Ақлли тулки (ҳикоят) [Jaloliddin Rumiy] |
Арслон, бўри ва тулки учовлон бирга ов илинжида ўрмонга боришди. Аслида арслон тенги бўлмаган тулки билан бўрини овда шерик қилиши тўғри эмасди. Аммо «жамоат бўлишда барака бор» дейилгани учун бу сафар шуни ихтиёр қилди. Учта бўлишдими, энди улардан бири бошлиқ бўлиши лозим. Арслон ўзи бошлиқ бўлишини билгани учун бу ҳақда тулки билан бўрига маслаҳат солиб ўтирмади. Тушгача улар бир ёввойи эшак, бир ёввойи эчки ва семизгина бир қуён овлашди. Овлари бароридан келган эди. Овларини тишлаб судраганларича бир ғорга олиб келишди. Улар жуда ҳам очқашган, қоринлари таталаб борар эди. Ўлжаларни ўртага қўйишди. Энди буни тақсимлаш керак эди. Аслида, ким бошлиқ бўлса, ўша тақсим қилиши кераклигини арслон яхши биларди, лекин синаш учун бўрига қараб, деди: — Қани, тажрибали дўстим бўри, шу овлаганларимизни ўртамизда бир тақсимлаб бер-чи? Шундай тақсимлаки, кўнглингдагидек бўлсин. Бўри дарҳол ишга киришди. — Бош устига! Бирпасда ҳал қиламан. Аввало сизнинг улушингизни бераман... Мана шу ёввойи эшак энг катта овимиз. У сизники. Каттакон гавдангизга муносиб тушлик. Эчкига келсак, у менга тегишли. Менга шу ҳам бўлаверади. Қуённи бўлса, тулкига берамиз. Аслида, уни... Мана, бўлди, рухсат берсангиз, ейишни бошласак. Арслонга бўрининг тақсими ас-ло ёқмади. Биринчидан, у бўрининг: «Йўғ-э, биз ким бўпмиз. Ўзлари тақсимласалар тузук, бермасалар ўзларидан қолган сарқитга ҳам розимиз», дейишини кутган эди. Иккинчидан, бўрининг ўзини катта тутгани энсасини қотирди. Унга қолса, тулкига ҳеч нарса бергиси йўқ. Арслон қаттиқ ғазабланиб, бўрига ҳайқирди. — Эй аҳмоқ! Сен ким бўпсанки, ўзингни одил тақсимчи ҳис қиляпсан. Менинг кимлигимни унутиб қўйибсан, сўтак! Ахир, мен ҳайвонлар подшоҳиман. Сен аҳмоққа мен туриб, улуш тақсимлашни ким қў-йибди? Аҳмоқлигинг бошингга етди! — дедию бўрига ташланди ва бирпасда уни тилка-пора қилиб ташлади. Ақли-ҳуши бошидан учиб, қўр-қиб кетган тулки қотиб қолган, на гапира олар, на ўрнидан жила олар эди. Бўрининг ишини битирган арслон жойига келиб ўтиргач, дир-дир титраётган тулкига қараб: — Сенга нима бўлди? Нега қотиб қолдинг? Яқинроқ кел-да, овларни тақсимла! — деб буюрди. Тулки амрга мувофиқ яқинроқ сурилди. Сўнг тили зўрға калимага келиб: — Хўп бўлади, султоним! Тўғриси, улуш тақсимлаш мен бечоранинг иши эмас. Бу ишга фақат Сиз лойиқсиз. Аммо... ўзингиз буюряпсиз. На чора... — дедию жим ўйланиб қолди. «Шундай тақсимлайки, жоним омон қолсин», деб ўйлади у. — Нега жим бўлиб қолдинг? — деди арслон ўрнидан туриб. — Ҳозир... ҳозир... Яхшилаб ўйлаб олдим-да... Хўш... ожиз фикримча, бу ёввойи эшак нонушталик овқатингиз бўлгани маъқул. Ахир, эрталабдан бери туз тотганингиз йўқ. Бунинг устига, чарчадингиз. Аслида катта гавдангизга бу урвоқ ҳам бўлмайди... Эчкига келсак, уни тушлик овқат ўрнида тановул қилсалар, жуда яхши бўлади. Ўзиям сизбоп тушлик. Танингизга куч-қувват бўлиб сингсин!.. Қуёнга келсак, каттагина ва семизгина нарса. Буни кечки овқатингиз учун сақлаб қў-ямиз. Ахир, кечқурун ҳам нимадир ейишингиз керак-ку... Тулки шундай дея мўлтираб арслонга қараб қолди. Арслоннинг бу тақсимдан кайфи чоғ бўлди, ғазаби тарқаб, дили хотиржам, мамнун бўлиб, тулкига қаради. Тушлик қилишга киришар экан: — Баракалла, тулкивой. Мана буни одил тақсим деса арзийди. Балодай ақлинг бор экан-а! Бунақа тақсимни сен қаёқдан ўргандинг? — деди. Тулки бир четда бурда-бурда бўлиб ётган бўрига ишора қилиб: — Манави шўрликнинг ҳолидан, — деди. — Офарин... Бундан буён менга қандай муомала ва хизмат қилиш лозимлигини бошқаларга ўргатасан. Уқдингми?! — деди арслон ёввойи эшакнинг сонини паққос тушира туриб. — Бир оғиз сўзингиз, — деди тулки ҳозиржавоблик билан. «Нонушта»ни тугатган арслон тулкига ўзидан ортган майда-чуйдаларни ейишни ишора этди. Ёввойи эшакнинг бошини ғажиётиб тулки ҳолига шукр қилар ва: «Яхшиям тақсим навбати менга бўридан кейин келди. Унинг ўрнида бўлганимда ҳозир..» дея ўйларди. Қиссадан ҳисса: Йўлга чиқиш олдидан йўлдошлик учун яхши, бамаъни кишиларни танлаш лозим. Чунки ҳақиқий дўст сафарда билинади. Донолар айтганлар: «Сен менга йўлдошинг, дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман»; «Яхши билан юрдим, қанд едим. Ёмон билан юрдим, панд едим». Киши учун энг зарур нарса ҳар ерда ўз ҳаддини билиш, ақл билан иш тутишдир. Ақлли одам ҳар нарсадан бир ибрат олгай. Киши ўзидан олдин яшаб ўтганлар бошига келган балоларни унутмаслиги, шунга кўра ҳаракат қилиши даркор. Ўтмишдан агар ибрат олмаса киши, Келажаги бошқаларга ибрат бўлғуси... «Ҳидоят» журналининг 2004-йил, 6-сонидан олинди |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21568 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |