Иблиснинг қайтиши (ҳикоя) [Farid Usmon]

Иблиснинг қайтиши (ҳикоя) [Farid Usmon]
Иблиснинг қайтиши (ҳикоя) [Farid Usmon]
Ўша воқеага ҳам мана юз йилдан ўтибди. Айтишга осон. Коинот учун бир дақиқадай кечган бўлсада, инсоният кўп-азоб уқубатларни бошидан ўтказган давр...
Иблис бундан юз йил аввал Максим Горькийнинг «Ҳаётнинг хўжайинлари» номли ҳикоясида келган эди. Унда «юр мен билан» деб одамга мурожаат қилган ва унга «ҳақиқат манбаалари»ни кўрсатмоқчи бўлган. Икковлари Одам ва Иблис қабристон томон секин-аста суҳбатлашиб қадам босишган эди. Шунда Иблис Одамга қабрлар оралаб боришаркан қўрқинчли зулмат бир кечада «Оёқларинг остида сени ўз измида сақлаётган қонунларининг ижодкорлари ётибди» деб қонун яратувчилар албатта бир кун бир уюм тупроқ остига боришига ишора қилган эди. Аслида шундай. Бу ҳақиқат. Қонун яратувчилар ҳам, қонунга бўйин эгувчи- бажарувчи ундан жабрланувчилар ҳам бир кунмас бир кун бир уюм тупроқ остига боришлиги бор гап.
Гап бунда эмас. Гап бошқа тарафда. Гап ана шу оралиқ масофада бўлиб ўтган воқеалар ҳақида. Иблис шу оралиқ масофадаги воқеалар тўғрисида фикр этиб кўрганми йўқми, бизга номаълум. Лекин битта нарса аниқ: у ҳам бўлса Иблиснинг энди қабристонга эмас, қоронғу тунда эмас, кўркам бир шаҳарга қуёш чарақлаб турган ёп-ёруғ кунда келиши эди.
Гап шу ерда тўхтаб турсинда, биз энди Максим Горкий ўз ҳикоясида олға сурган эзгу ғоя инсоният учун порлоқ бўлган келажак орзуси билан эмас, 20 асрнинг 17 йилида амалга ошган буюк инқилоб ва унинг салбий ҳам ижобий томонлари ва ҳалокати ҳақида имкон даражасида қисқа, ниҳоятда қисқа тўхталиб ўтишга уриниб кўрайлик. Сабаби, ҳар қандай каттами, кичикми ҳар бир асарда албатта бирор бир ғоя илгари сурилади. Биз шу ғояни англаб олишга ўқитувчимизга кўмаклашмоқчимиз холос. 20 асрнинг 17 йилида яланг оёқлар ҳукумати қарор топди, бошқариш гўё битта шахс қўлига эмас, кўпчилик ҳукмида бўлди. Аммо бари бир бу бошқариш бошида битта одам турди. Яланг оёқлар яъни камбағаллар учун «коммунизм» фаровон ҳаёт қуриш харакати бошланди. Бу орада бойлиги қўлдан кетган бойларнинг болалари ўша бошқарув тизимига аста-секин кириб боришди. Коммунизмдан эса ҳамон дарак бўлмади. Гўё коммунизм совет учун душман бўлган давлатлар бағрида ялт-юлт қилиб етилиб бормоқда эди. У аслида ичида бари бир жирканч манзара бўлсада советчилар кўзини қамаштира бошлаганди. Шундан фойдаланиб ҳалиги бойларнинг болалари ҳам мулк умумники эмас, хусусий бўлгани яхши бўларкан, хусусийлик яхши экан деган «виси-виси» гапларни чиқара бошладилар. Ички ғоявий инқирозлар, курашлар қон тўкилмасдан олиб борилган «жанглар» ўз самарасини берди. Инқилоб-қизил инқилоб меваси бўлган яланг оёқлар - камбағаллар давлатидаги бошқарув тизими юз йилга ҳам етиб етмай ҳалокатга юз тутди. «Инсон номи мағрур жаранглар» деган шиорни юқори кўтарган тузум бори йўғи 80 йил атрофида умр кўрди. Ниҳоят ўлди. Ўрнига яна «инсон хор-зор - инсон азиз» ақидасига муте бўлган жамият жуда кўп йиллар, тўғрироғи асрлар ҳукмронлик қилган бу тузум, камбағаллар тузумини бир асрча ҳам яшатмасдан кетига бир тепди. «Биз» деди, у. «Биз ҳукмронлик қиламиз». Фурсат етиб келди. «Инсон хор-зор - инсон азиз бўлиб яшайди», деди у. Ана шу ақидалар амалга оша бошлаган, одамлар бойга, камбағалга ажралаётган бир жараёнда Максим Горкийнинг Иблиси ҳам юз йилдан кейин сиз биз яшаб турган бу замонларга қайтиб келди. У қоронғу қўрқинчли склетлар қабрлар устига шарақлаб чиққан шамол увиллаётган зулмат бағридаги қабристонга эмас, куппа-кундузи, ёп-ёруғ кунда, қуёш чароғон нур сочаётган бир дамларда кўркам бир гўзал шаҳарга қайтди. Балки унинг келиши тасодиф эмас, заруратдир, балки тасодифдир. Ким билади дейсиз. Нима бўлса ҳам у қайтиб келди. Бутун бир империя емирилиб, халқларни қаттиқ исканжа ичида ушлаб турган бутун ер юзини советлаштирамиз деб ният қилган, лекин бу ниятини «Худо ҳоҳласа» каломи билан бошламаган тизим Аллоҳнинг иродаси билан бирдан чил-чил бўлиб кетганда, ҳамма мустақил давлатларнинг ўз хону беклари давлат деган тойчоқни, амалдорлари белига эгар уриб урмай миниб олишган бир пайтда қайтиб келди. У қайтиб келганда бу янги давлатларнинг янги хону беклари «адолат биз тарафда, биз адолатмиз» дея аюҳаннос солаётган бир фурсат эди. Ғалати дақиқалар эди. Сиёсий, иқтисодий жараёнлар ажиб бир кечмишлар содир бўлаётганди. Ер юзидаги бани инсоният янги асрнинг яна бир янги шиддатли ва сирли алғов-далғов ҳолатларини бошидан кечираётган эди. Фитнаю, фужурлар, сиёсий иқтисодий найранглар макр-хийлалар ҳамма ҳаммаси на фақат оддий фуқаролар балки улкан давлат арбоблари орасида ҳам авж олган дамлар кун ва тунга эш эди. Қуёш кундуз устидан нур сочарди. Ой ўз фурсатларида тун бағрини порлоқ айлаб турарди.
У ғалати бир қиёфада қайтиб келди. Аллоҳ яратгандан буён минг йиллардан бери у яшаб келаётган бўлсада ҳали тетик, шу билан бирга кўринишида кексайиш аломатлари зоҳир бўла бошлаганди. Паҳмоқ, тўмтоқ соқолларида оқ кўринмасди. Лекин жодугарнинг супургисидек дағал. Важоҳатида эса ўша эски хотиржамлик. Чақнаб турган кўзлари сирли донишмандликни ифодалагандай белгиларга эга эсада ёниб турарди. Бесўнақай гавдаси қадам ташлаганда гоҳ у ён, гоҳ буён чайқалиб кетарди. Ботиқ кўзлари ўрнашган ҳам нуроний ҳам ажал шарпаси сезилиб турган юзларидан ҳеч қандай маънони уқиб бўлмасди унинг. У шундай қиёфада эди.
Яна шуни айтиш керакки, у қайтиб келган бу фурсатлар тараққиёт чўққисига чиқа борганлигиданми инсониятга ростгўйлик қаерда дейсиз, ёлғон аллақачон эш бўлиб бўлган эди. Инсоният яралгандан бери эзгуликка интилганига қарамай аллақачон разолатга ботаётган унинг маънавий қиёфасида тубанлашиш авжга чиқа борганди. Ер юзига одам билан ёнма-ён бўлиб олган барча қусурлар тўлиб тошмоқда эди. Бир-бирини алдаш дейсизми, порахўрлик, таъма, ўз ўзини кўз-кўз қилиш, кибр, ичи қоралик каби қўйингки барча иллатлар унга янада қадрдон бўлиб улгурган эди. Буни Иблис биларди. Баъзиларини билмасди ҳам. Чунки одам Иблисга дарс беришга етай-этай деб қолган даврлар эди. Инсоният ана шуни бошидан кечираётган эди.
Куппа-кундузи чароғон кунда кўркам шаҳарга ташриф буюраркан ўйлади. «Мана шундай қиёфада қадам ранжида қиляпман қандай бўларкин-а? Кўринишим аянчли, йўқ тўғрироғи, қўрқинчли бўлса. Куппа-кундузида мени шу ҳолда кўришса, нима деган бўламан, ахир? Йўқ, одамларга бундай кўриниб бўлмайди. Нима қилсам экан? Ҳа, топдим. А.Н қиёфасига кираймикин. Ёки қориндор Ш.Н. бўлаймикин. А.Н. бўлсам кўзларим кўкиш бўлиши керак. Яхшиси Қ.О бўлганим яхши. Унча эътибор тортмайман.
Иблис шаҳарда парроз уриб юрган таниқли кишилар қиёфасига кириб олишни ва ўша одамлар бўлиб олиб одамлар орасига қўшилиб кетишни хаёлларди. Шундай қилса у одамлар ичига кириб олади. Ўшанда қабристонда Одамни етаклаб юриб кўрсатган одамлари ҳаётда нима қилаётганликларини яна бир кўриб олади. Улар орасида яхшилари борлигини у яхши билади. Лекин минг афсуски улар озчилик.
У шуларни хаёллар экан яна ўйланиб қолди. Одамлар қиёфасига кирса иккита бўлиб қоладику. Масалан: Ш.И. қиёфасига кирса Ш.И. иккита. Айтайлик мажлисда иккита Ш.И. кўзга ташланса борми. Кўринг томошани. Ҳамма қўлини бигиз қилиб уввос солишиб юборадику. Ана масхарабозлигу мана масхарабозлик. Бу билан у ўзини фош қилиб қўйган бўлади. Яхшиси... Яхшиси бошқа йўлини топгани маъқул.
Яна ўйлай кетди. Нима қилиш керак? Иблис вазиятдан чиқиш кераклиги учун яна миясини тузукроқ ишлата бошлади. «Эй Аллоҳ» деди у пичирлаб. «Ўзинг мадад бер». Ўзинг қудратли, ўзинг қодирсан. Бандаларинг олди-да шарманда қилмагин мени. Ахир мен ҳам сенинг бир мўъжизангман... Ўзинг яратгансан. Ўзинг шу йўлларга бошлаяпсан. Энди яна ўзинг йўл кўрсат...
У шундай деб фикрга толдию, миясига келган бир ўйдан қувониб кетди. Ҳа,- деди у. Шундай қилинса яхши бўлади. Шу йўли яхши. Инглиз ёзувчиси Герберт Уелсснинг «Кўринмас одам» асаридаги қаҳрамон қиёфасига киргани маъқул. Кўринмайди, одамлар ичига кириб юраверади. Уни ҳеч ким кўра олмайди. Фақат шарпа бўлиб қолади холос. Шарпа ҳоҳлаган жойида, ҳоҳлаган ерида изғиши мумкин. Ҳеч ким кўрмайди. Фақат шип-шипию, вис-виси сезилиши мумкин. Буни фақат ҳушёр кимсалар билиб олади. Ўшанда ҳам диққат билан эътибор қилсалар. Аммо бир жонивор бор. Бу ит. Ҳар қандай шарпани одамдан аввал билади. Масаланинг мана шу томони чигалроқ. Итнинг шарпани тез билиши эса унинг бор хатти-харакатига кушанда бўлиши турган гап.
Иблис шуларни ўйларкан кўз олдида қоп-қора тусли бўлиқ бир кўппак гавдаланади. У Иблисга қараб гўё жон жаҳди билан акилларди. Иблис кўринмасдию ит унинг шарпасини сезиб шарпасига тикилганча ерни орқа оёқлари билан таталаган ҳолда бабалаб хурарди.
Бу манзара Иблисга бошқа бир воқеани эслатди. Ўшанда Аллоҳ Таоло Одамни фаришталар ва Иблис гувоҳлигида яратганди. Шунда Иблис фаришталардан сўраганди: «Худо Таоло мана Одамни яратиб қўйди. Энди уни биздан улуғ қилса нима қиласизлар? Шунда фаришталар «Худо Таоло нимани буюрса шуни қиламиз» дейишганди.
Фаришталарнинг бу гапи унга маъқул келмаган. У ғашланган. У Одамнинг кўринишига қараб туриб «мен келиб келиб шунга бўйин эгаманми? Уни ўлдираман» деганда «чирт» эткизиб ерда чўзилиб ётган Одамга қараб тупураркан. Тупургиси Одамнинг қорнига тушганди. Буни кўриб турган Аллоҳ Таоло Жаброил алайҳиссаломни чақириб. «Лаъиннинг тупургисини олиб ташла», деб амр қилган. Жаброил алайҳиссалом тупургини олиб ташлаган. Унинг қўли теккан ер Инсонга киндик бўлиб қолган. Лаъин тупуги тушган тупроқдан эса Парвардигор Эгам итни яратгандилар».
У шуларни ўйларкан хаёлида унга қараб аккиллаётган кўппакни масхаралагандай кулимсираб қўйди. Ҳали шундай ҳодиса содир бўлиши мумкин дея фикрланди. Нима бўлса ҳам кўринмаслик йўлини тутгани яхши. Инсоният орасида ортиқча шов-шув бўлмайди. Минг йиллардан бери коинот ичра судралиб юрган унинг бесўнақай гавдаси одамларда қўрқув дейишадими, ваҳима дейишадими уйғотмайди. Бари пинҳона, хамирдан қил суғургандек силлиқ содир бўлади қолади.
Шуларни фикрлаб борар экан атрофга назар солди. Ҳамма ёқ саранжом-саришта эди. Чиннидек ярқираб кўзга ташланаётган шаҳарда осойишталик ҳукм сурмоқда гўё. Одамлар ўзи билан ўзи овора. Ҳаракат бир маромда давом этаётгандай. Тараққиёт белгиси бўлган жами техник воситалар инсон хизматида. Лекин ер юзидаги инсоният ҳаёти ҳамма жойда теп-текис эмаслиги сезилиб турарди. Аллоҳ инсонга барча неъматларни яратиб қўйиб «мана сизларга ҳамма нарсани бердим, энг аввало ақлни бердим, шу ақл билан тенг тотувликда яшанглар» деган бўлса ҳам инсон ўзидан келиб чиқиб нотекис ҳаёт тарзини кечираётганлиги инсон кўринишдан хотиржам умргузаронлик қилаётган бўлсада аслида унинг ҳаётида ички бир бузилиш борлиги Иблиснинг дилини хира қиларди. Уни изтиробга солаётган нарса кейинги маълумотларга қараганда бутун дунёда ўта қашшоқлар сони ҳануз миллиарддан ошиқ бўлса ошиқлигию камаймаётганлиги эди. Ўртача қашшоқлар сони эса ҳамон икки ярим миллиарднинг тепасида. Бу дегани Одам ҳамон ақлли, илмли бўлгани билан найрангу фириблар уммонида шоду хуррамлик билан яйраб яшнаб сузиб юрганлигидир. Одамзод бундан қутилиши мумкин, лекин ҳоҳламайди. Одил ҳакам бўлган Худо Таолонинг барча тўғри йўлларидан билиб турган ҳолда четга чиқади. Яна қилғилиқларни қилиб қўйиб менга тўнкайдилар...
У мулоҳазалар гирдобига ғарқ бўлди. Мийиғида кулимсиради. Унинг бу кулимсираши «Шайтон йўлдан оздирди», «Шайтоннинг гапига кирибман», «Шайтонга ўхшайдия», «Шайтонлик қилма», деган гапларни ҳар куни ҳар дақиқа инсоннинг оғзидан чиқаётгалигига гувоҳлиги эди. У бу гапларни деярли тўхтовсиз эшитарди. Унинг қулоғи остида бу калималар беаёв янграб турарди. Инсон қилғиликни қилаверарди, қилаверарди. Гуноҳи азимларни қила-қила яна «Аллоҳ ўзи кечиради» дейишганларичи. Тўғри, Аллоҳ ўзи кечирувчан зот. У кечиради. Лекин одам ўз гуноҳларини унинг кечиришига ҳавола қилишнинг ўрнига шу гуноҳларни қилмай қўйса бўлмасмикан...
Яна Худо Таоло буюк бебаҳо дастури билан яратиб қўйган ер, сув, ҳавога ва барча инсон учун яратилган нарсаларга хўжайинлик қилиши-чи? Бунисига нима дейиш мумкин. Бу ку майли. Аллоҳ «Мен сизларни битта Одам Ато, Момо Ҳаводан битта ирқдан яратдим ўзбошимчалик қилиб ўзларингиз бўлиниб олдиларингиз», деганларини инсоният яралгандан бери англай олмай келаяптику. Бунисига нима дейиш жоиз...
Булар ҳақида гапириладиган бўлинса сўз ожизлик қилади. Ҳа, сўз етмай қолади. Рост Аллоҳ Таоло ўзи раҳмдил ўзи меҳрибон. Шу билан бирга қаҳри ҳам қаттиқ. Бу қиёмат кунининг борлигидан. Бу унинг ўзига аён.
Иблис атрофининг осудалигига назар солиб борар экан одамзоднинг кейинги юз йилликлардаги барча фирибларидан бири яна битта фириби ўта ҳайратомузлигидан ғашланди. Бу фириб ўтган асрнинг охирларида ҳув анави олисдан унга хира сариқ рангда кўриниб турган Америка деб аталган жойда илмий далилланган Вич-СПИД найрангги эди. Инсон маймундан яралган деган гапни қандай бемаъни тарқатишган бўлсалар, улар буни ҳам қайсидир жойдаги қандайдир маймундан юққан дея худди шундай ҳуда-беҳуда аюҳаннос солиб келишмоқда. Ваҳолангки инсоннинг иммуитет танқислиги деб аталган вируснинг ҳали ўзи йўқ. Унинг кашфиётчилари франтсиялик, америкалик деб айтилгани билан бу тўқилган ўйлаб топилган вирусга қарши вактсина яратилмаяпти. Бўлмаса бу соҳада аллақачон Нобел мукофотини оладиганлар чиқиб қолган бўлармиди?!!
У келмоқда эди. Куппа кундузи келаётган эди. Қуёш чароғон нурларини кенг оламга ёйиб ташлаган бўлса ҳам мовий бепоён осмон бағрида онда-сонда улкан улкан оппоқ булутлар енгил елаётган шамол оғушида мазза қилиб сузиб юришибди. Илоҳий дастурнинг ҳукми билан бўлаётган бу ҳаракатларда ажиб бир гўзаллик яширинган. Бу Яратганнинг ўзи севган гўзаллик эди. Шунга қарама-қарши ўлароқ ҳикояда айтилганидек разолат ва каззобликнинг уруғлари ерда аллақачон баракали ҳосил бериб улгурган эди.
Кўркам шаҳардаги улкан ва гўзал бинолар ана шу хирмоннинг кўзга ташланиб турган энг сўнгги ҳосилаларидан бири эди.
Ўшанда кеч куз эди. Ҳозиргидек баҳор эмасди. Ҳозиргидек яшнаган шаҳар эмасди. Ютоққан тамшаиб турган янги-янги овқатларга очиққан ўлик япроқларни ютаётган қалбларга қўрқув солувчи қоп-қоронғи қабристон замини эди. Ёнида одам бор эди... Энди эса ўзи танҳо ташриф буюрмоқда кўҳна ва ҳамиша навқирон замин саҳнига. Ўз-ўзини ўз измида сақловчи қонунларни яратувчилар бу ерда қаро ер бағрида эмас эди. Устида шоду хуррам ўйнаб юришибди. Бойиш, бойлик орттириш мулк эгаси бўлиш учун фитна фасотларни ўйлаб топишмоқда, ҳайбатли иморатлар қуришаётган бўлсада кечаю кундуз айш-ишратда (албатта ўз қавмдошлари ҳисобига) ҳаёт ўтказишади ҳамда нимадир етишмаётгандай беором ва бесаранжон кўзга ташланадилар...
Бундан ташқари қирғин-баротчилик ҳодисалари-чи!! Булар ҳақида соатлаб ўйлаш, соатлаб гапириш мумкин. Ҳў-ҳў! Даҳшат. Ҳа, даҳшат...
У чуқур энтикди. Оғир хўрсинганидан кўкраги паст-баланд бўлиб кетди. Худди ер қаттиқ қимирлаб силкинганида дов-дарахтлар шитирлаб шовуллашга ўхшаш ғалати ваҳимали товуш чиқиб кетгандай бир шовуллаш унинг кўксидан отилиб чиқди. Унинг бу энтикишидан сезиш мумкин эдики, кайфияти бузилган эди. У шу лаҳзада Герберт Уелсснинг «Кўринмас одам» асаридаги кўримас одам қиёфасига кириб олиш фикридан ҳам қайтган эди.
«Ашаддий каззобликнинг ботқоғига ботганлар», деди Иблис пичирлаб қуёшни қутлашни унутиб қўйган, фақат нон исташ илинжига дучор бўлиб қолган бир талай шарпасимонларга назар ташларкан. Шу пайт кўзи бўйни чўзиқ, ингичка гавдали қачонлардир худосиз бўлган бани бандаларни худосизликка даъват этган эндиликда эса Аллоҳ олдида содир этган гуноҳларини ювиш учун тириш, ғижимлаб ташланган юзларини аллақачон бошқасига алмаштириб олган профессорга кўзи тушиб қолди. «Ҳой профессор» дегиси келди-ю, тўхта деди ўзига ўзи. Сигарет тутатиб, гоҳ гоҳ ароқ ичиб, гап сотиб юрган бу бадбўй одам қиёфасидаги маҳлуқдан нима нидо чиқарди ўйлади у. Кейин бундан юз йил аввал келганда одамга айтиб берган гаплари эсига тушди. Шунда у – Кўрдингми,- деб гап бошлаганди. Ҳамма аҳмақона тўпаланглар содда каззоблик ва илашувчи разолатнинг бепанд, заҳарли, ёпишқоқ замини устига ҳаёт қонунларининг тор ва қоронғу биноси ўликлар сизларнинг ҳаммаларингизни қўйдек қамаган қафас қурилган... Ялқовлик ва ўйлашдан қўрқиш сизларнинг қамоқхонангизни маҳкам сиқиб чирмаб туради. Ҳаётингизнинг асл хўжайинлари доимо ўликлар, гарчанд сени тирик одамлар бошқарсалар ҳам уларга ўликлар илҳом беради. Дунёвий ҳикматларнинг манбаалари қабрлардир...
Иблис ўшанда одамга яшил кўзларини қадаб туриб кўп гапларни айтган эди. Анави профессор албатта бу ҳикматларнинг моҳиятини англаб етиб бўлибди. У замондошларига ўхшаб енгил-элпи, майда-чуйда мулоҳазалардан нарига ўтолмайди. Шунинг учун ҳам дам худосиз, дам художўй бўлиб юрибди.
Профессордан нигоҳини узиб олиб сал тепароқдан осмонўпар квадрат шаклдаги иморатларга қаради. Қуриқлик бағрида ўзларича қуриб олганлари бу кошоналарда худди мидир-мидир қилиб чумолиларга ўхшаш майда-майда юрган одамларни кўргандай бўлди. «Разолат ер юзида улғаймоқда» деб ўйланиб қолди. «Инсоният қачонлардир умри қисқа бўлса ҳам соғлом эди. Энди эса умри узайиб борган сари мажруҳланиб бормоқда. Хасталик белгилари авж олмоқда. Айниқса, маънавий қиёфасида. Миллий зулмларнинг кучайиши шундан, жабр жафоларнинг авж олиб кетишига кенг йўл очилиб кетди энди...
Оғир бу фикрлардан бошини енгиллатмоқчи бўлдими сарак-сарак қилди. Калласи икки томонга бориб келганда ҳавода ғувиллаган товуш пайдо бўлди. Гўё бўшлиқ кенг коинот оғушида шамол увиллар эди. Қуёш чарақлаб турган куппа-кундузида содир бўлган бу ҳодиса ғайри табиий эди.
Ғувиллаган товуш тингандан кейин Иблис чуқур хўрсинди. Унда бундан юз йил аввал замин сари ташриф буюрга бўлсада бу сафарги келишидан бари-бир норози бир кайфият пайдо бўлган эди. Сабаби, унга ўша пайтдаги зулмат тун билан ҳозирги чароғон кундуз ўртасида унча фарқ йўқдай, ўша ҳаётнинг хўжайинлари жам бўлган қабристон билан мана шу яшнаб турган кўркам шаҳар орасидаги тафовут кўп ҳам билинмаётгадай эди. Шунинг учун ҳозир ортига қайтиб кетишни ўйларди. У шуларни ўйларкан кеч кириб қолганини ҳам сезмай қолганидан афсусланди. Ҳали замон қоронғи тушиб қоладиган бўлса шаҳар чироқлари бир зумда парпираб ёниб кетиши мумкин. Лекин бу чироқлар ортида узала тушиб ётган зулмат деб номланган тун унга яна ўша ташриф буюргани Одам билан бир лаҳза суҳбат қурган қабристонни эслатиши турган гап эди.
У борлиққа тикилиб турди. У ҳозир кўринишдан ташқарида тургандай бўлсада аслида Аллоҳнинг иродаси билан инсоннинг қонида макон топганидан мамнун эди. Шунинг учун яна бир яратганга шукроналар келтиради. Шунинг учун секин ва беихтиёр «Омонно ва Соддоқио» (инондик ва сен ҳақсан) дея пичирлади. Бир оз ўтар ўтмас ушбу муқаддас ояти калимани такрорлади. «Субҳоналлаззий халақал азважа куллано миммо тинбитул арзу ва мин анфусиҳим ва миммо ло яъламун». (Ёсин сураси 36-сура, 36 оят). Ҳа, деди ўзига ўзи. Аллоҳ пок зотдир. Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсонлардан пок зотдир. Кейин шундай кунлар келадики дея фикрлади у. Аллоҳнинг барча буюрилган ҳукмлари бани башариятни боши берк кўчалардан ёруғ нурли гулшанларга олиб чиқажакдир. Олам омон экан шундай бўлажакдир.
Лекин дея яна фикрлай кетди у. Инсон фитналарга боши билан ғарқ бўлганига нима дейиш мумкин. Мана, яқин ўтган йил мавсумларида ўша юз йил аввал келганида фитначилар қатор фитначилар барпо қилишиб одамлар бошига не-не кулфатларни келтирмадилар. Уларнинг ўйлаб топган фитналари у бундан минг йил авваллари одамлар одилликка интилган замонда ҳам мурдатлар томонидан қўлланилган эдику. Подшоҳлар олдида ҳурмат ва эътибор топиб кейинроқ пайғамбарликка даъво қилганлари қанча эди. Улар ер тагидан йўл қаздириб ҳуфия ҳолда оташхона ясаганлар. Аллоҳ Азза ва Жалладан оловга фармон беряпти деб подшоҳларни лақиллатганлар, мол-мулк ва хотинлар ҳам ҳамманики, умумники бўлиши керак деган сиёсатни юргизишга ҳаракат қилганлар. Ақл ва тадбир билан бу балолардан мамлакатни, халқни сақлаб қолганлар ҳам бўлганлар. Заминда содир бўлган бу воқеалар кейинчалик ер юзининг бошқа нуқталарида такрорланганига у ҳали ҳеч тушунолмаяпти. Тушунолмаса ҳам керак...
Иблиснинг боши оғирлашди. Бу ўйлар уни толиқтирган эди. У хаёлан юз йилликка қайтган бўлсада одамнинг қонида қафасда эди. Йўқ зулм берувчи қафас эмас, ҳузур-ҳаловат маскани унинг учун жаннат макон бўлган вужуд ичра эди...
У ғарбга қараб учмади. Чунки унинг темир қанотлари йўқ эди. У хаёлланди: ўз эътиқодларига ўз орзуларига онгли равишда хиёнат қилиб ашаддий каззобликнинг ботқоғига ботаётганларга нима ҳам дейиш мумкин... Кейин, кейин ўша ҳикояда айтгани гапни яна бир бор такрорлади:

— Мен ҳам иштиёқларимнинг йўлидан ажойиб имкониятларнинг иқболига борай...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика