Уста ва Маргарита (II- қисм) [Mixail Bulgakov]

Уста ва Маргарита (II- қисм) [Mixail Bulgakov]
Уста ва Маргарита (II- қисм) [Mixail Bulgakov]
Иккинчи Қисм
Ўн тўққизинчи боб
Маргарита
Мен билан юринг, китобхон! Дунёда чинакам, садоқатли, боқий муҳаббат йўқ, деб ким айтди сизга? Шундай деган ёлғончининг қабоҳаткаш тили кесилсин!
Сиз фақат мен билан юринг, китобхон, мен кўрсатаман сизга ўшандай пок муҳаббатни!
Йўқ! Уста касалхонада Иванушкага аччиқ қайғу билан, у мени унутиб юборган, деб айтганида янглишган эди. Бундай бўлиши асло мумкин эмас эди. У аёл устани унутмаган эди, албатта.
Келинг, биринчи навбатда, устанинг Иванушкадан яширган сирини ошкор қилайлик. Ўшал маҳбубанинг исми-шарифи Маргарита Николаевна бўлиб, устанинг бу аёл тўғрисида шўрпешона шоирга айтган ҳамма гаплари тўғри эди. Ҳа, у ўз маҳбубасини тўғри тасвирлаган эди. У жуда гўзал ва ақлли аёл эди. Бу гапимизга илова қилиб яна шуни қатъий ишонч билан айтишимиз мумкинки, кўпчилик аёллар ҳаётда Маргарита Николаевна билан ўрин алмашиш учун ҳеч нималарини аяма-ган бўлар эдилар. Ўттиз ёшли бефарзанд Маргарита жуда йирик бир мутахассиснинг, мутахассис бўлганда ҳам давлат аҳамиятига молик муҳим кашфиёт эгасининг хотини эди. Эри ёш, чиройли, оқкўнгил, ҳалол йигит бўлиб, Маргаритани сидқидилдан севар эди. Маргарита Николаевна эри билан иккови Арбат яқинидаги тор кўчалардан бирида боғ ичида жойлашган чиройли иморатнинг юқори қаватини бутунича эгаллашган эди. Ғоят хушманзара жой! Ўшал боққа боришни ихтиёр қилган ҳар бир одам гапимнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши мумкин. Хоҳловчи бўлса, менга мурожаат қилсин, унга адресни айтиб, йўлни ҳам кўрсатаман — у иморат ҳалиям бор.
Маргарита Николаевна ҳеч қачон пулдан сиқилмаган. У кўнгли тусаган ҳамма нарсани сотиб олиши мумкин эди. Эрининг танишлари орасида ажойиб кишилар ҳам учрарди. Маргарита Николаевна ҳеч қачон примусга яқинлашмаган Маргарита Николаевна умумий квартирада яшаш машаққатларидан мутлақо бехабар. Қисқаси... у бахтиёрмиди? Бир лаҳза ҳам! У ўн тўққиз ёшида эрга тегиб шу уйда яшай бошлагандан бери бахт нималигини билмасди. О худолар, худолар! Нима керак эди ўзи бу аёлга! Кўзларида ҳамиша мавҳум бир ўт чақнаб турувчи бу аёлга нима керак эди? Ўшанда баҳорда мимоза гули тақиб олган бир кўзи хиёлгина ғилай бу алвастига нима керак эди ўзи? Билмайман. Менга маълум эмас. Чамаси у рост гапирган эди, яъни унга готика услубида қурилган иморат ҳам, алоҳида боғ ҳам, пул ҳам эмас, ёлғиз уста керак эди. Маргарита рост гапирган эди, у устани севар эди. Ҳаттоки мен — ростгўй қиссанавис, гарчи бегона одам бўлсам ҳам, Маргаританинг эртаси куни устаникига келиб, унинг уйда йўқлигидан қандай изтироб чекканини ўйласам, юракларим эзилиб кетади (яхшиямки, бахтига тунда эри қайтиб келмаган ва Маргарита у билан гаплашишга улгурмаган эди).
У уста тўғрисида бирон дарак эшитиш учун қўлидан келган ҳамма ҳаракатни қилди, лекин, турган гапки, ҳеч нима била олмади. Шундан кейин у ўз уйига қайтиб, яна аввалгидек кун кечира бошлади.
— Ҳа, ҳа, ҳа, ўхшаш хато! — дерди Маргарита қишда печка олдида оловга тикилиб ўтираркан, — нега ахир ўшанда, кечаси уни ташлаб кетдим? Нега? Бу ахир телбалик эди-ку! Мен ваъдамга вафо қилиб эртаси куни бордим, лекин кечиккан эдим. Ҳа, мен ҳам худди бахтиқаро Левий Матвейга ўхшаб анча кечикиб бордим!
Бу бемаъни гап эди, албатта, негаки, аслини олганда, агар у ўша кеча устанинг уйида қолганида ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмасди!
Маргарита уни қутқариб қола олармиди? Қизиқ деб айтишимиз мумкин, аммо биз мушкул аҳволга тушган аёл олдида бундай қилмаймиз.
Маргарита Николаевна бутун қиш шундай машаққатда яшаб, ахийри баҳорга чиқиб олди. Москвада бадкор сеҳргар пайдо бўлиб, ҳар турли бемаъни гавғолар кўтарилган куни, яъни Берлиознинг поччаси Киевга қайтариб юборилган, бухгалтерни қамоққа олишган ва яна кўп тутуриқсиз мавҳум воқеалар содир бўлган ўша жума куни чошгоҳ пайтида Маргарита иморатнинг минора остига, сиртга бўртиб чиққан қисмига жойлашган ўз ётоқхонасида уйқудан уйғонди.
Маргарита кўзини очди-ю, аммо бу сафар доимий одати бўйича йиғламади, чунки у ниҳоят бугун бир кор-ҳол юз беришини ҳис қилиб уйғонган эди. Энди у ана шу ҳиссиётини фаромуш қилиб қўймаслик учун уни папалаб, ардоқлаб камол топтира бошлади.
— Мен ишонаман! — деб пичирлади Маргарита ғурур билан, — ишонаман! Бирон нима юз беради! Юз бермаслиги мумкин эмас ахир, негаки, сирасини олганда, қайси гуноҳим учун умрбод азоб чекишим керак? Тўғри, мен ёлғон гапирганимни, алдамчилик қилганимни, одамлардан яширинча, хуфиёна ҳаёт ке-чирганимни бўйнимга оламан, лекин шу қилмишим учун бунчалик оғир жазога дучор бўлишим мумкин эмас-ку. Албатта бирон нима содир бўлади, чунки ҳеч бир нарса мангу давом этмайди, ахир. Кейин, мен бугун хосиятли туш кўрдим, бунга аминман.
Маргарита Николаевна қуёш шуъласидан лоларанг бўлган дарпардага тикилиб, уч тавақали кўзгу олдида шоша-пиша кийиниб, жингалак калта сочини тараркан шундай пичирларди.
Маргарита бугун ҳақиқатан ҳам жуда аломат туш кўрган эди. Гап шундаки, азобда ўтган бутун қиш мобайнида у ҳеч қачон устани тушида кўрмаган эди. Кечасига уста уни тарк этар, фақат кундуз кунлари Маргарита уни ўйлаб изтироб чекарди. Бугун эса кутилмаганда тушига кирди у.
Маргарита танимайдиган жоймиш — эрта баҳор, осмонни булут буркаб олганлигидан бу жой шумшук ва нохуш кўринармиш. Авзои бузуқ осмонда паға-паға булутлар сузармиш ва шу булутлар остида гала-гала қарғалар товушсиз учиб юрармиш. Аллақандай қинғир кўприкмишу унинг остидан баҳорги лойқа сув оқармиш. Шу ерда яримяланғоч мотамсаро, фақирона дарахтлар, ёлғиз шўппайиб турган тоғтерак, ундан нарида — қандайдир экинзор этагида бир ёғоч уй — у ошхонами, ҳаммомми, ё бошқа бир нимами номаълум — дарахтлар орасидан кўриниб турганмиш. Чор атроф ўлик ва шу қадар шумшукмишки, кўприкча ёнидаги тоғтеракка сиртмоқ ташлаб осилиб ўлгиси келармиш Маргаританинг. На «қилт» этган шабада эсар, на булутлар жойидан силжир, на бирон тирик жон бор эмиш бу ерда. Тирик одам учун жаҳаннамнинг ўзи эмиш!
Тасаввур қилинг-а, шу маҳал ўша ёғоч уйнинг эшиги очилиб, остонада... уста пайдо бўлганмиш. Уй анча йироқда бўлса ҳам, Маргарита уни аниқ кўриб турганмиш. Уст-боши тўзиб кетганидан, унинг қандай либос эканлигини ҳам билиб бўлмасмиш. Сочлари пахмайган, соқол-мўйлови ўсиб кетганмиш. Кўзлари хаста ва безовтамиш. У қўли билан имлаб Маргаритани чақирармиш. Шунда Маргарита жонсиз ҳавода нафаси оғзига тиқилганча, ўнқир-чўнқир ерлардан унинг истиқболи сари чопа бошлапти-ю, бирдан уйғониб кетипти.
«Бу тушимнинг таъбири фақат икки маънодан бирини билдириши мумкин, — деб мулоҳаза қила бошлади ўзича Маргарита Николаевна, — агар у ўлган бўлсаю мени имлаб чақираётган бўлса, демак у мени олиб кетгани келгану яқинда ўламан. Шундай бўлса жудаям соз бўлади, негаки азобдан қутуламан. Ё бўлмаса, у тирик, агар шундай бўлса, унда у менга ўзини эслатмоқчи! Демак, у биз яна дийдор кўришамиз, демоқчи. Ҳа, биз жуда тез орада учрашамиз».
Маргарита ўз мулоҳазасидан ҳамон сархуш ҳолда, ҳаммаси кўнгилдагидек бўляпти, бундай қулай фурсатдан албатта фойдаланиб қолиш керак, деб уқтирарди ўзига-ўзи. Эри уч кунга командировкага жўнаб кетган эди. Шу уч кеча-кундуз мобайнида у ўзи хон, кўланкаси майдон, нимани хоҳласа, шуни ўйлаши, кўнгли тусаган нарсани орзу қилиши мумкин. Юқори қаватдаги бешта хонанинг ҳаммаси, Москвада ўн минглаб кишиларнинг ҳавасини келтирувчи бу квартира бутунича унинг ихтиёрида эди.
Бироқ ўзини уч кунгача эркин қуш ҳисоблаган Маргарита келиб-келиб бу муҳташам квартиранинг энг хилват бир гўшасини танлади. У чой ичиб бўлиб, деразаси йўқ қоронғи ҳужрага кирди, бу ерда чама-донлар ва ҳар хил эски-тускилар тиқиб ташланган ик-кита катта шкаф турарди. У чўққайиб ўтириб, бирин-чи шкафнинг пастки ғаладонини очди ва у ерда ётган шойи қийқимлари остидан ўзи учун ҳаётида бирдан-бир бебаҳо ҳисобланган нарсани қўлига олди. Бу — жигар ранг чарм муқовали фотография альбоми бўлиб, унинг ичида устанинг сурати, ўн минг сўм омо-нати бўлган омонат дафтарчаси, хитой қоғози орасига бостириб қўйилган атиргул баргларию машинкада ёзилган ва паст томони куйган бир тобоқча келадиган қўлёзма бор эди.
Маргарита Николаевна шу бойлиги билан ётоқхонасига қайтиб, суратини уч тавақали кўзгу олдига қўйди ва олов ялаган қўлёзмани тиззасига ёйиб, боши ҳам, охири ҳам ёниб кетган бу варақларни қайта-қайта ўқиб бир соатча ўтирди: «...Ўртаер денгизи ёкдан бостириб келган зулмат прокураторга манфур бўлган шаҳарни буркаб олди. Жомени даҳшатли Антоний минораси билан улаган муаллақ кўприклар ғойиб бўлди, осмондан тушган қуюқ сиё Ҳипподром узра қанот ёзган маъбудларнинг ҳайкалларини, Хасмоней қасрини ва унинг шинакларини, бозорларни, карвон-саройларни, кўчаларни, ҳовузларни қамраб олди... Азим шаҳар — Ершалаим гўё ҳеч қачон дунёда бўлмагандай кўздан йўқолди...»
Маргарита асарнинг давомини ўқишни истарди, лекин у ёғида қинғир-қийшиқ қуюқ ҳошиялардан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Маргарита Николаевна кўз ёшларини артиб, қўлёзмани қўйди, тирсакларини кўзгу остидаги столчага тираганча, узоқ вақт кўзини суратдан узмай ўтирди. Ниҳоят, кўз ёшлар тинди. Маргарита ўз бойлигини яна авайлаб тахтлади, бир неча дақиқадан кейин альбом яна ўша жойига, қийқимлар остига кўмилдию қоронғи ҳужранинг қулфи шарақлаб ёпилди.
Маргарита Николаевна сайрга отланиб, даҳлизда пальто кияётганида уй ходимаси гўзал Наташа, тушликнинг қуюғига нима пиширай, деб сўради соҳибасидан, менга барибир, деган жавобни олгач, яна бир оз вақтичоғлик қилгиси келди шекилли, бекаси билан чақчақлашиш мақсадида оламжаҳон миш-мишларни гапириб ташлади, шу жумладан деди:
— Вой, кеча театрда бир кўзбойлоқчи шунақанги найранглар кўрсатибдики, ҳамманинг оғзи ланг очилиб қолибди, ҳаммага икки шишадан чет эл атири, яна пайпоқ берипти, текинга кейин сеҳргарлик сеанси тугагач, одамлар кўчага чиқишганда, бундоқ қарашса — ҳамма шир яланғочмиш!
Маргарита Николаевна кула-кула, шу даҳлизда турган кўзгу столчасига ўтириб қолди.
— Наташа! Қўйинг-е, — дерди у, — саводли, фаросатли қиз бўлсангиз-у, кўча-кўйда одамлардан эшитган қаёқдаги ёлғон-яшиқ гапларни такрорласангиз-а!
Наташа чўғдек қизариб кетди ва жон-жаҳди билан эътироз билдира бошлади:
— Ҳеч ҳам ёлғон эмас, бугун Арбатдаги гастрономда ўз кўзим билан кўрдим: оёғига туфли кийиб борган бир аёл кассага пул тўлаб турганида, бирдан туфлиси ғойиб бўлиб, пайпокда қолди. Кўзлари бақрайган! Товони тешилган. Кейин билсак, ўша туфли театрда берилган сеҳрли туфли экан.
— Пайпоқчан кетавердими?
— Кетаверди! — деди Наташа, гапларига бекаси ишонмаётганидан кўпроқ қизариб. — Айтгандай, Маргарита Николаевна, кеча кечаси милиция юзтача одамни ушлаб олиб кетипти. Ўша сеҳргарлик сеансида бўлган аёллар Тверь кўчасидан битта ички иштонда чопиб кетишганмиш.
— Албатта, буни сизга Дарья гапирган, — дерди Маргарита Николаевна, — кўпдан бери пайқаб юрибман. У ёлғонни сувдай ичади.
Бу аломат суҳбат Наташа учун кутилмаган совға билан якунланди. Маргарита Николаевна ётоқхонасига кириб, у ердан бир жуфт пайпоқ билан бир шиша атир кўтариб чикди. У Наташага, мен ҳам сизга фокус кўрсатмоқчиман, деб айтиб, унга пайпоқ билан атирни совға қилди ва:
— Фақат битта илтимосим шуки — ишқилиб, Тверь кўчасида пайпоқчан чопиб юрманг, кейин, Дарьянинг гапларига ҳам қулоқ солманг, — деди.
Бека билан уй ходимаси ўпишиб хайрлашишди.
Маргарита Николаевна троллейбус ўриндиғининг қулай ва юмшоқ суянчиғига суянганча Арбат бўйлаб, кетиб бораркан, гоҳ ўз хаёлларига берилиб кетар, гоҳ ўзидан олдинги ўтирғичда пичирлашиб ўтирган икки кишининг гапларига қулоқ соларди.
Улар, гапимизни ҳеч ким эшитмаяптимикин, дегандек онда-сонда атрофга қўрқа-писа назар ташлар эканлар, қандайдир тутуриқсиз нарса тўғрисида гапиришарди. Ойна олдида ўтирган, чўчқаникига ўхшаган кўзлари ўткир, гунгурсдай келадиган бақ-бақалоқ одам ёнидаги жиккаккина қўшнисига, тобут устига қора чойшаб ёзишга тўғри келгани ҳақида гапирарди...
— Йўғ-е, ишонмайман, — деб пичирларди жиккак одам ҳайратланиб, — ақл бовар қилмайди бунга... Хўш, Желдибин нима чора кўрди?
Троллейбуснинг бир меъёрдаги гувуллаши фонида ойна олдидаги одамнинг овози эшитилди:
— Жиноий қидирув... ғалванинг ўзи... ғирт мистика!
Маргарита Николаевна ўзи эшитган бу узуқ-юлуқ жумлаларни бир-бирига улаб, шундай тахминий равонлик касб этди: бу икки гражданин бугун эрталаб қайсиям бир мурданинг (унинг кимлигини тилга олишмасди) калласини тобутдан ўғирлаб кетишгани ҳақида пичирлашишарди! Анави Жеддибин деганлари шунинг учун ҳам безовта бўлаётган экан. Троллейбусда пичирлашиб бораётган бу икки одам ҳам калласи ўғирланган мурдага дахлдор эдилар.
— Кириб гул олишга улгурармикинмиз? — деб безовта бўла бошлади жиккак одам, — соат иккида куйдиришади дедингми?
Ниҳоят, тобутдан ўғирланган калла ҳақидаги тутуриқсиз пичирлашларни эшитиш Маргарита Николаевнанинг жонига тегди, у тушадиган бекатига келганини кўриб хурсанд бўлиб кетди.
Яна бир неча дақиқадан кейин у Кремль девори пойига қўйилган скамейкалардан бирига бориб ўтирди, бу скамейкадан манеж майдони яққол кўриниб турарди.
Маргарита чарақлаб турган қуёшдан кўзларини сузиб ўтираркан, бугун кечаси кўрган тушини эсларди, сўнг у кун-бакун ва соат-басоатига бундан роса бир йил бурун худди мана шу скамейкада уста билан ёнма-ён ўтирганини хотирлай бошлади. Ўшанда ҳам, худди ҳозиргидек қора сумкачаси унинг ёнида, скамейкада ётган эди. Бугун унинг ёнида уста йўқ эди, бироқ Маргарита Николаевна у билан хаёлан суҳбатлашарди: «Агар сургун қилинган бўлсанг, нега ўзинг ҳақингда дарак бермайсан? Ахир бошқалар хабар қилишади-ку. Ё мендан кўнглинг қолганми? Йўқ, бундай бўлишига ҳеч ишонмайман. Демак сен сургунда ўлгансан... Агар шу рост бўлса, ўтинаман, мени озод эт, эркин нафас олиб яшашимга имкон бер». Шундан кейин, Маргарита Николаевна ўзига-ўзи устанинг тилидан жавоб қайтарарди. «Сен озодсан... Нима, ушлаб турибманми сени?» Кейин Маргарита эътироз билдирарди унга: «Йўқ, бу жавоб эмас! Йўқ, сен менинг хотирамдан кет, шундагина мен озод бўламан».
Маргарита Николаевнанинг олдидан одамлар ўтиб туришарди. Бир эркак бу яхши кийинган аёлга кўз қирини ташлади-ю, унинг гўзаллиги ва ёлғизлигига мафтун бўлиб, томоқ қириб қўйди ва Маргарита Николаевна ўтирган скамейканинг бир чеккасига омонатгина ўтирди. Сўнг ўзини тутиб олиб, луқма ташлади:
— Табиийки, бугун ҳаво жуда яхши.
Лекин Маргарита унга шундай нохуш қарадики, у ўрнидан туриб жўнаб қолди.
«Мана сенга мисол, — дерди Маргарита ўз қалбининг соҳибига хаёлан юзланиб. — Рост-да, нега энди бу эркакни ҳайдаб юбордим» Ўзим зерикиб ўтирган бўлсам, анави шилқим ҳам бинойидай кўринади, агар «табиийки» деган аҳмоқона сўзини истисно қилинса. Нега энди мен худди бойўғлидек девор тагида шўппайиб ўтирибман? Нега энди ҳаётдан четга чиқариб ташланганман?»
У қаттиқ қайғуриб, бошини хам қидди. Лекин шу пайт боя эрталаб содир бўлган интизорлик ва сархушлик тўлқини унинг кўкрагига келиб урилди. «Ҳа, содир бўлади!» Тўлқин иккинчи марта урилди, ана шунда Маргарита, унинг овозли тўлқин эканлигини тушунди. Яқинлашиб келаётган дўмбира ва оҳангни сал бузиб чалаётган мис карнайларнинг овози кўча шовқини орасидан тобора аниқроқ эшитила бошлади.
Биринчи бўлиб боғ панжараси ёнидан отда одимлаб юриб бораётган милиционер, ундан кейин учта пиёда одам кўринди. Улардан кейин кузовида музикачилар ўтирган юк машинаси секин-секин юриб ўта бошлади. Унинг орқасидан яп-янги очиқ дафн машинаси келарди, машинага қўйилган тобутни гулчам-барлар кўмиб юборган, тобут қўйилган майдончанинг тўрт бурчагида тўртта одам — уч эркак ва бир аёл турарди. Маргарита анча узоқда бўлса ҳам, дафн машинасида туриб, марҳумни қабристонга кузатиб бораётган бу одамларнинг чеҳраларида аломат саросима акс этаётганини кўрди. Айниқса, бу ҳол дафн машипасининг орқа томонида, чап бурчакда турган аёлнинг чеҳрасида яққол кўриниб турарди. Қандайдир антиқа бир сир бу аёлнинг шундоқ ҳам лўппи ёноқларини ич томондан туртиб, янада шишириб тургандек кўринарди, унинг мой босган кўзларида дудмаллик ўти чақнарди. Гўё бу гражданка ортиқ тоқат қила олмай ҳозир марҳумга кўз қисади-ю: «Бунақа ғаройиботни кўрганмисиз ҳеч? Жумбоқнинг ўзи!» — деб юборгудек кўринарди. Дафн машинаси орқасидан секин-секин юриб келаётган тахминан уч юзтача одамнинг чеҳралари ҳам шунақа саросимали эди.
Маргарита бу маросимни ўтирган ерида кузатар ва «бумс, бумс, бумс» деб бир тақлидда чалинаётган турк дўмбираси садосининг узоқлашган сари сўниб бораётганини ҳис қиларкан, ўйларди: «Жуда ғалати дафн маросими-я... Юракни зиқ қилиб юборди дўмбиранинг бу «бумс-бумс»и! Оҳ, шайтонга жонимни садақа қилишдан ҳам қайтмасдим, унинг тирик ё ўликлигини билиш учун! Қизиқ, бундай аломат кайфият билан кимни дафн этишаётган экан-а?».
— Михаил Александрович Берлиозни, — Маргаританинг ёнгинасидан бир оз манқалангаи эркак овози эшитилди, — МАССОЛИТнинг раисини, ҳайрон бўлган Маргарита Николаевна ўгирилиб, ўз ёнида скамейкада ўтирган бир гражданинни кўрди, чамаси, Маргарита дафн маросимига маҳлиё бўлиб қолганида бу одам секингина келиб ўтирган ва Маргаританинг хаёли қочиб, бехосдан овоз чиқариб берган саволини эшитган эди.
Бу пайт маросим қатнашчилари юришдан тўхтай бошлашди — светофор йўлни тўсган бўлса керак.
— Ҳа, — деб давом этди нотаниш одам, — уларнинг кайфиятлари жуда ғаройиб. Марҳумни қабристонга олиб кетишяпти-ю, миялари фақат бир нарса — ўликнинг калласи қаёққа ғойиб бўлдийкин, деган савол билан банд!
— Қанақа калла? — деб сўради Маргарита тўсатдан пайдо бўлган бу қўшнисига тикилиб қараркан. У — сочи олов ранг малла, сўйлоқ тишли пак-пакана одам бўлиб, эгнига крахмалланган ич кўйлак устидан аъло сифат йўл-йўл костюм, оёғига локланган туфли, бошига котелок-шляпа кийган, бўйнига гулдор галстук боғлаган эди. Бу гражданиннинг энг аломат жиҳати шунда эдики, костюмининг соат чўнтагидан, ҳамма эркакларда бўлганидек рўмолча ҳам эмас, ручка ҳам эмас, товуқ суяги чиқиб турарди.
— Ҳа, мен сизга айтсам, — деб баён қилди малла, — бугун эрталаб Грибоедов залида турган тобутдан марҳумнинг калласини ўғирлаб кетишипти.
— Қандай қилиб каллани ўғирлаш мумкин? — деб беихтиёр сўради Маргарита, сўраркан, ўзи троллейбусда эшитган пичир-пичир гапларни эслади.
— Ким билади дейсиз! — деди бетакаллуфлик билан малла, — лекин менинг фикримча, бу ҳақда Бегемотдан сўралса ёмон бўлмасди. Жуда усталик билан ўмариб кетишипти ўзиниям. Ғирт машмаша! Энг муҳими, кимгаям керак экан ўша калла, ҳайронман!
Маргарита Николаевна ўзи билан ўзи нечоғлик банд бўлмасин, нотаниш одамнинг олди-қочди гаплари уни ҳайратга солди.
— Кечирасиз! — деди у бирдан, — қайси Берлиоз у? Ҳалиги, бугунги газеталарда...
— Ҳа, ўша, ўша...
— Бундан чиқди, тобут орқасидан адабиёт аҳли бораётган экан-да? — деб сўради Маргарита бирдан тишларини иршайтириб.
— Ҳа, бўлмасам-чи, ўшалар!
— Сиз уларни танийсизми?
— Ҳаммаларини, — деб жавоб қилди малла.
— Айтинг-чи, — деб Маргарита гап бошлаган эди, овози хириллаб чиқди, — уларнинг орасида танқидчи Латунский йўқми?
— Нега энди бўлмас экан? — деб жавоб қилди малла, — ҳўв ана, тўртинчи қаторда, чеккада кетяпти.
— Анави сариқ сочми? — сўради Маргарита кўзларини сузиб тикиларкан.
— Кул ранг соч... Қаранг, ана, кўзини осмонга тикяпти.
— Патерга ўхшаганми?
— Ҳа, топдингиз!
Маргарита Латунскийга тикилиб қолди ва бошқа ҳеч гап сўрамади.
— Фаҳмимча, сиз, — деди малла жилмайиб. — Латунскийни ёмон кўрадиганга ўхшайсиз.
— Мен яна баъзи бировларни ёмон кўраман, — деди Маргарита тишларини гижир қилиб, — лекин буларни гапириб ўтиришнинг қизиғи йўқ.
Бу пайт дафн маросими жойидан қўзғалди, пиёдалар орқасидан аксарияти бўш автомобиллар карвони тизилиб борарди.
— Ҳа, албатта, нимасиям қизиқ бунинг, Маргарита Николаевна!
Ажабланган Маргарита ялт этиб қаради:
— Сиз мени танийсизми?
Малла одам жавоб бериш ўрнига бошидан котелок-шляпасини олди ва шу шляпа ушлаган қўлини ёнга чўзиб таъзим қилди.
«Башарасидан ғирт қароқчининг ўзи!» — деб кўнглидан ўтказди Маргарита ҳамсуҳбатининг юзига тикилиб қараркан.
— Мен сизни танимайман, — деди Маргарита қуруққина қилиб.
— Ахир қаёқдан танирдингиз мени! Дарвоқе, мени иш билан юборишган эди ҳузурингизга.
Маргаританинг ранги қув ўчиб, орқага ташланди.
— Гапни тўғри шундай бошлаш керак эди, — деди у, — аллақандай кесилган калла ҳақида валдираб ўтирмасдан! Сиз мени қамоққа олмоқчимисиз?
— Асло, — деди малла, — қизиқ экансиз-у: фақат қамоққа олиш учун суҳбатлашадими одам деган? Сизда ишим бор, холос.
— Тавба, қанақа ишингиз бўлиши мумкин менда? Малла атрофга бир қараб олиб, сирли оҳангда деди:
— Сизни бугун кечқурун меҳмондорчиликка таклиф қилишяпти, шуни айтгани келдим.
— Нима деяпсиз ўзи, ким экан ўша меҳмондўст?
— Жуда машҳур бир ажнабий, — деди малла маънодор қилиб кўзларини сузаркан.
Маргарита жудаям аччиғланиб кетди.
— Қўшмачиларнинг янги тоифаси — кўча қўшмачиси пайдо бўлиптида энди, — деди у кетмоқчи бўлиб ўрнидан тураркан.
— Э, ўргилдим берган топшириқларидан! — деди малла хафа бўлиб ва узоқлаб кетаётган Маргарита орқасидан тўнғиллади: — Эси паст хотин!
— Аблаҳ! — деб жавоб қайтарди Маргарита орқасига ўгирилиб ва худди шу маҳал малланинг овозини эшитди.
— Ўрта ер денгизи ёқдан бостириб келган зулмат прокуратор ёқтирмайдиган шаҳарни буркаб олди. Жомени Антоний минораси билан улаган муаллақ кўприклар ғойиб бўлди. Азим шаҳар Ершалаим гўё ҳеч қачон дунёда бўлмагандай кўздан йўқодди... Сиз ҳам даф бўлинг ўша куюк дафтарингизу қуриган атиргулингиз билан бирга! Шу скамейкада шўппайиб ўтириб, мени озод эт, эркин нафас олиб, яшашимга имкон бер, хотирамдан фаромуш бўл, деб ундан илтижо қилаверинг!
Ранги докадек оқариб кетган Маргарита скамейка ёнига қайтиб келди. Малла унга кўзларини сузиб тикилиб ўтирарди.
— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, — деб оҳиста гап бошлади Маргарита Николаевна, — куйган қўлёзмалар ҳақида-ку бир амаллаб билиб олишингиз мумкин... бир йўлини қилиб уйимга киргансизу кўриб қолгансиз... эҳтимол, Наташани ўзингизга оғдиргандирсиз! Лекин дилимдаги фикримни қандай билдингиз? — У қаттиқ изтироб чекаётгандай афтини буриштирди ва илова қилди: — Гапирсангизчи, кимсиз ўзи? Қайси ташкилотдансиз?
— Мана сенга диққатвозлик, — деб тўнғиллади малла ва баландроқ овоз билан гапира бошлади: — афв этасиз, мен сизга ҳеч қандай ташкилотдан эмасман деб айтдим боя! Илтимос, ўтиринг.
Маргарита итоат этди, лекин ўтираётиб, барибир яна савол берди:
— Кимсиз?
— Ҳа, яхши, исмим Азазелло, лекин бу исмдан, барибир, ҳеч нима била олмайсиз..
— Қўлёзма тўғрисида, кейин менинг дилимдаги гаплар ҳақида қандай дарак топганингизни айтиб беролмайсизми ?
— Айтмайман, — деб қуруққина жавоб қилди Азазелло.
— Лекин унинг тўғрисида бирон нима билсангиз керак? — деди Маргарита ёлворгудек пичирлаб.
— Ҳай, биламан дейлик.
— Ўтинаман, фақат айтинг: у тирикми? Қийнаманг мени.
— Ҳа, тирик, тирик, — деди Азазелло истар-истамас.
— Ё худо!
— Илтимос, ҳаяжонланманг, қичқирманг, — деди ўшшайган Азазелло.
— Кечиринг, мени кечиринг, — деб ғўлдиради Маргарита энди итоаткорлик билан, — очиғи, сиздан аччиғландим. Ахир, ўзингиз ўйланг. Нотаниш аёлни дабдурустдан кўчада меҳмонга таклиф қилиш... Гапимга ишонинг, мен бепарво одамман, — Маргарита аянчли жилмайиб қўйди, — лекин ҳеч қачон ҳеч қандай хорижлик билан учрашмаганман, ундайлар билан учрашишни ҳам ҳеч хоҳламайман... ундап кейин, менинг эрим... Ҳамма бало шундаки, мен ўзим севмаган одам билан яшайман, лекин унинг турмушини бузиш, менимча, инсофсизлик бўлади. Менга у ҳамиша фақат яхшилик қилиб келяпти...
Азазелло унинг. пойма-пой гапини ошкора диққинафаслик билан тинглади ва жаҳл билан деди:
— Бир зумгина тилингизни тийинг. Маргарита итоаткорлик билан жим бўлди.
— Мен сизни мутлақо бехавотир ажнабийнинг қузурига таклиф қиляпман... Кейин, бу ташрифингизни биронта ҳам жонзот сезмайди. Бунга кафолат беришим мумкин.
— Нимага керак бўлибман унга? — деб сўради Маргарита қувлик билан.
— Буни борганингизда биласиз.
— Тушуниб турибман... Унинг хоҳишини қондиришим керак, — деди Маргарита ўйга толиб.
Азазелло кибр-ҳаво билан «ҳм» деб пичинг қилди-да, жавоб қайтарди:
— Сизни ишонтириб айтаманки, жаҳондаги ҳар бир аёл учун бу энг юксак орзу ҳисобланган бўларди, — у мийиғида кулиб қўйди, — лекин ҳафсалангизни пир қиламан, айтганингиз бўлмайди.
— У қанақа ажнабий бўлди?! — деб Маргарита ҳаяжонланганидан шундай баралла гапириб юборди-ки, скамейка ёнидан ўтиб турган одамлар у томонга ўгрилиб қарашди, — унинг ҳузурига боришдан менга нима манфаат?
Азазелло унинг қулоғига энгашиб, маънодор пичирлади:
— Жуда катта манфаат кўрасиз... Сиз вазиятдан фойдаланиб...
— Нима? — деб юборди бирдан Маргарита кўзларини катта-катта очиб, — агар гапингизга тўғри тушунган бўлсам, у ерда мен устанинг дарагини эшитаман, шунга шама қиляпсизми?
Азазелло индамай бош ирғатди.
— Бораман! — жаҳл билан деди Маргарита Азазеллонинг қўлидан маҳкам ушлаб олиб, — қаёққа десангиз бораман!
Азазелло «уфф» деб енгил нафас олди-да, скамей-кага суянди ва кинояомуз гапира бошлади:
— Аёл зотига тушуниш қийин! — У қўлларини чўнтакларига тиқиб, оёқларини имкони борича нарироққа узатворди, — нега энди келиб-келиб менга топширишди бу ишни? Бегемот бажарса-ку яхшироқ бўларди, чунки у ёқимтой хилқат...
Маргарита аянчли тарзда мийиғида кулиб деди:
— Бунақа жумбоқларингиз билан мени лақиллатишни, қийнашни бас қилинг... Мен шундоқ ҳам шўрпешона одамман, сиз шундан фойдаланяпсиз. Аллақандай ғалвани орттиряпман бошимга, лекин онт ичиб айтаманки, фақат уни тилга олганингиз учун боришга рози бўляпман! Бошим ғовлаб кетди бу дудмал гапларингиздан...
— Фақат йиғи бўлмасин, — деди Азазелло башарасини буриштириб, — сиз ҳам менинг аҳволимга тушунинг-да. Чунончи, администраторнинг тумшуғига тушириш, кимнингдир поччасини уйдан қувиб чиқариш, ё биронтасини отиб яралаш, ё бўлмаса, шуларга ўхшаш биронта арзимас ишни бажариш менинг асосий касбим, аммо мафтун аёллар билан суҳбатлашиш — саломатлигингиз керак. Бу қанақаси, ярим соатдан бери сизга гап уқдиролмасам-а. Хўш, борасизми?
— Бораман, — деди одмигина қилиб Маргарита Николаевна.
— Ундай бўлса, манавини олинг, — деб Азазелло чўнтагидан думалоқ олтин қутича чиқарди ва уни Маргаритага узатаркан, деди: — Яширинг тезроқ, одамлар қараяпти. Бу сизга асқотади, Маргарита Николаевна. Сиз кейинги ярим йил ичида ғам-ҳасратдан хийла қариб қолдингиз. (Маргарита чўғдек қизариб кетди, лекин индамади, Азазелло гапида давом этди).
Бугун кечқурун роппа-роса соат тўққиз яримда қип-яланғоч бўлиб шу малҳамни юзингизга ва бутун баданингизга суриб чиқасиз. Кейин кўнглингиз хоҳлаган ишни қилинг, фақат телефондан узоққа кетманг. Соат ўнда сизга ўзим қўнғироқ қилиб, нима иш қилишингизни айтаман. Сиз ҳеч ниманинг ташвишини қилмайсиз, сизни тайинланган ерга элтиб қўйишади, ҳеч қандай шикаст ҳам етказишмайди сизга. Тушундингизми?
Маргарита бир оз сукутга толиб, сўнг жавоб қилди:
— Тушундим. Бу буюм соф олтиндан ишланган, залваридан маълум. Ҳа, майли, билиб турибман, менга пора бериб аллақандай шубҳали ишга тортмоқчисизлару бунинг оқибатида мен бир балога гирифтор бўлсам керак.
— Ахир бу қанақаси, — чийиллади фиғони чиққудек бўлди Азазелло, — янами?
— Йўқ, сабр қилинг!
— Қайтиб беринг малҳамни.
Маргарита қутичани қўлида маҳкам сиқиб, давом этди:
— Йўқ, шошманг... Не ишга журъат қилганимни биламан. Лекин мен ҳар қандай шартга ҳам ўша деб рози бўляпман, чунки менинг дунёда ундан бўлак ҳеч кимим йўқ. Аммо сизга шуни айтиб қўймоқчиманки, агар мени нобуд қиладиган бўлсангиз, уятга қоласиз! Ҳа, ўзингиз уялиб қоласиз! Муҳаббат деб қурбон бўляпман мен! — шундай деб Маргарита ўз кўксига уриб қўйди ва бошини кўтариб офтобга қаради.
— Қайтиб беринг, — деб хириллади Азазелло хуноб бўлиб, — қайтиб беринг, жин урсин бунақа топшириқни! Бегемотни юборишсин-е.
— Э, йўқ! — дерди Маргарита ўтган-кетганларнинг диққатини ўзига тортиб. — Ҳаммасига розиман, баданимга малҳам суриб майна бўлишга ҳам, ҳатто жаҳаннам қаърига боришга ҳам розиман. Малҳамни бермайман!
— Воажаб! — деб бирдан бақириб юборди Азазелло ва боғ панжараси томон бақрайиб қараганча, бармоғи билан қаёққадир ишора қила бошлади.
Маргарита Азазелло кўрсатган томонга қараб, диққатга лойиқ ҳеч нарса кўрмади. Шунда у тутуриқсиз «Воажаб!» сўзига изоҳ сўрамоқчи бўлиб, Азазеллога ўгирилди, лекин Маргарита Николаевнанинг сирли суҳбатдоши ғойиб бўлган эди. Шунда Маргари-та шоша-пиша қўлини сумкачасига тиқиб, бояги ўзи чирқиллаганча солиб қўйган олтин қутичани топди-ю, кўнгли жойига тушди. Сўнг Маргарита бошқа ҳеч нимани ўйламай, Александр боғидан шошганча чиқиб кетди.

Йигирманчи боб
Азазеллонинг Ёғупаси
Оқшом. Беғубор осмонга қалққан тўлиной заранг дарахти шохлари орасидан мўраларди. Жўка ва акас дарахтлари боғ саҳнида ғоят мураккаб нақшлар ҳосил қилган. Бинодан ярим доира шаклида бўртиб чиққан саҳнга жойлашган ётоқхонанинг ланг очиқ, аммо дарпарда билан тўсилган уч қаватли деразаси электр шуъласи билан чароғон ёритилган. Маргарита Николаевнанинг ётоқхонасидаги барча чироқлар ёқиб қўйилган бўлганидан хонадаги тартибсизликлар яққол кўзга ташланиб турар эди. Каравотга ёзилган адёлда кўйлак, пайпоқ, ички либос ёйилиб ётар, ечиб ташланган, ички кийимлар эса оёқостида, шошқалоқлик билан бехосдан босиб мажақланган бир қути папирос ёнида ғижимланиб ётарди. Туфли тунги столча устида кофеси ичиб бўлинмаган чашка ва папирос қолдиғи тутаб турган кулдон ёнида турарди, стул суянчиғига кечки қора кўйлак илиб қўйилган. Хона атир ҳидига тўлган, бундан ташқари, қаёқдандир қиздирилган дазмол ҳиди ҳам кириб келаётган эди бу хонага.
Яланғоч Маргарита Николаевна чўмилганда киядиган халатини елкасига ташлаб, оёғига бахмал теридан тикилган қора туфли кийиб тошойна қаршисида ўтирарди. Унинг қаршисида Азазеллодан олгани қутича соатли олтин билагузук ёнида ётар, Маргарита соат милидан кўзини узмасди. Баъзан унга соат бузилиб қолган-у, миллари жойидан жилмаётгандай туюларди. Лекин миллар, гарчи худди илиниб-илиниб қолаётган-дек, жуда имиллаб бўлса ҳам юриб турган эди, мана, ниҳоят, соатнинг узун мили тўққиздан йигирма тўққиз минут ўтганини кўрсатди. Маргаританинг юраги шу қадар қаттиқ тепа бошладики, дастлабки пайтда қутичани қўлига олишга ҳам мажоли қолмади.
Ниҳоят у ўзини тутиб олиб, ахири қутичани очди — унда сарғишранг ёғупа бор экан. Ундан балчиқ ҳиди келаётгандек туюлди. Маргарита бармоғининг учи билан ёғупадан қиттак олиб, кафтига сурган эди, балчиқ ҳиди ўрмон ҳиди билан омихта бўлиб димоғига гупиллаб урилди, шундан сўнг Маргарита ёғупани кафти билан пешонаси ва ёноқларига сура бошлади. Ёғупа осонгина сурилар ва Маргаританинг пайқашича, шу заҳоти терисига сингиб кетаётган эди. Маргарита юзига ёғупадан уч-тўрт марта сургач, кўзгуга қарадию бирдан қўлидаги олтин қутичани тушириб юборди. Қутича соатнинг шиша қопқоғи устига тушиб, уни худди ўргимчак уяси шаклида дарз қилди. Маргарита кўзларини чирт юмди, кейин яна кўзгуга тикилдию бирдан хандон ташлаб кула бошлади.
Унинг мўйчинакда терилиб силлиқ қилинган ингичка қошлари қуюқлашган ва иккита тимқора ёй бўлиб, кўм-кўк кўзлари устига ётган эди. Ўтган йили октябрда, яъни уста ғойиб бўлганида қаншарида пайдо бўлган ингичкагина тик ажин текисланиб йўқ бўлди. Шунингдек, икки чаккасида пайдо бўлган сарғиш доғ ҳам, икки кўзининг ташқи милклари олдида ҳосил бўла бошлаган кўз илғамас ажинлар ҳам йўқолди. Ёноқлари бир текисда қизғиш ранг касб этди, пешонаси оппоқ ва беғубор бўлди, сартарошнинг маҳорати билан жингалак қилинган сочлари ёйилиб кетди.
Ўттиз ёшли Маргаританинг рўпарасида энди, кўзгуда тимқора сочлари туғма қўнғироқ бўлган йигирма ёшлардаги жувон садафдек оқ тишларини кўрсатиб, қотиб-қотиб куларди.
Маргарита кула-кула чарчагач, бир силкиниб елкасидан халатни отиб ташлади ва нафис ёғупага беш панжасини ботириб, уни бутун баданига қаттиқ-қаттиқ сура бошлади. Бадани бир лаҳзада қизариб, қизиб кетди. Шунда Александр боғидаги учрашувдан сўнг икки чаккасининг, худди миясига игна қадаб қўйилгандай тинимсиз лўқиллаб оғриётгани бирдан таққа тўхтаб, оёқ-қўлларининг мушаклари кучга тўлди ва Маргарита ўз жисмининг вазнсиз бўлганини сезди.
У бир сакраб, гилам узра ҳавода муаллақ осилиб қолди, кейин оҳиста пастга туша бошлади.
— Ўргилай ёғупадан! Қандай яхши-я! — деб чинқирди Маргарита ўзини креслога «таппа» ташларкан.
Еғупа унинг наинки ташқи қиёфасини ўзгартирди. Энди унинг бутун вужудида, баданининг ҳар бир ҳужайрасида шодлик қулф урардики, буни у бутун аъзои баданида худди увишганда ҳосил бўладиган жимирлаш каби ҳис қилди. Маргарита ўзини ҳамма нарсадан фориғ бўлгандай эркин ҳис қилди. Бундан ташқари, у эрталаб кўнглига келган нарсанинг содир бўлганлигини, энди у бу хонадонни ва собиқ турмуш тарзини буткул тарк этажагини жуда аниқ тушунди. Лекин мана шу собиқ турмуш тарзини тарк этиш олдидан, уни юқорига, самога даъват этмоқчи бўлган қандайдир янги, ғайриоддий қувватга итоат этиш арафасида фақат битта, энг охирги бурчни бажариши шартлиги кўнглига келди-ю, шу қип-яланғоч ҳолича ҳавога уча-уча эрининг кабинетига отилиб кирди ва чироқни ёқиб, ёзув столи сари югурди. У блокнотдан бир варақ йиртиб олиб, унга қалам билан йирик-йирик қилиб бехато ёзди:
«Мени кечир ва тезроқ унутиб юборишга ҳаракат қил. Мен сени мангу тарк этмоқдаман. Қидирма мени, бундан фойда йўқ. Мен бошимга тушган ғам ва мусибатдан жодугарга айландим. Мен кетяпман. Алвидо. Маргарита».
Сўнг у руҳи енгил тортиб, яна ётоқхонага учиб кирди, унинг орқасидан изма-из олам-жаҳон буюмларни кўгариб Наташа югуриб кирди. Кирди-ю, қўлидаги буюмлар — кўйлак илинган ёғоч кийим осғичу ғижим рўмоллар, қолипга тортилган кўк ипак туфлию белбоғ — ҳаммаси ерга сочилди ва ҳайрон бўлганидан оғзи ланг очилиб қолди.
— Қалай, чиройлиманми? — деб ҳирқироқ овоз билан қичқирди Маргарита Николаевна.
— Вой, тавба-а! — деб пичирлади Наташа орқасига тисарилиб, — қанақа қилдингиз буни, Маргарита Николаевна?
— Бу — ёғупа! Ёғупа, ёғупа, — деди Маргарита ўзини кўзгуга солиб ҳар томонга айланаркан, ярақлаб турган олтин қутичага ишора қилди.
Наташа кўйлакнинг оёқ остида ғижимланиб ётганига ҳам парво қилмай, тошойна олдига югуриб бориб, қутича тагида қолган ёғупага маҳлиё бўлиб тикилиб қолди. Унинг лаблари қимирлаб бир нималарни пичирларди. Сўнг у Маргаритага ўгирилиб, бениҳоя иззат-эҳтиром билан деди:
— Баданингизни қаранг! Бу қанақаси? Баданингиздан нур ёғиляпти-я, Маргарита Николаевна. — Шундан кейин у бирдан ҳушини йиғиб дарров ерда ётган кўйлакни олди-да, унинг чангини қоқа бошлади.
— Ташланг уни! Ташланг! — деб чинқирди Маргарита. — Қуриб кетсин ҳаммаси, отиб юборинг! Йўқ, яхшиси, ўзингизга олинг уни, мендан эсдалик. Эсдалик учун олинг деяпман. Шу хонада нима бўлса, ҳаммасини олаверинг.
Ҳанг-манг бўлиб қолган Наташа худди телба одамдек анчагача Маргаритадан кўз узмай бақрайиб қодди, сўнг унинг бўйнига осилиб, устма-уст ўпаркан:
— Сиз атлассиз! Мунавварсиз! Атласдай товланяпсиз! Вой, қошларингизни қаранг!
— Опкетинг ҳамма латта-путталаримни, атирларимниям олиб сандиғингизга солиб яшириб қўйинг, — дерди Маргарита, — лекин қиммат буюмларга тегманг, сизни ўғри деб айблашлари мумкин.
Наташа қўлига тушган кўйлагу туфли, пайпоғу ички кийимларни ҳаммасини йиғиб бир бўғча қилди-да, ётоқхонадан ўқдай отилиб чиқиб кетди.
Шу маҳал тор кўчанинг нариги томонидаги қайсиям бир очиқ деразадан моҳирона ижро этилган вальс садоси гумбурлади ва айни пайтда бир машинанинг дарвоза олдига келиб тўхтагани эшитилди.
— Ҳозир Азазелло қўнғироқ қилади! — деди Маргарита тор кўчада янграётган вальсга қулоқ соларкан, — у қўнғироқ қилади! Ажнабийдан эса қўрқмаслигим керак. Ҳа, энди тушундим, у бехатар одам!
Машина ғувиллаб дарвозадан узоқлаша бошлади. Кўча эшик «қарс» этиб ёпидди ва ҳовлидаги йўлкадан оёқ товуши эшитилди.
«Бу Николай Иванович, оёқ олишидан биламан, — деб ўйлади Маргарита, — видолашув олдидан биронта жуда аломат, кулгили иш қилишим керак».
Маргарита дарпардани «шир» эттириб бир томонга сурди-да, деразага бир тиззасини қучоқлаб ёнламасига ўтирди. Ой шуъласи унинг ўнг томонини ёритди. Маргарита бошини кўтариб ойга тикилди-да, чеҳрасида шоирона ўйчанлик кашф этди. Оёқ товушлари яна бир-икки марта эшитилиб, кейин бирдан жим бўлиб қолди. Маргарита яна бир оз ойга маҳлиё бўлиб ўтириб, ҳолатни бўрттириш учун хўрсиниб ҳам қўйди-да, боғ томонга ўгрилиб, чинданам уйнинг пастки қаватида яшовчи Николай Ивановични кўрди. Ой Николай Ивановични ўз нурига ғарқ қилган эди. У скамейкада ўтирар, аммо бехосдан ўтириб қолгани яққол кўриниб турарди. Пенснеси бир томонга оғиб кетипти, портфелини эса маҳкам чангаллаб олипти.
— А, салом, Николай Иванович, — маъюс овоз билан деди Маргарита, — хайрли оқшом! Мажлисдан келяпсизми?
Николай Иванович бу саволга чурқ этиб ҳам жавоб қилмади.
— Мен бўлсам, — деб давом этди Маргарита, гавдасини кўпроқ ташқарига чиқаришга уриниб, — ўзингиз кўряпсиз, ёлғизликдан зерикиб, нима қиларимни билмай, ойга боқиб, вальс тинглаб ўтирибман.
Маргарита чап қўлини кўтариб чаккасига тушган соч толасини тўғрилади, сўнг аччиғланиб деди:
— Бу ҳурматсизлик, Николай Иванович! Ҳар қалай, мен аёл кишиман-ку! Сиз билан гаплашаётган одамга жавоб бермаслик — бу одобдан эмас!
Кул ранг нимчасининг ҳатто тугмачаларигача оқ-сариқ, чўққи-соқолидаги ҳар битта туккача ой нурида яққол кўриниб турган Николай Иванович бирдан хунук тиржайди, скамейкадан туриб, хижолатдан ҳуши оғиб қолди шекилли бошидан шляпасини олиб саломлашиш ўрнига, қўлида портфель билан қулочини керди ва оёқ ўйинига рақс тушмоқчи бўлгандек, тиззаларини букди.
— Вой, мунча тунд бўлмасангиз, Николай Иванович, — давом этди Маргарита, — умуман, ҳамманглар жонимга шу қадар тегдингларки, буни таърифлашга тилим лол, шунинг учун сизлар билан видолашаётганимдан бениҳоя шодман! Э, жин урсин ҳаммангларни!
Шу маҳал Маргаританинг орқасида — ётоқхонада телефон жиринглади. У деразадан сакраб тушиб, Николай Ивановични ҳам унутиб, трубкага чанг солди.
— Азазелло гапиряпти, — деган овоз эшитилди трубкадан.
— Азизим Азазелло! — деди Маргарита чинқириб.
— Вақт бўлди! Учиб чиқаверинг, — деди Азазелло, Маргаританинг самимий, шодиёна кайфиятидан мамнунлиги унинг овозидан сезилиб турарди. — Дарвоза устидан учиб ўтаётганингизда: «Кўринмаяпман!» — деб қичқиринг. Кейин кўникиб олиш учун бир оз шаҳар устида учиб юринг-да, сўнг жануб томон учиб, шаҳардан чиқиб кетинг, тўғри дарё бўйига боринг. Сизни у ерда кутишяпти!
Маргарита трубкани илди, шу пайт қўшни хонада қандайдир ёғоч буюм эшикка «тақ-тақ» урила бошлади. Маргарита бориб эшикни ланг очган эди, пол артадиган чўтка рақс тушиб кириб келди. Унинг чўтка томони баландда бўлиб, дастаси билан гоҳ тепинар, гоҳ ўйин тушаркан, нуқул дераза томон отиларди. Маргарита севинганидан чинқириб, чўткага миниб олди. Ана шундагина суворий аёл бу тўс-тўполонда кийиниб олишни унутганини эслади. У «от»ни каравот олдига учириб бориб, қўлига биринчи бўлиб илинган ҳаво ранг кўйлакни олди. Кейин уни худди байроқдек ҳилпиратиб, деразадан учиб чиқиб кетди. Вальс садоси энди боғ узра баландроқ янграй бошлади.
Маргарита деразадан пастга учиб тушиб, скамейкада ўтирган Николай Ивановични кўрди. У тошдек қотиб қолган ва юқори қаватдаги ёп-ёруғ хонадан келаётган шовқин ва тарақ-туруқларга қулоқ солиб, эсанкираб қолган эди.
— Яхши қолинг, Николай Иванович! — деб қичқирди Маргарита унинг қаршисида рақс тушаркан. У «вой» деб юбориб, скамейка устида эмакларкан, портфелини ерга тушириб юборди.
— Алвидо! Мен буткул учиб кетяпман, — деди Маргарита вальс садосини босиб кетгудек чинқириб. Шу пайт у қўлидаги кўйлакнинг ҳеч кераги йўқлигини англаб, хунук хахолади-да, уни Николай Ивановичнинг бошига ёпди. Кўзи ҳеч нима кўрмай қолган Николай Иванович скамейкадан ғиштин йўлкага ағанаб тушди.
Маргарита ўзи узоқ муддат изтироб чекиб яшаган уйга сўнгги марта назар ташлапг учун орқасига ўгирилди, ўгирилдию чироқлар шуъласидан лов-лов порлаб турган деразада Наташанинг ҳайратдан буришган юзини кўрди.
— Алвидо, Наташа! — деб қичқирди у ва чўтка бошини юқори кўтарди, — кўринмаяпман, кўринмаяпман, — деб яна қаттиқроқ қичқирди, сўнг заранг дарахти новдаларига юзини савалатиб, унинг шохлари орасидан, кейин дарвоза устидан учиб ўтиб, кўчага чикди. Шунда жазава билан чалинган вальс садоси унинг орқасидан эргашди.

Йигирма биринчи боб
Парвоз
Мен кўринмаяпман, мен эркин қушман! Мен кўринмаяпман, мен эркин қушман! Маргарита ўз кўчаси узра учиб бориб, уни кесиб ўтган бошқа тор кўчага чикди. У керосин ва ҳашаротларга қарши суюқ дори билан савдо қилувчи, ерга чўкиб қийшайиб қолган нефть дўкони жойлашган бу ямоқ-ясқоқ, қинғир-қийшиқ узун тор кўчадан ҳам бир зумда учиб ўтди ва шундагина, гарчи мутлақо эркин ва кўринмас бўлса ҳам, эҳтиёт бўлиш кераклигини фаҳмлади. У ҳозироқ муюлишдаги қийшайган фонус устунига урилиб ҳалок бўлиши мумкин эди, лекин чўткани вақтида тўхтатиб, бир ўлимдан қолди. Маргарита чўткани маҳкам чангаллаб, устунга чап бериб ўтди ва энди электр симлари, тротуар узра кўндаланг осилган вивескалардан ўзини эҳтиёт қилиб, секинроқ уча бошлади.
Учинчи тор кўча тўғри Арбатга олиб чиқар эди. Маргарита ҳам чўткани бошқаришни энди пухта ўрганиб олган эди, чўтка унинг измига юриб, қўл ва оёғининг хиёлгина ҳаракатига итоат этарди. Маргаританинг ўзи ҳам шаҳар узра учаётганда эҳтиёт бўлиш, кўпам бевошлик қилмаслик кераклигини тушунган эди. Бундан ташқари, боя кўчага учиб чиққанидаёқ одамларга кўринмаётганини фаҳмлаган эди. Ҳеч ким бошини кўтариб осмонга қарамас, «вой, анавини қаранглар!» — деб қичқирмас, ўзини панага олиб қочмас, дод солмас, ҳушидан кетмас, телбаёна хахоламас эди.
Маргарита тахминан иккинчи қават баландлигида товушсиз аста учиб борарди. Лекин шунда ҳам чароғон Арбат кўчасига чиқаверишда, хиёл янглишиб, қандайдир гардишсимон кўча белгисига кифти билан урилиб кетди. Бу ҳол Маргаританинг аччиғини чиқарди. У итоаткор чўткани таққа тўхтатиб, четроққа учиб борди, сўнг бирдан ўша гардишга ҳамла қилиб, чўтканинг учи билан унинг ойнасини чил-чил синдирди. Ойна синиқлари пастга тўкилиб, одамлар ўзларини четга олишди, қаердадир ҳуштак чуриллади, аммо Маргарита бу нокерак ишни бажариб бўлгач, қаҳ-қаҳ уриб кулди. «Арбатда жуда эҳтиёт бўлиш керак экан, — деб ўйлади у, — бу ерда ҳамма нарса шунақаям айқаш-уйқаш бўлиб кетибдики, панд еб қолишим ҳеч гапмас». У симлар орасидан шўнғиб учиб ўтаркан, ўз пойи остида, пастда троллейбус, автобус ва енгил машиналарнинг томларини кўрди. Йўлкаларда эса юқоридан қараган Маргарита худди кепкалар дарёси оқаётгандек туюларди. Бу дарёлардан жилғалар ажралиб чиқиб, тунги магазинларнинг оловли оғзига оқиб кирарди. «Вой-бў, атала-ку! — деб ўйлади Маргарита аччиғланиб, — қимир этишга имкони йўқ-а». У Арбатни кесиб ўтиб, тўртинчи қават баландлигига кўтарилди ва муюлишдаги театрнинг машъаладек порлаб турган трубалари ёнидан ўтиб, икки томонида баланд-баланд иморатлар қад кўтарган жуда тор бир кўчага учиб кирди. Бу ердаги уйларнинг ҳамма деразалари ланг очиқ бўлиб, уларнинг ҳаммасида радиодан музика эшитиларди. Маргаританинг синчковлиги тутиб, шу деразалардан бирига мўралади. Ошхонага кўзи тушди. Плита устида иккита примус вағиллаб ёнар, қўлига қошиқ ушлаган икки аёл шанғиллаб жанжаллашарди.
— Ҳожатхонага кириб чиққандан кейин чироқни ўчириш керак. Мен сизга айтсам, Пелагея Петровна, — деди буғ чиқиб турган кастрюль ёнида турган аёл, — бўлмасам, ариза бериб, сизни кўчиртириб юборамиз!
— Ўзингизам қолишмайсиз, — деб жавоб қилди иккинчи аёл.
— Икковингиз ҳам бир-бирингиздан қолишмайсиз, — деди Маргарита жарангдор овоз билан, дераза орқали ошхонага учиб кираркан. Жанжаллашаётган икки аёл товуш келган томонга ўгирилишди-ю, қўлларида ювиқсиз қошиқ билан серрайиб қолишди. Маргарита оҳиста қўл чўзиб, иккала примуснинг қулоғини бураб, ўтини ўчирди. Аёллар «вой» деб юбориб, оғизлари очилганча анграйиб қолишди. Лекин энди ошхона Маргаританинг жонига теккан эди, шу боис у яна тор кўчага учиб чиқиб кетди.
Кўча бошидаги (чамаси эндигина қурилиб битган) саккиз қаватли муҳташам бино Маргаританинг диққатини тортди. У пастлаб бориб ерга қўнди ва иморатнинг олд томони қора мармар билан қопланганини, унинг ойнаванд кенг эшиги ичкарисида олтин ҳошияли фуражка кийган, тугмалари ялтироқ дарбон турганини, эшик тепасига эса олтин ҳарфлар билан: «Драмадаб Уйи», деб ёзилганини кўрди.
Маргарита, бу «Драмадаб» дегани нима экан, деб ўйлаб, кўзларини сузганча ёзувга тикилиб қолди. Сўнг чўткани қўлтиғига қистириб, эшикни очиб ичкари кираркан, бу рафтори билан дарбоннинг оғзини очириб қўйди, ичкарида кўзи лифт ёнида деворга осилган каттакон қора тахтага тушди. Бу тахтага квартираларнинг номерлари ва уларда яшовчиларнинг фамилиялари оқ ҳарфлар билан ёзилган эди. Бу рўйхатнинг энг теппасига ёзилган: «Драматург ва адабиётчилар Уйи» деган ёзувни кўрган Маргарита бўғиқ овоз билан ваҳшиёна қийқириб юборди. У ҳавога кўтарилиб, рўйхатдаги фамилияларни диққат билан ўқий бошлади: Хустов, Двубратский, Квант, Бескудников, Латунский...
— Латунский! — деб чинқириб юборди Маргарита. — Латунский! Ие, бу ўша-ку! Устани нобуд қилган шу эди-ку.
Эшик олдида турган дарбон таажжубдан бир сакраб тушиб, кўзларини бақрайтирганча қора тахтага тикилиб қолди, у кутилмаган мўъжизани: қандай қилиб одамлар рўйхати дабдурустдан чийиллаб гапирганини тушунолмай гаранг эди. Маргарита эса бу пайт зинадан юқорига ғизиллаб чиқиб бораркан, завқ-шавқ билан такрорларди:
— Латунский — саксон тўрт! Латунский — саксон тўрт... Мана, чапда — 82, ўнгда — 83, яна бир қават баландда, чапда — 84. Шу ерда у. Мана ёзув — «О. Ла-тунский».
Маргарита чўткадан тушди, унинг қизиб кетган товонлари муздак тоштахта терилган майдончага тегиб ҳузур қилди. У бир марта, кейин яна бир марта қўнғироқ қилди. Аммо ҳеч ким эшикни очмади. Маргарита қўнғироқ тугмасини янаям қаттиқроқ босган эди, квартирани бошга кўтариб жиринглаган қўнғироқ овозини ўзи ҳам эшитди. Ҳа, МАССОЛИТ раисининг трамвай тагида қолиб ўлгани ва мотам мажлисининг айнан шу бугун оқшомга белгилангани учун саккизинчи қаватдаги 84-квартиранинг эгаси то ўла-ўлгунча марҳум Берлиоздан миннатдор бўлиши керак. Танқидчи Латунскийнинг омади бор экан. Шу омад уни мазкур жума куни жодугарга айланган Маргарита билан учрашишдан қутқариб қолди!
Эшикни ҳеч ким очмади. Шунда Маргарита, йўл-йўлакай қаватларни санаб ўқдек пастга тушди-да, кўчага югуриб чиқди ва тепага қараб қаватларни санаркан, Латунскийнинг деразаларини тахминлаб топди. Бинонинг бурчагида саккизинчи қаватдаги бешта қоронғи дераза, шубҳасиз, ўшанинг квартираси эди. Маргарита шу тахмини билан ҳавога кўтарилди ва бир неча сониядан кейин очиқ деразадан қоронғи хонага кирди, бу ерда ойнинг ингичкагина кумуш ёғдуси тушиб турарди. Маргарита шу ёғду йўлакдан чопиб бориб, включателни пайпаслаб топди. Яна бир дақиқадан кейин бутун квартира ёритилган эди. Чўтка бир бурчакда турарди. Маргарита уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, зинага чиқадиган эшикни очиб, ундаги ёзувни текширди. Ёзув ўша эди, демак, Маргарита ўзи кўзлаган квартирага кирган эди.
Ҳа, айтишларича, танқидчи Латунский ҳанузгача бу мудҳиш оқшомни эсласа ранги қув ўчиб кетармиш, ҳанузгача Берлиознинг номини иззат-икром билан эслармиш. Агар у уйида бўлганида, бу оқшомнинг қандай машъум ва разил жиноят билан якунланиши мутлақо мавҳум бўлиб қолди. Маргарита ошхонадан салмоқли болғача кўтариб чиққан эди.
Яланғоч ва кўринмас жодугар ўзига таскин, тасалли беришга уринарди, қўллари бетоқат титрарди. У яхшилаб мўлжалга олиб туриб, рояль клавишларига болға урди, роялнинг аянчли ноласи бутун квартирани босиб кетди. Унинг клавишлари ўприлиб, сирлари кўчиб, ҳар томонга сачрай бошлади. Рояль гулдурар, инграр, хириллар, жарангларди. Унинг сирланган қопқоғи худди тўппонча отилгандек «қарс» этиб ёрилди. Маргарита оғир ҳансираб, роялнинг торларини болғача билан қайирар, узар эди. Ниҳоят, у жуда чарчаб, бир оз нафасини ростлаб олиш учун ўзини креслога отди.
Ваннахонада ҳам, ошхонада ҳам сув мудҳишона шариллаб оқар эди. «Сув тошиб полга туша бошлади чоғи» деб кўнглидан ўтказди Маргарита, сўнг овоз чиқариб илова қилди:
— Лекин кўпам ўтиравериш керакмас.
Сув ошхонадан йўлакка оқиб чиқа бошлаган эди. Маргарита ялангоёқ шалоп-шалоп сув кечиб, ошхонадан танқидчининг кабинетига челакларда сув олиб кирди ва уни ёзув столининг ғаладонларига қуйди. Кейин шу кабинетда турган шкафнинг эшигини оолғача билан уриб бузди-да, ётоқхонага отилди. У ерда каттакон кўзгу ўрнатилган шкафни бузиб, танқидчининг осиғлиқ турган костюмини олди ва олиб бориб ваннадаги сувга бўктирди. Кабинетдан олиб олган сиёҳдонни ётоқхонага олиб кириб, сиёҳни икки кишилик каравотдаги момиқ ўрин-кўрпа устига тўкди. Гарчи Маргарита ўзининг бу вайронгарлик фаолиятидан бениҳоят ҳузур қилаётган бўлса ҳам айни пайтда бу фаолиятнинг самараси унга ҳамон зиғирдаккина бўлиб туюларди. Шунинг учун энди у кўзи тушган қамма нарсани чилпарчин қила бошлади. У фикус ўрнатилган гултувакни синдирди. Бу ишини чала қолдириб, ётоқхонага кирди ва ошхонадан олиб олган каттакон пичоқ билан чойшабни тилди, фотосурат урнатилган ойнавандли чорчўпларни уриб синдирди. У чарчашни билмас, айни чоғда бутун баданидан дув-дув тер оқарди.
Бу пайт Латунский квартираси остидаги 82-квартирада драматург Квантнинг уй ходимаси ошхонада чой ичиб ўгираркан, юқори қаватдан эшитилаётган гапир-тупур югуришлар, алланималарнинг тарақлагани, чил-чил синганини эшитиб ҳайрон бўлиб қолди. У бошини кўтариб, шифтга қаради, қарадию шифтнинг бирдан қандайдир ўлимтик рангда кўкара бошлаганини кўрди. Бу доғ ходиманинг кўзи олдида тез катталаша бошлади ва бирдан томчилар пайдо бўлди. Ходима бу ҳодисага икки дақиқача тикилиб ўтирди, ниҳоят, шифтдан ҳақиқий ёмғир ёға бошлади. Шундагина у гапчиб туриб кетиб, сув тушаётган ерга, полга тоғора қўйди, аммо бу зиғирча ҳам ёрдам бермади, чунки шифтдаги ҳўл доғ тобора кенгайиб, энди ёмғир газ илитасига ҳам, идиш-товоқлар уюлган стол устига ҳам оқа бошлаган эди. Шунда Квантнинг уй ходимаси чинқириб юбориб, зина бошига отилиб чиқди, Латунскийнинг квартирасидаги қўнғироқ тўхтовсиз жиринглай бошлади.
— Мана, қўнғироқ бошланди, энди кетсаям бўлади, — деди Маргарита. У чўткага минаркан, эшик гирқишидан келаётган аёл кишининг овозига қулоқ солди:
— Очинглар! Очинглар! Дуся, оч эшикни! Сизларникидан оқяптими сув? Бизникини сув босди.
Маргарита бир метрча юқорига кўтарилиб, болғача билан қандилга бир урган эди, иккита лампочка портлаб, шокилалар ҳар томон сочилиб кетди. Эшик тирқишидан эшитилаётган чинқириқ тинди, зинадан чопиб гушаётган оёқ товушлари эшитилди. Маргарита деразадан учиб чиқиб, унинг ойнасига ташқари томондан болғача билан секингина урди. Ойна «чирс» этиб синдию бўлаклари уй сиртини қоплаган мармар плиталарга урила-урила пастга сочилиб туша бошлади. Маргарита иккинчи дераза олдига учиб ўтди. Бу пайт жуда пастда, йўлкада одамлар зир югура бошлашди, уй олдида турган икки машинадан бири моторини гуриллатиб жўнаб қолди. Маргарита Латунскийнинг деразаларини «саранжом» қилиб бўлиб, қўшни квартиранинг деразалари олдига сузиб борди. Ойналарнинг чил-чил синиши тобора жадаллашди, тарақлаган, жаранглаган овозлар бутун кўчани босиб кетди. Уйнинг биринчи йўлагидан дарбон югуриб чиқиб тепага қаради, қандай чора кўришга дарров ақли етмади шекилли, бир оз тараддудланиб қолди, сўнг оғзига ҳуштак олиб жон-жахди билан чуриллата бошлади. Маргарита шу ҳуштак садоси остида саккизинчи қаватдаги охирги дераза ойнасини мароқ билан синдирди-да, еттинчи қаватга тушиб, бу қаватнинг ҳам ойналарини бир чеккадан синдира кетди.
Бугун уйни ваҳима босди. Ойнаси ҳали синмаган деразалар ланг очилиб, уларда одамларнинг бошлари кўринар ва шу заҳоти яна ғойиб бўларди, очиқ деразалар эса, аксинча, ёпиларди. Кўчанинг нариги юзидаги уйларнинг ёруғ деразаларида, Драмадаб биносининг деразалари нега ўзидан-ўзи синаётганини билишга уриниб безовта бўлаётган одамларнинг қора кўланкалари кўринарди.
Тор кўчадан Драмадаб уйи томон халқ чопиб келарди, уй ичида эса гангиб қолган одамлар зина ва йўлкаларда сабабсиз, мақсадсиз зир югуришарди. Квантнинг уй ходимаси зинадан чопиб тушаётган одамларга, уйимизни сув босди, деб бақирарди, бир лаҳзадан кейин унга, Квантнинг тагида, 80-квартирада турувчи Хустовнинг уй ходимаси жўр бўлди. Чунки Хустовларнинг ошхонаси билан ҳожатхонаси шифтидан ҳам шариллаб чакка ўта бошлаган эди. Ниҳоят, Квантлар ошхонасида шифтнинг сувоғи палахса бўлиб кўчиб тушиб, столга уйилган ювиқсиз идишларнинг ҳаммасини чил-чил синдирди, шундан кейин сувоқ орасига катак-катак қилиб терилган, жиққа ҳўл тахта тоқилар орасидан сув селдек шариллаб оқа бошлади. Энди биринчи подъезд зинасидан одамларнинг дод-фарёди эшитилди. Маргарита тўртинчи қаватдаги сўнгги икки дераза олдидан учиб ўта туриб, ичкарига қаради ва шоша-пиша противогаз кияётган бир одамни кўрди. Маргарита дераза ойнасини уриб синдириб, у одамни қўрқитиб юборди, у хонадан қочиб чиқиб кетди.
Шу чоғ кутилмаганда шафқатсиз вайронгарлик таққа тўхтади. Маргарита учинчи қаватга сузиб тушиб, нафис қора парда тутилган энг чекка деразадан ичкарига мўралади. Хонани қалпоқча кийдирилгап битта чироқ ғира-шира ёритиб турарди. Икки ёнига тўр тутилган кичкина бир каравотчада тўрт ёшлар ча-масидаги бола шовқинга қулоқ солиб қўрқиб ўтирарди. Хонада катталардан ҳеч ким йўқ эди. Чамаси, ҳамма ташқарига югуриб чиқиб кетган бўлса керак.
— Ойна синдиришяпти! — деди бола ва: — Ойи! — деб чақирди.
Ҳеч ким жавоб бермади, шунда у:
— Ойи, қўрқаман, — деди.
Маргарита пардани четга суриб деразадан учиб кирди.
— Қўрқаман, — деб такрорлади бола ва дағ-дағ титрай бошлади.
— Қўрқма, ҳеч қўрқма, облакай, — деди Маргарита шамол тегиб хириллаб қолган овозини майинроқ қилишга уриниб. — Ойна синдирган шўх болалар эди.
— Рогатка отишдими? — деб сўради бола қалтирашдан тўхтаб.
— Ҳа, рогатка отишди, рогатка, — деб тасдиқлади Маргарита, — сен ётиб ухла!
— Ситник отган, — деди бола, — ўшанда рогатка бор.
— Ҳа, тўғри, ўша отди!
Бола қувлик билан бир четга қаради-да, сўради:
— Сиз қаердасиз, хола?
— Мен йўқман, — деб жавоб қилди Маргарита. — Тушингга киряпман.
— Ўзимам шунақа деб ўйловдим, — деди бола.
— Сен юзингни кафтингга қўйиб ёт, — деб буюрди Маргарита, — мен сенинг тушингга кираман.
— Ҳа, майли, тушимга кира қолинг, — деб рози бўлди бола ва шу заҳоти юзини кафтига қўйиб ётди.
— Сенга эртак айтиб бераман, — деди Маргарита ва қайноқ қўлини боланинг сочи олинган бошига қўйди, — бор экан, йўқ экан, дунёда бир хола бор экан. У бефарзанд, яна, умуман бебахт ҳам экан. Мана шу хола нуқул йиғлайвериб-йиғлайвериб, охири баджаҳл жодугарга айланипти... — Маргарита жим бўлиб, қўлини боланинг бошидан олди — у ухлаб қолган эди.
Маргарита болғачани астагина дераза токчасига қўйиб, ўзи ташқарига учиб чиқди. Уй одди тўс-тўполон эди. Ойна синиқларига кўмилиб кетган асфальт йўлкада одамлар бир нималарни бақиришиб, зир югуришарди. Улар орасида энди милиционерлар ҳам пайдо бўлган эди. Бирдан қўнғироқ бонг чалди ва устида нарвони бор ўт ўчирувчи қизил машина Арбатдан тор кўчага бурилиб кириб келди.
Бундан кейинги воқеалар энди Маргаритани қизиқтирмас эди. У биронта симга тегиб кетмаслик учун энг аввал қай томонга учишини кўзлаб олди-да, чўтка дастасини маҳкамроқ сиққан эди, бир зумда бу машъум уйдан анча баландлаб кетди. Тор кўча унинг пойида бир томонга оғиб, кейин буткул пастликка тушиб кетди. Энди шу битта кўча ўрнида Маргаританинг оёғи остида ғиж-ғиж томлар пайдо бўлди — уларни ҳар ер-ҳар еридан чароғон йўллар чор бурчак қилиб кесиб ўтган эди. Буларнинг бари тўсатдан бир томонга сузиб кетди, чироқлар занжири суркалиб, бир-бирига қоришиб кетди.
Маргарита яна бир силтаниб оддинга отилган эди, бояги томлар ер қаърига кириб, кўздан ғойиб бўлдилар, энди уларнинг ўрнида пастда электр чироқларидан вужудга келган милтилловчи кўл пайдо бўлди ва бу кўл бирдан ёни билан тикка турди, сўнг Маргаританинг тепасига чиқиб олди, ой эса унинг оёғи остида порлай бошлади. Маргарита ўзининг чалқанча учаётганини англади ва яна асл ҳолатига тушиб, ўгрилиб қараган эди, чироқлар кўлининг ҳам энди ғойиб бўлганини, орқада уфқда фақат пушти ранг шафаққина қолганини кўрди. Бир лаҳзадан сўнг бу шафақ ҳам йўқолди, шунда Маргарита ўзидан баландда, чап томонида сузаётган ойдан бўлак ҳамроҳи йўқлигини кўрди. Унинг сочлари аллақачон ҳурпайган, ой эса баданини «ув» тортиб ўз нурига чўмилтирарди. Маргарита пастда икки қатор бўлиб тизилган сийрак чироқларнинг иккита ўтли чизиққа айлангани ва зум ўтмай орқада қолиб кўздан ғойиб бўлганини кўриб, ўзининг ҳайратона тез учиб кетаётганини фаҳмлади-ю, аммо ҳеч нафаси қайтмаганидан ҳайрон бўлди.
Орадан яна бир неча сония ўтиши билан жуда узоқда, пастда, ер сатҳида электр шуълаларидан вужудга келган янги кўл порлади, лекин у шу лаҳзадаёқ чирпирак бўлиб айланиб, ер қаърида кўздан ғойиб бўлди. Яна бир неча сония ўтиши билан — яна бояги манзара такрорланди.
— Шаҳарлар! Шаҳарлар! — деб чинқириб юборди Маргарита.
Шундан кейин ҳам у ўз оёғи остида очиқ қора ғилофда ётган қандайдир шамширларнинг икки-уч марта ғира-шира товланганини ва уларнинг дарё эканлигини фаҳмлади.
Парвоздаги аёл бошини юқорига, чап томонга ўгириб, ойнинг ниҳоятда шиддат билан орқага, Москва томон сузаётганини ва айни пайтда, ажабтовур қилт этмай турганини кўрдики, бу ой юзидаги ўткир тумшуғи тарк этилган шаҳар ёққа қараган аждар ё букри тойчоқни эслатувчи мавҳум қора доғ кўзга яққол ташланиб турарди.
Шу маҳал Маргарита, назаримда, чўткани бекорга бунчалик шитоб билан учиряпман, бунақа тезликда теварак-атрофни тузукроқ кузата олмайман ҳам, парвоздан лаззатлана олмайман ҳам, деб кўнглидан ўтказди...
Маргарита чўтканинг бош томонини олдинга итарган эди, унинг дастаси — думи юқори кўтарилди, шунда у учишни секинлатиб, ер сари пастлай бошлади. Мана шу, худди самовий чанада учгандай пастга сирпаниб тушиш унга энг зўр ҳузур бағишлади. Ер Маргарита сари кўтарилиб келаркан, унинг шу пайтгача мавҳум бўлган қоп-қора сатҳидаги сирли жиҳатлари очилиб, жамики жозибалари ойдин тунда яққол кўзга ташлана бошлади. Ер Маргаритага яқинлашиб келар ва унинг димоғига эндигина яшил либос кия бошлаган ўрмонлар ҳиди уфураётган эди. Маргарита шудрингли ўтлоқни буркаган туман устидан, сўнг бир кўл узра сузиб ўтди. Маргаританинг оёғи остида қурбақалар баралла қуриллашар, қаердадир, жуда олисда поезд негадир юракни ҳаяжонга солиб пишиллаб борарди. Маргарита кўп ўтмай ўша поездни ҳам кўрди.
У ҳавога учқунлар сачратиб, худди пилла қурти каби имиллаб кетиб борарди. Маргарита ундан ўзиб кетиб яна бир кўл устидан учиб ўтди (бу кўл сатҳида яна битта ой порлаб турарди), яна ҳам пастлаб, азим қарағайларнинг учларига оёқлари тегай-тегай деб уча бошлади.
Шу пайт орқадан ҳавони тариллатиб йиртаётгандай мудҳиш шовқин эшитидди, бу шовқин Маргаритага тобора яқинлаб кела бошлади. Худди учиб келаётган замбарак ўқини эслатувчи бу шовқинга аёл кишининг анча чақиримга эшитилувчи қаҳқаҳаси аста-секин омихта бўла бошлади. Шунда Маргарита орқасига ўгрилиб, мавҳум бир қора қоришмани кўрди. Бу қоришма анча яқинлашиб келганида унинг бир нимага миниб олган одам эканлиги аён бўлди. Яна бир оздан кейин у одамнинг кимлиги ҳам маълум бўлди. Бу — Наташа эди. У Маргаритага етиб олиб, тезликни камайтирди.
Сочлари шамолда тўзиб кетган қип-яланғоч Наташа бир семиз тўнғизга миииб олган эди, тўнғиз олдинги туёқларига портфель ушлаб олган, орқа туёқлари билан жон ҳолатда тинмай тепинарди. Унинг кўзидан тушиб, ипига илиниб қолган пенснеси аҳён-аҳёнда ой шуъласида ярақлаб қўяр, шляпаси эса ҳадеб кўзига тушиб кетаверарди. Маргарита тўнғизга тикилиброқ қараб, уни таниди, бу — Николай Иванович эди. Ана шунда Маргаританинг қаҳқаҳаси ўрмон узра янграб, Наташанинг хандасига қоришиб кетди.
— Наташка! — деб чинқирди Маргарита, — ёғупа сурдингми сен ҳам?
— Айланиб кетай сиздан! — деб жавоб қилди Наташа ўз ҳайқириғи билан мудроқдаги қарағайзорни уйғотиб, — о менинг француз қироличам, мен манавининг ҳам кал бошига сурган эдим ёғупадан!
— Маликам! — деб бўкирди тўнғиз йиғлоқи овоз билан устига минган сувори аёлни шаталоқ отиб учириб бораркан.
— Тасаддуқ! Маргарита Николаевна! — деб чинқирарди Наташа ўз бекаси билан ёнма-ён учиб бораркан, — рост, ёғупангизни олдим. Ахир бизам одаммиз — яшашни, учишни хоҳлаймиз! Мени кечиринг, маликам, энди мен қайтмайман, ўлсам ҳам қайтмайман! Вой, қандай яхши-я, Маргарита Николаевна! Менга уйланмоқчи, — деди Наташа хижил бўлиб хишиллаб бораётган тўнғизнинг гарданига бармоғи билан ниқтаб, — уйланмоқчи! Мени нима деб чақирдинг, а? — деб чинқирди у тўнғизнинг қулоғига ? энгашиб.
— Маъбуда, — деб хуриллади тўнғиз, — мен бундай тез уча олмайман! Муҳим қоғозлар сочилиб кетиши мумкин. Наталья Прокофьевна, мен норозилик билдираман.
— Э, жин урсин сени, қоғоз-поғозларинг билан бирга! — деб чийиллади Наташа густоҳона хахолаб.
— Секинроқ, Наталья Прокофьевна! Ахир биров эшитиб қолиши мумкин-ку! — деб бақирди тўнғиз ёлвориб.
Наташа Маргарита билан ёнма-ён учиб бораркан, бекаси учиб кетганидан кейин унинг уйида нималар бўлганини кула-кула гапириб берди.
Наташа, совға қилинган буюмларнинг биронтасига ҳам бошқа қўл урмай, дарҳол кийимларини ечиб тахлабдию, ёғупага отилипти, сўнг уни апил-тапил баданига сура бошлапти. Қараса, бекасида юз берган ўзгариш унда ҳам содир бўлипти. Наташа суюнганидан хандон ташлаб кулиб, ўзининг кўзгуда акс этган мўъжизакор гўзаллигидан сармаст бўлиб турганида, эшик очилиб, остонада Николай Иванович пайдо бўлипти. У Маргарита Николаевнанинг кўйлагини ва ўзининг шляпаси билан портфелини қўлида ушлаганча қаттиқ ҳаяжонланиб турганмиш. Унинг кўзи Наташага тушиптию эси оғиб қолипти. Сўнг бир оз ҳушини йиғиб олиб, чўғдек қизарганча, ғўлдирапти:
— Шу кўйлакни ердан кўтариб, шахсан олиб чиқишни ўз бурчим деб билдим.
— Боя нима деб айтдинг, ярамас, а? — деб чийиллар ва хандон ташлаб куларди Наташа. — Нималар дединг, нима деб йўлдан урдинг мени! Жарақ-жарақ пул ваъда қилдинг. Клавдия Петровна билмайди, деб айтдинг. Нима, ё гапим ёлғонми? — деб чинқирарди Наташа тўнғизга, у эса хижил бўлиб, тумшуғини четга бурарди.
Наташанинг шўхлиги тутиб кетиб, бехосдан Николай Ивановичга ҳам ёғупа сурипти, суриптию ажаблангандан донг қотиб қолипти. Пастки қаватда ишовчи бу муҳтарам зотнинг юзи буришиб, чўчқа тумшуғига айланипти, қўл ва оёқларидан туёқлар ўсиб чиқипти. Шунда Николай Иванович кўзгута қарапти-ю жон аччиғида алам билан чинқириб юборипти, аммо фурсат ўтган эди. Яна бир неча сониядан кейин у бошига тушган мусибатдан юм-юм йиғлаганча, устига Наташани миндирибди-ю, Москвадан аллақайси томонга шамолдек учиб кетипти.
— Мени аввалги асл қиёфамга қайтаришингизни талаб қиламан! — деди у ҳирқироқ овоз билан ё ғазабланиб, ё ёлбориб, сўнг хурхурлай бошлади, — мен ғайриқонуний йиғинда иштирок этишни истамайман! Маргарита Николаевна, сиз уй ходимангизни тартибга чақиришингиз керак.
— Э, ҳа, дарров сенга мен уй ходимаси бўлиб қолдимми? Уй ходимаси дегин? — деб чийилларди Наташа тўнғизнинг қулоғидан чимчилаб-чимчилаб оларкан, — боя маъбуда деб атовдингми? Отимни нима девдинг?
— Венера! — деди йиғламсираб тўнғиз, у тошлар орасидан жилдираб оқаётган жилға узра учаркан, туёқлари билан ёнғоқ бутасини шитирлатиб ўтди.
— Венера! Венера! — деб мағрурона чинқирди Наташа бир қўлини белига қўйиб, иккинчи қўлини ой томон чўзганча, — Маргарита! Қироличам! Илтимос қилиб кўринг, мени шу алвастилигимча қолдиришсин. Айтганингиз — амри вожиб, сиз ахир ҳокимасиз!
Шунда Маргарита:
— Яхши, сўз бераман! — деб жавоб қилди.
— Раҳмат! — деб чинқирди Наташа ва бирдан шиддатли ва аллақандай маҳзун оҳангда бақирди: — Ҳей! Ҳей! Тезроқ! Тезроқ! Қани бир шаталоқ от-чи! — У тўнғизнинг жон ҳолатда елиб-югуриш оқибатида ич-ичига ботиб кетган биқинига товонлари билан ниқтаган эди, тўнғиз яна ҳавони чок қилиб яшиндай олға отилдики, бир лаҳза ўтар-ўтмас Наташа олисда қора бир нуқта бўлиб кўринди, кейин эса мутлақо кўздан ғойиб бўлиб, шарпаси ҳам ўчди.
Маргарита ҳувиллаган, нотаниш жойларда, тепаликлар узра бояги-боягича аста-секин учиб борарди: бу тепаликларда ўсган сийрак азим қарағайлар орасида у ер-бу ерда харсангтошлар ётарди. Маргарита учиб бораркан, ҳозир Москвадан жуда ҳам олислаб кетган бўлсам керак, деб ўйларди. У минган чўтка энди қарағайлар устидан эмас, балки бир томони ой шуъласидан кумуш рангда товланаётган дарахтлар орасидан учиб борарди. Унинг енгил сояси ерда, ўзидан анча олдинда ўрмалаб борарди — энди ой Маргаританинг елкасига ёғду сочарди.
У сув яқинлигини сезди, демак манзил шу ўртада. Маргарита қарағайлар орасидан учиб чиқиб, бўржар лабига оҳиста учиб келди. Жарнинг ой шуъласи тушмаган тубида дарё оқарди. Бу тикка жар этагида туман буталар шохига илиниб турар, дарёнинг нариги соҳили эса ясси ва паст эди. У ерда бир тўп бўлиб ўсган аллақандай сершох дарахтлар остида ёнаётган гулхандан учқунлар чатнар ва қандайдир шарпаларнинг изғиб юргани кўринарди. Маргаританинг қулоғига ўша ёқдан ғашга тегувчи аллақандай шўх музика эшитилгандай бўлди. Ундан нарида — то кўз етгунгача ойнинг кумуш шуъласига ғарқ бўлган текис даштда на бирон кулба, на қилт этган жонзод кўринарди.
Маргарита жар ёқасидан пастга сакраб, зум ўтмай ўзини дарё бўйида кўрди. Самовий парвоздан сўнг унинг чўмилгиси келди. У чўткани бир четга отиб юбориб, югуриб келиб сувга шўнғиди. Унинг қушдай енгил жисми мавжларга мисоли камон ўқидай ботиб, оламжаҳон сув устунини деярли ойга қадар сачратди. Сув худди ҳаммомдагидек илиқ экан, Маргарита сув қаъридан кўтарилиб, дарёда ҳеч зоғ йўқлигидан фойдаланиб, роса мириқиб сузди...
Маргарита охири соҳилга чиқди. Унинг бадани чўмилиш оқибатида қизиб кетган эди. Энди у ҳеч қандай чарчоқ сезмай, жиққа ҳўл майса устида шодликдан ўйин туша бошлади...
Кейин у қаттиқ ҳуштак чалган эди, олдига чўгкаси учиб келди, у чўткага миниб олиб, дарё устидан нариги соҳилга учиб ўтди. Бўр тоғининг сояси бу ерга етмаган, шу боис бутун соҳил ой ёғдусига ғарқ бўлиб етарди.
Маргаританинг оёғи шудринг инган ўтлоққа тегиши билан самбиттоллар остида чалинаётган музика баландроқ янгради ва гулхан учқунлари шода-шода бўлиб янада шўхроқ чатнади. Навдаларига нафис ва момиқ кучалалар осилган самбиттоллар остида икки қатор тизилишиб ўгирган лунждор бақалар худди резинкадан ясалгандай, гоҳ шишиб, гоҳ пучайиб, ёғоч сурнайларда шўх бир маршни чалардилар. Бу машшоқлар қаршисида тол навдаларига осилган ялтироқ чўкаклар ноталарни ёритар, бақаларнинг башараларида гулханнинг саросимали шуъласи ўйнарди.
Марш Маргарита шаънига чалинаётган эди. У ниҳоятда зўр тантана билан кутиб олинди. Дарё сатҳида давра қуриб ўйнаётган тиаффоф бадан сув парилари ўйинни тўхтатиб, сув ўтларини силкиб Маргаритапи қутлай бошладилар, шунда ҳувиллаган нимяшил соҳилда уларнинг ингровчи саслари янграб, акс-садоси жуда олисларга зшитилди. Яланғоч алвастилар самбиттол орқасидан югуриб чиқиб, бир қаторга тизилишди ва сарой хонимларига хос тавозе билан тиз букиб таъзим қила бошлашди. Битта такатуёқ жонзод елиб келиб, Маргаританинг қўлидан ўпди, дарҳол ерга шоҳи поёндоз ёзиб, қироличам чўмилиб енгил тортдиларми, деб сўради ва ёнбошлаб ҳордиқ чиқаришни таклиф қилди унга.
Маргарита ҳам таклифни қабул этди. Шунда такатуёқ унга бир қадаҳ шампан виноси тутди. Маргарита винони ичиб юборган эди, дарҳол кўнгли гулдай яшнаб кетди. У Наташани суриштирган эди, унинг чўмилиб бўлиб, ўз тўнғизига минганча яна Москвага учиб кетганини айтишди: у тезроқ бориб, Маргаританинг келаётгани ҳақида дарак бериши ва унинг учун либос ҳозирлашда кўмаклагаиши лозим экан.
Маргарита ҳам самбиттоллар тагида узоқ ўтирмади... Ҳамма сафарга шайлана бошлади. Сув парилари ой нурида ўз рақсларини ниҳоясига етказдилар ва аста кўздан ғойиб бўлдилар. Такатуёқ махлуқ Маргаритадан, дарё бўйига нимада келдингиз, деб тавозе билан сўради. Унинг чўтка миниб келганини эшитиб:
— О, ахир бу ноқулай-ку, — деди бир лаҳзада иккита шох бутоғидан аломат телефон ясади-да, кимдандир шу оннинг ўзида машина юборишни талаб қилди, талаб ҳам бир дақиқа ичида бажарилди. Оролга усти очиқ оч малларанг машина учиб тушди, лекин рулда расмана шофёр эмас, балки клеёнка фуражка, қўлларига оғзи кенг қўлқоп кийган тумшуғи узун қоп-қора қарға ўтирарди. Орол ҳувиллай бошлади. Учиб кетган алвастилар порлаган ой шуъласида эриб йўқ бўлишди. Гулхан ўчиб, қўр устини кул боса бошлади.
Такатуёқ Маргаританинг машинага чиқишига кўмаклашди, у кенг орқа ўриндиққа чўкди. Машина ғувиллаб бир сакради-ю, баландга, деярли ойгача кўтарилди, орол ҳам, дарё ҳам ғойиб бўлди, Маргарита Москва томон ғизиллаб учиб кетди.

Йигирма иккинчи боб
Шамлар Ёруғида
Осмону фалакда учиб бораётган машинанинг бир текисда гувиллаши Маргаритани аллалар, ой шуъласи эса оромбахш ҳарорати билан уни иситарди. У кўзини юмиб, юзини шамолга тутди ва ҳозиргина ўзи тарк этган нотаниш дарё соҳили ҳақида ҳасрат билан ўйлай бошлади, негаки, у ерни энди ҳеч қачон кўрмаслигини кўнгли сеза бошлаган эди. Бугун кечқурун содир бўлган барча сеҳру мўъжизалардан сўнг Маргарита кимнинг ҳузурига меҳмонга кетаётганини фаҳмлай бошлаган эди, бироқ бу ҳол уни чўчитмасди. Ўша ерда ўз бахтига қайта мушарраф бўлиш умиди уни довюрак қилган эди. Лекин унинг бахт тўғрисида узоқ вақт хаёл суришига имкон бўлмади. Маргарита бир оз муҳлатдан сўнг кўзини очиб, қарғанинг моҳир ҳайдовчи бўлганиданми, ё машинанинг ниҳоятда учқурлигиданми, ҳар қалай пастда энди зулматга бурканган урмонни эмас, ҳаммаёғи милт-милт чироқ бўлган Москвани кўрди. Қора қуш — шофёр парвоз пайтида машинанинг оддинги ўнг ғилдирагини бураб бўшатиб олди, кейин уни Дорогомилово районида, қандайдир жуда хилват бир қабристонга қўндирди. Сўнг у чурқ этмай ўтирган Маргаритани чўткаси билан бирга бир қабр тоши ёнида ерга тушириб, машинани қабристон этагидаги жарга итариб юборди. Машина тубсиз жарг а гумбурлаб тушиб, тилка-тилка бўлиб кетди. Қарға эса Маргаритага эҳтиром билан честь бериб, ғилдиракка минди-да, учиб кетди.
Шу заҳоти бир қабр тоши орқасидан қора плашли шарпа чиқиб келди. Унинг сўйлоқ тиши ой нурида ялт этиб кетди-ю, Маргарита дарров Азазеллони таниди. У Маргаритага имо қилиб чўткага минишни таклиф қилди, ўзи узун қиличга минди, шу заҳоти икковлари осмонга ўқдай учишди-ю бир неча сониядан сўнг Садовая кўчасидаги 302-бис уйининг олдида ерга қўнишди. Уларни ҳеч ким сезмади.
Қўлтиқларига чўтка билан қилич қистириб олган бу икки ҳамроҳ бостирма остига киришганида Маргаританинг кўзи кимнидир зориқиб кутиб ўтирган кеп-,| ва қўнжи баланд этик кийган бир одамга тушди. Азазелло билан Маргарита енгил қадам ташлаб, оёқ учида юриб ўтган бўлишса ҳам, у одам шарпани эшитди, лекин қандай жонзоднинг шарпаси эканлигини тушунолмай саросимада бир сесканиб қўйди.
Кейин улар олтинчи йўлак эшиги олдида бояги бостирмадаги одамга худди қуйиб қўйгандек ўхшовчи иккинчи одамни учратишди. Бу ерда ҳам бояги воқеа такрорланди. Оёқ товушлари... Одам безовталаниб, ўгрилиб қаради ва ўшшайиб олди. Лекин йўлак эшиги очилиб-ёпилганини кўриб, шарпалар орқасидан ўша томонга отилди, ичкарига кириб, ҳар ёққа олазарак бўлиб қаради, аммо, турган гапки, ҳеч нимани кўрмади.
Нусхаси иккинчидан, демакки, биринчидан ҳам, олинган учинчи одам учинчи қаватдаги майдончада навбатчилик қиларди. У тутуни аччиқ папирос чекиб ўтирарди, шу боис Маргарита унинг ёнидан ўтаётганда йўталиб юборди. Кашанда худди бир нима чаққандек ўриндиқдан сапчиб туриб кетди, саросимада атрофига аланг-жаланг қарай бошлади, зина панжараси оша энгашиб пастга кўз ташлади. Бу маҳал Маргарита ўз ҳамроҳи билан 50-квартиранинг эшиги олдига етиб олган эди. Қўнғироқ қилиб ўтиришмади, Азазелло ўз калити билан эшикни товушсиз очди.
Маргаритани ҳайратга солган биринчи нарса зулмат бўлди. Даҳлиз худди ер қаъри билан зим-зиё эди, шунинг учун Маргарита қоқилиб кетишдан қўрқиб, беихтиёр Азазеллонинг плашидан маҳкам ушлаб олди. Лекин шу пайт жуда олисда, юқорида бир шамчироқнинг милт-милт ёнаётгани кўринди, кейин у шуъла яқинлашиб кела бошлади. Азазелло кета туриб Маргаританинг қўлтиғидан чўткани тортиб олди, чўтка шу заҳоти зулмат қўйнида товушсиз ғойиб бўлди. Энди улар қандайдир кенг пиллапоялардан юқорига кўтарила бошладилар, Маргаритага бу пиллапоянинг охири йўқдек туюларди. Москвадаги оддий бир квартиранинг даҳлизига бу кўринмас, аммо мавжудлиги аниқ ҳис этиб турилган ғайриоддий ва ҳудудсиз зинанинг сиғгани Маргаритани ҳайратга соларди. Бироқ шу пайт зина тугаб, Маргарита ўзини унинг юқори майдончасида турганини сезди. Бояги чироқ шундоққина Маргаританинг юзи олдига яқинлашиб келди-ю, у қўлида шамчироқ ушлаб турган қора ва дароз бир одамнинг юзини кўрди. Шу кейинги кунларда бу одамга рўпара келган шўрпешоналар ҳатто шу зўрға милтиллаб ёнаётган шамчироқ ёруғида ҳам уни ганиган бўлардилар, албатта. Бу Коровьёв, яъни Фагот эди.
Тўғри, ҳозир унинг ташқи қиёфаси жуда ўзгарган эди. Аллақачон ахлатга ташлаб юбориш лозим бўлган шишаси синиқ пенсне ўрнига у энди монокль тақиб олган эди, аммо бу ҳам дарз кетган бўлиб, шамчироқ шуъласи шу шишада акс этарди. Бу суллоҳ мўйлабини гажак қилиб бураган ва мойлаган эди, унинг қоралигига келсак, эгнига фрак кийганлигидан шунақа эди, холос. Фақат кўкрагигина оқариб кўринарди.
Бу сеҳргар, регент, жодугар, таржимон — хуллас, аслида кимлигини шайтон ҳам билмайдиган Коровьёв шамчироқ ушлаган қўлини кенг ёйиб Маргаритага таъзим қилди ва уни ўзи билан юришга даъват эди. Азазелло ғойиб бўлди.
«Одам ҳайрон қоладиган оқшом, — деб ўйларди Маргарита, — бунақа бўлишини ҳеч тасаввур қилмаган эдим! Нима бало, электрлари ўчиб қолганми дейман? Лекин ҳаммадан ҳам хонанинг ҳажми мени ҳайрон қоддиряпти. Шу нарсаларнинг ҳаммаси қандай қилиб Москванинг оддий квартирасига сиғиши мумкин? Бунга сира-сира ақл бовар қилмайди».
Коровьёвнинг қўлидаги шамчироқ жуда хира ёпаётган бўлса ҳам, Маргарита ўзининг ниҳоятда улкан залда, яна беҳисоб маҳобатли қора устунлари кўз илғамас ергача тизилиб кетган залда турганлигини тушунди. Коровьёв кичкина бир диван олдида тўхтаб, шамчироқни шу ердаги баланд курси устига қўйди, имо билан Маргаритани ўтиришга таклиф қилиб, ўзи ҳам унинг ёнига ўтирди ва худди суратга тушаётган одамдай савлат билан тирсагини курсига қўйди.
— Ижозатингиз билан сизга ўзимни танитсам, — деди Коровьёв беўхшов овоз билан, — Коровьёвман. Чироқ йўқлигидан ҳайрон бўляпсизми? Иқтисод деб ўйлаган бўлсангиз керак? Йў-йў-йўқ, асло. Агар шунақа бўлса, биринчи тўқнаш келган жаллод, чунончи, бугун, ҳали бир оздан кейин сизнинг тиззангизни ўпишга мушарраф бўладиган жаллодлардан бири шу курси устида бошимни танамдан жудо қилсин. Сабаб, мессир хуш кўрмайдилар электр нурини, биз уни энг охирги дамда ёқамиз. Ана унда, ишончингиз комил бўлсин: ҳаммаёқ керагидан ортиқ ёритилиб юборилади.
Коровьёв Маргаритага ёқди, шанғи жавраши унинг кўнглига таскин берди.
— Йўқ, — деб жавоб қилди Маргарита, — мана шунча нарсанинг (у қўлини чўзиб, залнинг бепоёнли-гини ифодалади) оддий бир квартирага қандай сиққани кўпроқ ҳайратга соляпти мени.
Коровьёв ёқимли жилва қилган эди, бурни атрофидаги соялар қимирлаб кетди.
— Бундан осон нарса йўқ! — деб жавоб қилди у. — Бешинчи ўлчов назариясидан бохабар бўлганлар учун ўз хонасини кўнгли тусаган ҳажмда кенгайтириш хамирдан қил суғуришдай гап. Ҳа, ҳа, муҳтарама соҳибам, ақл бовар қилмайдиган даражада кенгайтириш мумкин! Дарвоқе, мен, — деб жаврашда давом этди Коровьёв, — наинки бешинчи ўлчов назариясидан, балки, умуман ҳеч вақодан хабари бўлмаган, аммо шунга қарамай, ўз квартираларини кенгайтириш борасида энг баркамол мўъжизалар яратган одамларни биламан. Чунончи, менга ҳикоя қилиб беришган эди, шаҳарлик бир киши Земляной валда уч хонали квартира олиб, ҳеч қандай бешинчи ўлчов назарияси ва ўзга эсни оғдириб қўювчи найрангларсиз, ҳаш-паш дегунча, квартирасини тўрт хонали қилган — хоналардан бирининг ўртасидан девор олиб.
Кейин уни Москванинг бошқа-бошқа районидаги иккита алоҳида (бири — уч, иккинчиси — икки хонали) квартирага айирбошлаган. Мана сизга — бешта хона. Кейин ўша уч хонали квартирасини иккита икки хоналига алмаштириб, ўзингиз кўриб турибсизки, олти хонага эга бўлган. Шунда у, Москванинг турли районларидаги олти хонадан иборат ўша квартираларини Земляной валдаги битта беш хонали квартирага алмаштирмоқчи бўлгани ҳақида газетага эълон бериб, энг охирги ва энг ғаройиб найранг қилмоқчи бўлиб турганида, бирдан бу фаолияти унга дахлдор бўлмаган сабабларга кўра, таққа тўхтаб қолган. Тўғри, ҳозир ҳам у бирон-бир хонага жойлашган, албатта, лекин сизни ишонтириб айтаманки, у хона Москвадан ташқарида бўлиши керак. Кўрдингизми, қанақа олғирлар бор, сиз бўлсангиз бешинчи ўлчовни гапириб ўтирибсиз.
Бешинчи ўлчов ҳақида гап очган Маргарита эмас, Коровьёвнинг ўзи эди, шунга қарамай, Маргарита квартира алмаштирувчи учарнинг саргузаштларини эшитиб, шўх кулиб юборди. Коровьёв давом этди:
— Мақсадга ўтайлик, Маргарита Николаевна. Сиз ғоят оқила аёлсиз, шунга кўра, соҳибимизнинг кимлигини фаҳмлаган бўлишингиз керак.
Маргаританинг юраги «шув» этиб кетди, у индамай бош ирғатди.
— Ана, тушунибсиз, — деди Коровьёв, — биз ҳар қандай чала-ярим, мавҳум гапларга қаршимиз. Сираси, мессир ҳар йили бир марта бал берадилар. У баҳорги тўлиной бали ёхуд юзта қирол бали деб аталади. Тумонат одам келади! Ҳали бунга ўзингиз шоҳид бўласиз. Қисқаси: мессир бўйдоқ — буни ўзингиз ҳам гушуниб турган бўлсангиз керак. Бироқ бека йўқ, — Коровьёв қўлларини ёйди, — ўзингиздан қолар гап йўқ, қандай қилиб бал бекасиз...
Маргарита Коровьёвнинг ҳар битта сўзини ниҳоятда диққат билан тингларкан, қалбининг теран ери увишгандай бўлди — ўз бахтига эришиш умиди унинг бошини айлантирарди.
— Бизда анъана бўлиб қолган, — деб гапида давом этди Коровьёв, — бал бекасининг исми албатта Маргарита бўлиши керак, бу биринчидан, иккинчидан эса, бал бериладиган ерда туғилган бўлиши шарт. Кўриб турибсизки, биз жаҳонгашталармиз, бу сафар, Москвада манзил қурдик. Бу ерда биз юз йигирма битта Маргаритани учратдик, лекин ишонасизми, — деб Коровьёв ҳафсаласи пир бўлиб ўз сонига «шап» этиб урди, — биттаси ҳам тўғри келмади. Ва ниҳоят, бизга бахт кулиб боқдию...
Коровьёв қаддини эгиб, маънодор жилмайди, шунда Маргаританинг юраги бир орзиқиб тушди.
— Қисқа қиламан! — деди Коровьёв, — энг қисқаси: шу масъулиятни зиммангизга олинг десак, йўқ демайсизми?
— Йўқ демайман, — қатъий жавоб қилди Маргарита.
— Албатта-да! — деди Коровьёв ва шамчироқни баланд кўтариб илова қилди: — Марҳамат, мен билан юринг.
Улар икки қатор бўлиб тизилган устунлар орасидан юриб бориб ниҳоят бошқа бир залга ўтишди, бу ерда ўткир лимон ҳиди димоққа урилди, алланималарнинг қитирлагани эшитилди, бунинг устига яна Маргаританинг бошига аллақандай шарпа тегиб ўтди. У сесканиб кетди.
— Қўрқманг, — деб мулойим оҳангда тасалли берди Коровьёв, Маргаритани қўлтиқлаб оларкан, — бу Бегемотнинг балолди найранглари, холос. Умуман, мен сизга, Маргарита Николаевна, ҳеч қачон, ҳеч нимадан қўрқмасликни маслаҳат беришга журъат этмоқчиман. Кўрқиш телбалик. Сиздан яшириб ўтирмайман — бал ниҳоятда дабдабали бўлади. Биз, ҳукмронлик ҳудуди ўз вақтида бениҳоя улкан бўлган шахсларни кўрамиз. Аммо уларнинг имкониятларини камина муқарриби бўлиш бахтига мушарраф бўлган зотнинг имкониятларига муқояса қилинса, у денгиз олдида бир томчи ҳам бўла олмайдики, буни ўйласанг кулгинг келади, ҳатто, сизга айтсам, хафа бўлиб кетасан...
Шу чоқ Коровьёв шамчироққа қараб пуфлаган эди, у ғойиб бўлди-ю, Маргарита ўз оёғи остида қандайдир эшик остидан тушиб турган чироқ шуъласини кўрди. Коровьёв ана шу эшикни оҳиста тақиллатди. Маргарита жуда қаттиқ ҳаяжонланганидан тишлари такиллаб, бадани жимирлаб кетди. Эшик очилди. Бу мўъжазгина хона эди. Маргарита бу ерда эмандан ясалган кенг бир каравот, каравот устида ғижимланган исқирт чойшаб ва ёстиқ кўрди. Каравот олдида оёқлари жимжимадор эман стол, унинг устида шам уялари қуш панжаларини эслатувчи чилчироқ бўлиб, унинг еттита олтин панжасида йўғон шамлар ёниб турарди. Бундан ташқари, столда яна доналари ниҳоятда зўр маҳорат билан ишланган каттакон шахмат тахтаси бор эди. Эскириб, тақир бўлиб кетган бир гиламча устида пасттаккина скамейка турарди. Бу ерда яна бир стол бўлиб, унинг устига қандайдир олтин коса ва бошқа бир чилчироқ қўйилган эди. Бу чилчироқнинг шохлари илонга ўхшатиб ясалган эди. Хонадан олтингугурт ва қатрон ҳиди келар, чироқларнинг кўланкалари ерда бир-бирини кесиб ўтган эди.
Бу ерда ҳозир бўлганлар орасида Маргарита Азазеллони бир кўришдаёқ таниди, у каравотнинг бош томонида турар ва энди эгнига фрак кийиб олган эди. У Маргаритага бағоят назокат билан таъзим қилди, зеро у Александр боғида Маргаританинг қошига қароқчи қиёфасида келган Азазеллога асло ўхшамас эди энди.
Варьетенинг мўътабар буфетчисини қаттиқ хижолат қилган ва машъум сеанс берилган тунда, яхшиямки, хўроз қичқириб қолиб, чўчиб кетган ўша яланғоч алвасти, яъни Гелла каравот ёнида ерга ёзилган гиламчада ўтириб, олтингугурт буғи чиқиб турган кастрюлда алланимани хамирга ўхшатиб қорарди.
Булардан ташқари, шахмат столи ёнидаги баланд курсида ҳирсдай келадиган бир қора мушук ўнг панжасида асп донасини ушлаб ўтирарди.
Гелла ўрнидан қўзғалиб, Маргаритага таъзим қилди. Мушук ҳам курсидан сакраб тушиб, орқа ўнг оёғини олдинга суриб, меҳмонга таъзим қиларкан, бирдан донани панжасидан тушириб юборди ва уни қидириб каравот тагига эмаклаб кириб кетди.
Буларнинг барини, қўрқувдан донг қотиб қолган Маргарита шамлардан тушган бозингар кўланкаларда элас-элас кўрди. У кўзини тўшакдан уза олмай қолганди: бечора Иван — яқиндагина Патриарх кўлида, шайтон йўқ, деб ишонтирмоқчи бўлган кимса, яъни ўша йўқ нарса ҳозир каравотда ўтирарди.
Икки кўз: тубида ҳар қандай юракнинг энг теран еригача тешиб киришга қодир заррин учқун порлаб турган ўнг кўз билан игнанинг тешигини ёхуд ҳар қандай зулмат ва қора кўланканинг тубсиз қаърини эслатувчи зиёсиз ва қора чап кўз Маргаританинг юзига қаттиқ тикилган эди. Воланднинг юзи бир ёнга қийшайиб кетган, оғзининг ўнг чети пастга осилган, сочлари тўкила бошлаганидан кенг бўлиб кўринган пешонасида ингичка қошлари билан бир текисда чуқур-чуқур ажинлар чўзилган эди. Унинг юзи офтобдан мангу қорайгандай туюларди.
Эгнига исқирт, чап елкасига ямоқ тушган узун тунги кўйлакдан бошқа ҳеч нима киймаган Воланд ялпайиб ўтирарди. У бир оёғини тагига босиб олган, иккинчисини узатиб скамейкага қўйган эди. Мана шу қорайган оёғининг тиззасини Гелла тутаб турган аллақандай малҳам билан ишқаларди.
Бу ғира-ширада Маргарита яна Воланднинг ёли йўқ кўкрагида қора тошдан моҳирона ясалиб, устига аллақандай ёзувлар ёзилган бир қўнғизни кўрди, у тилла занжирга осилган эди. Воланднинг ёнида тўшакда вазмин ўрнатилган аломат бир глобус турардики, унинг жони борга ўхшар ва бир биқини қуёш билан ёритилгандек туюларди.
Сукут бир неча лаҳза давом этди. «Мени кузатяпти», — деб ўйлади Маргарита ва ўз ирода кучи билан тиззаларининг қалтирашини босишга ҳаракат қилди.
Ниҳоят Воланд жилмайиб гап бошлаган эди, унинг учқун чақнаб туртан кўзи «пов» этиб ёнгандай бўлди.
— Хуш келибсиз, қиролича, ва лекин мени афв этгайсиз хонаки либосда бўлганим учун.
Воланднинг овози шу қадар сўниқ, паст эдики, айрим сўзлар зўрға хириллаб чикди.
У тўшакда ётган узун қилични олди-да, каравот остига тиқиб кавларкан, деди:
— Бўлди, чиқ! Ўйин бекор қилинади. Меҳмон келди.
— Зинҳор бекор қилманг, — деб суфлёрга ўхшаб пичирлади Коровьёв Маргаританинг қулоғига.
— Зинҳор бекор қилманг... — деб гап бошлади Маргарита.
— Мессир... — деб пичирлади яна Коровьёв унинг қулоғига.
— Зинҳор бекор қилманг, мессир, — деди ўзини тутиб олган Маргарита оҳиста, аммо аниқ қилиб, сўнг жилмайиб туриб илова қилди: — Ўйинни тўхтатмаслигингизни илтижо қиламан. Ўйлайманки, шахмат журналлари шу партиянгизни чоп қилгудек бўлсалар, дурустгина гонорар тўлаган бўлардилар сизга.
Азазелло унинг гапини маъқуллаб, оҳиста томоқ қириб қўйди, Воланд эса Маргаритага диққат билан тикилиб туриб, қўлини чўзди ва уни имлаб ўз ёнига чақирди. Маргарита ялангоёқлари остида полни сезмай унга яқин борди. Воланд ўзининг зиддай оғир, айни пайтда чўғдек қайноқ қўлини Маргаританинг елкасига қўйиб, уни ўзига тортди ва ёнига, каравотга ўтқазди.
— Баски, бизга бундай камоли илтифот кўрсатаётган экансиз, — деб гапира бошлади у, — ўзим ҳам шундай бўлади деб ўйлаган эдим, унда биз такаллуфни йиғиштириб қўямиз. — У яна каравот остига энгашиб қичқирди: — Токайгача давом этади бу каравот остидаги майнавозчилик? Қани чиқ, бадбахт масхарабоз!
— Аспни топа олмаяпман, — деб бўғиқ сохта овоз билан жавоб қилди каравот остидан мушук, — қаёққадир қочиб кетипти, унинг ўрнига аллақандай қурбақа қўлимга илинди.
— Бу ер сенга бозор эмас — бас қил масхарабозликни! — деди Воланд гўё аччиғланаётгандай бўлиб. — Каравот остида ҳеч қанақа қурбақа йўқ эди! Бу уч пулга қиммат найрангбозлигингни Варьете учун асраб қўй. Агар ҳозироқ чиқмасанг, сени ютқазди деб ҳисоблаймиз, лаънати қочоқ.
— Таслим бўлиш йўқ, мессир! — деб бақириб юборди мушук ва шу заҳоти панжасида асп донасини ушлаганча каравот остидан чикди.
— Марҳамат, танишинг... — деб гап бошлади Воланд, аммо ўз сўзини бўлиб деди: — Йўқ, кўргани кўзим йўқ бу тавияни, қаранг, не кўйга солиб чиқипти ўзини каравот тагидан.
Бу аснода бошдан-оёқ чанга беланган мушук орқа оёқларида туриб, Маргаритага таъзим бажо қиларди. Энди унинг бўйнига фрак билан тақиладиган оқ галстук боғланган, кўкрагига аёлларнинг садаф дурбини осилган эди. Бундан ташқари, мушукнинг мўйлови заррин рангга бўялган эди.
— Ахир бу нима қилганинг? — деди Воланд, — нега энди мўйлавингни зарҳалладинг? Кейин, галстукка бало борми, эгнингда иштонинг бўлмагандан кейин?
— Мушук иштон киймайди, мессир, — виқор билан жавоб қилди мушук, — ҳали яна менга этик кийгин деб ҳам айтарсиз? Этик кийган мушук фақат эртакларда бўлади, мессир. Лекин бирон-бир жонзоднинг балга галстук тақмай келганини кўрганмисиз? Мен жамоа олдида шарманда бўлишни ҳам, гарданимга муштлаб балдан қувиб чиқаришларини ҳам истамайман! Ҳар ким баҳоли қудрат ясанади. Бу гапимни дурбинга ҳам дахлдор деб ҳисоблайверинг, мессир!
— Ахир мўйловинг-чи?...
— Ҳайронман, — деб қуруққина эътироз билдирди мушук, — нега энди Азазелло билан Коровьёв соқол-мўйловларини олишганидан кейин оқ упа се-пишлари мумкин-у, хмен мўйловимга олтин упа сепишим мумкин эмас, бундан оқ упанинг нимаси афзал? Агарда мен мўйловимни устарада қирсам эди, унда гап қилишинглар мумкин эди! Чунки мўйлови қирилган мушук — чинданам ғирт бемаънилик, буни минг карра эътироф этишга ҳам тайёрман. Лекии, умуман олганда, — шу ерга келганда мушукнинг хўрлиги келиб, овози қалтираб кетди, — кўриб турибман, менга тирғиладиган бўлиб қолишди, бинобарин, олдимда, умуман мен балда бўлишим керакми ўзи, деган жиддий масала турипти. Хўш, сиз бунга нима дейсиз, мессир?
Шундай деб мушук сал бўлмаса ёрилиб кетгудек шиша бошлади.
— Вой, қаллоб-е, вой фирибгар-е, — дерди Воланд бошини сарак-сарак қилиб, — ҳар сафар шу — ютқазаётганини сезса, энг разил алдоқчига ўхшаб, гапни чалғитишга тушади. Қани, тез ўтир-у, бас қил қуруқ сафсатабозликни.
— Мен ўтираман, — деб жавоб қилди мушук ўтираркан, — лекин охирги фикрингизга эътироз билдираман. Каминанинг нутқлари, сиз бу хоним олдида мени камситиб айтганингиздек, сафсата эмас асло, балки аниқ силлогизмлар мажмуасидирки, Секст Эмпирик Марциан Капелла ва ҳаттоки Аристотелдек донишмандлар ҳам уларни юксак баҳолаган бўлардилар.
— Шоҳ! — деди Воланд.
— Майли, майли, — деди мушук ва шахмат тахтасига дурбин орқали қарай бошлади.
— Шундай қилиб, — деб юзланди Воланд Маргаритага, — танишинг, донна, менинг мулозимларим билан. Манави жиннилик қилаётган мушукнинг исми — Бегемот. Азазелло ва Коровьёв билан танишиб олгансиз, энди, марҳамат, ходимам Гелла билан танишинг. Ишга чечан, фаросатли, қўлидан келмайдиган иш йўқ.
Гўзал Гелла кафтлаб малҳам олиб, соҳибининг тиззасига суришдан тўхтамаган ҳолда, кўк кўзларини Маргаритага тикиб жилмайди.
— Ана, бўлди, — деб таништиришни якунлади Воланд ва Гелла тиззасини қаттиқроқ эзганидан афти буришиб кетди, — жамоамиз, кўриб турибсизки, озчилик, қурама ва одми. — У жим қолиб, ўз олдида турган глобусни айлантира бошлади. Глобус шу қадар зўр маҳорат билан ишланган эдики, ундаги мовий океанлар мавжланар, қутб эса ҳақиқий муз ва қор билан буркангандек кўринарди.
Бу маҳал шахмат тахтаси устида бесаранжомлик бошланган эди. Оқ ридо кийган шоҳ ўз катагида кўнгли ғаш бўлиб типирчиларкан, мушкул аҳволга тушганидан қўлларини кўкка кўтарарди. Ойболталар билан қуролланган учта оқ пиёда оқ офицерга бақрайиб қараб турарди, офицер шамширини ўйнатиб, пиёдаларни олға, яъни Воланднинг от минган икки сувориси турган катаклар сари ундарди.
Шахмат доналарининг жонли эканлиги Маргаритани ниҳоятда қизиқтириб, ҳайратга солди.
Мушук дурбинини кўзидан олиб, ўз шоҳининг орқасига оҳиста туртиб қўйди. Шоҳ мушкул аҳволга тушганини сезиб, юзини қўллари билан беркитди.
— Ишинг чакки кўринади, азизим Бегемот, — оҳиста деди Коровьёв заҳарханда билан.
— Вазият жиддий, лекин умид йўқ эмас ютишдан, — деди Бегемот, — сирасини айтганда: мен ғалаба қилишимга қатъий ишонаман. Фақат вазиятни яхшилаб таҳлил қилиб кўриш керак.
Таҳлилни у жуда антиқа тарзда бошлади: ўз шоҳига аллақандай имо-ишоралар қилиб кўз қиса бошлади.
— Ҳеч нима кор қилмаяпти-ку, — деди Коровьёв.
— Ие, вой! — деб қичқириб юборди шунда Бегемот, — тўтилар учиб кетишибди-ю — огоҳлантирган эдим-а!
Дарҳақиқат, олисдан беҳисоб қуш қанотларининг патирлагани эшитилди. Коровьёв билан Азазелло югуриб чиқиб кетишди.
— Э, жин урсин найрангларингни! — деб ғўлдиради Воланд ўз глобусидан кўз узмай.
Коровьёв билан Азазелло чиқиб кетишган ҳамоноқ Бегемотнинг кўз қисиши авжга чиқди. Ниҳоят, оқ шоҳ имо-ишоранинг маънисига тушунди-ю, елкасидаги ридони ўзи турган катакка ечиб ташлаб, шахмат тахтасидан чопиб чиқиб кетди. Офицер эса унинг ўрнига ўтиб, шоҳ либосини ўз елкасига ташлаб олди. Коровьёв билан Азазелло қайтиб келишди.
— Яна алдабсанда бизни, — деб тўнғиллади Азазелло Бегемотга ўқрайиб.
— Қайдам, қулоғимга чалинувди, — деб жавоб қилди мушук.
— Хўш, токайгача кутаман? — деди Воланд, — шоҳ!
— Эшитмабман, мэссир, — деди мушук, — шоҳ бўлиши мумкин эмас.
— Такрор айтаман — шоҳ!
— Мессир, — деди мушук сохта ваҳима билан, — сиз жуда чарчаган кўринасиз: шоҳга шоҳ йўқ ахир!
— Шоҳ Г икки катагида турипти, — деди Воланд шахмат тахтасига қарамасдан.
— Мессир, камина ҳайратдаман, — дея ингради мушук башарасини даҳшатли бужмайтириб, — бу катакда шоҳ йўқ.
— Нима дединг? — деди ҳайрон бўлган Воланд ва тахтага тикилиб қаради. Шоҳ катагида турган офицер тескари ўгирилиб, юзини қўли билан пана қилиб олган эди.
— Оббо касофат-е, — деди ўйчанлик билан Воланд.
— Мессир! Мен яиа мантиққа мурожаат қиламан, — деб гап бошлади мушук икки панжасини кўксига қўйганча, — агар рақиб шоҳга шоҳ деб эълон қилса-ю, аслида шахмат тахтасида шоҳнинг сояси ҳам бўлмаса, бундай шоҳ — шоҳ ҳисобланмайди.
— Таслим бўласанми ё йўқми? — деб бақирди Воланд дағдаға қилиб.
— Рухсат этинг, ўйлаб кўрай, — ювошгина деди мушук, тирсакларини столга қўйиб ва панжалари билан қулоқларини чангаллаганча ўйлай бошалди. У узоқ вақт ўйлаб, ниҳоят деди: — Таслимман.
— Бу ўжар махлуқни ўлдирсанг ҳам оз, — деди Азазелло ғижиниб.
— Ҳа, таслим бўлдим, — деди мушук, — лекин айтиб қўяй, фақат ҳасадгўйлар таъқиб қилган муҳитда ўйнай олмаслигим сабабли таслим бўляпман! — У ўрнидан турди. Шахмат доналари ўзлари қутига бориб тушишди.
— Гелла, вақт бўлди, — деди Воланд, шунда Гелла хонадан чиқиб кетди. — Аксига юриб, бал бўладиган кун оёғим оғриб қолса-я, — деб гапида давом этди Воланд.
— Рухсат этинг, мен уқалай, — деб оҳиста илтимос қилди Маргарита.
Воланд Маргаритага қаттиқ тикилиб қаради, сўнг тиззасини унга томон сурди.
Лавадек қайноқ балчиқ Маргаританинг қўлини куйдирарди, аммо у афтипи буриштирмай, Воланднинг тиззасини оғритмасликка уриниб уқалайверди.
— Муқаррибларим буни бод деб айтишяпти, — дерди Воланд кўзини Маргаритадан олмай, — лекин меи қатъий ишонч билан айтаманки, тиззамнинг оғриғи, бир минг беш юз етмиш биринчи йилда Брокен тоғида Шайтон кафедрасида битта кетворган алвасти хоним билан яқин мулоқотда бўлганим асорати бўлиши керак, менимча.
— О, ақл бовар қилмайди! — деди Маргарита.
— Парво қилмапг! Яна уч юз йиллардан кейин тузалиб кетади. Менга кўп дори-дармон тавсия қилишди, лекин эски одатим бўйича бувимнинг даволаш воситаларига амал қиламан. Бағоят антиқа гиёҳларни мерос: қилиб қолдириб кетган менга ўша кампиршо, яъни бувим. Дарвоқе, сизнинг ҳеч бир дардингиз йўқми? Балки қалбингизни кемирувчи бирон ҳасрат, ғусса бордир сизда ҳам?
— Йўқ, мессир, ундай нарсалар йўқ менда, — деб жавоб берди оқила Маргарита, — эндиликда, сизнинг ҳузурингизда эса ўзимни жудаям яхши ҳис қиляпман.
— Назаримда, — деди Воланд бирдан қувноқ оҳангда, — сизни менинг глобусим қизиқтираётганга ўхшайди.
— О, рост, мен ҳеч қачон кўрмаганман бундай буюмни.
— Ажойиб буюм. Очиғини айтганда мен сўнгги ахборотни радио орқали эшитишни ёқтирмайман. Одатда, ахборотни қандайдир қизлар ўқишади, улар жойларнинг номларини аниқ талаффуз қилишмайди. Бундан ташқари, уларнинг ҳар учтадан бири ё дудуқ, ё тили чучук — атайлаб шунақаларни танлашадими, ҳайронман. Менинг глобусим анча қулайроқ, бунинг устига, мен юз бераётган воқеаларни аниқ билишим керак. Мана, масалан, соҳилини океан ювиб ётган мана бу ерни кўряпсизми? Қаранг, ана, у ўт оляпти. У ерда уруш бошланди. Агар кўзингизни яқинроқ олиб борсангиз, тафсилотларини ҳам кўрасиз.
Маргарита глобусга яқинроқ энгашган эди, квадрат ичидаги ер тасвири кенгайиб, рапг-баранг бўёқларга бўялди ва бўртма харитага ўхшаб кетди. Шунда Маргарита лентасимон дарёни ҳам, унинг бўйига жойлашган қандайдир бир қишлоқни ҳам кўрди. Нўхатдаккина бир уйча катталашиб гугурт қутисидек бўлди. Бирдан бу уйнинг томи қоп-қора тутун билан бирга осмонга кўтарилди, унинг деворлари қулаб тушди, оқибат, икки қаватли бу қутичадан ҳсч вақо қолмади — у қора тутун бурқсаб чиқаётган бир тўп ахлатга айланган эди. Маргарита кўзини глобусга яна ҳам яқинроқ олиб бориб, ерда ётган кичкинагина бир аёлни ва унинг ёнида қўлларини ёйиб қонга ботиб ётган гўдакни кўрди.
— Тамом, — деди жилмайиб Воланд, — гуноҳ қилишга ҳам улгурмади. Абадоннанинг иши ҳамиша пухта.
— Мен ўша Абадоннага қарши бўлган томонда бўлишни истамасдим, — деди Маргарита. — Ким томонда ўзи у?
— Сиз билан узоқроқ суҳбатлашганим сари, — назокат билан деди Воланд, — ғоят оқила эканлигингизга кўпроқ ишонч ҳосил қиляпман. Сиз хотиржам бўлинг. Абадонна мутлақо холис иш кўради ва курашаётган иккала тарафга ҳам бирдай хайрихохдир. Шунга кўра, иккала тараф курашининг оқибати бир хил бўлади доим. Абадонна, — деб Воланд оҳиста чақирди, шу заҳотиёқ қора кўзойнак таққан қандайдир озғин одам девор ичидан чиқиб келди. Унинг кўзойнаги Маргаритага шу қадар кучли таъсир қилди-ки, у оҳиста чинқириб юбориб, юзини Воланднинг оёғига босди. — Бас қилинг, — деб ўшқирди Воланд, — мунча асабий бўлиб кетишган-а бу замоннинг одамлари. — У Маргаританинг елкасига «шап» этиб шапалоқ урган эди, унинг бутун вужуди жаранглаб кетди. — Кўряпсиз-ку, у кўзойнақда. Бундан ташқари, Абадонна ҳеч қачон бирон кимсанинг ҳузурида бемаврид пайдо бўлган эмас, бўлмайди ҳам. Ундан кейин, бу ерда мен борман. Сиз эса, менинг меҳмонимсиз! Шунчаки уни сизга кўрсатмоқчи эдим, холос.
Абадонна қимир этмай турарди.
— Бир лаҳзага кўзойнагини олса бўладими? — деб сўради Маргарита Воланднинг пинжига кириб, энди қўрқувдан эмас, синчковликдан қалт-қалт титраркан.
— Бу энди мумкин эмас, — жиддий оҳангда деди Воланд ва бир қўл силтаган эди Абадоннанинг қораси ўчди. — Менга бир нима демоқчимисан, Азазелло?
— Мессир, — деб жавоб қилди Азазелло, — гапиришга рухсат этинг. Бизда иккита бегона бор: ҳиқил-лаб, ўз соҳибаси ҳузурида қолдиришни илтижо қилаётган соҳибжамол қиз билан унинг ихтиёридаги, маъзур кўрасиз, тўнғиз.
— Соҳибжамоллар ўзларини жуда антиқа тутадилар-да, — дсди Воланд.
— У Наташа, — деб юборди Маргарита.
— Майли, соҳибаси қошида қолдиринглар. Тўнғизни эса ошпазларга жўнатинг!
— Уни сўйишадими? — чинқириб юборди қўрқиб кетган Маргарита, — шафқат қилинг, мессир, у пастки қаватда яшовчи Николай Иванович. Англашилмовчилик содир бўлган. Наташа бехосдан унга ҳам ёғупа суриб қўйипти...
— Афв этасиз, — деди Воланд, — ким сўяр экан ўша даҳмазани? Вақтинча ошпазлар билан ўтириб турсин, вассалом! Ахир уни бал бўлаётган залга кирита олмайман-ку!
— Ҳа-да... — деб илова қилди Азазелло ва давом этди: — Ҳадемай ярим кеча бўлади, мессир.
— А, жуда соз, — деб Воланд энди Маргаритага юзланди: — Хуллас, марҳамат қилсинлар! Олдиндан миннатдорчилик билдираман сизга. Ўзингизни йўқотманг, ҳеч нимадан қўрқманг. Сувдан бошқа ҳеч нима ичманг, бўлмаса лоҳас бўлиб, қийналиб қоласиз. Вақт бўлди!
Маргарита ўрнидан турди, шу пайт эшик олдида Коровьёв пайдо бўлди.

Йигирма учинчи боб
Иблис Ҳузурида Оламшумул Бал
Ярим кеча яқинлашиб қолганидан шошилишга тўғри келди. Маргаританинг кўзига нарсалар зўрға кўринарди. Унинг эсида қолган нарса — шамлару тубига рангдор тошлар ётқизилган қандайдир ҳовузча бўлди. Гелла билан унга кўмаклашаётган Наташа шу ҳовузчага тушиб турган Маргаританинг бошидан қизил рангли қуюқ ва қайноқ бир суюқлик қуйишди. Маргарита тамшаниб кўриб, шўртанг нарсани ҳис қидди ва ўзини қон билан ювишаётганини тушунди. Бу қонли душдан кейин бошқаси — пушти ранг қуюқ ва тиниқ душ бошланди, энди бу гул мойидан Маргаританинг боши айланиб кетди. Кейин уни биллур чорпояга ётқизишиб, баданини аллақандай йирик-йирик яшил япроқлар билан то ярақлагунча ишқалашди. Шу пайт мушук югуриб кириб, кўмаклаша бошлади. У Маргаританинг оёқ томонига чордана қуриб ўтириб олиб, кўча-кўйдаги этик мойловчиларга ўхшаб, унинг товонини ишқалай бошлади. Маргарита оч-пушти атиргул баргларидан ким унга туфли тикканини ҳам, уларнинг олтин тасмалари қандай қилиб ўз-ўзидан тугмаланиб қолганини ҳам эслолмасди. Қандайдир бир куч Маргаритани шахт кўтариб, кўзгу рўпарасига қўйди, шунда унинг бошида шоҳона олмос тож ярақлаб кетди. Шу пайт қаёқдандир пайдо бўлган Коровьёв Маргаританинг бўйнига оғир занжирга илинган қора бароқ итнинг чўзинчоқ рамкадаги залвар тасвирини осиб қўйди. Бу безак қироличага ниҳоятда малол келди. Занжир шу заҳотиёқ унинг бўйнини ишқалаб қизартирворди, зилдай тасвир эса унинг қададши букарди. Бироқ бу ўнғайсизлик эвази-га Маргарита баъзи бир имтиёзга мушарраф бўлди. Бу имтиёз — Коровьёв билан Бегемотнинг унга иззат-эҳтироми эди.
— Ҳечқиси йўқ, асло азият чекманг! — деб ғўлдирарди Коровьёв ҳовузчали хона эшиги олдида туриб, — ўзга илож йўқ, шу нарса керак, керак, керак. Ижозатингиз билан, қиролича, сизга охирги маслаҳатим. Меҳмонлар орасида турли тоифадаги шахслар бўлади, о, жуда-жуда кўп улар, аммо ҳеч кимга, қиролича Марго, ҳеч қандай имтиёз берилмаслиги керак! Агар борди-ю биронтаси дидингизга ёқмаса... аминманки, сиз буни ўз чеҳрангизда ифода этмайсиз, албатта... Йўқ, йўқ, бундай ўйлаш мумкин эмас! У сезади, ўша заҳоти сезиб қолади. Унга меҳр қўйиш, севиш керак, қиролича. Бунинг эвазига бал бекаси юз ҳисса кўпроқ меҳрга сазовор бўлажак! Яна: ҳеч кимни эътиборсиз ўтказвормайсиз. Агар луқма ташлаб гаплашишга вақтингиз бўлмаса, йўқ деганда, жилвали нигоҳ ташлайсиз ё салгина қиё боқиб қўясиз. Нима қилсангиз қилинг, аммо ҳеч кимни эътиборсиз қолдирманг. Улар шу эътиборсизликдан заволга учрайдилар...
Шундан кейин Маргарита Коровьёв билан Бегемот кузатувида зим-зиё қоронғиликка қадам қўйди.
— Мен, мен, — деб пичирлади мушук, — мен сигнал бераман!
— Майли! — деди Коровьёв қоронғида.
— Бал! — деб қаттиқ чийиллади мушук, шу заҳоти Маргарита чинқириб юбориб, кўзларини бир неча лаҳзага чирт юмиб олди. Чунки бал унинг кўзига чароғон шуъла ҳамда ҳар хил ҳиду товушлар тимсолида намоён бўлган эди. Коровьёв қўлтиқлаб олиб кетаётган Маргарита ўзини тропик ўрмонда кўрди. Қизилтўш , яшилдум тўтиқушлар лианаларга осилишар, улар устидан сакрашар ва: «Мен ғоят мамнунман!» — деб шанғиллашарди. Лекин ўрмон бир зумда тугаб, ҳаммомона димлик бал залининг салқин ҳавоси билан алмашди. Бу зал ҳам ўрмон сингари ҳувиллаган эди, фақат сарғиш ялтироқ тошлардан тикланган устунлар пойида бошларига оппоқ салла ўраган ярим-яланғоч негрлар қимир этмай турардилар. Маргарита ўз мулозимлари билан (улар сафига энди Азазелло ҳам қўшилган эди) залга учиб кирганида негрларнинг юзлари ҳаяжондан хира-қўнғир рангга кирди. Шу ерда Коровьёв Маргаританинг қўлини қўйиб юбориб, қулоғига пичирлади:
— Тўғри лолазор томон юринг! Маргаританинг рўпарасида унча баланд бўлмаган оқ лолалар зич бўлиб қад кўтарган эди, улар ортида эса устига қалпоқча ўрнатилган сон-саноқсиз чироқлар, чироқлар қаршисида қора фрак кийган одамлар кўринди. Маргарита бал музикасининг қаерда чалинаётганини шундагина тушунди... Юз элликтача одамдан иборат оркестр полонез куйини чаларди.
Оркестр олдидаги супачада турган, фрак кийган одам Маргаритани кўриб оқариб кетди, бир амаллаб жилмайди ва бирдан қўл силтаб, бутун оркестрни оёққа турғазди. Оркестр бир зум ҳам чалишдан тўхтамай, тик турганча, Маргарита бошидан музика садосини ёғдира бошлади. Мис карнайлар овози орқасидан фарёддек эшитилган скрипкалар саси унинг бошидан, боя ҳовузчада юз берганидек, қуюқ қон бўлиб қуйилди. Дирижёр оркестрга орқа ўтириб, қўлларини кенг ёйганча, икки букилиб таъзим қилди, шунда Маргарита жилмайиб туриб, унга қўл силкитди.
— Йўқ, бу оз, кам, — деб пичирлади Коровьёв, — у кечаси билан мижжа қоқмай чиқади. «Салом сизга, о вальслар қироли!» — деб қичқиринг унга.
Маргарита шундай деб қичқирган эди, овози худди қўнғироқ садосидек бутун оркестр овозини босиб кетдики, бундан ўзи ҳам ҳайрон қолди. Дирижёр бундай бахтдан сесканиб кетди ва чап қўлини кўксига қўйганча ўнг қўлидаги оқ таёқчани силкитиб оркестрга дирижёрлик қилишда давом этди.
— Яна, яна, — деб пичирларди Коровьёв, — чапга, биринчи скрипкаларга қаранг, шундай бош ирғатинг-ки, уларнинг ҳар бири мени таниди деб ўйласин ўзича. Фақат жаҳонга машҳур бўлган музикачилар йиғилган бу ерга. Анави биринчи пульт олдида ўтирган билан саломлашинг, — у Вьетан бўлади. Яхши, жуда яхши. Энди кетдик.
— Дирижёр ким бўлди? — деб сўради Маргарита нарига учиб кетаркан.
— Иохан Штраус, — деб шанғиллади мушук, — агар биронта балда, бирон марта бўлсин шундай сара оркестр йиғилган бўлса, майли, мени тропик ўрмонда ўсган лианага осиша қолсин. Мен таклиф қилдим бу оркестрни. Эътибор беринг-а, биронта музикачи касал ҳам бўлиб қолмади, келишдан бош ҳам тортмади...
Кейин улар бир майдончага учиб чиқишди. Маргарита бу ерни таниди: Коровьёв уни шамчироқ тутиб шу ерда кутиб олган эди. Энди бу майдончада ёниб турган узум бошларини эслатувчи биллур қандил ёруғидан кўз қамашарди. Маргарита учун махсус жой тайёрланган эди — уни ўша ерга қўйишди, унинг чап тирсаги остида аметист устунча пайдо бўлди.
— Агар жуда толиқсангиз, қўлингизни шу устунчага қўйишингиз мумкин, — деб шипшиди Коровьёв.
Қора танли бир одам Маргаританинг оёғи остига ёстиқ ташлади, унга зарришта билан бароқ итнинг тасвири тикилган эди, шунда Маргарита кимнингдир йўриғига юриб, ўнг оёғини ёстиққа қўйган эди, тиззаси хиёл букилди. У атрофига кўз ташлади. Коровьёв билан Азазелло унинг ёнгинасида тантанавор вазиятда туришарди. Азазеллонинг ёнида яна уч нафар йигит бўлиб, улар Маргаританинг назарида Абадоннага сал-пал ўхшаб кетишарди. Маргаританинг елкасига совуқ ура бошлади, у орқасига ўгирилиб, у ердаги мармар девордан муз ҳовузга газли вино тизиллаб қуйилаётганини кўрди. Маргарита чап оёғи тагида қандайдир илиқ ва момиқ нарсанинг ғимирлаганини сезди. Бу Бегемот эди.
Маргарита юксакда турар, унинг шундоққина оёғи остидан пастга гилам поёндоз ёзилган жуда маҳобатли зина тушиб борар эди. Пастда, худди дурбиннинг тескари томонидан кўрингандай жуда-жуда олисда каттакон дарбонхона ва қоп-қора хунук оғзига беш тоннали юк машинаси бемалол кира оладиган ҳайҳотдай камин кўринди. Кўзни кўр қилгудек даражада ёритилган дарбонхона ҳам, зина ҳам бўм-бўш эди. Энди карнайлар садоси жуда узоқдан эшитиларди. Шу зайлда бир дақиқача қимир этмай туришди.
— Қани, ахир, меҳмонларингиз? — деб сўради Маргарита Коровьёвдан.
— Келишади, қироличам, келишади, ҳозир келиб қолишади. Қалашиб кетишади ҳали. Лекин, ўлай агар, бу ерда туриб уларни қарши олгандан ўтин ёриш афзал менга.
— Ўтин ёриш нима экан, — деб гапга аралашди эзма мушук, — мен трамвайда кондуктор бўлиб ишлашга ҳам рози эдим, ўзингиз биласиз, кондукторликдан бемаънироқ иш йўқ дунёда.
— Ҳамма нарса барвақт шай қилиб қўйилиши керак, қиролича, — деб изоҳлади Коровьёв дарз монокль таққан кўзида ўт чақнатиб. Биринчи бўлиб келган меҳмоннинг ўзини қаёққа қўйишни билмай сандироқлаб юрганидан, бу аснода унинг жуфти ҳалоли — маликаи дилозори, нега бунча барвақт келдик, деб эрини қонига ташна қилиб минғир-минғир қилгани-дан ёмон нарса йўқ дунёда. Агар бал шунақа бўладиган бўлса, унақа балдан юз ўгирмоқ керак, қироличам.
— Албатта юз ўгириш керак, — деб таъкидлади мушук.
— Ярим кечага атиги ўн сония қолди, — деб илова қилди Коровьёв, — ҳозир бошланади.
Шу ўн сония жуда узайиб кетгандек бўлиб туюлди Маргаритага. Унинг назарида ўн сония аллақачон ўтиб кетган-у, аммо ҳеч нима содир бўлмагандай эди. Лекин шу чоғ бирдан пастда, маҳобатли камин ичида бир нима тарақлаб кетди-ю, ичидан бир дор отилиб чикди — унга чириб тўкила бошлаган жасад осилган эди. Мана шу жасад сиртмоқдан ерга узилиб тушиб, бирдан эгнига фрак, оёғига локланган туфли кийган тим қора сочли ўктам йигитга айланди. Шундан кейин каминдан чирий бошлаган кичикроқ бир тобут отилиб чиқди, унинг қопқоғи очилиб, ичидан бир мурда чиқиб ерга тушди. Ўктам йигит назокат билан унинг тепасига яқин бориб, қўлини қўлтиғига олиш учун эгди, шунда тобутдаги мурда ҳам оёққа туриб қора туфли кийган, сочига қора патлар қадаган қип-яланғоч қилпиллама аёлга айланди ва бу эркак билан аёл биргаликда зинадан юқорига кўтарила бошлашди.
— Биринчи меҳмонлар! — деди Коровьёв, — жаноб Жак ўз завжаси билан. Танишинг, қиролича, дунёдаги энг антиқа эркаклардан бири! Қалбаки пул ясашда тенги йўқ давлат жиноятчиси, айни чоғда яхшигина кимёгар ҳам. Лекин, — деб пичирлай бошлади у Маргаританинг қулоғига, — қиролнинг маъшуқасини заҳарлаб довруқ қозонган. Ахир бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қаранг, қандай чиройли йигит!
Ранги қув ўчган Маргарита оғзини очганча пастга тикилиб қолди, у ерда бояги дор ҳам, тобуг ҳам дарбонхона ёнидаги йўлакка кириб кўздан ғойиб бўлган эди.
— Бағоят хурсандман, — деб бақирди мушук зинадан чиқиб келган жаноб Жакнинг шундоққина юзига.
Бу пайт пастда камин ичидан боши йўқ, қўли узилган скелет чиқди ва ерга бир урилиб, фрак кийган эркакка айланди.
Бу маҳал жаноб Жакнинг завжаси Маргарита қаршисида тиз чўкиб, ҳаяжондан ранги оқариб, унинг тиззасини ўпарди.
— Қиролича, — деб ғўлдирарди у.
— Қиролича бениҳоя мамнунлар, — деб қичқирди Коровьёв.
— Қиролича... — деди оҳиста ўктам йигит жаноб Жак.
— Биз беҳад хурсандмиз, — деб чийиллади мушук. Лекин бу пайт Азазеллонинг ҳамроҳлари бўлмиш йигитчалар хушмуомала билан тиржайишганча жаноб Жак билан унинг завжасини четга, шамнан виноси тўлдирилган қадаҳларни кўтариб турган негрлар томон сиқиб бораётган эдилар. Зинадан эса фрак кийган ёлғиз бир одам югуриб чиқиб кела бошлади.
— Граф Роберт, — деб пичирлади Коровьёв Маргаритага, — ҳали ҳам ўша-ўша хушбичим. Тамомила тескари ҳодисага эътибор беринг, қиролича: бу одам қироличанинг ўйнаши бўлган ва ўз хотинини заҳарлаб ўлдирган эди.
— Хурсандмиз, граф, — деб бақирди Бегемот. Камин ичидан кетма-кет учта тобут чиқиб, қарсиллаб ёрилди-ю, сочилиб кетди, шундан сўнг каминдан қора ридо кийган одам чикди, унинг кетидан изма-из югуриб чиққан яна биттаси ридо, кийганнинг орқасига пичоқ санчди. Зина этагидан бўғиқ фарёд эшитилди. Кейин бирдан камин ичидан бутунлай ириб-чириб бўлган мурда отилиб чиқди. Маргарита кўзларини юмиб олди, шунда кимдир унинг бурнига оқ туз солинган шишача тутди. Бу Наташага ўхшаб кетди. Зина гавжум бўла бошлади. Энди ҳар бир пиллапояни узоқдан мутлақо бир хил бўлиб кўринган фрак кийган эркаклару уларнинг ёнларида бошларидаги патлар ва оёқларидаги туфлиларнинг ранги билан бир-биридан фарқ қилувчи яланғоч аёллар тўлдирган эди.
Чап оёғига аломат ёғоч этик кийган, қотмадан келган, камсуқум бир хоним худди роҳибалардек кўзини ерга тикиб Маргарита истиқболига чиқиб келарди, унинг бўйни негадир кенг яшил лента билан боғланган эди.
— Мунча кўкариб кетган? — деб юборди дабдурустдан Маргарита.
— Бағоят пурлатофат ва пурнуфуз хоним, — деб пичирлади Коровьёв, — таништираман сизга: Тофана хоним, неаполлик дилбар жувонлар, шунингдек, Палермо аёллари ўртасида, айниқса, эрлари меъдаларига теккан хонимлар орасида ниҳоятда довруқ таратган. Ахир, эр меъдага тегиши мумкин-ку, тўғрими, қиролича?
— Ҳа, — деб жавоб қилди Маргарита ҳирқироқ овоз билан, айни пайтда қаршисида бирин-кетин тиз чўкиб тиззаси ва қўлидан ўпган иккита эркакка жилмайиб боқди.
— Ана шунақа, — деб пичирлади Коровьёв Маргаритага ва айни вақтда кимлиргадир қичқирарди: — Герцог, бир қадаҳ шампан виносига марҳамат қилсинлар! Камина мамнунман! Ҳа, қисқаси, Тофана хоним ўша шўрлик аёлларнинг ҳожатини чиқариб, уларга кичкина шишачаларда қандайдир сув сотарди. Хотин ўша сувни эрининг овқатига солар, эр эса овқатни еб, меҳрибон хотинига миннатдорлик изҳор этар ва ўзини ғоят яхши ҳис қиларди. Тўғри, бир неча соатдан кейин у эрнинг томоғи қақраб, сув ичгиси кела бошлар, сўнг тўшагига ётарди-ю... Хуллас, яна бир кундан кейин эрини тотли овқат билан боққан ўша неаполлик соҳибжамол мисоли кўклам шамолидек эркин бўларди-қоларди.
Маргарита:
— Унинг оёғидаги нима? — деб сўраркан, айни пайтда каловланиб чиқиб келаётган Тофана хонимдан ўзиб, ўз қошига етиб келган меҳмонларга қўл чўзишдан тўхтамасди, — ундан кейин, нега бўйнига яшил лента боғлаб олган? Песи борми?
— Камина беҳад мамнунман, князь! — деб қичқирарди Коровьёв ва шу пайтнинг ўзида Маргаританинг қулоғига пичирларди: — Бўйни жуда ҳам гўзал, лекин у қамоқда ётганида бир кўнгилсизлик содир бўлган. Оёғидаги нарса эса, қироличам, испан этиги, энди лента масаласига келсак, бунга сабаб шуки, ўз хотинларига ёқмаган беш юзтача эркакнинг Неаполь ва Палермодан мангу риҳлат этганини эшитган турма хизматчилари Тофана хонимни қизиқ устида бўғиб ўлдириб қўишган эди.
— Сиз билан, қора қиролича, кўришишга мушарраф бўлганимдан беҳад бахтиёрман, — деб Тофана роҳибалар сингари қимтинибгина пичирларкан, тиз чўкишга уринарди. Аммо испан этиги бунга йўл бермасди. Коровьёв билан Бегемот Тофанани турғазиб қўйишди.
— Хурсандман, — деб жавоб қилди унга Маргарита қўлини бошқа меҳмонларга чўзаркан.
Энди юқорига кўтарилаётган одамлар оқими зинани тамоман кўмиб юборган эди. Шу боис Маргарита пастда, дарбонхонада нималар бўлаётганини энди кўрмас эди. У бир тахлитда қўлини кўтариб туширар ва мудом бирдай тишининг оқини кўрсатганча меҳмонларга жилмаярди. Бу ерда, зина майдончасида қаттиқ ғовур кўтарилди, бал бўладиган заллардан эшитилаётган музика худди денгиз шовқинига ўхшаб янграрди.
— Мана бу жуда дилгир аёл, — дерди Коровьёв энди баралла овоз билан, чунки бу ердаги шов-шувда унипг овозини меҳмонлар эшитмаслигини биларди, — жони-дили — бал, доим ўз рўмолчаси устидан шикоят қилиш орзусида юради.
Маргарита Коровьёв кўрсатган аёлни зинадан чиқиб келаётганлар орасидан кўзи билан қидириб топди. Бу йигирма ёшлардаги бўй-басти ниҳоятда келишган жувон бўлса ҳам, кўзлари негадир бежо, суллоҳона боқарди...
— Қанақа рўмолча? — пичирлаб сўради Маргарита ҳар бир меҳмонга қўлини узатишда давом этаркан.
— Кўк ҳошияли рўмолча. Гап шундаки, у қаҳвахонада хизмат қилиб юрганида, кунларнинг бирида хўжайини уни омборхонага чақириб олган-у, кейин, орадан тўққиз ой ўтгач, у ўғил туққан. Сўнг у ўғилчасини ўрмонга олиб бориб, оғзига рўмолча тиқиб, ерга кўмган. Судда, болани боқишга қурбим етмасди, деб айтган.
— Ўша қаҳвахона хўжайини-чи, у қаёкда қолди? — деб сўради Маргарита.
— Қиролича, — деди бирдан ғижирловчи овоз билан мушук, — ижозатингиз билан сизга бир савол берсам: хўжайиннинг бунга нима дахли бор? Ахир у чақалоқни ўрмонга олиб бориб бўғиб ўлдирмаган-ку!
Маргарита меҳмонларга жилмайишда ва ўнг қўлини уларга узатишда давом этаркан, чап қўлининг тирноқларини Бегемотнинг қулоғига ботирди ва пичирлаб деди:
— Агар сен, мараз, яна бир марта гапга аралашадиган бўлсанг...
Бегемон жон ҳолатда чинқириб юборди ва хириллаб деди:
— Қиролича... қулоғим шишиб кетади-ку... Ахир нима ҳожати бор шишган қулоқ билан бал тантанасини бузишни?.. Мен юридик жиҳатдан... юридик нуқтаи назардан гапиргандим... Бўлди, тавба қилдим... Мени мушук эмас, гунг балиқ деб ҳисобланг, фақат қулоғимни қўйворсангиз бўлгани.
Маргарита мушукнинг қулоғини қўйиб юборди, худди шу пайт кўзлари хомуш ва суллоҳона боқувчи жувон унинг рўпарасида тўхтади.
— О қиролича-соҳиба, буюк тўлиной балига таклиф этилганимдан беҳад бахтиёрман.
— Мен ҳам, — деди унга Маргарита, — хурсандман сизни бу ерда кўрганимдан. Ғоят хурсандман. Шампан виносини ёқтирасизми?
— Вой, нима қиляпсиз, қироличам?! — жиғибийрон бўлиб товушсиз чинқирди Коровьёв Маргаританинг қулоғига, — тирбанд бўлиб кетади бу ер!
— Ёқтираман, — деди жувон ёлборувчи оҳангда ва бирдан маънисиз тарзда такрорлай бошлади: — Фрида! Фрида, Фрида! Менинг исмим Фрида, о қиролича.
— Ундай бўлса, Фрида, сиз бугун то маст бўлгунингизча роса мириқиб ичингу ҳеч нимани ўйламанг, — деди Маргарита.
Мамнун Фрида Маргаритага иккала қўлини узатган эди, лекин Коровьёв билан Бегемот эпчиллик қилишиб унинг икки қўлтиғидан олишдию — кейин у бир зумда оломон орасида кўздан ғойиб бўлди.
Энди оломон, гўё Маргарита турган майдончани забт этишга аҳд қилгандек, зинадан зич саф бўлиб чиқиб келарди. Яланғоч аёллар фрак кийган эркаклар билан аралашиб кетган эди. Маргаританинг истиқболига буғдой ранг, оқ, жигар ранг ва тамоман қоп-қора баданлар яқинлашиб келарди. Уларнинг малла, қора, қизғиш, кул ранг сочларига қадалган қимматбаҳо тошлар беҳисоб чироқлар шуъласида товланар, ярақлар, учқунлар сочарди. Ҳужумкор эркакларнинг кўкракларига тақилган гавҳар тўғноғичлардан ўт чақнар — гўё бу оломон устидан кимдир шуъла сочаётгандек. Энди Маргарита, тиззасини дам-бадам ўпишаётганини ҳис қилар, дам-бадам қўлини ўпишга узатар, жилмайган чеҳраси ниқоб каби қотиб қолган эди.
— Камина мамнунман, — деб куйларди Коровьёв бир меъёрда, — биз мамнунмиз, қиролича мамнунлар.
— Қиролича мамнунлар, — дерди манқаланиб орқада турган Азазелло.
— Мен хурсандман, — деб чинқирарди мушук.
— Бу маркиза, — деб ғўлдирарди Коровьёв, — мерос деб отасини, икки акасини ва икки синглисини заҳарлаб ўлдирган! Қиролича мамнунлар! Минкина хоним, қаранг, қандай дилбар аёл! Фақат салгина тажанг демасак! Нима ҳожати бор эди оқсоч қизнинг юзини сочни гажак қилувчи қайчи билан куйдиришнинг! Тўғри, бундай шароитда, одатда, сўйиб ташлашади! Қиролича мамнунлар! Қироличам, бир зум эътибор беринг: император Рудольф, сеҳргар ва кимёгар. Мана, яна кимёгар — дорга осилган. О, хоним ҳам келдилар! О, қандай ажойиб фоҳишахонаси бор эди унинг Страсбургда! Биз мамнунмиз. Бу хоним — москвалик чевар, битмас-туганмас фантазия соҳибаси бўлгани учун биз ҳаммамиз уни севамиз. У ўз қарамоғидаги ательеда жуда ҳам кулгили бир нарса ихтиро қилган эди: деворда бир жуфт доира тешик очиб қўйган эди...
— Нима, хонимлар билишмасмиди? — деб сўради Маргарита.
— Ҳаммалари билишарди, қиролича, — деб жавоб қилди Коровьёв, — мен мамнунман. Манави йигирма ёшли ниҳоятда хаёлпараст ва тентак бола гўдаклик пайтидан ўзининг антиқа фантазиялари билан довруқ таратган. Уни бир қиз севиб қолган эди, у эса ўша қизни олиб бориб фоҳишахонага сотган.
Пастдан чиқиб келаётган оломон оқимининг кети кўринмасди. Бу оқим манбаи маҳобатли камин эди. Шу алпозда орадан бир соат ўтди, иккинчи соат ҳам бошланди. Энди Маргарита бўйнига осилган занжирнинг янада оғирлашганини ҳис қилди. Унинг қўлига ҳам бир нима бўлган эди. Энди Маргарита ҳар гал қўлини кўтараётганда оғрикдан афтини буриштирарди. Коровьёвнинг қизиқарли изоҳлари уни энди қизиқтирмай қўйди. Қийиқ кўзли ялпоқ юзлар ҳам, оқ, қора чеҳралар ҳам уни қизиқтирмай қўйган эди, баъзида бу юзлар бир-бирларига чаплашиб кетгандай кўринар, улар оралиғидаги ҳаво эса негадир жимирлай бошларди. Бирдан Маргаританинг ўнг қўли худди игна санчгандек зирқираб оғрий бошлади, шунда у оғриқдан тишларини гижир қилиб, тирсагини курсига қўйди, энди унинг орқасидаги залдан худди қуш қанотлари патиллаб деворга урилаётганини эслатувчи шарпалар эшитиларди: маълумки, у ерда тумонат меҳмонлар рақс тушишарди. Маргаританинг назарида, бу ғаройиб залнинг мустаҳкам мармар, кошинкор ва биллур поллари худди қон томиридек бир меъёрда тепиб турганга ўхшарди.
Энди Маргаритани ҳеч қандай қирол ҳам, герцог ҳам, ошиқ йигит ҳам, ўз жонига қасд қилганлару эрларини заҳарлаб ўлдирганлар ҳам, дорга осилганлару қўшмачилар ҳам, қамоқхона нозирларию қаллоб қиморбозлар ҳам, жаллодлар, чақимчилар, сотқинлар, овсарлар, айғоқчилару қизларнинг номусига тажовуз қилувчилар ҳам, ҳаттоки Гай Цезарь Калигула билан Мессалина ҳам мутлақо қизиқтирмай қўйган эди. Уларнинг номлари Маргаританинг миясида чалкашиб кетган, башаралари бир-бирига чаплашиб улкан бир баркашга ўхшаб қолган эди, фақат бир башара — Малюта Скуратовнинг олов ранг соқол гардишига ўралган юзи хотирасига маҳкам ўрнашиб олиб, унга азоб берарди. Маргаританинг тиззалари букилиб-букилиб кетар, оғриқнинг зўридан ҳар дақиқа йиғлаб юборгудек бўларди. Ҳаммадан ҳам ўнг оёғи қаттиқ азоб берарди унга. Келган меҳмонларнинг ҳаммаси шу оёғининг тиззасини ўпиб ўтишавергандан у шишиб, кўкариб кетган эди, ҳолбуки Наташа губка билан яна аллақандай хушбўй нарса кўтариб келиб, унинг тиззасини бир неча бор артиб кетган эди. Ташрифлар бошланганига салкам уч соат бўлганида Маргарита пастга тамоман умидсизлик билан нигоҳ ташлади ва бирдан кўзлари қувониб, бир сесканиб қўйди: меҳмонлар оқими сийраклаша бошлаган эди.
— Бал қонуни ҳамма ерда бир хил, қиролича, — деб пичирларди Коровьёв, — ҳозир тўлқин тина бошлайди. Онт ичиб айтаманки, бу бардошимизнинг энг охирги дақиқалари. Ана, брокенлик ишратпарастлар бир тўда бўлиб чиқиб кетишяпти. Улар ҳамиша шунақа энг кейин келишади. Ҳа, ўшалар. Яна иккита маст вампир*... тамомми? Э, йўқ, ана, яна биттаси. Йўқ, иккита экан!
Зинадан энг охирги икки меҳмон чиқиб келарди.
— Ие, буниси янгига ўхшайди-ку, — деди Коровьёв монокль шишаси орқали кўзини сузиб қараркан, — э, ҳа, танидим. Кунларнинг бирида Азазелло уникига бориб коньякхўрлик қилиб ўтирганида, унинг қулоғига пичирлаб бир одамдан қандай қутулиш йўлини кўрсатган эди, чунки мезбон ўша одамнинг фош бўлишидан жуда қўрқар эди. Натижада у, Азазеллонинг маслаҳати билан, ўзига тобе бўлган бир танишига ўша одамнинг кабинети деворларига заҳар пуркашни буюради.
— Исми нима унинг? — деб сўради Маргарита.
— Очиғи, ўзим ҳам билмайман унинг исмини, — деди Коровьёв, — Азазеллодан сўраш керак.
— Унинг ёнидаги ким?
— Шу-да унинг ўша ҳозиржавоб ходими. Мен мамнунман! — деб баралла қутлади Коровьёв энг охирги икки меҳмонни.
Зина ҳувиллаб қолди. Эҳтиёт шарт, яна бир оз кутишди. Аммо камин ичидан бошқа ҳеч зоғ чиқмади.
Маргарита бир зумдан кейин ўзини ўша ҳовузли хонада кўриб, бу ерга қандай келиб қолганига ҳайрон бўлди-ю, шу заҳоти оёқ-қўлларининг зирқираб оғриганига чидаёлмай йиғлаб юбориб, ерга ётиб олди. Лекин Гелла билан Наташа уни юпатишиб, қонли душ остига олиб боришди-да, яна баданини уқалай бошлашди, шунда Маргаритага қайтадан жон кирди.
— Яна, яна, қиролича Марго, — деб пичирларди унинг ёнида пайдо бўлган Коровьёв, — парвоз қилиб, залларни кезиб чиқиш керак, токи азиз меҳмонлар ўзларини эътиборсиз қолган деб ҳис этмасинлар.
Шунда Маргарита яна ҳовузли хонадан учиб чиқиб кетди. Вальслар қироли бошчилигидаги оркестр музика чалаётган бояги эстрада саҳнасида энди жазаваси тутган маймунлар жази қутурарди. Бу жазга қўлига карнай ушлаган, ёноқ соқоли ҳурпайган баҳайбат гавдали горилла алпанг-талпанг рақс тушиб дирижёрлик қиларди. Бир қатор бўлиб тизилиб ўтирган орангутанглар ярақлаган карнайларни жон-жаҳдлари билан чалардилар. Уларнинг елкаларига миниб олган шўх шимпанзелар эса гармон чалишарди. Худди шерга ўхшаб ёлдор иккита гамадрил рояль чалар, аммо роялларнинг овози гиббонлар, мандриллар, мартишкалар чалаётган саксафону скрипкаю дўмбиралар садоси остида ҳеч эшитилмасди. Ўзининг эпчиллиги, беқусур ҳаракати билан кишини ҳайратга солувчи сон-саноқсиз шарпалар, худди бир-бирига пайванд қилингандай жуфт-жуфт бўлишиб, чир-чир айланганча, йўлида дуч келган ҳамма нарсани босиб пайҳон қилгудек, мудом бир томонга бостириб борардилар. Турфа ранг тирик капалаклар танца тушаётган оломоннинг боши узра шўнғир, шифтдан эса гуллар ёғиларди. Электр чироқлари ўчган пайтда устунларнинг бўғотларида тумонат ялтироқ қуртлар милтиллар, ҳавода эса тўқай чироқлари сузиб юрарди.
Кейин Маргарита устунлар билан қуршалган жуда ҳам улкан ҳовузда кўрди ўзини. Маҳобатли қора Нептун ҳайкали оғзидан пушти ранг суюқлик елпиғичсимон ёйилиб, тизиллаб отиларди. Ҳовуздан шампан виносининг сармаст қилувчи атри гупиллаб кўтариларди. Бу ерда бетакаллуф хушчақчақлик ҳукм сурарди. Хонимлар қотиб-қотиб кулишганча, туфлиларини ечишар, сумкачаларини ўз жуфтларига ёки чойшаб кўтариб зир югуриб юрган негрларга беришиб, чинқиришганча ҳовузга шўнғирдилар. Шунда кўпикли тўлқин баландга отиларди. Ҳовузнинг биллур тубида ёқилган чироқлар вино қатламини ёриб ўтиб, ҳовузда сузиб юрган оппоқ баданли хонимларни ёритарди. Улар ҳовуздан ғирт маст бўлиб чиқишар, устунлар пойида кўтарилган қаҳқаҳа худди ҳаммомдагидек янграрди.
Мана шу тўс-тўполонда фақат ғирт маст бир аёлнинг маъносиз боқувчи ва айни пайтда ёлборувчи кўзлари, яна у айтган бир оғиз сўз — «Фрида!» — мияга ўтириб қолган эди. Винонинг ҳидидан Маргаританинг боши айлана бошлади, у эндигина ҳовузли залдан чиқиб кетмоқчи бўлган эди, мушук бир найранг кўрсатиб, Маргаританинг диққатини тортди. Бегемот Нептуннинг оғзи олдида қандайдир бир афсун ўқиган эди, шу заҳоти ҳовуздаги шампан виноси шовуллаб, пишиллаб ғойиб бўлди, шундан кейин Нептуннинг оғзидан тўқ-сариқ рангдаги кўпирмайдиган суюқлик шариллаб оқа бошлади. Хонимлар:
— Коньяк! — деб чинқиришди, айюҳаннос солишди ва ўзларини ҳовуз бўйидан четга, устунлар панаси-га олиб қочишди. Бир неча сониядан кейин ҳовуз лим-лим тўлди, шунда мушук ҳавода уч марта чирпирак бўлиб мавжланаётган коньякка шўнғиди. У пишқириб-пишқириб ҳовуздан чиққанида қотирма галстуги шалвираган, мўйловига сепган зар упа ювилиб кетган, дурбини йўқолган эди. Бегемотга фақат найрангбоз тикувчи аёл билан унинг жуфти — нотаниш бир мулат йигит такдид қилишди. Икковлари коньякка шўнғишди, лекин шу маҳал Коровьёв Маргаритани қўлтиқлаб олдию икковлари коньяк ҳовузини тарк этишди.
Коровьёв кузатувидаги Маргарита яна бал бўлаётган залда кўрди ўзини, лекин энди танца тўхтаган ва меҳмонлар оломони зал ўртасини бўш қолдириб, устунлар оралиғига тиқилишган эди. Маргаритани зал ўртасидаги очиқ ерда пайдо бўлган супачага чиқариб қўйишди, аммо ким чиқариб қўйганини у эслай олмади. У супачага кўтарилганда қаердадир соат ярим кечага жом чала бошлади, буни эшитган Маргарита ҳайрон қолди, чунки унинг тахминича тун ярмидан оғганига анча вақт бўлган эди. Ўша мавҳум соат охирги — ўн иккинчи марта жом чалиши билан бутун меҳмонлар оломони сукутга толди. Шунда Маргарита яна Воландни кўрди. Уни Абадонна, Азазелло ва яна Абадоннага ўхшаб кетувчи бир нечта қора кийган йигитлар кузатиб келишарди. Энди Маргарита ўз супаси қаршисида Воланд учун ҳозирланган бошқа бир супани ҳам кўрди. Лекин Воланд у супага чиқмади. Маргаритани ҳайратга солган нарса шу бўлдики, Воланд буюк балнинг мазкур тантанали интиҳосига боя ётоқхонада қандай либосда бўлган бўлса, ўша либосда чиқиб келган эди. Эгнида ўша исқирт, ямоқ тунги кўйлак, оёғига эса тўзиб майишиб кетган тунги шиппак кийган эди. Қўлида яланғоч шамшир бор эди, аммо Воланд ундан ҳасса ўрнида фойдаланиб, таяниб турарди. У оқсоқланиб келиб, ўз супаси ёнида тўхтади, шу заҳоти лаган кўтарган Азазелло унинг қошида пайдо бўлди. Бу лаганда Маргарита олд тишлари синиб, оғзи ўпирилган одам бошини кўрди. Залда бениҳоя теран сукунат ҳукм сурарди, бу сукунатни кўча эшик қўнғироғи жарангини эслатувчи, аммо мазкур шароитга мутлақо ёпишмайдиган қўнғироқ садоси фақат бир марта бузди, холос.
— Михаил Александрович, — деб мурожаат қилди Воланд каллага, шунда ўлик калланинг қовоқлари кўтарилиб, Маргарита унинг маъно ва эҳтирос тўла тирик кўзларини кўриб сесканиб кетди. — Ҳамма айтганларимиз рўёбга чикди, шундай эмасми? — деб гапида давом этди Воланд ўлик калланинг кўзларига тик қараганча, — каллангизни аёл киши узди, мажлис бўлмади, мен сизнинг квартирангизда яшаяпман. Бу — факт. Фактдан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб бўлмайди. Лекин энди бизни содир бўлган шу факт эмас, келгусида бўладиган воқеалар қизиқтиради. Сиз ҳамиша, одамнинг калласи танасидан жудо қилингач, яшашдан тўхтайди, хокиробга айланиб йўқ бўлиб кетади, деган назариянинг қизғин тарғиботчиси бўлган эдингиз. Мен сизга ўз меҳмонларим ҳузурида, гарчи улар мутлақо ўзга назарияни исботлашга хизмат қилсалар ҳам, сизнинг назариянгиз ҳам улуғвор, ҳам оқилона эканлигини сизга эътироф этишдан беҳад хушбахтман. Ҳолбуки, ҳамма назариялар ҳам бир-биридан қолишмайди. Улар орасида шундай назария ҳам борки, унга кўра ҳар кимнинг қисмати ўз эътиқодига қараб белгиланади. Ҳозир ҳам шундай бўла қолсин! Сиз йўқлик сари мангу риҳлат этяпсиз, мен эсам сизнинг бош чаноғингиздан ясалган қадаҳни борлиқ учун кўтаришдан ўзимни бахтиёр ҳисоблайман. — Воланд шамширини кўтарди. Шу заҳоти бошнинг териси қорайиб, буруша бошлади, кейин парча-парча бўлиб тўкилди, кўзлар ҳам ғойиб бўлди, бир зум ўтмай Маргарита лаганда олтин тиргакларга урнатилган зумрад кузли, инжу гишли сарғишранг бошчаноқни кўрди. Бошчаноқнинг ошиқ-мошиқли қопқоғи ўз-ўзидан очилди.
— Мана, ҳозир мессир, — деди Коровьёв Воланднинг савол маъносида тикилганини кўриб, — ҳозир қузурингизда бўлади у. Мен ушбу теран сукунатда унинг локланган туфлиси ғарчини эшитяпман, ана у ҳаётида охирги марта шампан виноси ичиб, қадаҳни столга «дўқ» этиб қўйди. Мана, ўзиям келди.
Залга янги бир меҳмон кириб, тўғри Воланд томон юра бошлади. Унинг ташқи кўриниши кўпчилик эркак меҳмонлардан ҳеч фарқ қилмас эди. Фарқ фақат битта эди: меҳмон ҳаяжонланганидан каловланиб келардики, бу узокдан ҳам яққол кўриниб турарди. Унинг ёноқларида қизил доғлар лов-лов ёнар, кўзлари ҳаяжондан олазарак эди. Меҳмон эсанкираб қолган, бу табиий ҳол эди албатта: бу ердаги ҳамма нарса, асосан, Воланднинг либоси уни ҳайратга солиб қўйган эди.
Бироқ меҳмон ғоят зўр илтифот билан кутиб олинди.
— О, азизим барон Майгель, — деб Воланд меҳмонга очиқ юз билан жилмайди, меҳмоннинг эса қайратдан кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди. — Мен сизларни, — деб меҳмонларга юзланди шунда Воланд, — томошахоналар комиссиясида ажнабийларга пойтахтнинг диққатга манзур ерларини намойиш қилувчи бўлиб хизмат қиладиган муҳтарам барон Майгель билан таништириш бахтига мушаррафман.
Маргарита донг қотиб қолди, чунки Майгелни танир, Москва театрларида ва ресторанларда уни бир печа марта учратган эди. «Ие... — деб ўйлади Маргарита, — демак, Майгель ҳам ўлган экан-да?» Лекин масала шу заҳотиёқ ойдинлашди.
— Қадрли барон, — давом этди Воланд шодиёна табассум билан, — бениҳоя дилбар одамда, қарангки, менинг Москвага келганимни эшитиб, дарҳол қўнғироқ қилди ва каминани диққатга сазовор ерлар билан таништиришга тайёр эканлигини изҳор этди. Ўз-ўзидан маълумки, мен ҳам уни ўз ҳузуримга таклиф қилишдан ғоят бахтиёрман.
Шу маҳал Азазелло бошчаноқ қўйилган лаганни Коровьёвга узатди.
— Дарвоқе, барон, — деб Воланд бирдан худди сир айтаётгандек овозини пасайтирди, — сизни ўтакетган даражада синчков деб айтишяпти. Миш-мишларга қараганда, шу хислатингиз, ундан асло қолишмайдиган иккинчи «фазилатингиз», яъни эзмалигингиз билан қўшилиб ҳамманинг диққатини ўзига торта бошлаганмиш. Бу ҳали етмагандек, бадкирдор одамлар сиз ҳақингизда, ғийбатчи, айғоқчи, деб гап тарқатишипти. Устига-устак яна, мана шу сассиқ гаплар жуда нари борса бир ой ичида сизни фалокатга мубтало қилади, деган тахмин бор. Шунга кўра, сизни ўша машъум кунни кутиш азобидан халос этиш ниятида, ҳузуримга имкони борича кўпроқ нарсаларни кузатиб, кўпроқ гапларни эшитиш мақсадида меҳмон бўлиб келган пайтингиздан фойдаланиб, сизга ҳозироқ ёрдам қўлини чўзишга қарор қилдик.
Бароннинг ранги Абадоннаникидан ҳам оқариб кетди (Абадонна эса табиатан докадек оқ эди), кейин аломат бир ҳодиса юз берди. Абадонна бароннинг рўпарасида пайдо бўлиб, бир зумгагина кўзойнагини ечди. Айни шу лаҳзада Азазеллонинг қўлида бир нима ярақлаб кетди, худди кимдир секингина чапак чалиб қўйгандек, бир нима «шап» этдию барон ерга чалқанчасига йиқила бошлади, унинг кўкрагидан тизиллаб отилаётган қип-қизил қон оҳорланган кўйлаги ва нимчасини бўяди. Коровьёв бошчаноқ — қадаҳни тизиллаб отилаётган қонга тутиб, уни тўлгунича ушлаб турди-да, сўнг бу лим-лим қадаҳни Воландга узатди. Бу пайт бароннинг жонсиз жасади ерда чўзилиб ётарди.
— Сизларнинг соғлиғингиз учун ичаман, жаноблар, — паст овоз билан деди Воланд ва қадаҳга лабини тегизиб қўйди.
Шу пайт Воланднинг қиёфасида ўзгариш содир бўлди. Унинг ямоқ кўйлаги билан майишиб кетган туфлиси ғойиб бўлди. Эгнида қандайдир қора елка-пўш, белида пўлат шамшир пайдо бўлди. Маргаританинг олдига тез югуриб келиб, унга қадаҳни тутаркан:
— Ич! — деб буюрди.
Маргаританинг кўзи тиниб, боши айлана бошлади, гандираклаб кетди, лекин бу пайт қадаҳ унинг лабига олиб борилган ва кимдир (ким эканлигини аниқлай олмади) унинг икки қулоғига пичирлади:
— Қўрқманг, қиролича... Қўрқманг, қиролича, қон аллақачон ерга сингиб кетган. Қон тўкилган ерда энди токлар ўсиб, аллақачон ҳосилга кирган. Маргарита ҳамон кўзини очмай, қадаҳдан бир қултум ичди, шунда томирларидан ёқимли электр токи оқиб ўтгандай бўлди, қулоқлари шанғиллади. Назарида хўрозлар қулоқни қоматга келтиргудек кичқиришаётгандай, қаердадир музика марши чалинаётгандай бўлди. Меҳмонлар оломони қиёфасини йўқота бошлади. Фрак кийган эркаклар ҳам, яланғоч аёллар ҳам тутдай тўкилиб чирий бошладилар. Маргаританинг кўзи олдида бу чириш бутун зални қамраб олган эди, ҳаммаёқни даҳма иси қоплади. Устунлар қулади, чироқлар ўчди, ҳамма нарса қовжираб ғойиб бўла бошлади, фавворалар ҳам, лолалар ҳам, камелиялар ҳам кўздан йўқолди. Шунчаки, аслида бор нарсанинг ўзи — заргар хотинининг фақирона меҳмонхонаси қолган ва унинг қия очиқ эшигидан чироқ шуъласи тушиб турарди. Маргарита мана шу қия очиқ эшикдан кирди.

Йигирма тўртинчи боб
Устанинг Халос Этилиши
Воланднинг хобгоҳи балдан оддин қандай тарзда бўлса, ҳозир ҳам шундай эди. Воланд тунги кўйлакда каравотда ўтирар, фақат энди Гелла унинг оёғини уқаламас, балки боя шахмат ўйналган столда дастурхон тузаётган эди. Коровьёв билан Азазелло фракларини ечиб, стол ёнида ўтиришар, мушук ҳам шулар ёнида эди, албатта. Аммо у галстугини, гарчи у исқирт увадага айланиб кетган бўлса ҳам, ечмаган эди. Маргарита гандираклаб столга яқинлашди-ю, қўлларини унга тиради. Шунда Воланд уни, яна боягидек имлаб, ўз ёнига таклиф қилди.
— Қалай, жуда қийнаб юборишдими сизни? — деб сўради у.
— Асло, мессир, — деб эшитилар-эшитилмас жавоб қилди Маргарита.
— Ноблесс оближ , — деди мушук ва чўзинчоқ стаканга қандайдир тиниқ суюқлик қуйиб, Маргаритага узатди.
— Арақми? — заиф овоз билан сўради Маргарита. Мушук ранжиб ўтирган ўрнида бир сапчиб тушди.
— Нима деяпсиз, қиролича, — деди у хириллаб, — наҳотки сизга арақ тутсам? Бу соф спирт!
Маргарита жилмайди ва стаканни ўзидан нари суриб қўймоқчи бўлди.
— Қўрқмай ичаверинг, — деди Воланд, Маргарита дарров стаканни қўлига олди, — Гелла, ўтир, — деб буюрди у, — сўнг Маргаритага тушунтира бошлади: — Тўлиной кечаси — бу байрам оқшоми. Одатда, мен бундай пайтда ўз муқарриб ва мулозимларим билан тор доирада тановул қиламан. Хўш, энди ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Машаққатли бал қандай ўтди?
— Қойилмақом! — деди Коровьёв шанғиллаб, — ҳамма маҳлиё, ҳамма шайдою гадо, одобга ҳам, маҳорату латофатга ҳам, назокатга ҳам бой эканлар қироличам!
Воланд индамай стаканни кўтариб Маргарита билан чўқиштирди. Маргарита, ҳозирнинг ўзида адойи-тамом бўламан, деб ўйлади-ю, лекин итоаткорлик билан спиртни ичиб юборди. Бироқ ҳеч қандай фалокат юз бермади. Жонли бир суюқлик қорнини қиздириб ўтди-ю, энсасига бир нима урилгандай бўлди, кейин узоқ вақт мириқиб ухлаган одамдай яна дармонга кирди, бундан ташқари, ўзининг саёқ итдек очлигини ҳис қилди. Кеча эрталабдан бери туз тотимаганини эслаган эди, иштаҳаси бадтар очилиб кетди. У балиқ икрасини қошиқлаб олиб, чайнамай юта бошлади.
Бегемот бир бўлак ананасни кесиб олди-да, туз ва мурч сепиб, «хап» этиб еб юборди, шундан кейин иккинчи марта бир қадаҳ спиртни шундай усталик билан «отиб» юбордики, ҳамма чапак чалиб уни олқишлади.
Маргарита иккинчи қадаҳни ичиб юборгандан кейин чилчироқларнинг шамлари равшанроқ, каминдаги олов ҳам гуриллаб ёна бошлади. Маргарита сира ҳам маст бўлгани йўқ. У оппоқ тишларини гўштга ботираркан, сардагини ҳузур қилиб ютар ва айни пайтда Бегемотнинг устрицага хантал суришини томоша қиларди.
— Сен яна устига узум ҳам қўй, — деди Гелла мушукнинг биқинига оҳиста туртаркан.
— Ўргатманг менга, — деб жавоб қилди мушук, — биз ҳам кўп меҳмон кўрганмиз, кўнглингиз тўқ бўлсин, кўрганмиз!
— О, мана шундай ўчоқ олдида ўтириб, одмигина овқатланиш қандай яхши, — деб шанғилларди Коровьёв, — ёр-дўстлар даврасида...
— Йўқ, Фагот, — деб эътироз билдирди мушук, — балнинг ўз жозибаси, кўлами бўлади.
— Ҳеч қандай жозибаси ҳам, кўлами ҳам йўқ, билъакс, анави овсар айиқлар ҳам, шунингдек, бардаги йўлбарслар ҳам, бўкираверишиб қулоқ-миямни еб юборишди, — деди Воланд.
— Бош устига, мессир, — деди мушук, — баски, сиз кўлам йўқ деган фикрда экансиз, мен ҳам шу фикрни қўллашга киришаман.
— Буни қара-я! — деб қўйди Воланд.
— Ҳазиллашгандим, — деди мушук мутелик билан, — йўлбарслар масаласига келса, ҳозир буюраман — уларни кабоб қилишади.
— Йўлбарс гўштини еб бўлмайди, — деди Гелла.
— Сиз шундай деб ўйлайсизми? Унда, мана, эшитинг, — деди мушук ва кўзларини сузганча, бир пайтлар саҳрода ўн тўққиз кун ёлғиз дарбадар юрганида ўзи ўлдирган йўлбарс гўшти билан кун кечирганини ҳузур қилиб сўзлаб берди. Ҳамма бу ғаройиб қиссани зўр қизиқиш билан тинглади, лекин Бегемот сўзлаб бўлгач, ҳамма бир овоздан:
— Ғирт ёлғон! — деб юборди.
— Ҳаммадан ҳам қизиқ томони шундаки, — деди Воланд, — бу ҳикоят — бошдан-оёқ бўҳтон.
— Шунақами ҳали? Бўҳтон денг? — деб бақирди мушук, ҳамма уни, ҳозир эътироз билдиради, деб ўйлаган эди, лекин у секингина деди: — Тарих ажрим қилади бизни.
— Айтинг-чи, — деди спирт ичиб ана тийраклашган Марго Азазеллога юзланиб, — сиз анави собиқ баронни отиб ташладингизми?
— Шак-шубҳасиз, — деб жавоб қилди Азазелло, — нега энди уни отмас эканман? Уни албатта отиб ташлаш керак эди.
— Мен бирам ҳаяжонландимки! — деди Маргарита, — тасодифан бўлди-да ўзиям.
— Бунинг ҳеч қандай тасодиф томони йўқ, — деб эътироз билдирди Азазелло, Коровьёв эса чийиллаб инграй бошлади:
— Ахир ҳаяжонланмай бўларканми? Мениям аъзои баданим «дағ-дағ» титраб кетди! Пақ! Тамом! Барон қулаб тушди!
— Мен, сал бўлмаса, жинни бўлиб қолаёздим, — деб қўшиб қўйди мушук, балиқ икраси олиб еган қошиғини яларкан.
— Мен бир нарсага тушунмаяпман, — деди Маргарита кўзларида биллур қандилнинг заррин учқунлари ўйнаб, — наҳотки бу ерда бўлган музикаю балнинг барча гумбур-гумбури ташқарига эшитилмаган бўлса?
— Ҳа, эшитилмади, қиролича, — деб изоҳлади Коровьёв, — ўзи бунақа бални эшитилмайдиган қилиб ўтказиш лозим. Эҳтиёткорлик билан иш кўриш керак бўлади.
— Ҳа-да, ҳа-да... Акс ҳолда биласизми, зинада турган анави одам... Боя Азазелло билан унинг ёнидан ўтиб кетдик-ку... ўша... Кейин эшик олдида турган одам ҳам... Менимча, у сизнинг квартирангизни кузатиб турган эди...
— Тўғри, тўғри! — деб қичқирди Коровьёв, — тўғри, қимматли Маргарита Николаевна! Сиз менинг гумонимни тасдиқлаяпсиз. Ҳа, у квартирани кузатиб турган эди. Ўзим ҳам уни аввалига биронта паришонхотир приват — доцент ё маъшуқасини интизор бўлиб кутаётган ошиқ бўлса керак деб ўйлаган эдим, йўқ, ундай эмас экан! Кўрдиму кўнглим ғаш бўла бошлади! Аҳ! Ростданам, у квартирани кузатаётган эди! Эшик олдида тургани ҳам! Яна бостирма тагида тургани ҳам!
— Қизиқ, сизларни ҳибсга олгани келишармикин-а? — деб сўради Маргарита.
— Албатта келишади, латофатли қиролича, албатта! — деб жавоб қилди Коровьёв. — Кўнглим сезиб турипти — келишади, лекин ҳозир эмас, кези келганда, албатта, келишади. Аммо қизиқарли ҳеч нима бўлмайди менимча.
— Вой, бирам ҳаяжонланиб кетдимки, анави барон йиқилиб тушганида, — деди Маргарита, чамаси, у ўз умрида биринчи марта кўрган қотилликдан ҳамон ўзига кела олмаётган эди. — Сиз мўлжалга яхши теккизсангиз керак-а?
— Бинойидай, — деб жавоб қилди Азазелло.
— Неча қадамдан? — деб Маргарита сал мужмалроқ савол берди Азазеллога.
— Ҳамма гап нимани мўлжалга олишда, — деб жўяли жавоб қидди Азазелло, — масалан, танқидчи Латунскийнинг деразасига болға уриш бошқаю унинг юрагини мўлжалга олиш бутунлай бошқа.
— Юрагини! — деди Маргарита, негадир ўз юрагига қўлини қўйиб, — юрагини! — деб такрорлади у ҳирқироқ овоз билан.
— Ким экан ўша танқидчи Латунский? — деб сўради Воланд Маргаритага кўзини сузиб қараркан.
Азазелло, Коровьёв ва Бегемот истиҳола қилгандек ерга қарадилар, Маргарита эса жавоб бераркан чўғдек қизариб кетди:
— Шунақа бир танқидчи бор. Бугун кечқурун мен унинг бутун квартирасини дабдала қилиб ташладим.
— Ана холос! Нега энди?
— У, мессир, — деб тушунтира бошлади Маргарита, — бир устанинг умрига зомин бўлди.
— Нима қилардингиз ўзингиз уриниб? — деди Воланд.
— Менга рухсат этинг, мессир, — деб шўх оҳангда чинқириб юборди мушук, «дик» этиб ўрнидан тураркан.
— Э, ўтирсанг-чи, — деб тўнғиллади Азазелло ўрнидан тураркан, — ўзим ҳозир бориб келаман...
— Йўқ! — деди Маргарита, — йўқ, ўтинаман, мессир, кераги йўқ бунинг.
— Ихтиёрингиз, ихтиёрингиз, -— дедн Воланд, Азазелло яна ўз ўрнига ўтирди.
— Хўш, биз нимага келиб тўхтаган эдик, бебаҳо қиролича Марго? — деди Коровьев, — э, ҳа, юрак. Юракка анави теккизади. — Коровьёз узун бармоғини Азазелло томонга чўзиб кўрсатди, — буюртма бўйича юракнинг хоҳлаган бўлмасига ёки унинг истаган қоринчасига теккизиши мумкин.
Маргарита аввалига тушунмади, тушунгач, ҳайрон бўлиб деди:
— Ахир ўша қоринчалар ёпиқ-ку!
— Азизам, — деди Коровьёв хирқи овоз билан, — қизиғиям шунда-да! Очиқ нарсага ҳамма ҳам теккизиши мумкин!
Коровьёв стол ғаладонидан битта еттилик қарта олиб, Маргаритага узатди ва унинг ҳолларидан бирини тирноғи билан белгилаб беришни илтимос қилди. Маргарита юқори ўнг бурчакдаги холни белгилади. Гелла қартани ёстиқ остига яширди-да:
— Тайёр! — деб қичқирди.
Шунда ёстиққа орқа ўгириб ўтирган Азазелло шимининг чўнтагидан ўзиотар қора тўппонча олиб, ўгирилмай елкаси оша каравот томонга ўқ узди ва Маргаритани салгина чўчитиб юборди. Ўқ тешиб ўтган ёстиқ остидан еттилик қартани олишди. Ундаги Маргарита белгилаган хол тешилган эди.
— Сизга рўпара келишни асло истамасдим тўппонча ушлаган пайтингизда, — деди Маргарита Азазеллога карашма қилиб. Ҳар қандай ишнинг пири бўлган одамларга доим зўр эҳтирос билан қарарди у.
— Қимматли қиролича, — деб чийиллади Коровьёв — қўлида ҳеч қандай револьвер бўлмаган пайтда ҳам Азазеллога рўпара келишни ҳеч кимга маслаҳат бермайман! Собиқ регент ва ашулачи сифатида виждонан онт ичиб айтаманки, ўша дуч келган одамнинг шўри қурийди.
Мерганлик тажрибаси пайтида ўшшайиб ўтирган мушук энди бирдан:
— Ўша еттилик қартада мен янги рекорд қўяман, — деб эълон қилди.
Азазелло бунга жавобан бир нима деб ириллаб қўйди. Лекин мушук ўз аҳдида туриб олиб, бир эмас, иккита револьвер сўради. Азазелло шимининг иккинчи орқа чўнтагидан яна битта револьвер олиб бояги револьвер билан икковини мақтанчоқ мушукка узатаркан, заҳарханда билан лабини буриб қўйди. Еттилик қартада иккита холни белгилашди. Мушук ёстиққа орқа ўгириб олиб, отишга узоқ вақт тайёрланди. Маргарита иккала қулоғига бармоқларини тиқиб ўтираркан, кўзини камин токчасида мудраб ўтирган бойқушдан узмасди. Мушук иккала револьвердан баравар ўқ узди, шу заҳоти Гелла жон аччиғида чинқириб юборди, ўқ тегиб ўлган бойқуш соат устига қулаб тушди, синган соат тўхтаб қолди. Бир қўли қонга бўялган Гелла фарёд кўтариб, мушукнинг юнгига чанг солди, мушук эса ўз навбатида унинг сочини юмдалай бошлади, оқибат, иккови бир-бирига чирмашганча, полда у ёқдан-бу ёққа коптокдек юмалай бошлашди. Стол устида турган қадаҳлардан бири ерга тушиб чил-чил синди.
— Ажратиб олсангларчи мендан манави қутурган шайтон қизни! — деб чинқирарди мушук, устига миниб олган Гелладан қутулишга ҳаракат қиларкан. Уришқоқларни ажратиб қўйишди, Коровьёв Гелланинг ўқ теккан бармоғига бир марта пуфлаган эди, бармоқ соғайди-қолди,
— Отолмайман-да ахир, гап билан чалғитишгандан кейин! — деб чинқирарди Бегемот ва айни пайтда елкасидан Гелла юлиб олган бир тутам юнгни жойига ёпиштиришга уринарди.
— Гаров ўйнайман, — деди Воланд Маргаритага жилмайиб, — жўрттага шундай қилди. Аслида жуда яхши отади.
Гелла билан мушук ярашиб, ҳатто ўпишиб ҳам олишди. Кейин ёстиқ тагидан қартани олиб текшириб кўришди. Азазелло тешган ҳолдан бошқа биронта ҳолга гард ҳам тегмаган эди.
— Бундай бўлиши мумкин эмас, — деб таъкидларди мушук қартани қандил ёруғига тутиб қараркан.
Шодиёна кечлик давом этарди. Чилчироқнинг шамлари аста эриб оқар, каминдан гуп-гуп уфираётган қуруқ ва хушбўй иссиқ ҳаво бутун хонани қамраган эди. Тўйиб овқатланган Маргарита энди сархушлик оғушида ҳузур қилиб ўтирарди... Унинг ҳеч қаёққа кетгиси келмасди, ҳолбуки, ўзининг тахминича вақт алламаҳал бўлган. Тунги воқеалар ҳисобга олинса, вақт эрталабки соат олтига яқинлашган эди. Маргарита орага чўккан сукунатдан фойдаланиб, Воландга қимтинибгина деди:
— Энди мен борай... Кеч бўлди.
— Қаёққа шошасиз? — деб сўради Воланд қуруққина қилиб. Аммо қолганлар «миқ» этмади.
— Ҳа, вақт бўлди, — деб такрорлади Маргарита бундай мунсоабатдан янаям кўпроқ хижолат бўлиб, у елкасига ташлаш учун бирон ёпинчиқ ё плаш қидириб атрофига қаради. Чунки ўзининг яланғочлигидан энди иймана бошлаган эди. У ўрнидан турди. Воланд каравотда ётган чувринди ва қатирма халатини олиб, индамай Маргаритага узатди, Коровьёв уни Маргаританинг елкасига ташлади.
— Миннатдорман, мессир, — деди Маргарита эшитилар-эшитилмас, сўнг Воландга савол маъносида қараб қўйди. Воланд эса ўз навбатида лоқайд жилмайиб боқди. Шунда бирдан Маргаританинг қалбини машъум ҳасрат туйғуси қамраб олди. У ўзини адданган деб ҳис қилди. Афтидан, унинг бадда кўрсатган хизматлари эвазига ҳеч ким уни ҳеч нима билан такдирламоқчи эмасга ўхшайди, шунингдек, ҳеч ким унга, қолинг, деб ҳам мулозамат қилмаяпти. Ҳолбуки, Маргаританинг бу ердан чиқиб борадиган ери йўқлиги унинг ўзига кундай равшан эди. Хаёлидан «лип» этиб ўтган: «Яна ўша уйимга қайтиб боришимга тўғри келади», деган фикр қалбида доҳилий ғусса туйғусини уйғотиб юборди. Ё Азазеллонинг Александр боғида берган васвасали маслаҳатига амал қилиб, ўзи Воланддан сўрасинми? «Йўқ, ўлсам ҳам ялинмайман», деди у ўзига-ўзи.
— Хўп, саломат бўлинг, мессир, — деди у эшиттириб, ўзи эса: «Ишқилиб, бу ердан тезроқ чиқиб кетсам бўлгани, кейин бир амаллаб дарё бўйига бораман-у, ўзимни сувга ташлайман», деб кўнглидан ўтказди.
— Ўтиринг, — деб буюрди Воланд бирдан қатъий оҳангда. Маргаританинг ранги ўчиб кетиб ўтирди. — Балки бирон нима демоқчидирсиз хайрлашув олдидан?
— Йўқ, мессир, гапим йўқ, — деди Маргарита ғурур билан, — фақат шуки, агар сизга яна керак бўлсам, барча истакларингизни бажонидил бажаришга доим тайёрман. Мен ҳеч чарчаганим йўқ, балда жуда баҳри-дилим очилди. Шунга кўра, агар у яна давом этган бўлганида, яна тиззамни минг-минглаб қатллару қотилларга ўпиш учун жоним билан тутиб берган бўлардим. — Маргарита Воландни гўё қалин парда орқали элас-элас кўраётгандай — кўзлари ғилт-ғилт ёш эди.
— Тўғри! Сиз мутлақо ҳақсиз! — дёди Воланд гумбурловчи овоз билан даҳшатли ҳайқириб, — шундай бўлиш керак!
— Шундай бўлиш керак! — деб такрорлашди Воланднинг мулозимлари худди акс-садодек.
— Биз сизни синаб кўрдик, — деб давом этди Воланд, — ҳеч қачон, ҳеч нима сўраманг! Ҳеч қачон, ҳеч нима, айниқса, ўзингиздан кучлироқлардан. Ўзлари тавсия қилишиб, ўзлари истаган нарсангизни беришади! Ўтиринг, такаббур аёл! — Воланд Маргаританинг елкасидаги вазмин ридони юлқиб олиб ташлади, шун-да у яна ўзини Воланд билан ёнма-ён унинг тўшагида ўтирганини кўрди. — Хўш, Марго, — деб давом этди Воланд, энди анча мулойим овоз билан, — бугун менинг балимда бекалик қилганингиз учун нима истайсиз? Ушбу бални яланғоч ҳолда ўтказганингиз эвазига мендан нима сўрайсиз? Тиззангиз хизматини қанчага баҳолайсиз? Ҳозир сиз қатллар деб атаган меҳмонларим сизга қанча зиён етказишди? Гапиринг! Мана энди ҳеч тортинмасдан гапиришингиз мумкин. Зеро, мен сўраяпман сиздан.
Маргаританинг юраги қаттиқ-қаттиқ тепа бошлади, у чуқур хўрсиниб қўйиб, нималарнидир ўйлай бошлади.
— Хўш, қани, дадилроқ! — деб далда берарди Воланд, — ўз фантазиянгизни уйғотинг, уни ишга солинг! Анави уччига чиққан аблаҳ — баронни қатл этиш саҳнасида иштирок этишнинг ўзи ҳам мукофотга лойиқ, агар иштирок этган одам аёл киши бўлса — алалхусус. Қани, хўш?
Маргаританинг нафаси қайтиб кетди, у дилида тайёрлаб қўйилган эзгу сўзларини айтишга эндигина оғиз жуфтлаган эди ҳамки, бирдан ранги қув ўчиб, оғзи ланг очилиб, кўзлари бақрайганча қолди. Унинг қулоғига кимнингдир безовта қилувчи, ёлборувчи овози: «Фрида! Фрида! Фрида! — деб қичқирди. — Менинг исмим Фрида!» — Шундан кейин Маргарита дудуқланиб гапира бошлади:
— Демак, мен сиздан битта нарсани илтимос қилишим мумкин-а?
— Талаб, талаб қилишингиз мумкин, менинг доннам, — деб жавоб қилди саволнинг маъносига тушунган Воланд жилмайиб, — талаб қилишингиз мумкин битта нарсани!
О, Воланд Маргаританинг ўз оғзидан чиққан «битта нарса» сўзини такрорларкан, унга усталик билан ва аниқ урғу бериб гапирди.
Маргарита яна бир марта хўрсиниб қўйиб деди:
— Истардимки, Фридага, ўз чақалоғини ўлдирганда оғзига тиққан ўша рўмолчасини энди тутқазишмаса.
Мушук кўзларини шифтга тикаркан, пишқириб хўрсинди, лекин бал пайтида қулоғи буралганини эслаб, чурқ ҳам этмади.
— Ўша овсар Фридадан, — деб мийиғида кулганча гап бошлади Воланд, ҳеч қандай пора олмаслигингизга қатъий ишонч ҳосил қилганим туфайли (зеро бундай нарса сизнинг қироличалик шаънингизга мутлақо номувофиқдир) нима қилишимни ҳам билмай қолдим. Чамамда фақат битта илож бор — кўпроқ латта-путталар топиб келиб, хобхонамдаги ҳамма тешик, тирқишларга тиқиб ташлашим керак.
— Гапингизга тушунмадим, мессир! — деди ҳайрон қолган Маргарита, у Воланднинг гапларига чинданам тушунмаган эди.
— Фикрингизга тўла-тўкис қўшиламан, мессир, — деб гапга аралашди мушук, — албатта латта билан, — деб ғижинганча панжасини столга «гурс» этиб урди.
— Мен раҳм-шафқат ҳақида гапиряпман, — деб изоҳлади Воланд ўз гапини ҳамон Маргаритадан ўтли кўзларини узмай. — У нарса баъзан мутлақо кутилмаганда айёрлик билан энг тор тирқишлардан ҳам сингиб киради. Латта-путта ҳақида гапиришимнинг боиси шунда.
— Мен ҳам шуни айтяпман-да! — деди мушук ва ҳар эҳтимолга қарши, пушти ранг крем юқилик пан-жалари билан учли қулоқларини беркитганча, ўзини Маргаритадан четга олди.
— Пишт! Даф бўл! — деди унга Воланд.
— Ҳали қаҳва ичганим йўқ, — деди мушук, — қанақасига кетарканман? Наҳотки шундай байрам оқшомида ҳам, мессир, бир дастурхон атрофида ўтирган меҳмонларни икки навга бўлишса? Бировлар биринчи нав-у, бошқалар, шўртумшуқ қурумсоқ буфетчининг таъбири билан айтганда, айниган иккинчи нав ҳисобланса?
— Жим бўл, — еб буюрди Воланд, сўнг Маргаритага юзланиб, ундан сўради: — Бу рафторингизга қараганда, сиз бағоят саховатли, камоли хушахлоқ одам бўлсангиз керак-а?
— Йўқ, — қийналиб жавоб қилди Маргарита, — биламан, сиз билан фақат очиқчасига гаплашиш керак, шу боис мен ҳам сизга гапнинг очиғини айтаман: мен енгилтак одамман. Фрида учун илтимос қилганимга сабаб, эҳтиётсизлик қилиб унга ваъда бериб қўювдим. Энди у кутади, мессир, у менинг қудратимга ишонади. Агар умиди пучга чиқса, мен ниҳоятда мушкул аҳволга тушиб қоламан. Умрбод кўнглим таскин топмайди. Начора? Шундай бўлиб қолди.
— Ҳа, — деди Воланд, — бу тушунарли.
— Демак, ўшандай қиласиз-а? — қимтинибгина сўради Маргарита.
— Асло, — деб жавоб қилди Воланд, — гап шундаки, қимматли қиролича, бу ўринда андаккина чатоқлик юз берган. Ҳар бир муассаса ўз иши билан шуғулланмоғи керак. Орий рост, бизнинг имкониятларимиз бениҳоя улкан, узоқни кўришга кўзлари ожиз бўлган айрим калтабинлар тасаввуридан кўра анча каттароқдир...
— Ҳа, жудаям катта, — деб луқма ташлашдан ўзини тия олмади мушук, чамаси у мана шу имкониятлардан мағрурланарди.
— Жим бўлсанг-чи, жин ургур! — деди унга Воланд ва Маргаритага ўгирилиб гапида давом этди: — Гапнинг сираси, мен муассаса деб таъбирлаганим бошқа шахс қилиши лозим бўлган ишга қўл уришдан нима ҳожат? Алқисса, мен бу ишга аралашмайман, уни ўзингиз бажарасиз.
— Наҳотки, менинг истагим бажарилса? Азазелло истеҳзо билан ғилай кўзини Маргаритага тикди ва малласоч бошини салгина чайқаб, пишқириб қўйди.
— Бошланг ахир, азбаройи шифо, — деб ғўлдиради Воланд ва глобусни айлантириб, унинг қайсиям бир нуқтасига тикилиб қарай бошлади, чамаси у Маргарита билан суҳбат қилган пайтида бошқа иш билан машғул бўлганини кўрсатмоқчи эди.
— Қани, чақиринг Фридани, — деб ўргатди Коровьёв.
— Фрида! — деб овозининг борича чинқирди Маргарита.
Шунда эшик ланг очилиб, хонага сочлари паришон, яланғоч, аммо сархушлигидан асар ҳам қолмаган, кўзлари олазарак аёл югуриб кириб, қўлларини Маргарита томон чўзди, Маргарита эса унга улуғворлик билан деди:
— Сени кечиришди. Энди сенга рўмолчангни тутқазишмайди.
Фрида қаттиқ фарёд қилиб, Маргаританинг оёғи остига, полга хоч шаклида юз тубан ётди. Воланд бир қўл силтаган эди, шу заҳоти Фрида кўздан ғойиб бўлди.
— Миннатдорман сиздан, энди хайр, — деди Маргарита ва ўрнидан турди.
— Нима дейсан, Бегемот, — деб гапира бошлади Воланд, — шундай байрам кечасида уқувсиз одамнинг рафторидан манфаат кўзлашимиз яхшимасдир, — у Маргаритага ўгирилди, — буниси ҳисоб эмас, чунки мен ҳеч нима қилганим йўқ. Қани айтинг, ўзингиз учун нима истайсиз?
Ҳамма сукутга толди, бу сукунатни Корвовьёв бузди:
— Олтин донна, — деди у Маргаританинг қулоғига пичирлаб, — бу гал сал мулоҳаза билан иш кўринг! Йўқса, бахтингиз қўлингиздан чиқиб кетиши мумкин!
— Мен ҳозирнинг ўзида, шу заҳотиёқ ўз маҳбубим — устани қайтариб беришларини истайман, — деди Маргарита ва қаттиқ асабийлашганидан юзи буришиб кетди.
Шу пайт хонага «ғув» этиб шамол эсиб кириб, чил-чирокдаги шамлар алангасини бир томонга ётқизди, вазмин дарпардалар елпиниб, дераза тавақалари ланг очилди ва жуда олисда, самода тонгги эмас, тунги ойнинг порлаб тургани кўринди. Дераза этагида тунги ой шуъласидан кўкиш пояндоз ёзилиб, шу пояндоз устида Иванушканинг тунги меҳмони — ўзини уста деб танитган одам пайдо бўлди. У касалхона либосида (эгнида халат, оёғида туфли) бўлиб, ҳозир ҳам ўша қора қалпоқчасини бошидан қўймаган эди. Унинг соқол-мўйлови олинмаган юзи ҳадеб тортишар, жунунваш кўзлари шамларга зимдан чўчинқираб боқарди, ой шуъласи уни тамомила қамраб олган эди.
Маргарита бир қарашдаёқ уни таниди, қўлларини қисирлатиб, оҳ урдию унинг истиқболига югуриб борди. У устанинг пешонасидан, лабларидан ўпар, тикандек тук босган юзига юзини қўярди, шу пайтгача тийиб турган кўз ёшлари энди унинг юзидан дув-дув оқа бошлади. У ҳадеб фақат бир сўзни маъносиз оҳангда такрорларди:
— Сен... сен, сен...
Уста уни ўзидан четлатиб, бўғиқ овоз билан деди:
— Йиғлама, Марго, юрагимни эзма. Мен қаттиқ бетобман. — У гўё деразага сакраб қочмоқчи бўлгандай, дераза токчасига чанг солди, тишларини иршайтирганча, хонада ўтирганларга бир-бир қараб чиқиб, чинқириб юборди: — Мен қўрқяпман, Марго! Яна кўзимга аллақандай шарпалар кўрина бошлади.
— Йўқ, йўқ, йўқ, — деб пичирларди энтикиб-энтикиб йиғлаганидан нафаси ичига тушиб кетган Маргарита, — ҳеч нимадан қўрқма! Мен ёнингдаман! Ёнингдаман!
Коровьёв эпчиллик билан, сездирмай устага стул суриб қўйди, у ўтирди, Маргарита эса уста олдида тиз чўкиб, юзини унинг биқинига босганча қимир этмай қолди. У ҳаяжонланганидан ўзининг энди яланғоч эмаслигини ҳам сезмади — унинг эгнида бирдан қора шоҳи плаш пайдо бўлган эди. Бемор бошини хам қилганча, маъюс ва хаста кўзларини ерга тикди.
— Ҳа, — деб гап бошлади Воланд бир оз сукутдан кейин, — роса суробини тўғрилашипти уни. Қани, рицарь, — деб буюрди у Коровьёвга, — бу одамга ичгани бирон нима бер.
Маргарита титроқ овоз билан ёлборарди.
— Ич, ичвор. Қўрқяпсанми? Йўқ, йўқ, гапимга ишон, ёрдам қилишмоқчи сенга.
Бемор стаканни олиб, ундаги суюқликни ичиб юборди, лекин қўли қалтираб, стакан оёғи остига тушиб, чил-чил синди.
— Яхшиликка! Яхшиликка! — деб пичирлади Коровьёв Маргаританинг қулоғига, — қаранг, у ўзига кела бошлади.
Дарҳақиқат, беморнинг нигоҳидаги ёввойилик ва бежолик йўқола бошлаган эди.
— Сенмисан, Марго? — деб сўради ой ёғдусида намоён бўлган меҳмон.
— Албатта, менман, — деб жавоб қилди Маргарита.
— Яна! — деб буюрди Воланд.
Уста иккинчи стаканни бўшатгандан кейин кўзлари жонланиб, маъноли боқа бошлади.
— Ана бу бошқа гап, — деди Воланд кўзларини сузиб боқаркан, — энди суҳбатлашамиз. Кимсиз?
— Энди мен ҳеч ким эмасман, — деди уста, шундай деб тиржайган эди, оғзи қийшайиб кетди.
— Ҳозир қаердан кеддингиз?
— Ҳасрат уйидан. Мен — жинниман, — деди меҳмон.
Бу гапни эшитган Маргарита чидай олмай яна йиғлаб юборди. Кейин кўз ёшларини артиб, чинқириб деди:
— Қандай мудҳиш сўзлар! Мудҳиш сўзлар! Мессир, сизга шуни айтишим керакки, бу — уста. Уни дарддан фориғ қилинг, меҳнатингиз зое кетмайди.
— Сиз ким билан гаплашаётганингизни биласизми, — деб сўради Воланд меҳмондан, — ҳозир кимнинг ҳузурида ўтирипсиз?
— Биламан, — деб жавоб қилди уста, — жиннихонада Иван Бездомний деган бола ён қўшним эди. Ўша гапириб берувди сиз ҳақингизда.
— Э-ҳа, тўғри, тўғри, — деди Воланд, — мен у йигитча билан Патриарх кўли бўйида учрашиш бахтига мушарраф бўлганман. У сал бўлмаса мени ҳам жинни қилиб қўяёзган эди, мени йўқ деб исботлашга уриниб! Аммо сиз ишонарсиз, албатта, бу — чинданам мен эканлигимга?
— Ишонишга тўғри келади, — деди уста, — лекин, очиғи, сизни қорахаёл1 самараси деб ҳисоблаш тинчроқ бўларди. Мени афв этинг, — деб илова қилди уста бирдан ҳушини йиғиб олиб.
— Ҳа, яхши, тинчроқ бўлса, шундай деб ҳисоблайверинг, — деди Воланд мулойимлик билан.
— Йўқ, йўқ, — деди қўрқиб кетган Маргарита устанинг елкасидан ушлаб силкитаркан, — эсингни йиғ! Рўпарангда ўтирган чинданам ўша!
Мушук бу ерда ҳам орага суқилди:
— Мана, мен чинданам қорахаёлга ўхшайман. Ой шуъласида ён томонимдан қаранг, — мушук ой ёғдусидан пайдо бўлган узунчоқ йўлакка бориб турди ва яна бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, лекин «овозингни ўчир» деб буюришди унга, шунда у: — Яхши, яхши, овозимни ўчирдим. Мен гунг қорахаёл бўламан, — деди ва жим қолди.
— Айтинг-чи, нега сизни Маргарита уста деб атайди? — сўради Воланд.
Уста мийиғида кулиб жавоб қилди:
— Унинг бу рафторини маъзур кўринг. У мен ёзган романни жуда юксак баҳолаган эди.
— Романингиз нима ҳақда?
— Понтий Пилат тўғрисида.
Шунда шамларнинг олов тиллари яна тебраниб, елпина бошлади, столдаги идишлар зириллаб кетди. Воланд мисоли момақалдироқдек қаҳ-қаҳ уриб кулди, аммо унинг бу қаҳқаҳасидан ҳеч ким чўчимади ҳам, ажабланмади ҳам. Бегемот негадир чапак чалиб юборди.
— Нима, нима ҳақда? Ким ҳақда? — деди Воланд кулишдан тўхтаб. — Шу замонда-я? Воажабо! Нима, бошқа мавзу топилмадими? Қани, кўрайлик-чи, — Воланд кафтини юқорига қилиб қўлини чўзди.
— Афсуски, сизга уни кўрсатолмайман, — деб жавоб қидди уста, — чунки мен уни печкага қамаб ёқиб юборганман.
— Кечирасиз-у, ишонмайман бунга, — деди Воланд, — бу мумкин эмас. Қўлёзмалар ёнмайди. — У Бегемот томонга ўгирилиб деди: — Қани, Бегемот, узат бу ёққа романни.
Мушук стулдан «дик» этиб турган эди, ҳамма унинг даста-даста қўлёзмалар устида ўтирганини кўрди. Мушук энг устки нусхани таъзим билан Воландга узатди. Маргарита яна ҳаяжондан йиғлаб юборгудек бўлиб, дағ-дағ титраганча чинқириб юборди:
— Ана қўлёзманг! Ана у!
У Воланд истиқболига ташланиб завқ-шавқ билан деди:
— Сиз ҳар нарсага қодирсиз, қодирсиз!
Воланд қўлёзмани олиб айлантириб кўрди, сўнг уни бир четга қўйиб, индамай, жиддий қиёфада устанинг юзига тикилди. Лекин уста негадир ташвишланиб, безовта бўла бошлади, стулдан туриб, қўлларини қисирлатди, вужуди дағ-дағ қалтираб олис фазодаги ойга юзланганча ғўлдирай бошлади:
— Ҳатто ойдин кечада ҳам менга тинчлик йўқ, нега ахир оромимни буздинглар? Ё тангрилар, тангрилар...
Маргарита устанинг эгнидаги касалхона халатини маҳкам чангаллаб олиб, ўзини унинг бағрига босди ва йиғи аралаш ҳасрат билан ғўлдиради:
— Э, худо, нега, ахир, дори сенга кор қилмаяпти?
— Ҳечқиси йўқ, парво қилманг, — деб пичирларди Коровьёв уста атрофида парвона бўларкан, — ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ... Яна бир стакан ичворинг, мен ҳам сизга улфат бўламан.
Бу галги стакан ой ёғдусидан ярақлаб устага кўз қисгандай бўлди ва унга ёрдам берди. Устани яна жойига ўтқазишди, беморнинг чеҳрасида энди хотиржамлик аломатлари пайдо бўлганди.
— Мана, энди ҳамма нарса равшан, — деди Воланд ва узун бармоғи билан қўлёзмага «тўқ-тўқ» уриб қўйди.
— Мутлақо равшан, — деб тасдиқлади мушук, гунг қорахаёл бўлишга сўз берганини унутиб, — бу асарнинг асосий моҳияти менга тамомила ойдин бўлди. Сен нима дейсан, Азазелло? — деб юзланди у сукут сақлаётган Азазелога.
— Нима дердим, — деди у пинғиллаб, — сени сувга чўктириб юборган барака топади.
— Раҳминг келсин, Азазелло, — деди унга мушук, — бу шум ниятингни ҳукмдоримнинг кўнглига сола кўрма яна. Азбаройи шифо, унда ҳар кеча тепангга худди шўрлик устага ўхшаб ой ёғдуси либосида келиб, ҳаловатингни бузаман-а. Ана унда ҳолинг нима кечади, а, Азазелло?
— Қани, Маргарита, — деб яна гапга аралашди Воланд, — ҳамма гапингизни айтинг, нима хоҳлайсиз?
Маргаританинг кўзлари порлаб кетиб, Воландга илтижо билан юзланди:
— Майлими пичирлашиб гаплашиб олсак? Воланд бош ирғатди, шунда Маргарита оғзини устанинг қулоғига олиб бориб, бир нималарни пичирлади. Лекин фақат устанинг жавоби эшитилди:
— Йўқ, кечикдик. Энди менга ҳеч нима керак эмас. Фақат сени кўриб турсам бўлгани. Аммо такрор айтаман — воз кеч мендан. Хароб бўласан мен билан бўлсанг.
— Йўқ, воз кечмайман, — деди Маргарита ва Воландга юзланди: — Бизни яна Арбатга туташган тор кўчадаги ўз подвалимизга қайтаришингизни илтимос қиламан, яна у ерда лампа-чироғимиз ҳам ёнса, қолган ҳамма нарсалар ҳам ўз ўрнида бўлса.
Бу гапдан уста кулиб юборди ва Маргаританинг бир вақтлар сочи жингалак бўлган бошини қучоқлаганча деди:
— Бу шўрпешона аёлнинг гапига қулоқ солманг, мессир. Ўша подвалга аллақачон бошқа одам жойлашиб олган, ундан кейин, ҳамма нарсани аввалги ҳолига қайтариб бўлмайди асло. — У юзини маҳбубасининг сочлари паришон бошига қўйиб, уни қучоқлади ва:
— О, шўрлик, шўрлик... — деб ғудранди.
— Қайтариб бўлмайди дедингизми? — деди Воланд. — Гапингиз тўғри. Лекин биз уриниб кўрамиз, Азазелло!
У шуидай деган эди ҳамки шифтдан эсанкираган телбасифат бир одам «гурс» этиб тушди, унинг эгнида фақат тунги кўйлак-иштон бўлиб, негадир қўлида чамадон, бошида кепкаси бор эди. Бу одам қўрққанидан «қалт-қалт» титрар ва нуқул чўққаймоқчи бўлгандай энгашарди.
— Могаричмисиз? — деб сўради Азазелло осмондан тушган одамга юзланиб.
— Алоизий Могарич, — деб жавоб қидди у «дағ-дағ» титраб.
— Мана бу одамнинг романи ҳақида Латунский ёзган мақолани ўқиб, «уйида нолегал адабиётлар сақлаяпти», деб шикоят ёзган сизмидингиз? — деб сўради Азазелло.
Осмондан тушган гражданин кўкариб кетди, тавбасига таяниб юм-юм йиғлай бошлади.
— Унинг квартирасига кўчиб ўтмоқчи бўлувдингизми? — имкони борича мулойимроқ оҳангда пинғиллади Азазелло.
Шу пайт мушукнинг дарғазаб пишқиргани эшитилди. Маргарита эса:
— Жодугарнинг тирноқларини татиб кўр! — деб чинқирганича Алоизий Могаричнинг юзига чанг солди.
Тўс-тўполон кўтарилди.
— Нима қиляпсан? — изтироб билан қичқирди уста, — Марго, иснодга қўйма ўзингни!
— Мен қаршиман, бу иснод эмас, — деб бақирди мушук.
Маргаритани Коровьёв ажратиб олди.
— Мен ванна ўрнатганман, — деб чинқирарди афти-ангори қонга бўялган Могарич, тишлари такиллаб, кейин аллақандай бемаъни гапларни жаврай бошлади, — битта оқлашнинг ўзи... кейин, купорос...
— Жудаям яхши бўптида ванна ўрнатганинг, — деди Азазелло маъқуллаб. — У ванна олиши керак, — сўнг қичқирди: — Даф бўл!
Шунда Могаричнинг оёғи осмондан келдию ётоқхонанинг очиқ деразасидан учиб чиқиб кетди. Кўзлари бақрайиб қолган уста пичирларди:
— О, буниси энди Иван ҳикоя қилган воқеалардан ҳам ғаройиброқ бўлди-ку! — у тамомила ҳайратга келиб, атрофига олазарак қараркан, ниҳоят мушукка юзланиб деди: — Маъзур тутасиз... сен... сизмидингиз... — у мушукни «сен»лашни ҳам, «сиз»лашни ҳам билолмай эсанкираб қолди, — сизмидингиз трамвайга чиққан ўша мушук?
— Мен эдим, — деди мушук мамнуният билан ва илова қилди: — Мушук зотига шундай хушмуомалалик билан мурожаат қилишингиз қандай яхши. Одатда мушукларни, негадир, «сен»лашади, гарчи дунёда биронта ҳам мушук ҳеч бир кимса билан қиёматли дўст тутунмаган бўлса ҳам.
— Менинг назаримда сиз мушукка унчалик ўхшамаяпсиз, — деди уста иккиланиб, сўнг Воландга ўгирилиб қимтинибгина илова қилди: — Барибир ҳали касалхонада мени қидириб қолишади.
— Бе, нега энди қидиришар экан! — деб юпата бошлади Коровьёв, шунда унинг қўлида бирдан қандайдир қоғозлар, дафтарлар пайдо бўлди, — шу хасталик варақаси сизникими?
— Ҳа.
Коровьёв қоғозларни олов ёниб турган каминга ташлади.
— Ҳужжат йўқ, демак, одам ҳам йўқ, — деди Коровьёв мамнуният билан, — бу — сизни ижарага қўйган одамнинг уй дафтари бўлса керак.
— Ҳа-а...
— Ким қайд қилинган бу дафтарга? Алоизий Могаричми? — Коровьёв уй дафтарининг саҳифасига пуфлади, — вассалом, энди у йўқ, кейин, шуни билгинки — бўлган ҳам эмас. Мабодо, уй соҳиби сизни кўриб ажаблангудек бўлса, Алоизий тушингизга кирган, деб айтинг унга. Могарич? Қанақа Могарич? Ҳеч қанақа Могарич бўлмаган. — Шу пайт Коровьёвнинг қўлидаги боғичли уй дафтари бирдан ғойиб бўлди. — Мана энди у уй эгасининг столи ғаладонида ётипти.
— Сиз тўғри айтдингиз, — деди Коровьёвнинг бу қадар пухта ишлашидан ҳайратга келган уста, — баски ҳужжат йўқ экан, демак, одам ҳам йўқ. Мана, айнан мен йўқман, чунки менда ҳужжат йўқ.
— Мени кечирасиз, — деб чинқириб юборди Коровьёв, — қорахаёл деганимиз худди мана шу бўлади, мана сизнинг ҳужжатингиз, — шундай деб Коровьёв устага ҳужжат узатди. Сўнг кўзларини шифтга тикканча Маргаританинг қулоғига мулойим оҳангда пичирлади: — Мана бу эса, сизнинг буюмларингиз, Маргарита Николаевна, — шундай деб у Маргаритага четлари куйган дафтар, қовжираган гул ва фотография узатди, айни пайтда унга ғоят эҳтиёткорлик билан омонат дафтарча ҳам берди, — бу ерда ўзингиз қўйган ўн минг сўм, Маргарита Николаевна. Бизга бировнинг ҳақи керак эмас.
— Менинг панжам шол бўлса бўлади, аммо бировнинг нарсасига асло тегмайман, — деди мушук кеккайганча ва бадбахт романнинг ҳамма нусхасини босиб той қилмоқчи бўлгандай, чамадон устида рақс туша бошлади.
— Мана, сизнинг ҳам ҳужжатингиз, — деб гапида давом этди Коровьёв Маргаритага ҳужжат узатаркан, сўнг Воландга мурожаат қилиб, эҳтиром билан деди: — Мана, бўлди, мессир!
— Йўқ, ҳали бўлгани йўқ, — деди Воланд глобусдан юз ўгириб. — Мулозимларингизни нима қилайлик, менинг қимматли доннам? Шахсан менга уларнинг кераги йўқ.
Шу чоғ очиқ турган эшикдан ўша-ўша яланғоч ҳолича Наташа отилиб кирди, қўлларини бир-бирига урганча Маргаритага чинқириб деди:
— Вой, бахтли бўлинг, Маргарита Николаевна! — У бош ирғаб уста билан саломлашди, сўнг яна Маргаритага юзланди: — Мен билардим қаёққа қатнаганингизни.
— Уй ходимлари ҳамма нарсани билишади, — деди мушук панжасини маъноли тарзда юқори кўтариб, — улар ҳеч нима кўрмайдилар дейиш — хато.
— Нима истайсан, Наташаа? — деб сўради Маргарита, — уйга қайт.
— Ўргилиб кетай сиздан, Маргарита Николаевна, — деди Наташа тиз чўкиб ёлбораркан, — улардан илтимос қилинг, — у кўз қири билан Воландга ишора қилди, — мени ўзларида жодугар қилиб олиб қолишсин. Ўша уйга қайтиб боришни истамайман сира! Инженерга ҳам, техникка ҳам тегмайман! Кеча бал пайтида жаноб Жак менга муҳаббат изҳор қидди. — Наташа кафтини ёйиб, аллақандай олтин тангаларни кўрсатди.
Маргарита, сиз нима дейсиз, дегандек Воландга қаради. У бош ирғатиб қўйди. Шунда Наташа Маргаританинг бўйнига осилиб, уни чўлпиллатиб ўпди-да, тантанавор чинқирганча, деразадан учиб чиқиб кетди.
Энди Наташанинг ўрнида Николай Иванович пайдо бўлди. У яна ўзининг одамийлик қиёфасига кирган, лекин ниҳоятда ғамгин, ҳатто дарғазаб деса ҳам бўларди.
— Мана бу нусхани мамнуният билан қўйиб юбораман, — деди Воланд Николай Ивановичга нафратланиб қараркан, — бениҳоя зўр мамнуният билан, зеро бу ерда у мутлақо ортиқча.
— Менга гувоҳнома беришларингни ўтиниб сўрайман, — тилга кирди Николай Иванович атрофга қўрқа-писа боқаркан, лекин бу гапини жуда ўжарлик билан гапирди, — бу кечани қаерда ўтказганим ҳақида.
— Нима қиласиз уни? — кескин оҳангда сўради мушук.
— Милицияга ва хотинимга кўрсатаман, — деб шахт гапирди Николай Иванович.
— Биз одатда гувоҳнома бермаймиз, — деб жавоб қилди мушук манглайини тириштириб, — лекин сиз учун, майли, истисно қиламиз.
Николай Иванович кўз очиб-юмишга ҳам улгурмай, Гелла ёзув машинкаси ёнига ўтириб, мушук айтган гапларни ёза бошлади.
— Гувоҳлик бераманким, ушбуни кўрсатувчи Николай Иванович мазкур тунни шайтон уюштирган балда ўтказди, у балга одам ташувчи восита... қўштирноқ оч, Гелла! Қўштирноқ ичида ёз — «тўнғиз» сифатида жалб этилган эди. Имзо — Бегемот.
— Числочи? — деб чийиллади Николай Иванович.
— Биз число қўймаймиз, число қўйилган ҳужжат кучини йўқотади, — деди мушук қоғозга имзо чекаркан, сўнг қаердандир муҳр олиб, қоидасини келтириб, унга ҳуҳлади-да, қоғозга «тўланган» деган сўзни босиб, уни Николай Ивановичга тутқазди. Шундан кейин Николай Иванович беному нишон ғойиб бўлди, аммо унинг ўрнида кутилмаган янги одам пайдо бўлди.
— Бу яна ким бўлди? — ижирғаниб сўради Воланд, шам ёруғидан юзини кафти билан тўсаркан.
Варенуха (бу ўшайди) бошини эгиб хўрсиниб қўйди ва эшитилар-эшитилмас деди:
— Қўйиб юборинглар. Мен қон сўрувчи кўршапалак бўлолмайман. Ўшанда Гелланинг ёрдамида Римскийни ўлдириб қўйишимга сал қолувди. Лекин мен қонхўр эмасман. Қўйворинглар мени.
— Нима деб жавраяпти узи? — афтини бужмайтириб сўради Воланд. — Яна қанақа Римский? Нима бало, алаҳлаяптими?
— Ҳеч азият чекманг, мессир, — деди Азазелло ва Варенухага юзланди: — Қўрслик қилиш керак эмас телефонда. Ёлғон гапириш керакмас телефонда, тушунарлими? Энди бошқа бундай қилмайсизми?
Варенуханинг мияси шодликдан гангиб қолди, чеҳраси еришди ва нима деетганини узи ҳам тушунмай ғўлдирай бошлади:
— Азбаройи х... яъни айтмоқчиманки, аъло ҳаз... ҳозироқ тушликдан кейин... — Варенуха қўлларини кўксига босиб, Азазеллога илтижо билан боқарди.
— Ҳа, яхши, уйга жўнанг, — деди Азазелло. Варенуха зумда эриб йўқ бўлди- қолди.
— Энди мени мана булар билан ёлғиз қолдиринглар, — деб буюрди Воланд уста билан Маргаритани кўрсатиб.
Воланднинг буйруғи шу заҳоти бажарилди. У бир оз сукутдан сўнг устага мурожаат қилди.
— Шундай қилиб, Арбатдаги подвадда турмоқчимисиз? Унда асар ёзиш нима бўлади? Орзулар-чи, илҳом-чи?
— Менда бошқа ҳеч қандай орзу-армон қолмади, илҳом ҳам йўқ энди, — деб жавоб қилди уста, — ҳаётда мени энди ҳеч нима қизиқтирмайди, ёлғиз Маргодан бошқа, — деб у яна қўлини Маргаританинг бошига қўйди, — мени майиб қилишди, юрагим зиқ, подвалда тургим келяпти.
— Пилат ҳақидаги романингиз нима бўлади?
— У романни кўрарга кўзим йўқ, — деб жавоб қилди уста, — мен ўша роман туфайли кўп азоб чекдим.
— Ўтинаман сендан, — зорланиб деди Маргарита, — асло бундай дема. Нега, ахир, мени қийнайсан? Биласан-ку, мен бутун ҳаётимни тикканман шу ишинг учун. — Шундан сўнг Маргарита Воландга қараб илова қилди: — Қулоқ солманг гапига, мессир, жуда қаттиқ азоб чеккан у.
— Ахир бирон нарса тўғрисида ёзиш керак-ку! — дерди Воланд, — агар анави прокуратор ҳақида ёзадиган гапингиз қолмаган экан, унда ҳеч бўлмаса Алоизийни тасвирланг.
Уста жилмайиб қўйди.
— Бунақа нарсани Лапшённикова босмайди, ундан кейин унинг қизиғиям йўқ.
— Ахир қандай кун кечирасизлар? Очлик-муҳтожлиқдами ?
— Ҳа, бажонидил, — деб жавоб қилди уста, сўнг Маргаритани ўз бағрига тортиб, унинг елкасидан қучаркан қўшиб қўйди: — Марго эс-ҳушини йиғиб олгач, мени тарк этади...
— Тарк этмайди, — деди Воланд тишларини гижир қилиб, сўнг давом этди: — Демак, Понтий Пилат ҳақида тарихий асар ёзган одам узлатга чекиниб, подвалда қашшоқлиқда кун кечирмоқчими?
Маргарита устанинг пинжидан чиқиб, жуда қизишиб гапира бошлади:
— Мен қўлимдан келганча уриниб кўрдим, кишини васвасага солувчи энг ширин сўзларни айтдим қулоғига. Лекин у барибир бош тортяпти.
— Қулоғига нима деб пичирлаганингизни биламан, — деди Воланд, — лекин у гаплар унчалик васвасали эмас эди. Сизга шуни айтмоқчиманки, — жилмайиб туриб устага мурожаат қилди у, — романингиз ҳали сизга кўп эзгуликлар олиб келади.
— Бу ғирт ғурбат бўлади, — деди уста.
— Йўқ, йўқ, ғурбат бўлмайди, — деди Воланд, — энди ҳеч ҳам қўрқинчли бўлмайди. Хуллас, Маргарита Николаевна, ҳамма иш қилиб бўлинди. Айтинг-чи, менга бирон эътирозингиз борми?
— Бе, қўйсангиз-чи, нималар деяпсиз, мессир!
— Унда, мана бу мендан сизга эсдалик бўлсин, — деди Воланд ва ёстиқ остидан ҳаммаёғига олмос тошлар қадалган кичкинагина олтин тақа олди.
— Йўқ, йўқ, асло, нима иш қилипман!
— Мен билан баҳслашмоқчимисиз? — деди Воланд жилмайиб.
Маргарита, эгнидаги плашнинг чўнтаги бўлмагани сабабли, тақачани рўмолчага тугиб олди. Шунда бир ҳол уни тонг қолдирди. У тўлиной ёғду сочиб турган деразага ўгирилиб шундай деди:
— Мен бир нарсага ҳеч тушуна олмаяпман... Ярим тун бўлганига анча вақт бўлди-ю, аммо ҳалиям ўша-ўша ярим тун... нега бундай? Менинг тахминимча, аллақачон тонг отган бўлиши керак эди.
— Байрам тунининг бир оз узайгани дилга кўп манзур бўлади-да, — деб жавоб қилди Воланд. — Хўп бўлмаса, сизларга бахт тилайман.
Маргарита тавалло қилмоқчи бўлгандай қўлларини Воланд томон чўзди, лекин унга яқинлашишга журъат этолмай, оҳиста деди:
— Алвидо! Алвидо!
— Кўришгунча хайр, — деди Воланд.
Шундан кейин Маргарита қора плашда, уста эса касалхона халатида заргар бевасининг шам ёниб турган даҳлизига чиқишди, бу ерда уларни Воланднинг мулозимлари кутиб туришарди. Улар ташқарига чиқа бошлашди, шунда Гелла роман нусхалари билан бирга Маргарита Николаевнанинг буюмлари солинган чамадонни кўтариб олди, мушук унга кўмаклашди. Квартира остонасида Коровьёв таъзим билан хайрлашиб, кўздан ғойиб бўлди, қолганлар меҳмонларни зинадан кузатиб туша бошладилар. Зина бўм-бўш эди. Улар учинчи қаватнинг майдончасидан ўтишаётганда бир нима «тўп» этгандай бўлди, лекин бунга ҳеч ким парво қилмади. Подъезд эшигига етишганда, Азазелло тепага қараб «пуф» деди, кейин ҳаммалари ой ҳали мўраламаган ҳовлига чиқишди-ю, эшик олдида этик ва кепка кийган бир одамнинг донг қотиб ухлаб ўтирганини кўришди. Бу ерда яна чироқлари ўчирилган каттакон қора машина турган бўлиб, унинг олд томонидаги ойнасидан рулда ўтирган қарғанинг шарпаси ғира-шира кўринарди.
Энди машинага чиқмоқчи бўлишганда Маргарита бирдан алам билан оҳиста чинқириб юборди:
— Вой ўлмасам, тақани йўқотиб қўйибман!
— Машинага ўтиринг, — деди Азазелло, — мени кутиб туринглар. Хозир қайтаман, нима бўлганини билиб келаман. — У подъездга кириб кетди.
Гап бу ёқда эди: Маргарита билан уста ўз кузатувчилари билан заргар беваси квартирасидан чиқишмасдан сал олдин, шу квартира остидаги 48-квартирадан битон ва сумка кўтарган ориққина бир аёл зина майдончасига чиққан эди. Бу — чоршанба куни ғалтак олдида писта ёғи тўкиб юбориб, Берлиозни балога гирифтор қилган ўша Аннушка эди.
Бу аёлнинг Москвада нима билан шуғулланишини, қандай маблағ ҳисобига кун кечиришини шу пайтгача ҳеч ким билмаган, энди бундан кейин ҳам ҳеч ким ҳеч қачон билолмаса керак. Унинг тўғрисида фақат шу нарса маълум эди: уни ҳар куни гоҳ битон, гоҳ сумка, гоҳида сумкаям, битонам кўтарган ҳолда — ё нефть дўконида, ё бозорда, ё бўлмаса уй бостирмаси остида, ё зинада, аксарият пайт эса ўзи яшаб турган 48-квартиранинг умумий ошхонасида кўриш мумкин эди. Бундан ташқари, одамларга у ҳақда яна ҳам кўпроқ маълум бўлган нарса шу эдики, Аннушка пайдо бўлган ҳамма ерда ўша заҳоти албатта жанжал кўтариларди, бундан ташқари унинг лақаби ҳам «Ўлат» эди.
Аннушка — Ўлат одатда жуда барвақт турар, бугун эса каллайи саҳарлаб — соат бир бўлмасдан туриб олди. У калит солиб эшикни очди, олдин йўлакка бошини чиқариб қаради, кейин ўзи чиқди. Эшикни ёпиб, энди кетишга шайланган эди ҳамки, ўзидан юқори қаватда эшик тарақлади, кимдир зинадан пилдираб тушиб келиб, Аннушкага урилиб кетди, бу зарбадан Аннушка гардани билан деворга бориб урилди.
— Қай гўрга шошяпсан битта ички иштонда, касофат? — деб чийиллади Аннушка оғриган гарданини чангаллаганча. Эгнига фақат ички кўйлак-иштону бошига кепка кийган, қўлига чамадон кўтариб олган, кўзлари юмуқ бу одам уйқусираган дағал овоз билан жавоб қилди:
— Колонка! Купорос! Битта оқлашнинг ўзига қанча сарф бўлганди, — кейин у йиғлаб юбориб бақирди: — Даф бўл! — Шундан кейин у зинадан пастга эмас, яна орқага — юқорига, экономист ойнасини тепиб синдирган дераза олдига югуриб чиқди-да, оёғи осмондан бўлиб шу дераза орқали ҳовлига учиб чиқиб кетди. Аннушканинг оғзи ланг очилиб қолди, у ҳатто гарданининг оғриётганини ҳам унутиб қўйиб, ўша дераза олдига отилиб чиқди. У қорнига ётиб, бошини деразадан чиқарди: фонус ёритган ҳовлида бояги чамадон кўтарган одамнинг чилпарчин бўлиб ўлиб ётганини кўраман деб ўйлаган эди у. Аммо асфальт ҳовлида ҳеч нима йўқ эди.
Бу уйқусираган аломат жонзод ўзидан ҳеч бир ном-нишон қолдирмай мисоли қушдай учиб кетиптида, деб тахмин қилишдан ўзга илож қолмади. Аннушка чўқиниб олиб, кўнглидан ўтказди: «Ҳа, бу эллигинчи квартира айтганларича бор экан! Одамлар бекорга гапиришмаган экан! Ана квартираю мана квартира!».
У шундай хаёлга бориб турганида тепадаги эшик яна тарақладию яна бир одам чопиб туша бошлади. Шунда афти бир оз чўчқанинг тумшуғига ўхшаб кетса ҳам, аммо соқол қўйган ва хийла басавлат бир киши ўзини четга олиб деворга қисилиб турган Аннушканинг ёнидан «ғиз» этиб ўтиб, бу ҳам худди бояги одам сингари асфальт ҳовлига йиқилиб ўлиши мумкинлигини ўйламай, ўзини деразадан отди. Аннушка бугун уйдан нима мақсадда чиққанини ҳам унутиб, зинада қолди, у ҳадеб чўқинар, оҳ-воҳ қилар, ўзи билан ўзи гаплашар эди.
Салдан кейин учинчи одам (буниси — соқол-мўйловсиз, кулча юз, эгнига кўкрак бурма кенг кўйлак кийган эди) юқоридаги эшикдан отилиб чиқиб, у ҳам аввалги киши сингари деразадан учиб чиқиб кетди.
Шуни ҳам айтиш керакки, Аннушка ўзига етганча синчков эди, шунга кўра, яна биронта янги мўъжиза содир бўлмасмикин, деб яна кутишга аҳд қилди. Юқори қаватдаги эшик яна очидди, бу сафар зинадан бир талай одам тушиб кела бошлади, лекин улар чопмасдан, ҳамма одамлар қатори баҳузур юриб тушишарди. Аннушка дераза олдидан қочиб, «ғир» этиб ўз эшиги олдига чопиб тушди, шоша-пиша эшикни очиб, ўзини унинг панасига олди, шунда сал очиқ қолдирилган эшик тирқишидан унинг қаттиқ ҳаяжонланган синчков кўзи «лип-лип» чақнади.
Касаллигиниям, касалмаслигиниям билиб бўлмайдиган, ранги бўздай оқарган, соқол-мўйлови ўсиб кетган, эгнига аллақандай халат, бошига қора шапкача кийган ғалати бир одам базўр қадам қўйиб тушиб келарди. Елкасига қора ридо ташлаган (ним қоронғида Аннушканинг кўзига шундай кўринган эди) бир хоним ҳалиги одамни эҳтиётлаб қўлтиқлаб олганди. Хоним ялангоёқмиди, ё оёғига қандайдир жуда ялтироқ, йиртилиб тилка-тилка бўлиб кетган (чет элники бўлса керак) туфли кийганмиди — буни аниқ айтиш қийин. Вой шарманда-е. Туфлини гапирасиз-а! Ахир бу ойимча қип-яланғочу! Ҳа-да, яланғоч елкасига жубба ташлаб олипти, холос! «Жин текканми ўзи бу квартирага, нима бало?» Эртага қўшниларига оғиз кўпиртириб сўзлаб берадиган гап топилганидан Аннушка ич-ичидан қувонарди..
Ғаройиб либосдаги бу хонимча орқасидан қўлига чамадонча кўтарган мутлақо қип-яланғоч бошқа бир хонимча тушиб келар, чамадон ёнида эса хирсдай келадиган бир қора мушук ғивирсирди. Аннушка кўзларини ишқаларкан, ҳайратдан чинқириб юборишига сал қолди.
Ҳаммадан орқада пакана, ғилай кўз, эгиига оқ иимча кийиб, бўйнига галстук боғлаган бир ажнабий оқсоқланиб тушиб келарди. Уларнинг ҳаммаси Дтшушканинг эшиги ёнидан ўтиб, пастга туша бошлади. Улар майдончадан ўтишаётганда бир нима тўқ» этди. Оёқ товушларининг тина бошлаганини эшитган Аннушка этагидан худди илондек сирғалиб чикди, битонини девор тагига қўйиб, қорни билан майдончага ётди-да, ҳаммаёққа қўл чўзиб тимирскилана бошлади. Мана, қўлига оғир бир нарса ўралган рўмолча илинди. Аннушка рўмолчани очиб, қимматли топилмани у кўзига яқин олиб борган эди, кўзи нақ оч бўриники сингари ёна бошлади. Аннушканинг миясида қуюн кўтаридди: «Ҳеч нарса билмайман! Ҳеч нарса кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ! Жиянимникига олиб борсаммикин? Ё арралаб бўлак-бўлакка ажратайми? Олмос тошларни кавлаб олсам ҳам бўлади... Кейин уларни битта-биттадан пуллайвераман: бирини Петровка бозорида, яна бирини Смоленский бозорида... Хуллас, ҳеч нарса кўрмадим, ҳеч нарса эшитмадим, ҳеч нарса билмайман!».
Аннушка топилмани қўйнига ягпириб, битонини қўлига олди-да, шаҳарга чиқиш режасидан воз кечиб, ўз квартирасига «шип» этиб кириб кетмоқчи бўлган эди, рўпарасида бирдан бояги оқ нимча кийган одам (осмондан тушганиниям, ердан чиққаниниям ҳеч ким билмайди) пайдо бўлди ва секингина пичирлади:
— Қани, чўз рўмолчага ўралган тақачани.
— Вой, қанақа тақача, қанақа рўмолча? — деб сўради Аннушка усталик билан ўзини гўлликка солиб, — ҳеч қанақа рўмолчани билмайман. Нима бало, гражданин, мастмисиз дейман?
Оқ нимча кийган ажнабий ортиқ чурқ ҳам этмай ўзининг худди автобуснинг тутқичига ўхшаган қаттиқ ва совуқ бармоқлари билан Аннушканинг бўйнига чанг солиб, уни хиппа бўғди. Аннушканинг қўлидан битони тушиб кетди. Нимча кийган ажнабий бир неча фурсат Аннушканинг нафас йўлини шу тарзда бўғиб туриб, сўнг қўлини унинг бўйнидан олди. Аннушка энтикиб-энтикиб нафас олгач, жилмайиб деди:
— Э-э, тақача денг? Мана, ҳозир! Сизникимиди бу тақача? Қарасам, ерда рўмолчага ўроғлиқ ётипти... Мен, яна битта-яримта илиб кетмасин, деб атайлаб яшириб қўйдим, биров илиб кетса борми, икки дунёда ҳам топа олмасдингиз!
Ажнабий рўмолчага ўралган тақачани олгач, Аннушкага қуюқ таъзим қилиб, қўлини маҳкам сикди, чет элликларга хос талаффуз билан унга қизғин миннатдорлик билдира бошлади:
— Сиздан беҳад миннатдорман, мадам. Бу тақача ёдгорлик сифатида қадрли мен учун. Бинобарин, буни асраб қолганингиз учун ижозатингиз билан сизга икки юз сўм мукофот берсам. — Шундай деб у дарҳол нимчасининг чўнтагидан пул чиқариб, Аннушкага узатди.
У зўрма-зўраки жилмаяркан, нуқул:
— О, чин қалбимдап ташаккур айтаман сизга! — деб чийилларди. — Мерси! Мерси!
Саховатли ажнабий бир сакрашнинг ўзида зинанинг кейинги майдончасига тушди, лекин буткул кўздан ғойиб бўлишидан олдин пастдан туриб (энди талаффузсиз) қичқирди:
— Сен, жодугар кампир, агар бундан кейин яна бировнинг буюмини ердан топсанг, қўйнингга яширмасдан, дарров милицияга топшир!
Зинада содир бўлган бу ҳодисалардан мияси ғовлаб, тинимсиз ғувиллаётганини ҳис қилган Аннушка яна анча маҳалгача беихтиёр қичқиришда давом этди:
— Мерси! Мерси! Мерси! — аммо ажнабийнинг аллақачон қораси ўчган эди.
Энди ҳовлида машина ҳам йўқ эди. Азазелло Воланднинг соғасини Маргаритага қайтариб бергач, яхши жойлашиб ўтирдингизми, деб сўради ва у билан хайрлашди. Гелла эса хайрлашув олдидан Маргаритани чўлпиллатиб ўпди, мушук унинг қўлини ўпиб хайрлашди, кузатувчилар ўриндиқнинг бир бурчагида жонсиз жасаддек «қилт» этмай ўтирган уста билан қўл силкишиб хайрлашишди, кейин қарғага ҳам қўл силкишдию ўзларипи уринтириб зинадан чиқиб боришни хоҳламай, шу заҳоти ҳавода эриб ғойиб бўлишди. Қарға машина чироқларини ёқиб, уни соқчилик қилаётган одам донг қотиб ухлаб ўтирган бостирма остидан ҳайдаб чиқди. Шундан кейин бу улкан қора машинанинг чироқлари сершовқин ва бедор Садовая кўчасидаги беҳисоб чироқларга қоришиб, кўздан ғойиб бўлди.
Яна бир соатдан кейин Маргарита Арбатга туташган тор кўчаларнинг биридаги мўьжазгина уй подвалининг биринчи хонасида (бу ердаги ҳамма нарса ўтган йилги кузнинг ўша даҳшатли тунига қадар қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолган эди) духоба дастурхон ёзилиб, устига соябонли лампа, лампа ёнига марваридгул солинган гулдон қўйилган стол ортида ўтирар ва бошига тушган ҳаяжону бахтдан товушсиз йиғларди. Унинг қаршисида олов ямлаб ташлаган дафтар ётар, бу дафтар ёнида қўл тегмаган бир даста дафтар тахланиб турарди. Бутун уй сукутта толган. Қўшни хонадаги диванда устига касалхона халати ёпилган уста бир меъёрда товушсиз нафас олиб маст уйқуда ётарди.
Маргарита йиғлаб-йиғлаб юрагини бўшатгач, қўл тегмаган дафтарларни ўқишга киришди. У Кремль девори остида Азазелло билан учрашишидан олдин уйида қайта-қайта ўқиган жойни топди. Маргаританинг ухлагиси келмасди. У қўлёзмани худди ёқимтой мушукни силагандай силар, уни ҳар томонини айлантириб томоша қиларкан, дам унинг зарварағига тикилиб қолар, дам орқа бетига кўз ташларди. Шунда бирдан унинг кўнглига, буларнинг ҳаммаси бир жодугарлик, ҳозир бу дафтарлар ғойиб бўладию ўзимни яна уйим ётоқхонасида кўраман, ана унда уйқудан уйғонган заҳотим сувга чўкиб ўлиш учун дарё бўйига боришимга тўғри келади, деган даҳшатли фикр келди. Лекин бу энг сўнгги даҳшатли фикр бўлиб, у Маргарита узоқ вақт ўз бошидан кечирган оғир изтиробларнинг акс-садоси эди. Ҳеч нима ғойиб бўлмади, иқтидорли Воланд чиндан ҳам қудратли экан, Маргарита кўнглига сиққанча, ҳаттоки тонг отгунга қадар ҳам дафтарларни варақлаб, уларга кўз югуртириб, саҳифаларини ўпиб, ундаги сўзларни қайта-қайта ўқиб ўтириши мумкин эди:
— Ўртаер денгизи ёқдан бостириб келган зулмат прокураторга манфур бўлган шаҳарни буркаб олди... Ҳа, Ўртаер денгизи....

Йигирма бешинчи боб
Прокураторнинг Кириафлик Иудани Қутқармоқчи Бўлгани
Ўртаер денгизи ёкдан бостириб келган зулмат прокураторга манфур бўлган шаҳарни буркаб олди. Жомени даҳшатли Антоний минораси билан улаган муаллақ кўприклар ғойиб бўлди, осмондан тушган қуюқ зулмат ҳипподром узра қанот ёзган маъбудларнинг ҳайкалларини, Хасмоней қасрини ва унинг шинакларини, бозорларни, карвонсаройларни, кўчалар ва ҳовузларни қамраб олди... Азим шаҳар — Ершалаим гўё ҳеч қачон дунёда бўлмагандай кўздан йўқолди. Ершалаим ва унипг атрофида тирик жон борки, ҳаммасига зулмат таҳдид солди ва битта қўймай ютиб юборди. Баҳорги нисон ойининг ўн тўртинчи куни кечки пайт денгиз томондан жуда аломат булут бостириб келган эди.
Булут Тақир Бошчаноқни — жаллодлар қатлларга шоша-пиша найза санчиб ўлдираётган ўша Тақир Тепани — буткул буркаб олди. У яна айни пайтда Ершалаимдаги жомени ҳам чулғаб олди, сўнг у жойлашган тепаликдан мисоли тутундек бурқсаб оқиб тушиб, Қуйи Шаҳарни ҳам буткул қамради. У уй дарчаларидан оқиб кирар ва қинғир-қийшиқ кўчаларда юрган одамларни уй-уйларига қувиб киритарди. У ўз оби-раҳматини қуйишига шошилмас, ҳозирча фақат шуъла сочарди. Чақмоқ чақилиб, қора бўтқани эслатувчи булутни чок қилиши билан қуюқ зулмат оғушидан томи балиқ тангаларини эслатувчи жоменинг хмаҳобатли қомати қад кўтарарди. Лекин чақмоқ бир зумда сўнардию жоме яна зулмат қаърига ғарқ бўларди. Жоме биноси шу зайл бир неча тақир зулмат қўйнидан отилиб чиқиб, яна шу зулматга шўнғиди, лекин унинг ҳар шўнғишини момақалдироқ мудҳишона гумбурлаб кузатди...
Жала кутилмаганда шаррос қуйиб юборди, шунда момақалдироқдан қуюн вужудга келди.
Прокуратор билан ҳазрати бузрук боя чошгоҳда суҳбат қурган боғдаги мармар ўтирғич ёнида ҳозир мисоли замбаракдек гумбурлаган яшин бир туп сарв дарахтини худди бир чўпдек чўрт синдирди. Бўрон устунлар пойига — балконга ёмғир ва дўл билан бирга атиргуллару магнолия япроқларини узиб, шох-шаббалар ва қум тўзони билан учириб келарди.
Бу маҳал устунлар пойида фақат бир киши бор эди, у ҳам бўлса прокуратор эди.
Энди у креслода ўтирмас, балки чорпояда ёнбошлаб ётарди, чорпоя олдида турган хонтахтага турли ноз-неъматлару май тўлдирилган кўзалар қўйилган эди. Хонтахтанинг нариги томонида иккинчи чорпоя бор эди. Прокураторнинг оёғи остида қизил кўлмак бўлиб, у қонни эслатар, шу кўлмакда синган кўзанинг сополаклари ётарди. Боя момақалдироқ олдидан прокуратор учун дастурхон тузаётган хизматкор соҳибининг қаттиқ тикилиб қараганидан негадир эсанкираб қолган ва хўжамнинг кўнглини тополмадим чоғи, деб безовта бўла бошлаган эди, шунда прокураторнинг аччиғи чиқиб май кўзасини кошинкор полга уриб чилчил қилган ва хизматкорга:
— Нега узатаётганингда кўзимга қарамайсан? Нима, бирон нима ўғирладингми? — деб ўдағайлаб берган эди.
Африкалик хизматкорнинг қоп-қора юзи шунда кўкариб кетган, кўзларида даҳшат аломатлари пайдо бўлган эди, у дағ-дағ қалтираб сал бўлмаса иккинчи кўзани ҳам синдириб қўярди-ю, бироқ прокураторнинг ғазаби қанчалик тез қайнаган бўлса, шунчалик тез сўнган эди. Африкалик апир-шапир сополакларни йиғишга ва кўлмакни артишга киришган эди, лекин прокуратор қўл силтади ва қул бу ердан ғизиллаб чиқиб кетди. Кўлмак артилмай қолди.
Энди, бўрон пайтида, африкалик қул прокураторнинг кўзига бевақт ташланишдан қўрқиб ва айни пайтда у чақирган чоғда ғафлатда қолишдан хавфсираб, бошини хам қилган яланғоч аёлнинг оппоқ ҳайкали ўрнатилган камгак ерда биқиниб ўтирарди.
Рутубатли ним қоронғи кунда чорпояда ёнбошлаб ётган прокуратор қадаҳга ўзи май қуяр, уни қултум-қултум қилиб узоқ вақт ичар, онда-сонда нон олиб, уни ушатар, кичик-кичик тишлаб ер, аҳён-аҳёнда устрица сўрар, лимон чайнар ва яна май ичарди.
Агар шариллаб ёғаётган жала, қаср томини мажақлаб юборгудек дағдағали қалдираётган момақалдироқ, балкон пиллапояларига тарақлаб ёғаётган дўл бўлмаганда прокураторнинг ўзича нималарнидир ғўлдираётганини эшитса бўларди. Агар беқарор самовий чақмоқ барқарор шуълага айланганида борми, прокураторни кузатаётган одам унинг сўнгги кунлардаги бедорлиги ва кўп май ичганлиги оқибатида яллиғланган кўзларида сабрсизлик акс этаётганини, унинг наинки қизил кўлмакка ботган икки дона оқ атиргулга, балки емғир савалаб, қум учқунларини учириб келаётган боғ томонга дам-бадам юз ўгираётганини, кимнидир бетоқат кутаётганини кўрарди.
Орадан бирмунча вақт ўтди, шаррос қуяётган ёмғир пардаси прокураторнинг кўзи олдида юпқалаша бошлади. Қуюн нақадар пуршиддат бўлмасин, у ҳам анча ҳовуридан тушди. Дарахтларнинг қуруқ шохлари энди шитирламай, тўкилмай қўйди. Момақалдироқ садоси, чақмоқ чақини сийраклашди. Энди Ершалаим узра оқ ҳошияли бинафша ранг чойшаб эмас, балки энг сўнгги оддий кул ранг булутлар сузиб ўтарди. Момақалдироқ Ўлик денгиз томон равона бўлган эди.
Энди ёмғир шовқинини ҳам, тарновлардан оқаётган сувнинг шариллашини ҳам, халққа ҳукмни эълон қилиш учун прокуратор эрталаб майдонга тушиб борган зиналардан шовуллаб оқаётган жилғанинг овозини ҳам аниқ эшитиш мумкин эди. Ниҳоят, шу топгача бўрон ва момақалдироқ босиб юборган фавворанинг шилдираши ҳам аниқ эшитила бошлади. Кун ёришди. Шарқ томон учиб кетаётган булут пардаси орасидан кўм-кўк самовий дарчалар очилди.
Шу маҳал, энди оҳиста севалаб ёғаётган ёмғирнинг чакиллаши орасидан прокураторнинг қулоғига олисдан карнайларнинг, юзлаб отларнинг туёқ товуши элас-элас эшитилди. Прокуратор буни эшитиб, ўрнида бир қўзғалиб қўйди, унинг чеҳраси хийла ёришди. Отлиқ қўшин Тақир Тепадан қайтаётган эди, ҳозир у, туёқ товушларига қараганда, ҳукм эълон қилинган майдондан ўтаётган эди.
Ниҳоят прокуратор боғнинг юқори айвонига олиб чиқувчи зинада, ровон бўсағасида ўзи кўпдан кутган оёқ товушини эшитди. У бўйнини чўзиб қараб, кўзлари қувончдан чақнаб кетди.
Зинанинг икки ёнбошига ўрнатилган икки мармар шер оралиғида энг олдин қайтарма қалпоқли бош, кейин жиққа ҳўл плаши баданига чиппа ёпишган бир одам кўринди. Бу — ҳукмни эълон қилиш олдидан қасрнинг қоронғилатилган хонасида прокуратор билан пичирлашган, кейин қатл пайтида уч оёқли курсида ўтириб, чўп билан ер чизган ўша одам эди.
Бу одам кўлмакларни кечиб боғ саҳнини тик кесиб ўтди, кошинкор ровонга қадам қўйди ва қўлини кўтариб, ёқимли янгроқ овоз билан деди:
— Прокуратор омон бўлсин, ҳамиша шодмон бўлсин, — у лотин тилида гапирди.
— Ё тангрилар! — деб юборди Пилат, — роса ивиб кетибсиз-у! Бўронни қаранг-а! Қалай? Дарҳол менинг хосхонамга киришингизни илтимос қиламан. Лутф қилинг, либосингизни алмаштиринг.
Келган одам бошидан қайтарма қалпоқни ечган эди, жиққа ҳўл сочлари пешонасига ёпишиб қолгани маълум бўлди, у ўзининг силлиқ чеҳрасида таважжуҳ ҳосил қилиб, кийимини алмаштиришдан бош тортди ва ёмғир унга ҳеч бир зиён етказмаслигини уқдира бошлади.
— Эшитишни ҳам истамайман, — деди Пилат ва чапак чалиб ўзидан қочиб ўтирган хизматкорларни чақирди-да, меҳмонга қарашни, сўнгра дарҳол иссиқ овқат тортишни буюрди. Меҳмоннинг сочини қуритиши, бошқа либос, пойабзал кийиши ва умуман ўзини тартибга келтириб олиши учун жуда оз вақт керак бўлди. Бир зумдан кейин у қуруқ шиппак, қирмизи ҳарбий нлаш кийиб, сочларини силлиқ тараб балконга чиқди.
Бу пайт Ершалаим узра яна қуёш чарақлаган, Ўртаер денгизига ботишидан олдин прокуратор хуш кўрмаган шаҳарга бугун сўнгги марта видолашув нурини йўллаб, балкон пиллаиояларига заррин ранг бахш этган эди. Фавворага қайта жон кириб, баралла куйлай бошлади, кабутарлар яна қум сепилган йўлкаларга учиб тушишиб, синган шохчалар устидан сакрашаркан, «ҳу-ҳу»лашиб, ҳўл қумдан нималарнидир топиб чўқишарди. Қизил кўлмак энди артилган, сополаклар териб олинган, хонтахтадаги бир товоқ пишган гўштдан буғ чиқарди.
— Прокураторнинг амрини эшитишга мунтазирман, — деди меҳмон хонтахтага яқин келаркан.
— То мен билан ўтириб май ичмагунингизча ҳеч нима эшитмайсиз, — деди Пилат назокат билан ва уни иккинчи чорпояга таклиф қилди.
Келган одам чорпояга ёнбошлади, хизматкор унинг кадаҳига қуюқ қизил шароб қуйди. Иккинчи хизматкор эса Пилатнинг елкаси оша эҳтиётлик билан энгашиб, унинг қадаҳини тўлдирди, Шундан сўнг прокуратор бир имо билан иккинчи қулни жўнатиб юборди. келган одам тановул билан банд экан, Пилат майдан ҳуплаб-ҳўплаб, қисиқ кўзлари билан меҳмонни кузатиб ётди. Меҳмон ўрта ёшлардаги одам бўлиб, истараси иссиқ, кулча юзи тароватли, бурни гўштдор эди. Сочининг қандай рангда эканлигини аниқ айтиш қийин эди. Хозир, қурий бошлагач, у сарғиш тусга кираётган эди. Унинг қайси миллатга мансублигини ҳам аниқлаш мушкул эди. Чеҳрасидаги асосий белги хушмуомалалик деса ҳам бўларди-ю, бироқ кўзлари, аниқроғи, кўзлари ҳам эмас, балки ўз суҳбатдошига тикилиб қараш тарзи чеҳрасидаги ўша хушмуомалаликка путур етказарди. У биткўз бўлиб, одатда, сал шишинқирагандек кўринувчи ғайриоддий қовоқлари остидан беозор муғамбирлик билан боқарди. Чамаси, меҳмон мутоибага мойил эди. Бироқ бу мутоиба учқуни ўқтин-ўқтин кўзларипи мутлақо тарк этиб, у қовоқларини кўтарар, кўзларини катта очиб, гўё суҳбатдошининг бурни учидаги кўз илғамас бирон доғни тез кўриб олмоқчи оўлгандай, унга дабдурустдан қаттиқ тикиларди. Лекин бу тикилиш бир лаҳзагина давом этиб, қовоқлар яна гушар, кўзлар қисилиб, уларда мулойимлик ва муғамбирона идрок учқуни порлай бошларди.
Меҳмон иккинчи қадаҳга ҳам мойиллик билдирди, бир нечта устрицани ошкора лаззат билан лаққа-лаққа ютиб юборди, сабзавот димламасидан татиб кўрди, гўштдан ҳам бир бўлагини олиб еди.
Қорни тўйгач майни мақтади:
— Аъло нав узум, прокуратор, лекин бу — «Фалерно» бўлмаса керак?
— «Цекуба», ўттиз йиллик, — лутфан жавоб қилди прокуратор.
Меҳмон қўлини кўксига қўйиб, қорни тўйганлигини айтди ва миннатдорчилик билдирди. Шунда Пилат ўз қадаҳига май тўлдирди, меҳмон ҳам шундай қилди. Икковлари ўз қадаҳларидан гўшт солинган лаганга бир оз май паймо қилдилар, кейин прокуратор қадаҳини кўтариб, баралла овоз билан деди:
— Биз учун ҳамда жаҳонда энг азиз ва мўьтабар инсон, римликлар падари бўлмиш бузрук қайсар, сен учун!
Шундан сўнг улар қадаҳларни охиригача сипқордилар, африкалик қуллар хонтахта устидаги таомларни йиғиштириб олиб чиқиб кетишди, бу ерда фақат ҳўл мевалару кўзаларда шароб қолди. Прокуратор яна бир имо билан хизматкорларни кетқазиб юборди ва устунлар пойида — ровонида энди ўз меҳмоии билан қолди.
— Хўш, — деб оҳиста гап бошлади Пилат, — бу шаҳар аҳолисининг кайфияти ҳақида қанадй фикрдасиз?
Шундай деб у нигоҳини беихтиёр шийпоннинг нариёғига, офтобнинг сўнгги шуълаларига ғарқ бўлган пастликдаги устуиларга, уйларнинг ясси томларига қаратди.
— Тахминимча, прокуратор, — деб жавоб қилди меҳмон, — Ершалаимдаги ҳозирги кайфият қониқарли.
— Демак, бетартиблик энди таҳдид солмайди, деб ишонса бўлади?
— Фақат, — деб жавоб қилди меҳмон прокураторга мулойим нигоҳ ташларкан, — дунёда бир нарсага — буюк қайсарнинг қудратига ишонса бўлади.
— Тангрилар унинг умрини зиёда қилсин, — деб шу заҳоти гапни илиб кетди Пилат, — давлатига осойишталик ато этсин. — У бир зум сукут сақлаб, сўнг давом этди: — Демак, сизнинг фикрингизча, энди қўшинни олиб кетса бўлади?
— Менимча, Шиддатли легион қоҳортаси кетса бўлади, — деб жавоб қидди мемон, сўнг илова қилди: — Лекин хайрлашув олдидан шаҳар кўчаларидан тантанавор марш қилиб ўтса ёмон бўлмасди.
— Жуда яхши фикр, — деб маъқуллади прокуратор, — эртадан кейин мен у қоҳортага жавоб бераман, ўзим ҳам жўнаб кетаман, сизга ўн икки худо жамоаси ҳаққи, аждодларимиз руҳи ҳаққи, онт ичиб айтаманки, шу ишимни шу бугун бажариш учун ярим давлатимни бахшида қилишга ҳам рози эдим.
— Прокуратор Ершалаимни хуш кўрмайдиларми? — мулойим оҳангда сўради меҳмон.
— Нимасини айтасиз, — деди прокуратор жилмайганча, — дунёда бундан нобоброқ жой йўқ. Иқлими ҳақида-ку гапирмасам ҳам бўлади. Ҳар гал бу ерга келганимда тобим қочади. Лекин буям баҳарнав. Бу ернинг ҳайит-байрамларини айтмайсизми — коҳинлар, с еҳргарлар, афсунгарлар, гала-гала зиёратчилар... Мутаассиблар, мутаассиблар! Битта масиҳо ғалваси қанча гашвишга қўйди — тавба, нега энди келиб-келиб уни шу бу йил зоҳир бўлади деб кута бошлашди-я? Энг кўнгилсиз хунрезликларнинг шоҳиди бўламан деб ҳар дақиқа юрак ҳовучлаб турасан. Қўшинларни муттасил жойдан-жойга кўчириш, ярмидан кўпи ўз устингдан ёзилган чақувлар, ғийбатларни ўқиш! Ҳаммаси юракни зиқ қиладиган ишлар, шундай эмасми? О, агар император хизматида бўлмаганимдами!..
— Тўғри, бу ердаги байрамнинг дахмазаси ҳам оор, — деб эътироф этди меҳмон.
— О, кошкийди шу байталмон байрам тезроқ тугай қолса, — илова қилди Пилат анча жонланиб. — Унда мен ниҳоят Қайсарияга қайтиш имкониятига эга бўлардим. Ишонасизми, Ироднинг манави бемаъни иншооти, — прокуратор қўлипи устунлар ёқалаб олисга чўзган эди, унинг қаср ҳақида гапираётган чаълум бўлди, — мени тамомила жинни қилиб кўймоқда. Мен у ерда тунай олмайман. Дунёда бунақа бетайин иншоот бўлган эмас. Ҳай, асосий гапга қайтайлик. Аввал айтинг-чи, анави лаънати Варравван сизни хавотирга солмаяптими?
Шу чоғ меҳмон ўзининг ўша махсус нигоҳини прокураторнинг ёноғига қаратди. Лекин у афтини буриштириб, узоққа — ўз пойи остидаги шаҳрининг шимолда хийла хиралашган қисмига эринчоқлик билан тикиларди. Меҳмоннинг нигоҳи яна сўниб, қовоқлари осидди.
— Энди Вар мусичадек беозор бўлиб қолган, деб бемалол айтиш мумкин, — деди меҳмон кулча юзида ажинлар пайдо бўлиб. — Энди у исён кўтаришга ийманади.
— Шунчалик машҳурми у? — деб сўради Пилат мийиғида кулиб.
— Прокуратор, ҳар сафаргидек, масаланинг нозик жиҳатини яхши фаҳмладилар!
— Лекин ҳарна бўлганда ҳам, — деди прокуратор ташвишли оҳангда ва қора кўзли узук тақилган ингичка, узун бармоғини юқори кўтариб, — йўлини қилиш керак...
— О, прокуратор хотиржам бўлсинлар, камина Иудеяда эканман, Варраван бизнинг назоратимизсиз бир қадам ҳам жила олмайди.
— Энди кўнглим тинчиди, сирасини айтганда, сиз шу ерда бўлганингизда ҳамиша тинчман.
— Сиз беҳад саховатлисиз, прокуратор!
— Энди қатл ҳақида сўзлаб беринг, — деди прокуратор.
— Сизни айнан нима қизиқтиради?
— Оломон норозилик билдиришга уринмадими? Энг муҳим шу, албатта.
— Мутлақо, — деб жавоб қилди меҳмон.
— Жуда яхши. Маҳбусларнинг ўлганлигини ўзингиз аниқладингизми?
— Бунга имонингиз комил бўлсин, прокуратор.
— Айтинг-чи... уларни устунларга осиш олдидан ичимлик берилдими?
— Ҳа. Лекин у, — шундай деб меҳмон кўзини юмди, — ичишдан бош тортди.
— Ким у? — деб сўради Пилат.
— Афв этинг, игемон! — деди меҳмон, — исмини айтмадимми? Ҳа-Ноцри.
— Овсар! — деди Пилат, негадир афтини буриштириб. Унинг чап кўзи ости уча бошлади, — офтобда жизғанак бўлиб ўлишни афзал кўрипти. Қонун йўл берган нарсадан бош тортишнинг нима ҳожати бор экан? Нима деб важ қилди?
— У, — яна кўзини юмиб туриб жавоб қилди меҳмон, — миннатдорлик билдирди ва жонини олаётганлари учун айбламаслигини айтди.
— Кимни айбламаслигини? — бўғиқ овоз билан сўради Пилат.
— Буни айтмади, игемон.
— Навкарлар олдида ваъз қилишга уринмадими?
— Йўқ, игемон, у ерда у ниҳоятда камсухан эди. Бор-йўғи битта гап айтди; одамзодга мансуб иллатлар ичида энг марази қўрқоқликдир, — деди.
— Бу гапи билан нимага шама қилди? — деган совуқ овоз эшитилди бирдан меҳмоннинг қулоғига.
— Буни аниқлаб бўлмади. У, умуман, ҳар доимгидай ўзипи жуда ғалати тутди.
— Ғалатилиги нимадан иборат бўлди?
— У доим атрофдаги одамларнинг кўзига тикилиб қарашга уринди ва мудом паришонхотир жилмайиб гурди.
— Бор гап шуми? — деб сўради хириллаган овоз.
— Бора гап шу.
Прокуратор ўзига май қуятуриб, қадаҳни «дўқ» этиб қўйди. Кейин уни бир кўтаришда охиригача сииқорди-да, шундай деди:
— Гап бундай: гарчи биз — лоақал бугунги кунда — унинг бирон-бир мухлиси ёки издошини топа олмасак ҳам, барибир, ундайлар мутлақо йўқ деб кафолат бера олмаймиз.
Меҳмон бошини эгиб, диққат билан қулоқ солар эди.
— Шунга кўра, биронта тасодифий ҳолнинг олдини олиш мақсадида, — деб гапида давом этди прокуратор, — зудлик билан, ҳеч қандай товуш чиқармай учала қатлнинг жасадини ер юзидан йўқ қилишингизни ва уларни ими-жимида, ҳеч қандай ном-нишон қолдирмай кўмдириб ташлашингизни илтимос қиламан.
— Бош устига, игемон, — деди меҳмон ўрнидан тураркан, сўнг илова қилди: — Вазифа мураккаб ва масъулиятли бўлгани сабабли, рухсат этинг, дарҳол йўлга тушай.
— Йўқ, яна бир оз ўтиринг, — деди Пилат қўл ишораси билан меҳмонни йўлдан тўхтатиб, — яна ик-кита масала бор. Иккинчиси — сизнинг Иудея прокуратори ҳузурида махфий хизмат бошлиғи лавозимидек энг машаққатли ишда кўрсатган улкан хизматларингиз, кўрсатаётгаи фаолиятингиз тўғрисида Римда баёнот беришдек имкониятга мушарраф бўлганимдан бахтиёрман.
Меҳмоннинг юзи чўғдек қизариб кетди, у ўрнидан туриб прокураторга таъзим қиларкан, деди:
— Камина император хизматидаги ўз бурчимни адо этмокдаман, холос!
— Вале, мен сиздан шуни илтимос қилмоқчиманким, — деб давом этди игемон, — башарти сизга бу ердагидан каттароқ лавозим таклиф этиб, бошқа жойга жўнатмоқчи бўлсалар, у лавозимдан бош тортиб, шу ерда қолишга ҳаракат қилинг. Мен сиздан ажралишни зинҳор-базинҳор истамайман. Яхшиси, сизни бошқача тарзда тақдирласинлар.
— Сизнинг қўл остингизда хизмат қилиш мен учун катта бахт, игемон.
— Ғоят хурсандман. Энди, учинчи масала. Бу масала анави... кириафлик Иудага тааллукли.
Шу ерга келганда меҳмон яна прокураторга бир лаҳза қаттиқ тикилиб, сўнг яна қовоқларини ўйиб олди.
— Эшитишимча, — овозини пастлатиб давом этди прокуратор, — у анави телба файласуфни ўз уйида қучоқ очиб кутиб олгани учун пул олганмиш.
— Олади, — махфий хизмат бошлиғи оҳиста тузатиш киритди Пилатнинг гапига.
— Кўпми?
— Буни ҳеч ким билмайди, игемон.
— Ҳатто сиз ҳамми? — деди игемон хушомадона ҳайрат билан.
— Таассуфки, мен ҳам, — бамайлихотир жавоб қилди меҳмон, — лекин мен ўша пулни шу бугун кечқурун олишини биламан. Бугун уни Каифанинг қасрига чақиртиришди.
— Оббо, кириафлик хасис чол-е, — деди прокуратор жилмайиб, — чол бўлса керак-а у?
— Прокуратор ҳеч қачон янглишмайдилар, бироқ бу сафар хатога йўл қўйдилар, — назокат билан жавоб қилди меҳмон, — Кириафдан келган у одам ёш йигит.
— Қаранг-а! Сиз уни таърифлаб бера оласизми? Мутаассибдир ?
— Йўқ, асло, прокуратор.
— Дуруст. Яна нима биласиз?
— Ҳуснда баркамол.
— Яна? Балким, бирон нарсага ишқибоздир?
— Бу улкан шаҳарда ҳаммани муфассал ўрганиб чиқиш ғоят мушкул, прокуратор...
— Э, йўқ, йўқ! Афраний! Камтарлик қилманг!
— У бир нарсага ҳирс қўйган, прокуратор. — Меҳмон бир лаҳзалик сукутга толди. — Пулни яхши кўради.
— Ўзининг касби нима?
Афраний кўзини юқорига тикиб, ўйлаб турди, сўнг жавоб берди.
— У ўз хешларидан бирининг саррофлик дўконида хизмат қилади.
— Шунақа денг, ҳай, ҳай, ҳай. — Шундай деб прокуратор жим бўлиб қолди, балконда ҳеч ким йўқмикин дегандек, атрофга назар ташлади, сўнг овозини пастлаб деди: — Гап бу ёкда экан-да — менга бугун етказишди, уни бугун кечаси пичоқлаб кетишармиш. Шунда меҳмон қовоқларини кўтариб, прокураторга ҳар галгидан кўпроқ тикилиб қолди, сўнг жавоб қилди:
— Сиз мени боя жудаям мақтаб юборган эдингиз, прокуратор. Маълум бўлдики, мен ҳақимда Римда мақтов сўз айтишингизга муносиб эмасмен. Зеро бу гаплардан мен ғофилмен.
— Сиз энг олий мукофотга лойиқсиз, — деб жавоб қилди прокуратор, — лекин бу маълумотлар чиндан ҳам мавжуд.
— Сўрашга ижозат беринг, ким олиб келди бу маълумотни ?
— Хўп десангиз, ҳозирча бу ҳақда гапирмасак боз устига, у тасодифий, мавҳум ва шубҳали хабар. Лекин мен ҳамма нарсани олдиндан кўришим керак. Вазифам ўзи шунақа, аммо, биринчи навбатда, ўз савқимга ишонишим шарт, зеро у менга ҳали ҳеч қачон панд берган эмас. Энди мен билган маълумотга келсак, Ҳа-Ноцрининг махфий дўстларидан бири анави саррофнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган сотқинлигидан ғазабга келиб, ўз шериклари билан тил бириктирган ва бугун тунда уни ўлдирмоқчи, хоинлиги учун олган пулни эса: «Макруҳ пулингиз ўзингизга буюрсин!» — деган ёзув билан ҳазрати бузрукнинг қасрига ташлаб кетишмоқчи эмиш.
Махфий хизмат бошлиғи шундан кейин игемонга фавқулодда қараш қилмай қўйди ва кўзларини қисганча унинг гапини тинглашда давом этди:
— Бир тасаввур қилинг, — дерди Пилат, — келиб-келиб байрам оқшомида шундай совға олиш ҳазрати бузрукка хуш ёқармикин?
— Хуш ёқиш қаёқда, — жилмайиб туриб жавоб қидди меҳмон. — Менинг тахминимча, прокуратор, бу нарса катта жанжалга сабаб бўлади.
— Мен ҳам шундай фикрдаман. Шунинг учун ҳам сиздан бу иш билан машғул бўлишингизни, яъни кириафлик Иудани муҳофаза қилиш учун барча чораларни кўришингизни сўрайман.
— Игемоннинг амри вожиб, — деб гап бошлади Афраний, — аммо мен игемонга таскин бермоқчиман: ул бадкирдорлар бажарилиши ниҳоятда мушкул режа тузганлар. Ахир ўйлаб кўринг, — меҳмон атрофга бир қараб қўйиб, яна гапида давом этди: — Бир кечада одамнинг пайига тушиб, уни пичоқлаш, боз устига, унинг қанча ҳақ олганини билиш, бундан ташқари яна, пулни Каифага қайтариб ҳам бериш осонми? Яна шу бугуннинг ўзида-я?
— Шундай бўлса ҳам, уни бугун бўғизлаб кетишади, — деб такрорлади Пилат ўжарлик билан, — кўнглим сезиб турипти деб айтдим-ку сизга! Ҳали ҳеч қачон кўнглим менга панд берган эмас, — шу чоғ прокураторнинг юзи тиришиб, сал талвасага тушди, у қўлларини ишқалаб қўйди.
— Бош устига, — деди меҳмон мутелик билан, у ўрнидан туриб қаддини ростларкан бирдан жиддий оҳангда сўради: — Демак, уни сўйиб кетишади-а, игемон?
— Ҳа, — деб жавоб қилди Пилат, — энди бутун умидимиз сизнинг ҳайратона ишчанлигингизга қаратилган.
Меҳмон плаш остидаги залвар камарини тўғрилаб қўйиб деди:
— Хайр бўлмаса, ҳамиша омон ва шодмон бўлғайсиз.
— Дарвоқе, — деб оҳиста чинқириб юборди Пилат, — бутунлай унутаёзибмана? Ахир сиздан қарзман-ку!.
Меҳмон ажабланди.
— Қўйсангиз-чи, прокуратор, мендан сира ҳам қарз эмассиз.
— Ундай деманг! Эсингиздами, Ершалаимга кириб келаётганимда... бир тўда гадоларга дуч келувдим... уларга ақча сочмоқчи бўлганимда ёнимда ақчам йўқ эди, ўшанда сиздан олган эдим.
— О, прокуратор, арзимаган нарса!
— Арзимас нарсани ҳам унутмаслик лозим. Шундай деб Пилат орқасига ўгирилди ва курсида ётган плашини кўтариб, унинг тагида ётган чарм халтачани олиб меҳмонга узатди. Меҳмон халтачани оларкан эгилиб таъзим қилди ва плаши остига яширди. Пилат яна гап бошлади:
— Дафн борасидаги хабарингизни кутаман. Шунингдек кириафлик Иуданинг бугун тунда бўладиган иши юзасидан ҳам, эшитяпсизми, Афраний, бугун бўладиган иши. Келган заҳотингиз мени уйғотишлари ҳақида соқчиларга буйруқ бериб қўйилади. Сизни кутаман!
— Саломат бўлинг, — деди махфий хизмат бошлиғи ва орқасига ўгирилиб, балкондан туша бошлади. Унинг майдонча саҳнидаги ҳўл қум устида юрган, сўнг икки шер ҳайкали оралиғидаги мармар зинадан тушаётган оёқ товуши эшитилди. Кейин бирин-кетин унинг оёқлари, сўнг гавдаси ва ниҳоят, қайтарма қалпоқ кийган боши кўздан ғойиб бўлди. Ана шундагина прокуратор қуёш ботиб, қош қорая бошлаганини сезди.

Йигирма олтинчи боб
Дафн
Эҳтимол, мана шу қош қорая бошлагани прокураторнинг чеҳрасида кескин ўзгариш юз берганига сабаб бўлгандир. У шу бир зумнинг ўзида гўё қариб, мункайиб қолгандек бўлди, бунинг устига, ваҳимага тушиб, безовта бўла бошлади. У бир марта орқасига ўгирилиб, суянчиғига плаш илиб қўйилган бўш креслога кўзи тушди-ю, негадир сссканиб кетди. Байрам туни кириб келаётган ва кечки кўланкалар ўз ўйинини бошлаган эди, ким билсин, шунинг учун ҳам чарчаган ирокураторнинг кўзига бўш креслода биров ўтиргандай бўлиб кўрингандир. Прокуратор қўрқиб кетиб, плашни пайпаслаб кўрди, сўнг ўрнидан туриб, балконда у ёкдан-бу ёққа тинмай танда қўяркан, гоҳ қўлларини бир-бирига ишқалар, гоҳ хонтахтага яқин келиб, қўлига қадаҳ олар, гоҳ юришдан таққа тўхтаб, полга терилган ранг-баранг кошинлар орасида қандайдир сирли ёзувларни ўқимоқчи бўлгандай, уларга маъносиз тикилиб турарди.
Шу бугуннинг ўзида унинг иккинчи марта юраги ғаш бўла бошлади. У эрталабки жаҳаннамий дарднинг асоратидан энди хиёлгина симиллаб, зирқираб турган чаккасини ишқаларкан, не сабабдан бунчалик руҳий изтироб чекаётганини англашга уринарди. Гарчи буни у тезда фаҳмлаб олган бўлса ҳам. ўзини чалғитишга уриниб кўрди. Бугун кундузи ниманидир буткул бой бериб қўйгани унга кундай равшан эди, энди ана шу хатосини у қандайдир икир-чикир, энг муҳими кечиккан ҳаракатлар билан тузатмоқчи. Прокуратор ўз-ўзини алдаб, мана шу, ҳозирги, кечқурунги рафторларини эрталабки ҳукм каби муҳим деб ўзига-ўзи укдирмоқчи бўлар эди. Аммо бу уринишлари зое кетаётган эди.
У балконда у ёкдан-бу ёққа танда қўяркан, бурилаётиб таққа тўхтади ва ҳуштак чалди. Ҳуштакка жавобан зулмат ичидан итнинг ириллагани эшитилди ва туклари бўзранг, қулоқлари учли, бўйнидаги тасмасига олтин нишонлар тақилган баҳайбат бир кўппак боғдан отилиб кирди.
— Банга, Банга, — деб чақирди прокуратор ҳазин овоз билан.
Кўппак орқа оёқларида туриб, олдинги оёқларини эгасининг елкасига қўйди (Пилат гандираклаб кетди) ва унинг юзини ялади. Прокуратор креслога ўтирди. Банга тилини осилтириб, ҳаллослаб нафас оларкан, ўз соҳибининг оёғи остига ётди, айни пайтда, бу довюрак кўппакнинг кўзларидаги қувонч аломати, у қўрқадиган дунёдаги ягона нарса — момақалдироқнинг тугаганини, шунингдек бу ерда, ўзи севган, эъзозлаган ва дунёдаги барча одамларнинг ҳукмдори — энг қудратли инсон деб ҳисоблаган одамнинг (шулар туфайли кўппак ўзини ҳам энг имтиёзли, сарбаланд ва ғайриоддий хилқат деб ҳисобларди) ёнида ётганлигидан мағрурланаётганлигини ифодаларди. Лекин гарчи кўппак ўз соҳибининг пойида унинг чеҳрасига эмас, зулмат пардасига бурканаётган боққа қараб ётган бўлса ҳам, эгасининг бошига оғир кулфат тушганлигини дарҳол пайқади. Шунда у ётган еридан туриб, соҳибининг биқинига ўтди-да, олдинги оёқлари билан бошини прокураторнинг тиззасига қўйди ва бу билан унинг плаши этагини ҳўл қум зарралари билан булғади. Чамаси, Банга ўзининг бу рафтори билан соҳибига тасалли бермоқчи ва унинг дардига шерик бўлишга тайёр эканлигини билдирмоқчи эди. Бу ниятини у соҳибига қиё боққан кўзларида ва чимирилган қулоқларида ифода этган эди. Улар иккови — бир-бирига меҳр қўйган кўппак билан инсон байрам оқшомини шу зайлда балконда қарши олдилар.
Бу аснода прокураторнинг меҳмони ўз ёғига ўзи қоврилиб шаҳар кезарди. У балкон пойидаги боғнинг юқори саҳнини тарк этиб, зинадан пастки ҳовлига тушди. Ўнг томонга бурилиб, қаср ичига жойлашган казармалар олдига чиқди. Байрам муносабати билан прокуратор бошчилигида Ершалаимга келган ўша икки кентурия қўшин, шунингдек, прокураторнинг мазкур меҳмон ихтиёрига топширилган хуфия соқчилари шу казармаларга жойлаштирилган эди. Меҳмон бу казармаларда, нари борса, ўн дақиқача бўлди, ана шу ўн дақиқадан сўнг бу казарма ҳовлисидан ер кавлаш асбоблари ва бир бочка сув ортган учта арава чиқиб кетди. Араваларни кул ранг плаш кийган ўн беш нафар сувори кузатиб борарди. Аравалар ва суворилар қасрнинг орқа дарвозасидан чиқиб, ғарб томон йўл олдилар, шаҳар дарвозасидан чиққач эса сўқмоқ йўл билан аввалига Вифлеем йўлига тушиб, шимолга юрдилар. Ҳеврония дарвозаси яқинидаги чорраҳага етишгач, кундузи ўлимга ҳукм қилинганлар олиб ўтилган Яффа йўлидан юриб кетдилар. Бу пайт қоронғи тушган ва уфқда ой балқиган эди.
Аравалар суворилар кузатувида жўнаб кетгач, сал вақт ўтар-ўтмас энди эгнига эски қора либос кийиб олган бояги меҳмон ҳам от миниб қасрдан чиқиб кетди. Лекин меҳмон шаҳар ташқарисига эмас, шаҳар ичига йўл олди. Яна бир оз фурсатдан кейин уни шаҳарнинг шимолига, буюк жоменинг ёнгинасига жойлашган Антоний қасрига кириб бораётганини кўриш мумкин эди. Меҳмон қасрда ҳам кўп бўлмади, кейин уни Қуйи Шаҳарнинг «гадой топмас» қипғир-қийшиқ, тор кўчаларида учратишди. Бу ёққа у энди хачир миниб келган эди.
Меҳмон шаҳарни яхши билар эди, шунинг учун ўзи истаган кўчани дарров топа қолди. Бу кўчанинг номи— Юноний эди, чунки у ерда юнонларнинг бир неча дўкони, шу жумладан, битта гилам дўкони ҳам бор эди. Меҳмон айнан шу дўкон олдида тўхтаб, хачирдан тушди ва унинг тизгинини дарвоза ҳалқасига боғлади. Дўкон ёпилган эди. Меҳмон дўкон ёнидаги эшикдан бир мўъжазгина, чор қирра ҳовлига кирди, ҳолли атрофига «П» шаклида омборхоналар қурилган эди. Меҳмон ҳовли муюлишидан ўтиб, ўзини бир хонадоннинг олди печакгуллар билан тўсилган пешайвони олдида кўрди ва атрофига олазарак бўлиб қаради. Уй ҳам, омборхоналар ҳам ҳали чироқ ёқилмаганлигидан қоп-қоронғи эди. Меҳмон паст овоз билан чақирди:
— Низа!
Шу пайт эшик «ғийч» этиб очилиб, кечки ғира-ширада юзига чодра тутмаган бир жувон пешайвонда пайдо бўлди. У келган одамнинг кимлигини билмоқ мақсадида юраги така-пука бўлиб, пешайвон панжараси оша энгашди. Сўнг келган одамни таниб, жилмайиб қўйди, бош ирғатиб, қўл силкитиб саломлашди.
— Ёлғизмисан? — деб оҳиста сўради Афраний юнончалаб.
— Ҳа, — деб пичирлади жувон. — Эрим эрталаб Қайсарняга жўнаб кетди, — шу гапдап сўнг жувон ўгирилиб уй эшигига қараб қўйди-да, пичирлаб илова қилди: — Лекин оқсочим уйда. — Кейин у қўли билан ишора қилиб, меҳмонни уйга таклиф қилди. Афраний олдин атрофга бир назар ташлаб, ғиштин пиллапоядан пешайвонга чиқа бошлади. Кейин эса аёл ҳам, у ҳам уй ичига кириб кетишди.
Афраний бу аёл ҳузурида жуда оз вақт, нари борса, беш дақиқа бўлди. Кейин у уйни ва пешайвонни тарк этди, қайтарма қалпоқни кўзи устига тушириб кўчага чиқди. Бу пайт уйларда чироқлар ёқила бошлаган эди, кўчалар байрам олди тараддудида ҳали ҳам тиқилинч эди, шунга кўра, хачир минган Афраний кўчаларни тўлдирган пиёда ва отлиқлар орасида йўқолиб кетди. Унинг шундан кейин қаёқларга борганини ҳеч ким билмайди.
Афраний Низа деб атаган жувон эса ёлғиз қолгач жуда шошқалоқлик билан кийимини ўзгартира бошлади. Қоронғида керакли буюмларни топиш қанчалик қийин бўлса ҳам, у чироқ ёқмади, оқсочни ҳам ёрдамга чақирмади. У отланиб бўлиб, бошига қора чодра ёпингандан кейингина овози эшитилди.
— Биров сўраса, мени Энантаникида деб айтарсан. Қоронғида оқсоч кампирнинг тўнғиллагани эшитилди.
— Энантаникида? Яна ўшаникига бормоқчимисан? Ахир эринг рухсат бермаган эди-ку! Ғирт қўшмачи ўша Энантанг! Эринг келсин, чақиб бераман сени...
— Ҳой, ҳой, ўчир унингии, кампир, — деди Низа ва «шип» этиб уйдан чиқиб кетди. Унинг кавушлари овози энди саҳнига тош терилган ҳовлидан эшитилди. Оқсоч хотин бир нималарни тўнғиллаганча пешайвои эшигини занжирлаб олди. Низа уйдан чиқиб кетди.
Худди шу пайт Қуйи Шаҳардаги ҳовузлардан бирига олиб борувчи бошқа бир қинғир тор кўчага жойлашган, орқаси кўчага, деразалари ичкари ҳовлига қараган кўримсиз бир уйнинг кўча эшигидан соқол-мўйлови чиройли қилиб кузалган, бошига чиннидай тоза, оппоқ рўмол ташлаган, эгнига қошияли яп-янги ҳаво ранг байрам таллифи, оёғига ғарчи бор янги кавуш кийган бир йигит чиқди. Улуғ айём шарофати билан ясанган бу қирғийбурун, ўктам йигит, уй-уйларига, арафа ошига ошиқаётган ўткинчилардан ҳам жадалроқ, тетикроқ юриб бораркан, хонадонларда бирин-кетин чироқлар ёна бошлаганини кузатарди. Бу йигит бозор ёнидан ўтиб, Жоме тепалиги этагига жойлашган ҳазрати бузрук Каифанинг қасрига олиб борувчи йўлдан кетиб борарди.
Яна бир неча дақиқадан сўнг унинг Каифа дарвозасидан кираётганини ва орадан бир неча лаҳза ўтар-ўтмас қасрдан чиққанини кузатиш мумкин эди.
Йигит шамчирокдар ва машъалалар билан ёритилиб, байрам тараддудига гавжум бўлган қасрдан қайтиб чиққач, яна ҳам серғайратроқ, хушчақчақроқ бўлиб, шошганича Қуйи Шаҳар томон қайта бошлади. У бозор майдонига етиб қолганида бир вақт қора чодрасини деярли кўзигача тушириб олган бир аёл тиқилинчда унинг ёнидан хиромон юриш қилиб ўтиб, олдинлаб кетди. У ўктам йигитдан ўзиб кетаркан, бир лаҳзагина чодрасини юқорироқ кўтариб, йигит томонга бир зумлик нигоҳ ташлади, лекин қадамини секинлатмади, билъакс ҳозиргина ўзи ўзиб ўтган йигитдан тезроқ қочиб яширинмоқчи бўлгандай, янада қадамини илдамлатди.
Йигит у аёлни наинки пайқади, балки таниди ҳам, танигач, юраги бир орзиқиб тушиб, юришдан таққа тўхтадию унинг орқасидан ҳанг-манг бўлиб тикилиб қолди, кейин ҳушини йиғиб олгач, аёлнинг орқасидан дарҳол қува кетди. У йўлда кўза кўтарган бир одамга урилиб, уни йиқитиб юбораёзди ва ахири аёлга етиб олди-ю, ҳаяжонланганидан ҳансираб нафас оларкан, уни чақирди:
— Низа!
Аёл орқасига ўгирилиб йигитга кўз сузиб қаради, қарагандаям, ҳафсаласи пир бўлгандай, совуққина қаради ва юнон тилида қуруққина шундай деди:
— Э-ҳа, сенмидинг, Иуда? Бир қарашда танимабман. Қайтага яхши бўлди. Негаки, халқимизда шундай бир нақл бор: агар таниш одамингни танимай қолсанг, у бой бўлармиш...
Иуда қаттиқ ҳаяжонланганидан юраги худди қафасга тушган қушдай қаттиқ-қаттиқ тепаркан, ўтган-кетганлар эшитмасин учун нафаси оғзига тиқилганча пичирлаб сўради:
— Қаёққа кетяпсан, Низа?
— Сенга нима? — деб жавоб қилди Низа қадамини секинлатаркан Иудага виқор билан тикилиб.
Шунда Иуданинг овозида болаларга хос бир талаффуз эшитилди, у эсанкираб пичирлади:
— Ие, нега энди?... Ахир шартлашгандик-ку. Мен сеникига бормоқчи эдим. Ўзинг айтувдинг-ку бутун оқшом уйда бўламан деб...
— Э, йўқ, йўқ, — деди Низа ва тантиқ қизларга ўхшаб пастки лабини дўрдайтирган эди, унинг чеҳраси — Иуда ўз умрида кўрган паричеҳралар ичида энг гўзал ҳисоблаган чеҳраси — йигитнинг кўзига яна ҳам чиройлироқ бўлиб кўринди, — зерикиб кетдим. Сизлар байрам қиляпсизлар, мен нима қилай? Сенинг пешайвонда туриб олиб хўрсинишингни томоша қилайми? Бунинг устига, оқсочим эримга чақса нима қиламан, деб юрак ҳовучлаб ўтирайми? Йўқ, йўқ, мен ҳам шаҳар ташқарисига чиқиб кетиб, булбуллар хонишини эшитишга аҳд қилдим.
— Шаҳар ташқарисига дейсанми? — деди Иуда эсанкираб, — ёлғиз ўзинг-а?
— Ҳа, ёлғиз ўзим, — деб жавоб қилди Низа.
— Майлими сени кузатиб борсам? — ҳаяжонланганидан энтикиб сўради Иуда. У эсанкираб қодди, бутун борлиқни хаёлидан фаромуш қилиб, Низанинг ҳозир тим қора бўлиб кўрина бошлаган кўк кўзларига илтижо билан бокди.
Низа ҳеч нима демай, қадамини илдамлатди.
— Нега индамаяпсан, Низа? — деб сўради Иуда ёлборувчи оҳангда у билан баравар қадам ташлашга уринаркан.
— Мени зериктириб қўймайсанми? — деди бирдан Низа ва юришдан тўхтади. Шунда Иуданинг эси буткул оғиб қолди.
— Ҳа, яхши, — деди Низа ниҳоят кўнгли юмшаб, — кетдик.
— Қаёққа, қаёққа борамиз?
— Шошма... кел, яхшиси, манави ҳовлига кириб келишиб олайлик, тағин битта-яримта таниш-билиш кўриб қолиб, Низани кўчада ўйнаши билан чақчақлашиб турганини кўрдим, деб гап тарқатиб юрмасин.
Шу заҳоти Низа билан Иуда бозоргоҳдан ғойиб бўлишди. Улар қайсиям бир ҳовлининг бостирмасига кириб пичирлашардилар.
— Сен жувозкашлик мулкига бор, — деди Низа пичирлаб ва айни пайтда челак кўтариб бостирмадан ўтаётган бир бегона эркакдан юзини четга буриб, чодрасини кўзигача тушириб олди, — Кедроннинг парёғидаги Ҳефсимания боғига, тушундингми?
— Ҳа, ҳа, ҳа.
— Мен олдинда бораман, — деб давом этди Низа, — лекин сен орқамдан изма-из юрма, анча кейинда қолиб бор. Сойдан ўтганингдан кейин... ғор бор... биласан-а унинг қаердалигини?
— Биламан, биламан...
— Обжувоз ёнидан ўтиб тепага кўтариласан-да, кейин ғор томонга буриласан. Сени ўша ерда кутаман. Лекин ҳозироқ изимга тушма, то мен анча ерга бориб олгунимча бардош қилиб, шу ерда кутиб тур. — Низа шу сўзларни айтиб бостирмадан чиқиб кетди ва гўё, Иуда билан суҳбатлашмагандай, ғойиб бўлди-қолди.
Иуда пароканда хаёлини бир ерга жамлашга уриниб, анча вақтгача қимир этмай туриб қолди. Чунончи у хешларининг ҳайит ошида бўлолмаганини қандай изоҳлаши ҳақида ўйлади. У турган ерида аллақандай баҳоналарни ўйлаб топар, аммо, қаттиқ ҳаяжонланганидан миясига дурустроқ бир важ келмасди, шу зайл беихтиёр оёқлари уни бостирма остидан олиб чиқиб кетди.
Энди у йўлини ўзгартирди. Қуйи Шаҳарга боришдан айниб, яна Каифанинг қасри томон бурилди. Иуда энди атрофида бўлаётган воқеаларни деярли кўрмасди. Байрам руҳи шаҳарга энди кириб келаётган эди. Иуда ўтиб бораётган кўчаларга очилган деразалар наинки чароғон, балки у ерлардан байрамона мадҳия ва қутловлар эшитиларди. Кечиккан йўловчилар эшакларини халалаб, ҳайқиришиб ўтиб боришарди. Иуданинг оёқлари унинг ихтиёрсиз кетиб борар, оқибат у ҳаммаёғини шох босган мудҳиш Антоний миноралари пойидан ўтиб кетганини ҳам пайқамади, қалъада чалинаётган карнай наърасини ҳам эшитмади, қўлидаги машъаласи билан унинг йўлини мудҳишона ёритган римлик отлиқ соқчиларга парво ҳам қилмади. Иуда минора ёнидан ўтиб кетгач, орқасига ўгирилиб, жоме устида, жуда ҳам баландда иккита ғоят улкан беш шамли қандил ёнаётганини кўрди. Лекин Иуданинг кўзига у шамлар ҳам элас-элас кўринди, назарида Ершалаим узра мисли кўрилмаган катталикдаги ўнта шамчироқ ёқилгану улар шаҳар узра тобора юқорироқ кўтирилаётган туннинг таиҳо шамчироғи — ой шуъласи билан шуъла сочишда ким ўзарга ўйнашаётгандек кўринганди. Энди Иуданинг ҳеч нима билан иши қолмаган, у фақат Ҳефсимания дарвозаси томон интилар, тезроқ шаҳарни тарк этиб чиқиб кетишни истар эди. Баъзан кўзига кўчадаги оломон орасида Низанинг ўйноқи қиёфаси лип-лип кўрингандай ва Иудани оҳанрабо сингари ўзига эргаштириб кетаётгандек туюларди. Лекин бу нотўғри тасаввур эди — Низанинг анча олдинлаб кетганлигини Иуда яхши биларди. У саррофлар растаси ёнидан ўтиб, ниҳоят Ҳефсимания дарвозасига етди. Бу ерда, гарчи сабри чидамаётган бўлса ҳам, бир оз туриб қолишга мажбур бўлди. Шаҳарга туялар карвони кириб келаётган эди, карвон орқасидан кетма-кет сурияликлар ҳарбий патрули кириб келдики, Иуда бу патрулни ичида роса бўралаб сўқди...
Лекин ҳар нарсанинг интиҳоси бор. Бетоқат Иуда энди шаҳар ташқарисида кетиб борарди. У чап томонда мўъжазгина бир қабристонни, қабристон ёнида зиёратчи художўйларнинг бир неча олабайроқ чодирини кўрди. Иуда ой ёғдусига чўмилган сертупроқ йўлни кесиб ўтиб, Кедрон сойи томон отилди. Сой унинг оёғи остида жилдираб оқарди. У тошдан-тошга сакраб-сакраб, ниҳоят сойнинг нариги, Ҳефсимания соҳилига ўтиб олди ва бу ерда боғлар тепасидан ўтган йўлда ҳеч зоғ йўқлигини кўриб, қувончдан кўнгли ёришиб кетди. Сал нарироқда жувозкашлик мулкининг ярим хароба дарвозаси кўринди.
Ҳавоси дим шаҳардан чиққан Иуда баҳор тунининг атридан сархуш бўлди. Боғдаги мирта дарахтларининг ва Ҳефсимания яланглигида ўсган акас дарахтларининг хушбўй ҳиди димоққа гуп-гуп уриларди.
Дарвозада қоровул йўқ эди, умуман, бу ерларда ҳеч ким йўқ эди, шунга кўра, энди Иуда сершох азим зайтун дарахтларининг антиқа кўланкалари остидан ғизиллаганча чопиб кетди. Йўл юқорига ўрлаб борарди, Иуда оғир-оғир нафас оларкан, ой шуъласи вужудга келтирган гулдор сояларни босиб ўтардики, бу оялар Низанинг рашкчи эри дўконидаги турфа гулли гиламларни эслатарди. Бир оздан кейин Иуда чап томонда сайҳонликда жувозхонани, унинг улкан тош ғилдирагини ва уйилиб ётган бочкаларни кўрди. Боғда ҳеч ким йўқ эди. Иш кун ботгандаёқ тугаган эди. Боғда юғ ҳам кўринмас, Иуданинг боши узра энди булбуллар тинмай чақчақлашар, хониш қилишарди.
Иуда кўзлаган ер яқин эди. У ҳозир ўнг томонда, қоронғиликда ғорда жилдираб оқаётган сувнинг овозини эшитади. Шундай бўлди ҳам, ана сув жиддираши эшитилди. Салқин бўла бошлади.
Шунда у қадамини секинлатиб, оҳиста чақирди:
— Низа!
Лекин Низанинг ўрнига йўғон зайтун дарахти орқасидан бир барзанги эркак йўл ўртасига чиқди, унинг қўлида бир нима бир зумга ялт этиб сўнди.
Иуда ўзини орқага ташлаб, заиф овоз билан қичқирди:
— Оҳ!
Иккинчи бир одам унинг орқасидан тўсиб чиқди. Иуданинг рўпарасида турган биринчи эркак ундан сўради:
— Ҳозир қанча пул олдинг? Гапир, агар жон ширин бўлса!
Иуданинг қалбида умид учқуни порлади. Жон ҳолатда чинқирди у:
— Ўттиз тетрадрахма! Ўттиз тетрадрахма! Ўша иулнинг ҳаммаси ёнимда. Мана у! Олинглар, фақат жонимни олмасанглар бўлгани!
Олдингдаги одам кўз очиб-юмгунча Иуданинг қўлидаги ҳамённи юлқиб олди. Айни шу лаҳзада Иуданинг орқасида пичоқ худди чақмоқдек чақнаб, ошиқ йигитнинг кураги остига ботди. Иуда бу зарбдан олдинга отилди ва чангак бўлиб қолган қўлларини юқори кўтарди. Олдинда турган одам ҳам Иудани ўз пичоғи билан илиб олди ва уни сопигача Иуданинг юрагига оотирди. Иуда:
— Ни... за... — дея одди фақат маломатли заиф овоз билан. У бошқа чурқ ҳам этмади. Унинг жасади ерга шундай қаттиқ тушдики, ер гумбурлаб кетди.
Шунда йўл ўртасида учинчи кимса пайдо бўлди. Буниси — эгнига қайтарма қалпоқли плаш кийган эди.
— Бўла қолинглар, — деб буюрди шу учинчи шахс. Қотиллар у узатган хатни чаққонлик билан ҳамёнга қўшиб чармга ўрадилар-да, каноп билан боғладилар. Иккинчи эркак тугунчани қўйнига солди, шундан кейин иккала қотил йўлдан ўзларини четга олдилару зайтунлар орасига, зулмат комига кириб ғойиб бўлдилар. Учинчи кимса эса жасад тепасига чўққайиб, унинг юзига тикилди. Ўликнинг юзи сояда нақ бўрдек оппоқ, бениҳоя гўзал ва басавлат бўлиб кўринди. Яна бир неча лаҳзадан кейин йўл устида биронта ҳам тирик жон қолмади. Фақат жонсиз жасад қулочини ёзиб ётарди. Мурданинг чап томонига ой нури тушиб турганлигидан шиппагининг ҳар бир тасмаси яққол кўриниб турарди.
Бу маҳал булбуллар бутун Ҳефсимания боғини бошларига кўтариб хониш қилардилар. Иудани пичоқлаб ўлдирган икки кишининг қаёққа йўл тутгани ҳеч кимга маълум эмас, лекин қайтарма қалпоқли одамнинг борган ери бизга маълум. У қотиллик юз берган жойни тарк этиб, зайтунзор ичига кириб кетди. У дарвозадан узоқроқ ерда, боғнинг жанубий бурчагида панжара девордан ошиб ўтди. Салдан сўнг у Кедрон соҳилига чиқди. У сувга тушиб, то иккита от ва отлар ёнида турган жиловдорнинг қорасини кўрмагунча сой ичидан сув кечиб бораверди. Отлар ҳам сув ичида турарди. Сув уларнинг туёқларини ювиб шовуллаб оқарди. Жиловдор битта отга, қайтарма қалпоқли одам иккинчи отга минишди, сўнг икковлари оҳиста сув кечиб боравердилар. От туёқлари остида тошлар тақилларди. Кейин отлиқлар сувдан Ершалаим соҳилига чиқишди ва шаҳар девори ёқалаб отларни йўрттириб кетавердилар. Шу ерда жиловдор ҳамроҳидан ажралиб, олдинга от чоптириб кетди ва зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди, қайтарма қалпоқли одам ҳувиллаган йўлда отни тўхтатиб, ундан тушди-да, плашини ечиб, астарини ағдариб кийди, плаши остидан пат қадалмаган силлиқ дубулға олиб, бошига кийиб олди. Энди у отга ҳарбий либос кийган, белига калта шамшир таққан одам қиёфасида минди. У жиловни силкитган эди, ўйноқи от устида сувори билан йўртиб кетди. Энди манзил яқин қолган эди. Сувори Ершалаимнинг жанубий дарвозаси олдига бориб қолган эди.
Дарвоза равоғи остида машъалалар алангаси безовта бўлиб елпинарди. Шиддаткор легионнинг иккинчи кентуриясидан бўлган соқчи аскарлар тош курсиларда ўтиришиб тўпиқ ўйнашарди. Улар дарвозадан кириб келаётган отлиқ ҳарбийни кўришиб, «дик» этиб туриб кетишди, лекин ҳарбий отлиқ уларга қўл силтадию шаҳар ичкариси томон йўл олди.
Шаҳар байрам чироқларига ғарқ бўлган эди. Ҳамма деразалар шамлар билан чароғон эди, ҳаммаёқдан бетартиб шодиёна ҳамду саполар, гангир-гунгур овозлар эшитиларди. Сувори аҳён-аҳён кўчага очилган де-разаларга қараб, улоқ гўшти, май тўлдирилган қадаҳлар ва кўкатлар қўйилган байрам дастурхони теграсида ўтирган одамларни кўрарди. У нафис бир қўшиқ куйини ҳуштак қилиб чалганча Куйи Шаҳарнинг ҳувиллаб қолган кўчаларидан отини аста йўрттириб Антоний минораси томон кетиб бораркан, жоме топасида порлаб турган дунёда қиёси йўқ беш шамли қандилга ёхуд ундан ҳам баландроқда муаллақ турган ойга қараб-қараб қўярди.
Буюк Ирод қасри пасха оқшоми тантанасига мутлақо иштирок этмаётган эди. Саройнинг Рим қоҳортаси офицерлари ва легион саркардаси жойлашган, жануб томонга қараган қўшимча хоналарида чироқлар ёнган, у ерда қандайдир фаолият, ҳаёт сезилаётган бўлса ҳам, бу ерда мажбуран истиқомат қилиб турган ягона одам — прокуратор жойлашган қасрнинг маҳобатли устунлар, олтин ҳайкаллар билан безанган олд қисми порлоқ ой шуъласидан буткул кўр бўлиб қолгандай эди. Бу ерда — қаср ичида зулмат ва сукунат ҳукм сурарди. Шу боис прокуратор ҳам, боя Афранийга айтганидек, ичкарига киришни истамаган эди. У тўшакни балконга солишни буюрди. У Афраний билан бирга шу ерда овқатланган, эрталаб эса Ҳа-Ноц-рини шу ерда сўроқ қилган эди. Прокуратор тўшакка ётди, аммо ҳеч кўзига уйқу келмади. Яланғоч ой жуда юксакда, беғубор фазода муаллақ турарди, бедор прокуратор бир неча соат муттасил ундан кўз узмай ётди.
Тахминан вақт ярим кечага борганда уйқу игемонга шафқат қилди. Прокуратор титроқ билан ҳомуза тортди-да, плашини ечиб ташлади, кўйлаги устидан боғланган, қинга солинган ялпоқ пўлат пичоқ осилган камарини ечиб, чорпоя яқинида турган креслога қўйди, кавушини ечиб, оёғини узатиб ётди. Шу заҳоти Банга ҳам унинг тўшагига чиқиб, бошини эгасининт бошига қилиб, унинг ёнига ётди, прокуратор ҳам бир қўлини кўппакнинг бўйнига ташлаб, ниҳоят кўзини юмди. Кўппак ҳам фақат шундан кейин уйқуга кетди.
Чорпоя ним қоронғи жойга, устун панасига қўйилган бўлиб, у ой шуъласини тўсиб турарди, лекин балконга чиқиб келадиган пилапоядан то прокураторнинг тўшагигача ой ёғдуси узун пояндоз бўлиб ёзилган эди. Прокуратор ғафлатга кетиб атрофидаги борлиқ муҳит билан алоқа узган ҳамоноқ ўша чароғон пояндоздан юриб кетди, юрганда ҳам юқорига, тўғри ойга қараб юра бошлади. У тушида ўзи кетиб бораётган ферузадек тиниқ, зангори йўдда учраган ҳамма нарса гўзал ва беқиёс эканлигидан қувониб, ҳатто кулиб ҳам юборди. Уни Банга кузатиб борар, яна унга анави дайди файласуф ҳам ҳамроҳ бўлган эди. Икковлари ниҳоятда мураккаб ва муҳим бир масала юзасидан мубоҳаса қилишар, бироқ бу баҳсда на у, на бу устун чиқа оларди. Улар ҳеч бир нарсада бир-бирлари билан келиша олмасдилар, шунга кўра, баҳслари ниҳоятда қизиқарли ва беҳудуд эди. Ўз-ўзидан маълумки, бугунги қатл ғирт англашилмовчилик бўлиб чиқди — ахир, мана, ҳамма одамлар саховатлидирлар, деб ўта-кетган даражада бемаъни нарса ўйлаб чиққан ўша файласуф у билан ёнма-ён кетяпти, демак у тирик. Турган гапки, шундай одамни қатл этиш мумкинлиги ҳақида ҳатто ўйлашнинг ўзи энг улкан даҳшат бўларди. Қатл бўлмаган! Бўлмаган! Самога, ой сари қилинаётган саёҳатнинг бутун жозибаси ҳам мана шунда.
Бўш вақт қалашиб ётипти, момақалдироқ фақат кечга бориб бошланади, ундан сўнг, қўрқоқлик, шубҳасиз, энг мудҳиш иллатлардан бири. Иешуа Ҳа-Ноцри шундай деган эди. Йўқ, файласуф, мен сенга эътироз билдираман: қўрқоқлик — энг мудҳиш иллат.
Мана, масалан, бадқаҳр олмонлар Қизлар водийсида паҳлавоп Каламушкушни ғажиб ташлашларига сал қолганида Иудеянинг бугунги прокуратори, собиқ легион саркардаси қўрқмаган эди-ку. Лекин афв этасиз мени, файласуф! Наҳотки сиз, шундай ақд-заковатли одам бўла туриб, Иудеянинг бугунги прокуратори бўлмиш каминанипг қайсар аъло ҳазратларига қарши жиноят қилган бир одами деб ўз мартабасидан воз ксчади деб ўйлаган бўлсангиз?
— Ҳа, ҳа, — деб инграр ва хўрсинарди Пилат тушида.
Албатта воз кечади. Эрталаб воз кечмаган бўларди, лекин ҳозир, кечаси, ҳамма нарсани тарозута солиб кўргач, воз кечишга рози. У ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган телба хаёлпараст бу табибни қатлдан қутқариб қолиш учун ҳар қандай ишга ҳам тайёр!
— Энди биз доим бирга бўламиз, — дерди унга тушида жулдурвоқи жаҳонгашта файласуф, лекин олтин найза билан қуролланган бу сувори унинг йўлида қандай пайдо бўлиб қолгани мавҳум эди.
Одам бор жойда одам бўлади! Мени ёдлашади, демак, сени ҳам эсга олишади! Ота-онаси маълум бўлмаган — мен ташландиқни ҳам, мунажжим қирол билан тегирмончининг қизи — соҳибжамол Пилатнинг фарзанди бўлмиш — сени ҳам.
— Ҳа, ҳар қалай, сен унутма мени — мунажжимзодани эслаб тур, — деб илтимос қиларди Пилат тушида. Шунда Иудеянинг тошбағир прокуратори ўзи билан ёнма-ён кетаётган Эн-Сариддан чиққан яланг-оёқнинг «хўп» дегандек бош ирғатганини кўриб, тушида бир йиғлаб, бир куларди.
Буларнинг ҳаммаси-ку яхши, лекин игемоннинг туши қанча ширин бўлган бўлса, уйғониши шунча даҳшатли бўлди. Банга ойга қараб ириллай бошлади, шунда худди мой суриб шиббалагандай тайғаноқ мовий йўл бирдан прокураторнинг кўзи олдида ўпирилиб ғойиб бўлди. У кўзини очди-ю биринчи навбатда, қатлнинг бўлиб ўтгани эсига келди. Даставвал ўз одати бўйича Банганинг бўйинбоғидан ушлади, сўнг хаста кўзлари билан осмондан ойни ахтара бошдади: ой бир оз ёнга силжиган ва пича сўниб оқара бошлаган эди. Шу пайт ой шуъласини, балконда, Пилатнинг кўзи оддида пайдо бўлиб липиллай бошлаган бошқа бир нохуш ва безовта аланга сўндира бошлади. Бу кентурион Каламушкушнинг қўлида тутаб ётаётган машъала эди. Каламушкуш ўзига ҳамла қилмоқчи бўлган бадқаҳр кўпакка даҳшат ва жаҳолат билан қиё боқиб турарди.
— Тегма, Банга, — деди прокуратор хаста овоз билан ва йўталиб қўйди. Сўнг кафти билан кўзини машъаладан тўсаркан давом этди: — Ҳатто кечаси, ойдинда ҳам тинчлик йўқ менга. О, худолар! Сизнинг вазифангиз ҳам бўлмағур вазифа, Марк. Аскарларни ногирон қиласиз...
Марк прокураторга ҳангу манг бўлиб тикилиб қолди, шунда прокуратор ҳушини йиғиб олди. У уйқусираб беихтиёр айтиб юборган сўзларни ҳаспўшлаш мақсадида деди:
— Хафа бўлманг, кентурион, такрор айтаман, менинг аҳволим сизникидан ҳам ёмон. Нима истайсиз?
— Махфий қоровул бошлиғи ҳузурингизга кирмоқчи, — деди Марк хотиржам оҳангда.
— Чақиринг, чақиринг, — деб прокуратор томоғини тозалаш учун йўталиб қўяркан, айни пайтда, ялангоёқлари билан пайпаслаб кавушларини қидира бошлади. Устунларда машъалалар порлади, кентурион қалин тагчармли чориғи билан кошинкор полда дўқ-дўқ юриб, боққа чиқди.
— Ойдинда ҳам менга тинчлик йўқ, — деди ўзига-ўзи прокуратор, тишларини ғижирлатиб.
Балконда энди қайтарма қалпоқли одам пайдо бўлди.
— Банга, тегма, — деди прокуратор паст овоз билан ва кўппакнинг гарданини эзиб қўйди.
Афраний гап бошлашдан оддин, ўз одатига кўра атрофига қараб қўйди-да, ўзини сояга олди, сўнг балконда Бангадан ўзга ортиқча жонзод йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, оҳиста деди:
— Каминани судга беришингизни сўрайман, прокуратор. Сиз ҳақ бўлиб чиқдингиз. Мен Кириафдан келган Иудани сақлаб қола олмадим, уни сўйиб кетишипти. Мени истеъфога чиқариб, судга беринг.
Афранийнинг назарида, унга тўртта кўз — итнинг ва бўрининг кўзлари тикилиб тургандай бўлди.
Афраний эгнидаги жуббаси остидан ҳаммаёғида қон қотиб қолган ва иккита муҳр босилган ҳамён чиқарди.
— Мана шу пул тўла қопчиқни ҳазрати бузрукнинг уйига ташлаб кетишипти қотиллар. Қопчиқдаги қон доғлари — кириафлик Иуданинг қони.
— Қизиқ, пул қанча экан? — деб сўради Пилат қопчиққа энгашаркан.
— Ўттиз тетрадрахма.
Прокуратор мийиғида кулимсираб деди:
— Кам. Афраний индамади.
— Ўлдирилган қаерда?
— Бу менга маълум эмас, — деди қайтарма қалпоғини ҳеч қачон бошидан ечмайдиган одам хотиржам, ўз қадрини билиб. — Бугун эрталаб қидирувни бошлаймиз.
Прокуратор бир сесканиб тушди, шиппагининг ҳадеганда тақилмаётган тўқасини ўз ҳолига қолдирди.
— Унинг ўлдирилганини сиз, ахир, билсангиз керак?
Бу саволига прокуратор қуруққина жавоб олди:
— Мен, прокуратор, ўн беш йилдан бери Иудеяда хизмат қиламан. Хизматни мен Валерий Грат даврида бошлаганман. Одам ўддирилган, деб айтишим учун унинг жасадини кўришим шарт эмас, шунга кўра, сизга хабар қиляпманким, Кириаф шаҳридан келган Иуда деб аталмиш кимсани бундан бир неча соат олдин сўйиб кетишган.
— Мени афв этинг, Афраний, — деди Пилат, — ҳали уйқум батамом тарқаганича йўқ, шунинг учун ножўя гапириб қўйдим. Мен ёмон ухлайман, — прокуратор жилмайиб қўйди, — кейин, тушимда муттасил ой шуъласини кўраман. Тасаввур қилинг-а, бирам кулгили. Гўё мен ўша шуъла бўйлаб сайр этармишман. Шундай қилиб, мен бу иш юзасидан сизнинг тахминингизни билмоқчиман. Уни қаердан қидирмоқчисиз ? Қани, ўтиринг-чи, махфий хизмат бошлиғи.
Афраний таъзим қилди, оромкурсини яқинроқ суриб ўтирган эди, шамшири шарақлаб кетди.
— Мен уни Ҳефсимания боғидаги жувозхона яқинидан қидирмоқчиман.
— Хўш, хўш. Нега энди айнан ўша ердан?
— Игемон, фаҳмимча, Иуда на Ершалаимнинг ўзи-да, на ундан узоқроқ бирон ерда ўлдирилган. Уни Ершалаимга яқин бирон овлоқда ўлдиришган.
— Сизни мен ўз ишининг омилкори бўлган одамлардан бири деб ҳисоблайман. Римда, десам, қанчалик тўғри бўларкин — аниқ айтолмайман-у, лекин мустамлакаларимизда сизга тенг келадигани йўқ. Сабаб нима, изоҳлаб беринг?
— Иуданинг шубҳали одамлар қўлига — шаҳар ичида илинишини ҳеч тасаввур қила олмайман, — деб паст овоз билан гапира бошлади Афраний. — Кўчада бировни ими-жимида бўғизлаб кетиб бўлмайди. Демак, уни авраб бирон-бир пастқам ертўлага олиб боришлари керак. Илло, хизмат ходимлари Қуйи Шаҳарни қидириб чиқишди ва шубҳасиз шаҳар ичида ўлдирилган бўлганида уни топмай қўйишмасди. Лекин у шаҳарда йўқ, бунга мен кафилман. Агар уни шаҳардан олисрокда ўлдиришганда эди, манави пул солинган қопчиқ ҳазрати бузрукнинг уйига бунчалик тез келиб тушмаган бўларди. У шаҳарга яқин ерда ўлдирилган. Уни шаҳардан авраб олиб чиқиб кетишган.
— Бунинг қандай уюштирилганига ҳеч ақлим бовар қилмаяпти.
— Ҳа, прокуратор, мазкур ишда туғилган энг оғир савол шу, уни еча олиш-олмаслигимни ҳатто ўзим ҳам билмайман.
— Дарҳақиқат, жумбоқ! Диндор одам ҳайит оқшомида, арафа ошидан воз кечиб, номаълум сабаб билан шаҳардан чиқиб кетади-ю, ўша ерда ҳалок бўлади. Уни ким ва қай йўсинда авраб олиб чиқиб кетди экан? Аёл кишининг иши эмасмикин бу? — туйқус руҳланиб кетди прокуратор.
Афраний бамайлихотир ва қатъий жавоб қайтарди:
— Асло, прокуратор. Бундай бўлиши сира мумкин эмас. Мантиқан мулоҳаза қилиш лозим. Иуданинг ўлимидан ким мапфаатдор эди? Қандайдир саёқ хаёлпарастлар тўдаси, турган гапки, улар даврасида аёл кишининг бўлиши ҳеч ақлга сиғмайди. Мен сизга айтсам, прокуратор, уйланиш учун пул керак бўлади, одамзодни ёруғ дунёга келтириш учун ҳам ўша нарса зарур, аммо аёл кишининг ёрдамида бу ишни амалга ошириш учун, айтиб қўяй, жуда ҳам кўп пул керак бўлади, бундай пул эса саёқларнинг биронтасида ҳам йўқ. Бу ишда аёл жинси қатнашмаган, прокуратор. Шуни ҳам айтиб қўяй: қотилликни бу йўсин изоҳлаш ишни чувалаштириб юбориши, тўғри хулоса чиқаришга халал бериши ва мени чалғитиб қўйиши мумкин.
— Сиз мутлақо ҳақ кўринасиз, Афрапий, — дерди Пилат, — мен фақат ўз тахминимни айтувдим, холос.
— Таассуфки, бу янглиш тахмин, прокуратор.
— Хўш, унда қандай қарорга келиш мумкин? — хитоб қилди прокуратор, Афранийнинг юзига ўша синчковлик билан тикиларкан.
— Менинг тахминимча, сабаб — ўша пул.
— Ажойиб фикр! Лекин ким ва нима учун унга тунда пул таклиф қилади, устига-устак, шаҳар ташқарисида-я?
— Э, йўқ, прокуратор, бундай эмас. Менда ягона бир тахмин бор, агар у хато бўлиб чиқса, бошқа ҳеч қандай изоҳ топа олмасам керак, — Афраний прокуратор томон энгашиб, пичирлаб деди: — Иуда ўз улушини ёлғиз ўзигагина маълум бўлган бироп хилватроқ ерга яширмоқчи бўлган.
— Ғоят доно изоҳ. Чиндан ҳам шундай бўлгани аниққа ўхшайди. Энди фикрингизга тушундим: уни одамлар эмас, балки ўз мулоҳазаси шаҳардан олиб чиқиб кетган. Ҳа, ҳа, худди шундай.
— Шундай. Иуда бадгумон одам бўлган. У пулларини одамларда яширмоқчи бўлган.
— Ҳа, сиз Ҳефсиманияга дедингиз. Лекин нима учун уни айнан ўша ердан изламоқчисиз, мен бунга, очиғи, тушуна олмаяпман.
— О, прокуратор, буни тушуниш жуда осон. Ҳеч ким ўз пулини йўл ёқасига, очиқ ва сайҳон ерга яширмайди. Бинобарин, Иуда на Хеврон йўлида, на Вифания йўлида бўлган. У ҳаммаёғи дов-дарахт билан тўсилган хилват бир гўшага борган бўлиши керак. Бу кундай равшан нарса. Ершалаим яқинида эса Ҳефсиманиядан бўлак бундай хилватгоҳ йўқ. Кейин узоқроққа кетиши ҳам мумкин эмас.
— Мени тўла ишонтирдингиз. Хўш, энди нима қилиш керак?
— Мен ҳозироқ одамларимга шаҳар ташқарисида Иуданинг пайига тушган қотилларни қидиришни буюраманда, ўзим шу аснода, боя сизга маълум қилганимдек, ўзимни судга бераман.
— Нима учун?
— Иуда кечқурун Каифанинг қасридан чиққач, одамларим уни бозоргоҳда кўздан йўқотиб қўйишган. Нега бундай бўлганига ҳеч ақлим етмаяпти. Умрим бино бўлиб бундай ҳол юз бермаганди. Сиз билан гуҳбатлашиб чиққаним заҳотиёқ уни назорат остига олган эдик. Лекин бозорга яқинлашганда, «лип» этиб узини қаёққадир урди-ю, кўзни шамғалат қилиб қўйиб, бирдан изсиз ғойиб бўлди-қолди.
— Хўш. Энди мендан эшитинг: сизни судга беришни лозим топмайман. Сиз қўлингиздан келган ҳамма ишни қилгансиз, дунёдаги ҳеч кимса, — шу ерга келганда прокуратор кулиб қўйди, — сиздай жонини койитолмасди. Сиз Иудани кўздан қочирган айғоқчиларингизни жазоланг. Илло огоҳлантириб қўяй, берган жазоингиз қаттиқ бўлмаслиги керак. Ҳар қалай, биз ўша малъунни муҳофаза қилиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик-ку! Ҳа-я, бир нарсани сўраш эсимдан чиқипти, — прокуратор пешонасини ишқалади, — пулни қандай қилиб Каифанинг қасрига ташлаб кетишдийкин?
— Биласизми, прокуратор... Бу иш унчалик қийин эмас. Қасоскорлар Каифа қасрининг орқа томонига ўтишган, у ерда қасрнинг орқа ҳовлиси хилват тор кўча билан ўралган. Ўша ерда тугунчани девордан ошириб отишган.
— Ичида хат билан-а?
— Ҳа, худди сиз тахмин қилганингиздек, прокуратор. Ҳа, мана ўзингиз кўринг, — шундай деб Афраний тугунча устидаги муҳрни синдириб, уни Пилатга очиб кўрсатди.
— И-и, нима қиляпсиз, Афраний, ахир, муҳр жомега тааллуқли бўлса керак!
— Прокуратор зинҳор бунинг ташвишини қилмасинлар, — деди Афраний тугунчани қайта ёпаркан.
— Наҳот сизда ҳамма муҳрлар бўлса? — деб кулди Пилат.
— Бошқача бўлиши мумкин эмас, прокуратор, — деб жавоб қилди Афраний ўта жиддий тарзда.
— Каифаникида нималар бўлганини кўз олдимга келтиряпман.
— Ҳа, прокуратор, бу ҳол уларни қаттиқ ҳаяжонга солган. Шу боис мени дарҳол чақиртиришди.
Пилатнинг кўзлари чақнаб кетгани ҳатто шу ғира-ширада ҳам аниқ кўринди.
— Бу қизиқарли, жуда қизиқарли ҳол...
— Сизга эътироз билдиришга журъат этаман, бу қизиқарли бўлмаган. Балки жуда зерикарли ва кўнгилсиз ишдир. Менинг, Каифа қасрида биронта одамга пул тўланмаганмиди, деб берган саволимга, қатъиян рад жавобини беришди.
— Шунақа денг! Ҳа, яхши, тўлашмаган бўлса тўлашмабди-да. Унда қотилларни топиш яна ҳам қийинлашади.
— Жуда тўғри, прокуратор.
— Дарвоқе, Афраний, миямга тўсатдан бир фикр келди: у ўз жонига ўзи қасд қилмаганмикин?
— Э, йўқ, прокуратор, — деб жавоб қилди Афраний таажжубдан ўзини оромкурси суянчиғига ташларкан, — мени афв этинг-у, аммо бундай бўлиши асло мумкин эмас!
— Э, бу шаҳарда ҳамма нарса бўлиши мумкин!
Мана мени айтди дерсиз, бу ҳақдаги миш-мишлар ҳадемай бутун шаҳарга тарқалади.
Шунда Афраний прокураторга кўз қирини ташлаб олди-да, ўйлаб туриб жавоб қилди:
— Бу бўлиши мумкин, прокуратор.
Гарчи кириафлик Иуданинг ўлдирилгани кундай равшан бўлса ҳам, прокуратор бу масалани ҳеч хаёлидан чиқара олмаётганга ўхшарди, шунга кўра фаромушроқ кайфиятда деди:
— Уни қандай ўлдиришганини ўз кўзим билан кўришни истардим.
— У ғоятда усталик билан ўлдирилган, прокуратор, — деб жавоб қилди Афраний прокураторга бир оз киноя билан боқаркан.
— Сиз буни қаёқдан биласиз?
— Марҳамат қилиб қопчиққа эътибор беринг, прокуратор, — деб жавоб қилди Афраний, — сизни ишонтириб айтаманки, Иуданинг қони тизиллаб отилган. Камина, ўз умримда қатл этилганларни кўп кўрганман, прокуратор!
— Демак, у қайтиб ўрнидан турмайди?
— Йўқ, прокуратор, туради, — Афраний жилмайиб туриб файласуфона жавоб қилди, — фақат бу шаҳарда интизорлик билан кутилаётган Масиҳо карнайи унинг боши узра янграган чоғда. Илло унгача турмайди!
— Бас, Афраний! Бу масала ойдинлашди. Энди дафн масаласига кўчайлик.
— Қатл этилганлар дафн қилинди, прокуратор.
— О, Афраний, сизни судга бериш жиноят бўларди. Сиз энг юксак мукофотга лойиқсиз. Хўш, тафсилот-чи?
Афраний гап бошлаб, ўзи Иуданинг иши билан машғул бўлган пайтда, махфий қоровул хизматчилари унинг ёрдамчиси бошчилигида қош қорайган чоғда Тақир Тепага етиб боришган, бироқ у ердан бир жасаднинг ғойиб бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Пилат сесканиб кетиб, хирқироқ овоз билан деди:
— Оббо, шу нарсани оддини олиш хаёлимдан фаромуш бўлган экан-да!
— Асло безовта бўлманг, прокуратор, — деди Афраний ва ҳикоясини давом эттирди: — Кўзларини қузғунлар чўқиган Дисмас билан Гестаснинг жасадларини топишгач, дарҳол учинчи жасадни ахтаришга киришишган. Салдан кейин уни ҳам топишган. Бир одам...
— Левий Матвей, — деди Пилат савол маъносида эмас, кўпроқ тасдиқ маъносида.
— Шундоқ, прокуратор...
Левий Матвей Тақир Тепанинг шимолий ёнбағридаги бир ғор ичида қоронғи тушишини кутиб ўтирган. Иешуа Ҳа-Ноцрининг яланғоч жасади ҳам унинг ёнида бўлган. Соқчилар қўлларида машъала билан ғорга киришганида Левийнинг руҳи тушиб кетиб, ғазаблаиа бошлаган. У: «Ҳеч қандай жиноят қилганим йўқ, ҳар бир инсон, қонунга кўра, агар хоҳласа, қатл этилган жиноятчини дафн этиш ҳуқуқига эга», деб чинқирган. Кейин жасаддан айрилишни истамаслигини айтган. У қаттиқ ҳаяжонланиб, тутуриқсиз гапларни бақира бошлаган, гоҳ ёлворган, гоҳ дағдаға ва ҳақорат қилган...
— Уни қўлга олишгандир? — деб сўради Пилат нохушлик билан.
— Йўқ, прокуратор, йўқ, — деб таскин берди Афраний, — густоҳ телбага, жасад албатта дафн этилади, деб тушунтиришган.
Левий эшитган гапини маънисига етгач, кўнгли тинчиган, лекин ҳеч қаёққа кетмай, дафн маросимига қатнашмоқчи эканини баён қилган. У, ўлдирсанглар ҳам кетмайман, деб айтган, ҳаттоки, дафнда иштирок этиш эвазига ёнида олиб юрган нон кесадиган пичоқни ҳам тавсия қилган.
— Уни ҳайдаб юборишгандир? — бўғиқ овоз билан сўради Пилат.
— Йўқ, прокуратор, йўқ. Ёрдамчим унинг дафнда иштирок этишига рухсат берипти.
— Ёрдамчиларингиздан қай бири бош бўлди дафнга? — деб сўради Пилат.
— Толмай, — деб жавоб берди Афраний ва хавотирланиб илова қилди: — Ё хатога йўл қўйдимикин у?
— Давом этинг, — деди Пилат, — хато қилмаган. Мен, Афраний, очиғи, сал гангиб қолдим чоғи, назаримда, умрида хато қилмайдиган одам билан мулоқотда бўлаётгандайман. Ўша одам — сизсиз.
— Левий Матвейни қатл этилганларнинг жасадлари ортилган аравага ўтказишган ва икки соатлардан кейин улар Ершалаимдан шимолрокдаги хилват бир дарага етиб боришган. Команда аъзолари навбатма-навбат ишлашиб, бир соат ичида чуқур хандақ қазишган ва учала жасадни шу хандаққа дафн этишган.
— Яланғоч ҳолдами?
— Йўқ, прокуратор, ходимларим кафан ўрнига жуббалар оливолишган эди. Дафн этилаётганларнинг бармоқларига ҳалқалар кийдирилган. Иешуанинг хдлқасида битта чизиқ бор. Хандаққа тупроқ тортилиб, устидан тош бостирилган. Шартли белгилар Толмайга маълум.
— О, агар буни олдинроқ билганимда эди-я! — деди Пилат афтини буриштириб. — Ахир мен албатта кўришим керак эди ўша Левий Матвейни...
— У шу ерда, прокуратор!
Пилат кўзларини катта очиб, Афранийга бир неча лаҳза тикилиб қолди, сўнг шундай деди:
— Мазкур иш юзасидан кўрсатган барча фаолиятингиз учун ташаккур сизга. Эртага ҳузуримга Толмайни юборсангиз ва ҳозироқ хизматидан мамнун эканлигимни унга айтиб қўйсангиз, сиздан эса, Афраний, —деб прокуратор хонтахта устида ётган камарининг киссасидан бир узук олди ва уни махфий хизмат бошлиғига узатаркан, деди: — Ушбуни эсдалик учун қабул қилишингизни сўрайман.
— Афраний таъзим қиларкан, деди:
— Илтифотингизнинг ҳудуди йўқ, прокуратор.
— Дафн билан машғул бўлган ходимларингизни мукофотланг. Иудани қочириб юборган айғоқчиларга ҳайфсан эълон қилинг. Левий Матвейни эса ҳозироқ ҳузуримга бошлаб келинг. Мен Иешуа ҳақида бутун тафсилотни билмоқчиман.
— Бош устига, прокуратор, — деди Афраний ва ҳар қадамда таъзим қила-қила тисарилиб чиқа бошлади, прокуратор эса қарсак чалиб, қичқирди:
— Ҳой, бу ёққа! Шамлар ёқилсин!
Афраний боққа кириб бораётганидаёқ Пилат орқасида пайдо бўлган хизматкорларнинг қўлида шамлар милтиллаб ёна бошлаган эди. Бир зумда хонтахта устида учта шамчироқ пайдо бўлди-ю, ойдин тун боғ томонга чекинди, гўё уни Афраний ўзи билан олиб кетган эди. Балконда Афранийнинг ўрнида девқомат кентурион кузатувида жиккаккина, ориқ бир одам иайдо бўлди. Кентурион, кўзи прокураторнинг кўзига гушиши билан, боғ томон чекиниб, ғойиб бўлди.
Прокуратор келган одамга қаттиқ синчковлик билан тикилиб, уни хиёл ҳадиксираб кузата бошлади. Одатда кўп шов-шув бўлган ва ҳеч хаёлдан кўтарилмайдиган одам ниҳоят кўз олдида намоён бўлган чоғда унга шундай тикилиб қарайдилар.
Келган одам қирқ ёшларда бўлиб, қоп-қорайиб кетган, кийимлари чувринди, бошдан-оёқ ҳаммаёғига лой сачраб, қотиб қолган, қовоқлари остидан ўқрайиб қарар эди. Қисқаси, бу ўлгудек бадбуруш одам кўпроқ жоме бўсағаси ё сершовқин, ифлос Қуйи Шаҳарнинг бозорларида қалашиб ётган тиланчиларга ўхшарди.
Сукут узоқ давом этди, ниҳоят уни Пилат ҳузурига олиб келинган мана шу одамнинг аломат рафтори бузди. Унинг ранги ўзгариб, бирдан гандираклаб кетди, агар исқирт қўли билан хонтахтанинг четидан ушлаб қолмаганида йиқилиб тушиши муқаррар эди.
— Нима бўлди? — деб сўради ундан Пилат.
— Ҳеч нима, — деб жавоб қидди Левий Матвей ва гўё бир нимани ютиб юборгандай аломат ютинди. Унинг қилтириқ, яланғоч, исқирт бўйни бир шишиб, яна пучайди.
— Нима бўлди сенга, жавоб бер, — деб такрор сўради Пилат.
— Чарчадим, — деди Левий ва ғамгин кўзларини ерга тикди.
— Ўтир, — деди Пилат оромкурсига ишора қилиб. Левий прокураторга шубҳа билан қаради, оромкурси томон юрди, унинг олтин бандига кўз қири билан қўрқа-писа қараб қўйиб, оромкурсига эмас, унинг ёнига, ерга ўтирди.
— Қани айт, нега унга ўтирмадинг? — деб сўради Пилат.
— Ҳаммаёғим ифлос, уни булғаб қўяман, — деди Левий ерга қараганча.
— Ҳозир сенга овқат беришади.
— Овқат егим йўқ, — жавоб қилди Левий.
— Нима қиласан ёлғон гапириб? — деди Пилат паст овоз билан. — Ахир кун бўйи, балки кечадан бери туз тотмагансан. Ҳа, яхши, емасанг ема. Сени бу ерга чақиришимдан мақсад, пичоғингни кўрмоқчиман.
— Мени бу ёққа олиб киришаётганда навкарлар пичоқни олиб қўйишди, — деб жавоб қилди Левий ва маъюс оҳангда илова қилди: — Айтинг, пичоқни беришсин, мен уни эгасига қайтаришим керак, уни ўғирлаб олганман.
— Нима мақсадда?
— Арқон кесиш учун, — жавоб қилди Левий.
— Марк! — деб қичқирди прокуратор, шу заҳоти кунтурион балконда пайдо бўлди. — Бунинг пичоғини менга беринг.
Кентурион камарига осилган икки ғилофнинг биридан нон кесадиган ифлос бир пичоқни чиқариб, прокураторга узатди-да, ўзи чиқиб кетди.
— Қаердан олган эдинг бу пичоқни?
— Хеврон қопқаси ёнидаги нон дўконидан, шаҳарга кираверишда, чап қўлда.
Пилат пичоқнинг кенг дамини кўздан кечирди, негадир унинг ўткир-ўтмаслигини бармоғи билан синаб ҳам кўрди ва деди:
— Пичокдан кўнглинг тўқ бўлсин, уни ўша дўконга олиб бориб беришади. Энди мен яна бир нарсани кўришим керак: ёнингда олиб юрган пергаментни кўрсат — унга Иешуанинг сўзлари ёзилганмиш.
Левий Пилатга нафрат билан қаради ва шундай сқимсиз жилмайдики, юзи ниҳоят даражада бадбашара бўлиб кетди.
— Бисотимда қолган шу биттаю битта нарсани ҳам тортиб олмоқчимисиз?
— Мен, бер, деганим йўқ, — жавоб қидди Пилат, — кўрсат, дедим холос.
Левий қўйнига қўл тиқиб, бир ўрам пергамент чиқарди. Пилат уни олиб, хонтахта устига, шамлар оралиғига ёзди-да, кўзларини қисганча сиёҳ билан пиҳоятда ғализ ёзилган белгиларни ўргана бошлади. Бу ажи-бужи ёзилган сатрларнинг маънисига тушуниш амри маҳол эди, шунга кўра Пилат афтини буриштириб, пергамент устига энгашиб олиб, бармоғини с:атрлар устида юрғизарди. Ҳар нечук у пергаментдаги ёзув бир-бирига боғланмаган аллақандай ҳикматли сўзлар, қандайдир рўзғорга дахддор гаплар, саналару шеър парчаларидан иборат эканлигини аниқлади. Пилат баъзи сўзларни ҳижжалаб ўқиди ҳам: «Ўлим йўқ... Кеча биз баҳорги ширин баккуротдан едик...».
Ўқишга қийналганидан Пилатнинг афти буришиб кетган эди, у кўзларини қисиб пергаментни зўрға ҳижжалаб ўқирди: «Биз обиҳаёт оқувчи мусаффо дарёни кўргаймиз... Башарият қуёшни шаффоф кристалл орқали кузатади...».
Шу пайт Пилат бирдан чўчиб тушди. У пергаментнинг охирги мисраларида шундай сўзларни ўқий олди: «... энг улкан иллат... қўрқоқлик».
Пилат пергаментни карнай қилиб ўраб, тезкорлик билан уни Левийга узатди.
— Ол, — деди у ва пича сукутдан сўнг қўшимча қилди: — Сен китоб шайдоси кўринасан, нима қиласан сўққабош ҳолда, оч-яланғоч, бошпанасиз санғиб юриб. Қайсарияда катта кутубхонам бор, мен жуда бадавлат одамман, сени ўз хизматимга олмоқчиман. Сен уйимда қадимги қўлёзмаларни саралаб, авайлаб, сақлайсан. Қорнинг ҳам тўқ, эгнинг ҳам бут бўлади.
Левий ўрнидан туриб жавоб берди:
— Йўқ, хоҳламайман.
— Нега? — деб сўради ғазабдан юзи қорая бошлаган прокуратор, — мен манфур кўриняпманми сенга, қўрқасан?
Левийнинг юзи боягидай ёқимсиз кулгидан ўзгарди ва у деди:
— Йўқ, аксинча, сен мендан қўрқа бошлайсан. Менинг юзимга тик боқиш сен учун осон бўлмайди, уни қатл эттирганингдан кейин.
— Жим бўл, — деди Пилат, — яхшиси, пул ол. Левий рад маъносида бош чайқади, прокуратор гапини давом эттирди.
— Биламан, сен ўзингни Иешуанинг шогирди деб ҳисоблайсан, аммо сенга айтсам, у берган сабоқлардан биронтасини ҳам уқиб олмабсан. Зеро, уққанингда, мендан бирон туҳфа олардинг, албатта. Яхшилаб эшитиб ол: у ўлими олдидан, ҳеч кимни айбламайман, деб айтипти, — Пилат бармоғини маъноли кўтарди, юзи уча бошлади. — Тирик бўлганида у ҳам албатта бирон нима оларди. Сен тошбағирсан, лекин у тошбағир эмас эди. Энди қаёққа борасан?
Левий бирдан хонтахтага яқин келиб, иккала қўлини унга тиради-да, ўт чақнаётган кўзларини прокураторга тикиб, пичирлаб деди:
— Билиб қўй, игемон, Ершалаимда мен бир одамни сўяман. Сенга шуни айтиб қўймоқчиманки, ҳали яна қон тўкилади, билиб қўй.
— Мен ҳам биламан яна қон тўкилишини, — деб жавоб қилди Пилат, — бу гапинг билан мени асло ажаблантирмадинг. Сен мени бўғизламоқчи бўлсанг керак, албатта?
— Сени бўғизлашга қурбим етмайди, — деб жавоб қилди Левий тишларини кўрсатиб тиржаяркан, — мен у даражада аҳмоқ эмасман, илло анави кириафлик Иешуани сўймай қўймайман, қолган умримни шу ишга тикдим.
Шунда прокураторнинг кўзларида мамнуният акс этди ва у Левий Матвейни бармоғи билан ўзи томон имлаб, шундай деди:
— Сен бу ишни қила олмайсан, уриниб овора бўлма. Иудани бугун тунда сўйиб кетиб бўлишган.
Левий бирдан орқага тисарилди, атрофга ваҳшиёна кўз ташлаб, чинқирди:
— Ким қилди буни?
— Ғайирлик қилма, — деди Пилат тишининг оқини кўрсатиб ва қўлларини бир-бирига ишқаб, — Иешуанинг сендан бошқа ҳам «мухлис»лари бор кўринади.
— Ким қилди буни? — деб такрорлади Левий пичирлаб.
Пилат унга жавоб қилди:
— Мен қилдим.
Левийнинг оғзи ланг очилиб, прокураторга серрайиб тикилиб қолди, прокуратор эса:
— Гуноҳни ювиш учун бунинг ўзи озлик қилади, нлбатта, лекин ҳарҳолда шу ишни мен қилдим, — деди у ва қўшиб қўйди: — Хўш, энди бирон нима оларсан?
Левий ўйланиб қолди, кўнгли анча юмшади ва ииҳоят деди:
— Буюр, менга бир бўлак тоза пергамент беришсин.
Орадан бир соат ўтди. Энди Левий қасрда йўқ эди. Энди тонгги сукунатни боғда юрган соқчиларнинг оҳиста одим ташлашларигина бузарди. Ойнинг ранги тез ўча бошлади, осмоннинг иккинчи чеккасида — уфқда тонг юлдузи оқиш доғ бўлиб кўринарди. Шамчироқлар аллақачон ўчган. Прокуратор чорпояда отарди. У кафтини ёноғи остига қўйиб, жимгина ухлар, Банга ҳам унинг ёнида пинакка кетган эди.
Нисон ойининг ўн бешинчи тонгини шундай қарши олган эди Иудеянинг бешинчи прокуратори Понтий Пилат.

Йигирма еттинчи боб
50-Квартиранинг Тугатилиши
Маргарита «... нисон ойининг ўн бешинчи тонгини шундай қарши олган эди Иудеянинг бешинчи прокуратори Понтий Пилат» деган жумла билан якунланувчи бобнинг ниҳоясига етганида тонг отган эди.
Чумчуқлар галаси ҳовлидаги оқтол ва жўка шохларига қўниб олиб, шўх ва ҳаяжонли суҳбат бошлаган эди.
Маргарита оромкурсидан туриб керишди, шундагина бутун вужуди қақшаётганини ва уйқу элитаётганини ҳис қилди. Бироқ унинг руҳи ғоятда тетик эди. Фикрлари паришон эмас, бугунги тунни ғайритабиий тарзда ўтказгани уни асло безовта қилмас эди. Маргаританинг шайтонлар базмида бўлгани ҳам, қандайдир мўъжизавий тарзда устани қайтариб беришгани ҳам, қуйиб кул бўлган романнинг қайта пайдо бўлгани ҳам, подваддаги икки хоналик квартирадан бадкирдор Алоизий Могарич қувилиб, ҳамма нарса яна ўз жойида қарор топгани ҳам уни асло ҳаяжонга солмаган эди. Хуллас, Воланд билан танишув унга ҳеч қандай руҳий зиён етказмади. Ҳамма нарса худди рисоладагидек бўлди. Маргарита нариги хонага ўтиб, устанинг оромбахш, маст уйқуда ётганини кўрди, бекорга ёниб турган стол устидаги чироқни ўчирди-да, қарама-қарши девор тагидаги устига эски ва йиртиқ чойшаб ёзилган диванчага чўзилди. Бир дақиқадан кейин ухлаб кетди, аммо ўша куни эрталаб у ҳеч қандай туш кўрмади. Подвалдаги икки хона сукутда, подвал устидаги мўьжазгина уй ҳам сукутга толган, хилват тор кўча ҳам сув қуйгандек жимжит эди.
Аммо бу маҳал, яъни шанбага ўтар куни тонг палласида Москвадаги бир муассаса жойлашган бинонинг бутун бир қавати бедор эди, унинг асфальт ётқизилган кенг майдонга (махсус машиналар оҳиста юриб сув сепаётган ва супураётган майдонга) очиладиган деразаларида чироқлар эндигина бош кўтариб келаётган қуёш шуъласи билан бас бойламоқчи бўлгандай чарақлаб ёниб турарди.
Бутун қават Воланд иши юзасидан бошланган тергов билан машғул ва бу ердаги ўнта хонанинг ҳаммасида туни билан чироқ ёниб чиққан эди.
Сирасини айтганда, фақат кеча, жума куни, Варьете театрининг маъмурлари ғойиб бўлиш оқибатида ҳамда ундан бир кун олдин ўтказилган жодугарлик сеанси пайтида юз берган ҳар хил номаъқулчиликлар туфайли театрни ёпишга тўғри келгандан кейингина масала ойдинлашди. Лекин гап шундаки, шундан кейин ҳам идоранинг уйғоқ қаватига янгидан-янги материаллар тўхтовсиз келиб турди.
Тергов олиб бораётганлар эндиликда ғирт майнавозчиликнинг (яна аллақандай сеҳрли фокуслар ва мутлақо ошкора жиноятлар билан омихта бўлган майнавозчилик) ҳиди келиб турган бу ўта ғаройиб ишга Москванинг турли томонида юз берган турли хил, чалкаш ишларни боғлаб, ягона ҳодиса сифатида иш кўришлари лозим эди.
Электр чироқлари билан чароғон бу уйғоқ қаватга биринчи бўлиб чақирилган одам акустика комиссиясининг раиси Аркадий Апполлонович Семплеяров бўлди.
Унинг Тошкўприк яқипидаги уйга жойлашган квартирасида жума куни тушликдан кейин телефон жиринглаб, бир эркак овози Аркадий Апполлоновични сўради. Телефон трубкасини кўтарган Аркадий Лполлоновичпинг хотини маъюс оҳангда эрининг бетоб бўлиб ётгани ва телефонга кела олмаслигини айтди. Лекин шунга қарамай Аркадий Аполлонович трубкани олишга ажбур бўлди. Аркадий Аполлононични ким, қаердан сўраяпти, деб берилган саволга телефонда жуда қисқа жавоб қилишди.
— Мана, ҳозир... бир зумгина... бир дақиқа сабр қилинг... — деб ғўлдиради акустика комиссияси раисининг одатда ўта такаббур хотини ва Аркадий Аполлоновични ўрнидан турғазиш учун ётоқхонага ўқдай отилиб кирди: Семплеяров кеча театрда берилган сеанс ва сеансдан сўнг уйида кечаси бошланган маш-машадан (бу машмаша баҳонаси билан саратовлик қиз-жияни квартирадан ҳайдаб чиқарилди) ичини ит тирнаб, изтироб чекиб ётарди.
Тўғри, бир зумда ҳам эмас, лекин бир дақиқада ҳам эмас, балки чорак дақиқа деганда Аркадий Аполлононич ички кўйлак-иштонда, чап оёғида бир пой туфли оилан телефон оддида пайдо бўлган ва:
— Ҳа, бу мен... эшитаман, хўп бўлади... — деб ғўлдирай бошлаган эди.
Бу маҳал унинг умр йўлдоши, шўрлик Аркадий Аполлоновичнипг ошкор бўлган жирканч бевафолигини ҳам унутиб юбориб, даҳлизга очиладиган эшикдан қўрқа-писа мўраларкан, эрининг бир пой туфлисини ҳавода силкиганча:
— Туфлингни кийиб ол, туфлингни... Оёғингдан зах ўтади, — деб пичирларди, бунга жавобан Аркадий Аиоллонович ялангоёғи билан шатталаб хотинини ҳайдар, унга ўқрайиб қўяркан, трубкага ғўлдираб дерди:
— Ҳа, ҳа, ҳа, бўлмасам-чи, тушунаман... Ҳозир етиб бораман.
Аркадий Аполлонович бугун оқшомни тергов бораётган қаватда ўтказди. Суҳбат ниҳоятда оғир, ниҳоятда кўнгилсиз бўлди, зеро нафақат кечаги қабоҳатли сеанс ва ложада юз берган муштлашиш тўғрисида, балки йўл-йўлакай зарурат юзасидан, Елоховская кўчасида турувчи Милица Андреевна Покобатько ҳақида ҳам, саратовлик жияни тўғрисида ҳам, булардан ташқари яна жуда кўп нарсалар тўғрисида ҳам мутлақо ошкора гапиришига тўғри келдики, бу ҳол Аркадий Аполлоновични ғайритаъриф азобга соларди.
Турган гапки, ўша лаъпати сеанснипг шоҳиди (фаросатли ва мулоҳазали шоҳиди) бўлган, ниқоб таққан сирли сеҳргарнинг ўзини ҳам, унинг икки лўттибоз ёрдамчисини ҳам ниҳоятда мукаммал тасвирлаб берган, сеҳргарнинг фамилияси айнан Воланд эканлигини жуда аниқ эслаб қолган зиёли ва маданиятли одам бўлмиш Аркадий Аполлонович келтирган далил-дастаклар тергов ишини анча жадаллаштириб юборди. Аркадий Аполлонович берган гувоҳликни ўзга одамларнинг (шу жумладан, сеанс оқибатида жабрланган айрим хонимларнинг ва Садовая кўчасидаги 50-квартирага юборилган курьер Карповнинг) гувоҳликлари билан қиёслаш натижасида ушбу ҳангомаларнинг сабабчиларини қаердан қидириш кераклиги бир зумда аниқланди - қўйди.
50-квартирада бир эмас, бир неча марта бўлишиб, наинки уни синчиклаб кўздан кечиришди, ҳатто унинг деворларини ҳам тўқиллатиб кўришди, камин мўрконига ҳам мўралашди, хуфия жойларни қидиришди. Бироқ бу тадбирларнинг бари ҳеч қандай самара бермади, квартирада бирон марта ҳам бирон-бир жонзот учрамади, ҳолбуки Москвага келувчи барча ажнабий туртистлар ҳақида хабардор бўлиш зиммасига юкланган шахслар, Воланд исмли сеҳргар Москвада йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, деб кескин ва қатъий равишда таъкидлашларига қарамай, квартирада қандайдир кимсалар мавжудлиги жудаям аниқ эди.
Шунга қарамай, Москвага келган ўша Воланд деган шахс ҳеч ерда рўйхатдан ўтмаган, ҳеч бир кимсага паспорт ёки ўзга бирон ҳужжат, масалан, шартнома варақасини кўрсатмаган ва ҳеч ким у тўғрида бирон-бир маълумот олмаган эди. Томошахоналар комиссияси қошидаги программалар бўлими мудири Китайцев, ўша ғолиб бўлган Стёпа Лиходеев ҳеч қандай Воланд ҳеч қандай программасини менга тасдиқлаш учун юборгани ҳам йўқ, ўша Воланд деган сеҳргарнинг келгани ҳақида ҳеч қандай телефон ҳам қилингани йўқ, деб худони ўртага қўйиб, қасам ичди. Бинобарин у, яъни Китайцев Варьетеда бундай сеанс берилишига Стёпанинг қандай йўл қўйганини мутлақо тушунмас ва бунинг сабабини ҳам билмас эди. Лекин Китайцевга, ахир ўша сеҳргарни Аркадий Аполлонович театрда ўз кўзи билан кўрибди-ку, деб айтишганида, у фақат кифтини учириб, кўзини шифтга тикиш билан жавоб қилди. Лекин Китайцевнинг кўзига қараб,олдингидек оппоқ эканлигини дадил эътироф этди.
Томоша кўрсатувчи муассаса комиссияси раиси Прохор Петровичга келсак...
Дарвоқе, кабинетга милиция келган ҳамон у ўз костюми ичида пайдо бўлди ва бу рафтори билан Лнна Ричардовнани телбанамо қувонтириб, бекорга безовта қилинган милицияни ҳайратдан оғзини очириб қўйди... Яна ўз ўрнига қайтиб, кул ранг йўл-йўл костюми ичига кирган Петрович, ўзи қисқа муддатга ғойиб бўлган пайтида костюми ёзган кўрсатмаларнинг барини тўла-тўкис маъқуллади... ана шу Прохор Петрович ҳам Воланд деган шахс ҳақида мутлақо ҳеч нима билмас эди.
Сиз нима деб ўйласангиз ўйланг, китобхон, аммо бу мутлақо, ақл бовар қилмайдиган ҳол эди: минглаб томошабинлар, Варьетенинг бутун ҳайъати, ниҳоят, жуа билимдон шахс Аркадий Аполлонович Семплеяров битта сеҳргарни, шунингдек, унинг бадкор ассистентларини ўз кўзлари билан кўришган бўлса ҳам, сеҳргарни ҳеч ердан топиб бўлмади. Хўш, ўзингиз айтинг-чи: нима, у ўша манфур сеанси тугаши билан ер қаърига кириб ғойиб бўлдими ёки баъзиларнинг таъкидлаши-ча, у аслида Москвага мутлақо келмаганмиди ? Агар айтганимиздан биринчиси рўй берган деб фараз қиладиган бўлсак, унда, у шубҳасиз, ўзи билан бирга Варьете маъмурияти раҳбарларини ҳам ер қаърига олиб кириб кетган, лекин бордию иккинчи тахминга тўхталадиган бўлсак, унда бадбахт театр маъмурларининг ўзи биронта расвогарчилик қилиб қўйиб (кабинетдаги дераза ойнасининг синганини ва Ғиштинтузнинг ўзини қандай тутганини эсланг!), Москвадан қочиб чиқиб, бедарак кетган бўлиб чиқади.
Тергов ишини бошқарган одамга тан бериш керак. Ғойиб бўлган Римскийни бир зумда қидириб топишди. Ғиштинтузнинг кинематограф олдидаги такси тўхтайдиган майдончада ўзини қандай тутганини айрим вақтлар, чунончи сеанс тугаган ва Римскийнинг ғойиб бўлган пайтлари билан муқояса қилиб кўрилиши ҳамоно ҳамма нарса ойдинлашдию дарҳол Ленинградга телеграмма юборилди. Бир соатдан кейин (жума куни кечқурун) Римскийнинг «Астория» меҳмонхонасида, тўртинчи қаватдаги тўрт юз ўн иккинчи хонадан топилгани ҳақида жавоб етиб келди.
«Астория»нинг тўрт юз ўн иккинчи хонасидаги кийим жавонига яширинган Римский дарҳол ҳибсга олинган ва ўша ерда, Ленинградда сўроқ қилинган. Шундан сўнг Москвага юборилган телеграммада, Варьетенинг молия директори мутлақо эсини йўқотган ҳолатда эканлиги, берилган саволларга бирон жўяли жавоб бермагани ёинки беришни хоҳламагани ҳақида, билъакс ҳадеб, уни қамоқхонанинг зирҳланган камерасига қамаб, қуролли соқчилар билан қўриқлашларини илтимос қилаётгани ҳақида ёзилган эди. Москвадан юборилган телеграммада Римскийни соқчилар кузатувида Москвага жўнатиш буюрилди, шунга кўра Римский жума куни кечқурунги поездда соқчилар кузатувида йўлга чиқди.
Шу жума куни кечқурун Лиходеевнинг ҳам изи топидди. Унинг тўғрисида барча шаҳарларга телеграмма юборилиб, қидирув эълон қилинган эди. Ялтадан: «Лиходеев Ялтада бўлган, лекин аэропланда Москвага учиб кетди», деган жавоб телеграммаси олинди.
Бирдан-бир дараги топилмаган одам Варенуха бўлди. Деярли бутун Москвага таниқли бўлган бу машҳур театр маъмури дом-дараксиз йўқолган эди.
Бу аснода Варьете театридан четда, Москванинг бошқа ерларида юз берган ҳодисалар билан ҳам шуғулланишга тўғри келди. Масалан, «Славное море» қўшиғини ижро этган ходимларнинг ғайритабиий рафторини (дарвоқе, профессор Стравинский тери остига қандайдир дори юбориш билан икки соат ичида уларнинг ҳаммасини яна ўз ҳолига келтиришга муваффақ бўлди), шунингдек, алламбало қоғозларни айрим кишилар ё муассасаларга пул ўрнида ўтқазган шахслар ва шундай йўл тутилиши оқибатида зиён кўрган шахслар масаласини ҳам ойдинлаштириш лозим бўлди.
Маълумки, бу ҳодисалар ичида энг кўнтилсиз, энг ғалвали ва энг мушкули марҳум Берлиознинг калласини Грибоедов залига қўйилган тобутдан куппа-кундуз куни ўғирлаб кетилгани бўлди.
Бутун Москвага ёйилиб кетган бу мураккаб ишнинг чигалларини биттама-битта ечиш учун ўн иккита терговчи сафарбар қилинди.
Терговчилардан бири профессор Стравинскийнинг шифохонасига борди ва биринчи навбатда кейинги уч кун ичида шифохонага келтирилган шахсларнинг рўйхатини сўради. Бунинг натижасида Никонор Иванович Босой ва калласи узилиб қайта ўрнатилган бечора конферансье топилди. Лекин улар терговчини қизиқтирмади. Чунки буларнинг иккови ҳам ўша номаълум сеҳргар бошчилигидаги тўданинг қурбони бўлганлиги равшан эди. Аммо Иван Николаевич Бездомний терговчини ҳаддан ташқари қизиқтириб қодди.
Жума куни кечга яқин Иванушка ётган 117-хонанинг эшиги очилиб, бу ерга Москвадаги энг яхши терговчилардан бири деб саналишига қарамай, қиёфасидан терговчига мутлақо ўхшамайдиган кулча юз, вазмин, мулойим бир йигит кириб келди...
Терговчи хушмуомалалик билан ўзини танитди ва Иван Николаевичнинг ҳузурига ўтган куни Патриарх кўли бўйида содир бўлган ҳодисалар хусусида гаплашгани келганини айтди.
О, афсус, бу терговчи сал олдинроқ, ҳеч бўлмаса, пайшанбага ўтар кечаси келганида борми, Иваннинг боши осмонга етган бўларди: ўшанда у Патриарх кўлида юз берган воқеани роса куйиб-пишиб ҳикоя қилмоқчи бўлган, аммо унинг айтганларига эътибор беришмаган эди. Мана энди унинг маслаҳатчини тутиш орзуси ушалди, энди у ҳеч кимнинг орқасидан қувмайди, аксинча ўша чоршанба куни кечқурун содир бўлган воқеани эшитиш учун мана, унинг ҳузурига ўзлари келишипти.
Лекин, таассуфки, Берлиоз ҳалокатидан кейин ўтган вақт ичида Иванушка тамомила ўзгариб кетган эди. У терговчининг барча саволларига бажонидил ва мулойимлик билан жавоб қайтарар, аммо унинг ни-гоҳида ҳам, гапириш оҳангида ҳам лоқайдлик сезилиб турарди. Берлиоз фожиаси энди шоирни ташвишга солмай қўйган эди.
— Айтинг-чи, Иван Николаевич, Берлиоз трамвай тагига йиқилиб тушганида сиз турникетдаи узоқдами-дингиз ?
Иван негадир бепарволик билан сезилар-сезилмас жилмайиб қўйди-да, жавоб қилди:
— Мен узоқда эдим.
— Анави катак камзул кийган турникет олдида турганмиди?
— Йўқ, у сал нарироқдаги скамейкада ўтирган эди.
— Берлиоз йиқилиб тушганида унинг турникет олдига бормаганини аниқ эслайсизми?
— Эслайман. Боргани йўқ. У ястаниб ўтирган эди. Терговчи бошқа савол бермади. У Иванушка билан қўл бериб хайрлашаркан, тезроқ тузалиб кетинг, деди ва тез кунларда унинг янги шеърларини ўқишига умид билдирди.
— Йўқ, — оҳиста жавоб қилди Иван, — мен энди ҳеч қачон шеър ёзмайман.
Терговчи мулойим жилмайиб қўйиб деди:
— Ҳозир сиз бир оз руҳан сиқилгансиз, лекин аминманки, бу ҳол ҳадемай ўтиб кетади.
— Йўқ, — деди Иван терговчига эмас, сўниб бораётган олис уфққа тикилиб, — бу ҳол энди ҳеч қачон тугамайди. Мен ёзган шеърлар — ёмон шеърлар, буни мен энди тушундим.
Терговчи ғоят муҳим далиллар олиб жўнаб кетди. Юз берган воқеалар тизмасининг охиридан бошига қараб бирма-бир текшириш натижасида, ниҳоят ҳодисаларнинг сарчашмаси топилди. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси Патриарх кўлида юз берган қотилликдан бошланганига энди шубҳа қолмаган эди. Тўғри, Иванушка ҳам, анави катак камзулли ҳам МАССОЛИТнинг бахтиқаро раисини трамвай тагига итариб юбормаган, хуллас, ҳеч ким унинг трамвай остига думалаб тушишида жисмоний ҳисса қўшмаган эди. Лекин терговчи, Берлиоз гипноз қилинган бўлгани учун ўзини трамвай тагига ташлаган (ёки йиқилиб тушган) деб қатъий ишонарди.
Ҳа, материал етарли даражада эди, энди кимларни қаердан тутиш кераклиги ҳам маълум эди. Бироқ ҳамма бало шундаки, айбдорларни ҳеч тутиб бўлмаётган эди. Ўша худо қарғаган 50-квартирада, шубҳасиз, кимлардир бор эди. Баъзи-баъзида телефон қўнғироғига у квартирадан кимдир ғижирловчи манқа овоз билан жавоб қиларди, аҳён-аҳёнда квартиранинг деразалари очилиб қолар, ҳаттоки, у ердан патефон овози ҳам эшитиларди. Лекин ҳар гал текширгани боришганда, у квартирада зоғни ҳам учрата олмасдилар. Ҳолбуки, у ерга бир эмас, бир неча марта, кундузи ҳам, кечаси ҳам бориб кўришган эди. Бунинг устига, квартира ичида тўр кўтариб юришиб, унинг бурчак-бурчакларини ҳам синчиклаб текширишди. Бу квартира ўзи кўпдан шубҳа остига олинган эди. Шу боис наинки дарвозахона ва ҳовли орқали унга кирадиган йўлни, шунингдек, орқа эшикни ҳам қўриқлай бошлашди, бундан ташқари, томдаги мўркон оғзига ҳам соқчи қўйилди. Ҳа, 50-квартира бебошлик қилар, аммо унинг танобини тортиб қўйишнинг ҳеч иложи бўлмаётган эди.
Вазият ҳеч ўзгаришсиз, шундай қолаверди, ниҳоят, жумадан шанбага ўтар кечаси қоқ ярим тунда эгнига базм либоси, оёғига локланган туфли кийган барон Майгель 50-квартирага тантанали вазиятда меҳмон бўлиб келди. Эшикни очиб, баронни квартирага киритишгани эшитилди. Шу воқеадан сўнг роса ўн дақиқа ўтгач, ҳеч қандай қўнғироқ қилмай, квартирага бостириб киришди, аммо у ерда наинки уй соҳибларини учратишди, балки (буниси энди ақл бовар қилмайдиган ҳол эди) барон Майгелнинг арвоҳи ҳам қолмаганига шоҳид бўлишди.
Шундай қилиб, юқорида айтганимиздек, вазият шанба куннинг саҳарига довур ҳеч ўзгаришсиз қолаверди. Бу пайтга келиб, янги ва жуда қизиқарли маълумотлар пайдо бўлди. Москва аэродромига Қримдан учиб келган олти ўринли пассажир самолёти қўнди. Бошқа йўловчилар қатори ундан жуда антиқа йўловчи ҳам тушди. Бу уч-тўрт кундан бери юзига сув тегмаган, соқол-мўйлови ўсиб тиканак бўлган, яллиғланган кўзлари олазарак боқувчи, қўлида ҳеч қандай юки йўқ ва ниҳоятда аломат кийинган йигит эди. У бошига папоқ, эгнига тунги кўйлаги устидан чарм чакмон, оёғига кўк рангли, эндигина сотиб олинган яп-янги шиппак кийган эди. Самолёт зинасидан тушиб икки қадам юрар-юрмас уни кутиб олишди ва яна бир оз вақтдан сўнг Варьетенинг бутун Москвага довруғи кетган директори Степан Богданович Лиходеев тергов аҳлига рўпара бўлди. У ҳам янги маълумотлар берди. Ана энди Воланднинг Стёпа Лиходеевни гипноз қилиб қўйиб, Варьетега артист қиёфасида кириб боргани, кейин уни жоду йўли билан Москвадан бир неча минг километрга улоқтиргани маълум бўлди. Далиллар шу тарз-да тоғ-тоғ бўлиб уюлиб кетаётган бўлса ҳам, бундан иш енгиллашмади, балки, ҳатто, бир оз оғирлашди деса ҳам бўлади, чунки Степан Богдановичнинг бошига не савдоларни солган ўша найрангбоз шахсни қўлга илинтириш жуда мушкул эканлиги яққол кўриниб турарди. Бу ўртада Лиходеев, ўз илтимосига кўра, мустаҳкам камерага қамаб қўйилди. Бу аснода деярли икки кеча-кундуз дом-дараксиз кетиб, яна ўз квартирасида пайдо бўлган ва ўша ерда ҳибсга олинган Варенуха терговчилар олдида гувоҳлик бера бошлади.
Гарчи у Азазеллога, бошқа ёлғон сўзламайман, деб сўз берган бўлса ҳам, терговда гапни ёлғондан бошлади. Лекин бунинг учун уни жудаям айбламаслик ке-рак. Чунки Азазелло телефонда ёлғиз сўзлаш, қўрслик қилишни ман қилган эди унга, ҳозир эса, маъмур ўша аппарат ёрдамисиз гапираётган эди. Иван Савельевич тергов қилаётганлардан кўзини олиб қочишга уриниб ҳикоя қила бошлади:
— Пайшанба куни кундузи Варьетедаги кабинетимда ёлғиз ўзим то маст бўлиб қолгунимча ичдим. Кейин кетдим, қаёққа — эслолмайман, аллақаерда тўхтаб, яна старка ичдим, аммо қаерда — эслолмайман, қайсиям бир девор тагида учиб қолдим, лекин қайси девор эканлигиниям эслолмайман...
Варенуха ўзининг бемаъни ва бетутуриқ рафтори билан муҳим иш юзасидан тергов олиб боришга халақит бераётганини ва бу қилмиши учун албатта жавобгарликка тортилажагини айтишгандан кейин, у ҳўнграб йиғлаб юборди ва ҳаммаёққа олазарак бўлиб қараб, титроқ овоз билан пичирлаганча, ёлғон гапирганига, чунки Воланд тўдасининг қасос олишидан қўрқиб шундай қилганига иқрор бўлди ва ўзини зирҳланган камерага қамашларини ёлвориб илтижо қила бошлади.
— Оббо! Бунисигаям зирҳланган камера зарур бўлиб қопти, — деб тўнғиллади терговчилардап бири.
— Анави ярамаслар қаттиқ қўрқитиб қўйган буларни, — деди Иванушканинг олдида бўлиб қайтган терговчи.
Варенухага қўлдан келганча тасалли беришиб, сизни камерасиз ҳам ҳимоя қиламиз, деб ваъда қилишди, шундан кейин унинг ҳеч қандай девор тагида старка ичмагани, аксинча, сўйлоқ тишли малла одам билан бақ-бақалоқ бир нусха уни дўппослагани маълум бўлди.
— Ўша бақалоқ мушукка ўхшармиди?
— Ҳа, ҳа, ҳа, — деб пичирларди маъмур қўрқувдан шамдек қотиб ва зум ўтмай атрофига олазарак бўлиб қараб, сўнг у қарийб икки кун 50-квартирада қонхўр пойлоқчи сифатида кун кечиргани ва сал бўлмаса молия директори Римскийнинг умрига зомин бўлаёзгани ҳақида батафсил сўзлаб берди...
Шу пайт Ленинград поездидан тушган Римскийни олиб киришди. Бироқ аввалги молия директорига буткул ўхшамай қолган, қўрқувдан дағ-дағ титраётган, руҳий касалга мубтало бўлган, сочлари оқариб кетган бу чол оёқ тираб туриб олиб ҳақиқатни гапиришдан буткул бош тортди. У ўз кабинетининг деразасида тунда ҳеч қандай яланғоч Геллани ҳам, шунингдек, Варенухани ҳам кўрмагани, балки кўнгли беҳузур бўлиб, ҳуши оғиб, билмай Ленинградга кетиб қолгани ҳақида гапира бошлади. Қизиғи шундаки, бетоб Римский гувоҳлик бериб бўлиб, яна уни зирҳланган камерага қамашларини илтимос қила бошлади.
Аннушка эса Арбатдаги универмаг кассирига ўн долларлик қоғоз пул тутқизмоқчи бўлганида қўлга олинди. Унинг Садовая кўчасидаги уйнинг деразасидан учиб чиқиб кетган одамлар ва тақача ҳақидаги (Аннушканинг айтишича, у тақани милицияга элтиб бериш учун ердан кўтарган экан) гапларини диққат билан эшитишди.
— Тақача чинакам олтинданмиди, гавҳар тошлари ҳам бормиди? — деб сўрашди Аннушкадан.
— Вой, гавҳарнинг қанақалигини билмай ўлибманми, — деб жавоб қилди Аннушка.
— Ўша одам сизга берган пул червон пулмиди?
— Вой, червоннинг қанақалигини билмай ўлибманми, — деди Аннушка.
— Хўш, у пуллар қачон долларга айланиб қолди бўлмасам?
— Ҳеч нима билмайман, қанақа долларни гапиряпсиз, мен ҳеч қанақа доллар-полларни кўрганим йўқ, — дерди Аннушка чийиллаб, — биз ўз ҳуқуқимизни биламиз! Бизга мукофот беришган экан, демак унга чит сотиб оламиз... — шундан кейин у, бешинчи қаватни жину алвастилар маконига айлантириб, ҳамманинг тинчини бузган уй бошқармасининг қинғир ишлари учун жавоб берадиган аҳмоқ йўқ, деб шунақанги пойинтар-сойинтар гапларни жавраб кетдики...
Аннушка ҳаммани жонига теккан эди, терговчи қўл силтаб унинг овозини ўчирди ва яшил қоғозга рухсатнома ёзиб бериб, ҳамманинг кўнглидаги ишни қилди. Аннушка бинодан чиқиб кўздан ғойиб бўлди.
Шундан кейин жуда кўп одамлар бирин-кетин терговдан ўта бошладилар. Булар орасида Николай Иванович ҳам бўлиб, у рашкчи хотинининг тентаклиги туфайлигина (хотини милицияга эрининг эрталабга яқин ғойиб бўлганини хабар қилган эди) ҳибсга олинган эди. Николай Иванович ўзининг шайтон ҳузурида базмда бўлгани ҳақида ўта тутуриқсиз гувоҳномани кўрсатди, лекин бу билан тергов аҳлини унчалик ажаблантирмади. У Маргарита Николаевнанинг уй ходимасини ўз устига миндириб аллақайси гўрга чўмилишга олиб боргани ва ундан сал олдин Маргарита Николаевнанинг қип-яланғоч ҳолда деразада ўтиргани ҳақида сўзлаб берди-ю, қолган гапларни сир сақлаб қолди. Масалан: у Маргарита Николаевнанинг ётоқхонасига кўйлак кўтариб киргани ва Наташани Венера деб атаганини сўзлаб беришни лозим кўрмади. Унинг ҳикоя қилишича, Наташа деразадан учиб чиққану уни миниб олиб, Москва ташқарисига парвоз этган эди.
— Камина бу зўравонликка бўйсунишга мажбур бўлдим, — деб ҳикоя қилди у ва ўз уйдирмаларини бундай якунлади: — Ўтинаман, шу айтган гапларимни зинҳор-базинҳор хотиним била кўрмасин.
Унга ваъда беришди.
Николай Иванович берган гувоҳликдан Маргарита Николаевнанинг, шунингдек унинг уй ходимаси Наташанинг ном-нишонсиз ғойиб бўлишгани аниқланди. Уларни қидириб топиш чоралари кўрила бошлади.
Шанба шуни эрталаб гувоҳларни тергов қилиш бир зум ҳам тўхтамади. Бу пайт шаҳарда мутлақо куракда турмайдиган миш-мишлар пайдо бўлиб, яшин тезлигида чор ёққа тарқала бошлади. Тариқдаккина ҳақиқат туядай уйдирмага айланди. Айтишларича, Варьете театрида берилган сеҳргарлик сеансидан кейин икки мингта томошабиннинг ҳаммаси кўчага онадан қандай туғилган бўлса, шундай ҳолда отилиб чиққанмиш, Садовая кўчасида қалбаки пул ясайдиган босмахона топилганмиш, аллақандай ўғрилар тўдаси маишатхонадан бирваракайига бешта мудирни ўғирлаб кетганмиш-у, лекин милиция ўша заҳоти уларни топганмиш, ҳоказо ва ҳоказо.
Вақт тушликка яқинлашиб қолган эди, шу пайт тергов олиб борилаётган хонада телефон жиринглади. Садовая кўчасидан қўнғироқ қилишиб, касофат квартирада яна жонланиш рўй берганини хабар қилишди. Айтишларича, квартиранинг деразалари ичкаридан очилипти, у ердан пианино овози ва қўшиқ эшитилипти, деразада ўзини офтобга солиб, ястаниб ётган қора мушукни кўришипти.
Куннинг авжи қизиган пайти — соат тўртларда бир гуруҳ гражданча кийинган эркаклар Садовая кўчасидаги 302-бис уйга етмасдан анча нарироқда учта машинадан тушишди. Кейин улар иккита кичик тўдага бўлинишди-да, биринчи тўда бостирма остидан ҳовлига кириб, тўғри олтинчи йўлак сари йўл олди, иккинчиси эса орқа йўлга олиб кирадиган доимо михлоғлиқ кичкинагина эшикни очди, шунда иккала тўда бошқа-бошқа зинадан 50-квартирага баравар кўтарила бошлади.
Бу пайт Коровьёв билан Азазелло квартиранинг емакхонасида нонушта қилиб ўгиришар, Воланд, ўз одати бўйича ётоқхонада эди, мушукнинг қаердалиги маълум эмас эди. Лекин ошхонадан келаётган идиш-товоқларнинг тарақ-туруқидан, Бегемот ўша ерда яна бирон жиннилик қилаётган бўлса керак, деб ўйлаш мумкин эди.
— Зинадан оёқ товушлари эшитиляптими? — деб сўради Коровьёв чашкасидаги қаҳвани қошиғи билан кавлаб ўтираркан.
— Э, бизни қамоққа олгани келишяпти, — деб жавоб қилди Азазелло ва қадаҳчадаги коньякни ичиб юборди.
— Қани, қани, кўрайлик-чи, — деди Коровьёв бунга жавобан.
Бу маҳал подъезд эшигидан кирганлар зинадан учинчи қават майдончасига чиқиб келган эдилар. Бу ерда икки нафар водопроводчи иситиш қувури олдида ғивирсирди. Зинадан чиқиб келганлар водопроводчилар билан маънодор кўз уриштириб олишди.
— Ҳаммалари уйда, — деб пичирлади водопроводчилардан бири болғачаси билан қувурга уриб-уриб қўяркан.
Шунда олдинда келаётган одам пальтоси ичидан қора маузер чиқарди, унинг ёнидаги иккинчи одам — қўйнидан темир очқич олди. Умуман, 50-квартирага чиқиб келаётганлар пухта қуролланган эдилар. Икки кишининг чўнтагида осон ёйилувчи ингичка ипак тўр бор эди. Яна биттасида — арқон, биттасида — дока ниқоблар билан хлороформли ампулалар бор эди.
50-квартиранинг эшигини тез ва осон очишди, ҳамма келганлар даҳлизга киришди, айни пайтда ошхонада эшик «қарс» этиб очилди, бу — хуфия йўлдан чиққан иккинчи тўданинг ҳам ўз вақтида етиб келганидан дарак берди.
Бу гал қисман бўлса ҳам омад юриши аниқ эди. Одамлар бир зумда ҳамма хоналарга тарқалишди-ю, лекин ҳеч ерда ҳеч кимни учратишмади, фақат емакхонада ҳозиргина ейилган нонуштанинг қолдиғини, меҳмонхонада эса камин токчасида биллур кўза ёнида примус ушлаб чўққайиб ўтирган баҳайбат бир қора мушукни кўришди.
Меҳмонхонага кирганлар бу мушукка маҳлиё бўлиб узоқ вақт сукутга чўмиб туриб қолдилар.
— Х,а-а... чинданам антиқа ҳол — деб шипшиди кирганлардан бири.
— Шўхлик, қитмирлик қилмайман, примус тузатаман, — деди мушук тумшайганча, — яна, мушук зоти энг қадимий ва дахлсиз махлуқ, деб огохлантириб қўйишни ҳам ўз бурчим деб биламан.
— Ниҳоятда нозик ишланган, — деб пичирлади хонага кирганлардан бири.
— Қани, оғзи қимирламай сўзловчи дахлсиз мушук жаноблари бу ёққа марҳамат қилсинлар.
Шу заҳоти ипак тўр «шув» этиб ҳавода ёйилди, лекин тўр отган одам нишонни мўлжалга ололмай, ҳаммани ҳайратда қолдирди, тўр биллур кўзага илинди, кўза ерга тушиб чил-чил синди.
— Ютқиздингиз, — деб бақирди мушук, — ура! — шундан кейин примусни бир четга қўйиб, орқасидан тўппонча чиқарди-да, зум ўтмай ўзига яқин турган одамни нишонга олди. Лекин мушук ўқ отишга улгурмасдан олдин у одамнинг қўлидаги маузердан ўт чақнади ва шу оннинг ўзида мушук панжасидан тўппончани тушириб юбориб, примусни ташлаб, пастга шўнғиди ва «тап» этиб ерга тушди.
— Адойи тамом бўлдим, — деди мушук заиф овоз билан ва ўз қонига беланиб чалқанча ётди, — бир зумгина менга яқинлашманглар, замин билан видолашишимга имкон беринглар. О, қадрдоним Азазелло! — деб ингради қонига беланиб ётган мушук. — Қаердасан? — Мушук сўниб бораётган кўзларини емакхона эшиги томон қаратди, — ғирром жанг пайтида менга ёрдамга келмадинг. Сен бир стакан асл нав коньяк деб бечора Бегемотдан юз ўгирдинг! Ҳа, майли, менинг ўлимимга зомин бўлсанг ҳам, сенга тўппончамни васият қилиб қолдираман...
— Тўр, тўр, тўр ташланглар, — безовта бўлиб пичирлашди мушукнинг атрфоида турганлар, лекин аксига юриб, тўр кимнингдир чўнтагига илиниб қолган ва ҳадеганда чиқмасди.
— Оғир жароҳатланган мушукка фақат, — деди мушук, — бир қултумгина бензин нажот бериши мумкин... — Шунда у одамларнинг саросимада қолганида фойдаланиб, примуснинг доира тешигига оғзини олиб борди ва ичидаги бензинни қултуллатиб ичди. Шу заҳотиёқ унинг чап қўлтиғидан оқаётган қон таққа тўхтади. У тетик, соғлом бўлиб «дик» ўрнидан турди ва примусни қўлтиғига қистирганча, яна камин устига сакраб чиқди, сўнг деворга ёпиштирилган гулқоғозларни тимдалаб йиртиб, ҳаш-паш дегунча парда илинган карниз устига чиқиб олди.
Шу заҳоти одамлар пардага чанг солишиб, уни дор-пори билан бирга юлиб туширишди, натижада хона офтоб нуридан ёришиб кетди. Лекин лўгтибоз мушук ҳам, примус ҳам пастга тушмади. Мушук примусни маҳкам чангаллаганча, бир сакраб, хона шифтининг қоқ ўртасига осилган қандилга сакраб ўтди.
— Нарвон! — деб қичқиришди пастдагилар.
— Дуэлга чақирамаи! — деб бақирди мушук одамларнинг боши узра қандилни арғимчоқ қилиб учаркан, пту пайт яна унинг панжасида тўппонча пайдо бўлди, у примусни қандилнинг шохлари орасига жойлаб қўйди. Кейин, одамларнинг боши узра соатнинг кафгири сингари силкинаркан, уларга қарата тасирлатиб ўқ узиб, бутун квартирани ларзага келтирди. Биллур қандилнинг синиқлари «дув» этиб ерга тўкилди, камин устида турган тошойна ўргимчак инига ўхшаб дарз кетди, шифт ва деворнинг сувоғи кўчиб, чанг кўтарилди, отилган ўқ гилзалари ерга тушиб ҳар қаёққа сочилди, дераза ойналари чирсиллаб синди, ўқ тешган примусдан бензин тизиллаб оқа бошлади. Энди мушукни тириклайин қўлга олиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди, шунга кўра, клеган одамлар унинг бошини, қорнини, кўкраги, елкасини нишонга олиб, маузерларидан патирлатиб ўқ ота бошладилар. Бу отишма ҳовлидаги одамларни ваҳимага солди.
Лекин отишма жуда оз вақт давом этди ва ўз-ўзи-дан сўна бошлади. Гап шундаки, бу отишмадан на мушук, на уни тутгани келган одамлар шикастландилар. Бирон кимса наинки ўлди, ҳатто жароҳатланмади ҳам: одамларнинг, шулар қатори мушукнинг ҳам бирон ери ақалли тирналгани ҳам йўқ. Бу ҳолдан одамлар ҳанг-манг бўлишиб, қандилда арғимчоқ учиб, тўппончасининг оғзига пуфлаётган мушукка тикилганча лол бўлиб қолдилар. Бу — отишма мутлақо зиён етказмаган дунёдаги ягона ҳодиса эди. Тўғри, масалан, мушукнинг тўппончасини ўйинчоқ тўппонча деб фараз қилиш мумкин эди, лекин одамларнинг қўлларидаги маузерлар ҳақида сира-сира бундай ўйлаш мумкин эмас. Мушукнинг биринчи жароҳати, шунингдек, унинг бензин ичиши ғирт найрангбозлик ва муғамбирлик бўлганига энди ҳеч шубҳа қолмаган эди.
Мушукни қўлга туширишга яна бир марта уриниб кўрдилар. Унга қарата сиртмоқли арқон отишди, лекин сиртмоқ қандилнинг бир шамдонига илинди-ю, қандил узилиб гурсиллаб тушди. Натижада, бутун уй ларзага келгандек бўлиб туюлди, лекин бундан ҳам наф чиқмади. Одамлар бошига қандил синиқлари дув этиб тўкил-ди, мушук эса бир сакрашда камин устида турган тошойнанинг зарҳал рамкаси устига учиб ўтди. У қочишни хаёлига ҳам келтирмас, аксинча, бехавотир жойга чиқиб олиб, яна бир марта нутқ сўзлай бошлади.
— Ҳечам тушунолмаяпман, — дерди у шифт остида туриб, — нима учун менга бундай қўпол муомала қиляпсизлар...
Худди шу пайт мушукнинг энди бошланган нутқини аллақаердан эшитилган салобатли, йўғон бир овоз бўлди:
— Нима бўляпти ўзи бу ерда? Машғулотимга ким халал беряпти?
Бошқа бир хунук ва манқа овоз унга жавоб қилди:
— Лаънати Бегемотдан бошқа ким бўларди! Ўшада!
Эчкиникига ўхшаш титроқ учинчи овоз деди:
— Мессир! Бугун шанба. Кун ботмоқда. Вақт бўлди.
— Кечирасизлар, ортиқ суҳбатлаша олмайман, — деди тошойна рамкасида ўтирган мушук, — вақтимиз зиқ. — У тўппончани улоқтириб деразанинг икки қаватли ойнасини синдирди. Кейин пастга бензин сепган эди, бензин ўз-ўзидан пов этиб ёниб, алангаси шу заҳоти шифтга етди.
Ҳаттоки бензин ёнганда ҳам бунчалик жадал ва кучли ўт олмайди. Гулқоғозлар тутай бошлади, ерга тортиб туширилган дераза пардаси ёнар, ойнаси синдирилган деразалар буруқсирди. Мушук миёвлаб, ғужанак бўлди ва бир сакрашда тошойна устидан учиб деразага бориб тушди ва қўлтиғида примуси билан ташқарига отилиб чиқиб, кўздан ғойиб бўлди. Ташқаридан ўқ овозлари эшитилди. Заргар бевасининг деразаси рўпарасида, ўт ўчирувчилар учун мўлжалланган темир зинада ўтирган одам мушукни ўққа тутди, бу маҳал мушук «П» шаклидаги бу иморатнинг муюлишидаги тарновга етиб олиш учун бир деразадан иккинчи деразага сакраб ўтаётган эди. Ниҳоят у ўша муюлишга етиб олиб, тарновга тирмашиб томга чиқиб олди.
У ерда ҳам, мўркон олдида соқчилик қилиб турганлар мушукни бесамар ўққа тутдилар, лекин мушук бутун шаҳарни ўз ёғдусига ғарқ қилиб ботаётган қуёш томон учиб, кўздан ғойиб бўлди.
Бу пайт квартирада, одамлар оёғи остида паркет пол «лоп» этиб ўт олди ва боя мушук қалбаки жароҳат билан муғамбирлик қилиб ётган жойда собиқ барон Майгелнинг ияги тиккайган, нигоҳи сўлган жасади келганлар кўзи олдида аста-секин намоён бўлди. Энди жасадни оловдан қутқаришнинг иложи йўқ эди. Бу ердаги одамлар тутай бошлаган кийимларига «тап-тап» уриб, ёнаётган паркет катакларидан ҳатлаб, нариги хонага ва ундан даҳлизга чекинардилар. Емакхонадагилар ҳам даҳлизга отилиб чиқа бошладилар. Меҳмонхона бутунлай ўт ва тутун оғушида қолган эди. Кимдир йўл-йўлакай ўт ўчирувчи қисмига телефон қилишга ва қисқагина қилиб қичқиришга улгурди:
— Садовая, уч юз иккинчи-бис!
Ортиқ гаплашишга имкон қолмаган эди, чунки аланга даҳлизга ҳам отилиб чиққан, нафас олиш мушкуллашган эди.
Сеҳрли квартиранинг ойналари синган деразаларидан тутун буруқсиб чиқа бошлаши билан ҳовлидан одамларнинг жон ҳолатда қичқиришгани эшитилди:
— Ўт кетди, ёняпмиз!
Бу уйдаги квартираларнинг кўпида одамлар телефон қилиб чинқира бошлашди.
— Садовая! Садовая кўчаси, уч юз икки-бис! Шаҳарнинг ҳар ёғидаи ўкдек учиб келаётган узунчоқ қизил машиналарнинг юракларни даҳшатга солувчи қўнғироқ садолари Садовая кўчасида эшитилган пайт, ҳовлида зир югуриб юрган одамлар бешинчи қаватдаги деразадан учта эркакнинг ва битта яланғоч аёлнинг қора шарпаси тутун билан бирга учиб чиқиб кетганини кўрдилар.

Йигирма саккизинчи боб
Коровьёв Билан Бегемотнинг Охирги Найранглари
Ўша шарпалар ҳақиқатан ҳам бўлганмиди ё Садовая кўчасидаги бадбахт уйда яшовчиларнинг кўзига қўрққанларидан шундай кўринганми — буни аниқ айтиш қийин. Агар ўша шарпалар бўлган бўлса, энди уларнинг қаёққа йўқолганини ҳам ҳеч ким билмас эди. Шарпаларнинг қаерга борганда бир-бирларидан ажралишганини ҳам биз айта олмаймиз, лекин шуни биламизки, Садовая кўчасида бошланган ёнғиндан кейин тахминан чорак соат вақт ўтганида Смоленский бозоридаги Торгсин магазинининг кўзгу ўрнатилган эшиги олдида катак костюм кийган дароз одам билан жуда ҳам йирик бир қора мушук пайдо бўлди.
Дароз кимса эпчиллик билап одамлар орасипи ёриб ўтиб, магазиннииг сиртқи эшигини очди. Лекин ғоят бадхоҳ чеҳрали, қотмадан келган, жиккаккина эшикоғаси унинг йўлини тўсиб, жаҳл билан деди:
— Мушук билан кириш мумкин эмас.
— Мени афв этасиз, — деб шанғиллади дароз одам ва ғадир қўлини худди кар одамдай қулоғига олиб борди, — мушук билан дедингизми? Қани, мушук?
Эшикоғаси бақрайиб қолди, буига сабаб, дароз одамнинг оёғи остида энди ҳеч қандай мушук кўринмасди, билъакс, қўлига примус кўтариб, бошига йиртиқ кепка кийган, лекин башараси чинданда бир оз мушукникига ўхшаб кетувчи бир бақалоқ одам, дарознинг елкаси оша мўралар ва ҳадеб магазинга киришга талпинарди.
Бу икки харидор негадир одамови эшикоғасига ёқмаган эди.
— Бизда мол фақат валютага сотилади, — деб хириллади у оқ оралаганлигидан худди куя егандек бўлиб кўринган пахмоқ қошлари остидан ўқрайиб қараркан.
— Азизим, — деб шанғиллади дароз пенснесининг дарз кетган шишаси орқали кўзини чақнатиб, — ким айтди сизга менда валюта йўқ деб? Кийим-бошимга қараб шуидай ўйга бордингизми? Ҳеч қачон бундай иш тутмаиг, қимматли қўриқчи! Жугда катта хатога йўл қўйиб қўйишингиз мумкин. Ҳеч бўлмаса машҳур ҳалифа Хоруп ар-Рашиднинг кечмишларига қайта кўз югуртириб чиқинг. Аммо мазкур вазиятда, у тарихни вақтинча четга қўйиб, сизга шуни айтмоқчиманки, устингиздан мудирингизга шикоят қиламан ва сиз тўғрингизда шундай гапларни айтиб бераманки, оқибатда ойнаванд қўшқават эшик орасидаги иссиқ ўрнингиздан жудо бўлишингиз ҳеч гап эмас.
— Балки примусим тўла валютадир, — қизишиб гапга аралашди, нуқул магазинга суқулиб киришга уринаётган мушукбашара бақалоқ. Магазин эшиги олдида анча-мунча одам тўпланиб қолган эди. Уларнинг тоқати тоқ бўлиб, бу икки харидорни сиқиб келаверишди. Натижада бу икки аломат кишига нафрат ва шубҳа билан тикилган эшикоғаси ўзини четга олишга мажбур бўлди, шунда бизнинг танишларимиз Коровьёв билан Бегемот магазинга кирдилар.
Бу ерда улар, биринчи навбатда, ҳаммаёққа бир-бир кўз югуртириб чиқишди, сўнг Коровьёв магазиннинг ҳамма ерига ҳам эшитиладиган янгроқ овоз билан деди:
— Ажойиб магазин! Жуда, жуда яхши магазин. Пештахта олдидаги харидорлар овоз келган томонга негадир таажжуб билан ялт этиб ўгирилишди, ҳолбуки магазинни мақташга асос бор эди.
Токча катакларига турли хил гул солинган, ранг-баранг читлар той-той қилиб тахлаб ташланган. Уларнинг орқасида хом сурп, шифон ва фракбоп мовутлар бор. Улардан нарида тоғ-тоғ қилиб уйилган пойабзал қутилари. Бу ерда бир нечта аёл пастак курсиларга ўтириб олиб, оёқларига янги, ялтироқ туфлилар кийиб кўришар, жиддий қиёфада гиламча устида юришарди. Ундан нарида муюлиш орқасидан патефон овози келарди.
Лекин Коровьёв билан Бегемот бу жозибали манзаралар ёнидан ўтиб бориб, тўғри озиқ-овқат маҳсулотлари ва ширинликлар бўлими томон йўл олишди. Бу ернинг саҳни анча кенг бўлиб, пештахта олди газмол бўлимидаги сингари тиқилинч эмас эди.
Соқол-мўйлови қиртишлаб олинган, мугиз гардишли кўзойнак таққан, бошида, лентасига доғ ҳам тушмаган яп-янги шляпа, эгнига оч-бинафша ранг пальто, қўлига малла ранг майин қўлқоп кийган паст бўйли, бақалоқ одам пештахта олдида туриб, сотувчига бир нималарни ғўлдираб буюрарди. Чиннидай тоза оқ халат ва кўк шапкача кийган сотувчи бинафша ранг пальтоли харидорга хизмат қиларди. У Левий Матвей ўғирлаган пичоққа жудаям ўхшаб кетувчи ўткир пичоқ билан ёғи ялтиллаб турган пушти ранг лосось балиғининг худди илонникига ўхшаб кумушдек товланувчи терисини шилар эди.
— Бу бўлим ҳам ғоят соз, — деб тантанавор оҳангда эътироф этди Коровьёв ва бармоғи билан бинафша ранг пальто кийган одамни кўрсатиб илова қилди: — ажнабий харидор ҳам ёқимтойгина экан.
— Йўқ, Фагот, йўқ, — ўйчанлик билан жавоб қилди Бегемот, — сен, дўстим, янглишяпсан. Менимча, бу жентльменнинг рухсорида бир нима етишмаяпти. Бинафша ранг пальтоли кишининг кифти сескангандай бўлди, лекин бу тасодиф эди чамаси, чунки у Коровьёвнинг ўз ҳамроҳи билан гаплашган русча гапга тушунмас эди-да.
— Якши? — деб жиддий оҳангда сўради бинафша ранг пальтоли.
— Аъло, — деб жавоб қилди сотувчи пичоқ учи билан балиқ териси остини усталик билан кавлаб кўрсатаркан.
— Якши — мен якши кўради, яман — меники яман кўради, — деди жиддий оҳангда ажнабий.
— Бўлмасам-чи! — завқ билан жавоб қилди сотувчи.
Бу пайт танишларимиз лосось харид қилаётган ажнабийдан узоқлашиб, ширинликлар сотиладиган пештахта олдига яқинлашдилар.
— Кун қизиди-ку, — деб мурожаат қилди Коровьёв икки юзи қип-қизил сотувчи қизга, лекин ундан ҳеч қандай садо чиқмади. Шунда у: — Мандарин қанчадан? — деб сўради.
— Килоси ўттиз тийин, — деб жавоб қилди сотувчи қиз.
— Мунча қиммат, — деди Коровьёв хўрсиниб, — эҳ, эҳ... у яна бир оз ўйланиб турди-да, ҳамроҳини чақирди: — Ол, еявер, Бегемот.
Бақалоқ одам примусини қўлтиғига қистирди-да, эҳром шаклида уюлган мандаринларнинг энг чўққисидагисини олиб, ҳаш-паш дегунча пўчоқ-мўчоғи билан еб юборди, сўнг иккинчисини ейишга киришди.
Даҳшат оғушига тушган сотувчи аёлнинг рангида қони қолмади.
— Жинни-минни бўлганмисиз, бу нима қилиқ? — деб чинқирди у, — чек узатинг! Чек! — унинг қўлидаги конфет куракчаси тушиб кетди.
— Жонгинам, азизим, дилбарим, — деб хириллади Коровьёв пештахта оша энгашиб, сотувчи аёлга кўз қисаркан, — ёнимизда валюта йўқ, бугун... хўш, илож қанча? Лекин сизга онт ичиб айтаманки, келаси гал, душанбадан кечиктирмай, ҳаммасини нақд тўлаймиз. Биз шу яқин ўртада турамиз. Садовая кўчасида, ёнғин бўлаётган ерда.
Бегемот учинчи мандаринни ютиб юбориб, дастпанжасини шоколад плиткаларидан тикланган антиқа истеҳкомга чўзди ва унинг «пойдевор»идан битта шоколад олиб (турган гапки «истеҳком» вайрон бўлди), уни зар қоғози билан бирга чайнамай ютиб юборди.
Балиқ сотилаётган пештахта ортидаги сотувчилар қўлларида пичоқ ушлаганча тошдай қотиб қолдилар, бинафша ранг пальто кийган ажнабий босқинчилар томон ўгирилган эди, Бегемотнинг бояги фикри нотўғри бўлиб чиқди: бинафша ранг пальтолининг рухсорида етишмовчилик эмас, ортиқчалик мавжуд эди — унинг лунжлари осилган, кўзлари олазарак эди.
Ранги қув ўчган сотувчи аёл бутун магазинни бошига кўтариб ҳасратли овоз билан чинқирди:
— Палосич! Палосич!
Газмол бўлимидаги оломон бу овозни эшитиб, шу ёққа отилди, Бегемот эса жозибали ширинликлардан узоқлашиб, «Керчнинг сархил сельд балиғи» деб ёзилган бочкага панжасини тикди-да, иккита селёдка олиб, ҳаш-паш дегунча икковини ютиб юборди, фақат балиқларнинг думинигина туфлаб ташлади.
— Палосич! — деб яна жон-жаҳди билан қичқирди ширинлик сотувчи аёл, балиқ бўлимидаги чўққисоқол сотувчи эса:
— Ҳой, газанда, нима қиляпсан-а? — деб бақирди. Бу пайт Павел Иосифович (яъни Палосич) можаро кўтарилган ерга шошиб келаётган эди. Бу худди жарроҳлардек оппоқ, топ-тоза халат кийган, халати чўнтагидан қалам туртиб чиқиб турган жуда басавлат киши эди. У афтидан кўпни кўрган одам бўлса керак, Бегемотнинг оғзида учинчи селёдканинг думини кўриши билан, дарҳол юз берган вазиятга мукаммал тушунди-ю, бу суллоҳлар билан айтишиб ўтирмасдан, узоқда турган эшикоғасига қўл силтаб буюрди:
— Чал!
Эшикоғаси кўчага ўкдай отилиб чиқиб, ҳуштагини ваҳимали чуриллата бошлади. Халқ икки муттаҳам атрофини ўраб олди, шунда Коровьёв гапга аралашди.
— Гражданлар! — дарз кетган овоз билан чийиллади у, — нималар бўляпти ўзи бу ерда, а? Мен сизлардан сўраяпман! Бу бечора, — Коровьёв овозида титроқ ҳосил қилиб, Бегемотни кўрсатди (у дарҳол йиғламоқчи бўлгандай башарасини бужмайтирди), — бу бечора уззукун примус тузатиб, қорни очиб қолган бўлса... лекин қаёкдан олсин валютани?
Одатда феъли вазмин ва бамайлихотир Павел Иосифович Коровьёвга жаҳолат билан:
— Бас қил майнабозчиликни! — деб бақирди ва энди сабрсизлик билан эшикоғасига қўл силкиди. Шунда магазин эшиги олдида ҳуштак яна ҳам баландроқ чуриллай бошлади.
Лекин Коровьёв Павел Иосифовичнинг гапларидан ҳеч хижолат бўлмай гапида давом этди:
— Қаёкдан олсин — мен сизлардан сўраяпман! Унинг очликдан, ташналикдан силласи қуриган! Иссиқдан нафаси қайтган! Ҳай, еган бўлса, бор-йўғи уч тийин турадиган битта мандарин епти бу шўрпешона. Шунга дарров булбулигўё бўлиб ҳуштак чуриллатиш, милицияни безовта қилиб, ишдан қўйиш шарт экан-чи? Анави еса майлими? А? — Коровьёв шундай деб бинафша ранг пальтоли бақалоқни кўрсатган эди, унинг чеҳрасида қаттиқ ҳаяжон аломатлари пайдо бўлди, — ким ўзи бу? А? Қаёқдан келган? Нега келган! Нима, кўзимиз учиб турувдими унга? Ё уни юртимизга таклиф қилганмидик? Тўғри, — деди баралла овоз билан собиқ регент заҳарханда қилиб, — кўриб турибсиз, у бинафша ранг пальто кийиб ясаниб келган, қимматбаҳо лосось балиғини еб пуфакдек шишиб ксгипти, унинг ҳаммаёғи жарақ-жарақ валюта, аммо бизнинг биродаримиз-чи?! Қандай надомат! Чидолмайман! Чидолмайман! — деб чинқирди Коровьёв худди сўйилаётган чўчқадай.
Бу бетутуриқ, беадаб ва ҳаттоки сиёсий жиҳатдан исёнли бўлган ваъз Павел Иосифовични ғазабдан тутақтириб юборди, лекин, таажжубки, бу ерда уймалашиб турган оломоннинг кўзларига боқиб, ваъз аксар одамларнинг раҳмини келтирганига шоҳид бўлиш мумкин эди! Бегемот исқирт ва йиртиқ енгини кўзига олиб бориб, фожиона оҳангда:
— Мендек жабрдийданинг ёнини олганинг учун раҳмат сенга, садоқатли дўстим! — деган эди ҳамки, мўъжиза содир бўлди. Ҳозиргина ширинликлар бўлимидан мағиз солинган учта пирожний харид қилган, ғарибона, аммо жуда озода кийинган, ўта назокатли, ювош табиат чол бирдан ўзгариб кетди. Унинг кўзларида жанговар ўт чақнади, чўғдек қизариб кетди ва пирожнийлар солинган халтачани ерга отиб, гўдакларникидек ингичка овоз билан чийиллади:
— Тўғри! — Кейин у боя Бегемот бузиб юборган шоколад минораси остидаги патнисни тортиб олиб, бир қўли билан ажнабийнинг бошидан шляпасини юлиб олди-да, ўнг қўлидаги патниснинг ўртаси билан унинг кал бошига қулочкашлаб шундай урдики, юк машинасидан ерга тунука туширилаётганда қандай тарақлаган овоз эшитилса, ҳозир ҳам шундай даҳшатли овоз бутун магазинни босиб кетди. Бақалоқ ажнабий ранги қув ўчиб, чалқанча йиқиларкан, Керчь селёдкаси солинган бочкага ўтириб қолди ва бунинг оқибатида селёдканинг намакоби унинг чор ёнидан фонтан бўлиб отилди. Айни шу пайт иккинчи мўъжиза юз берди. Бочкага орқаси билан тиқилиб қолган бу ажнабий соф рус тилида чинқириб юборди:
— Вой, ўлдиришяпти! Милиция! Мени бандитлар ўлдиришяпти! — ўзига шу чоққача бегона бўлган тилни у, чамаси, ҳозирги асабий ҳаяжон оқибатида, дабдурустдан ўзлаштириб олган бўлса керак.
Шу пайт эшикоғасининг ҳуштаги тинди ва безовта харидорлар оломони орасида даврага яқинлашиб келаётган иккита милиционер дубулғаси кўзга ташланди. Лекин бадкор Бегемот, худди ҳаммомга тушган одам супачага тосдан сув сепгандай, ширинликлар бўлими пештахтаси устига примусидан бензин қуйди ва бензин ўз-ўзидан ўт одди. Аланга «пов» этиб юқори кўтарилди-ю, пештахта бўйлаб пилдираб кетди ва йўл-йўлакай ҳўл мевалар тўлдирилган саватчаларнипг чиройли қоғоз ленталарини ялаб ёндириб ўтди. Сотувчи аёллар қий-чув кўтариб, пештахталар ортидан отилиб чиқишди, худди шу маҳал деразаларга тутилган дарпардаларни ўт олди ва ерга тўкилган бензин ҳам ёна бошлади. Оломон бирдан жон аччиғида фарёд кўтариб, энди ҳеч кераги бўлмай қолган Павел Иосифовични ҳам босиб-янчиб, ширинликлар бўлимидан пала-партиш чекина бошлади, балиқ бўлимининг сотувчилари эса қўлларида ўткир пичоқлари билан турнақатор тизилишиб орқа эшик томон шаталоқ отиб қочишди. Бошдан-оёқ селёдка намакобига бўккўан бинафша ранг пальтоли ажпабий бир илож қилиб бочка асоратидан қутулди-ю, пештахтада ётган сёмга балиғи оша ҳатдаб ўтиб, у ҳам сотувчи эркаклар орқасидан жуфтакни ростлаб қолди. Ёнғиндан қочган оломоннинг сиқуви остида магазиннинг кўча эшигига ўрнатилган кўзгулар чил-чил синди, лекин икки аблаҳ — Коровьёв билан очкўз Бегемотпипг қаёққа ғойиб бўлганини ҳеч ким билмай қолди. Кейинчалик, Смоленский бозоридаги Торгсинда юз берган ёнғин пайтида ҳозир бўлган гувоҳларнинг ҳикоя қилишларича, гўё икки безори юқорига, шифтгача кўтарилганмиш-у, ўша ерда худди болаларнинг пуфаклари сингари «пақ» этиб ёрилиб, ғойиб бўлганмиш. Бундай бўлиши албатта даргумон, аммо кўрмаган нарсамиз ҳақида ҳеч нима дея олмаймиз.
Лекин шуни аниқ биламизки, Смоленский бозорида юз берган ҳодисадан роса бир дақиқа ўтгач, Бегемот билан Коровьёв Грибоедов холасининг уйи олдидаги хиёбонда пайдо бўлишди. Коровьёв панжара девор олдида тўхтаб, шундай деди:
— Буни қара! Ахир бу адиблар уйи-ку. Биласанми, Бегемот, мен бу уй ҳақида жуда кўп ғаройиб ва мақтов сўзлар эшитганман. Сен бу уйга яхшилаб назар ташла, дўстим! Мана шу даргоҳда не-не беҳудуд истеъдодлар пишиб етишаётгани менга улкан ҳузур бағишлайди.
— Парникда ўсган ананасдек пишиб етилишади дегин, — дед Бегемот ва серустун, сарғиш бинони дурустроқ кўриш учун чўян панжара ўрнатилган бетон иойдевор устига чиқди.
— Жуда тўғри айтдинг, — деб Коровьёв қадрдон хамроҳининг фикрига қўшилишди, — ҳозир мана шу бинода «Дон Кихот»нинг ёки «Фауст»нинг, ё бўлмаса, азбаройи шифо, «Ўлик жонлар»нинг бўлғуси муаллифлари етилаётгани ҳақида ўйласанг, вужудингни кандайдир бир тотли ваҳима қамрагандай бўлади! Нима дейсаи?
— Ўйласанг ваҳминг келади, — деб дўстининг фикрини тасдиқлади Бегемот.
— Ҳа, — деб давом этди Коровьёв, — жуда ғаройиб нарсаларнинг шоҳиди бўлиш мумкин бу уйнинг парникларида, зеро бу уй Мельпомена*, Полигимния* ва Талия*ларга бутун ҳаётини фидо қилган бир неча минг жонбозларни ўз паноҳига тўплаган. Башарти шу жонбозлардан биронтаси китобхон аҳлига намуна сифатида «Ревизор»ни, ё бўлмаса, «Евгений Онегин»ни тақдим қилгудек бўлса, қанақа шов-шув кўтарилишини сен тасаввур қилсанг керак!
— Жудаям-да, — деб яна тасдиқлади Бсгсмот.
— Ҳа, — деди Коровьёв ва ташвишли қиёфада бармоғини кўтарди, — лекин! Мен яна такрор айтаман — лекин! Агар бу нозик, чиниқмаган теплица ўсимликларига бирон-бир микроб тушиб, унинг илдизини кемирмасаю чиритиб юбормаса! Бундай ҳол ананасларда учраб туради.
— Айтгандай, — деди Бегемот, дум-думалоқ бошини панжарадан тиқиб, — анавилар нима қилишяпти ровонда?
— Овқатланишяпти, — деб изоҳлади Коровьёв, — сенга яна шуни ҳам айтишим мумкинки, азизим, бу ернинг ресторани яхшигина ва таомлари арзон. Лекин мен ҳозир, сирасини айтганда, олис сафарга шайланган ҳар қандай сайёҳ сингари, мириқиб овқатланиш ва каттакон бордоқни лим-лим тўлдириб муздаккина пиво ичиш иштиёқидаман.
— Мен ҳам, — деди Бегемот, шундан кейин икки муттаҳам жўка дарахтлари остидан ўтган асфальт йўлкадан бўлғуси фалокатдан ғофил рестораннинг ровони сари равона бўлдилар.
Ровонга кираверишда, атрофига ям-яшил ўтлардан сўри қилинган эшикнинг бир чеккасига қўйилган стулда оқ пайпоқ, думли оқ беретка кийган рангпар бир аёл зерикиб ўтирарди. Унинг олдидаги одмигина овқат столи устида қалин бир дафтар ётар ва аёл нима учундир ресторанга кирганларни шу дафтарга қайд қилиб ўтирарди. Мана шу аёл Коровьёв билан Бегемотнинг йўлини тўсди.
— Гувоҳномаларингиз борми? — у Коровьёвнинг пенснесига, шунингдек, Бегемотнинг примуси ва унинг йиртиқ тирсагига таажжуб билан тикиларди.
— Бизни минг бор афв этгайсиз, қандай гувоҳномани сўраяпсиз? — деб сўради ҳайрон қолган Коровьёв.
— Сизлар ёзувчимисизлар? — деб аёл ҳам савол берди ўз навбатида.
— Шак-шубҳасиз, — виқор билан жавоб қилди Коровьёв.
— Гувоҳномаларингизни кўрсатинг унда! — такрорлади аёл.
— О, гўзалим... — деб назокат билан гап бошлади Коровьёв.
— Мен гўзал эмасман, — деб унинг сўзини бўлди аёл.
— О, афсус, — деди Коровьёв попуги пасайиб ва гапида давом этди: — Начора, биз учун сизнинг гўзал бўлишингиз афзалроқ эди, аммо сиз бундай имтиёздан юз ўгирар экансиз, майли, ихтиёрингиз. Гап шундаки, Достоевскийнинг ёзувчи эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун наҳот ундан гувоҳнома талаб қилиш керак бўлса? Ундан кўра сиз, унинг қайси романидан бўлмасин хоҳлаганингиз беш саҳифани олиб ўқинг, унинг ҳеч қандай гувоҳномасиз ҳам ҳақиқий ёзувчи жанлигига иқрор бўласиз-қўясиз. Ўйлайманки, Достоевскийда, умуман, ҳеч қачон, ҳеч қандай гувоҳнома бўлмаган! Сен нима дейсан? — деб Коровьёв Бегемотга ўгирилди.
— Гаров ўйнайман, бўлмаган, — деб жавоб қилди Бегемот, примусини столга, қалин дафтар ёнига кўйиб, қоракуя теккан пешонасининг терини кафти билан артаркан.
— Сиз Достоевский эмассиз, — деди довдираб қолган аёл.
— Э, ким билсин, ким билсин, — деди Коровьёв.
— Достоевский ўлган, — деди аёл қандайдир қатъиятсизлик билан.
— Эътироз билдираман! — дед Бегемот қизғин оҳангда. — Достоевский боқий!
— Гувоҳномангизни кўрсатинг, гражданлар, — деди аёл.
— Кечирасиз, ахир бу майнабозчилик-ку, — деб бўш келмасди Коровьёв, — ёзувчилиги асло гувоҳнома билан эмас, балки асар ёзиши билан ифодаланади! Менинг бошимда қандай теран фикр ғужғон ўйнаётганини сиз қаёқдан биласиз? Ёки манави каллада нималар борлигини айта оласизми? — деб у Бегемотнинг калласини кўрсатган эди, у ҳам, аёл яқинроқ кўриб олсин, деган мақсадда дарҳол бошидан кепкасини олди.
— Йўл беринг, гражданлар, — деди аёл энди асабийлашиб.
Коровьёв билан Бегемот ўзларини четга олиб,тезлик оқ кўйлак кийиб, ёқасини кул ранг костюмининг ёқаси устига чиқарган, шу боис галстук боғланмаган, қўлтиғига газета қистирган бир ёзувчини ўтказиб юборишди. Ёзувчи аёл билан бош ирғаб саломлашди, йўл-йўлакай аёл очиб қўйган қалин дафтарга ажи-бужи қилиб имзо чекди-да, ровон томон йўл олди.
— Афсус, минг афсус, — деди Коровьёв қайғули оҳангда, — биз бечора дарбадарлар орзу қилган муздаккина пиво тўлдирилган бордоқ бизга эмас, унга насиб қиладиган булди, аҳволимиз ғоят аянчли ва мушкул, нима қилишгаям ҳайрон бўлиб қолдим.
Бегемот «начора» дегандек қўлларини ёйди, мушукнинг юнгини эслатувчи қалин соч ўсган думалоқ бошига кепкасини кийди. Худди шу маҳал аёлнинг боши узра кимнингдир амирона овози янгради:
— Ўтказиб юборинг буларни, Софья Павловна. Аёл ҳайратга келди: ям-яшил чирмовиқгулга бурканган эшик остонасида ресторан директорининг фрак кийган оппоқ кўкраги ва чўққисоқоли кўринди. У шубҳали икки чувриндига назокат билан тикилди, боз устига, ҳатто уларни лутфан ичкарига таклиф ҳам қилди. Ресторанда Арчибальд Арчибальдовичнинг обрўси жуда баланд эди, шу боис Софья Павловна итоаткорлик билан бўйсуниб, Коровьёвдан сўради:
— Фамилиянгиз нима?
— Панаев, — назокат билан жавоб қилди у. Аёл бу фамилияни дафтарга ёзиб бўлиб, Бегемотга савол маъносида тикилди.
— Скабичевский, — деб чийиллади у негадир қўли билан примусини кўрсатиб. Софья Павловна бу фамилияни ҳам ёзиб, дафтарни имзо чекиш учун икки муштарий олдига суриб қўйди. Коровьёв «Панаев» фамилияси қаршисига «Скабичевский» деб, Бегемот эса «Скабичевский» фамилияси рўпарасига «Панаев» деб имзо чекишди. Арчибальд Арчибальдович ўз рафтори билан Софья Павловнани тамомила ҳайратга солиб, жозибали табассум қилганча, меҳмонларни ровоннинг нариги чеккасидаги энг яхши стол томон бошлаб кетди... Ҳангу манг бўлиб қолган Софья Павловна кўзларини «пир-пир» учириб, узоқ вақт кутилмаган муштарийлар чеккан имзоларга тикилиб ўтирди.
Арчибальд Арчибальдович официантларни Софья Павловнадан ҳам кўпроқ таажжубда қоддирди. У шахсан ўзи стул суриб, Коровьёвни ўтиришга таклиф қилди, бир официантга кўз қисиб, иккинчисининг қулоғига нимадир шивирлади, шундан кейин улар иккови янги меҳмонлар атрофида парвона бўла бошладилар (бу пайт меҳмонлардан бири ўзининг ранги ўчиб сарғайиб кетган ботинка кийган оёғи тагига примусини қўйди). Стол устидаги ҳаммаёғи доғ-дуғ дастурхон кўз очиб-юмгунча ғойиб бўлиб, ўрнига бадавийларнинг яктаги каби оппоқ, нишасталанган дастурхон ҳавода шитирлаб ёзилди, бу аснода Арчибальд Арчибальдович Коровьёвнинг қулоғига энгашиб жуда маънодор оҳангда оҳиста пичирларди.
— Қандай таомни ихтиёр қиладилар? Қизил палиқнинг махсус тайёрланган сарпанжаси бор... архитекторлар съездидан ундирдим...
— Сиз... э... бизга, умуман егулик бир нима беринг... э... — мурувват қилаётгандай ғўлдиради Коровьёв стулга суянаркан.
— Тушундим, — деб кўзини юмиб очди Арчибальд Лрчибальдович, маънодор жавоб қиларкан.
Ресторан бошлиғининг бу ўта шубҳали нусхалар билан қилаётган муомаласини кўрган официантлар ҳар қандай шубҳани тарк этиб, ишга жиддий киришишди. Бири чўнтагидан папирос қолдиғини олиб чекмоқчи бўлган Бегемотга гугурт чақиб тутди, иккинчиси елиб-ютуриб, пичоқ, қошиқ, санчиқлар ёнига кичкина рюмкалар, вино ичиладиган чўзинчоқ рюмкалар ва нафис қадаҳларни жаранглатиб териб чиқа бошгладики, бундай қадаҳлардан соябон остида ўтириб, муздай нарзан суви ичиш кишига ҳузур бағишлайди... йўқ, воқеадан бир оз олдинлаб кетиб айтишимиз мумкинки... нарзан суви ичиш ҳузур бағишлаган эди машҳур Грибоедов ровошшинг соябони остида.
— Булдуруқнинг биқин гўшти билан меҳмон килишим мумкин, — деб хиргойи қилаётгандай минғилларди Арчибальд Арчибальдович. Меҳмон унинг таклифини тўла-тўкис маъқуллади ва пенснесининг дарз кетган бенаф ойнаси орқали унга илтифот билан тикилди.
Қўшни столда ўз хотини билан қовурилган чўчқа гўшти еб ўтирган беллетрист Петраков-Суховей барча ёзувчиларга хос бўлган кузатувчанлик билан Арчибальд Арчибальдовичнинг хушомадларини кўриб, жуда-жуда таажжубда қолди. Унинг рафиқаси, ғоят муҳтарама хоним эса Арчибальд Арчибальдовични Коровьёвдан қизғаниб, ҳаттоки... — нега бизга қарамай қўйишди... ахир музқаймоқ тортишлари керак-ку! Бу нимаси? — демоқчи бўлгандай қошиқчаси билан столни тўқиллата бошлади ҳам.
Бироқ Арчибальд Арчибальдович назокатли жилва билан улар томон боқди-ю, у ёққа дарҳол официантни йўллади, ўзи эса азиз меҳмонлари олдидан жилмади. Оҳ, зукко одам эди Арчибальд Арчибальдович! Кузатувчанликда эса ҳар қандай ёзувчидан ҳам қолишмасди. У Варьетеда берилган сеҳргарлик сеансидан ҳам, шу кейинги кунларда юз берган кўпгина ҳодисалардан ҳам воқиф эди, лекин бунақа одамларнинг акси ўлароқ, «катак камзулли» ва «мушук» деган сўзларни ёдида маҳкам сақлаб қолган эди. Арчибальд Арчибальдович бу икки меҳмоннинг кимлигини дарров фаҳмлаб олди. Фаҳмлагач, турган гапки, улар билан жанжаллашиб ўтирмади. Афсус, Софья Павловна қовун тушириб қўйди-да! Тавба, келиб-келиб шу икки муштарийнинг йўлини тўсиб ўтирипти-я! Э, ниманиям тушунарди у!
Петракова хоним эрий бошлаган музқаймоққа калондимоғлик билан қошиқчасини ниқтаб ўтираркан, аллақандай масхарабозларга ўхшаб кийинган икки муштарий ўтирган стол сатҳининг қандайдир сеҳр-жоду билан турли ноз-неъматларга тўла бошлаганини ғараз билан кузатарди. Ана, янги икра билан тўлдирилган ваза сатҳида ярақлагунча тозалаб ювилган кўкатлар пайдо бўлди... яна зум ўтмай, столга олиб келиб тиркалган махсус столчада совукдан терлаган кумуш челакча пайдо бўлди...
Арчибальд Арчибальдович фақат ҳамма нарса бекаму кўст муҳайё қилинганига ишонч ҳосил қилгач ва усти ёпилган, ичида нимадир жиз-биз қилаётган това официантлар қўлида учиб келиб стол устига қўнгандан кейингина икки сирли муштарийни тарк этишга журъат этди, шунда ҳам кетиши олдидан уларнинг қулоғига шипшишни унутмади:
— Узр! Бир дақиқага! Булдуруқ гўштидан шахсан ўзим хабар олмоқчиман.
У пилдираб бориб, ресторан ичкарисига кириб кетди. Агар бирон киши Арчибальд Арчибальдовичнинг шундан кейинги ўзини тутишини кузата олганда эди, унинг хийла жумбоқли ҳаракат қилганини кўрган бўларди.
Бошлиқ булдуруқ гўштининг пишишини кузатгани ошхонага эмас, балки рестораннинг омборхонасига йўл олган эди. У омборхонани ўз калити билан очиб кириб, эшикни ичидан беркитиб олди, сўнг енгини ифлос қилмасликка уриниб, музли дамбадан эҳтиёт билан зилдай-зилдай иккита қизил балиқни олиб, газетага ўради-да, устидан авайлаб каноп билан боғлади ва бир четга қўйиб қўйди. Кейин қўшни хонага ўтиб, шойи астарли ёзлик пальтоси билан шляпасини кўздан кечирди, шундан кейингина ошхонага йўл олди, бу ерда ошпаз меҳмонларга ваъда қилинган булдуруқ гўштини зўр ҳафсала билан пиширарди.
Шуни айтиш керакки, Арчибальд Арчибальдовичнинг бу хатти-ҳаракатларида ажабланадиган ёки шубҳали ҳеч нима йўқ эди, фақат юзаки кузатган одамгина унинг рафторидан таажжуб қилиши мумкин эди. Ҳолбуки, Арчибальд Арчибальдовичнинг хатти-ҳаракатлари шу топгача бўлган воқеаларга мантиқан чамбарчас боғлиқ эди. Грибоедов ресторанининг бошлиғи сўнгги кунларда юз берган ҳодисалардан ўзининг ноқифлиги билан, алалхусус, беқиёс сезгирлиги билан, икки муштарийга бериластган тўкин-сочин ва сердабдаба зиёфатнинг ниҳоятда қисқа бўлажагини фаҳмлаган эди. Унинг нодир сезгирлиги бу гал ҳам панд бермади.
Коровьёв билан Бегемот икки қайталаб тозаланган, хушютум муздек Москва арағи тўлдирилган рюмкаларини иккинчи марта чўқиштиришган пайтда, ўзининг билармонлиги билан бугун Москвага танилган хроникачи мухбир Боба Кандалупский қора терга ботиб, ҳаяжонланиб ресторан ровонига кириб келди ва тўғри бориб Петраковлар столи ёнига ўтирди. Сўнг қаппайган портфелини столчага қўйди-ю, чўччайган лабини Петраковнинг қулоғи ичига тиққудек яқин олиб бориб, қандайдир жуда антиқа нарсаларни пичирлай бошлади. Синчковлик дардига дош бера олмаган Петракова хоним Бобанинг дўрдоқ ва мой суртилгандек ялтироқ лабларига ўз қулоғини ҳам тутди. Боба эса гоҳ-гоҳ атрофга ўғринча назар ташлаб, лаби лабига тегмай ҳамон пичирлаб ётардики, унинг узупдан-узоқ пичир-пичиридан айрим сўзларнигина илғаб олиш мумкин эди. Чунончи:
— Онт ичиб айтаман! Садоваяда, Садовая кўчасида, — деб Боба овозини яна ҳам пастлатди. — Ўқ кор қилмасмиш! Ўқлар... виз-виз... бензин, ёнғин... отишма...
— Қаёқдаги бетутуриқ миш-мишларни тарқатиб юрган мана шунақа ёлғончиларни, — деди баралла дўриллагап овоз билан дарғазаб Петракова хоним, — мана шунақаларни танобини тортиб қўйишса яхши бўларди! Ҳечқиси йўқ, уларни фош қилишади ҳали, албатта тартибга чақириб қўйишади! Ҳаммаси зарарли уйдирма!
— Нимаси уйдирма, Антонида Порфирьевна! — деди ёзувчи хотинининг бу гапидан ранжиган Боба ва яна пичирлашда давом этди: — Айтяпман-ку сизга, ўқ олмаяпти... Энди, бунинг устига, ёнғин... Улар осмонда... осмонга учиб кетишипти, — Боба илондай вишиллаб пичирларкан, унинг ҳикояси қаҳрамонлари шу ерда, ёнгинасида гапларини ҳузур қилиб тинглаб ўтиришганидан ғофил эди, албатта. Лекии муштарийларнинг ҳузур-ҳаловати тезда тугади. Ресторанга очиладиган эшикдан оёқларига чарм қўнж кийган, белларини камар билан қаттиқ сиқиб боғлаган уч нафар эркак қўлларида револьвер билан ровонга ўқдай отилиб чиқди. Олдиндаги эркак баланд овоз билан қўрқинчли оҳангда қичқирди:
— Жойларингдан қимирлама! — Шу гапдан кейин бирдан учала эркак Коровьёв билан Бегемотнинг бошини мўлжалга олиб ўқ ота бошлашди. Ўққа тутилганлар шу заҳоти ҳавода эриб, кўздан ғойиб бўлишди, примусдан эса «пов» этиб ўт чиқиб, тўғри чодирга урилди. Чодирда қора туйнук пайдо бўлиб, унинг гир айланаси куйиб тобора кенгая бошлади. Аланга шу туйнук орқали осмонга отилиб, Грибоедов уйининг томигача етди. Иккинчи қаватдаги редакция хонасининг деразасига тахлаб қўйилган папкалардаги қўлёзмаларни бирдан ўт олди, сўнг олов дарпардани ямлай бошлади, ана шунда аланга, худди кимдир уни азза-базза пуфлаётгандай, гуриллаб Грибоедов холасининг уйи ичига ўқдай отилди.
Яна бир неча сониядан сўнг хиёбондаги чўян панжара девор сари олиб борувчи асфальт йўлкадан (эсингизда бўлса, китобхон, чоршанба куни кечқурун юз берган бахтсизликнинг биринчи даракчиси Иванушка шу йўлдан келган, аммо унга ҳеч ким қулоқ солмаган эди) чала овқатланган ёзувчилар, официант-лар, Софья Павлона, Боба, Петракова, Петраков чопиб ўта бошладилар.
Кўчага ён эшикдан олдинроқ чиқиб олган Арчи-бальд Арчибальдович шойи астарли ёзлик пальтосида икки қўлтиғига ғўласимон иккита улкан қизил балиқ қистириб олганча, худди ёнаётган кемасини ҳаммадан кейин тарк этмоқчи бўлган капитандек, ҳеч қаёққа қочмай, ҳеч ёққа шошмай, бамайлихотир турарди.

Йигирма тўққизинчи боб
Уста Билан Маргаританинг Қисмати Аниқ
Москвадаги, бундан тахминан юз эллик йил бурун қурилган энг чиройли бинонинг томидаги тош супада, жуда баландда, қуёш ботаётган кечки пайт икки ким-са: Воланд билан Азазелло ҳозир бўлди. Улар кўчада-ги одамларга кўринмасдилар: чунки уларни ганчдан ясалган вазалар ва гуллар билан безатилган панжара бегона кўзлардан тўсиб турарди. Лекин ўзлари шаҳарнинг энг чекка ерларигача баҳузур кузатардилар.
Воланд ҳар сафаргидай қора жуббасини кийиб, йиғма курсида ўтирарди. Унинг узун, дами қалин шамшири айвон саҳнига ётқизилган ясси тошнинг дарзига тикка санчилган эдики, бундан қуёш соати ҳосил бўлган эди. Шамширнинг сояси шайтон оёғидаги қора туфли томон оҳиста ва тўхтовсиз ўрмалаб чўзилиб борарди. Воланд ўткир иягини муштига тираб, бир оёғини тагига босиб курсида букчайиб ўтираркан, то уфққа етгунча ёйилган беҳисоб қаср ва саройлар, маҳобатли иморатлар ва бузилишга маҳкум кулбалардан кўзини узмасди. Ўзининг замопавий либосини, яъни камзули, шля-па-котелоги, локланган туфлисини тарк этиб, энди худди Воланддек қора кийиниб олган Азазелло ўз хукмдоридан сал нарирокда донг қотиб тураркан, у ҳам шаҳар манзарасидан кўз узмасди.
Воланд гап бошлади:
— Ғоят антиқа шаҳар, шундай эмасми? Азазелло бир қимирлаб қўйиб, эҳтиром билан жа-
воб қайтарди.
— Мессир, менга кўпроқ Рим ёқади!
— Ҳа, бу дидга боғлиқ, — жавоб қилди Воланд. Бир оз вақтдан кейин яна унинг овози эшитилди:
— Ҳув анави хиёбонда нега тутун борқсияпти?
— Грибоедов ёняпти, — жавоб қидди Азазелло.
— Бу, назаримда, икки қадрдоннинг — Коровьёв билан Бегемотнипг иши бўлса керак?
— Шак-шубҳасиз, мессир.
Яна сукут чўкди, бу пайт ғарб томонга қараган уй-ларнинг юқори қаватларидаги деразалар қуёшнинг кўзни қамаштирувчи шуъласини ўзида акс этдира бошладилар. Воланднинг кўзи ҳам, гарчи у кунботар томонга орқа ўгириб ўтирган бўлса-да, ўша уйларнинг деразалари каби порларди.
Лекин шу пайт нимадир Воландни шаҳардан юз ўгириб, ўз орқасида, томга қўндирилган доирасимон минорага қарашга мажбур этди. Минора девори ичидан чувринди кийим-бошига лой сачраган, оёғига одми шиппак кийган, нохуш қиёфали бир қорасоқол одам чиқиб кедди.
— Ие! — хитоб қилди Воланд бу одамга истеҳзо билан қараркан, — айнан сенинг бу ерга келишингни мутлақо кутмаган эдим! Хўш, қандай хизмат билан келдинг, о чақирилмаган, аммо келиши тахминланган меҳмон?
— Сенинг ҳузурингга келдим, ёвузлик султони, арвоҳлар ҳукмдори, — деб жавоб қилди девордан чиққан одам Воландга қовоқ остидан ҳўмрайиб қараркан.
— Баски, ҳузуримга келган экансан, нечун менга салом бермадинг, эй собиқ ўлпон йиғувчи? — деди Воланд қаҳр билан.
— Негаки мен сенинг саломат бўлишингни истамайман, — деб жавоб қилди келган одам густоҳлик билан.
— Лекин менинг барҳаётлигимга кўникишингга тўғри келади, — деб эътироз билдирди Воланд ва оғзини қийшайтириб истеҳзо қидди, — сен бу томда пайдо бўлган заҳотинг бемаъни иш қилдинг, бу бемаънилигинг, мен сенга айтсам, гапириш оҳангингда. Сен сўзларни шундай талаффуз қилдингки, гўё арвоҳларни (яъни кўланкаларни), шунингдек, ёвузликни ҳам эътироф этмайман демоқчи бўлдинг. Сен, бир илтифот қилиб, мана шу савол устида бош қотириб кўрсанг: агар ёвузлик бўлмаса, сен ҳомийси бўлган ўша эзгулик нима билан шуғулланган бўларди, агар жамики кўланкалар ғойиб бўлса, ер юзи қандай қиёфа касб этган бўлур эди? Ахир буюмлар ва одамзод бор эканки, кўланкалар мавжуд. Мана шамширимнинг кўланкаси. Лекин дов-дарахтнинг ҳам, барча жонзодларнинг ҳам кўланкаси бўлади. Ё сен ўзингнинг ёлғиз сиз билан завқланаман деган хомхаёлинг туфайли ер юзини қиртишлаб, барча дов-дарахтни, бутун жонзодларни йўқ қилмоқчимисан? Сен тентаксан.
— Сен билан мубоҳаса қилишни истамайман, қари сафсатабоз, — деб жавоб қилди Левий Матвей (бу одам — ўша Левий Матвей эди).
— Мен билан шунинг учун ҳам баҳслаша олмайсанки, сен, боя айтганимдек, тентаксан, — деб жавоб қидди Воланд ва сўради. — Қани, мени толиқтирмай, мақсадга ўт, нега келдинг?
— Мени у юборди.
— Қандай гап олиб келдинг ундан, қул?
— Мен қул эмасман, — тобора кўпроқ аччиғланиб жавоб қилди Левий Матвей, — мен унинг шогирдиман.
— Биз, ҳар галгидек, сен билан бошқа-бошқа тилда гаплашяпмиз, — деди Воланд, — лекин бу билан суҳбатимиз мавзуи бўлган нарсалар ўзгармайди. Хўш, шундай қилиб...
— У устанинг асарини ўқиб чиқди, — деб гапира бошлади Левий Матвей, — шу боис, у сендан устани ўзинг билан олиб кетиб, унга ором бахш этишингни илтимос қилди. Наҳотки бу иш сен учун қийин бўлса, ёвузлик султони?
— Мен учун қийин иш йўқ, — деб жавоб қилди Воланд, — буни ўзинг ҳам яхши биласан. — У бир оз тек қолди, сўнг илова қилди: — Нега энди уни ўзларингга — ёруғликка олиб кетмаяпсизлар?
— У ёруғликка эмас, оромга сазовор, — деди Левий ғамгин овоз билан.
— Бориб айт, буйруқ бажарилади, — жавоб қилди Воланд ва: — Лекин сен дарҳол кўзимдан йўқол, — деб илова қилар экан кўзида ўт чақнади.
— Унинг яна бир илтимоси шуки, устани севган ва у деб изтироб чеккан аёлни ҳам олиб кетармишсизлар, — деб Левий биринчи марта ёлборувчи оҳангда мурожаат қилди Воландга.
— Айтмасанг, ўзимизнинг ақлимиз етмас эканми бунга? Жўна.
Шу гапдан сўнг Левий Матвей ғойиб бўлди, Воланд эса Азазеллони чақириб олиб, унга буюрди:
— Дарҳол учиб бориб, уларни сафарга шайла. Азазелло айвонни тарк этди, том бошида Воланд ёлғиз қолди. Лекин унинг ёлғизлиги узоқ чўзилмади. Айвоннинг тош терилган саҳнида оёқ товушлари ва гангир-гунгур овозлар эшитилди. Воланднинг каршисида энди Коровьёв билан Бегемот пайдо бўлишди. Бироқ Бегемотнинг қўлида примус йўқ эди, у бошқа нарсаларни кўтариб олган эди. Чунончи, у қўлтиғига дала манзараси тасвирланган мўъжазгина заррин рамка қистириб олган, билагига ярми куйиб кетган ошпазлар халати ташланган, иккинчи қўлида бутун бошли сёмга балиғи бор эди. Коровьёв билан Бегемотдан куйинди ҳиди келар, Бегемотнинг башарасига қора куя суртилган, кепкасининг ярми куйган эди.
— Салют, мессир, — деб чинқиришиб саломлашди тиниб-тинчимас ошналар, Бегемот эса ҳатто сёмга балиғини ҳавода силкиб қўйди.
— Қойил, азаматлар, — деди Воланд кесатиб.
— Мессир, бир тасаввур қилинг-а, — деб чийиллади Бегемот ҳаяжон ва қувонч билан, — мени кафандўз деб ўйлашса бўладими?
— Кўтариб келган нарсаларингга қараганда, — деб жавоб қилди Воланд рамкадаги суратни кўздан кечираркан, — ғирт кафандўзднинг ўзисан.
— Ишонасизми, мессир... — деб Бегемот самимий оҳангда гап бошлаган эди...
— Йўқ, ишонмайман, — деб қисқагина жавоб билан унинг сўзини бўлди Воланд.
— Онт ичиб айтаманки, мессир, камина жонбозлик кўрсатиб, ҳамин қадар кўпроқ нарсани қутқаришга уриндим, илло сақлаб қолган нарсаларим мана шулар холос.
— Сен яхшиси, менга айт, қандай қилиб ўт кетди Грибоедовга? — сўради Воланд.
Коровьёв ҳам, Бегемот ҳам «ҳайронмиз» деган маънода кифтларини учириб, кўзларини кўкка тикишди. Бегемот эса яна чинқириб деди:
— Ақлим бовар қилмайди! Шўхлик қилмасдан, тинчгина, овқатланиб ўтирган эдик...
— Шу маҳал бирдан «пақ, пуқ!» — деб гапни илиб кетди Коровьёв, — ўқ отила бошлади! Бегемот икковимиз даҳшатдан эсимиз оғиб қолиб, хиёбон томон югурдик, орқамиздан қува бошлашди, биз Тимирязев томонга ўзимизни урдик!
— Лекин бурчга садоқатлилик туйғуси, — деб гапга аралашди Бегемот, — шармандаларча қўрқувдан устун чиқди-ю, биз яна қайтиб бордик!
— Э, шунақами ҳали? — деди Воланд, — шундан кейин бино ёниб кул бўлган, албатта.
— Ҳа, кул бўлди! — маъюс оҳангда таъкидлади Коровьёв, — яъни, мессир, сиз ғоят аниқ ифода этдингиз — куйиб кул бўлди. Куйик ғўлалар қолди, холос!
— Мен, — деб ҳикоясини давом эттирди Бегемот, — мажлислар залига отилдим — устунлари сероб залга, мессир, бирон-бир қимматбаҳо буюмни қутқариб қолиш мақсадида. О, мессир, менинг хотиним, агар мен уйланган бўлганимда, бир эмас, йигирма марта бева қолиш хавфига дучор бўларди! Лекин, яхшиямки, мессир, бўйдоқман, сизга очиғини айтсам — ғоят бахтиёрман хотиним йўқлигидан. О, мессир, қайси аҳмоқ бўйдоқлик эркидан воз кечиб, бошини машъум оилавий бўйинтуруққа тиқади-а?
— Бас қил сафсатани! — деди Воланд.
— Бош устига, давом этаман, — деб жавоб қилди мушук, — дарвоқе, мана сурат. Бошқа ҳеч нарса олиб бўлмади залдан, аланга тўғри юзимга урилди. Шундаи кейин омборхонага югурдим, у ердан манави сёмга балиғини олиб чикдим. Ошхонага отилиб кириб, бу халатни ўтдан сакдаб қолдим. Назаримда, мен, мессир, қўлимда келган ҳамма ишни қилдим, аммо чеҳрангиздаги шубҳа аломатларининг сабаби нима, тушунмаяпман.
— Коровьёв нима қилди, сен кафандўзлик билан овора бўлгаи пайтингда? — деб сўради Воланд.
— Мен ўт ўчирувчиларга кўмаклашдим, мессир, — жавоб қилди Коровьёв шимининг йиртиғини кўрсатиб.
— Шунақа дегин, ундай бўлса, албатта янги бино қуриш лозим бўлади.
— Бино қурилади, мессир, — деди Коровьёв, — гапимга ишонаверинг.
— Ҳай, дуруст, унда янги бино эскисидан яхшироқ бўлади деб умид қиламан, холос, — деди Воланд.
— Айтганингиздек бўлади, мессир, — деди Коровьёв.
— Гапимга ишонаверинг, — деб илова қилди мушук, — камина уччига чиққан пайғамбарман.
— Ҳар қалай, истиқболингизга қайтиб келдик, мессир, — деди Коровьёв, — фармойишингизга мунтазирмиз.
Воланд курсидан туриб, панжара олдига борди ва ўз мулозимларига орқа ўгирганча узоқ вақт сукутга толиб, олис-олисларга тикилиб турди. Сўнг у панжарадан узоқлашиб, яна курсига бориб ўтирди-да, шундай деди:
— Ҳеч қандай фармойиш бўлмайди — сизлар ҳамма вазифани, баҳоли қудрат бажардингиз, ҳозирча бошқа ҳеч қандай хизмат йўқ сизга. Дам олишингиз мумкин. Ҳозир момақалдироқ бошланади, бу охирги момақалдироқ якунланиши зарур бўлган ҳамма нарсага якун ясайди-ю, биз йўлга равона бўламиз.
— Жуда соз, мессир, — дейишди икки масхарабоз ва айвон ўртасидаги доирасимон минора орқасига ўтиб кўздан ғойиб бўлишди.
Воланд тилга олган момақалдироқ булутлари бу пайт уфкда тўплана бошлаган эди. Ғарбдан қора булут кўтарилиб, қуёшнинг ярим бетини тўсди. Сўнг уни бутунлай буркаб олди. Айвонда салқин шабада эсди. Яна хиёл вақт ўтиши билан ҳаммаёқни зулмат қоплади.
Ғарбдан босиб келган бу зулмат улкан шаҳарни буткул буркаб олди. Кўприклар, қасрлар ғойиб бўлди. Ҳамма нарса, гўё ҳеч қачон ёруг жаҳонда бўлмагандек, кўздан йўқолди. Осмоннинг у чеккасидан-бу чеккасигача ўтли чизиқ кесиб ўтди. Сўнг шаҳар қандайдир зарбадан ларзага келди. Зарба яна такрорланиб, момақалдироқ бошланади. Воланд бу зулмат қўйнида кўринувчанлигини йўқотди.

Ўттизинчи боб
Риҳлат Пайти Келди!
— Биласанми, — дерди Маргарита, — кеча кечаси сен ухлаб ётганингда мен Ўртаер денгизи томонидан келган зулмат ҳақида ўқиб ўтирдим... кейин ўша маъбудлар, олтин маъбудлар тўғрисида ҳам. Негадир улар мени мудом ташвишга солмокда. Назаримда, ҳозир ҳам ёмғир ёғадиганга ўхшайди. Салқин тушяпти, сезяпсанми?
Уста папирос чекиб, тутунини кафти билан елпиб ўтираркан, жавоб қилди:
— Булар-ку ҳаммаси яхши, маъбудлар ҳам яхши, ҳаволаси худога уларнинг, лекин бундан бу ёғига нима бўлади — ҳеч ақлим бовар қилмаяпти.
Бу суҳбат кунботар чоғда, айни том бошидаги айвонда турган Воланднинг қошига Левий Матвей келган пайтда бўлган эди. Подвал дарчаси очиқ эди, агарда ҳозир биров ундан ичкарига мўраласа, суҳбатдошларнинг ниҳоятда антиқа қиёфада эканлигини кўриб ҳанг-манг бўлиб қоларди. Чунки қип-яланғоч Маргаританинг елкасига қора ридо ташланган, уста эса касалхонадан кийиб келган ички кўйлак-иштонда эди. Бунга сабаб: Маргаританинг ҳеч қандай либоси йўқ эди бу ерда (унинг ҳамма кийим-кечаги эрининг уйида қолган, гарчи у уй бу ердан унча узоқ бўлмаса ҳам, Маргарита у ерга бориб, ўз буюмларини олиб келишни хаёлига ҳам келтирмас эди). Уста эса гарчи унинг барча кийим-боши шкафда бекаму кўст осилиб турган бўлса ҳам, Маргаритага, ҳадемай қандайдир мутлақо бемаъни воқеа содир бўлади, деган фикрни уқдириб, кийиниб олишни истамаган эди. Тўғри, ўша машъум куз кечасидан бери энди биринчи марта соқолини устарада олган эди (шифохонада упипг соқолини машинкада олишарди).
Хона ҳам алғов-далғов бўлиб кетган ва бу ерда не ҳол юз берганини тушуниш маҳол эди. Қўлёзмалар ерда, гилам устида, шунингдек, диванда сочилиб ётар. Қайсиям бир очиқ китоб креслога тўнкариб қўйилган. Тўгарак стол усти ҳар хил таомлар билан тўлдирилган бўлиб, улар орасида бир нечта шиша ҳам бор эди. Бу ноз-неъматлару ичкиликларнинг қаёқдан пайдо бўлганини Маргарита ҳам, уста ҳам билмас эди. Улар уйқудан уйғонишганда буларнинг бари стол устида муҳайё эди.
Шанба кунининг қош қорайгунига қадар ухлаган уста билан унинг рафиқаси энди ўзларини жуда тетик ҳис қила бошладилар, фақат бир нарса — икковларининг чап чаккалари бир оз симиллаб тургани кечаги саргузаштлардан далолат берарди. Лекин икковининг ҳам руҳиятида жуда катта ўзгариш содир бўлган эди-ки, подваддаги квартирадан эшитилаётган суҳбатга қулоқ солган ҳар қандай одам бу ҳолни дарҳол фаҳмлаган бўлар эди. Лскип бу ерда қулоқ соладиган биронта ҳам кимса йўқ эди. Ҳовли ҳамиша ҳувиллаб ётарди. Кун сайии яшил либосини қалинроқ қилиб кия бошлаган жўка ва оқтолларпинг баҳор атрини эндигина уйғонган шаббода очиқ деразадап подвалга пуркарди.
— Ё тавба! — деб юборди бирдан уста, — ҳеч ақл бовар қилмайдиган ҳол, — у папирос қолдиғини кулдонга эзиб ўчирди-да, икки қўли билан бошини чангаллади, — йўқ, ўзинг ўйлаб кўр, сен ахир эсли-ҳушли аёлсан, менга ўхшаб жинни ҳам бўлмагансан. Кеча биз иблиснинг ҳузурида бўлганимизга жиддий ишонасанми?
— Мутлақо жиддий, — деб жавоб қилди Маргарита.
— Ҳа, албатта, албатта, — деди уста киноявий оҳагда, — демак, энди битта жинни иккитага кўпайибди-да! Эр-хотин жиннилар. — У қўлларини кўкка чўзиб қичқирди: — Йўқ, фақат шайтон қилиши мумкин бу ишни! Шайтон, шайтон, шайтон!
Маргарита жавоб қайтариш ўрнига ўзини диванга отиб, яланғоч оёқларини ликиллатганча хандон ташлаб куларкан, чинқириб деди:
— Вой, чидолмайман! Вой, ичагим узилиб кетади ҳозир! Ўзингга бир қара, нимага ўхшайсан!
Уста касалхонадан кийиб келган иштонини ийманибгина тортиб-тортиб қўяркан, бу орада роса мириқиб кулиб олган Маргарита жиддий тарзда гапира бошлади:
— Ҳозир сен беихтиёр ҳақиқатни гапирдинг, — деди у, — фақат шайтоннинг қўлидан келади бу иш, деб айтдинг, гапимга ишонавер, дарҳақиқат, шайтон ҳамма нарсани жобажо қилади! — Бирдан унинг кўзларида ўт чақнади, «дик» этиб ўрнидан турди-да, шу ерда рақс тушиб чинқира бошлади: — О, қандай бахтиёрман, қандай бахтиёрман, у билан тил бириктирганимдан беҳад бахтиёрман! О, иблис, иблис! Энди, тасаддуқ, жодугар хотин билан умр кечиришингизга тўғри келади. — Шундан кейин у устага ташланиб, унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаганча, лабидан, бурнидан, юзидан устма-уст ўпа бошлади. Устанинг таралмаган тим қора соч толалари елпинар, икки юзи ва пешоиаси бўса ҳароратидан лов-лов ёнарди.
— Сен чинданам жодугарга ўхшаб кетибсан.
— Буни мен инкор қилмоқчи ҳам эмасман, — деб жавоб қилди Маргарита, — мен жодугарман ва бундан беҳад мамнунман!
— Ҳа, яхши, — деди уста, — жодугар бўлсанг бўлибсан. Бу жуда соз, ажойиб ҳол! Демак, мени шифохонадан ўғирлаб чиқишган! Бу ҳам жуда маъқул иш. Бу ерга қайтариб олиб келишган, фараз қилайлик, бу ҳам аъло... Ҳай, ана, ҳатто бизни қидиршмайди деб ҳам тасаввур қилайлик, лекин жами авлиё-анбиёлар ҳаққи, менга шуни айт-чи, биз қандай ва нима билан кун кечирамиз? Бу гапни айтишимдан мақсад, мен фақат сепинг ташвишингни қиляпман, азбаройи худо. Шу маҳал деразада тўмтоқ тумшуқли бир жуфт ботинка ва тарам-тарам чизиқли шимнинг почаси кўринди. Кейин шимнинг тиззаси букилиб, кимнингдир корсондек думбаси деразадан тушаётган ёруғни тўсди.
— Алоизий, уйдамисан? — деган овоз эшитидди у ердан.
— Ана, бошланди, — деди уста.
— Алоизийми? — деб сўради Маргарита дсраза тагига бориб, — уни кеча қамоққа олишди. Кимсиз ўзи? Фамилиянгиз нима?
Шу заҳоти чўнқайган думба ғойиб бўлдию кўча эшикнинг «тақ» этиб ёпилгани эшитилди, шундан кейин яна ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди. Маргарита диванга ётиб олиб, астойдил қотиб-қотиб куларкан, кўзларидан ёш чиқиб кетди. Лекин у кулгидан тўхташи билан юзи тамомила ўзгача қиёфа касб этди, энди у жиддий оҳангда гапира бошлади, гапираркан, дивандан сирғалиб тушди ва устанинг пойига эмаклаб келди-да, унинг кўзларидан кўзини узмай, бошини силай бошлади.
— Шўрликкинам, жуда кўп қийналдинг, кўп изтироб чекдинг! Буни фақат мен биламан. Мана, сочларингга оқ ҳам оралабди, лабингнинг чеккасида ажинлар пайдо бўлипти. О, менинг ёлғизим, азизим, ҳеч нимани ўйлама. Сен жуда кўп ўйладинг, энди сен учун ҳам меп ўйлайман! Сенга кафолат бериб, онт ичиб айтаман, энди турмушимиз жудаям яхши бўлади.
— Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, Марго, — деди кутилмаганда уста ва бошини кўтарган эди, Маргаританинг кўзига у ҳеч қачон бўлмагаи, аммо бўлганлигига аниқ ишонган нарсаси тўғрисида асар ёзган пайтидаги қиёфасида кўринди, — шунинг учун ҳам қўрқмайманки, ҳамма қийинчиликларни бошимдан кечириб бўлганман. Мени жуда кўп қўрқитишган, энди ҳеч нима билан қўрқита олмайдилар. Лекин мен сенга ачинаман. Марго, ҳамма бало шунда, мана шунинг учуп ҳам бир гапни сенга такрор-такрор айтиб ётибман. Эсингни йиғ!
Бемор ва қашшоқ одам билан умр кечириб нима қиласан — умринг хазон бўлади-ку! Уйингга қайт! Сенга ачинганимдан айтяпман бу гапларни.
— Э, сени қара-ю, — деб пичирларди Маргарита сочлари паришон бошини сарак-сарак қилиб, — вой, ҳеч нимага ишонмайдиган шўрпешонам-е. Кеча бутун тун сени деб қип-яланғоч дийдираб турдим, ўз аёллик хислатимни йўқотиб, жодугарга айландим, бир неча ой муттасил қоронғи қазноқда ўтириб, фақат бир нарсани — Ершалаим узра момақалдироқ гумбурлагани ҳақида ўйладим, уззу кун йиғлайвериб кўзларимда ёш қолмаса-ю, энди бошимизга бахт қуши қўнганда мени ҳайдамоқчимисан? Ҳа, майли, мен кетаман, кетаман, лекин билиб қўй, сен тошбағир одамсан! Улар сенинг қалбинг қўрини тамоман ўчириб бўлишипти!
Шунда устанинг юрагида аламли бир назокат туйғуси уйғонди ва юзини Маргаританинг сочлари орасига олиб, бесабаб йиғлаб юборди. Маргарита ҳам унинг йиғисига жўр бўларкан, бармоқлари билан устанинг икки чаккасини пайпаслаганча пичирларди.
— Ҳа, оқ толалар, бошинг кўз оддимда қордек оқара бошлаяпти, оҳ, не-не изтиробларга бардош берган шўрлик бошинг. Қара, кўзларинг жуда бошқача-ю! Кўзларипгда фақат бўшлиқ намоён... Елкаларинг, елкаларинг эса худди оғир юк кўтаргандек чўккан... Майиб, мажруҳ қилиб қўйишипти сени, — Маргаританинг гаплари бир-бирига қовушмас, у йиғидаи энтикиб-энтикиб қўярди.
Шунда уста кўзёшларини артди-да, тиз чўккан Маргаритани оёққа турғазди, ўзи ҳам ўрнидан туриб, қатъий оҳангда деди:
— Бўлди, етар! Мени ёмон изза қилдииг. Энди ҳеч қачон иродасиз бўлмаймап, бу хмасалага бошқа қайтмайман ҳам, кўнглинг тўқ бўлсин. Биламан, икковимиз ҳам ўз руҳий касаллигимиз қурбони бўлганмиз, бу дардни сенга мен юқтирдим... Начора, бу дард азобини биргаликда тортамиз энди.
Маргарита оғзини устанипг қулоғига яқин олиб бориб пичирлади:
— Сенинг ҳаётинг ҳаққи, сен кашф этган ўша мунажжимзода ҳаққи онт ичиб айтаманки, турмушимиз яхши бўлади.
— Яхши бўлса, янаям яхши, — деди уста ва кулиб туриб илова қилди: — Албатта-да, агар одамлар сену менга ўхшаб буткул торож этилган бўлса, турган гап-ки, улар у дунё қуввасидан паноҳ излайдилар. Яхши, мен ҳам ўша ёқдан паноҳ қидиришга розиман.
— Мана, мана, ниҳоят аввалги ҳолингга қайтдинг, куляпсан ҳам, — деди Маргарита, — аммо қуриб кетсин ўша илмий сўзларинг. У дунёми ё бу дунёми — бари бир эмасми? Менинг қорним очди.
Шундай деб у устанинг қўлидан етаклаб стол томон юрди.
— Бу таомлар ҳозир ер қаърига кириб кетса ёки дераза орқали учиб чиқиб кетса, ҳеч ажабланмасдим, — деди тамоман хотиржам кайфиятга ўтган уста.
— Қўрқма, учиб кетмайди!
Айни шу пайт дарча ортидан бир манқа овоз эшитилди:
— Саломлар бўлсин.
Уста бир сесканиб тушди, лекин ҳар хил ғайриоддий воқеаларга кўникиб қолган Маргарита чинқириб юборди:
— Вой, Азазелло-ку! О, қандай яхши бўлди келгани! — кейин устага пчирлади: — Кўрдингми, ана, бизни унутишмапти! — шундай деб эшик очгани югурди.
— Ҳеч бўлмаса этагингни беркитсанг-чи, — деб қичқириб қодди уста унинг орқасидан.
— Бо худо... — деб жавоб қидди Маргарита даҳлиздан.
— Мана, хонага кирган Азазелло энди ғилай кўзини устага тикканча таъзим бажо қилиб у билан саломлашди, Маргарита эса бундай деди:
— Вой, бошим осмонга етди! Умримда ҳеч қачон бунчалик хурсанд бўлмагандим! Лекин яланғочлигим учун мени афв этинг, Азазелло!
— Асло азият чекманг, — деди Азазелло, — камина умримда нафақат яланғоч аёлларни, ҳаттоки бошдан-оёқ териси шилинган аёлларни ҳам кўрганман, — шундай деб у қора матога ўралган бир тугунчакни печка ёнига қўйди-да, дарров мезбонлар даврасига келиб ўтирди.
Маргарита коньяк қуйиб узатди, Азазелло уни ҳузур қилиб ичиб юборди. Уста ундан кўз узмай ўтираркан, аҳён-аҳёнда стол остида секингина ўзининг чап билагини чимчилаб қўярди. Лскин бу чимчилашлар Азазеллога таъсир қилмади. У ҳавода эриб кетмади, ундан кейин, сирасини айтганда, бунга ҳеч қандай эҳтиёж ҳам йўқ эди. Чунки бу пакана малла одамнинг, агар кўзига оқ тушганини ва либосининг сал ғалатироқ (ридонамо плаш) эканлигини ҳисобга олинмаса, ҳеч қанақа қўрқинчли жиҳати йўқ эди. Ваҳоланки, жодугарликдан йироқ бўлган оддий одамнинг ҳам кўзига оқ тугаган бўлиши мумкин, агар жиддий ўйлаб кўриладиган бўлса, ҳар қандай одам ҳам ридонамо плаш кийиб юриши мумкин эди. Коньякни ҳам у ҳамма одамлар сингари, моҳирлик билан бир кўтаришда ичиб, газак қилмади. Лекин устанинг боши эпди коньякдан ғувуллай бошлади ва у:
«Йўқ, Маргарита ҳақ! Чиндан ҳам рўпарамда иблиснинг элчиси ўтирипти. Ахир ўзим ҳам ўтган куни тунда Иванга, Патриарх кўли бўйида шайтонни учратгансиз, деб уқдирган эдим-ку, энди бўлса, негадир шу фикрдан чўчиб кетиб, кўзбойлоқчилар, хомхаёллар ҳақида алланималарни жавраб ўтирибман. Кўзбойловчига бало борми!» — деб кўнглидан ўтказди.
У Азазеллога тикилиброқ қараб, унинг кўзларида қандайдир масъулият, то мавриди келгунча айтмай сақлаб турган қандайдир мулоҳаза мавжудлигини кўрди. «У шуичаки бизни кўргани эмас, балки қандайдир топшириқ билан келганга ўхшайди», — деб ўйлади уста.
Кузатувчанлиги унга панд бермади.
Азазелло учинчи марта узатилган коньякни ҳам ичиб юбориб, худди ҳеч ичмаган одамдай гап бошлади:
— Подвалингиз шинамгина экан, азабройи шифо! Лекин бир савол кўндаланг турипти: нима ҳам қилиш мумкин бу подвадда?
— Мен ҳам шуни гапираётган эдим, — деди уста кулимсираб.
— Нега мени ваҳимага соласиз, Азазелло? — деди Маргарита, — ахир бир амаллармиз!
— Йўғ-е, йўғ-е, — деб чинқириб юборди Азазелло, — сизни ваҳимага солиш хаёлимга ҳам келгани йўқ. Ўзим ҳам шундай деяпман, — бир амаллайсизлар. Ҳа-я! Сал бўлмаса унутай дебман, мессир сизларга салом айтиб юборди, яна, сизни ўзи билан кичик бир сайрга таклиф қилди, агар хоҳласангиз, албатта. Хўш, нима дейсизлар бу таклифга?
Маргарита стол остида оёғи билан устани туртиб қўйди.
— Жонимиз билан борамиз, — деб жавоб қилди уста Азазеллони синчиклаб кузатаркан, у эса гапни илиб кетди:
— Маргарита Николаевна ҳам бу саёҳатдан бош товламаслар деб умид қиламиз?
— Менинг-ку бош товламаслигим аниқ, — деди Маргарита ва яна оёғи билан устанинг оёғини туртиб қўйди.
— Қойилмақом саёҳат бўлади, — деди Азазелло, — мана бу — ўғилбола гап! Бир зумда келишдик-қўйдик! Тунов куни Александр боғида бўлганидек резинка қилиб чўзмадик.
— Вой, эсимга солманг ўша кунни, Азазелло! Тентак эканман ўшанда. Сирасини олганда, мени жудаям айбситиш тўғри эмас — ахир шайтон зотига кунда рўпара келмайсан-ку киши!
— Тўғри айтасиз, — деб тасдиқлади Азазелло, — агар ҳар куни рўпара келсангиз, ғоят хушнуд бўлардингиз!
— Жадаллик ўзимга ҳам ёқади, — дерди Маргарита завқу шавқ билан, — жадаллик ҳам, яланғочлик ҳам. Маузердан отилган ўқдай! Вой, унинг қанақа мерганлигини кўрсанг зди, — деб чинқирди Маргарита устага юзланиб, — ёстиқ тагига қўйилган еттилик қартанинг хоҳлаган холини мўлжалга олади... — Маргарита ширакайф бўлиб қолди, шу сабабли кўзлари ўтдек чақнай бошлади.
— Ие, эсим қурсин, унутибман-у, — дея чинқириб юборди Азазелло пешонасига «шап» этиб уриб, — роса чарчабман. Мессир сизларга совға бериб юборган эди, — шундай доб у айнан устага юзланди, — бир шиша вино. Эътибор беринг-а, бу Иудея прокуратори ичган ўша винонинг ўзи. Фалери виноси.
Турган гапки, бундай ноёб нарса, албатта, Маргаританинг ҳам, устанинг ҳам эътиборини ўзига тортди. Азазелло мотамона қора матони очиб, ундан тамомила мағор босиб кетган бир кўза олди. Олдин уни бир-бир ҳидлаб кўришди, сўнг стаканларга қуйишиб, момақалдироқ олдидан сўна бошлаган ёруғликка тутиб кўришган эди, ҳамма нарса қон рангига бўялди.
— Воланднинг саломатлиги учун! — деди Маргарита стаканни баланд кўтариб.
Учовлари стаканларни лабларига олиб бориб, бир ҳўпламдан ичишди. Шу заҳоти устанинг кўз олди қоронғилашиб, нафаси қайтиб кетди, у жони узилаётганини ҳис қилди. У яна, ранги мурданикидек ўчган Маргаританинг ожизона қўл чўзиб, боши столга «шилқ» этиб тушганини, сўнг аста сирғалиб ерга йиқилганини ҳам кўрди.
— Заҳаркаш қаттол, — деб қичқиришгагина улгурди уста. У Азазеллога санчиш мақсадида столда ётган пичоққа қўл узатди, лекин дармони қолмаган қўли дастурхондан сирғалиб тушди-ю, бу хонадаги нарсаларнинг ҳаммаси устанинг кўзи олдида қоп-қора рангга бўялди, сўнг буткул ғойиб бўлди. У чалқанча йиқиларкан, чаккаси билан ёзув столининг қиррасига урилиб жароҳатланди.
Заҳарланганлар тинчиб қолгач, Азазелло ишга киришди. Биринчи галда, у деразадан учиб чиқиб, бир зумда Маргарита Николаевна яшаган уйга етиб борди. Ҳамиша ишни пухта ва эҳтиёткорлик билан бажаришга одатланган Азазелло, ҳамма иш бекаму кўст бажарилдимикин, деб текшириб кўрмоқчи эди. Дарҳақиқат, ҳамма нарса кўнгилдагидек бажарилган эди. Ана, эрининг ишдан қайтишини кутаётган маҳзуна аёл ўз хобхонасидан чиқди-ю, бирдан ранги бўздек оқариб, юрагини чангаллаганча заифона чинқирди:
— Наташа! Ҳой, ким бор... бу ёққа!.. — шундай деб у кабинетга етиб боролмай, меҳмонхона ўртасида ерга «гурс» йиқилди.
— Ҳаммаси жобажо бўлди, — деди Азазелло. У яна бир лаҳзадан кейин маҳв бўлган ошиқ-маъшуқлар тепасига келди. Маргарита гиламчага мук тушиб ётарди. Азазелло ўзининг темир қўллари билан Маргаритани, худди қўғирчоқни ағдаргандек осонгина ўзига қаратиб, унинг юзига қаттиқ тикилди. Заҳарланган аёлнинг чеҳраси ўзгара бошлади. Момақалдироқ арафасида кун хийла қоронғилалган бўлишига қарамай, Маргаританинг жодугарона муваққат ғилайлиги ҳам, чеҳрасидаги бадқаҳрлик ва авбошлик аломатлари ҳам ғойиб бўлаётгани яққол кўзга ташланди. Марҳуманинг чеҳраси ёришиб, ниҳоят, майинлик касб этди, унинг ваҳшиёна иржайиши ўзгариб, оддий заифона дардли иршайишга айланди. Шунда Азазелло унинг оппоқ тишлари орасини очиб, оғзига бояги заҳар винодан бир неча томчи томизди. Маргарита чуқур бир хўрсиниб, Азазеллонинг ёрдамисиз ўзи ўрнидан туриб ўтирди ва хаста овоз билан сўради:
— Қай гуноҳим учун, Азазелло, нечун? Мени нима қилиб қўйдингиз?
У узала тушиб ётган устани кўриб, сесканиб кетди ва пичирлаб деди:
— Сиздан ҳеч кутмаган эдим буни... қотил!
— Йўқ, ундай эмас, — деди Азазелло, — у ҳозир туради. Ахир, мунча тажанг бўлмасангиз!
Малла иблиснинг овози шу қадар самимий эдики, Маргарита унга дарров ишона қолди. У тетик ва бардам бўлиб шахт ўрнидан турди-да, устанинг оғзига вино томизишда кўмаклашди. Уста кўзини очиб, атрофга маъюс боқди ва бояги охирги сўзини нафрат билан такрорлади:
— Оғукаш қаттол...
— Эвоҳ! Яхшилик қилганни ҳамиша ҳақорат билан тақдирлашаркан, — деди Азазелло, — нима, кўрмисиз? Тезроқ очсангизчи кўзингизни.
Шунда уста бошини кўтариб, жонли ва нурли кўзлари билан атрофга бир-бир қараб чикди ва сўради:
— Бу янгиликнинг маъниси нима?
— Бунинг маъниси шуки, — деб жавоб қилди Азазелло, — сафарга жўнаш пайтингиз келди. Ана, эшитяпсизми, момақалдироқ гумбурламоқда? Қоронғи тушди. Отлар бетоқат ер тенинишмоқда, кичкина боғча ларзага келмоқда. Бу маконингиз билан видолашинг, бўлинг, тезроқ видолашипг.
— Эҳа-ҳа, тушундим, — деди уста, атрофига аланглаб қараб. — Сиз бизни ўлдиргансиз, бизлар мурдамиз. О, бағоят доно иш бўлипти! Айни пайти! Энди мен ҳаммасига тушундим.
— Ие, кечирасиз, — деди Азазелло, — шу гап сиздан чиқяптими? Маҳбубангиз сизни уста деб атайди-ю, сиз ахир фикр юритяпсиз-ку, қанақасига мурда бўлишингиз мумкин? Наҳотки киши ўзини тирик деб ҳисоблаши учун, албатта, подвалда ва касалхонанинг ички кўйлак-иштонида ўтириши шарт бўлса? Тавба!
— Ҳамма гапларингизга тушундим, — деб чинқириб юборди уста, — бўлди, у ёғини гапирманг! Сиз минг карра ҳақсиз!
— Буток Воланд! — деди Маргарита устага жўр бўлиб, — буюк Воланд! У мепдан кўра теранроқ фикр юритипти. Лекин албатта романни, романингни, —
деб қичқирарди у устага, — қаёққа парвоз қилсанг ҳам романингни олвол.
— Кераги йўқ, — деб жавоб қилди уста, — мен уни бошдан-оёқ ёд биламан.
— Биронта ҳам... бирота ҳам сўзни унутмайсанми? — деб сўрарди Маргарита маҳбубининг пинжига кириб, чаккасининг қонини артаркан.
— Кўнглинг тўқ бўлсин! Энди мен ҳеч нимани ҳеч қачон унутмайман, — жавоб қилди у.
— Унда ўт қўямиз! — деб чинқирди Азазелло, — ҳамма нарса ёнғиндан бошланган эди, энди ёнғин билан хотима ясаймиз.
— Ёнсин! — деб мудҳишона чинқирди Маргарита. Подвал дарчаси «қарс» этиб очилиб, шамол дарпардани четга сурди. Самодан қисқа ва қувноқ гулдурос эшитилди. Азазелло чангаксимон панжасини печкага тиқиб, тутаб турган бир косовни олди-да, стол ёйилган дастурхонни ёндириб юборди. Кейин уни диванда ётган бир даста эски газеталарга тутди, ундан кейин қўлёзмани ва дарпардани ёқди. Бу маҳал, чавапдозлик қилажагидан руҳланган уста, токчадан қайсиям бир китобни олиб, унинг варақларини ёйиб ёнаётган дастурхон устига отди, китоб зумда «пов» этиб ёна бошлади.
— Ён, куйиб кул бўл, ўтмиш ҳаёт!
— Ёнинг, изтироблар! — чинқирди Маргарита. Қирмизи аланга бутун хонапи ўз оғушига олди, шунда учовлари хонадан тутунга қўшилиб чиқишиб, ғиштин зинадан мўъжазгина ҳовлига кўтарилишди. Бу ерда даставвал улар уй соҳибиникида ошпазлик қилувчи аёлнинг ерда ўтирганини кўришди, унинг атрофида бир талай картошка ва бир неча бош пиёз сочилиб ётарди. Ошпаз аёлнинг бу аҳволи тушунарли эди. Ўтинхона олдида учта қора от туёқлари билан ер кавлаб, баданлари сесканиб, пишқириб турарди. Маргарита отга биринчи бўлиб минди, ундан кейин Азазелло, энг охирида уста минди. Ошпаз аёл бир ингради-ю, чўқиниш мақсадида қўлини кўтармоқчи бўлган эди, лекин Азазелло эгарда ўтирган ерида унга дағдаға қидди:
— Нақ қўлингни кесиб ташлайман! — У ҳуштак чалди, шунда отлар жўка навдаларини синдириб кўкка парвоз қилишди ва пастлаб учаётган қора булутни ёриб ўтиб кетишди. Худди шу пайт подвал дарчасидан тутун бурқсиб чиқа бошлади. Пастдан ошпаз хотиннинг заифона, аянчли чинқириғи эшитилди:
— Ўт кетди!..
Энди отлар Москва томлари узра учиб борардилар.
— Шаҳар билан видолашишни истайман, — деб қичқирди уста олдинда бораётган Азазеллога. Момақалдироқ унинг қолган гапини ютиб юборди. Азазелло. «майли» дегандек бош ирғади ва отиии учириб кетди. Шиддат билан бораётган суворилар сари вужуди ёмғирга тўла улкан бир булут учиб келарди.
Сайёҳлар хиёбон узра учиб боришаркан, митти одамларнинг энди томчилай бошлаган ёмғирдан ўзларини панага олиш учун ҳар томонга тумтарақай қочишаётганини кўрдилар. Суворилар тутун буруқсаетган бир ердан учиб ўтдилар. — Грибоедовдан қолгани шу эди. Суворилар зулмат оғушига чўкаётган шаҳар узра учдилар. Улардан тепада тинмай яшин чақнарди. Ниҳоят, шаҳар томлари тугаб, пастда ям-яшил далалар пайдо бўлди. Шундагина ёмғир шаррос қуйиб юбориб, учта чавандозни учта улкан пуфакка айлантирди.
Парвоз ҳиссиёти Маргаритага таниш бўлса ҳам, уста бу туйғудан ғофил эди, шунга кўра, кўзлаган манзилига бир зумда етиб боргани уни ҳайрон қолдирди. Бу ерда у бир одам билан видолашмоқчи эди — унинг видолашадиган бошқа ҳеч кими ҳам йўқ эди. Шаррос қуяётган ёмғир пардаси орқали у Стравинский шифохонаси биносини ҳам, дарёни ҳам, дарёнинг нариги соҳилидаги жуда яхши таниш бўлиб қолган ўрмонни ҳам дарров таниди. Улар шифохона яқинидаги сайҳонликка қўнишди.
— Сизларни шу ерда кутиб тураман, — деб қичқирди Азазелло қўлларини карнай қилиб; у дам яшил шуъласида кўриниб, дам зулмат қўйгина ғарқ бўларди, — тезроқ видолаша қолинг.
Уста билан Маргарита эгардан сакраб тушишиб, худди суюқ шарпалардек лип-лип кўриниб шифохоиа боғидан учиб ўтдилар. Яна бир зумдан кейин уста 117-хонанинг' балконидаги, ўзига жуда таниш бўлиб қолган папжарани суриб ичкари кирди. Маргарита унга эргашди. Улар Иванушканинг олдига момақалдироқ гумбурлаётган пайтда кўринмай ва сездирмай киришди. Уста каравот ёнида тўхтади.
Иванушка бу оромгоҳга келган биринчи куни момақалдироқни қандай кузатиб ётган бўлса, ҳозир ҳам шу тарзда қимир этмай ётарди. Лекин ҳозир аввалги сафардагидек йиғламас эди. Ниҳоят, у балкондан кириб келган қора шарпага синчиклаб тикилди ва ёстикдан бошини кўтариб, унга қўлларини узатди-да, шодланиб деди:
— Ие, сизмисиз? Мен бўлсам қачондан бери кутиб ётибман. Келганингиз яхши бўлди, қўшнижон.
— Ҳа, шу ердаман! — деди унга жавобан уста. — Лекин, таассуфки, сизга ортиқ қўшни бўла олмайман. Мен бутунлай учиб кетяпман, сиз билан видолашгани келдим.
— Мен буни билардим, сезган эдим, — оҳистагина деди Иван ва сўради: — Сиз уни учратдингизми?
— Ҳа, — деди уста, — шунинг учун ҳам сиз билап видолашгани келдимки, кейинги пайтда фақат сиз менинг ягона суҳбатдошим эдингиз.
Иванушканинг кўнгли ёришиб деди:
— Хонамга учиб кирганингиз яхши бўлди. Мен албатта сўзимнинг устидан чиқаман, энди ҳеч қачон шеър ёзмайман. Мени энди бошқа нарса қизиқтириб қолди, — Иванушка жилмайиб, телба кўзларини қаёқларгадир тикди, — бошқа нарса ёзмоқчиман. Биласизми, бу ерда ётганимда анча-мунча нарсага тушундим.
Уста бу сўзларни эшитиб ҳаяжонланди ва Иванушканинг тўшагига омонатгина ўтириб гап бошлади:
— Бу гапингиз яхши, жуда яхши. Демак, унинг тўғрисидаги асарнинг давомини ёзасиз!
Иванушканинг кўзлари чақнаб кетди.
— Нима, ўзингиз ёзмайсизмии? — шундай деб у бошини хам қилди ва ўйчанлик билан илова қилди: — Ҳа-я... нимага буни сўрадим, — Иванушка кўз қири билан қўрқа-писа ерга қаради.
— Ҳа, — деди уста, унинг бўғиқ овозини Иваиушка таиимади, — унинг тўғрисида бошқа ёзмайман энди. Мен бошқа иш билан машғул бўламан.
Узокдан эшитилган ҳуштак момақалдироқ гумбурини босиб кетди.
— Эшитяпсизми? — сўради уста.
— Момақалдироқ гумбурлаяпти...
— Йўқ, меии чорлашмоқда — кетадиган пайт бўлди, — деб изоҳлади уста ва ўрнидан турди.
— Тўхтанг! Яна бир оғиз сўз, — деди Иван, — сиз ўша маъшуқангизни топдингизми? Сизга вафодорлигича қолиптими у?
— Мана у, — деб жавоб қилди уста ва деворга ишора қилди. Қора кийган Маргарита оппоқ девордан ажралиб, беморнинг тепасига яқинлашди. У каравотда ётган йигитга маҳзун кўзларини тикди.
— Шўрлик йигит, — деб товушсиз пичирлади Маргарита ва бемор устига энгашди.
— Жудаям гўзал экан, — деди Иван беҳасад, аммо бир оз ҳасрат ва қандайдир аянч билан, — ана кўрдингизми, ҳамма армонингиз ушалипти. Аммо менда ундай бўлмади, — шундай деб у ўйланиб қолди ва ўйчанлик билан илова қилди: — Балким шундай бўлгани маъқулдир...
— Ҳа, ҳа, — деб пичирлади Маргарита бемор устига яна ҳам пастроқ энгашаркан, — мана, ҳозир мен пешонангиздан ўпаман-у, кейин ҳамма нарса кўнглингиз тусагандек бўлади... гапимга ишонаверинг, буларнинг ҳаммасини ўз бошимдан кечирганман, ҳаммасидан воқифман.
Каравотда ётган йигит Маргаританинг бўйнидан қучди, шунда Маргарита уни ўпиб олди.
— Алвидо, шогирдим, — деди уста эшитилар-эшитилмас ва ҳавода эрий бошлади. У, у билан бирга Маргарита ҳам ғойиб бўлишди. Балкон панжараси ёпилди.
Иванушка безовталана бошлади. У ўрнидан туриб ўтирди, атрофига олазарак бўлиб қараб, ҳатто инграб ҳам қўйди, ўзича бир нималарни ғўлдираб ўрнидан турди. Момақалдироқ тобора зўрая борарди, чамаси унинг қалбига ғулув солган нарса ҳам шу момақалдироқ бўлса керак. Иванни безовта қилган яна бир нарса шу бўлдики, унинг шифохона йўлагидаги доимий сокинликка кўникиб қолган қулоғига ҳозир эшик орқасидан безовта оёқ товушлари, ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилган эди.
— Прасковья Фёдоровна! — деб чақирди у асабийлашиб ва титраб-қақшаб.
Шу заҳотиёқ хонага кириб келган Прасковья Фёдоровна Иванушкага савол маъносида ҳаяжонланиб тикилди.
— Хўш? Нима бўлди? — деб сўради у, — момақалдироқ безовта қиляптими? Тинчланинг, ҳечқиси йўқ... Ҳозир ёрдам кўрсатишади сизга. Мен докторни чақираман.
— Йўқ, Правсковья Фёдоровна, докторни чақир-анг, — деди Иванушка, Прасковья Фёдоровнага эмас, деворга ҳаяжон билан тикиларкан, — менга ҳеч нима бўлгани йўқ. Мен ўз аҳволимга тушунадиган бўлиб қолганман, сиз кўрқманг. Яхшиси, айтинг-чи, — деб дилкашлик билан сўради Иван, — ёнимдаги юз ўн саккизинчи хонада ҳозир нима бўлди?
— Юз ўн саккизинчидами? — деб сўради Прасковья Фёдоровна ва безовта кўзларини ундан олиб қоча бошлади, — ҳеч нима бўлгани йўқ. — Лекин аёлнинг овозида дудмоллик сезилиб турарди, буни дарҳол сезган Иванушка деди:
— Қўйинг, Прасковья Фёдоровна! Сиз ахир тўғрисўз одамсиз-ку... Нима, мени тўполон қилади деб ўйлаяпсизми? Йўқ, Прасковья Фёдоровна, кўнглингиз тўқ бўлсин. Сиз гапнинг ростини айтаверинг. Мен, барибир девор орқали ҳис қиляпман.
— Қўшнингиз қазо қилди ҳозир, — деб пичирлади Прасковья Фёдоровна ўзининг ҳамгўйлиги ва оқкўнгиллигини тийишга қурби етмай, айтишга айтди-ю, юраги така-пука бўлиб Иванушкага ялт этиб қаради, шунда Прасковья Фёдоровна яшин шуъласидан бир зумга либос кийди. Лекин Иванушкага ҳеч нарса бўлмади. У фақат бармоғини маънодор кўтариб шундай деди:
— Ўзимам билувдим! Сизни ишонтириб айтаманки, Прасковья Фёдоровна, ҳозир шаҳарда яна бир инсон оламдан ўтди. Мен ҳатто унинг кимлигини ҳам биламан, — шундай деб Иванушка хуфиёна жилмайиб қўйди, — у аёл киши.

Ўттиз биринчи боб
Чумчуқтепа Да
Момақалдироқ дағдағасидан асар ҳам қолмади, бу маҳал бутун Москва узра улкан гумбаздай кўтарилган ранг-баранг камалак Москва дарёсидан сув ичарди. Баланд тепаликдаги икки дарахтзор оралиғида учта қора шарпа кўринди. Эгарланган қора отларга минган Воланд, Коровьёв ва Бегемот дарё ортидан то уфққача ёйилиб кетган шаҳарга, унинг ғарбга қараган уйларидаги минг-минглаб деразаларда акс этаётган кечки шуъласига ва Қизлар монастирининг жимжимадор, муҳташам гумбазига тикилиб турардилар.
Ҳавода шарпа эшитилди, узун қора ридо кийган Азазелло, унинг орқасидан изма-из келаётган уста билан Маргарита учовлари уларни кутиб турган уч сувори яқинида ерга индилар.
— Сизни, Маргарита Николаевна, сизни ҳам, уста, бир оз безовта қилишимизга тўғри келди, — деб гап бошлади Воланд бир оз сукунатдан сўнг, — илло мендан гина қилмассизлар деган умиддаман. Зеро бу ерга келганингиздан афсусланмайсиз. Қани, бўлмаса, — деб у ёлғиз устага мурожаат қилди, — шаҳар билан видолашинг. Жўнашимиз керак, — шундай деб Воланд оғзи карнайсимон қора қўлқоп кийган қўли билан дарё ортига ишора қилди; у ерда кун бўйи офтоб тафтида чўғдек қизиган шаҳардан кўтарилган туман, тутун, буғ қуёш шуъласидан ярақлаган беҳисоб деразалар узра муаллақ туриб қолган эди.
Уста отдан сакраб тушиб, бир ўзи жар ёқасига югуриб кетди. Эгнидаги қора ридонинг этаги орқасидан ерга судралиб борар эди. Уста шаҳарга тикилиб туриб қолди. Аввалига ҳасратдан унинг юраги зирқираб оғриди, лекин бу туйғу бир зумда ўтиб кетиб, ўрнини кўнгилга тотли ғулув солувчи лўлиларга хос дарбадарлик туйғуси эгаллади.
— Мутлақо қайтмайман! Буни фаҳмлаш керак, — деб пичирлади уста ва қовжираган лабини ялади. У ўз қолбига қулоқ солиб, у ерда нима бўлаётганини аниқ қайд қила бошлади. Унинг қалб ҳаяжони, назарида, жуда теран ва қаттиқ ранжга айлангандек туюлди. Лекин бу ранж беқарор бўлиб чиқди, у зумда ғойиб бўлиб, такаббурона лоқайдлик билан ўрин алмашди, лоқайдлик эса мангу ором туйғусига айланди.
Суворилар устани сукут сақлаб кутиб туришарди. Улар қора кийган бу дароз одамнинг жар ёқасида туриб қилаётган ҳар хил қўл ишораларини, гоҳ бутун шаҳар оша нигоҳ ташлаб, унинг уфқ ортидаги томонни кўрмоқчи бўлгандай бошини адл кўтаришини, гоҳ ўз оёғи остидаги пайҳон қилинган, қовжираган гиёҳларни ўрганмоқчи бўлгандай бошини хам қилишини кузатардилар.
Ниҳоят, юраги зиқ бўлган Бегемот сукутни бузди.
— Ижозат берсангиз, мэтр, — деб гап бошлади у, — парвоз олдидан видолашув ҳуштагини мен чалсам.
— Хонимни чўчитиб юборишинг мумкин, — деди Воланд, — ундан кейин шуни унутмаки, сен бугунги номаъқулчиликларингни барини қилиб бўлдинг.
— О, йўқ, йўқ, мессир, — деди эгарда амазонкалардек қўлини белига тираб, узун этагини ергача тушириб ўтирган Маргарита, — рухсат беринг унга, майли, чалсин. Олис сафар олдидан кўнглимга хийла ғаш оралади. Гарчи инсон бу сафар ниҳоясида бахтга мугдарраф бўлишини билса ҳам, шундай кўнгилғаш-лик бўлиши табиий, тўғрими, мессир? Майли, бир кўнглимни чоғласин, бўлмаса, сафар олдидан йиғлаб юбориб, кайфиятингларни бузиб қўйишим мумкин.
Воланд бош ирғаб Бегемотга ишора қидди, мушукнинг кўнгли кўтарилиб, отдан сакраб тушди ва бармокларини оғзига тиқиб, лунжини шиширди-да, ҳуштак чадди. Маргаританинг қулоғи шанғиллаб кетди. Унинг оти ҳуркиб, икки оёғини кўтарди, ўрмондаги дарахтлардан қуруқ шох-шаббалар тўкидди, қарға ва чумчуқлар гала-гала бўлиб осмонга кўтарилди, бурқираб кўтарилган тўзон дарё томон учди, бандаргоҳ ёнидан сузиб ўтаётган дарё трамвайидаги бир нечта йўловчининг бошидан кепкаси учиб сувга тушди. Уста ҳуштак овозидан сесканиб кетди, лекин орқасига ўгирилмади, балки қўлларини юқори кўтариб, худди шаҳарга таҳдид солаётгандек, уларни яна ҳам жадалроқ силкита бошлади. Бегемот атрофга мағрурона назар ташлади.
Эьтироф этаман, ҳуштак чалинди, — мурувват ичишдек деди Коровьёв, — дарҳақиқат ҳуштак чалинди, лекин холисанилло гапирадиган бўлсак, ўртамиёна ҳуштак бўлди!
Ахир мен регент эмасман-да, — деб жавоб қилди Бегемот виқор билан лунжини осилтириб ва дабдурустдан Маргаритага кўз қисди.
— Қани, менам бир уриниб кўрай-чи, ёшликни эслаб, — деди Коровьёв, қўл/арини ишқашаб, бармоқларига туфларкан.
— Лекин эҳтиёт бўл, — деди Воланд жиддий оҳангда, — биронта ҳам шахсга ҳеч қандай зиён-заҳмат етмайдиган бўлсин!
— Мессир, ишонинг, — деди Коровьёв қўлини кўксига қўйиб, — бу ҳазил, фақат ҳазил бўлади... — Шунда унинг вужуди худди резинадан ясалгандек бирдан юқорига чўзилди, ўнг қўлининг бармоқларини букиб ғаройиб бир шакл ясади-да, олди парма сингари чир-чир айланиб, бир ўрам сочга ўхшаб қолди, сўнг қайта ечилиб, бирдан ҳуштак чалиб юборди.
Маргарита бу ҳуштакни эшитмади, балки уни ўз кўзи билан кўрди: у ўзининг ўйноқи оти билан бирга газ нарига бориб тушган эди. Айни пайтда шу ерда қад кўтарган азим туп эман илдиз-пилдизи билан кўпорилиб, қулаб тушди, то дарё бўйигача бўлган ер торс-торс ёрилиб кетди. Қирғоқнинг катта бир бўлаги ерга жойлашган бандаргоҳу ресторан билан бирга синдирилиб, дарёга қулади. Дарё кўпириб тошди ва дарё трамвайини ичидаги йўловчилар билан бирга нариги яшил паст қирғоққа бешикаст чиқариб қўйди. Маргаританинг ҳуркиб пишқираётган оти оёғи остига Фаготнинг ҳуштагидан нобуд бўлган бир олақарға гуп» этиб келиб тушди. Бу ҳуштак устани чўчитиб юборди. У бошини чангаллаганча, ҳамрохлари томон чопиб кела бошлади.
— Хўш, — деб мурожаат қилди унга от устидан Воланд, — барча ҳисоб-китоб қилиб бўлиндими? Видолашув вожиб бўлдими?
— Ха, вожиб бўлди, — деб жавоб қилди уста, сўнг кўнгли таскин топиб, Воланднинг юзига тик ва дадил қаради. Ана шунда Воланднинг даҳшатли овози тепалик узра худди Исрофилнинг сури' янглиғ баралла янгради:
— Вақт бўлди! — шундан кейин Бегемотнинг ўткир ҳуштагию хандон ташлаб кулгани эшитилди.
Отлар олға отилдилар ва суворилар самога парвоз қилиб шамолдек учиб кетдилар. Маргарита минган асов от ҳадеб сувлуғини кемириб, жиловни тортқиларди. Воланднинг ридоси шамолда ёйилиб зулматга бурканаётган осмон гумбази остида ҳамма сувориларга соябон бўлди. Қора соябон бир лаҳзагина елпиниб, фазо бети очилган пайт Маргарита отини учириб кета туриб орқасига ўгирилди, ўгирилди-ю, энди наинки ранго-ранг миноралар ва улар тепасида чарх уриб учиб юрган аэроплан, балки шаҳарнинг ўзи ҳам аллақачон ғойиб бўлганини кўрди, шаҳар ўрнида фақат туман қолган эди.

Ўттиз иккинчи боб
Гуноҳдан Ўтиш Ва Мангу Макон
О, тангрилар, тангриларим менинг! Оқшом чоғида замин нақадар ғамгин! Ботқоқлар узра қалққан туман ғоят сирли. Буни ўша машъум туманларда адашган, ўлими олдидан кўп уқубатларни бошидан кечирган, ушбу замин узра ниҳоятда оғир юк билан парвоз қилган одамларгина билади, Буни яшашдан ҳориган одам билади. Шу боис у замин туманинию унинг ботқоқ ва дарёларини асло афсусланмай тарк этади ҳамда ўзини ажал қўлига хотиржамлик билан топширади, чунки у шу ажалгина унга таскин беришини тушунади.
Сеҳрли қора отлар ҳам югуравериб ҳоришди, энди улар базўр лўкиллаб борардилар, зулмати ҳақ суворилар ортидан қувиб келиб қолган эди. Ҳаттоки тиниб-тинчимас Бегемот ҳам орқасидан қувиб келаётган қоронғи тунни ҳис қилиб, гунг бўлиб қолди; у ўткир тирноқларини эгарга ботириб, думини шамодда ҳилпиратганча жиддий қиёфада сукут сақлаб учиб борарди. Тун ўрмону ўтлоқлар устига қора рўмол ёпаркан, олис-олисларда, пастда маъюс ва хира чирокларни — Маргаритага ҳам, устага ҳам энди қизиғи қолмаган, нокерак ва бегона чироқларни ёқа бошлади. Мана, тун суворилардан ҳам ўзиб ўтди ва улар устига зулмат элаб, шумшук самонинг гоҳ у, гоҳ бу ерига юлдузлар отиб, оқ доғлар ҳосил қила бошлади.
Тун тобора қуюқлашар, суворилар билан ёнма-ён парвоз қилиб, уларнинг ридоларини елкаларидан ечиб олар, сохталикларини фош қиларди. Шу пайт ишши салқин шаббодага тутиб бораётган Маргарита кузларини очиб, ўз манзили сари учиб бораётган бу сувориларнинг қиёфалари ўзгара бошлаганини кўрди. Осмон ортидан қирмизи тўлиной сувориларга пешвоз кўтарила бошлаганда эса барча фириблар барбод пўлди, муваққат жодугарлик либослари ботқоқликка тушиб, туман ичида ғарқ бўлди.
Ҳозир Маргаританинг ўнг қўлида, Воланд билан кифтма-кифт учаётган махлуққа қараб, унинг аслида таржимонга муҳтож ҳам бўлмаган сирли консультантнинг таржимони сохта Коровьёв-Фагот эканлигига хеч ишониб бўлмас эди. Жулдур цирк кийимида Чумчук, тепани тарк этган Коровьёв-Фагот ўрнида энди тўқ бинафша ранг совут кийган, чеҳраси ҳамиша гумшайган маҳзун рицарь отнинг олтин занжирдан жалган жиловини оҳиста шиқиллатиб елиб борарди. У иягини кўксига тираб олган, ойга ҳам қиё боқмай, пойидаги заминга ҳам парво қилмай, ўзича қандайдир хаёлларга ғарқ бўлиб, учиб борарди.
— Вой, нега бунчалик ўзгариб кетди у? — деб оҳиста сўради Маргарита шамолнинг ғувиллашига жўр бўлиб.
— Бу рицарь бир вақтлар ўринсиз ҳазил қилиб кўйган эди, — деб жавоб қилди Воланд юзини Маргаритага ўгириб — унинг бир кўзи оҳиста ёнарди, — унинг зиё ва зулмат тўғрисида гапириб туриб, тўқиган тажниси унча яхши чиқмаган эди. Шундан сўнг у мўлжалидан ортиқроқ ва узоқроқ ҳазил қилишга мажбур бўлган. Лекин бугунги тун айни ҳисоб-китоб туни. Рицарь ҳам орани очди қилиб, ҳисобни ёпди!
Тун Бегемотнинг бароқ думини ҳам узиб, баданининг тукини ҳам юлиб олди ва уларни худди савағичдай титкилаб, ботқоқликларга сочиб юборди. Зулмат султонининг масхарабози бўлган мушук қотмагина йигитчага, шайтон-маҳрамга, дунёда қиёси йўқ қизиқчига айланган эди. Энди у ҳам шўхликни ташлаб, навқирон юзини ой шуъласига тутганча жимгина тикилиб борарди.
Ҳаммадан четда Азазелло пўлат аслаҳаларини ярақлатиб учиб борарди. Ой унинг ҳам чеҳрасини ўзгартирган эди. Унинг бесўнақай, хунук-бедаво сўйлоқ тиши ғойиб бўлган, кўзининг ғилайлиги ҳам қалбаки бўлиб чиққан эди. Унинг иккала кўзи ҳам бир хил, бўм-бўш ва қоп-қора, юзи эса оппоқ ва совуқ эди. Энди Азазелло ўзининг асл қиёфасига — қақраган саҳро иблиси, қаттол азроил қиёфасига кирган эди.
Маргарита ўзини кўра олмасди, лекин устанинг қанчалик ўзгариб кетганини аниқ кўраётган эди. Устанинг сочлари энди ой нурида оқариб, энсасида бир ўрам сочга айланган ва шамолда ҳилпираб борарди. Шамол унинг ридосини учирган пайтда, баланд қўнжли этигининг юлдузсимон шпорлари гоҳ сўниб, гоҳ порларди. Уста худди навжувон шайтонга ўхшаб кўзини ойдан узмай бораркан, унга қараб ўзипинг энг яхши, ардоқли танишидек жилмаяр ва 118-хонада ўрганган одатига кўра, ўзича бир нималарни ғўлдирарди.
Ва ниҳоят, Воланд ҳам ўзининг ҳақиқий қиёфасига кирган эди. У минган отнинг жилови нимадан ясалган деб сўралса, Маргарита айтиб бера олмасди, шу боис уни ой шуъласидан ясалган занжир бўлса керак деб ўйларди, отни эса — қуюқлашган зулмат, унинг ёлини — булут, сувори оёғидаги шпорларни — юддузларнинг оқ доғи деб ҳисобларди.
Улар шу зайлда теран сукутда узоқ учдилар, ниҳоят уларнинг пойи остидаги замин ҳам ўз қиёфасини ўзгартира бошлади. Шумшук ўрмонлар зулмат қаърига ғарқ бўларканлар, шамширнинг дамини эслатиб, кўзга ғира-шира ташланган дарёларни ҳам ўзлари билан олиб кетдилар. Пастда маҳобатли думалоқ тошлар ялтираб кўринди, уларнинг оралари ой ёғдуси тушмаганлигидан зим-зиё эди.
Воланд от жиловини тортиб, уни усти ясси тоштепага қўндирди, бошқа суворилар ҳам унга эргашишди; уларнинг қулоғига от тақаларининг тош ва чақмоқтошларга урилгани эшитиларди. Ой бу майдончани оч-яшил шуъла билан чароғон қилган эди, шунга кўра, Маргарита бир лаҳзадан сўнг бу ҳувиллаган хилватгоҳда тош курсини ва упда ўтирган бошдан-оёқ оппоқ кийинган одамни кўрди. Бу одам ё кар, ёки жуда теран ўйга толган бўлса керак. Негаки, отларнинг пойи остида тоштепанинг ларзага келганини ҳам эшитмади, натижада суворилар уни ҳеч безовта қилмай истиқболига етиб бордилар.
Ой энг яхши электр фонаридан ҳам ёруғроқ шуъла сочаётгани сабабли Маргарита курсида ўтирган одамнинг ҳадеб кафтларини бир-бирига ишқаётганини, унинг сўқирга ўхшаган кўзлари тикка тўлинойга қадалганини кўрди. Энди Маргарита ой шуъласидан у ер-бу ери милтиллаётган залварли тош курси ёнида ётган қулоқлари учли жуда баҳайбат бир итни ва унинг ҳам ўз эгаси сингари ойга безовта бўлиб тикилаётганини кўрди.
Ўтирган одамнинг оёғи остида синган кўзанинг сопалаклари сочилиб ётар, тўқ-қизил кўлмак ҳануз қуримаган эди.
Суворилар отларини тўхтатишди.
— Романингизни ўқиб чиқишди, — деб гап бошлади Воланд устага ўгирилиб, — фақат битта фикр айтишди: таассуфки, роман тугалланмаган. Хуллас, мен сизга ўз қаҳрамонингизни кўрсатгим келди. Мана, сал кам икки минг йилдирки, у шу майдончада ухлаб ўтиради, лекин кўкка тўлиной қалққан пайтларда, кўриб турибсиз, уйқусизликдан изтироб чекади. Уйқусизлик нафақат уни, шунингдек, садоқатли соқчиси — итга ҳам азоб беради. Қўрқоқлик — энг оғир иллат, деганлари агар тўғри бўлса, бу борада итда гуноҳ йўқ. десак бўлади. Зеро бу довюрак кўппак дунёда фақат бир нарсадан — момақалдироқдан қўрқар эди. Ҳай, начора, севган одам ўз севгилисининг қисматига шерик бўлмоғи лозим.
— У нима деяпти? — деб сўради Маргарита ва хотиржам чеҳрасида ачиниш ифодаси намоён бўлди.
— У мудом бир гапни такрорлаяпти, — деган Воланднинг овози янгради, — ой ёғду сочганда ҳам менга тинчлик йўқ, вазифам — оғир вазифа, деяпти, У ухламаган пайтда доим шу гапни такрорлайди, ухлаган чоғида эса, ҳамиша битта нарсани — ой ёғдусидан яралган йўлкани туш кўради; у мана шу йўлкада юриб, маҳбус Ҳа-Ноцри билан суҳбатлашишни хоҳлайди, чунки унинг таъкидлашича, бир вақтлар, баҳорги нисон ойининг ўн тўртинчи куни унга айтадиган гапини айта олмай қолган экан. Лекин, эвоҳ, ўша ойдин йўлкага чиқиш негадир унга ҳеч насиб бўлмаяпти, ҳузурига ҳам ҳеч ким келмаяпти. Бас, шундай экан, илож қанча, ўзи билан ўзи суҳбатлашадида. Аммо уқбатга бирон янгилик киритиш керак-ку, шунга кўра, у ой ҳақида мулоҳаза қиларкан, кўпинча, ҳаммадан ҳам ўз боқийлигим ва шон-шуҳратимнинг мислсизлигини ёмон кўраман, деб қўшиб қўяди. Яна ўз тақдиримни чувринди саёқ Левий Матвейнинг гақдирига жон-жон деб алмашган бўлардим, деб таъкидлайди.
— Бир вақтлардаги бир ой учун ўн икки минг ойдан воз кечиш — жудаям кўп эмасми? — деб сўради Маргарита.
— Яна Фрида воқеаси такрорланяптими? — деди Воланд, — қўйинг, Маргарита, асло ҳаяжонланманг бу ерда. Ҳаммаси рисоладагидек бўлади, дунё ўзи шунинг замирига қурилган.
— Озод қилинг уни, — деб Маргарита худди жодугар бўлган пайтидагидек бирдан жон ҳолатда чинқириб юборди, бу чинқириқ зўридан тоғдан тош кўчиб, дўнгликдан дўнгликка урилиб, гумбурлаганча тубсиз жар қаърига тушиб кетди. Бу — жарга қулаган тошнинг гумбурлашимиди ё иблисона қаҳқаҳанинг жарангимиди, Маргарита айта олмас эди. Нима бўлганда ҳам, Воланд Маргаритага кулиб боқаркан, шундай дерди:
— Тоғлиқ ерда бақириш керак эмас, у кўчкига кўникиб қолган, унга парво ҳам қилмайди. Сиз, Маргарита, унинг ёнини олиб илтимос қилмай қўя қолинг, негаки, бошқа одам, у суҳбатлашиш иштиёқида бўлган одам, аллақачон унинг учун илтимос қилган, — шу гапдан кейин Воланд яна устага ўгирилиб деди: — Мана, энди сиз романингизни битта жумла билан якунлашингиз мумкин!
Тош курсида ўтирган прокуратордан кўз узмасдан қимир этмай турган уста гўё шу гапни кутаётгандай икки кафтини оғзига карнай қилиб, шундай бақирди-ки, овозининг акс-садоси бу хилват ва тақир тоғларда қайта-қайта такрорланди.
— Озодсан! Озодсан! У сени кутмоқда!
Тоғлар устанинг овозидап момақалдироқ бунёд этдилар ва шу момақалдироқ тоғларни барбод этди. Қоя тошлардан тикланган малъун девор қулади. Фақат ясси майдончаю ундаги тош курси қолди. Девор қулаган қоп-қоронғи жарлик узра чароғон улкан бир шаҳар намоён бўлди, неча-неча минг марта келиб кетган тўлиной кечалари давомида гуркураб камол тонган шаҳар боғи узра қад кўтарган маъбудларнинг ҳайкаллари олтиндек товланарди. Прокуратор шунча вақт интизор бўлиб кутган ўша ойдин йўлка тўғри шу боғ сари йўналган эди, қулоқлари учли кўппак биринчи бўлиб шу йўлкадан югуриб кетди. Астари қирмизи ранг оқ ридо кийган ноиб тош курсидан туриб, ҳирқироқ, бўғиқ овоз билан бир нима деб қичқирди. Лекин унинг йиғлаёттаниниям, кулаётганиниям, нима деб қичқирганини ҳам аниқлаб бўлмас эди. Унинг ўша ойдин йўлкадан ўз садоқатли қўриқчиси орқасидан югуриб кетганинигина кўришди, холос.
— Мен унинг орқасидан ўша ёққа боришим керакми? — деб сўради безовта уста, отининг жиловини силтаб қўяркан.
— Йўқ, — деб жавоб қилди Воланд, — адойи тамом бўлган нарса ортидан қувиш на ҳожат?
— У ҳолда, бу ёққами? — сўради уста орқасига ўгирилиб, яқиндагина ўзи тарк этган муҳташам минорали монастирлари бўлган, уйларининг деразаларида қуёш бўлак-бўлак бўлиб акс этган шаҳар томонни кўрсатаркан.
— У ёққа ҳам эмас, — деб жавоб қилди Воланд, шунда унинг овози қуюқлашиб, қоялар узра гумбурлади, — хаёлпараст уста! Сиз ҳозиргина озод қилиб юборган, яъни ўзингиз кашф этган қаҳрамон учрашиш иштиёқида бўлган одам романингизни ўқиб чиққан. — Шундан сўнг Воланд Маргаритага ўгирилди: — Маргарита Николаевна! Сиз уста учун энг баркамол истиқбол кашф этмоқчи бўлгансиз — биз бундан воқифмиз, илло, мен сизга таклиф қилмоқчи бўлган маслаҳат, айни пайтда, сизнинг номингиздан сиз учун Иешуа илтимос қилган нарса — яна ҳам яхшироқ. Улар икковини ўз ҳолига қўйинг, — деди Воланд уста томонга энгашиб, прокуратор югуриб кетган томонни кўрсатаркан, — уларга халал бермайлик. Эҳтимол, ўзлари бирон битимга келишар, — шундан сўнг Воланд Ершалаим томонга қараб бир қўл силтаган эди, шаҳар чироқлари сўнди.
— У ёқда ҳам, — деб Воланд орқа томонга ишора қилди, — нима қиласиз ўша подвалда? — Шунда деразаларда акс этаёттан офтоб парчалари сўнди. — Нима ҳожати бор? — деб давом этди Воланд қатъий, аммо мулойим оҳангда, — о хаёлпарастлар хаёлпарасти усга, наҳот сиз эндигина гулга кирган олчалар тагида ўз маҳбубангиз билан ҳар куни сайр қилиб юришни, кечқурунлари эса Шубертнинг музикасини тинглашни истамасангиз? Наҳот шамлар ёруғида патқалам билан асар ёзиш сизга ҳузур бағишламаса? Наҳотки сиз Фаустга ўхшаб янги гумонкул' ихтиро этиш ниятида регорта устида фикр юритишни хоҳламасангиз? Ўша ёққа, ўша ёққа йўл олинг. У ерда сизни ўз уйингиз, уйингизда кекса хизматкорингиз кутмокда, шамлар ёқилган, ҳадемай улар ўчади, зеро сиз етиб борган заҳотингиз тонг шафағи сизни пешвоз чиқиб кутиб олади. Мана бу йўлдан, уста, мана бу йўлдан боринг. Алвидо! Мен кетдим.
— Алвидо! — деб баравар қичқиришди Маргарита билан уста. Шунда қора ридога ўралган Воланд йўл қолиб, тўғри бориб тубсиз жар қаърига қулади, мулозимлари ҳам унииг орқасидан жарга гумбурлаб йиқилишди. Шунда атрофдаги қоялар ҳам, майдонча ҳам, ойдин йўлка ҳам, Ершалаим ҳам — ҳаммаси ғойиб бўлди. Қора отлар ҳам кўздан йўқолди. Шу пайт уста билан Маргарита ваъда қилинган тонг шафағини кўрдилар. У шу оннинг ўзида, ярим кечада, тўлиной порлаб турган пайтда бошланди. Уста ўз маҳбубаси билан бирга тонгнинг илк шуъласидан баҳраманд бўлиб, ҳаммаёғини йўсин ўраган тош кўприкчадан ўта бошладилар. Жилға ошиқ-маъшуқлар орқасида қолди, энди улар қумли йўлдан юриб кетдилар.
— Сукунатга қулоқ сол, — дерди Маргарита, унинг ялангоёқлари остида қум шувилларди, — ҳаётингда сенга насиб этмаган нарса — сукунатни тинглаб ҳузур қил. Қара, ҳув ана сенга туҳфа этилган мангу маконинг. Унинг уч табақали деразасини, томигача кўтарилган ток навдаларини кўряпман. Мана шу сенинг уйинг, мангу маконинг. Биламан, кечқурунлари олдингга ўзинг хуш кўрган, сени қизиқтирган ва дилингни оғритмайдиган одамлар келишади. Улар сен учун созлар чалишади, қўшиқлар куйлашади, шамлар ёқилганида хонангнинг қандай рангда эканлигини кўрасан. Сен ҳар куни кечқурун ёғи чиқиб кетган ўша абадий қалпоғингни кийиб, лабларингда табассум билан пинакка кетасан. Уйқу сенга дармон беради, сен доно мулоҳазалар юритасан. Аммо мени энди ёнингдан қувиб юбора олмайсан. Сенинг оромингни мен муҳофаза қиламан.
Шундай дерди Маргарита уста билан бирга унинг мангу макони сари бораркан, устанинг назарида, Маргаританинг сўзлари ҳозиргина орқада қолган жилға сингари оҳиста жилдираётгандек эшитиларди, шунда устанинг хотираси — беҳисоб уколларга бардош берган бесаранжом хотираси аста сўна бошлади. Кимдир устани озодликка чиқараётган эди, худди унинг ўзи ҳозиргина ўзи яратган қаҳрамонини озод қилгани каби. Мана, мангу ер қаърига кириб кетди ўша қаҳрамони — якшанбага ўтар кечаси гуноҳи кечирилган мунажжимзода, Иудеянинг бадқаҳр бешинчи прокуратори чавандоз Понтий Пилат.

Хотима
Хўш, ўша шанба оқшоми, кун ботар чоғда Воланд ўз мулозимлари билан Чумчуқ тепадан учиб ғойиб бўлгач, Москвада нималар бўлган эди?
Бутун пойтахтнинг ақл бовар қилмайдиган миш-мишлардан анча вақтгача худди чўп тиқилган ари уяси каби ғувиллагани ва бу миш-мишлар кўз очиб-юмгунча вақт ўтмай, мамлакатнинг энг йироқ, хилват гўшаларигача етиб боргани ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади, зеро ўша тутуриқсиз миш-мишларни такрорлашдан ҳазар қилади киши.
Ушбу ҳаққоний сатрларни ёзаётган камина шахсан ўзим поездда Феодосияга кетатуриб, Москвада бирваракайига икки минг киши театрдан қип-яланғоч ҳолда кўчага чиққани ва шу аҳволда уй-уйларига таксомоторларда жўнаб кетгани ҳақида ўз қулоғим билан эшитдим.
Сутга навбатда турганлар орасида, трамвайларда, магазинларда, квартиралар ва уларнинг ошхоналарида, ҳам узоққа, ҳам шаҳар чеккасига қатновчи поездлардаю уларнинг бекатларида, боғ ҳовлилару пляжлар-да — ҳамма ерда «Шайтон...» деб пичирлаган овозлар эшитиларди.
Турган гапки, аҳолининг энг фаросатли, энг маданиятли намояндалари шайтон ҳақида бутун пойтахтга ёйилган бу гаплардан ўзларини четга олишар ва ундай миш-мишлар устидан кулишиб, уларни тарқатиб юрганларни тартибга чақиришга уринардилар. Лекин факт фактлигича қолади, дейдилар, бинобарин, исботламасдан туриб уни рад этиш асло мумкин эмас, кимлардир пойтахтда бўлган. Грибоедовнинг куйиб кул бўлгани, ундан бошқа юз берган яна жуда кўп воқеалар шайтон ҳақида тарқалган миш-мишларнипг ростлигидан далолат бериб турарди.
Маданиятли кишилар, бу — ўз касбининг пири бўлган кўзбойлоқчи ва ғойибдан хабар берувчи ромчилар тўдасининг иши, деб тергов аҳлининг фикрини тасдиқладилар.
Турган гапки, бу тўдани тутиш учун Москвада ҳам, ундан ташқарида, олис-олис ерларда ҳам жадал равишда, кескин чоралар кўрилди, бироқ минг афсуски, бу тадбирлар ҳеч қандай натижа бермади. Ўзини Воланд деб атаган шахс ва унинг шериклари ғойиб бўлишиб, шундан кейин Москвага ҳам бошқа қайтиб кслишмади, бошқа ҳеч бир ерда ҳам қораларини кўрсатишмади. Натижада, ўша Воланд хорижга қочган, деган мулоҳаза туғилди, лекин у ёқларда ҳам ундан ҳеч бир дарак бўлмади.
Воланд иши юзасидан бошланган тергов узоқ давом этди. Ахир бу ўта қабиҳ иш эди-да! Унинг дасти-дан, паинки тўртта уй ёниб кул бўлди, наинки юзлаб одамлар телба бўлиб қолди, ҳатто ўлганлар ҳам бор эди. Улардан иккитаси ҳақида: Берлиоз билан анави Москванинг диққатга сазовор ерлари билан ажнабийларни таништириш бюросининг бахти қаро ходими собиқ барон Майгель ҳақида дадил гапириш мумкин. Ахир, улар чинданам ўлдирилган эдилар-да. Майгелнинг куйган суяклари Садовая кўчасидаги уйнинг 50-квартирасидан ёнғин ўчирилгач топилди. Ҳа, қурбонлар бўлган ва бу қурбонлар тергов қилишни талаб этардилар.
Лекин Воланд пойтахтни тарк этиб чиқиб кетганда кейин ҳам қурбонлар бўлди, энди, айтишга тил бормайди, қора мушукларга қирғин кела бошлади.
Одамзодга ҳам вафодор, ҳам фойдали бўлган бу ювош жониворларнинг тахминан юзга яқини мамлакатнинг турли ерида отиб ташланди, ёки ўзга усул билан маҳв этилди. Ҳаддан ташқари расвою радди бало қилиб ташланган ўн бештача мушук ҳар хил шаҳарда милиция бўлимига олиб келинди. Масалан, Армавирда бир гражданин ўша бегуноҳ жониворлардан бирини, олдинги икки оёғини боғлаб, милицияга судраб борган.
Ўша гражданин, ўз одати бўйича, атрофга олазарак бўлиб, ўғринча энди ўзини майса орасига урмоқчи бўлиб тургап мушук устига ўзини таппа ташлаган-у, уни боғлаш учун бўйнидан галстугини ечаркан, жаҳл билан дағдаға қилиб деган: — Аҳ-ҳа! Энди бизнинг Армавирга ҳам ташриф буюриптилар-да, жаноб кўзбойлоқчи? Йў-ўқ, бу ерда сиздан қўрқадиган анойи йўқ. Ўзингизни гунг қилиб кўрсатмай қўя қолинг. Кимлигингиз бизга отнинг қашқасидай маълум!
У гражданин жониворнинг яшил галстук билап чамбарчас боғланган олдинги оёқларидан судраб, уни орқа оёқда юришга мажбур қиларкан, йўл-йўлакай ундан дўнг олиб борган. Кўчада ўйпаб юрган болалар бу ҳолни кўриб, қийқиришиб унга эргашишган.
— Сиз, — деб қичқирган гражданин, — бас қилинг, бас қилинг майнавозчиликни! Овора бўласиз! Хамма одамларга ўхшаб икки оёқда юраверинг!
Шўрлик қора мушук эса алам тўла кўзларини кўкка тиккан холос. Гапириш қобилиятидан маҳрум бўлиб дунёга келган бу жонивор, турган гапки, ўзини оқлашга ожиз эди. Хайрият, бахти бор экап, бечорани қутқариб қолишган. Бунинг учун у биринчи навбатда милицияга, ундан кейин ўз эгаси муҳтарама бева кампирга миннатдорчилик билдириши керак. Мушукни милиция бўлимига олиб борган гражданиннинг ғирт мастлиги бир зумда маълум бўлган-у, унинг берган гувохликлари шубҳали бўлиб туюлган. Бу орада мушугини тутиб олиб кетишганини қўшниларидан эшитган кампир милиция бўлимига югуриб, айни вақтида етиб келган. Кампир мушуги ҳақида кўп мақтов сўзлар айтиб, уни беш йилдан бери, яъни мушук болалик пайтидан билиши, унга худди ўзига ишонгандай ишониши ҳақида кафолот берган ва мушутининг ҳеч қачон ҳеч қандай эгри иш қилмагани, Москвага ҳам ҳеч қачон бормаганини далиллар билан исботлаб берган. Кампирнинг айтишича, мушуги шу Армавирда гуғилиб, шу ерда ўсиб улғайган, сичқон тутигадан ҳам шу ерда сабоқ олган.
Ниҳоят, мушук бандиликдан озод қплиниб, эгасига қайтарилган, лекин хато ва туҳмат азобни ўз бошидан кечиргандан кейингина озод булган у шўрлик.
Мазкур найранглар оқибатида наинки мушуклар, ҳатто баъзи одамлар ҳам жузъий кўнгилсизликларга дуч келишди. Ҳибсга олишлар юз берди. Қисқа муддатга қамалганлар орасида: Ленинградда — Вольман ва Волъпер деган гражданлар, Саратов, Киев ва Харьковда — Володин фамилияли уч киши, Қозонда — Волох, Пензада эса мутлақо номаълум сабабларга кўра, химия фанлари кандидати Ветчинкевич деган одам қамоққа олинди. Шуниси борки, у дароз бўйли, қорачадан келган, қора соч одам эди.
Бир гражданинни Белгород бекатида Севастополь поездидан қўлларини боғлаб олиб тушишди. У ўз хдмроҳларига қарта ўйинида аломат фокуслар кўрсатаётган экан.
Ярославлда эса айни тушлик пайтида бир гражданин ҳозиргина устадан олган примус билан ресторанга кирган. Икки эшикоғаси уни кўра солиб, ўз постларидан ура қоча бошлаганлар, улар орқасидан эса рссторан ходимлари ва барча хўрандалар югуриб қолишган. Худди шу маҳал кассир аёлнинг ғаладонидаги пулнинг ҳаммаси номаълум сабабларга кўра бирдан ғойиб бўлган.
Яна кўп ҳодисалар содир бўлган — ҳаммасини эслаш қийин. Хуллас, ақл бовар қилмайдиган ишлар юз берган эди.
Тергов аҳлига минг офарин. Улар наинки жиноятчиларни тутиш, шунингдек, уларнинг барча кирдикорларини изоҳлаб бериш учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишди. Хар битта ҳодиса изоҳлаб берилди. Биз бу изоҳларни ғоят бамаъни ва рад этиб бўлмайдиган изоҳлар деб эътироф этмай иложимиз йўқ.
Тергов аҳли ва тажрибали психиаторларнинг таъкидлашларича, ўша жиноятчи тўданинг аъзолари ёки улардан биронтаси (бу борада кўпчилик Коровьёвни назарда тутар эди) ўзларини ўз турган ерларида эмас, бошқа — сохта ерда тургандек қилиб кўрсатишга қодир, энг иқтидорли гипнозчилар бўлишган. Бундан ташқари, улар ўзларига рўпара келган одамларга, айрим буюму одамларни ҳақиқий турган еридан бошқа жойда деб уқдира олишган ва аксинча, одамларнинг кўзи олдида турган буюм ва шахсларни уларнинг назаридан яширишга қодир бўлишган..
Шундай изоҳлар натижасида содир бўлган ҳамма ҳодиса, ҳаттоки одамларни қаттиқ ҳаяжонга солган ва изоҳлаш тамомила мушкул бўлган 50-квартира воқеаси, яъни пистолетлардан ўққа тутилган мушукка не сабабдан ўқ кор қилмаганлиги ҳам ойдинлашди.
Табиийки, ҳеч қандай мушук қандилга осилиб олмаган ва ҳеч бир жонзод у ердан туриб ўқ отмаган, билъакс, жиноий ишга қўл урган пайтларда одамларга ўз таъсир кучини ўгказиш қобилиятига эга бўлган найрангбоз Коровьёв ўқ отаётганларнинг орқасида туриб олиб, уларнинг дилига, мушук қандилга осилиб олиб ўқ отмоқда, деган фикрни солган ва уларни мазах қилиб бўшлиққа қарата ўқ узишга ундаган. Квартирага бензин сепиб ўт қўйиб юборган ҳам шу Коровьёвнинг ўзи бўлган.
Маълумки, Стёпа Лиходеев мутлақо Ялтага учиб кетмаган (бу найранг ҳатто Коровьёвнинг ҳам қўлидан келмасди), у ёқдан ҳеч қанақа телеграмма ҳам юбормаган. У заргар бевасининг квартирасида Коровьёв кўрсатган фокусдан (сиркаланган қўзиқоринни санчқига илиб еяётган мушукдан) қўрқиб ҳушидан кетганча, то Коровьёв, масхара қилиш мақсадида, унинг бошига кигиз шляпа кийдириб Москва аэродромига жўнатгунча шу ерда ётган, айни пайтда Коровьёв Стёпани кутиб чиққан жиноий қидирув вакилларининг дилига Стёпа Севастополдан учиб келган аэропландан тушади, деган фикрни солган.
Тўғри, ялта жиноий қидирув бўлими ялангоёқ Стёпани қабул қилиб олгани ва унинг тўғрисида Москвага телеграммалар юборганини тасдиқлаган эди, лекин шунга қарамай, ўша телеграммалардан биронтасининг ҳам нусхаси топилмади, натижада, гипнозчилар тўдаси ниҳоятда олис масофадаги, нафақат айрим шахсларни, ҳатто гала-гала одамларни ҳам гипноз қилиш қобилиятига эга, деган кўнгилсиз, лекин ниҳоятда собит хулоса келиб чиқди бундан. Демак, жиноятчилар мазкур шароитда руҳияси энг мустаҳкам одамларни ҳам жинни қилиб қўйишлари мумкин экан.
Энди, партерда ўтирган бегона одамнинг чўнтагидан бир даста қарта чиққани ёки аёллар эгнидаги кўйлакларнинг ғойиб бўлиши, ёхуд миёвловчи берет ва шу каби қанчадан-қанча икир-чикир воқеалар масаласига келсак, улар гапириб ўтиришга ҳам арзимайди! Бунақа найрангни, шу жумладан, конферансьенинг бошини узишдек оддий найрангни ҳам, ҳар қандай ўртамиёна мутахассис-гипнозчи ҳар қанақа саҳнада намойиш қила олади. Гапирувчи мушук ҳам хамирдан қил суғургандек осон иш. Одамларга бундай мушукни намойиш қилиш учун ғойибдан дарак беришга қодир ромчиликнинг дастлабки сабоқларини ўзлаштиришнинг ўзи кифоя. Коровьёв маҳоратининг эса бу дастлабки сабоқдан анча олдинлаб кетганига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Ха, масала бу ерда даста-даста қарталарда ҳам, Никонор Ивановичнинг портфелидан чиққан сохта хатларда ҳам эмас. Буларнинг бари арзимас нарсалар. Берлиозни трамвайга бостириб ўлдирган шу — Коровьёв эди. Шоир Бездомний шўрликни жинни қилган ҳам, кейин унинг беҳаловат уйқусида кўҳна Ершалаимни, офтобда жизғанак бўлиб ётган Тақир Тепада устунларга боғланган учта қатлни туш кўришга мажбур этган ҳам шу эди. Кейин Маргарита Николаевна билан унинг уй ходимаси Наташани Москвадан учиб чиқиб кетишга мажбур қилган ҳам шу Коровьёв ва унинг шериклари бўлди. Дарвоқе, терговчилар бу ишга ниҳоятда катта эътибор беришди. Уларнинг олдида, бу икки аёл қотиллару ўт қўювчилар томонидан ўғирлаб кетилганми ё улар ўша жиноятчилар тўдасига ўз ихтиёрлари билан қўшилишганми, деган жумбоқни ечиш вазифаси турар эди. Мана, ниҳоят, улар Николай Иванович берган тутуриқсиз ва чалкаш гувоҳликларга суянган ҳолда ҳамда Маргарита Николаевнанинг жодугар бўлиб кетяпман деган мазмунда эрига ёзиб қолдирган хатини назарда тутиб, Наташанинг ўз кийим-бошларидан биронтасини ҳам олмай ғойиб бўлганини ҳисобга олиб, уй бекаси билан унинг ходимаси ҳам кўпчилик одамлар сингари гипноз қилинган ва шу шароитда босқинчилар томонидан ўғирлаб кетилган деган хулосага келдилар. Жиноятчиларни бу икки аёлнинг гўзаллиги ром қилган бўлса ажаб эмас, деган мулоҳаза (мутлақо тўғри мулоҳаза) ҳам йўқ эмас эди.
Лекин бир нарса: ўзини уста деб юритган телба одамни психиатрия пшфохонасидан ўғирлаб олиб кетишга жиноятчиларни нима мажбур қилгани аниқланмай, мавҳумлигича қолди. Шунингдек, ўғирланган беморнинг фамилиясини ҳам билиб бўлмади. Шу зайлда у «Биринчи корпусдаги бир юз ўн саккизинчи» деган ўлик лақаб билан мангу дом-дараксиз кетди.
Шундай қилиб, ҳамма нарса ойдинлашди, тергов ҳам ибтидоли ҳар бир нарса каби ўз ниҳоясига етди. Орадан бир неча йил ўтиб, одамлар Воландни ҳам, Коровьёвни ҳам, уларнинг қолган шерикларини ҳам унута бошлашди. Воланд билан унинг ҳамтовокдаридан жабрланганлар ҳаётида кўпгина ўзгаришлар юз берди, лекин бу ўзгаришлар қанчалик майда ва аҳамиятсиз бўлмасин, барибир уларни қайд қилиб ўтмоғимиз лозим.
Чунончи, Жорж Бенгальский шифохонада уч ой ётиб тузалиб чиқди, лекин Варьетедаги хизматидан бўшашга мажбур бўлди, ҳолбуки, бу пайтда театрга томошабин ёпирилиб келадиган бўлиб қолган эди — жодугарлик ва унинг фош этилиши сеанси ҳануз одамлар хотирасидан ўчмаган эди-да. Ҳа, Бенгальский Варьетедан бўшади, чунки ҳар куни кечқурун икки минг киши оддига чиқиб, уларнинг: ўзингизни қачон яхшироқ ҳис қиласиз: каллангиз борлигидами ё йўқ пайтидами? — деб берган таҳқиромуз саволларипи муттасил эшитиш унга жуда оғир ботарди.
Ундан ташқари, конферансьенинг ўз касби учун сув билан ҳаводек зарур бўлган аввалги хушчақчақлиги анча чекланиб қолган эди. У ҳар йили баҳорда ваҳимага тушиб, бирдан бўйнини чангаллаб оладиган, атрофига олазарак бўлиб қўрқа-писа қараб, йиғлаб юборадиган иохуш ва дардли бир одат чиқарган эди. Бу тутқаноқнамо дард ўгиб кетарди албатта, аммо шунга қарамай, бундай иллат билан аввалги ишда ишлаб бўлмас эди, шунга кўра у истеъфога чиқиб, ўз жамғарган пулига камтарона кун кечира бошлади: гахмипича, бу пули ўн беш йилга етиши керак эди.
Варенухага келсак, у барча театр маъмурлари орасида ҳам ўзининг бениҳоя ҳозиржавоблиги ва серилтифотлиги билан кўпчилик театр шайдоларининг меҳрини қозонган эди. Масалан, контрамарка сўраб келадиганлар уни фақат валинеъматим деб чақирардилар. Варьетега ким қай маҳал телефон қилмасин, ҳамиша трубкадан: «Қулоғим сизда», — деган мулойим ва ҳазин овозни эшитарди. Варенухани чақириб берсангиз, деб илтимос қилинадиган бўлса, яна ўша овоз шоша-пиша: «Хизматингизга тайерман», — деб жавоб қиларди. Лекин Иван Савельевич ўзининг бу хушмуомалалигидаи кўп азоб чекардиям.
Стёпа Лиходеевга ҳам энди Варьетеда ўтириб телефон қилиш насиб бўлмайди. Уни, саккиз кун шифохоада ётиб чиққанидан сўнг, дарҳол Ростовга жўнатишди, у ерда унга катта бир гастрономнинг мудири лавозимини беришди. Овозаларга қараганда, у портвейн ичишни ташлаб, ҳозир фақат қарағай гул-куртаги солинга арақ ичармиш, бунинг натижасида, жуда соғлом бўлиб кетганмиш. Яна у қизлардан ўзини олиб қочадиган ва камгап бўлиб қолипти.
Степан Богдаповичнинг Варьетедан олиниши гарчи Римскийнинг кўп йиллик ширин орзуси бўлса ҳам, энди, бу ҳол юз берганида, у қувона олмади. Жудаям мункиллаб чол бўлиб қолган, калласи сарак-сарак қилувчи бу молия директори шифохонадан чиқиб, Кисловодскда дам олди, у ердан қайтиб келиши ҳамоно Варьетедан бўшаш ҳақида ариза берди. Қизиғи шундаки, аризасини Варьетега унинг хотини олиб келди. Григорий Даниловичнинг эса ой шуъласига ғарқ бўлган, бир кўзи дарз дераза дарчасидан худди резинкадай чўзилиб унинг пастки илгагини очмоқчи бўлган ўлик қўлни кўрган ўша бинога энди ҳатто кундуз куни ҳам қадам қўйишга юраги бетламас эди.
Римский Варьетедан бўшагач, Замоскворечьедаги болалар қўғирчоқ театрига ишга кирди. Бу театрда энди унга акустика масаласида муҳтарам Аркадий Аполлонович Семплеяров билан учрашиш насиб бўлмади. Чунки уни ҳаш-паш дегунча Брянскка кўчиришиб, қўзиқорин тайёрлаш пунктига мудир этиб тайинлашган эди. Мана, энди москваликлар ҳар хил навдаги тузланган, сиркаланган қўзиқоринларни мазза қилиб истеъмол қилишаркан, бу кўчиришдан бениҳоя мамнун бўлмоқдалар. Ўтган ишга салавот-у, лекин очиғини айтадиган бўлсак, Аркадий Аполлоновичнинг акустика бобидаги фаолиятида ҳеч иши ўнгидан келмаган, уни яхшилаш учун қилган барча хатти-ҳаратлари зое кетган эди.
Театр билан алоқани узганлар сафига Аркадий Аполлоновичдан ташқари яна Никонор Иванович Босойни ҳам киритиш мумкин, ваҳоланки, гарчи у, текин билетга ишқивоз бўлса ҳам, театрга асло дахддорлиги йўқ эди. Ҳозир Никонор Иванович наинки биронта театрга (хоҳ у пулли бўлсин, хоҳ текин) боради, ҳаттоки ҳамсуҳбатлар даврасида театр мавзуида гап очилгудек бўлса, ранги қув ўчиб кетадиган бўлиб қолган. У нафақат театрни, шунингдек шоир Пушкинни ва истеъдодли артист Савва Потапович Куролесовни ҳам жинидан ортиқ ёмон кўриб қолган эди. Айниқса, Куролесовни шунчалик ёмон кўрардики, ўтган йили газетада, унинг истеъдоди айни камолга етган чоғда дунёдан кўз юмгани ҳақидаги таъзияномани қора рамка ичида ўқиб қолиб, Николай Иванович чўғдек қизариб кетган ва сал бўлмаса ўзи ҳам ўша Савва Потапович орқасидан йўрға чиқараёзган эди, кейин у: «Ажаб бўпти!» — деб бақириб юборганди. Бу ҳам кифоя қилмай, Никонор Иванович ўша куни кечқурун Садовая кўчасига ёғду сочаётган тўлиной билан бир ўзи улфатчилик қилиб, эсидан оғгунгача ичиб ғирт маст бўлганди, зеро таниқли артистнинг ўлими қатор нохуш ҳодисаларни эслатган эди унга. Никонор Ива-нович ҳар қадаҳ кўтарган сари, ўзи мушоҳада қилган одамлар сафи узая бордики, бу малъун қиёфалар сафида Герардович Дунчиль ҳам, гўзал Ида Геркулановна ҳам, уришқоқ ғозлар эгаси малласоч одам ҳам, софдил Николай Канавкин ҳам бор эди.
Хўш, ана шу одамларнинг ҳоли нима кечди экан? Ие, саломатликлари керак! Уларга ҳеч нима бўлгани йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки улар ҳеч қачон ҳаётда бўлган эмас, шунингдек, истараси иссиқ конферансье-артист ҳам, театрнинг ўзи ҳам, валюталарни ертўлага яшириб чиритиб ётган хола — қурумсоқ кампир Пороховникова ҳам, инчунун, олти карнайлару суллоҳ ошпазлар ҳам бўлмаган. Буларнинг ҳаммасини палид Коровьёвнинг таъсирига учган Никонор Иванович тушида кўрган эди. Тушга кирган шу қиёфалар орасида ягона тирик одам айнан ўша артист Савва Потапович бўлиб, у ҳам радиода кўп чиқиб турганлиги сабабли Никонор Ивановичнинг хотирасига сингиб кетган ва шу боис унинг тушига кирган эди.
Унда, балки Алоизий Могарич ҳам бўлмагандир? Э, йўқ! Бу шахс нафақат бўлган, ҳатто ҳозир ҳам яшаб турипти, яна айнан Римский истеъфо берган ўрин, яъни Варьете директори лавозимида ишлаб турипти.
У Воланд ҳузурида бўлгач, тахминан бир кеча-кундуздан кейин ҳушига келиб, ўзини Вяткага етай деб қолган поездда кўрган ва ўзининг негадир эси оғиб, Москвадан бош олиб чиқиб кетганини, боз устига, шим кийишни унутиб, ҳеч кераги бўлмаган уй дафтарини ўғирлаб келганини фаҳмлаган. Кейин у жуда катта пул эвазига проводникдан битта яғири чиқиб кетган эски гаим сотиб олиб, Вяткадан орқасига қайтган. Лекин, эвоҳ, ўзи истиқомат қилиб турган уйни топа олмаган. У чолдеворпи ёнғин шип-шийдам қилиб ялаб кетган эди. Бироқ Алоизий ғоят уддабурон одам эди, шунга кўра, икки ҳафтадан кейин у Брюсов тор кўчасида чи-ройли бир хонага жойлашиб олди, яна бир печа ойдан кейин эса у, кўрибсизки, Римскийнинг кабинетида ўтирибди-да. Илгари Римский Стёпапинг дастидан қанчалик машаққат чеккап бўлса, энди Варенуха Алоизийнинг дастидан шунчалик қийналиб жиғибийрон бўларди. Ҳозир Иван Савельевич фақат, зора-мора бу Алоизийни Варьетедан олиб бирон ерга гумдон қилишса, деган армон билан яшарди, чупки унинг қадрдон ёр-дўстлари даврасида пичирлаб айтган гапларига қараганда, «умри бино бўлиб, Алоизийга ўхшагап аблаҳни ҳеч қачон кўрмаганмиш ва бу малъун Алоизийнинг қўлидан ҳар қанақа бадкорлик келармиш».
Эҳтимол маъмур чиндапам ғаразгўй одамдир. Чунки Алоизийнинг биронта бадкорликка қўл урганини ҳеч ким кўрмаган, умуман, у ҳеч қандай иш қилмаган, агар буфетчи Соковнинг ўрнига янги бир одам тайинланганини ҳисобга олмасак. Аидрей Фомич Соков эса Воланд Москвада пайдо бўлганидан кейин ўн ойча вақт ўтгач МДУнинг Биринчи шифохонасида жигар ракидан вафот этди.
Ҳа, орадан бир неча йил ўтди ва ушбу китобда ҳаққоний тасвирланган воқеалар хиралашиб, одамлар хотиридан ўчиб кетди. Лекин айрим кишиларнинг хотирасидан ҳамон ўчмаган эди у воқеалар.
Х,ар йили баҳорда тантанали тўлиной оқшомида Патриарх кўли бўйидаги жўка дарахтлари тагида ўттиз-ўттиз икки ёшларга кирган бир одам пайдо бўлади. Одмигина кийинган бу малласоч, кўккўз одам — тарих ва фалсафа институтининг ходими профессор Иван Николаевич Понирёвдир.
Бу ерга келиб, у ҳар доим битта скамейкага — ўша машъум оқшомда, ҳозир ҳамма унутиб юборган Берлиоз билан ўтирган скамейкага ўтиради. Ҳа, ўшанда умрининг охирги дақиқаларини яшаётган Берлиознинг кўзига ой прача-парча бўлиб бўлинаётгандек туюлган эди.
Энди эса у бир бутун — тўлиной бўлиб, кунботар чоғда оқ, ундан кейинроқ — бетида аждарваш доғ ҳосил қилган заррин тусга кириб собиқ шоир Иван Николаевичнинг боши узра сузар ва айни пайтда юксак самода бир ерда муаллақ қотиб турарди.
Иван Николаевичга ҳамма нарса аён, у ҳамма гапдан воқиф, ҳамма нарсани тушунади. У ёшлигида бадкирдор гипнозчилардан талафот кўрганини, шундан кейин даволаниб, ахири шифо топганини ҳам билади. Лекин шу билан бирга, у баъзи мушкулотларни енга олмаслигини ҳам билади. Чунончи, у мана шу баҳорги тўлиной оқшоми таъсиридан ўзини иҳота қилишга ожиздир. Шу пайт яқинлашиб келиши билан, бир замонлар жоме тепасидаги беш шамли қандилдан баландда муаллақ турган тун ёритғичи тўлишиб олтин ранг касб этадию Иван Николаевич безовта бўлиб, асабийлашади, иштаҳаси бўғилади, уйқуси қочади ва ойнинг тўлишишини кута бошлайди. Тўлиной оқшоми келганда эса ҳеч бир куч уни уйда ушлаб қола олмайди. Кечга яқин у уйидан чиқиб, тўғри Патриарх кўли томон йўл олади.
Иван Николаевич бу ердаги скамейкада ўтирар экан, энди ўзи билан ўзи ошкора гаплашади, папирос чекади, сузук кўзларини гоҳ ойга, гоҳ ёдида яхши сақланиб қолган ўша машъум турникетга қаратади.
У шу зайлда бир-икки соат ўтириб, кейин ўрнидан туради-да, ҳар гал битта маршрут бўйича, яъни спиридоновкадан ўтиб Арбатга уланган тор кўчалар томон йўл олади, лекин унинг матлгосиз боқувчи кўзлари бу пайт ҳеч нарсани кўрмайди.
У нефть дўкони ёнидан ўтиб, кўҳна газ фонуси қийшайиб осилиб турган муюлишдан бурилади ва шу ердаги панжара девор олдига оёқ учида юриб боради. Панжара ортида ҳали яшил либос кийиб улгурмаган муҳташам боғ бўлиб, боғ ўртасида готи-ка услубида қурилган иморат қад кўтарган. Иморатнинг уч табақали деразалар ўрнатилган бўртиқ хонали томони ой ёғдусига чўмган, нариги томони эса қоп-қоронғи.
Профессор бу ерга уни нима бошлаб келаётганини ҳам, бу бинода ким яшашини ҳам билмайди, лекин тўлиной оқшомида ўз раъйига қарши иш тутмаслиги кераклигини яхши билади. Бундан ташқари, у панжара ортидаги боғда мудом муқаррар бир манзаранинг шоҳиди бўлишини ҳам билади.
Ҳар гал бу боғда у пенсне таққан, жиккак соқол, юз тузилиши хибл чўчқаникига ўхшаб кетувчи басавлат бир кекса одамнинг скамейкада ўтирганини кўради. Иван Николаевич шу бинода истиқомат қилувчи бу одамни ҳамиша бир алпозда: кўзларини ойга тикиб, хаёл суриб ўтирган ҳолда кўради. Иван Николаевичга яна шу иарса маълумки, бу кекса одам ойга тўйиб-тўйиб қараб олгач, нигоҳини албатта бўртиқ хона деразасига қаратади ва худди ҳозир дераза табақалари очилиб, у ерда ғайриоддий бир нарса пайдо бўлишини кутаётгандай, кўзини лўқ қилиб ўтираверади.
Бундан кейин рўй берадиган ҳамма воқеани Иван Николаевич ёд билади. Энди у албатта энгашиб, панжара панасига яхшироқ беркиниб олиши керак, зеро скамейкада ўтирган одам безовталаниб, ҳозир бошини ҳар томонга бура бошлайди, пари-шон кўзларини ҳавога тикиб, бир нималарни тутмоқчи бўларкан, албатта, ҳузурланиб жилмаяди, кейин қандайдир эзгу ҳасрат билан хўрсиниб, қўлларини бир-бирига уради-да, баралла овоз билан оддийгина қилиб ғўлдирай бошлайди: — Вене-ра! Венера!.. Эҳ, ғирт аҳмоқ эканман!..
— Ё тангрилар, тангрилар! — деб пичирлайди шунда Иван Николаевич, панжара ортида биқиниб ўтираркан, ўтдек порлаётган кўзларини бу сирли нотаниш қариядан узмай, — мана, ойнинг яна бир қурбони... Ҳа, бу ҳам худди мен сингари ойнинг яна бир қурбони.
Скамейкада ўтирган одам эса бу пайт нутқини давом эттиради: — Ғирт аҳмоқман! Нега, нега ўша жонон билан учиб кетмадим? Нимадан қўрқдим ўзи, мен қари эшак! Ҳужжатларни тўғрилагандим! Эҳ, энди хап ўтириб чидайсан, қари тентак!
Шу пайт бинонинг ой ёғдуси тушмаган қоронғи томонида дераза тарақлаб очилиб, қандайдир оқ нарса кўринади-ю, аёл кишининг хунук овози эшитилади:
— Николай Иванович, қаердасиз? Бу қанақа қилиқ? Нима, безгак касалига мубтало бўлмоқчимисиз? Чойга келинг?
Шу ҳайқириқдан кейин қариянинг алаҳлаши тугаб, у ҳушига келади ва сохта овоз билан жавоб қилади: — Ҳавода, тоза ҳавода нафас олмоқчийдим, жонгинам! Ҳаво бирам созки!
Шундай деб у скамейкадан туради, биринчи қаватдаги бояги дераза ёпилиши билан ўша томонга ўғринча мушт дўлайтириб қўяди-да, судралганча уй томон юра бошлайди.
— Ёлғон гапиряпти, ғирт ёлғон гаплари! О, тангрилар, шунчалик ёлғон гапирадими киши! — деб ғўлдирайди Иван Николаевич панжарадан узоқлашаркан, — уни боққа жалб қилгап нарса асло тоза ҳаво эмас, балки бу тўлиной оқшомида у ой сатҳида ва боғ ҳавосида ниманидир кўряпти. О, бу қариянинг сирини билиш учун, у йўқотган ва энди қўл чўзиб ҳавода бесамар ахтараётган ўша Венеранинг нима эканлигини билиш учун ҳеч нимамни аямаган бўлар эдим!
Шундан кейин, профессор уйига бутунлай хаста бўлиб қайтади. Хотини, одатда, унинг аҳволини пайқамаётгандай бўлади ва эрини тезроқ ётиб ухлашга ундайди, Лекин ўзи ётмайди, қўлида китоб билан чироқ ёнида ўтираркан, ухлаб ётган эридан маҳзун кўзларини узмайди. У Иван Николаевичнинг тонг чоғида алам билан чинқириб уйғонишини ва ўзини ҳар ёққа отиб, йиғлай бошлашини билади. Шу боис унинг олдида дастурхонда спиртланган шприц билан қуюқ чой рангидаги суюқликли шишача шай ётарди.
Мана, ниҳоят, оғир хаста одам билан умр қилган бу бечора аёл бехавотир ухлаши мумкин. Иван Николаевич энди то эрталабгача бахтиёр чеҳра билан тинчгина ухлайди ва хотини учун мавҳум, аммо қандайдир дабдабали ва саодатли тушлар кўриб ётади.
Ҳар йили баҳорда, тўлиной кечаси бу олимни битта нарса уйғотади ва аянч билан чинқиришга мажбур этади. Зеро тушида унинг кўзи олдида ўша ўта бадбашара пучуқ жаллод пайдо бўлади, жаллод ҳансираганча бир сакраб устунга боғланган ва энди жинни бўлиб қолган Гестаснинг юрагига қўлидаги узун найзани ботиради. Жаллоднинг ўзи-ку унча қўрқинчли эмас, лекин олимнинг хобида қайнаб-тошиб рўйи заминга оқиб тушаётган аллақапдай булутдан вужудга келган зиё даҳшатлироқ эдики, бундай ҳол фақат оламшумул фалокат пайтидагина содир бўлиши мумкин.
Уколдан сўнг уйқудаги Иван Николаевичнинг кўзи олдида ҳамиша ҳамма гтарса ўзгаради. У ётган тўшакдан дераза томон кенг ойдин йўл чўзилади ва йўлга алвонранг астарли оқ ридо кийган одам чиқиб, ой сари юра бошлайди. У билан ёнма-ён узун кўйлагининг увадаси чиқиб, афти бадбашара бўлиб кетган бир йигит боради. Улар нима тўғридадир қизғин суҳбатлашишади, баҳслашишади, чамаси, бир нимада келишолмаётганга ўхшайдилар.
— Ё тангрилар, тангрилар, — дейди ридо кийган одам ўз ҳамроҳига такаббурона боқиб, — қандай бемаъни қатл! Лекин сен марҳамат қилиб айт-чи, — шундай деркан, унинг чеҳрасидаги такаббурлик ўрнида тавалло пайдо бўлади, — ахир қатл бўлмаган-ку! Ўтинаман сендан, айт, бўлмаган-а?
— Ҳа, бўлмаган албатта, — деб жавоб қилади ҳирқироқ овоз билан ҳамроҳи, — ўзи сенга шундай туюлган.
— Гапингнинг ростлигига онт ичасан ҳамми? — хушомадона оҳангда сўрайди ридо кийган одам.
— Онт ичаман, — дейди унинг ҳамроҳи ва кўзларида жилва найдо бўлади.
— Мен учун шунинг ўзи кифоя! — бўғиқ овоз билан чинқиради ридо кийган одам ва ҳамроҳини етаклаганча тобора юксакка — тўлиной сари ўрлаб чиқаверади. Ҳирсдай келадиган бир кўппак улар орқасидан виқор билан бамайлихотир эргашади.
Шунда бирдан ойдин йўл қайнаб, ой ёғдусидан дарё вужудга келади, у қирғоқлардан тушиб оқа бош-лайди. Ой ҳукмфармолик қилади, яйраб-яшнайди, у рақс тушади, шўхлик қилади. Шунда ой ёғдуси оқими ичида гўзалликда беқиёс бир аёл пайдо бўлади ва атрофига қўрқа-писа боқаётган соқоли ўсиб кетган бир одамнинг қўлидан етаклаб, уни Иваннинг ҳузурига бошлаб келади. Иван Николаевич бир қарашдаёқ у одамни танийди. Бу — ўша бир юз ўн саккизинчи, унинг тунги меҳмони. Иван Николаевич хобида унга қўлларини узатди ва интизорона боқиб сўрайди:
— Демак, шу билан ҳаммаси тугабди-да!
— Ҳа, тугади, шогирдим, — деб жавоб қилади бир юз ўн саккизинчи, аёл ҳам Иванга яқин бориб, дейди:
— Албатта, шу билан тугади. Ҳаммаси тугади, умуман, ҳар қандай нарсанинг ҳам ниҳояси бўлади... Ҳозир сизнинг пешонангиздан ўпаман-у, кейин ҳаммаси яхши бўлади.
У энгашиб Иваннинг пешонасидан ўпади, Иван эса аёл сари талпиниб унинг кўзларига тикилади, лекин аёл чекиниб-чекиниб бориб, ўз ҳамроҳи билан биргаликда тўлиной сари равона бўлади.
Шунда ойнинг жазаваси тутиб, ўз ёғдусини тўғри Иваннинг устига ёғдиради, шуъласини ҳар томонга сочади, хона ой шуъласига ғарқ бўлади, шуъла долғаланиб, тоша бошлайди ва Иваннинг каравотини кўмиб юборади. Ана шундан кейин Иван Николаевич бахтиёр чеҳра билан маст уйқуга кетади.
Эртаси куни эрталаб у индамай, аммо хотиржам ва соғлом бўлиб уйғонади. Профессорнинг уколлардан илма-тешик бўлиб кетган хотираси тинчиб қолади ва келаси тўлиной тунигача уни ҳеч ким безовта қилмайди: на Гестаснинг пучуқ қотили, на Иудеянинг тошбағир бешинчи прокуратори чавандоз Понтий Пилат.

1929-1940
Тамом
Изоҳлар
Амазонка — қадимги юнон мифологиясида жанговар сувори аёл.
Арамойлар — келиб чиқиши арабистонлик бўлган сомийлар қабиласи.
Аттис — юноп мифологиясида Фригиядап чиққан худо. Аммо унинг бўлганлиги мавҳум.
Бельзтаж — театр залида партер ва амфитеатрдан юқорироққа жойлашган балконнинг энг олдинги қаторлари.
Брокен — Германиядаги Гарц тоғининг чўққиси бўлиб, немис халқ афсоналари ва ривоятларида таъкидланишича, гўё бу ерда баҳор байрами арафасида (1 майга ўтар кечаси) жинлар базми бўлар эмиш.
Буюк ирод (милоддан олдинги 73-4 йиллар) — 40-йилдан Иудея шоҳи. Тахтни Рим қўшинлари кўмагида қўлга киритган. Ўта даражада риёсатпараст ва бадгумон золим бўлган. Ўзининг рақиби деб шубҳа қилган ҳамма одамни ўлдираверган. Ривоятларга қараганда, Исонинг туғилганидан дарак топиб, мамлакатдаги барча чақалоқларни қиличдан ўтказган эмиш.
Вампир — афсоналарда гўрдан чиқиб одамларнинг қонини сўрувчи махлуқ.
Вьетап Анри (1820-1881) — Бельгия скрипкачиси ва композитори. Брюссель консерваториясининг профессори.
Галилея — шимолий Фаластинда тарихий вилоят. Инжил талқини бўйича Исони тарғиб қилган асосий район.
Гомункул — ўрта аср кимёгарларининг хаёлий тасаввурича кимёвий усул билан яратиш мумкин бўлган одамзод.
Ершалаим — Ерусалим, яъни Қуддус шаҳри.
Жокей — спортчи чавандоз.
Игемон — юнонча Ҳегемон сўзидаг олинган бўлиб. доҳий, раҳбар маъноларини билдиради.
Исрофилнинг сури — христиан дини ақидасига кўра, қиёмат куни фаришта Исрофил сур (карнай) чалармиш ва бунинг овозига жамики жонзотлар кайта тирилармиш.
Иудея — Жанубий Фаластиида Римга қараптли вилоят (милодий 6—395 йиллар).
Калигула Гай Кесарь (12-41 йиллар) — Рим императори (37-йилдан). Ашаддий фосиқ бўлган. Узига худди худога сиғингандек сиғинишларини талаб қилган. Калигула ўз шахсий гвардиясининг саркардаси томонидаи ўлдирилган.
Капельдинер — театрда билетларни текширувчи ва залда тартиб сакдовчи одам.
Кентурион — қадимги Рим қўшинида Кентурия (қаранг) бошлиғи.
Кентурия (Центурия) — қадимги Римда юз кишилик отряд.
Коҳорта — Рим пиёда қўшинида тактик қисм.
Лафонтен (1621 —1695) — Буюк француз масалнависи.
Легион — қадимги Рим қўшинида йирик ҳарбий қўшилма.
Манипул — қадимги Рим қўшинида таркибида икки кентурия (қаранг) бўлган ҳарбий бўлинма.
Манускрипт — одатда қадимги қўлёзмалар шундай номланади.
Мардук — Бобил пантеонида Марказий илоҳ. Бобил шаҳрининг бош худоси.
Масиҳо — бу ўринда яҳудий динининг талқини бўйича, яҳудий халқини озод этиш учун зоҳир бўлажак афсонавий халоскор.
Мельпомена — қадимги юнон мифологиясида тўққизта музадан бири, фожиавий асарлар ҳомийси.
Мессалина Валерия — Учинчи Рим императори Клавдийнинг хотини. Ўзининг фоҳишалиги ва бадқаҳрлиги билан довруқ қозонган. Клавдийнинг йўқлигидан фойдаланиб, ўз ўйнаши Силлийга ошкора эрга тегади. Лекин имнератор қулликдан озод қилган Нарцис билан Паллас Мессалинани судга бериб, уни ўлимга ҳукм қилишларига муваффақ бўладилар.
Нисон ойи — Исроил давлати календарида йилнинг биринчи ойи бўлиб, у ҳамиша баҳор фаслига тўғри келади. нинг 15-куни, яъни яҳудийлар Мисрдан озод бўлиб чиққан кун Пасха байрами куни деб ҳисобланган.
Озирис — Миср тангриси, зиё ва иссиқлик худоси.
Полигимния — қадимги юнон мифологиясида тўққизта музадан бири, гимнлар ҳомийси.
Понтий Пилат — Рим империясининг Иудеядаги ноиби (милодий 26—36 йиллар). Ута шафқатсизлиги билан донг қозонган. Иосиф Фалавийнинг ёзишича ва таврот талқинича, Исо пайғамбар унинг ҳукми бўйича чормих қилинганмиш.
Приват-доцент — хусусий тарзда сабоқ берувчи деган маънони билдиради. Революциядан олдинги Россияда ва айрим хорижий мамлакатларда олий мактаб ўқитувчисининг илмий унвони.
Прозектор — касалхоналарда мурдани ёриш билан шуғулланувчи мутахассис.
Прокуратор — қадимги Римда император ноиби.
Рампа — саҳна олдига ўрнатилган чироқларни томошабинлар кўзидан тўсиб турувчи пастак тўсиқ.
Секст Эмпирик — қадимги юнон файласуфи ва олими. Скептицизм вакили. Мантиқ тарихини яратган энг дастлабки олимлардан бири.
Силлогизм — мантиқ илмида икки фикрни таққослаб, уларнинг натижаси бўлмиш учинчи фикрни келтириб чиқариш назарияси,
Синедрион — қадимги Иудеяда оқсоқоллар кенгаши. Хукумат ва суд ишлари билан шуғулланувчи олий диний маҳкама.
Скуратов (Малюта) — Иван Грознийнинг аъснларидан бири. Террорчи опричниклар бошлиғи. Кўп таниқли шахсларни қатл этишда қатнашган. 1570 йилдаги Новгород юришида оммавий қатлга бошчилик қилган.
Соловкин — Оқ денгиздаги хилват ороллардан бири, у ерда фақат монастирлар бўлган.
Талия — қадимги юнон мифологиясида тўққиз музанинг бири; комедия асарлари ҳомийси.
Таллиф — этаги узун кўйлак.
Тацит Публий — Корнелий Румо тарихчиси, утганг - 16 китобдан иборат «Солнома»си машхурдир. (Тахминан 53—54 йилларда туғилиб, I 17 136 йилларда ўлган).
Тетрадрахма — тўрт драхма қалинликдаги қадимги юнон ақчаси бўлиб, аксарияти кумушдан, баъзан эса олтиндан ҳам бўлган.
Тетрарх — Рим империяси лашкарининг тўртдан бир бўлагини бошқарувчи хукмдор.
Тиверия — Фаластиндаги шаҳар.
Трибун — қадимги Римда қўшинларда трибунлар маъмурий ва хўжалик хизмати вазифаларини бажарган.
Филон Искандарий — Иудея файласуфи (милоддан олдинги 20-йилда туғилиб, милодий 54-йилларда ўлган).
Штраус Давид Фридрих (1808-1874) — немис теологи (илоҳиёт илми билан шуғулланувчи олим) ва файласуфи, «Исонинг ҳаёти» номли китобда инжилнинг ҳаққонийлигини инкор этган, Исони тарихий шахс деб ҳисоблаган.
Ўн икки худо жамоаси — Рим мифологиясида энг олий тангрилар гуруҳи, Булар: Юпитер, Нептун, Марк, Аполлон, Вулкан, Меркурий, Юнона, Венера, Минерва, Диана, Веста ва Церера. Бу ўн икки худо, тангриларнипг Юпитер бошчилигидаги олий кенгашини ташкил қилган.
Қайсар — подшо.
Қайсария — салганат.
Ҳемикрания — қаттиқ бош оғриғи. Бошнииг бир палласи оғрийди.
Ҳипподром — яъни ипподром, отлар пойгаси ўтказиладиган майдон. отчопар.


AvvalgiII- qism Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика