Атиргулнинг тикони (ҳикоя) [Gabriel Garsia Markes] |
Кечга яқин чегарага яқинлашганларида Нена Даконте никоҳ узуги та-қилган бармоғидан ҳамон қон томчилаётганини кўрди. Кигизранг ёмғирпўш кийган испан жандарми карбид чироғини тутиб уларнинг паспортини узоқ кўздан кечирди. Пиреней тоғларидан эсаётган кучли шамол уни учириб кетаман дерди. Гарчи иккала паспорт ҳам дипломатик мақомга эга бўлса-да, жандарм чироқ нурини ҳужжатлардаги суратдан узиб, буларнинг юзига тутди. Балоғатга етиб-этмаган, кўзлари маъсум, рутубатли январ оқшомида шинниранг юзида Кариб офтоби жилва қилиб турган Нена Даконте паҳмоқ пўстинга томоғигача ўраниб ўтирарди. Бунақа пўстинни харид қилишга чегарадаги бутун бошли гарнизоннинг бир йиллик маоши ҳам етмайди. Эгнига катак-катак камзул, бошига бейсбол қалпоқчаси кийволиб рулда ўтирган эри Билли Санчес де Авила ундан бир ёш кичик, аммо худди унинг ўзидай хушрўй эди, фақат олдинга туртиб чиққан заранг ияги кўринишдан ёқимтой каллакесарни ёдга соларди. Хотинидан фарқли ўлароқ, у бўйчан ва дуркунроқ эди. Уларнинг жамиятдаги ўрнини кўз-кўз қилиб турган яна бир унсур бу жойларда камдан-кам учрайдиган ҳашаматли автомо¬бил бўлиб, унинг орқа ўриндиғида яп-янги чамадонлар ва совға тўла қоғоз қутилар уюлиб ётарди. Нена Даконтенинг бирдан-бир овунчоғи бўлмиш саксофон ҳам шу ерда эди, – ҳайҳот! – кунлардан бир кун бу овунчоқни пляжда юрган баодоб босқинчининг машъум муҳаббати чилпарчин қилиб ташлади. Жандарм муҳр босилган паспортларни қайтариб бергач, Билли Санчес ун¬дан яқин-атрофда дорихона бор-йўқлигини сўраган эди, у кафти билан оғзини шамолдан пана қилиб, Андайдан, франтсузлар томонидан суриштиринглар, деб қичқирди. Ойнаванд ҳужра ичида қарта ташлаб ўтирган Андай политсиячилари эса маҳобатли мошинага кўз қирини ташлашдию «ўтиб кетаверинглар» деган ишорани қилишди. Билли Санчес тўхтаб, устма-уст сигнал қопқоғини босди, ахийри зардаси қайнаб кетган бир политсиячи туйнукдан бошини чиқариб, жеркиб берди: – Нима қилиб турибсан? Кетавермайсанми, галварс! Ана шунда Нена Даконте пўстинининг ёқаларини юзига босиб мошинадан тушди-да, политсиячидан соф франтсуз тилида дорихона қаердалигини сўради. Лунжи тўла нон, политсиячи лоқайдлик билан дорихонага иши тушмаганини айтиб, дарчани ёпди. Аммо нигоҳи бир зум номсиз бармоғини сўриб турган антиқа пўстинли қизга қадалди, назарида осмондан фаришта тушгандай бўлди шекилли, бирдан кўнглидаги қаҳр ўрнини меҳр эгаллади. – Баённада дорихона бор, – деди у, – лекин бундай ҳавода ишлаётганми-кан? Тинчликми ўзи? – деб сўради кейин. – Тинчлик, – дея жилмайди Нена Даконте ва олмос кўзли узук ярқираб турган бармоғини кўрсатди. Бармоқ учидан қон силқирди. – Тикан кириб кетди. Баённага етмасларидан яна қор ёға бошлади. Шом қоронғиси эндигина ёйилаётган бўлишига қарамай, шахар кўчалари бўм-бўш, ҳамма эшиклар тақа-тақ берк эди. Алламаҳалгача дорихонани қидириб топишолмади. Яна йўлга тушишди. Билли Санчес хурсанд эди. Шу пайтгача минган мошиналари тўй муносабати билан совға қилинган мана бу «Бентли«га яқин келолмасди, аслида-ку қўлини қаёққа узатса етадиган отаси уни мошинадан ҳеч қачон қисмаган, хоҳлаганини олиб бериб турган. У мана шундай ширин хаёллар оғушида ўтирар, юргани сайин толиқиш ўрнига чарчоғи тарқаб борарди. Билли шу бугуноқ Бордога етиб олмоқчи эди, чунки уларни »Сплендид» меҳмонхонасида олдиндан буюриб қўйилган жаннатий хона кутмоқда. Шу тобда уни на рўпарадан эсаётган кучли шамол, на бўралаб ёғаётган қор тўхтата оларди. Нена Даконте эса буткул ҳолдан тойган, айниқса, йўлнинг Мадриддан чегарагача бўлган ўйдим-чуқур қисми уни тутдай тўкиб ташлаган эди. Бинобарин, Баённадан чиқишлари билан у қон оқаётган бармоғини рўмолчаси билан боғлаб, қаттиқ уйқуга кетди. Билли Санчес буни ярим кечага яқин, қор тиниб, қарағайзорда шамол тўхтаган ва кўкда юлдуз дурлари йилтиллаган пайтдагина пайқади. Бордо ортда қолган эди, у ерда Билли мошинага бензин қуйдириш учунгина тўхтади, нияти тезроқ Парижга етво-лиш эди. 25 минг фунтга харид қилинган дабдабали қўғирчоғига маҳлиё бўлиб қолган Билли бармоғига ўроғлиқ рўмолчаси жиққа қонга бўккан ширмонюз қиз унинг қувончига шерик бўладими-йўқми – бу ҳақда ўйламасди. Улар уч кун бурун бу ердан минглаб километр олисдаги Картахане-де-Индиасда қизнинг ота-онасини қон қақшатиб, фақат архиепископнинг оқ фотиҳаси билан турмуш қуришди. Нима воқеа юз берганини, ногоҳоний бу муҳаббат қандай пайдо бўлганини уларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. Бу муҳаббат эса тўйдан уч ой муқаддам денгиз соҳилида, оромбахш якшанба кунларининг бирида кўз очган эди. Ўша куни Билли Санчеснинг тўдаси Марбеле пляжидаги аёлларнинг ечиниш хоналарига бостириб кирди. Бундан сал илгарироқ Нена Даконте ўн саккиз ёшга тўлган, Швейтсариядаги Шателен интернатида таълим олиб, тўртта тилни сув қилиб ичиб юборган ва саксофон чалишни ўрганиб, яқиндагина ўз юртига қайтган эди. Бу – у денгизга келганидан кейинги илк якшанба эди. Нена чўмилиш либосини кийиш учун буткул ечиниб бўлганида ён-веридаги бўлмаларда бирдан қий-чув кўтарилди, у нима гаплигини ўз хонасининг зулфини шарақлаб отилиб кетганидагина англади. Рўпарасида уят жойига шапалоқдай қоплон терисини тутиб олган эртаклардагидай хушсурат бир безори турарди. Қайишдай таранг қомати жануб офтоби ва денгиз шамолида обдон қорайган, ўнг муштига қароқчиларнинг синалган қуроли бўлмиш темир занжир ўралган. Бир вақтлар улар бошланғич мактабда бирга ўқишган эди. Ў-ҳў, улар бормаган оилавий тантаналар, базму зиёфатлар қоптими! Ҳар иккаласи ҳам шаҳарни ётқизиб-турғизадиган нуфузли хонадонларнинг фарзандлари эди. Аммо ҳозир, орадан кўп йиллар ўтгани сабабли, бир-бирларини дабдурустдан таниёлмадилар. Ҳайкалдай қотиб қолган Нена Даконте ҳатто у ер-бу ерини яширишни ҳам тамомила унутган эди. Билли Санчес номус қилганидан занжир ўралган мушти билан кийимхона деворини шунақа урдики, бармоқ суяклари дабдала бўлди. Қизнинг ўзи мошинасида уни касалхонага олиб бориб, тузалгунича тепасидан жилмади, бу ғамхўрликнинг оқибати шу бўлдики, улар биргаликда зино илмини юксак чўққиларга кўтардилар. Икки ёш учун дунёда гўё бундан кўра ҳузурбахш машғулот йўқдай эди. Кунни кун, тунни тун демай, исталган ерда: гоҳ мошина ичида, гоҳ денгиз соҳилида фақат шу иш билан шуғулланишди. Ҳатто яқиндагина тақдир уларни учраштирган пляждаги ечиниш хоналари ҳам қолгани йўқ. Хулласи калом, никоҳ ўқилиб, икковлари жуфти ҳалолга айланган куннинг эртасига Нена Даконтенинг қорнидаги ҳомила икки ойликка яқинлашиб қолгани маълум бўлди. Бинобарин, Мадридга учиб келганларида улар ўзларини беармон айшу ишрат қилган жазманлардай эмас, балки минг йиллик орзулари ушалган ёш келин-куёвлардай тутдилар. Қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам ота-онаси уларни кутиб олишга пухта тайёргарлик кўриб қўйишган эди. Самолётга зинапоя тиркалиши билан биринчи тоифадаги бўлмага протокол бўлимининг ходими кириб келди. У Нена Даконтега ота-онаси номидан нуқрадай оппоқ манто совға қилди, Билли Санчесга эса қўй терисидан тикилган нимпўстин билан аеропортда қантариб қўйилган яп-янги мошинанинг калитини топширди. Дипломатик ваколатхонанинг барча ходимлари уларни фахрий меҳмонларга мўлжалланган қабулхонада кутиб олишди. Элчи ва унинг рафиқаси булар эсини танибдики, ҳар иккала хонадон учун азиз кишилар эди. Бундан ташқари, уларни ҳали шудринг томчилари қуриб улгурмаган бир даста атиргул билан қарши олган элчи Нена Дакон-тенинг инга-ингасини эшитган доя-дўхтир ҳам эди. Қиз эр-хотинга талпиниб, уларни навбати билан ўпди, сўнг гулдастани олди, шунда атиргулнинг тикани бармоғига ғарчиллаб санчилди, аммо Даконте дарров вазиятни юмшатди: – Узугимни кўриб қўйинглар деб атайлаб шундай қилдим. Дипломатларнинг бари қадимий усталар қўлидан чиққан олмос кўзли узукка маҳпиё бўлиб қолди, кўплари ичи¬да узукнинг нархини хомчўт қилган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳеч ким бармоқдаги қонни пайқамади. Кейин ҳамманинг эътибори мошинага оғди. Тадбиркор элчи уни аеропортга келтириб, ипак матога ўрашни ва устидан зарҳал жияк билан боғлаб қўйишни буюрган эди. Аммо Билли Санчес бу топқирликнинг қадрига етмади. Мошинани тезроқ кўриш иштиёқи устун келиб, бир силтов билан матони сидириб ташладию анграйиб қолди. Бу энг сўнгги нусхадаги «Бентли» русумли мошина бўлиб, ички жиҳозлари буткул асил чарм билан қопланган эди. Бирдан ҳаво айнади, Гуадаррам томондан аччиқ изғирин эса бошлади. Лекин Билли Санчес совуқни сезмасди, у машинага андармон бўлиб, унинг жамики икир-чикирини кўздан кечириб чиқди ва шу тариқа элчихона ходимларини алламаҳалгача очиқ бекатда дийдираб туришга маҳкум этди. Кейин элчи зиёфат режалаштирилган махсус қароргоҳга бориш учун унинг ёнига, олдинги ўриндиққа ўтирди. Иўл-йўлакай шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатиб кетди, аммо фикру хаёли мошинада бўлган Билли Санчес бунга парво ҳам қилгани йўқ. Илгари у ўз юртидан ташқарига чиқмаган эди. Ҳар йили синфдан синфга ўта олмай, барча хусусий ва давлат мактабларининг тузини татиб кўрди, ахийри кўпчиликнинг қарғишига учраган ёмон болалар тўдасига қўшилиб кетди. Бу шаҳар у туғилиб-ўсган шаҳарга ўхшамасди: денгизи йўқ, турқи совуқ кулранг бинолар, яланғоч дарахтлар – хуллас, назари тушган ҳамма нарса таъбини хира қилар, лекин Билли Санчес буни сездирмасликка тиришарди. Элчининг қароргоҳида зиёфат авжига чиқиб, шаҳарга ёпирилган қор бўронини ҳеч ким пайқамади, Франтсияга жўнаш учун қароргоҳдан чиққанларида эса бутун борлиқ оқ чойшабга бурканган эди. Нена Даконте бармоғидан қон оқаётганини Мадриддан жўнаганларидан сўнг орадан тўрт соат ўтгач, бўрон тиниб, ҳаво очилган пайтдагина кўриб қолди. Аввалига таажжубланди, чунки элчининг хос меҳмондорчиликни опералардан ариялар ижро этиш билан якунлашга одатланган хотини шаънига қийқириб чапак чалганида бармоғида оғриқ сезмаган эди. Кейинроқ, ҳар гал эрига чегарага элтадиган энг яқин йўлни кўрсатаркан, қон оқаётган бармоғини беихтиёр сўра бошлади, фақат Пиренейга етганларидагина дорихона эсига тушди. Аммо сўнгги кунлардаги «зўри беҳуда»лар ўз ишини қилди – уни уйқу элитди, чўчиб уйғонганида эса (тушида мошина сув устида сузиб кетаётганмиш) бармоғига ўралган рўмолча хаёлига ҳам келмади. Рўпарасидаги соатга қараб аллақачон Бордони ҳам, Ангулемни, Пуатени ҳам босиб ўтишганини, ҳозир эса Лауру оралаб, сув босган баланд тўғон устида кетишаётганини англади. Қарағайлар ортидаги кўҳна қалъалар ойнинг хира ёғдусида эртаклардаги сирли-сеҳрли шарпалардай кўзга ташланарди. Бу жойларни беш қўлидай биладиган Нена Даконте Парижгача атиги уч соат йўл қолганини чамалаб кўрди, Билли Санчес эса рулда ҳамон гижинглаган тойдай ўтирарди. – Жонингда қасдинг борми? – деди у эрига. – Ўн бир соатдан кўп юрибмиз-а, тамадди қилиб олсанг-чи! Аммо Билли Санчес янги мошина гашти билан тўқ эди. Гарчи самолётда кам ухлаган бўлса-да, Парижга қийналмасдан етиб бориши кўриниб турарди. – Элчининг уйида бир ойга етадиган овқат еганман, – дея жавоб берди у бамайлихотир. Орлеанга яқинлашганларида туман тарқади, ой баркаши қор босган далаларга аямай нур соча бошлади, аммо Парижга сабзавот ва вино олиб бораётган юк машиналари тирбандлашиб, юриш анча қийинлашди. Нена Даконте жон-жон деб рулга ўтирган бўларди-ю, лекин бундан оғиз очишга ҳам журъат этолмасди, сабаби Билли Санчес бир куни, хотинининг ёнида йўловчидай ўтирган эркак – эркак эмас, деган эди. Қарийб беш соат тўйиб ухлаб олган Нена ҳозир ўзини бардам ҳис этар, бирорта хароб меҳмонхонада ётиб қолишмаганидан ниҳоятда хурсанд, фақат туннинг бесамар ўтгани жиндай алам қилаётган эди, холос. Билли Санчес хотинининг кўнглидагини уққандай луқма ташлади: – Бир от ўйин қилмаймизми? Қор устида гашти бўлакча-да. Ҳозироқ, нима дейсан? Нена Даконте ўйланиб қолди. Йўлнинг икки четига қалин момиқ қор тўшалган. Қанийди, таппа ташласангу бир-бирингга чирмашиб кетсанг! Аммо шаҳар яқинлашгани сайин қатнов тиғизлашиб борар, теварак-атрофдаги заводларнинг чироқлари кўзга ташланар, велосипед минган ишчилар кетма-кет ўтиб турар эди. – Парижгача чида, – деди Нена Даконте. – Эр-хотинга ўхшаб, озода тўшакда қилайлик шу ишни. – Биринчи марта рад этишинг, – дея таажжубланди Билли Санчес. – Тўғри, – деди қиз. – Биринчи марта эр-хотин бўлиб турибмиз-да. Осмон ёриша бошлаганда ювиниб олиш ва жиндай ҳордиқ чиқазиш мақсадида йўл бўйидаги қаҳвахонага киришди, кейин юк машиналарининг нонушта қила¬ётган ҳайдовчилари ёнида туриб иссиқ булочка билан қаҳва ичишди. Ҳожатхонада Нена Даконте юбкасидаги қон доғларини кўрди, лекин тозалаб ўтирмади. Бўкиб кетган рўмолчани ахлат қутисига улоқтириб, қўлини шошмасдан совунлаб ювди. Тикан яраси кўзга шундоқ ташланиб турарди. Мошинага ўтирганларида бармоқдан яна қон оқа бошлади. Нена Даконте совуқ шамол қонни тўхтатади деган умид билан қўлини ташқарига чиқариб олди, лекин фойдаси бўлмади. «Бирортаси изимизга тушган бўлса, мушкули осонлашди, – деди у соддадиллик билан. – Қорга томган қонларим изидан бемалол топаверади». – Эшитяпсанми? «Мадриддан Парижгача чўзилган қон излари...» Қўшиққа ўхшайди-я! Аммо бу ҳазилнинг таги зил экани тезда маълум бўлди. Парижга туташ шаҳарчага кириб борганларида бармокдан қон тизилиб отила бошлади, шунда Нена Даконте қон билан бирга танасини жон ҳам тарк этаётганини илк бор ҳис этди. У жароҳат устига ҳожатхона қоғозини босар, қонга бўккан қоғозни пайдар-пай ташқарига улоқтириб борарди. Қон аста-секин пўстин барлари ва ўриндиққа ёйила бошлади. Билли Санчес саросимага тушиб яна дорихона қидирмоқчи бўлди, аммо энди дорихона ёрдам беролмаслигини Нена Даконте англаб етган эди. – Ҳадемай Орлеан дарвозасидан ўтамиз, – деди у. – Катта йўлдан тўғри бораверасан, у ёғини кўрсатаман. Аммо генерал Леклерк номи билан аталувчи катта йўлдан олға силжиш осон бўлмади. Йўлнинг иккала томонида енгил мошина ва мототсикллар бир-бирига мингашиб кетган, ўлганнинг устига тепган деганларидай, марказий бозорларга ошиқаётган юк машиналари қимир этгани қўймас эди. Билли Санчес хуноби ошиб ҳайдовчилар билан сўкишиб кетар, Нена Даконте ҳай-ҳайлаб уни ҳовридан аранг туширарди. Фақат Леон Белфор майдонидан ўтишга бир соатдан ортиқ вақт сарфлашди. Қаҳвахона ва дўконларнинг чироқлари ярим тундагидой чарақлаб турар, зеро Париж январининг одатдаги сешанбаси бўлиб, ҳаво рутубатли, ёмғир аралаш қор ёғарди. Данфер-Рошро кўчаси холироқ экан, озгина юрганларидан сўнг Нена Даконте эрига ўнгга бурилишни буюрди, кўп ўтмай улар бефайз бир касалхона олдида тўхташди. Мошинадан тушаётганда Нена Даконтега ёрдамлашишга тўғри келди, лекин унинг руҳи тетик, фикри равшан эди. Навбатчи дўхтир келгунча Нена замбилда ётган кўйи ҳамширанинг сийқа саволларига жавоб қайтарди: ким, қаерда туғилган, болалигида қандай дардларга чалинган ва ҳоказо. Билли Санчес мошинадан унинг сумкачасини келтириб берди, сўнг никоҳузуги тақилган қўлини ушлади. Қўл ҳароратсиз ва заиф эди, лаблари ҳам оқариб кетганини илғади. Қиз эрининг қўлини қўйиб юбормади, дўхтир келгунча Билли Санчес шу алпозда тураверди. Навбатчи бармоқдаги жароҳатни кўздан кечира бошлади. У бошида бир туки йўқ, қорачадан келган ёшгина йигит эди. Нена Даконте унга заррача эътибор бермай эрига қараб жилмайди. – Қўрқма, – деди у, кейин одатдаги ҳазилини қилди: – нари борса, бармоғимни кесиб олиб, ютиб юборар-да. Дўхтир бошини кўтариб, андак осиёча талаффуз аралашган соф испан тилида жавоб қайтарди: – Йўқ, азизларим, – деди у, – шундоқ чиройли бармоқни кесиб олиб, ютиб юборгандан кўра очдан ўлганим афзал. Эр-хотин бақа бўлиб қолишди, аммо дўхтир мулойим ишора билан уларни хижолатдан қутқарди. Сўнг замбилни олиб кетишни буюрди, Билли Санчес хотинининг қўлини тутганча одимлаётган эди, дўхтир унинг тирсагидан ушлади: – Сиз қолинг. Беморни реаниматсияга олиб боришади. Нена Даконте эрига яна бир бор жилмайиб, қўл силкиди. Замбил йўлак ичкарисида кўздан ғойиб бўлди. Дўхтир ҳамшира ёзган маълумотларни ўқиётган пайтда Билли Санчес унинг ёнига келди. – Дўхтир, – деди у, – хотиним ҳомиладор. – Неччи ойлик? – Икки ойлик чамаси. Дўхтир бу хабарни Билли Санчес кутганидан кўра хотиржам қабул қилди. «Айтганингиз яхши бўлди», деди-да, замбил олиб кетилган томонга қараб йўрғалади. Билли Санчес беморлар таҳликасига тўйинган бўм-бўш йўлакда қаққайганча қолаверди, анча гарангсиб турди, кейин узун ёғоч курсида ниманидир кутиб ўтирган кишилар ёнига чўкди. Орадан қанча фурсат ўтганини билмайди, кифтига ер юзининг жамики ғам-ташвишини ортиб касалхонадан чиққанида яна қоронғи тушган, осмон яна ҳафсала билан қор элакларди. Нена Даконте касалхонага ётқизилган вақт – 7 январ, сешанба, соат эрталаб 9.30. Ўша куни тунни Билли Санчес касалхона рўпарасида турган мошинасида ўтказди. Эрталаб уйғониши билан сал наридаги қаҳвахонада қайнатилган олтита тухум еб, икки стакан сутли қаҳва ичди, Мадриддан чиққанларидан бери тузукроқ еган овқати шу эди. Кейин Нена Даконтени кўриш учун беморларни қабул қилиш бўлимига борди. Асосий эшикдан кириш кераклигини унга бир амаллаб тушунтиришди. У ёқда, худога шукр, испанчани биладиган бир санитар топилиб қолди, ўша орқали Билли Санчес ростдан ҳам Нена Даконте касалхона рўйхатида қайд этилганини аниқлади; беморларни зиёрат қилишга фақат сешанба куни соат тўққиздан тўртгача рухсат бериларкан. Демак, яна олти кун кутиш керак. Хотинини қабул қилиб олган дўхтирга учрашиш ниятида унинг тепакал эканини, негрларга ўхшаб кетишини айтган эди, арзимаган бу икки сифат бўйича тусмоллаган бирорта одам у дўхтирни танимади. Нена Даконте рўйхатда борлигидан кўнгли сал таскин топган Билли Санчес мошинаси олдига қайтди, у ерда транспорт политсиясининг ходими кутиб турган экан; иш шу билан тугадики, мошинани иккита мавзе наридаги тор бир кўчага ҳайдаб бориб, тоқ рақамли бинолар жойлашган томонга қантаришга тўғри келди. Рўпарадаги эндигина таъмирдан чиққан бинога «Отел Никол« деган лавҳа қоқилган эди. Лавҳада биттагина юлдузнинг шакли бор, торгина фоега кўримсиз диван билан эски пианино қўйилган, аммо-лекин чийилдоқ овозли хўжайин пулдор мижоз билан исталган тилда гаплаша олар экан. Аллақайси гўрда қайнаётган карамнинг ҳиди тутиб кетган айланма зинапоядан ўн битта чамадон билан совға-саломга тўла тўққизта қоғоз қутини бешинчи қаватнинг бўш турган бир хонасига ташиб чиққунча Билли Санчеснинг она сути оғзига келди. Хонанинг биттагина деразасидан кўройдиндай нур тушиб турарди. Битта каравот, битта жавон, битта стул, пойига тоғора қўйилган обрез – хонадаги бор бисот шу, тағин буларнинг бари шу даражада бир-бирига тақалиб турибдики, нари-берига бирор қадам босишнинг иложи йўқ. Атрофдан кимёвий дорининг ҳиди анқийди. »Нима бўлганда ҳам қиш изғиринида кўчада ётгандан яхши-ку», дея ўзига тасалли берди Билли Санчес. Кейин эшикни ичкаридан илгаклаб, пўстини билан каравотга юзтубан ташлади. Умрида биринчи марта ўзини ниҳоятда ғариб ва ёлғиз ҳис этди. Шунча йилдан бери Ненасиз қандай яшади экан-а? Мана, ҳозир у қўл узатса етадиган жойда қонига беланиб ётибди... Қачон уйқу элитганини билмайди, бир маҳал кўзини очса – соат беш. Лекин эрталабки бешми, кечқурунгими, ҳафюнинг қайси куни, шамол ва ёмғир дўмбира қилаётган ойналаридан бошқа ҳеч вақоси йўқ қанақа шаҳар бу – дабдурустдан фарқига боролмади. Кўзларини очганча Нена Дакон¬те ҳақида ўйлаб ётди, бир оздан сўнг янги кун бошланаёпанига ишонч ҳосил қилиб, ўзи ўрганган ўша қаҳвахонага қараб йўл олди, бугун пайшанба эканини ҳам ўша ерда билди. Ёмғир тинган, лекин касалхона чироқлари ҳали ўчмаган эди. Билли Сан¬чес оқ халатли эркагу аёл кириб-чиқиб турган эшик рўпарасидаги қора қайинга суянганча хотинини қабул қилиб олган дўхтирни учратиш илинжида кунни кеч қилди. Қош қорайиб, совуқ суяк-суягидан ўтиб кетгач, яна қаҳвахонага кириб, ҳар галги жойидан иккита тухум олиб еди, иссиқ-иссиқ қаҳва ичди. Меҳмонхонага қайтса, ўзиникидан бошқа ҳамма мошиналар кўчанинг нариги томонидаги йўлкада турибди, бунинг мошинаси ойнасига жарима қоғози ёпиштириб кетилган. Меҳмонхона эгаси ҳафтанинг тоқ кунларида мошинани тоқ рақамли бинолар остидаги йўлкага, бошқа кунлари эса нариги томондаги йўлкага қўйиш кераклигини унга узоқ тушунтирди. Айниқса, жаримани тўлангу мошина жойида тураверсин, акс ҳолда кечаси соат 12 да уни яна бу ёққа олиб ўтишингизга тўғри келади, деган гапи жон-жонидан ўтиб кетди. Хонасига чиқиб, тўшакка кирди-ю, сира ухлай олмади, туни билан ағанаб чиқди. Дардини кимга айтсин, кўнглини кимга бўшатсин?! Уйқусизлик унга сабоқ берди. Жума куни эрталаб зил-замбил бўлиб ўрнидан турдию энди ҳаётига аниқлик киритиш зарурлигини англаб, қатъий ҳаракат қилишга жазм этди. Кийимини алмаштириш керак эди, бинобарин, чамадон қулфини бузишдан бошқа иложи қолмади – ҳамма калитлар, анча-мунча пул, телефон дафтарча¬си Нена Даконтенинг сумкасида эди. Лоақал телефон дафтарчаси ўзида бўлганида, эҳтимол, парижлик бирорта танишини топармиди... Қаҳвахонага кириб борганида франтсузча саломлашишни ва бутерброд билан сутли қаҳва буюришни ўрганиб олгани маълум бўлди. Лекин бу тилда сарёғ билан тухумни ҳеч қачон сўрай олмаслигини ҳам англади, чунки бу икки сўзни сира ишлатгани йўқ-да: сарёғни нонга қўшиб беришар, тухумни пештахтадан ҳар гал ўзи олаверарди. Уч кун ичида қаҳвахона хизматчилари ҳам унга анча эл бўлиб, жавоб-муомалага ўргата бошлашган эди. Қўйинг-чи, жума куни у бемалол ўтириб, фикрини жамлаш ниятида, қовурилган картошка билан бузоқ гўшти ҳамда бир шиша вино буюрди. Танаси шунақа яйраб кетдики, яна битта вино сўраб, уни ҳам яримлатди, кейин касалхонага бостириб кириш қасдида ўрнидан турди. Нена Даконтени қаердан қидиришни билмасди, лекин анови қоратаппи дўхтирнинг башараси ёдида қолган. У асосий эшикка эмас, қабулхона томонга қараб юрди, назарида у ер заифроқ қўриқланадигандай туюлган эди, аммо йўлакнинг Нена Даконте қўл силкиб хайрлашган қисмидан нарига ўтолмади. Остонадаёқ халатига қон сачраган қандайдир кимса, эҳтимол қоровулдир, ундан ниманидир сўради, аммо Билли Санчес эътибор бермади. Қоровул франтсузчалаб бир саволни қайтарганча орқасидан эргашиб кетаверди, ниҳоят, тоқати тоқ бўлиб, ўзбошимчанинг билагига шунақанги чангал солдики, Билли Санчес таққа тўхтаб қолди. Ўзининг эски усулларидан бирини қўллашга уринган эди, қоровулнинг тепа сочи тикка бўлиб, Санчеснинг қўлини чапдастлик билан орқасига қайирди-да, франтсузчасига сўкина-сўкина, диконглатиб эшик ёнига олиб келди. Кейин даст кўтариб, бир қоп гўштдай кўчага улоқтирди. Ўша куни Билли Санчес «мулла» бўлди. Энди ўз элчисига мурожаат этиш кераклигини англади, эҳтимол, Нена Даконте ҳам шундай қилган бўларди. Меҳмонхона хўжайини бир қарашда одамовига ўхшаб кўрингани билан жуда ҳожатбарор ва хорижий тилларга сабр-бардошли киши экан. Маълумотлар китобидан элчихонанинг телефон рақами билан манзилини топиб берди. Гўшакни хушмуомала бир аёл кўтарди. Билли Санчес аёлга таъсири зўрроқ бўлармикин деб, ўзининг тўла исм-шарифини айтди. Аммо унинг овозида ўзгариш сезилмади. Аёл ҳозир элчи йўқлигини, бугун бўлиши ҳам даргумонлигини, қолаверса, у фақат олдиндан келишув бўйича ва ўта муҳим масалалар юзасидангина қабул қилиши мумкинлигини билдирди. Билли Санчес бу йўл билан ҳам Нена Даконтенинг олдига киролмаслигини тушуниб, аёлга, худди унинг ўзидай, мулойим оҳангда ташаккур изҳор этди. Ва дарҳол такси тутиб, элчихонага қараб жўнади. Элчихона Елисей кўчасидаги 22-бинога, Парижнинг энг сокин масканларидан бирига жойлашган эди. Аммо Билли Санчесни анча кунлардан бери биринчи марта қуёшнинг Кариб офтобидай чарақлаб, Эйфел минорасининг мусаффо осмонга бўй чўзиб туриши лол қолдирди. Уни элчи номидан қабул қилган мулозим эндигина ўлим тўшагидан турган беморга ўхшарди, фақат тугмасини томоғигача қадаб, бошдан-оёқ қора кийиниб олгани учунгина эмас, йўқ, хатти-ҳаракатининг омонатлиги ҳамда овозидаги ўта хокисорлик туфайли ҳам шунақага ўхшар¬ди. У Билли Санчеснинг аҳволини тушуниб турарди, албатта. Аммо гапни узоқдан бошлади. Улар маданияти юксак мамлакатда эканлигини, бу мамлакатнинг тартиб-қоидалари олис ўтмишга бориб тақалишини, бу ерда Америка мамлакатларидаги каби қоровулга пул қистириб касалхонага кириб кетавериш мумкин эмаслигини шошмасдан, ройишлик билан уқтирди. «Шунақа, йигитча, – деди у, – ақл-идрок нидосига қулоқ тутиб, сешанбагача сабр қилишга тўғри келади, бошқа иложи йўқ». – Атиги тўрт кун қопти, шунга ҳам ота гўри – қозихонами! – дея сўзига якун ясади дипломат. – Ҳозирча Лувр музейини томоша қилинг, кам бўлмайсиз. Буткул довдираб қолган Билли Санчес Яраш майдонига аранг етиб борди. Томлар тепасида бўй чўзиб турган Эйфел минорасини кўриб, яқин туюлди шекилли, соҳил ёқалаб юришга қарор қилди. Орадан кўп вақт ўтмай, янглишганини, минора анча олисда эканини, бунинг устига, ҳар лаҳзада ўрни ўзгариб туришини пайқади. Бинобарин, Сена бўйидаги овлоқ бир жойга ўтириб, Нена Даконте тўғрисида ўйлай бошлади. Кўприк остидан ўтаётган шатакчи кемаларни кузатди, улар саҳнига кир ёйилган таги япасқи юк кемаларини судраб боришарди, булар унга кема эмас, дераза токчаларига гултуваклар терилган қизғиш томли дайди уйларга ўхшаб кўринди. Қармоғини сувга ташлаб ўтирган балиқчи чолга узоқ тикилиб турди: на чол қимирлайди, на қармоқ, на сув қилт этади. Бй орада қоронғи тушди, Билли Санчес такси тутиб меҳмонхонага қайтмоқчи бўлди-ю, бошини чангаллаб қолди. Қани энди, меҳмонхонанинг номини эслолса! Касалхонанинг ҳам. Парижнинг қайси депарасида эканини билмайди. Кўнглига ғулғула тушиб, дуч келган биринчи қаҳва¬хонага чопиб кирди-да, далда бўлармикан деган умидда бир рюмка коняк ичди. Деворлардаги киши қиёфасини турли шаклу шамойилда акс эттирадиган кўзгуларга қараб туриб, ниҳоятда ночор ва танҳо эканини ҳис этди. Иккинчи рюмкадан сўнг сал ўзига келди. Бир кўнгли, элчихонага қайтиб бормоқчи бўлди. Кўчанинг номини эслаш учун чўнтагидан меҳмонхона хўжайини ёзиб берган қоғозни олди. Қай кўз билан кўрсинки, қоғоз тепасида меҳмонхонанинг номи ёзиғлиқ турибди-да: «Отел Никол». Ҳе, ўл-э! Билли Сан¬чес омонат бошпанасига бир амаллаб етиб келдию қайтиб кўчага чиқмади. Бешинчи қаватдан фақат тамадди қилиш ва мошинасини йўлнинг бу бетидан у бетига олиб қўйиш учунгина тушарди. Уч кеча-кундуз, худди Парижга келган кунларидагидай, эзиб ёмғир ёғди. Умрида бирорта китобни охиригача ўқимаган Билли Санчес каравотда ағанаб ётаркан, ҳозир қўлига тушган ҳар қандай нарсани ўқишга тайёр эди-ю, аксига олиб, хотинининг чамадонларидан бирорта испанча китоб чиқмади, ҳаммаси аллақандай хорижий тилларда. Билли Санчеснинг хаёли яна Нена Даконтега кетди. Сешанбанинг келиши бир йилга чўзилгандай туюлди. Душанба куни хотинининг чиқишига хонани сал саришта қилиб қўймоқчи бўлди, шунда пўстинининг этагида қотиб қолган қон доғларини кўрди. Сафар халтасидан хушбўй совун олиб, доғларни ювишга киришди. Қарийб кечгача шу иш билан машғул бўлди. Ахийри пўстинни Мадрид аеропортида самолётга олиб чиқилган ҳолатга келтирди. Сешанба тонги отди. Осмонни булут қоплаган, лекин ҳаво қуруқ эди. Билли Санчес соат олтида сапчиб туриб, касалхона дарвозаси олдида катта-кичик тугун ва гулдасталар кўтариб турган одамлар сафига қўшилди. Кейин ҳамма билан бирга усти берк кенг-мўл ҳовлига кирди. Бу ерда гуллар қийғос очилиб, қушлар сайраб турарди. Нена Даконтенинг қаердалигини билмаса ҳам, бу гал негрга ўхшаган дўхтирни учратишига ишончи комил эди. Ҳовлининг икки томонида узун-узун иккита бино, чап томондагиси – аёллар бўлими, ўнгдагиси – эркакларники. Билли Санчес оломонга эргашиб аёллар бўлимига кирди. Еп-ёруғ йўлакдаги узун-қисқа курсиларда касалхона либосини кийган беморлар ўтиришарди. У йўлакнинг охиригача бориб, изига қайтди. Буларнинг орасида Нена Даконте йўқ эди. Кейин ҳовлига чиқиб, эркаклар бўлими томон деразаларга қараб-қараб кетаверди. Ниҳоят, қидирган одамини кўриб қолди. Ҳа, бу ростдан ҳам ўша дўхтир эди. У бошқа дўхтир ва ҳамширалар билан бирга беморни кўздан кечираётган эди. Билли Санчес отилиб ичкарига кирди, бир ҳамширани четга суриб, беморнинг устига энгашиб турган ҳалиги дўхтирнинг рўпарасига келди, нима деб чақиришни билмай, беўхшов йўталди. Дўхтир бошини кўтариб, қошларини чимирди, салдан кейин Билли Санчесни эслади. – Астаъфурулло! – деди у. – Қайси гўрда юрибсиз? Билли Санчес довдираб қолди. – Меҳмонхонада, – деб жавоб қилди базўр. – Нариги муюлишда. Шундан кейин ҳаммаси равшан бўлди. Франтсиядаги энг етук мутахассисларнинг етмиш соат давомида қилган саъй-ҳаракатлари зое кетди – 9 январ, пайшанба куни кеч соат 7.10 да кўп қон йўқотиш оқибатида Нена Даконте оламдан ўтди. Сўнгги дақиқаларгача эс-ҳушидан айрилмади, эрини «Плаза Атене« меҳмонхонасидан қидириш кераклигини, ўша ердан хона буюриб қўйилганини айтди. Ота-онасининг телефон рақамларини берди. Жума куни Ташқи ишлар вазирлиги Франтсиядаги ўз элчихонасини воқеадан хабардор қилди, бу пайтда Нена Даконтенинг ота-онаси келаётган самолёт Парижга яқинлашиб қолган эди. Мотам маросимини уюштиришни шахсан элчининг ўзи зиммасига олиб, Билли Санчес топилган-топилмаганини шаҳар политсиясидан мунтазам сўраб турди. Жума оқшомидан то якшанбагача радио ва телевидение Билли Санчес исмли шахс қидирилаётганини қайта-қайта эълон қилди. Қирқ соат давомида уни бутун Франтсия излади. Нена Даконтенинг сумкасидан топилган сурати катталаштирилиб, шаҳар кўчаларига ёпиштириб қўйилди. Политсия учта »Бентли» русумли мошинани тўхтатди, лекин булар бошқа мошиналар эди. Нена Даконтенинг ота-онаси шанба куни эрталабдан ярим кечагача қизларининг касалхона бутхонасига қўйилган тобути ёнидан жилмай, Билли Санчесни кутишди. Йигитнинг ота-онасига ҳам хабар берилган эди, аммо телеграммадаги чалкашлик туфайли етиб келишолмади. Видолашув маросими якшанба куни соат иккида, Билли Санчес хотинини кўролмай, хуноби ошиб ётган ўша машъум меҳмонхонадан атиги икки юз метр нарида бўлиб ўтди. Буни қарангки, уни элчихонада қабул қилган мулозимга Ташқи ишлар вазирлигидан ушбу нохуш хабар Билли Санчес билан гаплашиб бўлганидан кейин келган, чор атрофга югуриб, уни топа олишмаган. Якшанба куни кечқурун, Билли Санчес ўз хонасида юраги хун бўлиб ётган пайтда Нена Даконтенинг ота-онаси унинг топилишидан умидларини узиб, марҳуманинг мўмиёланган жасадини пйх тобутда Мадридга олиб кетишди. Қизни кўришга улгуриб қолган кишилар бундай гўзал аёлни умрларида учратмаганликларини кейин узоқ йиллар гапириб юришди. Хуллас, сешанба куни эрталаб Билли Санчес айни касалхонага кириб борган пайтда булар учун шаффоф саодатнинг илк қўнғироқлари чалинган қароргоҳдан сал наридаги мозорда Нена Даконтенинг жасади солинган тобутни қабрга туширмоқда эдилар. Негр-дўхтир фожианинг тафсилотларини сўзлаб бўлиб, таскин берувчи дори узатган эди, Санчес уни олмади. Миннатдорлик билдиришга ҳам зарурат йўқ эди. Шу тобда у ўзига таниш занжир билан бирор кимсанинг башарасини абжақ қилиб, аччиқ қисматидан қасос олиш иштиёқида куйиб-ёнарди. Касалхонадан чиқди-ю, аммо осмону фалакдан заррача ҳам қон сачрамаган йирик-йирик, покиза қор ёғаётганини пайқамади. Париж кўчалари жонланиб қолган, зеро кейинги ўн йил мобайнида бирин¬чи маротаба чинакамига лайлакқор ёғаётган эди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62547 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58806 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40550 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36891 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23450 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23259 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22859 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19678 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18786 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14541 |