Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (III- қисм) [Jeyms Joys]

Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (III- қисм) [Jeyms Joys]
Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (III- қисм) [Jeyms Joys]
Бешинчи Боб
У суюқ чойнинг учинчи пиёласини ичиб тугатди ва тагидаги қуйқумга қараб, дастурхонда сочилиб ётган қизартириб пиширилган ноннинг қотган бўлакларини кемира бошлади. Сарғиш шамадан ҳосил бўлган чуқурча ботқоқдаги ўйдим-чуқурга ўхшар, шама тагидаги суюқлик эса унга Клонгоусдаги ваннанинг торф тусли сувини ёдига солди. У хаёл суриб ўтириб ҳозиргина титкилаб чиққан, шундоқ тирсагининг тагидаги, гаров хати ёпиштирилган қутидан ёғ юқи бармоқлари билан қарз берадиган Дейли ёки Макива кассаларининг муҳри босилган кўк, оқ, сарғайиб кетган, ғижимланган қоғозларни бирин-кетин олди.

Бир жуфт этик.
Палто.
Ҳар хил майда-чуйдалар ва чойшаб.
Эркаклар шими.
Кейин Стивен уларни бир четга олиб қўйди ва эзиб ташланган битларнинг доғи қолган қутининг қопқоғига ўйчан термилиб, хаёли қочиб онасидан сўради:
— Энди соатимиз қанча олдин кетаяпти?
Онаси каминнинг токчасига ёнбоши билан қўйилган жиринглаб уйғотадиган эски соатни кўтариб қаради ва яна жойига ёнбоши билан қўйди. Соат миллари чорак кам ўн иккини кўрсатарди.
— Бир соату йигирма беш минутга, — деди онаси. — Ҳозир ўндан йигирма минут ўтди...
Дарсингга вақтида жўнашга ҳаракат қилсанг бўлмайдими?
— Ювинишимга жой тахтланг, — деди Стивен.
— Кейти, Стивеннинг ювинишига жой тахтла.
— Буди, Стивеннинг ювинишига жой тахтла.
— Менинг қўлим банд, Мегги, сен тахтлай қол.
Чаноқнинг ёнига сирланган тоғорани ўрнатишиб, четига эски қўлқопчани илиб қўйишгандан сўнг, Стивен онасига бўйнини ишқалаб, қулоқларини, бурнининг катакларини ювишга қўйиб берди.
— Яхшимас, — деди онаси, — кимсан университетнинг талабаси-ю кир-чирга ботиб юрса, яна онаси уни ювиб тозаласа!
— Бу иш сизга ёқади-ку, — деди Стивен хотиржам.
Тепадаги хонадан қаттиқ ҳуштак товуши эшитилди ва онаси унинг билагига нам кўйлакни ташлаб, деди:
— Артиниб олгин-да, худо хайрингни берсин, тезроқ жўнаб қол.
Иккинчи марта чалинган қаттиқ асабий ҳуштакдан сўнг қизлардан бири зинага чиқди.
— Ҳа, дада?
— Анов ялқов, акажонинг, даф бўлдими ёки йўқми?
— Кетди, дада.
— Алдамаяпсанми?
— Йўқ, дада...
Синглиси қайтиб кириб, Стивенга тезроқ орқа эшикдан жуфтакни ростла, деган ишорани қилди. Стивен кулиб, деди:
— Дадамниям мияси айниб қолибди.
— Уялмайсанми шундай дегани, Стивен, — деди онаси, — ҳали бир кун келиб ўша университетга кирганингга афсусланасан. Сени боплаб алдашди.
— Xайр, — деди Стивен кулимсираб ва бармоқларининг учини ўпиб, хайрлашди.
Тор кўча ёмғирдан балчиқ бўлиб ётар, у қуруқ ахлатларни босиб, кўчадан секин юриб ўтаётганда монастир касалхонасининг девори ортидан ақлдан озган роҳибанинг фарёди эшитилди:
— Исо! О, Исо! Исо!
Бу фарёдга у эътибор қилмасликка уриниб, аламзадалик билан бошини силкитди ва бадбўй чиқитларга туртиниб-суртиниб қадамини тезлатди, юраги эса алам ва нафратдан зирқираб кетди. Отасининг ҳуштаги, онасининг ёзғиришлари, девор ортидан эшитилган телбанинг фарёди — бариси қалбни таҳқирловчи бир оҳангга бирикиб, унинг иззат-нафсига таҳдид қиларди. Стивен ҳатто уларнинг юрагидаги акс-садосидан ҳам нафратланиб, барини хаёлидан бирйўла қувмоқчи бўлди; бироқ у кўчадан юриб бораркан, ёмғир ювган новдалар орасидан ёғилиб турган эрталабки хира ёғдуни ҳис этиб, ҳўл баргларнинг ва дарахт пўстлоғининг тахир ҳидидан нафас олиб кўнгли ёришди, бироз кайфияти кўтарилгандай бўлди.
Ёмғирдан маъюсланиб қолган дарахтлар, ҳар галгидай, Герхард Гауптманнинг пиесаларидаги қизлар ва аёллар ҳақидаги хотираларни ёдига солди ва уларнинг сирли ғам-ғуссалари ҳақидаги хотиралар, ҳўл бутоқлардан таралаётган хушбўй ҳид кўнглига сокин севинч туйғуларини бағишлади. Мана энди шаҳарни у бошидан бу бошигача кезиб чиқадиган эрталабки сайр бошланди ва у олдиндан биларди: Фервю мавзеининг лой кўчаларидан юриб бораётганда Нюменнинг шафқациз, бироқ жимжимадор прозаси ҳақида ўйлайди, озиқ-овқат дўконларининг деразаларига тикилиб, Гвидо Кавалкантенинг ғамгин юморини эслайди ва жилмаяди; Толбот-плейсдаги Беернинг тоштарошлаш устахонаси ёнида изғириндай Ибсеннинг руҳи — гўзал ёшликнинг ёвқур руҳи жонига озор беради; Лиффининг нариги тарафидаги бандаргоҳнинг чиркин дўкони билан бараварлашган кезда эса у Бен Жонсоннинг:


«Мен дам олгани чўзилдим,
Чарчамаган бўлсам-да гарчи...
сўзлари билан бошланадиган қўшиғини ичида такрорлайди.
У Аристотел ва Фома Аквинскийнинг тушунарсиз нутқларидан гўзаллик моҳиятини ахтариб толиққан кезларда тез-тез елизаветачиларнинг дилбар қўшиқларини хотирлаб дам оларди. Унинг ақли, худди иккиланган роҳибдай аллақачон ўтмишга айланган бу узоқ асрнинг кўланкасига бекиниб олиб, лютенларнинг қайғули ва кулгили мусиқаларини ҳамда саёқ аёлларнинг жазавали қаҳ-қаҳаларини тинглар, бу ўта беҳаё қийқириқлар, гоҳида аллақандай беадаб ва тумтароқ гап-сўзлар, гарчи алмисоқдан қолган бўлса-да, унинг роҳибона ғурурини қўзғаб, бу хилватни тарк этишга мажбур қилмагунча диққатини тортиб турарди.
У ўзини тенгқурлари даврасидан тийиб, кун бўйи титкилаб, бош қотириб ўтирадиган илмий асарлар деб аталмиш китоблар Аристотелнинг поетикаси ва психологияси, «Сйнопсис Пҳилосопҳиале Счоластиcае ад ментем диви Тҳомае»дан олинган тагдор ҳикматли сўзларнинг йиғиндиси эди, холос. Унинг ўзидан гумонсираши ва ишончсизлигидан пайдо бўлган фикрлар баъзан савқитабиий билан туйқусдан ёришиб кетар, бундай лаҳзаларда атрофдаги олам, ёниб кулга айланган гулхандай, кўздан йўқолар, тили эса калимага келмас ва хира кўзлари билан у ўзгаларнинг нигоҳини илғар, гўзаллик руҳи мисоли ридо каби уни ўраб-чирмаб олаётгандай туюлар, гарчи ўй-хаёлида бўлса-да, қалби юксак туйғуларга уйғунлашиб кетарди. Бироқ ғурурга тўлган сукунатнинг қисқа умри тез ўтиб кетди ва у яна қалбида севинч билан одатдаги ҳаёт ташвишларига шўнғиди, ҳеч қандай қўрқув-хавотирсиз ўз йўлидан, катта шаҳарнинг қашшоқ, сершовқин ва дабдабали кўчалари бўйлаб юрди.
Канал бўйидаги эълонлар тахтаси ёнидан ўтаётиб юзи қўғирчоқнинг юзидай қуриқшиб қолган, бошига четлари йиртилган шляпа қўндирган силга йўлиққан одамни кўрди, бемор кўприкдан майда қадам ташлаб, палтосига бурканиб, қўлидаги йиғилган шамсияни ҳассага ўхшатиб тутганча унинг қаршисидан келаётган эди. Соат ўн бир бўлиб қолгандир, деб ўйлади Стивен ва вақтни аниқ билиш учун сут дўконига қаради. У ердаги соат бешта кам бешни кўрсатиб турарди, бироқ у сут дўконидан узоқлашаётиб, шу атрофдаги соатлардан бири ўн бирга тез-тез ва аниқ занг урганини эшитди. У кулиб юборди: соатнинг занг чалгани унга Маккеннини эслатди. Ҳатто Стивен унинг оппоқ эчки соқолини ва қорувли гавдасини кўргандай бўлди. Маккенни эгнида овчиларнинг камзули ва ихчам шимда Xопкинс-стритда шамолга юз буриб туриб, кеккайиб сўз қотади:
—Сиз, Дедалус, ғайриижтимоий мавжудодсиз ва нуқул ўзингизни ўйлайсиз. Мен демократман, бўлажак Оврупо Қўшма Штатларида синфлар ва жинсларнинг ижтимоий эркинлиги ва тенглиги йўлида тер тўкаман, курашаман.
Соат ўн бир! Демак, бу лексияга ҳам кечикди. Бугун қайси кун? У газета дўкони олдида тўхтаб, қайси кун эканини билмоқчи бўлди. Пайшанба. Соат 10 дан 11 гача —инглиз тили; 11 дан 12 гача — франсуз тили; 13 гача физика. У инглиз тилидан бўладиган маърузани кўз олдига келтирди ва саросималаниб, ўзининг ночорлигини ҳис қилди.
Курсдошларининг бошларини эгишиб, дафтарга ёдлашлари лозим бўлган сўзларни: исмга кўра аниқловчи ва мазмунга кўра аниқловчини1, ҳар хил мисолларни, туғилган ва вафот этган йиллар ёки асосий асарлар ва уларнинг ёнига суратларга танқидчилар беришган ижобий ва салбий баҳоларни ёзаётганини кўрди. Унинг боши дафтарга эгилмайди, хаёли узоқларга олиб қочади. Бироқ у теварагидаги талабаларнинг мўъжазгина тўдасига қарайдими ёки деразадан боғдаги хиёбонда ўсиб ётган бутазорга термиладими, барибир димоғидан ертўла захи ва чириндининг ҳиди аримайди. Яна столга эгилган битта бош, муқаддас неъматлар солинган идишлар олдида мағрур қад ростлаб, черковнинг камбағал қавмига раҳм-шафқат сўраб дуо қилаётган руҳонийнинг бошидай, биринчи қаторда шундоқ унинг қаршисида сўққайиб турибди. У Кренли ҳақида ўйлаб, нега фақат унинг бошини ва юзинигина тасаввур қила олиши, қоматини кўз олдига келтира олмаслигига ажабланди. Мана, ҳозир ҳам у булутли тонг ёруғида — худди тушда кўринган шарпадай — кесилган бошни, қоп-қора ғайир сочлари гултождай манглайига тушиб турган, мурданинг башарасидан олинган ниқобдай руҳонийнинг зоҳидона рангпар қиёфасини, бурнининг таноблари тарвақайлаган, кўзининг тагига қора кўланка тушган ва юпқа, қонсиз лаблари кулимсираган турқини кўрди ва ҳар куни Кренлига ўзининг изтироблари, ташвиш ва орзу-ўйлари ҳақида гапирган гапларини, дўстининг эса сергакланиб, маънодор сукут сақлашини эслади. Стивен бу қиёфа — ўзининг гуноҳини ҳис этаётган, бошқаларнинг тавбасини тинглаб, гуноҳларини қувишга нолойиқ руҳонийнинг қиёфаси, деган хулосага кела бошлаганда туйқусдан аёл кишининг ўзига қадалган қора кўзларини пайқагандай бўлди.
Бу ҳолат аллақандай ғаройиб ва мавҳум фикрларга йўл очгандай туюлди, бироқ Стивен кўнглида ҳали нарёққа кетишга эрта эканини туюб, миясидан бундай фикрларни дарҳол қувди. Дўстининг бепарволиги, худди тунги зулматдай, уни хавф-хатар исканжасига солиб қўйди ва у бир зум ҳушини йиғиб, атрофига кўз ташлаб, йўл-йўлакай тасодифан хаёлига келган ҳар хил сўзларни тутиб қолишга уринар ва уларнинг бир лаҳзадаёқ ўз моҳиятини йўқотишига ҳайрон бўларди: мана, дўконлар пештоқидаги ёзувлар худди афсундай, унинг хаёлини банд этди, руҳи чўкиб, қариядай уҳ тортди; айни дамда ўзи тор кўча бўйлаб ана шу ўлик сўзлар орасидан ҳамон юриб бораётир. Тилнинг сеҳру жозибасини ҳис эта билиш туйғуси, заррама-зарра сўзларга бирикиб, унинг онгидан сизиб чиқди ва пойма-пой вазнда чалкашиб, ажралиб уюша бошлади:


Чирмовиқ чирмашар деворга,
Чирпирар, чирманар деворда.
Деворга зарпечак печалар,
Печаклар деворда сарғаяр.
Бу қанақа сафсата бўлди? Ў, худойим, деворга чирмашган чирмовиқ нимаси? Зарпечак — бунга ҳам чидаса бўлар, сариқ фил суягига ҳам. Қапишган фил суягига-чи? Буни қандай тушуниш мумкин?
Сўз энди унинг миясида, фил мўгизидан арралаб олинган фил суягидан ҳам тиниқ ва ёрқин чарақлади. Luory, ivoire, avorio, ebur[1]. У мактабда лотин тилидан ўзлаштирган гапларнинг дастлабкиларидан бири: «India mitit ebur»[2] деган гап эди ва Овидийнинг «Метаморфозалар»ини нафис, бироқ чўчқалар, сополлар ва чўчқа ёғи сўзлари ишлатилганда ғалати эшитиладиган инглиз тилида ифодали айтиб беришга ўргатган ректорнинг шимолликларга хос қаҳрли юзи унинг кўз олдига келди. Лотин шеърияти қонунларининг ўзига маълум бўлган озгина қисмини у португалиялик руҳонийнинг эскириб кетган китобидан ўқиб билиб олган эди.
«Contrahit orator, variant in carmine vates»[3].
Рим тарихи инқирозлари, зафарлари ва ғалаёнлари унга сийқаси чиққан in tanto discrimiue[4] сўзлари орқали тушунтирилган эди. У шаҳарлар шаҳрининг ижтимоий ҳаётига имплере оллам денариорйм сўзлари орқали назар ташлашга уринди, бу сўзларни ректор ширали қилиб «идишни динорларга тўлдириш», дея таржима қилган эди. Гораций китобининг қолган саҳифалари ҳеч қачон, ҳатто бармоқлари совуқдан увишиб қолган пайтларда ҳам, унга совуқ туюлмасди; тириклик нафаси уфуриб турган бу саҳифаларни эллик йил бурун Жон Дункан Инверерит ва акаси Уилям Малколм Инвереритнинг жонли бармоқлари варақлаган. Ҳа, китобнинг эскириб, ўча бошлаган илк саҳифасида уларнинг муборак номлари сақланиб қолган ва билинар-билинмас ёзувлардаги шеърлар, ҳатто унингдай лотин тилининг ўртамиёна билимдонига ҳам гўё узоқ йиллар хушбўй гул ва кўкатлар ичида ётгандай, муаттар ҳид таратарди. Бироқ унга умр бўйи жаҳон маданияти байрамида оддий томошабин бўлиб қолиш, ўзи аллақандай эстетик фалсафани ифодалашга уринаётган диний билим тили, назарида, мадҳияю тамғалар билан шуғулланиш ва ё лочин билан ов қилишдай жазавали, айни пайтда бемаъни машғулотдан ортиқ бир нарса эмаслигини тан олиши алам қиларди.
Маърифациз шаҳарнинг чап тарафида туядай оғир чўккан, тор ҳалқага зўрлаб жойланган жилосиз, сўник тошни эслатувчи муқаддас Учлик коллежининг баҳайбат кулранг иморати унинг руҳини эзиб, онгига таъсир эта бошлади. Ва у протестантча дунёқарашнинг асоратли тушовларидан идрокини халос қилишга уринаркан, Ирландия миллий шоирининг бесўнақай ҳайкали олдидан чиқиб келди.
У ҳайкалга жирканмай қаради, чунки тана ва руҳнинг нотозалигини намоён этиб турган ёдгорликдаги кир-чирлар, худди бир қарашда кўз илғамайдиган битдай, ҳайкалнинг тиззадан букилган оёқларидан тортиб бор бўйича, кийимининг қайрилган жойларига, қаролларникига ўхшаш бошининг атрофига ўрнашиб қолган, гўё у ўзининг нодонлигини иложсиз тан олиб тургандай туюларди. Бу айни милезияликнинг эгнидаги ёпинчиқни ўмарган фирболгнинг ўзи эди; Стивен ошнаси, деҳқон оиласидан чиққан талаба Дейвинни эслади. Фирболг унинг ҳазиллашиб айтиладиган лақаби эди, бироқ деҳқон бола бунга кўникиб кетган эди:
— Нима дейин, Стиви, энди сен ҳам мени қовоқкалла деб айсанг илож қанча, ихтиёринг.
Исмининг қисқартириб айтилгани, биринчи марта эшитганида, Стивенга таъсир қилди: у одатда бошқа талабалар билан, худди уларнинг ўзига қилган муносабатларидай, муомалада чегарани сақлар, такаллуфсизликка йўл қўймас эди. У Грантем-стритдаги Дейвиннинг уйига тез-тез бориб турар ва девор четига териб қўйилган ошнасининг ярқираб турган этикларига ҳавас билан қарар, ошнаси бегоналарнинг шеърларини ўқир, ўқиган сатрлари ортида эса унинг шахсий изтироблари сезилиб турарди.
Фирболгга ўхшаб кетадиган тўпори ошнаси баъзан уни ўзига торса, баъзан тамом бездирар эди. Дейвиннинг қишлоқ болаларига хос камсуқум, оғиркарвон феъл-атвори, инглиз тилидаги эски ғаройиб иборалар билан гапириши, қўпол жисмоний кучдан завққа тушиши — Майкл Кюзак гелласининг мухлиси экани — Стивенга ёқарди; гоҳида эса ақлининг тўпослиги, туйғуларининг одмилиги ёки кўзларида туйқусдан пайдо бўладиган, кеч кирди дегунча комендантлик соатидан даҳшатга тушиб, пана-пастқамга уриб кетадиган хилват ва қашшоқ ирланд қишлоқлари аҳлига хос итоаткорона қўрқув акси уни Дейвиндан бездирарди.
Ёш деҳқон йигит амакиси Мета Дейвиннинг кўрсатган жасоратларидан қанчалик ғурурланса, Ирландиянинг қайғули достон ва ривоятларини ҳам шу қадар эъзозларди. Дейвиннинг ошналари спортчи ҳақида гурунглашиб, бу билан коллеждаги зерикарли ҳаётга жиндай завқли тус беришга уринишар, уни ўзларича ёш фениялик, деб тасввур қилгилари келарди. Энагаси Дейвинни болалигида ирланд тилига ўргатган ва мурғак тасаввурини ирланд афсоналарининг нимжон шуъласи билан ёритган эди. Ҳали бирор киши бирор замонда зиғирдай нафосат ҳиссини туймаган бу афсоналарга ва уларнинг асрлар оша илоҳийлаштирилган, аслида қовушмаган, ланж чўпчакларига Дейвин худди католик динига муносабатда бўлгандай — қулнинг кўр-кўрона садоқати билан ишониб қарарди. Англиядан чиққан ёки инглиз маданияти намунаси ҳисобланган ҳар қандай фикр ё туйғуни у, худди буйруққа сўзсиз итоат этадиган аскардай, қўлда қурол билан қарши оларди. Унинг назарида Англиядан ташқаридаги дунё фақат Франсиядаги Чет эл легионидан иборат бўлиб, ўзининг айтишича, у ана шу легионга кириш ниятида эди.
Бундай ўй-хаёлларга Девиннинг феъл-ҳуйини чоғиштириб, Стивен уни хонаки ғозча1 деб атар ва бу лақабга ошнасининг гапларию ҳаракатларидаги ланжлик, лапашангликни сингдирмоқчи бўлар, ана шу қусурларни мулоҳаза қилиш Стивеннинг интилувчан, сергак ақли билан ирланд ҳаётининг пинҳона сирлари орасига ғов соларди.
Бир куни кечқурун Дейвин одатдагидай жўшиб, баландпарвоз гапларидан қизишиб, ҳовлиқиб Стивенга ғалати бир воқеани гапириб берди. Улар яҳудийлар яшайдиган ғариб мавзенинг тор жинкўчаларидан секин юриб, Дейвиннинг уйига боришаётган эди.
— Ўтган йили кузда, Стиви, қиш кирар паллада, ғалати бир воқеага дуч келдим. Мен ҳали бу ҳақда бирор кишига оғиз очганим йўқ. Биринчи марта сенга айтаяпман. Ҳозир ёдимда йўқ, октябрда бўлганмиди бу, ёки ноябрдами, ҳарқалай, октябрда бўлса керак, чунки бу воқеа мен бу ерга университетга кириш учун келганимдан олдин бўлганди.
Стивен ошнасининг содда, самимий гапларидан завқланиб, унга кулимсираб қаради.
— Ўшанда мен бутун кунни Баттевентда ўтказдим, билмадим, сен бу шаҳарнинг қаердалигини тасаввур қила оласанми, йўқми? У ерда «Кроук йигитлари» билан «Жасур терлсликлар» ўртасида хоккей учрашуви бўлди. Жуда зўр ўйин бўлди-да ўзиям, Стиви! Менинг амакиваччам Фонзи Дейвиннинг кийимларини тилка-пора қилиб ташлашди. У Лимерика командасининг дарвозабони эди, бироқ ўйиннинг ярмини у жиннидай бақириб-чақириб ҳужумчилар билан олишиб ўтказди. Бу кунни умрбод унутолмасам керак! Кроуклардан бири қўлидаги чавгон билан уни шунақа тушириб қолдики, — азбаройи худо, Стивен! — чинтоғига тегишига сал қолди. Ишонасанми, Стивен! Агар бу зарба сал тепароқдан текканда борми, шу заҳотиёқ у тамом бўларди.
— Омон қолганини эшитишнинг ўзи яхши, — деди Стивен кулиб. — Бироқ бу, ҳарқалай, сенинг бошингга тушган ўша ғаройиб воқеа бўлмаса керак, деб умид қиламан?
— Ҳа, албатта, бу гаплар сени қизиқтирмайди. Xуллас, ўша учрашувдан сўнг қанча гап-сўз, шов-шувлар бўлмади дейсан, мен поездга кеч қолдим, йўлда бирорта арава ҳам учрамади, чунки Каслтаунрошда черков йиғини бўлиши керак эди, деҳқонларнинг ҳаммаси кетишганди. Илож қанча! Ё шу ерда ётиб қолиш керак, ёки яёв кетиш керак. Мен яёв кетмоқчи бўлдим. Қоронғи туша бошлаганда Беллихаур қирларига етдим, у ердан Килмелоккача яна ўн мил, агар кўп бўлмаса, узундан-узоқ йўл босиш керак, бирор-бир қора кўринмайди. Бутун йўл бўйи одам яшайдиган биттаям кулбани учратмайсан, тиқ этган товушни эшитмайсан. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, зимистон. Икки марта, трубкамни тутатиб олиш учун, буталар панасида тўхтадим, агар қалин шудринг тушмаганида чўзилиб ётиб, ухлаб қолишим аниқ эди. Ниҳоят йўлнинг бурилган бир жойига келиб, бундоқ қарасам — кичкина уйча турибди, деразаси ёруғ. Мен бориб, тақиллатдим. Ичкаридан ким, деб биров сўради ва мен овоз бериб, Баттевентдаги ўйиндан чиқиб, уйга қайтаяпман дедим ва сув сўрадим. Бир неча дақиқадан кейин ёшгина келинчак эшикни очди ва катта косада сут олиб чиқди. Келинчак ички кийимда эди, афтидан, мен тақиллатган пайтда у тўшакка кирган чоғи; унинг сочлари тўзғиган, қоматидан ва кўзларининг қарашидан у менга ҳомиладордай кўринди. Биз бўсағада тик туриб узоқ гаплашиб қолдик ва ҳатто мен: ғалати-я, унинг кўкраги, елкалари очиқ, деб ўйладим. У мендан чарчамадингми, деб сўради ва бу ерда тунаб қолишни хоҳлайсанми, деди; кейин уйда ёлғиз эканини, эри эрталаб Куинстаунга синглисини кузатиб кетганини айтди. Биз қанча вақт гаплашиб турган бўлсак, Стиви, у мендан ҳечам кўзини узгани йўқ ва менга ўзини жуда яқин олиб келди, мен унинг нафас олишини эшитиб турдим. Мен унга косани қайтариб узатаётганимда у қўлимдан ушлади ва бўсағадан ичкарига тортди: «Кир, кечаси ётиб қол шу ерда. Қўрқма, нимадан қўрқасан. Иккаламиздан бошқа ҳеч ким йўқ», деди. Мен кирмадим, Стиви, унга раҳмат айтдим-да, йўлимга тушиб жўнаб қолдим. Билсанг, аъзойи-баданим безгак тутгандай титрайди. Муюлишда орқага ўгирилиб қарадим, келинчак ҳали ҳам бўсағада қараб турарди.
Дейвиннинг ҳикоясидаги сўнгги сўзлар беихтиёр Стивеннинг хотирасида жаранглагандай бўлди ва ўша ёлғиз аёлнинг сиймоси бошқа қишлоқ аёлларининг қиёфаси билан қўшилиб, бир пайтлар коллеж файтунларида улар Клейнни ёқалаб ўтганларида уйларининг эшиклари олдида турган аёллардай, унинг кўз олдида гавдаланди: бу аёл халқининг тирик тимсоли, унинг худди кўршапалакдай тунда пинҳона ва ёлғизликда уйғонадиган руҳи; бегона кишини тўшагига таклиф этган соддадил аёлнинг кўзлари, овози ва ҳаракатлари.
Елкасига кимнингдир қўли тушди ва ёш қизалоқнинг қичқирган овози келди:
— Меникини ола қолинг, сер. Биринчи қўлни қайтарманг! Мана, чиройли гулдаста. Олинг, сер!
Қизалоқ узатиб турган мовий гуллар ва унинг мовий кўзлари шу дақиқада Стивенга энг покиза соддадилликнинг ифодаси бўлиб кўринди; бу таассурот хаёлидан кўтарилиб, қизалоқнинг йиртиқ кўйлагига, ҳўл, дағал сочларига ва иссиқ истарасига кўзи тушгунча Стивен бироз кутди.
— Сотиб олинг, сер! Камбағал қизга раҳм қилинг!
— Менда пул йўқ, — деди Стивен.
— Олинг сер, бу чиройли гулдастага қаранг! Бор-йўғи бир пенни!
— Мен нима дедим, эшитмаяпсизми? — сўради Стивен унга бироз энгашиб. — Менда пул йўқ, дедим. Яна бир бор айтаяпман.
— Илож қанча, худо берса вақти келиб сиздаям пул бўлади, нега бўлмас экан, — деб жавоб қилди қизалоқ бир сония жим тургач.
— Ким билади дейсиз, — деди Стивен, — менимча бундай бўлиши даргумон.
У қизалоқнинг қўлидаги матоҳини аллақандай англиялик сайёҳга ёки муқаддас Учлик коллежининг бирорта талабасига ялиниб узатиб, фаросацизлиги боис кулгига қолишидан чўчиб, бундай кўнгилсиз ҳолни кўрмаслик учун тез-тез юриб ундан узоқлашди. Юриб бораркан, Грефтон-стрит кўнглидаги ночорлик ҳиссини баттар кучайтирди. Кўчанинг бошида, йўлнинг қоқ ўртасида Xолф Тон хотирасига тош қўйилган эди ва у отаси билан бу ёдгорликнинг очилишида қатнашганини эслади. Масхарабозликка айланган ўша тантанани у алам билан хотирлади. Тадбирда тўрт нафар франсуз делегати ҳам бор эди, улар ҳатто миниб келишган фойтунларидан тушишмади ҳам, улардан бири, кулимсираб ўтирган бақалоқ ёш йигит, таёққа қадаб олинган босма ҳарфлардаги шиорни ушлаб турарди: «Ливе Иъирланде».
Энди франсуз тилидан маърузага боришнинг ҳожати йўқ, кеч қолди. У катта зални ортда қолдириб, даҳлиз бўйлаб ўнгга, физика хонасига бурилди. Даҳлиз қоронғи ва жим-жит эди, бироқ жимлик уни сергаклантирди. Бундай хавотир ҳисси унга қаердан юқди экан, бу ниманинг таъсири? Балки Уейли яшаган вақтлар бу ерда махфий йўлак бўлгани ҳақида эшитганидандир? Ёки, эҳтимол, бу уй фақат иезуитларга мансублиги ва бу ерда у ўзини бегона ҳис қилганиданмикан? Тон ва Парнеллнинг Ирландияси қаергадир ғойиб бўлгандай гўё.
У аудитория эшигини очди ва чанг босган деразалардан тушиб турган хира ёруғликда тўхтади. Чўнқайиб ўтирган жусса каминнинг энли панжараси олдида оловни туташтирмоқчи бўлиб куймаланар, ҳаракати ва сочининг оқидан у деканни таниди. Стивен эшикни секин ёпди ва каминга яқин келди.
— Салом, сер! Менинг ёрдамим керакмасми?
Руҳоний бошини кўтариб қаради.
— Бир дақиқа, мистер Дедалус, — деди у. — Мана ҳозир гувоҳ бўласиз. Каминни ёқиш — буям бир илм. Ижтимоий фанлар бор, фойдали фанлар бор. Мана бу фойдали фанлардан бири.
— Мен уни ўзлаштиришга ҳаракат қиламан, — деди Стивен.
— Бунинг сири битта — кўмирни кўп қаламаслик керак, — давом этди декан қўллари билан чаққон ҳаракат қиларкан.
У яктагининг ён чўнтагидан ёниб тугаган тўртта шам қолдиғини чиқарди ва уларни кўмир билан қоғозлар орасига яхшилаб жойлади. Стивен жим туриб кузатди. Камин олдидаги тош плитага тиз букиб турганча, олов ёқишдан олдин, қоғоз ўрамларини ва шам қолдиқларини тўғриларкан, у бошқа пайтлардан кўра ҳозир кўпроқ тангрининг итоаткор, бўм-бўш черковида қурбонлик оловини ёқаётган левитни2 эслатарди. Левитнинг қўпол кийим-кечагига ўхшаган, ранги ўчган, тўзиган яктак унинг тиз букиб турган жуссасини ўраб олган, яктак серҳашам руҳонийча либос ёки майда шиқилдоқчалар қадалган ефоддаги1 жуссага торлик қилар, ноқулайлик туғдирарди. Унинг жисми умр бўйи тангрига камтарона хизмат қилганидан ушшоқдай бўлиб қолган эди: у меҳробда олов ёқар, махфий маълумотларни етказар, черков қавмига васийлик қилар, уларни юқорининг буйруғига кўра шафқациз жазоларди. Бироқ барибир унинг жуссасида эзгулик аломати сезилмас, авлиёлик ёки юқори руҳоний мартаба эгасига хос тўкисликнинг асари ҳам кўзга ташланмасди. Аксинча, қалби бу хизматда қариб, тўниб қолди, на бир ёруғликка, на бир тўкисликка етишди, илоҳий тароватга эмас, балки атиги пажмурда, ожиз иродага эга бўлолди, холос. Бу мажруҳ ирода ана шундай эзгу хизмат қувончидан бенасиб эди, худди бужмайиб, томирлари бўртиб чиққан, оқара бошлаган сержун танасидай рамақижон, севинч ва курашларга лоқайд эди.
Декан чўнқайиб ўтирганча, пайрахаларнинг ёнишини кузатарди. Орадаги нохуш жимликни бузмоқчи бўлиб, Стивен сўз қотди:
— Мен, эҳтимол, каминни ёқа олмасман.
— Сиз мусаввирсиз, тўғрими мистер Дедалус? — деди декан, нурсиз хира кўзларини тепага кўтариб қараб. — Мусаввирнинг бурчи — гўзаллик яратиш. Гўзаллик дегани нима? Бу, энди бошқа масала.
У саволнинг мураккаблиги ҳақида ўйларкан, қуруқшаб қолган қўлларини аста-секин артди.
— Сиз бу саволга жавоб бера олармидингиз? — сўради у.
— Фома Аквинский, — деб жавоб қилди Стивен, — «Пулсза суае виса плаcент»2 дейди.
— Мана бу олов кўзни қувонтиради, — деди декан. — Шундан келиб чиқиб уни гўзал дейиш мумкинми?
— Олов кўз билан кўриб англанади, бу эса айни пайтда эстетик идроклашга киради, демак, олов гўзал. Бироқ Фома Аквинский яна шундай дейди: «Бонум эст ин гуод тйндит аппетитус».3 Модомики, олов тириклик эҳтиёжини қондирар экан, демак, бу олов — эзгу. Дўзахда эса олов — ёмон.
— Жуда тўғри, — деди декан. — Сиз мутлақо ҳақсиз.
У ўрнидан чаққон туриб, эшикнинг олдига келди ва уни қия очиб, деди:
— Оловнинг ёниши учун ҳаво жуда зарур дейишади.
Декан бироз оқсоқланиб, бироқ тез-тез одимлаб каминнинг олдига келган чоғда унинг хира, ҳиссиз кўзларидан Стивенга иезуитнинг қора қалби нигоҳ ташлаб турарди. Авлиё Игнатий Лоёлага ўхшаб у ҳам чўлоқ эди, бироқ унинг кўзларида ғайрат иштиёқи порламасди. Ҳатто иезуитлар орденининг афсонавий макрлари, уларнинг нозик ва теран доноликлари ҳақидаги машҳур китобларидан ҳам ўтиб тушадиган нозик айёрликлар ҳам унинг юрагини ҳаворийга хос туғён билан алангалатмади. «Симилитер афгул сенис баcулус», яъни у жамоа асосчиси ўйлаган, мўлжаллаган нарсага — мисоли ҳассага айланган эди: ҳассага қоронғуда таяниш мумкин ёки уни боғчадаги ўриндиқдаги бирор-бир хоним ташлаб кетган гулдастанинг ёнига қўйса бўлар, эҳтимол, дағдаға қилиб, кўтариб сермаш ҳам мумкиндир.
Декан камин олдида иягини силаб турарди.
— Биз қачон сиздан эстетика масалалари ҳақида бирор-бир фикр эшитамиз? — деб сўради у.
— Менданми?! — деди ажабланиб Стивен. — Майли, агар икки ҳафтада бир марта қандайдир фикрга дуч келиш менга насиб эца...
— Ҳа. Бу жуда чуқур масалалар, мистер Дедалус, — деди декан. — Уларнинг моҳиятига етиш — Мохер қоясида туриб денгиз қаърини кўра билишдай гап. Сув тубига шўнғиганлар қайтиб чиқишмайди. Фақат тажрибали ғоввосгина бу теранликка тушиши, текшириши ва қайта сузиб чиқа олиши мумкин.
— Агар сиз манфаат нуқтаи назаридан айтиладиган мулоҳазаларни назарда тутаётган бўлсангиз сер, — деди Стивен, — у ҳолда, менингча, эркин фикрнинг ўзи йўқдай туюлади, чунки ана шундай шароитда бу каби фикрлар ўзига яраша қонунларга бўйсуниши ва шу доирада чекланиши лозим бўлади.
— Ҳм!..
— Фикрлаб туриб, мен ҳозир Аристотел ва Фома Аквинскийнинг баъзи бир қоидаларини асос қилиб олаяпман.
— Тушунаяпман сизни, яхши тушунаяпман.
— Мен ўзимнинг фикримга эга бўлмагунимча уларнинг фикрларига таянаман. Агар чироқ буриқсиб тутай бошласа, мен уни тозалашга ҳаракат қиламан. Агар у яхши ёритмаса, мен уни сотаман ва бошқасини харид қиламан.
— Эпиктетнинг ҳам, — деди декан, — чироғи бор эди, ўлимидан сўнг уни жуда қимматга сотиб юборишди. Бу чироқ ёруғида у ўзининг фалсафий асарларини ёзган. Сиз Эпиктетни ўқиганмисиз?
— Руҳ сув қуйилган идишга ўхшайди, деган қария-да, — деди кескин жавоб қилиб Стивен.
— У ўзига хос соддалик билан, — давом этиб деди декан, —бизга шундай ҳикоя қилади: илоҳлардан бирининг ҳайкалчаси олдига темир чироқни қўйишган экан, ўғри чироқни ўмарибди. Xўш, файласуф нима қилди? У ўғрилик — ўғрининг табиатига хос, деган хулосага келди ва эртаси куни темир чироқ ўрнига сопол чироқ харид қилди.
Шам қолдиқларидан эриган ёғнинг ҳиди чиқди ва ҳид Стивеннинг онгида: идиш, чироқ, чироқ, идиш сўзларининг ғалати жаранги билан қоришди. Руҳонийнинг овози ҳам бунга жўр бўлди. Стивен бу ғалати товушлар, образлар ва руҳонийнинг қиёфаси таъсиридан беихтиёр фикрлай олмай қолди, улар ёқилмаган чироққа ёки нотўғри бурчак остига илиб қўйилган нур қайтаргичга ўхшаб туюлди. Уларда ёки уларнинг ортида қандай сир яширинган? Xудди тангрининг қаҳру ғазаби билан тўлиб тошган қора булутдай бадқовоқ, фикрлаб туришга одатлантирилган идрокнинг тўпослиги.
— Мен бироз бошқача чироқни назарда тутган эдим, сер, —деди Стивен.
— Албатта, — деди декан.
— Эстетика ҳақида мулоҳаза юритишнинг қийин томонларидан бири, — деди давом этиб Стивен, — шундан иборатки, бунда сўз қайси маънода — адабийми ёки маиший маънода ишлатилаётганига аҳамият бериш лозим. Мен ҳозир Нъюменнинг бир гапини эсладим, унда айтилишича, Биби Марям православ мазҳабидаги халқнинг онгида чуқур ўрнашган. Кундалик турмушда бу сўзни ишлатишганда бутунлай бошқача маъно юклашади. Умид қиламанки, мен ўзимнинг нодонлигимда чуқур кетмаётган бўлсам керак?
— Йўқ, албатта, — деди эҳтиром билан декан.
— Йўқ, — деди кулиб Стивен, — мен айтмоқчиманки...
— Бўлди, бўлди, тушундим, — гапни илиб кетди декан, — сиз «чуқур кетмоқ» феълининг турли маъно белгиларини назарда тутаяпсиз.
У иягини олдинга чўзди ва қисқа, қуруқ йўталди.
— Xўп, яхши, энди чироққа қайтамиз, — деди у. —Унга мой қуйиш ҳам хийла қийин юмуш. Аввало, мой тоза бўлиши керак, қуяётганда эҳтиёт бўлиш лозим, четига тўкилиб кетмасин, воронкага сиғадиганидан ортиқ қуйиб юбормаслик керак.
— Қанақа воронка? — сўради Стивен.
— Идишнинг оғзига қуйиб, мой қуядиган асбоб.
— Ҳа... — деди Стивен.
— Шуни воронка дейдими? Менимча, бу сузгич.
— «Сузгич» нима?
— Бу ўша... воронка.
— Буни ирландларда сузгич дейишадими? — деб сўради декан. — Умримда биринчи марта эшитишим бу сўзни.
— Қуйи Драмкондрда сузгич дейишади, — деди кулиб Стивен, — у ерда соф инглиз тилида гапиришади.
— Сузгич, — ўйчан такрорлади декан, — ажойиб сўз. Уни луғатдан бир қараб кўриш керак экан. Албатта қарайман.
Деканнинг сертакаллуфлиги шу қадар сохта туюлдики, Стивен бу янги инглиз маслакдошига, худди ривоятда ака оқпадар укасига қарагандай қаради. Бир пайтлар кўп шов-шувларни қўзғаган даъватномаларнинг бу итоаткор мухлиси, Ирландиядаги камбағал инглиз, сўнгги келгинди, кечиккан руҳ фисқу фасодлар комедиясининг асосий воқеаси — азоб-уқубатлар, ҳавасу ҳасадлар, курашлар ва шармандаликлар хотимасига етаётган паллада иезуитларнинг тарих саҳнасига чиқиб қолгандай туюларди. Бунга уни нима мажбур қилган экан? Балки у нажот фақат Исода деб умидвор бўлгандир ва рамзий черковнинг серташвиш дабдабаларидан ҳазар қилган ақидапараст мазҳабчилар орасида туғилиб ўсгандир? У кўр-кўрона эътиқодга мазҳабпарастларнинг маросимларида ва ашаддий бидъатчиларнинг ирим-сиримларида, олти аъмолнинг жами мухлислари, алоҳида хислатга эга кишилар, баптистлар издошлари, супралапсариан ақидапарастлари орасида юрганда эҳтиёж сезмаганмикан? У ҳақиқий черковни, муқаддас руҳнинг тушиши ёки бошқа черков маросимлари моҳиятини, худди ғалтакдан ингичка ипни зийраклик билан ажратиб олгандай, эҳтиёткор мулоҳазалар билан тушуниб фавқулодда англаб танлаб олганмикан? Ёки у аллақандай томига тунука қоплаган бутхона эшиги олдида эснаб, черковга тушган чақаларни санаб ўтирганда, бир замонлар бож йиғиб ўтирган2 умматига даъват этган тангри каби, Масиҳ ҳам унинг бошини силаб, ўзига эргашишга чорлаганмикан?
Декан яна гап бошлади:
— Сузгич! Ҳа, ҳақиқатан ҳам бу жуда қизиқ!
— Сизнинг бундан олдин менга берган саволингиз қизиқроқ эди. Мусаввир лойдан яратишга уринаётган гўзалликнинг моҳияти нимада? — деди Стивен совуққон оҳангда.
Шу биргина сўз кўнглидаги хавотирнинг заҳарли тиғини сертакаллуф ва сергак рақибига қарши қаратгандай туюлди. Xўрликнинг аччиқ аламини кўнглидан кечираркан, Стивен ўзи билан суҳбатлашаётган бу одам Бен Жонсоннинг ватандоши эканини ҳис этди. У ўйлади:
«Ҳозир биз гаплашган тил — аввало унинг тили, иккинчи навбатда меники. Оила, Исо, пиво, ўқитувчи сўзлари унинг оғзидан бошқача ва менинг оғзимдан бошқача чиқади. Мен бу сўзларни хотиржам айтолмайман ҳам, ёзолмайман ҳам. Унинг тили менга қанчалар яқин ва нақадар бегона, мен учун тер тўкиб эгалланган бир восита, холос. Мен унинг сўзларини яратганим йўқ, уларни қабул қилганим йўқ. Менинг овозим уларни ўзига яқин йўлатмайди. Менинг руҳим унинг тили зулматида ғазабга минади».
— Xўш, гўзаллик билан кўтаринкилик ўртасида қандай фарқ бор, —деди декан, — маънавий ва моддий гўзалликлар ўртасида-чи? Санъатнинг қайси турига қандай хилдаги гўзаллик хос? Мана, астойдил шуғулланса арзийдиган қизиқарли муаммолар.
Деканнинг овозидаги қуруқ, қатъи оҳангдан шашти қайтган Стивен жим қолди. Орага чўккан жимликни бузиб, зинапоядан овозларнинг шовқини ва этикларнинг дупури эшитилди.
—Бироқ мана шундай олди-қочди гапларга берилиб, — дея хулоса қилди декан, — очингдан ўлиб кетишинг ҳам мумкин. Биринчи навбатда сиз дипломни қўлга киритиб олишингиз керак. Буни олдингизга биринчи мақсад қилиб қўйинг. Кейин аста-секин йўлингизни топиб ола бошлайсиз. Мен кенг маънода гапиряпман — ҳаётга элтадиган йўлни ва фикрлаш тарзини назарда тутаяпман. Эҳтимол, дастлабки пайтларда булар жуда қийин туюлар. Мана, мистер Муненни олайлик — унинг юқори чўққини эгаллаши учун ҳазилакам вақт талаб қилингани йўқ. Бироқ шунга қарамай у чўққини забт этди.
— Эҳтимол, менда унинг таланти йўқдир, — хотиржам эътироз билдирди Стивен.
— Ким билади дейсиз? — дадилланиб жавоб қилди декан. — Ботинимизда нималар борлигини биз ҳеч қачон билолмаймиз. Менга қолса, ҳар қандай ҳолатда ҳам руҳан тушмасдим. Per aspera ad astra[5].
У ўчоқдан илдам узоқлашди ва биринчи курс талабаларини кутиб олиш учун майдончага йўл олди.
Стивен каминга суяниб, унинг ҳар қайси талаба билан алоҳида-алоҳида қўл бериб, бирдай бетакаллуф ва бирдай тетик кўришиб сўрашаётганини эшитди, беадаб талабаларнинг уни масхаралаб ошкора илжайишаётганини кўз олдига келтирди. Аччиқ алам, худди совуқ шудрингдай, унинг таъсирчан юрагини ачиштирди, Стивен баҳодир Лоёланинг бу содиқ аскарига, руҳонийларнинг бу ўгай инисига, қолаверса, ўз фикрига эгалик қилишда улардан кўра кўнгилчанроқ, бўш-баёв, аммо руҳи бардам руҳонийга ачинди; ҳеч қачон ўзига маънавий ота деб ҳисобламайдиган бу руҳонийга раҳми келди; бу одам ва унинг сафдошлари, дея ўйлади у, нафақат тирикчилик ғамини унутиб, бу дунё ташвишларига қўл силтаганлар орасида, балки ўзларининг бутун кечмишлари давомида ожиз, кучсиз, омадсиз ва уддабуррон авом ўртасида ҳам, яратгандан уларга раҳм-шафқат, омад сўраб, катта обрў орттиришган.
Аудиториянинг юқоридаги қаторида, ўргимчак тўрлари қоплаб ётган деразалар тагидаги ўриндиқларда ўтиришган талабалар тарафидан кўтарилган оғир этиклар дупур-дупури ўқитувчи кириб келаётганидан дарак берди. Йўқлов бошланди ва навбат Питер Бернга етиб келгунча ҳар ким ҳар алпозда жавоб қилди.
— Шу ерда!
Юқори қатордан дўриллаган йўғон овоз эшитилди ва шу дақиқадаёқ бошқа ўриндиқлардан эътирозли маънода томоқ қиришлар, зўраки йўталишлар қулоққа чалинди.
Ўқитувчи бироз тўхтаб кутди ва рўйхат бўйича навбатдаги исм-шарифни ўқиди:
— Кренли!
Ҳеч ким жавоб қилмади.
— Мистер Кренли!
Дўстининг машғулотини кўз олдига келтириб, Стивеннинг кулгиси қистади.
—Уни Лепердстаундан қидиринглар, — деди кимдир орқароқдаги ўриндиқдан.
Стивен чаққон бурилиб қаради. Бироқ хира ёруғда Мойнихеннинг тумшуқдор башараси хотиржам, қилт этмасди. Ўқитувчи формулани айтиб турди. Атрофда дафтарлар шитирлай бошлади. Стивен яна ортига ўгирилиб деди:
—Қоғоз бериб туринг, худо хайрингизни берсин.
—Ҳа, сеникиям қистаб қолдими? — ишшайиб кулиб сўради Мойнихен.
У ўзининг дафтаридан бир варақ йиртиб узатаркан, пичирлади:
—Мажбур бўлганда ҳар қандай одамнинг, ҳар қандай хотиннинг бунга ҳаққи бор.
Бир парча қоғозга эшитиб туриб ёзиб олган формула ечимининг йиғилиб, ёйилиб бораётган устунлари, кучнинг кўз илғамас тимсоллари ва тезликлари Стивеннинг ақл-ҳушини сеҳрлаб, толиқтира бошлади, у кимдир бировдан қария — даҳрий ва масон, деб эшитган эди. Ў, бунчалар рўшносиз, қайғули бўлмаса бу кун! Гўё ақл-идроки беозор ва итоаткорона туманли ғира-шира ёруғда узундан-узоқ, бир текис чизмаларни оламнинг беҳудуд, тубсиз ва кўз илғамас пучмоқлари бўйлаб у ёқдан-бу ёққа суриб, қўшиб-айириб юрган математикларнинг руҳлари изғиган лимбга чўкаётгандай.
— Шундай қилиб, биз эллипсни эллипсоиддан фарқлашимиз лозим. Балки, жентелменлар, орангизда мистер У.Ш. Гилбертнинг асарларини ўқиганлар бордир. Шеърларидан бирида у биллиард ўйнашга маҳкум ғирром биллиардчи ҳақида шундай ёзади:
Қийшиқ столда
Қайрилган кийда
Чўзинчоқ соққада.
У, асосий ўқлари ҳақида мен ҳозир айтган, эллипсоид шаклидаги соққани назарда тутган.
Мойнихен Стивеннинг қулоғига энгашиб шипшиди:
—Ҳозир эллипсоидли соққалар қанча тураркан?! Қани, ортимдан эргашинг хонимчалар, мен суворийман!
Дўстининг қўпол ҳазили Стивеннинг хаёлини черков ичи бўйлаб қуюндай олиб қочди, деворда шалвираб осилиб турган либосларни силкитди, уларни жазавали жинлар базмидагидай қийшанглаб ўйин тушишга мажбур этди. Черков қавми аъзолари қуюнда ҳурпайиб кетган ридолар ичидан бирин-сирин сирғалиб чиқиб келди: оппоқ сочли бошига шапка қўндириб олган декан; ректор; силлиқ сочли, художўйлик мазмунидаги шеърлар ёзиб юрадиган миқтигина руҳоний; гирдиғум, бесўнақай иқтисод ўқитувчиси; мантиқдан дарс берадиган, худди оҳулар галаси устида мағрур бўй чўзиб, дарахт баргларини ямлаб ютаётган жирафадай, майдончада ўзининг курсидаги болалар билан виждон масаласини муҳокама қиладиган ўқитувчи; боши дум-думалоқ, тулкикўз италян тили ўқитувчиси. Улар шум ниятли ҳаракатчанликка берилишган, елдай учишади, туртиниб-суриниб думалашади ва ирғишлайди; қучоқлашиб, зўрма-зўраки хохолашади, бир- бирининг кетига шаппатилаб қўйишади, ўзларининг шумликларидан шод бўлишади ва туйқусдан иззат нафслари таҳқирлангандай, аллақандай қўпол ҳамладан хуноби ошгандай хавотирланиб кафтлари билан оғизларини бекитишиб, пинҳона пичирлашади.
Ўқитувчи девордаги шиша шкаф олдига келди ва жавондан сим ўралган ғалтакни олиб чангини пуфлади-да, эҳтиёт қилиб столга қўйди ва бир бармоғи билан столга таяниб, маърузани давом эттирди. У ҳозирги ғалтаклардаги симлар платиноид деб аталадиган, яқинда Ф.У. Мартино кашф этган қотишмадан тайёрланишини тушунтирди.
У кашфиётчининг исм-шарифини дона-дона қилиб, аниқ эшиттириб айтди. Орқадан Мойнихен шипшиди:
—Балли, қария. Фу, Мартин! Мартин ирғишлайди, Мартин ўйнайди...
— Сўра-чи ундан, — шивирлади Стивен ярим ҳазил, ярим чин оҳангда, — электр стулда тажриба ўтказиш учун одам керакмасмикан? У мендан фойдаланиши мумкин.
Ўқитувчининг ғалтакка эгилганини кўриб, Мойнихен ўрнидан турди ва ўнг қўлининг бармоқларини овоз чиқармай қисирлатди, шум боланинг товуши билан ҳиринглади:
— Сер, манави бола бетаъмиз сўзларни айтаяпти, сер!
— Платиноидни, — кучаниб давом этди ўқитувчи, — нейзилбердан афзал билишади, чунки ҳарорат ўзгарганда унинг қаршилик коеффициенти кам бўлади. Платиноидли симларни изоляция қилиш учун ипак ишлатилади, ипак эбонтли ғалтакнинг мана бу ерига, менинг бармоғим турган жойига ўралади. Ғалтакка қайноқ парафин шимдирилади.
Қуйидаги ўриндиқдан, Стивеннинг олд тарафидан кескин овоз олстерча лаҳзада сўради:
— Бизни амалий фанлар бўйича ҳам имтиҳон қилишадими?
Ўқитувчи тушунчаларни усталик билан ишлатиб, гапдонлик қила бошлади: энг соф фан — амалий фандир. Тилла кўзойнак таққан семиз талаба савол берганга бироз ажабланиб қаради. Мойнихен орқадан ўзининг одатдаги овози билан пичирлади:
—Ол-а, бу Макалистер ўзининг луқмасини юлиб олишни уддалайди.
Стивен пастга, зиғирпоя толасининг рангидаги соч толалари тўзғиган чўзинчоқ бош суягига совуқ назар ташлади. Савол берганнинг товуши, лаҳжаси, феъл-атвори унинг ғашини қўзғади, у ўзининг жаҳлига эрк берди ва онгли бадхоҳлик билан: агар бу талабанинг отаси уни ўқитиш учун Белфастга жўнатганида ақлли иш тутган ва шу зайл йўл ҳақини тежаган бўларди, деб ўйлади.
Чўзинчоқ бош суяги Стивеннинг хаёлан отган ўқларига қайрилиб қарамади ва ўқлар нишонга етиб бормади, аксинча, камоннинг таранг тортилган ипига қайтди, чунки унинг кўзига туйқусдан талабанинг бўзарган, қонсиз юзи кўриниб кетди.
«Бу фикр меникимас, — деган ўй Стивеннинг миясида ялт этиб ўтди. — Уни менинг кўнглимга орқамдаги ўриндиқда ўтирадиган найрагбоз ирланд солди. Сабр-тоқат. Xўш, сен ўзинг ишонч билан ўз халқингнинг руҳини синдирган ва унинг асл ўғлонларини сотган кимлигини айта оласанми: бу саволни берган ўша кимсами ёки кейинчалик уни таҳқирлаган кишими? Сабр-тоқат. Эпиктетни эсла. Эҳтимол, бу Макалистернинг феъл-атворида бордир: шундай вазиятда шунақа савол сўқиш ва сўзга нотўғри — «амалий» деб урғу бериш?»
Ўқитувчининг зерикарли нутқи бир маромда ғалтак теварагида оҳиста ғўнғиллаб айланар, товуш ўзининг уйқуни келтирадиган даражадаги таъсир кучини, худди ғалтакнинг қаршилик кучи ошиб боргандай, икки карра, уч ва тўрт карра ошириб борарди.
Узоқдан эшитилган қўнғироқ жарангига Мойнихеннинг товуши жўр бўлди:
— Дўкончани ёпамиз, жентелменлар!
Катта зал тиқилинч ва шовқин эди. Эшик олдидаги столда рамкага солинган иккита сурат турибди, уларнинг ўртасида имзоларнинг қинғир-қийшиқ устуни акс этган узун қоғоз варағи ётибди. Маккенн талабалар орасида изғиб, жағи тинмай, қўл қўйишга эътироз қилганларга тушунтириб, уларни бирин-кетин стол олдига олиб келарди. Залнинг тўрида декан турибди, у ёш ўқитувчи билан гаплашаётир, иягини маънодор силаб қўяди, бошини сермайди.
Оламон эшиккача сиқиб борган Стивен бир қарорга келолмай тўхтади. Юмшоқ шляпанинг тушурилган кенг пешайвони тагидан Кренлининг қора кўзлари уни кузатиб турганди.
— Сен қўл қўйдингми? — сўради Стивен.
Кренли ўзининг юпқа лабларини қисди ва бир сония ўйлаб, жавоб қилди:
— Ego habeo?[6]
— Бу нима дегани?
— Quod?[7]
— Бу нима дегани?
Кренли бўзарган, қонсиз юзини Стивенга бурди ва қисқа, маъюс оҳангда деди:
— Pez pax universalis[8].
Стивен бармоғи билан подшоҳнинг суратига ишора қилиб, деди:
—Унинг юзи сархуш Исоникига ўхшайди.
Овозидаги қаҳр ва ғазаб Кренлини залнинг деворларига хотиржам қараб, томоша қилишдан чалғишга мажбур этди.
— Сен бир нимадан норозимисан?
— Йўқ, — жавоб қилди Стивен.
— Кайфиятинг ёмонми?
— Йўқ.
— Grebo ut vos sanguinazius mendax estis, — деди Кренли, — guia facies vostra monstrat ut vos in damno malo humore estis[9].
Мойнихен столга яқин келиб, Стивеннинг қулоғига шипшиди:
— Маккеннинг ошиғи олчи. Яна бир томчи қўшилса бас, тап-тайёр бўлади. Яп-янги, чақмоқдай кийинган. Ҳеч қандай ўткир спиртли ичимликлар йўқ, урғочилар овоз бериш ҳуқуқига эга.
Стивен бу хабарнинг ишончли оҳангидан кулимсиради, Мойнихен кетгач, яна бошини буриб қаради ва Кренлининг кўзига кўзи тушди.
— Балки сен тушунтирарсан, — деди у, — нега энди у дарду аламини менинг қулоғимга қуйгиси келиб қолди? Xўш, тушунтир-чи.
Кренлининг пешонасида маъюс тиришлар пайдо бўлди. У Мойнихен эгилиб, имзо чекаётган столга қаради ва чўрт кесиб деди:
— Ёпишқоқ.
— Quis est in malo humore, — деди Стивен, — ego aut vos?[10]
Кренли ҳазилга жавоб қилмади. У ғамга ботиб, яна қандай кескинроқ гап қилсам, деб ўйлади ва олдингидай қатъи оҳангда деди:
— Учига чиққан пасткаш ёпишқоқ!
Бу унинг одатда барҳам топган дўстлик қабрига хоч қўндиргандан кейинги эпитафияси эди; Стивен бу ибора бир вақт келиб худди шундай оҳангда менинг хотирам учун ҳам айтилмасмикан, деб ўйлади. Бу оғир, ножўя гап унинг қулоғига сингиб кетди, худди ёриққа тушиб кетган тошдай секин чўкди. Стивен бу гапнинг, худди бир пайтлар кўнглига оғир ботган таҳқирли сўзлардай, юрагига вазмин чўкаётганини ҳис этди. Кренли, Дейвиндан фарқли ўлароқ, гаплашганда на елизавета замонидаги камёб қадим инглизча ибораларни, на инглизча оҳангга солиниб ўзгартирилган завқли ирдандча сўзларни ишлатарди. Унинг чўзиқ талаффузи дублинликларнинг қирғоқда туриб қоронғи, қаровсиз бандаргоҳдагилар билан бир-бирларига товуш беришларига ўхшар, гапларининг бурролиги эса Уиклоу минбаридан янграйдиган Дублин черкови воизининг чечанлиги таъсири эди.
Залнинг нарига тарафидан уларга тамон яқинлашиб келаётган Маккенни кўрганда Кренлининг пешонасидаги ғамгин тиришлар ёзилди.
— Ана, сизлар! — деди Маккенн яйраб.
— Ана, мен, — деди Стивен.
— Одатдагидай, яна кеч қолинибди! Сизларнинг ютуқларингга гап йўқ, бироқ интизомга ҳам жиндай эътибор қаратишнинг иложи борми?
— Бу масала кун тартибида тургани йўқ, — деди Стивен. — Келинг, ишдан гапиринг.
Унинг кулимсираётган кўзлари тарғиботчининг камзули юқори чўнтагидан чиқиб турган кумушранг қоғозга ўралган бир бўлак шоколадга қадалган эди. Ҳаял ўтмай уларнинг атрофини ҳангоматалаб ишқибозлар ўраб олишди. Териси зайтунранг озғин, қора силлиқ сочли талаба болалар орасидан бошини суқиб, бир унга, бир бунга қараб, гўё айтилаётган гапларни илиб олмоқчидай оғзини очиб алангларди. Кренли чўнтагидан жажжи коптокча чиқариб, қўлида айлантириб синчковлик билан кузата бошлади.
— Қани, ишга! — деди Маккенн. — Xўш! У оғзини катта очиб қаттиқ кулди ва тўртбурчак иягида селкиллаб турган сарғиш соқолини икки марта тортқилаб қўйди.
— Иш шундан иборатки, қўл қўйиш керак, холос.
— Ҳақини тўлайсизми, агар мен қўл қўйсам? — сўради Стивен.
— Мен сизни идеалист, деб ўйлагандим, — деди Маккенн.
Лўлибашара талаба ўгрилиб атрофдигиларга қараб олди ва минғирлаган овозда деди:
—Қизиқ гап бўлди-ю, жин урсин! Менимча, бу манфаатпарастликдан бошқа нарса эмас.
Унинг овози жимликка сингиб кетди. Бу талабанинг гапига ҳеч ким эътибор қилмади. У ўзининг зайтунранг, отникидай узунчоқ юзини Стивенга буриб, гўё ундан жавоб кутди.
Маккенн рус подшосининг ёрлиғи ҳақида, Стед ҳақида, оммавий қуролсизланишу халқаро зиддиятлар чоғида арбитражнинг аҳамияти ҳақида, ҳозирги замоннинг энг муҳим ҳодисалари ҳақида, жамиятга кам чиқим қилиб кўп сонли аҳолини катта бахт ва фаровон турмуш билан таъминлаш мажбуриятини юклайдиган янги гуманизм ва янги ахлоқ ҳақида дадил туриб нутқ ирод қила кетди.
Лўлибашара талаба нутқнинг якунини қийқириқ билан қаршилади:
— Яшасин, умумжаҳон биродарлиги!
— Жўна, жўна, Темпл, — деди унинг ёнида турган қизил юзли барваста талаба. — Мендан ҳақингни ҳали оласан.
—Мен умумжаҳон биродарлигини ёқлайман! — қичқирди Темпл, қисиқ кўзлари билан теваракка аланглаб. — Маркснинг гаплари қуруқ сафсата.
Кренли секинроқ деган маънода унинг қўлидан маҳкам сиқиб ушлади ва зўрма-зўраки жилмайиб, бир неча марта такрорлади:
— Секинроқ, секинроқ, секинроқ!
Темпл, қўлини бўшатишга уриниб, оғзидан кўпик сачратиб қичқирди:
— Социализмга ирландлар асос солишган, Европада фикр эркинлигини тарғиб қилган биринчи киши Коллинз эди. Икки юз йил олдин мидлессеклик бу файласуф руҳонийларни фош этди. Яшасин Жон Энтони Коллинз!
Орқароқдаги қатордан ингичка овоз жавоб қилди:
— Ура!
Мойнихен Стивеннинг қулоғига шипшиди:
— Жон Энтонининг муштипар синглисининг аҳволи қалай:
Лотти Коллинз лозимасиз,
Ўзингизникини бериб туринг.
Стивен кулиб юборди ва хурсанд бўлган Мойнихен яна унинг қулоғига шипшиди:
— Жон Энтони Коллинзга қанча пул тикма, барибир беш шиллингдан ортиқ ютолмайсан.
— Сизнинг жавобингизни кутаяпман, — деди қисқа қилиб Маккенн.
— Бу савол мени зиғирча қизиқтирмайди, — деди ҳорғин оҳангда Стивен. — Бу сизга маълум-ку. Нима масалада баҳс қўзғаб ўтирибсиз?
— Яхши, — деди Маккенн лабларини чапиллатиб. — Xўш, демак, сиз реаксионерсиз, шундайми?
— Қўлингиздаги ёғоч қилични сермаганингиз менга таъсир қилади, деб ўйлаяпсиз шекилли? — сўради Стивен.
— Яна метафоралар! — кескин оҳангда деди Маккенн. — Келинг, ишдан гаплашайлик.
Стивен жаҳли чиқиб, тескари бурилди. Бироқ Маккенн ялинмади.
— Ўртамиён шоирлар, айтиш мумкинки, ўзларини умумжаҳон тинчлиги муаммосидай майда масалалардан юқори олишади.
Кренли бошини кўтарди ва тинчлик сулҳига чорлагандай қўлидаги коптокни икки талабанинг ўртасида тутиб, деди:
— Pax super totum sanguinarium giobum[11].
Ёнидагиларни четга суриб, Стивен қаҳр билан рус подшосининг сурати турган тарафга елкаси билан ишора қилиб, деди:
— Ўзингизнинг иконангиздан ажралманг. Агар сизга Исо шунчалик зарур экан, майли бу сиз учун қонуний Исо бўла қолсин.
— Мана бу зўр гап бўлди, — деб юборди лўлибашара талаба атрофдагиларга бир-бир қараб. — Зўр гап. Менга жудаям ёқди сизнинг гапингиз.
У сўлагини, худди гапни ютгандай, ютиб юборди, кейин шапкасини пешайвонидан ушлаб, Стивенга мурожаат қилди:
— Кечирасиз, сер, бу билан сиз нима демоқчи эдингиз?
Ёнида турган талабалар туртаётганини сезиб, у ўгирилди ва давом этди:
— Менинг билгим келаяпти, бу гап билан у нима демоқчи ўзи?
Кейин у яна Стивенга ўгирилди ва шивирлаб деди:
— Сиз Исога ишонасизми? Мен инсонга ишонаман. Мен, албатта, билмайман, сиз одамга ишонасизми, йўқми. Сер, сизга ҳурматим ошди. Мен инсон ақлига ишонаман, у билан ғурурланаман, унинг қайси диндалиги мен учун барибир. Айтинг-чи, сиз Исонинг ақли ҳақида ҳам шундай фикрдамисиз?
— Жўна, жўна, Темпл! — деди қизил юзли барваста талаба. — Ҳақингни мендан оласан ҳали.
— У мени аҳмоқ деб ўйлайди, — тушунтира бошлади Темпл Стивенга, — чунки мен инсон ақлининг қудратига ишонаман.
Кренли Стивеннинг ва унинг мухлисининг қўлтиғидан олиб, деди:
— Nos ad manum ballum jocabimis[12].
Залдан чиқаётиб Стивен Маккеннинг қизариб кетган бесўнақай башарасига кўз ташлади.
— Менинг имзом ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, — деди у хушмуомалалик билан. — Сиз ўз танлаган йўлингиздан юришга ҳақлисиз, бироқ мени ўзимнинг йўлимдан кетишга қўйинг.
— Дедалус, — деди Маккенн товуши титраб. — Менинг назаримда, сиз ёмон одаммассиз, бироқ сизга алтуризм ва шахсий масъулият ҳисси етишмайди.
Кимдир овозини чиқариб деди:
— Бироқ бизнинг ҳаракатда интеллектуал лўттибозларга жой йўқ.
Стивен Макалистрнинг шанғиллаган кескин овозини таниди, бироқ у турган тарафга қайрилмади. Кренли Стивен ва Темплнинг қўлтиғидан олиб, намойишкорона, худди кичик мартабалилар кузатувида виқор билан меҳроб томон одимлаётган руҳонийдай, талабалар тўдасини ёриб ўтиб борарди.
Темпл чаққон эгилиб Стивенга деди:
— Сиз эшитдингизми Макалистрнинг гапини? Бу бола сизга ҳасад қилаяпти. Сездингизми? Гаров ўйнайман, Кренли буни сезмади, мен эса, жин урсин, дарров сездим.
Улар зални оралаб ўтаётиб, деканнинг ўзини гапга солаётган талабадан қутулишга ҳаракат қилаётганини кўришди. Декан зинапоянинг олдида, бир оёғини қуйи зинага қўйиб, аёлларга хос саранжомлик билан оҳори кетиб қолган яктагининг этагини йиғиб, шу орада қошини қоқиб, бир гапни такрорларди:
— Ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас, мистер Xеккет! Ҳа, ҳа, ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Залнинг ўртасида иезуитлар биродарлигининг маъмурий бошлиғи аллақандай талаба билан норози оҳангда секин суҳбатлашиб турарди. У гапира туриб сепкилли манглайини тириштирар ва гап орасида суякдан ишланган ингичка қаламни тишлаб қўярди.
— Мен биринчи курслар ҳаммаси борса керак, деб ўйлайман. Иккинчи курсга ҳам ишонса бўлади. Учинчига ҳам. Янгиларини билмадим.
Эшикнинг олдида Темпл яна Стивенга эгилди ва шошилиб пичирлади:
— Унинг уйланганидан хабарингиз борми? Католикликка ўтишидан олдин у уйланган эди. Аллақаерда хотини, болалари бор. Жин урсин, ғалати тақдир. Тўғрими?
Унинг пичир-пичири айёрона қиққиллаган кулгига айланди. Эшикдан чиқишган заҳоти Кренли унинг ёқасидан маҳкам тутамлаб олди ва силкилаб деди:
— Миясиз, бефаросат, ярамас аҳмоқ! Ажал билан юзма-юз келганимда ҳам, бу аҳмоқона дунёда сендан ўтадиган ярамас маймун йўқлигига қасам ичаман, агар!
Темпл юлқиниб, айёрона қиққиллашини давом эттирди, Кренли эса ҳар юлқиганда такрорлади:
— Миясиз, бефаросат, ярамас, аҳмоқ!..
Улар қаровсиз қолган боғдан ўтишди; йўлаклардан бирида оғир кенг плашга ўраниб, рўпараларидан дуо ўқиб келаётган ректорни кўришди. Йўлакнинг тугаган жойида, муюлишдан берида у тўхтади ва бошини кўтарди. Талабалар унга таъзим қилишди. Темпл, одатдагидай, шапкасининг пешайвонига қўлини текизди. Кейин жим юриб кетишди. Улар майдончага яқинлашганда Стивен ўйинчиларнинг зарбаларидан таралаётган бўғиқ товушни, ҳўл коптокнинг тапиллагани ва Дейвиннинг ҳар зарбадан сўнг ҳаяжонланиб қичқирганини эшитди.
Улар уччаласи ҳам ўйинни кузатиб турган Дейвин ўтирган қутининг олдида тўхташди. Бир неча сониядан сўнг Темпл ёнбоши билан Стивенга яқинлашиб деди:
— Кечирасан, мен сендан сўрамоқчи эдим, сен нима дейсан, Жан-Жак Руссо самимий киши бўлганми?
Стивен беихтиёр хохолаб кулди. Кренли майсанинг устида ётган ёғоч бочканинг синиқ бўлагини қўлига олди-да, тез ўгирилиб, ғазаб билан деди:
— Темпл, худо ҳаққи, яна бир оғиз гапирсанг, мен сени тинчитаман супер споттум1.
— Эҳтимол, — деди Стивен. — У ҳам сендай эҳтиросли одам бўлган.
— Э, бало бўлмайдими! — кескин жавоб қилди Кренли. — Шу билан энди ади-бади айтишаманми. Бу нима-ю, мунди нима! Қани, туёғингни шиққиллат, Темпл. Жўна бу ердан! Йўқол!
— Тупурдим сенга, Кренли, — жавоб қилди Темпл, баланд кўтарилган ёғочдан ўзини четга олиб қочаркан, Стивенга ишора қилди. — Мана, бу даргоҳда якка-ю ягона ўзининг фикрлаш тарзига эга одам.
— Даргоҳ! Ўзига хос! — таъкидлади Кренли. — Йўқол бу ердан, жин урсин сени. Ғирт жиннининг ўзи!
— Мен эҳтиросли одамман, — деди Темпл. — Бу жуда тўғри гап. Ва мен бундан фахрланаман, ҳис-ҳаяжонлар билан яшашимдан ғурурланаман.
У ёнбоши билан юриб узоқлашди, майдончадан қадам ташлаб кетаётиб муғомбирона кулди. Кренли унинг изидан қотиб қараб қолди.
— Кўрдингизми, — деди у, — сиз бунақа муттаҳамни ҳеч учратганмисиз?
Унинг гапига шапкасини кўзига тушириб олиб, деворга суяниб турган талаба ғалати хохолаб кулди. Катта гавдадан чиққан бу кулги худди филнинг ингичка, чийилдоқ товушига ўхшаб эшитилди. Талабанинг бадани селкиллар, ҳузур қилганидан у қўлларини бутига ишқаларди.
— Линч уйғонди, — деди Кренли.
Бу гапга жавобан Линч қаддини ростлади ва кўкрагини керди.
— Линчнинг кўкрагини кергани — ҳаётга танқидий муносабатининг белгиси, — деди Стивен.
Линч кўкрагига гурсиллатиб урди ва деди:
— Менинг қоматимга кимнинг эътирози бор?
Кренли уни гапидан тутди ва улар айтишиб қолди. Ҳар иккаласи ҳаяжондан қизариб-бўзаришгандан кейин, чуқур-чуқур нафас олишиб ажралишди. Стивен ўйинни берилиб томоша қилаётган, теварагидаги гап-сўзларга эътиборсиз Дейвинга эгилди.
— Xўш, менинг эркак ғозчам қалай? — сўради Стивен. — Қўл қўйдими?
Дейвин бошини ирғади ва деди:
— Сен-чи, Стивен?
Стивен йўқ деган маънода бошини сермади.
— Даҳшатли одамсан сен, Стивен, — деди Дейвин оғзидан трубкани оларкан, — доим яккасан.
— Энди, умумжаҳон тинчлиги мурожаатномасига имзо чекканингдан кейин, — деди Стивен, — мен қўлингда кўрган ўша кичкина дафтарчани ёқиб ташласанг керак, деб ўйлайман.
Дейвиндан садо чиқмагач, Стивен дафтарчадаги гаплардан парча келтира бошлади:
— Фианна олдга юр! Фианна ўнгга бурилиб, олдга юр! Фианна, салом қил, рақаминг билан сана, бир, икки!
— У бошқа масала, — деди Дейвин. — Биринчидан, мен ирланд миллатчисиман. Сен эса ҳаммасидан четда юрасан. Сен, Стивен, майнавозчи бўлиб туғилгансан.
— Сизлар чавгонларинг билан қуролланиб, навбатдаги исёнларингни бошлаганларингда, — деди Стивен, — сизларга хабаркаш керак бўлади, менга айсанг, мен сенга коллеждан улардан бир жуфтини топиб бераман.
— Сени ҳеч тушунолмайман, — деди Дейвин. — Бир қарасанг инглиз адабиётини тупроққа қориб ташлайсан, бир қараса ирланд хабаркашларини. Исминг ҳам аллақандай... ва мулоҳазаларинг ҳам. Ирландмисан ўзи сен?
— Юр мен билан архивга, мен сенга оиламнинг насл-насабини кўрсатаман, — деди Стивен.
— Унда биз билан бирга бўл-да, — деди Дейвин. — Нега сен ирланд тилини ўрганмайсан? Нега биринчи машғулотдан кейиноқ лигадан чиқдинг?
— Битта сабаб сенга маълум, — деди Стивен.
Дейвин бошини сермаб кулди.
— Қўйсанг-чи, — деди у. — Ўша ёш қизалоқ ва ҳазрат Морен учунми? Буларни сен ўзинг ўйлаб топгансан, Стиви. Улар шунчаки гапиришган, кулишган, холос.
Стивен чурқ этмади ва қўлини биродарларча Дейвиннинг елкасига қўйди.
— Ўша кунни, биз сен билан танишишган кунни, эслайсанми, — деди у, — биз биринчи марта учрашганимизда сен мендан биринчи курслар қаерда ўқийди, деб сўрагандинг ва биринчи бўғинга урғу бергандинг? Эслайсанми? Сен ўшанда ҳамма иезуитларни ҳеч иккиланмай «тақсир» дердинг. Баъзан мен: «У худди гапирган гапидай, лафзидай самимий, макр-ҳийладан йироқмикан?» деб ўйланиб қоламан.
— Мен оддий одамман, — деди Дейвин. — Буни сен биласан. Сен менга ўша Xаркорт-стритдаги оқшомда ўз ҳаётинг ҳақида гапириб берганингдан сўнг, гапнинг очиғи, Стиви, мен кейин овқат еёлмадим. Касал бўлиб қолдим. Ўша оқшом ухлай олмай чиқдим. Нега сен буни менга айтдинг?
— Раҳмат сенга, — деди Стивен. — Сен менга ёвуз одамсан, деб шама қилаяпсан.
— Йўқ, — деди Дейвин. — Буни гапирмаслигинг керак эди.
Сиртдан дўстона муомалани сақлаб тургани билан Стивеннинг ичи қайнаб-тошиб келарди.
— Мени шу халқ, шу мамлакат ва шу ҳаёт пайдо қилган, — деди у. — Борим шу ва шундайлигимча қоламан.
— Бизга қўшилишга уриниб кўр, — такрорлади Дейвин. — Руҳан сен ирландсан, бироқ ғурур сенга йўл бермаяпти.
— Менинг ота-боболарим ўз тилидан воз кечишган ва бошқа тилни қабул қилишган, — деди Стивен. — Улар бир тўда келгиндиларга ўзларини эзишга қўйиб беришган. Xўш, менга уларнинг хатоси учун шахсий ҳаётим ва буду-шудимни қурбон қилишни буюрасанми? Ниманинг эвазига?
— Бизнинг озодлигимиз учун, — деди Дейвин.
— Тон яшаган замондан то Парнелл замонигача, — деди Стивен, — сизлар учун ўз ҳаётини, ёшлигини ва меҳр-муҳаббатини бағишлаган бирорта ҳалол, самимий инсон йўқки, сизлар сотмаган бўлсанглар, азобга дучор этмаган, бошидан мағзава тўкмаган бўлсанглар, хиёнат қилмаган бўлсанглар. Энди сен менга ўзларинг билан бирга бўлишни таклиф қилаяпсанми! Лаънат сизларга!
— Улар ўз идеаллари учун қурбон бўлишди, Стиви, — деди Дейвин. — Бироқ бизнинг кўчада ҳам байрам бўлади, менга ишон.
Ўз хаёлларига берилиб кетган Стивен бир дақиқа жим қолди.
— Руҳ, — деди у хаёлчан, — айни шу, мен сенга айтган дақиқаларда туғилади. Бу секин, сирли туғилиш, вужуднинг туғилишидан кўра сирлироқ. Бу мамлакатда инсон руҳига туғилаётгандаёқ, парвоз қилмаслиги учун, тўр ташланади. Сен менга миллийлик, дин, тил ҳақида гапирасан. Мен бундай тўрлардан қочишга ҳаракат қиламан.
Дейвин трубкасининг кулини қоқиб туширди.
— Бу гаплардан мен ҳеч қандай маъно уқмаяпман, Стиви, — деди у. — Бироқ биринчи галда ватан. Ирландия биринчи галда, Стиви. Шоир бўласанми, мутасаввирми, бу кейинги масала.
— Биласанми, Ирландия нима? — сўради Стивен совуқ қаҳр билан, — Ирландия — бу ўз болаларини ейдиган қари чўчқа.
Дейвин ўрнидан турди ва бошини ғамгин сермаб, ўйнаётганлар томон юрди. Бироқ саноқли дақиқалар ичида ғамгин кайфият уни тарк этди, у энди Кренли ва икки ўйинчи билан ҳозиргина тугаган ўйинни қизғин муҳокама қилаётир. Улар кечқурун бир қур ўйнашга келишиб олишди, бироқ Кренли менинг коптогим билан ўйнайсизлар, деб туриб олди. У коптогини ерга икки-уч марта уриб, кейин жаҳд билан майдончанинг узоқ этагига қаратиб улоқтирди-да, қичқирди:
— Қорангни кўрмай сени!..
Стивен ўйинда ҳисоб орта бошлагунча, Линчнинг ёнида турди. Кейин Линчнинг енгидан тортиб, уни ўзига қаратди. Линч унга бўйсунди ва ғашига тегиб деди:
— Кренли айтмоқчи, уздикми?
Стивен бу қочириққа кулимсиради.
Улар боғ орқали қайтишди ва мункиллаган қари қоровул тахтага аллақандай эълонни қалтираб қадаётган зал бўйлаб ўтишди. Зинапоя олдида иккаласи ҳам тўхтади ва Стивен, чўнтагидан сигарет қутисини чиқариб, ҳамроҳига чекишни таклиф қилди.
— Биламан, бир мириям йўқ сенда, — деди у.
— Эҳ сеними, суллоҳ шумқилиқ! — жавоб қилди Линч.
Линчнинг сўзга чечанлиги иккинчи бор асослангани Стивеннинг кулгисини қистади.
— «Шумқилиқ» сўзи сенинг суюкли сўкишингга айланган кун, — деди у , — Европа маданияти учун байрам саналади.
Улар чекишди ва ўнг тарафга юришди. Бироз сукут сақлаб, Стивен деди:
— Аристотел раҳм-шафқат ва қўрқувга таъриф бермайди. Мен эса бераман. Менинг назаримда...
Линч тўхтади ва беписандлик билан унинг гапини бўлди:
— Бас! Эшитишни хоҳламайман. Кўнглим айнийди. Кеча кечқурун бизлар Xорен ва Гоггинс билан ўлгудай ичдик.
Стивен гапида давом этди.
— Раҳм-шафқат — бу шундай туйғуки, у инсон мусибатларидаги жамики муҳим ва мунтазам жиҳатлар олдида фикрни тўхтатиб қўяди ва бизни изиллаб турган фожиаларга боғлайди. Қўрқув туйғуси инсон мусибатларидаги жамики муҳим ва мунтазам жиҳатлар олдида фикрни тўхтатиб қўяди ва бизни уларнинг яширин сабабларини излашга мажбур этади.
— Такрорла-чи, — деди Линч.
Стивен таърифни секин такрорлади.
— Яқинда Лондонда, — давом этди у, — бир қизалоқ извошга ўтиради. У узоқ вақтлар кўрмаган онасини кутиб олишга бораётган эди. Қайсидир кўчанинг муюлишида араванинг шотиси чиқиб кетиб, извошнинг деразасини чилпарчин қилади, худди игнадай узунчоқ шиша синиқлари қизнинг юрагига санчилади. Қиз шу заҳотиёқ жон таслим қилади. Мухбир буни фожиали ўлим, деб атайди. Бу тўғримас. Бу раҳм-шафқат ва қўрқув ҳақидаги менинг тушунчамга тўғри келмайди.
Фожиа туйғуси, моҳиятан, ҳар икки томонга, қўрқувга ва раҳм-шафқатга юзланган бир кишининг диққат-еътибори, уларнинг ҳар қайсиси — унинг айни дамдаги ҳолати. Эътибор қилдингми, мен тўхтатиб қўяди деган иборани ишлатдим. Бу билан мен фожиа туйғусининг турғунлигини, ҳаракацизлигини таъкидлаяпман. Аниқроғи, драматик туйғунинг. Сохта, ҳақиқий бўлмаган санъат пайдо қиладиган туйғулар — бу майл, интилиш ва нафратланиш, ҳазар қилиш. Майл-рағбат бизни яқинлашишга, қўлга киритишга чорлайди. Нафрат-ҳазар туйғуси тарк этиш, инкор қилишга ундайди. Бундай туйғуларни уйғотадиган санъат — порнография ва дидактика — ҳақиқий бўлмаган, сохта санъатлар. Шу боис, бу ҳолатда эстетик туйғу ҳаракациз, турғун ҳолатда бўлади. Фикр тўхтаб қолади ва майл ҳамда нафрат теварагида айланади, холос.
— Сен айтмоқчисанки, санъат майл-рағбатни уйғотмаслиги керак, демоқчисан, — деди Линч. — Эсимда, мен бир куни сенга музейда қалам билан Венеранинг думбасига исмимни ёзганимни айтган эдим. Бу майлга кирадими?
— Мен одатдаги, табиий натурани назарда тутаяпман, — деди Стивен. — Сен менга яна ўзингнинг ғаройиб кармелитлар мактабингда қандай қилиб сигир тезагини еганингни гапириб бергандинг.
Линч тағин отга ўхшаб пишқирди.
— Ҳа, шундай иш бўлганди! — хитоб қилди у.
Стивен ҳамроҳи томон бурилди ва бир сония унинг кўзларига тик қаради. Линч кулишдан тўхтади ва камситилгандай мулзам бўлиб, унинг кўзига қаради. Узун пешайвонли шапка тагидаги чўзинчоқ, энсиз, пачоқ боши аллақандай ўрмалаб юрувчи жониворни эслатарди. Xира йилтиллаб турган кўзлари ва руҳсиз, ўлик назари ҳам илоннинг қарашини ёдга соларди. Бироқ айни дақиқадаги унинг камситилган, безовта қарашида одамга хос бир маъно — эзгин, бахсиз, азоб чеккан ва дарғазаб қалбнинг беҳаловатлиги акс этиб турганди.
— Xўш, нима бўпти, — деди шунчаки хушмуомала оҳангда Стивен, — биз ҳаммамиз жониворлармиз. Мен ҳам.
— Ҳа, сен ҳам, — деди Линч.
— Бироқ биз ҳозир руҳий оламда мавжудмиз, — давом этди Стивен. — Ҳаққоний бўлмаган эстетик воситалар таъсирида уйғонган майл ва нафратни фақат уларнинг табиатан ҳаққоний эмаслиги учун эстетик туйғумас, дейиш камлик қилади. Чунки улар атиги жисмоний сезгиларга алоқадор, холос. Қўрқувни сезганда вужудимиз кичраяди ва асаб системасига беихтиёр таъсир қилган нарсага жавоб қайтаради. Қовоғимиз, ҳали англаб, пайқаб улгурмасидан бурун, кўзимизга пашша урилаётганини сезгандай, олдиндан беихтиёр юмилади.
— Ҳар доим ҳам эмас, — киноя қилди Линч.
— Шундай қилиб, — давом этди Стивен. — Сенинг тананг сенга яланғоч ҳайкал кўрсатган таъсирга жавоб қайтарган, бироқ бу, такрор айтаман, асаб системасининг ғайриихтиёрий реаксияси. Мусаввир томонидан акс эттирилган гўзаллик эса бизда, жисмоний сезги деб аташ мумкин бўлган, юзки эҳтирос ва ҳиссиётларни пайдо қила олмайди. У эстетик стасисни, яъни идеал меҳр-шафқатни ёки идеал қўрқувни — юксак даражада юзага келадиган, давом этадиган ва ниҳоят, мен гўзаллик ритми, деб атайдиган туйғуга айланадиган таассуротни уйғотади ёки уйғотиши лозим, пайдо қилади ёки пайдо қилиши керак.
— Буни энди қандай тушунса бўлади? — сўради Линч.
— Ритм, — деди Стивен, — бу ҳар қандай эстетик бутунликда қисмларнинг ўзаро илк юзаки эстетик алоқалари ёки эстетик бутунликнинг унинг қисм ё қисмларига ёхуд эстетик бутунликдаги ҳар қандай қисмнинг бутунликка ялпи муносабати.
— Агар бу айтганларинг ритм бўлса, — деди Линч, — унда марҳамат қилиб айт-чи, сен нимани гўзаллик деб атайсан? Яна, илтимос, унутмагинки, мен фақат гўзаллик олдида таъзим қиламан.
Худди бировга салом бераётгандай, Стивен шапкасини кўтариб қўйди. Кейин, бироз қизаринқираб, Линчнинг камзулининг енгидан ушлади.
— Биз ҳақмиз, — деди у, — бошқалар эса адашадилар. Бу нарсалар ҳақида гапириш, уларнинг сиру синоатини билишга уриниш ва сирини англаб-билиб, секин-аста, қатъият ва изчиллик билан таърифлаш, тавсифлаш, заминдаги оддий нарса-ҳодисалардан: товуш, шакл ёки рангларни ҳис этишдан уйғонган туйғуларга, қалбимизнинг бу зимистон қаърларига назар ташлаш — биз илғаган гўзаллик тимсоллари — санъат деганлари аслида мана шу.
Улар канал устидаги кўприкка яқинлашишди ва йўлдан бурилиб, дарахтлар тагидан юриб кетишди. Кўлмак сувда акс этган кир-кулранг шуъла ва тепаларидаги нам шох-шаббаларнинг ҳиди — барчаси Стивеннинг фикрлаш тарзига зиддай туюларди.
— Бироқ сен менинг саволимга жавоб бермадинг, — деди Линч, — санъат нима ўзи? У ифодалаган гўзаллик нима?
— Буни мен сенга, бадбахт, қовоқкалла ҳайвонга айтган биринчи таърифимдаёқ баён қилган эдим, — деди Стивен, — ўшанда мен бу саволнинг жавобини энди ичимда пишитиб олаётган эдим. Ўша оқшом эсингдами? Кренлининг аччиғи чиққан ва уиклоу чўчқасининг гўшти ҳақида гапира бошлаган эди ўшанда.
— Эсимда, — деди Линч. — Эсимда, унинг ўша лаънати семиз чўчқалар ҳақида гапиргани.
— Санъат, — деди Стивен, — бу инсоннинг предметни эстетик бутунликда ақлга мувофиқ ёки сезги-идроки орқали қабул қилиш қобилияти. Чўчқалар ҳақида эслайсан-у, бу гапларни эса эсингдан чиқарибсан-да. Сен билан Кренлига ўзи ишониб бўлмайди.
Линч булутли кулранг осмонга қараб, афтини буриштирди.
— Модомики, мен сенинг эстетик фалсафангни тинглашга маҳкум эканман, унда ҳеч бўлмаса, менга яна битта сигарета бер. Бу гаплар мени умуман қизиқтирмайди. Ҳатто аёллар ҳам мени қизиқтирмайди. Жин урсин, сизларни! Бошимга ураманми бу гапларни! Менга бир йилда беш юз фунт тўлайдиган иш керак. Менга шундай ишдан гапир, мард бўлсанг.
Стивен унга сигарет қутисини узатди. Линч қутидаги охирги сигаретани олиб, деди:
— Давом эт.
— Фома Аквинский айтади,— деди Стивен, — бизнинг идрокимизга хуш ёққан нарса гўзалдир.
Линч бошини ирғади.
— Эсимда, — деди у. — Пулcра сунт гуае виса плаcент.
— У виса сўзини ишлатади, — давом этди Стивен, — бу билан ҳар қандай эстетик идроклашни: кўриш, эшитиш ёки идроклашнинг бошқа турларини назарда тутади. Бу сўз, мужмал бўлишига қарамай, барибир бизда майл ва нафрат ҳиссини уйғотадиган яхши ёки ёмон тушунчани истисно қилиш учун етарли даражада аниқ. Шубҳасиз, бу сўз стасисни назарда тутади. Xўш, ҳақиқат нима? Ҳақиқат ҳам онгнинг стасисини уйғотади. Сен ҳеч қачон тўғрибурчакли учбурчак гипотенузасига исмингни қалам билан ёзиб қўймасдинг.
— Ҳечам, — деди Линч, — менга Венеранинг гипотенузасини кўрсат, ёзаман.
— Демак, бундан чиқдики, ҳақиқат мувозанатда, турғун. Назаримда, Платон айтган, гўзаллик — ҳақиқат ёғдуси, деб. Фикримча, бу таъриф ҳақиқат ва гўзаллик бир-бирига айнан ўхшаш, деган маънодан бошқа маънони бермайди. Ҳақиқат ақл билан англанади, гўзаллик тасаввур орқали қабул қилинади. Ҳақиқатга томон ташланган биринчи қадам — ақлнинг чегараларини ва имкониятларини англашдан, тушунишга ҳаракатнинг ўзини тушуниб олишдан иборат. Аристотелнинг бутун фалсафий системаси унинг психологияга бағишланган асарлари замирида ётади, бу асарлар ўз навбатида унинг айни бир атрибут бир пайтнинг ўзида ва бир хил муносабат билан айни бир субъектга тегишли бўлиши ва тегишли бўлмаслиги мумкин, деган фикрига таянади. Гўзалликка томон ташланган биринчи қадам — тасаввурнинг чегараларини ва имкониятларини англаб олмоқ, эстетик идроклашга ҳаракатнинг ўзини тушунишдан иборат. Тушунарлими?
— Бироқ гўзаллик ўзи нима? — бетоқат бўлиб сўради Линч. — Бирор бошқа аниқроқ таърифини айт-чи. Қараганингда кўзинг қувонадиган нарсами у? Наҳотки, Фома Аквинский билан иккалангнинг бор билганларинг шулар бўлса?
— Масалан, аёлни олайлик, — деди Стивен.
— Xўп, олайлик, — деди қизишиб Линч.
— Юнонлар, турклар, хитойликлар, коптлар, готтентотлар — уларнинг ҳар қайсисида аёлнинг гўзаллиги ҳақида ўзининг идеали бор, — деди Стивен. — Бу шунақа чалкаш масалаки, боши-кетини тополмайсан. Бироқ мен унда икки хил ечимни кўраман. Биринчи тахминга кўра, аёлларнинг эркакларда рағбат уйғотадиган ҳар қандай жисмоний латофати эрнинг наслини давом эттириши билан боғлиқ, деб қаралади. Балки ҳақиқатан шундайдир. Ҳаёт, сен тасаввур қилганингдан кўра, зерикарлироқ, Линч. Бироқ бундай хулоса менинг кўнглимга ўтирмайди. Чунки у эстетикадан кўра, кўпроқ евгеникага тааллуқли. Бу хулоса сени чалкаш йўллардан янгигина, дидсизлик билан бўяб-бежалган аудиторияга олиб боради ва у ерда ўзинг билган Маккенн бир қўлида «Турларнинг келиб чиқиши»ни, бошқасида Янги Аҳдни ушлаганча, сенга ўзинг билган — Венеранинг бўлиқ сонларини ёқтиришингни, у сенга соғлом болалар туғиб беришини, сенинг ва ўзининг болаларини тўйимли сут билан боқишини — ўзинг билган нарсаларни тушунтиради.
— Бу Маккенн учига чиққан бадбўй шумқилиқ! — деди азбаройи ишонч билан Линч.
— Яна бошқа бир ечим ҳам бор, — деди кулиб Стивен.
— Xўш, қанақа? — сўради Линч.
— Яна бир тахмин... — деб бошлади Стивен.
Сер Патрик Дан касалхонасининг муюлишидан темир-терсак ортилган узун арава чиқиб келди, унинг шовқин-сурони Стивеннинг гапини охиригача эшиттирмай қўйди. Линч қулоқларини бекитди ва арава ўтиб кетгунча ижирғаниб сўкиниб турди. Кейин кескин ортга бурилди. Стивен ҳам бурилди ва ҳамроҳининг жазаваси босилишини кутиб, бир неча сония жим тургач, деди:
— Бу тахмин олдингисининг аксини таклиф этади. Гарчи айни бир объект ҳамма учун бирдай гўзал бўлиб туюлмаса-да, бироқ унга ошуфта бўлган ҳар қайси одам бу объектдан муайян эстетик тасаввурнинг у ёки бу даражасига мос, ўзига маъқул мутаносибликни кўради. Шундай қилиб, туйғу билан англанадиган, сенга бир шаклда, менга бошқа бир шаклда кўринадиган бу уйғунлик гўзалликнинг муҳим сифати саналади. Шу ўринда биз яна кекса биродаримиз Фомага мурожаат қилишимиз ва ундан тўрт пуллик ҳикмат қарз олиб туришимиз мумкин.
Линч хохолаб кулди.
— Жуда қизиқ, — деди у, — ҳар қадамда сен уни эслайверасан, худди хушчақчақ мешқорин роҳибдай. Гапларинг жиддийми ўзи?
— Макалистр, — жавоб қилди Стивен, — менинг эстетик назариямни Фома Аквинский назариясига амалий қўлланма, деб атаган бўларди. Философияда эстетикага доир неки бўлса, бу масалада мен Аквинскийга эргашаман. Бироқ биз бадиий ғоя феноменига ёндашганимизда, бадиий ғоя қандай олиб кирилиши ва сингдирилишига келганимизда менга янги терминология ва янги шахсий тажриба зарур бўлади.
— Албатта, — деди Линч, — ахир, Аквинский ўзининг ақллилигига қарамай, бир дилкаш мешқорин роҳиб бўлган, холос. Бироқ янги шахсий тажриба ва янги технология ҳақида сен менга бошқа сафар айтарсан. Ҳозир биринчи қисмини мухтасар қила қол.
— Ким билади, — деди Стивен кулимсираб, — эҳтимол, Аквинский мени сендан кўра яхшироқ тушунармиди. У шоир эди. Оташин пайшанбада айтиладиган мадҳияни у ёзган. Мадҳия: Pange, lingua, gloriosi[13] cўзлари билан бошланади ва уни бежиз ширинсуханларнинг энг яхшиси, деб ҳисоблашмаган. Бу мураккаб, чуқур таскин берадиган мадҳия. Мен уни яхши кўраман. Бироқ ҳеч бир мадҳия Венансий Фортунатнинг хочли намойишда куйланадиган тантанавор Vexilla Regis[14] қасидасига тенглашолмайди.
Линч сокин, тантанавор оҳангда, дўриллаган овоз билан хиргойи қила бошлади:


Impleta sunt guae coneinit
David fideli carmine
Dicendo nationibus
Regnavit a ligno Deus[15]
— Зўр, — завқ билан якунлади у. — Мана бу музика!
Улар Қуйи Маунт-стритга бурилишди. Муюлишдан бир неча қадам ўтишганда, ипак шарф бойлаган семиз ёш йигит улар билан саломлашди.
— Имтиҳонларнинг натижалари ҳақида эшит-дингларми? — деб сўради у. — Гриффин йиқилди, Xелпин билан ЎФлинн маъмурий фуқаролик ишлари бўлими бўйича ўтишди. Мунен ҳинд маъмурий ишлар бўйича бешинчи бўлиб ўтди. ЎШоннесси ўнтўртинчи бўлиб ўтди. Кларкнинг қўлида ишлайдиган ирландлар уларга зиёфат уюштиришди, ҳаммаси керри ейишди.
Унинг қонсиз, сўлжайган юзидан мулойим ичиқоралик акс этиб турар, ёғ босган кичкина кўзлари хабарларни етказишига мос тарзда қисилиб, бутунлай кўринмай қолар, чийиллаган товуши зўрға эшитиларди.
Стивеннинг саволига жавоб қайтараётиб унинг кўзчалари косасидан чиққудай бўлар эди.
— Ҳа, Маккалли билан мен, — деди у. —Маккалли назарий математикани танлади, мен — табиий тарихни. У ерда программада йигирмата фан бор. Мен яна ботаникани танладим. Ўзларингга маълум-ку — мен энди дала клубининг аъзосиман.
У солланиб бир қадам ортга тисарилди, жун қўлқопдаги семиз қўлларини кўксига қўйди, бу жойдан чийиллаганга ўхшаш ҳирқироқ кулги товуши чиқди.
— Кейинги сафар, далага чиққанингда, бизларга шолғом билан пиёз олиб кел, — деди тундлик билан Стивен, — димлаб гўшт пиширамиз.
Бақалоқ талаба такаббурлик билан кулиб юборди ва деди:
— Бизнинг дала клубимиз жамоасига ҳурматли инсонлар йиғилган. Ўтган шанба куни ҳаммамиз бирваракайига Гленмалюр га бордик.
—Аёллар биланми, Доновен? — сўради Линч.
Доновен яна қўлларини кўксига қўйиб, деди:
— Бизнинг мақсадимиз — билим олиш.
Шундай деб у дарҳол қўшиб қўйди:
—Менинг эшитишимча, сен эстетика бўйича маъруза ёзаётганмишсан?
Стивен ноаниқ, ёқтирмаган ишора билан жавоб қилди.
— Гёте ва Лессинг бу мавзуда кўп ёзишган, — деди Доновен. — Классик мактаб, романтика мактаби ва ҳоказолар. «Лаокоон» мени жуда қизиқтириб қўйди. Албатта, бу асар идеализм мафкураси билан суғорилган, соф немисча ва жудаям чуқур...
Ҳеч ким гап қўшмади. Доновен улар билан мулойим хайрлашди.
—Хўп менга рухсат, — деди у майин ва дилкаш оҳангда. —Мен жудаям, ҳатто айтиш мумкин бўлса, ишончга яқин даражадаги хавотирдаманки, сингилчалар бугун Доновенларнинг тушлигига қуймоқ тайёрлашаётган бўлишса керак.
—Хайр, — деди Стивен унинг ортидан, — шолғом билан пиёзни ёдингдан чиқарма.
Линч унинг ортидан қараб, нафрат билан лабларини буриштирди, башараси иблис ниқобига ўхшаб кетди.
— Ўйлайсанми, бу шумқилиқ, қуймоқхўр муттаҳам ёғли жойга жойлашиб олиши ҳеч гап эмас, — деди у ниҳоят, — мен эса хашаки тамакини тутатиб юраверишим керак.
Улар Меррион-скверга бурилишди ва бироз жим кетишди.
— Гўзаллик ҳақида айтганларимни якунлай, — давом этди Стивен. — Туйғу билан эришиладиган нисбатан роҳатбахш уйғунлик, шу тариқа бадиий идроклашнинг муҳим босқичларига мос келиши лозим. Уларни топа билсанг, мутлақ гўзаллик хоссасини топасан. «Ад пулcритудинем триа регуирунтур интегритас, cонсонантиа cларитас», дейди Фома Аквинский. Мен буни шундай таржима қиламан: «Гўзалликнинг учта шарти бор: бутунлик, гармония, нур». Xўш, бу идроклашнинг босқичларига мос келадими? Сенга тушунарлими?
— Албатта, — деди Линч. — Агар сен менинг елкамдаги каллани қовоқ деб ўйлаётган бўлсанг, югур, Доновенни тўхтатиб, гапларингни тинглашини ундан илтимос қил.
Стивен гўшт дўконининг сотувчиси бошига кийиб олган саватчага ишора қилди:
— Мана бу саватчага қара, — деди у.
— Xўш, кўряпман, — жавоб қилди Линч.
— Бу саватчани кўриш учун, — деди Стивен, — сенинг онгинг, аввало, уни теваракдаги оламдан ажратиб олади, теварак олам саватча эмас. Идроклашнинг биринчи босқичи — бу идрокланаётган объект билан чегараланадиган марра, чизиқ. Эстетик образ бизга макон ёки вақт доирасида намоён бўлади. Қулоқ орқали идрокланадиган нарса вақт доирасида, кўз орқали идрокланадигани — маконда намоён бўлади. Бироқ вақтдами ёки макондами — эстетик образ, аввало, макон ва замоннинг бепоён фонида ўзича чекланган ёки ўзича мустақил объект сифатида идрокланади. Сен уни алоҳида бир нарса сифатида қабул қиласан. Бир бутун нарса сифатида кўрасан. Уни яхлитлик тарзида идрок этасан. У айни интегритазнинг ўзи.
— Нишонга аниқ тегди, — деди Линч. — Қани, давом эт.
— Кейин, — давом этди Стивен, — сен бир нуқтадан бошқасига ўтиб, шаклнинг сиртига кўз югуртирасан ва нарсани, уни ичидан ташкил этган, қисмлари мувозанатида англайсан. Сен унинг қурилиши ритмини ҳис этасан. Бошқача айтганда, бевосита идроклаш синтезидан кейин фаҳмлаш анализи келади. Дастлаб бу аллақандай бутунлик эканини идроклаган бўлсанг, энди сен уни бир нарса деб ҳис этасан. Сен уни мувофиқ, уйғун яхлитлик, мураккаб, бўлинувчи, қисмлардан ташкил топган, шу қисмларнинг натижаси, уларнинг мажмуи деб қабул қиласан. Бу cонсонанта бўлади.
— Нишонга аниқ урдинг, — деди кулиб Линч. — Энди менга cларитас ҳақида тушунча бер, сигарета мендан.
— Бу сўзнинг маъноси унчалик аниқ эмас, — деди Стивен. — Фома Аквинский ишлатган термин, менингча, мавҳумроқ. Мени у анча чалғитди. Унинг таърафидан гап идеализм ва символизм ҳақида кетаётгани англашилади: унингча, гўзалликнинг олий моҳияти — аллақандай бошқа оламдан таралаётган нур, айни пайтда мавжудлик — атиги унинг сояси, материя — унинг тимсоли, холос. У cларитас сўзида ҳамма нарсада зуҳур бўлувчи илоҳий ниятнинг, режанинг бадиий инкишофини ва мужассамлашувини назарда тутган, демак, cларитас — бу эстетик образга умумий моҳият бағишлайдиган ва уни ичдан ёритиб турадиган умулаштирувчи куч, деб ўйладим. Энди эса буни мен шундай тушунаман: сен дастлаб саватчани аллақандай яхлит нарса деб қабул қилдинг, кейин уни, шакл нуқтаи назаридан кузатиб, бир буюм эканини англадинг — мантиқий ва эстетик нуқтаи назардан ўринли синтез шундай. Сен кўриб турибсан — кўз олдингда шу буюм турибди, бошқа нарса эмас. Аквинский айтган нур сухоластикада — гуиддитас — ғойибдан берилган хабар белгиси. Бу олий сифат ижодкор томонидан, дастлаб унинг идрокида эстетик образ туғила бошлаган чоғда, ҳис этилади. Шелли буни аланга олаётган кўмирга жуда чиройли қиёслаган: бу шундай лаҳзаки, унда гўзалликнинг олий сифати, эстетик образнинг ёрқин ёғдуси онг орқали аниқ-тиниқ англанади; бу ёғду сочувчи эстетик завқдан сўзсиз, товушсиз стасиси, руҳиятнинг уйғоқ лаҳзаси юракнинг ажаб ҳолатига жуда ўхшайдики, бу ҳолатни италян физиологи Лунджи Галвани ҳатто Шеллиникидан кам бўлмаган гўзал лутф билан юрак афсуни, деб чиройли таърифлаган.
Стивен жимиб қолди, гарчи ҳамроҳи гапирмаётган бўлса-да, ўзининг айтган гаплари фикрлар афсунидан иборат ғалати сукунат пайдо қилгандай туюлди.
— Менинг айтганларим, — давом этди у, — кенг маънодаги, адабий анъаналарга боғлиқ бўлган гўзаллик маъносидаги сўзга тааллуқли. Биз гўзаллик ҳақида гапириб, бу сўзнинг иккинчи даражадаги маъносини назарда тутганимизда, мулоҳазаларимиз, аввало, санъатнинг ўзига ва унинг турларига тааллуқли бўлади. Образ, ўз-ўзидан равшанки, ижодкорнинг онги ва туйғуларини бошқа кишиларнинг онги ва туйғулари билан боғлайди. Агар буни ёдда туцак, у ҳолда, албатта, санъат уч хилга бўлинади, деган хулосага келамиз; яъни лирика, бунда ижодкор ўз-ўзига бевосита муносабатидан келиб чиқиб образ яратади; эпос, бунда ижодкор ўзига ёки бошқаларга бевосита муносабатидан келиб чиқиб образ яратади; ва, драма, бунда образ бошқаларга бевосита муносабатдан келиб чиқиб яратилади.
— Сен буни менга бир неча кун олдин тушунтиргандинг, — деди Линч, — ўшанда роса баҳслашганмиз ҳам.
— Уйимда менинг бир дафтарим бор, — деди Стивен, — унда ўша куни сен менга берган саволларингдан кўра қизиқроқ саволлар ёзилган. Ана шу саволлар устида бош қотириб, мен ғаройиб эстетик назарияни ўйлаб топдим, ҳозир сенга уни тушунтиришга уриниб кўраман. Мана, мен ўйлаб топган саволлар: чиройли қилиб ясалган стул фожиявийми ёки кулгилими? Шундай дейиш мумкинми: Мона Лиза портрети шунинг учун чиройлики, мен унга қараганимда роҳатланаман? Филип Кремптоннинг бюсти лирикми, эпикми ёки драматикми? Йўқ дейдиган бўлсак, сабаби нимада?
— Ҳақиқатан ҳам, сабаби нимада? — деди кулиб туриб Линч.
— Агар одам, қаҳр билан болтани ғўлага уриб, сигир шаклини бўлаклаб ташласа, — давом этди Стивен, — бу тасвир санъат асари бўла оладими? Йўқ дейдиган бўлсак, сабаби нимада?
— Бу зўр гап бўлди, — деди Линч, яна кулиб. — Ҳақиқий схоластик сафсата.
— Лессинг, —деди Стивен, — ҳайкалтарошлик тўғрисида ёзмагани маъқул эди. Ҳайкалтарошлик у қадар юксак санъат эмас ва шу боисдан ҳам, ўша мен айтган, санъат турларини ўзида лозим даражада акс эттирмайди. Ҳатто адабиётдай юксак ва ўта руҳий-маънавий санъатда ҳам санъат турлари кўпинча қоришган бўлади. Лирик тур — бу, моҳиятан, эҳтиросли лаҳзанинг оддий сўзларга ўраб берилган кўриниши, минг йиллар бурун, қадим замонда одам машаққат чекиб эшкак эшиб ёки тоғда тош ташиб ўзига-ўзи далда бериб бехосдан айтиб юборган ритмик хиргойиси. Бундай хиргойи эҳтиросли лаҳзанигина англатади, эҳтиросни юрагидан кечираётган одамни эмас. Оддий эпик шакл лирик адабиётдан туғилади, бунда ижодкор эпик ҳодисанинг маркази сифатида диққат-еътиборни ўзига қаратади, эҳтироснинг оғирлик маркази ўзгармагунча ва ижодкор ўзидан ҳамда бошқалардан узоқлашмагунча бу шакл ривожланади, такомиллашади. Энди бу ҳолда ҳикоя тарзи шахсий бўлишдан тўхтайди, ижодкор шахси ҳикоя тарзига кўчади, ривожланади, ҳаракатда бўлади, худди тириклик манбаи бўлмиш денгиздай тўлғанади, кишилар атрофида айланади. Айни шундай ҳодиса ривожини биз қадим инглиз балладаси «Терпин — қаҳрамон»да кузатамиз; унда дастлаб ҳикоя биринчи шахс тилидан олиб борилса, охирида учинчи шахс тилига кўчади. Драматик шакл шу ложувард денгиз тўлқинланганда, яъни саҳнада ҳаракат қилаётган ҳар бир одамни ўзига тортиб, барчасини ҳаётий куч билан қувватлантирганда пайдо бўлади, бундан уларнинг ҳар бири ўз шахсий эстетик мавжудликларини касб этади. Ижодкор шахси — бу, аввало, хиргойи, ритмик нидо ёки товушлар уйғунлиги, кейин у бир маромда оқувчи, ўзгарувчан оҳанглардаги достонга айланади; охир-оқибат санъаткор асарда ўзининг иштирокини ниҳоятда нозик, сезилмайдиган даражагача олиб келади, бошқача айтганда, шахсий хусусияти, қиёфасини йўқотади. Драматик шаклдаги эстетик образ — тасаввур орқали тозарган ва амалга оширилган ҳаёт. Моддий яратувчиликка ўхшатиш мумкин бўлган эстетик ижоднинг сиру асрорлари, имкониятлари якун топди. Санъаткор яратувчи-тангри каби, ботинда, ортда, тепада ёки ўз яратганининг ташида қолади, ўта нозиклашади, сезилмайдиган даражага келади.
— Уларни ҳам ўта нозиклаштиришга, сезилмайдиган даражага келтиришга уриниб, — қўшимча қилди Линч.
Тепадан, булутлар қоплаб олган осмондан майда ёмғир томчилари туша бошлади ва улар жала қуйиб бермасидан бурун Миллий кутубхонага етиб олишга улгуриш учун майсазорга бурилишди.
— Бунча жағинг очилди сенинг, — деди тажанглик билан Линч, — гўзаллик ҳақида оғиз кўпиртириб, бу бахтиқаро, тангри марҳаматидан бенасиб оролдаги хаёлу фаразларингни жавраганинг-жавраган. Ўша яратгувчи-ижодкор мана шундай бемаъниликни яратиб қўйиб, ўзи келган жойига даф бўлгани наҳот сени ажаблантирмайди.
Ёмғир кучайди. Улар ирланд Қироллик академиясининг дарвозасига етганда кутубхона айвонида ёмғирдан паналаб туришган талабаларни кўришди. Кренли устунга суяниб, тишини гугурт чўпи билан ковлаганча, ўртоқларининг гапини тингларди. Ташқарига чиқиладиган эшик олдида бир нечта қиз туришибди. Линч Стивенга шипшиди:
— Сенинг маҳбубанг шу ерда.
Стивен ёмғирнинг тобора кучайиб бораётганига эътибор қилмай, талабалардан бир зина қуйироқдан жой эгаллади ва ора-сира қиз турган томонга қараб қўйди. Қиз ҳам дугоналари даврасида миқ этмай турарди. «Руҳоний йўқ — эрмак қилгани йўқ бирор кимса», дея у алам билан қизни охирги марта қачон кўрганини эслади. Линч тўғри айтди. Ҳақиқатан ҳам унинг ақли назарий муҳокамалардан бошқасига ярамай қолган.
У талабаларнинг гапига қулоқ солди. Улар ҳозиргина битирув имтиҳонини топширишган тиббиёт факултетидаги дўстлари ҳақида, океанда сузадиган кемага қандай қилиб ишга жойлашиш мумкинлиги, даромадли ва даромадсиз амалий машғулотлар ҳақида гаплашишарди.
— Булар бари бир тийин. Ирланд қишлоқларидаги амалий машғулотларнинг нафи катта бўлади.
— Xайнз Ливерпулда икки йил бўлди, уям худди шундай фикрда. Акушерликдан бошқа ҳеч иш йўқ дейди.
— Xўш, сенингча, бундай бой шаҳардан кўра, қишлоқда ишлаш яхши эканми? Менинг бир танишим бор.
— Xайнзгаям ишонадими одам, мия йўғу унда. Қоридай ёдлаб баҳо оларди, фақат ёдлаб.
— Нимасини гапирасан ўшани... Катта шаҳарда зўр пул топса бўлади.
— Ҳаммаси тажрибага боғлиқ.
— Ego credo vita panperum est simpliciter atrox, simpliciter sanguinarius atrox, in Liverpoolio[16].
Уларнинг овозлари Стивеннинг қулоғига жуда узоқдан сезилар-сезилмас эшитилаётган эди. Қиз дугоналари билан кетишга чоғланди.
Қисқа, енгил жала қуйиб ўтди, қорайиб кетган ердан буғ кўтарилди. Қизлар пошналарини тақиллатишди; улар устунлар ёнида, зинапояда туришар, очилиб-сочилиб гаплашишар, осмондаги булутларга қараб қўйишар, ёмғирнинг сўнгги томчиларига шамсияларини тутишар ва яна йиғиштириб, нозу ишва билан кўйлакларининг этагини кўтариб, силкиб қўйишарди.
У қизни қоралаганда меъёридан ошириб юбормадимикан? Нима бўпти, ахир, у кунларини бўм-бўш ўтказаяпти-ку, худди эркин қушчадай тонгда чақ-чақ, кундуз пириллаб учиб, шомда чарчаб — ўткинчи ҳою-ҳавасларга совурмаяптими? Юраги ҳам қушчаникидай ҳуркак, ўжар эмасми?

* * *
Тонг ёришганда у уйғонди. Ў, қандай ёқимли мусиқа! Руҳи шудрингга чўмилган баргдай енгил ва тоза. Қуёшнинг оппоқ, тафсиз нурлари унинг ҳали уйқу тарк этмаган баданида сирғалади. У қимир этмай ётар, руҳи эса сокин ёқимли мусиқа оғушида, салқин, оромбахш нур қучоғида яйрайди. Идроки аста-секин уйғониб, эрталабки билим, эрталабки илҳомни ўзига сингдириб олмоққа чоғланади. Борлиғини сувдай тоза, шудрингдай шаффоф, мусиқадай шиддатли бир кўтаринки кайфият эгаллади. У шу қадар енгил ва шу қадар ҳузурбахш, гўё унга олий мақомдаги фаришталар дам солгандай эди. Руҳи гўё лаззатли ҳолатини йўқотиб қўйишдан чўчигандай, оҳиста уйғонарди. Бу шундай бир соҳир тонг палласи эдики, айни дамда анвойи гуллар нурга юзланиб қулф уриб очилади, капалаклар сассиз парвоз қилади.
Юрак қайнаб-тошади! Оқшом афсунгар мисол сеҳрли эди. Тушидами ёки ўнгидами, у ўзини йўқотар даражада завқ-шавқ туйди. Бу жазавали лаҳзалар қанча давом этди: фақат бир афсунли дақиқами ёки бир неча соат ёки йиллар ва асрларга чўзилдимикан?
Илҳом лаҳзалари энди бир йўла ҳамма ёқдан — рўй берган ёки рўй бериши мумкин бўлган сон-саноқсиз хаёлий тасодифлардан кўриниш бераётгандай туюлади. Лаҳза худди ёғдудай ярқ этди ва мана, тасодифий, ноаён шакл унинг нурли изини чулғаб олаётир. Ў, тасодифнинг бокира қучоғида Сўз етилаётир. Тангри элчиси фаришталар саркори Гавриил Биби Марям даргоҳига тушиб келди1. Порлоқ нур унинг руҳини чулғади, қип-қизил қайноқ ёғдуга айланиб тошди ва руҳи аланга оташига бурканди. Қип-қизил қайноқ ёғду — бу бокиранинг ўжар, сирли-сеҳрли юраги: уни бурун пайқашмаган, кейин ҳам сезмадилар, абадий сирли-сеҳрли ва ўжар юракни. Ва бу қип-қизил қайноқ нурдан сархуш бўлган фаришталар қавми кўк тоқидан қулаб тушади.


Толиқдинми қайноқ нурларда
Маҳзун жонни сеҳрига олган?
Ухла, ёдим, кунлар сеҳрила.
Идрокининг туб-тубларидан сатрлар лабларига қуюлиб келди ва уларни пичирлаб айтиб, у вилланелла оҳанги қандай пайдо бўлишини ҳис этди. Шаффоф ёғду қофияларни ёритади: нурларда, сеҳрила, кўзингда. Лов этиб ёнган аланга оламни нурафшон этган, одамлар ва малакларнинг юрагини ёққан; атиргул ёлқини бокиранинг ўжар юраги.


Оловланар юрак кўзингда
Қисматига эгадирсан сан.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Давоми-чи? Оҳанг йўқолиб қолди, ўчди, яна пайдо бўлди ва жонлана бошлади. Давоми-чи? Тутун, олам меҳробидан таралаётган хушбўй тутатқи.


Фимиам тутуни кўкда сузар-да
Ҳатто ер қаъри-ю денгизга кўчар.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Ер юзи бўйлаб хушбўй тутатқи дуди ўрлайди, буғга чўлғанган океанлардан кўтарилади — барчаси Бокира шарафига! Ер — сокин чайқалаётган исриқдон, тутантириқ солинган шар. Оҳанг туйқусдан йўқолди. Юрак фарёди узилиб қолди. Лаблари илк мисраларни қайта-қайта пичирлади. Кейин, адашиб, тағин бир неча сатрларни пичирлади ва дудуқланиб, жимиб қолди. Юрак фарёди узилиб қолди.
Туманли, шабадасиз сокин дамлар ўтди, парда тутилмаган дераза ортида тонг ёруғи ёйилди. Аллақаердан жомнинг ҳазин садоси эшитилди. Қушча чирқиллади, мана, яна чирқиллади, яна... Кейин жом чалди — қушлар тинчиди; хира, оқиш ёғду оламни чулғаб шарқу ғарбга қуйилади, унинг юрагини қизил шафаққа буркайди.
Унутиб қўйишдан чўчиб, у чаққон тирсагига таяниб турди, қоғоз ва қалам қидирди. Столда кеча кечқурун ўзи гуручли овқат еган чуқур тақсимча, шамнинг эриб тушган қолдиқлари ва куйган қоғозлар уюмидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. У қўлини ҳорғин чўзиб каравотнинг суянчиғига ташлаб қўйилган камзулининг чўнтагини ковлай бошлади. Бармоқларига қалам ва сигарет қутиси илинди. У яна чўзилди, қутини йиртиб, охирги папиросни олиб дераза пештахтасига қўйди ва дағал картонга майда аниқ ҳарфлар билан вилланелланинг бандларини қоралай бошлади.
Шеърни ёзиб бўлиб, ғижимланган ёстиққа бошини ташлади ва тағин мисраларни пичирлаб такрорлади. Бошига ёстиқ ичида тўда бўлиб қолган патларнинг ботаётгани ётоқдаги диванга тушган от қилининг уюмини ёдига солди. Одатда у шу жойда — гоҳ жилмайиб, гоҳ хаёлга толиб ўтиради, шундай дамларда қиздан ҳам, ўзидан ҳам норози кайфиятда, идиш-товоқ жойланган шкаф устидаги тошбосмада босилган Исонинг муқаддас юраги суратидан дили хижил бўлиб, ўзидан: нега бу ерга келдим, деб сўрайди. Суҳбат тўхтайди, қиз унинг қошига келади ва ёқимли ашулалардан бирортасини куйлаб беришини сўрайди. У эски пианино рўпарасига ўтиради, сарғайган клавишларни бир-бир босиб, яна бошланган олди-қочди гаплар оғушида қизга — у камин олдида турибди — елизавета замонининг айрилиқ азобидан беозор шикоят қилган ошиқнинг гўзал ашуласини, Азенкур бўйидаги ғалаба қўшиғини ва суюмли «Яшил енглар» қўшиғини куйлайди. У куйлаётганда қиз эшитади ёки ўзини эшитаётгандай қилиб кўрсатади, унинг юраги эса хотиржам, бироқ қадимги нафис ашулалар тугаганда ва тағин қулоғига олди-қочди гап-сўзлар чалинганда, беихтиёр бу уйда ҳадемай ёшларни сансираб, исмини айтиб чақира бошлашлари ҳақидаги истеҳзоли мулоҳазаси ёдига тушади.
Айрим лаҳзаларда қизнинг кўзлари унга ишонч билан қараётгандай туюлади, бироқ унинг умиди оқланмайди. Энди унинг хотирасида қиз енгил рақсга тушган, худди ўша кўнгилочар оқшомдагидай, кенг-мўл оппоқ кўйлакда, сочларига оқ гулларни бутоғи билан танғиган кўйи жонланади. Қиз нигоҳини хиёл четга бурган, ёноқлари ним пушти товланади. Жўр бўлганларнинг қўл ушлашган ҳалқаси сиқиб келганда қизнинг қўллари бир лаҳза майин, нозик совғадай унинг қўлларига қўнди.
— Сиз анчадан бери кўринмайсиз.
— Ҳа, мен руҳонийтабиатроқман.
— Шаккокмисиз деб қўрқаман.
— Бу сизни қаттиқ чўчитадими?
Жавоб бериш ўрнига қиз рақс тушиб, туташган қўллар занжиридан узоқлашади, ҳеч кимга тутқич бермай енгил, озод айланиб ўйнайди. Сочидаги оқ гул бутоғи ҳаракатига мос тебранади. Айланиб соя жойга келганида ёноғидаги қизиллик янада аниқ-тиниқ алангаланади.
Руҳоний! Унинг шахсий образи рўпарасида қад ростлади: руҳонийлик мартабасини хор қилган, шаккок-франсисканлик, бирида хизматга хоҳиш билдириб, бирида қасам ичадиган, Герардино да Борго Сан-Доннинога ўхшаб, юзаки қараганда ҳақиқатдай туюладиган, аслида таги пуч сафсаталар тўрини тўқийдиган ва бу бемаъни гапларни қизнинг қулоғига шивирлайдиган кимса.
Йўқ, бу унинг образи эмас. Бу — қиз билан бирга кўргани ва қиз ўзининг ирландча сўзлашув китобини титкиллаб, меҳри балқиб юзига қараган ўша ёш руҳонийнинг образи.
— Xонимлар бизни тинглагани қатнайдилар. Ҳа, ҳа! Мен бунга куноша ишонч ҳосил этаяпман. Xонимлар биз билан бирга. Улар ирланд тилининг энг ишончли иттифоқчилари.
— Черков-чи, тақсир Морен?
— Черков ҳам. Черков ҳам биз билан. У ёқда ҳали иш кетаётир, черковнинг ташвишини қилиб ўтирманг.
Тфу! Ўшанда у жирканиб хонани тарк этиб тўғри қилди. Қизга кутубхона зинасида таъзим этмай тўғри қилди, унга руҳонийга ноз-ишва қилишга, черков билан, насронийликнинг бу ювиндихонасида ҳазил-мазах ўйнашга йўл қўйиб бериб тўғри қилди.
Қўпол, дарғазаб нафрат ботинидаги сўнгги, зўрға тутиб турган жазаванинг юрагидан отилиб чиқишига сабаб бўлди, тасаввуридаги қизнинг порлоқ образини чилпарчин қилиб, синиқларни тўрт тарафга итқитди. Xаёлида чоратрофдан қалқиб чиқаётган қизнинг парчаланган акслари жонланарди: кўйлаги йиртиқ, дағал сочлари тер билан манглайига ёпишган, башарасидан суюқоёқлиги аён, ўзини камбағал қизман, деб атаган ва ундан бир даста гул сотиб олишини ўтинган гулфуруш у; қўшни уйдаги, идиш-товоқни шарақлатиб «Килларни тоғлари ва кўллари бўйлаб»нинг биринчи бандларини қишлоқчасига ув тортиб айтадиган хизматкор хотин у; Корк-хиллдаги йўлакда йиртиқ пояфзали темир панжарага илиниб-суриниб кетганида устидан кулган бефаросат қиз у; у ўша — лўппигина, оғзи ўймоқдай қиз — кондитер фабрикаси дарвозаси олдида оғзига қараб қолганда завқи тошиб унга елкаси оша: «Ҳой, пахмоқ бароққош, мен сенга ёқаманми?» дея қичқирган беҳаё.
Унинг образини қанчалик камситмасин, хаёлида уни қанчалик хўрламасин, кўнглидага ғашлик қизга нисбатан ўзига хос эҳтиром эканини у юрагида туярди. Ўшанда у жаҳл билан синфдан чиқиб кетди, бироқ нафрати холис эмасди, чунки қизнинг узун қалин киприклари соя солган кўзларида, эҳтимол, ўз халқининг сиру асрорлари бекингандир. Ўшанда у кўчаларда санғиб юриб ўзига-ўзи бу қиз — ўз мамлакати аёлларининг тимсоли, дея такрорларди; ҳа, у қоронғуда, хилватда ва ёлғизликда шуури уйғонадиган кўршапалакка ўхшайди; қалби ҳали эҳтиросдан холи, гуноҳдан фориғ; ҳозирча мўмингина севгилиси билан бирга, бироқ руҳонийнинг қулоғига юрагидаги пинҳон содда гуноҳчаларини шивирлаш учун уни тарк этишга тайёр. Унинг юрагидаги нафрат қизнинг хушторларига нибатан қўпол масхаромуз таҳқирларга айланди, чунки уларнинг исми, овози ва ҳатто юз-кўзлариёқ хўрланган ғурурини топтарди: зотан, руҳоний шундай эркаклар сирасиданки, унинг бир акаси Дублинда полициячи, бошқаси Мойкаллендаги майхонада ошхона малайи. Шундай одамга, эндигина черков расм-русмларини ўрганаётган кимсанинг қулоғига қиз ўзининг шармли сирларини шивирлаб айтади, унга, ўлмас тафаккур заҳматкашига, тажрибанинг ҳалол нонини абадий тирикликнинг порлоқ вужудига айлантираётган кишига эса сирларини раво кўрмайди.
Қовушиш маросимининг ёрқин манзараси лаҳза ичида унинг аччиқ, ноумид ўй-фикрларини қовуштирди ва улар тантанавор миннатдорлик мадҳиясига айланди:


Титроқ нола, ғамли зорларда
Ерда ўрлар яралмоқ мадҳи.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Қурбоним-да очиқ қўлларда
Жом лиммо-лим ҳаёт шавқига.
Ухла, ёдим, ҳаёт сеҳрила.
У мисраларни мусиқаси ва оҳанги онгига сингиб, кўнгли таскин топгунча овоз чиқариб такрорлади; кейин уларни чуқурроқ ҳис этиш учун синчковлик билан қайта кўчириб чиқди ва кўзи билан ўқиб, тағин ёстиққа бошини ташлади.
Кун аллақачон ёришиб кетган. Четдан «тиқ» этган товуш эшитилмайди, бироқ у теварагидаги ҳаёт ҳаял ўтмай одатдаги шовқини: қўпол овозлар, уйқу аралаш ўқилган дуолар товуши билан уйғонишини биларди. Бу ҳаётдан бекиниб, у юзи билан деворга ўгирилди, қалпоғини бостириб, кўрпага бошини буркади ва йиртилган деворқоғоздаги ранги ўчган қизил гулларни томоша қилишга чоғланди. У гулларнинг алвон рангидан сўниб бораётган севинчига мадад олишга уринди, уни ўзича самога элтадиган қизғиш, алвон гуллар тўшалган йўл, дея тасаввур қилди. Қанчалик толиқди! Жудаям толиқди! Ўзи ҳам уларнинг қайноқ нурларидан чарчади!
Иссиқ, чарчоқ кўрпага яхшилаб бурканган бошидан умуртқалари бўйлаб бутун танига ёйилди. У чарчоқнинг вужудига ёйилиб бораётганини ҳис этди ва унга қаршилик қилмади, кулимсиради. Ҳозир уйқу элтади.
Орадан ўн йил ўтиб, у тағин қизга шеър бағишлаган эди. Ўн йил бурун унинг бошини шолрўмол буркаб олган, иссиқ нафасидан чиққан буғ оқшом ҳавосида ўрлар, пошналари муз қотган йўлга урилиб таққилларди. Ўша энг охирги чана жўнашга шай эди, тўриқ отлар буни сезишар ва пишқириб қўнғироқчаларини силкитишарди. Кондуктор етакчи билан гаплашди ва иккаласи ҳам фонуснинг яшил ёғдусида бошларини сермашди. Гапира туриб қиз бир неча бор унинг оёғи турган зинага оёғини қўймоқчи бўлди ва яна ўзининг зинасига туширди, бирми, икки марта қизнинг оёқлари уникига тегди, қиз оёқларини узатишни унутди, бироқ кейин узатди. Майли-да. Бўлса бўлар.
Ақлли болалик давридан ҳозирги телбаликкача орадан ўн йил ўтди. Xўш, унга шеърини жўнаца нима бўлади? Эрталабки чой пайти, чойқошиқ билан тухумнинг пўчоғини тиққиллатиб, шу товушга монанд овоз чиқариб ўқишади. Мана, чинакам телбалик! Қизнинг ака-укалари масхаралаб кулиб, бири-биридан қизғаниб, қўпол, дағал бармоқлари билан варақларни тортилаб йиртади. Ширинсухан руҳоний, қизнинг амакиси оромкурсида олдга чўзилган қўлида варақни ушлаб, кулимсираб ўқийди ва шеърнинг бадиий шаклини маъқуллайди.
Йўқ, йўқ, бу телбалик! Ҳатто жўнатган тақдирда ҳам қиз шеърни бошқаларга кўрсатмайди. Йўқ, йўқ, у бундай қилишга қобил эмас.
Назарида, у қизга нисбатдан ноҳақлик қилаётгандай туюлади. Қизнинг бокиралигига ишончи ўзига таъсир қилди, кўнглида ачинишга яқин туйғу уйғотди; бокиралик нималигини у гуноҳга қўл урганидан кейингина англади, бокиралик ҳақида қиз ҳам, ҳали гуноҳга йўл қўймаган ёки аёл табиатининг ғалати таҳқирловчи дардлари унга илк бор аён бўлгунича, ҳеч қандай тасаввурга эга эмас. Фақат худди унинг юраги жўшиб биринчи марта гуноҳга йўл қўйганидай, илк бор қизнинг қалби ҳам ҳаёт шавқига талпинганди, холос. Қизнинг рангпар озғин жуссасини, ожизалигидан ўкинган, хўрланган кўзларини эслаганда унинг юраги нозик дардкаш туйғуларга тўлиб кетди.
Қиз қаерда эди унинг руҳи жазавадан ёниб, толиққанида? Эҳтимол, айни ўша дақиқаларда сирли руҳий ришталар билан қиз қалби унинг эҳтиромини ҳис этгандир. Эҳтимол.
Хоҳиш иштиёқи тағин алангаланди ва бутун вужудини қамраб олди. Унинг хоҳишини ҳис этиб, ўша — вилланелладаги йўлдан оздиргувчи афсунгар тағин уйқудан бош кўтарди, қоп-қора, хумор кўзлари унинг кўзларига пешвоз очилди. Унга ўзини яланғоч, пориллаб, муаттар ҳид таратиб, очилиб-сочилиб бахшида этди, худди ёрқин парқу булутдай бағрига олиб, зилол сувдай чўмдириб ҳузур бағишлади; ва мисоли ер бағирлаб, оққан тумандай нутқнинг равон товушлари — сирнинг айни моҳияти бўлмиш тимсоллар қуйилиб келди:


Толиқдингми қайноқ нурларда
Маҳзун руҳни сеҳрига олган?
Ухла, ёдим, кунлар сеҳрила.
Оловланар юрак кўзингдан
Қисматига эгадирсан сен.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Фимиам тутуни кўкда сузар-да
Ер қаъри-ю денгизга кўчар.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Титроқ нола, ғамли зорларда
Замин узра яралмоқ мадҳи.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Қурбоним-да очиқ қўлларда
Жом лиммо-лим ҳаёт майига.
Ухла, ёдим, кунлар сеҳрила.
Сен қотгансан ҳорғин кўзларда
Хумор кўзлар сеҳри чорлайди.
Толиқдингми қайноқ нурларда?
Ухла, ёдим кунлар сеҳрила.
* * *
Булар қандай қушлар бўлди? У шумтол таёғига ҳорғин таяниб, қушларнинг парвозини кузатмоқчи бўлиб, кутубхонанинг зинасида тўхтади. Улар Мулсворт-стритдаги уйнинг туртиб чиққан бурчаги устида чарх уриб айланарди. Март ойининг шом осмонида қушларнинг парвози аниқ-тиниқ кўринарди, чаққон, титроқ қоралари шиддат билан чарх ураётгани кулранг самода равшан билинарди.
У қушларнинг учишини кузатиб турди: бирининг ортидан бошқаси титраб, қанот қоқиб учади. Парвоз шиддатли тус олгунча уларни санашга уринди: олти, ўн, ўн бир... Кўнглида тусмоллади — тоқми ёки жуфт. Ўн икки, ўн уч... мана, яна иккитаси, айланиб, ер бағирлаб тушиб учаётир. Қушлар гоҳ тепалаб, гоҳ пастлаб, бироқ ҳар гал доира ҳосил қилиб учарди.
У қушларнинг чирқиллашига қулоқ тутди: худди деворга қопланган ёғоч ортидаги сичқоннинг чийиллашига ўхшайди — ўткир, синиқ товуш. Бироқ сичқоннинг чийиллашига қараганда бу ўткирроқ, чўзиқроқ; қушларнинг товуши, тумшуқлари ҳавони тилиб учганда, гоҳ бир неча парда тушар, гоҳ кўтариларди. Ўткир, тиниқ ва нозик товушлар гувиллаб айланаётган урчуққа ўралаётган ипак ипдай эшилиб тараларди.
Бу ғайриинсоний ғовур-ғувур унинг қулоқларига ёқимли эшитилади, қулоқларидан эса онасининг ёзғиришлари ва танбеҳлари кетмайди; қорайиб кўринган, нозик, титроқ қушчаларнинг ер бағирлаб парвоз қилиши унинг кўзини қувонтиради, бироқ кўз ўнгидан онасининг қаҳрли юзи кетмайди.
Нега у зинада туриб тепага қараётир, қушларнинг парвозини кузатиб, уларнинг аччиқ, синиқ чуғур-чуғурини эшитаётир? Қандай аломатни илғамоқчи: яхшиликними ёки ёмонликними? Xаёлидан Корнелий Агриппа айтган гапи ўтди; кейин Сведенборг2нинг қушлар билан руҳий ҳаёт аломатлари ўзаро мувофиқлиги ҳақидаги фикрларини узуқ-юлуқ эслади. Бу само мавжудотлари, деган эди Сведенборг, ўзларига хос ақл-идрокка эга ва улар ўзларига белгилаб берилган муддатни, йил фаслларини билишади, чунки улар одамлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳаётлари тартибларига собитдирларки, ўзларига ато этилган ақл-идрокни бу тартибни бузишга йўлламайдилар.
Асрлар мобайнида одамлар, ҳозир у кузатаётгандай тепаларида учиб юрган қушларни кузатишган. Боши узра тизилган қушлар қатори унга эскидан қолган ибодатхонани эслатди, ҳорғин суяниб турган шумтол таёғи эса авгурнинг майишган ҳассасини ёдига солди.
Ҳорғин вужудида рўё қаршисидаги қўрқув ҳисси ғимирлади — бу тимсоллар, аломатлар қаршисидаги, ўзи исмини кўтариб юрган қирғийсифат одам — тол шохларидан ясаган қанотлар ёрдамида тутқинликдан озод бўлган инсон рўпарасидаги қўрқув эди; бу лавҳаларга қамиш чўп билан битиклар битган ва ўзининг лайлакмонанд қуш — ибиснинг энсиз бошида ўроқнусха икки шохни кўтариб юрган мирзалар тангриси — Тот қаршидаги қўрқув эди.
Бу тангрини кўз олдига келтириб жилмайди, чунки тангри унга бошига ясама соч қўндириб олган судяни эслатди; судя олдинга чўзилган қўлидаги суд актига вергул қўйиб чиқади ва агар тангрининг исми «мот», яъни исрофгар сўзига ўхшаб жарангламаганда мен унинг исмини эсламаган бўлардим, деб ўйлади у. Мана бу бориб турган телбалик. Бироқ айни телбалиги туфайли у ўзи туғилиб вояга етган дуохон ва фаросатли инсонлар яшайдиган хонадон3ни бутунлай тарк этишга жазм этмадимикан?
Қушлар яна бўзарган осмон бўйлаб, уйнинг чиқиб турган бурчаги устидан қаттиқ чирқиллаб учиб ўтди. Булар қандай қушлар бўлди? Афтидан, жанубдан қалдирғочлар қайтганга ўхшайди. Демак, унинг ҳам жўнаш вақти етган, ахир, қушлар учиб келади ва учиб кетади, хонадонларнинг томига омонатгина уя қуради ва яна янги сафарларга шайланиб уяларини тарк этади.


Юзингизни ерга қаданг, Уна ва Алил.
Уларга мен қалдирғочдай маҳзун қарайман
Бўғотдан, уядан хайрлаша туриб,
Мавж урган тўлқин узра сафар олдидан.
Хотиржам севинч туйғулари, мисоли бостириб келган тўлқиндай, унинг хотирасига қуйилди ва юрагида сўнгсиз сувли кенгликлар устидаги бепоён осмон сокинлигини, океан сукутини ва шом қоронғусида сув мавжлари устида учиб юрган қалдирғочларнинг хотиржамлигини ҳис этди.
Хотиржам севинч туйғулари унинг юрагига ана шу сатрлардан қуйилди, бу сўзлар таркибидаги майин ва чўзиқ ундошлар сассиз тўқнашар, айри тушар, бир-бирига уйғунлашиб, қўшилиб-сингишиб мавжланар, сассиз мавжлар бағрида тўлқинларнинг оқ қўнғироқчаларини тебратиб тинч сўнаётган қушлар чуғур-чуғури замирида товушсиз садо таратарди; ва у қушларнинг айланиб учишидан, тепасидаги осмоннинг бўзранг кенгликларидан ўзи излаган нишона юрагидан пориллаб, худди минорада учган қушдай — шиддат билан, вазмин отилиб учганини ҳис этди.
Бу нима — айрилиқ белгисими ёки ёлғизликдан нишонами? Унинг хотирасига келган — қулоқларида шивирлаб садо берган шеър сатрлари кўз ўнгида беихтиёр Миллий театр1нинг очилишига бағишланган оқшомдаги томоша залини жонлантирди. У балкондаги охирги қаторда ёлғиз ўзи, толиққан кўзлари билан партердаги Дублин жамоатчилигининг казо-казоларига, дидсизлик билан ишланган безакларга ва ярқираган чироқлар ёруғида қўғирчоқлардай ҳаракатланаётган актёрларга қараб ўтирарди. Унинг ортида эса хоҳлаган дамда зални тартибга солиб қўйишга шай семиз полициячи терга ботиб тик турарди. У ер, бу ерда ўтирган талабалар орасидан онда-сонда дарғазаб ҳайқириқлар, ҳуштаклар, масхараловчи киноялар, таҳқирловчи сўзлар эшитилиб турарди.
— Бу Ирландияга туҳмат!
— Немисларнинг иғвоси бу!
— Ҳақорат!
— Биз эътиқодимизни сотганимиз йўқ!
— Ҳеч қайси ирланд қизи бундай қилмаган!
— Йўқолсин худосизлар!
— Йўқолсин буддизм малайлари!
Деразадан тепада туйқусдан қисқа шитирлаган товуш эшитилди, демак, қироатхонада чироқни ёқишди. У хира ёритилган даҳлиздан устунлар оралаб ўтиб, тепага кўтарилди.
Кренли жавон ёнида луғатга қараб ўтирарди. Унинг олдида ёғоч курсида муқоваси очилган қалин китоб ётибди. У ўзини стулга ташлаб, қулоғини худди гуноҳкорнинг тавбасини тинглаётган руҳонийдай медик-талабанинг оғзига тутган, талаба унга газетадаги шахмат жумбоғини ўқирди. Стивен унинг ўнг тарафига ўтирди, ўтирган руҳоний ўзининг «Теблет»ини асабий ёпиб, ўрнидан турди.
Кренли руҳонийнинг ортидан хаёлчан қараб қўйди. Медик-талаба овозини пасайтириб ўқишни давом эттирди:
— Пиёда е4 га юрилади.
— Кел, яхшиси ташқарига чиқайлик, Диксон, — деди Стивен эҳтиёткор оҳангда. — У арз қилгани кетди.
Диксон газетани йиғиштириб, салобат билан қаддини ростлаб туриб, деди:
— Бизникилар ёппасига чекинишмоқда.
— Қуроллари ва ҳайвонлар билан, — қўшимча қилди Стивен Кренлининг олдида ётган, муқовасига «Шохдор ҳайвонлар касалликлари» деб ёзилган китобга ишора қилиб.
Улар столларни оралаб ўтишаётганда Стивен:
— Кренли, мен сен билан гаплашиб олишим керак, — деди.
Кренли ҳеч нима демади, ҳатто қайрилиб қарамади ҳам. У китобни топшириб ташқарига чиқиладиган эшикка йўл олди; унинг ялтироқ ботинкаси ерга тақиллаб уриларди. Зинапояга етганда у тўхтади ва аллақандай паришон ҳолда Диксонга қараб, такрорлади:
— Пиёдани ўша бемаъни 4е га юрдим.
— Начора, ихтиёринг, буям маъқул, — жавоб қилди Диксон.
Унинг овози хотиржам, муомаласида ўзгариш сезилмасди, семиз қўлининг бир бармоғида узук ярқираб турарди.
Даҳлизда уларга пак-пакана, кичкина бир одам яқинлашди. Жимитдай шляпасининг тагидаги соқоли олинмаган юзига кулги ёйилган бу одамча шивирлаб гап бошлади. Унинг кўзлари маймунникидай қайғули эди.
— Xайрли кеч, жентелменлар, — деди юзини тук босган маймунбашара пакана.
— Март ойида шундай исиб кеса-я, — деди Кренли, — тепадаги деразаларни очишди.
Диксон кулимсиради ва узугини айлантириб ўйнади. Қорачадан келган маймунбашара нусха оғзини кулгига ростлади ва минғирлаган овоз чиқарди:
— Март ойи учун бу кутилмаган ғаройиб ҳаво. Жуда ажойиб.
— Тепада икки нафар ёшгина жонон сизни кутиб қолишди, капитан, — деди Диксон.
Кренли кулимсиради ва хушмуомалалик билан деди:
— Капитаннинг фақат битта яхши кўргани бор: бу сер Валтер Скотт. Тўғрими, капитан?
— Ҳозир сиз нимани ўқияпсиз капитан? — сўради Диксон. — «Ламмермурлик нозанин»ними?
— Қария Скоттни яхши кўраман, — деди маймунбашара нусха. — Унинг ёзганларида услуб қанақадир ажойиб. Бирор-бир ёзувчи сер Валтер Скотт билан тенглашолмайди.
Унинг гапларини эшитиш Стивен учун зерикарли эди: гапидан латта ҳиди анқирди. Уни эшита туриб Стивен ўзича: у ҳақда айтилган гаплар тўғримикан, деб ўйлади.
Боғдаги дарахтлар ёмғирдан нам тортиб шишган, ёмғир эса тўнкарилган қалқондай бўзариб ётган кўл устига тинимсиз шиғалаб ёғиб турибди. Бу ердан оққушлар галаси учиб ўтди, сув юзи ва қирғоқ оқиш-яшил балчиққа беланиб ётибди.
Улар бўзранг ёмғирли ҳаводан саловат тўкиб турган ҳўл дарахтлар ва қалқонга ўхшаб кўринган айғоқчи-кўлдан, оққушлардан таъсирланиб, бир-бирининг пинжига киришди.
Улар ҳеч бир севинчсиз, эҳтироссиз қучоқлашишди. Унинг қўли қизнинг бўйнидан қучди, елкасидан ошириб ташлаган бўзранг жўн рўмол қизни белигача буркаб олган, қиз уялинқираб бошини қуйи солиб олган. Йигитнинг кумушранг-сариқ сочлари ҳурпайган, қўллари майин, эпчил, қорувли, сепкил босган. Юзи-чи? Юзи кўринмасди. Йигитнинг юзи кўзининг ёмғир ҳиди уфуриб турган сочларига эгилган, қўли — сепкил босган, қорувли, эпчил ва меҳрибон, Дейвиннинг қўли.
Стивен хаёлидан кечган ўйларига ва хаёлини бўлган маймунбашара одамчага аччиқ қилиб, қовоғини уйди. Унинг хотирасидан Бантридан чиққан тўда ҳақида отасининг айтган аччиқ-тизиқ гаплари ўтди. У бошқаларга қўл силтади ва ғамгин кайфиятда ўзиннинг ўй-хаёлларига берилди. Нега энди бу Кренлининг қўллари эмас? Ёки Дейвиннинг соддадиллиги ва беозорлиги зимдан унинг ҳавасини келтирдимикан?
У пакана одамча билан хайр-маъзур қилишни Кренлига қолдириб, Диксон билан катта зални оралаб юриб кетди.
Қатор устунлар олдида бир гуруҳ талабалар орасида Темпл турарди. Талабалардан бири қичқирди:
— Ҳой, Диксон, бу ёққа кел, бир эшит. Темплнинг илҳоми қайнаяпти.
Темпл унга ўзининг қоп-қора лўли кўзлари билан олайиб қаради.
— Сен, ЎКифф, мунофиқсан, — деди у. — Диксон эса — кулдиргувчи. Қизиқ-а, жин урсин, яхши адабий ибора — кулдиргувчи.
У, Стивеннинг юзига қараб олиб, муғомбирона кулди ва қўшиб қўйди:
— Тўғрими, чинданам зўр лақаб — кулдиргувчи.
Зинапоянинг қуйироғида турган семиз талаба гап қотди:
— Ҳалиги маъшуқа ҳақидаги гапингнинг охирини айт. Бизга шу қизиқ.
— Унинг маъшуқаси бор эди чин сўзим, — деди Темпл. — Бунинг устига у уйланган эди. Руҳонийлар ҳам ўша жойга овқатлангани боришарди. Жин урсин, уларнинг ҳаммаси, менимча, ўша суюқоёқ билан дон олишган.
— Бу худди йўрға отни аяб қирчанғи билан пойгага тушгандай гап, — деди Диксон.
—Бугун қорнингга неча кружка пива қуйдинг, — деди ЎКифф, — қани, бир тан олиб айт-чи?
— Сенинг патос бойлаган зиёлинамо юрагинг мана шу гапингда кўриниб турибди, — деди Темпл нафратини яширмай.
У оёқларини тапиллатиб, уймалашиб турган талабаларни айланиб ўтди ва Стивенга мурожаат қилди:
— Форстерлар Белгия қироллари эканини сен билармидинг? — сўради у.
Шапкасини тескари кийиб олган Кренли тишларини кавлаб кириб келди.
— Мана, бизнинг дониши замонамиз келди, — деди Темпл. — Сенинг Форстерлар ҳақидаги гапдан хабаринг борми?
У жавобни кутиб, сукут сақлади. Кренли тишининг орасидан чўпни олди ва унга тикилиб қаради.
— Форстерлар сулоласи, — давом этди Темпл, — Фландрия қироли Болдуин Биринчидан бошланади. Уни Форестер дейишган. Форестер билан Форстер — битта. Болдуин Биринчининг авлоди, капитан Френсис Форстер Ирландияда яшаб қолган, Брессил уруғ-аймоғининг охирги йўлбошчиси қизига уйланган. Яна қора Форстерлар ҳам бор, бироқ бу бошқа шажара.
— Бу сажара Довдирдан, Фландрия қиролидан тарқалган, — деди Кренли, яна қордай оппоқ тишларини ўйчан кавлаб туриб.
— Қаердан топа қолдинг бу гапларни? — сўради ЎКифф.
— Мен сизларнинг шажарангларни ҳам биламан, — деди Темпл Стивенга қараб. — Биласанми, бу ҳақда Гиралд Камбрий нима деган?
— Нима уям Болдуиндан тарқаганми? — деб сўради узун бўйли, юзи заҳил, кўзлари қора талаба.
— Довдирдан тарқаган, —деди Кренди, тишлари орасидан ниманидир сўриб.
— Pernobilis et pervetusta familia[17] — деди Темпл Стивенга.
Пастдаги зинада турган семиз талаба қўнқиллади. Диксон бурилиб унга қаради ва секин сўради:
— Ие, фариштаям оғзини очдими дейман?
Кренли ҳам ўгирилди ва таъсирли қилиб, бироқ ғазабланмай деди:
— Биласанми Гоггинс, сен дунёдаги энг ифлос, сассиқ ҳайвоннинг ўзисан.
— Мен оғзимга келган гапни айтдим-қўйдим, — деди қатъи оҳангда Гоггинс, — бундан бировнинг обрўйи тўкилиб қолгани йўқ.
— Умид қиламизки, — деди Диксон, — бу алжираш илмий кашфиётлар ҳақида paulo post futurum[18] айтиладиган янгиликка ўхшаган гап-сўзлар сирасидан эмас.
— Мен сизларга ҳозиргина айтдим-ку, у кулдиргувчи, — деди Темпл бир ўнгга, бир чапга аланглаб, — бу лақабни унга мен қўймадимми?
— Эшитдик, кар эмасмиз, — деди бўйчан заҳил юзли талаба.
Кренли қовоғини осиб, пастдаги зинада турган семиз талабага ғазаб билан қаради. Кейин жирканиб пишқирди ва унинг биқинидан туртди.
— Қани, жўна, — бақирди у қўполлик билан, — туёғингни шиқиллат, сассиқпопишак.
Гоггинс йўлакка сакраб тушди ва шу заҳотиёқ, кулиб, олдин турган жойига қайтди. Темпл, Стивенга қараб деди:
— Сен ирсият қонунига ишонасанми?
— Нима бало, кайфинг борми? — сўради Кренли унга ҳайрон бўлиб тикиларкан.
— Жуда зўр гап, — деди қизишиб Темпл, — зоология дарслигининг охирида шундай ёзилган: яралиш ўлимнинг бошланишидир.
У эҳтиёткорлик билан Стивеннинг тирсагидан ушлади ва ҳаяжонланиб деди:
— Сен шоирсан, бу гапни жуда теран ҳис қилишинг керак!
Кренли кўрсаткич бармоғи билан унга илкис ишора қилди.
— Ана, қаранглар, — деди у қаҳри қўзиб. — Ҳавас қилинг — Ирландиянинг умиди!
Унинг гапи ва қўл ҳаракатидан ҳамма қулди. Бироқ Темпл бўш келмади, Кренлига бурилиб қараб, деди:
— Кренли, сен доим мени майна қиласан. Мен буни жуда яхши биламан. Бироқ менинг сендан кам жойим йўқ. Биласанми, сени ўзим билан қиёслаганда қандай фикрга келаман?
— Азизим, — деди Кренли мулойимлик билан, — ахир, сен фикрлашга мутлақо яроқсизсан, мутлақо.
— Xўш, сени ўзим билан қиёслаганда нимани ўйлаганимни билишни хоҳлайсанми? — давом этди Темпл.
— Айт, айт, Темпл, — қичқирди бақалоқ зинада туриб, — бўла қол, айт!
Темпл қўлини пахса қилиб, бир ўнг, бир чап томонга бурилиб қаради.
— Мен тўнкаман, — деди у бошини афсусланиб чайқаб. — Буни биламан. Тан оламан ҳам.
Диксон секингина унинг кифтига қоқди ва эркалаб деди:
— Камтарга камол деганлар, балли Темпл.
— Бироқ у, — давом этди Темпл Кренлига ишора қилиб, — у ҳам тўнка, менга ўхшаган. Фарқимиз шундаки, у буни билмайди.
Бирдан янграган қаҳқаҳа унинг гапини бўлиб қўйди, бироқ у яна Стивенга ўгирилиб, фавқулодда қизишиб деди:
— Бу жуда қизиқ сўз, бу сўзнинг келиб чиқиши ҳам жуда ғаройиб.
— Йўғ-э — деди паришонлик билан Стивен.
У зўрма-ўзраки кулимсираб турган Кренлининг мардонавор, бироқ изтироб чекаётган юзига қаради. Қўпол сўз, худди таҳқиру ҳақоратларга кўникиб қолган қадимги ҳайкалга сепилган ифлос сувдай, Кренлининг юзидан оқиб тушарди. Уларга қараб туриб Стивен Кренлининг биров билан кўришаётиб шапкасини кўтариб қўйганини кўрди, Кренлининг қоп-қора ғаюр сочлари темир гултождай манглайида диккайиб турарди.
Қиз кутубхонадан чиқиб келди ва Стивенга қиё боқмай, Кренлининг эгилиб берган саломига жавоб қилди. Бу қанақаси? Кренлига нима бўлди? Кренлининг ёноқлари қизаргандай туюлди ёки унга шундай кўриндими? Балки бу Темплнинг гаплари таъсиридан қизаргандир? Аллақачон қоронғу тушиб қолган эди. У яхшилаб қарай олмади.
Дўстининг бепарволиги, лоқайдлиги, Стивеннинг жўшқин, телба-тескари гапларини шартта бўлиб ташлайдиган қўпол танбеҳлари, кутилмаганда ташланиб қолишларининг сабаби балки бу ёқдадир? Шундай пайтларда Стивен ундан гина қилмас, кечириб кетаверарди, ахир, унинг ўзида ҳам шундай қўрслик бор эди. Бир куни кечқурун ўрмонда, Малахайд яқинида, ибодат қилиш учун, кимдир бировдан сўраб миниб келган шалоқ велосипеддан тушганини эслади. У дуога қўлларини кўтарди ва жазавага тушиб, нигоҳини ўрмоннинг қалин қоронғи жойига қараб, ўзининг муқаддас даргоҳда ва муборак бир дамда турганини ҳис этди, ибодат қила бошлади. Қоронғи йўлнинг муюлишида икки полициячининг қораси кўринганда эса, у ибодат қилишдан тўхтади ва баланд товушда кўпчиликка ёқиб қолган бир томошадаги куйга монанд ҳуштак чалди.
У қўлидаги тол хивичнинг пўсти арчилган учи билан устунга тиқиллатиб ура бошлади. Эҳтимол, Кренли уни эшитмагандир? Майли, у кутади. Уларнинг гапи бир зум тўхтаб қолди, кейин яна тепадаги деразадан секин пичирлаган овозлар эшитилди. Бироқ атроф жим-жит эди, у маҳлиё бўлиб парвозини томоша қилган қалдирғочлар ҳам аллақачон уйқуга кетишган.
Қиз қоронғига сингиб, ғойиб бўлди. Шундан сўнг, тепадан эшитилаётган узуқ-юлуқ пичирлаган товушни айтмаганда, атрофга жимлик чўкди. Кейин бу сафсата ҳам тинди. Ерга зим-зиё қоронғулик тушди.
«Зулмат тушар осмон қаъридан»...
Милтиллаган, нимжон шуъладай озурда севинч туйғуси мисоли элфнинг сеҳрли галасидай пирпираб уни чулғаб олди. Бу нимадан? Қизнинг оқшом ҳавосида кўнгилга ғам-алам солиб кетганиданми ёки қайғули-қора ундошларга уйғун, уднинг шаршарадай қуюлувчи оҳангига монанд майин жарангдар оҳангли шеър сатрининг таъсириданмикан?
У саф тортган устунларни ёқалиб, тобора қуюқлашиб бораётган тарафга секин қадам ташлаб, ортида қолган талабалардан ўзининг хаёлпарастлигини яшириш учун хивич билан тош плиталарга тиқиллатиб уриб бораркан, Дауленд, Берд ва Неш яшаб ўтишган асрни кўз олдига келтирди.
Пинҳона майллар зулматида очиладиган кўзлар, тонг ёғдусини тўсадиган кўзлар. Уларнинг хуморланиб қарашида суқланиб ноз-карашма қилишдан ортиқ яна қандай маъно бор? Бу кўзларнинг ялтираб турадиган шуъласи-чи — бу ландавур Стюартнинг қасридаги оқава зовурга йиғилиб қолган нажас шуъласи эмасми? У хаёлан, хотира тили билан хушбўй винони татиб кўрди, мағрур товуснинг назокатли ҳаракатларидаги майин, нафис мусиқани илғади, хотира кўзи билан эса Ковент-Гарден2 пешайвонидаги кўнгилчан хонимларни, уларнинг жозибали, маккорона ҳимарилган лабларини, майхоналарда қўлдан-қўлга ўтиб юрадиган, жазманлари бағрига отилишга шай чўтир юзли қизларни, ёш жувонларни кўрди.
Тасаввурида пайдо бўлган бундай манзараларда жонланган қиёфалар унга ҳузур бағишламади. Уларда қандайдир қонни жўштирадиган сеҳр бор, бироқ қизнинг қиёфаси бошқача, уларга ҳеч ҳам ўхшамайди, яқинига ҳам йўламайди. У ҳақда бундай хаёлларга бориш ножоиз. Ҳозир у бундай хаёлларга бораётгани ҳам йўқ. Демак, унинг ўйлари ўзига бўйсунмас экан-да? Эски гап-сўзлар, хаёллар худди Кренли сутдай оппоқ тишлари орасидан кавлаб оладиган анжир донидай бироз бадбўй, бироз хуштаъм.
Ҳозир қиз шаҳар бўйлаб юриб, уйига бораётир. У қизни қучган пайтдаги муаттар ҳидни аввалига сезилар-сезилмас, кейин кучлироқ ҳис этди. Ўзига таниш бўлган ёқимли ҳаяжон вужудини чулғади. Ҳа, бу қизнинг баданидан таралган бўй: ҳаяжонга солувчи, зориқтирувчи муаттар бўй; шеърларида сирли оҳангларга кўмиб ташланган илиқ бадан, унинг танидан таралган хушбўй ҳид ва шабнамга тўйинган ичдаги майин кўйлак.
У энсасида ғимирлаётган битни сезиб қолди; катта кўрсаткич бармоғини қайтарма ёқасининг ичига тиқиб ушлади, бир дақиқа бармоғининг учи билан унинг мулойим, мўртгина, гуруч доначасидай таначасини эзғалади ва ўлган ёки ўлмаганини билмай, отиб юборди. Xаёлига Корнелий а Лапиденинг ғаройиб гапи келди; унда бит одам баданидан чиққан тердан пайдо бўлади, уни тангри бошқа барча жонзотлар билан бирга олтинчи кунда яратмаган, дейилган эди. Энсасининг териси қичиши унинг асабини қўзғади. Яхши кийинмаган, яхши еб-ичмаган, бит босган тананинг ҳаёти беихтиёр унинг руҳини чўктирди ва қоронғуда кўзига тепадан тушаётган битларнинг мўрт, ялтироқ таначалари кўринди. Осмон қаъридан тушаётган, ахир, тун зулмати эмас-ку. Ёруғлик-ку.
«Нур ёғилар осмон қаъридан»...
У ҳатто Нешнинг сатрини тўғри эслай олмади. Қизни эслаганда кўз олдига келтирган барча қиёфалар рўё эди. Унинг тасаввурини цирка босиб кетди. Унинг фикрлари — бадбин ўй-хаёллардан пайдо бўлган битлар.
У ортга бурилиб, қатор тизилган устунларни ёқалаб талабалар томон юрди. Билганини қилсин! Жин урсин! Яхши кўрмаса кўрмас! Бирор-бир кўкрагида ёли бор, тоза-озода, ҳар куни эрталаб ювиниб-таранадиган спортчини топар ўзига! Баттар бўлсин!
Кренли чўнтагидан яна битта қуритилган анжирни олиб, шошилмай чаппиллатиб чайнай бошлади. Темпл уйқусираган кўзларига шапкасини тушириб, устунга суяниб мудраб ўтирарди. Бинодан қўлтиғига чарм папка қистириб олган бир калтабақай йигит чиқиб келди. У пошналарини ва қўлидаги шамсиясининг темир учини тош плиталарга тақиллатиб уриб, тўдалашиб турган талабалар томон юрди. Салом берган бўлиб, шамсияни кўтарди ва ҳаммага қарата деди:
— Xайрли кеч, жентелменлар.
Кейин шамсиянинг учи билан тош плиталарга тўқиллатиб уриб, ҳиринглаб кулди, унинг боши бироз асабий қалтирарди. Ўзларича ирланд тилида берилиб гаплашаётган заҳил юзли бўйчан талаба, Диксон ва ЎКифф унга эътибор қилишмади. Буни пайқаб, у Кренлига бурилиб, деди:
— Xайрли кеч, ҳой жаноб!
Шундай деб у шамсиясини кўтариб Кренлига ишора қилди ва яна ҳиринглади. Ҳали ҳам анжир чайнаб ўтирган Кренли, оғзини чапиллатиб, бақириб деди:
— Xайрли дейсанми? Ҳа, ёмонмас.
Калтабақай талаба унга диққат билан қаради ва гина қилгандай шамсиясини сермади.
— Менимча, — деди у, сен, ҳарқалай, аён нарсани илғашни ихтиёр этдинг.
— Ҳа-да! — жавоб қилди Кренли ва ярми тишланган анжирни калтабақай талабанинг оғзига тутиб, ейишни таклиф қилган бўлди.
Калтабақай рад этди, бироқ ўзининг гапга чечанлигидан ғурурланиб, ҳиринглаб ва шамсиясини тўқиллатиб, жиддий оҳангда сўради:
— Буни қандай тушунса бўлади?..
У тўхтаб, ярми тишланган анжирни кўрсатиб, баланд овозда қўшиб қўйди:
— Мен буни назарда тутаяпман.
— Ҳа-да! — яна пинғиллаб қўйди Кренли.
—Буни, — деди калтабақай, — ипсо фаcтум ёки қандайдир қочириқ деб тушуниш керакми?
Диксон, суҳбатдошларидан четлашиб, ундан сўради:
— Глинн, сени Гоггинс кутиб ўтирганди. У сен билан Мойнихенни қидириб «Аделфи»2га кетди. Бунинг ичида нима бор? — сўради у Глинн қўлтиғига қистириб олган папкани шаппатилаб.
— Имтиҳонга керак нарсалар, — жавоб қилди Глинн. — Мен уларни ҳар ой имтиҳон қиламан, бераётган дарсларимнинг натижасини кўриб боришим керак.
Шундай деб унинг ўзи ҳам папкани шаппатилаб қўйди, секин томоғини қириб, кулимсиради.
— Дарс берармиш! — қўполлик билан гапга аралашди Кренли. — Шўрлик ялангоёқ болалар, улар сендай ярамас маймундан дарс ўқиб ким бўларди. Уларга ўзинг раҳм қил, илоҳим!
Кренли анжирдан яна бир бўлакни тишлаб узиб олди ва чиқитини отиб юборди.
— Болаларни менинг қошимга келишларига изн беринг ва уларнинг йўлини тўсманг, — деди Глинн ёқимли овоз билан.
— Ярамас маймун! — деди баттар қаҳри қўзиб Кренли. — Тангрига шак келтирган ярамас маймун!
Темпл ўрнидан туриб, Кренлини итариб юборди ва Глиннга яқинлашди.
— Ҳозир сиз айтган бу сўзлар, — деди у, — Инжилдан: болаларни менинг қошимга келишларига изн беринг ва уларнинг йўлини тўсманг.
— Сен яна бироз ухласанг бўлармиди, Темпл, — деди ЎКифф.
— Гап шундаки, яъни мен айтмоқчи бўлган гап шуки, — давом этди Темпл Глиннга мурожаат қилиб. — Иисус болаларнинг қошига келишларига тўсқинлик қилмаган. Xўш, унда нега черков уларни, чўқинтирилмай туриб вафот эца, ёппасига дўзахга жўнатади?
— Сен ўзинг чўқинганмисан, Темпл, — сўради заҳил юзли талаба.
— Йўқ, барибир, нега энди уларни дўзахга жўнатишади. Ахир, Иисус улар қошимга келсин, деб турган бўлса? — такрорлади Темпл кўзлари билан Глиннга тешиб юборгудай тикилиб.
Глинн йўталди ва асабий қиқиллаб кулиб юборишдан ўзини зўрға тутиб, шамсиясини силтаб, ҳар бир сўзни салмоқлаб секин минғирлади:
— Модомики, бу агар сен айтгандай бўладиган бўлса, мен ҳам юзингда кўзинг борми демай сўрашга журъат этаман: хўш, «бундай» дегани қаердан пайдо бўла қолди?
— Чунки черков шафқациз, қари гуноҳкор хотинлардай марҳамациз, — деди Темпл.
— Бу масалада сен эски ақидаларга ёпишиб олгансан чоғи, Темпл? — қувлик билан сўради Диксон.
— Авлиё Августин чўқинтирилмаган болалар дўзахга тушадилар, дейди, — жавоб қилди Темпл, — чунки унингг ўзи ҳам раҳмсиз қари гуноҳкор банда бўлган.
— Сен, албатта, билағонсан, — деди Диксон, — бироқ мен, барибир, бундай ҳолатлар учун маҳшарда жавоб берилади-ку, деб ҳисоблардим доим.
— Нимаси билан баҳслашасан унинг, Диксон, — жаҳл билан гапга аралашди Кренли. — Гаплашма у билан, башарасигаям қарама, яхшиси, бўйнига арқон сол-да, бақироқ эчкидай етаклаб уйига олиб кет уни.
— Маҳшар эмиш! — қичқирди Темпл. — Мана сизга ғаройиб кашфиёт! Бу, ахир,дўзахнинг ўзи-ку!
— Бироқ нохушликлардан холи, — таъкидлади Диксон.
У кулиб туриб болаларга қаради ва деди:
— Ҳарқалай, мен бу ердаги кўпчиликнинг фикрини айтдим, деб ўйлайман.
— Бўлмаса-чи, — деди Глинн қатъият билан. — Ирландия бу масалада якдил.
У шамсиясининг учини айвоннинг тош ётқизилган ерига уриб тақиллатди.
— дўзах, — деди Темпл. — Иблиснинг урғочи жуфтлари1 тўқиган бу уйдирмани мен эъзозлашим мумкин. Дўзах — римликлар ўйлаб топган, худди Рим деворларидай нураб қулаган бемаъни нарса. Бироқ машҳур дегани нима?
— Уни жойига элтиб ухлатгин! — қичқирди ЎКифф.
Кренли Темплга ташланди, кейин тўхтаб, оёқларини таппиллатиб, товуқни қувгандай кишлади:
— Киш!..қ
Темпл чаққон ўзини четга олди.
— Биласизларми, маҳшар нима дегани? — қичқирди у.
— Бундай нарсалар бизнинг Роскомонда қандай аталишини биласизларми?
— Киш!.. Кет, йўқол! — қичқирди Кренли кафтини кафтига уриб.
— Бало дегани, баттар дегани, — нафратланиб қичқирди Темпл, — мана, сизларнинг маҳшарларинг нима.
— Қўлингдаги чўпни бериб тур, — деди Кренли.
У Стивеннинг қўлидаги тол хивични тортиб олди ва зинадан пастга қараб югурди, бироқ Темпл ортидан қувиб келаётган оёқ товушини эшитиб, худди эпчилоёқ ҳайвондай зум ўтмай қоронғуга кириб ғойиб бўлди. Кренлининг оғир этиклари майдончада гурсиллаб товуш чиқарди, кейин вазмин тапиллаб, чағилтошларни сочиб келаётган қадам товуши эшитилди.
Қадамлар зардали эди, Кренли илкис ҳаракат билан хивични Стивеннинг қўлига тутқазди. Стивен унинг иддаосида айрича сабаб борлигини ҳис этди, бироқ ўзини сезмаганга олиб, босиқлик билан Кренлининг қўлига қўлини текизди ва хотиржам деди:
— Кренли, мен сенга айтдим-ку, сен билан маслаҳатлашадиган гап бор деб. Юр.
Улар ҳовличани кесиб ўтишди. Айвон зинасига етганда «Зигфрид»3даги сайроқи қушнинг товушидай майин ҳуштак товуши эшитилди. Кренли ўгирилиб қаради ва Диксон ҳуштак чалишдан тўхтаб, қичқирди:
— Йўл бўлсин, жўралар? Ўйинни охирига етказмаймизми, Кренли?
Улар тинч, сокин ҳавода «Аделфи» меҳмонхонасидаги биллиард ўйинини давом эттириш ҳақида бақириб-чақириб ваъдалаша бошлашди. Стивен бир ўзи олдинга юрди ва Килдерстрит рўпарасидаги «Заранг ости» меҳмонхонаси олдидан чиқди, тўхтаб, сабр қилиб кутиб турди. Меҳмонхонанинг номи, силлиқланган ёғочнинг туссизлиги, бинонинг кўримсиз олд томони тасаввурида нафратомуз тикилиб турган кишининг назаридай, кўнглига оғир ботди. У асаби бузилиб, меҳмонхонанинг хира ёритилган айвонига қаради ва у ерда ирланд зодагонларининг хотиржам, силлиқ кечаётган ҳаётини кўз олдига келтирди. Улар қандай қилиб юқори лавозимларни қўлга киритиш, ер-мулк эгаларини қўлга олиш ҳақида ўйлашади; деҳқонлар қишлоқ йўлларида тўхтаб, уларга эгилиб таъзим қилишади; зодагонлар турли-туман франсузча таомларнинг номини билишади ва чийиллаган, чинқирган овоз билан хизматкорларга буйруқ беришади, бироқ уларнинг калондимоғ оҳангдаги буйруқларидан маданияцизлиги, аҳмоқлиги билиниб туради.
Уларни ғафлатдан уйғотишнинг иложи бормикан, қандай қилса уларнинг фарзандларидан ўзларига ўхшаган ожиз, нотавон бўлмаган авлод етишади. Тобора қуюқлашаётган шом қоронғусида Стивен ўзи мансуб бўлган халқнинг ўй-хаёллари, умид-орзулари қоронғу қишлоқ кўчаларида, гавжум дарахтлар тагида, сув ва ботқоқликлар устида кўршапалакдай чарх уриб юрганини ҳис этди. Дейвин кечаси қишлоқ йўлидан келаётганда эшиги олдида уни қишлоқ аёли кутиб турган. Аёл унга бир коса сут тутиб, уни ичкарига таклиф қилган, чунки Дейвиннинг кўзлари ювош, бундайлар сир сақлай олади.
Кимдир унинг қўлини маҳкам сиқди ва у Кренлининг овозини таниди:
— Сурдикми?
Улар бироз жим кетишди. Кейин Кренли гап очди:
— Бу лаънати телба Темпл! Xудо ҳаққи, бир кун мен уни уриб ўлдираман.
Бироқ энди унинг овозида зарда сезилмасди. Стивен ўзига-ўзи савол берди: қизнинг у билан айвон остида танишганини Кренли эслармикан?
Улар ўнгга бурилиб, йўлни давом эттиришди. Бироз вақт иккаласи ҳам жим кетишди, кейин Стивен гап бошлади:
— Кренли, бугун мен жуда қаттиқ жанжаллашиб қолдим.
— Уйдагиларинг биланми? — сўради Кренли.
— Онам билан.
— Дин масаласидами?
— Ҳа, — жавоб қилди Стивен.
— Онанг неча ёшда? — бироз сукут сақлаб сўради Кренли.
— Ҳали унча қаригани йўқ, — жавоб қилди Стивен.
— Онам менинг ҳайитда чўқинишимни хоҳлайди.
— Сен-чи?
— Чўқинмайман.
— Xўш, нима учун?
— Бўйсунмайман, — жавоб қилди Стивен.
— Бу гапни олдин кимдир ҳам айтган, — деди хотиржам оҳангда Кренли.
— Нима қипти, энди мен айтаяпман, — қизишди Стивен.
— Ўзингни бос, азизим. Бунча қайнаб-тошмасанг, жин урсин, — деди Кренли Стивеннинг қўлини тирсаги билан сиқиб.
Бу гапни у асабий кулимсираб айтди ва Стивеннинг юзига самимий қараб, такрорлади:
— Ўзинг сезаяпсанми, сен жуда асабийсан?
— Тўғри, биламан, — деди Стивен ҳам кулимсираб.
Ораларига тушган совуқчилик кўтарилди ва яна улар ўзларини қадрдон дўстлардай ҳис этишди.
— Сен вино ва нон Xристнинг тани ва қони эканига ишонасанми? — сўради Кренли.
— Йўқ, — деди Стивен.
— Демак, ишонмайсан?
— Ишонаман ҳам, ишонмайман ҳам.
— Ҳатто жуда кўпчилик диндор кишиларда ҳам шубҳа бўлади, бироқ улар шубҳаларини енгишади ёки шунчаки эътибор қилмай қўйишади, — деди Кренли.
— Эҳтимол, сенинг гумонларинг жуда кучлидир?
— Мен уларни енгишни истамайман, — эътироз билдирди Стивен.
Кренли бир дақиқа нима дейишни билмай турди, кейин чўнтагидан қуритилган анжир олиб, оғзига солмоқчи бўлди, бироқ Стивен уни тўхтатди:
— Ҳой, тўхта, сен оғзингни тўлдириб туриб мен билан бу масалада гаплаша олмайсан.
Улар кўчадаги фонус тагида тўхташганда, Кренли ёруғда анжирни кўздан кечирди, бурнининг катакларига бир-бир босиб ҳидлади-да, кичкина бўлакни тишлаб узиб олиб тупуриб ташлади ва қулочкашлаб анжирни зовурга ирғитди.
— Кет менинг қошимдан, лаънати, дўзах ўтида ён, — хитоб қилди у ўзи улоқтирган анжир ортидан.
У яна Стивеннинг қўлтиғидан олди.
— Қиёмат куни бу сўзларни эшитишдан қўрқмайсанми? — сўради у.
— Xўш, эвазига менга нима лозим кўрилади? — сўради Стивен. — Деканимиз билан бирга жаннатда абадий ҳузур-ҳаловатда юришми?
— Ўзингни бос, унутма, у жаннатга тушади.
— Ҳа, албатта, — деди қизишиб Стивен, — шундай ақлли, ғайратли, босиқ, энг муҳими, зеҳни ўткир2 бўлса.
— Жуда қизиқ, — деди хотиржам оҳангда Кренли, — сен ўзинг динни инкор қилаяпсан-у, бироқ уни вужудингга бутунлай сингдириб юборгансан, бу мени ажаблантираяпти. Коллеждалигингда ишонармидинг? Гаров ўйнайман, ишонардинг.
— Ҳа, — жавоб қилди Стивен.
— Ўша пайтда бахтиёрмидинг? — юмшоқ қилиб сўради Кренли. — Ҳозиргидан кўра бахтлироқ эдинг-да, а?
— Баъзида бахтир эдим, баъзида — йўқ. Лекин ўшанда мен бошқача эдим.
— Қанақа бошқача? Нима деганинг бу.
— Айтмоқчиманки, мен у пайт бошқа одам эдим, ҳозиргидай эмасдим, қанақа бўлишим кераклигидан кўра бошқача эдим.
— Бошқача эдим, ҳозиргидай эмасдим? Қандай бўлишим кераклигидан кўра бошқача эдим? — такрорлади Кренли. — Битта савол берсам майлими? Сен онангни яхши кўрасанми?
Стивен секин бошини сермади.
— Нимани назарда тутаётганингни тушунмаяпман, — деди у хотиржам.
— Сен қачондир, кимнидир яхши кўрганмисан? — сўради Кренли.
— Аёлларни демоқчимисан?
— Мен у ҳақда гапираётганим йўқ, — совуқроқ оҳангда эътироз билдирди Кренли. — Мен сендан сўраяпман: қачондир бировга ёки бирор нарсага кўнглингда муҳаббат ҳиссини туйганмисан?
Стивен дўстининг ёнида қовоғини солиб, ерга қараб борарди.
— Мен худони севишга ҳаракат қилдим, — деди у ниҳоят юрагини очиб. — Назаримда, мен буни уддалай олмадим. Бу жуда қийин. Мен доим бутун борлиғимни худонинг иродасига бўйсундиришга уриндим. Гоҳида бунга эришдим ҳам. Эҳтимол, мен ҳозир ҳам...
Туйқусдан Кренли унинг гапини бўлди:
— Сенинг онанг бахтли ҳаёт кечирганми?
— Қаердан билай? — деди Стивен.
— Унинг нечта боласи бор?
— Тўққизтамиди, ўнтамиди, — жавоб қилди Стивен, — бир нечтаси ўлган.
— Отанг-чи... — Кренли чайналди, кейин бироз сукут сақлаб деди. — Мен сенинг оилавий ишларингга аралашмоқчи эмасман. Бироқ сенинг отанг, ҳарқалай, бадавлат киши эди, тўғрими? Мен сенинг болалик пайтингни назарда тутаяпман.
— Ҳа, — деди Стивен.
— У ким бўлиб ишларди? — сўради Кренли бироз сукут сақлаб.
Стивен бидирлаб отасининг ишлари-ю, кечирган кунларини санай бошлади.
— Талаба-шифокор, эшкакчи, хушовоз хонанда, ашаддий сиёсатчи, майда мулкдор, майда омонатчи, ароқхўр, ёқимтой, сергап, кимнингдир котиби, яна вино заводида кимдир, солиқ йиғувчи, синган савдогар, энди эса ўтмишини хиргойи қилиб юрган бир дарвеш.
Кренли кулди ва Стивеннинг қўлини қаттиқроқ сиқиб, деди:
—Вино заводида кимдир — зўр экан жин урсин!
— Xўш, яна нималарни билгинг келаяпти? — сўради Стивен.
— Ҳозир қандай, яхши яшаяпсизларми? Ҳаммаси жойидами?
— Уст-бошимдан сезилмаяптими? — қўрслик билан сўради Стивен.
—Хў-ўш, — деди Кренли хаёлчан, — сен, демак, бой-бадавлат оилада туғилгансан.
Бу гапни у овозини баландлатиб, техникага доир муҳим атамаларни айтаётгандай, дона-дона қилиб айтди ва бу билан ўзи айтган гапга ишонқирамаётганини Стивенга билдириб қўйгиси келаётганига ишора қилди.
— Сенинг онангга, ҳарқалай, анча қийин бўлгандир? — давом этди Кренли. — Нега энди уни сен ортиқча хафагарчиликдан халос қилиб қўя қолмайсан, ҳатто агар...
— Агар мен буни истасам, — деди Стивен, — бу менга ҳеч гапмас, осон.
— Шундай қила қол-да, — деди Кренли. — Онанг айтгандай қил. Шу қийинми сенга? Агар кўнглингда ишонмасанг, ишонмай қўя қол, шунчаки расмиятчилик учун чўқинсанг бўлди, холос. Унинг кўнгли тинчийди.
Кренли тўхтади, Стивендан жавоб бўлавермагач, орадаги жимликни бузмади. Кейин, гўё хаёлида кечаётган ўйларни овоз чиқариб айтаётгандай, деди:
— Биз дунё деб атайдиган бу кир ўрада она меҳридан бошқа ҳаммаси омонат. Сени она дунёга келтиради, вужудида авайлаб кўтариб юради. Унинг кечирган азобларини биз қаердан билайлик? Бироқ у нималарни бошидан кечирмасин, кўнглидан ўтказмасин — бари ҳар ҳолда, чин бўлиши керак. Ҳақиқий бўлиши керак. Унинг чеккан уқубатлари олдида бизнинг ғояларимиз, орзуларимиз ҳеч гапмас. Ўйин! Қуруқ сафсата! Анов бақироқ эчки Темплнинг калласидаям ғоя бор. Маккеннинг миясидагиям — ғоя. Йўлда юриб бораётган ҳар қандай эшшак менда ғоя бор, деб ўйлаши мумкин.
Стивен, бу гаплар тагида нима яширинганини билишга уриниб, атай тергаб деди:
— Паскал, агар хотирам алдамаса, ўзини онасига ўптирмас экан, чунки у аёлларнинг тегинишидан қўрққан.
— Демак, Паскал — чўчқа, — деди Кренли.
— Алоизий Гонзага ҳам, чамамда, шундай қилган.
— Унда Гонзага ҳам чўчқа, — деди Кренли.
— Черков уни авлиё деб ҳисоблайди-ку, — эътироз билдирди Стивен.
— Ким кимни нима деб ҳисобласа ҳисоблайверсин, мен барига тупурдим, — қатъий ва қўпол қилиб, чўрт кесиб гапирди Кренли. — Мен уни, барибир, чўчқа деб ҳисоблайман.
Стивен, ҳар бир сўзини ўйлаб салмоқлаб деди:
— Иисус ҳам онаси ҳақида одамлар олдида алоҳида эҳтиром билан гапирмаган бироқ иезуит илоҳиётчиси, испан боёни Суарес2 уни ҳақли деб ҳисоблайди.
— Айт-чи, бирор марта сенинг каллангга, — сўради Кренли, — Иисус ўзини халойиққа аслидан бошқача қилиб кўрсатган, одамларни чалғитган, деган фикр келмаганми?
— Менимча, бошига бундай фикр келган биринчи одам, —жавоб қилди Стивен, — бу Иисуснинг ўзи.
— Йўқ, мен айтмоқчиманки, — овозини кескин баландлатиб давом этди Кренли, — қачондир сенинг каллангга у онгли риёкор ёки оддий қилиб айтганда, аблаҳ, деган фикр келмаганми?
— Тан олиб айтаман, ҳеч қачон менинг миямга бундай фикр келгани йўқ, — жавоб қилди Стивен, — бироқ қизиқ, сен мени динга киргизишга уринмоқчи бўляпсанми ёки ўзингни йўлдан оздирмоқчимисан?
Стивен унинг юзига қараб, беписанд кулимсираётганини кўрди, юзидаги бу ифодага Кренли сирли маъно беришга уринарди.
Туйқусдан Кренли дадиллашиб, дангал сўради:
— Виждонан айт-чи, менинг гапларим сени ноқулай аҳволга солиб қўймадими?
— Бироз, — деди Стивен.
— Xўш, нега энди? — давом этди Кренли гапининг оҳангини бузмай. — Ахир, сен ўзинг динимиз алдов эканига, Иисус худонинг ўғли эмаслигига ишонасан-ку.
— Бу гапингга мен унчалик қўшилмайман, — деди Стивен. — У, ҳарқалай, худонинг ўғли бўлса керак, Мариямни эмас.
— Шунинг учун ҳам сен чўқинишни хоҳламайсан-да, а? — сўради Кренли. — Xўш, демак, сен бунга унчалик қўшилмайсан? Бундан чиқдики, вино билан нон чиндан ҳам худо ўғлининг вужуди ва қони бўлиши мумкин, бу шунчалик удум бўлмаса керак, деб қўрқасан, шекилли?
— Ҳа, — хотиржам жавоб қилди Стивен. — Мен буни ҳис қиламан ва шунинг учун бу менга ғойибдан қўрқинчли туюлади.
— Тушунарли, — деди Кренли.
Стивен, уни ҳайрон қолдирган оҳангда, гапида давом этди.
— Мен кўп нарсадан қўрқаман, — деди у, — итдан, отдан милтиқдан, денгиздан, момақалдироқдан, машинадан, тунги қишлоқ йўлларидан.
— Бироқ, нега сен бир бурда нондан қўрқасан?
— Менинг назаримда, — деди Стивен, — мен қўрққан нарсалар барисининг ортида қўрқинчли ҳақиқат бор.
— Демак, сен, — сўради Кренли, — агар кўнглингда ишонмай туриб чўқинсанг, рим—католик черкови тангриси лаънатлаши ва ўлимга маҳкум этишидан қўрқасан, шундайми?
— Рим—католик черкови тангриси буни ҳозир ҳам қилиши мумкин, — деди Стивен. — Бироқ мен тимсолига ёлғондакам сиғинганимдан кейин вужудимда бошланадиган кимёвий жараёндан кўпроқ қўрқаман, ахир, бу тимсол ортида йигирма асрлик куч-қудрат ва ихлосу иззат-икром ётибди.
— Агар ҳаётининг хавф остида қолса, — сўради Кренли, — сен бу куфрни адо этармидинг? Дейлик, сен католик эътиқоди қувғин остига олинган даврда яшаганингда нима қилардинг?
— Мен ўтмиш учун жавоб бермоқчи эмасман, — деди Стивен. — Эҳтимол қўлимдан келмас.
— Демак, сен протестант бўлмоқчи эмассан.
— Мен эътиқодимни йўқотдим, — жавоб қилди Стивен. — Бироқ мен ўзимнинг қадримни йўқотганим йўқ. Киши бир мантиқли ва изчил маъносизликдан воз кечиб, бошқа бир мантиқсиз ва изчил бўлмаган маъносизликни қабул қилса, буни чинакам ҳурлик, деб бўладими?
Улар Пембурк туманигача юриб келишди ва энди, кўчада секин-аста қадам ташлашиб, чорабоғлардаги уйларнинг у ер, бу еридан таралиб турган ёғдулар кўнгилларига хотиржамлик бағишлаётганини ҳис этишди. Бу ердаги бой-бадавлат ва сокин турмуш ҳавоси уларнинг камбағалликларини ҳам бир қадар хаёлларидан кўтаргандай бўлди. Дафна буталари ортидаги ошхона деразасида чироқ милтиллаб нур сочар, у ердан пичоқ қайраётган хизматкор аёлнинг хиргойиси эшитиларди. Аёл «О Грейди атиргуллари»ни равон куйларди.
Кренли эшитмоқчи бўлиб тўхтади ва шундай деди:
— Multer cantar[19].
Лотинча сўзларнинг майин ифодаси шом қоронғусида дилбар мусиқадай, эркалаб силаган аёлнинг мулойим қўлидай ёқиб тушарди. Уларнинг бошларидаги ола-ғовур ўй-хаёллар бир қадар босилди. Қоронғулик ичида маросим чоғи кўринган, аёл қиёфаси пайдо бўлди: оппоқ либосга бурканган, мўъжазгина ва ўғил боланикидай тетик жусса, белбоғининг учлари ерга осилиб турибди. Унинг болаларникидай жарангли ва мўрт овози узоқдан эшитилаётган жўр овозлар садоси ичидан зулматни ёриб чиқаётган оҳу ноладай эшитилади:
— Et tu cum Jesu Galilaeo eras[20].
Юрак ҳапқиради, илк сўзида аланга олиб, сўнггисида сўниб, худди ярқираб чиққан навқирон юлдуздай янгроқ бу овозга талпинади. Xониш тинди. Улар юриб кетишди. Кренли, хониш мақомига мослаб, нақоратнинг охирги сатрларини такрорлади:


Мен эркамни топарман,
Илло, бўлурман бахтли.
Гулимни мен севарман,
Гулимнинг аҳди қатъи.
— Мана, ҳақиқий поезия, — деди у. — Чин муҳаббат шу.
У Стивенга кўз қирини ташлади ва ғалати кулимсиради.
— Сенинг-ча, шу поезиями? Бу сўзларда бирор-бир маъно бор деб ўйлайсанми?
— Улардан маъно топиш қийин эмас, — деди Кренли.
Унинг шапкаси қошига тушиб турарди. У шапкасини тепароққа сурди ва Стивен дарахтлар соясида унинг рангпар, нурсиз юзини, катта қора кўзларини кўрди. Ҳа, унинг юз-кўзи келишган, гавдаси ҳам қорувли, кучли. У она меҳри ҳақида гапирди. Демак, у аёлларнинг меҳрини тушунади, уларнинг кўнгли бўшлигини, ожизликларини билади.
Демак, кетиш керак! Бас, энди кетиш керак. Стивен юрагининг тубида кетишга ундаётган қандайдир даъваткор овозни ҳис этди, бу овоз унинг Кренли билан дўстлиги барҳам топганини зўр бериб уқтирарди. Ҳа, у энди кетади, энди у ҳеч ким билан кураша олмайди, пешонасида борини кўради.
— Мен кесам керак, — деди у.
— Қаёққа? — сўради Кренли.
— Бошим оққан тарафга, — жавоб қилди Стивен.
— Шунақа де, — деди Кренли. — Ҳарқалай, бу ерда сенга қийин бўлади. Сен шунинг учун кетмоқчи бўлаяпсанми?
— Мен кетишим керак, — деди Стивен.
— Фақат ўйлаб юрмагин мени қувғинликка мажбур қилишди деб, — давом этди Кренли. — Ўзингни аллақандай шаккок ёки элдан ажралиб қолган кимса деб ўйламагин. Кўпгина диндорлар шундай деб ўйлашади. Бу сени ажаблантирса керак? Бироқ черков — бу шунчаки тошдан қурилган иморат ва ҳатто аллақандай қотиб қолган ақидаларга берилган руҳонийлар макони эмас, ахир. Бу одамлар шу билан тирик. Мен сенинг нимани истаётганингни билмаяпман. Ўша, биз бирга Xаркорт-стритдаги бекатда турганимизда менга айтган гапларингними?
— Ҳа, — деди Стивен беихтиёр кулимсираб. Кренлининг айтилган гапни қаерда гапирилгани билан қўшиб эслаш одати унинг кулгисини қистади. — Ўша оқшом сен Догерти билан Селлигепдан Лерресгача қандай борса яқин бўлишини ярим соат баҳс қилдинг.
— Тўнка! — деди Кренли нафрати қўзиб. — Селлигепдан Лерресга борадиган йўлни у қаёқдан билади? У қовоқ калла-ку, нимани биларди у!
У хохолаб кулди.
— Бошқа гапларни-чи, — деди Стивен, — бошқа гапларни эслайсанми?
— Ўшанда сен айтган гапларними? — сўради Кренли. — Ҳа, эслайман. Яшашнинг ёки санъатнинг шундай бир усулини топиш керакки, унда сен ўзингни бемалол, эркин намоён этишингга имкон бўлсин.
Стивен бу гапни маъқуллагандай шапкасини кўтариброқ қўйди.
— Эркинлик! — такрорлади Кренли. — Қаёқда! Сен ҳатто жиндай куфрликка қўл уришга ҳам қўрқасан-ку. Ўғрилик қила оласанми?
— Йўқ, ундан кўра тиланчилик қилган яхши, — деди Стивен.
— Агар садақа беришмаса-чи, унда нима қилардинг?
— Сен менинг, — жавоб қилди Стивен, — мулк ҳуқуқи шартли, шароит тақозо этганда ўғирлик қилинса, бу жиноятга кирмайди, дейишимни хоҳлаяпсан. У ҳолда ҳамма ўғирлик қиларди. Шунинг учун мен бундай фикрни айтишдан тийиламан. Яхшиси, сен иезуит илоҳиёцҳуноси Xуан Мария де Телвед2га мурожаат қил, у сенга қандай шароитда қиролни ўлдириш гуноҳ саналмаслигини ва буни қай тарзда — таомига заҳар солибми ёки кийим-бошини ё бўлмаса эгарини оғуга булабми — амалга оширганинг маъқуллигини тушунтиради. Мендан эса: сен ўзингни тунашга рухсат берармидинг, деб сўраганинг маъқул. Ўғриларни мен шаппа ушлаб, адолат посбонининг қўлига топширмасмидим?
— Xўш, буни сен қандай қилардинг?
— Менимча, — деди Стивен, — бу ҳарқалай, мен учун бор-йўғимни ўғирлаб кетгандан кўра оғирроқ мусибат бўларди.
— Тушунаман, — деди Кренли.
У чўнтагидан гугурт чўпини олиб, тишларини ковлай бошлади. Кейин томдан тараша тушгандай қўққисдан сўради:
— Айт-чи, сен, масалан, қиз болани иффатидан маҳрум қила олармидинг?
— Кечирасан-у, — деди хушмуомалалик билан Стивен, — буни, ахир, кўпчлик йигитлар орзу қилса керак?
— Сен-чи, сен бунга қандай қарайсан? — сўради Кренли.
Унинг охирги, худди куюндининг ҳидидай аччиқ тагдор гапи Стивеннинг хаёлини алғов-далғов қилди, кўнглига оғир ботди.
— Менга қара, Кренли, — деди у. — Сен мендан нима қилишни хоҳлашимни ва нима қилишни хоҳламаслигимни сўраяпсан. Мен сенга нима қилишимни ва нима қилмаслигимни айтиб қўяй. Мен энди ўзим ишонмайдиган нарсага сиғинмайман, ҳатто агар бу менинг оилам, ватаним ёки черков бўлса ҳам. Бироқ мен ўзимни ҳаётнинг ёки санъатнинг бирор бир шаклида қўлимдан келгунча тўла-тўкис, эркин намоён этишга ҳаракат қиламан, бу йўлда ўзим учун маъқул келган қурол — сукут сақлаш, дарбадарлик ва зийраклик билан ҳимояланаман.
Кренли Стивеннинг қўлидан тутди ва уни Лисон-парк тарафга бошлади. У айёрона кулиб, Стивеннинг қўлини кўкрагига дўстларча босиб, гўё меҳрибонлик кўрсатмоқчи бўлди.
— Зийраклик билан?! — деди у. — Сен-а? Бечора шоир!
— Сен мени шунга, — деди Стивен унинг сохта меҳрибонлигидан ҳаяжонланиб, — худди бошқа кўп нарсаларга иқрор бўлганимдай тан олишга мажбур қилдинг.
— Ҳа шундай, бўтам — деди Кренли ҳазилини давом эттириб.
— Сен мени нималардан қўрқишимни тан олишга мажбур қилдинг. Бироқ мен сенга нималардан қўрқмаслигимни ҳам айтиб қўйишим мумкин. Мен ёлғиз қолишдан ёки бошқа бирор кимсани деб ҳайдалишдан қўрқмайман, тақдиримга боғланган нарсаларни тарк этишдан қўрқмайман. Мен яна хато қилишдан, катта гуноҳга, бир умрга етгули, ҳатто гуноҳи азимга йўл қўйишдан ҳам қўрқмайман.
Кренли қадамини секинлатди ва энди жиддийлашиб деди:
— Ёлғиз, бир ўзинг. Сен бундан қўрқмайсанми? Бу гапнинг маъносига тушунасанми ўзи? Бошқалардан бир четда қолиш ҳам гапми, ҳатто дўстинг ҳам бўлмаса.
— Мен бунга ҳам тайёрман, — деди Стивен.
— Ҳеч кимсиз, ҳатто энг олийжаноб, содиқ дўстдан ҳам муҳимроқ инсондан ажралиб, а?
Бу сўзлари Кренлининг ўзига таъср қилиб кетди. У ўзини назарда тутиб гапирдимикан, ўзининг кимлигини ёки ким бўлишини хоҳлаганини назарда тутдимикан? Стивен бир неча лаҳза унинг қайғули юзига жим қараб турди. У доим қўрқиб эслайдиган ўзининг ёлғизлиги ҳақида гапирди.
— Ким ҳақида гапиряпсан, — сўради ниҳоят Стивен.
Кренли жавоб қилмади.

* * *
20 март. Кренли билан менинг исёним ҳақида узундан-узоқ гаплашилди.
У бир нималарни жиддий уқтиришга уринди. Мен ўзимни эшитаётганга солдим, ҳурматини ўрнига қўяётгандай кўрсатдим ўзимни. У онасини яхши кўришини гапиравериб жонимга тегди. Онасини менинг кўз олдимда гавдалантиришга ҳаракат қилди, бироқ мен тасаввур қилолмадим. Бир сафар ўзи туғилганда отаси олтмиш бир ёшда бўлгани бехос оғзидан чиқиб кетган. Буни тасаввур қилиш мумкин. Келбати келишган фермер. Эгнида кенг-мўл костюм. Мошгуруч соқоли кузалмаган. Афтидан този қувиб ов қилади. Аерресдаги ҳазрат Дваерга черков бадалини бинойидай тўлаб туради, бироқ жуда қўли очиқ деб бўлмайди. Кечқурунлари қизлар билан валақлашиб ўтиришдан зерикмайди. Онаси-чи? Жуда ёшмикан ёки мункиллаб қолганми? Ёш эмасдир-ов, унда Кренли бошқача гапирган бўларди. Демак, қари. Эҳтимол, қаровсиздир. Юрагидаги алам шундан: Кренли — қуриб-чириётган дарахт меваси.
21 март, эраталаб. Бу ҳақда кеча оқшом тўшакда ётиб ўйладим, бироқ ҳозир ҳеч нарса ёқмаяпти, қўлим бормаяпти, шунинг учун ёзмадим. Ҳа, озод қушдайман. Қуриб-чириётган дарахтлар — бу Елизавета ва Захария. Демак, у — Мубашшир. Дудланган тўш ва қуритилган анжир билан озиқланиши бежиз эмас. Тушунгин-да: емиши чигирткаю ёввойи асал. Яна — қачон у ҳақда ўйласам, мудом бешафқат чопилган бош ёки кулранг парда орасидан мўралаган жонсиз ниқоб, ё бўлмаса боқий Xалоскор кўз олдимга келади. Бош олиш — бу уларда шундай аталади. Лотин дарвозасида Иоанн кўрсатган мўъжизани тушунолмайман. Мен ўзи нимани кўраяпман? Қулфни бузишга зўр бераётган бошсиз Мубашширни.
21 март, оқшом. Озодман. Руҳим енгил, ўй-хаёлим эркин. Қўй, майли, ўлик жонлар ўзларининг мурдаларини дафн этаверсин. Ҳа. Майли, тирик мурдалар ўлик жонлари билан қовушаверсин.
22 март. Линч билан бирга касалхонанинг касал боқувчи семиз аёли ортидан судралиб юрдим. Линчнинг ўйлаб топгани. Икки озғин оч този бузоқ кетидан тушган.
23 март. Уни ўша оқшомдан бери учратганим йўқ. Тоби йўқмикан? Камин олдида ўтиргандир-да онасининг шол рўмолига бурканиб. Бироқ парво қилмайди. Овқатингни еб олгин!
24 март. Онам билан тортишишдан бошланди. Мавзу — Биби Марям. Ёшим ва жинсимга кўра ноқулай ҳолатда эдим. Баҳона топиб, вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлиб, Исонинг отаси билан ва Марямнинг ўғли билан муносабатларини мисол қилиб келтирдим. Онамга дин — туғруқхона эмас, дедим. Онам кўнгилчан. Сенинг хаёлинг бузуқ, деб айтди, мен кўп китоб ўқирканман. Нотўғри. Кам ўқийман, кам тушунаман. Кейин у, ҳали сен динга қайтасан, деди, ҳозир ақлим унча тиниқлашмаган экан. Буни қандай тушунса бўлади: бу — черковни гуноҳнинг қора туйнугидан тарк этиш ва унга овоз чиқариб қилинадиган тавба-тазарру эшигидан қайтиб киришми? Тавба қилолмайман. Унга худди шундай деб айтдим. Олти пенс бериб туринг, дедим. Уч пенс берди.
Кейин университетга бордим. Думалоқбош Гесс билан иккинчи бор тўқнашдим, унинг кўзлари тулкиникидай. Бу сафар Бруно баҳона бўлди. Гапини италянча бошлаб, бузилган инглизчада якунлади. Бруно ғирт шаккок бўлган, деди у. Мен эса уни оловда ғиртлар ёқишган, дедим. У ҳеч бир гинасиз менинг гапимга қўшилди. Кейин у рисотто аииа баргамасcа деб номланадиган италян миллий таомининг ресептини берди. У «о»ни юмшатиб айтганда қалин, гўштдор лабларини чўччайтиради. Товушни муччилаётгандай туюлади. Эҳтимол, муччилар? Унинг тавба қилишга қурби етрамикан? Ҳа, бўлмаса-чи, иккита қув кўзидан бир-бир томчидан икки томчи обидийдасини оқизади.
Стивенс-Грин-паркни, менинг паркимни оралаб ўтаётиб эсладим: ахир, ўша оқшом Кренли бизнинг динимиз деб атаган динни менинг эмас, Гессининг ватандошлари ўйлаб топишган. Тўқсон еттинчи полкнинг аскарлари — тўртовлон хоч тагида ўтиришибди ва қуръа ташлашиб, хочга чормих қилинганнинг кийимини бўлашиб олишаётир.
Кутубхонага бордим, учта журнални ўқимоқчи бўлдим. Фойдаси йўқ. У ҳалиям қорасини кўрсатгани йўқ. Мени бу қизиқтирадими? Нимаси қизиқтиради? Энди уни ҳеч қачон кўрмаслигимми? Блейк ёзган:
Қўрқаман, чунки Уилям Бонд қазо қилди,
Чунки у узоқ ва оғир ётди.
Афсус, бечора Уилям!
Қандайдир сабаб билан Ротондга борган эдим. Томошанинг охирида киборларнинг қиёфаларини кўрсатишди.
Уларнинг орасида яқингинада қазо қилган Уилям Юарт Гладстон ҳам бор. Оркестр «О, Вилли, қанийди орамизда бўлсанг!»ни ижро этди.
Чиндан ҳам гумроҳлар миллати!
25 март, эрталаб. Туни билан алақ-чалақ тушлар кўрдим. Қанийди, бир силкиниб баридан халос бўлсанг.
Узун айлана даҳлиз. Ердан осмонга устундай буралиб қоп-қора буғ кўтарилади. Аллақандай афсонавий қиролларнинг сон-саноқсиз ҳайкаллари. Уларнинг ҳорғин қўллари тиззаларида, кўзларини ёш қоплаган, чунки уларнинг кўз ўнгида бандаларнинг гуноҳлари қоп-қора буғ бўлиб ўрлаб турибди.
Яна ғордан ғалати жондор чиқиб келади. Жуссалари одамларникидан кичикроқ. Гўё улар бир-бирига қўшилгандай. Уларнинг қоронғида нурланиб кўринган юзларида тарам-тарам қора чизиқ. Улар менга тикилиб қарайди, кўзларида эса савол аломати. Миқ этмайди.
30 март. Бугун кечқурун кутубхона эшиги олдида Кренли Диксон билан унинг акасига топишмоқ айтди. Она боласини Нил дарёсига тушириб юборди. Ҳали ҳам она меҳри билан банд. Гўдакни тимсоҳ тутиб олди. Она тимсоҳдан боласини қайтариб беришни сўраяпти. Тимсоҳ рози: майли, фақат битта шарти бор, айт-чи, болани мен нима қилмоқчиман — уни ямлаб ютаманми, ямламай, дейди тимсоҳ.
Бундай фикрлаш тарзи, ҳақиқатдан ҳам, фақат сизнинг чиркин муҳитда, сизнинг қуёшингиз остида пайдо бўлиши мумкин, деган бўларди Лепид.
Меники-чи? Меникининг нимаси афзал? Нилга ташла уни, дарёга чўктир!
1 апрел. Охирги гап ёқмаяпти.
2 апрел. Уни кўрдим, Жонстон кафесида Муни ва ЎБраен билан пирожний еб, чой ичаётганди. Тўғри, ўтиб бораётганимизда биринчи бўлиб Линч тулки уни кўриб қолди. Линч менга: унинг акаси Кренлини уйларига таклиф қилди, деб айтди. У ўзи билан бирга тимсоҳини ҳам олишни унутмадимикан? Демак, энди у олам чироғи бўлдими? Уни мен кашф этгандим-ку. Ишонтириб айтаман, мен! Юрарди уиклоулик шўртумшуқлар ичида биқиниб.
3 апрел. Финлейтер черкови қаршисидаги тамаки дўконида Дейвинни учратдим. У қора свитерда, қўлида чавгон. Мендан чиндан ҳам жўнаб кетаяпсанми, нега, деб сўради. Мен унга Тарага бориладиган қисқа йўл — виа Xолихед, дедим. Шу пайт отам келиб қолди. Уларни таништирдим. Отам ҳурматимизни қилди. Дейвинга тамадди қилиб олишни таклиф этди. Дейвин боролмади — намойишга шошаётган эди. Биз узоқлашгач, отам бу боланинг чеҳраси очиқ экан, деди. Мендан нега эшкакчилар клубига ёзилмадинг, деб сўради. Ўйлаб кўришга ваъда бердим. Кейин у менга бир пайтлар Пеннифезерни қандай хафа қилганини гапириб берди. Менинг юрист бўлишимни хоҳлайди. Бу сенинг бурчинг, дейди. Яна Нил ботқоғи, тимсоҳлари билан.
5 апрел. Авжи баҳор. Паға-паға булутлар сузади. О, ҳаёт! Қорамтир лойқа сув мавж уриб оқади, тепадан олма дарахтлари нозик баргларини тўкиб туради. Барглар орасидан қизларнинг кўзлари интизор боқади. Қизлар — одобли ва шўх. Бари оқсариқ ёки малласоч. Қорасочлиси керакмас. Оқсариқ сочли қизларнинг юзлари нақшолмадай. Бир сакраб туцанг!
6 апрел. У ўзининг ўтмишини эслайди, албатта. Ҳамма аёллар эслайди, дейди Линч. Демак, у ҳам ўзининг ва ҳам менинг болалигимни эслайди, агар мен қачондир бола бўлган бўлсам. Ўтмишни бугун ўз комига тортади, бугун эса фақат келажакни пайдо қилиш илинжида яшайди. Агар Линчнинг гапи тўғри бўлса, аёлнинг ҳайкали доимо эгнида кийими билан ясалган бўлиши ва аёл бир қўл билан кетини уялинқираб бекитиб туриши керак.
6 апрел, шом. Майкл Робартес бой берилган гўзалликни хотирлаётир, қўллари билан уни қучган чоғда, аллақачон бу дунёдан ғойиб бўлган гўзални бағрига босаётгандай туюлади. Бошқача бўлиши керак. Мутлақо бошқача. Мен ҳали дунёга келмаган гўзалликни бағримга босишни истайман.
10 апрел. Карахт, қоп-қоронғи тун зулмати остида, шаҳар сукунатига қойим, кўрган тушларини унутмоқ илинжида уйқуни тарк этган, худди ҳорғин ошиқдай, силаб-сийпашларига, елаётган от туёқларининг дупурига бепарво. Энди, ҳарқалай унча кархтмас. Мана энди кўприкка яқин қолди: бир нафас — сукунатни тилиб, алам билан, қоронғу деразаларни ёнлаб, камон ўқидай учиб ўтади. Энди улар бир ёқларда, узоқларда; тим қоронғуликда, олмосдай ярақлаган туёқлар мудроқ уйқудаги далалар узра ғизиллаб учади — қаёққа? — кимга пешвоз? — қандай хушхабар билан?
11 апрел. Кеча оқшом ёзганларимни ўқиб чиқдим. Аллақандай мавҳум изтироблар ҳақидаги мавҳум сўзлар. Бу унга ёқиши мумкинмиди? Ёқарди, менимча. У ҳолда, демак, менга ҳам ёқиши керак.
13 апрел. Бу »сузгич« узоқ вақт хаёлимни тарк этмади. Луғатга қарадим. Топдим. Бинойидай қадимги сўз. Жин урсин деканни воронкаси билан қўшиб! Нега у бу ерда пайдо бўлди — бизни ўзининг тилига ўргатиш учунми ёки биздан ўрганиш учунми? Нима бўлгандаям, барибир, даф бўлсин!
14 апрел. Жон Алфонс Малреннен ҳозиргина Ирландиянинг ғарбидан қайтиб келди. Европа ва Осиёда чиқадиган газеталар бу хабарни кўчириб босишларини илтимос қиламан. Айтишича, у тоғдаги кулбада қари чолни учратган. Чолнинг кўзлари бақрайган, оғзида калта трубка. Чол ирландча гапиради. Малреннен ҳам ирландча гапиради. Кейин чол билан Малреннен инглизча гаплашишади. Малреннен унга олам ҳақида, юлдузлар ҳақида сўзлайди. Чол ўтирган кўйи, тамакини буруқситиб, тупуриниб эшитади. Кейин шундай дейди:
— Ҳа-я, тўғри, дунёнинг нарёғида ажойиб махлуқлар яшайди-да.
Мен ундан қўрқаман. Унинг бақрайган қизил кўзларидан қўрқаман. Тонггача у билан олишиш менинг чекимга тушган, ҳали ё менинг ёки унинг ажали етмагунча, унинг сертомир йўғон бўйинини бўғиб, ҳали... Нима ҳали? Ҳали у менга ён бермагунчами? Йўқ, мен унга ёмонликни соғинмайман.
15 апрел. Бугун у билан Графтен-стритда юзма-юз учрашдим. Бизни оломон бир-биримизга дуч келтирди. Иккаламиз ҳам тўхтадик. У мендан нега кўринмайсан, деб сўради. Мен ҳақимда ҳар хил бўлмағур гапларни эшитганини айтди. Бу гаплар, чамамда, атай вақтни чўзиш учун айтилди. Шеърлар ёзиб турибсанми, деб сўради. Ким ҳақида? — сўрадим мен. Шунда у баттар ажабланди, унга ачиниб кетдим ва ўзимни аблаҳдай ҳис этдим. Дарҳол гапни ўша Данте Алгери кашф этган, муаллифлик ҳуқуқини расмийлаштириб олган қаҳрамонлик оҳангидаги кўтаринки мавзуга бурдим: ўзим ҳақимда, режаларим тўғрисида ҳовлиқиб гапира кетдим. Бахтга қарши, гап орасида беихтиёр исёнкор майлларим ҳам ошкор бўлди. Афтидан, мен бир қоп ёнғоққа ўхшаб шалдирадим. Одамлар бизга қарай бошлашди. Шу пайт у қўлимни сиқди ва кетаётиб, айтган гапларим, албатта, амалга ошишига умид билдирди.
Ёқимли-да, тўғримасми?
Ҳа, бугун уни учратиб кайфим чоғ бўлди. Жудаям хурсанд бўлдими ё унчаликмасми? Билмадим. У билан учрашиб руҳим кўтарилади, бу мен учун аллақандай бошқача, янги бир туйғу. Демак, нимаики ўйлаган бўлсам, ўйлаётган бўлсам, нимаики ҳис этган, ҳис этаётган бўлсам, хуллас, бугунги учрашувда бўлган ҳамма нарса туб моҳияти билан... Қўйсанг-чи, оғайни, йиғиштир! Кечаси ётиб ўйла, эртаси туриб сўйла.
16 апрел. Йўл тадорикин кўр! Сафарга отлан!
Қўллар ва овозлар чорлаётир: ой ёруғида қотган йўлларнинг оқ қўллари ва кемаларнинг узун қора қўллари, уларнинг узоқ-узоқлардаги мамлакатларга элтишни ваъда қилиб чорлашларидан юрак ҳапқиради. Гўё улар имлаб чорлаётгандай, биз бирга бўлайлик — ёнимизга кел, бизга қўшил, деб айтаётгандай. Овозлар эса бунга жўр бўлиб: сен биздансан, биродаримизсан, демоқда гўё. Осмон бу жўр овозларга тўла, улар мени — сафарга шай, ўзининг навқирон, ёш қанотларини дадил қоқиб учишга тайёр биродарини чорламоқда.
26 апрел. Онам менинг эскифурушдан сотиб олган янги нарсаларимни жойлаётир. Шояд, туғилган уйингдан узоқда дўст ким, душман кимлигини билсанг, инсофга келсанг, дейди онам. Илло! Шундай бўлади, албатта. Шон-шарафлар бўлсин сенга, ҳаёт! Мен сафарга отланаётирман, ижод ҳақиқатини қайта-қайта англаб етмоқ ва қалбимнинг қўри билан халқимнинг тенгсиз, бетакрор ақлу иродасини намоён этмоққа жазм этиб йўлга чиқаётирман.
27 апрел. Раҳнамойим, эй азиз устоз минбаъд менга тоғдай таянч бўл, азалу абад ўзинг қўллагайсан.

Дублин, 1904 - Триест, 1914.

AvvalgiIII- qism Keyingi





↑ Фил суяги (инглиз, франсуз, италян ва лотин тилларида).

↑ Ҳиндистон фил суяги етиштириб беради (лотинча).

↑ «Нотиқнинг нутқи ихчам, қўшиқчининг ашуласи ранг-баранг» (лотинча). Лотин грамматикасининг ва шу қўлланмадан жой олган лотин шеър тузилиши қоидасининг муаллифи Мануел Алваришнинг (1526—1583) китобидан.

↑ Ана шундай фалокатлар (лотинча).

↑ Риёзат чекиб зафар қозонмоқ (лотинча).

↑ Қўл қўйдингми? (лотинча).

↑ Нима? (лотинча).

↑ Умумжаҳон тинчлиги учун (лотинча).

↑ Назаримда, сиз ўтакетган ёлғончисиз, авзойингиздан кўриниб турибди — кайфиятингиз жуда расво.

↑ Кимнинг кайфияти ёмон — менингми ёки сизнингми (лотинча).

↑ Урушдан боши чиқмайдиган дунёга тинчлик (лотинча).

↑ Келинглар, копток ўйнаймиз (лотинча).

↑ Панге, лингуа, глориоси Cорпорис мйстериум... — Шарафла менинг тилим, шарафли вужудим асрорини... (лотинча).

↑ Вехилла Регис проденут — У шоҳона туғни кўтарар(лотинча). Венансий Фортунат (530—603) — илк ўрта аср шоири, умри охирида Пуфтеда епископ бўлган.


Довуднинг башоратлари амалга ошди,
Xалқларга тантанали эълон қилинган
Тангри дарахтда туриб бизни бошқаради деган
Ҳаққоний муножотларда (лотинча).

↑ Менингча, Ливерпулдаги камбағаллар жудаям қашшоқ яшашади (лотинча).

↑ Мўътабар қадимги сулола (лотинча). Солномачи инглиз Фиц-Стивенлар сулоласини шундай атайди. Бу сулоланинг Стивен Дедалус оиласига ҳеч бир алоқаси йўқ, боз устига, ўша сулола Ирландиянинг босиб олинишида каттагина хизмат кўрсатган. Бу ўринда Темпл Стивеннинг инглиз маданиятига қизиқиши ва унинг ирланд миллий ҳаракатига қўшилишни хоҳламаётганига киноя қилаётир.

↑ Вақтидан олдин, ҳовлиқиб (лотинча).

↑ Аёл куйлаяпти (лотинча).

↑ Сен-да галилеялик Иисус билан бирга эдинг (лотинча). Инжилдан.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика