Муножот [Alisher Navoiy]

Муножот [Alisher Navoiy]
Муножот [Alisher Navoiy]
Бисмиллоҳир-Раҳмонир-Раҳим
Зиҳи исминг азим, раҳмонлиғу раҳимлиғинг — вожибут-таъзим. Исм — сенинг исминг ва раҳмонлиқ ва раҳимлиқ — сенинг қисминг, сен — ганж ва офариниш —тилисминг. Исминг жамъи сифоти — асмои ҳусно, раҳмонлиғ ва раҳимлигингға юз минг ҳамду сано. Раҳим ҳам сен, раҳмон ҳам сен, азим ҳам сен, субҳон ҳам сен. Субҳоноллоҳ, не кибриёву азаматдурким, сендин ўзгага вужуд итлоқи бўҳтон ва туҳматдур. Зотинг — қайюми барҳақ, вужудунг боқийи мутлақ. Сендин ўзга мавжуд кўрунганлар намуди бенамуд, балки нобуду номавжуд, вужуд ва мавжуддин сен мақсуд. Таоло шаънука ва амма эҳсонука ва ло илоҳа ғайрука. Ё вадуд ва Маъбуди вожиб ул-вужуд.
ҲАМД. Илоҳи, азамат ва жабарут сенинг шаънингдадур ва мулку малакут — сенинг ҳукму фармонингда, азалиятингға бидоят йўқ ва абадиятингға ҳадду ниҳоят йўқ. Даҳр гулшанида ҳар гиёҳу яфроғ — сенинг ҳамдингға зокир ва сипеҳр анжуманида ҳар ҳарфу авроқ — сенинг неъматингға шокир. Жамолиятинг бўстонида секиз учмоқ—бир райҳони дилнавоз ва жалолиятинг зиндонида етти тамуғ — бир самуми жонгудоз. Ҳашаматинг боргоҳида бир шамма — меҳри мунир ва санъатинг коргоҳида бир лавҳа — сипеҳри асир. Юз бу оламча мавжуд этай десанг, «кун фаякун» иборати анга кофий ва минг ончани маъдум этай десанг, «ҳабоан мансуро» ишорати анга вофий. Ваҳдоният сифатида шарику вазирдин мубарро ва фардоният сийратида волиду валаддин муарро. Илминг дарёсидин ҳар гавҳар нужум дураридин покроқ, мулкунг саҳросидин ҳар лола қуёш машъалидин оташнокроқ. Бемонандлиғингға «лайсака мислиҳи шайъун» гувоҳи содиқ, бепайвандлиғингға «лам ялид ва лам юлад» далили мувофиқ. Ҳар негаким ташбиҳ қилинса ўхшамассен, яхши боқилса ул сандин дурур ва сен ул эмассен. Ҳамдингда такаллум аҳли тили косир, сипосингда мутакаллимлар ажздин мутаҳаййир. Бу бобда «лонуҳси саноан алайка» мазкур бўлур, ҳар неча балоғат лофин урган дам урмаса, маъзур бўлур.
НАЪТ. Улки, «кунту набийян ва Одаму байнал-мои ваттин» мазмуни анбиёга муқаддамдур, «раҳматан лил-оламин ва хотамун набиинин» мантуқи била аларга муаххар ва хотамдур, ҳабиби Ҳазрати Илоҳ Муҳаммад расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васалламдур. Юз йигирма тўрт минг анбиёйи мурсал хилқатидин мурод ул ва барча анга хайл ва ўн секиз минг олам ихтироъидин мақсуд — ул ва офариниш анга туфайл. Нубувват тахтида ҳумоюи фарқи узра тож, анбиёву расул хайлида соҳибмеърож, аввалину охирин халқи анинг шафоатига муҳтож. Буроқи иноят анинг маркаби улви хироми ва Жибрили ҳидоят анинг пайки барқгоми, лайлат ул-меърож анинг шабистони ва «ли маъоллоҳи вақтун» анинг мақоми. «Салавотуллоҳу алайҳи ва ало олиҳит-таййибин ва асҳобиҳит-тоҳирин».
МУНОЖОТ.
Илоҳи, акрам ул-акрамин — сен ва мен — гуноҳкор.
Илоҳи, арҳам ар-роҳимин — сен ва мен тийра-рўзгор.
Илоҳи, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ, аммо сендин ўзга ҳам кишим йўқ.
Илоҳи, йўқ эрдим бор эттинг, тифл эрдим, улуғлар жарғасиға қоттинг, аммо нафсу ҳаво елидин зуҳлум ниҳолин ушоттинг ва офиятим хайлин ёзуқ сипоҳи турктозидин тарқаттинг.
Илоҳи, ёмон афъолимдин паришонлиғнм чўқтур ва шум нафсимда пушаймонлиқ йўқтур, мундоқ балодин қутулурға уммидим сендин-ўқтур.
Илоҳи, ўзлук ёмонлигидин ўзлугум била ўта олмайдурмен ва яхшиларнинг этагин ёмонлиғим уётидин тута олмайдурмен.
Илоҳи, йиллар ибодат қилғонни рад қилсанг, ҳеч ким дахл қила олмас ва қарнлар исён қилғанни қабул қилсанг, ҳикматин ҳеч киши била олмас.
Илоҳи, Одам хилофот тахтининг муставжиби ўзиму бўлди, сенинг тақдиринг бўлмай шайтон мухолифатининг сўзиму бўлди?..
Илоҳи, бергучисен ҳам фисқу фужурни, ҳам зуҳд, ҳам вараъни, аларнинг туҳматин бир неча ожизға боғламоқ не яъни?
Илоҳи, иноятингға уммидворменким, гуноҳим беҳаддур ва раҳматингға сазоворменким, хатову саҳвум беададдур.
Илоҳи, дарди ҳолимни ҳар кимга айтсам, рад қилса, санга таважжуҳ эткаймен ва агар сен рад қилсанг, неткаймен ва кимга кеткаймен?
Илоҳи, сенинг йўлунгда туфроғ етса, тўтиёдур ва кесак йўлуқса, кимёдур, ғайрингдин қизил олтун қора туфроғдек беқадру камбаҳодур.
Илоҳи, ёмонлиғимдин агарчи кўн аламим бор, ғам-хорим сен бўлсанг, не ғамим бор.
Илоҳи, дунё майли риштасин кўнглумдин уз ва нафсоният тийралигида ҳидоят шамъи била ўзунг сори йўл кўргуз.
Илоҳи, ул узун йўл ва қатиғ водийда иноятинг била йўлда ва анинг қатъида аёғим тойилса, дастгирлигинг била қўлда.
Илоҳи, бу йўл сайрида шайтонни теграмга ёвутма, агар ул адув йўл урса зуҳдумдин не келгай, иноятингни ўксутма.
Илоҳи, тақвие берки, нафси ғаддор анга забун бўлсун, вараъе насиб қилки, шайтони нобакор боши анинг аёғида нигун бўлсун.
Илоҳи, ғафлат уйқусидамен, бедор қил ва жаҳолат мастлигидамен, ҳушёр қил.
Илоҳи, ул бедорлиғни огоҳликка еткур ва бу хушёрлиғни беиштибоҳликка уландур.
Илоҳи, душмандур шайтони хийланамой манга ва нафси худройдур корфармой манга, бу варталарда дастгир бўлмасанг, вой манга.
Илоҳи, агар хислатим эгридур, ниятим туздур, бу жиҳатдин агар қўрқунчум бордур, аммо уммедим бирга юздур.
Илоҳи агар афъолимга боқсам, уёт ўлтурур ва сенинг карамингни соғинсам, уммид танимға жон келтурур.
Илоҳи, сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ, сен яхшисен ва мен ёмон. Ҳар кимга ўзига муносибдур қилиғ. Тикан иши санчилмоқ учун, ани куйдурмак муносибдур, баҳор файзи ом учун, анга гул мусоҳибдур.
Илоҳи, туфроғдин эл кўзига тийралик етар ва қуёш ашиъа била олам аҳли кўзин равшан этар.
Илоҳи, чун ҳар не қилилур санга тақдирдур, қилғучиға қилмоқта не тадбирдур.
Илоҳи, тақдир қилғанингни қилурға не ихтиёр, қилмасмен демакка кимнинг ҳадди бор.
Илоҳи, агарчи залолатқа тушубмен, аммо ҳидоятингга талабгормен ва агарчи тамуғ ўтиға тушкали ёвушубмен, аммо раҳматингдин умидвормен.
Илоҳи, умидимни карамингдин маъдум қилма ва раҳматингни халойиққа ом қилғонда мени ҳам маҳрум қилма.
Илоҳи, агар дастгир сен бўлмасанг, асо ҳамону ит ғунжиси ҳамон ва агар пардапўш сен бўлмасанг, ридо ҳамону эшак арғамчиси ҳамон.
Илоҳи, тоатингға ҳавасим бор, аммо нафска забунмен, ибодатингға мултамасим бор, аммо гирифтори ишқу жунунмен.
Илоҳи, лаҳву ҳаво майидин мастмен, ужбу риё жомидин майпарастмен, бу дастовизлар била шайтонға ҳамдастмен.
Илоҳи, париузорларга мени девона қилдинг ва шамъи рухсорларға кўнглумни парвона қилдинг, бу сабаблардин расволиғ била оламға афсона қилдинг.
Илоҳи, неча мусалсал зулф савдосидин бўйнумда занжир бўлғай ва муанбар хол хаёлидин кўнглум асир, санга тақдир бу навъ эрса, манга не тадбир?
Илоҳи, кўнглум кишвари қаро кирпиклар ясоли яғмосидин бузуқтур ва сабрим уйи гулранг узорлар хўйи селидин йиқуқтур.
Илоҳи, ҳар оташин лаъл менинг ўт тушкан жонимдин намудор ва ҳар сероб ғунчада менинг кўп пайкон кўнглум шакли падидор. Бу офатларнинг иложи сенга осондур, менга душвор.
Илоҳи, шўхи чобукларға чевиланда ҳар ён шитоб солурсен ва аларнинг ҳар ён шитобидин менинг ошуфта кўнглумга ҳар дам изтироб солурсен.
Илоҳи, аларға ул шитобдин қарор йўқ ва менга бу изтиробдин ихтиёр йўқ. Аларнинг дилраболиғи ҳам — сендин ва ошуфта кўнглумнинг мубталолиғи ҳам — сендин.
Илоҳи, бирав ҳуснига малоҳат берурсен ва анинг тузин менинг кўнглум жароҳатиға сепурсен.
Илоҳи, бирав мижаси нишин заҳролуд этарсен ва унинг нўгин менинг яралиғ бағримға санчарсен.
Илоҳи, шамъ ҳусни безанмаги ҳам сендин ва парвона жони ўртанмаги ҳам сендин.
Илоҳи, гул узориға дилафрўзлук ҳам сен бердинг ва булбул фиғону зориға жигарсўзлуқ ҳам сен бердинг. Агар қайси шамъи гулрух ишқи ўтинким кўнглумға солдинг, парвона ва булбулдек сабру қароримни олдинг.
Илоҳи, агар ишқ суубатидин базм туздум ва май сели офатидин тақво ва зуҳдум уйин буздум. Ул не май ичмак ва аёғ тутмак эрдиким, аёғ-аёғ қон ютмоқ эрди.
Илоҳи, агар ҳажр шиддатидин туганлар ўртадим, дину ислом мазраъида хирманлар ўртадим.
Илоҳи, ҳар туган саволидин офиятим рухсорин қаро қилдим ва анинг дудидин имоним рўзгорин қаро қилдим.
Илоҳи, агар ҳавасдин бош-аёғ яланг ҳар ён югурдум, бошдин-аёғим ёмон эрканин халойиққа билдурдум.
Илоҳи, агар шавқ жунунидин кўксумга тош урдум, ул тош била нангу номусум шишасин синдурдум.
Илоҳи, гоҳи бу жунундин атфол тошин бошимға ёғдурдум, гоҳи аҳбоб маломати нишин кўнглумга еткурдум.
Илоҳи, қайси исён тийралиғи билаким, офиятим юзи ҳарормади, қайси бедод суубатиким, мен қаро юзлукка бормади.
Илоҳи, йигитлиғим бу навъ ҳам қатиғ ўтти, ҳам ачиғ, қарилиғда юз қатла ўзумни ўлтурсам не асиғ.
Илоҳи, эмди ҳамким, барчадин кечмак хаёлин қилурмен, ўзлугум била кеча олмон, яқин билурмсн.
Илоҳи, андоқки, бу балоларға солдинг, қутқор ва андоқким, бу ибтилоларға киюрдунг, чиқор.
Илоҳи, мен тавба қилдим дегандин не суд, сен тавба бергилки, ҳам Таввобсену ҳам Маъбуд.
Илоҳи, намозеки, эл бўлмағунча қилмағаймен, худнамолиғдур ва ул намоз учун хирқаву ридо худоройлиғдур.
Илоҳи, ул намойишу оройишдин кўнглумни мубарро қилғил ва бу навъ шайтон либосидин пайкаримни муарро этгил.
Илоҳи, тоатқа тавфиқ берсанг, риёдин асра ва ибодатқа йўл кўргузсанг, хатодин асра.
Илоҳи, ул тоатки, ужб келтургай, кўнглумга ёвутма ва ул маъсиятким узрга еткургай, тилимдин йироқ тутма.
Илоҳи, беилож дардга алил қилма ва бемурувват номардга залил қилма.
Илоҳи, беасллар мазаллатидин асра ва бедиёнатлар туҳматидин асра.
Илоҳи, жоҳил суҳбатиға побанд этма ва арозил ҳашматиға ҳожатманд этма.
Илоҳи, носипослар маломатидин йироқ тут ва ҳақшунослар хусусиятидин қироқ тут.
Илоҳи, кўнглумни дарду шавқинг муҳаббати била овут ва кўзумни надомат ашки селоби била равшан тут.
Илоҳи, тилимни неъмати беқиёсингга шокир айла ва кўнглумни ҳамду сипосингга зокир айла.
Илоҳи, қаламимға ҳамдинг рақамиға машғуллук бер ва рақамимға халойиқ кўнглига мақбуллуқ бер.
Илоҳи, замиримға худписандлиғни ёвутма ва хотиримни эл нафъи айбжўлуғиға тутма.
Илоҳи, хаёлимни ниёзу дард аҳлиға мойил тут ва ниёзим кўзин дардмандлар аёғи туфроғи била ёрут.
Илоҳи подшоҳи Исломни муслимин бошиға тутқил бардавом, яъни бандаларнинг устиға кўланкангни қил мустадом, то шоҳу гадоға дуогўйлиқ қилмиш бўлғаймен, вассалом.

Алишер Навоийнинг «Муножот» Асари (Суйима Ғаниева)
«Муножот» ҳақида илк маълумот Огоҳ Сирри Лаванднинг «Туркия китобликлариндаки Навоий ёзмалари» номли «Турк тили аралаштирмалари йиллиги — Бюллетень» (Анқара. 1958) да босилган мақоласида берилган эди. Унда Истанбул. Тўпқопи. Раван кутубхонасидаги Навоий куллиётининг нафис нусхаси (котиби Дарвеш Муҳаммад Тақий, таърихи — 901-902 (1495-96-1496-97) ва Фотиҳ нусха (Сулаймония кутубхонаси)ларида куллиёт аввалидан ўрин олган асар сифатида тавсиф қилинган эди.
1973 йил «Адабий мерос — 3»да Ҳ. Сулаймоннинг «Алишер Навоий куллиёти қўлёзмалари тадқиқотидан» номли мақоласи босилди. Муаллиф Навоийнинг жаҳон кутубхоналарида мавжуд бўлган 8 та мўътабар куллиёти фотонусхалари, уларнинг кўчирилиш тарихи нуқтаи назаридан хронологик тартибдаги мухтасар тавсифини беради. Туркия нусхалари тавсифида эса Огоҳ Сирри Лаванд маълумотларига тўла таянади. Лскин ундан фарқли ўлароқ Ҳ. Сулаймон Дарвеш Муҳаммад Тақий кўчирган нусхани «шоирнинг ўзи тузган куллиёт нусхаси бўлиб, унда куллиёт учун Навоийнинг ўзи ёзган сўзбоши — Муножот бор», — деб ёзади.
Навоийнинг «Муножот» асари Огоҳ Сирри Лаванднинг 1965—68 йиллар мобайнида нашр этдирган «Алишер Навоий» номли 4 жилдли китобининг охирги жилдида эълон қилинган эди. Сўзбошида ношир ёзган эдики: «Муножот мансур ёгариш (дуо, ўтиниш)ларнинг энг гўзалларидандир. Навоийнинг мансур асарлари орасида тил ва услуб боқимидан энг қусурсизи ҳисобланади. Муаллиф «Муножот» Тўпқопи ва Фотиҳ китобхоналаридаги Навоий куллиёти нусхаларининг бошинда ер олмоқдадур», — деб таъкидлайди.
«Муножот» мундарижасидан маълум бўладики. «Куллиёт» учун махсус ёзилган сўзбоши эмас, Навоий «Куллиёт»ини тасниф этар экан, ўзининг бутун ижодиётининг гуманистик моҳияти, дунёвийлик пафоси, ижтимоий, сиёсий ва фалсафий характери, маълум исёнкорлик руҳи, асарларида ўз аксини топган шахсияти, бир сўз билан айттанда, илғор жиҳатлар давр мафкураси нуқтаи назаридан шаккоклик саналган муддаолар бирлашиб шоирда ботиний бир ҳаяжон руҳий изтироблар пайдо қилган ва у Оллоҳ наздида тавба-тазарруъ қилиш эҳтиёжини сезган, десак хато бўлмагай. Лекин буюк даҳонинг Оллоҳдан илтижолари ҳам унинг дунё қарашида ва шахсиятидаги умумбашарий аҳамиятга молик илғор нуқталарни рўйи рост илғаб олиш имкониятини беради.
«Муножот» Муқаддима ва 3 қисм: «Ҳамд», «Наът» ва «Муножот»дан иборат. «Ҳамд» ва «Наът»даги фикрлар Навоий достонлари аввалидаги ҳамд ва наътлардаги қайдлар билан мутлақо ҳамоҳанг бўлиб, Оллоҳнинг буюклиги, азалий ва абадийлиги, ягоналик сифатлари, Муҳаммад пайғамбарнинг таърифини беради. «Муножот» қисми эса бевосита Оллоҳга мурожаат тарзида битилган. Муаллиф ундан афв илтижо қилиб, ўзини гуноҳкор, Оллоҳнинг карамли эканини таъкидлайди ва пантеистик руҳдаги эътирофларга ўтади. Модомики, дейди Навоий, ҳар қандай мавжудот, унинг сифатлари, ҳар бир жонзод, унинг феъл атвори, саъй-ҳаракатлари Оллоҳ томонидан қисмат этилган зкан, «тақдир қилганингни қилурға не ихтиёр, қилмасмен демакка кимнинг ҳадди бор».
Маълумки, Навоий ҳаётининг охирида бирмунча йиллар аввал юраги тубидан ўрин олгав ҳаж сафари иштиёқи яна оловланади. У 905 (1499—1500) йиллар давомида бир неча марта бевосита ва билвосита — яқинлари орқали Ҳусайн Бойқародан ҳаж сафарига изн сўради. Ҳар гал Султон аввалига ижозат берар, лекин дарҳол ўзи шахсан шоир ҳузурига ташриф буюриб, сафарни қолдиришга кўндириб қайтар ёхуд энг нозик дўстларни орага қўйиб шоирни аҳдидан қайтаришга муваффақ бўлар эди. Навоийнинг «Вақфия»да ёзишича, «икки орзу риштасидан (бири ҳаж, иккинчиси — Ижод — С. Ғ.) ўзгаким, гириҳи кўнглум пардасидин ечилмади ва икки мурод ғунчасидин ўзгаким, тугуни жоним гулшанидин очилмади...
Мениким бу савдо низор айлади, Ҳавас илгида беқарор айлади.

Не имонки, топқай қарору сукун,
Бировким, бу фикр этгай они забун».
Бу орзуси рўёбга чиқмаслигига кўзи етган чоғларида Навоий руҳий азоблар гирдобида қолар, ҳар қандай расмий, норасмин давлат юмушларию мадад истаб келувчилардан ғоят толиқар эди, албатта.
«Муножот»даги «Илоҳи, эмди ҳамким, барчадин кечмак хаёлин қилурмен, ўзлугум билан кеча олмон яқин билурмен. Илоҳи, андоққи, бу балоларга солдинг, қутқор ва андоқким, бу ибтилоларга киюрдунг, чиқор», - дея илтижо қилиши шоирнинг юқорида ёдга олинган тушкун кайфиятидан дарак беради. Шу билан бирга ҳаммадан воз кечиш мумкин ва осон, лекин «ўзлуги»дан кечиш мутлақо мумкин эмас, бу аниқ. Бинобарин, «ўзлук«ни муқаддас сақламоққа, уни таҳлика ва лоқайдликлардан халос этмоққа интилиш ниҳоятда зарур, деган шоирнинг юксак эътиқодини юзага чиқаради.
Диққатга сазовори яна шуки, Навоий илтижолари зимнида уни ижодиёти бўйлаб бош хат бўлиб ўтган давр, муҳитга йўналтирилган армон ва ўкинчли мулоҳазаларни уқса бўлади. Шоир илтижоларининг бир неча ўрнида нафсу ҳаво (дунё, бойлик маъносидаги — С. Ғ.) майли, ҳирсу риё кабилардан сақланишда мададкорлик қилишни ўтиниши фикримиз далилидир. Шунингдек, тақво, зуҳд, ибодат сингари барча эл учун зарур бўлган фарзларни бажаришда тавфиқ тилайди: «Илоҳи, тоатқа тавфиқ берсанг риёдан асра ва ибодатқа йўл кўргузсанг хатодин асра», — деб ёзади у. Бу ҳол XV аср фарзанди, тасаввуф таълимотига дахлдор ижодкор учун табиийдир, албатта.
Навоийнинг қатор илтижолари унинг дидактик қарашлари билан боғлиқдир: «Илоҳи, ашёлар (нодўстлар — С. Ғ.) мазаллатидин асра ва бедиёнатлар туҳматидин асра. Илоҳи, жоҳил суҳбатиға побанд этма ва арозил (разиллар — С. Ғ.) қашматиға ҳожатманд этма». Бу илтижолар «Маҳбуб ул-қулуб»даги шоирнинг дидактик ўгитлари, бир қатор «танбеҳ»ларидаги ҳикматли пандлари билан ҳамоҳангдир.
Навоий ўзининг ижтимоий қарашларига оид фикрларини ана шу «Маҳбуб ул-қулуб»да давом этдириб, уларни чуқурлаштирган, янги-янги тушунчалар билан бойитган. Унинг замона тескарилиги, давр кажрафторлиги ҳақидаги ўкинчли нолалари, зулмкорлик, беҳаёликлардан малул бўлган дилидан отилиб чиққан аламли нидолари ўз аксини топган эди: «Давр бевафолари жавридин дод ва даҳр беҳаёлари зулмидин фиғону фарёд. То олам биносидур бу ўтга ҳеч ким менча ўртанмайдур, то бевафолиқ ибтидосидур бу ёлинга ҳеч мендек чурканмайдур. Замон аҳли бевафолигидин кўксумга туганлар ва даврон хайли беҳаёлигидин бағримда тиканлар». Булар «Муножот»даги: «...гоҳи атфол тошин бошимға ёғдурдум, гоҳи аҳбоб маломати нишин кўнглумға еткурдум. Илоҳи, қайси исён тийралиги билаким, офиятим юзи қарормади, қайси бедод суубатиким, мен қаро юзлукка бормади» каби дардли армонларда ўз аксини топгандек кўринади.

Навоий «Илоҳи, замиримга худписандлиғни ёвутма ва хотиримни эл нафъи айбжўлиғиға тутма», — дея илтижо қилар экан, у ўз умри охирига қадар илғор инсонпарварлик заминида ғоят мустаҳкам турганлигидан далолат беради. Хулоса тарзида айтиш керакки, Навоийнинг «Муножот» асари шоир куллиёти учун ёзилган сўзбоши эмас, балки ҳаёти охирида эътиқодлари мустаҳкам, имони комил, ижодда ғоявий ниятлари юксак, ҳаёти ва орзу-умидлари пок ва холислигига ишонса-да, яна бир бор Оллоҳдан нотинч руҳиятига осудалик тилаб, авлодларини маънавий камолотга, эътиқодий устуворликка, ўзлигини қадрлаш ва уни муҳофаза этишга чорлаш мақсадида ёзилган, ўтмишга эмас, келажакка қаратнлгаи дил сўзларидир.
Mualifning boshqa asaralari
1 Mezon ul-Avzon (Tasvirlar) 1179
2 Sab’ai Sayyor (Tasvirlar) 866
3 Arba’in [Alisher Navoiy] 1666
4 Арбаин - 40 четверостиший [Alisher Navoiy] 1509
5 Арбаъин [Alisher Navoiy] 628
6 Афоризмы [Alisher Navoiy] 638
7 Badoyi ul-Bidoya (I- qism) [Alisher Navoiy] 3652
8 Badoyi ul-Bidoya (II- qism) [Alisher Navoiy] 4087
9 Badoyi ul-Vasat (I- qism) [Alisher Navoiy] 3652
10 Badoyi ul-Vasat (II- qism) [Alisher Navoiy] 2043
11 Badoyi ul-Vasat (III- qism) [Alisher Navoiy] 1527
12 Бадойиъ ул-Бидоя (I- қисм) [Alisher Navoiy] 838
13 Бадойиъ ул-Бидоя (II- қисм) [Alisher Navoiy] 1127
14 Бадойиъ ул-Васат (I- қисм) [Alisher Navoiy] 777
15 Бадойиъ ул-Васат (II- қисм) [Alisher Navoiy] 784
16 Бадойиъ ул-Васат (III- қисм) [Alisher Navoiy] 683
17 Farhod va Shirin (I- qism) [Alisher Navoiy] 1310
18 Farhod va Shirin (II- qism) [Alisher Navoiy] 3949
19 Favoid ul-Kibar (I- qism) [Alisher Navoiy] 2731
20 Favoid ul-Kibar (II- qism) [Alisher Navoiy] 1081
21 Favoid ul-Kibar (III- qism) [Alisher Navoiy] 1857
22 Фавоид ул-Кибар (I- қисм) [Alisher Navoiy] 879
23 Фавоид ул-Кибар (II- қисм) [Alisher Navoiy] 776
24 Фавоид ул-Кибар (III- қисм) [Alisher Navoiy] 669
25 Фарҳод ва Ширин (I- қисм) [Alisher Navoiy] 664
26 Фарҳод ва Ширин (II- қисм) [Alisher Navoiy] 1029
27 Hayrat ul-Abror (I- qism) [Alisher Navoiy] 6581
28 Hayrat ul-Abror (II- qism) [Alisher Navoiy] 1611
29 Hayrat ul-Abror (III- qism) [Alisher Navoiy] 1358
30 Holoti Pahlavon Muhammad [Alisher Navoiy] 1680
31 Holoti Sayyid Hasan Ardasher [Alisher Navoiy] 1516
32 Ҳайрат ул-Аброр (I- қисм) [Alisher Navoiy] 922
33 Ҳайрат ул-Аброр (II- қисм) [Alisher Navoiy] 583
34 Ҳайрат ул-Аброр (III- қисм) [Alisher Navoiy] 547
35 Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад [Alisher Navoiy] 529
36 Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер [Alisher Navoiy] 677
37 Layli va Majnun (I- qism) [Alisher Navoiy] 1633
38 Layli va Majnun (II- qism) [Alisher Navoiy] 1564
39 Layli va Majnun (III- qism) [Alisher Navoiy] 4210
40 Lison ut-Tayr (I- qism) [Alisher Navoiy] 5979
41 Lison ut-Tayr (II- qism) [Alisher Navoiy] 825
42 Lison ut-Tayr (III- qism) [Alisher Navoiy] 5112
43 Лайли ва Мажнун (I- қисм) [Alisher Navoiy] 686
44 Лайли ва Мажнун (II- қисм) [Alisher Navoiy] 648
45 Лайли ва Мажнун (III- қисм) [Alisher Navoiy] 829
46 Лисон ут-Тайр (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1001
47 Лисон ут-Тайр (II- қисм) [Alisher Navoiy] 690
48 Лисон ут-Тайр (III- қисм) [Alisher Navoiy] 682
49 Лисон ут-Тайр (Язык птиц) [Alisher Navoiy] 1337
50 Mahbub ul-Qulub [Alisher Navoiy] 1787
51 Majolis un-Nafois (I- qism) [Alisher Navoiy] 1444
52 Majolis un-Nafois (II- qism) [Alisher Navoiy] 1852
53 Mezon ul-Avzon [Alisher Navoiy] 3125
54 Muhokamat ul-Lugʻatayn [Alisher Navoiy] 6684
55 Munojot [Alisher Navoiy] 6671
56 Munshaot (Munojot) [Alisher Navoiy] 1610
57 Мажолис ун-Нафоис (I- қисм) [Alisher Navoiy] 826
58 Мажолис ун-Нафоис (II- қисм) [Alisher Navoiy] 662
59 Маҳбуб ул-Қулуб [Alisher Navoiy] 735
60 Мезон ул-Авзон [Alisher Navoiy] 825
61 Муншаот (Муножот) [Alisher Navoiy] 662
62 Муҳокамат ул-Луғатайн [Alisher Navoiy] 1012
63 Nasoim ul-Muhabbat (I- qism) [Alisher Navoiy] 3516
64 Nasoim ul-Muhabbat (II- qism) [Alisher Navoiy] 1516
65 Nasoim ul-Muhabbat (III- qism) [Alisher Navoiy] 1684
66 Navodir un-Nihoya (I- qism) [Alisher Navoiy] 1962
67 Navodir un-Nihoya (II- qism) [Alisher Navoiy] 1400
68 Navodir un-Nihoya (III- qism) [Alisher Navoiy] 1002
69 Navodir ush-Shabob (I- qism) [Alisher Navoiy] 1814
70 Navodir ush-Shabob (II- qism) [Alisher Navoiy] 1223
71 Navodir ush-Shabob (III- qism) [Alisher Navoiy] 1453
72 Nazm ul-Javohir [Alisher Navoiy] 4128
73 Наводир ун-Ниҳоя (I- қисм) [Alisher Navoiy] 777
74 Наводир ун-Ниҳоя (II- қисм) [Alisher Navoiy] 805
75 Наводир ун-Ниҳоя (III- қисм) [Alisher Navoiy] 696
76 Наводир уш-Шабоб (I- қисм) [Alisher Navoiy] 829
77 Наводир уш-Шабоб (II- қисм) [Alisher Navoiy] 628
78 Наводир уш-Шабоб (III- қисм) [Alisher Navoiy] 705
79 Назм ул-Жавоҳир [Alisher Navoiy] 651
80 Насоим ул-Муҳаббат (I- қисм) [Alisher Navoiy] 938
81 Насоим ул-Муҳаббат (II- қисм) [Alisher Navoiy] 973
82 Насоим ул-Муҳаббат (III- қисм) [Alisher Navoiy] 933
83 Притчи [Alisher Navoiy] 811
84 Qaro koʻzum (I- qism) [Alisher Navoiy] 1860
85 Qaro koʻzum (II- qism) [Alisher Navoiy] 1503
86 Qaro koʻzum (III- qism) [Alisher Navoiy] 1518
87 Қаро кўзум (I- қисм) [Alisher Navoiy] 806
88 Қаро кўзум (II- қисм) [Alisher Navoiy] 750
89 Қаро кўзум (III- қисм) [Alisher Navoiy] 727
90 Risolai tiyr andoxtan [Alisher Navoiy] 1074
91 Рисолаи тийр андохтан [Alisher Navoiy] 556
92 Sabai Sayyor [Alisher Navoiy] 8862
93 Saddi Iskandariy (I- qism) [Alisher Navoiy] 1227
94 Saddi Iskandariy (II- qism) [Alisher Navoiy] 1365
95 Saddi Iskandariy (III- qism) [Alisher Navoiy] 2429
96 Siroj ul-Muslimin [Alisher Navoiy] 2252
97 Сабъаи Сайёр [Alisher Navoiy] 1493
98 Садди Искандарий (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1216
99 Садди Искандарий (II- қисм) [Alisher Navoiy] 877
100 Садди Искандарий (III- қисм) [Alisher Navoiy] 1082
101 Сирож ул-Муслимин [Alisher Navoiy] 655
102 Tarixi anbiyo va hukamo [Alisher Navoiy] 3156
103 Tarixi muluki ajam [Alisher Navoiy] 2342
104 Тарихи анбиё ва ҳукамо [Alisher Navoiy] 730
105 Тарихи мулуки ажам [Alisher Navoiy] 738
106 Vaqfiya [Alisher Navoiy] 3068
107 Вақфия [Alisher Navoiy] 657
108 Xamsat ul-Mutahayyirin [Alisher Navoiy] 1900
109 Xамсат ул-Мутаҳаййирин [Alisher Navoiy] 745
110 Gʻaroyib us-Sigʻar (I- qism) [Alisher Navoiy] 5967
111 Gʻaroyib us-Sigʻar (II- qism) [Alisher Navoiy] 1912
112 Gʻaroyib us-Sigʻar (III- qism) [Alisher Navoiy] 2781
113 Ғаройиб ус-Сиғар (I- қисм) [Alisher Navoiy] 1266
114 Ғаройиб ус-Сиғар (II- қисм) [Alisher Navoiy] 648
115 Ғаройиб ус-Сиғар (III- қисм) [Alisher Navoiy] 1011
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика