча йилқилар бораётган томонга эмас, бошқа томонга қараб борарди.
Қуёш бота бошлади. Ҳайзуронга очлик таъсир қилди Жаҳон эса ўз севгилиси билан учрашиш шавқида ҳамма нарсани унутганди. У чурқ этмай узоқ йўл босди. Кўнглидаги ширин хаёллар борган сари улғайиб, илдиз отарди. Севгилиси билан юзма-юз келишини кўз ўнгига келтираркан, юраги ўйнаб, «муҳаббат иродамдан устун чиқмаганда, бундай қалтис ишга журъат этмасдим», дерди.
Кўп вақтларда муҳаббат ва ирода ким енгишга ўйнай-ди-ю, муҳаббат ғолиб чиқаверади. Баъзан ирода муҳаббатдан устунлик қилади, лекин бу узоққа чўзилмайди, мабодо чўзилиб кеца, муҳаббатнинг юзаки ва тез сўнувчан эканидан далолат беради. Муҳаббат аҳли одатда тийран ақлли, тадбирли ва донишманд кишилар бўлади, лекин улар севги йўлида фақат ақли кам кишилар қиладиган ишларни қилиб юришади. Бошқалар унинг хатти-ҳаракатидан ҳайрон бўлади, лекин унинг ўзи улардан кўра кўпроқ ажабланади. Чунки ақли унинг ишини назорат қилади, уни танқид қилади, унинг оғир йўлга тушиб қолганини кўрсатади, лекин у бундай йўлдан қайтишни уддалай олмайди. Чунки унинг ақлли ва донишманд қалби муҳаббат гирдобига қаттиқ ўралган бўлиб, кўнгил хоҳишига хилоф иш қилиб қўйса, сира бардош бериб бўлмайдиган даражада азобланади, жинни бўлиб қолиши ёхуд жонини таслим этиб юбориши ҳам ҳеч гап бўлмайди. Қанчадан-қанча ошиқлар ақл билан кўнгил ўртасидаги низонинг қурбони бўлишади. Ақлли кишида севги пайдо бўлса, унинг иродаси билан хоҳиши ўртасида қаттиқ жанг кетади. Агар у нафсониятли, қалби мусаффо киши бўлса, ўз иззат-нафси ва қалби кучига суяниб, нафси хоҳишига қарши курашади, мағлубиятга учрашдан қўрқмайди.
Жаҳонда ақл ҳам, ирода ҳам зўр эди. Айни вақтда у жўшқин қалбли, чуқур ҳиссиётли қиз эди. Негаки у ўз ёрини чин қалбдан севар, у билан бир неча йилдан бери ҳамгап бўлган, унинг муҳаббати қизнинг кўнглидан маҳкам жой олган эди.
У ўз севгилисига вафодор, ўз аҳдидан қайтмайдиган қиз эди. Афшиндан чўчиши ва уни кўришдан нафратланиши севгилисига бўлган вафосини яна ҳам кучайтирарди.
Қиз севгилиси билан учрашиш учун унинг олдига боришдан ийманмади. Ов қилгани кетяпмиз, деган гап Жаҳонга яхши баҳона бўлди.

* * *
Жаҳон билан Ҳайзурон чор атрофга назар ташлаб боришарди. Отларнинг ўзи уларни дарё қирғоғи томон бошлади. Узоқдан дарё суви кўзга ташланди, қирғоқ ҳам кўринди, лекин у ерда на ўтов, на бирор пиёда ёки отлиқ аскар кўринарди.
— У ерда ҳеч ким кўринмаяптими? — сўради Жаҳон отини тўхтатиб Ҳайзурондан.
— Йўқ, кўринмаяпти. Қирғоққа яқинлашиб қолдик. Қани, юравер-чи, ўша ергача бораверайлик, ажаб эмас, бизга далда берадиган бирор белги кўринса, — деди Ҳайзурон.
Улар кетидан Фируз борарди. Ниҳоят қирғоққа етиб бир дарахт тагидаги чайла яқинида тўхташди. У ерга қандайдир йўловчилар қўниб, яқиндагина жўнаб кетгани сезилиб турарди. Ташқарида олов ҳануз ўчмаган, овқат, мева-чева ва эт қолдиқлари бор эди.
Шу пайт чайла эгаси «бизга келган қўноқ бўлса керак», деб уларнинг истиқболига чиқди: «Хуш келибсизлар, қани, марҳамат», деб чайлага таклиф қилди. Ҳайзурон: «Чайлага киргин-да, бу ерда қўниб ўтган кишилар кимлигини билиб чиқ», деб Фирузни юборган эди. Фируз чайлага бориб, эгасига салом берди ва ўша кишиларни сўради.
— Улар мусулмон аскарлари экан, тонг пайтида дарёдан ўтиб келиб, чошгоҳгача бу ерда туришди-да, тушги овқатларини еб бўлгач, жўнаб кетишди, — деб жавоб қилди чайла эгаси.
— Улар қайси томонга кетганидан хабарингиз бўлмадими?
— Ўйлашимча, Фарғонага кетишди, улар янги йилни ўша ерда ўтказишмоқчига ўхшайди.
Бу сўзни эшитган Жаҳон: «Улар албатта Зирғом билан ҳамроҳлари. У Фарғонага борса, тўғри бизникига тушади, бу ерга мен чакки овора бўлиб келибман», — деди ўзича. «Шунинг учун дарров Фарғонага қайтиб боришим, кетиб қолишмасдан у билан учрашишим керак», деган фикрга келди.
Ҳайзуронга қараб: «Қани, она, отнинг жиловини қўйинг, уларни орқасидан қўйиб, қоронғи тушмасдан бурун манзилга етиб олайлик. Ҳозир одамларимиз турган жойгача чамаси икки чақирим йўл қолди», — деди. Улар шаҳар дарвозасида кутиб турган одамлар томон от чоптириб кетишди.
Жаҳон мўлжалдан кечикиб қолгани учун хизматкорлар ташвишланиб, бир неча кишини уни қидиришга юборишган экан. Улар қизни тополмай қайтиб келгандан кейин, ташвишларига ташвиш қўшилибди. Унинг келаётганини узоқдан кўриб, бўй-басти ва отининг тусидан Жаҳоннинг ўзи эканини билишди.
Соғ-саломат етиб келгандан кейин кўнгиллари тинчиб, қизни отдан туширишди, тайёрлаб қўйилган таомни олдига келтириб қўйишди. Ҳайзуроннинг таклифи билан у гўштдан озгина тотиган бўлди, устидан шошилиб қимиз ичди ва ҳўл мева тановул қилди. Шу пайт хизматкорлардан биттаси Ҳайзуроннинг ёнига келиб қулоғига нималарнидир шивирлаган эди, унинг ранги ўчиб кетди. Буни кўрган Жаҳон бир ҳодиса юз берганини сезиб, Ҳайзуронни чақирди ва нима гап дегандек, унга қаради. — Аканг Сомон бу ерга келиб сени йўқлатибди-да, дарров изига қайтиб кетибди, — деди Ҳайзурон.
— Ҳеч нарса демабдими?
— Йўқ, ҳеч нарса айтмабди, — деди-да, Ҳайзурон тиқилиб қолаёзган оғзидаги овқатини ютишга уринди.
Жаҳон Ҳайзуронга шивирлаган ходимнинг тусидан ташвишланиб: «Акам дадам тўғрисида келганга ўхшайди, тинчликмикин, у кишига бирор гап бўлмадимикин?» — деб сўради.
Ҳайзурон Жаҳоннинг буни дарров пайқаб олганидан жилла ҳам ажабланмади, чунки кишилар кўнглидагини кўзларидан уқиб олиш Жаҳоннинг одати эди. Ҳайзурон: «Урмуздга[7] шукур, у кишига ҳеч гап бўлгани йўқ, лекин сенинг кечикканингдан бир оз хавотир олибдилар. Тезроқ қайцин, деб тайинлабдилар. Ахир янги йил кирай деб турибди-да»,— деди.
Жаҳон ирғиб ўрнидан турди-да, «ҳозир қайтишим керак, от-араваларни тайёрланглар», деб хизматчиларга буюрди. «Отам оғир тортиб қолмасалар, менга киши юбориб ўтирмас эдилар. Қани, чаққон бўлинглар, кетдик».
Хизматчилар от-араваларни аллақачон тайёрлаб қўйишганди. Жаҳон билан Ҳайзурон отга миниб, қолган хизматчилар уларнинг кетидан ҳоким саройи томон йўл олишди. Жаҳоннинг фикри зикри у ерда, Зирғомни учратишда эди.

Ҳоким Саройида
Жаҳон ҳамроҳлари билан отасининг саройига етиб келганда қоронғи тушганди. Уларнинг боғчасида чироғлар порлаб турибди. Боғча ҳокимнинг зиёратига келган кишилар, улар келтирган ҳадялар билан лиқ тўла. Жаҳонлар боғчаси худди байрам кунларидагидек гўзал манзара касб этган. Одатда байрам кезлари уларнинг юзида шод-хуррамлик тўлиб-тошар, танбур-дуторлар бетўхтов чалиниб турарди. Аммо бугунги манзара бўлакча. Танбур-дуторлар келтирилгану, лекин ҳокимнинг оғир бетоблиги туфайли уларни чалиш ҳеч кимнинг кўнглига сиғмасди. Ҳамманинг эгнида ипакли байрам кийимлари. Одамларнинг бир қисми тўп-тўп бўлиб, баъзилари эса якка-якка боғчада ва ҳокимнинг қасрига чиқадиган зинапояларда туришарди. Бироқ ҳамманинг чеҳрасида ғамгинлик, улар тик турган ҳолда бир-бирларига шивирлашарди. Боғча дарвозаси ёнида хизматкорлар от-ешакларга ортилган кийим-кечак, хушбўй нарсалар ва ҳўл меваларни тушириб олиш ва саройнинг ичкарисига ташиш билан овора.
Жаҳоннинг араваси сарой эшигига келиб тўхташи билан ҳамма йўлнинг икки томонига ўтиб, ўрта бўшаб қолди. Қизни кўриш билан улар ғам-ғуссаларини унутишди. Ҳамма Жаҳонни севар, унда хайр-баракат бор деб ихлос қиларди. Аравадан тушиши билан ҳаммалари овозларини барала қўйиб салом беришди. Бу қиз отасининг олдига кириши билан ҳокимнинг дарди тарқаб, шифо топади, деб ўйлашарди турганлар. Жаҳон ҳурмат билан бошини эгиб, тўпланганларнинг саломларига жавоб қайтарди. Унинг хуштавозелигидан саломи табассумдек туюларди. Ҳайзурон Жаҳондан илгари отидан тушиб, унинг ёнида борарди. Одамларнинг бари қизнинг ҳурмати учун ўринларидан туришади. Жаҳон эъзоз-икром билан одамлар орасидан аста-секин юриб, боғчага кирди. У ердан сарой ёнидаги айвонга чиқиладиган зинапояга кўтарилди. У бир томондан, Зирғомни кўрармикинман деган умидда бўлса, иккинчи томондан, Афшинга кўзим тушиб қолмаса эди, деган хавотирда, одамларга бирма-бир кўз қирини ташлаб ўтарди.
Сарой аҳли Жаҳоннинг йўлига ғоят мунтазир эдилар. У келиши билан ҳамма Жаҳоннинг истиқболига чиқди. Жаҳон улар орасида акаси Сомонни кўрмагач, «отамнинг ёнида бўлса керак», деб ўйлади. Саройнинг маҳрам ходими олдига етгач, ундан отасининг аҳволини сўради. «Шукур, яхшилик худосининг марҳамати билан отангиз дурустлар»,— деди ходим. Жаҳоннинг кўнгли бир оз таскин топди, лекин у ҳамон тик турган чўрилар ва хизматкорлар орасидан юриб, отасининг хонаси томон ошиқарди. Гилам ёзилган даҳлиздан ўтиб, отаси ётган хонанинг эшигига етди. Тезроқ уни ўз кўзи билан кўриш, соғлиғини билиб хотиржам бўлиш учун шошарди қиз. Эшик олдида бичилган мамлуклардан[8] махсус бир қоровул турарди.
У Жаҳонни кўриши билан ҳокимнинг ҳузурига югуриб кирди-да, Жаҳоннинг келганини хабар қилди, сўнг қайтиб чиқиб, пардани кўтарди ва Жаҳоннинг кириши учун рухсат берилганини айтди.
Жаҳон ов кийимларини ва бошидаги рўмолини ечмай, лов-лов ёниб турган ташвишдан яна ҳам гўзаллик касб этган юзи ва бўйнини очган ҳолда отасининг ётоғи ёнига борди. Унинг кўзлари чақнар эди.
Ҳоким тетик, ҳали олтмишдан ошмаган киши эканига қарамай, бетобликдан анча ўзини олдириб қўйган, кўкрагига тушиб турган соқоли оппоқ оқарган, кўзи ич-ичига ботиб кетган, юзида ажинлари кўпайган, лекин салобати сира камаймаган эди. Интизор бўлиб ётган пайтида қизи етиб келганини билган отанинг кўзлари ёришиб кетди. У обнус[9] ёғочидан ясалган, кунгураларига фил тиши қадалган каравот устида чалқанча ётарди.
Бошида кичик салла, устида зар билан қавилган ипак кўрпа, ярим белидан юқори томонга қимматбаҳо саммурий[10] пўстин ташлаб қўйилган. Енги шимарилган бўлиб, озиб кетган икки қўлини кўрпадан чиқариб ётарди.
Жаҳон эшикдан ичкари кириши билан тўғри отасининг каравоти ёнидаги токчага қўйилган олтин маъбуда томон бориб, оташпарастлар одатича бўйнини эгиб, унга топинди. Уйнинг ўртасида шифтга осилган чироғдан ташқари маъбуда олдига ҳам шам ёқиб қўйилганди. Жаҳон ибодатини тамом қилиб бўлгач, каравот ёнига бориб тиз чўкди-да, отасининг қўлини ўпиб, юз-кўзларига сурта бошлади.
Отасининг ҳолдан кетгани Жаҳонга анча таъсир қилган бўлса ҳам, унга далда бериш учун ўзини маҳкам ушлашга ҳаракат қиларди. Отага чуқур муҳаббат ва буюк эҳтиромини очиқдан-очиқ баён қилиб турган қизнинг кўзлари кулмаса ҳам, лаби жилмаярди.
Отаси уни кўриши билан кўзига ёш олди-да, берироқ кел, дегандек икки қўлини чўзди. Жаҳон отасининг бағрига ўзини ташлаши билан ота уни ўпиб, муаттар соч ва бўйинларини ҳидлади. Отамни тирик кўраманми-йўқми, деб қаттиқ хавфсираган Жаҳон беморнинг иссиқ нафасини, соч-соқоллари тикандек ботишини сезиб, унинг соғайиб кетишига умид боғлади. Ҳоким ўзини дадил тутди, икки тирсагига таяниб ўрнидан турди ва ёстиққа суяниб ўтириб олди. У қизига қараб: «Ёнимдаги кўрпачага ўтир», дегандек ишора қилди. Жаҳон кўрпачага ўтириб: «Дада, қалайсиз?» — деб аҳволини сўради. «Яхшилик худоси — меҳрибон Урмузднинг марҳамати билан дурустман, ёмонлик худоси яхшилик худосидан ғолиб чиқиб, сени кўролмай қоламанми деб кўрққан эдим, чунки дардим зўрайиб, дармоним қуриб, жуда ҳолсизланиб қолган эдим. Лекин саройга қайтганингни эшитиб, анча соғайиб қолдим. Қизим, бу дунёда менинг бахтим, овунчоғим фақат сенсан. Энди саройдан ҳеч қаерга жилма, сени кўриб турсам, кўнглим таскин топади», — деди.
Бемор ётган кекса отасининг куйиб-пишиб гапирганига раҳми келган Жаҳоннинг кўзидан икки томчи ёш тўкилди. Қизнинг кўз ёши отасига таъсир қилмай қолмади. Ўлимидан кейин қизининг тақдири нима бўлишини кўз ўнгига келтирган отанинг меҳри жўш уриб, йиғлаб юборди. Ўпкаси тўлиб турган қизининг ҳовурини пасайтириш учун у ўз ҳаяжонини яширишга уринарди. Отанинг кўнглидан ўтаётган хаёлларни сезган қиз ўзини маҳкам тутиб, жилмайди ва «Меҳрибон яхшилик худосига шукур, сизнинг соғайиб кетишингизга аминман», — деди-да, маъбудани кўрсатиб: «Мен дардингизга шифо бериб, касалингизни даф қилишни шу санамдан илтижо қиламан, унга ёлвораман, у албатта муродимни беради», — деди.
— Мен коҳинни[11] топиб келиш учун аканг Сомонни юбордим. У келса, ҳаммамиз биргаликда дуо қилишамиз.
Отасининг дуога — ибодатга рағбат этганини кўрган Жаҳоннинг ташвишлари бир оз пасайди, кўнгли таскин топгандай бўлиб сўради:
— Коҳин шу оқшом келадими? — Ҳоким оғир бир уҳ тортди: «Уни топиб кел, деб акангни юбордим, лекин олиб келишига ақлим етмаяпти. Чунки у бирор ишни мен буюргандек қилиб бажариб келган эмас». Ҳоким шундай таъна гапни айтганига пушаймон қилди шекилли: «Майли, бугун келмаса, эртага келар», деб илова қилиб қўйди.
Отаси акасидан норози эканини Жаҳон сезди. Буни у анчадан буён пайқаб юрган бўлса ҳам, сабабини билолмасди.
Жаҳоннинг зийрак ва ҳушёрлигини билган отаси, «қизимнинг кўнгли бузилмасин», деб Сомондан норозилигини ундан яширди.
Ота-бола бир оз сукут қилиб туришди. Кейин ҳоким ўзини ўнглаб олиб:
— Қизим, Жаҳон, хонангга бориб кийимларингни кийиб, овқатингни егин, мен анча дурустман, уйқум ҳам келиб қолди, — деди.
Жаҳон ўрнидан турди:
— Дадажон, қиладиган юмушлар бўлса айцангиз, бажариб, ундан кейин хонамга кетардим.
— Йўқ, қизим, ҳеч бир юмуш йўқ, бориб дам олгин, худонинг паноҳига топширдим. Эрталаб коҳин келса, бирор янгилик эшитиб қоларсан, — деди бемор.
«Отамнинг, эртага бир янгилик эшитиб қоларсан, деган гаплари нимаси, қандай янгилик бўлиши мумкин!» деган фикр Жаҳонни не-не хаёлларга олиб борди, аммо у аниқ бир фикрга кела олмади. Ҳар ҳолда отаси Афшинни тилга олмагани қиз учун шодлик эди. Жаҳон Зирғом номини қистириб кетадиган бирор гап бошламоқчи бўлди. Отаси йигитни мақтагудай бўлса, унга кўнгли борлигини дарров айтиб қўя қолишни дилига тугиб қўйди. Лекин бундай гапларни отаси олдида гапириб одатланмагани учун «майли, Зирғомнинг ўзи келганида гапираман», деб аввалги фикридан қайтди-да, ҳоким олдидан чиқиб кетадиган бўлди.
Ҳали Жаҳон уйдан чиққанича йўқ эди, эшик олдидаги соқчи кириб «Сомон келди» деб хабар берди. Унинг номини эшитгач, ҳокимнинг туси ўзгариб, «майли, кирсин», деди. Сомон ичкари кирди. Уни кўрган киши Жаҳоннинг акаси эканига сира ишонмасди. Сомон ҳокимнинг синдлик[12] бир чўрисидан туғилган бўлиб, саккиз ёшида онадан етим қолганди. Шундан кейин отаси Кавказга бориб, у ерда бир черкас қиз билан учрашиб, яхши кўриб қолган ва унга уйланган эди. Фарғонага қайтиб келгандан кейин ҳокимнинг черкас хотини эгизак қиз туғиб беради. Ўша икки қизнинг бири Жаҳон эди. Икки қизни ёш қолдириб она вафот этди, болаларининг тарбиясини ота Ҳайзуронга топширди. Қизлар ҳусну латофатда оналарига ўхшаш баркамол эди. Xотинини ниҳоятда севган ота қизларини ҳам севди, бошқага уйланишни мутлақо истамади. Аммо уч ёшга тўлар-тўлмас қизларнинг бири йўқолиб, Жаҳоннинг танҳо ўзи қолди. Отанинг бутун муҳаббати Жаҳонга ўтди.
Қизнинг йўқолиши ўлим туфайли эмас, бошқа бир важдан юз берган. Аллақандай бир от келиб, уни олиб қочиб кетганди. Туркистонда бир тўда ўғрилар бўлиб, улар ўз отларини болалар ва уй-рўзғор буюмларини олиб қочишга, олисда кутиб турган ўғриларга етказиб беришга ўргатишарди. Ўшандан бери фарғоналиклар ўз болаларини шу қабилда олиб қочилишидан эҳтиёт қилиб юрадиган бўлишган.
Ҳоким эса қизнинг йўқолиш сабабини бошқача гумон қилган. Лекин бу гумонини ҳеч кимга айтмагану, ўша вақтдан бошлаб Сомондан кўнгли қолган.


* * *
Сомон пастки иягида битта-яримта кўринар-кўринмас кўса соқолли, юзи яссидан келган йигит. Уйқудан турган кишининг кўзидек икки кўзининг оқига қизил аралашган. Бундан ташқари у ғилай бўлгани учун сизга қараганда шифтга ёки эшикка қараяпти, деб ўйлайсиз. Кўзи ҳамма вақт аланг-жаланг. Сиз билан сўзлашаётганда ерга қараб туради ёки қовоқларини чимирганча бошқа томонга қараб гапиради. Бир нарсадан қўрққандек, лаблари пириллаб учиб туради. Гап бошладими, сўзлари бири иккинчисига уланиб кетаверади. Шу билан бирга, у ҳийлакор, алдамчи, ўзидан бошқага ҳеч нарсани раво кўрмайдиган худбин одам.
Отаси унга кириш учун ижозат бериши билан бошида ипак қалпоқ, эгнидаги бутун жасадини қоплаган узун тўни этагига чалишиб кетгудек бўлиб чопиб ичкари кирди-да, ҳоким ҳузурида тик турганча: «Киршоншоҳга[13] бордим, лекин у ерда коҳинни топмадим. Айтишларича, у эртага эрталаб келармиш, нима қилай? Уйига бориб, уни топиб келайми?» — деди.
Ҳоким энсаси қотиб:
— Бу ерга қайтиб келиб ўтирмай, уни топиб кела қолсанг бўларди-ку, майли, эртага бошқа одам юборамиз, бор, ишингни қилавер, — деди.
Отасининг Сомонга қилган муомаласидан Жаҳоннинг: «Демак, отам уни яхши кўрмас эканлар», деган гумони яна ортди. У илгари бундай муомалани кўрмаганди.
— Унинг худди шу кечаси сизга зарурлигини билганимда, қаердан бўлса ҳам топиб келган бўлардим, бўлмаса ҳозир яна бориб кела қолай? — деди Сомон.
Сомон гапираётганда отаси тикилиб турганди, у гапини тугатиши билан юзини бошқа ёққа бурди-да: «Йўқ, керак эмас, мени ўз ҳолимга қўй, озгина дам олмоқчиман», — деди.
Сомон энгашиб отасининг икки қўлини ўпди-да, юрган йўлида қоқилиб-суқилиб, чиқиб кетди. Жаҳон тик турганича гоҳ отасига термулар, гоҳ икки кўзига ёш олиб, маъбуда ёнидаги шамга тикилар эди. Жаҳон отасининг лаб қимирлатишидан кўнглидаги яширин бир сирни айтмоқчи бўлаётганини пайқаб, каравотга ўтирди-да, унинг қўлини ушлади. Ундан совуқ тер чиққанини, сал қалтираётганини сездида: «Дада, менда ишингиз борми ёки кетаверайми?» — деб сўради. У ёстиғини тузатаркан: «Қизим, кетавер..., йўқ..., тура тур..., майли, кетавер, бориб дам ол!» — деди. Жаҳон ташвишланиб:
— Дада, сизга нима бўлди? Акам Сомон айтганингизни бажармагани учун хафа бўлдингизми? У мақсадингизни яхши тушуна олмабди, холос, — деди.
Ҳоким бошини бир силкиб қўйди.
— У менинг мақсадимни тушунмабди, лекин мен унинг мақсадини тушундим. Ҳисоб вақти яқинлашди... — У шундай деди-ю, ётиб, ухлаш учун чойшабни икки елкасига кўтариб олди. Энди отаси бу тўғрида кўп гапираверишни истамаганини сезган Жаҳон унинг чойшабини тўғрилади-да, қўлини ўпиб чиқиб кетди. У акасини ўйлаганча ўз хонасига борди. Ҳайзурон уни уйда кутиб ўтирарди. Келиши билан юқорига олиб, отасининг аҳволини сўради, «Кийим-бошларингни алмаштириб, ўрнингга бориб ухла», деди.
Жаҳон ҳамон тик турарди. Унинг хаёли Зирғомда эканини пайқаган Ҳайзурон тасалли берди:
— Ҳамма жой-жойига кетди, боғчада ҳам, айвонда ҳам чироғлар ўчирилди, Зирғомдан ҳануз дарак йўқ, балки эртага келиб қолар.
Бу гапдан қаноат ҳосил қилган Жаҳон унинг ёрдами билан кийимларини алмаштирди, шундан кейин Ҳайзурон хайрлашиб, чиқиб кетди. Жаҳон энди ўрнига ётай деб турганида бир ходима кириб: «Сомон келди, сиз билан гаплашмоқчи, ҳузурингизга киришга рухсат сўраяпти», — деди.
Сомон келганини эшитган Жаҳон хурсанд бўлиб кетди, чунки отасининг унга қилган муомаласи Жаҳонга ғалатироқ туюлганди. Сомон ғамгин, хафа ҳолда кирди. Унинг эзилганини кўрган Жаҳоннинг раҳми келиб, очиқ чеҳра билан кутиб олди ва «Дадамнинг муомалаларидан хафа бўлманг, бетобликдан кўнгилларига қил ҳам сиғмайди», — деди. Сомон ўгай синглиси Жаҳоннинг гапига жавоб қайтармай, бўйнини эгиб кўрпага ўтирди. Унинг юзларидан қуйилаётган ёшни кўрган Жаҳон таъсирланди. Қизнинг одамийлик меҳри ақли ва сезгирлигидан устун келиб: «Ака, нега йиғлаяпсиз?» — деб сўради.
Сомон бошини кўтариб, бўғиқ овози билан деди:
— Мендан сўраб нима қиласан, воқеани ўз кўзинг билан кўриб, қулоғинг билан эшитдинг-ку, ахир!
— Дадам сизга нима деган бўлсалар, ёмон ният билан эмас, касалликлари туфайли дедилар. Сизни яхши кўрадилар, сиздан бўлак ўғиллари йўқ, ахир у кишининг номи сизда қолади ва сиз...
Сомон унинг сўзини бўлди:
— Дадам, эҳтимол, мени яхши кўрарлар, лекин ўзим бахцизман. У кишининг хизматларида жонимни фидо қиламан. Ўзлари коҳинни айтиб келишни менга буюрганлари йўқ эди, лекин «бир киши бўлса, коҳинни топиб келарди», деганларини эшитиб, «мен бора қолай» деб ўзим кетган эдим. Қачон бўлса, менга тескари қараганлари-қараган, мендан норози бўлиб кетмасалар, деган ташвишдаман.
— Дадам, сиздан розилар ёки албатта рози бўладилар, хотиржам бўлаверинг, — тасалли берди Жаҳон.
— Сен мени ҳурмат қилишингни ва дадамни мендан рози қилиш ҳаракатида эканингни яхши биламан. Лекин у кишининг кўнгилларини бошқалар бузяпти, ўзлари оқ кўнгил бўлганлари учун, ким нима деса, ишонаверадилар,— деди-ю, яна Жаҳонга малол келмасин деб, ўрнидан туриб, чиқиб кетмоқчи бўлди. Жаҳон уни тўхтатиб: «Ака, орабузар, иғвогар деб кимларни айтмоқчисиз?» — деди.
— Дин номидан ақлимизни ҳам, дилларимизни ҳам, молларимизни ҳам асир қилганларни айтмоқчиман, — деди Сомон.
Гапидан у ибодатхона ходимлари — коҳин ва сўфиларни айтмоқчи бўлганини Жаҳон пайқади-да, унга: «Ҳа, тушундим, «ҳали коҳинни топмадим» деб жўрттага ёлғиз қайтиб келганингиз ҳам шунинг учун экан-да», — деди.
Сомон йўталиб олди-да: «Атайлаб қилганим йўқ, ростдан ҳам уни ибодатхонада топмадим, лекин бошқа ерга бориб, қидириб ҳам ўтирмадим, чунки уларнинг номуборак қадами уйимизга еца, бирор ярамас иш чиқармай кетмайди», — деди.
Жаҳон унинг гапини бўлди:
— Бу фикрингизга қўшилмайман, чунки коҳинлар биз учун ибодат қилишади, улар биз учун барака, бошимизга тушган ҳар бир фалокатни уларнинг ёрдами билан даф қиламиз. Бундан ташқари отамиз уларга ихлос қўйганлар, у кишига зид иш қилишимиз дуруст бўлмайди, албатта.
— Уларнинг ичида баъзи дуруст одамлар ҳам борлигини инкор қилмаймиз, — деди Сомон, — лекин баъзилари борки, ўлгудай тамагир. Ҳамма нарсага човут солаверишади. Эй, қўйсанг-чи, ҳозир улар тўғрисида гапиришнинг нима кераги бор. Менга энг кераги отамнинг мендан кўнгиллари қолмаслиги.
— Бу ёғини менга қўйиб беринг-да, бемалол бориб ухланг, — деди Жаҳон.
Сомон бошини эгиб, ғамгин чиқиб кетди. Аммо Жаҳон ўрнига чўзилди-ю, кечани хаёл денгизига ғарқ бўлганча мижжа қоқмай ўтказди.

Зирғом Билан Жаҳон
Жаҳон бугун барвақт уйғонди-да, гулдор атлас пешматини ёпиниб, отаси ҳузурига борди. Отаси ўз каравотида ўтирганди. Унинг аҳволи кечагига қараганда бирмунча дуруст эди. Жаҳон шодланиб: «Дада, тузукмисиз?» деб сўради.
— Яхшилик худосига минг қатла шукурки, бир оз дурустман, бу кеча тинч ухладим. Ҳозир анча бардамман. Афшин Фарғонага келган, келмаганидан хабаринг бўлмадими? У байрам муносабати билан келадиган эди.
Жаҳон Афшин номини эшитиши билан сесканиб тушдида: «Билмадим, эҳтимол, келгандиру, лекин биз томонда кўрингани йўқ», — деди.
— Бирор киши уни суриштириб келсамикин?
— Ундан хабар топиб келсин десангиз, албатта одам юборамиз. Лекин Фарғонага келган бўлса, таклифимизни кутиб ўтирмай, ўзи бизникига келган бўларди.
— Тўғри айтдинг, қизим, аканг коҳинни чақириб келишга кетдими?
— Уни қидириб саҳарлаб чиқиб кетган эдилар. Кеча кечаси уни топиб келолмаганим учун дадам мендан ранжидилар, деб кўп ўксиндилар.
— Ундай бўлса яхши, қайтиб келиб қолар, — деди чол. Сўнг илтимос қилди: — Ўз қўлинг билан менга сув бер, қизим.
Жаҳон севинганича чиқиб кетди, бир пиёла сув олиб келиб дадасига узатди. Дадаси сувни ичиб бўлар-бўлмас эшикдаги соқчи кириб: «Ироқдан келган бир меҳмон йигит ҳузурингизга киришга рухсат сўраяпти», — деди.
— Бу меҳмон албатта Афшин бўлиши керак, — деди ҳоким ҳаяжон ичида ва ўз одатига хилоф равишда меҳмоннинг кимлигини суриштириб ўтирмай, «Кираверсин!» деди. Жаҳон шу пайтда бу ерда бўлганидан афсусланди. Қани энди девор тарс ёрилса-ю, бу ердан чиқиб кета қолса, лекин дадасини ўйлаб, тишини тишига қўйди. Жаҳон ичидан зил кеца ҳам, ҳаракатидан сездириб қўймаслик учун ўзини дадил тутар, бардош бериб ўтирарди.
Эшик соқчиси пардани кўтарди-ю, меҳмон ичкари кирди. Уни кўрган Жаҳоннинг юраги дук-дук уриб, бирдан гулдай очилиб кетди, чеҳрасидаги аввалги ғам-қайғудан асар қолмади. Келган меҳмон Афшин эмас, Зирғом эди. Уни кўриш билан ҳоким табассум қилиб, деди: «Хуш келибсан, ўғлим Зирғом, мен дўстимиз Афшин келдимикин деб ўйлагандим. Сен Ироқдан келяпсанми?»
— Балли, сайидим, Ироқдан келяпман, — деди Зирғом.
— Афшин ҳам сен билан келдими?
— Йўқ, у мен билан келгани йўқ, аммо Ироқдан чиқаётган куним унинг ҳам Ушрусанага келиш нияти бор деб эшитган эдим. Келган бўлса ҳам ажаб эмас.
Зирғом ўттиз ёшлар чамасидаги, хушбичим, хушфеъл, ўрта бўйли, тўладан келган, елкалари ва манглайи кенг, кулча юзли йигит эди. Унинг кўзларида ботирлик, саховат ва ростгўйлик барқ уриб турарди. Йигит бошидаги қирмизи қалпоғи устидан қора салла ўраб олганди. Эгнига ҳаво ранг камзул кийган, унинг устидан олтин дастали қилич тақилган. Арғувони ипакдан тикилган шим, камзули устидан қора чакмон кийган. Қадди-қоматидан зўр паҳлавонларга ўхшаб кетарди. Бир ерда тикка турган бўлса, уни ўрнидан силжитиб бўлмайдиган тоғ деб фараз қиласиз.
Зирғом ҳокимнинг ҳузурига кирар экан, у ерда Жаҳонни ҳам учратиши хаёлига келмаганди. Жаҳон қанчалик ҳаяжонланган бўлса, Зирғом ҳам шунчалик ўзини йўқотиб, қизга нима дейишини билмай қолди.
Кўзи Зирғомга тушиши билан Жаҳон ҳиссиётларини қандай яширишни билмай қолди. У юрагининг дук-дук ураётганини, вужудидаги титратмани бир амаллаб яширса ҳам, чеҳрасида ва кўзларида намоён бўлган зўр хурсандлик белгиларини яширишга сира чора тополмасди. У отасининг дардини ҳам унутиб қўйди. Унинг бутун фикр-ёди севгилисига отаси қиладиган муомала билан банд. Отаси Зирғомни муборакбод қилаётганини кўриб, Жаҳон шодланиб кетди. У маъбуда ёнидаги устунга суяниб турар, маъбуда устидаги чангни артиш билан бутун вужудини қамраб олган ҳаяжонни яширмоқчи бўларди. У Зирғомдан юзини бекитмади, зотан, фарғоналик аёллар ўша вақтларда паранжи-чиммат ёпинишмасди, Жаҳон ҳам юзини тўсишни ўзига ор деб биларди.
Ўз севгилиси билан тасодифан учрашиб қолган Зирғомнинг қанчалик шодланганини асти сўраманг. У ҳокимга салом бериб, энгашиб икки қўлини ўпди. Бу билан ҳаяжонини бирмунча яширишга муваффақ бўлди.
Ҳокимнинг амри билан Зирғом бир кўрпачага, Жаҳон иккинчи кўрпачага ўтиришди. Ҳокимнинг ҳол-аҳвол сўраб берган саволларига жавоб қилганидан кейин у: «Байрам билан сизни ҳаммадан аввал муборакбод қиламан деб шошилиб келгандим, бетоб эканингиздан бехабар эканман. Тезроқ тузалиб, кўрмагандек бўлиб кетинг», — деди.
— Бугун эрталабдан бери яхшиман, сени кўриб шодлигим яна зиёда бўлди. Сени қанчалик севишимни ўзинг яхши биласан.
Зирғом унга ташаккур айтиб, энгашиб қуллуқ қилди. Ҳокимнинг меҳрибончилигидан у хушнуд бўлди, лекин Жаҳоннинг шодлиги олдида унинг хушнудлиги ҳеч нарса эмасди. Жаҳон севинганидан юраги дук-дук урар, дадасининг гапларини жон қулоғи билан тингларди. Зирғом ҳокимга миннатдорчилик билдирди:
— Жаноб ҳокимнинг илтифотларидан бениҳоя миннатдорман. Тарбиянгизда бўлган чоғимдаёқ лутфу марҳаматларингиздан бошим кўкка етган эди.
Зирғомнинг мақтовларидан хижолат тортган ҳоким: «Сен тўғри Ироқдан келяпсанми?» деб сўради.
— Балли, жаноб ҳоким, Фарғонага кеча кечқурун етиб келдим.
— Ироқда одамларнинг аҳволи қалай?
— Ҳамманинг ўзига яраша бир ташвиши бор, ҳамма бир-биридан, ҳатто дўстларидан ҳам хавфсирайди, ўзини эҳтиёт қилмоқчи бўлади, бошқа миллат аскарларидан ёрдам истайди. Аммо шу кунларда пешқадамлик турк аскарлари қўлига ўтиб боряпти, — жавоб берди Зирғом.
— Янги халифа Муътасим[14] ўз халифалигини мустаҳкамлаш учун турк тоғларидан ёрдам сўраганидан, улар шу жумладан Ушрусана ҳокими Афшин ҳам, сен ҳам унга ёрдам кўрсатганларингдан хабарим бор, — деди ҳоким.
Ҳоким Афшин қатори ўз номини тилга олганидан тўлқинланиб кетган Зирғом бундай деди:
— Xалифаликни ҳимоя қилишда Афшиннинг хизматлари катта, мен эса ҳали бирор арзигули иш қилганим йўқ.
Ҳоким унинг сўзини бўлди:
— Ботирлик, саховатинг сени яқинда баланд мартабаларга эриштиради. Зўр қаҳрамонликлар кўрсатганинг учун халифанинг аскарлари ўртасида анча-мунча обрў қозонибсан.
Зирғом қувониб кетди:
— Сиз жаноб ҳокимнинг марҳаматлари билан камина соқчилар бошлиғи бўлдим.
— Xалифа соқчиларининг бошлиғи бўлдим дегин? — ҳоким сўради.
— Балли, жаноб ҳоким, шундай...
Ҳокимнинг чеҳрасида шодлик аломати кўринди ва Зирғомнинг шитоб билан юқори мартабага кўтарила бошлагани ҳақидаги суҳбатга Жаҳонни ҳам аралаштирмоқчи бўлиб унга қаради. Жаҳон эса Зирғомга тикилганича, унинг гапларини завқ билан тингларди. Агар ҳоким шу пайтда унинг кўксига қулоқ солиб кўрса борми, юрагининг қаттиқ ураётганини албатта эшитган бўларди. Жаҳон отасига бир қаради-да, бошини эгди. Унинг жавдираб турган кўзларидаги маънони Зирғом пайқаб турган бўлса ҳам, ҳоким тушунмади.
Ҳоким яна аввалги сўзини давом эттирди:
— Демак, ҳозир Ироқда турк аскарларидан анча бор, дегин.
— Ҳа, йигирма мингдан ҳам ортиқ бўлса керак, уларнинг орасида Фарғона амирларининг фарзандлари — ахшидлар ва бошқалар ҳам бор, — деди Зирғом.
Ҳоким мулоҳазасини айтди:
— Ўйлашимча, халифанинг онаси турк бўлгани учун аскарликка уларни кўпроқ олишга уринган.
— Эҳтимол, бу ҳам сабаблардан биридир, — деди Зирғом, — лекин асосий сабаби ўзингизга маълумки, мусулмонлар давлати аслида араблардан келиб чиққан. Мамлакатларни забт этиш учун бошланган юришлар пайтида ҳамма аскарлар араблардан бўлган. Улар бир қанча мамлакатларни забт этиб, ўз давлатларини тузишган Амавийлар даврида ҳам кўпчилик аскар араблардан эди. Кейин эронликлар аббосийларга ёрдам бериб, Аббосий давлатини ташкил этишда ўз ҳиссаларини қўшишди. Шунинг учун эронликларнинг иши олдинга босиб, арабларнинг иши кетига кетди. Собиқ халифа Маъмун[15] давригача эронликларнинг иши ривож топди. Давлат арбоблари ҳам улардан бўлди, айтганлари айтгану, деганлари деган бўлиб қолди. Ислом дини пайдо бўлган даврдан бошлабоқ ҳокимиятни Эрон шоҳлигига қайтариб олиш учун улар қилиб келаётган хатти-ҳаракатлар сизга сир эмасдир албатта, жаноб ҳоким.
Ҳокимнинг чуқур хўрсинишидан форс давлатининг қўлдан кетгани учун қайғураётганини Зирғом сезса ҳам, ўзини билмасликка солиб, гапини давом эттирди:
— Xалифалик Муътасим қўлига ўтгач, у эронликлардан чўчиди, хусусан, улар акаси Аминни[16] ўлдириб, халифаликни унинг ўгай укасига — форс аёлидан туғилган Маъмунга олиб беришганда, Муътасимнинг ташвиши кучайган эди. Чунки Маъмун вафотидан кейин халифалик мерос тарзида эронликларга ўтиши лозимлигини у яхши биларди. Шунинг учун Муътасим ҳам шаҳар шароитига унча кўникмаган, бардошли бир миллатдан аскар тўплаб, форсларга қарши куч йиғиш тараддудига тушди. Унинг бу режасига турклар мос келгани учун уларни аскарликка сафарбар қила бошлади.
— Турк аскарлари Бағдоднинг ўзида истиқомат қилишадими? — сўради ҳоким Зирғомдан.
— Улар яқин фурсатгача Бағдодда яшаб туришувди, лекин бағдодликлар билан ораларида келишмовчилик юз бергани, кўчаларда уларга озор беришлар, баъзан ўлдиришлар содир бўлганлиги туфайли Муътасим уларнинг ўзларига алоҳида шаҳар қуриб берди ва унга Сурра Ман рао[17] деб ном қўйди. У ерда кўчалар очтирди, ҳар бир оилани алоҳида жой билан таъминлади, турли ҳунар эгалари учун алоҳида раста ва савдо дўконлари ажратиб берди. Бундан ташқари, у ерда кўплаб қасрлар, иморатлар қурилиб, сув чиқарилди. Марказ Бағдоддан Сомуррога кўчибди деган овоза халқ орасида тарқалиб, савдогарлар хўжалик анжомлари билан, бошқа халқ истеъмол моллари билан бу ерга кела бошлади, шаҳар анча обод бўлиб кетди.
Бундай сиёсат ва тадбирдан ажабланган ҳоким сўради:
— Ҳа, ҳа, демак, у ер жуда катта шаҳар бўлиб кетди дегин-а, турклар ўз динида қолдими ёки мусулмон динига киришдими?
— Улардан кўпчилиги зардуштлик динида эканлиги жанобларига маълум, лекин ҳозир улар исломни қабул қилишган. Аскарларнинг куч-қудратини камайтирмаслик учун халифа кўрган ғалати тадбирлардан яна бири — уларни шаҳар аҳолисидан четлатиб, ерли аёлларга уйланишни ман қилгани ва Туркистондан турк аёлларини келтириб, шуларга уйлантириш ҳаракатида эканидир. Xалифа чўри аёллар сотиб олиш учун Фарғонага анча одам юборди. Шу вазиятдан фойдаланиб, мен ҳам улар билан бирга келдим.
Ҳоким: «Ўғлим, келганингдан жуда қувондим, бошим осмонга етди. Байрам олдидан сени кўришни яхшилик худоси ўзи муяссар қилди», — деди-да, ранги ўзгариб кетди ва юзларида хафалик аломатлари пайдо бўлди. Йиғлаб юбормаслик ва ҳаяжонини яшириш учун у йўталди, мўйловини, юз-кўзини силаб қўйди. Шу орада Жаҳон ва Зирғом бир-бирлари билан оҳиста кўз уриштириб олишди.
Жаҳон отасининг Зирғомга қилаётган ширин муомаласидан севинаётган бўлса ҳам, ҳокимнинг умидсизланишидан бир оз ташвишга тушиб қолди. Отасининг Зирғомга бу хайрихоҳлиги мангу бўлишини истарди у. Зирғом ўзининг умр йўлдоши бўлишига отаси қаршилик қилмаслигига ҳам Жаҳон тўла ишонганди ва қулай пайт келди дегунча шу гапни унга айтишни кўнглига тугиб қўйганди.
Зирғомни гапга солиш учун ҳоким:
— Онанг қалай? — деб сўради.
— Xудога шукур, жуда яхшилар, ҳамиша жанобингизни ва бизга қилган марҳаматларингизни эслаб турадилар. Сайида Жаҳонни тилларидан қўймайдилар, у кишига ихлослари жуда баланд.
Зирғом билан гаплашишга маврид кутиб турган Жаҳон:— Бечора Офтоб хола, у кишини онамдек яхши кўраман, у кишидек қалби пок аёлни учратмаганман. Офтоб хола менинг овунчоғим эдилар, — деди.
Ҳоким бир нарсадан чўчигандек, бирдан жойидан қўзғалди-да: «Сомон қаерда? Коҳинга бордими? Дарров олдимга чақириб келинглар. Сомонга инониб бўлмайди», — деди. Кейин бошини шундай сарак-сарак қилдики, бундан аллақанча маъно англашиларди.
Зирғом ирғиб ўрнидан туриб: «Коҳинни мен чақириб кела қолай, у кишини танийман, уйларини ҳам кўрганман»,— деди. Ҳоким эътироз билдирди:
— Йўқ, овора бўлма, қасримизда нима кўп — хизматчи кўп. Сомоннинг ўзи, мен бориб келаман демаганда, улардан биттасини аллақачон юборган бўлардим.
— Отамнинг буйруқларини ўзим бажариб келаман, деб Сомон жуда яхши иш қилган, агар жаноблари рухсат берсалар, ҳали ҳам бўлса мен бориб кела қолай, — деди Зирғом қўзғалиб. Ҳоким унинг сўзини бўлди:
— Йўқ, сен борма.
— Бўлмаса, мен содиқ хизматчимни, узр, ўртоғимни юбора қолай. У ҳар нима қилиб бўлса ҳам буюрган ишимни кўнгилдагидек бажариб келадиган киши, — деди Зирғом ва ташқари чиқиб:
— Вардон! — деб чақирди. Қирқ ёшлар чамасида, юриш-туриши чаққон, сийрак соқолли бир киши ҳоким олдига югуриб кирди. Унинг бурни, бутун қиёфаси армани эканини билдириб турарди. У яқингинада Сомуррода Зирғомнинг хизматига кириб, орадан сал фурсат ўтмасданоқ ўзининг фасоҳати, тиришқоқлиги туфайли унга ёқиб қолганди. Зирғом у билан ўз дўстидек муомала қиларди. Унинг бошида юмалоқ салла, эгнида калта шим ва қўй терисидан тикилган пўстин. Зирғомнинг олдига келиши билан, Зирғом ундан:
— Кеча кечқурун бир оташхона ёнидан ўтгандик, тепасида чироғлар ёниб турган ва байроқлар осилган эди. Ўша ерни топиб бора оласанми? — деб сўради.
— Ҳа, албатта, топиб бораман, — деди Вардон.
Зирғом:
— Ундай бўлса ўша ерга бориб, коҳинни излаб топасан-да, унга «Ҳоким сизни сўраяптилар, ҳозир борар экансиз», деб айтасан, кейин ўзинг билан бирга олиб келасан, — деди. Xизматкор:
— Xўп бўлади, — деб чиқиб кетди.
Жаҳон эса Зирғом билан сўзлашиш, азалий муҳаббат баҳсига кўчишга ошиқарди. Анча вақтлик ҳижрондан кейин ўз севгилиси висолига етишган ошиқ гаплашган билан гапи тамом бўлмаслиги табиий. Жаҳоннинг кўнглида ҳам Зирғомга асраб қўйган гаплари қанчадан-қанча. Шундай экан, у билан суҳбатлашишга ошиқса, бунинг сира ҳам ажабланадиган жойи йўқ.
Зирғомнинг эҳтирослари ҳам Жаҳонникидан кам эмасди. Қай йўл билан шу улуғ орзусига етиш мумкинлиги устида боши қотиб турган бир пайтда, ҳоким Жаҳонни чақириб:
— Xизматчи Меҳтарга айт, Зирғомни қасрга жойлаб, ҳамма зарур нарсани муҳайё қилиб, кейин менинг ҳузуримга келсин, коҳин келгунча у билан гаплашиб оладиган озгина гапим бор, — деди.
Жаҳон отасининг буйруғини бажариш учун чиқиб кетаётганда Зирғом ундан бурунроқ у ўтадиган махсус залга чиқиб турди.
Вардон ҳоким саройидан чиқиб кетаётганда байрам либосидаги жуда кўп кишилар сарой эшиги олдида туҳфалар кўтариб турганини кўрди. Улар ҳоким ҳузурига кириш учун рухсат кутиб туришганди. Вардоннинг чиқиб келаётганини кўриб, нега шошилаётганини сўрай бошлашди. Баъзилари ундан ҳокимнинг кайфиятини сўради. Лекин Вардон уларга жавоб қайтармай, югурганича кўчага чиқди. Кўча эса байрам тараддудида, қўлларида ҳўл мева ва қант-қурс кўтарган, бир-бирларини муборакбод қилишаётган кишилар билан гавжум эди. Вардон буларнинг ҳеч бирига алаҳсимай, йўлида давом этиб, оташхонага яқинлашди. Унинг қўрғони тепасида байроқлар ҳилпирар, атрофида эса оташхона хизматчилари яшайдиган ўнлаб ҳужралар кўзга ташланарди. Оташхонанинг анвойи гуллар билан безатилган эшиги олдида лиқ-лиқ одам. Вардон ўзини бу ерда зиёратга келган оташпараст қилиб кўрсатиб, тўғри оташхона ҳовлисига киради. Ҳовли саҳнига бошдан-оёқ ипакли матолар тўшалган, теварак-атрофда равоқлар бўлиб, улар заррин пардалар билан ўралган, баъзилари эса қимматбаҳо тошлар билан безатилганди.
Вардон ҳовлидан юриб, ибодат қилинадиган жойга етиб борди. Ибодатхона тўрт бурчак бўлиб, ўртасида ёпиқ бир бино, бу бинонинг ичида эса эшик ўрнида очиқ жойи бўлиб, унга беш зина билан чиқиларди. Ҳовли деворининг атрофи чўнқирлик, унда олов ёндирилиб, хушбўй гиёҳлар тутатиб қўйилган. Унинг тутуни теварак-тарофга ёйилмоқда. Қуббанинг бурчакларидаги юзлаб ўтдонлардан қўрғон тепасига тутун кўтарилиб турарди. Ҳовлининг баъзи бир томонларида доира шаклидаги идишлар оғзидан аланга кўтарилмоқда. Ибодатхона теварагида тизилган кишилар баъзиси ўтирган, баъзиси эса тик турган ҳолда ўтга топинишар, ибодат қишиларди.
Тўрда тик турган бир кишини кўрган Вардон коҳин шу бўлса керак, деб ёнига бораётганда бошига узун учли қалпоқ кийган киши йўлини тўсди. У кишини ибодатхона хизматчиларидан бири, деб тушунди Вардон. Унга қараб: «Менга жаноб коҳин керак эди, ўша юқорида турган киши қоҳин эмасмилар?» — деб сўради. Xизматчи: «Йўқ, у эмас, коҳин ҳозир бандлар», — деди.
— Ўзлари қаердалар? — сўради Вардон.
— Нима ишинг бор эди? Ибодат қилмоқчи бўлсанг, ёки табаррук ўтдан олмоқчи бўлсанг, мана бу ўтдонда ўт, бориб топинавер! — деди хизматчи...
— Йўқ, коҳиннинг ўзларида ишим бор эди.
Шундан кейин хизматчи тескари бурилиб:
— Ибодат тамом бўлгандан сўнгина у кишини учратишинг мумкин, — деди.
Вардон уни тўхтатди:
— Xафа бўлманг, жаноб, мен мусофирман. Кеча Қўқондан келдим, эшитишимча, сизлар мусофирларни ҳурматлар экансизлар.
Хизматчи хижолат тортиб унга қаради:
— Сен ибодатга ёки ўт олишга келмаганмисан? Мана, олдингда муқаддас олов ёниб турибди. Истаганингча олавер.
Вардон яна:
— Йўғ-е, сиз қандай одамсиз, ахир мен коҳиннинг ўзлари керак деяпману, сизга, — деди.
Хизматчи унга яқин келиб, қулоғига шивирлади:
— Коҳин мана бу ўнг томондаги ҳужрада улуғ зотлар билан хос суҳбатдалар. У кишининг чиқишларини кутиб тур, бўлмаса, билганингни қил.
Вардон чўнтагидан бир неча танга пул чиқариб, табассум ила унга узатди-да:
— Рухсат берсангиз, мен шу ҳужрага яқинроқ бориб, жаноб коҳиндан таважжуҳ олсам, кейин ҳужра ёнида ибодат қилсам? — деди.
Хизматчи пулларни олди-да:
— Xўп, майли, аммо эҳтиёт бўл, яна биров пайқаб қолмасан, — деди.
Вардон «албатта» деди-ю, коҳиннинг олдига кириш ва унга ҳокимнинг буйруғини етказишни мўл, ҳужра томон югурди. Эшикка яқинлашаркан, кўзи коҳинга ва унинг ёнидаги кийим-боши шай икки кишига тушди. Улардан биттаси Афшин эканини билди, аммо иккинчисини кўраркан, қўрққанидан бутун вужуди титраб кетди. Чунки у Бобак ал-Хуррамийнинг[18] муовини, Вардон учун хатарли одам бўлган Исбеҳбаз эди.
Вардон ўзича: «Бу Арманистон — Ардабилдан нима учун бу ерга келди экан? Ахир, у ер билан Фарғонанинг ораси жуда олис йўл-ку?» деди-да, қаноатланарли жавоб тополмагач, ибодат ва дуо қилган бўлиб, жойида қимирламай турди. Мажусийларнинг ўтга топинадиган хонасида мусулмон аскарларининг қўмондони Афшин билан мусулмонларнинг энг ашаддий душмани бўлган мажусий — Бобак ал-Хуррамийнинг ноиби ўртасидаги бу махфий суҳбатнинг асл сабабини била олмай ҳайратга тушди.
У озгина туриб, ҳужра орқасидаги йўлакка ўтадиган очиқ йўлга чиқди. У ерда ҳужра ичидаги одамлар кўринадиган, лекин бу ердаги одам ҳужрадагиларга кўринмайдиган битта дарча бор эди. Ўша дарчадан ичкаридагиларни синчиклаб кўздан кечирди: улар ипак гилам устида ўтиришарди, коҳин қалпоқ ва арғувон тусли узун чопон кийган. Афшин эса қалпоқ устидан салла ўраган, аммо Исбеҳбаз салласиз, қалпоқда эди. Вардон Афшиннинг Аббосийлар белгиси бўлган қора тўн кийиб, кўпинча Сомурродаги масжидда намоз ўқиб юришини кўрганди. Аммо бу ерда унинг байрамда мажусийлар киядиган арғувоний чопон кийганидан ва оташхонада ўтга топинадиган кишилар билан ҳамсуҳбатлигидан ажабланди. Исбеҳбазнинг эса мусулмон бўлмагани сабабли ўтга топиниши уни ажаблантирмади.
Вардон уларнинг гапларига қулоқ солса, коҳин: «Яхшилик худосининг ёрдами билан биз албатта енгамиз, лекин сабр қилиш керак», дерди. Исбеҳбаз эса: «Биз сабрли кишилармиз. Лекин сабр этишимиз узоққа чўзилмайди, башарти...» деди-ю, бирдан жим бўлди. Афшин: «Узоққа чўзилса ҳам, сабр қилиш фойдали, лекин биродарингиз[19] менинг тўғримда ўша эски фикрида қолиши керак», — деди Исбеҳбаз: «У сизнинг тўғрингиздаги фикрини ўзгартиргани йўқ, лекин сиз ўзларини мусулмон ёки араб деб атаётган ўша яҳудийларга кўп яқинлик қилаётганингизни кўриб, шу улуғ айём кунида сиз билан кўришиб коҳин ҳузурида ваъдангизни эслатиб қўймоқ учун юборди мени», — деди.
Афшин кулди:
— Эҳтимол, у киши мени бир неча йил муқаддам, шу ерда, Табаристон ҳокими Мозиёр ҳам бўлган вақтда қилган шартимизни унутди деб ўйлаётгандир. Йўқ, мана коҳин ҳазратлари гувоҳлар, мен аҳдимга содиқман.
Коҳин, тўғри, дегандек бош ирғади. Афшин сўзини давом эттириб:
— Мана шу оташхона гувоҳимиздир. Мен қаттиқ киришиб, маблағ тўплаяпман. Шуни дўстим Бобакка айтиб қўйинг. Xоҳ уруш, хоҳ тинчлик йўлида ташлаган ҳар бир қадамим эвазига Муътасимдан албатта бирор маблағ ундириб, уни Ушрусанадаги хазинамизга юбориб турибман. Мозиёр ҳам ўз ваъдасида турибди. У киши алоҳида сабабларга кўра бу йил биз билан кела олмади. Ваъдада қаттиқ туришимга ундаб, менга хат ёзди. Биз ҳаракатга киришувимиз биланоқ ўзи бутун Табаристон халқи билан биз томонда туриб ҳаракат қилишга ваъда беряпти. У бу давлатдан қутулиш ва форслар ҳокимиятини қайта тиклаш йўлида биздан кўра ҳам қаттиқ ҳаракат қилмоқда, — деди.
— Сизнинг тўғрингизда сайидимизнинг фикри худди шундай, лекин сиз яҳудийлардек узоқ вақт уларнинг ҳукмига бўйсундингиз, ҳатто неча марта биз билан жанг қилишга отландингиз, — деди Исбеҳбаз.
Афшин кулиб, бош силкиди:
— Ажабо, мендай одам ҳақида шу хаёлларга борилдими ҳали? Менинг ниятим дўстим Бобакка шунчалик қоронғими? Мен унга қарши урушганимда бу ёқдагилардан мақсадимни яшириш учун қилганимни у билмайдими? Фурсат келди деганча ниятимни амалга оширмай қўймайман. Орзуга эришмоқ учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз керакки, ундай орзуга на Абомуслим Xуросоний[20], на Жаъфар Бармакий[21] ва на Фазл бинни Саҳл[22] эриша олмаган. Улар шошилиб қолиб, режаларини бузиб қўйишди, аммо биз сабр қилиб, орзумизга албатта эришамиз.
Коҳин Исбеҳбазга қараб гапга аралашди:
— Шоҳнинг фикри тўғри: у кўпни кўрган киши. Сен, ўғлим, Бобакка бориб айт, сабр қилсин, яхшилик худоси бизнинг жиловимизда эканига ишонаверсин. Музаффарият кунлари яқинлашганини тушимда кўриб юрибман.
Вардон буларнинг гаплашаётган гапларини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Демак, халифанинг бош қўмондони мажусий экан, у пайт пойлаб давлатни ағдариш учун мусулмонларнинг душманлари билан тил бириктириб юрган экан-да. Пайти келганда иш берадиган бу сирни билиб олганидан Вардон ғоят мамнун бўлди.
Шундан кейин у коҳин кетишга отланаётганини, Афшин ва унинг шериги ҳам қўзғалаётганини, кишилар таниб қолмасин учун юзларини рўмол билан яширганликларини кўрди-да, бекиниб турган жойидан чиқиб, коҳиннинг йўлини тўсиш учун ибодатхона саҳнига борди.
Кишилар ибодат билан овора эди. Ибодатхона хизматчиси: «Коҳин чиқяптилар», дейиши билан ҳамма уни кўриш учун тайёрланди. Вардон ҳам улар орасида туриб, нима қилишса, шуни қилиб турди. Коҳин ял-ял ёнадиган ажойиб кийимини ерга судраб, бўйнига гавҳар маржон таққан ҳолида, чап қўлида олтин дастали совлажон[23] ва ўнг қўлида ҳассасини ерга тиқ-тиқ урганча чиқиб келди. Унинг ҳурмати учун одамлар бошларини ерга эгганча тик туришарди.
Коҳин Вардон ёнига яқинлашганда, у югуриб бориб қўлини ўпди-да: «Жаноб ҳоким зарур бир иш важидан сизни ҳозир чақиряптилар», — деди.
Коҳин: «Нима бўлди? Касаллари оғирлашдими?» — деб сўради. «Билмайман, лекин ҳозир бориб келишингизни қаттиқ тайинладилар, у кишини албатта ўзинг билан олиб келасан деб буюрдилар», — деди Вардон. Коҳин: «Ундай бўлса, ташқарида кутиб тур, бирга кетамиз», — деди.
Афшин мени кўриб қолиб, бу яширин сиридан хабардор бўлганимни билиб қолмасин, деб Вардон ўзини эҳтиёт қила-қила эшикка чиқди. Эшик олдида олтин эгар-жабдуқли икки от қўшилган арава турарди. Бу арава Афшин учун тайёрланганини сезди. Шундан кейин коҳин чиқиб аравага ўтирди, унинг ёнига юзини рўмол билан яширган Афшин ҳам келиб ўтирди. Коҳин Вардонга қараб: «Икки отдан бирига миниб ол», дегандек ишора қилди. Улар ҳаммаси ҳоким саройи томон йўл олишди.


Ошиқ-Маъшуқнинг Учрашуви
Зирғом Жаҳоннинг хонасида бир чеккадаги курсига ўтириб, уни сабрсизлик билан кутмоқда. Буларнинг бирга бўлишидан ҳеч ким шубҳаланмасди, саройдагилар буни оддий нарса деб тушунарди. Чунки Зирғом ҳоким ишонадиган йигит. Жаҳон эса одатда эркаклардан қочмасди.
Зирғом ўз севгилисининг отаси бетоб бўлганидан ташвишга тушган, не-не хаёлларга борган бўлса ҳам, унинг Жаҳонга муҳаббати ва у билан учрашиб, гаплашишга бўлган иштиёқи ҳамма нарсани унуттириб юборганди.
Шу пайтда Жаҳон отасининг буйруғини Меҳтарга айтаётганини Зирғом ташқаридан эшитди-ю, юраги ўйнаб кетди. Жаҳон кириши билан Зирғом ўрнидан ирғиб туриб, унинг истиқболига юрди. Улар шодланиб, бир-бирларига табассум қилишди. Бутун борлиқни, ғаму ғуссани унутиб, янгидан оламга келгандек бўлишди.
Жаннатдаги кишилар суҳбатининг нашъасини тасаввур этмоқчи бўлган одам узоқ вақт ҳижрон азобини чеккан ошиқ-маъшуқнинг рақиблардан олисда, висол айёмидаги суҳбатларига назар ташласин. Фарқи шундаки, жаннатдаги суҳбат боқий бўлса, буларнинг суҳбати муваққат бўлиб, орасига чўп тушиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас.
Икки қўлини қовуштириб турган севгилисини кўриб Жаҳоннинг юзига қон югурди-ю, кўришмак учун унга қўл узатди. Ич-ичидан хурсанд бўлиб ва кўзлари чақнаётган Зирғом ҳам унга қўл узатиб, кафтини сиқиб кўришди. Жанг майдонларида қўрқув нималигини билмайдиган ботир йигит Зирғомки шу пайт дағ-дағ титраркан, ирода ва ақли ҳар қанча зўр бўлса ҳам, зуваласи аёллик лойидан қорилган Жаҳон бу ҳолатдан қай аҳволга тушишини англаш қийин эмас, албатта.
Зирғом сўз бошлаб: «Сайидам, қачонлардан бери васлингга ташнаман», — деди.
Жаҳон қўлини унинг қўлидан оҳистагина олди-да, гинали қараб: «Мени сайидам деманг, балки... вой, келинг ўтирайлик», — деди. Иккаласи курсига ўтиришди. Жаҳоннинг нима демоқчи бўлганини сезган Зирғом: «Сендан бўлак кимни сайидам деб аташим мумкин? Ахир, сен Фарғона малаги ва ҳокимнинг қизисан. Мен эса бир камбағал беванинг — Офтобнинг ўғлиман».
Жаҳон унинг гапини бўлди: «Балки, сиз менинг сайидим ва хожамсиз, сиз халифа соқчиларининг бошлиғи ёки аскарларининг қўмондони бўлганингиз учун эмас, чин баҳодир — қаҳрамон бўлганингиз учун сайидимсиз. Буниси ҳам майли, сизни менга ҳожа қилиб қўйган бошқа бир нарса борки, уни айтишга тилим ожиз. Ўша нарсани ўзингиз топиб, менга айтмасангиз кўнглим таскин топмайди». Қиз уялиб, қип-қизариб кетди. У муҳаббати тўғрисида гапирмоқчи бўлганини, лекин ошкора айтишдан ҳаё қилганини сезган Зирғом: «Қайси важдан бечора Зирғомни ўзингизга сайид деб ҳисоблаётган бўлсангиз, ўшанинг худди ўзи сизни Зирғомга маъбуда қилиб қўйган. Мен шу маъбуданинг итоаткор қулиман», — деди.
— Мен сизга кўнглимдаги нарсани ҳам, унинг сабабларини ҳам айтиб беришдан ожизман дедим-ку, аммо ўзим аниқ биладиган ва айтиб бера оладиган нарсам шуки, оламда мен учун сиздан кўра улуғ зот йўқ. Вақтни бекор ўтказмайлик, чунки коҳин келиб қолиб, отам мени чақириб қолишидан қўрқяпман, — деди Жаҳон.
Жаҳон отасини тилга олди-ю, унинг ҳолини эслаб, хўрсинди ва: «Севгилим, вақтимиз жуда ғанимат. Ҳа, севгилим, сиздан олдин шу иборани тилга олганим учун мени кечиринг. Муҳаббат дунёда қандай зўр нарса-я», — деди.
Зирғомнинг бутун ғам-ғуссаси сиртига тепди:
— Бу иборани менга айтишга сиздан бўлак ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди. Мана, дастлаб ўзингиз айтиб қўя қолдингиз, ўз оғзингиздан эшитмай туриб, сизни севгилим деб айтишга менда журъат қайда? Тангрига шукурлар бўлсинки, бундан кейин сизни ҳам севгилим деб аташимга йўл очилди. Бу ибора тилимда қандай лазиз, кўнглимда қанчалар оромбахш. Шу сўзни дилимда қайта-қайта такрорлаганман, сизнинг оғзингиздан эшитармиканман деб қачонлардан буён орзу қилиб юрардим, мана, мақсадимга эришдим. Оламда мендан кўра бахтлироқ одам борми?
Жаҳон бошини ерга эгди. Аммо Зирғом ундан кўзини узмасди. Икки билагидан ушлашга юраги дов бермай, иложи бўлса, икки кўзи билан уни ўз ёнига тортиб олгиси келарди. Севлигисининг вужуди титраб, бошини ерга эгиб турганини кўрган Зирғомнинг кўнглига ғалати хаёллар келди. Жаҳон ҳозир аччиқ қилиб кетиб қолса керак, деб ўйлади-да, унга деди:
— Нега бошингизни ерга эгиб олдингиз, севгилим?
Жаҳон бошини кўтарди ва Зирғомнинг кўнглидан нималар кечганини сезиб, табассум билан: «Бошқа хаёлларга борманг, сизни севгилим деб атарканман, ҳеч кимдан қўрққаним йўқ. Xусусан, отамнинг сизга қилган муомалалари ва кўргазган илтифотлари сизни ошкора шундай деб аташимга ёрдам берди. Эҳ, отам бетоб бўлмаганларида эди, бетоб бўлмаганларида...» — деди-ю, жим бўлди.
— Тангри у кишига шифо берсин, — деди-ю Зирғом қизнинг кўзларига тикилганча жим бўлди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам бир-бировининг дилидаги гапни кўзларидан уқиб турарди. Жаҳон Зирғомга нисбатан кўпроқ нарса сезди шекилли, ўзи сўз бошлади:
— Зирғом, мен ўз туйғуларини севгилисидан яширадиган, унинг дилига шубҳа соладиган, ожиз қиз эмасман. Неча йиллар бирга яшаб, бир-биримизни яхши синаганмиз, руҳимиз бир-бирига пайванд бўлиб кетган, бизни бир-биримиздан ажрата оладиган куч энди дунёда йўқ. Сизсиз менга ҳаёт ҳам, орзу-умидларим ҳам йўқ. Сиз меники ва мен сизники, шунга имоним комил. Мен қачон бирор нарсани ўйласам, дарҳол кўз ўнгимда сиз пайдо бўласиз, ўша фикримни бўлиб юборгандай бўласиз, кўз ўнгимга нимани келтирмай, унинг ичида сизни кўраман. Шундай экан, бизни жудо қила оладиган бирор куч дунёда бўлиши мумкинми ахир? Агар вужудимизни бир-биридан ажрацалар ҳам, руҳимизни, хаёлимизни асло ажрата олмайдилар. Лекин олдимизда катта бир ғов турибди, шундан ўцак... — деди-ю, сукут этиб кўздаги ёшини сездирмаслик учун юзини бошқа ёққа бурди.
Зирғом Жаҳоннинг нима демоқчи бўлганини тушунмади. Бироқ қизнинг ажойиб гаплари ва ҳозирги ўзини тутиши йигитни ниҳоятда жўштириб юборганди...
— Нимадан хавотир қиласиз? Сизнинг бирор нарсадан қўрққанингизни ҳеч қачон кўрган эмасдим. Сиздаги ақллилик, довюраклилик ҳамма балога қалқон эди-ку. Мана, ихтиёрим қўлингизда, нимаки фармонингиз бўлса, ҳаммасини бажаришга тайёрман.
— Раҳмат сизга, Зирғом, ихтиёрингизни менга топширдингиз, мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, чунки дунёда мени сиздан четлата оладиган ҳеч бир куч йўқ. Отамда бирор ўзгариш ёки дудмоллик юз бериб қолармикан, деган хавотирда эдим, аммо бугун ўша хавотирим ҳам йўқолди. У кишининг бетобликлари бор, тез шифо топиб кецалар эди,— деди Жаҳон. Зирғом унга далда берди:
— Xудо хоҳласа, шифо топиб кетадилар. Дилингизда бошқа гапларингиз бўлса, майли, изҳор этинг.
— Ҳали бир қанча тўсиқлар бор. Бошқаларни чўчица ҳам, мен уларни парвойимга келтирмайман. Чунки улар ҳаммаси пучак нарсалар, сиз эса жавоҳирсиз. Сиз меники экансиз, бутун дунё, дунёдаги ҳамма нарсалар ҳам меники. Мени кўнглимдагини очиқ айтиб қўя қолганим учун авф этинг. Сизнинг ҳам шундай қилишингизни истардим. Чунки мен иккиланишни, фикрни дудмол қилишни ёқтирмайман.
Зирғом қатъий қилиб деди:
— Сизни севаман ёки сизни деб бутун дунёдан кечиб юбораман деб очиқ айтиб қўя қолишимни истайсизми? Йўқ, менимча, бундай дейишнинг сира ҳам ҳожати йўқ. Ташна кишига «менга сув керак десанг, бўлмайдими» дейиш, бахти қаро одамдан ўзинг учун бахт истайсанми? деб сўраш лозим эмас-ку, ахир. Сиз бўлмасангиз, мен сувсиз балиқ, жонсиз жасадман. Бахтим ҳам, ҳаётим ҳам, бутун борлиғим ҳам сиз.
Жаҳоннинг кўзларига олам ёришгандай бўлди, ғам-ғуссаси тарқалиб: «Мен сиздан кутганим ҳам шугина эди. Ҳовлида Сомоннинг овози келяпти. У бу ерга кириб, сиримиздан воқиф бўлиб қолмасин. Энди ваъдамиз шуки, отам тузалдилар дегунча у кишига шу ҳақда гап очаман. Берган жавобларини сизга етказаман», — деди-да, турмоқ учун ўрнидан қўзғалди. Шу пайт ғамгин, дард-дунёси қоронғи Ҳайзурон кириб келди. Жаҳон унинг ёнига борди. Ҳайзурон:
— Сомон ҳозир ҳокимнинг олдиларига кирмоқчи бўлиб кетди, — деди.
— Коҳин ҳам бирга келдими? — сўради Жаҳон.
— Йўқ, ёлғиз ўзи.
Жаҳон бошини сарак-сарак қилиб, тишларини ғижирлатди-да: «Бу кишини кўрдингизми?» — деб Зирғомни кўрсатди.
Ҳайзурон хижолат тортиб, терга ботиб кетди ва: «Шу аҳволда кирганим учун кечирасиз, узр. Қизим, отанг Сомоннинг киришини истамайдилар, «ёнимга ҳеч кимни қўйманглар, деб тайинлаган эдилар», деди. Кейин у Зирғомга қараб салом берди-да, унинг қўлини ўпмоқчи бўлди.
Зирғом кулимсираб, унинг саломига алик олди. Ҳайзурон Жаҳонни астойдил эъзозлашини яхши билгани учун Зирғом у билан тортинмай бемалол гаплашаверарди.
— Сомоннинг ўз отаси олдига киришидан нега бунча ташвишланмасанглар?
— Кеча коҳинни олиб кел, деб дадам уни юборганларида уддасидан чиқолмай, лалайиб қайтиб келгани учун ундан норози бўлган эдилар, — деди Жаҳон, сўнгра, — ҳозир отамнинг олдиларига бориб келаман, — деди-да, Зирғомни ўз хонасида қолдириб, югурганича чиқиб кетди. Сомон отаси ёнига киришига рухсат бермаётган соқчи билан эшик олдида «ади-бади» айтишаётганда, Жаҳон унга қараб: «Ака, сизга нима бўлди?» — деди.
— Кўрмайсанми, отамнинг олдига киришга тўсқинлик қилаётибди.
— Xафа бўлманг, отамиз тўшакда ётибдилар, мени ҳам чиқариб юбориб, Меҳтар билан баъзи ишлар устида суҳбатлашяптилар. Коҳинни учратдингизми?
— Йўқ, тополмадим, — деди Сомон.
— Коҳинни топмай, ёлғиз қайтиб келишингиздан дадамнинг диллари оғришини билмайсизми?
Улар иккаласи эшик олдида шундай сўзлашиб турганди, ичкаридан ҳоким: «Сомонни ёнимга киритманглар, Жаҳон, сен бу ёққа кел», — деб чақириб қолди.
Жаҳон акасига қараб оҳиста деди:
— Ака, сиз айвонга бориб туринг, отамизни ранжитманг, бу ердан чиқиб, дарров олдингизга бораман.
Сомон «хўп» деб айвон томонга кетди. Жаҳон ичкарига кирди, отаси ёнида Меҳтар чўкка тушган, олдида қоғоз, сиёҳ ва довот бор эди. Ҳоким ранги ўчган, ўйчан ҳолда каравотда ўтирарди. Жаҳон кириши билан унга бир қараб, жилмайди. Жаҳон ҳам очиқ юзлик билан унинг ёнига бориб қўлини ўпди ва: «Дадажон, қалайсиз? Тузукмисиз?» деб сўради. Ҳоким унинг пешанасидан ўпди ва узоқ вақт қучоқлаб турди. Отасининг илиқ кўз ёшлари елкасига томаётганини сезган Жаҳон қўрқиб, унинг юзига қаради: кўзлари жиққа ёш эди. Унинг авзойи Жаҳонга қаттиқ таъсир этганини, Жаҳон қўрқаётганини билиб атайин табассум аралаш: «Қизим, мен яхшиман, қўрқма! Сенга қўлимдан келганича яхшилик қиламан, ўтир», — деди ва Меҳтарга қараб: «Сен эшикка чиқиб тур» дегандек ишора қилди. Меҳтар ташқари чиқиб, эшикни маҳкам беркитди. Жаҳон отаси ёнидаги дафтар-қаламга яна бир қараб қўйди-ю, лекин сўрашдан истиҳола қилди.
Отаси бир эснади-да, орқасидаги ёстиқни баландроқ кўтаришни сўраб, қизига қаради. У оёғини узатиб, ёстиққа суяниб олди-да, сўз бошлади:
— Аканг Сомоннинг бу сафар ҳам ёлғиз қайтиб келганини билдим, чунки у коҳинни олиб келса, ўзи учун фойда эмас, зарар бўлишини билиб шундай қиляпти.
— Дадажон, хотиржам бўлинг, коҳинни олиб келиш учун Зирғом ўз хизматчисини юборди. Ҳозир келиб қолса керак, — деди Жаҳон.
Отам нима деяркинлар деб Жаҳон қасддан Зирғомнинг номини тилга олган эди. «Зирғом дили пок йигит, уни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Сенга акалик қилишга арзийдиган йигит баттол Сомон эмас, балки шу Зирғомдир»,— деди ҳоким.
Севгилисини отаси мақтагани Жаҳонга ёқиб тушди. Шу тўғрида яна гап очмоқчи бўлиб турувди, бирдан соқчи кириб: «Коҳин Афшин билан бирга ташқарида рухсат сўрашяпти», — деди.
Афшиннинг номини эшитган ҳокимнинг юзига қон югуриб: «Афшин ҳам келдими?» деб сўради. Соқчи: «Ҳа, жаноб ҳоким, Афшин ҳам бор», — деди.
Аммо Жаҳонга унинг келиши маъқул бўлмади. Қизнинг дилидаги севинч ўрнини хафалик эгаллади. Унинг башарасини кўрмай қўя қолай, деб чиқиб кетишга шайланди-ю, лекин отасининг ижозатини кутишга ўзини мажбур қилди. Отаси унга қараб: «Истасанг, ўтираверсанг ҳам майли. Яна ўзинг биласан, қизим», — деди.
— Дадажон, рухсат берсангиз мен чиқиб кета қолай.
— Майли, қизим, чиқиб дам ола қол! — деди ҳоким. Қиз хонанинг бир бурчагидаги махфий эшикдан чиқиб кетди. Ҳоким соқчига қараб: «Коҳин ҳам, Афшин ҳам кира қолишсин», — деди.
Коҳин унинг орқасидан Афшин ҳоким ҳузурига киришди. Коҳин аввал маъбуда томонга борди, букилиб лабини пичирлатиб нималарнидир ўқиб, дуо қилди. Афшин ҳам худди коҳиндек маъбудага топинди.
— Xуш келдинглар, қани, марҳамат, ўтиринглар, — деди ҳоким ва уларни ўтқазди. Сўнг Афшинга: «Жуда узоқлашиб кетиб, кишини соғинтириб қўйдингиз», — деди.
Афшиннинг ёши ҳам ҳокимнинг ёшига яқин эди. У мошкичири соқолини қашиб туриб: «Ҳа, турли монеликлар чиқиб қолди. Фарғонага шу бугун етиб келдим, ўзингизнинг аҳволингиз қалай?» деди.
— Тузукман, сиз айни вақтида келдингиз, — деди ҳоким, — кейин коҳинга қаради: — Сизга бир неча марта киши юбордим, келмадингиз.
— Бундан илгари менга ҳеч кимса боргани йўқ, йўқлатганингизни эшита солиб, югуриб келишим, — деди коҳин.
— Ўғлим Сомонни кеча ҳам юборгандим, бугун ҳам юбордим. Ибодатхонадан у кишини топмадим деб қайтиб келди.
Ҳокимнинг бу гапидан ҳайратга тушган коҳин: «Байрам муносабати билан теварак-атрофдан Фарғонага келган кишилар ибодатхонани зиёрат қилиб, назр-ниёз топшириб тургани учун уч кундан буён ибодатхонадан қимирлаганим йўқ. Сиз чақиртирасизу, наҳотки келмасам. Фарзандингиз ибодатхонага бориб, мени сўраса-ю, мен эшитмасам, балки борган бўлса ҳам, мени сўрамаган, ёки танимайдиган кишилардан сўраган бўлса ажаб эмас», — деди.
Ҳоким жаҳли чиқиб, тишларини ғижирлатди:
— Сизни сўрамаган бўлса керак. Нима ниятда шундай қилганини билолмай қолдим. Билсам ҳам айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Унинг жазосини бериб қўяман, мана, биродарим Афшин бунга гувоҳ бўлсинлар. — У чапак чалиб соқчини чақирди ва унга: «Ёнимизга ҳеч кимни киритма, эшикни беркитиб қўй», — деди.


* * *
Жаҳон Афшин келгани ва отасининг олдида довот-қаламлар тайёрлаб қўйилганини кўриб, у ердан асабият ва ҳаяжон ичида қайтиб чиққан эди. У тўғри Зирғомнинг олдига келди. Зирғом ёлғиз ўзи айвонда эди. Уни кўриш биланоқ Жаҳон ҳаяжонини унутди, ғаму ғуссаси тарқади.
Зирғом унинг олдига бориб, отасининг аҳволи қандайлигини сўради. Жаҳон: «Отам эрталабкидан кўра тузуклар. У киши сизни менга Сомон ўрнида акалик қилишингизни айтдилар. Кошкийди сизнинг ундан неча баравар яхши эканлигингизни билсалар», — деди-да, Зирғомга маънодор бир қараб қўйди.
Зирғом кўзлари кулиб туриб деди:
— Мени осмон-фалакка чиқариб қўйганингиз учун катта раҳмат, отангизни қандай ташлаб чиқдингиз?
Жаҳон қаттиқ хўрсинди-да:
— Афшин билан коҳин келганини билмадингизми? — деди.
Зирғом ҳаяжонга тушди:
— Афшин ҳам келдими? Xизматчим Вардонни мен ҳали кўрганим йўқ.
— Иккаласи бирга келишди... Мен шундан қўрқиб юрардим, майли, ҳечқиси йўқ. Отам тузалиб кецалар бас.
Зирғом: «Улар қаерда?» — деб сўради.
— Отамнинг олдиларида, ҳеч кимни йўлатмай, ўзлари ўтиришибди. У киши менга бу ерда ўтираверсанг ҳам, чиқиб кецанг ҳам ихтиёр ўзингда, дедилар. Мен уларнинг башарасини кўрмай қўя қолай, севгилим Зирғом билан суҳбат ғанимат деб чиқиб келдим.
— Уларнинг суҳбати узоқ чўзиладиганга ўхшайди, рухсат берсангиз мен бир ташқарига чиқиб келсам, — деди Зирғом.
— Мени ташлаб қаерга борасиз?
Зирғом унга далда берди:
— Xоҳламасангиз, бормасам ҳам бўлади, лекин борсам ҳам бир лаҳзада қайтиб келаман.
— Майли, бориб келинг, яхшилик худосининг ўзи асрасин!
Жаҳон «яхшилик худоси» дегандан кейин Зирғом: «Шу топда менда бир савол туғилди, рухсат берсангиз сўраб олсам», — деди.
Жаҳон унинг кўзларига тикилиб туриб: «Саволингиз менинг яхшилик худосига эътиқодим хусусида бўлса керак. Сизнингча, худо битта, у ҳам яхшилик, ҳам ёмонлик худоси, шундай эмасми?» — деди.
Зирғом унинг зийраклигига офарин айтиб: «Ҳа, саволим худди шунинг ўзи эди», — деди.
— Мен бундан буён сизнинг динингизни қабул қиламан. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам сиздан ажралишни истамайман, — деди Жаҳон.
Жаҳоннинг кўнглидан чиқариб айтаётган бу гапидан Зирғом севиниб: «Менда яна бошқа бир савол ҳам бор», деди. «Тортинмай айтаверинг», — деди қиз.
— Менинг онам Ироқда яшаш ниятида эканларини сиз яхши биласиз. Нима учун шундай эканлигини мен билмайман...
Жаҳон унинг гапини бўлди:
— Сиз қаерни истасангиз, мен ўша ерда бўламан, мен учун бутун дунё сиз яшайдиган ердан иборат бўлади. Отамнинг Фарғона ёки бошқа ерлардаги мол-мулклари менга керак эмас.
— Мен ҳозир ҳамма мақсадимга эришдим, бахт-саодатимни мукаммал қўлга олдим. Энди менга рухсат берсангиз, бориб Ироқдан бирга келган ҳамроҳларимни кўриб, улардан хотиржам бўлиб қайтиб келсам, — деди Зирғом хурсанд бўлиб.
— Боринг, сизни якка-ю ягона худонинг ўзи асрасин!
Зирғом Вардонни чақириб келишга киши юборгандан кейин Жаҳон билан хайрлашиб чиқиб кетди.


Ҳокимнинг Ўлим Олдидаги Васияти Ва Вафоти
Жаҳоннинг кўнглига Зирғомнинг орқасидан бориш хаёли келди. Лекин отасининг бетоблигини ўйлаб, бу фикридан қайтди. Агар отаси вафот эца, у акасининг қўлида қолади. Акаси эса мададкор бўлишга арзимайдиган, бебурд бир одам. Жаҳон отасининг коҳин ва Афшин билан ўтказаётган суҳбатини эслаб, яна кўнгли ғаш бўлди, ташвишланди. Чунки коҳинларнинг тамагирлиги, хусусан, ибодатхонада хизмат қилишни улар мол-мулк тўплаш, маишат қилиш манбаи деб билиши Жаҳонга маълум эди.
Эътиқодлар эскиргани сари тамагирлик унга раҳнамо бўла боради. Бузуқлик авжига миниб, кишилар учун у динсизликдан ҳам баттар бўлиб қолади. Шунга кўра, Жаҳон динга муккасидан кетмаган эди, у отасининг оташпарастлик динида бўлар экан, ҳеч нарсани суриштирмаган, чунки у шу динга ишонувчилар оиласида туғилиб ўсган эди. Унинг бошқача одат ва ахлоқ билан тарбияланиши қийин ҳам эди. Бундай бўлиши кўпчилик авомларда учрайдиган табиий бир ҳолат. Улар ёшликда ўрганган, кўрган ва эшитганларини қилишади. Катта бўлиб у ёқ-бу ёқни кўрганда ва илм-идрок орқали таҳлил этишга қодир бўлганларида ўша таомил ва ахлоқни ақл ва кўнгилларига ўрнашиб қолган диний эътиқод билан қўшиб юборадилар. Шунинг учун дин ва унинг таомили кишига миллий анъанадек бўлиб қолади. Ўша таомилни таъна этувчилардан диндор ғазабланади, диний урф-одатларни ҳимоя қилади, уларни ўз номусини сақлагандек сақлашга интилади.
Жаҳон коҳинлар кўпчиликни ишонтириш мақсадида айтадиган гапларига эътиборсизлик билан қарарди. Уларнинг қўлидан келадигани, бойлик тўплаш деб ишонгани учун, улардан ҳайиқмасди. Коҳиннинг ҳоким билан суҳбати Жаҳонни қизиқтирмасди-ю, лекин Афшиннинг бу суҳбатга аралашгани унинг дилига ғашлик соларди. У нима учундир Афшинни ёқтирмайди. Аскарлари ва ҳукми остидаги одамлари кўп бўлган, ҳокимнинг ҳурмат ва ишончини қозонган Афшиндан Жаҳон қўрқарди.
Бехосдан Жаҳоннинг кўзи уйдаги гиламга босилган зарбоф нақшлар ичида кўзлари ўтдек чақнаб турган шер суратига тушди-да, севгилисини эслади, чунки унинг номи ҳам шер[24] эди. Бағримда шерим бор экан, мен нимадан қўрқаман, деган фикр ўтди қизнинг кўнглидан.
Жаҳон шу тариқа хаёл суриб ўтирганди, бирдан эшик томонда тапур-тупур оёқ товуши эшитилди. Бу ўз ходима-си Ҳайзуроннинг оёқ товуши эканини пайқаб, Жаҳоннинг юраги ўйнай бошлади. Ўзи нима гап? Қандай хабар келтирганикин? Ҳайзурон Жаҳонга яқин келиб: «Жаҳон, ҳоким сени чақиряптилар. Ўзингни дадил тут, менинг синовимга бардош берган ботирлигингни қўлдан берма, қизим», — деди.
Ҳайзуроннинг бунчалик огоҳлантиришидан Жаҳон чўчиди, лекин ҳар қандай тўқнашувларга бардош бера олишга қодир эканига ишонгани учун бу далдалар сабабини суриштириб ўтирмади, гапни чўзишни ўзига эп кўрмай, отаси томон югурди. Ҳокимнинг олдида коҳин билан Афшин ўтирган бўлса керак, деб ўйлаб, юраги бир оз сиқилди. Шундай бўлса ҳам, Жаҳон қадамини секинлатмай, ҳокимнинг хонасига етиб борди. Соқчи эшикни очиши билан у тўғри отасининг каравоти томон чопди. Отаси йиғидан киприклари намланган, ёш тўла кўзларини эшикка тикиб ётарди. Қизига кўзи тушиши билан у зўраки жилмайди. Кўзлари чақнаб, меҳр билан боқиб турмаган бўлса, Жаҳон уни ўлган деб ҳисоблаши муқаррар эди. У ўзини бардам тутиб, отаси ёнига борди. Уни кўриши билан ота ўзида янги бир шодлик ҳис қилди-да, икки билагини очиб, гапириш учун оғзини жуфтлади, лекин лаблари қимирлади-ю, гапиролмади. Жаҳон унинг кўксига отилди. Юраги бардошли бўлмаганда, у сўзсиз ҳушидан кетган бўларди, чунки ҳадемай сўққа етим бўлиб қолишига кўзи етиб қолганди.
Жаҳон жон таслим этаётган отасининг икки билагидан ушлади, менга раҳм қилинг, ёлғиз ташлаб кетманг, деяётгандек унинг юзига термулди, кўзлари ёшга тўлди, ҳўнграшимни эшитиб қолмасинлар, деб нафасини бўғар, бошини ерга эгар эди. Ҳоким эса қизининг дилига тўлган хавф-хатар ва ғамгинликни сезмай қолмади, уни юпатмоқчи бўлди, лекин сўзлай олмай, фақат лабини қимирлатиб, Афшин томонга қаради. Қўли билан уни ва коҳинни кўрсатди. Афшин қўлида букланган қоғозни ушлаб ўтирганди. Отасининг ишорати билан ўзига кўз ташлаган Жаҳонга қараб, тасалли бергандек тиржайиб қўйди. Маъбуда томонга қараб тик туриб ибодат қилаётган коҳин изтироб ичида унга қаради. Бу қараш Жаҳон илгаридан қўрқиб юрган масала ҳозирги суҳбатда ҳал қилинганлигини билдирди. Жаҳон отасига қараб ҳол сўради:
— Дада, тузукмисиз? Яхши бўлиб қолган кўринасиз.
Ота қизига жавоб қилмоқчи бўлди-ю, лекин жон талвасаси уни сўзлашга қўймади. Қиз отаси ёнига ўтириб совуқ тердан ҳўл бўлиб кетган қўлини ушлади-да, унинг ҳаёт билан видолашаётганини пайқаб, дод-фарёд солмоқчи бўлди, лекин у ўзини қўлга олди. Шундай бўлса ҳам кўз ёшини яширишдан ожиз қолиб, ерга қаради. Чақноқ кўзлардан оқаётган ёшлар қизни гулдек очилтириб юборганди. Аммо қисқа-қисқа нафас олиши, хириллаши ва ажал яқинлиги ҳам бетоб отани ақл-ҳушдан жудо қилмади, севимли қизини унуттира олмади. Ҳоким бир оғизгина сўз айцам деб, ҳар қанча уринса ҳам, кучи етмади — сўнгги дақиқалар келмоқда эди. Охири у, қизим, эшикка чиқиб тур, озгина ухлаб олай дегандек имо қилди. Аммо қалтираб отаси бошида ўтирган Жаҳон унга итоат этиб чиқиб кетишни ҳам, қўзғалмай ўтира беришни ҳам билмай, иккиланиб қолди.
Отанинг юрак уриши яна тезлашиб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлгандек бошини қимирлатар ва у ёқ-бу ёққа жавдирарди-ю, лекин ҳеч нарсага мажоли етмасди.
Ҳоким Жаҳонга термулди, қиз ҳам отасининг нурсизланган, ҳаёт аломати сўнаётган кўзларига тикилди. Ҳоким икки қўлини қизи томон узатмоқчи бўлди-ю, лекин қўллари сал қимирлади, холос. Кейин бир хўрсинди-ю икки қўли шалпайиб қолди, юраги уришдан тўхтади. Кўзлари юмилиб, қовоқлари ҳалпиллаб қолди, бурни ва икки чаккаси тиришди, соч-соқоли ҳурпайиб, киши қўрқадиган даражада ўзгариб кетди. Жаҳон жон ҳолатда: «Дадажон», деб бақириб юборди. У сочларини тўзитиб, юзларини юлиб, тирнай бошлади. Унинг додлаганини бутун сарой аҳли эшитди. Бу шум хабар шу лаҳзадаёқ оқсоч Ҳайзуронга ҳам бориб етди. У хонага кириб, Жаҳоннинг қўлидан ушлаган ҳолда ғам-ғуссасини енгиллатишга, тасалли беришга беҳуда уринди.
Ҳокимнинг ҳаёти сўниши билан аҳоли мажусийлар одати бўйича мотам тараддудига тушди. Уни ювишди, оқ кийим-бош кийгизиб, катта бир хонада хонтахта устига ётқизиб қўйишди. Ҳокимнинг яқинлари унинг атрофини қуршаб ўтиришарди. Коҳин эса овозини чиқариб дуо ўқир, ўтирганлар «омин» деб қўйишарди. Бир оз фурсат ўтгач, отаси вафот этаётганда уйда бўлмаган ўғли Сомон етиб келди, додлаб йиғлай бошлади. Кишилар унга тасалли беришди. Отаси ўлаётган пайтида қаттиқ азоб чеккан Жаҳон энди ўзини бир оз тутиб олганди. У ёқ-бу ёқни ўйлай бошлади. У бирдан-бир овунчоғини, дардини енгиллата оладиган Зирғомни ўйларди. Кошкийди, ҳозир у келиб қолса-ю, дардимга малҳам бўлса, деб йўлини кутарди.
Коҳин: «Бошқа бир хонага кирайлик», — деб Жаҳонни таклиф қилди, уларнинг кетидан Сомон ҳам кириб борди. Иккаласини ёнига ўтқазиб, бундай деди: «Марҳум биродаримиз — отангиз учун кўп қайғуриш даркор эмас. У киши тақводор, хайр-еҳсонли одам эдилар. Эзгулик худоси ҳамма вақт у кишига ёрдир. Биз унинг руҳига атаб уч кечаю уч кундуз хушбўй оғочлардан ўт ёқамиз. Отангизнинг руҳи ҳали бу ерни тарк этмаслигини, уч кундан кейингина чиқиб кетишини ўзинглар яхши биласизлар. Шундай экан, бунақа додлаб қайғуришнинг ҳожати йўқ.
Ҳоким жуда бадавлат одам эди, вафотидан кейин хайр-еҳсон қилишни ва қолдирган меросини бўлиб беришни васият қилди. Унинг руҳи жасади атрофида уч кунни ўтказиб, кейин арши аълога чиқади, ҳур-ғилмонлар орасида у билан учрашиб, қилинган хайр-садақаларни унга айтиб беради. Кейин абадий айшу фароғатда бўлади. Биз бир йилгача уни унутмай, ҳақига дуо қилиб туришимиз керак. Ҳоким дафн маросимини қай тариқа ўтказишни васият қилганлигини иккалангизга айтиб бераман».
Бошини ерга солиб, сукут ичида коҳиннинг гапларини тинглаётган, дастрўмоли билан кўз ёшини пешма-пеш артиб турган. Жаҳон ўз отасининг васияти ҳақида гап очган коҳинга: «Қани, отамнинг васиятларини айтиб беринг», дегандек қараб қўйди. Коҳин: «У киши ўз жасадини ҳамма одамлар қўйиладиган оддий гўристонга қўйишимизни васият қилди», — деди.
Коҳин шундай дейиши билан қиз ҳам, акаси Сомон ҳам ҳайрон бўлишди ва: «Бу қандай гап, оддий гўристонга фақир-фуқаролар қўйилмайдими, отамиз махсус мақбарага қўйилишлари лозим-ку», дейишди.
Коҳин: «Тўғри, аслида шундай бўлиши керак эди, лекин ҳокимнинг васиятлари шу бўлди, бунинг сабабини менга сир тариқасида айтдилару лекин мен уни сизларга айта олмайман», — деди.
Жаҳон коҳиннинг сўзларига бошқа сўз қўшмай жим турган бўлса ҳам, Сомон индамай туролмади:
— Жаноб коҳин, дадамизни нега умумий қабристонга дафн қиламиз, ахир у оддий кишилар қабристони эканини ўзингиз яхши биласиз-ку, у ерда жасадларни тош устига қўйилади, тошлардаги жасад очиқ ҳавода қолади-да, йирт-қич қушларга, ваҳший ҳайвонларга емиш бўлади. Улардан ортиб қолган суяклар бўлса, қудуққа ташланади. Яхши кишиларнинг суяги ёмон кишиларникига аралашиб ке-тади.
Сомоннинг кўмиш маросими масаласида қаршилик кўрсатаётганидан коҳин ажабланди, лекин унчалик парво қилмай:
— Жаноб Афшиннинг ҳузурида отангизнинг қилган васиятлари шу. Бир неча кундан кейин сизга ўқиб эшиттириладиган васиятномада шундай деб қайд этилган, — деди ва дафн ҳозирлигини кўришни сарой мутасаддисига буюрди.
Кишилар бир неча кунгача ҳокимнинг дуою фотиҳасини ўтказишди. Жаҳон Зирғомнинг қайтишини сабрсизлик билан кутмоқда, унинг кечикканлигидан ташвишланар, қайғусига қайғу қўшиларди. Зирғомнинг бажариб келадиган иши бир неча ҳафтага чўзилиши мумкинлиги Жаҳонга қоронғу эди. Ошиқ киши кўп бесаранжом, серхавотир бўлади. Негадир, Жаҳон акаси Сомондан илгари кўрмаган меҳр-шафқатларни кўрар, у Жаҳондан бир қадам ҳам нари силжимайдиган бўлиб қолганди. Жаҳоннинг хафаланганини кўрса, дарров унга тасалли берарди. Жаҳоннинг Зирғомга ишқи тушганини Сомон сезарди, лекин унинг ўзига бу ҳақда айтмаган бўлса ҳам, синглиси Зирғомни бот-бот эслаб юришидан хабардор эди. Шунинг учун унинг ҳақида кўп гапирар ва баъзан мақтаб ҳам қўярди. Шу билан бирга, Жаҳонга бошқа кишиларни, хусусан Бобак ал-Хуррамийни ҳам мақтарди. Сомон ўзи муҳаббат нималигини билмас, ошиқларда сеҳрли куч борлигини тушунмас эди, лекин уларнинг ташвиш ва заифлик сабабларини идроки билан топарди.
Жаҳон фаҳм-фаросатли бўлиб, акасига унча ишонмаса ҳам, унинг гапидан завқланарди. Севгилисини ҳурмат қилгани, унинг фазилатлари ва довюраклилигини мақтагани учун Жаҳон Сомонни ёқтирадиган, у билан суҳбатлашадиган, унинг аввалги нуқсонларини ва ёмон ниятларини унутадиган бўлиб қолди.
Мана сизга муҳаббат: кишининг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Киши ҳар қанча доно, ҳар қанча ақлли бўлмасин, ишқ чангалига тушса, ўша донолик ва ақлни йўқотиб қўяди. Киши ҳар соҳада билимдон, катта сиёсатманд, зўр олим, ўткир шоир ёки улуғ файласуф бўлиши мумкину, ишқ-муҳаббат бобида ёш боладай итоаткор бўлиб қолаверади. Баъзан унга хаёлпарастлик ғолиб чиқиб, орзусига етишни осонлаштирадигандек туюладиган ёки кўнглига тасалли берадиган ҳар қандай бўлмағур нарсаларга ишонаверадиган, хурофотларга ҳам кўнгил бераверадиган бўлиб қолади.
Ҳар бир хурофотга жону жаҳди билан қарши бўлиб юрадиган ота севимли фарзанди бетоб бўлиб, табибларнинг дори-дармони кор қилмай қолганда, ўғлим балки шифо топармикан деб ўзини фолбинлар ва сеҳргарларнинг сўзига ишонтиради.

* * *
Мотам кунлари коҳин билан Афшин таъзия билдириб, ҳоким саройига қатнаб туришди. Сомон эса отасининг васиятини билишга ошиқарди. Мотам кунлари тугаши билан коҳин келиб алоҳида уйда суҳбатлашмоқ учун Жаҳон билан Сомонни чақирди ва чўнтагидан букланган қоғоз олиб: «Мана, оталарингиз менинг ҳузуримда жаноб Афшинга топширган васиятномаси», деди ва Жаҳонга қараб: «Отанг васийликни ўз дўсти Афшинга топшириб, тўғри иш қилди»,— деди.
Коҳин қоғозни очиб: «Жаноб Афшин бу васиятни сизларга ўқиб эшитдирганимдан кейин ўзларига қайтариб бермоғимни буюрдилар. Яхши тинглаб, тушуниб олинглар», — деди-да, салмоқлаб ўқий бошлади. Жаҳон жиддият билан унга қулоқ солар, Сомон эса жим ўтирарди. Васиятнома қуйидагича:
«Бу Фарғона ҳокими Таҳмознинг ўз ҳаётининг охирида ибодатхона бошлиғи коҳин ҳузурида ва яхшилик худосининг ёрдами билан Ушрусана подшоҳи ва халифа Муътасимнинг лашкарбошиси подшоҳ Афшин Ҳайдар ибн Ковусга топширган васиятномаси. Искандар йили... Xурдодмоҳ (май) ойининг иккинчи куни.
Ҳоким Таҳмоз ўзидан кейин қолдирган мол-мулк, ер-сувларни ворислари манфаати йўлида шу васиятномага мувофиқ тасарруф қилмоқни Ушрусана подшоҳи ва Муътасимнинг аскарбошиси Афшин Ҳайдар ибн Ковусга топширади. Таҳмознинг қонуний ворислари фақат икки фарзанд: Сомон билан Жаҳондир. Таҳмоз қолдирган ҳамма нарсаларни қизи Жаҳоннинг ўзига васият қилади: сарой, ундаги асбоб-ускуналар, ер-сув, жонли мол ва иморатлар, қул ва жориялар, олтин асбоб ва идишлар ҳамда нақд пуллар — шуларнинг ҳаммаси қизи Жаҳоннинг меросидир. Дўстимиз Афшин уларга қараб турмоғи ва яхшилик худосининг инояти билан Жаҳоннинг фойдаси учун уларни тебратиб турмоғи шарт. Аммо ўғлим Сомон шу мероснинг ҳаммасидан маҳрумдир: фақат бир нав яшаши учун етарли нарсани васи ажратиб бериши мумкин.
Сомонни меросдан маҳрум қилишимнинг сабабини бу васиятномада ёзишни лойиқ топмадим, лекин ноаниқ қолмасин учун сабабини коҳин ҳузурида васига оғзаки айтиб қўйдим. Зарур вақт келгунча бу нарса шу икки киши ўртасида сир бўлиб сақланиб турмоғи керак.
Мана шу васиятим ўз ҳузуримда ёзилди. Уни ўзим айтиб турдим ва имзом билан тасдиқладим, унга коҳин гувоҳ бўлди. Шунинг бир ҳарфини ўзгартирган кишига эллик мартаба лаънат бўлсин. Буни ақл-ҳушим жойидалик вақтида, ўз ихтиёрим билан ёздирдим. Яна ўлганимдан кейин жасадимни умумий қабристонга қўйишларини ва у йиртқич ҳайвонларга емиш бўлмоғини васият қилдим.
Яхшилик худоси бу васиятнинг ижросига ўзим раҳнамолик қилсин ва унга мувофиқ амал қилишда биродаримиз Афшинга ўзи ёрдам берсин».
Коҳин васиятни ўқиётганда Сомон билан Жаҳон жим ўтиришганди. Сомонни маҳрум қилиш деган жумлага етганда унинг юзлари ўзгариб, ранги ўчди, лекин ҳаммасини ўқиб бўлгунча сабр қилиб ўзини тутиб турди-да, кейин: «Хўш, нега отам мени меросдан маҳрум қиладилар, мен ахир ёлғиз ўғиллариман-ку? Бундай гап бўлиши ҳеч мумкин эмас, у кишининг номи ва шуҳрати менда қолади, ер-сув эса мен билан синглим Жаҳонга тегишлидир», — деди.
— Васиятномани иккалангизга ўқиб бердим, ундан четга чиқиб бўлмайди. Ҳар ҳолда яна Афшиннинг фикрига қараш керак. Мен эса ўз вазифамни адо этдим, энди рухсатларингиз билан ибодатхонага қайтай. Афшин ўзи келиб васиятга мувофиқ иш кўради, давлат васиятни ижро этишда унга куч билан ёрдам беради. Болам Сомон, отангнинг меросидан сенга тегмагани учун сабр қилишинг керак, — деди-да, коҳин шошилиб чиқиб кетди. Сомон ҳам уни айвоннинг зинапоясигача кузатиб қўймоқ учун орқасидан чиқди. У билан хайрлашиб, боғчага тушгандан кейин Сомон тишларини ғижирлатиб орқасидан қараб турди-да, ичида ғулдиради:
— Наҳс босган коҳин! Сен бир балони бошлаб келасан, деб қўрқиб юрардим, сени айтиб кел деб отам неча марта юборганда пайсалга солиб, кейинроқ келишингга чора излаганим ҳам шундай васиятдан қўрққаним учун эди, чунки отамнинг мен тўғримдаги фикрини сезардим. Ҳа, унинг мендан нега жаҳли чиққанини биламан, аммо мен қилиб қўйган ўша ишни отам билади деб ўйламагандим. Лекин бу иш мени мерос ҳақимдан маҳрум қилолмайди. Жаноб коҳин, гапингиз тўғри, иш ўша лаънати Афшиннинг қўлида, у пашшадан ҳам хира ва суқ. У меросга эга бўлиш, бизни ундан маҳрум қилиш учун ўзи васи бўлишга интилган бўлса керак, албатта. Эҳ, кошки Жаҳон сўзимга кирса эди, иккимиз бир бўлиб Афшиннинг таъзирини бериб қўярдик. Лекин Жаҳон ўлгудек ўзбилармон. Ҳа, майли, ҳаммасининг таъзирини ўзим бераман. — Сомон боғчадан чиқиб отини миниб кетаётган коҳиннинг орқасидан қараб туриб, шу гапларни кўнглидан ўтказди-да, кейин синглиси ёнига қайтиб келди.
Афшиннинг васий бўлгани Жаҳоннинг ўзига ҳам оғир тушди. Лекин чораси йўқ эди. Бунинг устига акасининг меросдан маҳрум қилингани яна ортиқча. У акасига қараб:
— Ака, хафа бўлманг, мен ҳаёт эканман, сизни қийнаб қўймайман, акамсиз, отамнинг мероси бадалини ўзим бошқа йўл билан тўғрилайман, — деди.
Сомон ерга қараб, бўйнини эгиб турди, кейин кўзидан ёш тўкиб: «Меросдан маҳрум бўлганим учун эмас, унинг сабабини била олмаганим учун куяман. Нима ёмонлик қилган эканманки, менга шундай муомала қилинса?» — деди.
Жаҳон акасига тасалли берди:
— Мен ҳам бунинг сабабини билмайман, Афшиндан бўлак ҳеч ким билмайди, у яқин орада Бағдодга жўнаб кетиши керак. Биз бу ердамиз, мол-мулк ўз қўлимизда, ундан ўзимиз истаганча фойдаланаверамиз.
Бу меҳрибонлик учун Сомон Жаҳонга ташаккур айтди. Аммо дилидаги гапни ундан яширди. Унинг меросдан маҳрум бўлганидан Афшин билан коҳиннинг хабардор бўлиши ва бунинг сабабини билиши Сомонни қаттиқ ташвишга соларди. У ҳеч нарса демай, бунга қандай чора топиш кераклигини устида фикр юритарди. Кейин нималарни ўйлаётгани синглиси сезиб қолмасин учун Зирғом тўғрисида гап очиб, хаёлини чалғитди:
— Нимага ботир Зирғом кечикиб қолди? Бирор муҳим иш чиқиб қолмаса, бундай жимжит бўлиб кетмасди, албатта.
— У Фарғонадан олисроқ ерда бўлса керак, агар Фарғонанинг ўзида ёки унга яқинроқ ерда бўлганида бошимизга тушган бу мусибат хабари унга етмай қолмасди. Қайтиб келиб қолса ажаб эмас, — деди Жаҳон.
— Зирғом шу ерда бўлганида қайғумиз бир оз енгиллашган бўларди. Мен уни кўрсам хурсанд бўлиб кетаман. У ўз оти билан чиндан ҳам шердек йигит. Ҳеч кимга насиб бўлмаган олижаноб хислатларнинг ҳаммаси унда бор.
Акасининг бу мақтовларидан Жаҳон қаттиқ ташналикдан сўнг тўйиб сув ичгандек мамнун бўлди. Акасининг Зирғомни мақтаётгани сидқидилдан эмаслигини билиб турган бўлса ҳам, ҳар ҳолда у севгилисининг номини тилга олаётгани учун шодланарди, «акам уни яхши кўраркан, авваллари мен янглиш ўйлаб юрган эканман», деб жўрттага ўзини юпатарди.
Икковлари шундай сўзлашиб ўтиришган пайтда Ҳайзурон Зирғомнинг келганини хабар қилди. Жаҳоннинг юраги бир орзиқиб тушди ва бутун ғам-ғуссалари унут бўлди. Зирғом отасининг кўнглига ёққанини ва у ҳозир тирик бўлганда, қанчалик бахт-саодатга эришган бўлишини эслаб, кўзига ёш олди, лекин уни кўриши билан ўзини бардам тутиб, жилмайди. Зирғом унга салом бериб, кўнгил сўради. Кейин у Сомонга қараб унинг ҳам кўнглини сўради. Сомон:
— Чорамиз қанча, пешанада бори шу экан, бахтимизга сен омон бўл, — деди.
Жаҳон ўз хонаси томон йўл олди. Сафар кийимларини ҳали ечмаган Зирғомни ўз хонасига таклиф қилди ва: «Отам вафот этаётганларида шу ерда бўлмаганингиз биз учун қайғу устига қайғу бўлди», — деди.
— Ироқдан менга топширилган вазифани тезроқ адо этай, деб узоқ ерларга боришга мажбур бўлдим, лекин... — деди-ю, жим бўлиб қолди. Жаҳон:
— Ҳа, нима ҳодиса юз берди? — деб сўради.
Халифадан «Ироққа тез қайтиб кел», деган буйруқ келиб қолди.
Жаҳон бошини эгди ва:
— Сизнинг кетишингиз мен учун кўнгилсизлик бир иш бўлади... — деди.
Зирғом унинг сўзини бўлди:
— Мен Фарғонада қоламан, чунки юрагим, ақлим ва бутун вужудим шу ерда, — деди-ю, бирдан Сомоннинг шу ердалиги эсига тушиб, хижолат бўлди.
— Майли, хижолат бўлманг, ўртамиздаги сирни акам биладилар, бу киши сизни яхши кўрадилар, мардлигингизни, хулқ-ахлоқингизни ёқтирадилар. Тап тортмай бемалол гапираверинг. Сизнинг бу ерда қолишингиз мен учун айни муддао. Лекин модомики, сизни иззат қилган ва обрўйингизни оширган халиф чақиртирган экан, менимча, унинг ёнига бормоғингиз керак. Xалифа Афшинни ҳам чақиртирибдими?
— Уни чақирганидан хабарим йўқ, — деди Зирғом, — лекин уни ҳам чақирса керак, деб ўйлайман. Чунки бу урушга алоқадор масала, Афшин эса бош қўмондон. Ўзингиз айтинг, сиз шундай қайғуда туриб, мен қандай кета оламан, кўнглим тинчийдими? Сиз...
Сомон унинг гапини бўлди:
— Майли, хавотир бўлманг, отамиз Жаҳоннинг ҳолидан хабар олиб туришни жаноб Афшинга васият қилганлар, — деди-да, жаҳлдан кўзлари пирпираб кетди. «Эй, буни чакки айтиб Зирғомни ташвишга солиб қўйдингиз», дегандек Жаҳон унга бир ўқрайиб қаради. Чунки у ўз севгилисига ҳамма вақт шодликдан сўзларди, жуда мажбур бўлмаса, унга ёқмайдиган нарсани сира тилга олмасди.
Афшиннинг васи бўлиб қолганидан таажжубланган Зирғом, бу қандай воқеа, дегандек Жаҳонга қаради. Жаҳон: «Афшин отамнинг ўртоқлари, унга кўп ишонардилар. Ўзларидан кейин менинг ҳолим нима кечишини ўйлаб, уни менга васи, коҳинни эса гувоҳ қилибдилар, майли, бундан ташвишланишнинг ҳожати йўқ», — деди.
Зирғом ерга тикилганча хаёл сурди: «Афшин Ироқда ўзим билан бирга, бир шаҳарда яшайди. Мендан узоқда, Фарғонада яшайдиган бошқа кишидан кўра, унинг васи бўлгани яхшироқ», деган фикрга келди. У йўлга чиқишга азм қилди-да, Жаҳоннинг ўзи билан кетиши тўғрисидаги раъйини билмоқчи бўлиб унга қаради. Жаҳон эса ундан кўзини узмай тикилиб турарди. «Демак, Афшин ўзига топширилган вазифани бир ёқлик қилгунча бу ерда турар экан-да. Бунда сиз учун анча хотиржамлик бўлади», — деди Зирғом Жаҳонга қараб.
Жаҳон Зирғомнинг мақсадини тушунди:
— Мен бу ерда таъзия тугагунча туриб, кейин Бағдодга бораман. Отамнинг вафотларидан кейин бу шаҳарда яшашга тоқатим йўқ. Фарғоналиклардан мен кўраётган меҳр-ихлосга қарамай, ўзимни бир бегонадек ҳис қиладиган бўлиб қолдим. Xусусан, сиз кецангиз, ғариблигим жуда ҳам билиниб қолади.
Уларнинг ўртасидаги гап-сўзларни Сомон эшитаётган бўлса ҳам, ҳеч нимага тушунмасди, чунки сўқир қўлида чироқ билан ҳам сўқирлигича қолаверади. Муҳаббат унга етиб бормасди. Шундай бўлса ҳам уларнинг гапига аралашишни ўзига лозим топиб: «Жаҳон Бағдодга бориб, онангизни кўриш иштиёқида, чунки у киши унга севимли дўст ва улфат эдилар», — деди.
Жаҳон акасига гина қилгандек бир қаради-да: «Мен гапнинг пўскалласини айтишни яхши кўраман. Зирғомга бўлган муҳаббатимни очиқ-ойдин изҳор қилишга қўрқади, деб ўйлайсиз шекилли мени. Йўқ, муҳаббат учун ҳеч кимни айбситиб бўлмайди. Яхшилик худоси отамнинг умрларини яна бир йил чўзиб берганда, иш албатта биз истаганча бўларди. Xўш, ака, сиз нима дейсиз?» — деди.
— Зирғомни севишингга мутлақо қарши эмасман. У шунга арзийдиган йигит. Сен уни мендан олдин севиб қўйганинг чакки бўлди, бўлмаса уни яхши кўришда сендан ўтиб кетган бўлардим. Лекин унга сенинг муҳаббатинг бошқа, меники бошқа, — жавоб берди Сомон.
Отасининг васиятини эшитганидан буён Сомоннинг кўнгли ғаш бўлишига қарамай, бундай ҳазил қилиши Жаҳонга ёқиб тушди, лекин у акасининг маккор, ҳасадгўйлигини яхши биларди. Акасига кўз қири билан бир қараб қўйди ва Зирғомга гап қотди:
— Кетишингиз менга оғир туюлади, лекин кетмасангиз бўлмайди, сал фурсатда мен ҳам кетингиздан етиб бораман...
Сомон унинг гапини бўлди:
— Мен ҳам буни қоғоздаги қантдек асраб, сизнинг ёки онангизнинг қўлига олиб бориб топшираман.
Жаҳон сўзини давом этдиради:
— Дунё — мол-мулк ўртамиздаги севгига ғов бўлиб тушади деб ўйламанг. Жўнашимдан олдин сизга хат ёзиб маълум қиламан.
У бўлажак қийинчиликларни сезиб турган бўлса ҳам, ўзига-ўзи қаттиқ ишонганлиги учун қатъий қилиб гапирди. Зирғом ўз истакларини рўёбга чиқармоқ учун сафар қилиши зарур бўлса ҳам, Жаҳон тўсқинлик қилармикин деган хавфда эди. Жаҳон уни йўлга чиқишга ундаётганини кўриб, сафардан воз кечди ва Фарғонада қолишни маъқул топди. Лекин Жаҳонга нима деб жавоб қилишни билмай сукут сақлаб турди. Унинг иккиланиб турганини сезган Жаҳон:
— Сизнинг бу ерда қолишингиз мен учун энг катта бахт, лекин довюрак қўмондоннинг иши ҳар қандай чақириққа «лаббай» деб жавоб беришдир. Бу чақириқ ҳаммага ҳукми ўтадиган халифанинг чақириғи бўлгач, унга «хўп»дан бўлак қандай жавоб бўлиши мумкин?
Сомон гапга суқулди:
— Сиз хотиржам бўлаверинг, ўзим буни олиб бориб, сизга омон-есон топшираман.
Зирғом ўз мақсадига эришиш учун қатъий киришадиган кишилардан эди, лекин, «Жаҳонни қолдириб кецам, унга оғир ботмасмикин, бирга кетамиз десам, ҳали таъзияси тамом бўлгани йўқ», деган хаёлга борди.
Жаҳон уни йўлга отланаверишга даъват қилганидан кейин, қатъий фикрга келди:
— Сизнинг хоҳишингиз шу бўлса, сўзингиздан чиқмайман, худо хоҳласа, эртага йўлга чиқаман.
Иккаласининг орасига шу пайтда суқулиб ўтиришни ноқулай сезган Сомон: «Зарур ишларим бор, шуларни бажариб, кейин қайтиб келарман», деб ўрнидан қўзғалди. Жаҳон унга:
— Ҳар сафардагидек йўқ бўлиб кетманг, ҳозир аҳвол нозик. Сизнинг саройда бўлишингиз жуда ҳам керак, — деди.
Сомон «хўп» деб апил-тапил қадам ташлаб чиқиб кетди. Жаҳон билан ёлғиз қолган Зирғом бутун дунёни унутди: сафарни ҳам, урушни ҳам, қўмондонлик, обрў-мартаба — хуллас, ҳамма нарсани миясидан чиқариб юборди. Шу дақиқалар йилларга чўзилиши, абадий бўлишини истаб қолди. Ҳозир унинг хаёлига на овқат, на шароб, на бойлик келарди. У хаёл осмонида парвоз этарди, гўё иккаласининг руҳи бирлашиб, танага эҳтиёж қолмагандек, ёки у тана бошқа ҳеч нарсани истамаётгандек эди. Муҳаббат — руҳлар бир-бирини ўзига тортиши ва яқинлашувидан иборат. Жисмоний интилиш, шаҳват уни бузмаслиги ёки кучини бўлмаслиги лозим. Руҳий яқинлашув, бирлашув севгининг кучига куч қўшади. Унинг боқийлигини истаган киши — шаҳватдан сақланиши керак. Дунёда ошиқ билан маъшуқ бир-бирига ўз муҳаббатини изҳор этишидан зўрроқ саодат йўқ. Жаннатни тасаввур этишга қийналган кишиларга жаннат жинсий ғаразлардан холи бўлган ошиқ-маъшуқлар руҳининг бир-бирига яқинлашувидир, дейилса тўғри бўлади. Кишилар буни шеърий хаёл деб ҳисоблайдилар, лекин бу шеърий хаёл эмас. Бу хаёлнинг ҳақиқатга айланганини биз ҳеч қачон билмадик ва эшитмадик ҳам.
Зирғом билан Жаҳон сингари соф муҳаббатли ошиқ-маъшуқнинг узоқ вақт кўришмай, бирдан учрашиб қолиши чинакам бахт намунаси эканига ҳеч шубҳа йўқ. Отасининг вафоти туфайли кўнглига хафалик чўккан Жаҳон бу бахтни Зирғомдан кўра кўпроқ ҳис этган бўлса керак. Ғамбода юрак бошқа юракларга қараганда тасаллига эҳтиёжи кўпроқ, шуури ўткирроқ бўлади.
Улар иккаласи ширин суҳбатга тушиб кетишди. Гаплари эса ўз-ўзларидан нолишдан нарига ўтмасди. Улар борлиқни унутиб, суҳбатлари жуда чўзилиб кетди. Ёнларига Ҳайзурон кириб гапларини бўлмаганда, дунёнинг ишлари буларнинг хаёлига ҳам келмаган бўларди.
Мотамзадалиги юрагини сиқмасин деб Ҳайзурон Жаҳонни сира ёлғиз қолдирмасди. Ҳозир ҳам Сомон чиқиб кетгандан кейин Жаҳон ёлғиз қолди шекилли, деб ўйлаб, ундан хабар олгани кирганди. Ёнида Зирғом ўтирганини кўриб, уялиб орқага тисарилди. Жаҳон уни «кираверинг» деб чақиргач, киришга мажбур бўлди. Бу икки ёш гулдек очилиб кетгани, кўзлари чақнаб тургани, бир-бирларидан кўз узмай, гапларига қулоқ бериб ўтиришганини кўриб, Ҳайзурон ҳанг-манг бўлиб қолди. Унинг кириши буларни огоҳ қилди, руҳ оламидан моддий оламга кўчирди. Ҳайзурон Зирғомга салом бериб, кейин Жаҳондан ҳол-аҳвол сўради ва унга нима кераклигини билмоқчи бўлди. Жаҳон: «Ҳеч нарсанинг кераги йўқ, лекин Зирғом тўғрисида қандай фикрдасиз?» — деди.
Ҳайзурон бундай саволни кутмагани учун эсанкираб қолди:
— Ўзингга шунчалик ёққан, муносиб йигитнинг нимасини мендан сўрайсан? Кишиларни мендан кўра ўзинг яхши биласан-ку, мен нима ҳам дейишим мумкин. Менинг қўлимдан келадиган гап «мурод-мақсадингларга етказсин» деб яхшилик худосидан илтижо қилиш холос, — деди-да,— Сомон қаерга кетди? — деб сўради. Жаҳон: «Дарров қайтиб келаман деб саройдан чиқиб кетди, келиб қолса ажаб эмас», — деди.
Жаҳон ўрнидан турди, Зирғом ҳам туриб: «Менга қайтмоқ учун рухсат берсангиз», — деди. Жаҳон: «Сизнинг кетишингиз мен учун жуда оғир, лекин...» — деди-да, ўзини бардам тутиб: «Сафарингиз хайрли бўлсин, хотиржам бўлинг, сал ўтмай мен орқангиздан албатта етиб бораман. Бу ерда яшашга ҳеч раъйим йўқ», — деди.
Шундан кейин Зирғом Жаҳон билан хайрлашиб чиқиб кетди. Саройдаги кишилар билан Вардон уни кутиб турганди. Ироққа жўнаш учун керакли йўл анжомларини тайёрлашни Зирғом унга буюрди.


Афшин Билан Жаҳон Ўртасидаги Можаро
Эзилган, тинкаси қуриган Жаҳон катта уйга қайтиб келди. Зирғомни жўнашга ундаганидан пушаймон бўлиб, хаёл дарёсига чўмди. «Энди бу васиятнома машмашасидан қутулиш, бирор йўл топиш учун мен ақлимни бир жойга йиғишим, ниҳоятда зийрак бўлишим керак», дерди у.
Кун кеч бўлди-ю, Сомондан дарак бўлмади. Иккинчи куни Жаҳон уйқудан барвақт туриб, сочларини таради, қора либосини кийиб, қора ипак чодирни устига ташлади. Бошига ҳам қора рўмол ўради. Унинг чеҳраси шу қора парда ичида ойдек нур сочиб турарди. Лекин ойда Жаҳоннинг юзидаги маъно, жоду кўзларидаги меҳр ўти қайда дейсиз.
Қиз боғчага кириб, ўзини овутмоқ учун дарахтлар орасида айланиб юриб, бир ўриндиққа бориб хаёл суриб ўтирган эди, оқсоч югуриб келиб: «Сайидам, шу ердамидинг?» — деб сўради.
— Ҳа, ўзи нима гап, нима бўлди?
— Келди... Афшин келди, сени кўрмоқчи бўляпти.
Бу хабар Жаҳонни ажаблантирмади, аксинча, севинди. Чунки Афшин келса, у билан сўзлашиб, мақсадини билиб олмоқчи, отасининг васиятидан қутулиш чорасини кўрмоқчи эди. Ўтирган еридан ирғиб туриб: «У қаерда?» — деб сўради.
— Айвонда, сени кутиб турибди, — жавоб қилди оқсоч.
Атрофини ясовуллар ўраган подшоҳлардек ҳеч нарсадан тап тортмай мағрур одим ташлаб Жаҳон саройга кириб келди, чунки у ўзининг довюраклигига ва олижаноблигига эътимоди зўр эди. Оқсоч билан ҳозирги аҳвол ҳақида майда-чуйда гапларни гаплашиб, шийпонга чиқиладиган зинага қадам қўйди. Шийпон тўрида ўтирган Афшин уни кўриши билан ўрнидан туриб, истиқболига ҳозирланди. Афшин олтмиш ёшларга яқинлашган бўлишига қарамай, ўзини ёш кўрсатиш учун соқол-мўйловини бўяганди. У баланд бўйли бўлиб, кўзлари катта, юзи ва бўйни баркашдек ясси, чаккаси тиришган, юз суяги ўйнаб чиққан бир киши эди. Бошида гардишига шоҳи салла ўралган кичкина қалпоқ, эгнида қаҳва ранг камзул, унинг остидан оёғигача бекитган иштони кўриниб турарди. Камзул устидан белига нақшин камар боғлаган, камарга дастасига қимматбаҳо тошлар қадалган қилич осган. Бунинг устидан қора чакмон ҳам кийиб олганди. У «мен шундай мансабдор бўлатуриб сенга бўйин эгдим ёки меҳрибонлик қилдим», дегандек кибр билан Жаҳонни олдига бориб қарши олди. Унга яқинлашаркан, салом бериб, аҳволини сўраган бўлди ва кўришмоқ учун қўлини ҳам узатди. Жаҳон ҳам унга қўл берди. Афшин Жаҳоннинг қўлини анча вақт сиқиб турди. Жаҳоннинг бадани сесканиб кетди-ю, шундай бўлишига қарамай: «Яхшиман, қани, ўтиринг», деб таклиф қилди. Афшин Жаҳоннинг олдин ўтиришини кутиб, одоб сақлагандек бўлиб турди. Жаҳон ўтиргач, Афшин унга тикилганича ёнидаги курсига бориб ўтирди. Унинг бундай тикилишидан нияти бузуқлигини тушунган Жаҳон, писанд қилмагандек бошини ерга эгди. Аммо Афшин унинг бу ҳолатини азадорликдан деб ўйлади.
— Азизам, бошингга оғир кулфат тушди, марҳум отангнинг вафоти энг оғир мусибат. У киши билан орамиздаги дўстликни ўзинг яхши билардинг. Шу дўстлик туфайли ўзидан кейин сенга раҳнамолик қилишни менга топшириб кетди. Буни отанг сенинг қадрингга етишимни яхши билганлари учун қилдилар, албатта. Буни ўзи ҳаётлик чоғидаёқ сенга маълум қилган бўлса керак? Сенинг донолигинг ва зийраклигингга аввалдан қойил қолганман. Буни сенга отанг гапирган бўлсалар ҳам керак.
Афшин гапни бу томонга буриб кетаётганидан Жаҳон ҳайратда қолган бўлса ҳам, унга муросасозлик қилди:
— Ҳа, сизнинг дўстлигингизни, улуғ мартаба эгаси эканингизни дадамдан кўп марта эшитганман. У киши «Афшин Ушрусанада донгдор подшоҳ, на Фарғонада ва на Ушрусанада унинг номини, ишларини билмаган бирорта киши топилмайди», дердилар.
Ўзини бу қадар кўкларга кўтаргани учун Афшин Жаҳонга миннатдорчилик билдирди. Сўнг кўпдан буён сир сақлаб келган шум нияти томон яна бир одим ташлашга журъат этди:
— Мени мақташингни эшитайин деб, бу саволни берганим йўқ. Саволимнинг ўзига жавоб беришингни истардим. Мен учун қанчалар қадрли эканингни отангдан эшитмаганмисан?
Унинг кўнглидаги гапни, нима демоқчи бўлаётганини Жаҳон пайқамай қолмади, лекин билмаган бўлиб:
— Ундай гапни эшитганим эсимда йўқ. Мени ўз фарзандларингиз қаторида ва отамни эса акангиздек билиб, бизга яхшилик қиляпсиз деган фикрдаман. Бу олижаноблигингиз учун сизга катта ташаккур. Арвоҳ хотирасини қилиб, дадамнинг руҳини шод этаётганингиз учун сиздан миннатдорман. Сиздан яна бир илтимосим бор, шуни ҳам бажо келтирсангиз, бизни жуда мамнун этган бўлардингиз, — деди Жаҳон.
— Xўш, нима экан у илтимос?
— Менинг донолигим ва ақлимга ўзингиз таҳсин айтаётибсиз. Ҳақиқатан шундай бўлсам, менга васий бўлишингизнинг нима ҳожати бор эди?
— Сенга васий бўлишим донолигинг ва ақлингга футур етказмайди, — деди Афшин айёрона илжайиб.
— Сиз подшоҳ ва бош қўмондонсиз, сизнинг улуғ мартабангиз ва ишларингизнинг кўплиги менга ўхшаганларга вақт сарфлашга имкон бермаса керак. Бундан ташқари, сиз Ироқда, мен эса Фарғонада истиқомат қиламан. Васийликдек оғир юкни зиммангиздан соқит қила қолсангиз, яхши иш қилган бўлардингиз.
— Йўқ, йўқ. Мен отангнинг васиятига ҳеч қачон хиёнат қилолмайман. Сенинг хизматинг бўлгани учун ҳар қандай оғирлик ҳам менга билинмайди. Xизматингда бўлармикинман, деб кўпдан бери орзу қилиб юрардим. Аммо Ироқ билан Фарғона орасининг олислиги масаласига келганда бу ҳеч гап эмас: ё сен Ироққа кўчиб борасан, ёки мен Фарғонага кўчиб келаман. Ҳар ҳолда иккимиз бир ерда бўлишимиз керак.
Жаҳон унинг мақсадини аниқ билиб олган бўлса ҳам, ҳеч нарсага ақли етмагандек:
— Мавлоно, менимча, бунчалик боғланишга зарурат бўлмаса керак, — деди.
— Мени мавлоно деб атамагин, — деди Афшин унга меҳрибонлик қилгандек.
— Xўп, бўлмаса, ота ёки амаки, менга бунчалик боғланишнинг ҳожати йўқ.
Афшин қошларини чимириб, тиржайди ва курсини Жаҳоннинг курсисига яқинроқ сурди:
— Амаки деб чақиришинг мавлоно деганингдан ҳам оғирроқ, нега мен билан бетакаллуф, бемалол гапиришавермайсан? — У чўнтагидан жуда қимматбаҳо гавҳардан ишланган маржон олиб Жаҳонга узатди. Гавҳар унинг қўлида ялтираб турарди. «Мен сени азизам десаму, сен мени амаки деб чақирсанг дурустми?» — деди.
Жаҳон аввал юзини тескари бурди, кейин унга бир кўз олайтириб қаради-да, курсисини нарироққа суриб олди ва қўлини орқасига қилиб:
— Йўқ, сайидим, менга гавҳарнинг кераги йўқ, мен азадор одамман, қолаверса, бундай сўзларга тоқатим йўқ, — деди.
Жаҳоннинг бундай нафратланишидан ажабланган Афшин: «Отанг васий қилиб тайинлаган одам билан шундай муомала қиласанми? Мен бегона одамман деб фараз қилайлик, лекин лоақал отанг васиятини ҳурмат қилишинг керакмасми?» — деди.
Жаҳон босиқ оҳангда, овозини бир парда баланд кўтариб, кинояомуз деди:
— Эй подшоҳ, эй қўмондон, ўша васиятни олдин ўзингиз ҳурмат қилмоғингиз лозим эмасмиди?
Афшин «жиловинг менинг қўлимда» дегандек: «Отангнинг васияти фақат шу қоғоздагининг ўзи деб ўйлайсанми? У киши менга оғзаки ҳам васият қилганлар, буни албатта бажаришим керак», — деди.
Жаҳон кўзлари чақнаб, лаблари титраб, Афшинни эзиб ташлагудай бўлди:
— Отам ҳаёт бўлганларида сиз бу гапларни айтишга сира ҳам журъат қилмаган бўлардингиз.
Афшин аччиқ истеҳзо қилиб, шундай ўқрайдики, Жаҳон ундан чўчиб кетди. Афшиннинг жаҳли чиқди, оғзини кўпиртириб ўшқирди:
— Яхши, отанг ҳеч нарса демаган бўлсин, лекин менинг гапим сенга кифоя эмасми? Мен сени зийрак, доно қиз деб ўйлаб хато қилган эканман. Ушрусана подшоси сени ўзига яқин олиб, дўстларча гапирса-ю, сен унга қўполлик билан муомала қилсанг ярашадими?
Жаҳон ҳам бўш келмади, ғазаб билан унга бир ўқрайди:
— Бас, шу ерда тўхтанг, кўп ҳаддингиздан ошманг, ўзингизни ҳадеб мақтайверманг. Сизнинг подшоҳлигингиз ўзингизга, мен учун унинг бир чақалик қиймати йўқ.
— Сен мақсадимга тушунмаганга ўхшайсан, ҳали ҳам тушунмадингми? Жаҳон, мен сени севаман, қаттиқ севаман,— деди-ю, қизарган кўзлари баттарроқ чақнаб кетди.
Унинг шу гапини эшитган Жаҳон шердан ҳурккан оҳудек сакраб тушди:
— Мен сизга ишорат билан «тўхтанг, кўп ҳаддан ошманг» деган эдим, қулоқ солмадингиз. Жуда ҳаддан ошиб кетдингиз! Энди шуни билиб қўйингки, менга бунақа бемаъни гаплар айтишингизга йўл қўймайман. Бу — шармандалик. Соч-соқолингиз оқариб кетибди-ю, болаларингиздан ҳам кичикроқ бир қизга «ўлдим-куйдим» дейишга уялмайсизми?
Афшин қизариб, бир хўрсинди-да, тавозе қилишга, ялинишга ўтди:
— Эй Жаҳон! Муҳаббат фақат ёш йигитларда бўлади, дейсанми? Менимча, муҳаббат кексалар учун кўпроқ зарур, улар муҳаббатнинг қадрига кўпроқ етишади. Кишилар хато ўйлашади: муҳаббат ёшга қарамайди.
Кейин у яхшилаб ўрнашиб ўтириб олди-да, кўкрагига ишорат қилиб: «Бу юракда муҳаббатнинг шундай зўр алангаси борки, ҳеч қандай йигит кўкраги унга бардош бера олмайди. Мен йигит бўлганман, ҳозир кексайдим. Сенинг маъбуданг билан онт ичиб айтаманки, менинг ҳозирги муҳаббатим аввалгидан кўра зўрроқ ва мустаҳкамроқ. Мана, ишонмасанг кўр, улуғ подшоҳ, довюрак қўмондон бўла туриб ишқингда ёлборяпман, ўзимни оёқларинг остига ташлаяпман», — деди-да, қизнинг оёғига йиқилиб, гапида давом этди:
— Агар менга хўп десанг, бахт-саодатинг йўлида жон фидо этувчи ошиқи беқароринг бўламан, ўзинг эса Икки Ироқ[25], Форс, Xуросон, Ушрусана ва Фарғонада айтганинг айтган, деганинг деган малика бўласан. Йўқ десанг, ўжарлигингни қўймасанг...
Жаҳон «одам бўлмай ўл» дегандек афтига тикилиб турди-да, унинг гапини бўлиб, кескин гапирди: «Туринг, эй Ҳайдар, туринг, Ковуснинг ўғли, туринг, эй Ушрусана подшоси, ўпкангизни босиб олинг, гапингизни ўйлаб гапиринг! Қилган бу номаъқулчилигингизни мен кечираман, бошқаларга ёйиб юрмайман. Мени одамлар: «Афшиндан кўра ақллироқ экан, ўзини тута биларкан», деб юрса, сиз учун яхши бўлмайди».
Жаҳоннинг бу гаплари Афшиннинг юрагига ўқдек қадалди. У тишларини ғижирлатиб, ўрнидан турди:
— Сен ўз ўжарлигинг билан мени тириклай ўлдирдинг. Мени айтганини қила олмайди деб ўйлама. Ҳали ҳам кеч эмас. «Сен учун бахт-саодат эшигини ланг очиб бераман», деган таклифимни яхшилаб ўйлаб кўр, нодон кишилар ишини қилма. Шуни яхши билки, сенинг ўзинг ҳам, бутун мол-мулкинг ҳам менинг қўлимда. Агар сўзимга унасанг, айтганимни қилсанг, ўзим ҳам, ҳамма топган-тутганларим ҳам сеники.
Жаҳоннинг жаҳли чиқиб, бутун вужуди ўт бўлиб ёнди. Афшинни баттарроқ койимоқчи бўлди-ю, лекин ўйлаб қолди: ҳар қалай у подшоҳ, қўлида аскар-анжомлари бор, хусусан у отаси белгилаб кетган васий. Унга бас келолмаслигини, агар у ёмонликка кўчса, на ҳоким ва на амир ўзининг томони бўла олмаслигини тушунди. Бунинг дастидан фақат халифалик пойтахти Бағдодда халифага шикоят қилиш ва шу йўл билангина қутулиш мумкин. Фақат халифагина Жаҳоннинг шикоятига қулоқ солиб, Афшиннинг танобини тортиб қўйиши мумкин эди.
Жаҳон энди бошқа бир тадбир кўриш лозим эканлигини ўйлади. Зўр иродаси билан ўзини маҳкам тутиб, юмшоқ оҳангда деди: «Сиз гапирган гапларингизни ўйлаб кўришимга фурсат беринг. Менинг айтганларимни сиз ҳам ўйлаб кўришингизга вақт бераман. Иккимиз ҳам обдан ўйлашиб кўриб, кейин бир битимга келамиз. Сизнинг бу гапларингизни сир тутишга, бошқаларга ошкор қилмасликка тиришаман. Ҳа, Афшин ҳокимнинг дўсти ва васийи бўла туриб, қизнинг шаънига шундай гапларни айтибдими?» — дейдиган кишилар маломатидан сизни сақлашим керак. Менинг шу таклифимни қабул қиласизми, йўқми? Қабул қилмайдиган бўлсангиз, у вақтда беодоблик ва шармсизликни мендан кўрасиз. Бу ожиз қизнинг қўлидан нима келарди деб ўйламанг, жаноб!»
Қизнинг зўр жасорат эгаси эканига яна бир марта ишонч ҳосил қилган Афшин унинг юзига қарашга ҳам юраги дов бермади. Ғазабдан Жаҳоннинг кўзлари яна ҳам қаттиқроқ чақнаб кетди. Жаҳоннинг гаплари Афшиннинг миясига яшин тушгандек таъсир қилди:
— Сен ожиз қиз эмассан, мен ҳам ақлдан тойган кишилардан эмасман. Лекин сен бошқаларга ўхшаб муҳаббат фақат ёшларга ярашади, деб ўйлайсан. Мен эса кексалар ишқ йўлида ёшлардан ҳам собитроқ эканини сенга амалда кўрсатиб бераман. Мен севгилиси йўлида ҳамма бор-йўғини, ҳатто ҳаётини ҳам қурбон қилиб юборадиган кишиман. Қани, қайси йигит шундай қила олади? Улар енгил табиатлилик туфайли, кўзига қон тўлганлик туфайли муҳаббат қўядилар. Ёшлар муҳаббатда барқарор туролмайди, ўз маҳбубасига керагича вафо қилолмайди. Энди сен гапларимни ўйлаб кўриш учун муҳлат сўраяпсан. Xўп, муҳлат бераман, эҳтимол, шу аснода ақл-ҳушингни йиғиштириб оларсан. Биродарим — отангнинг таъзияси ҳам ҳали тугагани йўқ, унга қадар менинг умидим юзага чиқиб қолар. Менинг хайрихоҳлигимни очиқ билганингдан кейин гапларим хусусида аста-секин фикр юритиб кўрарсан, албатта.
Афшиннинг баландпарвоз орзуси ҳақидаги узундан-узоқ гапларини эшитиб бўлиб, Жаҳон босиқ, лекин қатъий оҳангда деди:
— Менинг ишончли васийим сифатида қулоқ беришингиз керак бўлган битта гапим бор: васийлик вазифангизни адо қилиш учун сарой ва сарой аҳллари ишини тартибга солиш устида ҳеч бош қотириб кўрдингизми?
— Ҳа, ҳамма ишларни ўринлатиб қўйдим, деҳқонлар далада ишлашяпти, сарой бошлиғи сарой ишларини бажариб турибди. Ўзим эса сенинг мол-мулкингни ўзингдан кўра ҳам яхшироқ тежаб-тергаб, муҳофаза қилиб турибман,— деди Афшин. Кейин ҳамон қўлида турган безагини кўз-кўз қилиб, — Буни олмадинг-а, ола қол, — деди.
Жаҳон аччиғи келиб ундан бетини ўгирди:
— Бугунги учрашувимизни эслатадиган ҳеч бир нарсани қабул қилгим йўқ, иложини топсам, хонадаги шу ҳолатимизнинг шоҳиди бўлаётган ёки шу сўзларни эшитаётган ҳамма нарсани бу ердан чиқариб ташлар, йўқотиб юборар эдим. Отамдан қолган мерос устида бош қотираётганингиз, уларни тежаб-тергаб турганингиз учун сизга ташаккур айтишга рухсат эцангиз. Отамнинг дўстлари ва оилаларини ишониб кетган кишилари бўлмиш Афшиндан мен шуни кутган эдим, албатта. Энди акам Сомонни нима учун меросдан маҳрум қилганларингизни билсам бўладими?
Ҳеч нарсани назар-писанд қилмай, ўзини устун тутиб шартта-шартта гапираётган Жаҳон олдида довдираб қолганига қарамай, Афшин нафасини ичига ютиб: «Сен менга гўё вазифасини уддалай олмаётган кишидек тергов қиляпсан. Менга Сомоннинг меросдан маҳрум қилинишини сир сақлаш вазифаси юкланган. Агар маъшуқа ўз ошиғига савол бергандек қилиб сўрасанг, ҳамма нарсани айтиб беришга тайёрман», — деди.
— Васиятга амал қилаверинг, муҳаббат, ошиқ-маъшуқ деган гапларни йиғиштиринг! — кесатди Жаҳон.
Афшинни тер босиб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Бошқа бирор сўз айтишга юраги дов бермади. У «кетишим керак», деб ўрнидан қўзғалди. Қизни сира ҳам рози қила олмаслигига ақли етиб, мағлубларча хонадан чиқиб кетди. «Афшин Жаҳондан мағлуб бўлибди» деган маломатдан чўчиди-да, эшик олдига борганда: «Хўп, майли, сен билан кейин гаплашаман», — деб қўйди.


Халифа МуъТасим Ва Сурра Ман Рао Шаҳри
Хонадан чиқиб кетаётган Афшиннинг орқасидан Жаҳон тик турганича қараб турди. Кейин у девордаги пардага тикилган суратга кўз ташлади-да, чуқур хўрсинди. Оғир меҳнатни бажарган кишидек бўғин-бўғини бўшашиб кетди, ўзини курсига ташлади. Теварак-атрофига қараб ўз-ўзича: «Эй Жаҳон, эй Фарғона малаги! Бошингга не кулфатлар тушди-я? Отанг вафот этдилар. Унинг устига севгилингнинг Ироққа жўнаб кетиши-чи? Xайр, майли, Зирғом бу нодон чолнинг, беҳаё подшоҳ ва мутакаббир қўмондон Афшиннинг ярамас ниятларини билмай кетгани яхши бўлди. У баттол чол сурайё юлдузидай Жаҳонга хомтама бўлиб юрибди-я. Мен унга «кўнглим Зирғомда, сен лақиллаб юрма», деб нега айтиб қўя қолмадим? Йўқ, агар айтганимда у бечорани ҳам ташвишга солиб қўйган бўлардим, албатта. Оҳ, севгилим Зирғом, қаердасан? — деди-да, унинг узоқ юртларга кетиб қолганини эслаб, тўсатдан йиғлай бошлади. Йиғлаётганимни биров эшитиб қолмасин деб овозини пасайтириб, кўз ёшларини дарё қилиб оқизди. У ўзини унутиб, аламини йиғидан олар, ўксиниб-ўксиниб йиғларди. Шу ҳолатда экан, тапиллаб ўзи томонга келаётган оёқ товушини эшитиб қолди. Ўзини йиғиштириб олди. Қараса оқсочи — Ҳайзурон қўрқиб кетган, югурганича икки қўлини очиб, қучиб олгудек бўлиб кириб келяпти. Ожизлик қилганидан хижолат тортган Жаҳон унинг қучоғига ўзини ташлади. Ҳайзурон гап бошлади:
— Ҳа, қизим, сайидам, сенга нима бўлди, бирон еринг оғрияптими?
— Онажон, — деди Жаҳон кўз ёшини артиб, — нега йиғлашимдан ажабланасиз. Куни кеча меҳрибон отамдан жудо бўлган бўлсам. У кишидан айрилиб қолишимдан ҳам оғир мусибат борми? — Ҳайзурон Жаҳон билан Афшин ўртасидаги можарони гарчи эшитмаган бўлса ҳам, Афшин чиқиб кетаётгандаги важоҳатини кўриб, анча-мунча нарсани фаҳмлаган эди.
— Қизим, тўғри айтасан, жаноб ҳокимнинг вафотлари чиндан ҳам оғир мусибат бўлди. Айниқса ўзларидан кейин Афшиндай кишининг васий бўлиб қолиши мусибат устига мусибат бўлди, — У Жаҳонни қучоқлаб ўпди ва:
— Қизим, нима учун йиғлаётганингни биламан, хафа бўлма, мен сенинг учун жонимни қурбон қиламан. Фақат мен эмас, бутун сарой аҳли, фарғоналикларнинг ҳаммаси сен учун ўзларини фидо қилишади, — деди.
Жаҳон Ҳайзуроннинг қучоғидан секин ўзини олди-ю, «қани, ўтиринг» дегандай имо қилиб ёнидан жой кўрсатди. Ҳайзурон суқ билан Жаҳонга тикилганича у кўрсатган ерга ўтирди. Жаҳоннинг юзидаги умидсизлик, хафалик аломатлари ўрнини жиддийлик аломатлари эгаллади. Лекин у ҳамон жим ўтирар, ниманидир ўйлаётгани кўзлари ва манглайидан кўриниб турарди. Унинг сукути узоққа чўзилди. Ҳайзурон эса қулоғини динг қилиб «сайидам нима дер экан», деб кутиб турарди. Ахийри Жаҳон шартта ўрнидан турди-да, Ҳайзуронга жиддий боқиб:
— Ҳозирдан бошлаб менга бу юрт ҳаром, — деди.
Ундан бундай гапни эшитган Ҳайзурон ўтакаси ёрилгудай бўлиб, сакраб ўрнидан турди.
— Нима деяпсан, қизим?
— Бу саройни ҳозир ташлаб чиқиб кетишим керак.
— Қаерга? Ҳамма мол-мулкинг шу ерда бўлса, ўсган-унган юртингдан қаерга кетмоқчисан, уларни кимга ташлаб кетасан? — қўрқа-писа сўради оқсоч.
— Уларни тамагирларга — Афшинга, коҳинга қолдириб кетаман.
Ҳайзуроннинг юзи бўзариб кетди.
— Қандай қилиб бу ерни ташлаб кетасан, бутун бойлигинг шу ерда, ўзинг эса айтганинг айтган, деганинг деган сайидасан.
— Бойликнинг ҳам, ҳукмфармонликнинг ҳам менга кераги йўқ, — деди Жаҳон қатъий ва кескин тусда. Зирғомдан узоқдалиги туфайли Афшин ўзига кўз олайтиришидан қўрқаётганини айтмоқчи бўлганини пайқаган Ҳайзурон уни юпатишга тушди:
— У сенга ёмон ниятда бўлса, садқаи сар. Парво қилма. Сен ўз саройингда маликасан, бу ердан сени чиқаришга кимнинг ҳадди бор?
— Йўқ, у менинг шу ерда қолишимни истаяпти, мен ўзим кетмоқчиман, — деди Жаҳон унга қайрилиб.
— Жон қизим, қандай қилиб кетасан, қаерга борасан? Қани, айт-чи?
Жаҳон бошини эгиб туриб: «Кетаман дедим, кетаман. Бошқа гап йўқ. Сиз бу ерда қолишингиз керак» — деди.
Кўзига жиқ-жиқ ёш олиб Ҳайзурон унинг гапини бўлди:
— Мен бу ерда нега қоларканман? Сенсиз мен бу ерда нима қилардим, қизим. Сен қаерда бўлсанг, мен ҳам ўша ерда бўламан, фақат қаерга боришингни билмоқчиман, холос.
— Ироққа.
— Қизим, бу гап айтишга осон, аммо уни амалга ошириш қийин. Биз билан Ироқ ораси қанча йўллигини биласанми ўзинг?
— Билмайман, лекин сўзим бир, кетаман дедимми, кетаман.
Ҳайзурон оҳиста уни юпатишга тушди:
— Сен ақлли ва доно қизсан, ўйламай бир ишни қилмайсан, албатта. Биз билан Ироқ ораси бир неча ойлик йўл. Бу йўлнинг кўп қисми хатарли саҳро ва биёбонлардан иборат. Қароқчи ва йўлтўсарлар кўплиги учун у ерларда фақат қурол-яроқли соқчилар кузатувида, кўпчилик бўлиб юриш мумкин, холос.
Жаҳон ўз сўзида қаттиқ туриб олди:
— Бўлганича бўлар, Ироққа кетишим муқаррар.
— Сайидам, оппоқ қизим, ўзинг яхшилаб ўйлаб кўр. Ёш жонингга раҳминг келсин, кўра-била туриб ўзингни ҳалокатга отма! Ироққа бормоқчи бўлган одам қўрқинчли дашт-саҳроларни кесиб ўтиши керак. У ерларда туркман ва бошқа қабилаларнинг қароқчилари кўп бўлади. Улар кўпинча Xуросон ва Эронга кетаётган савдогарлар йўлини тўсиб, молларини тортиб оладилар, ўзларини ўлдирадилар ҳам. Шундай йўлдан қандай қилиб ёлғиз бора оласан? — деди унга ёлвориб Ҳайзурон.
— Майли, қисматда битилгани бўлади, одамлар борадиган ерга мен ҳам бора оламан. Бориш учун керакли ҳамма тадбирни кўраман.
Ҳайзурон Жаҳонни бу ниятидан қайтариш мумкин эмаслигини англади:
— Сен Афшиннинг бетини кўрмаслик учун Ироққа кетмоқчига ўхшайсан. Ахир унинг истиқомат қиладиган жойи Ироқ-ку. Ироқда унинг нуфузи ҳамма ердагидан кўпроқ эмасми?
— Ироққа етиб олсам, ундан тап тортадиган ерим қолмайди. Xалиф ўша ерда туради. Унинг ҳукми Афшинникидан зўрроқ бўлса керак, албатта. Бундан ташқари Зирғомим ҳам ўша ерда-ку, — деди-да, Жаҳон бир оз тин олгач, яна сўзида давом этди, — мен Зирғомдан ёрдам талаб қилмоқчи эмасман, лекин ҳақиқатга қулоқ солинадиган бир мамлакатда у аҳмоқ чол билан гаплашиб қўймоқчиман. У ўз аскарлари билан бу ерда мендан ғолиб чиқиши мумкин, аммо Бағдодда бунинг уддасидан чиқа олмайди. Энди сиз мени бу ниятдан қайтараман деб бекорга уринмай қўя қолинг!
Жаҳон эшик томон қадам ташлади. Қаттиқ саросимада қолган, йиғидан ўзини боса олмаган Ҳайзурон ҳам ҳиқиллай-ҳиқиллай унинг орқасидан эргашди.
Жаҳон у ёқ-бу ёққа қарамай, югурганча ўз хонасига кирди. Унинг чеҳрасида шижоат ва хотиржамлик сезиларди. Яна гап қўшишга ёки орқасидан кириб бораверишга журъат қилмай Ҳайзурон қадамини секинлатди. Ичкаридан туриб уни Жаҳон чақирди. «Лаббай» деб ичкарига кирган Ҳайзурон қизнинг ғалати бир ҳолатда каравоти устида ўтирганини кўрди. Бир томондан унинг чеҳрасида жиддият — аниқ ният белгилари, иккинчи томондан эса, андак саросималик нишоналари аён бўлиб турарди. У кириши билан Жаҳон: «Сомон ҳали ҳам қайтиб келгани йўқми?» деб сўради. Ҳайзурон оҳиста жавоб қилди:
— Йўқ, сайидам, бугун эрталабдан буён кўрганим йўқ.
Жаҳон бошини бир силкиб қўйди-да, «келинг, она, ёнимда ўтиринг», деб оқсочни таклиф қилди.
Ҳайзурон унинг юзига қарашга ийманиб турарди. Секин ёнига ўтирди. Жаҳон гап бошлади:
— Менинг сафарга чиқишим сабабини ҳеч ким билмасин, буни сир сақланг, сарой мутасаддиси Меҳтарга мол-мулк, экин-тикинларимиздан хабардор бўлиб туришни топширинг. Сўраганларга: «Яқин бир шаҳарга кетяпмиз», — деб қўя қолинг.
— Xўп, сайидам, буйруғингни албатта бажараман. Йўлга қачон чиқамиз?
— Яқин фурсатда, таъзия маросими тугашини кутмасданоқ жўнаймиз. Қайси куни йўлга чиқишимизни кейинроқ айтаман. Сафаримиз жуда олис. Шунинг учун олиб кетиладиган барча сафар анжомларини тахт қилиб қўйишингизни ўтиниб сўрайман.
Ҳайзурон қабул ишоратини қилиб бошини қимирлатиб қўйди. Жаҳоннинг қасд қилган ишидан сира қайтмаслигини у яхши билар ва буни кўп тажрибадан ўтказган эди. Шунинг учун эртагача сабр қилишни маъқул кўриб, орага бошқа сўз қўшмади. Бир оз сукутдан кейин қизнинг ўзини ёлғиз қолдириб чиқиб кетди.
Бу узоқ сафарда Сомоннинг ҳам ҳамроҳ бўлишига эҳтиёж борлиги учун Жаҳон бутун кунни шу ҳақда фикр юргизиб кеч қилди. Бундай сафарга Сомон жон-жон деб чиқишини Жаҳон яхши биларди. Эртасига эрталаб Жаҳон уйқудан уйғониши биланоқ Сомоннинг эшигини қоқди. Дабдурустдан унга: «Шунчалик беғам бўладими киши. Қаерларда қолиб кетдингиз ахир, ака?» — деб гина қила бошлади. «Бир кунгина кўзингга кўринмасам шунчалик вахимага тушасанми, ойлаб йўқ бўлиб кецам нима қилардинг?» — деди Сомон. «Нима гап, бирор ёққа кетиш ниятидамисиз?» — сўради қиз.
— Шу шаҳарда мен бутун бахт-иқболимдан ажралган бўлсам, энди бу ерда истиқомат қилиб нима маза топардим. Ўз еримда, она юртимда, ҳатто ўз оиламда хор-зор бўлиб юришимдан нима фойда. Сен сарою, мол-мулку ҳамма нарсага вориссан. Бу ерда айшу ишратингни суриб юравер. Мени ўз ҳолимга қўй, бошим оққан томонга кетай, — деди Сомон ўзини мунгли қилиб кўрсатиб. Бу гапни у қандай ниятда айтаётгани Жаҳонга сир эмасди. Лекин акасининг «сафарга чиқаман» деганининг ўзи Жаҳонга йўл очиб берди: «Иккимиз бирга сафарга чиқсак, нима дейсиз?»
— Xўш, сенда ҳам сафарга чиқиш нияти борми? — деди сомон.
— Ҳа, бўлмаса-чи?
— Сенинг бирор ёққа боришингга ҳеч бир ҳожат йўқ. Аммо Ироққа борадиган бўлсанг, унда бошқа гап. У ерда севгилинг Зирғом яшайди.
— Ҳа, мен Ироққа бормоқчиман, сиз ўзингиз-чи? — сўради Жаҳон.
— Яхши уқиб олгинки, — деди Сомон, — бундай сафарнинг ўзи бўлмайди. Унга кўп тайёргарлик кўриш лозим. Йўл олис ва қўрқинчли бўлгани учун бирор қофилага қўшилиб боришимиз керак.
— Майли, нима чора кўриш лозим бўлса, шуни кўринг, лекин тезроқ ҳаракат қилинг.
Сомоннинг юзига қон югурди. У кўпдан ўйлаб юрган мақсадига эришмоқ учун Жаҳондан шундай рухсат олиш пайида эди. Афшиндан қочиб сафарга чиқишга Жаҳон бунчалик ошиқмаганда, акасининг ғаразини билиб қолган бўларди. Лекин у Афшиндан тезроқ қутулиш мақсадида ўша ғаразга эътибор бермади ҳисоб. Акасига сафар тадоригини кўришни топшириб, ўзи ҳам Ҳайзурон билан унга билдирмай тайёрлана бошлади.

* * *
Халифа Муътасим Бағдодни қўйиб, туркий ва бошқа халқларни жойлаштириш учун ундан эллик мил (150 км.) нарироққа Сурра ман рао (Ким кўрса хурсанд бўлади)[26] номли шаҳарча бунёд қилди. У аббосий халифаларнинг иккинчи шаҳри ҳисобланадиган бўлди. Муътасим у шаҳарни даҳаларга бўлиб, даҳаларни турли юртлардан келтирилган аскарлар учун алоҳида-алоҳида қилиб ажратиб берди. Уларнинг баъзилари самарқандлик турклар, баъзилари Фар-ғонадан, баъзилари эса Ушрусана ва бошқа жойлардан келтирилган йигитлар эди. Xалифа ҳар бир тоифа учун махсус қўмондон белгилади. Уларнинг машҳурлари эса Ушрусана шаҳзодаларидан бўлган Афшин, аввал Муътасим қўмондонларидан биттасининг қули бўлиб, кейин озод қилиниб, қўмондонликка кўтарилган Ашнос, яна Итох ва Сумо деган саркардалар эдики, кейинги иккитаси ҳам илгари қул бўлишган.
Муътасим Сурра ман раони бино қилиш олдидан меъморларни, бинокор усталарни, мардикор, дурадгор, темирчи ва бошқа ҳунармандларни чақиртирганди. Ғишт, ёғоч кабиларни Басра, Бағдод, Антокия[27] ва Шомнинг бошқа чеккаларидан, мармар тошни эса Лозиқия[28]дан келтирган эди.
Муътасим ўзи учун шаҳарнинг ўртасида қаср қурдирди. Унинг ёнида эса катта масжид жоме бунёд қилиб, масжид теварагида бозор барпо этди.
Мансурнинг[29] Бағдодни қуришдаги тартибига амал қилиб, бозорда ҳар бир касб эгалари учун алоҳида раста ажратди. Xалифа қўмондонлар учун ўз қасридан, кишилар хонадонлари ва растадан узоқроқдан махсус жойлар ажратди. Ашносни шаҳарнинг нариги чеккасига — шимолий томонига ва қасрдан бир неча чақирим нарироққа жойлаштирди. У ерни Бағдод — Кархига ўхшатиб Карх деб ном қўйди. Афшинни эса жануб томонда ал-Матира номли жойга ўрнаштирди. У ҳам халифа қасридан бир неча мил узоқда эди. Фарғоналиклар учун бошқаларникидан кўра яхшироқ жойдан ер ажратди. Турклар, хуросонликлар ва мағрибликлар учун ҳам алоҳида-алоҳида ерлар ажраттириб берди. У ҳамма қўмондонларига ўз одамлари учун масжид ва бозорлар бино қилишни буюрди. Дажла дарёсининг оқар томонига қараган катта кўчалар чиқарди. Ўша кўчалар кесиб ўтадиган кичик ва боши берк тор кўчалар ҳам қурдирди. Ал-Матиранинг шимол томонидан Дажла бўйлаб Кархга борадиган кўча марказий кўча эди. Кишилар учун ажратилган турар жойлар эса ана шу катта кўчанинг ўнг ва чап томонларида жойлашган бўлиб, Дажлага борадиган кичик ва тор кўчалар унга ёпишганди. Молия идораси, Муътасимнинг қасри, масжид ва қул бозори ҳам шу кўчада эди. Бу кўчанинг қаршисида Абу Ҳамд номли яна бир кўча чиқарилганди. Муътасим Дажла дарёси устига шарқий қирғоқдан ғарб томонга ўтадиган кўприк қурдирди ва дарёнинг у томонида иморатлар бино қилиб, дарахтлар ўтқазди, қудуқлар қаздирди. Ҳар бир мамлакатдан турли усталарни, масалан, Мисрдан сув иншооти мутахассисларини, қоғоз ишлаш усталарини, Басрадан эса чинни ва сопол ишлаш усталарини оилалари билан кўчиртириб келди. Биноларнинг ҳаммаси бир неча қаватли бўлиб, атрофи боғ-бўстонларга айлантирилганди.
Муътасим Сурра ман рао деган шундай шаҳар қурганини эшитиб, олди-сотди қилмоқ учун атроф-теваракдан кишилар ёғилиб кела бошлади.
Муътасимдан кейин халифа бўлган ал-Восиқ[30], ал-Мутаваккил[31] ва бошқалар бу шаҳарни кенгайтириб, катта биноларни яна ҳам кўпайтирдилар.
Фарғоналиклар учун қурилган бинолар орасида Муътасимнинг саройи ёнига эшиги Дажла томонга қараган бир боғча, ичида унча катта бўлмаган бир иморат турарди. Унинг ёнида икки дона хурмо дарахти қад кўтарган. Сомуррода яшовчилар бу уй кимга қарашли эканини билишмасди. Чунки унда бозорга чиқиб рўзғорга керакли нарсалар олиб келадиган хизматкорлардан бўлак кишини кўришмасди. Қўмондонлар эса бу Зирғомнинг ҳовлиси эканини билишарди. Улар ўзларига ўхшаб катта ҳашаматли уй қурмаган, ҳар хил хизматчи ва чўрилар сақламаган Зирғомнинг дунё лаззатларига — айш-ишрат, зеб-зийнатга эътибор бермаслигидан ажабланишарди. Улар бу ерда Зирғом ёлғиз ўзи яшайди деб ҳам ўйлашарди. Зирғом Фарғонага кетмасдан бурун баъзи қўмондонлар бу уйга келиб туришарди ҳам. Аммо у сафарга кетганидан кейин ҳеч ким бу даргоҳга қадам босмай қўйди. Чунки уйда Зирғомнинг кўзлари ожиз бўлиб қолган қари онаси ва Масъуда номли бир чўридан бўлак ҳеч ким кўринмасди.


Зирғомнинг Онаси
Зирғомнинг онаси — Офтоб ҳали қаримасдан олдин, Ироққа боришдан буруноқ кўзи ожиз бўлиб қолганди. Фарғоналиклар ҳам Сомурродагилар каби Офтобнинг ўтмишидан хабарсиз эдилар. Xонадонида узоқ вақт яшаганлигига қарамай, ҳоким Таҳмознинг ўзи ҳам унинг кимлигини билмаганди. Офтоб ўзининг асли ким бўлганини ҳатто ўғли Зирғомдан ҳам сир тутиб келарди. Зирғом «менинг отам ким эдилар?» деб сўраганди, у: «Отанг мусулмон аскарларидан биттаси бўлиб, жанглардан бирида шаҳид бўлганлар. Мен ҳаётимнинг сўнгги нафасларигача у кишининг хотираси учун қора кийиб, мотамда ўтказишга аҳд қилганман», дер эди. Ҳар сафар Зирғом отаси ҳақида суриштираркан, онаси шундан нари ўтмасди. Лекин Зирғомни бу гапларнинг ўзи қаноатлантирмай юрарди. У кунларнинг бирида: «Ростини айтиб бермасангиз қўймайман», деб онасини қистади. Она бу гапни яна кейинга сурди. Зирғом унга қачон шу ваъдасини эслаца, онаси жавобни бошқа вақтга қолдираверарди.
Зирғом ёшлигини Фарғонада ўтказди. Ўзи тенги йигитлар қатори аскарликка кириш ёки тирикчилик ўтадиган бирор ишнинг пайидан бўлиш учун Ироққа боришни онасидан маслаҳат сўраса, онаси розилик бермасди. Охири бориб унга рухсат берди ва она-бола биргаликда Ироққа кўчиб, Сомуррода яшаб туришди. Зирғомнинг уқувли, пишиқ-пухта йигитлиги назарга тушиб, аввал аскарликка, ундан кейин соқчилар бошлиғи мартабасига кўтарилди. У қачон отаси ҳақида сўрамасин, онаси ҳар сафар «кейинроқ айтаман», деб бир хил жавоб қайтарарди.
Зирғом охирги марта ҳукумат топшириғи билан Фарғонага бормоқчи эканини айтиб, ундан рухсат сўраганда, онаси тезда қайтиб келиш шартини қўйиб, розилик берди. Она чўриси Масъуда билан ўз саройида ёлғиз қолди.
Офтоб бутун кунини уйда ўтказар, боқчага аҳён-аҳёнда чиқарди. Жория Масъуда эса қўлидан келганча уни овутиш-юпатишга ҳаракат қиларди. У бир неча йилдан бери Офтобнинг хизматида эди-ю, лекин ўз бекасининг кўнгли очилиб, кулиб турганини бирор марта ҳам кўрмаганди. Офтобнинг бу қадар маъюс ва паришонҳоллигидан бошқалар каби Масъуда ҳам ҳайрон эди, сабабини сира тушуна олмасди. Шунга қарамай, у Офтобнинг мулойимлиги ва камсуханлиги учун жуда ҳам севар, ҳурмат қилар эди.
Офтоб кексайган, кўзи ожиз бўлса ҳам, кўркам ва ёқимтой аёл эди. Унинг юзларида ёшликдаги мислсиз ҳусннинг излари қолганди. Бошидан кўп оғир кунлар кечганига қарамай, унинг барвасталиги, салобати, хуштабиатлиги сақланиб қолган эди. Чўриси Масъуда Офтобнинг кўнглини кўтариш учун ҳар хил воқеалардан гапириб бериб ўтирарди. Унинг халиф Муътасим тўғрисидаги ҳикояларга кўпроқ мойиллигини, хусусан, ўғли соқчилар бошлиғи бўлганидан кейинги воқеаларга қизиқиб қулоқ солишини Масъуда сезарди. Лекин гапирмас, онда-сонда хўрсиниб: «Болагинам Зирғом қачон келаркин, жуда олислаб кетди», деб қўярди холос.
«Зирғом кайтиб келяпти», деган хушхабарни биринчи бўлиб Масъуда эшитди. Онаси йўлига интизор бўлиб ўтирганини билган Зирғом ўзидан олдинроқ элчисини юборган эди. Элчи келиб Масъудага Зирғомнинг келаётганини хабар қилиш билан, Масъуда югуриб сайидаси Офтоб олдига чопди. Офтоб унинг юзини кўра олса, албатта, қизнинг чеҳрасида шодлик аломатларини пайқаган бўларди. Она бечорани бирор хасталик ёки табиий нуқсон эмас, балки замонанинг жабр-ситамлари кўриш неъматидан маҳрум қилганди. Кўр бўлиб қолишининг ҳақиқий сабабини ҳаммадан сир сақлаб юриши ҳам замона зулми туфайли эди.
Она Масъуданинг шошилиб киришидан яхшилик хабар топиб келганини сезди, юраги ошиқиб кетганидан, уни гапиришга ҳам қўймай:
— Ҳа, Масъуда, ўзи нима гап? Зирғом келдими? — деб сўради.
— Ҳа, сайидам, Зирғом келди, қаердан билдингиз? — деди қиз.
— Кўнглим сезиб турувди, ахир Зирғомдан бўлак кимим ҳам бор? Қани, Зирғом ўзи?
— Келаётганмиш, яқин келиб қолганмиш, — онани юпатди Масъуда.
Офтоб ўзини тутолмай, ирғиб ўрнидан турди. Унинг юзларига қон югурди, кўзидан томган икки дона ёшни қора рўмолининг бир чеккасига суртиб, табассум билан деди:
— Зирғомим келяпти? Xудога шукур, уйга қачон етиб келаркан?
— Xудо хоҳласа, кечқурунгача келиб қолади, — тасалли берди Масъуда.
Офтоб: «Тур бўлмаса, дарров кечки овқатингга урин»,— деди-да, кўзи қайтадан очилгандай, ҳеч нарсага туртинмай-қоқилмай тўппа-тўғри ўз ҳужрасига бориб, юз-қўлини ювди, янги кийим-бошларини кийиб олди. Зирғомга мунтазирликдан ўзини чалғитиш учун бўлар-бўлмас нарсаларга уриниб турди.
Офтоб зеҳни ўткир ва сезгиси нозиклигидан хизматчиларини уйдами, боғчадами юрганини ўтирган ерида пайқаб турарди. У ўз ишларидан қутулгач, айвонга келиб ўтирди. Масъуда эса сайидасининг ўғли келаётганидан хурсандлигини кўриб, севина-севина ошхонада овқат тайёрлаш билан машғул эди. Офтобнинг «Масъуда» деб чақиргани эшитилди.
У югуриб келиб: «Лаббай, сайидам, мен шу ердаман», — деди.
— Зирғом келди, хизматчиларга айт, дарров унинг истиқболига чиқишсин, — деди она.
Ҳали ҳеч нарсанинг дараги бўлмай туриб, ўзидан-ўзи «Зирғом келди» деганидан ажабланиб Масъуда боқча томон чиқиб қаради, лекин ҳеч кимни кўрмагач, қайтиб келиб Офтобга: «Келганича йўқ, лекин ҳали замон келиб қолса керак», — деди.
— Бир отнинг оёқ товушларини эшитяпман, — деди она. Офтобнинг ғоят сезгирлигини кўпдан синаб келган Масъуда гарчи яқинлашиб келаётган бирор кишини кўрмаса ҳам боқча томон бориб, хизматчиларга Зирғомни кутиб олишни буюрди. У қайтиб боқча эшигига етмасданоқ, олисдан кўтарилаётган чангни кўриб, отларнинг тапир-тупур овозини эшитди-да, Офтобнинг сўзи ростлигига тўла қаноат ҳосил қилди. Озгина фурсат ўтар-ўтмас сафар кийимидаги отлиқ Зирғомга, унинг орқасидан бошқа бир отни чоптириб келаётган Вардонга кўзи тушди. Офтобдан суюнчи олиш учун уй томон югуриб келди. Она кўзларини катта-катта очганича, отларнинг овози келаётган томонга тикилиб, эшик ёнида турарди. Гўё бир нарсани кўраётгандек кўзлари айланиб турарди. Унинг кўзини айлантираётган нарса тенгсиз оналик меҳри эди. Масъуданинг келаётганини сезган Офтоб уни гапиртиришга қўймай: «Мен, Зирғом келди демадимми? Отининг овози бўғин-бўғинимга сингиб, нафасининг ҳароратини сезиб турибман. Xудойим, уни ёмон кўздан асрагин». Офтоб бу гапларини кўзи, қоши, қўли ва бутун гавдаси билан гапираётгандек туюларди. Унинг бу ҳолати Масъудага қаттиқ таъсир қилди. Онага раҳми келиб, юраги ачиди. Кошки у муштипар онанинг ҳозир икки кўзлари чарақлаб очилиб кеца-ю, нури дийдасини кўрса.
Боқча дарвозасига етиб келган Зирғом отнинг жиловини хизматчисига тутқазиб, ҳовли зинапоясига чиқиб онасининг ёнига келди-да, унинг оғушига отилиб, қўлларини ўпа бошлади. Она ҳам оналик меҳри билан уни ўз бағридан қўймасди. У айвон томон йўл олиб, ўғлини эсон-омон етиб келгани билан муборакбод қилар, қайта-қайта ўпиб, елкаси, билаклари, кўкраги ва бўйнини ушлаб завқланар ва бармоқлари билан юзи, соқол-мўйлабларини силарди. Гўё она бармоқ учлари билан ўз фарзандининг бутун вужудини кўраётгандек ҳис қиларди. Зирғом билан қўл ушлашиб айвонга келган она аввал ўзи кўрпачага ўтирди-да, қўлидан биров олиб қочиб кетаётгандек қизғаниб, ўғлини маҳкам қучоқлаб, ёнига ўтқазди. Севинганидан унинг кўз ёши сира тийилмасди. Зирғом эса ёш боладек она бағридан ўзини олмасди. Шу йўсинда бирмунча фурсат ўтгач, она ундан ҳол-аҳвол сўрашга ўтди. Ўғил соғ-саломатлигини айтиб, уни тинчитди ва: «Сизни жуда ҳам соғиндим, шунча узоқ вақт сафар вақтида бир дақиқа ҳам хотирамдан нари кетмадингиз», — деди.
Офтоб Масъудага дарров дастурхон ёзишни буюрди. Зирғом эса сафар кийимларини ечиб, бошқа кийиниб келиш учун онасидан ижозат сўради. У сафарга кетганидан буён биринчи марта ҳамма ёқда шамлар ёндирилган кеча эди. Чунки аввало Офтоб учун шамнинг ҳожати бўлмаса, ундан кейин Зирғом кетгач, келди-кетдилар ҳам тийилиб қолганди. Улар биргаликда дастурхон атрофида ўтириб овқатланишди. Овқатдан кейин Офтоб ўғлини ёнига олиб қўярда-қўймай гапга солаверди. Йўлдан чарчаб келган Зирғом онасининг ижозати билан ёнбошлади, кўриш неъматидан маҳрум бўлган она унинг қўлини ушлаганича ёнида ўтирарди. Онасининг илтимосига кўра, у Сомурродан чиқиб кетганидан буён кўрган-кечирганларининг ҳаммасини бирма-бир ҳикоя қилиб берди. Она: «Фарғонада узоқ турдингми?» — деб сўради. У Фарғонани тилга олиши билан Зирғомнинг кўнглида кўп нарсалар кечди:
«У ерда бир неча кун турдим», — деди-да, ҳокимнинг вафот этганини унга айтиш-айтмасликни ўйлаб, жим бўлиб қолди. Зирғомнинг ўйга толганини пайқаб она:
— Ҳа, гапиравер, болам, у ерда нималар кўрдинг, нима янгиликлар бор? — деди.
— Нима десам экан, ҳаммалари сизни сўрашди, жуда яхши қўшнимиз эдилар, деб мақташди.
— Ҳокимнинг уй ичи тинч эканми? — Зирғом қандай жавоб беришини билмасди.
— Ҳокимдан бошқа ҳаммалари яхши, соғ-саломат ўтиришибди, аммо ҳокимнинг ўзи оғир хаста, табиблар ҳам, уларнинг дори-дармони ҳам у кишига шифо бўлмаяпти.
— Оламдан ўтганга ўхшайдилар, шундай эмасми? — деди она.
— Ҳали вафот этмаган бўлсалар ҳам, ҳар ҳолда ўсал бўлиб ётибдилар, касаллари кўпдан бери давом этяпти. У киши жуда олижаноб одам, сизни кўп ҳурмат билан тилга олдилар.
— Чамамда ҳокимнинг вафот этганини айтишга тилинг бормаётганга ўхшайди. Xудо раҳмат қилсин. Келаётганингда бола-чақаларининг аҳволи қандай эди?
Зирғом онаси ҳокимнинг ўлганини сезиб қолганидан ажабланмади, чунки унинг шундай ўткир сезгига эгалигини кўп марта тажрибадан ўтказганди. У Жаҳон тўғрисида сўз очишга баҳона қидирди:
— Бола-чақалари дуруст, уларга кўп мол-мулк қолдириб кетди.
—Эҳтимол, бутун мероси Жаҳонга қолгандир?
Зирғом онасининг Сомонни ёддан чиқарганидан таажжубланди:
— Сомон ёдингиздан чиқдими?
Офтоб яшириб юрган сирни ўзи ошкор қилаётганини сезиб, юзларида иккиланиш пайдо бўлди. Кўзлари аланг-жаланг бўлиб, бошини қуйи эгди:
— Сомонни унутганим йўғ-а, лекин отаси уни меросдан маҳрум қилдимикин, деб ўйлайман.
Онаси бир гапни билмай айтмаслигини тушунадиган Зирғомнинг таажжуби яна ошди:
— Бу гапни ўзингизча айтяпсизми, ёки бирор нарсани яширяпсизми?
— Борди-ю, бирор нарсани яширдим дейлик, агар уни сенга айтиш мумкин бўлганда, албатта айтардим. Ҳозирча Сомонни бир ёққа қўйиб, менга Жаҳон тўғрисида — Фарғона малаги устида гапир. Унинг ҳоли не кечяпти? Мен уни жонимдан ҳам яхши кўраман, бирам зийрак, бирам хушчақчақки, асти қўяверасан.
Онасидан Жаҳоннинг роса мақтовини эшитган Зирғом Сомон тўғрисида билмоқчи бўлган гапларидан воз кечиб, онаси билан фақат ўз севгилиси тўғрисида суҳбатлашишни маъқул кўрди:
— Жаҳонни сўрасангиз арзийди, бутун Фарғона аҳли унга маҳлиё. Мен умримда унақа қизни кўрмаганман, ақл-идрокини, ҳуснда танҳолигини айтмайсизми? Xудойим сизга қайтадан кўз берса-ю, уни ўз кўзингиз билан бир кўрсангиз...
Жаҳон ҳақида жўшиб-тошиб гапираётганини эшитган она ўғлининг унга бир олам муҳаббати борлигини сезди ва: «Қанча мақтасанг ҳам оз. Сенга эътироз билдиришга сира ўрин йўқ. Эй худо, кўзи очиқ кишилар дунёда истаган нарсаларини кўрганда, мен бечора сен билан Жаҳонни кўра олсам нима бўларди», деди-да, бир хўрсиниб қўйди: «Майли, бу дунёда бахтим шу экан, ўзига минг қатла шукурки, кўзимнинг нурини олган бўлса ҳам, ақлимни нурли қилди, бахтимга сени қолдирди. Сени кўзим билан кўрмасам ҳам, қалбим билан кўраман. Жаҳонни эса, ҳаммадан яхши кўраман, у ҳам қалбимнинг тўридан жой олган». Она қучоқламоқчидай қўлини Зирғомнинг кўкрагига узатди. Юрагининг қаттиқ уришидан Жаҳонни чиндан ҳам севишини аниқлаб олди. Аммо Зирғом онасининг мақсадини тушуниб етмаганди. Офтоб: «Мен Жаҳонни яхши кўраман, сен ҳам уни севасанми? Ростини айт!» — деди. Зирғомнинг назарида бутун олам чароғон бўлиб кетди:
— Ҳа, онажон, севаман, бунинг учун сиз мендан ранжимасангиз керак. Уни мен билан бирга юрагингизга жо қилгансиз-ку.
— Сира ҳам ранжимайман, болам, лекин у ҳам сени севадими? У ҳокимнинг қизи, отасининг саройида биз меҳмон бўлиб турганмиз. Улуғлар одатича у ўзини, эҳтимол сендан юқори кўрар. Унга нима ҳам деб бўлади. Сенинг отанг кимлигини билмайди-да, ахир. — Офтоб бу сўзни айтишга айтиб қўйди-ю, лекин ўзи афсусланди. Бадани зириллаб кетиб, гапираётган гапини тўхтатиб қўйди.
— Кўнглингизни тўқ қилаверинг, ойижон, — деди Зирғом, — у мени астойдил яхши кўради, худога шукур, у ўзини катта олишни хаёлига ҳам келтирмайди. Асли зотимни билмаса ҳам, мен билан турмуш қуришга аҳд қилди. Гапдан гап чиқиб, ҳозир насабимни тилга олиб қолдингиз, ваъдангизга вафо қиладиган пайт энди келгандир дейман?
Зирғомнинг ниятини сезган Офтоб: «Болам, ваъдага вафо қиладиган вақт ҳали бўлгани йўқ, лекин яқин қолди. Жаҳон тўғрисида гаплашайлик, унга бошим осмонга етиб совчи қўяман. Ўзим ҳам шуни кўпдан ўйлаб юрардиму, лекин бу ақлдан узоқ нарса деб қўярдим. Ҳа, айтганча, бу гапни отасининг ҳузурида айтдими?» — деди.
— Ойи, ўртамиздаги сирни энди сизга айтиб бера қолай. Мен сиз билан Сомуррога келишимдан бурун Жаҳон билан турмуш қуришга аҳдлашгандик. Буни сизга илгари айтмаганимнинг сабаби, у вақтда мен ҳеч қандай обрў ва мансабга эга эмасдим, шунинг учун унга қандай тенглашаман деб ўйлагандим. Xудо мени халифа олдида шундай обрўга эриштиргандан кейин, уни Жаҳонга маълум қилиш ва отаси ҳузурида никоҳ масаласини ҳал этиш учун Фарғонага бориш тараддудига тушгандим. Отасининг бетоблиги ва вафоти халал бериб қолди, бўлмаса ваъдасига вафодор Жаҳон билан турмуш қуриш масаласини ҳал қилган бўлардик. Отасининг вафоти сабабли бу ишни кейинроққа қолдирдик.
— Жаҳонга уйлансанг, Фарғонада турмоқчи эдингларми ёки уни бу ерга олиб келмоқчимидинг?
— Бу албатта сизнинг раъйингизга боғлиқ нарса эди. У сизнинг гапингиздан сира чиқмайди. Мен унинг таъзияси тугагунча Фарғонада туриб, никоҳдан кейин бу ерга олиб келмоқчи эдим, лекин халифадан «зудлик билан қайтиб кел», деган буйруқ олгач, Жаҳон билан маслаҳатлашдим, у қайтишимни маъқул кўриб, тўй масаласини кейин бамаслаҳат ҳал қиламиз, деди.
Офтобнинг чеҳраси очилиб, юзида табассум пайдо бўлди.
— Шундай кунларни берган худога ҳамд айтаман ва сени энг юқори бахтга эриштиришини кўнглимнинг султонидан илтижо қиламан. — Онасининг гапи отаси устида бораётганини пайқаган Зирғом: «Сиз мени туққанингиз, эмизиб катта қилганингиз учун мен энг бахтли одамман, лекин...» Отаси тўғрисидаги гап бир-бирига уланиб кетишидан қўрққан она унинг сўзини бўлиб: «Халифа нима учун сени зудлик билан кел деб чақирганининг боисини билдингми?».
— Ҳозирча билганим йўқ, у мени бирор ҳарбий масалада у ёқ-бу ёққа юбормоқчи бўлса керак, ёки ўзингиз бирор гап эшитдингизми?..
— Сен йўғингда мен ҳеч нарса эшитганим йўқ, болам, чунки мен Масъудадан бўлак ҳеч ким билан гаплашганим йўқ.
Зирғом сўради:
— Xалифа Афшинни ҳам чақиртирдими?
— Билмайман, ҳозир Афшин қаерда? У Сомуррода эмасми?
— Йўқ, уни мен Фарғонада учратдим.
Офтобнинг кўнглига бир нима келди шекилли, шуни ўйлаётгандек бошини қуйи солиб турди-да: «Афшин ҳокимнинг яқин дўсти эди, унинг таъзиясида ҳозир бўлдими?»— деб сўради.
— Ҳа, ҳозир бўлди, ҳоким уни ўз оиласига васий қилиб белгилади...
Зирғомнинг гапини қувватлайдиган эски ишлардан хабардор кишидек Офтоб секин кулиб қўйди. Унинг кулганидан шубҳаланган Зирғом: «Ойи нимага куляпсиз? Бу тўғрида мендан бошқа кишилардан ҳам бирор нарса эшитганмисиз?» — деди.
— Йўқ, лекин Жаҳоннинг онаси раҳматлик дугонамдан эшитган нарсалар эсимга тушиб кетди. У ҳеч бир сирни мендан яширмасди, мен ҳам сирларимни унга очиқ айтаверардим. Жаҳоннинг онаси кўпинча эрининг Афшинга эътиқод қўйишидан нолиб юрарди. Унинг очкўзлигини, тамагирлигини билгани учун ўзи унга инонмасди. Лекин ҳокимнинг ишларига аралашишни ўзига эп кўрмасди.
Афшин очкўз, тамагир эканини эшитган Зирғомнинг хаёли қочди, чунки у жуда катта меросга васий бўлиб олган эди-да. Эҳтимол, Жаҳоннинг мол-мулкига хиёнат қилар. Аммо Зирғом ўзи ҳалол бўлгани учун ўзгалардан ҳам шубҳаланмасди. Наҳотки, шундай катта қўмондон ўзи васий бўлган мол-мулкка хиёнат қилса?
— Меросга Афшин қўлини чўзади деб ўйлайсизми?
— Билмайман, лекин ўша бечора айтган сирни сенга ошкор қиляпман-да. Сомон устида билганларимни ҳам, унинг меросдан маҳрум қилиниш сабабларини ҳам ҳокимнинг хотини айтган эди...
Зирғомнинг Сомон ҳақидаги шак-шубҳалари кўз олдига келди.
— Отасининг кўнгли қолганини Сомоннинг ўзи ҳам сезиб юрган экан. Васиятни ман қилай деб жон-жаҳди билан киришиб кўрибди. Отаси қачон «коҳинни чақириб кел», деб юборса, чақириб келмай қаёқдаги баҳоналарни тўқиб чиқарди.
— Васиятнома коҳиннинг қўли билан ёзилдими? — Офтоб сўради.
— Ҳа, уни топиб келиш учун мен Вардонни юборгандим.
Офтоб бошини ирғаб: «Ўзи яхши коҳин. Жаҳоннинг онаси раҳматлик шу коҳинни ҳам ёқтирмасди. Уни кўргиси келмасди. Байрамларда уйларига келса, башарасини кўрмай, деб айвонга чиқиб кетарди. Яхшиям, Вардонни эсимга солдинг, у қаерда?»
— Шу ерда, сафардан чарчаб келди, ҳозир ухлаган бўлса керак. Ростини айцам, у шижоатли одам. Ҳамма ишларимда шунга суянаман. Уни хизматкорим деб айтишга ҳам тилим бормайди. Уни дўстим десам арзийди. Xизматкорлардан у аллақанча юқори туради. Унда қандайдир бир хислат бор, бежиз одам эмас.
— Ундан бепарво бўлма, ўғлим. У замондан жабрланган бўлса керак. Замон ўзи шунақа, ҳамма вақт доно кишиларни қоқилтириб-суқилтириб келган.
Ухлаш вақти яқинлашгани, хусусан, ўғлининг йўлдан ҳориб келгани онанинг эсига тушиб қолди.
— Қўзичоғим, бор, ўрнингга бориб ёт. Xудо хоҳласа, эртага халифа Муътасимнинг олдига борасан. У билан яхшилик ишлар устида кўришишинг насиб бўлсин, — деди-да, ўрнидан турди. Ҳаммалари ўз ўринларига бориб ётишди.



AvvalgiI- qism Keyingi





↑ Мелодий 826 йилга тўғри келади.

↑ Мажусийлар — оташпарастлар. Ислом дини кириб келгунга қадар Ўрта Осиё халқлари мажусий динида бўлганлар.</b>

↑ Марзбон ёки марзубон — катта ер эгаси, у шаҳар ҳокими ҳисобланарди.

↑ Бобак — Арабларга қарши Озарбайжондаги машҳур хуррамийлар қўзғолонининг йўлбошчиси, 837 йили ўлдирилган.

↑ Сирдарё назарда тутилади.

↑ Фарсаҳ — 8 километрни ташкил этади.

↑ Урмузд — зардушт динидагилар, яъни оташпарастлар ақидасича, эзгулик худоси.

↑ Мамлук — қул каби сотиб олинган ва хожасининг ихтиёрида турадиган хизматчи.

↑ Обнус — қора, қаттиқ дарахт.

↑ Савсарлар оиласидан бўлган ёввойи ҳайвон териси.

↑ Коҳин — оташпарастларнинг дуохони, табиби.

↑ Синд — Ҳиндистондаги бир вилоят.

↑ Киршоншоҳ — Фарғонадаги мажусийлар ибодатхонасининг номи.

↑ Муътасим — аббосийлар халифаси (833—841).

↑ Маъмун — аббосийлар халифаси (813—833).

↑ Амин — аббосийлар халифаси (809—813).

↑ Сурра ман рао — «Кўрган киши севинади»» демакдир. Буни қисқартириб «Сомурро» ҳам деб аталади.

↑ Бобак ал-Хуррамий — Xалифа Маъмун даврида чиқиб, Баззни марказ қилган, йигирма йилча ҳукм суриб, кейин Муътасим даврида Афшин томонидан ушланиб, ўлдирилган.

↑ Биродарингиз деб бу ерда Бобакни айтмоқчи.

↑ Хуросонда яширин сиёсатга бошчилик қилган қўмондон. 775 йилда Ироқда ўлдирилган.

↑ Халифа Ҳорун ар-Рашиднинг вазири бўлган, 803 йили ўлдирилган.

↑ Халифа Маъмуннинг вазири бўлган, Эронлар тарафдори бўлган эронлик, 818 йили ўлдирилган.

↑ Совлажон — шоҳлар қўлида олифталик учун олиб юриладиган ҳасса.

↑ Зирғом — арабча «шер» демакдир.

↑ Икки Ироқ деб Ажам (Форс) Ироқи ва Араб Ироқини айтишади.

↑ Бу шаҳар Сомуро деб ҳам юритилади.

↑ Антокия — Антиохия шаҳри.

↑ Лозиқия — Лаодикия шаҳри.

↑ Мансур — аббосийлар халифаси (754—775). Бағдод шаҳрини қурдирган.

↑ Ал-Восиқ — аббосийлар халифаси (842—847).

↑ Ал-Мутаваккил — аббосийлар халифаси (847—861).
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика