Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]

Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Ўзлари шу ҳолга тушиб кўрганларида билишарди. Ўтириб олиб, ҳар нарсани гапираверишади. Дўстлик борми уларда? Ё ўтказиб қўйишганми? Ё унинг оғзига хўжайинми? Керак бўлса ўзига ўзи бек, хоҳлаганини қилади, ўйлаганини гапиради. Ҳеч кимдан тил қисиқлик жойи йўқ. Аслида айтиш керак эди. Яхшилик қиламан, деб туҳматга қолди. Рост-да, учаласи ҳам бирдай айбдор бўлса. Қўлга тушгани жарима тўлаб, тушмагани оппоқ бўлиб қолаверадими? Нимага у жарима тўлайдию, бошқалар жирттак чалиб туриши керак? Одамга алам қилади-да. Шунча пулни қуртдек санаб, ўз қўли билан кассага топширди. Ахир бу пулни топгунча озмунча меҳнат қилганмиди? Бошида, пулдан айрилса ҳам тинчгина шу машмашадан қутулаётганига хурсанд ҳам бўлган эди. Кейин, туриб-туриб, алам қилиб кетди. Айниқса, пулни кассирга топшираётганида қўллари дағ-дағ титради. Қани ҳақиқат? Нега унинг пули кетадию, бошқаларники киссасида қолади? У сомон ташиган бўлса, бошқалар ҳам ташиган. Демак, жаримани ҳам баравар тўлашлари керак. Асли, ҳамма гап хотинидан чиқди. Хотин зотининг эси пастлиги азалдан маълум. Доим эрларини тўғри йўлдан чалғитишгани чалғитишган. Бўлмаса, Ниёзмат ишдан чарчаб қайтганди. Ёнбошлаб ётиб, телевизорда футбол томоша қилмоқчи эди. Жаҳон чемпионати кетяпти ахир! Ангорга ҳам оёғи тортмай чиқди… Тоза шарманда бўлди-да. Уч кун аввал хўжалик раҳбари келиб, ўн кунликда яхши ишлагани учун унга мукофот топширган эди-я!
… Уйга келиб, кечки овқатни еб, энди телевизорнинг олдига чўнқайганди, хотини ёстиқни тортиб олди-да:
— Сомонга чиқмайсизми? – деб сўради.
— Қанақа сомон?
— Кўрмаяпсизми? Ҳамма ташияпти. Арпазорни ўриб бўлишганига бир ҳафтадан ошди. Ўшандан бери одамлар даладан бери келишмайди. Худо билади-ку, Йўлдош билан Баҳрининг сомонхонаси тўлиб кетгандиро-ов. Иккови боя қоронғи тушар-тушмас эшагига миниб, тағин жўнашди. Сиз ётаверасизми?
— Э қўйсанг-чи, бунақа иш менга тўғри келмайди. Яна қўлга тушиб…
— Ўзингиз қўйинг! Йўлдош билан Баҳрини ушламаган қоровул сизни тутадими? – деди хотини бидиллаб. – Нима, бу йил ҳам қишда болаларингизни оқликдан қантариб қўймоқчимисиз? Йўлдош билан Баҳрининг болалари қиши билан қаймоғу-қатиқ ичсин, менинг болаларим кўзлари мўлтиллаб ўтирсинми? Шунча одам ташияпти, улар қўлга тушмаяпти-ку. Сизнинг жонингизни оладими?
Хотини у деди-бу деди, жанжаллашди, хуллас, Ниёзмат эшагига қанорни ташлаб, ангорга жўнади. Бир ҳисобда хотинининг гапи ҳам тўғри. Ўтган йили ланжлик қилиб, сомон ташимади. Оқибатда қишнинг ярмида сигирга берадиган ҳеч вақо қолмай, уни сотиб юборишга мажбур бўлди. Кўкламда эса икки баравар қимматига бошқасини олди. Сигир боқмайин десанг – яна бўлмаса, қишлоқчилик. Ҳамманинг ўзига яраша мол-ҳоли бор. Илгарилари яхши эди. Ангордаги ғаллани ўриб кетгандан кейин сомони қолар, ҳеч кимнинг иши бўлмас – одамлар хоҳлаганича ташиб оларди. Энди қўриқлагани одам қўйишяпти. Онда-сонда баъзиларни ушлайди, шарманда қилади. Бари бир мол боққандан кейин, емишини таъминлаш керак. Одамлар қўярмиди? Қоровулнинг кўзини шамғалат қилиб, кечаси ташишади. Йўлдош билан Баҳри ҳам шунақа, худонинг эринмаган бандаларидан. Буларнинг чарчамагани! Ҳеч иложи бўлмаса, ярим кечадан кейин чиқишади. Ҳамма донг қотган, ҳеч ким халақит бермайди. Тонг отгунча бемалол уч-тўр қанордан ташиб олишади. Ниёзмат ҳам ўшалардан бир-икки ҳафта жонини койитса, сомонхонаси тўлиб қолади. Кейин қиш бўйи бола-чақаси билан сут ичади, сариёғ ейди. Рост, хотини тўғри айтади.
Қишлоқдан чиқиб, ангор йўлига тушиб олгандан кейин Ниёзматнинг кўнгли яйраб кетди. Ҳаво тоза. Эшагига хала босди. Осмонда юлдузлар чарақлайди. Ой йўқ. Бир ҳисобда шуниси тузук. – Бегона кўздан пана. Қанорини бамайлихотир тўлдириб қайтавериши мумкин. Ана, сомон ғарамлари қўл теккизилмаганича турипти. Шартта-шартта устки похолини очиб ташлайдию, тагидаги қипиғига қанорини тўлдиради. Кейин ғизиллаб изига қайтади. Хотинининг калласи ишлайди. Ҳозир, қизиғида ҳаракат қилиб қолгани маъқул. Ҳамма ёқни тозалаб кетишгандан кейин ғарамнинг жойини хаскаш билан қиртишлаб юрадими?
Ниёзмат йўл четидаги биринчи ғарамнинг олдида эшакдан тушди. Ғарамнинг устини очиб ташлади: Майда сомон! Ниёзмат эшагининг қозиғини қоқиб, қанорга энди сомон солаётганди, катта йўл бўйлаб, чироқларини ёққанча, бир машина кела бошлади. Ниёзматнинг эсхонаси чиқиб кетди: Наҳотки қоровул бўлса? Машинасига босиб олиб кетса-я?! Чироқлар тобора яқинлашиб келарди. – Нима қилиш керак? Кела солиб, судраса, нима дейди? Яширинса-чи? Қаерга? Ғарамнинг ичига кириб кетса бўлади. Эшак-чи? Қанор-чи? Ҳозир етиб келади, ҳозир! Наҳотки қўлга тушди? Йўқ, нега қўрқяпти ўзи? Нима, сомон ташиган битта уми? Ана, Йўлдош билан Баҳри ҳам юрипти. Жуда қўймаса: «одамлар чиқаётган экан, мен ҳам чиқдим», дейди. Улар нима бўлса, Ниёзмат ҳам шу. «Қанақа одамлар?», деб сўраса, икковини кўрсатади. Лекин… лекин чақимчилик бўлмасмикан? Бордию, қўлга тушса, уларни ушлаб бергандан нима фойда? Бари бир жарима солади. Яхшиси, айтмагани маъқул. Қутулиб қолишса – бахтлари, бўлмаса – ўзлари жавоб бераверишсин. Йўқ, ҳеч кимни айтмайди. Чақимчилик … яхши эмас.
Аммо ҳозир бир илож топиш керак…
Машина жуда яқин келиб қолди. Ниёзмат қўрқиб, шоша-пиша қанорнинг устига сомон ташлай бошлади. Қандай бўлмасин, қанорни яшириш керак. Эшак бир гап бўлар. Ҳайдашса, қочиб кетаверади. Ниёзмат кейин ушлаб олаверади. Бироқ эшакдан гумон қилишса-чи? Э-э, далада нима кўп, дайди эшак кўп. Бари бир… гумон қилишса-чи? Ахир эшак эгарланган, қозиғи, арқони бор. Гумонсираб, ғарамни ағдаришса-я! Кейин нима бўлади? – Ниёзмат беҳол тортиб, ўзини ғарамнинг устига ташлади. – Тамом! Қўлга тушди! Энди ҳеч қандай нажот йўқ. Кўз олдига бало-қазодек, хотини келди. Ғавғонинг бари ўшандан чиқди. Тинчгина футбол кўрмоқчи эди. «Ана Йўлдош билан Баҳри кетди, сомонхонасини тўлдирди, биз қуруқ қолдик», деб қақшайвериб, бошини қотирди. «Сигир», деди, «қаймоқ» деди, бало деди, баттар деди. Сигир бўлса, очдан ўлмасди. Бир амаллаб қишдан чиқаришарди. Мана энди… Энди бўлса… Ниёзматни Йўлдош билан Баҳрига тенглаштирадими? Иккови азалдан бунақа ишлардан тап тортмайди. Ниёзмат бир-икки марта яширинча сомон ташиган бўлса экан. Аслида ўзида ҳам айб бор. «Бормайман» деб туриб олса, хотини нима қила оларди? Жавраб-жавраб, охири тинчирди. Ҳа, эр каллани ишлатмагандан кейин, хотинининг йўриғига юравергандан кейин…
Ана! Машина шундоқ ёнига келиб тўхтади. Ичидан кимдир туша бошлади.
Ниёзмат ғарамга кириб кетгудай бўлди. Гўё вужудидаги жон ҳавога учиб кетгану, ўрнида қуруқ танаси қолгандай. У осмонга қаради. Юлдузлар чарақлайди. Боя кўзига ҳаммаси яхши кўринаётганди. Энди худди ундан кулишаётгандай… Энди нима бўлади? Илғор ишчи номи бор эди! Совхоз раҳбарлари мажлисларда унинг номини ҳурмат билан тилга оларди. Қўлга тушгани уларнинг ҳам қулоғига етади. «Яқинда орденга ёзамиз», деб ваъда қилишганди. Ҳаммаси тугади. Бригадир нима деркин? Бошлиқларга ўша айтган эди-да, илғор ишчимиз Ниёзмат ака шу киши бўлади, деб. Энди унга ҳам гап тегади.
Ниёзмат ёнгинасида ғарамни тумшуғи билан титкилаб, тўкилган донларни териб еяётган эшагига гангиб тикилди. Бирдан эшакка аваси келиб кетди. Қани энди, ҳозир эшакка айланиб қолсаю,бемалол сомон чайнаб турса. Келганлар ҳайрон бўлиб қайтиб кетишарди. Кейин Ниёзмат яна ўз ҳолига қайтарди-да, уйига югурарди. Ўунақа югурарди, шунақанги югурардики, сомонининг ҳам, эшагининг ҳам, қанорининг ҳам падарларига минг лаънат! Унга деса, шу далада қолиб, чириб кетмайдими?
— Ака…
Ниёзмат қандайдир овоз қулоғига чалинганидан ҳайрон бўлди. Овозда буйруқ ўрнига илтимос оҳанги кучли эди. Баттар таажжуби ошди. Ахир, енгидан чангаллаб, машинага судрашларини кутганди-да. Бу қанақаси? Ёки қулоғига чалиндими? Ажабмас!
— Ҳў-ўв, ака! – деган илтимосли овоз яна такрорланди.
Ниёзмат хаёлида эмас, чиндан илтимос қилишаётганига ишонч ҳосил қилгандан сўнг секин ўгирилиб қаради. Қаршисида яхши кийинган, галстук таққан бир киши мулойим боқиб турарди.
— Ака, бир илтимос, - деди пўрим киши умид билан. – Самарқанддан кечроқ чиққандик., адашиб қолдик. Музбел қишлоғига боришимиз керак эди. Йўлни кўрсатиб юбора олмайсизми?
Ҳануз ҳушини йиғиб ололмаган Ниёзмат серрайиб ўтирарди. Қаттиқ тортилган асаблари бирдан бўшашиб, вужуди халтадек осилди. Ўтакасини ёриб юбораёзган бу одамнинг башарасига тўйибқараб олгиси, унинг безарар эканига қайта-қайта ишонч ҳосиб қилгиси келарди. Ниёзмат «ҳа» дегандек бош силкиди. «Биламан» демоқчи эди, овози чиқмади, бундан ўзи ҳам ҳайрон бўлди.
Эсини чиқариб юборди-э! Қоровул келди, деб ўтирибди-я! Ўзи, юракдан ҳам берган экан-да. Қоровул бўлганда-чи? Еб қўярмиди? Бунча қўрқмаса? Олса, бир қанор сомон олибди. Ҳамма ёқни сомон босиб ётибди, камайиб қолармиди? Эплаганлар машиналаб ташияпти. Бари бир шунча қўриқлашгани билан сомоннинг ярми далада қолиб, чириб кетади.
Ниёзмат йўловчини жўнатгандан кеин қанорини қайтадан ёзиб, шоша-пиша сомон тиқа бошлади. Бир оздан сўнг тўла қанорларини эшакка ортиб, Йўлдош билан Баҳри ўтишди. Улар йўлнинг ёқаси хавфли эканини, ўтган-кетган кўриб қолишини, шунинг учун ангорнинг ичкарироғига киришни маслаҳат беришди.
— Қоровул йўқми? – сўради Ниёзмат ишдан тўхтамай.
— Ичкарироққа кирсангиз ҳеч ким бўлмайди, - деди Йўлдош.
Ҳа, мана, гап қаерда! Ахмоқ бўлмаса, Ниёзмат катта йўлнинг ёқасидаги ғарамга тегадими? Қанор яримдан ошиб қолган эди. Энди судраш баттар қийин. Яхшиси тезроқ тўлдириб, жўнаш керак. Яна иккита машина ўтадиган бўлса, юраги ёрилиб ўлиши ҳеч гап эмас.
Наридан бери қаппайтирилган қанорни эшакка ортиб, ҳовлиқиб келаркан, ангорга қайтиб кетаётган Йўлдош билан Баҳрини кўрди. Булар чарчамайдиям, қўрқмайдиям! Икковининг сомонхонаси тўлиб кетгандир. Ниёзматнинг сомонхонаси бўм-бўш. Ўтган йили қишда сигирининг шикоятомуз мўнграшларини эсласа, ҳали-ҳали юраги увушади. Минг тўғри бўламан, дегани билан сигир керак, сут керак, сигирга ем-эмиш керак. Манавилар қўрқмасдан ташияпти. Нега у қўрқади? Ҳозиргина икковини қанорларини тўлдириб-тўлдириб кетган эди, яна қайтиб келяпти. Ниёзматники бор-йўғи тўрвадек қанор, шуни ҳам ёлчитиб тўлдиришга юраги дов бермади. Бир-икки ҳафта ғайрат қилса, қишлик сомонни ғамлаб қўяди. Футбол кўраман, деб ётса, ётаверади-да. Футбол сигир бўлармиди. Икки ҳафта томоша кўрмай турса, икки ҳафта сал камроқ ухласа, уч қишда жони тинч бўлади. Бор-йўғи икки ҳафта!
Қанорини бўшатаётганда ҳам Ниёзматнинг хаёлидан шу фикрлар кетмади. Сомонхонанинг бурчаги оқариб қолди. Фонусни кўтариб, ёритиб турган хотини сомонни кўриб, кўзлари яшнаб кетди: «Қипиқ сомон экан, қишда сигирнинг жони киради!»
— Йўлдош билан Баҳри яна кетди, - деди хотини, ҳовлига чиқишганда эрига синовчан тикилиб.
— Эшакни олиб кел, - деб буюрди у, уст-бошини қоқаркан.
Яна бир бориб келса нима қилади? Анча ҳавосини олиб қолди. Энди йўлнинг четроғида юради. Бари бир борса ҳам, бормаса ҳам кун ўтаверади. Шунинг учун яхшиси… Албатта, совхоз сомон беради, бермайди эмас. Лекин ётиб еганга тоғ чидамайди. У сомон бир ойга етмайди. Қолаверса, совхоз Баҳри билан Йўлдошларнинг сарқити – похол сомонни беради. Кейин-чи? Кейин яна сигирни сотадими? Йўқ, ҳозир қийналса қийналар, ҳозир майда сомонни ташигани маъқул. Баҳри билан Йўлдошнинг жони темирдан эмас, улар ҳам чарчаса керак, аммо ташияпти.
Ниёзмат эшакка миндию, яна далага равона бўлди. Энди ўзини босиб, анча дадил тортганди. Бунча қўрқмаса? Нимага анави иккови қўрқмайдию, Ниёзмат қўрқиши керак? Улар нима бўлса, бу ҳам шу!
Ниёзмат уларга яқинроқ жойдаги ғарамни танлади. Ёнида ўзи каби илинж билан юрган одамлар борлигини ҳис қилиб, кўнгли янада хотиржам тортди. Аввалгидек, атрофга қоровулнинг қорасини қидириб эмас, ҳавас билан тикилди. Ҳар ер-ҳар ерда қатор-қатор дўппайган сомон ғарамлари уюлиб ётарди. Шу ғарамларнинг ўнтаси, йўқ, ўн бештаси, йўқ, йигирматаси сомонхонасига бориб қолгандами, Ниёзмат икки йил қўлини совуқ сувга урмасди. Ёки… сигирини иккита қиларди. Сигирларнинг ёнига биттадан тана қўшиб сотиб олса ҳам бўлади. Йигирма ғарам сомон , керак бўлса, ўнта қорамолни бир қишдан чиқаради. Йигирма ғарам сомонга нафақат сомонхонаси, балки бутун ҳовлиси тўлиб кетади. Қани ўшанда ҳам хотини: «Йўлдош билан Баҳри кетяпти», деб чеграйиб кўрсин-чи! Билади нима қиларини! Э, хотин зоти тўярмиди!? Ўшанда ҳам: «Манавилар қатори яна икки марта бориб келсангиз бўлмайдими? Худо билади, келаси йил сомон қанақа бўлади? Борида аракат қилсангиз-чи!», дейди. Ишқилиб, тинчитмайди. Аммо унда Ниёзмат пинагини бузмайди. Бемалол ётаверади.
Ниёзмат катта йўлга қаради. Машиналар ҳамон ўтиб турарди. Ана, иккаласининг қанори тўлай деб қолипти. У шошиб, ғарамнинг похолини ағдардию, майдасини қоплашга тушди.
— Тезроқ тўлдиринг-у, кетинг. Яна чиқсангиз икки соатлардан кейин чиқинг. Анавиларнинг келадиган вақти яқинлашяпти. Улар келса, бир соатча айланишади. Кетса, яна келамиз, - дея огоҳлантирди Йўлдош жўнаётиб.
Бу гапни эшитиб, Ниёзматнинг юраги чиқиб кетай деди. Улар кўздан йўқолгандан кейин кенг далада бир ўзи қолиб, хаёлига ҳар хил фикрлар кела бошлади. Ўзини ўзи чалғитиш мақсадида зўр бериб сомонни қанорга тиқди. Азбаройи ҳовлиққанидан қанор тўлгандан кейин эшагига ортолмай, анча овора бўлди. Қанорни эшакнинг устига ташлаган эди, нариги томонга оғиб кетди. Тутақиб, эшакни бир тепди. Эшак тисарилиб, қанор ағдарилиб тушди. Ниёзмат бир бало қилиб, қанорни ортиб, эшакни ҳам, қанорни ҳам, сомоннни ҳам, Йўлдош билан Баҳрини ҳам, хотинини ҳам аралаш-қуралаш сўкиб, уйига жўнади. Ҳаммаси ана шунда юз берди.
Энди катта йўлдан ўтаётганда ғийқ этиб, олдига бир машина келиб тўхтадию, ичидан бир киши чиқди. Ниёзмат анграйганча тўхтаб қолган, ҳатто қўрқиш хаёлига ҳам келмасди. Фақат вужуди бўшашиб, оёқлари қалтираётганини сезди.
— Ассалому алайкум, ака, - деди қоровул хушмуомалалик билан қўл олиб кўришаркан. – Ҳа? Би-ир чиққан экансиз-да, а?! Исми-фамилиянгиз?
Ниёзмат индамади.
— Исми-фамилиянгизни айтинг деяпман! – деди қоровул товушини баландлатиб.
Ниёзмат ноилож айтди. Айтдию, ўзи ҳайрон қолди. Чунки, мабодо қўлга тушиб қолса, бошқа фамилияни айтишни мўлжаллаб, эҳтиёт шарт уч-тўрттасини ўйлаб қўйганди. Ҳозир бирортаси эсига келмай, ўз фамилиясини айтиб ўтирибди.
— Қачондан бери ташияпсиз? Сомонхонангиз тўлайдеб қолдими? – дея қоровул яна бирдан юмшаб, ошнаси билан суҳбатлашаётгандай сўради.
— Ўзи… бугун чиққандим, иккинчи қанор… шу, - деди Ниёзмат қулт ютиниб.
— Ёлғон гапирманг! – қоровул яна дўқ урди.
— Йўқ, рости билан, ишонмасангиз бориб кўринг, - деди Ниёзмат, юраги така-пука бўлиб. Қоровулнинг гап оҳанги бунчалик тез ўзгаришидан чўчиб қолганди.
— Алдамаяпсизми? – дея қоровул синовчан кўзларини қаттиқ тикди.
— Йўқ! Айтяпман-ку, ишонмасангиз бориб кўринг.
Яна бир-икки ўшқирадиган бўлса, Ниёзмат: «Нима, сомон ташиётган битта менми? Кўзларинг битта мени кўриб қолдими? Ана, Йўлдош билан Баҳри ҳозир ўтиб кетди», дейишга шайланаётганди, яхши ҳам қоровул:
— Қанордаги сомонни тўкинг-да, уйингизга жўнанг. Эртага пунктга боринг, ўша ерда гаплашамиз, - дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди.
Ниёзмат нима қилишини билмай, ҳайрон бўлиб турарди. Дарров машинасига солиб, олиб кетмагани яхшиликнинг аломатими, ёмонликнинг? Бормаса-чи? Йўқ, бўлмайди. Исм-фамилиясини тўғри айтиб қўйди. Бундан ташқари қоровул совхознинг ҳамма одамларини яхши танийди. Исмини билмаса-да, юзидан ажратади. – Ниёзмат ўзини йўлдан урганларни бисотида бор сўкишларга кўмиб ташлади.
Эртасига қоровулнинг буйруғига биноан жарима пулини тўладию, кейин бирдан алам қилиб кетди. Рост-да, Ниёзмат тўрвадек қанор билан қўлга тушиб ўтирсаю, Йўлдош билан Баҳри сомонхонасини тўлдириб, ҳеч нарса кўрмагандек, оппоқ бўлиб юраверишса! Қани адолат?
Эртасига Барлос талатўп бўлиб қолди. Йўлдош билан Баҳрини, яна талай сомон ташиганларни пунктга олиб кетишибди. Ниёзмат кўчадан ўтаётса, ҳамма унга бошқача қарайди. Нафрат биланми-эй, истеҳзо биланми-эй… Ҳайрон бўлиб уйига келса, хотини тўрсайиб ўтирипти. Кейин билса, бутун Барлосда: «Йўлдош билан Баҳрининг устидан Ниёзмат маълумот берган», деган миш-миш тарқапти. Кимдир унинг пунктда ўралашиб юрганини кўрган экан. Одамлар Ниёзмат ҳақида ҳар хил ёмон гапларни айтишаётганмиш: «Бу одамдан қўрқиш керак, эртага бир ёмон кун туғилса, ўз жонини асраб қолиш учун бутун Барлос қишлоғини сотиб юборишдан ҳам тоймайди», дейишаётганмиш.
Ахир у чақимчилик қилгани йўқ. Асли, айтиши керак экан! Ана ундан кейин алам қилмасди. Ким экан уни пунктда кўрган?
Ниёзматнинг мушти тугилиб, кўчага чиқди. Ким бўлмасин, қаерда бўлмасин, ҳозир ўша туҳматчини топадию, ёқасидан олади. Кейин ростини айтиб беришга, бўҳтонини қайтиб олишга мажбур қилади.

— Ҳе онасини… уни!..
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 1612
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 635
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 895
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 799
5 Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov] 772
6 Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov] 628
7 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 656
8 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 594
9 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 734
10 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 660
11 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 647
12 Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 585
13 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 629
14 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 608
15 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 872
16 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 621
17 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 592
18 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 642
19 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 589
20 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 615
21 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 622
22 Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 507
23 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 559
24 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 739
25 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3081
26 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 507
27 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 918
28 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 827
29 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 480
30 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 599
31 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 649
32 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 540
33 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 611
34 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 566
35 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1844
36 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 561
37 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 533
38 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 652
39 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 494
40 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 589
41 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1194
42 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 522
43 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 542
44 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 555
45 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 484
46 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 649
47 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 668
48 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 520
49 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 513
50 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 534
51 Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 535
52 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
53 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 594
54 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 605
55 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
56 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 486
57 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 466
58 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 716
59 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 834
60 Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 579
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 610
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3680
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 534
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 623
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 641
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика