Ошкора қотиллик қиссаси (қисса) [Gabriel Garsia Markes]

Ошкора қотиллик қиссаси (қисса) [Gabriel Garsia Markes]
Ошкора қотиллик қиссаси (қисса) [Gabriel Garsia Markes]
... Кўп йиллар мобайнида биз фақат ўша воқеа хусусида гапириб юрдик. Ўша машъум кунгача ҳар биримиз ўзимизча яшаб, пешонамиздагини кўриб келаётгандик, ҳамманинг кўнглига ғулғула солган у ҳодиса эса фикру зикримизни ўз комига тортди, гўё ҳар ёқда сочилиб оқаётган умримиз ирмоқчалари кутилмаганда ўша воқеа гирдобига қуйилди... Омманинг оғзи-да шу гап, аммо бирор инсон зотининг дилида сирни очиб, қурбонни суиқасддан огоҳлантириш истаги йўқ эди, инчунун, ҳеч бир киши фалокат рўй бергач, унга нечоғли алоқадор бўлмоги ва кейин тақдири қандай кечажаги бобида бирор аниқ фикрга эга эмасди.

Такаббурлик билан ҳам меҳр-муҳаббат қозониш мумкин.Жил Висенти
Ўша қотиллик юз берган куни Сантьяго Насар, тонгги кемада келаётган епископ ҳазратга пешвоз чиқиш ниятида, эрталабки соат беш яримда уйғонди. Уйғонишдан аввал туш кўрди: анжирзордан ўтиб бораётганмиш, севалаб оҳиста ёмғир ёғаётганмиш, мана шундай хушсаодат рўё муддатида у бирмунча ўзини бахтиёр ҳис қилди, аммо кўзини очиб, бошига бехосдан қуш ахлати сочилгандай, таъби тирриқ бўлди. Орадан йигирма етти йил ўтгач, унинг онаси Пласида Линеро ўша машъум ва мусибатли душанбани батафсил хотирларкан: «У тушида кўпинча дарахтларни кўрарди», деди менга. «Ўлимидан бир ҳафта олдин ҳам туш кўрганди, айтишича, якка ўзи кўрғошин қоғоздан ясалган самолётда учганмиш, учоқ бодомзорлар аро парвоз қилармишу қанотлари бирортаям дарахтга урилмасмиш», қўшиб қўйди у яна. Пласида Линеро ўзгалар тушига дарров таъбир айтгувчи, муаббирликда устаси фаранг аёл эди, лекин у ўз ўғлининг қандайдир дарахтларга боғлиқ тушларида ҳам, ўлдирилган куни ва ундан бир ҳафта аввал кўрган тушида хам ҳеч бир ёмон аломатни сезмаганди.
Сантьяго Насарнинг ўзиям фалокат белгисини туймаганди. У асли камуйқу, кийимларини ечмай ётар эди, ёмон ухларди; эрталаб боши оғриб турарди, ичида ит ўлгандай оғзидан бирам кўланса ҳид келар эдики, кўнгли айниб, тўйда ярим кечагача ичишнинг жазоси шу-да, дея ўзини койиб кўярди. Унинг эрталаб олтидан беш дақиқа ўтганда уйидан чиққанини ва роса бир соат кейин чўчқадай чавақлаб ташлагунигача кўрган барча кишиларнинг эслашича, у ўшанда, юз-кўзидан ҳали уйқуси ўчмаган эса-да, вақти чоғ одимлаб бораркан, дуч келганларга бугунги кун очиқ бўлади, дея таъкидлайверган. Бироқ шоҳидларнинг бирортаси ҳам бу гапнинг об-ҳавога нечоғли алоқадорлигини аниқ, беиштибоҳ айтиб беролмади. Уларнинг баъзиси, қуёшли кун эди, денгиз тарафдаги бананзорлардан енгил шабада эсаётганди, дейишса, баъзилари аксинча осмон тунд, паст, қоронғи, расво кун эди, ҳаводан ачиган сув ҳиди анқирди, бахтсизлик рўй берган маҳалда эса, айни Сантьяго Насар тушида кўрган ёмғирга ўхшаб майдалаб ёмғир ёғарди, деб тасдиқлашди.
Мен ҳам ўша куни тўйда тонготар маишатбозлик қилиб, масту мустағриқ бўлиб, ишқу ишрат илоҳаси Мария Алехандрина Сервантес хонадонида кўзим илинган экан, басма-басига чалинган жом садоларидан уйғонарканман, бу маҳобатли садолар епископ ҳазрат шарафига янграяпти, дея ўйладим.
Сантьяго Насар ўша куни саҳарда оқ сурпдан тикилган байрамлик шимини кийди, кўйлагини эгнига илди, бу либослар ҳам кеча тўйга кийган уст-боши каби оҳорланмаган эди. Илло, епископ ҳазратнинг ташрифи бўлмаганда, у одатдагидай ҳақи гули рангидаги кўйлак-шимини, суворий этигини киярди. У ҳар душанбада, шундай қиёфада Дивано Ростро — Тангри талъат маконидаги отамерос қўрғонига жўнарди. Қўрғонда отасидан қолган молхона бор эди, бу мулкдан айтарли фойда кўрмаса-да, Сантьяго Насар мол-ҳолига яхши қарарди. Тоғдаги яйловга борса, «магнум-357» тўппончасини белига қистириб оларди, ўзининг айтишича, агар тўппончанинг оғир пўлат ўқи отга тегса, миясининг қатиғини чикариб юборарди. Каклик ови мавсумида у лочинотар милтиғини ҳам олиб юрарди. Бундан ташқари, жавонида «малинхер-шёнауэр-30.06», «холланд-магнум-300», «хорнет-22» каби нишондори қўшдурбинли бешотарлари, кўпўкли «винчестер»и сақланарди. У, отасига ўхшаб, ёстиғи остига тўппончасини қўйиб ухларди; ўша куни, уйдан чиқишидан аввал, тўппончадан ўқларни суғуриб олиб, қуролни каравоти ёнидаги жавончага ташлаб кўйган. Онаси менга: «У куролини ҳеч маҳал ўқланганча қолдирмасди, деди. Мен буни билардим. Шу билан бирга унинг тўппончани алоҳида бир жойида, ўқларни бошқа ерда асраши, бирор фалокат босмасин, дея шундай қилиши ҳам менга аён эди. Бу оқилона тадбир ҳам унга отамерос эди: бир куни хизматкор хотин ўринни йиғаётиб, ёстиқни кўтарганда, тўппонча пастга тушиб, ерга тегиши биланоқ варанглаб отилиб кетган, ўқ хонадаги кийим-кечак жавонини торс ёриб, деворни тешиб ўтган-да, чийиллаганича қўшнининг ошхонаси оша бориб черков майдонидаги сармеҳробда турган одам бўйи келадиган авлиёнинг бўрдан ясалган ҳайкалига теккан ва чангини чиқариб юборган. Сантьяго Насар ҳали у замонлар ёш бола эди, аммо мана шу воқеа унга катта сабоқ бўлган.
Онасининг эслашича, ўғли ўша куни унинг ётоғидан шошиб ваннахонага ўтган ва ана шу ҳолат волида ёдида сўнгги хотира каби муҳрланиб қолган. У ваннахонадаги дориқутичадан бошоғриқ дори қидириб пайпасланаркан, шарпадан онаси уйғониб кетган. У чироқни ёқаркан, бир қўлида сувли стакан тутиб, дори ичмоққа тараддудланиб, эшик ёнида турган ўғлини кўрган — бу ҳолатни онаизор бир умр сўзлаб-бўзлаб юрди. Худди ана ўшанда Сантьяго Насар унга кўрган тушини айтган, бироқ онаси дарахтлар хусусидаги иборага эътибор бермаган.
— Тушда қушларни кўрсанг, 6у фақат яхшилик аломатидир, — дея таъкидлади у менга ҳам.
Мен Сантьяго Насар фожеаси ва унга боғлиқ синиқ хотиротнинг чил-чил парчаларини топиб, қайтадан бутлаш ниятида яна ўша матлуб ва унут гўшага келганим-да, Пласида Линеро анча қариб, умр шами пирпираб қолган, жигарбандиии сўнг бор кўрган тўрбеланчакда оҳиста тебраниб ётар эди. У куппа-кундузи ҳам одамзот қиёфасини элас-элас илғарди; энсасига доривор гиёҳ барглари ҳўллаб ёпиштирилганди — ўғлини охирги бор кўрганига оид мусибатли хотира бошини муттасил оғрийдиган қилиб кўйганди. Аёл тўрбеланчак бошидаги арқон тутқични ушлаганича ёнбошлаб ётарди, шарпамни сезган заҳоти ўрнидан қимирлаб, турмоқка уринди; иимқоронғи хонадан чақалоқ чўқинтириладигаи жомда қолган оқава сув ҳиди анқирди, бу бадбўй ўша қотиллик рўй берган куни тонгда ҳам менга қаттиқ таъсир қилганди.
Мени остонада кўргани ҳамон аёл Сантьягони ёдга олди. «Болагинам худди шу жойда, шундай ҳолатда турганди ўшанда, — деди. — Эгнига ювилган, аммо оҳорланмаган оқ сурп костюм кийганди, териси нозик эди, оҳорланган либосни хуш кўрмасди». Аёл занжабил дорисини шимиганча, хаёлхонасига кириб келган ўғлининг кетиб қолишини истамагандай, тўрбеланчакда узоқ муддат ўй суриб ўтирди. Кейин дилтанг хўрсиниб: «У ҳаётимнинг ёлғиз шамчироғи, бирдан-бир таянчим эди», деди.
Сантьяго Насар онасининг ёдида азобу бахтсизлик суврати каби сақланиб қолганини тасаввур этдим. Январнинг охирги ҳафтасида йигирма бирга тўлган бу хушқад, бир оз рангпар, қош-қовоғию жингалак сочлари айни арабий йигит қуйиб қўйгандай отасига ўхшар эди. Ёлғиз ўғил Сантьяго Насарнинг отаонаси молиявий ҳисоб-китоб ришталарини мустаҳкамлаш ниятида турмуш қуришган, бу ёруғ дунёда бадбахтлик ва корибад соясидан бошлари чиқмаган кимсалар эди; бироқ бошида отаси борлигидан ғурурланар, ўзини хушбахт санарди. Отаси уч йил аввал тўсатдан қазо қилган ва онаси билан сўппайиб қолгач ҳам машъум рўзи душанбада ўлдирилгунга қадар ҳам у саодат нашидасини суриб юрган эди. Онасининг нозикфаҳмлилиги унга ҳам юққанди; отаси эса, унга болалигиданоқ милтиқ отишни, чавандозликни, шикор қушлари билан ов қилишни, энг муҳими, мардлик ва жасурликни ўргатганди. Ота-бола ўзларича араб тилида сўзлашишар, Пласида Линеро ёнларида турганда суҳбатдан у ҳам бебаҳра қолмасин дея испанчада гапла-шар эдилар. Бу атрофда уларнинг қурол кўтариб юрганини фақат бир гал лочин билан овланган қушларни оломонга кўз-кўзлаш учун хайрия бозорига олиб келишганини айтмаса бирон жонзот кўрмаган. Отасининг ўлими Сантьяго Насарнинг ўрта мактабни тугатиб, ўқишни давом эттиришига йўл қўймади ва қўрғондаги мол-ҳолга қарашга мажбур бўлди. У табиатан кўнгли очиқ, қувноқ, хушфеъл йигит эди.
Ўша машъум кун онаси ўғлинипг бошдан-оёқ оппоқ кийинганини кўриб, бугун душанбамас-ку, болагинам кунни адаштирибди-да, деб ўйлаган. «Бугун душанба эмас, деб эслатдим ҳам», деди менга. Шунда у байрамлик либосларини епископ ташрифи муносабати билан кийганини, худо хоҳласа, ҳазратга юкуниб, узугини ўпишга муяссар бўлиш эҳтимол борлигини айтган. Бу гап онасининг ғашига тегиб:
— У кемадан пастга тушмайди, овора бўлма, — деган она ўғлига, — ҳамишагидай, кема саҳнида турган кўйи сомеларни дуо қилади-да, яна келган жойига жўнаб кетади. У зот шаҳримизни ёмон кўради.
Сантьяго Насар онасининг гапи тўғрилигини биларди, аммо черковнинг тантанали маросими, оломоннинг шов-шувли тараддуди ақлу ҳушини ўғирлаб қўйганди. «Худди кинодагига ўхшайди», деган эди у менга ўшанда. Епископнинг ташрифи ҳам, халойиқнинг оммавий ибодати ҳам онани қизиқтирмас, фақат ўғлининг эрталаб юпун кийиниб кўчага чиққанию шамоллаб қолишидан чўчирди: ўғли кечаси ухлаб ётганда акса ургандай туюлганди унга. Болам, соябонингни ол, деганда ҳам бепарво қўл силтаб, хонадан чиқиб кетаверганди. Ўғлини ўшанда сўнгги бор кўриб туриши эди.
Ошпаз хотин Виктория Гусманнинг тасдиқлашича, ўша куниям, бутун февраль ойидаям ёмғир ёғмаган. «Аксинча бўлганди, — деди у бир гал, ўлимидан сал аввал йўқлаб борганимда, — эрта тонгданоқ — оқ қуёш қиздирар, кунлар худди августдагидай иссиқ эди». Сантьяго Насар ошхонага кирганда, у тушликка пиширгани учта қуённинг гўштини нимталар, атрофида очофат итлар сўлагини оқизганича айланишар эди. «Эрталаблари унинг афти тунда кўз юммаган кишининг юзидай ҳорғин бўларди», эслади Виктория Гусман йигитга ҳамон нафрати борлигини яширмасдан. Унинг қизи Дивина Флор — Жаннат Гули, энди-энди очила бошлаган гулғунчадай қиз — шакарсиз қаҳвага ром қўшиб, банддор пиёлада Сантьяго Насарга узатди. Одатда у ҳар душанбада бу ишни такрорлар, ромли қаҳва йигитнинг кечаги ичкиликвозликдан бўшашиб, кучсизлаяган жисму жонига мадор бағишлар эди. Ошхонадаги катта ўчоқда аланга чирсиллаб-шивирлар, баланд қўноқда товуқлар ҳамон мудрашар, қисқаси, одатий сирли ҳаёт давом этарди. Сантьяго Насар яна бир дона бошоғриқ дорини ютиб, қаҳвани майдалаб ичаркан, ўй сурган кўйи, тоштахтада қуённинг ичак-чавағини тозалаётган иккита жонондан кўз узмай ўтирарди. Виктория Гусман, ёши ўтинқираган бўлса-да, ҳамон дилбар эди. Қиз бир мунча ғўр ва ўжар кўринар, ёшлик эҳтироси ва жунуни кўпириб турган қони томирларига сиғмай жўшиб, рангига уриб, нафасини сиқиб қўяётгандай туюларди. Қаҳвадан бўшаган идишни олгани келганда, Сантьяго Насар унинг қайноқ билагидан маҳкам тутиб:
— Сени айни жиловлаб, минадиган пайт келди-да! — деди қизга зинокор нигоҳини тикиб.
Виктория Гусман унга қон юқи пичоқни ўқталиб:
— Қўйвор уни, ярамас ўлгур! — деди хўмрайиб. — Кўзим очиқ экан, бу булоққа тумшуғингни теккизолмайсан!
Иброҳим Насар, Сантьягонинг отаси, Виктория Гусманни қизлик маҳалида авраб, бузиб қўйганди. Қўрғондаги отхонада у билан бир неча йил яширинча учрашиб, айшини суриб юрди ва ишқи сусайиб, ҳовридан тушгач, уйига хизматкорликка олди. Дивина Флор Викториянинг сўнгги жазманларидан орттирган танҳо зурёди эди. Қиз ҳам Сантьяго Насар уни бир кунмас-бир кун бағрига босишини, қисмати қон йиғлайдиган кўрпа айнан шу гўшада тўшалажагини олдиндан сезиб юрар, кўнглида ўшандай сирли кечани истовчи майл уйғонган эди. Кейинроқ уни кўрганимда, ўйнашларидан орттирган болалари ўртасида семизликдан пишиллаб, ғамгин ўтирарди, у менга: «Водариғ, энди ундай йигитни бу дунё қайта кўрмайди!» деди. Онаси Виктория Гусман эса гапини бўлиб: «Яшшамагур отасининг қуйиб қўйгандай ўзи эди, расвои раддибало эди!» деди. У, қуённинг ҳовури кўтарилиб турган ичак-чавағини шартта суғуриб олиб, итга тагалаганида, Сантьяго Насарнинг қаттиқ қўрққанини эсларкан, овози титраб кетди.
— Кўпам вахший бўлма, — деганди у жувонга. — Танангга бир ўйлаб кўр: шу қуёнмас одам бўлса, нима қилардинг?!
Ҳимоятсиз даррандаю паррандаларни овлаб, ўлдириб юрган йигитнинг нохос ҳаяжонга тушганини англагунча Виктория Гусманнинг умридан йигирма йил ўтди. «Ё раб! — деди ўшанда ваҳимадан титраб. — Наҳотки, у аломати ғайб, ажал элчисининг дараги бўлган эди!» Инчунун, қотиллик рўй берган ўша тонгда, ошпаз хотин азбаройи ғазабланганидан Сантьяго Насарнинг нонуштасини заҳарга айлантириш учун қуёнларнинг қонли ичак-чавағини юлиб-юлқиб, итларга басма-бас отаверган. Алалхусус, епископ тушган кеманинг бандаргоҳ томондан қулоқни қоматга келтириб овози эшитилгач, бутун шаҳар уйғонгунча аҳвол шундай эди.
Насарларнинг уйи аввал икки қаватли омборхона бўлиб, девори рандаланмаган тахталардан тикланган, томи икки тарафи нишоб, рухланмаган тунука билан ёпилган, том тепасидаги каптархонада худонинг яратган куни ўлимтикхўр қузғунлар ғужғон ўйнаб, бандаргоҳда йиғналган ахлатнинг тўқилишини кутиб ётишар эди. Иморат анча эски замонларда, дарёда кемалар бемалол сузадиган, денгиз қайиқлари ҳам ботқоқ ўзанни бехавотир айланиб ўтиб, шаҳарчага кира оладиган пайтларда тикланган эди. Навбатдаги ички урушлардан бири тугаганда, арабларнинг сўнгги бир гуруҳи сафида бу маконга Иброҳим Насар ҳам боши оқиб келиб қолган, дарё ўзанини ўзгартириб, кемалар денгиздан бандаргоҳга йўналмай қўйганидан омборхоналар кераксиз маконга айланган эди. Иброҳим Насар иморатни сув текинга харид қилди, асли бу ерда хорижий моллар сотиладиган дўкон очмоқни ўйлаганди, афсуски, нияти амалга ошмади. Уйланиш тараддудига тушгач, уёқ-буёғини тузатиб-безатиб, омборхонани уй қилиб олди. Пастки қават меҳмонхона бўлди, уй орқасига эса, тўртта отга мўлжалланган отхона ва хизматкорлар яшайдиган кулба, шунингдек, деразаси доимо кўлмак сув ҳиди келиб турадиган бандаргоҳ тарафга қаратиб ошхона қурилди. Қайсидир бир ҳалокатга учраган кемадан ёдгор қолган айланма зинагина таъмир этилмади, иморатнинг бошқа ҳамма жойига Иброҳим Насар қўл уриб чиқди. Аввал божхона маҳкамаси бўлган иккинчи қаватни иккита ётоқхонага, туғилажак бир гала болаларига мўлжалланган бешта кичик-кичик хоналарга айлантирди. Бундан ташқари, пастда — майдонда ўсган бодом дарахтларнинг нақ устида қад керган ёғоч пешайвонни ҳам ўзи тиклади; эридан ажралиб ёлғиз қолган Пласида Линеро март оқшомларида, жудолик аламини енгиллатиш дардида, худди шу пешайвонга чиқиб ўтирарди. Иброҳим Насар бинонинг кунгай томонидаги кўча эшикни тузатиб, иккита ойна солинадиган кўз ясаттирди ва гирдини ўймагул солдириб безатди. У иморат ортидаги йўлакни ҳам аввалги ҳолича қолдирган, фақат эшик пешбурунини сал юқори кўтариб, отлиқ одам ўта олишига мослаган, ҳатто эски лангаргоҳдан ҳам фойдаланиш йўлини топиб қўйган эди. Хулласи калом, асосан орқа эшикдан юриларди: у орқали ошхонагаям, молхонагаям чиқилар, энг муҳими, майдонни кесиб ўтилмасада, янги бандаргоҳга чиқиш мумкин эди. Кўча эшик байрам кунларигина очиларди, бошқа пайтда мудом тамбаланган бўларди. Шунга қарамай, Сантьяго Насарни ўлдирмоққа чоғланган қотиллар серқатнов орқа эшик ёнида эмас, айнан шу кўча эшик рўпарасида уни пойлашган, ажал етаклаганми, билмадим, у ҳам йўл айланмалигини била туриб, худди шу кўча эшикдан епископни кутишга ошиққан. Шундайин машъум, айқаш-уйқаш воқеалар рўй берганки, эшитган ҳар қанақа одамнинг ақли шошиб қолади. Риоачидан етиб келган терговчи, афтидан, бирор нарсани сезган шекилли, ўша фалокатли ва уйқаш ҳодисаларга расман эътибор қилмагандай туюлса-да, уларни ўзича шарҳлашга, тафсир этишга урингани терговномадаги баъзи саҳифалардан очиқ-ойдин кўриниб турарди. Гувоҳлар майдон ёққа очиладиган кўча эшикни эслаган маҳалда терговчи бу тафсилотга алоҳида урғу бериб, худди олди-қочди асарлардаги каби «машъум эшик» деган иборани ёзиб қўйган. Аслида эса, бу ажиб тафсилотга оид бирдан-бир тўғри ва диққатга молик гапни терговчининг саволларига жавоб бераётиб, Пласида Линеро айтган: «Менинг ўғлим байрамлик кийимини кийганда, ҳеч қачон кўчага орқа эшикдан чиқмаган», деган у чин оналик шаҳодати билан. Бу далолат шу қадар содда ва жўн эдики, терговчи уни ҳошияга ёзиб қўя қолган, суд иши ҳужжатларига киритмаган.
Виктория Гусман сўрокда: ўламан саттор, ҳеч нарсани билмайман, мен ҳам, қизим ҳам Сантьяго Насарни ўлдириш ниятида кимлардир пойлаётганидан мутлақо бехабар эдик, дея саркашлик қилди. Бироқ у, йиллар ўтгач, йигит ошхонага қаҳва ичгани киришидан аввалроқ унинг жонига қасд этилганидан ўзи ҳам, қизи ҳам хабардор бўлганини тан олиб гапирди. Эрталаб соат бешларда сут сўраб кирган бир хотин уларга бор гапни, суиқасд сабабини ва саллоҳлар уни қаерда кутиб туришганини айтган. Виктория Гусман менга: «Бу шов-шув маст-аластларнинг алжирашидир-да, дея ўйлаб, унга айтиб ўтирмагандим», деди. Дивина Флор эса, уни онаси ўлганидан кейин йўқлаб борганимда, тонг қоларли ҳақиқатни айтди: «Онам кўнглида Сантьяго Насарнинг ўлимини тилаганим учун ҳам суиқасдчилар пойлаётгани хусусида менга оғиз очмаган». Ўшанда Дивина Флор ҳарқалай ёш, дийдаси қотмаган бир қиз эди, бунинг устига, азбаройи қўрқиб кетганидан ўзича бирор тадбир кўришга ақли етмаган; йигит қўлидан ушалаганда эса, баттар ваҳимага тушган ва тасаввурида унинг қўллари мурданикидай совуқ, тошдай қаттиқ туюлган.
Тонг ғира-ширасида, епископ келаётган кема гуриллаб овоз бераётган чокда, Сантьяго Насар катта-катта одимлаб уйидан чиққан. Дивина Флор эшикни очига ниятида олдинга чопган; уни ёнлаб ўтаман деб, ошхонадаги қуш қафасларига урила-сурила, четандан тўқилган жиҳозлар ва қирққулоқ буталари оралаб кўча энгак томон ошиққан, аммо лўкидонни тушириши биланоқ Сантьяго Насар қизнинг ёнига етиб келган ва у қирғий панжасида қолган. «Баданимни хамирдай эзғилаб ташлади, — деди менга Дивина Флор. — Кўпинча у мени хилватда ёлғиз тутиб, бағрига босиб, эзғилагани-эзғилаган эди; лекин ўша куни аввалгидай ҳадиксирамасдим, безилламасдим, балки даҳшат ваҳмидан бўзлагим келарди». Қиз унинг бағридан бўшалиб, нари сурилиб, очиқ эшикдан уни ўтказиб юборди ва ташқарида, майдонда қордай оппоқ гуллаган, саҳар ёғдулари аро шаффоф порлаб турган бодом дарахтларига кўзи тушди, камоли ҳаяжонланганидан бошка ёққа назар солишга мадори етмади. «Ўшанда кеманинг товуши тиниб, хўрозлар қичқира бошлаганди, — давом этди Дивина Флор. — Хўрозлар овози шундай кучли, қулоқни кар қилгудек шовқинли эдики, шаҳримизда парранда шунчалик кўплигини ақлимга сиғдиролмай, бу хўрозлар епископ билан кемада олиб келингандир, деб ўйладим». Гувоҳ Пласида Линеронинг ёзғиришича, оқсоч қиз ўзига ҳеч қачон насиб этмайдиган бу йигитга қилиши лозим бўлган бирдан-бир яхшилик — лўкидонни солмай, эшикни очиқ қолдириш эди; шунда у, асқотган тақдирда, дарров уйга кириб, хавфдан қутулар эди. Номаълум кимса — унинг шахсини аниқлай олишмаган — остонага хат ташлаб кетган, унда Сантьяго Насарни суиқасддан бохабар этилиб,уни кимлар, қачон ва қаерда ўлдирмоқчилиги батафсил кўрсатилган. Сантьяго Насар уйдан чиқаётганда ҳам мактуб ерда ётган, аммо йигит пайқамаган; унга Дивина Флорнинг ҳам кўзи тушмаган, умуман, хатга ҳеч зот эътибор бермаган, одамкушлик амалга оширилгач, анчадан кейингина уни кўришган.
Соат олти, кўчаларда чироқлар ҳамон ёниқ. Бодом гаохларида, баъзи уйлар пешайвонида тўй муносабати билан осилган, рангин қоғозлардан ясалган гулчамбарлар солланади, дабдурустдан кўрган киши гулчамбарларни епископ шарафига осилибди, деб ўйлаши мумкин. Ибодатхона айвонига туташ, тўртбурчак тош ётқизилган майдон саҳнида машшоқларга мўлжаллаб тахтасупа ясалганди, супа кечаги оломон сайлдан кейин бўш шишалару турли нишхўрд — чиқиндига тўла ахлатхонага айланганди. Сантьяго Насар кўчага чиққанда, кема овозини эшитиб, бир неча киши бандаргоҳ томон чопиб кетаётганди.
Майдондаги барча маҳкамалару уйларнинг эшиги берк, фақат черков яқинидаги сут дўконигина очиқ, Сантьяго Насарни сўйишга қасд этган қосидлар уни худди ўша ерда пойлашаётган эди. Уни дастлаб сут сотувчи хотин Клотильде Армента кўрган, тонгги тиниқ шуълаларда йигитнинг оппоқ кийими унга алюминдан тикилгандай туюлган. «У кўзимга оқ-ялтироқ либос кийган арвоҳдай кўринди», деди у менга. Қосидлар рўзномага ўроғлиқ пичоқларини маҳкам қучоқлаганча пештахта тагида ухлаб ётишарди. Клотильде Армента уларни уйғотиб юборишдан чўчиб, нафасини ютиб, дамини чиқармай лол турарди.
Қосидлар — эгизак Педро ва Пабло Викарио — йигирма тўртга кирган, бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш йигитлар эди. Терговчининг ҳисоботида: «Кўриниши хунук бўлса ҳам, феъли, муомаласи яхши экан», деб ёзилган. Мен ҳам, икковини мактабда ўқиб юрган пайтларидан биладиган одам сифатида, худди шу гапни айтган бўлардим. Улар кеча тўйда кийишган, бизнинг Кариб денгизи қирғоқларидаги мазгилларда одамни бирмунча олифта ва бақалоқ кўрсатадиган қора жун костюмларини ечиб улгуришмаганди; ўйин-кулги, зиёфату ичкиликдан ҳориган юзлари эзғин бўлса-да, соқоллари одатдагидай қиртишлаб олинган эди. Тўй арафасидаги базмдаёқ маст бўлиб олган эгизаклар уч кеча-кундуздирки бетиним ичавериб, ақлу ҳушдан айрилиб, икковиям бамисоли тункезар ойпарастга айланган эди. Улар қурбонни Клотильде Арментанинг сут дўкони пештахтаси остида уч соат мудраб кутгач, илк тонг нурлари осмонни ёритганда, ниҳоят, жумадан бери биринчи марта кўзлари илинди. Кема дастлаб овоз бергандаёқ сачраб уйғонишди. Сантьяго Насар уйдан чиққанда эса, уни кўриб, тамоман ҳушёр тортишди. Иккови ҳам дарҳол қўлларидаги ўроғлик пичоқни маҳкам қисишиб, тараддудланишди, Педро Викарио ҳатто ўрнидан тура бошлади.
— Тангрига шак келтирманглар, — дея бидирлаб-шивирлади Клотильде Армента. — Худо хайрларингни берсин, ҳеч қурса, епископ ҳазрат кетгунича шу ишни қилмай туринглар...
«Бу гапни олло кўнглимга солганини қаранг-а», дея у кейин ҳам неча бор такрорлаб, ғурурланиб юрди. Дарҳақиқат, бу фикр унинг калласига бехосдан келиб қол-ган, у беихтиёр айтиб юборган эса-да, ҳарқалай эгизаклар Клотильде Арментанинг сўзидан кейин шаштларидан тушдилар, Педро эса яна қайтиб ўрнига ўтирди. Икковлон майдондан ўтаётган Сантьяго Насарни киприк қоқмай кузатишди. «Улар унга ачиниб қарашди», дея изоҳ берди Клотильде Армента. Шу аснода майдонни черков мактабининг бир гуруҳ талаба қизлари бетартиб равишда кесиб ўтишган.
Пласида Линеро билиб айтган экан: епископ кемадан пастга тушмади. Бандаргоҳда шаҳар маъмурлари ва ўқувчи болалардан ташқари сон-саноқсиз оломон тўпланганди; ҳар жой-ҳар жойда савату кажавалардан ҳазратга аталган хўрозлар бошини чиқариб, мўлтираб турарди: хўроз тожининг қайнатмаси епископнинг хуш кўрадиган таоми эди. Ҳадяю тортиқлар тунчалик кўп йиғилдики, уларни лангаргоҳдан кемага юкланса, роса икки соат вақт кетарди. Аммо кема тўхтамади. У дарёнинг қайрилишидан тимсоҳдай ўкириб, сузиб чиқиши биланоқ машшоқлар епископга бағишланган тантанали қасида куйни жаранглатиб чалиб юбордилар ва шу заҳоти хўрозлар ҳам томоқларини йириб-йиртиб қичқирдилар, уларга шаҳарда қолганлари ҳам жўр бўлишди.
Бу пайтга келиб ғилдиракли, ўтин ёқиладиган афсонавий кемалар кўринмай қолганди, баъзи бир сузиб юрганларида эса пианола ҳам, асал ойини айшу ишрат билан ўтказиладиган хосхоналари ҳам йўқ эди; аслида, бундай алмисоқдан қолган кемачаларнинг оқимига қарши сузиши ниҳоятда оғир. Епископ ҳазратнинг кемаси яп-янги эди, бир эмас, иккита темир мўриси чўққайиб турарди, уларга билакузук шаклида байроқ тасвири туширилган, остидаги чархи ва парраги тезюрар денгиз кемалариники каби маҳобатли эди. Кеманинг юқори саҳнида, шундоққина капитан ҳужраси ёнида, испан мулозимлари даврасида оппоқ кийинган епископ сиймоси кўзга ташланади. «Об-ҳаво худди рождество ҳайитидагидай эди», деди синглим Маргот. Унинг айтишича, кема лангаргоҳ ёнидан ўтиб бораркан, улкан махлукдай чўзиб бўкирган, кейин қирғоқда, биринчи қаторда турганларга иссиқ ҳовур аралаш сув сачратиб, уст-бошини шалаббо қилган. Одамлар епископни худди тушда кўргандай бўлишган: кема оломон қаршисидан ўтиб бораркан, ҳазрат ҳавога қўлини бигиз қилганча чўқиниш русумини бажо этиб, беихтиёр, беэътимод, меъровларча чўқина-чўқина кема узоқлашгани баробарида кўздан йўқолган, бандаргоҳ чўчигаи хўрозларнинг қақақлашию пала-партиш қичқириғига тўлиб кетган.
Сантьяго Насарга алдангани алам қилди: рухоний Кармен Амадорнйнг оммавий ташвиқига учиб, уям бир неча қучоқ ўтин, епископ ёқтирадиган тождор хўрознинг бир нечасини ҳазратга атаган эди, аммо у бепарво ўтиб кетди. Лекин йигитнинг алами узоққа чўзилмади. Бандаргоҳда ёнма-ён турган синглим Маргот унинг қўл силтаб қўйганини, бошоғриқ дори кор қилмаганини, карахтлиги тарқамаганини сезган ва кўзларининг бирдан мамнун чақнаганидан майхўрликни яна давом эттиражагини англаган. «У ҳечам шамоллаганга ўхшамасди, фақат кечаги данғиллама тўй қанчага тушганини ўйларди», деди менга синглим. Шунда Кристо Бедойя дарҳол сарфу харажатларни ҳисоблаб, шундай рақамларни айтдики, оғзимиз очилиб қолди. Сантьяго Насар, Кристо Бедойя ва мен учаламиз соат саҳарги тўртгача айланиб юрдик, кейин ухлагани уйига бормасдан, бувасиникига кириб кетди. У буваси ва бувиси билан лақиллашиб ўтириб, тўй хусусидаги маълумотини янада тўлдириб олди. Кейин Кристо Бедойя тўйда меҳмонларга атаб қирқта курка хўроз, ўн битта ахта тўнғиз ва яна тўртта ғунажин сўйилганини бизга ҳисоблаб берди — куёв уларнинг ҳаммасини шундоққина майдонда қовуртириб, халойиқни сийлаган. Кристо Бедойя тағин икки юз бешта яшикдаги хориждан хуфя равишда келтирилган май, икки мииг шиша ром оломон ичида юриб тарқатилганини ҳам айтди. Хуллас, тўй эмас, байрам бўлиб кетган, авваллари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бу тўкин-сочин базмда шаҳарчадаги одам зоти борки, бари роса еб-ичган. Сантьяго Насар тўлқинланиб, ҳавасини яширолмади:
— Менам худди шунақа тўй қиламан, — деди у. — Одамлар ўлгунча бир-бирларига гапириб юришсин.
Шунда синглим Марготнинг ичидан қиринди ўтиб кетди: у шундоғам бахту омади бошидан ошиб-тошиб ётган Флора Мигелнинг саодат юлдузи янада порлашини, рождество ҳайитида Сантьяго Насар унга насиб этишини ўйлаб, ҳасаддан юраги ёрилаёзди. «Йигит ўлгур бир чиройли, эсли-ҳушли, йигирма бир ёшда-ю, ўз мол-мулки бор». Маргот уни тез-тез меҳмонга чақириб турар, айниқса, онам гўштли, кўкатли қозонсомса қилганда, жон-жон деб бизникига келар ва бирга овқатланар эдик. Ўша куни ҳам онам нонуштага сомса ёпганди. Сантьяго Насар бизникига киришини айтди.
— Мен уйдан кийимимни алмаштириб чиқай, сизларга етиб оламан, — деди, сўнг бирдан соати жавончада қолганини эслаб: — Соат неча бўлди? — дея сўради.
Олтидан йигирма беш дақиқа ўтганди. Сантьяго Насар Кристо Бедойянинг тирсагидан тутиб, майдонга юрди.
— Ўн беш дақиқадан кейин сизларникига бораман, — деди у синглимга.
Синглим нонушта тайёрлигини айтиб, ҳаммамизни биргаликда уйга киришимизни талаб қилиб туриб олди. «Унинг юзида қандайдир бир қатъият ифодаси бор эди, — деди менга кейинчалик Кристо Бедойя. — Баъзан-баъзан ўзимча, Маргот унинг ўлдирилишидан дарак топгандирки, йигитнинг сизларникига таклиф этиб, жонини асрамоқчи бўлгандир, дея ўйлайман». Илло Сантьяго Насар синглимни кутиб турмай уйга жўнайверишга кўндирди, унгача ўзи кийимини алмаштириб, отини миниб чиқажагини, тезроқ қўрғонга етиб бориши кераклигини, новвосларни бичмоқчи эканини айтди-да, Маргот билан хайр-хўшлашиб, Кристо Бедойяни қўлтиқлаганча майдон томонга юрди. Синглим уни сўнгги дафъа кўриб турарди.
Бандаргоҳга чиққанларнинг жуда кўпчилиги биродар Викариолар Сантьяго Насарни ўлдирмоқчи эканидан воқиф эди. Истеъфодаги полковник, олий ҳарбий дорулилмни тугатган, ўн бир йилдан бери шаҳар ҳокими вазифасини бажараётган дон Ласаро Апонте ҳам унинг бошида ажал шамшири яланғочланганини била туриб, харбийчасига қўлини сиқиб, индамасдан сўрашиб қўя қолган. «Мен хавф-хатар ўтиб кетди, энди ҳеч нарса бўлмас, деб ўйлабман», деди у менга. Қавмнинг отаси падар Кармен Амадор ҳам пинагини бузмаган: «Уни соғ-саломат кўриб, эшитганларим шунчаки миш-миш экан-да, деган хаёлга бордим», деди у ўзининг лоқайдлигини оқлаб. Энг ёмони, Сантьяго Насар суиқасддан огох этилганми-йўқми — бу ҳақда бирор инсон зоти бош қотирмаган, йигитнинг ҳеч нарсани билмаслигига, ғафлат босганига эса ҳеч ким ишонмаган. Дарҳақиқат, баъзи кишилар, жумладан менинг синглим Маргот ҳам эгизак қассоблар унга қасд қилганини эшитмаган. У терговчига шундай изоҳ берган: «Агар номига сезиб қолганимдаям, уни бўйнига арқон солиб бўлса-да уйимизга судраб олиб кирардим». Бўлажак хунрезона жиноятдан синглимнинг бехабарлиги менга жуда ғалати туюлди; бир неча йилдан бери ҳатто черковга қатнамай кўйган, хамиша уйда ўтирадиган ва миш-мишу дув-дув гапларни элдан бурун эшитадиган онамнинг қулоғига бутун халойиққа маълум шумхабарнинг етиб келмагани эса мени баттар ҳайратга солди. Чунки онамнинг қуввайи ҳофизаси ва кўнгил кўзи жудаям тиниқлигини, кўп ҳодисаларни олдиндан сеза олишини болалигимдан яхши билардим. Ўша пайтларда мактабга вақтида етиб бориш учун тонг қоронғисида уйғонибоқ онамнинг рангпар, сирли-сукутли юзига кўзим тушарди; у саҳарги ғира-шираликда уйни супуриб-сидириб, кейин қаҳва қайнатаркан, ёруғ дунёда нималар рўй бераётганидан гапирар, биз унинг пурмаъно ва турли-туман маълумотга бой сўзларини иссиққина кўрпада эшитиб ётардик. Назаримда, онам билан шаҳримиз кишиларини, айниқса, унинг қуролдошларини кўринмас, сирли, даракчи ришталар боғлаб турарди; гоҳида у худди фолбин хотинлардай юз беражак ҳодисани олдиндан айтардики, воқеа рўй бергач, оғзимиз очилиб қоларди. Аммо онам ўша куни соат учда пайдо бўлиб, кўчама-кўча кезиб юрган фалокат шарпасининг тобора яқинлашаётганини сезмаган. Епископни кутишга чиқиб кетаётган синглим Маргот — унинг ҳовли саҳнини супуриб-сидириб, сомсага қийма чопаётганини кўрган. Онам ўша кунни эслаб: «Хўрозлар роса томоқ йиртиб қичқиришганди-да», деди. Онам бандаргохдан эшитилаётган овозлар епископнинг ташрифи билан боғлиқлигини тушунмаган, балки тўйдагиларнинг охирги бақириқ-чақириқлари, деб ўйлаган.
Уйимиз катта майдондан анча нарида, дарё қирғоғида, хушбўй анбаҳзорлар орасида жойлашган эди. Синглим Маргот бандаргоҳгача соҳил бўйлаб пиёда борган, айтишича, фикри-зикри хазратнинг ташрифи ила банд бўлган халойиқ майда-чуйда миш-мишларга эътибор бермаган. Қайсики хонадонда касаллар бўлса, ҳаммаси эшиклар олдига олиб чиқилганди, улар, ҳазратнинг пойқадами билан зора-мора фалак дардимизга дармон юборар, деган умидда остоналари ёнида чўзилиб ётишар, чўчқа етаклаган, курка қўлтиқлаган ёки алламбало егуликларни, назру ниёзларни бўхчаларга тугиб олган хотинлар ҳовлиларидан ҳовлиқиб чиқиб, бандаргоҳга ошиқар, дарёнинг у ёғида эса, гулчамбарлар билан безатилган эшкакли қайиқлар — каноэлар оҳиста сузиб борар эди. Кирғоққа оёғининг гарди ҳам тегмаган епископнинг қораси ўчгач, яна бир янги хабар тарқалдики, оломон орасида тағин шовқин-сурон, шов-шув гаплар авжига минди. Синглим ана шунда бор гапни бирданига эшитган ва жанжалнинг тагига етган: кечаги шоҳона тўйдан сўнг келинпошша Анхела Викариони онасининг уйига қайтариб келтириб қўйишибди, инчунун, куёвнинг шаҳодатича, у жувон чиқибди. «Худди жоним халқумимга келиб қолгандай беҳол бўлдим, — деди синглим Маргот. — Одамлар қанчалик оғиз тўлдириб ғийбат қилишмасин, ҳеч бир кимса бечора Сантьяго Насарнинг бу ишларга қандай аралашиб қолганини изоҳлаб беролмасди». Бинобарин,Анхела Викарионинг акалари уни ўлдирмоққа қасдлангани ҳаммага маълум эди.
Синглим йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаганича уйга дилтанг кириб келди. Онам ошхонада куймаланар, мабодо епископ сиймосини кўриш насиб этса, доғда қолмай дея бозор куни киядиган кўк гулли кўйлагини устига илиб олган эди; у ўзича ишқу жазманлик хусусидаги португал халқ қўшиғини хиргойи қиларди. Синглим дастурхонга бир кишилик ортиқча насиба қўйилганини айтганди, онам:
— Бу Сантьяго Насарники, — дедим. — Қизим, ахир уни ўзинг нонуштага таклиф этгансан-ку.
— Олиб қўйинг, — деди Маргот қатъий.
У онамга кўчада эшитганларини бир-бир айтиб берди. «Онам ҳамма гапни билади, деб ўйлагандим, — деди синглим менга. — Чунки унга бир нарсани айта бошласанг, ярмига бормай туриб, охири нима билан тугашини фаҳмлаб оларди». Аммо бу машъум хабар онамга ҳам бирмунча чигал туюлиб, ҳаттоки у ҳам ночор аҳволда қолди. Насарнинг авлодига туғилганида онамнинг исми билан Сантьяго деб аташганди, чунки онам уни чўқинтирган волида эди. Шармандаи шармисор келиннинг онаси Пура Викариога ҳам онамнинг қариндошчилиги бор эди. Онам синглимнинг бидирлашини охиригача эшитмай, азаларга киядиган қора ридосини, пошнадор пойабзалини кийди. Отам ҳали ўрнидан турмаганди, орадаги гап-сўзни эшитиб, кутилмаганда, тунги халатида у ҳам ошхонага кириб келди ва хавотирланиб, онамдан қаёққа отланганини сўради.
— Бояқиш жигарим Пласидадан хабар олай, — дсди у. — Барча халойиққа эгизак қассоблар унинг ўғлини ўлдирмоқчи экани аёну у бечоранинг уйи куйиб, хеч нарсадан бехабар ўтирибдимиш. Ҳе, дунёнинг ташвишиям қуриб кетсин-а!
— Нарсалар ҳам, Викариолар ҳам биз учун қора кўздай яқин ва азиз, ўйлаб иш тутгин, онаси, — деди отам.
— Ҳар доим бошига фалокат тушганларга қайишган яхшидир, — деди онам.
Нариги хонадан укаларим чиқиб келишди. Кичкиналари ёмон бир иш бўлганини сезиб, йиғлаб юборишди.
Онам, умрида биринчи марта бўлса керак, на ҳиқиллаётган дилбандларига, на отамга эътибор қилди. Отам унинг ниҳоятда қайғураётганини англаб:
— Тўхтаб тур, менам кийиниб олай, — деди.
Онам бу пайтда кўчага чиқиб улгурганди. Укам Хайме ҳам кийиниб, мактабга жўнашга тараддудланарди. Отам унга:
— Онанг билан бирга бор, — деб буюрди.
Нима гаплигидан, қаёққа боришаётганидан бехабар, Хайме онамнинг изидан чопа кетди ва унга етиб, қўлидан маҳкам ушлаб олди. «У ўз-ўзи билан сўзлашиб борарди, — деди менга Хайме. — Онам, бу саллоҳ ўлгурлар ҳайвонданам баттар, турган-битгани фалокат, — деди паст овозда». У укамни етаклаб бораётганини ҳам сезмаган. «Одамлар аҳволимни кўриб, бу хотин ақлидан озибди, дейишгандир, — дея зорланди онам менга кейин. — Олисдаги шовқин-суронни эшитганим эсимда, назаримда тўй қайтадан бошлангану оломон яна майдон тарафга чопиб бораётгандай туюлди». У ўзида йўқ шошиб бораркан, бутун олағовурнинг боиси қил устида турган инсон ҳаёти эканлигини фаҳмлаб, жон-жаҳди билан майдонга талпинган, бироқ йўлда ўтиб кетаётган аллаким унга, азбаройи раҳми келганидан:
— Луиса Сантьяго, шошмай қўя қолинг! — дея қичқирган. — Уни ўлдириб бўлишди.
Байярдо Сан Роман, қиз чиқмаган хотинини онасиникига элтиб ташлаган куёв, бу маконда ўтган йилнинг августида, тўйидан роса олти ой олдин пайдо бўлган эди. У шаҳарчамиздаги бандаргоҳда ҳафтасига бир марта тўхтаб ўтадиган кемада келганди: ўшанда унинг ошланган теридан тикилган иккита кумушбандли тўрвасию кумуш тўқали тасмаси, этиги ва қуп-қуруқ бўйи бор эди, холос. Афтидан ёши ўттизларда эди, аммо тореродай алп қоматлиги уни навқирон қилиб кўрсатарди, кўзлари тилладай тиниқ, чақноқ, ранг-рўйи ҳам оловда тоблангандай тоза, ёқимли эди. Эгнидаги ихчам костюми, торгина шими асл новвос терисидан, эчки терисидан тикилган қўлқоплари эса костюмига ҳамранг эди. Кемада бирга келган Магдалена Оливер бутун йўл давомида ундан кўз узолмаган. «Қиз боладай йигит экан, — деди у менга. — Эсиз-эсиз! Шунақаям ёқимлики, бир пиёла сувга қўшиб ютиб юборсам, дейсан одам!» Аввалига шўрлик Магдалена ҳам, кўпчилик калтабин кимсалар ҳам Байярдо Сан Романнинг унча-мунча хотин зотинииг тиши ўтмайдиган тошёнғоқ эканини фаҳмлашмаган.
Онам менга, мактабимга августнинг охирларида юборган хатида: «Бу ерга ажойиб бир йигит келди», дея шунчаки эслаб ўтганди. Кейинги мактубида эса: «Унинг исми Байярдо Сан Роман экан, айтишларича, кўп жозибали йигит эмиш, бироқ мен ҳали ўзиии кўрмадим», деб ёзди. Унинг нима сабабдан бизнинг жойларга қадам ранжида қилганини ҳеч ким билмаган. Тўй арафасида кимдир, уни синаш учунми, шу хусусда сўраганида, у: «Мен кимга уйланай экан, деб шаҳарма-шаҳар кезиб юргандим, чамамда, такдир насибамни шу ерга қўшган экан», дея қўя қолган. Бу гап рост бўлишиям мумкин, аммо у ичидагини сиртига чиқармаслик учун ҳар қанақа ёлғонниям ямламай ютиб, мардумни ишонтириб, лақиллатиб кетаверадиган йигитлар хилидан эди.
У биринчи куниёқ, кечаси кино кўриб ўтиришганда, одамларга бу ерда тезда темир йўл қуриш кераклигини, ана ўшанда бутун шаҳар аҳли дарёнинг қош-қовоғига қараб ўтирмасдан, истаган пайтда хоҳлаган томонига кетавериши мумкинлигини айтиб, ўзининг темир йўл қурилиши бўйича муҳандис эканлигини писанда қилган. Эртасига телеграмма юбормоқ ниятида телеграфхонага кирган, ускунани ўз қўли билан ишлатиб, керакли гапларни ўзи хабар қилган, кейин телеграфчи қизга кучсизланган батареяларни қандай қувватлантириш лозимлигини тушунтирган. Қўшинга аскар тўплаш мақсадида бизнинг шаҳарчага келган ҳарбий врач билан эса, чегара депарасида учраб турадиган турли хасталикларни қандай даволаш ҳақида дадил суҳбатлашган. Унга тонготаргача чўзиладиган шавқли-шовқинли базмлар ёқаркан, ўзи ҳам майхўрликни қийиб қўяркан, жанжаллашиб қолганларни устамонларча яраштирар, қиморда ғирромлик қилгувчилар билан чиқишолмас экан. Бир куни, якшанбалик ибодатдан сўнг, сузонғич йигитлардан иккитасини чақиртирганда, сузонғичлар бизнинг жойларда кўп бўлади, дарёнинг у ёғидан-бу ёғига ким ўзарга сузишган ва ҳарифларидан зўрини йигирма саржин орқада қолдириб, ғолиб чиқкан. Онам менга бир номасида шу хусусда ёзаркан, ўз одатича ҳовлиқиб: «У олтину тиллалар ичида ҳам шундай сузса керак», дея маҳобат килганди. Инчунун, у одамлар орасидаги шов-шувга — Байярдо Сан Роман беҳад молиявий имкониятларга эга, бели бақувват, қўли узун, истаган ишини қила олади, деган гапларга ҳам ишонган.
Онам менга октябрда ёзган хатида уни роса мақтаган ва: «Одамлар уни жудаям яхши кўришади, чунки ҳалол, кўнгли тоза йигит; ўтган якшанбадаги ибодатда у чўк тушиб олиб муножот қилди, лотинча хамд ўқишдаям ўзини кўрсатди, барака топгур», деган эди. Ўша пайтлари черков ишлари лотин тилида юритиларди, обидаларнинг тик туриб ибодат килиши таъқиқлангани ҳаммага беш қўлдай аён эди, бироқ агар бир нарсанинг тагига етмоқни истаса ё бирор нарса ёқиб қолса, онамнинг ана шундай кераксиз тафсилотларга урғу берадиган одати бор эди. Бу йигит беҳад улуғланган ана шу хатдан кейин онам менга яна иккита мактуб йўллади, бироқ улар-да, гарчанд бу даврга келиб Байярдо Сан Романнинг Анхела Викариога уйланаётганини бутун элу юрт эшитган бўлса-да, бу ҳақда бирор оғиз сўз демаган эди. Машъум тўйдан кейин, анча вакт ўтгач, ўша кунлари Байярдо билан яқиндан танишганини, таассуфки, у аксинча таассурот қолдирганини ва ўша — октябрда ёзган хатида хато қилганига, мулоқот асносида йигитнинг олтинга ўхшаш сариқ, йилтироқ кўзларини кўриб, қўрқувдан титраб кетганига иқрор бўлди.
— Кўзимга ажинага ўхшаб кўринди, ўлсин, — деди онам менга. — Ахир ўзинг айтгандинг-ку, бундай нарсаларни оқ қоғозга ёзиб ўтирманг, деб, шунинг учун индамай қўя қолгандим.
Мен Байярдо Сан Роман билан онамдан сал кейинроқ, рождество ҳайити муносабати билан таътилга келган кунларимда танишгандим, у менга ваҳима қилганларидай ғалати, фавқулодда инсон каби туюлмаганди. Чинданам ёқимтой, хушрафтор эди, аммо Магдалена Оливер оғиз кўпиртирганидай валию валломат эмасди. Фикри ожизимча, майда-чуйда килиқларидан қатъи назар, жиддий шахс эди, хушу хандон пайтларида ҳам ичидаги бир дард зарби чеҳрасида акс этиб турарди. Менинг назаримда, маҳзуну дардкаш бир инсон эди. Ўшанда у Анхела Викарио билан унаштирилганди.
Уларнинг қандай, қачон танишиб-топишганлари хусусида ҳеч ким менга бирор аниқ маълумот беролмади. Байярдо Сан Роман яшаган бўйдоқлар истиқоматгоҳи соҳибасининг айтишича, у айни қиём пайтида, оромхонадаги ҳалинчакда тебраниб, мудраб ўтирганида, сентябрь ойининг охирлари экан, қоғоз гуллар солинган саватни кўтариб Анхела Викарио ва унинг онаси майдонни кесиб ўтишган. Байярдо Сан Роман кўзларини ярим очиб, бошдан-оёқ қора кийинган икки мотамзадани кўрган, қуёш пурлари живирлаб, саробий тўлқинлар жилваланаётган майдондан ўтаётган ана шу икки қора шарпа йигитнинг назарида муҳитдаги бирдан-бир тирик жонзотдай туюлган. У мусофирхона соҳибасидан қизнинг кимлигини сўраганида, хотин унинг Анхела Викариолиги, ёнидаги онаси, у кенжа қиз эканини айтган. Байярдо Сан Роман иккала ўткинчини майдон ҳадига етгунича кузатиб турган. Сўнгра:
— Исми жисмига монанд экан , — деган у.
Кейин, бошини ҳалинчак суянчиғига тираб, яна кўзларини юмганда:
— Уйғонганимда, — деган у, — эсимга соласиз: мен унга уйланишим керак.
Анхела Викарионинг менга айтигаича, бўйдоқлар истироҳат уйи сохибаси бу гап хусусида кейинроқ, Байярдо Сан Роман қизга чинданам ошиғу шайдо бўлиб юрган кезларида оғиз очган. «Бу гапни эшитиб, юрагим ёрилаёзди», деди менга Анхела Викарио. Ўша гапнинг устида бўлганларнинг учтаси йигитнинг сўзларини рост, дея тасдиқлагади, аммо шоҳидларнинг тўрттаси шубҳа билдиришиб, инкор этишди. Шунга қарамасдан, барча тахминларга кўра, Анхела Викарио билан Байярдо Сан Роман илк бора октябрда, миллат байрами кунида, хайрия бозоридаги лоторея ўйналаётган жойда танишишган. Қизга лоторея тарқатиш топширилган экан. Байрамга чикқан Байярдо Сан Роман лоторея қутиси олдида турган рангпар, қоп-қора кийинган қизни кўргану тўппа-тўғри ёнига келган ва бутун бозор аҳлини ўзига қаратган садафланган граммофоннинг қанча туришини сўраган. Қиз унга бу буюм сотилмаслигини, балки лотореяга ўйналишини айтган.
— Қайтага яхши, — деган йигит, — арзонгина ва осонгина қўлга кираркан.
Анхела Викарионинг иқрор бўлишича, у айтганига эришган, аммо қизнинг кўнглида меҳру муҳаббатдан йироқ, совуқ бир таассурот қолдирган. «Такаббур эркакларни жиним суймайди ўзи, — деди у менга ўша кунни эсларкан, — бундай мақтанчоғини-ку, умримда кўрмагандим, хуллас, мен уни қип-қизил лах бўлса керак деб ўйладим». Граммофон ютуғи бор лотореянинг рақамини бақириб эълон қилишганда ва ютуқ чиндан ҳам Байярдо Сан Романга чиққанини билгач эса, қизнинг у мутакаббирга ғарази янада ортган. Қиз бояқишни лол қолдириш ниятида унинг ҳамма лотореяни сотиб олганини ким ҳам хаёлига келтирибди дейсиз.
Анхела Викарио ўша кечаси уйига қайтгач, хонасида турган совғалар ўраладиган нафис қоғоз ва гулқоғозли боғлоғич билан бежаб чирмалган граммофонга кўзи тушган. Ўша айём туғилган куним эканини қаёқданам била қолдийкин, ҳамон ақлим етмайди, деди менга Анхела Викарио. Байярдо Сан Романнинг унга бундай дабдабали туҳфа юборишига арзигулик орада ҳеч гап-сўз бўлмаганига ота-онасини ишонтираман дея қизнинг эси кетди. Унинг акалари — Пабло билан Педро оҳанжамали совғани эгасига қайтариб бериш учун дарҳол бўйдоқларнинг истироҳат уйига етиб боришди ва у ерда шундай шовқин-сурон кўтаришдики, оқибатда бу ўйинчоқни Анхела Викариога жўнатилаётганида кўрмаганлар ҳам унинг қай тарзда эгасига қайтарилаётганидан воқиф бўлишди. Бироқ далли-ғулли биродарлар Байярдо Сан Романнинг елимлиги ва тап тортмаслигидан бехабар эди. Эгизаклар эртасига тонг отганида, ичкиликбозликдан эс-ҳушларини йўқотиб, гандираклаб, ўша граммофонни қўлтиқлаганча довдирашиб, уйларига кириб келишди, бу ҳам етмагандай, икковининг ёнида улфатчиликни шу ҳовлида давом эттиришни кўзлаган Байярдо Сан Роман ҳам бор эди.
Анхела Викарио қўл учида кун кўрадиган оиладаги кенжа қиз эди. Отаси, Понсио Викарио, қашшоқ заргарлардан бири, рўзғорни тебратиш илинжида тинимсиз ишлай-ишлай, ажабтовур тақинчоқлар ясай-ясай пировардида кўзи хира тортган бир ғариб эди. Онаси, Пурисима дель Кармен эса, қизлигида мактабда мураббиялик қилган, турмуш қургандан кейин бекачликдан ўзга касб-кор орттирмаган эди. У мулойим, касалвандроқ кўринса-да, пишиқ-пухта аёллиги шундоғам сезилиб турарди. Мерседес уни эслаб: «Роҳибалардан бир тукиям кам эмасди», деди менга. Пурисима дель Кармен эри ва болаларининг парваришу тарбияси деб ўзини ўтдан-чўққа урар, атрофидагилар эса унинг ҳам бир тирик жон эканини унутиб қўйишарди. Унинг иккита катта қизи жуда кеч турмуш қурганди. Эгизаклар ва Анхеладан ташқари яна бир ўртанча қизи ҳам бор эди, афсуски, уни безгак қиёфасида келган ажал олиб кетди, мана, икки йилдир-ки, оиладагилар мотам тутишарди, уйда сал мундоқроқ юришса ҳам, кўчага чиқишганда мотамзадалик русумини жуда жойига қўйишарди. Эр-хотин ака-укаларни мард, меҳнаткаш қилиб тарбиялашди. Қизларни эса, турмушга бериш ниятида қоғозга ўралган қанддай авайлаб, парвариш этишди. Заифалар кераги билан кашта тикиб, гул солишни, чок машинада ажойиб кийимлар тикитпу тўр тўқишни, кир ювишу дазмол босигани, қоғозгуллар ясашни, шиннию мурабболар тайёрлашни, ҳаттоки никоҳ тўйига таклифнома ёзишни ҳам билишарди. Эски урф-одатларга, айниқса, ўлиму дафнга боғлиқ расм-русумга енгилтакларча қарайдиган баъзи дугоналаридан фарқли ўлароқ, Викарионинг қизлари ўсалларга қараш, жаноза ўқиш, азадорларга таъзия билдириш каби азалий удумларга қаттиқ риоя қилишар эди. Менинг онамга уларнинг ўринга ётишдан олдин соч тараш одатларигина маъқул эмасди. Онам уларни: «Кечаси соч тараманглар, жон қизларим, денгизчи йигитлар карамай кетиб қолишади», деб койир эди. Шунга қарамай, онам уларга қаттиқ меҳр қўйган, дунёда буларданам яхшироқ қиз йўқ, дер эди. «Бирам эсли, мўмин-қобилки бу қурмагурлар, — дерди онам, — қайси эркакнинг қўлига тушмасин, уни бахтга ботириб юборади: ахир булар жаҳонда хотинлик дардини тортишга, меҳнатга яратилган-да». Бироқ ўша тўрт қиздан иккитаси тушган эркаклардан бирортасиям, онам айтгандай, иқболга оёғидан ботиб қолмади, балки уларнинг бошига бандаликнинг балолари ёғилди: хотинчалари уларнинг этагидан маҳкам тутиб, қаерга бўлмасин эргашиб боришар, ўзларича аёллар базми уюштиришар, унда дугоналари рақс тушишар, ўзлари эса, эрларининг кўнглидан кечгувчи зинога оид ҳар қанақа пинҳоний фикрни англаб олиш мақсадида ҳушёр кузатиб ўтиришар эди.
Анхела Викарио тўрт опа-сингил ичида энг гўзали эди. Онамнинг айтишича, у ҳам, номи барча тарихларда достон этилган маликалар мисол онасининг қорнидан бахтли бўлиб туғилган эмиш. Аммо у зоҳиран беорому бесаранжом, ботинан ғарибаю ҳақирдай кўринар, зотан, келажакда ҳаётининг ўзгариб, яхшиланиб кетишига асосли бир умид ҳам йўқ эди. Мен ҳар йили рождество ҳайитига уйга келганимда уни бир хил ҳолатда учратардим: ҳар гал дарича ёнида турли қуроқ қоғозлардан гул ясаётган ёки қўшнилари билан қариқизлар айтадиган қадимий қўшиқларни хиргойи қилаётган бўларди ва бу ҳол уни кўзимга янада қоқсуяк, нотавон қилиб кўрсатарди. «Анави суяклари шақиллаб, қўриқчига айланиб қолган нозанин уруғинг бир тирговичга жудаям зорда», деган эди бир куни менга Сантьяго Насар. Бир сафар, опасининг қазосидан сал аввалрок, мен уни кўчада илк бор одмигина кўйлак кийган, сочлари ўрилган аҳволда учратгандим ва бу ўша нотавонми, дея кўзларимга инонмаган эдим. Дарҳақиқат, бу қиз фавқулодда бир очилиб кўчага чиққанди, чунончи, ёши улғайган сайин унинг одамовилиги ва тортинчоқлиги ортган эди. Шунинг учунми, Байярдо Сан Романнинг унга уйланмоқчилигини эшитиб, кўплар ажабланди, бу ёт одам бир балони бошламоқчи-ёв, деган ғаразли фикрни билдиришди.
Анхеланинг уйидагилар уни Байярдо Сан Романга беришга жон-жон деб рози бўлишди, фақат Пура Викарио ишни бузиб, йигит аввал ўзининг кимлигини, насл-насабини билдирсин, кейин унашамиз, дея иккала оёғини бир этикка тираб олди. Ҳақиқатан ҳам, шу маҳалгача унинг кимлигидан, шажарасидан ҳамма бехабар эди. Яллачидай кийиниб кемадан тушган ўша оқшомдан кейинги туриш-турмуши ҳалойиққа маълум, лекин унгача қандай яшаган, ким бўлган — бу барчага қоронғи эди, ўзиям ўтмишини яширарди, шу боисданми, бу хусусдаги ҳар қанақа узунқулоқ гап ҳақиқатга айланиб кетиши ҳеч гап эмасди. Эл ичида оғзи билан юрадиганларнинг айтишича, гўё у собиқ зобит эмиш, бутун-бутун қишлоқларни яксон этишда, Касанаредаги қирғинда қўли бор эмиш; яна у гўё Кайенадан, сургундан жуфтакни ростлаган қочқин эмиш; баъзилар эса унинг Пернамбукода бир жуфт айиқни ўйнатиб юрганини кўришган экан; кимларнингдир таъкидлашича, у — Шамоллар каналидан испанларнинг қачондир денгизга чўккан, олтинлар юкланган кемасини тортиб олган омадли қароқчилардан бири эмиш. Байярдо Сан Роман ёлғон-яшиқ гапларга бирваракайига барҳам берди: шаҳарчага оиласидагиларни бошлаб келди.
Улар тўрт киши: Байярдонинг отаси, онаси, иккита офатижон синглиси «форд-Т» машинасида антиқа бибибловчи сигналини чалдириб, эрталаб соат 11 ларда шаҳарга кириб келишганида, кўчаларни қий-чув босиб кетди. Онаси — асли курасаолик тўлагина мулат хотин, Альберта Симондс ёшлигида Антиль оролларидаги икки юз гўзалдан бири ҳисобланган, айни чокда у испанчани «папиамьенто» часига шева билан қалаштириб гапирар эди.
Қизлар айни етилган ёшда, худди минилмаган биядай дилтортар ва ёқимли эди. Улар орасида энг шарафли зот Байярдонинг отаси — генерал Петронио Сан Роман эди. У ўтган асрдаги гражданлар урушининг қаҳрамони, консерваторлар ҳокимияти даврида донг таратган, мавқе қозонган ҳарбийлардан бўлиб, Тукуринко ёнидаги жангда полковник Аурелиано Буэндиани ер билан яксон қилган ҳам худди мана шу одам эди. Эл уни фахру ғурур билан қаршилади, фақат менинг онамгина унинг кимлигини аниқ билгач, сўрашишга бормади. «Унашишгани яхши бўпти, — деди у менга совуққина қилиб. — Тўй ўз йўлига. Аммо Херинельдо Маркесни отишга буйруқ берган зобитни кўргани кўзим йўқ». Чол автомобиль ойнасидан бошини чиқариб, шляпасини силкитаркан, неча йиллардан бери портретини кўравериб кўзи кўниккан оломон дарҳол генерални таниб, гуриллаб олқишлади. Петронио эгнига буғдойранг сурп костюм, оёғига эчки терисидан тикилган, иплари чаппарастасига боғланган туфли кийган, қаншарига занжири камзулига қадалган олтин пенсне қўндириб олган эди. Костюми ёқасида жасурлиги учун берилган нишон ярақлар, олма шохидан ясалган, тутқичига миллий туғро нақшланган ҳассани қўлида тутган эди. У машинадан биринчи бўлиб тушди: у бошдан-оёқ шаҳримиздаги расвойи жаҳон йўлларнинг чангу ғуборига қопланган эди. Халойиқ генералнинг савлатини кўрган заҳоти Байярдо Сан Роман кимни хоҳласа ўшанга уйлана олишига шубҳаланмай қўйди.
Бироқ Анхела Викарио унга турмушга чиққани унамади. «Мен чумолидай нозик, у эса ҳирсдай бир йигит эди, қанақасига рози бўлай», деди менга Анхела. Бундан ташқари, Байярдо Сан Роман кейинчалик қизнинг кўнглини овлашга заррачаям уринмади, 6у унинг нафсониятига тегди, албатта: бинобарин, йигит Викариоларнинг барини ўзига оғдириб, қўйнига кириб олганига ишонган бўлса, ажабмас. Анхела Викарио ота-онаси, опалари ва поччалари меҳмонхонага йиғилишиб, ҳали тузукроқ кўриб-билишга улгурмагани бир эркакка тегасан, дея зўрлашган ўша изтиробли оқшомни ҳеч унутолмасди. Эгизак акалари бу даврада йўқ эди. «Бу хотинларнинг иши, биз бунақа ишларга аралашмаймиз», деди менга Пабло Викарио. Қизнинг ота-онаси ўзларининг камбағаллигию куда бўлгувчиларнинг бадавлатликларини рўкач қилиб, тақдирнинг бундай эҳсонидан юз буриш ярашмайди, дея танбеҳ беригади. Анхела Викарио турмуга қуриш йўлида ўтиб бўлмас ғов турганлигини, яъни ўртада меҳр-муҳаббат йўқлигини айтиб, тисарилмоққа уринганида, онаси шартта сўзини бўлиб:
— Эринг бўлгач, севишниям ўргатиб қўяди-да! — деди.
Бу қуда-андачилик ўша пайтда бир мунча оғир кечадиган, бўлғувси келин-куёв ниҳоятда ғаразу сергаклик билан кузатиладиган унашувлардан фарқли ўлароқ, Байярдо Сан Романнинг қистову ҳаракати туфайлими, атиги тўрт ойга чўзилди. Пура Викарио, оиламизда мотамзадалик муддати тугамагунча тўй қилмаймиз, дегани билан фурсатни янада қисқартиришнинг чораси топилмади. Аммо вақт ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди, ҳеч ким ортиқча азият ҳам чекмади — ҳамма ишларни Байярдо Сан Романнинг ўзи оппа-осонгина бажарди. «Бир оқшом у мендан шаҳримиздаги қайси уй менга кўпроқ ёқишини сўради, — деди менга Анхела Викарио. — Гап нимадалигини англамай, энг яхши уй — ҳеч кими йўқ Ксиусники, деб жавоб бердим». Агар у мендан сўраганида, мен ҳам худди шундай деган бўлардим. Ксиуснинг хонадони тепаликнинг қир учида, энг баҳаво жойда ўрнашган, пешайвони деразаларидан воҳадаги бинафшалар қийғос гуллаган ҳудудсиз ўтлоғу чаманзорлар кўзга яққол ташланиб турарди; ҳаво очиқ келган ёз кунларида эса, уфққа туташ Кариб денгизи соҳилларини, сайёҳларни ташийдиган, Картахен де лас Индиас дан йўлга чиққан баҳри муҳит кемаларини кўриш мумкин эди. Ўша оқшом Байярдо Сан Роман Киборлар клубига бориб, томдан тараша тушгандай, тўппа-тўғри бева Ксиуснинг рўпарасига ўтирди-да, у билан домино ўйнай бошлади.
— Эшитишимча, ҳеч киминг йўқ экан, оқсоқол, — деди у. — Мен уйингни сотиб олмоқчиман.
— Уй сотилмайди, — жавоб берди Ксиус.
— Бор ашқол-дашқолларингниям қўшиб сотиб оламан, — деди йигит такаббурона.
Бечора Ксиус дунё кўрган эскиларга хос назокату одоб билан уйидаги ҳамма нарсани раҳматли хотини иккови узоқ йиллар давомида яшаб-йиғиб юришганини, 6у ашёлар ҳам, уй ҳам бир ёдгорликдай ўзига қадрдон эканини тушунтирди. «У худди дилини кафтига қўйгандай ичидагини очиқ-ойдин айтди, — дея эслади ўша куни улар билан бирга домино ўйнаган доктор Дионисио Игуаран. — Менимча, уйни сотиб, ўттиз йиллик умрини роҳат-фароғатда кечирган азиз макондан айрилишдан кўра, Ксиус ўлимни авло биларди». Байярдо Сан Роман беванинг аҳволини тушунди чоғи:
— Яхши, — деди. — У ҳолда қуруқ уйнинг ўзини сотасан!
Йигит Ксиусни ўйин тугагунча уйни сотишга қистади, бева кўнмади. Уч кундан сўнг кечқурун Байярдо Сан Роман унинг рўпарасида яна пайдо бўлди, бу сафар ўз ниятини амалга оширишга қатъий бел боғлагани шундоқ қиёфасидан сезилиб турарди. Улар домино ўйнай бошлашди.
— Ксиус, ўзинг ёлғиз яшайсан ахир, — дея мақсадга кўчди у, — шундай хонадоннинг сенга нима кераги бор? Бас, нархини айт.
— Уйнинг баҳоси йўқ.
— Оғзингга сиққанини сўра.
— Афсус, афсус, — деди Ксиус. — Байярдо, сиз ёшлар кўнгил ишларини унчалик тушунавермайсизларда.
Байярдо чолнинг гапига эътибор бермади, ўйламай-нетмай:
— Хўп, майли, беш минг песо бераман, етадими? — деди.
— Инсофингни ютма, йигит, — деди унинг исрофгарчилик қилаётганидан хафа бўлган Ксиус. — Уй бунча пулга арзимайди.
— Ўн минг берай, хўп де, — хитоб қилди Байярдо Сан Роман. — Ҳозирнинг ўзидаёқ қуртдай санаб оласан, мана, банкнотим ёнимда.
Бева унга кўзларидан ёш тошиб қаради. «У ғазабдан, аламдан йиғларди, — деди менга доктор Дионисио Игуаран. У нафақат доктор, балки ёзувчи ҳам эди. — Ахир, ўзинг ўйлаб кўр, қариганингда, қўлингни шундоққина чўзсанг етадиган минг-минглаб пул ётсаю кўнгилнинг гапига кириб, керак эмас, дейиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди». Ксиуснинг дами ичига тушиб кетди, сўнг аламу изтироб ичра бошини сараклатиб, бўлмайди, деди.
— Шундайми? Ҳа, майли, — деди Байярдо Сан Роман. — Энди мендан охирги мурувватингни аямай, беш дақиқа шу ерда кутиб ўтир.
Чиндан ҳам беш дақиқа ўтар-ўтмас, у кумуш уқали чарм халтасини кўтариб, киборлар мажлисгоҳига қайтиб келди, халтадан ўн боғлам пул олди-да, столга қўйди: ҳар бир боғлами минг песодан бўлган пулларга Давлат банкининг муҳри босилган, қоғози шилдироқ белбоғчалар билан ўралган эди. Ана шу воқеадан сўнг икки ой ўтиб, бечора Ксиус қазо қилди. «Уйи унинг бошини сди, — деди менга доктор Дионисио Игуаран. — Ксиус орамиздаги энг соғлом одам эди, аммо мен унинг кўксига қулоқ тутиб, юрагида кўзёшлар қулқуллаётганини, паймонаси аламу изтироб йиғисига тўлганини сездим».
Ксиус ўтган-кетганни одамлар эсга солмасин деб, уйини бор-буди билан сотди, пулларни асраш учун бирорта сандиқча ҳам олиб қолмади. Байярдо Сан Романдан пулларни аста-секин тўлаб боришни ўтинди, холос.
Анхела Викарионинг қиз эмаслигини бирорта инсон гапириш тугул ҳаёлигаям келтирмаганди. Унинг бирор йигитни сайлаб, пинҳони сўзлашиб юрганини ҳам ҳеч кимса кўрмаган, зотан, у онасининг чизган чизиғидан чиқмай ўсган — буни ҳамма биларди. Тўйдан икки ой олдин, келин-куёв бўлажак истиқоматгоҳларини кўришга кетаётганларида, Пура Викарио қизини Байярдо Сан Романга қўшиб ёлғиз юборишдан қўрқиб, тўғрироғи, Анхеланинг исматини сақлаш ниятида, кўр эри билан уларни кузатиб борган эди. «Мен тангрига ё жонимни ол, ё ўзимни ўлдирмоққа етадиган ирода ато эт, деб роса ёлвордим, — деди менга Анхела Викарио. — Аммо у сўзимга қулоқ солмади». Анхела ростданам роса қийналган, ич-этини еяётган дардни онасига очиб, нопоклик изтиробидан кутулмоқни истаган, бироқ бу хусусда анави — дарича ёнида қоғозгул ясаб ўтирадиган сирдош дугоналарига айтганда, ўша шайтоннинг урғочилари бечора ситамкашни тўғри йўлдан қайтаришган. «Мен уларнинг раъйига қарши боролмадим, — деди Анхела Викарио менга. — Икковиям билдирлаб-бидирлаб эс-ҳушимни олди, бундай ҳолда эркак зотини алдаб-ишонтириш усулларини ўз тажрибаларидан гапириб, ахири сўзларига киритдилар. Улар Анхелани авраб, қизларнинг барчаси болалигидаёқ, тасодифан, ўзиям сезмаган ҳолда исматидан айрилиб қолади, дея ишонтиришди. Яна: ҳар қанақа ўжар эркак ҳам, агар келиннинг жувон чиққанини бошқа бирор кимса билмаса, ночорликдан муросага келади, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверади, дейишди. Ниҳоят, кўпчилик йигитлар биринчи кеча ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўяди ва келин билан қўшилгач, нима иш қилиб қўйганини билмайди, оқибатни идрок этадиган аҳволда ҳам бўлмайди, деб содда Анхеланинг ақлини ўғирлашди. «Чойшабда доғ борми, бас, уларга шунинг ўзи кифоя», дея миясига қуйишди. Хуллас, икки иблисшева дугонаси дунёдаги маълум барча макру ғараздан Анхелани воқиф этишди, охир-оқибат келин илк кечани рисоладагидай ўтказадиган, жимо фурсатида ўзини қиздай тутадиган, наҳорда туриб, бокиралик рамзи — доғли чойшабни офтобга ёядиган бўлди.
Ана шундай умиду ғаразли хаёл билан у турмушга чикди. Байярдо Сан Роман эса, бахтимни топдим, мен уни ўз бойлигим ва мавқеим таъсирида қўлга киритдим; бир данғиллама тўй қилайки, бутун эл оғзини ланг очиб қолсин, дея ўйлар, миясида тўйни дабдабаю асъаса билан ўтказиш хусусидаги тентакона хаёллар ғужғон ўйнар эди. Епископ келадиган кунни эшитгач, тўйни ўша улуғ айёмга қолдириб, ҳазратнинг ўзига никоҳ ўқиттирмоқчи бўлди, лекин Анхела Викарио бунга кўнмади. Анхела Викарио бунинг асл сабабини менга аён этиб: «Ростини айтганда, фақат хўрознинг тожидан шўрва қайнатиб ичадиган, сўнгра парранданинг қолган қисмини бутунича кирўрага ташлаб юборадиган кимсанинг фатвосини олишдан ирим қилдим», деди. Епископнинг оқ фотиҳасисиз ҳам тўй жўнашиб, бирам шоҳона тус олиб кетдики, охир-оқибат базму тантана тўс-тўполонга айланди, Байярдо Сан Роман ҳам бош-учини йўқотиб қўйди, хуллас, бутун шаҳар аҳли оёққа турган қиёмат бир айём бўлди.
Бу сафар генерал Петронио Сан Роман уй ичи билан бирга Миллий мажлис вакилларига қарашли байрам кемасида келди; тўй тугагунча кемани лангаргоҳга занжир-лаб қўйишди. Генерални кузатиб аллақанча маъмуру мансабдорлар ҳам ташриф буюришган эди, улар азбаройи кўплигидан, оломон орасига қўшилиб, билинмай кетди. Тўёналар ҳам беҳад-беҳисоб эди, шаҳардаги ташландиқ электростанция биносини супуриб-сидириб, совға-саломларнинг энг кўримлиларини ўша жойга қўйишди, қолганларини Ксиуснинг собиқ гўшасига жўнатишди, у ерда келин-куёвни кутиб олиш учун тараддуд авжида эди. Куёвга тепаси очиладиган автомобиль тўсна қилишди, машинанинг биқинига бўртма ҳарфлар билан Байярдо Сан Роман номи ёзилган эди. Келинга меҳмондорчиликда йигирма тўрт кишига етадиган олтин қошиғу санчқи совға этилди. Базмга бир гуруҳ раққослар ва икки гуруҳ машшоқлар чақирилганди, машшоқлар маҳаллий ҳаваскорлар билан соз чалиб, талашиб-тортишиб, рақс тушишиб роса базмни қиздиришди, бу орада олийшон тўйнинг даранг-дурунгини олисдан эшитган дайди гармончию ноғорачилар ҳам етиб келишиб, шовқин-суронни яна бир парда кўтаришди.
Викариолар уйи беҳашам, оддийгина эди: девори ғиштдан урилган, томи хурмо шохлари билан ёпилган, томида иккита туйнук бўлиб, январда учиб келган қалдирғочлар ин соларди. Ойнаванд айвондаги гултувакларга қўйилган гуллар тўрт фасл мобайнида барк уриб, яшнаб турар, нарироқда — чоққина ичкари ҳовлидаги мевали дарахтлар тагида эса товуқлар қақақлаб, насибасини териб юрар эди. Ташқари ҳовлига ака-ука эгизаклар чўчқахона қурган, унинг ёнида чўчқа бўғизланадиган «муқаддас тош», гўшт чопиладиган кундалар кўзга ташланади — Понсио Викарионинг кўзи ожизланиб, дунё меҳнатидан қутулгач, қора қозонни қайнатадиган, оилага даромад берадиган асосий манба шу ер бўлиб қолган. Бутун ишни Педро Викарио ўз қўлига олганди, у ҳарбий хизматга кетгач, саллоҳлиҳ ва қассоблик анжомлари Паблога қолди.
Уйлар тангу тор, ётиб-туришгагина ярарди, келиннинг опалари тўйнинг бунчалик катталашиб кетганидан ўзларини йўқотиб, қўшниларнинг уйини сўрамоқчи ҳам бўлишди. «Опаларимнинг фаросатсизлигини қарая-я, — деди менга Анхела Викарио уларни ёзғириб, — лаънати Пласидо Линеронинг уйини сўраймиз деб туришганди, отам бу гапдан хабар топиб, қизларимнипг тўйи мана шу каталакда ўтади, хоҳлашмаса, катта кўча, менга деса бир умр эрсиз ўтиришсин, деб сўкиб берибди». Уй эгаси бўёғи устидан яна сариққа бўялган, деворидаги ёриқлар суваб-текисланган, хоналарпинг поли тузатилиб, янгитдан бўялган, хуллас, хонадон дабдабали тўй-томошага мос бир ҳолатга келтирилган эди. Эгизаклар ташқари ҳовлидан ҳайвонларни бошқа жойга кўчиришди, чўчқахонани оҳаклаб, супуриб-сидиришди, шунда ҳам бари бир жой тор эди. Охири Байярдо Сан Романнинг маслаҳатига амал қилишиб, атрофдаги тахта деворларни ўрнидан кўчириб, ҳовли саҳнини кенгайтиришди; қўшнилар билан ҳам келишилди: ўйин уларнинг ташқи ҳовлисида ўтадиган бўлди, доимо ям-яшил очилиб турадиган тамарҳиндий дарахтлари остига узун йиғма хонтахталар ва курсилар ўрнатилди.
Тўйдан олдин куёв кичкинагина бир томоша кўрсатди — тўй куни эрталиб келишилган вақтдан роса икки соат кеч келди, шунча Анхела Викарио никоҳ либосларини киймайман, деб роса хархаша қилди. Кўнгилларни ҳаяжон ва ҳадик булути қоплади. «Келмаса келмай ўлсин, очиқ мозорга борсин эди! — деди менга Анхела Викарио ўша кунни эслаб. — Кўзимга мутлақо кўринмай, изи қирилиб кетсаям хурсанд бўлардим, аммо келинлик рўмоли бошимда, куёвсиз ёлғиз ўтиришга чидаёлмасдим, алам ўтганди». Унинг ранжу хавотири ўринли эди; ахир аёл зоти учун келинлик кийимига етишган куни куёви ташлаб кетиб, икки қўлини бурнига тиқиб, чапагини чалиб қолаверишдан бешбаттар шармандалик йўқ-да. Ўшанда Анхела Викарионинг иффатсизлиги, такдир қаҳридан қўрқмай бошига гулчамбар кийиб, оқ рўмол ўраганидан, одамлар ғазабланишди, бу қизлик шаънини, покликни оёқости қилишдир, дейишди. Фақат менинг онамгина Анхела Викарионинг ўз ниятини амалга оширишда қатъий, собит турганини тўғри изоҳлаб: «Ўша пайтда унинг шундай йўл тутиши худогаям хуш келган», деди. Бироқ Байярдо Сан Романнинг асл мақсади хам, қисмати ҳам ҳеч кимга маълум эмасди. У фрак ва цилиндр кийиб тўйда пайдо бўлган ондан бошлаб, базму ўйиннинг охиригача оммага саодатманд куёв қиёфасида кўриниб, ўйнаб-кулиб юрган.
Сантьяго Насарнинг ҳаётига буларнинг нечоғли алоқадорлигию унинг умр шоми бу машъум тўй оқшоми билан нақадар боғлиқлиги ҳам барчага қоронғи эди. Мен, Сантьяго Насар, Кристо Бедойя ва укам Луис Энрике тўртовлон черковда, тўю томошада бирга бўлардик, ўша куниям ажралмагандик, аммо, воажаб, Сантьяго Насарнинг юз-кўзида бирор ўзгариш ё хадик аломатини ссзмадик. Болаликдан бирга ўсдик, мактабда ўқидик, таътилларни ҳам тўртовлон бирга ўтказганимиз туфайли орамиздан қил ўтмас эди, аммо йигитчиликда бўладиган ишлар: ким-ким билан қандай алоқа ўрнатганию ишрат қилганини билганимиз ҳолда Сантьяго Насарнинг ана шу сиридан бехабарлигимиз барчани бирдай таажжубга соларди. Шу ҳақда, мендан сўраганларга ўзимча жавоб ҳам бердим.
Сантьяго Насар байрамни, тўй-томошани жонидан ортиқ кўрарди, ўша куниям тўйга кетган сарфу харажатни ҳисобларкан, ўлими олдидан бемисл бир лаззатни туйган эди. Унинг ҳисобига кўра, черковни безатиш учун сотиб олинган гулларнинг пулига ўн тўртта дафн маросимини олий даражада ўтказса бўларкан. Унинг бу гапини узоқ йиллар ёдимдан чиқармадим. Сантьяго Насар, хонадаги гул иси менга ўлимни эслатади, деб кўп марта таъкидлаганди, бу гал ҳам, черковга кираверишда, айни шу совуқ сўзни тилга олди. «Мен ўлсам, тобутимга гул қўйманглар», деганди сўнгра; албатта, ўшанда эртасига унинг бу васиятини бажариш учун нечоғли елиб-югуришим лозимлигини ўйлаб ҳам кўрмаган. Черковдан Викариолар уйига қайтишда у кўчаларни ясатишга кетган гулчамбару қоғозгуллар нархини, машшоқлару раққосларга, петарда-метардага ўхшаш портлагичу мушакларга, ҳаттоки кўча-кўйда тўйга келганлар бошидан сиқимлаб сочилган гуручга сарф этилган пулни ҳам тийинма-тийин ҳисоблаб, жамлаб борди. Чошгоҳда, ҳаво айни дим бўлган бир паллада, русумга кўра, келин-куёв етаклашиб ҳовлини айланиб чиқишди, у-будан тотинишди. Байярдо Сан Роман аллакачон бизга элакишиб кетган, қурдошларим тили билан айтганда, ҳамшишамизга айланган, айни чокда ёнимизга келиб ўтириб, ўзини жуда хушкайф, хушсуҳбат тутар эди. Анхела Викарио гулчамбари билан оқ рўмолини ечиб қўйган, терлаганидан атлас кўйлаги баданига ёпишиб турар, ўзи ҳам бирдан жувон қиёфасига кириб қолгандай кўринарди. Саптьяго Насар ҳамон ҳисоб-китоб билан машғул бўлганидан Байярдо Сан Романга қараб, ҳозиргача тўйга тўққиз минг песога яқин пул сарфланганини билдирди. Анхела Викариога бу бетамизлик бўлиб туюлди. «Онам менга, бегоналар олдида пул ва сарфу харажат хусусида гапириш айбдир, деб тарбия берган», деди у кейинчалик менга ўша ҳолатни изоҳларкан. Алалҳол Байярдо Сан Роман Сантьяго Насарнинг бу гапини эшитиб, маъқуллади ва хатто бундан мағрурланди.
— Энди тўққиз минг кетибдими? — деди у парвосизгина. — Тўй энди бошланяпти. Базм ўтгач бу ҳисоб икки баравар ортади.
Шунда Сантьяго Насар, сарфни тўй охиригача, энг сўнгги сентавосигача ҳисоблайман, кейин текшириб кўринглар, деди ва бевафо умрининг сўнгги муддатидаги вафоси боис бу ваъдасини бажарди. Эртасига, фалокатдан роса қирқ беш дақиқа аввал, биз яна бандаргоҳда учрашганимизда, Кристо Бедойя унга ҳисоб-китобда етмай турган сўнгги рақамларни айтганда, у Байярдо Сан Романнинг тахмини тўғри эканига амин бўлди.
Бу тўй тўғрисида илгарилари элас-элас эслардим, кейинчалик, одамлар хотирасидаги шу тарихга оид асл тафсилотларни синган кўзгу парчаларидек бир-бир териб, йиғиб, тасаввуримда тиклагач, кўп нарсалар равшанлашди. Отамнинг ана шу тўйда ғижжак чалганини, роҳиба синглимнинг зоҳидалар кийимида меренге га рақс тушганини, онамнинг ўгай акаси, доктор Дионисио Игуараннинг епископни ёқтирмаслиги боис ўша куни пошшолик кемасида сафарга жўнаб кетганини — барчасини бизнинг уйдагилар узоқ йиллар мобайнида хотирлаб-гапириб юришди.
Мен бу асарни ёзишдан олдин ўша воқеанинг шоҳидларини топиб, сўраб-суриштириб, суиқасд ва қотилликка расман оиду нооид жуда кўп тафсилларни тўпладим; масалан, Байярдо Сан Романнинг офатижон сингиллари барчанинг ёдида қолган экан: ўшанда барқут кўйлакларининг ёқасига тилла капалак шаклидаги тўғноғични қанотидан қадаб олган икковини кўрган бани одам ақлидан айрилиб термиларди, бинобарин, генералнинг бошидаги қўш қарқараси ва кўксидаги ялтиллаган нишонларидан кўра ҳамма унинг малоҳатли қизларига кўпроқ қарарди. Тўй, ўйин-кулги роса авжига минганда, ўйлаб-нетиб ўтирмай, эндигина бошланғич мактабни тугатган Мерседесга, менга теккин, дегандим — шуниям одамлар эсимга солишди; ўн тўрт йил ўтгач, унга уйланганимда, айни шу сўзларни Мерседеснинг ўзиям бир неча бор гапирган. Ўша машъуму балокаш якшанба айёмида, ховлининг ўртасида, курсида ўтирган бечора чол Понсио Викарионинг қиёфаси бир умр ёдимдан чиқмас. Афтидан, шу ер энг обрўли жой, деб ўйлаб, яқинлари уни ҳовлининг ўртасига ўтирғизиб қўйишганди, аммо ўтган-кетган меҳмонлар унга урилиб, қоқилишар, танимаганлар қандайдир кимсасиз, бадбахт кўр, деб ўйлашар, қариндош-уруғлари эса, чол одамларга халақит бермаяптимикан, дея хавотирланишар эди. Мўйсафид оппоқ сочли бошини саломлашгандай сараклатиб қўяр, яқиндагина кўзи ожиз тортган бечора сўқир банданинг юзида бесаранжомлик, ҳаяжон қотиб қолган эди; у гоҳо саволларга жавоб қайтарса, гоҳо бировларга берилган саломга алик олар, бундан ўзида йўқ хурсанд эди; унинг оҳорланган кўйлаги қалин қоғоздан тикилгандай дўппайиб турар, қўлида тўёна қилинган, гуайякан оғочидан ясалган ҳассани ўйнатиб турар эди.
Кечки соат олтида олийнасаб, фахрли меҳмонлар хайр-хўшлашиб жўнашди, тўйнинг тантанали қисми шу билан поёнига етди. Кема қўзғолиб, анвойи ранг шуълалар таратиб бандаргоҳдан узоқлашаркан, пианолада чалинган мусиқа садолари ҳам гўё унинг ортидан сузиб борди; биз худди жар ёқасида осилиб қолгандай хушимиздан айрилиб, бир фурсат қотиб қолдик-да, сўнг бир-биримизга қараб, ўзимизга келиб, яна ўйин-кулги, базму маишат гирдобига шўнғидик, Бир оз фурсатдан кейин оломон ўртасидан аранг йўл топиб, усти очиқ автомобилда келин-куёв кириб келишди. Байярдо Сан Роман портлагич мушакларни отди, кимлардир шакарқамиш майидан узатган эди, у майни шиша-пишаси билан кўтариб, оғзига қуйиб, қултиллатиб ичди-да, сўнг Анхела Викариони қўлтиқлаб машинадан тушди ва кумбия га рақс тушаётганлар даврасига қўшилиб, то ҳолдан тойгунча ўйнади.
Охири у одамларга: пули тўланган, машшоқлар ҳеч ёққа жилмайди, йиқилиб қолгунча ўйнаб-кулинглар, деб буюрди-да, ўлардай қўрқиб, жони халқумига келган хотинини етаклаб, қачонлардир бева Ксиус бахту осудалик нашидасини сурган, кейинчалик маҳбубасига матлуб бўлган уйга кириб кетди.
Ярим кечада оломон тарқалди, майдонда яна Клотильде Арментанинг сут дўконигина сўппайиб қолди. Сантьяго Насар, мен, укам Луис Энрике ва Кристо Бедойя биргалашиб Мария Алехандрина Сервантес хонимнинг лаззатижон уйига жўнадик. У ерда ўтирганлар ичида эгизак Викариолар ҳам бор эди, улар бизга қўшилишиб май ичишди, Сантьяго Насар билан — уни ўлдиришларидан беш соат аввал — роса қўшиқ айтишди. Тўйдан қайтаётган кишиларнинг маст-аластларча бақириқ-чақириқлари, сўкинишлари қаёқлардандир, ҳамон эшитилиб турарди, уларнинг товуши қандайдир маҳзун, аламли туюларди; ниҳоят, епископ тушган кема келмасидан сал бурун, бу овозлар тинди.
Пура Викарионинг онамга айтишича, у кечки соат ўн бирларда, тўйнинг тўс-тўполони тинчигач, қизлари билан уйни сал-пал тартибга келтириб, ухлагани ётган. Ундан олдинроқ, соат ўнларда, катта айвонда ҳамон бир гуруҳ майпарастлар айш суриб ўтиришган, Анхела Викарио ётоғида турган, айрим нарсалари солинган саквояжига киши йўллаган: онаси унга баъзи кийимлари, чойшаблар тахланган жомадонни ҳам бериб юбормоқчи бўлгану, бироқ киши азбаройи ошиқаётганидан жомадонни олмаган.
Эшик тақиллаганда, Пура Викарио донг қотиб ухлаб ётганди. «Эшик секин-секин уч марта тақиллади, — деган у онамга. — Эшитдиму кўнглим бир фалокат юз берганини сезди». У чироқни ёқмасдан ва ҳеч кимни уйғотмасдан, оҳиста эшикни очган, кўчадаги чироқ ёруғида Байярдо Сан Романни кўрган: унинг тугмалари қадалмаган оқ кўйлаги устидан рангин шимига елкалари оша тақилган шим-тасмаси осилиб турарди. Пура Викарио онамга: «У бамисоли алақ-чалақ тушда кўринадиган ажинадай ям-яшил эди», деган. Анхела Викарио қоронғида беркиниб турган, сўнг Байярдо Сан Роман унинг қўлидан тутиб ёруққа судраб чиққан. Баданининг у ер-бу еридан атлас кўйлагининг йиртиқ-сиртиқларигина осилиб қолган Анхела думбасига сочиқ ўраб олган эди. Пура Викарионинг кўзига улар, гўё жарга автомобилдан учиб тушиб ўлганлару айни аснода рухлари бу ерга келгандай туюлди.
— Воҳайрато, эй қодир эгам! — дея хитоб қилган у кўрқувдан дағ-дағ титраб. — Агар тирик бўлсаларинг, жавоб беринглар: нима гап ўзи?
Байярдо Сан Роман остонани хатламаган, бир сўзам демасдан бир кечалик хотинини оҳиста итариб эшикдан ичкари киритган. Сўнгра Пура Викарионинг юзидан ўпиб, чуқур алам ва киборларча назокат билан:
— Онажон, раҳмат сизга. Сиз жудаям олийжаноб аёлсиз, — деган.
Кейинги ўтган икки соат мобайнида неки рўй берган — бари фақат Пура Викариогагина аён эди, афсуски, у билганларини ўзи билан бирга гўрига олиб кетди. «Биргина нарса эсимда қолган, — дея иқрор бўлди менга Анхела Викарио, — онам бир қўли билан сочимдан ўраб-ушлаб олиб, бир қўли билан жазаваси тутганича шундай саваладики, бу уришида ўлдириб қўяди, деб роса қўркдим». Аммо волидайи нотавон шарманда қизини шунчалар эҳтиёткорона калтаклаганки, нариги хонада ухлаётган эри ва катта қизлари бирор товушу шарпани сезишмаган, қон тўкилиб, фалокат кўпгунича кўз очишмаган.
Ака-ука қассоблар тунги учларда уйга қайтишган — шу заҳоти икковини онаси чақирган. Улар Анхела Викариони ошхонадаги диванда юзтубан ётган, бети кўкариб, конталашган, йиғидан тийилган бир аҳволда кўришган. Ҳарқалай ўшанда қўрқувни унутиб, ўзимни тутиб олгандим, — деди менга Анхела Викарио. — Аллапайтлардан бери юрагимни туздай ачиштираётган васвасадан, талвасали тушдан фориқ бўлиб, дилим таскин топганди, энди фақат бир нарсани — гап-сўз тугашини, тинчгина ўринга чўзилиб ухлашни истардим». Педро Викарио сал жангарироқ эди, у Анхеланинг белидан даст кўтариб, стол устига ўтқазиб қўйди-да:
— Қани, ичингдагини яширмай айт, — деди ғазабдан титраб-қақшаб. — Ким бузган сени?
У бир исмни айтиш учун қанча фурсат зарур бўлса, шунча вақт индамай, тили калимага келмай турди. У қоронғиликка тикилганича гўё ўша номни ахтарарди, ниқоят ҳар икки дунёга мансуб инсонлар исми орасидан излаганини топди ва худди бегунох капалакни тутиб олиб, қанотидан деворга нсчоғли ваҳшиятла михлаб қўйилса, шундайин шафқатсизлик билан:
— Сантьяго Насар! — дедики, шу аснода азалдан маълум ҳукм ўқилди ва ажал элчилари йўлга тушди.
Оқловчи, қотиллик инсон шаънини ҳимоя қилиш зарурияти туфайли рўй берган, буни суд ҳайъати инобатга олади, деди; жавобгар ака-укалар сўнгги сўзларида агарда номуслари топталиб, яна минг бор шундай вазият туғилса, яна минг бор шу ишларини такрорлаяжакларини айтишди. Улар жиноят қилиб қўйгач, бир неча муддат саросималаниб туришганда, кейин черковга бориб, қўлимизни қонга ботирдик, дея тан олишган — худди ана шу пайтда, биз уни номусимизни булғагани учун ўлдирдик, деб ўзларини оқлашлари мумкинлигини ўйлашган ва шу баҳонага маҳкам ёпишиб олишган. Ўшанда Сантьяго Насарнинг сўйилганини эшитган араблар ҳам қонсирашиб, дарҳол саллоҳлар изидан тушишган, ака-укалар таъқибдан қочиб ҳаллослаганларича тўппа-тўғри дорилқавмга киришган ва падар Амадорнинг олдига қони артилган пичоқларини қўйишган. Энг оғир меҳнатлардан бири — ўлдириш меҳнатидан икковининг ҳам силласи қуриб, адойи тамом бўлган кийимлари, қўллари тер ҳамда ҳали қотиб улгурмаган инсон қони билан қопланган эди. Кашиш қотилларнинг ўз оёқлари билан дорилқавмга кириб келганларини маъқуллаб, имонлари саломат эканидан миннатдорлигини билдирди.
— Биз уни қасддан ўлдирдик, — деди Педро Вика-рио, — бироқ айбимиз йўқ.
— Валлоҳи аълам, балки тангри олдида бегуноҳдирсиз, бўталарим, — деди падар Амадор.
— Худониям, банданиям олдида бегуноҳмиз, — қатъий деди Пабло Викарио. — Номусимиз пок бўлсин деб шу ҳалол ишни қилдик.
Ака-укалар кейинроқ, жиноятни аниқлаш асносида бунданам бешбаттарроқ безбетлик қилишди, заррача айбимиз йўқ, оппоқмиз, деб туриб олишди, натижада Пласида Линеронинг кўча эшиги пошшолик ҳисобига тузатиб берилди — саллоҳлар Сантьягони ўлдиришдан сал аввал эшикка пичоқ ура-ура пайраҳасини чиқариб, бузиб ташлагаган эди. Улар Риоачадаги турмада уч йиллик муваққат қамоқ муддатини ўташди, пуллари йўқлигидан озодликда юриш учун зарур тўловни тўлай олишмади; ҳибсдагилар хам иккала биродарни очиқлиги ва самимийлиги боис ёқтириб қолишди, бироқ ҳеч ким уларнинг пушаймон чеккани ё тавба қилганини сезмади. Дарҳақиқат, дастлаб уларнинг кўнглида Сантьяго Насарни дарҳол, исини чиқармай ўлдириш нияти бўлмаган, аксинча, кимнингдир халақит беришини исташган, бунинг учун қўлларидан келган барча харакатни қилишган, аммо бахтга қарши бирор кимса лом-мим демагач, ноилож, беихтиёр одамкушликка қўл уришган — бу фикрни кўпчилик тўғри деб тасдиқлади.
Орадан йиллар ўтгандан кейин менга одамларнинг айтишича, ака-укалар уни излаб аввало Мария Алехандрина Сервантесникига боришган, чунки икки соат бурун гау ерда у билан бирга май ичишганди. Бу далил бошқа далолатлар каби суднинг сўроқ жавоб ҳужжатларига киритилмаган. Викариоларнинг таъкидлашича, улар Сантьяго Насарни майхонадан топишолмаган, ростдан ҳам биз у пайтда айшхонадан чиқиб, кўчада қўшиқ айтиб юргандик, лекин саллоҳларнинг чинданам уни қидириб майхонага боришгани даргумон. «Агар улар менга йўлиққанларидамиди, бу ердан чиқариб бўпман эди», деди менга Мария Алехандрина Сервантес. Хотин тўғри гапни айтди, зотан иккала йигит унинг лаззатхонасига қадам қўйгач, ҳирсларига қул бўлиб, у ердан оёқ узиб кетолмай қолишарди. Ажабланарлиси шундаки, Викариолар Сантьяго Насарнинг ўлсаям у жойга келмаслигини била туриб Клотильде Арментанинг сут дўконига боришган. «Бирдан-бир очиқ дўкон шу эди-да», деган улар терговчига. Менга эса, турмадан чиқишгач: «Эртами-кечми бари бир шу ердан ўтарди», дейишди. Пласида Линеронинг кўча эшиги доимо, ҳаттоки кундузиям ичкаридан берк бўлишини, Сантьяго Насар чўнтагига орқа эшик калитини солиб юришини ҳамма биларди. Агарда у ўшанда уйига қайтганидаям, шубҳасиз, орқа эшикдан кирарди — қосидлар уни бутунлай тескари томонда бир соатча кутишган, у епископга пешвоз чиқиш мақсадида майдон тарафга тўппа-тўғри кўча эшик орқали ўтган, иима учун бундай қилганига терговчининг ҳам ақли етмади.
Бутун халойиққа олдиндан маълум этилиб, сўнгра амалга оширилган бундайин ошкора қотилликни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган. Сингиллари зинокорнинг отини айтгач, биродарлар чўчқа бўғизланадиган бостирма сари йўналишган, қассоблик асбоблари ичидан энг яхши иккита пичоқни танлашган. Бирининг узунлиги ўн, эни икки ярим пультада бўлиб, унда, гўшт нимталашарди, иккинчисининг узунлиги еттию эни бир ярим пультада эди — у билан ҳайвон териси шилинарди. Пичоқларни латтага ўраб, чархлатгани бозорга, қассоблар растасига етиб боришганда, дўконлар эндигина очила бошланган экан. Тонг саҳарлаб, ҳакканинг тумшуғи қуруқлигида бозорга келганлар унчалик кўп эмасди, аммо йигирма икки киши Викариоларнинг нима дейишганини эшитган, йигирма иккита инсоннинг шаҳодат беришича, саллоҳлар ёвуз ниятларини атайлаб ошкора айтаверишган. Кдссоб Фаустино Сантос, Викариоларнинг оғайниси, эндигина ичак-чавақ солинган қутини дўконга қўйиб турганида улар кириб келишган, шунда соат учдан йигирма дақиқа ўтганди; қассоб иккала саллоҳнинг нега бунчалик бемаҳалда, яна душанбада, тўйда кийиб юрган қора мовут костюмларини ҳам ечмай йўқлаб келишганига ҳайрон бўлган. Фаустино оғайниларини одатда ҳар жумада, бу пайтдан сал кечроқ, чўчқа бўғизлаганда тутиладиган тери пешбанд таққан ҳолатда кўришга ўрганиб қолганди. «Роса ичишибди-да, деб ўйладим, — деди менга Фаустино Сантос, — шунинг учун ҳам соат тугул куннинг ҳисобиниям йўқотиб қўйишган-да». Қассоб уларга бугун душанба эканлигини айтган.
— Оббо тентагей, ким сенга душанба эмас деяпти, — деган Пабло Викарио. — Биз пичоқни ўткирлатгани келдик.
Чархни айлантириб, пичоқларни ўткирлай бошлашган, одатдагидай Педро пичоқ тиғини чархтошга галма-гал тутиб турган, Пабло дастакни айлантирган. Иш давомида қассобларга тўйнинг нечоғли данғиллама бўлганини оғиз кўпиртириб мақташган, баъзи қассоблар эса, уларнинг ҳамкасби бўлатуриб, тўй тортидан ўзларига тегмаганини айтиб гина қилишган, биродарлар юпатишиб, сизларга аталгани ҳам бор, дейишган. Ниҳоят, чархлана-чархлана пичоқ сайраб юборгач, Пабло тиғи ялтилласин деб уни чироққа тутган. Сўнг:
— Ҳозир мана шу пичоқ билан Сантьяго Насарни сўйгани борамиз, — деган.
Одамлар икковиниям батартиб, мўмин-қобил йигитлар эканини яхши билишарди, шунинг учун бу гапга ҳеч ким эътибор бермаган. «Ҳамма уларнинг бу гапига маст одамнинг алжирашида, деб караганди», дейишди менга баъзи қассоблар; Виктория Гусман ҳам, ака-укаларни кейинчалик кўрган кишилар ҳам асосан шундай фикрда эди. Бир сафар мен қассобларга, шу касб-кордаги одамлар қонида туғма қаттоллик майли бўлса керак, дегандим, богаим балога қолди. Улар бу мулоҳазамни рад этиб: «Ҳайвонни сўяётганда, кўзига қарай олмайсан киши», дейишди. Улардан бири эса, ўзим сўйган бирорта жонлиқ гўштини ейолмайман, деди. Бошқа биттаси аввал бир бор кўрган ёки, айниқса, сутини ичган сигирни сўёлмаслигини айтди. Шунда мен ака-ука Викариоларнинг ўзлари боққан, ўрганиб қолган, ҳаттоки эркалаб ном қўйиб юрганлари неча-неча чўчқани киприк коқмай бўғизлашларини қассобларга айтгандим: «Бу гапингиз тўғри, — деди бири. — Аммо сиз улар чўчқаларbмга одамлар отини эмас, гулларнинг номини қўйишганини унутманг-да». Пабло Викарионинг дағдағаси ёлғондакам эмаслигини англаган ёлғиз одам Фаустино Сантос уига ҳазиллашиб: атрофда калласини шартта узиб ташлаш шарт бўлган канча бой-бадавлат кишилар юрибди-ю, сенлар нега энди айнан Сантьяго Насарни ўлдирмоқчисизлар, деб сўраган.
— Бунинг сабабини Сантьяго Насарнинг ўзи яхши билади, — деб жавоб қайтарган Педро Викарио.
Фаустино Сантос ўзини қўярга жой тополмай қолган, кейинчалик менга айтганидек, бир оз ўтгач, шаҳар ҳокимининг нонуштасига печенье олгани миршаб келган, унга бу гапни тушунтирган. Суд ҳужжатларида қайд этилишича, миршаб Леандро Порной отли кимса экан, у тўйдан бир йил кейин, салтанат байрами кунида, буқа сузиб, бўйнидаги шох томири ёрилиб Ўлган. Шу боис у билан гаплашолмадим, инчунун, Клотильде Арментанинг тасдиқлашича, унинг сут дўкони ёнида Викариолар Сантьяго Насарни ўлдирамиз деб ўтиришганида, икковини даставвал ана шу миршаб кўрган.
Клотильде Армента эндигина эрини уйига жўнатиб, пештахтани арта бошлаганди ўшанда: эр-хотин дўконни бирга очишар, эрталаб сут, кун бўйи турли озиқ-овқатлар сотилар, кечқурун соат олтидан кейин бу каталак майхонага айланарди. Хотин дўконни тонгги соат 3-у 30 да очган. Унинг эри, яхшиларнинг яхшиси дон Рохелио де ла Флор, майхонани ҳар галгидай соат бирда ёпмоқчи бўлган, тўйдан чиқиб, атрофда тентираб юрган майпарастларнинг барчаси шу ердан қўним топиб, гап таъсир қилмайдиган даражага етгач, у соат учдан кейин дўконни беркитмасдан уйига ухлагани жўнаворган, Клотильде Армента эса, епископ келгунича сутни сотиб улгурай, деб барвақт турган эди.
Викариолар дўконга соат 4-у 10 да киришган. Одатда бу маҳалда фақат егуликлар сотиларди, аммо Клотильде Армента уларни бир шиша шакарқамиш майи билан сийлаган, бу унинг қассобларга эҳтиромидан эмасди, албатта. Ака-укалар унга тўй тортидан жуда катта бўлагини юбортиришган, аёл шундан хурсанд эди. Улар бир кўтаришда шишани бўшатишди-да, ҳеч нарса бўлмагандай ўтираверишди. «Икковиям музлаб-тўнғиб қолганга ўхшарди, — деди менга Клотильде Армента, — агарда ўша пайтда устларидан ермойи сепиб ёқиб юборилсаям, билишмасди». Сўнгра улар мовут костюмларини ечиб, айрича бир эҳтиёткорлик билан стул суянчиғига илишган-да, яна бир шиша май сўрашган. Кўп терлашганидан кўйлаклари анчагина кирланган, ўзлариям соқоллари олинмаганидан қандайдир ваҳшиёна тусга киришган эди. Биродарлар шишадаги майни энди бамайлихотир ўтириб, шошилмасдан Пласида Линеронинг рўпарадаги уйидан кўз узмай, майдалаб ичишган; уй деразалари қоронғи, чироғи ўчиқ экан. Қосидлар назарини тиккан пешайвон тарафдаги энг катта дераза Сантьяго Насар ётоғиники эди. Педро Викарио Клотильде Арментадан, анави деразанинг чироғи ёнмадими, деб сўраган, аёл йўқ деб жавоб берган, йигитнинг бу саволи унга ғалати туюлган.
— Бирор нарса бўлдими унга? — қизиқиб сўраган аёл.
— Йўғ-э, тинчлик, — деган Педро Викарио. — Ҳозир у бизга жуда керак бўлиб қолди, ўлдирмоқчимиз.
Аёл бу кутилмаган гапга аввалига ишонмаган, аммо саллоҳлар қўлидаги сочиққа ўралган пичоқларга кўзи тушгач, хайронлиги янада ортган.
— Нега ўлдирмоқчисизлар-а, тағин шунчалик тонг-саҳарлабда-я, сабабини билсак бўладими? — дея сўраган.
— Негалигини унинг ўзи билади, сенга қизиғи йўқ, — деган Педро Викарио.
Клотильде Армента икковиниям синчиклаб кўздан кечирган. У ака-укаларни жуда яхши биларди, айниқса,Педро Викарио ҳарбийдан қайтгач, ўзича эгизакларни бир- биридан фарқлай бошлаган эди. «Икковиям ғўр, қип-қизил бола эди-да, ахир», деди менга дўкончи хотин. Худди мана шу фикри қўрқитиб юборган, зотан, фақат оплаларгина ҳар ишга қодир, дея ҳисобларди. У сут шишаларини ташиётган жойида ишини ташлаб, эрини дўкондаги аҳволидан хабардор қилгани уйига чопган. Дон Рохелио де ла Флор заифасининг сўзларини мудраб ётиб эшитган.
— Кўпам жинни бўлаверма, — деган у хотинига. Икковиям одам ўлдирадиган, хусусан, бой одамга пичоқ кўтарадиган болалардан эмас.
Клотильде Армента орқасига қайтганида, саллоҳлар шаҳар ҳокимига сут олгани дўконга кирган миршаб билан суҳбатлашиб ўтиришганди. У эркакларнинг гапини упчалик англамаган, бироқ миршаб чиқиб кетаётиб уларнинг пичоғига кўз ташлаганида, демак, биродарлар унгаям ўз аҳдларини очиқ бидиришибди-да, деб ўйлаган.
Тўртдан сал аввал уйғонган шаҳар ҳокими полковник Ласаро Апонте миршаб Леандро Порной Викариоларнинг ёвузона қарори хусусидаги хабарни айтгани кирганида соқолини олиб бўлганди. Ўтган кеча полковник жанжалчи улфатлар ўртасидаги бир неча можарони тинчитиб чарчаган, саҳарлаб яна бир фалокат хақида мулоҳаза ўйлашга шошилмас, зеро, бунга хуши ҳам йўқ эди. У бамайлихотир кийинган, капалакнусха бўйинбоғини кўнглидагидай чиққунча қайта-қайта боғлаган, ксйин епископнинг кўзи тушар деган илинжда бўйнига Биби Марьям қавмларига мансуб туморни таққан эди. Пиёз қўшиб димланган жигарни еб ўтирганида хотиии Байярдо Сан Роман Анхела Викариони онасиникига элтиб ташлабди, деган ҳовлиқиб, полковник эса унииг сўзига зиғирча эътибор бермаган ва:
— Э, тавбангдан кетай, худо-ей! — деган ҳазиллашиб. — Епископ энди нима деркин-а?
Бироқ шу заҳотиёқ полковник миршабдан эшитган гаплари билан хотини айтган сўзларни бир-бирига қиёсларкан, уларнинг чамбарчас боғлиқлигини англаган. У ўрнидан шитоб туриб, епископга илҳақ одамлар билан жонланган кўча бўйлаб, янги бандаргоҳ томондан майдон сари йўл олган. «Эсимда, саҳар соат бешлар эди, ёмғир томчилаб турарди», деди менга полковник Ласаро Апонте. Кўчада уни уч кимса тўхтатиб, эгизак Викариолар Сантьяго Насарни ўлдирмоқчи эканини хуфиёна хабар қилишган, улардан фақат биттасигина саллоҳлар қурбонни қайси жойда кутиб ётишганини аниқ айтган.
Полковник биродарларни Клотильде Армента дўкони ёнида учратган. «Уларни кўрибоқ, болалар шунчаки ўдағайлашипти-да, деб ўйладим, — дея у менга кўнглидагини очиқ айтди. — Мен икковини ўлгудай маст, деб беҳуда хавотирланган эканман». Полковник улардан мақсадлари нима эканини сўраб ўтирмаган, пичоқларини тортиб олгану ухлагани уйига жўнайверган. У хотинининг ваҳимали сўзларига эътибор бермаганидек саллоҳларнинг бундай ўтиришларига хам лоқайд қараган.
— Ахир, мундоқ бир танангизга ўйлаб кўринг, епископ сизларни шу аҳволда кўрса, нима деб ўйлайди? — деган у Викариоларга.
Ака-укалар жўнаб кетишган. Клотильде Армента шаҳар ҳокимидан уларни қамоққа олмагани учун хафа бўлган: жиллақурса, ҳамма гап бирёқли қилингунча полковник икковини ҳибс этиши лозим эди. Полковник аёлнинг даъвосини эшитгач, қўлидаги пичоқларни далил сифатида кўрсатган ва:
— Энди нимаси билан сўяди, ваҳимачи? — деган.
— Наҳотки, улар ёмонлигини қўяди, деб ўйлайсиз? — деган аёл унга. — Ахир, уларнинг зиммасида оила шаъни, бировни ўлдиришдек оғир мажбурият турибди, бечораларни ана шу юкдан кутқариш керак-ку!
Викариолар ёвуз ниятини амалга оширишда қанчалик қаътий бўлмасин, бирор сулҳпарвар келиб, икковини бу бадниятдан қайтигага ундашини, қаттоллик балосидан халос этишини сидқидилдан исташаётганини Клотильде Арментанинг кўнгли сезган. Полковник Апонтенинг ғофил дили бундан бехабар эди, албатта.
— Шубхага бориб бировни қамаш мумкин эмас, — деган у. — Ҳозир энг муҳими, Сантьяго Насарни суиқасддан воқиф қилинса, бас, шунинг ўзи етарли, у ёғи — олам гулистон!
Клотильде Арментага полковникнинг хулқи ёқмасди, шунинг учун у ҳар доим, бу пакана, хўппасемизнинг енгилтаклиги бошига кўп маломатлар солади, деб ёзғириб юрарди, аммо, менимча, Ласаро Апонте, гарчанд бир оз ажиб қолган, баъзи бемаза ақидапарастлар почтада юборадиган қўлланмаларни ўқийвериб, мияси чалғиб, танҳоликда арвоҳлар билан сўзлашадиган қилиғи бўлсаям, ўзи асли бахтиёр инсонлардан эди. Бироқ ўша душанбадаги хатти-ҳаракатлари унинг шилдир кимсалигини ошкор этди. Гап шундаки, полковник Сантьяго Насарни бандаргохга кўриб қолмагунича уни эсига келтирмаган, кўзи тушган заҳоти суиқасд хусусида ўйлаб, индамаган, ҳеч иарса бўлмайди, деб хисоблаган ва подадан олдин чанг чиқармаганидан қувониб қўйган.
Викариолар шум ниятларини сут дўконига кирган ўн икки кишига айтишган, ана шу кишилар соат олтигача бу шумхабарни бутун шахарга ёйишган. Рўпарадаги уйда туриб Насарларнинг бу қасддан бехабарлигини Клотильде Армента калласига сиғдиролмасди. Унингча, Сантьяго Насар уйда эмас, зотан, ётоғининг чироғи хам ўчиқ эди; аёл кимни кўрса, Сантьяго Насарни учратсанг, шу гаплардан огоҳ эт, дерди; у ҳатто сутга келгаи роҳиба хизматчи орқали падар Амадорга ҳам хабар етказган. Соат тўртда у Пласида Линеронинг ошхонасида чироқ ёнганини кўрган ва дарҳол ҳар куни эрталаб бир ҳўплам сут тиланиб келадиган гадой хотинни, бор гапни айтгин, деб оқсоч Виктория Гусман олдига юборган. Епископ тушган кема бўкириб овоз берган иайтда дсярли барча одам уйғониб бўлган, бутун шаҳар аҳли унга пешвоз чиқишга ошиқмокда эди; бизлар — умуман, эгизак Викариолар Сантьяго Насарни ўлдирмоқ пиятида иойлашаётганидан бехабарлар бармоқ билан санарли эдик; бу пайтда суиқасд ва унинг сабаби хақидаги шов-шув шаҳарни тумандай коплаганди.
Ака-укалар қўлларида рўзномага ўроғлиқ иичоқларни тутганча яна дўкон ёнига қайтишганида Клотильде Армента ҳали сутни сотиб улгурмаганди. Битта пичоқнинг узунлиги ўн иккию эни уч пультада, тиғи қалин, занглаган эди, уни эски темир аррапичокдан Педро Викарионинг ўзи, урушдаи сўнг немис пичоқлари савдога кирмасидан сал аввал ясаганди. Иккинчи пичоқ калтароқ, лекин наригисидан энлироқ, ўрокдай эгри эди. Терговчи суд ҳужжатида пичоқни сўз билан ифодалай олмагани боисидан расмини чизиб қўяқолган, суврат остига ёзган хатида унинг кичкинагина туркий ятағанга ўхшашлигини таъкидлаган. Худди мана шу қўпол, ҳайвон сўядиган пичоқлар билан қосидлар Сантьяго Насарни қийнаб ўлдиришган.
Фаустино Сантос оғайниларининг хатти-ҳаракатини идрок этолмай қолган. «Улар яна пичоқ чархлагани қайтиб келишди, — деди у менга. — Кела солиб, Сантьяго Насарнинг ичак-чавағини ағдариб ташлаймиз, дея, атайлаб ҳамма эшитиши учун бақириб-чақира бошлашди. Мен бу оғзиполвонлар шунчаки валдирашяпти-да, дея кўнглимдан кечириб пичоқларига ҳам назар солмадим, олдингиси деб ўйлагандим-да». Саллоҳлар тағин дўкон рўпарасида кўринишлари биланоқ, Клотильде Армента уларнинг аввалги важоҳатлари йўқлигини туйган.
Ҳақиқатан ҳам, иккови ўртасида ихтилоф туғилганди. Гап шундаки, зоҳиран улар бири-бирига нақадар ўхшамасин, ботинан айрича эди, оғир, мушкул фурсатда ана шу руҳий, хулқий тафовут ўзини ошкор этарди. Пабло Викарио укасидан олти дақиқалик катта эди, ўсмирлигидаёқ таҳайюлининг кучлилиги ва дадиллиги билан ундан ажралиб турарди, Педро Викарио эса, билишимча, болалигидан таъсирчан, фармонбардорликни хуш кўрадиган бола эди. Ёшлари 20 га етгач, икковиям ҳарбийга чақирилди, бироқ Пабло Викариога озодлик тегиб, оилага бош бўлиб қолди. Педро Викарио жамоат тартибини сақловчилар сафида ўн бир ой хизмат қилди. Муттасил ўлим даҳшати билан тобланган ҳарбият руҳи унинг қалбидаги амрфармолик майлини янада мустаҳкамлади, акасига боғлиқ баъзи ишларниям ўзи ҳал этишга ўрганди. У уйига «юқумли сержантлик рутбаси» — бавосил касалини орттириб қайтди, ҳарбийдалик чоғида доктор Дионисио Игуаран тавсиясига кўра қилинадиган маргимушли уколларгаям, инглиз тузи қориштириб тайёрланадиган хуқнагаям, хуллас, қўшинда расм бўлган даволашнинг барча усулларига тош бардош ила қарши турди. Бавосилини турмага тушгандагина даволашди. Биз, Паблонинг оғайнилари, укаси ҳарбий хизмат нонини еб, анчагина буйруқчи бўлиб қайтгач, кутилмаганда унинг феъл-атвори ўзгарганини, укаси чизган чизиқдан чиқмайдиган дардисарга айланиб, айниганини сезгандик, буям етмагандай, Педро Викарионинг яна бир қилиғи ортиқча бўлди: у ким кўринганга кўйлагини кўтариб, чап биқинидаги пулемёт ўқидан қолган чандиқни намойиш этарди. Педро ўз бавосилини ҳарбий нишондай эъзозлаб рўкач қилиши етмаганидай, пандавақи Пабло ҳам уни мўътабар инсоннинг улуғлик белгиси деб билар ва бу борада сўз кетса албатта ҳаяжонланар эди.
Педро Викарионинг айтишича, Сантьяго Насарни ўлдиришга дастлаб у аҳд қилган, акаси унга эргашган, холос. Полковник пичоқларни тортиб олгач, Педро бурчимни бажардим деб ҳисоблаган, ана шунда Пабло Викарио ташаббусни ўз қўлига олиб, йўқ, бу билан иш тугамайди, уни ўлдирамиз, деб оёқ тираб тураверган. Биродарлар терговчига алоҳида-алоҳида ёзиб берган тилхатларида бу хусусда оғиз очишмаган. Аммо менга Пабло Викарио бир неча дафъа таъкидлаганидек, укасини ишни охирига етказишга кўндиргунича эси кетган. Эҳти-мол, ўшанда укаси бир муддат бўшанглик қилгандир, ким билади дейсиз; Пабло Викарио якка ўзи бостирмадан бошқа пичоқларни олгани кетганида, укаси бовл этмоқ ниятида тамарҳиндий дарахтлари панасида ивирсиб юрарди. Мен Педро Викарио билан бир марта суҳбатлашдим холос, ана ўшанда у: «Акамнинг бошида бу гавдо йўқ, билмайди. Ёзилиш — мен учун шиша синиғини пешоб қилишдан ҳам баттар азоб», деди. Пабло Викарио пичоқни топиб қайтганида, укаси ҳамон дарахтга тирмашганича кучаниб ўтирарди. «Бечора оғриқдан совуқ терга ботиб кетганди, — деди менга Пабло Викарио. — У инкиллай-инқиллай ҳозир бировни ўлдирадиган чоғи йўқлигини, бир ўзим бораверишим кераклигини айтди». Сўнг Педро Викарио тўй дастурхонига тайёрлангану хануз йиғилмаган хонтахталардан бирига чўккан, шимини тиззасига туширган. «Ярим соатча матохини дока билан ўради», деди менга Пабло Викарио. Аслида эса, укаси уни ўн дақиқача куттирган, холос, бироқ бу фурсат мобайнида нечоғли изтироб чеккани ёлғиз Педро Викариогагина аён. Пабло Викарио унга қараб туриб, тонг отгунча вақтни чўзмоқчи, бу бавосил, деб ўйлаб, ранжиган. У укасининг қўлига зўрлаб пичоқ тутқазган-да, уни синглисининг топталган номуси тикланадиган интиқом йўлига судраган.
— Бошқа йўл йўқ, — деган у. — Биз уни сўйиб, саранжомлаб бўлдик, деб ўйлайвер энди.
Итлар тинимсиз ҳураётган бир пайтда икковлон пичоқларини ҳеч нарсага ўрамасдан, чўчқахонадан ташқарига чиқишган. Тонг ёриша бошлаган. Пабло Викарио менга: «Ёмғир ёғмаётганди», деди. Педро эса: «Аксинча, ҳаво тунд эди, денгиздан шамол эсар, юлдузларни бармоқ билан санаса бўларди», деди. Бу пайтда шов-шув бутун шаҳарга тарқалганди, Ортенсиа Бауте кўча эшигини очаётганда саллоҳлар айни унинг уйи ёнидан ўтишаётган экан, уларни кўрибоқ, хотиннинг капалаги учиб кетган ва Сантьяго Насарнинг арвоҳини хотирлаб, биринчи бўлиб дуо ўқиган. «Мен уни ўлдиришибди, деб ўйлагандим, — деди у менга. — Шунинг учун ҳам кўчадаги чироқ шуъласида қўлларидаги пичокдан ялтиллаб қон томаётгандай кўринди кўзимга». Бу ташландиқ маҳалладаги яккам-дуккам уйлардан бири Пабло Викарионинг қаллиғи Пруденсиа Котес хонадони эди. Биродарлар ҳар сафар шу ердан, айниқса, жума кунлари бозорга кетишаётганда, бир пиёла қаҳва ичиш баҳонасида йўқлаб туришарди. Эшикни итаришганди, итлар безовталаниб ириллади, сўнг, тонг қоронғисида уларни таниб, унларини ўчиришди; икковлон ошхонага кириб, Пруденсиа Котеснинг онаси билан саломлашдилар. Қаҳва ҳали қайнамаганди.
— Қаҳвани кейинроқ ичармиз, — деди Пабло Викарио, — биз жуда шошиб турибмиз.
— Нимаям қилардиларинг, болаларим, — деди кампиршо бамайлихотир, — ор-номус деб одамзот ҳар йўлга киради.
Улар бу гўшада анчагина ўралашиб қолишган, бу сафар энди Педро Викарио, акам атайлаб вақтни чўзяпти, деб ўйлаган. Икковлон қаҳва ичишаётганда ошхонага Пруденсиа Котес — диркиллаган, айни етилган қиз — ўчоққа ўт қўйиш учун тутантириққа бир даста эски рўзнома олиб кирган. «Мен уларнинг мақсадини сезгандим, — деди менга Пруденсиа. — Ичимда бу ишни маъқулладим, агар Пабло шунақа пайтда мардоналик қилмаса, ҳечам унга тегмасдим». Ошхонадан чиқиб кетишдан аввал Пабло иккита рўзномани олган-да, бирини укасига берган, сўнг икковлон пичоқларини ўраб олишган. Пруденсиа Котес ошхонада крлган, биродарлар ҳовлидан ўггунларича кузатиб, қараб турган; у Пабло Викарио қамоқдан чиққунича яна уч йил йўлга кўз тиккан ва ниҳоят, улар бир умрга қовушишган.
— Эҳтиёт бўлинглар, — деган қиз деразадан уларга қарата.
Клотильде Арментанинг улар тағин дўконга қайтишганда аввалги важоҳатлари йўқлигини сезгани бир ҳисобда айни муддао бўлган, уларга ўзларига келишар, деган умидда бир шиша айиққулоқ қайнатмасидан солинган мусаллас берган, ичинглар, деган. У менга: «Ё раббим, биз хотинлар бу дунёда нақадар ёлғизу нотавон яшаб, ўтиб кетарканмиз-а, бунга ўша куни ақлим етди», деди. Педро Викарио ундан эрининг соқол оладиган ускунасини сўраган, Клотильде Армента саллоҳга совун, чўтка, тоза олмос солинган устара, илгичли ойна опчиққан, аммо йигит ўзининг дудама пичоғи билан соқолини қирган. Клотильде Армента буни чин эркакнинг иши деб баҳолаган ва Педрога беш кетган. «У кинодаги қотилларга ўхшарди», деди менга аёл. Кейинчалик Педро Викарио шу ҳолатни изоҳлаб, менга: «Турмада пичокда соқол олавериб ўрганиб кетганман, бошқа нарсада қирсам, этим жунжикади», деди. Акаси эса, одамга ўхшаб дон Рохелио де ла Флорнинг устарасида соқолини олган. Хуллас, икковлон тункезарларга хос меъровона қиёфада рўпарадаги қоронғи деразага тикилишганча индамай, шошилмай мусалласни ичиб тугатишган, бу орада ҳангама-дўконга пайдар-пай кириб-чиқиб, жўрттага савдода йўқ молларни сўраб-суриштиришган, ягона ниятлари — Викариолар Сантьяго Насарни ўлдирмоққа шайланиб ростдан шу ерда ўтирибдими — худди шуни ўз кўзлари билан кўриб, ишонч ҳосил этмоқ бўлган.
Саллоҳлар ҳақ деб қараб ўтирган хонада шу тун чироқ ёнмаган. Сантьяго Насар уйига тонгги соат 4-у 20 да қайтган, зинапоя чироғи бутун кеча ёниқ турганидан ўз хонасига ёруғда бемалол ўтиб, чироғини ҳам ёқмай, кийиминиям ечмасдан каравотга ўзини ташлагану донг қотган. Бир соат ухлагач, епископни кутишга чиқади, кечикмасин, деб Виктория Гусман уни вақтлироқ уйғотган. Биз Сантьяго Насар билан бирга саҳарги соат учгача Мария Алехандрина Сервантеснинг исловатхонасида айш қилгандик: худди ўша пайтда Мария биби машшоқларнинг жавобини бериб, рақсхона чироқларини ўчириб, бу висол уйининг гулларига — занжи жононаларгаям бир ўзлари, жазманларсиз сал ухлаб, ҳордиқ чиқаришсин, деб рухсат берган эди. Уч кундирки, занжи дилбарлар тиним билмай хизмат қилишди: аввал олийнасаб меҳмонларнинг кўнглини овлашди, улар жўнаб кетгач, бизга ўхшаб тўйдан кейин ўзига ҳамсуҳбат тополмай юрганларга эшикларини ланг очиб қўйишди. Мария Алехандрина Сервантес — тенгқурларим уни, ўлсагина кўзи юмиладиган хотин, ухламайдиям-ухлатмайдиям, дейишарди — умримда учратганим аёлларнинг энг дилбари ва хушкаломи бўлиб, кўрпада ҳам одамзотнинг жонини киргизарди, аммо анчагина ўзига қаттиқ жувон эди. У шу ерда туғилиб-ўсган, бутун умри ана шу дорулшаҳватда кечган; бу хонадон эшикларини дунёдаги борики икки оёқли эркак зоти учун кенг очиб кўйган эди, бир неча хонани соатбай ижарага бериб, кўп фойда кўрган; каттагина ташқи ҳовли саҳнидаги рақс майдончаси чироқлари устига Парамарибо даги чин бозоридан сотиб олинган ошқовоқларнинг ичини ўйиб, қуритиб, қалпоқча тарзида ўрнатишганди. Тенгдошларимни — бутун бир авлоднинг йигитлигини илк бор барбод этиб, жуда эрта кўзини очган ҳам шу жувон эди. У бизга керагидан салгина ортиқча нарсаларга ўргатган бўлса-да, бироқ, энг муҳими, жаҳонда кўрпада ёлғиз ётишдан кам бемаза томоша йўқлиги хусусидаги оддий ҳақиқатни англатганидан миннатдормиз. Сантьяго Насар уни биринчи кўрганидаёқ ақлидан озаёзганди. Ўшанда мен уни, ҳой бола, ўзингни тий, нафсим менинг балодир, бошга минг дард солодир, деб огоҳлантирган эдим. Лекин гапимга қулоқ осмаган, Мария Алехандрина Сервантеснинг нағмалари бечорани қип-қизил жинни қилиб қўйган эди. Иброҳим Насар уни 15 ёшида ўша фитнапарвар дилбарнинг тўшагидан тортиб олиб, «Тангриталъат» қўрғонига бир йилча қамаб қўйгунича кўнглининг кундузиям, кечасиям, кулгисиям, йиғисиям ўша эди. Ўша замонлардан бери икковининг ўртасида ишқий ғавғолардан холи чуқур эҳтиром бор эди, жувон Сантьяго Насарнинг иззат-ҳурматини жойига қўярди: агар у яқин-орада юрган бўлса, бошқа биров билан ётмас эди. Ўша куни у бизни кутилмаганда кўчагача кузатиб чиқди, чарчадим, деди, таътил кунларим тугаб қолганди, шуни назарда тутдими, менга мурувват нигоҳини тикиб ишора қилди, яна яширинча қайтиб киришим учун эшикни тамбаламай, йўлак чироғини ўчиришни жўрттага унутиб, орқасига қайрилди.
Сантьяго Насар кийим ўзгартириш бобида устаси фаранг эди, занжи дилбарларни ечинтириб-кийинтириш — унинг энг севимли иши эди, бу машғулотсиз туролмасди, гоҳида қорахонларни шундай либосларга буркаб ташлардики, улар ҳатто ўзларини ўзлари таниёлмай қолишарди. Йигит фоҳишаларнинг кийимларини ўзгартираман деб либос танлаб жавонларнинг тит-питини чиқариб юборар, буларнинг барчасини — шу бадбахтлар бошқача кийиниб, ўзларини унутиши, таскин топиши учунгина қиларди. Бир гал битта занжинисо дугонасининг либосида ўзини у деб ўйлаб, ҳайратдан роса йиғлаган. У менга: «Ўшанда ўзимга ўзим худди кўзгунинг ичидан чиқиб келгандай туюлдим», деди. Ўша оқшом Мария Алехандрина Сервантес Сантьяго Насарнинг охирги марта севимли машғулотини такрорлаб, мазза килишига йўл бермаганди, шу ишларинг менга сираям ёқмайди, умримни заҳарлаган нарсаларни эсимга солади, дея сасиганди. Шундан кейин биз машшоқлариниям эргаштириб, кўчама-кўча санғиб қўшиқ айтдик, бу пайтда ака-ука Викариолар Сантьяго Насарни ўлдириш қасдида пойла-шаётган эди. Сантьяго Насарнинг калласига қайси гўрдан ҳам соат тўртда Ксиуснинг уйи жойлашган тепаликка чиқиб, янги келин-куёвга қўшиқ айтиб бериш фикри туғилибди — начора, кўндик.
Биз уларнинг деразаси тагида қўшиқ айтиш билан кифояланмай, боғчага карата портлагич бақамушаклар ҳам отдик, бироқ теварак жимжит, ҳаёт асорати сезилмас эди. Уйда ҳеч ким йўқдир, деган ўй бирортамизнинг хаёлимизга келмапти. Дарвоза олдида атлас боғлоғичлар, шаъмгуллар билан безатилган тепаси очиқ авто-мобиль турарди. Укам Луис Энрике, у ўшандаям моҳир машшоқлардай гитара чаларди, келин-куёв шарафига ўзи тўқиган, кирдикорлару фитна-фасодлар хусусидаги никоҳга алоқадор қўшиғини айтарди. Бу дам ёмғир ёғмаётганди, аксинча, осмон ойли, хавои жахон очиқ, мусаффо эди, жарлик тубидаги қабристонда асрий сўнгаклар аралашган турли чириндилар ёниб, товланар эди. Бир тарафда ойнинг оппоқ ёғдулари ичра чўмилиб, жилвала-наётган ям-яшил бананзор, тунд ботқоқликлар, унданда нарида Кариб денгизининг уфк сарҳадларига туташ нурафшон соҳиллари кўзга чалинар эди. Сантьяго Насар уммон юзасидаги югурик оловни бизга кўрсатиб, у — Сенегалдан сафарга чиқиб, Картахенде лас Индиас бандаргоҳига кираверишда ичидаги бор юки, банди қуллари билан сувга ғарқ бўлган қулфурушлар кемасидаги бир муғарриқнинг рухи ғариби, деди.
У Анхела Викарионинг бир лаҳзалик эр-хотинлик турмуши бундан икки соат аввал завол топганини билмасди, албатта, шунинг учун хам йигитнинг кўнгли шундан алағда бўляпти, деб ўйлаш нотўғри эди. Байярдо Сан Роман, агар машинани юритсам, моторнинг товуши бадбахтликни олдинроқ одамларга овоза қилиб қўймасин деб, бечора зонияни онасининг уйига атайлаб ииёда олиб бориб ташлаб келган; сўнгра Ксиуснинг хайрли, улкан, кимсасиз хонадонида чироқларниям ёқмай, узоқ вақт несту мустар бўлиб ўтирган.
Тепаликдан қайтиб тушганимизда, укам, бозордан қовурилган балиқ олиб, нонушта қилайлик, деди, аммо Сантьяго Насар, бирор соат ухлаб, ўзимни ўнглаб олай, епископни кутишга чикаман, деб кўнмади. У Кристо Бедойя билан бирга унда-бунда чироқлари ёна бошлаган эски бандаргоҳ йўлидаги кўчадан ўтиб, денгиз қирғоғи бўйлаб уйига жўнади: муюлишдан қайриларкан, бизга қарата қўл силкиди — шу уни охирги кўришимиз эди.
Кристо Бедойя иккови кейинроқ бандаргохда учрашмоққа келишиб, ҳовлининг орқа эшиги ёнида хайрлашишган. Итлар унинг келганини сезиб, одатдагидай ириллашган, Сантьяго Насар калитларини шиқирлатиб, махлуқларни тинчитган. Йигит ичкарига кириб кетаётганда Виктория Гусман қаҳва қайнатаётган эди.
— Ҳой, араб, — деган у хўжайинига, — кахванг қайнаб қолди, совимасдан ич.
Сантьяго Насар қаҳвани кейинроқ ичаман, беш яримда Дивина Флор мени уйғотсин, худди эгнимдагидай тоза кийимимни тайёрлаб қўйсин, деган. У ётоғига чиқиб кетганча, бир дақиқа ўтар-ўтмас гадой хотин кириб келганда, Клотильде Арментанинг сут дўконида эшитган гапини оқизмай-томизмай Виктория Гусманга етказган. Соат 5 у 30 да Виктория Гусман, — у қизи Дивина Флорни чўжайиндан доимо эҳтиётлар, ётоғига ёлғиз йўлатмас эди, — хўжасининг буйруғини адо этиб, каноп сурпдан тикилган костюмини олиб кирган.
Мария Алехандрина Сервантес эшик илгагини солмай очиқ қолдирган экан. Мен укам билан хайрлашгач, йўлакка бурилдим, у ердаги яшанг лолалар ўсган гулхонада занжи дилбарларнинг эрмаги, эркатойи мушуклар мудраб ётганди, махлуқларга сездирмасдан ётоқхонага қадам қўйдим. Чироқ ўчиқ эди, остона ҳатлашим биланоқ димоғимга хотин кишининг хуш бўйи урилди, қоронғида «ёввойи мушук»нинг эҳтирос оташи-ла порлаётган кўзларини кўрдим, сўнгра, черков жоми чалинмагунича бу оламда нелар рўй берган — бундан хабарим йўқ.
Уйга кетаётиб, укам тамаки сотиб олиш ниятида Клотильде Арментанинг дўконига кирган. Базмда у роса тўйиб ичган эмасми, дўконда бўлиб ўтган гапларни элас-элас эслади, аммо Педро Викарио унга тутган бир қултум арақ бамисоли ажалнинг ўқи экан, деган, ўша ёдида қолибди. «Худди алангани ичимга ютиб юборгандай бўлдим», деди укам менга. Мудраб ўтирган Пабло Викарио укамнинг шарпасини сезиб, шартта ўрнидан турган-да, пичоғини кўрсатиб:
— Ҳозир биз Сантьяго Насарни сўйгани борамиз, — деган.
Укам унинг бу гапини эслай олмади. «Агарда шундай деганини эшитганимдаям, бари бир ишонмасдим, — деди укам менга бу ҳакда бир неча бор. — Эгизакларнинг бирор кимсани ўлдирмоқчилиги, айниқса тўнғиз бўғизлайдиган саллоҳпичоқ билаи сўйишга аҳд қилгани ўшанда авлиёнинг ҳам калласига келмасди». Сўнгра Викариолар ундан Сантьяго Насарнинг қаердалигини суриштиришган, аввал бирга эдинглар, айт, дейишган, афсуски, укам уларга не деб жавоб берганини хотирлай олмади. Клотильде Армента ва биродар Викариоларнинг терговчига иқрор бўлишича, укамнинг гапидан улар ёқа ушлаб қолишган. Укам: «Сантьяго Насар ўлди», деган.
Кейин у уччовиниям епископчасига чўқинтириб дуо этган-да, мункиб, эшикка коқилиб, тебранганича ташқарига йўналган. Майдон ўртасига етганида падар Амадорни учратган. У ҳайитлик ридосига бурканиб, бандаргоҳ томонга шошиларди, ортидан бир неча роҳиб-хизматчи эргашиб борарди, бу тўда орқасидаги шотирлар эса епископнинг кемадан тушибоқ ибодат ўтказиши учун кўчма меҳробни кўтариб олишганди. Бу шарафли махлуқларни кўрган Викариолар шошиб чўқинишган.
Клотильде Арментанинг менга айтишича, кашиш унинг уйи ёнидан роҳиблар гуруҳини эргаштирганча индамай ўтиб кетгач, кўнглидаги сўнгги ишонч риштаси ҳам узилган. «Падаримиз мен ёзиб юборган хатни олмаптилар-да, деган хаёлга бордим», деди аёл менга. Бироқ орадан қанча йиллар кечиб, падар Амадор у дунёнинг оғир хаёлидан қутулиб, бу дунёнинг ногирону нотавонлари тўла Калафелла «Шифо уйи»да даволаниб ётганида менга иқрор бўлганидек, унга Клотильде Арментанинг хатини етказишган, бандаргоҳга жўнашидан олдинроқ эса ундан-да бешбаттар шумхабарларни эшитган. «Бўтам, очиғини айтсам, ўшанда не йўл тутмоққа иштибоҳланиб, ҳайрон бўлиб қолдим, — деди чол. — Даставвал фикри ожизимдан, бу менинг эмас, фуқаропарвар маҳаллий ҳокимиятнинг иши, деган ўй кечди, баъдаз йўл-йўлакай Пласида Линерога бир-икки оғиз сўз айтмоқ даркор, деган қарорга келдим». Минг афсуски, кашиш майдонни айланиб ўтаётганда ўз аҳдини унутган. «Маълумингизким, ўшал рўзи машъумда, баайни епископ ҳазратлари ташриф этгувчи кунда эсим жойида эмасди», дея кейин у ўзини оқлади. Қосидлар шум ниятига етгани хусусидаги гапни эшитгач, падар Амадор шунчалар ранжу надомат чекканки, нима қиларини билмай, охири, худди бутун шаҳарга ўт кетгандай, бирваракайига барча жомларни чала бошлаган.
Укам Луис Энрике ошхона эшиги орқали уйга кирган: биз кечроқ қайтганимизда отамни уйғотиб юбормаслигимиз учун онам у эшикни бекитмас эди. Укам ўринга ётишдан олдин ҳожатхонага чиққан ва ўша ерда, хала чаноғида ўтирганича ухлаб қолган; кейинчалик кичик укам Хайме мактабга жўнаш олдидан унинг тоштахтага юзтубан тушганча сўлагини оқизиб, хуррак отиб ётганига кўзи тугагач, уйдагиларга айтган. Роҳиба синглим эса, епископни кутгани ҳам чиқмай, ўтган кеча тўйда кўпроқ пмиб қўйганидан ҳамон боши оғриб турган экан, буни нпитиб, судралиб ҳожатхонага чиққан. Луисни уйғотаман деб роса уринган, аммо чоғи келмаган. Синглим: “Мен халахонага кирганимда соат бешга занг урганди», деди. Маргот синглим бандаргоҳга боришдан олдин бир покланиб олай деб ғуслхонага ўтаётганида, Луис Энрикени ҳалигидақа аҳволда кўрган ва амал-тақал қилиб, итнинг ўлигидай чўзилтириб ётоқхонага судраган. Укам карахт ҳолда уйқу аралаш епископ кемасининг чўзиқ-чўзиқ овозини эшитган, сўнг кўзини йириб-йиртиб сал очгану кипригини кўтаришгаям мадори етмай, яна кўзи юмилган. Шу ухлаганича тош қотган, роҳиба синглим устидан кўрпани важоҳат ила тортиб-юлқиганда:
— Сантьяго Насарни ўлдиришди! — дея айёҳаннос солгану уйқуси ўчиб, ўрнидан турган.
Сантьягонинг ваҳшиёна пичоқлангани бир бўлдию доктор Дионисио Игуаран йўқлиги боис падар Кармен Амадорнинг уни шафқатсизларча ёргани бир бўлди. «У бе-чора жон узиб қутулмаган экан, биз уни яна бир бор чавақлаб ёриб, ўлдирдик, ўзинг гуноҳимдан ўт, э парвардигор, — дея пушаймон чекди падар Амадор Калафелледаги хастахонада. — Биз ҳам ночор эдик, шаҳар ҳокими ёрасан деб буюрганди-да, ўзингиз биласиз-ку, у одамёввойининг амри қанчалик аҳмоқона бўлмасин, бажаришдан бўйин товлай олмасдик». Аммо мўйсафиднинг айтганлари унчалик ҳам тўғри эмасди. Полковник Апонте ўша талатўп душанбада вилоят ҳокимига сим қоқиб, уни аҳволдан хабардор этган, у жаноб эса, терговчи етиб боргунича қўлингиздан келадиган чорани кўраверинг, дея фармон берган. Шаҳар ҳокими 6у рутбага эришгунгача қўгаинда зобит сифатида хизмат қилган бўлса-да, адлия сохасидан мутлақо бехабар, бу ҳам етмагандай ўлгудай такаббур эди, шу боис мазкур ҳолатда ишни нимадан бошлаш лозимлигини бировдан сўрашга ор этарди. Шунинг учун у, жасад ёрилиши керак, деб қўяқолди. Кристо Бедойя тиббиёт билан шуғулланарди, Сантьяго Насарнинг яқин дўсти эди, у шаҳар ҳокимини бу ишни қилмасликка кўндирди. Сўнг полковник доктор Дионисио Игуаран келгунича мурдани музхонада сақланглар, дея амр этди, лекин одам жасади сиғадиган бундай музхонали холодильник топилмади, бозордаги бирдан бир катта музлатгич ҳам бузуқ экан. Расмана тобут ясаттириб келтиргунча майитни катта хонанинг ўртасига, темир каравотга ётқизишди, ҳамқавмлари у билан шу ерда видолашишди. Ётоқхонадан ҳамда қўшни хонадонлардан бир неча вентилятор опчиқилди, аммо марҳумни кўргани келганлар шу қадар кўпайиб кетдики, оқибатда жавонлар холироқ жойга сурилди, қафасдаги қушлар, катта-катта гултуваклар четроққа олинди, бироқ шундан кейин ҳам дим бўлаверди, хонада туриб бўлмай қолди. Итлар ўликнинг исини олиб, безовталаниб, саросималаниб ғингший бошлади. Мен кирганимда тубан махлуқлар тинмай увлашар, айни аснода ошхона томонда жон узаётган Сантьяго Насар талвасали инграниб ётар, Дивина Флор бўзлай-бўзлай эшик тамбаси билан итларни уриб, ҳайҳайлаб ҳайдар эди.
— Кел, манави очофатларни ҳайдашиб юбор! — деди у мени кўрибоқ. — Ичагини ейман дейди-я, ажал келгурлар!
Биз итларни оғилга қамадик. Бир оздан кейин Пласида Линеро, дафн ўтгунча итларнинг қорасини ўчириб туринглар, деди. Аммо чошгоҳда, нима бўлганини ҳеч ким билмай қолди, махлуқлар оғилдан қочиб чиқишиб, қутургандай уйга ёпирилишди. Пласида Линеро ана шунда ўзини йўқотиб қўйди.
— Лаънати ҳайвонлар! — қичқирди у. — Отиб ташланглар!
Онанинг амри дарҳол бажо этилди, хонадон сув қўйгандай жимжит бўлиб қолди. Хайриятки, жасад ортиқча хавотир туғдирмас, айниқса, юзига ҳеч нарса қилмаганди — Сантьяго Насар қўшиқ айтаётгандаги ифода чеҳрасида ҳамон қотиб турарди; Кристо Бедойя унинг осилиб, қорнидан чиқиб кетган ичак-чавағини жой-жойига қўйиб, устидан мовут боғлами билан ўраб-чирмаб ташлади. Бироқ кунботарга етмай яралардан сариқ хилту фасод сизиб чиқиб, атрофни пашша босди, оғзининг теварагини бинафшаранг доғ қоплади, сўнгра у сувдаги булут кўланкасидай силжий-силжий сочининг илдизларигача қамраб олди. Марҳумнинг юзидаги ҳамишаги ёқимли, самимий ифода ўрнини хунук, ғайри бир аломат чллладики, онаси унинг бетига рўмолча ёпиб қўйди. Шунда полковник Апонте ортиқча кутиш ўринсизлигини чмглади ва падар Амадорга, ўликни ёринг, деб буюрди. Бир ҳафтадан кейин гўридан кавлаб олиб, яна ичини ёрилса, бундан бешбаттар бўлади», деди у. Падар бир пайтлари Саламанкада тибдан, хусусан, жарроҳлик илмидан таълим кўрганди, аммо шаҳодатнома олмасдан ди-мии мактабга ўтиб кетганди;- албатта, кашишнинг ўлик ёриши қонундан ташқари иш эканига ҳатто шаҳар ҳокимининг ҳам ақли етарди. Шунга қарамай, буйруғи ижро этилишини талаб қилди.
Жасадни шу яқин-ўртадаги мактаб биносида ёришди, 6у ҳам бир хунрезлик бўлди; падар Амадорга эндигина тиб илмидан сабоқ олаётган, айни кунларда таътилга келган талаба йигит, не қилганларини дафтарга ёзиб борган дорихоначи кўмаклашди, учовлон биргалашиб, ўликни қассобдай яна сўйишди. Уларнинг қўлида бир-иккита майда-чуйда жарроҳлик асбоблари бор эди, холос, заруриятдан рўзғорда ишлатиладиган оддий пичокдан ҳам фойдаланишди. Марҳумнинг аъзойи бадани чаппарастасига чавақлаб ташланганини назардан соқит этсак, падар Амадор ёзган ҳисобот рисоладагидай эди, шу боисданми, терговчи уни асқотиб қолар деган ниятда суд хужжатларига тиркаб қўйган.
Саллоҳлар Сантьяго Насарнинг танасига пичок санчавериб ғалвир қилиб юборишганди, зарбалардан еттитаси унинг айни жон жойига текканди. Жигар икки еридан деярли бўлиб ташланган. Ошқозоннинг тўрт жойига жуда қаттиқ тиғ урилган, улардан бири ҳатто ошқозон безини ажратиб юборганди; йўғон ичак олти еридан оғир яраланганди, тиғ ингичка ичакка довур етиб борганди. Орқадан урилган ягона зарб пастдан учинчи қовурға орасидан ўтиб, тиғ ўнгдаги буйракка санчилган эди. Қоринда анча-мунча шилта хилтлар тўпланганди; ўша чиқитлар ичидан Сантьяго Насар тўрт яшарлигида ютиб юборган тилла медальонни топиб олишди. Кўкрак қафасининг икки нуқтаси жароҳатланган: бири — ўнг ёнбошда, иккинчиси қовурға остида эди, айни шу зарб ўпкага тегиб ўтганди; иккинчиси чап қўлтиқда эди. Қўл панжалари ва билакларининг олти жойи тилинган эди. Вужуднинг икки узвига — ўнг сонга ва қорин тўқимасига энлатиб урилган пичоқ ҳам анча чукур ботган экан. Ўнг қўлнинг кафти бамисли чопилгандай эди, суд ҳисоботида бу ҳақда: «Чормихга тортилган Исо алаҳиссаломнинг вужудидаги тамғага ўхшайди», деб ёзилган. Миясининг вазни оддий инглизнинг миясидан 138 мисқол оғир эди, шунга суянган ҳолда падар Амадор судга берган ҳисоботида Сантьяго Насар — мияси бутун йигит экан, у келажакда донишмандлардан бири, бўларди, деган мулоҳазани билдирган. Ҳисоботи сўнгида у жигарнинг чўзилиб кетганини, бу марҳумнинг жигари шамоллаганида расо даволанмагани оқибати эканини таъкидлаган. Суҳбатларимиздан бирида кашиш менга: «Бари бир умри тугаб, жигари килкиллаб, ҳаққа етишиб қолган экан», деди. Доктор Дионисио Итуаран ҳақиқатан ҳам бир вақтлар, Сантьяго Насар сариқ бўлганида, уни муолажа этганди, жасадни ёриш устида гап айланганда, у одамларнинг омилигидан ори келиб, ниҳоятда ғазабланди. «Бу падар шу қадар нодонки, тўғрисини айтсам, кашишликдан бўлак ишга ярамайди, — деди доктор менга. — Одатда иссиқ минтақадаги ўлкаларда туғилган инсонлар жигари испанларникидан каттароқ бўлади, шу ҳақиқатни унга англатишдан кўра ўлиш осондир». Падар Амадорнинг ҳисоботида таъкидланишича, еттита яранинг ҳар бири биттадан ажални чақирган, қискаси, у кўп қон кетиши оқибатида ўлган.
Азаматлар ўшанда бизга бутунлай бир бошқа жасадни қайтариб беришди. Суяк кесишаётганда бош чаноғининг ярмини кўчириб юборишганди, мархумнинг мамот
соя сололмаган мардона чеҳраси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганди. Бундан ташқари, кашиш қоринни ёриб, бир кўтаришда унинг ичини қўпорворган экан, кейин ичак-чавақни жойлаштиришга ожизлик қилиб, жаҳолатдан хуноби ошиб, ахири дуои фотиҳа билан уларни ювиндичелакка ташлади. Мактаб деразасига ёпишиб олиб, ойнакўзларига бурнини тираб жарроҳия жараёнини кузатаётган сўнгги томошаталабларнинг ҳам дармони қуриганди,падарнинг ёрдамчиси — толиби тиб ҳам ҳугаини йўқотиб, ағдарилиб тушганди; ўз вақтида кўп ўликларни кўрган, қон тўкиб-қон кечган полковник Апонте ҳам бундайин жасад ёришдан кўнгли озиб, арвоҳпарастлиги етилгандай, гўшт деган нарсани кўрса ё эшитса, сесканадиган, ҳазар қиладиган бўлиб қолди. Ичи бўшаган жасадга латта-путтани сўнмаган оҳакка булаб-булаб тиқиб, устидан жуволдиз билан чалакам-чаттисига шунчаки чатиб қўйилган эди, биз уни шоҳи ёпинчиқли янги тобутга солаётганимизда тикилган жойлари сўкилиб, ичидан ғайри нарсалар тўкилиб кетди. «Ўша ҳолатда мурда узоқ сақланади деб ўйлагандим», деди менга падар Амадор. Бироқ иш бошқача тус олди: майит айниб, сасиб, ҳаммани шунақаям беҳузур қилдики, ночорликдан уни тонгдаёқ кўмиб юбордик.
Ўша сешанба тонги тунд, тийра эди. Ўтган кундузу кечада бир олам ғавғою савдони кўрганим боис бир ўзим ухлай олмасимни сезганимданми, оёғим Мария Алехандрина Сервантесникига тортаверди, борсам, бахтим чопганини қарангки, эшик тамбаланмаган экан. Дарахтларга осиғлиқ қовоқ қалпоқли чироқлар ёниқ, рақс майдонида гулхан гурилларди, катта-катта сатилларга сув тўлдириб, ўтга қўйишганди — занжи дилбарлар аза чекишиб, байрамлик кийимларини қорага бўяшаётган экаи. Мария Алехандрина Сервантес одатдагидай — худди тўйиб ухлаб тургандай хушкайф ва шир-яланғоч эди; у бегоналар бўлмаса, хосхонасида онадан туғилгандай қиёфада юраверарди. У ўзининг шоҳона каравотида турк жононларидай чордона қурган, рўпарасидаги патнисда турли ноз-неъматлар Бобил минорасидай баланд бўлиб уюлиб турар эди: бузоқ гўшти дўлмаси, димланган товуқ, чўчқа гўшти, банану сабзавот — деярли беш кинтилик овқат унга мунтазир эди. Унинг ғусса чекканда тинмай овқат ейдиган одати бор эди, назаримда, мен уни бундай қайғули дамларда бирор марта ҳам ғамгин кўрмаганман. Кийимларимни ечмасдан оҳиста унинг ёнига чўзилдим, бир оғиз ҳам гапиришмадик, мен ўзимча аза тутиб йиғладим. Йигирма ёшида Сантьяго Насарнинг йигит умрини хазон қилган ғаддор фалак дастидан фарёд чекдим, айниқса, унинг тўрт пора қилиб — қадимий усулда боши, қўл-оёғининг кесиб ўлдирилиши аламимни ҳаддан зиёд этди. Тушимда бир аёл хонага киргандай бўлди, қўлидаги гўдаги ҳадеб чапиллатганича маккажўхори сўтасини ғажирди, ярим чайналган донлар унинг кўйлагига тўкиларди. Хотин менга: «Ғажигани ғажиган, ҳеч тўяй демайди», деди. Бирданига кўйлагим тугмаларини кимдир шошилиб ечаётганини сездим, шундокқина тепамда ҳансираётган айшу шаҳват бандасининг ваҳшиёна нафасини ҳис қилдим, ишваси ҳушимни олди, беихтиёр ишрат комига чўка бошладим. Бироқ у ногахонда жимиб қолди, оҳиста йўталди — гўё овози олис-олислардан эшитилгандай бўлди.
— Ётолмайман, — деди у. — Сенданам ўлик ҳиди келяпти.
Фақат мендангина эмас, балки бутун теварак-атрофдан Сантьяго Насарнинг иси келарди. Ака-ука Викариолар икковиниям шаҳар ҳокими вақтинча ҳибс этганди, турмада ётган ерларида шу ҳидни туйиб, роса қийналишган. «Совун-сочиқ билан ҳарчанд ишқаламай, бари бир ҳидини кетказолмадим», деди менга Педро Викарио. Эгизаклар уч кун ухлашолмади, кўзлари юмилган заҳоти алоқ-чалоқ туш кўраверишди, тушларида жиноятлари такрор бўлаверди. Ўша интиҳосиз кундаги ҳола-тини эслаб, анча кексайиб қолган Педро Викарио менга: «Бари бир кўзим очилиб кетаверди», деди. Унинг мана шу биргина иборасидан улар турмада уйқусизлик туфайли дўзах азобини чекишганини англадим.
Ҳибсхона узунасига уч қадам, туйнуги панжараланганди, ахлат-тувак, ювиниш учун бир кўза сув, тоғора, иккита бўйра тўшалган тоштахта ҳам бор эди. Бу хона шахсан полковник Апотенинг амрига биноан жиҳозланганди, унинг оғиз кўпиртиришича, дунёда бундан ҳам яхшироқ, инсонпарварроқ камоқхонани топиб бўлмас экан. Укам Луис Энрике шаҳар ҳокимининг бу гапларини жуда тўғри деб, маъқуллади, чунки у бир гал машшоқлар билан жанжаллашиб қолиб шу ерга қамалганида, полковник Апонте азбаройи одампарварлигидан укамнинг ҳисбхонага бир занжи фоҳишани олиб кириб ётишига рухсат берган. Соат эрталабки саккизда, махаллий араблар таҳдидидан энди қутулганликларини фахмлагаган саллоҳлар худди шуни эслаб бир оз таскин топишган. Икковлон ҳам зиммаларидаги оғир вазифани бажарганликларидан анча енгил тортиб, мамнун бўлишган,энди кўнгилларини биргина нарса — ўша бадбўй ўлик ҳиди безовта қилмоқда эди, холос. Маҳбуслар совун,сочиқ, ишқалагич, кўпроқ сув беришларини сўрашган, юз-қўлларидаги қон юқини обдан тозалашган. Педро Викарионинг истагига кўра унга хабдори, ичини юмшатадиган дори, бавосилига қўйгани тоза дока берилган, у хатто эрталабгача икки марта ёзилиб қайтган. Бироқ кун ёйилиши биланоқ унинг азоби ортгандан ортиб, ўлик хидиниям эсидан чиқарган. Соат иккиларда, айни қиёмда, Педро Викарионинг силласи қуриб, бўйрага чўзилишгаям мадори етмаган, аммо оёқда тик туришга ҳам чоли қолмаганди — чарчоқ ва оғриқ уни турган жойида қулатган. Чотидаги оғриқ бўйнигача чиққан, пешоби таққа тўхтаган, бундан ваҳимаси ортиб, ё раббим, бир умр ухлай олмайдиган касалга чалиндимми, дся ўйлаган. У мепга ўша кунларни хотирлаб: «Ўн бир ой кўз юммадим», деди, аввалдан феъл-атворини билганим учун сўзига ишондим. Ўшанда бояқишнинг томоғидан овқат ўтмай қолганди. Пабло Викарио харқалай бериладиган емаклардан оз-оз ютишга қодир эди, лекин чорак соатдан ксйин қорни бураб оғриб, ҳожатхонага чопарди. Соат олтида, Сантьяго Насарнинг жасади ёриб-кўриб бўлингач, жавобгарлар шаҳар ҳокимини чақиртиришди. Пабло Викарио укасини заҳарлашганига амин эди. «Сув бўлиб кетавердим, — деди менга Пабло Викарио. Бу анави турклар нинг иши, деган ўй хаёлимда чарх ураверди». Бу муддат мобайнида ахлатчелак икки марта тўкиб келинган, бундан ташқари, соқчи Пабло Викариони олти марта доруға ҳожатхонасига олиб боргап. Полковник Апонте уни айнан халажойда йиқиллаб ўтирган алпозда учратган, тепасида соқчи милтиқ ушлаб турарди; жавобгарнинг ичи шариллаб кетаётганини кўриб, маҳбусларнинг заҳарланиш борасидаги даволарида жон бор экан, деб ўйлаган у. Бироқ саллоҳнипг фақат сув ичиб, уйидан онаси Пура Викарио жўнатган нимаики бор, ҳаммасини аралаштириб еяверганини эшитгач, бу фикридан қайтган. Бандининг нафси бузуқлигидан ғаши келган полковник Агюнтс уларни махсус соқчилар Риоачадаги ғаройиб турмага олиб кетмагунича ўз уйида, қаттиқ назорат остида сақлашни буюрган.
Ака-ука Викариолар дилидаги қўрқув кўчадагилар ваҳимаси билан бир хил эди. Араблар ўч олишмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмасди, лекин икков суиқасдчидан бошқа бирор инсон заҳар ҳақида гапирган ҳам, ўйлаган ҳам эмасди. Халойиқ фикрича, араблар шом тушган заҳоти туйнукдан керосин шиша отиб, қамоқдаги эгизакларни турма-пурмаси билан ёндириб юбориши лозим эди. Бироқ бу шунчаки маҳобат эди, холос.
Араблар жамоасининг барчаси тинчликпарвар бўлиб, улар аср аввалида Кариб денгизи соҳилларидаги узоқ-яқин шаҳру қишлоқларга кўчиб келиб, жойлашиб қолиш-ган ва асосан бозорларда ранг-баранг матолар, майда-чуйда атторлик буюмларини сотиб кун кечиришарди. Бари аҳил, меҳнаткаш эди, католиклар мазхабига эътиқод эти-шарди. Араб жамоасидагилар фақат ўз ҳамқавмларига қиз бериб-қиз олишар, етиштирган донларини ўзлари сотишар, ҳовлиларида қўй боқишар, боғчаларида хушбўй тоғрайҳону бақлажонлар ўстиришар эди, уларнинг бирдан-бир қусури — қартавозликка ружу қўйишгани эди, холос. Ота-боболар она юртларида ўрганишгани — араб тили шевасида сўзлашишар, уни иккинчи авлод ҳам бузмай сақлаган, аммо учинчи авлод — набиралар, бундан Сантьяго Насар мустасно, ота-боболарининг арабча каломини эшитиб, уларга испанча жавоб қайтаришга одатланишган эди. Ана шу ювош арабларнинг бирдан жунбушга келишига ва саллоҳларнинг жинояти важидан биздан ўч олишига ақл бовар қилмасди. Шунингдек, вақтида обрўли, жангари одамлар етишиб чиққан ва уларнинг бир нечтаси қотилликда, майхонаю қовоқхоналарда муштумзўрликда ном қозонган, эндиликда анча попуги пасайиб қолган Пласида Линеро уруғларининг қасос исташи ҳам имкондан ҳориждаги бир ҳол бўлиб, бу хусусдаям ҳеч ким хавотир олмасди.
Узунқулоқ гаплардан кўнгли ғашланган полковник Апонте атрофдаги ҳар бир араб хонадонига кириб, улар билан сўзлашиб, бу гал энди тўғри хулоса чиқарди. У ҳар бир аҳли арабнинг руҳи чўкканини ва бағоят ғам чекаётганини, меҳробларида аза нишони борлигини, кўпларининг ерга ўтириб олиб, кўз ёши тўка-тўка мархумнинг арвохини ёдлаб қайғураётганини кўрди, илло, бирор кимсанинг хун олиш ниятида эканини пайқамади. Суиқасд хусусидаги эрталабки шов-шуву даҳшатли гапсўзлар алангаси анча пасайган, ҳатто қотиллар ҳам, буёғига жанжал кўтарилсаям муштлашувдан нарига ўтмайди, деб ўйлашарди. Бундан ташқари, юз ёшлик кампиршо Сусеме Абдул қизи эгизакларга аччиқ эрмон ва ёки сачратқи барги қайнатмасини ичириш кераклигини айтибди, бу дориларни ичгач, Пабло Викарионинг ич кетари таққа тўхтади ва аксинча, бу Педро Викарионинг бўшалишига ёрдам берди. Сўнгра Педро Викариони мудроқ босди, юракбуруғидан қутулган Пабло Викарио эса, жони орому осудалик топиб, уч кундан сўнг илк бор кўзи илинди. Шаҳар ҳокими Пурисима Викариони фарзандлари билан хайрлашмоққа эрталабки соат учда ҳибсхонага олиб кирганида, она ўғилларини ана шу аҳволда кўрди.
Полковник Апонтенинг таклифига кўра, Викариолар оиласи — ҳатто катта қизлари ва икковишшг эри ҳам шаҳарни тарк этишди, ҳеч кимга билдирмай жўнаб колишди; биз эса, ўша куни ўлардай чарчаган, Сантьяго Насарни дафн этган, мутлақо кўз юммаган эдик. Шаҳар ҳокимининг айтишича, Викариолар бу ердаги ғалвалар тиниб, аламзадалар ҳовуридан тушмагунича кайтмаслиги лозим эди. Пура Викарио шармандаи шармисор қизининг бетидаги кўкарган доғ-дуғлар кўринмасин деб унга рўмол ўратиб қўйди, сўнгра, сўйилган хушторига аза тутяпти деб ўйлашмасин, дея хавотирлапиб, қизипинг вужудини қизил, ялтироқ кийимларга буркаб ташлади. Пура Викарио жўнаб кетишдан аввал падар Амадорни йўқлаб, ундан ўғилларини турмага бориб кўришини, тавба қилдиришини ўтинган, аммо Педро Викарио бунга кўнмаган, тавба қиладиган гуноҳлари йўқлигига биродарини ҳам инонтирган. Маҳбуслар ёлғиз қолишган; Риоачадаги қамоқда олиб кетиладиган куни саллохлар анча ўзларини тутиб, ҳушёр тортишгач, хотиржамлик билан ҳақ эканликларини таъкидлашар, уруғларимиз таъқибдан қўрқиб кечаси жўнашган, биз бундай шармисорликдан ор киламиз, бизни кундузи, очиқ-ойдин олиб кетишсин, дея талаб этишар эди. Уларнинг отаси шу кунларда қазо қилди. «Отагинам ғам-ғуссадан куйиб ўлди», деди менга Анхела Викарио. Биродарлар турмадан озод бўлишгач, Риоачада муқим яшаб қолишди, оила аъзолари кун кечираётган Манаурадан бу ер бир кунлик йўл эди.
Пабло Викарио отасининг дўконида заргарлик ҳунарини' эгаллаганди, Риоачада шу ишнинг бошини тутиб, анчагина оёққа туриб олди, Пруденсия Котес унга тегиш мақсадида шу ёққа келди. Педро Викарионинг муҳаббатда ҳам, касбу корда ҳам омади юришмади, ўша воқеалардан уч йил ўтгач, у яна ҳарбий хизматга борди, катта сержантлик унвонига ҳам етишди; кунларнинг бирида унинг соқчилар бўлинмаси бузуқ хотинлар ҳақидаги қўшиқни айтганича партизанлар эгаллаган ўрмон ичкарисига кириб кетиб колиб, бирортасиям қайтиб чиқмади. Халойиқнинг гап-сўзига қараганда, ўша машъум ҳодисанинг биринчи ва ягона қурбони Байярдо Сан Роман эди. Айтишларича, бу фожианинг бошқа иштирокчилари чекларига не тушган — ўшанга чидаб беришди, қисматлари неники тақозо этса, шуни амалга оширишди. Сантьяго Насар шармандаликнинг асл сифатида хун тўлади, жонидан айрилди, ака-ука Викариолар чин йигит эканликларини исботлашди ва сингиллари шаънидаги доғни ювиб ташлашди. Бор-будидан мосуво бўлган одам биргина Байярдо Сан Роман эди. Одамлар, «бечора Байярдо», дея кўп йиллар унга ачиниб юришди. Ўша қонли айёмдан сўнг, ой тутилган шанба оқшомига қадар, у бирор инсон зотининг эсига келмаган, Ксиус шаҳар ҳокимига тушида сотиб юборган уйининг тепасида бир ёнар-қуш учиб юрганини, ўша қушни хотинининг ҳиссаталаб арвоҳи бўлса керак, деб ўйлаганини айтганида, полковник Апонте пешонасига шапатилаган ва бирдан анави шўрликни хотирлаган:
— Э, хомкалла! — дея хитоб қилган у. — Бечорани мутлақо унутиб қўйипман-а, қаранг-а!
У соқчи миршаб билан биргаликда баландликдаги уйга етиб боргач, уй олдида тепаси очиқ турган автомобилни кўрган, фақат хобхонанинг чироғи ёниқ бўлган, аммо полковникнинг чорловига ҳеч ким жавоб бермаган. Ахийри, икковлон эшикни бузиб ичкарига киришган, ой ёруғида барча хонани бирма-бир айланиб чиқишган. Кейинчалик шаҳар ҳокими менга: «Ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит, бино худди сув остига чўккандай эди», деди. Пура Викарио сешанба тонготарида уни қай аҳволда кўрган бўлса, у айнан ўша алпозда — эгнида рангин шим, шоҳи кўйлак, каравотда беҳуш ётар эди, фақат пойабзалигина кўринмасди. Ерда бир неча бўшатилган май шишаси, сал нарида, кўрпа устида яна аллақанча очилмагани кўзга ташланар эди, лекин озиқ-воқат асари, бирор нон ҳам йўқ эди. Уни ўша ҳолатида текшириб кўрган доктор Дионисио Игуаран кейинчалик менга: «Унинг ичкиликдан заҳарланиб ўлишига бир баҳя қолганди», деди. Бироқ бир неча соатдан сўнг Байярдо Сан Роман ҳушига қайтиб, ҳаммани оғзига келган сўз билан сўкиб, ҳайдаб солган. «Мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмасин, бирорта ит остонамниям ҳатлаб ўтмасин! Отам, ўша сасиган чол ҳам келмасин!» деган у.
Шаҳар ҳокими дарҳол генерал Петронио Сан Романга телеграмма бериб, уни аҳволдан бохабар этган, ўғлининг охирги сўзини ҳам айнан ёзиб юборган. Афтидан, генерал Петронио Сан Роман ўғлининг жаҳл устидаи айтган гапларини тўппа-тўғри тушунган ва шу сабабдан, аразлаганми, ўзи йўклаб келмай, хотинини, икки қизини ва иккита олмақоқи сингилларини жўнатган. Заифалар шаҳарчага юкчи кемада етиб келишди, улар Байярдо Сан Роман бошига тушган фалокат ва бахтсизлик боис мотам тутиб, сочларини ёйиб қулоқларигача аза кийимига ўраниб олишганди. Қирғоққа оёқ қўйишдан аввал пойабзалларини ечиб, яланг оёқ бўлишди, то балаидликдаги уйгача жазирамада чўғдай кизиган қумни босиб, товонлари куйиб, сочларини тўзғитиб, овозларинипг борича бўзлаб боришди, шунақаям қий-чув солишдики, овозлари худди шодликдан бақириб-чақираётгаи одамнинг товушига ўхшаб кетди. Эсимда, ўшанда Магдалена Оли-вернинг уйидаги пешайвондан уларни кузатиб турарканман, бундайин ёлғондакам қайғукашлик, шармандалик устига шармандалик экани хусусида ўйлагаидим.
Полковник Ласаро Апонте уларни тепагача кузатиб борди; кейин дархол келсин, деб чақирилгани учун доктор Дионисио Игуаран ҳам хачирни қичаб, уларнинг ортидан баландликка йўналди. Кун қайтиб, сал салқин тушгач, маҳаллий ҳокимиятнинг икки хизматчиси бир жуфт таёққа тўрбеланчакни боғлаб, унда Байярдо Сан Романни осилтириб олиб ўтишди; у бошигача жун намат билан ўраб қўйилган, орқасида бир неча заифа ув-ув йиғлаб келарди. Магдалена Оливер уни, ўлипти, деб ўйлади.
— Эй фалак! — дея у қўлларини осмонга силкитиб чинқирди. — Бу яна қандай фалокат, бу жабринг ҳам бормиди?!
Байярдо Сан Роман эса қип-кизил маст эди, у ўликдай қимирламай ётар, кўрган мардум уни жонсиз деб ўйлар эди: ўнг қўли осилиб тушиб, ер чизиб борарди. Онаси унинг қўлини кўтариб, жун намат остига тиқиб қўйганди, тағин осилиб тушди, шу алпозда жарлик ёнидан лангаргоҳгача бўлган йўлда ер чизиб борди. Ана шу чизиқлар уни кўрганларнинг ёдида сўнгги хотира каби сақланиб қолди.
Йигитгинг уруғлари уйга тегишмади, ҳеч нарса олишмади. Баъзан, дам олиш кунларида, ўйин-кулги қилишиб, баландликдаги ўша уйга йўлимиз тушарди, ҳар сафар хонадондаги ташлаб кетилган қимматбаҳо нарсаларнинг, жиҳозларнинг камайиб бораётганини сезардик. Бир гал биз Анхела Викарио никоҳнинг биринчи кечаси онасидан сўраттириб юборган ўша жомадончага кўзимиз тушди, аммо эътиборга лойиқ бирор нарса топмадик. Унда аёлларнинг пардоз-андозига асқотадиган оддий матоҳлардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди, бироқ бир неча йил ўтгач, Анхела Викарио менга жомадончадаги нарсаларнинг асл моҳиятини — эрини алдаб, ўзини қиз кўрсатишга керакли воситалар эканини айтгандагина билдим. Жомадон — унинг беш соатлик уйи бўлмиш хонадондан колган яккаю ягона ёдгор эди.
Кўп йиллар ўтиб, мазкур ҳодисага оид бир юзаки тафсилотни аниқлаш мақсадида бу ерга келганимда кўрдимки, бир маҳаллар Йўланда де Ксиуснинг бахтхонаси бўлмиш ўша уй қуп-қуруқ, ҳувиллаган мотамхонага айланган эди. Полковник Ласаро Апонте ҳар қанча зўр бериб уринмасин, у ердаги бор нарсалар бирин-кетин йўқолаверган; ҳатто бир пайтлар эшикка сиғмаганидан уйга олиб кирилиб, Момпос усталари томонидан йиғиб ўрнатилган олти кўзгули жавонни ҳам азаматлар уриб кетишибди. Бошида бева Ксиус бу ишлардан мамнун бўлиб юрди, нарсаларни хотинимнинг арвоҳи ташиб кетяпти, дея таскин топди. Полковник унинг соддалигидан кулиб, роса мазах қилди. Аммо бир гал кечаси унинг калласига Йўланда де Ксиуснинг арвоҳи билан гаплашиб, ҳақиқатни билиб қўя қолай, деган фикр келди, полковникнинг сўзига қараганда, нарсаларни айнан ўша хотиннинг арвоҳи гўрига ташиб кетаётган экан. Уй нураб, йиқила бошлади. Тўйдаги автомобиль дераза ёнида тўкилиб-сочилиб, чириб ётарди, охири унинг занглаган томию таглиги қолди, холос. Машина эгасидан узоқ йиллар давомида дарак бўлмади. Суд хужжатлари ичида унинг аризаси бор экан, лекин аризада шу қадар пойма-пой, узуқ-юлуқ сўзлар ёзилганки, унга қараб туриб, шунчаки расмият учун бировнинг қўли билан ёздирилибди-да, дея ўйладим. Роса 23 йил ўтгач, мен бир мартагина Байярдо Сан Романни учратиб, суҳбатлашмоққа уриндим, аммо у мени тажовузкорона қаршилаб, ўша кунлар хусусида, ўзининг у машъум хунрезликка алоқаси борасида бирор оғиз гап айтишни истамаслигини билдирди. Унинг ота-онасидан ҳам бу борада бирор маъноли сўз эшитмадим, чунончи ўғиллари не балолар ёндошибки, ўша гадойтопмас шаҳарчага бориб қолганию қай жафокор дамларда иблис йўлига кириб, ўша хотинга уйланиш фикрига тушганига ҳамон ақллари бовар этмас эди. Хайриятки, яхши кишилар менга Анхела Викарио ҳақида гоҳ-гоҳ хабар етказиб туришди, бу каминани ажаб бир заифа сиймосини яратишга илҳомлантирди. Роҳиба синглим Гуахиранинг шимолидаги бутнарастларни насронийлик мазҳабига киришга ташвиқ қилиб ўша ерларда бир мунча муддат кезиб юрди, у жойдаги бир қишлокда Анхела Викариони учратибди, бир неча бор у билан суҳбатлашибди, унинг айтишича, ўша макон Кариб денгизи қирғоғида экан, онаси Анхелани денгизга тириклайин чўктириб юбормоқчи ҳам бўлганмиш. У ҳар гал мурид овлашдан қайтганида, менга: «Тутинган синглинг салом деди», дерди. Синглим Маргот ҳам биринчи йиллари Анхела Викариони йўқлаб турди, унинг сўзига қараганда, улар ҳайҳотдай ҳовлиси бор бир уй сотволишибди, тўрт тарафидан шабада эсиб турармиш, сув тошқинию ҳожатхонадан шамол суриб келадиган бадбўйни ҳисобга олмаса, уларнинг тўлкин ҳовлига ва ётоқхонага улоқтирган балиқларни теришдан бошқа ташвиши йўқ эмиш. Ўша вақтда Анхела Викариони кўрганларнинг айтишича, у жудаям чевар бўлиб кетибди, молу обрў топиб, шунга овуниб, роҳат-фароғатга етишибди.
Ўшандан бир неча йил сўнг, у фалокат ҳақидаги тасаввурим тиниқмай, бир тўхтамга келолмай, аммо бу бахтсизликларнинг сабабу оқибатларини англашга ури-ниб, Гуахира қишлоқларида қомуслар, тибга оид китоблар сотиб юрган кезларим, иттифоқо ҳиндулар яшайдиган бир масканга йўлим тушди. Сингилларим тавсифлашган худди ўша денгиз бўйидаги уйни кўрдим: жазирама пайти эди, чокмашинада ненидир тикиб ўтирар-ди — унинг азадорлик либоси, юзидаги темир бандли кўзойнаги, сочларини қоплаган оқ, сарғиш толалар, бош устидаги осиғлиқ қафасда тинимсиз сайраётган сариқ саъва — барчаси кўз олдимда уни бошқача бир сиймо тарзида гавдалантирди. Унинг дераза кўзлари ортида шу алпозда ўтирганини кўриб, наҳотки, шу ўша Анхела Викарио, дея хайрон бўлдим, у тасаввуримда мутлақо ўзгача эди, бечорани шу қадар нотавону абгор ҳолатда учратиб, кўнглим бузилди, чархи ўйинкор бир инсон умрини шунчалик бемаъни афсонага айлантириб, охири хору хақир этганидан ич-ичимдан эзилиб кетдим. Ҳа, бу хотин худди ўша Анхела Викарио эди, орадан 23 йил ўтганди.
У мени одатдагидай узоқ қариндошидай кутиб олди, саволларимга ўйлаб, жиддий жавоб берди. У кечган йиллар мобайнида салобат ва ақлу идрок касб этганди, қараб туриб, ўша Анхела Викарио шуми, дея тағин ҳайратландим. Ўз хаёти хусусида бирам оқилона хулосалар чиқарибдики, буни эшитиб, унга қойил қолдим. Бир оз вакт ўтгач, у менга аввалгидай қаримсиқ эмас, балки аксинча, худди хотиротим кўзгусидаги каби ёш, жозибадор бир жувон сингари кўрина бошлади; йигирма ёшидаги — мухаббатсиз турмуш қурсанг, ўлмайсан, дея зўрлаб эрга берилган давридаги махзун ҳолатларидан асар ҳам қолмаган эди. Унинг онаси, бир оёғи тўрда, бир оёғи гўрда бўлган бир кампир мени нариги дунёдан келган арвоҳдай кутиб олди, ўтмишни эслашни истамади, бу асарни ёзишда мен унинг онам билан сўзлашгандаги баъзи узуқ-юлуқ гапларига, асосан ёдимда қолган эсдаликларга таяндим. Кампир кўзи тириклигидаёқ шумоёқ қизинииг ўлимини оллодан ёлвориб тилаган, аммо муножотини фалакнинг кар қулоғи ҳеч тингламаган, қизи эса, ўша манфур воқеаларни эшитган қулокқа уялмасдан, оқизмай-томизмай айтиб, бемалол яшаб юраверган. Бироқ энг муҳим сир сирлигича қолган — у фожианинг асл сабабчиси ким, яъни, уни ким, қачон, қаерда йўлдан ургани хусусида лом-мим демаган. Сантьяго Насарнингг ўша зоний эканига эса ҳеч ким ишонмасди.
Зотан, Сантьяго Насар билан Анхела Викарио икки олам эди. Икковининг бирга юргани ёки хилватда бирга турганини ҳеч зот кўрмаган. Сантьяго Насар жуда назари баланд йигитлардан эди, табиийки, унга қиё ҳам боқмаган. Бир гал шу қиз ҳақида гап кетганда, аниқ эсимда, у: «Сенинг анави қариндошинг қип-қизил тентак», деган эди. Сантьяго Насар қизлар борасида дови юришган йигит саналарди, қурдошлари уни макиёнларни қийратадиган қирғий дейишарди. Отасига ўхшаб у ҳам тоғма-тоғ ёлғиз кезиб юрар, бирор дарахт шохида осилиб, пишиб турган мевани — шу депарада бирор кўзга илинарли қизни кўрди дегунча ўйлаб-нетиб ўтирмай, ҳеч кимга билинтирмай шартта узарди-кетарди; аммо шаҳарликларга унинг атиги иккита жазмани борлиги аён эди, холос: Флора Мигель билан дон олишиб юриши эски гап эди; ўн тўрт ойдирки, Мария Алехандрина Сервантеснинг домига тушиб, яна ишқу жунун кўчасига кирганиям халойиққа маълум эди. Кўпчиликнинг ўйлашича, аслида Анхела Викарио бошқа бировни севган ва ўша номаълум билан айшини суриб юрган, нозик пайт келиб қолганда эса, дабдурустдан Сантьяго Насарнинг исмини тилга олган, акаларим унга қўл кўтаролмайди, дея хаёлидан кечирган ва сувдан қурук чиқмоқчи бўлган. Иккинчи дафъа уни йўқлаб борганимда, мен ҳам худди шу фикрни таъкидлаб, далилу асосларни тахлаб ташладим, хотиннинг ўз тилидан ҳақикатни эшитмоқни истадим, бироқ у бир зумга нигохини чокдагг кўтариб, менга тикди-да:
— Кўпам кавлаштираверма, қариндош, — деди. — Ўша эди.
Сўнг у менга қолган ҳамма гапни, жумладан, никоҳнинг илк кечасида нималар бўлганигача айтиб берди. Шум дугоналарининг унга: эрингни роса ичириб ғишт қилиб қўйгин ёки ўзингни уятчанликка солиб чироқни ўчиришга мажбур этгин, энг муҳими, баданингни аччиқтош билан юв, эртасига эрталаб чойшабингни ҳовлига опчиқиб ёйишганда, қип-қизил бўлиб кўринади, қизлигингни ана шу белгилайди, дея ўргатишганигача яширмай айтди. Аммо Анхеланинг маслаҳатгўйлари икки нарсани ҳисобга олишмаганди: Байярдо Сан Роман ичкилик бобида пишиб кетганди, унча-мунча майни кўрдим демасди; зоҳиран соддаю гўл кўринса-да, хурофот таъсириданми ботинан тоза, бегуноҳ, ёш боладай покруҳ эди. «Дугоналарим ўргатган нарсаларнинг бирортасиниям қилмадим, — деди менга Анхела Викарио. — Бу ҳақда ўйлаганим сари бунчалик тубанликқа бормаслик лозимлигини, бу иш ғирт чўчқалик эканлигини англадим, ахир у бечорада нима гуноҳ, - бадбахтнинг бошига шундоғам бало тоғи ағдарилгани, мендай қизга уйланиш савдоси тушганининг ўзи катта фожеа-ку, деб ўйладим». Қисқаси, у ҳеч қанақа қилиқ кўрсатмай, ихтиёрини эрига топширган, у чироғи ёниқ ётоқхонада унинг кийимларини бир-бир ечган, аллақачон ҳаёю иффат пардаси кўтарилган Анхела заррача қўрқмаган, зотан, ғишт қолипдан кўчган, қўрқишга ҳожат қолмаган эди. «Ҳаммаси оддийгина, осонгина бўлиб ўтди-кетди, — деди у менга, — тўғриси, ўлимимгаям рози эдим».
У ич-этини еяётган аламни беркитиш ниятида бошидан кечган азобу бахтсизликларни тортинмасдан, батафсил баён қилди. Байярдо Сан Роман уни онасиникига олиб келиб ташлаб кетгач, ўша сониядан эътиборан у жувоннинг дил уйига кириб мангулик макон қурган, — бу гапларни Анхела Викариони ўз оғзидан эшитиб, ҳайрон қолдим, бундай бўлиши хаёлимгаям келмаганди. Ўшанда жувоннинг юрагига ажал ўқи санчилгандай бўлган. «Онам мени ўйиб-чимдилаб ура бошлаганда, бирдан уни ўйладим», деди у менга. Онаси ўзини бечора йигитни бадбахт қилгани учун калтаклаётганига ақли етгач, оғриқни ҳис этмай қўйган. Ошхонадаги диванда ўпкасини босолмай хиқиллаб ётаркан, яна Байярдо Сан Роман тўғрисида ўйлаган ва ўз-ўзидан ҳай-ратга тушган. «Мен ўшанда баданим оғриётганидан ёки бўлиб ўтган шармандаликдан йиғламаётгандим, — деди у менга. — Анави бечорани ўйлаб йиғлаётгандим». Онаси унинг юзига арника томизғи дорисидан сураётганда ҳам жувон уни ўйлаб ситам чекаётган эди, кейин кўча тарафдан одамларнинг бақириқ-чақириғи, жомнинг ҳайбатли жаранги эшитилди, шу пайт онаси ошхонага кирди ва унга, энди бўлар иш бўлди, ухлаб, сал ўзингга келиб ол, деди.
У узоқ вақт, гарчи заррача умид бўлмасаям, Байярдо Сан Романни хотирлаб, уни кўришни орзу қилиб юрди. Бир куни онасининг кўзи оғриб, уни Риоачидаги касалхонага олиб боришди, йўлда «Бандар меҳмонхонаси»га киришди, меҳмонхона хўжайини уларга таниш эди. Пура Викарио бир стакан сув сўради. У қизга орқасини ўгириб сув ичаркан, ҳашаматли хона деворидаги саноқсиз тошойналарга қараб турган Анхела Викарио кутилмаганда неча йилларки хаёл кўзгусида асраб, термилиб юрган азиз одамининг аксини ойнада кўриб қолди. Нафасини ютиб, секингина қайрилиб, ўша томонга боқди, у жувонни сезмаган ҳолда унинг ёнидан ўтиб, меҳмонхонадан чиқиб кетди. У кўнгил ойнаси чил-чил синиб, онаси ёққа маҳзун кўз солди. Пура Викарио сувини ичиб бўлиб, лабларини енги билан артаркан, қизига майингина жилмайди, янги кўзойнаги ялтиллади. Ана шунда Анхела Викарио онасининг асл қиёфасини ҳаётида биринчи марта юрак-юрагидан ҳис этди: қаршисида, майхона пештахтаси ёнида, бутун умрини бахтсизликлар, турмуш ташвишлари еб битирган толесиз аёл туради. «Ҳе, сасимай ўл!» деди Анхела Викарио ичида. У бу ҳолатдан шу кадар мутаассир бўлдики, қайтишда уйига етгунча овозининг борича қўшиқ айтиб келди, сўнгра ўзини кўрпага отди-да, уч кун ўрнидан турмай йиғлади.
У гўё қайтадан туғилганди. «Унга бўлгаи ишқим алангалангандан алангаланарди, ақлимдан айрилиб, телбага айландим», деди у менга. У кўзини юмиши биланоқ Байярдо Сан Романни кўрарди. Денгиз шовқини унинг овозидай, нафасидай туюларди. Кечалари эса, у худди ёнида ётгандай, баданининг ҳароратини ҳис этар ва шу заҳоти ўзи ҳам қизиб, ёниб, тўлғона-тўлғона уйғониб кетарди. Орому осудалигини йўқотган Анхела Викарио бир ҳафтага аранг чидади, охири сабри тугаб, Байярдо Сан Романга биринчи мактубини ёзди. Бу қисқагина хатда жувон уни меҳмонхонадан чиқиб кетаётганда кўрганини, агарда у ҳам уни илғаб, қараганида, бу ҳолдан бағоят қувонажагини ҳаё билан ифодалаган эди. У номанинг жавобини тоқати тоқ бўлиб кутди. Икки ой ўтгач, қаноатдан дил ўти устун чиқиб, иккинчи хатини ёзди, у ҳам аввалгисидай мухтасар, боҳаё битилганди, жувон йигитнинг эътиборсизлигидан гина қилган эди, холос. Олти ой кейин унга яна олтита мактуб юборди, хаммаси жавобсиз, сасиз-садосиз кетди, бироқ у Байярдо Сан Роман хатларни олаётганига ишонгани учун бундан оғринмади, аксинча, кўнглини тўқ тутди.
Анхела Викарио ўз такдирининг хўжайини ўзи эканини умрида биринчи марта ҳис этди ва муҳаббат хамда нафрат бир-бирига боғлиқ туйғулигини англаб етди. Жувон унга қанчалик кўп хат йўлласа, юрагидаги ишқ ўти шунчалик ортар, аламзада дилидаги бадхохлик баттар алангаланар эди. «Онамга кўзим тушди дегунча ичим ёнаверарди, — деди у менга, — чунки онамга караб туриб хар гал уни эслардим». У эри ташлаб кетган хотин бўлса-да, ҳаёти аввалгидай — қизлигидагидай оддий бир тарзда давом этарди: у дугоналари билан бирга чок тикарди; олдинлари эса у эски ўртоқлари билан қийқимлардан лолалар, қоғоз парчаларидан қушчалар ясар эди. Онаси ухлагани хонасига кириб кетгач, Анхела Викарио эшикни беркитиб олиб, эрталабгача ўзининг бедаракликка мустаҳиқ хатларини ёзарди. У идроку иродасини яна қўлга олди, яна — фақат Байярдо Сан Роман боис — қизлигига қайтгандай бўлди ва ўзидан ўзга қудратни, эҳтиросу хаёлотидан бошқа жобиру жабркорни сезмай қўйди.
Умрининг ярми хазонга юз тутгунча, у ҳар ҳафта биттадан хат ёзиб юрди. «Баъзида нима деб ёзишниям билмасдим, — деди у менга кулгидан зўрға ўзини тийиб, — аммо у хатларимни олаётганини аниқ билганимдан, бошқа хеч нарсани умид қилмасдим». Бошида жувон унашилган қайлиқларникидай қисқа-қисқа мактублар битди, кейинроқ эри узоқ сафардаги ташна келинчакдай ишқу эҳтирос, ваъдаю ноз-истиғнога тўла интизорона номалар жўнатди, ниҳоят, охирги пайтларда маҳрами тагалаб кетган бечора беванинг эрини қайтариш ғаразида қиладиган ёлғондакам хасратларию касалман, ўламан каби оҳ-воҳларидан дудланган мактублар йўллади. Бир сафар тунда одатдагидай нома битиб ўтирарди, нимадандир азбаройи севинганидан сиёхни вараққа тўкиб юборди, уни йиртиб ташлаш ўрнига, хатни: «Ишқимнинг гувохи сифатида сснга қоғозга дув-дув тўкилган кўзёшларимниям юборяпман», деган чучмал сўзлар билан тугаллади. Гоҳо йиғлаб-йиғлаб чарчаганда, қилаётган ишларининг тентаклик эканини ўйлаб, ўзини ўзи мазахлаб куларди. Фақат бир нарса — ҳаммасининг баҳридан ўтиш зарурлиги унинг хаёлига келмасди. Байярдо Сан Роман ўзини мутлақо бепарво, беписанд тутарди, жувоннинг хат ёзиши қоронғига кесак отгандай беҳуда бир иш эди.
Ўшандан ўн йил кейин — фожеалар унутилиб, ҳамма гаплар эсдан чиқаёзганда — нохуш бир тонгда Анхела Никарио сесканиб уйғониб кетди: Байярдо Сан Роман кпп-яланғоч тўшакда, унинг ёнида ётгандай туюлиб, нафаси тиқилди. Шу куни унинг дарди-дунёси остин-устин бўлиб, талвасага тушганича йигирма варақли хат ёзиб, унда ўша машъум кечадан бери ўтган давр мобайнида кўнглида тўпланган бор хасратини тўкиб солди, моғор босиб ётган ҳақиқатларни уяту андишани йиғиштириб кўйиб, бир-бир баён этди. Бағрини у бир умрга поралаб кетганини, жисму жонидаги яралар абадий бемалҳам қолажагини, унинг тили заҳарлигию қадди қоматида эҳтирослар қуёши мужассамланганини очиқ ёзди. Жувоннинг ҳар жумада келадиган чевар дугонаси бор эди. Хатни ўшандан бериб юборди; Анхела Викарио, бу мактуб телба руҳимдаги сўнгги чайқалиш бўлса керак, деб ўйлаганди, бироқ у шундан кейин ҳам не ҳақда ва кимга ёзаёт-анини англамаган ҳолда тағин ўн етти йил давомида муттасил нома битди.
Августнинг чароғон кунларидан бирида, чогагоҳда, Анхела Викарио дугоналари даврасида чок тикиб ўтираркан, эшик ёнига кимнингдир келганини пайқади. У қайрилиб қарамаса хам, ким келганини — бу ўша эканини сезганди. «У семирибди, сочи тўкила бошлабди, кўзи хиралагаиб, кўзойнак тақибди, — деди жувон менга. — Аммо бу айни ўгаа эди, қурибгина кетсин! Ўша!» Анхела Викарио ўзиям унга ўхшаб қариб қолганини, шубҳасиз, уям кўради, дея ўйлаб, бирдан кўнглини ҳадик қоплаган, уни севганимчалик мени севолмайди, деган иштибоҳга бориб, яна бағри-дили ўртанган. Эгнидаги кўйлаги тердан ҳўл бўлганди — уни бозорда биринчи марта шундай ҳолатда кўрганди — белидаги қайиши ҳам қўлидаги кумуш безакли чармхалтаси ҳам ўша илк учрашувдагидай эди, фақат чармхалта анчагина унниққан эди. Байярдо Сан Роман чеварларнинг ҳайратдан оғизлари ланг очилиб, ҳанг-манг бўлиб қолганларига эътибор бермай, шитоб юриб келиб, халтасини чокмашина устига қўйган.
— Ҳа, дуруст, дуруст, — деган у, — мана, мен келдим.
Унинг иккита жомадони бўлиб, бирига кийим-кечак солинган, бошқасига Анхела Викарионинг икки мингга яқин хати тахланган экан. Мактублар санама-сана, батартиб дасталанган, шоҳи боғичлар билан боғланган, бирортасиям очилмаган экан.
Кўп йиллар мобайнида биз фақат ўша воқеа хусусида гапириб юрдик. Ўша машъум кунгача ҳар биримиз ўзимизча яшаб, пешонамиздагини кўриб келаётгандик, ҳамманинг кўнглига ғулғула солган у ҳодиса эса фикру зикримизни ўз комига тортди, гўё ҳар ёқда сочилиб оқаётган умримиз ирмоқчалари кутилмаганда ўша воқеа гирдобига қуйилди. Хўрозлар қичқирган заҳоти, саҳармардонлаб барча бараварига уйқудан уйғонган, хаёлида тасодифнинг бир зарби туфайли очилажак фожеа эшигини ва унинг ортидаги қатор бадбахтликларни тасаввур этарди; омманинг оғзида шу гап эди, аммо бирор инсон зотининг дилида сирни очиб, қурбонни суиқасддан огоҳлантирига истаги йўқ эди, инчунун, ҳеч бир киши фалокат рўй берган, унга нечоғли алоқадор бўлмоғи ва кейин тақдири қандай кечажаги бобида бирор аниқ фикрга эга эмасди.
Бу ҳолнинг туб сабабиятини кўпчилик англай олмасди, албатта. Кейинчалик жарроҳ сифатида ном қозонган Кристо Бедойя ҳам ўшанда нечун дастлабки фикридан қайтганию нечун ўз уйига бориб ётиш ва ота-онасини суиқасддан хабардор қилига ўрнига бувасиникига кириб, икки соатча қариялар билан валақлашиб, еиископнинг келишини кутиб ўтирганига — бу ҳолнинг асл боисига хамон тушунолмайди. Бироқ суиқасддан воқифлар хам косидларга халакит бериб, ниятини чиппакка чиқариши мумкин бир пайтда ҳеч бир иш қилмаган, бу — иффату номус масаласи, унга алоқасизларнинг аралашуви ножоиздир, деган ақидага бориб, шу билан ўзларини алдаб-овутиб қўя қолишган. «Номус — муҳаббат демак», деганди ўшанда онам менга. Ортесия Бауте саллоҳларнинг икки хунрез пичоғини қонга ботмасдан аввал кўрганди — шу бошига битган бало бўлди, у ўнгидаям, тушидаям қонли пичоқларни кўравериб, азобу ўкинчдан савдойига айланди, бир куни шир-яланғоч ҳолида ўзини тош ётқизилган кўчага отиб, ер юзи билан хайрлашди. Сантьяго Насарнинг қайлиғи Флора Мигель ғаддор фалакнинг бу кўргиликларига аччиқма-аччиқ битта чегарачи ҳарбий йигит билан қочиб кетди, даъюс эри уни охир-оқибатда ғарга айлантириб, Вичададаги каучук ўрадиган барзангиларга сотиб юриб, расвойи жаҳон қилди. Насарларнинг уч авлодига энагалик қилган доя Аура Вильерос эса, Сантьяго Насарнинг сўйилганини эшитган ҳамони ваҳимадан қовуғи тортишиб қолди ва ўла-ўлгунча баданига суқилган резина ичакдан пешоб қилиб ўтди. Клотильде Арментанинг олийжаноб эри умрининг вафоси боис 86 га кирган дон Рохелио де ла Флор уйида, эшиги ёпиқ нариги хонада Сантьяго Насарни тўрт пора этилаётганини кўраман дея ўрнидан сўнгги марта қўзғолдию дўзахий манзарадан қайта ўзига келолмай, оламдан ўтди. Ўғли кирадиган эшикни беркитиб қўйган Пласида Линеро вақт ўтган сайин гуноҳини унутиб юборди. Менга у ўзини оқлаб: «Дивина Флор, ўғлинг уйга кириб кетди, дегани учун эшикни занжирлаб қўйгандим. Аммо у ёлғон айтган экан». Бироқ Пласида Линеро тушга киргувчи дарахтнинг хайрли экани билан қушларнинг ёмонлик даракчиси эканини алмаштириб юборгани учун бир умр ўзини кечиролмади, шуни ўйлайвериб, замонасининг гўр йўлига етакловчи дориси — занжабил донасини чайнашга дучор бўлди.
Терговчи фалокатдан ўн икки кун кейин келди, шаҳар аҳлининг ёппасига талвасага тушганини, тартибсизлик кўпганини кўриб, боши қотди. У шаҳарнинг ёғочдан қурилган бош маҳкамасидаги ислиқи хонада сатилда қайнатилган қаҳвага шакарқамиш шаробидан қўшиб ичиб ўтираркан, тўс-тўполон ва жазирама кун туфайли кўз олдидан кетмаётган арабий манзарани унутишни, ором олишни истар эди. Маҳкама ёнида оломон пашшадай ғужғон ўйнар, ўзининг 6у фалокатга нечоғли дахлдорлигини, нималарни билишини айтмоқни истаган иззатпараст довдир одамлар шу қадар кўп эдики, улар сўрамасдан ҳам эшикдан ёпирилиб киришга тиришар, шовқин солишар эди; терговчи бебош халойиқдан муҳофаза этсин учун мададкор аскарларни чақиртирди. У яқиндагина хуқуқшунослик бўлимини тугатган, эгнидаги ҳуқуқшунос толибларнинг қора мовут костюми, енгида битирувчиларнинг халқасимон ҳам бор эди; унинг юриш-туришидан энди йўлга кирган адлия ходимининг фахру шиддати, ғуруру виқори ёғилиб турарди. Аммо у ҳеч бир эътиборга лойиқ иш кўрсатмади, ному насаби номаълумлигича қолди. Унинг қандай одамлиги хусусидаги биз билган гаплар у ёзган, Риоачидаги Адолат саройида сақланаётган, мен йигирма йил сўнг ўқиб-ўрганганим суд ҳужжатлари асосида туғилган мулохазалардир. Асралаётган ҳужжатлар жудаям бетартиб аҳволида эди, ўзимга керакли манбаларни аллақанча кишининг кўмаги билан аранг-аранг топдим; мустамлака замонидан мерос бу бинода қачондир икки кечаю кундуз Френсис Дрейк нинг қароргоҳи бўлган, эндиликда бу ердаги хоналарда тоғ-тоғ қоғоз уюлиб ётарди. Денгиз тўлқинлари пастки қаватларни босган, даста-даста ҳужжатлар кимсасиз бўлмалар бўйлаб сузар эди. Ана шу вокеаномалар конига айланган кўлда ўзим ҳам тўпиғимгача сувга ботиб, жуда кўп азоб чекдим, беш йиллик ахтаришларим натижасида, ниҳоят, ўша терговчи ёзган 500 саҳифали суд ҳужжатининг денгиз сувида шўрлаган 322 варағини топдим.
Терговчининг исмини бирор жойда учратмадим, ёзувидан ўқиб англашимча, у ашаддий адабиёт жинниси экан. Шубҳасиз, у испанларнинг, лотинларнинг қатор салаф адиблари ижодини, айниқса ўша даврда ўқиш расм бўлган Ницше асарларини яхшигина ўрганган экан. Саҳифалар ҳошиясидаги белгилар, изоҳлар — сиёхнинг рангидан қатъи назар — худди қон билан битилганга ўхшарди. Терговчи зиммасига юкланган ишдан шу қадар довдираб қолганки, воқеа, ҳолатлар шарҳида касб-корига мутлақо зид равишда тез-тез лирик чекинитиларга — кўнглидан кечган мулоҳазаларга — йўл қўйган. Айииқса, тақдир тақозоси юзасидан рўй берган тасодифлар шунчалик кўп ва чалкаш эдики, ҳатто адабиётда ҳам ифодалаш амримаҳол бўлган бундай қотилликнинг амалга ошганига — суиқасддан шунча оломон хабардорлигига қарамай бир одам ўлиб кетаверганига ҳечам ақли бовар этмас эди. Бироқ у кўп сермашаққат изланишлар оқибатида, майда-чуйда тафсилотларгача аниқлаб, Сантьяго Насар — фожианинг бош сабабчиси, деган хулосага келгандики, бу фикри унга ҳеч тинчлик бермай қўйганди. Анхела Викарионинг дугоналари — ўша алдоқ иштирокчилари ҳам неча йиллар давомида у тўйдан олдин уларга ўз сирини очганини, аммо зинокорнинг номини бекитганини айтиб юришди. Терговчига берган жавобларида эса бари бир сўзни такрорлашган: «У бизни мўъжизадан воқиф этди, лекин мўъжизакорини сир тутди». Анхела Викарио ҳам дугоналарига ўхшаб бир гапни чайнашдан нарига ўтмаган. Терговчи ўзига хос қувлик билан марҳум Сантьяго Насарнинг кимлигини сўраганида, у киприк қоқмасдан:
— У менинг кўз очиб кўрганим эди, — деган.
Бу ишора шундайлигича— йигит унинг кўзини қачон, қаерда, қай ҳолатда очганини тафсилу исботлар билан кўрсатилмай ёзиб қўйилган, холос. Бор-йўғи уч кунга чўзилган суд жараёнида оқловчилар маҳкамаси раиси бу айбнинг асоссиз эканини, исботланмаганини кўп бор таъкидлаган. Терговчи Сантьяго Насарнинг гуноҳини далилловчи жиноят белгилари нихоятда камлигидан шунчалик ўзини йўқотиб, умидсизликка тушганки, алоҳа бутун қилган иши пучдай туюлган. Шунинг таъсиридами, у 416-сахифа ҳошиясига қизил сиёҳда шуларни ёзган: «Мени ишонтиринг — ақидапараст этинг, дунёни ўзгартириб юбораман». Бу ташбеҳли, пурмаъно ибора остига у умидсизлиги ва ночорлиги ифодаси ўлароқ, ўша қонранг сиёҳда юракка санчилган камон ўқини тасвирлаган. Сантьяго Насарнинг барча дўстлари каби у ҳам қурбоннинг ўлими олдидаги ҳолатлари бегуноҳлигининг бирдан-бир ишончли асоси, дея ҳисоблаган.
Дарҳақиқат, Сантьяго Насар умрининг ўша қазо тонгида, гарчанд унга ёпиштирилаётган айб енгил эмаслигини, бир кориҳол юз беришини англаса ҳам, айни бирор хавфни сезмаган. У, ўзи яшаётган муҳитнинг нақадар риёкорлигию замондошларининг нечоғли иккиюзламачилигини яхши тушунгаи одам, соддадил саллоҳлар ўз оиласи бошига тушган бу мусибат, бу доғ туфайли ҳар қанақа бемаъниликка беихтиёр қўл ура олишига ақли етиши лозим эди. Байярдо Сан Романнинг қандай йигитигини ҳеч ким билмасди, лекин унинг ҳам барча оқсуяклар каби киборона хатти-ҳаракати, феъл-атвори заминидаги пойдевор — хурофий ақидалардан иборат эканини Сантьяго Насар билган, албатта. Шундай килиб, унинг онгли лоқайдлиги ўз жонига зомин бўлган. Бундай ташқари, энг сўнгги дақиқаларда, ака-ука Викариолар уни ўлдирамиз деб кутиб туришганини айтишганида, кўпчилик таъкидлаганидай, ўзини йўқотиб қўймаган, балки бегуноҳ одам бундай дамда нечоғли довдираб қолса, ўшандай бир саросимага тушган, холос.
Менимча, Сантьяго Насар ўзининг нега ўлаётганини англамаган ҳолда жон узган. У синглим Марготга бизникига нонушта қилгани киражагини айтган, сўнгра Кристо Бедойя билан қўлтиқлашганича қирғоқ бўйлаб юриб кетишган, икковлон шу кадар хотиржам, бепарво кўринишганки, атрофдагилар ваҳимали шов-шувни унутиб, ҳаммаси бекор гап экан-да, деган хаёлга боришган. «Уларни мамнун, беғам қиёфада кўриб, тангрига шукрона айтдим ва хайрият-э, фалокатлари арипти, дея кўнглимдан кечирдим», деди менга Меме Лоаиса. Табиийки, Сантьяго Насарни ҳаммаям бирдай яхши кўравермас эди. Электростанция хўжайини Поло Кардильоннинг айтишича, Сантьяго Насарнинг бепарволиги унинг бегуноҳлигидан эмас, балки сурбетлигидан далолат берармиш. У мен билан суҳбатлашганида эса: «Йигитни пул қутиртирворганди, пул билан ажални сотиб оламан, деб ўйларди», деди ёзғириб. Унинг хотини Фауста Лопес: «Ўзи хамма турклар ҳам шунақа», дея эрининг сўзини маъқуллади. Индалесио Пардо Клотильде Арментанинг дўконига кирганда, саллоҳлар унга, епископ ҳазрат жўнаб кетган заҳоти Сантьяго Насарниям нариги дунёга жўнатамиз, дейишган. У ҳам бошқа одамлардай биродарларнинг сўзига эътибор бермаган, уйқудан қолган йигитчалар алжирашяпти-да, деб ўйлаган, аммо Клотильде Армента уларнинг гапи рост эканлигини таъкидлаб, ундан Сантьяго Насарни огоҳлантиришини ўтинган.
— Бекорга оғзингни чарчатма, — деган шунда Педро Викарио, — бари бир уни сўямиз, ўлганлар қаторига кўшиб қўявер.
Бу очиқдан-очиқ, сурбетларча дағдаға эди. Биродарлар Индалесио Пардонинг Сантьяго Насарга дўстлигини, бу сўзлар шак-шубҳасиз унинг жиғига тегишини би-лишарди, афтидан, ана энди у бор гапни дўстига бориб айтади, кейин бизни яраштиради, шармандаликдан ҳам қутуламиз, қўлимизни ҳам қонга бўямаймиз, деб ўйлашган. Индалесио Пардо олдинига Сантьяго Насарни суиқасддан бохабар этмоқчи бўлган, бироқ унинг Кристо Бедойя билан қўлтиқлашганча бандаргоҳдан келаётган халойиқ ичида бепарво бораётганини кўриб, фикридан қайтган. «Ўшанда негадир ҳовримдан тушиб, бари ўтрик гап экан-ку, деб ўйлаб, индамадим», деди у менга. У иккала ўртоқнинг елкасига қоқиб, мамнунона жилмайиб қўйган. Улар эса, азбаройи тўйнинг сарфу харажатларини ҳисоблаш билан банд бўлганларидан унга эътибор ҳам бермай, йўлда давом этишган.
Оломон сафида икковлон ҳам майдон томон йўл олишган. Одамлар тўдаси жуда зич бўлган, лекин Эсколастика Сиснеросга иккала дўст бемалол, ҳеч қийналмасдан одим ташлаётгандай — ҳамма Сантьяго Насарнинг ўлимга кетаётганини билганидан унга тегинмасдан, улар атрофида бўшлиқ пайдо этаётгандай туюлган. Кристо Бедойя ҳам ўша сонияларни хотирларкан, халойиқ икковлонга ғалати назар билан қараганини эслади. «Худди фалокат пешонамизга ёзиб қўйилгандай роса бақрайишганди», деди у менга. Ўшанда Сора Нориега пойабзал дўконини очаётган экан, Сантьяго Насарнинг бўздай оқариб кетганини кўриб, хавотирга тушган ва бунинг сабабини сўраган.
— Э, Сорагинам, кўп нарсага ақлинг етавермайди-да, — деган унга Сантьяго Насар йўлида тўхтамасдан. — Шунча ичкиликдан кейин нафақат одам, ҳатто тош ҳам оқариб кетади!
Селесте Дангонд кўча эшиги оғзида уйда киядиган халатига бурканиб, епископни кутгани чиққан нодонларни мазах қилиб кузатиб ўтираркан, Сантьяго Насарга кўзи тушиб, кел, мен билан қаҳва ич, дея таклиф этган. «Мен атайин вақт ўтсин, фалокат рўй бермасидан аввал бирор фикрга келайлик, деган ниятида уни тўхтатмоқчи эдим», деди у менга. Сантьяго Насар уйига шошаётганини, кийимини алмаштириши лозимлигини, синглим Маргот уни бизникига нонуштага чақирганини айтган. «У шунчалик хотиржам, қилмоқчи бўлган ишлари шунчалик тайин эдики, мен саросимада қолдим, — дея изоҳ берди яна Селесте Дангонд. — Назаримда, саллоҳлар уни ўлдиролмайдигандай туюлди». Ана шу олатасиру шовқин-суронлар ичра иккиланмай, кўнглида неки туғилгаи бўлса, ҳеч шубхаланмай амалга оширган инсон Жамил Шаййум эди. Узунқулоқ гаплар дарагини эшитган захоти у ўзининг газмол дўкони эшигига чиқиб, суиқасддан огохлантириш мақсадида Сантьяго Насарни кута бошлаган. У бу маконга Иброҳим Насар билан бирга келган ва эндиликда уч-тўрттагина қолган араблардан бири эди; у Иброҳим Насарнинг қимордаги доимий шериги, у ўлгач, етимчаларининг мададкори, маслаҳатгўйи бўлиб қолган эди. Сантьяго Насар бағоят иззат қиладиган ва насиҳатига қулоқ тутадиган ҳурматли одам хам шу Жамил Шаййум эди. Бироқ пгу инсон ҳам айни керакли пайтда тараддудланиб, мабодо эшитганларим ёлғон чиқса, Сантьяго Насарни бехудага ташвишга қўяман, яхшиси, Кристо Бедойядан сўрайин, балки у аниғини билар, деган андишага борган. Икковлон ўтиб кетишаётганда, у Кристо Бедойяни ёнига чорлаган. У Сантьяго Насарпипг елкасига дўстона қокиб — бу пайтда улар бурчакка етиб боришганди — кейин Жамил Шаййум томонга йўналишди.
— Шанбада кўришармиз, — дея у хайрлашган.
Сантьяго Насар унга жавоб бермаган, Жамил Шаййумга қарата арабчалаб нимадир деган, газмолфуруш кулгидан ичаги узилиб, унга ҳам арабчалаб бир нималар деб қичқирган. Жамил Шаййум буни изоҳлаб: «Икковимизнинг ўртамизда шунақа пайров бўлиб турарди, бир қизиқ гап бор эди — фақат икковимиз тушунардик», деди мепга. Сантьяго Насар уларга хайрлашгандай кўл силкиган-да, майдон муюлишидан бурилиб, кўздан ғойиб бўлган. Иккови уни охирги марта ана шу холатда кўришган.
Кристо Бедойя Жамил Шаййумнинг сўзларинн эшитибоқ, Сантьяго Насарни кувнб етиш ниятида пештахтадан сакраб, эшикка отилган. У дўстини муюлишдан шундоққина бурилаётганини кўрганди, аммо майдонга ёйилиб бораётган кишилар ичидан уни тополмаган. Бир неча одамдан Сантьяго Насарни сўраганда, улар:
— Ҳозиргина сен билан бирга кўргандик, — дея бир хил жавоб қайтаришган.
Кристо Бедойяга бу қисқа муддатда Сантьяго Насар уйига етиб келиши номумкиндай туюлди, бироқ, шунга қарамай, у уйга кириб, уни суриштирмоққа қарор қилди; кўча эшик у ўйлагандай қулфлоғлик эмас, балки қия очилиб турар эди. Тонг қоронғисида у остонада ётган хатни илғамади, бемаҳаллиги учун оёқ учида юриб меҳмонхонадан ўтди; уй ичкарисидан итларнинг безовталаниб ғингшигани эшитилди, сўнг махлуқлар унга сари чопиб келишди. У худди уй эгасидай калитларии шиқирлатди-да, итларни тинчитди, кейин галани эргаштириб ошхонага йўналди. Йўлакда меҳмонхона полини ювгани пақир, латта кўтариб келаётган Дивина Флорга урилиб кетаёзди. У Сантьяго Насар қайтмаганини айтди. Кристо Бедойя ошхонага кирганида Виктория Гусман қуён гўштини қозонга солиб, тагига ўт ёққан эди. У йигитнинг кўзларидан аҳвол ниҳоятда қалтислигини англаган. Юраги ҳаприқиб, оғзига келиб қолаёзганди», деди у менга. Кристо Бедойя ундан, Сантьяго Насар уйдами, деб сўраганида, ёлғондакам такаллуф билан, у ҳали ухлагани қайтмади, дея жавоб берган.
— Ҳазилнинг вақти эмас, — деган унга Кристо Бедойя. — Уни ўлдирамиз деб қидириб юришибди.
— У бадбахт болалар ҳеч кимни ўлдиролмайди, — деган у.
— Ахир, шанбадан бери учиб, тишларини қайраб, пайт пойлаб ётишибди-ку, — деган дарғазаб бўлган Кристо Бедойя.
— Бари бир бунга қўли бормайди, — дсган у, — улариинг ҳуши жойида, ҳанузгача бирорта мастнинг ўз нажасини ўзи еганини эшитмаганман.
Кристо Бедойя меҳмонхонага ўтганида Дивина Флор эндигина деразаларни очиб, уйни шамоллатаётган эди. «Ўша куни ёмғир ёғмаганди, — деди менга Кристо Бе-дойя, — аниқ эсимда. Вақт еттига яқинлашиб қолган, дераза кўзида қуёш нурлари жилваланарди». У Дивина Флордан, Сантьяго Насарнинг меҳмонхонадан ётоқхонага ўтиб кетмаганига имонинг комилми, деб яиа сўраган. Бу гал қиз тайинли бир гап айтолмай, довдираб колган. Сўнг йигит ундан Пласида Линерони сўраган, қиз бир дақиқа аввал унинг хонасига қаҳва олиб кирганини, аммо уни уйғотгани ботинолмаганини айтган. Одатда Пласида Линеро роса еттида ўрнидан турар, хонасида қаҳва ичгач, пастга тушиб, тушликка қандай овқат пишириш лозимлиги хусусида буйруқ берар эди. Кристо Бедойя соатига қараса, 6-ю 56 экан. Шунда у Сантьяго Насарнинг уйга қайтмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қилмоқ ниятида иккинчи қаватга кўтарилган.
Ётоқхона эшиги ичидан берк эди, чунки Сантьяго Пасар ташқарига онасининг хобхонаси орқали ўтиб кетганди. Кристо Бедойя бу хонадоннииг энг яқин кишиларидан бўлиб, уни ўз уйидай яхши биларди. У дўстинипг хонасига Пласида Линеронинг ётоғи орқали ўтмоқ ниятида эшикни оҳиста итарди. Деразанинг тепа кўзидан тонготар офтобининг ўткир, қийрихон ёғдулари хонага бир зайлда ёғилар, тўрбеланчакда худди келинчакдай юзини ёстиқ қилинган қўлларига босганча бир аёл ширингина ухлаб ётар эди — бу манзара йигитга рўёдск туюлди. Ўша ҳолатни эсларкан, Кристо Бедойя менга: «Тушдагидай эди», деди. У бир дақиқача аёлга маҳлиё термилиб қолган, сўнг секингина юриб хопадан чиққан, ғуслхонадан ўтиб, Сантьяго Насарнинг ётоғига киргаи. Каравотдаги ўринга ҳеч ким тегинмаганди, оромкурси суянчиғига дазмолланган суворий қора костюм осиғлиқ эди, тепароқда суворий қалпоқ илинганди, ерда бир жуфт узун этик, ёнида отнинг узангиси турарди. Саптьяго Насарнинг жавондаги соати 6-ю 56 рақамини кўрсатарди. «Мен бирдан, у уйга келиб, қуролини олиб чиқиб кстса, яхши бўларди, дея ўйладим», деди менга Кристо Бедойя. Жавонинг тортмасини очиб, у «магнум» тўппончасини кўрган. «Ҳеч қачон тўппонча отмагандим, — деди менга Кристо Бедойя. — Сантьяго Насарга элтиб бераман, деган фикрда қуролни олдим». У тўппончани кўйлаги остидан белига қистириб қўйган, шу бўйича тегмаган, жиноят содир этилгач, бирдан тўппончани эслаган, уни қўлига олиб, ўқланмаганини билиб қолган. Ўшанда жавон тортмасини ёпаётганда, эшикдан қўлида қаҳва тутган Пласида Линеро кириб келган.
— Вой тавба! — дея у хитоб этган. — Сенмидинг, ўтакамни ёриб юбординг-а!
Кристо Бедойя ҳам чўчиб тушган. У қаршисида сочлари ёйиқ, тўрғайгулли зархалат кийган аёлни кўриб, ёрқин тонг ёғдусидан кўзлари қамашиб, ҳафсаласи пир бўлган. Йигит саросималаниб, бу ерга Сантьяго Насарни излаб кирганини айтган.
— У епископни кутгани кетганди, — деган Пласида Линеро.
— Епископ бизнинг бандаргоҳда тўхтамади, — деган йигит.
— Шундай бўлишини билардим, — деган у. — Отасининг тайини йўқ одамда субут нима қилсин!
Аёл бирдан сўзини тўхтатиб, Кристо Бедойянинг ўзини қўярга жой тополмай, аланг-жаланг бўлаётганини сезиб қолган. «Ишқилиб ўзи кечирсин мени, — деди аёл менга, — бола бечора шундай довдирардики, ўшанда миямдан, бу ўғриликка кирибди-ёв, деган фикр ўтганди». У Кристо Бедойядан, ҳа, тинчликми, дея сўраган. Йигит ўзининг қай аҳволда эканини англагану, аммо гап нимадалигини очиқ айтишга журъат этмаган.
— Бир дақиқаям кўз юммадим, уйқусизликда, гарангсиб қопман, — деган у.
Кристо Бедойя бошқа ҳеч нарса демай чиқиб кетган. «Бу хотиннинг назарида ҳар доим ўғрилар унинг уйини тунашаётгандай туюлаверарди», деди менга Кристо Бедойя. Йигит майдонда епископсиз ибодат ўтказолмасдан роҳибларни эргаштириб қайтаётган падар Амадорни учратган, унга бир нима демоққа тараддудлангану аммо индамаган: кашишнинг қўлидан дуо қилишдан ўзга иш келмайди, деб ўйлаган. У яна бандаргох сари ошиққан ва бирдан орқадан, Клотильде Арментанинг дўконидан ўзини чақиришаётганини эшитган. Девор ёнида юзлари оқарган, ёқавайрон енглари шимарилган қўлларида дастаррадан ясалган қўпол дудама иичоқ тутган Педро Викарио турарди. У ўзича қаттиқ хезланиб, ниятини ошкор этишга, хунрезликка тайёрланаётганини ҳаммага билдиришга интиларди; албатта, буни у атайин қилар, бирор инсоф эгаси келиб, уни ёмон йўлдан қайтаришига умид боғлар эди.
— Кристобаль! — дея қичқирган ялтоқи овозда Педро Викарио. — Сантьяго Насарга айтиб қўй, биз уни ўлдириш учун пойлаб турибмиз.
Кристо Бедойя уларга йўлига бўлсаям халақит берганидами, икковлон унинг бу яхшилигини бир умр эслаб юришарди. «Тўппончани отишни билганимдайди, Сантьяго Насар ҳам беҳудага ўлиб кетмасди», дея ўкинди у менга. У тўппонча ўқининг афсонавий қудрати хусусидаги гапларни эшитгандаёқ баданида титроқ турган.
— Билиб қўй, унинг «магнум»и бор, ўқи автомобилниям илма-тешик қилиб юборади, — дея қичқирган Педро Викариога қараб.
Педро Викарио унинг алдаётганини сезган. «Агарда у от миниб чиқмаса, қуролини олиб юрмасди», деди менга Педро Викарио. Шунга қарамай, синглисининг шаънини оқламоққа ва қон тўкмоққа қатъий аҳд этгач, у мабодо Саитьяго Насарнинг қўлида қурол бўлса не чора кўрмоқни ҳам олдиндан ўйлаб қўйган.
— Жонсиз жасад тўппонча отолмайди, — дея жавобан бақирди у.
Шу пайт эшик ёнида Пабло Викарио кўринган. У ҳам укасига ўхшаб ранг-қути ўчган, эгнида тўйда кийган қора мовут костюми, қўлида рўзномага ўроғлиқ пичоқ бор эди. «Агарда шу воқеанинг шоҳиди бўлмаганимда, ўлсамам уларнинг қай бири кимлигини ажратолмай, дунёдан ўтиб кетарди», — деди менга Кристо Бедойя. Пабло Викарионинг орқасидан Клотильда Армена чиқиб келган ва Кристо Бедойяга, тезроқ бориб дўстингни фалокатдан қутқар, хотинчалишларга тўла бу шаҳар ўлгурда фожианинг олдини олишга қодир бирдан-бир эркак киши ўзингсан, дея чинқирган.
Кейин нимаики рўй берган бўлса, ҳаммасини шаҳар аҳли ўз кўзи билан кўриб турган. Бандаргоҳдаи қайтаётган одамлар бир-бирига бақириб-чақиришиб, бўлажак томошани — хунрезликни кўриш учун майдондан жой танлаб, ўрнатиб олиш тараддудига тушган. Кристо Бедойя қайсики таниши учрамасин, ундан Сантьяго Насарни сўраган, барча бирдай, кўрмадик, деган. У Киборлар уйи эшиги олдида полковник Ласаро Апантега дуч келган, унга Клотильде Арментанинг дўкони рўпарасида бўлиб ўтган гап-сўзларни айтган.
— Беҳудага ваҳима қилма, — деган унга полковник Апонте, — ҳозиргина икковиниям, жўна энди, уйингга бориб ухлагин, деб ҳайдаворгандим-ку!
— Йўқ, улар кетишмапти, қўлларида чўчқа бўғизлайдиган пичоқлариям бор, — дея эътироз билдирган унга Кристо Бедойя.
— Довдираб қолипсан-ку, а, бола, ахир мен уларнинг пичоғини уйига кетишидан аввал олиб қўйгандим, — дея шаҳар ҳокими сўзида қатъий турган. — Балки икковини сен мендан олдин кўргандирсан?
— Уларни бундан роса икки дақиқа бурун учратдим, ҳар бирида биттадан пичоқ бор эди, — жавоб берган Кристо Бедойя.
— Оббо, наҳс босганлар-эй! — хитоб этган полковник. — Демак, у баччағарлар бошқатдан пичоқ опкелишибди-да!
У бу иш билан дарҳол шуғулланажагини таъкидлаб, кечқурун домино ўйнамоқчилигини айтиб қўйгани Киборлар уйига кириб кетган, қайтиб чиққанида эса, хунрезлар йигитни сўйиб бўлишган эди. Кристо Бедойя биргина, аммо жуда катта хатога йўл қўйганди: у ўша сўнгги дақиқаларда Сантьяго Насар кийимни алмаштириб, бизникига нонуштага кириб кетган, деб ўйлаган. У дарё четидаги йўлдан шитоб одимлаб бораркан, ҳар бир йўлиққан кимсадан, Сантьяго Насарни кўрмадингми, дея сўроклаган, бироқ ўткинчилардан бирорта маънили жавоб эшитмаган. Бари бир у бундан унчалик ҳадиксирамаган, бинобарин, бизникига бориладиган бир неча йўл бор эди. Худди шу пайт унга Просперо Аранго деган гадой дуч келиб, епископнинг оний дуоларига қарамасдан, отасининг тобора ўлим чангалига тушиб бораётганини айтиб, мадад истаб ёлворган. «Ўпга ердан ўтаётиб чолни кўрувдим, — деди менга синглим Маргот, — юзида жон асорати йўқ эди».
Кристо Бедойя Просперо Аранго билан чолни каравотга олиб бориб етқизгунча тўрт дақиқа ўтиб кетган. У кўчага чиқиб, узоқдан одамларнинг шовқинини эшитган, назарида майдон тарафда мушаклар отилгандай туюлган. У югурмоқчи бўлган, аммо белига нотавонларча қистирилган тўппонча ботиб, чопишга халақит берган. Муюлишдан бурилгач, кичик укамни қўлидан ушлаб, диконглатиб шошиб бораётган онамга орқадан кўзи тушган.
— Луиса Сантьяго! — дея қичқирган у онамга. — Қариндошингни кўрмадингми?
Онам тўхтаб, кўзёш ювган юзини унга ўгириб:
— Вой, болам! — деган. — Уни ўлдиришганмиш. Дарҳақиқат шундай эди. Кристо Бедойя уни ахтариб юрганда, Сантьяго Насар қайлиғи Флора Мигелнинг муюлишдаги уйига кириб кетганди, ётганида охирги марта кўрганди. «Ўша ердалиги хаёлимгаям келмаганди, деди меига Кристо Бедойя. — Ахир, у уйдагилар чошгохгача кўпиб ухлаб ётишади-да». Шаҳардагиларпинг айтишича, араблар жамоасининг фозили Ноир Мигелнинг буйруғига биноан, бу оиланинг барча аъзолари ҳам кундузи соат ўн иккигача ухлашарди. «Ана шунинг учун Флора Мигель гулдай яшнаб, семириб, ялтиллаб кетганди», деди менга Мерседес. Аслида эса, аксинча эди. Бу гўшадагилар ҳам барча араб қавмига мансуб кишилар каби жуда эрта турар, поктаъб, меҳнаткаш иисонлар эди, фақат чошгоҳгача эшикларини очишмасди. Флора Мигель билан Сантьяго Насарнинг оталари уларнинг ёшлигидаёқ қуда бўлишга аҳд боғлашганди. Саптьяго Насар бу аҳд хусусида ўсмирлигидаёқ эшитганди, катталар неники лозим кўрса, барчасини сидқидилдаи бажарарди, зотан, оила ва никоҳ борасида отаси манфаат нуқтаи назаридан фикр юритганидек, ўғлининг ақидаси ҳам айнан шундай эди. Флора Мигель дўмбиллагаи жонона бўлса-да, фахму фаросатдан, назокату латофатдан бебаҳра эди, шунинг учунми, ўз тенгдошларинииг орасида, тўйларда, қизларнииг онаси бўлиб ўтирарди, шу жиҳатдан олиб қараганда, унипг Сантьяго Насарга унашилгани осмондан ёкқан эҳсопдай бир ган эдп. Бўлажак келин-куёвлар расмий борди-келдиларсиз, хилватда учрашишларнинг ташвишу озорисиз ўзларича фароғатда умр кечиришарди; тўй оқшоми бир неча бор тайин этилиб, бузилиб, ниҳоят, келаётган рождество ҳайитида ўтказишга келишилган эди.
Ўша душанба Флора Мигель епископ тушган кема илк бор овоз бергандаёқ ўрнидан турганди, бир неча фурсат ўтиб, ака-ука Викариолар Сантьяго Насарни ўлдириш қасдида уни пойлашаётганипи эшитган эди. Фалокат рўй бергач, у билан фақат менинг роҳиба синглим сўзлашган, Флора Мигель унга шумхабарни айнан кимнинг оғзидан энгатганини эслай олмаётганини айтган. «Эрталабки соат олтигача бу гапдан хамма хабардор бўлганди, мана шуниси ёдимда қолган, холос», деган у роҳиба синглимга. Сантьяго Насарни ўлдиришларини бечора қиз ҳечам тасаввурига сиғдиролмаган, устига устак, энди улар оила шаънига тушган доғдан фориқ бўлиш учун йигитни мажбуран Анхела Викариога уйлантиришади, деган ваҳмакор фикрдан мияси ғовлаб кетган. Хўрлиги келиб, эзилиб, ўзини йўқотиб қўйган. Ётоқхонага кирволиб, нима қиларини билмасдан, Сантьяго Насар мактабда ўқиб юрган чоғларида унга ёзган хатларини олиб, бошқатдан тахлаётганида, шаҳарликларнинг деярли ярмиси епископга пешвоз чиқиб, бандаргоҳга тўпланган эди.
Сантьяго Насар Флора Мигелнинг эшиги ёнидан ўтаркан, ҳар доим, ҳатто ҳеч ким бўлмасаям, деразанинг тунука раҳига калит билан уриб-уриб тиқиллатар эди. Дўндиқча худди ўша куниям мактубли қутичани тиззасига қўйиб, қайлиғини интизор кутиб ўтирган эди. Сантьяго Насар кўча тарафдан уни кўролмасди, аммо Флора Мигельнинг уйлари томонга келаётганини сим тўр орқали кўрган, деразанинг тунука раҳига калити билан уриб овоз қилганини ҳам эшитган.
— Киравер, — деган қиз унга.
Эрталабки соат 6-ю 45 да бу уйга хеч ким, ҳатто даволовчи ҳаким ҳам қадам босмаган эди. Сантьяго Насар Жамил Шаййумнинг дўкони рўпарасида Кристо Бедойя билан хайрлашгач, майдон тўла оломон кутиб-кузатиб турган бир пайтда, йигитнинг қайлиғи уйига кириб кетганини ҳеч кимнинг кўрмай қолиши жуда ғалати, ақл бовар этмас бир ҳол эди. Терговчи уни ўша ҳовлига кираётганини кўрган шоҳидни ўлиб-тирилиб излаган, суриштирган, бироқ тополмаган, нечоғли уринмайин, менга ҳам ўшандай одам билан суҳбатлашиш насиб қилмади. Тергов хужжатларининг 382-варағи ҳошиясига у кизил рангли сиёҳда яна бир фозилона фикрни ёзиб қолдирибди: «Тақдир бизни кўзга кўринмас қилиб қўя олади». Ахир, Сантьяго Насар ҳамманинг кўз олдида эшикдан ўпта уйга кирган ва ўзини билинтирмаслик учун ҳеч бир ҳаракат қилмаган бўлсаю, унга бирор кишининг назари тушмаганини, умумнинг ғафлатда қолганини не сўз билан тасвиру не ақл билан тасаввур этасиз?! Флора Мигель тантанали айёмларида киядиган гулдор кўйлагини эгига илиб, аламу фисқдан кўкариб, пишиллаб, уни кутиб меҳмонхонада ўтирган эди, у кирган заҳоти зардаси қайнаб, қутичани йигитга тутқазган-да:
— Ол, матоҳингни! — деган. — Энди сени ўлдирсалар ҳам парвойимга келмайди!
Сантьяго Насар довдираб қолган, азбаройи гарангсиганидан қўлидаги қутичани ҳам тушириб юборган, муҳаббату меҳру эътибордан холи хатлар ерга сочилган. Флора Мигель ётоғига дарғазаб ҳолда йўналган, йигит хай-ҳайлаб унинг орқасидан чопган, лекин пандавақи қиз эшикни қарсиллатиб ёпиб, илгагини солиб, беркитиб олган. у бир неча марта эшикни тақиллатган, кейин қаттиқ овозда қайта-қайта чақирган, шунда, қизимизни бемаҳалда ким йўқлаяпти, дея безовталаниб, уйдагиларнинг ҳаммаси бараварига югуриб чиқишган. Бу уйда турадиган ёшу қари, қариндошу жигаргўшаларнинг барчаси ўн тўрт киши эди. Охири қизнинг отаси Ноир Мигель чиққан, унинг соқоли сарғиш, бўялган эди; эгнига одатда доим уйда киядиган, олис юртидан олиб келгаи табаррук ғалабияси уни ниҳоятда басавлат кўрсатар, ўзиям улуғсифат мўйсафид эди. Уни ҳар кўрганимда, салобати босиб, ўзимни йўқотиб қўярдим.
— Флора! — деган у ўз она тилида. — Оч эшикни!
Чол қизининг ёнига кириб кетгач, қолганларнинг ҳаммаси Сантьяго Насарга бақрайишганича, энди нима бўларкин, дея ташқарида кутиб туришган. Йигит ерга тиззалаганча шошиб-пишиб хатларни тергаи, қутига солган. Ўтианда уни кўрган кишилар: «Тавбасига таяигандай бўлиб кўринди бизга», дейишди менга. Бир оздан кейин Ноир Мигель қизининг ёнидан қайтиб чиққан ва авлодларига, бизни холи қўйинг, дегандай ишора қилган, ҳамма нари кетган.
Сўттгра у Сантьяго Насарга арабчалаб нималардир деган. «Аввало у менинг айни пайтда нима деётганимни мутлақо фаҳмламаётганини англадим», деди Ноир Ми-гель. У йигитдан, биродар Викариолар сени ўлдирамиз деб пойлаб ётишганмиш, шундан хабаринг борми, деб сўраган. «У бирдан оқариб кетди, шунчалик саросималандики, ранги-рўйи ва турқига қараб, ўзини гўлликка соляптиёв, деб ўйлаш мумкин эди», деди менга яна Ноир Мигель. Мўйсафиднинг фикрича ҳам, Сантьяго Насарнинг ҳолатида қўрқувдан кўра саросима устун бўлган.
— Қассоблар ҳақми-ноҳақми, буни ўзинг ҳаммадан кўра яхши биласан, — деган чол йигитга. — Энди сснинг олдингда икки йўл қолди холос, ўғлим; мана шу хонадон сенинг ҳам уйинг, ё шу ерга яширин, ё милтиғимни олиб, кейин кўчага чиқ.
— Э, ҳеч нарсага тушунмай қолдим ўзи, — дея ғудранган Сантьяго Насар.
Тили фақат шу гапгагина келган, буниям испанчалаб айтган Ноир Мигель менга: «У бояқиш сувга тушган жўжадай ночор эди», деди. Сантьяго Насар қўлидаги қутичани қаерга қўйишини билмай ҳайрон турганда, чол қутини олган, у эса эшикни очган.
— Битта ўзига икки киши-я, иомардлар! — деган Ноир Мигель.
Сантьяго Насар ташқарига чиққан. Халойик худди намойишта келгандай майдонии саф-саф бўлиб эгаллаган эди. Сантьяго Насарнинг чиққанини ҳамма кўрган, ўзини икки саллоҳ чаваклаймиз деб пойлаётганидан хабардорлигини ва шунинг учун рангида ранг қолмай, ўз уйигаям йўл тополмаётганини ҳам халойиқ тушунган. Айтишларича, кимдир пешайвондан туриб: «Ҳей турк, уёққа борма, эски бандар томондан юр!» дсб қичқирган. У овоз эгасини ахтариб аланглаган. Жамил Шаййум эса унга, дўконимга беркиниб тур, дегану ўзи ов милтиғини олиб келгани жўнаган, аммо ўқни қаерга яширганини эслай олмай, роса қидирган, орада вақт ўтиб кетган. Оломон чор тарафдан унга қарата қичқираверган, йигит, уларнинг бақириғидан қулоғи битиб, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга юргаи. Нихоят, ўз уйиб томонга йўналган, ошхона эшиги орқали кирарман, деб ўйлаб бораётиб бирдан кўча эшикнинг очиқ турганига кўзи тушган.
— Ана, у келяпти, — деган Псдро Викарио. Икковлон Сантьяго Насарни бараварига кўришган. Пабло Викарио камзулини ечиб, курсига ташлаган-да, ятағансифат пичоғини қўлига олган. Биродарлар дўкондан чиқишдан аввал индамасдан чўқиниб олишган. Шунда Клотильде Армента Педро Викарионинг ёқасидан бўғиб ушлаган-да, Сантьяго Насарга қарата, тезроқ қочиб қол, бўлмаса сени ўлдиришади манавилар, дея қичқирган. Унинг чинқириғи шунчалик пуртаҳлика эдики, оломон бирдан жимиб, атрофга бир лаҳзагина сукунат чўккан. «У аввалига қўрқиб кетди, — деди менга Клотильде Армента. — Чунки ким, қайси жойдан қичқираётганини билмаган эди». Сантьяго Насар бир вақтнинг ўзида аёлни ҳам, уни бир туртиб нарига улоқтирган Педро Викариони ҳам, унинг акасини ҳам кўрган. Йигит уйидан эллик қадам чамаси берида турарди. У шошиб кўча эшик томон чопган.
Шундан беш дақиқа аввал Виктория Гусман ошхонага кирган Пласида Линерога ҳаммага маълум шумхабарни етказган. Пласида Линеро босиқ, фаросатли хотин эди, кўнглидаги ғулувни сездирмаган. У Виктория Гусмандан бу гапни ўғлига айтган-айтмаганини сўраган, оқсоч эса, ўғлинг қаҳва ичгани кирганида бундан бехабар эдим, дея онани алдаган. Меҳмонхонани супуриб-сидираётган Дивина Флор Сантьяго Насарнинг майдон тарафдан қайтиб келганини, айланма зинадан юриб, ётоғига чиқиб кетганини айтган. «Тушдагидай кўз олдимдан бир лаҳзада ўтдию кетди, — деди менга Дивина Флор. — У оппоқ кийимда эди, қулида бир нарса бор эди, нималигини кўролмагандим, менимча, бир даста атиргул эди». Шу боисданми, билмадим, Пласида Линеро Дивина Флордан ўғлини сўраганида, қиз уни тинчлантирган:
— Бир дақиқа олдин ётоғига чиқиб кетганди, -деган у.
Худди шу аснода Пласида Линеро ерда етгап хатни кўрган, лекин уни қўлига олиб ўқимаган, фақат кейинроқ, умумий олағовурда кимдир унга қоғозни очиб кўрсатганида, унда нималар ёзилганидан хабар топган. У очиқ эшикдан ташқарига боқиб, ўз ҳовлиси томон иичоқларини ялтиллатиб чопиб келаётган ака-ука Викариоларга кўзи тушган. У турган жойдан фақат қосидлар кўринган холос, мутитипар она майдоннинг нариги сғидан очик эшик сари жон ҳалпида интилаётган ўғлини кўролмаган. «Мен бу расволар уйимизга бостириб кириб, уни шу ерда ўлдиришмоқчи, деб ўйлапман», деди у менга. Шундан сўнг Пласидо Линеро чопиб эшик ёнига борган-да, бир зарб билан уни қарсиллатиб ёпган. Тамбани қўяркан, аввало Сантьяго Насарнинг фарёдли овозини, кейин эшикни кимдир жон талвасасида кетма-кет қоққанини эшитган, бироқ у ўғлининг тепада — ётоғида эканига, унинг ўша жойдан туриб саллоҳларни сўкаётганига ишонган. Ўзиям қассобларнинг адабини бермоқ ниятида ўғлининг ётоғига йўналган.
Уйига қочиб кириб, қазодан қутулмоқ учун Сантьяго Насарга атиги икки сониягина керак эди, худди шу фурсатда эшик ёпиб қўйилганди. У бир неча бор эшикни муштлаб, итариб кўрди, нажот йўқлигини англаб, душманларни юзма-юз қаршилаш мақсадида дарҳол орқасига ўгирилди. «Унинг рўпарамда турганига кўзим тушган заҳоти қўрқиб кетдим, — деди менга Пабло Викарио. — У назаримда аслига нисбатан икки баравар каттариб кетгандай туюлди». Педро Викарио биринчи бўлиб унинг ўнг тарафидан тиккасига пичоқ солган, у зарбани қайтармоққа тараддудланиб, қўли билан ҳимояланмоққа интилган.
— Қанжиқлар! — дея қичқирган сўнг Сантьяго Насар.
Пичоқ ўнг қўлининг кафтини тилиб, биқинига бор бўйи санчилган. Ҳамма унинг:
— Во-ой, онажо-о-о-он! — деган фарёдини эшитган. Педро Викарио, бераҳм саллоҳ, пичоғини суғуриб олиб, яна ўша жойга қайтадан тиққан. «Иккинчи бор тиғ ургач ҳам пичоқнинг топ-тозалигича қайтиб чиққанини кўриб, ҳайрон қолдим, — деган терговчига. — Мен унга яна уч марта тиғ урдим, пичоққа бир томчиям қон юқмади». Иккинчи зарбадан сўнг Сантьяго Насар қорнини ушлаб, ярадор бузоқдай бўкириб, инграниб эгилган-да, саллоҳларга орқасини ўгириб, ўзини олиб қочмоқчи бўлган. Ятаған пичоқ тутган Пабло Викарио унинг чап ёнида турганди, шу дамда у йигитнинг қоқ белига пичоқ санчди, унинг баданидан отилиб, тошиб оққан қон оппоқ кўйлагини қизилга бўяди. «Кўйлагидан ҳам, қонидан унинг ҳиди келарди», деди менга Пабло Викарио. Уч бор қаттиқ тиғ еб, фано остонасига бориб қолган Сантьяго Насар тағин хунрезлар сари юз бурди-да, онажониси билмасдан беихтиёр ёпиб қўйган эшикка тисланиб бориб, гўё қассоблар уни сўйиб-сўйиб, осонликча жонини олиб қўя қолишларини истагандай мажолсиз туриб қолди. «Сўнг у ортиқча ўкирмай қўйди, — деган Педро Викарио терговчига. — Аксинча, наздимда у энди кулаётганга ўхшарди». Одамкушлар Сантьяго Насарни эшикка қисиб олиб, икки томонидан басма-басига пичоқ ураверишган, даҳшату ваҳшият ичра нестланиб, не қилаётганларини-да унутишган, бу қаттолликдан қаттиқ таъсирланган оломоннинг ваҳимали нидосини ҳам эшитишмаган. «Мен ўшанда ўзимни худди отда учиб бораётгандай ҳис этдим», деди Пабло Викарио. Ниҳоят, улар толиқишиб, бирдан ҳушёр тортишган, икковигаям Сантьяго Насар ҳеч қачон ўлмайдигандай, йиқилмасдан шундай тураверадигандай туюлган. «Э, ҳар кимниям шунақа расво ишдан асрасин, оғайни, — деди менга Пабло Викарио. — Одам ўлдириш — энг оғир иш эканини тасаввур килолсайдинг?!» Охири Педро Викарио Сантьяго Насарнинг юрагига пичоқ уриб йиқитиб, қутулиб қўя қолай, деган ўйда, чўчқа сўяётганида ҳайвоннинг қўлтиғи остидаги юрагига тиғ санчиб ўрганганиданми, йигитнинг қўлтиғига пичоқ солган. Биродарлар бири қўйиб, бири уриб эшикка суяб туришгани учун Сантьяго Насар йиқилмаган. Тоқати тоқ бўлган Пабло Викарио бояқишнинг қорнига пичоғини суқиб, бураб-бураб юборган, шунда унинг ёрилган қорнидан ичак-чавағи ташқарига отилиб чиққан. Педро Викарио ҳам акасига тақлид қилиб қурбоннинг қорнини мўлжаллаб зарб берган, аммо қўллари қўрқувдан титраб, ўзига бўйсунмай қўйгани учунми, пичоқ йигитнинг сонини тилиб ўтган. Сантьяго Насар яна бир муддат эшикка осилганича тек турган, сўнгра, қуёш шуълалари тушаётган, ёрилган қорнидан ажралиб чиққан кўкимтир, топ-тоза ичак-чавағини кўриб, тиззалаб йиқилган.
Пласида Линеро жигаргўшасини чақирганича ётокда айланиб юриб, кимнингдир — ўғлининг эмас — қичқирганини эшитгану деразадан майдонга қараган: черков томонга қочиб кетаётган ака-ука Викариоларни, уларни қувиб бораётгаи милтиқли Жамил Шаййум ҳамда бир гурух қуролсиз арабларга кўзи тушган. У хавф-хатардан қутулибмиз, дея ўйлаган, кейин ётоқхонанинг пешайвонига ўтгану уйга кираверишда юзтубан стган ўғлини кўрган. Сантьяго Насар чанг-тўзонга, қора қонига беланган юзини ердан узиб, зўрриятла ўрнидан турмоққа уринар эди. Ниҳоят, у ўрнидан туриб, қаддкни ростлаб, осилинқираган ичак-чавағини ҳовучлаганича юра оошлаган. Ҳовлини айланиб ўтиб, ошхона эшигидан уйга кириш учун роса юз қадамча йўл босган. Ўша ҳолатдаям фикри равшан бўлган, кўчадаги йўл узоқлигига, қўшникидан айланиб ўтиш қулайроқ эканига ақли етган. Уларнинг ҳамсояси Пончо Ланао, хотини, беш боласи уйларидан йигирма одим нарида бўлаётган ишларни билишмаган. «Биз ғала-ғовурни эшитдик, — деди хотин менга, — аммо одамлар епископни кутиб олишяпти шекилли, деб ўйладик». Қонқушига бўялган Сантьяго Насар уларникига кириб борганида эндигина нонуштага ўтиришган экан. «Мен ўшанда димоғимга урилган бадбўйни ҳечам унутолмайман», деди менга Пончо Ланао. Унинг тўнғич қизи Архенида Ланаонинг таъкидлашича, Сантьяго Насар одатдагидай текис, залворли одим ташлаб кириб борган, унинг қадимий саратсин қавмига хос юзи, жингалак сочлари бағоят хуш, гўзал бўлган. Йигит улар ўтиришган стол ёнидан ўтаётиб жилмайиб қўйган, сўнг орқа эшикдан чиқиб кстган. «Қўрққанимиздан тошдай қотиб қолдик», деди менга Архенида Ланао. Холам Венефрида Маркес ўшанда ўзининг дарё бўйидаги ҳовлисининг ялангида балиқ тозалаётган экан. У Сантьяго Насарнинг лангаргоҳдаги зиналардан пастга тушаётганини, уйи томонга йўл олганини кўрган.
— Сантьяго, болажоним! — дея кечирган у. — Сенга нима қилди-а?
Сантьяго Насар уни таниган.
— Мени сўйишди, ўлдиришди, Вене хола, — дея жавоб берган у.

У энг сўнгги зинага қоқилиб кетган, бироқ дарҳол ўзини ўнглаб олган. «Ҳатто ичагига ёпишган тупроқни эринмай артиб ташлади», деди менга Вене хола. Кейин у эрталабки соат олтидан бери очиқ турган орқа эшикдан уйига остона хатлаб ўтгану жонсиз ҳолда юзтубан йиқилган.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика