Фарғона келини (II- қисм) [Joʻrjiy Zaydon]

Фарғона келини (II- қисм) [Joʻrjiy Zaydon]
Фарғона келини (II- қисм) [Joʻrjiy Zaydon]
Халифа Муътасим Ва Шер
Эртасига эрталаб Зирғом ўрнидан турди. Ювиниб келиб, онасига салом берди, таъзим билан унинг қўлини ўпди. Кейин бирга ўтириб нонушта қилишгандан сўнг одатда халифа ҳузурига кирганда киядиган кийимларини — устига салла ўралган қалпоқ, аббосийлар киядиган қора тўн, ичидан камзул ва узун чолвор кийиб, бўйнига қиличини осди, отини миниб, Вардон билан биргаликда халифанинг саройи томон йўл олди.
Муътасимнинг саройи Сомурронинг шарқий томонида жойлашган бўлиб, бир неча ҳашаматли бинолардан иборат кенг майдонни ишғол қилган эди. Чор атрофи девор билан ўралган. Сарой қадимий эрон шоҳларининг Мадоин шаҳридаги бинолари тарзида қурилган. Унинг ташқи катта дарвозаси уч тавақали бўлиб, ўртасида от-аравалар бемалол ўтадиган катта эшик: икки чеккасида одам ўтадиган иккита кичкина эшиги бор эди. Ичкарига кирган киши бинолар ўртасидаги катта боқчага кўзи тушади. У бинолардан бири ва энг каттаси Муътасимнинг ҳашаматли қасри. Қолганлари эса сарой аҳлининг турар жойлари, меҳмонхонадан иборат эди. Шерлар учун қурилган махсус бино ҳам бор эди. Муътасим шерларни асраш ва тарбия қилишга ишқибоз бўлиб, кўпинча шер овига ўзи чиқиб турарди.
Зирғом халифанинг ўша саройига етиб келганида кун анча кўтарилиб қолган эди. Дарвозага яқинлашиши билан соқчилар уни тик туриб қарши олишди. Зирғом отидан тушмай, дарвозадан тўғри ичкарига кириб, халифанинг қасри ёнида тўхтади. Вардон эса дарвоза ёнида отидан тушиб, уни етаклаганича Зирғом орқасидан бориб, унинг оти жиловидан ушлади ва иккала отни отхона томон етаклаб кетди. Xалифанинг махсус ҳожиби уни қарши олди. Зирғом халифа ҳузурига кириш учун рухсат сўраган эди, ҳожиб: «Кеча кечқурун овга чиқиб кетган эдилар, ҳали қайтганлари йўқ», — деб жавоб берди.
— Яқин орада қайтармикинлар?
— Ҳозир келиб қолсалар керак.
Ҳожиб дам олиши учун Зирғомни қаср ичидаги катта хонага таклиф қилди ва: «Хуш келибсиз, сафардан эсон-омон қайтиб келдингизми?» деб ҳол-аҳвол сўради. Зирғом ҳожибга жавоб қилгандан кейин, халифа нима сабабдан чақиртирганини билмоқ учун мамлакатда бўлаётган воқеалар тўғрисида сўраб, уни анча гапга солди-ю, лекин қаноатланарли жавоб ололмади, сафарга кетганидан кейин саройда қилинган баъзи янгиликларни кўздан кечириш билан ўзини машғул қилиб ўтирди. Кейин боқчага чиқиб, ундаги гул ва дарахтларни томоша қилмоқчи бўлди. Ҳожиб ҳам боқча теварагида у билан бирга юрган эди, саройдагилар ғовур-ғувур қилиб қолишди. Кимдир «халифа овдан қайтдилар» дейиши билан одамлар қаср томонга ўтадиган йўл четига тизилишди. Xалифа ёнида овга чиққан кишилар отлиқ ва пиёда кириб кела бошлади. Кейин овга чиққан вақтда ваҳший ҳайвонлар ҳужумидан сақланиш учун киядиган ов кийимларини кўйлаги устидан кийиб олган халифанинг ўзи кириб келди.
Муътасим ўрта бўйли, узун ва қизғиш соқолли одам эди. Унинг бутун вужудида шижоат сезилар, ўйнаб чиққан пайлари куч-қувватга тўла эди. У шу қадар кучли эдики, бир ўзи минг қадоқ[1] юкни елкасида кўтариб, бир неча қадам ерга олиб бора оларди. Бировнинг билагини икки бармоғи орасига олса, уни эзиб юборарди, темирни эгиб чамбарак қилар ва чақа пулни бармоғи билан астойдил босса, ундаги муҳр ўчиб кетарди. У сержаҳл, гинаси қаттиқ одам эди. От минишга, чавгон ўйинига ўч эди. У қаср дарвозасига келиб отдан тушди. Кўпчилиги қўмондон ва отлиқ аскарлардан иборат бўлган кутиб турувчилар билан саломлашди. Улар орасида Зирғомга кўзи тушиб, бир жилмайди-да, унга салом берди. Зирғом чопиб бориб унинг қўлини ўпмоқчи бўлганди, рози бўлмагандек қўлини тортиб олди[2] ва «Сен ҳам шу ердамидинг?» деб сўради.
— Жанобларининг фармойишлари билан етиб келдим,— деди Зирғом.
— Кеча кечқурун бу ерда бўлганингда мен билан овга чиққан бўлардинг.
— Кошкийди, амиралмўъминин, айни муддао бўлар-кан-а, ...ҳамма вақт бахт ва ғалаба сизга ёр бўлсин!
Халифа қарс томон юзланди-ю, яна орқасига қайтиб, турган кишиларга тарқалиш учун рухсат берди ва Зирғомнинг ўзини тўхтатиб: «Сени шодлантирадиган бир гап айтмоқчиман, мен баҳайбат бир шер ушлаб келдим. Қачон шерни кўрсам, сени эслайман, чунки сенинг номинг унинг номларидан биттаси[3], — деди-да, ҳожибни чақириб, — овчиларга айт, шерни анави қафасга олиб келишсин», — деди. Кейин боқчанинг бир томонидаги ҳайвонлар турадиган жойга қараб юрди. Ёнида Зирғом. У билан сўзлашиб бора туриб, халифа сафари тўғрисида гап очди: «Бу сафардан бизнинг истагимизни яхшилаб бажариб келган бўлсанг керак, албатта». — Xожамнинг фармойишларини бош устига олдим, у кишининг мадади бизга ёр бўлди. Чўриларни сотиб олдик.
Халифа унинг гапини бўлди:
— Ўзинг сотиб олдингми?
— Йўқ, менинг олди-сотди ишларда уқувим камроқ. Лекин керакли чўриларни сотиб олишда кишиларга кўмаклашдим. Яқинда улар бу ерга етиб келиб қолишади. Мен фармонингизга мувофиқ тезроқ, улардан олдинроқ жўнайвердим.
Зирғомнинг сўзини эшитиб Муътасимнинг чеҳрасида бошқа бир ҳолат рўй берди, бошини ерга эгди. Кейин у: «Майли, бу ҳақда бафуржа сўзлашармиз», — деди-да, боқчанинг эшигига кўз ташлади. Xалифанинг чаккасидаги тарам-тарам томирларига қон югурди. Зирғомга имлаб, ходачалар устига қўйилган темир қафасни кўтариб келаётган кишиларни кўрсатди. Қафас ичида кўзидан ўт чақнаб баҳайбат бир шер турарди. Йиртқич ҳайвоннинг шижоати Зирғомга алланечук кўринди-ю, хаёлига бир нарса келгандек юраги ўйнаб, қовоқларини чимирди.
Халифа тик қараб турарди. Қафас кўтарганлар яқинлашиши билан уни қўлларидан ерга қўйишга буюрди. Шер қулоқларни кар қилгудек баланд овози билан бўкирарди: «Шер жароҳати қаттиқлигидан бўкиряпти. Кўкрагининг тепасидан отгандим. Ўлиб қолмаса эди деб қўрқаман, лекин ҳар кўрганда бир шодланишим учун ўлмай юришини истардим». Xалифа шундай деди-ю, қафас томонга қадам ташлади. Унинг ҳурматини сақлаб Зирғом орқасидан юрди. Шернинг олдига етишларига бир неча қадам қолди.
Халифанинг қўлида фақат битта ўқ ёйдан бўлак қуроли йўқ эди, чунки кийим-бошига қараб турувчи хизматчиси у келган вақтда шундан бўлак ҳамма қуролларини йиғиштириб олган эди. Xалифа қафасга яқин келди-да, шернинг жиғига тега бошлади: урмоқчи бўлгандек қўлидаги ўқ ёйни унга ўқталар, шер эса бўкирар ва типирчиларди. Шер кўкрагининг юқорисидан тинмай қон оқар, қон томчилари унинг кўкраги ва оёқларида қотиб қолганди, кўзларига қон тўлган, юмилай деб қолган эди. Муътасим уни ҳозир ўлиб қолади деб ўйлаб, тегажаклик қилиб, унга ўқ ёйни отганди, у шернинг нақ кўзига бориб тегди. Шер жон аччиғида унга ҳамла қиламан деб бир сакраганди, боши темир панжарага урилди. Унинг ғазаби яна баттарроқ ошиб, ўзини билмай орқасига қайтди. Муътасим билан Зирғом хавотир ичида шернинг ҳаракатларига қараб туришарди. Ахир, у шер эмасми? Ўлим олдида ҳам ваҳимаси бор-да.
Халифа ёнида Зирғом шернинг шу ачинарли аҳволига раҳми келиб, тикилиб тураркан, у бирдан қафаснинг бир чеккасини боши билан қаттиқ уриб, иккита панжарани синдирди ва у ердан бошини ташқари чиқариб олди. Зирғом билан халифадан бошқа ҳамма бир-бирини босиб-янчиб тумтарақай бўлиб кетишди. Шер «ҳап» этиб халифага ташланди-да, тирноқлари билан унинг билагига ёпишди. Уни бутунисича ютиб юборгудай бўлиб, оғзини катта очди. Муътасим ҳолдан кетиб, ўзини ўлганга чиқариб қўйди. Чунки ўзини мудофаа қилишга ва шернинг чангалидан қутулиб чиқишига бирор чора қолмаган эди. Одамлар бўлса аллақачон ҳаммаси чекка-чеккага яширинганди. Аммо Зирғом жойидан силжимай шерга ташланди, у бир қўли билан шернинг пастки, иккинчи қўли билан юқори жағини йириб: «Мавлоно, хизматингизга тайёрман, худонинг амри билан саломат қолдингиз», — деди. Xалифа шу онда шернинг иккала жағи ажраб кетганини кўрди ва билагини унинг чангалидан бир амаллаб тортиб олди. Шунга қарамай, шер Зирғомга ҳамла қилишга уринмоқда эди. Зирғом ёнидан ханжарини чиқариб уни шернинг кўкси, биқини ва қўлтиғи остига санча бошлади. Унинг қаттиқ жаҳли чиққанидан, бутун важоҳати шерникидан ҳам ҳайбатлироқ бўлиб, мўйлаби диккайиб, кўзи қизариб ва қовоғи солиниб кетди.
Ўтакаси ёрилиб, ҳар томонга қочиб кетган одамлар шернинг қонга бўялганини, Зирғом унинг устига миниб олганини ва халифа Зирғомга тикилиб турганини кўриб, ёпирилиб келишди. Улар ғовур-ғувур ичида халифанинг саломат қолгани учун шукурлар айтиб, Зирғомнинг ботирлигига қойил қолиб, ҳанг-манг бўлиб туришарди. Бу тасодифий ҳодисадан қўрқиб ранги ўчиб кетган халифа Зирғомга зўрға жилмайиб, қаради-да: «Баракалло, Зирғом! Чиндан ҳам шер экансан», — деди.
Халифанинг мақтовини эшитган Зирғом ўзини тутиб олди. Қўлидаги қон томиб турган ханжарни ерга қўйди-да, «Мен амиралмўъминининг қуллариман, бу қилган ишим сизнинг илтифотингиз туфайли бўлди. Бу йиртқич ҳайвондан ўч олишга сиз муносиб эдингиз, ёлғиз ўзингиз уни албатта ўлдирган бўлардингиз, лекин мен шошилиб, ўзимни йўқотиб қўйдим, сизга човт солганига чидай олмай, унга ташланиб ўлдирдим. Қилган журъатим учун мени авф этасиз»,— деди.
Зирғомнинг бундай одоб билан узр айтиши халифага яна ёқиб тушди. «Қолган гапларни кейин алоҳида ўтириб сўзлашамиз», — деди-да, кетишга қўзғалди. Шу пайт шернинг тирноғи ботган билаги оғриётганини сезган бўлса ҳам, халифа ўзини дадил тутди ва одамларни тарқалишга буюрди. Ўзи эса Зирғом билан қаср томон йўл олди ва ҳожибига: «Биз чақиртирган табибдан бўлак ҳеч кимга ҳузуримга киришга рухсат бермайгайсан», деб амр қилди. Табиб келиб халифанинг жароҳатини кўрди ва зарар қилмаганини, қўлидаги қалқон жонига ора кирганини айтди ва саломат қутулган билан муборакбод қилиб, кечга қадар ўрнидан қимирламай ётишини маслаҳат берди.

* * *
Халифанинг бу кўргилиги бутун сарой аҳлига тарқалди, унинг ҳолини сўрагани вазирлар, қўмондонлар келишди, лекин ҳожиб уларни халифанинг фармойишидан воқиф қилганидан кейин улар қайтиб кетди. Xалифа Зирғомни ўз хонаси ичидаги махсус ҳужрага таклиф қилди. У юз-қўлини ювиб, у ёқ-бу ёқларини тузатиб ўша ҳужрага кирди. Xалифа унга миннатдорчилик изҳор қилгандек ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин Зирғом уни туришга қўймай, қўлига ёпишиб, ўпди. Xалифанинг таклифига мувофиқ одоб билан унинг ёнида ўтирди. «Зирғом, сен туфайли янгидан дунёга келдим», — деди халифа.
Зирғом уялиб, бошини қуйи солди: «Хожам, авф этгайсиз, бундай мақтовга арзигулик бир иш қилолганим йўқ. Шерни ҳалокатга солган сизнинг ўқингиз, унинг қўзғалгани жон талвасаси эди. Мабодо мен бирор иш қилган бўлсам, бу бурчимдир, мен сизнинг қулингизман».
Халифа унга қараб: «Офарин сенга, менинг атрофимни икки юзлама, лаганбардор кишилар ўраб олган. Уларга шунчаки ишонч билдирсам ҳам, сенинг қаҳрамонлигинг ва садоқатингни сезиб, кўпдан буён суюб юраман. Шундай қалбаки кишилар орасида халифалар саройида сендек қўмондоннинг бўлиши осон гап эмас. Садоқатингни аввалдан сезиб, сени соқчилар бошлиғи лавозимига тайинлагандим. Сен шу мансабга лойиқ кишисан», — деди-да, бу суҳбатларини биров эшитаётган-ешитмаётганини аниқлаш учун эшик ва дераза томон қараб қўйди. Зирғом ерга бош эгганча сукут этиб турарди. Кейин Муътасим бошини кўтариб давом этди:
— Фарғонадан тезроқ қайтиб кел, деб сени чақиртирганимнинг сабабини биласанми?
— Ожизман, жаноб олийлари.
— Давлатимизнинг барқарор туриши унинг сирларини махфий тутишга боғлиқлигини билмасанг керак?
— Бундан воқифман, хожам амин бўлсинларки, сирларини сақлашда мен ўз кўнгилларидагидан ҳам мустаҳкамроқман.
— Садоқатинг ва яхши хизмат қилишингга биринчи кўрганимдаёқ ишонганман. Сенда шу хислат мавжудлигини сезиб, сени суйдим.
Зирғом уни ҳурматлаб, ташаккур айтмоқ учун ўрнидан қўзғолди:
— Бу улуғ марҳамат, лекин мен унга сазовор эмасман, мендек бир аскар амиралмўъмининнинг шундай илтифотларига сазовор бўлиши амри маҳол. Пайғамбарнинг қоим мақомларига холис хизмат қилиш билан мен бирор ортиқча иш қилибманми? Бу жами мусулмонларнинг вазифаси эмасми?
Халифа уни қўлидан ушлаб ўтқазаркан:
— Тўғри айтасан, бу албатта мусулмонларнинг бурчи, лекин шу бурчини кўнгил билан адо қиладиган кишилар озда, шундай бўлмаганда мен Бағдоддан чиқиб, бу шаҳарни қуришга мажбур бўлмаган бўлардим, ўз қавмим ва жамоамга ва акам Маъмун давлатдан умидвор қилиб қўйган бу эронликларга қарши курашиш учун узоқ Туркистон ва Фарғонадан аскар олишга сира ҳожат бўлмаган бўларди. Мен ҳар томондан душман қуршовидаман. Озарбайжон ва Табаристондаги узоқ душманлар менга озлик қилгандай, ўз шаҳрим ва саройим ичидаги кишиларни айтмайсанми? Ҳатто ўзимга сирдош қилиб олган ва давлатимни ҳимоя қилишда ишонганим мана бу туркларни кўрмайсанми, улар фақат мол-мулким учун менга ёрдам қилишяпти. Мен улар билан муроса қилиб, аллақанча мол-дунё сарфлаб авайлаб келяпман. Улар мени алдаяпмиз деб ўйлашади, — деди-да, сукутга ботди. Ёшлангандек туюладиган кўзидан ўт чақнаб, жиддий қиёфага кирди. Зирғомни салобат босиб, яна нима деркин деб ерга бошини қуйи солиб кутиб турди. Xалифа сўзини давом этдирди:
— Фарғонада Афшинни кўрдингми?
— Ҳа, хожам, кўрдим.
— У ерга нима учун борган экан?
— Фарғонага нима учун борганини менга айтгани йўқ, янги йил байрами муносабати билан эл-юртидан хабар олишга борган бўлса керак деб ўйлайман. Ҳар ҳолда яқин орада келиб қолса керак.
Халифа Зирғомнинг сўзини маъқуллади:
— Ҳа, албатта келади-да, у бу ердек сермаишат жойни қаердан топарди, лекин...
— Унинг сизга садоқати хусусида бирор иштибоҳингиз борми?
— Иштибоҳгина эмас, балки аниқ биламан, лекин ўзимни чалғитиб, унга ишонч билдираман, чунки биз уруш давридамиз... Афшин аскарлари биз учун керак. Шундай бир вазиятда сен менинг сирдошим бўлиб, саройимдан жилмаслигингни илтимос қиламан.
Зирғом қуллиқ қилди:
— Мен қулингизман, буюрган ишингизни бажариш вазифам.
— Сен ҳозирдан бошлаб менга яқин суҳбатдошсан. Ботирлигингга ўз номинг жуда мос келса ҳам, сенга соҳиб— суҳбатдош деб ном қўйишга жазм қилдим. Чунки сен менга суҳбатдошсан, шу лақаб сенга маъқулми?
Зирғом ташаккур тариқасида бошини эгди:
— Амиралмўъмининнинг менга марҳаматлари беҳаддир. Мен бундай мурувватга сазовор эмасман. Лекин, жаноблари, каминанинг даражасини кўтармакчилар ва...
Халифа унинг гапини бўлди:
— Нега ўзингни бундай ҳурматга сазовор эмасман деб ҳисоблайсан? Ахир шернинг чангалидан мени қутқазган сен-ку!
Зирғом хижолат чекиб бошини қуйи солди. Лекин халифа олдида мартабаси кўтарилаётганини ва шунга ҳақиқатан ҳам лойиқ бўлганини эшица, Жаҳон албатта севинажагини ўйлаб кўнгли янада кўтарилди. У халифага қаради:
— Xожамнинг кўрсатган илтифотлари учун ташаккур айтишга тилим ожиздир.
— Ҳали шуни илтифот деб ҳисоблайдиган бўлсанг, келажакда сен учун мўл қўйилган ҳақиқий инъомларимга нима деркинсан?
Зирғом сукут этди. Xалифа сўзида давом этди:
— Сен ҳали уйланмаганингни ва онанг билан бирга истиқомат этаётганингни билдим. Шунинг учун бу қаср ёнида махсус бир ҳовлида турсанглар, дейман. Сенинг уйланиш вақтинг ҳам етиб қолибди, ҳа, шундай эмасми?
Зирғом одоб билан бошини ерга солиб тураркан:
— Xожам ўзлари биладилар, — деди.
— Мен сенга ғоятда чиройли, зийрак бир туркий чўрини мў қўйдим. Бундан бир йилдан зиёдроқ мен уни бу Зирғомга лойиқ қиз экан, деб кўнглимдан ўтказиб қўйгандим.
Халифадан бу гапни эшитган Зирғом бармоғини тишлаб қолди. Чунки унинг кўнглида бутунлай бошқа севги чечак ёзган эди. У Жаҳонни севган, ундан бошқага кўнгил беришни асло истамасди. У халифага қарши чиқишдан ҳам, унинг таклифини қабул қилишдан ҳам ожиз эди. У нима дейишини билмай, гангиб жим туриб қолди.
Ўз таклифидан Зирғомнинг тортинишини ҳеч ўйламаган халифа унинг хаёлга чўмиб турганини кўриб сўради:
— Нега индамайсан? Ёки менинг таклифим маъқул тушмадими?
— Йўқ, асло! Амиралмўъмининнинг сояи паноҳларида истиқомат этиш мен учун энг юқори истак-ку ахир! — Лекин Зирғом уйланиш устида гап очмади. «Уялиб буни айтмагандир», деб ўйлаган халифа:
— Ҳа, уйланиш-чи, балки сен бошқа кишилардек эмасдирсан? Аскарларим ичида уйланишни истамайдиган бирор одам йўқ-ку. Шунинг учун ҳам мен Туркистондан чўрилар сотиб олиб келишга кишилар юбордим. Мен туркларни Бағдод ёки бошқа ердаги кишиларга аралашиб, эрсифат бўлиб кетишларини истамайман. Ёки бу сафар олиб келинган чўрилардан бирортасига уйланиш ниятинг борми? Лекин ҳар қанча ўринганингда ҳам бутун Туркистонда мен танлаган қиздан чиройлироғини топа олмайсан. Унинг менга маъқул бўлгани бежиз эмасдир, албатта. Унинг тенгсиз ҳуснини кўрган қўмондонларим йўлида жон фидо қилишмоқда, лекин мен қизни улардан биронтасига ҳам бердирмай, фақат сенга раво кўрдим.
Зирғом ва халифанинг таклифини қабул қилишга, на кўнглидаги фикрини очиқ-ойдин айтишга йўл тополмай қолди. Шундай бўлса ҳам ўзини дадил тутиб, деди:
— Ҳозир биз уруш ҳолати ёки унга тайёргарлик кўриш пайтидамиз. Шу вазифадан бўшагач, амиралмўмининнинг амр-фармонларидаман.
Муътасим қаноат ҳосил қилгандай бўлди. Зирғомнинг урушга тайёрланаётгани унга маъқул тушди:
— Xўп, майли, биз уруш ҳолатидамиз. Лекин сен менинг қасримдан қимирламаслигининг керак. Бориб онанг ва рўзғорларингни бу ерга олдириб кел, шу бугундан бошлаб номинг «Соҳиб» бўлганини онангга айтиб қўй. Мен саройдаги махсус кишиларимга, қўмондонларимга ва аркони давлатга бу хусусда шипшитиб қўяман.
Халифа ўрнидан қўзғолди. Зирғом ҳам туришга отланди:
— Бўлмаса, фармонингизни волидамга етказиш учун уйга боришга ижозат берсангиз.
— Майли, истасанг, бор! Xодима шу бугуннинг ўзида сизлар учун жой тайёрлаб қўяди.
Зирғом таъзим қилиб, орқаси билан юриб, халифанинг олдидан чиқди. У эшикка чиқиб, отни олиб келиш учун Вардонга киши юборди. Зирғом хаёлга чўмганича Вардон билан отга миниб, уй томон жўнади. Xалифага ёқиб қолгани ва ўзи билан бирга истиқомат этишига таклиф этгани учун у ҳар қанча мамнун бўлса ҳам, уйланиш устидаги гапидан ҳайрон эди. Лекин бу таклиф сиёсатга дахлдор бўлмагани учун унинг чораси топилиб қолишига ишонарди.
Зирғом уйига етиб келиши биланоқ онаси кутиб олди ва Вардондан ҳол-аҳвол сўради. Кейин тайёрлаб қўйилган овқатини олиб келиб хонтахтага қўйди. Ҳаммалари бирга овқатлана бошлашди. Она ўғлининг сукутидан бирор янгилик юз берганини сезди:
— Амиралмўъмининга учраша олдингми, болам?
— Ҳа, ойижон, учрашдим.
— Аҳволлари қалай? Сен Фарғонадан тезроқ қайтиб кел, деб чақирганларининг боисини айтдиларми?
Зирғом дудуқланиб қолди. Xалифа билан ораларида ўтган ҳамма гапни онасига айтиб берса, халифага берган ваъдасига хилоф равишда сирни ошкора қилган бўларди. Шунинг учун: «Ҳа, айтдилар, лекин қизиқ бир воқеа юз берди» деб қўя қолди.
— Нима бўлди?
Зирғом онасига шер воқеасини, ундан халифани қутқариб қолганини ва унинг номини халифа Зирғом эмас, «Соҳиб» деб ўзгартирганини ва бунинг сабабларини айтиб берди. Онанинг кўнгли кўтарилди ва шодлигидан бетига қон югурди. Зирғом: «Бундан ташқари, халифа мени ўз ёнларида яшаб туришга даъват этдилар», — деди.
Она бир бурда нонни олиб емоқчи бўлаётган эди, ўғлининг сўзини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолди ва иккала оқ кўзини унга тикиб:
— Ёнларида истиқомат қилишингга ростдан даъват қилдиларми? Нимага? — деди.
— Ўзларига мулозим бўлишим учун, бу менга катта ҳурмат.
Онаси оғзидан чайнаб турган нонини ютмай туриб:
— Xалифа менинг ҳам сен билан бирга туришимни айтдиларми? — деди.
— Ҳа, сен ҳам, онанг ҳам шу ерда истиқомат этасизлар, дедилар.
Онанинг ранги ўзгарди. Оғзидаги таомни шоша-пиша чайнашидан унинг ташвишга тушиб қолгани сезилиб турарди:
— Майли, болам, сен ўзинг боравер, халифанинг қасрида яшаш мен учун даркормас.
— Ойижон, нимага унақа деяпсан? Сиз бормасангиз, мен ҳам бормайман, албатта.
— Йўқ, болам, сен боравер, халифага яқин туриш — катта обрў, буни қўмондонлар орзу қилади. Мен эса шу ерда тураман, вақти-вақти билан олдимга келиб турарсан. Сени қўлим билан ушлаб, юзларингдан ўпиб турсам кифоя.
Онасининг тортинишидан қасрда яшашни истамаётганидан Зирғом таажжубланди:
— Йўқ, ойи, сиз мен билан у ерга борасиз. Бирга яшаймиз, мен халифага ваъда бериб келдим. Ваъдага вафо этмасликка чорам йўқ.
Она озгина жим турди-да: «Майли, ўйлашиб кўрамиз»,— деди.
— Ойи, вақт танг, эртага кўчишимиз керак. Масъудага буюрсангиз тайёргарлик кўраверса. Мен Вардонга айтаман, у ҳам Масъудага ёрдамлашади. Сиз халифанинг саройидаги аёллар билан апоқ-чапоқ бўлиб, кундуз кунлари улар билан суҳбатлашиб ёки ашула эшитиб ўтирасиз. Бу ерда битта ўзингиз ўтиргандан кўра саройда яшаш яхши эмасми? Бундан ташқари, мен учун муҳим бўлган бир маслаҳат важидан сизнинг у ерда бўлишингиз зарур.
Онасининг бетига қон югурди, аҳволди ўзгарди. Унинг авзойи ўзгарганлиги ожиз кўзларининг аланг-жаланг бўлганидан сезилиб турарди.
— Аммо овуниш, суҳбатлашиш учун менга сен кераксан, бўтам. Менинг ёлғизим, кўз қорачиғим сенсан. У ерга бормаслигимнинг чораси бўлмаса, уйда туриш ёки у ёқ-бу ёққа чиқиб кетиш ихтиёри ўзимда бўлишини сенга шарт қиламан. Xўш, мен учун муҳим бўлган бир маслаҳат важидан сиз у ерда бўлишингиз керак деяпсан. Кўриб турибсан, мен кўзи ожиз бир аёлман. Менга қандай эҳтиёжинг бор?
— Ойи, сиз менинг нурим, чироғимсиз. Сиз халифанинг менга тайёрлаб қўйган «бахти»дан қутқазишга ёрдам берадиган кишимсиз.
— Бахтдан қутқазиш? Нима демоқчисан, очиқроқ айт!
— Xалифа мен учун бир турк қизига совчи бўляпти. Айтишича, бу шаҳарда ундан гўзал қиз йўқ эмиш. Уни бошқа ҳамма қўмондонларидан кўра менга муносиб деб билган эмиш.
— Сен унга нима жавоб айтдинг?
— Йўқ дейишга тилим бормади. Кейинроқ жавобини айтаман, деб ваъда қилдим.
— Нима, уни рад қилмоқчимисан?
— Бўлмасам-чи, қабул қилайми?
Она сукут этди. Унинг Жаҳонга бўлган муҳаббатини эслади:
— Xалифанинг таклифини қандай рад қила оласан?
Зирғом юрагидаги дардини очиқ изҳор этди:
— Жаҳон-чи? Мен унга меҳр қўйганман-ку?
— Мени шунинг учун бирга бўласиз деяпсанми? Xўп, мен сени бу тузоқдан қутқазиш чорасини кўраман, бу қийин иш эмас, албатта.
Зирғом хурсанд бўлиб кетди.
— Ундай бўлса ҳаммамиз эртага кўчамиз. Сиз мени Зирғом деб чақира кўрманг, чунки халифа менинг номимни «Соҳиб» деб атайди, Зирғом десангиз, менинг қўйган номимни ёқтирмабди, деб хафа бўлиши мумкин.
— Xўп, ўғлим, шундай қиламан.
Шу пайт улар овқатларини еб бўлишди. Она кўчиш тараддудини кўришни Масъудага буюрди. Зирғом эса унга ёрдам беришга Вардонни қўшди.
Эртасига улар ҳаммаси халифа саройига кўчиб боришди ва унинг ёнидаги бир ҳовлига жойлашишди.
Халифанинг бошқа хизматларига суянишса ҳам, она-бола ўзлари учун Масъуда билан Вардонни олиб қолишди.

Аҳмад Ибн Абу Дуод
Жаҳоннинг келаётгани тўғрисида бирор янгилик эшитишга илҳақ бўлиб Соҳиб халифа саройида бир қанча вақтни ўтказди. Xалифа Соҳибга танмаҳрамликка танлаган қиздан халос бўлиш учун у Жаҳоннинг тезроқ етиб келишини сабрсизлик билан кутарди. Xалифа Жаҳонни кўргач, ўз қўмондонига бошқа бирон қизни эп кўрмаслиги турган гап эди. Шунинг учун Соҳиб дунёдаги ҳамма қизларни севгилиси Жаҳоннинг тирноғига ҳам олмас эди. Бунинг учун халифа ундан хафа ҳам бўлмасди. Бироқ Жаҳон нега келмаяпти экан? Ундан дарак бўлавермагандан Соҳиб қаттиқ ташвишда эди: кўнгли ғаш, юрагига қил сиғмайди. Бир куни дўсти ва хизматчиси Вардонни йўқлатиб, ундан: «Фар-ғоналиклар хусусида қандай фикрдасан?» деб сўради.
Унинг мақсадини сезган Вардон:
— Аям Жаҳонни айтяпсизми? — деди.
— Боракалло. Отасининг таъзияси тугагандан кейин Бағдодга келишга ваъда берган эди, лекин ҳануз дараги йўқ. Бирор киши орқали хабар қилмади. Сен бунга нима дейсан?
— Рухсат эцангиз, ўзим бориб буни суриштириб келсам?
Хизматкорнинг бу қадар фидокорлигидан мамнун бўлган Соҳиб жилмайди ва: «Боракалло, Вардон, сенга бу қадар оғир вазифани юкламоқчи эмасман. Фақат нима қилсак бўларкин, деб маслаҳат сўраяпман, холос», — деди.
Вардон ўйлаб, бошини ерга эгиб турди:
— Менимча, жаноб Афшин Фарғонадан келгунча яна бир оз таҳаммул қилсак.
— У қачон келаркин?
— Яқинда келармиш деган хабар бор. Келган замон ўзидан ёки ҳамроҳларининг бирортасидан суриштириб билиб оламиз.
Вардоннинг маслаҳати Зирғомга масъул тушди: «Бўлмаса, буни Афшиннинг ҳамроҳларидан ўзинг сўраб, биласан». Вардон: «Хўп, мақсадингизни англадим», — деди. Соҳиб кулди.
— Мен учун қайси маслаҳатни фойдали деб билсанг, яширмай бемалол айтавер! Ёдингдан чиқмасин, мен сени хизматчим эмас, дўстим, сирдошим деб ҳисоблайман!
Вардон унга таъзим қилиб, бош эгаркан: «Мен ҳамиша хизматингизни жон-дилдан адо этувчи ходимингизман. Ҳозир менга рухсат берсангиз, Афшиннинг карвонлари етиб келмасдан, йўлига чиқсам», — деди. «Майли, бор, ўзингга маъқул ишни қилавер!»— рухсат берди унга Соҳиб Вардон у билан хайрлашиб, чиқиб кетди.
Зирғом қасрда ўтирган эди: «Халифа сизни йўқлаяптилар», деб бир киши келди. У отланиб, халифанинг қасри томон йўл олди. Қасрга яқинлашганда, унга: «Халифа ўз хосхоналарида қозикалон Аҳмад ибн Абу Дуод билан суҳбатдалар», деб айтишди.
Аҳмаднинг халифага ғоят манзурлиги Зирғомга маълум эди. У муҳим ишлар хусусида Аҳмад билан махсус гаплашиб оларди. Зирғом рухсат сўраб, уларнинг олдига кириб борди. Xалифа хона тўрида, ўз курсисида, Аҳмад ибн Абу Дуод эса унинг ёнида, иккинчи курсида ўтирарди.
Асли араб бўлган Аҳмад уларга зўр ихлос ва мурувват билан танилган киши эди. Муътасим арабларни ўзидан узоқлаштирган, улардан илтифотини узиб, қадр-қимматларини анча пасайтириб қўйган эди. У ўзига туркларни яқин тутарди. Шундай бўлса ҳам Аҳмадга ишончи зўр эди: вазирлари ўрнига у билан маслаҳатлашар ва унинг маслаҳатисиз бирор ишга қадам қўймасди.
Одатда халифалар олдида бошқа киши гап бошлаши мумкин бўлмаса ҳам, Аҳмад Муътасим олдида бемалол гапираверарди...
Халифа олдида қозилар қозикалони ўтирганини кўрган Зирғом ўзининг муҳим бир иш юзасидан чақирилганини сезди. У халифага салом берди. Xалифа унга «алик» олдида: «Марҳамат, қани, келавер, Соҳиб», деб Аҳмад ибн Абу Дуод ёнидан жой кўрсатди. Кейин у қозига қараб деди:
— Сиз, эҳтимол, бу қўмондонни ҳамма биладиган номи билан эмас, бошқа ном билан чақираётганимдан ажабланаётгандирсиз? Сизнинг бу йигит тўғрисидаги фикрингиз мақбул, кўпдан бери унинг ботирлиги ва садоқати ҳақида сўз юритардингиз. Мен унинг сиз мақтаганингиздан ҳам аъло эканини амалда синаб кўрдим. У мен учун ўзини ўлим тўлқинига отди: мени шернинг чангалидан қутқазиб, ўз қаҳрамонлигини намойиш қилди. Шу важдан уни ўзимга яқин тутиб, Соҳиб деб исм қўйдим ва саройга келтириб жойлаштирдим.
Олтмиш ёшлар чамасида бўлиб, соч-соқолига оқ оралаган қози Муътасим Зирғомни мақтаётганини эшитиб: «у мақтовга арзийдиган йигит экан. Мен уни дастлаб кўришдаёқ маъқул топиб, истиқболи улуғ бўлар, деб умид тутган эдим. Илоҳим, хизматингизда барқарор бўлсин!» — деди.
— Шунинг учун ҳозирги маслаҳатимиздан уни воқиф этиш керак, — деди Муътасим.
Зирғом одоб сақлаб, халифанинг фармонини кутиб ўтирарди. Xалифа унга деди:
— Эй Соҳиб, Арманистондаги ўша мажусий тўғрисида келган хабарларни биз қози билан муҳокама қилаётган эдик.
Халифа Ардабилдаги давлат бошлиғи Бобак ал-Хуррамийни кўзда тутаётганини сезган. Зирғом: «Бу одам бирор воқеа содир қилдими?» — деб сўради. Унинг халифа билан тузилган битимни бузганидан, мусулмон аскарлари билан ўрталарида юз берган воқеалардан ва Бобакни қўлга тушира олмаганлари туфайли унинг иши авж олиб кетганидан Зирғом хабардор эди. Қози гапга аралашди:
— Бобак ал-Хуррамийнинг Арманистонда халифага итоат этмагани, у гоҳ Афшин аскарларини, гоҳ бошқаларни халифага қарши гижгижлатгани сизга аён. Биз билан Арманистон ораси олис, уруш баъзан бизнинг фойдамизга, баъзан унинг фойдасига ҳал бўлиб келмоқда. Бобак у ерда мустаҳкам ўрнашиб олган. Xалифа эса... — у жим бўлиб Муътасимга қаради. Муътасим унинг сўзига қўшимча қилди:
— Эй Соҳиб, Афшиндан кўнглим тўқ эмаслигини, ундан қандай қутулишга ҳайронлигимни сенга айтган эдим. Сен уни ўз юрти, ўз фуқароси, қавм-қариндоши, уруғ-аймоқлари ичида кўрдинг. Xўш, унинг хусусида қандай мулоҳазага келдинг?
— Афшин у юртларда катта ҳукмдор. Уни йўлбошчи деб ҳисоблашар, шаҳаншоҳ деб аташаркан, қай бир кишилар уни «худолар худоси» деб юборишдан ҳам тоймас экан. У мусулмон динига киришдан аввал шундай номга эга бўлган экан. Ҳозир у «худолар худоси» деб аталишини истамаса керак. Эй халифам, у шу қадар катта нуфузга эгаки, бир марта хитоб қилса, сон-саноқсиз кишилари унинг чақириғига тайёр бўлади. Xалифа истасалар, уни вазифасидан бекор қила оладилар. Мени унинг ўрнига тайинламоқчи бўлсалар, хизматларида қонимни ҳам, жонимни ҳам аямайман. Мен ўзимни Афшиндан қудратлироқ деб ўйламайман, лекин халифанинг содиқ қуллариман. Қайси хизматга муносиб кўрсалар, мен тайёрман, тангрининг ўзи мададкор бўлсин.
Қози Муътасимга қараб:
— Соҳиб ўз садоқатини ва давлат хизматига фидокорлигини очиқ айтяпти. Бундай ўзгаришлардан келиб чиқадиган хатарли натижага, албатта, унинг идроки етади. Мен Афшин ёки бошқа бирор киши бизнинг фикрларимиздан воқиф бўлмаслигини лозим кўрардим. Агар ижозат берсангиз, менда бир мулоҳаза бор, шуни ўртага ташласам, балки бирор манфаати тегиб қолса ажаб эмас.
— Қани, эшитайлик, — деди-да, халифа Зирғомга қаради: — Мен қозини вазир ва маслаҳатчиларим мақомида ҳисоблайман. Вазирларим ва хос кишиларим кўп, лекин улардан биттасига ҳам қозичалик ишона олмайман. Гапиринг, қози афанди!
— Афшин ўз юртида подшоҳ, унинг аскар ва ёрдамчилари етарли. У сизга фақат мол-мулк орттириш, бойиш мақсадида хизмат қиляпти. Баъзиларнинг айтишича, унинг мусулмонларга хизмати фақат мол-мулки учун, ўз ҳолига қўйилса, албатта, Бобак билан бирлашиб, биз мусулмонларга қарши жанг қилади. Борди-ю, унинг мусулмон бўлгани рост бўлса ҳам, ҳар қалай синалмаган-да. Биз унга қаттиққўллик қилсак, тўнини тескари кийиб олса ажаб эмас. Бобак билан бир ёқадан бош чиқаргудек бўлса, ўзингизга маълум, биз учун анча хатарли иш бўлади. Менимча, уни алдашимиз, «сен давлатимиз учун энг ишончли кишисан», деб ишонтиришимиз, истаганича пул-мол бериб, ўзини ва аскарларини сотиб олишимиз ва Арманистондаги ўша мажусийга қарши урушга солишимиз керак. Енгиб чиқса, Бобакдан қутулган бўламиз. Шундан кейин Афшиннинг хоинлиги халифага очиқ-ойдин аён бўлса, жазосини бериш ҳеч гап эмас. Чунки у яккаланиб, суянчиғи қолмаган бўлади. Агар унинг бизга чин кўнгилдан хизмат қилаётгани аниқланса, у вақтда тегишли ҳурмат кўраверади.
Қозининг сўзини эшитгач, Зирғом унинг фикри оқилона фикр эканлигига ишонч ҳосил қилди. Зирғомнинг ўзига қолса, у бундай ҳукм чиқара олмасди, чунки у қаҳрамон бўлса ҳам, бундай нозик фикрлай олмасди. Бир киши айни вақтда ҳам қаҳрамон, ҳам ўткир фикрли бўлиши жуда кам учрайди.
— Қози, бу эронлик ёки ушрусаналикнинг кучига ортиқча баҳо беряпти, ундан қўрқяпти. Аскарларимиз ичида улуғ саркардалар борлигини бу киши унутганга ўхшайди. Уларнинг ҳар бири ўз кишилари ва қурол-яроғи билан давлатимизни ҳимоя қилишга қодир.
— Xалифамиз рост айтяптилар. Чиндан ҳам фармонларида Ашнос, Итох, Бағо, Сумо ва бошқа баҳодирлар бор. Лекин улар оддий халқдан чиққан, уларнинг бирортаси ҳам аскарлар ичида Афшиндек нуфузга эга эмас. У ўзининг беҳисоб халқи орасида қанча ҳокимиятга эга эканлигини ҳозир эшитиб турибмиз. Агар биз уни хафа қилсак, юқорида зикр этган кишиларимиз унинг ўрнини босишга ожизлик қилиб қолар. Бобакнинг қарши чиқиши ўртага суқилмаса, биз на Афшиннинг, на бошқаларнинг куч-қудратини писанд этмаган бўлардик. Сиз халифам, шижоатли ва тадбиркор кишисиз. Тангри сизни халифалик билан сийлайди. Бинобарин, ҳийлакорлик ёки сабрпешаликка юрмайсиз. Аммо ҳадисда: «Уруш ҳийлакорлик — макрдан иборатдир», дейилган. Менинг раъйим шу. Яна ҳамма иш ўз ихтиёрингизда. Ҳамма аъёнлар қатори мен ҳам сизнинг иродангизга бўйсунаман. Сизга итоат этиш йўлида қонимизни ҳам, жонимизни ҳам аямаймиз.
Халифа: «Қозининг сўзларига нима дейсан», дегандек Зирғомга қаради. Зирғом: «Мен қозининг гапларини қайтаришга ботинмайман. Яхши сиёсат бобида у киши ўйлаган фикрларни мен хаёлимга келтиришдан ожизман. Менинг жавобимни ўзингиз эшитдингиз. Мен қиличбозман, бинобарин, фармонингизни тугал бажариш бурчимдир. Xоҳ Озарбайжонга, хоҳ Туркистонга, хоҳ Арманистонга қўшин тортишга амр қилсангиз, бутун куч-қудратимни, ғайрат-шижоатимни сарфлаб отланаман. Аммо қозининг андишалари, берган маслаҳатлари анча маъқул. Шундай бўлса ҳам халифамизнинг олий тадбир ва раъйларига итоат этамиз», — деди.
— Икки иш сабабли иккалангиздан маслаҳат сўрадим,— деди халифа, — биринчиси, Афшиннинг етиб келиши яқин қолгани тўғрисидаги хабар, иккинчиси эса Арманистондан келган айғоқчимизнинг сўзига кўра, лаънати Бобакнинг кучайиб бораётгани ва биз томонга қўшин тортиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмаслиги масаласидир. Бобакнинг келишини бепарво кутиб ўтира олмаймиз.
Қози унга далда берди:
— Бобак мамлакатимизга қадам босишга журъат қилишига сира ақлим бовар қилмайди. Ўзи «халифа бизнинг устимизга қўшин тортиб келиб қолмасмикин» деган хавотирда. Менимча, ҳозир Афшинни яхшилаб кутиб олиш, ундан керагича фойдаланиб қолмоқ учун «сен яхши», деб туриш керак.

* * *
Улар шу суҳбатда экан, аср намозига айтилаётган азон товуши эшитилди. Xалифа ўрнидан туришга отланиб, қўлини қўлига уриб, хожибни чақирди-да: «Халифа аср намозини ўқиш учун масжиди жомега келармишлар» деб жамоатга хабар қилиб қўйишини буюрди.
Зирғом ҳам, қози ҳам халифа билан ўша масжидга бориши лозим бўлди. Бу масжидни халифа Муътасимнинг ўзи бино қилдирган. У шу қадар мустаҳкам қурилгандики, ислом мамлакатларида ягона эди. Унинг девор ва меҳроби ойнавандлик қилиб ишланган бўлиб, меҳробда туриб намоз ўқийдиган киши ташқаридан масжидга кириб келаётганларни бемалол кўра оларди. Масжид халифанинг қасрига яқин бўлгани учун у намозни кўпинча шу ерда ўқирди. Xалифа ўрнидан қўзғалаётганда қози билан Зирғом уйларига бориб таҳорат олиб келишга рухсат сўраб, ташқари чиқишди.
Масжидга аввал халифа кирди. Кишилар, сардорлар ва вазирлар уни кўриш учун тик туришарди. Xалифа масжид ичида ўзи учун ажратилган ҳужрага кириши билан кетидан унинг хос кишилари, жумладан, қози Аҳмад ва вазири Муҳаммад ибн Абдулмалик аз-Зайёт ҳамда юқорида номлари зикр этилган турк саркардалар киришди. Зирғом ҳам ичкари кириб, оддий кишилар қаторига бориб ўтирди.
Деворга ўрнатилган ойналар шундай шаклда эдики, намоз ўқувчиларга ўз шакллари бошқа бир масжидда намоз ўқиётган кишилардек бўлиб туюларди.
Зирғом меҳробдаги ойналарга қараб, орқа томондан таниш-нотаниш кишиларнинг масжидга кираётганини кўриб туриб, намозни ўтаётган эди, тўсатдан танишдек туюлган бир кишига кўзи тушди. Уни яхшилаб кўриб олиш учун секин орқасига қаради: у Жаҳоннинг акаси Сомон эди. Зирғом авайлаб орқаси билан юриб, эшикка яқинлашди. Унинг орқасига қайтаётганини кўрган Сомон ундан олдинроқ масжид саҳнига чиқиб кетди. Сомон Фарғонадалик вақтида кўримсизлигини билдирмаслик учун яхши хилъат кийиб, ўзига оро бериб юрарди. Ҳозир у бутунлай ўзгариб кетибди. Зирғом уни зўрға таниди. Сомон ачинадиган даражада озиб кетган, кийимлари тўзган, қўл ва бошини боғлаб олганди. Унинг шу алфозда турганини кўриб, Зирғомнинг раҳми келди ва Жаҳонга бирор гап бўлмадимикин деган фикрга келиб: «Сомонмисан?» деб баланд овоз билан сўради.
— Ҳа, Сомонман.
— Ўзи нима гап? Сенга нима бўлди? Жаҳон қани?
— Алоҳида бир жой бўлса, бошимдан ўтган ҳамма савдоларни бирма-бир айтиб берардим. Сомуррода сизни қидирмаган ерим қолмади. Ҳолдан тойдим. Эҳтимол, шу ердан топарман, деб масжидга қидириб келгандим.
— Қани, орқамдан юравер, — деб Зирғом масжид саҳнидан юра бошлади, — мени эски номим билан сўраган бўлсанг керак. Уни ҳозир ҳеч ким билмайди. Мени бу ерда «Соҳиб» деб аташади. Жаҳон қаерда? Кийимларинг нега бунчалик хароб?
Улар иккаласи масжид саҳнидан чиқиб, Каъба шаклидаги тўрт бурчак бир бинога етиб келишди. Уйигача боришга сабр-тоқати қолмаган Соҳиб Сомон билан шу бинога кириб, унинг қиссасини эшитишга қарор қилди. Бинога кириб, Сомонни супада ўтиришга таклиф қилди-да: «Хўш, гапир-чи, Жаҳон қаерда, қандай фалокат юз берди?» — деди.
Сомон хўрсиниб, бошини ерга эгди:
— Сизни хафа қиладиган хабар билан келдим.
Зирғом ҳаяжонга тушиб сўради:
— Нима, Жаҳонга бир гап бўлдими?
— Йўқ, унга ҳеч гап бўлгани йўқ, лекин... — Сомон гапини давом эттиролмай, «қулт» этиб ютинди.
— Лекинини айт, нима гап ўзи? Жаҳон қаерда? Сўзлай қолсанг-чи ахир!
Сомон кўзига ёш олди:
— У қаердалигини билмайман. Қароқчилар йўлда олиб қочиб кетишди.
Зирғом шерга ўхшаб ўкирди, Сомоннинг кўзига қаттиқ тикилди, сочи тикка бўлиб, қўрқинчли бир тусда: «Олиб қочишди, дедингми? Бунга ким журъат этди?», деди.
— Уни тортиб олиб кетган ярамасларнинг кимлигини билолмадим. Лекин сиз бир оз сабр қилинг, мен бўлган воқеанинг ҳаммасини батафсил айтиб бўлай.
— Xўп, гапир, лекин қисқароқ қил!
— Сиз кетганингиздан кейин бир неча кун ичида биз Фарғона аҳли бошига иккита кулфат тушди, — деди-да, Сомон гапини биров эшитиб қолишидан қўрқаётгандек товушини секин қилиб масжид саҳнига кўз югуртирди. Яқин ўртада қулоқ солаётган киши йўқлигига қаноат ҳосил қилгач, давом этди. — Кулфат бизга энг яқин кишимиздан — отамиз бизни ишониб топшириб кетган кишидан етди. Афшин отамнинг меросидан мени маҳрум этиш билан қониқмай, синглимга кўз олайтирди.
«Сомонга тегишли бўлган ҳиссага кўз олайтиргани етмагандек, Жаҳоннинг меросига ҳам қўл чўзибди-да», деб ўйлаган ва бошқа нарсани хаёлига келтирмаган Зирғомнинг аъзойи бадани жимирлашиб кетди.
— Демак, у инсофсиз Жаҳоннинг меросига ҳам қўл чўзибди-да?
Сомон ўзининг соқолсиз тақир иягини ишқалаб туриб, йўталиб қўйди-ю, ҳеч нарса демади. Бу хатти-ҳаракатдан шубҳаланган Зирғом:
— Шундай эмасми? — деб сўради.
— У аблаҳ фақат меросга кўз олайтирган бўлса майли эди-я. Жаҳоннинг ўзига ҳам кўз олайтирди. Бу аччиқ ҳақиқатни сизга айтиб, хафа қилганим учун авф этинг. Бу рост гап. У Жаҳоннинг ботир Зирғомга айтиб қўйилганини била туриб, ўзига оғдириб олмоқчи бўлди. Жаҳон уни ўзига тан маҳрамликка қабул қилиши амри маҳоллигини Афшин яхши биларди.
Зирғом қалт-қалт титрарди:
— Xўш, кейин нима бўлди?
— Биз қочиш чорасини кўрдик. Енгил-елпи юкларимизни олиб, Жаҳон билан бир қофилага қўшилиб, йўлга тушдик. Бу ишимизни саройдагилардан оқсоч Ҳайзурон биларди, холос. Уни ҳам ўзимизга ҳамроҳ қилиб, Афшин хабар топиб қолмасин деб, шошилинч равишда учаламиз Сомурро томон йўл олдик. Иссиқ-совуқ демай, йўл азобини чекиб, анча қийинчилик билан Xуросондан ўтдик ва Ҳамадонга яқинлашганимизда, ҳамроҳларимиз биздан ажралиб, бўлак томонга кетишди. Биз эса энди тинч ерга етиб олдик, хотиржам бўлаверсак арзийди, деб ўйладик. Шу пайт отлиқ қароқчилардан бир тўдаси келиб, йўлимизни тўсди. Кучимиз етганча улардан ўзимизни мудофаа қилдик, ҳатто менинг қўлим синиб, бошим жароҳатланди. «Мен ўлсам садқаи сар, аммо Жаҳон саломат қолсин», деб уриндим. Лекин афсуски...
— Кейин нима бўлди? У жароҳатландими ёки оламдан ўтдими?
— Жаҳон соғ-саломат, лекин уни ва оқсоч Ҳайзуронни олиб қочиб кетишди. У менга: «Зирғомга салом айтинг ва бўлган воқеани унга етказинг!» — деди.
Зирғомнинг тутуни осмонга чиқиб, қони қайнаб, кўзларидан ўт чақнарди:
— У қароқчилар ким экан? Бирортасини ҳам таниб олмадингми?
— Йўқ, улар «таниб қолишса, сиримиз фош бўлади», деб юзларига парда тўсиб олишган. Овозларини ҳам сира чиқаришмади.

* * *
Зирғом бошини қуйи солганча, жонсиз кишидек бирмунча вақт жим қолди. Кейин масжиддан чиқиб келаётган одамларнинг ғовур-ғувури қулоғига кириб, ўзига келди. Xалифа ҳам масжидда эканини эслади. Xалифа «Зирғом нега яшириниб турган экан», деган шубҳага тушмасин деб Сомонга: «Мени кутиб тур» ишорасини қилди-да, ўзи давлат арбоблари ёнига бориб турди. Сал фурсат ўтмай, тик турган кишилар сафдан чекиниб, ўртадан халифага йўл бўшатишди ва унга салом бермоқ учун кутиб туришди. Xалифа ўтаётганда турган кишиларнинг юзига бирма-бир қараркан, Зирғомга кўзи тушди, «қани, орқамдан келавер» дегандек унга ишора қилди. Xалифанинг бу таклифи Жаҳон тўғрисидаги гапларни билиб олишимга монелик қилмасмикин, деб Зирғом иккиланиб қолди. Xалифа қасрга етмасиданоқ одамлар аста-секин тарқалишди. Зирғомдан бўлак ҳеч ким қолмаганди. Xалифа қасрга кириб бораркан, «сен ҳам бирга юравер» дегандек уни яна чақирди. Улар иккаласи халифанинг хос ҳужрасига киргандан кейин халифа Зирғомдан: «Намоз тугамасдан олдин нега масжиддан чиқиб кетдинг?» деб сўради. Xалифанинг бу саволидан Зирғом хижолат тортди. Ўзи ойна орқали ташқаридан кирган Сомонни кўрганидек, халифа ҳам орқадан кирган-чиққан кишиларнинг ҳаммасини кўриб туришини у ўйламаганди. Тўғриси, кутилмаганда Сомоннинг масжидда пайдо бўлиши Зирғомнинг ўзини ҳам, қаерда турганини ҳам унуттириб юборганди.
— Мен кўраман, деб ҳеч бир хаёлимга келтирмаган бир кишига кўзим тушиб қолди, у билан учрашишим жуда ҳам зарур бўлганидан ташқарига чиқдим. Намозни сизнинг орқангизда адо этишим керак эди, афв этасиз. Масжидда туриб, менга кўзингиз тушишини ўзимга бўлган улуғ илтифотингиз деб биламан, — дея узрини айтди.
— Сен соҳибим бўлганинг учун ҳамма ишларингга қизиқаман. Кўрган-ешитганларинг ичида сен учун бирор кўнгилсиз воқеа бўлмаса, шунинг ўзи бас.
Ҳамадонга бориш учун халифадан рухсат сўраш пайти келганини билган Зирғом: «Модомики, халифамнинг сояи давлатларида эканман, кўнгилсиз воқеа юз бермагай. Лекин фарғоналик яқинларимдан бир жамоаси Ироққа келаётган экан, йўлда бир тўсиқ уларнинг тезроқ етиб келишларига монелик қилибди. Мендан мадад сўраб киши юборишган экан. Ижозат берсангиз, бир неча кунга Ҳамадонга бориб келсам», — деди.
Муътасим бошини эгиб эшитди-да, сўнгра: «Майли, бор, лекин кўп жимжит бўлиб кетма! Агар аскар ёки алоқачилар керак бўлса, бирга олиб кет», деди.
Ташаккур айтиб Зирғом унга бош эгди. Сўнг рухсат олиб Сомонни қолдириб кетган ери — масжид томон қайтиб борди. Ўзига Муътасим бунчалик эътибор берганидан шодланса ҳам, Жаҳон ва Афшин ҳақида эшитган гапларидан кўнгли ғаш эди. Афшин ҳам Сомуррога келмаган. Зирғом тезроқ Ҳамадонга бориши керак. У ўзи ва Сомон миниб борадиган бекат отларини тайёрлашга буюриб, онаси билан хайрлашгани кетди. Онасига: «Зарур бир иш билан кетяпман. Бир неча кун ичида қайтиб келаман», — деди. Онаси оқ йўл тилаб қолди. Шу куни кечқурун Зирғом йўлга чиқди. Қаттиқ ташвишлаганидан юраги ҳовлиқар, кўнгли ўзидан олдинроқ Ҳамадонга қараб учиб кетаётгандек бўларди. Отлар алмаштириладиган ҳар бир бекатга етганда, у ердаги одамлардан: «Шу атрофда бирор ерда жойлашган қароқчилар борлигини эшитмадингларми?» деб суриштириб кўрарди. Зирғом йўлда кам ухлаб, тунни кунга уларди. Шу йўсинда улар Ҳамадонга яқинлашди. Ҳамадон яқинида хилват бир тоғлик жой бор эди. Xат-хабар элтувчилар шу тоғ ёнидан ўтарди. Бекат ҳам ўша ерда. Бекатга етганидан кейин Зирғом Сомондан: «Қароқчиларга дуч келган ерингларни эслай оласанми?» деб сўради.
— Ўйлашимча, шу тоғнинг орқасида бўлса керак.
Улар тоққа кун ботар пайтларида етиб келишган ва бекатчилар улар учун ётадиган ва ҳордиқ чиқарадиган жойни ҳам тайёрлаб қўйишганди. Лекин Зирғом эрталабгача чидашга тоқат қилолмади. Ҳар қаерга кетаётган ва ҳар қаердан келаётган хат ташувчи ва савдо иши билан юрувчи кишилар шу бекатда тасодифан учрашиб қолишди. Бекат хўжайини Зирғом халифанинг хос кишиларидан эканлигини ва бу ерга муҳим иш билан келганини пайқаб бошқа кишиларни ҳам бундан воқиф қилиб қўйди. Улар ҳаммаси Зирғомнинг хизматини бажону дил бижаришга ҳаракат қиларди. Зирғом бекат хўжайинидан:
— Бу ерда кўп вақтдан буён турасизми? — деб сўради.
— Бир неча ҳафта бўлди. Биз бекат одамлари ҳамма вақт кўчиб юрамиз. Бизга бирор хизматингиз бўлса, бажону дил адо этишга тайёрмиз, — деди у.
— Боракалло сизларга! Бу сойларда ёки тоғларда ўрнашган ёхуд бу ерлардан ўтиб турадиган ўғрилар ёки йўлтўсар қароқчилар борлигини ҳеч эшитмаганмисиз?
— Бу хусусда жуда оз эшитганмиз. Лекин кеча қароқчилардан бир тўдаси мана шу тоғнинг орқасида жойлашган деб эшитиб қолдим. Улардан ҳукумат ҳануз бехабар бўлса керак деб ўйлайман, — деди.
Бекат соҳибидан бу гапларни эшитган Зирғом:
— Ўша қароқчиларнинг жойини кўрсатиб бераоладиган бир кишини менга ҳамроҳ қилинг, — деди.
Зирғомнинг довюраклиги ва ёлғиз ўзи ўша қароқчилар томонга йўл олишга ошиқишидан ажабланган бекат соҳиби:
— Сиз бу ерда ўтира туринг, уларни аниқлаб, билиб келиш учун аввал бирор кишини юборайлик, шунга нима дейсиз? — деди.
— Йўқ, йўл кўрсатадиган бир кишини биз билан юборсангиз кифоя, — деди-да, ёнига қиличини осиб, катта чопонини кийди ва бошини катта рўмол билан ўраб олди. Ёнига Сомонни ва ўша бекатдаги соқчилардан бир кишини олиб, ўзи уларнинг олдига тушиб кетаверди. Йўл хавфли, ўнқир-чўнқир, қуёш ботиб қоронғилик қуюқлашган вақт эди. Зирғом бошини ерга эгганча гапирмай, у ёқ-бу ёққа қарамай, йўлида давом этарди. Ўша тоғдаги бир муюлишга бориб етишди. Йўл бошловчи киши олд томонларида милтираб ёниб турган бир чироғини кўрсатиб: «Уларнинг турган жойи ана ўша, улар бизни сезиб қолиб ушлаб олишларидан қўрқаман», — деди.


Муътасим Билан Араблар
Сомон Зирғомга: «Мен ҳам сиз билан борсам бўларди»,— деган эди, лекин Зирғом уни ҳам қолдириб, ёлғиз ўзи пиёда жўнади. У кавуши билан майда тошларни ғижирлатиб босиб борарди. Унинг жаҳли чиққанидан, танҳо бўлишига қарамай йўлидаги хавф-хатарни писанд қилмасди. Зирғом ўз жасорати ва ботирлигига қаттиқ ишонарди. Қароқчилар жойлашган ерга чамаси бир ўқ бориб етадиган масофа қолганда Зирғомнинг кўзи чироқ олдида у ёқ-бу ёққа ўтаётган кишиларга тушди. Итларнинг ириллаши қулоғига чалинди. Лекин Зирғом буларга эътибор бермасди. Унинг ёлғиз келаётганини кўрган қароқчилар душман эканини хаёлларига келтиришмади ҳам. Негаки, душман шундай пайтда танҳо юришга юраги дов бермаслигини улар яхши билишар эди. Улардан бири: «Ким бу» деб овоз чиқарди.
— Йўқотган нарсасини қидириб юрган йўловчи... бошлиқларингиз қаерда? — дадил жавоб берди Зирғом.
Бир лаҳза ўтар-ўтмас қароқчилар орасида ҳаракат ва шивир-шивир бошланиб кетди. Кейин учига олов ёқилган таёқ ушлаган, юзи рўмол билан ўралган бир киши узун чопонга ўралиб, Зирғом ёнига келди. Ҳар қанча тикилиб қараса ҳам, Зирғом уни танимади. Лекин унга ташланиш ёки ўзини мудофаа қилиш учун ҳозирланиб, қиличини қўлига олди. Олов кўтарган киши Зирғомга яқинлашиб келди-да:
— Xуш келибсиз, Зирғом, хуш келибсиз, Соҳиб, — деб унинг номини атаб қарши олди. Ўз номи тилга олинганини эшитгач, Зирғомнинг юраги ҳовлиқиб, у киши билан гаплашиб қўйишга аҳд қилди. Лекин танимагани учун: «Сиз ким бўласиз?» — деб сўради.
Киши Зирғомнинг ёнига келиб, юзидаги пардани кўтарди ва қўлидаги оловни ўз бетига яқин келтирди:
— Мени танимадингизми?
Зирғом синчиклаб қараб, уни таниди:
— Ҳаммодмисан? Бу ерга нимага келиб қолдинг?
— Мени бу ерга дўстингнинг жабр-зулми келтирди, — дегач, бир ҳуштак чалган эди, итларнинг вовиллаши босилиб, тўпланиб турган кишилар тарқалди. Кейин у Зирғомнинг қўлидан етаклаб йўл бошлади. Сомуррода давлатнинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлган Ҳаммоднинг бу ишига тушуна олмаган Зирғом ҳайратда эди. Ҳаммод Зирғомнинг яқин ошнаси бўлиб, ундан бир неча ҳафта илгари уни Сомуррода кўрганди. У Ҳаммод орқасида хотиржам бораверди. Улар катта тошлардан ясалган, деворлари бузилган эски бинога боришди. Агар йўловчи олов ёруғида у бинонинг бузилиб ётган қолдиқларига синчиклаб қараса, албатта, унда қадимги эронийларнинг нақш ва гулларини кўради. Аммо Зирғом уни сезмади. Улар бир ҳужрага киришди, унда на палос, на рўзғор асбоблари бор. Ерда дон солинган қоплар ва идиш-оёқ босилган қутиларни кўрди. Булар ҳозирнинг ўзида савдогарлардан тортиб олиб келинганга ўхшарди. Ҳаммод бир қути устига ўтириб, Зирғомни иккинчи қути устига ўтиришга таклиф қилди:
— Бу нарсалардан ҳайрон бўлаётганга ўхшайсан?
— Нега ҳайрон бўлмай, бу ерни мен қароқчилар жойи деб эшитдим. Сен ҳам шулардан бири экансан, деб ўйлаяпман.
— Мен уларнинг бири эмас, бошлиғиман, сенга ишончим комил бўлмаганда, биринчидан, бу сирни билдирмаган ва бу ерга сени бошлаб келмаган бўлардим, иккинчидан, ишонган дўстингнинг зулми нималарга олиб келганини кўриб қўй, деб сени бу ерга олиб келдим.
— Дўстинг, деб амиралмўъмининни айтяпсанми? — тушунолмай сўради Зирғом.
— Амиралмўъмининни эмас, турклар ва фарғоналиклар амирини айтяпман. Яна ҳам аниқроғини айт десанг, у акаси Маъмун каби кофирлар амиридир.
Бундай кутилмаган гапларни эшитар экан, Зирғом кўзлаб келган мақсадини ҳам бир чеккага суриб қўйди:
— Бундай гапларни айтишингга йўл қўймайман. Сенга ихлосим бўлмаганда, бу гапларингни эшитиб, чидаб туролмаган бўлардим. Лекин садоқатинг эсимда, кўнглингдаги гапларингни менга айт. Юрагингда халифага бўлган ғашликни кетказишга ҳаракат қиламан. Биз сенинг кўмагингга ва қиличингга муҳтожмиз. Бизга қарши кишилар кўп. Шунинг учун бир ёқадан бош чиқаришимиз керак.
Ҳаммод яхшилаб ўрнашиб ўтириб олди. Унинг чеҳрасида ғамгинлик кўриниб турарди:
— Xалифани мудофаа қилаётганинг учун мен сенга ҳеч нарса демайман, чунки у турклар ва фарғоналикларнинг дўсти. Шулар туфайли ўз аҳлига ва қавм-қариндошларига ёмон назар билан қарайди. Сен эса ҳозир унинг дўсти ва энг яқин кишисисан. Мен сени бунга нолойиқсан демоқчи эмасман. Бундан ҳам кўпроқ мартабага арзийсан. Лекин сен биз арабларнинг ўрнида бўлганингда, бу одамнинг қилаётган зулмига бардош беролмаган бўлардинг, албатта. Бизга ўтказаётган зулми камлик қилгандек, у динимизга ҳам раҳна соляпти. Араб зоти борки, ҳаммасидан у инъомини кесиб қўйди. Уларга маош ҳам бердирмай қўйди. Муътасимдан олдинги халифалардан қайси бири шу ишни қилган?.. Араблар тўрт халифа ва умавийлар даврида қанча иззат-обрў ва анъаналарга эга бўлганини, бошқа миллатлар «ғинг» демай уларга бўйсунганинигина эмас, ҳатто эронийлар қиличи остида вужудга келган Аббосия халифалигининг аввалги даврида ҳам араблар ҳукмронликни қўлдан бермаганликларини сенга эслатиб қўймоқчиман. Мана, халифа Маъмунни олайлик. Муътасим каби муътазила[4] бўлиб, араблар билан ҳар қанча уруш қилган бўлса ҳам, лекин улардан хайр-еҳсонини аяган эмасди. Муътасим йўқчилик ёки қаҳатчилик сабабли уларга берадиган инъомини кесиб қўйди десак, хато бўлади. У туркларни, ушрусаналик ва фарғоналикларни қўлга олиш учун беҳисоб мол-дунё сарф қиляпти. Улар учун Сомурро шаҳрини қурдириб берди. Турли жойлардан хотин-қиз чўрилар олиб келиб, уларга ҳадя қилди, ҳамёнларини олтин-кумушга тўлдирди. Сен ҳам араб бўлганингда, халифанинг бундай ишларига чидаб туролмаган бўлардинг.
Ҳаммоднинг ҳақ гапираётганини англаган Зирғом унинг сўзини рад этишга ҳеч қандай далил тополмади. Лекин Муътасимга бўлган хайрихоҳлиги уни ҳимоя қилишни ва бирор узр ахтаришни тақозо қиларди:
— Амиралмўъминин ҳақидаги фикрларингни инкор этмайман, лекин сен «халифа ёмон ният билан бу ишларни қилаётир», деб ҳисоблаяпсан. Xалифа давлатга душманлиги аниқ бўлган баъзи арабларга шундай қиляпти, холос. Араблардан баъзилари унга қарши уруш очди ва унинг фармонидан бош тортди. Аммо ўз хизматини чин кўнгилдан адо этувчиларни халифа жуда ўзига яқин тутади, уларга инъомлар беради. Мана, қози Аҳмад ибн Абу Дуодни олайлик. У араб. Унинг халифа олдида қанчалик обрўга эга эканини мендан кўра яхшироқ биласан. Яхшиси, ўзингни ол: араб бўлишингга қарамай, у сени ўзига яқин тутмадими? Обрў-мартабангни кўтармадими?
Ҳаммод бош чайқаб: «Фикримча, сен дўстинг халифани мудофаа қилмоқчи бўляпсан. Минглаб хор-зор бўлган, камбағаллик ва йўқсилликка учраган араблардан кўз юмиб, қози Аҳмадни менга рўкач қиляпсан. Яна сен менга ўзимни гапирасан. Тўғри, мен ҳам мансабдор эдим. Кошки шундай мансаб қуриб кеца! У Маккадаги Каъбадан мусулмонларни чалғитиш учун Сомуррода ясама Каъба қуриб, мени унга масъул хизматчи қилиб қўйди. Маккадаги Каъба Ҳижоз араблари учун даромад манбаларидан бири эди. Улар ҳар йили ҳажга борадиганлардан манфаат кўрарди. Xалифа эса уларни шу манфаатдан маҳрум этди. Мусулмонлар Ҳижоз араблари билан алоқа қилишмасин, деб Сомуррода ўша Каъбани қурдирди.
Зирғом унинг сўзини бўлди:
— Лекин бу ишни Муътасим бошлагани йўқ. Бундан олдинги халифа ва амирлар ҳам шунга ҳаракат қилишган. Ҳажжож ва Мансурлар бунга уринган бўлсалар ҳам, уддасидан чиқолмай муваффақияцизликка учрашган.
— Муътасим ҳам мақсадига эриша олмайди, чунки байтуллоҳ Маккададир, уни Сомуррода барпо этиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

* * *
Зирғом бундай қараса, суҳбат унинг бу ерга келгандаги мақсадидан бутунлай ташқарига чиқиб кетяпти. У гапни қисқа қилмоқчи бўлди:
— Ҳар нарса деганингда ҳам, бу гаплар сенинг қароқчилик қилишингни оқлай олмаса керак.
— Қароқчилик дема, биз ўғрилик деган нарсани мутлақо қилганимиз йўқ.
Зирғом ўзини мудофаа қилаётган Ҳаммоднинг гапидан кулимсираб бош силкиб қўйди.
— Кулма, дўстим. Биз ўғрилик қилаётганимиз йўқ. Ўғри эмасмиз ҳам. Биз ўз ҳуқуқимиз учун курашяпмиз.
Унинг гапидан ажабланган Зирғом «нима деяпсан» дегандек бўйнини чўзиб қаради. Ҳаммод давом этди:
— Мана бу ерда ётган моллар камбағал, бева-бечораларнинг ҳақи, худо қуръонда «буни ўшаларга берилсин» деган. Булар ер эгаларининг даромадидан олинган ушр[5] ёки ўлжага олинган молларнинг бешдан биридир. Буларни исломнинг аввалидаги халифалар бой ва савдогарлардан олиб, камбағалларга садақа ёки эҳсон қилиб беришарди. Муътасим эса уни бердирмай қўйди. Мусулмонлар араб бўлгани учун очдан ўлиши керакми? Xалифа камбағалларни шу кўйга солмоқчи бўлгани учун биз уларнинг ҳақини зўрлик билан олиб берамиз.
Унинг келтираётган важи ўринли бўлгани учун Зирғом қойил қолди, лекин баҳсни тўхтатмоқчи бўлди:
— Xўп, майли, яқингинада сен Сомуррода турганингни биламан. Xалифа маошингни тўхтатиб қўйгани йўқ-ку. Унга қарши чиқишингнинг боиси нима?
Ҳаммод хўрсиниб ўрнидан турди. Унинг юзидаги жаҳл ўрнини қайғу эгаллади:
— Мени унга қарши қўяётган, гина-кудуратимни қўзғаётган бир нарса бор. Шу нарса танамдаги жонимни ҳиқилдоғимга келтирди, юрагимга санчилиб, тўғри йўлдан адаштирди. Шунинг учун жоним борича бу золимдан ўч олмай қўймайман.
Унинг пешанасидан ғар-ғар тер қуйилиб кетди. Зирғом нима гаплигини аниқлашга жуда ҳам қизиқди. Унинг гапларидан севгилисидан жудолик азобидан шикоятни сезди-да:
— Биродар, ўзи нима гап? Очиғини айтиб қўя қол. Мен бу ерга ўзимга тегишли жуда муҳим бир иш билан келгандим. Сен эса ўз дардингни айтиб, қайғумга қайғу қўшдинг, — деди.
— Сенинг ишинг ҳар қанча муҳим бўлганда ҳам, мен чеккан қайғу олдида пашшача ҳам эмас. Мен бағдодликлардан бирининг қизини севиб қолганман. У ҳам мени севади. Уни энди ўз никоҳимга олишга чоғланган пайтимда Муътасимнинг ҳамнишинларидан Ҳорис ас-Самарқандий деган киши лоп этиб чиқди-да, уни ўзига сўратиб, зўрлик билан илиб кетди. Шундан кейин сен айтган ўша қози Аҳмад орқали халифага арз-додимни етказдим. У менга: «Сен ўзингга бошқа қиз ахтар, бу қиз сенга тегмайди», деган жавобни қилди. Лекин у қизни мен қаттиқ севишимни биларди, — деди-да, Ҳаммод «Эй Ёқута» деб бир хўрсиниб қўйди.
— Қизнинг оти Ёқутамиди?
— Ҳа, номи Ёқута. Қани, айт-чи, мен халифанинг ҳамма ёмонликларига чидаб келганман, энди бунисига ҳам чидайми? Xудо хақи, мен халифадан ҳам, ҳукуматидан ҳам норозиман. Мен қароқчилик қилиш учун эмас, балки шу ҳукуматдан ўч олиш учун бу кўйга тушдим. Бу ноҳақликка қарши кишилар жуда кўп.
Зирғом Ёқута воқеасига қизиқди, чунки ўзининг бошига ҳам шундай фалокат тушган эди. Бир фалокатга учраган ёки учрашдан қўрқиб юрган киши шундай фалокатга учраган бошқа кишиларга ҳамдард бўла олади. Уйланмаган одам фарзандидан айрилган оталарнинг дардига уй-жой қилган, бола-чақа кўрган кишичалик қайғурмайди. Ошиқдаги ҳиссиётни фақат ишқ-муҳаббатни бошидан кечирганларгина тушунади. Зирғом Ҳаммодга тасалли бера бошлади.
— Дўстим, кўнглингни хотиржам қил. Бу ишингда, эҳтимол, мен сенга ёрдам берарман. Энди мендан бир шингил гап эшит: мен шу қоронғи кечада бу ерга сендан бир нарсани сўрашга келганман. Гапимга қулоқ сол! Аввало билиб қўйки, бошингга тушган бу дардингга малҳам бўлувчи аввало мен бўламан, чунки иккимизнинг дардимиз бир хил экан.
— Гапир, ботир, қулоғим сенда.
— Умр йўлдоши бўламиз деб, ваъдалашиб қўйган бир қизим бор. У Фарғонада эди, мен эса Сомуррода. Қиз акаси ва оқсочи билан Сомуррога сафар қилган. Улар Ҳамадонга етганда, қароқчилар ҳужум қилиб, қиз билан оқсочни олиб кетишган. Акаси бу хабарни менга етказгандан кейин дарҳол уни излашга тушдим. Алоқачи мени шу томонга йўллагани учун, бу ерга келиб қолдим. Xўш, шу хусусда сен қандай фикр берасан?
— Биз хотин-қизларни олиб қочадиган ўғрилардан эмасмиз. Қиладиган ишларимизни сенга айтиб бердим. Бу атрофда ўғрилар ҳам, йўлтўсарлар ҳам йўқлигига имоним комил.
— Ахир, қизнинг акаси шу ҳодиса тепасида ўзи бўлган. Қочиб бориб, менга шу хабарни етказди-ку.
Ҳаммод бу гапга ишонмагандек бош силкиди:
— Бу ерда биз бир неча ҳафтадан бери ётибмиз. Бундай воқеани мутлақо эшитганимиз йўқ. Эҳтимол, хабарчи нотўғри айтгандир.
Сомонни танигандан буён унинг нияти бузуқлигини билиб юрган Зирғомнинг кўзи очилди:
— Xабар етказган киши мана шу қирнинг олдида турибди. Уни ҳозир чақиртириб келаман. Воқеани ўз оғзидан эшитасан.
Ҳаммод «Зирғом айтаётган кишисини бу ерга чақириб кел!» деб одамларидан бирига буюрди. Аммо у одам «ҳеч кимни топмадим» деб қайтиб келди. Шундан кейин Зирғом ўзи бориб ахтарди. Сомонни турган ерида топмагач, бояги йўл кўрсатган кишидан суриштирди. У: «Қаерга ғойиб бўлганини билмай қолдим», деди. Зирғом уни ҳар қанча қидиртирса ҳам, дарак топмади. Демак, бунда қандайдир бир сир бор. «У мени алдадимикин. Ҳатто Афшин тўғрисидаги гапи ҳам ёлғонмикин?» деган хаёлга борди. Жаҳон устидаги гапларига ишончи йўқолди. «Энди Сомуррога қайтишдан бўлак чора йўқ» — деди ўзича Зирғом. Кейин ўртоғи Ҳаммод ёнига бориб: «Кел, иккимиз бирга Сомуррога қайтайлик», деди. У қабул қилмади: «Қайтиб боришимдан ҳеч манфаат йўқ. Дўстинг мол-мулкимгагина зиён етказган бўлса майли эди, ҳеч нарса демасдим. Лекин у кўкрагимга найза санчди. Буни сира кечира олмайман, ўзинг биласан, мендан хафа бўлма!»
Зирғом унга етган мусибатни ўйлади ва севгилисини тортиб олгани учун албатта ўч олиши кераклигини кўз ўнгига келтирди:
— Тўғри айтасан, бу фикрингга мен ҳам қўшиламан. Агар халифа менинг севгилимга шундай кўз олайтиришини билсам, албатта, сеникидан ҳам қаттиқроқ ўч олишга йўл излаган бўлардим. Майли, ўзинг биласан, ҳар ҳолда мени унутма. Мен ҳам сенинг ишингда жонимни аямайман. — У бир оз жим туриб, қўшимча қилди:
— Мабодо сенга хат ёзишим, киши юборишим ёки ўзимнинг келишим лозим бўлиб қолса, сени шу ерда учрата оламанми?
— Бу кечадан кейин қаерда бўлишимни ўзим ҳам билмайман. Бу ерда омонатгина турибман. Аммо ўзинг менга даркор бўлиб қолсанг, қаердан излашим мумкин?
— Сомурродан, — деди Зирғом.

* * *
Зирғом ўртоғи билан хайрлашди. Унинг фикр-хаёли эшитган бу гапларида эди. Жаҳоннинг қиёфаси унинг хаёлидан нари кетмасди. Чунки худди ўша ерда, шундай қоронғи кечада уни ўғрилар олиб кетишган деб эшитганди. Xаёлига Жаҳонни ушлаб олишаётгандек, у бечора «Зирғом, қаердасан, менга ёрдам бер», деб қичқираётгандек туюлди. Унинг бадани зирқираб кетди, тишларини ғирчиллатди. Зирғом шундай хаёлларга чўмиб, ўнқир-чўнқир йўллар орқали йўл бошловчи кетидан алоқачилар турадиган жойга келиб етди. Сўнг отига миниб, Сомурро томон йўл олди.
Қайтиш йўли келган йўлига қараганда яқинроқ бўлса ҳам, унга анча олис туюларди. Сомуррога етиб бориш жуда қийиндек кўринди. Чунки у тезроқ етиб бориб, ўткир ва серфаросат Вардонга учрашиб, бу ишда унинг маслаҳатини олмоқчи эди.
Зирғом Сомуррога кун ботиш пайтларида етиб борди. Қуёш нури заифлашиб, шуъласи у ер-бу ерлардагина қолганди. У думалоқлиги ҳамда сариқ шуъласи билан қон ичида сузиб юрган гирдоб оловни эслатарди. Зирғом Сомурродаги биноларга, хусусан энг буюк ва кўркам бўлган халифанинг қасрига, катта масжидга назар ташлади. Масжид минораси баландлигидан булутларни ёриб кетгандек. Дажла дарёси шаҳарнинг шимолидан жанубига қараб оқяпти. Унинг қирғоқларида меваси осилиб ётган хурмо дарахтлари бошига салла ўраб, милтиғини кўтариб турган аскарлардек зич турарди. Табиатнинг бу гўзал манзараси Зирғомни ўзига мафтун этди. У роҳатланиб, бир оз туриб қолди. Аммо унинг ёнида хачир миниб келаётган хат ташувчини бу манзара унча қизиқтирмасди. Чунки у буни кўравериб, қизиқмайдиган бўлиб қолганди. Кишининг кайфиятига қараб табиат манзараларидан таъсирланиши ҳам турлича бўлади. Бошқаларга қараганда ошиқлар табиатнинг ҳолатига кўпроқ мослашадилар.
Зирғомнинг кўнгли бу ерда танҳоликни истаб қолди. У ҳамроҳига қараб: «Сиз мендан олдинроқ Сомуррога кириб бораверинг», — деб ишора қилди. У ёлғиз ўзи қолиб, қуёшнинг ботишини кузатиб турарди. Қуёш унинг кўзига олисдан, хурмо дарахтлари орқасидан қизғиш жилваланиб кўринарди. Қуёшнинг бир чеккаси уфққа туташди. У чўзилиб, филнинг хартуми шаклида уфқ орқасига кира бошлади. Қолган қисми ҳам, секин-аста ғойиб бўлди. Қуёш ўрнини қизғишроқ бўлиб, сўнг қора тусга кирган уфқ эгаллади, ҳамма ёқни қоронғилик босди. Зирғомнинг юраги сиқилиб, йўлга тушиш кераклигини эслади. Отига қамчи уриб, аста-секин юра бошлади ва шаҳарнинг қуйи томонидаги дарахтзор ерга бориб етди. Дарахциз жойдан унга Дажла дарёси кўринди. Унинг қирғоғи бўйлаб қасрга бормоқчи бўлди.
Ҳаво тоза. Ҳамма ёқни сукунат қоплаган. Дажлага яқинлашганда Зирғомни яна хаёл олиб қочди. От дарё бўйлаб бормоқда. Зирғом жиловни қўйиб юборган. Майингина шамол эсади, ҳамма ёқ жимжитликда, фақат дарахт баргларининг шитирлаши ва от туёғининг тақир-туқур овозидан бўлак ҳеч нарса эшитилмасди. Чуқур хаёлга ботиб кетаётган Зирғомнинг қулоғига ҳеч қандай овоз кирмасди. Тўсатдан орқа томондан: «Худодан қўрқинглар, мени қўйиб юборинг, одамлар, менга ёрдам беринглар», деб додлаётган бир аёлнинг овози эшитилди. Зирғом юрагига ўқ қадалгандек чўчиб кетди. Овоз бўғилиб чиқа бошлади. Бу худди Жаҳоннинг овозига ўхшагани учун Зирғомнинг аъзойи бадани жимирлашиб кетди. «Ўғрилар бечора Жаҳонни ҳам шундай қилишгандир, додлаганда ҳеч ким ёрдамга келмагандир, мен бу аёлга ёрдам қилсам, ажаб эмас Жаҳонга ҳам ёрдам қўлини чўзгувчи бирор мардни худо муяссар қилса», деди-да, отдан тушди ва қиличини яланғочлаб: «Мана мен ёрдамингга тайёрман! Ҳой бадбахтлар, унга тегманглар!» деб бақирганча овоз келаётган томонга югурди.
Кеча тим қоронғи эди. Зирғом ҳеч кимни учратмагач, бу «Хаёлми ёки жинлар Жаҳонга ўхшаб додлаб, мени гангитаётибдими?» деб қўрқди. Лекин ҳеч қандай фурсат ўтмай, бу овоз яқинлашди, дарё қирғоғидан «Худо ҳақи менга ёрдам беринг, ўлимдан қутқаринг» деб икки қўлини очганча бир аёл чопиб келарди. Унинг орқасидан икки киши қувиб келяпти. Улардан бири қиличини яланғочлаб: «Қаерга қочяпсан, ҳозир ўлдираман», деб дўқ урарди.
Зирғом у кишига қараб: «Тўхта, унга тегма, бўлмаса бўйнингни суғуриб оламан», — деб дўқ урди.
У киши қулоқ солмай, хотинни қувлаб етиб олай деганда, аёл Зирғомнинг олдига келиб, оёғига ўзини ташлади. Қувиб келаётган киши қўлидаги қиличи билан аёлга ҳужум қилмоқчи бўлаётганда, Зирғомнинг қиличи бир зарб биланоқ унинг танасидан бошини жудо қилди. Кейин шеригига ёпишиб, уни ҳам ўлдирмоқчи бўлганда, унинг қуролсизлигини пайқаб тўхтади ва: «Ким бўласиз?» деб овоз чиқарди.
— Бизни сўрашга нима ҳаққинг бор? Сенинг ишинг эмас, қизни қўйиб юбор-да, йўлингга жўнай бер! Кимлигимизни сенга кейин кўрсатиб қўямиз.
— Жойингдан қимирлама, номард, бўлмаса, сени ҳам бошингни узаман, ҳозир ўзингни менга танит ва бу қиз воқеасини айтиб бер!
— Бу қиз хожасидан қочган. Бизни уни тутиб келиш учун юборган эди. Ахтариб шу ердан топдик. Xожасига боришдан бош тортгандан кейин, шеригим пўписа қилди, сен орага тушмаганингда ушлаб олиб кетган бўлардик. У шеригимнинг ўлимига сабабчи бўлди. Сен бунинг учун жавоб берасан, албатта.
Чарчаб, ҳолдан кетган қиз кўкат устида ёнбошлаб олган эди, унинг гапини эшитиб ирғиб турди-да: «Ёлғон, хоинлар, ёлғон айтяпсизлар», — деди.
Қизнинг овозини эшитиб, Зирғом уни яна Жаҳонга ўхшатди. Юраги дук-дук ура бошлади. «Йўқ, бу Жаҳон эмас, Жаҳон бўлганда мени овозимдан танимасмиди», — деди-да, у кишига қараб: «Тўғрисини айт, мени қўрқитмай қўя қол, бўлмаса, сени ҳам шеригинг билан бир гўр қиламан», — деди.
— Қизнинг гапига ишонма, бу халифанинг хонадонидан қочган. Уни ажратиб олишга кимнинг юраги дов беради?
— Мен ажратиб оламан, жўна, йўлингдан қолма.
— Ҳа, ҳа, сен кимсан ўзинг? Уни мен ажратиб оламан, дейишга қандай тилинг борди? — Зирғом тескари қараб, қизни қўлидан ушлади-да, йигитга: «Бор, жўна, ўша халифага ёки бу қизга хўжайинлик қиладиган кишига бориб, қизни Соҳиб ажратиб олди деб айт», — деди.
Соҳиб номини эшитгандан кейин у киши ўзини йўқотгудек довдираб орқасига тисланди:
— Жаноб, кечирасиз, танимасни сийламас, хато қилибман. Сиз эканингизни пайқамабман, — деди-да, орқасига қараб жўнаб қолди.
Зирғом эса қизнинг қўлини қўйиб юбориб, ўз жойида қимирламай турган отини жиловидан етаклаб келди ва қизга қараб: «Юр, қизча, қўрқма, хатардан омон қолдинг, энди нима гап ўтганини менга тушунтириб бер!» — деди.
Қиз бўғиқ овоз билан:
— Xудога шукур, бу балодан мени қутқазиш учун сизни етказди. Сиз бўлмаганингизда, зум бўлиб кетган бўлардим.
Қизнинг овозидан завқланган Зирғом унинг юзига қарамоқчи бўлди. Унинг хаёлидан Жаҳон ўтиб тургани учун: «Шу қиз Жаҳоннинг ўзи эмасмикан?» деган фикрга келди. Лекин туннинг тим қоронғилиги қизнинг юзини кўришга имкон бермасди. Зирғом унга: «Ростини айт, сен ким бўласан?» деди.
— Мен бировнинг чўриси эдим, хожам худо учун мени озод қилди, таниш бир йигит ўзига мени сўратди, орамизда севги ҳам пайдо бўлди. Умр йўлдоши бўлишга у билан аҳд-паймон қилишдик. Шундан кейин халифанинг мулозимларидан Ҳорис ас-Самарқандий деган киши мени кўриб қолиб, ўзига хотинликка сўратувди, мен қабул қилмадим.
Ҳориснинг номини эшитиб, Зирғом Ҳаммоддан эшитганларини эслади ва «у йигитингнинг исми нима эди?» деб сўради.
— Исми Ҳаммод.
— Ундай бўлса, сенинг исминг Ёқутами?
Қиз: «Бу нотаниш одам менинг исмимни қаердан билди?» — деб ҳайрон бўлди ва тили ғулдиллаб:
— Менинг исмимни сиз қаердан билдингиз? Ҳаммодни танийсизми, у ҳозир қаерда? — деди.
— Уни танийман. Лекин ҳозирча унга эришишга йўл йўқ, сен гапингни тугатганингдан кейин унинг воқеасини айтиб бераман.
Қиз қаттиқ севинганидан ўзини йўқотаёзди.
— Мен Ҳориснинг илтимосини рад қилганимдан кейин у қози Аҳмадни халифага восита қилди. Xалифа мени кўриб, узоқ тикилди-да, қозининг қулоғига ниманидир шивирлади ва менга: «Мен бир ўйлаб кўргунимча сен расмий хотин бўлмай, Ҳориснинг шундай қўлида тура турасан», деб амр қилди. Ҳорис мени уйга элтиб бориб қамаб қўйди-да, никоҳига ўтишим кераклигини гоҳ алдаб, гоҳ дўқ қилиб уқтира бошлади. Бир неча ҳафтадан кейин менга тегишиб, «Жазманинг Сомурродан бошқа ерга кетиб қолди», — деди. Мен унинг гапига ишонмадим ва Ҳаммоднинг халифа қасри яқинидаги жойига қочиб боришга отландим. Ҳориснинг ёрдамчиларидан бўлган мана бу икки киши мени ушлаб қайтармоқчи бўлди. Қайтишга рози бўлмаганимдан кейин, «ўлдирамиз», деб менга дўқ қилишувди қўрқиб додладим. Ана шу вақтда овозимни эшитиб, мени қутқазишга сиз келиб қолдингиз, худо хайрингизни берсин!
Қиз гапини тугатгач, дўсти учун уни қутқазганидан Зирғом беҳад шодланди. Лекин Ҳаммод ўша учрашган кечадан кейин у ердан чиқиб кетишини ва қаерга бориб жойлашуви номаълумлигини эслаб, сукут қилиб турди. Кўз ўнгидан Жаҳоннинг сиймоси ўтиб турарди ва ўзига-ўзи: «Мен бу қизни қутқазганимдек, Жаҳонни ҳам қутқазадиган киши топилганмикин?» — деди.
Шодлигидан юраги ёрилаёзган Ёқута Зирғомдан севгилиси тўғрисида кўрган-билганларини эшитишга ошиқиб, унинг ёнида пиёда борарди. Ҳадеса, Зирғом гапиравермаганидан кейин у: «Ҳаммод ҳақида гапириб бераман деган эдингиз, ростдан у Сомурродан чиқиб кетганми?» — деб сўради.
— Ҳа, Ҳорис айтгандек, у Сомурродан кетиб қолган...
— Қаерга кетган?
— Билмайман, у билан мен бир неча кун муқаддам Бағдоддан ташқарида учрашдим. Қаергадир боришини айтди. Сен туфайли у Ҳорисдан ҳам, халифадан ҳам аччиғланганини сенга гапириб берди. Сенга бўлган муҳаббати мустаҳкамлигига кўнглингни тўқ қилавер.
Ёқута юзларини юмдалаб додлай бошлади:
— Войдод, мен энди қаерга бораман, қаерда тунайман, уни қаерлардан излайман?
— Қайғурма, худо ўша кунларга етказгунча менинг уйимда, онам билан бирга турасан. Зарур бир гап чиқиб қолса, у менга хат ёзишга ваъда берган.
— Xудо хайрингизни берсин, лекин...
— Синглим, ташвишланма, онам билан тинч, тотувликда яшайсан. Ҳеч ким сенга кўз олайтира олмайди. Уйда у киши танҳо ўзлари турадилар, сени қиз қилиб олиб, сен билан овунадилар.
Шу пайтда Ёқута саройга яқинлашиб қолганини сезиб, тўхтади-да: «Халифанинг қасри ёнига келиб қолганга ўхшайман», — деди.
Зирғом: «Мен шу саройнинг ичкарисида бир қасрда яшайман,» — деди.
Ёқута кетига тисланди:
— Xалифа билиб қолса, менга ёмон бўлмайдими?
— Xотиржам бўлавер. Сен менинг уйимда тинч бўласан.
Шу пайт улар саройга етиб келишганди. Зирғомни кўрган соқчилар унга йўл бўшатишди, улардан биттаси келиб отини отхонага етаклаб кетди. Зирғом Ёқута билан уйига етиб келди. Уни кўрган хизматчилардан бир нечтаси онасига хабар қилиш учун ичкарига югуриб кириб шамларни ёндирди. Улар ҳовлининг ўртасига боргач, шамлар ёғдусида Зирғом қизга синчиклаб тикилди. У Жаҳонга жуда ўхшаб кетгани учун Зирғом саросимага тушиб, юраги орзиқиб кетди ва ичида «Ажабо, бу қандай тасодиф?» — деди қизга завқи келиб. Шунчалик изтиробда туришига қарамай, унинг юзидаги салобати, ҳусн-жамоли, хусусан, юз-кўзи ва овози билан Жаҳонга жуда-жуда ўхшаганлиги Зирғомни ҳайрон қилмай қўймади. Уни қутқазиш йўлида тортган азоб-уқубати қизга меҳр қўйишини тақозо қиларди. Кишилар манфаати учун азоб чеккан одам табиатан уларни севади. Шунинг учун ҳам киши ўз фарзандлари ичидан ўзига кўпроқ қарам-ҳожатманд бўлганига кўпроқ меҳр қўяди. Ота ўз фарзанди йўлида қанчалик машаққат торца, унга меҳри шунчалик ошади. Зирғомнинг кўнгли Жаҳон билан банд бўлмаганда, у албатта Ёқутага майл қилган бўларди.
Офтоб эса ўғлини кутиб олишга ҳозирланди. Унинг оёқ овозини эшитиш билан олдига югуриб бориб, қучоқлаб ўпди. У ҳовлида яна бошқа бир ёт киши ҳаракатини сезиб: «Ўғлим, ёнингдаги ҳамроҳинг ким?» деб сўради.
— Онажон, бу сизга ҳамроҳ бўладиган қиз, — деди.
У ўғлим Жаҳонни олиб келди, деб ўйлади-да, Ёқутанинг оёқ овози келаётган томонга қараб: «Жаҳон келиб қолдими?» деб сўради.
Онасини Жаҳонни тилга олиши Зирғомнинг юрагини ларзага келтирди, эски ярасини янгилади. У бир хўрсиниб: «Йўқ, ойи, Жаҳон эмас, дўстларимдан бирининг қайлиғи. Мен учун ҳурматли бир аёл», — деди.
Ёқута Офтобнинг ёнига келиб, унинг қўлини ўпмоқчи бўлганди, у камтарлик қилиб қўлини ўпгани қўймади ва «Хуш келибсиз, жоним, исмингиз нима?» — деб сўради.
— Номим Ёқута, онажон.
Ёқутанинг товушини эшитган Офтоб ғалати бўлиб қолди, ажаблангандек лабини чўччайтириб, икки оқ кўзини пир-пир ўйнатди:
— Ажабо, бу овозни танигандек бўляпман.
— Ойи, уни сиз Жаҳоннинг овозига ўхшатяпсиз шекилли, ҳақиқатан жуда ўхшаркан. Мен ҳам уни даставвал эшитиб, шундай гумон қилгандим.
Офтоб унга жавоб бермай, сукут этди. Кейин Ёқутани қўлидан ушлаб, ёнига ўтқазди ва бағрига босиб қучоқлаб: «Боракалло, қизим, заб келибсан-да» — деди-да, Зирғомга қараб: «Бу Ёқутага сен қандай дуч келиб қолдинг? Қаерда экан?» — деди.
— Сизга айтган ишимдан қайтиб, шаҳарнинг қуйи томонидан келаётувдим, икки киши бу қизни қувлаб келаётган экан. Унинг қўрқиб додлаганини эшитиб, олдига бордим-да, ҳалигилар қўлидан қутқаздим. Кейин тўғри уйга бошлаб келавердим. Бир одам бу қизни мажбуран ўзига хотинликка олмоқчи бўлганида у қочибди, улар буни ушлаб ўша одамга элтиб беришмоқчи экан.
— У одам ким экан?
— Xалифанинг мулозимларидан — Ҳорис ас-Самарқандий деган киши.
— Қиз нега уни истамадийкин, ахир у бадавлат, обрўли одам-ку.
— Чунки бу қиз Ҳаммод деган бир араб йигитини яхши кўрар экан, ойи, сиз уни танимайсизми?
— Сен билан бир келганда овозини эшитганга ўхшайман. У ҳозир қаерда?
— Шаҳарда эмас, кетган, у қайтиб келгунича Ёқута бу ерда истиқомат этиб туради. Майлими, сизга бемалолми?
— Менга ёққанда қандай, сен иш билан кетганингда менга ҳамдам, овунчоқ бўлади, ҳозирнинг ўзидаёқ буни мен кўп йилдан буён таниб юрган кишидек ҳис қиляпман. Ҳай, ҳай, умринг узоқ бўлгур қизим-ей.
Қизнинг кийим-кечакларини янгилаб, ювиб-тараб келишни Офтоб Масъудага буюрди. Кейин овқат келтирилди. Зирғом онасидан: «Вардон келмадими?» деб сўради.
— Бир неча кун бўлди, келиб сени сўради. Қаерга кетганингни унга айта олмадим.
— Афшин хусусида у сизга ҳеч нарса демадими?
— Унинг бу ерга келиб, Сомурродан ташқарида аскари билан тўхтаганини, бир неча кундан кейин биз томонга ўтишини айтди. Вардон унинг олдига кетган бўлса керак ёки бугун-ерта борар.
Она-боланинг суҳбати узоққа чўзилмади. Улар дам олиш учун ўринларидан қўзғалишди. Эрта билан тургандан кейин Зирғомни яна хаёл олиб қочди. У тезроқ Вардонни топиб, Жаҳон тўғрисида Афшиннинг ҳамроҳларидан эшитганларини билишга ошиқарди.
Шу куни кечқурун халифа Зирғомни йўқлаб киши юборди. Зирғом қора кийимлари ва қалпоғини кийиб халифанинг умумий қабулига борди. Ижозат олиб, халифа олдига кирди ва таъзим қилиб, тик турди. Xалифанинг ёнида қози Аҳмад ўтирарди. Уни ҳам ўтиришга таклиф қилиб, очиқ чеҳра билан: «Сафардан қачон қайтдинг?» — деб сўради.
— Кеча кечқурун келдим, жаноб халифам. Бугун ўзим ҳузурингизга келиш учун тайёрланаётган вақтимда, халифа сизни чақиряптилар, деб уйимга киши бориб қолди.
— Сафардан қайтаётганингда йўлда кимни учратдинг?
Ҳорис келиб албатта Ёқута тўғрисида халифага шикоят қилганини билган Зирғом: «Икки киши қийнаётган бир қиз болани учратдим», — деди.
— «Тарки одат, амри маҳол» дегандек, у қизни қутқазгандирсан? Боракалло! — деди халифа.
«Тарки одат, амри маҳол», деб халифа илгари ўзини шернинг чангалидан қутқазганига имо қилаётганини сезиб, Зирғом хижолат торца ҳам, ўзини билмасга солиб:
— Шу аҳволни кўриб туриб, кўз юмиб кетишга инсофим йўл бермади. Қизнинг жонига ора кирдим. Қутқариб олиб келдим. Кейин билсам, у қиз давлат арбобларидан бирига тегишли экан. Жанобингизнинг ҳомийликларини эслаб, «кел-е, бошимга тушганини кўрарман», дедим. Бу ножўя хатти-ҳаракатим учун афв этгайсиз, — деди.
Муътасим кулди:
— Ҳалол овни ушлабсан. Уни қўлда сақлашга ҳаммадан кўра ўзинг лойиқсан. Қизни яхшилаб кўрдингми, қалай экан?
— Чакки эмас, мавлоно!
— Мана энди иқрор бўлиб, қўлга тушдинг.
Халифа нима демоқчи бўлганини Зирғом тушунмай турганди, қози гапга аралашди:
— Xалифа сен учун бир қизга киши қўйганлари эсингда бўлса керак.
— Ҳа, эсимда бор, — деди Зирғом.
— Ўша қиз худди шунинг ўзи. — Бу тасодифдан таажжубланган Зирғом нима дейишини билмай гангиб қолди. Қози сўзини давом эттирди:
— Бир неча ҳафта бурун Ҳорис бу қизни ўз никоҳига олишни талаб қилиб олиб келганда, халифанинг назарлари тушган эди. Бошқа бир киши ҳам уни ўзига мўлжал қилиб юрар экан. Шунда халифа менга қараб: «Бу қиз Соҳибга муносиб», дедилар-да, Ҳорисга: «Мен талаб қилгунимча буни сен сақлаб турасан», деб буюрдилар. Ҳорис бугун эрталаб келиб: «Зирғом Ёқутани мендан тортиб олиб кетди», деб устингдан шикоят қилди. Xалифа: «Бу қиз Соҳибники, сен овора бўлма», деганларидан кейин лом-мим деёлмай чиқиб кетди. Шунинг учун сенга жаноб халифа: «Ҳалол овни ушлабсан, иқрор бўлиб қўлга тушдинг», деяптилар.
Зирғомнинг «халифанинг илтифотлари учун раҳмат» деб дуо қилишдан бўлак иложи қолмади:
— Амиралмўъминин ўз қуллари хусусида нимаики қилсалар, ихтиёрлари.
Шундан кейин Муътасим: «Сомурронинг энг гўзал қизига эга бўлдинг, қўша қаринглар!» деди-да, қўлини қўлига уриб ҳожибни чақирди ва қулоғига ниманидир шивирлаганди, у «хўб» деб чиқиб кетди. Кейин устига қуёшдек ялтираб турган гавҳар бўйин тумор қўйилган бир ликопча кўтарган ходим кириб келди. Уни Соҳибга тақдим эт, деб халифа имлагач, унга узатди. Унинг ялтирашидан хаёли қочган Зирғом ташаккур айтмоқ учун ўрнидан турган эди, Муътасим: «Бу гавҳар бўйин туморни Ёқута бўйнига тақиб ясанади», — деди.
Зирғом ҳурмат ва миннатдорчилик қилиб, бош эгиб, унга таъзим қилди ва «амиралмўъмининнинг илтифот ва марҳаматлари бениҳоя бўлди», — деди.
— Сенга бундан ҳам кўпроқ инъомлар қилса арзийди.
Зирғом бўйин туморини олиб, рўмолчасига ўради-да, халифани яна дуо қилди, кейин рухсат олиб, унинг ёнидан чиқди. Йўл-йўлакай хаёл суриб, уйига борди. Аммо Ёқутани никоҳига олиш масаласи уни жилла ҳам ташвишлантирмади, чунки уни никоҳига олган-олмаганини халифага билдирмай, эгаси келгунча уйида сақлаб туриб, у келиши билан ошиқ-маъшуқни бир-бирига топширмоқни ўйлади.
Зирғом уйга келгач, онаси: «Халифа сени нимага чақирган экан?» деб сўради. «Ёқута тўғрисида», — деди Зирғом.
Бу гапни эшитган Ёқутанинг бадани жимирлашиб кетди, чунки у Ҳориснинг чақимчилик қилишидан қўрқиб юрганди. Лекин Зирғом онасига кулиб гапирганини кўриб, у анча хотиржам бўлди, назокат билан унга бир қараб қўйди. «Очиқроқ айтиб бер, ўзи нима гап?» деб она яна сўради.
— Ҳорис устимиздан халифага шикоят қилибди. Xалифа унинг шикоятини рад этди ва Ёқутага яхшироқ қараб туришни менга топширди.
Шундан кейин қизнинг кўнгли ёришиб, Зирғомга таҳсинлар айтди. Унинг халифа олдидаги обрўйини ва унга сўзи ўтишини кўриб, меҳри яна зиёда бўлди. Ёқутанинг кўнгли Ҳаммодда бўлса ҳам, Зирғомнинг ўзи кутгандан ҳам ортиқ эканига иқрор бўлди. Зирғомдан халифанинг гапини эшитгандан кейин Ёқута уялиб, юзлари қизариб кетди. Доно ва ўткир иродали бу қиз уялинқираб, қизариб-бўзариб: «Жаноб Соҳибнинг марҳаматлари учун миннатдорман. Мени ҳам ориятдан, ҳам ўлимдан қутқаздилар. Ўз ҳимояларига олиб, мартабамни ҳам кўтардилар»,— деди.
Зирғом чўнтагига қўлини узатиб, бўйин туморни олди-да: «Бу амиралмўъмининнинг сенга туҳфалари», — деди.
Ёқута нима дейишини билмай уни олиб, Офтобга узатди. Офтоб уни қўлига олиб, ушлаб кўрди-да: «Бу сенга муносибга ўхшайди», — деб қизнинг бўйнига тақиб қўйди.
Ана шуларнинг ҳаммаси Зирғомнинг ғам-ташвишини заррача камайтира олмади. Кеча кечқурун ва бугун эрталаб юз берган ҳодисалар Зирғомга ўз севгилисини эслатарди. Xусусан, Ёқута бўйнига таққан гавҳар бўйин туморни айтмайсизми. Зирғом ўзига-ўзи: «Жаҳон шу ерда бўлганда бу туморни тақиш албатта унинг ҳаққи эмасмиди», — дерди. У шундай хаёлга борди-ю, Вардонни суриштириш учун уйдан чиқиб кетди. Қўрқувдан ўзини йўқотиб келаётган Вардонни у йўлакда учратди. Зирғомни кўриб у салом берди. Зирғом шошилиб сўради:
— Ҳа, бормисан? Нега мунча жимжит бўлиб кетдинг?
Иккаласи бир чеккадаги уйга бориб ўтиришди. «Афшин кечикиб келганлиги туфайли ушланиб қолдим. Унинг Сомуррога келганига бир-икки кунгина бўлди. Топшириғингизни бажаришга зўрға шу бугун муяссар бўлдим», — деди Вардон.
— Жаҳон тўғрисида нима хабар топиб келдинг?
Вардон бир лаҳза сукут этиб тургач: «Афшиннинг махсус кишилари орасида унинг ҳамма кирдикорларидан хабардор бир ўртоғим бор. Ўшанинг айтишича, Жаҳон улардан илгари Фарғонадан чиқиб кетган эмиш», — деди.
— Бу гапни сен кетганингдан кейин Жаҳоннинг акаси Сомондан эшитгандим.
Сомоннинг номини эшитиб Вардоннинг ранги ўчди.
— Сомон шу ердами? Қани у аблаҳ? Ҳозир у лаънати мунофиқнинг жонини суғуриб оламан.
Вардоннинг бу қадар жаҳли чиққанидан таажжубланиб Зирғом:
— Сомонни нега ўлдирмоқчи бўляпсан? У нима қилибди? — деди.
— Унинг қилиқларини ҳозир айтиб бераман. Аммо ўзи нима деганини олдин менга гапириб берсангиз.
— Унинг айтишича, Афшиндан қочиб, синглиси Жаҳон билан Фарғонадан чиқишган эмиш. Ҳамадонга етишганда қароқчилар дуч келиб, Жаҳонни ва оқсочини асир олишганмиш. Сомон эса бизга бу хабарни етказиш учун улардан қочиб Сомуррога келганмиш.
— Қароқчиларнинг қилган ишидан хабардор бўлибсиз. Энди у лаънатининг бугунги қилган ишини мен сизга айтиб берай: менга топширган вазифангизни бажармоқ учун кеча кечқурундан ишга киришдим. Лекин уни зўрға бугун эрта билангина адо эта олдим. Ўша ўртоғимга учрашдим, у ҳамма бўлган воқеани бирма-бир айтиб берди. Ўртоғим менга гапираётган пайтда Сомон отига миниб, қир томонга ўтиб қолди, лекин мен уни яхши таний олмадим. Суҳбатдошимдан: «Бу ким бўлди, бевақт нима қилиб юрибди?» деб сўрадим. Унинг айтишича, худди шу одамнинг ўзи шу бугун тонготар пайтида келиб, Афшин билан суҳбатлашган, Жаҳонни қароқчилар олиб кетганини айтган, бу ишда айбдор Зирғом, деб сизни ёмонлаган эмиш. Бу гапни у кетиб бўлгандан кейин ўртоғим менга айтди. Афсуски, илгарироқ билганимда у бадбахт кўсанинг бўйнини суғуриб олган ёки бўғиб ўлдирган бўлардим.
Зирғом Сомоннинг мунофиқлигини, нияти бузуқлигини аввалдан сезиб, унинг ҳеч бир гапига ишонмай юрарди, лекин Жаҳоннинг олиб кетилгани ҳақидаги хабардан иккиланиб, ўзига-ўзи: «Бу йигитнинг иккиюзламачилигини билардинг, лекин Жаҳон тўғрисида берган маълумотини ҳам ёлғон деб ҳисоблайсанми?» — деб қолди.
Шу орада «Бобак қўзғолон кўтарибди, ҳаракати кучайган эмиш», — деган хабар келиб қолди-да, халифанинг Афшин бутун аскарлари билан Ардабил томонга отлансин деган фармони эълон қилинди. Шу важдан Афшин билан учрашиш Зирғомга муяссар бўлмай қолди.

Фарғонадан Жўнаш
Жаҳон акаси ва оқсочи билан биргаликда Фарғонадан қочиб кетишга қатъий қарор қилгандан кейин ўзига тегишли қимматбаҳо, енгил нарсаларни жойлаб қўйди. Ироқ йўлидаги дашту биёбон, чўлу саҳролардаги хатардан эмин бўлиш учун бирга кетадиган йўловчилар масаласини ҳал қилишни у акасига топширди. Сомон синглиси топшириғини бажо қилганини айтди. Улар «яқин ердаги дам оладиган бир жойга кетяпмиз», деган баҳона билан тайёрланган юкларни йўл ёқасига таший бошлашди. Энди сафар пайти яқинлашмоқда. Бундан кейин ўз шаҳрига қайтиб келмаслигини билган Жаҳонга киндик қони тўкилган, ер-суви, ҳавоси ва соя-салқинига ўрганган жойдан жудо бўлиш, отасининг қасри, бирга яшаб, бирга ўсган яқин қавм-қариндошларини ташлаб кетиш жуда оғир туюларди. Унинг юраги сиқилди, чеҳрасидаги қувноқлик йўқолди. Акаси унга кетишга далда берса, оқсочи йўл азоб-уқубатларини кўз ўнгига келтирарди. Жаҳоннинг ўзи эса Фарғонадан ажралиш туфайли юз берадиган ҳамма оғирликларни бир томонга суриб қўйиб, ниятидан қайтмасди.
Сафарга отланадиган кечаси сарой бошлиғини чақиртириб, саройга ва унда яшайдиган кишиларга яхши қараб туришни тайинлади, ўзининг тез қайтиб келмаслигини унга сир тариқасида уқтириб, ишончни оқлаши, серғайрат, серҳаракат бўлиш кераклигини ҳам алоҳида таъкидлаб қўйди. Сарой бошлиғи Жаҳоннинг борадиган ерини билмаса ҳам, ҳар ҳолда унинг сафарга чиқишидан афсусланди. Агар унинг Ироққа кетаётганини билса, у ҳам, бошқа танишларнинг ҳаммаси ҳам қайғуриб, йиғи-сиғи қилган бўлишарди, албатта. Чунки қизнинг меҳрибонлиги, зийраклиги ва ҳусн-жамоли теварак-атрофдаги ҳаммани ўзига мафтун қилган, уни худди маъбудадек улуғлашга одатланишган эди.
Эртаси эрта билан Жаҳон саёҳатга ёки ёзлик дам оладиган ерга кетаётгандек қашқа отини миниб чиқди. Унинг ёнидаги акаси ва оқсочи ҳам отга минишган. У шаҳар дарвозасидан чиқаркан, отасидан қолган мол-мулк, боғ-роғларни ташлаб кетаётганига ачиниб, кўзига ёш олди: лекин севгилиси ёнида бўлишдан кўра буюкроқ бахт-саодат йўқлигини эслаб ўзига-ўзига тасалли берди.
Булар ҳамроҳ бўлган савдогарлар карвони Ҳинд мамлакатидан ҳар хил атторлик моллар ва кийим-кечак ортиб, Xуросонга бормоқда эди. Жаҳон ҳам ўз буюмларини ва йўл анжомларини ана шу савдогарларникига қўшадиган бўлди. Бу ишни асосан акасига топшириб, ўзи сафар кийимларини кийишга тараддудланди. Шундан кейин баъзисига юк ортилган, баъзисига одамлар миниб олган, бир-бирига маташтирилган туя ва хачирлардан иборат карвон кечқурун йўлга чиқди. Итлар, қозон-товоқ ва ўрин-тўшаклар ҳам уларда. Киракаш ва молбоқарлар эса туяда боришмоқда. Чунки карвон ўз одамлари, ҳайвонлари ва уй анжомлари билан юрарди. Улар кундузнинг узун-қисқалиги, ҳавонинг иссиқ-совуғи ва бошқа шароитларни ҳисобга олиб йўл юрарди. Сафарга, унинг хавфу хатарига ўрганган, йўл-йўриқни билган, жисмоний бақувват қўриқчилар карвон атрофини қуршаб, қўриқлаб бормоқда. Уларнинг Амударё билан Тошкент дарёси (Сирдарё) оралиғидаги саҳроларда тарқоқ ҳолда яшайдиган туркман қабилалари билан алоқа ва дўстликлари бор. Икки дарё ўртасидаги масофада ҳафталаб, баъзан икки ойлаб юрилади. У ерларда қароқчи, йўлтўсарлар анча топилади. Шунинг учун ҳам агар карвон катта бўлмаса, у ерлардан юришга киши жасорат этолмайди. Йўлда юрилганда карвон ҳарбий интизомни қўллайди, дам олиш пайтларида чодирлар тикилади, қўй ёки қорамол сўйилиб, қозонлар осилади. Кишилар овқатланиб, дам олишади.
Жаҳон бундай сафарни умрида бошидан кечирмаган ва эшитмаган эди. Лекин у йўл машаққатларига тишни тишга қўйиб чидар, севгилисига учрашиш орзуси билан ўзига ўзи тасалли берар эди. Бу, кишиларни ҳайратга соладиган муҳаббат мўъжизаларидан эди, албатта.
Уларнинг бу узоқ сафарда тортган машаққатларини, кундузнинг иссиғи, кечасининг изғирини, улар олиб бораётган об-овқат тугаб қолиб, тортган ташналик ва очликларини тўлиқ тасвирлайдиган бўлсам вақт етишмайди. Шунинг учун гапни мухтасар қиламан:
Карвон Рай шаҳрига етиб борганда: «Энди карвондан ажралиш керак, чунки у Ироққа борадиган йўлдан юрмайди, шимол томонга бурилиб кетади», — деди Сомон синглисига. Жаҳон акасининг раъйига бўйсунди. Юклари ва мол-мулклари билан карвондан ажралиб ўз йўлларига қараб кетишди. Шу куни кечқурун Ҳамадондан нарироқда бир қанча отлиқ кишилар булар устига бостириб келди. Отда кетаётган Жаҳон мардлик билан ўзини мудофаа қилди. Сомон ҳам совуққина қаршилик кўрсатди. Булар кучсизлик қилиб, мағлубиятга учрашди. Отлиқлар Жаҳонни ва оқсочини ушлаб оёқ-қўлини боғлашди. Сомон эса «Бу ҳодисадан Зирғомни воқиф қиламан», деган баҳона билан қочди.
Ўзининг асир олинганини кўрган Жаҳон уларнинг бошлиғини чақириб: «Бу нима қилганларинг? Сизларга мол керак бўлса, мана юкларимиз, буларни олиб, бизни бўшатиб юборинглар, сизлардан ҳеч даъвогар бўлмаймиз», — деди. Отлиқ кишилар ўзларини танитмаслик учун овозини чиқармас, башарасини ҳам ўраб олганди.
Жаҳоннинг гапига биринчи бўлиб овоз чиқарган бир отлиқ: «Биз ўғри эмасмиз, молга муҳтож ҳам эмасмиз. Бизга Фарғона малагини ер юзидаги энг улуғ кишига олиб бориб топшириш вазифаси юкланган. У кишига яхшиликча рози бўлмаган бу қиз, энди мажбуран рози бўлади», — деб жавоб берди.
Унинг гапини эшитган Жаҳон ўзига тузоқ қўйилганини сезди. У, буларнинг ростакам ўғри бўлишини, мол-мулк билан даф бўлишини истарди. Бу, албатта, мағлубиятдан қўрққани учун эмасди. Қизнинг дадиллиги, довюраклиги маълум. Унинг бутун фикр-ёди севгилисида. Моли кеца ҳам, ўзи омон қолиб, севгилисига етиб борса бас. Нима гаплигини пухтароқ билиб олиш учун Жаҳон: «Эй дўстлар, қилаётган ишларингиз улуғ одамлар қиладиган ишга ўхшамайди», — деди.
— Киши шундан бўлак чора топмагандан кейин нима қилсин? Қадр-қиммати баланд, сўзи ерда қолишини нафсонияти кўтармайдиган бир киши совчи бўлиб борса-ю, ноумид қайтиб кеца, дурустми, ахир? — жавоб берди отлиқ.
— Ундай бўлса, у киши бировга совчи бўлишни ҳам, жазманликни ҳам йиғиштириб қўйиши керак, — қатъий гапирди Жаҳон.
— Ростакам жазман бўлса-ю, лекин севгилисини қўлдан бой бериб қўйган бўлса, нима қилсин?
— Бундай сафсатани қўйинг. Мен сизларни фақат молталаб ўғрилар деб ўйлаяпман. Мана молларимиз, ҳаммаси қўлингизда. Бизни қўйиб юборсангиз, бу молларга яна икки ҳисса қўшиб беришга сўз бераман.
— Берадиган молларинг учун минг қуллуғ. Лекин ўзингни бўшатиб юбора олмаймиз. Биз сени олиб кетаётганимиздан, ниятинг рўёбга чиқмай қолганидан пушаймон бўлма. Негаки, жаҳонда энг улуғ бир зотнинг қўлига боряпсан, у билан тузук муомалада бўлсанг, сендан кўра бахтли одам бўлмайди, — деди номаълум киши.
У одам «жаҳонда энг улуғ бир зот» деб кимни айтаётганини Жаҳон фаҳмламади:
— Мақсадингизга тушунмадим, «улуғ зот», деб кимни айтмоқчисиз?
— Бир неча кундан кейин ҳаммасини тушуниб оласан. Ҳозир хотиржам бўлавер. Биз сени иззат-икром билан олиб борамиз. Кўзланган жойга етиб олганимиздан кейин айш-ишрат, роҳат-фаровонликдан бошинг чиқмайди.
Жаҳон оқсочи билан йўлда бир неча кунни ўтказди. Бегона одамлар бу иккаласининг қўл-оёғини эртаси эрта биланоқ ечиб қўйишганди, озиқ-овқат, ётиш-туришларидан хабар олиб, иззат-ҳурмат билан хизматларини бажо этиб боришарди.
Жаҳон истаса, уларнинг қўлидан қочиб кетишнинг имкони бор эди. Лекин қочишни лозим кўрмади. Очиғи, бунинг оқибатидан қўрқарди. Олиҳиммат кишиларнинг виждони ҳатто ўлимдан қочишга ҳам йўл қўймайди.
Шу йўл юришида Жаҳон неча-неча шаҳар, қишлоқ, тоғу тош ва ўру қирларни босиб ўтди, турли миллат кишиларини кўрди. Бир кун у ўзини Озарбайжондан ўтаётганини фаҳмлади. Карвонбоши унга бугун Арманистонда эканликларини ва ҳадемай Ардабилга кириб боришларини тушунтирди. Жаҳон ўзини Бобак Xуррамийга олиб боришаётганини энди билди. Бир вақт Бобак уни отасидан сўратганида ўзи қабул қилмаганини эслади-да, Бобакнинг қўлига кетаётганини тахмин қилди ва ўзини ундан ҳимоя этиш тадбирини кўра бошлади. Бу ишда муқаррар акасининг қўли борлигини пайқаб, унга ишонгани учун афсус-надомат чекди.
Ҳақиқатан ҳам Жаҳон Сомондан даргумон бўлиб юргани тўғри эди, чунки акасининг табиатида тубанлик бор эди. Отаси Сомонни меросдан маҳрум қилиб, ҳамма мол-мулкни Жаҳонга васият қилиб кетгани учун, унда синглисига адоват ўт олиб кетганди. У ўз ниятларини тўғри одамларга ўхшаб ботирлик билан юзага чиқара олмагандан кейин, маккорлик, ҳийлакорлик йўлига ўтиб олганди. Шум ниятлилар халқ учун энг зарарли кишилардир. Булар пок, виждонли кишилар манфаатини поймол қилмай туриб, шум ниятига эриша олмайди. Сомон Xуррамия маслагига қўшилди. Xуррамия — хўжайинларга қарши курашадиган махфий бир уюшма бўлиб, шу даврда унинг раҳбари Ардабил ҳокими Бобак Xуррамий эди. Xуррамийлар Бобак ҳукмдорлигини қувватлаш учун махфий равишда ҳаракат қилишарди. Табиатан жуда шафқациз бўлган Бобакнинг жон-тани аёллар. Қаерда бирор чиройли аёл бор деб эшица бас, уни ўз обрўси билан, бўлмаса, пул-мол, бу билан ҳам бўлмаса, зўрлик билан саройига келтиришга ҳаракат қиларди. Унинг шу довруғи ҳамма ёққа тарқалган эди.
Бобак бизнинг Жаҳонимизнинг ҳусн-камолидан хабар топиб, Сомон орқали унга совчи юборди. Отаси розилик бермагандан кейин «Уни менга етказиб берсанг, сени хурсанд қиламан, мол-давлатга кўмаман ва катта бир мансабга тайин этаман», деб Сомонга ваъда берди. Сомон отаси ҳаётлигида бу ишнинг уддасидан чиқолмасди. Чолнинг вафот этиши ва Сомон меросдан маҳрум қилиниши бу ишларни тезлаштириб юборди. Сомон наврўз кунлари Фарғонада хуррамийларнинг бир ўтиришида Бобакнинг ноиби Исбеҳбаз билан учрашди. У яширин равишда шундай ўтиришларда қатнашар ва отасига билдирмасдан, бир неча кунлаб уйдан ғойиб бўлиб кетар эди. Қандай ҳийла ишлатиш кераклиги устида улар билан маслаҳатлашарди. У Исбеҳбаз билан ўтиришганда Жаҳонни Ардабилга етказиб беришга сўз берарди. У табиатан тубан бўлгани учун ошиқ-маъшуқлар севгисини бир чақага олмайдиган номард ҳам эди. Унинг шум нияти, хусусан, Афшин билан кўришиб, отасининг васиятини эшитгандан кейин авж олиб кетди. Унинг бутун фикр-зикри Афшиндан аламини олишда бўлиб қолди. Исбеҳбаз билан тил бириктириб қўйган ҳийлакорлигини амалга оширишни у бойлик, обрў топиш ва рақибидан ўч олиш воситаси деб билди. Шундай қилиб, у Жаҳонни Ироққа ўтиб кетаётганда асир олиш учун бир неча киши Рай билан Ҳамадон ўртасида пойлаб туриши, олиб кетишгандан кейин: «Уни қароқчилар мажбуран мендан тортиб олиб кетди», деб халқ ўртасида айюҳаннос солиши тўғрисида Исбеҳбаз билан келишиб олди. Уни олиб кетишгандан кейин Сомон Зирғом билан Афшиннинг ўртасига раҳна солиш учун Ироққа борди. У Зирғомнинг ботирлигини, Жаҳон учун жон фидо қилишга тайёрлигини яхши биларди. Жаҳонни Афшин олиб кетди, деган гапга ишонса, Афшинни ўлдирмай қўймаслигини ҳам биларди. Сомон олисни кўролмайдиган, калтафаҳм эди. Шунинг учун ўйлаган тадбирини ўринлата олмади. Унинг ҳийласи Зирғомга маълум бўлиб қолди. Лекин калтафаҳмлиги туфайли у «Вазифамни тўлиқ бажардим ва мақсадимга эришдим», деб Ироқдан қайтди.
Жаҳон эса Арманистоннинг ўша вақтдаги вилоят маркази бўлмиш Ардабилга яқинлашаётганини сезгач, олдида турган хавф-хатарга қарши курашиш тадбирини кўра бошлади. У Бобак тўғрисида анча нарсалар эшитганди. Унинг расво ва айш-ишратга берилган одам эканини, Ардабилда истиқомат қилишини ҳам биларди. Уни олиб кетаётган кишилар қоронғи тушмасдан сердарахт бир ўрмонга етишди. Бу ардабилликларнинг яширинадиган жойи бўлиб, бирор фалокат юз берса, шу ўрмонда жон сақлашарди. Уй жиҳозлари ва идиш-товоқ ясаш учун керакли ёғочни ҳам шу ўрмондан кесиб кетишарди.
Шу ўрмонга қараб туриб Жаҳон Бобакнинг зулмидан ўзини мудофаа қилиш тадбирини ўйлай бошлади. У Зирғомни эслаб: «Бошимга тушган савдолар қулоғига еца, ҳоли нима кечаркин?» — деб қўйди.
Жаҳон шу хаёл оғушида экан, улар Ардабилга борадиган йўлдан бурилиб, ўрмонга кираётганларини сезди. Кишилардан биттаси келиб Жаҳонга қашқа отининг жиловини ўрмон томон буриш лозимлигини айтди. Бунинг сабабини билмаса ҳам, Жаҳон отини ўша томонга бурди. Бир-бирига бирикиб кетган дарахтзорни кесиб ўтиб улар ноқулай йўлдан боришарди. Жаҳон эса бу тариқа юрилаётганининг боисини билиш мақсадида гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонни диққат билан кузатарди. Шу пайт уларнинг бошлиғи Жаҳоннинг ёнига келиб: «Бу томонга бурилганимиздан ажабланаётган ёки хавфсираётган бўлсангиз керак?» — деди. «Мен ҳеч нарсадан чўчиётганим йўқ, лекин Ардабилга яқин қолганда бу ноқулай йўлдан бораётганимиздан ҳайрон бўляпман, холос», — деди қиз. Бошлиқ Жаҳоннинг журъати ва довюраклигига таҳсин айтиб: «Йўлнинг чеккасида тикиб қўйилган байроқни кўрмадингиз шекилли»— деди.
— Йўқ, кўрмадим, қани байроқ?
Бошлиқ уни етиб келган жойларидаги бир тепаликка олиб чиқди:
— Ҳув анави байроқни кўрмаяпсизми? — деди-да, байроқ томонга ишора қилди.
Жаҳоннинг кўзи байроққа тушди-ю, унинг Афшинники эканини пайқаб, юраги орқасига тортиб кетди:
— Бу мусулмонлар байроғи-ку, — деди у.
— Ҳа, тўғри, бир киши келиб: «Каттамиз Ардабилни ташлаб чиқиб кетдилар, у ерни мусулмонлар босиб олди» — деб хабар етказди.
— Сиз Бобакни айтяпсиз шекилли, у қаерга кетибди? — ҳаяжон билан сўради Жаҳон.
— У Арманистоннинг ичкарисига кириб, Арс дарёси ёнидаги Базз деган бир шаҳарчага ўзини олибди. Буни бизга хабарчи айтди.
Жаҳон: «Бу киши меҳрибон, марҳаматли одамга ўхшайди. Одамлар жанг қилиш билан овора бўлиб кеца, бизни, балки бўшатиб юборар», деб умид қилди-да: «Демак, бизни Баззга олиб кетяпсизларми?» деб сўради.
— Ҳовва, Базз бу ердан бир неча кунлик йўл.
— Наҳотки, мени ўзларингиз билан бирга боришга мажбур қилсанглар?
Бу саволидан Жаҳоннинг «бизни бўшатиб юборишингиз мумкинми?» демоқчи бўлаётганини сезган бошлиқ:
— Каттамизнинг фармони қатъий. Уни бузишнинг сира иложи йўқ. Башарти биз сизни бу ерда бўшатиб юборсак, қароқчилар қўлига тушмаганингизда ҳам, йиртқич ҳайвонларга емиш бўласизлар, — деди.
Жаҳоннинг орқасидан Ҳайзурон келарди. Жаҳон унга қайрилиб қараши билан у: «Бобакнинг олдига боришдан нега мунча қўрқмасанг? Сендек малика ундан қўрқармиди?» — деди.
Ҳайзуроннинг гапи Жаҳонга далда бўлди, у буни бирор мўлжал билан айтаётганини тушунди. Улар яна йўлда давом этишди. Жаҳон теварак-атрофга қарар, у ерларнинг жимжитлигини, ўрмоннинг кенглигини ўйлаб борарди. Олисдан Ардабил шаҳрига кўзи тушди. Унинг катта майдонида аскарлар ва ислом байроқлари ғуж-ғуж.
Жаҳон Афшиннинг Фарғонада қолганини ва Ардабилга келганлар унинг аскаридан бир бўлаги эканини билди.
Чошгоҳ вақти эди. Жаҳон билан Ҳайзуронни олиб бораётган кишилар қоронғи тушиб, кечаси бу ўрмонда қолиб кетишдан қўрқиб, отларига устма-уст қамчи босишарди. Улар ўрмондан чиқиб, йўлда давом этишаркан, Аршак, Xаш ва Барзанд шаҳарларидан ўтишди. Бобакнинг уруш вақтини ҳисобга олиб, аскарларнинг озиқ-овқатларини сақлаб қўйиладиган омборлари устида, бу шаҳарларнинг қўрғонида мусулмонлар байроғи кўринди. Олдинга юрилган сари Жаҳон ҳавонинг совуқлигини ҳис этарди. Шу йўсинда улар Баззга кириб боришди.
Базз шаҳар эмас, қалъа ёки тупроқ қўрғонга ўхшаган бир жой экан. Чунки у қўрғонга ўхшаш бир неча қасрлардан иборат бўлиб, қасрлар устида бир қанча қубба, атрофини ваҳимадор пахса девор ўраган. Қуббалар тепасида Xуррамийлар байроғи осилган. У томонларнинг ери тоғлиқ бўлиб, аскарларнинг юк билан ўтиши ғоят машаққатли. Бинобарин, Жаҳон Бобакни мусулмонлар олиши мумкин бўлмайдиган шу мустаҳкам истеҳкомга жойлашган экан деб билди.
Жаҳонни олиб келаётганлардан бири Баззга киришга, Жаҳонни қасрга туширишга ижозат олмоқ учун олдинроқ чопиб кетди. У қайтиб келиб, булар кирмоқчи бўлиб турган дарвозадан эмас, бошқа бир дарвозадан киришларига ишорат қилди. Қўрғон ичкарисига кирган Жаҳон ўзини қафасга тушгандай ҳис қилди. Унинг бу аҳволини пайқаган Ҳайзурон отини қамчилаб, бошлиқ ёнига келди-да: «Бизни қаерга олиб бормоқчисизлар?» — деб сўради.
— Улуғимиз ҳозир Базздан ташқаридалар. Гўзал қайлиқларини аёллар қасрига элтиб қўйишни буюрдилар. У киши ўзи қайтгунча иззату икромда яшайверасизлар.
Унинг «қайлиқлари» деган сўзини эшитиб Жаҳон чўчиб кетди, лекин ўзини бардам тутиб, қаср ёнига келгунча индамади. Қаср алоҳида девор ичида бўлиб, саҳни ва томорқаси бор. Соқчилар уларни истиқболига тик туриб, йўл бўшатишди. Жаҳон Ҳайзурон билан отидан тушмай, катта дарвозадан ичкари киришди. Уларга кирадиган кичик дарвозага яқин келганда, Жаҳон, ундан кейин Ҳайзурон ҳам отдан тушди. Xизматчилардан биттаси югуриб келиб, иккала отни олиб кетди. Жаҳоннинг юзи очиқ бўлгани учун унинг ҳусн-жамолини кўриб, ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди.
Буларни олиб келган карвонбоши Жаҳоннинг олдига келиб, эҳтиром билан тик турганча: «Ҳурматли сайидам, сизни хоҳишингизсиз бу ерга олиб келишга журъат қилганим учун авф этасиз, чунки улуғимизнинг топшириқларига кўра, мен бу ишга мажбур эдим. Лекин қийналмай келишингизга иложи борича ҳаракат қилдим. Энди шу қилган яхшилигимни улуғимиз амир олдиларида гапириб қўйсангиз, негаки, бундан кейин ҳамма иш сизнинг ихтиёрингизда бўлади»,— деди.
Жаҳон сўради:
— Отингиз нима?
— Беҳзод.
— Мени ҳозир қаерга олиб борасиз?
— Қасрнинг оқсочи олдига. У сизнинг ором олишингиз учун зарур бўлган ҳамма юмушларни бажаради. — Тик туриб уларнинг гапига қулоқ солаётган Ҳайзурон: «Бу қасрдаги кишилар ичида сизга таниш бирор аёл йўқми?»— деди.
— Бу хотинларнинг кўпини танийман. Улар ҳар хил миллатдан. Уларнинг ичида Ҳайлона деган бир аёл бор. Ўзи асли амирлар хонадонидан. Амиримиз жаноб Бобак уни келтириб, ўз ҳарамларига қўшмасларидан бурун эрининг Арманистондаги ҳовлисини билардим. Уни олиб келганлардан биттаси мен ўзим бўлиб, йўлда танишганмиз. У ақлли, хушчақчақ аёл. Сайидамга, эҳтимол, ўша хотин ёқар, у билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишар. Мана, оқсоч ҳам келиб қолди. Энди қайтишимга ижозат берасиз, номим Беҳзод, — деди-да, йигит орқасига қайтди.
Жаҳон оқсоч келиб етгунча ўз қасри олдида турган маликадек ҳеч ҳаяжонланмай, виқор билан тураверди. Оқсоч ёши ўтган, новча бир аёл эди. Кўринишидан ёшлик пайтида гўзал бўлгани сезилиб турарди. У ялтироқ, гулдор кийим кийган, бўйнига маржон, қўлига билагузук, қулоғига зирак таққанди.
Жаҳонга кўзи тушиши биланоқ йўл машаққатлари ҳам кор қилмаган ҳусн-салобат уни ўзига мафтун қилди. Унинг кўзларида у ердаги ўнларча хотинларнинг биронтасида ҳам учрамаган ажойиб латофатни кўрди. Асир олиниб келганига қарамай, унинг ҳануз шахдамлигидан ҳайратга тушди. Жаҳоннинг обрўси катталигидан ва Бобак уни ўзига сўратганида қабул қилмаганидан ҳам оқсоч хабардор бўлгани учун, энди уни кўнгли синиқ, ғамнок ва ёлборган ҳолида кўрарман, деб ўйлаган эди. Аммо унинг аввалгидек бўй эгмай, зарра ҳаяжонланмай турганини кўриб: «Бечора, тақдирига тан берибди-да», деб ўйлади. У Жаҳоннинг олдига келиб муборакбод қиларкан: «Хуш келибсиз, Фарғона малаги! Сизни бу ерга мажбуран келтиришгани, ҳар қалай, мен учун оғир, лекин бошга тушганни кўз кўради. Энди аввалги раъйингиздан воз кечишингизни илтимос қиламан», — деди.
Жаҳон унга жилмайиб қаради-ю, жавоб бермади ва ерга тикилганича у билан қаср йўлагидан бораверди. Ўз кундошларини кўриш учун ўлиб-қутилиб ҳар томондан мўралашаётган қаср ичидаги маҳрамларга унинг кўзи тушмади ҳам. Унинг тенгсиз ҳуснини ва келишган қоматини кўрган маҳрамлар: «Бобакнинг бутун фикр-ёди, муҳаббати унга ўтиб кетар экан», деб ҳасад қилишди. Аммо Жаҳон ҳеч нарсага парво қилмагандек оқсоч кетидан бораверди. Оқсоч уни қип-қизил гиламлар билан чиройли қилиб безатилган бир хонага олиб келди-да: «Мана бу уй сизники, бемалол фароғат қилинг», деб таклиф этди. «Менинг ўз энгил-бошларим қаерда? Юклар билан бирга уни ҳам тортиб олишганди», — сўради Жаҳон. Оқсоч: «Ҳозир ҳаммасини келтираман», — деди-да, чиқиб кетиб, қути ва сандиқларни юбортирди.
Жаҳон Ҳайзурон билан бу уйда ёлғиз қолганидан кейин, энди тузоққа илинганига тўла ишонди. Юраги сиқилди, ўзини ҳар қанча бардам туца ҳам бўлмади, йиғлаб юборди. Ҳайзурон унинг ёнида бардам туриб, тасалли берарди. Лекин қизнинг юзига оқиб тушаётган кўз ёшларини кўриб, унинг ҳам юраги бардош бера олмади. Жаҳоннинг оёғига йиқилиб, кийим-бошларини кўзига суртди:
— Оҳ, жоним, қандай балога йўлиқдик, қаерларга келиб, банди бўлиб қолдик. Шу топда Зирғом қаерда экан? — кампир додлай бошлади.
Жаҳон лом-мим демай юм-юм йиғларди. Шундан кейин Ҳайзурон Жаҳоннинг олдида бу қадар заифлик қилгани чакки бўлганини сезиб, ўзини тўхтатиб олди-да: «Лекин мен сенинг донолик билан иш кўришингга, довюраклигингга қаттиқ ишонаман. Нима қил десанг, қилишга тайёрман»,— деди.
— Беҳзод шу қасрдаги хотинлар ичида Ҳайлона деганни мақтаганини эшитдингиз, агар ўша билан танишиб олсак, бизга боп улфат бўлиб қолса ажаб эмас, ўшани топиб бу ёққа олиб келсангиз, қандай бўларкин. Олдин кийимларини топишиб бериб, кейин борсангиз.
Ҳайзурон унинг кийим-кечакларини топишиб бериб, Ҳайлонани қидиргани кетди. Қуёш ботишга яқинлашиб, хизматчилар қаср шамларини ёқа бошлашди. Жаҳон кийимларини алмаштириб бўлиб ёнбошлади, теварак атрофга кўз югуртирди. Ўзининг шундай аҳволга тушиб қолганини, Фарғона билан шу турган жойининг ораси бир неча ойлик масофа эканини, Сомурро ҳам худди шундай олислигини хаёлидан ўтказди. Кейин у Зирғомни ўйлаб, ўзига-ўзи: «Менинг бошимга тушган бу фалокатдан хабари бўлдимикин? Турган еримни, ҳол-аҳволимни унга маълум қилсам, балки мени қутқазиб олиб кетармиди?» — деди. У акаси Сомонни эслаб: «Унга нима бўлдийкин? У жанг вақтида ҳалок бўлдими ёки бошқа жойга қочиб кетдими?» — деди ўзига-ўзи.
Жаҳон шундай хаёллар ичида ўтираркан, бирдан эшик тақиллади. Ҳайзурон кириб: «Сайидам, Ҳайлонани олиб келдим», — деди.
Жаҳон унинг истиқболига ўрнидан турмоқчи эди, Ҳайлонанинг ўзи югуриб келиб кўришди ва эскидан танишдек кулиб у билан ҳол-аҳвол сўрашди. Унинг чиройидан ташқари хушмуомаласи, ёқимтойлигидан ўзига жуда монанд дугона топилганига хурсанд бўлди, ўзини гўё Фарғонада, отасининг қасрида, ўз аҳли ичида ўтиргандек сезди.
Ҳайлона малла соч, мовий кўз, оқ юзли, лабидан табассум аримайдиган аёл эди. Жаҳон ҳам табассум билан унинг меҳрибонлигига ташаккур айтди. Ҳайлона унга далда бериш ва кўнглини овлаш учун: «Хуш келибсиз, Фарғона малаги! Сизнинг ҳуснингиз, донолигингиз таърифини эшитганимизга анча бўлди, кўпдан буён йўлингизга мунтазир эдик», — деди.
— Мен ўзимни жаҳаннамга кетдим деб ўйлаб турувдим, сизни кўриб, ғамим бир оз енгиллашди.
Унинг товушини эшитиб, Ҳайлона завқланди, ўзига ҳамдард деб билди. Шу пайт ўз ўтмишини эслади шекилли, кўнгли бузилиб, «Қисматимиз шундай экан, жонимни қоқай, сиз ўз мусибатингизни бошқаларникига қиёс эцангиз, сизники ҳеч нарса бўлмай қолади. Агар улар менга қилган зулмни кўрганингизда, «ия, менга жуда ҳам раҳм қилишибди-ку», деб ҳисоблардингиз.
— Уларнинг феъл-атворини айтиб берсангиз, эҳтимол, ташвишларим енгиллашармиди, — деди Жаҳон.
Ҳайлона оғир хўрсинди:
— Менинг кўринишимдан ва форсчани яхши гапира олмаётганимдан эронлик эмаслигимни сезган бўлсангиз керак. Мен турк ҳам, арман ҳам эмасман. Арманистондан ушлаб келинган отамнинг Аммурийядаги уйида катта бўлган юнон қизиман. Менга арман руҳонийларидан бири совчи юбориб, хотинликка олди-да, ўз шаҳрига олиб кетди. У билан икки йилгина бирга яшадимми, йўқми, таърифим Бобак Xуррамийга етипти, — у овозини пасайтирди. — Бобак мени эримдан тортиб олмоқчи бўлди. Эрим унамагач, унинг йўқ пайтини мўл туриб, ўз кишиларини юбориб, зўрлик билан мени бу ерга олдириб келди. Мана, бир қанча йил ўтиб кетди, лекин мен ҳамон шу ерда қамалдаман. Эримнинг қаердалигини ва мендан кейин қай аҳволга тушганлигини билмайман. У менинг қаердалигимни биладию, лекин олиб кетишга йўл тополмай сарсон. Ким билади, уни ўлдириб юборишдими? — Ҳайлона шундай деди-да хўрлиги келиб, пиқиллаганча кўз ёшини артди ва кулимсираб: «Бу саргузаштимни айтишдан мақсад сизнинг ғамингизга ғам қўшиш эмас, сизга тасалли бермоқчиман», — деди.
Жаҳон ўзича: «Бу бечоранинг бошига оғир савдолар тушган экан», — деди-да, ўз саргузаштини ҳам унга айтиб бермоқчи бўлди, лекин уялди.
Хўрсиниб, гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди:
— Бобакнинг ўзи қаерда? Бу ерда қандай ҳаёт кечиряпсизлар?
— У бу қасрда эмас. Шу шаҳарча қўрғонлари яқинидаги бошқа бир қасрда яшайди. У ерда ўз истеҳкомларини кузатиб туради. Бу қасрдаги аёллардан истаганини у ерга олдириб бориб, бир кун-икки кун у билан ишрат қилади.
— Билишимча, у бир муҳим иш билан овора бўлиб, бу қасрдан ҳам, қасрдагилардан ҳам хабар олмай қўйган эмиш.
— Шундай, у катта бир жангга ҳозирлик кўряпти.
— Ким билан жанг қилмоқчи? — қизиқиб сўради Жаҳон.
— Ироқдаги мусулмонлар аҳволини билиб келиш учун ўз айғоқчиларини юборган эди. Айғоқчилар кеча қайтиб келиб, мусулмонлар Афшин қўмондонлигида Бобакка қарши катта ҳужумга тайёрланаётгани хабарини айтишибди.
Афшин номини эшитгач, Жаҳонни қалтироқ босди ва ҳамма балонинг боши шу Афшиннинг ўзи эканини эслади. Ҳайлона диққат билан тикилса борми, шу топда Жаҳонда юз берган ўзгаришни кўзларидан билиб олса бўларди. Лекин Жаҳонни биринчи кўриши. Фарғонадаги катта мулкдор ҳокимнинг қизи эканини, Бобак уни сўраганда рози бўлмагани учун мажбуран олиб келинганини билади холос.
— Афшин ўзи келганми? — деб сўради Жаҳон.
— Билмадим, лекин келган бўлиши керак. Бобак йўлга пойлоқчи ва тўсиқлар қўйиш учун бир қанча одамлари билан Базздан чиқиб кетган, у бир неча кунсиз қайтмаса керак, — деди Ҳайлона.
Бу хабардан Жаҳоннинг кўнгли ёришди. Айғоқчиларнинг Ироқдан қайтиб келганини эшитиб: «Уларнинг орасида сизга таниш кишилар ҳам борми?» деб сўради Ҳайлонадан.
— Менинг ходимам уларнинг биттаси билан таниш.
Шу пайтда Ҳайзурон Жаҳонга кечки овқатни олиб келиб, гапга қулоқ солиб турганди. У Ҳайлонага қараб: «Қайси ходимангиз?» — деди.
— Сизга мени кўрсатган ходимам.
— Ҳа, уни таниб олдим, у чиндан ўзингизга ўхшаган хушчақчақ аёл экан, — деди Ҳайзурон.
Ҳайлона гапида давом этди:
— Шунинг учун ўша айғоқчи бунинг илинжида, ҳамма вақт унга туфҳалар олиб келади, унинг маслаҳати билан иш қилади, шунга уйланмоқчи.
Бу гапни эшитиб, Жаҳоннинг чеҳраси очилди. Улар Ҳайзурон билан кўз уриштириб, бир-бирларининг кўнгилларидагини билиб олишди. Ҳайзурон аёлга:
— Мен шу ходимангиздан бир нарсани илтимос қилмоқчи эдим. Агар ошиғи яна Ироққа борадиган бўлса, шу илтимосимни унга айца, сиз шу ишда менга ёрдам бера оласизми? — деди.
— Бош устига, сиз тайёрлайдиган нарсангизни тайёрлай беринг, — деди Ҳайлона.
Ҳайзуроннинг юзига қон югурди. Чунки у энди ўз сайидаси хусусида шу айғоқчи орқали Зирғомга маълумот юбориш имкониятига эга бўлгандек эди. Шундан кейин суҳбат тугаб, Ҳайзурон ўртага дастурхон ёзди. Ҳаммалари биргаликда овқатланишди. Сафарда толиқиб келган Жаҳоннинг дам олиши кераклигини эслаб, Ҳайлона кетишга ижозат сўради ва «ертага эрта билан ўзим келиб сизни уйимга олиб кетаман», — деб гапни бир ерга қўйиб, чиқиб кетди.


Бобак Ва Жаҳон
Жаҳон кечаси не-не хаёлларни ўйлаб ётди. У Зирғомга хат ёзмоқчи бўлди-ю, хатим атайин ёки билмасдан бегона қўлга тушиб қолса, натижаси ёмон бўлармикин, деган андишага борди-да, ёзмоқчи бўлган сўзларини оғзаки айтиб юборишга қарор қилди. Ўйлаган фикрини эрта билан туриб Ҳайзуронга айтди У: «Дуруст ўйлабсан, жаноб Зирғомга «Жаҳон Баззда, Бобак ҳузурида», деган фикрни билдирсак кифоя», — деди. «Менинг ҳам раъйим шундай», — деди Жаҳон.
— Ҳозир Ҳайлонанинг олдига борамиз. У ерда мен ходимасига учрашиб, қиладиган ишини ўзига яхшилаб уқтираман.
— Яхши бўлади, — деди-да, Жаҳон кийиниб, боришга тайёрлана бошлади. Уйдан чиқишга ҳаракат қилаётганларида бир ходима келиб: «Сайида Жаҳон қаердалар?» — деб сўради.
Жаҳон ўз номини айтиб чақирилганидан «Бобак келиб қолган бўлса, қизни олиб кел, деб бу ходимани юбордими» деб чўчиб кетди. У жим турган эди, Ҳайзурон туриб, нима иши борлигини суриштирди. У Жаҳоннинг акаси келганини, у билан кўришмоқчи эканини айтди.
«Акаси» деган сўзни эшитган ҳамона Жаҳон икки фикр ўртасида қолди: бири, «акам Зирғом тўғрисида яхши гап топиб келганмикин», деб шодланиши бўлса, иккинчи томондан, «бу қаллоб, айёрга кўзим учаётибдими», деб хафаланиши бўлди. У ходимага: «Айтинг, кира қолсин», — деди.
Йиғидан қизариб кетган кўзларидан ёш оқизиб Сомон кирди. Жаҳонга кўзи тушиши билан, додлаб оёғи остига ўзини ташлади. Шу билан ўзини койишдан Жаҳонни алаҳситган бўлди. Жаҳон унинг нимага йиғлаётганини тушунмади-да, «Сизга нима бўлди, нега йиғлаяпсиз?» — деб сўради.
У йиғидан бўғилган товуш билан: «Билмадим», деди.
— Билмадимингиз нимаси... айтаверинг... гапиринг...
Сомон жавоб бермай, бошини ерга эгиб, енг учи билан кўз ёшини артаверди. Жаҳон «Қаердан келдингиз?» — деб сўраган эди. «Сомурродан» — деб жавоб қилди.
— Зирғом қалай? У билан учрашдингизми? — Жаҳон Зирғомни сўраши билан Сомон яна йиғлай бошлади. Жаҳоннинг юраги нотинчланиб, бирдан ўрнидан туриб бақирди:
— Гапиринг, сизга нима бўлди? Зирғом қалай?.. Ўзи қаерда?
Сомон орқасига қайтиб: «Тура тур, мен нафасимни ростлаб олай», дегандек, Жаҳоннинг қўлидан ушлади. Кейин: «Унинг қаердалигини билмайман», деб жавоб қилди.
— Сомуррода эдим, демадингизми?
— Ҳа, Сомуродда эдим, лекин Зирғом у ерда эмас.
— Зирғом Сомуррода эмасми?
— Ҳа, синглим, у ерда йўқ, ҳамма ердан суриштирдим. Уни кўрдим деган бирор одамни учратмадим.
Жаҳон анграйганча акасига қараб қолди. Сомон яна гап бошлади:
— Нима десам бўлади? Зирғом Сомуррода йўқ, Фарғонага кетгандан кейин қайтиб келганини ҳеч ким кўрмабди.
Унинг гапини эшитгандан кейин Жаҳоннинг қони қайнади, жаҳлидан ўзини йўқотиб қўя ёзди, лекин чидади, ўзини бардам тутди. Ҳайзурон келиб Сомоннинг қўлидан ушлаб, ўзи томон торти-да: «Очиғини айт, нима гап эшитдинг?»— деди.
Сомон синглиси эшитиб қолмасин, деб овозини пасайтириб деди:
— Бизга қароқчилар ҳужум қилиб, Жаҳонни ва сизни ушлаб олишгач, бу фалокатдан баҳодир Зирғомни огоҳ қилишни ўзимга ҳам фарз, ҳам қарз деб билдим-да, Сомуррога югуриб, тўғри уйига бордим. Уйи бўм-бўш, ҳеч зоғ йўқ. Кейин ундан-бундан суриштириб боқдим, ҳеч кимдан бирор дарак топмадим. Аммо бир одам менга айтди... — деди-да, тупугини ютуб, бошини эгганча жим бўлиб қолди. Бу гапларининг ҳаммасини Жаҳон эшитиб турганди. У тўхталиб қолгандан кейин, Жаҳон бўйнини чўзиб яна қулоқ солди.
— Xўш, эшитганингни очиқроқ гапиравер, — Ҳайзурон унга ишора қилди.
Сомон гапини давом эттирди:
— Ўша кишининг айтишича, ҳаммамизнинг бошимизга етган ўша катта душманимиз ўз одамларидан бир тўдасини Зирғом томонга ҳам юборибди. Улар йўлнинг муюлишида биқиниб ётиб, Зирғом ўтиши билан унинг ишини тўғрилашган эмиш. — Сомон йиғлаб юборди.
Жаҳон унинг гапини эшитиб, йиғлаганини кўргандан кейин йиғиси тўхтагунча ўзини тутиб турди. Кейин пучакдан сарани ажратадиган кишидек унинг бетига тикилди. Гўё Жаҳоннинг кўзидан олов шуъласи чиқиб, кўзига тушаётгандек Сомон унга қаролмай, бошини ерга солиб турарди. Одатда мунофиқ кишилар бировга тик қарай олмайди. Xусусан, мағзини чаққан Жаҳон Сомоннинг ёлғон сўзлаётганини пайқади. Сомон «бу хабар Жаҳонни албатта, эсанкиратиб қўяди. Ўзини қаерга қўйишини билмай қолади», деб кутган эди. Лекин аксинча бўлиб чиқди. Жаҳон акаси Сомоннинг ўтмишдаги қилиқларини бирма-бир хаёлидан ўтказди-да, «ифлос ниятига етиш учун атайин ёлғон гапиряпти», деган қарорга келди:
— Ака, ҳақиқатан рост гапиряпсизми?
— Бўлмаса, шунча гапни ичимдан тўқиб гапиряпманми? Мен сенга кўрган-ешитганларимни айтиб бердим. «Ишқилиб, бу ёлғон бўлсайди», деб орзу қиламан.
Жаҳон бир дам бошини ерга эгиб турди:
— Менинг бу ердалигимни сизга ким айтди? Қасрга сизни ким киритди?
Синглисининг бу саволига жавоб тополмай, Сомон шошилиб, ғўлдираб қолди. Чунки Жаҳон шу ердалигини билиши унинг қароқчилар билан муқаррар алоқаси борлигини кўрсатиб турарди. У ҳеч нарса деёлмай лол қолганди. Жавоб ахтаришига ҳам қўймай, Жаҳон деди:
— Бас, жавобнинг кераги йўқ. Ниятингизни фаҳмладим. Шунинг ўзи менга кифоя. Энди хуррамий дўстларингиз олдига боринг, улар бу хизматингиз учун сизга мукофот беришар, боринг, тезроқ жўнанг! — Жаҳон уйдан ташқари чиқди. Чунки у Ҳайлонаникига бориш тараддудида турган эди. Сомон бошини чайқаб гапига Жаҳон ишонгани ва уйдан ҳайдаб чиқарганидан ажабланган бўлиб чиқиб кетди. Ҳайзурон Жаҳонни холи топиб: «Менимча, Сомоннинг гапларига бепарволик қилмай, Зирғом ҳақида аниқ бир гап топиб келадиган кишини юборишимиз керак», — деди.
— Сомоннинг гапи ёлғонлигига шубҳам йўқ. Ўша Ҳайлона айтган айғоқчига Сомуррога бориб, Зирғомни халифа қўриқчиларининг бошлиғи, деб сўрашини илтимос қилсангиз.
Кейин Жаҳон билан Ҳайзурон Ҳайлонани кўргани боришди. Мезбон икки азиз меҳмонни очиқ чеҳра билан қабул қилди. Ҳайлона билан Жаҳон суҳбатлашиб ўтираркан, Ҳайзурон айғоқчига бериладиган топшириғини яхшилаб тушунтирди.

* * *
Бобакнинг оқсочи қасрнинг хожаси бўлиб, айтгани айтган, дегани деган эди. Қасрдаги ҳамма аёллар ва бичилган[6] ходимлар оқсочнинг шижоатидан қўрқишар ва топшириғини бажаришга бажонидил ҳаракат қилишарди. Чунки у хизматкорлар билан Бобак ўртасида воситачи эди. Жаҳон ўз табиатидаги хушмуомалалик ва эҳтиёткорликни ўзгартирмади. Оқсоч уни қадрлар, ҳурматини жойига келтирарди. Бир неча кундан кейин севинчидан юзлари бўртган оқсоч Жаҳоннинг олдига келиб саломлашди-да, «Сизга хушхабар — куёв келдилар», деди.
Оқсочнинг бу гапидан Жаҳон чўчиб кетди, унга жавоб ҳам қилмади. «Куёв деганимдан уялди шекилли», деб ўйлади-да, оқсоч: «Мен улуғимиз Бобакнинг олдиларидан келдим. У киши сафардан қайтдилар. Сизнинг келганингизни билиб, бағоят хурсанд бўлдилар, «уни менга чақириб кел», деб буюрдилар», — деди.
Жаҳон ошиқмай, ҳаяжонланмай сўради:
— Қаерга?
— Қасрларига, — деди оқсоч.
— Мана шу биз турган жой у кишининг қасри эмасми?
— Ҳа, бу ер ҳам у кишининг қасри, лекин ўзлари билан истиқомат қилиши лозим бўлган хотинларни у ерга олдириб боришга одатланганлар.
Жаҳон бунга рози эмаслиги ва қабул қилмаслигини ишорат қилиб, бошини чайқаб, «йўқ» аломатини билдирди. Бошқа гап қўшмади.
Шернинг чангали орасида туриб, дангал «йўқ» дея олганидан оқсоч таажжубланиб унга қаради:
— Бу қаср билан Бобакнинг қасри орасида усти ёпиқ бостирма бор. Xотин киши бунда ўз уйида юргандек, бемалол юзи очиқ юраверади. Уни ҳеч ким кўрмайди. Қани, бўла қолинг, сира қўрқадиган жойи йўқ.
Жаҳон қимирламай ўтираверди. Оқсоч бу қизнинг такаббурлигидан хафа бўлиб, қаттиқроқ муомалага ўтди:
— Қизгинам, сизга яхшиликча айтяпман, тура қолинг. Бу одам билан ўйнашиб бўлмайди, жаҳли чиққанда ҳеч кимни аямайдиган одам. — Оқсоч товушини пасайтириб, унга яқинроқ келди ва ялингандек қўлини унинг елкасига ташлади:
— Мен сизга фақат яхшиликни раво кўраман, негаки сизни биринчи кўришимданоқ яхши кўриб қолганман, жонимни қоқай, туринг, тезроқ бўлинг.
Жаҳон бошини кўтариб, унга қаради:
— Яхши кўрганингиз учун қуллуқ. Лекин мен бу уйдан чиқмайман.
Жаҳоннинг жавоби оқсочнинг ғазабини қайнатди, у эшик томон бурилиб чиқиб кетди. Ҳайзурон булар ўртасидаги ҳангомани тик туриб тинглаётганди. Жаҳоннинг у аёлга қилган муомаласи ёқмай, чиқиб кетгандан кейин, ўзига Ҳайзурон дашном бермоқчи бўлганини сезган Жаҳон ундан олдин гап бошлади:
— Онажон, койимай қўя қолинг, мен бу аҳмоқ золимнинг қўлидан келадиган ишдан қўрқмайман. Мен унга бош эгиб, ўз хоҳишим билан борармишманми, чучварани хом санабди. Мен сира ҳам бормайман, осмон қўлида бўлса, ташлаб юбора қолсин. Мен ёлғизлигимга, бу ерда асира эканимга қарамай, ўзимга яраша нуфузим, салтанатим бор деб ҳисоблайман. Мен ўзимни отамнинг қасрида, қавму қариндош, уруғ-айғомларим орасида деб биламан. Қўяверинг, у қўлидан келганини қилсин, Фарғона малаги — Зирғомнинг севгилиси бировга бўйсуниш нима эканини билмайди.
Совуқдан эти увушган Жаҳон ўрнидан туриб, ипакли йўл-йўл камзулини эгнига ташлаб, бошига гулли катта рўмолини ўради. Чунки бу ерларнинг иқлими совуқ иқлим эди. «Ёнига боришни рад қилганимни эшитиб Бобак нима қиларкин», дея хаёл суриб у бошини кўтармай, уй ичида у ёқ-бу ёққа юрди. Охирги нафаси қолгунча ўз номусини сақлашга, ўзини мудофаа қилишга қатъий қарор қилди.
Жаҳон шу хаёлда экан, Ҳайзурон унинг ёнида қимирламай турарди. Шу пайт илгари эшитилмаган қаттиқ бир йўтал товуши эшитилди. Бу Бобакнинг йўтали эканини пайқашди. Унинг қасрга келганини жуда кам кўрган аёллар шошиб қолиб, у ёқ-бу ёққа югуришар, ҳамма ёқ ғовур-ғувур бўлиб кетганди. Жаҳон оқсочнинг Бобакка алланималар гапираётганини эшитиб, пешайвонга қараб турган деразадан мўралади. Бобак жадал билан келаяпти. Икки томонда унга таъзим қилаётган ходимлар ва бошини эгиб ҳурмат билан салом бераётган аёллар. Кўпчилиги оташпараст бўлган, уларнинг ҳаммаси бутга топингандек Бобакка топинар, у эса кибр билан келарди.
Жаҳоннинг кўзи Бобакка тушиши билан жаҳлдан қалтираб кетди. У отасининг қасрида экан пайтларда кишиларнинг таъзим қилиш ҳангомасини кўп кўрган, кўзи пишиб қолган эди. Шунинг учун ундан ажабланмади. Лекин ўзи улар қатори Бобакка таъзим қилишни истамади. Аввал баланд мартабада бўлиб, кейин бир оз пасайган киши ўз обрўсини қўлдан бермасликка уринганидек, Жаҳон ҳам унга бўй бермай тураверди.
Бобак яғриндор, хум калла, баркаш юз, кўзлари чақчайган, лаблари қалин, кўкраги кўтарилган бир одам эди. Юрган пайтида ерга «миннатдор бўлсанг босаман», дегандек виқор билан қадам ташларди. У турганда ҳам, ўтирганда ҳам бир хилда мутакаббир эди. Мабодо бирор нарсаси ерга тушса, энгашиб уни олишга аъзолари бўй бермайди. Ҳамма вақт ва ҳамма ерда унинг номини улуғлайдиган, соясига кўрпача соладиган, нима деса, буйруғини жон фидо қилиб бажарадиган лаганбардорлари кўп. Xуррамийлар бошлиғи ва уруш саркардаси бўлмиш Бобакдай бир одамнинг шундай бўлиши ажабланарли эмасди. Бунинг устига Бобак шижоатли, қаттиққўл, пайтлари бақувват, ўз куч-қудрати билан ғурурланувчи киши эди. Агар у айшу ишратга қаттиқ берилмаса, нафс балосига гирифтор бўлмаса, улуғ кишилар — йўлбошчилар сафидан жой олган бўларди. Лекин у шаробга ружу қилиб, хусусан тинчлик вақтларида кўп ичадиган бўлиб кетган. Шу куни у ўз қасрида ичкилик базми қуриб, Жаҳонни олиб келишга киши юборган, уни кутиб шаробхўрлик қилиб ўтирганди. Оқсоч: «Жаҳон келишдан бош тортди», деб хабар берган вақтда, шаробдан боши айланиб, гаранг бўлиб турганди. «Ҳа-ҳа, ҳали гап шунақами, мен унга бош тортиш нималигини кўрсатиб қўяман», — деб жаҳл билан Жаҳоннинг олдига келаётганди. У Жаҳоннинг хонасига яқинлашганда, оқсоч илгарироқ юриб эшикни очди-да: «Мана, Жаҳон шу ерда», — деб орқасига қайтди ва Ҳайзуронни ташқарига чақириб, нарироққа олиб кетди.
Тик турган Жаҳон Бобак киргач, ўтириб олди. Бундай менсимасликни Бобак ўзи учун таҳқир деб ҳисоблади, лекин қизнинг ажойиб жамолини ва кўзидаги сеҳрли боқишни кўраркан, ўзини йўқотиб қўйди. У форс, грузин, черкас ва рум гўзалларидан кўпини кўрган бўлишига қарамай, бу қадар сеҳрли малакка кўзи тушмаганини сезди-да, жаҳлдан бир парда тушди, лекин «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганларидек, ҳамиша одамларда итоат ва таъзим кўрган бу ҳукмдор такаббурликни қўйгиси келмай: «Мени кўриб, ўрнингдан туриш ўрнига, ўтириб олдингми?» — деди.
Жаҳон эса иродаси мустаҳкам бўлишига қарамай Бобакнинг ҳайбатини кўриб, сувдан чиққан қушдек бир сесканиб тушди. Кейин сочини тузатган бўлиб, бошини кўтарди-да, унга тикилиб қаради. У қизнинг кўзларига қараган Бобакнинг кўкрагини бир ўқ тешиб ўтди-ю, вужудидаги бор жаҳли ғойиб бўлиб кетгандек туюлди. Жаҳон:
— Қалбим сизники бўлмаганидан кейин турганимдан сизга нима фойда? — деди.
Жаҳоннинг жавобидан рўшнолик кутган Бобак унинг ёнидаги кўрпачага ўтирди:
— Ўша қалб менга насиб бўлармикан, деган умиддаман. Унга мендан кўра мустаҳиқроқ киши бўлмаса керак, деб ўйлайман. Мусулмон аскарларининг ашаддий душмани, Xуррамия тоифасининг бошлиғи, буюк давлатманд ва баҳодир Бобакнинг кимлигини биласан, албатта. Сени мен мажбуран олдириб келганим яхши бўлмади, лекин яхшилик йўли билан уддасидан чиқа олмаганим учун шундай қилдим. Xўш, энди мен тўғримда фикринг қандай?
Унинг ялинаётганини ва ўзини яқин тутмоқчи бўлаётганини кўрган Жаҳон: «Сизни баҳодир, довюрак ва қаттиққўл киши, шу билан бирга асир деб биламан», — деди.
Бобак ҳаяжонланиб кетди:
— Асир? У нима деганинг?!
— Ҳа, худди шундай. Сиз асирсиз, маишат, шаҳвоний ҳис асирисиз. Қаттиққўл улуғ подшоҳ учун бундай асирлик ярашмайди... Оғзингиздан шароб ҳиди анқийди.
— Сен нодон қиз, ўзини мусулмон билиб, ичкиликни ўзига ҳаром қиладиган яҳудийларга ўхшайсан. Жаҳонда шаробдан маза нарса борми? У ҳамма лаззатларнинг онаси, у кишини бақувват қилади, қонни жўштиради, нафсни зўрайтиради.
— Таажжуб, ўзингиз зўр салтанат эгаси, мусулмонларнинг ашаддий душмани бўла туриб, бу шаҳвоний нарсаларни дунёнинг зийнати деб ҳисоблайсиз? Баҳодир деган улуғвор, ҳурматли, сўзи ўтадиган, олисдагилар ҳайбатли, яқинларга илтифотли бўлиши керак.
Бобак унинг гапини бўлди:
— Мен шундай эмасманми?
— Шундай эмас экансиз. Узоқдагилар баъзан сиздан қўрқару, лекин яқинлар сизни севмас экан. Теварак-атрофингиздаги одамлар лаганбардорлик қилиб, номингизни кўтар-кўтар қилади: кўздан ғойиб бўлишингиз билан сизни ёмонлашга тушади. Чунки сиз уларни қойил қолдирадиган иш қилмагансиз.
Бобак ўзи мағлубиятга учрайдиган масала устида қиз билан жанжаллашишини эп кўрмади. Иккинчи томондан, у қизга ортиқча ялинишни ҳам хоҳламади. Жаҳоннинг насиҳатгўй ёки раҳнамо сифатида муомала қилаётгани унга оғир туюлди:
— Ҳозир бу машмашани бир ёққа қўйиб турайлик. Қани тур, кетдик, — деб ўрнидан турди ва Жаҳонни қўлидан ушлаб турғизиш учун унга қўлини узатди. Жаҳон қўлини бермади, ўтирган жойидан қимирламади.
Бобак яна қўлини узатди. Жаҳон ўрнидан турди-да, қўлини орқасига қилиб:
— Бобак, ҳаддингиздан ошманг, бу ишларингиз билан бошқалардан эшитишни истамаган бир гапга муносиб эканингизни ўзингиз қувватлаган бўласиз. Мендан нарироқ туринг!
Бобак ялинишга ўтди:
— Бўлмаса, сенга мендан бўлак ким яқин кела олади? Ахир, сен менинг қайлиғимсан. Бахтга эришгин, деб сени турк мамлакатининг энг олис еридан не машаққатлар билан олдириб келдим. Энди мени бахциз қилма!
— Қидиргани қиз-жувон бўлиб, бунинг ўзи нуфузли ҳукмдор бўлган киши ҳеч қачон бахциз бўлмайди. Чунки унинг истаган нарсасига қўли етади. Мол билан бўлмаса, қилич билан муддаосини амалга оширади. Қасрингизда юзлаб гўзал аёллар бўлса-ю, битта мен бўйсунмаганим учун ўзингизни бахциз ҳисобласангиз! Сиз мени бу ерда йўқ деб ҳисоблайверинг, ўз ҳолимга қўйинг.
— Ўз бахтимни сенда билмаганимда ёки сенсиз яшашим мумкин бўлганида, сени келтириш учун бунчалик овора бўлмаган, не-не тадбирларни кўрмаган бўлардим. Дўстим Сомон бўлмаганда, бу бахт менга муяссар бўлмасди.
Шу пайт Жаҳон ўзини икки қўллаб Бобакка топширган киши акаси Сомон эканини аниқлаб олди. Ҳозир у кимдан ва қандай қилиб ўч олишни билмас эди. У Сомон ҳақидаги гапни эшитмагандай бўлиб сўради:
— Мени қасрингиздаги аёллар қаторига қўшмоқ учун шунча азият чекдингизми?
— Сени улардан ортиқ иззат-ҳурмат қилиб, ажойиб гавҳарлар тортиқ қиламан. Кийимнинг энг яхшисини кийдираман, бутун муҳаббатимни сенга бағишлайман. Ўзингни бу шаҳарнинг хожаси қилиб қўяман, нима десанг, айтганингни муҳайё қиламан.
— Шунақа денг, менга гавҳарлар тақасизми? Гавҳарлар қуруқ ялтироқ тош, холос. Улар кишининг одамийлигини ошира олмайди. Мана бу сандиғим гавҳарлар билан лиқ тўла. Фарғонада қасрим, ер-сувларим, ҳамма-ҳаммаси бор. У ерда мен бир малика эдим, лекин ўша давлат, мол-мулк, ер-сувни бошимга битган бир бало деб, воз кечдим.
Бобак унинг гапини бўлди:
— Эшитувимга қараганда, отанг — Ҳоким Ушрусана амири Афшинни сенга васий қилиб кетган эмиш. Xайр, бу гапларни қўйиб турайлик, яхшиси, юр, бирга тановул қилайлик. — У Жаҳоннинг ёнига яқин борди. Жаҳон ғазабланиб, кетига тисланди. Бобак кўзини ола-кула қилиб унга қаради-да:
— Ўз хоҳишинг билан бормасанг, мажбуран олдириб кетаман. Мен айтганимни қилмай қўймайдиган киши эканимни биласан. Сени мен Фарғонадан Арманистонга олиб келтирсаму, ораси юз қадам келмайдиган бир қасрдан иккинчи қасрга олиб ўтишни мен учун қийин деб ўйлайсанми?
— Кўз ўнгингизда турганим учун мени Фарғонадалик вақтидан кўра яқинроқ келди деб ҳисоблаяпсиз шекилли? Йўқ, яхши билиб қўйингки, мен сиздан ҳамон Фарғонада ёки ундан ҳам олисроқда тургандек узоқман.
— Икки панжам орасида туриб, шу гапни айтяпсанми?— ғазаби қўзғади Бобакнинг. — Истасам, сени темир чангалимга оламан, истасам, одамларимга буюриб, боғлатиб олиб кетаман. Майли, ҳали ҳам бўлса яхшилаб ўйлаб кўр.
Жаҳон ҳам бўш келмай, ўзини ундан юқори тутишга ҳаракат қиларди. Ниҳоят унга мағрур бир назар ташлади:
— Бўйнимдан бўғиб оларсиз. Балки кишиларингизни чақириб, мени боғлатарсиз ёки ўлдиртирарсизу, лекин ифлос ниятингизни амалга ошириш, бирор еримга тегиш қўлингиздан келмайди. Истасангиз ўлдиринг, ўлдиришга юрагингиз дов бермаса, ўзимни ўзим ўлдираману, таҳқир ва таҳдидингиздан қутуламан. Сиздан устунроқ, сиздан довюракроқ ва кучлироқ бир қиз билан гаплашаётганингизни унутманг. Мени қасрингиздаги кўчадан топилган, асир қилинган ёки сотиб олинган чўри аёлларга тенглаштираётган бўлсангиз, янглишасиз. Сиз Фарғона ҳокимининг қизи билан гаплашяпсиз. Фалакнинг гардиши билан унинг пойқадами сизнинг томонингизга етиб қолибди. Уни ўзингизга дўст қилиб олингу, бас, бошқа хаёлга ўтманг, ёки бу ердан туёғингизни шиқиллатиб қолинг-да, мени ҳам, ўзингизни ҳам тинч қўйинг.
Жаҳон бу гапларни улуғ салтанат эгасидан сира топ тортмай гапирарди. Бобак эса унинг олдида ўзини енгилаётгандек ҳис қиларди. Жаҳон ҳар бир назар ташлаганида, унинг ёмон ниятларидан бири қулаб тушаётгандек бўлаверди. У Жаҳонга қараб:
— Xўш, нима демоқчисан? — деди.
— Мени ўз ҳолимга қўйинг, демоқчиман.
— Xўп, сенга бир неча кун муҳлат бераман, танангга яхшилаб ўйлаб кўр! Менга итоат эцанг, бахт топишингни билиб қоларсан, — деди-да, тескари қараб, ранги ўчганча уйдан чиқиб кетди. Бобакнинг оқсочи Ҳайзурон уларнинг баъзи гапларини эшитиб, Жаҳоннинг довюраклиги ва Бобакнинг сира писанд қилмаётганидан ажабланиб туришган эди. Жаҳонга тескари бўлиб қолган оқсоч шундан кейин унинг томонига ўтди. Шу вақтдан бошлаб юзаки эмас, балки астойдил хушмуомала бўлиб қолди.
Жаҳоннинг Бобакка айтган гаплари уни қўрқитиш учун эмасди, балки у ёмон ниятидан қайтмаган тақдирда, ўзини мудофаа қилишнинг, бунда ҳам иложи бўлмаса, ўзини ўзи ўлдиришнинг чорасини ҳам кўриб қўйганди. У Ироққа кетган айғоқчининг Зирғом тўғрисида олиб келадиган хабарини кутиш учун Бобакдан бир неча кунлик муҳлатни ундириб олишга атайлаб ҳаракат қилди, хабар келгандан кейин, ўшанга қараб иш кўрмоқчи бўлди.
Шу куниёқ Жаҳон воқеаси бутун қасрдагиларга ёйилди. Ҳамма хотинлар унга ҳайрон қолишди. Улар бунга ёш бола каттанинг ёки нодон одам ақлли кишининг ишига ажабланиб қарагандек қарашди. Ҳайлона Бобакнинг қасрдан чиқиб кетганини билиб, Жаҳоннинг олдига югуриб келдида, бўлган воқеани суриштира бошлади. Жаҳон камтарлик билан изоҳ бериб, Бобак олдида кўрсатган жасоратини хаспўшлади. Жаҳоннинг бу иши Ҳайлона олдида унинг обрўсини яна бир неча поғона кўтарди.
Шундай қилиб, Жаҳоннинг бу иши бутун баззликлар оғзига тушди. Уларга зарбулмасалдек бўлиб қолди. Жаҳон эса бу гапларга эътибор бермасди, фикр-хаёли фақат Зирғомда, қандай қилиб бўлмасин, унга ўз бошига тушган фалокатларни маълум қилишда эди. Xоин Сомонни қайтиб учратмади.
Ироққа кетган айғоқчининг қайтишини Жаҳон бир неча кун сабрсизлик билан кутди. Жаҳон Ҳайлона билан сирдош бўлиб, бошидан ўтган қийинчиликларни унга айтиб берганди. Ҳайлона Жаҳонга ҳамдард бўлиб, унинг тўғрисида қайғурадиган бўлиб қолди. Айғоқчининг қайтиб келишини у ҳам Жаҳон каби интизорлик билан кутарди. Айғоқчи қайтиб келди. Xудди шу куни Жаҳон Ҳайлонанинг уйида бўлиб, ходима унинг хизматида эди. Ҳайзурон эса қаергадир кетган. Афтидан, Жаҳон ходиманинг чеҳрасида бир ўзгариш кўрди шекилли, Ҳайлонага қараб: «Ходимангиздан сўранг, жазмани нима гап топиб келди экан?» — деди. Бу тасодифдан ҳайрон бўлган Ҳайлона: «Айғоқчини келди, деб ўйлаяпсизми?» деди.
— Ҳа, келгану, лекин севинчли хабар топиб келмаганга ўхшайди.
Жаҳоннинг бу кароматидан таажжубланиб, Ҳайлона ходимани имлаб чақирди-да, «Дўстимиз Сомурродан қайтдими? Қачон келди?» — деб сўради.
— Ҳа, келди, икки соат чамаси бўлди.
— Нега шу маҳалгача бизга айтмадинг?
Буларнинг гапига қулоқ солиб турган Жаҳон ҳаяжонланди, сабри тугаб, ходимадан: «У сенга нималар деди?» — деб сўради.
— Сомурродан суриштириб дарагини билиб келсин, деган кишингизни у суриштирибди-ю, аммо ҳеч дарак топмабди.
— Унинг ўзини кўриб, сўрасак бўлармикин?
— Билмадим, — деди ходима. — Оқсоч рухсат берармикин?
— Фарғона малаги истаган нарсага у албатта рухсат беради. Чунки Жаҳон оқсочни сеҳрлаб, кўнглини ўзига ром қилиб олди. Жаҳон жазманимни кўриб, ундан бир нарсани сўрамоқчи экан, деб оқсочга бориб айтгил,— деди Ҳайлона.
Ходима бориб жазманини бирга олиб келди.
— Кўрган-билганларингни айтиб бер, — деб Жаҳон Сомуррога бориб келган айғоқчидан сўради.
— Зирғом тўғрисида суриштирдим, лекин уни ҳеч ким билмади, — жавоб берди айғоқчи.
— Xалифа саройидан суриштирмадингми?
— У ердан ҳам суриштирдим, ҳеч дарагини топмадим.
— Уни соқчилар бошлиғи деб сўраганингда, балки топган бўлардинг.
— Сўрадим, одамлар соқчилар бошлиғининг оти Соҳиб дейишди.
Жаҳон ўзини тутолмай қолди.
— Айтаётган гапинг ростлигига ишончинг комилми?
— Кишилар, соқчилар бошлиғига зўр эътибор бераётганлари учун мен уни диққат билан текширдим. Эшитувимга кўра, у шижоатли, ботир киши эмиш. Xалифа уни жуда эъзозлармиш, қасридаги қизлардан бир гўзалига уйлантириб, қимматбаҳо туҳфалар берган эмиш.
Унинг бу гапларидан рост сўзлаётгани Жаҳонга аниқ бўлди. Унинг уйланганлиги тўғрисидаги гапи бўлмаганда, Жаҳоннинг хаёлига Соҳиб деяётгани Зирғомнинг худди ўзидир, деган фикр келиши ҳам мумкин эди. Лекин Зирғом буни ташлаб, бошқага уйланишига Жаҳоннинг ақли сира-сира бовар қилмасди. Акасининг: «Афшин Зирғомни ўлдиртирган», деган гапи Жаҳонга ростдек туюлди-да, ўч олишга кўпроқ интилди. Умидсизлик унинг бошини айлантириб, қаерда турганини ҳам унутиб қўйди. Шу пайт Ҳайзуроннинг чақираётганини эшитиб, уялиб кетди. Кўнгли тан-ҳоликка майл қилиб, уйига қараб югурди. У Ҳайзурон чақирганини ҳам унутди. Ҳайлонанинг ёнидан чиқа туриб, Ҳайзуронга дуч келди.
— Сайидам, қаерга ошиқяпсан? — деди Ҳайзурон.
— Сиз мени чақирган эдингиз, оз бўлмаса унутаёзибман. Нима демоқчи эдингиз?
— Қаср боғида айланиб юрувдим, Бобак ўз қасридан чиқди. Мен уни қўрғон томон борар десам, бу қасрга кирди-да оқсочига: «Ҳозир Жаҳонни кўрмоқчиман», — деди. Оқсоч бу гапни дарров сенга етказишимни топширди.
— Ростданми? Бобак мени кўрмоқчи бўлибдими? — ҳаяжонланиб сўради Жаҳон.
— Ҳа, ўз уйингда кўрмоқчи бўлибди.
— Тағин келиб-келиб, менинг уйимда кўришмоқчимишми? Энди нима қиламан? Эй яхшилик худоси, ўзинг мадад қил! Қутулиш мушкул бўладиган бир тузоққа илинганга ўхшайман, — деди-да, у Ҳайзуронга қараб сўради: — Ироқдан қайтиб келган айғоқчининг гапини эшитдингизми?
— Ҳа, сайидам, эшитдим.
— У ҳақда қандай фикрдасиз?
— Унинг гапидан Зирғом Сомуррода эмасга ўхшайди.
— Унинг Сомуррода эмаслиги мени ташвишлантираётгани йўқ. Акам Сомоннинг айтган гапи рост чиқиб қолмаса, деб қўрқяпман, эшитмаганмидингиз ахир?
— Эшитганману, лекин ростми, ёлғонми ким билади?
Ҳайзурон билан Жаҳон шу тариқа аста-секин сўзлашиб келиб, уйга яқинлашишди. Жаҳон бирдан кетига тисланиб: «Энди ҳозир Бобакка рўпара бўлишим керак. Унга нима дейман-а? Эҳтимол, ундан бир янгилик хабар эшитарман»,— деди.
Шу пайтда уйдан «Жаҳон, Жаҳон», деб Бобакнинг чақираётган овозини эшитган Жаҳон оёқлари бир-бирига чалишиб кетаётганига қарамай, ўзин дадил тутиб, эшикдан ичкарига мўралади. Уйда ўтирган Бобак ўрнидан туриб, очиқ чеҳра ва табассум билан уни қарши олди. Унинг жилмайишини, хусусан, ўрнидан туриб қарши олаётганини ва «Фарғона малаги мени назарига илмай, келганимда лоақал ўрнидан турмаган бўлса ҳам, мен унинг ҳурмати учун туряпман», деганини эшитганидан кейин Жаҳоннинг кўнгли озгина таскин топди:
— Жаҳон сизни эмас, балки ёмон феълларингизни койиган эди.
Бобак ўтирди ва Жаҳонни ҳам ўтиришга таклиф этди-да, «Агар Бобак ўша ёмон феълларини улоқтириб ташласа, уни севармидинг?» — деди.
Бобак бу гапларни астойдил айтаётгани Жаҳонга аён бўлган бўлса ҳам, унга шубҳа билан қаради:
— Жаҳлингизни чиқарган қизни бир масхара қилиб, ундан ўч олмоқчи бўлибсиз-да. Мен ўзимни хавфу хатарда қолдириб бўлса ҳам сизга хайрихоҳлик қилиб гапирган эдим.
— Йўқ, Жаҳон, мен сени масхара қилаётганим йўқ. Сен айтган гапларни яхшилаб ўйлаб кўрдим. Бу ердан чиқиб кетгач, бутун вақтимни гапларинг мағзини чақиш билан ўтказдим. Айтганларинг аста-секин менга таъсир қила бошлади. Қайси насиҳатингни кўз ўнгимга келтирсам, ўзимдан ўзим хижолат бўлиб, ўтмишдаги қилмишларим учун надомат чекдим. Ҳақиқатан мен кайф-сафога, хотинларни кўпайтиришга муккадан кетгандим, чунки у хотинлардан бирортаси тугал ёқмаган, кўнглимга ўтирмаган эди. Сен қандай қилиб шу виждон-шууримни ўзгартирганингни сезмай қолдим... Менда илгари ҳеч бўлмаган бир ўзгариш пайдо бўлди. Сен яхшилик худоси менга юборган муқаддас руҳга ўхшайсан. — Бобак зўр эҳтиром билан гапирарди. — Энди мени қизиқтирадиган нарса, «сизни севаман», деб айтишинггина қолди, холос. — Шундай деди-ю, чаккасидан чак-чак тер оқди.
Ундаги бу ўзгаришдан Жаҳон таажжубланди. Астойдил гапираётганини кўзидан пайқагани учун унинг маккорлигидан қўрқмай қўя қолди. Бу бадмуомала одамнинг шундай ширинсуханлик билан муомала қилаётганини тақдирлаб: «Бу гапларни чиндан айтяпсизми?» — деди.
— Албатта, менинг бировни андиша қилиб гапирмаслигимни ўзинг тушунасан. Мен насиҳатингга амал қилиб, шароб ичмайдиган бўлдим. Сен туфайли бошқа хотинлардан ҳам воз кечмоқчиман. Жаҳон, гапларинг рост, бахтли ҳаёт икки томонлама муҳаббатда экан. Мана, мен сени севаман, сен ҳам мени севасанми? Энди «йўқ» дейишга сенда ҳеч бир асос йўқ.
Жаҳон бошини ерга эгиб, Зирғомни йўқотгани ва унинг тақдири ҳақида хаёл суриб қолди.
Ёқимсиз Бобак кўнгил беришни сўраётганини, хизматига бел боғлаб, шаробдан, хотинлардан алоқасини узишга аҳд-паймон қилаётганини кўриб, «унинг гапларига рози бўлсаммикан» деди Жаҳон ўзига-ўзи. Лекин хаёлидан севгилиси ўтди. У адашган бўлиб, кейин топилиб қолса нима бўлади. «Қайси юзим билан унга қарай оламан», — деб анча хаёл суриб қолди. Бобак эса унинг оғзини пойлаб турарди. Ҳадеб Жаҳондан жавоб чиқмагандан кейин: «Сен Афшинни ўйлаяпсан шекилли?» — деди.
Афшин номини Бобак тилга олгач, у ҳақда бирор нарса билса керак, деб ўйлаган Жаҳон: «Афшин ҳақида хаёл сураётганимни сиз қаердан билдингиз, унинг менга қандай алоқаси бор?» — деди.
— Ахир у сенга васий эмасми?
— Васий бўлса нима бўпти?
— Сен яширсанг ҳам, эшитган нарсамни мен сендан яширмайман. Отанг Афшинни сенга васий қилиб тайинлагандан кейин, у сени хотинликка олмоқчи бўлганда, қабул қилмаган экансан, шундай эмасми?
Жаҳон уялиб, қизарди. Кўзида ғазаб учқунлари чақнади. Бошини ерга солиб, жавоб қайтармай турди. Бобак:
— Ушрусана подшоҳи Афшинни, қолаверса Арманистон ҳокими Бобакни ўз иффати ва фазл-камолотини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилмаган бир қизга садқа бўлсанг арзийди, — деб кесатди-да: — Афшин сендан қонли ўч олган деб эшитдим. Қараб турсин, ўч олиш қандай бўлишини мен кўрсатиб қўяман унга.
Афшиндан ўч олиш нияти борлигини айтгандан кейин Жаҳон уни қабул қилишга чоғланди. Лекин кўнглида ҳамон Зирғомни кўриш мақсади турарди:
— Гапингиздан мен туфайли Афшиндан ўч олиш ниятида эканингизни сезяпман. Шунинг учун ижозат берсангиз, бир нарсани эслатиб қўйсам: сиз мени ўзингизга ўхшаш форс миллатидан эканимни, арабларга муносабатда форслар ҳам душманлик ниятидалигини ва бу нарса катта ер эгаси, ҳоким отамга ҳам қанчалик равшанлигини биласиз. Шунинг учун сиз, Афшин ва Табаристон шоҳи Мозиёр мусулмонлар давлатини қулатишга тил бириктиришгансизлр. Шундай эмасми? Ростини айтинг, жаноб.
— Тўғри айтяпсан, ҳақиқатда шундай.
Жаҳон яна сўради:
— Мусулмон аскарлари билан бирга Афшин сизга қарши урушмоқчи эканининг маъниси нима?
— Афшин: «Мен сизларга ёрдам бераман», деб мусулмонларнинг молини йиғиб, ўз мамлакатига жўнатиб олмоқчи. Молни олиб бўлгандан кейин ҳаммамиз бирлашамиз-да, уларнинг давлатини ағдарамиз.
Жаҳон унга шубҳа аралаш бир назар ташлади-да, деди:
— Ўзингиз шу аскарларнинг сардори, Xуррамия тоифасининг бошлиғи, кишиларнинг ерга бош қўйиб сажда қилишгача ҳурматини қозонган бир киши бўла туриб, нега бу найранг тузоғига илиниб қолдингиз?
— Сен буни нега найранг деб ҳисоблаяпсан? Афшин менга аввалдан таниш одам. Биз бу иш тўғрисида у билан келишиб қўйганмиз: ваъдадан қайтмасликка қасамёд қилганимизга бир неча йил бўлади. Табаристон шоҳи ҳам биз билан бирга. Ҳар йили шу ваъдамизни янгилаб турамиз. Бизни алдашдан унга нима фойда бор?
Жаҳон Бобакнинг кўзларига тикилиб туриб, деди:
— Афшин мол-дунё топмоқ учун сизни алдайди, чунки сиз мусулмонларга қарши муҳорабага отланмасангиз, унга ризқ эшиги ёпилиб қолади. Аммо Табаристон шоҳи Мозиёрнинг нияти тузукроқ бўлса, ажаб эмас. Лекин сизнинг ишингиз уни қизитирмайди. Менинг талабимни қабул қил, десангиз, аскарларингиз билан бирга алданиб, муҳорабага киришингизни истамайман. Чунки унда ғолиб чиқсангиз, Афшин сиздан шериклик ҳақини талаб қилади. Мабодо, мағлуб бўлиб қолсангиз, мағлубиятингиздан фойдаланиб қолади.
Уйқудан уйғонгандек Бобакнинг кўзи очилди. Жаҳон унинг кўзларидан пардани олиб ташлагандек бўлди. Жаҳоннинг ўзидан устун эканини сезди-да:
— Раҳмат сенга, жуда маъқул фикрни айтдинг, ҳақиқатда Афшин маккор экан, — деди.
— Сиздек бир зотнинг ҳамма ишни ўз қўлига олиши, бошқаларга ўрнак бўлиши, тақсимга қўшиладиган ва ўлжа талашадиган шериги бўлмаслиги керак. Шу фикримга қўшиладиган бўлсангиз, ярашиш қувончида ҳам, жанг ташвишида ҳам сизни қўллаб-қувватлайман. Никоҳимиз масаласи эса урушдан хотиржам бўлингандан кейин ҳал бўлишини олдингизга шарт қилиб қўяман. Ана шундагина мен: «Форслар ичидан энг улуғ киши менга насиб бўлди», — деб мақтансам арзийдиган бўлади.
Бобак завқланиб кетди:
— Лекин, қани, айт-чи? Ҳозирдан бошлаб мени севасанми? — Жаҳон ғолибона табассум билан:
— Муҳаббат сизни қачондан қизиқтиради? — деди.
— Муҳаббатимга арзийдиган аёлни топсам, унинг севгисига лойиқ бўлишни истайман. Мени севасанми, йўқми?
Жаҳон ўзини озгина тутиб турди-да: «Ҳа... йўқ...» деди гапини тугатишга ҳам тили бормай. — Бу урушдан қутулгунингизча сингил ўз акасини севганидек севиб тураман.
— Бўлди, Жаҳон шу гапинг менга етарли, — деди Бобак хурсанд бўлиб.
— Лекин, — деди Жаҳон, — одамлар мени шу исмим билан танимаслиги керак. Чунки ким билсин, балки мен аскарлар ичида йўл-йўриқ кўрсатиб, сўзлаб қоларман-да, номим чиқиб кетар. У вақтда Афшинми, бошқасими, мени таниб қолиши мумкин. Бошқаларга ўзимни танитишни истамайман. Ҳозирдан бошлаб менинг исмим «Гулнор» бўлсин,— деди.
Бобак розилик билдириб:
— Xўп, майли, келишдик. Гулнор бўла қолсин, — де-ди-ю, шу пайт бузуқ маишатпараст кишилар анжуманидан қутулиб, муҳаббатли, яхши одамлар суҳбатига муяссар бўлгандек бўлди. Бундай яхши ўзгариш фақатгина чин муҳаббат туфайли содир бўлади, холос. Бобак «лаззат айшу ишратда», деб билиб, фақат жисмоний шаҳватга муккасидан кетганди. Бутун кўнглини ўзига мафтун қилган, кўзига оловдек кўринган бирорта аёл билан ўзи орасидаги чин муҳаббат лаззатини тотиб кўрмаганди. Шунинг учун аҳволи ўзгариб, қалбида бир роҳат ҳис қилди. Жаҳонга бош эгиб, унинг маслаҳатисиз бирор ишга қадам қўймайдиган бўлиб қолди. Жаҳонни илгари танимаган баззликлар орасида унинг номи Гулнор бўлиб кетди.
Бобак кетиш учун қўзғаларкан:
— Гулнор, бугун бахт-саодатимнинг бошланган куни. Ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек бахтли сезган эмасман, — деб ўрнидан турди-да, гапини давом эттириб: — Менинг бир илтимосим бор, унга қаршилик кўрсатмассан деб ўйлайман, суҳбатдошларим ичкилик базмига одатланган, ораларида шароб ичишга қаттиқ берилганлари бор. Уларга ҳозиргача тўғри йўл кўрсатадиган киши бўлмаган. Бу одатларини бирдан йўқ қилишга ўцам, мендан хафа бўлиб қолишади. Ҳозирги уруш пайтида уларга жуда муҳтожман. Шунинг учун уларни ўзимдан бездирмай, суҳбатларини давом эттириб, бирга ичишаётгандек бўлиб юрсам, кейинроқ бирор маслаҳат чиқиб қолар.
— Майли, ўрганган одатларини аста-секин ташлатишингиз шарти билан, — деди Жаҳон.
Бобак Жаҳонга «шартингни қабул қилдим», дегандек ишорат қилди ва шу билан Жаҳоннинг унинг устидан қозонган ғалабаси ниҳоясига етди. Чунки манманлик ва қўпол муомалаликда ном чиқарган бир киши ипакдай мулойим бўлди қолди.
Мана бу, эр кишиларни ёмон йўлдан қайтариш услубини яхши билган ақлли аёл тадбирининг кучидан далолат беради. Аёллар бу кучга аввал ўзига муҳаббат уйғотиш йўли билан эришади. Улар эркакнинг қалбига эга бўлдими билингки, жиловига ҳам эга бўлади. Аммо дакки бериш билан уни тузатмоқчи бўлса, ёмонликка баттароқ ёпишадиган қилиб қўяди.
Бобакнинг ўзгаргани ва шартини қабул қилгани учун Жаҳоннинг севинчи ичига сиғмасди! Чунки бунда ўз севгилисининг қисматини билгунча ва Афшиндан ўч олингунча, Жаҳонга ўзини сақлаб туриш имкони туғилган эди. Шу пайт акаси Сомонни эслаб, Жаҳон Бобакни тўхтатди:
— Менинг ҳам сиздан битта талабим бор. Шуни амалга ошириб берсангиз.
— Нима истасанг, бажаришга тайёрман.
— Акам Сомоннинг менга қилган хиёнатини яхши биласиз. Ундан мен ўч олмоқчи эмасман. Лекин уни бу шаҳардан четлацангиз, чунки бу ерда туриши аскарлар учун хавфли. Уни ўлдиринг ёки қаманг демайман. Васвасасидан қутулишимиз учун четлацангиз кифоя.
— Унинг хоинлигидан фойдаланган бўлсам ҳам, шаҳардан четлатмоқчи бўлиб тургандим. Тўғри, у бўлмаганда мен Фарғона малагига эриша олмаган бўлардим. Лекин у синглисига сотқинлик қилганидек, бир кун менга ҳам хоинлик қилиши мумкин. Яқин орада уни бу мамлакатдан бадарға қиламан. Менинг қасримда истиқомат қилишни истамайсанми?
— Йўқ, мени шу қасрдан қўзғатманг. Бу ердаги одамларга ўрганиб қолдим. Агар бирор маслаҳат ёки тадбир устида керак бўлиб қолсам, ваъдалашиб, учрашайлик.
Бобак табассум билан ошиқи беқарордек Жаҳонга тикилиб туриб, сўзларини қабул қилди. Жаҳон очиқ чеҳра билан ўрнидан турди. Бобак у билан хайрлашаркан: «Ҳозирдан бошлаб бир-биримизнинг гапимиздан чиқмайдиган бўлдик. Мени севасанми?» — деди.
— Биз сиз билан ака-сингилмиз. Сиз менга акасиз. Сингил ўз акасини севгандек сизни севаман. Сизга сингил ўз оғасига боққандек боқаман. Сизнинг осойиш ва роҳатингиз йўлида ўзимни аямаслигимни тез фурсатда кўрасиз.


Зирғом Умидсизликка Тушиши
Зирғом Жаҳондан дарак топиб келиш учун кунчиқар томондаги жойларга яширин равишда кишилар юборди. Бир неча киши Фарғонага ҳам кетган эди. Анчадан кейин улар Жаҳон тўғрисида бирор тайин гап топмай қайтиб келишди. Зирғомнинг кўзига ёруғ дунё қоронғи бўлиб, Жаҳондан умид риштаси узилай деб қолди. Унинг йўқолишига ким сабаблигини ўйлаб-ўйлаб, Афшиндан гумон қилади. Сомонни, унинг икки юзламалигини, маккор ва бевафолигини эслаб, ундан ҳам шубҳалана бошлади. Зирғом Муътасим билан ов, саёҳат ва намоз вақтидагина бирга бўларди. Бошқа вақтини у уйида танҳо ўтказар эди. Баъзида у камолот ва ҳуснда Жаҳонни эслатадиган Ёқута билан суҳбатлашиб, ўзини бир оз овутар эди. У Ёқутага қараган вақтида дўсти Ҳаммодни эслаб: «Шу иккаласини бир-бирига қовуштиришга муваффақ бўлсам, мени ҳам севгилим билан учраштирадиган киши чиқиб қолармикин?» — деб чин кўнглидан орзу қиларди.
Зирғом кўп кутди, Жаҳондан дарак бўлмади. Унинг барҳаёт эканидан умиди узилди. Энди унга олам қоронғу. Бу дунёда яшашдан нима фойда. У урушга бориб, бирор фалокатга учраш ёки ярадор бўлиш йўли билан ўзини овутмоқчи бўлди. Бу дунёдан кўз юмса-ю, муҳаббат ва ҳижрон азобидан қутулиб қўя қолса. Ўлиш ҳам ўзи бўлмайди. У ўзини ўзи ўлдириши керак. Бундай қилиш эса номардлик. Ҳеч бир чора тополмайдиган ожиз ёки ақлдан озган кишигина шу йўлни танлайди. Шу билан бирга, Зирғом Жаҳондан дарак топиш орзусидан ҳали бутунлай воз кечган эмас.
Жаҳоннинг ўчини олмай, ўлиб кетиш ҳам Зирғом учун оғир, албатта. Турли-туман хаёллар унинг бошини гангитарди. Сирини яширишга ҳар қанча уринса ҳам, уни кўрган киши бир қарашдаёқ безовталигини сезмай қолмасди. У ўз дилидаги оғир ғамни онасидан сир тутишга, уни хафа қилмасликка уринарди. Лекин онаси ҳамма гапдан воқиф эди. Жаҳон тўғрисида ўсмоқчилаб Зирғомдан сўраганда, у: «Кишиларим хабар тополмай келишди, яна бошқа томонларга одамларни юбордим, эҳтимол, улар бирор хушхабар олиб келишса», — дерди. Онаси унинг гапига ишонган бўлиб: «Ҳа, ноумид шайтон. Ажаб эмас, ўзини олиб келишса», деб уни юпатар эди. Зирғомга Вардондан бўлак тасалли берадиган киши қолмади. У ҳамма вақт Зирғомнинг энг яқин кишиси эди, Зирғом зерикса ёки бирор нарсадан ташвиш қилса, дилидаги гапни Вардонга айтар ва ундан маслаҳат сўрар эди. Вардон унинг дардини енгиллатадиган ақлли маслаҳатлар берарди. Кунларнинг бирида улар иккаласи қаср боғида айланиб юраркан, Зирғом ҳаётдан безганини айтган эди, Вардон унга тасалли берди:
— Мавлоно, сиздек зот бу қадар ожизликни ўзига раво кўриши маъқул эмас.
— Вардон, сен мени «мавлоно» дема. Сен менинг биродаримсан. Шунинг учун сенга дардимни айтаман, энг маҳрам сирларимни ҳам сендан яширмайман. Жаҳонни кўришдан умид узганимдан буён ҳаётда ҳеч бир ҳаловат тополмаяпман.
— Ҳар бир кишининг бир кун оламдан ўтиши бор. Ажал еца, уни бир дақиқа ҳам кейинга суриб бўлмайди. Сабр қилинг. «Тангри сабр этувчилар билан биргадир».[7]
— Эй Вардон, сабр этавериб ҳолдан тойдим. Ўлимдан бўлак роҳат тополмайдиганга ўхшайман. Лекин ўз-ўзини ўлдириш, ўзимни ўзим хор қилишим демакдир.
Вардон Зирғомни хурсанд қиладиган ва Ироққа келганидан буён кўнглига тугиб юрган бир фикрини унга баён қилмоқчи бўлди-да:
— Муътасимнинг хос кишиси ва мусулмон сардорларининг катталаридан бўлган сиздек киши мусулмонлар билан форс, рум ёки араб қўшинлари ўртасида уруш тўхтамай турган бир пайтда ҳаётдан безиб, ўлимга йўл излаб юриши ғалати эмасми? — деди.
Вардоннинг бу сўзи Зирғомнинг кўзини очди. Зотан, унинг кўзи аллақачон очилиши керак эди:
— Рост айдинг, менга ўхшашлар учун уруш майдонида ўлиш осондир. Лекин халифа мени ўз ёнидан қўзғатмайди. Мени ўзига ҳамнишин қилиб олди. Ҳеч қаерга боришга ижозат бермайди.
— Бундан кейин у сизнинг бирор ерга боришингизни ман этмаса керак.
— Нечун? — ҳаяжонланиб сўради Зирғом.
— Чунки Арманистонда хуррамийлар кучайиб кетган. Бобак ва унинг қалъалари Афшинни қийин аҳволга солиб қўйгани ҳақида кетма-кет маълумотлар келиб турибди.
— Буни сенга ким айтди? Мен бу гапларнинг тескарисини ўйлаб юрардим. Xалифа ҳеч нарсани мендан яширмасди.
Вардон босиқ оҳангда деди:
— Тўғри, халифа ўзи биладиган нарсани сиздан сир тутмайди, лекин бу айтганларимдан у бехабар.
Зирғомнинг ҳаяжони ортди:
— Қизиқ, бу уруш ҳақидаги халифага маълум бўлмаган гаплар сенга қайдан аён бўла қолди?
— Ҳа, хожам, вазирлар ва халифага хос кишилар яхши сиёсат олиб боришнинг йўлларидан бири — баъзи хабарларни халифадан яширишдир, деб ҳисоблашади.
— Бу гапинг тўғри, — деди Зирғом, — лекин мен ҳам ўша хос кишилардан бири бўла туриб, бундан бехабарман.
— Бу хабарни мендан бўлак киши сизга етказа олмас деб ўйлайман, чунки уни мен халифанинг хабарчиларига ҳеч бир дахли бўлмаган манбадан эшитдим.
Вардоннинг бу гапи Зирғомга ғалати туюлди-да: «Нима эшитдинг?» — деб сўради.
— Бобак ал-Хуррамий Ардабилдан Баззга кўчиб ўтиб, уни ўз истеҳкомига айлантиргандан кейин ҳарбий қудрати зўрайиб кетган эмиш.
Зирғом унинг гапини бўлди:
— Буни кеча эшитгандим.
— У мағлубиятга учраб, қочмоқчи бўлиб турган бир пайтда бирдан кучайиб кетганлиги сабабини ҳам билдингизми?
— Ҳа, билдим. Мусулмонларга «хап саними» деб юрган кишилар у билан бирлашиб қолгани туфайли Бобак янги кучга эга бўлиб олган.
Вардон табассум қилди:
— Асл сабаб бу эмас, эҳтимол, бугун халифага ҳам маълум бўлиб қолар. Ҳақиқий сабаб бутунлай бошқа.
— Xўш, бўлмаса нимада, айтиб бер-чи? — сўради Зирғом.
— Арманистондан келган кишилардан бири менга бир гап айтди. Бу гапни бошқа одам айтгудек бўлса, мен ишонмасдим. Унинг айтишича, беҳаёлик, шаробхўрлик, дағаллик ва бузуқлик билан донғи чиққан Бобак ўша номатлуб ишлардан қайтиб, яхши йўлга кирган, улфатлари билан май базмларида ўтирганда шароб ичмайдиган бўлиб қолган эмиш. Аскарларининг ишини тартибга келтирган, ҳамма кучларини тўплаб, одамларини мусулмонларга қарши қўзғатаётган эмиш. Бу гапларни айтган киши Баззнинг бутун ички ишларидан воқиф. Бобакнинг ҳаётидаги бу ўзгаришларга унинг хотинларидан Гулнор деган ақлли ва тадбирли бир аёл сабаб бўлган эмиш. У хотин Бобакнинг жиловини қўлга олган, ҳамма ишларида унинг ўнг қўли ҳисобланар эмиш.
Зирғом бир фурсат бошини эгиб жим турди. Бобакнинг ёмон хулқ-атвордан қайтгани учун хафа бўлди. Чунки Зирғом унинг хулқ-атвори биз учун фойдали деб ўйлаб юрарди. Зирғом бир олма дарахтининг ёнида туриб, қўлидаги калтак билан унинг мевасини тушираркан, Бобак ҳақида ўйларди. Вардон унинг ёнида сукут сақлаб турарди. Шу пайт халифа хизматчиларидан бири югуриб келди. Уни кўрган Зирғом ўзини халифа чақиртирганини пайқаб, Вардонга: «Халифа мени уруш воқеаларидан хабардор қилмоқ учун чақиртирган бўлса керак, бу одамнинг шошиб келганлиги бежиз эмас», — деди.
— Агар сиз бу жангга қатнашишга розилик берсангиз, мен ҳам бирга хизматингизни қилиб бораман. Чунки мен у ерларнинг паст-баландини яхши биламан, фойдам тегиб қолар.
Зирғом: «Яхши бўлади», — деди-да, уйига кириб қалпоғини, халифа олдига борганда киядиган бошқа кийимларини кийиб, халифа саройидаги хос хонага қараб йўл олди. Етиб бориши билан дарвозабон унга йўл очиб, халифадан рухсат ҳам олмай, тўғри ичкарига киритиб юборди. Xалифа ҳузурида фақт қози Аҳмад ҳаяжон ва ғазаб ичида ўтирганди. Зирғом халифага кўриниб, салом бергач, унинг чеҳраси очилиб, ўтиришга таклиф қилди. Зирғом ўтиргандан кейин халифа унга қараб: «Қасрдан ташқари чиқмай кўп зериккан кўринасан, бу ердаги кайф-сафо ҳам жонингга тегиб, жанг майдонини қўмсаётганга ўхшайсан»,— деди.
Халифанинг урушга отланиш кераклиги тўғрисида гап очмоқчи эканини, ўзининг ёрдамига қаттиқ зарурат бўлмаса, бундай қилмаслигини пайқаган Зирғом:
— Жанобларининг ёнларида бўлиш мен учун улуғ илтифот ва шараф. Лекин қуролланиб, қилич-яроғ тақиб, душманга қарши жангга бориш муқаддас бурчимдир. Арманистондаги муҳорабага боришни менга ҳам лойиқ кўрсангиз, деб илтимос қилишни кўпдан ўйлаб юргандим. Агар ижозат берсангиз, улуғ марҳамат қилган бўлардингиз. Мен ҳамиша сизнинг отган ўқингизман, дастурхонингиздан еб-ичиб, мамнун бўлган кишиман.
Зирғомнинг зийраклиги ва айни муддаони топиб гапирганлиги халифага маъқул тушиб, қози Аҳмадга қаради. Қози «Сен халифанинг таянчларисан. Ёнларидан асло силжитгилари келмайди. Лекин қасрдан ташқари чиқмаганинг учун анча сиқилган кўринасан. Негаки, ботир саркарда жанг майдонига бориб, ғалаба қозониб келмагунча, кўнгли ўрнига тушмайди. Ҳозир Арманистонда уруш олиб боряпмиз. Қайсар Бобак ўз истеҳкомларига кириб мустаҳкамланиб олгани учун пойлаб турибмиз. Энди ўша томонга сени йўлласалар, сенинг қўлинг билан ғалабага эришсак, деган умидда мен амирал мўъмининга маслаҳат солгандим»,— деди.
Зирғом қўл қовуштириб деди:
— Менинг инон-ихтиёрим амиралмўъмининда, «ҳозир бор» десалар ҳам тайёрман.
Халифа Зирғомга қаради:
— Арманистондаги мусулмон аскарларга Афшин бошчилик қилаётганини билсанг керак. Қўмондонларидан бири бўлиб, унинг ихтиёрига бориш сенга малол келмайдими?
— Мен амиралмўъмининнинг қинидан суғирилган қи-личлариман, истасалар бошлиқ, истасалар итоатгўй қилиб юбора берадилар. Ҳаммасини ҳам бажону дил қабул қиламан.
Халифа хурсанд бўлиб:
— Боракалло, бошқа қўмондонларга нисбатан сенинг қадринг ортиқлигини ҳисобга олишни таъкидлаб, Афшинга нома юбораман, — деди.
Зирғом оёққа туриб:
— Бўлмаса, оқ фотиҳаларини берсалар, мен жўнаб кетдим. Базз қўлга олиниб, Бобак қатл этилмагунча қайтиб келмасликка сўз бераман, — деди.
Халифа табассум қилиб: «Зирғомга бош-оёқ сарпо берилсин», деб буюрди. Зирғом халифанинг олдидан устидан оғир бир юк олиб ташлангандек енгил тортиб чиқди.
Бўлган воқеани қаср дарвозаси ёнида уни кутиб турган Вардонга айтиб берди ва: «Сен онамнинг кўз олдиларида бўлиб, шу ерда қолаверсанг яхши бўларди», — деди.
— Xотиржам бўлаверинг, у киши халифанинг қасрида, ҳамма хизматчилар ёнларида.
Шундан кейин Зирғом онасининг олдига бориб: «Халифа мени жанг майдонига жўнатяпти», — деди. Онаси ҳам унга розилик билдириб, халифанинг фармонини бажаришни тавсия этди ва эсон-омон, ғалаба билан қайтиб келишини худодан сўраб, ҳаққига дуо қилди.
Кейин Зирғом Ёқута ёнига бориб, у билан саломлашди. Унинг сафарга отланаётганини эшитиб, Ёқута кўзига ёш олди. Зирғом уни юпатди:
— Ишқимга равнақ тилаб, ҳаққимга дуо қилиб тур. Ажаб эмас, йўлда Ҳаммодни учратиб қолсам. Мени ундан бепарво бўлиб кетди, деб мутлақо ўйлама, — Зирғом шу гапларни айтаркан, ичида қаттиқ хўрсиниб қўйди. Ўз севгилисини йўқотиб, ғаму ғуссага мубтало бўлгани ёдига тушди.
Ёқута унга сўз айтолмай, бошини қуйи солиб, индамай турарди, марвариддай кўз ёшлари юзларидан оқиб тушарди. Зирғом Ёқута билан хайрлашиб чиқди-да, сафар тадорикини кўришни Вардонга буюрди. Кейин у: «Ёқутанинг ҳолидан хабардор бўлиб туринг», деб онасидан илтимос қилиб, у билан хайрлашди ва фарғоналик бақувват йигитлардан тузилган махсус қўшини билан йўлга чиқди.
Ардабилда ва бошқа жанг майдонларида мусулмон аскарлари билан хуррамиялар ўртасида бўлган бир неча тўқнашувлар хуррамияларнинг Ардабилни бўшатиб чиқиб кетиши билан якунланди. Улар Баззга, Бобакнинг қалъасига бориб қўшилишди. Базз мустаҳкам истеҳкомли шаҳар ёки бир қанча қаср ва қалъалардан ташкил топган катта қалъа эди. Уннг атрофи қалин пахса девор билан ўралган, баҳайбат дарвозалари ва кўп миноралари бўлиб, йўли жуда қалтис эди, унга тоғ ва водийлар орқали бориларди.
Бобак Баззга қочгандан кейин мусулмон аскарлари уни изидан қувиб боришди. Базз билан Ардабил орасидаги бир қанча манзилларга мусулмонлар ўз ҳарбий истеҳкомларини қуришди. Бу истеҳкомлар аскарларнинг қайтиш йўлини қўриқлаш ва халифанинг турар жойи Сомурро билан алоқа боғлаб туриш учун мўлжалланганди. Ироқдан келадиган озиқ-овқатларни Арманистон чегарасига кирганда, Ардабилда тушириб олишар, ундан «Ҳиснуннаҳр» («Анҳор қўрғони») деган истеҳкомга олиб боришарди. Ундан эса Аршақ, Xаш, Барзанд ва Базз йўлидаги Руз-Арруз деган охирги манзилларга олиб кетиларди. Бу анжомлар ҳар манзилнинг соқчиларидан қўлма-қўл ўтиб борарди.
Афшин аскарларни жойлаштириш учун ишончли бир жой танлашни ўз одамларига топширди. Улар Руз-Аррузда эски бино қолдиқлари турган уч тоғни танлашди: Афшин аскарларни у ерга жойлаштирди. Баззга борадиган ҳамма йўлларни катта тошлар билан ўраб, қўрғондек қилиб олишди. Ҳужум қилиш учун фақат битта йўлни қолдириб, бошқа ҳамма йўллар олдига тошлар орқасидан хандақлар қаздирди. Афшин бу ишга кўп меҳнат сарф қилди. Одамлар тинимсиз тош ташиш ва хандақ қазиш билан банд бўлди. Соқчилар кеча-ю кундуз пойлоқчилик қилишди.
Руз-Арруз чалкаш-чулкаш тепалар орасида жойлашган бир водийдан иборат. Афшин аскарларини тайёрлаб ҳар бир қўшилмани бир лашкарбошига топширди. Лашкарбошилар уч киши бўлиб, улар Жаъфар ал-Ҳаёт, Абу Саид ва Аҳмад ибн ал-Халил эди. Аскарларни Руз-Арруз билан Базз орасини ажратиб турган водийдан юқорироқдаги ҳамма ҳарбий нуқталарга жойлаштирди. Шу билан Афшиннинг ҳарбий лагери жуда кенгайди. Масофа олислиги, қўшилмаларни тоғ ва водийлар бир-биридан узоқлаштириб тургани учун қўшинни қўзғатиш ёки юриш бошлаш кераклиги қўнғироқ чалинади, тўхтаса, чалиш тўхтатилади. Аскарлар ўз тартиб ва сафларини бузмай, шунга мувофиқ ҳаракат қиларди.
Афшин ўз лашкаргоҳини баланд бир тепага ўрнатди, ундан Баззга қараб, Бобак қасрини ва бошқа қасрларни кузатиб турарди.
Бобак барча урушларда аскарлари орасидаги бир тўда кишиларга қаттиқ суянарди. Мусулмон аскарларининг йўлини тўсиш ва чалғитиш мақсадида ўшаларни тепалар орқасидаги водийларда яшириниб туриш учун юборарди. Афшин эса уларнинг ҳамма ҳийла-найрангини барбод беришга киришар, бекиниб ётганларни топиш ва аниқлаш учун ўз айғоқчиларини юборарди.
Афшин шу қамалда хуррамияларни узоқ вақт чалғитиб турди. Баззнинг рўбарўсидаги водийнинг нариги томонига аскарлардан бир тўдаси билан кесиб ўтишни лашкарбошиларидан бирига буюрди. Саркарда у ерга етиб бориши билан Бобак қўрғонтепани душмандан мудофаа қилиш учун ўз аскарларидан бир қўшилмани чиқарди. Кеч кириши билан Афшин аскарлари хандақ орқасидаги лашкаргоҳларга қайтиб келиб, шу ерда тунашарди. Афшиннинг бу ҳарбий тактикаси хуррамияларнинг жонига тегди. Улар Афшин аскарларига қўққисдан ҳужум қилмоқчи бўлди. Бир куни Бобакнинг аскарлари Афшин аскарларининг одатдагидек водий томондан қайтишини кузатиб туришарди. Шунда Жаъфар ал-Ҳайётнинг отлиқ аскарлари қолиб, бошқа одамлари ўтиб кетгач, Бобак аскарлари Жаъфарга ташланди. Жаъфар ўз аскарлари билан хуррамияларни Баззгача қувиб борди. Икки томон аскарларининг қийқириқ овози Афшинга эшитилди. Аскарларнинг урушаётганини кўриб, у ўз режаларининг бузилиб кетишидан хавотирланди.
Ўлжа олиш мақсадида жангдагиларга ёрдам беришга одатланган кўнгиллилардан бир гуруҳи Жаъфарга ёрдамга келиб, унинг кучига куч қўшди. Жаъфар аскарлари билан қўрғонга ҳужум қилди. Қўрғондан ошиб, шаҳарга кирмоқчи бўлаётган Афшин унга: «Сен менинг тадбиримни буздинг, аста-секин аскарларингни олиб, орқага қайт!» — деди. Бунинг устига Бобакнинг яширинган айғоқчилари ҳам ҳаракатга тушгандан кейин, Жаъфар фурсат қўлдан кетганига қайғуриб, орқага қайтишга мажбур бўлди.
Шундан кейин кўнгиллилар ўзлари қолиб, бир неча кун урушни давом эттиришди. Уларнинг ем-хашаги, озиқ-овқати тугади, лекин улар ачиниб: «Афшин бизга ёрдам берганда Баззга кириб борган бўлардик», — дейишарди. Аскарлар тўполон қилиб, урушни бошлаб юборишни талаб қилса ҳам, Афшин мағлубиятга учрашдан қўрқиб ишни орқага силтарди. У мол-мулк орттириш учун атайин урушни кейинга сураётган бўлса-чи? Чунки халифа Афшиннинг отга минган ҳар куни учун овқат, қурол-аслаҳадан ташқари ўнг минг дирҳам, от минмаган кунига эса беш минг дирҳам юбориб турарди. Бу пулларни Афшин Ушрусанага юборарди. Уруш баҳонаси билан қанча кўп кун ўца, Афшиннинг даромади шунча кўпаярди.
Бир куни Афшин ўзининг Баззга қараб қурилган чодирида ўтирганди, аскарлари шу ер халқнинг кийимидаги бир кишини ҳайдаб келаётганига кўзи тушди. Унинг олдига яқинлашганлари ҳам йўқ эди, улар асир олиб келаётган одам Жаҳоннинг акаси Сомон эканлигини пайқаб, изтиробга тушди. Лекин ундан фойдаланиш умидида: «Уни қийнамай, қўлларини ечиб юборинглар», — деб буюрди.
Сомон бошини эгиб, Афшин ёнига келиб тиз чўкди. Афшин очиқ чеҳра билан ундан: «Бошингни кўтар! Бу ерга сен қандай келиб қолдинг?» — деб сўради.
— Жаноб хожам, мен Базздан келяпман.
— Қани, бўлмаса яхшилаб ўтириб ол-чи, — деди Афшин унга қараб. Сомон одоб билан Афшин кўрсатган жойга ўтирди.
— Xўш, бу шаҳарга нима учун кириб қолдинг?
Сомон бошини чайқади.
— Мавлоно Афшиннинг хизматлари билан келгандим.
— Бу нима деганинг, Сомон? — ҳайрон бўлиб сўради Афшин.
— Сомуррода жанобингизнинг зиёратларига мушарраф бўлганимдан буён буйруғингизни бажариш учун Жаҳонни излаб юргандим. Охири унинг Бобак қўлида эканини аниқ билиб олдим.
Сомоннинг бу гапдан Афшиннинг кўзи ола-кула бўлиб кетди.
— Ҳозир Жаҳон шу ерда — Баззда эканми?
— Ҳа, шу ерда экан.
— Бундай олис бир шаҳарга у қандай келиб қолди экан? — ҳайрон бўлди Афшин.
— Ҳамадон яқинида қароқчилар уни менинг қўлимдан тортиб олиб кетганини сизга айтган эдим. Кўп суриштирдим, охири билсам, уни олдириб кетган киши Бобак экан. Жаҳоннинг гўзаллигини эшитиб, совчи юборганда, отам уни куёвликка қабул қилмаганди. Кейин орадан бир қанча вақт ўтиб кетди, отам вафот этдилар. Замона зайли билан Жаҳон Сомуррога бориш учун отланганини Бобак эшитиб, йўлига киши қўйган ва пойлаб ётган ерларига келишимиз билан уни ушлаттириб олиб кетган экан.
— Xўш, кейин нима бўлган? Ҳозир ҳам у Базздами?
— Синглимнинг ишига тушунолмаяпман. У ҳеч бир қарорда турмади. Ушрусана амирининг марҳаматини рад этиб, арзимас бир кишига турмушга чиқишга рози бўлди. Кейин ундан ҳам воз кечиб, Бобакни ихтиёр этди ва унинг севимли хотини бўлиб олди. Ҳозир у Бобакнинг ўнг қўли, жонини фидо қилиб унга ёрдам беряпти. Мен унга: «Бу ишинг нотўғри, ҳали ҳам бўлса ундан воз кечиб, Афшинга боришинг керак, у сенинг васийинг бўлади», — деб кўп панд-насиҳат қилдим, гапимга қулоқ солмади. Кейин уни ташлаб, сизнинг олдингизга келдим.
— Боракалло, — деди Афшин хурсанд бўлиб, — баъзи айғоқчиларимнинг гапига қараганда, Бобакнинг энг севимли хотинининг номи Гулнор эмиш. У жуда ақлли, тадбиркор аёл бўлиб, Бобакка ёрдам бериб, унинг қаддини анча тиклаб қўйган эмиш.
— Шу айтаётган аёлингиз Жаҳоннинг худди ўзи. У ўзини танитмаслик учун атайин исмини Гулнор қилиб олган. Янги қайлиғига мусулмон аскарларга қарши урушда ёрдам беришга ваъда қилиб, жонбозлик кўрсатяпти. Агар шу Жаҳон бўлмаганда, Бобак аллақачон кўрадиганини кўрарди.
Сомоннинг нияти бузуқлиги Афшинга маълум бўлса ҳам, фақат ёмон кишилар бажара оладиган ишларда ундан фойдаланиш мақсадида яхши муомала қилди. Афшин Сомон ўзини ёмон кўришини ва қўлидан келса, ўлдириб юборишга ҳам тайёр эканини билса ҳам, хушмуомалаликни қўлдан бермади, бошини чайқаб, иягини қашлади, телпагини тузатиб олди-да, ўтирган жойида бир қимирлаб:
— Бизнинг яхшилигимизга бу қиз шундай нонкўрлик қилди. Уни деб мен сени бир вақтлар хафа қилгандим ҳам. Ажаб эмас, ёмонлик деб ўйлаган ишинг бир вақт келиб яхшилик бўлиб чиқса, — деди.
Афшин бир оз жимликдан сўнг: «Жаҳоннинг бу ердалигини Зирғом билган эмасми?» — деди.
— Йўқ, албатта, Жаҳон ҳам Зирғомнинг ўлик-тириклигидан бехабар.
Афшин унинг гапига ишонгиси келмади:
— Нега шундай дейсан. Зирғом уни қидирса, дарак топмай қўядиган одам эмас-ку.
— Номларининг ўзгаргани бу ишда катта ёрдам берди. Мен Жаҳонга Зирғом ўлдирилган деганман. Унинг шунга ишонганлигига хўп деяверинг. Зирғом бўлса: «Жаҳонни қаергадир олиб кетилган», деб ҳаётдан умид узиб қўйган. Жанобларининг менга тескари қараб юрганларига, отамнинг меросидан мени маҳрум қилганларига қарамай, ризоликларига эришмоқ учун шу ишларни қилганман, — деди-да, Сомон кўзларини аланг-жаланг қилиб Афшинга қаради.
— Мен учун астойдил хизмат қилганингга энди инондим. Энди шу ҳаракатингни интиҳосига етказиб, ишончимни оқласанг, улуғ мукофотга сазовор бўласан.
— Фармонингизга маъталман, нима десангиз бажаришга тайёрман.
— Баззда бўлдим деяпсан, хўш, Баззнинг одамлари, қўрғон ва аскарлари тўғрисида нималарни биласан? — деди Афшин.
— Ўзингиз кўриб турибсиз: шаҳар жуда мустаҳкам. Аскар ва қурол-яроғлари етарли. Xуррамийлар мол-жони билан бирлашган, бошлиқларининг буйруғини бажаришга астойдил бел боғлашган. Шунга қарамай, уларнинг мағлуб бўлишидан умидворман.
Афшиннинг туси ўзгариб, тетикланиб кетди:
— Нимага таяниб шундай деяпсан?
— Баззнинг ички аҳволини мулоҳаза қилиб, Бобакнинг мағлубиятга учрашидан умид қиламан. Билишимча, у ерда мусулмон ва бошқа кишилардан жуда кўп асирлар бор. Шулардан етти минг олти юзтаси аёллар ва ёш болалар. Бобак ўлдирган кишиларни икки юз эллик мингтача деб тахмин қилишади. Одамлар, ҳатто унинг шаҳарчасида яшаётганлар ҳам Бобакнинг ҳукмдорлигидан безор бўлишган деб эшитдим. Агар сиздан йигирма киши шаҳарга бостириб киришга йўл топса, Бобак одамлари уларни кўрса, бутун халқ таслим бўлишига аминман.
— Сенингча, шаҳарга кириш учун ҳужумни қайси томондан бошласак маъқул бўлади?
Сомон ўрнидан туриб Базз томондаги бир тоғга ишорат қилди ва: «Мана бу тарафдан. Бу тоғни кўряпсизми? Душман шу тоғ чеккасидан нари ёққа ўца, шаҳарга кириш йўли очилишини билган Бобак яширин аскарларини шу ерга жойлаштириб қўйган. Жаноблари шу тоғ чеккасининг орқа томонидан боришга илож топсалар бўлди, марра ўзлариники, муқаррар ғалабага эришадилар».
Сомоннинг келганидан хурсанд бўлган Афшин ундан яна кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилаётганида ҳожиб кириб: «Халифа Муътасимнинг нома элтувчиси келиб, эшикда кутиб турибди», — деди. Афшин ҳожибга қараб: «Айт, бу ёққа кираверсин!» — деди.
Сафардан толиқиб келган, кўкрагида бир парча мис осилган[8] нома элтувчи ичкарига кириб, оёққа турди. Афшин: «Қани, бу ёққа келавер, нима янгилик бор?»— деб уни ўз ёнига чақирди.
Нома элтувчи унинг олдига келиб, устига халифалик муҳри босилган бир ипак ўрамани топширди. Афшин уни қўлига олиб ўпди ва сурғунчини очди. Унинг ичидан муҳрланган кумуш най, кумуш най ичидан эса ўралган бир қоғозни чиқариб олди-да, уни ўқий бошлади. Унинг авзойини ва хатти-ҳаракатини кузатиб турган Сомон хатни ўқиб туриб, Афшиннинг ранги ўчиб кетганини пайқади. Афшин мактубни ўқиб бўлиб, нома элтувчига «майли, кетавер», дегандек ишора қилди. У чиқиб кетди. Кейин Афшин тик турган Сомонга қаради ва уни ўзига кўпроқ жалб қилиш учун зўрлаб жилмайиб, ўтиришга буюрди-да:
— Бу хат нима хусусда эканини биласанми? — деб сўради.
— Йўқ, жаноб, мен илми ғойибдан бехабарман.
— Бу Муътасимнинг хати, хатда мени мустаҳкам туришга даъват қилиб, биродари Зирғом бошчилигида менга қўшимча аскар юборганини айтибди.
— Ушрусана ҳокими — аскари тоғу тошларни тўлдириб ётган бир қўмондон ёрдамига муҳтож эканми?
— Йўқ, албатта, амиралмўъмининнинг ўзи буни яхши билади. Зирғом уруш учун эмас, бошқа мақсадда келаётган бўлса керак бу ерга. У Жаҳоннинг ишидан хабардор бўлиб қолмаганмикин деган хавотирдаман. Майли, у хоҳ билсин, хоҳ билмасин, барибир Жаҳон меники. Мендан бўлак ҳеч ким унга қўл тегиза олмайди. Севги ва муҳаббат иш бермаса, зўравонлик ва андишасизлик билан Жаҳондан ўч олиш қўлимдан келади. Фарғонадаги ўша кун сира кўнглимдан чиқмайди.
Сомон яна Афшинга далда бера бошлади:
— Синглим бу ердалигини Зирғом мутлақо билмайди. Балки уни тирик деб ўйламаса ҳам керак. У: «Жаҳонсиз ҳаётнинг менга нима кераги бор», деб ўлимни маъқул кўриб, атайин уруш майдонига келгандир. Одамларда шунда бир бемаъни таомил бўлибди: бировни севиб қолса, жиннига ўхшаб қолади. Ҳатто ўз ҳаётини ҳам севгилиси йўлида аямайди. Биттаси шу йўлда ўлса, бошқалар ҳам шунинг орқасидан боришни истайдиган бўлиб қолди.
Афшин хохолаб кулган эди, тишининг оқи ҳам кўриниб кетди:
— Зирғом ўлим истаб келган бўлса, бош устига, жонимиз билан уни қабул қиламиз. Аммо ошиқларни жинни деб айтаётганинг учун маъзурсан. Сенда муҳаббат аҳлининг завқи, шуури йўқ, ундан бехабарсан, — деди-да, бошини озгина ерга эгиб туриб сўради: — Биз эртага шаҳарга ҳужум қилиб кирсак, синглингни қасрдан топа оламизми?
Сомон ўрнидан туриб, Бизз томонга қаради ва қўли билан ишора қилиб:
— Шарқий дарвоза ёнидаги ҳашаматли қасрни кўряпсизми? Ўша — хотинлар қасри. Жаҳон ҳам шу қасрда яшайди. Шу қасрга тўғри кирмоқчи бўлган одам ўша дарвозадан бориши керак, — деди. Кейин ғарб томондаги бир қасрни кўрсатди: — Мана бу ғарбий дарвоза ёнидаги қаср худди Бобакнинг қасри. У ҳамма қасрлардан ҳам мустаҳкамроқ. Унга ҳужум қилган киши ўлмай қолмайди. Мана энди, «нима қиламан» десангиз, ихтиёр ўзингизда.
Афшин ўтирган ерида бир қимирлаб қўйганди, Сомон ўрнидан туриб, кетишга ижозат сўради. Афшин унга: «Биз билан бўласан, зарурат бўлмаганда бу ердан қимирламайсан», — деди.
Афшиннинг мақсадига тушунган Сомон:
— Сиз ихлосимни, ниятим поклигини аниқлагунингизча, ҳузурингизда асир бўлиб туришни истайман. Менинг ишим Зирғомга ҳам, бошқаларга ҳам билдирилмай, сир тутилишини сиздан илтимос қилардим. Бўлмаса, кўраётган чорамиз бузилиб, ишимиз барбод бўлади, — деди.
Афшин унга «хўп» дегандек бошини қимирлатиб қўйди-да, ғуломини чақириб, уни эъзоз-икром билан муҳофаза қилиб туришни топширди. Шундан кейин Сомон ўзини Афшин яхши қарши олганини, синглисидан ўч олиш учун отасининг меросини ўзига беришга ваъда қилганини ўйлаб, ўзида йўқ хурсанд бўлди. Зирғом келса, бир ҳийла билан уни ўлдиртириб, синглисидан ўч олиш пайти яқинлашаётгани учун у яна ҳам мамнун эди. Сомон илгари Афшиндан кўнгли қолганлигини, Зирғомдан унга қарши ёрдам сўраганлигини ҳамда синглисидан кўп яхшиликлар кўрганлигини ҳам унутди. У ўз манфаати учун ҳар қандай беҳаёликдан, қаллобликдан қайтмасди. У Афшиндан васийлик бурчини бажармагани ёки синглисига ёмон кўз билан қараганлиги туфайли эмас, балки отасининг меросидан ўзини маҳрум қилгани учун хафа бўлган эди.
У Зирғомни баҳодирлиги, саховатпешалиги ёки бошқа олижаноб фазилатлари учун эмас, балки ўз мақсадига эришишида ундан ёрдам олиш учун унга тилёғламалик қилиб юрганди. Кейинчалик Сомоннинг бу қадар ўзгариб кетгани ҳам унинг манфаатпарастлигидан эди. Унда на севадиган қалб, на уяладиган юз бор. Унинг бутун фикр-зикри, вужуди мол-мулкка ҳирс қўйишга қаратилган. Ўзининг ёмон хулқ-атвори учун кишилар назаридан қолганлиги унинг мол-дунёга бўлган ҳирсини яна ҳам оширди. «Бой бўлсам, кишилар мени ҳурмат қилади, улуғлайди», деб кишилар орасида мол-дунё билан ҳурмат топмоқчи бўлди. Одамлар хоҳ уни севсин, хоҳ ёмон кўрсин, бунинг Сомон учун фарқи йўқ эди.



AvvalgiII- qism Keyingi





↑ Тўрт юз кило.

↑ Арабларда қўлни ўпиш одати бор, лекин тавозе юзасидан катталар ўз қўлини ўпишга бермайди.

↑ Араб тилида шернинг етти юзга яқин номи бўлиб, ундан биттаси «Зирғом»дир.

↑ Муътазила — Ислом аввалида вужудга келган бир мазҳаб.

↑ Ушр — ҳосилдан олинадиган солиқ. Ҳосилнинг ўндан бир ҳиссаси.

↑ Одатда саройлардаги ҳарамларда хизмат қиладиган эркакларни бичиб қўйиларди.

↑ Қуръоннинг «Бақара» сураси, 156-оят.

↑ Халифанинг махсус хат ташувчисининг белгиси.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика