Хилват хиёбонлар (ҳикоя) [Ivan Bunin] |
Кузнинг совуқ, ёғин-сочинли палласида ёмғирдан шилтаси чиқиб, эгри-бугри, қорамтир ғилдирак изларидан топталиб ётган Туланинг кенг йўлларидан бирида тебраниб бораётган тўрт ғилдиракли соябон арава узун ёғоч уй қаршисига келиб тўхтади: уйнинг бир тарафида подшолик тасарруфидаги почта бекати, нариги томонида эса йўловчилар ҳордиқ чиқариб тунаб қолиши ёки самовар қайнаттириб, тамадди қилиб олиши мумкин бўлган хусусий мусофирхона жойлашган. Лойга ботган араванинг соябони тепага ярим кўтарилган, извошга қўшилган учта жайдари отнинг думи балчиқ сачрамаслиги учун тугиб қўйилган эди. Извошчининг жойида — ўриндиқда белини маҳкам сириб олган, қорамағиз гази тунд ва жиддий чорпаҳил мужик ўтирибди; камдан-кам кишиларда учрайдиган қоп-қора, қуюқ соқоли уни қадимги қароқчиларга ўхшатиб турарди; соябон остида катта шалкали, николайча қундуз ёқали кулранг шинел кийган басавлат ҳарбий қария ўтирар, унинг қошлари ҳали тим-қора бўлса ҳам, мўйловига тутешган чакка соқоли оппоқ оқариб кетган эди; ияги за бағбақаси тозалаб қирилган, умуман, у ташқи кўринишдан Александр ИИ га шундай ўхшаб кетардики, бу ўхшашлик Александр ИИ даврида яшаган ҳарбий кишиларнинг деярли барчасида учрар-ди; унинг қарашлари ҳам қатъий, саволомуз, шу билан бирга, бирмунча ҳорғин эди. Отлар тўхтаган заҳоти у тик, текис қўнжли ҳарбий-ча этикдаги оёқларини аравадан пастга осилтирди-да, буғу терисидан тикилган қўлқопли қўллари билан шинелининг этакларини тутган кўйи ёғоч уй ёнидаги майдончага сакраб тушди. — Чапга юринг, зоти олийлари,— дея извошчи ўриндиқдан турмай дағал товуш билан қичқирди; ҳарбий киши остонадан ҳатларкан, баланд гавдасини сал энгаштирганча, аввал даҳлизга, кейин меқмонхонага кирди. Меҳмонхоиа озода, саранжом аа иссиққина эди. Чап томондяги деворга зар ҳалли авлиё суврати осилган, унинг остида топ-тоза, дағалроқ матодан тикилган дастурхон ёзиғлиқ стол, стол теграсида ялтиратиб ювиб қўйилган тахта харраклар. Хонанинг ўнг бурчаги-да яқинда бўр билан оқланган лешхона печкаси; ён гомонда ола-була от ёпқичи ёпилган кат — суянчиқсиз диванга ўхшаш бир нарса печканинг биқинига тақаштириб жойлаштирилган; печка тарафдан кўк шўрванинг, ҳил-ҳил пишиб ётган қўй гўшти, карам ва дафна баргининг қоришиқ, лаззатбахш ҳиди таралади. Меҳмон шинелини ечиб тахта ўриндиққа қўйди, мундири, пўрим ҳарбий этиклари яққол кўзга ташланиб, гавдаси янада басавлат тус олди, кейин қўлқоп аа бош кийимини ечди-да, озғин, рангпар қўллари билан сочини кетма-кет ҳорғин таради — оппоқ, қуюқ сочлари иккала чаккаси узра фатила-фатила бўлиб тушди, билинар-билинмас чечак асорати қолган чўзинчоқ, чиройли юзида, қора кўзларида фавқулодда бир жон-ланиш пайдо бўлди. Меҳмонхонада ҳеч ким кўринмасди, у даҳлиз эшигини очаркан, овозини баралла қўйиб қичқирди; — Ҳой, одам борми бу ерда? Шу заҳотиёқ меҳмонхонага қора сочли, қора қошли, ёши ўтинқираб қолганига қарамай, ҳали-ҳамон диловар, кекса лўли хотинларга ўхшаган бир аёл кириб келди. Унинг еноқ чаккалари, дудоғининг устки қисми нафис туклар — ирнлар билан безанган эди. Қомати тўла бўлса ҳам, қушдек енгил ва нозик одимлар, бўлиқ кўкраклари қизил кофтасини туртиб турар, қора жун юбкаси остидаги қорни эса, худди ғознинг қорнидай, учбурчак бир тарзда кўринар эди. — Хуш келибсиз, зоти олийлари,— деди у.— Тамадди қилмоқчимилар ёки самовар қўйишни буюрадиларми? Мусофир киши аёлнинг дум-думалоқ елкасига, тўзғиброқ қолган қизғиш татарча бошмоқли хушбичим оёқларига бирров кўз югуртирди ва эътиборсизлик билан қисқа-қисқа қилиб деди: — Чой ичмоқчиман. Бу ернинг бекасимисан, хизматкормисан? — Бекаман, зоти олийлари. — Демак, меҳмонхонани ёлғиз ўзинг бошқарасан? — Худди шундай, зоти олийлари, ўзим. — Бу қанақаси бўлди, а? Ҳамма ишни қўлингга олволибсан, ё тулмисан дейман? — Эр қилмадим, зоти олийлари, аммо — сабаби тирикчилик, қолаверса, ўзим ҳам хўжалик ишлари билан шуғулланишни яхши кўраман. — Ҳа-ҳа, шундай дегин. Кўп яхши. Уйни покиза тутаркансан, бу ишииг менга маъқул. Аёл синовчан нигоҳини ҳарбий кишидан бир нафас бўлсин узмас, андак қисилган, хаёлчан кўзлари унга қадалган эди. — Покизаликни ҳам жокимдан ортиқ кўраман,— дея жавоб берди у.— Ахир, аслзодалар хонадонида ўсдим, тарбият топдим, шундай бўлгач, рўзғор тутишим ҳам шунга яраша бўлади-да, Николай Алексоевич. Мусофир илкис қаддини ростлади, кўзлари катта-катта очилиб, юзлари қизариб кетди. — Надежда! Сенмисан?— деди у шоша-пиша. — Менман, Николай Алексеевич,— дея жавоб берди аёл. — Ё раббий, ё раббий, буни қара-я!—деди мусофир тахта ўриндиққа ўтираркан, кўзларини ҳамон аёлдан узмай.— Ким ҳам шундай бўлишини ўйлабди дейсан? Кўришмаганимизга неча йил бўлди экан-а? Ўттиз беш йилми? — Ўттиз йил, Николай Алексеевич. Мен қирқ саккизга кирдим, сиз ҳам олтмишга бориб қолгандирсиз? — Шунга яқинроқ... Ё тавба, жуда қизиқ бўлди, а? — Нимаси қизиқ, тақсир? — Ҳаммаси, ҳаммаси-да... Наҳотки тушунмаётган бўлсанг! Мусофирнинг ҳорғинлиги ва паришонлигидан асар ҳам қолмаган, энди у ерга тикилганча меҳмонхона бўй-лаб кескин одимлар эди. Бир пайт у шартта тўхтади, юзлари лов-лов ёниб, сўз бошлади: — Ўшандан кейин сен тўғрингда ҳеч нарса эшитмадим. Қандай қилиб бу ерларга келиб қолдинг? Нега аслзодалар хонадонидан кетдинг? — Сиз кетганингиздан кейин улар менга ҳам жавоб бериб юборишди. — Кейин қаерларда яшадинг? — Сиз сўраманг, мен айтмай қўяқолай, тақсир. — Эрга ҳам чиқмадим, дедингми боя? — Ҳа, тақсир. — Нима учун? Шунчалик ҳусни латофатинг бўлату-риб-а? — Журъат қилолмадим, тақсир. — Нега журъат қилолмадим, дейсан? Нима деганинг бу? — Нимасини ҳам айтай энди? Балки ёдингиздадир, ахир сизни қанчалар яхши кўрардим... Мусофир бу сўзлардан беҳад мутаассир бўлди, азбаройи қизариб кетганидан кўзларига ёш қалқди, сўнгра қовоқ уйиб, яна хона бўйлаб нари-бери одим-лай бошлади. — Ҳамма нарса ўткинчидир, азизим,— дея ғудранди у.— Муҳаббат, ёшлик — ҳамма-ҳаммаси фонийдир. Нима бўлган бўлса, ўтди-кетди. Ҳаммаси даҳмазаю бемазагарчиликдан иборат. Вақти хелиб, бари унутилади. Иовнинг муқаддас китобида бу хусусда нима дейилган, биласанми? «Оқиб кетган сувлар янглиғ хотирлагайсан». — Нима бўлсаям, пешонада бори бўларкан, Николай Алексеевич. Ёшлик-ку, ҳеч кимсага вафо қилмайди, аммо муҳаббат — бошқа нарса. Николай Алексеевич бошини хиёл кўтариб, юришдан тўхтади-да, ҳасратли кулимсираб қўйди: — Сен мени бир умр севолмасдинг-ку, ахир! — Йўқ, севишим мумкин эди; ўшандан буён қанча йиллар ўтди, аммо мен ёлғиз муҳаббатим билан яшадим. Сизнинг аввалгидай эмаслигингизни, орамизда неки ўтган бўлса, барини унутмоғингиз мумкинлигини, бу билан ҳеч нарса йўқотмаслигингизни ҳам билардим... Лекин, ҳозир... Энди гина-кудурат қилиб ўтиришдан ҳеч қандай наф йўқ, албатта; аммо, тўғрисини айтганда, ўшанда сиз мени жуда шафқатсизларча ташлаб кетган эдингиз — мана шунинг учун ҳам ўзимни ўзим бир неча бор ўлдирмоқчи бўлганман, сизни деб чеккан азобларимни айтиб адо қилиб бўлмайди. Николай Алексеевич, ёдингиздами, қандай даврлар эдики, ўшанда сизни Николенка деб чақирардим, сиз эса мени, эслайсизми, нима деб атардингиз? Айтгандай, мендан лутфингизни дариғ тутмай, қандайдир «Хилват хиёбонлар» тўғрисидаги шеърларни ўқисам ҳам индамас эдингиз,— дея нохуш жилмайганча қўшиб қўйди аёл. — Эҳ-ҳе, сен ҳақиқатан ҳам ажойиб эдинг!— деди меҳмон армон билан бош чайқаркан.— Қандай жозибадор, қандай диловар эдинг-а! Кўзларинг ёниб турарди, жуда хушқомат эдинг. Эсингдами, сени кўрганда ҳамма ортингдан ниҳоясиз ҳайрат билан термилиб қоларди? — Эсимда, тақсир. Аммо сиз ҳам ўшанда ғоят ажойиб эдингиз-да. Ана шунинг учун ҳам мен бор ҳусни латофатимни, бутун ёшлик жозибамни сизга фидо қилган эдим. Ахир, буларни унутиб бўларканми! — Ҳа-ҳа! Ҳаммаси ўтаркан. Ҳаммаси унутиларкан. — Тўғри, ҳамма нарса ўтади-ю, аммо ҳамма нарса ҳам унутилавермас экан-да. — Бас, бас, мени холи қўй,— деди меҳмон тўсатдак ва қайрилиб дераза ёнига борди.— Илтимос, чиқиб кет бу ердан,— дея ёлворди у, сўнг дастрўмолини олиб, оҳиста кўзларига босди-да, бидирлаганча:— Ишқилиб: мени худо кечирсин,— деди.— Сен-ку кечирган кўринасан-а... Аёл эшик олдига етганда таққа тўхтади: — Йўқ, Николай Алексеевич, мен сизни кечирмаганман. Модомики, гап ҳиссиётларимиз ҳақида бораркан, тўғрисини айтмай иложим йўқ гуноҳингиздан ўтишни ҳарчанд истасам-да, ҳаргиз кечиролмадим. Ўша пайтларда сиз мен учун ёруғ дунёдаги энг азиз киши эдингиз, кейин ҳам шундай бўлиб қолдингиз. Шу важдан ҳам сизни кечиролмадим. Келинг, яхшиси, шуларни эслаб ўтирмайлик, гўрга кирган қайтиб чиқармиди ҳеч жаҳонда! — Ҳа-ҳа, тўғри, ўтган ишга саловат; буюр, отни қў-шишсин,— деди мусофир дераза олдидан нари жилар-кан, бирмунча жиддий, совуққон оҳангда — Аммо, мен сенга айтсам, ҳаётда сира омадим юришмади, бахтиёр бўлолмадим, тағин бошқача ўйлаб юрма илтимос. Балки менинг гапларим сендаги худкашлик, иззатталаблик ҳиссиётига зиддир; балки улар сени таҳқир этар, бироқ мен очиғини айтаман: хотинимни кўр-кўрона, телбалардек севар эдим. У эса, аввал хиёнат қилди, сўнг мен сени ташлаб кетгандагидан кўра ҳам баттар таҳ-қирлаб, ташлаб кетди. Ўғлимга қаттиқ меҳр қўйган эдим — вояга етгунича унга не-не умидлару не-не орзуларимни боғлаган эдим-а! У эса одам эмас, исрофгар, сурбет, имонсиз, виждонсиз, ярамас бир ҳайвон бўлиб чиқди... Сирасини айтганда, буларнинг ҳаммаси турмушдаги ўша даҳмазаю бемазагарчиликнинг бир кўриниши холос. Хўп, майли, омон бўл, азизам, Ўйлаб қарасам, сендан айрилиб, мен ҳам ҳаётдаги энг бебаҳо гавҳаримдан жудо бўлган эканман Аёл унга яқин келди, эгилиб қўлини ўпди; Николай Алексеевич ҳам унинг қўлларидан ўпди. — Буюр, отларни қўшаверишсин...— деди у. ...Соябон арава хусусий мусофирхонадан олислаб бораркан, Николай Алексеевич хомуш ўйлар эди: «Ҳа, жудаям чиройли эди, гўзал эди, соҳира эди!» У хайрлашаётиб айтган сўнгги сўзларини эсга олди ва Надежданинг фақат қўлларидан ўпганини эслаб уялди, аммо шу заҳотиёқ уятчанлигидан хижолат чекди. «У менга умрининг энг гўзал даврини, олтин дақиқаларини бахш этгани рост эмасми, ахир?!» Сўник қуёш эндигина уфққа бош қўйган эди. Из-вошчи ҳам алланарсаларни ўйлаган кўйи отларни йўрттириб борар, арава катта йўлдаги сон-саноқсиз, қоп-қора ғилдирак излари бўйлаб шалоплаганча тебрана-тебрана елар эди. Ниҳоят, извошчи қўпол, тўпори товуш-да сўз қотди: — Анави хотин, зоти олийлари, жўнашимиз биланоқ дераза олдига келиб орқамиздан термилиб қолди. Аввалдан танишлигингиз бўлса керак-да, зоти олийла-ри? — Ҳа, Клим, таниш эдик. — Ақли расо хотин у. Жуда бойиб-битиб кетаётганмиш — ҳамманинг оғзида шў гап. Қарзга пул ҳам бериб туради. — Шуям мартаба бўпти-ю! — Мартаба бўлмай-чи! Тўкин-сочин яшаш кимгаям ёқмайди! Аммо, ростини айтганда, ўзи жуда яхши хотин-да. Бировга зиғирча ёмонлик қилганини ҳали ҳеч ким эшитмаган. Жарақ-жарақ пулни қарзга беради-ю, баъзи бойвуччалардай тирриқлик қилмайди. Лекин, ўз ишига пишиқ — қаттиқ хотин! Ландавурлик қилиб қарзни вақтида тўламасанг, ўзингдан ўпкала, аяб ўтирмайди. — Ҳа-ҳа, ўзингдан ўпкала... Тезроқ ҳайда, мунча имилламасанг, поезддан кечикиб қолмайлик тағин... Уфққа чўкиб бораётган қуёшнинг каҳрабо ёғдулари кимсасиз далаларда танҳогина жилваланар, отлар ўтлоқ йўлдан, худди сузиб кетаётгандек, бир маромда чопиб борар эди. Николай Алексеевич отларнинг ялт-юлт кўзга чалинаётган тақаларига термилиб ўтираркан, қора қошларини чимирганча ўйлар эди: «Ҳа, ўзингдан ўпкала. Ажойиб дамлар эди-да ўшанда! Наинки ажойиб, чинакам афсунгар дамлар эди! «Атрофда наъматак гул очмиш алвон, хилват хиёбонлар шивирлар танҳо...» Ё раб, ё раб, кейин нима бўлган эди ўзи? Агар Надеждани ташлаб кетмаганимда нима бўларди? Қандай бемаънилик, қандай бемазагар-чилиг-а! Ахир, мана шу Надежда хароб бир мусофирхона соҳибаси бўлмай, менинг хотиним бўлиши, Петербургдаги хонадонимга бека, болаларимга она бўлиши ҳам мумкин эди-ку?!» У кўзларини беҳол юмиб, бошини оҳиста чайқаб қўйди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21568 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |