Улус (достон) [Otauli]

Улус (достон) [Otauli]
Улус (достон) [Otauli]
Форобий бобога таъзим
Отаули (Раҳимжон Отаев)нинг «Улус (Форобийнинг дўсти) номли асари буюк бобокалонимиз Абу Наср Форобий ҳақида, билишимча, ўзбек насридаги дастлабки уринишлардир. Мен Отаулини изланувчан носир, заҳматкаш мунаққид ва яхши таржимон сифатида анча йиллардан буён биламан. Хусусан, «Тилсим (Туркистон достони) ва «Афанди ўлмайдиган бўлди» асари билан танишман. Назаримда, у «Улус» деб номланган бу асарида ўзининг ижодий изланишларини изчил давом эттириб, Абу Наср Форобийнинг инсоний қисмати, ўта мураккаб маьнавий-руҳий олами, кенг дунёқарашини жонли ва таъсирчан ёрита олган. Айниқса, улуғ алломамизнинг қудратли туркий ҳукмдорлардан бири, қорахонийлар салтанатининг асосчиси Буғрохон билан эл-улуснинг ҳаёт-мамоти ҳусусидаги қизғин суҳбати тасвирланган саҳифалар, аминманки, ўқувчини лоқайд қолдирмайди.
Одатда яхши асарда жиддий ўйлашга ундайдиган, шартли ва ҳатто баҳсли жиҳатлар бўлиши табиийдир. «Улус» асари ҳам бу жиҳатлардан ҳоли эмас. Муҳими - қирқ саҳифа ҳажмидаги бу ихчамгина асар сизни минг йиллик олис тарихимиз қаърига бошлаб кириб, буюк бобокалонларимиздан бирининг кўнгил бисоти, орзу-армонлари билан яқиндан таништира олади, деб ўйлайман.
Шу ҳолни алоҳида таькидлашни истардимки, мазкур асарнинг яратилиши ҳам, ёруғлик кўриши ҳам, асарда қаламга олинган тарихий муаммоларнинг айни бадиийечими ҳам Ўзбекистон давлат мустақиллигининг шарофати, деб биламан. Ўзбек ҳалқи ўзининг жаҳоний мавқеини қайта тиклаб, алпомишона бўй-бастини қайта ростлаб келаётган шу ёруғ кунлардан бирида бошқа буюк аждодларимиз қаторида Форобий бобомизга ҳам таьзим бажо келтиришимиз айни муддаодир.

Улус - Форобийнинг дўсти
Бу Улуста кўпни кўрдук, Вале эй ўзбеким, Дилраболикта ўзингтек Шўхи раъно кўрмадук.Отойи
Ҳижрий 311 – мелодий 933 йилнинг ёзи ёзга ўхшамади. Наврўз кунларида Боғдоддан йўлга чиққан карвон Халафга етмай қорбўрон остида қолди. Кўкламнинг охирларида Жай ва Исфахон уни дўл билан қарши олди. Ёзнинг ўрталарида Бухоройи шарифда кечган уч кун бадалида худди куз чоғларидагидек муттасил шивалаб ёққан ёмғир карвон аҳлининг юрак-бағрини ҳам эзиб, хун қилиб юборгандек бўлди. Мана, ёзнинг сўнгги кунида хуфтон чоғида Самарқанд дарвозасидан қадимий Шош қалъасига кириб келганида кўнгилларни ҳам хуфтон қилиб яна ёмғир бошланган эди. Карвон Чорсуга етиб келганида ёмғир кучайиб, жалага айланди. Осмоннинг таги очилиб, тўфон қўпдими, нима бало! Оқ ёмғир бўлиб оқ ёмғир эмас, қора қуюн бўлиб қора қуюн! Карвоннинг боши Чорсудан чапга бурилиб, Ўтрор дарвозаси томон йўл тутар экан, ундан жала остида қунишиб-жунжиккан уч пиёда ажралиб чиқди: олдинда – олтмишдан ошиб, новча қадди анчагина букчая бошлаган қария, ўртада – қирчиллама қирқ ёшлардаги ўрта яшар одам, унинг ортида қуюндек ўйноқлаган йигирма ёшлардаги расида ўспирин.
Ўрталиқдаги одам юзини жаладан пана қилиб олган кўйи олдинга кўз тикиб, қарияга сўз қотди:
– Бу қандай бўлди, устоз, пойқадамимиз қалъага хуш келмадими дейман? Ё биз билан йиғлаб кўришмоқчими?.
Қария пинак бузмай олға интилар экан, шогирдига танбеҳ берди:
– Ношукурлик қилманг, Саид Али, бўтам! Худонинг оби раҳмати-ку бу! Бу неъматдан бебаҳралар қанча!
Ўспирин қадамини жадаллатиб, ўртадаги одам билан баравар одимлади:
– Шундайку-я, ўзингиз «асалнинг ози ширин» деганингиздек... биз балиқмидикки, бу жалада яйрасак!..
Қария қиялаб ортига қаради:
– Сабр қилинг, Насриддин, ўғлим! Қирқига чидаган, бу ёғига ҳам чиданг! Манови муюлишда қирқ бир йил аввал Бухоройи шарифда бирга таҳсил кўрган қадрдоним тургучи эди. Насиб этса, шу хонадонда бутун кўрган-кечирганларимиз унутилғай!
Қария шитоб билан келиб тақиллатган нақшинкор дарвозани бир қўлида шамсия, бир қўлида фонус кўтарган ўттиз ёшлардаги одам очди. Фонуснинг хира ёруғида қариянинг сув ювган қоядек мустаҳкам, пайдор юзларию ўтдек чақнаган кўзларида тараддудланиш зуҳур кўрсатди:
– Қадрдоним Муҳаммаднинг қутлуғ хонадоними бу, бўтам?
Фонус кўтарган одам бош ирғади:
– Шундоқ, тақсир. У киши менинг падари бузрукворим бўладилар.
– Жаноблари уйдамилар?
– Шундоқ, тақсир... қани, марҳамат қилсинлар...
Меҳмонхонада устига кимхоб тўн кийиб, бошига симобий салла ўраган чўққи соқол қария уларга пешвоз чиқди. Икки чол юзма-юз келгач, бир-бирларига тикилганларича андак жим қолдилар. Ниҳоят, жимликни меҳмон бузди:
– Тақсирим, фақирни танимайроқ турибдиларми дейман-а?
Мезбоннинг балоғат ёшидаги гулгун чеҳрадек силлиқ ва лўппи юзида жонланиш аломатлари кўринди:
– Бўлди-бўлди, энди – овозингиздан танидим! Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Форобий ат Туркий! Водариғ, кўзларимга ишонмаяпман! Шоми ғарибонда ғарибона кулбамизга Боғдоддек жойдан қандоқ келиб қолдилар? Тушимми-ўнгимми?! Қани, бир кўришайлик! – Мезбон шундай дея қучоқ очди: – Сиздек алломаи замонни бу томонларга қандай шамол учирди, дўстим?!
Меҳмон узр сўрагандек қўл қовуштирди:
– Юртим шамоли... Бироқ кўриб турибсиз, уст-бошим жиққа ҳўл!
Мезбон ҳамсуҳбатининг юпунгина уст-бошини энди кўраётгандек бир муддат тараддудланиб, қулочини йиғди-да, жуссасига ярашиқсиз виқор билан қўл чўзди:
– У ҳолда қўл бериб кўришайлик! Хуш кўрдик. Қадамларига ҳасонот!
– Хушвақт бўлинг, дўсти азиз!
Хонадон соҳиби бошқа меҳмонлар билан ҳам бир сидра қўл олиб кўришгач, уларни тўрдаги хонтахта атрофига таклиф қилди. Дуойи фотиҳадан сўнг таомилдаги ҳол-аҳвол сўрашувлар асносида меҳмонлар ҳўл устки кийимарини ечиб, мезбон битта-битта тарқатиб чиққан оппоқ сочиққа артинар эканлар, ўспирин шўхчан кулди:
– Ўзиям ҳовузга тушиб кетган товуқдек жунжикдиг-э! Қуруқлик деганлариям бор экан-а! Айланайин ўзимнинг қуруғимдан-а!
Мезбон бу гапларни сипоришми-қулоқ қоқиш деб тушунди чоғи, сиполик билан ўрнидан туриб деди:
– Фақат қуруғи эмас, қайноғи, жазилаб тугани, бозиллаб тургани – ҳамма-ҳаммаси бор бу уйда. Қутлуғ уйдан қуруқ кетмайсизлар, буёғидан хотиржам бўлаверинг!.. Қани, баҳузур дам олиб турингиз!.. – Шундай дея, уй эгаси уларни ҳоли қолдирди. Кўп ўтмай меҳмонхонада аввал мулозим-хизматкорлар, кейин ноз-неъматлар, ниҳоят, анвойи қадаҳлар-у гулгун шароблар айланди. Шаробдан эмас, йўқ, такаллуф-илтифотлардан бош ҳам айланди. Чарчоқлар чиқди, оёқлар чигили ечилди, лекин тил тугуни ечилиб, дил сандиғи очилмади. Тан яйради, бироқ жон ҳузур-ҳаловат топиб, дил ором-фароғат туймади. Ниҳоят, меҳмонларнинг каттаси «Яхши ўтирибсизларми?» дея кўнгил сўраб кирган ўғилни саволга тутди:
– Отангиз кўринмайдилар?
Мезбон сипо қараш қилиб, тавозе билан қўл қовуштирди:
– Узр, отам сафарга отланиб… Чақирайми, тақсир?
– Агар малол келмаса…
Бир муддат ўтиб хонадон соҳиби Муҳаммад Дўст виқор билан юриб кирди-да, дастурхон тўрида букчайиб ўтирган қариянинг рўпарасига ёнбошлади:
– Шундай қилиб, «юртим шамоли» денг-а, дўстим? Бу юртнинг шамоли жуда ёмон! Дам Қўқон шамоли, дам қибла шамоли… Шамол эмас, нақ довул дейсиз! Учирсаям қаттиқ учиради!
Учириқ меҳмонга малол келди шекилли, алланечук шикаста овозда ўзини оқлаётгандек деди:
– Ҳа, энди, ўз юртимизнинг шамоли экан…
Мезбон гап оҳангини ўзгартирди:
– Бухоролар омонми?
– Омон.
– Биз таҳсил кўрган мадраса жойида турибдими? Жойида.
– Боғдодда нима гаплар бор?
– Боғдодда тинчлик.
Мезбон бир муддат жим қолиб, меҳмоннинг кўзларига синовчан тикилди. Қария бу кўзларда бир афсус-надомат, бир иддаони уққандек бўлди: «Сен ундинг, мен эса ҳануз тупроқман!» Ўзини янада ноқулай сезиб қисиниб-қимтинганича унсизгина жавоб қилди: «Кўриб турибсан-ку, мен оддий одам… Йўқ, дўстим, мен сендан бечорароқман!» Жавобдан мезбоннинг кўнгли тўлди, шекилли, аслига қайтиб, меҳмонларга тепароқдан ялпи назар ташлади:
– Энди, дўстим, сизлар йўл юриб чарчагандирсизлар, баҳузур дам олиб турингизлар... Мен... очиғини айтсам, шаҳар ҳокими эртага ўзининг пайғамбар ёши билан неварасининг суннат тўйини қўшиб қилмоқчи. Шунга бугун кечқурун шаҳарнинг казо-казоларини маслаҳат ошига чақиртирган. Бирров кўриниш бермасам бўлмас? Балки бирга борармиз, а, дўстим? Не-не мозорларни босиб, кўпни кўриб келгансиз?.
Қария қаддини андак ростлаб, минг йиллик қоядек совуққина қаққайди:
– Энди-и, каминаи камтарин бир ғарибгина олим, бунинг устига, мусофир бўлсам. Тағин кимсан шаҳар ҳокимига чақирилмаган меҳмон бўлиб борсам... Кўрган кўзгаям, эшитган қулоққаям маъқул келмас. Сиз бемалол бораверинг, дўстим, бизни деб кўп азият чекманг!..
Мезбон ўрнидан енгил қўзғолди:
– У ҳолда сизлар баҳузур дамолиб турингизлар. Мана, уй-жой, мана, ош-чой, мана, хизматкор-мулозимлар!..
Учовлон ҳоли қолишгач, қария ҳамроҳларига синовчан тикилди:
– Мен сизларга айтсам, бу хонадонда ҳам сафаримиз қаришга юз тутди, биродари азизлар. Энди уй эгаси кетганидан кейин... биз ҳам кўпайишамиз!
Саид Али устозига ажабланиб қаради:
– Ташқарида жала, зимистон... Қирқ йиллик қадрдонингизнинг ёруғ хонадонини тарк этиб, тағин қаёққа, устоз?.. Исфаҳондан чиқиб, Балхда, Хиротда, Термиз билан Насафда, ҳатто Бухоройи шарифда кўрган-кечирганларимизни бир наави тушунгандекман, бироқ... уй эгасининг саъй-ҳаракатларини ҳам, сизнинг бу гапларингизни ҳам тушунмай қолдим-ку, устоз?..
Қария аччиқ кулди:
– Сизнинг Арабистонингиз ва ё Арасту ҳазратларининг Юнонистони эмас, «Туркистон» дейдилар буни, Саид Али, бўтам! Бу улуснинг феълини пайғамбар ёшига кириб, кўра-кўра кўса бўлган камина тушунмайман-у, сиз қаёқдан тушунасиз?! Қари қизнинг кўнгли нозик деганларидек, туркистонликнинг кўнгли шу қадар нозикки, унга битта гап камлик, иккита гап кўплик қилади. Нима бўлганда ҳам Яратганнинг даргоҳи манови данғиллама уйдан кенгроқ!..
Шогирд билан ўғил қариянинг иродасига бўйсиниб, учовлон меҳмонхонани тарк этар эканлар, ўғил дастурхон устида бир парча қоғозга отаси ёзиб қолдирган икки сатрга беихтиёр кўз ташлади: «Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман. Дийдор ғанимат эди-ку, эй дўст!»
Ташқарига чиқиб, шаррос қуяётган ёмғир остида тағин йўл юрар эканлар, қария ўзининг кўнглидек тунд осмонга кўз тикди: «Кундан кунга феъли инжиқ, таъби нозик бўлиб кетаётган гуноҳкор бандангни ўзинг кечир, худованди карим! Манови араб шогирдим билан ёлғиз ўғлимга беҳаловат кўнглимнинг кўча-кўйлари-ю беқиёс улуснинг феъл-атворини қандай тушунтирай? Муҳаммад Дўст энди Муҳаммад Дўст эмас, ҳатто сенинг банданг эмас, дунёга дил берган нафс бандаси эканини буларга қандай англатай?! Қирқ йиллик қадрдонининг афтодаҳол, ўзининг олифта уст-бошини деб ёзган қулочини қайта йиғиштирган дўст... дўстми, ўзинг айт, Парвардигори Олам?! Бу фоний дунё моли сабаб Муҳаммад умматига дўст бўлолмаган ожиз банданг Пайғамбари Акрамга ва ё Ўзингга Ҳақ Дўст бўла оладими, ё Аллоҳ?!.» Қирқ беш йилча аввал Бухоройи шарифда таҳсил кўриб бошлаганларида уч дўст – «уч Муҳаммад»дан бири, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетган оташнафас шоир адаши Муҳаммад Ёрнинг бир шеъри хаёлида қуюндек айланди:

Дўст қайдадур, дўст қайда, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
Кундамидур ё ойда, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
Остонангга бош урай, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
Дўст бормикин бу жойда, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
«Бу оламда остоналар кўп, демакки, дўстлар ҳам кўп! Фақат астойдил қидириш ва топиш керак! – деб ўйлади ўзича Абу Наср Муҳаммад.- Йўқотса йўқотар. Йўқолса садқаи сар! Лекин топади ҳам! Излай-излай Маккани топган одам... бу азим Туркистонда... бир дўсти содиқ тополмайдими?!»
Абу Наср Муҳаммаднинг хаёлини ўғли Насриддиннинг бир саволи, тўғрироғи, шартакиларча таги зил ҳазили бузди:
– Энди бутун кеча шаррос ёмғир остида сайрми тағин, ота?! – «О-о, бесабр болам-а, бесабр болам! Юракни кенгроқ қилсанг, ота юртда кўчада қолмасмиз, ахир! Бу чарс феълинг билан отанинг ҳам, ота юртнинг ҳам аҳвол-руҳиясини теранроқ ҳис қилиб, тўғри тушуна олармикансан, қайдам !..» Ўғлининг ҳолига қараб туриб раҳми келди. Шогирдининг ҳолига ҳам ачиниб кўз югуртирди. Дуч келган бир кўримсизгина эшик зулфини куч билан қоқди. Кўп ўтмай ичкаридан барала ҳайқириқ эшитилди:
– Ким у очиқ эшикнинг турумини бузаётган?!
– Атойи худо меҳмонлар!
Eшик ичкаридан ланг очилиб, яланг оёқларига чипта ковуш кийган эллик ёшлардаги ялангбош-ялангтўш одам бўй кўрсатди:
– Ассалому алайкў-ўм! Қадамларига ҳасонот! Атойи худо меҳмонлар очиқ эшикдан бемалол кираверади-да, тақсирлар! Қани, марҳамат қилсинлар!
Тўртовлон шинамгина хона ўртасидаги сандалнинг тўрт томонида қўним топдилар. Дуойи фотиҳа қилдилар. Ҳол-аҳвол сўрашдилар. Сўнгра уй эгаси ёзилиб гап бошлади:
– Буни қаранг-а, буни қаранг! Худо бераман деса бераверар экан! Эндигина қулинг ўргилсин қайнатма шўрвани – дастурхонга қўйиб, «Қани энди тил тилга тушиб, суҳбати жонон қурадиган бир дилкаш гурунгдош ҳам бўлса!» деб турганимда, худойимдан айланай, бирйўла учта атойи худо меҳмонни етказса-я! Бунисига нима дейсиз! Қани, азизларим, топган-тутганларим ҳам, кўнглимиз ҳам, фоний дунёнинг бутун мол-мулки ҳам ўртамизда. Бир майизни қирқ киши бўлишганида тўртовлон чор дарвишдек тўрт қутбни ўртада баҳам кўроломаймизми?!.
Уй эгаси кутилганидан ортиқ дилидагиси – тилида дилкаш суҳбатдош чиқиб қолди. Қўли қўлига тегмай илтифот кўрсатар экан, лаби лабига тегмай гапни гапга улади:
– Энди, азизларим, мени маъзур тутадилар, аввалига ўзимни танитай. Анови Кўкалдош мадрасасида Ҳасан Йўлдош отлиғ, Ҳасан Кайфий лақаблиғ мударрис бўлганимдан кейин, кундалик тирикчилигим асосан жавраш билан ўтади. Мен сизларга айтсам, каминанинг энг кўп ишлатиладиган аъзолари тил билан жағ. Аммо-лекин тили тилимга тушадиган одамни топсам, май ичмасам ҳам, бурунни бурунга ишқаб қуриладиган суҳбати жонондан кайф қиламан – Ҳасан Кайфийман-да!
Саид Али бир устози Абу Наср Муҳаммадга, бир устозининг ўғли Насриддинга зимдан кўз югуртириб, маъноли кулди:
– Жонон суҳбатга суягингиз йўқ экан, бу ёғи мадрасада мударрис экансиз, нега шаҳар ҳокимининг маслаҳат ошига бормай ёлғиз ўтирибсиз, акагинам? Сиз шаҳарнинг казо-казоларидан эмасмисиз ё?..
Мезбон қийқириб кулди:
– Э-э, яш-шанг, меҳмон! Сиз ҳам ўзимиздан чиқиб қолдингиз-ку! Қочиримни тагдор қилиб олар экансиз! Лекин ҳамма нарсага етган ақлингиз манови тилим билан жағимнинг кучига етмайди-да! Менинг тилим шундай даҳшатки, юзингда кўзинг борми демай ҳақ сўзни айтиб бошлиганида... одам боласи чидаёлмай қолади. Ҳар қандай тўйни азага айлантириб юборади. Баъзида ўзим чидаёлмайман-у, инсоф билан айтинг, шаҳар ҳокими қаёқдан чидасин бу тилга?! Кўрамиз ҳали, ўзлари қачонгача чидар эканлар
Саид Али энди Насриддинга маъноли қаради:
– Шу одамнинг этагини маҳкам тутмайсанми, мулла Насриддин, иним? «Насриддин афандиман» деб юрганингда сенга утсозликка яраса шу одам ярайди. Нима дединг?
Насриддин бир Саид Алига, бир Ҳасан Кайфийга тавозе, айни чоғда, истеҳзо билан қаради:
– Майли-ю, бироқ... Исфаҳон билан Бухородаги не-не афандилар мен тушган қочирим майдонида бир чўқишда қочиб кетганини ўзингиз кўрдингиз. Қайдам, бу акамнинг бир чўқишлик ҳоли борми-йўқми!..
Абу Наср Муҳаммад аввал ўғлига таҳдидли қараш қилиб, унга оталарча танбеҳ берди:
– Ўпкангизни босиброқ олинг, улим! «Абу Насрман» деб фахрланиб юрганимда ихлосимни қайтарманг. Ўзингизни эр билсангиз ўзгаларни шер билинг! «Исфаҳон» эмас, «Туркистон» деб қўйибдилар буни! Бу юртда ҳар бир лафзи лутфга тенг шунақанги тили ўткирлар борки, уларнинг қошида сиз тугул отангиз ҳам лом-мим деёлмай қолади. – Сўнгра уй эгасига синовчан тикилиб сўради: – Мадрасада қай илмдан сабоқ берадилар, иним?
– Мантиқ илмидан.
– Қай китоблар асосида?
– Ар Розий, Ал Киндий, Ал Форобий рисолалари, тақсир...
– Юнон, Ҳинд ва Чин илмидан бехабармилар?
– Афсус, тақсир... Энди биз... ниҳояти бир чаласавод мударрис бўлсак, муаллими соний Ал Форобий ҳазратларимидикки, жаҳоннинг тўқсонта тилида бемалол ўқиб-ёзаверсак...
Насриддин ялт этиб отасига қаради. Саид Али қад ростлаб, нимадир демоқчидек оғиз жуфтлади. Абу Наср Муҳаммадда суҳбатни давом эттиришга иштиёқ қолмади. Олти ойдан буён у ёки бу тарзда такрорланаётган гаплар, қўйиб берса, шу топда тағин айланишга тушади: «Сиз ўша кишини танийсизми?» «Йўқ» «Рўпарангизда ўтирибди-ку» «Йўғ-э! Буни қаранг-а, буни қаранг! Танимасни сийламас деганлар. Танимагандан кейин...» Хуллас, узрхоҳликлар, ҳамду санолар, ҳайрату таажжублар, ҳавасу ҳасадлар... Машҳури жаҳон бўла туриб Муҳаммади мустафога чин уммат бўлиш... о, нақадар мушкул иш экан!.. Шогирди билан ўғлига «жим» деган маънода жиддий қараш қилиб, мезбонга юзланди:
– Энди-и, иним, сизнинг ёшингиз нисбатан улуғроқ кўринади. Дил чигилини шу икки инингиз билан баҳузур ёзаверсангиз. Биз чоллар бирон хилватроқ жойда тил билан дилнинг эмас, оёқнинг чигилини ёзганимиз маъқулдир. Нима дедингиз?
Мезбон қўлини кўксига қовуштирди:
– Бош устига, тақсир. Атойи худонинг амри вожиб...
Абу Наср Муҳаммад бежирим таҳмон-у текчалар билан тузалган туркона хонага кириб, юмшоқ тўшакка чўзилар экан, ўзини эллик йил аввал Форобдаги уйида – ўлан тўшагида баҳузур ётган болакайдек сезди. Худога шукур, мана, ота юртга сафарнинг кўпи кетиб ози қолди. Қўл узатса етгулдик жойда болалиги кечган қадрдон Фороб, қадрдон Ўтрор! Буёғи – одатдагидек сафар таассуротларини хотирасида бемалол жамлашнинг энг мақбул имконияти, ўз уйингда ётгандек бамайлихотир ётиб ўй ўйлаш бахтини айтмайсизми! Шогирди билан ёлғиз ўғлига туркий улус – ота юртни таништиришни эса, бугунча анови сергап – маҳмадана Ҳасан Кайфийга ишониб топширса бўлади. Унинг тили, дарҳақиқат, исфаҳоний қилич дамидан ўткирроқ кўринади...
Кўз олдида умрини от устида ўтказиб, қўлида қилични кўзбойлағичнинг таёқчасидек чаққон ўйнатиб яшаган жаннатмакон падари бузруквори Амир Муҳаммад Тархон бор бўйи билан гавдаланди. Отасининг панд-насиҳатлари қулоқлари остида қайта янграгандек бўлди: «Шуни унутмангки, улим, биз Турк Отанинг «Ўз!» деган бир сўзига «Хўп бўлади, отажон!» дея жавоб қилиб, жаҳоний пойгада ҳамиша ўзиб яшаган ўзганмиз, ўзлуғмиз, ўзбекмиз, ўзакмиз, ўзмиз!.. Сиз Ўзлуғнинг абираси, Тархоннинг набирасисиз! Инчунин, бу узун дастингизга қалам эмас, қилич ярашғай, ўғлим! Соҳибқирон Муҳаммади Мустафонинг уммати, Амир Муҳаммад Ўзлуғнинг зурёди бўлганингиздан кейин... қаламни қўйиб, илкингизга қилич тутинг, ўғлим! Қоғоз-қаламга ўралашган ҳолда куймаланиб умр ўтказиш сизга ярашмағай. Бу ёруғ оламда қиличнинг дамидин ўткирроқ нимарса йўқ, мен сизга айтсам!..» Ўша пайтлар, анови ёлғиз ўғлидан ҳам ёш, лекин чандон қйсар у бўлса... ҳар гал падари бузрукворига ўзича ақл ўргатди: «Йўқ, ота, сиз билмайсиз! Қиличдан – қалам, қаламдан – тил, тилдан – ақл ўткирроқдур!»
Мана, эллик йилдирки, шу уч ўткир қуролни отаси дастида тутган қиличдан ҳам эпчилроқ ўйнатишга жон-жаҳди билан интилиб яшади. Қаламга ҳам, тилга ҳам, ақлга ҳам зўр берди. Мана, пайғамбар ёшини қоралаб турибди. Лекин ҳали-хануз билолмайди: отаси ҳақлими ё ўзи?!. Жаноби Ҳақ кимга Дўст, ё Аллоҳ?! Пайғамбар ёшида падари бузруквори қабрини зиёрат қилиб, суюкли шогирди билан ёлғиз ўғлини ҳам зиёрат қилдириб, шоядки нақ ярим асрлик саволларига тайинли бир давоб топа олса! Шоядки бу беҳаловат кўнглида таскин-тасалли туя олса!..
Абу Наср Муҳаммад нимаси биландир ўзи туғилиб вояга етган қутлуғ хонадонни эслатувчи шинамгина хонада ёстиққа ёнбошлаб «оёқ чигилини ёзар» экан, эллик йил мобайнида кўрган-боққанлари оинаи Искандардек мўъжизавий хаёл кўзгусида бир-бирларига айқашиб-уйқашганича қайта жонланди: мана, ўн тўрт яшар ўспирин илк муҳаббати Ойгулни отамакони Форобда қолдириб, Бухорои шарифга ўқишга отланмоқда. Мана, «уч Муҳаммад» дўстлар, мадраса ҳужраларидан бирида илм истаб кечани кундузга уламоқдалар. Мана, оташнафас шоир Муҳаммад Ёр атрофини қуршаган оломонга қараб ҳайқирганча шеър ўқимоқда:

Мен Ҳаққа дўст Муҳаммадман,
Беками кўст Муҳаммадман!
Кўролмаган мор-илонлар,
Ташлангиз пўст – Муҳаммадман!
* * *
Осмон тўла юлдузлар, қани менинг юлдузим?
Сўнгсиз кеча, кўр кўзлар, қани менинг кундузим?!
Ўн саккиз минг оламни яратган – сен, ё Оллоҳ,
Бир оламга сиғмаган бандангга бергил тўзим...
* * *
Дилрабосиз бу улусда бўлдим-ку бе-дил,
Икки чашмим бири – Жайҳун, бириси – Э-дил.
Ҳувиллаган юрак-бағрим қай тошга урай,
Фанони деб бақодин юз бурмағил, о, дил!..
Мана, мадраса аҳли Муҳаммад Ёрни ўтакетган шаккоклиг-у даҳрийликда айблаб ёмонотлиқ қилмоқдалар. Мана, куни кеча Муҳаммад Ёрни Ёр эмас, дорнинг дийдорига етказиб «тинч топган» шоирбаччалар энди бири олиб-бири қўйиб шеър ўқимоқдалар:
Мен Ҳаққа дўст Муҳаммадман,
Беками кўст Муҳаммадман!..
Мана, ўзи қадрдон адашларидан бири Муҳаммад Дўстнинг даъват-далдаси билан бу шоирбаччаларга қарши нутқ ирод қилмоқда: «Йўқ, сенлар Муҳаммад эмас, Муҳаммад Ёрнинг қотилисанлар! Ҳақнинг жамолини кўролмайдиган ҳасадгўйсанлар! Нари борса девдек бир думалаб «Муҳаммад»га айланган оддийгина Мамажонсан, Маматсан, Мамадўстсан, Мамашарифсан, Мамасолисан, Мамадалисан, Мамарайимсан!..» Мана, икковлон Бухорони тарк этиб, тўғрироғи, Ҳақ Сўзнинг залворини кўтаролмайдиган бандаи ожизларнинг тазъийқу таъқибларидан қочиб, Шошга келгач, Муҳаммад Дўст ўз хонадонида қуюқ зиёфат бериб, тасанно-олқишлар («олкишлар» эмас!) оқимини унинг бош устидан селдек ёғдирмоқда: «Яшанг, дўстим! Нечоғли оғир бўлмасин, Ҳақни ўз йўлида қарор топтириш учун Ҳақ Сўзингизни тап тортмай айтдингизми, демак, сиз ҳам чинакам Муҳаммад Дўстсиз – Дўстмуҳаммадсиз!..» Мана, қадрдони Муҳаммад Дўст уни Боғдодга тилак билан кузатмоқда: «Ой бориб омон қайтинг, дўстим! Олганингиз – олтин, тутганингиз – тилло бўлсин! Олинг-у олдирманг, ўзингиз ўзинг-у ўзгаларни ўздирманг!..»
Кўз олдида намоён бўлган сўнгги маназаралардан Абу Наср Муҳаммаднинг энсаси қотди. Бугун аниқ-равшан маълум бўлдики, Муҳаммад Дўст ҳам чинакам Муҳаммад Дўст эмас, хом сут эмган бандаи ожиз, ўтакетган майда кимсалардан бири экан, халос. Бас, майда кимсаларни қўя туриб, бу жаҳон айвонида кўзга кўрингулик Йирик Шахсларни ўйлагани маъқулроқ эмасми? Башарият, улус, ҳатто ҳар бир одамнинг тақдири аввало ана ўша Йирик Шахсларнинг саъй ҳаракатлари-ю феъл –атворларига боғлиқ-ку,ахир!
Абу Наср Муҳаммаднинг кўз олдида энди жаннатмакон устозлари Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад Марвазий, Аббос Жавҳарийларнинг нурли сиймолари намоён бўлди. Ар Розий, Ал Киндий, Луқмони Ҳаким, Устоди Аввал – Арасту, у кишининг устоди Афлотун ва у кишининг ҳам устоди Суқроти Ҳаким, қўйинг-чи, жамики устодларининг қиёфаларини ўзича тасаввур қилди. Кимсан Суқроти Ҳакимни ўлдирган оломоннинг бош устидаги Шайтони Лаин... наҳот одам боласига ҳамиша ҳамроҳ, наинки ҳамроҳ, Муҳаммади Мустафога чин уммат бўлиш азмидаги Комил Инсонларнинг кушандаси бўлаверса?! Кушандаликлар, падаркушликлар, хунрезликларнинг ниҳояси борми сира, ўзинг айт, Худованди Карим?! Қутб Юлдузи – Олтин Қозиқдек Сарвари Оламни яратган Ўзинг... Етти Қароқчидек кушандаларнинг айиқ полвонларча сохта меҳрибонликларини, Комил Инсонларни ўпқондек ўз комига тортиб яшайдиган Қора туйнукларнинг қора қилмишларини наҳот кўрмасанг-билмасанг, қоронғу кечаларда қора тош устида ўрмалаб кетаётган қоп-қора қумурсқанинг саъй-ҳаракатидан ҳам Воқиф ва Огоҳ, Меҳрибон ва Раҳмдил Оллоҳ?!.
Eшик оҳиста чертилиб, Абу Наср Муҳаммаднинг хаёллари бўлинди.
– Келинг!..
Қия очилган эшикдан хонадон соҳиби бўй кўрсатиб қўл қовуштирди.
– Келинг, Ҳасан Кайфий, иним, тортинмай кираверинг, ўз уйингиз...
– Мен гумроҳни маъзур тутгайлар, ҳазратим... Шу топда оромингизни бузишга мажбурман. Ташқарида қадрдонингиз Муҳаммад Дўст билан ҳоким жанобларининг ўринбосарлари амрингизга мунтазир, бир оғиз сўзингизга илҳақ...
– Сабаб?..
– Сабаб шулким, ҳоким жаноблари Сизни йўқлабдилар...
Абу Наср Муҳаммад, худди хонада ҳаво етишмаётгандек бўғилиб, чуқур сўлиш олгач, совуққина сўради:
– Муҳаммад Дўст сизнинг қутлуғ хонадонингизда қўним топганимизни қаёқдан била қолибди?
– Сўрасам, «Карнайчининг уйига – карнайчи, сурнайчининг уйига – сурнайчи келади» дея ўйлаб, тўппа-тўғри шу ерга келавердим дейди дўстингиз,устоз...
– Энди нима қилсак экан-а?..
– Ҳоким жанобларининг ўринбосарларига нима дей, тақсир?..
– Ўзининг ночор аҳволи, устига устак, маслаҳат сўраган кишисининг ношудларча саволидан хуноби ошди. Шунда ҳам шайтонга ҳай бериб, кўнглидан кечган фикрни имкон қадар силлиқроқ тилга кўчирди:
– Фақирнинг ҳоким жанобларида ишим йўқдур. Башарти ҳоким жанобларининг фақирда иши бўлса, марҳамат, бош устига...
– «Тили ўткир – ўтакетган ҳақгўй Ҳасан Кайфий кузги япроқдек титраб-қалтираб сўради:
– Тушунмадим, тақсир, ҳали сиз демоқчисизки?..
Хонадон соҳибининг авзойини кўриб, саволининг мағзини чақиб, Абу Наср Муҳаммаднинг кулгиси қистади. «Фозил шаҳарнинг оқил раҳбари «шаҳардаги комил инсонларни обдон тавбасига таянтирган кўринади-ку! Ўтакетган ҳақгўйинингки, аҳволи шу бўлса, уёқда тилёғлама ялоқхўрлар игнанинг тешигидан ўтишга уринаётган туядек қанчалик эшилиб-буралаётган эканлар?!. Ўрнидан енгил қўзғола туриб, беихтиёр кулди:
– Тушунмаганингиз ҳам маъқул, иним! «Фозил шаҳар ҳокимининг оқилона ва одилона амрига итоат этмоқ шаҳардаги ҳар бир комил инсон, ҳаттоки ҳар бир муҳожир ва мусофирнинг муқаддас бурчидур». Бу гапим тушунарли бўлса керак?..
– Улар бошлашиб, тўғри, Муҳаммад Дўстнинг танобий хонасидан чоғроқ , лекин ўзига яраша каттагина меҳмонхонага чиқиб борганларида бутун жамоа шитоб билан оёққа қалқди. Муҳаммад Дўст эса, пилдираб келиб пойига бош урди:
– Бандаи ожизни маъзур тутғайлар, ақлсизлик қилибман. Жанобларини таниб туриб сийламабман, кўнгилларига қарамабман, мен осий, мен гумроҳ, мен нодон!..
– Ҳойнаҳой бу дил қаъридан чиқмаган, ниҳояти ҳокимнинг буйруғига биноан ночор-ноилож тил учида айтилаётган гаплардан асли қаттиқ дийдаси юмшаш ўрнига баттар қотди. Муҳаммад Дўстни қўлтиғидан кўтариб ўрнидан турғазди:
– Қўйинг, дўстим, одамни хижолат қилманг, дўст дўстнинг оёғига бош уриши... дўстликдан бўлмас! – Сўнг ҳоким ўринбосари билан кўришиб, унга ўктам қараш қилди: – Шаррос ёмғир остида, кеч қоронғусида ҳоким жанобларини безовта қилиш... Шарқона одобдан бўларми экан? Балки тонгга қадар сабр қилганимиз маъқулроқдир?..
Ҳоким ўринбосари хўжасидан луқма кутган лайчадек ялтоқланди:
– Хотиржам бўлинг, тақсир, сиздек алломаи замоннинг йўлларига соябонли махофа ҳам, ҳоким жаноблари ҳам мунтазир. Аксинча, у кишини илҳақ қилиш шарқона одобдан бўлмаса керак?..
Афтидан, сохта такаллуфларга ўраб-чирмалган сўзларни масхарабознинг тўпидек отиб ўйнашга энди зарурат йўқ! Маслаҳат, талаб, буйруқ, борингки, Фармони Олий шундай: Саид Али билан Насриддин хоҳласалар – Ҳасан Кайфийнинг, хоҳласалар – Муҳаммад Дўстнинг хонадонида тонгга қадар ҳордиқ чиқарадилар ва тонг-саҳарда ҳоким жанобларининг ҳузурларига етиб борадилар. Уларга шахсан Муҳаммад Дўст жаноблари хизматда бўладилар. Алломаи замон эса , жадал равишда ўз пойқадами билан ҳоким жанобларининг серфайз хонадонларини обод, доно маслаҳатлари билан мунаввар кўнгилларини нурафшон қилади. Тамом, бошқа гапга ўрин йўқ!..
Боғдод халифаси бўлмаса-да, ҳар қалай, ўзтамиёна турк султонига етгулик асъаса-дабдаба билан ҳоким ҳузурига йўл олар экан, Абу Наср Муҳаммаднинг ақли шошди. Ё фалак! Бу не кўргилик бўлди тағин?! Анови маҳмадана Ҳасан Кайфийнинг фақирона кулбасида ўз уйидагидек ҳузур-ҳаловат туйиб, кўнгли эндигина осойиш топганида буниси қандай «бардор-бардор»лик?! Замона зўрларининг дасти ҳам, қиличи ҳам наҳот шу қадар узун ва ўткирки, гадой топмас кавакми-кундакка буқиниб ётганингда ҳам!.. Ҳокимнинг муддаоси не? Халифаи Боғдоддек байтулҳикмаъси йўқдирки, «Шуни бошқаринг!» дея топшириб қўйса! Ғазнида «Дини ислом байроғи остида буюк бир салтанат қураман!» дея ўзича чираниб ётган Амир Сабуқтегиннинг данғиллама саройидек саройи ҳам йўқдирки, «Зудлик билан ортингизга қайтиб, менинг буюк салтанатимдан Боғдод халифасига элчи бўлиб борасиз!» дея қисталанг қилса! Исмоил Сомоний яхши ниятлар билан асос солган салтанат тахтини бир амаллаб қўлга киритган падаркуш ҳукмдордек «Мен Искандари Сонийман» дея даъво қилиб, унга «Келинг, устоз, менинг бош маслаҳатчим бўлинг! Камина – Искандари Соний, ўзлари – Муаллими Соний бўлиб, шу давлатни Искандар давлатидан бир поғона баландроққа кўтарайлик!» қабилида «шоҳона илтифот» кўрсатмоқчими ё?.. Ўша нодон сомоний ҳукмдор, ўша манман-калондимоғ падаркуш билмайдики!.. Чок-чокидан сўкилган халифалик ҳудудида, айниқса, бу Туркистон заминида «муаллими соний» битта бўлса биттадир, яна бир «муаллими соний» чиқса, туя ўркачидек букчайган зиммасидаги тоғдек оғир юкни унга бажонидил топшириб, ўзи пайғамбар ёшида узлатга чекиниб, охират тадороки билан машғул бўлар эди-я! Начора, «чекингга чиқса чекчайма» деганлар, Ҳақнинг жамолига, чекчайиб эмас, арслондек чақчайиб қарасанг ҳам кўринмайди-да, қани ўша «муаллими соний»?! Анови Саид Алими, Ҳасан Кайфийми, Насриддинми, Муҳаммад Дўстми?.. Начора, ўзи якка-ёлғиз, танҳо-ягона, биру бор «муаллими соний», тўғрироғи, «Муҳаммад ибн Муҳаммад»! Лекин бу улуғ Туркистон – буюк Туронзаминда... ким кўп – «Искандари соний» кўп! Авваллари ҳам кўп эди. Халифалик чок-чокидан сўкилгач, яна-да кўпайди. Ғазнавийлар султони – бир «Искандари Соний», Хоразмшоҳ, табиийки, яна бири, буёқда – қорахонийлар давлатининг ҳукмдори Буғрохон, башарти қадим туркий тилдан қадим туркий тилдаги бошқа бир сўз билан айтилса, «Нортуяхон», ҳойнаҳой «Искандари Соний»ларнинг энг каттаси!.. Ҳали туркий улуснинг не-не маликушшуаролари бу «Искандари Соний»ларнинг кўрсатган кароматларини васф этиб достонлар яратсалар ажаб эмас! Наҳот тўфон суви бўлмаса-да, ҳар қалай, жала суви ювиб турган манови қадимий Шош қалъасидан яна бир «Искандари Соний» чиқиб келаётган бўлса?! Ўзи – хон, кўланкаси – майдон, ўзи – хон, ўзи – бек, ўзи ўзига бекликнинг чеки-чегараси борми сира?! Бу жаҳон айвонида тариқдек тирқираб, дам Юнонга, дам Чинга, дам Арабга, дам бошқа бир дасти узун, қиличи ўткир халққа ем бўлиб ётган тариқдек тарқоқ туркий улусни бирлаштира олувчи куч нима? Нега бундай куч йўқ?! Нега Ҳиндистон – бир бутун, Арабистон – бир бутун, Туркистон бўлса, Афросиёб-у Турк ҳоқонлигидан аввал ҳам парча-парча эди, бугун ҳам парча-парча бўлиб ётибди?! Бу улус парча-парча, бўлак-бўлак эмас, бутун бўлишга Ҳинд билан Арабдан кўпроқ ҳақли-ку,ахир! Шундай бўла туриб, бу қандай парчаланиш, бўлакланиш, бўлиниш? Энди қай бир куч бўлакни бутунга айлантира олади?! «Искандари соний»нинг ўткир қиличими? Йўқ, қилич нечоғли адолат қиличи бўлмасин, барибир, аслида, зулм-зўравонлик, қон тўкиш, бош олиш қуролидур. Бинобарин, қилич билан мажбуран бирлаштирилган – сунъий равишда бир бутун ҳолга келтирилган салтанат улусни эмас, раиятнигина ташкил этади холос. Ахир, шундоққина кўз ўнгимизда, дини исломдек буюк бирлаштирувчи куч бўлишига қарамасдан, халифалик қиличи остидаги раият мустақил улуслардан иборат салтанатларни ташкил этмоқдалар-ку! Хўш, туркий улус-чи? Нима асосда қандай бирлашмоғи керак?!
Бунинг учун аввало Миср эҳромларининг асосидек уч мустаҳкам – қалам (имло, ёзув) бирлиги, тил бирлиги, ақл бирлиги керак бўлади, албатта. Шунинг учун ҳам ҳали насиб қилса бу муқаддас заминда улусни як-қалам қила оладиган қалами ўткир, қалами бутун маликулкаломлар кўплаб етишиб чиқишларига шак-шубҳа йўқ! Қадимий Шумер давлатидан қолган туркий тилни илоннинг тилидек айри эмас, бир бутун қила оладиган ўткир тил билимдонлари ҳам кўплаб етишиб чиқишлари аниқ! Лекин бутун туркий улуснинг тафаккур тарзини ўзида мужассамлаштира оладиган ақли бутун, ақли ўткир мутаффакир… яна бир «муаллими соний» эмас, «муаллими аввал» билан «муаллими соний»дан кейинги – «Кенжа ботир» деса дегудек аллома… бу қадим Туркистон заминидан чиқарми экан? Чиқа оларми экан?! Башарти чиққудек бўлса унинг ақли бутун бошини қандай дор кутар экан?! Бу ботир ўзини кутаётган дорга ҳам тик боқиб, «Мана, мен сарбадорман! Ассалому алейкум, дорнинг оғочи!» дея оладиган даражада қайтмас-қайсар бўларми экан?! Илоё ўша Кенжа ботирнинг бошини тошдан қилиб, уни ўз паноҳингда асрагайсан, Худованди Карим!..
Ҳокимнинг ҳузурига етиб келганларида «жаноби олийлари»нинг ўзлари пешвоз чиқиб, Абу Наср Муҳаммадни маҳофадан чўғдек қип-қизил пояндоз устига тушишига кўмаклашди-да, зудлик билан ичкарига бошлади. Йўл-йўлакай лаби лабига тегмай арзи ҳолини бошлаб юборди:
… – Сиздек алломаи замоннинг баъмани маслаҳатларига шу тобда жуда-жуда муҳтожман, устоз! Очиғи, эртага ўтказмоқчи бўлаётган тўйим азага айланишидан қаттиқ ҳавотирдаман. Беклик ҳудудидаги хуфялар келтирган хабарга кўра, айни лаҳзаларда қорахонийлар ҳоқони Буғрохон Ўтрор дарвозасининг ташқарисида ўз қўшини билан ҳужумга шай турибди! Шаҳарни забт этгач, Бухорога, Ғазнига, ундан Боғдодга қўшин тортмоқчи эмишлар! Бу шум хабарнинг устига қадрдонингиз Муҳаммад Дўст бир хушхабар келтирдилар-у, сиздек ақли ўткир аллломаи замоннинг ўз оёқлари билан юриб қалъага кириб келгани тақдири азалнинг яхши фоли, Яратганнинг инояти бўлиб туюлди менга! Мавжуд чигалликни ечиш жанобларидек ўткир ақл соҳибидан бошқа ҳеч ким уддалаёлмайдиган мушкул муаммо дея ўйлаб... Наҳот пайғамбар ёшим билан суюкли набирамнинг суннат тўйи... азага айланса, устоз?..
Ҳокимнинг астойдил оҳи-зори, гарчи тошдек қаттиқ дийдасини юмшатмаса-да, асли ҳалимдек юмшоқ, ипакдек мулойим кўнглини яна-да юмшатди. Унга тасалли-таскин беришга шошилди:
– Сабр қилинг, дўсти азиз! Сабр бирла тадбир баайни икки қанотдурким, одам боласининг ҳар қандай мушкулини осон, ўзини қушдек озод қилгай. Сабр бўлса, бирон тадбир топилмай қолмас!..
Оёқ остига қалин арабий гиламлар тўшалган, деворларга чўғдек ял-ял товланувчи қадим туркона сўзана-палаклар-у анвойи эроний гиламлар осилган мунаққаш меҳмонхонадаги парқу кўрпачаларга ўтириб, парқу болишларга суянишгач, дуойи фотиҳадан сўнг Абу Наср Муҳаммаднинг шундоққина биқинида ўтирган ҳоким атрофларини қуршаган хоскишиларига буюрди:
– Барчангизга рухсат! Аллома билан яккадам суҳбатимизни ҳеч ким буза кўрмасин!
Ўзлари ҳоли қолишгач, Абу Наср Муҳаммад, ҳоким уни бўғзидан олиб пичоқсиз сўйишни бошлаяжагини яхшигина билгани боис, аввалроқ отни қамчила қолишни маъқул кўрди:
– Қани, гапирсинлар, тақсир, кўнгилларида не бир ботиний ўйлари, қандай махфий режалари, пинҳоний муддаолари бор?.. Жимжимали сипоришларни қўйиб, гапнинг пўсткалласи айтилса экан!..
Ҳоким Абу Наср Муҳаммаднинг ёнидан туриб, ноз-неъматларга лиқ тўла хонтахтани айланиб ўтди-да, рўпарасида болишга ёнбошлади:
– Гапнинг пўсткалласи шуки... манови тошдан ҳам қаттиқроқ қалъаю музофот, ўзларидан қолар гап йўқ, тақсир, ҳамиша бу қадим Туркистоннинг туб-киндиги, ўзаги, маркази бўлиб келгандур. Сиздек аллома тарих илмидан ҳам, албатта, бохабарсиз, инчунин, тақсиримга айтгулиги йўқ, минг йил аввалги қудратли Қанғ давлатининг ҳам, беш аср аввалги оламга машҳур Турк ҳоқонлигининг ҳам пойтахти айни шу қалъа теварагида, шу музофот ҳудудида бўлганлиги бежиз эмасдур. Лекин ўзингники ўзагингни ўйиб, шимолдан – жанубга, жанубдан – шимолга, шақдан – ғарбга, ғарбдан – шарққа ўтган-кетган ҳар бир саҳройи кўчманчи бу қалъаю музофотни қон қақшатаверган. Ахир биз ҳеч қачон ўтганнинг – ўроғини, кетганнинг – кетмонини олиб, бирон-бир келгиндининг арпасини хом ўрганмизми, ўзингиз инсоф билан худолигингизни айтинг, тақсир?! Аксинча, бизнинг ниятимиз энг холис ва беғараз ниятдур: ғазнавийларми, сомонийларми, қорахонийларми – бутун туркий улус шу ўзакка – бизнинг атрофимизга бирлашиб, Қанғ давлати ва ё Турк ҳоқонлигидан қолишмайдиган ягона марказлашган давлат қурмоқчи бўлсалар, майли, бош устига, биз ўша давлатни ҳам бажонидил бошқаришга тайёрмиз. Башарти буни истамасалар, марҳамат, билганларини қилсинлар, фақат бизни тинч қўйсинлар. Биз ўзимизга – хон, ўзимизга – бекмиз. Афанди таклиф қилганидек, хоҳласинлар – у томонини, хоҳласинлар – бу томонини олаверсинлар! Шу иш шу-унчалик қийинми, ўзингиз айтинг, тақсири олам?!. Бу гапларни анови кўчманчи Буғрохонга қай тилда қандай тушунтириш мумкин?!.
Абу Наср Муҳаммаднинг туппа-тузук юмшаган кўнгли бир зумда тошдек қотди. «О-о, нодон, нодо-он! – деб ўйлади ўзича. – Сен бу қалъани бутун туркий улуснинггина эмас, бу ёруғ оламнинг ҳам туб-киндиги деб ўйлайсан, чоғи?! У ҳолда... Афросиёбнинг Самарқандини, бухорхудлотларнинг Бухоросини, Тоҳирнинг Қашқасини, Будданинг Сурхонини, Зардушт бобонинг Хоразмини... бу жаҳон айвонида сен айтган тўрт қутбга неча бор от ўйнатиб ўтган қадимий кўчманчи эранларимизнинг Шумерини... нима қиламиз?! Тағин кунпаякун қиламизми? Топсак қиламиз-да! Бу жаҳон айвони тугул, бу улуснинг ўз сенинг кўлмак ҳовузга ўхшаш тасаввурингга сиғмайдиган даражада кенг-ку, ахир, нодон! Бас шундай экан, бу кенг очун-у улусга очиқ кўз билан, кенглик билан қарасанг-чи, агар Афлотуни замон бўлсанг, агар ҳокимдан Афлотун чиқса! Ҳар ким ўз кўмочига кул тортиб, ўз жигаргўшаларини ёмонотлиқ қилавергани билан чинакам ўзбек бўлади-қоладими? Не бир оқиллар ўтган бу қодир-у баҳодир шаҳри азимнинг тақдири сенингдек юраги тор бир гумроҳга қолдими ҳали?!.» Кўнглидан кечаётган бундай ўйларни пайғамбар ёшида ҳам тавбасига таянмаган манови тенгдоши – қавмдошига қай тилда, қай йўсинда айтса бўлади? Ҳақ йўлидан озган бу гумроҳга қандай тушунтирса бўладики!..
Кутилмаганда эшик очилиб, дарозгина бир мулозим икки буклангудек алфозда таъзим бажо келтирди:
– Бир қошиқ қонимдан кечгайлар, бек жаноблари! Ўтрор дарвозасидан ҳозиргина келган чопар амрингизга мунтазир?..
– Не мужда бор?! – Ҳоким ўрнидан сапчиб туриб, қаддини ростлади.
– Буғрохондан мактуб келтирдим дейди, жаноби олийлари.
– Айт, кирсин!..
Ҳоким чопар келтирган мактубни апил-тапил очиб, шоша-пиша кўз югуртирди-да, Абу Наср Муҳаммадга тикилди:
– Буёғи қизиқ бўлди-ку, тақсир! Мен ўқий, сиз тингланг: «Менким қорахонийлар салтанатининг ҳоқони Буғрохон жаноби ҳокимга буюраман: муаллими соний Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тарҳон ибн Ўзлуғ ал Форобий ат Туркий ҳузуримга жўнатилсин, йўқса қалъанинг кули кўкка совирилур!» Нима қиламиз энди, тақсир?!.
Абу Наср Муҳаммад ўрнидан енгил қўзғолар экан, мийиғида кулди:
– Нима қилар эдинг, худога шукур қиласиз-да, дўсти азиз! Худонинг мушкулингизни осонлаштиргани шу-ку, ахир! Қадимий қалъангизга тўланган товон каминадек ғариб бир мусофир бўлса, нима, ёмонми? Оддийгина мис чақани тилла баҳосида ўтказганингиздан суюнмайсизми, биродари азиз?..
Ҳоким унинг киноясини мутлақо тушунмай ва ё ўзини тушунмаганга олиб, мавқеи ва ёшига ярашиқсиз тарзда ялпизланди:
– Сиз нима десангиз шуку-я, тақсир, фақат жанобларини тузукроқ меҳмон қилиб улгуролмай армонда қолдим-да! Эртанги тўйимнинг энг азиз меҳмони ўзингиз бўлар эдингиз, кўрмайсизми, кутилмаган талабгор чиқиб!.. Бошқа сафар бемалол – ётадиган бўлиб келинг, хўпми, бамайлихотир бир суҳбатингизни олайлик!..
Кошки бу гапларни қулоқлари эшитмаса: кар-батанг бўлса! Кошки бу кўзлар кўр бўлса-да, кўрмасанг ҳам, куймасанг ҳам! Ҳалигина «Бутун туркий улуснинг ўзаги ўзимман!» дея даъво қилаётган манови гумроҳ бандангни шу қадар майда, феъли тор қилиб яратасанми, Худованди Карим?! Тағин шу феъли билан бутун туркий улусга бош-қош бўлармиш бу нодон!.. Анчага чўзилган қўқонманзиратлар-у сохта такаллуфлар-у астойдил ўтинчлар-у узрхоҳликлар ниҳоясида, ниҳоят, Абу Наср Муҳаммад ўзини тағин қадимий Шош қалъасининг кўчаларида, лекин бу гал пиёда ва ё соябонли махофада эмас, баҳайбат нортуянинг қўш ўркачи устига бежирим қилиб тузалган мўъжазгина кўшкнинг ичида кўрди. Ўрдадан чиқиб, Хадрадан ўтиб, Сағбон, тўғрироғи, Сақмончилар кўчаси бўйлаб кетар экан, тағин ақли шошди. «Eй сорбон, оҳистарон, оромижон меравад». Қани ўша оромижон?! Қайга шошмоқдасан, эй нортуя? Қайга шошмоқдасан, эй қадимий Шош? «Қайга шошмоқдасан, доғули замон?!» Сақмоннинг тошидек тағин қайга отмоқдасан, Парвардигори Олам?! Бу қорахонийлар салтанатининг ҳоқони Буғрохон деганлари... қутурган Қоранор эмасми мабодо?!.
Ўтрор дарвозасидан ташқаридаги сайҳонликда тикилган бехисоб ўтовлар-у чодирлар оралаб бориб, шоҳона оппоқ чодир олдида тиз чўккан туя ҳамиша, ҳаттоки уйқусида ҳам сергак-қушуйқу Абу Наср Муҳаммадни яна-да сергак торттирди. Ичкарига кириб, чодир тўридаги тахт устида савлат тўкиб ўтирган, дарҳақиқат, туядек баҳайбат Буғрохонга таомилдаги таъзимни бажо келтиргач, унинг кўзларига дадил ва синовчан тикилди: қани бу «Искандари соний» не каромат кўрсатар экан?..
– Мен Искандари соний эмасман! Муҳаммад алайҳиссалом ҳам эмасман! Ўз отим ўзим билан – Буғрохонман! Фақат мени туядек бурнимдан ип ўтказиб, кўнгли тусаган томонга тортқилайман деганлар овора бўладилар! Сен ҳам беҳудага овора бўлма! Агар ростдан ҳам алломаи замон Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Ўзлуғ ал Форобий ат Туркий бўлсанг, худони ўртага қўйиб ҳақ сўзингни айт-чи, «Ал қасосул миналҳақ» деганлари тўғрими?! Агар тўғри бўлса, Қутайбадек ёвуз босқинчилар дини ислом байроғини дастак қилиб, бу улусни қон қақшатиб, шўрига шўрва тўкканлари учун ўша босқинчилардан эртадир-кечдир қасос олишга ҳақлимизми-йўқми?! Фақат эшакнинг қулоғига тамбур чертаман ва ё туянинг бўйнига қўнғироқ осаман деб хомтама бўлма! Гапнинг тўқ этарини айт!..
Бу чапаниларча тўпорироқ, лекин дил қаъридан чиқаётган сидқидил гапларнинг мағзини ўзича чақиб, Абу Наср Муҳаммаднинг олтмиш уч йиллик, борингки, неча минг йиллик даштаки қони гупуриб кетгандек бўлди. Кўпдан буён тош қотган дийдаси дафъатан юмшаб, кўзларида ёш ҳалқаланди. Ич-ичидан бир нидо уйғониб, бўғзига тошдек тиқилди: «Ҳоҳ-ҳ-қо-о-ним!» Ҳиссиётлаприни базўр жиловлаб, оғир-вазмин овозда тилга кирди:
– Ҳоқоним!.. Юз карра, минг карра ҳақлисиз, ҳоқоним! Фақат бу бандаи ожизнинг бир андишаси борким, жаҳлу жаҳолат билан боғланган тугунларни жағлу жаҳолат билан эмас, худди сиздек жидду жаҳд билан, лекин минбаъд қилич, ҳатто қалам ва ё тил эмас, ақл билан ечилгай! Ақл ожиз қолган жойдагина бандаи ожизнинг тили ўйноқлаб, илки қалам ва ё қилич дастини тутгай. Тил билан қаламни адолат хизматига қўйишнинг изми-ку, бандасида, лекин қилич адолат қуроли бўлмагай, агарчи у адолат қиличи бўлса ҳам! Зотан, адолат манзили ўлим эрмас, тириклик қўшиғини айтмоқ, ер юзида адл турмоқ, ўзингнинг жўмард эранлигингни барчанинг кўзига кўрсатмоқдир. Эранлар қидирган адолат манзили ақлдур!..
Буғрохон шаҳд билан ўрнидан туриб, зарбофт тўнининг этагини асабий силкиди:
– У ҳолда менга ақл бер, алломаи замон!

<б>[давоми бор...]</б>
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика